Jontemir. Yangi she’rlar

08    Бугунги саҳифамизда истеъдодли ёш шоир Жонтемирнинг янги шеърларини тақдим этамиз.

ЖОНТЕМИР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
011

ДУЭЛ

Дуэлга чорлайман – қайралганларни,05
Юраги қоринга айланганларни.
Бадбўй нафаси-ла ҳавони булғаб,
Умрбоқийликка шайланганларни.

Дуэлга чорлайман – жирканч ғоялар,
Манфаат ғорида улғайган авлод.
Норасидаларни сотган доялар,
Дайди ўққа учиб ўлгани авло.

Саккиз миллиард Одам наслини атай
Турли табақага ажратган доҳий.
Сен ҳамон тириксан, мишиқи, сатанг,
Ҳаётинга нуқта қўяман, жоҳил!

Дуэлга чорлайман – денгиз сувини
Ифлослаб, ўрмонга ўт қўйса биров.
Мазлумлар ёшида мағрур ювиниб,
Олдинда борлигин унутса сирот.

Аёлни алдаган, ватанни сотган,
Дажжол шиптирида ағанаб ётган.
Ғурури Атланта мисоли ботган,
Виждонин қурт босиб, тилин йўқотган.

Қайси юрт портлади, қайси гўдак оч,
Бемалол термулиб ўтирган лоқайд.
Қўшнисин уйини қилишса тарож,
«Тинчман» деб қулоғин беркитса, токай –

Дуэлга чорлайман!
Дўстми, жўрами,
Мансаб соясига берганда салом.
Халқини қақшатса: бекми, тўрами,
Майдонга отилиб чиқаман, тамом!

Дуэлга чорлайман – қўлимда қурол,
Унга юрагимни жойлаганман – ўқ.
Парвардигор гувоҳ, гувоҳдир Турон,
Шаънимни асрашнинг бошқа йўли йўқ!

23. 05. 2019

ЭРГАШ ОТА

Эргаш ота, виждонни нишланг,
Эранлар етмаган сиз етган сирга.
Сиз гуноҳ деб айтган қилмишлар,
Менга сигор чеккандай бир гап.

Нега ахир тоғдан тушдингиз?
Нега бизни тўқнаштирди дард?
Ғўр жисмимга руҳан кўчдингиз –
Етмиш бешга тўлишдим бу дам.

Қисман тўғри ҳаёт – ҳасталик,
Азоб тарар эҳтиёж – мироб.
Дунёсининг авра-астарин
кўролмаган ҳалича биров.

Эргаш ота, сизга эргашай,
Ғажимасдан йиртқич бекатлар
ортингиздан ҳамма ерга шай
турибман бормоққа, етакланг.

Қалбим анжир эди, ақрабо…
Синчалакдай хаҳ, тўралари.
Қарғанг, қақшаб сўлсин қақрабо-о:
Сиёсату мафкуралари.

Кошки ўлим ваҳмим аритса,
Мени боплаб сўкинг, қалб хижил.
Агар гуноҳ бизни қаритса,
Сиздан юз ёш катталигим чин.

Узр, жиндек сипқораман май,
Ортиқ лойқа танга сиғмайман.
Ривоятлар ўқинг тўхтамай,
Менчи тинглаб ҳўнг-ҳўнг йиғлайман.

Борлигига шукр саралар,
Шундан ернинг келмайди қаҳри.
Тез орада сизнинг яралар,
Менинг эса тўкилар бағрим.

Нафасингиз – бўйи настарин,
Пўстлоғингиз – ҳирқадир, этмас.
Гарчи ҳаёт – оғир ҳасталик –
Ўтинаман, тузалиб кетманг!

Ўтинаман, тузалиб кетманг.

МОМОМ БИЛАН СУҲБАТ

Эшикни очаман ўпкам тўлиқиб,
«Болам, ўзингмисан?
Зўрға танидим.
Қиш ўлсин, суягим зирқираб оғрир.»
«Менинг ҳам. Дардимиз бир экан момо,
Ё сиз яшаргансиз,
Ё мен қаридим.»
Қаттиқ қучадию ҳидлаб кўради,
«Ўзи озғин эдинг,
Тағин оздингми?»
«Йигитнинг қиличдек бўлгани маъқул!»
«Қачон ташлайсан шу, папиросингни?»

Узо-оқ жим қоламиз хаёлга чўмиб,
Намланган кўзига боқиб куяман.
Бобомнинг қабрига эгилган кўйи,
Шишган оёғига бошим қўяман.
Сиз – бунда,
Мен – унда,
Икки танҳо дил,
Бир умр тўлмасми меҳрнинг ғори?
Билмайсиз, мўртлашган суягингиздек,
Тўрт фасл зирқираб юрагим оғрир…

Сапчиб қўзғаламан, нигоҳимда шашт:
«Ишқ нима?
Шеър нима?
Нимадир алам?»
«Билмайман,
Бекорчи гапларингни қўй,
Кундуз қарияпти, борақол болам.»

О, менинг юрагим оғрийди қақшаб…

***

Пойингда тиз чўкдим илк ва сўнгги бор,
Аёл муҳаббатин қошида, қалбан.
Кўксимда гуркираб ўсяпкан чинор,
Тоғларни уятга қўйдим мен аблаҳ.

Пойингда тиз чўкдим,
Ҳаммаси оддий,
Ёнимдан ҳайкаллар ўтарди шошқин.
Орзуси, маслаги, тушлари моддий
портлаб кетмайдими манави Тошкент!

Ҳозир на Барлосман, на мағрур жангчи,
Иқрорман, топилмас ишққа етар шум.
Салтанат, ҳой-ҳавас, кибрини янчиб
пошшонинг гадога айлангани шу.

Пойингда тиз чўкдим,
Осмон кечирсин,
Шамол юз ўгирсин «синди ғурури».
Мен кимман?
Ёшингни кафтда ичирсам,
Оҳуга айланиб қоларди бўри.

Мағлубман, нурга дош бермаган тундай,
Бардоши йўқ ахир кекса қарғанинг.
Лабларинг шивирлар мисоли Будда,
«Кечирдим» дедингми?
Ёки қарғадинг?!

Билмадим, билганим ўзни тутолмай
Тиз чўкдим, юмдалаб юрак қаърини.
Хотиранг қатида бу алфоз қолмай,
Эртага унутиб юбор барини.

Тоғларни уятга қўйдим мен аблаҳ.

18.04.2019

ҚОРИН

Миллион йилки қушлар шимолдан
жанубга учарлар,
Тўлқинлар бош урар қадим қирғоққа.
Дарахт ўзгармайди,
Тошлар ҳамон тош…
Одам одамликдан кетди йироқлаб.
Табиат заҳролуд ёшини тўкар,
Қонини ичдик-ку,
Кўксини ёриб.
Вужуддан юракни сиқиб чиқардик,
Энг чиркин аъзони қолдирдик –
ҚОРИН!
Қорин,
Мурдор бадан илон оғзидай,
Исталган шаклда кенгаяр баттол.
Унга жойлаш мумкин
бутун ватанни,
Худони сиғдирса бўларкан ҳатто!
Муқаддас эмасдир энди Каъба ҳам,
Муаззин – жиғилдон тортади нара.
Тавоф этадилар
Силаб ўшани,
Сажда қиладилар ўшанга қараб…
Алаҳсиб юрибман мавҳумлик аро,
Қорним лаҳза сайин бормиш каттайиб.
Одам юрагини қайтиб бер Олло,
Қайтиб бер,
Кавсарнинг сувига чайиб.
Токи дарахтларга уялмай боқай,
Сағрини сийпалаб ўтай тошларни.
Шаддот тўлқинларга қўшилиб оқай,
Эркини қутлайин
Сайёҳ қушларни.
Токи товонимда эзғилансин нафс,
Бахтлидир ўзидан бўлганлар озод.
Ва ёдда сақлайин – қориндан эмас,
Юракдан дунёга келар одамзод.

КИНОЯ
И.Ҳаққул,  Х.Даврон,  Н.Эшонқулга

Кечиринг, минг бора узр, азизлар,
Мен жуда бойману
нафсим – аждаҳо.
Ватанни бир бошдан ямлайман тизлаб,
Ахир бу замонда
юлғучдир – даҳо!

Афсус, йўлимизга қўёлмайсиз чек,
«Тепса, тебранмасмиз»,
бобо харсангдай.
Сизларга ёрдам берардиму лек,
Қўлларим бўшамас сира қарсакдан.

Сарбадор – бошини ҳақ дорга тиккан
жўмардлар қолдими – душмани Иблис?
Ҳайқирманг,
ғафлатга энди кўниккан
миллатни уйғотиб юбормайлик,
тисс!

Бизга керак эмас Дукчи Эшонлар…
Бўрдоқи тушларни кўрамиз баҳам.
Ҳамма ёқ «жаннат»ку,
қани кишанлар?
Бир йўли топилар дўзахида ҳам.

Майли, сўзлайверинг қиблага қараб,
Йўқлаб келар балки сиз кутган Билқис.
Фақат сал секинроқ бўзланг,
ўша гап –
Вулқонни қўзғотиб юбормайлик,
тисс!

БЕПУШТ

Баҳор эпкинлари рақсини бошлар
Майга эврилмаган қоним қошида.
Капалаклар бол сўрганимас,
Жон таслим қилгани қўнарлар
Дийдамнинг қонолуд ёшига.
Чорламоқ-чун сайрон қушларни
Яфроқ ёзмоқликка чиранаётган
Кекса оғоч каби
Аянчли жисмим.

Тошни тошга урсанг, тош туғилади,
Ариқлар
Бокира сувларга юкли.
Ичимда ўкирган билан қалдироқ
Мендан бинафшалар дунёга келмас.
Жаҳаннам бўғзига туташган чайир
Томирларим куйган –
Кўпчиган туфроқ,
Майсаларнинг қиқир-қиқири
Бўйга етган қизларнинг бежо
Эҳтиросли қарашлари ҳам
Чўғлатолмас,
Ғужурим бежон.

Мендан бинафшалар дунёга келмас,
Айвонда ин қурган қалдирғочларнинг
Ҳали очилмаган тухумларига
Суқланиб қарайман бўғма илондек.

…Дийдамнинг қонолуд ёшига
Учинг,
Капалаклар,
қўнмасдан учинг.
Шўрлик баҳор, бечора баҳор,
Сийлайсану бутун борлиқни –
Мени чанглатишга етмайди кучинг.

ИЛТИЖО

Шоир бўлиб дунёга келмоқ,
Шоир бўлиб ўйламоқ мумкин.
Шоир бўлиб шамолдек елмоқ,
Шоир бўлиб куйламоқ мумкин.
Тамакини қистириб лабга,
Кўчаларда юрмоқ нимадир.
Кўтарилиб олий мансабга,
Минбарларда турмоқ нимадир.
«Севаман» деб айтолмайди ким?
Дард тақсимлаб берилган азал.
Сўзбозликдан гоҳида иним,
Безорининг бир мушти афзал.
Деразадан ойни кузатиб,
Қушлар билан тонгни кутмоқ ҳам.
Тўзғиб кетган сочни тузатиб,
Боғлар ичра ғамгин ўтмоқ ҳам,
Майхонада кўтариб ғавғо,
Дуч келганни дўппослаб, сўкиш.
Жабрдийда қилганда даъво,
Маҳкамада ожиз тиз чўкиш,
«Ўзгачадир феълим ҳаммадан»,
Дея ўчкор сатрлар ёзмоқ
Қийин эмас, тағин камида,
Телбариб ё ақлдан озмоқ.
Агар руҳда қўзғалса жунун,
Табиий-ку буларнинг бари.
Ғўр шоирга айланмоқ учун,
Нима керак тубдан ўзгариб?!
Мен-да гўё танҳоману рост
Битта ғазал билмайман ёддан.
Қоралайман бекорга қоғоз,
Ёзганларим – соддадан-содда.
Гарчи ўтган боболарим бек,
Тан олайин, ёлғон зўраймай.
Шоир бўлиб туғилмадим, лек –
Шоирона ўлим сўрайман.

Ошиқона ўлим сўрайман.
Ошиқона ўлим сўрайман…

ЖОДУ

Ташқарида тунми,
Кундузмиди ё?
Дарахтлар баҳор-ла қовушармиди?
Тўлишган сойларнинг ашуласига
Ёмғир жўр бўлганин эслайман холос.
Қушлар сайрамасди,
Чирилдоқлар жим,
Кўзларим ғорида порламасди нур.
Машраб бўлганда ҳам қиларди ҳавас,
Шўнғидим,
Эҳтирос жомин қаърига –
Қўймади бир тўйиб олмоққа нафас.
Яшил тўлқинларга чайилди руҳим,
Жисмимни қоплади оловли ҳубоб.
Лаззатдан тап-таранг тортилган кўкмак
Томирим чертарди
Ишқ мисли рубоб.
Унга қуйилдим мен
Энг сўнгги қатра
Қонимни қалбининг тубига элтдим.
Юрак уришининг титроқларига
Ёввойи қўрқувдек сингишиб кетдим.
Бу қудуқ,
Бу хилват
Осмондан чуқур,
Пайғамбар меҳридан кам эмасди ҳеч.
Ҳиссиёт жомини тўлдирар лаблар
Ва қатъиян буйруқ берардилар “ич!”
Ичдим,
Ичавердим
Тош дафтар гувоҳ,
Дунёдан узилдим, бангидек сархуш.
Ташқарида тунми,
Кундузмиди ё?
Кўрганим ўнгмиди,
Ё лаҳзалик туш?

Билмайман.
Билганим – ёмғир шитири,
Дарахтлар баҳор-ла қовушарди маст.
Вужудим руҳимни кетмиш қидириб –
Мен — менда эмасдим,
Мен — менда эмас…

* * *

Олислаб кетдинг сен,
Энди етолмам.
Қалбимни эзғилаб бетон моладек
Кучугин шаҳарга олиб кетолмай
Автобус эшигин тепган болалик.

Худога талпинган тоғларга қараб
“Мен шамол эдим-ку!”
Қиламан довуш.
Совуққон зирвалар йўлламас карам,
Қулоғим остида йиғлар Сиёвуш.
Хафақон лаҳзалар нақадар жоҳил,
Кўзимдек сарғариб бувим қариган.
Пирим Яссавий деб бобом ҳам охир,
Кирдилар
Муқаддас ернинг қаърига.
Кипригим қолмади юлинавериб,
Олдинга,
Орқага,
Қаерга юрай?
Миллион йўқотишга бўлинавериб,
Оҳ, наҳот ёрилиб кетмайсан, ЮРАК?!
Эй шароб, ичиккан кўнглимни хушла,
Руҳимга заҳролуд қуйилган қуюқ.
Қишлоққа қайтишни сўраманг, қушлар –
Мен ҳали ўзимга қайтолганим йўқ.

…Тўкилиб анчайин енгил тортдим, уҳ,
Ажралиб чиққаним аён тўдадан.
Қайғулар – шеър экан,
Шеър экан – андуҳ,
Бу йўлдан риндона юриб ўтаман.

Олислаб кетдинг сен,
Энди етолмам.

ҚАЕРДАН ҚАЕРГА

1.
То тўлишиб олгунча ҳилол,
Тун кўксини тилиб кетади.
Йилда бир бор ечиниб илон
янги пўстин илиб кетади.

Қаердан қаерга?

Думалайди қирларда баҳор,
Бойчечакка эврилар ғафлат.
Елкалари азалий яхоб
чўққиларнинг кўзида нафрат.

Ўрикларнинг кофур лабига
келиб қўнар болари шилқим.
Мушкин бўйлар тараб камига
шамол чопар шаҳарда йилқи.

Қаердан қаерга?

Парвоз сирин очмас бургутлар,
Тош қопланган бақа найласин?
Манглайида қадим туркулар,
Миқ этмайди тошлар – файласуф.

Одам ерга кириб борару
кўкка қараб ўсар чирмовуқ.
Парвардигор нафасидир руҳ,
Нечун баъзи чеҳралар совуқ?!

Ҳадиксираб яшаймиз доим,
….бизмас, бизни қилмиш томоша.
Аллақандай ҳикматга мойил,
Дунё қувғин қулундай шошар.

Қаердан қаерга?!

2.
Оламга тун чўкар, тунга аламинг,
Ўқ еган ўлажадек типирчилар қалб.
Таҳайюл – бош-кети мавҳум даланинг,
Турибсан кўринмас Шоҳини алқаб.

Кўчалар яланғоч, боғлар яланғоч,
Чарчоқ ташвишларни уйқуга белар.
Ёлғиз сенинг дайди тасаввуринг оч –
Коинот кокилин силагинг келар.

Кўз олдинг пушти, йўқ, камалак рангда,
Юракни тирнайсан – чўғ тортилган соз.
Қон эмас, сўз силқиб чиқар ярангдан,
Уни боғламакка ирганар қоғоз.

Кекса бургут тоғдан қулаган мисол
кулдонга йиқилар чекилган фурсат.
«Балки жавобини айтолар, Исо!»
Айтади, қиёматгача улгурсанг.

Сен-ла туғилмаган, кетмас ҳам ёниб,
Етим қовурғангни ўша қаерган.
Анор донасидай эзар дунёни,
Даҳшатли савол –
ҚАЕРДАН ҚАЕРГА?!

Ёлғиз сенинг дайди тасаввуринг оч…

27.04.2019

ФУРСАТ

1.
Қарғалардан умр тиланиб
тошбақанинг сабркосасин
уйқусини бузмай ўмарсак.
Елкамизга қўнса как-кулар,
Вақтни боғлаб қўймоқлик учун
Асҳоби Каҳф сори отлансак,
Бир-бировни узоқ қув-қувлаб.

Ё бизларни балиқ ютсайди,
Оғзимизга Хизр тупурса.
Улгурмаймиз, капалак – бахтга
жуда қисқа берилган фурсат.

Қара, шамол либосин кийиб,
Ўқдай учиб боряпти кийик.

Арчаларга ялинамиз, юр,
Юр, чайнаймиз чинор илдизин.
Исомасман, сен эмассан ҳур,
Ҳеч йўқ умр андак силжисин.

Нилуфарим, теварак ботқоқ,
Мингта гуноҳ ҳидламоққа шай.
Нафсга қарши пайти алмисоқ
эмлашмаган бизларни атай.

Хумо тумшуқ урган лаҳзанинг
томоғини йиртмайди нола.
Қўй жойига ўша мевани –
Одамланай, сен-да Ҳавволан.

Қара, қўрқув жандасин кийиб,
Ҳадиксираб боряпти кийиб.

2.
Қарға овозини куйга соламан,
(Тасаввурни ағдариш керак!)
Шиллиққуртни пойгага қўшдим,
(Тасаввурни ағдариш керак!)

Мени аёл эмас, манов ер туққан,
Сенга қайтмоқ учун унга кираман.
Эзилган шотутнинг ширасин
лабимга томизиб лабингдан
уйғотиб, етаклаб юргизма.
Бунда ҳеч не табиий эмас,
Бунда бари сохта кўргазма!

Йўқса, айтчи, гумон арийди,
Шаб-шубҳага келарди қирон.
Мен ўттизга кирмай қаридим,
Миллион йилки ўлим навқирон?!

Қара, шўрлик кийик энди йўқ,
Фурсат уни ғажиб ташлаган.
Ё харсанглар еган қовуриб.
Шамол эса сўнгакларини
тоғ-тошларга сочган совуриб.

Иккимизни балиқ ютсайди,
Оғзимизга Хизр тупурса…

19.04.2019

ҚОН

Дантес – сиёсатдир,
Сиёсат – қўрқоқ!
Яхши биласиз-ку, Пушкинни мендан.
Жимгина кузатиб турган у суллоҳ
касларнинг шаллақи кўзи — секундант!
Лермонтов,
тепкини босмадинг нега?
Битта ўқ, атиги битта ўқ холос.
Бошига тегарди ёки бўғзига
ва омон қоларди исён, эҳтирос!
Усмон –
юрагимни ғажийди итлар,
Усмон –
қабргача такрорлар шеърим.
Ангори, қалами, қалби иркитлар,
Оҳ, сени йўқ қилди, паҳлавон Шерим.
Эй ажал, кўрмисан?
Тупурдим сенга!
Оқибат кетарсан ҳасаддан ёниб.
Тобакай шоирлар ғашинга тегар,
Шунчалар ширинми шоирнинг қони?!
Бу ҳол давом этар ҳали бегумон,
Суяги чуриклар ётибди урчиб.
Эй замин, эй осмон, эй чексиз уммон,
Мен сени бир сатр шеърга сиғдирдим,
Сен мени ўзинга сиғдириб кўрчи!
Сизнингча шоирни ўлдирмоқ — эрмак,
Ё лаззатланасиз жонини олиб.
Тутилган кўзгуни синдирган билан
ўнгланиб қолмас-ку, ботқоқнинг ҳоли.
Қўйинг ўз эркига:
яшасин, ёзсин,
Ундадир муҳаббат, ундадир нафрат,
Виждон уйғонарми мардона созсиз?
Оламни бузмайди шеър тўла дафтар.
Барибир бефойда,
калхаткўз жаллод
ортидан шарпадай эргашар, пойлаб.
Мақсадга эришар охир қай кеча,
Кўксига захролуд қўрғошин жойлаб.
Етар ғингшиганим,
англадим ногоҳ,
Булғаниб кетганда курраи бунёд.
Шоирнинг муқаддас қонида гоҳ-гоҳ
таҳорат олганча покланар дунё…

Гарчи сизга доим қиламиз хужум,
Тинмай айланади мудҳиш доира.
Бу қобил туфроқни тозартмоқ учун,
Қасдма-қасд туғилиб туринг, шоирлар!

ЭЪТИҚОДИМГА

«Тўфон яқин, эргашинг Нуҳга,
На бут, на тоғ елкалаб қолур.»
Титраб тилинг тутсанг Семурғга,
Юрагингни суғуриб олур.

Энди этга кирдинг, тўлишдинг,
Гарданингда эр йигит ёши.
Етар, шунча нонинг бўлишдинг,
Эзиб ташла қарамлик тошин.

Семурғ – бахтдир!
Йўқ, йўқ, у – морбоз,
Ўтмишга боқ, сўнг бергин баҳо.
Тақдирингни уч-тўрт қиморбоз
Аластликда ҳал қилса, наҳот?!

Қон симириб пишиган бу йўл,
Татирмиди қулга ҳашамат?
Ўлсанг, ана, Қодирийдай ўл,
Қолсанг, бўйин эгиб яшама!

ЧЎПОН ҚЎШИҒИ

Бош кўтарманг, ҳақиқат чақар,
Қалбингизга бегона қайнов.
Ўтлайверинг, сизларга фақат
Итоат-ўт сепилган яйлов.
Қурей-қурей, қўйлар суруви.

Мен истасам сойга энасиз,
Истамасам, жилса бир қадам.
Кўрсатаман катта энасин –
Ҳаром қони оқар тирқираб.
Қурей-қурей, қўйлар суруви.

Сизнинг Худо – тўқмоқ зарангим!
Бургут, лочин, бўрилар – кофир.
Ананага жиддий қарангки,
Қўзичоқлар қолмасин ғофил.
Қурей-қурей, қўйлар суруви.

Ўзбошимча тоғларга боқинг,
Оёқ-қўли кесиб олинган…
Майхонани Каъба дер соқий!
…Азал гунглар сақлаб қолинган.

Виждон кимнинг илгида талош?
Кетмайдими нафосат битлаб.
Қўрқманг, сизга урмайди бало –
Итдай қўриб ётибди итлар.
Қурей-қурей, қўйлар суруви.

Ай, содиқ лашкарим — найновлар,
Биламан, сирни фош этмайсиз.
Итоат сепилган яйловлар
бор экан, қирилиб кетмайсиз!..

Қурей-қурей, қуллар суруви.
22.04.2019

ҲИЖОБ

Кўнглимизга ҳижоб тортилган:
Ичкари – гўшанга,
Ташқари – саҳро.
Мен бунда Баҳрому
сен бунда Заҳро,
Елкамизга висол ортилган.

Булут эркалаган майса титроғин
бармоқларинг экар сочимга.
Алвон томирларим атргул очар –
Яфроғида ўйнар нафасинг,
Капалаклар атрофимизда.
Чайқалиб ётибди тасаввур ёли.
Вужудимда ҳиссиёт ташиб
ўрмалайди эсрук*  чумоли.

Кўнглимизга ҳижоб тортилган:
Сувдаги муз,
Руҳдаги тандек.
Ичкарида – май тўла ҳовуз,
Унда юзар икки майпари.
Оёқларин сузгичлари-ла
сийпаларкан ошиқ балиқлар
кулгуларин сотиб олмоқ-чун
тангаларин қилишар кўз-кўз.
Сотмадилар!
Тортқилар гирдоб,
Чорлашмади нажот кемасин.
(Йўқса келар Мажнуннинг қаҳри)
Узанган қўлларни инкор этишди –
даҳрийдирлар бу кеча, даҳрий.

Кўнглимизга ҳижоб тортилган:
Ичкарида икки полапон,
Ташқарида эса қузғунлар.
Ташқарида ёвуз оломон,
Ташқарида – ваҳшат, бузғунлар.
Ечишолмас ҳижобимизни,
Киришолмас бизга бостириб.
Ҳатто шайтон тилини тийди!
Ўрталикда дўзахий девор –
Даҳрийлик бор, ахир даҳрийлик.

Мен бунда Баҳрому
сен бунда Заҳро…

3.04.2019

*   Эсрук – маст, сарҳуш.

МЕНГА ЁҚМАС

Менга ёқмас мулойим эрлар,
Айғир қолиб мақтар байталин.
Паҳлавоннинг кимлигин дерлар,
Юзидаги чандиқ айтади.

Менга ёқмас эҳтиёткор дўст,
Тақдирини қўрқув қилмиш ҳал.
Лўғатимга кирмаган афсус,
Ҳар қадамим – Ҳаққа таваккал!

Менга ёқмас уммон турганда,
Кўлмак билан қондирган чанқоқ.
Ва сабрга обдон бурканган…
Йилт этса-да чақмоқ, бу чақмоқ!

Менга ёқмас майда гап душман,
Қинда занглаб кексайган қилич.
Занчилишга асло гап қўшма,
Май қуйганда, даст кўтариб ич.

Менга ёқмас қорнини ўйлаб,
Пул кетидан итдай чопганлар.
Пошшоларга мадҳия куйлаб,
Сағрисига зарбоф ёпганлар.

Менга ёқмас аёл қошида,
Ожизлигин ошкор этган кас.
Заҳар чиқсин еган ошидан,
Ўша кундан у эркак эмас!

Менга ёқмас ичи қора халқ,
Тутолмасдан нафснинг жиловин
бўзлаганда: оёққа тур, қалқ,
Дорга тортар ҳақгўй Билолин.

Менга ёқмас узоқ умр ҳам,
Йигитликда қайнаб оқар қон.
Уш бу шеърни тугутганим дам,
«Уҳ» десаму чиқиб кетса жон…

***

Икки кўзинг – икки анкабут,
Ишқ тўқийди зулматим ичра.
Жами сайёҳ ҳисларим – жануб –
уюштирар қалбингга ҳижрат.

Икки кўзинг – эгизак найбоз,
Авраб олиб чиқар хилватдан.
Икковида заҳролуд май бор –
Томчисидан куйгай дил баттар.

Икки кўзинг – иккита Юсуф,
Тикилганнинг ҳаққи аросат.
Сайёралар сингари руҳим
Атрофида кезмиш саросар.

Икки кўзинг – икки жаҳаннам,
Иймонимни ютмоққа шайдир.
Гарчи жаннат эшиги очиқ –
Ундан чиқиб кетгим келмайди.

Нега чиқиб кетгим келмайди?

ОЙЗОДА

Нилуфарнинг илдизида ҳам
таъқиқ,
Ойнинг юзида таъқиқ,
Боролмайсан кўргазмаларга
тушларингни бўйнинга тақиб.

Ўраб турар теварагингни
бир-бирига ўхшаш ҳайкаллар.
Тангрим сени узиб олгандай
борлиқдаги ўзга пайкалдан.

Бегонасан менга, ўзинга,
Кимга аён тилингдаги ранг?
Оғриқларинг бутунлай жадид
Қачон пишиб ёрилди яранг?

Мен яратган тасаввур – қадим,
Сен-ку ундан ўтгансан ҳатлаб.
Демак сенга субҳ ё тун ярим,
Самовотдан тушади хатлар.

О, чеклов бор, алвасти чеклов,
Эркин қўйиб бермайди эркинг.
Ғижимлайсан мактубларни, оҳ,
Ишонмайсан десам «ер – кенглик!»

Жиловлама руҳингни ортиқ,
Девоналик телбанинг дарси.
Биз ҳеч киммиз, ишон мутлақо,
Қувғин, таъқиқ, чегараларсиз!

Тангрим сени узиб олгандай
борлиқдаги ўзга палакдан.

14.04.2019

ИСЁНКОРНИНГ КУНДАЛИГИДАН

Эшитиб қолди у мудҳиш хабарни,
«Узоққа бормайди,
аҳволи оғир.»
Унутди дунёни, зеру-забарни,
Укакка*  жойланар ҳа демай Тоҳир.

Дўстини йўқлади (душмани сероб),
Илк бора тамаки ботди тишига.
Ажал оғушига кетяпкан Широқ –
Термулиб йиғлади кун ботишига.

Алвидо дегани севгилиси йўқ,
Пошшою гадога бепарво шаҳар.
Уйига кираркан – кўнглидай совуқ,
Кучуги вовуллаб кутволди фақат.

Осмонга чикора юлдуз сўнгани,
Вужуд ўстирдими қабристонга мос?
Эртага одамлар қўшиб кўмгани,
Арзирли уч-тўртта шеъри бор холос.

Ва илкис қоғозга эгилди дадил,
«Қуёшни кўрдим мен,
аёлни ўпдим.
Эркимни қизғаниб юрдим муттасил,
Тобе кимсаларга қахримни тўкдим.

Қалбимга ханжарин санчолмади ҳирс,
Ҳақ сори интилдим йўлимдан оғмай.
Шаккоклик қилмадим эътиқодга терс,
Тоғликман, ҳар ерда яшадим тоғдай!

Кескир сатрларим дастидан гоҳи,
Авбош юрак, кўпроқ бошим қонади.
Аммо ачинмайман, Яратган шоҳид,
Ёздим.
Ёзганидан суллоҳ тонади!

Қўрқоқлар чиқмаган Барлос наслидан.
Туфроққа тушгандай мевалар пишиб
кимлар-чун даҳшатдир, лекин аслида,
Ўлим ҳам исённинг бир кўриниши.»

…Эртага уйғонар, уйғонмас балки,
Умр — чўнтакдаги сариқ тангача.
Шуниси аниқки, энг сўнгги сатрин
такрорлаб ўтишар қиёматгача:

Ўлим ҳам исённинг бир кўриниши!

*   Укак – (эски туркийда) сандиқ ва тобут.

ИККИ ДАРВИШ

Хароба кулбада (юракка ўхшаш)
Ҳисобин ололмай дунёнинг ёшин.
Ёлғизлик торини шавқ-ла чертганча,
Энтикиб яшайди бир ит ва ошиқ.

Уларни сийлолмас ҳаёт бечора,
Улар ҳам тўкмайди ғариб орини.
Ҳаммаси камдайин совуқ кечалар
Поезд бузиб ўтар туш деворини.

Ошиқ уйғонади, кучукча – сергак,
Йўл чизиб чайқалар кўкдаги маёқ.
Чўчитиб юбормай юлдуз галасин,
Қуёшни кутишар икков ёнма-ён.

Билишар, ҳеч йўқлаб келмайди биров,
Билишар, бу кулба одамларга чап.
Аммо юзларида ғамнинг туки йўқ,
Ўлим-да йўлашга ийманар, ажаб…

Уларни танимам, эшитганим шу,
Кучуги сўқиру, ошиғи – кармиш.
Ким билсин, Дажжолни ушлаб тургандир,
Ўша кулбадаги иккита дарвиш?!

28.03.2019

ҚАРЗДОРЛИК

Бош олиб кетишга ҳали кўп эрта:
Ҳосилга кирмаган боғлар қошидан,
Улғайтирган авайлаб, тергаб,
Тош кўчалар, тоғлар қошидан.
Бир қиз яшар қайдадир маҳзун –
Пойида тиз чўккан эмасман.
Йўлда,
Очлик қийнаган маҳал
ёнғоқ ташлаб ўтган қарғанинг
инига ризқ тўккан эмасман.
Мана шу бетизгин руҳингдир, дея
Кўзимга денгизни кўрсатолмадим.
Ўзим – ғўраману ёзганларим – хас.
Ҳар қадам шоқоллар дуч келдию лек,
Йўлимдан чиқмади бирорта йўлбарс.
Муродга етмади бошланган эртак,
Эгарланган отим улоқни олмай
бош олиб кетишга ҳали кўп эрта.

Бўйнимни соғинган ғамдорларидан,
Ҳушёрларидану ҳушдорларидан,
Жаноза, қўзғолон, «ёр-ёр»ларидан,
Бармоғим тегмаган чилторларидан,
Шаҳрисабз мозорларидан
Битта қабр қарзим бор менинг.

Бош олиб кетишга ҳали кўп эрта….

011Bugungi sahifamizda iste’dodli yosh shoir Jontemirning yangi she’rlarini taqdim etamiz.

JONTEMIR
YANGI SHE’RLAR
021

DUEL
22
Duelga chorlayman – qayralganlarni,
Yuragi qoringa aylanganlarni.
Badbo’y nafasi-la havoni bulg’ab,
Umrboqiylikka shaylanganlarni.

Duelga chorlayman – jirkanch g’oyalar,
Manfaat g’orida ulg’aygan avlod.
Norasidalarni sotgan doyalar,
Daydi o’qqa uchib o’lgani avlo.

Sakkiz milliard Odam naslini atay
Turli tabaqaga ajratgan dohiy.
Sen hamon tiriksan, mishiqi, satang,
Hayotinga nuqta qo’yaman, johil!

Duelga chorlayman – dengiz suvini
Ifloslab, o’rmonga o’t qo’ysa birov.
Mazlumlar yoshida mag’rur yuvinib,
Oldinda borligin unutsa sirot.

Ayolni aldagan, vatanni sotgan,
Dajjol shiptirida ag’anab yotgan.
G’ururi Atlanta misoli botgan,
Vijdonin qurt bosib, tilin yo’qotgan.

Qaysi yurt portladi, qaysi go’dak och,
Bemalol termulib o’tirgan loqayd.
Qo’shnisin uyini qilishsa taroj,
«Tinchman» deb qulog’in berkitsa, tokay –

Duelga chorlayman!
Do’stmi, jo’rami,
Mansab soyasiga berganda salom.
Xalqini qaqshatsa: bekmi, to’rami,
Maydonga otilib chiqaman, tamom!

Duelga chorlayman – qo’limda qurol,
Unga yuragimni joylaganman – o’q.
Parvardigor guvoh, guvohdir Turon,
Sha’nimni asrashning boshqa yo’li yo’q!

23. 05. 2019

ERGASH OTA

Ergash ota, vijdonni nishlang,
Eranlar yetmagan siz yetgan sirga.
Siz gunoh deb aytgan qilmishlar,
Menga sigor chekkanday bir gap.

Nega axir tog’dan tushdingiz?
Nega bizni to’qnashtirdi dard?
G’o’r jismimga ruhan ko’chdingiz –
Yetmish beshga to’lishdim bu dam.

Qisman to’g’ri hayot – hastalik,
Azob tarar ehtiyoj – mirob.
Dunyosining avra-astarin
ko’rolmagan halicha birov.

Ergash ota, sizga ergashay,
G’ajimasdan yirtqich bekatlar
ortingizdan hamma yerga shay
turibman bormoqqa, yetaklang.

Qalbim anjir edi, aqrabo…
Sinchalakday xah, to’ralari.
Qarg’ang, qaqshab so’lsin qaqrabo-o:
Siyosatu mafkuralari.

Koshki o’lim vahmim aritsa,
Meni boplab so’king, qalb xijil.
Agar gunoh bizni qaritsa,
Sizdan yuz yosh kattaligim chin.

Uzr, jindek sipqoraman may,
Ortiq loyqa tanga sig’mayman.
Rivoyatlar o’qing to’xtamay,
Menchi tinglab ho’ng-ho’ng yig’layman.

Borligiga shukr saralar,
Shundan yerning kelmaydi qahri.
Tez orada sizning yaralar,
Mening esa to’kilar bag’rim.

Nafasingiz – bo’yi nastarin,
Po’stlog’ingiz – hirqadir, etmas.
Garchi hayot – og’ir hastalik –
O’tinaman, tuzalib ketmang!

O’tinaman, tuzalib ketmang.

MOMOM BILAN SUHBAT

Eshikni ochaman o’pkam to’liqib,
«Bolam, o’zingmisan?
Zo’rg’a tanidim.
Qish o’lsin, suyagim zirqirab og’rir.»
«Mening ham. Dardimiz bir ekan momo,
Yo siz yashargansiz,
Yo men qaridim.»
Qattiq quchadiyu hidlab ko’radi,
«O’zi ozg’in eding,
Tag’in ozdingmi?»
«Yigitning qilichdek bo’lgani ma’qul!»
«Qachon tashlaysan shu, papirosingni?»

Uzo-oq jim qolamiz xayolga cho’mib,
Namlangan ko’ziga boqib kuyaman.
Bobomning qabriga egilgan ko’yi,
Shishgan oyog’iga boshim qo’yaman.
Siz – bunda,
Men – unda,
Ikki tanho dil,
Bir umr to’lmasmi mehrning g’ori?
Bilmaysiz, mo’rtlashgan suyagingizdek,
To’rt fasl zirqirab yuragim og’rir…

Sapchib qo’zg’alaman, nigohimda shasht:
«Ishq nima?
She’r nima?
Nimadir alam?»
«Bilmayman,
Bekorchi gaplaringni qo’y,
Kunduz qariyapti, boraqol bolam.»

O, mening yuragim og’riydi qaqshab…

***

Poyingda tiz cho’kdim ilk va so’nggi bor,
Ayol muhabbatin qoshida, qalban.
Ko’ksimda gurkirab o’syapkan chinor,
Tog’larni uyatga qo’ydim men ablah.

Poyingda tiz cho’kdim,
Hammasi oddiy,
Yonimdan haykallar o’tardi shoshqin.
Orzusi, maslagi, tushlari moddiy
portlab ketmaydimi manavi Toshkent!

Hozir na Barlosman, na mag’rur jangchi,
Iqrorman, topilmas ishqqa yetar shum.
Saltanat, hoy-havas, kibrini yanchib
poshshoning gadoga aylangani shu.

Poyingda tiz cho’kdim,
Osmon kechirsin,
Shamol yuz o’girsin «sindi g’ururi».
Men kimman?
Yoshingni kaftda ichirsam,
Ohuga aylanib qolardi bo’ri.

Mag’lubman, nurga dosh bermagan tunday,
Bardoshi yo’q axir keksa qarg’aning.
Lablaring shivirlar misoli Budda,
«Kechirdim» dedingmi?
Yoki qarg’ading?!

Bilmadim, bilganim o’zni tutolmay
Tiz cho’kdim, yumdalab yurak qa’rini.
Xotirang qatida bu alfoz qolmay,
Ertaga unutib yubor barini.

Tog’larni uyatga qo’ydim men ablah.

18.04.2019

QORIN

Million yilki qushlar shimoldan
janubga ucharlar,
To’lqinlar bosh urar qadim qirg’oqqa.
Daraxt o’zgarmaydi,
Toshlar hamon tosh…
Odam odamlikdan ketdi yiroqlab.
Tabiat zahrolud yoshini to’kar,
Qonini ichdik-ku,
Ko’ksini yorib.
Vujuddan yurakni siqib chiqardik,
Eng chirkin a’zoni qoldirdik –
QORIN!
Qorin,
Murdor badan ilon og’ziday,
Istalgan shaklda kengayar battol.
Unga joylash mumkin
butun vatanni,
Xudoni sig’dirsa bo’larkan hatto!
Muqaddas emasdir endi Ka’ba ham,
Muazzin – jig’ildon tortadi nara.
Tavof etadilar
Silab o’shani,
Sajda qiladilar o’shanga qarab…
Alahsib yuribman mavhumlik aro,
Qornim lahza sayin bormish kattayib.
Odam yuragini qaytib ber Ollo,
Qaytib ber,
Kavsarning suviga chayib.
Toki daraxtlarga uyalmay boqay,
Sag’rini siypalab o’tay toshlarni.
Shaddot to’lqinlarga qo’shilib oqay,
Erkini qutlayin
Sayyoh qushlarni.
Toki tovonimda ezg’ilansin nafs,
Baxtlidir o’zidan bo’lganlar ozod.
Va yodda saqlayin – qorindan emas,
Yurakdan dunyoga kelar odamzod.

KINOYA
I.Haqqul,  X.Davron,  N.Eshonqulga

Kechiring, ming bora uzr, azizlar,
Men juda boymanu
nafsim – ajdaho.
Vatanni bir boshdan yamlayman tizlab,
Axir bu zamonda
yulg’uchdir – daho!

Afsus, yo’limizga qo’yolmaysiz chek,
«Tepsa, tebranmasmiz»,
bobo xarsangday.
Sizlarga yordam berardimu lek,
Qo’llarim bo’shamas sira qarsakdan.

Sarbador – boshini haq dorga tikkan
jo’mardlar qoldimi – dushmani Iblis?
Hayqirmang,
g’aflatga endi ko’nikkan
millatni uyg’otib yubormaylik,
tiss!

Bizga kerak emas Dukchi Eshonlar…
Bo’rdoqi tushlarni ko’ramiz baham.
Hamma yoq «jannat»ku,
qani kishanlar?
Bir yo’li topilar do’zaxida ham.

Mayli, so’zlayvering qiblaga qarab,
Yo’qlab kelar balki siz kutgan Bilqis.
Faqat sal sekinroq bo’zlang,
o’sha gap –
Vulqonni qo’zg’otib yubormaylik,
tiss!

BEPUSHT

Bahor epkinlari raqsini boshlar
Mayga evrilmagan qonim qoshida.
Kapalaklar bol so’rganimas,
Jon taslim qilgani qo’narlar
Diydamning qonolud yoshiga.
Chorlamoq-chun sayron qushlarni
Yafroq yozmoqlikka chiranayotgan
Keksa og’och kabi
Ayanchli jismim.

Toshni toshga ursang, tosh tug’iladi,
Ariqlar
Bokira suvlarga yukli.
Ichimda o’kirgan bilan qaldiroq
Mendan binafshalar dunyoga kelmas.
Jahannam bo’g’ziga tutashgan chayir
Tomirlarim kuygan –
Ko’pchigan tufroq,
Maysalarning qiqir-qiqiri
Bo’yga yetgan qizlarning bejo
Ehtirosli qarashlari ham
Cho’g’latolmas,
G’ujurim bejon.

Mendan binafshalar dunyoga kelmas,
Ayvonda in qurgan qaldirg’ochlarning
Hali ochilmagan tuxumlariga
Suqlanib qarayman bo’g’ma ilondek.

…Diydamning qonolud yoshiga
Uching,
Kapalaklar,
qo’nmasdan uching.
Sho’rlik bahor, bechora bahor,
Siylaysanu butun borliqni –
Meni changlatishga yetmaydi kuching.

ILTIJO

Shoir bo’lib dunyoga kelmoq,
Shoir bo’lib o’ylamoq mumkin.
Shoir bo’lib shamoldek yelmoq,
Shoir bo’lib kuylamoq mumkin.
Tamakini qistirib labga,
Ko’chalarda yurmoq nimadir.
Ko’tarilib oliy mansabga,
Minbarlarda turmoq nimadir.
«Sevaman» deb aytolmaydi kim?
Dard taqsimlab berilgan azal.
So’zbozlikdan gohida inim,
Bezorining bir mushti afzal.
Derazadan oyni kuzatib,
Qushlar bilan tongni kutmoq ham.
To’zg’ib ketgan sochni tuzatib,
Bog’lar ichra g’amgin o’tmoq ham,
Mayxonada ko’tarib g’avg’o,
Duch kelganni do’pposlab, so’kish.
Jabrdiyda qilganda da’vo,
Mahkamada ojiz tiz cho’kish,
«O’zgachadir fe’lim hammadan»,
Deya o’chkor satrlar yozmoq
Qiyin emas, tag’in kamida,
Telbarib yo aqldan ozmoq.
Agar ruhda qo’zg’alsa junun,
Tabiiy-ku bularning bari.
G’o’r shoirga aylanmoq uchun,
Nima kerak tubdan o’zgarib?!
Men-da go’yo tanhomanu rost
Bitta g’azal bilmayman yoddan.
Qoralayman bekorga qog’oz,
Yozganlarim – soddadan-sodda.
Garchi o’tgan bobolarim bek,
Tan olayin, yolg’on zo’raymay.
Shoir bo’lib tug’ilmadim, lek –
Shoirona o’lim so’rayman.

Oshiqona o’lim so’rayman.
Oshiqona o’lim so’rayman…

JODU

Tashqarida tunmi,
Kunduzmidi yo?
Daraxtlar bahor-la qovusharmidi?
To’lishgan soylarning ashulasiga
Yomg’ir jo’r bo’lganin eslayman xolos.
Qushlar sayramasdi,
Chirildoqlar jim,
Ko’zlarim g’orida porlamasdi nur.
Mashrab bo’lganda ham qilardi havas,
Sho’ng’idim,
Ehtiros jomin qa’riga –
Qo’ymadi bir to’yib olmoqqa nafas.
Yashil to’lqinlarga chayildi ruhim,
Jismimni qopladi olovli hubob.
Lazzatdan tap-tarang tortilgan ko’kmak
Tomirim chertardi
Ishq misli rubob.
Unga quyildim men
Eng so’nggi qatra
Qonimni qalbining tubiga eltdim.
Yurak urishining titroqlariga
Yovvoyi qo’rquvdek singishib ketdim.
Bu quduq,
Bu xilvat
Osmondan chuqur,
Payg’ambar mehridan kam emasdi hech.
Hissiyot jomini to’ldirar lablar
Va qat’iyan buyruq berardilar “ich!”
Ichdim,
Ichaverdim
Tosh daftar guvoh,
Dunyodan uzildim, bangidek sarxush.
Tashqarida tunmi,
Kunduzmidi yo?
Ko’rganim o’ngmidi,
Yo lahzalik tush?

Bilmayman.
Bilganim – yomg’ir shitiri,
Daraxtlar bahor-la qovushardi mast.
Vujudim ruhimni ketmish qidirib –
Men — menda emasdim,
Men — menda emas…

* * *

Olislab ketding sen,
Endi yetolmam.
Qalbimni ezg’ilab beton moladek
Kuchugin shaharga olib ketolmay
Avtobus eshigin tepgan bolalik.

Xudoga talpingan tog’larga qarab
“Men shamol edim-ku!”
Qilaman dovush.
Sovuqqon zirvalar yo’llamas karam,
Qulog’im ostida yig’lar Siyovush.
Xafaqon lahzalar naqadar johil,
Ko’zimdek sarg’arib buvim qarigan.
Pirim Yassaviy deb bobom ham oxir,
Kirdilar
Muqaddas yerning qa’riga.
Kiprigim qolmadi yulinaverib,
Oldinga,
Orqaga,
Qayerga yuray?
Million yo’qotishga bo’linaverib,
Oh, nahot yorilib ketmaysan, YuRAK?!
Ey sharob, ichikkan ko’nglimni xushla,
Ruhimga zahrolud quyilgan quyuq.
Qishloqqa qaytishni so’ramang, qushlar –
Men hali o’zimga qaytolganim yo’q.

…To’kilib anchayin yengil tortdim, uh,
Ajralib chiqqanim ayon to’dadan.
Qayg’ular – she’r ekan,
She’r ekan – anduh,
Bu yo’ldan rindona yurib o’taman.

Olislab ketding sen,
Endi yetolmam.

QAYERDAN QAYERGA

1.
To to’lishib olguncha hilol,
Tun ko’ksini tilib ketadi.
Yilda bir bor yechinib ilon
yangi po’stin ilib ketadi.

Qayerdan qayerga?

Dumalaydi qirlarda bahor,
Boychechakka evrilar g’aflat.
Yelkalari azaliy yaxob
cho’qqilarning ko’zida nafrat.

O’riklarning kofur labiga
kelib qo’nar bolari shilqim.
Mushkin bo’ylar tarab kamiga
shamol chopar shaharda yilqi.

Qayerdan qayerga?

Parvoz sirin ochmas burgutlar,
Tosh qoplangan baqa naylasin?
Manglayida qadim turkular,
Miq etmaydi toshlar – faylasuf.

Odam yerga kirib boraru
ko’kka qarab o’sar chirmovuq.
Parvardigor nafasidir ruh,
Nechun ba’zi chehralar sovuq?!

Hadiksirab yashaymiz doim,
….bizmas, bizni qilmish tomosha.
Allaqanday hikmatga moyil,
Dunyo quvg’in qulunday shoshar.

Qayerdan qayerga?!

2.
Olamga tun cho’kar, tunga alaming,
O’q yegan o’lajadek tipirchilar qalb.
Tahayyul – bosh-keti mavhum dalaning,
Turibsan ko’rinmas Shohini alqab.

Ko’chalar yalang’och, bog’lar yalang’och,
Charchoq tashvishlarni uyquga belar.
Yolg’iz sening daydi tasavvuring och –
Koinot kokilin silaging kelar.

Ko’z olding pushti, yo’q, kamalak rangda,
Yurakni tirnaysan – cho’g’ tortilgan soz.
Qon emas, so’z silqib chiqar yarangdan,
Uni bog’lamakka irganar qog’oz.

Keksa burgut tog’dan qulagan misol
kuldonga yiqilar chekilgan fursat.
«Balki javobini aytolar, Iso!»
Aytadi, qiyomatgacha ulgursang.

Sen-la tug’ilmagan, ketmas ham yonib,
Yetim qovurg’angni o’sha qayergan.
Anor donasiday ezar dunyoni,
Dahshatli savol –
QAYERDAN QAYERGA?!

Yolg’iz sening daydi tasavvuring och…

27.04.2019

FURSAT

1.
Qarg’alardan umr tilanib
toshbaqaning sabrkosasin
uyqusini buzmay o’marsak.
Yelkamizga qo’nsa kak-kular,
Vaqtni bog’lab qo’ymoqlik uchun
Ashobi Kahf sori otlansak,
Bir-birovni uzoq quv-quvlab.

Yo bizlarni baliq yutsaydi,
Og’zimizga Xizr tupursa.
Ulgurmaymiz, kapalak – baxtga
juda qisqa berilgan fursat.

Qara, shamol libosin kiyib,
O’qday uchib boryapti kiyik.

Archalarga yalinamiz, yur,
Yur, chaynaymiz chinor ildizin.
Isomasman, sen emassan hur,
Hech yo’q umr andak siljisin.

Nilufarim, tevarak botqoq,
Mingta gunoh hidlamoqqa shay.
Nafsga qarshi payti almisoq
emlashmagan bizlarni atay.

Xumo tumshuq urgan lahzaning
tomog’ini yirtmaydi nola.
Qo’y joyiga o’sha mevani –
Odamlanay, sen-da Havvolan.

Qara, qo’rquv jandasin kiyib,
Hadiksirab boryapti kiyib.

2.
Qarg’a ovozini kuyga solaman,
(Tasavvurni ag’darish kerak!)
Shilliqqurtni poygaga qo’shdim,
(Tasavvurni ag’darish kerak!)

Meni ayol emas, manov yer tuqqan,
Senga qaytmoq uchun unga kiraman.
Ezilgan shotutning shirasin
labimga tomizib labingdan
uyg’otib, yetaklab yurgizma.
Bunda hech ne tabiiy emas,
Bunda bari soxta ko’rgazma!

Yo’qsa, aytchi, gumon ariydi,
Shab-shubhaga kelardi qiron.
Men o’ttizga kirmay qaridim,
Million yilki o’lim navqiron?!

Qara, sho’rlik kiyik endi yo’q,
Fursat uni g’ajib tashlagan.
Yo xarsanglar yegan qovurib.
Shamol esa so’ngaklarini
tog’-toshlarga sochgan sovurib.

Ikkimizni baliq yutsaydi,
Og’zimizga Xizr tupursa…

19.04.2019

QON

Dantes – siyosatdir,
Siyosat – qo’rqoq!
Yaxshi bilasiz-ku, Pushkinni mendan.
Jimgina kuzatib turgan u sulloh
kaslarning shallaqi ko’zi — sekundant!
Lermontov,
tepkini bosmading nega?
Bitta o’q, atigi bitta o’q xolos.
Boshiga tegardi yoki bo’g’ziga
va omon qolardi isyon, ehtiros!
Usmon –
yuragimni g’ajiydi itlar,
Usmon –
qabrgacha takrorlar she’rim.
Angori, qalami, qalbi irkitlar,
Oh, seni yo’q qildi, pahlavon Sherim.
Ey ajal, ko’rmisan?
Tupurdim senga!
Oqibat ketarsan hasaddan yonib.
Tobakay shoirlar g’ashinga tegar,
Shunchalar shirinmi shoirning qoni?!
Bu hol davom etar hali begumon,
Suyagi churiklar yotibdi urchib.
Ey zamin, ey osmon, ey cheksiz ummon,
Men seni bir satr she’rga sig’dirdim,
Sen meni o’zinga sig’dirib ko’rchi!
Sizningcha shoirni o’ldirmoq — ermak,
Yo lazzatlanasiz jonini olib.
Tutilgan ko’zguni sindirgan bilan
o’nglanib qolmas-ku, botqoqning holi.
Qo’ying o’z erkiga:
yashasin, yozsin,
Undadir muhabbat, undadir nafrat,
Vijdon uyg’onarmi mardona sozsiz?
Olamni buzmaydi she’r to’la daftar.
Baribir befoyda,
kalxatko’z jallod
ortidan sharpaday ergashar, poylab.
Maqsadga erishar oxir qay kecha,
Ko’ksiga zaxrolud qo’rg’oshin joylab.
Yetar g’ingshiganim,
angladim nogoh,
Bulg’anib ketganda kurrai bunyod.
Shoirning muqaddas qonida goh-goh
tahorat olgancha poklanar dunyo…

Garchi sizga doim qilamiz xujum,
Tinmay aylanadi mudhish doira.
Bu qobil tufroqni tozartmoq uchun,
Qasdma-qasd tug’ilib turing, shoirlar!

E’TIQODIMGA

«To’fon yaqin, ergashing Nuhga,
Na but, na tog’ yelkalab qolur.»
Titrab tiling tutsang Semurg’ga,
Yuragingni sug’urib olur.

Endi etga kirding, to’lishding,
Gardaningda er yigit yoshi.
Yetar, shuncha noning bo’lishding,
Ezib tashla qaramlik toshin.

Semurg’ – baxtdir!
Yo’q, yo’q, u – morboz,
O’tmishga boq, so’ng bergin baho.
Taqdiringni uch-to’rt qimorboz
Alastlikda hal qilsa, nahot?!

Qon simirib pishigan bu yo’l,
Tatirmidi qulga hashamat?
O’lsang, ana, Qodiriyday o’l,
Qolsang, bo’yin egib yashama!

CHO’PON QO’SHIG’I

Bosh ko’tarmang, haqiqat chaqar,
Qalbingizga begona qaynov.
O’tlayvering, sizlarga faqat
Itoat-o’t sepilgan yaylov.
Qurey-qurey, qo’ylar suruvi.

Men istasam soyga enasiz,
Istamasam, jilsa bir qadam.
Ko’rsataman katta enasin –
Harom qoni oqar tirqirab.
Qurey-qurey, qo’ylar suruvi.

Sizning Xudo – to’qmoq zarangim!
Burgut, lochin, bo’rilar – kofir.
Ananaga jiddiy qarangki,
Qo’zichoqlar qolmasin g’ofil.
Qurey-qurey, qo’ylar suruvi.

O’zboshimcha tog’larga boqing,
Oyoq-qo’li kesib olingan…
Mayxonani Ka’ba der soqiy!
…Azal gunglar saqlab qolingan.

Vijdon kimning ilgida talosh?
Ketmaydimi nafosat bitlab.
Qo’rqmang, sizga urmaydi balo –
Itday qo’rib yotibdi itlar.
Qurey-qurey, qo’ylar suruvi.

Ay, sodiq lashkarim — naynovlar,
Bilaman, sirni fosh etmaysiz.
Itoat sepilgan yaylovlar
bor ekan, qirilib ketmaysiz!..

Qurey-qurey, qullar suruvi.

22.04.2019

HIJOB

Ko’nglimizga hijob tortilgan:
Ichkari – go’shanga,
Tashqari – sahro.
Men bunda Bahromu
sen bunda Zahro,
Yelkamizga visol ortilgan.

Bulut erkalagan maysa titrog’in
barmoqlaring ekar sochimga.
Alvon tomirlarim atrgul ochar –
Yafrog’ida o’ynar nafasing,
Kapalaklar atrofimizda.
Chayqalib yotibdi tasavvur yoli.
Vujudimda hissiyot tashib
o’rmalaydi esruk*  chumoli.

Ko’nglimizga hijob tortilgan:
Suvdagi muz,
Ruhdagi tandek.
Ichkarida – may to’la hovuz,
Unda yuzar ikki maypari.
Oyoqlarin suzgichlari-la
siypalarkan oshiq baliqlar
kulgularin sotib olmoq-chun
tangalarin qilishar ko’z-ko’z.
Sotmadilar!
Tortqilar girdob,
Chorlashmadi najot kemasin.
(Yo’qsa kelar Majnunning qahri)
Uzangan qo’llarni inkor etishdi –
dahriydirlar bu kecha, dahriy.

Ko’nglimizga hijob tortilgan:
Ichkarida ikki polapon,
Tashqarida esa quzg’unlar.
Tashqarida yovuz olomon,
Tashqarida – vahshat, buzg’unlar.
Yechisholmas hijobimizni,
Kirisholmas bizga bostirib.
Hatto shayton tilini tiydi!
O’rtalikda do’zaxiy devor –
Dahriylik bor, axir dahriylik.

Men bunda Bahromu
sen bunda Zahro…

3.04.2019

*   Esruk – mast, sarhush.

MENGA YOQMAS

Menga yoqmas muloyim erlar,
Ayg’ir qolib maqtar baytalin.
Pahlavonning kimligin derlar,
Yuzidagi chandiq aytadi.

Menga yoqmas ehtiyotkor do’st,
Taqdirini qo’rquv qilmish hal.
Lo’g’atimga kirmagan afsus,
Har qadamim – Haqqa tavakkal!

Menga yoqmas ummon turganda,
Ko’lmak bilan qondirgan chanqoq.
Va sabrga obdon burkangan…
Yilt etsa-da chaqmoq, bu chaqmoq!

Menga yoqmas mayda gap dushman,
Qinda zanglab keksaygan qilich.
Zanchilishga aslo gap qo’shma,
May quyganda, dast ko’tarib ich.

Menga yoqmas qornini o’ylab,
Pul ketidan itday chopganlar.
Poshsholarga madhiya kuylab,
Sag’risiga zarbof yopganlar.

Menga yoqmas ayol qoshida,
Ojizligin oshkor etgan kas.
Zahar chiqsin yegan oshidan,
O’sha kundan u erkak emas!

Menga yoqmas ichi qora xalq,
Tutolmasdan nafsning jilovin
bo’zlaganda: oyoqqa tur, qalq,
Dorga tortar haqgo’y Bilolin.

Menga yoqmas uzoq umr ham,
Yigitlikda qaynab oqar qon.
Ush bu she’rni tugutganim dam,
«Uh» desamu chiqib ketsa jon…

***

Ikki ko’zing – ikki ankabut,
Ishq to’qiydi zulmatim ichra.
Jami sayyoh hislarim – janub –
uyushtirar qalbingga hijrat.

Ikki ko’zing – egizak nayboz,
Avrab olib chiqar xilvatdan.
Ikkovida zahrolud may bor –
Tomchisidan kuygay dil battar.

Ikki ko’zing – ikkita Yusuf,
Tikilganning haqqi arosat.
Sayyoralar singari ruhim
Atrofida kezmish sarosar.

Ikki ko’zing – ikki jahannam,
Iymonimni yutmoqqa shaydir.
Garchi jannat eshigi ochiq –
Undan chiqib ketgim kelmaydi.

Nega chiqib ketgim kelmaydi?

OYZODA

Nilufarning ildizida ham
ta’qiq,
Oyning yuzida ta’qiq,
Borolmaysan ko’rgazmalarga
tushlaringni bo’yninga taqib.

O’rab turar tevaragingni
bir-biriga o’xshash haykallar.
Tangrim seni uzib olganday
borliqdagi o’zga paykaldan.

Begonasan menga, o’zinga,
Kimga ayon tilingdagi rang?
Og’riqlaring butunlay jadid
Qachon pishib yorildi yarang?

Men yaratgan tasavvur – qadim,
Sen-ku undan o’tgansan hatlab.
Demak senga subh yo tun yarim,
Samovotdan tushadi xatlar.

O, cheklov bor, alvasti cheklov,
Erkin qo’yib bermaydi erking.
G’ijimlaysan maktublarni, oh,
Ishonmaysan desam «er – kenglik!»

Jilovlama ruhingni ortiq,
Devonalik telbaning darsi.
Biz hech kimmiz, ishon mutlaqo,
Quvg’in, ta’qiq, chegaralarsiz!

Tangrim seni uzib olganday
borliqdagi o’zga palakdan.

14.04.2019

ISYONKORNING KUNDALIGIDAN

Eshitib qoldi u mudhish xabarni,
«Uzoqqa bormaydi,
ahvoli og’ir.»
Unutdi dunyoni, zeru-zabarni,
Ukakka joylanar ha demay Tohir.

Do’stini yo’qladi (dushmani serob),
Ilk bora tamaki botdi tishiga.
Ajal og’ushiga ketyapkan Shiroq –
Termulib yig’ladi kun botishiga.

Alvido degani sevgilisi yo’q,
Poshshoyu gadoga beparvo shahar.
Uyiga kirarkan – ko’ngliday sovuq,
Kuchugi vovullab kutvoldi faqat.

Osmonga chikora yulduz so’ngani,
Vujud o’stirdimi qabristonga mos?
Ertaga odamlar qo’shib ko’mgani,
Arzirli uch-to’rtta she’ri bor xolos.

Va ilkis qog’ozga egildi dadil,
«Quyoshni ko’rdim men,
ayolni o’pdim.
Erkimni qizg’anib yurdim muttasil,
Tobe kimsalarga qaxrimni to’kdim.

Qalbimga xanjarin sancholmadi hirs,
Haq sori intildim yo’limdan og’may.
Shakkoklik qilmadim e’tiqodga ters,
Tog’likman, har yerda yashadim tog’day!

Keskir satrlarim dastidan gohi,
Avbosh yurak, ko’proq boshim qonadi.
Ammo achinmayman, Yaratgan shohid,
Yozdim.
Yozganidan sulloh tonadi!

Qo’rqoqlar chiqmagan Barlos naslidan.
Tufroqqa tushganday mevalar pishib
kimlar-chun dahshatdir, lekin aslida,
O’lim ham isyonning bir ko’rinishi.»

…Ertaga uyg’onar, uyg’onmas balki,
Umr — cho’ntakdagi sariq tangacha.
Shunisi aniqki, eng so’nggi satrin
takrorlab o’tishar qiyomatgacha:

O’lim ham isyonning bir ko’rinishi!

*   Ukak – (eski turkiyda) sandiq va tobut.

IKKI DARVISh

Xaroba kulbada (yurakka o’xshash)
Hisobin ololmay dunyoning yoshin.
Yolg’izlik torini shavq-la chertgancha,
Entikib yashaydi bir it va oshiq.

Ularni siylolmas hayot bechora,
Ular ham to’kmaydi g’arib orini.
Hammasi kamdayin sovuq kechalar
Poyezd buzib o’tar tush devorini.

Oshiq uyg’onadi, kuchukcha – sergak,
Yo’l chizib chayqalar ko’kdagi mayoq.
Cho’chitib yubormay yulduz galasin,
Quyoshni kutishar ikkov yonma-yon.

Bilishar, hech yo’qlab kelmaydi birov,
Bilishar, bu kulba odamlarga chap.
Ammo yuzlarida g’amning tuki yo’q,
O’lim-da yo’lashga iymanar, ajab…

Ularni tanimam, eshitganim shu,
Kuchugi so’qiru, oshig’i – karmish.
Kim bilsin, Dajjolni ushlab turgandir,
O’sha kulbadagi ikkita darvish?!

28.03.2019

QARZDORLIK

Bosh olib ketishga hali ko’p erta:
Hosilga kirmagan bog’lar qoshidan,
Ulg’aytirgan avaylab, tergab,
Tosh ko’chalar, tog’lar qoshidan.
Bir qiz yashar qaydadir mahzun –
Poyida tiz cho’kkan emasman.
Yo’lda,
Ochlik qiynagan mahal
yong’oq tashlab o’tgan qarg’aning
iniga rizq to’kkan emasman.
Mana shu betizgin ruhingdir, deya
Ko’zimga dengizni ko’rsatolmadim.
O’zim – g’o’ramanu yozganlarim – xas.
Har qadam shoqollar duch keldiyu lek,
Yo’limdan chiqmadi birorta yo’lbars.
Murodga yetmadi boshlangan ertak,
Egarlangan otim uloqni olmay
bosh olib ketishga hali ko’p erta.

Bo’ynimni sog’ingan g’amdorlaridan,
Hushyorlaridanu hushdorlaridan,
Janoza, qo’zg’olon, «yor-yor»laridan,
Barmog’im tegmagan chiltorlaridan,
Shahrisabz mozorlaridan
Bitta qabr qarzim bor mening.

Bosh olib ketishga hali ko’p erta….

06

(Tashriflar: umumiy 954, bugungi 1)

4 izoh

  1. She’rlari hech kimning ta’sirida emas,men yangi shoir Jontemirni kashf etyapman!

  2. Shoir Jontemir she’rlari aqlimni shoshirdi.Men bir adabiyot fani o’qituvchisi,uning she’rlarini izohlab maza qila oladigan adabiyotshunoslar baxtiga hasadim oshdi.Men bu shoirga xos so’zni topolsaydim, deb qoldim.Ammo butun bashariyat adabiyotshunoslarining aqlini lol qoldirsa ajab emas bu shoir.Xullas,shoir she’rlariga aqlim yetmadi,ammo ammo shoir hislarini ,tuyg’ularini shoir bilan bila-baravar tuyganday bo’laman.Va bundan baxtliman.Menga bu baxtni bergan shoirimizga cheksiz muhabbatda qolaman.

  3. Jontemirga havasim keldi-Qashqadaryoga havasim keldi.Adabiyotshunoslarga-chi maza bo’libdi,ular Jontemir she’rlarini rohatlanib,lazzatlanib, tahlil-u talqin qilib tugatolmasa kerak hech ham.Har qanday adabiyot ixlosmandiga,jumladan ,o’zimga bunaqa baxt tuhfa qilganiga Jonibekni yaratganga,unga ISHQ berganga cheksiz hamd-u sano bo’lsin.Ta’rif-u izoh berolmayman,she’riyatini ilg’aganim,yo’q chuqur-o’zi bilan bila-baravar his qilganim aniq.

  4. Jontemir aka, zamonaviy o’zbek sheʼriyatiga ruh ato etgan haqiqiy talant egasi, sheʼrlaridagi oʼxshatish va tashbihlar qalbni junbushga keltiradi, Oʼzbekiston shunday farzandlari borligidan faxr etsa arziydi.

Izoh qoldiring