Tillaniso Eshboyeva. Shonli davr zavoli

065   Янги ой давомида Сергей Довлатовнинг «Чемодон» номли қиссасини ташкил этган ҳикояларни ўқиб боряпсиз. Сўнгги ҳикояни тақдим этишдан олдин Тилланиса Эшбоеванинг атоқли адиб ижодига бағишланган мақоласи билан таништиришни ният қилдик.

Тилланисо Эшбоева
ШОНЛИ ДАВР ЗАВОЛИ
001

Прощай, немытая Россия,
Страна робов, страна господ…

044ХIХ аср охирларида Лермонтов ёниб, кучли пафос билан битган Ватан ҳақидаги ўртаниш ХХ аср рус ижодкорлари асарларида ҳам юз кўрсатди. Кимдадир очиқ, кимдадир ишоралар билан, кимдадир ўткир, кимдадир совуқ ва босиқ нафасда. Сергей Довлатовнинг «Чемодон»(ва билишимча қолган асарлари ҳам)и бир қарашда ўзининг тузумга нисбатан мухолифда эканлигини ошкор қилмайди. (Ўзи аслида бу мухолифлик эмас, балки ўша муҳитдаги инсон тақдирига ачинишдир.) Воқеа ҳам жуда оддий, бир қарашда адабий асар ёзиш учун жуда жўнлик қиладиган тасаввурдан бошланади. Диссидент сифатида СССРдан Америкага кўчиб келган муаллиф чемодонидаги ҳар бир буюм билан боғлиқ хотирларни эслашга тушади. Бор-йўғи шу хотиралар холос.

Улар шу қадар маиший ва воқеабандликдан иборатки (аммо бу воқеалар қуруқ тафсилот эмас, пишиқ услубга эга чинакам бадиий асар), оддий ўқувчи кўзи билан қарасак, «ҳа, шундай воқеа бўлган экан, шунга нима бўпти» дейиш ҳам ҳеч гапмас. Шу пайтгача абстракцияга қурилган асарларни ўқиш учун ўқувчида яхшигина тайёргарлик бўлиши керак деган гапларни эшитар ва қўшилардим.Бироқ Довлатовнинг маиший воқеалари ортидаги тагматнни ўқимоқ учун ўқувчи шунчаки адабиёт шинавандаси эмас, сиёсат, журналистика, тарих, психология, социология, психология, иқтисодиёт, маданиятшунослик билимдони бўлиши керак. Довлатов нима бўлганини айтиб кетаверадию, лекин нима сабабдан шундай бўлганини—ўзининг феълидаги совуққонликка бориб—тушунтириб ўтирмайди. Аслида ёзувчини қўлига қалам олдирган ҳам ўша сабаблардир. Мана шу сабаблар эса воқеалар билан баробар тагматнда оқиб боради. Кўникмаси йўқ ўқувчи эса шу тагматнни кўрмай, воқеаларёнидан шунчаки ўтиб кетавериши мумкин. Масалан, «Фин пайпоғИ»даги фожеа ортида бутун бир иқтисодий сиёсат—хусусий бизнеснинг қатағон этилгани, бунинг натижасида давлат монополияси вужудга келиб, рақобатбардошликнинг йўқлиги туфайли маҳсулотлар сифати одамларни қониқтирмай қўйгани, натижада чет элнинг сифатли молини сотадиган «қора бозор» пайдо бўлгани, бироқ шу «қора бозор» орқасидан кун кўрганлар «қўлга тушса» кўп йилларга кесилиб кетиши; фақат давлат таклиф қилган иш ва маошга рози бўлиш, бошқа ишлар учун йўл ва имкон йўқлиги ( бу ўринда хусусий боғча очган аёлнинг тақдирини—«мени тутиб олиб кетиб қолишмасайди» деган хавотир билан яшашини, давлат боғчаларидан эса ота-оналар норозилигини эслаш жоиз); натижада бутун-бутун соҳалар, уларга қўшилиб инсонлар ҳаёти ҳам издан чиқиб бораётганининг тасвири бор. Умуман тузумлар ўз-ўзидан барбод бўлмайди. Тизимлари бир-бир хароб бўларкан, тузум ҳам ҳалок бўлади. Тузум томонидан бошқарилаётган тизимлар бирлашиб ўша жамият одамлари юрагига қўл ботириб туради—ҳаётига чангал солади, албатта ёмон тузумларда шундай. Ҳар қандай тузум инсон ҳаётида худди кўринмас қўл каби биз сезиб, агламаган равишда тебраниб туради. Ёмон тузумларда у чангалга айланиши мумкин.

Чемодон ичидан чиққан буюмлар қанчалик оддий бўлсада, уларнинг ортида турган тарих шунчалик ғалати. Биридан буйруқни бажариш учун хом-хатала қилинган ва ҳеч кимга ёқмагани учун бузиб ташланган ҳайкал чиқиб келса, бошқасидан аёлни зўрлагани учун қамалиб, озодликка чиққач газетада маънавиятли қаҳрамон қилиб кўрсатилган ўзбек чиқиб келади. Асардан ҳар бир соҳани пароканда қилаётган—ҳатто ҳарбий соҳани ҳам («Зобитлар камари»)—кўзбўямачилик ва арақ ҳиди анқиб туради.

Довлатов журналист бўлгани , бутун умр журналистлик қилгани учун ҳам бу кўзбўямачиликни яққол кўриб туради. Чунки сиз қаҳрамон қилиб ёзишингиз керак бўлган кўп болали она охирги фарзандининг отаси кимлигини ҳам эслолмаса, боз фарзандларини боқишга нони бўлмаса; янги туғилган чақалоқнинг отаси яҳудий (бироқ зиёли) бўлгани учун у ҳақда ёзиш мумкинмасу, КПСС аъзоси бўлган пиёнистанинг фарзанди ҳақида ёзиш олқишланса; мақолада давлатлар номини алфавит бўйича ёзилган бўлсаю, социалистик давлатлар номини бошқалардан олдин ёзмаганингиз учун муҳаррирдан яхшигина дакки эшитсангиз—буларга тоқат қилиб бўладими?! (Довлатов изтиробларини матбуот цензурасидан, кўзбўямачиликдан зада бўлганлар яхши тушунади, албатта.) Говурхиннинг 2015-йилда Сергей Довлатов асарлари асосида суратга олган «Конетс прекрасной эпохи»(яна биррус диссидент ижодкори Иосиф Бродиский шеърининг сарлавҳаси)филми 1960-70-йиллар оралиғидаги СССРнинг марказий нашрларидан бирида ишлаган журналист фаолиятига қурилган. Филм гўё бир қаҳрамон тилидан таъкидланганидек, « бу жиннихонани кўравериб, охир ҳаммасига қўл силтаган» одам ҳикояси бўлиб таассурот қолдиради. Асарлари ортида турган Довлатов сиймоси қўрсроқ, лоқайдроқ; изтиробга қоришган совуққонлик бор унда. Бунда кўрган кечирганларининг, уни сийламаган ҳаётнинг таъсири борми ёки табиий табиати шунақа—англаш қийин. У шу қадар хафсаласизки, «ортиқча ташвишларни ёқтирмайди, дуч келган нарсани ейди, таниб бўлмайдиган алфозга келгандагина сочини олдиради—бирваракайига машинада—яна уч ой соч олдирмаслик учун.» Ягона фарзандининг онаси—учинчи хотини билан иккаласи ҳам лоқайд одамлар бўлгани сабаб бирга яшаб келишмоқда. Эр-хотин умуман бир-биридан ҳеч нарса кутмайди. Улар туғма совуқмижозлиги учун шундай қилишадими, ё кутмаслик кераклигига, шунда уларга осонроқлигига ақли етгани учун шундайми,—бундан қатЪИ назар кунлардан бир кун Довлатов хотинининг эски албоми орасида ўзининг жажжигина суратини кўриб қолиб, йиғлагудек ҳолга келади. Эҳтимол, у хотинининг лоқайдлиги орасидан сизиб чиққан қайғуни туйиб шундай куйга тушган ёки иккита лоқайд табиатлар ўртасидаги уйғунлик чинданам севги эканлигини ногоҳ англаган бўлса керак. Довлатовнинг совуққонлигида мана шундай изтироб сузиб юради асарда. Говурхиннинг қаҳрамони эса бироз олифта, башанг, хушмуомала, кўнгилхушликка ўчмасу, чорлашса «йўқ» ҳам демайди. Бу эса ёзувчининг тажанг, маҳобатга, ўз қадрини билишга йўғрилган қўрслигини бироз юмшатгандай туюлди. Шунга қарамай, Говурхин қаҳрамонининг ҳам феълу кайфияти телба-тескари воқелик ортида сузаётган изтиробга, фожега урғу бераверади. Шонли даврда ҳамма ўзини шароб ва секс билан овунтиришга ожизона уринади. Жумладан, бош қаҳрамон ҳам бундан четда эмас. Аслида уларнинг кўп нарсага ақли етадиган, атрофда бўлаётган ҳодисаларни баҳолай оладиган одамлар. Воқеликни кўра била туриб, ҳеч нарсани ўзгартиролмаслигига ақли етиб араққа ғарқ бўлганлари ёхуд Довлатовдай лоқайдга айланганлари ҳам талай. «Шонли давр тугаши» га келиб эса ҳамма Ватандан чиқиб кетишни Довлатов «Чемодон»да таъкидлаганидек (гарчи филмда бу ҳақда гап бормасада) эҳтиросли жазава билан орзу қила бошлайди.

П.С.: шу ўринда ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб адабиётда пайдо бўлган бир қарашда лоқайд, бепарво, совуққон кўринадиган образлар ҳақида икки оғиз. ХХ асрнинг бошларидаги асарлар қаҳрамони қандайдир саволларга жавоб излар, туман ичида бўлсада эзгулик ҳақида тушунчалари мавжуд ва шахс ҳақидаги идеаллари ҳали йитмаган эди. 50-йиллардан кейинги қаҳрамонлар эса саволларга изланган жавоблардан хафсаласи пир бўлиб (халқлар ва жамиятлар тарихи ва тақдиридаги энг буюк революцияларнинг охир-оқибат нима натижага олиб келганини англаб—ҳатто буюк ўзгаришлар билан ҳам мукаммал турмуш тарзи, ҳаётга эришиб бўлмаслигини ақлан сезиб—лоқайдга айланиб боришди. Бироқ уларнинг лоқайдлиги изтиробли бўлсада маъно билан тўйинган лоқайдлик—аслида лоқайдликдан кўра аламзадаликка ўхшаб кетарди. Чунки бу одамлар худди Довлатов сингари инсон ва Ватан тақдирига куйинардилар ҳали. Инсон ва Ватан учун кутганлари саробга айланганини ҳис қила боргач, улар беихтиёр аламзада, лоқайдга айланишди. (Довлатов бекорга «Чемодон»га эпиграф қилиб Блокнинг «Эй она Россия! Шундайинча ҳам мен учун азизсан ҳамма юртлардан» сатрларини танлаб олмаган.) 70-йиллардан кейинги қаҳрамонлар эса(жумладан, Муракамининг «Шамол қўшиғини тингла» қаҳрамонлари) буткул бепарво, ҳеч нарса ҳақида ортиқча ўйламайди ва бош қотирмайди; уларнинг ҳаётида ҳамма нарса қоришиб кетган, ҳар қандай эътиқодга ишонч буткул сусайган ва ҳеч нарсани излашмайди—гўё улар саволсиз туғилгандай.Худдики инсониятнинг умумий онгини бор бўйича мерос қилиб олганлару, ўша умумий онг хулосаларига мувофиқ ҳаётдан ҳеч нарса кутишмайди—на ижтимоий ҳаракатлардан, на фаолиятдан ва на келажакдан. ( Чунки кутиш бефойдалигини уларгача бўлган тарих исботлаб берган ё ўша умумий онг тушуниб етгандай эди.) Бу қаҳрамонларнинг юзида завқсизлик, сўлғинлик билан бирга умидсизликнинг бадбин изтироби бор. Нега бадбин? Чунки улар бу изтироб ҳақида ўйлашга ҳоллари, умидсизликни тан олишга ҳушлари йўқ. Умуман ўйлагандан нима фойда , барибир ҳеч нарса ўзгариб қолмайдику тарзида уларнинг кечинмалари. (Шу ўринда кичик бир изоҳ: Урушдан кейинги йилларда шаклланган абсурд адабиёти ҳам умидсизликни бош мавзуга айлантиради. Лекин уларнинг умидсизлиги бошқа. Улар аввало кутади—кимнидир ёки ниманидир—кимдир Годони («Годони кутиш»). Кимдир почтачини («Курсилар») кутади. Кутяптими, демак ҳали умидвор. Абсурд адабиётидаги умидсизлик ҳеч бўлмаса моҳияти ҳақида ўйлаб кўрилган умидсизлик эди.)

Уларнинг ҳаётида қадриятлар ўрни жуда кам, буткул озод, эркин бўлишни хоҳлашади ва шу қадар озод бўлишганки, натижада таянчсиз қолишган. Аслида уларнинг озод бўлиш хоҳишини кўп ҳам қоралаб бўлмайди—чунки уларгача аксар қадриятлар одамнинг табиий феълини ниқоблаш сифатида шубҳа остига олинган; порлоқ келажак учун курашиш ғояси эса гоҳ у, гоҳ бу ижтимоий ҳаракатлар қанотидаги мағзи пуч ғоя бўлиб чиққан; одам жамиятга фақат меҳнат тақсимоти иштирокчиси сифатида керак бўлиб, унинг қадри йўқолган эди. Шунда улар буларнинг ҳаммасидан воз кечишгану,гўё озод ва буткул лоқайдга айланиб қолган. (Ҳар сафар бу қаҳрамонлар ҳақида ўқиганимдан сўнг борлиғимни катта бир хавотирга уйқаш тушкунлик эгаллаб олади. Хўп, ўша қаҳрамонлар руҳи дунёси дунё келиб тўхтаган босқичнинг руҳий манзараси бўлса, ундан кейин келадиган (аллақачон келган) авлодларнинг —хусусан менинг—авҳол руҳиясини қандай баҳолаш мумкин? Бу лоқайд, руҳан хароб одамларнинг тақдири қандай кечади?..)

Мураками қаҳрамонларининг сиз тўла тасаввур этиб-этмаган ноаён қиёфаси, руҳиясидан тутундай бурсқиб ўрлаётган қандайдир аянчни ҳис этасиз. Гўё улар ҳеч нарсани ўйлашга хоҳиш билдирмасалар ҳам, ичдан зил кетишади, ичдан адо бўлиб келишмоқда. Гарчи аҳволи ҳақида қайғуришмасада, нима бўлаётганини ҳис қилиб туришади.Чунки улар… инсон. Жаҳонга машҳур адиб Фолкнер Нобел маърузасида «бу дунёда битта инсон қолса ҳам, демак, ҳали ёзса бўлади, ёзиш учун манба бор» қабилида фикр билдиради. Инсон бор экан—унинг қадрияти, эътиқоди ёки эътиқодсизлигидан қатЪИ назар—унинг кечмишига ўзи ҳам аралашолмайдиган Қалби уриб туради. Инсоннинг ўзи ҳам тушунолмайдиган қалб фаолияти Илоҳий табиатга кўра кечади. Мураками қаҳрамонларининг ҳам ҳали уйғонмаган, бироқ ўша мудроқликда ҳам тошиб келаётган изтироб тўлқинларини ҳис этаётган қалби бор.

«Шамол қўшиғини тингла» қаҳрамонлари ҳақидаги аксартаржимон ва адабиётшунослар фикри салбий—умуман адабиётдаги лоқайд қаҳрамонларга нисбатан мавжуддек бу муносабат. Гўё ёзувчи уларнинг нотўғри яшаётганини исботлаш учун ёзган…Бироқ қандай қилиб тўғри яшаш мумкин деган саволнинг ҳалигача бирор бадиий идеали йўқ. ..Ҳалигача ҳеч бир ёзувчи бунга тўлиқ жавоб беролган эмас. Бера олишига, қандай қилиб барча бирдай тўғри яшаши мумкинлигини кўрсатишига ишониш мушкул.Ёзувчининг ўзи ҳам буни билмаслиги—ҳар ҳолда ҳамма учун—табиий. Камю ўлими муносабати билан ёзган эссесида Фолкнер таъкидлаганидек « бу саволларнинг (яъни—инсоният излаган саволларнинг) жавоби бор ҳам деб ўйламайман.» Бадиий асар ўқувчисининг одобни одобсиздан ўргангандан кўра, қаҳрамонлардан ўзига яқинлик қидириши, таскин олиши, тушуниши кўпроқ муҳим. Шундагина китоб ва китобхон орасида уйғунлик пайдо бўлиб, мутолаа мутолаагўй қалбини мувозанатга олиб келади. Лоқайд қаҳрамонлар тадқири, феъли, умуман тўгри яшаш ҳақида қайғурадиган бўлсак, ягона чора бўлиб Қалбнинг Ўша—инсоннинг ўзи ҳам аралашолмайдиган Илоҳий фаолиятига суяниш қолмоқда.

034Sergey Dovlatovning hikoyalaridan iborat “Chemodon” nomli qissasining soʻnggi qismini taqdim etishdan oldin Tillanisa Eshboyevaning atoqli adib ijodiga bagʻishlangan maqolasi bilan tanishtirishni niyat qildik.

Tillaniso Eshboyeva
SHONLI DAVR ZAVOLI
001

Прощай, немытая Россия,
Страна робов, страна господ…

XIX asr oxirlarida Lermontov yonib, kuchli pafos bilan bitgan Vatan haqidagi o`rtanish XX asr rus ijodkorlari asarlarida ham yuz ko`rsatdi. Kimdadir ochiq, kimdadir ishoralar bilan, kimdadir o`tkir, kimdadir sovuq va bosiq nafasda. Sergey Dovlatovning “Chemodon”(va bilishimcha qolgan asarlari ham)i bir qarashda o`zining tuzumga nisbatan oppozitsiyada ekanligini oshkor qilmaydi. (O`zi aslida bu muxoliflik emas, balki o`sha muhitdagi inson taqdiriga achinishdir.) Voqea ham juda oddiy, bir qarashda adabiy asar yozish uchun juda jo`nlik qiladigan tasavvurdan boshlanadi. Dissident sifatida SSSRdan Amerikaga ko`chib kelgan muallif chemodonidagi har bir buyum bilan bog`liq xotirlarni eslashga tushadi. Bor-yo`g`i shu xotiralar xolos.

Ular shu qadar maishiy va voqeabandlikdan iboratki (ammo bu voqealar quruq tafsilot emas, pishiq uslubga ega chinakam badiiy asar), oddiy o`quvchi ko`zi bilan qarasak, “ha, shunday voqea bo`lgan ekan, shunga nima bo`pti” deyish ham hech gapmas. Shu paytgacha abstraktsiyaga qurilgan asarlarni o`qish uchun o`quvchida yaxshigina tayyorgarlik bo`lishi kerak degan gaplarni eshitar va qo`shilardim. Biroq Dovlatovning maishiy voqealari ortidagi tagmatnni o`qimoq uchun o`quvchi shunchaki adabiyot shinavandasi emas, siyosat, jurnalistika, tarix, psixologiya, sotsiologiya, psixologiya, iqtisodiyot, madaniyatshunoslik bilimdoni bo`lishi kerak. Dovlatov nima bo`lganini aytib ketaveradiyu, lekin nima sababdan shunday bo`lganini—o`zining fe’lidagi sovuqqonlikka borib—tushuntirib o`tirmaydi. Aslida yozuvchini qo`liga qalam oldirgan ham o`sha sabablardir. Mana shu sabablar esa voqealar bilan barobar tagmatnda oqib boradi. Ko`nikmasi yo`q o`quvchi esa shu tagmatnni ko`rmay, voqealar yonidan shunchaki o`tib ketaverishi mumkin. Masalan, “Fin paypog`I”dagi fojea ortida butun bir iqtisodiy siyosat—xususiy biznesning qatag`on etilgani, buning natijasida davlat monopoliyasi vujudga kelib, raqobatbardoshlikning yo`qligi tufayli mahsulotlar sifati odamlarni qoniqtirmay qo`ygani, natijada chet elning sifatli molini sotadigan “qora bozor” paydo bo`lgani, biroq shu “qora bozor” orqasidan kun ko`rganlar “qo`lga tushsa” ko`p yillarga kesilib ketishi; faqat davlat taklif qilgan ish va maoshga rozi bo`lish, boshqa ishlar uchun yo`l va imkon yo`qligi ( bu o`rinda xususiy bog`cha ochgan ayolning taqdirini—“meni tutib olib ketib qolishmasaydi” degan xavotir bilan yashashini, davlat bog`chalaridan esa ota-onalar noroziligini eslash joiz); natijada butun-butun sohalar, ularga qo`shilib insonlar hayoti ham izdan chiqib borayotganining tasviri bor. Umuman tuzumlar o`z-o`zidan barbod bo`lmaydi. Tizimlari bir-bir xarob bo`larkan, tuzum ham halok bo`ladi. Tuzum tomonidan boshqarilayotgan tizimlar birlashib o`sha jamiyat odamlari yuragiga qo`l botirib turadi—hayotiga changal soladi, albatta yomon tuzumlarda shunday. Har qanday tuzum inson hayotida xuddi ko`rinmas qo`l kabi biz sezib, aglamagan ravishda tebranib turadi. Yomon tuzumlarda u changalga aylanishi mumkin.

Chemodon ichidan chiqqan buyumlar qanchalik oddiy bo`lsada, ularning ortida turgan tarix shunchalik g`alati. Biridan buyruqni bajarish uchun xom-xatala qilingan va hech kimga yoqmagani uchun buzib tashlangan haykal chiqib kelsa, boshqasidan ayolni zo`rlagani uchun qamalib, ozodlikka chiqqach gazetada ma’naviyatli qahramon qilib ko`rsatilgan o`zbek chiqib keladi. Asardan har bir sohani parokanda qilayotgan—hatto harbiy sohani ham (“Zobitlar kamari”)—ko`zbo`yamachilik va araq hidi anqib turadi.

Dovlatov jurnalist bo`lgani , butun umr jurnalistlik qilgani uchun ham bu ko`zbo`yamachilikni yaqqol ko`rib turadi. Chunki siz qahramon qilib yozishingiz kerak bo`lgan ko`p bolali ona oxirgi farzandining otasi kimligini ham eslolmasa, boz farzandlarini boqishga noni bo`lmasa; yangi tug`ilgan chaqaloqning otasi yahudiy (biroq ziyoli) bo`lgani uchun u haqda yozish mumkinmasu, KPSS a’zosi bo`lgan piyonistaning farzandi haqida yozish olqishlansa; maqolada davlatlar nomini alfavit bo`yicha yozilgan bo`lsayu, sotsialistik davlatlar nomini boshqalardan oldin yozmaganingiz uchun muharrirdan yaxshigina dakki eshitsangiz—bularga toqat qilib bo`ladimi?! (Dovlatov iztiroblarini matbuot senzurasidan, ko`zbo`yamachilikdan zada bo`lganlar yaxshi tushunadi, albatta.) Govurxinning 2015-yilda Sergey Dovlatov asarlari asosida suratga olgan “Konets prekrasnoy epoxi” (yana bir rus dissident ijodkori Iosif Brodiskiy she’rining sarlavhasi) filmi 1960-70-yillar oralig`idagi SSSRning markaziy nashrlaridan birida ishlagan jurnalist faoliyatiga qurilgan. Film go`yo bir qahramon tilidan ta’kidlanganidek, “ bu jinnixonani ko`raverib, oxir hammasiga qo`l siltagan” odam hikoyasi bo`lib taassurot qoldiradi. Asarlari ortida turgan Dovlatov siymosi qo`rsroq, loqaydroq; iztirobga qorishgan sovuqqonlik bor unda. Bunda ko`rgan kechirganlarining, uni siylamagan hayotning ta’siri bormi yoki tabiiy tabiati shunaqa—anglash qiyin. U shu qadar xafsalasizki, “ortiqcha tashvishlarni yoqtirmaydi, duch kelgan narsani yeydi, tanib bo`lmaydigan alfozga kelgandagina sochini oldiradi—birvarakayiga mashinada—yana uch oy soch oldirmaslik uchun.” Yagona farzandining onasi—uchinchi xotini bilan ikkalasi ham loqayd odamlar bo`lgani sabab birga yashab kelishmoqda. Er-xotin umuman bir-biridan hech narsa kutmaydi. Ular tug`ma sovuqmijozligi uchun shunday qilishadimi, yo kutmaslik kerakligiga, shunda ularga osonroqligiga aqli yetgani uchun shundaymi,—bundan qat’I nazar kunlardan bir kun Dovlatov xotinining eski albomi orasida o`zining jajjigina suratini ko`rib qolib, yig`lagudek holga keladi. Ehtimol, u xotinining loqaydligi orasidan sizib chiqqan qayg`uni tuyib shunday kuyga tushgan yoki ikkita loqayd tabiatlar o`rtasidagi uyg`unlik chindanam sevgi ekanligini nogoh anglagan bo`lsa kerak. Dovlatovning sovuqqonligida mana shunday iztirob suzib yuradi asarda. Govurxinning qahramoni esa biroz olifta, bashang, xushmuomala, ko`ngilxushlikka o`chmas-u, chorlashsa “yo`q” ham demaydi. Bu esa yozuvchining tajang, mahobatga, o`z qadrini bilishga yo`g`rilgan qo`rsligini biroz yumshatganday tuyuldi. Shunga qaramay, Govurxin qahramonining ham fe’lu kayfiyati telba-teskari voqelik ortida suzayotgan iztirobga, fojega urg`u beraveradi. Shonli davrda hamma o`zini sharob va seks bilan ovuntirishga ojizona urinadi. Jumladan, bosh qahramon ham bundan chetda emas. Aslida ularning ko`p narsaga aqli yetadigan, atrofda bo`layotgan hodisalarni baholay oladigan odamlar. Voqelikni ko`ra bila turib, hech narsani o`zgartirolmasligiga aqli yetib araqqa g`arq bo`lganlari yoxud Dovlatovday loqaydga aylanganlari ham talay. “Shonli davr tugashi” ga kelib esa hamma Vatandan chiqib ketishni Dovlatov “Chemodon”da ta’kidlaganidek (garchi filmda bu haqda gap bormasada) ehtirosli jazava bilan orzu qila boshlaydi.

P.S.: shu o`rinda o`tgan asrning 70-yillaridan boshlab adabiyotda paydo bo`lgan bir qarashda loqayd, beparvo, sovuqqon ko`rinadigan obrazlar haqida ikki og`iz. XX asrning boshlaridagi asarlar qahramoni qandaydir savollarga javob izlar, tuman ichida bo`lsada ezgulik haqida tushunchalari mavjud va shaxs haqidagi ideallari hali yitmagan edi. 50-yillardan keyingi qahramonlar esa savollarga izlangan javoblardan xafsalasi pir bo`lib (xalqlar va jamiyatlar tarixi va taqdiridagi eng buyuk revolyutsiyalarning oxir-oqibat nima natijaga olib kelganini anglab—hatto buyuk o`zgarishlar bilan ham mukammal turmush tarzi, hayotga erishib bo`lmasligini aqlan sezib—loqaydga aylanib borishdi. Biroq ularning loqaydligi iztirobli bo`lsa-da ma’no bilan to`yingan loqaydlik—aslida loqaydlikdan ko`ra alamzadalikka o`xshab ketardi. Chunki bu odamlar xuddi Dovlatov singari inson va Vatan taqdiriga kuyinardilar hali. Inson va Vatan uchun kutganlari sarobga aylanganini his qila borgach, ular beixtiyor alamzada, loqaydga aylanishdi. (Dovlatov bekorga “Chemodon”ga epigraf qilib Blokning “Ey ona Rossiya! Shundayincha ham men uchun azizsan hamma yurtlardan” satrlarini tanlab olmagan.) 70-yillardan keyingi qahramonlar esa (jumladan, Murakamining “Shamol qo`shig`ini tingla” qahramonlari) butkul beparvo, hech narsa haqida ortiqcha o`ylamaydi va bosh qotirmaydi; ularning hayotida hamma narsa qorishib ketgan, har qanday e’tiqodga ishonch butkul susaygan va hech narsani izlashmaydi—go`yo ular savolsiz tug`ilganday. Xuddiki insoniyatning umumiy ongini bor bo`yicha meros qilib olganlaru, o`sha umumiy ong xulosalariga muvofiq hayotdan hech narsa kutishmaydi—na ijtimoiy harakatlardan, na faoliyatdan va na kelajakdan. ( Chunki kutish befoydaligini ulargacha bo`lgan tarix isbotlab bergan yo o`sha umumiy ong tushunib yetganday edi.) Bu qahramonlarning yuzida zavqsizlik, so`lg`inlik bilan birga umidsizlikning badbin iztirobi bor. Nega badbin? Chunki ular bu iztirob haqida o`ylashga hollari, umidsizlikni tan olishga hushlari yo`q. Umuman o`ylagandan nima foyda , baribir hech narsa o`zgarib qolmaydiku tarzida ularning kechinmalari. (Shu o`rinda kichik bir izoh: Urushdan keyingi yillarda shakllangan absurd adabiyoti ham umidsizlikni bosh mavzuga aylantiradi. Lekin ularning umidsizligi boshqa. Ular avvalo kutadi—kimnidir yoki nimanidir—kimdir Godoni (“Godoni kutish”). Kimdir pochtachini (“Kursilar”) kutadi. Kutyaptimi, demak hali umidvor. Absurd adabiyotidagi umidsizlik hech bo`lmasa mohiyati haqida o`ylab ko`rilgan umidsizlik edi.)

Ularning hayotida qadriyatlar o`rni juda kam, butkul ozod, erkin bo`lishni xohlashadi va shu qadar ozod bo`lishganki, natijada tayanchsiz qolishgan. Aslida ularning ozod bo`lish xohishini ko`p ham qoralab bo`lmaydi—chunki ulargacha aksar qadriyatlar odamning tabiiy fe’lini niqoblash sifatida shubha ostiga olingan; porloq kelajak uchun kurashish g`oyasi esa goh u, goh bu ijtimoiy harakatlar qanotidagi mag`zi puch g`oya bo`lib chiqqan; odam jamiyatga faqat mehnat taqsimoti ishtirokchisi sifatida kerak bo`lib, uning qadri yo`qolgan edi. Shunda ular bularning hammasidan voz kechishganu, go`yo ozod va butkul loqaydga aylanib qolgan. (Har safar bu qahramonlar haqida o`qiganimdan so`ng borlig`imni katta bir xavotirga uyqash tushkunlik egallab oladi. Xo`p, o`sha qahramonlar ruhi dunyosi dunyo kelib to`xtagan bosqichning ruhiy manzarasi bo`lsa, undan keyin keladigan (allaqachon kelgan) avlodlarning —xususan mening—avhol ruhiyasini qanday baholash mumkin? Bu loqayd, ruhan xarob odamlarning taqdiri qanday kechadi?..)

Murakami qahramonlarining siz to`la tasavvur etib-etmagan noayon qiyofasi, ruhiyasidan tutunday bursqib o`rlayotgan qandaydir ayanchni his etasiz. Go`yo ular hech narsani o`ylashga xohish bildirmasalar ham, ichdan zil ketishadi, ichdan ado bo`lib kelishmoqda. Garchi ahvoli haqida qayg`urishmasada, nima bo`layotganini his qilib turishadi. Chunki ular… inson. Jahonga mashhur adib Folkner Nobel ma’ruzasida “bu dunyoda bitta inson qolsa ham, demak, hali yozsa bo`ladi, yozish uchun manba bor” qabilida fikr bildiradi. Inson bor ekan—uning qadriyati, e’tiqodi yoki e’tiqodsizligidan qat’I nazar—uning kechmishiga o`zi ham aralasholmaydigan Qalbi urib turadi. Insonning o`zi ham tushunolmaydigan qalb faoliyati Ilohiy tabiatga ko`ra kechadi. Murakami qahramonlarining ham hali uyg`onmagan, biroq o`sha mudroqlikda ham toshib kelayotgan iztirob to`lqinlarini his etayotgan qalbi bor.

“Shamol qo`shig`ini tingla” qahramonlari haqidagi aksar tarjimon va adabiyotshunoslar fikri salbiy—umuman adabiyotdagi loqayd qahramonlarga nisbatan mavjuddek bu munosabat. Go`yo yozuvchi ularning noto`g`ri yashayotganini isbotlash uchun yozgan…Biroq qanday qilib to`g`ri yashash mumkin degan savolning haligacha biror badiiy ideali yo`q. ..Haligacha hech bir yozuvchi bunga to`liq javob berolgan emas. Bera olishiga, qanday qilib barcha birday to`g`ri yashashi mumkinligini ko`rsatishiga ishonish mushkul. Yozuvchining o`zi ham buni bilmasligi—har holda hamma uchun—tabiiy. Kamyu o`limi munosabati bilan yozgan essesida Folkner ta’kidlaganidek “ bu savollarning (ya’ni—insoniyat izlagan savollarning) javobi bor ham deb o`ylamayman.” Badiiy asar o`quvchisining odobni odobsizdan o`rgangandan ko`ra, qahramonlardan o`ziga yaqinlik qidirishi, taskin olishi, tushunishi ko`proq muhim. Shundagina kitob va kitobxon orasida uyg`unlik paydo bo`lib, mutolaa mutolaago`y qalbini muvozanatga olib keladi. Loqayd qahramonlar tadqiri, fe’li, umuman to`gri yashash haqida qayg`uradigan bo`lsak, yagona chora bo`lib Qalbning O`sha—insonning o`zi ham aralasholmaydigan Ilohiy faoliyatiga suyanish qolmoqda.

055

(Tashriflar: umumiy 329, bugungi 1)

Izoh qoldiring