Abdumajid Azim. Yangi she’rlar

05 Тарихимизнинг фожиали санаси, миллатнинг асл фарзандлари қатл этилган 4 октябрь куни яқинлашмоқда. Абдумажид Азимнинг янги шеърларида  бугунги куннинг дарду қувончлари баробар ўша  мудҳиш  фожианинг изтироби янграйди.

Абдумажид АЗИМ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР

Иморат

Иморат кўтарди отанг бир замон,
Қўшнилар деярди уни нақ сарой.
Аммо отангга ҳам бўлганмас осон,
Эргаш пахсачига узатмоқлик лой.

Болалар шу иссиқ гўша бағрида
бир кўрпада ётиб, етди вояга.
Қариди бу уй ҳам, йиллар ортидан
қарасанг ўхшайди чўккан қояга.

Бузаман бу уйни, дединг бир чоқда,
янги уй девори юксалди ғиштдан.
Ўн йилинг қоришиб лою тупроқда,
Юрагинг безиллаб қолди қуришдан.

Эртага мос келмас бугуннинг гапи,
нима бўлганда ҳам ўзбекка қийин.
Отанг қурган уйни сен бузган каби,
ўғлинг ҳам уйингни текислар тайин.

Аммо тугамайди бу сирли ҳалқа,
Ўз уйин қуради ҳар битта авлод.
Жонини жабборга берган бу халққа,
Битта иморатга тикилган ҳаёт.

Битта иморатни қилгунча барпо,
Ичи ҳам,таши ҳам кетар тўкилиб.
Ойнага бир куни қараган асно,
Қари чол кўринар, қадди букилиб.

У балки ўзидир, падари балки,
Қуришу бузишдан суяги қотган.
Ёки невараси – келажак халқи,
Ҳаёт қаршисида қайғуга ботган…

Дунё иморати қийшиқ бир девол,
уйлар қуравергин, сен қўша-қўша,
Биродар, гапларим келмасин малол,
Фақат истагим шу, одамдек яша!

Аҳволинг не бўлди, гўзал Туркистон?

Жадидлар отаси Беҳбудийга

Аҳволинг не бўлди,
гўзал Туркистон?
Отилди ҳақиқат – зулмат кечада,
Шаҳидлар қонидан қорайди осмон,
Жаҳолат изғийди ҳар бир кўчада.

Дўнди вайронага масжид,
мадраса,
Ёқилди Аллоҳнинг каломи Қуръон,
Шайтон малайлари қилиб талваса,
Солар айюҳаннос: қон, қон, қон!..

Қанчалар қаттолу,
Хунолуд бу тонг,
Жигар жигарининг кўзини ўйса.
Ойболта остида қолган оломон,
Иймону вижонни унутиб қўйса.

Кенту маҳаллада,
ҳар бир гузарда,
Ниқобда ўтирса нобакор ёлғон,
Ёлғонлар сотилса ҳамма бозорда,
Аҳволинг не бўлди,
гўзал Туркистон?.

Орзу осмонлари синсалар чил-чил,
Туркистон тупроғи ётса хор, забун.
вагонларда кетса
бойликлар мил-мил,
Йиғласа гўдаклар
оч ҳамда юпун.

Босмачи аталса ёвқур ўғлонинг,
Отилса маърифат, адолат, имон,
Тарихинг бош-оёқ,
Китобдир – қонли,
Аҳволинг не бўлди гўзал Туркистон?

Эсласам, куяди оҳ,
кўкайларим,
Хоин деб отдилар жадидларни ким?
Шер юракли Фитрат,
Беҳбудийларим,
Замин жим. Осмон жим,
Тупроқларим жим!!!

Оға-иниларни бир-бирга қайраб,
Олчоқ, лўттибозлар ғолиб, қаҳрамон.
Манқурту авбошлар юрсалар яйраб,
Аҳволинг не бўлди,
Гўзал Туркистон?

Ўзбекларим

Қарлиқдирсан, ўғуздирсан ёхуд дўрман,
оға-ини, бир отанинг боласисан.
Олам кўрар ўчоғингда ёнса гулхан,
Туркийдирсан, Осиёнинг лоласисан.

Тарихларда боболаринг келди ғолиб,
от чопдилар Оймакондан Эдил сари.
Европани танг этдилар, урҳо солиб,
Ай ёронлар, гапирайин қайси бирин!

Томирингда Жалолиддин, Темур қони,
аждодларинг Ҳазар, Бойкўл сувин ичган.
Майли, бўлсин Мирзо Бобур ё Шайбоний,
иккиси ҳам миллат учун жондан кечган.

Манғит, қипчоқ, қўнғиротим, айла кенглик,
тингла бир зум соқов ўтмиш сукутини.
Тўқсон икки бовли ўзбек, айла тенглик —
тумор қилиб тақ Фароғий ўгитини.

Зинҳор дема, ўтган бари ўтди- кетди,
сен ўзбекнинг эртасини кўр, бугунда.
Учта хонлик ўзбекман, деб нима ютди,
адо бўлди ё ҳижратда ё сургунда…

Залолату иллатларга ботганингда,
ўғил бўлиб, жигар-бағрим ўртанмасми?
Усмонлару, Чўлпонларни отганингда,
осмонларим қоп-қорайиб тутамасми?

Бухороми, Фарғонами ёхуд Сурхон,
гапиради биров боғдан, биров тоғдан.
Бўлинмасдир боболардан қолган макон,
боримиз ҳам, йўғимиз ҳам шу тупроқдан.

Ўжар феълинг панд берди-ку неча даъфа,
қувонч-ғамда бирга кулиб, йиғла, ўзбек.
Бўлинма бас, кўча-кўча, даҳа-даҳа,
Бир тан бўлиб, бир тўшакда ухла, ўзбек.

Йўқдир бирор ичкуярим сендан бўлак,
сени кўрдим, бу жаҳонда очиб кўзим.
Гуллаб-яшнаб, шу тупроқда ёзиб палак,
Қувнаб-яйраб яшасинлар ўғил-қизим.

Ота уйим

Чопишарди бу уйларда болачалар,
зув-зувлашиб ўзишарди бир-биридан.
Файзга тўлиб кетар эди чанг кўчалар,
гўдакларнинг қувноқ бақир-чақиридан.

Қизғалдоқлар ўсар эди томларида,
бу уйларни довуллардан тўсар эди.
Болаликнинг дийдираган тонгларида
Юлдузларни кўзлаб бўйим ўсар эди.

Ёпиларди тандир-тандир нонлар кунда,
говмушлари сут берарди қозон-қозон.
Олис- ёвуқ қўноқ келса кунми, тунда,
қўру-қутга тўларди эди бу дастурхон.

Бу уйларда оқ орзулар туғиларди,
меҳмон эди бу уйларга ҳислар – гўзал.
Яссавию Навоийлар ўқиларди,
порилларди нигоҳларда чўғлар ял-ял.

Менгзар эдим падаримни Алпомишга,
Тоғни талқон этарди ундаги шахт.
Саҳар туриб отланарди отам ишга,
қайтганида кўзимизда ёнарди бахт.

Бу уйларнинг остонаси олтин эди,
мармар эди бу иморат деворлари.
Бу уйларнинг бекаси зўр хотин эди,
бўлмас эди бу уйларнинг беморлари.

Бегонайди бу маконга ғийбат,ўшак ,
туташ эди жонимизга ҳар риштаси.
Тоза, оппоқ ёстиқлару парқу тўшак,
Онам эди бу гўшанинг фариштаси.

Мени энди айрилиқнинг уммонлари,
ғарқ этгандир гирдобида аллақачон.
Болаликнинг у беғубор осмонлари,
мангу менга етиб бўлмас орзу-армон.

Ота уйга етсам шомми, тонг чоғида,
таъқиб этар шамол аста изларимдан.
Кекса онам босганида қучоғига,
Дувва-дувва ёш қуюлар кўзларимдан.

Қул

Сурхонга борганимда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Таксичи Россияга ишга кетаётган ўттиз ёшлардаги бир йигитни бориб уйидан олди. Оилали, икки болси бор экан. Уни кузатаётган она, аёли ва болаларининг йиғиси ҳали ҳамон қулоғимда.

Ўғлинг йиғлаб кузатасан онаизор,
мунғаяди ўкинч ила туғилган уй..
Қақшаётир болалар ҳам интиғу зор,
Дилларида “қачон қайтар”
деган бир ўй.

Нола қилар,
қачон қайтар, қачон қайтар?
Аёли ҳам кўз ёшини яширолмас,
Ток войиши ер бағирлаб такбир айтар,
райҳонлар ҳам кўзларини ердан олмас.

Бир чеккада жовдираган гўдаклар-ай,
Сўқир дунё, буларга бир тасалли айт..
Қўтир дунё,
ёлғон- яшиқ сўзингни қўй,
Қараб турма бир чеккада совуқ, лоқайд?

Тақдирнинг бу савдосига этиб исён,
Бўзлаётир осмондаги булутлар ҳам.
“Кетманг” дея болачалар отасининг,
Оёғига тармашади
кўзларда нам.

Юз йил аввал, кетиб қолган мардикорга,
Боболарга,
энди сизлар, такрормисиз?
Пул деган бу,
тўйим билмас бир маккорга,
сотилган эй болаларим, соғ бормисиз?

Минг йилдирки сукунатда ётган ҳамон,
Даҳмаларга бош ураман: “Оёққа қалқ –
Номард дунё, ўзинг ўйла қачонгача,
Мардикорлар туғиб берар ахир бу халқ?

Отанг қулдир, ўзинг қулсан,
боланг ҳам қул,
Нон қидириб оворасан ёт элларда.
Не-не қизу жувонларинг ўлтирар тул,
Йигитларни олиб кетган бу йўлларда.

Беҳбудийнинг ўлими олдидаги васияти

Эй, Туркистон, туғишқон, дўстлар,
Ҳур қизлару ўғлонларимиз.
Букун гарчи бандимиз бизлар,
Омионатдир гар жонларимиз.

Ўн кундирки, аҳволимиз танг,
Кишандадир қўл, оёғимиз,
Васиятим: Ватанни асранг,
Туркистондир кўз қароғимиз.

Юксак тутинг, юксак бошлардан
Кубролардан қолган байроқни.
Тозалангиз ёт, авбошлардан,
Боболардан қолган тупроқни.

Ватан дея, ўт-олов кечинг,
Синдирингиз ёвлар қўлларин.
Ҳурриятни гўдакдай қучинг,
Эй, Темурбек пок насллари.

Сўзим шулдир: эртага ўлсак,
Бизлар учун имонни тиланг.
Туркистонни онамиз десак,
Муаллимлар бошини силанг.

Иллатларнинг илдизи бўлган,
Жаҳолатни ғаним билингиз.
Молу мулку жонингиз билан,
Маорифга мадад қилингиз.

Фарқлаб олинг қораю оқни,
Наслларим бу сўнгги имкон,
Йиғиштиринг низо, нифоқни,
Бўлинмасдир она Туркистон!

Ватан дея жонни тикибмиз,
Тингланг, кўнгил нолаларини.
Васиятим, қўйманг илмсиз,
Туркистоннинг болаларини.

Бонужон

Бонужоним, сумбул сочинг тарадингми,
Тақолмадим сочларингга тилло балдоқ.
Келарми, деб қирқ йил йўлга қарадингми,
Шошу Сурхон орасида толди оёқ…
Қўйгин энди, қўнғироқлар қилма, асло,
Рақамларинг хотирамдан ўчиб кетган.
Қайдалигим билолмайман ўзим ҳатто,
Абдумажид бошқа ёққа кўчиб кетган.
Узоқларда йиғладинг сен,
Сиқтадинг сен,
Ақалли бир тик боқмадинг юзларимга.
Тошёстиғу тоштўшакда ухладинг сен,
Қирқ йилдирки, қайтолмадим изларимга!
Узоқларда, фироқларда толиб кетдинг,
Сўрди қоним турмуш деган қонхўр зулук.
Йўлларингда оёқларим қолиб кетди,
Боролмайман, Бонужоним, оёғим йўқ!
Юролмайман, боролмайман,
кўролмайман,
Томчи ёшинг баҳосимас, билсанг, ҳаёт!
Бону, сенинг кўзларингга қаролмайман
Боқсам, мени қатл этарлар – гўё жаллод!
Бонужоним,
Номларингга жоним эҳсон,
Эс- ҳушларим ёбонларга учиб кетган,
Мени кут, деб ишонтирган ўша нодон,
Абдумажид осмонларга кўчиб кетган…

Ҳайвонот боғида

Ҳайвонот боғида ажиб манзара,
Оҳу ва бўрилар яшар ёнма- ён.
Битта том остида кийик, тасқара,
Тулкининг жиғига тегади қуён.

Ҳайвонлар шоҳининг феъли ғалати,
Шернинг шерлигида қолмапти урвоқ.
Филнинг филлигидан қуруқ савлати,
Йўлбарслар мушук-ла тутинган ўртоқ.

Ҳайвонот боғида қушлар тутқунда,
Бургутлар ҳаккага масхара экан.
Лочинлик сиёғи ётдир лочинга,
Уйқучи бойўғли пинакка кетган.

Бир сўзни қайтарар тўтилар сайроқ,
Чийиллар қафасда шаллақи сиртлон.
Йўл-йўлли зебралар зерикиб узоқ,
Даштларни соғинар олис, бепоён.

Эшаклар ҳанграшиб отади ханда,
Жирафа бўйнини чўзади кўкка.
Шохларда имиллаб ўрмалар панда,
Кенгуру қафасда тушади чўкка.

Кўлмакдан бошини кўтариб гоҳ-гоҳ
Атрофга совуққон боқади тимсоҳ.
Ҳаммага ҳуснини қилганча кўз-кўз,
Ўзин минг оҳангга солади товус.

Маймун писта чақар, қуриб чордона,
Худдики дунёда ундан доно йўқ.
Туяқуш қушлигин қилар баҳона,
Ортамиз дейишса, елкасига юк.

Уч юз йил яшаган тошбақа хумпар,
Тош коса ичидан оламга бўйлар,
Дунё ишларидан буткул бехабар,
Охурдан бошини кўтармас қўйлар.

Ўзбеклигим

Муҳаббат Назарга

Ўзбек бўлиб яшади бобом,
Ўзбек бўлиб яшади момом,
Ўзбек бўлиб келдим дунёга,
Ўзбек бўлиб яшайман, тамом!

Ўзбек тилим онамнинг тили,
Ўзбекларим қошу қўзимдир,
Ўзбек эли ўз туққан элим,
Ўзбек асли меним ўзимдир!

Яратганга шукрона айта,
Ҳайқираман юрагим тўлиб.
Келсам эдим дунёга қайта,
Туғилардим мен ўзбек бўлиб!

Ҳамма миллат ўзича буюк,
Омон бўлсин ажаму араб.
Бу дунёда йўқ ундан суюк,
Ўзбеклигим энг буюк шараф!

Ўзбекона маърака, тўйим,
Туронзамин — ўзбекка бисот.
Ўзбекистон муқаддас уйим,
Ўзбекистон ўзбекка ҳаёт!

Ўзбек бўлиб туғилди отам,
Ўзбек бўлиб туғилди онам,
Ўзбек бўлиб туғилди, зотан
Ўзбек бўлиб яшайди болам!

Жараён

На эрк, на ишончга қолмади ихлос,
Юлдузлар ҳам ёнар кўкда милтираб.
Йиғлайми дунёга солиб аюҳаннос,
Кулайми бу ҳолга ёхуд, гулдираб?

Ҳукмлар барқарор, қарорлар қатъий,
Саҳрода уммонга бўлмаймиз илҳақ.
Ухлар авлиёлар зулмат чоҳида,
Тартиб таомиллар ўзгармас мутлақ.

Мусаффо осмонда
қарғалар, зоғлар,
Бахтлидир қафасда тўти сайроқи.
Ғариб ўшшаяди кўзимга тоғлар,
Чўккандай чамамда, осмоннинг тоқи.

Дунёда саноқсиз ватанлар, юртлар,
Кимгадир бу ердан суриш муддао.
Ё Раббим!
Кечаги қўрқоқ манқуртлар,
Юртга оталикни қилмоқда даъво!

Кетганлар илтимос, орқага қайтманг,
Қашшоқ ё боймисиз,
қилингиз тоқат…
Бизнинг ҳолимизга ачиниб ётманг,
Йўлларда йўлиқсин сизга бахт, омад!

Фақат унутингиз қуллик, ёлғонни,
Озод истакларни этинг ихтиёр..
Аллоҳ мулки бўлган еру осмоннинг,
Хохлаган кунжида яшанг бахтиёр.

Биз эса… бечора,
кулбамиз қафас,
Мисоли ўрада ётибмиз чуқур.
Руҳимиз ҳозирча осмонда эмас,
Тупроқда ташқари юрибмиз, шукур!

Қўлимиз кишанда, тиллар сукутда,
Буюк мўъжизани ҳамон кутамиз.
Олтин балиқ каби бундай муҳитда,
Ҳамду сано билан давом этамиз.

***

Зир-зир югурасан тиним билмасдан,
Ҳаётингга тағин шитоб керакдир.
Кунларинг ўтади кунинг кулмасдан
Сенга ботмайдиган офтоб керакдир.

Итга тиним бору сенга тиним йўқ,
Нечун жонга бунча итоб керакдир?
Билмадим нимасан, одамми, махлуқ
Кўзингни оч, деган хитоб керакдир.

Ул керак, бул керак, каму кўст битмас,
Фақат югур-югур, чоп-чоп керакдир?
Қулга айлантирди сени ҳой-ҳавас,
Пул керак, пул керак, қоп-қоп керакдир.

Ўтди неча ёзу қишинг, билмайсан,
Интилиб чопганинг ҳубоб керакдир.
Иссиғу совуқни кўзга илмайсан,
Жонга нечун бунча азоб керакдир?

Ҳаётдан улушинг олиб бўлдинг ҳам,
Балки бир кулбаи хароб керакдир.
Аммо ўзлигингни билмайсан одам,
Олтин тоғ сингари сароб керакдир.

Ҳаёт қил учида, тил учида жон,
ҳаммасига ҳисоб-китоб керакдир.
Фано бекатида меҳмонсан, бир он,
Охиратда савол-жавоб керакдир.

Қолгандир умрингдан атиги бир кун,
Яхшилик керакдир, савоб керакдир,
Сўзимни мухтасар айласам якун,
Аввало қаноат, инсоф керакдир.

Ўзбекистон

Ватан, Хоразмда ўсган бир гужум,
Олис аждодлардан хотирсан, Ватан,
Ватан, отам каби камтар, камсуқум,
Алпомиш келбатли ботирсан, Ватан!

Буёғи Андижон, у ёғи Устюрт,
Элим бир-бирига узанги йўлдош.
Қувончи дардларим айлади унут,
Зарра озоридан, кўзим тўла ёш..

Энтикиб Дарбандга ошганда довон,
Ҳаяжон босади шому наҳорда.
Хануз жаннатмакон Термизий бобом,
Соялаб ўлтирар Сайроб чинорда.

Самарқанд тарихнинг буюк онаси,
Қадимликдн Римдан қадимдир, аён.
Шариф Бухоронинг зўр Афшонаси,
Ибн Синосига интиқ, нигорон!

Қанча талотўплар кечди не замон,
Қани Шоҳруҳия, Пойкенту,Ўтрор,
Ёвга бош эгмади мулки Туркистон,
Фарзандлар улғайди ёвқур, қасоскор.

Шерюрак Широқнинг шахтини кўриб,
Дородай шоҳлар ҳам бермадими тан?
Тўмарис кўксидан чиққан ҳайқириқ,
Ўзинг эмасмидинг, эй азиз, Ватан?!

Ўзинг эмасмидинг, ғаним йўлини,
Мангуберди бўлиб, тўсолган тўфон.
Ўзинг эмасмидинг, жаҳон элини,
Оғзига қаратган Темур Кўрагон…

Қанча Бухорийлар,Термизийларинг,
Кўкларга кўтарди илм машъалин.
Улуғбек осмонга тикиб кўзларин,
фалак юлдузларин тузди жадвалин.

Қай бири шон талаб, қай бирлари нон,
Келмиш тупроғингга шоҳлар, фотиҳлар,
“Аҳволинг не бўлди, дея Туркистон!”,
Беҳбудий йиғлади субҳи содиқлар.

Ватан, деб оҳ чекди Қодирий ,Фитрат,
Чўлпону, Усмонни кимлар сотдилар?
Жадидларни эмас, деворга тираб,
Ватаним, жаллодлар сени отдилар!

Бироқ, сен Ватаним, кўксингни кериб,
Ҳамиша интилдинг эрк, қуёш томон.
Минг йиллар сўнгида толе ярқираб ,
Давлат қура олдинг, ҳур Ўзбекистон!

Боқаман елдайин учқур асримга,
Йилларга татийди унинг ҳар они,
Не буюк мўъжиза, қайтди бағрингга,
Минг йиллар сўнгида Темурбек шони!

Ҳар қарич тупроғинг табаррук, суюк,
Олисларга кетсам, дилга ёр, Ватан.
Ўзинг буюклардан мен учун буюк,
Тенгсиз бахту ғурур, номус, ор, Ватан!

Номинг довруқлидир бутун дунёга,
Сенга ҳавасдадир дўст-қардошларинг.
Тилагим, кафтларим очдим дуога,
Асло эгилмасин мағрур бошларинг.

Ўз ўзимга
(далда)

Ҳаёт — уммон, инсон бир кема,
Сузиб борар чексиз уммонда.
Сен оламни тор қафас дема,
Учиб ўрган чексиз осмонда.

Тақдирингга таъна қилганча,
Ҳаётингдан нолима зинҳор.
Атрофингда ногирон қанча,
Қанча одам юрар оч, наҳор.

Дема ҳаёт ёвуз, бешафқат,
Юрагингни кўриб қафасда.
Токи тирик экансан, фақат,
Бу оламга боққин ҳавасда.

Ушалмаса дилда армонинг,
Оҳ-воҳ қилиб, чекмагин қайғу,
Қайнаб турса қора қозонинг,
Юрагингда тирикдир орзу.

Қайғуларинг ўраб шодликка,
Йиғлаб туриб, кулишга урин.
Яшай олгин кўниб бор-йўққа,
Халойиққа бахтиёр кўрин!

Шамолларнинг сочини ўриб,
Шодлан ўн олти ёш боладек.
Орзуларга кўксинг тўлдириб,
Қоматингни кўтариб юр тик.

Йўлларимга қараганлар

Соғинчларим айтай сизга ич-ичимдан,
кўз тешилиб йўлларимга қараганлар.
Шамолларга айланайин мен шу зумда —
жовдирашиб мени мендан сўраганлар.

Шамол бўлай ўнгингизда, сўлингизда,
Сиз ғашланиб: “бузди деманг бу тинчимни”.
Илтимосим, тангу тор бу кўнглингиздан,
жой сўрасам, увол этманг ўтинчимни.

Ўкинмасман кўнглингизда бўлмаса жой,
Омон бўлинг,
йўлингизни берсин Худо.
Ғийбат қилиб юзларимга чапламанг лой,
Танимайин, кўрмай туриб мени ҳатто!

Қўйинг мени ўз ҳолимга, ёлвораман,
баҳорларнинг ифорига қониб тўяй.
Қизғалдоқлар ҳузурига мен бораман,
Адирларни алвон-алвон рангга бўяй.

чеҳрайи ранг хазон янглиғ заъфарондир,
ўтаяпман бу кечани кеча- кеча.
Сиз билмайсиз,
юрак-бағрим тўла қондир,
тамом қилдим қонларимни ича-ича.

Ажабланма аҳволимга рўйи-олам,
шамолдирман, бу йўлларда ўжар, саркаш.
Ерга сиғмас, кўкка сиғмас чеккан нолам,
дардларимга топилмайди бирон дардкаш.

Агар бир кун қиёматга қолса дийдор,
мени мендан сўраганлар бўлманг дилтанг.
Осон эмас бир кечада ўлиш минг бор,
йўлларимга қараганлар мени кутманг…

Tariximizning fojiali sanasi, millatning asl farzandlari qatl etilgan 4 oktyabr kuni yaqinlashmoqda. Abdumajid Azimning yangi she’rlarida bugungi kunning dardu quvonchlari barobar o‘sha mudhish fojianing iztirobi yangraydi.

Abdumajid AZIM
YANGI ShЕ’RLAR

Imorat

Imorat ko‘tardi otang bir zamon,67
Qo‘shnilar deyardi uni naq saroy.
Ammo otangga ham bo‘lganmas oson,
Ergash paxsachiga uzatmoqlik loy.

Bolalar shu issiq go‘sha bag‘rida
bir ko‘rpada yotib, yetdi voyaga.
Qaridi bu uy ham, yillar ortidan
qarasang o‘xshaydi cho‘kkan qoyaga.

Buzaman bu uyni, deding bir choqda,
yangi uy devori yuksaldi g‘ishtdan.
O‘n yiling qorishib loyu tuproqda,
Yuraging bezillab qoldi qurishdan.

Ertaga mos kelmas bugunning gapi,
nima bo‘lganda ham o‘zbekka qiyin.
Otang qurgan uyni sen buzgan kabi,
o‘g‘ling ham uyingni tekislar tayin.

Ammo tugamaydi bu sirli halqa,
O‘z uyin quradi har bitta avlod.
Jonini jabborga bergan bu xalqqa,
Bitta imoratga tikilgan hayot.

Bitta imoratni qilguncha barpo,
Ichi ham,tashi ham ketar to‘kilib.
Oynaga bir kuni qaragan asno,
Qari chol ko‘rinar, qaddi bukilib.

U balki o‘zidir, padari balki,
Qurishu buzishdan suyagi qotgan.
Yoki nevarasi – kelajak xalqi,
Hayot qarshisida qayg‘uga botgan…

Dunyo imorati qiyshiq bir devol,
uylar quravergin, sen qo‘sha-qo‘sha,
Birodar, gaplarim kelmasin malol,
Faqat istagim shu, odamdek yasha!

Ahvoling ne bo‘ldi, go‘zal Turkiston?

Jadidlar otasi Behbudiyga

Ahvoling ne bo‘ldi,
go‘zal Turkiston?
Otildi haqiqat – zulmat kechada,
Shahidlar qonidan qoraydi osmon,
Jaholat izg‘iydi har bir ko‘chada.

Do‘ndi vayronaga masjid,
madrasa,
Yoqildi Allohning kalomi Qur’on,
Shayton malaylari qilib talvasa,
Solar ayyuhannos: qon, qon, qon!..

Qanchalar qattolu,
Xunolud bu tong,
Jigar jigarining ko‘zini o‘ysa.
Oybolta ostida qolgan olomon,
Iymonu vijonni unutib qo‘ysa.

Kentu mahallada,
har bir guzarda,
Niqobda o‘tirsa nobakor yolg‘on,
Yolg‘onlar sotilsa hamma bozorda,
Ahvoling ne bo‘ldi,
go‘zal Turkiston?.

Orzu osmonlari sinsalar chil-chil,
Turkiston tuprog‘i yotsa xor, zabun.
vagonlarda ketsa
boyliklar mil-mil,
Yig‘lasa go‘daklar
och hamda yupun.

Bosmachi atalsa yovqur o‘g‘loning,
Otilsa ma’rifat, adolat, imon,
Tarixing bosh-oyoq,
Kitobdir – qonli,
Ahvoling ne bo‘ldi go‘zal Turkiston?

Eslasam, kuyadi oh,
ko‘kaylarim,
Xoin deb otdilar jadidlarni kim?
Sher yurakli Fitrat,
Behbudiylarim,
Zamin jim. Osmon jim,
Tuproqlarim jim!!!

Og‘a-inilarni bir-birga qayrab,
Olchoq, lo‘ttibozlar g‘olib, qahramon.
Manqurtu avboshlar yursalar yayrab,
Ahvoling ne bo‘ldi,
Go‘zal Turkiston?

O‘zbeklarim

Qarliqdirsan, o‘g‘uzdirsan yoxud do‘rman,
og‘a-ini, bir otaning bolasisan.
Olam ko‘rar o‘chog‘ingda yonsa gulxan,
Turkiydirsan, Osiyoning lolasisan.

Tarixlarda bobolaring keldi g‘olib,
ot chopdilar Oymakondan Edil sari.
Yevropani tang etdilar, urho solib,
Ay yoronlar, gapirayin qaysi birin!

Tomiringda Jaloliddin, Temur qoni,
ajdodlaring Hazar, Boyko‘l suvin ichgan.
Mayli, bo‘lsin Mirzo Bobur yo Shayboniy,
ikkisi ham millat uchun jondan kechgan.

Mang‘it, qipchoq, qo‘ng‘irotim, ayla kenglik,
tingla bir zum soqov o‘tmish sukutini.
To‘qson ikki bovli o‘zbek, ayla tenglik —
tumor qilib taq Farog‘iy o‘gitini.

Zinhor dema, o‘tgan bari o‘tdi- ketdi,
sen o‘zbekning ertasini ko‘r, bugunda.
Uchta xonlik o‘zbekman, deb nima yutdi,
ado bo‘ldi yo hijratda yo surgunda…

Zalolatu illatlarga botganingda,
o‘g‘il bo‘lib, jigar-bag‘rim o‘rtanmasmi?
Usmonlaru, Cho‘lponlarni otganingda,
osmonlarim qop-qorayib tutamasmi?

Buxoromi, Farg‘onami yoxud Surxon,
gapiradi birov bog‘dan, birov tog‘dan.
Bo‘linmasdir bobolardan qolgan makon,
borimiz ham, yo‘g‘imiz ham shu tuproqdan.

O‘jar fe’ling pand berdi-ku necha da’fa,
quvonch-g‘amda birga kulib, yig‘la, o‘zbek.
Bo‘linma bas, ko‘cha-ko‘cha, daha-daha,
Bir tan bo‘lib, bir to‘shakda uxla, o‘zbek.

Yo‘qdir biror ichkuyarim sendan bo‘lak,
seni ko‘rdim, bu jahonda ochib ko‘zim.
Gullab-yashnab, shu tuproqda yozib palak,
Quvnab-yayrab yashasinlar o‘g‘il-qizim.

Ota uyim

Chopishardi bu uylarda bolachalar,
zuv-zuvlashib o‘zishardi bir-biridan.
Fayzga to‘lib ketar edi chang ko‘chalar,
go‘daklarning quvnoq baqir-chaqiridan.

Qizg‘aldoqlar o‘sar edi tomlarida,
bu uylarni dovullardan to‘sar edi.
Bolalikning diydiragan tonglarida
Yulduzlarni ko‘zlab bo‘yim o‘sar edi.

Yopilardi tandir-tandir nonlar kunda,
govmushlari sut berardi qozon-qozon.
Olis- yovuq qo‘noq kelsa kunmi, tunda,
qo‘ru-qutga to‘lardi edi bu dasturxon.

Bu uylarda oq orzular tug‘ilardi,
mehmon edi bu uylarga hislar – go‘zal.
Yassaviyu Navoiylar o‘qilardi,
porillardi nigohlarda cho‘g‘lar yal-yal.

Mengzar edim padarimni Alpomishga,
Tog‘ni talqon etardi undagi shaxt.
Sahar turib otlanardi otam ishga,
qaytganida ko‘zimizda yonardi baxt.

Bu uylarning ostonasi oltin edi,
marmar edi bu imorat devorlari.
Bu uylarning bekasi zo‘r xotin edi,
bo‘lmas edi bu uylarning bemorlari.

Begonaydi bu makonga g‘iybat,o‘shak ,
tutash edi jonimizga har rishtasi.
Toza, oppoq yostiqlaru parqu to‘shak,
Onam edi bu go‘shaning farishtasi.

Meni endi ayriliqning ummonlari,
g‘arq etgandir girdobida allaqachon.
Bolalikning u beg‘ubor osmonlari,
mangu menga yetib bo‘lmas orzu-armon.

Ota uyga yetsam shommi, tong chog‘ida,
ta’qib etar shamol asta izlarimdan.
Keksa onam bosganida quchog‘iga,
Duvva-duvva yosh quyular ko‘zlarimdan.

Qul

Surxonga borganimda bir voqeaning guvohi bo‘ldim. Taksichi Rossiyaga ishga ketayotgan o‘ttiz yoshlardagi bir yigitni borib uyidan oldi. Oilali, ikki bolsi bor ekan. Uni kuzatayotgan ona, ayoli va bolalarining yig‘isi hali hamon qulog‘imda.

O‘g‘ling yig‘lab kuzatasan onaizor,
mung‘ayadi o‘kinch ila tug‘ilgan uy..
Qaqshayotir bolalar ham intig‘u zor,
Dillarida “qachon qaytar”
degan bir o‘y.

Nola qilar,
qachon qaytar, qachon qaytar?
Ayoli ham ko‘z yoshini yashirolmas,
Tok voyishi yer bag‘irlab takbir aytar,
rayhonlar ham ko‘zlarini yerdan olmas.

Bir chekkada jovdiragan go‘daklar-ay,
So‘qir dunyo, bularga bir tasalli ayt..
Qo‘tir dunyo,
yolg‘on- yashiq so‘zingni qo‘y,
Qarab turma bir chekkada sovuq, loqayd?

Taqdirning bu savdosiga etib isyon,
Bo‘zlayotir osmondagi bulutlar ham.
“Ketmang” deya bolachalar otasining,
Oyog‘iga tarmashadi
ko‘zlarda nam.

Yuz yil avval, ketib qolgan mardikorga,
Bobolarga,
endi sizlar, takrormisiz?
Pul degan bu,
to‘yim bilmas bir makkorga,
sotilgan ey bolalarim, sog‘ bormisiz?

Ming yildirki sukunatda yotgan hamon,
Dahmalarga bosh uraman: “Oyoqqa qalq –
Nomard dunyo, o‘zing o‘yla qachongacha,
Mardikorlar tug‘ib berar axir bu xalq?

Otang quldir, o‘zing qulsan,
bolang ham qul,
Non qidirib ovorasan yot ellarda.
Ne-ne qizu juvonlaring o‘ltirar tul,
Yigitlarni olib ketgan bu yo‘llarda.

Behbudiyning o‘limi oldidagi vasiyati
Ey, Turkiston, tug‘ishqon, do‘stlar,
Hur qizlaru o‘g‘lonlarimiz.
Bukun garchi bandimiz bizlar,
Omionatdir gar jonlarimiz.

O‘n kundirki, ahvolimiz tang,
Kishandadir qo‘l, oyog‘imiz,
Vasiyatim: Vatanni asrang,
Turkistondir ko‘z qarog‘imiz.

Yuksak tuting, yuksak boshlardan
Kubrolardan qolgan bayroqni.
Tozalangiz yot, avboshlardan,
Bobolardan qolgan tuproqni.

Vatan deya, o‘t-olov keching,
Sindiringiz yovlar qo‘llarin.
Hurriyatni go‘dakday quching,
Ey, Temurbek pok nasllari.

So‘zim shuldir: ertaga o‘lsak,
Bizlar uchun imonni tilang.
Turkistonni onamiz desak,
Muallimlar boshini silang.

Illatlarning ildizi bo‘lgan,
Jaholatni g‘anim bilingiz.
Molu mulku joningiz bilan,
Maorifga madad qilingiz.

Farqlab oling qorayu oqni,
Nasllarim bu so‘nggi imkon,
Yig‘ishtiring nizo, nifoqni,
Bo‘linmasdir ona Turkiston!

Vatan deya jonni tikibmiz,
Tinglang, ko‘ngil nolalarini.
Vasiyatim, qo‘ymang ilmsiz,
Turkistonning bolalarini.

Bonujon

Bonujonim, sumbul soching taradingmi,
Taqolmadim sochlaringga tillo baldoq.
Kelarmi, deb qirq yil yo‘lga qaradingmi,
Shoshu Surxon orasida toldi oyoq…
Qo‘ygin endi, qo‘ng‘iroqlar qilma, aslo,
Raqamlaring xotiramdan o‘chib ketgan.
Qaydaligim bilolmayman o‘zim hatto,
Abdumajid boshqa yoqqa ko‘chib ketgan.
Uzoqlarda yig‘lading sen,
Siqtading sen,
Aqalli bir tik boqmading yuzlarimga.
Toshyostig‘u toshto‘shakda uxlading sen,
Qirq yildirki, qaytolmadim izlarimga!
Uzoqlarda, firoqlarda tolib ketding,
So‘rdi qonim turmush degan qonxo‘r zuluk.
Yo‘llaringda oyoqlarim qolib ketdi,
Borolmayman, Bonujonim, oyog‘im yo‘q!
Yurolmayman, borolmayman,
ko‘rolmayman,
Tomchi yoshing bahosimas, bilsang, hayot!
Bonu, sening ko‘zlaringga qarolmayman
Boqsam, meni qatl etarlar – go‘yo jallod!
Bonujonim,
Nomlaringga jonim ehson,
Es- hushlarim yobonlarga uchib ketgan,
Meni kut, deb ishontirgan o‘sha nodon,
Abdumajid osmonlarga ko‘chib ketgan…

Hayvonot bog‘ida

Hayvonot bog‘ida ajib manzara,
Ohu va bo‘rilar yashar yonma- yon.
Bitta tom ostida kiyik, tasqara,
Tulkining jig‘iga tegadi quyon.

Hayvonlar shohining fe’li g‘alati,
Sherning sherligida qolmapti urvoq.
Filning filligidan quruq savlati,
Yo‘lbarslar mushuk-la tutingan o‘rtoq.

Hayvonot bog‘ida qushlar tutqunda,
Burgutlar hakkaga masxara ekan.
Lochinlik siyog‘i yotdir lochinga,
Uyquchi boyo‘g‘li pinakka ketgan.

Bir so‘zni qaytarar to‘tilar sayroq,
Chiyillar qafasda shallaqi sirtlon.
Yo‘l-yo‘lli zebralar zerikib uzoq,
Dashtlarni sog‘inar olis, bepoyon.

Eshaklar hangrashib otadi xanda,
Jirafa bo‘ynini cho‘zadi ko‘kka.
Shoxlarda imillab o‘rmalar panda,
Kenguru qafasda tushadi cho‘kka.

Ko‘lmakdan boshini ko‘tarib goh-goh
Atrofga sovuqqon boqadi timsoh.
Hammaga husnini qilgancha ko‘z-ko‘z,
O‘zin ming ohangga soladi tovus.

Maymun pista chaqar, qurib chordona,
Xuddiki dunyoda undan dono yo‘q.
Tuyaqush qushligin qilar bahona,
Ortamiz deyishsa, yelkasiga yuk.

Uch yuz yil yashagan toshbaqa xumpar,
Tosh kosa ichidan olamga bo‘ylar,
Dunyo ishlaridan butkul bexabar,
Oxurdan boshini ko‘tarmas qo‘ylar.

O‘zbekligim

Muhabbat Nazarga

O‘zbek bo‘lib yashadi bobom,
O‘zbek bo‘lib yashadi momom,
O‘zbek bo‘lib keldim dunyoga,
O‘zbek bo‘lib yashayman, tamom!

O‘zbek tilim onamning tili,
O‘zbeklarim qoshu qo‘zimdir,
O‘zbek eli o‘z tuqqan elim,
O‘zbek asli menim o‘zimdir!

Yaratganga shukrona ayta,
Hayqiraman yuragim to‘lib.
Kelsam edim dunyoga qayta,
Tug‘ilardim men o‘zbek bo‘lib!

Hamma millat o‘zicha buyuk,
Omon bo‘lsin ajamu arab.
Bu dunyoda yo‘q undan suyuk,
O‘zbekligim eng buyuk sharaf!

O‘zbekona ma’raka, to‘yim,
Turonzamin — o‘zbekka bisot.
O‘zbekiston muqaddas uyim,
O‘zbekiston o‘zbekka hayot!

O‘zbek bo‘lib tug‘ildi otam,
O‘zbek bo‘lib tug‘ildi onam,
O‘zbek bo‘lib tug‘ildi, zotan
O‘zbek bo‘lib yashaydi bolam!

Jarayon

Na erk, na ishonchga qolmadi ixlos,
Yulduzlar ham yonar ko‘kda miltirab.
Yig‘laymi dunyoga solib ayuhannos,
Kulaymi bu holga yoxud, guldirab?

Hukmlar barqaror, qarorlar qat’iy,
Sahroda ummonga bo‘lmaymiz ilhaq.
Uxlar avliyolar zulmat chohida,
Tartib taomillar o‘zgarmas mutlaq.

Musaffo osmonda
qarg‘alar, zog‘lar,
Baxtlidir qafasda to‘ti sayroqi.
G‘arib o‘shshayadi ko‘zimga tog‘lar,
Cho‘kkanday chamamda, osmonning toqi.

Dunyoda sanoqsiz vatanlar, yurtlar,
Kimgadir bu yerdan surish muddao.
Yo Rabbim!
Kechagi qo‘rqoq manqurtlar,
Yurtga otalikni qilmoqda da’vo!

Ketganlar iltimos, orqaga qaytmang,
Qashshoq yo boymisiz,
qilingiz toqat…
Bizning holimizga achinib yotmang,
Yo‘llarda yo‘liqsin sizga baxt, omad!

Faqat unutingiz qullik, yolg‘onni,
Ozod istaklarni eting ixtiyor..
Alloh mulki bo‘lgan yeru osmonning,
Xoxlagan kunjida yashang baxtiyor.

Biz esa… bechora,
kulbamiz qafas,
Misoli o‘rada yotibmiz chuqur.
Ruhimiz hozircha osmonda emas,
Tuproqda tashqari yuribmiz, shukur!

Qo‘limiz kishanda, tillar sukutda,
Buyuk mo‘jizani hamon kutamiz.
Oltin baliq kabi bunday muhitda,
Hamdu sano bilan davom etamiz.

***

Zir-zir yugurasan tinim bilmasdan,
Hayotingga tag‘in shitob kerakdir.
Kunlaring o‘tadi kuning kulmasdan
Senga botmaydigan oftob kerakdir.

Itga tinim boru senga tinim yo‘q,
Nechun jonga buncha itob kerakdir?
Bilmadim nimasan, odammi, maxluq
Ko‘zingni och, degan xitob kerakdir.

Ul kerak, bul kerak, kamu ko‘st bitmas,
Faqat yugur-yugur, chop-chop kerakdir?
Qulga aylantirdi seni hoy-havas,
Pul kerak, pul kerak, qop-qop kerakdir.

O‘tdi necha yozu qishing, bilmaysan,
Intilib chopganing hubob kerakdir.
Issig‘u sovuqni ko‘zga ilmaysan,
Jonga nechun buncha azob kerakdir?

Hayotdan ulushing olib bo‘lding ham,
Balki bir kulbai xarob kerakdir.
Ammo o‘zligingni bilmaysan odam,
Oltin tog‘ singari sarob kerakdir.

Hayot qil uchida, til uchida jon,
hammasiga hisob-kitob kerakdir.
Fano bekatida mehmonsan, bir on,
Oxiratda savol-javob kerakdir.

Qolgandir umringdan atigi bir kun,
Yaxshilik kerakdir, savob kerakdir,
So‘zimni muxtasar aylasam yakun,
Avvalo qanoat, insof kerakdir.

O‘zbekiston

Vatan, Xorazmda o‘sgan bir gujum,
Olis ajdodlardan xotirsan, Vatan,
Vatan, otam kabi kamtar, kamsuqum,
Alpomish kelbatli botirsan, Vatan!

Buyog‘i Andijon, u yog‘i Ustyurt,
Elim bir-biriga uzangi yo‘ldosh.
Quvonchi dardlarim ayladi unut,
Zarra ozoridan, ko‘zim to‘la yosh..

Entikib Darbandga oshganda dovon,
Hayajon bosadi shomu nahorda.
Xanuz jannatmakon Termiziy bobom,
Soyalab o‘ltirar Sayrob chinorda.

Samarqand tarixning buyuk onasi,
Qadimlikdn Rimdan qadimdir, ayon.
Sharif Buxoroning zo‘r Afshonasi,
Ibn Sinosiga intiq, nigoron!

Qancha taloto‘plar kechdi ne zamon,
Qani Shohruhiya, Poykentu,O‘tror,
Yovga bosh egmadi mulki Turkiston,
Farzandlar ulg‘aydi yovqur, qasoskor.

Sheryurak Shiroqning shaxtini ko‘rib,
Doroday shohlar ham bermadimi tan?
To‘maris ko‘ksidan chiqqan hayqiriq,
O‘zing emasmiding, ey aziz, Vatan?!

O‘zing emasmiding, g‘anim yo‘lini,
Manguberdi bo‘lib, to‘solgan to‘fon.
O‘zing emasmiding, jahon elini,
Og‘ziga qaratgan Temur Ko‘ragon…

Qancha Buxoriylar,Termiziylaring,
Ko‘klarga ko‘tardi ilm mash’alin.
Ulug‘bek osmonga tikib ko‘zlarin,
falak yulduzlarin tuzdi jadvalin.

Qay biri shon talab, qay birlari non,
Kelmish tuprog‘ingga shohlar, fotihlar,
“Ahvoling ne bo‘ldi, deya Turkiston!”,
Behbudiy yig‘ladi subhi sodiqlar.

Vatan, deb oh chekdi Qodiriy ,Fitrat,
Cho‘lponu, Usmonni kimlar sotdilar?
Jadidlarni emas, devorga tirab,
Vatanim, jallodlar seni otdilar!

Biroq, sen Vatanim, ko‘ksingni kerib,
Hamisha intilding erk, quyosh tomon.
Ming yillar so‘ngida tole yarqirab ,
Davlat qura olding, hur O‘zbekiston!

Boqaman yeldayin uchqur asrimga,
Yillarga tatiydi uning har oni,
Ne buyuk mo‘jiza, qaytdi bag‘ringga,
Ming yillar so‘ngida Temurbek shoni!

Har qarich tuprog‘ing tabarruk, suyuk,
Olislarga ketsam, dilga yor, Vatan.
O‘zing buyuklardan men uchun buyuk,
Tengsiz baxtu g‘urur, nomus, or, Vatan!

Noming dovruqlidir butun dunyoga,
Senga havasdadir do‘st-qardoshlaring.
Tilagim, kaftlarim ochdim duoga,
Aslo egilmasin mag‘rur boshlaring.

O‘z o‘zimga
(dalda)

Hayot — ummon, inson bir kema,
Suzib borar cheksiz ummonda.
Sen olamni tor qafas dema,
Uchib o‘rgan cheksiz osmonda.

Taqdiringga ta’na qilgancha,
Hayotingdan nolima zinhor.
Atrofingda nogiron qancha,
Qancha odam yurar och, nahor.

Dema hayot yovuz, beshafqat,
Yuragingni ko‘rib qafasda.
Toki tirik ekansan, faqat,
Bu olamga boqqin havasda.

Ushalmasa dilda armoning,
Oh-voh qilib, chekmagin qayg‘u,
Qaynab tursa qora qozoning,
Yuragingda tirikdir orzu.

Qayg‘ularing o‘rab shodlikka,
Yig‘lab turib, kulishga urin.
Yashay olgin ko‘nib bor-yo‘qqa,
Xaloyiqqa baxtiyor ko‘rin!

Shamollarning sochini o‘rib,
Shodlan o‘n olti yosh boladek.
Orzularga ko‘ksing to‘ldirib,
Qomatingni ko‘tarib yur tik.

Yo‘llarimga qaraganlar
Sog‘inchlarim aytay sizga ich-ichimdan,
ko‘z teshilib yo‘llarimga qaraganlar.
Shamollarga aylanayin men shu zumda —
jovdirashib meni mendan so‘raganlar.

Shamol bo‘lay o‘ngingizda, so‘lingizda,
Siz g‘ashlanib: “buzdi demang bu tinchimni”.
Iltimosim, tangu tor bu ko‘nglingizdan,
joy so‘rasam, uvol etmang o‘tinchimni.

O‘kinmasman ko‘nglingizda bo‘lmasa joy,
Omon bo‘ling,
yo‘lingizni bersin Xudo.
G‘iybat qilib yuzlarimga chaplamang loy,
Tanimayin, ko‘rmay turib meni hatto!

Qo‘ying meni o‘z holimga, yolvoraman,
bahorlarning iforiga qonib to‘yay.
Qizg‘aldoqlar huzuriga men boraman,
Adirlarni alvon-alvon rangga bo‘yay.

chehrayi rang xazon yanglig‘ za’farondir,
o‘tayapman bu kechani kecha- kecha.
Siz bilmaysiz,
yurak-bag‘rim to‘la qondir,
tamom qildim qonlarimni icha-icha.

Ajablanma ahvolimga ro‘yi-olam,
shamoldirman, bu yo‘llarda o‘jar, sarkash.
Yerga sig‘mas, ko‘kka sig‘mas chekkan nolam,
dardlarimga topilmaydi biron dardkash.

Agar bir kun qiyomatga qolsa diydor,
meni mendan so‘raganlar bo‘lmang diltang.
Oson emas bir kechada o‘lish ming bor,
yo‘llarimga qaraganlar meni kutmang…

044

(Tashriflar: umumiy 119, bugungi 3)

Izoh qoldiring