Мен шеъриятни инсоннинг ўз-ўзи билан, одамлар билан, табиат билан, Худо билан руҳоний суҳбати деб биламан. Бу суҳбатга эҳтиёж қачон туғилади? Ишончим комилки, одамзод дунёга келганда бу оламнинг пок тасвири қалбига муҳрланган бўлади – ота-она, Ватан, дўстдан тортиб Яратувчигача, меҳр, муҳаббат, адолат ва ҳурликдан тортиб эътиқодгача. У рўбарў келган ҳаёт ана шу пок – идеал тасаввурдай гўзал бўлса, завқланади, унга мос келмаса изтироб чекади. Ким биландир руҳоний суҳбат эҳтиёжи туғилади. Юрагида туғилган дардларга малҳам, саволларга жавоб олгиси келади, руҳ таскин ва ҳамдард излайди (Шоир билан суҳбатдан. Суҳбатни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).
Азиз САИД
ПАГАНИНИНГ СЎНГГИ КОНЦЕРТИ
Ҳали ухлар эди малоиклар жим,
Ғафлат елларидан чодирлар тикиб.
Ҳали ухлар эди ёсуман ғаддор,
Нафрат кўйлагининг ярмини бичиб.
Ҳали ухлар эди шайтон ва раҳмон
Етти қат осмонда – маъсум, бегуноҳ.
Ухларди ҳаттоки ерни яратиб,
Унга ном беришни унутган илоҳ.
Нимадир қайнади,
Нимадир тинди.
Нимадир ялт этди,
Нимадир сўнди.
Сўнгги бор кулди-ю боладай,
созининг торини тоблади.
Кўзини юлди-ю, дунёдан
туйдинг, деб пойига ташлади.
Ким деди: қаранглар,
кулгуси заҳар.
Ким деди: қаранглар,
нур ёғар – саҳар.
Машшоқ бешикдай қўйди-ю елкага созни
Энг нозик пардада дунёга келган
Энг нозик оҳангни ўраб сеҳрга
Узатди…
Узатди… қўллари муаллақ қолди.
Куй эмас эди бу – хаёл қушларин
Дилафшон гулларнинг косаларидан
Нам ичган чоғдаги
Сайроғи эди.
Куй эмас эди у – тонг йиртиғидан
Гўдаклар кулгусин ўғирлаб чиққан
Мангу булоқларнинг
Қўшиғи эди.
Куй эмас эди бу – муждакаш елнинг
Яралмоқ сирини билмоқлик учун
Заминдан осмонга
Сўроғи эди.
Миллион йил излаган – топа олмаган
Юраклар эшитиб ўз овозини
Кўзлардан париллаб учиб чиқдилар.
Томирда ухлаган соҳир ҳисларни
Денгиздай кўпиринг, дея уйғотди
Оҳангдан тўкилган қўнғироқчалар.
Нигоҳлар ўрлади дил пештоқига,
Пайпаслаб топдилар руҳнинг инини –
Чирқиллаб куйларди сўқир қушчалар.
Нимадир тўкилди,
Нимадир ёзилди.
Нимадир чўзилди,
Нимадир узилди.
Омон қолган уч торга
тақдирини боғлади.
Тилини ҳам тилди-ю
қарғаларга ташлади.
Ким деди: қаранглар,
бармоғи илон.
Ким деди: қаранглар
оқаётир қон.
Машшоқ чалар эди ўзини ўзи,
Гулхандан сачраган чўғдай ушалиб.
Машшоқ чорлар эди ўзини ўзи,
Умрининг йўлига гулдай тўшалиб.
Бир куни эрк салтанатидан
Илоҳалар келтирди яроқ:
“Юрагингнинг деворига чиз,
Бир қиз сенга ташлайди нигоҳ”.
Ким дунёнинг қотил неъмати –
Ишқ кўзига бардош беролган.
Ҳақни севган бандадай севдим
Бунёдиму ҳам барбод билан.
Бир лаҳза ўт бўлдим, кулимни
Кафтларига олиб сочдилар.
Мен самога дўндим бир лаҳза –
Юлдузларим ташлаб қочдилар.
Севавердим қайта ва қайта,
Алдамадим аммо ҳеч кимни.
Сўрадилар – тутдим неки бор,
Лек бермадим ёлғиз эркимни.
Машшоқ чалар эди – томошагоҳ гунг,
ишонган эдилар Одам Атога
жонни Ҳақ куй билан киритганига.
Машшоқ чалар эди – оломон телба,
ишонган эдилар Паганинининг
иблисга қалбини сотганлигига.
Машшоқ чалар эди бахтни, сурурни,
издиҳом тебраниб бири-бирига
жонларин бахшида айлар эдилар.
Машшоқ чалар эди ғамни, қайғуни,
руҳлари жисмини тарк этиб чиқиб
еттинчи фалакка йиғлар эдилар.
Нимадир торайди,
Нимадир қорайди.
Нимадир юмилди,
Нимадир кўмилди.
Унинг оҳанг ўйган кулгичларига
истеҳзо чандиқдай қолди осилиб.
Созининг бир жуфти таранг торига
бармоғи пичоқдай ботди санчилиб.
Ким деди: қаранглар,
ортида шайтон.
Ким деди: қарананглар,
ахир у имон.
Машшоқ қўлларини кўтариб кўкка
Ғазабнок пардага урди зарб билан.
Ногоҳ уммонга дўнди-ю саҳна,
Гувиллаб атрофда турди шум тўфон…
Бу вақт судраб келар эди
розолатнинг совуқ шарпасин
уфқлар ортида зериккан оқшом.
Бу вақт чиқиб келар эди мозий қаъридан
на иблис, на худо бўлолган авлод –
алданган, таланган, адашган, бешон.
Бу вақт сознинг қилларидан
юракка номаълум қўрқув ва даҳшат
уфуриб келарди фарёдга менгзар бир садо.
Ва мудҳиш рақсини бошлади оҳанг –
Шайтонлар уйғониб қарс уриб кулди.
Яланғоч ва кўзсиз аёллар рақсга тушаркан
Алвасти биз, дея сочларин юлди.
Авжиган чинқириқ ҳамда уввосдан
На умид, на нажот қолмади, тинди.
Гўёки Исрофил Сурин чалди-ю
Заминнинг бошида қиёмат синди.
Машшоқнинг лаблари титраб асабий,
Бетиним ўқирди тилсимли дуо –
Сулаймон кўзага солиб ташлаган
Жунлару девларни чорлади гўё.
Кўзада девларнинг ғўлдирагани
Таралди созчининг ғолиб торидан.
Ниҳоят кўзанинг етти қат муҳри
Ушалди жинларнинг оҳу зоридан.
Тўфон қутуртирган денгизнинг ранги
Қонолуд бўлди-ю, сакраб чиқдилар –
Қанотли тимсоҳу шохдор илонлар,
Бошини чиғаноқ ўйган маймунлар.
Машшоқни ўртага олиб қайрашди –
Тишларин, нишларин ҳамда тилларин.
Сўнгги кучлари-ла зарб урар машшоқ,
Узиб ташламоқчун сознинг қилларин.
Нимадир суринди,
Нимадир кўринди.
Нимадир тўлди,
Нимадир бўлди.
Хаёл ойнасига нур тушиб ногоҳ
жилмайган армони кўринди.
Қақшаган суякка нафратин жойлаб
ягона торига сиғинди.
Ким деди: қаранглар,
ўлди у.
Ким деди: қаранглар,
кулди у.
Машшоқ тобутдай қўйди-ю елкага созни
Гулханлар гувлаган оловларига,
Дарёлар қуриган ўзанларига,
Дарахтлар тўкилган хазонларига
Айта олмаган марсиясини
Бошлади…
Бошлади… оҳанглар созининг бўғзида қолди.
Ва дарднинг энг узун риштасин тоблаб
Эшилган ягона торда югурган
Бармоқда мусиқа йиғлади.
Ва қалбнинг энг чуқур қаърига йиллар
Яширган муножот ўрлаб фалакка
Сўз бўлиб, сўз бўлиб қулади.
Эй, менга олқишу санолар айтиб
Пойимга бош урган ожиз бандалар!
Эй, менга санъатда худосан, деган
Беҳишт қувғиндиси – гуноҳкор пуштлар!
Айтингиз – қаердан қуёш ва зулмат,
Қаердан муҳаббат, қаердан нафрат?
Кўзингиз яширманг, айтинг – бошланар
Қаердан дўзаху, қаердан жаннат?
Сизларни севдим мен худди боламдай,
Руҳингиз бешигин тебратдим бир зум.
Сизларни севдим мен худди онамдай,
Садоқат рамзидир шу икки кўзим.
Биламан,
Тун дафтарин очган маҳалда,
Ғийбату туҳматдан достон битасиз.
Ўзингиз олқишлаб, ўзингиз мақтаб,
Ўзингиз ҳасаддан қонлар ютасиз.
Ва сезаман ёлғиз ҳамда бегоналигим,
Қора шубҳа ўрмалайди дилни қақшатиб.
Нима қилай, ўлгим келмас, лек қўрқув солар –
Машшоқлигим ва сизлар-ла яшаш даҳшати…
Эй, ўзини Худонинг авлоди билган ровийлар,
Нега йўл бошланса тугар, албатта,
Нега гул ёнида тикан, албатта,
Нега тоғ бағрида ўпқон, албатта,
Нега… сўзингизни осмонми ютган,
Нега… кўзингизда қонми ким тўккан,
Нега… бўйнингизда домми, ким таққан,
Нега сўровимга жавоб бермас ҳеч кимса ахир?
Ахир
Тириклик бу – беш кунлик макр.
Дилга ёлғон қанот бериб кўкка учирган
Шон-шуҳрат – макр.
Дунёни сочига гул қилиб таққан
Муҳаббат – макр.
Кечанинг қалбида ғулувлар ёққан
Оловлар – макр.
Бағрида илоҳий рўёлар оққан
Ўзанлар – макр.
Ҳилпираб баҳорнинг кўксини соққан
Хазонлар – макр.
Нимадир қайнади,
Нимадир тинди.
Нимадир ялт этди,
Нимадир сўнди.
Ғафлат елларини ҳайдаб малаклар
Чодирлар тикишди хушбўй сабодан.
Нафрат кўйлагини тикиб ёсуман
Пинҳона жўнади арши аълодан.
Уйғониб учдилар одамзод сари
Раҳмонда – масъумлик, шайтонда – гуноҳ.
Заминда кўпган кўп савдони кўриб,
Дўзах деб ном берди уйғонган илоҳ.
Men she’riyatni insonning o‘z-o‘zi bilan, odamlar bilan, tabiat bilan, Xudo bilan ruhoniy suhbati deb bilaman. Bu suhbatga ehtiyoj qachon tug‘iladi? Ishonchim komilki, odamzod dunyoga kelganda bu olamning pok tasviri qalbiga muhrlangan bo‘ladi – ota-ona, Vatan, do‘stdan tortib Yaratuvchigacha, mehr, muhabbat, adolat va hurlikdan tortib e’tiqodgacha. U ro‘baro‘ kelgan hayot ana shu pok – ideal tasavvurday go‘zal bo‘lsa, zavqlanadi, unga mos kelmasa iztirob chekadi. Kim bilandir ruhoniy suhbat ehtiyoji tug‘iladi. Yuragida tug‘ilgan dardlarga malham, savollarga javob olgisi keladi, ruh taskin va hamdard izlaydi (Shoir bilan suhbatdan. Suhbatni mana bu sahifada o‘qishingiz mumkin).
Aziz SAID
PAGANINING SO‘NGGI KONSЕRTI
Hali uxlar edi maloiklar jim,
G‘aflat yellaridan chodirlar tikib.
Hali uxlar edi yosuman g‘addor,
Nafrat ko‘ylagining yarmini bichib.
Hali uxlar edi shayton va rahmon
Yetti qat osmonda – ma’sum, begunoh.
Uxlardi hattoki yerni yaratib,
Unga nom berishni unutgan iloh.
Nimadir qaynadi,
Nimadir tindi.
Nimadir yalt etdi,
Nimadir so‘ndi.
So‘nggi bor kuldi-yu boladay,
sozining torini tobladi.
Ko‘zini yuldi-yu, dunyodan
tuyding, deb poyiga tashladi.
Kim dedi: qaranglar,
kulgusi zahar.
Kim dedi: qaranglar,
nur yog‘ar – sahar.
Mashshoq beshikday qo‘ydi-yu yelkaga sozni
Eng nozik pardada dunyoga kelgan
Eng nozik ohangni o‘rab sehrga
Uzatdi…
Uzatdi… qo‘llari muallaq qoldi.
Kuy emas edi bu – xayol qushlarin
Dilafshon gullarning kosalaridan
Nam ichgan chog‘dagi
Sayrog‘i edi.
Kuy emas edi u – tong yirtig‘idan
Go‘daklar kulgusin o‘g‘irlab chiqqan
Mangu buloqlarning
Qo‘shig‘i edi.
Kuy emas edi bu – mujdakash yelning
Yaralmoq sirini bilmoqlik uchun
Zamindan osmonga
So‘rog‘i edi.
Million yil izlagan – topa olmagan
Yuraklar eshitib o‘z ovozini
Ko‘zlardan parillab uchib chiqdilar.
Tomirda uxlagan sohir hislarni
Dengizday ko‘piring, deya uyg‘otdi
Ohangdan to‘kilgan qo‘ng‘iroqchalar.
Nigohlar o‘rladi dil peshtoqiga,
Paypaslab topdilar ruhning inini –
Chirqillab kuylardi so‘qir qushchalar.
Nimadir to‘kildi,
Nimadir yozildi.
Nimadir cho‘zildi,
Nimadir uzildi.
Omon qolgan uch torga
taqdirini bog‘ladi.
Tilini ham tildi-yu
qarg‘alarga tashladi.
Kim dedi: qaranglar,
barmog‘i ilon.
Kim dedi: qaranglar
oqayotir qon.
Mashshoq chalar edi o‘zini o‘zi,
Gulxandan sachragan cho‘g‘day ushalib.
Mashshoq chorlar edi o‘zini o‘zi,
Umrining yo‘liga gulday to‘shalib.
Bir kuni erk saltanatidan
Ilohalar keltirdi yaroq:
“Yuragingning devoriga chiz,
Bir qiz senga tashlaydi nigoh”.
Kim dunyoning qotil ne’mati –
Ishq ko‘ziga bardosh berolgan.
Haqni sevgan bandaday sevdim
Bunyodimu ham barbod bilan.
Bir lahza o‘t bo‘ldim, kulimni
Kaftlariga olib sochdilar.
Men samoga do‘ndim bir lahza –
Yulduzlarim tashlab qochdilar.
Sevaverdim qayta va qayta,
Aldamadim ammo hech kimni.
So‘radilar – tutdim neki bor,
Lek bermadim yolg‘iz erkimni.
Mashshoq chalar edi – tomoshagoh gung,
ishongan edilar Odam Atoga
jonni Haq kuy bilan kiritganiga.
Mashshoq chalar edi – olomon telba,
ishongan edilar Paganinining
iblisga qalbini sotganligiga.
Mashshoq chalar edi baxtni, sururni,
izdihom tebranib biri-biriga
jonlarin baxshida aylar edilar.
Mashshoq chalar edi g‘amni, qayg‘uni,
ruhlari jismini tark etib chiqib
yettinchi falakka yig‘lar edilar.
Nimadir toraydi,
Nimadir qoraydi.
Nimadir yumildi,
Nimadir ko‘mildi.
Uning ohang o‘ygan kulgichlariga
istehzo chandiqday qoldi osilib.
Sozining bir jufti tarang toriga
barmog‘i pichoqday botdi sanchilib.
Kim dedi: qaranglar,
ortida shayton.
Kim dedi: qarananglar,
axir u imon.
Mashshoq qo‘llarini ko‘tarib ko‘kka
G‘azabnok pardaga urdi zarb bilan.
Nogoh ummonga do‘ndi-yu sahna,
Guvillab atrofda turdi shum to‘fon…
Bu vaqt sudrab kelar edi
rozolatning sovuq sharpasin
ufqlar ortida zerikkan oqshom.
Bu vaqt chiqib kelar edi moziy qa’ridan
na iblis, na xudo bo‘lolgan avlod –
aldangan, talangan, adashgan, beshon.
Bu vaqt sozning qillaridan
yurakka noma’lum qo‘rquv va dahshat
ufurib kelardi faryodga mengzar bir sado.
Va mudhish raqsini boshladi ohang –
Shaytonlar uyg‘onib qars urib kuldi.
Yalang‘och va ko‘zsiz ayollar raqsga tusharkan
Alvasti biz, deya sochlarin yuldi.
Avjigan chinqiriq hamda uvvosdan
Na umid, na najot qolmadi, tindi.
Go‘yoki Isrofil Surin chaldi-yu
Zaminning boshida qiyomat sindi.
Mashshoqning lablari titrab asabiy,
Betinim o‘qirdi tilsimli duo –
Sulaymon ko‘zaga solib tashlagan
Junlaru devlarni chorladi go‘yo.
Ko‘zada devlarning g‘o‘ldiragani
Taraldi sozchining g‘olib toridan.
Nihoyat ko‘zaning yetti qat muhri
Ushaldi jinlarning ohu zoridan.
To‘fon quturtirgan dengizning rangi
Qonolud bo‘ldi-yu, sakrab chiqdilar –
Qanotli timsohu shoxdor ilonlar,
Boshini chig‘anoq o‘ygan maymunlar.
Mashshoqni o‘rtaga olib qayrashdi –
Tishlarin, nishlarin hamda tillarin.
So‘nggi kuchlari-la zarb urar mashshoq,
Uzib tashlamoqchun sozning qillarin.
Nimadir surindi,
Nimadir ko‘rindi.
Nimadir to‘ldi,
Nimadir bo‘ldi.
Xayol oynasiga nur tushib nogoh
jilmaygan armoni ko‘rindi.
Qaqshagan suyakka nafratin joylab
yagona toriga sig‘indi.
Kim dedi: qaranglar,
o‘ldi u.
Kim dedi: qaranglar,
kuldi u.
Mashshoq tobutday qo‘ydi-yu yelkaga sozni
Gulxanlar guvlagan olovlariga,
Daryolar qurigan o‘zanlariga,
Daraxtlar to‘kilgan xazonlariga
Ayta olmagan marsiyasini
Boshladi…
Boshladi… ohanglar sozining bo‘g‘zida qoldi.
Va dardning eng uzun rishtasin toblab
Eshilgan yagona torda yugurgan
Barmoqda musiqa yig‘ladi.
Va qalbning eng chuqur qa’riga yillar
Yashirgan munojot o‘rlab falakka
So‘z bo‘lib, so‘z bo‘lib quladi.
Ey, menga olqishu sanolar aytib
Poyimga bosh urgan ojiz bandalar!
Ey, menga san’atda xudosan, degan
Behisht quvg‘indisi – gunohkor pushtlar!
Aytingiz – qayerdan quyosh va zulmat,
Qayerdan muhabbat, qayerdan nafrat?
Ko‘zingiz yashirmang, ayting – boshlanar
Qayerdan do‘zaxu, qayerdan jannat?
Sizlarni sevdim men xuddi bolamday,
Ruhingiz beshigin tebratdim bir zum.
Sizlarni sevdim men xuddi onamday,
Sadoqat ramzidir shu ikki ko‘zim.
Bilaman,
Tun daftarin ochgan mahalda,
G‘iybatu tuhmatdan doston bitasiz.
O‘zingiz olqishlab, o‘zingiz maqtab,
O‘zingiz hasaddan qonlar yutasiz.
Va sezaman yolg‘iz hamda begonaligim,
Qora shubha o‘rmalaydi dilni qaqshatib.
Nima qilay, o‘lgim kelmas, lek qo‘rquv solar –
Mashshoqligim va sizlar-la yashash dahshati…
Ey, o‘zini Xudoning avlodi bilgan roviylar,
Nega yo‘l boshlansa tugar, albatta,
Nega gul yonida tikan, albatta,
Nega tog‘ bag‘rida o‘pqon, albatta,
Nega… so‘zingizni osmonmi yutgan,
Nega… ko‘zingizda qonmi kim to‘kkan,
Nega… bo‘yningizda dommi, kim taqqan,
Nega so‘rovimga javob bermas hech kimsa axir?
Axir
Tiriklik bu – besh kunlik makr.
Dilga yolg‘on qanot berib ko‘kka uchirgan
Shon-shuhrat – makr.
Dunyoni sochiga gul qilib taqqan
Muhabbat – makr.
Kechaning qalbida g‘uluvlar yoqqan
Olovlar – makr.
Bag‘rida ilohiy ro‘yolar oqqan
O‘zanlar – makr.
Hilpirab bahorning ko‘ksini soqqan
Xazonlar – makr.
Nimadir qaynadi,
Nimadir tindi.
Nimadir yalt etdi,
Nimadir so‘ndi.
G‘aflat yellarini haydab malaklar
Chodirlar tikishdi xushbo‘y sabodan.
Nafrat ko‘ylagini tikib yosuman
Pinhona jo‘nadi arshi a’lodan.
Uyg‘onib uchdilar odamzod sari
Rahmonda – mas’umlik, shaytonda – gunoh.
Zaminda ko‘pgan ko‘p savdoni ko‘rib,
Do‘zax deb nom berdi uyg‘ongan iloh.
Aziz Said. Dili qani bedilning?