Abdumajid Azim. Yangi she’rlardan

044Ҳеч бир шоир оламга, одамга, умр моҳиятига бефарқ бўлмайди. Абдумажид ака ҳайратини “Ҳаёт асли чапоғон бир бедов экан” ёки “Ҳаёт – бир ялт этиб чақнаган чақмоқ” деб изоҳлайди…(Баҳодир Каримнинг мақоласидан)

Абдумажид АЗИМ
ЯНГИ ШЕЪРЛАРДАН


ЎХШАЙМАН

Икки қош ораси менинг ҳаётим,37
лаҳзада тирилиб, ўлиб яшайман.
Вояга етса ҳам ўрганмай қўлга,
Ҳуркагу ёввойи тойга ўхшайман.

Ўхшайман ҳеч гиёҳ ўсмаган тоққа,
Ўзани қуриган сойга ўхшайман.
Одамлар унутган ғариб сўқмоққа,
Онамдай дардчил куйга ўхшайман.

Бу куйнинг ноласи оламни ўртар,
қамишдан кесилган найга ўхшайман.
Қирчанғи бу дунё манзилга йўртар,
туёғидан кўчган лойга ўхшайман.

Юракда фарёдим, бўғзимда додим,
ёронлар, бир ҳоли войга ўхшайман.
Бобомдир Добонбий – Алпомиш отим,
Чилбирчўлда ётган ёйга ўхшайман.

Совуқ изиллаган қаҳратон кунда,
томи ёпилмаган уйга ўхшайман.
ўхшашим топмадим жумла очунда,
бўри чангалида қўйга ўхшайман.

Бир эгнимда савоб, бирида гуноҳ,
булутлар ортида ойга ўхшайман.
Бўлсам-да, аслида афтода, қашшоқ,
худдики минг қўйли бойга ўхшайман.

Ўлмаган қул

Айрилмаса инсон умид – қанотидан,
писанд этмас йўлнинг олис ёвуғини.
Азбаройи бир кун қолса ҳаётидан,
Кўраверар банда иссиқ совуғини.

Онам кўрди салкам бир асрни,
бу дунёдан насибасин олди мўл-кўл.
Ўтган одам қучиб ётар қаро ерни,
кўраверар ҳаммасини ўлмаган қул.

Зоҳирида мутлақ ақлу ҳушдан жудо,
умид қилса бўлар ҳатто тентакдан ҳам.
Мўъжизасин кўрсатаман деса Худо,
ўт чиқади шудгордаги кесакдан ҳам.

Тор қафасга ўхшар экан ҳаёт гоҳо,
чарх чалғиси тирикликни ўраверар.
Токи ризқи узилмаса одам аммо,
бир томирга илашиб ҳам юраверар.

Аямаса Парвардигор ҳимматини,
бандасига оппа-осон барча мушкул.
Бу бозорнинг арзонини, қимматини,
кўраверар бу дунёда ўлмаган қул.

Ўзбек бўлиб туғилмай
(шовинист тарихчиларга айтганим)

Танимайсан бобом Широқни,
Геродотни ўқиб билмайсан.
Андишанинг оти қўрқоқми?
Ўзбекларни кўзга илмайсан.

Тарихларни ўзингча ковлаб,
Ўзбек номли миллат йўқ дебсан.
Дайди кучук сингари вовлаб,
Номаъқулнинг нонини ебсан.

Тарихларга бўйлаган маҳал,
Етти ўлчаб, бир кес, албатта.
Ўзбекларга келганида гал,
Маслаҳатим, кетмагин катта.

Абуттуркнинг зурёди асил,
Қўлда қилич, бошида бўрки.
Яйловидир Олтою Эдил,
Аҳли ислом, алфози туркий.

Адабини бергандир Римни,
Аттила ҳам менга ёт эмас.
Эсла, ёвқур Жалолиддинни,
Мўғулларга кела олган бас!

Ўз-ўзингча қилиб иддао,
Чалғитмагин аҳли авомни.
Ишонмасанг менга мабодо,
Эсла, буюк Темур бобомни.

Туғилгандир бу эл меҳнатга,
Унга ётдир гаплар ҳавойи.
Ҳар каломи уйқаш ҳикматга,–
Десам, гувоҳ ўтар Навоий.

Олам ичра жаннатул маъво,
Минорлари фалакка туташ.
Ҳар гўдакда яшар авлиё,
Юрагида ёнар чўғ, оташ.

Чиранмагин кўксингни кериб,
Бўйимга эн бўла олмайсан.
Ўзбек бўлиб туғилмай туриб,
Ўзбекларни била олмайсан.

Тингла мени олчоқ муаррих,
Солма ўзинг овсар, гўлликка.
Энди ортга қайтмайди тарих,
Рози бўлмас халқим қулликка.

* * *

Замин ухлар қор кўрпасида,
Тоғларда қор, далаларда қор.
Содда болалигим наздида,
Олам эди пок ва беғубор.

У дамларда оппоқ қорларнинг
Ёққанини яхши кўрардим.
Тиззамгача қорларга ботиб,
Кўчаларда ўйнаб юрардим.

Болаликнинг мамлакатида,
Кўнгил озод эди ғамлардан..
Бинафшалар қорлар тагида,
Дарак келтирарди кўкламдан.

Момом дерди: “Қиш файзи бўлак,
Қут-барака қор ахир, болам”.
Бизлар эса ўйинқароқ гўдак,
Кўмилардик қорларга беғам.

Энди эса қорлар ёққанда,
Муздай шамол ўйнар ичимда.
Совуқмасми хонада танча,
Онагинам келар ёдимга…

“Она, бетоб бўлганинг йўқми,
Нимагадир юрак ғамхона:
Сен ўтирган уйлар иссиқми,
Қотмадингми совуққа, она?

Изилласа изғирин совуқ,
Суяк-суягингдан ўтарми?
Чироқларинг турарми ёниқ,
Ўтин-чўпинг қишга етарми?”

Тоғларда қор, далаларда қор,
Қорлар ёғар кўнглимга букун.
Қумқўрғонга тезроқ қайт, баҳор,
Ўтинаман, шу онам учун!

* * *

Аста той-той туриб, улғайиб бир кун,
Дунё, кўтарилдим нарвонларингга.
Ниҳоят ўтроқлик топдию якун,
Жўнадим қўшилиб карвонларингга.

Карвонлар сафма-саф, қаторма-қатор,
Осилдим темиртан вагонларингга.
Дуч келдим,
дўстини бир пулга сотар,
Одам шаклидаги шайтонларингга.

Дуч келдим нотанти
нобакорга ҳам,
Чиридим етти қат зиндонларингда.
Кўникдим кўкламда ёққан қорга ҳам,
Гуллаб-яшнаётган бўстонларингга.

Чидолмай хўрликка,
сурликка ҳатто —
бош олиб жўнадим ёбонларингга
Яхшиликка ёмонлик келганда аммо,
Қойил қолмадим кўп инсонларингга.

Майдонлар кичрайди, кичрайди одам,
Тушунмадим гоҳо замонларингга.
Нетай,
хомсут эмган банда эканман,
Дон деб ишонибман сомонларингга.

Экканим ўрарман, келмасман мункир,
Сиғмасман бағритош жаҳонларингга.
Ҳамма-ҳаммасини ғарамлаб бир-бир,
Ўт қўйгим келади ёлғонларингга!!!

Билмадим ҳақманми, ноҳақманми ё,
Учиб кетгим келар осмонларингга.
Чўғни босиб олган сўқурдек аммо,
Оёқ қўёлмайман нарвонларингга.

Қул

Сурхонга борганимда бир ҳодисанинг гувоҳи бўлдим. Таксичи Россияга ишга кетаётган бир йигитни бориб уйидан олди.Оилали,икки болси бор экан. Уни кузаётган она, аёли ва болаларининг йиғиси ҳали ҳамон қулоғимда.

Ўғлинг йиғлаб кузатасан онаизор,
мунғаяди ўкинч ила туғилган уй..
Қақшаётир болалар ҳам интиғу зор,
Дилларида “қачон қайтар”
деган бир ўй.

Нола қилар,
қачон қайтар, қачон қайтар?
Аёли ҳам кўз ёшини яширолмас,
Ток войиши ер бағирлаб такбир айтар,
райҳонлар ҳам кўзларини ердан олмас.

Бир чеккада жовдираган гўдаклар-ай,
Сўқир дунё, буларга бир тасалли айт..
Қўтир дунё,
ёлғон яшиқ сўзингни қўй,
Қараб турма бир чеккада совуқ, лоқайд?

Тақдирнинг бу савдосига этиб исён,
Бўзлаётир осмондаги булутлар ҳам.
“Кетманг” дея болачалар отасининг,
Оёғига тармашади,
кўзларда нам.

Юз йил аввал, кетиб қолган мардикорга,
Боболарга,
энди сизлар, такрормисиз?
Пул деган бу,
тўйим билмас бир маккорга,
сотилган эй болаларим, соғ бормисиз?

Минг йилдирки сукунатда ётган ҳамон,
Даҳмаларга бош ураман: “Оёққа қалқ –
Номард дунё, ўзинг ўйла қачонгача,
Мардикорлар туғиб берар ахир бу халқ?

Отанг қулдир, ўзинг қулсан,
боланг ҳам қул,
Нон қидириб оворасан ёт элларда.
Не-не қизу жувонларинг ўлтирар тул,
Йигитларни олиб кетган бу йўлларда.

ИМОРАТ

Иморат кўтарди отанг бир замон,
Қўшнилар деярди уни нақ сарой.
Аммо отангга ҳам бўлганмас осон,
Эргаш пахсачига узатмоқлик лой.

Болалар шу иссиқ гўша бағрида
бир кўрпада ётиб, етди вояга.
Эскирди бу уй ҳам, йиллар ортидан
қарасанг ўхшайди чўккан қояга.

Бузаман бу уйни, дединг бир чоқда,
янги уй девори юксалди ғиштдан.
Ўн йилинг қоришиб лою тупроқда,
охири безиллаб қолдинг қуришдан.

Эртага мос келмас бугуннинг гапи,
нима бўлганда ҳам ўзбекка қийин.
Отанг қурган уйни сен бузган каби,
ўғлинг ҳам уйингни текислар тайин.

Аммо тугамайди бу сирли ҳалқа,
Ўз уйин қуради ҳар битта авлод.
Жонини жабборга берган бу халққа,
Битта иморатга тикилган ҳаёт.

Битта иморатни қилгунча барпо,
Ичи ҳам,таши ҳам кетар тўкилиб.
Ойнага бир куни қараган асно,
Қари чол кўринар, қадди букилиб.

У балки ўзидир, падари балки,
Қуришу бузишдан суяги қотган.
Ёки невараси – келажак халқи,
Ҳаёт қаршисида қайғуга ботган…

Дунё иморати қийшиқ бир девол,
уйлар қуравергин, сен қўша-қўша,
Гапларим кўнглингга олмагин малол,
Фақат истагим шу, одамдек яша!

Аҳволинг не бўлди, гўзал Туркистон?

Жадидлар отаси Беҳбудий вафотига

Аҳволинг не бўлди,
гўзал Туркистон?
Отилди ҳақиқат – зулмат кечада,
Шаҳидлар қонидан қорайди осмон,
Жаҳолат изғийди ҳар бир кўчада.

Дўнди вайронага масжид,
мадраса,
Ёқилди Аллоҳнинг каломи Қуръон,
Шайтон малайлари қилиб талваса,
Солар айюҳаннос: қон, қон, қон!..

Қанчалар қаттолу,
Хунолуд бу тонг,
Жигар жигарининг кўзини ўйса.
Ойболта остида қолган оломон,
Иймону вижонни унутиб қўйса.

Кенту маҳаллада,
ҳар бир гузарда,
Ниқобда ўтирса нобакор ёлғон,
Ёлғонлар сотилса ҳамма бозорда,
Аҳволинг не бўлди,
гўзал Туркистон?.

Орзу осмонлари синсалар чил-чил,
Туркистон тупроғи ётса хор, забун.
вагонларда кетса
бойликлар мил-мил,
Йиғласа гўдаклар
оч ҳамда юпун.

Босмачи аталса ёвқур ўғлонинг,
Отилса маърифат, адолат, имон,
Тарихинг бош-оёқ,
Китобдир – қонли,
Аҳволинг не бўлди гўзал Туркистон?

Эсласам, куяди оҳ,
кўкайларим,
Хоин деб отдилар жадидларни ким?
Шер юракли Фитрат,
Беҳбудийларим,
Замин жим. Осмон жим,
Тупроқларим жим!!!

Оға-иниларни бир-бирга қайраб,
Олчоқ, лўттибозлар ғолиб, қаҳрамон.
Манқурту авбошлар юрсалар яйраб,
Аҳволинг не бўлди,
Гўзал Туркистон?

БОЛАЛИК

Кўзимни юмдимми, бас,
қизиқ тушлар кўраман.
Қўзичоқ-ла басма-бас,
ирғишлаб югураман.

Келди жавзо – ёз, мана,
ўт ташийман даладан.
Анҳорда сув бўтана,
жазирама – чиллада…

Юр, дейди чўмиламиз,
жўраларим шумтака.
Ялинар икки укам:
“биз ҳам борайлик, ака”.

Укаларим ўр, қайсар,
майли, дейман наилож.
Маз-за, ака-укалар
сувда отамиз қулоч.

Эсдан чиқади мол-ҳол,
қозиқда қўзи, улоқ.
Болалик ҳардам хаёл,
отар тинмай шаталоқ.

Болалик ўйинқароқ,–
чарчаш, ҳориш қаёқда!
Лойқа сувни сиздириб,
сипқарамиз қалпоқда.

Телевизор. Кечқурун,
Артекда пионерлар.
Бахтли болалик ҳақда,
айтади қувноқ шеърлар.

Овқатни еб бўлмасдан
уйқуга тортар тўшак.
Тонгда қуёш кулмасдан
йиғамиз даштда хашак.

Энди биз катта киши,
чўнг ишларга чоғланган.
Рўзғорнинг бор ташвиши,
елкамизга юкланган…

Юмар юммас кўзимни,
қизиқ тушлар кўраман.
Ўзимни бир кўришга,
болаликка бораман.

Умр – сув оқиб кетмиш,
мен ҳайрон, лол қирғоқда.
Ҳамон оила, рўзғор, иш
ортимдан югурмоқда.

* * *

Дунё асли моли касод кўҳна бозор,
Дум ўйнатиб, тулкиликни эплолмадим.
Бу бозорнинг сотган моли ранжу озор,
Тарозига мен қозилик қилолмадим.

Кечир она, ўғлонингни телба-далли,
Ўғил бўлиб, хизматингда қололмадим.
Қондирмоққа ташналигинг мен ақалли,
Эшигингга ариқ бўлиб келолмадим.

Кўникдим-ку Дунё сенинг ҳар корингга,
Танг келганда боламни ҳам қўллолмадим.
Кўзи очиқ кетган отам,—
мозорингга
Ўғил бўлиб, ҳовуч тупроқ сололмадим..

Елкам эзар югур-югур, рўзғор-ташвиш,
Қиёматли қарзларимни тўлолмадим.
Билган ишим ўз-ўзимни этиб тафтиш,
Ўзим билан бир битимга келолмадим.

Югурсамда унмаяпти йўлим, аттанг,
Қозиғимдан бир қарич ҳам жилолмадим.
Икки жаҳон ғавғосидан бошим гаранг,
Ҳаловатнинг кўчасига йўлолмадим.

Ғунчадирман, кўзин очган қаҳратонда,
Яйраб-яшнаб, бир очилиб гуллолмадим.
Сурбет ҳаёт саҳнасида отиб ханда,
Бетавфиқлар даврасида кулолмадим.

Ич-ичимга ютганимча кўз ёшларим,
Аросатда не қиларим билолмадим.
Тили бошқа,
дили бошқа йўлдошларим,
Сизлар билан битта йўлда бўлолмадим.

ҲОЛАТ

Дадил кўтаришга бир тева юкин,
белда қувват бору дилда ишонч йўқ.
Ҳамма соғ- саломат, дастурхон тўкин,
бахт ҳам етарлидир, аммо қувонч йўқ.

Хатто Аваз Охун қилсада ҳазил,
ночор илжаясан, сира кулмайсан.
Кўча санғийсану йўқ борар манзил,
қайда тўхтарингни баъзан билмайсан.

Аламга айланар гоҳо армонлар,
эккан экинингда унум, ривож йўқ.
Замин тор қафасга айланган онлар,
учиб кетгинг келар, лекин илож йўқ.

ШАҲАР

Шукур Қурбонга

Юрар кўчаларда ғурурлар ғариб,
бирига нон керак, бировига шон,
Аммо бу ҳолатни этишга таъриф,
бўғзимда негадир айланмас забон.

Борар кўчаларда қоринни қўйган,
нафслари йўғону, ҳиммати пастлар.
Рўзғор ўчоғида қаноти куйган,
эскириб, унниқиб, тўкилган каслар.

биров ишхонага, биров бозорга,
ҳамма ҳар тарафга шошилиб турар.
Қўлида битта нон солинган тўрва,
нотавон, ғариблар кўчада борар…

Олғирлар боришар ўпириб, юлиб,
ғўддайиб, худдики қўлида осмон,
Ойлик маошига қаноат қилиб,
фаррош аёллар супурар хазон…

Мардум ўз ёғига қоврилган кўйи,
ҳаловат, оромдан мосуво бўлган.
Ҳавода анқийди куйинди бўйи,
мардикор бозори одамга тўлган.

Арзон дўконларда навбатга турар,
ёғ ҳамда шакарга кампиру чоллар.
Светофор ёхуд муюлишда учрар,
садақа тиланиб чўзилган қўллар.

Неча бор чайқалиб, тинади дунё,
юз йиллар ўтса-да, орадан магар.
Барини кузатар лоқайд, бепарво,
Дийдаси тош қотган, олифта шаҳар.

Нохуш бир хавотир, таҳлика дилда,
бекатда оломон ҳурпайиб турар.
Китобларга тўла дипломат қўлда,
бир одам шошилиб қайгадир борар.

Hech bir shoir olamga, odamga, umr mohiyatiga befarq bo‘lmaydi. Abdumajid aka hayratini “Hayot asli chapog‘on bir bedov ekan” yoki “Hayot  bir yalt etib chaqnagan chaqmoq” deb izohlaydi…(Bahodir Karimning maqolasidan)

Abdumajid AZIM
YANGI SHЕ’RLARDAN


O‘XSHAYMAN

Ikki qosh orasi mening hayotim,
lahzada tirilib, o‘lib yashayman.
Voyaga yetsa ham o‘rganmay qo‘lga,
Hurkagu yovvoyi toyga o‘xshayman.

O‘xshayman hech giyoh o‘smagan toqqa,
O‘zani qurigan soyga o‘xshayman.
Odamlar unutgan g‘arib so‘qmoqqa,
Onamday dardchil kuyga o‘xshayman.

Bu kuyning nolasi olamni o‘rtar,
qamishdan kesilgan nayga o‘xshayman.
Qirchang‘i bu dunyo manzilga yo‘rtar,
tuyog‘idan ko‘chgan loyga o‘xshayman.

Yurakda faryodim, bo‘g‘zimda dodim,
yoronlar, bir holi voyga o‘xshayman.
Bobomdir Dobonbiy – Alpomish otim,
Chilbircho‘lda yotgan yoyga o‘xshayman.

Sovuq izillagan qahraton kunda,
tomi yopilmagan uyga o‘xshayman.
o‘xshashim topmadim jumla ochunda,
bo‘ri changalida qo‘yga o‘xshayman.

Bir egnimda savob, birida gunoh,
bulutlar ortida oyga o‘xshayman.
Bo‘lsam-da, aslida aftoda, qashshoq,
xuddiki ming qo‘yli boyga o‘xshayman.

O‘lmagan qul

Ayrilmasa inson umid – qanotidan,
pisand etmas yo‘lning olis yovug‘ini.
Azbaroyi bir kun qolsa hayotidan,
Ko‘raverar banda issiq sovug‘ini.

Onam ko‘rdi salkam bir asrni,
bu dunyodan nasibasin oldi mo‘l-ko‘l.
O‘tgan odam quchib yotar qaro yerni,
ko‘raverar hammasini o‘lmagan qul.

Zohirida mutlaq aqlu hushdan judo,
umid qilsa bo‘lar hatto tentakdan ham.
Mo‘jizasin ko‘rsataman desa Xudo,
o‘t chiqadi shudgordagi kesakdan ham.

Tor qafasga o‘xshar ekan hayot goho,
charx chalg‘isi tiriklikni o‘raverar.
Toki rizqi uzilmasa odam ammo,
bir tomirga ilashib ham yuraverar.

Ayamasa Parvardigor himmatini,
bandasiga oppa-oson barcha mushkul.
Bu bozorning arzonini, qimmatini,
ko‘raverar bu dunyoda o‘lmagan qul.

O‘zbek bo‘lib tug‘ilmay
(shovinist tarixchilarga aytganim)

Tanimaysan bobom Shiroqni,
Gerodotni o‘qib bilmaysan.
Andishaning oti qo‘rqoqmi?
O‘zbeklarni ko‘zga ilmaysan.

Tarixlarni o‘zingcha kovlab,
O‘zbek nomli millat yo‘q debsan.
Daydi kuchuk singari vovlab,
Noma’qulning nonini yebsan.

Tarixlarga bo‘ylagan mahal,
Yetti o‘lchab, bir kes, albatta.
O‘zbeklarga kelganida gal,
Maslahatim, ketmagin katta.

Abutturkning zuryodi asil,
Qo‘lda qilich, boshida bo‘rki.
Yaylovidir Oltoyu Edil,
Ahli islom, alfozi turkiy.

Adabini bergandir Rimni,
Attila ham menga yot emas.
Esla, yovqur Jaloliddinni,
Mo‘g‘ullarga kela olgan bas!

O‘z-o‘zingcha qilib iddao,
Chalg‘itmagin ahli avomni.
Ishonmasang menga mabodo,
Esla, buyuk Temur bobomni.

Tug‘ilgandir bu el mehnatga,
Unga yotdir gaplar havoyi.
Har kalomi uyqash hikmatga,–
Desam, guvoh o‘tar Navoiy.

Olam ichra jannatul ma’vo,
Minorlari falakka tutash.
Har go‘dakda yashar avliyo,
Yuragida yonar cho‘g‘, otash.

Chiranmagin ko‘ksingni kerib,
Bo‘yimga en bo‘la olmaysan.
O‘zbek bo‘lib tug‘ilmay turib,
O‘zbeklarni bila olmaysan.

Tingla meni olchoq muarrix,
Solma o‘zing ovsar, go‘llikka.
Endi ortga qaytmaydi tarix,
Rozi bo‘lmas xalqim qullikka.

* * *

Zamin uxlar qor ko‘rpasida,
Tog‘larda qor, dalalarda qor.
Sodda bolaligim nazdida,
Olam edi pok va beg‘ubor.

U damlarda oppoq qorlarning
Yoqqanini yaxshi ko‘rardim.
Tizzamgacha qorlarga botib,
Ko‘chalarda o‘ynab yurardim.

Bolalikning mamlakatida,
Ko‘ngil ozod edi g‘amlardan..
Binafshalar qorlar tagida,
Darak keltirardi ko‘klamdan.

Momom derdi: “Qish fayzi bo‘lak,
Qut-baraka qor axir, bolam”.
Bizlar esa o‘yinqaroq go‘dak,
Ko‘milardik qorlarga beg‘am.

Endi esa qorlar yoqqanda,
Muzday shamol o‘ynar ichimda.
Sovuqmasmi xonada tancha,
Onaginam kelar yodimga…

“Ona, betob bo‘lganing yo‘qmi,
Nimagadir yurak g‘amxona:
Sen o‘tirgan uylar issiqmi,
Qotmadingmi sovuqqa, ona?

Izillasa izg‘irin sovuq,
Suyak-suyagingdan o‘tarmi?
Chiroqlaring turarmi yoniq,
O‘tin-cho‘ping qishga yetarmi?”

Tog‘larda qor, dalalarda qor,
Qorlar yog‘ar ko‘nglimga bukun.
Qumqo‘rg‘onga tezroq qayt, bahor,
O‘tinaman, shu onam uchun!

* * *

Asta toy-toy turib, ulg‘ayib bir kun,
Dunyo, ko‘tarildim narvonlaringga.
Nihoyat o‘troqlik topdiyu yakun,
Jo‘nadim qo‘shilib karvonlaringga.

Karvonlar safma-saf, qatorma-qator,
Osildim temirtan vagonlaringga.
Duch keldim,
do‘stini bir pulga sotar,
Odam shaklidagi shaytonlaringga.

Duch keldim notanti
nobakorga ham,
Chiridim yetti qat zindonlaringda.
Ko‘nikdim ko‘klamda yoqqan qorga ham,
Gullab-yashnayotgan bo‘stonlaringga.

Chidolmay xo‘rlikka,
surlikka hatto —
bosh olib jo‘nadim yobonlaringga
Yaxshilikka yomonlik kelganda ammo,
Qoyil qolmadim ko‘p insonlaringga.

Maydonlar kichraydi, kichraydi odam,
Tushunmadim goho zamonlaringga.
Netay,
xomsut emgan banda ekanman,
Don deb ishonibman somonlaringga.

Ekkanim o‘rarman, kelmasman munkir,
Sig‘masman bag‘ritosh jahonlaringga.
Hamma-hammasini g‘aramlab bir-bir,
O‘t qo‘ygim keladi yolg‘onlaringga!!!

Bilmadim haqmanmi, nohaqmanmi yo,
Uchib ketgim kelar osmonlaringga.
Cho‘g‘ni bosib olgan so‘qurdek ammo,
Oyoq qo‘yolmayman narvonlaringga.

Qul

Surxonga borganimda bir hodisaning guvohi bo‘ldim. Taksichi Rossiyaga ishga ketayotgan bir yigitni borib uyidan oldi.Oilali,ikki bolsi bor ekan. Uni kuzayotgan ona, ayoli va bolalarining yig‘isi hali hamon qulog‘imda.

O‘g‘ling yig‘lab kuzatasan onaizor,
mung‘ayadi o‘kinch ila tug‘ilgan uy..
Qaqshayotir bolalar ham intig‘u zor,
Dillarida “qachon qaytar”
degan bir o‘y.

Nola qilar,
qachon qaytar, qachon qaytar?
Ayoli ham ko‘z yoshini yashirolmas,
Tok voyishi yer bag‘irlab takbir aytar,
rayhonlar ham ko‘zlarini yerdan olmas.

Bir chekkada jovdiragan go‘daklar-ay,
So‘qir dunyo, bularga bir tasalli ayt..
Qo‘tir dunyo,
yolg‘on yashiq so‘zingni qo‘y,
Qarab turma bir chekkada sovuq, loqayd?

Taqdirning bu savdosiga etib isyon,
Bo‘zlayotir osmondagi bulutlar ham.
“Ketmang” deya bolachalar otasining,
Oyog‘iga tarmashadi,
ko‘zlarda nam.

Yuz yil avval, ketib qolgan mardikorga,
Bobolarga,
endi sizlar, takrormisiz?
Pul degan bu,
to‘yim bilmas bir makkorga,
sotilgan ey bolalarim, sog‘ bormisiz?

Ming yildirki sukunatda yotgan hamon,
Dahmalarga bosh uraman: “Oyoqqa qalq –
Nomard dunyo, o‘zing o‘yla qachongacha,
Mardikorlar tug‘ib berar axir bu xalq?

Otang quldir, o‘zing qulsan,
bolang ham qul,
Non qidirib ovorasan yot ellarda.
Ne-ne qizu juvonlaring o‘ltirar tul,
Yigitlarni olib ketgan bu yo‘llarda.

IMORAT

Imorat ko‘tardi otang bir zamon,
Qo‘shnilar deyardi uni naq saroy.
Ammo otangga ham bo‘lganmas oson,
Ergash paxsachiga uzatmoqlik loy.

Bolalar shu issiq go‘sha bag‘rida
bir ko‘rpada yotib, yetdi voyaga.
Eskirdi bu uy ham, yillar ortidan
qarasang o‘xshaydi cho‘kkan qoyaga.

Buzaman bu uyni, deding bir choqda,
yangi uy devori yuksaldi g‘ishtdan.
O‘n yiling qorishib loyu tuproqda,
oxiri bezillab qolding qurishdan.

Ertaga mos kelmas bugunning gapi,
nima bo‘lganda ham o‘zbekka qiyin.
Otang qurgan uyni sen buzgan kabi,
o‘g‘ling ham uyingni tekislar tayin.

Ammo tugamaydi bu sirli halqa,
O‘z uyin quradi har bitta avlod.
Jonini jabborga bergan bu xalqqa,
Bitta imoratga tikilgan hayot.

Bitta imoratni qilguncha barpo,
Ichi ham,tashi ham ketar to‘kilib.
Oynaga bir kuni qaragan asno,
Qari chol ko‘rinar, qaddi bukilib.

U balki o‘zidir, padari balki,
Qurishu buzishdan suyagi qotgan.
Yoki nevarasi – kelajak xalqi,
Hayot qarshisida qayg‘uga botgan…

Dunyo imorati qiyshiq bir devol,
uylar quravergin, sen qo‘sha-qo‘sha,
Gaplarim ko‘nglingga olmagin malol,
Faqat istagim shu, odamdek yasha!

Ahvoling ne bo‘ldi, go‘zal Turkiston?

Jadidlar otasi Behbudiy xotirasiga

Ahvoling ne bo‘ldi,
go‘zal Turkiston?
Otildi haqiqat – zulmat kechada,
Shahidlar qonidan qoraydi osmon,
Jaholat izg‘iydi har bir ko‘chada.

Do‘ndi vayronaga masjid,
madrasa,
Yoqildi Allohning kalomi Qur’on,
Shayton malaylari qilib talvasa,
Solar ayyuhannos: qon, qon, qon!..

Qanchalar qattolu,
Xunolud bu tong,
Jigar jigarining ko‘zini o‘ysa.
Oybolta ostida qolgan olomon,
Iymonu vijonni unutib qo‘ysa.

Kentu mahallada,
har bir guzarda,
Niqobda o‘tirsa nobakor yolg‘on,
Yolg‘onlar sotilsa hamma bozorda,
Ahvoling ne bo‘ldi,
go‘zal Turkiston?.

Orzu osmonlari sinsalar chil-chil,
Turkiston tuprog‘i yotsa xor, zabun.
vagonlarda ketsa
boyliklar mil-mil,
Yig‘lasa go‘daklar
och hamda yupun.

Bosmachi atalsa yovqur o‘g‘loning,
Otilsa ma’rifat, adolat, imon,
Tarixing bosh-oyoq,
Kitobdir – qonli,
Ahvoling ne bo‘ldi go‘zal Turkiston?

Eslasam, kuyadi oh,
ko‘kaylarim,
Xoin deb otdilar jadidlarni kim?
Sher yurakli Fitrat,
Behbudiylarim,
Zamin jim. Osmon jim,
Tuproqlarim jim!!!

Og‘a-inilarni bir-birga qayrab,
Olchoq, lo‘ttibozlar g‘olib, qahramon.
Manqurtu avboshlar yursalar yayrab,
Ahvoling ne bo‘ldi,
Go‘zal Turkiston?

BOLALIK

Ko‘zimni yumdimmi, bas,
qiziq tushlar ko‘raman.
Qo‘zichoq-la basma-bas,
irg‘ishlab yuguraman.

Keldi javzo – yoz, mana,
o‘t tashiyman daladan.
Anhorda suv bo‘tana,
jazirama – chillada…

Yur, deydi cho‘milamiz,
jo‘ralarim shumtaka.
Yalinar ikki ukam:
“biz ham boraylik, aka”.

Ukalarim o‘r, qaysar,
mayli, deyman nailoj.
Maz-za, aka-ukalar
suvda otamiz quloch.

Esdan chiqadi mol-hol,
qoziqda qo‘zi, uloq.
Bolalik hardam xayol,
otar tinmay shataloq.

Bolalik o‘yinqaroq,–
charchash, horish qayoqda!
Loyqa suvni sizdirib,
sipqaramiz qalpoqda.

Televizor. Kechqurun,
Artekda pionerlar.
Baxtli bolalik haqda,
aytadi quvnoq she’rlar.

Ovqatni yeb bo‘lmasdan
uyquga tortar to‘shak.
Tongda quyosh kulmasdan
yig‘amiz dashtda xashak.

Endi biz katta kishi,
cho‘ng ishlarga chog‘langan.
Ro‘zg‘orning bor tashvishi,
yelkamizga yuklangan…

Yumar yummas ko‘zimni,
qiziq tushlar ko‘raman.
O‘zimni bir ko‘rishga,
bolalikka boraman.

Umr – suv oqib ketmish,
men hayron, lol qirg‘oqda.
Hamon oila, ro‘zg‘or, ish
ortimdan yugurmoqda.

* * *

Dunyo asli moli kasod ko‘hna bozor,
Dum o‘ynatib, tulkilikni eplolmadim.
Bu bozorning sotgan moli ranju ozor,
Taroziga men qozilik qilolmadim.

Kechir ona, o‘g‘loningni telba-dalli,
O‘g‘il bo‘lib, xizmatingda qololmadim.
Qondirmoqqa tashnaliging men aqalli,
Eshigingga ariq bo‘lib kelolmadim.

Ko‘nikdim-ku Dunyo sening har koringga,
Tang kelganda bolamni ham qo‘llolmadim.
Ko‘zi ochiq ketgan otam,—
mozoringga
O‘g‘il bo‘lib, hovuch tuproq sololmadim..

Yelkam ezar yugur-yugur, ro‘zg‘or-tashvish,
Qiyomatli qarzlarimni to‘lolmadim.
Bilgan ishim o‘z-o‘zimni etib taftish,
O‘zim bilan bir bitimga kelolmadim.

Yugursamda unmayapti yo‘lim, attang,
Qozig‘imdan bir qarich ham jilolmadim.
Ikki jahon g‘avg‘osidan boshim garang,
Halovatning ko‘chasiga yo‘lolmadim.

G‘unchadirman, ko‘zin ochgan qahratonda,
Yayrab-yashnab, bir ochilib gullolmadim.
Surbet hayot sahnasida otib xanda,
Betavfiqlar davrasida kulolmadim.

Ich-ichimga yutganimcha ko‘z yoshlarim,
Arosatda ne qilarim bilolmadim.
Tili boshqa,
dili boshqa yo‘ldoshlarim,
Sizlar bilan bitta yo‘lda bo‘lolmadim.

HOLAT

Dadil ko‘tarishga bir teva yukin,
belda quvvat boru dilda ishonch yo‘q.
Hamma sog‘- salomat, dasturxon to‘kin,
baxt ham yetarlidir, ammo quvonch yo‘q.

Xatto Avaz Oxun qilsada hazil,
nochor iljayasan, sira kulmaysan.
Ko‘cha sang‘iysanu yo‘q borar manzil,
qayda to‘xtaringni ba’zan bilmaysan.

Alamga aylanar goho armonlar,
ekkan ekiningda unum, rivoj yo‘q.
Zamin tor qafasga aylangan onlar,
uchib ketging kelar, lekin iloj yo‘q.

SHAHAR

Shukur Qurbonga

Yurar ko‘chalarda g‘ururlar g‘arib,
biriga non kerak, biroviga shon,
Ammo bu holatni etishga ta’rif,
bo‘g‘zimda negadir aylanmas zabon.

Borar ko‘chalarda qorinni qo‘ygan,
nafslari yo‘g‘onu, himmati pastlar.
Ro‘zg‘or o‘chog‘ida qanoti kuygan,
eskirib, unniqib, to‘kilgan kaslar.

birov ishxonaga, birov bozorga,
hamma har tarafga shoshilib turar.
Qo‘lida bitta non solingan to‘rva,
notavon, g‘ariblar ko‘chada borar…

Olg‘irlar borishar o‘pirib, yulib,
g‘o‘ddayib, xuddiki qo‘lida osmon,
Oylik maoshiga qanoat qilib,
farrosh ayollar supurar xazon…

Mardum o‘z yog‘iga qovrilgan ko‘yi,
halovat, oromdan mosuvo bo‘lgan.
Havoda anqiydi kuyindi bo‘yi,
mardikor bozori odamga to‘lgan.

Arzon do‘konlarda navbatga turar,
yog‘ hamda shakarga kampiru chollar.
Svetofor yoxud muyulishda uchrar,
sadaqa tilanib cho‘zilgan qo‘llar.

Necha bor chayqalib, tinadi dunyo,
yuz yillar o‘tsa-da, oradan magar.
Barini kuzatar loqayd, beparvo,
Diydasi tosh qotgan, olifta shahar.

Noxush bir xavotir, tahlika dilda,
bekatda olomon hurpayib turar.
Kitoblarga to‘la diplomat qo‘lda,
bir odam shoshilib qaygadir borar.

22

(Tashriflar: umumiy 60, bugungi 1)

Izoh qoldiring