Shavkat Rahmon xotirasiga bag’ishlangan mushoira

09

2 октябрь — Шавкат Раҳмон хотираси куни.

Қисқа умр кўриб, аммо ўзидан мағзи тўқ, залворли ижод намуналарини қолдирган Шавкат Раҳмон бетакрор истеъдод соҳиби эди. Шавкат Раҳмон Яратганнинг ўзига берган шоирлик истеъдодининг атомга тенг қувватини Сўз деб аталмиш қудратнинг пойига тўкди. У танлаган сўзлар чақиндек ярқ этиб бир онда онгу шууримизни ёритади, чақин умридан фарқли ўлароқ, ўз бадиий залвори билан хотирангизда узоқ яшайди.
Шавкат Раҳмон хотираси куни  муносабат билан шоирга бағишлов тарзида ёзилган айрим шеърларни тақдим этамиз.

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА
БАҒИШЛАНГАН ШЕЪРЛАР

Мушоира
01

022
Хуршид ДАВРОН
СОҒИНЧ

Сенсиз юрагимнинг бир жойи бўмбўш,
Сенсиз ҳаётимнинг мазмуни бутмас.
Энг оғир дамларда сени чорлайман,
Гарчи мен биламан овозим етмас.

Гарчи сен томонга овозим етмас,
Бари бир чорлайман бамисоли Ўш.
Сенсиз ҳаётимнинг мазмуни бутмас,
Сенсиз юрагимнинг бир жойи бўмбўш.

2015

БАРОКЎҲ ТОҒИГА ТИРМАШИБ ЧИҚДИМ…
Шавкат Раҳмонга

Барокўҳ тоғига тирмашиб чиқдим,
Ҳарсиллаб,ўрмалаб ёпишдим тошга.
Барокўҳ тоғига тирмашиб чиқдим,
Яқинроқ турай деб қадим қуёшга.

Пастда қолсин дедим дилдаги йиғим,
Пастда қолсин дедим маъюс ўйларим.
Барокўҳ тоғига тирмашиб чиқдим,
Юксакни туйсин деб содда куйларим.

Дедилар:»Шошилма,Бобур уйи йўқ,
Бузганлар кечаси,бузганлар пинҳон».
Дедилар:»Шошилма,Бобур уйи йўқ,
Фақат пойдевори қолгандир омон».

Дедим:»Уйни кўрмоқ асло шарт эмас!».
Дедим дўстларимга тикилиб мағрур:
«Унинг пойдевори омон бўлса,бас,
Уйни бўлса ўзим қилгум тасаввур!».

Уйни бузганлари дилни эзса-да,
Юракни қисса-да чеки йўқ бир ғам.
Кўксим бўғзимдаги тошни сезса-да,
Барокўҳ устида янграр қаҳқаҳам.

Пойдевор омондир,демак,уй омон,
У яна тикланар,токи бор фироқ.
Токи бор бошимда бу қадим осмон,
Токи бор боболар қон тўккан тупроқ.

1985
Ўш шаҳри

022
Муҳаммад Юсуф
ЛОЛАҚИЗҒАЛДОҚ

Шавкат Раҳмон хотирасига

Мендан нима қолар:
Икки мисра шеър,
Икки сандиқ китоб,
Бир уюм тупроқ.
Одамлар ортимдан
Нима деса дер,
Мен сени ўйлайман
Ўзимдан кўпроқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Мен кетсам, ёмондан
Йироқ бўл, оҳу,
Чунки сен чиройли,
Кўркли бир жувон.
Ёмон кунлар бир кун
Яхши бўлар-у,
Ёмон одам яхши
Бўлмас ҳеч қачон…
Яша чегарада
Тургандек огоҳ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уйда ётибман-у,
Сезиб турипман,
Кўкда келаётир
Қушлар қайтишиб.
Хайрлар ёғдириб
Қанотларидан,
Хаста шоирига
Видо айтишиб.
Бор, менинг учун ҳам
Уларга қўл қоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Уларни мен яна
Кўрарманми-а,
Айвондан одамдек
Кузатолмадим.
Куз. Тўйлар бошланди.
Юрагим пора –
Битта қизимни ҳам
Узатолмадим…
Демак, тақдир экан
Тўй кўрмай ўлмоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Бироқ, кўнглим сезар,
Мендан кейин ҳам,
Бир кун бу ҳовлига
Одам тўлади.
Ҳали тўйлар қилиб
Чарчайсан, эркам,
Менинг қизларим энг
Бахтли бўлади!
Келинлар кўйлаги
Руҳимдай оппоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Гулим, яқинроқ кел,
Қара, не савдо,
Бу ажиб ишларни
Дил лавҳига ёз:
Кимга қаср етмас,
Кимга мол-дунё,
Менга эса ҳаво
Етмайди, холос.
Тириклар мудроқда,
Ўликлар уйғоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Кўксим куйиб борар,
Кўкрак ёнмоқда,
Айтинг дўхтирларга,
Ёришса ёрсин!
Жисм ўз улфати –
Жондан тонмоқда.
Бечора жон энди
Қаерга борсин.
Энди осмон йироқ,
Энди ер юмшоқ –
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Буну хаёт дерлар,
Унутма асло,
Бир кун очиласан,
Бир кун сўласан.
Қалбимда-ку, фақат
Сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам
Ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан
Хотира – байроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Аёл қалбинг билан
Сув кеч, олов кеч,
Ғам келса бошингдан
Хушинг учмасин.
Худодан сўрадим:
Мендан кейин ҳеч,
Номард кимсаларга
Ишинг тушмасин.
Уларнинг қўлида
Ҳамиша тузоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Ишинг тушса, иним
Муҳаммадга бор,
Шоирлар ичида
Ишонганим шу.
Бироз ичишини
Айтмаса агар,
Кўкси тиниқ бола,
Ҳалол бола у.
Фақат сал соддароқ,
Фақат сал ёшроқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

Жон сўнги бошпана
Топаркан онгда,
У юрак остида
Дердим мен бўлсам.
Ажабланма агар
Эртага тонгда
Сени ўпиб, Ўшни
Қучоқлаб ўлсам!..
Ўтинчим – тепамда
Йиғлама узоқ,
Лола, лолажоним,
Лолақизғалдоқ!

022
Асқар МАҲКАМ
ШАВКАТ РАҲМОН

Шоирлар бир куни ўлимдан олдин
Шундайин бир шеърни кетарлар айтиб:
“Мендан сўнг ортимда Тўғри Сўз қолсин,
Энди мен ҳеч қачон келмайман қайтиб.

Ой дедим қачонлар сариқ илонни,
У заррин заҳрини қуйди бўғзимга,
Мукаммал кўрай деб бани инсонни
Мен ханжар санчганман тунлар кўксимга…

022
Салим АШУР
АРМОН

Юриб ўтди олов ичидан,
Оловларни ўртаб куйдирди.
Озодликни севаркан — чиндан
Юрагига чуқур ўйдирди
Ишқ-муҳаббат, миллат ва Ватан,
Ўзбекона қайғу шаклини.
Қайси уйда қолдирди экан
Овозини, ўткир ақлини?

Исботлади: «шоир» сўзига
Мос қофия аслида «темир».
Ўн йилдан сўнг тирик кўзига
Тик қарарми ўзидек кимдир?
Гўзал тобут — унинг тобути,
Чайқалади ғам оҳангида.
Хаста суяк сабрдек собит,
Суяклари шеърнинг рангида.

Гўзал тобут — сози оламнинг,
Жасадини узоқ ухлатар,
Қўли теккан ҳар бир одамнинг,
Кўзидаги гулни уйғотар.
«Шоир ўлди!»
Ер билан само,
Ҳар юракка эркдан туғ илди.
Шу якунни биларди, аммо,
Ўлимлардан қўрқмай туғилди.

022
Машъал ХУШВАҚТ
ШАВКАТ РАҲМОННИ ЎҚИБ…

Руҳи тўлар кундан кунга улғайиб,
Бошин силаб ўстирар юрт шамоли.
Бино бўлар савқидан минг ғаройиб,
Хаёллари малойиклар хаёли.

Мана энди кўзсиз кўра бошлади,
Энди қўлсиз қаттиқ қуча олади.
Оёқларсиз илдам юра бошлади,
Қанотларсиз баланд уча олади.

Такаллумсиз мумкин экан сўзламоқ,
Мумкин экан идрок қилмай тушуниш.
Ўнгирларнинг қонимикин қизғалдоқ,
Қир-адирнинг иссиқ жони – каламуш?..

Тунаб қолар чигиртканинг уйида,
Қутлуғ маскан унга мўрнинг уяси.
Меҳмон бўлар бир илоннинг тўйида,
Бир чаённинг эди соҳиб азоси…

Дайдиб-дайдиб анғизларда юради,
Қоқиқизлар оёғига ёпишар.
Майсаларнинг тушларига киради,
Тушларида бинафшалар ўпишар.

Насиб қилса, ҳали дарров ўлмайди,
Ҳали ҳаққи бордир тунда, кундузда.
Қачон унинг сабри тўлар, билмади,
Қабри бўлар унинг қайси юлдузда?..

022
Холдор Вулқон
ШАВКАТСИЗ ДУНЁ

«Осмон тўла ҳаволар, фақат менга етмайди»
Шавкат Раҳмон

Нарсаларнинг заруратини,
Одам мухтож бўлганда англар.
Учар ғамгин дайди капалак,
Ботаргоҳда сўнади ранглар.

Меҳмон келар қўлида чалғи,
Қўноқ бўлиб довюрак, мардга.
Булут узра ётар бир шоир,
Чалинганча тузалмас дардга.

Бундай дардни шоирга эмас,
Душманга ҳам кўрмайсан раво.
О Шавкатсиз, беШавкат дунё,
Шоирга бер бир қултум ҳаво!

Том устида йиғлаётган ким?
Уй шифтидан ўтмоқда чакка.
Ҳақ ёритган ҳужрасида жим,
Шавкат Раҳмон ётибди якка.

Бўғилмоқда бугун шеърият,
Хириллайди ғамгин наволар.
Қийналмоқда ололмай нафас,
Шавкат етишмаган ҳаволар.

022
Иқбол МИРЗО
ШАВКАТ РАҲМОН

Учиб-қўниб, учиб-қўниб шом-саҳарлар
Нафис санъат саҳнасида пойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Капалаклар учмайдиган жойга кетди.

Ким қуёшга солди ердан топиб гавҳар,
Ким кўнглига шуъла истаб ойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Чироқ ёниб ўчмайдиган жойга кетди.

Чорбозорда сўз ахтарар харидорлар,
Биров катта кетса, биров майда кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Ёлғон қасам ичмайдиган жойга кетди.

Аёлларнинг банди бўлди қайси мардлар,
Қай дарвешлар чоғир ила майга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Туҳмат тоши тушмайдиган жойга кетди.

Нағмаларни бас қилинглар, энди етар,
Қўлларингиз бекор дутор-найга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Осойишта ухлайдиган жойга кетди.

022
Карим БАҲРИЕВ
ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан.

Менга ҳам аталган бир қатим нур бор,
Ҳаво бор – тўлдирдим кўкракларимни.
Яна етиб келдим ўзингга, баҳор,
Офтобинг иситди суякларимни.

Бўлди, адо бўлди тизгинсиз қувват,
Энди сиғинарман мен ўз ғоямга.
Энди ўз ёғимда қоврилгум фақат,
Салом бергум фақат мен ўз соямга.

Мени кечирингиз, ўқимас, майли,
Бировга ёқмаса ғамангиз сўзим.
Билдим, қутқаролмас одамни одам,
Агар қўл чўзмаса Аллоҳнинг ўзи.

Тупроқнинг хуш иси, қушлар чуғури,
Майсалар шивири дилимга яқин.
Туғилган ҳар киши дам ўтган сари
Секин бораверар ўлимга яқин.

Туғилмаган – ўлмас, ўлар – туғилган,
Туғилган онингдан ёй тортди тақдир.
Кўз очган заҳотинг бир ўқ отилган,
Умринг – шу ўқ келиб топгунча вақтдир.

Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.

2011

022
Бобомурод Эрали
АРАВОН

Шавкат Раҳмонга

1. ОЙДИН ХАЁЛ

Юраверсанг, хаёл суриб, ҳеч ким кўрмаса,
Кўкда ғужғон жимирласа юлдузлар тошиб.
Етиб келса шамол эски улфат, танишдек,
Сокингина далалару қирлардан шошиб.

Сукунатнинг қабосини кийган дарахтлар,
Ҳаё билан ерга қараб уялиб турса.
Қоровулми, ё бир отлиқ шундай гўзал пайт,
Сенга ўхшаб ёлғиз ўзи айланиб юрса.

Чирилдоқлар тўй қилишар бутазорларда,
Тўйхат бериб айтганида сен ҳам борардинг.
Даврасида юрагингни бўшатиб ёзган
Меҳмонларга шеърларингдан ўқиб берардинг.

Ариқларда оқаётир сув симобсимон,
Ойдинликда ялтирайди, товланар ял-ял.
Оқаётир тилла янглиғ, ё кумушсимон,
Ўт-ўланлар сукутдаю жонзот бўлиб лол.

Ойни ичсанг, тонгга қадар тип-тиниқ сутдек,
Ичаверсанг, токи ундан ёришса ичинг.
Дарахтлар ҳам ича олмас сен ичганингдек,
Ичаверсанг, ой нурига тутиб ҳовучинг.

Юраверсанг, бўшаб ётган сайҳонлар оша,
Сени бунга ташлаб кетса билдирмай шамол.
Қадрдонинг ниначилар шошилганича,
Жўнаб қолса чолғусини кўтариб дарҳол.

Ялпизларнинг қулоғида шода марварид,
Кечагина осмон унга тақиб қўйгандек.
Дарахтлар япроғини бир-бир туширар,
Ичга ютган ғамларини сўйлаётгандек.

Ёрғучоқда ғамни туйиб малҳам айласанг,
Ой нурини қуйсанг озроқ, қўшилса шудринг.
Дарахтлар шивирию сой шовуллаши,
Бу ҳаётнинг аччиғин ҳам, бир татиб кўринг.

Нима қилсанг, зиёфатга келмаса ҳеч ким,
Эртагача айниб қолса бу тансиқ таом.
Дўстларинг ҳам хушламайди, тановул қилмас,
Балки, балки узр сўра, пишмаганми, хом?

Юраверсанг хаёл суриб, ҳеч ким кўрмаса,
Тунни, ойни, юлдузларни қотириб қўйсанг.
Ғам-қайғуга ўзинг ботсанг, ботмаса ҳеч ким,
Ёш гўдакдек бошқаларга жилмайиб қўйсанг.

2. ЧИСТОН

Қараб туриб ўйланаман, ғамлар ютаман,
Кўз олдимда ёқут каби айланар анор.
Сенга лойиқ эмаслигин анча кеч билдим,
Узун тунлар мижжа қоқмай тикканим қанор.

Бу ҳаётнинг чистонига жавоб ҳам мушкул,
Қийналасан, ўйланасан сочинг оқариб.
Юзларига парда тортган ғам-қайғуларим,
Юрагимдан чиқиб келар тобут кўтариб.

Шу тобутга жойлаб ана сулув келиндек
Олиб ўтар севгилимни, кўз қувончимни.
Гулгун юзи порлаб мени асир айлаган,
Ҳаловатим ўғирлаган, олган тинчимни.

Қанча тунлар ёлвордим мен, кел деб чақирдим,
Тушларимда пайдо бўлиб эс-ҳушим олди.
Ўз-ўзимча ёқарми деб шеърлар тўқирдим,
У нозланди, у юз бурди, қайғуга солди.

Шамол бўлиб йўлларига чиқиб турардим,
Майли, фақир қулинг бўлай дердим ёлвориб.
Оёғига йиқилмоққа шайланар эдим,
Зора менга қиё боқса ҳоли ўзгариб.

У йўлини бошқа томон бурди бемалол,
Оҳ-воҳ уриб қолавердим, кўнгил ҳам бўшаб.
Дилрабога борлиғимни фидо этардим,
Афсус, келмас жонимни ҳам қўйсамда тўшаб.

Бир жилмайиш, табассуми мени зор айлар,
Нима борки бисотимда бермоққа тайёр.
У тўхтамас, мен бечора алданган ошиқ,
Маликадек бевафо у, маккор ва айёр.

Ноз-карашма қилганича олислайди у,
Қўл чўзаман, қўлим етмас, этагин силкар.
У тўхтамас, қайрилиб ҳам қарамас бир бор,
У ҳурлиқо, у гулсанам, у парипайкар.

Телба каби интилганим сари қочар у,
Йўлларига кўз тикканим беҳуда бари.
Кўз олдимда жилва қилар, истиғно айлар,
Узоқлашиб бораверар етганим сари.

Энди эса шу анорга термиламан жим,
Аччиқми ё ширинми деб ўйлайман ҳануз.
У ҳурлиқо қайга кетди, борайин десам,
Изларини супурибди фаррош каби куз.

3. ҚЎТОСЛАР

Қорли тоғлар этагида қўтослар борар,
Бораверар ёйилганча кенглик, адирга.
Оғизлардан кўпик тошар, ҳаллослаб чопар,
Қорда юрмоқ оғир, оғир, шамол ҳам бирга.

Кўз очирмас олдиндаги эсган изғирин,
Бир тарафда ҳидни олиб бўрилар увлар.
Бир тарафдан келаётир қашқирлар ўраб:
Базмларни безатар деб бундай сурувлар.

Сал орқада оқсоқланар кекса бир қўтос,
Қочмоқ истар, қоча олмас, йиртқич чанг солар.
Тишлаб тортар, тилка-пора айлар лошини,
Осмондаги ғажирлар ҳам қулай пайт пойлар.

Қўтосларни ҳайдар шамол олдига солиб,
Ўнқир-чўнқир жардан ўтар тўхтамай бирпас.
Чор тарафда хавфу хатар, таҳлика, ваҳм,
Увиллашу тиш ғижири, ваҳшиёна сас.

Қорга ботар тепаликда қора қўтослар.
Қош қораяр, ҳалигача ойдан дарак йўқ.
Яйдоқ чўлдай ҳувиллайди бўм-бўш даралар,
Қор аралаш, қор аралаш, тиғ санчар совуқ.

Рўпарада яна довон, музлик, шамол, қор,
Ҳаёт-мамот жанги борар, ҳалокат тайин.
Қўрқув билан забт этилмас юксак чўққини,
Қўтосларнинг шашти тушар боргани сайин.

Ҳув жарликдан чиқиб келар қашқирлар ногоҳ,
Орқароқда юра олмас қўтос қалтираб.
Бир зарбада тинчийди у, жон берар афсус,
Йиртқичларнинг даврасида осмонга қараб.

Йўл кўринмас. Қор бўрони қўпар кенгликда,
Ёввойи бир қичқириғу даҳшат ва қўрқув.
Қор бағирлаб судралади олдинга қараб
Қоронғида қўтослардан иборат сурув.

Қонсираган йиртқич гала ҳамла қилмоқчи,
Мунглиғ шамол огоҳ этар бурғуни чалиб.
Гоҳ кўринар, гоҳ йўқолар, кутилмаганда
Човут солар қўтосларга яна айланиб.

Баланд тоғлар этагида қўтослар борар,
Қор аралаш изғиринда кўзлар юмилиб.
Нигоҳларда қотиб қолган шашту шижоат,
Гоҳ юради, гоҳ йиқилар қорга кўмилиб.

4. ЎТОВ

Чўққиларнинг кийиб олган дубулғалари
Олислардан қараганда турар ярашиб.
Оппоқ соқол ҳилпирайди, таралганида
Дараларга оқиб тушар кўксидан тошиб.

Қоятошлар хаёл сурар сукутга чўмиб,
Ҳар бир қадам қўйганингда юргин сен ўйлаб.
Сулаймонтоғ бошидаги тошларга қара,
Сенга не-не ҳикоятлар беради сўйлаб.

Харсангтошдан силқиб чиққан чашма бир ҳовуч,
Қандай роҳат бориб ичсанг чанқаганингда.
Чўпон бўлиб юрсам дейсан тоғлар бағрида,
Ўтов тикиб яшасам деб ҳар борганингда.

Кечалари юлдузларга тўйиб термилсанг,
Руҳингни ҳам тонгга қадар ювиб сойларда.
Қоятошлар кафтида сен ўйланиб ётсанг,
Гўдак каби эркаланиб бундай жойларда.

Ҳар тарафдан ўраб турган ҳайбатли тоғлар,
Сенга бир не айтмоқ бўлар донишманд чолдек.
Дараларнинг тор сўқмоғи қайга йўл бошлар,
Хаёлларинг тутқич бермас учқур маролдек.

Хотирангда изтироблар қайнар булоқдек,
Кечалари оқиб ётар, сени тинч қўймас.
Қандай ширин ғам-андуҳинг, ундан тотганлар
Мазасини бир умрга унута олмас.

Водий сари кўз ташлайсан, ҳорғин қарайсан,
Ич-ичингда бош кўтарар ожиз бир титроқ.
Наҳот, наҳот, темирчилар босқонларида
Ҳалигача ясаётир чалғи ва ўроқ.

Наҳот, наҳот, эр йигитлар отлар чоптириб,
Қиличларин кўкка сермаб, ойга қайрамас.
Тун қуюлар, дара йўллар қоронғиликда,
Наҳот, энди у йўлларда асло юрилмас.

Ўтов томон яқинлашар тиш қайраб довул,
Кенгликларга энтикасан ололмай нафас.
Қанча вақт ардоқлаган маъюс қушчани
Ташқарига учиради бу кўкрак қафас.

Юрагингнинг торларини камон ипидек,
Сўнгги марта тортиб шайла отайин десанг.
Сўзларингни найза каби териб қўй қатор,
Гўрингда тинч, бехавотир ётайин десанг.

022
Наби Жалолиддин
ШАВКАТ РАҲМОН

У аллалаб ўтди уйғоқ тоғларни,
Зўр дардга эш қилиб дили соғларни,
Соғиниб яшади ҳар қирғоқларни,
Шавкат Раҳмон деган ўжар бир дарё.

Сулаймон тоғининг этакларида,
Минг бир шоирларнинг эртакларида,
Баҳорий новдалар куртакларида
Яшади ўзбаки озод бир дунё.

Куйлари мухтасар — мисли шошгандай,
Боши Ўшдан эрса, сўнги Тошкандай,
Ҳар сатри гувлаган дарё тошгандай
Буюк шеър яралди бўйлари ҳулво…

Умр бунчалар оз, ўв, Шавкат Раҳмон,
Маҳзун қолди қоғоз, ўв, Шавкат Раҳмон,
Қайдин келар овоз – “ўв, Шавкат Раҳмон!”
Ёҳуд ёғилурми раҳмати Худо?!

Қуёшни кўтарди Сулаймон тоғи,
Ана, далаларда шуълалар доғи,
Шеър ила қуёшга бўйлаган чоғи
Ватанга сочилди ўжар бир наво…

022
Талант Бек
ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Ухлаб ётганларни уйғот, эй, шоир,
Йўқса уммонларни тўнкарар Худо.
Рауф ПАРФИ

1. Улуғ жанг борадир. Ваҳший оломон,
Эзғилайди чиркин оёқларида.
Майиб дил фарёди. Пойида бошим…
Худодан қизғондим ўзимни, ҳатто,
Лайлининг итига айландим ҳар сафар.
Бақирдим уларнинг йўқ шевасида…
Ўз бекам. Омондир саноқли қизлар,
Қутлибека. Ойдин. Қушлар чуғурлар.
Этагида мозор тупроғи чангир…

2. Улуғ жанг борадир. Тинчлан, шоирим,
Ханжарга айланиб кетмасин қалам.
Қоғозни юзида ҳирқирар товуш…
Сусамбилни топган эшакдай алар,
Бемалол ҳанграса… Қорни тўйса, бас.
Тузукпи шеър билмас ватан ҳақида…
Ухлаган онадан алла эшитмай,
Билмайди онаси сўз эканлигин.
Шамол уриларми чирик оғочга…

3. Улуғ жанг борадир. Янграр туркулар,
Шоирин танимас. Навоий қайда?
Ўлигин қўяди тупрокдан устун…
Уйғонинг, туркийлар! Уйғонгил, тупроқ,
Шоири қолмади бу элнинг ахир.
Қоялар кўксида йиғлайди шамол…
Бари кўзи очиқ ухлайди кўрсанг,
Ҳаром йилтиллайди қорачиғида.
Илдизин зангига ташна сувлиғи…

4. Улуғ жанг борадир. Фалакка термул,
Бошингда осмондир. Қўллагай Худо.
Қиличлар жаранги уйғотмас нечун?
Ўликлар тирикдир. Тириклар ўлик,
Ки, фаҳш бижғиган тўшакларидан.
Аждодлар арвоҳи чирқирар нолон…
Ўлдирганлар учун, ўлганлар учун,
Бири кетин мақтар, бири кўкрагин.
Юлдузларни тақиб бўлмас ҳеч қачон…

5. Улуғ жанг борадир. Сарҳадсиз соғинч,
Кузак мезонлари сим тортар Ўшга.
Касалванд япроқлар. Қуёш сочилган…
Томоғингни йиртиб қичқирма, хўроз,
Шаҳидлар қоними тутган тожингда?
Уйғотсам бўлар-ку, тонгни шивирлаб…
«Чинқириб ўсади хўрланган майса.
Борми эр йигитлар? Борми эр-қизлар?
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!»

2013

022
Абдулҳақ
ШАВКАТ РАҲМОНГА

Ғалаёнга тўла вужуддан
Охир дунё бўлдими халос?
Ер остида ётибсиз, мана
Барча мўмин бандаларга хос.

Ўйчан кўзлар ўяди ўйим,
Лек бу кўзлар мангу яшайди.
Сизни ёдга олган чоғларим
Менинг дилгир дилим қақшайди.

Худо берган эзгу сўзингиз
Жон аталган жойга қадалган.
Қисқа, қора, қизиқ қисмат-эй
Наҳот Сизга, Сизга аталган.

Бўғзим бўғар бўғиқ бўзларим,
Икки дунё теварагида.
Сиз-чи мунгга тўлиб ётибсиз
Қулоқ солиб ернинг тагида.

022
Абдуллоҳ ЮСУФ
ШАВКАТ РАҲМОН
Мувашшаҳ

Шеъриятда ўжарлик устун,
Абжир бўлсин шоир қалами.
Вулқон каби портламоқ учун,
Кўклар каби бўлсин алами.

Асил шоир ёниб ёзади,
Титратади ўктам овози.
Разолатни ёриб ёзади,
Аламлардан ёнар қоғози.

Ҳар бир сўзи бамисли ўқдай,
Мисли бургут баланд парвози.
Олам аро ўлмас қўшиқдай
Нидо берар ўжар овози…

 

2 oktyabr — Shavkat Rahmon xotirasi kuni.

Qisqa umr ko’rib, ammo o’zidan mag’zi to’q, zalvorli ijod namunalarini qoldirgan Shavkat Rahmon betakror iste’dod sohibi edi. Shavkat Rahmon Yaratganning o’ziga bergan shoirlik iste’dodining atomga teng quvvatini So’z deb atalmish qudratning poyiga to’kdi. U tanlagan so’zlar chaqindek yarq etib bir onda ongu shuurimizni yoritadi, chaqin umridan farqli o’laroq, o’z badiiy zalvori bilan xotirangizda uzoq yashaydi.Shavkat Rahmon xotirasi kuni munosabat bilan shoirga bag’ishlov tarzida yozilgan ayrim she’rlarni taqdim etamiz.

SHAVKAT RAHMON XOTIRASIGA
BAG’ISHLANGAN SHE’RLAR

Mushoira
01

022
Xurshid DAVRON
SOG’INCH

Sensiz yuragimning bir joyi bo’mbo’sh,
Sensiz hayotimning mazmuni butmas.
Eng og’ir damlarda seni chorlayman,
Garchi men bilaman ovozim yetmas.

Garchi sen tomonga ovozim yetmas,
Bari bir chorlayman bamisoli O’sh.
Sensiz hayotimning mazmuni butmas,
Sensiz yuragimning bir joyi bo’mbo’sh.

2015

BAROKO’H TOG’IGA TIRMASHIB CHIQDIM…
Shavkat Rahmonga

Baroko’h tog’iga tirmashib chiqdim,
Harsillab,o’rmalab yopishdim toshga.
Baroko’h tog’iga tirmashib chiqdim,
Yaqinroq turay deb qadim quyoshga.

Pastda qolsin dedim dildagi yig’im,
Pastda qolsin dedim ma’yus o’ylarim.
Baroko’h tog’iga tirmashib chiqdim,
Yuksakni tuysin deb sodda kuylarim.

Dedilar:»Shoshilma,Bobur uyi yo’q,
Buzganlar kechasi,buzganlar pinhon».
Dedilar:»Shoshilma,Bobur uyi yo’q,
Faqat poydevori qolgandir omon».

Dedim:»Uyni ko’rmoq aslo shart emas!».
Dedim do’stlarimga tikilib mag’rur:
«Uning poydevori omon bo’lsa,bas,
Uyni bo’lsa o’zim qilgum tasavvur!».

Uyni buzganlari dilni ezsa-da,
Yurakni qissa-da cheki yo’q bir g’am.
Ko’ksim bo’g’zimdagi toshni sezsa-da,
Baroko’h ustida yangrar qahqaham.

Poydevor omondir,demak,uy omon,
U yana tiklanar,toki bor firoq.
Toki bor boshimda bu qadim osmon,
Toki bor bobolar qon to’kkan tuproq.

1985
O’sh shahri

022
Muhammad Yusuf
LOLAQIZG’ALDOQ

Shavkat Rahmon xotirasiga

Mendan nima qolar:
Ikki misra she’r,
Ikki sandiq kitob,
Bir uyum tuproq.
Odamlar ortimdan
Nima desa der,
Men seni o’ylayman
O’zimdan ko’proq –
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Men ketsam, yomondan
Yiroq bo’l, ohu,
Chunki sen chiroyli,
Ko’rkli bir juvon.
Yomon kunlar bir kun
Yaxshi bo’lar-u,
Yomon odam yaxshi
Bo’lmas hech qachon…
Yasha chegarada
Turgandek ogoh,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Uyda yotibman-u,
Sezib turipman,
Ko’kda kelayotir
Qushlar qaytishib.
Xayrlar yog’dirib
Qanotlaridan,
Xasta shoiriga
Vido aytishib.
Bor, mening uchun ham
Ularga qo’l qoq –
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Ularni men yana
Ko’rarmanmi-a,
Ayvondan odamdek
Kuzatolmadim.
Kuz. To’ylar boshlandi.
Yuragim pora –
Bitta qizimni ham
Uzatolmadim…
Demak, taqdir ekan
To’y ko’rmay o’lmoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Biroq, ko’nglim sezar,
Mendan keyin ham,
Bir kun bu hovliga
Odam to’ladi.
Hali to’ylar qilib
Charchaysan, erkam,
Mening qizlarim eng
Baxtli bo’ladi!
Kelinlar ko’ylagi
Ruhimday oppoq –
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Gulim, yaqinroq kel,
Qara, ne savdo,
Bu ajib ishlarni
Dil lavhiga yoz:
Kimga qasr yetmas,
Kimga mol-dunyo,
Menga esa havo
Yetmaydi, xolos.
Tiriklar mudroqda,
O’liklar uyg’oq –
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Ko’ksim kuyib borar,
Ko’krak yonmoqda,
Ayting do’xtirlarga,
Yorishsa yorsin!
Jism o’z ulfati –
Jondan tonmoqda.
Bechora jon endi
Qaerga borsin.
Endi osmon yiroq,
Endi yer yumshoq –
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Bunu xayot derlar,
Unutma aslo,
Bir kun ochilasan,
Bir kun so’lasan.
Qalbimda-ku, faqat
Sen eding tanho,
Qabrim ustida ham
O’zing bo’lasan.
Sen bizning sevgidan
Xotira – bayroq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Ayol qalbing bilan
Suv kech, olov kech,
G’am kelsa boshingdan
Xushing uchmasin.
Xudodan so’radim:
Mendan keyin hech,
Nomard kimsalarga
Ishing tushmasin.
Ularning qo’lida
Hamisha tuzoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Ishing tushsa, inim
Muhammadga bor,
Shoirlar ichida
Ishonganim shu.
Biroz ichishini
Aytmasa agar,
Ko’ksi tiniq bola,
Halol bola u.
Faqat sal soddaroq,
Faqat sal yoshroq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

Jon so’ngi boshpana
Toparkan ongda,
U yurak ostida
Derdim men bo’lsam.
Ajablanma agar
Ertaga tongda
Seni o’pib, O’shni
Quchoqlab o’lsam!..
O’tinchim – tepamda
Yig’lama uzoq,
Lola, lolajonim,
Lolaqizg’aldoq!

022
Asqar MAHKAM
SHAVKAT RAHMON

Shoirlar bir kuni o’limdan oldin
Shundayin bir she’rni ketarlar aytib:
“Mendan so’ng ortimda To’g’ri So’z qolsin,
Endi men hech qachon kelmayman qaytib.

Oy dedim qachonlar sariq ilonni,
U zarrin zahrini quydi bo’g’zimga,
Mukammal ko’ray deb bani insonni
Men xanjar sanchganman tunlar ko’ksimga…

022
Salim ASHUR
ARMON

Yurib o’tdi olov ichidan,
Olovlarni o’rtab kuydirdi.
Ozodlikni sevarkan — chindan
Yuragiga chuqur o’ydirdi
Ishq-muhabbat, millat va Vatan,
O’zbekona qayg’u shaklini.
Qaysi uyda qoldirdi ekan
Ovozini, o’tkir aqlini?

Isbotladi: «shoir» so’ziga
Mos qofiya aslida «temir».
O’n yildan so’ng tirik ko’ziga
Tik qararmi o’zidek kimdir?
Go’zal tobut — uning tobuti,
Chayqaladi g’am ohangida.
Xasta suyak sabrdek sobit,
Suyaklari she’rning rangida.

Go’zal tobut — sozi olamning,
Jasadini uzoq uxlatar,
Qo’li tekkan har bir odamning,
Ko’zidagi gulni uyg’otar.
«Shoir o’ldi!»
Yer bilan samo,
Har yurakka erkdan tug’ ildi.
Shu yakunni bilardi, ammo,
O’limlardan qo’rqmay tug’ildi.

022
Mash’al XUSHVAQT
SHAVKAT RAHMONNI O’QIB…

Ruhi to’lar kundan kunga ulg’ayib,
Boshin silab o’stirar yurt shamoli.
Bino bo’lar savqidan ming g’aroyib,
Xayollari maloyiklar xayoli.

Mana endi ko’zsiz ko’ra boshladi,
Endi qo’lsiz qattiq qucha oladi.
Oyoqlarsiz ildam yura boshladi,
Qanotlarsiz baland ucha oladi.

Takallumsiz mumkin ekan so’zlamoq,
Mumkin ekan idrok qilmay tushunish.
O’ngirlarning qonimikin qizg’aldoq,
Qir-adirning issiq joni – kalamush?..

Tunab qolar chigirtkaning uyida,
Qutlug’ maskan unga mo’rning uyasi.
Mehmon bo’lar bir ilonning to’yida,
Bir chayonning edi sohib azosi…

Daydib-daydib ang’izlarda yuradi,
Qoqiqizlar oyog’iga yopishar.
Maysalarning tushlariga kiradi,
Tushlarida binafshalar o’pishar.

Nasib qilsa, hali darrov o’lmaydi,
Hali haqqi bordir tunda, kunduzda.
Qachon uning sabri to’lar, bilmadi,
Qabri bo’lar uning qaysi yulduzda?..

022
Xoldor Vulqon
SHAVKATSIZ DUNYO

«Osmon to’la havolar, faqat menga yetmaydi»
Shavkat Rahmon

Narsalarning zaruratini,
Odam muxtoj bo’lganda anglar.
Uchar g’amgin daydi kapalak,
Botargohda so’nadi ranglar.

Mehmon kelar qo’lida chalg’i,
Qo’noq bo’lib dovyurak, mardga.
Bulut uzra yotar bir shoir,
Chalingancha tuzalmas dardga.

Bunday dardni shoirga emas,
Dushmanga ham ko’rmaysan ravo.
O Shavkatsiz, beShavkat dunyo,
Shoirga ber bir qultum havo!

Tom ustida yig’layotgan kim?
Uy shiftidan o’tmoqda chakka.
Haq yoritgan hujrasida jim,
Shavkat Rahmon yotibdi yakka.

Bo’g’ilmoqda bugun she’riyat,
Xirillaydi g’amgin navolar.
Qiynalmoqda ololmay nafas,
Shavkat yetishmagan havolar.

022
Iqbol MIRZO
SHAVKAT RAHMON

Uchib-qo’nib, uchib-qo’nib shom-saharlar
Nafis san’at sahnasida poyga ketdi.
Shavkat Rahmon qayga ketdi, birodarlar,
Kapalaklar uchmaydigan joyga ketdi.

Kim quyoshga soldi yerdan topib gavhar,
Kim ko’ngliga shu’la istab oyga ketdi.
Shavkat Rahmon qayga ketdi, birodarlar,
Chiroq yonib o’chmaydigan joyga ketdi.

Chorbozorda so’z axtarar xaridorlar,
Birov katta ketsa, birov mayda ketdi.
Shavkat Rahmon qayga ketdi, birodarlar,
Yolg’on qasam ichmaydigan joyga ketdi.

Ayollarning bandi bo’ldi qaysi mardlar,
Qay darveshlar chog’ir ila mayga ketdi.
Shavkat Rahmon qayga ketdi, birodarlar,
Tuhmat toshi tushmaydigan joyga ketdi.

Nag’malarni bas qilinglar, endi yetar,
Qo’llaringiz bekor dutor-nayga ketdi.
Shavkat Rahmon qayga ketdi, birodarlar,
Osoyishta uxlaydigan joyga ketdi.

022
Karim Bahriev
SHAVKAT RAHMON XOTIRASIGA

Goh yerdan, goh ko’kdan nimadir kutdim,
Nihoyat qutuldim qayg’u, qo’rqishdan.
Emranib, sog’inib shu kunga yetdim,
O’lmay o’tib oldim yana bir qishdan.

Menga ham atalgan bir qatim nur bor,
Havo bor – to’ldirdim ko’kraklarimni.
Yana yetib keldim o’zingga, bahor,
Oftobing isitdi suyaklarimni.

Bo’ldi, ado bo’ldi tizginsiz quvvat,
Endi sig’inarman men o’z g’oyamga.
Endi o’z yog’imda qovrilgum faqat,
Salom bergum faqat men o’z soyamga.

Meni kechiringiz, o’qimas, mayli,
Birovga yoqmasa g’amangiz so’zim.
Bildim, qutqarolmas odamni odam,
Agar qo’l cho’zmasa Allohning o’zi.

Tuproqning xush isi, qushlar chug’uri,
Maysalar shiviri dilimga yaqin.
Tug’ilgan har kishi dam o’tgan sari
Sekin boraverar o’limga yaqin.

Tug’ilmagan – o’lmas, o’lar – tug’ilgan,
Tug’ilgan oningdan yoy tortdi taqdir.
Ko’z ochgan zahoting bir o’q otilgan,
Umring – shu o’q kelib topguncha vaqtdir.

Zamin ketib borar samoda o’qday,
Men ham borayapman omonat, giryon.
Nimadir kutarman yerdanmi, ko’kdan…
Yetib olsam edi yozgacha omon.

2011

022

Bobomurod Erali
ARAVON

Shavkat Rahmonga

1. OYDIN XAYOL

Yuraversang, xayol surib, hech kim ko’rmasa,
Ko’kda g’ujg’on jimirlasa yulduzlar toshib.
Yetib kelsa shamol eski ulfat, tanishdek,
Sokingina dalalaru qirlardan shoshib.

Sukunatning qabosini kiygan daraxtlar,
Hayo bilan yerga qarab uyalib tursa.
Qorovulmi, yo bir otliq shunday go’zal payt,
Senga o’xshab yolg’iz o’zi aylanib yursa.

Chirildoqlar to’y qilishar butazorlarda,
To’yxat berib aytganida sen ham borarding.
Davrasida yuragingni bo’shatib yozgan
Mehmonlarga she’rlaringdan o’qib berarding.

Ariqlarda oqayotir suv simobsimon,
Oydinlikda yaltiraydi, tovlanar yal-yal.
Oqayotir tilla yanglig’, yo kumushsimon,
O’t-o’lanlar sukutdayu jonzot bo’lib lol.

Oyni ichsang, tongga qadar tip-tiniq sutdek,
Ichaversang, toki undan yorishsa iching.
Daraxtlar ham icha olmas sen ichganingdek,
Ichaversang, oy nuriga tutib hovuching.

Yuraversang, bo’shab yotgan sayhonlar osha,
Seni bunga tashlab ketsa bildirmay shamol.
Qadrdoning ninachilar shoshilganicha,
Jo’nab qolsa cholg’usini ko’tarib darhol.

Yalpizlarning qulog’ida shoda marvarid,
Kechagina osmon unga taqib qo’ygandek.
Daraxtlar yaprog’ini bir-bir tushirar,
Ichga yutgan g’amlarini so’ylayotgandek.

Yorg’uchoqda g’amni tuyib malham aylasang,
Oy nurini quysang ozroq, qo’shilsa shudring.
Daraxtlar shiviriyu soy shovullashi,
Bu hayotning achchig’in ham, bir tatib ko’ring.

Nima qilsang, ziyofatga kelmasa hech kim,
Ertagacha aynib qolsa bu tansiq taom.
Do’stlaring ham xushlamaydi, tanovul qilmas,
Balki, balki uzr so’ra, pishmaganmi, xom?

Yuraversang xayol surib, hech kim ko’rmasa,
Tunni, oyni, yulduzlarni qotirib qo’ysang.
G’am-qayg’uga o’zing botsang, botmasa hech kim,
Yosh go’dakdek boshqalarga jilmayib qo’ysang.

2. CHISTON

Qarab turib o’ylanaman, g’amlar yutaman,
Ko’z oldimda yoqut kabi aylanar anor.
Senga loyiq emasligin ancha kech bildim,
Uzun tunlar mijja qoqmay tikkanim qanor.

Bu hayotning chistoniga javob ham mushkul,
Qiynalasan, o’ylanasan soching oqarib.
Yuzlariga parda tortgan g’am-qayg’ularim,
Yuragimdan chiqib kelar tobut ko’tarib.

Shu tobutga joylab ana suluv kelindek
Olib o’tar sevgilimni, ko’z quvonchimni.
Gulgun yuzi porlab meni asir aylagan,
Halovatim o’g’irlagan, olgan tinchimni.

Qancha tunlar yolvordim men, kel deb chaqirdim,
Tushlarimda paydo bo’lib es-hushim oldi.
O’z-o’zimcha yoqarmi deb she’rlar to’qirdim,
U nozlandi, u yuz burdi, qayg’uga soldi.

Shamol bo’lib yo’llariga chiqib turardim,
Mayli, faqir quling bo’lay derdim yolvorib.
Oyog’iga yiqilmoqqa shaylanar edim,
Zora menga qiyo boqsa holi o’zgarib.

U yo’lini boshqa tomon burdi bemalol,
Oh-voh urib qolaverdim, ko’ngil ham bo’shab.
Dilraboga borlig’imni fido etardim,
Afsus, kelmas jonimni ham qo’ysamda to’shab.

Bir jilmayish, tabassumi meni zor aylar,
Nima borki bisotimda bermoqqa tayyor.
U to’xtamas, men bechora aldangan oshiq,
Malikadek bevafo u, makkor va ayyor.

Noz-karashma qilganicha olislaydi u,
Qo’l cho’zaman, qo’lim yetmas, etagin silkar.
U to’xtamas, qayrilib ham qaramas bir bor,
U hurliqo, u gulsanam, u paripaykar.

Telba kabi intilganim sari qochar u,
Yo’llariga ko’z tikkanim behuda bari.
Ko’z oldimda jilva qilar, istig’no aylar,
Uzoqlashib boraverar yetganim sari.

Endi esa shu anorga termilaman jim,
Achchiqmi yo shirinmi deb o’ylayman hanuz.
U hurliqo qayga ketdi, borayin desam,
Izlarini supuribdi farrosh kabi kuz.

3. QO’TOSLAR

Qorli tog’lar etagida qo’toslar borar,
Boraverar yoyilgancha kenglik, adirga.
Og’izlardan ko’pik toshar, halloslab chopar,
Qorda yurmoq og’ir, og’ir, shamol ham birga.

Ko’z ochirmas oldindagi esgan izg’irin,
Bir tarafda hidni olib bo’rilar uvlar.
Bir tarafdan kelayotir qashqirlar o’rab:
Bazmlarni bezatar deb bunday suruvlar.

Sal orqada oqsoqlanar keksa bir qo’tos,
Qochmoq istar, qocha olmas, yirtqich chang solar.
Tishlab tortar, tilka-pora aylar loshini,
Osmondagi g’ajirlar ham qulay payt poylar.

Qo’toslarni haydar shamol oldiga solib,
O’nqir-cho’nqir jardan o’tar to’xtamay birpas.
Chor tarafda xavfu xatar, tahlika, vahm,
Uvillashu tish g’ijiri, vahshiyona sas.

Qorga botar tepalikda qora qo’toslar.
Qosh qorayar, haligacha oydan darak yo’q.
Yaydoq cho’lday huvillaydi bo’m-bo’sh daralar,
Qor aralash, qor aralash, tig’ sanchar sovuq.

Ro’parada yana dovon, muzlik, shamol, qor,
Hayot-mamot jangi borar, halokat tayin.
Qo’rquv bilan zabt etilmas yuksak cho’qqini,
Qo’toslarning shashti tushar borgani sayin.

Huv jarlikdan chiqib kelar qashqirlar nogoh,
Orqaroqda yura olmas qo’tos qaltirab.
Bir zarbada tinchiydi u, jon berar afsus,
Yirtqichlarning davrasida osmonga qarab.

Yo’l ko’rinmas. Qor bo’roni qo’par kenglikda,
Yovvoyi bir qichqirig’u dahshat va qo’rquv.
Qor bag’irlab sudraladi oldinga qarab
Qorong’ida qo’toslardan iborat suruv.

Qonsiragan yirtqich gala hamla qilmoqchi,
Munglig’ shamol ogoh etar burg’uni chalib.
Goh ko’rinar, goh yo’qolar, kutilmaganda
Chovut solar qo’toslarga yana aylanib.

Baland tog’lar etagida qo’toslar borar,
Qor aralash izg’irinda ko’zlar yumilib.
Nigohlarda qotib qolgan shashtu shijoat,
Goh yuradi, goh yiqilar qorga ko’milib.

4. O’TOV

Cho’qqilarning kiyib olgan dubulg’alari
Olislardan qaraganda turar yarashib.
Oppoq soqol hilpiraydi, taralganida
Daralarga oqib tushar ko’ksidan toshib.

Qoyatoshlar xayol surar sukutga cho’mib,
Har bir qadam qo’yganingda yurgin sen o’ylab.
Sulaymontog’ boshidagi toshlarga qara,
Senga ne-ne hikoyatlar beradi so’ylab.

Xarsangtoshdan silqib chiqqan chashma bir hovuch,
Qanday rohat borib ichsang chanqaganingda.
Cho’pon bo’lib yursam deysan tog’lar bag’rida,
O’tov tikib yashasam deb har borganingda.

Kechalari yulduzlarga to’yib termilsang,
Ruhingni ham tongga qadar yuvib soylarda.
Qoyatoshlar kaftida sen o’ylanib yotsang,
Go’dak kabi erkalanib bunday joylarda.

Har tarafdan o’rab turgan haybatli tog’lar,
Senga bir ne aytmoq bo’lar donishmand choldek.
Daralarning tor so’qmog’i qayga yo’l boshlar,
Xayollaring tutqich bermas uchqur maroldek.

Xotirangda iztiroblar qaynar buloqdek,
Kechalari oqib yotar, seni tinch qo’ymas.
Qanday shirin g’am-anduhing, undan totganlar
Mazasini bir umrga unuta olmas.

Vodiy sari ko’z tashlaysan, horg’in qaraysan,
Ich-ichingda bosh ko’tarar ojiz bir titroq.
Nahot, nahot, temirchilar bosqonlarida
Haligacha yasayotir chalg’i va o’roq.

Nahot, nahot, er yigitlar otlar choptirib,
Qilichlarin ko’kka sermab, oyga qayramas.
Tun quyular, dara yo’llar qorong’ilikda,
Nahot, endi u yo’llarda aslo yurilmas.

O’tov tomon yaqinlashar tish qayrab dovul,
Kengliklarga entikasan ololmay nafas.
Qancha vaqt ardoqlagan ma’yus qushchani
Tashqariga uchiradi bu ko’krak qafas.

Yuragingning torlarini kamon ipidek,
So’nggi marta tortib shayla otayin desang.
So’zlaringni nayza kabi terib qo’y qator,
Go’ringda tinch, bexavotir yotayin desang.

022
Nabi Jaloliddin
SHAVKAT RAHMON

U allalab o’tdi uyg’oq tog’larni,
Zo’r dardga esh qilib dili sog’larni,
Sog’inib yashadi har qirg’oqlarni,
Shavkat Rahmon degan o’jar bir daryo.

Sulaymon tog’ining etaklarida,
Ming bir shoirlarning ertaklarida,
Bahoriy novdalar kurtaklarida
Yashadi o’zbaki ozod bir dunyo.

Kuylari muxtasar — misli shoshganday,
Boshi O’shdan ersa, so’ngi Toshkanday,
Har satri guvlagan daryo toshganday
Buyuk she’r yaraldi bo’ylari hulvo…

Umr bunchalar oz, o’v, Shavkat Rahmon,
Mahzun qoldi qog’oz, o’v, Shavkat Rahmon,
Qaydin kelar ovoz – “o’v, Shavkat Rahmon!”
Yohud yog’ilurmi rahmati Xudo?!

Quyoshni ko’tardi Sulaymon tog’i,
Ana, dalalarda shu’lalar dog’i,
She’r ila quyoshga bo’ylagan chog’i
Vatanga sochildi o’jar bir navo…

022
Talant Bek
SHAVKAT RAHMON XOTIRASIGA

Uxlab yotganlarni uyg’ot, ey, shoir,
Yo’qsa ummonlarni to’nkarar Xudo.
Rauf PARFI

1. Ulug’ jang boradir. Vahshiy olomon,
Ezg’ilaydi chirkin oyoqlarida.
Mayib dil faryodi. Poyida boshim…
Xudodan qizg’ondim o’zimni, hatto,
Laylining itiga aylandim har safar.
Baqirdim ularning yo’q shevasida…
O’z bekam. Omondir sanoqli qizlar,
Qutlibeka. Oydin. Qushlar chug’urlar.
Etagida mozor tuprog’i changir…

2. Ulug’ jang boradir. Tinchlan, shoirim,
Xanjarga aylanib ketmasin qalam.
Qog’ozni yuzida hirqirar tovush…
Susambilni topgan eshakday alar,
Bemalol hangrasa… Qorni to’ysa, bas.
Tuzukpi she’r bilmas vatan haqida…
Uxlagan onadan alla eshitmay,
Bilmaydi onasi so’z ekanligin.
Shamol urilarmi chirik og’ochga…

3. Ulug’ jang boradir. Yangrar turkular,
Shoirin tanimas. Navoiy qayda?
O’ligin qo’yadi tuprokdan ustun…
Uyg’oning, turkiylar! Uyg’ongil, tuproq,
Shoiri qolmadi bu elning axir.
Qoyalar ko’ksida yig’laydi shamol…
Bari ko’zi ochiq uxlaydi ko’rsang,
Harom yiltillaydi qorachig’ida.
Ildizin zangiga tashna suvlig’i…

4. Ulug’ jang boradir. Falakka termul,
Boshingda osmondir. Qo’llagay Xudo.
Qilichlar jarangi uyg’otmas nechun?
O’liklar tirikdir. Tiriklar o’lik,
Ki, fahsh bijg’igan to’shaklaridan.
Ajdodlar arvohi chirqirar nolon…
O’ldirganlar uchun, o’lganlar uchun,
Biri ketin maqtar, biri ko’kragin.
Yulduzlarni taqib bo’lmas hech qachon…

5. Ulug’ jang boradir. Sarhadsiz sog’inch,
Kuzak mezonlari sim tortar O’shga.
Kasalvand yaproqlar. Quyosh sochilgan…
Tomog’ingni yirtib qichqirma, xo’roz,
Shahidlar qonimi tutgan tojingda?
Uyg’otsam bo’lar-ku, tongni shivirlab…
«Chinqirib o’sadi xo’rlangan maysa.
Bormi er yigitlar? Bormi er-qizlar?
Yovga ters qaragan musulmon emas!»

2013

022
Abdulhaq
SHAVKAT RAHMONGA

G’alayonga to’la vujuddan
Oxir dunyo bo’ldimi xalos?
Er ostida yotibsiz, mana
Barcha mo’min bandalarga xos.

O’ychan ko’zlar o’yadi o’yim,
Lek bu ko’zlar mangu yashaydi.
Sizni yodga olgan chog’larim
Mening dilgir dilim qaqshaydi.

Xudo bergan ezgu so’zingiz
Jon atalgan joyga qadalgan.
Qisqa, qora, qiziq qismat-ey
Nahot Sizga, Sizga atalgan.

Bo’g’zim bo’g’ar bo’g’iq bo’zlarim,
Ikki dunyo tevaragida.
Siz-chi mungga to’lib yotibsiz
Quloq solib  yerning tagida.

022
Abdulloh YUSUF
SHAVKAT RAHMON
Muvashshah

She’riyatda o’jarlik ustun,
Abjir bo’lsin shoir qalami.
Vulqon kabi portlamoq uchun,
Ko’klar kabi bo’lsin alami.

Asil shoir yonib yozadi,
Titratadi o’ktam ovozi.
Razolatni yorib yozadi,
Alamlardan yonar qog’ozi.

Har bir so’zi bamisli o’qday,
Misli burgut baland parvozi.
Olam aro o’lmas qo’shiqday
Nido berar o’jar ovozi…

023

(Tashriflar: umumiy 2 354, bugungi 1)

2 izoh

  1. Минг афсуски, тоғнинг қандай улканлиги қулаганида билинади. Шавкат Раҳмон шеърияти ўзбек шеърияти тизмасида бақувват ва баланд бир чўққи эдики, бу чўққининг ўрнини тўлдирадиган ЯНГИ ШОИР қачон туғилиши фақат Яратганга аён…

  2. Хотира-ёдномаларни ўқидим. Баъзисини ўқиб кўнглим увишди. Дўстни йўқотмоқ азоби оғир, уни қаламга олмоқ ундан-да оғир.
    Шоиримизни Ҳақ ўз раҳматига мушарраф айласин.

Izoh qoldiring