Abdunabi Boyqo’ziyev. Mahkumga maktub & Ariston o’lmaydi

065 Муаллифдан: Ушбу мақола, аслида, аристонлар учун чиқадиган “Вақт” газетасининг “Маҳкумга мактуб” рукни сўрови асосида ёзилган, таҳририятнинг қайсидир бир талабларига жавоб бермаган шекилли, эълон қилинмай, қолиб кетган эди. Ўйлаб кўрсам, материал хали ҳам ўз охорини йўқотмагандай – бирон ерда эълон қилинса, уялтирмагудай туюлди…

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
МАҲКУМГА МАКТУБ


ҚАДРИНГГА ЙИҒЛАЙДИГАН КУНЛАР…

    Омонмисиз, биродар? Ассалому алайкум!
    “Вақт” газетаси ҳодими ёш, иқтидорли қаламкаш дўстим Нозимжон Мирзаали озодлиги чекланган ҳамюртларимизга атаб бирон нарса ёзиб беринг, деганида тўғриси, иккиланиб қолдим. Бир қаламкаш сифатида, ўндан ортиқ китоб чоп этган, бир пайтлар “Ёшлик” журналида “Аристон ўлмайди” деган шеър эълон қилган бўлсамда, англадимки, ижод бошқа, махкумларга мактуб ёзиш тамом бошқа нарса экан.
Хўш, уларга нима дейман? “Ақл”ли жумлалар тузиб, сабр қиласизда энди, биродар! Тақдир экан, на чора, дея чулдирайманми? Мириси кам бу дунё уқубатларини беармон тотган, татиётган, ирода ва қаноатни шиор қилиб, умрини баракларда ўтказаётган, кун, соат, дақиқа санашдан кўнгли зада бу инсонларга ўзимча бир файласуфлик қиламанми? Шундай қилишга ҳаққим бормикин? Аристонлик нима ўзи, биламанми? Озодликдан маҳрум этилганларнинг ҳаёти қандай кечади, тасаввур этаманми?!
Бироқ масалага инсонийроқ ёндошсак, маҳкумга мактуб нуқул насиҳатдан иборат бўлмайди-ку, дейди хаёлимнинг бир чети. Баҳонада, улардан кўнгил сўраб, дилимдагини тўкиб олиш учун бир имконият эмасми бу? Бисмилло деб, бошла! У ёғига Худо ё Раззоқ, дейди кўнглимнинг бошқа бир ери.

***

Ҳа, айтганча, шу ерда андак тўхташим керакка ўхшайди! Аристонлик нималигини биламан, чоғи! Наинки биламан, “панжара орти”да “ўтириб” ҳам кўрганман! “Обшый”, “одиночный камера” деган тушунчалар бўларди, адашмасам. Шўро армияси “гаупвахта”си камераларида ўтган кунларингни эсла, оғайни!…

***

Камина бориб тушган қисм Ўрта Осиё ҳарбий округининг одам топмас, саҳросифат жойларида жойлашган қурилиш баталёни эди. Айтилиши қурилиш, аслида эса у юзлаб ёш, навқирон йигитлар тутқунга айлантирилган, шароити абгор ёғоч казармали, тартиби ўта бетартиб меҳнат лагери, десак тўғри бўлар. У ерда ҳаммаси бўлиб салкам беш юзга яқин турли миллатга мансуб аскарлар “хизмат” қилар. Шулардан таҳминан юз элликтаси ўрис, шунчаси арман ва яна шунчаси ўзбек, қолгани бошқа миллатларга мансуб болалар.
Ўрис болаларнинг аксарияти “ўтириб чиққан”, аристонлар тили билан айтадиган бўлсак, собиқ “зек”лар экан. Бу миллат зеҳниятидаги азалий ишёқмаслик, ичкиликка харисмадликни бутун дунё билади. Айни шу сифатлар, отряд аскарлари олдига қўйилган бош вазифа – ҳарбий мақсадларга хизмат қилувчи ер ости ва ер усти иншоотларини белгиланган вақтда, сифатли ва мустаҳкам қуриб битказиш ишларига салбий таъсир этар, турган гап бу анча меҳнаткаш бўлган арману ўзбекка ҳам ёқмайдиган, хатто қисм раҳбарларига ҳам муаммо туғдирадиган кўнгилсиз ҳолат эди. Қарабсизки, тушунмовчилигу норозиликлар…
– Сен нега ишламаяпсан? – дейди ўрисга арман.
– Ўзинг ишлайвер! – дейди ўрис арманга.
– Ишламасанг, менинг ҳам ётганим бўлсин, – дейди арман зарда билан.
– Ётавер, ўзбек ишлайди! – дейди ўрис.
Худо яратгандан буён сув кўрмаган тақирдан ковланиши зарур бўлган бир чақирим хандоқнинг кунлик режаси бажарилмайди. Командирлар жиғибийрон. Тупроқ шу қадар зарангки, экскаваторнинг темир тишлари ўн бор тирнаб ўн сантимини аранг кўчирадиган бу ит азоби юмушни, негадир, техникага эмас, хизматни эндигина бошлаган, оддий чўкир ва белкурак билан қуролланган аскар болалар зимасига юкланишини ҳам, тўғриси, тушуниб бўлмасди.
Зиддият кечки овқат пайти даҳанаки жангга айланади. Бир “иван” бир “ара”нинг
бошига чўмич билан уриб, ёриб қўяди. Бу ноҳақлик кавказликлар нафсониятини қўзғайди, албатта. Кўрибсизки, юз эллик арман у ён, юз эллик иван бу ён. Кимнинг қўлида сўйил, кимникида тош…
Қўйингки, ўша кундан бошлаб ҳар куни шу аҳвол. Кечқурун командирлар уй-уйига кузаб, назорат сепсилгач, бошланади у томон бу томонни, бу томон у томонни қувиб юриб “силаб сийпаш”лар. Ўзбекнинг уч-тўрт дов йигити ўртада мурасакаш.

***

Ҳар қандай низо охири муроса билан тугаши тайин. Ниҳоят, жиққамушлардан зериккан ҳар икки томон, кутилмаганда, муросага келади. Кечагина бир-бирига хезланиб ётган тарафлар иттифоқо иттифоқ тузиб, кучларини бирлаштириб, энди ўзбеклар билан муҳорабага киришишга келишиб олишибди. Нимаймуш, қисм командири кеча разводда ўзбеклардай тинчликсевар бўлишга, улардан ўрнак олишга чақиргани алам қилган эмуш уларга.
Аҳд-паймон шундай бўпдики: кўрсатиб қўйилмоғи шарт ўша ўзбекка тинчликсевар бўлиш қандай оқибатларга олиб келишини!”.
Вазиятнинг бундай тескари тус олиши командирларни ҳам ташвишга солиб қўйган эди. Низога ошиғич барҳам берилмаса, худо билади воқеаларнинг давоми қандай тус олади. Ҳар уч томондан икки учтадан “бетасир”ни аниқлаб, ўн беш суткага “гаупвахта” (тартиб-интизом (Устав)ни бузган ҳарбийлар қисқа муддат қамаладиган авахта)га тиқишга қарор қилинади. Низо чиқаришда жонбозлик кўрсатмаган бўлса-да, негадир бетасирлар рўйхатида каминанинг номи ҳам зикр этилибди!..
Хуллас, эни тўрт, узунаси саккиз қадамлик, темир эшикли, шифтига тақалган жойда ёруғлик тушиб ҳаво айлансин учун шапалоқдеккина деразачадан бошқа “туйнуги” йўқ, (асабга таъсир этувчи контраст ранглар хосил қилиш учун) поли қизил, девори қора, пиромони тўқ сариққа атайин бўялган камерага турли “част”лардан келтирилган салкам ўттиз чоғли маҳбус санжоб қилинганмиз. Жиндайгина тоза ҳаво ташналиги шу қадарки, часавой қоровуллар темир эшик дарчасини ҳар замонда бир очиб қараб қўйишини муштоқ кутасан.
Аслида, биз тутқунларга муносабатнинг ўта ёмонлашуви маҳбусларга аталган овқат – “поёк”нинг ниҳоятда камлигига норозилигик сифатида таом ва егуликка қўл теккизмай, қайтариб юборилишимиздан бошланди. Таом нари борса ўн беш кишига базўр етар. Куни билан оғир меҳнатга мажбур этилган маҳкумнинг озиқдан ҳам қисилиши силлани тамом қуритарди. Умуман, таом ошхонадан шунақа кам бериладими ё уни кимдир туя қиладими, билмасдик. Назаримизда, иккаласи ҳам! Ошхонада ошпаз уради, камини авахтанинг мечкай зобитлари, сўнг часовойлари… “Аристон камроқ еса нима қипти: жин ҳам урмайди!”
– Очлик эълон қиламиз, – дейди армияга чақирилгунича ўтириб чиққанини бот-бот таъкидлайдиган Вова, алам аччиғида!
Бу ерда унинг гапи гап. Айтдими, тамом. Демак, “Завтрок” (нонушта) қандай кирса, шундай қайтиб чиқиб кетиши шарт. Зарур бўлса, тушлик ҳам, кечки овқат ҳам… 29 маҳбус ўша куни туз тотмайди.
Қарабсизки, тутқунхона зобитлари орасида ваҳима: “Гаупвахта очлик эълон қипти!”
Машҳур ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг қўшиғи бўларди, эсласангиз: “Пиширган ошлари кўзнинг ёшиндай…”, деган. Ўша манзарани бугунги ҳолимизга қиёслаб ҳиргойи қиламан: “Киритган ошлари кўзнинг ёшиндай, Чақмоқтош нонини берар наҳорда!”.
Дўқ-пўписа билан маёр келади, калон димоғу сиёсат билан подполковник. Фуқаро кийимида яна аллаким – руҳшунос эмиш. Аристонлар, қани муросага юрса!…
Очлик иккинчи кунга ўтади. Руҳий босимлар иш бермагач, ноинсоний амалий чораларга ўтилади.
– Челакда хлор келтиринг! – буюради ёноқлари ғазабдан ёлвираган катта лейтенант.
– Дастлабига, муроса таклиф этаман. – дея гап бошлайди у. – Марҳамат қилиб овқатни енг, биронтангизга зиён заҳмат еткизмайман!..
Ҳеч кимдан садо чиқмайди.
– Демак, йўқ! Шундайми?! Ундай бўлса, ким плац (саф майдони)га чиқиб уни эллик марта айланиб чопади? Эшитмаяпман! Демак, ҳеч ким! Начора, мана бу кукун ҳозир ҳамманинг ақлини киритиб қўяди.
Зобит қўлида челак тўла хлор билан турган часавойга буюради:
– Сеп, полга. Устидан икки челак сув қуй!
Хлорли жазо зобит айтганидай, зум ўтмай ўз ишини қила бошлайди. Ачқимтир ҳаводан нафас ололмай қолган нимжонроқ аристонлар бир бир ерга қулайди.
– Плацда ким юз марта чопади?
Ҳамма қўл кўтаради.
– Яхши! Юз эллик марта чопишгачи?
Яна ҳамма қўл кўтаради.
Хушидан кетганларни бир-бир судраб ташқарига олиб чиқилади.
– Ким икки юз эллик марта…?
Ҳамма…
– Ким…?
Бир овоздан розилик!
– Оёғида тик қолганларнинг барчасига горнизон қўмондони номидан беш суткадан қўшимча жазо тайинлайман. Энди, ҳамма ташқарига! Камера тозалансин!

***

Абдунаби, сен “Одиночка” (бир кишига мўжалланган 2 х 2лик, зах, қудуқсимон камера)ни ҳам кўргансан. Семон полига қаторасига уч кун беш-олти челак сув қуйиб қўйилганда ҳам, икки оёғинг икки уч соатлаб сувда турган. Ўтирсанг, шапалоқдеккина муздай темир табуретка. Аслида буйрак касаллигини ўша ерда орттирмаганмидинг?!
Қўшиб берилганлари билан йигирма кунлик муҳлат ҳам тугайди. Бироқ сени олиб кетгани ҳеч ким келмайди. Сендайлар керак эмасмуш, ҳарбий қисмга. Муддатинг тугаган. Овқат рўйхатидан ўчирилгансан. Рўйхатларда йўқ одамга “поёк не пологается”. Рўйхатга киритилмагунингча, яна очликка мустаҳиқсан…

***

Озодликка муштоқ азиз дўст! Оймома синглим!
Келинг, сизга шундай деб мурожаат этишга ижозат қилинг. Чунки, дўстлик тушунчасида “озод”, “маҳкум” деган ажратиш билмайди. Ўгит демангу, умрининг ёниб ўтказиши мумкин бўлган йилларини “турма”ларда совурган ўнлаб инсонларни шахсан танийман. Айни куч қувватга тўлган навқирон даврида илигининг қувватини куч-қуввати ва соғликларини рутубатли маҳкумлик дамлари сўриб олган эса-да, озодликка чиққач, нафақат оила – бола чақаси, балки ўз халқи, жонажон миллатининг маънавий, ижтимоий иқтисодий тараққиёти йўлида бемисл хизматлар қилган қатор инсонлар номини бир-бир тилга олсам, уларни биз ҳам биламиз, дейишингиз аниқ. Билсангиз ҳам эслай, чунки бу ҳам биз учун энди ояти ибодатдай қарз амалдир. Ояту ибодатни неча бор қайтариб айтма, айнимайди, деган гап бор. Ўз даврида исмини аташ ҳам биз учун душвор бўлган Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Фитрат, Мунаввар Қори, Боту сингари машҳур боболаримиз ҳибсга олингунигача амалга оширган ишлари миллатни миллат қилиб қўйган экан, энди ўйласак. Улардан кейин узоқ вақт тутқунликда бўлиб, озодликка чиққач, ўз ҳалқига араз-ғаразсиз, беминнат хизмат қилган аллома олимлар Ҳамид Сулаймон, Шорасул Зуннун, ижодкорлар Мирзакалон Исмоилий, Мақсуд Шайхзода, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Эмин Усмон домлалар қолдирган адабий мероси, Шукрилло домланинг икки кам юз, Эврил Туроннинг салкам саксон ёшда шахс иродаси қандай бўлишини наинки асарларида, балки, шахсий ҳаётида ҳам исботлаб, бугун халқимизга ибрат бўлиб турганини алоҳида таъкидлагим келади.
Бошига балою кулфатлар тушсада, руҳан чўкмай, умрининг озодликдаги давомини шарафли ишларга баҳшида этган ана шундай жасоратли инсонларни ҳалқ хўжалигининг бошқа соҳаларидан ҳам истаганча топиш мумкин. Бас, шундай экан, Худо хоҳласа, сизни ҳам худди ана шундай мунаввар кунларга етказишини орзу қиламиз. Зеро, ноумид – шайтон, дейдиларку!

***

Айни мана шу жумлаларни битилаётган чоғимда, мамлакатимиз президенти Шавкат Мирзиёев нафақат маҳкумлар, балки миллионлаб озод инсонлар ҳам узоқ йиллардан буён орзиқиб кутган ажойиб бир ҳужжат “Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” деган Қонунга имзо чекди.
Демак бундан буён, “…кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш”, “қамоқда сақлаш жойлари маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига” зудлик билан чоралар кўрилади (20-9 модда), дейилади ўша хужжатда.
Ҳайрият, келар эканку, адолатни ошно этган кунлар ҳам. Лекин биласизми, мен, совет офицери, совет тузумининг қирқ тўрт йил олдинги ўша “ғайриқонуний, (жиноий) ҳаракатлар”ини эслаб инсоний қадримга, шу кунларда ҳам йиғлайман!…
Ушбу ғамгин ҳикоямизни эринмай ўқиганингиз учун Оллонинг ўзи ғамгузору мададкор бўлсин! Озодликка чиққан хурсандчилик кунларингизда кўришлар насиб этсин, Азизлар!
Ҳа, дарвоқе, сўзим якунида юқорида эслаганим мана бу шеърни ҳам эътиборингизга ҳавола этгим келди.

2019 йил, 04 – 16 март

АРИСТОН ЎЛМАЙДИ

Ал. Солженициннинг “Архипилак гулаг”
асари таъсирида

Аристон ўлмайди,
Ўлмайди, сабаб –
Олис кулбасида бир аёл… кутар.
Аристон ўлмайди, чунки, ўлолмас,
Бир аёл гоҳи гоҳ уни… унутар.

Агар у ўлса, ўлса у агар.
Йиллар армонини кимлар сўйлайди.
Зинҳор ўлолмайди, ўлолмас, сабаб –
Бир аёл сочини ғаним силайди.

Аристон кулмайди.
Кулмайди, чунки
Зурёди ич кетар бўлган, ичикиб.
Аристон йиғламас,
Аристон йиғламас, йиғламас, чунки –
Унинг…чун қайдадир йиғлар онаси!

Аристон ўлмайди.
Аристон – метин,
Нозир онасидан келса… чидайди.
Аристон йиғламас, инграйди, лекин,
Нозирнинг калтаги, синар… Синмайди!

Кун ҳам санамайди.
Санамай қўйган,
Ҳе, кун ҳам ўтмаса ўтмасин, майли,
Бир аёл… у ҳақда ўйламай қўйган,
У битмас жароҳат… Ўша туфайли…

Ой ҳам санамайди.
Йиллар чикара,
Эртаси биёбон – қовжироқ куйдир.
Энди у бу дунё хуснида “яра”,
Юраги эгасиз қолган бир уйдир.

Ҳайриятки, иш бор.
Яғир юмуш бор,
Оҳу нолаларин олар суғуриб.
Ҳайриятки, баҳор, ёзу куз, қиш бор –
Бараклар кутадир силласи қуриб.

Йўқ, йўқ,
Озодликда…
Бир аёл кутар.
Хиёнат қилсада, ҳамон кутади.
Қолгани… барчаси, барчаси хаёл –
Нима бўпти, уч йил – бу ҳам ўтади,
Нима бўпти, тўрт йил – бу ҳам ўтади,
Нима бўпти, беш йил – бу ҳам ўтади,
Нима бўпти ўн йил… Ўтар, ўтади…

Қайдадир, озодлик кутар, кутади…
Аристон ўлмайди, аристон – метин!..

2009

062     Muallifdan: Ushbu maqola, aslida, aristonlar uchun chiqadigan “Vaqt” gazetasining “Mahkumga maktub” rukni so’rovi asosida yozilgan, tahririyatning qaysidir bir talablariga javob bermagan shekilli, e’lon qilinmay, qolib ketgan edi. O’ylab ko’rsam, material xali ham o’z oxorini yo’qotmaganday – biron yerda e’lon qilinsa, uyaltirmaguday tuyuldi…

Abdunabi BOYQO’ZIEV
MAHKUMGA MAKTUB


QADRINGGA YIG’LAYDIGAN KUNLAR…

Omonmisiz, birodar? Assalomu alaykum!
“Vaqt” gazetasi hodimi yosh, iqtidorli qalamkash do’stim Nozimjon Mirzaali ozodligi cheklangan hamyurtlarimizga atab biron narsa yozib bering, deganida to’g’risi, ikkilanib qoldim. Bir qalamkash sifatida, o’ndan ortiq kitob chop etgan, bir paytlar “Yoshlik” jurnalida “Ariston o’lmaydi” degan she’r e’lon qilgan bo’lsamda, angladimki, ijod boshqa, maxkumlarga maktub yozish tamom boshqa narsa ekan.
Xo’sh, ularga nima deyman? “Aql”li jumlalar tuzib, sabr qilasizda endi, birodar! Taqdir ekan, na chora, deya chuldiraymanmi? Mirisi kam bu dunyo uqubatlarini bearmon totgan, tatiyotgan, iroda va qanoatni shior qilib, umrini baraklarda o’tkazayotgan, kun, soat, daqiqa sanashdan ko’ngli zada bu insonlarga o’zimcha bir faylasuflik qilamanmi? Shunday qilishga haqqim bormikin? Aristonlik nima o’zi, bilamanmi? Ozodlikdan mahrum etilganlarning hayoti qanday kechadi, tasavvur etamanmi?!
Biroq masalaga insoniyroq yondoshsak, mahkumga maktub nuqul nasihatdan iborat bo’lmaydi-ku, deydi xayolimning bir cheti. Bahonada, ulardan ko’ngil so’rab, dilimdagini to’kib olish uchun bir imkoniyat emasmi bu? Bismillo deb, boshla! U yog’iga Xudo yo Razzoq, deydi ko’nglimning boshqa bir yeri.

***

Ha, aytgancha, shu yerda andak to’xtashim kerakka o’xshaydi! Aristonlik nimaligini bilaman, chog’i! Nainki bilaman, “panjara orti”da “o’tirib” ham ko’rganman! “Obshыy”, “odinochnыy kamera” degan tushunchalar bo’lardi, adashmasam. Sho’ro armiyasi “gaupvaxta”si kameralarida o’tgan kunlaringni esla, og’ayni!…

***

Kamina borib tushgan qism O’rta Osiyo harbiy okrugining odam topmas, sahrosifat joylarida joylashgan qurilish batalyoni edi. Aytilishi qurilish, aslida esa u yuzlab yosh, navqiron yigitlar tutqunga aylantirilgan, sharoiti abgor yog’och kazarmali, tartibi o’ta betartib mehnat lageri, desak to’g’ri bo’lar. U yerda hammasi bo’lib salkam besh yuzga yaqin turli millatga mansub askarlar “xizmat” qilar. Shulardan tahminan yuz elliktasi o’ris, shunchasi arman va yana shunchasi o’zbek, qolgani boshqa millatlarga mansub bolalar.
O’ris bolalarning aksariyati “o’tirib chiqqan”, aristonlar tili bilan aytadigan bo’lsak, sobiq “zek”lar ekan. Bu millat zehniyatidagi azaliy ishyoqmaslik, ichkilikka xarismadlikni butun dunyo biladi. Ayni shu sifatlar, otryad askarlari oldiga qo’yilgan bosh vazifa – harbiy maqsadlarga xizmat qiluvchi yer osti va yer usti inshootlarini belgilangan vaqtda, sifatli va mustahkam qurib bitkazish ishlariga salbiy ta’sir etar, turgan gap bu ancha mehnatkash bo’lgan armanu o’zbekka ham yoqmaydigan, xatto qism rahbarlariga ham muammo tug’diradigan ko’ngilsiz holat edi. Qarabsizki, tushunmovchiligu noroziliklar…
– Sen nega ishlamayapsan? – deydi o’risga arman.
– O’zing ishlayver! – deydi o’ris armanga.
– Ishlamasang, mening ham yotganim bo’lsin, – deydi arman zarda bilan.
– Yotaver, o’zbek ishlaydi! – deydi o’ris.
Xudo yaratgandan buyon suv ko’rmagan taqirdan kovlanishi zarur bo’lgan bir chaqirim xandoqning kunlik rejasi bajarilmaydi. Komandirlar jig’ibiyron. Tuproq shu qadar zarangki, ekskavatorning temir tishlari o’n bor tirnab o’n santimini arang ko’chiradigan bu it azobi yumushni, negadir, texnikaga emas, xizmatni endigina boshlagan, oddiy cho’kir va belkurak bilan qurollangan askar bolalar zimasiga yuklanishini ham, to’g’risi, tushunib bo’lmasdi.
Ziddiyat kechki ovqat payti dahanaki jangga aylanadi. Bir “ivan” bir “ara”ning
boshiga cho’mich bilan urib, yorib qo’yadi. Bu nohaqlik kavkazliklar nafsoniyatini qo’zg’aydi, albatta. Ko’ribsizki, yuz ellik arman u yon, yuz ellik ivan bu yon. Kimning qo’lida so’yil, kimnikida tosh…
Qo’yingki, o’sha kundan boshlab har kuni shu ahvol. Kechqurun komandirlar uy-uyiga kuzab, nazorat sepsilgach, boshlanadi u tomon bu tomonni, bu tomon u tomonni quvib yurib “silab siypash”lar. O’zbekning uch-to’rt dov yigiti o’rtada murasakash.

***

Har qanday nizo oxiri murosa bilan tugashi tayin. Nihoyat, jiqqamushlardan zerikkan har ikki tomon, kutilmaganda, murosaga keladi. Kechagina bir-biriga xezlanib yotgan taraflar ittifoqo ittifoq tuzib, kuchlarini birlashtirib, endi o’zbeklar bilan muhorabaga kirishishga kelishib olishibdi. Nimaymush, qism komandiri kecha razvodda o’zbeklarday tinchliksevar bo’lishga, ulardan o’rnak olishga chaqirgani alam qilgan emush ularga.
Ahd-paymon shunday bo’pdiki: ko’rsatib qo’yilmog’i shart o’sha o’zbekka tinchliksevar bo’lish qanday oqibatlarga olib kelishini!”.
Vaziyatning bunday teskari tus olishi komandirlarni ham tashvishga solib qo’ygan edi. Nizoga oshig’ich barham berilmasa, xudo biladi voqealarning davomi qanday tus oladi. Har uch tomondan ikki uchtadan “betasir”ni aniqlab, o’n besh sutkaga “gaupvaxta” (tartib-intizom (Ustav)ni buzgan harbiylar qisqa muddat qamaladigan avaxta)ga tiqishga qaror qilinadi. Nizo chiqarishda jonbozlik ko’rsatmagan bo’lsa-da, negadir betasirlar ro’yxatida kaminaning nomi ham zikr etilibdi!..
Xullas, eni to’rt, uzunasi sakkiz qadamlik, temir eshikli, shiftiga taqalgan joyda yorug’lik tushib havo aylansin uchun shapaloqdekkina derazachadan boshqa “tuynugi” yo’q, (asabga ta’sir etuvchi kontrast ranglar xosil qilish uchun) poli qizil, devori qora, piromoni to’q sariqqa atayin bo’yalgan kameraga turli “chast”lardan keltirilgan salkam o’ttiz chog’li mahbus sanjob qilinganmiz. Jindaygina toza havo tashnaligi shu qadarki, chasavoy qorovullar temir eshik darchasini har zamonda bir ochib qarab qo’yishini mushtoq kutasan.
Aslida, biz tutqunlarga munosabatning o’ta yomonlashuvi mahbuslarga atalgan ovqat – “poyok”ning nihoyatda kamligiga noroziligik sifatida taom va yegulikka qo’l tekkizmay, qaytarib yuborilishimizdan boshlandi. Taom nari borsa o’n besh kishiga bazo’r yetar. Kuni bilan og’ir mehnatga majbur etilgan mahkumning oziqdan ham qisilishi sillani tamom quritardi. Umuman, taom oshxonadan shunaqa kam beriladimi yo uni kimdir tuya qiladimi, bilmasdik. Nazarimizda, ikkalasi ham! Oshxonada oshpaz uradi, kamini avaxtaning mechkay zobitlari, so’ng chasovoylari… “Ariston kamroq yesa nima qipti: jin ham urmaydi!”
– Ochlik e’lon qilamiz, – deydi armiyaga chaqirilgunicha o’tirib chiqqanini bot-bot ta’kidlaydigan Vova, alam achchig’ida!
Bu yerda uning gapi gap. Aytdimi, tamom. Demak, “Zavtrok” (nonushta) qanday kirsa, shunday qaytib chiqib ketishi shart. Zarur bo’lsa, tushlik ham, kechki ovqat ham… 29 mahbus o’sha kuni tuz totmaydi.
Qarabsizki, tutqunxona zobitlari orasida vahima: “Gaupvaxta ochlik e’lon qipti!”
Mashhur hofiz Komiljon Otaniyozovning qo’shig’i bo’lardi, eslasangiz: “Pishirgan oshlari ko’zning yoshinday…”, degan. O’sha manzarani bugungi holimizga qiyoslab hirgoyi qilaman: “Kiritgan oshlari ko’zning yoshinday, Chaqmoqtosh nonini berar nahorda!”.
Do’q-po’pisa bilan mayor keladi, kalon dimog’u siyosat bilan podpolkovnik. Fuqaro kiyimida yana allakim – ruhshunos emish. Aristonlar, qani murosaga yursa!…
Ochlik ikkinchi kunga o’tadi. Ruhiy bosimlar ish bermagach, noinsoniy amaliy choralarga o’tiladi.
– Chelakda xlor keltiring! – buyuradi yonoqlari g’azabdan yolviragan katta leytenant.
– Dastlabiga, murosa taklif etaman. – deya gap boshlaydi u. – Marhamat qilib ovqatni yeng, birontangizga ziyon zahmat yetkizmayman!..
Hech kimdan sado chiqmaydi.
– Demak, yo’q! Shundaymi?! Unday bo’lsa, kim plats (saf maydoni)ga chiqib uni ellik marta aylanib chopadi? Eshitmayapman! Demak, hech kim! Nachora, mana bu kukun hozir hammaning aqlini kiritib qo’yadi.
Zobit qo’lida chelak to’la xlor bilan turgan chasavoyga buyuradi:
– Sep, polga. Ustidan ikki chelak suv quy!
Xlorli jazo zobit aytganiday, zum o’tmay o’z ishini qila boshlaydi. Achqimtir havodan nafas ololmay qolgan nimjonroq aristonlar bir bir yerga qulaydi.
– Platsda kim yuz marta chopadi?
Hamma qo’l ko’taradi.
– Yaxshi! Yuz ellik marta chopishgachi?
Yana hamma qo’l ko’taradi.
Xushidan ketganlarni bir-bir sudrab tashqariga olib chiqiladi.
– Kim ikki yuz ellik marta…?
Hamma…
– Kim…?
Bir ovozdan rozilik!
– Oyog’ida tik qolganlarning barchasiga gornizon qo’mondoni nomidan besh sutkadan qo’shimcha jazo tayinlayman. Endi, hamma tashqariga! Kamera tozalansin!

***

Abdunabi, sen “Odinochka” (bir kishiga mo’jallangan 2 x 2lik, zax, quduqsimon kamera)ni ham ko’rgansan. Semon poliga qatorasiga uch kun besh-olti chelak suv quyib qo’yilganda ham, ikki oyog’ing ikki uch soatlab suvda turgan. O’tirsang, shapaloqdekkina muzday temir taburetka. Aslida buyrak kasalligini o’sha yerda orttirmaganmiding?!
Qo’shib berilganlari bilan yigirma kunlik muhlat ham tugaydi. Biroq seni olib ketgani hech kim kelmaydi. Sendaylar kerak emasmush, harbiy qismga. Muddating tugagan. Ovqat ro’yxatidan o’chirilgansan. Ro’yxatlarda yo’q odamga “poyok ne pologayetsya”. Ro’yxatga kiritilmaguningcha, yana ochlikka mustahiqsan…

***

Ozodlikka mushtoq aziz do’st! Oymoma singlim!
Keling, sizga shunday deb murojaat etishga ijozat qiling. Chunki, do’stlik tushunchasida “ozod”, “mahkum” degan ajratish bilmaydi. O’git demangu, umrining yonib o’tkazishi mumkin bo’lgan yillarini “turma”larda sovurgan o’nlab insonlarni shaxsan taniyman. Ayni kuch quvvatga to’lgan navqiron davrida iligining quvvatini kuch-quvvati va sog’liklarini rutubatli mahkumlik damlari so’rib olgan esa-da, ozodlikka chiqqach, nafaqat oila – bola chaqasi, balki o’z xalqi, jonajon millatining ma’naviy, ijtimoiy iqtisodiy taraqqiyoti yo’lida bemisl xizmatlar qilgan qator insonlar nomini bir-bir tilga olsam, ularni biz ham bilamiz, deyishingiz aniq. Bilsangiz ham eslay, chunki bu ham biz uchun endi oyati ibodatday qarz amaldir. Oyatu ibodatni necha bor qaytarib aytma, aynimaydi, degan gap bor. O’z davrida ismini atash ham biz uchun dushvor bo’lgan Qodiriy, Cho’lpon, Usmon Nosir, Fitrat, Munavvar Qori, Botu singari mashhur bobolarimiz hibsga olingunigacha amalga oshirgan ishlari millatni millat qilib qo’ygan ekan, endi o’ylasak. Ulardan keyin uzoq vaqt tutqunlikda bo’lib, ozodlikka chiqqach, o’z halqiga araz-g’arazsiz, beminnat xizmat qilgan alloma olimlar Hamid Sulaymon, Shorasul Zunnun, ijodkorlar Mirzakalon Ismoiliy, Maqsud Shayxzoda, Shuhrat, Said Ahmad, Emin Usmon domlalar qoldirgan adabiy merosi, Shukrillo domlaning ikki kam yuz, Evril Turonning salkam sakson yoshda shaxs irodasi qanday bo’lishini nainki asarlarida, balki, shaxsiy hayotida ham isbotlab, bugun xalqimizga ibrat bo’lib turganini alohida ta’kidlagim keladi.
Boshiga baloyu kulfatlar tushsada, ruhan cho’kmay, umrining ozodlikdagi davomini sharafli ishlarga bahshida etgan ana shunday jasoratli insonlarni halq xo’jaligining boshqa sohalaridan ham istagancha topish mumkin. Bas, shunday ekan, Xudo xohlasa, sizni ham xuddi ana shunday munavvar kunlarga yetkazishini orzu qilamiz. Zero, noumid – shayton, deydilarku!

***

Ayni mana shu jumlalarni bitilayotgan chog’imda, mamlakatimiz prezidenti Shavkat Mirziyoyev nafaqat mahkumlar, balki millionlab ozod insonlar ham uzoq yillardan buyon orziqib kutgan ajoyib bir hujjat “Mahkumlarning hamda qamoqda saqlanayotgan shaxslarning huquqlarini himoya qilish mexanizmlari takomillashtirilishi munosabati bilan O’zbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga o’zgartish va qo’shimchalar kiritish to’g’risida” degan Qonunga imzo chekdi.
Demak bundan buyon, “…ko’rib chiqish muddatlarini uzrli sabablarsiz buzish yoxud ular yuzasidan bila turib qasddan ishonchsiz ma’lumotlarni taqdim etish”, “qamoqda saqlash joylari ma’muriyatining g’ayriqonuniy harakatlariga” zudlik bilan choralar ko’riladi (20-9 modda), deyiladi o’sha xujjatda.
Hayriyat, kelar ekanku, adolatni oshno etgan kunlar ham. Lekin bilasizmi, men, sovet ofitseri, sovet tuzumining qirq to’rt yil oldingi o’sha “g’ayriqonuniy, (jinoiy) harakatlar”ini eslab insoniy qadrimga, shu kunlarda ham yig’layman!…
Ushbu g’amgin hikoyamizni erinmay o’qiganingiz uchun Olloning o’zi g’amguzoru madadkor bo’lsin! Ozodlikka chiqqan xursandchilik kunlaringizda ko’rishlar nasib etsin, Azizlar!
Ha, darvoqe, so’zim yakunida yuqorida eslaganim mana bu she’rni ham e’tiboringizga havola etgim keldi.

2019 yil, 04 – 16 mart

ARISTON O’LMAYDI

Al. Soljenitsinning “Arxipilak gulag”
asari ta’sirida

Ariston o’lmaydi,
O’lmaydi, sabab –
Olis kulbasida bir ayol… kutar.
Ariston o’lmaydi, chunki, o’lolmas,
Bir ayol gohi goh uni… unutar.

Agar u o’lsa, o’lsa u agar.
Yillar armonini kimlar so’ylaydi.
Zinhor o’lolmaydi, o’lolmas, sabab –
Bir ayol sochini g’anim silaydi.

Ariston kulmaydi.
Kulmaydi, chunki
Zuryodi ich ketar bo’lgan, ichikib.
Ariston yig’lamas,
Ariston yig’lamas, yig’lamas, chunki –
Uning…chun qaydadir yig’lar onasi!

Ariston o’lmaydi.
Ariston – metin,
Nozir onasidan kelsa… chidaydi.
Ariston yig’lamas, ingraydi, lekin,
Nozirning kaltagi, sinar… Sinmaydi!

Kun ham sanamaydi.
Sanamay qo’ygan,
He, kun ham o’tmasa o’tmasin, mayli,
Bir ayol… u haqda o’ylamay qo’ygan,
U bitmas jarohat… O’sha tufayli…

Oy ham sanamaydi.
Yillar chikara,
Ertasi biyobon – qovjiroq kuydir.
Endi u bu dunyo xusnida “yara”,
Yuragi egasiz qolgan bir uydir.

Hayriyatki, ish bor.
Yag’ir yumush bor,
Ohu nolalarin olar sug’urib.
Hayriyatki, bahor, yozu kuz, qish bor –
Baraklar kutadir sillasi qurib.

Yo’q, yo’q,
Ozodlikda…
Bir ayol kutar.
Xiyonat qilsada, hamon kutadi.
Qolgani… barchasi, barchasi xayol –
Nima bo’pti, uch yil – bu ham o’tadi,
Nima bo’pti, to’rt yil – bu ham o’tadi,
Nima bo’pti, besh yil – bu ham o’tadi,
Nima bo’pti o’n yil… O’tar, o’tadi…

Qaydadir, ozodlik kutar, kutadi…
Ariston o’lmaydi, ariston – metin!..

2009

21

(Tashriflar: umumiy 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring