Zulxumor Orifjonova. She’rlar

003    Зулхуморнинг шеърларини кутубхонамизга тақдим этган Жонтемир мухтасар қўшимча ёзибди: «Менда бир ғалати одат бор: Бирор ёзарманнинг ижодини ёқтириб қолсам, аввал унинг феълу атвори, суратию сийратини билишга уринаман. Ана кейин шеърларини тушуниш, руҳиятига кириш силлиқ кечади. Зулхумор ичу-таши ҳаёга ўралган, ҳисларини ҳеч кимга – ҳатто қоғозга ҳам – ёйинламайдиган сирли шоира. Билмадим буни қандай эплайди?..»

Зулхуморнинг шеърлари билан танишгач, Жонтемирнинг адашмаганига ишондим. Шоира қизимнинг шеърларидаги кайфият, айниқса қўллаган нотабиий қофиялари мени қувонтирди. Айнан улуғ шоир бобомизнинг туғилган кунида бу шеърларни ўқиганимдан кўнглим юксалди.

Йўлинг оқ, пешонанг ярқироқ бўлсин, шоира қизим!

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Зулхумор Орифжонова
“МЕЗОН” ТУРКУМИДАН ШЕЪРЛАР
044

***

Тун ботиб кетади нигоҳларимга,045
Кўзларим четида туғилар оғриқ.
Кўча чироқлари эслатар атай,
Мен соғинган чоғни…

Деразамдан боқиб турган мунг тўла
Нигоҳларин олиб қочолмайди қиш.
Хаттоки шамолнинг елкаларида,
Толиқиш…

Қаҳратон —
Кўчаларни кезиб туманлар аро
пардалар тортади деразаларга
пардалар тортади айта олмаган
сўзларим бўғзимни безаганида.

Кўмилиб бораман қоронғуликка,
Йўлларимни тўсар вақтнинг тизгини.
Юрагимга тегиб кетади ногоҳ,
Ташқарида қолган изғирин…

Кириб келар остонам оша,
Соғинч тушлар, рангин тушлар
ва
Мени олиб кетади кўкка,
Томчилардан туғилган наво.

Бир сесканиб тушади борлиқ,
Шамолларнинг етмайди кучи.
Олислайман туннинг бағридан,
Тушларингга қайтмоқлик учун…

***

Назаримда
узоқлашдим кузнинг сўқмоқларидан…
Умрбодга, о қандай аянч!
Наҳот энди яшай бошлайман,
Худди сендек ўзимни аяб,
Иссиқ хонада?..

Қаҳваларга алданиб ҳар кун,
Томоша қилганча хонаки гулни.
Сунъийлашиб борар тобора
юзимдаги сен билган кулги…

Узоқ қолиб кетади тунлар,
Деразамнинг ортида ғариб.
Отиламан эшик бағридан,
Ёнаётган кўкни ахтариб.

Шамолларни қайтариб ортга,
Югураман, югурар излар
….Тўкила бошлайди осмондан,
Музлаб қолган маъюс юлдузлар.

Узоқлашдим..
бари бошқача —
Ерни қоплар оппоқ қор, қалин.
Фақат ҳалал беради қишга,
Юрагимнинг ёнаётгани.

***

Дераза рахидан
сирпаниб киради шамоллар,
оппоқ деворларга сачраб кетар куз.
Шифтларнинг ёриқларида,
вақт илдиз отади тинимсиз.

Ва қушга айланиб,
сархушга айланиб,
қанот қоқа бошлайман ҳадсиз.
Тор хонадан кенгликлар ясаб,
Куз яшай бошлайди дарахтсиз

Мен
шамолларни ютиб ичимга,
кўзларимга яшириб денгизни.
Кўраман кунларнинг қатида,
ноаён тенгсизлик.

Тонг қолдириб кетган парчадек
— чироқ,
тун ичида яшар беркиниб.
Сиғдира олмайди дунё сени деб
яшаётган юрак эркини.

Туманларга кўмилар хона,
Тахминимча ташқари кўклам,
Кўтаролмас ортиқ сенсиз ва
Дарахтларсиз кунларни елкам…

***

Бир четда тутайди
хазонлар уюми.
Ва кимдир йўлакдан
Куйиниб ўтади, куйиниб…
Атрофга қарайман
қариб борар куз,
осмоннинг кўзлари муштоқли.
Очиқ деразалар куйлайди,
Хўрсиниб хўрсиниб ушшоқни…

Ёлғизлик…
Хатто сояларсиз боради жимиб.
Асрайман
туманлар аро адашган,
Сенсизлигим — муҳаббатимни..
Тобора қаҳратон яқинлар —
хаёлкаш қанотлар талпинган…
Олислаб кетаман куз каби,
Муҳаббат қайтганда қалбингга…

***

Маъюсгина боқиб ўтар куз,
Кўз олдимда ёмғирлар тинди.
Хаёлларим кузнинг тафтида,
исинди…

Мен эса ичкарида..
Деразадан узоооқда сассиз.
Тун қамалган деворларимда
Яшаётган муҳаббатмасми?

Мен эмасми кўзгудаги куз,
Мен эмасми..
ўзимдан қочган…
Беркинаман дарпардаларни
Пайпаслаётган қуёшдан.

Қўлларимда кўзикмоқликдан,
Яширганим — туйғулар ғижим..
Ташқари тилла  хазонрез…
Шундай кечар сенсиз кечмишим.

***

Осмон кулранг…
Туйғулар рангсиз.
Мусаввирин йўқотган кузак.
Шом… кўчаларни оралаб оғир,
Кўзларини сузар…

Бепарво варақлай бошлайман китоб,
Кўзларим мунгли.
Кўрмаганга оламан атай,
Эшигимга суянган тунни.

Қўлларим
тор чалади,
Куз ва менинг юрагимга тортилаган торни.
Тўкилиб-тўкилиб йиғлайди дарахт,
Юпатгувчи бирор ким борми?

…Сиз ўтиб борасиз бепарво
Хаёлларим кўчасидан ва
Мен ўзимдан сўроқсиз сизни
Ўйлаб қила бошлайман тавба.

Туш кўрмоқлик истайман шунда,
Ёнишини яширган кузман.
Уйғонасиз бир кун биламан,
Кўзингизни ойнадан узмай…

***

Ҳаяллади бугун ҳам оқшом,
Кечикиброқ рангланди уфқ.
Тун йўлини пойлайман хатто,
Бутун кўкнинг кўзлари мушфиқ.

Эшитилмай қолар соатнинг,
Бир зумга ҳам тинмас чиқ-чиқи.
Наҳотки бу югуроқ вақтнинг,
Хўрсиниғи?

Дақиқалар қадами оғир,
Акси — юрак тезроқ уради.
Намозшомнинг остонасида,
Йўлларимга тоғлар қулади.

Чунки…
Сени ўйладим яна,
Беҳудага кутаяпман мен?!
Ҳеч бўлмаган хотираларга,
Намозшомгул тутаяпман мен.

Юрагимни кўксимга босиб,
Мен йўл олдим уфққа якка.
Орзумандман энг дунёдаги,
Кўнглим ўхшар ёниқ шафаққа.

Хаялладим…
О, хаялладинг…
Бугун ҳатто вақт чорасиздай.
Қолиб кетдим кундуз ва туннинг,
орасида.

Чунки сени ўйладим яна…

***

Қоронғу —
осмоннинг бағрига
Сурмаранг булутлар тарқайди.
Уйғониб кетгандай бўласан,
Кўзингда сўроқлар қалқийди.

Термулиб ўтасан соатга
тун бўйи, сония санайсан.
Кўзларинг беркитиб кўзгуга,
Ўйларинг кўксингга қамайсан.

Чироқлар авайлар кўнглингни,
Кунларинг айланар тушларга.
Ўзингни аяйсан тобора
Қафасда яшовчи
қушлардай…

***

Қишлоқ. Тун. Шамол эринчоқ.
Липиллайди сарғиш чироқлар.
Қани бари чигал ўйлар-у,
Ўз ўзимдан кетсам йироқлаб.

Зумда ёмғир қуяди шаррос,
Ёз ёмғири…
Аямай ўтар.
Аввалгидай биров бу йўлдан,
Кўз қирида қарамай ўтар.

Кўнглим билан ёлғизман яна,
Дақиқалар ўтар орадан.
Иложсизман қочган сингари,
Оёғимни босган соядан.

Тушуниксиз, ёмғир, тун — бари,
Нур келади аллаёқлардан.
Ўзиб боргум мен ҳам кўксимда,
Ўсаётган улкан тоғлардан.

СОҒИНИШ

Мен соғинган тун:
Шамолнинг нафаси оғир.
Осмонга тарқала бошлаган тутун,
Соялар овозсиз чайқалар охир.

Кўксимда офтобий нурлар изидан
Қолган уфққа туташ туйғулар яшар.
Дераза, чарчаган чироқдан бошқа,
Туннинг елкасида уйқулар яшар.

Скрипка чалинар, кимдир бегона
Мен каби оламга, кечикар қуёш.
Дардчил куйга,
ва чироқдан ёришган уйга,

Охири йўқ осмон очади қулоч.
Ўйлайман — илинар киприкларимга
Тағин менга таниш тушнинг сояси:
Кўринмас қишлоққа элтувчи йўлнинг
ниҳояси…

***

Уйғониб кетаман, кўчафонуснинг,
Сарғиш нури ўчмаган ҳали.
Уйғониб кетаман, бутун коинот,
Деразамдан боққан маҳали.

Юлдузлар милтиллар, токча четида,
Қолиб кетган ойнинг шуъласи.
Ва ҳануз тинмаган чигирткаларнинг,
ашуласи…

Ташқари чиқади ўйларим,
Кечганча дунёда боримдан.
Шамоллар туртганча ўтади,
ёнимдан.

Қидира бошлайман,
югура бошлайман…
товушсиз, заминга эргашиб.
Мунғайиб боради тобора,
Мен бош қўйган туннинг елкаси.
Боқаман осмонга, юлдузлар,
Тўкила бошлайди кўзимдан.
Топаман тун ора изингни —
Сен ахир яшайсан кўксимда…

***

Хазонлар ёнади кузнинг қўйнида,
Дарахт новдасидан ерга туташиб.
Машиналар тинмас катта шаҳарда,
Шовқинга омихта жимликлар ажиб.
Ёмғир томчилайди асфальт йўлларга,
Дил ойнаси хира тортгандай бўлар.
Барини бир четда кузатиш оғир,
Сукунат кўксингга ботгандай бўлар.

Ёнару, чирсиллаб чиқмайди овоз,
Нафасини ичга ютарми борлиқ.
Менинг ҳам у каби дилим тубида,
Яшайди кўкламга бир интизорлик.
Миллион йилдан буён кузнинг бағрида,
Гўёки кўринмас тутун ютаман.
Ҳеч кимга билдирмай (ҳатто сенга ҳам),
Мен сени кутаман…

***

Хона…
Ўзимники эмас деворлар,
Ўзимники эмас эшик тутқичи.
Куйларга алданиб ўтади ҳаёт…
Мени соғинтирар қушлар учиши…
Билмайман юрагим айланган
Қачондан эшиксиз қафасга.
Мен даъво қилмайман хаттоки,
Кўксимни тўлдирган нафасга.
Денгиздан олисда масканим,
Тушларим сиғмайди уйқуга.
Алмашиб кетгандай фасллар
Тобора англанмас туйғуман…
Ўзимники бўлган юракнинг,
Орзуси кўкларга элтгувчи.
О, бахтман, қачондир топилган,
Қачондир қўлингдан кетгувчи…

***

Кўзларингни очасан —
қаршингда,
Қуёш нурларида юзин чайган боғ.
Шаббалар ўзини токчага ташлаб,
Қушларини учирган йироқ.

Қачонлардир келганди бу куз,
Деразалар қаноти учган.
Ҳувиллаган боғларнинг ранги,
Айлангандай ям яшил
тушга…

Орзуларим шафақдай ёниқ,
Уфқларга туташ эдими?
Йўл юрганга ўхшайман узоқ,
Етиб келдимми?..

Эслатади япроқлар вазмин
Қулаётган капалакларни.
Ва бари куй чалинар ҳазин..

Мен аслида
куздан яралган..
Улғайтирар хазонрез вақтлар.
Тушларимга кириб чиқади,
Ёнаётган дарахтлар…

***

Елкадошим…
Елкаларим йиқилади…
Излаяпман сени осмон қатларидан.
Қанот бўлдим, қанотларим ўсаверди,
дардларимдан…

Кўксим узра Сенга деган чўғларим бор,
Менинг ҳам тун кунларимда йўқларим бор,
Парчаланган юрагимнинг оҳлари бор,
Гуллаётган қайдларимда…

О, биламан борлигимни, етиб келмас,
Қанотлари синиб қолган хатларингда.
Келармисан, кечсам агар париларнинг,
Минг асрлик шартларидан…

Елкадошим…
Елкаларим йиқилади…
Суянаман уфқларга, қайтарингни
билсам агар, гул бўламан йўлларингга,
Шамоллардан эшитасан айтаримни…

***

Йиғлолмайман…
бўғзимга тиқилади
осмонни соғинган садолар.
Хонада ёлғизлик
йиқилади…
Хўрсиниқлар қилган хатодан.

Қаршимда қаҳратон аямай,
Кўксимга тирайди тиғини.
Кўзларимда кўринади о,
Сендан қолган дарднинг синиғи.

Бу ўйлар узала тушганча
Охирини кўрсатмайди, жим.
Наҳот зулмат бўшлиқларини
Тўлдирмоққа етмаса кучим…

То борлиқдан кўзларимгача,
Тун кириб боради чуқурлаб.
Ташқаридан ёғилиб кирар,
Майдалаб-майдалаб учқунлар…

Унутаман вақтнинг борлигин,
Тиз чўкканча туннинг қошида.
Ва дарахтга айланаману,
Томиримда гуллар очилар…

055Zulxumorning sheʼrlarini kutubxonamizga taqdim etgan Jontemir muxtasar qoʻshimcha yozibdi: “Menda bir gʻalati odat bor: Biror yozarmanning ijodini yoqtirib qolsam, avval uning feʼlu atvori, suratiyu siyratini bilishga urinaman. Ana keyin sheʼrlarini tushunish, ruhiyatiga kirish silliq kechadi. Zulxumor ichu-tashi hayoga oʻralgan, hislarini hech kimga – hatto qogʻozga ham – yoyinlamaydigan sirli shoira. Bilmadim buni qanday eplaydi?..”

Zulxumorning sheʼrlari bilan tanishgach, Jontemirning adashmaganiga ishondim. Shoira qizimning sheʼrlaridagi kayfiyat, ayniqsa qoʻllagan notabiiy qofiyalari meni quvontirdi. Aynan ulugʻ shoir bobomizning tugʻilgan kunida bu sheʼrlarni oʻqiganimdan koʻnglim yuksaldi.

Yo’ling oq, peshanang yarqiroq bo’lsin, shoira qizim!

Xurshid Davron
Oʻzbekiston xalq shoiri

Zulxumor Orifjonova
“MЕZON” TURKUMIDAN SHEʼRLAR
044

***

Tun botib ketadi nigohlarimga,
Koʻzlarim chetida tugʻilar ogʻriq.
Koʻcha chiroqlari eslatar atay,
Men sogʻingan chogʻni…

Derazamdan boqib turgan mung toʻla
Nigohlarin olib qocholmaydi qish.
Xattoki shamolning yelkalarida,
Toliqish…

Qahraton —
Koʻchalarni kezib tumanlar aro
pardalar tortadi derazalarga
pardalar tortadi ayta olmagan
soʻzlarim boʻgʻzimni bezaganida.

Koʻmilib boraman qorongʻulikka,
Yoʻllarimni toʻsar vaqtning tizgini.
Yuragimga tegib ketadi nogoh,
Tashqarida qolgan izgʻirin…

Kirib kelar ostonam osha,
Sogʻinch tushlar, rangin tushlar
va
Meni olib ketadi koʻkka,
Tomchilardan tugʻilgan navo.

Bir seskanib tushadi borliq,
Shamollarning yetmaydi kuchi.
Olislayman tunning bagʻridan,
Tushlaringga qaytmoqlik uchun…

***

Nazarimda
uzoqlashdim kuzning soʻqmoqlaridan…
Umrbodga, o qanday ayanch!
Nahot endi yashay boshlayman,
Xuddi sendek oʻzimni ayab,
Issiq xonada?..

Qahvalarga aldanib har kun,
Tomosha qilgancha xonaki gulni.
Sunʼiylashib borar tobora
yuzimdagi sen bilgan kulgi…

Uzoq qolib ketadi tunlar,
Derazamning ortida gʻarib.
Otilaman eshik bagʻridan,
Yonayotgan koʻkni axtarib.

Shamollarni qaytarib ortga,
Yuguraman, yugurar izlar
….Toʻkila boshlaydi osmondan,
Muzlab qolgan maʼyus yulduzlar.

Uzoqlashdim..
bari boshqacha —
Yerni qoplar oppoq qor, qalin.
Faqat halal beradi qishga,
Yuragimning yonayotgani.

***

Deraza raxidan
sirpanib kiradi shamollar,
oppoq devorlarga sachrab ketar kuz.
Shiftlarning yoriqlarida,
vaqt ildiz otadi tinimsiz.

Va qushga aylanib,
sarxushga aylanib,
qanot qoqa boshlayman hadsiz.
Tor xonadan kengliklar yasab,
Kuz yashay boshlaydi daraxtsiz

Men
shamollarni yutib ichimga,
koʻzlarimga yashirib dengizni.
Koʻraman kunlarning qatida,
noayon tengsizlik.

Tong qoldirib ketgan parchadek
— chiroq,
tun ichida yashar berkinib.
Sigʻdira olmaydi dunyo seni deb
yashayotgan yurak erkini.

Tumanlarga koʻmilar xona,
Taxminimcha tashqari koʻklam,
Koʻtarolmas ortiq sensiz va
Daraxtlarsiz kunlarni yelkam…

***

Bir chetda tutaydi
xazonlar uyumi.
Va kimdir yoʻlakdan
Kuyinib oʻtadi, kuyinib…
Atrofga qarayman
qarib borar kuz,
osmonning koʻzlari mushtoqli.
Ochiq derazalar kuylaydi,
Xoʻrsinib xoʻrsinib ushshoqni…

Yolgʻizlik…
Xatto soyalarsiz boradi jimib.
Asrayman
tumanlar aro adashgan,
Sensizligim — muhabbatimni..
Tobora qahraton yaqinlar —
xayolkash qanotlar talpingan…
Olislab ketaman kuz kabi,
Muhabbat qaytganda qalbingga…

***

Maʼyusgina boqib oʻtar kuz,
Koʻz oldimda yomgʻirlar tindi.
Xayollarim kuzning taftida,
isindi…

Men esa ichkarida..
Derazadan uzoooqda sassiz.
Tun qamalgan devorlarimda
Yashayotgan muhabbatmasmi?

Men emasmi koʻzgudagi kuz,
Men emasmi..
oʻzimdan qochgan…
Berkinaman darpardalarni
Paypaslayotgan quyoshdan.

Qoʻllarimda koʻzikmoqlikdan,
Yashirganim — tuygʻular gʻijim..
Tashqari tilla xazonrez…
Shunday kechar sensiz kechmishim.

***

Osmon kulrang…
Tuygʻular rangsiz.
Musavvirin yoʻqotgan kuzak.
Shom… koʻchalarni oralab ogʻir,
Koʻzlarini suzar…

Beparvo varaqlay boshlayman kitob,
Koʻzlarim mungli.
Koʻrmaganga olaman atay,
Eshigimga suyangan tunni.

Qoʻllarim
tor chaladi,
Kuz va mening yuragimga tortilagan torni.
Toʻkilib-toʻkilib yigʻlaydi daraxt,
Yupatguvchi biror kim bormi?

…Siz oʻtib borasiz beparvo
Xayollarim koʻchasidan va
Men oʻzimdan soʻroqsiz sizni
Oʻylab qila boshlayman tavba.

Tush koʻrmoqlik istayman shunda,
Yonishini yashirgan kuzman.
Uygʻonasiz bir kun bilaman,
Koʻzingizni oynadan uzmay…

***

Hayalladi bugun ham oqshom,
Kechikibroq ranglandi ufq.
Tun yoʻlini poylayman xatto,
Butun koʻkning koʻzlari mushfiq.

Eshitilmay qolar soatning,
Bir zumga ham tinmas chiq-chiqi.
Nahotki bu yuguroq vaqtning,
Xoʻrsinigʻi?

Daqiqalar qadami ogʻir,
Aksi — yurak tezroq uradi.
Namozshomning ostonasida,
Yoʻllarimga togʻlar quladi.

Chunki…
Seni oʻyladim yana,
Behudaga kutayapman men?!
Hech boʻlmagan xotiralarga,
Namozshomgul tutayapman men.

Yuragimni koʻksimga bosib,
Men yoʻl oldim ufqqa yakka.
Orzumandman eng dunyodagi,
Koʻnglim oʻxshar yoniq shafaqqa.

Xayalladim…
O, xayallading…
Bugun hatto vaqt chorasizday.
Qolib ketdim kunduz va tunning,
orasida.

Chunki seni oʻyladim yana…

***

Qorongʻu —
osmonning bagʻriga
Surmarang bulutlar tarqaydi.
Uygʻonib ketganday boʻlasan,
Koʻzingda soʻroqlar qalqiydi.

Termulib oʻtasan soatga
tun boʻyi, soniya sanaysan.
Koʻzlaring berkitib koʻzguga,
Oʻylaring koʻksingga qamaysan.

Chiroqlar avaylar koʻnglingni,
Kunlaring aylanar tushlarga.
Oʻzingni ayaysan tobora
Qafasda yashovchi
qushlarday…

***

Qishloq. Tun. Shamol erinchoq.
Lipillaydi sargʻish chiroqlar.
Qani bari chigal oʻylar-u,
Oʻz oʻzimdan ketsam yiroqlab.

Zumda yomgʻir quyadi sharros,
Yoz yomgʻiri…
Ayamay oʻtar.
Avvalgiday birov bu yoʻldan,
Koʻz qirida qaramay oʻtar.

Koʻnglim bilan yolgʻizman yana,
Daqiqalar oʻtar oradan.
Ilojsizman qochgan singari,
Oyogʻimni bosgan soyadan.

Tushuniksiz, yomgʻir, tun — bari,
Nur keladi allayoqlardan.
Oʻzib borgum men ham koʻksimda,
Oʻsayotgan ulkan togʻlardan.

SOGʻINISH

Men sogʻingan tun:
Shamolning nafasi ogʻir.
Osmonga tarqala boshlagan tutun,
Soyalar ovozsiz chayqalar oxir.

Koʻksimda oftobiy nurlar izidan
Qolgan ufqqa tutash tuygʻular yashar.
Deraza, charchagan chiroqdan boshqa,
Tunning yelkasida uyqular yashar.

Skripka chalinar, kimdir begona
Men kabi olamga, kechikar quyosh.
Dardchil kuyga,
va chiroqdan yorishgan uyga,

Oxiri yoʻq osmon ochadi quloch.
Oʻylayman — ilinar kipriklarimga
Tagʻin menga tanish tushning soyasi:
Koʻrinmas qishloqqa eltuvchi yoʻlning
nihoyasi…

***

Uygʻonib ketaman, koʻchafonusning,
Sargʻish nuri oʻchmagan hali.
Uygʻonib ketaman, butun koinot,
Derazamdan boqqan mahali.

Yulduzlar miltillar, tokcha chetida,
Qolib ketgan oyning shuʼlasi.
Va hanuz tinmagan chigirtkalarning,
ashulasi…

Tashqari chiqadi oʻylarim,
Kechgancha dunyoda borimdan.
Shamollar turtgancha oʻtadi,
yonimdan.

Qidira boshlayman,
yugura boshlayman…
tovushsiz, zaminga ergashib.
Mungʻayib boradi tobora,
Men bosh qoʻygan tunning yelkasi.
Boqaman osmonga, yulduzlar,
Toʻkila boshlaydi koʻzimdan.
Topaman tun ora izingni —
Sen axir yashaysan koʻksimda…

***

Xazonlar yonadi kuzning qoʻynida,
Daraxt novdasidan yerga tutashib.
Mashinalar tinmas katta shaharda,
Shovqinga omixta jimliklar ajib.
Yomgʻir tomchilaydi asfalt yoʻllarga,
Dil oynasi xira tortganday boʻlar.
Barini bir chetda kuzatish ogʻir,
Sukunat koʻksingga botganday boʻlar.

Yonaru, chirsillab chiqmaydi ovoz,
Nafasini ichga yutarmi borliq.
Mening ham u kabi dilim tubida,
Yashaydi koʻklamga bir intizorlik.
Million yildan buyon kuzning bagʻrida,
Goʻyoki koʻrinmas tutun yutaman.
Hech kimga bildirmay (hatto senga ham),
Men seni kutaman…

***

Xona…
Oʻzimniki emas devorlar,
Oʻzimniki emas eshik tutqichi.
Kuylarga aldanib oʻtadi hayot…
Meni sogʻintirar qushlar uchishi…
Bilmayman yuragim aylangan
Qachondan eshiksiz qafasga.
Men daʼvo qilmayman xattoki,
Koʻksimni toʻldirgan nafasga.
Dengizdan olisda maskanim,
Tushlarim sigʻmaydi uyquga.
Almashib ketganday fasllar
Tobora anglanmas tuygʻuman…
Oʻzimniki boʻlgan yurakning,
Orzusi koʻklarga eltguvchi.
O, baxtman, qachondir topilgan,
Qachondir qoʻlingdan ketguvchi…

***

Koʻzlaringni ochasan —
qarshingda,
Quyosh nurlarida yuzin chaygan bogʻ.
Shabbalar oʻzini tokchaga tashlab,
Qushlarini uchirgan yiroq.

Qachonlardir kelgandi bu kuz,
Derazalar qanoti uchgan.
Huvillagan bogʻlarning rangi,
Aylanganday yam yashil
tushga…

Orzularim shafaqday yoniq,
Ufqlarga tutash edimi?
Yoʻl yurganga oʻxshayman uzoq,
Yetib keldimmi?..

Eslatadi yaproqlar vazmin
Qulayotgan kapalaklarni.
Va bari kuy chalinar hazin..

Men aslida
kuzdan yaralgan..
Ulgʻaytirar xazonrez vaqtlar.
Tushlarimga kirib chiqadi,
Yonayotgan daraxtlar…

***

Yelkadoshim…
Yelkalarim yiqiladi…
Izlayapman seni osmon qatlaridan.
Qanot boʻldim, qanotlarim oʻsaverdi,
dardlarimdan…

Koʻksim uzra Senga degan choʻgʻlarim bor,
Mening ham tun kunlarimda yoʻqlarim bor,
Parchalangan yuragimning ohlari bor,
Gullayotgan qaydlarimda…

O, bilaman borligimni, yetib kelmas,
Qanotlari sinib qolgan xatlaringda.
Kelarmisan, kechsam agar parilarning,
Ming asrlik shartlaridan…

Yelkadoshim…
Yelkalarim yiqiladi…
Suyanaman ufqlarga, qaytaringni
bilsam agar, gul boʻlaman yoʻllaringga,
Shamollardan eshitasan aytarimni…

***

Yigʻlolmayman…
boʻgʻzimga tiqiladi
osmonni sogʻingan sadolar.
Xonada yolgʻizlik
yiqiladi…
Xoʻrsiniqlar qilgan xatodan.

Qarshimda qahraton ayamay,
Koʻksimga tiraydi tigʻini.
Koʻzlarimda koʻrinadi o,
Sendan qolgan dardning sinigʻi.

Bu oʻylar uzala tushgancha
Oxirini koʻrsatmaydi, jim.
Nahot zulmat boʻshliqlarini
Toʻldirmoqqa yetmasa kuchim…

To borliqdan koʻzlarimgacha,
Tun kirib boradi chuqurlab.
Tashqaridan yogʻilib kirar,
Maydalab-maydalab uchqunlar…

Unutaman vaqtning borligin,
Tiz choʻkkancha tunning qoshida.
Va daraxtga aylanamanu,
Tomirimda gullar ochilar…

044

(Tashriflar: umumiy 811, bugungi 1)

7 izoh

  1. Salam! Men Türkmenistandan Akmyrat Jumaýew. Zulhumar Aryfjanowanyň goşgularyny ýurdumyzyň «Dünýä edebiýaty» žurnalyna terjime edip bermekçi bolýaryn. Mümkin bolsa awtoryň suratyny iberip bilmermisiňiz?! salmym: jumayew.akmyrat@inbox.ru

Izoh qoldiring