Shavkat Rahmon. She’rlar & Ra’no Mullaxo’jayeva. Yangilangan so’z & & Shavkat Rahmon: Shoirlik — qismat

Ashampoo_Snap_2017.08.17_14h03m56s_001_.png 12 сентябр — Шавкат Раҳмон туғилган кун

    80-йиллар ўзбек шеъриятида рўй берган ўзгаришлар, хусусан, ижтимой мавзунинг устувор кўриниш олиши поэтик тафаккурнинг босқичма-босқич янгиланиши баробарида воқе бўлди. Бу ҳолатлар шоир Шавкат Раҳмон ижодида янада ёрқинроқ кўринади.

Раъно Муллахўжаева
ЯНГИЛАНГАН СЎЗ
08

ХХ аср ўзбек шеъриятида 70 – 80-йиллар авлодининг ижодий изланишлари, адабий жараёнлардаги муқим ўрни алоҳида эътиборга молик. Шавкат  Раҳмон, Усмон Азим, Ҳ.Худойбердиева, Хуршид Даврон, Қ.Раҳимбоева, Йўлдош Эшбек каби бир қатор шоирларнинг адабиётга кириб келиб, ўз сўзларини айтиши тасодифан пайдо бўлган эмас. Аксинча, маълум адабий-ижтимоий замин ва эҳтиёжга таянади. Эндиликда бу авлод вакилларининг ҳар бири индивидуал ижод йўли, услуби, ўз адабий тақдири билан шаклланган ижодкорлар сифатида танилди. Уларнинг ижоди ХХ аср ўзбек адабиётининг улкан оқимида бошқа даврлар шеъриятидан мавзулар муштараклиги, оҳангдаги ўзига хослик ва поэтик сўзнинг янги қирраларини кашф этиши билан ҳам фарқланиб туради.

0_a.jpg80-йиллар ўзбек шеъриятида рўй берган ўзгаришлар, хусусан, ижтимой мавзунинг устувор кўриниш олиши поэтик тафаккурнинг босқичма-босқич янгиланиши баробарида воқе бўлди. Бу ҳолатлар шоир Шавкат Раҳмон ижодида янада ёрқинроқ кўринади. Шеъриятда мавзу, оҳанг ва сўзнинг бир-бири билан уйғун инъикоси бадиий мукаммаликни таъминлайди. Шундай экан, ҳар бир ижодкорнинг бу борадаги маҳоратини тадқиқ этиш, нафақат бир ижодкор, балки маълум бир давр шеъриятини яқиндан ўрганиш имконини беради. Биз бу ўринда 80-йиллар шеъриятида бадиий образ, аниқроғи, поэтик сўзнинг маъно қирраларини мавзу кўламида янгиланиш жараёнини шоир Шавкат Раҳмон шеърлари мисолида қараб чиқмоқчимиз.

Поэтик матн таркибидаги ҳар бир сўз муайян бадиий маънога эга. Адабиётдаги бошқа жанрларга нисбатан сўзнинг поэтик маъно олиши шеърий асарда тўлақонли амалга ошади. Айни пайтда, бутун шеъриятга тегишли анъанавий поэтик сўзлар гуруҳини ажратиб кўрсатиш мумкин. Лекин бу анъанавийлик муайян шоир ижодида индивидуал мазмун касб этади. Айни вақтда у ёки бу ижодкорнинг маълум бир поэтик образни нисбатан фаол қўллаши ойдинлашади. Бу ўринда такрорлар келмайди. Ижодкорнинг индивидуал маҳорати сўзнинг маъно қатламларини янгидан оча боришида кўринади. Тилдаги ҳар бир сўзнинг чекланмаган даражада поэтик имконияти мавжуд. Фақат бу яширин имкониятни ижодкор таланти, маҳорати юзага чиқаради. Турли авлодга мансуб шоирлар шеърияти ўзаро таққосланса, ҳар бир даврга хос фаол поэтик сўз, образли ифодаларни учратамиз. Шавкат Раҳмон шеърларида бу хил поэтик образлар анча. Уларнинг аксарияти шоир ижодида анъанавийлик касб этган. Мисол учун қуёш, юлдуз, ой, тоғ, тош, дарё, йўл, булут, дарахт, шамол, шаббода, сукунат, капалак, юрак, кўз, кўнгил, сўз каби образларни келтириш мумкин. Санаб ўтилган образларнинг кўпчилиги бошқа давр шеъриятида, хусусан, мумтоз адабиётда ҳам қўлланилади. Шавкат Раҳмон шеърларида бу образлар мавзу ва оҳангга мос равишда ўз маъно қамровини кенгайтирган. Шоир сўзни қайта кашф этиб янгилаган. Албатта анъанавий образ замиридаги маънолар қатламлари буткул йўқолиб кетмайди, уларнинг қатида маънолар тадрижи сақланади.

Поэтик матн таркибидаги ҳар бир сўз муайян бадиий маънога эга. Адабиётдаги бошқа жанрларга нисбатан сўзнинг поэтик маъно олиши шеърий асарда тўлақонли амалга ошади. Айни пайтда, бутун шеъриятга тегишли анъанавий поэтик сўзлар гуруҳини ажратиб кўрсатиш мумкин. Лекин бу анъанавийлик муайян шоир ижодида индивидуал мазмун касб этади. Айни вақтда у ёки бу ижодкорнинг маълум бир поэтик образни нисбатан фаол қўллаши ойдинлашади. Бу ўринда такрорлар келмайди. Ижодкорнинг индивидуал маҳорати сўзнинг маъно қатламларини янгидан оча боришида кўринади. Тилдаги ҳар бир сўзнинг чекланмаган даражада поэтик имконияти мавжуд. Фақат бу яширин имкониятни ижодкор таланти, маҳорати юзага чиқаради. Турли авлодга мансуб шоирлар шеърияти ўзаро таққосланса, ҳар бир даврга хос фаол поэтик сўз, образли ифодаларни учратамиз. Шавкат Раҳмон шеърларида бу хил поэтик образлар анча. Уларнинг аксарияти шоир ижодида анъанавийлик касб этган. Мисол учун қуёш, юлдуз, ой, тоғ, тош, дарё, йўл, булут, дарахт, шамол, шаббода, сукунат, капалак, юрак, кўз, кўнгил, сўз каби образларни келтириш мумкин. Санаб ўтилган образларнинг кўпчилиги бошқа давр шеъриятида, хусусан, мумтоз адабиётда ҳам қўлланилади. Шавкат Раҳмон шеърларида бу образлар мавзу ва оҳангга мос равишда ўз маъно қамровини кенгайтирган. Шоир сўзни қайта кашф этиб янгилаган. Албатта анъанавий образ замиридаги маънолар қатламлари буткул йўқолиб кетмайди, уларнинг қатида маънолар тадрижи сақланади.

Поэтик образнинг воқе бўлишида нафақат шоир бадиий тафаккури, балки замон руҳи, турли ижтимоий қарашлар, эстетик мезонлар ва муайян адабий жараённинг ҳам муҳим ўрни бор. Ушбу омиллар у ёки бу образнинг ўзгача мазмун олишига сабаб бўлади. Чунки ҳар қандай бадиий асар каби шеърий асар мазмунини яхлитлаштириб турувчи бош ғоя мавжуд. Бош ғоя шеърий матндаги барча сўзларни яширин тарзда ўз измига бўйсундиради ва бу сўзлар ушбу ғоянинг ифодаси бўлмиш шеърий матнга тегишли поэтик мазмун ифодалайди. Сўз ана шу жараёнда товланиб, тусланади. Шоирнинг у ёки бу анъанавий образга қандай поэтик маъно юклаганини ўқувчи асарни бошдан охиригача ўқиб, бош ғояни англаб етгандагина қайта кашф этади. Буни шеърий матндаги барча сўз – образлар мисолида кузатиш мумкин.

Шоир Шавкат Раҳмон шеъриятида фаол қўлланилувчи қуёш образининг маъно қирралари ҳам шоир яшаган давр ва унинг долзарб муаммолари билан боғлиқ индивидуал мазмун касб этган. Қуёш шоир шеърларида нафақат табиат тасвири учун восита, балки у рамзий маъноларга эга. Шоир “Яхши ният” шеърида шундай ёзади:

Келажак бор ҳали бағрида
юз мингта қуёши порлаган.
Ишонма ҳеч қачон, ишонма
қўлида қуроли борларга .

Бу ўринда қуёш шоир орзу қилган порлоқ келажакнинг метафорик образига айланган. Қуёш табиатдагидек битта эмас, юз мингта. Ана шу юз мингталикнинг ўзи ўқувчи онгида ўзгача ассоцация уйғотади. Матнда қуёшларнинг порлаши ёруғ кунларнинг поэтик ифодаси бўлиб келмоқда. Қуёш образнинг маъно қирралари шеърдан-шеърга очила боради. “Одам узоқ яшар” деб бошланувчи шеърда қуёш образи ташбеҳ бўлиб келади:

… агар дўсти бўлса ҳар қутлуғ саҳар
баҳайбат қуёшдай уйғонадиган .

Шеърнинг умумпоэтик мазмуни “қутлуғ саҳар”, “дўст”, “баҳайбат қуёшдай”, “уйғонадиган” сўзлари асосида юзага чиқади. Келтирилган сўзлар ичида қуёш ва саҳар фаол поэтик образлар сирасига киради, мисра мазмуни айнан шу образларга таянади. Қуёшнинг табиий белги-хусусиятлари метафорик маънонинг юзага чиқишига кўмаклашади. Унинг ёруғлиги, ҳарорати, барча тирикликка қувват, куч, ҳаёт манбаларидан бири эканлиги дўстнинг қандай фазилатларга эгалигини аниқлаштиради. Қуёш жуда улкан – баҳайбат ва у уйғотган саҳар албатта қутлуғ келади. Шеърнинг лирик қаҳрамони ана шундай улуғ дўстни орзу қилмоқда. Улуғ дўст эса юз минг қуёш образида ифодаланган порлоқ келажак фуқаросидир. Бу ўринда алоҳида-алоҳида мазмунга эга шеърлар ўз ҳолида мустақил асар бўлса-да, уларни ягона ғоя бирлаштиради. Шоир шеърларидаги анъанавий образларга бир-бирини тўлдирувчи поэтик мазмун юкланган.

Шавкат Раҳмон шеърларидаги қуёш образининг поэтик маъно кўламини янада аниқроқ белгилаб, умумлаштириш учун қуйидаги намуналарни кўриб чиқайлик:

Табиатнинг хилват бурчаги:
унутилган, ёввойи тупроқ,
ҳувиллаган тоғу тошларни
қари қуёш севади кўпроқ .

Ушбу тўртликдаги тупроқнинг ёввойи, тоғу тошларнинг ҳувиллаган эпитетларига қари қуёш образининг жонлантирилган севгиси ўзгача маъно бағишлайди. Таянч рамзий образ – қуёш асосида шоир ифодалаган поэтик мазмунга ойдинлик киради. Яъни борлиқ қанчалик ўзгармасин, вақту замон айланиб тақдир ўз ҳукмини чиқармасин, қуёшнинг чин муҳаббати ўзгармай қолаверади. Унинг муҳаббатига муқобил куч топилмайди. Ёки:

Чиза олсанг
рангин дунёни,
рангин бўлса қуёши, ойи,
сендан буюк мусаввир бўлмас,
бўлмас сендан буюкроқ шоир .
Шунингдек,
Шарқ уйқудан
уйғонар гўзал,
қуёш чиқишига ўхшайди бу ҳол,
ҳозирча у ёзги жазирамада,
ҳозирча дунёга боқади мудроқ…
Аммо уйқусидан
уйғонар гўзал,
ҳайрат қамраб олар ҳамма нарсани.
Шарқ қуёш сингари уйғонган маҳал
дунё сезиб қолар ухлаётганин…

Келтирилган мисолларнинг аксарият қисмида қуёш образига кўчма маъно юклаган бўлса, кейинги тўртлик пейзаж намунаси сифатида келади. Манзаралар ифодасида ҳам тагмаъно мазмун яширинган. Таҳлил этилган намуналар асосида қуёш образининг умумлашма поэтик маъноси меҳр-муҳаббат, порлоқ келажак эканлигини англаймиз.

Шавкат Раҳмон шеъриятида анъанавий поэтик образлар ижтимоий маъно олганлиги билан характерланади. Ижтимоий мазмунли шеърларни публицистикага яқин баҳолайдилар. Шеъриятнинг публицистикага мойиллиги мавзу ва ғоянинг ижтимоийлашуви натижасида юзага келади. Шеърнинг ижтимоий мавзуга тегишлилиги унинг қусури эмас. Аксинча, ижтимоий асоссиз асар муаллақ қолади. Муҳими, мавзунинг қандай ёритилганида, асарнинг бадиий юксак даражада, асл санъат мезонларига уйғун ифода топишида. Яна бир жиҳат – ижтимоийликнинг умуминсоний муаммоларга дахлдорлигида кўринади. “Ганг дарё бўйида…”, деб бошланувчи “Қўшиқ” шеърида публицистик руҳ устувор. Ушбу шеърларининг бадиийликка дахлдорлигини Шавкат Раҳмон шеъриятига хос анъанавий – тоғ, тош каби образларнинг матнда янги поэтик мазмун ифодалаб келиши таъминлаган.

Меҳру муҳаббатга,
соғинчга тўлиқ
қўшиқлар учади тоғлардан ошиб –
адашган дунёни чақирар қизлар,
ларзага тушади тоғларнинг тоши .

Шеърда қўшиқнинг тоғлардан ошиб, тошларни ларзага келтириши шунчаки қайд эмас. Тош образига юкланган поэтик маъно шоир ижодининг бошқа намуналаридаги айни образ семантикасига қиёс этилса, янада аниқ кўринади. Бу ўринда “Яна савол”, “Гуллаётган тош” деб бошланувчи шеърлар алоҳида диққатга сазовор. “Яна савол” шеърига диққат қилайлик:

Оёғимга
ботмон тошларни
болаликдан боғлаб қўйди ким?
Энди халос бўлмоққа етмас
ёвузлардан асраган умрим.
Худо берган сонияларни
хароб қилди қайси ғаламис?
Агарда шу тошлар бўлмаса,
Учар эдик самоларда биз .

Тош – юк, лирик қаҳрамон – болакайдан оёғига бу тошларни ким боғлаганини ҳайрон бўлиб сўрайди. Худо берган қимматли сонияларни қайси ғаламис хароб қилганлигини билгиси келади. Тош образи орқали ифодаланаётган поэтик маъно “агарда тош бўлмаса, “учар эдик самоларда биз” мисраси воситасида аниқлашади. Юқорида келтирилган “Қўшиқ” шеърида айтилган, тошларнинг ларзага келиши билан боғлиқ тасвир замирида лирик қаҳрамоннинг оғир юкдан фориғ бўлиши баён қилинади. Тош – дард, ҳасрат, армон. Инсонни тошдан фақат меҳр, муҳаббат фориғ айлайди. “Йўловчи” шеърида тош образининг рамзий маъносини шоир бирмунча очиқроқ баён этган:

Ўттиз уч ёшимда
ўттиз уч минг йил
ҳасрати, доғи бор қарашларимда,
сангтарош хўрсинар қадимдан буён
олам тошларини тарошлар экан…

Бу ўринда тош образининг кўҳна ҳасрат, армонларнинг доғи эканлиги, санъат эса ушбу дардларни куйлаш баробарида кўнгилларни ёритиб, кишиларни эзгулик йўлига чорлаши аниқ айтилган.
Шавкат Раҳмон тўпламларидан бирини “Гуллаётган тош” деб номлаган. Ушбу номдаги шеър эса тош образининг рамзий маъносини янада муайянлаштириш баробарида шоир шеърларининг ғоявий мундарижасини анъанавий тош образи теварагига жамлайди.

“Гуллаётган тош” шеърида Шавкат Раҳмоннинг тош образига юклаган поэтик маъноси янада мукаммаллашиб, теранлашиб, тадрижийликнинг ўзига хос юксак даражасига етганлигини англаймиз. Аслида тош образи фольклор ва адабиётда қадимдан келаётган анъанавий образлардан биридир. Бадиий образ табиатини тадқиқ этган Д.Ражабов тош образининг ушбу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиб, адабиётшунос И.Ҳаққуловнинг “(тупроқ сингари тош ҳам Аҳмад Яссавий ҳикматларидаги рамзий образлардан). Тош образнинг умумтурк адабиётига кириб келиши ва маълум мавқега эришганлигининг ўзига хос диний-ахлоқий, фалсафий мифологик асослари бор” , деган фикрларига таяниб, Шавкат Раҳмоннинг “Гуллаётган тош” шеърини таҳлил этган. Тадқиқотчи (олим)Д.Ражабов тош образи хусусида тўхталиб, “шеърнинг бошидан-охиригача биргина бадиий образ гуллаш учун қулай фурсат кутаётган тош образи ҳукмронлик қилади. Бу тош Ҳақиқат. Бу тош улуғ бобокалонимиз Темур ҳақидаги, Дукчи эшон ҳақидаги, аср бошидаги буюк тўнтариш ҳақидаги, бизнинг “босмачи” авлодларимиз ҳақидаги бадарға қилинган Ҳақиқат. Шунинг учун минглаб калтабинлар, бу ҳақиқатларни “тун”га, “тош”га айлантарган нокаслар гурзисини дўлайтириб тошнинг гулламаслигини истайдилар. Шунинг учун у шоирни ўткир кўзларига тобора шубҳалидай кўринади, уни янада қизиқтиради. Бу тош эса гуллаш мумкин бўлган асрни кутиб ётибди.

Балким тош ҳозироқ
гуллаётгандир,
минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб,
балки бу гулларни кўрмаётгандир
ҳаттоки шоирнинг ўткир кўзлари.

Саксонинчи йилларда бундай қора тошнинг сири – “гулли” жозибаси ҳақида гапириш осон эмасди. Лирик қаҳрамон орзусида ўша “гуллаётган тош”ни кўриш нияти устун. Тош бу ўринда рамзийлик касб этади” , деб ёзган. Ҳар қандай шеър агар у чинакам санъатга дахлдор бўлса, бир қанча талқинларга имкон беради. Чунки ўқувчи ўз кўнгли, дунёқараши, табиати ва билим тажрибаларидан келиб чиқиб шеърни қабул қилади ва шарҳлайди. “Гуллаётган тош” ҳам худди шундай серқатлам мазмунга эга. Д.Ражабов шеърдаги тош рамзининг маъносини ҳақиқат деб англаб, талқин этган бўлса, уни хато деб айтиш ноўрин. Лекин биз “гуллаётган тош”ни шоирнинг бошқа шеърларидаги тош образи ифодалаган маънолар қамровида олиб сўнгра талқин этиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Чунки Шавкат Раҳмон шеъриятидаги анъанавий характер олган поэтик образлар ўзига хос умумий мазмунга эга ва бу маънолар кўлами шеърдан-шеърга аниқлашиб бири иккинчисини тўлдириб келади.
Биз юқорида “Яна савол” шеърида тош образи дард, ҳасрат, армон маъноларида келганлигини аниқлаган эдик. Шавкат Раҳмон “Гуллаётган тош” шеърида эса бу тошни триллион маротаба кичрайтирилган тунга менгзайди. Қора тош – қора тун. Тун ва тошнинг қоралиги эса киши кўзи илғамас ҳолатни беради. Лекин бу жонсиз, сирларини яшириб ухлаётган тош жонлидай, бир кун тўсатдан гуллайдигандек кўринади. Ўткинчиларни кузатиб, мангу ҳаракатнинг юкини елкасига олиб, қайси асрга сирини очиш мумкинлигини ўйлаётгандек туюлади.
Шавкат Раҳмон шеърига бефарқ ва оломончи оммага қарама-қарши шоир образини олиб киради. Оломон: “Тош ҳам гуллайдими” деб ўдағайласа, шоир “тош албатта гуллайди”, “Балки тош ҳозироқ гуллаётгандир, минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб, балки бу гулларни кўрмаётгандир ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари” деб хотима ясайди.

Гуллаётган қора тош қандай тош? У нега шундай қора?

Оломоннинг ғашини келтириб, ҳаракати билан безовта қилган тош образи замирида қандай поэтик маъно яширин? Муаллиф бу шеърда ҳам ижтимоий мавзуни қаламга олган. Шеърда халқ, шоир ва оломон муносабати акс этаётганлигига шоир образи ва унинг хитоби гувоҳлик беради. Қора тош эса халқнинг кўнгил тубидаги дарди, армонлари, ушалмай қолган орзуларидир. Лекин бу дард очилиб, тош қотган армонлар ҳаракатга келса, халқ қудратли кучга  айланади. Тошнинг гуллаши ушбу жараёнларнинг рамзий ифодасидир. Халқни уйғотишга чорловчи шоир ҳам бу улкан жараённинг етилиб келганлигини дабдурустдан билмай қолиши мумкин. У илғайди, истайди. Лекин жараённи бошқара олмайди.

Шавкат Раҳмон шеърларида ижтимоий мавзунинг етакчи ўринга чиқиши ундаги анъанавий образларга ҳам ижтимоий мазмун юкланиши билан алоҳида ажралиб туради.

Шавкат Раҳмон шеъриятида фаол қўлланилувчи поэтик образлардан яна бири сукунатдир. Шоир сукунатга сифатлар беради. “Манзара” шеърида шундай ёзилган:

Оқ сукунат
порлар саҳарда,
кун нурида ёниб, ярақлаб,
чопиб кирар совуқ шаҳарга
ялангоёқ яшил дарахтлар .

Отаётган тонг, совуқ шаҳар манзараси, тонгги оқ сукунатни кун нурига бурканиб, яшил кийиб келаётган дарахтлар бузмоқда. Янада аниқроқ айтилса, баҳорнинг табиатда ўз ҳукмини юргизаётгани шоир диққатини тортган. Шеърнинг поэтик маъно қатламлари шу билангина чегараланиб қолмайди. Шоир шеъриятида устувор кўриниш олган ғояга таяниб қаралса, оқ сукунат қўйнидан кун нурида ёғдуланиб, совуқ шаҳарга ҳарорат олиб келган яшил дарахтлар образи замиридаги маъно ватан муҳаббати, юрт ғурурига тўйиниб, унинг озод бўлиши истагида ёлқинланаётган янги авлоднинг рамзий ифодасига айланганлигини англаймиз.

Йўллар қадим…
тутлар қариган…
сувлар симоб каби ялтирар.
Сукунатнинг теран қаърида
уйғонмоқда саслар қалтираб .

Қари тутлар гувоҳ, қадим йўлларда излари қолган, симобдек ялтираб тинч оқаётган сувда аксланиб, вақт чархпалагида айланаётган армоннинг саси узоқ чўзилган сукунатни бузиб овоз бермоқда. Овоз эса аввало, шоир қалбида акс-садо уйғотади. Сукунатнинг саси ва унинг турли белги, нишоналари шоир шеъриятида алоҳида эътиборни тортади. Шу сабабли ҳам Шавкат Раҳмон шеъриятида сукунат оддий эмас; у – “улкан сукут”,“қоронғу сукут”, “жодули сукут”. Сукунатнинг сифатлари жамланиб, умумий бир махражга келади. Бир қараганда, уларнинг маъноси бир-бирини инкор этаётгандек кўринади, лекин умумий маҳражда сукунатнинг туб мазмуни умумийлик касб этади. Сукунат шоир шеъриятида узоқ кутилган, орзудаги улкан портлаш олдидаги тин олинган ҳолат, воқелик, жараёнларнинг турфа кўринишларини ифодалайди. Бу ичида бўрон уйғониб келаётган кучнинг, улкан курашга чоғланаётган халқ сабр-тоқатининг сукути. Сукут аломати ризо эмас. Сукут курашнинг ибтидосидир.

Афсонавий, зангори диёр,
бағри тўла жодули сукун.
Шохлар аро тобора кўпроқ
Нурларини оқизади кун .

Сафсарлашар оқшомги осмон,
кун чекинар қорли тоғларга,
сукунатнинг мунис қушлари
учиб келар кузги боғларга .

Келар қора ридо кийган тун,
сукунатнинг қушларин суяр,
суронлардан ҳорган шаҳарни
силаб-сийпаб ухлатиб қўяр .

Келтирилган мисолларда сукут ва сукунат ноҳақликлар, бой берилган эрк олдида ожизлик, ишончсизлик ва фаолиятсизликнинг кўчма маъносини англатяпти.

Шавкат Раҳмон шеъриятида биз юқорида тўхталган анъанавий образлар унга замондош, даврадош шоирлар ижодида ҳам қўлланган бўлишига қарамай, улар ўзига хос тарзда поэтик маънолар олганлигини кузатамиз. Ушбу мисоллар ҳар бир ижодкорнинг сўзга, образга индивидуал ёндашиб, ўз дунёқараши, интилиши, орзу-истакларини ифодалашини билдиради. Шоирнинг эстетик олами, идеаллари у яратган асарларнинг мавзу мазмуни қаторида поэтик ифода шаклларида ҳам намоён бўлади.

Манбаъ: Шарқ юлдузи, 2012, №4.

Шавкат РАҲМОН
ШЕЪРЛАР
08

* * *

Чақин бўлма, бўлма гулдирак,
ердан кўпам узоқлаб кетма.
Овозингни йиртмагин бекор,
Ерни қучма — қулочинг етмас.

Ундан кўра бирор одамнинг
Макони бўл — ирмоқли, сойли.
Шамолларни тўсган тоғи бўл,
Осмони бўл — юлдузли, ойли.

* * *
Ёғилади майин сас, садо,
Ёғар, ёғар шомурут қори.
Нақадар хуш жодугар наво,
Озод қора сочлар ифори.

Шомурутлар оппоқ гулидан
Кузатаркан фонуслар ёқиб,
Юлдузларнинг олов селида
Эртакларга кирамиз оқиб.

Туйғулардан девона кўнгил,
Саҳаргача юрармиз дайдиб
Келармикин бу жодули тун,
Келармикан, дунёга қайтиб…

КАЙФИЯТ МАНЗАРАСИ

Далв ойи.
Атрофда бир ҳовуч қор йўқ.
Девона оғочлар кезмиш туманда.
Кўнгилнинг ҳолини сўрашга ёр йўқ,
Жўмард йўқ сўйлайин десам Турондан.
Наҳрлар сўйилган,
қоннинг ранги йўқ,
ичимда бўридай увлар бир шамол.
қиличдай чарақлар ой нурида йўл,
кенгликда ухлайди улкан бир қарол.
Оловдан сўйлайми,
сўйлайми майдан,
дарбадар набидай ўқийми оят.
Бу сохта булбуллар намунча сайрар.
намунча пўйроздан оқар ҳақорат.
Қарол жим ухлайди бу қиш палласи,
бор-йўғин каламуш галаси ташир
шамолда тебранган улкан калласин
талашиб-тортқилаб қашқирлар ғажир.
Валатлар
айниган дилларин кўриб,
ёпиқ дарчаларни муштлайди титраб.
Эй кўнгил,
пойингда бир тупроқ бўлдим.
Кетмагил,
шу ерда баралла йиғла.
Далв ойи.
Суронлар тўфонларидан
қашқирлар тирқираб қочган бир онда
ўлдим рўйжада хоб ўпқонларидан,
жонимни қийнаган ёвуз бир қондан.
Қарғалар босди сўнг…
чилпарчин ёруғ,
қоришди талваса — нур билан рўё.
Турон кенгликлари сориғдан сориғ,
улкан бир ўлакса ётгандай гўё…

ГУЛ ЙИҒИСИ

Қачон гул ҳидловдим,
қачон сувларда
ёғдулар рақсини томоша қилдим?
Насимлар мавжида елган ҳурлардан
кўзларим узолмай қачон йиқитдим?
Билмадим,
хаёлий дунёмидир бул,
жудолиғ бағримни тугатди тамом,
яна бу тубанлиғ даштида мақтул
жисмимни унутиб излайман пайғом.
Бу ерда ваҳшийлар йўл қарар эди
тағин бир валламат қонини истаб,
тунларнинг йиртилган кўлкаларида
валилар сўнгагин ғажирди итлар.
Очиқ мозорларнинг қирғоқларида
тилтари иккига айритган қуллар,
вақтнинг сарғайган чирмобларида
юраги ёрилиб ўлган булбуллар.
Сувлар ҳам ириган,
ириб ётар Шарқ
тунларни ёритган майхоналарда,
ёвуз қон гирватин қаърига қараб,
завжалар йиғларди вайроналарда.
Осмон йироқ эди,
ер эса қаттиқ,
тобора олислаб борар қуёш ҳам,
бунда ғофилларнинг қисмати аччиқ,
бунда қаттолларнинг бошлари тошдан.
Вой, куним,
маҳшарга тўқинган куним,
сўнгги кўзларимдан эриганда ёш,
Билолни чақирдим, эй, буюк қулим,
манов хоқонларнинг қулоқларин оч.
Аммоки Билол йўқ,
милён Жаҳл бор,
милён қўлларида қонсираган тош,
зулм зулматининг оғушида хор
битта гул,
ёлғизгул йиғларди, холос.
Ёвуз бир дарбадар бор эди тағин,
бор эди қўйнида интиқом тиғи,
бор эди ёғдулар синган бетайин
дунёдан юксалган
бир гўзал йиғи.
Дунёга келдимми ёки қайтдимми,
кимсасиз даштларнинг қаърида нечун
илк бора англадим ёлғиз дардингни
кечалар тубида йиғлаган, эй гул.

ҚИЗИЛ ОЛМАГА ҚАСИДА

Йиқилдим кузакнинг қоралиғида,
тун-да бир чайқалди,
аста тинчланди.
Борлиғу йўқликнинг оралиғида
кўзимга кўринди олам синчлари.
Ётардим тошдайин жимлик тубинда,
хаёлим — бемаҳал сўлган гунчадир.
Вой, кўнглим, десамми
жимлик сувинда,
айт, кўнглим,
кимларга куйдинг бунчалик?
Вақт ҳам тун бўйи юлдуз қони-ла
уларкан кўнглимнинг синиқларини,
тирилди бир дилбар сабоҳ ёнида
толғин қуш галаси —
хўрсиниқларим.
Шунда димоғимга бўйинг урилди,
тағин юрилмаган йўл бўлди олам —
улкан бир сайёра бўлиб кўриндинг,
мендай бир фақирга, олмажон, олма!
Маним, кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
нокаслар раъйига тушмаган кўнглим,
дунёнинг миллион хил ноз сувратидан
бир қизил олмани хушлаган кўнглим!
Олмажон,
тушдингми осмон боғидан,
қайси бир дунёдан элчи бўп келдинг.
Кўнглим сўлар чоғи тун қийноғидан,
наҳотки, фазода оловдай елдинг.
Маним кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
тағин кундузларнинг ишқидан бедор.
Олмани оламга отаман тўлиб,
бормисан,
бормисан, бу дунёда, ёр…

БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИДА АЁЛИНИ КЎРГАН
ШОИР КЕЧИНМАСИ

Бу аёл…
Кўзимга қушдай кўринди,
мусича,каптардай сурганда хаёл.
Қайданам созладим тасаввуримни,
қушга ўхшайверар ҳадеб бу аёл!
Гўё хоб элитган…
Суврати сўлғин,
сездирмай жилмаяр гўё ҳумойлик.
Сўлиш ё гирями- ғалати тўлқин,
кўзлари ҳазинлик ёхуд хуморлик.
Баҳорга ўхшатсам…
баҳор ярашмас —
бу аёл баҳордан минг бора гўзал.
Пойига ташлашга — қалбни тарашлаб,
ёниқ сўзлар керак,
самимий сўзлар.
Баҳорнинг бир зумрад бўсағасида
кафтлари қушлардай…
Овозсиз сўйлар.
Дунё, бу аёлга ўхшатадиган
борми бирор тимсол қушингдан бўлак.
Ҳадикли нигоҳни сирли қирида
осмонни чоғларкан қушдай беғубор,
Сезаман,
аёлнинг нозик кифтида
қандай оғир сўзлар,
ғамгин сўзлар бор.
Кўринмас сўзларни аёл кифтидан
бирма-бир оламан сеҳргар каби.
Қўллари титрайди аёлни бирдан,
кўзлари титрайди,
титрайди лаби…
Гўёки парвоздан олдинги ҳолат.
нозик кифтларида энг сўнгги малол —
гўёки сўнгги сўз,
оғир сўз қолган,
сўнгги сўзни олсанг,
учгудай аёл…

БАШОРАТ

Сурилар бу темир пардалар,2-Shavkat.jpg
истибдоднинг тоғлари қулар,
моғор босган қора қаърлардан
милён озод руҳлилар турар.
Тўсиб бўлмас сохта ваҳий-ла,
ёлғон шиор,
сафсата билан,
ҳур фикрни босган ваҳима,
дабдабаю асъаса билан.
Қулар қонда сузган қасрлар,
жудаб йиртар сангин салтанат,
сўқир бўлар асрий наҳсдан
бино бўлган ёвуз шайтанат.
Келар,
келар буюк меҳрдан
кифтлар кифтга босилажак кун,
ғамдан фориғ жез каллалар ҳам
кўкракларга осилажак кун.
Порлар тошга дўнган сўзларим,
порлар мангу одамий руҳим,
порлар Ҳаққа ташна кўзларим,
Худо берган мангу андуҳим,
ёруғ андуҳим…

ТАРИҚАТ

Дунёга сиғмадим,
сиғмади дунё,
ғурбатдан торайган табиатимга.
қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё
жўмардлар кўмилган тариқатимга.
Майлига,
чечаклар қоп-қора бўлсин,
йиқитса шу йўлда йиқитсин тақдир,
қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин,
худойим сийлаган ҳурлигим яхши.
Бичилган қулларнинг,
қулзодаларнинг
малак сиймоларин ўйнатган дунё,
яралган лаҳзадан ҳур одамларни
иблислар тилида сўйлатган дунё.
Чиройли эрмаклар маҳзанидир ул,
мағизи қайғудан,
пўстлоғи зардан,
сарғарар очилмай туриб қизил гул,
тупроғи жимгина қусган заҳардан.
Чайқалар жаҳолат оғочларида
неча минг Машрабу
Мансури Ҳаллож…
Ҳамон юксалади йўл бошларида
одамзот қонига тўймаган жаллод.
Токай бу иблислик,
токай бу ёлғон,
токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар,
токай бижғиб ётар ғариб аламон
ичига тириклай кўмилган руҳлар.
Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёлқинлари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ,
чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин.
Бағри кенг худойим
кечириб қўяр,
йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга,
кўмилсам кўмилай ўлими гўзал —
жўмардлар кўмилган тариқатимга.

ОТГА ҚИЁСИЙ ҚАСИДА

Шаклга қамалиб қолган аланга,
жисмида чайқалиб пишган қони бор,
қуввату ғуссанинг қоришмасидир,
баҳайбат нафасли,
ҳорғин жонивор.
Сувлиқдан йиртилган оғзи тегару
майсалар қовжираб қолар адирда…
Учолмас юкининг оғирлигидан —
улкан қанотлари бўлган қадимда.
Мен сени эсладим
катта гўдак ҳам
тўрт бола ташвишин кифтига ортиб,
ҳамиша парвозни қўмсаб яшаган,
кўзлари ғуссали,
чиройли отим.
Ўзим ҳам анови қорабайирдай,
қоним-да совиган, ўйчан, беқанот,
яғир кифтларини пашшалар талар,
кимларнинг юкини тортмаган бу от.
Сағриси ялт этар
хира ойдинда…
оқарган далалар, куйган адирлар,
улар ҳам қачондир парвозлар қилган,
улкан қанотлари бўлган қадимда.
Ўхшатиб…
ўйласанг ойлар етмайди,
от каби ўтласанг жойлар етмайди,
ўлгудай ташнасан,
чанқоқ босдига
чат-чил синиб оққан сойлар етмайди.
Оҳ-ҳ, кўнгил,
бир нафас отга айлансак,
энг кўркам байталга маҳкам бойлансак,
бир шоир келсаю
унинг шеърида
энг бахтли, энг эркин зотга айлансак.
Ҳўй, от деса,
ҳўй, бахтиёр от,
сиз — шоир, мен отга айлансак деса,
оҳ-ҳ, кўнгил,
ҳаҳ, кўнгил,
яна нималарни тусайсан бесар.
Буюк тун тўлади ҳансироқларга,
уларга қўшилар шоир саси-да,
айланар, айланар,
мангу айланар
нафаслар тўрт фасл доирасида.

 

ЙЎЛБАРС

Мангу қочар, қочар тоғлардан,
ўрмонлардан, чангал, тўқайдан.
Дунёда кўп яшагани йўқ,
аммо бунча душмани қайдан?
Шўрлик йўлбарс қайга қочмасин
фақат овчи йўлини тўсди.
У ҳеч қачон қочмасди,
аммо ўзига ҳам ёқарди пўстин.

ҚАСИДА

Дарахтлар —
заминнинг оғриқ жонлари,
заминга булутдай соясин ташлар,
дарахтлар осмоннинг бошланишида
қўрқувдан кейинги умрни яшар.
Дарахтлар
қўрқмаган метин шамолдан,
кимдир кесиб кетар, демай кўкарган,
улуғвор бошларин она-заминдан
кучи етганича юксак кўтарган.
Дарахтлар
хатарга очиқ очунда
қуёш қаршисида расмга тушар.
Узоқ-узоқлардан хилват шохларин
соғиниб келади толиққан қушлар.
Кўп кўрдим,
кимсалар бўғизларида
мумдек қотиб кетган сасларни кўрдим,
минг йиллаб улуғвор бошларин ердан
кўтаролмай ётган касларни кўрдим.
Қанча синоат бор,
қанча тилсим бор
нурлар салтанатин ҳар гирватида,
маъниси: жамики тирик зот борким,
хиёнат қилмасин табиатига.
Дарахтлар —
мен итдай сездим ўзимни,
гўё тирик жонмас,
кесилган дастман,
бошимни кўтариб сизга қарайман,
нақадар баландсиз, нақадар пастман.

СЎНГГИ ҚИШЛАР

Исфандиёрга

Суқ билан тикилдинг,
Талашдинг кейин,
Қиз талашган каби дағал, жангари.
Балки соғинчдандир,
Балким шунчаки
Анордан завқландинг бола сингари.
Анорни емадинг,
Совуқ февралда
Сен уни асрадинг,
кўз-кўзлаб, суйиб.
Бизлардан қизғониб, кулгули ҳолда
Ётдинг ёстиғингнинг остига қўйиб.
Биз-чи, «қария»лар,
Янги-да, дердик,
Хаёл ҳам қилмасдик тортиб олишни.
Сен биринчи қишни ўтказар эдинг,
Биз-чи, ўтказардик бешинчи қишни.
Кейин нима бўлди, ҳа, келди бир қиз,
сочлари сап-сариқ,
кўзлари кўм-кўк.
Анор совға қилдинг,қувонди чексиз,
Сен мамнун жилмайдинг, ачинмадинг, йўқ.
Мана йиллар ўтди,
Эслайман сени,
Сенинг ҳам ортингда сўнгги қиш қолар.
Кимнидир мазахлаб куласан энди,
Анорни соғинар энди бошқалар…
Улар ҳам шеър ёзар дилбар кузларга,
Орзиқиб кутишар баҳорларини.
Беришар кўзлар кўм-кўк қизларга
Қуванинг ажойиб анорларини.

ШАБИ ХАЁЛ

Жисмингда жон бўлса,
ундан ҳазар қил,
ҳақорат — хотирга санчилган найза.
Сезаман — поёнсиз қоронғиликда
чинқириб ўсади хўрланган майса.
Сезаман — бевақт кесилган дарахт
баттар кўкаришни ўйлаб шайланар.
Сезаман — не йилдир заҳардан карахт
замин ўз уйида даштга айланар.
Хавфлидир хотирот ўрамалари,
не-не ҳақоратни ютса қаърига,
жим ютиб юрсаю
минглаб йилдан сўнг
юзага чиқарса анча наридан.
Ҳазар қил,
ҳақорат зарраларини
мукофот санаган хотирасиздан.
У қайси томонга юрса, барибир,
дод ёки ҳақорат қолар изидан.
Мана, хотирасиз,
хаёл кучини
бутун борлиғи-ла топтаган дажжол,
у гулдек аёлнинг ўт оғушига
ҳақорат уруғин экар бемалол.
Дунё — ўзи нима,
дунё — юксаклик,
юксак манзилига қайтади хаёл
ва лекин бу аёл хокисор нега?
нега ҳақоратга чидар бу аёл?!
…Юлдузлар бақраяр…
Ёғду бодида
солланиб чайқалар қамар — беланчак.
Ўҳ, қандай ҳақорат,
ўҳ, шаби золим,
овозсиз чинқириб келар келажак.

ШОИРЛАР ХИЁБОНИДА

Ҳар маҳин лайлида
жонланар ҳайкал,
жон кирар Навоий ҳазратларига.
Тонгача дунёни айланиб қайтар,
безиб ҳайкалларнинг ҳасратларидан.
Айниқса,
баҳорни хўб кўрар ҳазрат,
жаннатдай шаҳарнинг ҳарир шаблари,
булдуруқ шуълалар ёшартган равза
анча равшан қилар нозик таъбларин.
Истаклар
шабистон қаватларида
ишқу ноз майидан бўлганда луччак,
хўбрўйлар зулумот валатларига
баргак лабларидан берганда муччи,
ҳазрат дунё кезар,
кўҳсору ёвар
мазгилдан ўтаркан бамисли шарпа,
гўёки тагида чақмоқ — таковар,
бир кеч Ҳирот жониб,
бир кеча — Машҳад.
Доим тонглаб қайтар,
чиқар тахтга
тинглар ҳайкалларнинг ҳасратларини.
Юраги эзилар бўлганча карахт —
оёғи йўқ эди пастдагиларнинг…
Аммо осмон йироқ,
замин қаттиқ-да,
тағин андомига қайтар толғинлик.
Тағин хаёл сурар турганча тикка,
ҳазратни қийнайди ҳамон ёлғизлик.

МУҲАББАТ

Муҳаббат — чиройли капалак,
қўрқаман шўрликни тутгани.
Капалак қувганим ёнимда,
ёдимда йўқ аммо етганим.
Юрагим ранжиган боладай
на эрмак, таскинга кўнади.
Муҳаббат — чиройли капалак,
ҳали ҳам гулларга қўнади.
Ортидан ҳаллослаб чопаман,
хижолат бўламан ғўрликдан —
қанчалик югурмай, барибир
орқада қолардим шўрликдан.

ОРЗУ ТАСБЕҲИ

Ажойиб кунларнинг бирида
уйғониб кетаман уйқудан,
юракнинг энг чуқур ерида
оғриққа айланган туйғудан.
Бир қўшиқ бўламан дарёдай
юракнинг энг чуқур ерида,
боқаман дунёга дунёдай
ажойиб кунларнинг бирида…

 

АСОТИРЛАР КИТОБИ

Жавшанларин ечмаёқ,
ечмай қурол-яроғин,
ухлаб ётар ботирлар
водийларда қорайиб…
Очсанггина китобни
ногоҳ бари уйғонар.
уйғонар бутут ёли,
яшиндайин тулпорлар.
Бир ғурурми ё ҳайрат
пайдо бўлар кўзингда,
ботирларни уйғотиб,
уйғонасан ўзинг ҳам.
Уйгонасан, ўзгача
ёлқинланар тонгларинг.
тутқун икки томирда
потирлайди қонларинг.
Аммо кетар чоғингда
унутмагил инсофни —
болаларнинг олдида
очиқ қолдир китобни.

ШАҲРИ ҲОЛ

Шуҳрати сочилди бодияларга…
зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда,
тинимсиз айланар чинқираган руҳ.
Бузилди азоб-ла қурилган диллар,
илинждан ўзга бир туйғу қолмади.
Насабин билмаган шўрлик етимлар
ғафлатда ухлади,
кимлар йиғлади.
Фитналар домида пишган зулмдан
аёвсиз босилди қўзғалган ёдлар.
ўзликни топтаган маккор илмдан
кулгуга айланиб кетди фарёдлар.
Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб,
қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди,
юз йиллик адоват заҳрини қусиб,
қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди.
Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
кўзлари тўймаган жобирлар қолур.
ўлим-ла ўйнашган назм авжида
юраги ёрилган шоирлар қолур.
Туркистон —
тарихи ҳарбистонларда,
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.
Буюк руҳ чинқирар…
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот
урчитар малаклар туғилган жойда
ўзаги айниган янги маҳлуқот…
Демак. бор.
баҳайбат зулм бор ҳали.
ҳали бор одамни қувган овчилар.
шундан донишлари овсару далли,
ўғрига айланган доно тожирлар.
шундан чумчуқюрак пошшолари гунг,
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
шундан водийларда ўсиб ётар мунг.
ҳаттоки булбули ўхшар калхатга.
Туркистон —
тўзондай тўзган жигарлар,
жигарлар йўлинда темир тиканлар,
гадолик илмини ўргатар энди
аждод-аждоди-ла босиб шилганлар.
Бурғулар чириган …
занглаган тиғлар…
итлар томоқ ичар олтин тожидан.
мозийга тикилиб муғанний йиғлар.
шеър ёзиб ўтирар лашкарбошилар.

КЕНГЛИК СОҒИНЧИ

Армоним улғайди…
кеча сўйлардим —
қанийди бўлса деб бирорта мард дўст.
Бугун қон йиғларман —
дегиз бўлсайди,
бўлсайди улуғвор уммонларга йўл.
Армоним улуғдир…
кўзёшим улкан,
ўлсам, жасадимга юртим тўлажак.
Сўнгги зурёдимни заҳарлар қуллар,
сўнгги чечакларим айниб сўлажак.
Эй беклар,
заҳар ич — ўзбегинг қолиб,
ўзгага бўйсундинг,
ўлганинг шулдир.
Шунданми, бошида теридан қолип,
саксовул сингари майишган будун.
Бир саҳро…
самога тикилар банда…
эрюзли хотинлар…
хотун юзли эр.
Ўзликни ўстирай.
борму маҳзанда
хоинлар сийдиги сачрамаган ер?..
Ҳой,одам, ким эдинг,
топган тутганинг
бир бўлак ёмбимас.
қўрқинчли безак?!
Шоирлар сиғинган ўша юрт қани?
Эрким деб тутарсан бир парча тезак.
Денгизга қуйилмас бирорта дарё,
қумлар қамалида бижғиган диёр.
Бу йўлнинг сўнгида бир улкан фарёд,
бир ўлим, баҳайбат битта ўлим бор.
Йиғласанг йиғлагин
битта денгиздай,
жондан тўйган бўлсанг,
уммон каби ўл,
чунки бир денгиз йўқ тақир кенгликда,
чунки йўқ улуғвор уммонларга йўл.

ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар —
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман,
энди ҳар нарса —
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.

 12 sentyabr — Shavkat Rahmon tug’ilgan kun

    80-yillar o’zbek she’riyatida ro’y bergan o’zgarishlar, xususan, ijtimoy mavzuning ustuvor ko’rinish olishi poetik tafakkurning bosqichma-bosqich yangilanishi barobarida voqe bo’ldi. Bu holatlar shoir Shavkat Rahmon ijodida yanada yorqinroq ko’rinadi.

Ra’no Mullaxo’jaeva
YANGILANGAN SO’Z
08

XX asr o’zbek she’riyatida 70 – 80-yillar avlodining ijodiy izlanishlari, adabiy jarayonlardagi muqim o’rni alohida e’tiborga molik. ShavkatRahmon, Usmon Azim, H.Xudoyberdieva, Xurshid Davron, Q.Rahimboeva, Yo’ldosh Eshbek kabi bir qator shoirlarning adabiyotga kirib kelib, o’z so’zlarini aytishi tasodifan paydo bo’lgan emas. Aksincha, ma’lum adabiy-ijtimoiy zamin va ehtiyojga tayanadi. Endilikda bu avlod vakillarining har biri individual ijod yo’li, uslubi, o’z adabiy  taqdiri bilan shakllangan ijodkorlar sifatida tanildi. Ularning ijodi XX asr o’zbek adabiyotining ulkan oqimida boshqa davrlar she’riyatidan mavzular mushtarakligi, ohangdagi o’ziga xoslik va poetik so’zning yangi qirralarini kashf etishi bilan ham farqlanib turadi.
0 ex.jpg 80-yillar o’zbek she’riyatida ro’y bergan o’zgarishlar, xususan, ijtimoy mavzuning ustuvor ko’rinish olishi poetik tafakkurning bosqichma-bosqich yangilanishi barobarida voqe bo’ldi. Bu holatlar shoir Shavkat Rahmon ijodida yanada yorqinroq ko’rinadi. She’riyatda mavzu, ohang va so’zning bir-biri bilan uyg’un in’ikosi badiiy mukammalikni ta’minlaydi. Shunday ekan, har bir ijodkorning bu boradagi mahoratini tadqiq etish, nafaqat bir ijodkor, balki ma’lum bir davrshe’riyatini yaqindan o’rganish imkonini beradi. Biz bu o’rinda 80-yillar she’riyatida badiiy obraz, aniqrog’i, poetik so’zning ma’no qirralarini mavzu ko’lamida yangilanish jarayonini shoir Shavkat Rahmon she’rlari misolida qarab chiqmoqchimiz.
Poetik matn tarkibidagi har bir so’z muayyan badiiy ma’noga ega. Adabiyotdagi boshqa janrlarga nisbatan so’zning poetik ma’no olishi she’riy asarda to’laqonli amalga oshadi. Ayni paytda, butun she’riyatga tegishli an’anaviy poetik so’zlar guruhini ajratib ko’rsatish mumkin. Lekin bu an’anaviylik muayyan shoir ijodida individual mazmun kasb etadi. Ayni vaqtda u yoki bu ijodkorning ma’lum bir poetik obrazni nisbatan faol qo’llashi oydinlashadi. Bu o’rinda takrorlar kelmaydi. Ijodkorning individual mahorati so’zning ma’no qatlamlarini yangidan ocha borishida ko’rinadi. Tildagi har bir so’zning cheklanmagan darajada poetik imkoniyati mavjud. Faqat bu yashirin imkoniyatni ijodkor talanti, mahorati yuzaga chiqaradi. Turli avlodga mansub shoirlar she’riyati o’zaro taqqoslansa, har bir davrga xos faol poetik so’z, obrazli ifodalarni uchratamiz. Shavkat Rahmon she’rlarida bu xil poetik obrazlar ancha. Ularning aksariyati shoir ijodida  an’anaviylik kasb etgan. Misol uchun quyosh, yulduz, oy, tog’, tosh, daryo, yo’l, bulut, daraxt, shamol, shabboda, sukunat, kapalak, yurak, ko’z, ko’ngil, so’z kabi obrazlarni keltirish mumkin. Sanab o’tilgan obrazlarning ko’pchiligi boshqa davr she’riyatida, xususan, mumtoz adabiyotda ham qo’llaniladi. Shavkat Rahmon she’rlarida bu obrazlar mavzu va ohangga mos ravishda o’z ma’no qamrovini kengaytirgan. Shoir so’zni qayta kashf etib yangilagan. Albatta an’anaviy obraz zamiridagi ma’nolar qatlamlari butkul yo’qolib ketmaydi, ularning qatida ma’nolar tadriji saqlanadi.

Poetik matn tarkibidagi har bir so’z muayyan badiiy ma’noga ega. Adabiyotdagi boshqa janrlarga nisbatan so’zning poetik ma’no olishi she’riy asarda to’laqonli amalga oshadi. Ayni paytda, butun she’riyatga tegishli an’anaviy poetik so’zlar guruhini ajratib ko’rsatish mumkin. Lekin bu an’anaviylik muayyan shoir ijodida individual mazmun kasb etadi. Ayni vaqtda u yoki bu ijodkorning ma’lum bir poetik obrazni nisbatan faol qo’llashi oydinlashadi. Bu o’rinda takrorlar kelmaydi. Ijodkorning individual mahorati so’zning ma’no qatlamlarini yangidan ocha borishida ko’rinadi. Tildagi har bir so’zning cheklanmagan darajada poetik imkoniyati mavjud. Faqat bu yashirin imkoniyatni ijodkor talanti, mahorati yuzaga chiqaradi. Turli avlodga mansub shoirlar she’riyati o’zaro taqqoslansa, har bir davrga xos faol poetik so’z, obrazli ifodalarni uchratamiz. Shavkat Rahmon she’rlarida bu xil poetik obrazlar ancha. Ularning aksariyati shoir ijodida an’anaviylik kasb etgan. Misol uchun quyosh, yulduz, oy, tog’, tosh, daryo, yo’l, bulut, daraxt, shamol, shabboda, sukunat, kapalak, yurak, ko’z, ko’ngil, so’z kabi obrazlarni keltirish mumkin. Sanab o’tilgan obrazlarning ko’pchiligi boshqa davr she’riyatida, xususan, mumtoz adabiyotda ham qo’llaniladi. Shavkat Rahmon she’rlarida bu obrazlar mavzu va ohangga mos ravishda o’z ma’no qamrovini kengaytirgan. Shoir so’zni qayta kashf etib yangilagan. Albatta an’anaviy obraz zamiridagi ma’nolar  qatlamlari butkul yo’qolib ketmaydi, ularning qatida ma’nolar tadriji saqlanadi.

Poetik obrazning voqe bo’lishida nafaqat shoir badiiy tafakkuri, balki zamon ruhi, turli ijtimoiy qarashlar, estetik mezonlar va muayyan adabiy jarayonning ham muhim o’rni bor. Ushbu omillar u yoki bu obrazning o’zgacha mazmun olishiga sabab bo’ladi. Chunki har qanday badiiy asar kabi she’riy asar mazmunini yaxlitlashtirib turuvchi bosh g’oya mavjud. Bosh g’oya she’riy matndagi barcha so’zlarni yashirin tarzda o’z izmiga bo’ysundiradi va bu so’zlar ushbu g’oyaning ifodasi  bo’lmish she’riy matnga tegishli poetik mazmun ifodalaydi. So’z ana shu jarayonda tovlanib, tuslanadi. Shoirning u yoki bu an’anaviy obrazga qanday poetik ma’no yuklaganini o’quvchi asarni boshdan oxirigacha o’qib, bosh g’oyani anglab yetgandagina qayta kashf etadi. Buni she’riy matndagi barcha so’z – obrazlar misolida kuzatish mumkin.
Shoir Shavkat Rahmon she’riyatida faol qo’llaniluvchi quyosh obrazining ma’no qirralari ham shoir yashagan davr va uning dolzarb muammolari bilan bog’liq individual mazmun kasb etgan. Quyosh shoir she’rlarida nafaqat tabiat tasviri uchun vosita, balki u ramziy ma’nolarga ega. Shoir “Yaxshi niyat” she’rida shunday yozadi:

Kelajak bor hali bag’rida
yuz mingta quyoshi porlagan.
Ishonma hech qachon, ishonma
qo’lida quroli borlarga .

Bu o’rinda quyosh shoir orzu qilgan porloq kelajakning metaforik obraziga aylangan. Quyosh tabiatdagidek bitta emas, yuz mingta. Ana shu yuz mingtalikning o’zi o’quvchi ongida o’zgacha assotsatsiya uyg’otadi. Matnda quyoshlarning porlashi yorug’ kunlarning poetik ifodasi bo’lib kelmoqda. Quyosh obrazning ma’no qirralari she’rdan-she’rga ochila boradi. “Odam uzoq yashar” deb boshlanuvchi she’rda quyosh obrazi tashbeh bo’lib keladi:

… agar do’sti bo’lsa har qutlug’ sahar
bahaybat quyoshday uyg’onadigan .

She’rning umumpoetik mazmuni “qutlug’ sahar”, “do’st”, “bahaybat quyoshday”, “uyg’onadigan” so’zlari asosida yuzaga chiqadi. Keltirilgan so’zlar ichida quyosh va sahar faol poetik obrazlar sirasiga kiradi, misra mazmuni aynan shu obrazlarga tayanadi. Quyoshning tabiiy belgi-xususiyatlari metaforik ma’noning yuzaga chiqishiga  ko’maklashadi. Uning yorug’ligi, harorati, barcha tiriklikka quvvat, kuch, hayot manbalaridan biri ekanligi do’stning qanday fazilatlarga egaligini aniqlashtiradi.
Quyosh juda ulkan – bahaybat va u uyg’otgan sahar albatta qutlug’ keladi. She’rning lirik qahramoni ana shunday ulug’ do’stni orzu qilmoqda. Ulug’ do’st esa yuz ming quyosh obrazida ifodalangan porloq kelajak fuqarosidir. Bu o’rinda alohida-alohida mazmunga ega she’rlar o’z holida mustaqil asar bo’lsa-da, ularni yagona g’oya birlashtiradi. Shoir she’rlaridagi an’anaviy obrazlarga bir-birini to’ldiruvchi poetik mazmun yuklangan.
Shavkat Rahmon she’rlaridagi quyosh obrazining poetik ma’no ko’lamini yanada aniqroq belgilab, umumlashtirish uchun quyidagi namunalarni ko’rib chiqaylik:

Tabiatning xilvat burchagi:
unutilgan, yovvoyi tuproq,
huvillagan tog’u toshlarni
qari quyosh sevadi ko’proq .

Ushbu to’rtlikdagi tuproqning yovvoyi, tog’u toshlarning huvillagan epitetlariga qari quyosh obrazining jonlantirilgan sevgisi o’zgacha ma’no bag’ishlaydi. Tayanch ramziy obraz – quyosh asosida shoir ifodalagan poetik mazmunga oydinlik kiradi. Ya’ni borliq qanchalik o’zgarmasin, vaqtu zamon aylanib taqdir o’z hukmini chiqarmasin, quyoshning chin muhabbati o’zgarmay qolaveradi. Uning muhabbatiga muqobil kuch topilmaydi. Yoki:

Chiza olsang
rangin dunyoni,
rangin bo’lsa quyoshi, oyi,
sendan buyuk musavvir bo’lmas,
bo’lmas sendan buyukroq shoir .
Shuningdek,
Sharq uyqudan
uyg’onar go’zal,
quyosh chiqishiga o’xshaydi bu hol,
hozircha u yozgi jaziramada,
hozircha dunyoga boqadi mudroq…
Ammo uyqusidan
uyg’onar go’zal,
hayrat qamrab olar hamma narsani.
Sharq quyosh singari uyg’ongan mahal
dunyo sezib qolar uxlayotganin…

Keltirilgan misollarning aksariyat qismida quyosh obraziga ko’chma ma’no yuklagan bo’lsa, keyingi to’rtlik peyzaj namunasi sifatida keladi. Manzaralar ifodasida ham tagma’no mazmun yashiringan. Tahlil etilgan namunalar asosida quyosh obrazining umumlashma poetik ma’nosi mehr-muhabbat, porloq kelajak ekanligini anglaymiz.
Shavkat Rahmon she’riyatida an’anaviy poetik obrazlar ijtimoiy ma’no olganligi bilan xarakterlanadi. Ijtimoiy mazmunli she’rlarni publitsistikaga yaqin baholaydilar. She’riyatning publitsistikaga moyilligi mavzu va g’oyaning ijtimoiylashuvi natijasida yuzaga keladi. She’rning ijtimoiy mavzuga tegishliligi uning qusuri emas. Aksincha, ijtimoiy asossiz asar muallaq qoladi. Muhimi, mavzuning qanday yoritilganida, asarning badiiy yuksak darajada, asl san’at mezonlariga uyg’un ifoda topishida. Yana bir jihat – ijtimoiylikning umuminsoniy muammolarga daxldorligida ko’rinadi. “Gang daryo bo’yida…”, deb boshlanuvchi  “Qo’shiq” she’rida publitsistik ruh ustuvor. Ushbu she’rlarining badiiylikka daxldorligini Shavkat Rahmon she’riyatiga xos an’anaviy – tog’, tosh kabi obrazlarning matnda yangi poetik mazmun ifodalab kelishi ta’minlagan.

Mehru muhabbatga,
sog’inchga to’liq
qo’shiqlar uchadi tog’lardan oshib –
adashgan dunyoni chaqirar qizlar,
larzaga tushadi tog’larning toshi .

She’rda qo’shiqning tog’lardan oshib, toshlarni larzaga keltirishi shunchaki qayd emas. Tosh obraziga yuklangan poetik ma’no shoir ijodining boshqa namunalaridagi ayni obraz semantikasiga qiyos etilsa, yanada aniq ko’rinadi. Bu o’rinda “Yana savol”, “Gullayotgan tosh” deb boshlanuvchi she’rlar alohida diqqatga sazovor. “Yana savol” she’riga diqqat qilaylik:

Oyog’imga
botmon toshlarni
bolalikdan bog’lab qo’ydi kim?
Endi xalos bo’lmoqqa yetmas
yovuzlardan asragan umrim.
Xudo bergan soniyalarni
xarob qildi qaysi g’alamis?
Agarda shu toshlar bo’lmasa,
Uchar edik samolarda biz .

Tosh – yuk, lirik qahramon – bolakaydan oyog’iga bu toshlarni kim bog’laganini hayron bo’lib so’raydi. Xudo bergan qimmatli soniyalarni qaysi g’alamis xarob qilganligini bilgisi keladi. Tosh obrazi orqali ifodalanayotgan poetik ma’no “agarda tosh bo’lmasa, “uchar edik samolarda biz” misrasi vositasida aniqlashadi.
Yuqorida keltirilgan “Qo’shiq” she’rida aytilgan, toshlarning larzaga kelishi bilan bog’liq tasvir zamirida lirik qahramonning og’ir yukdan forig’ bo’lishi bayon qilinadi. Tosh – dard, hasrat, armon. Insonni toshdan faqat mehr, muhabbat forig’ aylaydi. “Yo’lovchi” she’rida tosh obrazining ramziy ma’nosini shoir birmuncha ochiqroq bayon etgan:

O’ttiz uch yoshimda
o’ttiz uch ming yil
hasrati, dog’i bor qarashlarimda,
sangtarosh xo’rsinar qadimdan buyon
olam toshlarini taroshlar ekan…

Bu o’rinda tosh obrazining ko’hna hasrat, armonlarning dog’i ekanligi, san’at esa ushbu dardlarni kuylash barobarida ko’ngillarni yoritib, kishilarni ezgulik yo’liga chorlashi aniq aytilgan.
Shavkat Rahmon to’plamlaridan birini “Gullayotgan tosh” deb nomlagan. Ushbu nomdagi she’r esa tosh obrazining ramziy ma’nosini yanada muayyanlashtirish barobarida shoir she’rlarining g’oyaviy mundarijasini an’anaviy tosh obrazi tevaragiga jamlaydi.
“Gullayotgan tosh” she’rida Shavkat Rahmonning tosh obraziga yuklagan poetik ma’nosi yanada mukammallashib, teranlashib, tadrijiylikning o’ziga xos yuksak darajasiga yetganligini anglaymiz. Aslida tosh obrazi fol`klor va adabiyotda qadimdan kelayotgan an’anaviy obrazlardan biridir. Badiiy obraz tabiatini tadqiq etgan D.Rajabov tosh obrazining ushbu jihatlariga alohida e’tibor qaratib, adabiyotshunos I.Haqqulovning “(tuproq singari tosh ham Ahmad Yassaviy hikmatlaridagi ramziy obrazlardan). Tosh obrazning umumturk adabiyotiga kirib kelishi va ma’lum mavqega erishganligining o’ziga xos diniy-axloqiy, falsafiy mifologik asoslari bor” , degan fikrlariga tayanib, Shavkat Rahmonning “Gullayotgan tosh” she’rini tahlil etgan. Tadqiqotchi (olim)D.Rajabov tosh obrazi xususida to’xtalib, “she’rning boshidan-oxirigacha birgina badiiy obraz gullash uchun qulay fursat kutayotgan tosh obrazi hukmronlik qiladi. Bu tosh Haqiqat. Bu tosh ulug’ bobokalonimiz Temur haqidagi, Dukchi eshon haqidagi, asr boshidagi buyuk to’ntarish haqidagi, bizning “bosmachi” avlodlarimiz haqidagi badarg’a qilingan Haqiqat. Shuning uchun minglab kaltabinlar, bu haqiqatlarni “tun”ga, “tosh”ga aylantargan nokaslar gurzisini do’laytirib toshning gullamasligini istaydilar. Shuning uchun u shoirni o’tkir ko’zlariga tobora shubhaliday ko’rinadi, uni yanada qiziqtiradi. Bu tosh esa gullash mumkin bo’lgan asrni kutib yotibdi.

Balkim tosh hoziroq
gullayotgandir,
ming rangli jiloda yashnab, o’zgarib,
balki bu gullarni ko’rmayotgandir
hattoki shoirning o’tkir ko’zlari.

Saksoninchi yillarda bunday qora toshning siri – “gulli” jozibasi haqida gapirish oson emasdi. Lirik qahramon orzusida o’sha “gullayotgan tosh”ni ko’rish niyati ustun. Tosh bu o’rinda ramziylik kasb etadi” , deb yozgan. Har qanday she’r agar u chinakam san’atga daxldor bo’lsa, bir qancha talqinlarga imkon beradi. Chunki o’quvchi o’z ko’ngli, dunyoqarashi, tabiati va bilim tajribalaridan kelib chiqib she’rni qabul qiladi va sharhlaydi. “Gullayotgan tosh” ham xuddi shunday serqatlam mazmunga ega. D.Rajabov she’rdagi tosh ramzining ma’nosini haqiqat deb anglab, talqin etgan bo’lsa, uni xato deb aytish noo’rin. Lekin biz “gullayotgan tosh”ni shoirning boshqa she’rlaridagi tosh obrazi ifodalagan ma’nolar qamrovida olib so’ngra talqin etish maqsadga muvofiq deb o’ylaymiz. Chunki Shavkat Rahmon she’riyatidagi an’anaviy xarakter olgan poetik obrazlar o’ziga xos umumiy mazmunga ega va bu ma’nolar ko’lami she’rdan-she’rga aniqlashib biri ikkinchisini to’ldirib keladi.
Biz yuqorida “Yana savol” she’rida tosh obrazi dard, hasrat, armon ma’nolarida kelganligini aniqlagan edik. Shavkat Rahmon “Gullayotgan tosh” she’rida esa bu toshni trillion marotaba kichraytirilgan tunga mengzaydi. Qora tosh – qora tun. Tun va toshning qoraligi esa kishi ko’zi ilg’amas holatni beradi. Lekin bu jonsiz, sirlarini yashirib uxlayotgan tosh jonliday, bir kun to’satdan gullaydigandek ko’rinadi. O’tkinchilarni kuzatib, mangu harakatning yukini yelkasiga olib,  qaysi asrga sirini ochish mumkinligini o’ylayotgandek tuyuladi.
Shavkat Rahmon she’riga befarq va olomonchi ommaga qarama-qarshi shoir obrazini olib kiradi. Olomon: “Tosh ham gullaydimi” deb o’dag’aylasa, shoir “tosh albatta gullaydi”, “Balki tosh hoziroq gullayotgandir, ming rangli jiloda yashnab, o’zgarib, balki bu gullarni ko’rmayotgandir hatto shoirning ham o’tkir ko’zlari” deb xotima yasaydi.
Gullayotgan qora tosh qanday tosh? U nega shunday qora?
Olomonning g’ashini keltirib, harakati bilan bezovta qilgan tosh obrazi zamirida qanday poetik ma’no yashirin? Muallif bu she’rda ham ijtimoiy mavzuni qalamga olgan. She’rda xalq, shoir va olomon munosabati aks etayotganligiga shoir obrazi va uning xitobi guvohlik beradi. Qora tosh esa xalqning ko’ngil tubidagi dardi, armonlari, ushalmay qolgan orzularidir. Lekin bu dard ochilib, tosh qotgan armonlar harakatga kelsa, xalq qudratli kuchgaaylanadi. Toshning gullashi ushbu jarayonlarning ramziy ifodasidir. Xalqni uyg’otishga chorlovchi shoir ham bu ulkan jarayonning yetilib kelganligini  dabdurustdan bilmay qolishi mumkin. U ilg’aydi, istaydi. Lekin jarayonni boshqara olmaydi.
Shavkat Rahmon she’rlarida ijtimoiy mavzuning yetakchi o’ringa chiqishi undagi an’anaviy obrazlarga ham ijtimoiy mazmun yuklanishi bilan alohida ajralib turadi.
Shavkat Rahmon she’riyatida faol qo’llaniluvchi poetik obrazlardan yana biri sukunatdir. Shoir sukunatga sifatlar beradi. “Manzara” she’rida shunday yozilgan:

Oq sukunat
porlar saharda,
kun nurida yonib, yaraqlab,
chopib kirar sovuq shaharga
yalangoyoq yashil daraxtlar .

Otayotgan tong, sovuq shahar manzarasi, tonggi oq sukunatni kun nuriga burkanib, yashil kiyib kelayotgan daraxtlar buzmoqda. Yanada aniqroq aytilsa, bahorning tabiatda o’z hukmini yurgizayotgani shoir diqqatini tortgan. She’rning poetik ma’no qatlamlari shu bilangina chegaralanib qolmaydi. Shoir she’riyatida ustuvor ko’rinish olgan g’oyaga tayanib qaralsa, oq sukunat qo’ynidan kun nurida yog’dulanib, sovuq shaharga harorat olib kelgan yashil daraxtlar obrazi zamiridagi ma’no
vatan muhabbati, yurt g’ururiga to’yinib, uning ozod bo’lishi istagida yolqinlanayotgan yangi avlodning ramziy ifodasiga aylanganligini anglaymiz.

Yo’llar qadim…
tutlar qarigan…
suvlar simob kabi yaltirar.
Sukunatning teran qa’rida
uyg’onmoqda saslar qaltirab .

Qari tutlar guvoh, qadim yo’llarda izlari qolgan, simobdek yaltirab tinch oqayotgan suvda akslanib, vaqt charxpalagida aylanayotgan armonning sasi uzoq cho’zilgan sukunatni buzib ovoz bermoqda. Ovoz esa avvalo, shoir qalbida aks-sado uyg’otadi. Sukunatning sasi va uning turli belgi, nishonalari shoir she’riyatida alohida e’tiborni tortadi. Shu sababli ham Shavkat Rahmon she’riyatida sukunat oddiy emas; u – “ulkan sukut”,“qorong’u sukut”, “joduli sukut”. Sukunatning sifatlari jamlanib, umumiy bir maxrajga keladi. Bir qaraganda, ularning ma’nosi bir-birini inkor etayotgandek ko’rinadi, lekin umumiy mahrajda sukunatning tub mazmuni umumiylik kasb etadi. Sukunat shoir she’riyatida uzoq kutilgan, orzudagi ulkan portlash oldidagi tin olingan holat, voqelik, jarayonlarning turfa ko’rinishlarini ifodalaydi. Bu ichida bo’ron uyg’onib kelayotgan kuchning, ulkan kurashga chog’lanayotgan xalq sabr-toqatining sukuti. Sukut alomati rizo emas. Sukut
kurashning ibtidosidir.

Afsonaviy, zangori diyor,
bag’ri to’la joduli sukun.
Shoxlar aro tobora ko’proq
Nurlarini oqizadi kun .

Safsarlashar oqshomgi osmon,
kun chekinar qorli tog’larga,
sukunatning munis qushlari
uchib kelar kuzgi bog’larga .

Kelar qora rido kiygan tun,
sukunatning qushlarin suyar,
suronlardan horgan shaharni
silab-siypab uxlatib qo’yar .

Keltirilgan misollarda sukut va sukunat nohaqliklar, boy berilgan erk oldida ojizlik, ishonchsizlik va faoliyatsizlikning ko’chma ma’nosini anglatyapti.
Shavkat Rahmon she’riyatida biz yuqorida to’xtalgan an’anaviy obrazlar unga zamondosh, davradosh shoirlar ijodida ham qo’llangan bo’lishiga qaramay, ular o’ziga xos tarzda poetik ma’nolar olganligini kuzatamiz. Ushbu misollar har bir ijodkorning so’zga, obrazga individual yondashib, o’z dunyoqarashi, intilishi, orzu-istaklarini ifodalashini bildiradi. Shoirning estetik olami, ideallari u yaratgan asarlarning mavzu mazmuni qatorida poetik ifoda shakllarida ham namoyon bo’ladi.

Manba’: Sharq yulduzi, 2012, №4.

045

Shavkat RAHMON
SHE’RLAR
08

* * *

Chaqin bo’lma, bo’lma guldirak,
yerdan ko’pam uzoqlab ketma.
Ovozingni yirtmagin bekor,
Yerni quchma — quloching yetmas.

Undan ko’ra biror odamning
Makoni bo’l — irmoqli, soyli.
Shamollarni to’sgan tog’i bo’l,
Osmoni bo’l — yulduzli, oyli.

* * *
Yog’iladi mayin sas, sado,
Yog’ar, yog’ar shomurut qori.
Naqadar xush jodugar navo,
Ozod qora sochlar ifori.

Shomurutlar oppoq gulidan
Kuzatarkan fonuslar yoqib,
Yulduzlarning olov selida
Ertaklarga kiramiz oqib.

Tuyg’ulardan devona ko’ngil,
Sahargacha yurarmiz daydib
Kelarmikin bu joduli tun,
Kelarmikan, dunyoga qaytib…

KAYFIYAT MANZARASI

Dalv oyi.
Atrofda bir hovuch qor yo’q.
Devona og’ochlar kezmish tumanda.
Ko’ngilning holini so’rashga yor yo’q,
Jo’mard yo’q so’ylayin desam Turondan.
Nahrlar so’yilgan,
qonning rangi yo’q,
ichimda bo’riday uvlar bir shamol.
qilichday charaqlar oy nurida yo’l,
kenglikda uxlaydi ulkan bir qarol.
Olovdan so’ylaymi,
so’ylaymi maydan,
darbadar nabiday o’qiymi oyat.
Bu soxta bulbullar namuncha sayrar.
namuncha po’yrozdan oqar haqorat.
Qarol jim uxlaydi bu qish pallasi,
bor-yo’g’in kalamush galasi tashir
shamolda tebrangan ulkan kallasin
talashib-tortqilab qashqirlar g’ajir.
Valatlar
aynigan dillarin ko’rib,
yopiq darchalarni mushtlaydi titrab.
Ey ko’ngil,
poyingda bir tuproq bo’ldim.
Ketmagil,
shu yerda baralla yig’la.
Dalv oyi.
Suronlar to’fonlaridan
qashqirlar tirqirab qochgan bir onda
o’ldim ro’yjada xob o’pqonlaridan,
jonimni qiynagan yovuz bir qondan.
Qarg’alar bosdi so’ng…
chilparchin yorug’,
qorishdi talvasa — nur bilan ro’yo.
Turon kengliklari sorig’dan sorig’,
ulkan bir o’laksa yotganday go’yo…

GUL YIG’ISI

Qachon gul hidlovdim,0 ex.jpg
qachon suvlarda
yog’dular raqsini tomosha qildim?
Nasimlar mavjida yelgan hurlardan
ko’zlarim uzolmay qachon yiqitdim?
Bilmadim,
xayoliy dunyomidir bul,
judolig’ bag’rimni tugatdi tamom,
yana bu tubanlig’ dashtida maqtul
jismimni unutib izlayman payg’om.
Bu yerda vahshiylar yo’l qarar edi
tag’in bir vallamat qonini istab,
tunlarning yirtilgan ko’lkalarida
valilar so’ngagin g’ajirdi itlar.
Ochiq mozorlarning qirg’oqlarida
tiltari ikkiga ayritgan qullar,
vaqtning sarg’aygan chirmoblarida
yuragi yorilib o’lgan bulbullar.
Suvlar ham irigan,
irib yotar Sharq
tunlarni yoritgan mayxonalarda,
yovuz qon girvatin qa’riga qarab,
zavjalar yig’lardi vayronalarda.
Osmon yiroq edi,
yer esa qattiq,
tobora olislab borar quyosh ham,
bunda g’ofillarning qismati achchiq,
bunda qattollarning boshlari toshdan.
Voy, kunim,
mahsharga to’qingan kunim,
so’nggi ko’zlarimdan eriganda yosh,
Bilolni chaqirdim, ey, buyuk qulim,
manov xoqonlarning quloqlarin och.
Ammoki Bilol yo’q,
milyon Jahl bor,
milyon qo’llarida qonsiragan tosh,
zulm zulmatining og’ushida xor
bitta gul,
yolg’izgul yig’lardi, xolos.
Yovuz bir darbadar bor edi tag’in,
bor edi qo’ynida intiqom tig’i,
bor edi yog’dular singan betayin
dunyodan yuksalgan
bir go’zal yig’i.
Dunyoga keldimmi yoki qaytdimmi,
kimsasiz dashtlarning qa’rida nechun
ilk bora angladim yolg’iz dardingni
kechalar tubida yig’lagan, ey gul.

QIZIL OLMAGA QASIDA

Yiqildim kuzakning qoralig’ida,
tun-da bir chayqaldi,
asta tinchlandi.
Borlig’u yo’qlikning oralig’ida
ko’zimga ko’rindi olam sinchlari.
Yotardim toshdayin jimlik tubinda,
xayolim — bemahal so’lgan gunchadir.
Voy, ko’nglim, desammi
jimlik suvinda,
ayt, ko’nglim,
kimlarga kuyding bunchalik?
Vaqt ham tun bo’yi yulduz qoni-la
ularkan ko’nglimning siniqlarini,
tirildi bir dilbar saboh yonida
tolg’in qush galasi —
xo’rsiniqlarim.
Shunda dimog’imga bo’ying urildi,
tag’in yurilmagan yo’l bo’ldi olam —
ulkan bir sayyora bo’lib ko’rinding,
menday bir faqirga, olmajon, olma!
Manim, kichik ko’nglim,
ay, shoir ko’nglim,
nokaslar ra’yiga tushmagan ko’nglim,
dunyoning million xil noz suvratidan
bir qizil olmani xushlagan ko’nglim!
Olmajon,
tushdingmi osmon bog’idan,
qaysi bir dunyodan elchi bo’p kelding.
Ko’nglim so’lar chog’i tun qiynog’idan,
nahotki, fazoda olovday yelding.
Manim kichik ko’nglim,
ay, shoir ko’nglim,
tag’in kunduzlarning ishqidan bedor.
Olmani olamga otaman to’lib,
bormisan,
bormisan, bu dunyoda, yor…

BAHORNING ILK KUNIDA AYOLINI KO’RGAN
SHOIR KECHINMASI

Bu ayol…
Ko’zimga qushday ko’rindi,
musicha,kaptarday surganda xayol.
Qaydanam sozladim tasavvurimni,
qushga o’xshayverar hadeb bu ayol!
Go’yo xob elitgan…
Suvrati so’lg’in,
sezdirmay jilmayar go’yo humoylik.
So’lish yo giryami- g’alati to’lqin,
ko’zlari hazinlik yoxud xumorlik.
Bahorga o’xshatsam…
bahor yarashmas —
bu ayol bahordan ming bora go’zal.
Poyiga tashlashga — qalbni tarashlab,
yoniq so’zlar kerak,
samimiy so’zlar.
Bahorning bir zumrad bo’sag’asida
kaftlari qushlarday…
Ovozsiz so’ylar.
Dunyo, bu ayolga o’xshatadigan
bormi biror timsol qushingdan bo’lak.
Hadikli nigohni sirli qirida
osmonni chog’larkan qushday beg’ubor,
Sezaman,
ayolning nozik kiftida
qanday og’ir so’zlar,
g’amgin so’zlar bor.
Ko’rinmas so’zlarni ayol kiftidan
birma-bir olaman sehrgar kabi.
Qo’llari titraydi ayolni birdan,
ko’zlari titraydi,
titraydi labi…
Go’yoki parvozdan oldingi holat.
nozik kiftlarida eng so’nggi malol —
go’yoki so’nggi so’z,
og’ir so’z qolgan,
so’nggi so’zni olsang,
uchguday ayol…

BASHORAT

Surilar bu temir pardalar,
istibdodning tog’lari qular,
mog’or bosgan qora qa’rlardan
milyon ozod ruhlilar turar.
To’sib bo’lmas soxta vahiy-la,
yolg’on shior,
safsata bilan,
hur fikrni bosgan vahima,
dabdabayu as’asa bilan.
Qular qonda suzgan qasrlar,
judab yirtar sangin saltanat,
so’qir bo’lar asriy nahsdan
bino bo’lgan yovuz shaytanat.
Kelar,
kelar buyuk mehrdan
kiftlar kiftga bosilajak kun,
g’amdan forig’ jez kallalar ham
ko’kraklarga osilajak kun.
Porlar toshga do’ngan so’zlarim,
porlar mangu odamiy ruhim,
porlar Haqqa tashna ko’zlarim,
Xudo bergan mangu anduhim,
yorug’ anduhim…

TARIQAT

Dunyoga sig’madim,
sig’madi dunyo,
g’urbatdan toraygan tabiatimga.
qop-qora chechakday sochilmish hulyo
jo’mardlar ko’milgan tariqatimga.
Mayliga,
chechaklar qop-qora bo’lsin,
yiqitsa shu yo’lda yiqitsin taqdir,
qurtlagan istaklar shu’lasi so’lsin,
xudoyim siylagan hurligim yaxshi.
Bichilgan qullarning,
qulzodalarning
malak siymolarin o’ynatgan dunyo,
yaralgan lahzadan hur odamlarni
iblislar tilida so’ylatgan dunyo.
Chiroyli ermaklar mahzanidir ul,
mag’izi qayg’udan,
po’stlog’i zardan,
sarg’arar ochilmay turib qizil gul,
tuprog’i jimgina qusgan zahardan.
Chayqalar jaholat og’ochlarida
necha ming Mashrabu
Mansuri Halloj…
Hamon yuksaladi yo’l boshlarida
odamzot qoniga to’ymagan jallod.
Tokay bu iblislik,
tokay bu yolg’on,
tokay tig’ ko’tarar qora guruhlar,
tokay bijg’ib yotar g’arib alamon
ichiga tiriklay ko’milgan ruhlar.
Zulfiqor ruh kerak,
kerak chin yog’du,
chin ishq yolqinlari bag’rimga to’lsin,
jismimni toblasin faqat chin og’riq,
chechaklar qop-qora bo’lsa-da bo’lsin.
Bag’ri keng xudoyim
kechirib qo’yar,
yiqilsam yetmay ul haqiqatimga,
ko’milsam ko’milay o’limi go’zal —
jo’mardlar ko’milgan tariqatimga.

OTGA QIYOSIY QASIDA

Shaklga qamalib qolgan alanga,
jismida chayqalib pishgan qoni bor,
quvvatu g’ussaning qorishmasidir,
bahaybat nafasli,
horg’in jonivor.
Suvliqdan yirtilgan og’zi tegaru
maysalar qovjirab qolar adirda…
Ucholmas yukining og’irligidan —
ulkan qanotlari bo’lgan qadimda.
Men seni esladim
katta go’dak ham
to’rt bola tashvishin kiftiga ortib,
hamisha parvozni qo’msab yashagan,
ko’zlari g’ussali,
chiroyli otim.
O’zim ham anovi qorabayirday,
qonim-da sovigan, o’ychan, beqanot,
yag’ir kiftlarini pashshalar talar,
kimlarning yukini tortmagan bu ot.
Sag’risi yalt etar
xira oydinda…
oqargan dalalar, kuygan adirlar,
ular ham qachondir parvozlar qilgan,
ulkan qanotlari bo’lgan qadimda.
O’xshatib…
o’ylasang oylar yetmaydi,
ot kabi o’tlasang joylar yetmaydi,
o’lguday tashnasan,
chanqoq bosdiga
chat-chil sinib oqqan soylar yetmaydi.
Oh-h, ko’ngil,
bir nafas otga aylansak,
eng ko’rkam baytalga mahkam boylansak,
bir shoir kelsayu
uning she’rida
eng baxtli, eng erkin zotga aylansak.
Ho’y, ot desa,
ho’y, baxtiyor ot,
siz — shoir, men otga aylansak desa,
oh-h, ko’ngil,
hah, ko’ngil,
yana nimalarni tusaysan besar.
Buyuk tun to’ladi hansiroqlarga,
ularga qo’shilar shoir sasi-da,
aylanar, aylanar,
mangu aylanar
nafaslar to’rt fasl doirasida.

 

YO’LBARS

Mangu qochar, qochar tog’lardan,
o’rmonlardan, changal, to’qaydan.
Dunyoda ko’p yashagani yo’q,
ammo buncha dushmani qaydan?
Sho’rlik yo’lbars qayga qochmasin
faqat ovchi yo’lini to’sdi.
U hech qachon qochmasdi,
ammo o’ziga ham yoqardi po’stin.

QASIDA

Daraxtlar —
zaminning og’riq jonlari,
zaminga bulutday soyasin tashlar,
daraxtlar osmonning boshlanishida
qo’rquvdan keyingi umrni yashar.
Daraxtlar
qo’rqmagan metin shamoldan,
kimdir kesib ketar, demay ko’kargan,
ulug’vor boshlarin ona-zamindan
kuchi yetganicha yuksak ko’targan.
Daraxtlar
xatarga ochiq ochunda
quyosh qarshisida rasmga tushar.
Uzoq-uzoqlardan xilvat shoxlarin
sog’inib keladi toliqqan qushlar.
Ko’p ko’rdim,
kimsalar bo’g’izlarida
mumdek qotib ketgan saslarni ko’rdim,
ming yillab ulug’vor boshlarin yerdan
ko’tarolmay yotgan kaslarni ko’rdim.
Qancha sinoat bor,
qancha tilsim bor
nurlar saltanatin har girvatida,
ma’nisi: jamiki tirik zot borkim,
xiyonat qilmasin tabiatiga.
Daraxtlar —
men itday sezdim o’zimni,
go’yo tirik jonmas,
kesilgan dastman,
boshimni ko’tarib sizga qarayman,
naqadar balandsiz, naqadar pastman.

SO’NGGI QISHLAR

Isfandiyorga

Suq bilan tikilding,
Talashding keyin,
Qiz talashgan kabi dag’al, jangari.
Balki sog’inchdandir,
Balkim shunchaki
Anordan zavqlanding bola singari.
Anorni yemading,
Sovuq fevralda
Sen uni asrading,
ko’z-ko’zlab, suyib.
Bizlardan qizg’onib, kulguli holda
Yotding yostig’ingning ostiga qo’yib.
Biz-chi, «qariya»lar,
Yangi-da, derdik,
Xayol ham qilmasdik tortib olishni.
Sen birinchi qishni o’tkazar eding,
Biz-chi, o’tkazardik beshinchi qishni.
Keyin nima bo’ldi, ha, keldi bir qiz,
sochlari sap-sariq,
ko’zlari ko’m-ko’k.
Anor sovg’a qilding,quvondi cheksiz,
Sen mamnun jilmayding, achinmading, yo’q.
Mana yillar o’tdi,
Eslayman seni,
Sening ham ortingda so’nggi qish qolar.
Kimnidir mazaxlab kulasan endi,
Anorni sog’inar endi boshqalar…
Ular ham she’r yozar dilbar kuzlarga,
Orziqib kutishar bahorlarini.
Berishar ko’zlar ko’m-ko’k qizlarga
Quvaning ajoyib anorlarini.

SHABI XAYOL

Jismingda jon bo’lsa,
undan hazar qil,
haqorat — xotirga sanchilgan nayza.
Sezaman — poyonsiz qorong’ilikda
chinqirib o’sadi xo’rlangan maysa.
Sezaman — bevaqt kesilgan daraxt
battar ko’karishni o’ylab shaylanar.
Sezaman — ne yildir zahardan karaxt
zamin o’z uyida dashtga aylanar.
Xavflidir xotirot o’ramalari,
ne-ne haqoratni yutsa qa’riga,
jim yutib yursayu
minglab yildan so’ng
yuzaga chiqarsa ancha naridan.
Hazar qil,
haqorat zarralarini
mukofot sanagan xotirasizdan.
U qaysi tomonga yursa, baribir,
dod yoki haqorat qolar izidan.
Mana, xotirasiz,
xayol kuchini
butun borlig’i-la toptagan dajjol,
u guldek ayolning o’t og’ushiga
haqorat urug’in ekar bemalol.
Dunyo — o’zi nima,
dunyo — yuksaklik,
yuksak manziliga qaytadi xayol
va lekin bu ayol xokisor nega?
nega haqoratga chidar bu ayol?!
…Yulduzlar baqrayar…
Yog’du bodida
sollanib chayqalar qamar — belanchak.
O’h, qanday haqorat,
o’h, shabi zolim,
ovozsiz chinqirib kelar kelajak.

SHOIRLAR XIYOBONIDA

Har mahin laylida
jonlanar haykal,
jon kirar Navoiy hazratlariga.
Tongacha dunyoni aylanib qaytar,
bezib haykallarning hasratlaridan.
Ayniqsa,
bahorni xo’b ko’rar hazrat,
jannatday shaharning harir shablari,
bulduruq shu’lalar yoshartgan ravza
ancha ravshan qilar nozik ta’blarin.
Istaklar
shabiston qavatlarida
ishqu noz mayidan bo’lganda luchchak,
xo’bro’ylar zulumot valatlariga
bargak lablaridan berganda muchchi,
hazrat dunyo kezar,
ko’hsoru yovar
mazgildan o’tarkan bamisli sharpa,
go’yoki tagida chaqmoq — takovar,
bir kech Hirot jonib,
bir kecha — Mashhad.
Doim tonglab qaytar,
chiqar taxtga
tinglar haykallarning hasratlarini.
Yuragi ezilar bo’lgancha karaxt —
oyog’i yo’q edi pastdagilarning…
Ammo osmon yiroq,
zamin qattiq-da,
tag’in andomiga qaytar tolg’inlik.
Tag’in xayol surar turgancha tikka,
hazratni qiynaydi hamon yolg’izlik.

MUHABBAT

Muhabbat — chiroyli kapalak,
qo’rqaman sho’rlikni tutgani.
Kapalak quvganim yonimda,
yodimda yo’q ammo yetganim.
Yuragim ranjigan boladay
na ermak, taskinga ko’nadi.
Muhabbat — chiroyli kapalak,
hali ham gullarga qo’nadi.
Ortidan halloslab chopaman,
xijolat bo’laman g’o’rlikdan —
qanchalik yugurmay, baribir
orqada qolardim sho’rlikdan.

ORZU TASBEHI

Ajoyib kunlarning birida
uyg’onib ketaman uyqudan,
yurakning eng chuqur yerida
og’riqqa aylangan tuyg’udan.
Bir qo’shiq bo’laman daryoday
yurakning eng chuqur yerida,
boqaman dunyoga dunyoday
ajoyib kunlarning birida…

 

ASOTIRLAR KITOBI

Javshanlarin yechmayoq,
yechmay qurol-yarog’in,
uxlab yotar botirlar
vodiylarda qorayib…
Ochsanggina kitobni
nogoh bari uyg’onar.
uyg’onar butut yoli,
yashindayin tulporlar.
Bir g’ururmi yo hayrat
paydo bo’lar ko’zingda,
botirlarni uyg’otib,
uyg’onasan o’zing ham.
Uygonasan, o’zgacha
yolqinlanar tonglaring.
tutqun ikki tomirda
potirlaydi qonlaring.
Ammo ketar chog’ingda
unutmagil insofni —
bolalarning oldida
ochiq qoldir kitobni.

SHAHRI HOL

Shuhrati sochildi bodiyalarga…
zarbadan beshtaga bo’lindi anduh.
Yillarga yem bo’lgan obidalarda,
tinimsiz aylanar chinqiragan ruh.
Buzildi azob-la qurilgan dillar,
ilinjdan o’zga bir tuyg’u qolmadi.
Nasabin bilmagan sho’rlik yetimlar
g’aflatda uxladi,
kimlar yig’ladi.
Fitnalar domida pishgan zulmdan
ayovsiz bosildi qo’zg’algan yodlar.
o’zlikni toptagan makkor ilmdan
kulguga aylanib ketdi faryodlar.
Kim qoldi?
Iblisning makriga uchib,
qirpichoq bo’lguvchi alamon qoldi,
yuz yillik adovat zahrini qusib,
qoniga g’arq bo’lgan g’alayon qoldi.
Kim qolur?
Hattoki so’nggi lahzada
ko’zlari to’ymagan jobirlar qolur.
o’lim-la o’ynashgan nazm avjida
yuragi yorilgan shoirlar qolur.
Turkiston —
tarixi harbistonlarda,
to’kilib bitdimi buyuk qomatlar?
Ruhi dod solmasdi qabristonlarda
qaddini ko’tarsa agar nomardlar.
Buyuk ruh chinqirar…
Mudhish saroyda
zinodan to’ralgan necha dahriy zot
urchitar malaklar tug’ilgan joyda
o’zagi aynigan yangi mahluqot…
Demak. bor.
bahaybat zulm bor hali.
hali bor odamni quvgan ovchilar.
shundan donishlari ovsaru dalli,
o’g’riga aylangan dono tojirlar.
shundan chumchuqyurak poshsholari gung,
faqirlar ko’nikkan balo, qahatga,
shundan vodiylarda o’sib yotar mung.
hattoki bulbuli o’xshar kalxatga.
Turkiston —
to’zonday to’zgan jigarlar,
jigarlar yo’linda temir tikanlar,
gadolik ilmini o’rgatar endi
ajdod-ajdodi-la bosib shilganlar.
Burg’ular chirigan …
zanglagan tig’lar…
itlar tomoq ichar oltin tojidan.
moziyga tikilib mug’anniy yig’lar.
she’r yozib o’tirar lashkarboshilar.

KENGLIK SOG’INCHI

Armonim ulg’aydi…
kecha so’ylardim —
qaniydi bo’lsa deb birorta mard do’st.
Bugun qon yig’larman —
degiz bo’lsaydi,
bo’lsaydi ulug’vor ummonlarga yo’l.
Armonim ulug’dir…
ko’zyoshim ulkan,
o’lsam, jasadimga yurtim to’lajak.
So’nggi zuryodimni zaharlar qullar,
so’nggi chechaklarim aynib so’lajak.
Ey beklar,
zahar ich — o’zbeging qolib,
o’zgaga bo’ysunding,
o’lganing shuldir.
Shundanmi, boshida teridan qolip,
saksovul singari mayishgan budun.
Bir sahro…
samoga tikilar banda…
eryuzli xotinlar…
xotun yuzli er.
O’zlikni o’stiray.
bormu mahzanda
xoinlar siydigi sachramagan yer?..
Hoy,odam, kim eding,
topgan tutganing
bir bo’lak yombimas.
qo’rqinchli bezak?!
Shoirlar sig’ingan o’sha yurt qani?
Erkim deb tutarsan bir parcha tezak.
Dengizga quyilmas birorta daryo,
qumlar qamalida bijg’igan diyor.
Bu yo’lning so’ngida bir ulkan faryod,
bir o’lim, bahaybat bitta o’lim bor.
Yig’lasang yig’lagin
bitta dengizday,
jondan to’ygan bo’lsang,
ummon kabi o’l,
chunki bir dengiz yo’q taqir kenglikda,
chunki yo’q ulug’vor ummonlarga yo’l.

QASAM

Shavkat Rahmon degan
bir o’jar shoir,
bir kuni qaytadan yaraladimi?
Hayotim ma’nisin juda ko’p o’ylab,
sayladim so’zlarning
saralarini.
Har bir so’z
yuz so’zning o’rnini bosar —
Vatan, Xalq, Jasorat, Kurash, Ozodlik.
Har bir so’z yetajak yuzta umrimga,
har biri baxsh etar
ruhimga shodlik.
Hozirlik ko’rarkan buyuk safarga,
pushtirang pardali minglab darchadan
mo’ralab o’tirgan go’zal so’zlarni,
qoldirib ketaman endi barchaga.
Aslida atirgul bo’yin taratgan
bu o’ynoqi so’zlar menikimasdir.
Menga nonday zarur, qilichday keskir,
zaharday mard so’zlar bo’lsayoq basdir.
Sayladim so’zlarning saralarini,
kurashlar shamoli kirdi nazmimga.
Yurtimni kezaman,
endi har narsa —
egilgan narsalar tegar g’ashimga.
Endi ishlash kerak bu kengliklarda,
tokim so’ylamasin yolg’onni hech kim,
tokim buyuk tog’lar saltanatida
egilgan boshlarni
qilichlar kessin.

045

(Tashriflar: umumiy 20 198, bugungi 2)

8 izoh

  1. Шавкат Раҳмоннинг ҳар бир шеъри гўзал, мазмунан бой, айни пайтда даҳшатли афсонага ўхшайди. Бу шеърий афсоналарни ўқир экансиз, уларда тасвирланган манзара бир куни шундоқ кўз ўнгингизда рўй беришини тушуниб етасиз…
    Шавкат Раҳмон-инсон руҳиятининг ҳеч ким илғамаган ё илғаган бўлса-да сўзда ифодалай олмаган жиҳатларини ШЕЪРГА СИҒДИРА ОЛГАН! Агар тақдир бироз шафқатлироқ бўлганида у ҳозир дунёнинг энг зўр шоирлари қаторида бўлар эди! (Гулноз)

  2. Shavkat Raxmonning qizlari juda chiroyli gapiribdi. Meni ularga havasim keldi

  3. Shavkat Rahmon ijodi sehrli.Rano Mullaxojayeva kursdoshim.Sizni shu maqola orqali topdim.Man Hulkarman.

  4. Shavkat Rahmonning qaysi she’ rlari qõshiq bõlgan ?? Kimlar ijri etgan?.

Izoh qoldiring