Sanobar Mehmon. Lisonut tayr. Dostondan parchalar

09Ҳамиша мени бир савол ўйлантиради. Хўш, биз ўзи киммиз? Қаердан келганмиз? Ва Нима учун келганмиз? Қаерга кетамиз? Шунда Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Ичингдаги ичиндадир” асарларидаги бир иқтибос ёдимга тушади. Мавлоно дейдиларки, “Дейлик сен қулсан, ҳожанг ҳолва олгани сени бозорга жўнатди. Сен шунда ҳожанг айтган нарсани олмай, бозордаги ҳамма нарсани кўтариб келсанг ҳам, ҳожангни мамнун қила олмайсан. Чунки у айтган нарсани олмадинг.”

Санобар МЕҲМОН
ДОСТОН ҲАҚИДА

   Ҳамиша мени бир савол ўйлантиради. Хўш, биз ўзи киммиз? Қаердан келганмиз? Ва Нима учун келганмиз? Қаерга кетамиз? Шунда Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Ичингдаги ичиндадир” асарларидаги бир иқтибос ёдимга тушади. Мавлоно дейдиларки, “Дейлик сен қулсан, ҳожанг ҳолва олгани сени бозорга жўнатди. Сен шунда ҳожанг айтган нарсани олмай, бозордаги ҳамма нарсани кўтариб келсанг ҳам, ҳожангни мамнун қила олмайсан. Чунки у айтган нарсани олмадинг.” Ва яна дейдиларки: “Вой бўлсин бу замоннинг олимларигаки, осмондаги олис юлдузларнинг сонини билурлар, сахродаги қум зарраларининг сонини билурлар, самодаги саноқсиз ашёларнинг жойлашган ўрнини билурлар, лекин ўзлари учун энг кераклиси, ўзларига ҳаммадан ҳам яқин бўлган ўзларини билмаслар. ”

07Ҳазрат Румийнинг бу хитоблари назаримда бугунги кунга ҳам дахлдордир. Боиси, ҳамма нарса кашф қилинмоқда. Баргдаги хужайраларнинг сонидан ва таркибидан тортиб, энг мураккаб схемада ишлайдиган нанотехнологиялар кашф қилинмоқда, ҳаётга тадбиқ қилинмоқда. Аммо инсон деган жумбоқ ҳамон ечилмади. Шунча эҳтиёжлари қондирилсада, миллиардлар ахборотлар ва қулайликлар ичида турса ҳам инсон ҳамон руҳан ғариб, фикран носоғ. Боиси: ҳамон ўша эски гап – биз ўзимиз учун энг яқин хилқат – Ўзимизни билмаймиз. Хўш, нима бу ўзимизни билиш? Билганлар айтсин, дерсиз? Мен бу билан”мен ўзимизни биламан” — , деб даъво қилмоқчи эмасман. Шунчаки, мен ўзим кетаётган манзилга истасангиз сизни ҳам ҳамроҳ қилмоқчиман. Бу ҳазрат Навоийнинг “Лисонут тайр” достонларидаги қушларнинг Семурғ(Моҳият)ни излаб йўлга чиққан ҳолатларини ёдингизга солмаяптими? Бу “Ишқ даштидир, саргузашти жон офатларидандир”, дейилади. Аммо ўзингнинг қанчалар буюк асрорларингни англамай, ҳис қилмай яшашдан кўра — ўз моҳиятингга талпиниб, шу талпиниш асносида покланиб яшашга нима етсин? Румийнинг “Аё, сиз ҳар лаҳза жон чекиб изларсиз илоҳийни, Ани излашга ҳожат йўқ, Илоҳийсиз, илоҳийсиз”, — деган хитоблари сизни ҳам бир туртмадими? Ахир, дунёда бундан гўзал сафар борми? Одам ўз яратгувчиси томон йўлга чиқиши, ўзини ахтариб, ўзгаларга урилиши ва ҳар бир урилган лаҳзада ўз файзини олиб, файзланиши… хуллас, бу манзил ҳаммага ҳар хил мақом билан берилади. Манзил турфа, мақом турфа, ҳол турфа, аммо, МОҲИЯТ битта! Худди “барча йўллар Римга” элтганидек. Мавлоно Румийга оталари Баҳоуддин Валад айтадилар: “Йўл кўрсатилади, лекин ҳар бир йўловчи уни ўзи босиб ўтиши шарт.” Чунки, бу йўлда ҳар бир йўлчига аталган алоҳида ҳикматлар, алоҳида файзлар ва алоҳида пандлар бор. Буни умумлаштириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу йўлни хосларнинг йўли дейилган.
Машҳур “Офоқнома”да: “Тупроқ жавҳари ўсимликдир, ўсимлик жавҳари ҳайвондир, ҳайвон жавҳари инсондир, инсоннинг жавҳари бу комил инсондир”, — дейилади. Комил инсон эса инсон яралганидан буён ягона мурод. Инсонни яратишдан муроддир, аслида.

Бу йўл минг машаққатли бўлмасин, осон қилса, Ўзига осон. Бу йўлни ишқнинг шавқлари аро босиб ўтмоқ унданда осон. Шу боис Ҳожа Аҳмад Яссавий “Ҳар на қилсанг ошиқ қилгин парвардигор” , дея жўшиб-жўшиб сўрайдилар. Шайх Иброҳим Ҳаққий: ”Мавло кўрайлик найлар, найларса гўзал айлар”, дея ошиқона хитоб қиладилар. Агар улуғлардан энг улуғ дуо талабида бўлсангиз ҳам “Муҳаббатига ошно қилсин”, — деб дуо қилганлар. Шу ишқ билан асримизнинг мутафаккир шоири, форс шеъриятининг забардаст вакили Суҳроб Сипеҳрий: “Парвардигор шу яқингинада, мана бу шаббўйлар бўйидаю, ҳу қарағай ёнида”, — дейди мутаассир бўлиб. Аслан, Аллоҳнинг ишқи билан яратилган мавжудот ишқ ичра шунчалик Аллоҳга яқин бўлгусидир. Фақат ошиқ бўлганларгина “Ҳу қарағай ёнида ҳам, шаббўйлар бўйидаю”, сувларнинг сукунатида Аллоҳни эшитади, кўради ва гаплашади. Ҳамиша бу дунё ишққа муҳтож, ошиқларнинг сирли талпинишларидан пайдо бўладиган оташин шавқларга ишқибоздир.

Ишқ ичра нишон ўзим менинг, тийр ўзим,
Мажнун бу ўзим, жунунга тадбийр ўзим.
(Пахлавон Махмуд)

Бу достон ўз яратгувчиси томон талпинаётган ошиқ руҳнинг етмоқчи бўлган манзиллари ва шу манзилда қалбига етган файзу-асрорлар ҳақидадир.

Шартли равишда ҳазрат Навоийга эргашиб, “ЛИСОН-УТ ТАЙР” деб номладим. Боиси, бу асардаги ички руҳиятга ўзимнинг кечинмаларим мослиги учун шундай номлашга жазм қилдим:

ЛИСОНУТ ТАЙР
Достон


Кириш

Эй,
Ноласи ичида бўлган Одамзод,
Оласи ичида бўлган Одамзод,
Боласи ичида бўлган Одамзод,
Воласи ичида бўлган Одамзод,
Ишқдан ўзга ҳайбатинг йўқдур,
Ишқдан ўзга салтанатинг йўқ.

ДЕБОЧА

Қалбимда бир нозик Ҳузн бор,
Худди титраб турган шамга ўхшайди.
Руҳимда бир теъран тугун бор,
Парвардигор берган ғамга ўхшайди.

………………

Дунёда нима бор хаёлдай учқур,
Дунёда нима бор ҳаётдай тотлиғ,
Бир туйғу келмоқда соғинчдай чуқур,
Бир соғинч келмоқда ишқдай ҳайбатлиғ.

Жоним, қўлларингни Худойимга чўз,
Бир дийдор сўрагин Боқий дийдордан.
Дунёда нима бор ҳаётдай ширин,
Нима бор ортиқроқ Худодай Ёрдан.

Нима У?!! Ишқ эди аслида билсанг,
Коинотни нурга тўлдириб турган.
Худодан мардона туйғулар сўраб,
Номард ҳисларингни ўлдириб турган.

Нима у кўнглингнинг туб — тубларида,
Ичкин ҳисларингни қўзғотган ногоҳ?
Ахир у ишқ эди уйғотган сени,
Ахир у нур эди, ки НУРи Аллоҳ!

Эй, одам жудаям ғарибсан билсанг,
Шу қадар ожизсан, нотавон, хақир,
Қудратга тўласан гар ишққа тўлсанг.
Чақир Худойингни “ИШҚ!”, дея чақир.

Гар ишқ вужудингга нур индирмаса,
Ўзинг ўз ҳолингдай хор ва сарсонсан,
Яратган руҳингга ишқ тўлдирмаса,
Бир жирканч афтода сув билан қонсан!

Эй, одам, бўзлагил, чақир Худони,
Нола қил фалакка етгунча бўзинг!
Сени ким топади? Ким билар ахир,
Ахтариб топмасанг ўзингни ўзинг?

Ўзингни ахтаргин аслингни излаб,
Азизлар пойига тўша жонингни,
Ўзингнинг гул очар фаслингни излаб,
Қиблага айлантир тўрт томонингни.

I

Ишқ нима деб мендан сўрама,
Набийларнинг хилвати ишқдир,
Валийларнинг суҳбати ишқдир,
Ёҳу деган қаландарларнинг
Дил қонининг шарбати ишқдир.

Ишқ нима деб сўрама мендан,
Ҳофиз севган Мусалло ишқдир,
Бедил қилган тавалло ишқдир,
Гар Румийдир мубталойи ишқ,
Навоийдан муддао ишқдир.

Қўйгин уни мендан сўрама,
Малакларнинг розлари ишқдир,
Ғунчаларнинг нозлари ишқдир.
Дарёларда сувланади ишқ,
Ошиқларнинг ўзлари ишқдир.

Ишқ нима деб мендан сўраманг,
Ким бўлибман мен билиб айтсам,
Гарчи:
Ишқ, ишқ, дея юраман,
Тафсирини гар қилиб айтсам:
Ошиқларга илтифотдир ишқ,
Оқилларга мушкулотдир ишқ,
Орифларга қўшқанотдир ишқ,
ШОИРЛАРГА ЭЪТИҚОДДИР ИШҚ.
Карбалонинг шамоли ишқдан,
Гулларнинг гулжамоли ишқдан,
Ишқ нима деб мендан сўраманг.

1. ТАЛАБ ВОДИЙСИ

Йўл юрдимо, йўл юрдим,
Бу йўллардан мўл юрдим,
Билмадингиз ёронлар,
Қанча ою йил юрдим.
Юрдим ўру қирлардан,
Ҳеч ким ўтмас ерлардан,
Ўтмоққа имкон топдим,
Бир ўтлиғ достон топдим.

Тоғларнинг тоши ишқдир,
Булутнинг ёши ишқдир.
Қушларнинг шивири — ишқ
Худойимнинг сири — ишқ.
Дарахт туккан мева — ишқ,
Қумда чўккан тева — ишқ,
Иброҳимнинг миллати,
Роз сўйлаган шева — ишқ,
Машраб етган дордир — ишқ,
Насимийда хордир — ишқ,
Йўқ демангиз йўқ, асло,
Бордир ишқ- о, бордир ишқ.

Майсаларнинг тоати,
Гулларнинг ибодати,
Ҳаммаси Худойимнинг
Ишқига ишорати.
Мен уни қайдан билай?
Келдим билиб билмасдан,
Қандоқ шарҳини қилай
Дил ишққа эврилмасдан.

2. ҲАЙРАТ ВОДИЙСИ

Гоҳ хуш келдим, гоҳ нохуш келдим,
Дил рангида фаромуш келдим,

Ўзим билиб, билмасдан келдим,
Билганимни қилмасдан келдим.

Гоҳ худ келдим, гоҳ беҳуд келдим,
Гоҳ бут келдим, гоҳ нобут келдим.

Тут бешикдан сирғалиб тушиб —
Шахдам юриб тол тобут келдим,

Қайт, дедилар, бу йўл хатарли,
Ўжар эдим, қайтмасдан келдим.

Кўп сирларни билдирсада Ҳақ,
Билганимни айтмасдан келдим.

Осмон эдим, осмондан Чкелдим,
Мавло турган томондан келдим.

Рост ростини билдирсада У,
Ношуд қулман, гумондан келдим.

Малакларнинг розидан келдим,
Ризвонларнинг нозидан келдим.

Эй, ғайб сиррин излаган сирдон,
Мен шу сирнинг ўзидан келдим.

Тупроқ эдим, лойланиб келдим,
Оби-гилга айланиб келдим,

Кўрганларнинг қалби жўшсин деб,
Шаробланиб, майланиб келдим.

Шундан гаштли анжуман бўлдим,
Кўнгил деган нозик фан бўлдим,

Ишқ аҳлининг иқрори бўлдим,
Дард аҳлининг мозори бўлдим.

Осмонларга юксалди руҳим,
Ўзим лойга баробар бўлдим.

Мажнун эдим севмасдан аввал,
Севиб кейин Санобар бўлдим.

Исмим халал берди бу йўлда,
Номсиз дарднинг дардида куйдим.

Ишқим достон бўлди ҳар дилда,
Ошиқликнинг шартида куйдим.

Ҳақ жамолин кўзингдан топдим,
Ҳаққа етган сўзингдан топдим,

Нима топсам эй кўнглим санинг
Шу хуморли изингдан топдим.

Раббим, Сенинг севгинг эди у,
То Сенгача йўлни йўқотдим,

Ҳар бандангга дил беравериб,
Ўзинг берган дилни йўқотдим.

Излайвердим ҳар ердан уни,
Тоғда эди, даштли эди у.

Бутун ҳаётимнинг мазмуни,
Оҳ, нақадар гаштли эди у.

3. ИСТИҒНО ВОДИЙСИ

Мен сени шунчалик жон чекиб севдим,
Жоним оғрияпти, қарагин.
Севгинг ўтиб кетди қонларимгача,
Қоним оғрияпти, қарагин.

Руҳимнинг руҳидан ўтиб кетди у,
Бошимнинг бошига етиб кетди у.
Сўнгра Худойимнинг Аршига етди.
Ҳақ аршига етган бу севги
Қаршига етмади, Қаршига,
Мен дедим, додлама, дод саси галди
Қаршининг чўлидан ёр саси галди.
Бу ишқдан ўлимнинг нафаси келди,
Ҳатто Яратганнинг “ҳаваси” келди.
Ҳали кўзларимни очмасдан туриб,
Руҳимга руҳингнинг шарпаси келди.

Бола эдим, ҳали ғўр эди ишқим,
Кўзи очилмаган кўр эди ишқим.
Титроғи ёқарди банд бандларимни,
Ўзим билар эдим, зўр эди ишқим.
Бир фарёдлар чекдим тонг ойнасида,
Инжиган сабонинг далдаси келди.
Тонгги муножотнинг дилгир сасида:
Додлама, додлама, дод саси келди,
Қаршининг чўлидан ёр саси келди.

3. ФАНО ВОДИЙСИ

Улғайдим ғамданда ғамгинроқ бўлиб,
Ғам солди чеҳрамга маҳзун чизгилар.
Томир-томиримга мунг кетди тўлиб,
Бор шодликлар мендан умид уздилар.

Ғамгин кайфиятлар ичинда ногоҳ,
Ишқнинг тамин тотиб хайрона бўлдим.
СОҒ ЭДИМ, СОҒ ЭДИМ, ЎЛАЙ АГАР СОҒ,
Ўшал кундан бошлаб девона бўлдим.

Ўшал кундан дилда уйғонди журъат,
Ўшал кундан шиддат ёр бўлди менга.
Ўшал кундан жонда бир буюк кадар,
Бир маъсум изтироб жўр бўлди менга.

У деди: “Қўрқоқлик қилма ҳеч ғамнинг қошида,
Эгма нотавондек ҳайбатига бош”.
Уятдан шодликка айланиб кетсин,
Кўролмай кўзингда бирор томчи ёш.

Сен қандай яшасанг, тақдир ўшадир,
Сен қандай шарҳласанг, тафсир ўшадир,
Ҳарне мушкулотга қалбингдир ечим,
Ва яна чораю тадбир ўшадир.

Кеча қамиш эдинг найландинг бугун,
Кўнгилнинг қонидан майландинг бугун.
Майнинг хуморидан мастона бўлиб,
Майхона тарафга шайландинг бугун.

Ҳаво бўлма ҳавойи бир дил бўласан,
Сув бўлмаки, нуқул дарддан ҳўл бўласан,
Олов бўлма ёниб-ёниб кул бўласан,
Кел, тупроқ бўл, ҳаммасига эл бўласан.

Руҳим нола қилар найга борай деб,
Кўзим жола қилар майга борай деб,
Тунлар ухлатмайди ўқсиган кўнгил,
Ҳеч ким чорламаса қайга борай деб.

Ишқ аҳли фанодан бақога кўчган,
Бенаво узлатдан навога кўчган,
Ер узра бормикан бирор тирик жон?
Жамийки тириклар самога кўчган.

5 ИШҚ ВОДИЙСИ

Йўқ, ишқ нима деб мендан сўраманг,
Азизларнинг тарбиёти ишқ,
Фузулийнинг куллиёти ишқ,
Ва Юнуснинг балиқ қорнида,
Ҳаққа етган муножоти ишқ,
Иброҳимнинг миллати ишқдир,
Худойимнинг раҳмати ишқдир.
Шоирларнинг тилида гирён —
Париларнинг суҳбати ишқдир.
Фурқатларнинг фурқатида ишқ,
Хилватийнинг хилвати ишқдир.
Амирийнинг амирлигию,
Нодиранинг қисмати ишқдир.
Мавлононинг самоси ишқдир,
Пайғамбарнинг дуоси ишқдир.
Мансур Халлож бўғзида қотиб,
Машраб бўлган видоси ишқдир.

(Хали хотимага келмадим, бу достон муаллифнинг умри қадар давом этади.)

Шартли равишда хотималадим:

Қалбим тўла изҳору
Ҳаётим тўла иқрор,
Ақлим тўла инкору-
Руҳим ишқ бирла бемор.
Оҳ, дардимга даво йўқ,
Бу яшашдан маъно йўқ.
Кетсанг бошингни олиб……
Пала — партиш кетмасанг,
Беруҳ хомуш кетмасанг,
Кетсанг ишқ қадар теран,
Кетсанг васлдай тотлиғ,
Қучоғин очиб турса,
Бир пок дунё ҳайратлиғ.
Қайда, ундай дунё йўқ?!.
Чорлаб чорлаб борарман,
Куйиб, зорлаб борарман,
Дилимнинг оловида
Ёниб, порлаб борарман.
Бандалик ҳаддим билан
Шоирлигим чиқишмай,
Шундай азиз руҳимни ман
Хорлаб — хорлаб борарман.
Гоҳ шеъру, гоҳ Қуръонни,
Гоҳ росту, гоҳ ёлғонни
Жим такрорлаб борарман.
Садо бергин Худойим,
Очилсин дилнинг қулфи,
Кетсин руҳнинг ғашлиги.
Наҳот кетмас бу ҳузн —
Ўтиб кетди ёшлигим,
Ахир, кетди ёшлигим?

Ишқ нима, деб мендан сўраманг,
Худойимнинг раҳмати ишқдир,
Иброҳимнинг миллати ишқдир,
Биз ҳаммамиз ишққа кетяпмиз,
Муҳаммаднинг уммати ишқдир!
Одамзоднинг қиймати ишқдир!

(2015 й. 26 январ)
(Давоми бор)

033Hamisha meni bir savol o’ylantiradi. Xo’sh, biz o’zi kimmiz? Qayerdan kelganmiz? Va Nima uchun kelganmiz? Qayerga ketamiz? Shunda Mavlono Jaloliddin Rumiyning “Ichingdagi ichindadir” asarlaridagi bir iqtibos yodimga tushadi. Mavlono deydilarki, “Deylik sen qulsan, hojang holva olgani seni bozorga jo’natdi. Sen shunda hojang aytgan narsani olmay, bozordagi hamma narsani ko’tarib kelsang ham, hojangni mamnun qila olmaysan. Chunki u aytgan narsani olmading.”

Sanobar MEHMON
DOSTON HAQIDA

Hamisha meni bir savol o’ylantiradi. Xo’sh, biz o’zi kimmiz? Qayerdan kelganmiz? Va Nima uchun kelganmiz? Qayerga ketamiz? Shunda Mavlono Jaloliddin Rumiyning “Ichingdagi ichindadir” asarlaridagi bir iqtibos yodimga tushadi. Mavlono deydilarki, “Deylik sen qulsan, hojang holva olgani seni bozorga jo’natdi. Sen shunda hojang aytgan narsani olmay, bozordagi hamma narsani ko’tarib kelsang ham, hojangni mamnun qila olmaysan. Chunki u aytgan narsani olmading.” Va yana deydilarki: “Voy bo’lsin bu zamonning olimlarigaki, osmondagi olis yulduzlarning sonini bilurlar, saxrodagi qum zarralarining sonini bilurlar, samodagi sanoqsiz ashyolarning joylashgan o’rnini bilurlar, lekin o’zlari uchun eng keraklisi, o’zlariga hammadan ham yaqin bo’lgan o’zlarini bilmaslar. ”

Hazrat Rumiyning bu xitoblari nazarimda bugungi kunga ham daxldordir. Boisi, hamma narsa kashf qilinmoqda. Bargdagi xujayralarning sonidan va tarkibidan tortib, eng murakkab sxemada ishlaydigan nanotexnologiyalar kashf qilinmoqda, hayotga tadbiq qilinmoqda. Ammo inson degan jumboq hamon yechilmadi. Shuncha ehtiyojlari qondirilsada, milliardlar axborotlar va qulayliklar ichida tursa ham inson hamon ruhan g’arib, fikran nosog’. Boisi: hamon o’sha eski gap – biz o’zimiz uchun eng yaqin xilqat – O’zimizni bilmaymiz. Xo’sh, nima bu o’zimizni bilish? Bilganlar aytsin, dersiz? Men bu bilan”men o’zimizni bilaman” — , deb da’vo qilmoqchi emasman. Shunchaki, men o’zim ketayotgan manzilga istasangiz sizni ham hamroh qilmoqchiman. Bu hazrat Navoiyning “Lisonut tayr” dostonlaridagi qushlarning Semurg'(Mohiyat)ni izlab yo’lga chiqqan holatlarini yodingizga solmayaptimi? Bu “Ishq dashtidir, sarguzashti jon ofatlaridandir”, deyiladi. Ammo o’zingning qanchalar buyuk asrorlaringni anglamay, his qilmay yashashdan ko’ra — o’z mohiyatingga talpinib, shu talpinish asnosida poklanib yashashga nima yetsin? Rumiyning “Ayo, siz har lahza jon chekib izlarsiz ilohiyni, Ani izlashga hojat yo’q, Ilohiysiz, ilohiysiz”, — degan xitoblari sizni ham bir turtmadimi? Axir, dunyoda bundan go’zal safar bormi? Odam o’z yaratguvchisi tomon yo’lga chiqishi, o’zini axtarib, o’zgalarga urilishi va har bir urilgan lahzada o’z fayzini olib, fayzlanishi… xullas, bu manzil hammaga har xil maqom bilan beriladi. Manzil turfa, maqom turfa, hol turfa, ammo, MOHIYaT bitta! Xuddi “barcha yo’llar Rimga” eltganidek. Mavlono Rumiyga otalari Bahouddin Valad aytadilar: “Yo’l ko’rsatiladi, lekin har bir yo’lovchi uni o’zi bosib o’tishi shart.” Chunki, bu yo’lda har bir yo’lchiga atalgan alohida hikmatlar, alohida fayzlar va alohida pandlar bor. Buni umumlashtirib bo’lmaydi. Shuning uchun ham bu yo’lni xoslarning yo’li deyilgan.
Mashhur “Ofoqnoma”da: “Tuproq javhari o’simlikdir, o’simlik javhari hayvondir, hayvon javhari insondir, insonning javhari bu komil insondir”, — deyiladi. Komil inson esa inson yaralganidan buyon yagona murod. Insonni yaratishdan muroddir, aslida.

Bu yo’l ming mashaqqatli bo’lmasin, oson qilsa, O’ziga oson. Bu yo’lni ishqning shavqlari aro bosib o’tmoq undanda oson. Shu bois Hoja Ahmad Yassaviy “Har na qilsang oshiq qilgin parvardigor” , deya jo’shib-jo’shib so’raydilar. Shayx Ibrohim Haqqiy: ”Mavlo ko’raylik naylar, naylarsa go’zal aylar”, deya oshiqona xitob qiladilar. Agar ulug’lardan eng ulug’ duo talabida bo’lsangiz ham “Muhabbatiga oshno qilsin”, — deb duo qilganlar. Shu ishq bilan asrimizning mutafakkir shoiri, fors she’riyatining zabardast vakili Suhrob Sipehriy: “Parvardigor shu yaqinginada, mana bu shabbo’ylar bo’yidayu, hu qarag’ay yonida”, — deydi mutaassir bo’lib. Aslan, Allohning ishqi bilan yaratilgan mavjudot ishq ichra shunchalik Allohga yaqin bo’lgusidir. Faqat oshiq bo’lganlargina “Hu qarag’ay yonida ham, shabbo’ylar bo’yidayu”, suvlarning sukunatida Allohni eshitadi, ko’radi va gaplashadi. Hamisha bu dunyo ishqqa muhtoj, oshiqlarning sirli talpinishlaridan paydo bo’ladigan otashin shavqlarga ishqibozdir.

Ishq ichra nishon o’zim mening, tiyr o’zim,
Majnun bu o’zim, jununga tadbiyr o’zim.
(Paxlavon Maxmud)

Bu doston o’z yaratguvchisi tomon talpinayotgan oshiq ruhning yetmoqchi bo’lgan manzillari va shu manzilda qalbiga yetgan fayzu-asrorlar haqidadir.

Shartli ravishda hazrat Navoiyga ergashib, “LISON-UT TAYR” deb nomladim. Boisi, bu asardagi ichki ruhiyatga o’zimning kechinmalarim mosligi uchun shunday nomlashga jazm qildim:

LISONUT TAYR
Doston


Kirish

Ey,
Nolasi ichida bo’lgan Odamzod,
Olasi ichida bo’lgan Odamzod,
Bolasi ichida bo’lgan Odamzod,
Volasi ichida bo’lgan Odamzod,
Ishqdan o’zga haybating yo’qdur,
Ishqdan o’zga saltanating yo’q.

DEBOCHA

Qalbimda bir nozik Huzn bor,
Xuddi titrab turgan shamga o’xshaydi.
Ruhimda bir te’ran tugun bor,
Parvardigor bergan g’amga o’xshaydi.

………………

Dunyoda nima bor xayolday uchqur,
Dunyoda nima bor hayotday totlig’,
Bir tuyg’u kelmoqda sog’inchday chuqur,
Bir sog’inch kelmoqda ishqday haybatlig’.

Jonim, qo’llaringni Xudoyimga cho’z,
Bir diydor so’ragin Boqiy diydordan.
Dunyoda nima bor hayotday shirin,
Nima bor ortiqroq Xudoday Yordan.

Nima U?!! Ishq edi aslida bilsang,
Koinotni nurga to’ldirib turgan.
Xudodan mardona tuyg’ular so’rab,
Nomard hislaringni o’ldirib turgan.

Nima u ko’nglingning tub — tublarida,
Ichkin hislaringni qo’zg’otgan nogoh?
Axir u ishq edi uyg’otgan seni,
Axir u nur edi, ki NURi Alloh!

Ey, odam judayam g’aribsan bilsang,
Shu qadar ojizsan, notavon, xaqir,
Qudratga to’lasan gar ishqqa to’lsang.
Chaqir Xudoyingni “IShQ!”, deya chaqir.

Gar ishq vujudingga nur indirmasa,
O’zing o’z holingday xor va sarsonsan,
Yaratgan ruhingga ishq to’ldirmasa,
Bir jirkanch aftoda suv bilan qonsan!

Ey, odam, bo’zlagil, chaqir Xudoni,
Nola qil falakka yetguncha bo’zing!
Seni kim topadi? Kim bilar axir,
Axtarib topmasang o’zingni o’zing?

O’zingni axtargin aslingni izlab,
Azizlar poyiga to’sha joningni,
O’zingning gul ochar faslingni izlab,
Qiblaga aylantir to’rt tomoningni.

I

Ishq nima deb mendan so’rama,
Nabiylarning xilvati ishqdir,
Valiylarning suhbati ishqdir,
Yohu degan qalandarlarning
Dil qonining sharbati ishqdir.

Ishq nima deb so’rama mendan,
Hofiz sevgan Musallo ishqdir,
Bedil qilgan tavallo ishqdir,
Gar Rumiydir mubtaloyi ishq,
Navoiydan muddao ishqdir.

Qo’ygin uni mendan so’rama,
Malaklarning rozlari ishqdir,
G’unchalarning nozlari ishqdir.
Daryolarda suvlanadi ishq,
Oshiqlarning o’zlari ishqdir.

Ishq nima deb mendan so’ramang,
Kim bo’libman men bilib aytsam,
Garchi:
Ishq, ishq, deya yuraman,
Tafsirini gar qilib aytsam:
Oshiqlarga iltifotdir ishq,
Oqillarga mushkulotdir ishq,
Oriflarga qo’shqanotdir ishq,
ShOIRLARGA EЪTIQODDIR IShQ.
Karbaloning shamoli ishqdan,
Gullarning guljamoli ishqdan,
Ishq nima deb mendan so’ramang.

1. TALAB VODIYSI

Yo’l yurdimo, yo’l yurdim,
Bu yo’llardan mo’l yurdim,
Bilmadingiz yoronlar,
Qancha oyu yil yurdim.
Yurdim o’ru qirlardan,
Hech kim o’tmas yerlardan,
O’tmoqqa imkon topdim,
Bir o’tlig’ doston topdim.

Tog’larning toshi ishqdir,
Bulutning yoshi ishqdir.
Qushlarning shiviri — ishq
Xudoyimning siri — ishq.
Daraxt tukkan meva — ishq,
Qumda cho’kkan teva — ishq,
Ibrohimning millati,
Roz so’ylagan sheva — ishq,
Mashrab yetgan dordir — ishq,
Nasimiyda xordir — ishq,
Yo’q demangiz yo’q, aslo,
Bordir ishq- o, bordir ishq.

Maysalarning toati,
Gullarning ibodati,
Hammasi Xudoyimning
Ishqiga ishorati.
Men uni qaydan bilay?
Keldim bilib bilmasdan,
Qandoq sharhini qilay
Dil ishqqa evrilmasdan.

2. HAYRAT VODIYSI

Goh xush keldim, goh noxush keldim,
Dil rangida faromush keldim,

O’zim bilib, bilmasdan keldim,
Bilganimni qilmasdan keldim.

Goh xud keldim, goh behud keldim,
Goh but keldim, goh nobut keldim.

Tut beshikdan sirg’alib tushib —
Shaxdam yurib tol tobut keldim,

Qayt, dedilar, bu yo’l xatarli,
O’jar edim, qaytmasdan keldim.

Ko’p sirlarni bildirsada Haq,
Bilganimni aytmasdan keldim.

Osmon edim, osmondan Chkeldim,
Mavlo turgan tomondan keldim.

Rost rostini bildirsada U,
Noshud qulman, gumondan keldim.

Malaklarning rozidan keldim,
Rizvonlarning nozidan keldim.

Ey, g’ayb sirrin izlagan sirdon,
Men shu sirning o’zidan keldim.

Tuproq edim, loylanib keldim,
Obi-gilga aylanib keldim,

Ko’rganlarning qalbi jo’shsin deb,
Sharoblanib, maylanib keldim.

Shundan gashtli anjuman bo’ldim,
Ko’ngil degan nozik fan bo’ldim,

Ishq ahlining iqrori bo’ldim,
Dard ahlining mozori bo’ldim.

Osmonlarga yuksaldi ruhim,
O’zim loyga barobar bo’ldim.

Majnun edim sevmasdan avval,
Sevib keyin Sanobar bo’ldim.

Ismim xalal berdi bu yo’lda,
Nomsiz dardning dardida kuydim.

Ishqim doston bo’ldi har dilda,
Oshiqlikning shartida kuydim.

Haq jamolin ko’zingdan topdim,
Haqqa yetgan so’zingdan topdim,

Nima topsam ey ko’nglim saning
Shu xumorli izingdan topdim.

Rabbim, Sening sevging edi u,
To Sengacha yo’lni yo’qotdim,

Har bandangga dil beraverib,
O’zing bergan dilni yo’qotdim.

Izlayverdim har yerdan uni,
Tog’da edi, dashtli edi u.

Butun hayotimning mazmuni,
Oh, naqadar gashtli edi u.

3. ISTIG’NO VODIYSI

Men seni shunchalik jon chekib sevdim,
Jonim og’riyapti, qaragin.
Sevging o’tib ketdi qonlarimgacha,
Qonim og’riyapti, qaragin.

Ruhimning ruhidan o’tib ketdi u,
Boshimning boshiga yetib ketdi u.
So’ngra Xudoyimning Arshiga yetdi.
Haq arshiga yetgan bu sevgi
Qarshiga yetmadi, Qarshiga,
Men dedim, dodlama, dod sasi galdi
Qarshining cho’lidan yor sasi galdi.
Bu ishqdan o’limning nafasi keldi,
Hatto Yaratganning “havasi” keldi.
Hali ko’zlarimni ochmasdan turib,
Ruhimga ruhingning sharpasi keldi.

Bola edim, hali g’o’r edi ishqim,
Ko’zi ochilmagan ko’r edi ishqim.
Titrog’i yoqardi band bandlarimni,
O’zim bilar edim, zo’r edi ishqim.
Bir faryodlar chekdim tong oynasida,
Injigan saboning daldasi keldi.
Tonggi munojotning dilgir sasida:
Dodlama, dodlama, dod sasi keldi,
Qarshining cho’lidan yor sasi keldi.

3. FANO VODIYSI

Ulg’aydim g’amdanda g’amginroq bo’lib,
G’am soldi chehramga mahzun chizgilar.
Tomir-tomirimga mung ketdi to’lib,
Bor shodliklar mendan umid uzdilar.

G’amgin kayfiyatlar ichinda nogoh,
Ishqning tamin totib xayrona bo’ldim.
SOG’ EDIM, SOG’ EDIM, O’LAY AGAR SOG’,
O’shal kundan boshlab devona bo’ldim.

O’shal kundan dilda uyg’ondi jur’at,
O’shal kundan shiddat yor bo’ldi menga.
O’shal kundan jonda bir buyuk kadar,
Bir ma’sum iztirob jo’r bo’ldi menga.

U dedi: “Qo’rqoqlik qilma hech g’amning qoshida,
Egma notavondek haybatiga bosh”.
Uyatdan shodlikka aylanib ketsin,
Ko’rolmay ko’zingda biror tomchi yosh.

Sen qanday yashasang, taqdir o’shadir,
Sen qanday sharhlasang, tafsir o’shadir,
Harne mushkulotga qalbingdir yechim,
Va yana chorayu tadbir o’shadir.

Kecha qamish eding naylanding bugun,
Ko’ngilning qonidan maylanding bugun.
Mayning xumoridan mastona bo’lib,
Mayxona tarafga shaylanding bugun.

Havo bo’lma havoyi bir dil bo’lasan,
Suv bo’lmaki, nuqul darddan ho’l bo’lasan,
Olov bo’lma yonib-yonib kul bo’lasan,
Kel, tuproq bo’l, hammasiga el bo’lasan.

Ruhim nola qilar nayga boray deb,
Ko’zim jola qilar mayga boray deb,
Tunlar uxlatmaydi o’qsigan ko’ngil,
Hech kim chorlamasa qayga boray deb.

Ishq ahli fanodan baqoga ko’chgan,
Benavo uzlatdan navoga ko’chgan,
Yer uzra bormikan biror tirik jon?
Jamiyki tiriklar samoga ko’chgan.

5 IShQ VODIYSI

Yo’q, ishq nima deb mendan so’ramang,
Azizlarning tarbiyoti ishq,
Fuzuliyning kulliyoti ishq,
Va Yunusning baliq qornida,
Haqqa yetgan munojoti ishq,
Ibrohimning millati ishqdir,
Xudoyimning rahmati ishqdir.
Shoirlarning tilida giryon —
Parilarning suhbati ishqdir.
Furqatlarning furqatida ishq,
Xilvatiyning xilvati ishqdir.
Amiriyning amirligiyu,
Nodiraning qismati ishqdir.
Mavlononing samosi ishqdir,
Payg’ambarning duosi ishqdir.
Mansur Xalloj bo’g’zida qotib,
Mashrab bo’lgan vidosi ishqdir.

(Xali xotimaga kelmadim, bu doston muallifning umri qadar davom etadi.)

Shartli ravishda xotimaladim:

Qalbim to’la izhoru
Hayotim to’la iqror,
Aqlim to’la inkoru-
Ruhim ishq birla bemor.
Oh, dardimga davo yo’q,
Bu yashashdan ma’no yo’q.
Ketsang boshingni olib……
Pala — partish ketmasang,
Beruh xomush ketmasang,
Ketsang ishq qadar teran,
Ketsang vaslday totlig’,
Quchog’in ochib tursa,
Bir pok dunyo hayratlig’.
Qayda, unday dunyo yo’q?!.
Chorlab chorlab borarman,
Kuyib, zorlab borarman,
Dilimning olovida
Yonib, porlab borarman.
Bandalik haddim bilan
Shoirligim chiqishmay,
Shunday aziz ruhimni man
Xorlab — xorlab borarman.
Goh she’ru, goh Qur’onni,
Goh rostu, goh yolg’onni
Jim takrorlab borarman.
Sado bergin Xudoyim,
Ochilsin dilning qulfi,
Ketsin ruhning g’ashligi.
Nahot ketmas bu huzn —
O’tib ketdi yoshligim,
Axir, ketdi yoshligim?

Ishq nima, deb mendan so’ramang,
Xudoyimning rahmati ishqdir,
Ibrohimning millati ishqdir,
Biz hammamiz ishqqa ketyapmiz,
Muhammadning ummati ishqdir!
Odamzodning qiymati ishqdir!

(2015 y. 26 yanvar)
(Davomi bor)

033

(Tashriflar: umumiy 457, bugungi 1)

10 izoh

  1. Санобар Меҳмон!
    Ўлманг,синглим.
    Бу сатрлар сатр эмас,Ўзингиз айтмакчи:
    «Париларнинг суҳбатидаги Ишқдир….

  2. Бу достонни бир марта укиган билан аклга сигдириб булмайди. Ишкни кукларида хар ким хам уча олмайди. Бу достонни кайта-кайта укиб ишкни ва одамни англамок лозим. Сунгра Оламни англаймиз ва канот боглаб учамиз…

  3. Бу энди ўзбекнинг буюк шоираси Санобар Меҳмондир!
    Ҳа,ҳа Санобар Меҳмон ўзбекнинг ЭНГ буюк,энг асл шоирасидир!

  4. Офарин! Яна қандай изоҳ бериш мумкин!

  5. » Мажнун эдим севмасдан аввал
    Севиб кейин САНОБАР бўлдим. »
    «Ўшал кундан бошлаб, девона бўлдим»
    » Кел, тупроқ бўл,ҳаммасига эл бўласан… »
    ОЛЛОҲДАН УМР,МУДДАТ СЎРАДИМ, САНОБАРНИНГ ШЕЪРЛАРИНИ ЎҚИШ УЧУН!

  6. Барча Ўзбекнинг асл адабиётшунос олимларига,тасаввуфшуносларига шу достонни ўқиб чиқишни виждон амри ила тавсия қилган бўлардим!!!
    Вақти келиб шу достоннинг ўзи бир ишқ дарслиги бўладир иншааллоҳ!
    Ўзбек адабиётида Санобар Меҳмон алоҳида ҳодиса! Санобар она қорнидаёқ ишқ оғриғига гирифтор бўлган АСЛ шоир!
    Унга ҳаттоки шоира дейишга хижолат бўласан (Абдурасул Мамадалиев ва Аҳли Расул Муҳаммад айтмоқчи)У чинакамига катта шоир ва улкан,ноёб истеъдоддир!
    Унинг айнан ушбу достонини виждон амри ила ўқинг,уқинг ва шогирдларингизга тадқиқот мавзуси қилиб беринг!
    Мутахассислар ўрганиши шарт бўлган ноёб бир кўнгил хазинаси бор бу достонда!

    Бунга заррача шубҳангиз

  7. Шунчвлик бир гўзал бетакрор мисралардирким, таърифида ҳар қандай мангулий сўзлар ҳам ожизу нотавон ҳис этишгай ўзларини!
    Илоҳий шеьриятнинг очилмоққа шайланаётган ғунчагули деб атагим келди.
    Сановбар Меҳмон шоира муслима синглим шеъриятнинг ҳар бир жабҳасида сизга Аллоҳ мададкор бўлсин! Баракотини тилайман.

  8. ИШҚ~ШАҲИДЛАР ЙЎЛИ..
    шаҳидлар шарафлайдиган шоира бўлмоқни танрим насиб айласин…

  9. Ё Оллоҳи бокарам!
    Санобар деган ошиғингни Ўзинг паноҳингда ҳамиша саломат сақлагайсан!

  10. Худди шундай!
    Қўшиламан Нозима хоним!

Izoh qoldiring