Abdunabi Boyqo’ziyev. Hayot misoli ma’jun & Judolig’ dashti. She’rlar va doston

02115 НОЯБРЬ — ТАНИҚЛИ АДИБ АБДУНАБИ БОЙҚЎЗИЕВ ТУҒИЛГАН КУН

     Қулоғимизга ҳар куни қизиқ-қизиқ гаплар чалинади. Гоҳида беихтиёр ўз оғзимиздан ҳам чиқиб кетади, лекин ҳаял ўтмаёқ унутилади. Кутилмаганда хаёлга келадиган ана шундай фикрларни ҳавога учирмай, ёндафтарга ёзиб қўйиш зарурлигини, афсуски, жуда кеч англадим…

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
ҲАЁТ МИСОЛИ МАЪЖУН


067Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.


   Қулоғимизга ҳар куни қизиқ-қизиқ гаплар чалинади. Гоҳида беихтиёр ўз оғзимиздан ҳам чиқиб кетади, лекин ҳаял ўтмаёқ унутилади. Кутилмаганда хаёлга келадиган ана шундай фикрларни ҳавога учирмай, ёндафтарга ёзиб қўйиш зарурлигини, афсуски, жуда кеч англадим…

Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган битикларнинг аксари сайрлар чоғи дилдан кечган. Шу боис уларни “Кўчаларим ҳайратлари” деб атаса ҳам бўлади.

* * *

Ай, тентак болалик!.. Энди қайтиб келмайди, лекин буткул кетиб ҳам қолмайди.

* * *

Хаёлан хотираларга берилиш хуш ёқяптими? Демак, руҳиятингизга кексалик мўралай бошлабди.

* * *

Ҳаёт мисоли маъжун – яшай десанг, тахир-тарёк; яшамасанг, неъмат қани – дағи лаззатлироқ?

* * *

Баъзан болалигинг билан олис-олисларда мунғайиб қолиб кетган ғамгин ва юпун қишлоғингни шунақаям соғинасанки!..

* * *

Кўкайимдан бир ун келар, кўкайингдан куйлай деб…

* * *

Шунчаям узоқлашиб кетдикми-я, деган сўздаги кўнгил яқинлигини ҳеч ҳис қилганмисиз?

* * *

Ёлғоннинг умри қисқа, лекин азияти абадий.

* * *

Отамизнинг йили ўтгач, кийимларини бўлишдик. Сингилларим менга оҳори кетмаган пальтони раво кўришди. Отамнинг жуссаси чоғроқ, ўрта бўйлигина эди. Пальто сиғмаса керак деб ўйладим. Тошкентга қайтгач, келиним “Бир кийиб кўринг-чи, дадажон” деб
қолди. Қуйиб қўйгандек тушиб турибди-ку! Ё Худо! Ўзимни отамдан тикроқ, ҳайбатлироқ тасаввур қилганим учун кечир!

* * *

“Инсонни балчиқдан чиқариб олиш мумкин, аммо ичидаги балчиқдан чиқариб бўлмайди” деб ёзган экан АҚШлик адиба Ли Ҳарпер. Қайтариқ бўлса-да, шу гапларни мен ҳам ёзгим келди.

* * *

Қўл қовуштириб туриш санъатини ҳеч бир халқ бизчалик қойиллата олмайди.

* * *

Ёввойи каптарларга дон сепган, кўча мушукларига егулик берган одамни кўрсангиз ҳам кўнглингиз юмшайди. Айниқса, қиш чоғи. Яхшилик! Қандай осон иш, а? Мен нега шундай қилмайман, қила олмайман?..

* * *

Озодлик учун курашга отланган миллат аввало ўз ичидаги қўрқувдан озод бўлиши керак.

* * *

Хаёлимга “қулоғига азон айтилмаган имомлар” деган таъриф келди. Қўрқиб кетдим!.. Астағфируллоҳ…

* * *

Баъзан сабрни ҳам сизлашингизга тўғри келади.

* * *

Умрнинг олди – туман, орти – армон.

* * *

Осойишта ўтган ҳар кун учун шукрона айтдим. Ўша кунлар ҳаққи-ҳурмати, осойишта ўтмаганларига ҳам шукр қилдим.

* * *

Фикрлар, ғоялар муштарак келмай қолганда ҳам чин дўстлик мояларини сақлаб қолиш мумкин. Бунинг учун ҳар икки томондан андак бағрикенглик талаб этилади. Шу холос!

* * *

Буюк шахсларни одатда буюк бахт соҳиблари сифатида тасаввур қиламиз. Аслида ҳам шундайми? Афсуски, уларларнинг дил дафтарларини аста варақласангиз, бунинг аксига дуч келасиз, буюклик хўрлик билан азоб-уқубатлар бақамти келган заминдан униб чиққанига амин бўласиз.

* * *

Мевали оғочга тошлар кўп отилади. Лекин бу уни мевасиз дарахтга айлантириб қўёлмайди.

* * *

Бир шоир бор, шеърларидан кўра суратлари машҳур. Чунки у доим таниқлиларнинг ёнида.

* * *

Ўзингга ёрқин бўлиб туюлган битикларинг бир кун келиб хира тортиб, нурсизланиб қолганини ҳис этсанг!.. Мардона туриб, эсиз қалам, эсиз умр, дея олармикансан, Набивой?!

* * *

Сайланма ва томликлар чиқариб машҳур бўлдим деб, ҳаволаниб юрганлар қанча! Катта ёнғин чиқариш учун гугурт чўпи йўғон бўлиши шарт эмас.

* * *

Ҳўкиздан хўра қаламкашлар кўпайди: нимани кўрса, нимани эшитса, нишхўртга чиқармай ейди ва ёзади.

* * *

Қалам шоирнинг қўлида қалб торларини чертадиган нохунга айланади.

* * *

Ичимда бир девим бор, девлар унга чикора!

* * *

Ижодкорнинг ҳислари баъзан ўзини ҳам жонидан тўйдиради.

* * *

Кўршапалак ҳам бу ёруғ оламни кашф этаман деб дунёга келади.

* * *
Бир киши ҳаккадан нолияпти: “Қўшни дарахтда сайраса ҳам меҳмон бизникига келади!”

* * *

“Ҳаёт ва хаёл” теледастури камина билан суҳбат уюштирди. Томоша қилиб ўтириб, ҳайрон бўлиб қолдим. Экранда ўтган йили кеч кузда бандаликни бажо қилган отам менинг сувратимда гапирар эди.

* * *

Чумоли инининг оғзи – битта чумоли сиққулик. Лекин унинг ичида бир дуйсанба дон яширилган бўлиши ҳеч ақлга сиғмайди.

* * *

Мурувват кўрмаган одам мурувватни тушунмаслиги тайин.

* * *

Ўз кўнглингни рози қилиш – минглаб кўнгилни овлашдан оғир.

* * *

Тўплаган бойлиги уни шундай қашшоқлаштирдики, раҳмингиз келади!

* * *

Кузги боғларга зоғлар ҳам тароват бағишлайди.

* * *

Дард билдирмай келиб, билдириб-билдириб кетади.

* * *

Отангизнинг олдида ота эканингизни унутасиз.

* * *

Ҳақиқатни исботлай олмасангиз, вақтнинг ҳукмига қўйинг. Агар вақт ҳам исботламаса, демак, у ҳақиқат эмас.

* * *
Бойликнинг бир жойга жамланиш хусусияти асли унинг табиатида борми дейман-да!..

* * *

Миллат манфаати учун чиқарилган қонунлар ўзга эл-элатлар манфаатига дахл қилмайдиган ҳолатга келтирилмагунча, инсоният зиёнига ишлайверади.

* * *

Матбуот – тўртинчи ҳокимият, деган гап қулоққа мансабсиз вазир дегандай эшитилади.

* * *

Гўдакнинг ва севги оловида ёнаётган инсоннинг қалбида қўрқув бўлмайди.

* * *

Мустабид тузумларни шунга лойиқ жамиятнинг ўзи яратади.

* * *

Таваккал вазият тақозосига кўра ақл танг қолган ҳолат мажбурлиги деб ўйлайсизми? Йўқда! Таваккал жуда катта ақл ва жасорат белгисидир.

* * *

Бошга тушган кўргиликлар ихтиёрингиздан ташқарида бўлиши мумкин, лекин ҳеч қачон тақдирингиздан ташқарида бўлмаган.

* * *

Хурсандчиликдан кўра қайғу лаҳзаларида тафаккур теранроқ зуҳур этади.

* * *

Инсон ўз ичидаги уммонга чўкиб ҳам ҳалок бўлиши мумкин.

* * *

Тили боғланган халқ дили ила бўзлайди. Халқнинг дили – ижодкорлардир.

* * *

Коронавирус! Биргина менинг соғлиғим нафақат менинг, нафақат миллату мамлакат, балки бутун дунёнинг сиҳати эканини кўрсатиб қўйди.

* * *

Сизга қаратилган нафратни табассумингиз билан ўлдиринг.

* * *

Одамзод қизиқ. Ўзида йўқ фазилат ўзгаларда йўқлигидан жиғибийрон бўлади.

* * *

Дўст! Кимнидир ўзингдан ўзгача фикрлагани учун маломат қилма! Худди шундай ҳуқуқ ва имконият унда ҳам борлигини унутма!

Manba: “Тафаккур” журнали. 2020 йил, 4 сон.

15 NOYaBR — TANIQLI ADIB ABDUNABI BOYQO’ZIEV TUG’ILGAN KUN

    Qulog’imizga har kuni qiziq-qiziq gaplar chalinadi. Gohida beixtiyor o’z og’zimizdan ham chiqib ketadi, lekin hayal o’tmayoq unutiladi. Kutilmaganda xayolga keladigan ana shunday fikrlarni havoga uchirmay, yondaftarga yozib qo’yish zarurligini, afsuski, juda kech angladim…

Quyida mushtariylar e’tiboriga havola etilayotgan bitiklarning aksari sayrlar chog’i dildan kechgan. Shu bois ularni “Ko’chalarim hayratlari” deb atasa ham bo’ladi.

Abdunabi BOYQO’ZIYEV
HAYOT MISOLI MA’JUN


   Abdunabi Boyqo’ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug’ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G’afur G’ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O’zbekistoni», «Xalq so’zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O’zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O’zbekiston OAVni qo’llab-quvvatlash jamg’armasida ishlagan. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
   “G’uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O’zbeknavo yulduzlari”, “Judolig’ dashti”, “Ko’zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg’ular”, “Besh navo”, “Besh so’mlik kekkayish”, “Cho’li irog’im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.


 

* * *

Ay, tentak bolalik!.. Endi qaytib kelmaydi, lekin butkul ketib ham qolmaydi.

* * *

Xayolan xotiralarga berilish xush yoqyaptimi? Demak, ruhiyatingizga keksalik mo’ralay boshlabdi.

* * *

Hayot misoli ma’jun – yashay desang, taxir-taryok; yashamasang, ne’mat qani – dag’i lazzatliroq?

* * *

Ba’zan bolaliging bilan olis-olislarda mung’ayib qolib ketgan g’amgin va yupun qishlog’ingni shunaqayam sog’inasanki!..

* * *

Ko’kayimdan bir un kelar, ko’kayingdan kuylay deb…

* * *

Shunchayam uzoqlashib ketdikmi-ya, degan so’zdagi ko’ngil yaqinligini hech his qilganmisiz?

* * *

Yolg’onning umri qisqa, lekin aziyati abadiy.

* * *

Otamizning yili o’tgach, kiyimlarini bo’lishdik. Singillarim menga ohori ketmagan palьtoni ravo ko’rishdi. Otamning jussasi chog’roq, o’rta bo’yligina edi. Palьto sig’masa kerak deb o’yladim. Toshkentga qaytgach, kelinim “Bir kiyib ko’ring-chi, dadajon” deb
qoldi. Quyib qo’ygandek tushib turibdi-ku! Yo Xudo! O’zimni otamdan tikroq, haybatliroq tasavvur qilganim uchun kechir!

* * *

“Insonni balchiqdan chiqarib olish mumkin, ammo ichidagi balchiqdan chiqarib bo’lmaydi” deb yozgan ekan AQShlik adiba Li Harper. Qaytariq bo’lsa-da, shu gaplarni men ham yozgim keldi.

* * *

Qo’l qovushtirib turish san’atini hech bir xalq bizchalik qoyillata olmaydi.

* * *

Yovvoyi kaptarlarga don sepgan, ko’cha mushuklariga yegulik bergan odamni ko’rsangiz ham ko’nglingiz yumshaydi. Ayniqsa, qish chog’i. Yaxshilik! Qanday oson ish, a? Men nega shunday qilmayman, qila olmayman?..

* * *

Ozodlik uchun kurashga otlangan millat avvalo o’z ichidagi qo’rquvdan ozod bo’lishi kerak.

* * *

Xayolimga “qulog’iga azon aytilmagan imomlar” degan ta’rif keldi. Qo’rqib ketdim!.. Astag’firulloh…

* * *

Ba’zan sabrni ham sizlashingizga to’g’ri keladi.

* * *

Umrning oldi – tuman, orti – armon.

* * *

Osoyishta o’tgan har kun uchun shukrona aytdim. O’sha kunlar haqqi-hurmati, osoyishta o’tmaganlariga ham shukr qildim.

* * *

Fikrlar, g’oyalar mushtarak kelmay qolganda ham chin do’stlik moyalarini saqlab qolish mumkin. Buning uchun har ikki tomondan andak bag’rikenglik talab etiladi. Shu xolos!

* * *

Buyuk shaxslarni odatda buyuk baxt sohiblari sifatida tasavvur qilamiz. Aslida ham shundaymi? Afsuski, ularlarning dil daftarlarini asta varaqlasangiz, buning aksiga duch kelasiz, buyuklik xo’rlik bilan azob-uqubatlar baqamti kelgan zamindan unib chiqqaniga amin bo’lasiz.

* * *

Mevali og’ochga toshlar ko’p otiladi. Lekin bu uni mevasiz daraxtga aylantirib qo’yolmaydi.

* * *

Bir shoir bor, she’rlaridan ko’ra suratlari mashhur. Chunki u doim taniqlilarning yonida.

* * *

O’zingga yorqin bo’lib tuyulgan bitiklaring bir kun kelib xira tortib, nursizlanib qolganini his etsang!.. Mardona turib, esiz qalam, esiz umr, deya olarmikansan, Nabivoy?!

* * *

Saylanma va tomliklar chiqarib mashhur bo’ldim deb, havolanib yurganlar qancha! Katta yong’in chiqarish uchun gugurt cho’pi yo’g’on bo’lishi shart emas.

* * *

Ho’kizdan xo’ra qalamkashlar ko’paydi: nimani ko’rsa, nimani eshitsa, nishxo’rtga chiqarmay yeydi va yozadi.

* * *

Qalam shoirning qo’lida qalb torlarini chertadigan noxunga aylanadi.

* * *

Ichimda bir devim bor, devlar unga chikora!

* * *

Ijodkorning hislari ba’zan o’zini ham jonidan to’ydiradi.

* * *

Ko’rshapalak ham bu yorug’ olamni kashf etaman deb dunyoga keladi.

* * *
Bir kishi hakkadan noliyapti: “Qo’shni daraxtda sayrasa ham mehmon biznikiga keladi!”

* * *

“Hayot va xayol” teledasturi kamina bilan suhbat uyushtirdi. Tomosha qilib o’tirib, hayron bo’lib qoldim. Ekranda o’tgan yili kech kuzda bandalikni bajo qilgan otam mening suvratimda gapirar edi.

* * *

Chumoli inining og’zi – bitta chumoli siqqulik. Lekin uning ichida bir duysanba don yashirilgan bo’lishi hech aqlga sig’maydi.

* * *

Muruvvat ko’rmagan odam muruvvatni tushunmasligi tayin.

* * *

O’z ko’nglingni rozi qilish – minglab ko’ngilni ovlashdan og’ir.

* * *

To’plagan boyligi uni shunday qashshoqlashtirdiki, rahmingiz keladi!

* * *

Kuzgi bog’larga zog’lar ham tarovat bag’ishlaydi.

* * *

Dard bildirmay kelib, bildirib-bildirib ketadi.

* * *

Otangizning oldida ota ekaningizni unutasiz.

* * *

Haqiqatni isbotlay olmasangiz, vaqtning hukmiga qo’ying. Agar vaqt ham isbotlamasa, demak, u haqiqat emas.

* * *
Boylikning bir joyga jamlanish xususiyati asli uning tabiatida bormi deyman-da!..

* * *

Millat manfaati uchun chiqarilgan qonunlar o’zga el-elatlar manfaatiga daxl qilmaydigan holatga keltirilmaguncha, insoniyat ziyoniga ishlayveradi.

* * *

Matbuot – to’rtinchi hokimiyat, degan gap quloqqa mansabsiz vazir deganday eshitiladi.

* * *

Go’dakning va sevgi olovida yonayotgan insonning qalbida qo’rquv bo’lmaydi.

* * *

Mustabid tuzumlarni shunga loyiq jamiyatning o’zi yaratadi.

* * *

Tavakkal vaziyat taqozosiga ko’ra aql tang qolgan holat majburligi deb o’ylaysizmi? Yo’qda! Tavakkal juda katta aql va jasorat belgisidir.

* * *

Boshga tushgan ko’rgiliklar ixtiyoringizdan tashqarida bo’lishi mumkin, lekin hech qachon taqdiringizdan tashqarida bo’lmagan.

* * *

Xursandchilikdan ko’ra qayg’u lahzalarida tafakkur teranroq zuhur etadi.

* * *

Inson o’z ichidagi ummonga cho’kib ham halok bo’lishi mumkin.

* * *

Tili bog’langan xalq dili ila bo’zlaydi. Xalqning dili – ijodkorlardir.

* * *

Koronavirus! Birgina mening sog’lig’im nafaqat mening, nafaqat millatu mamlakat, balki butun dunyoning sihati ekanini ko’rsatib qo’ydi.

* * *

Sizga qaratilgan nafratni tabassumingiz bilan o’ldiring.

* * *

Odamzod qiziq. O’zida yo’q fazilat o’zgalarda yo’qligidan jig’ibiyron bo’ladi.

* * *

Do’st! Kimnidir o’zingdan o’zgacha fikrlagani uchun malomat qilma! Xuddi shunday huquq va imkoniyat unda ham borligini unutma!

Manba: “Tafakkur” jurnali. 2020 yil, 4 son.

25

(Tashriflar: umumiy 287, bugungi 1)

Izoh qoldiring