Сен тирмизак, Болта қоровулнинг қўллари қайроқтошдай қаттиқ ва ғўрашалигини қаердан биласан, дейсизми? Биламан-да! Чунки қаршимиздан чиқиб қолгудай бўлса, биз болалар тирра қочадиган, сингалаб тикилса, болалар у ёқда турсин, катта кишиларнинг ҳам дамини ичига тушириб юборадиган ўша ёввойи одамнинг чанггалига тушиб омон чиққан “қаҳрамон бола” мен бўламан.
Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
БОЛТА ҚОРОВУЛ
Ҳикоя
Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.
– Болташвой! Ҳў, Болташвой!
– Нима дийсиз?
– Туринг-ай, ётовурмай…
– Жуда жонсарак одамсиз-да, полвон ака. Шу ишти бугун қилмасак осмон узилиб тушадими?
– Узилиб тушмас-у…
– Узилиб тушмаса, ётайлик пича.
– Озодликка озгина қолганда ишкал чиқмасин дейманда. Шапалоқдай жой қолди, чопиб қўяйқолайлик.
Азим полвон шундай деб ўрнидан турди. Қаддини ростлаб, керишди ва нарироқда ётган кетмонни қўлига олиб, эгат оралаб лавлаги пайкалининг чопиғи чала қолган томонга қараб юраркан, ғўлдиради:
– Борман (қамоқхона бошлиғи) нинг машинаси Ҳамдамариқ томонга ўтиб кетди. Ётганимизи кўрди…
У бу сўзларни Болташвойга айтдими ё шунчаки ўзига ўзи эслатма қилдими, англаб бўлмасди.
***
Болта қоровулнинг қайси қишлоқдан эканлигини бирор кимса аниқ билмайди. Кимдир пойтуғлик, деса, бошқаси Гезйўли томонларнинг одами бўлса керак, деб қўяди. Қишлоғимиз ахли юзини жун босган, тикилиб боқса нигоҳи ичингни музлатиб қўядиган бу горилласифат одам, ҳар ҳолда, қайсидир бир қишлоқдан чиқса чиқар, фақат бизнинг Ёрмазордан эмас, деган фикрда қатъий эди.
Болта қоровулни танимаслигимизнинг боиси, катталар назарида биз ёш яланглар билишимиз шарт бўлмаган алоҳида сирли томонлари ҳам борлиги эди. Ушбу ҳикоямизда Болта қоровулнинг ана шу соҳир жиҳатларини ҳоли қудрат баён этишга ҳаракат қиламиз.
***
Болташвой, шундоққина Қорадарё бўйидаги Сайробод қишлоғида туғилган бўлиб, унинг ёшлик чоғларини яхши билганлар бундан ўттиз йиллар илгари ундан довюрак, ундан диловар йигит бўлмаганлигини бир ажаб ҳайратланиш билан гапиришади. Айримлар, қани энди, ўғлинг бўлса, шу Болташвойдай бўлса, деган оталарни, бўй етган қизини мана шу қоракўз-қорақош йигитга узатаман, деб жони порт бўлган жувонларни эслашади.
***
Деҳқончилик қоидаларига кўра, одатда экин майдонлари алмашлаб турилади. Чорвага ем-ҳашак ёки озуқабоп экинлар колхознинг қайси бир бригадасига кўчса, фақат шу – Болта қоровул бориб қўриқлайди. Буни бутун колхоз яхши билади. Шунинг учун уни хонободликлар ҳам, ёрмозорликлар ҳам, даштликлар ҳам Болта қоровул деб танийди. Болта қоровул қўриқлаётган пайкалдан одам боласини қўйинг, хатто хайвонлар ҳам четлаб ўтади деган гаплар юради эл орасида. Фамилиясини табелчи ёки кассир билмаса, қолганлар учун у шунчаки Болта қоровул. Хатто, раис учун ҳам. Айтишларича, Болта қоровулга колхоз раиси тугул районни зир титратган началник мелисаям қаттиқ-қуруқ гап қилолмас экан. Чунки унинг учун одамкушлик пашшани мижғилашдай мароқли иш эмиш. Нафсониятига теккан касни иккиланиб ўтирмай, калласини сапчадай узиб қўйиши ҳеч гап эмасмуш. У қамоқдан қутилиб чиққанидан кейин пайсалга солинмай, ўзига маъқул бирор иш билан таъминланиши ҳақидаги топшириқ ҳам юқоридан келган, дейишади. Акс ҳолда, яна бирон оғир жиноятга қўл уриши ҳеч гап эмасмиш. Эмиш ва яна эмишлар…
***
Болташвой Зокир раисни уйидан чақириб дарвозасида сўйиб ташлаганида йигирма бешга ҳам кирмаган йигитча эди. Унинг бу қилмиши гарчи қотиллик эса-да, эл-юрт, айниқса, оддий колхозчиларнинг наздида раиснинг ножинс, нахс қилмишлари учун Худо томонидан буюрилган жазонинг ёш бир жасур йигит қўли билан адо этилган ижобати сифатида қабул қилинди. Бу гапни судда юрак ютиб айтиб Болташвойни ҳимоя қилганлар ҳам бўлди. Бироқ дунёнинг бирон бир ясоғи одам ўлдирган кишига шафқат қилмаганидек, шўро қозилари ҳам бу
“бола қотил”ни, хали болаку, деб ўтиришмади.
***
Болта қоровулнинг қиёфаси доим бир тушунарсиз тунд бўлар, одамга зимдан тикилиб қараб қўядиган кўзлари, қора қўчқорнинг терисидан кесиб ёпиштирилгандай қалин тукли совуқ сукун ифода касб этиб турувчи юзларига туғилганидан буён хурсандчилик инмаган-ов, деб ўйларди кўрган киши. Тикилиб боқса симиллаб ботувчи қаттиқ нигоҳларига шафқат доримаганига ҳам ким билсин, неча замонлар бўлган. Жундор, йўғон билаклари, қайроқ тошдай қаттиқ ғўраша бармоқлари унга одамлар билан сўрашиш учун эмас, кимларнингдир бағрини суғуриб олиш учун ато этилгандай таассурот қолдирарди кишида.
***
Раиснинг қиз жувонлар бобида суяги йўқлиги авомга ҳам сир бўлмай қолган эди. Бироқ, не чораки, раис барибир раисда. Бўлганда ҳам, ошиғи олчи, фақат тумандагина эмас бутун водийда донгдор, таниқли одам. Ҳар соҳада илғор, иқтисоди бақувват хўжаликнинг айтгани айтган, дегани деган раҳбари. Поезд истансасига нимаики келиб тушса, аввал “Партсъезд” колхози олади. Ана ундан кейин бошқалар. Бу борада шаклланган “ёзилмаган тартиб”ни биронта хўжалик раҳбари бузиб кўрсинчи, ўзини қаерда кўраркин! Буни бутун эл улус яхши билади. Зокир раис билан шох ташлашаман деган қанча “полвон”ларнинг бели синиб, қўрдан чиқиб кетди.
Мана шу, жорий йилнинг ўзида пахта планини бажариш учун рапорт топширишдаги ҳангомаларни олинг. Туман газетасида кунма кун эълон қилиб борилаётган жадвал бўйича “Қизил октябрь” давлат хўжалиги биринчи, “Ўзбекистон” жамоа хўжалиги иккинчи , “Партия ХХ1 съезди” жамоа хўжалиги учинчи ўринда бораётган эди. “Маррага бир одим қолганда, кунига тўрт-беш фоиздан ҳосил йиғиштириб олаётган икки илғор хўжаликнинг кутилмаганда шаҳди пасайиб, ярим фоизга тушиб қолди. Партсеъздчилар эса кескин сакраш қилиб, сўнгги икки кунда салкам ўн фоиз ҳосилни давлат омборига жойлаб
қўйди ва ғалаба байроғини илиб кетди” (туман газетадаси бош мақоласидан иқтибос).
Узунқулоқ гапларга қараганда, тақимдан улоқ талашиб бораётган икки илғор хўжалик раҳбарларини райком бува кабинетига чақирибди. Дебдики: “Маррага байроқни биринчи бўлиб “Партсъезд”чилар тикиши керак! Ҳар иккингиз ҳам кунлик теримнинг саксон фоизини Зокир раис ҳисобига ёздирасиз. Юқорининг топшириғи шундай. Зокир Шералиевичнинг номзоди аллақачон обком бюросида тасдиқланиб, Москвага кетган. Худо хоҳласа, шу йил октябрь байрамида бизнинг райондан герой чиқади.”
Аслида, дилни ғаш қиладиган бу қабил ҳангомалар онасига эргашиб далага чиқа бошлаган кезларидан Болташвойнинг қулоғига ҳам чалинадику-я.
***
Зокир раис тунов куни Одашали қорининг яккаю ёлғиз, сутга чайилгандай покиза қизи, илғор теримчи Вазирани ёнига чақириб “Сени ўзим районга оббориб комсомол қиламан. Бригада бошлиғи бўласан. Кейин Тошкентда ўқиб, агроном бўлиб қайтасан. Худо хоҳласа, менинг ўрнимни эгаллайсан”, ‒ деб қўйди.
Вазира, албатта, раиснинг бу гапини раҳбарнинг ғамхўрлиги – оталарча меҳрибонлиги деб қабул қилди. Қўйингки, иккаласи ҳам орзиқиб кутган комсомолга қабул куни ҳам келди. Фақат, раиснинг Волгаси районга эмас, Дашт томонларнинг энг чекка бригадаси шийпонига қараб йўл солди…
***
Вазира ҳомиладор бўлиб қолганини ҳис этгач, кундан кунга икки дунёси қоронғилашиб борди. Минг хил ўю васвасалар оғушида тунларни тонгларга уламасин, хаёл ойнасининг бирон жойидан заррача бўлсин нажот нури кўзга ташланай демасди. Кўнгли тез-тез айниб, ўқчишлари кўпайди. Бу иснод аломатларини биринчи бўлиб, албатта, онаизор сезди. Шўрлик она бошини қаёққа урсин? Кимга ёрилиб, кимга дод этсин. Волидайи зор чорасизликдан ўзга чора тополмай, гаранг бўлиб қолган эди.
Отин ойи қизининг аҳволини эри Одашали қорига айтмай ҳам иложи йўқ эди. Лекин, қандай айтади? Хўп, амаллаб айтди ҳам дейлик, чоли ўша заҳоти юрагини чанггаллаб, ўлибгина қолмасмикин?!
Эвоҳки, иш худди Отин ойи кўнглидан ўтганидай бўлди. Яккаю ёлғиз қизи номусидан айрилганини эшитган Қори калавланиб қолди. Тўрт-беш кун гумраниб юрди. Масжидга бориб имомликка ўтишни ҳам сийраклатди. Бир хафтаки, тонгда бомдодга юмалаб олишга ҳам ҳоли келмайди. Охирги кунларда тамом тўкилиб, сўррайиб қолган чол бугун чошгоҳда омонатини топширди қўйди.
Чолининг куюти, исноднинг кучи Отин ойини ҳам йиқитди. У ҳам ўмганини кўтаролмай, тўшакнишин бўлиб қолди.
Фожиалар оқимининг бу қадар тез, кўламли бостириб келиши Вазирани тамом эсанкиратиб қўйди. Кечагина, ота-онасининг иссиқ бағрида эркаланиб бир дунё орзу ҳаваслар оғушида пориллаб юрган қизгина учун энди бу дунё тамом зимистонга айланди. Отаётган тонглар шафағи эса унинг учун шу қадар ёқимсиз ҳодиса бўлиб қолдики, кун ёришаверса, Вазиранинг ичи қоронғилашиб борарди. Рўзғор ками, турмуш ташвиши нелигини билмай, яхши киму ёмон ким ажратмай ўсаётган содда ва ишонувчан қизалоққа бу савдолар дахшатли қуюн гирдобининг ўзгинаси, бу гирдибодда у мутлақо ночор ва ихтиёрсиз эди. Беомон қуюн уни чирпирак қилиб қаён ва қанча учиради, буни ҳам билмасди. Боз устига, яна ўша худ-худ кўнгил бехузурлиги. Айтарли ҳеч нарса емайди, лекин кўкрагидан отилиб келадиган бир бало ўқчиқ ичу бағрини ташқарига чиқариб ташласам дейди…
Ана шундай вос-вос, азобли тунларнинг бирида у аллақанечук шум хаёл билан уйғонди: унинг учун энди яшашнинг зиғирча қизиғи қолмаган, зеро, яшай олишига ҳам кўзи етмай қолганди. Қай томонга боқмасин, умидсизлик, чорасизлик. Худо кўрсатмасин, Отин ойига ҳам бирон корҳол бўлса, ҳоли не кечади, кимларнинг қўлида қолади?!
Ақлу шуури ўзига бўйин сунмай қолган навниҳол вужуд учун бу беомон мавхумликнинг ўзгинаси эди. Иснод остона хатламай, ўзини ўзи бир ёқлик қилиб қўяқолсамикин?! Бинобарин, бошқа йўли ҳам йўқку?!..
Вазира шу топда, нима учундир, дадаси Одашали қори билан онаси Отин
ойилар бот-бот мутолаа қилишадиган шеърий китобдан ёдлаб олган ғазални эслади. Ажабки, бу гал у ўша мисралар мазмунини бошқатдан кашф этаётгандай, моҳиятини чуқурроқ ҳис қилаётгандай эди. Ғазал матлаъсини аввал юрак юрагидан ўтказиб, икки бор такрорлади.
Ай, шамол, келтур менга сунбул сочининг бўйини,
Тушса тушсин бошга бир, ҳазрат Алининг ўйини.
Кейин синиқ, жудаям бир ҳазин оҳангда қўшиқ қилиб куйлай бошлади:
Ай, шамо-о-л, келтур менга-а-а-а…
Хаёлот олами тамом мавхумликка эврилган шўрлик қизнинг мажруҳ шуури негадир фақат шоир таъриф этган сунбул сочларнигина ўйлар, у сочлардан бир хушбўй ислар туяр, таҳаййули нуқул ўша ҳайдар сочларни ўриб, гўзал чилвир шаклига келтиришга уринар эди. Ғазалнинг “Ай, шамол, келтур менга сунбул сочининг бўйини!” мисрасини бир сассиз ун ила “Ай, шамол, келтур менга чилвир сочининг бўйини!”, дея ўзгартириб айтгиси келар, кўнглининг бир четида эса шу чилвир сочлар чийратма арқонга айланиб қолсачи, деган хаёл милтиллаб қолар, бора бора бу милтиллаш моддийлашиб, тасаввуридаги чилвир соч рангин арқон шаклини олар, ва ажабки, боши узра соллана бошларди.
Қандай хузурбахш манзара! Кел, келақол эй гўзал чилвир, томоқларимга чирмаш! Зора, ушбу гирдибодда алвасти қурчоққа айланиб, чирпираб бораётган ихтиёрсиз вужудимни бу балолардан қутқарсанг, халос этсанг! Ҳа, мени бу бешафқат дунё ўйинларидан сен, фақат сенгина ҳалос эта оласан, гўзал арқон!..
У шундай тўзғин хаёллар оғушида ғазалнинг кейинги икки байтини овоз чиқариб шивирлади:
Бул ўйиннинг хавлини мушрикка-да кўрмам раво,
Тушса қилгай, минг қазову минг қадарнинг ўйини.
Қизгина, умр бўйи оллонинг ибодатида қоим келаётган, ахкомларига содиқ, имон эътиқодида мустаҳкам, покиза инсонларнинг фарзанди эмасми, бошига тушган ушбу кулфатларни хатто Яратганнинг мушрик бандасига ҳам раво кўрмаслигини, кўра олмаслигини ич-ичидан ҳис этарди. Йўқ, бу залолат учун ота онаси зиғирча айбдор эмас. Чунки улар нафс ризоси ва шайтони лайин муддаоси ҳақида кўп ва хўб таваллолар қилишган. Хатолик фақат унинг ўзида, суст имони-ю, кемтик эътиқодида. Шундай бўлмаса, бу ёлғон дунёнинг бир шайтон бандаси алдовига лаққа тушармиди. Ҳа-ҳа, айб бу дунёнинг оний хузур ҳаловатига учиб, нафс йўлини танлаган иродасида. Бироқ, кўнглининг аллақаеридаги қандайдир урён туйғу унга ғазалнинг навбатдаги байтларини бир умид, бир журъат ва далда ишораси ўлароқ пешкаш қилаётгандай ҳам эди. Яъни:
Бу қазову бу қадардин зарра ваҳмим йўқ, магар
Ким топғамиз икки дунё оби ҳайвон суйини.
“Бу қазо-о-ву-у бу қадарди-ин зарра ва-аҳ-мим йў-ў-қ…”
Нималар деяпсан, тентак қиз?! Қилғиликни қилиб, отангни лахадга тиқиб, шўрлик онангни қон қора қақшатиб, тўшакка михлаб қўйиб, яна нималар деб алжираяпсан?! Бу қазову бу қадардин зарра ваҳмим йўқ, эмиш-а! Тушуняпсанми ўзинг, нималар деяётганингни? Шоирлар неларни ёзмайди, нималар деб валдирамайди!
Бироқ шундай ажойиб сатрларни тизган шоир шунчаки гапларни валдирамаса керак? Аммо лекин, шоирлар ҳам ҳаммага ўхшаган гуноҳкор банда, уларнинг ҳам кушандаси нафс! Нафс кўйи нелар дегизмайди, неларга гирифтор этмайди. Эҳтимол, айнан ана шу чилвир унга нажот риштаси ўлароқ яратганнинг оби раҳматига эриштирар?!
Ай, гўзал чилвир, кел, бўлар иш бўлди. Бас, бошқа чорам йўқ! Бўйнимга маҳкамроқ чирмаш! Биз сен билан “оби ҳайвон суйи”га томон юксаламиз. Кел!..
***
Шундоқ тепасида солланиб турган чилвир Вазиранинг назарида худди унинг ички нидоларига қулоқ тутаётгандай боши узра солланиб тебранар, сўнг пастга эниб, худди эркалагандай, қизнинг ингичка ва нозик томоқларига чулғана бошларди. Аммо, худди шу пайт, қаердандир пайдо бўлган бир эркак қўл сирилиб, тоборо торайиб сиртмоққа айлана бошлаган арқонни жон-жаҳди билан силтаб, қизнинг бошидан юлқиб ташларди.
Вазира бу ҳалоскор қўл кимнинг қўли эканлигини таниди. Ҳа, бу ўша, ҳикоямизнинг бошида “жундор билаклар”, “қайроқ тошдай ғўраша бармоқлар”, “одамлар билан сўрашиш учун эмас, кимларнингдир… юрагини суғуриб олиш учун ато этилган”, дея таъриф берганимиз Болташвойнинг қўллари эди! Наҳотки, шу чайир, чиройли қўллар ўша горилласифат кимсаники бўлса?! Ё алҳазар!..
***
Вазира чилвирни неча бор нажотга чорлаб, бўйнини қанчалар унга чоғламасин, ҳаласкор қўллар ҳам бўш келмасди. Қўл ва арқон жанги тинимсиз икки кун давом этди. Учинчи куни, жума тонгида “қайроқтошдай қаттиқ ва бақувват қўллар”дан тамом мадор кетди ва…
Бомдод намозидан чиқиб кечагина бандаликни бажо келтирган Одашали қорининг уйига фотиҳага келган кишилар Вазирани дарвозадан кираверишдаги бостирма тўсинида осилган ҳолда топишди!..
***
Ушбу хунук воқеалардан кейин Ёрмазор қишлоғи аҳлининг сабр косаси тамом тўлди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган эркагу аёлнинг кўксида раисга нисбатан бир бетизгин аламли туғён исён қила бошлади. Зокир раиснинг барча ғайриинсоний кирдикорларини кўриб юрса ҳам ўзини билмаганга оладиган Болташвойнинг ҳам иззат нафси Вазирасининг ўлимидан кейин чийралган арқондай чирт узилди. Ўша куни: “Оҳ, шўрлик Вазира-а-а!!” – дея уввос солмаган хотин ҳалажнинг ўзи қолмади. Бу оҳу фарёдлар, айниқса, аёлларнинг ёппасига аламли бир қарғиш лахжасида, айтиб-айтиб гиря қилишлари Болташвойнинг дийдасини баттар қаҳрга тўлдирди, тошдай қотириб, тошбағир қилиб қўйди. Унинг ўртанган бағрига энди отасидан мерос бўлиб қолган яроқ – шаҳрихоний пичоқ малҳам қўймаса, бошқа чораси йўқ эди!…
***
Вазира Домла бува ва Отин ойининг ёлғиз дилбанди, кўзларининг оқу қораси бўлса-да, эрка-тантиқ эмасди. Яратган бу қизнинг ҳусну малоҳатига яраша одобу ибо ҳам ато этгандики, кўплар бунақа фариштани фақат Ўзи алоҳида суйган бандасигагина ато этади, деб қўйишарди. Қўйингки, олманинг ширинини қурт ейди, дегани ҳам рост шекилли, Болташвойнинг қалб ардоғида эндигина атиргул ғунчасидай очила бошлаган шўрлик Вазира ҳам нахс раиснинг тузоғидан омон чиқмади!..
***
Зокир раиснинг қамчисидан қон томган қатағон йилларидаги қилмишлари ҳақида ҳам бир дунё миш-мишлар юрарди. Дарҳақиқат, раис кўз остига олган навжувон аёлларнинг куёвларини тузум душманига чиқариб, қаматтириб юборар. Ночорликда қолган оиласига эса гўёки ғамхўрлик кўрсатган бўлиб, муродига етарди. Иккинчи жаҳон уруши бошланганидан кейин ноқулай эркакларни фронтга “сафарбар” этиб, мақсадига эришиб юрди. Аммо ҳар қандай бедодликнинг интиҳоси бўлганидай, Сталин қатағонларига ҳам нуқта қўйилди. Уруш тугаб, мамлакат учун машаққатли аммо бир қадар ҳотиржам тикланиш йиллари бошланди. Зокир нахснинг эски найранглари энди иш бермай қолди. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймаскан. Чақимчи шотирларидан ёрмозорлик Вазиранинг дарагини эшитган раис куйиккан илондай тўлғонаверди. Колхоз аъзолари билан ўтказган бир умумий йиғилишида Вазирани ўз кўзи билан кўргач, ақлу ҳушидан тамом айрилди. Вақтни бой бермаслик қасдида фаолларни идорага йиғиб, комсомол ёшлар ташкилоти аъзолари кўрсаткичи бўйича бошқа хўжаликлардан орқада эканликлари ҳақида таҳдидли ваъз қилди. Айниқса, кетмончи хотин қизларнинг янада очилиб-сочилиб юриши, эркин меҳнат қучоғида яйраб яшнашига бўлган ҳар қандай монеълик сиёсий кўрлик, коммунистик тузум принципларига саботаж сифатида баҳоланишини алоҳида писанда қилишни ҳам унутмади.
***
Шунчаки тасодифми ёки тақдир ҳазили, ҳар ҳолда Азим полвон ҳам, Болташвой ҳам одам ўлдириб кесилган аристонлардан эди. Иккаласининг ҳам ҳужжатию, номаи аъмолида “қотил” деган тамға бор. “Дело”ларидаги бошқа тафсилотлар ҳам айтарли бир хил: иккаласининг ҳам қуроли – пичоқ. Бу ёғини сўрасангиз, иккаласи ҳам, айнан, колхоз раислари кирдикорлари билан боғлиқ
ишларга исён оқибатида қамалишган. Бу ерда ҳам улар бир баракда, ёнма-ён ётишади. Иккаласи ҳам бир йилда, айтарли бир хил муддатга озодликдан маҳрум этилган. “Срог”ининг асосий қисмини қаттиқ режимли қамоқхоналарда ўтказгач, қолган муддатини енгилроқ тартибли манзил колонияда ўташ хукми билан шу ёққа – Ғаллақудуққа итоб қилинишган…
***
Сен тирмизак, Болта қоровулнинг қўллари қайроқтошдай қаттиқ ва ғўрашалигини қаердан биласан, дейсизми? Биламан-да! Чунки қаршимиздан чиқиб қолгудай бўлса, биз болалар тирра қочадиган, сингалаб тикилса, болалар у ёқда турсин, катта кишиларнинг ҳам дамини ичига тушириб юборадиган ўша ёввойи одамнинг чанггалига тушиб омон чиққан “қаҳрамон бола” мен бўламан. Нима, ишонмайсизми? Тўғри, ўша воқеани эсласам, ҳалиям қулоқларимгача қизариб кетади. Бу воқеага эса, сизга айтсам, ўша, отамнинг жон дўсти Эгамберган бувамнинг биздан бир синф кейин ўқийдиган там-там қизи Ҳавохон сабабчи. Йўқ, Ҳавохон эрка, шаддод бўлгани билан аслида ёмон қиз эмасди. Буни мен жуда яхши билардим. Билардимгина эмас, ич-ичимдан ҳис қилардим.
Бу гапимга шунинг учун ҳам ишонишингиз керакки, Ҳавохоннинг онаси, яъни Укпархон ая ҳам онам учун “ўргулай ўртоқ” эди.
Ўргилай ўртоқ дегани нима, биласизми? Билмайсизми? Унда эшитинг. Ўргилай ўртоқ дегани, онанггиз йиғласа, у ҳам йиғлайди. Кулса кулади. Ўрталарида деярли сир бўлмайди. Тўй-тўйчиқ, йиғин-сиғинларда алоҳида чорлатиб ўтиришмайди. Бир бировини тез-тез тансиқ таомлар билан йўқлаб туришади. Анча-мунча борди келди, югур етим ишларга биз томондан у ёққа мен ғизиллайман, у томондан бизникига Ҳавохон. Оналаримиз, дейлик, кўнгли нимадандир ғашлик туйиб қолишса, юмушларини йиғиштириб, бирон ерда учрашишади-да, обдон ҳасратлашиб, ғуборларини ёзиб олишади.
Укпархон ая онам билан ана шунақа ўртоқ. Қўйингки, униси бунисининг дардига дори, ярасига малҳам, деса ҳам бўлаверади.
Ота-оналаримиз ўртасидаги яқинлик менга ҳам, Ҳавохонга ҳам ёқадигина эмас, айни муддао эканлигини ич-ичимиздан ҳис қиламиз. Бироқ, Ҳавохон ана шу ичкин қувончларимиз кўча-кўйларда ошкора намоён бўлишини негадир истамайди. Мактабга кетаётиб ёки дарсдан сўнг уйга қайтиш чоғида у мутлақо ўзга қизга айланиб қолади. Барча ўқувчилар, сен ўғил бола, мен қиз бола демай, ҳазил-ҳузул қилиб, ўйнаб кулиб бораётган пайтларимизда у гўё ҳеч кимни кўрмаётган, эшитмаётгандай, беписандгина кетаверади. Шундай пайтда унинг эътиборини тортиш учун қизларнинг жиғига тегадиган бирон қитмирлик ёки ҳангомани ўйлаб топаман. Менинг бу қилиқларим Ҳавохонга эриш туюлаётганини сезиб турсам-да, барибир, ўзимни тия олмайман. Энди ўйласам, унга қолса, менинг хаёлим худди ўзидай, бошқа ҳеч кимда эмас, фақат унинг ўзида бўлишини истар экан. Дугоналари билан ижикилашишим ғашини келтирар, қийнар экан.
Аслида мен Ҳавохоннинг ҳам бошқа қиз ўртоқлари каби яйраб яшнаб юришини жуда жуда истар эдим-да. Бунинг учун нима қилишим, ўзимни қандай тутишим зарурлигини эса сира ўйлаб топа олмасдим.
Келинг, яхшиси Болта қоровул билан боғлиқ, эсласам ҳозир ҳам аъзойи баданимдан тер чиқиб кетадиган ўша воқеа тафсилотини баён қилиб берақолай. Воқеа бундай бўлган эди.
Ҳар доимгидай, галалашиб мактабдан қайтяпмиз. Сал олдинда Салма (Салима), Дилош (Дилорам), Ҳилол (Ҳилола) ва Ҳавохон боришарди. Нима деб тантиқланмай, не хунар кўрсатмай, қизлар учун айни муддао – бажонидил яйраб кулишарди. Ҳавохон учун эса, гапларим мутлақо аҳамиятсиздай. Бу бефарқлик менга бирам алам қиладики, ичимни шунақанги ёндирадики, асти қўяверинг. Шундай пайтда аламимни босиш учун кимларгадир тегажоқлик қилишим ёки Ҳавохонни тилга киргизадиган бирон жумла топишим керакдай туюлаверади. Ўша куни ҳам шундай бўлди. Адашмасам, мен қизларга шундай савол бердим:
– Орангларда бир одамлар, мабодо, гунг-соқовлардан эмасми?
Қоқитма маъносидаги бу саволим кимга қаратилганлигини қизлар дарров фаҳмлашди. Ҳавохоннинг бунақа тумрайиб олишлари қизларга ҳам хуш келавермас эканми, қулай фурсатдан Дилош унумли фойдаланақолди ва мен учун ҳам, Ҳавохон учун ҳам теккизиб, пичинг аралаш жавоб берди:
– Айрим дугоналаримизнинг қулоқлари айрим одамларнинг гапини эшитмайди, эшитса ҳам алим сунмайди. Дилоромнинг гапи тугамаёқ, сўзни Ҳилола илиб кетди:
– Йўқ, ўртоқлар! Айримлар ўз исмига монанд, ҳаволарда учиб юради. Ердаги одамларнинг гаплари у кишимга етиб бормайди.
Мен туфайли бирданига икки дугонасининг заҳарҳанда луқмасидан кўнгли заха еган Ҳавохон алам аччиғида, онаси тикиб берган китоб халтаси билан мени ура кетди. Вазиятни юмшатиш учун бир нарсалар деб, ортга қанча чекинмай, Ҳавохон ховридан тушмас, сўнгги зарбада халтасининг боғичи узилиб, ичидаги китоб-дафтарлари ер билан битта бўлди.
Шу пайт, кимдир қўлларимдан тутгандай туюлди. Ўгирилсам, ким денг,
ўша, кўзлари қип-қизил горилла – Болта қоровул! Юқорида сизга айтганим, қайроқтошдай қаттиқ бармоқлари чиллаки билакларимдан тутиб олган!…
– Хў бола-а! – деди у салмоқлаб. – Эркак киши ожизалар билан бунақа пачакилашмайди!
Горилла билан бу қадар яқин, яна денг, билагимдан тутгани ҳолда рўбарў туриш тушимга кирибди дейсизми. Қўрқув дегани шунақанги дахшатли туйғу эканини ҳаётимда биринчи бор ҳис этишим. Ўтакам ёрилди. Йўқ, ўтакам ёрилди, десам, ўша дамдаги ҳолатимни тўлақонли ифода эта олмасди. Кўзларим Болта қоровулнинг кўзлари билан тўқнашганида, юрагим остида бир нарса шув этди. Кейин қувуғим бўшашгандай бўлди ва қандайдир иссиқ суюқлик иштонимни хўл қила, тупроққа ёйила бошлади.
Горилланинг қайдан пайдо бўлганини сезмай қолган мактабдошларим ҳам қўрқувдан нафаслари ичига тушиб кетган, ҳаммалари мум ҳайкаллардай қотиб қолишганди.
Менинг бу аянчли ҳолатимни кўрган Дилором ичидаги шайтонини боса олмади шекилли, димоғида пиқ этди. Бироздан кейин эса, қолганлар ҳам бараварига кулиб юборишди. Эсимни йиғиб, хушимга келганимда Горилла қўлларини саланглатганча, униқиб кетган этикларини сассиз-сассиз босиб, ўрими бошланган маккажўхоризор томонга қараб йўл олган эди.
Ҳозиргина қизларнинг олдида гапни мўндалаётган эдингку, оғайни, дейман ўзимга ўзим! Болта қоровулнинг чангалида иштонингни хўл қилиб юборишинг… Эҳ, бу кунингдан ўлганинг яхши эмасми! Ким деган одам бўлдинг? Сен ҳамма учун Абдуҳошим сийғоқсан энди! Бугунги манзарани кўрган мактабдошларинг, айниқса Ҳавохон бир умр сени шу ҳолатда эсга олади ва кула кула ён веридагиларга тасвирлаб бериши тайин…
***
Чорпоҳилдан келган, ғўлабир жуссали Болта қоровул одамларнинг айтиши бўйича, паловни ўлгудай хуш кўраркан. Катта чарх товоққа босиб солинган ошни бир ўзи паққос туширар, устихонларини ҳам иштиёқ билан ғажигач, чилип ёғ бармоқларини эринмай хўкиз терисидан буюртма қилиб тиктирган казон этикларига обдон суркаркан. Ўша, ёғ шимавериб, ёқимсиз қўнғир тусга кирган пойафзалини сассиз босиб кўчамиздан ўтиб қолса, рўпарасидан чиққан ҳар қандай одам мугузли тўнғизга дуч келган илвасиндай каловсираб, ўзини қаёққа ўришни билмай қоларди. Биз болалар бўлсак, у то кўздан ғойиб бўлгунича, нафасимизни ичимизга ютиб, яшириниб турар, кўринмай кетгачгина, енгил нафас олардик.
***
Болта қоровулнинг қачонлардир Зокир раисни ўз уйининг дарвозасида чавақлаб ташлаганини бутун колхоз билади. Бироқ бу қотилликни айнан нима сабабдан содир этганини ҳеч бировимиз аниқ тасаввур этолмасдик. Чунки қишлоғимиз эркаклари болаларнинг олдида бу ҳақда зинҳор оғиз очишмайди. Хотин-ҳалажлар эса Қоровулнинг сирларга тўла ҳаёти тўғрисида биз чурвақалар тушунмайдиган, фақат катталарнинг ўзларигагина аён лаҳжада шивирлашишади. Эркакларнинг оғзига талқон солиб олиши, аёлларнинг Болташвой билан гўзал Вазира ўртасидаги очилмай турибоқ ҳазон бўлган ишқ ғунчаси ҳақидаги узуқ-юлуқ, илмоқли жумлаларидан алланималарни уққандай бўлсакда, тайинли маъно чиқаролмай, улғайишда давом этардик…
***
Сезиб турибман, ҳикоянгни икки шахс мулоқотидан бошладинг. Хўш, Азим полвон ким? Қисматидан бироз айтмайсанми, деяпсиз, а? У ҳам қотил. Аммо қанақа қотил? Хўш, нима десам экан? Азим полвон содир этган жиноят тафсилоти… Тўғриси, менга қолса, мана шу воқеани қоғозга туширмаганим маъқул эдику-я! Начора!
Азим полвон кесилиб кетмасидан илгари колхоз омборига мудирлик қиларди. У пайтларнинг тартибига кўра, жамоа хўжалигининг тузидан тортиб, эшагининг тўқимигача омборчининг жавобгарлиги остида сақланар, сарф ҳаражатининг тасарруфи эса, албатта, колхоз раиси ҳамда бош бухгалтер, аҳён аҳёнда партком секретари ихтиёрига ҳам ўтиб турарди. Бутун омбор шу уч раҳбарнинг шахсий мулкидай гап. Кимга нимани ва қанча беришни, асосан, мана шу уч шахс ҳал қиларди.
Омбор мудирлигининг учинчи йили катта тафтиш келди ва…
Бундай олганда, Азим полвон намоз ўқимаса-да, худодан қўрқадиган, банданинг луқмасидан парҳез қилувчи, нафси тийиқ йигитлигини ҳамма биларди. Жамоат мулкини ўзича бебилиска совурган ёки еб юборган жойи ҳам йўқ. Камомади ҳам айтарли қамоққа тортгулик эмасди! Ажабки, тафтиш келганида ўша уч раҳбарнинг алоҳида қутида қулфлаб сақлайдиган кўрсатмаларию нарса олганларнинг тилхатлари сирли равишда(?) йўқолиб қолди. Раис истаса уни оғзининг ели билан қамоқдан олиб қолиши ҳам мумкин эди. Аммо раҳбариятнинг бошига иш тушган мана шундай қалтис паллада ундан юз ўгириб олишлари сирини сира тушина олмасди. Қўйингки, тафтиш якуни, эл-улус ўйлаганидай бўлиб чиқмади…
***
“Растарата” билан кесилиб Олмалиқда ётган Азим полвон ўз қишлоғи Учкўзага икки бор киши билмас келиб кетган дейишади. Унинг бу хуфя ташрифларини қишлоғидаги икки сирдош дўстидан бошқа ҳеч ким, хатто яқин жигарлари ҳам билмаган экан. Полвоннинг пинҳон келиб-кетишлари боиси у қамалиб кетгач, хайхотдай ховлида ёлғиз қолган завжаси Зубайда билан колхоз раиси орасидаги сирли саргузаштлар дейишади билганлар.
Хуллас, Азим полвоннинг Учкўзага учинчи бор келиши бутун вилоятда шов шувли воқеага айланди.Тасодифни қарангки, Полвон ўша куни ярим тунда ховли этагидаги ўзи урган гувала девордан ошиб ўтганида, у билан бир неча йилни сафоли ўтказган, бепушт бўлсада, унинг учун суюкли бўлиб қолган Зубайдаси хобхонада ёлғиз эмасди…
Қайноқ эҳтирослар оғушида икки дунёсини тамом унутган эркак билан аёл Полвоннинг эшикдан кириб келганини сезмай ҳам қолишди. Қип яланғоч ҳолатда, турли кўйларда, жовлиб ётган Зубайда билан раис кутилмаган бу ташрифдан танг қотган, сал аввалги оташин эҳтиросларидан асар ҳам қолмаган эди. Иккови ҳам нуқул ёниб турганда сув сепилган тарашадай, пишиллаган овоз чиқаришарди. Одатда, ҳар қандай номаъқул шармандагарчилик қаршисида тамом ўриси чиқиб кетадиган Полвон негадир бу ҳолатда фавқулотда ҳотиржам эди.
– Бу ёқларда ҳаёт бошқача бўлиб кетибди-ю! Ишқул машварат… Ноз-неъматлар! Биз ёқларнинг фароғати мутлақо бошқача!..
Полвон Шайхали турмасида бир “зек” дўсти қайсидир бир яхшилиги учун тоза металдан ясаб совға қилган зулфиқорий пичоғини қинидан аста суғурди. Бу ҳолатни кўрган одам, тамом, бу икки бузуқи ҳозирнинг ўзида асфаласофилинга кетди, деб ўйлаши тайин. Йўқ, воқеа биз ўйлагандай бўлмади. Полвон пичоғини ярақлатиб, ажаб бир ҳотиржамлик билан тўкин дастурхон устидаги яҳна гўштдан бир парча кесиб оғзига солди ва бамайлихотир кавшаркан, деди:
– Мана бу ноз-неъматларга биз фақирларнинг насибасини ҳам қўшганини қаранг! Олдин мажрух нафсимиз озгина қонсин. Қолган ишларга улгурамиз…
Полвоннинг “қонсин” деган сўзи тўшакдаги яланғоч ошиқ мошиқларнинг қулоғида бошқача садо берди. Кутилмаган вазиятдан бутунлай гарангсиб қолган раиснинг бошлари тиззалари орасига кириб кетар ҳолатда қотиб қолган.
Кўкрагини ёстиқ билан тўсиб олган Зубайда бўлса, қалт-қалт титраб инграр, чиройли қароғлари жиққа ёш эди.
Полвоннинг кечадан буён уловма улов ошиғич йўл босгани боис туз тушмаган қурсоғига сал ором инди шекилли, ниҳоят тилга кирди:
– Раис бува, шошилмаймиз энди. Сиз билан меҳмондорчилик давом этади. Ҳозир иккаламизнинг хонимимиз, – у хонимимиз деган калимани айтаётиб завжаси Зубайда томон бир қараб қўйди ва яна сўзида давом этди, – ўчоққа ўт ёқиб, қозонни осади…
Зубайда, эрининг бу гапидан, ҳайрият, вазият юмшай бошлади, деб ўйлади.
Пайпаслаб кўйлагини топиб кийиб олмоқчи бўлди. Бироқ бу пайтда Полвон пичоғининг дами билан кўйлакни босиб турар, қанча тортилса мато шунча кесилиб борарди…
– Уялишга хожат қолмаган, энди иковимизга ҳам бегона эмассиз-ку!
Полвоннинг бу замзамаси Зубайдага бу ерда у ҳар икки эркакка ҳам бирдай нокерак, хатто Яратганга ҳам бегона кимсага айланиб қолганини англатарди.
Эрининг авзойини яхши билган Зубайданинг бошқа чораси ҳам қолмади. Ялонғоч ҳолатда ўрнидан туриб, пойгакдаги ўчоққа ўтин қалади ва қозонни осди. Чап қўли билан аврати, ўнг қўли билан кўкракларини тўсишга ҳаракат қиларкан, нима овқат солай, деган назарда эрига тикилди. Полвондан шундай садо чиқди:
– Ёғ қуйинг, доғ қилинг!
Бир муддат ўтгач, Зубайда: “Қозон доғ бўлди, хўжайин”, – деган маънода эри томон мунгранди. Полвондан кейинги амр янгради:
– Ўчоққа пут узатиб ёт!
Полвон хунук тус олаётган бу манзарадан бир балони сезиб, безовта бўла бошлаган раисга қараб ўқрайди:
– Қимирламайсиз раис! Сабр қиласиз энди. Йўқса, кекирдагингизни
кертиб қўяман. Анави мегажин жон таслим қилаётган сўқимдай хириллашингизни томоша қилади. Ҳадемай дастурхонга икковимиз учун ҳам бирдай ширин нарса тортилади. Еб олганингиздан кейин, тўрт томонингиз қибла! Ана ундан кейин, элда бош кўтариб юрасизми йўқми, ихтиёр ўзингизда…
Бу орада қозонга солинган мой қизиб, ёнар ҳолатга келди. Хобхонани пахта ёғининг димоқни қирадиган ачқимтир ҳиди тутди.
Полвон зулфиқорий яроғини қўлига олди ва оҳиста ўчоқ олдида қўрқувдан аъзойи бадани титраётган Зубайдага яқинлашди. Ажаб бир кескин ҳаракат ила аёлининг ҳиёнатга дахлдор аъзосини ўйиб, кесиб олди-да… қозонга ташлади. Хонани Зубайданинг оғриқ азобидаги чинқириғию, аллақандай номаълум этнинг жазиллаши ва шу кунгача ҳеч кимнинг димоғига урилмаган аллақанечук тушунарсиз ҳид эгаллади…
***
Бугун ўша мудҳиш воқеани эслаганлар, Зубайдани қўшни йигитнинг кажавали мотоциклида туман шифохонасига етмай жон таслим қилгани, жазман раиснинг эса, ўша тундан кейин бирон кимсага кўриниш бермай, дом-дараксиз кетгани ҳақида гапиришади.
***
Юқорида қаламга олганимиз воқеалар аслида қай йўсин ривож топган.
Ушбу жиноятлар ҳақиқатан биз тилга олгандай амалга ошганми ёки йўқ, тўла аниқлик билан тасвирга тортилди, деб айта олмаймиз. Аммо, бир гапни аниқ айта оламизки, Болта қоровул ёҳуд Азим полвон деган шахслар реал ҳаётда яшаб ўтган. Худо икковларининг ҳам у дунёсини обод қилган бўлсин!
***
Жаҳон адабиётида қотиллик айби билан қамалган жиноятчилар ҳақидаги асарлар жуда кўп. Ушбу ҳикоямиз қаҳрамонлари ҳам, балки, ўз салафлари сингари тақдиридан ижирғансаларда, қилмишлари учун ўзларини бир умр кечира олмасаларда, сиз билан бизнинг қаршимизда гўё адолатни қарор топтиргани учун узоқ йиллик жазо муддатини ўтаганини каффорат билиб, зиғирча афсус чекмай, қолган ҳаётини жиноят оламидан бехабар кишилар англаб етавермайдиган алланечук кўнгил ҳотиржамлигида ўтказган собиқ
аристонлардир.
Бор гап, шу эди!
2016 – 07.06.2023
M: “Адабиёт газетаси”нинг 2023 йил 18 август сонидан олинди.
Sen tirmizak, Bolta qorovulning qo‘llari qayroqtoshday qattiq va g‘o‘rashaligini qayerdan bilasan, deysizmi? Bilaman-da! Chunki qarshimizdan chiqib qolguday bo‘lsa, biz bolalar tirra qochadigan, singalab tikilsa, bolalar u yoqda tursin, katta kishilarning ham damini ichiga tushirib yuboradigan o‘sha yovvoyi odamning changgaliga tushib omon chiqqan “qahramon bola” men bo‘laman.
Abdunabi BOYQO‘ZIYEV
BOLTA QOROVUL
Hikoya
Abdunabi Boyqo‘ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug‘ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G‘afur G‘ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O‘zbekistoni», «Xalq so‘zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O‘zbekiston OAVni qo‘llab-quvvatlash jamg‘armasida ishlagan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G‘uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O‘zbeknavo yulduzlari”, “Judolig‘ dashti”, “Ko‘zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg‘ular”, “Besh navo”, “Besh so‘mlik kekkayish”, “Cho‘li irog‘im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.
– Boltashvoy! Ho‘, Boltashvoy!
– Nima diysiz?
– Turing-ay, yotovurmay…
– Juda jonsarak odamsiz-da, polvon aka. Shu ishti bugun qilmasak osmon uzilib tushadimi?
– Uzilib tushmas-u…
– Uzilib tushmasa, yotaylik picha.
– Ozodlikka ozgina qolganda ishkal chiqmasin deymanda. Shapaloqday joy qoldi, chopib qo‘yayqolaylik.
Azim polvon shunday deb o‘rnidan turdi. Qaddini rostlab, kerishdi va nariroqda yotgan ketmonni qo‘liga olib, egat oralab lavlagi paykalining chopig‘i chala qolgan tomonga qarab yurarkan, g‘o‘ldiradi:
– Borman (qamoqxona boshlig‘i) ning mashinasi Hamdamariq tomonga o‘tib ketdi. Yotganimizi ko‘rdi…
U bu so‘zlarni Boltashvoyga aytdimi yo shunchaki o‘ziga o‘zi eslatma qildimi, anglab bo‘lmasdi.
***
Bolta qorovulning qaysi qishloqdan ekanligini biror kimsa aniq bilmaydi. Kimdir poytug‘lik, desa, boshqasi Gezyo‘li tomonlarning odami bo‘lsa kerak, deb qo‘yadi. Qishlog‘imiz axli yuzini jun bosgan, tikilib boqsa nigohi ichingni muzlatib qo‘yadigan bu gorillasifat odam, har holda, qaysidir bir qishloqdan chiqsa chiqar, faqat bizning Yormazordan emas, degan fikrda qat’iy edi.
Bolta qorovulni tanimasligimizning boisi, kattalar nazarida biz yosh yalanglar bilishimiz shart bo‘lmagan alohida sirli tomonlari ham borligi edi. Ushbu hikoyamizda Bolta qorovulning ana shu sohir jihatlarini holi qudrat bayon etishga harakat qilamiz.
***
Boltashvoy, shundoqqina Qoradaryo bo‘yidagi Sayrobod qishlog‘ida tug‘ilgan bo‘lib, uning yoshlik chog‘larini yaxshi bilganlar bundan o‘ttiz yillar ilgari undan dovyurak, undan dilovar yigit bo‘lmaganligini bir ajab hayratlanish bilan gapirishadi. Ayrimlar, qani endi, o‘g‘ling bo‘lsa, shu Boltashvoyday bo‘lsa, degan otalarni, bo‘y yetgan qizini mana shu qorako‘z-qoraqosh yigitga uzataman, deb joni port bo‘lgan juvonlarni eslashadi.
***
Dehqonchilik qoidalariga ko‘ra, odatda ekin maydonlari almashlab turiladi. Chorvaga yem-hashak yoki ozuqabop ekinlar kolxozning qaysi bir brigadasiga ko‘chsa, faqat shu – Bolta qorovul borib qo‘riqlaydi. Buni butun kolxoz yaxshi biladi. Shuning uchun uni xonobodliklar ham, yormozorliklar ham, dashtliklar ham Bolta qorovul deb taniydi. Bolta qorovul qo‘riqlayotgan paykaldan odam bolasini qo‘ying, xatto xayvonlar ham chetlab o‘tadi degan gaplar yuradi el orasida. Familiyasini tabelchi yoki kassir bilmasa, qolganlar uchun u shunchaki Bolta qorovul. Xatto, rais uchun ham. Aytishlaricha, Bolta qorovulga kolxoz raisi tugul rayonni zir titratgan nachalnik melisayam qattiq-quruq gap qilolmas ekan. Chunki uning uchun odamkushlik pashshani mijg‘ilashday maroqli ish emish. Nafsoniyatiga tekkan kasni ikkilanib o‘tirmay, kallasini sapchaday uzib qo‘yishi hech gap emasmush. U qamoqdan qutilib chiqqanidan keyin paysalga solinmay, o‘ziga ma’qul biror ish bilan ta’minlanishi haqidagi topshiriq ham yuqoridan kelgan, deyishadi. Aks holda, yana biron og‘ir jinoyatga qo‘l urishi hech gap emasmish. Emish va yana emishlar…
***
Boltashvoy Zokir raisni uyidan chaqirib darvozasida so‘yib tashlaganida yigirma beshga ham kirmagan yigitcha edi. Uning bu qilmishi garchi qotillik esa-da, el-yurt, ayniqsa, oddiy kolxozchilarning nazdida raisning nojins, naxs qilmishlari uchun Xudo tomonidan buyurilgan jazoning yosh bir jasur yigit qo‘li bilan ado etilgan ijobati sifatida qabul qilindi. Bu gapni sudda yurak yutib aytib Boltashvoyni himoya qilganlar ham bo‘ldi. Biroq dunyoning biron bir yasog‘i odam o‘ldirgan kishiga shafqat qilmaganidek, sho‘ro qozilari ham bu
“bola qotil”ni, xali bolaku, deb o‘tirishmadi.
***
Bolta qorovulning qiyofasi doim bir tushunarsiz tund bo‘lar, odamga zimdan tikilib qarab qo‘yadigan ko‘zlari, qora qo‘chqorning terisidan kesib yopishtirilganday qalin tukli sovuq sukun ifoda kasb etib turuvchi yuzlariga tug‘ilganidan buyon xursandchilik inmagan-ov, deb o‘ylardi ko‘rgan kishi. Tikilib boqsa simillab botuvchi qattiq nigohlariga shafqat dorimaganiga ham kim bilsin, necha zamonlar bo‘lgan. Jundor, yo‘g‘on bilaklari, qayroq toshday qattiq g‘o‘rasha barmoqlari unga odamlar bilan so‘rashish uchun emas, kimlarningdir bag‘rini sug‘urib olish uchun ato etilganday taassurot qoldirardi kishida.
***
Raisning qiz juvonlar bobida suyagi yo‘qligi avomga ham sir bo‘lmay qolgan edi. Biroq, ne choraki, rais baribir raisda. Bo‘lganda ham, oshig‘i olchi, faqat tumandagina emas butun vodiyda dongdor, taniqli odam. Har sohada ilg‘or, iqtisodi baquvvat xo‘jalikning aytgani aytgan, degani degan rahbari. Poyezd istansasiga nimaiki kelib tushsa, avval “Parts’ezd” kolxozi oladi. Ana undan keyin boshqalar. Bu borada shakllangan “yozilmagan tartib”ni bironta xo‘jalik rahbari buzib ko‘rsinchi, o‘zini qayerda ko‘rarkin! Buni butun el ulus yaxshi biladi. Zokir rais bilan shox tashlashaman degan qancha “polvon”larning beli sinib, qo‘rdan chiqib ketdi.
Mana shu, joriy yilning o‘zida paxta planini bajarish uchun raport topshirishdagi hangomalarni oling. Tuman gazetasida kunma kun e’lon qilib borilayotgan jadval bo‘yicha “Qizil oktyabr” davlat xo‘jaligi birinchi, “O‘zbekiston” jamoa xo‘jaligi ikkinchi , “Partiya XX1 s’ezdi” jamoa xo‘jaligi uchinchi o‘rinda borayotgan edi. “Marraga bir odim qolganda, kuniga to‘rt-besh foizdan hosil yig‘ishtirib olayotgan ikki ilg‘or xo‘jalikning kutilmaganda shahdi pasayib, yarim foizga tushib qoldi. Partse’zdchilar esa keskin sakrash qilib, so‘nggi ikki kunda salkam o‘n foiz hosilni davlat omboriga joylab
qo‘ydi va g‘alaba bayrog‘ini ilib ketdi” (tuman gazetadasi bosh maqolasidan iqtibos).
Uzunquloq gaplarga qaraganda, taqimdan uloq talashib borayotgan ikki ilg‘or xo‘jalik rahbarlarini raykom buva kabinetiga chaqiribdi. Debdiki: “Marraga bayroqni birinchi bo‘lib “Parts’ezd”chilar tikishi kerak! Har ikkingiz ham kunlik terimning sakson foizini Zokir rais hisobiga yozdirasiz. Yuqorining topshirig‘i shunday. Zokir Sheraliyevichning nomzodi allaqachon obkom byurosida tasdiqlanib, Moskvaga ketgan. Xudo xohlasa, shu yil oktyabr bayramida bizning rayondan geroy chiqadi.”
Aslida, dilni g‘ash qiladigan bu qabil hangomalar onasiga ergashib dalaga chiqa boshlagan kezlaridan Boltashvoyning qulog‘iga ham chalinadiku-ya.
***
Zokir rais tunov kuni Odashali qorining yakkayu yolg‘iz, sutga chayilganday pokiza qizi, ilg‘or terimchi Vazirani yoniga chaqirib “Seni o‘zim rayonga obborib komsomol qilaman. Brigada boshlig‘i bo‘lasan. Keyin Toshkentda o‘qib, agronom bo‘lib qaytasan. Xudo xohlasa, mening o‘rnimni egallaysan”, ‒ deb qo‘ydi.
Vazira, albatta, raisning bu gapini rahbarning g‘amxo‘rligi – otalarcha mehribonligi deb qabul qildi. Qo‘yingki, ikkalasi ham orziqib kutgan komsomolga qabul kuni ham keldi. Faqat, raisning Volgasi rayonga emas, Dasht tomonlarning eng chekka brigadasi shiyponiga qarab yo‘l soldi…
***
Vazira homilador bo‘lib qolganini his etgach, kundan kunga ikki dunyosi qorong‘ilashib bordi. Ming xil o‘yu vasvasalar og‘ushida tunlarni tonglarga ulamasin, xayol oynasining biron joyidan zarracha bo‘lsin najot nuri ko‘zga tashlanay demasdi. Ko‘ngli tez-tez aynib, o‘qchishlari ko‘paydi. Bu isnod alomatlarini birinchi bo‘lib, albatta, onaizor sezdi. Sho‘rlik ona boshini qayoqqa ursin? Kimga yorilib, kimga dod etsin. Volidayi zor chorasizlikdan o‘zga chora topolmay, garang bo‘lib qolgan edi.
Otin oyi qizining ahvolini eri Odashali qoriga aytmay ham iloji yo‘q edi. Lekin, qanday aytadi? Xo‘p, amallab aytdi ham deylik, choli o‘sha zahoti yuragini changgallab, o‘libgina qolmasmikin?!
Evohki, ish xuddi Otin oyi ko‘nglidan o‘tganiday bo‘ldi. Yakkayu yolg‘iz qizi nomusidan ayrilganini eshitgan Qori kalavlanib qoldi. To‘rt-besh kun gumranib yurdi. Masjidga borib imomlikka o‘tishni ham siyraklatdi. Bir xaftaki, tongda bomdodga yumalab olishga ham holi kelmaydi. Oxirgi kunlarda tamom to‘kilib, so‘rrayib qolgan chol bugun choshgohda omonatini topshirdi qo‘ydi.
Cholining kuyuti, isnodning kuchi Otin oyini ham yiqitdi. U ham o‘mganini ko‘tarolmay, to‘shaknishin bo‘lib qoldi.
Fojialar oqimining bu qadar tez, ko‘lamli bostirib kelishi Vazirani tamom esankiratib qo‘ydi. Kechagina, ota-onasining issiq bag‘rida erkalanib bir dunyo orzu havaslar og‘ushida porillab yurgan qizgina uchun endi bu dunyo tamom zimistonga aylandi. Otayotgan tonglar shafag‘i esa uning uchun shu qadar yoqimsiz hodisa bo‘lib qoldiki, kun yorishaversa, Vaziraning ichi qorong‘ilashib borardi. Ro‘zg‘or kami, turmush tashvishi neligini bilmay, yaxshi kimu yomon kim ajratmay o‘sayotgan sodda va ishonuvchan qizaloqqa bu savdolar daxshatli quyun girdobining o‘zginasi, bu girdibodda u mutlaqo nochor va ixtiyorsiz edi. Beomon quyun uni chirpirak qilib qayon va qancha uchiradi, buni ham bilmasdi. Boz ustiga, yana o‘sha xud-xud ko‘ngil bexuzurligi. Aytarli hech narsa yemaydi, lekin ko‘kragidan otilib keladigan bir balo o‘qchiq ichu bag‘rini tashqariga chiqarib tashlasam deydi…
Ana shunday vos-vos, azobli tunlarning birida u allaqanechuk shum xayol bilan uyg‘ondi: uning uchun endi yashashning zig‘ircha qizig‘i qolmagan, zero, yashay olishiga ham ko‘zi yetmay qolgandi. Qay tomonga boqmasin, umidsizlik, chorasizlik. Xudo ko‘rsatmasin, Otin oyiga ham biron korhol bo‘lsa, holi ne kechadi, kimlarning qo‘lida qoladi?!
Aqlu shuuri o‘ziga bo‘yin sunmay qolgan navnihol vujud uchun bu beomon mavxumlikning o‘zginasi edi. Isnod ostona xatlamay, o‘zini o‘zi bir yoqlik qilib qo‘yaqolsamikin?! Binobarin, boshqa yo‘li ham yo‘qku?!..
Vazira shu topda, nima uchundir, dadasi Odashali qori bilan onasi Otin
oyilar bot-bot mutolaa qilishadigan she’riy kitobdan yodlab olgan g‘azalni esladi. Ajabki, bu gal u o‘sha misralar mazmunini boshqatdan kashf etayotganday, mohiyatini chuqurroq his qilayotganday edi. G‘azal matla’sini avval yurak yuragidan o‘tkazib, ikki bor takrorladi.
Ay, shamol, keltur menga sunbul sochining bo‘yini,
Tushsa tushsin boshga bir, hazrat Alining o‘yini.
Keyin siniq, judayam bir hazin ohangda qo‘shiq qilib kuylay boshladi:
Ay, shamo-o-l, keltur menga-a-a-a…
Xayolot olami tamom mavxumlikka evrilgan sho‘rlik qizning majruh shuuri negadir faqat shoir ta’rif etgan sunbul sochlarnigina o‘ylar, u sochlardan bir xushbo‘y islar tuyar, tahayyuli nuqul o‘sha haydar sochlarni o‘rib, go‘zal chilvir shakliga keltirishga urinar edi. G‘azalning “Ay, shamol, keltur menga sunbul sochining bo‘yini!” misrasini bir sassiz un ila “Ay, shamol, keltur menga chilvir sochining bo‘yini!”, deya o‘zgartirib aytgisi kelar, ko‘nglining bir chetida esa shu chilvir sochlar chiyratma arqonga aylanib qolsachi, degan xayol miltillab qolar, bora bora bu miltillash moddiylashib, tasavvuridagi chilvir soch rangin arqon shaklini olar, va ajabki, boshi uzra sollana boshlardi.
Qanday xuzurbaxsh manzara! Kel, kelaqol ey go‘zal chilvir, tomoqlarimga chirmash! Zora, ushbu girdibodda alvasti qurchoqqa aylanib, chirpirab borayotgan ixtiyorsiz vujudimni bu balolardan qutqarsang, xalos etsang! Ha, meni bu beshafqat dunyo o‘yinlaridan sen, faqat sengina halos eta olasan, go‘zal arqon!..
U shunday to‘zg‘in xayollar og‘ushida g‘azalning keyingi ikki baytini ovoz chiqarib shivirladi:
Bul o‘yinning xavlini mushrikka-da ko‘rmam ravo,
Tushsa qilgay, ming qazovu ming qadarning o‘yini.
Qizgina, umr bo‘yi olloning ibodatida qoim kelayotgan, axkomlariga sodiq, imon e’tiqodida mustahkam, pokiza insonlarning farzandi emasmi, boshiga tushgan ushbu kulfatlarni xatto Yaratganning mushrik bandasiga ham ravo ko‘rmasligini, ko‘ra olmasligini ich-ichidan his etardi. Yo‘q, bu zalolat uchun ota onasi zig‘ircha aybdor emas. Chunki ular nafs rizosi va shaytoni layin muddaosi haqida ko‘p va xo‘b tavallolar qilishgan. Xatolik faqat uning o‘zida, sust imoni-yu, kemtik e’tiqodida. Shunday bo‘lmasa, bu yolg‘on dunyoning bir shayton bandasi aldoviga laqqa tusharmidi. Ha-ha, ayb bu dunyoning oniy xuzur halovatiga uchib, nafs yo‘lini tanlagan irodasida. Biroq, ko‘nglining allaqayeridagi qandaydir uryon tuyg‘u unga g‘azalning navbatdagi baytlarini bir umid, bir jur’at va dalda ishorasi o‘laroq peshkash qilayotganday ham edi. Ya’ni:
Bu qazovu bu qadardin zarra vahmim yo‘q, magar
Kim topg‘amiz ikki dunyo obi hayvon suyini.
“Bu qazo-o-vu-u bu qadardi-in zarra va-ah-mim yo‘-o‘-q…”
Nimalar deyapsan, tentak qiz?! Qilg‘ilikni qilib, otangni laxadga tiqib, sho‘rlik onangni qon qora qaqshatib, to‘shakka mixlab qo‘yib, yana nimalar deb aljirayapsan?! Bu qazovu bu qadardin zarra vahmim yo‘q, emish-a! Tushunyapsanmi o‘zing, nimalar deyayotganingni? Shoirlar nelarni yozmaydi, nimalar deb valdiramaydi!
Biroq shunday ajoyib satrlarni tizgan shoir shunchaki gaplarni valdiramasa kerak? Ammo lekin, shoirlar ham hammaga o‘xshagan gunohkor banda, ularning ham kushandasi nafs! Nafs ko‘yi nelar degizmaydi, nelarga giriftor etmaydi. Ehtimol, aynan ana shu chilvir unga najot rishtasi o‘laroq yaratganning obi rahmatiga erishtirar?!
Ay, go‘zal chilvir, kel, bo‘lar ish bo‘ldi. Bas, boshqa choram yo‘q! Bo‘ynimga mahkamroq chirmash! Biz sen bilan “obi hayvon suyi”ga tomon yuksalamiz. Kel!..
***
Shundoq tepasida sollanib turgan chilvir Vaziraning nazarida xuddi uning ichki nidolariga quloq tutayotganday boshi uzra sollanib tebranar, so‘ng pastga enib, xuddi erkalaganday, qizning ingichka va nozik tomoqlariga chulg‘ana boshlardi. Ammo, xuddi shu payt, qayerdandir paydo bo‘lgan bir erkak qo‘l sirilib, toboro torayib sirtmoqqa aylana boshlagan arqonni jon-jahdi bilan siltab, qizning boshidan yulqib tashlardi.
Vazira bu haloskor qo‘l kimning qo‘li ekanligini tanidi. Ha, bu o‘sha, hikoyamizning boshida “jundor bilaklar”, “qayroq toshday g‘o‘rasha barmoqlar”, “odamlar bilan so‘rashish uchun emas, kimlarningdir… yuragini sug‘urib olish uchun ato etilgan”, deya ta’rif berganimiz Boltashvoyning qo‘llari edi! Nahotki, shu chayir, chiroyli qo‘llar o‘sha gorillasifat kimsaniki bo‘lsa?! Yo alhazar!..
***
Vazira chilvirni necha bor najotga chorlab, bo‘ynini qanchalar unga chog‘lamasin, halaskor qo‘llar ham bo‘sh kelmasdi. Qo‘l va arqon jangi tinimsiz ikki kun davom etdi. Uchinchi kuni, juma tongida “qayroqtoshday qattiq va baquvvat qo‘llar”dan tamom mador ketdi va…
Bomdod namozidan chiqib kechagina bandalikni bajo keltirgan Odashali qorining uyiga fotihaga kelgan kishilar Vazirani darvozadan kiraverishdagi bostirma to‘sinida osilgan holda topishdi!..
***
Ushbu xunuk voqealardan keyin Yormazor qishlog‘i ahlining sabr kosasi tamom to‘ldi. Yetti yoshdan yetmish yoshgacha bo‘lgan erkagu ayolning ko‘ksida raisga nisbatan bir betizgin alamli tug‘yon isyon qila boshladi. Zokir raisning barcha g‘ayriinsoniy kirdikorlarini ko‘rib yursa ham o‘zini bilmaganga oladigan Boltashvoyning ham izzat nafsi Vazirasining o‘limidan keyin chiyralgan arqonday chirt uzildi. O‘sha kuni: “Oh, sho‘rlik Vazira-a-a!!” – deya uvvos solmagan xotin halajning o‘zi qolmadi. Bu ohu faryodlar, ayniqsa, ayollarning yoppasiga alamli bir qarg‘ish laxjasida, aytib-aytib girya qilishlari Boltashvoyning diydasini battar qahrga to‘ldirdi, toshday qotirib, toshbag‘ir qilib qo‘ydi. Uning o‘rtangan bag‘riga endi otasidan meros bo‘lib qolgan yaroq – shahrixoniy pichoq malham qo‘ymasa, boshqa chorasi yo‘q edi!…
***
Vazira Domla buva va Otin oyining yolg‘iz dilbandi, ko‘zlarining oqu qorasi bo‘lsa-da, erka-tantiq emasdi. Yaratgan bu qizning husnu malohatiga yarasha odobu ibo ham ato etgandiki, ko‘plar bunaqa farishtani faqat O‘zi alohida suygan bandasigagina ato etadi, deb qo‘yishardi. Qo‘yingki, olmaning shirinini qurt yeydi, degani ham rost shekilli, Boltashvoyning qalb ardog‘ida endigina atirgul g‘unchasiday ochila boshlagan sho‘rlik Vazira ham naxs raisning tuzog‘idan omon chiqmadi!..
***
Zokir raisning qamchisidan qon tomgan qatag‘on yillaridagi qilmishlari haqida ham bir dunyo mish-mishlar yurardi. Darhaqiqat, rais ko‘z ostiga olgan navjuvon ayollarning kuyovlarini tuzum dushmaniga chiqarib, qamattirib yuborar. Nochorlikda qolgan oilasiga esa go‘yoki g‘amxo‘rlik ko‘rsatgan bo‘lib, murodiga yetardi. Ikkinchi jahon urushi boshlanganidan keyin noqulay erkaklarni frontga “safarbar” etib, maqsadiga erishib yurdi. Ammo har qanday bedodlikning intihosi bo‘lganiday, Stalin qatag‘onlariga ham nuqta qo‘yildi. Urush tugab, mamlakat uchun mashaqqatli ammo bir qadar hotirjam tiklanish yillari boshlandi. Zokir naxsning eski nayranglari endi ish bermay qoldi. Ammo o‘rgangan ko‘ngil o‘rtansa qo‘ymaskan. Chaqimchi shotirlaridan yormozorlik Vaziraning daragini eshitgan rais kuyikkan ilonday to‘lg‘onaverdi. Kolxoz a’zolari bilan o‘tkazgan bir umumiy yig‘ilishida Vazirani o‘z ko‘zi bilan ko‘rgach, aqlu hushidan tamom ayrildi. Vaqtni boy bermaslik qasdida faollarni idoraga yig‘ib, komsomol yoshlar tashkiloti a’zolari ko‘rsatkichi bo‘yicha boshqa xo‘jaliklardan orqada ekanliklari haqida tahdidli va’z qildi. Ayniqsa, ketmonchi xotin qizlarning yanada ochilib-sochilib yurishi, erkin mehnat quchog‘ida yayrab yashnashiga bo‘lgan har qanday mone’lik siyosiy ko‘rlik, kommunistik tuzum prinsiplariga sabotaj sifatida baholanishini alohida pisanda qilishni ham unutmadi.
***
Shunchaki tasodifmi yoki taqdir hazili, har holda Azim polvon ham, Boltashvoy ham odam o‘ldirib kesilgan aristonlardan edi. Ikkalasining ham hujjatiyu, nomai a’molida “qotil” degan tamg‘a bor. “Delo”laridagi boshqa tafsilotlar ham aytarli bir xil: ikkalasining ham quroli – pichoq. Bu yog‘ini so‘rasangiz, ikkalasi ham, aynan, kolxoz raislari kirdikorlari bilan bog‘liq
ishlarga isyon oqibatida qamalishgan. Bu yerda ham ular bir barakda, yonma-yon yotishadi. Ikkalasi ham bir yilda, aytarli bir xil muddatga ozodlikdan mahrum etilgan. “Srog”ining asosiy qismini qattiq rejimli qamoqxonalarda o‘tkazgach, qolgan muddatini yengilroq tartibli manzil koloniyada o‘tash xukmi bilan shu yoqqa – G‘allaquduqqa itob qilinishgan…
***
Sen tirmizak, Bolta qorovulning qo‘llari qayroqtoshday qattiq va g‘o‘rashaligini qayerdan bilasan, deysizmi? Bilaman-da! Chunki qarshimizdan chiqib qolguday bo‘lsa, biz bolalar tirra qochadigan, singalab tikilsa, bolalar u yoqda tursin, katta kishilarning ham damini ichiga tushirib yuboradigan o‘sha yovvoyi odamning changgaliga tushib omon chiqqan “qahramon bola” men bo‘laman. Nima, ishonmaysizmi? To‘g‘ri, o‘sha voqeani eslasam, haliyam quloqlarimgacha qizarib ketadi. Bu voqeaga esa, sizga aytsam, o‘sha, otamning jon do‘sti Egambergan buvamning bizdan bir sinf keyin o‘qiydigan tam-tam qizi Havoxon sababchi. Yo‘q, Havoxon erka, shaddod bo‘lgani bilan aslida yomon qiz emasdi. Buni men juda yaxshi bilardim. Bilardimgina emas, ich-ichimdan his qilardim.
Bu gapimga shuning uchun ham ishonishingiz kerakki, Havoxonning onasi, ya’ni Ukparxon aya ham onam uchun “o‘rgulay o‘rtoq” edi.
O‘rgilay o‘rtoq degani nima, bilasizmi? Bilmaysizmi? Unda eshiting. O‘rgilay o‘rtoq degani, onanggiz yig‘lasa, u ham yig‘laydi. Kulsa kuladi. O‘rtalarida deyarli sir bo‘lmaydi. To‘y-to‘ychiq, yig‘in-sig‘inlarda alohida chorlatib o‘tirishmaydi. Bir birovini tez-tez tansiq taomlar bilan yo‘qlab turishadi. Ancha-muncha bordi keldi, yugur yetim ishlarga biz tomondan u yoqqa men g‘izillayman, u tomondan biznikiga Havoxon. Onalarimiz, deylik, ko‘ngli nimadandir g‘ashlik tuyib qolishsa, yumushlarini yig‘ishtirib, biron yerda uchrashishadi-da, obdon hasratlashib, g‘uborlarini yozib olishadi.
Ukparxon aya onam bilan ana shunaqa o‘rtoq. Qo‘yingki, unisi bunisining dardiga dori, yarasiga malham, desa ham bo‘laveradi.
Ota-onalarimiz o‘rtasidagi yaqinlik menga ham, Havoxonga ham yoqadigina emas, ayni muddao ekanligini ich-ichimizdan his qilamiz. Biroq, Havoxon ana shu ichkin quvonchlarimiz ko‘cha-ko‘ylarda oshkora namoyon bo‘lishini negadir istamaydi. Maktabga ketayotib yoki darsdan so‘ng uyga qaytish chog‘ida u mutlaqo o‘zga qizga aylanib qoladi. Barcha o‘quvchilar, sen o‘g‘il bola, men qiz bola demay, hazil-huzul qilib, o‘ynab kulib borayotgan paytlarimizda u go‘yo hech kimni ko‘rmayotgan, eshitmayotganday, bepisandgina ketaveradi. Shunday paytda uning e’tiborini tortish uchun qizlarning jig‘iga tegadigan biron qitmirlik yoki hangomani o‘ylab topaman. Mening bu qiliqlarim Havoxonga erish tuyulayotganini sezib tursam-da, baribir, o‘zimni tiya olmayman. Endi o‘ylasam, unga qolsa, mening xayolim xuddi o‘ziday, boshqa hech kimda emas, faqat uning o‘zida bo‘lishini istar ekan. Dugonalari bilan ijikilashishim g‘ashini keltirar, qiynar ekan.
Aslida men Havoxonning ham boshqa qiz o‘rtoqlari kabi yayrab yashnab yurishini juda juda istar edim-da. Buning uchun nima qilishim, o‘zimni qanday tutishim zarurligini esa sira o‘ylab topa olmasdim.
Keling, yaxshisi Bolta qorovul bilan bog‘liq, eslasam hozir ham a’zoyi badanimdan ter chiqib ketadigan o‘sha voqea tafsilotini bayon qilib beraqolay. Voqea bunday bo‘lgan edi.
Har doimgiday, galalashib maktabdan qaytyapmiz. Sal oldinda Salma (Salima), Dilosh (Diloram), Hilol (Hilola) va Havoxon borishardi. Nima deb tantiqlanmay, ne xunar ko‘rsatmay, qizlar uchun ayni muddao – bajonidil yayrab kulishardi. Havoxon uchun esa, gaplarim mutlaqo ahamiyatsizday. Bu befarqlik menga biram alam qiladiki, ichimni shunaqangi yondiradiki, asti qo‘yavering. Shunday paytda alamimni bosish uchun kimlargadir tegajoqlik qilishim yoki Havoxonni tilga kirgizadigan biron jumla topishim kerakday tuyulaveradi. O‘sha kuni ham shunday bo‘ldi. Adashmasam, men qizlarga shunday savol berdim:
– Oranglarda bir odamlar, mabodo, gung-soqovlardan emasmi?
Qoqitma ma’nosidagi bu savolim kimga qaratilganligini qizlar darrov fahmlashdi. Havoxonning bunaqa tumrayib olishlari qizlarga ham xush kelavermas ekanmi, qulay fursatdan Dilosh unumli foydalanaqoldi va men uchun ham, Havoxon uchun ham tekkizib, piching aralash javob berdi:
– Ayrim dugonalarimizning quloqlari ayrim odamlarning gapini eshitmaydi, eshitsa ham alim sunmaydi. Diloromning gapi tugamayoq, so‘zni Hilola ilib ketdi:
– Yo‘q, o‘rtoqlar! Ayrimlar o‘z ismiga monand, havolarda uchib yuradi. Yerdagi odamlarning gaplari u kishimga yetib bormaydi.
Men tufayli birdaniga ikki dugonasining zaharhanda luqmasidan ko‘ngli zaxa yegan Havoxon alam achchig‘ida, onasi tikib bergan kitob xaltasi bilan meni ura ketdi. Vaziyatni yumshatish uchun bir narsalar deb, ortga qancha chekinmay, Havoxon xovridan tushmas, so‘nggi zarbada xaltasining bog‘ichi uzilib, ichidagi kitob-daftarlari yer bilan bitta bo‘ldi.
Shu payt, kimdir qo‘llarimdan tutganday tuyuldi. O‘girilsam, kim deng,
o‘sha, ko‘zlari qip-qizil gorilla – Bolta qorovul! Yuqorida sizga aytganim, qayroqtoshday qattiq barmoqlari chillaki bilaklarimdan tutib olgan!…
– Xo‘ bola-a! – dedi u salmoqlab. – Erkak kishi ojizalar bilan bunaqa pachakilashmaydi!
Gorilla bilan bu qadar yaqin, yana deng, bilagimdan tutgani holda ro‘baro‘ turish tushimga kiribdi deysizmi. Qo‘rquv degani shunaqangi daxshatli tuyg‘u ekanini hayotimda birinchi bor his etishim. O‘takam yorildi. Yo‘q, o‘takam yorildi, desam, o‘sha damdagi holatimni to‘laqonli ifoda eta olmasdi. Ko‘zlarim Bolta qorovulning ko‘zlari bilan to‘qnashganida, yuragim ostida bir narsa shuv etdi. Keyin quvug‘im bo‘shashganday bo‘ldi va qandaydir issiq suyuqlik ishtonimni xo‘l qila, tuproqqa yoyila boshladi.
Gorillaning qaydan paydo bo‘lganini sezmay qolgan maktabdoshlarim ham qo‘rquvdan nafaslari ichiga tushib ketgan, hammalari mum haykallarday qotib qolishgandi.
Mening bu ayanchli holatimni ko‘rgan Dilorom ichidagi shaytonini bosa olmadi shekilli, dimog‘ida piq etdi. Birozdan keyin esa, qolganlar ham baravariga kulib yuborishdi. Esimni yig‘ib, xushimga kelganimda Gorilla qo‘llarini salanglatgancha, uniqib ketgan etiklarini sassiz-sassiz bosib, o‘rimi boshlangan makkajo‘xorizor tomonga qarab yo‘l olgan edi.
Hozirgina qizlarning oldida gapni mo‘ndalayotgan edingku, og‘ayni, deyman o‘zimga o‘zim! Bolta qorovulning changalida ishtoningni xo‘l qilib yuborishing… Eh, bu kuningdan o‘lganing yaxshi emasmi! Kim degan odam bo‘lding? Sen hamma uchun Abduhoshim siyg‘oqsan endi! Bugungi manzarani ko‘rgan maktabdoshlaring, ayniqsa Havoxon bir umr seni shu holatda esga oladi va kula kula yon veridagilarga tasvirlab berishi tayin…
***
Chorpohildan kelgan, g‘o‘labir jussali Bolta qorovul odamlarning aytishi bo‘yicha, palovni o‘lguday xush ko‘rarkan. Katta charx tovoqqa bosib solingan oshni bir o‘zi paqqos tushirar, ustixonlarini ham ishtiyoq bilan g‘ajigach, chilip yog‘ barmoqlarini erinmay xo‘kiz terisidan buyurtma qilib tiktirgan kazon etiklariga obdon surkarkan. O‘sha, yog‘ shimaverib, yoqimsiz qo‘ng‘ir tusga kirgan poyafzalini sassiz bosib ko‘chamizdan o‘tib qolsa, ro‘parasidan chiqqan har qanday odam muguzli to‘ng‘izga duch kelgan ilvasinday kalovsirab, o‘zini qayoqqa o‘rishni bilmay qolardi. Biz bolalar bo‘lsak, u to ko‘zdan g‘oyib bo‘lgunicha, nafasimizni ichimizga yutib, yashirinib turar, ko‘rinmay ketgachgina, yengil nafas olardik.
***
Bolta qorovulning qachonlardir Zokir raisni o‘z uyining darvozasida chavaqlab tashlaganini butun kolxoz biladi. Biroq bu qotillikni aynan nima sababdan sodir etganini hech birovimiz aniq tasavvur etolmasdik. Chunki qishlog‘imiz erkaklari bolalarning oldida bu haqda zinhor og‘iz ochishmaydi. Xotin-halajlar esa Qorovulning sirlarga to‘la hayoti to‘g‘risida biz churvaqalar tushunmaydigan, faqat kattalarning o‘zlarigagina ayon lahjada shivirlashishadi. Erkaklarning og‘ziga talqon solib olishi, ayollarning Boltashvoy bilan go‘zal Vazira o‘rtasidagi ochilmay turiboq hazon bo‘lgan ishq g‘unchasi haqidagi uzuq-yuluq, ilmoqli jumlalaridan allanimalarni uqqanday bo‘lsakda, tayinli ma’no chiqarolmay, ulg‘ayishda davom etardik…
***
Sezib turibman, hikoyangni ikki shaxs muloqotidan boshlading. Xo‘sh, Azim polvon kim? Qismatidan biroz aytmaysanmi, deyapsiz, a? U ham qotil. Ammo qanaqa qotil? Xo‘sh, nima desam ekan? Azim polvon sodir etgan jinoyat tafsiloti… To‘g‘risi, menga qolsa, mana shu voqeani qog‘ozga tushirmaganim ma’qul ediku-ya! Nachora!
Azim polvon kesilib ketmasidan ilgari kolxoz omboriga mudirlik qilardi. U paytlarning tartibiga ko‘ra, jamoa xo‘jaligining tuzidan tortib, eshagining to‘qimigacha omborchining javobgarligi ostida saqlanar, sarf harajatining tasarrufi esa, albatta, kolxoz raisi hamda bosh buxgalter, ahyon ahyonda partkom sekretari ixtiyoriga ham o‘tib turardi. Butun ombor shu uch rahbarning shaxsiy mulkiday gap. Kimga nimani va qancha berishni, asosan, mana shu uch shaxs hal qilardi.
Ombor mudirligining uchinchi yili katta taftish keldi va…
Bunday olganda, Azim polvon namoz o‘qimasa-da, xudodan qo‘rqadigan, bandaning luqmasidan parhez qiluvchi, nafsi tiyiq yigitligini hamma bilardi. Jamoat mulkini o‘zicha bebiliska sovurgan yoki yeb yuborgan joyi ham yo‘q. Kamomadi ham aytarli qamoqqa tortgulik emasdi! Ajabki, taftish kelganida o‘sha uch rahbarning alohida qutida qulflab saqlaydigan ko‘rsatmalariyu narsa olganlarning tilxatlari sirli ravishda(?) yo‘qolib qoldi. Rais istasa uni og‘zining yeli bilan qamoqdan olib qolishi ham mumkin edi. Ammo rahbariyatning boshiga ish tushgan mana shunday qaltis pallada undan yuz o‘girib olishlari sirini sira tushina olmasdi. Qo‘yingki, taftish yakuni, el-ulus o‘ylaganiday bo‘lib chiqmadi…
***
“Rastarata” bilan kesilib Olmaliqda yotgan Azim polvon o‘z qishlog‘i Uchko‘zaga ikki bor kishi bilmas kelib ketgan deyishadi. Uning bu xufya tashriflarini qishlog‘idagi ikki sirdosh do‘stidan boshqa hech kim, xatto yaqin jigarlari ham bilmagan ekan. Polvonning pinhon kelib-ketishlari boisi u qamalib ketgach, xayxotday xovlida yolg‘iz qolgan zavjasi Zubayda bilan kolxoz raisi orasidagi sirli sarguzashtlar deyishadi bilganlar.
Xullas, Azim polvonning Uchko‘zaga uchinchi bor kelishi butun viloyatda shov shuvli voqeaga aylandi.Tasodifni qarangki, Polvon o‘sha kuni yarim tunda xovli etagidagi o‘zi urgan guvala devordan oshib o‘tganida, u bilan bir necha yilni safoli o‘tkazgan, bepusht bo‘lsada, uning uchun suyukli bo‘lib qolgan Zubaydasi xobxonada yolg‘iz emasdi…
Qaynoq ehtiroslar og‘ushida ikki dunyosini tamom unutgan erkak bilan ayol Polvonning eshikdan kirib kelganini sezmay ham qolishdi. Qip yalang‘och holatda, turli ko‘ylarda, jovlib yotgan Zubayda bilan rais kutilmagan bu tashrifdan tang qotgan, sal avvalgi otashin ehtiroslaridan asar ham qolmagan edi. Ikkovi ham nuqul yonib turganda suv sepilgan tarashaday, pishillagan ovoz chiqarishardi. Odatda, har qanday noma’qul sharmandagarchilik qarshisida tamom o‘risi chiqib ketadigan Polvon negadir bu holatda favqulotda hotirjam edi.
– Bu yoqlarda hayot boshqacha bo‘lib ketibdi-yu! Ishqul mashvarat… Noz-ne’matlar! Biz yoqlarning farog‘ati mutlaqo boshqacha!..
Polvon Shayxali turmasida bir “zek” do‘sti qaysidir bir yaxshiligi uchun toza metaldan yasab sovg‘a qilgan zulfiqoriy pichog‘ini qinidan asta sug‘urdi. Bu holatni ko‘rgan odam, tamom, bu ikki buzuqi hozirning o‘zida asfalasofilinga ketdi, deb o‘ylashi tayin. Yo‘q, voqea biz o‘ylaganday bo‘lmadi. Polvon pichog‘ini yaraqlatib, ajab bir hotirjamlik bilan to‘kin dasturxon ustidagi yahna go‘shtdan bir parcha kesib og‘ziga soldi va bamaylixotir kavsharkan, dedi:
– Mana bu noz-ne’matlarga biz faqirlarning nasibasini ham qo‘shganini qarang! Oldin majrux nafsimiz ozgina qonsin. Qolgan ishlarga ulguramiz…
Polvonning “qonsin” degan so‘zi to‘shakdagi yalang‘och oshiq moshiqlarning qulog‘ida boshqacha sado berdi. Kutilmagan vaziyatdan butunlay garangsib qolgan raisning boshlari tizzalari orasiga kirib ketar holatda qotib qolgan.
Ko‘kragini yostiq bilan to‘sib olgan Zubayda bo‘lsa, qalt-qalt titrab ingrar, chiroyli qarog‘lari jiqqa yosh edi.
Polvonning kechadan buyon ulovma ulov oshig‘ich yo‘l bosgani bois tuz tushmagan qursog‘iga sal orom indi shekilli, nihoyat tilga kirdi:
– Rais buva, shoshilmaymiz endi. Siz bilan mehmondorchilik davom etadi. Hozir ikkalamizning xonimimiz, – u xonimimiz degan kalimani aytayotib zavjasi Zubayda tomon bir qarab qo‘ydi va yana so‘zida davom etdi, – o‘choqqa o‘t yoqib, qozonni osadi…
Zubayda, erining bu gapidan, hayriyat, vaziyat yumshay boshladi, deb o‘yladi.
Paypaslab ko‘ylagini topib kiyib olmoqchi bo‘ldi. Biroq bu paytda Polvon pichog‘ining dami bilan ko‘ylakni bosib turar, qancha tortilsa mato shuncha kesilib borardi…
– Uyalishga xojat qolmagan, endi ikovimizga ham begona emassiz-ku!
Polvonning bu zamzamasi Zubaydaga bu yerda u har ikki erkakka ham birday nokerak, xatto Yaratganga ham begona kimsaga aylanib qolganini anglatardi.
Erining avzoyini yaxshi bilgan Zubaydaning boshqa chorasi ham qolmadi. Yalong‘och holatda o‘rnidan turib, poygakdagi o‘choqqa o‘tin qaladi va qozonni osdi. Chap qo‘li bilan avrati, o‘ng qo‘li bilan ko‘kraklarini to‘sishga harakat qilarkan, nima ovqat solay, degan nazarda eriga tikildi. Polvondan shunday sado chiqdi:
– Yog‘ quying, dog‘ qiling!
Bir muddat o‘tgach, Zubayda: “Qozon dog‘ bo‘ldi, xo‘jayin”, – degan ma’noda eri tomon mungrandi. Polvondan keyingi amr yangradi:
– O‘choqqa put uzatib yot!
Polvon xunuk tus olayotgan bu manzaradan bir baloni sezib, bezovta bo‘la boshlagan raisga qarab o‘qraydi:
– Qimirlamaysiz rais! Sabr qilasiz endi. Yo‘qsa, kekirdagingizni
kertib qo‘yaman. Anavi megajin jon taslim qilayotgan so‘qimday xirillashingizni tomosha qiladi. Hademay dasturxonga ikkovimiz uchun ham birday shirin narsa tortiladi. Yeb olganingizdan keyin, to‘rt tomoningiz qibla! Ana undan keyin, elda bosh ko‘tarib yurasizmi yo‘qmi, ixtiyor o‘zingizda…
Bu orada qozonga solingan moy qizib, yonar holatga keldi. Xobxonani paxta yog‘ining dimoqni qiradigan achqimtir hidi tutdi.
Polvon zulfiqoriy yarog‘ini qo‘liga oldi va ohista o‘choq oldida qo‘rquvdan a’zoyi badani titrayotgan Zubaydaga yaqinlashdi. Ajab bir keskin harakat ila ayolining hiyonatga daxldor a’zosini o‘yib, kesib oldi-da… qozonga tashladi. Xonani Zubaydaning og‘riq azobidagi chinqirig‘iyu, allaqanday noma’lum etning jazillashi va shu kungacha hech kimning dimog‘iga urilmagan allaqanechuk tushunarsiz hid egalladi…
***
Bugun o‘sha mudhish voqeani eslaganlar, Zubaydani qo‘shni yigitning kajavali mototsiklida tuman shifoxonasiga yetmay jon taslim qilgani, jazman raisning esa, o‘sha tundan keyin biron kimsaga ko‘rinish bermay, dom-daraksiz ketgani haqida gapirishadi.
***
Yuqorida qalamga olganimiz voqealar aslida qay yo‘sin rivoj topgan.
Ushbu jinoyatlar haqiqatan biz tilga olganday amalga oshganmi yoki yo‘q, to‘la aniqlik bilan tasvirga tortildi, deb ayta olmaymiz. Ammo, bir gapni aniq ayta olamizki, Bolta qorovul yohud Azim polvon degan shaxslar real hayotda yashab o‘tgan. Xudo ikkovlarining ham u dunyosini obod qilgan bo‘lsin!
***
Jahon adabiyotida qotillik aybi bilan qamalgan jinoyatchilar haqidagi asarlar juda ko‘p. Ushbu hikoyamiz qahramonlari ham, balki, o‘z salaflari singari taqdiridan ijirg‘ansalarda, qilmishlari uchun o‘zlarini bir umr kechira olmasalarda, siz bilan bizning qarshimizda go‘yo adolatni qaror toptirgani uchun uzoq yillik jazo muddatini o‘taganini kafforat bilib, zig‘ircha afsus chekmay, qolgan hayotini jinoyat olamidan bexabar kishilar anglab yetavermaydigan allanechuk ko‘ngil hotirjamligida o‘tkazgan sobiq
aristonlardir.
Bor gap, shu edi!
2016 – 07.06.2023
M: “Adabiyot gazetasi”ning 2023 yil 18 avgust sonidan olindi.