Tomas Vulf. Yolg’izlik anatomiyasi

033    Менинг ҳаётим бошқаларникига қараганда кўпроқ ёлғизлик ва саргардонлик ичида ўтган. Нега шундай бўлди – буни айтиш қийин, аммо шундай бўлди – тамом вассалом. Ўн беш ёшимдан бери, орадаги бир муддатлик танаффусни ҳисобга олмаса, мен ёлғиз яшаб келмоқдаман. Менимча, бу ҳозирги замон кишиси учун унчалик ноодатий ҳол эмас. Таркидунёчиликда кечаётган ҳаётимнинг ҳисоби йўқ – бу зоҳидоналикнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари чексиз, чегарасиздир.

ТОМАС ВУЛФ
Ёлғизлик анатомияси
044

I

065Менинг ҳаётим бошқаларникига қараганда кўпроқ ёлғизлик ва саргардонлик ичида ўтган. Нега шундай бўлди – буни айтиш қийин, аммо шундай бўлди – тамом вассалом. Ўн беш ёшимдан бери, орадаги бир муддатлик танаффусни ҳисобга олмаса, мен ёлғиз яшаб келмоқдаман. Менимча, бу ҳозирги замон кишиси учун унчалик ноодатий ҳол эмас. Таркидунёчиликда кечаётган ҳаётимнинг ҳисоби йўқ – бу зоҳидоналикнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари чексиз, чегарасиздир.

Ўзим бошдан кечирган ёлғизлик тажрибаси ҳақида ёзишга қарор қилар эканман, бу албатта фақат уни бошқалардан кўра яхшироқ тушунаман деган ўйдан эмас. Ёлғизлик баъзи одамлар учунгина хос бўлган алоҳида ҳодиса эмас, балки у борлиқнинг асосий, муқаррар воқелигидир. Мен айнан мана шу ҳақида ёзмоқчиман.

Ҳаётнинг турли вазиятларини – фақат шон-шуҳратга бурканган шавкатли шоирлар шон-у шуҳратини эмас, содда қалбларнинг улкан бахтсизлигини, кўчадаги одамларнинг нафрат тўлиб тошган минғир-минғири, ҳақоратли койинишларини, бадгумон қиёфасини кузата туриб, биз ҳаммамиз ёлғизликдан азоб чекишимизни англайман. Ёлғизлик жамики изтиробимизнинг ягона манбаси. Мендаги ёлғизлик ҳисси моҳиятан бошқаларникидан кўп фарқланмаса-да, у менда ўта қақшатқич кечгани билан ажралиб туради. Демак, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан, шундай экан бизнинг асосий оғриғимиз, азобимиз ҳақида ёзишга энг ҳақли одамман деб биляпман ўзимни. Тўғри, бу такаббурлик ёки манманлик бўлиб кўриниши мумкин. Лекин бундай шубҳага боришдан олдин ўйлаб кўринг: узоқ вақт ёлғиз яшаган одам такаббур бўлса, ақлга тўғри келадими?! Бунинг устига, шуҳратпарастлик ва манманликни енгишнинг энг яхши йўли – ёлғизлик. Аслида биз – ёлғизлар ўз-ўзига бўлган шубҳанинг қурбонларимиз. Мутассил танҳоликда яшаш норасолигидан уялиш ҳиссини туғдиради, хавотирнинг шиддатига дош бериб бўлмайдиган тошқини мудом устингга ёприлиб келаверади, қаровсизлигинг, эътибордан олислигинг саломатлигингни емириб, ўзингга бўлган ишончни яксон этади.

Одам ёлғиз яшай олиши учун дилида руҳонийнинг комил эътиқоди янглиғ Худога астойдил ишончи бўлиши лозим. Кўнглида шундай ишончи бўлмаган одамга ёлғизлик лаҳзаларини яшаб ўтиш ниҳоятда оғир. Мен бу даҳшатни ўз бошимдан кечирганим учун айтяпман. Шундай дақиқаларда бирорта тасодифий сўз, одатий воқеа ҳам ҳам шаштимни сусайтириб, қўлимни фалажлар; юрагим тараша қотгандек даҳшатдан сиқилиб, заифликдан ларзага келадиган кулранг титроғ билан тўларди ичим. Исталган нарса – ҳамма нарса ёки ҳеч нарса ҳам – масалан ёруғликдаги оддий бир соя ёхуд август кунларидаги қаттиқ жазирама, Бруклин кўчаларида ўрмалаб юрган ночор аянч ва яланғоч мажруҳлик кўнглимни изтиробга солар, тасаввурда ўтмишнинг доим такрорланадиган манзаралари пайдо бўлиб, ном-нишонсиз тақдир ҳақида чидаб бўлмас азоб уйғотарди. Баъзида эса борлиқнинг кўримсиз реаллиги олдидаги қўрқув, автотураргоҳ майдонларининг ғариб кимсасизлиги, заминга ғазаб билан улоқтириб юборилган инсоннинг мақсадсиз ва сарсон кезишлари, бирор танбеҳ ё дакки, ҳатто машиналарнинг ўқдай визиллаб ўтиши ҳам юракдаги ожизлик ҳиссини зўрайтириб юборишга туртки бўларди. Ҳатто бирор сўз, бирор нигоҳ, бирор ишора бу азобни бошдан кечиришга сабаб бўлиши мумкин. Парк-авенюдаги хушбичим, каландимоғ жаноб сени бармоғи билан нуқиб кўрсатар экан, гўё “Сен ҳечкимсан” дегандек бўлади, обрўли журналдаги истеҳзога тўла фикр-мулоҳазалар ҳам оғриқ қўзғайди. Таниш аёл мактубида нотавон ва нокераклигинг, ёзишдан чиқиб қолганинг битилади, бундан ўзингни ҳеч нарсага арзимас, чорасиз, ҳис-туйғудан маҳрум, эришганлари ҳам саробга айланган одамдек ҳис этасан – қолганлар эса ҳар борада сендан тўкису, бекаму кўст.

Баъзан бу оғриқ вақтида қондирилмаган, энди ғазабга айланган истакларнинг кўнгилда уйғотган мубҳам, эзғин кайфияти таъсирида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Кембрижда кечган қисқа қиш кунлари, якшанбаларда бўладиган қизғин суҳбатлар ва ўша суҳбатларнинг бирида менинг барча болалик орзуларим пучлигини айтишгани, бундан томирларимдаги навқирон жўшқинлик лаҳзага музлаб, юзимда ожизликнинг бетаскин изтироби март кунининг сўнаётган ёғдуси билан акслангани ҳақидаги ногаҳоний хотира ҳам ёлғизликда жуда хавфлидир. Ўтган кунларнинг қиёфаси, об-ҳавоси, манман кимсаларнинг мазахона сўзларини ёдга туширадиган хотиралар ўлган нур янглиғ кунларимни қоронғулаштириб, мен қачондир ўзим кашф этган ва чиппа-чин ишонган ҳақиқатларимни чилпарчин қилиб ташларди. Бундай дақиқаларда фақат ўз ҳиссиётларинггина ҳақиқатлиги, оламда бошқа мутлақ ҳақиқатнинг ўзи йўқлиги, Ер юзи қалби ёпиқ, пушти куйган тирик мурдалар маконилиги ва бу манзаранинг сўнаётган март шоми остида, нурсиз якшанбаларда мангу такрорланишини тушуниб етасан.

Ёлғиз кимсанинг қалби ҳамиша оғир шубҳа-гумонлар, тушкунлик ва саросима исканжасида ўртанади, у эса нигоҳи ва ақлидан яширин қутулиш йўлини тополмай овворайи сарсон бўлади. На партия уни қўллаб ёрдам бера олади, на дин юпата олади, умуман англаган ҳақиқатларидан бўлак бирор эътиқоднинг ўзи қолмайди. Сабаби эътиқод таянчсиз ва таскинсиз қолдирганча уни тез-тез тарк этиб, руҳини ларзага келтиради, ҳолдан тойдиради. Шунда ҳаёт йўқлик аро йўқлик томон ҳаракатланиш эканини туяди; ҳақир ва хароблиги, маҳкумлигига иймон келтиради – унга умидлар ваъда қиладиган халоскор тонг энди ҳеч қачон отмайди.

Ёлғиз одам вақтнинг улкан оқимлари ичидан оқиб ўтаётганини сезиб туради. Тўрт тарафида эса ёлғизликнинг совуқ, соқов девори. Бу деворнинг зилдай босими елкаларини эзади. У ёлғизликнинг шу тўрт девори ичида ҳибс этилган… ҳеч қаёққа қочиб кетолмайди. Йўқотилган беҳисоб кунлар ва унутилган юзлаб чеҳралар ёдини яна қайта уйғотадиган хотиранинг хавфли ўсмаси ичини еб битиради. Вақт эса ботинидан дарё янглиғ оқиб ўтаверади, у бўлса каталакдек хонасида мутассил ниманидир кутади… кутаверади… Узоқларда гувиллаётган ҳаётнинг бўғиқ овозини, ғовурларини тинглайди; тинглай туриб тушунадики, тақдир уни унитиб қўйган, қувват тарк этган, ҳаёти эса аллақачон соп бўлган. Қисмат бу кимсани ёлғизлик бағрига мангуга сургун этган. Ўз ёлғизлигининг ҳибсида ўтиравериб, ношуд одамдек ақли гангиган, силлайи мадори қуриган, бор имконлар ҳам аллақачон бой берилган.

Шундай маҳзун кунларнинг бирида унда яна ўз-ўзидан, ҳеч қандай сабабсиз ҳаётга ишонч ва эътиқод пайдо бўлади, томирларида жўшқинлик мавж уради. Бу ҳислар енгиб бўлмас қудрат билан қуйилиб келади, дераза ойнасидан ёприлиб кириб, дунёсини сўнмас нур билан ёритади. Хотиржамлик, уйғунлик ҳислари уйғониб, кўнгли яна ғолибона ташналик билан ижод сари талпинади. Унинг аввалги ишончи боз ҳамроҳига айланади: аввал нимани билган бўлса, ҳозир ҳам билади, у қандай мавжуд бўлган бўлса, ҳозир ҳам шундайлигича…

Енди у ўз ҳақиқати ҳақида сўзлайди; майли, бутун дунё оғзини ёпмоқчи бўлиб, “ёлғон айтяпсан” десин – барибир ўз ҳақиқатини ишонч билан сўзлайверади. Мустаҳкам ишончнинг тантанавор дақиқаларида шуни эътироф этишим керакки, мен Ёлғизликни дунёдаги ҳар қандай одамдан кўра яхши биламан ва теран ҳис этаман. Уни менинг туғишган жигарим деб атамоққа ҳаққим бор, ахир ҳақиқатда шундайку!!!

Ёлғизликнинг асл қиёфасини шу қадар тиниқ тасвирлашга аҳд қилганманки, токи ёзганимни ўқиганлар Ёлғизликка дуч келганда, уни дарров таниб олсинлар.

II

Инсон ёлғизлиги ҳақидаги энг фожевий ва ёрқин таърифни мен Иов китобларида ва фалсафий руҳдаги экклезиаст (1) хутбасида ўқиганман. Шу ўринда теран бир ҳикматга эътибор қаратмоқчиман. Тўғри, бу ҳикмат бошқаларга ёлғиз қолган ғамгин болакай ва борлиқнинг фожевий моҳияти орасида ҳеч қандай мувофиқлик йўқлиги каби зиддиятли туйилиши мумкин. Китобдаги ҳикматга илк марта дуч келганимда ўзимни йўқотиб, дилгир бўлиб юрганман. Унинг исботи нақадар асосли бўлмасин, одамни шубҳага соларди. Ҳикматнинг ўзи эса қоядай мустаҳкамки, унга ҳеч қандай путур ва инкор заҳа етказолмайди. Ҳикматдаги ҳақиқат менинг ҳаётий қарашларимдан қатъий ўрин олган. Мана ўша ҳикматнинг ўзи: ёлғиз одам – аслида трагик одам. У ҳамиша, ҳеч оғишмай, вафодорларча ҳаётни севган, хурсанчиликни севган одамдир. Бундай даъво асло мантиққа зид эмас, зеро, бир шартнинг мавжудлиги яна бир бошқа шартнинг ҳам мавжудлигини тақозо этади.

[1] Иов китоби ва Экклезиаст хутбаси яҳудийликнинг қадимги муқаддас китоби саналувчи Танахнинг учинчи қисми – Ктувим таркибига киради. Ктувим фалсафий ва ахлоқий-маънавий қарашлар баёнига бағишлангани билан Китобнинг бошқа қисмларидан алоҳида ажралиб туради

Инсон трагедиясининг моҳияти театр қонунларига хос бўлган конфликтларда эмас, ёлғизликда жамлангандир. Аниқ биламанки, буюк трагик ёзувчилар (мен трагедия ёзувчилари ҳақида гапирмаяпман. Кўп халқларнинг пешанасига битмаган – жумладан, франсузлар ва римликларга ҳам насиб этмаган (Вергилий ва Расин бор-йўғи трагедиянинг улуғ усталари, холос) – трагик ёзувчилар хусусида сўзлаяпман. Мисол учун: Иов, Софокл, Данте, Милтон, Свифт, Достоевский) доимо ёлғиз бўлган, улар ҳаётсевар ва бахт қадрини чуқур ҳис қиладиганлардан эди. Шодликнинг ҳақиқий маъноси ва қийматини фақат улуғ трагик ёзувчиларнинг ижодидагина кўриш мумкин. Бошқа манбаларда унинг ҳақиқий ва самимий тасвирини топиш душвор. Исбот сифатида ишончли бир далил келтиришни хоҳлардим.

Болалигимда Иов китобларидаги ҳар қандай фикр мендаги ассотсиатив хотирани уйғотиб юборар, хотирамга нажотсиз ва маъюс туйғуларнинг, ҳодисаларнинг улкан оқимини бошлаб келарди. Бошқаларда ҳам шундай ҳол бўлганига иймоним комил. “Иовнинг тасаллиси”, “Иовнинг матонати”, “Иовнинг мусибати” даги иборалар бизнинг ҳаётимизга шу қадар чуқур сингган эдики, адоқсиз мусибатни бошдан кечираётган, изтиробини узоқ вақт жим ичига ютган одамлар ҳақида гап кетса, беихтиёр ўша иборалар ёдга келарди. Бир-бирини етаклаб келувчи бу хаёллар хотирамда устма-уст тахланиб, кўз олдимда Иов китобларининг қайғули, дилни ғашлайдиган манзарасини пайдо қилади. Бироқ кимки бу китобларни тажрибаси ошиб, ақли расолашган пайтда ўқиса, болаликда англаганидан кўра кўпроқ, тўғрироқ тасаввурга эришади.

Иов Китоблари фақат хазин оҳанг, қоп-қора рангдангина иборат эмас. У буюк поезиянинг ғоят баркамол, ўта ҳиссий ва ёрқин намунаси эканидан ташқари, кўнгилда мангу ғамларнинг дилтортар куйини уйғотиши билан ҳам қадрлидир. Мангу ғамларнинг хазин мусиқаси мангу қувончларнинг кўтаринки куйи бўлиб мавжланади. Бу фикрда ҳеч қандай китобийлик ё нотабиийлик йўқ, аксинча ҳаққонийлик ва муқарралик мавжуд. Ўлим ва ёлғизлик ҳисси, мудом зўрайиб борувчи оғриқ, руҳий қийноқларнинг оғир юки инсон учун аслида гўзал ва фожели, ниҳоятда қадрли бир Севинчдир. Гўзаллик лаҳзалардагина содир бўладиган ғанимат ҳодиса. У сеники бўлган онларнинг умри ниҳоятда қисқа, бир умр ёнингда олиб қололмайсан. Йўқотишлар алами етаклаб келган гўзалликнинг аччиқ завққа қоришган, фожеанинг салобати билан оғирлашган лаҳзаларида асл трагик шоир Қувонч қўшиғини ижод этади. Гўзалликни ўзинг билан мангу олиб қололмасангда, гўзалликдан яралган бу қўшиқни мангу асрашинг мумкин. Қувонч қўшиғИ кўтаринки эмас, аксинча, маъюсдир. Чунки бахт дегани унга эга чиққан лаҳзангданоқ тугайди. Бироқ ўткинчи бахт айнан уни барбод қилувчи таъсирдан гўзаллик ва улуғворлик яратади – шоирга унинг азизлиги ҳам мана шунда.

Трагик шоир асл севинч ғамдан, ёлғизликдан кўрк олишини яхши тушунади, оғриқ қанча тахир бўлса, қувончнинг юзи ҳам шунча чароғон. Кўнгилдаги севинч ё масрурлик ҳисси ҳамиша ўлим муқаррарлиги, ўлим зулмати билан бирга яшайди. Бахт ҳам фонийлик ва ҳечлик туйғуси билан қоришган. Шу сабаб Иов каби трагик шоир ижод этган ғам куйи алал-оқибат бахт қўшиғи бўлиб жаранглайверади. Бу қўшиқ бошқа қўшиқлардан кўра дилбар ва хазин, машъум ва гўзалдир.

Сенми арғумоққа куч берган?
Сенми бўйнини бўрон билан белаган?
Сенми уни чигиткадай сакратган,
даҳшат билан бурнини пишқиртирган?

Адир аро туёқлари ер тепади шиддаткор,
Вужуддаги куч-қувватдан роҳатланиб, шодланиб,
Ҳали қўрқув нималигин билмасдан,
Ҳали қилич зарбларига беписанд,
Жанггоҳ сари шиддат ила талпинар.

Қаршисида шақиллайди ўқдонлар,
Ялтиллайди қалқон ила найзалар.
Жанггоҳ аро кўтарилган тупроқни
Ичга ютар ғазабу шиддат билан.
Жангсурнайлар саси аро,
Лашкарбоши  ҳайқириғи,
Қўшин  урҳоси аро
Шиддат билан баттар олға талпинар… (Хуршид Даврон таржимаси)

Бу қувонч ҳам шавқ билан тўлиб тошган, ҳам юракни ўртайдиган қувончдир. У ўзида шикастанафас, мўмин одамнинг улкан борлиқ олдидаги тавозесини, ҳайрат ва қўрқувини ифода этади. Даҳшатли ингроқ ўша тақводор одамнинг лабларидан сирқираб чиқар экан, биз ҳозир ўқиган сатрларга айланади. Шеърни қироат қилар эканмиз, ичимизда яккаш ва ғалат, ёввойи ва мотамзада севинчни ҳис этамиз. Бу севинч ўлимга ўхшаб кетади. Бироқ у Теокрит ва Херрик каби буюк шоирлар куйлаган севинчдан кўра баландроқ ва нафисроқдир.

III

Иов Китоблари, шунингдек, Экклезиаст хутбаси – ҳар бири ўз ҳолича инсоният ёлғизлиги тарихининг улуғ ёдгорлиги сифатида намоён бўлади. Умуман, эски Аҳднинг барча китоблари инсон ёлғизлиги татқиқ этилган теран ва мукаммал асарлар тажассумидир. Уларда ёлғизлик тушунчаси деярли бир хил таъриф этилади. Ушбу муқаддас китоблар, шунингдек, диний қасидалар, муножатлар, ашъор ва кароматлар, солномалар қатидаги ранг-баранг ва шахсий кечинмалар ҳар бири ўз ҳолича ёлғиз қалбнинг турли асрорларини кашф этади. Кашф этилган асрорларнинг бирикувидан ёлғизликнинг умумий полотноси пайдо бўлади.

Қадимги Аҳдда ифодаланган ёлғизлик ғоясининг қамрови жуда кенг. Бу қамров моҳиятини Янги Аҳднни ўқигач, янада кўпроқ тушуниш мумкин. Эски Аҳд борлиқ ёлғизлигининг солномаси бўлса, Янги Аҳд ҳаётга муҳаббат хабари бўлиб аксланади. Мана қаранг, Исо минг марта, минг хил услуб билан фақат бир гапни такрорлайди : “Мен – ўз Отамнинг ўғлиман, сизнинг барчангиз – биродарларимсиз!” Бундай биродарлик ер юзини бир оилага айлантиради, барча одамлар – яратганнинг болаларидир, демакдир бу. Ушбу даъватда инсонларга нисбатан муҳаббат яширин.

Исонинг бош мақсади – ёлғизлик дунёсини таг-туги билан барбод қилиш, инсонлараро уйғунликка эришиш бўлиб, уйғунликнинг асоси муҳаббат бўлиши керак эди. Исо “Фақирлар масъуддирлар, зеро уларга рахмат бор”, “Кўзи ёшлилар масъуддирлар, зеро уларга хурсандчилик бор”, “Марҳаматлилар масъуддирлар, зеро уларга авф бор” деганида азоб тортишни, тавозе ва шафқат кўрсатишни олқишлашни эмас, олийҳиммат кимсаларга мукофот борлиги ҳақидаги хабарни етказишни ният қилган. Мазкур йўналиш Исо таълимотининг асосидир. Чуқурроқ разм солсак, бу таълимот моҳияти ёлги`злик дунёси исталган дақиқада муҳаббат дунёси устидан ғалаба қилиши мумкинлигини назарда тутади. Танҳоликда кечган сўннги йилларимда мен Исо пандларини ва уларнинг нозил бўлиши сабабларини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Илинжим – улар орқали ўзимга ҳаётий йўл, ибрат, маслак топиш эди. Шубҳасиз, мен тақводорлик важидан, ё вақт ўтказишу, гуноҳларимга тавба қилиш, самовий марҳаматга эришиш учун такрор-такрор ўқиганим йўқ. Мен Исо пандларига ҳам бошқаларни қандай ўқисам – масалан, Гомер, Жон Донн, Уолт Уитмен ёки экклезиаст муаллифини – худди шундай ёндашдим. Тирғалмасдан, енгил ўқиб чиқдим. Бироқ улардан мен топган маъно унчалик ҳам чуқур эмас; ваъзлардаги моҳият, назаримда, бачкана, ўта жўн эди. Шаксиз, мендаги тасаввур миллионлаб одамларнинг бу ҳақдаги тасаввуридан фарқ қилмайди. Қолаверса, нимани кўрган, қандай ҳис қилган бўлсам, шуни тасвирлаяпманки, бунда ҳеч қандай қўшиб-чатиш ё муболаға мавжуд эмас.

Исо ҳаётининг моҳияти меникидан кўп карра аъло эканини англаган ҳолда айтишим керакки, мен унга эргашолмайман. Ёлғиз одам ҳамиша ном-нишонсиз, умидсиз, руҳан хароб; бу оламнинг яширин атоми кабидир – худди Иов, Everyman (2), Свифтдай. Мен ёлғиз одамни шундай тасаввур этаман ва шундай англайман. Исо муҳаббат таълимоти асосчиси бўлсада, биламанки, у ҳам худди биздай ёлғиз бўлган. Мен бу билан у биродарлик ва севги ғоясини олға суриб хато қилган демоқчи эмасман, у бутун умр ёлғизликда яшагани ва ёлғизликда ҳалок бўлганини айтмоқчиман. Миллионлаб одамлар унга мухлислик даъво қилса-да, барибир, таълимотига эргаша олишмайди. Мен ҳам Исонинг йўлини ўзимники деб қабул қилолмайман. Зеро, ҳаётнинг моҳияти муҳаббатда эмас, ёлғизликдадир. Ахир муҳаббат ўз мазмуни бўйича биз яшаётган дунё иқлимига мос тушмайди. У бир ноёб ва нозик гул. Гоҳ-гоҳ гул ифори бизни сармаст қилиб, умидимизни руҳлантиради, ёлғизликнинг қалин ва қора деворидан тирқиш ясаб, тор хонамизга бостириб кирадида, биродарона кайфиятга, якдиликка чорлайди. Гоҳида эса муҳаббатдан топганинг фақат озор ва азоб, оғриқ ва завол бўлади. Муҳаббат кўнгилни чилпарчин қилиб, охир-оқибат савдойига айлантириши ҳам ҳеч гапмас. Муҳаббат нима учун қалбимизга ташриф буюрмоқда – ҳаёт ё ўлим учунми, бахт ё бахтсизлик учунми? ; нимани инъом этади – музаффарият ё маҳрумиятними – афсуски, ер юзидаги инсонларнинг ҳеч бири буни олдиндан айтиб беролмайди. Бироқ бир нарса аниқ: барчасининг якунида, мангу якунда биз чорасиз, беватан, бемакон ва бенаво кимсаларни муқаррар Ёлғизлик кутади. У содиқ дўст мисол ҳорғин ва хайрихоҳона қиёфаси билан бизга пешвоз чиқади.

[1] ХV асрга мансуб инглиз пьесаларидаги аллегорик образ

Ва яна… вақт ўтиб ҳаммаси қайта такрорланади: ёлғизликда кечган кунлар мавҳ бўлади, беруҳ юзимизга яна ҳаёт нуқси қайтади, довдирлик қатъият билан жой алмашади. Ёшлик ишончини, эҳтирос ва иштиёқларини, вужудидаги талантни ўлимнинг ғамҳин руҳини асраш учун қурбон қилганлар – гарчи бунинг эвазига кўнгилнинг буткул вайронлигию, истеъдоднинг заволи билан қолганларига қарамасдан – ёлғизликнинг дардчил тунларида мутассил курашлар билан яна жўшқин ҳаёт руҳини умидсизлик қўлидан тортиб оладилар. Аввал нимага эга бўлган бўлсак, уларнинг бари яна ўзимизга қайтади. Кўз очиб қоп-қора атрофни эмас, чароғон шаҳарнинг кўзни қамаштирадиган нурларини кўрамиз. Тунлари пиёда сайр қилиб, кўприкдан ўтиб борарканмиз, кўз олдимизда ястаниб ётган нур оқими беихтиёр ақлимизни олади. Бу оқим эшилиб-буралиб ўзини ҳар кўйга соларкан, кўприк остидан улкан кемаларнинг дафъатан сескантирадиган чинқириғи эшитилади. Биз эса кўприк бўйлаб бораверамиз – сокин ва ёлғиз; беилтифот ҳамроҳ, ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган ва ҳар доим жим тинглайдиган содиқ дўст биз билан бирга. Ёлғизлик бизнинг мангу йўлдошимиздир. Мана, тингланг, ёлғизлик қасидаси:

“Ёлғизлик абадий, шу билан бирга ўткинчидир. Ай, доғули ўгажон! Сен бор экансан, мен нимадан қўрқаман?! Ай, тун ва зулматнинг боқий қиёфаси! Умрининг ярмини сен билан ўтказган, сўнгги кунигача фақат сенгагина иймон келтириб яшаган инсон қалбига нима ҳам ваҳм солсин?! Ай, ботирим! Кун-тунимнинг тутинган иниси! – биз сен билан не-не йўлларни кечмадик? Дарғазаб тун йўлларида югурган ҳам, қутурган денгиз бўйида кезган ҳам, оламнинг кашфсиз ерларигача бориб, Тун қитъаси узра санғиган, Ер сукутига жим қулоқ берган ҳам биз! Ўзинг айт, оғайни, шундай бўлгач биз билан сен ҳақиқатда довюрак ва ботир эмасмизми? Шон-шавкатга арзимаймизми? Ҳаётнинг бор қувонч ва бахтини, ғалабасини бирга бошдан кечирмадикми?! Наҳотки, сен мени тарк этсанг, наҳотки мен билан бирга қолмасанг?! ЙЎқ, оғажон, қайт! Узун тунларда яна йўқлаб кел мени! Зулматнинг доғули ва безабон қалби билан қалбимга ташриф буюр. Қайт дўстим, ўтган кунларнинг беқиёс кучини, сўнмас умидини, ҳузурбахш қувончини олиб кел! Ва яна оламни забт этишимизга етадиган ишончни ҳам! Қайт !!!”

Рус тилидан Тилланисо Эшбоева таржимаси

Таржимон ҳақида:    Тилланисо Эшбоева  Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган. “Дилхат” шеърий тўплами муаллифи. Шеърлари ва  эсселари  “Сизга шеър айтгим келади” ёшлар баёзида, туман, вилоят ва республика газета-журналларида, шунингдек, «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида  ёритилган.

tomasvulfMening hayotim boshqalarnikiga qaraganda koʻproq yolgʻizlik va sargardonlik ichida oʻtgan. Nega shunday boʻldi – buni aytish qiyin, ammo shunday boʻldi – tamom vassalom. Oʻn besh yoshimdan beri, oradagi bir muddatlik tanaffusni hisobga olmasa, men yolgʻiz yashab kelmoqdaman. Menimcha, bu hozirgi zamon kishisi uchun unchalik noodatiy hol emas. Tarkidunyochilikda kechayotgan hayotimning hisobi yoʻq – bu zohidonalikning daqiqalari, kunlari va oylari cheksiz, chegarasizdir.

TOMAS VULF
Yolgʻizlik anatomiyasi
044

09Tomas Vulf (ingl. Thomas Clayton Wolfe, 3.10.1900, Eshvill, Shimoliy Karolina AQSH — 15. 09. 1938, Baltimor, Merilend. AQSH) — Amerika adabiyoti tarixida “boy berilgan avlod” deb nom olgan yozuvchilar safidagi eng mashhur adiblardan biri. Uning 4 romani jahon adabiyoti xazinasidan munosib oʻrin egallagan.

I

Mening hayotim boshqalarnikiga qaraganda koʻproq yolgʻizlik va sargardonlik ichida oʻtgan. Nega shunday boʻldi – buni aytish qiyin, ammo shunday boʻldi – tamom vassalom. Oʻn besh yoshimdan beri, oradagi bir muddatlik tanaffusni hisobga olmasa, men yolgʻiz yashab kelmoqdaman. Menimcha, bu hozirgi zamon kishisi uchun unchalik noodatiy hol emas. Tarkidunyochilikda kechayotgan hayotimning hisobi yoʻq – bu zohidonalikning daqiqalari, kunlari va oylari cheksiz, chegarasizdir.

Oʻzim boshdan kechirgan yolgʻizlik tajribasi haqida yozishga qaror qilar ekanman, bu albatta faqat uni boshqalardan koʻra yaxshiroq tushunaman degan oʻydan emas. Yolgʻizlik baʼzi odamlar uchungina xos boʻlgan alohida hodisa emas, balki u borliqning asosiy, muqarrar voqeligidir. Men aynan mana shu haqida yozmoqchiman.

Hayotning turli vaziyatlarini – faqat shon-shuhratga burkangan shavkatli shoirlar shon-u shuhratini emas, sodda qalblarning ulkan baxtsizligini, koʻchadagi odamlarning nafrat toʻlib toshgan mingʻir-mingʻiri, haqoratli koyinishlarini, badgumon qiyofasini kuzata turib, biz hammamiz yolgʻizlikdan azob chekishimizni anglayman. Yolgʻizlik jamiki iztirobimizning yagona manbasi. Mendagi yolgʻizlik hissi mohiyatan boshqalarnikidan koʻp farqlanmasa-da, u menda oʻta qaqshatqich kechgani bilan ajralib turadi. Demak, men uni hammadan koʻra yaxshiroq bilaman, shunday ekan bizning asosiy ogʻrigʻimiz, azobimiz haqida yozishga eng haqli odamman deb bilyapman oʻzimni. Toʻgʻri, bu takabburlik yoki manmanlik boʻlib koʻrinishi mumkin. Lekin bunday shubhaga borishdan oldin oʻylab koʻring: uzoq vaqt yolgʻiz yashagan odam takabbur boʻlsa, aqlga toʻgʻri keladimi?! Buning ustiga, shuhratparastlik va manmanlikni yengishning eng yaxshi yoʻli – yolgʻizlik. Aslida biz – yolgʻizlar oʻz-oʻziga boʻlgan shubhaning qurbonlarimiz. Mutassil tanholikda yashash norasoligidan uyalish hissini tugʻdiradi, xavotirning shiddatiga dosh berib boʻlmaydigan toshqini mudom ustingga yoprilib kelaveradi, qarovsizliging, eʼtibordan olisliging salomatligingni yemirib, oʻzingga boʻlgan ishonchni yakson etadi.

Odam yolgʻiz yashay olishi uchun dilida ruhoniyning komil eʼtiqodi yangligʻ Xudoga astoydil ishonchi boʻlishi lozim. Koʻnglida shunday ishonchi boʻlmagan odamga yolgʻizlik lahzalarini yashab oʻtish nihoyatda ogʻir. Men bu dahshatni oʻz boshimdan kechirganim uchun aytyapman. Shunday daqiqalarda birorta tasodifiy soʻz, odatiy voqea ham ham shashtimni susaytirib, qoʻlimni falajlar; yuragim tarasha qotgandek dahshatdan siqilib, zaiflikdan larzaga keladigan kulrang titrogʻ bilan toʻlardi ichim. Istalgan narsa – hamma narsa yoki hech narsa ham – masalan yorugʻlikdagi oddiy bir soya yoxud avgust kunlaridagi qattiq jazirama, Bruklin koʻchalarida oʻrmalab yurgan nochor ayanch va yalangʻoch majruhlik koʻnglimni iztirobga solar, tasavvurda oʻtmishning doim takrorlanadigan manzaralari paydo boʻlib, nom-nishonsiz taqdir haqida chidab boʻlmas azob uygʻotardi. Baʼzida esa borliqning koʻrimsiz realligi oldidagi qoʻrquv, avtoturargoh maydonlarining gʻarib kimsasizligi, zaminga gʻazab bilan uloqtirib yuborilgan insonning maqsadsiz va sarson kezishlari, biror tanbeh yo dakki, hatto mashinalarning oʻqday vizillab oʻtishi ham yurakdagi ojizlik hissini zoʻraytirib yuborishga turtki boʻlardi. Hatto biror soʻz, biror nigoh, biror ishora bu azobni boshdan kechirishga sabab boʻlishi mumkin. Park-avenyudagi xushbichim, kalandimogʻ janob seni barmogʻi bilan nuqib koʻrsatar ekan, goʻyo “Sen hechkimsan” degandek boʻladi, obroʻli jurnaldagi istehzoga toʻla fikr-mulohazalar ham ogʻriq qoʻzgʻaydi. Tanish ayol maktubida notavon va nokerakliging, yozishdan chiqib qolganing bitiladi, bundan oʻzingni hech narsaga arzimas, chorasiz, his-tuygʻudan mahrum, erishganlari ham sarobga aylangan odamdek his etasan – qolganlar esa har borada sendan toʻkisu, bekamu koʻst.

Baʼzan bu ogʻriq vaqtida qondirilmagan, endi gʻazabga aylangan istaklarning koʻngilda uygʻotgan mubham, ezgʻin kayfiyati taʼsirida ham paydo boʻlishi mumkin. Kembrijda kechgan qisqa qish kunlari, yakshanbalarda boʻladigan qizgʻin suhbatlar va oʻsha suhbatlarning birida mening barcha bolalik orzularim puchligini aytishgani, bundan tomirlarimdagi navqiron joʻshqinlik lahzaga muzlab, yuzimda ojizlikning betaskin iztirobi mart kunining soʻnayotgan yogʻdusi bilan akslangani haqidagi nogahoniy xotira ham yolgʻizlikda juda xavflidir. Oʻtgan kunlarning qiyofasi, ob-havosi, manman kimsalarning mazaxona soʻzlarini yodga tushiradigan xotiralar oʻlgan nur yangligʻ kunlarimni qorongʻulashtirib, men qachondir oʻzim kashf etgan va chippa-chin ishongan haqiqatlarimni chilparchin qilib tashlardi. Bunday daqiqalarda faqat oʻz hissiyotlaringgina haqiqatligi, olamda boshqa mutlaq haqiqatning oʻzi yoʻqligi, Yer yuzi qalbi yopiq, pushti kuygan tirik murdalar makoniligi va bu manzaraning soʻnayotgan mart shomi ostida, nursiz yakshanbalarda mangu takrorlanishini tushunib yetasan.

Yolgʻiz kimsaning qalbi hamisha ogʻir shubha-gumonlar, tushkunlik va sarosima iskanjasida oʻrtanadi, u esa nigohi va aqlidan yashirin qutulish yoʻlini topolmay ovvorayi sarson boʻladi. Na partiya uni qoʻllab yordam bera oladi, na din yupata oladi, umuman anglagan haqiqatlaridan boʻlak biror eʼtiqodning oʻzi qolmaydi. Sababi eʼtiqod tayanchsiz va taskinsiz qoldirgancha uni tez-tez tark etib, ruhini larzaga keltiradi, holdan toydiradi. Shunda hayot yoʻqlik aro yoʻqlik tomon harakatlanish ekanini tuyadi; haqir va xarobligi, mahkumligiga iymon keltiradi – unga umidlar vaʼda qiladigan xaloskor tong endi hech qachon otmaydi.

Yolgʻiz odam vaqtning ulkan oqimlari ichidan oqib oʻtayotganini sezib turadi. Toʻrt tarafida esa yolgʻizlikning sovuq, soqov devori. Bu devorning zilday bosimi yelkalarini ezadi. U yolgʻizlikning shu toʻrt devori ichida hibs etilgan… hech qayoqqa qochib ketolmaydi. Yoʻqotilgan behisob kunlar va unutilgan yuzlab chehralar yodini yana qayta uygʻotadigan xotiraning xavfli oʻsmasi ichini yeb bitiradi. Vaqt esa botinidan daryo yangligʻ oqib oʻtaveradi, u boʻlsa katalakdek xonasida mutassil nimanidir kutadi… kutaveradi… Uzoqlarda guvillayotgan hayotning boʻgʻiq ovozini, gʻovurlarini tinglaydi; tinglay turib tushunadiki, taqdir uni unitib qoʻygan, quvvat tark etgan, hayoti esa allaqachon sop boʻlgan. Qismat bu kimsani yolgʻizlik bagʻriga manguga surgun etgan. Oʻz yolgʻizligining hibsida oʻtiraverib, noshud odamdek aqli gangigan, sillayi madori qurigan, bor imkonlar ham allaqachon boy berilgan.

Shunday mahzun kunlarning birida unda yana oʻz-oʻzidan, hech qanday sababsiz hayotga ishonch va eʼtiqod paydo boʻladi, tomirlarida joʻshqinlik mavj uradi. Bu hislar yengib boʻlmas qudrat bilan quyilib keladi, deraza oynasidan yoprilib kirib, dunyosini soʻnmas nur bilan yoritadi. Xotirjamlik, uygʻunlik hislari uygʻonib, koʻngli yana gʻolibona tashnalik bilan ijod sari talpinadi. Uning avvalgi ishonchi boz hamrohiga aylanadi: avval nimani bilgan boʻlsa, hozir ham biladi, u qanday mavjud boʻlgan boʻlsa, hozir ham shundayligicha…

Yendi u oʻz haqiqati haqida soʻzlaydi; mayli, butun dunyo ogʻzini yopmoqchi boʻlib, “yolgʻon aytyapsan” desin – baribir oʻz haqiqatini ishonch bilan soʻzlayveradi. Mustahkam ishonchning tantanavor daqiqalarida shuni eʼtirof etishim kerakki, men Yolgʻizlikni dunyodagi har qanday odamdan koʻra yaxshi bilaman va teran his etaman. Uni mening tugʻishgan jigarim deb atamoqqa haqqim bor, axir haqiqatda shundayku!!!

Yolgʻizlikning asl qiyofasini shu qadar tiniq tasvirlashga ahd qilganmanki, toki yozganimni oʻqiganlar Yolgʻizlikka duch kelganda, uni darrov tanib olsinlar.

II

Inson yolgʻizligi haqidagi eng fojeviy va yorqin taʼrifni men Iov kitoblarida va falsafiy ruhdagi ekkleziast (1) xutbasida oʻqiganman. Shu oʻrinda teran bir hikmatga eʼtibor qaratmoqchiman. Toʻgʻri, bu hikmat boshqalarga yolgʻiz qolgan gʻamgin bolakay va borliqning fojeviy mohiyati orasida hech qanday muvofiqlik yoʻqligi kabi ziddiyatli tuyilishi mumkin. Kitobdagi hikmatga ilk marta duch kelganimda oʻzimni yoʻqotib, dilgir boʻlib yurganman. Uning isboti naqadar asosli boʻlmasin, odamni shubhaga solardi. Hikmatning oʻzi esa qoyaday mustahkamki, unga hech qanday putur va inkor zaha yetkazolmaydi. Hikmatdagi haqiqat mening hayotiy qarashlarimdan qatʼiy oʻrin olgan. Mana oʻsha hikmatning oʻzi: yolgʻiz odam – aslida tragik odam. U hamisha, hech ogʻishmay, vafodorlarcha hayotni sevgan, xursanchilikni sevgan odamdir. Bunday daʼvo aslo mantiqqa zid emas, zero, bir shartning mavjudligi yana bir boshqa shartning ham mavjudligini taqozo etadi.

[1] Iov kitobi va Ekkleziast xutbasi yahudiylikning qadimgi muqaddas kitobi sanaluvchi Tanaxning uchinchi qismi – Ktuvim tarkibiga kiradi. Ktuvim falsafiy va axloqiy-maʼnaviy qarashlar bayoniga bagʻishlangani bilan Kitobning boshqa qismlaridan alohida ajralib turadi

Inson tragediyasining mohiyati teatr qonunlariga xos boʻlgan konfliktlarda emas, yolgʻizlikda jamlangandir. Aniq bilamanki, buyuk tragik yozuvchilar (men tragediya yozuvchilari haqida gapirmayapman. Koʻp xalqlarning peshanasiga bitmagan – jumladan, fransuzlar va rimliklarga ham nasib etmagan (Vergiliy va Rasin bor-yoʻgʻi tragediyaning ulugʻ ustalari, xolos) – tragik yozuvchilar xususida soʻzlayapman. Misol uchun: Iov, Sofokl, Dante, Milton, Svift, Dostoyevskiy) doimo yolgʻiz boʻlgan, ular hayotsevar va baxt qadrini chuqur his qiladiganlardan edi. Shodlikning haqiqiy maʼnosi va qiymatini faqat ulugʻ tragik yozuvchilarning ijodidagina koʻrish mumkin. Boshqa manbalarda uning haqiqiy va samimiy tasvirini topish dushvor. Isbot sifatida ishonchli bir dalil keltirishni xohlardim.

Bolaligimda Iov kitoblaridagi har qanday fikr mendagi assotsiativ xotirani uygʻotib yuborar, xotiramga najotsiz va maʼyus tuygʻularning, hodisalarning ulkan oqimini boshlab kelardi. Boshqalarda ham shunday hol boʻlganiga iymonim komil. “Iovning tasallisi”, “Iovning matonati”, “Iovning musibati” dagi iboralar bizning hayotimizga shu qadar chuqur singgan ediki, adoqsiz musibatni boshdan kechirayotgan, iztirobini uzoq vaqt jim ichiga yutgan odamlar haqida gap ketsa, beixtiyor oʻsha iboralar yodga kelardi. Bir-birini yetaklab keluvchi bu xayollar xotiramda ustma-ust taxlanib, koʻz oldimda Iov kitoblarining qaygʻuli, dilni gʻashlaydigan manzarasini paydo qiladi. Biroq kimki bu kitoblarni tajribasi oshib, aqli rasolashgan paytda oʻqisa, bolalikda anglaganidan koʻra koʻproq, toʻgʻriroq tasavvurga erishadi.

Iov Kitoblari faqat xazin ohang, qop-qora rangdangina iborat emas. U buyuk poyeziyaning gʻoyat barkamol, oʻta hissiy va yorqin namunasi ekanidan tashqari, koʻngilda mangu gʻamlarning diltortar kuyini uygʻotishi bilan ham qadrlidir. Mangu gʻamlarning xazin musiqasi mangu quvonchlarning koʻtarinki kuyi boʻlib mavjlanadi. Bu fikrda hech qanday kitobiylik yo notabiiylik yoʻq, aksincha haqqoniylik va muqarralik mavjud. Oʻlim va yolgʻizlik hissi, mudom zoʻrayib boruvchi ogʻriq, ruhiy qiynoqlarning ogʻir yuki inson uchun aslida goʻzal va fojeli, nihoyatda qadrli bir Sevinchdir. Goʻzallik lahzalardagina sodir boʻladigan gʻanimat hodisa. U seniki boʻlgan onlarning umri nihoyatda qisqa, bir umr yoningda olib qololmaysan. Yoʻqotishlar alami yetaklab kelgan goʻzallikning achchiq zavqqa qorishgan, fojeaning salobati bilan ogʻirlashgan lahzalarida asl tragik shoir Quvonch qoʻshigʻini ijod etadi. Goʻzallikni oʻzing bilan mangu olib qololmasangda, goʻzallikdan yaralgan bu qoʻshiqni mangu asrashing mumkin. Quvonch qoʻshigʻI koʻtarinki emas, aksincha, maʼyusdir. Chunki baxt degani unga ega chiqqan lahzangdanoq tugaydi. Biroq oʻtkinchi baxt aynan uni barbod qiluvchi taʼsirdan goʻzallik va ulugʻvorlik yaratadi – shoirga uning azizligi ham mana shunda.

Tragik shoir asl sevinch gʻamdan, yolgʻizlikdan koʻrk olishini yaxshi tushunadi, ogʻriq qancha taxir boʻlsa, quvonchning yuzi ham shuncha charogʻon. Koʻngildagi sevinch yo masrurlik hissi hamisha oʻlim muqarrarligi, oʻlim zulmati bilan birga yashaydi. Baxt ham foniylik va hechlik tuygʻusi bilan qorishgan. Shu sabab Iov kabi tragik shoir ijod etgan gʻam kuyi alal-oqibat baxt qoʻshigʻi boʻlib jaranglayveradi. Bu qoʻshiq boshqa qoʻshiqlardan koʻra dilbar va xazin, mashʼum va goʻzaldir.

Senmi argʻumoqqa kuch bergan?
Senmi boʻynini boʻron bilan belagan?
Senmi uni chigitkaday sakratgan,
dahshat bilan burnini pishqirtirgan?

Adir aro tuyoqlari yer tepadi shiddatkor,
Vujuddagi kuch-quvvatdan rohatlanib, shodlanib,
Hali qoʻrquv nimaligin bilmasdan,
Hali qilich zarblariga bepisand,
Janggoh sari shiddat ila talpinar.

Qarshisida shaqillaydi oʻqdonlar,
Yaltillaydi qalqon ila nayzalar.
Janggoh aro koʻtarilgan tuproqni
Ichga yutar gʻazabu shiddat bilan.
Jangsurnaylar sasi aro,
Lashkarboshi hayqirigʻi,
Qoʻshin urhosi aro
Shiddat bilan battar olgʻa talpinar… (Xurshid Davron tarjimasi)

Bu quvonch ham shavq bilan toʻlib toshgan, ham yurakni oʻrtaydigan quvonchdir. U oʻzida shikastanafas, moʻmin odamning ulkan borliq oldidagi tavozesini, hayrat va qoʻrquvini ifoda etadi. Dahshatli ingroq oʻsha taqvodor odamning lablaridan sirqirab chiqar ekan, biz hozir oʻqigan satrlarga aylanadi. Sheʼrni qiroat qilar ekanmiz, ichimizda yakkash va gʻalat, yovvoyi va motamzada sevinchni his etamiz. Bu sevinch oʻlimga oʻxshab ketadi. Biroq u Teokrit va Xerrik kabi buyuk shoirlar kuylagan sevinchdan koʻra balandroq va nafisroqdir.

III

Iov Kitoblari, shuningdek, Ekkleziast xutbasi – har biri oʻz holicha insoniyat yolgʻizligi tarixining ulugʻ yodgorligi sifatida namoyon boʻladi. Umuman, eski Ahdning barcha kitoblari inson yolgʻizligi tatqiq etilgan teran va mukammal asarlar tajassumidir. Ularda yolgʻizlik tushunchasi deyarli bir xil taʼrif etiladi. Ushbu muqaddas kitoblar, shuningdek, diniy qasidalar, munojatlar, ashʼor va karomatlar, solnomalar qatidagi rang-barang va shaxsiy kechinmalar har biri oʻz holicha yolgʻiz qalbning turli asrorlarini kashf etadi. Kashf etilgan asrorlarning birikuvidan yolgʻizlikning umumiy polotnosi paydo boʻladi.

Qadimgi Ahdda ifodalangan yolgʻizlik gʻoyasining qamrovi juda keng. Bu qamrov mohiyatini Yangi Ahdnni oʻqigach, yanada koʻproq tushunish mumkin. Eski Ahd borliq yolgʻizligining solnomasi boʻlsa, Yangi Ahd hayotga muhabbat xabari boʻlib akslanadi. Mana qarang, Iso ming marta, ming xil uslub bilan faqat bir gapni takrorlaydi : “Men – oʻz Otamning oʻgʻliman, sizning barchangiz – birodarlarimsiz!” Bunday birodarlik yer yuzini bir oilaga aylantiradi, barcha odamlar – yaratganning bolalaridir, demakdir bu. Ushbu daʼvatda insonlarga nisbatan muhabbat yashirin.

Isoning bosh maqsadi – yolgʻizlik dunyosini tag-tugi bilan barbod qilish, insonlararo uygʻunlikka erishish boʻlib, uygʻunlikning asosi muhabbat boʻlishi kerak edi. Iso “Faqirlar masʼuddirlar, zero ularga raxmat bor”, “Koʻzi yoshlilar masʼuddirlar, zero ularga xursandchilik bor”, “Marhamatlilar masʼuddirlar, zero ularga avf bor” deganida azob tortishni, tavoze va shafqat koʻrsatishni olqishlashni emas, oliyhimmat kimsalarga mukofot borligi haqidagi xabarni yetkazishni niyat qilgan. Mazkur yoʻnalish Iso taʼlimotining asosidir. Chuqurroq razm solsak, bu taʼlimot mohiyati yolgiʼzlik dunyosi istalgan daqiqada muhabbat dunyosi ustidan gʻalaba qilishi mumkinligini nazarda tutadi. Tanholikda kechgan soʻnngi yillarimda men Iso pandlarini va ularning nozil boʻlishi sabablarini qayta-qayta oʻqib chiqdim. Ilinjim – ular orqali oʻzimga hayotiy yoʻl, ibrat, maslak topish edi. Shubhasiz, men taqvodorlik vajidan, yo vaqt oʻtkazishu, gunohlarimga tavba qilish, samoviy marhamatga erishish uchun takror-takror oʻqiganim yoʻq. Men Iso pandlariga ham boshqalarni qanday oʻqisam – masalan, Gomer, Jon Donn, Uolt Uitmen yoki ekkleziast muallifini – xuddi shunday yondashdim. Tirgʻalmasdan, yengil oʻqib chiqdim. Biroq ulardan men topgan maʼno unchalik ham chuqur emas; vaʼzlardagi mohiyat, nazarimda, bachkana, oʻta joʻn edi. Shaksiz, mendagi tasavvur millionlab odamlarning bu haqdagi tasavvuridan farq qilmaydi. Qolaversa, nimani koʻrgan, qanday his qilgan boʻlsam, shuni tasvirlayapmanki, bunda hech qanday qoʻshib-chatish yo mubolagʻa mavjud emas.

Iso hayotining mohiyati menikidan koʻp karra aʼlo ekanini anglagan holda aytishim kerakki, men unga ergasholmayman. Yolgʻiz odam hamisha nom-nishonsiz, umidsiz, ruhan xarob; bu olamning yashirin atomi kabidir – xuddi Iov, Everyman (2), Sviftday. Men yolgʻiz odamni shunday tasavvur etaman va shunday anglayman. Iso muhabbat taʼlimoti asoschisi boʻlsada, bilamanki, u ham xuddi bizday yolgʻiz boʻlgan. Men bu bilan u birodarlik va sevgi gʻoyasini olgʻa surib xato qilgan demoqchi emasman, u butun umr yolgʻizlikda yashagani va yolgʻizlikda halok boʻlganini aytmoqchiman. Millionlab odamlar unga muxlislik daʼvo qilsa-da, baribir, taʼlimotiga ergasha olishmaydi. Men ham Isoning yoʻlini oʻzimniki deb qabul qilolmayman. Zero, hayotning mohiyati muhabbatda emas, yolgʻizlikdadir. Axir muhabbat oʻz mazmuni boʻyicha biz yashayotgan dunyo iqlimiga mos tushmaydi. U bir noyob va nozik gul. Goh-goh gul ifori bizni sarmast qilib, umidimizni ruhlantiradi, yolgʻizlikning qalin va qora devoridan tirqish yasab, tor xonamizga bostirib kiradida, birodarona kayfiyatga, yakdilikka chorlaydi. Gohida esa muhabbatdan topganing faqat ozor va azob, ogʻriq va zavol boʻladi. Muhabbat koʻngilni chilparchin qilib, oxir-oqibat savdoyiga aylantirishi ham hech gapmas. Muhabbat nima uchun qalbimizga tashrif buyurmoqda – hayot yo oʻlim uchunmi, baxt yo baxtsizlik uchunmi? ; nimani inʼom etadi – muzaffariyat yo mahrumiyatnimi – afsuski, yer yuzidagi insonlarning hech biri buni oldindan aytib berolmaydi. Biroq bir narsa aniq: barchasining yakunida, mangu yakunda biz chorasiz, bevatan, bemakon va benavo kimsalarni muqarrar Yolgʻizlik kutadi. U sodiq doʻst misol horgʻin va xayrixohona qiyofasi bilan bizga peshvoz chiqadi.

[1] XV asrga mansub ingliz pyesalaridagi allegorik obraz

Va yana… vaqt oʻtib hammasi qayta takrorlanadi: yolgʻizlikda kechgan kunlar mavh boʻladi, beruh yuzimizga yana hayot nuqsi qaytadi, dovdirlik qatʼiyat bilan joy almashadi. Yoshlik ishonchini, ehtiros va ishtiyoqlarini, vujudidagi talantni oʻlimning gʻamhin ruhini asrash uchun qurbon qilganlar – garchi buning evaziga koʻngilning butkul vayronligiyu, isteʼdodning zavoli bilan qolganlariga qaramasdan – yolgʻizlikning dardchil tunlarida mutassil kurashlar bilan yana joʻshqin hayot ruhini umidsizlik qoʻlidan tortib oladilar. Avval nimaga ega boʻlgan boʻlsak, ularning bari yana oʻzimizga qaytadi. Koʻz ochib qop-qora atrofni emas, charogʻon shaharning koʻzni qamashtiradigan nurlarini koʻramiz. Tunlari piyoda sayr qilib, koʻprikdan oʻtib borarkanmiz, koʻz oldimizda yastanib yotgan nur oqimi beixtiyor aqlimizni oladi. Bu oqim eshilib-buralib oʻzini har koʻyga solarkan, koʻprik ostidan ulkan kemalarning dafʼatan seskantiradigan chinqirigʻi eshitiladi. Biz esa koʻprik boʻylab boraveramiz – sokin va yolgʻiz; beiltifot hamroh, hech qachon tashlab ketmaydigan va har doim jim tinglaydigan sodiq doʻst biz bilan birga. Yolgʻizlik bizning mangu yoʻldoshimizdir. Mana, tinglang, yolgʻizlik qasidasi:

“Yolgʻizlik abadiy, shu bilan birga oʻtkinchidir. Ay, dogʻuli oʻgajon! Sen bor ekansan, men nimadan qoʻrqaman?! Ay, tun va zulmatning boqiy qiyofasi! Umrining yarmini sen bilan oʻtkazgan, soʻnggi kunigacha faqat sengagina iymon keltirib yashagan inson qalbiga nima ham vahm solsin?! Ay, botirim! Kun-tunimning tutingan inisi! – biz sen bilan ne-ne yoʻllarni kechmadik? Dargʻazab tun yoʻllarida yugurgan ham, quturgan dengiz boʻyida kezgan ham, olamning kashfsiz yerlarigacha borib, Tun qitʼasi uzra sangʻigan, Yer sukutiga jim quloq bergan ham biz! Oʻzing ayt, ogʻayni, shunday boʻlgach biz bilan sen haqiqatda dovyurak va botir emasmizmi? Shon-shavkatga arzimaymizmi? Hayotning bor quvonch va baxtini, gʻalabasini birga boshdan kechirmadikmi?! Nahotki, sen meni tark etsang, nahotki men bilan birga qolmasang?! YOʻq, ogʻajon, qayt! Uzun tunlarda yana yoʻqlab kel meni! Zulmatning dogʻuli va bezabon qalbi bilan qalbimga tashrif buyur. Qayt doʻstim, oʻtgan kunlarning beqiyos kuchini, soʻnmas umidini, huzurbaxsh quvonchini olib kel! Va yana olamni zabt etishimizga yetadigan ishonchni ham! Qayt !!!”

Rus tilidan Tillaniso Eshboyeva tarjimasi

Tarjimon haqida:0_1547dd_28ab8c0b_orig.jpg Tillaniso Eshboyeva Buxoro viloyati Qorakoʻl tumanida tugʻilgan. Oʻzbekiston Milliy universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Dilxat” sheʼriy toʻplami muallifi. Sheʼrlari va esselari “Sizga sheʼr aytgim keladi” yoshlar bayozida, tuman, viloyat va respublika gazeta-jurnallarida, shuningdek, “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifalarida yoritilgan

04

(Tashriflar: umumiy 791, bugungi 1)

Izoh qoldiring