Ikromjon Asliy. «Yangi devon»dan g’azallar & Abdunabi Boyqo’ziyev. «Yoshlik» devonidan changlangan g’uncha

32 Мен, ижодини бармоқда бошлаб сўнгги пайтларда кўнгли арузга кўпроқ мойиллана бошлаган андижонлик шоир укамиз Икромжон Аслийни ҳам номлари тилга олинган ўша ғазалнавис акаларимизнинг иқтидорли давомчиси сифада кўра бошладим.

“ЁШЛИК ДЕВОНИ”ДАН ЧАНГЛАНГАН ҒУНЧА
Абдунаби Бойқўзиев


Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари. Ўзбек адабиётшунослигининг улуғлари икки қутбга бўлиниб олиб, ғазал жанри керакми ёки керак эмасми, деган мавзуда “ёқавайрон” жангга киришган кунларни бизнинг авлод ҳануз ҳайрат ва ҳаяжон билан эслашади….

Ўшанда биз ҳаваскор қаламкашлар қайси томонга кўпроқ онграйишни билмай, ҳайрон бўлардик. Чунки, “ғазал ўтмиш сарқити. Совет кишисининг руҳиятию, тузум шахду шижоатини ифода эта олмайди”, дейдиганларнинг тили узайиб, ушбу жанрга иштибоҳларимиз кулминацион туқтага чиққан бир маҳалда, устоз Эркин Воҳидовнинг “Ёшлик девони” (1969) китоби чоп этилиб қолдику!

Айтсам бугунги авлод ишонмайди, Эркин аканинг бу адабий “ривог”и ғазалга кўнгил қўйган, ундан айро тушишни истамай, икки ўт орасида қолган ижодкорлар учун катта байрамга айланиб кетди.

“Ёшлик девони” шарофати билан “кераксиз мумтоз жанр” – ғазалнинг “шўро даври реннесанси” бошланди. Кечагина, ғазалнавис шоир-да, дейишга ийманмай қўйганимиз Фурқат, Муқимий, Ҳабибий, Чустий, Чархий домлалар ижодидаги “ёмби сатлар”ни энди ёрқинроқ илғаб, кашф этишни бошладик. Ана шу руҳ Охунжон Хакимов, Ҳабиб Саъдулла, Олимжон Холдор сингари унлаб машҳур шоирларнинг ижодини қувватлантирди.
Бугунги Водий адабий муҳитида бирмунча ёрқин намоён бўлган Усмонжон Шукур, Қобил Мирзо (уларни Олло раҳмат қилсин!), Фарид Усмон, Исмоил Маҳмуд, Нусрат Абдусалом ва бошқа кўплаб ғазалнавис шоирлар ижодининг илк куртаклари ҳам ўша “Ёшлик девони” ғунчаларидан чангланган, десак хато бўлмайди.

61Мен, ижодини бармоқда бошлаб сўнгги пайтларда кўнгли арузга кўпроқ мойиллана бошлаган андижонлик шоир укамиз Икромжон Аслийни ҳам номлари тилга олинган ўша ғазалнавис акаларимизнинг иқтидорли давомчиси сифада кўра бошладим.

Икромжон бармоқдаги ижоди билан бугун эл назаридаги шоирлар қаторида бор эди. Ва у бу мақомини ўтган йили мамлакатнинг энг нуфузли адабий нашри “Шарқ юлдузи”журналида босилиб чиққан шеърий достони билан ҳам анча мустаҳкамлаб қўйди. Бироқ сўнгги пайтларда у аруз дарёсида равон ва муваффақият билан суза олишини исботлашга қатъий аҳд қилгандай туюляпти…

Ғазал мураккаб жанр. Икромжоннинг битикларида ҳам биз – ғазал сир синоатларини юзаки биладиган “бармоқчилар” илғамайдган сакталигу жанр қоидаларига тушмайдиган ҳолатлар, қайсидир бошқа шоирлардан кўчиб ўтиб қолгандай туюладиган ҳолатлар кузатилади. Бироқ, тан олайлик, бу ўзанда гўзал, беҳато, бетакрор сузиш жуда ҳам кам қалам соҳига насиб этган. Шундай эмасми?…

Рости, унинг қаламидан томган туйғуларда худди очиқ кафтда турган юракнинг очиқ мунгранишу мунгланишларини ҳис этдим.
Азиз ўқувчи! Тунов куни Икромжон бир ўқиб кўрсин, деган ниятда ғазалларидан бир дастасини юборибди. Рост айтсам, вилоятда яшаб ижод қилаётган шоирнинг бу битиклари айрим пойтахтнишин битиклардан хўброқ туюлди. Сиз ҳам бир назар ташлаб кўрсангиз.

Эҳтимол, мен ноҳақдирман?!

Икромжон АСЛИЙ-АНДИЖОНИЙ,
“ЯНГИ ДЕВОН”ДАН


***

Термуламан изларингга, изим етмайдир,
Юборганим мактубларим – сўзим етмайдир.

Аччиқ экан соғинчларнинг саҳбоси бирам,
Қайта-қайта сипқоргали тўзим етмайдир.

Адо қилиб синайверар ҳажринг азоби,
Рўшноликка сендан битта изн етмайдир.

Пешдастурхон юборгим бор янги уйингга,
Лекин сенга қанду новвот, тузим етмайдир.

Икромжонинг кўз ўнггида доим гул ҳуснинг,
Гул ҳуснингга етишмоққа кўзим етмайдир.

***

Қадам қўймас қамарсиймо, қалбим қасрин зинасига,
Ошиқман-у, дош беролмам, ул санамнинг гинасига.

Усиз само сарҳадларин кўзлагувчи ташна қалбим,
Илиб отса кошки кўкка, киприкларин нинасига.

Мен-ку Мажнун, дарбадарман, истаб тунлар ой рухсорин,
Лайло эмас ахир у, бас, ноз қиларкин нимасига?!

Висолига етишмоқ не, бир назару наззора йўқ,
Ақлим вола ул суманбар юрагининг шевасига.

Икромжоннинг умидлари оққуш каби парвоздадир,
Бош қўйгайдир бир кун албат, ул сулувнинг сийнасига.

СУЛУВ

Ёр сулув, ёр бирла кенг дунё сулув,
Ул қадам босса қуруқ саҳро сулув.

Гар сулувким, нозу истиғно этар,
Шубҳасиз, ул нозу истиғно сулув.

Не сулувлар кўрмаган бу даҳри дун,
Бу сулув қиз боридин аъло сулув.

Кўз солар бўлса самога ойсулув,
Ой сулув, офтоб сулув, Зуҳро сулув.

Сувга чиқса тонг-саҳарда солланиб,
Сой сулув, анҳор сулув, дарё сулув.

Соф муҳаббат сеҳрини излар мудом,
-Байтингизда,-дер сулув,-маъно сулув!

Битта ҳарф йўқ бўлса Девон бут эмас,
Бут эмас бўлса, эмас иншо сулув.

Шул сабаб сайқаллагум байтим ҳануз,
Бўлмагунча сўзу сатрим то сулув.

Ошиқ Икромжон сулувлар воласи,
Ёр сулув, ёр бирла кенг дунё сулув!

УЧ ПАРИЗОД
(“Талабалик дафтари”дан кўчирма)

Уч паризодким замондош, жонима оро эрур,
Неки ҳусну кўрк аро, одобда ҳам якто эрур.

Уч чаманрухсораларким, сўзлари болдан лазиз,
Яхшилик, хайру дуолар сўзига маъно эрур.

Уч қамарсиймога вола еру кўк буткул мудом,
Токи ойдан, майсадан тортиб бари шайдо эрур.

Уч гуландомларки, жисми сутга чайгандек тиниқ,
Жами мажмуи малоҳат, беназир сиймо эрур.

Уч суманбарки, йўлимда учради, синди сабр,
Бирлари Раъно, бири ҳур, ул бири зебо эрур.

Ул бири Гулмирадирким, лаблари лаълу ақиқ,
Васфини айтурда бу тил булбулигўё эрур.

Ул бири Гулнозадирким, доимо таъқиб қилур,
Гоҳи-гоҳ уйқумда ҳам ўнггим каби пайдо эрур.

Ул биридир Зуҳрахонким, кўйида бўлдим адо,
Куйганимдан кулгуси, воҳ бунча бепарво эрур!

Ушбу уч қиз битта жонимга солур минг битта ўт,
Ҳасратим ҳеч ерга сиғмас, мавж урар дарё эрур.

Ушбу уч моҳтоб висолин доимо қилдим умид,
Оҳ, бироқ бўлмас ижобат, ўйлари ошно эрур.

Уч бу дилбарни, ажабким, қизғанурман ёридан,
Тўлғонурман кечаларда, кечалар – ялдо эрур.

Уч санамнинг қошига қушдек саҳарда уч дебон,
Иштиёқим тортадир, бир бошда уч савдо эрур.

Уч санавбарга етишмоқ чорасин ҳеч топмадим,
Вақтим ўтди, корим энди оҳу вовайло эрур.

Уч шакаргуфтор лабинким бўсаси энди хаёл,
Пойини ўпмак ақалли менга мустасно эрур.

Уч руҳафзоким учарлар уч тарафга бемалол,
Гоҳи Измир, гоҳи Ҳинд, гоҳи Дубай маъво эрур.

Келтирурлар энг гўзал молу матоларким улар,
Билмадим, кимлар мусоҳиб, бахти беҳамто эрур?

Уч муаллимким, ўқурлар гоҳ Навоий назмидан,
Гоҳ Хазиний, гоҳи Машраб байти бол, саҳбо эрур.

Уч бу қизким, ёзадирлар дилрабо байтлар, ажаб,
Назм аро, ҳайратдадирман, пеш эрур, пешво эрур.

Уч бу ҳулкар учта уйнинг бекаси, покизаси,
Учратиш ҳатто биринким, туш эрур, рўё эрур.

-Битта қалбингга нечун уч қушни жо эттинг ўзинг!,-
Дўсту улфат таънасиким, ханжари бурро эрур.

Энди уч гул ҳажрида ҳолим менинг афтодадир,
Тоқатимнинг кулбаси бошдан-оёқ яғмо эрур.

Учгай энди лаҳзаларким, уч сулувнинг ортидан,
Учганим беҳуда кетди, ўзгалар рўшно эрур.

Уч сарафроз қиз ўтида ёнма энди бунчалар,
Сенга Икромжон, бу ўтдан қанчалар маъно эрур?

ФАРҒОНАДА БИР ҚИЗ БОР…

Фарғонада бир қиз бор, мумтоздан-мумтоз, дерлар,
Бундай қизни жаҳонда саноқли, оз-оз, дерлар.

Момоларнинг ҳаёсин тумор қилиб тақмиш ул,
Қалбида инсонларга эътиқод, эъзоз, дерлар.

Фақат чиройда эмас, одобда ҳам ибратда,
Ўзгаларга эҳтиром кўрсатмоғи соз, дерлар.

Ўттиз пора Қуръонни кўтарган ул қория,
Ҳамроҳидир то ҳануз беш маҳал намоз, дерлар.

Айнан шу ўзбекона хислатлари сабабли,
Қалби меҳрдан яшнаб, мисли баҳор, ёз, дерлар.
Таърифи таралгандир, ҳатто узоқ-узоққа,
Таниганлар: мадҳ этиб, дилда боринг ёз, дерлар.

Дилкаш мисралар битиб, мухлисларин шод этар,
Шеър битмоққа шайланса, яйрармиш қоғоз, дерлар!

Бутун борлиғим шаъмдай эрир Уни ўйласам,
Етишолмай васлига дилим ғаш бир оз, дерлар.

Айтмадим ул дилбарнинг исмин атай сир сақлаб,
Икромжоннинг тутуми ўзбекликка хос, дерлар…

Фарғонада бир қиз бор, мумтоздан-мумтоз, дерлар,
Бундай қизни жаҳонда саноқли, оз-оз, дерлар.

МАСТОНА ҚИЛМАСДАН БУРУН

Маст эрурман кўзлари мастона қилмасдан бурун,
Ҳуснига минг марталаб парвона қилмасдан бурун.

Ақлим олди, кўйига солди мени ишқ ичра ул,
Шундоғам девонаман, девона қилмасдан бурун.

Орзиқиш, ўю хаёллар менга бегона эди,
Ўзидан бир кечада бегона қилмасдан бурун.

Ёширин эрди сирим, эл оғзида эртак эмас,
Сирларимнинг сиррини афсона қилмасдан бурун.

Қатнамасдим бу замон соқийсига юз сарғайиб,
Масканимни ҳажр аро майхона қилмасдан бурун.

Ёру дўстлар гаштагида эрмас эдим бош Қаҳрамон,
Фикру ёди дилгинам кошона қилмасдан бурун.

Хона топ, баҳона топ, Икромжон, энди, токи ёр,
Васлини пайсал ила баҳона қилмасдан бурун.

ДИЛДА БОРИМСАН
Севикли курсдошимни соғиниб…

Ўзинг-ла яшнагай олам, Сурайё, дилда боримсан,
Кўнгилга тушмагай ҳеч ғам, Сурайё, дилда боримсан.

Хаёллар элтади сенга, саволлар элтади сенга,
Дилимда зарра йўқ шубҳам, Сурайё, дилда боримсан.

Юзингни шуъласи боис жаҳон ҳам нурга тўлгайдир,
Чиро-ю ҳусни хўп бекам Сурайё, дилда боримсан.

Сурайё, дилда боримсан, десам ким қаршилик қилгай,
Муҳаббат қолмасин мубҳам, Сурайё, дилда боримсан.

Азизлик сенгадир молик, лазизлик сенгадир лойиқ,
Парилар сен сабаб мулзам, Сурайё, дилда боримсан.

Нигоҳинг сўйлагай сирлар, бу сирлар қилди таъсирлар,
Нигоҳинг зориман ҳар дам, Сурайё, дилда боримсан.

Муҳаббат дарсини бергил, қулингман, толибингдирман,
Етишсин оҳ ила нолам, Сурайё, дилда боримсан.

Вафо тимсолисан мангу, манга энг дилпазир орзу,
Сўзингда қанча ҳикмат жам, Сурайё, дилда боримсан.

Сенга мен дилни бермишман, ўшал олтин даврлардан,
Ҳаётим айлаган кўркам, Сурайё, дилда боримсан.

Қувонгум сенга Икромжон юракдан роз этиб ошкор,
Ўзинг-ла яшнагай олам, Сурайё, дилда боримсан!

АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА ТАЗМИН

“Ҳар неча жавр қилса ноз аҳли,
Тортмай найлагай ниёз аҳли”.

Ҳамроз бўлмакка шўхлара зор дил,
Лек алар эрмас ҳамроз аҳли.

Васлига осон этмас муяссар,
Ул шўху шаддод Дилнавоз аҳли.

Ўта олмайин имтиҳонлардан,
Неча ошиқдир эътироз аҳли.

Етмай муродга, чексангиз ранжким,
Деманг: дилрабо – танноз аҳли.

Еткайсиз бир кун, албат мурода,
Йўқ гар арода ғаммоз аҳли.

Икромжон ишқи умрига зийнат,
Майли, ноз этсин, анга ноз аҳли!

ЯРАШГАЙ

Ўзбекистон самосига чўлпон ярашгай,
Озод юртга шундай тиниқ осон ярашгай.

Истиқлолдан сафо топган чаманни кўринг,
Равон йўллар чаккасига райҳон ярашгай.

“Чўнтак”да ош тайёрланар, пойандозлар шай,
Файзиёб бу масканларга меҳмон ярашгай.

“Малибу”лар, “Тахое”лар елдек еларлар,
Истиқлолнинг тулпорлари чандон ярашгай.

Нуронийлар давраларнинг тўрида мудом,
Кексаларга ҳурмат-эъзоз, имкон ярашгай.

Мард йигитлар келажакни кўзлар ҳамиша,
Зулфиянинг қизларига нишон ярашгай.

Ҳар соҳада илдам кетдик юз йил олдинга,
Кўз тегмасин, ушбу давру даврон ярашгай.

Меҳнатларнинг, изланишнинг эътирофи деб,
Фидойилар учун юксак унвон ярашгай.

Икромжоннинг ғазалини куйлар Озодбек,
Мустақиллик тўйига бу хушхон ярашгай.

ОШИҚНОМА

Гулнозаким, ул кўзлари хумморга мен хуммордирман,
Юрагида билдирмасдан асраб юрган туммордирман.

Соғ юрсин ул, дард кўрмасин, юз ёшларга етганда ҳам,
Етарки бу, унинг учун ишқ ранжида бемордирман.

Оромлардан айрилмасин, дарпардасин шамол ўйнаб,
Ширин тушлар кўрганда ул, мен уйимда бедордирман.

Гарчи бошда минг бир савдо, ишқ ўйи бор, шавқи ғазал,
Воҳ, ишқсизлар наздида мен бекорчиман, бекордирман.

Муштоқ эмас ҳеч ким мендек ул гулбадан йўлидаким,
Тутқичи йўқ бодирафраф киби мудом сайёрдирман.

Имтиҳондан ўтказсинлар ишқ пирлари, сўз пирлари,
Ўшал қиз деб синовлардан ўтмакликка тайёрдирман.

Икромжоннинг ғазаллари етти байтдан узун бўлса,
Айб этмангиз, ёрни ёзсам яйраб шакаргуфтордирман.

***

Гуллар тарар хушбўйларин, бундан баҳор ўтибдими,
Ё атирбўй шаббодалар лайли наҳор ўтибдими?

Ёки ёрнинг сочларидан таралганму хуш ифорлар,
Атиргулли туйғулари қалбда анҳор ўтибдими?

Кутган эдим зор-интизор қалдирғочга роз айтибон,
Ёр ҳам саҳар қушларига сўйлаб изҳор ўтибдими?

Не учундир парвоси йўқ, рўйхуш бермас хатларга ҳам,
Ошиқликда биздан хато ёки озор ўтибдими?

Қайга ўтган, қайтиб яна ўтармикан чорлар эсам,
Ул париваш чамангаму ё гулбозор ўтибдими?

-Қайтиб ўтмам кўчасидан деб эркан бир ўртоғига,
Сабри етмай аразларин айлаб инкор, ўтибдими?

Ёшлигимми, дилбар бўлиб ўтиб кетган толкўчадан,
Ё кунларим қушга дўниб турнақатор ўтибдими?

Икромжонни асир этиб муҳаббатнинг гулзорига,
Ўсма қўйиб ёр қошига хумор-хумор ўтибдими?.

ИНОЯТ

Бизга гул дилрабо иноят,
Гулдек гулгунқабо иноят.

Иноятдир бор ила буди:
Жафоси – лутф, вафо – иноят.

Дарёга эҳтиёжимиз кам,
Меҳри дарё, аъло иноят.

Қилар бўлса ҳатто исмимиз –
Соф қалбидан маъво, иноят.

Куйлагандек ишқпарвар ҳофиз,
Ул шўх гулираъно иноят.

Йигит бахти уч бора кулса,
Чин севги бу – тилло иноят.

Икромжонга тутқазган қалам,
Илоҳий хуш маъно иноят.

МУҲАББАТИ
Чустий ғазалига тазмин

“Завқингни орттирар эса барно муҳаббати,
Ақлингга ақл қўшгуси доно муҳаббати”.

Нега у Қайсдан ахтарай нуқсу хато бугун,
Саҳрода юрса-да мурод – Лайло муҳаббати.

Боғбон чекаркан заҳми хор бардошини қадаб,
Кўнглидадур гулғунчаи раъно муҳаббати.

Зебо қилур ҳар мард ҳаётин эрта-кеч, на хуш,
Кўзи қаро-ю қалби оқ зебо муҳаббати.

Ишқ гавҳарин жонимни сандуқига солган он
Кетди йироқ мендин тамом дунё муҳаббати.

Ишқим дарахтинким ҳавас қилганга офарин,
Топди камол ҳар баргида Мавло муҳаббати.

Икромжон, аслингга ғубор қўндирма тоабад,
Ёрдир сенга то ҳикмату маъно муҳаббати.

НАВОИЙ ОЛАМИ СОРИ

“Ҳайрат ул аброр”ни оч, ҳайрат Навоийдин эрур,
Нур каби суврат ила сийрат Навоийдин эрур,
Яхшиликка даъвату ғайрат Навоийдин эрур,
Минг аср эскирмаган ҳикмат Навоийдин эрур,
Ибрат Навоийдин эрур, ибрат Навоийдин эрур.

Ул Ҳирот бирла замон аҳлидин айтар номалар,
Эзгулик боғида бахт нахлидин айтар номалар,
Васлу ҳажру чин вафо наҳридин айтар номалар,
Бу ўтар дунёи дун – даҳридин айтар номалар,
Англаган, билганга чўнг фикрат Навоийдин эрур.

Тоғни қазган Кўҳкан, Ширин, Меҳинбонуси соз,
Лайли васлини тилаб, Мажнунда минг ажзу ниёз,
Ваҳки йўқ ишқ аҳлига дилдорасидин имтиёз,
Шул сабаб, озмунча орзу топмамишдир инқироз,
Ишқ аҳлидин туман ҳасрат Навоийдин эрур.

Эл ғами бирла туну кун ухламас арбобни кўр,
Ёнида минг ғайрини кўр, жонида аҳбобни кўр,
Қалбида юрту ватанга меҳрини – офтобни кўр,
Эй рафиқ, боққил теран – комиллигу одобни кўр,
Одоб Навоийдин эрур, иффат — Навоийдин эрур.

“Хамса”ни очгил, “Хазойин ул маоний”ни-да оч,
“Муншаот”-у “Арбаин” ҳар лутфига меҳрингни соч,
Бу асарлар руҳиятга чашма янглиғ эҳтиёж,
Онгинга ёққай агар уқсанг сира ўчмас сирож,
Сенга тўғри йўл-йўриқ, рағбат — Навоийдин эрур.

Мен ғазалларни ўқиб, англарга ўзни чоғладим,
Не асрлар оша устозимга ихлос боғладим,
Байтининг ҳар мисра-ю ҳар фардини ардоқладим,
Ушбу ардоқ бирла ворислик йўсунин оқладим,
Билдим, олий мақсаду маснад — Навоийдин эрур.

Ўтди йиллар, кетди йиллар, ўтди ёз бирлан баҳор,
Неча шоиру адиблар келди-ю кетди қатор,
Камтариндир бирлари хўп, бирларидир пурвиқор,
Биргина қолди Алишер назм элида барқарор,
Ифтихор бирла ғурур, омад Навоийдин эрур.

Огаҳий, Мунис ва Эркин, ҳам Жамол бирла Омон,
Битдилар сонсиз мухаммас, иқтидор этти аён,
Барчаси ўзига хосдир, барчаси – мўъжизбаён,
Ёд этиб, ҳазрат Навоийни кечибдир не замон,
Ҳамжиҳатлик фазлию хислат Навоийдин эрур.

Сенки Янги Ўзбекистон ўғлисан – ол пандини,
Жо этиб қалбингга сатрин пора-пора бандини,
Тот асал бирла наботдек, ҳолва янглиғ қандини,
Учратолмассан Навоийнинг сира монандини,
Маънилар бозорида лаззат – Навоийдин эрур.

Ёзгил Икромжон, Навоийдин неча ранггин калом,
Токи бор қалбингда ул зотга адоқсиз эҳтиром,
Не ажаб, касб этса байтинг қалб аро монанд мақом,
Янграса ҳам куй қаноти ичра мисли “Шашмақом”,
Ибрат Навоийдин эрур, ҳиммат Навоийдин эрур.

ЛУТФИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Нозаниннинг нозиким, дардимни афзун айлади,
Ғайрига боққонда рашки кундузим тун айлади,
Кашмирий соҳир киби ҳусниға мафтун айлади,
Бир париваш ғамзаси ақлимни мажнун айлади,
Кўз юмиб-очғунча ҳолимни дигаргун айлади.

Субҳи еллар шавқ ила айлар тавоф босқон изин,
Орзулар қалбим ҳамон шул безавол бахт юлдузин,
Истар эрдим доимо қаршумда кўрмаклик ўзин,
Субҳидам кунтек чиқиб кўргузгач ул ўтлуқ юзин,
Толеъим масъуду бахтимни хумоюн айлади.

Сурма бирлан бунча ҳам бердинг кийик кўзингга зеб,
Қолмади кўрганда кўзунгники кўнгилда шикеб,
Бор экан бундоқ чиройлик кўз бу тенгсиз ҳурда,-деб,
Кўп югурмактин кийик кўзи қарорди саҳм еб,
Кўр, нечук ғамзанг ўқи они жигархун айлади.

Чорасин қилмас эсанг заҳми фироқингни ўзинг,
Ўртанар ўтларда ҳар доимгитек бул ожизинг,
Дилда армоним фақат офтобмисол анвор юзинг,
Интизорин йўлин устида қўйиб кетти кўзинг,
Бизни ул Лайли сифатлиқ мисли Мажнун айлади.

Дўстлар, мен сингари жодули кўз қилманг ҳавас,
Тушсангиз домига оҳутек, қутулмоғлиқ абас,
Минг карашма-жоду-афсуни билан худ пешу пас,
Сеҳр элидин воқиф эрди ҳиндуйи Кашмир, бас,
Бул ажабким, турк экоч ул кўз юз афсун айлади.

Телбараб орзуламай кўксида норин нечаким,
Англамас кўнглим ул оҳу оҳу зорин нечаким,
Истадим эъзозу меҳру эътиборин нечаким,
Лаб-балаб васлин тилаб, топмай канорин нечаким,
Кўзларим қон ёшини ҳасратда Жайҳун айлади.

Токи ташлаб кетти моҳ, дилхаста Икромжонни тоқ,
Мисли денгиз ичра қолғон хасмен-у олис қироқ,
Жонима мингларча озор новакин отқач фироқ,
Бир кун ул ҳусн элининг султони тутқай деб қулоқ,
Ишқ Лутфийнинг сўзини дурри макнун айлади.

ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ишқи тушгандан буён кўнглим алоло тортадур,
Найлайин, шуъла тараб, ўзига Зуҳро тортадур,
Мисли бир оҳанрабодек шўх дилоро тортадур,
Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур,
Балки андин даҳр эли ортуқча ғавғо тортадур.

Дилбарим ёди-ла кечгай тўрт фаслнинг рўзлари,
Лайлатулқадру ики ийду яна наврўзлари,
Учраганда жонга ўт солса мусаллам сўзлари,
Қошлари остида гўё икки фаттон кўзлари
Икки ҳинду баччадурким ёндашиб ё тортадур.

Ҳусни-ю қошу кўзига ўргулуб парвоналар,
Таҳсин айтур Марғилону Рошидон – Фарғоналар,
Зулфидек бўлмоқ тилаб содиқ, қариб ҳамхоналар –
Телбаланмиш зулфини савдосидин девоналар,
Қайға борса ўлтуруб ерға чалипо тортадур.

Ёра айтурман хаёлан: оҳким, йўқтур каминг,
Тегранг узра қанча ўртоғу дугона, маҳраминг,
Нозу истиғно ила хуррам яшаб, ёнғай шаминг,
Жон ила кўнгил талошур, эй санам, дарду ғаминг,
Бирни сол кўнглумғаким, жон бирни танҳо тортадур.

Қайси гулрухсора сендек ҳар кўнгил ардоғидур,
Қайси дилда менчалик ишқ ларзаси-титроғидур,
Авжи ҳуснунг фаслидур бу – авжи ғавғо чоғидур,
Кокулингдин бўй олган боғнинг тупроғидур,
Боғбон сотмоққа доим мушки соро тортадур.

Бу ғаройиб қиссаеким, эл аро машҳурдур,
Ўқуғонлар, тинглағонлар завқидин масрурдур,
Маънисиким – дилраболар кўркидин махмурдур,
Не билур Юсуфки, нозу ҳусн ила мағрурдур,
Ул қадарким, ишқ дардини Зулайҳо тортадур.

Қанчалар бўлсанг-да мағмум, зору расво, э кўнгул,
Жами расволар сафида ёки танҳо, э кўнгул,
Сарвинознинг севгисидин кечма асло, э кўнгул,
Ишқни пинҳон тутарға бўлма шайдо, э кўнгул,
Мушк пинҳон бўлса бўйи ошкоро тортадур.

Сен – кўнгулнинг ройу раъйи боиси – ночоғмен,
Ул гуландом шавқи ичра меҳрига муштоғмен,
Сув оқур, бебаҳра қолғон соҳилу қирғоғмен,
Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғмен,
Айшни нодон суруб, кулфатни доно тортадур.

Ишқ – маъдан, лек гуҳар, молу матаҳдин можаро,
Кисса тўлдурмаклик аксар одамийға муддао,
Васваса қилганда мулк жону ақл ҳам нафс аро,
Сориғ олтун касрати кўнгулни айлайдур қаро,
Чунки сафро бўлса ғолиб, ўзга савдо тортадур.

Кимга айтсун ошиқ Икромжон қувонч, ғам розини,
Англамас бўлса сулув бир шўх анинг эъзозини,
Саҳви бўлса ишқида, бошлаб келинглар қозини,
Булҳаваслар торта олмас нозанинлар нозини,
Фурқатийдек бекасу шўрида, расво тортадур.

ДИЛДОРАГА
Нормурод Нарзуллаев ғазалига мухаммас

Шайдодирман, ишқим элга ошкорадир,
Соғинчларим дил мулкида фавворадир,
Умидим ул маҳвашдан бир наззорадир,
Дилим торин чертган дилдор Дилдорадир,
Ёр ҳажрида бағрим зор-зор, дил порадир.

Ҳар ишқли дил айтиб элга розу сўзин,
Кўзларига тавоф этиб гул қиз изин,
Моҳинурнинг қароғидан излар ўзин,
Ҳар шерюрак кашф этармиш ўз юлдузин,
Бошим узра Чўлпоним ул сайёрадир.

Хаёлларим, хуш карвоним, ўтинчим шул,
Билармикин ёри жоним, ўтинчим шул,
Сенга нидо, оҳ-фиғоним, ўтинчим шул,
Эй, Чўлпоним, эй, йўлбоним, ўтинчим шул,
Айтгил ёрга тезроқ қайси йўл борадир.

Дилдора қиз бир аломат бу оламда,
Борму ундай сарвиқомат бу оламда,
Дийдор фасли дилхуш ҳолат бу оламда,
Висол бахти – толе, давлат бу оламда,
Далда сўраб ошиқ шўрлик ёлворадир.

Бир кунликмас, бир умрга мен мубтало,
Эшитмагай ул дилрабо чексам нидо,
Келгум, деган сўзларига бўлдим адо,
Жон жўралар, ошиқликка борми жазо,
Айрилиққа наҳот ёлғиз шул чорадир?!

Қайтармиди, чин шайдолар кечса олов,
Зебо санам деб борини қўйгай гаров,
Мен ҳам дилдор ишқин бошда қилдим ялов,
Ишқ дегани – вафо демак, бузса биров,
Ишқ олдида бети шувут, қоп-қорадир.

Чин ошиқлар чин ёр учун содиқ, Нарзий,
Маъшуқа ҳам дардмандига ҳозиқ, Нарзий,
Икромжон гул қизга шаксиз лойиқ, Нарзий,
Ёр лафзини қасам деб бил, ошиқ Нарзий,
Ишқи йўқлар аро йўлда оворадир.

ДИЛНАВОЗИМ, СЕН УЧУН
Нусрат Абдусалом ғазалига мухаммас

Дилбарим, бори ҳаётим, кўпу озим сен учун,
Мен қилурман ким ҳаётда неки лозим, сен учун,
Бўлгали шайман қўлингда бир мулозим сен учун,
Бир ажойиб боғ яратдим сарвинозим, сен учун,
Меҳру ишқим гулга бердим, дилнавозим, сен учун.

Сен билан қалбим мунаввар, ўзгаси даркор эмас,
Баҳра олгум Зуҳра меҳринг шуъласидан ҳар нафас,
Гуллади орзу-умидим, бўлмади олам қафас,
Меҳру ишқим сенга дилбар, гулга қўйганман ҳавас,
Гулшанимга эътиборим ҳам эъзозим сен учун.

Шодлигим оламча бордир шул сабаб ҳамроҳ қўшиқ,
Айласин олам элини ишқдин огоҳ қўшиқ,
Ҳофизи хушхон мисоли сенга куйлай, моҳ, қўшиқ,
Сайр этиб гуллар аро мен куйлагайман гоҳ қўшиқ,
Янграса куйлар чаманда қўлда созим сен учун.

Қумрилар ҳам боғ кезарлар турфа гуллар ишқида,
Мисли ошиқ оҳ урарлар турфа гуллар ишқида,
Топса ишқидан самарлар турфа гуллар ишқида,
Куйласа булбул саҳарлар турфа гуллар ишқида,
Жўр бўлай мен андалибга, жўр овозим сен учун.

Байтларим қалбим мисоли беғубордир, тозадир,
Ўтлуғ оҳим не салафлар дудидин андозадир,
Киргали назм ичра қаршимда очиқ дарвозадир,
Мен баёз қилдим ғазалдан, байтларим шерозадир,
Шеърларим бахшида сенга, шул баёзим сен учун.

Шул муҳаббат боисидан дилда доим фасли ёз,
Элда шод-хуррам кезарман, бу ҳаётим сарфароз,
Сен – малика, мен шу боис қанча эъзоз этсам оз,
Жону мулким барчасини айларам сенга ниёз,
Сенга бўлсин қўлда созим ҳам ниёзим сен учун.

Сендадир меҳру садоқат бир жаҳон лутфу карам,
Шул сабаб Икромжонингни ўзга этмишсан қарам,
Чора қилмас бўлсанг эй ёр, интизорлик мунтазам,
Ёр, висолинг бодасига ташнадир Нусрат бу дам,
Кел нигорим, гулбаҳорим, дилда розим сен учун.

ИСМОИЛ МАҲМУД МАРҒИЛОНИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Истиқболли шоира ва журналист Гўзалхон Охуновага бағишланади

Ясанди мисли жонона, кангул парвоз этар бўлди,
Қиёси йўқ бу кошона, кангул парвоз этар бўлди,
Жаҳон саҳнида фарзона, кангул парвоз этар бўлди,
Чаманзор ичра Фарғона, кангул парвоз этар бўлди,
Ифорлар тўлди ҳар ёна, кангул парвоз этар бўлди.

Табиат мўъжизотидин сахо ичра еру осмон,
Таралганда ширин бўйлар, сафо ичра еру осмон,
Қаердан эсдилар жонбахш сабо ичра еру осмон,
Очилди ранг-баранг гуллар, наво ичра еру осмон,
Ки, файзга тўлди дурдона, кангул парвоз этар бўлди.

Ёшу қари – кўринг бари, азиз жони фароғ ичра,
Дуо қилгай бу кунларга абадликлар сўроғ ичра,
Қуюлгай завқу шавқ нури мунаввар ҳар қароғ ичра,
Шарафланди азиз инсон ниҳол янглиғ бу боғ ичра,
Бу кун боғбони парвона, кангул парвоз этар бўлди.

Тўкин рўзғор ато этди кишиларга гўзал даврон,
Қўқону Марғилону Сўх, Қува, Тошлоғу Андархон,
Шинам уйлар қурар ҳар ким, узилмас бағридан меҳмон,
Этиб бунёд гўзал турмуш, фаровонлик топиб ҳар ён,
Бўлиб Ҳақ ишда мардона, кангул парвоз этар бўлди.

Хайрли барча ишларким, нурафшон этди ҳар дилни,
Нурафшонлик завол билмас гулистон этди ҳар дилни,
Ҳидоят боби очилди, китобхон этди ҳар дилни,
Муҳаббат ичра Истиқлол чароғон этди ҳар дилни,
Деманг асло бу афсона, кангул парвоз этар бўлди.

Фазилатли маконда Ҳақ ёмонликни яратмас ҳеч,
Нафосат шаҳрида кўзни тубанликка қаратмас ҳеч,
Бу гулшанга Ўзи посбон, заволликни йўлатмас ҳеч,
Бу боғда зоғ чекмас ун, алафлар бўй таратмас ҳеч,
Улардир бунда бегона, кангул парвоз этар бўлди.

Мен Ўзбекман – аён-ошкор жаҳонга довруғим, шоним,
Улуғлар, аҳли орифлар мудом дўсту қадрдоним,
Баён этгувси шукронам қўлимда катта Девоним,
Улуғлик пояси узра ўтар ҳар лаҳза, ҳар оним,
Бу даврон ичра осмона кангул парвоз этар бўлди.

Шу ерни сайладим маскан, бўлакка чопмадим асло,
Шу тупроқдан бўлак тупроқни жондек ўпмадим асло,
Мен Икромжон гўзал водийдан олис кетмадим асло,
Гўзал маҳбуб каби, Маҳмуд, қиёсин топмадим асло,
Боқурман унга мастона, кангул парвоз этар бўлди.

21Men, ijodini barmoqda boshlab so‘nggi paytlarda ko‘ngli aruzga ko‘proq moyillana boshlagan andijonlik shoir ukamiz Ikromjon Asliyni ham nomlari tilga olingan o‘sha g‘azalnavis akalarimizning iqtidorli davomchisi sifada ko‘ra boshladim.

“YOSHLIK DЕVONI”DAN CHANGLANGAN G‘UNCHA
Abdunabi Boyqo‘ziyev


O‘tgan asrning yetmishinchi yillari. O‘zbek adabiyotshunosligining ulug‘lari ikki qutbga bo‘linib olib, g‘azal janri kerakmi yoki kerak emasmi, degan mavzuda “yoqavayron” jangga kirishgan kunlarni bizning avlod hanuz hayrat va hayajon bilan eslashadi….

O‘shanda biz havaskor qalamkashlar qaysi tomonga ko‘proq ongrayishni bilmay, hayron bo‘lardik. Chunki, “g‘azal o‘tmish sarqiti. Sovet kishisining ruhiyatiyu, tuzum shaxdu shijoatini ifoda eta olmaydi”, deydiganlarning tili uzayib, ushbu janrga ishtibohlarimiz kulminatsion tuqtaga chiqqan bir mahalda, ustoz Erkin Vohidovning “Yoshlik devoni” (1969) kitobi chop etilib qoldiku!

Aytsam bugungi avlod ishonmaydi, Erkin akaning bu adabiy “rivog”i g‘azalga ko‘ngil qo‘ygan, undan ayro tushishni istamay, ikki o‘t orasida qolgan ijodkorlar uchun katta bayramga aylanib ketdi.

“Yoshlik devoni” sharofati bilan “keraksiz mumtoz janr” – g‘azalning “sho‘ro davri rennesansi” boshlandi. Kechagina, g‘azalnavis shoir-da, deyishga iymanmay qo‘yganimiz Furqat, Muqimiy, Habibiy, Chustiy, Charxiy domlalar ijodidagi “yombi satlar”ni endi yorqinroq ilg‘ab, kashf etishni boshladik. Ana shu ruh Oxunjon Xakimov, Habib Sa’dulla, Olimjon Xoldor singari unlab mashhur shoirlarning ijodini quvvatlantirdi.

Bugungi Vodiy adabiy muhitida birmuncha yorqin namoyon bo‘lgan Usmonjon Shukur, Qobil Mirzo (ularni Ollo rahmat qilsin!), Farid Usmon, Ismoil Mahmud, Nusrat Abdusalom va boshqa ko‘plab g‘azalnavis shoirlar ijodining ilk kurtaklari ham o‘sha “Yoshlik devoni” g‘unchalaridan changlangan, desak xato bo‘lmaydi.

Men, ijodini barmoqda boshlab so‘nggi paytlarda ko‘ngli aruzga ko‘proq moyillana boshlagan andijonlik shoir ukamiz Ikromjon Asliyni ham nomlari tilga olingan o‘sha g‘azalnavis akalarimizning iqtidorli davomchisi sifada ko‘ra boshladim.

Ikromjon barmoqdagi ijodi bilan bugun el nazaridagi shoirlar qatorida bor edi. Va u bu maqomini o‘tgan yili mamlakatning eng nufuzli adabiy nashri “Sharq yulduzi”jurnalida bosilib chiqqan she’riy dostoni bilan ham ancha mustahkamlab qo‘ydi. Biroq so‘nggi paytlarda u aruz daryosida ravon va muvaffaqiyat bilan suza olishini isbotlashga qat’iy ahd qilganday tuyulyapti…

G‘azal murakkab janr. Ikromjonning bitiklarida ham biz – g‘azal sir sinoatlarini yuzaki biladigan “barmoqchilar” ilg‘amaydgan saktaligu janr qoidalariga tushmaydigan holatlar, qaysidir boshqa shoirlardan ko‘chib o‘tib qolganday tuyuladigan holatlar kuzatiladi. Biroq, tan olaylik, bu o‘zanda go‘zal, behato, betakror suzish juda ham kam qalam sohiga nasib etgan. Shunday emasmi?…

Rosti, uning qalamidan tomgan tuyg‘ularda xuddi ochiq kaftda turgan yurakning ochiq mungranishu munglanishlarini his etdim.

Aziz o‘quvchi! Tunov kuni Ikromjon bir o‘qib ko‘rsin, degan niyatda g‘azallaridan bir dastasini yuboribdi. Rost aytsam, viloyatda yashab ijod qilayotgan shoirning bu bitiklari ayrim poytaxtnishin bitiklardan xo‘broq tuyuldi. Siz ham bir nazar tashlab ko‘rsangiz.

Ehtimol, men nohaqdirman?!

Ikromjon ASLIY-ANDIJONIY,
“YANGI DЕVON”DAN


***

Termulaman izlaringga, izim yetmaydir,
Yuborganim maktublarim – so‘zim yetmaydir.

Achchiq ekan sog‘inchlarning sahbosi biram,
Qayta-qayta sipqorgali to‘zim yetmaydir.

Ado qilib sinayverar hajring azobi,
Ro‘shnolikka sendan bitta izn yetmaydir.

Peshdasturxon yuborgim bor yangi uyingga,
Lekin senga qandu novvot, tuzim yetmaydir.

Ikromjoning ko‘z o‘nggida doim gul husning,
Gul husningga yetishmoqqa ko‘zim yetmaydir.

***

Qadam qo‘ymas qamarsiymo, qalbim qasrin zinasiga,
Oshiqman-u, dosh berolmam, ul sanamning ginasiga.

Usiz samo sarhadlarin ko‘zlaguvchi tashna qalbim,
Ilib otsa koshki ko‘kka, kipriklarin ninasiga.

Men-ku Majnun, darbadarman, istab tunlar oy ruxsorin,
Laylo emas axir u, bas, noz qilarkin nimasiga?!

Visoliga yetishmoq ne, bir nazaru nazzora yo‘q,
Aqlim vola ul sumanbar yuragining shevasiga.

Ikromjonning umidlari oqqush kabi parvozdadir,
Bosh qo‘ygaydir bir kun albat, ul suluvning siynasiga.

SULUV

Yor suluv, yor birla keng dunyo suluv,
Ul qadam bossa quruq sahro suluv.

Gar suluvkim, nozu istig‘no etar,
Shubhasiz, ul nozu istig‘no suluv.

Ne suluvlar ko‘rmagan bu dahri dun,
Bu suluv qiz boridin a’lo suluv.

Ko‘z solar bo‘lsa samoga oysuluv,
Oy suluv, oftob suluv, Zuhro suluv.

Suvga chiqsa tong-saharda sollanib,
Soy suluv, anhor suluv, daryo suluv.

Sof muhabbat sehrini izlar mudom,
-Baytingizda,-der suluv,-ma’no suluv!

Bitta harf yo‘q bo‘lsa Devon but emas,
But emas bo‘lsa, emas insho suluv.

Shul sabab sayqallagum baytim hanuz,
Bo‘lmaguncha so‘zu satrim to suluv.

Oshiq Ikromjon suluvlar volasi,
Yor suluv, yor birla keng dunyo suluv!

UCH PARIZOD
(“Talabalik daftari”dan ko‘chirma)

Uch parizodkim zamondosh, jonima oro erur,
Neki husnu ko‘rk aro, odobda ham yakto erur.

Uch chamanruxsoralarkim, so‘zlari boldan laziz,
Yaxshilik, xayru duolar so‘ziga ma’no erur.

Uch qamarsiymoga vola yeru ko‘k butkul mudom,
Toki oydan, maysadan tortib bari shaydo erur.

Uch gulandomlarki, jismi sutga chaygandek tiniq,
Jami majmui malohat, benazir siymo erur.

Uch sumanbarki, yo‘limda uchradi, sindi sabr,
Birlari Ra’no, biri hur, ul biri zebo erur.

Ul biri Gulmiradirkim, lablari la’lu aqiq,
Vasfini ayturda bu til bulbuligo‘yo erur.

Ul biri Gulnozadirkim, doimo ta’qib qilur,
Gohi-goh uyqumda ham o‘nggim kabi paydo erur.

Ul biridir Zuhraxonkim, ko‘yida bo‘ldim ado,
Kuyganimdan kulgusi, voh buncha beparvo erur!

Ushbu uch qiz bitta jonimga solur ming bitta o‘t,
Hasratim hech yerga sig‘mas, mavj urar daryo erur.

Ushbu uch mohtob visolin doimo qildim umid,
Oh, biroq bo‘lmas ijobat, o‘ylari oshno erur.

Uch bu dilbarni, ajabkim, qizg‘anurman yoridan,
To‘lg‘onurman kechalarda, kechalar – yaldo erur.

Uch sanamning qoshiga qushdek saharda uch debon,
Ishtiyoqim tortadir, bir boshda uch savdo erur.

Uch sanavbarga yetishmoq chorasin hech topmadim,
Vaqtim o‘tdi, korim endi ohu vovaylo erur.

Uch shakarguftor labinkim bo‘sasi endi xayol,
Poyini o‘pmak aqalli menga mustasno erur.

Uch ruhafzokim ucharlar uch tarafga bemalol,
Gohi Izmir, gohi Hind, gohi Dubay ma’vo erur.

Keltirurlar eng go‘zal molu matolarkim ular,
Bilmadim, kimlar musohib, baxti behamto erur?

Uch muallimkim, o‘qurlar goh Navoiy nazmidan,
Goh Xaziniy, gohi Mashrab bayti bol, sahbo erur.

Uch bu qizkim, yozadirlar dilrabo baytlar, ajab,
Nazm aro, hayratdadirman, pesh erur, peshvo erur.

Uch bu hulkar uchta uyning bekasi, pokizasi,
Uchratish hatto birinkim, tush erur, ro‘yo erur.

-Bitta qalbingga nechun uch qushni jo etting o‘zing!,-
Do‘stu ulfat ta’nasikim, xanjari burro erur.

Endi uch gul hajrida holim mening aftodadir,
Toqatimning kulbasi boshdan-oyoq yag‘mo erur.

Uchgay endi lahzalarkim, uch suluvning ortidan,
Uchganim behuda ketdi, o‘zgalar ro‘shno erur.

Uch sarafroz qiz o‘tida yonma endi bunchalar,
Senga Ikromjon, bu o‘tdan qanchalar ma’no erur?

FARG‘ONADA BIR QIZ BOR…

Farg‘onada bir qiz bor, mumtozdan-mumtoz, derlar,
Bunday qizni jahonda sanoqli, oz-oz, derlar.

Momolarning hayosin tumor qilib taqmish ul,
Qalbida insonlarga e’tiqod, e’zoz, derlar.

Faqat chiroyda emas, odobda ham ibratda,
O‘zgalarga ehtirom ko‘rsatmog‘i soz, derlar.

O‘ttiz pora Qur’onni ko‘targan ul qoriya,
Hamrohidir to hanuz besh mahal namoz, derlar.

Aynan shu o‘zbekona xislatlari sababli,
Qalbi mehrdan yashnab, misli bahor, yoz, derlar.
Ta’rifi taralgandir, hatto uzoq-uzoqqa,
Taniganlar: madh etib, dilda boring yoz, derlar.

Dilkash misralar bitib, muxlislarin shod etar,
She’r bitmoqqa shaylansa, yayrarmish qog‘oz, derlar!

Butun borlig‘im sha’mday erir Uni o‘ylasam,
Yetisholmay vasliga dilim g‘ash bir oz, derlar.

Aytmadim ul dilbarning ismin atay sir saqlab,
Ikromjonning tutumi o‘zbeklikka xos, derlar…

Farg‘onada bir qiz bor, mumtozdan-mumtoz, derlar,
Bunday qizni jahonda sanoqli, oz-oz, derlar.

MASTONA QILMASDAN BURUN

Mast erurman ko‘zlari mastona qilmasdan burun,
Husniga ming martalab parvona qilmasdan burun.

Aqlim oldi, ko‘yiga soldi meni ishq ichra ul,
Shundog‘am devonaman, devona qilmasdan burun.

Orziqish, o‘yu xayollar menga begona edi,
O‘zidan bir kechada begona qilmasdan burun.

Yoshirin erdi sirim, el og‘zida ertak emas,
Sirlarimning sirrini afsona qilmasdan burun.

Qatnamasdim bu zamon soqiysiga yuz sarg‘ayib,
Maskanimni hajr aro mayxona qilmasdan burun.

Yoru do‘stlar gashtagida ermas edim bosh Qahramon,
Fikru yodi dilginam koshona qilmasdan burun.

Xona top, bahona top, Ikromjon, endi, toki yor,
Vaslini paysal ila bahona qilmasdan burun.

DILDA BORIMSAN
Sevikli kursdoshimni sog‘inib…

O‘zing-la yashnagay olam, Surayyo, dilda borimsan,
Ko‘ngilga tushmagay hech g‘am, Surayyo, dilda borimsan.

Xayollar eltadi senga, savollar eltadi senga,
Dilimda zarra yo‘q shubham, Surayyo, dilda borimsan.

Yuzingni shu’lasi bois jahon ham nurga to‘lgaydir,
Chiro-yu husni xo‘p bekam Surayyo, dilda borimsan.

Surayyo, dilda borimsan, desam kim qarshilik qilgay,
Muhabbat qolmasin mubham, Surayyo, dilda borimsan.

Azizlik sengadir molik, lazizlik sengadir loyiq,
Parilar sen sabab mulzam, Surayyo, dilda borimsan.

Nigohing so‘ylagay sirlar, bu sirlar qildi ta’sirlar,
Nigohing zoriman har dam, Surayyo, dilda borimsan.

Muhabbat darsini bergil, qulingman, tolibingdirman,
Yetishsin oh ila nolam, Surayyo, dilda borimsan.

Vafo timsolisan mangu, manga eng dilpazir orzu,
So‘zingda qancha hikmat jam, Surayyo, dilda borimsan.

Senga men dilni bermishman, o‘shal oltin davrlardan,
Hayotim aylagan ko‘rkam, Surayyo, dilda borimsan.

Quvongum senga Ikromjon yurakdan roz etib oshkor,
O‘zing-la yashnagay olam, Surayyo, dilda borimsan!

ALISHЕR NAVOIY G‘AZALIGA TAZMIN

“Har necha javr qilsa noz ahli,
Tortmay naylagay niyoz ahli”.

Hamroz bo‘lmakka sho‘xlara zor dil,
Lek alar ermas hamroz ahli.

Vasliga oson etmas muyassar,
Ul sho‘xu shaddod Dilnavoz ahli.

O‘ta olmayin imtihonlardan,
Necha oshiqdir e’tiroz ahli.

Yetmay murodga, cheksangiz ranjkim,
Demang: dilrabo – tannoz ahli.

Yetkaysiz bir kun, albat muroda,
Yo‘q gar aroda g‘ammoz ahli.

Ikromjon ishqi umriga ziynat,
Mayli, noz etsin, anga noz ahli!

YARASHGAY

O‘zbekiston samosiga cho‘lpon yarashgay,
Ozod yurtga shunday tiniq oson yarashgay.

Istiqloldan safo topgan chamanni ko‘ring,
Ravon yo‘llar chakkasiga rayhon yarashgay.

“Cho‘ntak”da osh tayyorlanar, poyandozlar shay,
Fayziyob bu maskanlarga mehmon yarashgay.

“Malibu”lar, “Taxoye”lar yeldek yelarlar,
Istiqlolning tulporlari chandon yarashgay.

Nuroniylar davralarning to‘rida mudom,
Keksalarga hurmat-e’zoz, imkon yarashgay.

Mard yigitlar kelajakni ko‘zlar hamisha,
Zulfiyaning qizlariga nishon yarashgay.

Har sohada ildam ketdik yuz yil oldinga,
Ko‘z tegmasin, ushbu davru davron yarashgay.

Mehnatlarning, izlanishning e’tirofi deb,
Fidoyilar uchun yuksak unvon yarashgay.

Ikromjonning g‘azalini kuylar Ozodbek,
Mustaqillik to‘yiga bu xushxon yarashgay.

OSHIQNOMA

Gulnozakim, ul ko‘zlari xummorga men xummordirman,
Yuragida bildirmasdan asrab yurgan tummordirman.

Sog‘ yursin ul, dard ko‘rmasin, yuz yoshlarga yetganda ham,
Yetarki bu, uning uchun ishq ranjida bemordirman.

Oromlardan ayrilmasin, darpardasin shamol o‘ynab,
Shirin tushlar ko‘rganda ul, men uyimda bedordirman.

Garchi boshda ming bir savdo, ishq o‘yi bor, shavqi g‘azal,
Voh, ishqsizlar nazdida men bekorchiman, bekordirman.

Mushtoq emas hech kim mendek ul gulbadan yo‘lidakim,
Tutqichi yo‘q bodirafraf kibi mudom sayyordirman.

Imtihondan o‘tkazsinlar ishq pirlari, so‘z pirlari,
O‘shal qiz deb sinovlardan o‘tmaklikka tayyordirman.

Ikromjonning g‘azallari yetti baytdan uzun bo‘lsa,
Ayb etmangiz, yorni yozsam yayrab shakarguftordirman.

***

Gullar tarar xushbo‘ylarin, bundan bahor o‘tibdimi,
Yo atirbo‘y shabbodalar layli nahor o‘tibdimi?

Yoki yorning sochlaridan taralganmu xush iforlar,
Atirgulli tuyg‘ulari qalbda anhor o‘tibdimi?

Kutgan edim zor-intizor qaldirg‘ochga roz aytibon,
Yor ham sahar qushlariga so‘ylab izhor o‘tibdimi?

Ne uchundir parvosi yo‘q, ro‘yxush bermas xatlarga ham,
Oshiqlikda bizdan xato yoki ozor o‘tibdimi?

Qayga o‘tgan, qaytib yana o‘tarmikan chorlar esam,
Ul parivash chamangamu yo gulbozor o‘tibdimi?

-Qaytib o‘tmam ko‘chasidan deb erkan bir o‘rtog‘iga,
Sabri yetmay arazlarin aylab inkor, o‘tibdimi?

Yoshligimmi, dilbar bo‘lib o‘tib ketgan tolko‘chadan,
Yo kunlarim qushga do‘nib turnaqator o‘tibdimi?

Ikromjonni asir etib muhabbatning gulzoriga,
O‘sma qo‘yib yor qoshiga xumor-xumor o‘tibdimi?.

INOYAT

Bizga gul dilrabo inoyat,
Guldek gulgunqabo inoyat.

Inoyatdir bor ila budi:
Jafosi – lutf, vafo – inoyat.

Daryoga ehtiyojimiz kam,
Mehri daryo, a’lo inoyat.

Qilar bo‘lsa hatto ismimiz –
Sof qalbidan ma’vo, inoyat.

Kuylagandek ishqparvar hofiz,
Ul sho‘x gulira’no inoyat.

Yigit baxti uch bora kulsa,
Chin sevgi bu – tillo inoyat.

Ikromjonga tutqazgan qalam,
Ilohiy xush ma’no inoyat.

MUHABBATI

Chustiy g‘azaliga tazmin

“Zavqingni orttirar esa barno muhabbati,
Aqlingga aql qo‘shgusi dono muhabbati”.

Nega u Qaysdan axtaray nuqsu xato bugun,
Sahroda yursa-da murod – Laylo muhabbati.

Bog‘bon chekarkan zahmi xor bardoshini qadab,
Ko‘nglidadur gulg‘unchai ra’no muhabbati.

Zebo qilur har mard hayotin erta-kech, na xush,
Ko‘zi qaro-yu qalbi oq zebo muhabbati.

Ishq gavharin jonimni sanduqiga solgan on
Ketdi yiroq mendin tamom dunyo muhabbati.

Ishqim daraxtinkim havas qilganga ofarin,
Topdi kamol har bargida Mavlo muhabbati.

Ikromjon, aslingga g‘ubor qo‘ndirma toabad,
Yordir senga to hikmatu ma’no muhabbati.

NAVOIY OLAMI SORI

“Hayrat ul abror”ni och, hayrat Navoiydin erur,
Nur kabi suvrat ila siyrat Navoiydin erur,
Yaxshilikka da’vatu g‘ayrat Navoiydin erur,
Ming asr eskirmagan hikmat Navoiydin erur,
Ibrat Navoiydin erur, ibrat Navoiydin erur.

Ul Hirot birla zamon ahlidin aytar nomalar,
Ezgulik bog‘ida baxt naxlidin aytar nomalar,
Vaslu hajru chin vafo nahridin aytar nomalar,
Bu o‘tar dunyoi dun – dahridin aytar nomalar,
Anglagan, bilganga cho‘ng fikrat Navoiydin erur.

Tog‘ni qazgan Ko‘hkan, Shirin, Mehinbonusi soz,
Layli vaslini tilab, Majnunda ming ajzu niyoz,
Vahki yo‘q ishq ahliga dildorasidin imtiyoz,
Shul sabab, ozmuncha orzu topmamishdir inqiroz,
Ishq ahlidin tuman hasrat Navoiydin erur.

El g‘ami birla tunu kun uxlamas arbobni ko‘r,
Yonida ming g‘ayrini ko‘r, jonida ahbobni ko‘r,
Qalbida yurtu vatanga mehrini – oftobni ko‘r,
Ey rafiq, boqqil teran – komilligu odobni ko‘r,
Odob Navoiydin erur, iffat — Navoiydin erur.

“Xamsa”ni ochgil, “Xazoyin ul maoniy”ni-da och,
“Munshaot”-u “Arbain” har lutfiga mehringni soch,
Bu asarlar ruhiyatga chashma yanglig‘ ehtiyoj,
Onginga yoqqay agar uqsang sira o‘chmas siroj,
Senga to‘g‘ri yo‘l-yo‘riq, rag‘bat — Navoiydin erur.

Men g‘azallarni o‘qib, anglarga o‘zni chog‘ladim,
Ne asrlar osha ustozimga ixlos bog‘ladim,
Baytining har misra-yu har fardini ardoqladim,
Ushbu ardoq birla vorislik yo‘sunin oqladim,
Bildim, oliy maqsadu masnad — Navoiydin erur.

O‘tdi yillar, ketdi yillar, o‘tdi yoz birlan bahor,
Necha shoiru adiblar keldi-yu ketdi qator,
Kamtarindir birlari xo‘p, birlaridir purviqor,
Birgina qoldi Alisher nazm elida barqaror,
Iftixor birla g‘urur, omad Navoiydin erur.

Ogahiy, Munis va Erkin, ham Jamol birla Omon,
Bitdilar sonsiz muxammas, iqtidor etti ayon,
Barchasi o‘ziga xosdir, barchasi – mo‘jizbayon,
Yod etib, hazrat Navoiyni kechibdir ne zamon,
Hamjihatlik fazliyu xislat Navoiydin erur.

Senki Yangi O‘zbekiston o‘g‘lisan – ol pandini,
Jo etib qalbingga satrin pora-pora bandini,
Tot asal birla nabotdek, holva yanglig‘ qandini,
Uchratolmassan Navoiyning sira monandini,
Ma’nilar bozorida lazzat – Navoiydin erur.

Yozgil Ikromjon, Navoiydin necha ranggin kalom,
Toki bor qalbingda ul zotga adoqsiz ehtirom,
Ne ajab, kasb etsa bayting qalb aro monand maqom,
Yangrasa ham kuy qanoti ichra misli “Shashmaqom”,
Ibrat Navoiydin erur, himmat Navoiydin erur.

LUTFIY G‘AZALIGA MUXAMMAS

Nozaninning nozikim, dardimni afzun ayladi,
G‘ayriga boqqonda rashki kunduzim tun ayladi,
Kashmiriy sohir kibi husnig‘a maftun ayladi,
Bir parivash g‘amzasi aqlimni majnun ayladi,
Ko‘z yumib-ochg‘uncha holimni digargun ayladi.

Subhi yellar shavq ila aylar tavof bosqon izin,
Orzular qalbim hamon shul bezavol baxt yulduzin,
Istar erdim doimo qarshumda ko‘rmaklik o‘zin,
Subhidam kuntek chiqib ko‘rguzgach ul o‘tluq yuzin,
Tole’im mas’udu baxtimni xumoyun ayladi.

Surma birlan buncha ham berding kiyik ko‘zingga zeb,
Qolmadi ko‘rganda ko‘zungniki ko‘ngilda shikeb,
Bor ekan bundoq chiroylik ko‘z bu tengsiz hurda,-deb,
Ko‘p yugurmaktin kiyik ko‘zi qarordi sahm yeb,
Ko‘r, nechuk g‘amzang o‘qi oni jigarxun ayladi.

Chorasin qilmas esang zahmi firoqingni o‘zing,
O‘rtanar o‘tlarda har doimgitek bul ojizing,
Dilda armonim faqat oftobmisol anvor yuzing,
Intizorin yo‘lin ustida qo‘yib ketti ko‘zing,
Bizni ul Layli sifatliq misli Majnun ayladi.

Do‘stlar, men singari joduli ko‘z qilmang havas,
Tushsangiz domiga ohutek, qutulmog‘liq abas,
Ming karashma-jodu-afsuni bilan xud peshu pas,
Sehr elidin voqif erdi hinduyi Kashmir, bas,
Bul ajabkim, turk ekoch ul ko‘z yuz afsun ayladi.

Telbarab orzulamay ko‘ksida norin nechakim,
Anglamas ko‘nglim ul ohu ohu zorin nechakim,
Istadim e’zozu mehru e’tiborin nechakim,
Lab-balab vaslin tilab, topmay kanorin nechakim,
Ko‘zlarim qon yoshini hasratda Jayhun ayladi.

Toki tashlab ketti moh, dilxasta Ikromjonni toq,
Misli dengiz ichra qolg‘on xasmen-u olis qiroq,
Jonima minglarcha ozor novakin otqach firoq,
Bir kun ul husn elining sultoni tutqay deb quloq,
Ishq Lutfiyning so‘zini durri maknun ayladi.

FURQAT G‘AZALIGA MUXAMMAS

Ishqi tushgandan buyon ko‘nglim alolo tortadur,
Naylayin, shu’la tarab, o‘ziga Zuhro tortadur,
Misli bir ohanrabodek sho‘x diloro tortadur,
Ul qaro ko‘z ko‘zlariga surma bejo tortadur,
Balki andin dahr eli ortuqcha g‘avg‘o tortadur.

Dilbarim yodi-la kechgay to‘rt faslning ro‘zlari,
Laylatulqadru iki iydu yana navro‘zlari,
Uchraganda jonga o‘t solsa musallam so‘zlari,
Qoshlari ostida go‘yo ikki fatton ko‘zlari
Ikki hindu bachchadurkim yondashib yo tortadur.

Husni-yu qoshu ko‘ziga o‘rgulub parvonalar,
Tahsin aytur Marg‘ilonu Roshidon – Farg‘onalar,
Zulfidek bo‘lmoq tilab sodiq, qarib hamxonalar –
Telbalanmish zulfini savdosidin devonalar,
Qayg‘a borsa o‘lturub yerg‘a chalipo tortadur.

Yora ayturman xayolan: ohkim, yo‘qtur kaming,
Tegrang uzra qancha o‘rtog‘u dugona, mahraming,
Nozu istig‘no ila xurram yashab, yong‘ay shaming,
Jon ila ko‘ngil taloshur, ey sanam, dardu g‘aming,
Birni sol ko‘nglumg‘akim, jon birni tanho tortadur.

Qaysi gulruxsora sendek har ko‘ngil ardog‘idur,
Qaysi dilda menchalik ishq larzasi-titrog‘idur,
Avji husnung faslidur bu – avji g‘avg‘o chog‘idur,
Kokulingdin bo‘y olgan bog‘ning tuprog‘idur,
Bog‘bon sotmoqqa doim mushki soro tortadur.

Bu g‘aroyib qissayekim, el aro mashhurdur,
O‘qug‘onlar, tinglag‘onlar zavqidin masrurdur,
Ma’nisikim – dilrabolar ko‘rkidin maxmurdur,
Ne bilur Yusufki, nozu husn ila mag‘rurdur,
Ul qadarkim, ishq dardini Zulayho tortadur.

Qanchalar bo‘lsang-da mag‘mum, zoru rasvo, e ko‘ngul,
Jami rasvolar safida yoki tanho, e ko‘ngul,
Sarvinozning sevgisidin kechma aslo, e ko‘ngul,
Ishqni pinhon tutarg‘a bo‘lma shaydo, e ko‘ngul,
Mushk pinhon bo‘lsa bo‘yi oshkoro tortadur.

Sen – ko‘ngulning royu ra’yi boisi – nochog‘men,
Ul gulandom shavqi ichra mehriga mushtog‘men,
Suv oqur, bebahra qolg‘on sohilu qirg‘og‘men,
Charxi kajraftorning bir shevasidin dog‘men,
Ayshni nodon surub, kulfatni dono tortadur.

Ishq – ma’dan, lek guhar, molu matahdin mojaro,
Kissa to‘ldurmaklik aksar odamiyg‘a muddao,
Vasvasa qilganda mulk jonu aql ham nafs aro,
Sorig‘ oltun kasrati ko‘ngulni aylaydur qaro,
Chunki safro bo‘lsa g‘olib, o‘zga savdo tortadur.

Kimga aytsun oshiq Ikromjon quvonch, g‘am rozini,
Anglamas bo‘lsa suluv bir sho‘x aning e’zozini,
Sahvi bo‘lsa ishqida, boshlab kelinglar qozini,
Bulhavaslar torta olmas nozaninlar nozini,
Furqatiydek bekasu sho‘rida, rasvo tortadur.

DILDORAGA
Normurod NARZULLAYEV g‘azaliga muxammas

Shaydodirman, ishqim elga oshkoradir,
Sog‘inchlarim dil mulkida favvoradir,
Umidim ul mahvashdan bir nazzoradir,
Dilim torin chertgan dildor Dildoradir,
Yor hajrida bag‘rim zor-zor, dil poradir.

Har ishqli dil aytib elga rozu so‘zin,
Ko‘zlariga tavof etib gul qiz izin,
Mohinurning qarog‘idan izlar o‘zin,
Har sheryurak kashf etarmish o‘z yulduzin,
Boshim uzra Cho‘lponim ul sayyoradir.

Xayollarim, xush karvonim, o‘tinchim shul,
Bilarmikin yori jonim, o‘tinchim shul,
Senga nido, oh-fig‘onim, o‘tinchim shul,
Ey, Cho‘lponim, ey, yo‘lbonim, o‘tinchim shul,
Aytgil yorga tezroq qaysi yo‘l boradir.

Dildora qiz bir alomat bu olamda,
Bormu unday sarviqomat bu olamda,
Diydor fasli dilxush holat bu olamda,
Visol baxti – tole, davlat bu olamda,
Dalda so‘rab oshiq sho‘rlik yolvoradir.

Bir kunlikmas, bir umrga men mubtalo,
Eshitmagay ul dilrabo cheksam nido,
Kelgum, degan so‘zlariga bo‘ldim ado,
Jon jo‘ralar, oshiqlikka bormi jazo,
Ayriliqqa nahot yolg‘iz shul choradir?!

Qaytarmidi, chin shaydolar kechsa olov,
Zebo sanam deb borini qo‘ygay garov,
Men ham dildor ishqin boshda qildim yalov,
Ishq degani – vafo demak, buzsa birov,
Ishq oldida beti shuvut, qop-qoradir.

Chin oshiqlar chin yor uchun sodiq, Narziy,
Ma’shuqa ham dardmandiga hoziq, Narziy,
Ikromjon gul qizga shaksiz loyiq, Narziy,
Yor lafzini qasam deb bil, oshiq Narziy,
Ishqi yo‘qlar aro yo‘lda ovoradir.

DILNAVOZIM, SЕN UCHUN
Nusrat Abdusalom g‘azaliga muxammas

Dilbarim, bori hayotim, ko‘pu ozim sen uchun,
Men qilurman kim hayotda neki lozim, sen uchun,
Bo‘lgali shayman qo‘lingda bir mulozim sen uchun,
Bir ajoyib bog‘ yaratdim sarvinozim, sen uchun,
Mehru ishqim gulga berdim, dilnavozim, sen uchun.

Sen bilan qalbim munavvar, o‘zgasi darkor emas,
Bahra olgum Zuhra mehring shu’lasidan har nafas,
Gulladi orzu-umidim, bo‘lmadi olam qafas,
Mehru ishqim senga dilbar, gulga qo‘yganman havas,
Gulshanimga e’tiborim ham e’zozim sen uchun.

Shodligim olamcha bordir shul sabab hamroh qo‘shiq,
Aylasin olam elini ishqdin ogoh qo‘shiq,
Hofizi xushxon misoli senga kuylay, moh, qo‘shiq,
Sayr etib gullar aro men kuylagayman goh qo‘shiq,
Yangrasa kuylar chamanda qo‘lda sozim sen uchun.

Qumrilar ham bog‘ kezarlar turfa gullar ishqida,
Misli oshiq oh urarlar turfa gullar ishqida,
Topsa ishqidan samarlar turfa gullar ishqida,
Kuylasa bulbul saharlar turfa gullar ishqida,
Jo‘r bo‘lay men andalibga, jo‘r ovozim sen uchun.

Baytlarim qalbim misoli beg‘ubordir, tozadir,
O‘tlug‘ ohim ne salaflar dudidin andozadir,
Kirgali nazm ichra qarshimda ochiq darvozadir,
Men bayoz qildim g‘azaldan, baytlarim sherozadir,
She’rlarim baxshida senga, shul bayozim sen uchun.

Shul muhabbat boisidan dilda doim fasli yoz,
Elda shod-xurram kezarman, bu hayotim sarfaroz,
Sen – malika, men shu bois qancha e’zoz etsam oz,
Jonu mulkim barchasini aylaram senga niyoz,
Senga bo‘lsin qo‘lda sozim ham niyozim sen uchun.

Sendadir mehru sadoqat bir jahon lutfu karam,
Shul sabab Ikromjoningni o‘zga etmishsan qaram,
Chora qilmas bo‘lsang ey yor, intizorlik muntazam,
Yor, visoling bodasiga tashnadir Nusrat bu dam,
Kel nigorim, gulbahorim, dilda rozim sen uchun.

ISMOIL MAHMUD MARG‘ILONIY G‘AZALIGA MUXAMMAS

Istiqbolli shoira va jurnalist Go‘zalxon Oxunovaga bag‘ishlanadi

Yasandi misli jonona, kangul parvoz etar bo‘ldi,
Qiyosi yo‘q bu koshona, kangul parvoz etar bo‘ldi,
Jahon sahnida farzona, kangul parvoz etar bo‘ldi,
Chamanzor ichra Farg‘ona, kangul parvoz etar bo‘ldi,
Iforlar to‘ldi har yona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

Tabiat mo‘jizotidin saxo ichra yeru osmon,
Taralganda shirin bo‘ylar, safo ichra yeru osmon,
Qayerdan esdilar jonbaxsh sabo ichra yeru osmon,
Ochildi rang-barang gullar, navo ichra yeru osmon,
Ki, fayzga to‘ldi durdona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

Yoshu qari – ko‘ring bari, aziz joni farog‘ ichra,
Duo qilgay bu kunlarga abadliklar so‘rog‘ ichra,
Quyulgay zavqu shavq nuri munavvar har qarog‘ ichra,
Sharaflandi aziz inson nihol yanglig‘ bu bog‘ ichra,
Bu kun bog‘boni parvona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

To‘kin ro‘zg‘or ato etdi kishilarga go‘zal davron,
Qo‘qonu Marg‘ilonu So‘x, Quva, Toshlog‘u Andarxon,
Shinam uylar qurar har kim, uzilmas bag‘ridan mehmon,
Etib bunyod go‘zal turmush, farovonlik topib har yon,
Bo‘lib Haq ishda mardona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

Xayrli barcha ishlarkim, nurafshon etdi har dilni,
Nurafshonlik zavol bilmas guliston etdi har dilni,
Hidoyat bobi ochildi, kitobxon etdi har dilni,
Muhabbat ichra Istiqlol charog‘on etdi har dilni,
Demang aslo bu afsona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

Fazilatli makonda Haq yomonlikni yaratmas hech,
Nafosat shahrida ko‘zni tubanlikka qaratmas hech,
Bu gulshanga O‘zi posbon, zavollikni yo‘latmas hech,
Bu bog‘da zog‘ chekmas un, alaflar bo‘y taratmas hech,
Ulardir bunda begona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

Men O‘zbekman – ayon-oshkor jahonga dovrug‘im, shonim,
Ulug‘lar, ahli oriflar mudom do‘stu qadrdonim,
Bayon etguvsi shukronam qo‘limda katta Devonim,
Ulug‘lik poyasi uzra o‘tar har lahza, har onim,
Bu davron ichra osmona kangul parvoz etar bo‘ldi.

Shu yerni sayladim maskan, bo‘lakka chopmadim aslo,
Shu tuproqdan bo‘lak tuproqni jondek o‘pmadim aslo,
Men Ikromjon go‘zal vodiydan olis ketmadim aslo,
Go‘zal mahbub kabi, Mahmud, qiyosin topmadim aslo,
Boqurman unga mastona, kangul parvoz etar bo‘ldi.

054

(Tashriflar: umumiy 247, bugungi 1)

2 izoh

  1. Assalomu alaykum, Xurshid aka. Alloh taolo sizdan rozi bo‘lsin! Ikromjon Asliy Andijoniy satrlarini o‘qib maza qildim, ma’naviy ozuqa oldim. Katta rahmat.Doimo el ardog‘ida bo‘ling.

  2. икромжон ҳақиқатан катта шоир. у катта публицист, носир ҳамдир. албатта, унинг ғазаллари ҳали ўз баҳосини олиши керак. омад тилаймиз. Хуршид акага ҳам раҳмат катта.

Izoh qoldiring