Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор айтганидек: “ Толиб Йўлдош фақат қалб амри билан, ички бир эҳтиёж билан” ижод қилиб, ҳурмат қозонган адиб сифатида адабий жараёнда ўз ўрнига эга…»
Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
УСТОЗ ШОИР ТОЛИБ ЙЎЛДОШ
ҲАҚИДАГИ ХОТИРАЛАРДАН
Ардоқли шоир Толиб Йўлдош (1919-2002) Тошкентнинг Чилонзор мавзеи, Гулбозор маҳалласида оддий меҳнаткаш оилада дунёга келган. У турмуш ташвишлари билан бўлиб, қирқ ёшидан сўнг илм эгаллашга киришади. Тайёрлов ва кечки курсларда ўқиди.
Толиб Йўлдошнинг биринчи шеърий тўплами “Бўри билан чол” 1943 йилда чоп этилган. Шундан буён шоирнинг аксарияти болаларга бағишланган кўплаб китоблари нашр этилди.
Шоирнинг болаларга бағишланган кўпчилик шеърлари З. Диёр, Қ. Муҳаммадий, Қ. Ҳикмат каби шоирларнинг шеърлари каби содда, равон ва аниқ бадиий ифодага эга эканлиги билан эътиборлидир.
Шоирнинг катталарга бағишланган тўпламлари жанр жиҳатидан тўртликлар, саккизликлар ва ҳажвлардан иборат. Бу жиҳатдан адибнинг “Ошиқ кўнгил” (1974) тўпламига жамланган “Етуклик”, “Еллар ва ўйлар” туркумидаги шеърлар ўзининг мазмундорлиги, фалсафий теранлиги, бадиий пухталиги билан ўқувчини ўзига жалб этади.
Толиб Йўлдош шоир сифатида катта мерос қолдирган ижодкордир. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор айтганидек: “ Толиб Йўлдош фақат қалб амри билан, ички бир эҳтиёж билан” ижод қилиб, ҳурмат қозонган адиб сифатида адабий жараёнда ўз ўрнига эга…»
Хотиралар муаллифидан мухтасар сўз:
Йиллардан ёзғирмоқ ножоиз. Бироқ адабиёт, илм ахли учун “2022” оғирроқ келди. Дастлабки икки ойи нари берисида юртимизнинг ўнга яқин забардаст олимлари, атоқли ижодкорлар вафот этди. Теракни кесганда кўр, деган нақл бор. Айрим инсонларнинг қадри, салобати улар дунёдан ўтгандан кейин билиниши рост экан.
Улуғлар одатда ҳеч қачон қуламас қоядек туюлади. Чунки сен уларнинг соясида эканингда ҳотиржамсан, дадилсан. Бирдан ғойиб бўлиб қолса, довдирашинг ҳам бор гап. Атоқли шоир, боладай беғубор инсон Толиб Йўлдош домла билан ҳам кўришганда қувониб, худди у киши ҳеч қачон ўлмайдигандай, атрофида яйраб-яшнаб, хатто ҳазил-ҳузил қилиб юраверибмиз. Барча талантлар каби у киши ҳам ўзини, бетакрор ижодини жамиятга, жамоатчиликка зинҳор пеша қилмай, билдирмайгина вафот этиб кетибди!… Олло раҳматига олган бўлсин!
Яқинда эски қоғозлар орасидан мана шу нарсалар чиқиб қолувди. Хурсанд бўлиб, “Ўз АС”га юборсам, қисқатиришлар билан чоп этишди. Тўлиқ ҳолда «Хуршид Даврон кутубхонаси»да ўқишса, маъқул бўлади, деб ўйладим…
15.03.2022
«СУВАРАК» СОЧИДА
Неъмат ака таътилга чиқиб, дам олиш учун Сочига кетган. Хонада Зоҳиджон Обидов, Мирзо Кенжабек ва камина қолганмиз. Бир пайт телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олсам машҳур шоир Толиб Йўлдош домла экан. Толиб ака “Муштум”чилар билан тамом иноқлашиб кетган, ҳамма билан ўз инисидай муомала қилар, бу ҳолдан ҳеч ким озурда бўлмасди:
– Ким бу?! Суварак қани?!
Билдикки, Неъмат Аминовни йўқлаяптилар (Бу икки ижодкор ўзаро шу қадар ҳазил-ҳузулли эдиларки…). Ўша кунларда Неъмат аканинг «Елвизак», «Суварак» номли қиссалари «Ёшлик» журналида босилиб, шов-шуви авжига чиққан пайтлари эди.
– Сочида, дам оляптилар, – жавоб қилдим мен.
– Дам оляпти дигин. Қачон келади?…
Толиб ака жавобимни ҳам кутмай гўшакни қўйдилар.
Валий шоирнинг бу гаплари бизга нашъа қилди. Кўп ўтмай Неъмат ака ҳордиқдан қайтди. Толиб аканинг навбатдаги ҳазилини эшитиб, қотиб-қотиб кулдилар.
– Ҳа қария! Йўғимизда нолу бир қилиб қўйибди-да. Қараб турсин, хали.
Уч-тўрт кун ўтгач, телефон яна жиринглади. Салом-аликдан сўнг икки улуғ ижодкор ўртасида тахминан мана шундай савол-жавоб бўлди:
– Мен сизга Сочидан совға опкелдим, Толиб ака.
– Кам бўма. Яхши йигитсанде ўзи, оканг айлансин. Совғанг нима?
– Шапка.
– Размери неччи?
– Олтмишинчи.
– Э-э, катталик қилади-ю.
– Ничево, озгина пайтава ўрасангиз, лоппа-лойиқ келади.
Неъмат ака шошилиб гўшакни қўяр экан, мамнун жилмайди:
– Биру бир қилдик, қхх…
ЭҲТИЁТЛАБ СЎКИШ
«Муштум» журнали бош муҳаррирининг ўринбосари Олим ака Қўчқорбеков юмшоқ табиатли, ажойиб одам эди. Ходимларни уришса ҳам эҳтиёт қилиб уришардилар. Биз бу андишани кўпинча суиистеъмол ҳам қилардик.
Ўша куни Мирзо Кенжабек билан хонада ишлаб ўтиргандик. Толиб Йўлдош домла кириб келдиларда, икки-уч ой олдин топширган ҳажвий шеърлари тақдирини сўраб қолдилар. Ошиғич суриштирувларимиздан маълум бўлдики, асарлар ҳамон Мирзобекнинг тортмасида, «пишиб» ётарди. Вазиятдан чиқиш керак. Бўлмаса, домла таъзиримизни бериши тайин.
– Шеърни тушириб юбордик шекилли, – талмовсиради Мирзабек.
– Ҳа, а-анча бўлди. Замредакторда бўлса керак, – қўллаб юбордим мен ҳам.
Муаллиф шаҳд билан Олим аканинг хонасига кириб кетди. Воқеа бирдан бундай тус олишини биз ходимчалар қаердан билибмиз. Шеър раҳбарларда, десак Толиб ака ҳовридан тушиб, қайтиб кетади, деб ўйламаймизми…
Толиб аканинг бош муҳаррир ўринбосари кабинетини тоза «шудгор» қилаётгани бизга ҳам баралла эшитилиб турди. Шоир муҳаррир ўринбосарини обдан бўралагач, шитоб билан ташқарига йўналди. Олим ака «Ҳой мусулмон, қулоқ солсангиз-чи!», деганича қолди. Бизнинг эса, дамимиз ичимизга тушиб кетган, иш расво бўлганди.
Бир оздан сўнг остонада Олим ака пайдо бўлдилар. Бечоранинг бўғриққанидан бўйин томирлари бармоқдай-бармоқдай бўртиб чиққанди.
– Толиб ака валий шоиру… онадан келиши чатоқ-да. Шеърларини тезда кўчиртириб беринглар.
Шу сонга тиқвормасак, яна балога қоламиз, – дедилар-да, бизга оддий танбеҳни ҳам раво кўрмай изига қайтиб чиқиб кетдилар.
Хавотирдан нафаси ичига тушиб кетган икки ходимча шу лаҳзада Олим акани шунақанги яхши кўриб кетдик.
2005
“ОКАНГ АЙЛАНСИН”
Толиб Йўлдош домла “Муштум” журналига ўзини жуда яқин тутарди. Неъмат Аминов, Зоҳиджон Обидов, Саъдулла Сиёев, Олим Қўчқорбеков, Қутби Носирова, Саид Равшан, Ориф Фармон, Мурод Парпихўжаев, Бекмирза Маҳмудов, қўйингки, бош муҳаррир Иброҳим Раҳим домладан бошқа ҳаммани сенсирардилар.
Тошкентнинг Чиланзорида “котта бўлган” эмасми, ёш яланглар у киши учун “оканг айлансин” эди.
“Оканг айлансин” таҳририятга кириб келса ҳаммамиз хурсанд бўлиб кетардик. Бунинг сабаблари бор, албатта. Бу ҳақда кейинроқ.
Толиб ака билан “Шо Машраб”* ҳазратлари, албатта, бирга келарди. Улар қиёматлик
оға-ини эдилар. Айниқса, Толиб ака Шо Машрабни бошига қўярди. Икковлашиб, басма-басига ғазаллар, достонлар ўқишарди. Бир байтни Толиб ака ёд айтса бўлди, уёғини Бобораҳим шоир илиб кетар, икковлон жазава ҳолати қадар юксалишар. То ҳолдан тойгунларича ўзларининг руҳоний оламида девонавор яшардилар. Икки алломанинг ҳасби ҳоли бизни ҳам ўз домига тортиб кетарди. Чунки улар биз хали ҳеч ерда эшитмаган, ўша даврга хос алмисоқи воқеа ходисаларни ҳам эсга олишардида.
Қўйингки, Толиб ака келган куни ажойиб ҳангомалари ва яна кулранг бўз матодан тикилган халтасидаги егуликларга мазахўрак бўлган биз – “Муштум”чилар учун икки карра хурсандчилик бўларди. Боиси, Оканг айлансиннинг қўлидаги ўша кирчимал латта халта бизга етиб келгунича, бир неча наҳорги ош, эҳсон дастурхонларини зиёрат қилган, ноз неъматдан қўйни қўнжини тўлдириб олган бўларди-да. Унда нималар бўлмаган, дейсиз: “Попук компет” (Толиб аканинг “фамильный”ибораси), турли тансиқ егуликлар ва, албатта, гўштнинг қайсидир бир “жанр”ида пиширилгани…гача.
Нафақат биз ёшлар, балки, таҳририятнинг кап-катта ҳодимлари ҳам Толиб ака келди, дегунчаа атрофида уймалашиб қолишарди. Шу куни тамом, то кун соп бўлгунча иш “ўларди”. Қизиғи, раҳбарият ҳам бу ҳолга ғайр қарамас, аксинча, “Толиб Йўлдош ва Машрабхонлик”
кечасида ўзлари ҳам бажонидил иштирок этишарди.
“Оканг айлансин”нинг дилкаш дўстлиги фақатгина Бобораҳим Машраб билангина чекланиб қолмаганлигини ҳам айтишим керак. Э-ҳе, у зот кимларни кўрмаганди! Биргина, аллома шоир Ғафур Ғулом ҳақидаги хотираларининг ўзи бир китоб бўлгулик эди.
Афсуски, бу ажойиб хотираларнинг бари Толиб аканинг ўзи билан бирга кетди!…
2020
“КЎЗИМ КАРВОН ЙЎЛИДА”
Толиб ака йилда бир-икки бор “Муштум”да ҳам шеър эълон қилдирарди. Бир галги туркумига:
Кўзим карвон йўлида,
Сафарга шайланганман.
Суратим одам, асли,
Саробга айланганман. –
деган тўртлигини ҳам киритибди.
Тагмаъно Мирзо Кенжабек икковимизга қаттиқ таъсир қилди. Худдики, ажал карвони эртагаёқ етиб келади-ю, Толиб акани туясига ўнгариб олиб кетадигандай. Ана ундан кейин шоирнинг ўпкаланиб айтадиган бир ажаб эркалигу эркалаш, фақат у кишининг ўзигагина хос гина-ю зарда, кулранг латта халтасидаги турли туман егулик, шишада майизаки мусалласи билан ўқтин-ўқтин йўқлаб турадиган, “Оканг айлансин” окамизнинг қадами тамом узилиб қоладигандай. Ҳафта ёки ўн кунда бир хонамиз остнасига келиб девайлаб туриб олиб, тошкентчасига:
– “Ўтирибсанлами?! – деб писанда қилишларидан маҳрум қолаётгандай бўлавердик.
Лекин Неъмат ака сатирик ёзувчи эмасми, шоирнинг бу шеърий синиқишини ҳазилга йўяр:
– Кўпам ҳаддингиздан ошманг, оқсоқол. Хали сиз у ёқларга тайёр эмассиз. – дея тегажоқлик қиларди.
Бир куни юқоридаги тўртлик таъсирида пайдо бўлган кўнглимдаги бу оғриқ пародия шаклида қоғозга тушиб қолди. Ҳазил қораламани Толиб устознинг ўзига ҳам кўрсатдик.
– Ниғмат (у киши Неъмат Аминовни шундай атарди), яхши ёзибдику, ма бу бола. Шуни журналингга қўйвормасанми? – деб қолдилар.
Неъмат ака йўлига “хўп”, деган бўлди. Лекин, эълон қилишга хаддимиз қаёқда. Устознинг эсидан чиқиб кетар деб ўйладик. Йўқ, Толиб ака ҳар келганида:
– Анави тўртлик нима бўлди? Чиқмаяптику? – деб сўрашини қўймасди. Бир куни, Неъмат ака:
– Чолдан қутилмайдиганга ўхшаймиз… – деб қолди.
– Қўйинг, Неъмат ака, у шеър эмас, шунчаки ҳазилку. Одамлар тўғри тушунмайди, –дейишимга қарамай, породияни навбатдаги сонга киритиб юбордилар.
Ўша ҳазил ушбу эди:
Хўп тортдим қисматнинг аччиғу чучукларин,
Хулоса шу – бу ҳаёт адоғи йўқ бир армон.
Майсиз ўтган кунимни умрга санамадим,
Суратим шиша, асли, шаробга айланганман.
Худонинг эрка бандаси Шо Машрабдай шо машраб шоир, Толиб Йўлдош домлани Яратганнинг ўзи раҳматига олсин. У дунёлигини ҳам обод қилган бўлсин!
2020 Сижжак қишлоғи.
Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.
Хотираларнинг бир қисми “Ўзбекистон Адабиёти ва санъати” газетасининг 2022 йил 11 март сонида эълон қилинган
O’zbekiston xalq yozuvchisi Asqad Muxtor aytganidek: “ Tolib Yo’ldosh faqat qalb amri bilan, ichki bir ehtiyoj bilan” ijod qilib, hurmat qozongan adib sifatida adabiy jarayonda o’z o’rniga ega…»
Abdunabi BOYQO’ZIEV
USTOZ SHOIR TOLIB YO’LDOSH
HAQIDAGI XOTIRALARDAN
Ardoqli shoir Tolib Yo’ldosh (1919-2002) Toshkentning Chilonzor mavzei, Gulbozor mahallasida oddiy mehnatkash oilada dunyoga kelgan. U turmush tashvishlari bilan bo’lib, qirq yoshidan so’ng ilm egallashga kirishadi. Tayyorlov va kechki kurslarda o’qidi.
Tolib Yo’ldoshning birinchi she’riy to’plami “Bo’ri bilan chol” 1943 yilda chop etilgan. Shundan buyon shoirning aksariyati bolalarga bag’ishlangan ko’plab kitoblari nashr etildi.
Shoirning bolalarga bag’ishlangan ko’pchilik she’rlari Z. Diyor, Q. Muhammadiy, Q. Hikmat kabi shoirlarning she’rlari kabi sodda, ravon va aniq badiiy ifodaga ega ekanligi bilan e’tiborlidir.
Shoirning kattalarga bag’ishlangan to’plamlari janr jihatidan to’rtliklar, sakkizliklar va hajvlardan iborat. Bu jihatdan adibning “Oshiq ko’ngil” (1974) to’plamiga jamlangan “Etuklik”, “Ellar va o’ylar” turkumidagi she’rlar o’zining mazmundorligi, falsafiy teranligi, badiiy puxtaligi bilan o’quvchini o’ziga jalb etadi.
Tolib Yo’ldosh shoir sifatida katta meros qoldirgan ijodkordir. O’zbekiston xalq yozuvchisi Asqad Muxtor aytganidek: “ Tolib Yo’ldosh faqat qalb amri bilan, ichki bir ehtiyoj bilan” ijod qilib, hurmat qozongan adib sifatida adabiy jarayonda o’z o’rniga ega…»
Xotiralar muallifidan muxtasar so’z:
Yillardan yozg’irmoq nojoiz. Biroq adabiyot, ilm axli uchun “2022” og’irroq keldi. Dastlabki ikki oyi nari berisida yurtimizning o’nga yaqin zabardast olimlari, atoqli ijodkorlar vafot etdi. Terakni kesganda ko’r, degan naql bor. Ayrim insonlarning qadri, salobati ular dunyodan o’tgandan keyin bilinishi rost ekan.
Ulug’lar odatda hech qachon qulamas qoyadek tuyuladi. Chunki sen ularning soyasida ekaningda hotirjamsan, dadilsan. Birdan g’oyib bo’lib qolsa, dovdirashing ham bor gap. Atoqli shoir, boladay beg’ubor inson Tolib Yo’ldosh domla bilan ham ko’rishganda quvonib, xuddi u kishi hech qachon o’lmaydiganday, atrofida yayrab-yashnab, xatto hazil-huzil qilib yuraveribmiz. Barcha talantlar kabi u kishi ham o’zini, betakror ijodini jamiyatga, jamoatchilikka zinhor pesha qilmay, bildirmaygina vafot etib ketibdi!… Ollo rahmatiga olgan bo’lsin!
Yaqinda eski qog’ozlar orasidan mana shu narsalar chiqib qoluvdi. Xursand bo’lib, “O’z AS”ga yuborsam, qisqatirishlar bilan chop etishdi. To’liq holda «Xurshid Davron kutubxonasi»da o’qishsa, ma’qul bo’ladi, deb o’yladim…
15.03.2022
«SUVARAK» SOCHIDA
Ne’mat aka ta’tilga chiqib, dam olish uchun Sochiga ketgan. Xonada Zohidjon Obidov, Mirzo Kenjabek va kamina qolganmiz. Bir payt telefon jiringlab qoldi. Go’shakni olsam mashhur shoir Tolib Yo’ldosh domla ekan. Tolib aka “Mushtum”chilar bilan tamom inoqlashib ketgan, hamma bilan o’z inisiday muomala qilar, bu holdan hech kim ozurda bo’lmasdi:
– Kim bu?! Suvarak qani?!
Bildikki, Ne’mat Aminovni yo’qlayaptilar (Bu ikki ijodkor o’zaro shu qadar hazil-huzulli edilarki…). O’sha kunlarda Ne’mat akaning «Elvizak», «Suvarak» nomli qissalari «Yoshlik» jurnalida bosilib, shov- shuvi avjiga chiqqan paytlari edi.
– Sochida, dam olyaptilar, – javob qildim men.
– Dam olyapti digin. Qachon keladi?…
Tolib aka javobimni ham kutmay go’shakni qo’ydilar.
Valiy shoirning bu gaplari bizga nash’a qildi. Ko’p o’tmay Ne’mat aka hordiqdan qaytdi. Tolib akaning navbatdagi hazilini eshitib, qotib-qotib kuldilar.
– Ha qariya! Yo’g’imizda nolu bir qilib qo’yibdi-da. Qarab tursin, xali.
Uch-to’rt kun o’tgach, telefon yana jiringladi. Salom-alikdan so’ng ikki ulug’ ijodkor o’rtasida taxminan mana shunday savol-javob bo’ldi:
– Men sizga Sochidan sovg’a opkeldim, Tolib aka.
– Kam bo’ma. Yaxshi yigitsande o’zi, okang aylansin. Sovg’ang nima?
– Shapka.
– Razmeri nechchi?
– Oltmishinchi.
– E-e, kattalik qiladi-yu.
– Nichevo, ozgina paytava o’rasangiz, loppa-loyiq keladi.
Ne’mat aka shoshilib go’shakni qo’yar ekan, mamnun jilmaydi:
– Biru bir qildik, qxx…
EHTIYOTLAB SO’KISH
«Mushtum» jurnali bosh muharririning o’rinbosari Olim aka Qo’chqorbekov yumshoq tabiatli, ajoyib odam edi. Xodimlarni urishsa ham ehtiyot qilib urishardilar. Biz bu andishani ko’pincha suiiste’mol ham qilardik.
O’sha kuni Mirzo Kenjabek bilan xonada ishlab o’tirgandik. Tolib Yo’ldosh domla kirib keldilarda, ikki-uch oy oldin topshirgan hajviy she’rlari taqdirini so’rab qoldilar. Oshig’ich surishtiruvlarimizdan ma’lum bo’ldiki, asarlar hamon Mirzobekning tortmasida, «pishib» yotardi. Vaziyatdan chiqish kerak. Bo’lmasa, domla ta’zirimizni berishi tayin.
– She’rni tushirib yubordik shekilli, – talmovsiradi Mirzabek.
– Ha, a-ancha bo’ldi. Zamredaktorda bo’lsa kerak, – qo’llab yubordim men ham.
Muallif shahd bilan Olim akaning xonasiga kirib ketdi. Voqea birdan bunday tus olishini biz xodimchalar qayerdan bilibmiz. She’r rahbarlarda, desak Tolib aka hovridan tushib, qaytib ketadi, deb o’ylamaymizmi…
Tolib akaning bosh muharrir o’rinbosari kabinetini toza «shudgor» qilayotgani bizga ham baralla eshitilib turdi. Shoir muharrir o’rinbosarini obdan bo’ralagach, shitob bilan tashqariga yo’naldi. Olim aka «Hoy musulmon, quloq solsangiz-chi!», deganicha qoldi. Bizning esa, damimiz ichimizga tushib ketgan, ish rasvo bo’lgandi.
Bir ozdan so’ng ostonada Olim aka paydo bo’ldilar. Bechoraning bo’g’riqqanidan bo’yin tomirlari barmoqday-barmoqday bo’rtib chiqqandi.
– Tolib aka valiy shoiru… onadan kelishi chatoq-da. She’rlarini tezda ko’chirtirib beringlar.
Shu songa tiqvormasak, yana baloga qolamiz, – dedilar-da, bizga oddiy tanbehni ham ravo ko’rmay iziga qaytib chiqib ketdilar.
Xavotirdan nafasi ichiga tushib ketgan ikki xodimcha shu lahzada Olim akani shunaqangi yaxshi ko’rib ketdik.
2005
“OKANG AYLANSIN”
Tolib Yo’ldosh domla “Mushtum” jurnaliga o’zini juda yaqin tutardi. Ne’mat Aminov, Zohidjon Obidov, Sa’dulla Siyoyev, Olim Qo’chqorbekov, Qutbi Nosirova, Said Ravshan, Orif Farmon, Murod Parpixo’jayev, Bekmirza Mahmudov, qo’yingki, bosh muharrir Ibrohim Rahim domladan boshqa hammani sensirardilar.
Toshkentning Chilanzorida “kotta bo’lgan” emasmi, yosh yalanglar u kishi uchun “okang aylansin” edi.
“Okang aylansin” tahririyatga kirib kelsa hammamiz xursand bo’lib ketardik. Buning sabablari bor, albatta. Bu haqda keyinroq.
Tolib aka bilan “Sho Mashrab”* hazratlari, albatta, birga kelardi. Ular qiyomatlik
og’a-ini edilar. Ayniqsa, Tolib aka Sho Mashrabni boshiga qo’yardi. Ikkovlashib, basma-basiga g’azallar, dostonlar o’qishardi. Bir baytni Tolib aka yod aytsa bo’ldi, uyog’ini Boborahim shoir ilib ketar, ikkovlon jazava holati qadar yuksalishar. To holdan toygunlaricha o’zlarining ruhoniy olamida devonavor yashardilar. Ikki allomaning hasbi holi bizni ham o’z domiga tortib ketardi. Chunki ular biz xali hech yerda eshitmagan, o’sha davrga xos almisoqi voqea xodisalarni ham esga olishardida.
Qo’yingki, Tolib aka kelgan kuni ajoyib hangomalari va yana kulrang bo’z matodan tikilgan xaltasidagi yeguliklarga mazaxo’rak bo’lgan biz – “Mushtum”chilar uchun ikki karra xursandchilik bo’lardi. Boisi, Okang aylansinning qo’lidagi o’sha kirchimal latta xalta bizga yetib kelgunicha, bir necha nahorgi osh, ehson dasturxonlarini ziyorat qilgan, noz ne’matdan qo’yni qo’njini to’ldirib olgan bo’lardi-da. Unda nimalar bo’lmagan, deysiz: “Popuk kompet” (Tolib akaning “familьnыy”iborasi), turli tansiq yeguliklar va, albatta, go’shtning qaysidir bir “janr”ida pishirilgani…gacha.
Nafaqat biz yoshlar, balki, tahririyatning kap-katta hodimlari ham Tolib aka keldi, degunchaa atrofida uymalashib qolishardi. Shu kuni tamom, to kun sop bo’lguncha ish “o’lardi”. Qizig’i, rahbariyat ham bu holga g’ayr qaramas, aksincha, “Tolib Yo’ldosh va Mashrabxonlik”
kechasida o’zlari ham bajonidil ishtirok etishardi.
“Okang aylansin”ning dilkash do’stligi faqatgina Boborahim Mashrab bilangina cheklanib qolmaganligini ham aytishim kerak. E-he, u zot kimlarni ko’rmagandi! Birgina, alloma shoir G’afur G’ulom haqidagi xotiralarining o’zi bir kitob bo’lgulik edi.
Afsuski, bu ajoyib xotiralarning bari Tolib akaning o’zi bilan birga ketdi!…
2020
“KO’ZIM KARVON YO’LIDA”
Tolib aka yilda bir-ikki bor “Mushtum”da ham she’r e’lon qildirardi. Bir galgi turkumiga:
Ko’zim karvon yo’lida,
Safarga shaylanganman.
Suratim odam, asli,
Sarobga aylanganman. –
degan to’rtligini ham kiritibdi.
Tagma’no Mirzo Kenjabek ikkovimizga qattiq ta’sir qildi. Xuddiki, ajal karvoni ertagayoq yetib keladi-yu, Tolib akani tuyasiga o’ngarib olib ketadiganday. Ana undan keyin shoirning o’pkalanib aytadigan bir ajab erkaligu erkalash, faqat u kishining o’zigagina xos gina-yu zarda, kulrang latta xaltasidagi turli tuman yegulik, shishada mayizaki musallasi bilan o’qtin-o’qtin yo’qlab turadigan, “Okang aylansin” okamizning qadami tamom uzilib qoladiganday. Hafta yoki o’n kunda bir xonamiz ostnasiga kelib devaylab turib olib, toshkentchasiga:
– “O’tiribsanlami?! – deb pisanda qilishlaridan mahrum qolayotganday bo’laverdik.
Lekin Ne’mat aka satirik yozuvchi emasmi, shoirning bu she’riy siniqishini hazilga yo’yar:
– Ko’pam haddingizdan oshmang, oqsoqol. Xali siz u yoqlarga tayyor emassiz. – deya tegajoqlik qilardi.
Bir kuni yuqoridagi to’rtlik ta’sirida paydo bo’lgan ko’nglimdagi bu og’riq parodiya shaklida qog’ozga tushib qoldi. Hazil qoralamani Tolib ustozning o’ziga ham ko’rsatdik.
– Nig’mat (u kishi Ne’mat Aminovni shunday atardi), yaxshi yozibdiku, ma bu bola. Shuni jurnalingga qo’yvormasanmi? – deb qoldilar.
Ne’mat aka yo’liga “xo’p”, degan bo’ldi. Lekin, e’lon qilishga xaddimiz qayoqda. Ustozning esidan chiqib ketar deb o’yladik. Yo’q, Tolib aka har kelganida:
– Anavi to’rtlik nima bo’ldi? Chiqmayaptiku? – deb so’rashini qo’ymasdi. Bir kuni, Ne’mat aka:
– Choldan qutilmaydiganga o’xshaymiz… – deb qoldi.
– Qo’ying, Ne’mat aka, u she’r emas, shunchaki hazilku. Odamlar to’g’ri tushunmaydi, –deyishimga qaramay, porodiyani navbatdagi songa kiritib yubordilar.
O’sha hazil ushbu edi:
Xo’p tortdim qismatning achchig’u chuchuklarin,
Xulosa shu – bu hayot adog’i yo’q bir armon.
Maysiz o’tgan kunimni umrga sanamadim,
Suratim shisha, asli, sharobga aylanganman.
Xudoning erka bandasi Sho Mashrabday sho mashrab shoir, Tolib Yo’ldosh domlani Yaratganning o’zi rahmatiga olsin. U dunyoligini ham obod qilgan bo’lsin!
2020 Sijjak qishlog’i.
Abdunabi Boyqo’ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G’afur G’ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O’zbekistoni», «Xalq so’zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O’zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O’zbekiston OAVni qo’llab-quvvatlash jamg’armasida ishlagan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G’uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O’zbeknavo yulduzlari”, “Judolig’ dashti”, “Ko’zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg’ular”, “Besh navo”, “Besh so’mlik kekkayish”, “Cho’li irog’im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.
Xotiralarning bir qismi “O’zbekiston Adabiyoti va san’ati” gazetasining 2022 yil 11 mart sonida e’lon qilingan