Aziz Said. Assalomu alaykum, bibi! & Jontemir. Shoir. Mutahhara bibi xotirasiga

034Миллатни аёллар тарбиялайди! Одамзод пайдо бўлганидан буён битилган жамики бадиий, тарихий-фалсафий асарларни ўқиб чиқсак ҳам, дунё бўйлаб сўровномалар уюштириб кўрсак ҳам – қачонлардир айтилган ана шу ҳақиқатга келиш мумкин. Ёинки, оддийгина бир аёлнинг – у қайси миллатга мансублигидан қатъий назар – ҳаётига, табиатига, сўзларига озгина эътибор билан, юзига меҳр билан назар ташланса ҳам кифоя…

Азиз САИД
АССАЛОМУ АЛАЙКУМ, БИБИ!
08

Миллатни аёллар тарбиялайди! Одамзод пайдо бўлганидан буён битилган жамики бадиий, тарихий-фалсафий асарларни ўқиб чиқсак ҳам, дунё бўйлаб сўровномалар уюштириб кўрсак ҳам – қачонлардир айтилган ана шу ҳақиқатга келиш мумкин. Ёинки, оддийгина бир аёлнинг – у қайси миллатга мансублигидан қатъий назар – ҳаётига, табиатига, сўзларига озгина эътибор билан, юзига меҳр билан назар ташланса ҳам кифоя…

СЕҲРЛИ ОВОЗ

03Бу ҳол неча ёшимда бошланганини эслолмайман. Ҳар тонг сеҳрли, майин ва қудратли овоздан уйғонар ва бу овоз кўзларимдан, қулоқларимдан кириб вужудимни тўлдирар ва юрагим тўхтаб қолар ва мени осмону фалакка олиб чиқар ва мен парвоз қилар эдим. Кўз ўнгимда чек-чегараси йўқ, ердан осмон қадар ястанган саҳролар ва туялар, йўллар ва нимадандир беҳад қайғуриб бошларини қумга қўйган одамлар намоён бўлар ва бу исмсиз қайғу мени тебратар ва осмоннинг қаър-қаъридан, гўё бошқа оламлардан нимасидир қадрдон нолалар келар ва мени ўзига чорлар ва менинг ерга қайтиб тушгим келмас ва то ҳануз такрорланадиган бу ҳолнинг не эканлигини ҳам ва ушбу ҳол Бибимнинг хона ўртасида, елкаларигача ташланган оппоқ рўмолда, олдиларига қўйилган ёстиқ устидаги Каломуллоҳни оҳанггига тебранган кўйи қўшиқдай қилиб ўқиётган овозлари туфайли эканлигини билмасдим.

Ва мен бу вақтда катта боболарим сайид, мударрис деб ҳибсга олинганини ва қамоқхоналарда жон таслим қилганини ва боболарим эса уларнинг зурриёди деб Бухородан Денов ва Душанбега қулоқ қилинганини ва оиламиз дастурхонида нон билан бирга мудом қўрқув ҳам ушатилиши ва тановул қилинишини ва бобо-бибиларим эшикларни танбалаб намоз ўқишларини ва жойнамозни кўрпалар орасига яшириб қўйишларини ва тугун-тугун қадимий китобларни ертўладаги кўмирлар остига беркитиб қўйишларини ва бу атиги олтмишинчи йилларнинг ўрталаридаги ҳол эканлигини ҳам билмасдим.

ТОПИЛМАГАН ҚАНОТЛАР

Ўқишни бошлаганимда… Йўқ, мен ҳали ҳарфни танимасимдан эртаклар ичида яшардим. Бибимнинг шунчалик кўп эртакларни қандай ёдда сақлаганларини бугун тасаввуримга сиғдиришга қийналаман. Деярли ҳар куни Бибим, бобом, бизнинг оиламиз, тоғам, бибимнинг акалари Бақо махсум бобо ва у кишининг фарзандларидан иборат давра жам бўлар ва Бибим “Қиссаи Машраб”, “Қиссаи ҳазрати Али” китобларини ва яна Ҳувайдони ва Хўжа Ҳофизни ва Бедилни ва Навоийни ва Сўфи Оллоёрни турфа оҳангларда ўқиб берар ва мен сўзларни тўлиқ англамасам-да, муқаддас, илоҳий оҳанглардан кундузлари маст юрар ва шу оҳангга мос қадам ташлар, бошимни силкитар ва атрофимдаги ҳамма нарса сеҳрланганига қаттиқ ишонар ва дарахтларга ва гулларга ва тошларга ва сувларга ва эшик ва деворларга ва тароқ ва ойналарга ҳозир тилсими ечиладигандай мўъжиза кутиб тикилар ва дунёдаги барча аёлларнинг эркаклар сингари ер одамлари эмас, балки ўзга, сеҳрли оламлардан келган парилар эканига ҳам ишончим комил эди ва бир куни бизларни ташлаб учиб кетишларидан қўрқар эдим ва Бибимнинг ва онамнинг ва сингилларимнинг яшириб қўйган қанотларини сандиқларни титкилаб излашдан чарчамасдим ва ўша ҳолимни ҳозир қаттиқ қўмсайман.

БИБИ ФОТИМАНИНГ ҚУШЛАРИ

Биби 1.jpgБибим менга дунёдаги ҳамма нарсани биладиган ва ҳамма нарсалар билан гаплаша оладиган сирли аёлдай туюлар ва мен ҳамма бибилар шундайлигига ишонардим. Бибим жамики нарсага салом берар ва сизлаб гапирардилар ва йўлга чиқсалар йўлга салом берар ва дуо қилар ва йўл ўз танобини тортиб пайғамбарларга ёрдам бергани ҳақида ривоят айтар ва йўл ҳақида шеър айтар эдилар ва дарахт соясида дам олсалар дарахтга салом берар ва дуо қилар ва дарахтнинг одамзодга қилган яхшилиги ҳақида ривоят айтар ва шеър айтар эдилар ва ҳовлига мусича келса “қумри биби келдилар, Биби Фотиманинг қушлари меҳмон бўлиб келдилар” деб салом берар ва дуо қилар ва қумрилар ҳақида ривоят айтар ва шеър айтар ва ҳовлини супурсалар супургининг хизмати учун дуо қилар ва унинг белини ким боғлагани ҳақида ривоят айтар ва шеър айтар ва ҳовлига сув сепсалар сувни дуо қилар ва дастурхон ёзсалар дастурхонга салом берар ва у ҳам бизни дуо қилади деб пайғамбар ёхуд авлиёларнинг дастурхони ҳақида ривоят айтар ва ғазал айтар эдилар ва ой чиқса ойга салом берар ва чақмоқ чақса чақмоққа ва ёмғир ёғса ёмғирга салом берар ва дуо қилар ва шеър айтар эдилар. Ва Бибим кўзимиз тушадиган жамики нарсаларнинг бизни эшитишига ва бизни дуо қилишига ва гапиришига ва Худога бетиним саловат айтиб туришига ишонар эдилар ва мен ҳам ишонар эдим.

Бибим бир гапни бот-бот такрорлар эдилар: “Аввал Худо азиз, кейин одам азиз, кейин намоз азиз, кейин китоб азиз”. Бибимни фақат қўлларида китоб тутган ҳолатда кўз ўнгимга келтира оламан: бу китоблар – диний ва фалсафий, тарихий ва тиббий ва романлар ва қиссалар ва девонлар ва достонлар ва араб ва лотин ва кирилл имлоларида ва ўзбек ва форсий ва рус тилларида. Мутолаа. Бу одат Бибимнинг қизлари онам Хурсанойга ҳам ўтган эди ва ишга боришда сумкаларига нондан аввал китоб солар эдилар ва ошхонада чойнинг қайнашини китоб билан кутар эдилар ва ухлаб қолганларида ёстиқлари ёнида саҳифалари очилан китб бўларди ва умрлари поёнига қадар китоб ўқидилар.

ЙЎЛ

Бибим ким эдилар? Бу саволга мухтасар жавобни “Ғиждувоннома” номли тарихий китобдан олиш мумкин. Ушбу китобни нашрга ҳозирлаётганда Бибим ҳақидаги лавҳани ёзиб тақдим этган эдим:

“Муғаллонлик мударрис, эшон Абдулло ибн Қобилнинг қизлари Мутаҳҳара тўққиз ёшларида бухоролик мударрислар ва домуллолар ҳайъатига имтиҳон топшириб отинлик қилиб дарс беришга рухсатнома олади ва тенгдошларига сабоқ бера бошлайди. Бир вақтнинг ўзида оталаридан ҳам диний илмни, ҳам мумтоз адабиётни ўрганишни давом эттиради. Шеърлар машқ қила бошлайди. Ўн тўрт ёшида Қуръони каримни қарийб ёд олган, давра-давра қизларга отинлик қилаётган бу қизнинг парвозига шўролар босқини тўсқинлик қилади.

Ота ва акалар қамоққа олинади, оила пароканда бўлади. Мутаҳҳара умр йўлдоши – Амир Олимхоннинг бекларидан Мирзо Мақсудбекнинг ўғли Муҳаммад Мақсудов билан тақдирнинг тазйиқ ва қувғинларидан иборат йўлидан кетади. Мутаҳҳара биби ёшлик даврларини шундай хотирлар эдилар: “Ҳар ҳафта жума кечқурун уйимиз одамларга тўлар эди. Отларда, туяларда Хоразм, Самарқанд, Туркманистон, Афғонистон, Татаристон ва бошқа жойлардан мударрислар, олимлар, савдогарлар келар, кеча-ю кундуз китобхонлик бўларди. Акаларим билан ҳар замонда кириб тушуниб-тушунмай қулоқ тутар эдик. Уйлар тўла китобларнинг сонини билмас эдик. “Ўрис келди, ўрис келди” замонлар бўлгач, бу машваратлар барҳам топди. Ҳамма қўрқувда қолди. “Бола-чақа, қозон-товоқ ўртада бўлармиш”, деган гап тарқаб ҳамма ёш-ёш қизларини қариндош-уруғ, ҳамсояларга никоҳлаб ташлайверди. Ҳар кун хонадонлар тинтув бўлар, улгурганлар борини яширишга ҳаракат қиларди. Отам уйимизни босишларидан икки кун олдин укалари билан еттита қадимий сандиққа ноёб китобларни кийгизга ўраб жойладилар ва меҳмонхонанинг ичини, билмайман неча газ кавлаб сандиқларни тушириб кўмдилар. Мен жимгина кузатиб турганимни кўриб, бардам овозда: “Бир кун келади, бу китобларни яна токчага териб қўямиз, ўқиймиз, қизим”, – дедилар. Қолган китобларни қишлоқдаги ишончли хонадонларга яшириб қўйиш учун тарқатдилар…

Мана, дориломон кунлар келди, лекин у китобларни ҳеч ким қайтармади. Биров сотган, биров йўқотган. Сандиқларда китоб кўмилган меҳмонхонамиз бузилиб, ўрнига иморат солинган…”

Мутаҳҳара ая қувғинлардан сўнг ниҳоят қўним топгач, янги имлони, рус тилини ўрганиш курсларини битириб мактабда дарс берди. Кечқурунлари эса қизларга яширинча “Ҳафтияк” ўргатар эди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, эркаклар урушга кетгач, муаллимани маҳаллага раис ва шаҳар бозорига мутасадди қилиб тайинлашди. Мутаҳҳара аянинг хотираларидан: “Уруш вақтида очарчилик шу даражага етдики, ҳар тонг бозор ичи ва атрофларидан очликдан жон таслим қилганларни аравада йиғиб чиқиш расм бўлди. Ўғирлик авжига чиқди. Бир куни ўғриларга олдириб қўйишдан чўчиб бир аёл янги олган калишини сақлаб туришимни сўраб бозордаги хонамга ташлаб кетди. Шу билан қайтиб келмади. Деновданлигини айтган эди. Ўн беш кун вокзалга олиб чиқдим, поездда келса, кўрсам танийман, деб. Дараги бўлмади. Шу калиш урушнинг охиригача хонамда турди. Сўнг Худо йўлига деб бир бечоранинг қўлига тутқаздим…” Мутаҳҳара ая урушда бедарак кетган укаси Убайдуллонинг ўғли Исматулло ва қизи Хурсанойни фарзанд қилиб олди. Уларни урушдан қайтган умр йўлдоши билан ўз фарзандидан зиёда катта қилди. Урушдан сўнг бу оила аста-секин ўз анъаналарини қайта тиклади. Хонадонлари яна илм, адабиёт, адабий суҳбатлар гўшасига айланди. Мутаҳҳара ая билан ҳамсуҳбат бўлган филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комилов у кишини шундай хотирлайди:

БИБИ

Нажмиддин Комилов.jpg“1990 йилнинг баҳори эди. Биз Азиз Саид иккаламиз таниқли ўзбек шоири Ўлмас Жамолнинг юбилейига қатнашиш учун Душанбе шаҳрига борган эдик. Йиғин ва тантаналар ўтиб бўлгач, мезбонлар бизни ҳордиқ чиқариш учун меҳмонхонага таклиф қилишди. Шунда А. Саид Душанбеда бибиси яшашини, агар уни бориб кўрмаса, эшитиб хафа бўлишини айтиб қолди. Мени ҳам бирга боришга кўндирди. Зеро, Азиз Саиддай дилкаш суҳбатдошдан ажралгим йўқ эди. Уйда бизни бир нуроний аёл кутиб олди. “Бу киши менинг бибим бўладилар, – деб таништирди менга аёлни Азиз. Кейин бибига қараб: – Бу киши менинг домлам Нажмиддин ака бўладилар”, деб қўйди. Биби Азизнинг юз-кўзларидан ўпиб бағирларига босдилар, сўнгра мендан ҳол-аҳвол сўрадилар. Оддийгина хонада хонтахта атрофига кўрпача тўшалган эди. Биз ўтиргандан кейин Биби қўл очиб дуо қилдилар, бизга хушнуд нигоҳ ташладилар. Мен оқ дока рўмол ўраган, чеҳраси иссиқ, сўзлари мулойим, маъноли бу аёлга қараб ўзимнинг марҳума онамни, талабалик йиллари Самарқандда дўстим Ҳасан Қудратиллаевнинг “Она мулла”сини эсладим.

Булар – бизнинг саводхон, Навоий ва Машраб ғазаллари, “Қиссасул анбиё” ва Иброҳим Адҳам ҳикоятлари, Саъдий ўгитлари руҳида тарбиялаган, шу маданиятни ўз хислатлари, сўзлари билан давом эттираётган оналаримиз эдилар. Отин ойилар эдилар.

Биз ўша кеча Биби билан узоқ вақт суҳбатлашдик. У киши сарғайган қўлёзма китобларни очиб ажойиб қироат билан ғазаллар ўқидилар, Бедил маъноларини тушунтирдилар. Ёши анчага бориб қолган бу мўътабар инсоннинг маърифатга, сўфиёна илоҳий маъноларга ғарқ бўлиб сўзлаши мени лол қолдирганди. Биби Бухородаги уcтозлари, маърифий муҳит ҳақида сўзладилар. У киши ўзбекчани ҳам, тожикчани ҳам классик услубда бир дилкаш оҳангда гапирарди. Биби 30-йиллардаги қатағонлар туфайли Душанбега келиб қолган бўлсалар-да, аммо Бухорони соғинганлиги шундай билиниб турарди.

Кейинчалик, қайтаётганда Азиз менга Бибининг отлари Мутаҳҳара эканлигини, аммо у кишини барча Биби (она) деб аташини, қизларга Қуръон ўргатишларини гапириб берди.

Оддий ва улуғ инсон, Шарқнинг маърифатли аёли. Гарчи тақдир тақозоси билан бир марта кўрган бўлсам-да, бироқ бир умр эсимда қолди бу одам. Оқ кўнгил, фаришта мисол Бибининг руҳи поклари абадий жаннат роҳатига мустаҳиқдир. Аллоҳдан умидимиз шу.”

Нажмиддин Комилов билан ана шу суҳбатдан сўнг кўп ўтмай, бобонгизнинг чироғини ёқиб ўтираман деб танҳо ўзлари Душанбеда қолган бибимиз Бухорога кўчиб келдилар. Аввалги ҳовли жойлар эгалик бўлиб кетгани боис, Қизилтепада – бизнинг ёнимизда макон тутдилар. Мавриди келганда ҳар сафар Нажмиддин ака билан бўлган унутилмас суҳбатни эслар эдилар: “Ўша устозинг жудо-о илмли, хушфеъл эканлар-да. У кишининг илми ақл илими эмас, кўнгил илими. Бундай босавод одамларнингг оналари илмлик бўлади…”

Бу эсловдан сўнг албатта навбатдаги савол берилади: “Илимлари хўп зиёда, юзлари нурликкина жўрангиз боридила. Исмлари Баҳодир эдими… Бирга олиб келмадизми?..” Бибим Баҳодир Содиқовни сўрайдилар. “Бибижон, – дейман, – у киши жўрам эмас, бизга ака, устоз даражасидалар. Анча бўлди, талабалик пайтимизда бевақт қайтиш бўлганлар”. Бибим негадир катта истеъдод соҳиби, мунаққид ва шоир Баҳодир Содиқовнинг ҳаётдан кўз юмганлигини қабул қилолмасдилар ва худди у киши тирикдек, гўё жавобларим эсларида йўқдек, ҳар сафар йўқлайверардилар…

images.jpg1980 йил баҳорининг гўзал оқшомларидан бирида Баҳодир ака билан азиз авлиёлар, бевосита ва маънавий устозлар ҳақидаги суҳбатимиз айланиб Ёқуб Чархий ҳазратларига тақалиб қолди. Мен у кишининг қабрлари Душанбеда эканлигини айтдим. Баҳодир ака: “Зиёратга бормаймизми?” – дедилар. Баҳодир ака билан саёҳатга! Табиийки, хурсанд бўлдим. “Мен ҳозир аэропортга бораман. Ётоқдан паспортни тез олиб келинг”, дедилар.

Хуллас, эртаси куни Ёқуб Чархий зиёратидан сўнг бибимнинг ҳузурларига кириб бордик. Ойнаванд айвон деворига сарғайиб кетган қоғозга араб имлосида ёзилган, устига елимқоғоз тортилган мактуб осиғлик турарди. Баҳодир ака ўқиб туриб қолдилар ва мендан: “Бибингизнинг исмлари Мутаҳҳарами? Бу оталари ёзган хат экан,” – деб сўрадилар. Шу пайт дастурхон кўтариб кириб қолган бибим Баҳодир акадан: “Арабийдан саводингиз борми, ўғлим?” – деб сўрадилар. “Ҳа энди, уй томонда ўқитишган”, деган жавобдан бибимнинг қулфи диллари очилиб кетди. Дастурхон шинам ҳовлидаги сўрига кўчди. Қисқа савол-жавобдан сўнг бибим қаршиларида 21 ёшли йигитча сиймосида мумтоз адабиётнинг билимдони турганлигини англадилар ва ичкари кириб сандиқдан хазиналарини олиб чиқа бошладилар: Ҳофиз, Бедил, Машраб, Ҳувайдо, Сўфи Оллоёр… Қўлёзма ва тошбосма бу китобларни бибим ҳар кимнинг ҳам олдига олиб чиқавермасдилар. Баҳодир аканинг ҳам кўзлари яшнаб кетди. Бибим Ҳофиздан бир ғазални ўқир, Баҳодир ака китобни қўлларидан олиб яна бир ғазални ўқир, бибим Ҳувайдодан ғазал ўқир, мазмунини айтар, Баҳодир ака бошқасини ўқиб шарҳлар эдилар. Баҳодир ака Машраб ва Ҳувайдонинг айрим ғазалларини бошқа қўлёзмаларда учратмаганларини айтиб, менга “Азизбек, буларни кўчириб олинг”, дердилар…

Икки кун оқшомдан то тонгга қадар давом этган бу суҳбатнинг, бу руҳоний байрамнинг таърифини келтириб бўлмас. Ғазал сеҳридан, улардаги сўфиёна маънолар талқинларидан лаззатланаётган бу икки сиймонинг руҳиятига мен ҳам асир эдим, сархуш эдим. Улар эса узоқ айрилиқдан сўнг топишган она-боладай, тўғрироғи, икки вужуддан иборат битта одамдай ҳолда эдилар.

Кетар маҳали бибим: “Бу жўранг худодод йигит экан. Кўби (фазилатларининг демоқчилар) илмли, иймонли ота-онадан. Шундай жўраларнинг ичида бўлинг”, дедилар…

“ЎЗИМ ТАНҲО, ДИЛИМ ТАНҲО…”

2000 йил. Бибим бу олам билан видолашишларидан бир-икки ой олдин мени Қизилтепага, ҳузурларига чақиртирдилар. Узоқ суҳбатлашдик, ривоятларидан баъзиларини ўзларига айтиб бердим, ғазалхонлик қилдик, ёстиқдан бош кўтаролмай ётган Бибим туриб ўтирдилар ва кўрпачалари остидан бахмал жилдли бир дафтар чиқардилар ва тўқсон бир ёшли Бибим уялиб, хижолат тортгандай гапирдилар: “Ўғлим, мана сиз ҳам шеър ёзасиз, шу… ман ҳам хаёлимда айланиб ҳеч қўймаган мисраларни қоғозга ёзар эдим, ўқиб кўринг-чи. Шу пайтгача ҳеч кимга кўрсатганим йўқ. Тушимда отамга ўқиб берибман, бошларини қимирлатиб қуйдилар. Боғнинг ўртасида амакиларим билан ўзлари ўтирган супага ишора қилиб, “Қизим, энди сиз ҳам келинг даврага”, – дедилар. Энди ман, шоира эмасман, бўлсамку бўлайди, хай майли. Тўғри келмас жойини кўрмай ўтинг”, – дедилар.

Турли йилларда, руҳнинг турли ҳолатларида қоғозга тушган ўзбекча, тожикча ғазаллар, тўртликлар. Ўқиб бўлиб, бу бир ҳовуч нурдай вужуд бунча ғамни, бунча ҳасратни кўтариб юрганига ҳайратлар ила Бибимнинг кўзларига қарадим, икковимиз бир-биримизга сўзсиз тикилиб қолдик, Бибимнинг нигоҳлари ичидаги хаёл олис-олисларда эди, ҳеч қандай савол беришнинг, ҳеч қандай жавоб қилишнинг ҳожати йўқ эди. Дафтарнинг сўнгги саҳифасига кўз ташлайман:

Ажаб девона қулман, раҳбарим йўқ,
Мусулмонлик билан ҳеч рағбатим йўқ.
Адашган бандангни бечора қилма,
Қиёмат кун мани шарманда қилма.

Ман-э танҳо, қошимда бир кишим йўқ,
Ўзинг бошқармасанг, ўзга кишим йўқ.
Ўзим танҳо, дилим танҳо, умр гумроҳ,
Ўзинг қилгил манга иймонни ҳамроҳ.

ЖОНТЕМИР
ШОИР
Мутаҳҳара биби хотирасига


1

Бир шоир тўқсон йил ичида куйди,05
Тўқсон йил бардошин яшади чимчиб.
Тўқсон йил тавбаю тазарру уйди,
Бир шоир тўқсон йил шеър ёзди жим-жит.

Дарахтни алқади, йўлни алқади,
Ёмғирни алқади, дўлни алқади.
Этагин тишлаган итни-да сизлаб,
Етимни, ғарибни, тулни алқади.

Қаттиқ йиғламасди, қаттиқ қувонмас,
Бисмилло демасдан емасди нондан.
Тунда ҳужрасига кирган жувонлар,
Отин бўлиб чиқиб кетарди тонгда.

Бир шоир эди-да, руҳи жовидон,
Бир сатри букчайтиб қўяр туяни.
Умрининг сўнггида, болиш остидан
Бир дафтар узатди, менга уялиб:

«Ўғлим, шеър ёзасиз, мен ҳам ёзардим,
Ҳеч кимга кўрсатмай келдим тўқсон йил.
Тушимда отамга ўқиб тозардим,
Бош ирғаб дедилар: Қизим, бери кел!

Мен энди сиз каби шоир эмасман,
Қўймасдида қурғур ҳижроннинг ўти.
Дафтарни варақланг, ҳеч сўз демасдан,
Ёқмаган жойларин ўқимай ўтинг.»

Мен кимман? Ҳавойи, ҳубоб, сўзпараст,
Учта ғўр мисрасин кўтариб чопган.
Гурсиллаб урганча минбарларни маст,
Шеър айтиб ўзича дунёни қопган.

Осмонга сапчилаб, ерни қамчилаб,
Олқишга кўмилган таҳайюлга ғарқ
Юрган жужуғига, кекса жангчидай,
Бисотин топширди – тўқсон йиллик дард.

Йиғладим, ўкириб, ўкраб йиғладим,
Танимни, руҳимни буклаб йиғладим.
Худога етай деб қолган қоянинг
Пойида майсадай чўклаб йиғладим.

Эй, ўзин бургутга урган қумурсқа,
Эй, ўзин қуёшга менгзайдиган шам.
Эй, вужуд қопини титган тимирски,
Эй, ичи дабдала, зоҳири ҳашам.

Шоирни кўриб қўй – Хизрдай камтар,
Шоирни кўриб қўй, яллачи, саёқ.
Қимтиниб ёрилди алвидо дамда,
Сенданчи? Ҳаё ҳам қилади ҳаё!

…Жон берди. Учирдик оппоқ каптарни,
Ғалаён кўтардим жазавам қўпиб…
Бугун шеър йўқласа, ўшал дафтарни
Авайлаб кўзимга суртаман, ўпиб.

Бир шоир тўқсон йил шеър ёзди жим-жит,
Бир шоир эди-да, руҳи жовидон…

2

Ғачир-ғучур ароба,
Шақир-шуқур эт-суяк.
Кундан куним хароба,
Маймун кулар, ит куяр.

Биби, сизга лақиллаб
Бораяпман яқинлаб.

Аввал эдим довга-дов,
Бугун ўйларим – қуроқ.
Қолди йигитлик – ундов(!),
Келди кексалик – сўроқ(?).

Емирилди ковушим,
Қайга етди довушим?

Тонгга етиб олай, деб
Тунни алқаб ётаман.
Тўхта, кўксимдаги дев,
Кўп чирандим, ботаман.

Биби, тушларим очиқ,
Киринг, кетайлик қочиб.

Ҳақиқатлар чиқди пуч,
Тўққиз қадам босмадим.
Ажал тутганда ҳовуч,
Не бераман? Ёзмадим.

Узр сўрай десам – руҳ,
Узатгани дафтар йўқ.

Биби, мени кечиринг,
Умримга тушди куя.
Сиз – оқсуяк, менингчи?
Суякларим – қоқсуяк.

Бошимда қора булут,
Бухоро, баҳримдан ўт.

3

Биби, Бухорога қайтди Сайидлар,
Сарбадорлар қайтди, қайтди Бухорий.
Чинқираб туғилди минглаб жадидлар,
Йўргаклаб, замзам-ла руҳин суғоринг.

Кўҳна китобларни варақлаб дилда,
Бешигин тебратиб: «Алла, аллаё».
Машрабдан ўқинг хўб, ўқинг Бедилдан,
Ҳофиздан ўқинг ё Сўфи Оллоёр.

Чўчиманг, ярим тун девордан ошиб,
«Қизиллар» бостириб келмайди ортиқ.
Ёстиқми, тиззага қўйганча бошин,
Мурғаклар бемалол чиқарар ҳордиқ.

Сандиқларни кавлаб олишар энди,
Сирлар зериккандир биби, ҳойнаҳой.
Беш маҳал масжидга боришар энди,
Кўрпалар тахида ётмас жойнамоз.

Билишар, душман ким, босмачилар ким?
Кимнинг бўйнидадир шаҳидлар қатли.
Ҳижжалаб ўқишар, қадимдан қадим
Отангиз йўллаган арабий хатни.

Қувонинг, йиғламанг, биби, бибижон,
Ўпинг, манглайидан мушкини ҳидлаб.
Хайрият, хўрланиб куйган беҳижоб
Ватанда қайта кўз очди жадидлар.

Биби, Бухорога қайтди Сайидлар!

04Oddiy va ulug’ inson, Sharqning ma’rifatli ayoli. Garchi taqdir taqozosi bilan bir marta ko’rgan bo’lsam-da, biroq bir umr esimda qoldi bu odam. Oq ko’ngil, farishta misol Bibining ruhi poklari abadiy jannat rohatiga mustahiqdir. Allohdan umidimiz shu.

Aziz SAID
ASSALOMU ALAYKUM, BIBI!
08

Millatni ayollar tarbiyalaydi! Odamzod paydo bo‘lganidan buyon bitilgan jamiki badiiy, tarixiy-falsafiy asarlarni o‘qib chiqsak ham, dunyo bo‘ylab so‘rovnomalar uyushtirib ko‘rsak ham – qachonlardir aytilgan ana shu haqiqatga kelish mumkin. Yoinki, oddiygina bir ayolning – u qaysi millatga mansubligidan qat’iy nazar – hayotiga, tabiatiga, so‘zlariga ozgina e’tibor bilan, yuziga mehr bilan nazar tashlansa ham kifoya…

SЕHRLI OVOZ

07Bu hol necha yoshimda boshlanganini eslolmayman. Har tong sehrli, mayin va qudratli ovozdan uyg‘onar va bu ovoz ko‘zlarimdan, quloqlarimdan kirib vujudimni to‘ldirar va yuragim to‘xtab qolar va meni osmonu falakka olib chiqar va men parvoz qilar edim. Ko‘z o‘ngimda chek-chegarasi yo‘q, yerdan osmon qadar yastangan sahrolar va tuyalar, yo‘llar va nimadandir behad qayg‘urib boshlarini qumga qo‘ygan odamlar namoyon bo‘lar va bu ismsiz qayg‘u meni tebratar va osmonning qa’r-qa’ridan, go‘yo boshqa olamlardan nimasidir qadrdon nolalar kelar va meni o‘ziga chorlar va mening yerga qaytib tushgim kelmas va to hanuz takrorlanadigan bu holning ne ekanligini ham va ushbu hol Bibimning xona o‘rtasida, yelkalarigacha tashlangan oppoq ro‘molda, oldilariga qo‘yilgan yostiq ustidagi Kalomullohni ohanggiga tebrangan ko‘yi qo‘shiqday qilib o‘qiyotgan ovozlari tufayli ekanligini bilmasdim.

Va men bu vaqtda katta bobolarim sayid, mudarris deb hibsga olinganini va qamoqxonalarda jon taslim qilganini va bobolarim esa ularning zurriyodi deb Buxorodan Denov va Dushanbega quloq qilinganini va oilamiz dasturxonida non bilan birga mudom qo‘rquv ham ushatilishi va tanovul qilinishini va bobo-bibilarim eshiklarni tanbalab namoz o‘qishlarini va joynamozni ko‘rpalar orasiga yashirib qo‘yishlarini va tugun-tugun qadimiy kitoblarni yerto‘ladagi ko‘mirlar ostiga berkitib qo‘yishlarini va bu atigi oltmishinchi yillarning o‘rtalaridagi hol ekanligini ham bilmasdim.

TOPILMAGAN QANOTLAR

O‘qishni boshlaganimda… Yo‘q, men hali harfni tanimasimdan ertaklar ichida yashardim. Bibimning shunchalik ko‘p ertaklarni qanday yodda saqlaganlarini bugun tasavvurimga sig‘dirishga qiynalaman. Deyarli har kuni Bibim, bobom, bizning oilamiz, tog‘am, bibimning akalari Baqo maxsum bobo va u kishining farzandlaridan iborat davra jam bo‘lar va Bibim “Qissai Mashrab”, “Qissai hazrati Ali” kitoblarini va yana Huvaydoni va Xo‘ja Hofizni va Bedilni va Navoiyni va So‘fi Olloyorni turfa ohanglarda o‘qib berar va men so‘zlarni to‘liq anglamasam-da, muqaddas, ilohiy ohanglardan kunduzlari mast yurar va shu ohangga mos qadam tashlar, boshimni silkitar va atrofimdagi hamma narsa sehrlanganiga qattiq ishonar va daraxtlarga va gullarga va toshlarga va suvlarga va eshik va devorlarga va taroq va oynalarga hozir tilsimi yechiladiganday mo‘jiza kutib tikilar va dunyodagi barcha ayollarning erkaklar singari yer odamlari emas, balki o‘zga, sehrli olamlardan kelgan parilar ekaniga ham ishonchim komil edi va bir kuni bizlarni tashlab uchib ketishlaridan qo‘rqar edim va Bibimning va onamning va singillarimning yashirib qo‘ygan qanotlarini sandiqlarni titkilab izlashdan charchamasdim va o‘sha holimni hozir qattiq qo‘msayman.

BIBI FOTIMANING QUSHLARI

Биби 2.jpgBibim menga dunyodagi hamma narsani biladigan va hamma narsalar bilan gaplasha oladigan sirli ayolday tuyular va men hamma bibilar shundayligiga ishonardim. Bibim jamiki narsaga salom berar va sizlab gapirardilar va yo‘lga chiqsalar yo‘lga salom berar va duo qilar va yo‘l o‘z tanobini tortib payg‘ambarlarga yordam bergani haqida rivoyat aytar va yo‘l haqida she’r aytar edilar va daraxt soyasida dam olsalar daraxtga salom berar va duo qilar va daraxtning odamzodga qilgan yaxshiligi haqida rivoyat aytar va she’r aytar edilar va hovliga musicha kelsa “qumri bibi keldilar, Bibi Fotimaning qushlari mehmon bo‘lib keldilar” deb salom berar va duo qilar va qumrilar haqida rivoyat aytar va she’r aytar va hovlini supursalar supurgining xizmati uchun duo qilar va uning belini kim bog‘lagani haqida rivoyat aytar va she’r aytar va hovliga suv sepsalar suvni duo qilar va dasturxon yozsalar dasturxonga salom berar va u ham bizni duo qiladi deb payg‘ambar yoxud avliyolarning dasturxoni haqida rivoyat aytar va g‘azal aytar edilar va oy chiqsa oyga salom berar va chaqmoq chaqsa chaqmoqqa va yomg‘ir yog‘sa yomg‘irga salom berar va duo qilar va she’r aytar edilar. Va Bibim ko‘zimiz tushadigan jamiki narsalarning bizni eshitishiga va bizni duo qilishiga va gapirishiga va Xudoga betinim salovat aytib turishiga ishonar edilar va men ham ishonar edim.

Bibim bir gapni bot-bot takrorlar edilar: “Avval Xudo aziz, keyin odam aziz, keyin namoz aziz, keyin kitob aziz”. Bibimni faqat qo‘llarida kitob tutgan holatda ko‘z o‘ngimga keltira olaman: bu kitoblar – diniy va falsafiy, tarixiy va tibbiy va romanlar va qissalar va devonlar va dostonlar va arab va lotin va kirill imlolarida va o‘zbek va forsiy va rus tillarida. Mutolaa. Bu odat Bibimning qizlari onam Xursanoyga ham o‘tgan edi va ishga borishda sumkalariga nondan avval kitob solar edilar va oshxonada choyning qaynashini kitob bilan kutar edilar va uxlab qolganlarida yostiqlari yonida sahifalari ochilan kitb bo‘lardi va umrlari poyoniga qadar kitob o‘qidilar.

YO‘L

Bibim kim edilar? Bu savolga muxtasar javobni “G‘ijduvonnoma” nomli tarixiy kitobdan olish mumkin. Ushbu kitobni nashrga hozirlayotganda Bibim haqidagi lavhani yozib taqdim etgan edim:

“Mug‘allonlik mudarris, eshon Abdullo ibn Qobilning qizlari Mutahhara to‘qqiz yoshlarida buxorolik mudarrislar va domullolar hay’atiga imtihon topshirib otinlik qilib dars berishga ruxsatnoma oladi va tengdoshlariga saboq bera boshlaydi. Bir vaqtning o‘zida otalaridan ham diniy ilmni, ham mumtoz adabiyotni o‘rganishni davom ettiradi. She’rlar mashq qila boshlaydi. O‘n to‘rt yoshida Qur’oni karimni qariyb yod olgan, davra-davra qizlarga otinlik qilayotgan bu qizning parvoziga sho‘rolar bosqini to‘sqinlik qiladi.

Ota va akalar qamoqqa olinadi, oila parokanda bo‘ladi. Mutahhara umr yo‘ldoshi – Amir Olimxonning beklaridan Mirzo Maqsudbekning o‘g‘li Muhammad Maqsudov bilan taqdirning tazyiq va quvg‘inlaridan iborat yo‘lidan ketadi. Mutahhara bibi yoshlik davrlarini shunday xotirlar edilar: “Har hafta juma kechqurun uyimiz odamlarga to‘lar edi. Otlarda, tuyalarda Xorazm, Samarqand, Turkmaniston, Afg‘oniston, Tatariston va boshqa joylardan mudarrislar, olimlar, savdogarlar kelar, kecha-yu kunduz kitobxonlik bo‘lardi. Akalarim bilan har zamonda kirib tushunib-tushunmay quloq tutar edik. Uylar to‘la kitoblarning sonini bilmas edik. “O‘ris keldi, o‘ris keldi” zamonlar bo‘lgach, bu mashvaratlar barham topdi. Hamma qo‘rquvda qoldi. “Bola-chaqa, qozon-tovoq o‘rtada bo‘larmish”, degan gap tarqab hamma yosh-yosh qizlarini qarindosh-urug‘, hamsoyalarga nikohlab tashlayverdi. Har kun xonadonlar tintuv bo‘lar, ulgurganlar borini yashirishga harakat qilardi. Otam uyimizni bosishlaridan ikki kun oldin ukalari bilan yettita qadimiy sandiqqa noyob kitoblarni kiygizga o‘rab joyladilar va mehmonxonaning ichini, bilmayman necha gaz kavlab sandiqlarni tushirib ko‘mdilar. Men jimgina kuzatib turganimni ko‘rib, bardam ovozda: “Bir kun keladi, bu kitoblarni yana tokchaga terib qo‘yamiz, o‘qiymiz, qizim”, – dedilar. Qolgan kitoblarni qishloqdagi ishonchli xonadonlarga yashirib qo‘yish uchun tarqatdilar…

Mana, dorilomon kunlar keldi, lekin u kitoblarni hech kim qaytarmadi. Birov sotgan, birov yo‘qotgan. Sandiqlarda kitob ko‘milgan mehmonxonamiz buzilib, o‘rniga imorat solingan…”

Mutahhara aya quvg‘inlardan so‘ng nihoyat qo‘nim topgach, yangi imloni, rus tilini o‘rganish kurslarini bitirib maktabda dars berdi. Kechqurunlari esa qizlarga yashirincha “Haftiyak” o‘rgatar edi. Ikkinchi jahon urushi boshlanib, erkaklar urushga ketgach, muallimani mahallaga rais va shahar bozoriga mutasaddi qilib tayinlashdi. Mutahhara ayaning xotiralaridan: “Urush vaqtida ocharchilik shu darajaga yetdiki, har tong bozor ichi va atroflaridan ochlikdan jon taslim qilganlarni aravada yig‘ib chiqish rasm bo‘ldi. O‘g‘irlik avjiga chiqdi. Bir kuni o‘g‘rilarga oldirib qo‘yishdan cho‘chib bir ayol yangi olgan kalishini saqlab turishimni so‘rab bozordagi xonamga tashlab ketdi. Shu bilan qaytib kelmadi. Denovdanligini aytgan edi. O‘n besh kun vokzalga olib chiqdim, poyezdda kelsa, ko‘rsam taniyman, deb. Daragi bo‘lmadi. Shu kalish urushning oxirigacha xonamda turdi. So‘ng Xudo yo‘liga deb bir bechoraning qo‘liga tutqazdim…” Mutahhara aya urushda bedarak ketgan ukasi Ubaydulloning o‘g‘li Ismatullo va qizi Xursanoyni farzand qilib oldi. Ularni urushdan qaytgan umr yo‘ldoshi bilan o‘z farzandidan ziyoda katta qildi. Urushdan so‘ng bu oila asta-sekin o‘z an’analarini qayta tikladi. Xonadonlari yana ilm, adabiyot, adabiy suhbatlar go‘shasiga aylandi. Mutahhara aya bilan hamsuhbat bo‘lgan filologiya fanlari doktori, professor Najmiddin Komilov u kishini shunday xotirlaydi:

BIBI

58640152c4a39b00c8717bd892033682.png“1990 yilning bahori edi. Biz Aziz Said ikkalamiz taniqli o‘zbek shoiri O‘lmas Jamolning yubileyiga qatnashish uchun Dushanbe shahriga borgan edik. Yig‘in va tantanalar o‘tib bo‘lgach, mezbonlar bizni hordiq chiqarish uchun mehmonxonaga taklif qilishdi. Shunda A. Said Dushanbeda bibisi yashashini, agar uni borib ko‘rmasa, eshitib xafa bo‘lishini aytib qoldi. Meni ham birga borishga ko‘ndirdi. Zero, Aziz Saidday dilkash suhbatdoshdan ajralgim yo‘q edi. Uyda bizni bir nuroniy ayol kutib oldi. “Bu kishi mening bibim bo‘ladilar, – deb tanishtirdi menga ayolni Aziz. Keyin bibiga qarab: – Bu kishi mening domlam Najmiddin aka bo‘ladilar”, deb qo‘ydi. Bibi Azizning yuz-ko‘zlaridan o‘pib bag‘irlariga bosdilar, so‘ngra mendan hol-ahvol so‘radilar. Oddiygina xonada xontaxta atrofiga ko‘rpacha to‘shalgan edi. Biz o‘tirgandan keyin Bibi qo‘l ochib duo qildilar, bizga xushnud nigoh tashladilar. Men oq doka ro‘mol o‘ragan, chehrasi issiq, so‘zlari muloyim, ma’noli bu ayolga qarab o‘zimning marhuma onamni, talabalik yillari Samarqandda do‘stim Hasan Qudratillayevning “Ona mulla”sini esladim.

Bular – bizning savodxon, Navoiy va Mashrab g‘azallari, “Qissasul anbiyo” va Ibrohim Adham hikoyatlari, Sa’diy o‘gitlari ruhida tarbiyalagan, shu madaniyatni o‘z xislatlari, so‘zlari bilan davom ettirayotgan onalarimiz edilar. Otin oyilar edilar.

Biz o‘sha kecha Bibi bilan uzoq vaqt suhbatlashdik. U kishi sarg‘aygan qo‘lyozma kitoblarni ochib ajoyib qiroat bilan g‘azallar o‘qidilar, Bedil ma’nolarini tushuntirdilar. Yoshi anchaga borib qolgan bu mo‘tabar insonning ma’rifatga, so‘fiyona ilohiy ma’nolarga g‘arq bo‘lib so‘zlashi meni lol qoldirgandi. Bibi Buxorodagi uctozlari, ma’rifiy muhit haqida so‘zladilar. U kishi o‘zbekchani ham, tojikchani ham klassik uslubda bir dilkash ohangda gapirardi. Bibi 30-yillardagi qatag‘onlar tufayli Dushanbega kelib qolgan bo‘lsalar-da, ammo Buxoroni sog‘inganligi shunday bilinib turardi.

Keyinchalik, qaytayotganda Aziz menga Bibining otlari Mutahhara ekanligini, ammo u kishini barcha Bibi (ona) deb atashini, qizlarga Qur’on o‘rgatishlarini gapirib berdi.

Oddiy va ulug‘ inson, Sharqning ma’rifatli ayoli. Garchi taqdir taqozosi bilan bir marta ko‘rgan bo‘lsam-da, biroq bir umr esimda qoldi bu odam. Oq ko‘ngil, farishta misol Bibining ruhi poklari abadiy jannat rohatiga mustahiqdir. Allohdan umidimiz shu.”

Najmiddin Komilov bilan ana shu suhbatdan so‘ng ko‘p o‘tmay, bobongizning chirog‘ini yoqib o‘tiraman deb tanho o‘zlari Dushanbeda qolgan bibimiz Buxoroga ko‘chib keldilar. Avvalgi hovli joylar egalik bo‘lib ketgani bois, Qiziltepada – bizning yonimizda makon tutdilar. Mavridi kelganda har safar Najmiddin aka bilan bo‘lgan unutilmas suhbatni eslar edilar: “O‘sha ustozing judo-o ilmli, xushfe’l ekanlar-da. U kishining ilmi aql ilimi emas, ko‘ngil ilimi. Bunday bosavod odamlarningg onalari ilmlik bo‘ladi…”

Баходир Содиков.jpgBu eslovdan so‘ng albatta navbatdagi savol beriladi: “Ilimlari xo‘p ziyoda, yuzlari nurlikkina jo‘rangiz boridila. Ismlari Bahodir edimi… Birga olib kelmadizmi?..” Bibim Bahodir Sodiqovni so‘raydilar. “Bibijon, – deyman, – u kishi jo‘ram emas, bizga aka, ustoz darajasidalar. Ancha bo‘ldi, talabalik paytimizda bevaqt qaytish bo‘lganlar”. Bibim negadir katta iste’dod sohibi, munaqqid va shoir Bahodir Sodiqovning hayotdan ko‘z yumganligini qabul qilolmasdilar va xuddi u kishi tirikdek, go‘yo javoblarim eslarida yo‘qdek, har safar yo‘qlayverardilar…

1980 yil bahorining go‘zal oqshomlaridan birida Bahodir aka bilan aziz avliyolar, bevosita va ma’naviy ustozlar haqidagi suhbatimiz aylanib Yoqub Charxiy hazratlariga taqalib qoldi. Men u kishining qabrlari Dushanbeda ekanligini aytdim. Bahodir aka: “Ziyoratga bormaymizmi?” – dedilar. Bahodir aka bilan sayohatga! Tabiiyki, xursand bo‘ldim. “Men hozir aeroportga boraman. Yotoqdan pasportni tez olib keling”, dedilar.

Xullas, ertasi kuni Yoqub Charxiy ziyoratidan so‘ng bibimning huzurlariga kirib bordik. Oynavand ayvon devoriga sarg‘ayib ketgan qog‘ozga arab imlosida yozilgan, ustiga yelimqog‘oz tortilgan maktub osig‘lik turardi. Bahodir aka o‘qib turib qoldilar va mendan: “Bibingizning ismlari Mutahharami? Bu otalari yozgan xat ekan,” – deb so‘radilar. Shu payt dasturxon ko‘tarib kirib qolgan bibim Bahodir akadan: “Arabiydan savodingiz bormi, o‘g‘lim?” – deb so‘radilar. “Ha endi, uy tomonda o‘qitishgan”, degan javobdan bibimning qulfi dillari ochilib ketdi. Dasturxon shinam hovlidagi so‘riga ko‘chdi. Qisqa savol-javobdan so‘ng bibim qarshilarida 21 yoshli yigitcha siymosida mumtoz adabiyotning bilimdoni turganligini angladilar va ichkari kirib sandiqdan xazinalarini olib chiqa boshladilar: Hofiz, Bedil, Mashrab, Huvaydo, So‘fi Olloyor… Qo‘lyozma va toshbosma bu kitoblarni bibim har kimning ham oldiga olib chiqavermasdilar. Bahodir akaning ham ko‘zlari yashnab ketdi. Bibim Hofizdan bir g‘azalni o‘qir, Bahodir aka kitobni qo‘llaridan olib yana bir g‘azalni o‘qir, bibim Huvaydodan g‘azal o‘qir, mazmunini aytar, Bahodir aka boshqasini o‘qib sharhlar edilar. Bahodir aka Mashrab va Huvaydoning ayrim g‘azallarini boshqa qo‘lyozmalarda uchratmaganlarini aytib, menga “Azizbek, bularni ko‘chirib oling”, derdilar…

Ikki kun oqshomdan to tongga qadar davom etgan bu suhbatning, bu ruhoniy bayramning ta’rifini keltirib bo‘lmas. G‘azal sehridan, ulardagi so‘fiyona ma’nolar talqinlaridan lazzatlanayotgan bu ikki siymoning ruhiyatiga men ham asir edim, sarxush edim. Ular esa uzoq ayriliqdan so‘ng topishgan ona-boladay, to‘g‘rirog‘i, ikki vujuddan iborat bitta odamday holda edilar.

Ketar mahali bibim: “Bu jo‘rang xudodod yigit ekan. Ko‘bi (fazilatlarining demoqchilar) ilmli, iymonli ota-onadan. Shunday jo‘ralarning ichida bo‘ling”, dedilar…

“O‘ZIM TANHO, DILIM TANHO…”

2000 yil. Bibim bu olam bilan vidolashishlaridan bir-ikki oy oldin meni Qiziltepaga, huzurlariga chaqirtirdilar. Uzoq suhbatlashdik, rivoyatlaridan ba’zilarini o‘zlariga aytib berdim, g‘azalxonlik qildik, yostiqdan bosh ko‘tarolmay yotgan Bibim turib o‘tirdilar va ko‘rpachalari ostidan baxmal jildli bir daftar chiqardilar va to‘qson bir yoshli Bibim uyalib, xijolat tortganday gapirdilar: “O‘g‘lim, mana siz ham she’r yozasiz, shu… man ham xayolimda aylanib hech qo‘ymagan misralarni qog‘ozga yozar edim, o‘qib ko‘ring-chi. Shu paytgacha hech kimga ko‘rsatganim yo‘q. Tushimda otamga o‘qib beribman, boshlarini qimirlatib quydilar. Bog‘ning o‘rtasida amakilarim bilan o‘zlari o‘tirgan supaga ishora qilib, “Qizim, endi siz ham keling davraga”, – dedilar. Endi man, shoira emasman, bo‘lsamku bo‘laydi, xay mayli. To‘g‘ri kelmas joyini ko‘rmay o‘ting”, – dedilar.

Turli yillarda, ruhning turli holatlarida qog‘ozga tushgan o‘zbekcha, tojikcha g‘azallar, to‘rtliklar. O‘qib bo‘lib, bu bir hovuch nurday vujud buncha g‘amni, buncha hasratni ko‘tarib yurganiga hayratlar ila Bibimning ko‘zlariga qaradim, ikkovimiz bir-birimizga so‘zsiz tikilib qoldik, Bibimning nigohlari ichidagi xayol olis-olislarda edi, hech qanday savol berishning, hech qanday javob qilishning hojati yo‘q edi. Daftarning so‘nggi sahifasiga ko‘z tashlayman:

Ajab devona qulman, rahbarim yo‘q,
Musulmonlik bilan hech rag‘batim yo‘q.
Adashgan bandangni bechora qilma,
Qiyomat kun mani sharmanda qilma.

Man-e tanho, qoshimda bir kishim yo‘q,
O‘zing boshqarmasang, o‘zga kishim yo‘q.
O‘zim tanho, dilim tanho, umr gumroh,

O‘zing qilgil manga iymonni hamroh.

JONTEMIR
SHOIR
Mutahhara bibi xotirasiga


1

Bir shoir to’qson yil ichida kuydi,
To’qson yil bardoshin yashadi chimchib.
To’qson yil tavbayu tazarru uydi,
Bir shoir to’qson yil she’r yozdi jim-jit.

Daraxtni alqadi, yo’lni alqadi,
Yomg’irni alqadi, do’lni alqadi.
Etagin tishlagan itni-da sizlab,
Yetimni, g’aribni, tulni alqadi.

Qattiq yig’lamasdi, qattiq quvonmas,
Bismillo demasdan yemasdi nondan.
Tunda hujrasiga kirgan juvonlar,
Otin bo’lib chiqib ketardi tongda.

Bir shoir edi-da, ruhi jovidon,
Bir satri bukchaytib qo’yar tuyani.
Umrining so’nggida, bolish ostidan
Bir daftar uzatdi, menga uyalib:

«O’g’lim, she’r yozasiz, men ham yozardim,
Hech kimga ko’rsatmay keldim to’qson yil.
Tushimda otamga o’qib tozardim,
Bosh irg’ab dedilar: Qizim, beri kel!
02
Men endi siz kabi shoir emasman,
Qo’ymasdida qurg’ur hijronning o’ti.
Daftarni varaqlang, hech so’z demasdan,
Yoqmagan joylarin o’qimay o’ting.»

Men kimman? Havoyi, hubob, so’zparast,
Uchta g’o’r misrasin ko’tarib chopgan.
Gursillab urgancha minbarlarni mast,
She’r aytib o’zicha dunyoni qopgan.

Osmonga sapchilab, yerni qamchilab,
Olqishga ko’milgan tahayyulga g’arq
Yurgan jujug’iga, keksa jangchiday,
Bisotin topshirdi – to’qson yillik dard.

Yig’ladim, o’kirib, o’krab yig’ladim,
Tanimni, ruhimni buklab yig’ladim.
Xudoga yetay deb qolgan qoyaning
Poyida maysaday cho’klab yig’ladim.

Ey, o’zin burgutga urgan qumursqa,
Ey, o’zin quyoshga mengzaydigan sham.
Ey, vujud qopini titgan timirski,
Ey, ichi dabdala, zohiri hasham.

Shoirni ko’rib qo’y – Xizrday kamtar,
Shoirni ko’rib qo’y, yallachi, sayoq.
Qimtinib yorildi alvido damda,
Sendanchi? Hayo ham qiladi hayo!

…Jon berdi. Uchirdik oppoq kaptarni,
G’alayon ko’tardim jazavam qo’pib…
Bugun she’r yo’qlasa, o’shal daftarni
Avaylab ko’zimga surtaman, o’pib.

Bir shoir to’qson yil she’r yozdi jim-jit,
Bir shoir edi-da, ruhi jovidon…

2

G’achir-g’uchur aroba,
Shaqir-shuqur et-suyak.
Kundan kunim xaroba,
Maymun kular, it kuyar.

Bibi, sizga laqillab
Borayapman yaqinlab.

Avval edim dovga-dov,
Bugun o’ylarim – quroq.
Qoldi yigitlik – undov(!),
Keldi keksalik – so’roq(?).

Yemirildi kovushim,
Qayga yetdi dovushim?

Tongga yetib olay, deb
Tunni alqab yotaman.
To’xta, ko’ksimdagi dev,
Ko’p chirandim, botaman.

Bibi, tushlarim ochiq,
Kiring, ketaylik qochib.

Haqiqatlar chiqdi puch,
To’qqiz qadam bosmadim.
Ajal tutganda hovuch,
Ne beraman? Yozmadim.

Uzr so’ray desam – ruh,
Uzatgani daftar yo’q.

Bibi, meni kechiring,
Umrimga tushdi kuya.
Siz – oqsuyak, meningchi?
Suyaklarim – qoqsuyak.

Boshimda qora bulut,
Buxoro, bahrimdan o’t.

3

Bibi, Buxoroga qaytdi Sayidlar,
Sarbadorlar qaytdi, qaytdi Buxoriy.
Chinqirab tug’ildi minglab jadidlar,
Yo’rgaklab, zamzam-la ruhin sug’oring.

Ko’hna kitoblarni varaqlab dilda,
Beshigin tebratib: «Alla, allayo».
Mashrabdan o’qing xo’b, o’qing Bedildan,
Hofizdan o’qing yo So’fi Olloyor.

Cho’chimang, yarim tun devordan oshib,
«Qizillar» bostirib kelmaydi ortiq.
Yostiqmi, tizzaga qo’ygancha boshin,
Murg’aklar bemalol chiqarar hordiq.

Sandiqlarni kavlab olishar endi,
Sirlar zerikkandir bibi, hoynahoy.
Besh mahal masjidga borishar endi,
Ko’rpalar taxida yotmas joynamoz.

Bilishar, dushman kim, bosmachilar kim?
Kimning bo’ynidadir shahidlar qatli.
Hijjalab o’qishar, qadimdan qadim
Otangiz yo’llagan arabiy xatni.

Quvoning, yig’lamang, bibi, bibijon,
O’ping, manglayidan mushkini hidlab.
Xayriyat, xo’rlanib kuygan behijob
Vatanda qayta ko’z ochdi jadidlar.

Bibi, Buxoroga qaytdi Sayidlar!

07

(Tashriflar: umumiy 894, bugungi 1)

Izoh qoldiring