Jontemir. Yangi she’rlar

07Бугунги саҳифамизда ўзбек шеъриятининг янги авлодига мансуб ижодкорлардан бири Жонтемирнинг куз фасли давомида ёзган шеърларидан айрим намуналарни мамнуният ила сизга тадим этмоқдамиз.

ЖОНТЕМИР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


Кузланиш

106
Ижара уй,
Унда ҳоким мозор кимсасизлиги.
Соат – қарға,
Қарғанар: «чиқ-чиқ».
Чиқиб кетолмайсан,
Чўнтагинг
вабо теккан қишлоқдай бўм-бўш.

Девордаги қилтириқ соя
ланг очиқ ойнадан ёмғирни тинглаб
куз билан чекишиб ўлтирибди жим…

2
Куз ҳам мендек кашанда фасл.
Ишонмайсиз?
Яхшилаб қаранг!
Кетмагандир бежиз сарғариб –
Менинг тишим,
Унинг барглари.

3
Орқалаб тасаввур қопини,
Ёмғирдан ёпинчиқ ёпиниб,
Шалаббо ҳисларга топиниб,
Ёзсанг.

Тушовлаб сулувлар тушини,
Сайратиб сукунат қушини,
Фаною бақони тушуниб,
Ёзсанг.

Телбасан, бўғзингда телба сўз,
Кўчкидай уйилиб келса сўз,
Кўз ёшдай қуйилиб келса сўз,
Ёзсанг.

Етти қат осмондан баландда,
Дулдулга ўхшаган саманда,
Сайр этиб, мисоли самандар,
Ёзсанг.

Зангори ўрмонда юргандай,
Чексизлик чекини кўргандай,
Қаршингда Ажалинг тургандай,
Ёзсанг!

4
Кечаларни чизишга тушдим,
Кечаларки, машрабона шеър.
Сатрлари: нимсариқ, пушти,
Бармоқларим – далли мусаввир.

Кетгандайман лаҳзадан ўзиб,
Туғилдимми хаёл буржида?
Бошқаролмам ўзимни ўзим –
Тургандайман найза учида.

Теваракка боқардим мулзам,
Нохос танга сирли руҳ инди.
Улкан ойга айландим, ўлсам,
Коинотга кўмарлар энди.

Кечаларки, машрабона шеър…

5
Август олгач оловли бўса,
Бошланаркан ҳаво музлаши.
Шоирлашиб кетгандай кузак,
Шоирлар ҳам кетар кузлашиб.

Бардошингни бой берма, Дарахт,
Япроғингга етмасин чириш.
Мана, қоним қуйилган қадаҳ,
Ичиб узоқ яшашга тириш.

Ҳаётимиз сенга боғланган,
Қўй, алдайди лўттибоз шамол.
Ранг-рўйимиз ишқдан доғланган,
Раҳминг келсин, эй соҳиб жамол.

Ишонмайсан, тағин куласан,
Тьяншанмас, эмасмиз Помир.
Кузнинг сўнгги барги қуласа,
Узилади шоирнинг жони…

Бардошингни бой берма, Дарахт.

Бомдод

Томчиларнинг остида шундоқ
ғусул олар ҳовлидаги боғ…

Патларини тарайди чумчуқ,
Оғиз чаяр шаффоф кўлмакда.
Анкабутлар йигирар урчуқ –
Ўлжалари мизғир йўргакда.

Майсалардан тўшалган палак
нақшларига шудринг чизилган.
Ердан чиққан қоратус малак –
Чумолилар сафга тизилган.

Бомдод яқин. Боғ чорловга тахт,
Мусичалар зуҳрони чўқир.
Дарахтлар ҳам мусулмон, фақат,
Тик турганча намозин ўқир…

Шоирлар

Тўкилдик осмондан нурдай эланиб,
Шамолга беланиб, сўзга беланиб.
Тилимиз – болари тилидан ширин,
Руҳимиз қовжирар тузга беланиб.

Тўкилдик, тўкилдик, тўкилавердик,
Томир-томирлардан сўкилавердик.
Бургутлар пастламас, товуслар – танноз,
Калхат тумшуғида чўқилавердик.

Ҳақир изтиробга тайинландик шоҳ,
Қувлашмачоқ ўйнаб дарахтлар билан.
Аждарҳо тишини тозалаймиз гоҳ,
Гоҳ чил-чил синамиз қадаҳлар билан.

Морбоз туйғуларга ўйин тушамиз,
Эгилмас бўйинда Машраб сиртмоғи.
Итнинг ётоғидан баттар гўшамиз,
Сарбадор юракда майса титроғи.

Шаробга айланди қонимиз охир,
Ичсин, телбаликка дош берса биров.
Хўржунни кўтаринг, қани мусофир,
Ҳаяллаб қолмасин элчимиз – Ғирот.

Манзил танламаймиз, дўзах ҳам сўлим,
Баҳор сиғдирмаган ўгаймиз – кузак.
Қабр танламаймиз, танлаймиз ўлим,
Ўлимки, Юсуфдан минг карра гўзал!

Руҳимиз қовжирар тузга беланиб…

Ваъда

Набирангдан ранжима, момо,
Беоқибат чиққани учун.
У – кетай деб ҳақиқат томон,
Авлиёга эргашган кучук.

Яшолмайди бир жойда туриб,
На кундуз, на тунга сиғади.
Нахс, нафратдан қалбини қўриб,
Хирмон-хирмон иймон йиғади.

Гарданида Ҳофиз босган юк,
Чидайдида, ўтгунча навбат.
Умидидан армони буюк,
Ёзганлари шеър эмас, тавба.

Қайси муҳим: келажак, мозий?
Қайси афзал: қабртошми, хоч?
Деразамнинг ортида ҳозир
Қарс йиқилди мен севган оғоч.

Қўрқиб кетдим, сени ўйладим,
Томоғимни тирнади ёдинг.
Ёзғирардинг “бекор куйларинг,
Чўл бўлади ҳадемай водий.”

Ўзинг ҳақда айтгансан чоғи,
Водий менми?
Сенми ўша чўл?
Тополмайман сўзнинг қаймоғин,
Айиргандан бери бизни йўл.

Ўлмай туриб кўмилди отам,
Онам шўрлик тушимга кирмас.
Ёлғизликдан бошқа ҳеч Ҳотам
Иккимизга тасалли бермас.

Сенсиз умрим – пайтава, латта,
Йиртилгунча яшаб кўрай ман.
Момо, момо, қайтсам албатта,
Этагингдан салла ўрайман!

Томоғимни тирнади ёдинг…

***
Асабийсан, руҳингда шовқин,
Қадамларинг судралар лохас.
Ҳаёт – ўрмон,
Мириқиб ов қил!
Ўзи излаб келмайди оҳанг.

Ақлни еч, туйғуни қўйвор,
Йиринглаган ўтмишни унут.
Бирор чолғу чалмаган куй бор,
Уни сенга севалар булут.

Шивирла ишқ ғазалларини,
Енголмасин тушкунлик – тўнғиз.
Уйқудаги асаларининг
Тушидаги гулзорга шўнғи…

Ана, ичиб ўткир қимиздан
Сархушланган чўпондай маъсум.
Юрагингга ин қурган қиздай,
Лабингга лаб босди табассум.

Эҳтиросдан қолма эловлаб,
Сал чалғисанг шовқин михлайди.
Сен оҳангни олдинг жиловлаб,
Афсуски у шеърга сиғмайди.

Англадингми, биз нега ёлғиз?
Пайкон руҳинг жойланган тун – ёй.
Шоир – Худо ясаган чолғу,
Қодир эмас чалишга дунё.

Бирор чолғу чалмаган куй бор!

ҲАҚҚИМ ЙЎҚ

Остонангга қалбимни
михлашга ҳаққим борми?
Чўккан қабр бошида
йиғлашга ҳаққим борми?

Она, сенинг наздингда
авбош тўфондир умрим.
Кимларгадир тўғаноқ
улкан тўғондир умрим.
Асли мўрча белидан
бироз йўғондир умрим.

Кўксимдаги оловни
ювиб тургай тўлқинлар.
Бирда ўнг елкам оғса,
Бирда йўлим бошлар чап.
Шу ҳолатим аросат –
Қандай яшади Машраб?!

Қара, темир йўллари
юрак томирга ўхшар.
Келаётган пишқириб
поезд эмас, иссиқ қон.
У каби ўғлингни ҳам
бир кун ютгай ер – ўпқон.

Сендан олисладиму
ўзимга-да етмадим.
Ўша ғўрман, ўша гўл,
мақташса – дайди машшоқ.
Юзта шеър ҳадя этдим,
Дунё ҳалиям қашшоқ.

Энди қайтсам сўппайиб
киприкларинг ўсарми?
Қораярми қошларинг?
(Сочингдан соқолим мўл)
Бобом қабридан чиқиб
эркаларми «ҳа, думбул!»

Асло! Бари сафсата!
Она, мени тушунгин.
Остонангга қалбимни
михлашга ҳам ҳаққим йўқ.
Чўккан қабр бошида
йиғлашга ҳам ҳаққим йўқ.

Йиғлашга ҳам ҳаққим йўқ…

САВДОЙИМАН, ШАМОЛТАБИАТ,
Эркинликдан оламан ҳузур.
Бегонаман сенга, жамият,
Эгарланган одамлар, узр.

Бир болакай яшар ичимда,
Шўхликлари девонага юк.
Бўлмасин у қандай бичимда,
Ўн минг танноз жонондан суюк.

Ўзгаришин истамам асло,
Улғайса гар ўлар ҳайратим.
Қилиқлари мана шу асно
тўлқинлатиб турар ғайратим.

Кексаймайман мен ҳам умрбод,
Тушган йўлим: ғалвали, нотинч.
Кўрганмисиз букчайиб, мурдор
соқол қўйган болакайни ҳеч?

Қисмат менга босолмас тақа,
Кенгликдаман исталган мавсум.
Раҳмим келар сизларга фақат,
Эгарланган одамлар, афсус…

***
Поезд ўтар, поезд ўтар,
Туёқлари қавариб.
Саратонда сойга шўнғиб
жон сақлайди Дамариқ.

Қармоқ ташлаб бўтанага
мужда кутар ёлғиз чол.
Хўрагига болалиги
илинмайди ҳеч қачон.

Қизарди гилос, пишди
зардолининг ғўраси.
Дуо билан тўлишди
орзуларнинг ўраси.

Поезд ўтар, поезд ўтар,
Туёқлари қавариб.
Кўҳна кулба, бир лайча ит,
Силкинади Дамариқ*.

Дарахтлар соясидан
судралиб чиқар эпкин.
Авжга чиқар чирилдоқ –
Чилладан егач тепки.

Эй чол, қовоғи музлик,
Кулсангчи, кўнгли баёв.
Ютдикми ё ютқиздик –
Танҳо Эгамга аён.

Поезд ўтар, поезд ўтар,
Туёқлари қавариб.
Кўҳна кулба, чол, лайча ит,
Зориллайди Дамариқ.

*Дамариқ – жой номи.

Ит етаклаган қизга

Ҳар саҳар деразам ёнидан
ит етаклаб ўтасан, тарсо.
Рашк деви қутуриб қонимда,
Сачраб кетар ҳисларим сарсон.

Менга эса боқмайсан қиё,
Нима бу ҳол?
Дунёси ғалат.
Гўзалларга ёқадими ё,
Занжирланган меҳр-муҳаббат?!

Эркалайсан, ўпасан уни,
Одам-ҳайвон.
Беъмани мантиқ.
Қилиқларинг ойнамга қўниб,
Кўзларимга санчилар қаттиқ.

Ошиғингман – Машраби соний,
Кипригимдан чак-чак томасан.
Кел, меҳрингни менга бер, жоним,
Итга бериб нима топасан?

Жиловланган туйғулар ўтсиз,
Англагайсан тушса лоқайд эр.
Итваччанг ҳам – ялтоқ, субутсиз,
Жилпанглайди сенга ёқай деб.

Дов бермайди бўйним сиртмоққа,
Балки шундан севишинг маҳол.
О, барибир руҳим титроққа
тушар сени кўрганим заҳот!..

Майли жоним, ўз ҳолингча қол,
Сийланганмиз қалбга яраша.
Қулга – қамчи, тоғларга – шамол,
Менга фақат ҳурлик ярашар.

Талваса

1.
Қуёш эскирди,
Ой ҳам – кампиршо.
Юлдузларнинг нигоҳи бадкор.
Кўргани кўзим йўқ уларни –
Такрор! Такрор! Ҳаммаси такрор!

Пешонамнинг ғижимин силаб,
ғазабимга чуқур шўнғидим.
Мендан чиқиб кетдию Раҳмон,
Ботинимда қўпти тўнғизим.

Тилим – илон тилидай айри,
Судраламан,
Битмас масофа.
Бунча қисқа одамлик сайри,
Бунча узун сабр – касофат?!

Тангрим, бирров осмонингдан туш,
Кўкда қолсин фақат соқчилар.
Қуролсизман,
На дарахт, на қуш,
Сенга Сендек кўринмоқчиман.

«Тилингни тий, ўткинчи банда!»
Ёлвораман, қошимга кел-ҳоо.
Етар!
Ортиқ қилма шарманда,
Илҳом,
Илҳом,
Ҳайрат ул-Илҳом!

Келтиради тағин киштимни,
Ахир, бари эски-тускилар.
Чирияпман, наҳот пишдимми?
Қачон ерга янги СЎЗ келар?!

Бир кечада қирилиб кетсак
Ва яралсак саҳарда қайта.
«Булут» десам, анави «кесак»,
«Тоғлар» десам, кишнаган ‒ «байтал».

Майсазорга сархуш чўзилсам,
Бу сўзларни илкинчи бор мен
айтаганимдан ҳаяжонланиб
шу заҳоти жоним узилса…

Тангри, бирров осмонингдан туш,
Эскирмаган фақат Сен қолдинг.

2.
Ёғмур томчилари ерга интилар,
Ниҳоллар – кўкка.
Яйловларда чопар йилқилар,
Онасига шошар полапон.
Тик қоялар керак бургутга –
Ҳалложлар гердайиб борар дор томон:
«Ўлим чора эмас,
Бечора ўлим.»
Сен – дорсан! Ҳукмдорсан Сен.
Мен – итман,
Е, дея олдимга ташланган суяк –
Дунёни иштаҳа билан ғажийман.
На у емрилади, на нафсим тўяр,
Бас, ожизлигимни қилма таржима!

3.
Бирда от, бирда хачир, бирда оҳуга миндим,
Лойқаланиб, кўпириб, долғаландиму тиндим,
Кўзга урилиб синдим, сўзга урилиб синдим,
Етарманму доримга?
Илдиздай ер оралаб, юлдуздай тун оралаб,
Бозорларга мўралаб, мозорларга мўралаб,
Ўз-ўзимни қоралаб, сўка-сўка бўралаб,
Етарманму доримга?
Ўн икки қобирғамнинг биттасин аёл очди,
Қолгани қаён қочди? Менга ноаён қочди,
Бўсага лаб чўзгандим, аёлу чаён қочди,
Етарманму доримга?
Кўнглим – ҳилол болиғим, ранги рангпар сориғим,
Руҳим рўёдан тушган, пешонаси ёриғим,
Таним – йўлчи, толиқиб, йиртилмасдан чориғим,
Етарманму доримга?

4.
Вулқонлар ўқчийди,
Булутлар кўпчир,
Чақмоқ тун кўксига тортар ханжарин.
Ойни отиб олар номалум тўпчи,
Хотинлар эр бўлар, эрлар – занчалиш.
Тириклик кўзини қонатар шафақ,
Жоҳиллар ҳайратда:
«Мумкинмас, қандай?..»
Қўлимда гуноҳим қуйилган қадаҳ,
Чайқалиб тураман, отганча ханда.
Бўшлиққа сўрилиб кетади Зуҳро,
Қичқириқ ичади борлиқ тинчлигин.
Кимни сув ютади,
Кимнидир – туфроқ
Ва ниҳоят мени – шаффоф ҳечлигинг…
Ҳалложлар гердайиб борар дор томон.

Сотқин

Илк бор от минганим ҳамон ёдимда,
Ёдимда, ошпазнинг синган лагани.
Сўкиниб ўтгани учун ёнимдан
эсипаст Жўжжини калтаклаганим.

Тутзорни эслайман,
Айни туш маҳал
ўт ўриб келардим дўхтага босиб.
У пайтлар кўнглимни олмаган шаҳар,
Гердайиб юрардим – қишлоқ хўрози!

Дазмол урилмаган пойчаси кенг шим,
Кўчангга борардим – ўзимча башанг.
Аламин қўзитиб сени севишим,
Боди деб куларди беш-ўн лапашанг.

Майли-да, барибир бошқача эди,
Тиззалаб ёғарди қишдаги қорлар.
Нурар-у қуламас, бардоши метин,
Тезак тепкисини еган деворлар…

Энди тушларимда отлар кишнагай,
Лабимда жон берар тамаки бурқсиб.
Қуёш соқолини обдан ишқаган
юзимда тўр ёйган туллаклик нуқси.

Ойда бир, қаерда, йилда ҳам бормам,
Болакай Жонтемир ўлгани сирмас.
Манов жиприқ ҳаёт тушовлаб олган,
Ўзим-ку, соямни қайтариб бермас.

Лек бари ёдимда: ажриқ йўллар,
Теракзор, сен билан…
Жимирлар этим.
Фақат эслолмайман қишлоқни пуллаб
мен қачон шаҳарга сотилиб кетдим?!

Балоғат

Кўкраклари ширадан
таранглашган узумзор
тамшантирар лабимни –
Туш сепилган кўзим лол!

Тўшагим – Шом ё Миср,
Оғзимга сув томизинг.

Бир қўлида чанқавуз,
Бир қўлида сибизға.
Оҳанг излаб, сўз излаб
оҳим чўкар қимизга.

Тер қуйилар шовуллаб,
Уйғондими довуллар?

Чўкка тушиб боладай –
Осмонўпар ҳайрати –
Йўнғичқанинг гулларин
ҳидлаб-ҳидлаб яйрадим.

Болиш бошга ботоди,
Алаҳсиб тонг отоди.

Муз ялаган елвизак
игна санчар юзимга.
Аттанг, тегмади лабим
Шираланган узумга…

Надир руҳим шопирган?
Саноққа зор қобирғам.

Дарвишлар

Най талашманг, дарвишлар,
Май талашманг, дарвишлар.
Руҳ-ул Қуддус олдида
Майдалашманг, дарвишлар.

Фатво кутманг шерлардан,
Қолдимикан жувонмард?
Эрман деган эрлардан
Бугун тўртта жувон мард.

Жим кезинг, ер – бад ҳовуз,
Ботқоғига олоди.
Товуш чиқарса товус,
Ундан кўнгил қолоди.

Кимда мотам маросим,
Кимда бойлик, кимда тож.
Елкасида тарози –
Айтар зоғми, қалдирғоч.

Най талашманг, дарвишлар,
Май талашманг, дарвишлар.
Руҳ-ул Қуддус олдида
Майдалашманг, дарвишлар.

Сизни Ёрнинг ғами хўб,
Тинмай айлар шабихун.
Унутманг бир уммонга
Қуйилгайдир жами хун.

Жанда тўну асо бор,
Сал тойинсак жазо бор.
Тўхтамайди тало-тўп –
Яхшиямки қазо бор,
Яхшиямки қазо бор.

***
Шай турибман чиқиб кетишга,
Ижара уй,
Ўгай шаҳардан.
От чоптириб суяги пишган
вужудимни бўлдим заҳарлаб.

Бунда ҳислар ўта бежирим,
Дағал ҳаёт – манфур ақида.
Ёзганларим кўздан кечиринг,
Бари тоғу тошлар ҳақида.

Битта Мажнун йўлда учрамас,
Ё бир дайди – чориғи абгор.
Кўнглим худди бадбўй ҳужрадай,
Ноҳақману Ҳаққа талабгор.

«Эгил» дейди кўринган борки,
Ўстирармиш нокасга хизмат.
Ялоқхўрлик шундайин дорки,
Унга осилмоққа ожизман.

Мутеликка беролмайман дош,
Шунқор руҳим, иймоним қайсар.
Қултойларга эгилгунча бош,
Бўри ёриб ўлганим афзал!

Шай турибман кетишга, аммо,
Ижара уй, шаҳарда айб йўқ.
Кенглик истар, камида само,
Ичимдаги ёввойи махлуқ.

***
Уйқумни чавақлар қайралган жумла,
Тушларим тилидан тушмай қолдинг, дод!
Қани, қутқаролса, эски удумлар,
Чалкашиб улгурди хуфтону бомдод.

Кўнглимга сиғмайди мағрибу машриқ,
Абгорман, руҳимнинг ёқаси йиртиқ.
Ярамга райҳон бос, соғинчга – ташриф,
Ботиним рангига бўялди сиртим.

Мен қачон англайман ошиқ эканим?
Руҳлар, қулоғимга бирор нарса денг.
Бош эгиб боришим – ўлим дегани,
Келишинг – қиёмат келишига тенг.

Йиққан бисотимни сенга атасам,
Тушимдан ўнгимга кўчасанми, ёр?
Йўқ, йўқ, қийноғимдан қаҳ-қаҳ отасан,
Негаки пойингда мендайлар бисёр…

Тонглар отаверар яна кеч кириб,
Телбани майналаб чарчамас гардун.
Ичиб қўймасидан мени ичкилик,
Сўлғин кипригимга иймон бўлиб қўн.

Ярамга райҳон бос, соғинчга – ташриф…

***
Гувранади ҳаприқиб дарё,
Ёқасини қўйвормас, чилла.
Дошқозонга ташланган сарёғ –
Елкалари куяр жазиллаб.

Ўшқиради бепушт булутга,
Осмон – гадо кафтидай очиқ.
Вазифасин тамом унутган
Ибодатгўй чўққилар – ҳожи.

Итдай юзин ялар гармсел,
Хансирайди туфроқ – ярадор.
Қилт этмайди шамол – қаримсиқ,
Хиппа бўғиб олган саратон.

Шўрлик дарё – тўшакдаги чол,
На шиддат бор унда, на силла.
Фожеадан бехабар, хушҳол
Хуррак отар салқин фасллар…

Узлат

Ҳайданг мени мағрибу машриқ,
Кўзларингиз қаъридан ҳайданг.
Хиёнатга юз бурди қашқир,
Қояларнинг баридан ҳайданг.

Данғиллама тўйми, мотамми,
Қўйманг, гавжум ердан ҳайданглар.
Коинотдан Худо одамни
ҳайдагандай шеърдан ҳайданглар.

Аҳвол сўраб чиқманг ҳой, қўшни,
Устихоним боряпти музлаб.
Узлат керак, менга бойқушнинг
маконидай кимсасиз узлат.

Сажда қилгин дерлар, «қаллобсан!»
Нима керак иддаоли важ?
Қачон ичда Аллоҳни топсам,
Ўша заҳот адо бўлар ҳаж!

Тайсалламанг, ёрилмасин вақт,
Исо дажжол қувгандай ҳайданг.
Она, кўксинг остида хилват,
Ота, тоғдай белинга қайтай…

Тўлқин
1
Хароб қилар мени бу тўлқин,
Юрагимга сапчиган чақмоқ.
Нафасингни олгину юлқиб,
Дарахтларга бўлиб бер, Раҳмон.

Ташладинг-ку чўғни уммонга,
Бўронларинг ўйнатар қамчи.
Сол қайтадан танни хумдонга,
Ҳали хомман, бор-йўғим – балчиқ.

Кўксимни ёр, Мусиқор қушим,
Бизга сукут бичолмагай нарх.
Бастомона ҳолатга тушиб
Жазбаланай қийноғингда, дард.

2
Қийноқ! Қийноқ! Муҳаббат – қийноқ!
Нетай унга муҳтожман, зорман.
Ололмайин бир чақа сийлов
Ўз жасадин кўмган мозорман.

Бисотимда бир тишлам қалб бор,
Ҳаридори тошдан ўтган тош.
Оёғини Каъба деб такрор
Эгилади итоатсиз бош.

Рашк қиламан, Иблис рашкининг
Эверести бўғзимда қойим.
Жаллодимнинг ич-у ташининг
Суратига борлиғим мойил.

Яна қийноқ, қийноқдир ғолиб,
Майса куяр ёғмур кўйида.
Замин – золим. Коинот – золим,
Саҳро маҳрум райҳон бўйидан!

Хароб қилар мени бу қумсаш,
Томиримда бўтана шароб.
Сенсираган кўзимга қум соч,
Буюр: «Мени соғиниш ҳаром!»

3
Аччиқ кўз ёш қуйилган хумман,
Ичмадилар, айнидим, гумман,
Ким учун ё нима учунман? –
Англамай кетдим.

Маҳрамисан дея узлатнинг,
Эҳтирослар тилин музлатдинг,
Нурга зулмат суркаб узатдинг –
Ямламай кетдим.

Қилиқларим тинчингни бузар,
Мана гулзор, ол, мана бу зар,
Мана жаннат, мана бу дўзах –
Танламай кетдим.

4
Сўз томизиб сайратдинг,
Яйратдинга яйратдинг,
Ўзинг ғалат яратдинг,
«Лом» дедикми, Худоё?
«Мим» дедикми, Худоё?

«Куйла» дея эздилар,
Куйлаганда бездилар,
Тилимизни кесдилар,
«Лом» дедикми, Худоё?
«Мим» дедикми, Худоё?

Тутиб дорга илдилар,
Теримизни шилдилар,
Нима қилса, қилдилар,
«Лом» дедикми, Худоё?
«Мим» дедикми, Худоё?

5
Исён! Сенга тик боқдим,
Менга бир офат юбор.
Қутурдимми, тутоқдим,
Барига сабаб – хумор.

На хас бордир, на кема,
Қудуққа тош ташладинг.
Ютиб олар ҳадемай
Илоноғиз ташналик.

Гар у боқмаса қиё,
Бекор мен тушган майдон.
Васлига сургун қил, ё
Ном бер: иккинчи шайтон!

Хароб қилар мени бу тўлқин…

Тонг ва шом

1
Тонг шамоли келар бостириб,
Уйғонади жунжикиб дала.
Улоқтирар қора ёстиғин
зирваларнинг ортига фалак.

Япроқларга титроқ сачратиб
чуғурлайди қушлар – тавия.
Ҳилол йиртган кўйлагин чатиб
дарахтларга илар табият.

Коинотни қилмасдан илҳақ,
Кўтараркан ердан курагин.
Шартта ёриб кўкрагини Шарқ,
Кўрсатади қайноқ юрагин!

Тонг шамоли келар бостириб,
Куҳладими ул Соҳиб жамол?
Макон тутган осмон остини
сайёралар нафаси – шамол

2
Орзиқтирар куннинг қайтиши,
Кўзларимга чўкар намозшом.
Ёруғликка видо айтишиб
тоғлар тутмиш уфқ қуйилган жом.

Занжи оғочларнинг шивирин
чуғурчуқлар қилмиш овоза.
Бедазорлар бўйин симириб
шамол тунги чарчоғин ёзар.

Юлдуз ювар осмон соҳилин,
Руҳ борлиққа сингишиб кетгай.
Ойнинг маҳин-маҳин кокилин
таранг тортиб чертар чигиртка…

Ҳақиқат
шоир дўстларга

На эскимиз, на янгимиз,
ярмимиз – айб, ярмимиз – ғайб.
Донғимиз йўқ, йўқ – чангимиз,
шоир умри бизларга ҳайф.

Кўнгил – тойчоқ, умр – сарсон,
сўкинганга дўқ урмадик.
Йигит бўлиб, ларзон-ларзон
сулувларни туш кўрмадик.

Қишлоқ йиғлар, безбет шаҳар
келгинди деб урди тақа.
Азоб сотиб олдик фақат,
қолганда ҳам сариқ чақа.

Косамизда лиммо-лим сўз,
сипқорайлик даст кўтариб.
Эплолмасак агар, эй дўст,
кел, қўяйлик жим тўнкариб.

Машрабмасман, сен – Ҳофизмас,
аммо нега девона лош?
Жавобига мен ожизман –
то қиёмат руҳлар – талош.

Кел, бошингни бошимга қўй,
зўр шоирлар ўлди деб ёз.
Кўз ёшингни ёшимга қуй,
биз, бор-йўғи, соя, холос,
биз, бор-йўғи, соя, холос.

Мазҳар

Дарвишнинг эгнидаги чопон дея ким айтди?
Бода ичган косаси сопол дея ким айтди?
Сизларни тингламаса, сўзламаса одамдай,
Тилин қарға чўқиган соқов дея ким айтди?

У билади коинот, қиз юзида холдай гап,
Бойлик – қириб ташласанг, боз ўсар соқолдай гап.
Сирни эрта англаган – от бўйнида телба ёл,
Қаршингизда алифу узлатида долдай гап.

Каромати йўқ, аммо важоҳати Алидай,
Қобирғасин санашга тортинади парилар.
Юра-юра очиқиб, илинса гар кўзлари,
Хурмо солиб ўтади, качкулига валилар.

Ким жирканиб қарайди, кимдир уйғонар таниб,
Оловдан ё шамолдан ясалгандайин тани.
У менга пулсиротдир, тавба-тавбаю кетса,
Игнада турган дунё, қийшайиб қолгай аниқ.

Қўлидаги косадан қуйилар шому шафақ,
Тилидаги занжирин бурдалаб боргай сафар.
Азонсиз туғилган у, кўмилар жанозасиз,
Изғигай галдир-галдир, эгнида зарбоф кафан.

Сирни эрта англаган – от бўйнида телба ёл…

* * *

Офелия! Офелия!
Қувғинди малак!
Қўрчоқбоз лаҳзалар эрмаги, жоним.
Қутурган нигоҳлар ҳуснингни талар –
Қафасдир осмоннинг остги томони.

Йиғлама, аҳгарим, кўзинга раҳм эт,
Кул бўлсин бу саҳна
сен кетгач ёниб.
Мана мен – кимлигин унутган Гамлет,
Шаробга алмашдим бутун дунёни.

Офелия, гўзалим, кет бу шаҳардан,
Одамзод қадами етмас жойга кет.
Қалбингни олиб чиқ мудҳиш асардан –
Ким бўти Шекспир?
Ким бўпти Гамлет?!

Кетдинг, томоғимда қолиб кетди «қол»,
Жинкўзлар, ортидан ғийбат бежаманг.
Охирги қадаҳни эй, соҳибжамол,
Мардона журъатинг учун ичаман!

Омон бўл, Офелия, қисмати оқсоқ,
Бизни чув тушурди кўзбойлоғич дайр.
Режиссиёр – Аллоҳ бўлажак оқшом,
Маҳшар саҳнасида кўришгунча хайр…

Мужда

Ёмғирда ивиди мезон иплари,
инжиқ дарахтларнинг қаболари нам.
Ютоқиб бўйларкан туфроқ ҳидларин,
ўзини жаннатдек сезди жаҳаннам.

Осмон боғларида кезмиш қош қаро –
булутлар бир-бирин қўлини ушлаб.
Куйган бутоқларнинг хилвати аро
жаҳрий ибодатга киришди қушлар.

Янги даражот бу, жадид тариқат,
унга йўл солган ой ташлагайдир пўст.
Офтоб енг шимарди ва шу тариқа
тарки дунё қилса арзийди август.

Жозиб тасаввурлар қалбимга қўниб
сокин пуфладилар, гўё таним – най.
Ёмғирга қоришди кузнинг илк куни –
галдир сочларингга чўлғанганимдай…

Арзи ҳол

Шамолни қамчидай ўйнатар тоғлар,
Кўкариб чиқади кўкнинг кўкайи.
Жонимдан тўйдирди
феъли юмшоқлар,
Қабристон,
дийдамни сенга тўкайин.
Қошимда арвоҳу бошимда шамшир,
Бўйнимда арқону қўйнимда қўрқув.
Руҳимни май билан сийламас Жамшид,
Қорайиб кетгандай қалбимнинг турқи.
Жинлар айш суради «аҳу жақала!»,
«Куф» дейман, «суф» дейман,
тутқизмас жилов.
Ичимни булғаманг, жирканч бақалар,
Юрак – сувпаридир,
тангаси – тилло!
…Сенмидинг шудгорга ташлаган қуйруқ?
Изламга наҳотки мени сайладинг?
Тўрт томон қибламас,
тўрт томон – буйруқ,
айланиб юрибман танам – чайлада.
Қозиқ атрофида чувалиб толдим,
Курмакни бўшатиб дам бер бир фурсат.
Кўрганим кўрлардан ортгани –
қолдиқ.
Тун ва кун қовушар лаҳзани кўрсат!
Нишидан ўпайин асал арини,
Ўлгудай маст қилгин қултум ичирмай.
Юрак – сувпаридир,
тангаларини
совуриб улгурдим савдога кирмай…
13.05.2019

Якун

Айтарим йўқ менинг лўттибозларга,
Сенга арзигулик ёниқ сатрим ҳам.
Сочилиб кетганман эҳтиросларга,
Йиғиб ололмайсан мисоли дирҳам.

Биламан, ажалдан бўлмайди ўзиб,
Биламан, қисқадир қурандоз пайтлар.
Биламан, топилма деб ёзган сўзим –
Иблис чўнтагидан тўкилган байтлар.

Сен мендан шоирмас, одам излагин,
Қулаб тушмади-ку, Румийсиз Кунё.
Шамолга совириб тоза ҳисларин,
Кун сайин ҳувиллаб боряпти дунё…

Барибир қўлинга узатаман гул,
Барибир шаррослаб қуйилади роз.
Пешонам – шаккоклар топтаб ўтган йўл,
Шу йўлда жонимни олар эҳтирос!
28.05.2018

05Bugungi sahifamizda o’zbek she’riyatining yangi avlodiga mansub ijodkorlardan biri Jontemirning kuz fasli davomida yozgan she’rlaridan ayrim namunalarni mamnuniyat ila sizga tadim etmoqdamiz.

JONTEMIR
YANGI ShE’RLAR


Bomdod

Tomchilarning ostida shundoq
g’usul olar hovlidagi bog’…

Patlarini taraydi chumchuq,
Og’iz chayar shaffof ko’lmakda.
Ankabutlar yigirar urchuq –
O’ljalari mizg’ir yo’rgakda.

Maysalardan to’shalgan palak
naqshlariga shudring chizilgan.
Yerdan chiqqan qoratus malak –
Chumolilar safga tizilgan.

Bomdod yaqin. Bog’ chorlovga taxt,
Musichalar zuhroni cho’qir.
Daraxtlar ham musulmon, faqat,
Tik turgancha namozin o’qir…

Kuzlanish

1
Ijara uy,
Unda hokim mozor kimsasizligi.
Soat – qarg’a,
Qarg’anar: «chiq-chiq».
Chiqib ketolmaysan,
Cho’ntaging
vabo tekkan qishloqday bo’m-bo’sh.

Devordagi qiltiriq soya
lang ochiq oynadan yomg’irni tinglab
kuz bilan chekishib o’ltiribdi jim…

2
Kuz ham mendek kashanda fasl.
Ishonmaysiz?
Yaxshilab qarang!
Ketmagandir bejiz sarg’arib –
Mening tishim,
Uning barglari.

3
Orqalab tasavvur qopini,
Yomg’irdan yopinchiq yopinib,
Shalabbo hislarga topinib,
Yozsang.

Tushovlab suluvlar tushini,
Sayratib sukunat qushini,
Fanoyu baqoni tushunib,
Yozsang.

Telbasan, bo’g’zingda telba so’z,
Ko’chkiday uyilib kelsa so’z,
Ko’z yoshday quyilib kelsa so’z,
Yozsang.

Yetti qat osmondan balandda,
Duldulga o’xshagan samanda,
Sayr etib, misoli samandar,
Yozsang.

Zangori o’rmonda yurganday,
Cheksizlik chekini ko’rganday,
Qarshingda Ajaling turganday,
Yozsang!

4
Kechalarni chizishga tushdim,
Kechalarki, mashrabona she’r.
Satrlari: nimsariq, pushti,
Barmoqlarim – dalli musavvir.

Ketgandayman lahzadan o’zib,
Tug’ildimmi xayol burjida?
Boshqarolmam o’zimni o’zim –
Turgandayman nayza uchida.

Tevarakka boqardim mulzam,
Noxos tanga sirli ruh indi.
Ulkan oyga aylandim, o’lsam,
Koinotga ko’marlar endi.

Kechalarki, mashrabona she’r…

5
Avgust olgach olovli bo’sa,
Boshlanarkan havo muzlashi.
Shoirlashib ketganday kuzak,
Shoirlar ham ketar kuzlashib.

Bardoshingni boy berma, Daraxt,
Yaprog’ingga yetmasin chirish.
Mana, qonim quyilgan qadah,
Ichib uzoq yashashga tirish.

Hayotimiz senga bog’langan,
Qo’y, aldaydi lo’ttiboz shamol.
Rang-ro’yimiz ishqdan dog’langan,
Rahming kelsin, ey sohib jamol.

Ishonmaysan, tag’in kulasan,
Tьyanshanmas, emasmiz Pomir.
Kuzning so’nggi bargi qulasa,
Uziladi shoirning joni…

Bardoshingni boy berma, Daraxt.

Shoirlar

To’kildik osmondan nurday elanib,
Shamolga belanib, so’zga belanib.
Tilimiz – bolari tilidan shirin,
Ruhimiz qovjirar tuzga belanib.

To’kildik, to’kildik, to’kilaverdik,
Tomir-tomirlardan so’kilaverdik.
Burgutlar pastlamas, tovuslar – tannoz,
Kalxat tumshug’ida cho’qilaverdik.

Haqir iztirobga tayinlandik shoh,
Quvlashmachoq o’ynab daraxtlar bilan.
Ajdarho tishini tozalaymiz goh,
Goh chil-chil sinamiz qadahlar bilan.

Morboz tuyg’ularga o’yin tushamiz,
Egilmas bo’yinda Mashrab sirtmog’i.
Itning yotog’idan battar go’shamiz,
Sarbador yurakda maysa titrog’i.

Sharobga aylandi qonimiz oxir,
Ichsin, telbalikka dosh bersa birov.
Xo’rjunni ko’taring, qani musofir,
Hayallab qolmasin elchimiz – G’irot.

Manzil tanlamaymiz, do’zax ham so’lim,
Bahor sig’dirmagan o’gaymiz – kuzak.
Qabr tanlamaymiz, tanlaymiz o’lim,
O’limki, Yusufdan ming karra go’zal!

Ruhimiz qovjirar tuzga belanib…

Va’da

Nabirangdan ranjima, momo,
Beoqibat chiqqani uchun.
U – ketay deb haqiqat tomon,
Avliyoga ergashgan kuchuk.

Yasholmaydi bir joyda turib,
Na kunduz, na tunga sig’adi.
Naxs, nafratdan qalbini qo’rib,
Xirmon-xirmon iymon yig’adi.

Gardanida Hofiz bosgan yuk,
Chidaydida, o’tguncha navbat.
Umididan armoni buyuk,
Yozganlari she’r emas, tavba.

Qaysi muhim: kelajak, moziy?
Qaysi afzal: qabrtoshmi, xoch?
Derazamning ortida hozir
Qars yiqildi men sevgan og’och.

Qo’rqib ketdim, seni o’yladim,
Tomog’imni tirnadi yoding.
Yozg’irarding “bekor kuylaring,
Cho’l bo’ladi hademay vodiy.”

O’zing haqda aytgansan chog’i,
Vodiy menmi?
Senmi o’sha cho’l?
Topolmayman so’zning qaymog’in,
Ayirgandan beri bizni yo’l.

O’lmay turib ko’mildi otam,
Onam sho’rlik tushimga kirmas.
Yolg’izlikdan boshqa hech Hotam
Ikkimizga tasalli bermas.

Sensiz umrim – paytava, latta,
Yirtilguncha yashab ko’ray man.
Momo, momo, qaytsam albatta,
Etagingdan salla o’rayman!

Tomog’imni tirnadi yoding…

***
Asabiysan, ruhingda shovqin,
Qadamlaring sudralar loxas.
Hayot – o’rmon,
Miriqib ov qil!
O’zi izlab kelmaydi ohang.

Aqlni yech, tuyg’uni qo’yvor,
Yiringlagan o’tmishni unut.
Biror cholg’u chalmagan kuy bor,
Uni senga sevalar bulut.

Shivirla ishq g’azallarini,
Yengolmasin tushkunlik – to’ng’iz.
Uyqudagi asalarining
Tushidagi gulzorga sho’ng’i…

Ana, ichib o’tkir qimizdan
Sarxushlangan cho’ponday ma’sum.
Yuragingga in qurgan qizday,
Labingga lab bosdi tabassum.

Ehtirosdan qolma elovlab,
Sal chalg’isang shovqin mixlaydi.
Sen ohangni olding jilovlab,
Afsuski u she’rga sig’maydi.

Angladingmi, biz nega yolg’iz?
Paykon ruhing joylangan tun – yoy.
Shoir – Xudo yasagan cholg’u,
Qodir emas chalishga dunyo.

Biror cholg’u chalmagan kuy bor!

HAQQIM YO’Q

Ostonangga qalbimni
mixlashga haqqim bormi?
Cho’kkan qabr boshida
yig’lashga haqqim bormi?

Ona, sening nazdingda
avbosh to’fondir umrim.
Kimlargadir to’g’anoq
ulkan to’g’ondir umrim.
Asli mo’rcha belidan
biroz yo’g’ondir umrim.

Ko’ksimdagi olovni
yuvib turgay to’lqinlar.
Birda o’ng yelkam og’sa,
Birda yo’lim boshlar chap.
Shu holatim arosat –
Qanday yashadi Mashrab?!

Qara, temir yo’llari
yurak tomirga o’xshar.
Kelayotgan pishqirib
poyezd emas, issiq qon.
U kabi o’g’lingni ham
bir kun yutgay yer – o’pqon.

Sendan olisladimu
o’zimga-da yetmadim.
O’sha g’o’rman, o’sha go’l,
maqtashsa – daydi mashshoq.
Yuzta she’r hadya etdim,
Dunyo haliyam qashshoq.

Endi qaytsam so’ppayib
kipriklaring o’sarmi?
Qorayarmi qoshlaring?
(Sochingdan soqolim mo’l)
Bobom qabridan chiqib
erkalarmi «ha, dumbul!»

Aslo! Bari safsata!
Ona, meni tushungin.
Ostonangga qalbimni
mixlashga ham haqqim yo’q.
Cho’kkan qabr boshida
yig’lashga ham haqqim yo’q.

Yig’lashga ham haqqim yo’q…

SAVDOYIMAN, ShAMOLTABIAT,
Erkinlikdan olaman huzur.
Begonaman senga, jamiyat,
Egarlangan odamlar, uzr.

Bir bolakay yashar ichimda,
Sho’xliklari devonaga yuk.
Bo’lmasin u qanday bichimda,
O’n ming tannoz jonondan suyuk.

O’zgarishin istamam aslo,
Ulg’aysa gar o’lar hayratim.
Qiliqlari mana shu asno
to’lqinlatib turar g’ayratim.

Keksaymayman men ham umrbod,
Tushgan yo’lim: g’alvali, notinch.
Ko’rganmisiz bukchayib, murdor
soqol qo’ygan bolakayni hech?

Qismat menga bosolmas taqa,
Kenglikdaman istalgan mavsum.
Rahmim kelar sizlarga faqat,
Egarlangan odamlar, afsus…

***
Poyezd o’tar, poyezd o’tar,
Tuyoqlari qavarib.
Saratonda soyga sho’ng’ib
jon saqlaydi Damariq.

Qarmoq tashlab bo’tanaga
mujda kutar yolg’iz chol.
Xo’ragiga bolaligi
ilinmaydi hech qachon.

Qizardi gilos, pishdi
zardolining g’o’rasi.
Duo bilan to’lishdi
orzularning o’rasi.

Poyezd o’tar, poyezd o’tar,
Tuyoqlari qavarib.
Ko’hna kulba, bir laycha it,
Silkinadi Damariq*.

Daraxtlar soyasidan
sudralib chiqar epkin.
Avjga chiqar chirildoq –
Chilladan yegach tepki.

Ey chol, qovog’i muzlik,
Kulsangchi, ko’ngli bayov.
Yutdikmi yo yutqizdik –
Tanho Egamga ayon.

Poyezd o’tar, poyezd o’tar,
Tuyoqlari qavarib.
Ko’hna kulba, chol, laycha it,
Zorillaydi Damariq.

*Damariq – joy nomi.

It yetaklagan qizga

Har sahar derazam yonidan
it yetaklab o’tasan, tarso.
Rashk devi quturib qonimda,
Sachrab ketar hislarim sarson.

Menga esa boqmaysan qiyo,
Nima bu hol?
Dunyosi g’alat.
Go’zallarga yoqadimi yo,
Zanjirlangan mehr-muhabbat?!

Erkalaysan, o’pasan uni,
Odam-hayvon.
Be’mani mantiq.
Qiliqlaring oynamga qo’nib,
Ko’zlarimga sanchilar qattiq.

Oshig’ingman – Mashrabi soniy,
Kiprigimdan chak-chak tomasan.
Kel, mehringni menga ber, jonim,
Itga berib nima topasan?

Jilovlangan tuyg’ular o’tsiz,
Anglagaysan tushsa loqayd er.
Itvachchang ham – yaltoq, subutsiz,
Jilpanglaydi senga yoqay deb.

Dov bermaydi bo’ynim sirtmoqqa,
Balki shundan sevishing mahol.
O, baribir ruhim titroqqa
tushar seni ko’rganim zahot!..

Mayli jonim, o’z holingcha qol,
Siylanganmiz qalbga yarasha.
Qulga – qamchi, tog’larga – shamol,
Menga faqat hurlik yarashar.

Talvasa

1.
Quyosh eskirdi,
Oy ham – kampirsho.
Yulduzlarning nigohi badkor.
Ko’rgani ko’zim yo’q ularni –
Takror! Takror! Hammasi takror!

Peshonamning g’ijimin silab,
g’azabimga chuqur sho’ng’idim.
Mendan chiqib ketdiyu Rahmon,
Botinimda qo’pti to’ng’izim.

Tilim – ilon tiliday ayri,
Sudralaman,
Bitmas masofa.
Buncha qisqa odamlik sayri,
Buncha uzun sabr – kasofat?!

Tangrim, birrov osmoningdan tush,
Ko’kda qolsin faqat soqchilar.
Qurolsizman,
Na daraxt, na qush,
Senga Sendek ko’rinmoqchiman.

«Tilingni tiy, o’tkinchi banda!»
Yolvoraman, qoshimga kel-hoo.
Yetar!
Ortiq qilma sharmanda,
Ilhom,
Ilhom,
Hayrat ul-Ilhom!

Keltiradi tag’in kishtimni,
Axir, bari eski-tuskilar.
Chiriyapman, nahot pishdimmi?
Qachon yerga yangi SO’Z kelar?!

Bir kechada qirilib ketsak
Va yaralsak saharda qayta.
«Bulut» desam, anavi «kesak»,
«Tog’lar» desam, kishnagan ‒ «baytal».

Maysazorga sarxush cho’zilsam,
Bu so’zlarni ilkinchi bor men
aytaganimdan hayajonlanib
shu zahoti jonim uzilsa…

Tangri, birrov osmoningdan tush,
Eskirmagan faqat Sen qolding.

2.
Yog’mur tomchilari yerga intilar,
Nihollar – ko’kka.
Yaylovlarda chopar yilqilar,
Onasiga shoshar polapon.
Tik qoyalar kerak burgutga –
Hallojlar gerdayib borar dor tomon:
«O’lim chora emas,
Bechora o’lim.»
Sen – dorsan! Hukmdorsan Sen.
Men – itman,
Ye, deya oldimga tashlangan suyak –
Dunyoni ishtaha bilan g’ajiyman.
Na u yemriladi, na nafsim to’yar,
Bas, ojizligimni qilma tarjima!

3.
Birda ot, birda xachir, birda ohuga mindim,
Loyqalanib, ko’pirib, dolg’alandimu tindim,
Ko’zga urilib sindim, so’zga urilib sindim,
Yetarmanmu dorimga?
Ildizday yer oralab, yulduzday tun oralab,
Bozorlarga mo’ralab, mozorlarga mo’ralab,
O’z-o’zimni qoralab, so’ka-so’ka bo’ralab,
Yetarmanmu dorimga?
O’n ikki qobirg’amning bittasin ayol ochdi,
Qolgani qayon qochdi? Menga noayon qochdi,
Bo’saga lab cho’zgandim, ayolu chayon qochdi,
Yetarmanmu dorimga?
Ko’nglim – hilol bolig’im, rangi rangpar sorig’im,
Ruhim ro’yodan tushgan, peshonasi yorig’im,
Tanim – yo’lchi, toliqib, yirtilmasdan chorig’im,
Yetarmanmu dorimga?

4.
Vulqonlar o’qchiydi,
Bulutlar ko’pchir,
Chaqmoq tun ko’ksiga tortar xanjarin.
Oyni otib olar nomalum to’pchi,
Xotinlar er bo’lar, erlar – zanchalish.
Tiriklik ko’zini qonatar shafaq,
Johillar hayratda:
«Mumkinmas, qanday?..»
Qo’limda gunohim quyilgan qadah,
Chayqalib turaman, otgancha xanda.
Bo’shliqqa so’rilib ketadi Zuhro,
Qichqiriq ichadi borliq tinchligin.
Kimni suv yutadi,
Kimnidir – tufroq
Va nihoyat meni – shaffof hechliging…
Hallojlar gerdayib borar dor tomon.

Sotqin

Ilk bor ot minganim hamon yodimda,
Yodimda, oshpazning singan lagani.
So’kinib o’tgani uchun yonimdan
esipast Jo’jjini kaltaklaganim.

Tutzorni eslayman,
Ayni tush mahal
o’t o’rib kelardim do’xtaga bosib.
U paytlar ko’nglimni olmagan shahar,
Gerdayib yurardim – qishloq xo’rozi!

Dazmol urilmagan poychasi keng shim,
Ko’changga borardim – o’zimcha bashang.
Alamin qo’zitib seni sevishim,
Bodi deb kulardi besh-o’n lapashang.

Mayli-da, baribir boshqacha edi,
Tizzalab yog’ardi qishdagi qorlar.
Nurar-u qulamas, bardoshi metin,
Tezak tepkisini yegan devorlar…

Endi tushlarimda otlar kishnagay,
Labimda jon berar tamaki burqsib.
Quyosh soqolini obdan ishqagan
yuzimda to’r yoygan tullaklik nuqsi.

Oyda bir, qayerda, yilda ham bormam,
Bolakay Jontemir o’lgani sirmas.
Manov jipriq hayot tushovlab olgan,
O’zim-ku, soyamni qaytarib bermas.

Lek bari yodimda: ajriq yo’llar,
Terakzor, sen bilan…
Jimirlar etim.
Faqat eslolmayman qishloqni pullab
men qachon shaharga sotilib ketdim?!

Balog’at

Ko’kraklari shiradan
taranglashgan uzumzor
tamshantirar labimni –
Tush sepilgan ko’zim lol!

To’shagim – Shom yo Misr,
Og’zimga suv tomizing.

Bir qo’lida chanqavuz,
Bir qo’lida sibizg’a.
Ohang izlab, so’z izlab
ohim cho’kar qimizga.

Ter quyilar shovullab,
Uyg’ondimi dovullar?

Cho’kka tushib boladay –
Osmono’par hayrati –
Yo’ng’ichqaning gullarin
hidlab-hidlab yayradim.

Bolish boshga botodi,
Alahsib tong otodi.

Muz yalagan yelvizak
igna sanchar yuzimga.
Attang, tegmadi labim
Shiralangan uzumga…

Nadir ruhim shopirgan?
Sanoqqa zor qobirg’am.

Darvishlar

Nay talashmang, darvishlar,
May talashmang, darvishlar.
Ruh-ul Quddus oldida
Maydalashmang, darvishlar.

Fatvo kutmang sherlardan,
Qoldimikan juvonmard?
Erman degan erlardan
Bugun to’rtta juvon mard.

Jim kezing, yer – bad hovuz,
Botqog’iga olodi.
Tovush chiqarsa tovus,
Undan ko’ngil qolodi.

Kimda motam marosim,
Kimda boylik, kimda toj.
Yelkasida tarozi –
Aytar zog’mi, qaldirg’och.

Nay talashmang, darvishlar,
May talashmang, darvishlar.
Ruh-ul Quddus oldida
Maydalashmang, darvishlar.

Sizni Yorning g’ami xo’b,
Tinmay aylar shabixun.
Unutmang bir ummonga
Quyilgaydir jami xun.

Janda to’nu aso bor,
Sal toyinsak jazo bor.
To’xtamaydi talo-to’p –
Yaxshiyamki qazo bor,
Yaxshiyamki qazo bor.

***
Shay turibman chiqib ketishga,
Ijara uy,
O’gay shahardan.
Ot choptirib suyagi pishgan
vujudimni bo’ldim zaharlab.

Bunda hislar o’ta bejirim,
Dag’al hayot – manfur aqida.
Yozganlarim ko’zdan kechiring,
Bari tog’u toshlar haqida.

Bitta Majnun yo’lda uchramas,
Yo bir daydi – chorig’i abgor.
Ko’nglim xuddi badbo’y hujraday,
Nohaqmanu Haqqa talabgor.

«Egil» deydi ko’ringan borki,
O’stirarmish nokasga xizmat.
Yaloqxo’rlik shundayin dorki,
Unga osilmoqqa ojizman.

Mutelikka berolmayman dosh,
Shunqor ruhim, iymonim qaysar.
Qultoylarga egilguncha bosh,
Bo’ri yorib o’lganim afzal!

Shay turibman ketishga, ammo,
Ijara uy, shaharda ayb yo’q.
Kenglik istar, kamida samo,
Ichimdagi yovvoyi maxluq.

***
Uyqumni chavaqlar qayralgan jumla,
Tushlarim tilidan tushmay qolding, dod!
Qani, qutqarolsa, eski udumlar,
Chalkashib ulgurdi xuftonu bomdod.

Ko’nglimga sig’maydi mag’ribu mashriq,
Abgorman, ruhimning yoqasi yirtiq.
Yaramga rayhon bos, sog’inchga – tashrif,
Botinim rangiga bo’yaldi sirtim.

Men qachon anglayman oshiq ekanim?
Ruhlar, qulog’imga biror narsa deng.
Bosh egib borishim – o’lim degani,
Kelishing – qiyomat kelishiga teng.

Yiqqan bisotimni senga atasam,
Tushimdan o’ngimga ko’chasanmi, yor?
Yo’q, yo’q, qiynog’imdan qah-qah otasan,
Negaki poyingda mendaylar bisyor…

Tonglar otaverar yana kech kirib,
Telbani maynalab charchamas gardun.
Ichib qo’ymasidan meni ichkilik,
So’lg’in kiprigimga iymon bo’lib qo’n.

Yaramga rayhon bos, sog’inchga – tashrif…

***
Guvranadi hapriqib daryo,
Yoqasini qo’yvormas, chilla.
Doshqozonga tashlangan saryog’ –
Yelkalari kuyar jazillab.

O’shqiradi bepusht bulutga,
Osmon – gado kaftiday ochiq.
Vazifasin tamom unutgan
Ibodatgo’y cho’qqilar – hoji.

Itday yuzin yalar garmsel,
Xansiraydi tufroq – yarador.
Qilt etmaydi shamol – qarimsiq,
Xippa bo’g’ib olgan saraton.

Sho’rlik daryo – to’shakdagi chol,
Na shiddat bor unda, na silla.
Fojeadan bexabar, xushhol
Xurrak otar salqin fasllar…

Uzlat

Haydang meni mag’ribu mashriq,
Ko’zlaringiz qa’ridan haydang.
Xiyonatga yuz burdi qashqir,
Qoyalarning baridan haydang.

Dang’illama to’ymi, motammi,
Qo’ymang, gavjum yerdan haydanglar.
Koinotdan Xudo odamni
haydaganday she’rdan haydanglar.

Ahvol so’rab chiqmang hoy, qo’shni,
Ustixonim boryapti muzlab.
Uzlat kerak, menga boyqushning
makoniday kimsasiz uzlat.

Sajda qilgin derlar, «qallobsan!»
Nima kerak iddaoli vaj?
Qachon ichda Allohni topsam,
O’sha zahot ado bo’lar haj!

Taysallamang, yorilmasin vaqt,
Iso dajjol quvganday haydang.
Ona, ko’ksing ostida xilvat,
Ota, tog’day belinga qaytay…

To’lqin
1
Xarob qilar meni bu to’lqin,
Yuragimga sapchigan chaqmoq.
Nafasingni olginu yulqib,
Daraxtlarga bo’lib ber, Rahmon.

Tashlading-ku cho’g’ni ummonga,
Bo’ronlaring o’ynatar qamchi.
Sol qaytadan tanni xumdonga,
Hali xomman, bor-yo’g’im – balchiq.

Ko’ksimni yor, Musiqor qushim,
Bizga sukut bicholmagay narx.
Bastomona holatga tushib
Jazbalanay qiynog’ingda, dard.

2
Qiynoq! Qiynoq! Muhabbat – qiynoq!
Netay unga muhtojman, zorman.
Ololmayin bir chaqa siylov
O’z jasadin ko’mgan mozorman.

Bisotimda bir tishlam qalb bor,
Haridori toshdan o’tgan tosh.
Oyog’ini Ka’ba deb takror
Egiladi itoatsiz bosh.

Rashk qilaman, Iblis rashkining
Everesti bo’g’zimda qoyim.
Jallodimning ich-u tashining
Suratiga borlig’im moyil.

Yana qiynoq, qiynoqdir g’olib,
Maysa kuyar yog’mur ko’yida.
Zamin – zolim. Koinot – zolim,
Sahro mahrum rayhon bo’yidan!

Xarob qilar meni bu qumsash,
Tomirimda bo’tana sharob.
Sensiragan ko’zimga qum soch,
Buyur: «Meni sog’inish harom!»

3
Achchiq ko’z yosh quyilgan xumman,
Ichmadilar, aynidim, gumman,
Kim uchun yo nima uchunman? –
Anglamay ketdim.

Mahramisan deya uzlatning,
Ehtiroslar tilin muzlatding,
Nurga zulmat surkab uzatding –
Yamlamay ketdim.

Qiliqlarim tinchingni buzar,
Mana gulzor, ol, mana bu zar,
Mana jannat, mana bu do’zax –
Tanlamay ketdim.

4
So’z tomizib sayratding,
Yayratdinga yayratding,
O’zing g’alat yaratding,
«Lom» dedikmi, Xudoyo?
«Mim» dedikmi, Xudoyo?

«Kuyla» deya ezdilar,
Kuylaganda bezdilar,
Tilimizni kesdilar,
«Lom» dedikmi, Xudoyo?
«Mim» dedikmi, Xudoyo?

Tutib dorga ildilar,
Terimizni shildilar,
Nima qilsa, qildilar,
«Lom» dedikmi, Xudoyo?
«Mim» dedikmi, Xudoyo?

5
Isyon! Senga tik boqdim,
Menga bir ofat yubor.
Quturdimmi, tutoqdim,
Bariga sabab – xumor.

Na xas bordir, na kema,
Quduqqa tosh tashlading.
Yutib olar hademay
Ilonog’iz tashnalik.

Gar u boqmasa qiyo,
Bekor men tushgan maydon.
Vasliga surgun qil, yo
Nom ber: ikkinchi shayton!

Xarob qilar meni bu to’lqin…

Tong va shom
1
Tong shamoli kelar bostirib,
Uyg’onadi junjikib dala.
Uloqtirar qora yostig’in
zirvalarning ortiga falak.

Yaproqlarga titroq sachratib
chug’urlaydi qushlar – taviya.
Hilol yirtgan ko’ylagin chatib
daraxtlarga ilar tabiyat.

Koinotni qilmasdan ilhaq,
Ko’tararkan yerdan kuragin.
Shartta yorib ko’kragini Sharq,
Ko’rsatadi qaynoq yuragin!

Tong shamoli kelar bostirib,
Kuhladimi ul Sohib jamol?
Makon tutgan osmon ostini
sayyoralar nafasi – shamol

2
Orziqtirar kunning qaytishi,
Ko’zlarimga cho’kar namozshom.
Yorug’likka vido aytishib
tog’lar tutmish ufq quyilgan jom.

Zanji og’ochlarning shivirin
chug’urchuqlar qilmish ovoza.
Bedazorlar bo’yin simirib
shamol tungi charchog’in yozar.

Yulduz yuvar osmon sohilin,
Ruh borliqqa singishib ketgay.
Oyning mahin-mahin kokilin
tarang tortib chertar chigirtka…

Haqiqat
shoir do’stlarga

Na eskimiz, na yangimiz,
yarmimiz – ayb, yarmimiz – g’ayb.
Dong’imiz yo’q, yo’q – changimiz,
shoir umri bizlarga hayf.

Ko’ngil – toychoq, umr – sarson,
so’kinganga do’q urmadik.
Yigit bo’lib, larzon-larzon
suluvlarni tush ko’rmadik.

Qishloq yig’lar, bezbet shahar
kelgindi deb urdi taqa.
Azob sotib oldik faqat,
qolganda ham sariq chaqa.

Kosamizda limmo-lim so’z,
sipqoraylik dast ko’tarib.
Eplolmasak agar, ey do’st,
kel, qo’yaylik jim to’nkarib.

Mashrabmasman, sen – Hofizmas,
ammo nega devona losh?
Javobiga men ojizman –
to qiyomat ruhlar – talosh.

Kel, boshingni boshimga qo’y,
zo’r shoirlar o’ldi deb yoz.
Ko’z yoshingni yoshimga quy,
biz, bor-yo’g’i, soya, xolos,
biz, bor-yo’g’i, soya, xolos.

Mazhar

Darvishning egnidagi chopon deya kim aytdi?
Boda ichgan kosasi sopol deya kim aytdi?
Sizlarni tinglamasa, so’zlamasa odamday,
Tilin qarg’a cho’qigan soqov deya kim aytdi?

U biladi koinot, qiz yuzida xolday gap,
Boylik – qirib tashlasang, boz o’sar soqolday gap.
Sirni erta anglagan – ot bo’ynida telba yol,
Qarshingizda alifu uzlatida dolday gap.

Karomati yo’q, ammo vajohati Aliday,
Qobirg’asin sanashga tortinadi parilar.
Yura-yura ochiqib, ilinsa gar ko’zlari,
Xurmo solib o’tadi, kachkuliga valilar.

Kim jirkanib qaraydi, kimdir uyg’onar tanib,
Olovdan yo shamoldan yasalgandayin tani.
U menga pulsirotdir, tavba-tavbayu ketsa,
Ignada turgan dunyo, qiyshayib qolgay aniq.

Qo’lidagi kosadan quyilar shomu shafaq,
Tilidagi zanjirin burdalab borgay safar.
Azonsiz tug’ilgan u, ko’milar janozasiz,
Izg’igay galdir-galdir, egnida zarbof kafan.

Sirni erta anglagan – ot bo’ynida telba yol…

* * *

Ofeliya! Ofeliya!
Quvg’indi malak!
Qo’rchoqboz lahzalar ermagi, jonim.
Quturgan nigohlar husningni talar –
Qafasdir osmonning ostgi tomoni.

Yig’lama, ahgarim, ko’zinga rahm et,
Kul bo’lsin bu sahna
sen ketgach yonib.
Mana men – kimligin unutgan Gamlet,
Sharobga almashdim butun dunyoni.

Ofeliya, go’zalim, ket bu shahardan,
Odamzod qadami yetmas joyga ket.
Qalbingni olib chiq mudhish asardan –
Kim bo’ti Shekspir?
Kim bo’pti Gamlet?!

Ketding, tomog’imda qolib ketdi «qol»,
Jinko’zlar, ortidan g’iybat bejamang.
Oxirgi qadahni ey, sohibjamol,
Mardona jur’ating uchun ichaman!

Omon bo’l, Ofeliya, qismati oqsoq,
Bizni chuv tushurdi ko’zboylog’ich dayr.
Rejissiyor – Alloh bo’lajak oqshom,
Mahshar sahnasida ko’rishguncha xayr…

Mujda

Yomg’irda ividi mezon iplari,
injiq daraxtlarning qabolari nam.
Yutoqib bo’ylarkan tufroq hidlarin,
o’zini jannatdek sezdi jahannam.

Osmon bog’larida kezmish qosh qaro –
bulutlar bir-birin qo’lini ushlab.
Kuygan butoqlarning xilvati aro
jahriy ibodatga kirishdi qushlar.

Yangi darajot bu, jadid tariqat,
unga yo’l solgan oy tashlagaydir po’st.
Oftob yeng shimardi va shu tariqa
tarki dunyo qilsa arziydi avgust.

Jozib tasavvurlar qalbimga qo’nib
sokin pufladilar, go’yo tanim – nay.
Yomg’irga qorishdi kuzning ilk kuni –
galdir sochlaringga cho’lg’anganimday…

Arzi hol

Shamolni qamchiday o’ynatar tog’lar,
Ko’karib chiqadi ko’kning ko’kayi.
Jonimdan to’ydirdi
fe’li yumshoqlar,
Qabriston,
diydamni senga to’kayin.
Qoshimda arvohu boshimda shamshir,
Bo’ynimda arqonu qo’ynimda qo’rquv.
Ruhimni may bilan siylamas Jamshid,
Qorayib ketganday qalbimning turqi.
Jinlar aysh suradi «ahu jaqala!»,
«Kuf» deyman, «suf» deyman,
tutqizmas jilov.
Ichimni bulg’amang, jirkanch baqalar,
Yurak – suvparidir,
tangasi – tillo!
…Senmiding shudgorga tashlagan quyruq?
Izlamga nahotki meni saylading?
To’rt tomon qiblamas,
to’rt tomon – buyruq,
aylanib yuribman tanam – chaylada.
Qoziq atrofida chuvalib toldim,
Kurmakni bo’shatib dam ber bir fursat.
Ko’rganim ko’rlardan ortgani –
qoldiq.
Tun va kun qovushar lahzani ko’rsat!
Nishidan o’payin asal arini,
O’lguday mast qilgin qultum ichirmay.
Yurak – suvparidir,
tangalarini
sovurib ulgurdim savdoga kirmay…
13.05.2019

Yakun

Aytarim yo’q mening lo’ttibozlarga,
Senga arzigulik yoniq satrim ham.
Sochilib ketganman ehtiroslarga,
Yig’ib ololmaysan misoli dirham.

Bilaman, ajaldan bo’lmaydi o’zib,
Bilaman, qisqadir qurandoz paytlar.
Bilaman, topilma deb yozgan so’zim –
Iblis cho’ntagidan to’kilgan baytlar.

Sen mendan shoirmas, odam izlagin,
Qulab tushmadi-ku, Rumiysiz Kunyo.
Shamolga sovirib toza hislarin,
Kun sayin huvillab boryapti dunyo…

Baribir qo’linga uzataman gul,
Baribir sharroslab quyiladi roz.
Peshonam – shakkoklar toptab o’tgan yo’l,
Shu yo’lda jonimni olar ehtiros!
28.05.2018

03

(Tashriflar: umumiy 1 035, bugungi 1)

1 izoh

  1. Жонтемир Тоштемиров чнги шерларини каердан топса булади

Izoh qoldiring