Уйнинг сири мен уни сотиб юборган куннинг ўзиёқ аён бўлди. Мен янги бошпана топдим, энди кўнглимга шабада тегиб, аввалгидек юрагим оғриб, ўпкамга ҳаво тиқилиб қолмайди деб кўнгилни кенг қилгандим. Лекин янги уйни қўлга киритиб, эрталаб уйғонсам…
Умид АЛИ
ИККИ ҲИКОЯ
Умид Али 1978 йили Самарқанд вилояти Самарқанд туманида туғилган. 2001 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. 2001-2003 йилларда тумандаги 23-ўрта мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2003-2012 йиллар мобайнида «Бекажон» газетасида, «Аъло кайфият»да,«Афросиёб» газетасида ишлаган.
Умид Али «Дилмоҳим», «Кўкка йўл», «Салом, ширин туйғулар» ва бошқа бир қатор шеърий, насрий китоблар муаллифи.
УЙ
Ҳовли. Бу уйни сизга қандай таърифлаб, таснифлаб берсам экан-а… Ҳашамдор. Ўта маҳобатли. Ҳар бир қарич ерига ўта дид ва нозиклик билан ишлов берилган. Уйнинг энг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, замонлар ўтаверган сайин оҳори кетиб, нураши ўрнига сайқалланиб, урфдаги бинокорлик истилоҳларини ўзида жамлайверади. Бирор бир уста ё бинокорга ҳожат йўқ. Худди буқаламун ўз ранг-тусини ўзгартириб тургани сингари уй ҳам вақт-бевақт ўз-ўзидан чирой очиб бораверади. Мен бу уйнинг нақадар мўъжизакорлигини эс-ҳушимни энди таний бошлаган дамлар илғай бошлаган, аммо ўшанда ҳам наҳотки бу бизнинг уй деб ишониб-ишонмай ҳайратларга чўмардим. Шу аёнки, бу ҳовли дадамга бобомдан, бобомга эса отасидан мерос қолган экан. Яна шуниси аёнки, уй қопча-қопча жаранг-журунг тилла тангалар эвазига бино бўлган ва ўшанда ҳам, алалхусус ҳозир ҳам бу данғиллама иморатга шаҳарнинг манаман деган бойваччаси ҳам эгалик қила олмаса керак.
Уй баҳосига яраша бўлгани билан назаримда қусурлари ҳам бор эди: томи кундузлари қуёшда, оқшомлари ой нурида ялт-юлт этиб товланиб, кўзни қамаштирарди. Кўчага қаралган тош девори эса офтоб чиқди дегунча аввал оқ тусга кириб, сарғайиб, сўнг қизариб, у ботгач, кўмирдай қорайиб кетарди; саҳармардонгача туси ўзгармасди. Гўё кечалари уй девор-певорлари билан тун қаърига шўнғиб, борлигидан ном-нишон қолмагандек бўларди. Уйнинг тутқич-у калит тиқадиган тирқишлардан холи ўртачароқдан келган қопқасига юзланган он аксингизни кўрасиз – нақ кўзгунинг ўзи. Билмадим, шу ерга келганда катта бобом мияси суйилиб адашганмикан деган ўйга ҳам бораман, чунки бу менга бачкана туйилади. Нега атай эшик сиртига ойна қопланганининг тагига етганимча йўқ. Эсимни танигандан бери шу-шу. Уни қўпориб ташлашга хўп уринганман, ҳаракатларим зое кетган. Тош отсангиз парчаланмайдиган, ўқ узсангиз тешилмайдиган бу эшикнинг сир-синоати кўп экан. Бир галда шу эшикдан қутилай деб бошқа эшик ўрнатмоқчи ҳам бўлдим. Йўқ, уддасидан чиқа олмадим. Уй дераза-эшиклари, деворлари, барча ашқол-дашқоллари билан яхлит, бирдан бино бўлганга ўхшарди.
Афсонавий бу уй болалик пайтларим менга ўзгача завқ бағишлар, турфа кароматлари билан ҳангу манг қилиб, ўзига сеҳрлаб қўярди. Масалан, у маҳаллар ҳеч ким ва ҳеч нимадан ранжиганимни, бирор нарсадан кўнглим хуфтон бўлганини эслай олмайман. Ё дейлик, кўча-кўйдан бировдан нохуш гап эшитиб ё калтак еб келсам, эшик очиб, ичкари кирганим замон ўз-ўзимдан шодланиб, кайфиятим кўтарилиб кетаверарди. Хушнудлик кайфияти вужудимни чулғаб, мени сармаст қилгани учун бунинг сабабини излаб ҳам кўрмаганман, қизиқмаганман ҳам. Кейин-кейин бу тарзлар ўзгарди. Йигит ёшига етганимда ва асосан эр етилиб, кўнглим буюрган ишни қилиб кетаверганимда уйдаги кўйлар мен кутмаган тарзда ўзгача тус ола бошлади. Буни илк марта бир дўстим омонат деб берган буюмини яшириб кейин сўраганида бермай кўнглини ранжитганимда илғаганман. Ўшанда доим файзга лим, одам баҳри дили очиладиган шундай катта гўша хунук, ёқимсиз, ғубору гард қўнган ташландиқ уйга ўхшаб кўринганди. Кейин эса кўнгил тилаган бир қиз билан танишиб, бироз ўтиб унданда сулувроғига дуч келиб, сухсурнинг этагига осилганимда рўй берди бу ҳол. Кейин-кейин юрагимда ваҳм уйғонаверди. Мен бир пайтлар бир қарич ерини ҳам ҳеч қаерга алишни истамайдиган, кўзимга жаннат туюлган бу даргоҳдан совий бошладим. Иш шу даражага етдики, оқибат кўнглим қолди. Ота-боболаримдан бобомерос уйда бир дақиқа ҳам тургим келмай кетди. Билмайман, эшикдан кириб келдим дегунча юрагим санчиб, бўғзимга ҳаво етмай қоларди. Ўзимни ёмон ҳис қила бошлардим.
Эшитинг, биродар: эрта-ю кеч хона деворлари жимир-жимир қилиб сизнинг аксингизни кўрсатиб турса, асабингиз ўйнамайдими? Бу ҳам майли, кўникиб кетарсиз, аммо ўн-ўн йиллар қаъридаги аччиқ-чучук хотирларингиз, бор аъмолингиз кино бўлиб тасвирланса, дош беролармидингиз? Ётоғингизда, энди дам оламан деб ёстиққа бош қўйган он бехос шифтга кўзингиз тушса-ю у ерда, нусхангизнинг не кир-чир ишларни қилётганига томошабин бўлиб қараб турсангиз-а? Ахир бундан ортиқ азоб борми? Нигоҳингизни шифтдан узасиз, ёнбошга ағдариласиз. Нажот топдим деганингизда энди сиз бош ролни қойиллатиб ўйнаб қўйган “кино” хона деворларида бўй кўрсатади. Ҳа, ҳа, хона узра сизнинг ўтмишингиз базм-у жамшид қуради: сиз устаси фаранг фирибгар, фаҳш ботқоғига ботган зинокор, чапдаст ўғри, яна энг тубан, мараз нусхалар қиёфасида бир-бир намоён бўлаверасиз. Дунёдаги бор ифлос, разил ишларни ҳар кун, ҳар соат, ҳар лаҳза – бетин қойиллатавергансиз. Фақат қотиллик бундан мустасно. Йўқ, аввало шу жирканч ишга қўл урганингиз аён бўлади. Сиз инсоф-у виждонни бўғизлаб, ҳалоллик-у поклик устидан тупроқ тортиб, номус-у орни янчганингиз, адолат, фасоҳатга тупурганингиз ошкор бўлади. Ахир бу қотилликдан камми? Буюк инсоний хислатларни бир-бир ёндириб, сўндириб ташлаганингиз одамкушликнинг ўзгинаси эмасми? Бир бечоранинг ор-у ғурурини, бир навниҳолнинг номусини, бир шўрпешонанинг шаънини булғаш қайси одамкушликдан кам.
Дод деб туриб кетасиз ўрнингиздан. Бўғилиб қоласиз. Ҳаво етишмай, ўзингизни эшикка урасиз. Остона ҳатлаб, ҳовлига чиқасиз. Чиқасиз-у… ҳовлида сон-саноқсиз нусхаларингиз кезаётганига шоҳид бўласиз. Мана сиз-ўғри, мана сиз-қаллоб, мана сиз-фаҳшкор… эҳҳе санаб адо қилиб бўлмайди. Чап кўксингизни чангаллаб деворга бемажол суяниб қоласиз. Чўнтагингиздан амаллаб ангишвонадай кичкина шиша қутича чиқарасизда оғзини очиб, кафтингизга бир донасини тўкасиз ва каппалайсиз. Бу билан бир санчиқ уйғонган юрагингизни тинчлантирасиз, аммо тасаввур-у тахайюлингиз, хотираларингиз ўша-ўша ўзгармай тураверади. Энди оёқ олиб кўчага, бу лаънати уйдан ташқарига ошиқасиз.
Охири бўлмади. Мен уйни таг-тугал сотишга қарор қилдим. Биламан, маҳобати бор бу уйга жуда катта пул сарфланган, отам уйнинг нархи бир шаҳар қийматича бор деб айтарди. Аммо бу баҳода ким ҳам сотиб оларди? Шунинг учун уни ими-жимида арзонгаров сотиб қўя қолдим.
Уйнинг сири мен уни сотиб юборган куннинг ўзиёқ аён бўлди. Мен янги бошпана топдим, энди кўнглимга шабада тегиб, аввалгидек юрагим оғриб, ўпкамга ҳаво тиқилиб қолмайди деб кўнгилни кенг қилгандим. Лекин янги уйни қўлга киритиб, эрталаб уйғонсам… ўша эски ётоқда, деворлари нураган, ўргимчаклар ҳар ерда ифлос тўр тўқиб ташлаган, чангу ғубор уфуриб ётган хонанинг бир чеккасида кир тўшакда ётардим. Тағин юрагим сиқилди. Ваҳм ичида ўрнимдан туриб кетдим. Эшикка чопдим. Ташқарига чиқсам, ўша ўзимизнинг эски, маҳобатли ҳовли.
Апил-тапил ювиниб, кийиндим. Нонуштага кўнгил тортмади.
Билмадим, учиб келдимми, югуриб келдимми. Мен ўша жойда, ўзим катта бўлган, ота-боболарим майити чиққан ҳовли ўрнашган кўчага кириб эсим оғаёзди. Уй қилт этмай турарди. Туш кўраяпманми ё дея ўйладим. Билагимни чимчилаб кўрдим. Оғриди. Демак, бўлётган воқеаларда ёлғон йўқ. Тағин ортимга қайтдим. Кеча мен сотиб олган уй ўрнида бобомерос ўша катта ҳовлининг нусхаси қад ростлаб турарди. Ўша-ўша уй: кўзгумонанд қопқасигача, тусланадиган деворларию томларигача бир хил. Одамнинг жинни бўлиши бор гап. Агар ўрнимда бошқа биров бўлганда шу абгор кўйга тушарди, лекин мени жин ҳам урмади. Асабим темирдан эканлигига шубҳам қолмади.
Неча чақирим йироқдан кулба топиб, жойлашиб олгандим. Кулба бир кечанинг ўзидаёқ ота-боболарим ҳовлисига айланибди.
Юрагим ғаш тортди. Кўнгилга қил ҳам сиғмаса жуда оғир бўлар экан. Нима қилай, энди болалигим ўтган, у кунларни эсга соладиган бу муҳташам иморатда тура олмайман. Эрмак учун эмас, азбаройи ўзим, соғлигим, эртанги куним учун тағин иккинчи марта шу ишга қўл урдим. Ўн минг тош наридаги кўп қатли уйнинг энг баланд қаватидан бошпана топдим. Уй хоналари шинам, ёруғ эди. Кечга қадар очиқ дераза ёнида ҳаво симириб ўтирдим. Сўнг уйқу мени элитди. Эрталаб кўзларимни очганимда эса…
Кўзларимни такрор-такрор, қаттиқ-қаттиқ ишқаладим. Юмиб-очиб, юмиб-очиб шунга ишонч ҳосил қилдимки, кўрётганим туш эмас эди. Ота уйнинг оёғи бўлса эканки ортимдан қувиб етиб келса? Ё қаноти бўлса эканки, парвоз қилиб шу ерга келиб қўнса. Бу не сир-синоат? Бу қандай жумбоқ? Дош беролмадим. Бақириб юбордим.
-Йўқ! Йўўққ! Йўўўқққ!
Йўқ, тагига етолмаяпман. Наҳот ота-боболар уйи мени энди ўлгунимча таъқиб қилса? Тинч қўймаса? Кеча уйқуга ётганимда кўп қатли бинонинг энг баланд қаватида, осмонга яқин ерда эдим. Бугун ота-боболарим уйи мени шу ерга ҳам излаб топиб келибди. Бугун уйғонганимда баланд бино ўрнида ўзимизнинг ҳовли ястаниб турганига амин бўлдим ва шунга ишонч ҳосил қилдим: энди ўйиндан фойда йўқ, мен ўз гўшамни неча бор алмаштирмай, дунёнинг нариги чеккасига бориб бошпана сотиб олсам ҳам, барибир ўз уйим мени излаб топар экан.
Алам, изтироблар юрагимни куйдириб, кўзларимдан ёш бўлиб оқа бошлади. Сезиб турардим, кўз ёшларим юзларимни ҳўллаб, бўйнимдан пастга оқиб тушар, ёқамнинг нам тортгани ғашимни келтирарди. Билмадим, ўрнимда қай маҳалгача шу кўйи ётган эканман. Охири бўлмади, ўрнимдан туриб, юз-кўзларимни ювиб келиш учун ташқарига чоғландим. Ҳовли этагидаги сув жўмраги томон йўналган ҳам эдим, кираверишдаги эшик – кўзгуқопқанинг туйқус ёришиб кетганига кўзларим тушдию дарров кафтларимни пана қилдим. Сўнг панжаларим орасидан қўрқа писа боқиб, яна бир мўъжизага шоҳид бўлдим. Қопқа сиртидаги кўзгуда бирин-кетин отам ва боболаримнинг акси кўрина бошлади. Афсус, минг афсус, уларнинг чеҳраларини алам, ғам-у ғусса, изтироб ўрлаб олганди. Ичимдан нимадир вулқонга ўхшаб отилиб кетди. Қўлларимни юзларимдан олдим, ўкириб юбордим:
-Мени кечиринглар! Кечиринглар дадажон, бобожон. Сизга лойиқ фарзанд, невара бўла олмадим. Кечиринглар….
Кўзгуқопқа бир-икки лаҳзадан сўнг ўз ҳолига қайтди. Шу дам кўзларим ачишиб кетди, ишқалаб олдим. Бармоқларимни кўзларимдан олганимда эса ўзимни куни кеча жойлашганим — кўп қатли уйда, ўз хонамда кўрдим…
***
Бир неча кундан сўнг ўзим туғилиб ўсган шаҳарга қайтдим. Бобомерос ҳовлини сотиб олиб, ҳаммасини бошидан бошлашга, ўзгаришга қарор қилгандим, аммо жонажон уй ўрнида буткул бошқа, бегона уй қад ростлаб турганини кўриб тош қотдим.
КУЙ
Шундай кезлар бўладики, ҳеч кимни ҳеч нимани ёқтирмай қоласан. Ўз ёғингга қоврилиб, ўз дунёнг ичида аллазамонлар қолиб кетгинг келади. Ҳа, ҳа, ҳатто тегрангни қуршаб турган, сенга ҳаёт нашидасини туҳфа қилётган табиат ва унинг бор жавоҳироти баъдингга уради. Бирор зоғ, бирор жон кўзимга кўринмасин, деб хонангга қамалиб оласан-да, дар-у деразаларнинг қалин пардаларини суриб, зулмат кўрпасини устингга тортасан – кўзларингни юмасан. Шу кўйи узооқ вақт туришни, ўз-ўзинг билан ёлғиз қолишни ихтиёр қиласан. Сукунат эса бундан мустасно. Чунки у дардларингни аритувчи, жароҳатларингга малҳам бўлувчи, қайғуларингни бир-бир эшиб, аритувчи бир халоскор. Ҳа, ҳа, жимлик сенинг халоскоринг.
Сукунат олдингга ҳозир-у нозир бўлиб куй тарата бошлайди. Жуда ҳазин, серғам куй. Лекин бу кўнглинг жароҳатларига малҳам бўлгувчи, юрагингда йиғилиб, сени адо қилмакка тушган шўр ва талх дардларингни бир-бир тергувчи нажоткорона куй… Мунгли наво тўлқинлари ёпирилиб келиб, илкис ғамангиз денгизга бор-йўғингни тортиб кетади. Бу мунг-у ғуссалар қоришиқ, андуҳ-у аламлар аралаш-қуралаш бўлиб ётган бир дардли олам ичига тушиб қоласан. Бу дунё шундай дунёки, унда сен каби руҳи сокин, кўнгли ҳалим, дард-у аламлари мўл каслар умргузаронлик қилётган бўлади. Уларнинг кундалик ташвиши бор ўй-хаёллари ҳам шу -узундан узун ўй суриш, кеча-ю кундуз хаёл гирдобидан чиқмай юриш. На биров сенга, на сен бировга дилсиёҳлик қилмайсан, бадхоҳлик қилмайсан. Бу ерда ҳеч ким тубанликка бормайди, номард касларнинг-ку уруғига ўт тушган, шунақа палидлар тағин туғилишига-да имкон яралмайди. Ташвишинг, кундалик юмушинг – ўй суриб юриш, ўй суриб яшаш ва ўй суриб ўлиш…
Куй авжига келганда бари чархи пиррон бўлиб, аллақаерга гум-гурс бўлади. Ҳозиргина ёнингда сени сармаст қилиб, бошингни силаб турган Сукунат энди йўқ, қаергадир ғойиб бўлган.
-Эй, ичкаридамисан? Нима қиляпсан-а қоп-қоронғи хонада?
Уфф… Шу ерда ҳам сени тинч қўйишмайди-я? Орқангдан ис олиб юрган Шовқин хаёлларинг ипини узиб, юрагингга ғашлик олиб киради.
-Эй, мени тинч қўясанларми йўқми-а? Тўйиб кетдим-ку?
-Жинни, арзимаган нарсагаям хафа бўладими-а одам? Ҳазил-ку, тушунсангчи? Бўл, чиқ, анавилар кутиб қолишди. Яхшимас, ўртоқ… Чиқа қол..
-Йўқол деяпман, йўқол!…
Овозим пардаси хийла кўтарилади. Эшик ортида менинг кутишимни кутиб турган нусханинг, афтидан, авзойи ўзгаради.
-Э менга деса ўлиб кетмайсанми? Бор-е?
Ҳазил эмиш-а.. Арзимаган нарса эмиш-а… Фаҳм-фаросатларинг бўлса, келиб-келиб шундай улуғ кунда, таваллудим куни ҳазил қиласанларми? Ўзи қачондан бери мен сизларга эрмашак бўлиб қолдим? Ахир кўнгилни кўтариш, илиқ сўзлар айтиш ўрнига кайфиятимни расво қилганларинг қилган… Сизлар дўстмас, йўқ, дўстмас!
“Сукунат, дўстим қаердасан? Бошла яна бояги куйингни, жоним…”
Томоғимга нимадир тиқилиб, сўз айтишга тилим айланмай қолади. Сукунат тағин ёнимда пайдо бўлади. Бошимни силай кетади.
“Балки улар чиққанинг яхшимиди? Ҳарҳолда дўстларинг… Олдингга келишган…”
“Йўқ, мен учун келишгани йўқ. Дилимни сиёҳ қилиш учун келишган. Доим шунақа ранжитиб қўйиб, кейин таваллою истиҳола қилиб юришади. Чиқмайман. Бўлди, бояги куйингни чал, азизам…”
“Улар олдига чиқмайсанми? Балки яна бир бор ўйлаб кўрарсан-а…”
“Йўқ!”
Маҳзун куй тағин жонлана кетади. Онг-у шууримнинг қайсидир ҳужайраларида ярқ этиб пайдо бўлган бу нола, фиғон аслида дилим торларидан тебраниб чиқаётгани, бу ғамангиз навони Сукунат эмас, аслида мен ўзим, руҳ-у вужудим, кўнглим бирла бирга яратаётганимиз ва жавониб-у борлиққа таратаётганимизни фаҳмлаб тураман. Тобора тўлқини мавж уриб, андуҳ-у аламлари сероблашиб бораётган бу афғон оҳанрабо хаёлларим пардасига ҳам урилиб, кўз ўнгимда аллакимларнинг суратлари пайдо бўла бошлайди. Мана Мен, мана Сен, мана У. Учовимизни Сукунатнинг маҳзун нолалари тағин бир нуқтада учраштиради.
Мен:
-Сен, сенга умр бўйи талпиниб яшаяпман.
Сен:
-Мен, ёнингдаман.
Мен:
-Нега унда қовушолмаяпмиз. Нимага?
Сен Уга юзланади.
У:
-Мен, Сен, икковларинг изларингдан қувганим қувган. Бир галда бирларингга, бир галда иккинчиларингга етаман деганда тағин олислашиб кетасанлар. Қочганларинг қочган.
Мен:
-Бундан чиқди, иккимиз ўртамизда тўғаноқ бўлаётган экансан-да? Бир умр бир-биримизни узоқлаштиришга уриниб, биз, иккаламизни ажратиб келятган экансан-да, палид?
Сен:
-Гапир, нимага индамайсан?
У:
-Тақдир бу.
Мен:
-Ҳар гапга тақдирни тиқиштираверма. Тақдирни пеш қилаверма. Кўнглинг қора аслида.
Сен:
-Наҳот бахтимизни кўра олмаётган бўлсанг, шуми мақсадинг?
У:
-Ҳа. Шу. Икковинг бир-бирингга эришсанг, ёлғиз қолиб кетаман. Буни эса истамайман.
Мен:
-Лаънат бўлсин сендек манфурга!
Сен:
-Қўй, Мен, уни қарғама!
Мен:
-Бир умр мана шундай ёлғиз ўтиб кет. Изларимизга зор бўлиб юр.
Сен:
-Дўстимиз бўларсан деб сафимизга олгандик. Душман чиқиб қолдинг-ку?
Мен:
-Энди дўстимиз эмассан, сафимиздан чиқдинг.
У:
-Ҳа, шундайми? Унда иккаланг ҳам у қулоқларинг билан ҳам, бу қулоқларинг билан ҳам эшитиб олинглар: бир-биринга зор бўлиб юр. Ҳеч қачон висолга эриша кўрманглар… Бир-бирингдан айириб, парча-парча қилиб, сочиб юбораман. Бўлакларинг Ер-у Осмон, Қуёш-у Ой ва шунга ўхшаш жисмларга айланади. Тоабад мусибат, ранж-у кулфат оловларини пуркайман йўлларингга… Бир-бирингга қовуша олмай ўтасанлар. Борди-ю топишиб олгудек бўлсанглар ҳам, бу узоқ давом этмайди. Ўрталарингга нифоқ уруғини сочаман, сочавераман. Хуллас, ажратавераман… ажратавераман… ажратавераман!…
…-Бўлди қила қол, ўртоқ. Чиқа қол. Ярашмаяпти ҳаммамиздан аразлаб ўтиришинг. Ёш бола эмассанку?
-Мени тинч қўйинглар! Ўз ҳолимга қўйинглар!
-Унда кетганимиз бўлсин. Ўтиравер зулмат қўпган хонангда кўз ёшларингга кўмилиб. Биз кетдик!
-Жўна, жўна ҳамманг!
“Кетдими улар ҳамма ёқ сув ютгандек тинч бўлиб қолибди, Сукунат?”
“Ҳа, кетишди. Ўзи нега улардан хафа бўлдинг? Одам шундай қутлуғ кунда ҳам аразлаб оладими?”
“Анавиларнинг сассиқ гапини эшитганингда эди? Ўзимку, майли, ердан олиб ерга уришсаям, миқ этмасдим. Тишимни тишимга босардим. Бечора, бояқишгина Сенга тил теккизишганига чидай олмадим…”
“…”
“Ҳм. Бўлди. Ортиқ эслашни ҳам истамайман. Улар оладиганини олишди. Илтимос, бояги куйингни давом эттир…”
“Азизим, исён қилишни билмайсан. Қилғилиқ қилганни таъзирини берсанг, иккинчи марта бу номаъқулчилигини қилмасмиди?”
“Нима қилай, иблис қавмидан бўлсамку, ғазабим қўпиб, кўзларим қонга тўлиб, барини бўғизлаб ташласам. Раҳмонийман ахир, раҳмоний…”
“Нокасларни, нобакорларни ғазаб олови билан ёндира олмайсан, лекин сокинлик билан енгиш мумкин…”
“Шунинг учун доим ёнимдасанда Сен. Мададингга суянаман, азизам!”
“Эҳ, қани У Сукунатга айлантириб қўймаганда… иблис!”
“Сен, бўлди чўкмагин, ахир мен – Мен ёнингдаман-ку? У бизни не кўйга солмасин, иккимизни ҳеч қачон айира олмайди бир-биримиздан. Аҳмоқ, жисмларни бир-биридан ажратган мисол, қалбларни, руҳларни ҳам шу янглиғ жудо қиламан деб ўйлайди-да?”
“Азизим, ҳушёр бўлмоқ керак! У ҳамма ерда, ҳозир-у нозир. Ҳузурингга келганлар ҳам Унинг болалари аслида… ”
“Қўрқма, жоним. Сен билан қолиш учун ҳам доим олдингга шошаман. Мана бугун ҳам шундай қилдим. Менга Шовқин ёқмайди…”
“Ундан қўрқаман. Бир-биримизни жудо қилишидан…”
“Бизни барибир енга олмайди. Токи бир-биримизга бўлган муҳаббатимиз соф экан, ожиз қолаверади У… Энди мен севган Сокинлик, муҳаббат куйини бошла! Бошла, азизам…”
Зулматга дўнган хона ажабтовур муҳаббат куйидан ёришиб, гул-у чаманга бурканди-ю анвойи ислар тарала бошлади. Кўзларим қамашиб кетди. Муштларим билан қаттиқ ишқалаб қўлларимни олгандим ҳам Сен – ним табассум қилиб турган ҳурлиқо қошимда пайдо бўлдинг. Мен-у Сен бу нурли гўшада ёлғиз қолдик… Фақат Сен ва Мен!
Дўстларим, аввало худо кўрсатмасинку-я, мабодо доимий курашиб келётганим ғаним У -Шовқиннинг қўли баланд келиб, бу талотўпда Сукунатни йўқотиб қўйсам-у, сиз учратиб қолсангиз, Мен — Кўнгилга хабар қилинг. Мени чорланг!
Uyning siri men uni sotib yuborgan kunning o‘ziyoq ayon bo‘ldi. Men yangi boshpana topdim, endi ko‘nglimga shabada tegib, avvalgidek yuragim og‘rib, o‘pkamga havo tiqilib qolmaydi deb ko‘ngilni keng qilgandim. Lekin yangi uyni qo‘lga kiritib, ertalab uyg‘onsam…
Umid ALI
IKKI HIKOYA
Umid Ali 1978 yili Samarqand viloyati Samarqand tumanida tug‘ilgan. 2001 yili Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tugatgan. 2001-2003 yillarda tumandagi 23-o‘rta maktabda ona tili va adabiyot o‘qituvchisi, 2003-2012 yillar mobaynida «Bekajon» gazetasida, «A’lo kayfiyat»da,«Afrosiyob» gazetasida ishlagan.
Umid Ali «Dilmohim», «Ko‘kka yo‘l», «Salom, shirin tuyg‘ular» va boshqa bir qator she’riy, nasriy kitoblar muallifi.
UY
Hovli. Bu uyni sizga qanday ta’riflab, tasniflab bersam ekan-a… Hashamdor. O‘ta mahobatli. Har bir qarich yeriga o‘ta did va noziklik bilan ishlov berilgan. Uyning eng o‘ziga xos xususiyatlaridan biri shuki, zamonlar o‘tavergan sayin ohori ketib, nurashi o‘rniga sayqallanib, urfdagi binokorlik istilohlarini o‘zida jamlayveradi. Biror bir usta yo binokorga hojat yo‘q. Xuddi buqalamun o‘z rang-tusini o‘zgartirib turgani singari uy ham vaqt-bevaqt o‘z-o‘zidan chiroy ochib boraveradi. Men bu uyning naqadar mo‘jizakorligini es-hushimni endi taniy boshlagan damlar ilg‘ay boshlagan, ammo o‘shanda ham nahotki bu bizning uy deb ishonib-ishonmay hayratlarga cho‘mardim. Shu ayonki, bu hovli dadamga bobomdan, bobomga esa otasidan meros qolgan ekan. Yana shunisi ayonki, uy qopcha-qopcha jarang-jurung tilla tangalar evaziga bino bo‘lgan va o‘shanda ham, alalxusus hozir ham bu dang‘illama imoratga shaharning manaman degan boyvachchasi ham egalik qila olmasa kerak.
Uy bahosiga yarasha bo‘lgani bilan nazarimda qusurlari ham bor edi: tomi kunduzlari quyoshda, oqshomlari oy nurida yalt-yult etib tovlanib, ko‘zni qamashtirardi. Ko‘chaga qaralgan tosh devori esa oftob chiqdi deguncha avval oq tusga kirib, sarg‘ayib, so‘ng qizarib, u botgach, ko‘mirday qorayib ketardi; saharmardongacha tusi o‘zgarmasdi. Go‘yo kechalari uy devor-pevorlari bilan tun qa’riga sho‘ng‘ib, borligidan nom-nishon qolmagandek bo‘lardi. Uyning tutqich-u kalit tiqadigan tirqishlardan xoli o‘rtacharoqdan kelgan qopqasiga yuzlangan on aksingizni ko‘rasiz – naq ko‘zguning o‘zi. Bilmadim, shu yerga kelganda katta bobom miyasi suyilib adashganmikan degan o‘yga ham boraman, chunki bu menga bachkana tuyiladi. Nega atay eshik sirtiga oyna qoplanganining tagiga yetganimcha yo‘q. Esimni tanigandan beri shu-shu. Uni qo‘porib tashlashga xo‘p uringanman, harakatlarim zoye ketgan. Tosh otsangiz parchalanmaydigan, o‘q uzsangiz teshilmaydigan bu eshikning sir-sinoati ko‘p ekan. Bir galda shu eshikdan qutilay deb boshqa eshik o‘rnatmoqchi ham bo‘ldim. Yo‘q, uddasidan chiqa olmadim. Uy deraza-eshiklari, devorlari, barcha ashqol-dashqollari bilan yaxlit, birdan bino bo‘lganga o‘xshardi.
Afsonaviy bu uy bolalik paytlarim menga o‘zgacha zavq bag‘ishlar, turfa karomatlari bilan hangu mang qilib, o‘ziga sehrlab qo‘yardi. Masalan, u mahallar hech kim va hech nimadan ranjiganimni, biror narsadan ko‘nglim xufton bo‘lganini eslay olmayman. Yo deylik, ko‘cha-ko‘ydan birovdan noxush gap eshitib yo kaltak yeb kelsam, eshik ochib, ichkari kirganim zamon o‘z-o‘zimdan shodlanib, kayfiyatim ko‘tarilib ketaverardi. Xushnudlik kayfiyati vujudimni chulg‘ab, meni sarmast qilgani uchun buning sababini izlab ham ko‘rmaganman, qiziqmaganman ham. Keyin-keyin bu tarzlar o‘zgardi. Yigit yoshiga yetganimda va asosan er yetilib, ko‘nglim buyurgan ishni qilib ketaverganimda uydagi ko‘ylar men kutmagan tarzda o‘zgacha tus ola boshladi. Buni ilk marta bir do‘stim omonat deb bergan buyumini yashirib keyin so‘raganida bermay ko‘nglini ranjitganimda ilg‘aganman. O‘shanda doim fayzga lim, odam bahri dili ochiladigan shunday katta go‘sha xunuk, yoqimsiz, g‘uboru gard qo‘ngan tashlandiq uyga o‘xshab ko‘ringandi. Keyin esa ko‘ngil tilagan bir qiz bilan tanishib, biroz o‘tib undanda suluvrog‘iga duch kelib, suxsurning etagiga osilganimda ro‘y berdi bu hol. Keyin-keyin yuragimda vahm uyg‘onaverdi. Men bir paytlar bir qarich yerini ham hech qayerga alishni istamaydigan, ko‘zimga jannat tuyulgan bu dargohdan soviy boshladim. Ish shu darajaga yetdiki, oqibat ko‘nglim qoldi. Ota-bobolarimdan bobomeros uyda bir daqiqa ham turgim kelmay ketdi. Bilmayman, eshikdan kirib keldim deguncha yuragim sanchib, bo‘g‘zimga havo yetmay qolardi. O‘zimni yomon his qila boshlardim.
Eshiting, birodar: erta-yu kech xona devorlari jimir-jimir qilib sizning aksingizni ko‘rsatib tursa, asabingiz o‘ynamaydimi? Bu ham mayli, ko‘nikib ketarsiz, ammo o‘n-o‘n yillar qa’ridagi achchiq-chuchuk xotirlaringiz, bor a’molingiz kino bo‘lib tasvirlansa, dosh berolarmidingiz? Yotog‘ingizda, endi dam olaman deb yostiqqa bosh qo‘ygan on bexos shiftga ko‘zingiz tushsa-yu u yerda, nusxangizning ne kir-chir ishlarni qilyotganiga tomoshabin bo‘lib qarab tursangiz-a? Axir bundan ortiq azob bormi? Nigohingizni shiftdan uzasiz, yonboshga ag‘darilasiz. Najot topdim deganingizda endi siz bosh rolni qoyillatib o‘ynab qo‘ygan “kino” xona devorlarida bo‘y ko‘rsatadi. Ha, ha, xona uzra sizning o‘tmishingiz bazm-u jamshid quradi: siz ustasi farang firibgar, fahsh botqog‘iga botgan zinokor, chapdast o‘g‘ri, yana eng tuban, maraz nusxalar qiyofasida bir-bir namoyon bo‘laverasiz. Dunyodagi bor iflos, razil ishlarni har kun, har soat, har lahza – betin qoyillatavergansiz. Faqat qotillik bundan mustasno. Yo‘q, avvalo shu jirkanch ishga qo‘l urganingiz ayon bo‘ladi. Siz insof-u vijdonni bo‘g‘izlab, halollik-u poklik ustidan tuproq tortib, nomus-u orni yanchganingiz, adolat, fasohatga tupurganingiz oshkor bo‘ladi. Axir bu qotillikdan kammi? Buyuk insoniy xislatlarni bir-bir yondirib, so‘ndirib tashlaganingiz odamkushlikning o‘zginasi emasmi? Bir bechoraning or-u g‘ururini, bir navniholning nomusini, bir sho‘rpeshonaning sha’nini bulg‘ash qaysi odamkushlikdan kam.
Dod deb turib ketasiz o‘rningizdan. Bo‘g‘ilib qolasiz. Havo yetishmay, o‘zingizni eshikka urasiz. Ostona hatlab, hovliga chiqasiz. Chiqasiz-u… hovlida son-sanoqsiz nusxalaringiz kezayotganiga shohid bo‘lasiz. Mana siz-o‘g‘ri, mana siz-qallob, mana siz-fahshkor… ehhe sanab ado qilib bo‘lmaydi. Chap ko‘ksingizni changallab devorga bemajol suyanib qolasiz. Cho‘ntagingizdan amallab angishvonaday kichkina shisha quticha chiqarasizda og‘zini ochib, kaftingizga bir donasini to‘kasiz va kappalaysiz. Bu bilan bir sanchiq uyg‘ongan yuragingizni tinchlantirasiz, ammo tasavvur-u taxayyulingiz, xotiralaringiz o‘sha-o‘sha o‘zgarmay turaveradi. Endi oyoq olib ko‘chaga, bu la’nati uydan tashqariga oshiqasiz.
Oxiri bo‘lmadi. Men uyni tag-tugal sotishga qaror qildim. Bilaman, mahobati bor bu uyga juda katta pul sarflangan, otam uyning narxi bir shahar qiymaticha bor deb aytardi. Ammo bu bahoda kim ham sotib olardi? Shuning uchun uni imi-jimida arzongarov sotib qo‘ya qoldim.
Uyning siri men uni sotib yuborgan kunning o‘ziyoq ayon bo‘ldi. Men yangi boshpana topdim, endi ko‘nglimga shabada tegib, avvalgidek yuragim og‘rib, o‘pkamga havo tiqilib qolmaydi deb ko‘ngilni keng qilgandim. Lekin yangi uyni qo‘lga kiritib, ertalab uyg‘onsam… o‘sha eski yotoqda, devorlari nuragan, o‘rgimchaklar har yerda iflos to‘r to‘qib tashlagan, changu g‘ubor ufurib yotgan xonaning bir chekkasida kir to‘shakda yotardim. Tag‘in yuragim siqildi. Vahm ichida o‘rnimdan turib ketdim. Eshikka chopdim. Tashqariga chiqsam, o‘sha o‘zimizning eski, mahobatli hovli.
Apil-tapil yuvinib, kiyindim. Nonushtaga ko‘ngil tortmadi.
Bilmadim, uchib keldimmi, yugurib keldimmi. Men o‘sha joyda, o‘zim katta bo‘lgan, ota-bobolarim mayiti chiqqan hovli o‘rnashgan ko‘chaga kirib esim og‘ayozdi. Uy qilt etmay turardi. Tush ko‘rayapmanmi yo deya o‘yladim. Bilagimni chimchilab ko‘rdim. Og‘ridi. Demak, bo‘lyotgan voqealarda yolg‘on yo‘q. Tag‘in ortimga qaytdim. Kecha men sotib olgan uy o‘rnida bobomeros o‘sha katta hovlining nusxasi qad rostlab turardi. O‘sha-o‘sha uy: ko‘zgumonand qopqasigacha, tuslanadigan devorlariyu tomlarigacha bir xil. Odamning jinni bo‘lishi bor gap. Agar o‘rnimda boshqa birov bo‘lganda shu abgor ko‘yga tushardi, lekin meni jin ham urmadi. Asabim temirdan ekanligiga shubham qolmadi.
Necha chaqirim yiroqdan kulba topib, joylashib olgandim. Kulba bir kechaning o‘zidayoq ota-bobolarim hovlisiga aylanibdi.
Yuragim g‘ash tortdi. Ko‘ngilga qil ham sig‘masa juda og‘ir bo‘lar ekan. Nima qilay, endi bolaligim o‘tgan, u kunlarni esga soladigan bu muhtasham imoratda tura olmayman. Ermak uchun emas, azbaroyi o‘zim, sog‘ligim, ertangi kunim uchun tag‘in ikkinchi marta shu ishga qo‘l urdim. O‘n ming tosh naridagi ko‘p qatli uyning eng baland qavatidan boshpana topdim. Uy xonalari shinam, yorug‘ edi. Kechga qadar ochiq deraza yonida havo simirib o‘tirdim. So‘ng uyqu meni elitdi. Ertalab ko‘zlarimni ochganimda esa…
Ko‘zlarimni takror-takror, qattiq-qattiq ishqaladim. Yumib-ochib, yumib-ochib shunga ishonch hosil qildimki, ko‘ryotganim tush emas edi. Ota uyning oyog‘i bo‘lsa ekanki ortimdan quvib yetib kelsa? Yo qanoti bo‘lsa ekanki, parvoz qilib shu yerga kelib qo‘nsa. Bu ne sir-sinoat? Bu qanday jumboq? Dosh berolmadim. Baqirib yubordim.
-Yo‘q! Yo‘o‘qq! Yo‘o‘o‘qqq!
Yo‘q, tagiga yetolmayapman. Nahot ota-bobolar uyi meni endi o‘lgunimcha ta’qib qilsa? Tinch qo‘ymasa? Kecha uyquga yotganimda ko‘p qatli binoning eng baland qavatida, osmonga yaqin yerda edim. Bugun ota-bobolarim uyi meni shu yerga ham izlab topib kelibdi. Bugun uyg‘onganimda baland bino o‘rnida o‘zimizning hovli yastanib turganiga amin bo‘ldim va shunga ishonch hosil qildim: endi o‘yindan foyda yo‘q, men o‘z go‘shamni necha bor almashtirmay, dunyoning narigi chekkasiga borib boshpana sotib olsam ham, baribir o‘z uyim meni izlab topar ekan.
Alam, iztiroblar yuragimni kuydirib, ko‘zlarimdan yosh bo‘lib oqa boshladi. Sezib turardim, ko‘z yoshlarim yuzlarimni ho‘llab, bo‘ynimdan pastga oqib tushar, yoqamning nam tortgani g‘ashimni keltirardi. Bilmadim, o‘rnimda qay mahalgacha shu ko‘yi yotgan ekanman. Oxiri bo‘lmadi, o‘rnimdan turib, yuz-ko‘zlarimni yuvib kelish uchun tashqariga chog‘landim. Hovli etagidagi suv jo‘mragi tomon yo‘nalgan ham edim, kiraverishdagi eshik – ko‘zguqopqaning tuyqus yorishib ketganiga ko‘zlarim tushdiyu darrov kaftlarimni pana qildim. So‘ng panjalarim orasidan qo‘rqa pisa boqib, yana bir mo‘jizaga shohid bo‘ldim. Qopqa sirtidagi ko‘zguda birin-ketin otam va bobolarimning aksi ko‘rina boshladi. Afsus, ming afsus, ularning chehralarini alam, g‘am-u g‘ussa, iztirob o‘rlab olgandi. Ichimdan nimadir vulqonga o‘xshab otilib ketdi. Qo‘llarimni yuzlarimdan oldim, o‘kirib yubordim:
-Meni kechiringlar! Kechiringlar dadajon, bobojon. Sizga loyiq farzand, nevara bo‘la olmadim. Kechiringlar….
Ko‘zguqopqa bir-ikki lahzadan so‘ng o‘z holiga qaytdi. Shu dam ko‘zlarim achishib ketdi, ishqalab oldim. Barmoqlarimni ko‘zlarimdan olganimda esa o‘zimni kuni kecha joylashganim — ko‘p qatli uyda, o‘z xonamda ko‘rdim…
***
Bir necha kundan so‘ng o‘zim tug‘ilib o‘sgan shaharga qaytdim. Bobomeros hovlini sotib olib, hammasini boshidan boshlashga, o‘zgarishga qaror qilgandim, ammo jonajon uy o‘rnida butkul boshqa, begona uy qad rostlab turganini ko‘rib tosh qotdim.
KUY
Shunday kezlar bo‘ladiki, hech kimni hech nimani yoqtirmay qolasan. O‘z yog‘ingga qovrilib, o‘z dunyong ichida allazamonlar qolib ketging keladi. Ha, ha, hatto tegrangni qurshab turgan, senga hayot nashidasini tuhfa qilyotgan tabiat va uning bor javohiroti ba’dingga uradi. Biror zog‘, biror jon ko‘zimga ko‘rinmasin, deb xonangga qamalib olasan-da, dar-u derazalarning qalin pardalarini surib, zulmat ko‘rpasini ustingga tortasan – ko‘zlaringni yumasan. Shu ko‘yi uzooq vaqt turishni, o‘z-o‘zing bilan yolg‘iz qolishni ixtiyor qilasan. Sukunat esa bundan mustasno. Chunki u dardlaringni arituvchi, jarohatlaringga malham bo‘luvchi, qayg‘ularingni bir-bir eshib, arituvchi bir xaloskor. Ha, ha, jimlik sening xaloskoring.
Sukunat oldingga hozir-u nozir bo‘lib kuy tarata boshlaydi. Juda hazin, serg‘am kuy. Lekin bu ko‘ngling jarohatlariga malham bo‘lguvchi, yuragingda yig‘ilib, seni ado qilmakka tushgan sho‘r va talx dardlaringni bir-bir terguvchi najotkorona kuy… Mungli navo to‘lqinlari yopirilib kelib, ilkis g‘amangiz dengizga bor-yo‘g‘ingni tortib ketadi. Bu mung-u g‘ussalar qorishiq, anduh-u alamlar aralash-quralash bo‘lib yotgan bir dardli olam ichiga tushib qolasan. Bu dunyo shunday dunyoki, unda sen kabi ruhi sokin, ko‘ngli halim, dard-u alamlari mo‘l kaslar umrguzaronlik qilyotgan bo‘ladi. Ularning kundalik tashvishi bor o‘y-xayollari ham shu -uzundan uzun o‘y surish, kecha-yu kunduz xayol girdobidan chiqmay yurish. Na birov senga, na sen birovga dilsiyohlik qilmaysan, badxohlik qilmaysan. Bu yerda hech kim tubanlikka bormaydi, nomard kaslarning-ku urug‘iga o‘t tushgan, shunaqa palidlar tag‘in tug‘ilishiga-da imkon yaralmaydi. Tashvishing, kundalik yumushing – o‘y surib yurish, o‘y surib yashash va o‘y surib o‘lish…
Kuy avjiga kelganda bari charxi pirron bo‘lib, allaqayerga gum-gurs bo‘ladi. Hozirgina yoningda seni sarmast qilib, boshingni silab turgan Sukunat endi yo‘q, qayergadir g‘oyib bo‘lgan.
-Ey, ichkaridamisan? Nima qilyapsan-a qop-qorong‘i xonada?
Uff… Shu yerda ham seni tinch qo‘yishmaydi-ya? Orqangdan is olib yurgan Shovqin xayollaring ipini uzib, yuragingga g‘ashlik olib kiradi.
-Ey, meni tinch qo‘yasanlarmi yo‘qmi-a? To‘yib ketdim-ku?
-Jinni, arzimagan narsagayam xafa bo‘ladimi-a odam? Hazil-ku, tushunsangchi? Bo‘l, chiq, anavilar kutib qolishdi. Yaxshimas, o‘rtoq… Chiqa qol..
-Yo‘qol deyapman, yo‘qol!…
Ovozim pardasi xiyla ko‘tariladi. Eshik ortida mening kutishimni kutib turgan nusxaning, aftidan, avzoyi o‘zgaradi.
-E menga desa o‘lib ketmaysanmi? Bor-ye?
Hazil emish-a.. Arzimagan narsa emish-a… Fahm-farosatlaring bo‘lsa, kelib-kelib shunday ulug‘ kunda, tavalludim kuni hazil qilasanlarmi? O‘zi qachondan beri men sizlarga ermashak bo‘lib qoldim? Axir ko‘ngilni ko‘tarish, iliq so‘zlar aytish o‘rniga kayfiyatimni rasvo qilganlaring qilgan… Sizlar do‘stmas, yo‘q, do‘stmas!
“Sukunat, do‘stim qayerdasan? Boshla yana boyagi kuyingni, jonim…”
Tomog‘imga nimadir tiqilib, so‘z aytishga tilim aylanmay qoladi. Sukunat tag‘in yonimda paydo bo‘ladi. Boshimni silay ketadi.
“Balki ular chiqqaning yaxshimidi? Harholda do‘stlaring… Oldingga kelishgan…”
“Yo‘q, men uchun kelishgani yo‘q. Dilimni siyoh qilish uchun kelishgan. Doim shunaqa ranjitib qo‘yib, keyin tavalloyu istihola qilib yurishadi. Chiqmayman. Bo‘ldi, boyagi kuyingni chal, azizam…”
“Ular oldiga chiqmaysanmi? Balki yana bir bor o‘ylab ko‘rarsan-a…”
“Yo‘q!”
Mahzun kuy tag‘in jonlana ketadi. Ong-u shuurimning qaysidir hujayralarida yarq etib paydo bo‘lgan bu nola, fig‘on aslida dilim torlaridan tebranib chiqayotgani, bu g‘amangiz navoni Sukunat emas, aslida men o‘zim, ruh-u vujudim, ko‘nglim birla birga yaratayotganimiz va javonib-u borliqqa taratayotganimizni fahmlab turaman. Tobora to‘lqini mavj urib, anduh-u alamlari seroblashib borayotgan bu afg‘on ohanrabo xayollarim pardasiga ham urilib, ko‘z o‘ngimda allakimlarning suratlari paydo bo‘la boshlaydi. Mana Men, mana Sen, mana U. Uchovimizni Sukunatning mahzun nolalari tag‘in bir nuqtada uchrashtiradi.
Men:
-Sen, senga umr bo‘yi talpinib yashayapman.
Sen:
-Men, yoningdaman.
Men:
-Nega unda qovusholmayapmiz. Nimaga?
Sen Uga yuzlanadi.
U:
-Men, Sen, ikkovlaring izlaringdan quvganim quvgan. Bir galda birlaringga, bir galda ikkinchilaringga yetaman deganda tag‘in olislashib ketasanlar. Qochganlaring qochgan.
Men:
-Bundan chiqdi, ikkimiz o‘rtamizda to‘g‘anoq bo‘layotgan ekansan-da? Bir umr bir-birimizni uzoqlashtirishga urinib, biz, ikkalamizni ajratib kelyatgan ekansan-da, palid?
Sen:
-Gapir, nimaga indamaysan?
U:
-Taqdir bu.
Men:
-Har gapga taqdirni tiqishtiraverma. Taqdirni pesh qilaverma. Ko‘ngling qora aslida.
Sen:
-Nahot baxtimizni ko‘ra olmayotgan bo‘lsang, shumi maqsading?
U:
-Ha. Shu. Ikkoving bir-biringga erishsang, yolg‘iz qolib ketaman. Buni esa istamayman.
Men:
-La’nat bo‘lsin sendek manfurga!
Sen:
-Qo‘y, Men, uni qarg‘ama!
Men:
-Bir umr mana shunday yolg‘iz o‘tib ket. Izlarimizga zor bo‘lib yur.
Sen:
-Do‘stimiz bo‘larsan deb safimizga olgandik. Dushman chiqib qolding-ku?
Men:
-Endi do‘stimiz emassan, safimizdan chiqding.
U:
-Ha, shundaymi? Unda ikkalang ham u quloqlaring bilan ham, bu quloqlaring bilan ham eshitib olinglar: bir-biringa zor bo‘lib yur. Hech qachon visolga erisha ko‘rmanglar… Bir-biringdan ayirib, parcha-parcha qilib, sochib yuboraman. Bo‘laklaring Yer-u Osmon, Quyosh-u Oy va shunga o‘xshash jismlarga aylanadi. Toabad musibat, ranj-u kulfat olovlarini purkayman yo‘llaringga… Bir-biringga qovusha olmay o‘tasanlar. Bordi-yu topishib olgudek bo‘lsanglar ham, bu uzoq davom etmaydi. O‘rtalaringga nifoq urug‘ini sochaman, sochaveraman. Xullas, ajrataveraman… ajrataveraman… ajrataveraman!…
…-Bo‘ldi qila qol, o‘rtoq. Chiqa qol. Yarashmayapti hammamizdan arazlab o‘tirishing. Yosh bola emassanku?
-Meni tinch qo‘yinglar! O‘z holimga qo‘yinglar!
-Unda ketganimiz bo‘lsin. O‘tiraver zulmat qo‘pgan xonangda ko‘z yoshlaringga ko‘milib. Biz ketdik!
-Jo‘na, jo‘na hammang!
“Ketdimi ular hamma yoq suv yutgandek tinch bo‘lib qolibdi, Sukunat?”
“Ha, ketishdi. O‘zi nega ulardan xafa bo‘lding? Odam shunday qutlug‘ kunda ham arazlab oladimi?”
“Anavilarning sassiq gapini eshitganingda edi? O‘zimku, mayli, yerdan olib yerga urishsayam, miq etmasdim. Tishimni tishimga bosardim. Bechora, boyaqishgina Senga til tekkizishganiga chiday olmadim…”
“…”
“Hm. Bo‘ldi. Ortiq eslashni ham istamayman. Ular oladiganini olishdi. Iltimos, boyagi kuyingni davom ettir…”
“Azizim, isyon qilishni bilmaysan. Qilg‘iliq qilganni ta’zirini bersang, ikkinchi marta bu noma’qulchiligini qilmasmidi?”
“Nima qilay, iblis qavmidan bo‘lsamku, g‘azabim qo‘pib, ko‘zlarim qonga to‘lib, barini bo‘g‘izlab tashlasam. Rahmoniyman axir, rahmoniy…”
“Nokaslarni, nobakorlarni g‘azab olovi bilan yondira olmaysan, lekin sokinlik bilan yengish mumkin…”
“Shuning uchun doim yonimdasanda Sen. Madadingga suyanaman, azizam!”
“Eh, qani U Sukunatga aylantirib qo‘ymaganda… iblis!”
“Sen, bo‘ldi cho‘kmagin, axir men – Men yoningdaman-ku? U bizni ne ko‘yga solmasin, ikkimizni hech qachon ayira olmaydi bir-birimizdan. Ahmoq, jismlarni bir-biridan ajratgan misol, qalblarni, ruhlarni ham shu yanglig‘ judo qilaman deb o‘ylaydi-da?”
“Azizim, hushyor bo‘lmoq kerak! U hamma yerda, hozir-u nozir. Huzuringga kelganlar ham Uning bolalari aslida… ”
“Qo‘rqma, jonim. Sen bilan qolish uchun ham doim oldingga shoshaman. Mana bugun ham shunday qildim. Menga Shovqin yoqmaydi…”
“Undan qo‘rqaman. Bir-birimizni judo qilishidan…”
“Bizni baribir yenga olmaydi. Toki bir-birimizga bo‘lgan muhabbatimiz sof ekan, ojiz qolaveradi U… Endi men sevgan Sokinlik, muhabbat kuyini boshla! Boshla, azizam…”
Zulmatga do‘ngan xona ajabtovur muhabbat kuyidan yorishib, gul-u chamanga burkandi-yu anvoyi islar tarala boshladi. Ko‘zlarim qamashib ketdi. Mushtlarim bilan qattiq ishqalab qo‘llarimni olgandim ham Sen – nim tabassum qilib turgan hurliqo qoshimda paydo bo‘lding. Men-u Sen bu nurli go‘shada yolg‘iz qoldik… Faqat Sen va Men!
Do‘stlarim, avvalo xudo ko‘rsatmasinku-ya, mabodo doimiy kurashib kelyotganim g‘anim U -Shovqinning qo‘li baland kelib, bu taloto‘pda Sukunatni yo‘qotib qo‘ysam-u, siz uchratib qolsangiz, Men — Ko‘ngilga xabar qiling. Meni chorlang!