Tillaniso Eshboyeva. Yangi she’rlar

07Шеърдаги ҳал қилувчи нарса Сўз эмас, аксинча, Сўзнинг орқасида турган бошқа бир нарса. Мен уни ҳолат деб ҳам, руҳ деб ҳам атаганман. Лекин у булар ҳам бўлмаслиги мумкин. У қандайдир куч, қудрат. Қандай сўзни ишлатиш, танлаш умуман аҳамиятсиз. Фақат сўз ортида Шоирдан, шоирни қуршаган атрофдан олинган, ажралган энергия манбайи юзага келса бўлди…

Муҳими шеърда Сўзнинг бор бўлишию, аслида йўқдай бўлиши шеърни ортиқча сўздан қутқаради. Шеърда сўзнинг, Сўзбозликнинг мавжуд бўлиши ўқувчи онгостида шеър натижасида тикланиб, бутланиб келаётган Ҳолатнинг яхлитлигини парчалайди. Шеър эса яхши сатрлари бор ёзилмага айланиб қолади, холос (Тилланисо Эшбоеванинг «Рафиқ Сайдуллога мактуб»идан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин).

Тилланисо Эшбоева
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


ЁВВОЙИ ТАНОВОР

Расмингизга термилиб чиқдим тун бўйи.02
Кўз ёшларни бир бир тердим нигоҳингиздан.
Шуълангизда рақс этдим.
Кафтимдан сирғалиб тушди синиқ ва тирик ҳақлар.
Мен рақс этдим.
Кулгингиздан синиб тушди борлиғим.
Рақс этдим.

Дунё бизни олиб боролмаган ҳеч
Ҳаёт йўлларида сира кўрмаган
Манзилларга етди оёғим.
Мен рақс этдим.

Қиёфангиздан бир бир тердим лаҳза борлиғин —
Ўткинчилик кетди сидрилиб.
Қалбимга қоришди лаҳза борлиғи
Ёғду ва оҳ каби қоришдингиз сиз
Ой ёғдусин ўраб оҳ каби чекдим.

Мен рақс этдим манзилларнинг устида ёлғиз
Мен ёд этдим гулни, бахтни, фасли хазонни
Йўлларнинг тошига шунчаки тикдим — жонни арзонни
Сомон йўлларига сочдим сабрни — синди борлиғим.
Мен рақс этдим.

Мен оҳ чекдим
Ёдингизда кулгийингизда.
Мен рақс этдим.
Кулгингиздан синди борлиғим.
Мен оҳ чекдим.
Оҳким,
Оҳким
Шуълангиздан бедор йиқилдим.

 

ТУШ

Бугун туш кўрибман, ёстиқларим ҳўл.
«Она, хатларимни қайга бекитдинг,
Ёқиб юбордингми атай уларни
Севгидан энг маъюс хотираларни,
Изтиробларни, титроқ бахтларни.
Саволингни қўйгин, саволлар берма.
Туғилмасдан хато ҳамма жавоблар.
Иста айблагин, мени тушинма,
Хатларимни бергин, хатимни ёқма.
Иста бировига юбор узатиб,
Юрагимни ёқма, хатимни ёқма.
Қўрқувларим етар, мутассил титраб
Хазондек сарғардим қошингда.
Адаштириб дунёсига олиб келган сен,
Менман- маъшум титроқлардан бўлганман адо.
Изн бер…
Хатимни ёқма!»

Маъшум тушлар
Маъшум йиғилар
Маъшум уйқулардан очдим кўзимни
Кўз очмоқ ҳам уйқу,
Бедорлик уйқу,
Кўз ёшлар ҳам уйқу,
Юпатмадим энди ўзимни.

Оқаётган сувга ўхшайман
Тошларга урилиб телба тескари
Гоҳ ортга оқаман
Гоҳо олдинга
Айланар бошим.

Минг йилки қўрқувнинг ваҳмзорида
Бир ҳуштак овозин тингладим титраб
«Ана етиб келади қотил, мана, келади»
Қўлларим емрилди, оёғим идраб.

Минг йилки, зикр этдим, минг йил жим турдим,
Минг йил қаттиқ чарчадим.
Нурсизликни севдим, ҳарир зулматни,
Ёруғликка ўт қўйдим, дўстларим.

Ва бошим айланди
Тошларга урилган сувдек
Тушларимга ногоҳ йиқилдим.
Тирмашиб чўққига, тойиб оёғим
Маъсум хотирага синграб сиғиндим.

Дунёнинг тубига тушдим ҳар куни
Ҳар кун йўлга чиқдим пою пиёда
Қотил мен дедим, разил мен дедим
Улоқтиринг мени тубларга,
Жой йўқдир мендайларга дунёда.

Улоқтирдим минг йил ўзимни,
Минг йил дунё томон қаттиқ тирмашдим.
Севдим зулматни, ҳарир ваҳмзорларда
Мен гўзал адашдим, мангу адашдим.

Ланъатладим мангу ёруғликни мен,
Кўз очмоқ зулматдир, бедорлик зулмат.
Дунё, қизғонмагин маъюс хотираларни,
Она, хатларимни ёқмагин фақат.

ОЛА

Ел ўйнайди, нур ўйнайди,
Лаҳзалар ўйнайди хонамда
Жимир ўйнайди.
Қиз юзида сепкилдек ёмғир
Томчилаб босади ойнани,
дарчани
Сепкиллар хиралик қиз юзидаги,
Ёмғир хиралик.
Ўйнайди томчилар, ўчган туйғулар,
Туйғулар оладир, туйғу қиррали

Олисларда қолмайди ўтмиш
Ичагингга турар тиқилиб
У қайтиб келади тез-тез
Акса урмоқ истаги бўлиб
Табиий келади.
Кўприклар битмайди ёниб
Кўприклар бугунмас, на кеча, индин
Кўприклар қуламас, кўприк хиралик

Узоқларда қолмайди ўтмиш
У қайтиб келади акса урмоқ истаги бўлиб
Табиий келади
Келади кўприкдан ёмғир, туйғулар
Гоҳ жимир келади, хазон, хиралик
Этагига илаштириб ола кунларни
Йироқларда дайдиб далли девона
Дайди руҳимизга Сабий келади.

Узоқларда қолмайди!

ЭПИФАНИЯЛАР» ТУРКУМИДАН

ЙЎЛ ҚИССАСИ

Ори Рустамжоновага

Йилим, хуш қол энди,
биз кетаяпмиз.
Қайтмас бўлиб кетамиз.
Йил нима ўзи?
Замон нима?
Яшадикми замонингда, йилим?
Бир оёғимиз осмонда мудом
Бириси гўрда
Бу оралиқда қадам ташлолмаймиз
Айрилар путимиз
Ёрилар чотимиз.
Илоҳлар каби замон устида
Оёқ ёзиб турибмиз
Бир оёғимиз осмонда
Бириси гўрда
Айрилган путимиз,
Ёрилган чотимиз.

Биз сеники эмасдик, йилим
Ё ўтмишники, ё келажакниги
Ё бир нафратники.
Сеники бўлмадик, йилим
Яшамадик сен билан
Ва лекин яшамоқ нима дегани?
Одамлар ҳар кўйли яшар
Кимдир одам сўяди,
кимдир ўзини
Кимдир эса муаллақ қотган замон устида
Унутган у борлиғини ҳам
Йилим, замонга тўр ёзган сенмидинг
Йиғиб оладирсан ўша тўрларни —
Лоқайд ва бефарқ сени ўздан улоқтирамиз
Юлиб отамиз сени.
Йилим,бугун севганим хотини билан уришди
Ўзи кўтаролмаган оғирлик сездим сўзида
Уни доим уришган бу олам,
ҳаёт
Қай бурчакка қочмасин
Мудом тунд, мағлуб
Нигоҳлари музтар, оғир ва мағрур
Ўзи кўтаролмаган дардлари билан қучади мени
Лекин қайга олиб борай
Қайга олиб бориб адаштирай дардларни

Эртакдаги ўрмонга олиб бордим адаштиргани
Бироқ ўзим адашдим қисматнинг ўрмонида.
Қайтиб келмадим.
Сувга оқизоқ қилдим
Барибир кетмади оқиб
У дунёга хабарчи эмас сувлар ҳам
Фақат ҳозир бор
Ҳа, фақат ҳозир
У дунё ҳам,
Бу дунё ҳам «ҳозир»да қовушган
Биз эса ҳозирдан ҳатлаб ўтмоқчи бўламиз
Икки оёғимиз ҳозир устида керилган
Бироқ ҳатлолмаймиз,
Зеро, сакрамоққа томон йўқ.
Бир оёғимиз осмонда,
Бириси гўрда
У дунёдан ҳам, бу дунёдан ҳам сакраб ўтмоқ бўламиз
Аммо томон йўқ.
Сенинг шарафингга қадаҳ кўтардик
Хайрлашдик сен билан, йилим
Бир дўстим келди олдимга
«Улар мудом оқлайди ўзни
(Дўстларни кўрсатди нуқиб)
Мен қораладим.
Хиёнатни кўрдим. Кўрдим бевақт айрилиқларни».
Оқлади ўзни. Бу телба, хоксор одамлар қалбида
Уйғонган шафқат ва меҳр
Овутарми аламларини?
Алам йиртқич бўри
Паналарда туриб овлади бизни.
Овланмаган бир зоғ қолмади.
Ҳаммамиз энди унинг қулимиз.
Овутмайди бизни
севгимиз,
кулгимиз,
ёнғин, кулимиз.

Бу дунёда одам ўзини оқлаган эмас.
Оқлаган замон,
Оқлаган қисмат,
Оқлаган олам.
Одам қора.
Оқлолмаган одам ўзини.
Оқламаган одам ўзини.
Йилим, сенда оқ эдинг.
Сен одам эмассанку, йилим.
«Кошки йиқилса дилим
Қалтираб турар қўлим
Жигаримни юлмасдан.»
Сен одам эмассан, йилим.
Дугонам ёзди : узоқ туринг филмлардан, маҳзун куйдан, қўшиқдан.
Лекин куйсиз, қўшиқсиз яшаш мумкинми, Дилим?
Мумкинми, Йилим?
Оламнинг ҳар қатида куй сизиб келса
Кўз ёшимда куй сузиб келса
Мумкинми, Дилим?
Мумкинми, Йилим?

Ё маҳзунлик яшаш эмасми?
Яшаш нима ўзи?
Маҳзунлик нима?
Қисмат бўлган нарса яшалган
Яшалган ҳар нарса маҳзунлик!!!
Ҳар ким ҳар кўйли яшар
Қисматини яшар ҳар одам
Қисмат эса оқланган. Қисмат мудом оқ.
Доим чўчиб тушади
Нигоҳимдаги нафратдан
Менга хона берган уйнинг эгаси.
Ўз тафтимдан совқотаман ўзим.
Нафратимдан кетаман чўчиб.
Мен бу ҳақда ёзишни истамайман.
Ҳа, истамайман. На нафрат, на уй эгаси ҳақда.
Биламан, янаги йилда ҳам
Кўчиб кетолмайман уйидан
Шунга маҳкумман.
Мен одамман. Маҳкумман ўз ожизлигига.
Бир дунё қуламоқда –
Дардлар, севги, Ақллар.
Бир дунё қуламоқда.
Бир дунё қолмоқда.
Мен айтолмайман қандай дунё бу
Ортиқ одам эмасман ахир
Мен бир Ёдман, Ҳаммасидан қолган Телбалик
Мен ҳеч қачон бўлмаган йўлман энди
На келишим, на кетишим бордир.
Йилим, сен замоннинг узун йўли
Сенга кетиш,
Менга Ёдлар,
Қолган Гардлар,
Мангулик Ёрдир!

УНУТИШ

1.
Ташқарида ёмғир ёғяпти.
Менинг хонам ўта тартибсиз.
Қизиқ. Шу пайтда Худо нималарни ўйлаяпти
Худойим, айт нималарни ўйлаяпсан?
Хонам бетартиб тўзғин сочиқ
Тунда яшаш мазза
Сени очилолмаяпти
Портлашларинг йўқ дейишса ҳам
Тунда яшаш мазза
Ташқарида ёмғир ёғяпти
Менинг юрагим ўйнаяпти
Умуман, мен ҳаммасини унутишга яқинроқман.
Ҳамма нарсани зарралаб йиғиб атомдай портлашга эмас
Ёмғирдай тўзғин сочиқ
Томчилаб майда-майда
Ҳаётни ютиб бетартиб
ютоқиб
Унутишга мойилроқман
Ёмғир ёғса айниқса.
Юрагим ўйнаяпти.
Худо нимани ўйлаяпти.
Тунда яшаш мазза.
Ёмғир. Айниқса.

2.
Ёмғирда кездим.
Тун сутдай яхти.
Юрагим ўйнаб, кўзимга ёш келди.
Демак, Худо ҳам йиғлаяпти.
Руҳимга ҳовур келди —
Демак, Худо бўса оляпти кимдандир —
Исёни тинди.
Демак, Худо танийди
Йўқ, мен биламан
Юрагим ўйноғидан эшитаман руҳлар шиврини.
Мени танийди
Танийди Ноаёнлик.
Бетартиблик танийди мени.
Танийди мавжуд бўлмаган мавжудлик
Ассалому алайкум,
ибтидога хуш келдим.
Мен ортга қараб юрдим
Ассалому алайкум
Ибтидога хуш келдим.

3.
Тонг отди.
Бироз кечикди
Руҳим енгил эди
Ва лекин булут парчаси каби енгил енгил сузарди ўйлар
ифор қоришиқ ҳавога
бунда бир сир бор
бунда бир ўй бор
руҳим ёнғинларни қўмсамас —
(Шомлардан тортиб олдим
Тун ва кун орасини
Тун ва кун каби қордим
Қалбимда Клодел хотирасини.
О, жаноб Байрон, эмасман қойил:
«Ақлим — дўзахим», нима деган гап?
Мана, мен ақлидан мосуво жувон.
На кулим қолмаган, на-да бир ёнғин
Маъшум палатага келинг Дон Жуан.*) —
Руҳим ёнғинларни қўмсамас
ва лекин
унитиш ҳам ёр эмас унга.
Ё ёнғин керак ёки унутиш
Ерда бўлган инсон ёнғиндан маҳрум эмас
Маҳкум эмас унутишга
У сарсари шамол , телба япроқмас
Коинот жисмида унутилган яроқмас.
У унутмаган. Инсон унутмаган.
Инсон қушлар эмас
Фасллар алмашганда
ғайришуурий учса жанубга
Инсон ғайришуурийликка, Кучга маҳкуммас
Ва лекин тобе
Унутиб яшолмайди инсон.
Унутилган. Лекин унутмаган.
Телба барг сузади шамолда
Мен телба япроқ — ёдимда бари.
Мен ёнғин эмасман. Кулим йўқ. Руҳим сарсари.
Япроқман — унутмаган.
Мен тонгман.
Шамолман.
Қушларман — унутмаган.
Тонг отди.
Мен ёнғиндан чиқмадим ҳозир.
Кўз очдим. Бор йўғи шу.
Ўйим енгил руҳим сарсари
Ва лекин шамоллар измидадирман
Япроқман, ва лекин ёдимда бари.
Тонг отди
қўйнида бир сир
Мен отдим.
Руҳимда сирлар
Мен тонгман — Унутмаган!

4.
Сукут ёққан оловман мен
Ўзимни ўзим туғдим.
Мен япроқман — ёдимда бари
Ассалому алайкум
Ибтидога хуш келдим.
Ассалому алайкум!

«* Камилла Клодел» шеъридан.

* * *

«Эй Навоий, офият кўйида сен бўл шоду хуш,
Ким мени дарду балоға айламиш муътод ишқ»

Жимммм…
Руҳим жим бўл,
Юрагим жимлан.
Фано елларидан югуриб
Ҳайқириб
Бир нима елар
Бир нима келар
Балки оловдир у
Балки музлик сув
Ҳайронман, ким отиб юборган уни
Гўё тепадан пастга оқаётган
Сув йўналишида келар
Балки сув ичида олов келар
Бир нима келар
Балки одамдиру
Балки қиз , аёл
Руҳимга елар
Қалбимга келар
Руҳим жим бўл
Юрагим жимлан.
Ўтган шомда такси елиб келаркан
Юрагим, мен эшитдим сени
Нега борлигингни билдиргинг келди бунча
Кўкрагим остини ушлаб худди бир каптарни ё музтар қушчани тутиб олгандек ҳис қилдим ўзни
Юрагим, қушча каби бунча ҳуркак типирчиладинг
Мени севиб қолгим келди
Бу ҳуркак қушни севдим
Дунёнинг барча ошиқларига
Кўрсатиб қўймоқ учун
Ошиқлик нимаю
маъшуқлик нима
Масалан, эркакларга
Ёниб севишни.
Юрагим жимлан.
Мен биламанку, сен раҳмга муҳтож эмассан,
Фақат руҳлар шивирин қолдинг эшитиб
Фақат чўчидинг, эҳ менинг болакайим,
Маҳбубам менинг, жим.
Яшамоқ бу тингламоқ ва чўчиш демак
Ва бироз чўчитмоқлик.
Руҳим, сен Навоийнинг битта сатридан шифо топдим деб ўйлаяпсан,
Ваҳоланки, Навоий — Сатр,
Тўла Сатрлар.
Ҳар сатрдан шифо топиш-чун қалқиб тур ҳали.
Қалқимоқ бу унутмоқ демак
Масалан, кўчада сенга ноҳақлик қилган нотаниш йигиччани
«Вой, қандай яхшисиз, келинг сизни ўпиб қўяман» демоқ
Ва ўпмоқ жазава билан.
У эса ўзига ёпишиб олган ғалати шилтани
Ўздан юлиб отмоқ учун
Типирчилайди — » Нима қиляпсиз, тегманг менга, тегмангее». Қочади
Ўлимни кўргандек миллён йил нарига.
Кетаркансан, ортингга қайрилиб
Бўсалар юборасан унга
ҳаводан
Ана, одамлар ҳам чўчийди
Нотабиийликдан чўчийди
Жазавадан ҳуркир одамлар
Қизиқ, бирор нотабиий жонзот —
На кўнгилга иссиқ, на совуқ тафт беролмаган —
Бўса узатса кетма-кет
Нима қилишар экан,
Масалан, йигиччалар
Шилтадек ижирғанарми
Ё паридек қучиб, ўпар?
Қалқимоқ бу — қалқитмоқ демак.
Руҳим, кечаги кўнишларга бугун кўнгандинг,
Бугунги кўнишларга эрта ҳам кўнмоқ керак
Ўз оловингга ўзинг кўнганда
Сувга ҳам кўнмоқ керак.
Тингламоққа кучим йўқ менинг
Тинглаб тўйдим жанглар овозин,
Яшамоқ – жанг қилмоқ, аммо жанг бу яшамоқ эмас.
Кўнглим, руҳларнинг шиврига кўндик
Руҳим, фанодан келганга, елганга кўндик
Биз ўзни йўқотдик
Жазава, ўпишларга кўндик
Кўнишлар қўйнида учаётган япроқмиз
Кўнишлардан биз чиқардик қанот
Фанони, бақони кўрдик
Учдик- учдик оламлар устида
Олам гўзал, олам муҳташам
Гўзал бунда даъфатанликлар
Жазава гўзал
Гўзал бизда ёниқ бўсалар
Кўнишларда бир жазава бор,
Кўнишларки, телба даъфатан.

«Эй Навоий, офият кўйида сен бўл шоду хуш,
Ким мени дарду балоға айламиш муътод ишқ»

*»Эй Навоий, сен бало ва офатлардан узоқ бўлиш (офият) йўлида экансан, шоду хуррам бўлавер, зеро ишқ (илоҳий ишқ) мени (сени) дарду балоларга кўникадиган қилиб қўйди.»

МАЙСА

Азизим,
Тоғларга тушди қор.
Кел қўлингдан тутай.
Қўлларинг тафтини бер менга.
Оқ ойдин йўлда
Қўлингдан тутиб
Ҳув ўша чўққига етай.
Азизим, лаҳзани ушлаб ол
У ҳозир болалар ясагану
Қорбўронда отган қортош каби
Ёғар қўлингга,
йўлингга.
Азизим, дунёни кез,
Чирпирак қил дунёни
Қайда мовий қушлар бор
Қайда ойдин буғулар,
Ётганмикан калтакесак инида?
Хасларнинг остида нима бор
Ҳис қилиб кўр, азизим.
Хасларнинг остидаги ўша мовий ҳис бўлгим келар
Гизли, парқу ва ёйиқ
Азизим, қор остидаги майсани юпат,
Силаб қўй юзимни силаган каби
Асосийси, майса юпатмоқ
Шекспир айтганди
«Энг муҳими топтаб ўтмаслик майсани» —
Дунё чирпирак бўлиб айланади шу сўз ичида
Кел тавоф қилайлик уни,
дунёни,
сўзни.
Энг гўзал ишқ гизли ва нозик
Энг гўзал ҳис инжа ва парқу
Энг нозик ишқ ва ҳис — майса.
Азизим, калтакесакни ўпганингдаги ўша нозик лаҳзани келтир
Лабларим қонсинлар лаҳза таъмидан
Чўққи юксаклигин сезайин
Азизим, кўз илғамас нарсани
Масалан, қушлар сайроғин келтир қалбимга
Дугонам айтганди:
Одамларнинг ўйлари халақит беради қуш сайроғига.
Азизим, майса, майса…
Дарвоқе ўсимлик ва майса исми Матилда
Ўсимлик ва ҳиснинг исми Матилда —
Неруданинг дилбар севгиси.
Ишқимизнинг кўз илғамас ҳисидир майса.
Кўз илғамас лек
Дунё оқиб ётар бу ҳисда
Ва ишқимиз бир уммон каби.
Азизим, калтакесакни ўпганингдаги лаҳзани келтир.
Юрагим қонсин.
Энг нозик ҳисларни топтап ўтмасин дунё
Қўлларинг тафтидан қўлларим ёнсин.
Майса топтамоқ — тафтни ўлдирмоқлик ва
Мангуга муз қотган қўлларимиздир.
Муносабатлар энг нозик ҳисда яширин
Кўз кўрган нарсани авайлаш мумкин
(Ўйлаш мумкин дунёни тутиб турибди улар
Тоғларни ернинг устуни деб билган каби одамлар.)
Лек кўз илғамас нарсани,
ҳисни
Топташдан вайрон бўлади дунё
Вайрон бўлади инсон
Сўнади тафтлар,
Унган севгилар.
Бир дўстим бор, Руҳимнинг дўсти
Гарчи кўрмоққа кўзим йўқ
Нафратланмоқ истаб
Қалб ва ақл-ла
Руҳим билан интилдим унга.
Нафрат истаб қалб ва ақл-ла
Руҳим билан севаман, севгум.
Азизим,
Биз у билан майсани топтаб ўтдик,
Азизим,
Билмагандек, муносабатда
Муҳими майса.
Азизим,
азизим,
майсани юпат,
Азизим,
азизим,
майса…
Майса…

* * *

1. Антинаталия
(туғилмаслик, кўпайишни рад этувчи фалсафа)

Вилоятлилар пойтахтдагига ҳавас қилади
Пойтахтлилар омадлиларга
Омадлилар биринчиларга.
Менинг туғилмаганга келар ҳавасим.

Кўр қисматга аччиқма аччиқ

Омадлига ҳасадим келар,
Устунларга келар ҳасадим.
Бахтлиларга раҳмим
Бахтсизларга таскин келади —
Туғилмаганларга фақат ҳавасим…

Ўлганларга раҳмим
Ўлмасларга кулгим келади.
Туғилмаганга эса ҳавасим…

(О, туғилмаслик ажойиб, севгим)

2. Қушни силадим.

Севгилим, айтдингки, дунё чангалзор, ваҳм
Кучлилар танлангай,
Ожизга йўқ раҳм.
Ожизлар хўракдир, йўқолиб битар
Зарраланар, соврилар, кетар.
Севгилим, мен хўракман ҳар бир кун тунга,
Ҳар бир қадамга.
Аммо йўқолиб кетмадим.
Наҳот ҳалиям борман?
Сен аллақачон йўқман дединг,
Кел, йўқликларда бирга бўламиз, севгим.

Кичикликда отам пичоқ отганди менга
Мен энди ҳеч қачон
Бировга пичоқ отолмайман
Қаролмайман кўзига тик
Ингроғим баландлатолмайман
Тушун, бахтли бўлолмаймиз
Аммо бахтли бўлайлик демаяпманку
Ҳатто сўрамадим бор бўлайлик деб
Лек йўқлигимизда бирга бўлайлик, севгим.

Дунё ўрмон қонуни дединг
Қонунлардан қўрқув ясадим
Қўрқувимдан Худо
Сўнг қўрқувни қалаб
Ўт қўйдим ўрмонимга.
Ёнғимизда бирга бўлайлик севгим.

Дунё бизга тупурган, биз ҳам дунёсиз телба.
Дунёнинг тупугини
Мен каптарга, зоғларга суртдим.
Силадим, ўпдим.
Биласанми, қушлар ҳам ожиз экан биз каби —
Ана сенга, парвози бор ожизлик.
Ожизлик Парвозида бирга бўлайлик севгим.

Қўй, орзуни — ушалмайди,
Ҳаракатми? Мангулик ҳар лаҳза синдирган лаҳза
Яшашми? Билмадим, қандай яшайсан?
Ўлимми? Ўлма деб айтолмайман,
ҳаққим йўқ, таскиним йўқ.
Яхшиси, ақлингдан оз
Фақат таниб қол мени.
Кел, йўқликларимизда,
Кел, парвозимизда,
Кел, маҳрумиятимизда бирга бўлайлик, севгим.

 

04She’rdagi hal qiluvchi narsa So’z emas, aksincha, So’zning orqasida turgan boshqa bir narsa. Men uni holat deb ham, ruh deb ham ataganman. Lekin u bular ham bo’lmasligi mumkin. U qandaydir kuch, qudrat. Qanday so’zni ishlatish, tanlash umuman ahamiyatsiz. Faqat so’z ortida Shoirdan, shoirni qurshagan atrofdan olingan, ajralgan energiya manbayi yuzaga kelsa bo’ldi…

Muhimi she’rda So’zning bor bo’lishiyu, aslida yo’qday bo’lishi she’rni ortiqcha so’zdan qutqaradi. She’rda so’zning, So’zbozlikning mavjud bo’lishi o’quvchi ongostida she’r natijasida tiklanib, butlanib kelayotgan Holatning yaxlitligini parchalaydi. She’r esa yaxshi satrlari bor yozilmaga aylanib qoladi, xolos (Tillaniso Eshboyevaning «Rafiq Saydulloga maktub»idan. Maqolani mana bu sahifada o’qishingiz mumkin).

Tillaniso Eshboyeva
YANGI SHE’RLAR


YOVVOYI TANOVOR

Rasmingizga termilib chiqdim tun bo’yi.02
Ko’z yoshlarni bir bir terdim nigohingizdan.
Shu’langizda raqs etdim.
Kaftimdan sirg’alib tushdi siniq va tirik haqlar.
Men raqs etdim.
Kulgingizdan sinib tushdi borlig’im.
Raqs etdim.

Dunyo bizni olib borolmagan hech
Hayot yo’llarida sira ko’rmagan
Manzillarga yetdi oyog’im.
Men raqs etdim.

Qiyofangizdan bir bir terdim lahza borlig’in —
O’tkinchilik ketdi sidrilib.
Qalbimga qorishdi lahza borlig’i
Yog’du va oh kabi qorishdingiz siz
Oy yog’dusin o’rab oh kabi chekdim.

Men raqs etdim manzillarning ustida yolg’iz
Men yod etdim gulni, baxtni, fasli xazonni
Yo’llarning toshiga shunchaki tikdim — jonni arzonni
Somon yo’llariga sochdim sabrni — sindi borlig’im.
Men raqs etdim.

Men oh chekdim
Yodingizda kulgiyingizda.
Men raqs etdim.
Kulgingizdan sindi borlig’im.
Men oh chekdim.
Ohkim,
Ohkim
Shu’langizdan bedor yiqildim.

TUSH

Bugun tush ko’ribman, yostiqlarim ho’l.
«Ona, xatlarimni qayga bekitding,
Yoqib yubordingmi atay ularni
Sevgidan eng ma’yus xotiralarni,
Iztiroblarni, titroq baxtlarni.
Savolingni qo’ygin, savollar berma.
Tug’ilmasdan xato hamma javoblar.
Ista ayblagin, meni tushinma,
Xatlarimni bergin, xatimni yoqma.
Ista biroviga yubor uzatib,
Yuragimni yoqma, xatimni yoqma.
Qo’rquvlarim yetar, mutassil titrab
Xazondek sarg’ardim qoshingda.
Adashtirib dunyosiga olib kelgan sen,
Menman- ma’shum titroqlardan bo’lganman ado.
Izn ber…
Xatimni yoqma!»

Ma’shum tushlar
Ma’shum yig’ilar
Ma’shum uyqulardan ochdim ko’zimni
Ko’z ochmoq ham uyqu,
Bedorlik uyqu,
Ko’z yoshlar ham uyqu,
Yupatmadim endi o’zimni.

Oqayotgan suvga o’xshayman
Toshlarga urilib telba teskari
Goh ortga oqaman
Goho oldinga
Aylanar boshim.

Ming yilki qo’rquvning vahmzorida
Bir hushtak ovozin tingladim titrab
«Ana yetib keladi qotil, mana, keladi»
Qo’llarim yemrildi, oyog’im idrab.

Ming yilki, zikr etdim, ming yil jim turdim,
Ming yil qattiq charchadim.
Nursizlikni sevdim, harir zulmatni,
Yorug’likka o’t qo’ydim, do’stlarim.

Va boshim aylandi
Toshlarga urilgan suvdek
Tushlarimga nogoh yiqildim.
Tirmashib cho’qqiga, toyib oyog’im
Ma’sum xotiraga singrab sig’indim.

Dunyoning tubiga tushdim har kuni
Har kun yo’lga chiqdim poyu piyoda
Qotil men dedim, razil men dedim
Uloqtiring meni tublarga,
Joy yo’qdir mendaylarga dunyoda.

Uloqtirdim ming yil o’zimni,
Ming yil dunyo tomon qattiq tirmashdim.
Sevdim zulmatni, harir vahmzorlarda
Men go’zal adashdim, mangu adashdim.

Lan’atladim mangu yorug’likni men,
Ko’z ochmoq zulmatdir, bedorlik zulmat.
Dunyo, qizg’onmagin ma’yus xotiralarni,
Ona, xatlarimni yoqmagin faqat.

OLA

Yel o’ynaydi, nur o’ynaydi,
Lahzalar o’ynaydi xonamda
Jimir o’ynaydi.
Qiz yuzida sepkildek yomg’ir
Tomchilab bosadi oynani,
darchani
Sepkillar xiralik qiz yuzidagi,
Yomg’ir xiralik.
O’ynaydi tomchilar, o’chgan tuyg’ular,
Tuyg’ular oladir, tuyg’u qirrali

Olislarda qolmaydi o’tmish
Ichagingga turar tiqilib
U qaytib keladi tez-tez
Aksa urmoq istagi bo’lib
Tabiiy keladi.
Ko’priklar bitmaydi yonib
Ko’priklar bugunmas, na kecha, indin
Ko’priklar qulamas, ko’prik xiralik

Uzoqlarda qolmaydi o’tmish
U qaytib keladi aksa urmoq istagi bo’lib
Tabiiy keladi
Keladi ko’prikdan yomg’ir, tuyg’ular
Goh jimir keladi, xazon, xiralik
Etagiga ilashtirib ola kunlarni
Yiroqlarda daydib dalli devona
Daydi ruhimizga Sabiy keladi.

Uzoqlarda qolmaydi!

EPIFANIYALAR» TURKUMIDAN

YO’L QISSASI

Ori Rustamjonovaga

Yilim, xush qol endi,
biz ketayapmiz.
Qaytmas bo’lib ketamiz.
Yil nima o’zi?
Zamon nima?
Yashadikmi zamoningda, yilim?
Bir oyog’imiz osmonda mudom
Birisi go’rda
Bu oraliqda qadam tashlolmaymiz
Ayrilar putimiz
Yorilar chotimiz.
Ilohlar kabi zamon ustida
Oyoq yozib turibmiz
Bir oyog’imiz osmonda
Birisi go’rda
Ayrilgan putimiz,
Yorilgan chotimiz.

Biz seniki emasdik, yilim
Yo o’tmishniki, yo kelajaknigi
Yo bir nafratniki.
Seniki bo’lmadik, yilim
Yashamadik sen bilan
Va lekin yashamoq nima degani?
Odamlar har ko’yli yashar
Kimdir odam so’yadi,
kimdir o’zini
Kimdir esa muallaq qotgan zamon ustida
Unutgan u borlig’ini ham
Yilim, zamonga to’r yozgan senmiding
Yig’ib oladirsan o’sha to’rlarni —
Loqayd va befarq seni o’zdan uloqtiramiz
Yulib otamiz seni.
Yilim,bugun sevganim xotini bilan urishdi
O’zi ko’tarolmagan og’irlik sezdim so’zida
Uni doim urishgan bu olam,
hayot
Qay burchakka qochmasin
Mudom tund, mag’lub
Nigohlari muztar, og’ir va mag’rur
O’zi ko’tarolmagan dardlari bilan quchadi meni
Lekin qayga olib boray
Qayga olib borib adashtiray dardlarni

Ertakdagi o’rmonga olib bordim adashtirgani
Biroq o’zim adashdim qismatning o’rmonida.
Qaytib kelmadim.
Suvga oqizoq qildim
Baribir ketmadi oqib
U dunyoga xabarchi emas suvlar ham
Faqat hozir bor
Ha, faqat hozir
U dunyo ham,
Bu dunyo ham «hozir»da qovushgan
Biz esa hozirdan hatlab o’tmoqchi bo’lamiz
Ikki oyog’imiz hozir ustida kerilgan
Biroq hatlolmaymiz,
Zero, sakramoqqa tomon yo’q.
Bir oyog’imiz osmonda,
Birisi go’rda
U dunyodan ham, bu dunyodan ham sakrab o’tmoq bo’lamiz
Ammo tomon yo’q.
Sening sharafingga qadah ko’tardik
Xayrlashdik sen bilan, yilim
Bir do’stim keldi oldimga
«Ular mudom oqlaydi o’zni
(Do’stlarni ko’rsatdi nuqib)
Men qoraladim.
Xiyonatni ko’rdim. Ko’rdim bevaqt ayriliqlarni».
Oqladi o’zni. Bu telba, xoksor odamlar qalbida
Uyg’ongan shafqat va mehr
Ovutarmi alamlarini?
Alam yirtqich bo’ri
Panalarda turib ovladi bizni.
Ovlanmagan bir zog’ qolmadi.
Hammamiz endi uning qulimiz.
Ovutmaydi bizni
sevgimiz,
kulgimiz,
yong’in, kulimiz.

Bu dunyoda odam o’zini oqlagan emas.
Oqlagan zamon,
Oqlagan qismat,
Oqlagan olam.
Odam qora.
Oqlolmagan odam o’zini.
Oqlamagan odam o’zini.
Yilim, senda oq eding.
Sen odam emassanku, yilim.
«Koshki yiqilsa dilim
Qaltirab turar qo’lim
Jigarimni yulmasdan.»
Sen odam emassan, yilim.
Dugonam yozdi : uzoq turing filmlardan, mahzun kuydan, qo’shiqdan.
Lekin kuysiz, qo’shiqsiz yashash mumkinmi, Dilim?
Mumkinmi, Yilim?
Olamning har qatida kuy sizib kelsa
Ko’z yoshimda kuy suzib kelsa
Mumkinmi, Dilim?
Mumkinmi, Yilim?

Yo mahzunlik yashash emasmi?
Yashash nima o’zi?
Mahzunlik nima?
Qismat bo’lgan narsa yashalgan
Yashalgan har narsa mahzunlik!!!
Har kim har ko’yli yashar
Qismatini yashar har odam
Qismat esa oqlangan. Qismat mudom oq.
Doim cho’chib tushadi
Nigohimdagi nafratdan
Menga xona bergan uyning egasi.
O’z taftimdan sovqotaman o’zim.
Nafratimdan ketaman cho’chib.
Men bu haqda yozishni istamayman.
Ha, istamayman. Na nafrat, na uy egasi haqda.
Bilaman, yanagi yilda ham
Ko’chib ketolmayman uyidan
Shunga mahkumman.
Men odamman. Mahkumman o’z ojizligiga.
Bir dunyo qulamoqda –
Dardlar, sevgi, Aqllar.
Bir dunyo qulamoqda.
Bir dunyo qolmoqda.
Men aytolmayman qanday dunyo bu
Ortiq odam emasman axir
Men bir Yodman, Hammasidan qolgan Telbalik
Men hech qachon bo’lmagan yo’lman endi
Na kelishim, na ketishim bordir.
Yilim, sen zamonning uzun yo’li
Senga ketish,
Menga Yodlar,
Qolgan Gardlar,
Mangulik Yordir!

UNUTISH

1.
Tashqarida yomg’ir yog’yapti.
Mening xonam o’ta tartibsiz.
Qiziq. Shu paytda Xudo nimalarni o’ylayapti
Xudoyim, ayt nimalarni o’ylayapsan?
Xonam betartib to’zg’in sochiq
Tunda yashash mazza
Seni ochilolmayapti
Portlashlaring yo’q deyishsa ham
Tunda yashash mazza
Tashqarida yomg’ir yog’yapti
Mening yuragim o’ynayapti
Umuman, men hammasini unutishga yaqinroqman.
Hamma narsani zarralab yig’ib atomday portlashga emas
Yomg’irday to’zg’in sochiq
Tomchilab mayda-mayda
Hayotni yutib betartib
yutoqib
Unutishga moyilroqman
Yomg’ir yog’sa ayniqsa.
Yuragim o’ynayapti.
Xudo nimani o’ylayapti.
Tunda yashash mazza.
Yomg’ir. Ayniqsa.

2.
Yomg’irda kezdim.
Tun sutday yaxti.
Yuragim o’ynab, ko’zimga yosh keldi.
Demak, Xudo ham yig’layapti.
Ruhimga hovur keldi —
Demak, Xudo bo’sa olyapti kimdandir —
Isyoni tindi.
Demak, Xudo taniydi
Yo’q, men bilaman
Yuragim o’ynog’idan eshitaman ruhlar shivrini.
Meni taniydi
Taniydi Noayonlik.
Betartiblik taniydi meni.
Taniydi mavjud bo’lmagan mavjudlik
Assalomu alaykum,
ibtidoga xush keldim.
Men ortga qarab yurdim
Assalomu alaykum
Ibtidoga xush keldim.

3.
Tong otdi.
Biroz kechikdi
Ruhim yengil edi
Va lekin bulut parchasi kabi yengil yengil suzardi o’ylar
ifor qorishiq havoga
bunda bir sir bor
bunda bir o’y bor
ruhim yong’inlarni qo’msamas —
(Shomlardan tortib oldim
Tun va kun orasini
Tun va kun kabi qordim
Qalbimda Klodel xotirasini.
O, janob Bayron, emasman qoyil:
«Aqlim — do’zaxim», nima degan gap?
Mana, men aqlidan mosuvo juvon.
Na kulim qolmagan, na-da bir yong’in
Ma’shum palataga keling Don Juan.*) —
Ruhim yong’inlarni qo’msamas
va lekin
unitish ham yor emas unga.
Yo yong’in kerak yoki unutish
Yerda bo’lgan inson yong’indan mahrum emas
Mahkum emas unutishga
U sarsari shamol , telba yaproqmas
Koinot jismida unutilgan yaroqmas.
U unutmagan. Inson unutmagan.
Inson qushlar emas
Fasllar almashganda
g’ayrishuuriy uchsa janubga
Inson g’ayrishuuriylikka, Kuchga mahkummas
Va lekin tobe
Unutib yasholmaydi inson.
Unutilgan. Lekin unutmagan.
Telba barg suzadi shamolda
Men telba yaproq — yodimda bari.
Men yong’in emasman. Kulim yo’q. Ruhim sarsari.
Yaproqman — unutmagan.
Men tongman.
Shamolman.
Qushlarman — unutmagan.
Tong otdi.
Men yong’indan chiqmadim hozir.
Ko’z ochdim. Bor yo’g’i shu.
O’yim yengil ruhim sarsari
Va lekin shamollar izmidadirman
Yaproqman, va lekin yodimda bari.
Tong otdi
qo’ynida bir sir
Men otdim.
Ruhimda sirlar
Men tongman — Unutmagan!

4.
Sukut yoqqan olovman men
O’zimni o’zim tug’dim.
Men yaproqman — yodimda bari
Assalomu alaykum
Ibtidoga xush keldim.
Assalomu alaykum!

* Kamilla Klodel» she’ridan.

* * *

«Ey Navoiy, ofiyat ko’yida sen bo’l shodu xush,
Kim meni dardu balog’a aylamish mu’tod ishq»

Jimmmm…
Ruhim jim bo’l,
Yuragim jimlan.
Fano yellaridan yugurib
Hayqirib
Bir nima yelar
Bir nima kelar
Balki olovdir u
Balki muzlik suv
Hayronman, kim otib yuborgan uni
Go’yo tepadan pastga oqayotgan
Suv yo’nalishida kelar
Balki suv ichida olov kelar
Bir nima kelar
Balki odamdiru
Balki qiz , ayol
Ruhimga yelar
Qalbimga kelar
Ruhim jim bo’l
Yuragim jimlan.
O’tgan shomda taksi yelib kelarkan
Yuragim, men eshitdim seni
Nega borligingni bildirging keldi buncha
Ko’kragim ostini ushlab xuddi bir kaptarni yo muztar qushchani tutib olgandek his qildim o’zni
Yuragim, qushcha kabi buncha hurkak tipirchilading
Meni sevib qolgim keldi
Bu hurkak qushni sevdim
Dunyoning barcha oshiqlariga
Ko’rsatib qo’ymoq uchun
Oshiqlik nimayu
ma’shuqlik nima
Masalan, erkaklarga
Yonib sevishni.
Yuragim jimlan.
Men bilamanku, sen rahmga muhtoj emassan,
Faqat ruhlar shivirin qolding eshitib
Faqat cho’chiding, eh mening bolakayim,
Mahbubam mening, jim.
Yashamoq bu tinglamoq va cho’chish demak
Va biroz cho’chitmoqlik.
Ruhim, sen Navoiyning bitta satridan shifo topdim deb o’ylayapsan,
Vaholanki, Navoiy — Satr,
To’la Satrlar.
Har satrdan shifo topish-chun qalqib tur hali.
Qalqimoq bu unutmoq demak
Masalan, ko’chada senga nohaqlik qilgan notanish yigichchani
«Voy, qanday yaxshisiz, keling sizni o’pib qo’yaman» demoq
Va o’pmoq jazava bilan.
U esa o’ziga yopishib olgan g’alati shiltani
O’zdan yulib otmoq uchun
Tipirchilaydi — » Nima qilyapsiz, tegmang menga, tegmangeye». Qochadi
O’limni ko’rgandek millyon yil nariga.
Ketarkansan, ortingga qayrilib
Bo’salar yuborasan unga
havodan
Ana, odamlar ham cho’chiydi
Notabiiylikdan cho’chiydi
Jazavadan hurkir odamlar
Qiziq, biror notabiiy jonzot —
Na ko’ngilga issiq, na sovuq taft berolmagan —
Bo’sa uzatsa ketma-ket
Nima qilishar ekan,
Masalan, yigichchalar
Shiltadek ijirg’anarmi
Yo paridek quchib, o’par?
Qalqimoq bu — qalqitmoq demak.
Ruhim, kechagi ko’nishlarga bugun ko’nganding,
Bugungi ko’nishlarga erta ham ko’nmoq kerak
O’z olovingga o’zing ko’nganda
Suvga ham ko’nmoq kerak.
Tinglamoqqa kuchim yo’q mening
Tinglab to’ydim janglar ovozin,
Yashamoq – jang qilmoq, ammo jang bu yashamoq emas.
Ko’nglim, ruhlarning shivriga ko’ndik
Ruhim, fanodan kelganga, yelganga ko’ndik
Biz o’zni yo’qotdik
Jazava, o’pishlarga ko’ndik
Ko’nishlar qo’ynida uchayotgan yaproqmiz
Ko’nishlardan biz chiqardik qanot
Fanoni, baqoni ko’rdik
Uchdik- uchdik olamlar ustida
Olam go’zal, olam muhtasham
Go’zal bunda da’fatanliklar
Jazava go’zal
Go’zal bizda yoniq bo’salar
Ko’nishlarda bir jazava bor,
Ko’nishlarki, telba da’fatan.

«Ey Navoiy, ofiyat ko’yida sen bo’l shodu xush,
Kim meni dardu balog’a aylamish mu’tod ishq»

*»Ey Navoiy, sen balo va ofatlardan uzoq bo’lish (ofiyat) yo’lida ekansan, shodu xurram bo’laver, zero ishq (ilohiy ishq) meni (seni) dardu balolarga ko’nikadigan qilib qo’ydi.»

MAYSA

Azizim,
Tog’larga tushdi qor.
Kel qo’lingdan tutay.
Qo’llaring taftini ber menga.
Oq oydin yo’lda
Qo’lingdan tutib
Huv o’sha cho’qqiga yetay.
Azizim, lahzani ushlab ol
U hozir bolalar yasaganu
Qorbo’ronda otgan qortosh kabi
Yog’ar qo’lingga,
yo’lingga.
Azizim, dunyoni kez,
Chirpirak qil dunyoni
Qayda moviy qushlar bor
Qayda oydin bug’ular,
Yotganmikan kaltakesak inida?
Xaslarning ostida nima bor
His qilib ko’r, azizim.
Xaslarning ostidagi o’sha moviy his bo’lgim kelar
Gizli, parqu va yoyiq
Azizim, qor ostidagi maysani yupat,
Silab qo’y yuzimni silagan kabi
Asosiysi, maysa yupatmoq
Shekspir aytgandi
«Eng muhimi toptab o’tmaslik maysani» —
Dunyo chirpirak bo’lib aylanadi shu so’z ichida
Kel tavof qilaylik uni,
dunyoni,
so’zni.
Eng go’zal ishq gizli va nozik
Eng go’zal his inja va parqu
Eng nozik ishq va his — maysa.
Azizim, kaltakesakni o’pganingdagi o’sha nozik lahzani keltir
Lablarim qonsinlar lahza ta’midan
Cho’qqi yuksakligin sezayin
Azizim, ko’z ilg’amas narsani
Masalan, qushlar sayrog’in keltir qalbimga
Dugonam aytgandi:
Odamlarning o’ylari xalaqit beradi qush sayrog’iga.
Azizim, maysa, maysa…
Darvoqe o’simlik va maysa ismi Matilda
O’simlik va hisning ismi Matilda —
Nerudaning dilbar sevgisi.
Ishqimizning ko’z ilg’amas hisidir maysa.
Ko’z ilg’amas lek
Dunyo oqib yotar bu hisda
Va ishqimiz bir ummon kabi.
Azizim, kaltakesakni o’pganingdagi lahzani keltir.
Yuragim qonsin.
Eng nozik hislarni toptap o’tmasin dunyo
Qo’llaring taftidan qo’llarim yonsin.
Maysa toptamoq — taftni o’ldirmoqlik va
Manguga muz qotgan qo’llarimizdir.
Munosabatlar eng nozik hisda yashirin
Ko’z ko’rgan narsani avaylash mumkin
(O’ylash mumkin dunyoni tutib turibdi ular
Tog’larni yerning ustuni deb bilgan kabi odamlar.)
Lek ko’z ilg’amas narsani,
hisni
Toptashdan vayron bo’ladi dunyo
Vayron bo’ladi inson
So’nadi taftlar,
Ungan sevgilar.
Bir do’stim bor, Ruhimning do’sti
Garchi ko’rmoqqa ko’zim yo’q
Nafratlanmoq istab
Qalb va aql-la
Ruhim bilan intildim unga.
Nafrat istab qalb va aql-la
Ruhim bilan sevaman, sevgum.
Azizim,
Biz u bilan maysani toptab o’tdik,
Azizim,
Bilmagandek, munosabatda
Muhimi maysa.
Azizim,
azizim,
maysani yupat,
Azizim,
azizim,
maysa…
Maysa…

 

1. Antinataliya
(tug’ilmaslik, ko’payishni rad etuvchi falsafa)

Viloyatlilar poytaxtdagiga havas qiladi
Poytaxtlilar omadlilarga
Omadlilar birinchilarga.
Mening tug’ilmaganga kelar havasim.

Ko’r qismatga achchiqma achchiq

Omadliga hasadim kelar,
Ustunlarga kelar hasadim.
Baxtlilarga rahmim
Baxtsizlarga taskin keladi —
Tug’ilmaganlarga faqat havasim…

O’lganlarga rahmim
O’lmaslarga kulgim keladi.
Tug’ilmaganga esa havasim…

(O, tug’ilmaslik ajoyib, sevgim)

2. Qushni siladim.

Sevgilim, aytdingki, dunyo changalzor, vahm
Kuchlilar tanlangay,
Ojizga yo’q rahm.
Ojizlar xo’rakdir, yo’qolib bitar
Zarralanar, sovrilar, ketar.
Sevgilim, men xo’rakman har bir kun tunga,
Har bir qadamga.
Ammo yo’qolib ketmadim.
Nahot haliyam borman?
Sen allaqachon yo’qman deding,
Kel, yo’qliklarda birga bo’lamiz, sevgim.

Kichiklikda otam pichoq otgandi menga
Men endi hech qachon
Birovga pichoq otolmayman
Qarolmayman ko’ziga tik
Ingrog’im balandlatolmayman
Tushun, baxtli bo’lolmaymiz
Ammo baxtli bo’laylik demayapmanku
Hatto so’ramadim bor bo’laylik deb
Lek yo’qligimizda birga bo’laylik, sevgim.

Dunyo o’rmon qonuni deding
Qonunlardan qo’rquv yasadim
Qo’rquvimdan Xudo
So’ng qo’rquvni qalab
O’t qo’ydim o’rmonimga.
Yong’imizda birga bo’laylik sevgim.

Dunyo bizga tupurgan, biz ham dunyosiz telba.
Dunyoning tupugini
Men kaptarga, zog’larga surtdim.
Siladim, o’pdim.
Bilasanmi, qushlar ham ojiz ekan biz kabi —
Ana senga, parvozi bor ojizlik.
Ojizlik Parvozida birga bo’laylik sevgim.

Qo’y, orzuni — ushalmaydi,
Harakatmi? Mangulik har lahza sindirgan lahza
Yashashmi? Bilmadim, qanday yashaysan?
O’limmi? O’lma deb aytolmayman,
haqqim yo’q, taskinim yo’q.
Yaxshisi, aqlingdan oz
Faqat tanib qol meni.
Kel, yo’qliklarimizda,
Kel, parvozimizda,
Kel, mahrumiyatimizda birga bo’laylik, sevgim.

11

(Tashriflar: umumiy 428, bugungi 1)

Izoh qoldiring