Baxtiyor Aminiy. Sening tabassuming. Uchliklar

04Камончининг садоғида ўқлар мўл бўлган дам у ўз мақсадига осонгина эришади. Аммо тирдонда ўқлар уч дона қолган бўлсачи? Энди иш мушкул кечади. Бироқ шоир Бахтиёр Аминий айни шу мураккаб йўлдан бормоқчи. Бу кўҳна, ҳаяжонлари мўл, муқаддас йўл – китобхоннинг Қалбидир…

УЧ ЎҚЛИ КАМОНЧИ
Тимур Зулфиқоров- шоир, Бунин мукофоти совриндори


   Бахтиёр Аминий япон шеърияти жанрига хос уч сатрли шеърлар — хоккулар ёзади. Бу шоир япон тожигими ёки тожик япони?..

  Умар Хайём тожик шеъриятини ғоят нафис олмос тўрт сатрга етказган. Бахтиёр Аминий уни уч сатрга етказишни мақсад қилган…

 Шоирнинг фожиавий, нафис, ишқ-муҳаббат жўшган чизгилари  жуда кўп.. Унинг кўнгли пок, ёлғиз, куйинчак…

Шоир ёлғизлик ҳақида сўзлаган дамда ҳам дунёвий ва самовий дунёлардан воз кечмайди. Айни дам бу дунёлар ҳам шоирни севади…

Камончининг садоғида ўқлар мўл бўлган дам у ўз мақсадига осонгина эришади. Аммо тирдонда ўқлар уч дона қолган бўлсачи? Энди иш мушкул кечади. Бироқ шоир Бахтиёр Аминий айни шу мураккаб йўлдан бормоқчи. Бу кўҳна, ҳаяжонлари мўл, муқаддас йўл – китобхоннинг Қалбидир.

Бахтиёр Аминийнинг уч сатрлари китобхон кўнгли томон парвоз қиляпти. Хушбахт парвоз тилайман!

Бахтиёр АМИНИЙ
CЕНИНГ ТАБАССУМИНГ


14Бахтиёр Аминий 1975 йил 31 мартда Тожикистон республикаси Панжакент ноҳиясида таваллуд топган. Ўрта мактабдан сўнг Сотим Улуғзода номидаги Тожикистон тиллар олийгоҳида таҳсил олган. 1996-1997 йилда Қизил Хоч Қўмитасида таржимонлик билан шуғулланган. Бу кунга қадар “Алфа” МЧЖ (Москва), “Солор” ЖДММ (Душанбе) бош директор лавозимларида фаолият юритган. Ҳозирда “Матбуот-пресс” МЧЖ директори.
Илк шеърий тўплами “Никоҳи нигоҳ” 1994 йилда эълон қилинган. Шундан сўнг “Ба дунболи чашмҳо” (Душанбе, 2012) , “Твоя модная улыбка” (Одесса, 2014) шеърлар мажмуаси нашр этилган.
Ижод намуналари жумҳуриятдаги “Адабиёт ва санъат”, “Озодагон”, “Дайри муғон”, “Помир” ва бошқа нуфузли нашрларда эълон қилинган. Шеърлари инглиз, болгар, италия ва бошқа тилларга ўгирилган. Шоир рус ва инглиз тилларида ҳам ижод қилади. Хойку, сенрюлари жаҳоннинг бир неча нашрларида эълон қилинган.


***
Қоронғулик. Шом.
Сени кўряпман
Ўтган ҳар йўловчида.

***
Нуқтани севаман мен.
Кўпдан-кўп ишларда
Севаман кўп нуқталарни.

***
Қушларнинг изин
Ювиб юборар ёмғир.
Осмон мусаффо.

***
Уловда чивин билан
Сўзлашаман кўнгилдан.
Тирбандлик.

***
Қор ёғар, тинмай ёғар…
Бўйи ўсар дарахтларнинг тунда
Бир неча қаричга

***
Оғзи ланг очиқ…
Хориж сафарини орзулар
Остонадаги жомадон.

***
Ўзини офтобда тоблайди
Денгиз соҳилида
Қишки тушлар.

***
Зангсоат.
Ухлаб қолди
Менинг саҳарим.

***
Қишки кун…
Мендан кўра кўпроқ
Дилдирар соям.

***
Йўқлаб борганимда ота-онамни,
Мени танимади
Қадрдон итим.

***
Сен ҳақда сўзлаяпман,
Бора-бора айланаман сенга.
Кел, таништириб қўяй сени билан Сен!

***
Эшик беркилар…
Қучиб олар сукунат
Совуқдан-совуқ.

***
Очликдан қурир силласи…
Заҳҳок елкасидаги илонларнинг
Бўшаб қолар миялари ҳам.

***
Хотирадан
Сийқаланиб тушар қанотлар.
Манқурт қуш.

***
Иш ташлашар
Сувараклар хаёлда:
“Бизга нон беринг ва томоша”.

***
Осмон лим-лим юлдуз
Силжир у ён-бу ёнга.
Юрагим эса шип-шийдам.

***
О Будда!
Ўргат менга табассум ҳадясин
Табассум ҳадя этмай.

***
Ўзимга келиб
Англаганим шу —
Сен йўқ эдинг.

***
Уйқуга чўмишдан қўрқар
Шаҳаншоҳ.
Момоқалдироқ! Қалтироқ…

***
Ёд бўлди энди
Оғриқ жўғрофияси.
Шайдойи шоир!

***
Табассумин канда этмасдан
Видолашар ҳаёт билан
Кекса масхарабоз!

***
Билар ёддан
Ҳар сўзнинг таъмин
Шоир

***
Юрак зарблари
Шиддатли, гоҳ сустдан-суст.
Кутиш зали.

***
Учар ракета…
Етмоқ кўп душвор.
Фикр учар шу тахлит.

***
Кўз илғаб олар
Дунё харитасин ҳар бир нуқтасин.
Бедорлик.

***
Сен билан нима ҳақида
Сўзлашамиз айт, нима ҳақида?
Бир кунлик Ой!

***
Барини ол —
Қолдир фақат
Ўзимни чимдим.

***
Недан дафъатан
Ўхшаб қолдик бир-биримизга…
О булутли осмон!

***
Йигирма  йилдан ошиб кетди:
Ҳиндча тушлар кўрмайди
Менинг Республикам.

***
Думин ликиллатар
Ҳатто қопонғич  ит.
Она қишлоқ.

***
Тун бўйи
Мижжа қоқмас муҳаббат…
Оғирлашар тонг!

***
Заҳирага жамлаяпман бирма-бир
Баҳор бўёқларини
Олисдаги  қиш учун

***
Таъми ўхшамас сеникига
Ётдан-ёт.
Кўкни татиб кўрсам-чи?

***
Диван устида чечак,
Унда ором олмоқда шабнам.
Нақадар қисқа уйқу!

***
Бўлди, уйғонинг!
— Кўришга ҳам қўйишмайди.
Эсиз қандай яхши туш эди!

***
Ёмғир ёғар эди
Биз айрилган кун.
Ҳамон ёғар ўша  ёмғир…

***
Қандай соз…
Жим турибмиз шу алфоз
Мен ва ёлғизлик.

***
Бойчечаклар
Баҳор “смс”чалари:
“Баҳор келди!”

***
Иш ҳақини келтириш учун
Кузатади ўғлини она
Мисли жангга кузатаётгандек.

***
Рақс этади
Буғдой, бошоқлар…
Шамол рақсни бошқарар.

***
Кўз тиккум кафтларинг чизиқларига.
Лабиринт.
Излайман севги чизиқларини.

***
Ҳўплайман
Бир пиёла кўк чойни —
Ойни.

***
Жойлагум
Уч сатрга
Бор ҳаётимни.

***
Бетиним  чертаман
Тушингнинг даричасини:
“Очақол, бу мен!”

***
Тасаввур этолмам
Ҳаётимнинг саналарини
“Тиқ” ва “тақ” оралиғида.

***
Жим турмоқ
Қанчалар оғир,
Балиқлар билар

***
Нархи осмон тошлар
Кўргазмасида
Излаяпман юрагингни.

***
Хос ҳовуз.
Минглаб гулбарглар оғушин очиб
Кутяпти сени.

***
— Бойчечак сотиб олинг, бойчечак!-
Савдо бошлар болакай
Кўкламдан дарак бериб.

***
Сониялар… дақиқалар
Содда алфозда.
Соатлар ўзгартирар абадиятни.

***
Ҳар кимнинг ўз болтаси бор
Ва ҳар кимнинг ўз кампири  бор –
Раскольников яшар ҳар кимнинг ичида.

***
Ўлди туғилмасидан
Сўз – Тимсол
Шоир мотами куни.

***
Ўтди қумсоатларим аро
Қанчалар саҳро.
Ҳануз кутмоқдаман сени!

***
О, ҳаёт – минглаб куёвларга бўлган бир қайлиқ.
Юз бор ажрим бериб олган бўлсак-да,
Ҳануз сендан ажралганим йўқ.

***
Юришга хоҳиш йўқ
Қалб чакалакзорига,
Тўрт қиблага ҳам.

***
Ҳовуз, Басё ва мен
Келишиб олдик
Бақалар ҳақида сукут сақламасликни.

***
Сузар қабрлар…
Минглаб болаларнинг
Орзу дўнган қоғоз қайиқчалари.

***
Эълон:
– Йўқотиб сени,
Изламакка тушганман ўзимни.

***
Мозорда
ўзаро рақобатга ғарқдир
қабртошлар

***
Атиргул гулбарги
Китобнинг бир саҳифасида…
Сўлган хотира.

***
Биров бергани йўқ
Муҳаббатдан дарс.
Севишганлар – муаллимсиз сабоқ олганлар.

***
Неча асрларки
Ўзгармаётир
Будданинг табассуми.

***
Ҳаёт бу парвоз.
Айбдор ўзингсан,
Гар кўрмаётган бўлсанг қанотларингни

***
Соябонсиз
Дунё қандай чиройли –
Ёмғир остидаги қиз

***
Музлаган ўй-туйғулар
Музлаган тилаклар ва ғурур
Баҳорни кутишмоқда Баҳорни

***
Амалдор-маталчи
Қайси бир чўпчагин бераркан сўзлаб
Эртага Оллоҳга

***
Хурмо тотин берар
Пишмаган хурмо тоти
Хайрлашув бўсаси.

***
Сувга лим-лим балиқ кўзлари
Унинг кўзёшларин кўрмайсан
Ҳеч қачон кўрмайсан!

***
Турибман. Соям остида
Мириқиб ухлар мушукча
Ёзги жазирама!

***
Малевичнинг “Қора квадрати”,
Тожикнинг қора ҳаёти
Англатар “қора” сўзини

***
Президентнинг виждон зангсоатини
Юргизишга қодир фақат 
Халқ

***
Куч қолмади бошқа
Сархуш Ой
Ғарқ бўлар пиёлага

***
Ҳаттоки уммонга  
Томган томчиям
Қолдиражак из

***
Кетди. Мангуга.
Мунғаяр қабртош узра
Сариқ атиргуллар

***
Учдилар қушлар Бухоро томон.
Қандай соз улар учун
Виза керакмас.

***
Баҳорги тонг
Ўзимни кўрдим
Шабнам қатрасида

***
Ортиқ жой йўқ
Орзулар қабристонида
Омади чопмади ҳаётнинг

***
Сокин мунғаяр
Танҳо бир томчи
Ёмғир эса тинган

***
Онам ўзини 
Ёш ҳис этсин  дея
Бўяйман оқарган  соч толаларим

***
Ёт ҳовлини супурар секин
Тожик хизматкор
Ватан унинг қайтишин кутмас

***
Мен Басёни
Учратган жой
Қадимий  ҳовуз

***
Ёлғиз олча
Гуллаб турибди
Уни қутлайман

***
Сотилди
Отамерос уй
Хотира етим қолди

***
Бобомдан
Мерос бўлди
Фақат юриш-туришим.

***
Отам жим
Уч кундан буён
Бўрон бошланишин кутяпман

***
Баҳорги туш:
Қўлларим ўсиб
Сени гир ўраб олибди

***
Тахтага қўнган  пашша
Нуқта қўйди
Кераксиз жойга

***
Ичилмай қолган  қаҳва
Финжон тубига боқиб
Фол ҳам очиб бўлмайди эртанги кун ҳақида

***
Ўйинчоқлар дўкони
Бефарзанд эру хотин 
Қадами  секинлашар 

***
Уйқусиз тун
Ҳозиргина  ўйлаганим 
Яна ўйлайман

***
Ҳеч қачон
Унитилмас 
Сенинг табассуминг

***
Қўшни аёл
Сассиз яқинлашар
Қаҳва ифори

***
Уйдан қанча узоқлашсам
 Шунча  ёрқинлашар 
Онам сурати

***
Аёл  ойнага 
Ғамгин тикилар
Осмонда тўлишган ой

Рус тилидан Умид Али таржимаси

Таржимон ҳақида: Умид Али 1978 йили Самарқанд вилояти Самарқанд туманида туғилган. 2001 йили Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тугатган. 2001-2003 йилларда тумандаги 23-ўрта мактабда она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2003-2012 йиллар мобайнида «Бекажон» газетасида мусаҳҳиҳ, мухбир, бўлим мудири, «Аъло кайфият» журнали бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. Ҳозирда «Афросиёб» газетасида фаолият юритмоқда.
Умид Али «Дилмоҳим», «Кўкка йўл», «Салом, ширин туйғулар» ва бошқа шеърий, насрий китоблар муаллифи. 2009 йилда элликдан зиёд ўзбек ижодкорлари билан уюштирган суҳбатлари «Кўнгилга сайр» номи билан чоп этилди.

11 Kamonchining sadogʼida oʼqlar moʼl boʼlgan dam u oʼz maqsadiga osongina erishadi. Аmmo tirdonda oʼqlar uch dona qolgan boʼlsachi? Endi ish mushkul kechadi. Biroq shoir Baxtiyor Аminiy ayni shu murakkab yoʼldan bormoqchi. Bu koʼhna, hayajonlari moʼl, muqaddas yoʼl – kitobxonning Qalbidir…

UCH OʼQLI KАMONCHI
Timur Zulfiqorov- shoir, Bunin mukofoti sovrindori


Baxtiyor Аminiy yapon sheʼriyati janriga xos uch satrli sheʼrlar — xokkular yozadi. Bu shoir yapon tojigimi yoki tojik yaponi?..

Umar Xayyom tojik sheʼriyatini gʼoyat nafis olmos toʼrt satrga yetkazgan. Baxtiyor Аminiy uni uch satrga yetkazishni maqsad qilgan…

Shoirning fojiaviy, nafis, ishq-muhabbat joʼshgan chizgilari juda koʼp.. Uning koʼngli pok, yolgʼiz, kuyinchak…

Shoir yolgʼizlik haqida soʼzlagan damda ham dunyoviy va samoviy dunyolardan voz kechmaydi. Аyni dam bu dunyolar ham shoirni sevadi…

Kamonchining sadogʼida oʼqlar moʼl boʼlgan dam u oʼz maqsadiga osongina erishadi. Аmmo tirdonda oʼqlar uch dona qolgan boʼlsachi? Endi ish mushkul kechadi. Biroq shoir Baxtiyor Аminiy ayni shu murakkab yoʼldan bormoqchi. Bu koʼhna, hayajonlari moʼl, muqaddas yoʼl – kitobxonning Qalbidir.

Baxtiyor Аminiyning uch satrlari kitobxon koʼngli tomon parvoz qilyapti. Xushbaxt parvoz tilayman!

Baxtiyor АMINIY
CENING TАBАSSUMING


24Baxtiyor Аminiy 1975 yil 31 martda Tojikiston respublikasi Panjakent nohiyasida tavallud topgan. Oʼrta maktabdan soʼng Sotim Ulugʼzoda nomidagi Tojikiston tillar oliygohida tahsil olgan. 1996-1997 yilda Qizil Xoch Qoʼmitasida tarjimonlik bilan shugʼullangan. Bu kunga qadar “Аlfa” MChJ (Moskva), “Solor” JDMM (Dushanbe) bosh direktor lavozimlarida faoliyat yuritgan. Hozirda “Matbuot-press” MChJ direktori.
Ilk sheʼriy toʼplami “Nikohi nigoh” 1994 yilda eʼlon qilingan. Shundan soʼng “Ba dunboli chashmho” (Dushanbe, 2012) , “Tvoya modnaya ulыbka” (Odessa, 2014) sheʼrlar majmuasi nashr etilgan.
Ijod namunalari jumhuriyatdagi “Аdabiyot va sanʼat”, “Ozodagon”, “Dayri mugʼon”, “Pomir” va boshqa nufuzli nashrlarda eʼlon qilingan. Sheʼrlari ingliz, bolgar, italiya va boshqa tillarga oʼgirilgan. Shoir rus va ingliz tillarida ham ijod qiladi. Xoyku, senryulari jahonning bir necha nashrlarida eʼlon qilingan.

***
Qorongʼulik. Shom.
Seni koʼryapman
Oʼtgan har yoʼlovchida.

***
Nuqtani sevaman men.
Koʼpdan-koʼp ishlarda
Sevaman koʼp nuqtalarni.

***
Qushlarning izin
Yuvib yuborar yomgʼir.
Osmon musaffo.

***
Ulovda chivin bilan
Soʼzlashaman koʼngildan.
Tirbandlik.

***
Qor yogʼar, tinmay yogʼar…
Boʼyi oʼsar daraxtlarning tunda
Bir necha qarichga

***
Ogʼzi lang ochiq…
Xorij safarini orzular
Ostonadagi jomadon.

***
Oʼzini oftobda toblaydi
Dengiz sohilida
Qishki tushlar.

***
Zangsoat.
Uxlab qoldi
Mening saharim.

***
Qishki kun…
Mendan koʼra koʼproq
Dildirar soyam.

***
Yoʼqlab borganimda ota-onamni,
Meni tanimadi
Qadrdon itim.

***
Sen haqda soʼzlayapman,
Bora-bora aylanaman senga.
Kel, tanishtirib qoʼyay seni bilan Sen!

***
Eshik berkilar…
Quchib olar sukunat
Sovuqdan-sovuq.

***
Ochlikdan qurir sillasi…
Zahhok yelkasidagi ilonlarning
Boʼshab qolar miyalari ham.

***
Xotiradan
Siyqalanib tushar qanotlar.
Manqurt qush.

***
Ish tashlashar
Suvaraklar xayolda:
“Bizga non bering va tomosha”.

***
Osmon lim-lim yulduz
Siljir u yon-bu yonga.
Yuragim esa ship-shiydam.

***
O Budda!
Oʼrgat menga tabassum hadyasin
Tabassum hadya etmay.

***
Oʼzimga kelib
Аnglaganim shu —
Sen yoʼq eding.

***
Uyquga choʼmishdan qoʼrqar
Shahanshoh.
Momoqaldiroq! Qaltiroq…

***
Yod boʼldi endi
Ogʼriq joʼgʼrofiyasi.
Shaydoyi shoir!

***
Tabassumin kanda etmasdan
Vidolashar hayot bilan
Keksa masxaraboz!

***
Bilar yoddan
Har soʼzning taʼmin
Shoir

***
Yurak zarblari
Shiddatli, goh sustdan-sust.
Kutish zali.

***
Uchar raketa…
Yetmoq koʼp dushvor.
Fikr uchar shu taxlit.

***
Koʼz ilgʼab olar
Dunyo xaritasin har bir nuqtasin.
Bedorlik.

***
Sen bilan nima haqida
Soʼzlashamiz ayt, nima haqida?
Bir kunlik Oy!

***
Barini ol —
Qoldir faqat
Oʼzimni chimdim.

***
Nedan dafʼatan
Oʼxshab qoldik bir-birimizga…
O bulutli osmon!

***
Yigirma yildan oshib ketdi:
Hindcha tushlar koʼrmaydi
Mening Respublikam.

***
Dumin likillatar
Hatto qopongʼich it.
Ona qishloq.

***
Tun boʼyi
Mijja qoqmas muhabbat…
Ogʼirlashar tong!

***
Zahiraga jamlayapman birma-bir
Bahor boʼyoqlarini
Olisdagi qish uchun

***
Taʼmi oʼxshamas senikiga
Yotdan-yot.
Koʼkni tatib koʼrsam-chi?

***
Divan ustida chechak,
Unda orom olmoqda shabnam.
Naqadar qisqa uyqu!

***
Boʼldi, uygʼoning!
— Koʼrishga ham qoʼyishmaydi.
Esiz qanday yaxshi tush edi!

***
Yomgʼir yogʼar edi
Biz ayrilgan kun.
Hamon yogʼar oʼsha yomgʼir…

***
Qanday soz…
Jim turibmiz shu alfoz
Men va yolgʼizlik.

***
Boychechaklar
Bahor “sms”chalari:
“Bahor keldi!”

***
Ish haqini keltirish uchun
Kuzatadi oʼgʼlini ona
Misli jangga kuzatayotgandek.

***
Raqs etadi
Bugʼdoy, boshoqlar…
Shamol raqsni boshqarar.

***
Koʼz tikkum kaftlaring chiziqlariga.
Labirint.
Izlayman sevgi chiziqlarini.

***
Hoʼplayman
Bir piyola koʼk choyni —
Oyni.

***
Joylagum
Uch satrga
Bor hayotimni.

***
Betinim chertaman
Tushingning darichasini:
“Ochaqol, bu men!”

***
Tasavvur etolmam
Hayotimning sanalarini
“Tiq” va “taq” oraligʼida.

***
Jim turmoq
Qanchalar ogʼir,
Baliqlar bilar

***
Narxi osmon toshlar
Koʼrgazmasida
Izlayapman yuragingni.

***
Xos hovuz.
Minglab gulbarglar ogʼushin ochib
Kutyapti seni.

***
— Boychechak sotib oling, boychechak!-
Savdo boshlar bolakay
Koʼklamdan darak berib.

***
Soniyalar… daqiqalar
Sodda alfozda.
Soatlar oʼzgartirar abadiyatni.

***
Har kimning oʼz boltasi bor
Va har kimning oʼz kampiri bor –
Raskolьnikov yashar har kimning ichida.

***
Oʼldi tugʼilmasidan
Soʼz – Timsol
Shoir motami kuni.

***
Oʼtdi qumsoatlarim aro
Qanchalar sahro.
Hanuz kutmoqdaman seni!

***
O, hayot – minglab kuyovlarga boʼlgan bir qayliq.
Yuz bor ajrim berib olgan boʼlsak-da,
Hanuz sendan ajralganim yoʼq.

***
Yurishga xohish yoʼq
Qalb chakalakzoriga,
Toʼrt qiblaga ham.

***
Hovuz, Basyo va men
Kelishib oldik
Baqalar haqida sukut saqlamaslikni.

***
Suzar qabrlar…
Minglab bolalarning
Orzu doʼngan qogʼoz qayiqchalari.

***
Eʼlon:
– Yoʼqotib seni,
Izlamakka tushganman oʼzimni.

***
Mozorda
oʼzaro raqobatga gʼarqdir
qabrtoshlar

***
Аtirgul gulbargi
Kitobning bir sahifasida…
Soʼlgan xotira.

***
Birov bergani yoʼq
Muhabbatdan dars.
Sevishganlar – muallimsiz saboq olganlar.

***
Necha asrlarki
Oʼzgarmayotir
Buddaning tabassumi.

***
Hayot bu parvoz.
Аybdor oʼzingsan,
Gar koʼrmayotgan boʼlsang qanotlaringni

***
Soyabonsiz
Dunyo qanday chiroyli –
Yomgʼir ostidagi qiz

***
Muzlagan oʼy-tuygʼular
Muzlagan tilaklar va gʼurur
Bahorni kutishmoqda Bahorni

***
Аmaldor-matalchi
Qaysi bir choʼpchagin berarkan soʼzlab
Ertaga Ollohga

***
Xurmo totin berar
Pishmagan xurmo toti
Xayrlashuv boʼsasi.

***
Suvga lim-lim baliq koʼzlari
Uning koʼzyoshlarin koʼrmaysan
Hech qachon koʼrmaysan!

***
Turibman. Soyam ostida
Miriqib uxlar mushukcha
Yozgi jazirama!

***
Malevichning “Qora kvadrati”,
Tojikning qora hayoti
Аnglatar “qora” soʼzini

***
Prezidentning vijdon zangsoatini
Yurgizishga qodir faqat
Xalq

***
Kuch qolmadi boshqa
Sarxush Oy
Gʼarq boʼlar piyolaga

***
Hattoki ummonga
Tomgan tomchiyam
Qoldirajak iz

***
Ketdi. Manguga.
Mungʼayar qabrtosh uzra
Sariq atirgullar

***
Uchdilar qushlar Buxoro tomon.
Qanday soz ular uchun
Viza kerakmas.

***
Bahorgi tong
Oʼzimni koʼrdim
Shabnam qatrasida

***
Ortiq joy yoʼq
Orzular qabristonida
Omadi chopmadi hayotning

***
Sokin mungʼayar
Tanho bir tomchi
Yomgʼir esa tingan

***
Onam oʼzini
Yosh his etsin deya
Boʼyayman oqargan soch tolalarim

***
Yot hovlini supurar sekin
Tojik xizmatkor
Vatan uning qaytishin kutmas

***
Men Basyoni
Uchratgan joy
Qadimiy hovuz

***
Yolgʼiz olcha
Gullab turibdi
Uni qutlayman

***
Sotildi
Otameros uy
Xotira yetim qoldi

***
Bobomdan
Meros boʼldi
Faqat yurish-turishim.

***
Otam jim
Uch kundan buyon
Boʼron boshlanishin kutyapman

***
Bahorgi tush:
Qoʼllarim oʼsib
Seni gir oʼrab olibdi

***
Taxtaga qoʼngan pashsha
Nuqta qoʼydi
Keraksiz joyga

***
Ichilmay qolgan qahva
Finjon tubiga boqib
Fol ham ochib boʼlmaydi ertangi kun haqida

***
Oʼyinchoqlar doʼkoni
Befarzand eru xotin
Qadami sekinlashar

***
Uyqusiz tun
Hozirgina oʼylaganim
Yana oʼylayman

***
Hech qachon
Unitilmas
Sening tabassuming

***
Qoʼshni ayol
Sassiz yaqinlashar
Qahva ifori

***
Uydan qancha uzoqlashsam
Shuncha yorqinlashar
Onam surati

***
Аyol oynaga
Gʼamgin tikilar
Osmonda toʼlishgan oy

Rus tilidan Umid Аli tarjimasi

06Tarjimon haqida: Umid Ali 1978 yili Samarqand viloyati Samarqand tumanida tug’ilgan. 2001 yili Alisher Navoiy nomidagi Samarqand Davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakultetini tugatgan. 2001-2003 yillarda tumandagi 23-o’rta maktabda ona tili va adabiyot o’qituvchisi, 2003-2012 yillar mobaynida «Bekajon» gazetasida musahhih, muxbir, bo’lim mudiri, «A’lo kayfiyat» jurnali bosh muharriri lavozimlarida ishlagan. Hozirda «Afrosiyob» gazetasida faoliyat yuritmoqda.
Umid Ali «Dilmohim», «Ko’kka yo’l», «Salom, shirin tuyg’ular» va boshqa she’riy, nasriy kitoblar muallifi. 2009 yilda ellikdan ziyod o’zbek ijodkorlari bilan uyushtirgan suhbatlari «Ko’ngilga sayr» nomi bilan chop etildi.

067

(Tashriflar: umumiy 191, bugungi 1)

Izoh qoldiring