Abdumajid Azim. She’rlar & Bahodir Karim. Abdusalimning akasi & Abdumajid Azim «Hayot va Xayol yo’llari» teleloyihasida

0_15dbae_2739f71b_orig.png 26 ноябр — Шоир Абдумажид Азим 60 ёшда. Чин юракдан қутлаймиз.

    Абдумажид Азимнинг “Қалбимнинг ватани”, “Руҳи равоним”, “Ёруғлик одами”, “Ошиқ дилим”, “Умид беланчаги” каби қатор шеърий китоблари чиқди. Мухлисларини топди…

АБДУСАЛИМНИНГ АКАСИ
Баҳодир КАРИМОВ
филология фанлари доктори
09

Узоқ хотиралар таниш одамларни маънан яқинлаштириб, кўнгилларни гоҳида ғойибона боғлаб туради. Ўнинчини битириб, Тошкент давлат университетига ҳужжат топширган эдим. Омад чопмади. Узоқ Шарққа ҳарбий хизматга кетиб қолдим…

Орадан ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди. Аммо ўша йили худди менга ўхшаб манглайига талабалик имзоси қўйилмаган сурхондарёлик бир тенгқуримнинг университет остонасида, дарахтларнинг олақуроқ соясида шоирона кайфиятда самимият билан шеър ўқиётгани ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди:

Баҳор бу ўлкага келганда такрор,
Уфура бошлайди гулгун насимлар.
Умрим, баҳорларни кузатдинг бедор,
Қуш бўлиб учганда зангор фасллар…

Университет ҳовлисидаги сўлим, серсоя ва ҳайбатли чинорларга қараб “Қуш бўлиб учганда зангор фасллар”ни секин пичирладим.

0_1492fd_8c2c0b22_orig.png Айтганча, тўйхонага бораётган эдим. Физика-математика фанлари доктори, университетдаги қадрдонимиз Баҳодир Шо­­йимқулов тўй оши бераётган эди. Наридан шоир Абдумажид Азим кўринди. Уни ташқаридан танийман. Ижодини имкони борича кузатаман, ўқийман. Шоирга ичимда анчадан бери юрган муҳим бир саволим бор эди. Фурсат пишганга ўхшайди. Тўйхонага етиб боргунча айтсам бўлади. Абдумажид ака билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, укаларидан гап очдим. Эътибор бермади: “Бошқа ишлар билан машғул, уларни танимайсиз”, деди. Укаларидан бири мен билан абитуриент бўлгани, филология факультетига ҳужжат топширганини айтдим. Бирдан жонланди: “Абдусалимми? Шундайми?! Наҳотки?!..”. Кўзларида ҳам ҳайрат, ҳам самимият пайдо бўлди. “Акам – шоир. Абдумажид Азим!” дея ғурурланган, “Ёшлик” журнали ва мўъжаз бир тўпламда илк шеърлари чиққанидан фахрланиб, акасининг ёзганларини ёд ўқиган Абдусалимни орадан ўттиз йиллар ўтиб, энди сўраб туришим. Абдусалим ва ундаги виқорли кайфиятни эсимдан чиқармаганимнинг сабаби бор. Одатда биз мактаб синфхоналарида шоирларнинг таржимаи ҳолларини ўқир ва уларнинг раҳматли бўлиб кетганини сўзимиз охирида маҳзун такрорлаб қўяр эдик. Ҳайҳот, мен тирик шоирнинг укасига дуч келган эдим! Энди тасаввур қилинг, ўзига учраб қолсам, нима бўларди? Билмадим! Ўша маҳалда ўнлаб абитуриентлар билан гурунг­лашиб, ош-қатиқ бўлгандирман. Бироқ уларнинг кўпларини эслай олмайман. Абдусалим эса эсимда, чунки у тирик шоирнинг укаси! Абдусалим тилидан биринчи бор эшитилган “Абдумажид Азим” исми мен учун изсиз кетмади. Шоирни кўрганимда беихтиёр навқирон ёшлик, шеър ўқиётган Абдусалим эсимга тушарди:

Самода қалдирғоч урмоқдадир чарх,
Ёмғирдан ивиган кенг далалар жим.
Оппоқ наволарга бўлмоқдадир ғарқ
Мусаффо бир қўшиқ истаган қалбим…

Бир куни “Моҳият”га мақола олиб бордим. Абдумажид Азим – бош муҳаррир. Ўша узоқ хотирани бир эслатай дедим. Андишага бориб, мақола нашри учун Абдусалим исмини восита қилишни истамадим. Таҳририятга маъқул келди, чамаси, профессор Шариф Юсупов тўғрисидаги “Шарифлик саодати” деган мақолам босилди…

Абдумажид ака билан тўйда ош едик. Гурунг­лашдик. Шу-шу, ора-сира кўришамиз ва суҳбат учун мавзу бор: гоҳида адабиёт, шеър, баъзан – Абдусалим.

Шоирнинг шеъри ўзига ўхшагани – яхшилик белгиси. Абдумажид ака, тасаввуримча, камтар, камсуқум, хотиржам кўринади; қарашлари ўткир. Суҳбатда дардлари очилади. “Менинг додимдир бу, менинг бунёдим, Бу имло меники, бу сўз меники” – пешонага тушган ажинлардан шундай шеърий мисраларни ўқийман. Қалин муқовали бир шеърий китобни қўлга олдим. Муаллифи: Абдумажид Азим! Ҳа-ҳа, Абдусалимнинг акаси. “Абдусалимнинг акаси” – шу бирикма бир неча кун ўйимда айланиб қолди. Шеърларини ўқий бошладим ва уларда “Шошу Сурхон аро” кезган, “бир ошуфта кўнгил” кўринди. Шоир шеърларининг мавзу кўлами ранг-баранг. Баъзида мумтоз адиблар руҳи билан суҳбатлашади; баъзан яссавиёна ёки махтумқулиёна кайфиятга тушади. Гоҳ халқ оҳангида ошиқ дилини ёзса, баъзан қушлар маскани – Ҳазратнинг “Лисон ут-тайр” мамлакатига сафар қилади.

Севгилим, айрилиқ мисоли туман,
Ҳали учрашамиз гуллар фаслида.
Яна аввалгидек сўзсиз, бегумон
Гаплаша бошлаймиз қушлар тилида.

Шоир йўқотганини топишга, излаганига эришишга, ҳижрондан висолга умид этади. Бироқ шеър аввалидаги, гарчанд бадиий топилмага ўхшаб кўринган бўлса ҳам, тўғриси, “Кўзинг бешигида улғаяр илоҳ” мисраси ғалат туюлди.

Ҳеч бир шоир оламга, одамга, умр моҳиятига бефарқ бўлмайди. Абдумажид ака ҳайратини “Ҳаёт асли чапоғон бир бедов экан” ёки “Ҳаёт – бир ялт этиб чақнаган чақмоқ” деб изоҳлайди. Бу жумбоқни бошқа бир шеърида яна ҳам теран ва гўзал ифодалайди:

Ваҳки, жисмимизда омонатдир жон,
Ширин калом хушдир дўстга муносиб.
Фано аҳли бунда бир кеча меҳмон,
Умр – вақт мулкида бир субҳи козиб.

“Субҳи козиб” – ёлғон тонг. Ўткинчи, ёлғончи бу дунё шоир наздида бир нафаслик ҳам ростга ўхшамайди. Абадиятга нисбатан “ўнгингдан чапингга боққанча” лаҳзалик умр шитоб ўтади; дейлик, “қирқ йил қирқта ондай кечади”. “Чўлпон нидоси” шеърида “субҳи козиб” таъбирини эркпарвар шоир нутқида қўллайди:

Қандай оғир,
Бу субҳи козиб,
Ухлай десанг, уйқу бўлмаса.
Дарду ғаминг
Бағрингга босиб,
Яшамоқдан кўнглинг тўлмаса.

Бу оламда хотиржам, саломат, тўкис ва имон билан яшаб ўтган инсон саодатлидир. Таассуфки, инсоният бошидан кечирган тарихда, айниқса, ХХ асрда кўп одам ҳаётдан мамнун бўлмади. Айниқса, чўлпонлар авлоди ҳар дам қон ютди, бесаранжом ва безовта кун ўтказди; юртсизлик, ўз элида туриб беватанлик ғурбатларига дуч келди. Шу боис қатағон – дапсан1 замон довулига учраган, “ўз юртида бечоралар” бўлган адабий авлод юрагини “Яшай десанг – юртинг бўлмаса” деган бир армон ёки “Сиғмадим-а, Туркистонга, Аё дўстлару биродар”, деган чўнг нола ва дард қийнади. Шоир кўзига гоҳи дунё кенг, гоҳ тор кўринади. Шунда у рўёдан имдод кутиб бўлмаслигини англайди; шоирга қалб водийсининг асрори ёрдам беради. Кўнгил кўзнинг назаргоҳига айланади. Чунки ташқи дунё унинг кайфиятига мос келмайди:

Ранжу ҳасрат ила тўлибди жаҳон,
Билсам, анча нозик бўлибди замон,
Одамзот феълига ҳеч бўлма ҳайрон,
Дил, сенга тиларман Аюбдай бардош…

Мумтоз шарқ адабиётида Аюб (а.с.) – сабр-тоқат рамзи. Биргина исм ассоциацияси ортидан шундай тарихий шахс билан боғлиқ бир олам реал воқелик юзага қалқиб чиқади ва шоир дардининг шарҳига кўмаклашади.

Шоирлик – оғир қисмат. “Дунёнинг энг оғир савдоси”ни зиммасига олади у. “Юлдузларнинг шивиридан маст” бўлиш унга тақдир битиги. Шоир кулиб инграйди; дилдаги сурурдан сўзлайди.

Эсимда сабуҳий найсонлар фасли,
Қирларни безаган гулларнинг васли…

Бу мисра гулдан гулга учиб-қўнган капалакдек нафис туюлади. Аслида чинакам шеър тийнатига камалак ранги, қушлар саси муносиб; шу сас ва ранг жилвасидан дил ёришади; руҳ юксалади. Шоир қалби гўзал ва ораста манзарадан ранг ва руҳ олади. “Шабнамдай топ-тоза руҳи равоним”. Шоирнинг кайфияти, сарвати, бойлиги ўзига хос: “Руҳим сарватида васваса, жунун”. Ижод аҳли алланима таъсирида одатий ҳаёт тизимидан жунунвашликка юз буради; ўзидан кетади, ҳис-туйғу ақл йўриғидан чиқади.

Биз телбаю девоналар,
Ақли хушдан бегоналар.
Ўтга ошиқ парвоналар,
Ўтдай тутошиб ёналар.

Ишқ ҳамма вақт – инсон қалбига Яратгувчининг бебаҳо инъоми, шоир таъбирича, олам Мусаввирининг “буюк ҳикмати”. Ҳикматдан эса одам ҳушёр тортади, баъзида ишқнинг ғаройиб ҳикмати одамни ҳушидан айиради.

Васлинг ҳажрида мендек телбаю девона йўқ,
Сийрати мажнунсифат, суврати мастона йўқ.

Топмадим олам кезиб, бағри бутун бир кимсани,
Ваҳким, ишқ ўтрусида ҳеч куймаган парвона йўқ.

Бу мисраларда шоир яна машрабона парвона кўнглини, мажнунваш ҳолини мумтоз анъаналар йўриғида баён қилади.

Шеър оригинал ташбеҳлар билан хаёлга муҳрланади:

Яхши бир одамни ютмоқда тупроқ,
Тоғлар ютганидек қуёшни оқшом.

Бу маҳобатли қўшмисрада “ўлим” ёки “фожиа” сўзи йўқ. Оқшомда маҳзунлик бор, айни ҳолат яхши бир инсоннинг бу дунёдан ризқи узилганига таққосланади…

Ўзликка, “мен”га, аслиятга қайтишда маънавийлик устувор келади. Қишлоққа қайтиш, асл Ватанни қўмсаш, юрт соғинчи, ҳижрон дарди – бу мавзу жуда кўп қалам аҳлининг уриб турган юрагидир. “Қайтишим-ку аниқдир, Она, Киндик қоним тўкилган ерга”. Шаҳарга келиб ўтроқлашган одам қишлоқни, қирларни, тоғларни, дараларни, адирларни, дашту далаларни қўмсайди.

Яна қайтаяпсан ҳорғин изингга,
Сарғайган қирларга тўймайди нигоҳ.
Йўллар, масофалар оқар изингдан,
Яқинлашиб келади қадрдон Қишлоқ!

Кўп ижодкорлардек шоир “Оқшомми ёки тонгда, Кўзим ҳамон Сурхонда” деганича юрган йўлига, босган изига қарайди.

Абдумажид Азимнинг “Қалбимнинг ватани”, “Руҳи равоним”, “Ёруғлик одами”, “Ошиқ дилим”, “Умид беланчаги” каби қатор шеърий китоблари чиқди. Мухлисларини топди…

Ўз вақтида менга ўхшаб ҳарбий хизматга кетган Абдусалим қайтиб келиб уйланган, шу кўйи ҳаёт ташвиш­лари ичида юрибди. Фарзандлари камоли учун куйиниб яшамоқда. Ора-сира тирикчилик учун қишлоғидан четга чиқади. Бироқ у, тасаввуримча, акаси ёзганларидан яхши хабардор ва осмонўпар сўлим дарахтлар соясида ҳамон шеър ўқимоқда:

Ёшлик ларзон. Севги армон. Умр ҳайрон,
Мени кутиб сарғайдингми, Сурхондарё?
Қайлардасан, болалигим, зангор осмон,
Ўксик кўнглим улғайтирган армон дунё…

Манба: «Ёшлик» журнали сайти

Абдумажид АЗИМ
ШЕЪРЛАР
09

Абдумажид Азим 1957 йил 26 ноябрда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. 1983 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факултетини тамомлаган.
1990 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Республикамизнинг турли матбуот нашрларида фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда «Ҳуррият» газетасида масъул котиб бўлиб ишламоқда. .
Шу пайтга қадар шоирнинг «Қалбимнинг Ватани» ,«Қуёш боласи», «Ёруғлик одами», «Руҳи равоним», “Ошиқ дилим”, ”Умид беланчаги” номли шеърий китоблари чоп этилган.

09

БИР ЭПКИН БЎЛОЛСАМ
abdumajid-azim.jpg
Бир эпкин бўлолсам,
Баҳорий насим,
Мурғак гўдак каби чопсам шарқираб.
Қай тупроққа тегса яшил нафасим,
Дов-дарахт, гиёҳлар кетса гуркираб.
Уйқули кўзларин ишқалаб саҳар,
Керишиб уйғонса замину осмон.
Туя ўркачидай саф-саф адирлар,
Умидла термилса уфққа томон.
Тирикликни чорлаб порласа шафақ,
Найсон абрлари қўлимдан тутса.
Кавокиб базмини бошласа фалак,
Мудроқ коинотлар уйғониб кетса.

Қатра нур бўлолсам
Найсон айёми,
Қизу ўғилларим кўзида кулсам,
Гуллар жилвасида ҳаёт пайғоми,—
Майсалар тилида жовидон бўлсам.
Мунис онам каби қучоғин очиб,
Қутлаб олқишласа келганим жаҳон.
Оламга фусункор атрлар сочиб,
Ўрик гулларида кўз очсам, ларзон.

Бир шабнам бўлолсам
Беғубор тонгда,
Ёруғ манзилларга кўзимни тиксам.
Уммондай кўпирган бу издиҳомда,
Ич-ичимга сиғмай қувнаб, энтиксам.
Дарёлар кафтида кулсам қиқирлаб,
Куртак қароғида туғилсам наҳор.
Сени севаман, деб айтсам шивирлаб,
Ҳаёт, қулоғингга такрор ва такрор!

Кетсам имконим бор,
Тағин бир карра,
Ўзим- ўзлигимни англамоқ учун.
Сингсам бу заминга заррама-зарра,
Илдизлар шивирин тингламоқ учун.

ДОР ОСТИДА
(Дукчи эшон сўзи)
Дардлар ютдим, биров излаб келмади,
Юртим дедим, юрт қадримни билмади,
Водариғо, толе менга кулмади,
Руҳим энди самоларда парвоз эт.

Ҳайқирмоққа тўсиқ бўлди тўрт девор,
Ўз элимда ҳақирликда бўлдим хор,
Бош эгмакка изн бермас номус ор,
Руҳим энди самоларда парвоз эт.

Маҳзун дилим чирманибди қайғуга,
Мен юрт дедим, миллат дедим, беҳуда,
Будун ётар ҳамон ғафлат уйқуда,
Руҳим энди самоларда парвоз эт.

Қора булут киймиш мовий осмоним,
Аёз урмиш яшнаган боғ бўстоним,
Йиғла энди, йиғлагин Туркистоним,
Руҳим энди самоларда парвоз эт.

Паймон тўлмай банда ахир ўларми,
Қачонлардир кўкдан пайғом келарми,
Юрт Туркистон банддан озод бўларми,
Руҳим энди самоларда парвоз эт.

Кўз оч элим, қара, баланд пастига,
Қаттол ёвлар турар букун қасдингда,
Қонхўр жаллод етаклар дор остига,
Руҳим энди самоларда парвоз эт.

Очун асли номардларга ёр экан,
Жувонмардлар дўсти сиртмоқ —дор экан,
Бир жонимга битта ўлим бор экан,
Руҳим энди самоларга парвоз эт.
1986

х х х
Феъли тор, кўз бежо кўрсанг кўзингни юм,
Ҳаётда не хато кўрсанг, кўзингни юм.

Азал –охир демишлар бири кам дунё,
Не дарди бедаво кўрсанг, кўзингни юм.

Аҳли мўмин қавлиданман, деб тилида
Таги зоти расво кўрсанг, кўзингни юм.

Ажабланма кўриб ҳиссиз нодонларни,
Пули кўп, дил гадо кўрсанг,кўзингни юм.

Ки манфаат қули ялтоқланар мардак
Пучак хамду сано кўрсанг, кўзингни юм.

Толеинг юлдузи кулган маҳалларда,
Нокасни ошино кўрсанг, кўзингни юм.

Қоронғуда қовушмиш рост ила ёлғон,
Ғаразли бир имо кўрсанг, кўзингни юм.

Тўғриларга дилинг оч, кўзларингни оч,
Эгри дил, беҳаё кўрсанг, кўзингни юм.

Ҳамиша яхшиларнинг хоки пойи бўл ,
Ножинсу нобино кўрсанг, кўзингни юм.

КЎРДИМ
Олам шодликлари йиғилганда ҳам,
Кўрдим бу дунёни доим бири кам,
Қанча десаларда азиз, мукаррам,
Мукаммал бўлолмас ҳазрати одам.

Кезиб бу дунёнинг ости-устини,
Кўрдим зўравоннинг узун дастини,
Бекордир дунёнинг каму кўстини,
Тузатмоқ , минг бора айтиб ростини.

Тақдири азалнинг хукми эҳтимол,
Дунё иморати, қийшиқ бир девол,
Ҳали туғилмасдан топаётган завол,—
Гўдакларни кўрдим, қоматлари дол.

Кўрдим ихтиёрсиз ихтиёрларни,
Дилларинг эзгувчи дилозорларни,
Мусичадек майин, беозорларни,
Бахтсиз яшаётган бахтиёрларни.

Кўрдим бу дунёни ярми яланғоч,
Ярми ташнаи зор, ярми эса оч,
Азал тақдирига қилай на илож,
Кўрдим махлуқларни тиллари қулоч.

Ўғри қулф бузади қўшни гузарда,
Тулки тарозибон қаранг, бозорда.
Гўё тақдирига қилгандай зарда,
Қассоб гўр ковлайди эски мозорда.

Кўрдим атрофимда не узун дастлар,
Томи кўк тоқида, ўзлари пастлар.
Улар оддийгина бечора каслар,
Хафа бўлар, десам, тубан, нокаслар.

Кўзларимни очиб, не ҳолни кўрдим,
Ҳолини билмаган аҳволни кўрдим,
Онча турфа таъбу, хаёлни кўрдим,
Жаллод кундасида ҳилолни кўрдим.

х х х
Тилим яна келмайди сўзга,
Хазонларни шопирар шамол.
Ҳусн берар иккиқат кузга
Япроқларнинг товланиши ол.

Турар вазмин ўйларга ботиб,
Дов-дарахтлар қабосин ечган.
Вужудимни зир-зир қақшатиб,
Тошиб келар саволлар ичдан.

Нима қилдим шу ёшга кириб,
Босиб келар саволлар уст-уст.
Эшигимдан кирмасдан туриб
Мендан ранжиб кетдими ё дўст?

Боғларимда кузак еллари,
Турар Ҳаққа саловат айтиб.
Хайр энди ўтган йўлларим,
Ўтолмасман сизларни қайтиб!

Бу ҳаётдан ахтариб маъно,
Гоҳ қоқилиб, гоҳи суриндим.
Бир одамдай яшашга аммо,
Умр бўйи тинмай уриндим.

Яхшиларга бўлай деб мухлис,
Умид қилдим борича имкон.
Келмасада қошимга иблис,
Шерикларин йўллади ҳар он.

Дунё кириб борсада кузга,
Дилда кўклам кўрсатар жамол.
Бахт боқмаса боқмабди бизга,
Орзуларим топмангиз завол!

Олдда қанча умидлар ҳали,
Орзуларга очарман қучоқ.
Атрофда куз, аммо таажжуб,
Гуллаётир бошларим оппоқ.

ЭСКИ УСУЛ
Чиқиб қолса орамиздан бирор оқил,
Анчагача мум тишлашиб, ўлтиришар.
Ал- оқибат истеъдодга таҳсин ўқиб,
Кичиқроқ бир курсичага қўндиришар.

Гумашталар атрофида ғужғон ўйнаб,
Қўни-қўнжин пуч ёнғоққа тўлдиришар.
Доноларнинг доноси сиз ўзингиз деб,
Маймун ўйин ўйнатишиб, кулдиришар.

Ялоқхўрни пашша каби ҳайдаб солса,
Акалари қўнғироқ қип билдиришар.
Сал ён бериб, бир пиёла чойга келса,
Сездирмайин қопқонига илдиришар.

Оқил зотни орқа қилиб не шоввозлар,
Не бўлмаган ишларини бўлдиришар.
Занглаб ётган аравани артиб- суртиб,
Ботиб ётган ботқоғидан жилдиришар.

Гоҳ қўрқитиб, гоҳи мақтаб бечорани,
Не бўлмағур кирдикорга кўндиришар.
Пуч гапларни орқасидан ғийбат қилиб,
Сопини ҳам бировларга йўндиришар.

Топилади салла деса, калла олган,
Бу ишларни усталари дўндиришар.
Қилни қирққа ёрган ўша оқилни ҳам
Оёғини нақ осмондан келтиришар.

Нима қилсин, ақлли ҳам хом сут эмган,
Курсичадан дарров пастга эндиришар.
Кечагина бир товоқдан хўрак еган,
Улфатлари қоқ белидан синдиришар.

Оламда не қусур борки, айбдор оқил,
Йўқ айбларни елкасига миндиришар.
Ал оқибат, ажалидан беш кун аввал,
Бечоранинг паймонасин тўлдиришар.

.

КЕТМОНБОЙ ДЎСТИМГА

Биров доллар йиғар, биров қурар уй,
Вақт ғилдираги тинмайди бир он.
Олам кўчасида кунда байрам, тўй,
Пахтага жонини беради кетмон.

Очун иблисларни авраган бозор,
Бойлари мунофиқ, гадоси шайтон,
Ҳамма сотувчидир, ҳамма харидор,
Бозорда арава суради кетмон.

Ордона сигарет фалонча пулдир,
Анқога шафедир бир чақа шу он.
Ҳафтада бир марта шўрвайи шўлдир,
Тишининг кирини сўради кетмон.

Кибор Америка қизғанчиқ, нокас,
Бўлса ортиқча дон чўктирар уммон.
Юрагида санчиқ турсада бехос,
Бировга сир бермай юради кетмон.

Тонгдан ваҳимани бошлар радио,
Мағрибу машриқда ғулу ва туғён.
Олам шов-шувига боқмасдан қиё,
Не бўлса тақдирдан кўради кетмон.

Одам Атомиздан то шу дамгача,
Турланиб-тусланиб эринмас жаҳон.
Ўтса ҳам асрлар тонгдан шомгача,
Кетмонга эгилиб туради кетмон.

МУҲАББАТ

Муҳаббат— зангори баҳор нафаси,
Эрка ирмоқларнинг шўх қаҳқаҳаси,
Кўкда чақмоқларнинг дўқ, дағдағаси,
Япроқлар шивири, булбуллар саси.

Муҳаббат—орзулар боғи муаззам,
Жаннати фирдавс унда мужассам,
Азал котиблари чекибдур рақам,—
Ишқда баробардур шоҳу гадо ҳам.

Муҳаббат— гулдурос ҳаяжон, вола,
Қақнус тумшуғидан сачраган нола,
Фасли кўкламларда бағри қон лола,
Қирларга қочибди мендан уёла.

Муҳаббат—жовидон ҳаёт пайғоми,
Не пайғом, аслида ҳаётнинг номи,
Ҳазрат Навоийнинг ўлмас каломи,
Ҳақнинг одамзотга улуғ инъоми.

Муҳаббат — каҳқашон самовий қаср,
Абад бу қасрда асирман, асир,
Бу не синоатдир, бу қандайин сир,
Мангу асирликда масрурман, масрур.

Муҳаббат— юракда гурлаган туғён,
Сўнгсиз оловларда ёнарман урён,
Асло яқинимга келмагин, эй жон,
Учқуним сачраса, топмассан омон!

ЭЙ
Эй, қалбимни ёндирган,
Кўзларим қувонтирган.
Ўзни ўздан тондирган,
Йиғлатиб, юпантирган.

Эй, қадлари суманбар,
Кўксингда мушки анбар,
Чашмингда кулар саҳар
Зулфингда ухлар хатар.

Эй, бепоён осмоним,
Томиримдаги қоним,
Мисли руҳи равоним,
Жоним ичинда жоним.

Эй, аршдаги меърожим,
Мунисим, қалдирғочим,
Жоним этай хирожим,
Қоши камон, қиймочим.

Эй, гул бўлиб яралган,
Гул ифори таралган,
Жонга тиғдек қадалган,
Фақат менга аталган.

26 noyabr — Shoir Abdumajid Azim 60 yoshda. Chin yurakdan qutlaymiz.

Abdumajid Azimning “Qalbimning vatani”, “Ruhi ravonim”, “Yorug‘lik odami”, “Oshiq dilim”, “Umid belanchagi” kabi qator she’riy kitoblari chiqdi. Muxlislarini topdi…

ABDUSALIMNING AKASI
Bahodir KARIMOV
filologiya fanlari doktori
09

Uzoq xotiralar tanish odamlarni ma’nan yaqinlashtirib, ko‘ngillarni gohida g‘oyibona bog‘lab turadi. O‘ninchini bitirib, Toshkent davlat universitetiga hujjat topshirgan edim. Omad chopmadi. Uzoq Sharqqa harbiy xizmatga ketib qoldim…

Oradan o‘ttiz yildan ko‘proq vaqt o‘tdi. Ammo o‘sha yili xuddi menga o‘xshab manglayiga talabalik imzosi qo‘yilmagan surxondaryolik bir tengqurimning universitet ostonasida, daraxtlarning olaquroq soyasida shoirona kayfiyatda samimiyat bilan she’r o‘qiyotgani hamon qulog‘im ostida jaranglab turibdi:

Bahor bu o‘lkaga kelganda takror,
Ufura boshlaydi gulgun nasimlar.
Umrim, bahorlarni kuzatding bedor,
Qush bo‘lib uchganda zangor fasllar…

Universitet hovlisidagi so‘lim, sersoya va haybatli chinorlarga qarab “Qush bo‘lib uchganda zangor fasllar”ni sekin pichirladim.

0_1492fc_ed4d5c91_orig.pngAytgancha, to‘yxonaga borayotgan edim. Fizika-matematika fanlari doktori, universitetdagi qadrdonimiz Bahodir Sho­­yimqulov to‘y oshi berayotgan edi. Naridan shoir Abdumajid Azim ko‘rindi. Uni tashqaridan taniyman. Ijodini imkoni boricha kuzataman, o‘qiyman. Shoirga ichimda anchadan beri yurgan muhim bir savolim bor edi. Fursat pishganga o‘xshaydi. To‘yxonaga yetib borguncha aytsam bo‘ladi. Abdumajid aka bilan salomlashib, hol-ahvol so‘rashgach, ukalaridan gap ochdim. E’tibor bermadi: “Boshqa ishlar bilan mashg‘ul, ularni tanimaysiz”, dedi. Ukalaridan biri men bilan abituriyent bo‘lgani, filologiya fakultetiga hujjat topshirganini aytdim. Birdan jonlandi: “Abdusalimmi? Shundaymi?! Nahotki?!..”. Ko‘zlarida ham hayrat, ham samimiyat paydo bo‘ldi. “Akam – shoir. Abdumajid Azim!” deya g‘ururlangan, “Yoshlik” jurnali va mo‘jaz bir to‘plamda ilk she’rlari chiqqanidan faxrlanib, akasining yozganlarini yod o‘qigan Abdusalimni oradan o‘ttiz yillar o‘tib, endi so‘rab turishim. Abdusalim va undagi viqorli kayfiyatni esimdan chiqarmaganimning sababi bor. Odatda biz maktab sinfxonalarida shoirlarning tarjimai hollarini o‘qir va ularning rahmatli bo‘lib ketganini so‘zimiz oxirida mahzun takrorlab qo‘yar edik. Hayhot, men tirik shoirning ukasiga duch kelgan edim! Endi tasavvur qiling, o‘ziga uchrab qolsam, nima bo‘lardi? Bilmadim! O‘sha mahalda o‘nlab abituriyentlar bilan gurung­lashib, osh-qatiq bo‘lgandirman. Biroq ularning ko‘plarini eslay olmayman. Abdusalim esa esimda, chunki u tirik shoirning ukasi! Abdusalim tilidan birinchi bor eshitilgan “Abdumajid Azim” ismi men uchun izsiz ketmadi. Shoirni ko‘rganimda beixtiyor navqiron yoshlik, she’r o‘qiyotgan Abdusalim esimga tushardi:

Samoda qaldirg‘och urmoqdadir charx,
Yomg‘irdan ivigan keng dalalar jim.
Oppoq navolarga bo‘lmoqdadir g‘arq
Musaffo bir qo‘shiq istagan qalbim…

Bir kuni “Mohiyat”ga maqola olib bordim. Abdumajid Azim – bosh muharrir. O‘sha uzoq xotirani bir eslatay dedim. Andishaga borib, maqola nashri uchun Abdusalim ismini vosita qilishni istamadim. Tahririyatga ma’qul keldi, chamasi, professor Sharif Yusupov to‘g‘risidagi “Shariflik saodati” degan maqolam bosildi…

Abdumajid aka bilan to‘yda osh yedik. Gurung­lashdik. Shu-shu, ora-sira ko‘rishamiz va suhbat uchun mavzu bor: gohida adabiyot, she’r, ba’zan – Abdusalim.

Shoirning she’ri o‘ziga o‘xshagani – yaxshilik belgisi. Abdumajid aka, tasavvurimcha, kamtar, kamsuqum, xotirjam ko‘rinadi; qarashlari o‘tkir. Suhbatda dardlari ochiladi. “Mening dodimdir bu, mening bunyodim, Bu imlo meniki, bu so‘z meniki” – peshonaga tushgan ajinlardan shunday she’riy misralarni o‘qiyman. Qalin muqovali bir she’riy kitobni qo‘lga oldim. Muallifi: Abdumajid Azim! Ha-ha, Abdusalimning akasi. “Abdusalimning akasi” – shu birikma bir necha kun o‘yimda aylanib qoldi. She’rlarini o‘qiy boshladim va ularda “Shoshu Surxon aro” kezgan, “bir oshufta ko‘ngil” ko‘rindi. Shoir she’rlarining mavzu ko‘lami rang-barang. Ba’zida mumtoz adiblar ruhi bilan suhbatlashadi; ba’zan yassaviyona yoki maxtumquliyona kayfiyatga tushadi. Goh xalq ohangida oshiq dilini yozsa, ba’zan qushlar maskani – Hazratning “Lison ut-tayr” mamlakatiga safar qiladi.

Sevgilim, ayriliq misoli tuman,
Hali uchrashamiz gullar faslida.
Yana avvalgidek so‘zsiz, begumon
Gaplasha boshlaymiz qushlar tilida.

Shoir yo‘qotganini topishga, izlaganiga erishishga, hijrondan visolga umid etadi. Biroq she’r avvalidagi, garchand badiiy topilmaga o‘xshab ko‘ringan bo‘lsa ham, to‘g‘risi, “Ko‘zing beshigida ulg‘ayar iloh” misrasi g‘alat tuyuldi.

Hech bir shoir olamga, odamga, umr mohiyatiga befarq bo‘lmaydi. Abdumajid aka hayratini “Hayot asli chapog‘on bir bedov ekan” yoki “Hayot – bir yalt etib chaqnagan chaqmoq” deb izohlaydi. Bu jumboqni boshqa bir she’rida yana ham teran va go‘zal ifodalaydi:

Vahki, jismimizda omonatdir jon,
Shirin kalom xushdir do‘stga munosib.
Fano ahli bunda bir kecha mehmon,
Umr – vaqt mulkida bir subhi kozib.

“Subhi kozib” – yolg‘on tong. O‘tkinchi, yolg‘onchi bu dunyo shoir nazdida bir nafaslik ham rostga o‘xshamaydi. Abadiyatga nisbatan “o‘ngingdan chapingga boqqancha” lahzalik umr shitob o‘tadi; deylik, “qirq yil qirqta onday kechadi”. “Cho‘lpon nidosi” she’rida “subhi kozib” ta’birini erkparvar shoir nutqida qo‘llaydi:

Qanday og‘ir,
Bu subhi kozib,
Uxlay desang, uyqu bo‘lmasa.
Dardu g‘aming
Bag‘ringga bosib,
Yashamoqdan ko‘ngling to‘lmasa.

Bu olamda xotirjam, salomat, to‘kis va imon bilan yashab o‘tgan inson saodatlidir. Taassufki, insoniyat boshidan kechirgan tarixda, ayniqsa, XX asrda ko‘p odam hayotdan mamnun bo‘lmadi. Ayniqsa, cho‘lponlar avlodi har dam qon yutdi, besaranjom va bezovta kun o‘tkazdi; yurtsizlik, o‘z elida turib bevatanlik g‘urbatlariga duch keldi. Shu bois qatag‘on – dapsan1 zamon dovuliga uchragan, “o‘z yurtida bechoralar” bo‘lgan adabiy avlod yuragini “Yashay desang – yurting bo‘lmasa” degan bir armon yoki “Sig‘madim-a, Turkistonga, Ayo do‘stlaru birodar”, degan cho‘ng nola va dard qiynadi. Shoir ko‘ziga gohi dunyo keng, goh tor ko‘rinadi. Shunda u ro‘yodan imdod kutib bo‘lmasligini anglaydi; shoirga qalb vodiysining asrori yordam beradi. Ko‘ngil ko‘zning nazargohiga aylanadi. Chunki tashqi dunyo uning kayfiyatiga mos kelmaydi:

Ranju hasrat ila to‘libdi jahon,
Bilsam, ancha nozik bo‘libdi zamon,
Odamzot fe’liga hech bo‘lma hayron,
Dil, senga tilarman Ayubday bardosh…

Mumtoz sharq adabiyotida Ayub (a.s.) – sabr-toqat ramzi. Birgina ism assotsiatsiyasi ortidan shunday tarixiy shaxs bilan bog‘liq bir olam real voqelik yuzaga qalqib chiqadi va shoir dardining sharhiga ko‘maklashadi.

Shoirlik – og‘ir qismat. “Dunyoning eng og‘ir savdosi”ni zimmasiga oladi u. “Yulduzlarning shiviridan mast” bo‘lish unga taqdir bitigi. Shoir kulib ingraydi; dildagi sururdan so‘zlaydi.

Esimda sabuhiy naysonlar fasli,
Qirlarni bezagan gullarning vasli…

Bu misra guldan gulga uchib-qo‘ngan kapalakdek nafis tuyuladi. Aslida chinakam she’r tiynatiga kamalak rangi, qushlar sasi munosib; shu sas va rang jilvasidan dil yorishadi; ruh yuksaladi. Shoir qalbi go‘zal va orasta manzaradan rang va ruh oladi. “Shabnamday top-toza ruhi ravonim”. Shoirning kayfiyati, sarvati, boyligi o‘ziga xos: “Ruhim sarvatida vasvasa, junun”. Ijod ahli allanima ta’sirida odatiy hayot tizimidan jununvashlikka yuz buradi; o‘zidan ketadi, his-tuyg‘u aql yo‘rig‘idan chiqadi.

Biz telbayu devonalar,
Aqli xushdan begonalar.
O‘tga oshiq parvonalar,
O‘tday tutoshib yonalar.

Ishq hamma vaqt – inson qalbiga Yaratguvchining bebaho in’omi, shoir ta’biricha, olam Musavvirining “buyuk hikmati”. Hikmatdan esa odam hushyor tortadi, ba’zida ishqning g‘aroyib hikmati odamni hushidan ayiradi.

Vasling hajrida mendek telbayu devona yo‘q,
Siyrati majnunsifat, suvrati mastona yo‘q.

Topmadim olam kezib, bag‘ri butun bir kimsani,
Vahkim, ishq o‘trusida hech kuymagan parvona yo‘q.

Bu misralarda shoir yana mashrabona parvona ko‘nglini, majnunvash holini mumtoz an’analar yo‘rig‘ida bayon qiladi.

She’r original tashbehlar bilan xayolga muhrlanadi:

Yaxshi bir odamni yutmoqda tuproq,
Tog‘lar yutganidek quyoshni oqshom.

Bu mahobatli qo‘shmisrada “o‘lim” yoki “fojia” so‘zi yo‘q. Oqshomda mahzunlik bor, ayni holat yaxshi bir insonning bu dunyodan rizqi uzilganiga taqqoslanadi…

O‘zlikka, “men”ga, asliyatga qaytishda ma’naviylik ustuvor keladi. Qishloqqa qaytish, asl Vatanni qo‘msash, yurt sog‘inchi, hijron dardi – bu mavzu juda ko‘p qalam ahlining urib turgan yuragidir. “Qaytishim-ku aniqdir, Ona, Kindik qonim to‘kilgan yerga”. Shaharga kelib o‘troqlashgan odam qishloqni, qirlarni, tog‘larni, daralarni, adirlarni, dashtu dalalarni qo‘msaydi.

Yana qaytayapsan horg‘in izingga,
Sarg‘aygan qirlarga to‘ymaydi nigoh.
Yo‘llar, masofalar oqar izingdan,
Yaqinlashib keladi qadrdon Qishloq!

Ko‘p ijodkorlardek shoir “Oqshommi yoki tongda, Ko‘zim hamon Surxonda” deganicha yurgan yo‘liga, bosgan iziga qaraydi.

Abdumajid Azimning “Qalbimning vatani”, “Ruhi ravonim”, “Yorug‘lik odami”, “Oshiq dilim”, “Umid belanchagi” kabi qator she’riy kitoblari chiqdi. Muxlislarini topdi…

O‘z vaqtida menga o‘xshab harbiy xizmatga ketgan Abdusalim qaytib kelib uylangan, shu ko‘yi hayot tashvish­lari ichida yuribdi. Farzandlari kamoli uchun kuyinib yashamoqda. Ora-sira tirikchilik uchun qishlog‘idan chetga chiqadi. Biroq u, tasavvurimcha, akasi yozganlaridan yaxshi xabardor va osmono‘par so‘lim daraxtlar soyasida hamon she’r o‘qimoqda:

Yoshlik larzon. Sevgi armon. Umr hayron,
Meni kutib sarg‘aydingmi, Surxondaryo?
Qaylardasan, bolaligim, zangor osmon,
O‘ksik ko‘nglim ulg‘aytirgan armon dunyo…

Manba: «Yoshlik» jurnali sayti

Abdumajid AZIM
SHE’RLAR
09

  Abdumajid Azim 1957 yil 26 noyabrda Surxondaryo viloyatining Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. 1983 yilda ToshDU(hozirgi O‘zMU) ning jurnalistika fakultetini tamomlagan.
1990 yildan buyon O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. Respublikamizning turli matbuot nashrlarida faoliyat yuritib kelmoqda. Ayni paytda «Hurriyat» gazetasida mas’ul kotib bo‘lib ishlamoqda. .
Shu paytga qadar shoirning «Qalbimning Vatani» ,«Quyosh bolasi», «Yorug‘lik odami», «Ruhi ravonim», “Oshiq dilim”, ”Umid belanchagi” nomli she’riy kitoblari chop etilgan.

09

BIR EPKIN BO‘LOLSAM

Bir epkin bo‘lolsam,
Bahoriy nasim,
Murg‘ak go‘dak kabi chopsam sharqirab.
Qay tuproqqa tegsa yashil nafasim,
Dov-daraxt, giyohlar ketsa gurkirab.
Uyquli ko‘zlarin ishqalab sahar,
Kerishib uyg‘onsa zaminu osmon.
Tuya o‘rkachiday saf-saf adirlar,
Umidla termilsa ufqqa tomon.
Tiriklikni chorlab porlasa shafaq,
Nayson abrlari qo‘limdan tutsa.
Kavokib bazmini boshlasa falak,
Mudroq koinotlar uyg‘onib ketsa.

Qatra nur bo‘lolsam
Nayson ayyomi,
Qizu o‘g‘illarim ko‘zida kulsam,
Gullar jilvasida hayot payg‘omi,—
Maysalar tilida jovidon bo‘lsam.
Munis onam kabi quchog‘in ochib,
Qutlab olqishlasa kelganim jahon.
Olamga fusunkor atrlar sochib,
O‘rik gullarida ko‘z ochsam, larzon.

Bir shabnam bo‘lolsam
Beg‘ubor tongda,
Yorug‘ manzillarga ko‘zimni tiksam.
Ummonday ko‘pirgan bu izdihomda,
Ich-ichimga sig‘may quvnab, entiksam.
Daryolar kaftida kulsam qiqirlab,
Kurtak qarog‘ida tug‘ilsam nahor.
Seni sevaman, deb aytsam shivirlab,
Hayot, qulog‘ingga takror va takror!

Ketsam imkonim bor,
Tag‘in bir karra,
O‘zim- o‘zligimni anglamoq uchun.
Singsam bu zaminga zarrama-zarra,
Ildizlar shivirin tinglamoq uchun.

DOR OSTIDA
(Dukchi eshon so‘zi)
Dardlar yutdim, birov izlab kelmadi,
Yurtim dedim, yurt qadrimni bilmadi,
Vodarig‘o, tole menga kulmadi,
Ruhim endi samolarda parvoz et.

Hayqirmoqqa to‘siq bo‘ldi to‘rt devor,
O‘z elimda haqirlikda bo‘ldim xor,
Bosh egmakka izn bermas nomus or,
Ruhim endi samolarda parvoz et.

Mahzun dilim chirmanibdi qayg‘uga,
Men yurt dedim, millat dedim, behuda,
Budun yotar hamon g‘aflat uyquda,
Ruhim endi samolarda parvoz et.

Qora bulut kiymish moviy osmonim,
Ayoz urmish yashnagan bog‘ bo‘stonim,
Yig‘la endi, yig‘lagin Turkistonim,
Ruhim endi samolarda parvoz et.

Paymon to‘lmay banda axir o‘larmi,
Qachonlardir ko‘kdan payg‘om kelarmi,
Yurt Turkiston banddan ozod bo‘larmi,
Ruhim endi samolarda parvoz et.

Ko‘z och elim, qara, baland pastiga,
Qattol yovlar turar bukun qasdingda,
Qonxo‘r jallod yetaklar dor ostiga,
Ruhim endi samolarda parvoz et.

Ochun asli nomardlarga yor ekan,
Juvonmardlar do‘sti sirtmoq —dor ekan,
Bir jonimga bitta o‘lim bor ekan,
Ruhim endi samolarga parvoz et.
1986

x x x
Fe’li tor, ko‘z bejo ko‘rsang ko‘zingni yum,
Hayotda ne xato ko‘rsang, ko‘zingni yum.

Azal –oxir demishlar biri kam dunyo,
Ne dardi bedavo ko‘rsang, ko‘zingni yum.

Ahli mo‘min qavlidanman, deb tilida
Tagi zoti rasvo ko‘rsang, ko‘zingni yum.

Ajablanma ko‘rib hissiz nodonlarni,
Puli ko‘p, dil gado ko‘rsang,ko‘zingni yum.

Ki manfaat quli yaltoqlanar mardak
Puchak xamdu sano ko‘rsang, ko‘zingni yum.

Toleing yulduzi kulgan mahallarda,
Nokasni oshino ko‘rsang, ko‘zingni yum.

Qorong‘uda qovushmish rost ila yolg‘on,
G‘arazli bir imo ko‘rsang, ko‘zingni yum.

To‘g‘rilarga diling och, ko‘zlaringni och,
Egri dil, behayo ko‘rsang, ko‘zingni yum.

Hamisha yaxshilarning xoki poyi bo‘l ,
Nojinsu nobino ko‘rsang, ko‘zingni yum.

KO‘RDIM
Olam shodliklari yig‘ilganda ham,
Ko‘rdim bu dunyoni doim biri kam,
Qancha desalarda aziz, mukarram,
Mukammal bo‘lolmas hazrati odam.

Kezib bu dunyoning osti-ustini,
Ko‘rdim zo‘ravonning uzun dastini,
Bekordir dunyoning kamu ko‘stini,
Tuzatmoq , ming bora aytib rostini.

Taqdiri azalning xukmi ehtimol,
Dunyo imorati, qiyshiq bir devol,
Hali tug‘ilmasdan topayotgan zavol,—
Go‘daklarni ko‘rdim, qomatlari dol.

Ko‘rdim ixtiyorsiz ixtiyorlarni,
Dillaring ezguvchi dilozorlarni,
Musichadek mayin, beozorlarni,
Baxtsiz yashayotgan baxtiyorlarni.

Ko‘rdim bu dunyoni yarmi yalang‘och,
Yarmi tashnai zor, yarmi esa och,
Azal taqdiriga qilay na iloj,
Ko‘rdim maxluqlarni tillari quloch.

O‘g‘ri qulf buzadi qo‘shni guzarda,
Tulki tarozibon qarang, bozorda.
Go‘yo taqdiriga qilganday zarda,
Qassob go‘r kovlaydi eski mozorda.

Ko‘rdim atrofimda ne uzun dastlar,
Tomi ko‘k toqida, o‘zlari pastlar.
Ular oddiygina bechora kaslar,
Xafa bo‘lar, desam, tuban, nokaslar.

Ko‘zlarimni ochib, ne holni ko‘rdim,
Holini bilmagan ahvolni ko‘rdim,
Oncha turfa ta’bu, xayolni ko‘rdim,
Jallod kundasida hilolni ko‘rdim.

x x x
Tilim yana kelmaydi so‘zga,
Xazonlarni shopirar shamol.
Husn berar ikkiqat kuzga
Yaproqlarning tovlanishi ol.

Turar vazmin o‘ylarga botib,
Dov-daraxtlar qabosin yechgan.
Vujudimni zir-zir qaqshatib,
Toshib kelar savollar ichdan.

Nima qildim shu yoshga kirib,
Bosib kelar savollar ust-ust.
Eshigimdan kirmasdan turib
Mendan ranjib ketdimi yo do‘st?

Bog‘larimda kuzak yellari,
Turar Haqqa salovat aytib.
Xayr endi o‘tgan yo‘llarim,
O‘tolmasman sizlarni qaytib!

Bu hayotdan axtarib ma’no,
Goh qoqilib, gohi surindim.
Bir odamday yashashga ammo,
Umr bo‘yi tinmay urindim.

Yaxshilarga bo‘lay deb muxlis,
Umid qildim boricha imkon.
Kelmasada qoshimga iblis,
Sheriklarin yo‘lladi har on.

Dunyo kirib borsada kuzga,
Dilda ko‘klam ko‘rsatar jamol.
Baxt boqmasa boqmabdi bizga,
Orzularim topmangiz zavol!

Oldda qancha umidlar hali,
Orzularga ocharman quchoq.
Atrofda kuz, ammo taajjub,
Gullayotir boshlarim oppoq.

ESKI USUL
Chiqib qolsa oramizdan biror oqil,
Anchagacha mum tishlashib, o‘ltirishar.
Al- oqibat iste’dodga tahsin o‘qib,
Kichiqroq bir kursichaga qo‘ndirishar.

Gumashtalar atrofida g‘ujg‘on o‘ynab,
Qo‘ni-qo‘njin puch yong‘oqqa to‘ldirishar.
Donolarning donosi siz o‘zingiz deb,
Maymun o‘yin o‘ynatishib, kuldirishar.

Yaloqxo‘rni pashsha kabi haydab solsa,
Akalari qo‘ng‘iroq qip bildirishar.
Sal yon berib, bir piyola choyga kelsa,
Sezdirmayin qopqoniga ildirishar.

Oqil zotni orqa qilib ne shovvozlar,
Ne bo‘lmagan ishlarini bo‘ldirishar.
Zanglab yotgan aravani artib- surtib,
Botib yotgan botqog‘idan jildirishar.

Goh qo‘rqitib, gohi maqtab bechorani,
Ne bo‘lmag‘ur kirdikorga ko‘ndirishar.
Puch gaplarni orqasidan g‘iybat qilib,
Sopini ham birovlarga yo‘ndirishar.

Topiladi salla desa, kalla olgan,
Bu ishlarni ustalari do‘ndirishar.
Qilni qirqqa yorgan o‘sha oqilni ham
Oyog‘ini naq osmondan keltirishar.

Nima qilsin, aqlli ham xom sut emgan,
Kursichadan darrov pastga endirishar.
Kechagina bir tovoqdan xo‘rak yegan,
Ulfatlari qoq belidan sindirishar.

Olamda ne qusur borki, aybdor oqil,
Yo‘q ayblarni yelkasiga mindirishar.
Al oqibat, ajalidan besh kun avval,
Bechoraning paymonasin to‘ldirishar.

.

KЕTMONBOY DO‘STIMGA

Birov dollar yig‘ar, birov qurar uy,
Vaqt g‘ildiragi tinmaydi bir on.
Olam ko‘chasida kunda bayram, to‘y,
Paxtaga jonini beradi ketmon.

Ochun iblislarni avragan bozor,
Boylari munofiq, gadosi shayton,
Hamma sotuvchidir, hamma xaridor,
Bozorda arava suradi ketmon.

Ordona sigaret faloncha puldir,
Anqoga shafedir bir chaqa shu on.
Haftada bir marta sho‘rvayi sho‘ldir,
Tishining kirini so‘radi ketmon.

Kibor Amerika qizg‘anchiq, nokas,
Bo‘lsa ortiqcha don cho‘ktirar ummon.
Yuragida sanchiq tursada bexos,
Birovga sir bermay yuradi ketmon.

Tongdan vahimani boshlar radio,
Mag‘ribu mashriqda g‘ulu va tug‘yon.
Olam shov-shuviga boqmasdan qiyo,
Ne bo‘lsa taqdirdan ko‘radi ketmon.

Odam Atomizdan to shu damgacha,
Turlanib-tuslanib erinmas jahon.
O‘tsa ham asrlar tongdan shomgacha,
Ketmonga egilib turadi ketmon.

MUHABBAT

Muhabbat— zangori bahor nafasi,
Erka irmoqlarning sho‘x qahqahasi,
Ko‘kda chaqmoqlarning do‘q, dag‘dag‘asi,
Yaproqlar shiviri, bulbullar sasi.

Muhabbat—orzular bog‘i muazzam,
Jannati firdavs unda mujassam,
Azal kotiblari chekibdur raqam,—
Ishqda barobardur shohu gado ham.

Muhabbat— gulduros hayajon, vola,
Qaqnus tumshug‘idan sachragan nola,
Fasli ko‘klamlarda bag‘ri qon lola,
Qirlarga qochibdi mendan uyola.

Muhabbat—jovidon hayot payg‘omi,
Ne payg‘om, aslida hayotning nomi,
Hazrat Navoiyning o‘lmas kalomi,
Haqning odamzotga ulug‘ in’omi.

Muhabbat — kahqashon samoviy qasr,
Abad bu qasrda asirman, asir,
Bu ne sinoatdir, bu qandayin sir,
Mangu asirlikda masrurman, masrur.

Muhabbat— yurakda gurlagan tug‘yon,
So‘ngsiz olovlarda yonarman uryon,
Aslo yaqinimga kelmagin, ey jon,
Uchqunim sachrasa, topmassan omon!

EY
Ey, qalbimni yondirgan,
Ko‘zlarim quvontirgan.
O‘zni o‘zdan tondirgan,
Yig‘latib, yupantirgan.

Ey, qadlari sumanbar,
Ko‘ksingda mushki anbar,
Chashmingda kular sahar
Zulfingda uxlar xatar.

Ey, bepoyon osmonim,
Tomirimdagi qonim,
Misli ruhi ravonim,
Jonim ichinda jonim.

Ey, arshdagi me’rojim,
Munisim, qaldirg‘ochim,
Jonim etay xirojim,
Qoshi kamon, qiymochim.

Ey, gul bo‘lib yaralgan,
Gul ifori taralgan,
Jonga tig‘dek qadalgan,
Faqat menga atalgan.

09

(Tashriflar: umumiy 308, bugungi 1)

Izoh qoldiring