Jontemir. Yangi she’rlar

03    Жонтемирнинг шеърларини бефарқ ўқиёлмайсиз, улар сизни муносабат билдиришга мажбур қилади. Кимлардир унинг шеърларини олқишласа, яъни бош силкиб ўқиса, яна кимлардир уларни бош чайқаб ўқийди. Бугун  фейсбукдаги саҳифасида Жонтемирнинг мана бу сўзларини ўқидим: Англадимки, ҳар ким Яратган берган даражагача фикрлай олади. Дейлик, кимдир дарахтда ўтинни, сиз эса тобутни кўрсангиз, демак иккингизда ҳам айб йўқ… Санъатнинг вазифаси, одамиятни фикрлашга ундаш!..»

ЖОНТЕМИР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
011

***

Шоирни тинч қўйманг,022
асаб торларин
ҳуда-беҳудага чертаверинглар.
Ўшанда шеър билан сийлар сизларни,
Кетган бўлса ҳамки қалби йиринглаб.

Йиғласа – жилмайинг,
жилмайса – сўкинг!
Севинчдан ўсмас у, берманг ҳаловат.
Бошидан хилма-хил иғволар тўкинг –
Азоб-уқубатдан олар ҳарорат.

Қурол ушламасин,
кўтарсин бода,
Шивирланг: ошиқлар кўзёшин ичгин.
Ишонинг, шоирдан бошқа, дунёда,
Ўлган чумолига йиғламас ҳеч ким.

Ичида ўт қайнар,
сархуш юради,
Жазбасин қўзитиб, сачратинг ғулу.
Исён лаззатини татиб кўради,
Чавандоз қамчисин ҳис қилган қулун.

Ачинманг, кўрсангиз қароғида нам,
Энг гўзал сатрлар туғади нафрат!
Шоирни тинч қўйманг уйқусида ҳам,
О, уни ўлдирар: сукунат, ғафлат.

Мансаби олиймас,
эмасдир даҳо,
Арзимас ҳаммадан ортиқ суйишга.
Шунчаки куч топинг,
учраса гоҳо,
Озғин қўлларини сиқиб қўйишга…

16.1.2019

***

Аллақачон тушдик асирга,
Қаршимизда алвон яланглик.
Тонгни кутиб олайлик бирга,
Шамолларни бирга тарайлик.

Гулирозлар қадалган ҳарир
Сўзонани эслатар шафақ.
Бўйлолмайин мушки анбарин,
Бармоқларим сочингдан хафа.

Жоним, нега маюс юзларинг,
Ханжар каби совуқ икки лаб?
Аллоҳ, Аллоҳ, мовий кўзларинг –
О, уларни бўлмас тасвирлаб!..

Ишон менга, ўлимдай ҳақрос
Лаҳзаларга оташ қалайлик.
Само тушар ёғмурлар – раққос,
Қаршимизда алвон яланглик.

Ҳализамон ёяр кун ёйин,
Бир субҳки, ҳеч баҳоси йўқ.
Тушунсангчи, шўрлик дунёнинг,
Биздан бўлак ҳеч вақоси йўқ!
Биздан бўлак ҳеч вақоси йўқ!

Тонгни кутиб олайлик бирга,
Шамолларни бирга тарайлик…

10.1.2019

***

…Ташрифи даргумон саҳарнинг.
Деразага юзини босиб
Ёп-ёлғиз тун турмиш кузатиб.
Шундоғам совуққон шаҳарнинг
Суякларин баттар музлатиб –
Маҳзун-маҳзун учқунлайди қор.

Хаёлга ботасан:
Бир дўстингни еди йўқчилик,
Бошқасини ютди оила.
«Сен бунча шаталоқ отасан,
Осмонни қўзғатиб кўрчи жойидан!»
Жимм.
Маҳзун-маҳзун учқунлайди қор.

Соғинч тўла мактуб битасан
Бувингга,
Меҳрибон севгилингга ҳам.
«Олисларда бўлсам-да майли,
Мен бахтлиман»  ирод этасан
Ва барибир жўнатилмайди…

Эс-хушингни ғижимлар қўққис,
Қорин ғами,
Орзу-истаглар.
«Келмадими қилмоқнинг гали,
Катталарга сохта тавозе?
Бола очиб елкангда хумо,
Ўсиб кетар шунда қўлларинг!»

Чангаллайсан бошингни
карахт,
Тилингни чайнашга тушасан.
Бурда-бурда бўлар овозинг.
Қонталаш кўзинuга ботиб кетади
Сут каби оқлиги қоғознинг.

Маҳзун-маҳзун учқунлайди қор…

***

1.
…Этаги йиртилди нажоткорларнинг,
Талваса,
Тириклай кўмилган итдай
мудҳиш чинқириқлар мозоридаман.
Танимни чангаллаб олган илдизлар,
Ўпичдек жонсарак ёғмур томчисин
қўмсабон қақраган лабимга
ачқимтир гулобин томизар тупроқ.

2.
Сенда қўним топмоқ истадим,
Алаҳсиб тўзғидим
бекатма-бекат.
Ҳуркитсанг учиб кетолмай, дея
қирқиб қўйдим қанотларимни.
Занжирингга оримни боғлаб
қояларнинг кўзин ўнгида
оёғинга суйкалиб ётдим…

3.
Берганинг ғамларга салламно,
Хушмашраб дамларга салламно.
Қоронғу қалбимни ёритган,
Оташин шамларга салламно.

Нари кет, талваса, нари кет ғулу,
Қасоскор истаклар хониши.
Сархушман кузатиб
сулувдан-сулув
ўтмишнинг чирсиллаб ёнишин.

4.
Керак эмас сохта тасалли!
Бойўғлилар товушин ичиб
деворларга муштим экаман.
Ҳайқираман қиблага қараб:
«Унитилмас абадул-абад,
Ишқ йўлида ўлган шаҳидлар!»

Қашқирни бўғизлаб кетолган оҳу,
Дунё охирида кўришажакмиз…

***

Ёлғондир меҳрингдан совиб қолганим,
Ўксима –
Кўксима ёнар қўрғошин.
Қақроқ лабларингга томизолгани,
На қатра қоним бор,
На томчи ёшим.

Бу гал ҳам кетяпман руҳга бўйсуниб,
Менда бошқалардек ҳокиммас вужуд.
Йўлимни тўсолмас
Сохта ўй суриб,
Кўзларинг ортимдан қилмасин ҳужум.

Йўқ, асло айбинг йўқ,
Фитратим ғалат,
Гоҳ – сокин кўлдайман,
Гоҳи – доғули.
Сайёд бўла туриб қилайми талаб,
Сендан
жозибасин шаддот оҳунинг?!

Ҳозирча индама, эркин қўйиб бер,
Чиқариб улгурди
бўроним қанот.
Занжирбан қўл билан ёзилмайди шеър,
Тириклай ўлдурур қулни хаёлот.

…Қудуқлар тингласин шаккок бўзимни,
Қуюлиб,
Ёввойи феълим қаригач.
Қачондир қайтарман –
Кўмиб ўзимни
Таптанак боғлаган ғорлар қаърига.

***

Қопқонга тушиб қолганда бўри
Лайчалардек ғингшиб ўтирмай
Ғажиб ташлар тутқун оёғин.

Оқ-қора кўргандай илоннинг кўзи
Озодликдан бошқа ҳаётни
Тасаввур қилолмас
Қашқир ҳеч қачон!

Бургут қоялардан ташлаб боласин
Учурма қилганин кўрганмисан ҳеч?
Қуласа – ўлади,
Қанотин ёзиб
Учиб кетса – осмон муборак!

Эй сен,
Оралиқда қолган жигарим,
Руҳини қўрқувга қорган жигарим,
Тишларинг мустаҳкам,
Қанотларинг бор.
Ё – ғажи,
Ё – учгин,
Учинчи йўл йўқ –
Бўлганмас,
Бўлмайди бундан кейин ҳам!

6.2.2019

***

Ботирнинг жазбаси ичида ўсар,
Шоқолга бўкирса,
демак у – шермас.
Ойдинда шошилиб олинган бўса,
Хилват шивирининг роҳатин бермас.

Дарахт ғингшимайди,
Кузатар аммо,
Тоғлар сукутида уйғоқ Муқанна.
Кўрган гуноҳларин ёзғирса само,
Ўша кун қиёмат қўпгай муқаррар.

Қулоғинг остида чинқирган –
У ким?
Талваса тутмасин, гўёки карсан.
Чўққига етасан руҳингга чўкиб –
Сен ўз жимлигингдан лаззатланолсанг!

Ботирнинг жазбаси ичида ўсар…

РУҲ

1.
Улкан қабр ичида жуссам,
Талпинганим қилдай ёруғлик.
Ниҳолмасман, кун сайин ўссам,
Гўрўғлиман, ёлғиз гўрўғли.

Қачон асир тушдим бу ғорга?
Хотирамни кемирар ғазаб.
Иштиёқманд эдим тулпорга,
Ичиб қўймиш қулмижоз жасад.

Нега лочин, нега қашқирмас?
Яратганга саволларим мўл.
Қоронғуда пайпасланиб, маст,
Ташқарига йўл излайман, йўл.

Торлик қилар наҳангга кўлмак,
Қавмимда энг ўр эдим, идда.
Имконсизми бундан қутулмак,
Наҳот сўнса бетизгин шиддат?!

2.
Муҳаббатсиз бўшанггу майбоз,
Сукунатга бўккан қуруққалб
Махлуққамас, мени эй Найбоз,
Жойласайдинг жиккак уруққа,

Ўтирмасдан ғамнок, ўксиниб,
Қояларнинг – Ўзингга қасам –
Исёним-ла ёриб кўксини,
Босиларди балки талвасам.

3.
Йўқ, барибир келтирмам сужуд,
Қоқ иккига бўлингай қамар.
Қон қақшайди ҳали бу вужуд –
Башмалдоғин ёриб чиқаман.

Авролмагай ортиқ мусиқа,
Жазбаларим содиқ, раҳнамо.
Ё денгизга, ёки мусиқор,
Ё қашқирга сингийман, тамом!

БУ ОҚШОМ

Бу оқшом –
Кўнглимни ювмиш ёмғирлар,
Дилафрўз кечанинг киприги узун.
Бир нафис ҳаяжон кетмиш томирлаб,
Лабимга гулобин томизгач узум.

Бу оқшом –
Кўзимни афсун боғлагай,
Қонимни кўпиртиб зангори оғуш.
Телбавор парвозга томон чорлагай,
Елкамга қанотин ташлаган оққуш.

Бу оқшом –
Ўзимни ташлаб кетарман,
Шаррос ёғилгани соғинч бошидан.
Бу оқшом –
Тўсатдан яшнаб кетарман,
Қаршимда ўтирган висол қошида.

Бу оқшом –
Умримнинг энг гўзал пайти,
Борлиққа ҳокимман, париларга шоҳ.
На эслаб қоларман,
На бўлар айтиб –
Ёлғиз гувоҳликка ўтолар Аллоҳ!

Бу оқшом –
Кўнглимни ювар ёмғирлар…

ИФОР

Унинг томоғидан келар бир ифор,
Ифорки,
ҳу таъқиқ меваси каби.
Ярадор чанқоғим дардига шифо,
Мансур истакларнинг ёввойи таъби.
На гуллар симирган,
На ёғмур,
На ой,
Ошиқлар куйганда ёр ишвасидан.
Яралган
Оҳунинг қошидаги ёй,
Олов ва туфроқнинг қоришмасидан.
Унинг томоғидан келар бир ифор,
Беҳишт боғларини элар бир ифор.
Ачқимтир ҳаётим оқшомларини,
Хушмашраб тушларга белар бир ифор.
Гулирўз лаблардан томчилайди ишқ…
Тўлқинлар қўпганда қирғоқни қўмсаб.
Ҳеч кимга сездирмай
насли Алпомиш
Руҳимни ул ифор комига кўмсам.
Титроққа тушаман,
қалбимда довул,
Ҳей иблис, ўткинчи ҳавасингми бу?
Пешонам, юрагим, томирларим ҳўл,
Аллоҳим, айт, сенинг нафасингми бу?!
Ўлсайдим!
Ўлдирмас,
Ҳазор изтиғфор,
Кўксин хилватида ҳурлар ёширин.
Унинг томоғидан келар бир ифор,
Таъқиқ мевасининг бўйидай ширин…

15.1.2019

* * *

Қорамтир боғларнинг кузги жимлигин
Совуққон шамоллар
Тўзғиб ўтганда,
Кўзингга санчилиб ёлғиз ўриндиқ
Юлдузлар чипқондай кўкка бўртганда,
Сен мени эслайсан!
Бўйнинг, лабларинг
Ажалвор ўпичлар тафтидан куйиб.
Сен мени эслайсан: аччиқ ва ғариб,
Бадбуруш тақдирга суянган кўйи…

Сен ҳали ёш эдинг,
Осмон мусаффо,
Ранглар ва қушларнинг қоришиқ исми
Онгингда тўлқинлар ясарди, шаффоф
Капалак қаноти сингари жисминг.
Қайғудан олисда чайқалганча маст
Бир эркак қўллари тегмаган сочлар.
Лабингдан ёввойи бўсалар эмас,
Сув ичиб кетарди шўх қалдирғочлар.
Нигоҳлар тамшаниб боқар қаддингга,
Елкангга суйкалиб оқарарди моҳ.
Бош қўйиб мудраган сийнабандингга,
Нурдай соф иффатинг, титроқларинг, воҳ!
Сен ҳали ёш эдинг:
Беғубор, ҳуркак,
Билмасдинг ўнг нима, нимадир хато.
Сен ҳали ёш эдинг
Тўнғизқалб эркак,
Бинафша умрингни булғагунча то.

…бақувват дарахтга айланмай ниҳол,
Дарёга қўшилмай
Жонсарак ирмоқ.
Лойпарчин тўшакка йиқилдинг беҳол,
Бунда нажот эмас
Роҳат – ҳайқирмоқ.
Ногоҳ тасаввурдан силқиган ранглар
Осмонни қорага чаплади зумда.
Қулоғинг остида мудҳиш жаранглаб,
Болафеъл руҳингни босди қузғунлар.
Энди кеч,
Дов қисмат манглайинг ўйиб,
Муҳрлаб қўйдию қуллик – тақани.
Нафис ҳиссиётлар бошини сўйиб,
Итқитди,
Отгандай сариқ чақани.

Наҳот яратганнинг нигоҳи юмуқ?
Шафқатнинг илдизи оғриққа ботган.
Фирдавси жаннатмас,
Ирганч бир тамуғ
Ва Иблис – анави ёнингда ётган.
Сержило тушларинг маҳсули – аянч,
Қилтомоқ умидинг элитиб уйқу
Ортга йўл тополмай,
Тополмай таянч,
Барига кўниккан чоғингда туйқус –
Иккимиз учрашдик,
Қорамтир боғлар
Кузги жимлигини ютганда шамол.
Осмон ўша эди,
Тик эди тоғлар,
Фақат мен – мужаддар,
Сен эса – аёл!
Бутун ер юзида ёлғиз ўриндиқ,
Япроқлар титрарди раққосага хос.
Мен сенга,
Сен менга андак сурилдик,
Ай, сотқин муҳаббат, кофир эҳтирос.
Тўсатдан уйғониб тисралдинг ортга,
Сарғайиб томарди дийдангдаги сув.
Пайқадим,
Иймондир жазбангни тортган,
Бадбахтга садоқат,
Гуноҳдан қўрқув…

Нега ошиқларнинг озуқаси – ранж?
Эгиз истагларнинг йўли чалишдир.
Севгисиз оила – нақадар жирканч,
Ишқ ила қовушмоқ – фоҳишаликдир?!
Мен энди денгизнинг тубига шўнғиб,
Дурга дуч келибон,
Ҳўпиқиб ҳайрат.
Талмовлаб турганда тушимми-ўнгим,
о, қисмат,
юзимга туфладинг найранг!
Даҳшатли чирпандим музликда бу гал,
Бўғзимга тиғ тортдинг,
Оддий чизиқмас.
Ўликлар азобин ҳис қилдим тугал,
Тириклар ҳаёти энди қизиқмас.

…Ўп мени,
Аямай қучавер, ёҳу,
Коинот гумбурлаб, қуласин тошлар.
Қашқир панжасида тирилган оҳу,
Висолнинг рақси самосин бошла!
Худонинг борлиги рост бўлса мутлақ,
Руҳлар учиб юрса
Самовот аро.
Табиат, йўл қўйган хатонгни бутла,
Атргул ифори
Ботқоққа ҳаром!..

Сўнди, сўнаверди дасиса илинж,
Исёнга айланмай қазо топди мунг.
Баджаҳл қонунлар қайраган қилич,
Бизларни тилкалаб ташладилар сўнг…
Ёдимнинг қурандоз хилватида мук
Тушганча ибодат қилар хотиранг:
“Одамзод юраги аз-азал куюк,
Дунёда ҳеч нарса эмас бокира!”

Сен ҳали ёш эдинг:
Беғубор, ҳуркак,
Билмасдинг ўнг нима, нимадир хато.
Сен ҳали ёш эдинг,
Тўнғизфеъл  эркак,
Бинафша умрингни булғагунча то.
Қорамтир боғларнинг кузги фарёдин
Совуққон шамоллар тўзғиб ўтганда.
Кўзингга санчилиб ёлғиз ўриндиқ,
Юлдузлар чипқондай кўкка бўртганда
Сен мени эслайсан,
Бўйнинг, лабларинг
Олмаган ўпичим тафтидан куйиб.
Сен мени эслайсан: аччиқ ва зариф,
Бадбуруш тақдирга суянган кўйи…

28.12.2018

УЙҒУР ШОИРЛАРИГА

Қаршимизда аламзада тун,
Мен сизларга, сиз менга ҳамдард.
Қайғу бизни енгмасдан бурун,
Тонгга етиб олмоғимиз шарт.

Кеча маккор, ҳужумга ўтар,
Она каби айтади алла.
Алданмагин, бошингни кўтар,
Бор овозда куйла баралла!

Шиддатингдан қўзғалиб довул,
Ошкор бўлиб минг йиллик тилсим.
Уйқусида бўғизланган ул
Куйчиларнинг руҳи тирилсин.

Ўқ томири ғафлат иллатнинг,
Сергакка ёв қутқу солмагай.
Шоирлари мудроқ миллатнинг,
Қабристондан фарқи қолмагай.

Ҳушёр туринг, тонгача етсак…
Етмасак-да, бу тонг отадир.
Агар биз ҳам уйқуга кетсак –
Қолганларни ким уйғотади?

Болаларни ким уйғотади?!

* * *

Далаларга юзимни бурдим,
(Шаҳар ёқдан тортилди енгим)
Кишнаб юрган руҳимни кўрдим,
Ёлларида йўқолдим сингиб.

Оёқ ости ям-яшил яйлов,
Тиниқликда самовот – шиша.
Ич-ичимда оташин қайнов,
Жинниликдан қилмам андиша.

Изтиробга қўйгандай талоқ,
Қора рангдан тўйдим-ку роса.
Кенгликларда отиб шаталоқ,
Юрагимнинг чигилин ёзай.

Майли қўққис битиб фурсатим,
Ортиқ севмай қўйса тириклик.
Менга Мажнун қабрин кўрасатинг,
Малол келмас унга шериклик…

Ҳозир шодман қалбим ўйнидан –
Далаларга юзимни бурдим.
Мангу озод тоғлар қўйнида,
Кишнаб юрган руҳимни кўрдим!

***

О, қишлоқ итлари,
содиқ, қадрдон,
ҳуринглар!
Юрагим юмшасин бироз.
Тошкент деб аталмиш баланд адрдан,
сизларни соғиниб энганлигим рост.
Дилрабо тунларнинг завқини куйланг,
тоғларга тирмашиб ўсган томларни.
Чапани болалик шавқини куйланг,
подага қўшилиб тўзган шомларни…
Мен билган чолларнинг
бирортаси йўқ,
масжид ҳовлисидан
аригандай қут.
Баргини сийирсак уришарди дўғ,
қачон ағанади
қадим момо тут?
Бувимнинг чеҳраси сўлғин, бежило,
кексалик гаштимас,
ёлғизлик шашти.
Нега бултургидай ёнмайсан, ҳилол?
Сўқир кўчаларнинг кўзин қамаштир!
Шўр босган нигоҳим тортмишдир хира,
о, қишлоқ итлари,
ғулом, жафокаш,
Тунги улишларни соғиниб бирам,
қидириб келгандим
бу ерга оташ.
Вовулланг,
ҳисларим олсин аланга,
менсимаяпсизми ё
аяяпсиз.
Бир пайтлар сизларга обдон таланган
безорини наҳот танимаяпсиз?!
Тўғри, ўзгарганман,
сочларим пахмоқ,
жингала соқолим баридан баттар.
Анграйиб қарайсиз ким деб бу «ахмоқ»,
тамаки ҳидига бўккан «муаттар!»
Мен ўша –
тойчоққа эргашиб чопган,
яқинроқ кел, Қоплон,
ҳидлаб кўр, Тўрткўз.
Мен ўша –
саратон. Ёзги офтобда,
елкаси ачишиб, ер ағдарган бўз.
Хуфя учрашувлар, бўй қизлар бағри…
Ёмғирда шалаббо кезган дамларим.
Онамнинг кўз ёши,
отамнинг қахри,
қисқа севинчларим,
узун ғамларим.
Ёдим зиндонида чинқирар ўрлик,
бедов истакларнинг хуружи қайнар.
Ҳаддури сатрлар тўқиган ғўрлик –
ҳаммасига гувоҳ сизлар-ку айнан!

О, қишлоқ итлари,
содиқ қадрдон,
ҳуринглар,
юрагим юмшасин бироз.
Тошкент деб аталмиш баланд адрдан,
сизларни соғиниб келганлигим рост.
Дағал товушинггиз кўнглимни силаб…
дарбадар кетганим ёшликка йўйинг.
Фақат қараманглар
жеркиб, ётсираб,
ўзимни ўзимга танитиб қўйинг.

28.12.2018

ЖИМЛИК ИЛМИ

Кафтингни сиққандай Хўжаи Хизр
Унвонлар сеники,
Минбар сеники,
Сеники, шаҳарнинг энг сулув қизи.

Фақат сен жим яша –
Ҳаммаси гўзал!

Нодонлар ўлимни бўйнига олиб,
Арзимас виждонга сотилиб кетар.
Ҳуда-беҳудага ҳайқириқ солиб,
Оқибат итдайин отилиб кетар.

Фақат сен жим яша –
Ҳаммаси гўзал!

Ҳақиқат тиланма ўғрию ғардан,
Минг йиллик покиза қонингни булға.
Юзингни терс буриб бечоралардан,
Қарсаклар ичида кун сайин улғай.

Ёқангдан олишсин:
“Айт, нега жимсан?”
Хулоса қилишсин: тўйдиришгандир.
Тарихда бўлганми сендайин кимса,
Бўлса-да, пуштини куйдиришгандир?

Эътибор бермагин уларга иним,
Кафтингни сиққандай Хўжаи Хизр
Унвонлар сеники,
Минбар сеники,
Сеники, шаҳарнинг энг сулув қизи.
Барига мардона жимлигинг сабаб!

Фақат сен жим яша –
Ҳаммаси гўзал!

СИМЁҒОЧСИЗ ТУЙҒУЛАР
(туркум)

1.
симёғочман
симёғочлар эса гулламас
гулламоққа мойил
яшил дарахтлар
Ин қурмайди қушлар ҳеч қачон
ҳатто
ютган ўлжасини ҳазм қилмоқ учун
озғин баданимга ўралиб обдон
совуққон илонлар ғашимга тегмас

2.
Қатортол.
Бозорга кираверишда
бир кампир туради, кўзлари сўқир,
Садақа тиланар ўтган-кетгандан.
Шўрлик аёл,
Ким олиб келади сени бу ерга?
Ким олиб кетади бу ердан сени?
Эрингми,
Ўғлингми,
Наҳотки ўғлинг?!
Ҳар кўрганда иссиқ чеҳраси
юрагимга санчилар қаттиқ.
Сен эмасми ўн йилча бурун
ҳархашасин бостирай дея
олиб чиқиб катта шаҳарда
набирасин йўқотган кампир?!

3.
Шуурсиз тонг.
Қирқ тушга бўлинган фикрларимни
йиғиб берар сигор тутуни.
Навқирон чеҳрамга қаримсиқ соат
бақрайганча қўяр ютуниб.

Етаклаб кетади кўчалар, боғлар,
Табиатнинг шавқига эниб
киприкларим бахтни қучоқлар,
Лайлисини топгандай меним.

Тош отиб ўйнайман анҳорга,
Ўйламасдан тавба, тоатни.
Шеър ёзаман атаб баҳорга,
Ғазабини қўзғаб соатнинг.

Ўлим туманлари ёприлар қуюқ,
Бехавотир оламан нафас.
Ҳаётим эгаси мен эмасман, йўқ,
Дарҳақиқат соат ҳам эмас!

4.
Замин қайда?
Қайдадир осмон?
Вақт кўксини ёрмиш қўрғошин.
Ҳаттот – сенми?
Менми – қўлёзма?!
Чурқ этганнинг дордадир боши.

Ҳалложларинг аяб
ўзини
майдонларда қилару майна.
Бармоғи-ла ўйиб кўзини,
Эрксираган тилини чайнар.

Сўлқиллатиб очиқ кўкрагин,
Ётоғига чорлайди ғулу.
Виждонимми бўғиқ ўкраган?
Иймон сўрар очофат зулук.

Шаккокликни бас қил эҳтирос!
Ортиқ лаззат бермай қўйди дард.
Кўрингани вос-вос, эҳтимол
тушдадирман,
уйғонмоғим шарт.

Хаттот – Сенми?
Менми – қўлёзма?!

5.
Шаҳризода, шамолга айлан,
Дарахтларни кулдир
қитиқлаб.
Кузги ёғмур баданидай соф
кўзларингдан ўқий битиклар.

Бинафшага ифоринг ёдлат,
Сийпалаб қўй,
ранжимасин ғам.
Сочларингни шафаққа ботир,
Қирқ кокилинг – қирқта мўйқалам.

Соғинчимнинг чигилин тара,
Бармоқларинг майиндан -майин.
Талвасамни қилиб масхара,
Сени ўйлаб-ўйлаб гуллайин.

Шаҳризода – ўпилмаган туш…

6.
Лойқа табассумлар қуршовида эдим у пайт,
Унутгандим қуёш борлигин.
«Эрк нима» деб сўраганларга
«Шамол» демоқликка бормасди тилим:
Балки қизғанардим,
Балки қўрқардим.
…Излаб келдинг қалбим хилватин,
«Сен турганинг энг қуйи қатлам,
Юр, олиб чиқаман ёруғлик сари.»
Кўнмадим.
Ёнимда қолдинг барибир.
Нахс нафсимдан покланмай туриб
ойни қуршаб олгандай булут
ўзлаштирдим бокиралигинг.

Кўнгил қўйиб дайди махлуққа,
Муҳаббатми
Ўздан кечмоқлик?!

Энди кенглик – осмон,
Эрк –  бу  шамол эканлигига
Икки дунё ишонолмайсан.
Хаёлингга битта ранг ҳоким –
ҚОРА!
Ва кетдинг.
Баҳайбат томирларимни
зулмат ботқоғидан илкис кўтариб
ортингдан оҳиста эргашолмадим.

7.
Шаҳарда ўсмайди менинг дарахтим,
Тоғда
Сенинг юрагингда ҳам.
Томирлари
қайноқ қонимга ботиб
ёрилган ярамдан униб чиқажак.
Бадбуруш танасин силар қўлларинг,
Лабингга босасан шўрхок лабимдай
шохида очилган
қайғу гулларин.
Ва кўз ёш,
Хотира,
Тун ортидан тонг…

8.
Жим кечиб кетарлар,
Сокин кетарлар,
Тонгларинг алвидо айтар паришон.
Ёришмас фарзона лаҳзалар ёди,
Тингламайди қадим қабристон
ўлмасдан ўлганлар фарёдин.
Аччиқ-аччиқ ҳўплайсан сафро,
Ортингда – тун,
Олдингда – саҳро.
Уммон узра эшкаксиз қайиқ,
Бир қалқиниб тўкилар жонинг
кузак чаққан баргдай сарғайиб.

Жим кечиб кетарлар,
Сокин кетарлар,
Кўздан бошқа кўтармас мотам…

9.
Эҳтирос қайнаган тушларинг титиб,
сўрамай
сочларинг тахин бузган ким?
Покиза жисмингда титроқ уйғотиб,
Кўксингдан лабида олов узган ким?

Қайда учиб юрар
руҳинг сарсари?
Ким сени бунчалик боғлаган?
Қалбингни доғлаган, жим ардоқлаган –
Унга ўхшатасан ҳамма нарсани.

Карахтман.
Аламнинг давоси қасос!
Юрагим қозиқ тишларин санчар.
Унинг менлигимга келтиргин асос,
Пинжимда сарғариб боряпти ханжар!

10.
Уйғонсангчи,
Осмон билан шивирлашар бўйчан дарахтлар,
Эзгин хотирадай ёйилмиш туман.
Деразани очгину дилбар –
Ёмғирни тингла!

Масиҳ томчиларга чайингин тўплаб,
Босириқ тушларинг сабога улаш.
Афсунгар зулматнинг шаробин ҳўплаб –
Ёмғирни тингла!

Япроқдек дилдирар
шалаббо Тошкент,
Қайноқ соғинчингга ўраю маҳкам
мен бош қўёлмаган тиззангга ўтқиз.
Лабимда бурқсиб куяр муҳаббат,
Сенга айтолмаган гўдак сўзларим…
Ғуссанинг чеки йўқ,
Висолнинг они,
Ҳаммасини унут гўзалим.
Бир чеккага қўйиб дунёни –
Ёмғирни тингла!

Эзгин хотирадай ёйилмиш туман…

10.
Руҳимни экаман кўринган қалбга,
Ханжардай санчаман
азоби – роҳат.
Бир туки чўғланмас
совуқ ҳисларнинг
ўлик нигоҳлари кетмас куртаклаб.

Ўзимга шўнғийман –
Мудҳиш шабистон,
Бойўғли товушин ичар хароба.
“Эгарланган ёввойи отнинг
даражаси қулга баробар!”

Чуқур уйқу элитган чолдай,
Отилиқиб чиқаман юзага дарров.
Тағин излай бошлайман беруҳ
алаҳсираб юрган жасадни…

11.
Инжиқ руҳим – уммондаги хас,
Чўкмоқликка жой излар тинмай.
Дунё учун – келгинди бир кас,
Парвардигор, олдингда кимман?!

Шамол бўлдим, тоғлар ҳайдади,
Қушлар донин кўрмади баҳам.
Қўним бор-ку ахир қайдадир,
Осмондаги юлдузларга ҳам.

Ватанпарвар тошларни қутланг!
Содиқдирлар мисоли Билол.
Бегонаман қуёшга мутлақ,
Ёлғизларни хушламас ҳилол.

Симёғочлар, орамиз очиқ,
Сизга ожиз танлар суянгай.
Жанозамда уч-тўрт урғочи
Итлар бўлгай чоғи гўянда…

Ҳамма қувди, бермасдан озор,
Заҳар йўқки, шоир ичмаган.
Тирикларни йўлатмас мозор,
Ўзим қолдим, ўздан кечмаган.

Дунё учун – келгинди бир кас,
Парвардигор, олдингда кимман?!

12.
Ер бағирлаб сингиб борар томирларим,
Дарахтларнинг титроғига,
Ҳазонларнинг ингроғига.
Оғринмайман
оғриқларни мўллаб берсин,
Денгизлари исёнимни ҳўллаб берсин.
Симёғочга илдиз бўлай –
Гуллаб берсин!

Япроқларнинг шитирини туш кўраман,
Кўзларимга томиб чиқар шудринглари.
Томоғимда ҳўрмалайди чумолилар
бўй тераклар қитиқлаган ой сингари
сесканаман –
Лабларимга юлдуз тошар.

Саҳроларнинг кипригини ҳўлламасдан,
Симёғочлар қийғос-қийғос гулламасдан,
Сўз беришга сўз бер менга,
Сўз бер, Аллоҳ!

Ер бағирлаб сингиб борар томирларим…

28.1.2019

ТАСКИН

Юраккинам, бўлмагин хижил,
Гарчи ҳали олдинда сир кўп.
Шамолларнинг нафасин ичиб,
Озод яшаб ўтамиз бир кун.

Ким қилолгай тушларни таъбир?
Олиб кетар бизни довуллар.
Ёр кўксига теккан лаб каби,
Ловуллаб тур, фақат ловуллаб!

Яқинларга тафтингдан узат,
Душманларнинг иғвосин унут.
Булғанмасин – нафсингни тузат –
Ичингдаги бокира булут.

Камситмагин, бу йўллар улуғ,
Гар учраса ўлим – кўргулик.
Қўшиқ қолсин иккимиздан шўх,
Маҳшаргача куйлаб ўтгулик…

6.12.2018

09Jontemirning sheʼrlarini befarq oʻqiyolmaysiz, ular sizni munosabat bildirishga majbur qiladi. Kimlardir uning sheʼrlarini olqishlasa, yaʼni bosh silkib oʻqisa, yana kimlardir ularni bosh chayqab oʻqiydi. Bugun feysbukdagi sahifasida Jontemirning mana bu soʻzlarini oʻqidim: Angladimki, har kim Yaratgan bergan darajagacha fikrlay oladi. Deylik, kimdir daraxtda oʻtinni, siz esa tobutni koʻrsangiz, demak ikkingizda ham ayb yoʻq… Sanʼatning vazifasi, odamiyatni fikrlashga undash!..»

JONTЕMIR
YANGI SHEʼRLAR
011

***

Shoirni tinch qoʻymang,011
asab torlarin
huda-behudaga chertaveringlar.
Oʻshanda sheʼr bilan siylar sizlarni,
Ketgan boʻlsa hamki qalbi yiringlab.

Yigʻlasa – jilmaying,
jilmaysa – soʻking!
Sevinchdan oʻsmas u, bermang halovat.
Boshidan xilma-xil igʻvolar toʻking –
Azob-uqubatdan olar harorat.

Qurol ushlamasin,
koʻtarsin boda,
Shivirlang: oshiqlar koʻzyoshin ichgin.
Ishoning, shoirdan boshqa, dunyoda,
Oʻlgan chumoliga yigʻlamas hech kim.

Ichida oʻt qaynar,
sarxush yuradi,
Jazbasin qoʻzitib, sachrating gʻulu.
Isyon lazzatini tatib koʻradi,
Chavandoz qamchisin his qilgan qulun.

Achinmang, koʻrsangiz qarogʻida nam,
Eng goʻzal satrlar tugʻadi nafrat!
Shoirni tinch qoʻymang uyqusida ham,
O, uni oʻldirar: sukunat, gʻaflat.

Mansabi oliymas,
emasdir daho,
Arzimas hammadan ortiq suyishga.
Shunchaki kuch toping,
uchrasa goho,
Ozgʻin qoʻllarini siqib qoʻyishga…

16.1.2019

***

Allaqachon tushdik asirga,
Qarshimizda alvon yalanglik.
Tongni kutib olaylik birga,
Shamollarni birga taraylik.

Gulirozlar qadalgan harir
Soʻzonani eslatar shafaq.
Boʻylolmayin mushki anbarin,
Barmoqlarim sochingdan xafa.

Jonim, nega mayus yuzlaring,
Xanjar kabi sovuq ikki lab?
Alloh, Alloh, moviy koʻzlaring –
O, ularni boʻlmas tasvirlab!..

Ishon menga, oʻlimday haqros
Lahzalarga otash qalaylik.
Samo tushar yogʻmurlar – raqqos,
Qarshimizda alvon yalanglik.

Halizamon yoyar kun yoyin,
Bir subhki, hech bahosi yoʻq.
Tushunsangchi, shoʻrlik dunyoning,
Bizdan boʻlak hech vaqosi yoʻq!
Bizdan boʻlak hech vaqosi yoʻq!

Tongni kutib olaylik birga,
Shamollarni birga taraylik…

10.1.2019

***

…Tashrifi dargumon saharning.
Derazaga yuzini bosib
Yop-yolgʻiz tun turmish kuzatib.
Shundogʻam sovuqqon shaharning
Suyaklarin battar muzlatib –
Mahzun-mahzun uchqunlaydi qor.

Xayolga botasan:
Bir doʻstingni yedi yoʻqchilik,
Boshqasini yutdi oila.
«Sen buncha shataloq otasan,
Osmonni qoʻzgʻatib koʻrchi joyidan!»
Jimm.
Mahzun-mahzun uchqunlaydi qor.

Sogʻinch toʻla maktub bitasan
Buvingga,
Mehribon sevgilingga ham.
«Olislarda boʻlsam-da mayli,
Men baxtliman» irod etasan
Va baribir joʻnatilmaydi…

Es-xushingni gʻijimlar qoʻqqis,
Qorin gʻami,
Orzu-istaglar.
«Kelmadimi qilmoqning gali,
Kattalarga soxta tavoze?
Bola ochib yelkangda xumo,
Oʻsib ketar shunda qoʻllaring!»

Changallaysan boshingni
karaxt,
Tilingni chaynashga tushasan.
Burda-burda boʻlar ovozing.
Qontalash koʻzinuga botib ketadi
Sut kabi oqligi qogʻozning.

Mahzun-mahzun uchqunlaydi qor…

***

1.
…Etagi yirtildi najotkorlarning,
Talvasa,
Tiriklay koʻmilgan itday
mudhish chinqiriqlar mozoridaman.
Tanimni changallab olgan ildizlar,
Oʻpichdek jonsarak yogʻmur tomchisin
qoʻmsabon qaqragan labimga
achqimtir gulobin tomizar tuproq.

2.
Senda qoʻnim topmoq istadim,
Alahsib toʻzgʻidim
bekatma-bekat.
Hurkitsang uchib ketolmay, deya
qirqib qoʻydim qanotlarimni.
Zanjiringga orimni bogʻlab
qoyalarning koʻzin oʻngida
oyogʻinga suykalib yotdim…

3.
Berganing gʻamlarga sallamno,
Xushmashrab damlarga sallamno.
Qorongʻu qalbimni yoritgan,
Otashin shamlarga sallamno.

Nari ket, talvasa, nari ket gʻulu,
Qasoskor istaklar xonishi.
Sarxushman kuzatib
suluvdan-suluv
oʻtmishning chirsillab yonishin.

4.
Kerak emas soxta tasalli!
Boyoʻgʻlilar tovushin ichib
devorlarga mushtim ekaman.
Hayqiraman qiblaga qarab:
«Unitilmas abadul-abad,
Ishq yoʻlida oʻlgan shahidlar!»

Qashqirni boʻgʻizlab ketolgan ohu,
Dunyo oxirida koʻrishajakmiz…

***

Yolgʻondir mehringdan sovib qolganim,
Oʻksima –
Koʻksima yonar qoʻrgʻoshin.
Qaqroq lablaringga tomizolgani,
Na qatra qonim bor,
Na tomchi yoshim.

Bu gal ham ketyapman ruhga boʻysunib,
Menda boshqalardek hokimmas vujud.
Yoʻlimni toʻsolmas
Soxta oʻy surib,
Koʻzlaring ortimdan qilmasin hujum.

Yoʻq, aslo aybing yoʻq,
Fitratim gʻalat,
Goh – sokin koʻldayman,
Gohi – dogʻuli.
Sayyod boʻla turib qilaymi talab,
Sendan
jozibasin shaddot ohuning?!

Hozircha indama, erkin qoʻyib ber,
Chiqarib ulgurdi
boʻronim qanot.
Zanjirban qoʻl bilan yozilmaydi sheʼr,
Tiriklay oʻldurur qulni xayolot.

…Quduqlar tinglasin shakkok boʻzimni,
Quyulib,
Yovvoyi feʼlim qarigach.
Qachondir qaytarman –
Koʻmib oʻzimni
Taptanak bogʻlagan gʻorlar qaʼriga.

***

Qopqonga tushib qolganda boʻri
Laychalardek gʻingshib oʻtirmay
Gʻajib tashlar tutqun oyogʻin.

Oq-qora koʻrganday ilonning koʻzi
Ozodlikdan boshqa hayotni
Tasavvur qilolmas
Qashqir hech qachon!

Burgut qoyalardan tashlab bolasin
Uchurma qilganin koʻrganmisan hech?
Qulasa – oʻladi,
Qanotin yozib
Uchib ketsa – osmon muborak!

Ey sen,
Oraliqda qolgan jigarim,
Ruhini qoʻrquvga qorgan jigarim,
Tishlaring mustahkam,
Qanotlaring bor.
Yo – gʻaji,
Yo – uchgin,
Uchinchi yoʻl yoʻq –
Boʻlganmas,
Boʻlmaydi bundan keyin ham!

6.2.2019

***

Botirning jazbasi ichida oʻsar,
Shoqolga boʻkirsa,
demak u – shermas.
Oydinda shoshilib olingan boʻsa,
Xilvat shivirining rohatin bermas.

Daraxt gʻingshimaydi,
Kuzatar ammo,
Togʻlar sukutida uygʻoq Muqanna.
Koʻrgan gunohlarin yozgʻirsa samo,
Oʻsha kun qiyomat qoʻpgay muqarrar.

Qulogʻing ostida chinqirgan –
U kim?
Talvasa tutmasin, goʻyoki karsan.
Choʻqqiga yetasan ruhingga choʻkib –
Sen oʻz jimligingdan lazzatlanolsang!

Botirning jazbasi ichida oʻsar…

RUH

1.
Ulkan qabr ichida jussam,
Talpinganim qilday yorugʻlik.
Niholmasman, kun sayin oʻssam,
Goʻroʻgʻliman, yolgʻiz goʻroʻgʻli.

Qachon asir tushdim bu gʻorga?
Xotiramni kemirar gʻazab.
Ishtiyoqmand edim tulporga,
Ichib qoʻymish qulmijoz jasad.

Nega lochin, nega qashqirmas?
Yaratganga savollarim moʻl.
Qorongʻuda paypaslanib, mast,
Tashqariga yoʻl izlayman, yoʻl.

Torlik qilar nahangga koʻlmak,
Qavmimda eng oʻr edim, idda.
Imkonsizmi bundan qutulmak,
Nahot soʻnsa betizgin shiddat?!

2.
Muhabbatsiz boʻshanggu mayboz,
Sukunatga boʻkkan quruqqalb
Maxluqqamas, meni ey Nayboz,
Joylasayding jikkak uruqqa,

Oʻtirmasdan gʻamnok, oʻksinib,
Qoyalarning – Oʻzingga qasam –
Isyonim-la yorib koʻksini,
Bosilardi balki talvasam.

3.
Yoʻq, baribir keltirmam sujud,
Qoq ikkiga boʻlingay qamar.
Qon qaqshaydi hali bu vujud –
Bashmaldogʻin yorib chiqaman.

Avrolmagay ortiq musiqa,
Jazbalarim sodiq, rahnamo.
Yo dengizga, yoki musiqor,
Yo qashqirga singiyman, tamom!

BU OQSHOM

Bu oqshom –
Koʻnglimni yuvmish yomgʻirlar,
Dilafroʻz kechaning kiprigi uzun.
Bir nafis hayajon ketmish tomirlab,
Labimga gulobin tomizgach uzum.

Bu oqshom –
Koʻzimni afsun bogʻlagay,
Qonimni koʻpirtib zangori ogʻush.
Telbavor parvozga tomon chorlagay,
Yelkamga qanotin tashlagan oqqush.

Bu oqshom –
Oʻzimni tashlab ketarman,
Sharros yogʻilgani sogʻinch boshidan.
Bu oqshom –
Toʻsatdan yashnab ketarman,
Qarshimda oʻtirgan visol qoshida.

Bu oqshom –
Umrimning eng goʻzal payti,
Borliqqa hokimman, parilarga shoh.
Na eslab qolarman,
Na boʻlar aytib –
Yolgʻiz guvohlikka oʻtolar Alloh!

Bu oqshom –
Koʻnglimni yuvar yomgʻirlar…

IFOR

Uning tomogʻidan kelar bir ifor,
Iforki,
hu taʼqiq mevasi kabi.
Yarador chanqogʻim dardiga shifo,
Mansur istaklarning yovvoyi taʼbi.
Na gullar simirgan,
Na yogʻmur,
Na oy,
Oshiqlar kuyganda yor ishvasidan.
Yaralgan
Ohuning qoshidagi yoy,
Olov va tufroqning qorishmasidan.
Uning tomogʻidan kelar bir ifor,
Behisht bogʻlarini elar bir ifor.
Achqimtir hayotim oqshomlarini,
Xushmashrab tushlarga belar bir ifor.
Guliroʻz lablardan tomchilaydi ishq…
Toʻlqinlar qoʻpganda qirgʻoqni qoʻmsab.
Hech kimga sezdirmay
nasli Alpomish
Ruhimni ul ifor komiga koʻmsam.
Titroqqa tushaman,
qalbimda dovul,
Hey iblis, oʻtkinchi havasingmi bu?
Peshonam, yuragim, tomirlarim hoʻl,
Allohim, ayt, sening nafasingmi bu?!
Oʻlsaydim!
Oʻldirmas,
Hazor iztigʻfor,
Koʻksin xilvatida hurlar yoshirin.
Uning tomogʻidan kelar bir ifor,
Taʼqiq mevasining boʻyiday shirin…

15.1.2019

* * *

Qoramtir bogʻlarning kuzgi jimligin
Sovuqqon shamollar
Toʻzgʻib oʻtganda,
Koʻzingga sanchilib yolgʻiz oʻrindiq
Yulduzlar chipqonday koʻkka boʻrtganda,
Sen meni eslaysan!
Boʻyning, lablaring
Ajalvor oʻpichlar taftidan kuyib.
Sen meni eslaysan: achchiq va gʻarib,
Badburush taqdirga suyangan koʻyi…

Sen hali yosh eding,
Osmon musaffo,
Ranglar va qushlarning qorishiq ismi
Ongingda toʻlqinlar yasardi, shaffof
Kapalak qanoti singari jisming.
Qaygʻudan olisda chayqalgancha mast
Bir erkak qoʻllari tegmagan sochlar.
Labingdan yovvoyi boʻsalar emas,
Suv ichib ketardi shoʻx qaldirgʻochlar.
Nigohlar tamshanib boqar qaddingga,
Yelkangga suykalib oqarardi moh.
Bosh qoʻyib mudragan siynabandingga,
Nurday sof iffating, titroqlaring, voh!
Sen hali yosh eding:
Begʻubor, hurkak,
Bilmasding oʻng nima, nimadir xato.
Sen hali yosh eding
Toʻngʻizqalb erkak,
Binafsha umringni bulgʻaguncha to.

…baquvvat daraxtga aylanmay nihol,
Daryoga qoʻshilmay
Jonsarak irmoq.
Loyparchin toʻshakka yiqilding behol,
Bunda najot emas
Rohat – hayqirmoq.
Nogoh tasavvurdan silqigan ranglar
Osmonni qoraga chapladi zumda.
Qulogʻing ostida mudhish jaranglab,
Bolafeʼl ruhingni bosdi quzgʻunlar.
Endi kech,
Dov qismat manglaying oʻyib,
Muhrlab qoʻydiyu qullik – taqani.
Nafis hissiyotlar boshini soʻyib,
Itqitdi,
Otganday sariq chaqani.

Nahot yaratganning nigohi yumuq?
Shafqatning ildizi ogʻriqqa botgan.
Firdavsi jannatmas,
Irganch bir tamugʻ
Va Iblis – anavi yoningda yotgan.
Serjilo tushlaring mahsuli – ayanch,
Qiltomoq umiding elitib uyqu
Ortga yoʻl topolmay,
Topolmay tayanch,
Bariga koʻnikkan chogʻingda tuyqus –
Ikkimiz uchrashdik,
Qoramtir bogʻlar
Kuzgi jimligini yutganda shamol.
Osmon oʻsha edi,
Tik edi togʻlar,
Faqat men – mujaddar,
Sen esa – ayol!
Butun yer yuzida yolgʻiz oʻrindiq,
Yaproqlar titrardi raqqosaga xos.
Men senga,
Sen menga andak surildik,
Ay, sotqin muhabbat, kofir ehtiros.
Toʻsatdan uygʻonib tisralding ortga,
Sargʻayib tomardi diydangdagi suv.
Payqadim,
Iymondir jazbangni tortgan,
Badbaxtga sadoqat,
Gunohdan qoʻrquv…

Nega oshiqlarning ozuqasi – ranj?
Egiz istaglarning yoʻli chalishdir.
Sevgisiz oila – naqadar jirkanch,
Ishq ila qovushmoq – fohishalikdir?!
Men endi dengizning tubiga shoʻngʻib,
Durga duch kelibon,
Hoʻpiqib hayrat.
Talmovlab turganda tushimmi-oʻngim,
o, qismat,
yuzimga tuflading nayrang!
Dahshatli chirpandim muzlikda bu gal,
Boʻgʻzimga tigʻ tortding,
Oddiy chiziqmas.
Oʻliklar azobin his qildim tugal,
Tiriklar hayoti endi qiziqmas.

…Oʻp meni,
Ayamay quchaver, yohu,
Koinot gumburlab, qulasin toshlar.
Qashqir panjasida tirilgan ohu,
Visolning raqsi samosin boshla!
Xudoning borligi rost boʻlsa mutlaq,
Ruhlar uchib yursa
Samovot aro.
Tabiat, yoʻl qoʻygan xatongni butla,
Atrgul ifori
Botqoqqa harom!..

Soʻndi, soʻnaverdi dasisa ilinj,
Isyonga aylanmay qazo topdi mung.
Badjahl qonunlar qayragan qilich,
Bizlarni tilkalab tashladilar soʻng…
Yodimning qurandoz xilvatida muk
Tushgancha ibodat qilar xotirang:
“Odamzod yuragi az-azal kuyuk,
Dunyoda hech narsa emas bokira!”

Sen hali yosh eding:
Begʻubor, hurkak,
Bilmasding oʻng nima, nimadir xato.
Sen hali yosh eding,
Toʻngʻizfeʼl erkak,
Binafsha umringni bulgʻaguncha to.
Qoramtir bogʻlarning kuzgi faryodin
Sovuqqon shamollar toʻzgʻib oʻtganda.
Koʻzingga sanchilib yolgʻiz oʻrindiq,
Yulduzlar chipqonday koʻkka boʻrtganda
Sen meni eslaysan,
Boʻyning, lablaring
Olmagan oʻpichim taftidan kuyib.
Sen meni eslaysan: achchiq va zarif,
Badburush taqdirga suyangan koʻyi…

28.12.2018

UYGʻUR SHOIRLARIGA

Qarshimizda alamzada tun,
Men sizlarga, siz menga hamdard.
Qaygʻu bizni yengmasdan burun,
Tongga yetib olmogʻimiz shart.

Kecha makkor, hujumga oʻtar,
Ona kabi aytadi alla.
Aldanmagin, boshingni koʻtar,
Bor ovozda kuyla baralla!

Shiddatingdan qoʻzgʻalib dovul,
Oshkor boʻlib ming yillik tilsim.
Uyqusida boʻgʻizlangan ul
Kuychilarning ruhi tirilsin.

Oʻq tomiri gʻaflat illatning,
Sergakka yov qutqu solmagay.
Shoirlari mudroq millatning,
Qabristondan farqi qolmagay.

Hushyor turing, tongacha yetsak…
Yetmasak-da, bu tong otadir.
Agar biz ham uyquga ketsak –
Qolganlarni kim uygʻotadi?

Bolalarni kim uygʻotadi?!

* * *

Dalalarga yuzimni burdim,
(Shahar yoqdan tortildi yengim)
Kishnab yurgan ruhimni koʻrdim,
Yollarida yoʻqoldim singib.

Oyoq osti yam-yashil yaylov,
Tiniqlikda samovot – shisha.
Ich-ichimda otashin qaynov,
Jinnilikdan qilmam andisha.

Iztirobga qoʻyganday taloq,
Qora rangdan toʻydim-ku rosa.
Kengliklarda otib shataloq,
Yuragimning chigilin yozay.

Mayli qoʻqqis bitib fursatim,
Ortiq sevmay qoʻysa tiriklik.
Menga Majnun qabrin koʻrasating,
Malol kelmas unga sheriklik…

Hozir shodman qalbim oʻynidan –
Dalalarga yuzimni burdim.
Mangu ozod togʻlar qoʻynida,
Kishnab yurgan ruhimni koʻrdim!

***

O, qishloq itlari,
sodiq, qadrdon,
huringlar!
Yuragim yumshasin biroz.
Toshkent deb atalmish baland adrdan,
sizlarni sogʻinib enganligim rost.
Dilrabo tunlarning zavqini kuylang,
togʻlarga tirmashib oʻsgan tomlarni.
Chapani bolalik shavqini kuylang,
podaga qoʻshilib toʻzgan shomlarni…
Men bilgan chollarning
birortasi yoʻq,
masjid hovlisidan
ariganday qut.
Bargini siyirsak urishardi doʻgʻ,
qachon agʻanadi
qadim momo tut?
Buvimning chehrasi soʻlgʻin, bejilo,
keksalik gashtimas,
yolgʻizlik shashti.
Nega bulturgiday yonmaysan, hilol?
Soʻqir koʻchalarning koʻzin qamashtir!
Shoʻr bosgan nigohim tortmishdir xira,
o, qishloq itlari,
gʻulom, jafokash,
Tungi ulishlarni sogʻinib biram,
qidirib kelgandim
bu yerga otash.
Vovullang,
hislarim olsin alanga,
mensimayapsizmi yo
ayayapsiz.
Bir paytlar sizlarga obdon talangan
bezorini nahot tanimayapsiz?!
Toʻgʻri, oʻzgarganman,
sochlarim paxmoq,
jingala soqolim baridan battar.
Angrayib qaraysiz kim deb bu “axmoq”,
tamaki hidiga boʻkkan “muattar!”
Men oʻsha –
toychoqqa ergashib chopgan,
yaqinroq kel, Qoplon,
hidlab koʻr, Toʻrtkoʻz.
Men oʻsha –
saraton. Yozgi oftobda,
yelkasi achishib, yer agʻdargan boʻz.
Xufya uchrashuvlar, boʻy qizlar bagʻri…
Yomgʻirda shalabbo kezgan damlarim.
Onamning koʻz yoshi,
otamning qaxri,
qisqa sevinchlarim,
uzun gʻamlarim.
Yodim zindonida chinqirar oʻrlik,
bedov istaklarning xuruji qaynar.
Hadduri satrlar toʻqigan gʻoʻrlik –
hammasiga guvoh sizlar-ku aynan!

O, qishloq itlari,
sodiq qadrdon,
huringlar,
yuragim yumshasin biroz.
Toshkent deb atalmish baland adrdan,
sizlarni sogʻinib kelganligim rost.
Dagʻal tovushinggiz koʻnglimni silab…
darbadar ketganim yoshlikka yoʻying.
Faqat qaramanglar
jerkib, yotsirab,
oʻzimni oʻzimga tanitib qoʻying.

28.12.2018

JIMLIK ILMI

Kaftingni siqqanday Xoʻjai Xizr
Unvonlar seniki,
Minbar seniki,
Seniki, shaharning eng suluv qizi.

Faqat sen jim yasha –
Hammasi goʻzal!

Nodonlar oʻlimni boʻyniga olib,
Arzimas vijdonga sotilib ketar.
Huda-behudaga hayqiriq solib,
Oqibat itdayin otilib ketar.

Faqat sen jim yasha –
Hammasi goʻzal!

Haqiqat tilanma oʻgʻriyu gʻardan,
Ming yillik pokiza qoningni bulgʻa.
Yuzingni ters burib bechoralardan,
Qarsaklar ichida kun sayin ulgʻay.

Yoqangdan olishsin:
“Ayt, nega jimsan?”
Xulosa qilishsin: toʻydirishgandir.
Tarixda boʻlganmi sendayin kimsa,
Boʻlsa-da, pushtini kuydirishgandir?

Eʼtibor bermagin ularga inim,
Kaftingni siqqanday Xoʻjai Xizr
Unvonlar seniki,
Minbar seniki,
Seniki, shaharning eng suluv qizi.
Bariga mardona jimliging sabab!

Faqat sen jim yasha –
Hammasi goʻzal!

SIMYOGʻOCHSIZ TUYGʻULAR
(turkum)

1.
simyogʻochman
simyogʻochlar esa gullamas
gullamoqqa moyil
yashil daraxtlar
In qurmaydi qushlar hech qachon
hatto
yutgan oʻljasini hazm qilmoq uchun
ozgʻin badanimga oʻralib obdon
sovuqqon ilonlar gʻashimga tegmas

2.
Qatortol.
Bozorga kiraverishda
bir kampir turadi, koʻzlari soʻqir,
Sadaqa tilanar oʻtgan-ketgandan.
Shoʻrlik ayol,
Kim olib keladi seni bu yerga?
Kim olib ketadi bu yerdan seni?
Eringmi,
Oʻgʻlingmi,
Nahotki oʻgʻling?!
Har koʻrganda issiq chehrasi
yuragimga sanchilar qattiq.
Sen emasmi oʻn yilcha burun
harxashasin bostiray deya
olib chiqib katta shaharda
nabirasin yoʻqotgan kampir?!

3.
Shuursiz tong.
Qirq tushga boʻlingan fikrlarimni
yigʻib berar sigor tutuni.
Navqiron chehramga qarimsiq soat
baqraygancha qoʻyar yutunib.

Yetaklab ketadi koʻchalar, bogʻlar,
Tabiatning shavqiga enib
kipriklarim baxtni quchoqlar,
Laylisini topganday menim.

Tosh otib oʻynayman anhorga,
Oʻylamasdan tavba, toatni.
Sheʼr yozaman atab bahorga,
Gʻazabini qoʻzgʻab soatning.

Oʻlim tumanlari yoprilar quyuq,
Bexavotir olaman nafas.
Hayotim egasi men emasman, yoʻq,
Darhaqiqat soat ham emas!

4.
Zamin qayda?
Qaydadir osmon?
Vaqt koʻksini yormish qoʻrgʻoshin.
Hattot – senmi?
Menmi – qoʻlyozma?!
Churq etganning dordadir boshi.

Hallojlaring ayab
oʻzini
maydonlarda qilaru mayna.
Barmogʻi-la oʻyib koʻzini,
Erksiragan tilini chaynar.

Soʻlqillatib ochiq koʻkragin,
Yotogʻiga chorlaydi gʻulu.
Vijdonimmi boʻgʻiq oʻkragan?
Iymon soʻrar ochofat zuluk.

Shakkoklikni bas qil ehtiros!
Ortiq lazzat bermay qoʻydi dard.
Koʻringani vos-vos, ehtimol
tushdadirman,
uygʻonmogʻim shart.

Xattot – Senmi?
Menmi – qoʻlyozma?!

5.
Shahrizoda, shamolga aylan,
Daraxtlarni kuldir
qitiqlab.
Kuzgi yogʻmur badaniday sof
koʻzlaringdan oʻqiy bitiklar.

Binafshaga iforing yodlat,
Siypalab qoʻy,
ranjimasin gʻam.
Sochlaringni shafaqqa botir,
Qirq kokiling – qirqta moʻyqalam.

Sogʻinchimning chigilin tara,
Barmoqlaring mayindan -mayin.
Talvasamni qilib masxara,
Seni oʻylab-oʻylab gullayin.

Shahrizoda – oʻpilmagan tush…

6.
Loyqa tabassumlar qurshovida edim u payt,
Unutgandim quyosh borligin.
“Erk nima” deb soʻraganlarga
“Shamol” demoqlikka bormasdi tilim:
Balki qizgʻanardim,
Balki qoʻrqardim.
…Izlab kelding qalbim xilvatin,
«Sen turganing eng quyi qatlam,
Yur, olib chiqaman yorugʻlik sari.»
Koʻnmadim.
Yonimda qolding baribir.
Naxs nafsimdan poklanmay turib
oyni qurshab olganday bulut
oʻzlashtirdim bokiraliging.

Koʻngil qoʻyib daydi maxluqqa,
Muhabbatmi
Oʻzdan kechmoqlik?!

Endi kenglik – osmon,
Erk – bu shamol ekanligiga
Ikki dunyo ishonolmaysan.
Xayolingga bitta rang hokim –
QORA!
Va ketding.
Bahaybat tomirlarimni
zulmat botqogʻidan ilkis koʻtarib
ortingdan ohista ergasholmadim.

7.
Shaharda oʻsmaydi mening daraxtim,
Togʻda
Sening yuragingda ham.
Tomirlari
qaynoq qonimga botib
yorilgan yaramdan unib chiqajak.
Badburush tanasin silar qoʻllaring,
Labingga bosasan shoʻrxok labimday
shoxida ochilgan
qaygʻu gullarin.
Va koʻz yosh,
Xotira,
Tun ortidan tong…

8.
Jim kechib ketarlar,
Sokin ketarlar,
Tonglaring alvido aytar parishon.
Yorishmas farzona lahzalar yodi,
Tinglamaydi qadim qabriston
oʻlmasdan oʻlganlar faryodin.
Achchiq-achchiq hoʻplaysan safro,
Ortingda – tun,
Oldingda – sahro.
Ummon uzra eshkaksiz qayiq,
Bir qalqinib toʻkilar joning
kuzak chaqqan bargday sargʻayib.

Jim kechib ketarlar,
Sokin ketarlar,
Koʻzdan boshqa koʻtarmas motam…

9.
Ehtiros qaynagan tushlaring titib,
soʻramay
sochlaring taxin buzgan kim?
Pokiza jismingda titroq uygʻotib,
Koʻksingdan labida olov uzgan kim?

Qayda uchib yurar
ruhing sarsari?
Kim seni bunchalik bogʻlagan?
Qalbingni dogʻlagan, jim ardoqlagan –
Unga oʻxshatasan hamma narsani.

Karaxtman.
Alamning davosi qasos!
Yuragim qoziq tishlarin sanchar.
Uning menligimga keltirgin asos,
Pinjimda sargʻarib boryapti xanjar!

10.
Uygʻonsangchi,
Osmon bilan shivirlashar boʻychan daraxtlar,
Ezgin xotiraday yoyilmish tuman.
Derazani ochginu dilbar –
Yomgʻirni tingla!

Masih tomchilarga chayingin toʻplab,
Bosiriq tushlaring saboga ulash.
Afsungar zulmatning sharobin hoʻplab –
Yomgʻirni tingla!

Yaproqdek dildirar
shalabbo Toshkent,
Qaynoq sogʻinchingga oʻrayu mahkam
men bosh qoʻyolmagan tizzangga oʻtqiz.
Labimda burqsib kuyar muhabbat,
Senga aytolmagan goʻdak soʻzlarim…
Gʻussaning cheki yoʻq,
Visolning oni,
Hammasini unut goʻzalim.
Bir chekkaga qoʻyib dunyoni –
Yomgʻirni tingla!

Ezgin xotiraday yoyilmish tuman…

10.
Ruhimni ekaman koʻringan qalbga,
Xanjarday sanchaman
azobi – rohat.
Bir tuki choʻgʻlanmas
sovuq hislarning
oʻlik nigohlari ketmas kurtaklab.

Oʻzimga shoʻngʻiyman –
Mudhish shabiston,
Boyoʻgʻli tovushin ichar xaroba.
“Egarlangan yovvoyi otning
darajasi qulga barobar!”

Chuqur uyqu elitgan cholday,
Otiliqib chiqaman yuzaga darrov.
Tagʻin izlay boshlayman beruh
alahsirab yurgan jasadni…

11.
Injiq ruhim – ummondagi xas,
Choʻkmoqlikka joy izlar tinmay.
Dunyo uchun – kelgindi bir kas,
Parvardigor, oldingda kimman?!

Shamol boʻldim, togʻlar haydadi,
Qushlar donin koʻrmadi baham.
Qoʻnim bor-ku axir qaydadir,
Osmondagi yulduzlarga ham.

Vatanparvar toshlarni qutlang!
Sodiqdirlar misoli Bilol.
Begonaman quyoshga mutlaq,
Yolgʻizlarni xushlamas hilol.

Simyogʻochlar, oramiz ochiq,
Sizga ojiz tanlar suyangay.
Janozamda uch-toʻrt urgʻochi
Itlar boʻlgay chogʻi goʻyanda…

Hamma quvdi, bermasdan ozor,
Zahar yoʻqki, shoir ichmagan.
Tiriklarni yoʻlatmas mozor,
Oʻzim qoldim, oʻzdan kechmagan.

Dunyo uchun – kelgindi bir kas,
Parvardigor, oldingda kimman?!

12.
Yer bagʻirlab singib borar tomirlarim,
Daraxtlarning titrogʻiga,
Hazonlarning ingrogʻiga.
Ogʻrinmayman
ogʻriqlarni moʻllab bersin,
Dengizlari isyonimni hoʻllab bersin.
Simyogʻochga ildiz boʻlay –
Gullab bersin!

Yaproqlarning shitirini tush koʻraman,
Koʻzlarimga tomib chiqar shudringlari.
Tomogʻimda hoʻrmalaydi chumolilar
boʻy teraklar qitiqlagan oy singari
seskanaman –
Lablarimga yulduz toshar.

Sahrolarning kiprigini hoʻllamasdan,
Simyogʻochlar qiygʻos-qiygʻos gullamasdan,
Soʻz berishga soʻz ber menga,
Soʻz ber, Alloh!

Yer bagʻirlab singib borar tomirlarim…

28.1.2019

TASKIN

Yurakkinam, boʻlmagin xijil,
Garchi hali oldinda sir koʻp.
Shamollarning nafasin ichib,
Ozod yashab oʻtamiz bir kun.

Kim qilolgay tushlarni taʼbir?
Olib ketar bizni dovullar.
Yor koʻksiga tekkan lab kabi,
Lovullab tur, faqat lovullab!

Yaqinlarga taftingdan uzat,
Dushmanlarning igʻvosin unut.
Bulgʻanmasin – nafsingni tuzat –
Ichingdagi bokira bulut.

Kamsitmagin, bu yoʻllar ulugʻ,
Gar uchrasa oʻlim – koʻrgulik.
Qoʻshiq qolsin ikkimizdan shoʻx,
Mahshargacha kuylab oʻtgulik…

6.12.2018

021

(Tashriflar: umumiy 1 373, bugungi 3)

3 izoh

  1. Жонтемирнинг шеърларида чиндан тушунтириб бўлмас жозиба бор. Аллақачон тушдик асирга… Энг зўри шу экан! Нафаси ҳамиша ёниқ бўлсин. Сизгаям раҳмат, устоз Хуршид ака.

  2. шеърларга гап йок. маъкул топсангиз гаплашардик… +998903572686. Мухаммад. Тошкент.

  3. Хамммма-хамммасини йиглаб укийман.Бу кузёшлар эмас,кунгилдан сизиб чиккан тулкинлар…

Izoh qoldiring