Javaharla’l Neru. «Dunyo tarixiga nazar» kitobidan. Bobur. Akbar.

Ashampoo_Snap_2016.10.12_01h02m10s_001_.png        Буюк сиёсат ва давлат арбоби, Ҳиндистон мустақиллиги учун кураш раҳбарларидан бири ва унинг биринчи бош вазири Жавоҳарлаъл Неру қаламига мансуб “Дунё тарихига назар” асари унинг “Ҳиндистоннинг кашф қилиниши”, “Таржимаи ҳолим” каби асосий китоблари сирасига киради…Жавоҳарлаъл Неру асарида табиийки ўз мамлакати тарихини кенгроқ кўламда ҳикоя қилишга интилади, хусусан Бобурийлар сулоласи ҳукм сурган даврлар баёнига алоҳида урғу беради, Бобур ва Акбар каби улуғ зотлар фаолиятига, уларнинг Ҳиндистон тарихида тутган ўрнини муносиб баҳолайди.

Жавоҳарлаъл Неру
«ДУНЁ ТАРИХИГА НАЗАР»  КИТОБИДАН
Илҳом Султонов таржимаси
003

neru1Жавоҳарлаъл Неру (1889.14.11, Оллоҳобод — 1964.27.5, Дехли) — Ҳиндистон давлат, сиёсий ва жамоат арбоби. Миллий озодлик курашида М.К. Гандиншп сафдоши, Ҳиндистон Миллий Конгресси (ҲМК) раҳбарларидан бири. Мустамлака даврида (1947 й.гача) таъқиб қилинган. 10 йилдан ортиқ умри қамоқда ўтган. Тарихда «Янги Ҳиндистон бунёдкори» номи билан машҳур. Неру 1947 йилнинг 15 августида Деҳлидаги машҳур Нал Қалъада Ҳиндистон миллий мустақилликни қўлга киритганлигини эълон қилган. Ҳиндистон Республикаси бош вазири ва ташқи ишлар вазири (1947 й.дан). Неру раҳбарлигида Ҳиндистон халқ хўжалиги, фан ва маданиятнинг ривожида катта муваффақиятларга эришган. У Ҳиндистоннинг ташқи сиёсати асосларини яратди, халқаро чигал масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этди. Унинг мустамлакачилик, иркчилликка карши изчил кураши, ёппасига қуролланишга чек қўйиш, халқлар ўртасида тенглик, дўстлик, ҳамкорлик сиёсати халқаро майдонда Ҳиндистон нуфузини оширди. Неру қўшилмаслик ҳаракати сиёсатини яратди. 1947 йилда ҳарбий блокларга қўшилмаган мамлакат биргина Ҳиндистон ҳисобланган бўлса, бугунги кунда қўшилмаслик ҳаракатида 130дан ортиқ Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Европа мамлакатлари иштирок этмоқда.

Жавоҳарлаъл Неру 1955 ва 1961 йилларда қизи, кейинчалик Ҳиндистоннинг бош вазири мақомига эришган Индира Ганди билан Ўзбекистонга ташриф буюриб, ўзбек халқининг турмуши, ҳаёти, тарихи билан яқиндан танишган. Неру «Ҳиндистоннинг кашф этилиши», “Дунё тарихига назар” асарларида юртдошимиз Бобур ва унинг набираси Акбарнинг ҳинд давлатчилик тарихида тутган ўрни ҳақидаги фикрланрини баён этган.

  “Дунё тарихига назар” асари Жавоҳарлаъл Неру 1930 октябр -1933 йил августларида, Ҳиндистон озодлиги учун курашдаги фаол иштироки учун турмага ҳукм этилган даврда, қизи Индира Гандига йўллаган тарихий-маърифий хатлар асосида яратилган. Унда инсоният юзага келган даврдан бошлаб то ХХ асрнинг 30-йилларига қадар кечган тарихий жараён мухтасар баён қилинган.

Уч жилдли китоб жонли, илмий-оммабоп услубда ёзилган ва шаклан бадиий асарга яқин бўлиб, талай тарихий арбобларнинг сиймоси юксак бадиий тимсол даражасида чизилган.

Жавоҳарлаъл Неру асарида табиийки ўз мамлакати тарихини кенгроқ кўламда ҳикоя қилишга интилади, хусусан Бобурийлар сулоласи ҳукм сурган даврлар баёнига алоҳида урғу беради, Бобур ва Акбар каби улуғ зотлар фаолиятига, уларнинг Ҳиндистон тарихида тутган ўрнини муносиб баҳолайди.

Муаллиф ўзи яшаган давр тарих фани анъаналарига риоя этган ҳолда Бобурийларни Буюк Мўғуллар деб атайди (таржимада ҳам шундай қолдирилди). Асарнинг айрим бобларини бир оз қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

БОБУР
003

…Ҳиндистоннинг майда-майда бўлакларга бўлиниб-емирилиб кетиши унинг шимолий қисми Бобур томонидан фатҳ этилиши билан якунланди.
Афтидан бу ерда яшаган кўп халқлар қадимги орийларга хос эркинлик ғояларини буткул унутган ва ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунишга тайёр қуллар каби забун ҳолатга рози бўлган кўринарди. Ҳатто, ўзи билан бирга янгича ҳаёт тарзини олиб келган мусулмонлар ҳам айниб, ўзга эл-элатлар сингари мўмин-қобил бўлиб қолгандек эди.

Худди шу боисдан ҳам Европа қадимий маданий Шарқ давлатларида етишмаган қудрат ва куч-ғайратга эришиб, булардан ўзиб кетди. Олди-сотди ва бойиш васвасаси Европа денгизчиларини Америка қитъасига отлантирди. Португаллар Малаккада араб салтанати ҳукмронлигига чек қўйди, Ҳиндистон қирғоғи ва Шарқдаги бошқа денгиз минтақаларида таянч истеҳкомлар бунёд этди.

Тез орада португалларнинг зиравор-дориворлар савдо-сотиғи соҳасидаги ҳукмронлигига икки янги давлат – Голландия билан Англия қаршилик кўрсата бошлади. Улар Португалияни шарқдан сиқиб чиқаришди, Шарқдаги салтанатига, бутун тижорат ишларига нуқта қўйилди. Голландлар қисман Португалия ўрнини эгаллаб, кўпгина шарқий оролларни босиб олди. 1600 йилда қиролича Елизавета Лондон савдогарларининг ширкати бўлмиш “Ост-Индия” компаниясига имтиёзли савдо ҳуқуқини туҳфа этди. Икки йилдан сўнг эса Голландиянинг “Ост-Индия” компанияси юзага келди. Шу тариқа Европанинг Осиёдаги босқинчилик сиёсати даври бошланди. Узоқ вақт давомида европаликлар Малайя ва шарқдаги ороллар билан деярли чекланишди. Мин сулоласи ва ўн еттинчи аср ўртасида пайдо бўлган дастлабки манчжурлар ҳукмронлик қилган Хитой Европа назарида анча кучли давлат эди. япония эса шунчаликка бориб етдики, ўз юртидан барча ажнабийларни қувиб чиқариб, то 1641 йилга қадар ўз чегараларини тақа-тақ ёпиб қўйди.

Ҳиндистон-чи?.. Ҳиндистон янги сулола – Бобурийлар ҳукмронлигида ғоят қудратли салтанатга айланди ва шу боис унга Европанинг хавф солиш ёки босқин қилиш эҳтимоли йўқ эди. Аммо Европа денгизларда ҳукмронлик қиларди.

1526 йилда Бобурнинг заиф ва разил афғоний Деҳли султони устидан қозонган ғалабаси туфайли Ҳиндистонда янги замон ва янги сулола – Мўғуллар сулоласи даври бошланди. Ҳиндистондаги Буюк Мўғуллар овозаси бутун Осиё ҳамда Европага кенг тарқалганди. Мазкур сулоланинг олти нафар энг йирик ҳукмдори бўлиб, шундан сўнг салтанат бўлак-бўлакларга ажралиб кетди ва мана шу бўлаклардан марахтлар билан сикхлар ўз давлатларини бир амаллаб “бичиб-тикиб” олишди. Ана шулар ортидан инглизлар келишди, улар марказий ҳокимият қулаб, мамлакатда тартибсизлик бошланганидан фойдаланиб, аста-секин ўз ҳукмронлигини ўрнатишди.

Бобур беқиёс даражада маданий, дилбар шахслардан бири эди. у мазҳабпарастликка хос маҳдудлик ва диний мутаассибликдан йироқ эди, аждодлари каби вайронгарчилик билан шуғулланмади. Бобур санъат ва адабиётга қизиқар, ўзи туркий ва форс тилида шеърлар битар эди. У гуллар ва боғларни севар ва жазирама Ҳиндистонда Ўрта Осиёдаги ватанини тез-тез эслаб турарди: “…бинафшаси бисёр латиф бўлур… қалин лола ва гуллар очилур”, деб хотирлайди у эсдаликларида.

Бобур Самарқан ҳукмдори бўлган пайтда, ҳали ўн бир яшар бола эди. Бу осон иш эмас, албатта. Атрофини душманлар қуршаб турарди. Ўғил ва қиз болалар мактабга қатнайдиган ёшда унга қўлига қилич олиб, майдони ҳарбда жанг қилишга тўғри келди. У тахтини қўлдан бой берди ва жўшқин ҳаёт йўлида кўп саргузаштларни бошдан кечириб, яна тахтини эгаллашга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, адабиёт, назм ва санъат билан шуғулланишга улгурди. Шону-шуҳратга интилиш унга сира тинчлик бермасди. У Кобулни фатҳ этиб, Ҳинд тоғидан ошиб ўтди ва Ҳиндистонга бостириб кирди. Аммо бу билан Бобурнинг мушкуллари осон бўлмади, яна неча бор ҳаёти қил устида қолди. Бир гал бошига хавф-хатар ёғилган пайтда саркардалари унга шимол томонга чекинишни маслаҳат беришди. Лекин Бобурнинг жони темирдан эди, шу боис чекинишдан кўра ўлимни афзал кўришини айтди. У май (чоғир) ичишни севарди, аммо ҳаётининг чигал дамларидан бирида, майдан воз кечишга аҳд қилди ва барча қадаҳларни синдириб ташлади. Унга ғалаба ёр бўлди, шу бўйи у қасамига содиқ қолди.

Бобур Ҳиндистонда атиги тўрт йил яшаб, вафот этди. Мана шу йиллар жангу-жадалларда ўтди, у ором нималигини билмади. У Ҳиндистон ҳақида кам нарса биларди. У Аграда ғаройиб пойтахтга замин қурди ва Истамбулдан машҳур бир меъморни чақириб келтириш учун одам юборди. Бу – Сулаймон Қонуний Истамбулни қураётган пайтлар эди. Синон – усмонли туркларнинг ўша машҳур меъмори – Ҳиндистонга севикли шогирди Юсуфни йўллади.

Бобур эсдаликлар яратди ва мазкур ажабтовур китоб бу инсоннинг қалб оламига назар солиш имконини беради. У бизга Ҳиндистон ҳақида, унинг ҳайвонлари ва гуллари, дарахтлари ва мевалари ҳақида ҳикоя қилиб беради, ҳатто қурбақаларни ҳам эсидан чиқармайди. У ватанининг қовунлари, узумлари, гулларини қўмсайди. Ҳиндистон кишиларидан эса жуда кўнгли қолганлигини ёзади. Унинг сўзларига қараганда, бу юрт кишиларида мақташга арзигулик биронта хислат йўқ. Эҳтимол, тўрт йил давом этган уруш пайтида у халқни ўрганиб олишга улгурмагандир, маданийроқ қатламлар эса янги фотиҳ билан мулоқот қилишдан ўзини четга тортгандир. Эҳтимол, бегона юрт кишисига бошқа бир халқнинг турмушини тушуниш, маданиятини англаш қийин кечгандир. Нима бўлмасин, у бирмунча муддат ҳукмрон синф мавқеидаги афғонларда ҳам, кўпчилик халқда ҳам қойил қолдирадиган бирон-бир хислат кўрмаган. Бобур ўта кузатувчан одам бўлган ва ажнабий сифатида ноҳақ фикр юритган, деб ўйлаганимизда ҳам, унинг эсдаликлари ўша вақтда Шимолий Ҳиндистон ачинарли бир ҳолатга тушиб қолганлигидан далолат беради. Жанубий Ҳиндистонда эса Бобур бўлмаган.

“Ҳиндистон мамолики васе ва пурмардум ва пурҳосил вилоят воқе бўлубтур, — ҳикоя қилади Бобур. – Шарқи ва жануби, балки ғарби ҳам Муҳит дарёсига мунтаҳиқ бўлур… Ғарби-шимоли Кобул ва Ғазни ва Қандаҳор воқе бўлубтур. Жамиъ Ҳиндистон вилоятининг пойтахти Деҳли эрмиш”. Шуниси қизиқки, Бобур бутун Ҳиндистонни ягона яхлит бир давлат деб ўйлайди, ваҳоланки, унинг замонига келиб, Ҳиндистон кўплаб подшоликларга бўлиниб кетган эди. Ҳиндистоннинг бирлиги ғояси унинг бутун тарихи мобайнида сақланиб қолган.

Бобур Ҳиндистон тасвирини давом эттириб, ёзади: “Ғариб мамлакате воқе бўлубтур. Бизнинг вилоятларға боқа ўзга оламедур. Тоғ ва дарёси ва жангал ва саҳроси, мавозиъ ва вилоёти ва ҳайвонат ва набототи, эли ва тили ва ёмғури ва ели борча ўзгача воқе бўлубтур… Синд сувини ўтгач, ер ва сув ва йиғоч ва тош ва эл ва улус ва роҳ ва расм тамоми Ҳиндустон тарийқидадур… Яна Ҳиндустон бақалари, агарчи ўшал бақалардектур, вале бу бақалар сувнинг юзида етти-саккиз қари югурадурлар”.

Сўнгра Бобур Ҳиндистон ҳайвонлари, гуллари, дарахтлари ва меваларини бирма-бир санаб ўтади. Кейин навбат одамларга келади: “Ҳиндустон кам латофат ер воқе бўлубтур. Элида ҳусн йўқ ва ҳусни иҳтилот ва омизиш ва омаду рафт йўқ ва табъ ва идрок ва адаб йўқ ва карам ва мурувват йўқ ва ҳунарларида ва ишларида сиёқ ва андом ва ража ва гўния йўқ ва яхши от йўқ ва яхши ит йўқ ва узум ва қовун ва яхши мевалар йўқ ва ях йўқ ва совуқ сув йўқ ва бозорларида яхши ош ва яхши нон йўқ ва ҳаммом йўқ ва мадраса йўқ ва шамъ йўқ ва машъал йўқ ва шамдон йўқ”.

“Уларда ҳар ҳолда бирор нима бордур”, деб беихтиёр сўрагинг келади. Бобур мазкур сатрларни битаётганида ҳамма нарсадан кўнгли қолган кўринади. “Латофатеким, Ҳиндистонда бор-улуқ вилоятдур, — дейди Бобур. – Ва олтун ва ярмоғи қалин бўладур… Яна бир латофати будурким, ҳар синфдин ва ҳар хирфалардин беҳад ва бениҳоят кўпдур. Ҳар иш учун ва ҳар нима учун жамиъ муқаррар ва муайяндурким, ота-оналаридан бери ул иш ва ул нимани қила келгандурлар”.

Юқорида Бобур хотираларидан узундан-узоқ парчалар келтирдим, бу каби китоблар инсон тўғрисида кўпинча жуда соз тасаввур беради.

Бобур 1530 йилда қирқ тўққиз ёшида оламдан ўтади. Бобурнинг жасадини Кобулга олиб бориб, ўзи севган боғига дафн этишади. Ниҳоят у ўзи соғинган-қўмсаган гулзорга қайтиб келган эди.

АКБАР
003

Ҳумоюн Эронга қочди. Эрон ҳукмдори Таҳмаспшоҳ Ҳумоюнга бошпана берди. Шу аснода Шерхон Ҳиндистонда олий ҳокимиятни қўлга киритиб, Шершоҳ номи билан ҳукмронлик қила бошлади. У қисқа бир муддат ичида ҳам ғоят иқтидорли шахс эканини намоён этади. У ажойиб ташкилотчи бўлиб, мамлакатни идора этишда фаоллик ва уддабуронлик кўрсатди. Жангу-жадал билан банд бўлиб, заминдорларни солиққа тортишнинг янги тизимини жорий қилиш учун вақт топди. У – қаттиққўл, шафқатсиз қараганда афғоний ҳукмдорлар ичида энг истеъдодлиси ва моҳири, шубҳасиз, Шершоҳ эди. Лекин, кўпинча талантли мустабидларга хос бўлгани каби, у ҳам ҳукумати зиммасидаги беистисно барча ишларни ёлғиз ўзи ҳал этардики, шу боисдан ҳам унинг ўлимидан сўнг бино қилган иморати қулади-қолди.

Ҳумоюн бу таназзулдан фойдаланиб, лашкарлари билан бирга 1555 йилда Ҳиндистонга қайтди. Омади келиб, ўн олти йилдан сўнг яна Деҳли тахтини эгаллади. Аммо ҳукмронлиги узоққа бормади – ярим йилдан сўнг зинадан йиқилиб қазо қилди.

Шершоҳ мақбараси билан Ҳумоюн мақбарасини таққослаш – мароқли иш! Афғоний подшонинг қабри Бихар вилоятидаги Шоҳашромда Мақбараси ҳам ўзи каби улуғвор ва салобатли. Ҳумоюн – Деҳлида дафн этилган. Икки тошмақбарага қараб 16-асрда салтанатга даъвогар бўлмиш бу икки рақиб тўғрисида мукаммал тасаввур ҳосил этасан, киши.

Акбар бу пайтда эндигина ўн уч ёшга кирган эди. Бобоси каби у ҳам тахтга эрта ўтирди. Унинг Байрамхон ёки Бобохон деб аталмиш оталиғи бор эди. Лекин орадан тўрт йил ўтар-ўтмас, ўзга кишиларнинг ҳомийлиги-ю раҳнамолиги Акбарнинг жонига тегиб, мамлакатни идора қилиш ишини ўз қўлига олади.
Акбар қарийб эллик йил – 1556 йил бошидан то 1605 йил охирига қадар Ҳиндистонни бошқарди. Бу – Европада нидерландлар исъён кўтарган, Шекспир яшаган давр эди.

Акбар номи – Ҳиндистон тарихида улуғ ном ва баъзи бир жиҳатлари билан Ашока номини ёдга солади. Қизиқ, Ҳиндистоннинг эрамиздан аввалги учинчи асрда яшаган буддойи подшоси ва эрамизнинг ўн олтинчи асрида яшаган Ҳиндистон мусулмон подшоси деярли айни бир хил сўз-ибораларни ишлатишади. Эҳтимол, Ҳиндистоннинг ўзи икки буюк фарзанди тилида сўзлашгандир. Ашока тўғрисида ўзи тошга ўйиб ёздирган битиклардангина маълумот оламиз, Акбар ҳақида эса кўп маълумотларга эгамиз. Икки сарой муаррихи у ҳақда батафсил ёзиб қолдиришган, Акбар ҳузурига келиб турган ажнабийлар, унга насронийликни тиқиштирган, незуитлар у тўғрида талай хотиралар битишган.

Акбар – Бобур бошлаб берган сулоланинг учинчи ҳукмдори эди, ҳокимияти ҳарбий кучга таянарди. Айни Акбар замонида Мўғуллар сулоласи қарор топиб, ҳиндча қиёфа касб этди. Худди Акбар даврида Буюк Мўғул ибораси Европада расм бўлди.

Акбар – мустабид ҳукмдор, чекланмаган ҳокимият соҳиби бўлган ўша даврларда Ҳиндистонда ҳукмдорларнинг ҳокимиятини чеклашни афтидан хаёлларига ҳам келтиришмаган. Не бахтки, Акбар – доно мустабид бўлиб чиқди, у ҳинд халқи манфаатлари йўлида кўп куч-ғайрат сарфлади. Маълум бир маънода Акбарни ҳинд миллатчилигининг отаси, деб ҳисоблаш мумкин. Мамлакатда миллий туйғу деярли бўлмаган, дин эса ажралиш-бўлиниш омили саналган замонларда Акбар умумҳинд миллий идеалини диннинг ажратувчилик даъволаридан устун қўйди. Унинг уринишлари тўла-текис амалга ошмади. Лекин шуниси ҳайратланарки, у бу борада кўп нарсаларга эриша олди, барча интилиш-уринишлари унга зўр ютуқ келтирди.

Аммо Акбарнинг муваффақиятлари фақат ўзигагина боғлиқ эмасди. Вақти-соати келиб, қулай шароит пишиб-етилмагунча бирон-бир инсон катта-катта вазифаларни ҳал этишда ютуққа эришолмайди. Улуғ инсон кўпинча воқеалар жараёнини тезлаштиради ва шу қулай шароитни ўзи юзага келтиради. Бироқ, буюк зотларнинг ўзи ҳам замонининг, унда ҳукмрон шарт-шароитнинг маҳсулидир. Акбар ҳам ўша даврдаги Ҳиндистон маҳсули эди.

Аввалги хатларимдан бирида сенга ҳикоя қилиб эдимки, Ҳиндистондаги кўзга кўринмас кучлар тақдир бу мамлакатда бирга учраштирган икки маданият ва икки диннинг синтезини яратиш устида кўп заҳмат чекишган. Сенга меъморчиликдаги икки услуб ҳамда Ҳиндистондаги тиллар, айниқса урду ва Ҳиндустони тилларининг ривожланиши тўғрисида гапириб бергандим. Шунингдек, Рамананда ёки Кабир ёхуд Нанак каби ислоҳотчилар ва дин пешволари тўғрисида сўз юритгандим, булар ислом билан ҳиндуизмнинг умумий хусусиятларини таъкидлаб, уларга хос удумлар-у маросимларни танқид қилиб, шу динларни яқинлаштиришга интилишган эди. Мазкур синтез руҳи мамлакатга ёйилди ва нозик фаҳм ва ўткир зеҳн соҳиби бўлмиш Акбар бу руҳни ҳис қилиб унга муносабат билдириши лозим эдики, Акбар айни шу диний синтезнинг энг йирик намояндасига айланди.

У энди давлат арбоби сифатида ҳам ўз куч-салоҳияти ва миллатнинг куч-салоҳияти мазкур синтезга боғлиқ, деган хулоса чиқариши зарур эди. акбар жуда мард жангчи ва истеъдодли саркарда бўлган. Ашокадан фарқли ўлароқ, у ҳеч қачон уруш қилишдан воз кечмаган. Лекин у меҳр-муҳаббат зафарини қилич келтирган зафардан устун қўйган, биринчиси мустаҳкамроқ эканини яхши билган. Акбар аста-секин Ҳиндуизм асилзодалари-ю ҳиндуихм динидаги омманинг ихлосини қозона бошлайди.

Акбар мусулмон бўлмаган кишилардан зиёратчи ҳиндлардан ундириладиган жон солиғи – жузъяни бекор қилди. Ражпут зодагон оиласида тарбия кўрган қизга уйланади, кейинроқ ўғлини ҳам ражпут қизига уйлантирди ва умуман бу каби аралаш никоҳларни рағбатлантиради. Асилзода ражпудларни салтанатидаги энг юксак лавозимларга кўтаради. Унинг энг жасур саркардалари, энг иқтидорли вазирлари ҳамда вилоят ҳокимлари орасида кўплари ҳиндуизм динига мансуб эди. Рожа Ман Сингх бир вақт ҳатто Кобул ҳокими қилиб тайинланган эди. Акбар ражпутлар ва ҳиндуизм динига мансуб кишиларнинг ихлосини қозониш учун шу қадар ҳаддан ошдики, ҳатто айрим вақтларда ўз мусулмон фуқароларига адолатсизлик кўрсатди. Лекин у барибир ҳиндларнинг ихлосига эриша олди. Ражпутлар унинг хизматига, унинг зиёратига тўда-тўда бўлиб келишар эди. Меварлик Рожа Пратан Сингх бундан мустасно. Зўр матонат соҳиби Рожа Пратан Акбар ҳукмронлигини ҳатто номига тан олишни ҳам рад қиларди. У жангда мағлуб бўлгач, Акбар вассали сифатида беғам, ширин турмушдан кўра чангалзорларда хавф-хатарли ҳаёт кечиришни афзал биларди. Бу мағрур ражпут бутун умри мобайнида Деҳлидаги шаҳаншоҳга қарши курашди, унинг олдида тиз чўкишни истамади. Ҳаётининг сўнгги дамларида айрим ютуқларга ҳам эришди. Рожпутанда бу шавкатли ражпут хотирасини авайлаб сақлашади, бу ерда унинг ҳақида талай ривоятлар ҳам тўқишган.

Шундай қилиб, Акбар ражпутларни ўз томонига оғдириб, омма орасида зўр шуҳрат орттирди. У парсларга, шунингдек саройига келиб турадиган иезут миссионерларига сабр-тоқат билан муомала қиларди. Аммо унинг ўзгаларга бу сабру-тоқати, айрим исломий маросимларга эътиборсизлиги мусулмон зодагонлар орасидаги обрўйини тушириб юборди ва булар неча бор Акбарга қарши исён кўтаришди.

Мен юқорида Акбарни Ашока билан солиштирдим, лекин бу қиёслаш сенда янглиш тасаввур ҳосил қилмаслиги керак. кўп жиҳатдан Ашока Акбарга ўхшамасди. Акбар ўта шуҳратпараст эди ва у умрининг охирига бориб, ўз салтанатини ҳар қандай йўллар билан кенгайтиришга интилган фотиҳга айланди. Иезуитларнинг сўзларига қараганда, Акбар “жўшқин ва ўткир ақл соҳиби бўлиб, фикри соғлом, ҳар бир ишда эҳтиёткор, аввало хушмуомала, саховатпеша инсон эди. Бу хислатлар унда буюк ишларни бошлаш ва охирига етказишга қодир бўлган кишиларга хос мардлик билан қўшилиб кетган эди. У билимга интилувчан, ғоят қизиқувчан эди, ҳарбий ишлар-у сиёсатда билимдон бўлиб, айни чоғда кўпгина касб-ҳунарлардан хабардор ҳам эди. Шахсан ўзини хафа қилган кишилардан ҳам меҳр-мурувватини аямасди. Камдан-кам вазиятлардагина ўзини йўқотар, бундай пайтда ғазабидан қутурар, аммо бу ҳол кўп давом этмасди”. Шуни унутмангки, мазкур таърифу-тавсифлар сарой аъёнининг эмас, балки бегона юртдан келиб, Акбарни зимдан кузатиш имкони бўлган ажнабий фуқаронинг қаламига мансубдир.

Акбар – зўр жисмоний куч соҳиби, табиатан жўшқин-фаол инсон, унинг учун ваҳший ҳайвонларни ов қилишдан кўра мароқлироқ эрмак йўқ эди. Жангчи сифатида диловарлиги ҳам ҳаддан зиёда эди. Аградан Оллоҳободга машҳур юриши Акбарнинг бениҳоя куч-ғайратидан ёрқин далолат беради, бу юриш тўққиз кун давом этган. Бир гал Гужаратда исён бошланади, шунда Акбар кам сонли қўшини билан Ражпутан саҳроси орқали шу жойга шошилинч отланади-ю, 450 миля масофани босиб ўтадики, бу ҳам жасорат эди.

Мазкур хислатлардан бўлак буюк зотларга яна бир фазилат ато этилган бўлади. Айтишларича, улар одамларни ром қилувчи жозиба соҳиби ҳамдир. Акбарда бу каби жозибадорлик ва дилбарлик бисёр эди. Иезуитлар моҳирлик илк тасвир этган Акбарнинг кўзлари “қуёш нури остидаги денгиз монанд ял-ял товланарди”.

Акбар бутун Шимолий Ҳиндистон ва ҳатто Жанубни ҳам забт этди. Гужарат, Банголия, Орисса, Кашмир ва Синдни ўз салтанатига қўшиб олди. Марказий ва Жанубий Ҳиндистонда ҳам зафар қозониб, ўлпон ундирди…
Акбар атрофига кўпгина иқтидорли ёрдамчиларни тўплай олди, булар унга садоқат билан хизмат қилди. Улар орасида Файзи ва Абулфайз каби биродарлар ҳамда беҳисоб ҳикоятлар қаҳрамони Бирбол асосий рол ўйнарди. Тодар Мал Акбарнинг молия вазири эди, айни шу вазир давлат солиқларини ундириш тизимини ислоҳ қилди.

Рожа Ман Сингх Жайпурий Акбарнинг энг моҳир саркардаларидан бир эди. Акбар саройидаги бошқа бир машҳур киши – улуғ хонанда Тансен бўлиб, у ҳозирги кунда Ҳиндистон ҳофизларининг муқаддас ҳомийси саналади.

Агра – Акбарнинг илк пойтахти эди ва у бу ерда зўр истеҳком қурдирди. Кейинроқ Фотиҳпур-Сикри деган жойда, Аградан тақрибан эллик миля нарида янги шаҳар бунёд этди. Акбар шаҳар учун айни шу ерни танлади, чунки унда авлиё Шайх Салим Чишти яшаб ўтган эди. Мазкур жойда у ғаройиб бир шаҳар барпо қилдики, ўша замонда яшаган инглиз сайёҳининг далолат беришича, бу шаҳар “Лондондан анча катта”. Қарийб ўн беш йил мобайнида шаҳар Акбар салтанатининг пойтахти эди. Кейинроқ Акбар Лоҳурни ўз пойтахтига айлантирди. “Жаноби олийлари, — деб ёзганди Акбарнинг дўсти ҳамда вазири Абулфазл, — ажойиб иморатларнинг тархини мияларида пишитиб, сўнг ақл ва қалб меҳнатининг ҳосиласини тош ва лойдан тиклар эдилар”.

Фотиҳпур-Сикри, унинг гўзал масжиди, ғаройиб Баланд Дарбозаси ва бошқа кўплаб ажойиб бинолари ҳозиргача сақланган. Бу – тарк этилган шаҳар, унда энди ҳаёт йўқ, бироқ кўчалари-ю кенг майдонларида жонсиз салтанатнинг шарпалари кезиб юргандек. Ҳозирги бизнинг Оллоҳобод заминини ҳам Акбар бунёд этган, аммо бу жойнинг ўзи жуда қадимги замонлардаёқ кишилар яшайдиган манзил бўлиб, Праяга – “Рамаяна” даврларидаёқ гуллаб-яшнаган шаҳар эди. Оллоҳободдаги қалъани эса Акбар қурдирган…
Акбар 1605 йил октябр ойида, олтмиш тўрт ёшида, қарийб эллик йил ҳукмронлик қилганидан сўнг вафот этди. Агра яқинидаги Сикандар манзилгоҳида қурилган гўзал мақбарага дафн этилган.

ҲИНДИСТОНДА БОБУРИЙЛАР САЛТАНАТИНИНГ
ИНҚИРОЗИ ВА ҲАЛОКАТИ

003

Гарчанд Акбар Бобурдан кейинги учинчи ҳукмдор эса-да, у Ҳиндистонда Мўғуллар сулоласининг асл асосчиси ҳисобланади. Хитойда Хубилайхон асос солган Юанлар сулоласи (хитой сулоласига айлангани каби – тарж.) бобурийлар сулоласига мансуб ҳукмдорлар Акбардан эътиборан ҳинд сулоласига айланади. Акбар салтанатни бирлаштириш бобида зўр куч-ғайрат сарфлагани туфайли ҳам мазкур сулола Акбар ўлимидан сўнг яна юз йилдан кўпроқ давомида ҳокимиятни бошқарди.

Акбардан кейин навбат уч истеъдодли ҳукмдорга келди, аммо улар буюклардан эмасди. Акбар вафот этиши биланоқ ўғиллари орасида тожу-тахт учун ножўя кураш авж олди. Саройда фитналар, мерос учун жангу-жадаллар, фарзандларнинг – оталарига, биродарларнинг – биродарларига қарши исён-ғалаёнлари, қариндош-уруғларни қатл этишлар, кўзига мил тортишлар, хуллас-калом, мустабидлик ва мутлақ ҳокимиятга хос барча оқибатлар намоён бўлди.

Бу даврда Францияда “офтоб-қирол” Людовик XIV ҳукм сураётган эди. У Версал саройини қурдирган, ажойиб сарой аъёнлари унинг хизматида эди. Лекин “офтоб-қирол” саройининг ҳашамати Буюк Мўғуллар ҳашамати олдида хира тортар эди. Эҳтимол, ўша замонда Буюк Мўғуллар энг бой-бадавлат ҳукмрон бўлгандир. Шунга қарамай, баъзан очлик, вабо ва бошқа касалликлар сон-саноқсиз кишиларнинг ёстиғини қуритар, айни вақтда подшоҳ саройида серҳашам турмуш ўша зайлда давом этаверарди.

Акбар замонидаги хилма-хил динлар билан муросасозлик сиёсати унинг ўғли Жаҳонгир ҳукм сурган вақтда ҳам жорий эди, аммо унинг излари аста-секин йўқола борди, баъзи жойларда насронийлар ва Ҳиндуизмга мансуб кишилар ҳатто таъқиб эта бошланди. Кейинроқ, Аврангзеб даврларида ҳиндуизм вакиллари очиқдан-очиқ қувғин қилинди, эҳромлари вайрон этилди, манфур жон солиғи жузъя яна амалда бўлди. Шу тариқа Акбар зўр меҳнат-машаққат билан қурган салтанат замини бир-бир зил кетиб, силкиниб-тебраниб турди-да, сўнг бирдан қулаб тушди.

Акбар ўрнини ражпут хотинидан бўлган ўғли Жаҳонгир эгаллади. У маълум даражада отасининг анъаналарини давом эттирди, аммо мамлакатни идора этиш масалаларидан кўра у санъат ва рассомлик, боғлару-гулзорлар яратиш билан кўпроқ қизиқарди. Жаҳонгирнинг ажойиб нигорхонаси бор эди. У ҳар йили Кашмирга ташриф буюрарди, тахминимча, Сринаргардаги Шаломирбоғ ва Нишотбоғ кабиларни Жаҳонгир бунёд этган. Жаҳонгирнинг хотинларидан бири – Нуржаҳон исмли соҳибжамол, тахт ортида турган ҳақиқий қудрат соҳибаси эди. Жаҳонгир ҳукмронлиги даврида ғаройиб бино қурилди, Эътимод-уд-давла мақбараси ҳам шу ерда. Ҳар гал Аграга борганимда шу меъморчилик дурдонасини томоша қилиб, бениҳоя гўзаллигидан лаззатланаман.

Жаҳонгирдан кейин тахтга ўғли Шоҳ Жаҳон ўлтирди ва ўттиз йил (1627-1658 йиллар) ҳукмронлик қилди. У Франция қироли Людовик XIV замондоши бўлган. Шоҳ Жаҳон даврида Буюк Мўғуллар куч-қудрат чўққисига эришди ва айни замонда таназзулнинг илк аломатлари ҳам намоён бўла бошлади. Подшо учун машҳур Товусли тахт ишланиб, нодир тошлар ила безатилди. Кейин Жамна дарёси қирғоғида, Аграда гўзаллик орзусининг тимсоли бўлмиш Тожмаҳал бунёд этилди. Ўзинг ҳам билсанг керак, Тожмаҳал – Шоҳ Жаҳоннинг суюкли хотини Мумтозмаҳал мақбарасидир.

Шоҳ Жаҳон шундай бир кўп ишларга қўл урдики, улар на ҳурмат-иззат ва на обрў-эътибор келтирди. У дин масалаларида муросасиз эди, гарчи Декан ва Гужаратда даҳшатли очлик авжига минган бўлса-да, улар қисматини енгиллаштириш учун ҳеч бир тадбир кўрмади. Шоҳ Жаҳон саройининг бойлигу-ҳашамати билан халқининг қашшоқлиги ва кулфати орасидаги кескин фарқ – нафрат уйғотади. Лекин, ҳар ҳолда Шоҳ Жаҳон мерос қолдирган, тош ва мармарда мужассам бўлган гўзаллик мўъжизаси учун унинг кўп қилмишларини, эҳтимол, кечириш мумкиндир. Шоҳ Жаҳон замонида Мўғуллар меъморчилиги юксак даражага эришди. Тожмаҳалдан ташқари у Аграда Моти-Масжид – Инжу-қалъани, Деҳлида Жомеъ масжидини, Аградаги саройда Девони-ом ва Девони-хосни қурдирди. Мана шу барча иншоотлар ғоят кўркамлиги билан ажралиб туради, баъзи бирлари – жуда маҳобатли қилиб қурилган эса-да, нозик, нафис ва эртаклардагидек гўзалдир.
Бироқ мана шу афсонавий чирой ортидан қашшоқликдан эзилган халқ яшар, гарчи жуда кўпларида лой кулба ҳам бўлмаса-да, ўша саройлар унинг пулига бунёд этилганди. Мамлакатда беҳад мустабидлик ҳукм сурар, кимда-ким подшо, унинг ноиблари ва маъмурларининг норозилигига сабаб бўлса, жуда қаттиқ жазоланар эди. Акбарнинг меҳр-муруввати, сабр-тоқати, намунавий идора усули ўтмишга айланган эди. Ола-ғовур замонлар бошланмоқда эди.

Кейин Буюк Мўғулларнинг сўнгги намояндаси Аврангзеб тахтга ўлтирди. У ишни қари отасини қамоққа ташлашдан бошлади. У 1659 йилдан то 1707 йилгача, қирқ саккиз йил ҳукмронлик қилди. У бобоси каби санъат ва адабиёт мухлиси, падари сингари меъморчилик ишқибози эмасди. У ўз динидан бошқа ҳар қандай динга муросасиз назар билан қарайдиган бағритош, мутаассиб одам эди. Сарой бутун ҳашаматини сақлаб қолган. Аврангзебнинг ўзи эса оддий турмуш кечириб, зоҳидликка мойил эди. У ҳиндуизм дини издошларини зимдан қувди-қувди қила бошлади, динларнинг муросасозлиги ва синтезига эришишига қаратилган Акбар сиёсий йўлидан воз кечди ва шу иши билан ўша вақтга қадар салтанат таянчи бўлиб келган негизларни қўпорди. Аврангзеб ҳиндлардан яна жузя солиғи ундира бошлади, имкон қадар ҳиндларни давлат лавозимларидан бўшатди, Акбар замонидан буён сулолани қўллаб-қувватлашда давом этган ражпут зодагонларини шундай ҳақорат қилдики, оқибатда ражпутлар билан уруш чиқишига сабаб бўлди. Аврангзеб ҳиндларнинг минглаб эҳромларини буздирди, кўплаб қадимги, гўзал иншоотларини култепага айлантирди. Айни вақтда салтанати жануб томон кенгая бошлади: Бижапур ва Холконда унинг тасарруфига ўтди, у жанубдаги узоқ вилоятлардан ҳам солиқ ундирарди.

Салтанат заминлари эса силкиниб, борган сари емирилиб ҳамма ерда душманлар пайдо бўлди. Ҳиндларнинг жузя солиғига қарши Аврангзебга йўлланган арзномалардан бирида мазкур солиқ “адолатга зиддир, яхши сиёсатга ҳам худди шундай қаршидир, чунки мамлакатнинг қашшоқланишига сабаб бўлади, устига-устак бу янги тадбир Ҳиндистон қонунларини бузиш, демакдир”, деб ёзилган эди. Салтанатда ҳукм сурган шароит тўғрисида арзномада: “Жаноби олийлари ҳукмронлиги замонида кўплар (вилоятлар-таҳририят) салтанатдан ажралиб чиқди, ҳудудларнинг бундан буён ҳам қўлдан кетиши муқаррар, чунки ҳамма ерда беҳад вайронагарчилик ва талончилик ҳукм сурмоқда. Сизнинг фуқароларингизни оёқости қилишмоқда, салтанатингиз вилоятларининг ҳаммаси қашшоқлашиб, ҳувиллаб қолди, мушкулликлар тобора авж олмоқда”, деб битилганди.

Айни шу умумий ночор аҳвол Ҳиндистонда кейинчалик тахминан эллик йил мобайнида содир бўлган зўр ўзгаришларнинг дебочаси эди. Аврангзеб ўлимидан сўнг буюк салтанатнинг тўсатдан бошдан-оёқ емирилиши мана шундай ўзгаришлар сирасига кирар эди. Кенг миқёсдаги ўзгаришлар ва ҳаракатлар замирида деярли ҳамма вақт иқтисодий сабаблар яширинган бўлади. Европа ва Хитойдаги буюк салтанатларнинг қулашидан аввал ва у билан бир вақтда иқтисодий вайронгарлик ҳамда инқилобий ҳаракатлар содир бўлган эди.

Деярли барча салтанатлар сингари Мўғуллар салтанати ҳам ўз ички заифлиги туфайли қулаган эди. Салтанат том маънода бўлак-бўлакларга ажралиб кетди. Аммо мазкур жараёнга янги бир ҳодиса, яъни ҳиндларнинг онгли қаршилик ҳаракати мадад берган эдики, у Аврангзеб юритган сиёсат туфайли юзага келган эди. Лекин бу ўзига хос диний миллатчиликнинг илдизлари Аврангзеб ҳукмронлиги давридан ҳам аввалги даврларга бориб тақаладики, эҳтимол, мазкур ҳукмронлик ашаддий ва муросасиз тус олишига худди мана шу ҳаракатлар сабаб бўлгандир. Маратхлар ва сингхлар ҳинд уйғонишининг пешқадами эди ва айни шулар пировардида Мўғуллар салтанатини қулатди.

Аммо уларга мазкур бой меросдан фойдаланиш насиб бўлмади. Инглизлар зимдан, усталик билан ўйинга қўшилиб, бошқалар ўлжани қўлга киритиш учун ўзаро курашаётган бир пайтда, унга эга чиқиб олди…
Мўғуллар денгизни хуш кўрмас ва денгиз давлатлари қаршисида заиф-нотавон эди… Мўғуллар салтанати қулашининг сабабларидан бири – уларнинг денгизлардаги ожизлигида, деб ҳисоблашади. Ҳа, денгиз давлатларининг замонаси келган эди…

1662 йилда Англия қироли Карл II Португалия маликаси Екатерина Брагансага уйланади ва сеп тариқасида Бомбай оролини тасарруфига олади. Бу воқеа Аврангзеб даврида содир бўлганди.

Португалларни (шарқдаги денгизлардан – тарж.) қувиб, жуда ғурурланиб кетган “Ост-Индия” компанияси Мўғуллар салтанати заифлашди, деб ҳисоблаб, 1685 йилда ҳарбий куч ёрдамида Ҳиндистондаги ҳудудларини кенгайтиришга уринди. Аммо бу ҳаракат компания учун аянчли талафот билан якунланди. Ҳарбий кемалар Англиядан Ҳиндистонга довур бутун йўлни босиб ўтиб, айни вақтнинг ўзида шарқда – Банголияда ва ғарбда – Суратда Аврангзеб мулкига ҳужум қилишади. Аммо мўғуллар уларни қақшатқич даражада мағлуб қилиш учун етарли кучга эга эди. Инглизлар яхшигина сабоқ олиб, бундан кейин жуда эҳтиётроқ иш кўрадиган бўлишди…

Қарийб тўқсон йил яшаган Аврангзеб қариб-чуриб, 1707 йилда вафот этди. У мерос қилиб қолдирган улуғвор мукофот, яъни Ҳиндистон учун кураш майдони очилди. Мазкур кураш иштирокчилари орасида Аврангзебнинг ношуд авлодлари ва баъзи бир йирик ноиблари, маратхлар ва сингхлар, ғарби-шимолий чегаралар ортидан Ҳиндистонга тикилган очкўзлар, шунингдек денгизчи миллатлардан – инглизлар билан французлар бор эди…

Buyuk siyosat va davlat arbobi, Hindiston mustaqilligi uchun kurash rahbarlaridan biri va uning birinchi bosh vaziri Javoharlaʼl Neru qalamiga mansub “Dunyo tarixiga nazar” asari uning “Hindistonning kashf qilinishi”, “Tarjimai holim” kabi asosiy kitoblari sirasiga kiradi…Javoharlaʼl Neru asarida tabiiyki oʻz mamlakati tarixini kengroq koʻlamda hikoya qilishga intiladi, xususan Boburiylar sulolasi hukm surgan davrlar bayoniga alohida urgʻu beradi, Bobur va Akbar kabi ulugʻ zotlar faoliyatiga, ularning Hindiston tarixida tutgan oʻrnini munosib baholaydi.

Javoharla’l Neru
«DUNYO TARIXIGA NAZAR» KITOBIDAN
Ilhom Sultonov tarjimasi
003

neru

Javoharla’l Neru (1889.14.11, Ollohobod — 1964.27.5, Dexli) — Hindiston davlat, siyosiy va jamoat arbobi. Milliy ozodlik kurashida M.K. Gandinshp safdoshi, Hindiston Milliy Kongressi (HMK) rahbarlaridan biri. Mustamlaka davrida (1947 y.gacha) ta’qib qilingan. 10 yildan ortiq umri qamoqda o’tgan. Tarixda «Yangi Hindiston bunyodkori» nomi bilan mashhur. Neru 1947 yilning 15 avgustida Dehlidagi mashhur Nal Qal’ada Hindiston  milliy  mustaqillikni qo’lga kiritganligini e’lon qilgan. Hindiston   Respublikasi   bosh   vaziri va tashqi ishlar vaziri (1947 y.dan). Neru  rahbarligida Hindiston xalq xo’jaligi, fan va madaniyatning rivojida katta muvaffaqiyatlarga erishgan. U Hindistonning tashqi siyosati asoslarini yaratdi, xalqaro chigal masalalarni hal etishda faol ishtirok etdi. Uning mustamlakachilik, irkchillikka karshi izchil kurashi, yoppasiga qurollanishga chek qo’yish, xalqlar o’rtasida tenglik, do’stlik, hamkorlik siyosati xalqaro maydonda Hindiston nufuzini oshirdi. Neru qo’shilmaslik harakati siyosatini yaratdi. 1947 yilda harbiy bloklarga qo’shilmagan mamlakat birgina Hindiston hisoblangan bo’lsa, bugungi kunda qo’shilmaslik harakatida 130dan ortiq Osiyo, Afrika, Lotin Amerikasi va Yevropa mamlakatlari ishtirok etmoqda.

Javoharla’l Neru  1955  va  1961  yillarda  qizi, keyinchalik Hindistonning bosh vaziri maqomiga erishgan  Indira Gandi bilan O’zbekistonga tashrif buyurib, o’zbek xalqining turmushi, hayoti,  tarixi  bilan  yaqindan  tanishgan. Neru «Hin-distonning kashf etilishi» asarida yurtdoshimiz Bobur va uning nabirasi  Akbar  haqida  maqtovli fikrlarini bayon etgan.

Buyuk siyosat va davlat arbobi, Hindiston mustaqilligi uchun kurash rahbarlaridan biri va uning birinchi bosh vaziri Javoharla’l Neru qalamiga mansub “Dunyo tarixiga nazar” asari uning “Hindistonning kashf qilinishi”, “Tarjimai holim” kabi asosiy kitoblari sirasiga kiradi.

Mazkur asar Javoharla’l Neru 1930 oktyabr -1933 yil avgustlarida, Hindiston ozodligi uchun kurashdagi faol ishtiroki uchun turmaga hukm etilgan davrda, qizi Indira Gandiga yo’llagan tarixiy-ma’rifiy xatlar asosida yaratilgan. Unda insoniyat yuzaga kelgan davrdan boshlab to XX asrning 30-yillariga qadar kechgan tarixiy jarayon muxtasar bayon qilingan.

Uch jildli kitob jonli, ilmiy-ommabop uslubda yozilgan va o’aklan badiiy asarga yaqin bo’lib, talay tarixiy arboblarning siymosi yuksak badiiy timsol darajasida chizilgan.

Javoharla’l Neru asarida tabiiyki o’z mamlakati tarixini kengroq ko’lamda hikoya qilishga intiladi, xususan Boburiylar sulolasi hukm surgan davrlar bayoniga alohida urg’u beradi, Bobur va Akbar kabi ulug’ zotlar faoliyatiga, ularning Hindiston tarixida tutgan o’rnini munosib baholaydi.

Muallif o’zi yashagan davr tarix fani an’analariga rioya etgan holda Boburiylarni Buyuk Mo’g’ullar deb ataydi (tarjimada ham shunday qoldirildi). Asarning ayrim boblarini bir oz qisqartirishlar bilan e’tiboringizga havola etmoqdamiz.

BOBUR
003

08…Hindistonning mayda-mayda bo’laklarga bo’linib yemirilib ketishi uning shimoliy qismi Bobur tomonidan fath etilishi bilan yakunlandi.
Aftidan bu yerda yashagan ko’p xalqlar qadimgi oriylarga xos erkinlik g’oyalarini butkul unutgan va har qanday hukmdorga bo’ysunishga tayyor qullar kabi zabun holatga rozi bo’lgan ko’rinardi. Hatto, o’zi bilan birga yangicha hayot tarzini olib kelgan musulmonlar ham aynib, o’zga el-elatlar singari mo’min-qobil bo’lib qolgandek edi. Xuddi shu boisdan ham Yevropa qadimiy madaniy Sharq davlatlarida yetishmagan qudrat va kuch-g’ayratga erishib, bulardan o’zib ketdi. Oldi-sotdi va boyish vasvasasi Yevropa dengizchilarini Amerika qit’asiga otlantirdi. Portugallar Malakkada arab saltanati hukmronligiga chek qo’ydi, Hindiston qirg’og’i va Sharqdagi boshqa dengiz mintaqalarida tayanch istehkomlar bunyod etdi.

Tez orada portugallarning ziravor-dorivorlar savdo-sotig’i sohasidagi hukmronligiga ikki yangi davlat – Gollandiya bilan Angliya qarshilik ko’rsata boshladi. Ular Portugaliyani sharqdan siqib chiqarishdi, Sharqdagi saltanatiga, butun tijorat ishlariga nuqta qo’yildi. Gollandlar qisman Portugaliya o’rnini egallab, ko’pgina sharqiy orollarni bosib oldi. 1600 yilda qirolicha Yelizaveta London savdogarlarining shirkati bo’lmish “Ost-Indiya” kompaniyasiga imtiyozli savdo huquqini tuhfa etdi. Ikki yildan so’ng esa Gollandiyaning “Ost-Indiya” kompaniyasi yuzaga keldi. Shu tariqa Yevropaning Osiyodagi bosqinchilik siyosati davri boshlandi. Uzoq vaqt davomida yevropaliklar Malayya va sharqdagi orollar bilan deyarli cheklanishdi. Min sulolasi va o’n yettinchi asr o’rtasida paydo bo’lgan dastlabki manchjurlar hukmronlik qilgan Xitoy Yevropa nazarida ancha kuchli davlat edi. yaponiya esa shunchalikka borib yetdiki, o’z yurtidan barcha ajnabiylarni quvib chiqarib, to 1641 yilga qadar o’z chegaralarini taqa-taq yopib qo’ydi.
Hindiston-chi?.. Hindiston yangi sulola – Boburiylar hukmronligida g’oyat qudratli saltanatga aylandi va shu bois unga Yevropaning xavf solish yoki bosqin qilish ehtimoli yo’q  edi. Ammo Yevropa dengizlarda hukmronlik qilardi.
1526 yilda Boburning zaif va razil afg’oniy Dehli sultoni ustidan qozongan  g’alabasi tufayli Hindistonda yangi zamon va yangi sulola – Mo’g’ullar sulolasi davri boshlandi. Hindistondagi Buyuk Mo’g’ullar ovozasi butun Osiyo hamda Yevropaga keng tarqalgandi. Mazkur  sulolaning olti nafar eng yirik hukmdori bo’lib, shundan so’ng saltanat bo’lak-bo’laklarga  ajralib ketdi va mana shu bo’laklardan maraxtlar bilan sikxlar o’z davlatlarini bir amallab  “bichib-tikib” olishdi. Ana shular ortidan inglizlar kelishdi, ular markaziy hokimiyat qulab,  mamlakatda tartibsizlik boshlanganidan foydalanib, asta-sekin o’z hukmronligini o’rnatishdi.

Bobur beqiyos darajada madaniy, dilbar shaxslardan biri edi. u mazhabparastlikka  xos mahdudlik va diniy mutaassiblikdan yiroq edi, ajdodlari kabi vayrongarchilik bilan shug’ullanmadi. Bobur san’at va adabiyotga qiziqar, o’zi turkiy va fors tilida she’rlar bitar  edi. U gullar va bog’larni sevar va jazirama Hindistonda O’rta Osiyodagi vatanini tez-tez eslab  turardi: “…binafshasi bisyor latif bo’lur… qalin lola va gullar ochilur”, deb xotirlaydi u  esdaliklarida.
Bobur Samarqan hukmdori bo’lgan paytda, hali o’n bir yashar bola edi. Bu oson ish emas,  albatta. Atrofini dushmanlar qurshab turardi. O’g’il va qiz bolalar maktabga qatnaydigan yoshda  unga qo’liga qilich olib, maydoni harbda jang qilishga to’g’ri keldi. U taxtini qo’ldan boy berdi  va jo’shqin hayot yo’lida ko’p sarguzashtlarni boshdan kechirib, yana taxtini egallashga muvaffaq  bo’ldi. Shunga qaramay, adabiyot, nazm va san’at bilan shug’ullanishga ulgurdi. Shonu-shuhratga  intilish unga sira tinchlik bermasdi. U Kobulni fath etib, Hind tog’idan oshib o’tdi va  Hindistonga bostirib kirdi. Ammo bu bilan Boburning mushkullari oson bo’lmadi, yana necha  bor hayoti qil ustida qoldi. Bir gal boshiga xavf-xatar yog’ilgan paytda sarkardalari unga  shimol tomonga chekinishni maslahat berishdi. Lekin Boburning joni temirdan edi, shu bois  chekinishdan ko’ra o’limni afzal ko’rishini aytdi. U may (chog’ir) ichishni sevardi, ammo hayotining  chigal damlaridan birida, maydan voz kechishga ahd qildi va barcha qadahlarni sindirib  tashladi. Unga g’alaba yor bo’ldi, shu bo’yi u qasamiga sodiq qoldi.

Bobur Hindistonda atigi to’rt yil yashab, vafot etdi. Mana shu yillar  jangu-jadallarda o’tdi, u orom nimaligini bilmadi. U Hindiston haqida kam narsa bilardi. U  Agrada g’aroyib poytaxtga zamin qurdi va Istambuldan mashhur bir me’morni chaqirib keltirish  uchun odam yubordi. Bu – Sulaymon Qonuniy Istambulni qurayotgan paytlar edi. Sinon – usmonli  turklarning o’sha mashhur me’mori – Hindistonga sevikli shogirdi Yusufni yo’lladi.

Bobur esdaliklar yaratdi va mazkur ajabtovur kitob bu insonning qalb olamiga nazar  solish imkonini beradi. U bizga Hindiston haqida, uning hayvonlari va gullari, daraxtlari va  mevalari haqida hikoya qilib beradi, hatto qurbaqalarni ham esidan chiqarmaydi. U vatanining qovunlari, uzumlari, gullarini qo’msaydi. Hindiston kishilaridan esa juda ko’ngli  qolganligini yozadi. Uning so’zlariga qaraganda, bu yurt kishilarida maqtashga arzigulik  bironta xislat yo’q. Ehtimol, to’rt yil davom etgan urush paytida u xalqni o’rganib olishga  ulgurmagandir, madaniyroq qatlamlar esa yangi fotih bilan muloqot qilishdan o’zini chetga  tortgandir. Ehtimol, begona yurt kishisiga boshqa bir xalqning turmushini tushunish,  madaniyatini anglash qiyin kechgandir. Nima bo’lmasin, u birmuncha muddat hukmron sinf  mavqeidagi afg’onlarda ham, ko’pchilik xalqda ham qoyil qoldiradigan biron-bir xislat  ko’rmagan. Bobur o’ta kuzatuvchan odam bo’lgan va ajnabiy sifatida nohaq fikr yuritgan, deb  o’ylaganimizda ham, uning esdaliklari o’sha vaqtda Shimoliy Hindiston achinarli bir holatga  tushib qolganligidan dalolat beradi. Janubiy Hindistonda esa Bobur bo’lmagan.
“Hindiston mamoliki vase va purmardum va purhosil viloyat voqe bo’lubtur, — hikoya  qiladi Bobur. – Sharqi va janubi, balki g’arbi ham Muhit daryosiga muntahiq bo’lur…
G’arbi-shimoli Kobul va G’azni va Qandahor voqe bo’lubtur. Jami’ Hindiston viloyatining  poytaxti Dehli ermish”. Shunisi qiziqki, Bobur butun Hindistonni yagona yaxlit bir davlat deb  o’ylaydi, vaholanki, uning zamoniga kelib, Hindiston ko’plab podsholiklarga bo’linib ketgan  edi. Hindistonning birligi g’oyasi uning butun tarixi mobaynida saqlanib qolgan.

Bobur Hindiston tasvirini davom ettirib, yozadi: “G’arib mamlakate voqe bo’lubtur.  Bizning viloyatlarg’a boqa o’zga olamedur. Tog’ va daryosi va jangal va sahrosi, mavozi’ va  viloyoti va hayvonat va nabototi, eli va tili va yomg’uri va yeli borcha o’zgacha voqe bo’lubtur…
Sind suvini o’tgach, yer va suv va yig’och va tosh va el va ulus va roh va rasm tamomi Hinduston tariyqidadur… Yana Hinduston baqalari, agarchi o’shal baqalardektur, vale bu baqalar suvning yuzida yetti-sakkiz qari yuguradurlar”.

So’ngra Bobur Hindiston hayvonlari, gullari, daraxtlari va mevalarini birma-bir  sanab o’tadi. Keyin navbat odamlarga keladi: “Hinduston kam latofat yer voqe bo’lubtur. Elida  husn yo’q va husni ihtilot va omizish va omadu raft yo’q va tab’ va idrok va adab yo’q va karam  va muruvvat yo’q va hunarlarida va ishlarida siyoq va andom va raja va go’niya yo’q va yaxshi ot yo’q  va yaxshi it yo’q va uzum va qovun va yaxshi mevalar yo’q va yax yo’q va sovuq suv yo’q va bozorlarida  yaxshi osh va yaxshi non yo’q va hammom yo’q va madrasa yo’q va sham’ yo’q va mash’al yo’q va shamdon  yo’q”.

“Ularda har holda biror nima bordur”, deb beixtiyor so’raging keladi. Bobur mazkur  satrlarni bitayotganida hamma narsadan ko’ngli qolgan ko’rinadi. “Latofatekim, Hindistonda  bor-uluq viloyatdur, — deydi Bobur. – Va oltun va yarmog’i qalin bo’ladur… Yana bir latofati  budurkim, har sinfdin va har xirfalardin behad va benihoyat ko’pdur. Har ish uchun va har nima  uchun jami’ muqarrar va muayyandurkim, ota-onalaridan beri ul ish va ul nimani qila  kelgandurlar”.
Yuqorida Bobur xotiralaridan uzundan-uzoq parchalar keltirdim, bu kabi kitoblar  inson to’g’risida ko’pincha juda soz tasavvur beradi.
Bobur 1530 yilda qirq to’qqiz yoshida olamdan o’tadi.  Boburning jasadini Kobulga olib borib, o’zi sevgan bog’iga dafn etishadi. Nihoyat u  o’zi sog’ingan-qo’msagan gulzorga qaytib kelgan edi.

AKBAR
003

akbar   Bobur o’z sarkardalik mahorati va kuch-g’ayratini ishga solib, Hindistonning ko’p  qismini fath etdi. U Dehlining afg’oniy sultoniga, keyinroq rajput tarixida ko’klarga  ko’tarib maqtalgan chitorlik Rano Singx boshchiligidagi rajput qabilalariga talafot  yetkazdiki, bu esa yana ham og’ir vazifa edi. Ammo Bobur o’g’li Humoyunga mushkul bir vazifani  meros qilib qoldirgan edi. Humoyun o’ta madaniyatli va ma’rifatli shaxs edi, ammo padari  buzrukvori singari harb kishisi emasdi. Uning yangi saltanati butun hududida tartibsizliklar  bo’lib turdi va nihoyat, 1540 yilda, Bobur o’limidan o’n yildan keyin Bihar viloyatining  Sherxon ismli afg’oniy hukmdori Humoyun ustidan g’alaba qozonib, uni Hindistondan quvib  chiqardi. Buyuk Mo’g’ullarning ikkinchi hukmdori darbadarga aylanib qoldi, yashirinib yurishga  hamda har xil muhtojliklarni boshdan kechirishga majbur bo’ldi. 1542 yil noyabr oyida ayni  quvg’inlik davrida xotini o’g’il tug’ib berdi. Rojastxon sahrosida dunyoga kelgan bu farzand  Akbar bo’lib yetilishi kerak edi.
Humoyun Eronga qochdi. Eron hukmdori Tahmaspshoh Humoyunga boshpana berdi. Shu  asnoda Sherxon Hindistonda oliy hokimiyatni qo’lga kiritib, Shershoh nomi bilan hukmronlik  qila boshladi. U qisqa bir muddat ichida ham g’oyat iqtidorli shaxs ekanini namoyon etadi. U  ajoyib tashkilotchi bo’lib, mamlakatni idora etishda faollik va uddaburonlik ko’rsatdi.
Jangu-jadal bilan band bo’lib, zamindorlarni soliqqa tortishning yangi tizimini joriy  qilish uchun vaqt topdi. U – qattiqqo’l, shafqatsiz qaraganda afg’oniy hukmdorlar ichida eng iste’dodlisi va mohiri, shubhasiz, Shershoh edi. Lekin, ko’pincha talantli mustabidlarga xos  bo’lgani kabi, u ham hukumati zimmasidagi beistisno barcha ishlarni yolg’iz o’zi hal etardiki, shu  boisdan ham uning o’limidan so’ng bino qilgan imorati quladi-qoldi.
Humoyun bu tanazzuldan foydalanib, lashkarlari bilan birga 1555 yilda Hindistonga  qaytdi. Omadi kelib, o’n olti yildan so’ng yana Dehli taxtini egalladi. Ammo hukmronligi  uzoqqa bormadi – yarim yildan so’ng zinadan yiqilib qazo qildi.
Shershoh maqbarasi bilan Humoyun maqbarasini taqqoslash – maroqli ish! Afg’oniy  podshoning qabri Bixar viloyatidagi Shohashromda Maqbarasi ham o’zi kabi ulug’vor va  salobatli. Humoyun – Dehlida dafn etilgan. Ikki toshmaqbaraga qarab 16-asrda saltanatga da’vogar bo’lmish bu ikki raqib to’g’risida mukammal tasavvur hosil etasan, kishi.
Akbar bu paytda endigina o’n uch yoshga kirgan edi. Bobosi kabi u ham taxtga erta  o’tirdi. Uning Bayramxon yoki Boboxon deb atalmish otalig’i bor edi. Lekin oradan to’rt yil  o’tar-o’tmas, o’zga kishilarning homiyligi-yu rahnamoligi Akbarning joniga tegib, mamlakatni  idora qilish ishini o’z qo’liga oladi.
Akbar qariyb ellik yil – 1556 yil boshidan to 1605 yil oxiriga qadar Hindistonni  boshqardi. Bu – Yevropada niderlandlar is’yon ko’targan, Shekspir yashagan davr edi.
Akbar nomi – Hindiston tarixida ulug’ nom va ba’zi bir jihatlari bilan Ashoka  nomini yodga soladi. Qiziq, Hindistonning eramizdan avvalgi uchinchi asrda yashagan buddoyi  podshosi va eramizning o’n oltinchi asrida yashagan Hindiston musulmon podshosi deyarli ayni  bir xil so’z-iboralarni ishlatishadi. Ehtimol, Hindistonning o’zi ikki buyuk farzandi tilida  so’zlashgandir. Ashoka to’g’risida o’zi toshga o’yib yozdirgan bitiklardangina ma’lumot olamiz, Akbar haqida esa ko’p ma’lumotlarga egamiz. Ikki saroy muarrixi u haqda batafsil yozib qoldirishgan, Akbar huzuriga kelib turgan ajnabiylar, unga nasroniylikni tiqishtirgan,  nezuitlar u to’g’rida talay xotiralar bitishgan.
Akbar – Bobur boshlab bergan sulolaning uchinchi hukmdori edi, hokimiyati harbiy  kuchga tayanardi. Ayni Akbar zamonida Mo’g’ullar sulolasi qaror topib, hindcha qiyofa kasb etdi. Xuddi Akbar davrida Buyuk Mo’g’ul iborasi Yevropada rasm bo’ldi.
Akbar – mustabid hukmdor, cheklanmagan hokimiyat sohibi bo’lgan o’sha davrlarda  Hindistonda hukmdorlarning hokimiyatini cheklashni aftidan xayollariga ham keltirishmagan. Ne baxtki, Akbar – dono mustabid bo’lib chiqdi, u hind xalqi manfaatlari yo’lida ko’p  kuch-g’ayrat sarfladi. Ma’lum bir ma’noda Akbarni hind millatchiligining otasi, deb  hisoblash mumkin. Mamlakatda milliy tuyg’u deyarli bo’lmagan, din esa ajralish-bo’linish omili  sanalgan zamonlarda Akbar umumhind milliy idealini dinning ajratuvchilik da’volaridan  ustun qo’ydi. Uning urinishlari to’la-tekis amalga oshmadi. Lekin shunisi hayratlanarki, u bu  borada ko’p narsalarga erisha oldi, barcha intilish-urinishlari unga zo’r yutuq keltirdi.
Ammo Akbarning muvaffaqiyatlari faqat o’zigagina bog’liq emasdi. Vaqti-soati kelib, qulay sharoit pishib-yetilmaguncha biron-bir inson katta-katta vazifalarni hal etishda yutuqqa  erisholmaydi. Ulug’ inson ko’pincha voqealar jarayonini tezlashtiradi va shu qulay sharoitni o’zi  yuzaga keltiradi. Biroq, buyuk zotlarning o’zi ham zamonining, unda hukmron shart-sharoitning  mahsulidir. Akbar ham o’sha davrdagi Hindiston mahsuli edi.
Avvalgi xatlarimdan birida senga hikoya qilib edimki, Hindistondagi ko’zga ko’rinmas  kuchlar taqdir bu mamlakatda birga uchrashtirgan ikki madaniyat va ikki dinning sintezini  yaratish ustida ko’p zahmat chekishgan. Senga me’morchilikdagi ikki uslub hamda Hindistondagi  tillar, ayniqsa urdu va Hindustoni tillarining rivojlanishi to’g’risida gapirib bergandim.
Shuningdek, Ramananda yoki Kabir yoxud Nanak kabi islohotchilar va din peshvolari to’g’risida  so’z yuritgandim, bular islom bilan hinduizmning umumiy xususiyatlarini ta’kidlab, ularga xos  udumlar-u marosimlarni tanqid qilib, shu dinlarni yaqinlashtirishga intilishgan edi. Mazkur  sintez ruhi mamlakatga yoyildi va nozik fahm va o’tkir zehn sohibi bo’lmish Akbar bu ruhni his  qilib unga munosabat bildirishi lozim ediki, Akbar ayni shu diniy sintezning eng yirik  namoyandasiga aylandi.
U endi davlat arbobi sifatida ham o’z kuch-salohiyati va millatning kuch-salohiyati  mazkur sintezga bog’liq, degan xulosa chiqarishi zarur edi. akbar juda mard jangchi va  iste’dodli sarkarda bo’lgan. Ashokadan farqli o’laroq, u hech qachon urush qilishdan voz  kechmagan. Lekin u mehr-muhabbat zafarini qilich keltirgan zafardan ustun qo’ygan, birinchisi  mustahkamroq ekanini yaxshi bilgan. Akbar asta-sekin Hinduizm asilzodalari-yu hinduixm   dinidagi ommaning ixlosini qozona boshlaydi. Akbar musulmon bo’lmagan kishilardan ziyoratchi  hindlardan undiriladigan jon solig’i – juz’yani bekor qildi. Rajput zodagon oilasida  tarbiya ko’rgan qizga uylanadi, keyinroq o’g’lini ham rajput qiziga uylantirdi va umuman bu  kabi aralash nikohlarni rag’batlantiradi. Asilzoda rajpudlarni saltanatidagi eng yuksak
lavozimlarga ko’taradi. Uning eng jasur sarkardalari, eng iqtidorli vazirlari hamda viloyat  hokimlari orasida ko’plari hinduizm diniga mansub edi. Roja Man Singx bir vaqt hatto Kobul  hokimi qilib tayinlangan edi. Akbar rajputlar va hinduizm diniga mansub kishilarning  ixlosini qozonish uchun shu qadar haddan oshdiki, hatto ayrim vaqtlarda o’z musulmon  fuqarolariga adolatsizlik ko’rsatdi. Lekin u baribir hindlarning ixlosiga erisha oldi.
Rajputlar uning xizmatiga, uning ziyoratiga to’da-to’da bo’lib kelishar edi. Mevarlik Roja  Pratan Singx bundan mustasno. Zo’r matonat sohibi Roja Pratan Akbar hukmronligini hatto  nomiga tan olishni ham rad qilardi. U jangda mag’lub bo’lgach, Akbar vassali sifatida beg’am,  shirin turmushdan ko’ra changalzorlarda xavf-xatarli hayot kechirishni afzal bilardi. Bu mag’rur  rajput butun umri mobaynida Dehlidagi shahanshohga qarshi kurashdi, uning oldida tiz  cho’kishni istamadi. Hayotining so’nggi damlarida ayrim yutuqlarga ham erishdi. Rojputanda bu  shavkatli rajput xotirasini avaylab saqlashadi, bu yerda uning haqida talay rivoyatlar ham  to’qishgan.
Shunday qilib, Akbar rajputlarni o’z tomoniga og’dirib, omma orasida zo’r shuhrat  orttirdi. U parslarga, shuningdek saroyiga kelib turadigan iezut missionerlariga sabr-toqat  bilan muomala qilardi. Ammo uning o’zgalarga bu sabru-toqati, ayrim islomiy marosimlarga  e’tiborsizligi musulmon zodagonlar orasidagi obro’yini tushirib yubordi va bular necha bor  Akbarga qarshi isyon ko’tarishdi.
Men yuqorida Akbarni Ashoka bilan solishtirdim, lekin bu qiyoslash senda yanglish  tasavvur hosil qilmasligi kerak. ko’p jihatdan Ashoka Akbarga o’xshamasdi. Akbar o’ta  shuhratparast edi va u umrining oxiriga borib, o’z saltanatini har qanday yo’llar bilan  kengaytirishga intilgan fotihga aylandi. Iezuitlarning so’zlariga qaraganda, Akbar “jo’shqin  va o’tkir aql sohibi bo’lib, fikri sog’lom, har bir ishda ehtiyotkor, avvalo xushmuomala,  saxovatpesha inson edi. Bu xislatlar unda buyuk ishlarni boshlash va oxiriga yetkazishga qodir  bo’lgan kishilarga xos mardlik bilan qo’shilib ketgan edi. U bilimga intiluvchan, g’oyat  qiziquvchan edi, harbiy ishlar-u siyosatda bilimdon bo’lib, ayni chog’da ko’pgina  kasb-hunarlardan xabardor ham edi. Shaxsan o’zini xafa qilgan kishilardan ham mehr-muruvvatini ayamasdi. Kamdan-kam vaziyatlardagina o’zini yo’qotar, bunday paytda g’azabidan quturar, ammo bu hol ko’p davom etmasdi”. Shuni unutmangki, mazkur ta’rifu-tavsiflar saroy a’yonining emas, balki begona yurtdan kelib, Akbarni zimdan kuzatish  imkoni bo’lgan ajnabiy fuqaroning qalamiga mansubdir.
Akbar – zo’r jismoniy kuch sohibi, tabiatan jo’shqin-faol inson, uning uchun vahshiy  hayvonlarni ov qilishdan ko’ra maroqliroq ermak yo’q edi. Jangchi sifatida dilovarligi ham  haddan ziyoda edi. Agradan Ollohobodga mashhur yurishi Akbarning benihoya kuch-g’ayratidan yorqin dalolat beradi, bu yurish to’qqiz kun davom etgan. Bir gal Gujaratda isyon boshlanadi,  shunda Akbar kam sonli qo’shini bilan Rajputan sahrosi orqali shu joyga shoshilinch  otlanadi-yu, 450 milya masofani bosib o’tadiki, bu ham jasorat edi.
Mazkur xislatlardan bo’lak buyuk zotlarga yana bir fazilat ato etilgan bo’ladi.  Aytishlaricha, ular odamlarni rom qiluvchi joziba sohibi hamdir. Akbarda bu kabi  jozibadorlik va dilbarlik bisyor edi. Iezuitlar mohirlik ilk tasvir etgan Akbarning  ko’zlari “quyosh nuri ostidagi dengiz monand yal-yal tovlanardi”.
Akbar butun Shimoliy Hindiston va hatto Janubni ham zabt etdi. Gujarat, Bangoliya, Orissa, Kashmir va Sindni o’z saltanatiga qo’shib oldi. Markaziy va Janubiy Hindistonda ham  zafar qozonib, o’lpon undirdi…
Akbar atrofiga ko’pgina iqtidorli yordamchilarni to’play oldi, bular unga sadoqat  bilan xizmat qildi. Ular orasida Fayzi va Abulfayz kabi birodarlar hamda behisob  hikoyatlar qahramoni Birbol asosiy rol o’ynardi. Todar Mal Akbarning moliya vaziri edi, ayni  shu vazir davlat soliqlarini undirish tizimini isloh qildi.
Roja Man Singx Jaypuriy Akbarning eng mohir sarkardalaridan bir edi. Akbar  saroyidagi boshqa bir mashhur kishi – ulug’ xonanda Tansen bo’lib, u hozirgi kunda Hindiston  hofizlarining muqaddas homiysi sanaladi.
Agra – Akbarning ilk poytaxti edi va u bu yerda zo’r istehkom qurdirdi. Keyinroq  Fotihpur-Sikri degan joyda, Agradan taqriban ellik milya narida yangi shahar bunyod etdi.
Akbar shahar uchun ayni shu yerni tanladi, chunki unda avliyo Shayx Salim Chishti yashab o’tgan edi. Mazkur joyda u g’aroyib bir shahar barpo qildiki, o’sha zamonda yashagan ingliz sayyohining dalolat berishicha, bu shahar “Londondan ancha katta”. Qariyb o’n besh yil mobaynida shahar Akbar saltanatining poytaxti edi. Keyinroq Akbar Lohurni o’z poytaxtiga aylantirdi.
“Janobi oliylari, — deb yozgandi Akbarning do’sti hamda vaziri Abulfazl, — ajoyib imoratlarning tarxini miyalarida pishitib, so’ng aql va qalb mehnatining hosilasini tosh va  loydan tiklar edilar”.
Fotihpur-Sikri, uning go’zal masjidi, g’aroyib Baland Darbozasi va boshqa ko’plab  ajoyib binolari hozirgacha saqlangan. Bu – tark etilgan shahar, unda endi hayot yo’q, biroq  ko’chalari-yu keng maydonlarida jonsiz saltanatning sharpalari kezib yurgandek. Hozirgi  bizning Ollohobod zaminini ham Akbar bunyod etgan, ammo bu joyning o’zi juda qadimgi  zamonlardayoq kishilar yashaydigan manzil bo’lib, Prayaga – “Ramayana” davrlaridayoq  gullab-yashnagan shahar edi. Ollohoboddagi qal’ani esa Akbar qurdirgan…
Akbar 1605 yil oktyabr oyida, oltmish to’rt yoshida, qariyb ellik yil hukmronlik  qilganidan so’ng vafot etdi. Agra yaqinidagi Sikandar manzilgohida qurilgan go’zal maqbaraga  dafn etilgan.

04HINDISTONDA BOBURIYLAR SALTANATINING
INQIROZI VA HALOKATI

05

Garchand Akbar Boburdan keyingi uchinchi hukmdor esa-da, u Hindistonda Mo’g’ullar  sulolasining asl asoschisi hisoblanadi. Xitoyda Xubilayxon asos solgan Yuanlar sulolasi  (xitoy sulolasiga aylangani kabi – tarj.) mo’g’ullar sulolasiga mansub hukmdorlar Akbardan  e’tiboran hind sulolasiga aylanadi. Akbar saltanatni birlashtirish bobida zo’r kuch-g’ayrat   sarflagani tufayli ham mazkur sulola Akbar o’limidan so’ng yana yuz yildan ko’proq davomida  hokimiyatni boshqardi.  Akbardan keyin navbat uch iste’dodli hukmdorga keldi, ammo ular buyuklardan  emasdi. Akbar vafot etishi bilanoq o’g’illari orasida toju-taxt uchun nojo’ya kurash avj oldi.
Saroyda fitnalar, meros uchun jangu-jadallar, farzandlarning – otalariga, birodarlarning – birodarlariga qarshi isyon-g’alayonlari, qarindosh-urug’larni qatl etishlar, ko’ziga mil  tortishlar, xullas-kalom, mustabidlik va mutlaq hokimiyatga xos barcha oqibatlar namoyon  bo’ldi.
Bu davrda Frantsiyada “oftob-qirol” Lyudovik XIV hukm surayotgan edi. U Versal  saroyini qurdirgan, ajoyib saroy a’yonlari uning xizmatida edi. Lekin “oftob-qirol”  saroyining hashamati Buyuk Mo’g’ullar hashamati oldida xira tortar edi. Ehtimol, o’sha zamonda  Buyuk Mo’g’ullar eng boy-badavlat hukmron bo’lgandir. Shunga qaramay, ba’zan ochlik, vabo va  boshqa kasalliklar son-sanoqsiz kishilarning yostig’ini quritar, ayni vaqtda podshoh saroyida  serhasham turmush o’sha zaylda davom etaverardi.
Akbar zamonidagi xilma-xil dinlar bilan murosasozlik siyosati uning o’g’li Jahongir  hukm surgan vaqtda ham joriy edi, ammo uning izlari asta-sekin yo’qola bordi, ba’zi joylarda  nasroniylar va Hinduizmga mansub kishilar hatto ta’qib eta boshlandi. Keyinroq, Avrangzeb davrlarida hinduizm vakillari ochiqdan-ochiq quvg’in qilindi, ehromlari vayron etildi, manfur jon solig’i juz’ya yana amalda bo’ldi. Shu tariqa Akbar zo’r mehnat-mashaqqat bilan  qurgan saltanat zamini bir-bir zil ketib, silkinib-tebranib turdi-da, so’ng birdan qulab  tushdi.
Akbar o’rnini rajput xotinidan bo’lgan o’g’li Jahongir egalladi. U ma’lum darajada  otasining an’analarini davom ettirdi, ammo mamlakatni idora etish masalalaridan ko’ra u  san’at va rassomlik, bog’laru-gulzorlar yaratish bilan ko’proq qiziqardi. Jahongirning ajoyib  nigorxonasi bor edi. U har yili Kashmirga tashrif buyurardi, taxminimcha, Srinargardagi  Shalomirbog’ va Nishotbog’ kabilarni Jahongir bunyod etgan. Jahongirning xotinlaridan biri – Nurjahon ismli sohibjamol, taxt ortida turgan haqiqiy qudrat sohibasi edi. Jahongir   hukmronligi davrida g’aroyib bino qurildi, E’timod-ud-davla maqbarasi ham shu yerda. Har gal  Agraga borganimda shu me’morchilik durdonasini tomosha qilib, benihoya go’zalligidan  lazzatlanaman.
Jahongirdan keyin taxtga o’g’li Shoh Jahon o’ltirdi va o’ttiz yil (1627-1658 yillar)  hukmronlik qildi. U Frantsiya qiroli Lyudovik XIV zamondoshi bo’lgan. Shoh Jahon davrida  Buyuk Mo’g’ullar kuch-qudrat cho’qqisiga erishdi va ayni zamonda tanazzulning ilk alomatlari ham  namoyon bo’la boshladi. Podsho uchun mashhur Tovusli taxt ishlanib, nodir toshlar ila bezatildi.
Keyin Jamna daryosi qirg’og’ida, Agrada go’zallik orzusining timsoli bo’lmish Tojmahal bunyod etildi. O’zing ham bilsang kerak, Tojmahal – Shoh Jahonning suyukli xotini Mumtozmahal maqbarasidir.
Shoh Jahon shunday bir ko’p ishlarga qo’l urdiki, ular na hurmat-izzat va na  obro’-e’tibor keltirdi. U din masalalarida murosasiz edi, garchi Dekan va Gujaratda dahshatli  ochlik avjiga mingan bo’lsa-da, ular qismatini yengillashtirish uchun hech bir tadbir ko’rmadi.
Shoh Jahon saroyining boyligu-hashamati bilan xalqining qashshoqligi va kulfati orasidagi  keskin farq – nafrat uyg’otadi. Lekin, har holda Shoh Jahon meros qoldirgan, tosh va  marmarda mujassam bo’lgan go’zallik mo»jizasi uchun uning ko’p qilmishlarini, ehtimol,  kechirish mumkindir. Shoh Jahon zamonida Mo’g’ullar me’morchiligi yuksak darajaga erishdi.
Tojmahaldan tashqari u Agrada Moti-Masjid – Inju-qal’ani, Dehlida Jome’ masjidini, Agradagi saroyda Devoni-om va Devoni-xosni qurdirdi. Mana shu barcha inshootlar g’oyat  ko’rkamligi bilan ajralib turadi, ba’zi birlari – juda mahobatli qilib qurilgan esa-da,  nozik, nafis va ertaklardagidek go’zaldir.
Biroq mana shu afsonaviy chiroy ortidan qashshoqlikdan ezilgan xalq yashar, garchi  juda ko’plarida loy kulba ham bo’lmasa-da, o’sha saroylar uning puliga bunyod etilgandi. Mamlakatda behad mustabidlik hukm surar, kimda-kim podsho, uning noiblari va  ma’murlarining noroziligiga sabab bo’lsa, juda qattiq jazolanar edi. Akbarning  mehr-muruvvati, sabr-toqati, namunaviy idora usuli o’tmishga aylangan edi. Ola-g’ovur  zamonlar boshlanmoqda edi.
Keyin Buyuk Mo’g’ullarning so’nggi namoyandasi Avrangzeb taxtga o’ltirdi. U ishni qari  otasini qamoqqa tashlashdan boshladi. U 1659 yildan to 1707 yilgacha, qirq sakkiz yil  hukmronlik qildi. U bobosi kabi san’at va adabiyot muxlisi, padari singari me’morchilik  ishqibozi emasdi. U o’z dinidan boshqa har qanday dinga murosasiz nazar bilan qaraydigan  bag’ritosh, mutaassib odam edi. Saroy butun hashamatini saqlab qolgan. Avrangzebning o’zi esa  oddiy turmush kechirib, zohidlikka moyil edi. U hinduizm dini izdoshlarini zimdan  quvdi-quvdi qila boshladi, dinlarning murosasozligi va sinteziga erishishiga qaratilgan
Akbar siyosiy yo’lidan voz kechdi va shu ishi bilan o’sha vaqtga qadar saltanat tayanchi bo’lib  kelgan negizlarni qo’pordi. Avrangzeb hindlardan yana juzya solig’i undira boshladi, imkon  qadar hindlarni davlat lavozimlaridan bo’shatdi, Akbar zamonidan buyon sulolani  qo’llab-quvvatlashda davom etgan rajput zodagonlarini shunday haqorat qildiki, oqibatda  rajputlar bilan urush chiqishiga sabab bo’ldi. Avrangzeb hindlarning minglab ehromlarini  buzdirdi, ko’plab qadimgi, go’zal inshootlarini kultepaga aylantirdi. Ayni vaqtda saltanati  janub tomon kengaya boshladi: Bijapur va Xolkonda uning tasarrufiga o’tdi, u janubdagi uzoq  viloyatlardan ham soliq undirardi. Saltanat zaminlari esa silkinib, borgan sari yemirilib  hamma yerda dushmanlar paydo bo’ldi. Hindlarning juzya solig’iga qarshi Avrangzebga yo’llangan  arznomalardan birida mazkur soliq “adolatga ziddir, yaxshi siyosatga ham xuddi shunday  qarshidir, chunki mamlakatning qashshoqlanishiga sabab bo’ladi, ustiga-ustak bu yangi tadbir  Hindiston qonunlarini buzish, demakdir”, deb yozilgan edi. Saltanatda hukm surgan sharoit  to’g’risida arznomada: “Janobi oliylari hukmronligi zamonida ko’plar (viloyatlar-tahririyat)  saltanatdan ajralib chiqdi, hududlarning bundan buyon ham qo’ldan ketishi muqarrar, chunki  hamma yerda behad vayronagarchilik va talonchilik hukm surmoqda. Sizning fuqarolaringizni  oyoqosti qilishmoqda, saltanatingiz viloyatlarining hammasi qashshoqlashib, huvillab qoldi,  mushkulliklar tobora avj olmoqda”, deb bitilgandi.
Ayni shu umumiy nochor ahvol Hindistonda keyinchalik taxminan ellik yil mobaynida  sodir bo’lgan zo’r o’zgarishlarning debochasi edi. Avrangzeb o’limidan so’ng buyuk saltanatning  to’satdan boshdan-oyoq yemirilishi mana shunday o’zgarishlar sirasiga kirar edi. Keng miqyosdagi  o’zgarishlar va harakatlar zamirida deyarli hamma vaqt iqtisodiy sabablar yashiringan bo’ladi.
Yevropa va Xitoydagi buyuk saltanatlarning qulashidan avval va u bilan bir vaqtda iqtisodiy vayrongarlik hamda inqilobiy harakatlar sodir bo’lgan edi.
Deyarli barcha saltanatlar singari Mo’g’ullar saltanati ham o’z ichki zaifligi tufayli  qulagan edi. Saltanat tom ma’noda bo’lak-bo’laklarga ajralib ketdi. Ammo mazkur jarayonga  yangi bir hodisa, ya’ni hindlarning ongli qarshilik harakati madad bergan ediki, u Avrangzeb  yuritgan siyosat tufayli yuzaga kelgan edi. Lekin bu o’ziga xos diniy millatchilikning  ildizlari Avrangzeb hukmronligi davridan ham avvalgi davrlarga borib taqaladiki, ehtimol, mazkur hukmronlik ashaddiy va murosasiz tus olishiga xuddi mana shu harakatlar sabab  bo’lgandir. Maratxlar va singxlar hind uyg’onishining peshqadami edi va ayni shular  pirovardida Mo’g’ullar saltanatini qulatdi.
Ammo ularga mazkur boy merosdan foydalanish nasib bo’lmadi. Inglizlar zimdan,ustalik bilan o’yinga qo’shilib, boshqalar o’ljani qo’lga kiritish uchun o’zaro kurashayotgan bir
paytda, unga ega chiqib oldi…
Mo’g’ullar dengizni xush ko’rmas va dengiz davlatlari qarshisida zaif-notavon edi… Mo’g’ullar saltanati qulashining sabablaridan biri – ularning dengizlardagi ojizligida, deb hisoblashadi. Ha, dengiz davlatlarining zamonasi kelgan edi…
1662 yilda Angliya qiroli Karl II Portugaliya malikasi Yekaterina Bragansaga  uylanadi va sep tariqasida Bombay orolini tasarrufiga oladi. Bu voqea Avrangzeb davrida sodir bo’lgandi.
Portugallarni (sharqdagi dengizlardan – tarj.) quvib, juda g’ururlanib ketgan “Ost-Indiya” kompaniyasi Mo’g’ullar saltanati zaiflashdi, deb hisoblab, 1685 yilda harbiy kuch yordamida Hindistondagi hududlarini kengaytirishga urindi. Ammo bu harakat kompaniya uchun  ayanchli talafot bilan yakunlandi. Harbiy kemalar Angliyadan Hindistonga dovur butun yo’lni bosib o’tib, ayni vaqtning o’zida sharqda – Bangoliyada va g’arbda – Suratda Avrangzeb mulkiga hujum qilishadi. Ammo mo’g’ullar ularni qaqshatqich darajada mag’lub qilish uchun yetarli kuchga  ega edi. Inglizlar yaxshigina saboq olib, bundan keyin juda ehtiyotroq ish ko’radigan bo’lishdi…
Qariyb to’qson yil yashagan Avrangzeb qarib-churib, 1707 yilda vafot etdi. U meros qilib qoldirgan ulug’vor mukofot, ya’ni Hindiston uchun kurash maydoni ochildi. Mazkur kurash  ishtirokchilari orasida Avrangzebning noshud avlodlari va ba’zi bir yirik noiblari, maratxlar va singxlar, g’arbi-shimoliy chegaralar ortidan Hindistonga tikilgan ochko’zlar, shuningdek dengizchi millatlardan – inglizlar bilan frantsuzlar bor edi…

XDK

(Tashriflar: umumiy 2 855, bugungi 1)

Izoh qoldiring