Abdunabi Boyqo’ziyev. «Xotiraga sayohatlar» kitobidan parchalar & Abdunabi Boyqo’ziyev «Tarona va zamona» radiodasturida

021Бобом, Бойқўзи бува Қирғизбой ўғли очкўзлиги ва аҳолига зулми учун узоқ йилга қамалиб кетган бир раиснинг қутулиб чиққанини эшитиб шундай деган эди...

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
“ХОТИРАГА САЁҲАТЛАР” КИТОБИДАН ПАРЧАЛАР


 04  Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.


“ОКАНГ АЙЛАНСИН”

Толиб ака (гап шоир Толиб Йўлдош домла ҳақида бўлади) “Муштум” журналига ўзини жуда яқин тутарди. Неъмат Аминовни, Саъдулла Сиёевни, Олим Қўчқорбековни, Қутби Носировани, Зоҳиджон Обидовни, қўйингки, бош муҳаррир Иброҳим Раҳимдан бошқа ҳаммамизни ёппасига сенсирардилар.
Тошкентнинг Чиланзорида “котта бўлган” эмасми, ёш ялангларнинг барчаси у киши учун “оканг айлансин” эди.
“Оканг айлансин” кириб келганида ўзимиз ҳам хурсанд бўлиб кетардик. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бўларди, албатта. Бу ҳақда кейинроқ.
Толиб ака билан “Шо Машраб” ҳазратлари, албатта, бирга келарди. Улар қиёматлик оға-ини эдилар. Айниқса, Толиб ака Шо Машрабни бошига қўярди. Икковлашиб, басма-басига ғазал, достонлар ўқишарди. Бир байтни Толиб ака ёд айтсалар бўлди, уёғини Бобораҳим шоир улаб кетар, жазава ҳолати қадар юксалишиб, ҳолдан тойгунларича ўзларининг руҳоний оламида девонавор яшардилар. Икки алломанинг ҳасби ҳоли бизни ҳам том ўз домига тортиб кетарди.
Кейин, биз ҳеч ерда эшитмаган, ўқимаган алмисоқи воқеаларга ҳам ўтишарди…
Қўйингки, Толиб ака келган кун ажойиб ҳаномалари ва яна… латта халтасидаги егуликларга мазахўрак бўлган биз – “Муштум”чи ёш мирзолар учун икки карра хурсандчилик бўларди. Боиси, Оканг айлансиннинг қўлидаги ўша кирчимал халтача, то бизга етиб келгунича бир неча наҳор оши ёҳуд эҳсон дастурхонини зиёрат қилган, ноз-неъматлардан қўйни қўнжини тўлдириб олган бўларди-да. Унда нималар бўлмасди, дейсиз: “попук компт” (Толиб аканинг “фамильный”ибораси), турли туман тансиқ егуликлар ва, албатта, гўштнинг қайсидир бир “жанр”да пиширилгани…гача.
Нафақат биз ёшлар, балки, таҳририятнинг кап катта ҳодимлари ҳам Толиб аканинг келди, дегунча, у кишининг атрофига жам бўлиб қолишарди. Бўлди, тамом, ўша куни эрталаб келса, то тушгача, пешиндан кейин келса, кун соп бўлгунча, иш “ўларди”. Қизиғи, раҳбарият ҳам бу ҳолга ғайр қарамас, аксинча, “Толиб Йўлдош ва Машрабхонлик кечаси”га ўзлари ҳам бажонидил иштирок этардилар.
“Оканг айлансин”нинг дўстлиги Бобораҳим Машрабнинг ўзи билангина чекланмаганлигини ҳам айтишим керак. Э-ҳе, у зот кимларни кўрмаганди! Биргина аллома шоир Ғафур Ғулом ҳақидаги хотираларининг ўзи тузуккина китоб бўлгулик эди.
Афсуски, бу ажойиб ҳангомаларнинг бари Толиб аканинг ўзи билан бирга кетди, назаримизда!

30.01.2020

Толиб Йўлдош ютубдаги «Хуршид Даврон кутубхонаси»нинг видеоканалида;
Толиб Йўлдош. Ошиқ Ко’нглим.1-қисм. Шеърлар
Толиб Йўлдош. Ошиқ Ко’нглим.2-қисм. Тўртликлар, ҳажвий шеърлар

ДАСТХАТЛИ КИТОБ

Бернард Шоунинг эски китоблар дўконидан илк пьесалари босилган тўпламини топиб олгани ва ундаги дастхати билан боғлиқ ҳангомани ҳамма билади. Эсласангиз, унда ёзувчининг: “Роберт Фуксга. Ҳурмат билан, Бернард Шоудан”, деган битиги бор эди.
Адиб китобни сотиб олади ва уни яна Роберт Фуксга юборади. Фақат, аввалги дастхати тагига қуйидаги сўзларни қўшиб қўяди:
“Сизга бўлган ҳурматимни яна бир бор тасдиқлайман. Шоу.”
Бу воқеани нега эсладим?
Бир куни Чорсу бозорининг шара-бара қисмидаги букинистик китоблар ғарамини титкилаётиб, ажойиб шоир Асқар Маҳкамнинг Тожикистонда чоп қилинган (биродари Абдураҳмон Ўлжаев ҳомийлигида), “Ҳақ” номли китобини топиб олдим. Нашр икки томлик эди. Қўлимдагиси биринчи жилди экан. Хурсанд бўлиб кетдим. Бу китоб ҳақида илгари ундан бундан эшитувдим, лекин кўрмагандим. Қизиғи, муқовасида, муллифнинг дастхати ҳам бор эди.
Дастхат аслида шахсийроқ ходиса, албатта. Кўплар уни икки инсон сири сифатида пинҳон қолгани маъқул, деб ҳисоблайди. Лекин мен бугун ана шу таомилни бузаман чоғи. Тўғриси, бузишга мажбурман.
Дастхат матни ушбу эди:
“Қадрли Абдувоҳид ака …ИДОВга.
Бугун китоб ва унинг дўсти камайиб кетди. Сиздек инсонлар бор экансиз, иншооллоҳ, буюк зотларни тарбиялаб, вояга етказган халқимиз яна бурунги шону шавкатига эришади. Ҳамиша соғ омон бўлинг. Илоҳо, китоблар умри насиб айласин. Муаллиф.
Имзо. 19.2.05 ”
Асқаржон, дўстим! Аввало, Сизни Олло раҳматига олган бўлсин!
Китобингиз билан боғлиқ бу гаплар билан руҳингизга озор етказган бўлсам, мени кечиринг? Начора?!…
Сиз миллат маънавиятини ёруғ, баланд ва покиза кўришни орзу қилиб яшаган, эътиқоди тамкин, орзуманд шоирлар сирасига кирасиз. Буни уч-тўрт жумладан иборат юқоридаги дастхатинггиз ҳам исботлаб турибди.
Йўқ, бу ўринда мени ўйлантирган нарса бошқа. Қора тўриқдай, кўзни қувонтирадиган бу ажойиб китобингиз “Қадрли Абдувоҳид ака” жавонидан қандай қилиб шара-бара бозорига келиб қолдийкин?
Тўғри, ҳар бир яратиқнинг ўз ҳаёт-мамоти бор. Китоблар тақдири ҳам шу. Элга танилган катта-катта ёзувчиларнинг болалари ота ўтгач, бутун бошли кутубхонасини, хатто, ёзган китобларию, қўлёзмаларини ҳам қўшиб макулатурага ёки мана шундай китобфурушлар қўлига қоп-қоп қилиб элтиб беришганини, уларнинг ўрнини идиш-товоқ, буюм-безаклар билан тўлдириб қўйганларини ҳам кўрдик.
Шу маънода, китобнинг букинист дўкондор қўлига тушиши ҳам аслида
яхши ходиса. Юқоридагидай ноқобил фарзандлар дастига тушганидан кўра.
Ғирт бегона бўлса ҳам, букинист қўлига тушган китоб ўз қадрини озми-кўпми топади. Ёзган одамнинг иқтидори, бадиий саъвияси қай дараждалиги ҳам баҳосини олади.
Чалғимайлик. Мавзуйимиз китоб ва унга ёзилган дастхат ҳақида эди.
Шу ўринда, дастхат билан боғлиқ яна бир қизиқ воқеа ёдимга тушди.
Юмор устаси устоз Шодмон Отабекка биз ҳам қайсидир рисоламизни дастхат билан элтган эканмиз. Шу нарсамизга икки-уч оғиз сўз айтгиси, келибди ва мақола индаллосини шундай бошлабди: “Эй, галварс, дастхатли китоб совға қилганим, ёзганимга ҳеч бўлмаса сен эътибор бериб қўйгин, деганим бўлади”.
Бу гапга нима дейсиз? Бундай ўй бизнинг хаёлимизга ҳам келмаганини қай бир газетхонга тушунтирамиз?
Шу-шу “устоз”га янги китобларимиздан элтиб бериш мажбуриятидан “халос” бўлдик. Ва, нафақат у кишига, балки бошқа ҳамкасбларимизга ҳам дастхат ёзиб китоб сунишдан истиҳола қиладиган бўлиб қолдик.
Асқаржон, дўстим. Бир дастхатингиз баҳона, кўнгилда тугилиб қолган гапларимизни айтиб олиш имконияти туғилди, шекилли. Ҳамонки, шундай экан, келинг, сизнинг меҳрингизга мушарраф бўлган ўша Абдувоҳид акамизга ҳам икки оғиз кўнглимизни изҳор қилайлик.
Абдувоҳид ака!
Шоирнинг дастхатидаги эҳтиромдан сезилиб турибдики, Сиз анча мунчага “китобни бозорга соладиган” одамга ўхшамайсиз. Йўқса, Асқардай назаркарда инсон шундай гўзал китобни лутфан армуғон этмаган бўларди. Шоир жойи келса, ўзгалар қадрини ўзиникидан баланд қўя оладиган жўмард ва имони бутун йигит эди. Шахсингизга соғиниб битган ноёб дил изҳорида адашганига ишонгимиз келмайди. Эҳтимол, сизга тегишли кутубхонанинг тақдири ҳам юқорида биз эслаган айрим ёзувчиларники каби, кимларнингдир ихтиёрида қолган бўлиши мумкин-ку! Агар шундай бўлса, руҳларингиз бизни кечирсин. Борди-ю, буни ўз ихтиёрингиз билан (эҳтимол, ноиложликдандир) қилган бўлсангиз, ўша китоб бугун бизнинг азиз меҳмонимиз. Келиб олиб кетаман десангиз, бош устига. Сизни уйимиздан “Ҳақ”билан бирга кузатиб, беҳад хурсанд бўламиз.
Сўзимиз якуни яна дўстим Асқар Маҳкам раҳматлининг руҳига бўлади.
Асқаржон, шоири дилон!
Тириклигингизда, сиз билан, бақамти ўтириб, бирон марта чой ичиш насиб этмади! Нима ҳам дей? Ёзуқда шу эканда! Китобингизга келсак, сиздан дастхатли китоб ололмаганим, бир даврда, бир кентда яшаб туриб елкама-елка ўтириб суҳбат қуролмаганим армон эди. Борди-ю, “Ҳақ” бизнинг уйда қоладиган бўлса, уни Абдувоҳид акага эмас, бизга тақдим этдим, деб билгайсиз! Уни нафақат уйимизнинг, балки, кўнглимизнинг ҳам тўрида ардоқлашга сўз бераман. Ва яна ҳавотир олмагайсизки, менинг зурёдларим ҳам уни кўзининг қарачиғида асрайдилар, деб умид қиламан.

30.01. – 19.02.2020

Асқар Маҳкам «Хуршид Даврон кутубхонаси»да

ҚАТИҚНИНГ ПУЛИ

Бобом, Бойқўзи бува Қирғизбой ўғли очкўзлиги ва аҳолига зулми учун узоқ йилга қамалиб кетган бир раиснинг қутулиб чиққанини эшитиб шундай деган эди:
– Ўтники ўтга кетди, сувники сувга, қолди қатиқнинг пули!”
– Бу нима деганингиз, катта бува? – дегим келувди, ўшанда. Афсус, сўрамаган эканман. Сўраганимда, эҳтимол, бу маталнинг тасаввуримдаги мантиғидан бошқа маъносини ҳам айтиб берган бўлармиди.

КАП-КАТТА ПЕЧЕНЬЕХЎР

Синфдош ўртоғим Набижон Абдусаломов билан ҳарбийда ҳам бир ротада хизмат қилдик.
Аскарнинг ҳар ой бошида оладиган 3 сўму 83 тийинлик маоши бўларди. Дўстим ана шу пулни олди дегунча, дўконга қараб чопар. Газетадан қилинган воранкага тўлдириб бир кило печенье билан қайтиб келарди. Ўтириб олиб икковлон паққос тушурардик. Қарасам, ҳар маошда ана шу ҳол. Бир гал, печеньени мен олай, деб дўконга кетаётсам йўлимни тўсди:
– Сиз олиб келсангиз, емайман! Ўзим сотиб олиб емасам кўнлим жойига тушмайди.
– Икковимиз еяпмиз-у, – дейман, ҳайрон бўлиб. – Тегирмон тоши ҳам навбати билан-да!
У бир зум индамай турди-да, болалиги билан боғлиқ бир воқеани эслай кетди:
– Колхознинг болалик аёлларга тарқатадиган оқ қанти, печенниги, изгушонкасини (печенье, згущённое малоко, демоқчи) эслайсизми?
– Эслаганда-чи! – дейман мен.
– Биламан, эслашингизни, – дея сўзида давом этди у. – Сизнинг онангиз уларни бировга бермай, ўзингларга едирган. Бизи онамиз ўгай эди…
Дўстим гапини давом эттиролмай чуқур тин олиб қолди ва томоғига тиқилиб келган хўрликни базўр ютиб, изтироб билан давом этди:
– Бизга едирмай, меҳмонларга қўярди. Қутининг ичида қуртлаб ёки пўпанак босиб кетгунча ётар, хузурини сичқонлар кўрса кўрардики!… Ма, сен ҳам е, дермикин деб юрагим эзиларди! Сичқонларнинг сийдиги ва ахлатига бўкиб, еб бўлмайдиган ҳолга келганда, бизга “илинарди”…
– Отангга айтиб бермаганмисан?
– Э-э, сиз етимлик нималигини билмайсиз-да, дўстим! – дея қўл силтади у. – Онанг ўтса, ўз отанг ҳам ҳақиқий отадай бўлмай қоларкан. Йўқ, отам бизни уришиб урган, деёлмайман. Лекин… Ўлмай катта бўлсам, шу печенье деганини сотиб олиб, тўйиб-тўйиб ейман, деб унсиз йиғлардим. Ана шу орзу билан армия ёшига етдим!…
Дўстимнинг мижжалари қизарди. Нима деб таскин беришни билмас эдим.
– Хурсанд бўлсин, десангиз, то хизмат тугагунча, мен билан бирга печенье ейсиз. Бошқа ҳеч нима деманг! Кўнглингизга уриб кетса ҳам, чидаб, ейсиз. Бир ўзим… тортинаман! Кап-катта бола, намунча печеньехўр экан, демайдими, кўрганлар!…

05.02.2020

ТЕШИКМОЗОРЛИК БУРУНИЙ

Ушбу ҳангома реал ҳаётда бўлганмиди ёки уни ўзим тўқиганмидим, ҳозир аниқ эслаёлмайман. Нима бўлганда ҳам, қоғозга тушириб қўявердим.
Хуллас, қатағон йиллари. Инкуди (НКВД)чилар чекка қишлоқларни ҳам назардан қочирмасликка ҳаракат қилганини биласиз. Чунки ўша пайтлари қишлоқ аҳли, асосан, колхозларда ишлашини ҳам ўқиган чиқарсиз.
Куз охирлаши билан ҳамма ёппасига ишсиз қолган. Ильич чироғи, телевизор деган гапларга хали анча бор. Радио ҳам онда-сонда ҳодиса. Оёқни сандалга тиқиб ётавериш жонга тегади. Узун, жим-жит қиш тунларини одамлар гап гаштакларда ўлдиришга ҳам мажбур бўлган экан, энди билсак. Бекорчи эркаклар гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб, хонаки меҳмонхоналарда кўнгил ёзишар. Турган гап, бундай меҳмонхоналарни қизғин суҳбат, ҳазил мутойиба, аскияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уларнинг айримларида китобхонликлар ҳам бўлган, албатта.
Инкудичилар одамлар йиғиладиган ҳар қандай жойга хушёр қарашган. Халқ тилида нима гаплар юрганидан бохабар бўлишга интилишган. Айниқса, китоб ўқиладиган меҳмонхоналар кўпроқ қизиқтиргани ҳам аниқ уларни.
Бир куни бизнинг йигирма ўттиз томли Тешикмозор қишлоғимизнинг хуфясини чақириб сўрашаётганимуш.
– Хўш, айтингчи! Фалон меҳмонхонадагилар нималарни ўқишяпти?
Хуфя, жавоб беряптийкан:
– Менга айтишларича, китоблари унчалик кўп эмас…
– Биз сиздан уларда қанча китоби борлигинимас, қандай китобларни ўқишётгани ҳақида айтинг, дияппиз!
– Бердисини айтгунча, уриб ўпкамни тушурманг-да, ўртоқ начейлик!
– Хўп, узоқдан манғимай, аниқ маълумотга ўтинг!
– Хўп бўлади, ўртоқ начайлик! Китобхонлар, асосан, Тиркашвойникида
тўпланишади. Ангитларимнинг айтишича, улар Пизулийди, Машрапти, Новвойийди ғазалларини ўқишаркан. Ҳозирги кунда оби райҳон Буруний* деганининг “Сайдона” мией, деган нарсасини пишқаришётганмуш.
– Ҳм, Фузулийди эшитганмиз. Машрапти, Наввойийниям. Лекин Буруний, дегани ким бўлдийкан?! Сизга яна бир топшириқ. Бу шахс ким? Китоби нима ҳақида. Сўраб-суриштириб, эртага келинг. Эҳтиёт бўлинг! Қовун тушириб ўтирманг, тағин!
– Хўп бўлади, ўртоқ начейлик!
Хуфя чиқиб кетиши билан, махсус ходим марказга маълумат ёзибди.
– Тешикмозор қишлоғида, айни кунда учта меҳмонхона ташкил қилинган. Иккитасида фақат ўйин-кулги, еб ичиш билан вақт ўтказилади. Учинчисида китоб ўқилади. Фузулий, Машраб, Новвойийни ўқишади. Айни кунда, оби райхон Буруний деган шахснинг китобини мутолаа қилишяпти.
Буруний деган ёзувчи ким? Қандай китоблар ёзган, аниқлик киритиш жараёнидамиз…
Марказдан шундай жавоб келибди.
– Пойтахтдаги олимларнинг айтишларича, Буруний исмли ёзувчи яшаб ўтмаган. У ўша Тешикмозор қишлоғидан чиққан маҳаллий эжодкорлардан бўлиши мумкин. Тезликда шахсини аниқлаб, маълумот юборинг! Айни кунда тирик бўлса, қамоққа олинсин! Ёзган нарсалари мусодара қилиниб, ёқиб юборилсин! Уларни ўқиганлар “учлик комиссияси” хукмига ҳавола этилсин!

06.02.2020

”O’zbekiston” radiokanalining “Zamona va tarona” dasturida yozuvchi Abdunabi Boyqo’ziyev bilan suhbat. Dastur muallifi va boshlovchisi: Halima Ahmad.

Abdunabi BOYQO’ZIEV
“XOTIRAGA SAYOHATLAR” KITOBIDAN PARCHALAR


02Abdunabi Boyqo’ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G’afur G’ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O’zbekistoni», «Xalq so’zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O’zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O’zbekiston OAVni qo’llab-quvvatlash jamg’armasida ishlagan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G’uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O’zbeknavo yulduzlari”, “Judolig’ dashti”, “Ko’zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg’ular”, “Besh navo”, “Besh so’mlik kekkayish”, “Cho’li irog’im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.


“OKANG AYLANSIN”

Tolib aka (gap shoir Tolib Yo’ldosh domla haqida bo’ladi) “Mushtum” jurnaliga o’zini juda yaqin tutardi. Ne’mat Aminovni, Sa’dulla Siyoyevni, Olim Qo’chqorbekovni, Qutbi Nosirovani, Zohidjon Obidovni, qo’yingki, bosh muharrir Ibrohim Rahimdan boshqa hammamizni yoppasiga sensirardilar.
Toshkentning Chilanzorida “kotta bo’lgan” emasmi, yosh yalanglarning barchasi u kishi uchun “okang aylansin” edi.
“Okang aylansin” kirib kelganida o’zimiz ham xursand bo’lib ketardik. Buning boshqa sabablari ham bo’lardi, albatta. Bu haqda keyinroq.
Tolib aka bilan “Sho Mashrab” hazratlari, albatta, birga kelardi. Ular qiyomatlik og’a-ini edilar. Ayniqsa, Tolib aka Sho Mashrabni boshiga qo’yardi. Ikkovlashib, basma-basiga g’azal, dostonlar o’qishardi. Bir baytni Tolib aka yod aytsalar bo’ldi, uyog’ini Boborahim shoir ulab ketar, jazava holati qadar yuksalishib, holdan toygunlaricha o’zlarining ruhoniy olamida devonavor yashardilar. Ikki allomaning hasbi holi bizni ham tom o’z domiga tortib ketardi.
Keyin, biz hech yerda eshitmagan, o’qimagan almisoqi voqealarga ham o’tishardi…
Qo’yingki, Tolib aka kelgan kun ajoyib hanomalari va yana… latta xaltasidagi yeguliklarga mazaxo’rak bo’lgan biz – “Mushtum”chi yosh mirzolar uchun ikki karra xursandchilik bo’lardi. Boisi, Okang aylansinning qo’lidagi o’sha kirchimal xaltacha, to bizga yetib kelgunicha bir necha nahor oshi yohud ehson dasturxonini ziyorat qilgan, noz-ne’matlardan qo’yni qo’njini to’ldirib olgan bo’lardi-da. Unda nimalar bo’lmasdi, deysiz: “popuk kompt” (Tolib akaning “familьnыy”iborasi), turli tuman tansiq yeguliklar va, albatta, go’shtning qaysidir bir “janr”da pishirilgani…gacha.
Nafaqat biz yoshlar, balki, tahririyatning kap katta hodimlari ham Tolib akaning keldi, deguncha, u kishining atrofiga jam bo’lib qolishardi. Bo’ldi, tamom, o’sha kuni ertalab kelsa, to tushgacha, peshindan keyin kelsa, kun sop bo’lguncha, ish “o’lardi”. Qizig’i, rahbariyat ham bu holga g’ayr qaramas, aksincha, “Tolib Yo’ldosh va Mashrabxonlik kechasi”ga o’zlari ham bajonidil ishtirok etardilar.
“Okang aylansin”ning do’stligi Boborahim Mashrabning o’zi bilangina cheklanmaganligini ham aytishim kerak. E-he, u zot kimlarni ko’rmagandi! Birgina alloma shoir G’afur G’ulom haqidagi xotiralarining o’zi tuzukkina kitob bo’lgulik edi.
Afsuski, bu ajoyib hangomalarning bari Tolib akaning o’zi bilan birga ketdi, nazarimizda!

30.01.2020

Tolib Yo’ldosh yutubdagi «Xurshid Davron kutubxonasi»ning videokanalida;
Tolib Yo’ldosh. Oshiq Ko’nglim.1-qism. She’rlar
Tolib Yo’ldosh. Oshiq Ko’nglim.2-qism. To’rtliklar, hajviy she’rlar

DASTXATLI KITOB

Bernard Shouning eski kitoblar do’konidan ilk pьesalari bosilgan to’plamini topib olgani va undagi dastxati bilan bog’liq hangomani hamma biladi. Eslasangiz, unda yozuvchining: “Robert Fuksga. Hurmat bilan, Bernard Shoudan”, degan bitigi bor edi.
Adib kitobni sotib oladi va uni yana Robert Fuksga yuboradi. Faqat, avvalgi dastxati tagiga quyidagi so’zlarni qo’shib qo’yadi:
“Sizga bo’lgan hurmatimni yana bir bor tasdiqlayman. Shou.”
Bu voqeani nega esladim?
Bir kuni Chorsu bozorining shara-bara qismidagi bukinistik kitoblar g’aramini titkilayotib, ajoyib shoir Asqar Mahkamning Tojikistonda chop qilingan (birodari Abdurahmon O’ljayev homiyligida), “Haq” nomli kitobini topib oldim. Nashr ikki tomlik edi. Qo’limdagisi birinchi jildi ekan. Xursand bo’lib ketdim. Bu kitob haqida ilgari undan bundan eshituvdim, lekin ko’rmagandim. Qizig’i, muqovasida, mullifning dastxati ham bor edi.
Dastxat aslida shaxsiyroq xodisa, albatta. Ko’plar uni ikki inson siri sifatida pinhon qolgani ma’qul, deb hisoblaydi. Lekin men bugun ana shu taomilni buzaman chog’i. To’g’risi, buzishga majburman.
Dastxat matni ushbu edi:
“Qadrli Abduvohid aka …IDOVga.
Bugun kitob va uning do’sti kamayib ketdi. Sizdek insonlar bor ekansiz, inshoolloh, buyuk zotlarni tarbiyalab, voyaga yetkazgan xalqimiz yana burungi shonu shavkatiga erishadi. Hamisha sog’ omon bo’ling. Iloho, kitoblar umri nasib aylasin. Muallif.
Imzo. 19.2.05 ”
Asqarjon, do’stim! Avvalo, Sizni Ollo rahmatiga olgan bo’lsin!
Kitobingiz bilan bog’liq bu gaplar bilan ruhingizga ozor yetkazgan bo’lsam, meni kechiring? Nachora?!…
Siz millat ma’naviyatini yorug’, baland va pokiza ko’rishni orzu qilib yashagan, e’tiqodi tamkin, orzumand shoirlar sirasiga kirasiz. Buni uch-to’rt jumladan iborat yuqoridagi dastxatinggiz ham isbotlab turibdi.
Yo’q, bu o’rinda meni o’ylantirgan narsa boshqa. Qora to’riqday, ko’zni quvontiradigan bu ajoyib kitobingiz “Qadrli Abduvohid aka” javonidan qanday qilib shara-bara bozoriga kelib qoldiykin?
To’g’ri, har bir yaratiqning o’z hayot-mamoti bor. Kitoblar taqdiri ham shu. Elga tanilgan katta-katta yozuvchilarning bolalari ota o’tgach, butun boshli kutubxonasini, xatto, yozgan kitoblariyu, qo’lyozmalarini ham qo’shib makulaturaga yoki mana shunday kitobfurushlar qo’liga qop-qop qilib eltib berishganini, ularning o’rnini idish-tovoq, buyum-bezaklar bilan to’ldirib qo’yganlarini ham ko’rdik.
Shu ma’noda, kitobning bukinist do’kondor qo’liga tushishi ham aslida
yaxshi xodisa. Yuqoridagiday noqobil farzandlar dastiga tushganidan ko’ra.
G’irt begona bo’lsa ham, bukinist qo’liga tushgan kitob o’z qadrini ozmi-ko’pmi topadi. Yozgan odamning iqtidori, badiiy sa’viyasi qay darajdaligi ham bahosini oladi.
Chalg’imaylik. Mavzuyimiz kitob va unga yozilgan dastxat haqida edi.
Shu o’rinda, dastxat bilan bog’liq yana bir qiziq voqea yodimga tushdi.
Yumor ustasi ustoz Shodmon Otabekka biz ham qaysidir risolamizni dastxat bilan eltgan ekanmiz. Shu narsamizga ikki-uch og’iz so’z aytgisi, kelibdi va maqola indallosini shunday boshlabdi: “Ey, galvars, dastxatli kitob sovg’a qilganim, yozganimga hech bo’lmasa sen e’tibor berib qo’ygin, deganim bo’ladi”.
Bu gapga nima deysiz? Bunday o’y bizning xayolimizga ham kelmaganini qay bir gazetxonga tushuntiramiz?
Shu-shu “ustoz”ga yangi kitoblarimizdan eltib berish majburiyatidan “xalos” bo’ldik. Va, nafaqat u kishiga, balki boshqa hamkasblarimizga ham dastxat yozib kitob sunishdan istihola qiladigan bo’lib qoldik.
Asqarjon, do’stim. Bir dastxatingiz bahona, ko’ngilda tugilib qolgan gaplarimizni aytib olish imkoniyati tug’ildi, shekilli. Hamonki, shunday ekan, keling, sizning mehringizga musharraf bo’lgan o’sha Abduvohid akamizga ham ikki og’iz ko’nglimizni izhor qilaylik.
Abduvohid aka!
Shoirning dastxatidagi ehtiromdan sezilib turibdiki, Siz ancha munchaga “kitobni bozorga soladigan” odamga o’xshamaysiz. Yo’qsa, Asqarday nazarkarda inson shunday go’zal kitobni lutfan armug’on etmagan bo’lardi. Shoir joyi kelsa, o’zgalar qadrini o’zinikidan baland qo’ya oladigan jo’mard va imoni butun yigit edi. Shaxsingizga sog’inib bitgan noyob dil izhorida adashganiga ishongimiz kelmaydi. Ehtimol, sizga tegishli kutubxonaning taqdiri ham yuqorida biz eslagan ayrim yozuvchilarniki kabi, kimlarningdir ixtiyorida qolgan bo’lishi mumkin-ku! Agar shunday bo’lsa, ruhlaringiz bizni kechirsin. Bordi-yu, buni o’z ixtiyoringiz bilan (ehtimol, noilojlikdandir) qilgan bo’lsangiz, o’sha kitob bugun bizning aziz mehmonimiz. Kelib olib ketaman desangiz, bosh ustiga. Sizni uyimizdan “Haq”bilan birga kuzatib, behad xursand bo’lamiz.
So’zimiz yakuni yana do’stim Asqar Mahkam rahmatlining ruhiga bo’ladi.
Asqarjon, shoiri dilon!
Tirikligingizda, siz bilan, baqamti o’tirib, biron marta choy ichish nasib etmadi! Nima ham dey? Yozuqda shu ekanda! Kitobingizga kelsak, sizdan dastxatli kitob ololmaganim, bir davrda, bir kentda yashab turib yelkama-elka o’tirib suhbat qurolmaganim armon edi. Bordi-yu, “Haq” bizning uyda qoladigan bo’lsa, uni Abduvohid akaga emas, bizga taqdim etdim, deb bilgaysiz! Uni nafaqat uyimizning, balki, ko’nglimizning ham to’rida ardoqlashga so’z beraman. Va yana havotir olmagaysizki, mening zuryodlarim ham uni ko’zining qarachig’ida asraydilar, deb umid qilaman.

30.01. – 19.02.2020

Asqar Mahkam «Xurshid Davron kutubxonasi»da

QATIQNING PULI

Bobom, Boyqo’zi buva Qirg’izboy o’g’li ochko’zligi va aholiga zulmi uchun uzoq yilga qamalib ketgan bir raisning qutulib chiqqanini eshitib shunday degan edi:
– O’tniki o’tga ketdi, suvniki suvga, qoldi qatiqning puli!”
– Bu nima deganingiz, katta buva? – degim keluvdi, o’shanda. Afsus, so’ramagan ekanman. So’raganimda, ehtimol, bu matalning tasavvurimdagi mantig’idan boshqa ma’nosini ham aytib bergan bo’larmidi.

KAP-KATTA PECHENYEXO’R

Sinfdosh o’rtog’im Nabijon Abdusalomov bilan harbiyda ham bir rotada xizmat qildik.
Askarning har oy boshida oladigan 3 so’mu 83 tiyinlik maoshi bo’lardi. Do’stim ana shu pulni oldi deguncha, do’konga qarab chopar. Gazetadan qilingan vorankaga to’ldirib bir kilo pechenьe bilan qaytib kelardi. O’tirib olib ikkovlon paqqos tushurardik. Qarasam, har maoshda ana shu hol. Bir gal, pechenьeni men olay, deb do’konga ketayotsam yo’limni to’sdi:
– Siz olib kelsangiz, yemayman! O’zim sotib olib yemasam ko’nlim joyiga tushmaydi.
– Ikkovimiz yeyapmiz-u, – deyman, hayron bo’lib. – Tegirmon toshi ham navbati bilan-da!
U bir zum indamay turdi-da, bolaligi bilan bog’liq bir voqeani eslay ketdi:
– Kolxozning bolalik ayollarga tarqatadigan oq qanti, pechennigi, izgushonkasini (pechenьe, zguщyonnoye maloko, demoqchi) eslaysizmi?
– Eslaganda-chi! – deyman men.
– Bilaman, eslashingizni, – deya so’zida davom etdi u. – Sizning onangiz ularni birovga bermay, o’zinglarga yedirgan. Bizi onamiz o’gay edi…
Do’stim gapini davom ettirolmay chuqur tin olib qoldi va tomog’iga tiqilib kelgan xo’rlikni bazo’r yutib, iztirob bilan davom etdi:
– Bizga yedirmay, mehmonlarga qo’yardi. Qutining ichida qurtlab yoki po’panak bosib ketguncha yotar, xuzurini sichqonlar ko’rsa ko’rardiki!… Ma, sen ham ye, dermikin deb yuragim ezilardi! Sichqonlarning siydigi va axlatiga bo’kib, yeb bo’lmaydigan holga kelganda, bizga “ilinardi”…
– Otangga aytib bermaganmisan?
– E-e, siz yetimlik nimaligini bilmaysiz-da, do’stim! – deya qo’l siltadi u. – Onang o’tsa, o’z otang ham haqiqiy otaday bo’lmay qolarkan. Yo’q, otam bizni urishib urgan, deyolmayman. Lekin… O’lmay katta bo’lsam, shu pechenьe deganini sotib olib, to’yib-to’yib yeyman, deb unsiz yig’lardim. Ana shu orzu bilan armiya yoshiga yetdim!…
Do’stimning mijjalari qizardi. Nima deb taskin berishni bilmas edim.
– Xursand bo’lsin, desangiz, to xizmat tugaguncha, men bilan birga pechenьe yeysiz. Boshqa hech nima demang! Ko’nglingizga urib ketsa ham, chidab, yeysiz. Bir o’zim… tortinaman! Kap-katta bola, namuncha pechenьexo’r ekan, demaydimi, ko’rganlar!…

05.02.2020

TESHIKMOZORLIK BURUNIY

Ushbu hangoma real hayotda bo’lganmidi yoki uni o’zim to’qiganmidim, hozir aniq eslayolmayman. Nima bo’lganda ham, qog’ozga tushirib qo’yaverdim.
Xullas, qatag’on yillari. Inkudi (NKVD)chilar chekka qishloqlarni ham nazardan qochirmaslikka harakat qilganini bilasiz. Chunki o’sha paytlari qishloq ahli, asosan, kolxozlarda ishlashini ham o’qigan chiqarsiz.
Kuz oxirlashi bilan hamma yoppasiga ishsiz qolgan. Ilьich chirog’i, televizor degan gaplarga xali ancha bor. Radio ham onda-sonda hodisa. Oyoqni sandalga tiqib yotaverish jonga tegadi. Uzun, jim-jit qish tunlarini odamlar gap gashtaklarda o’ldirishga ham majbur bo’lgan ekan, endi bilsak. Bekorchi erkaklar guruh-guruhlarga bo’linib, xonaki mehmonxonalarda ko’ngil yozishar. Turgan gap, bunday mehmonxonalarni qizg’in suhbat, hazil mutoyiba, askiyalarsiz tasavvur qilib bo’lmaydi. Ularning ayrimlarida kitobxonliklar ham bo’lgan, albatta.
Inkudichilar odamlar yig’iladigan har qanday joyga xushyor qarashgan. Xalq tilida nima gaplar yurganidan boxabar bo’lishga intilishgan. Ayniqsa, kitob o’qiladigan mehmonxonalar ko’proq qiziqtirgani ham aniq ularni.
Bir kuni bizning yigirma o’ttiz tomli Teshikmozor qishlog’imizning xufyasini chaqirib so’rashayotganimush.
– Xo’sh, aytingchi! Falon mehmonxonadagilar nimalarni o’qishyapti?
Xufya, javob beryaptiykan:
– Menga aytishlaricha, kitoblari unchalik ko’p emas…
– Biz sizdan ularda qancha kitobi borliginimas, qanday kitoblarni o’qishyotgani haqida ayting, diyappiz!
– Berdisini aytguncha, urib o’pkamni tushurmang-da, o’rtoq nacheylik!
– Xo’p, uzoqdan mang’imay, aniq ma’lumotga o’ting!
– Xo’p bo’ladi, o’rtoq nachaylik! Kitobxonlar, asosan, Tirkashvoynikida
to’planishadi. Angitlarimning aytishicha, ular Pizuliydi, Mashrapti, Novvoyiydi g’azallarini o’qisharkan. Hozirgi kunda obi rayhon Buruniy* deganining “Saydona” miyey, degan narsasini pishqarishyotganmush.
– Hm, Fuzuliydi eshitganmiz. Mashrapti, Navvoyiyniyam. Lekin Buruniy, degani kim bo’ldiykan?! Sizga yana bir topshiriq. Bu shaxs kim? Kitobi nima haqida. So’rab-surishtirib, ertaga keling. Ehtiyot bo’ling! Qovun tushirib o’tirmang, tag’in!
– Xo’p bo’ladi, o’rtoq nacheylik!
Xufya chiqib ketishi bilan, maxsus xodim markazga ma’lumat yozibdi.
– Teshikmozor qishlog’ida, ayni kunda uchta mehmonxona tashkil qilingan. Ikkitasida faqat o’yin-kulgi, yeb ichish bilan vaqt o’tkaziladi. Uchinchisida kitob o’qiladi. Fuzuliy, Mashrab, Novvoyiyni o’qishadi. Ayni kunda, obi rayxon Buruniy degan shaxsning kitobini mutolaa qilishyapti.
Buruniy degan yozuvchi kim? Qanday kitoblar yozgan, aniqlik kiritish jarayonidamiz…
Markazdan shunday javob kelibdi.
– Poytaxtdagi olimlarning aytishlaricha, Buruniy ismli yozuvchi yashab o’tmagan. U o’sha Teshikmozor qishlog’idan chiqqan mahalliy ejodkorlardan bo’lishi mumkin. Tezlikda shaxsini aniqlab, ma’lumot yuboring! Ayni kunda tirik bo’lsa, qamoqqa olinsin! Yozgan narsalari musodara qilinib, yoqib yuborilsin! Ularni o’qiganlar “uchlik komissiyasi” xukmiga havola etilsin!

06.02.2020

05

(Tashriflar: umumiy 391, bugungi 1)

Izoh qoldiring