Rahmat Bobojon. Yangi she’rlar

09 Кеча шеърияиимизда алоҳида ўрин эгаллаган шоир Матназар Абдулҳаким туғилган кун эди. Ўша куни Раҳмат Бобожон ўзининг фейсбукдаги саҳифасида мана бу ёзувни қолдирибди: «Бу шеърни ёзганимга ҳам икки йил бўлибди… Ўша кунни ҳамон тип-тиниқ эслайман, Самарқанддан Хоразмга эрталаб соат 8 да келиб тушганмиз поезддан. Ўша кун Матназар Абдулҳакимнинг университетда юбилей тадбири бўлаётганди. Самарқанддаги тадбирлар, йўл шундай чарчатган эдики, оёқда туришга кучим йўқ эди. Камига зал одам билан лиқ тўла, ўтирадиган жой топиш мушкул. Бир маҳал ўриндиқлар ўртасидаги узун йўлакчанинг ўртасига чордона қуриб ўтириб олдим. Бирдан қарсаклар, ҳофизга навбат берилди, таниш мусиқа, таниш сўзлар, мен устозга бағишлаб ёзган шеър жонли ижрода айтиляпти. Икки оёғимни бирлаштириб қучиб, кўзимга ёш келиб, маст одамдай чайқалиб эшитганман…
Устоз, сизга лойиқ шогирд бўлишга ҳаракат қиляпман, жойингиз жаннатда бўлсин!..»
Раҳмат, Яратгандан ушбу истак ва дуоларингиз қабул бўлишини сўраб қоламан.

Раҳмат БОБОЖОН
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


Раҳмат Бобожон (Раҳматжон Бобожонов) – 1998 йили Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Урганч ижтимоий-иқтисодиёт коллежини тамомлаган. “Хоразм” нашриётида муҳаррир, “Жайҳун” газетасида мухбир сифатида ишлаб келяпти.
Мақолалари, шеърлари, таржималари “Тамаддун нури”, “Эзгу сўз”, “Хоразм ҳақиқати” каби нашрларда чоп этилган. 2016 йилда “Кўнгил ғунчаси” номли шеърлар тўплами чоп қилинган. Ижод намуналари “Жилғалар қўшиғи”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун”, “Шовот мавжлари” алманахларидан ҳам жой олган.


ОСМОНГА МАКТУБ

Матназар Абдулҳакимга

Осмонга дил берган,
осмонни севган,
Мен сенинг куюнчак ўғлингман замин,
Розиман дунёдан мени айирса,
Ўзимнинг эмас йўқ, ўзгалар ғами…

Кузак шамоллари ҳазон подасин,
Қувганда тинмасдан олдига солиб.
Сенга қўлларимни узатдим фалак,
ишқ қолиб,
ёр қолиб,
ғариб дил қолиб.

Сирларимни айтдим ёлғиз ўзингга,
Не азоб-уқубат ўтганда жондан.
Инсонман талпинган инсонийликга,
Осмонга талпинган осмонман…

Гарчи, шеър ўстирдим маҳзун боғларда,
Тенг тутдим меҳримни ҳаммага тун-кун.
Кўксим Орол мисли қуримасин деб,
Кўзларимдан тошар тинмасдан Жайҳун.

Ўзгалар дардига қулоқ тутаман,
Ўзгалар дардидан ўяман юрак.
Ўзгаларсиз ёлғиз мамнун яшамоқ
Ўзгаларсиз бахтлар кимга ҳам керак?!

Мен сени севаман мангу, абадий…
Бу ғамгин дунёдан кетганим замон,
Қайғуриб, ўксиниб, силкиниб оғир
Ахир, сен биринчи йиғлайсан осмон!

18.10.2018

***
101

Лабингда кулгудан қолган хотима,
Нигоҳинг кўксига тошлар ботган туш –
Тонглардан бир гўзла ўпич сўради,
Бир висол истади охорсиз куздан,
“Кел” деган бир сўздан Қақнус тўради,
Ҳаққушлар яралди “Кет” деган сўздан.
Энди, ҳаммасидан оғир унутиш –
Энди, йўқловингга кўнмас хотира…

Сен ҳарир либоси кирланган малак,
Руҳи доғларидан ажралмас фарёд.
На замин учади,
На чўкар фалак,
На ўлим менингдир,
На сенинг ҳаёт…

Вақт чўлоқ оёғин судраган дамлар,
Юрак ҳуружларга бирон сўз айтмас.
Кетмас, деб ўйлайсан энди келганлар,
Тушун, кетганлар ҳам ҳеч қачон қайтмас.

Лабингда кулгудан қолган хотима…

2

Чуқур кетган сайин терансан, доим
Бола нигоҳларим қарига ботар.
Ақлингда ўзгача шакл-шамойил,
Ҳар сўзинг қисматга пайконлар отар,
Ва яна камига кўнглинг бор, қойил…

Гўзал туёғуларни сўрайсан, далли,
Яшайсан гирдоблар ютмас сирингни.
Ахир, ёнингдаман сезмайсан ҳали,
На ташлаб қўясан бир кўз қирингни,
На келасан гулдек бахтлар тутгани…

Фақат, ўтирасан сукунат – шароб,
Томчилаб-томчилаб дундан ўтасан.
Сен берган фармондир – ошиқлик – хароб,
Сен берган тож ахир – абадийлик ғам,
Сен берган тахт бўлар бир кун – изтироб…

7. 1. 2020

МЕТРОДАГИ ЁЛҒИЗЛИК ҲАҚИДА УЧ ШЕЪР

1

Ҳар бекат жимгина тазарру айтар,
ўксиб олиб кетар оҳларни поезд.
О, фақат ўзини ўзига қайтар,
бир нажот тиланиб келгани бу кез.
Таҳқирдир топгани кўнглини ёзиб,
қара, ҳисларининг дояси сукут.
Қора шляпасин кўзгача босиб,
кетиб бораяпти олифта йигит.
Аларга ишонма, — ўйлайди бу дам,
— ёлғон, мақтовларга учмадим ҳаргиз…
Ахир, у зўр шоир ва яхши одам,
уни танимайди жингалаксоч қиз.
Тошкент, туйғулари покиза жувон,
жисмида ўрмалар оқ илон — дилгир.
Ювар қир кўнглини йигитнинг бу он —
ернинг остидаги аламли кулги…
Унинг дунё билан сира иши йўқ,
фақат, алданмоқлик қўлидан келар.
Метро бор. Далда бор. Кўнгил эса тўқ,
поездлар тўхтайди, поездлар елар…
Тилсиз ташвишлардан кўксини асраб,
кунлари кўзидан аразлаб ўтар.
Уйида яшайди бир дунё ҳасрат,
уни ҳовлисида ёлғизлик кутар.
Шеър эса умрини қирқувчи сўроқ,
ховучлаб сочади дақиқаларни.
Тан олгиси келмас, билсада бироқ,
ернинг остидаги ҳақиқатларни…

2

Лаҳзада Тошкентни забт этар йигит,
телбалик истаги — тентимоқ бунда.
Ўткинчи дунёнинг ташвиши унут,
шаҳарни айланиб чиқар бир тунда.
Сиз уни кечиринг, кўнгли, бори шу,
бир қараши йиғи, бир қараши оҳ.
Манзилсиз йўлларда тушунинглар у,
темир шпаллардан тилайди паноҳ.
Излар олиб борар дунё осуда,
излар олиб борар йиғи, видога.
Излар олиб борар бекатлар — ситам,
излар олиб борар ҳатто Худога.
Излар олиб борар Чилонзор, Чорсу,
излар олиб борар байрам, мотамга.
Излар олиб борар ҳар касга, аммо,
излар олиб бормас битта одамга…
Юрагимдан ўсиб чиқмайди қанот,
ҳеч қачон келмаса тушлар ўнгидан.
Тун бўйи бир сени излайман, ҳайхот,
айт ахир, бормисан излар сўнгида?
Кўнглимни сен берган соғинчга ўраб,
қанчалар интилдим, қанча чопмадим.
Ернинг остида ҳам ҳаттоки қара,
сенга олиб борар изни топмадим…

3

Ер ости — чўнг узлат, бекатлар — ғашдай,
дайдишлар бир куни оғир келар, жон.
Энди, туюлади мовий кўзёшдай,
фақат, чақаларга олинган жетон…

14. 01. 2020

***

Синглимга

Тумандай тарқаса руҳимдан ҳасрат,
қоп-қора кўзларинг – аламсиз гўша.
Бир лаҳзам – шодликдир, бириси – ғафлат,
менинг ҳам бир куни кетарим ўша…
Бўғзимга тўлганди келаримда оҳ,
кундан-кун парчалар юрагимни занг.
Бир нигоҳим – қайғу, бириси – гуноҳ,
кўксимдан итаргин, келгин, истасанг.
Фақат қол. Тош шаҳар кўчаларида,
изтироблар излаб йиғлаганим – сен.
Умрнинг узлатли кечаларида,
шеърдек сўзма-сўзлаб тиклаганим сен.
Мовий кўзёш каби кетма сочилиб,
қўрқаман, етмайди журат, на қўлим.
Бироқ, мени тушун, гапнинг очиғи –
йўлим – ақли йўқ бир тентакнинг йўли.
Тошкент – тентакларга энг қулай шаҳар,
юзига тортмаган уятдан парда.
Ҳар бир бекатида муштоқлик яшар,
соғинчлар яшайди ижараларда…
Бунда юрак билан ўлмоқ муқаддас,
муҳаббат шундайин буюк нарсаки…
Бир равиши – алам, бириси – ҳавас,
насибанг бор-йўғи аччиқ тарсаки.
Унутсин деб ҳамма азобин кўзлар,
кулгулар ўрнини бермай нолага.
Акангни ҳар куни меҳрибон дўстлар,
судраб кетар «Миллий қовоқхонага»…
Сўнг бир-бир қулайди шишалар, тамом,
тутунли суҳбатлар завқи давомий.
«Май ичсанг…» ўртага тушади Хайём,
«Келмади…» даврани безар Навоий…
Яримлаб қолгандир шаҳарда тун ҳам,
Энди уйга. Билмам, қай уй, қай даҳа.
Ошналар ҳайратда илжаяр бирдан,
осмонга етгудай отсам қаҳқаҳа…
Биласан, олдингда айбим кўп ахир,
айтолмайман: битта гуноҳимдан кеч.
Иста ака дема, аблах деб чақир,
«кўнглим деб кўнглингни сўролмадим ҳеч…»
Тушларимдан асраб қолганим бир ўй –
ҳамма келар-кетар ташлаб дард-ғамни.
Агар, мен ҳам кетсам, йиғламагин қўй,
ҳеч қачон кечирма аблах акангни…

16.1.2020

***

Бир дунё яратдим хаёли билан,
Бир қиз бор. Кўзлари маъсума ва тим.
Мовий соғинчларин сочидан силаб,
ўксиниб-ўксиниб кўксимга босдим…
Оппоқ ҳисларига сотдим ўзимни,
дийдори – наврўздир, васли – чин ҳайит.
Оловларга тутди айтар сўзимни,
руҳимдан тангача айлади майиб.
Сақладим покиза юрагини сир,
исмини яширдим ҳатто ҳаммадан.
Кўнглим қўним топган, абадий ахир,
Қорачиқлар деган муқаддас ватан.
Тунлар ёлғизликнинг йўқлови хато,
қисмат берган ҳар не эмас насибам.
Менга ишон, энди хоҳласа худо,
хиёнат қилмайман тушларимда ҳам…

18. 1. 2020

***

Тўкилдинг.
Тўкилдим.
Сўнгги видодай
тирқираб оқасан тунлар бўғзимдан.
Борлигинг умримда ёлғиз хатодай,
асрай оламанми сени ўзимдан?
Сармаст давраларда ўксинган шоир,
алдовлар назмида яралмиш бетин.
Тингладинг.
Тинладим.
Азизим хайр…
сочилган руҳимни тергани кетдим!
Сен фақат унутма, тун тилсимидан,
зулматни тан олмас қаро тупроқман.
Йўқ, менинг кулгуйим – фаромуш ситам,
Англадинг.
Англадим.
Бор-йўғи “оҳ”ман…
санчилиб қоламан нигоҳларингга,
Умрбод кўзингдан кўзёш йўл излар.
Ё Раббим, бу қисмат қийноқларига,
бош эгиб қўймасак бўлгани бизлар!
Йиқлдинг.
Йиқилдим.
Юзга тегди гард,
Кўкдан юзимизга тушмади ҳеч нур.
Сўнгсиз нафратимга дучор бўлма деб,
асрмоғим шартдир сени бир умр!

19.1.2020

***

Мактублар битмадим изтиробимга,
бир сени ўйладим,
тўрт тараф – сукут.
Бу дам очаверсин бағрин ким кимга,
мен сенга елкамни келтираман, кут!

Қисматсан, биламан, кетмайсан энди,
тилаб олингансан ахир Худодан.
Ким кимга қайдадир шеър битар эди,
мен эса шеърсиз ҳам бахтиёр одам…

Тушунгин, аблахман севганинг қадар,
нигоҳимда – иқрор, кўнглимда – тугун.
Ким кимга оловли бўсалар атар,
менчи пешонагдан ўпаман, эй гул!

Ғариблик йўлида қутлуғ насибам,
сен учун яшамоқ энг муқаддас шон.
Кетиб бормоқдадир кимдан ким бу дам,
бир сенла дунёдан ўтаман ишон…

20.1.2020

***

1

Кўзларинг рангидек қуюқлашар бахт,
изтироб уйида ўчгандай чироқ.
Гуркираб боради ўксинган дарахт,
бир қушга елкаси бўлгандан паноҳ.
Сен уни англайсан, сезасан, маъсум,
қанотинг толгандир, кўкка тегиниб.
Ишон, энди у шод, гарчи ҳар мавсум,
яшаган бўлса ҳам эгилиб…
Бўронлар чангларни урди юзига,
қийнамас, шоҳларин хатто хаслиги.
Тинимсиз азоблар боқса кўзига,
дарахтнинг қуш учун арзимаслиги…
Сен эса севасан, ёниб барибир,
тўнка деб жонингни қурбон этасан.
Қафасга соласан ҳурликни охир,
ўз Эркингни ўзинг ташлаб кетасан…

2

Мана, неча кунки, юрагим ғамда,
руҳимда изтироб елгани-елган.
Кел дейман, кел энди, сен мени англа,
оғринган,
ўксинган,
қийналган елкам.
Бизим ёлғизликнинг уйи шинам, кенг,
Шодлик кулбаси тор.
кўзларингда кўз –
юрагимда ўсиб борадирсан “сен”,
Лабларимдан портлаб чиқади бир сўз.
дард берсанг – чиройли, умрим кулфати,
Соғинчинг – гулларин бирма-бир терсам.
гулим, қорачиқлар ҳаққи-ҳурмати,
Кўксим очиб қалбни қўлингга берсам.
Ёлғизликни тамом тилка-тилкалаб,
азоблар-оғриқлар барчаси тинди.
Битта бош оғирлик қилган елкага,
икки бош оғирлик қилмайди энди…

22.1.2020

***

1
Бу тун ёлғизлик ҳам сенга ҳақорат,
балки, айрилиқ ҳам сўнгсўзин битар.
Елкангдан қучади аста аросат,
қисматингга олий фожеа етар…
Руҳдан ичкарига ҳатлаган маҳал,
лаҳзада англайсан — изтироб кучин.
Энди, сенга сира бермайди ҳалал,
ўлим тиласалар тушларинг учун…

2
Бўғзингда уҳлайди — айтилмаган сўз,
кўзингда уҳлайди — ёшинг, кечиккан.
Бу оқшом зулматга туриб юзма-юз,
уйғоқ туйғуларнинг бари ичиккан…
Яшайсан, англайсан, кўникасан, о,
кузатиб умрнинг серғам зайлини.
Ахир, мен зерикдим уйқулар аро,
тушларингдан кўчиб кетсам майлими?!

3
Мен кимга дил тутсам, қайтар бўлса кул,
ичиксам давралар суҳбатин тинглаб.
Фақат, билганимча кўраверсам йўл,
бир одам йиғласа дардимни англаб…
Тақдир қароликдан тонганича то,
юракка кетма-кет урилса муштлар.
Менинг хаёлимда қарагин гўё,
азобдан улғайиб бормоқда тушлар…

4
Сукутда инграйди бир илоҳий най,
савол тўкилади кўзингга ундан.
Куласан, йиғлайсан, ахир ҳарқалай,
ҳаммадек розисан дунёйи дундан…
Тушингни ғижимлар ҳар оқшом уйқу,
ҳар тонгда юракка тутади жавоб.
Кўзингни баттароқ қон қилар қайғу,
кўксингга чуқурроқ ботар изтироб…

5
Қайси кузда сени унутдим ахир…
соп-сориғ кулгулар гуллаган боғда —
Бир дамни эладим…
тушундим охир,
бизсиз туйғуларни ажал қучоқлар.
Қайси йўл баҳорга элтади билмам,
кузакий нигоҳлар ичра, сени мен —
Ўнгимдан парчалаб ташладим,
энди,
тушларсиз ҳаёт ҳам ўлим билан тенг.

28. 1. 2020

МАКТУБ

Ойқиз, эслайсанми,
елкам узра жим,
Оғиргина бошинг
суянганини.
Хижолат чекмасин
ярамас кўнглим,
Бўсалар ишқимдан
уялганини…
Бугун кетаяпман,
тош шаҳар фақат,
Кўзимга шунчалар
ночор кўринди.
Висолга ташнадир
бунда ҳар бекат,
Хижронга гувоҳдир
ҳар бир ўриндиқ.
Қара, тун ҳам гўзал,
оқшомги сайр,
эслатмас, ҳаётнинг
фироқларини.
Бир-бировга демас
ҳеч қачон «Хайр»,
Қадар «Алвидоли»
нигоҳларини…
Ахир айт, ёдингдан
чиқарми бир кун,
Шубҳалар, гуноҳлар,
савол, аразлар?
Бировлар арзимас
қахрингга тушун,
Томчи ёшинггада
ҳеч арзимаслар…
Руҳингни оғриқлар,
дардлар тоблади,
Кўксингдан туртдилар
бирдай дўст-ғаним.
Эслайсанми, қалбим
изтироблари —
Тушларим ҳақида
алжираганим.
Сира аблаҳлигим
олмас эдинг тан,
Кулгумда тентаклик
зоҳирлигини.
Ахир, билардингку
мени ҳаммадан,
Қизғониб севмоқлик
оғирлигини…
Мен эса истардим
яна камига,
топаверсам азоб,
ҳасрат, ғам, зорлар,
жонлар тандан чиқиб
кетар дамида,
жаннатга тушушин
гуноҳи борлар.
Йиғламоқ — уятдир,
кулмоқ — андиша,
оқ ва қораларга
қисмат ёрлиги.
Мендан кетказмагай
сени ҳамиша,
Шеърдан ҳам устунроқ
нарса борлиги…
Бошим хам, тиззамни
қўрқув букади,
Ҳали билмам, бахтга
балки эгаман.
Энди, хат сўнггига
сўзим тугади,
Аблаҳ Бобожон деб
имзо чекаман!

1. 2. 2020

***

Томчилаб-томчилаб ингранар кўнглим,
томчилаб-томчилаб адо бўлар руҳ.
Томчилаб-томчилаб туганар умрим,
томчилаб-томчилаб кўпаяр андуҳ.
Юракнинг қисматга эътирози минг,
ёлғон нигоҳини қадайди фалак.
Канотлари хўл-у, кўзларида мунг,
тиззамга бош қўйиб йиғлар бир малак…

Томчилаб-томчилаб сенга қайтаман,
томчилаб-томчилаб тиланасан «Кет!»
Ёмғирдай бир маҳзун қўшиқ айтаман,
устимдан кулгулар сочади Тошкент.
Бировнинг ҳислари, бировнинг қўнгли,
яна бировининг виждони йиғлар.
Йўқ, кучим етмайди, йўқ, етмас қўлим…
томчига дўндирди ул айрилиқлар.

Тангрим, изтироблар насибим мубҳам,
кўксим зириллайди сўнгсиз хатодан.
Ҳафа бўлмайсанми баҳтсиз азизам,
томчилаб-томчилаб ўтсам дунёдан?!

10 феврал, 2020

***

Ўтаётган кунлар…
ёмғирли шаҳар,
кўнглимда соғинчдай ёдинг айниган.
Йўлим бурилади сенсизлик қадар,
таниш қаҳваҳона сари айни дам…
«Келинг! Хуш келибсиз! Соғ бўлинг! Раҳмат!»
қара ҳар бир нигоҳ мени танийди.
Хотирамда мангу бўлмасанг фақат,
«Бу он сен ёнимда бўлсанг қанийди!..»

Қорачиғим ичра қотган қиёфанг,
у бахтли кунлардан қолгани — соғинч.
Ташқарида ёмғир…
Фаромуш оҳанг —
ҳатто тушларимда қўймас бўлди тинч.

Сен балки, дардларда, бир далда излаб,
етмай қолган пулнинг ташвишида жим,
Тошкентнинг қайси бир бурчида музлаб,
сарсон юргандирсан ғамгин азизим…

Сенга ора-ора қоқиб қўнғироқ,
аблаҳни қилишар тинмай эътироф.
«Севинг, нафратланинг, сиз кетманг бироқ,
юрагини асранг, юрагини соф…»
Мен эса чекаман,
бу қандай лаззат…
ўксиниб, ўртаниб, йўталиб оғир.
Сўнгсиз хаёлларим бузар дераза:
ахир қачон тинар ярамас ёмғир?!

Оққуш қанотидай покиза висол,
ёлғизлик қаршимда ўй суради тим.
Ташна лабларимдан тилар бир савол:
малол келмайдими сенга борлигим?!
Кафтимни кафтига олар изтироб,
елкамга бош қўяр меҳрибон ғамим.
Қизиқ, ҳалал бермас ҳеч кимга бу тоб,
жимликни тушуниб йиғлолмаганим…

Узлат — жаннат, тушун, қандай тонаман?
Ҳар куни ёдингдан этмайди жудо,
сенга, менга таниш қаҳвахонада,
руҳимни яратар қайтадан Худо…

10 феврал, 2020

***

Ўксинмадим дейсан,
йўқ, бари ёлғон,
оқшомлар йиғлайсан ичикиб, ҳўнграб.
Сезасан: дунё тор, пасаяр осмон,
ёнимга қайтишни ўйлайсан сўнгра…

Кўчага отилиб чиқмайсан эркам,
руҳингни оғриқлар ўраб олгандир.
Сочларинг соғиниб увишар елкам,
«Балки, айтадиган сўзи қолгандир…»
— ўйлайман, хаёлим — бола, суюниб,
кўксимдан эритсанг тошу музларни.
Хурсанд қилмайсан ҳеч ташриф буюриб,
менга олиб келар автобусларни.

Тушун, меникимас бахтни нетаман,
бир тонг отса бўлди уйга кетаман…
Шунда балки бўлмас мунгли кўзим ёш,
соғинчинг қошида эгмайдирман бош.
Қисмат йўлиқтирган олий кадарга,
мен тунлар эркалаб шеърлар битаман,
кўзёшинг устидан кулган шаҳарга.

Бу дам қаерларда, кимлар билансан,
мехрга, севгига, бир сўзга зорсан.
Эзилма, ўзимга азоб тилансам,
кўксимга оловлар ёқиб юборсам…

Эътибор бермагин кўзда ёшимга,
ахир гапларимдан зарра йўқ маъни.
Тангрим, келтирмаган сени қошимга,
менинг азобимдан азоблангани…

11.2.2020

***

Бир-бировга ошиқ бўлганимиз — лоф,
Қора тасма каби чувалган теграм,
Таниган кимсалар очмайди эшик,
Айрилиқ — кўнгиллар учун эътироф,
Азоб — муваққатдир, англовим, Эгам,
Руҳимизда ғамлар тебратар бешик.

Тунлари кўзёшга қорилган музтар,
Сариқ қоғоздаги унут шеърдайман,
Ҳатто тушларингга кираман бузиб,
Сен иста, мен истам, на бошқа истар,
Ўзимдан бошқага асло бермайман,
Ва асрайман сени ўзимдан ўзим…

Бироз ором олсак ўтмишни тинглаб,
Сен унда ёлғизу, мен бунда ёлғиз,
Ё Раббим, мехру, муҳаббат — кахат,
Руҳлар кўзгусида чеҳралар инграр,
Жимгина кузатдик, бўлолмадик биз,
На Лайлисифату, на Мажнунсифат…

Ҳар кеч ёмғирларнинг алангасида,
Ўртамизга тинмай томчилайди чўғ,
У бахтли дамларни ёқиблар элас,
Борарга манзил бор, кетарга чидам,
Бир-бировни эслаб йиғламасак, йўқ,
Қайтарга бир йўлни изламасак бас…

12. 2. 2020

***

Тошкентни томчилаб ўртайди ёмғир,
Ойнага юз босиб,
ўй сурар бир қиз.
Худога аталган юрагим менинг,
Фақат, уникидир ундаги бор ҳис.
Кунлар оловланар кўксим каби жим,
Мунгларга тўлдириб садоларимни.
Бир қиз нигоҳлари тикилар маъсум,
Эслатганча барча ҳатоларимни.
Кечирим сўрайман,
бир аблаҳман рост —
Борини кўнглига топширган дайди.
Ёнимда қолишга мажбур эмас ҳеч,
Ахир, у қизнинг йўқ биронта айби…
Қабул қилма мени, яхшиси ҳайда,
Кетарман, тилагин оппоқ бир йўлни.
Фақат, ўтинаман менинг учун ҳам,
Кўнглини асрагин, кўнгилни…
Сен фақат бахтимсан аросатдаги,
Сен фақат қувончим ичра ғамимсан.
Сен фақат кўзимга аталган қайғу,
Сен фақат ўзимга тиланганимсан.
Шодликка бошини эгмас азобим,
Изтироб қошимда тураверар шан.
Эркам, мени тушун, дунёда балки,
Ёмғирли шаҳарда ёлғиз одамман…

Тошкентни томчилаб ўртайди ёмғир…

15.02.2020

ҲАММА ҲАР ХИЛ АТАЙДИГАН УЧ ШЕЪР

МЕН

Йиғладим.
Елкамдан кўтармади ғам,
Қолдим ёлғизликда ёди — фаромуш.
Кўзларим инграниб олий севгидан,
Кўзларингга қараб турарди ҳомуш.
Ўпдим, билганимча умрбод надим,
Қуюқ сочим аро кезган кафтингни.
Оқшомлар ичикдим, унутолмадим,
Лабларимга босган қайноқ тафтингни…
У дамлар хотирдан ўчмас ҳеч қачон,
Гарчи, гуноҳ дедик бизлар муҳаббат,
Юзимга юз босиб турарди бир тонг,
Бағримда ўйнарди кесилган зулмат.
Мен ўйлар сурмадим, сенку фаришта,
Қанотлар қоқасан, айбдор атаб.
Ахир, чарчаганман ҳар дам, ҳар ишда,
Минглаган гуноҳни бағримга қадаб…
Ёнимга бахт истаб келишдан олдин,
Руҳингда изтироб йиқилганини,
Сўнг бирдан термулдинг, англолмай қолдим,
Қайси гуноҳ учун туғилганимни?

СЕН

Оғир келмайди ҳеч дардга борлигинг,
Маъсум кечаларнинг поқиза қизи.
Бормиди, билмайман хабардорлигинг,
Кўксимда армоннинг бир ўчмас изи.
Қаттиқроқ қучасан аритмоқ истаб,
Лабингдан чиққан сўз юракка жазо.
Қарашим сукунат ичра оҳиста,
Кўксингга урилиб қилади қазо.
Мангу мен билан қол, гулим, қисматим,
Қўйнимда титроғинг ўрлаган маҳал.
Худо бизга берган гуноҳлар — қадим,
Худо бизга берган гуноҳлар — гўзал.
Кўзёшлар — гуноҳлар каби дея соф,
Сен унда, мен бунда кўзни ёшлаймиз,
Гуноҳли онларни қиламиз исроф,
Гуноҳли кунларни яшай бошлаймиз.
Фурсатлар ичинда ҳисларинг завол,
Йиғламоқ нимадир, кулмоқлик надир?
Сени қийнай бошлар, кейин бир савол,
Қайси гуноҳ учун ўламан ахир?

ХУДО

Мен тутган дийдорлар гуноҳ эмасдир,
Кечирмам, ким-кимга тутса гар азоб.
Сўзларим кўнгилга сўроқ эмасдир,
Қайтаргум, ишқи бор одамга жавоб.
Гуноҳлар яратдим улкану майда,
Гуноҳлар яратдим оқу ҳамда тим.
Кечираман албат, ким бўлсин, қайда,
Чин дилдан сўраса кечирим…
Яшайди ўксиниб, яшайди бўзлаб,
Яратиб умрида олий зорларни.
Гуноҳкор яратдим, сизлар этинг авф,
Ўзидан ҳам катта қалби борларни…
Майли, ҳатарлидир, майли бехатар,
Суяман, асраса мендек ким-кимни.
Аммо, ҳеч замонда, беишқ бўлса гар,
Кечирмам, гуноҳсиз бандаларимни…

18. 2. 2020

067Kecha she’riyaiimizda alohida o‘rin egallagan shoir Matnazar Abdulhakim tug‘ilgan kun edi. O‘sha kuni Rahmat Bobojon o‘zining feysbukdagi sahifasida mana bu yozuvni qoldiribdi: «Bu she’rni yozganimga ham ikki yil bo‘libdi… O‘sha kunni hamon tip-tiniq eslayman, Samarqanddan Xorazmga ertalab soat 8 da kelib tushganmiz poezddan. O‘sha kun Matnazar Abdulhakimning universitetda yubiley tadbiri bo‘layotgandi. Samarqanddagi tadbirlar, yo‘l shunday charchatgan ediki, oyoqda turishga kuchim yo‘q edi. Kamiga zal odam bilan liq to‘la, o‘tiradigan joy topish mushkul. Bir mahal o‘rindiqlar o‘rtasidagi uzun yo‘lakchaning o‘rtasiga chordona qurib o‘tirib oldim.Birdan qarsaklar, hofizga navbat berildi, tanish musiqa, tanish so‘zlar, men ustozga bag‘ishlab yozgan she’r jonli ijroda aytilyapti. Ikki oyog‘imni birlashtirib quchib, ko‘zimga yosh kelib, mast odamday chayqalib eshitganman…
Ustoz, sizga loyiq shogird bo‘lishga harakat qilyapman, joyingiz jannatda bo‘lsin!..»
Rahmat, Yaratgandan ushbu istak va duolaringiz qabul bo‘lishini so‘rab qolaman.

Rahmat BOBOJON
YANGI  SHE’RLAR


Rahmat Bobojon (Rahmatjon Bobojonov) – 1998 yili Xorazm viloyati Shovot tumanida tug‘ilgan. Urganch ijtimoiy-iqtisodiyot kollejini tamomlagan. “Xorazm” nashriyotida muharrir, “Jayhun” gazetasida muxbir sifatida ishlab kelyapti.
Maqolalari, she’rlari, tarjimalari “Tamaddun nuri”, “Ezgu so‘z”, “Xorazm haqiqati” kabi nashrlarda chop etilgan. 2016 yilda “Ko‘ngil g‘unchasi” nomli she’rlar to‘plami chop qilingan. Ijod namunalari “Jilg‘alar qo‘shig‘i”, “Mitti hikoyalar: kecha va bugun”, “Shovot mavjlari” almanaxlaridan ham joy olgan.


OSMONGA MAKTUB

Matnazar Abdulhakimga

Osmonga dil bergan,
osmonni sevgan,
Men sening kuyunchak o’g’lingman zamin,
Roziman dunyodan meni ayirsa,
O’zimning emas yo’q, o’zgalar g’ami…

Kuzak shamollari hazon podasin,
Quvganda tinmasdan oldiga solib.
Senga qo’llarimni uzatdim falak,
ishq qolib,
yor qolib,
g’arib dil qolib.

Sirlarimni aytdim yolg’iz o’zingga,
Ne azob-uqubat o’tganda jondan.
Insonman talpingan insoniylikga,
Osmonga talpingan osmonman…

Garchi, she’r o’stirdim mahzun bog’larda,
Teng tutdim mehrimni hammaga tun-kun.
Ko’ksim Orol misli qurimasin deb,
Ko’zlarimdan toshar tinmasdan Jayhun.

O’zgalar dardiga quloq tutaman,
O’zgalar dardidan o’yaman yurak.
O’zgalarsiz yolg’iz mamnun yashamoq
O’zgalarsiz baxtlar kimga ham kerak?!

Men seni sevaman mangu, abadiy…
Bu g’amgin dunyodan ketganim zamon,
Qayg’urib, o’ksinib, silkinib og’ir
Axir, sen birinchi yig’laysan osmon!

18.10.2018

***
1

Labingda kulgudan qolgan xotima,
Nigohing ko’ksiga toshlar botgan tush –
Tonglardan bir go’zla o’pich so’radi,
Bir visol istadi oxorsiz kuzdan,
“Kel” degan bir so’zdan Qaqnus to’radi,
Haqqushlar yaraldi “Ket” degan so’zdan.
Endi, hammasidan og’ir unutish –
Endi, yo’qlovingga ko’nmas xotira…

Sen harir libosi kirlangan malak,
Ruhi dog’laridan ajralmas faryod.
Na zamin uchadi,
Na cho’kar falak,
Na o’lim meningdir,
Na sening hayot…

Vaqt cho’loq oyog’in sudragan damlar,
Yurak hurujlarga biron so’z aytmas.
Ketmas, deb o’ylaysan endi kelganlar,
Tushun, ketganlar ham hech qachon qaytmas.

Labingda kulgudan qolgan xotima…

2

Chuqur ketgan sayin teransan, doim
Bola nigohlarim qariga botar.
Aqlingda o’zgacha shakl-shamoyil,
Har so’zing qismatga paykonlar otar,
Va yana kamiga ko’ngling bor, qoyil…

Go’zal tuyog’ularni so’raysan, dalli,
Yashaysan girdoblar yutmas siringni.
Axir, yoningdaman sezmaysan hali,
Na tashlab qo’yasan bir ko’z qiringni,
Na kelasan guldek baxtlar tutgani…

Faqat, o’tirasan sukunat – sharob,
Tomchilab-tomchilab dundan o’tasan.
Sen bergan farmondir – oshiqlik – xarob,
Sen bergan toj axir – abadiylik g’am,
Sen bergan taxt bo’lar bir kun – iztirob…

7. 1. 2020

METRODAGI YOLG’IZLIK HAQIDA UCH SHEЪR

1

Har bekat jimgina tazarru aytar,
o’ksib olib ketar ohlarni poyezd.
O, faqat o’zini o’ziga qaytar,
bir najot tilanib kelgani bu kez.
Tahqirdir topgani ko’nglini yozib,
qara, hislarining doyasi sukut.
Qora shlyapasin ko’zgacha bosib,
ketib borayapti olifta yigit.
Alarga ishonma, — o’ylaydi bu dam,
— yolg’on, maqtovlarga uchmadim hargiz…
Axir, u zo’r shoir va yaxshi odam,
uni tanimaydi jingalaksoch qiz.
Toshkent, tuyg’ulari pokiza juvon,
jismida o’rmalar oq ilon — dilgir.
Yuvar qir ko’nglini yigitning bu on —
yerning ostidagi alamli kulgi…
Uning dunyo bilan sira ishi yo’q,
faqat, aldanmoqlik qo’lidan kelar.
Metro bor. Dalda bor. Ko’ngil esa to’q,
poyezdlar to’xtaydi, poyezdlar yelar…
Tilsiz tashvishlardan ko’ksini asrab,
kunlari ko’zidan arazlab o’tar.
Uyida yashaydi bir dunyo hasrat,
uni hovlisida yolg’izlik kutar.
She’r esa umrini qirquvchi so’roq,
xovuchlab sochadi daqiqalarni.
Tan olgisi kelmas, bilsada biroq,
yerning ostidagi haqiqatlarni…

207

Lahzada Toshkentni zabt etar yigit,
telbalik istagi — tentimoq bunda.
O’tkinchi dunyoning tashvishi unut,
shaharni aylanib chiqar bir tunda.
Siz uni kechiring, ko’ngli, bori shu,
bir qarashi yig’i, bir qarashi oh.
Manzilsiz yo’llarda tushuninglar u,
temir shpallardan tilaydi panoh.
Izlar olib borar dunyo osuda,
izlar olib borar yig’i, vidoga.
Izlar olib borar bekatlar — sitam,
izlar olib borar hatto Xudoga.
Izlar olib borar Chilonzor, Chorsu,
izlar olib borar bayram, motamga.
Izlar olib borar har kasga, ammo,
izlar olib bormas bitta odamga…
Yuragimdan o’sib chiqmaydi qanot,
hech qachon kelmasa tushlar o’ngidan.
Tun bo’yi bir seni izlayman, hayxot,
ayt axir, bormisan izlar so’ngida?
Ko’nglimni sen bergan sog’inchga o’rab,
qanchalar intildim, qancha chopmadim.
Yerning ostida ham hattoki qara,
senga olib borar izni topmadim…

3

Yer osti — cho’ng uzlat, bekatlar — g’ashday,
daydishlar bir kuni og’ir kelar, jon.
Endi, tuyuladi moviy ko’zyoshday,
faqat, chaqalarga olingan jeton…

14. 01. 2020

***

Singlimga

Tumanday tarqasa ruhimdan hasrat,
qop-qora ko’zlaring – alamsiz go’sha.
Bir lahzam – shodlikdir, birisi – g’aflat,
mening ham bir kuni ketarim o’sha…
Bo’g’zimga to’lgandi kelarimda oh,
kundan-kun parchalar yuragimni zang.
Bir nigohim – qayg’u, birisi – gunoh,
ko’ksimdan itargin, kelgin, istasang.
Faqat qol. Tosh shahar ko’chalarida,
iztiroblar izlab yig’laganim – sen.
Umrning uzlatli kechalarida,
she’rdek so’zma-so’zlab tiklaganim sen.
Moviy ko’zyosh kabi ketma sochilib,
qo’rqaman, yetmaydi jurat, na qo’lim.
Biroq, meni tushun, gapning ochig’i –
yo’lim – aqli yo’q bir tentakning yo’li.
Toshkent – tentaklarga eng qulay shahar,
yuziga tortmagan uyatdan parda.
Har bir bekatida mushtoqlik yashar,
sog’inchlar yashaydi ijaralarda…
Bunda yurak bilan o’lmoq muqaddas,
muhabbat shundayin buyuk narsaki…
Bir ravishi – alam, birisi – havas,
nasibang bor-yo’g’i achchiq tarsaki.
Unutsin deb hamma azobin ko’zlar,
kulgular o’rnini bermay nolaga.
Akangni har kuni mehribon do’stlar,
sudrab ketar «Milliy qovoqxonaga»…
So’ng bir-bir qulaydi shishalar, tamom,
tutunli suhbatlar zavqi davomiy.
«May ichsang…» o’rtaga tushadi Xayyom,
«Kelmadi…» davrani bezar Navoiy…
Yarimlab qolgandir shaharda tun ham,
Endi uyga. Bilmam, qay uy, qay daha.
Oshnalar hayratda iljayar birdan,
osmonga yetguday otsam qahqaha…
Bilasan, oldingda aybim ko’p axir,
aytolmayman: bitta gunohimdan kech.
Ista aka dema, ablax deb chaqir,
«ko’nglim deb ko’nglingni so’rolmadim hech…»
Tushlarimdan asrab qolganim bir o’y –
hamma kelar-ketar tashlab dard-g’amni.
Agar, men ham ketsam, yig’lamagin qo’y,
hech qachon kechirma ablax akangni…

16.1.2020

***

Bir dunyo yaratdim xayoli bilan,
Bir qiz bor. Ko’zlari ma’suma va tim.
Moviy sog’inchlarin sochidan silab,
o’ksinib-o’ksinib ko’ksimga bosdim…
Oppoq hislariga sotdim o’zimni,
diydori – navro’zdir, vasli – chin hayit.
Olovlarga tutdi aytar so’zimni,
ruhimdan tangacha ayladi mayib.
Saqladim pokiza yuragini sir,
ismini yashirdim hatto hammadan.
Ko’nglim qo’nim topgan, abadiy axir,
Qorachiqlar degan muqaddas vatan.
Tunlar yolg’izlikning yo’qlovi xato,
qismat bergan har ne emas nasibam.
Menga ishon, endi xohlasa xudo,
xiyonat qilmayman tushlarimda ham…

18. 1. 2020

***

To’kilding.
To’kildim.
So’nggi vidoday
tirqirab oqasan tunlar bo’g’zimdan.
Borliging umrimda yolg’iz xatoday,
asray olamanmi seni o’zimdan?
Sarmast davralarda o’ksingan shoir,
aldovlar nazmida yaralmish betin.
Tinglading.
Tinladim.
Azizim xayr…
sochilgan ruhimni tergani ketdim!
Sen faqat unutma, tun tilsimidan,
zulmatni tan olmas qaro tuproqman.
Yo’q, mening kulguyim – faromush sitam,
Anglading.
Angladim.
Bor-yo’g’i “oh”man…
sanchilib qolaman nigohlaringga,
Umrbod ko’zingdan ko’zyosh yo’l izlar.
Yo Rabbim, bu qismat qiynoqlariga,
bosh egib qo’ymasak bo’lgani bizlar!
Yiqlding.
Yiqildim.
Yuzga tegdi gard,
Ko’kdan yuzimizga tushmadi hech nur.
So’ngsiz nafratimga duchor bo’lma deb,
asrmog’im shartdir seni bir umr!

19.1.2020

***

Maktublar bitmadim iztirobimga,
bir seni o’yladim,
to’rt taraf – sukut.
Bu dam ochaversin bag’rin kim kimga,
men senga yelkamni keltiraman, kut!

Qismatsan, bilaman, ketmaysan endi,
tilab olingansan axir Xudodan.
Kim kimga qaydadir she’r bitar edi,
men esa she’rsiz ham baxtiyor odam…

Tushungin, ablaxman sevganing qadar,
nigohimda – iqror, ko’nglimda – tugun.
Kim kimga olovli bo’salar atar,
menchi peshonagdan o’paman, ey gul!

G’ariblik yo’lida qutlug’ nasibam,
sen uchun yashamoq eng muqaddas shon.
Ketib bormoqdadir kimdan kim bu dam,
bir senla dunyodan o’taman ishon…

20.1.2020

***

1

Ko’zlaring rangidek quyuqlashar baxt,
iztirob uyida o’chganday chiroq.
Gurkirab boradi o’ksingan daraxt,
bir qushga yelkasi bo’lgandan panoh.
Sen uni anglaysan, sezasan, ma’sum,
qanoting tolgandir, ko’kka teginib.
Ishon, endi u shod, garchi har mavsum,
yashagan bo’lsa ham egilib…
Bo’ronlar changlarni urdi yuziga,
qiynamas, shohlarin xatto xasligi.
Tinimsiz azoblar boqsa ko’ziga,
daraxtning qush uchun arzimasligi…
Sen esa sevasan, yonib baribir,
to’nka deb joningni qurbon etasan.
Qafasga solasan hurlikni oxir,
o’z Erkingni o’zing tashlab ketasan…

2

Mana, necha kunki, yuragim g’amda,
ruhimda iztirob yelgani-elgan.
Kel deyman, kel endi, sen meni angla,
og’ringan,
o’ksingan,
qiynalgan yelkam.
Bizim yolg’izlikning uyi shinam, keng,
Shodlik kulbasi tor.
ko’zlaringda ko’z –
yuragimda o’sib boradirsan “sen”,
Lablarimdan portlab chiqadi bir so’z.
dard bersang – chiroyli, umrim kulfati,
Sog’inching – gullarin birma-bir tersam.
gulim, qorachiqlar haqqi-hurmati,
Ko’ksim ochib qalbni qo’lingga bersam.
Yolg’izlikni tamom tilka-tilkalab,
azoblar-og’riqlar barchasi tindi.
Bitta bosh og’irlik qilgan yelkaga,
ikki bosh og’irlik qilmaydi endi…

22.1.2020

***

1
Bu tun yolg’izlik ham senga haqorat,
balki, ayriliq ham so’ngso’zin bitar.
Yelkangdan quchadi asta arosat,
qismatingga oliy fojea yetar…
Ruhdan ichkariga hatlagan mahal,
lahzada anglaysan — iztirob kuchin.
Endi, senga sira bermaydi halal,
o’lim tilasalar tushlaring uchun…

2
Bo’g’zingda uhlaydi — aytilmagan so’z,
ko’zingda uhlaydi — yoshing, kechikkan.
Bu oqshom zulmatga turib yuzma-yuz,
uyg’oq tuyg’ularning bari ichikkan…
Yashaysan, anglaysan, ko’nikasan, o,
kuzatib umrning serg’am zaylini.
Axir, men zerikdim uyqular aro,
tushlaringdan ko’chib ketsam maylimi?!

3
Men kimga dil tutsam, qaytar bo’lsa kul,
ichiksam davralar suhbatin tinglab.
Faqat, bilganimcha ko’raversam yo’l,
bir odam yig’lasa dardimni anglab…
Taqdir qarolikdan tonganicha to,
yurakka ketma-ket urilsa mushtlar.
Mening xayolimda qaragin go’yo,
azobdan ulg’ayib bormoqda tushlar…

4
Sukutda ingraydi bir ilohiy nay,
savol to’kiladi ko’zingga undan.
Kulasan, yig’laysan, axir harqalay,
hammadek rozisan dunyoyi dundan…
Tushingni g’ijimlar har oqshom uyqu,
har tongda yurakka tutadi javob.
Ko’zingni battaroq qon qilar qayg’u,
ko’ksingga chuqurroq botar iztirob…

5
Qaysi kuzda seni unutdim axir…
sop-sorig’ kulgular gullagan bog’da —
Bir damni eladim…
tushundim oxir,
bizsiz tuyg’ularni ajal quchoqlar.
Qaysi yo’l bahorga eltadi bilmam,
kuzakiy nigohlar ichra, seni men —
O’ngimdan parchalab tashladim,
endi,
tushlarsiz hayot ham o’lim bilan teng.

28. 1. 2020

MAKTUB

Oyqiz, eslaysanmi,
yelkam uzra jim,
Og’irgina boshing
suyanganini.
Xijolat chekmasin
yaramas ko’nglim,
Bo’salar ishqimdan
uyalganini…
Bugun ketayapman,
tosh shahar faqat,
Ko’zimga shunchalar
nochor ko’rindi.
Visolga tashnadir
bunda har bekat,
Xijronga guvohdir
har bir o’rindiq.
Qara, tun ham go’zal,
oqshomgi sayr,
eslatmas, hayotning
firoqlarini.
Bir-birovga demas
hech qachon «Xayr»,
Qadar «Alvidoli»
nigohlarini…
Axir ayt, yodingdan
chiqarmi bir kun,
Shubhalar, gunohlar,
savol, arazlar?
Birovlar arzimas
qaxringga tushun,
Tomchi yoshinggada
hech arzimaslar…
Ruhingni og’riqlar,
dardlar tobladi,
Ko’ksingdan turtdilar
birday do’st-g’anim.
Eslaysanmi, qalbim
iztiroblari —
Tushlarim haqida
aljiraganim.
Sira ablahligim
olmas eding tan,
Kulgumda tentaklik
zohirligini.
Axir, bilardingku
meni hammadan,
Qizg’onib sevmoqlik
og’irligini…
Men esa istardim
yana kamiga,
topaversam azob,
hasrat, g’am, zorlar,
jonlar tandan chiqib
ketar damida,
jannatga tushushin
gunohi borlar.
Yig’lamoq — uyatdir,
kulmoq — andisha,
oq va qoralarga
qismat yorligi.
Mendan ketkazmagay
seni hamisha,
She’rdan ham ustunroq
narsa borligi…
Boshim xam, tizzamni
qo’rquv bukadi,
Hali bilmam, baxtga
balki egaman.
Endi, xat so’nggiga
so’zim tugadi,
Ablah Bobojon deb
imzo chekaman!

1. 2. 2020

***

Tomchilab-tomchilab ingranar ko’nglim,
tomchilab-tomchilab ado bo’lar ruh.
Tomchilab-tomchilab tuganar umrim,
tomchilab-tomchilab ko’payar anduh.
Yurakning qismatga e’tirozi ming,
yolg’on nigohini qadaydi falak.
Kanotlari xo’l-u, ko’zlarida mung,
tizzamga bosh qo’yib yig’lar bir malak…

Tomchilab-tomchilab senga qaytaman,
tomchilab-tomchilab tilanasan «Ket!»
Yomg’irday bir mahzun qo’shiq aytaman,
ustimdan kulgular sochadi Toshkent.
Birovning hislari, birovning qo’ngli,
yana birovining vijdoni yig’lar.
Yo’q, kuchim yetmaydi, yo’q, yetmas qo’lim…
tomchiga do’ndirdi ul ayriliqlar.

Tangrim, iztiroblar nasibim mubham,
ko’ksim zirillaydi so’ngsiz xatodan.
Hafa bo’lmaysanmi bahtsiz azizam,
tomchilab-tomchilab o’tsam dunyodan?!

10 fevral, 2020

***

O’tayotgan kunlar…
yomg’irli shahar,
ko’nglimda sog’inchday yoding aynigan.
Yo’lim buriladi sensizlik qadar,
tanish qahvahona sari ayni dam…
«Keling! Xush kelibsiz! Sog’ bo’ling! Rahmat!»
qara har bir nigoh meni taniydi.
Xotiramda mangu bo’lmasang faqat,
«Bu on sen yonimda bo’lsang qaniydi!..»

Qorachig’im ichra qotgan qiyofang,
u baxtli kunlardan qolgani — sog’inch.
Tashqarida yomg’ir…
Faromush ohang —
hatto tushlarimda qo’ymas bo’ldi tinch.

Sen balki, dardlarda, bir dalda izlab,
yetmay qolgan pulning tashvishida jim,
Toshkentning qaysi bir burchida muzlab,
sarson yurgandirsan g’amgin azizim…

Senga ora-ora qoqib qo’ng’iroq,
ablahni qilishar tinmay e’tirof.
«Seving, nafratlaning, siz ketmang biroq,
yuragini asrang, yuragini sof…»
Men esa chekaman,
bu qanday lazzat…
o’ksinib, o’rtanib, yo’talib og’ir.
So’ngsiz xayollarim buzar deraza:
axir qachon tinar yaramas yomg’ir?!

Oqqush qanotiday pokiza visol,
yolg’izlik qarshimda o’y suradi tim.
Tashna lablarimdan tilar bir savol:
malol kelmaydimi senga borligim?!
Kaftimni kaftiga olar iztirob,
yelkamga bosh qo’yar mehribon g’amim.
Qiziq, halal bermas hech kimga bu tob,
jimlikni tushunib yig’lolmaganim…

Uzlat — jannat, tushun, qanday tonaman?
Har kuni yodingdan etmaydi judo,
senga, menga tanish qahvaxonada,
ruhimni yaratar qaytadan Xudo…

10 fevral, 2020

***

O’ksinmadim deysan,
yo’q, bari yolg’on,
oqshomlar yig’laysan ichikib, ho’ngrab.
Sezasan: dunyo tor, pasayar osmon,
yonimga qaytishni o’ylaysan so’ngra…

Ko’chaga otilib chiqmaysan erkam,
ruhingni og’riqlar o’rab olgandir.
Sochlaring sog’inib uvishar yelkam,
«Balki, aytadigan so’zi qolgandir…»
— o’ylayman, xayolim — bola, suyunib,
ko’ksimdan eritsang toshu muzlarni.
Xursand qilmaysan hech tashrif buyurib,
menga olib kelar avtobuslarni.

Tushun, menikimas baxtni netaman,
bir tong otsa bo’ldi uyga ketaman…
Shunda balki bo’lmas mungli ko’zim yosh,
sog’inching qoshida egmaydirman bosh.
Qismat yo’liqtirgan oliy kadarga,
men tunlar erkalab she’rlar bitaman,
ko’zyoshing ustidan kulgan shaharga.

Bu dam qayerlarda, kimlar bilansan,
mexrga, sevgiga, bir so’zga zorsan.
Ezilma, o’zimga azob tilansam,
ko’ksimga olovlar yoqib yuborsam…

E’tibor bermagin ko’zda yoshimga,
axir gaplarimdan zarra yo’q ma’ni.
Tangrim, keltirmagan seni qoshimga,
mening azobimdan azoblangani…

11.2.2020

***

Bir-birovga oshiq bo’lganimiz — lof,
Qora tasma kabi chuvalgan tegram,
Tanigan kimsalar ochmaydi eshik,
Ayriliq — ko’ngillar uchun e’tirof,
Azob — muvaqqatdir, anglovim, Egam,
Ruhimizda g’amlar tebratar beshik.

Tunlari ko’zyoshga qorilgan muztar,
Sariq qog’ozdagi unut she’rdayman,
Hatto tushlaringga kiraman buzib,
Sen ista, men istam, na boshqa istar,
O’zimdan boshqaga aslo bermayman,
Va asrayman seni o’zimdan o’zim…

Biroz orom olsak o’tmishni tinglab,
Sen unda yolg’izu, men bunda yolg’iz,
Yo Rabbim, mexru, muhabbat — kaxat,
Ruhlar ko’zgusida chehralar ingrar,
Jimgina kuzatdik, bo’lolmadik biz,
Na Laylisifatu, na Majnunsifat…

Har kech yomg’irlarning alangasida,
O’rtamizga tinmay tomchilaydi cho’g’,
U baxtli damlarni yoqiblar elas,
Borarga manzil bor, ketarga chidam,
Bir-birovni eslab yig’lamasak, yo’q,
Qaytarga bir yo’lni izlamasak bas…

12. 2. 2020

***

Toshkentni tomchilab o’rtaydi yomg’ir,
Oynaga yuz bosib,
o’y surar bir qiz.
Xudoga atalgan yuragim mening,
Faqat, unikidir undagi bor his.
Kunlar olovlanar ko’ksim kabi jim,
Munglarga to’ldirib sadolarimni.
Bir qiz nigohlari tikilar ma’sum,
Eslatgancha barcha hatolarimni.
Kechirim so’rayman,
bir ablahman rost —
Borini ko’ngliga topshirgan daydi.
Yonimda qolishga majbur emas hech,
Axir, u qizning yo’q bironta aybi…
Qabul qilma meni, yaxshisi hayda,
Ketarman, tilagin oppoq bir yo’lni.
Faqat, o’tinaman mening uchun ham,
Ko’nglini asragin, ko’ngilni…
Sen faqat baxtimsan arosatdagi,
Sen faqat quvonchim ichra g’amimsan.
Sen faqat ko’zimga atalgan qayg’u,
Sen faqat o’zimga tilanganimsan.
Shodlikka boshini egmas azobim,
Iztirob qoshimda turaverar shan.
Erkam, meni tushun, dunyoda balki,
Yomg’irli shaharda yolg’iz odamman…

Toshkentni tomchilab o’rtaydi yomg’ir…

15.02.2020

HAMMA HAR XIL ATAYDIGAN UCh ShEЪR

MEN

Yig’ladim.
Yelkamdan ko’tarmadi g’am,
Qoldim yolg’izlikda yodi — faromush.
Ko’zlarim ingranib oliy sevgidan,
Ko’zlaringga qarab turardi homush.
O’pdim, bilganimcha umrbod nadim,
Quyuq sochim aro kezgan kaftingni.
Oqshomlar ichikdim, unutolmadim,
Lablarimga bosgan qaynoq taftingni…
U damlar xotirdan o’chmas hech qachon,
Garchi, gunoh dedik bizlar muhabbat,
Yuzimga yuz bosib turardi bir tong,
Bag’rimda o’ynardi kesilgan zulmat.
Men o’ylar surmadim, senku farishta,
Qanotlar qoqasan, aybdor atab.
Axir, charchaganman har dam, har ishda,
Minglagan gunohni bag’rimga qadab…
Yonimga baxt istab kelishdan oldin,
Ruhingda iztirob yiqilganini,
So’ng birdan termulding, anglolmay qoldim,
Qaysi gunoh uchun tug’ilganimni?

SEN

Og’ir kelmaydi hech dardga borliging,
Ma’sum kechalarning poqiza qizi.
Bormidi, bilmayman xabardorliging,
Ko’ksimda armonning bir o’chmas izi.
Qattiqroq quchasan aritmoq istab,
Labingdan chiqqan so’z yurakka jazo.
Qarashim sukunat ichra ohista,
Ko’ksingga urilib qiladi qazo.
Mangu men bilan qol, gulim, qismatim,
Qo’ynimda titrog’ing o’rlagan mahal.
Xudo bizga bergan gunohlar — qadim,
Xudo bizga bergan gunohlar — go’zal.
Ko’zyoshlar — gunohlar kabi deya sof,
Sen unda, men bunda ko’zni yoshlaymiz,
Gunohli onlarni qilamiz isrof,
Gunohli kunlarni yashay boshlaymiz.
Fursatlar ichinda hislaring zavol,
Yig’lamoq nimadir, kulmoqlik nadir?
Seni qiynay boshlar, keyin bir savol,
Qaysi gunoh uchun o’laman axir?

XUDO

Men tutgan diydorlar gunoh emasdir,
Kechirmam, kim-kimga tutsa gar azob.
So’zlarim ko’ngilga so’roq emasdir,
Qaytargum, ishqi bor odamga javob.
Gunohlar yaratdim ulkanu mayda,
Gunohlar yaratdim oqu hamda tim.
Kechiraman albat, kim bo’lsin, qayda,
Chin dildan so’rasa kechirim…
Yashaydi o’ksinib, yashaydi bo’zlab,
Yaratib umrida oliy zorlarni.
Gunohkor yaratdim, sizlar eting avf,
O’zidan ham katta qalbi borlarni…
Mayli, hatarlidir, mayli bexatar,
Suyaman, asrasa mendek kim-kimni.
Ammo, hech zamonda, beishq bo’lsa gar,
Kechirmam, gunohsiz bandalarimni…

18. 2. 2020

022

(Tashriflar: umumiy 6 084, bugungi 2)

1 izoh

Izoh qoldiring