Rajabboy Raupov. Navro’z arafasidagi o’ylar

Ashampoo_Snap_2017.03.19_21h56m12s_002_.png21 март — таниқли ёзувчи Ражаббой Раупов таваллуд топган кун

    Ҳаваснинг этагидан тутиб, ёзувчи бўлиш орзусида Бухородан йўлга чиққанимга ҳам қирқ йилдан ошибди. Бугун, айни Наврўз арафасида шу ҳақида ўйлаганимда хотирамга чуқур ўрнашган воқеалар қатор тизилиб келаверади. Мени, мен тенги яна кўплаб ёшларни Тошкентга етаклаган орзу – шоир, ёзувчи бўлиш шунчалар қийин, шунчалар ширин жозиба эканки, бу ҳунарнинг нонини ейиш унча-мунча кишининг қўлидан келмас экан…

Ражаббой РАУПОВ
НАВРЎЗ АРАФАСИДАГИ ЎЙЛАР
“Эсдаликлар”дан томчи
021

 img120.jpg Истеъдодли адиб ва журналист Ражаббой Раупов 1955 йил 21 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети (1978), М.Горкий номидаги Москва адабиёт институти Олий курсини (1989) тугатган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи” “Ишонч” газеталарида бўлим мудири, “Ўзбекистон табиати” ва “Ипак йўли” газеталарининг ташкилотчиси ҳамда Бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатган.
“Юрак садоси” (1981), “Она сўз” (1989), “Нур дарвозаси”, “Эътиқод” (2002), “Устун” (2002-2005) каби насрий китоблари чоп этилган. Унинг “Осмоннинг эгаси”, “Остона”, ва “Она сўз” қиссалари машҳур. “Юракдаги Бухоро” (1998) тўпламининг тузувчиси ва муаллифларидан бири.
“Устун” романида ўзбек халқининг шонли фарзанди, академик Ҳ.Абдуллаевнинг долғали ҳаёти тасвирланган. “Хаётимга суиқасд” номли ҳужжатли романи автобиографик характерга эга. Унинг ҳикоя ва қиссалари рус, поляк, грузин тилларида чоп этилган.

021

Кўнглим мулкига айланган ҳикояларим “Дўрмон”да ёзилган. Орадан 33 йил ўтиб, бир сандиқ қўлёзма билан яна “Дўрмон”га қайтдим.

Муаллиф

Ҳаваснинг этагидан тутиб, ёзувчи бўлиш орзусида Бухородан йўлга чиққанимга ҳам қирқ йилдан ошибди. Бугун, айни Наврўз арафасида шу ҳақида ўйлаганимда хотирамга чуқур ўрнашган воқеалар қатор тизилиб келаверади. Мени, мен тенги яна кўплаб ёшларни Тошкентга етаклаган орзу – шоир, ёзувчи бўлиш шунчалар қийин, шунчалар ширин жозиба эканки, бу ҳунарнинг нонини ейиш унча-мунча кишининг қўлидан келмас экан…

Қирқ йил! Кам муддат эмас-а? Балки, кимдир ижодкор бўлиш учун наҳотки шунча йил керак бўлса, деб таажжубга тушиши, ишонмаслиги ҳам мумкиндир. Бугун мен ижод машаққатлари йўлида озми-кўпми қоғоз қоралаган журналист, ёзувчи сифатида айта оламанки, ижодкорнинг иқтидори, эришган натижалари ёш билан ўлчанмайди ва ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилган асарларидан кўра эълон қилинмаганлари кўпроқ бўлади…

Куни кеча рафиқам Аминахон Дўрмондаги Ижод уйи далаҳовлиси деразасидан тикилиб:

– Қаранг, сизни бутун олам қутлаяпти! – деди.

Қоғоздан бош кўтариб, деразага яқинлашдим. Қарасам, осмон кўм-кўк, тиниқ, олча, ўрик, гилос шохлари оппоқ гулга чулғанган. Кўм-кўк арчазор ортида қорли тоғлар виқор билан ястаниб турибди. Кўзи тушган ҳар бир кишига хуш кафият, кўтаринкилик бағишлайди. Тўғриси, шу кунга қадар ҳеч кимдан бу тахлит самимий, шоирона қутловни эшитмаган эдим.

Бу йилги Наврўз менга кутилмаган улғайиш, ўзгача ҳайрат ва ғайрат туҳфа этгани ҳақида айтсам, кечагина ўн етти ёшли йигитчанинг бугун оиласи, ўғил-қизлари, дўст-биродарлари, яқинлари даврасида 61 ёшини нишонлаши чиндан-да кутилмаган, ажабтовур ҳол. Ҳар кимнинг қанча яшашини Оллоҳ белгилайди. 50-60 ёшни умрнинг ўртаси – айни камолот ёши, дейдилар. Бу ёшда киши кам уйқу, серҳаракат, ишга, ҳаётга чанқоқ бўлиб қоларкан. Демоқчиманки, бу ёшни оила даврасида, дўстлар билан камтарона нишонласа арзийди.

Ўтган йили 60 ёшимни қишлоғим аҳли, ўқитувчиларим, синфдошларим билан нишонлаган эдик. Бу йил эса Наврўзни “Дўрмон” ижод аҳли, ишчилари, ёзувчилар маҳалласи вакиллари иштирокида қаршиладик. Табиат туҳфа этган бу айёмни кўтаринки руҳда нишонласа – байрам қилса арзийди. Бунда менинг ҳам иштироким, хурсандчилигим қўшилгани кўнглимни кўтарди. Демак, шукрона айтишга сабаб бор: ўғилларим, қизларим, бири-биридан ширин невараларим ва менга муҳаббатли, меҳрли фарзандлар ҳадя этган оиламизнинг сариштаси Аминахон билан тўкисмиз…

Ҳаётим азим Тошкент билан боғланганлигидан хурсандман. Академик Иброҳим Мўминов номидаги жамоа хўжалиги раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб, хўжалик юритишни ўрганиб, номзодим хўжалик раислигига қўйилган бир пайтда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг даъвати билан “Адабиёт ва санъат” газетасининг ижтимоий-сиёсий бўлими мудири вазифасига ишга ўтдим. Устоз райкомнинг биринчи котибига ўрним газетада эканлигини тушунтиргач, менга рухсат беришди… Шунгача “Эркинлик” номли ҳикоям Адабиёт газетасида чоп этилган ва бу ҳикояни филология фанлари доктори Умарали Норматов йилнинг энг яхши ҳикояси деб эътироф этган эди. Орадан кўп ўтмай газетанинг наср бўлими мудири, ёзувчи, драматург Абдуқаҳҳор Иброҳимов менга тезда Одил Ёқубов билан боғланишимни айтиб, буни чўзмаслигим шартлигини тайинлади.

Ижтимоий-сиёсий бўлимнинг юки оғир, масъулияти катта эди. Бўлимда мендан ёши улуғ Нусрат Раҳматов, Ёқубжон Хўжамбердиев каби забардаст журналистлар ишлар, уларга бош бўлиш, улар ёзган, тайёрлаган мақолаларни Бош муҳаррирдан олдин мен ўқишим, имзолашим ёки қайта ишлашга йўллашим бироз ўнғайсиз туюлса-да, устознинг ишончини оқлаш учун енг шимариб ишлашим шарт эди.

Танқидий-таҳлилий мақолаларнинг дадиллик билан ёритилиши, Аҳмад Отабоев, Ашурали Жўраев, Гулчеҳра Умарова, Мирза Кенжабек, кейинчалик Карим Баҳриев, Амирқул Каримов каби ёшларнинг ишга олиниши, халқимиз муаммоларига яқинлашиш натижасида газета тез орада 150.000 нусхада чоп этила бошланди ва Адабиёт газетаси Халқ газетасига айланди.

Ўшанда ҳаммамиз завқ-шавқ билан ишлаганмиз. Хуллас, “Адабиёт ва санъат”дек машҳур газетада Одил Ёқубовдек бағрикенг, майдаликлардан баланд турувчи, мард, унча-мунча хатоларимизни кечирувчи, эркаликларимизни кўтарувчи Бош муҳаррир қўлида ишлаш кўпчилигимизни журналист, ёзувчи сифатида шакллантирди, элга танитди. Биз узоқ муддат ўзимизни Одил Ёқубов таъсирида ва ҳимоясида ҳис қилдик…

Устознинг эшиги ҳамма учун очиқ, ҳар биримиз тортинмай кириб борар, онамиздек азиз бўлиб қолган аёли дарров дастурхон тузар, чой дамлар –булар бари устознинг ишорасисиз, бир зумда бажарилар, бу Одил Ёқубов хонадонининг оддийгина тартиб-қоидалари, одамийлик уфуриб турган анъанаси эди…

Одатдаги иш кунларидан бирида хонамга газета фотомухбири Содиқ Маҳкамов “Кетдик, топшириқ бўлди”, деб кириб келди. Ташқарида бизни устознинг хизмат машинаси кутиб турган экан. Тўғри “Дўрмон”га келдик. Мен яшаётган 25-хонага кириб, стол устида қалашиб ётган қўлёзмаларни тартибга келтириб кутубхонадан Алишер Навоийнинг девонини олдиришди. Хуллас, мен китоб варақлаб, ижодий ҳолат яратилган хонада суратга олинишим ва ҳали расман ёзувчи мақомини олмай туриб (уюшмага аъзо бўлмасдан) Республикамиздаги барча ижод аҳлини “Дўрмон”да яшаб, ижод қилишга чорлашим, эндигина ишга тушган 3 қаватли Ижод уйи афзалликларини ўзимда намоён этишим керак эди.

Суратчи бу юмушни бажариб, бинонинг ташқи кўринишини ва алоҳида далаҳовлида яшаётган устоз адиблар билан боғ айланиб, суҳбатлашиб юрганимизни тасвирга олди. Кўп ўтмай ушбу суратлар Литфонд (аввалги номи) орқали плакат шаклида вилоятларга тарқатилди.

Шундай қилиб, янги, осойишта, яшаш ва ёзишга қулай уч қаватли Ижод уйининг тарғиботи мен билан бошланди ва ушбу маскан бугунгача уйимдек азиз, хайрли бўлиб қолди…

Кўпчиликнинг эътирофи: Ижод уйининг файзи, руҳи бўлакча. Хотиринг жамланиб, ижодий кайфият, ижодий руҳ пайдо бўлади, ишлаган билан чарчамайсан, вақт ўтганини сезмайсан, вақтни қизғанасан… Назаримда, бу жойнинг хайри, унуми, файзини бошқа ҳеч жойдан тополмайсан. Уйғониб, кўзинг Чотқол-Қурама тоғларига тушади, кўнглинг кўтарилиб, гўё тоғдек юксаласан, тоза ҳаводан симириб, ишлаётганинг, яшаётганинг учун юрагингда шукрона пайдо бўлади.

“Дўрмон”нинг файзу таровати йўқолиб, деярли саҳрога айланган, ижодкорлар сийраклашиб, тамагирлик бошланиб, инсофу адолатни чўнтакдан излайдиган “бизнесмен”лар “Дўрмон”ни эгаллаётган бир пайтда Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги (2010 йил 26 феврал: ПҚ-1292-сонли) Қарори “Дўрмон”га янгидан ҳаёт бағишлади… Бунинг учун савоб ишга бош бўлган кишига, айниқса, муҳтарам Президентимизга ҳар қанча миннатдорчилик билдирсак оз.

* * *

“Дўрмон” ҳақида эслаганимда кўнглимни безовчи кўп ёруғ хотиралар ёдимга тушади. 1987 йили Ўлмас Умарбеков раислигида ўтган Пленумда собиқ СССР Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиниб, М.Горький номидаги Москва адабиёт институти Олий курсига кириш учун сўзма-сўз таржима қилинган ҳикояларимни конкурсга йўлладим. Тез кунда конкурсдан ўтганим ва Олий адабиёт курсига қабул қилинганим, 150 сўм стипендия тайинлангани, ётоқхонадан алоҳида хона ажратилгани ҳақида хат олдим.

Икки йиллик ўқиш-ўрганиш, ёзиш, хорижлик тингловчилар билан яқиндан танишиш, москвалик ёзувчи-домлаларнинг ҳикояларимга бўлган қизиқиши, эътибори ва эътирофи ҳақида эсдаликларимда ёзилган…

Орадан 28 йил ўтди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али имзолаган (23.11.2015 й) янги аъзолик гувоҳномасини олиб, 33 йилдан сўнг яна қадрдон “Дўрмон”га қайтдим. Ўз аъзосини номаълумлик қаърига улоқтирган, ҳолинг нечук, деб сўрашга ярамаган Уюшма раҳбариятидан қаттиқ ранжидим, деярли шахсий ташкилотга айланган худбин Уюшманинг остонасига қадам босмадим ва узоқ йиллар давомида Уюшма мени, мен Уюшмани унутдим…

Ахир мен шунчаки бемор эмас, ҳаётига суиқасд уюштирилган, муқаррар ўлим исканжасида ҳимоясиз, ёлғиз қолган ёзувчи, журналист эдим. Бу ҳақида дунё жар солди, мендан ҳол сўради, ҳатто касалхонада ётганимда оиламга моддий ёрдамим тегмаётгани учун: “Оиланг олдида хижолатмасмисан, оилангга қарамлигинг учун уларнинг муносабати ўзгармадими, сенга моддий ёрдам бермоқчимиз, қабул қиласанми?” деган мазмунда Лондон, Париж, Туркия ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мурожаат қилишди…

Мен бундай эътиборни четдан эмас, ўзимиздан — Ёзувчилар уюшмасидан кутган эдим. Бўлиб ўтган суд жараёнларида бирорта ёзувчи, журналист қатнашмади, ҳамма ўзини четда олди… Илгари атрофимда қалашиб, ўзини дўст, ака-ука, биродар, ҳамкасб ҳисоблайдиганлар бирдан ғойиб бўлди. Гўё мен Ватан хоини, эрта-индин қамашади, ким менга яқинлашса, боши балодан чиқмайдигандек қўрқиб колишди. Баъзан шу ҳақида эслаганимда “Дўст, биродар деб билганим, ишонганим бормиди ўзи?” деган савол пайдо бўлади. Улар тўлиб-тошиб, сочилиб ётмаса-да, борига шукур. Хуш-нохуш кунларимда ёнимда турган дўстим Шуҳрат, укам Носиржон Мўминовнинг садоқатига тил ожизлик қилади. Носирнинг илтимосини ерда қолдирмай Бухородан Шофирконга ошиққан, Худога таваккал қилиб туман касалхонасида мавжуд тиббий ускуналар (бор имконият)дан фойдаланиб, зудлик билан жарроҳлик амалиётини ўтказишга киришган нейрохирург Жаҳонгир Мардоновнинг хизмати, касбига садоқатини миннатдорлик билан эслайман. Таҳликали дамларда ҳар иккиси одамийлик, фидойилик нималигини амалда исботлади.

Оллоҳга шукур, яна оёққа турдим, атрофимда ўзини дўст, ака-ука, ҳамкасб ҳисоблаган кимсалар гўё ҳеч нима бўлмагандек яна пайдо бўла бошлади, кўпайди. Мендан уларга, улардан менга ҳеч нима керак эмас, биз ўша-ўшамиз, фақат ўртамиздаги оқибатга қийин бўлди: оқибат бўзлаб қолди, оқибат етим бўлди. Бундан бу ёғига бир халта ёлғонни орқалаб, юзаки табассумни бетга суриб яшайверамиз.

Оёққа турганимда мен тамомила ўзгариб, бошқа одамга айланган, ичимда ёлғизлик туйиб, ичимда ёлғизлик истаб, атрофимдаги ўнлаб одамларни кўриб, улар билан сўзлашиб турсам-да, аслида улардан жуда олисда, ўз-ўзим – хаёлим, ниятларим, ёзаётган қоғозларим билан кўпайиб, бир бутунликка эришган эдим. Энди танам, кўнглим ҳам яримта эмас, ногиронлик мендан чекинган, қалбим соғайиб, дард менга бошқа бир оламни туҳфа этган, назаримда, мен кўрганни бошқалар кўрмас, мен ҳис қилган, сезганни бошқалар сезмас, мендаги хотиржамлик, қаноат, ишонч бошқаларда йўқдек. Мен уларнинг хаёлини, ичини кўзидан ўқиб тураман, улар буни сезмайди, улар ўзгармагандек…

Ўзбек хонадони ҳар қандай шароитда оиласидан, оила аъзосидан кечмайди, ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Дунёга машҳур роман қаҳрамонларидан бири дон Вито Карлеоне оилани юксак баҳолаб, дунёдаги бирорта жамият оила каби меҳрибон бўлолмайди, оила каби ишончли ҳимоя қилолмайди, деганида ёзувчи юз бора ҳақ эканини ўз мисолимда тасдиқлайман.
Суиқасд маҳали ва суиқасддан сўнг ҳам мен оиламни, оилам мени – бир-биримизни қайта кашф этдик, бу борада оиламдан, фарзандларимдан миннатдорман десам, бу камлик қилади. Бошига мусибат тушган, ҳимоясиз қолган, ноҳақлик азобини тотган киши буни яхши англайди. Қийин, чорасиз кунларимда оилам зиммасидаги мажбурияти, бурчини ортиғи билан адо этди. Жамият номидан иш кўрувчи судья-ҳуқуқшунослар эса ўз бурчи, мажбуриятларини пулга – порага алмаштиришди. Хуллас, ҳаётимнинг ҳар лаҳзаси китобга, хаёлий эмас, ҳаётий китобга айланди…

* * *

Ҳаётимда эслашга арзигулик ёруғ воқеалар кўп дедим, бу рост. Илк китобимга сўз боши ёзган, ҳикояларимга оқ йўл тилаган устозларим руҳи, хотираси олдида қарздорман. Ҳар эрта уларнинг руҳига дуо йўллайман, Етти пирнинг тўртинчиси Хўжа Али Ромитаний (Азизон) айтадиларки: “Руҳнинг озиғи дуойи-фотиҳа…”

Балки, тириклигида устозларимни хурсанд қилолмагандирман, аммо бугун уларнинг руҳи доим мен билан “Дўрмон”ни бирга кезади. Руҳларни ким кўп йўқласа, миннатдорлик билан ёдга олса, руҳ ўша кишига яқинлашиб, атрофидан кетмайди, ҳеч ким эсламаган руҳлар эса қақшаб юқорига учиб кетади, ерга тушолмай қийналади…

Ҳар эрта, баъзан икки-уч кунда ёзган ҳикояларимни оққа кўчириб, устоз Саид Аҳмадга ўқиш учун қолдирардим. Бир эрта тугалланган ҳикоямни кўчира бошлаганимда хонам эшиги тақиллаб қолди. Очсам, эшик ёнида қўлида газета тутганча шоир Азиз Абдураззоқ одатича синиққина жилмайиб турибди.

– Табриклаймиз, устозлик бўлибсиз, – деди у. Ҳеч нимага тушунмадим. Ўша пайтларда Азиз Абдураззоқ, Саид Аҳмад ва яна ҳазилкаш, аскиячи ижодкорлар бир-бирини аямай қаттиқ ҳазиллашар, мен эса ҳазилдан четда, ҳазилни унча хушламас эдим. Ниҳоят, у газетани менга узатаётиб:

– Саид Аҳмад ҳар кимга ҳам оқ йўл ёзавермайди, кеча у “Ҳазилни ёқтирмайдиган бир шофирконлик боланинг ўнтача ҳикоясини ўқидим, Бухородан жиддий ёзувчи чиқадиганга ўхшайди”, деб сени мақтади…

Газетани очиб, гап нимадалигини англадим. “Совет Ўзбекистони” газетасида Саид Аҳмаднинг оқ йўли билан “Туман” номли ҳикоям босилган экан. Уч-тўрт кун олдин у мени далаҳовлисига йўқлатиб, айнан шу ҳикоямни овоз чиқариб ўқишни буюрган ва ҳикояни охиригача эшитгач:

– Топибсан, болам, топибсан, шу йўлни маҳкам тут, бу йўл сени узоққа элтади, – дея қўлёзмани қўлимдан олиб, “Туман”га тикилиб қолган эди…

Газета “Дўрмон”га тарқалгач, биринчилар қаторида шоир Тўланбой ака  қутлади:

– Ука, сизни астойдил табриклайман, ҳаммасига шоҳидман, сиз ҳикояларингиз билан Саид Аҳмаддек устоз ёзувчининг қалбига йўл топдингиз, – Тўлан ака чиндан-да қувониб, юракдан гапирар, унинг самимий чеҳраси, юксак маданияти, муомаласига ҳавас қилдим. Шу кундан бошлаб биз қадрдонлашиб, ака-ука киришдик. Тўлан ака оқибатли, эътиборли одам. Йилт этиб учқун таратган ёшларга бўлган муносабати таҳсинга лойиқ.  Ўзбекона лутф, одамгарчиликни Тўлан акадан ўрганиш керак…

* * *

Туман – ижтимоий тузум, яъни қуллик-қарамлик даври, бундай шароитда миллат раҳбарлари ҳеч кимни йўқотмаслиги, аксинча, асраши, агар кимнидир йўқотса, эътиборсиз бўлса, бутун бошли миллатни бой беради деган ғоя сингдирилган эди.

Буни Бош ва ёрдамчи чўпон ҳамда биринчи марта қўзилаётган қўй, қўйлар воситасида тасвирлаган эдим. Бармоқлари орасида ёниб тугаётган сигаретни пайқамай бир зум хаёлга чўмган устоз стулни сал олдинга суриб:

– Агар шу йўлни маҳкам тутсанг, – деди менга қараб, – ўзинг қарийсан, ҳикояларинг қаримайди…

Ўртада оғир сукунат, ғамгин бир ҳолат пайдо бўлгандек иккимиз ҳам жим туравердик. Нима дейишни билмай ўрнимдан турдим. Ширин тил, такаллуфдан узоқда эдим, устозга бир оғиз раҳмат дейишга тилим айланмас, унга бундай мулозаматнинг кераги ҳам йўқ, устоз ҳамон ўз хаёллари таъсирида эди.

– Ўтир, нега турдинг…

Кечагидек ёдимда, устознинг далаҳовлисида, салқин супада алламаҳалгача суҳбатлашиб, бир умр ёдимдан чиқмайдиган дарс – сабоқ олдим. У кўпчиликка айтмаган, айтишни истамаган баъзи “сир”, ўгитларини менга ёрилди…

Уч-тўртта китоб ўқиб, икки-учта “муқова” чиқарган, ўзини ёзувчиликнинг баланд тахтида ҳис қилиб, пастга қаролмай, пастга тушолмаган баъзи қари-ёшлар устозларни китоб ўқимаганликда, замонасозликда, қўрқоқлик, сотқинликда айблашга мойиллик кучая бошлаган дамлар эди. Билганим шуки, гур этиб кўтарилган аланга осмондаёқ ўчди, ўзини осмонда санаган қавм (майли, бир гуруҳ, дейлик) устозлардан ўзиб, бирор нимани қойиллатиб бажаришга қурби етмаслиги маълум бўлиб қолди.

Устозлар бизга нон ва ном бермаётгандек, барча имкон-ихтиёр, мансаб ўзларидан ортмайдигандек ғимирлаб қолдик, чунки замоннинг жилови бўшашган, жамиятда парокандалик бошланган, ҳаракат қилмасак, жазавага тушмасак, устозларни инкор этмасак гўё баридан қуруқ қоладигандек кўзимизга ҳеч ким, ҳеч нима кўринмади. Андишадан узоқлашдик, сабрга тоқат етмади. Ниҳоят, биз кутган кунлар келди: майдон ҳам, мансаб ҳам ўзимизники! Адабиёт-ку, буткул ўзимизга қолди. Аммо…

Ана энди ўрисчасига “Да” деб ўйлайдиган бўлсак, адабиёт мен зўрман, деб шовқин-сурон соладиган шаллақиларни ёқтирмас экан. Адабиёт юрагида бўрон уйғонган, аммо жимгина ишлаётган – ёзаётганлар билан бирга экан…

Маълум муддат устозларни четга сурдик, вазифамизга кирмаса-да, уларни тафтиш қилдик, хато изладик, уларга шиддат билан ташландик ва ўзимиз гуруҳларга бўлиниб, Уюшмани ҳам иккига бўлдик.

Ёзувчиларни бўлишдан, Уюшманинг бўлинишидан кўзланган мақсад нима эди? Ушбу вазифани бажаришга кимлар бош бўлди – кимлар бош қўшди ва охири нима билан тугади? (Бу ҳақида “Эсдаликлар”да ўқийсиз…). Тез орада маълум бўлдики, устозлар яратган асарлар ҳали ҳам қўлимиздан тутиб турибди. Улар яратган адабиётнинг оҳори тўкилмаган, улардан ўрганиш мумкин.

Тўғри, адабиёт бир жойда қотиб қолмайди, ўсади, янгиланади, аммо ҳар қандай яшариш, ўзгаришнинг таг-замини – илдизга туташади, илдиздан қувватланади. Муҳими, адабиёт нафақат ўз ўқувчисини, балки ўз яратувчиси – ёзувчиларни ҳам тарбиялар экан.

* * *

Ёлғон қиздек чирой очган, иккиюзламачи, дилида эмас, тилида Ватани бор худбинларни, маддоҳларни шарафлаш, рағбатлантириш урфга айланган бир дамда мен ажал билан бирга эдим. Ўз-ўзим билан курашиб, ўлимдан паноҳ изладим. Оллоҳга чин бандалик шарафини Ўзида кўрдим ва Ўзидан топдим. Бундай имкон насиб этган киши дунё ёғдусига қиё боқмайди ва қалби, кўнгли, бутун вужудини хотиржамлик ихтиёрига, қаноат измига топширади…

* * *

Шундай қилиб, ҳикоям “Совет Ўзбекистони”да босилгач, эртасига дилхиралик бошланди. “Туман” академик Иброҳим Мўминовга бағишланган, устоз Саид Аҳмад:

– Ҳозирча бағишловни олиб қўямиз, бағишлов мақсадингни сездириб қўяди, кейинчалик китобингда тикларсан, – деб маслаҳат берди.

Ўшанда академик Иброҳим Мўминов Ўзбекистон тафаккурининг қўмондони эди. Бағишлов олиб ташланса-да, барибир бўлар иш бўлди: коса тагидаги нимкосани кимдир пайқаган, аввал мени, сўнгра устоз Саид Аҳмадни Марказқўмга чақиришди. Ўшанда биз ёшлар бирор нимага депинсак, туртинсак ёки хавф сезсак, дарров Одил Ёқубовга “Йўлда тош бор экан”, деб мурожаат қилардик. Бу гал ҳам шундай бўлди, ҳузурига киришим билан Бош муҳаррир қоғоздан бош кўтариб, пиқ этиб кулди ва:

– Ҳа, нима қилиб юрибсан бу ерда, устозингга ёрдамга бормадингми? – деди қув табассум билан.

Шу тобда ичимдан нималар ўтаётгани ўзимга аён, хўжаликда ишлаб, райком, обком деганларининг фарқига бориб қолган, бу гал мени райком ҳам, обком эмас, Марказқўмга чақиришаётган эди. Одил ака ҳамон ўша-ўша – хотиржам, юз-кўзларида ўша қув табассум, қувноқлик…

Ниҳоят Одил ака менинг хавотирли ҳолатимни сезиб, гўё ҳеч нима юз бермагандек:

– Ишингни қилавер, ҳеч ёққа борма, – деди, – жипириқлар чақираверади-да! – устознинг юзига жиддийлик югурди. – Саид Аҳмаднинг ўзи ҳал қилади. Унга биров оқ йўл ёз, деганмиди?

Ўзи, сўзи майда, бачкана, пайт пойлаб бировга тош отадиган нокасларни устоз жипириқ деб сўкар ва бу ҳам етмагандек, “ҳе…” деб “сийлаб” ҳам қўярди. Муҳаррирнинг ўзини тутиши мени дадиллантирди, қарасам, у ҳазиллашишга мойил.

– Устоз, оқ йўл ёзиш гуноҳми?

– Анойилама, буни устозинг Саид Аҳмаддан сўра. Отахон газетда ҳикоянг босилгани бир мукофот, Саид Аҳмаднинг оқ йўл тилагани иккинчи мукофот, бунга ҳам қаноат қилмай, яна конкурсга деб қўйибсанлар…

– Мен қўйганим йўқ…

– Биламан, Саид Аҳмаднинг иши бу. Конкурсга қатнашиб, ўриндан умидвор бўлиб турган “кит”лар бор, устозинг улар кимлигини яхши билади. Пайт келганда улар сенларни аярмиди, энди тушунгандирсан?

– Э, гап бу ёқда экан-да…

Шундай қилиб, бошимни қотирган жумбоқнинг калити топилди. Мен учун хавотирга айланган хавф ўз таъсирини буткул йўқотмаган бўлса-да, бироз пасайди.

Ишимни тугатиб, “Дўрмон”га шошилдим, иккинчи қаватдаги 25-хонага кирмаёқ тўғри устознинг далаҳовлисига йўл олдим. Супада сигарет тутатиб турган Саид Аҳмаднинг хотиржам чеҳрасига тикилиб:

– Тинчликми? – деб сўрадим.

– Ўтир, – деб жой кўрсатди у. – Сен зиғирдеккина ҳикоянгга тоғдек маъно юклаганингда, улар Саид Аҳмаднинг шундай катта боғига муштдек тош отса отибди-да! Парво қилма, отган тошини ўзига қайтариб келдим. Улар сени баҳонангда мени синдиришмоқчи эди, кучи етмади. Билиб қўй, йўлингда ҳали кўп ғаламисларга дуч келасан, мардларни учратасан, аммо шу гапим ёдингда бўлсин. Мана бу милтиқни кўраяпсанми?

Кўзим ошхона деворига тиккайтириб қўйилган (халқ тилида мантекрес деб аталадиган, жимжилоқнинг бир бўғинича келадиган ингичка ўқи тўнғизни қулатадиган) ов қуролига тушди. Устоз далаҳовлисида ёлғиз турарди. Мен унинг туриш-турмушига қизиқиб, уйидаги ҳар бир буюмни диққат билан кузатардим. У машҳур номи, обрў-эътибори ва менинг тасаввуримга зид, жуда оддий, ҳашамдан узоқ кун кечирар, рахланган сигарет қутилари, ёзув машинкаси, қоғоз ва дарвозаси очиқ гараждан кўриниб турган автоулов. Булар бари кўзга биринчи бўлиб ташланадиган, ёзувчи учун зарур буюмлар эди.

Кейинчалик сездимки, унинг ва аксарият устозларнинг ҳашамдан, айниқса, биз (бугунги қари-ёшлар)дан ажралиб турадиган алоҳида томони, бутун бойлиги – ғайрати адабиётга бўлган садоқатида экан. Бу эса уларни ҳар қандай хавфдан, айниқса, ўткинчи ҳашамдан асраб тураркан. Оддийлик уларнинг унвони, меҳнат уларнинг эҳтиёжи, камтарлик уларнинг бахти экан. Давр устозларни тизгинлаб, оддий яшашга мажбур қилганмиди ё уларнинг нафси ўлик, қаноатлимиди, бунисига ҳакамлик қилолмайман, билганим шуки, эл орасида обрў-эътибор топган аксар устозлар бугунги дабдабадан йироқ, бор куч-қувватини ёзишга сарфлагандек туюлади менга. Ёши катта ҳар кишини устоз деб аташ қийин, албатта. Устозлик мақоми ёш билан ўлчанмайди. Халқ ёзувчиси, халқ шоири унвонига эга бўлган ижодкор унвонни оқламаса, муносиб бўлмаса халқдан, ёзувчиликдан, ижод завқидан четда тураверади. Бундайларга унвонни елимласанг-да ёпишмайди, тушиб кетаверади…

– Шу гапим ёдингда бўлсин, – деди устоз диққатимни жамлаб олиш учун бироз сукут сақлаб, – адабиётда ҳеч кимдан қизғанма, бировнинг олдини тўсма, агар душманим деб, рақибим деб билганинг сендан зўр, кучли бўлса, кўриб турганинг – мана шу милтиқ билан отсанг ҳам у сендан зўрлигича қолаверади, ўлмайди…

Устоздан эшитган самимий, рост ўгитларни ҳар эслаганимда чиндан-да юксаламан, самимият инсонни юксалтиришига ишонаман ва самимиятга қучоқ очиб, ҳар бир ижодкорни қучгим келади.

* * *

Тўрт бола билан 9-қаватнинг ижара хонасида яшаш жонимга теккач (ҳар куни ёмғир, шифтдан томчи эмас, сув қуйилади, деворлардан ўрмалаб, включатель розеткалардан булоқдек тошади. Чироқни ўчириб-ёқиш мумкин эмас, кўчадан ғишт, тахта топиб хона ўртасида қўлбола сўри ясаб, болаларни шу жойда ўраб қўйганмиз. Эр-хотин навбат билан – беш тоғора мен, икки тоғора аёлим ваннага сув чиқариб ташлаймиз), ёзувчиликни шу жойда тўхтатиб, Шофирконга кетамиз деган қарорга келган куннинг эртасига эрталаб ер қимирлади, зилзила юз берди. 9-қават арғимчоқдек у ёқдан бу ёққа бориб келади, бетон деворлар шарақлаб овоз чиқаради, уй бир зумда қулаб тушадигандек юракни ваҳм босади, қочиб қочолмайсан, туриб туролмайсан, нима қилаётганимни билмай ваҳм аралаш ўғилларимдан бирини қучоғимга олиб эшик томон ўқдек отилдим.

Лифт қолиб зина билан пастга тушдим, ташқари тўла одам, уйдан узоқроқда оёғида тик туриб дуо ўқиётган ким, ўтириб пичирлаётган ким, силкинишнинг қайталанишини кутаётган ким. Катта қизим “Дада, биз лифтда тушдик”, деб мақтанди. У қўни-қўшни, одамлар шовқин кўтариб, нега пастга тўпланганига ҳайрон. Аёлим истеҳзо билан:

– Ҳа, – деди, – мен учта бола билан тепада қолиб кетсам майли, жониз шунчалик ширинми?

Ўзимни эшитмаганга олдим. Шу пайт денг, 9-қаватнинг балконидан биров ўзини атайин ташладими ёки бехос тушиб кетдими, ҳамманинг диққати ўша томонда бўлди… Тўққизинчи қават кўзимга шу қадар ёмон кўриндики, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай икки соатнинг нари-берисида доимий прописка (рўйхат)дан чиқдим-да, дарҳол хонага қайтиб, аёлимга:

– Нарсаларингни йиғиштир, Шофирконга кетамиз, – дедим. У эътироз билдирди:

– Тошкентга нега келдигу, нега кетаяпмиз? – саволи жавобсиз қолди, аслида, қийналаётган мен эмас, у эди. Барча қийинчиликка чидаб, мени кўпроқ ишлашга, ёзишга ундаётган, камчиликларни сездирмай рўзғорни бут қилиб кўрсатаётган аёлим эди. Аммо унга зилзиладан қўрқаман, тўққизинчи қават кўзимга ёмон кўриниб қолди, деб айтиб бўлармиди, айтса ишонармиди?

* * *

Инсон қўли билан содир этиладиган ҳар қандай зўравонлик, куч, ўлиш, ўлдириш, ёвузлик, жисмоний оғриқ, азоблаш мени даҳшатга сололмайди, қўрқитолмайди. Аммо кучсизгина ер силкинишидан даҳшатга тушаман, юрагим ларзага келади, дош беролмайман. Кейинчалик геология соҳасини ўрганиш жараёнида Ер тузилиши ҳамда Ер қаъри ҳақида тасаввурга эга бўлгач, академик Қаҳҳорбой Абдуллабеков раҳбарлик қилган Сейсмология институтига ишга кириб, юрагимни ларзага соладиган зилзилани ўрганишга киришдим ва шундай хулосага келдим: зилзила, бу шунчаки офат эмас, зилзила табиий офатдан юқори турувчи, қачон рўй беришини ҳеч ким олдиндан аниқ айтолмайдиган тенгсиз офат (шунга қарамай, зилзила даракчиларини ўрганиш, маълум бир фараз, тахминларни илгари суриш мумкин). Бу эса инсон тафаккурини қотиб қолишдан асрайди. Оллоҳ баъзи ҳодисалар сир-асрорини билиш, ўрганиш мезони – чегарасини қатъий белгилаб қўйган, инсон ҳар қанча уринмасин, ундан нарёғига ўтолмайди. Демак, бандаси ҳис қилиши – онгу тафаккурига сиғдириши ва сингдириши учун Оллоҳ Қиёмат қойимнинг кучсизгина мисоли (кўриниши)ни зилзила ва бошқа ҳодисалар орқали англатиб, ишора бериб туради. Буни эса кимлардир сезади, ҳис қилади ва бу ҳақида ўйлайди, тавба қилади, кимлардир ғофиллигича қолаверади. (Эсдаликларимда тариқат пирларининг сийлови билан Халос бўлмоқ ва Зиёда бўлмоқнинг нималиги ҳақида ёзганман…)

Қилғиликни қилиб, уч-тўртта ҳамкасблар билан хайрлашишга ҳам улгурдим. Улардан бирортаси сўзимга ишонмади, паспортимни кўрсатдим, бетимга анграйиб қарашди: (ўшанда уларнинг хаёлидан нималар кечганини тахмин қилиш қийин эмас). Сўнгги қадамни ташлаш – Одил Ёқубов билан хайрлашиш қолди. Устоз буни қандай қабул қиларкан, дея ўй суриб, оёғимни ердан узиш қийинлашган бир дамда сизни Бош муҳаррир чақиряпти, деб чопар келди. Бироз енгил тортдим, хаёлимдаги сабаб тиниқлашди, қатъийлашди, аммо билмасдимки, кимдир мендан олдинроқ кириб, бу “янгилик”ни устозга етказишга улгурган экан…

Тилимни бурро қиладиган асосий сабаб – кеча бўлиб ўтган уч-тўрт балли зилзила, аммо бу ҳақида ҳеч ким гапирмади, эсламади. Ҳайрон бўлдим, жамоадошлар зилзиладан қўрқишимни сезиб, ўзини атайин хотиржам тутаяптимикан-а, деган хаёлга ҳам бордим. Орадан бироз вақт ўтди шекилли, котиба Насиба опа “Эшитмадизми, Одил акам кутаяпти сизни”, деб яна ҳовлиқиб кириб келди. Нима бўлса бўлар, дейманки, ёзувчи бўламан деб оилам билан қирилиб кетайми, худо кўрсатмасин, кеча тўққизинчи қават қулаб тушганида, бутун оилам йўқ бўларди, кетаман. Отамнинг ёлғиз ёдгори мен эдим, бунақада мендан ном-нишон қолмайди, кетаман…

– Ҳе йўқ, бе йўқ, ўзингча нима иш қилиб қўйганингни биласанми? – устоз мени савол билан қаршилади. Ичимдаги ичимда қолди, гапиришимга изн бермади. Назаримда, хаёлимдан нималар ўтаётганини уққандай яна давом этди:

– Нима, Бухорода зилзила бўлмайдими, агар зилзила бўлса, биринчи қаватдагилар омон қолиб, юқори қаватдагилар ўладими? – тавба, устозга бу гапларни ким етказди, савол устига савол…

– Эртага бизга уй берилади деб турганда қилган ишингни қара?! Сени сиёсатга яқинлаштириб бўлмайди, хаёлингга нима келса қайтмайсан, бунақада газетани ёпасан ёки портлатасан!

– Устоз…
– Гапимни бўлма, сен эркалиги, эркинлиги сўнмаган болага ўхшайсан-а? Бугуноқ бўлимни топшириб, бошқа вазифага ўтасан.

– Устоз, мен…
– Эшитмайман, тезда ортингга қайт, бўяган қоғозингни оқартириб кел. Бошлиққа тушунтирдим, боладан хато ўтган дедим, полковник роса кулди, бор, у сени кутиб турибди…

Шумшайиб пастга тушдим. Шунча тақир-туқур (актёр сценарийни ёдлагани каби) Одил Ёқубовга айтмоқчи бўлган сўзларим, топган важим бир пасда ҳавога учди-кетди. Кўнглим ниманидир сезгандек, назаримда, Шофирконга кетмайдиган бўлиб, Тошкентга бир умрга михландим-ов. Устознинг қорачадан келган, кўзлари катта-катта, ингичка ҳайдовчиси бўларди. “Волга”нинг эшигини очишим билан у:

– Кейинги пайтларда Одил акадан кўра кўпроқ сизга хизмат қиляпман, – деб писанда қилди. – Ишқилиб, эртага уйимдан олиб кел, демайсизми?

Бир кун аввал ундан шу гапни эшитганимда дарров “Ҳайдовчи бўлганингдан кейин хизмат қиласан-да, бошлиғинг айтдими – тамом, ғилдирагингни ғилдиратиб, буюрилган жойга кетаверасан, мен сендан машина сўрадимми?” дея гап билан бетига урган бўлардим. Аммо бугун бировга гап қайтариб, тортишадиган ҳолда эмасдим. Балки, шунинг учундир унинг кинояси қаттиқ ботмади, аммо жим туришни ҳам хоҳламадим:

– Ҳозирча уйим йўқ-да, бўлса-ку айтардим, уч-тўрт кун сабр қиласиз энди…

Шунда фаришталар “Омин” деганмикан, эртаси куни Одил Ёқубов мени ҳузурига чақириб:

– Газетага уй ажратилди, шуни сенга мўлжаллаб турган эдим, лекин ўйламай босган қадаминг учун сени жазолайман, навбатда ким биринчи бўлса, уйни ўша олади, – деди.

Жим туравердим.
– Битта имконинг бор, бу таклиф мендан чиққанини биров билмасин, эртага эрталаб Сарвар Олимжоновичнинг ишга келишини кутиб турасан, зинадан тепага кўтарилиши билан кўришиб, Адабиёт газетасида ишлашингни, оилавий шароитингни қисқа тушунтириб, газетага уй ажратилгани, аммо уйни сенга эмас, навбат бўйича уй-жойли техник ходимга берилаётганини айтасан. Бу ёғи нима билан тугайди – билмайман. Яна бир гап, охирида…

Эртасига устознинг тавсиясини қойилмақом қилиб бажардим. Сўзим охирида устоз эслатган якунни такрорлаб:

– Мен тўрт бола билан кўчада қолсам-у, уй-жойли ходимга яна уй берилса? – дедим. – Бош муҳаррирга ҳам ҳайронман, исмлари Одил бўлса ҳам бу галча одилликдан чекиндилар…

Жуда жиддий, салобатли раис Сарвар Олимжонович жилмайди:

– Олдин қаерда ишлагансан?

– Маданият ишлари бўйича раис ўринбосари эдим, шофирконликман.

– Колхоздан воз кечиб, газетага келган экансан, сени уйсиз қолдирмайман. Нима ёзасан?

– Ҳикоялар ёзаман…

* * *

Ҳикоялар… кўнглим мулкига айланган ҳикояларимни “Дўрмон”да ёзганман. Уюшманинг собиқ раиси Сарвар Азимов ўшанда ҳеч бир ҳужжатсиз, аризасиз, ҳали Уюшма аъзолигига қабул қилинмаган, кеча пропискадан чиқиб, яна пропискага кирган болага шаҳарнинг энг обод жойи Дархонда “катта”лар (“Совмин”) учун қурилган бинодан уй ажратди ва раҳматли Ҳожиакбар Шайховга шу бугуноқ прорабдан калитни олиб, менга топширишни ҳамда оиламни кўчириш ҳақида топшириқ берди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган бу эртакнамо иш Сарвар Азимовнинг бағрикенглиги, ўзбек адабиётига, ёзувчиларга, ёшларга бўлган муносабатининг ифодаси, юздан бир мисоли сифатида бир зумда, расмиятсиз, ҳали хизмат хонасига кирмаёқ – зинапояда ҳал бўлди…

* * *

Ҳаётимда юз берган ғаройиб, айтса айтгулик, ёзса ёзгулик воқеалар шу қадар кўпки, уларнинг илдизи яхшиликка уланади. Янги уйга кўчиб ўтгач, бир ҳафта ўтмай яна бир “қалтис” ишга қўл урдим. Вилоятлардан ўқиш, ёзиш, ишлаш ниятида Тошкентга келган, йилт этган ижодкорга хайрихоҳ, меҳрибон шоир Миразиз АЪЗАМ ёдимга тушди. Миразиз акадек илмли, ватанпарвар, китоб шайдоси, хокисор, аммо қатъиятли одамни кам учратганман. Шундай одамнинг шаҳар четида, ўзиники бўлмаган уйда хавотир билан яшаши инсофданми? Ўзимча дарров бунинг чорасини топгандек бўлдим. Яқиндагина бу борада (охирини ўйламай босган қадамим учун) устоз Одил Ёқубовдан дакки эшитган бўлсам-да, бир даста газета тахлами, китобларим ва икки-учта кўрпа-кўрпачадан иборат лаш-лушимизни кўтариб, четдаги бўш турган уйга кўчдим. Бу уй аввалгисидан анча катта, асосийси (кейин маълум бўлди), бировнинг номига расмийлаштирилмаган экан…

Қишлоқча соддаликмиди бу ё тўпориликми (кейинчалик Шукшин ҳикояларида баъзи жиҳатлари ўзимга ўхшаган қаҳрамонларга дуч келдим…) – ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, тўғри Миразиз ака яшаётган жойга бордим-да:

– Сизга уй топдим, кетдик, – дея кўчадан юк машинасини гаплашиб, менга берилган икки хонали уйга шоир акамизни кўчирдим. Яп-янги уй, поли паркет, ярақлайди. Миразиз ака мени дуо қилдилар… Афғонистон уруши қатнашчиси, бунинг устига уйсиз, қисқа фурсатда бу уй Миразиз ака номига расмийлаштирилди. Ўзим эса яна бир бор Сарвар Олимжоновичнинг қаршисида пайдо бўлдим:

– Менга берилган уй торгина икки хонадан иборат экан, уларга болаларим жойлашди, ёзишимга жой йўқ, шунинг учун четдаги каттароқ уйга кўчиб ўтдим, балконини бўлсам бир хона кўпаяди…

Сарвар Азимов бетимга тикилиб, салгина жилмайгандек бўлди, аммо кулмади ва:

– Нечта боланг бор? – деб сўради.

– Ҳозирча тўртта, икки ўғил, икки қиз, – дея ғурурланиб жавоб қайтардим. Жавобим Раиснинг юзидаги ним табассумни ёйди, чеҳраси жилоланиб кетди:

– Икки-уч йил танаффус қилинглар, бунақада сенга уй етказиб беролмаймиз.

– Хўп бўлади, ўртоқ раис, ўзим ҳам шундай фикрдаман! – дедим.

Шўро даврида “ўртоқ” деб мурожаат қилиш урфга айланган қонун, кўникма, расмият эди. Билмасдимки, Сарвар Азимов муомала учун зарур ҳисобланган расмиятчиликни шўро идоралари, катта мансабларда (СССРнинг Суриядаги элчиси ва бошқа давлатларда элчи лавозимида ишлаган) қўлласа-да, ўз халқи, Ўзбекистон ёзувчилари билан юзма-юз келганда ҳар қандай расмиятчиликни четга суриб, уларни тинглар ва уларнинг манфаатини ҳар нарсадан устун қўяр экан… Шундай бўлса-да, унинг ғанимлари йўқ эмас, аммо улар Азимов билан курашишга ожизлик қилишар, пайт пойлаб, уни қулатишга тайёр туришаркан…

Ўзимни эркин тутишим, қишлоқча соддалигим Раисга маъқул тушди шекилли, у мен билан илиқ хайрлашди ва кетишимга рухсат берди:

– Боравер, ўша уй сеники, аммо бир шартим бор, – деди. Кўзларим Раиснинг кўзига қадалиб, вужудим қулоққа айланди. “Кечагина уйсиз эдинг, омадинг юришганда уй танлаб чакки қилдинг!” деган эътирозга учрасам-а? Йўқ, бундай бўлмади, янглишган эканман, Сарвар Олимжонович бундай демади, у айтдики:

– Ўша уй сеники, шу уйда ҳикоялар ёзиб, ёзувчи бўлиб танилганингда, балки, шу воқеани эслаб қўярсан…

Бир лаҳза бошим айлангандай бўлди, Азимов истагимни рад этмади, аксинча, қўллади, негадир қувонч югурган кўнглимни бир лаҳза маҳзунлик чулғади. Қудратли, элпарвар раҳбарнинг қатъияти, қарори қалби тирик ҳар бир кишини ўйлатиб қўяркан. Дунё кўрган, сиёсатнинг минг бир синовидан ўтган, қалбида миллат руҳи устивор раҳбарга ҳавас қилмаслик, унинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракатини унутиш мумкинми?

– Боравер, – деди у ўктам овозда. Эътибор беринг, кетавер, дейиши ҳам мумкин эди-ку? Айтмади, кет демади, бор, деди. Ўша лаҳзаларда “бор” билан “кет”нинг фарқи мен учун жуда улкан, тоғ каби баланд ва аҳамиятли эди.

Янгиликни Миразиз акага етказишга шошилдим. Ёзувчи бўлиб танилдимми, йўқми бир нарса дейиш қийин, аммо кечиккан китобларимни нашрга тайёрлатиб ушбу воқеаларни ёдга олдим, эсладим. Тенгдошларимдан ўн тўрт йил ортда қолдим, бунинг арзирли сабаблари бор, албатта! Бироқ адабиётда ҳар қандай сабаб қолоқликни оқлаёлмайди. Умид қиламанки, кейинроқ эълон қилинаган “Наврўз арафасидаги ўйлар” номли эсдаликларим ўқувчиларга манзур бўлади.

Уй ўзимники бўлгач, кўнглим хотиржам тортди. Ва аёлимга завқ билан мақтандим:

– Хоналарнинг катталигини кўраяпсанми, балконни иккига бўлсак иш кабинетим ҳам тайёр. Худо хоҳласа, ҳадемай бу хоналар ўғиллар билан тўлади! – негадир у қилт этмади, завқим унга кўчмади, хотиржам ҳолда:

– Унда сиз ёзувчи бўлолмайсиз-да, – деди. “Оббо, шу гапингни кейинроқ ҳам айтардинг, – кўнглим ғашланса-да, бўш келмадим. – Боламиз бешта бўладими, ўнта бўладими, барибир ёзувчи бўламан!”

* * *

Орадан йил ўтиб, бешингчи фарзандимиз – Гулсарвар туғилди. Тенг турган тарози палласи қизлар томонга оғди кетди.

* * *

Кўп ўтмай Миразиз ака шоира опамиз Қутлибека Раҳимбоевага уйланди. Уларнинг яқинлари иштирокида ўтган ажойиб тўй кечасида келин-куёвни уйлик қилган отадек мамнун, яйраб ўтирдим.

Қўшничилигимиз, туғишгандан-да яқин ака-укачилигимиз бугунгача давом этди. Миразиз акани эсласам, Тошкентда яккалигимни унутаман. Мабодо бугун 80 ёшли Миразиз бобонинг ушбу сўзларимга кўзи тушиб, ўзларини бир зум ёш йигит – подшоҳ ҳис қилсалар-да, менга “Тила тилагингни!” деб айтсалар “Мени дуо қилинг” – деб сўраган бўлардим.

Миразиз акадан кўп дуо олганман, ҳар учрашганимизда яхши тилак ва хуш сўзларини аямайдилар.

* * *

Орадан уч кун ўтиб янги вазифага тайинландим. Энди мен Одил Ёқубовга янада яқинроқ, янада эркинроқ бўлиб, Республикамизнинг барча вилоят, туманларига Бош муҳаррир номидан борадиган бўлдим. Асосийси, эрталаб ишга кечикиб келишдан, сабаби суриштирилганда “Саид Аҳмад иш буюрди” деган баҳонадан қутилдим. Ва юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлиб, ижодкор учун муҳим саналган кўриш, ҳис этиш, таққослаш, мушоҳада юритиш, қаерда бўлмасин, икки-уч кун қолиб, шу жойда ишлаш каби эркинликка эга бўлдим, ёздим. Бунинг учун устозим – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, машҳур адиб, Адабиёт газетасини Халқ газетасига айлантирган Одил Ёқубовдан тоабад миннатдорман. Овул ва қишлоқларда, туман ва шаҳарларда, қаерда бўлмай мени Одил Ёқубовнинг вакили сифатида кутиб, кузатишар эди. Эл орасида ёзувчининг обрўси шу қадар баландлигидан фахрланар ва устозга ҳавас қилардим.

* * *

Кейинги пайтларда танам кимёвий дори-дармонларга, узлуксиз даволанишга кўниккани каби қалбим дуога муҳтожлик сеза бошлади. Дарвоқе, дуо ҳақида. Оллоҳнинг дўстлари авлиёлар: Етти пирнинг тўртинчиси Хўжа Али Ромитаний (Азизон) айтадиларки:

– Дуо олмаган бебаҳрадир, тавба қилмаган – гуноҳкор! Тавбада ҳам ишорат, ҳам башорат бор. Руҳнинг озиғи дуойи фотиҳа, – қаранг, дуо нафақат тириклар учун, ҳатто марҳумлар учун ҳам зарур экан…

Машҳур олим, геология-минералогия фанлари доктори  82 ёшли Рустам Гумирович Юсупов дейдики:

– Ёши саксонга етган, ақли-ҳуши жойида, юраги тоза, ҳаром билан ҳалолни ажрата оладиган қариянинг дуоси ҳам, қарғиши ҳам ижобат бўлади. Мен қарғишдан тийилиб, дуога қўл очган одамман…

Табаррук бобо бир хонали уйда яшайди. Хонанинг ярмидан кўпини китоб, қўлёзмалар, бировларнинг эпақага келтириб, деярли қайта ёзиб берган номзодлик, докторлик дессертациялари нусхалари, ўзининг илмий ишлари, Москвада ва хорижда чоп этилган мақолалари, янги тадқиқотлари эгаллаган. Уч-тўртта қошиқ, санчқи, коса, пиёла, стулча, ихчамгина стол ва Татаристоннинг собиқ президенти Минтемир Шаймиев Рустам Юсуповнинг уйига ташриф буюрганида эсдалик учун совға қилган лавҳали гиламча ва бобонинг портрети. Бобо эрта-ю кеч иш билан банд, умрининг бир дақиқасини зое кетказмайди. Истиқболли конлар топиш, белгилаш борасида Рустам Юсуповнинг хизмати беқиёс. Шу ёшда тиним билмай ишлаш шартми, дегим келади-ю, айтолмайман, чунки бобонинг ҳаёти илм билан, геология билан нурли, у илм билан тирик. У ҳаммага керак. Аэропорт, темир йўл, божхона, пробирная палатада, хуллас, қимматбаҳо металлар, тошларни аниқлашда, юртимиз бойликларини четга чиқиб кетмаслиги учун Рустам Юсуповнинг илми, тажрибасидан фойдаланишади…

– Мусулмонларда ҳар бир эркак дарахт ўстириши, парваришлашдек эзгу одат бор, – дейди Рустам бобо. – Мен олтинчи қаватда яшайман, ерим йўқ, далаҳовлим йўқ, бунинг ўрнига юздан зиёд шогирдларим бор. Худо ва жамият олдида вазифамни, бурчимни сидқидилдан бажараяпман, деб ўйлайман. Россия, АҚШ, Алжир, Япония, Марокаш, Франция, Австралия, Мисрда шогирдларим бор, улар билан яқин алоқадаман. Америкада, Нью-Йоркда  яшадим, аммо бир ой ўтар-ўтмай, ўғлимни қолдириб, ўзим Ўзбекистонга қайтдим, Биласанми, ҳар бир ижодкор ёки олимнинг ҳашамдан, қулайликлардан баланд турувчи ички уйи – ички дунёси, ватани бўлиши керак, менинг Ватаним эса Ўзбекистондир…  Яқинда нашрдан чиққан китобим (“Геммология”) Немис Миллий кутубхонаси каталогига киритилди…

Рустам Юсупов Араб давлатларида, айниқса, Мисрда ўн йил ишлаб, ерости бойликларини ўрганиб, кузатувчи ҳамда қўриқчининг кўнглини топиб, бир кеча эҳромда тунашга рухсат олган. Тарихнинг гувоҳлик беришича, Наполеон эҳромда бир кеча тунаган, иккинчиси, ўзимизнинг Рустам бобо, балки, бошқалар ҳам тунагандир, бу ҳақда менда маълумот йўқ…

Қизиғи шундаки, у эҳромда нималарни ҳис қилгани, тунни қандай ўтказгани ҳақида гапиришни хоҳламайди. Баъзан юрагига йўл топганимда у ишоралар билан жуда қисқа сўзлайди, бир гапни иккинчи марта такрорламайди. Жуда сезгир бўлмасангиз ҳеч нимага тушунмайсиз:

– Нега бунча сирли, қисқа гапирасиз?

– Биринчидан, тунни эҳромда ўтказганим ҳақида айтишни истамайман. Иккинчидан, айтиш мумкин бўлмаган синоатларни ишора билан сўзлашимга сабаб: чаққон журналистлар, ошириб-тоширувчилар мен эмас, ўзлари эҳромда тунашгани каби қўшиб-чатиб ёлғон ишлатишини хоҳламайман…

Геология туфайли Рустам Юсупов билан танишиб, унга боғланиб қолдим ва унинг илми, дуосидан баҳраманд бўлдим. Умрини, вақтини тўғри тақсимлаб, интизомга қатъий амал қила олган, ўз мақсади сари ҳеч нимага чалғимай олдинга интилган бу алломага ҳавас қилса, ундан ўрганса арзийди. Чунки у кўпчилик орзу қиладиган, аммо эришиш қийин кечадиган, алоҳида кишиларгагина насиб этадиган машаққатли умр соҳиби.

Бир куни бобо чап қўлини бошимга қўйиб, ўнг кафтини очиб юрагимни ўқий бошлади:

– Қалбинг тақдирингдан огоҳлик беряпти, сенинг ер илми – геология билан қизиқишинг бесабаб, беҳуда эмас. Агар сен билан шуғуллансам, бир йилда доктор бўласан. Аммо бунга зарурат йўқ, чунки сен ёзувчисан, қисматингга ёзувчилик битилган. Ўз-ўзингни ва дунёни англашдек машаққат ҳамроҳинг бўлиб турибди. Осон кечмайдиган бу йўлни босиб ўтишинг шарт. Бунинг учун Оллоҳ сени тоқат, чидам билан сийлаган. Босган ҳар қадаминг, ҳар қарич ер, ўтаётган ҳар дақиқа сени нурли манзилга яқинлаштирмоқда. Оллоҳ сени қалбинг билан ерга боғлаган, шунинг учун зилзиладан қўрқасан, бу эса ўзинг сезмаган ҳолда Оллоҳни таниганинг, тан олганингдан дарак…

Ўн йилдан буён пинҳон тутаётган сирингдан огоҳман. Сенга аҳд бериб, вазифа юклашган , аҳдингдан қайтолмайсан, тақдир ҳукми шундай. Ҳаётингда юз беражак хуш-нохуш воқеаларда ўз ихтиёрингча эмас, тақдир ҳукми ила иштирок этасан ва ғолиб бўласан. Майли, шу жойда тўхтайман, ўзинг шуни истаяпсан…

Рустам бобо ҳаётимдаги энг муҳим, ўзимгагина аён, бировга айтмаган воқеаларни саволга ўрин қолдирмайдиган даражада аниқ сўзласа, унга ишонмаслик мумкинми? Қолаверса, у ёрдамга муҳтож шогирдларидан бошқа ёки яқин қариндошидан бўлак ҳеч кимни уйида қабул қилмайди. Журналистлар билан геология музейида, институтларда учрашади ва тадқиқотлари ҳақида маълумот беради. Бобонинг кўзга ташланиб турадиган жиҳати камтарлиги, қатъияти, оддий турмуш тарзи, ёшлардан ҳеч нимани аямаслиги. У ўзбек таомларидан паловни, ширинликлардан новвотни хуш кўради. Билиб туриб сўрайман:

– Сизга яна бирор нима керакми?

– Оллоҳга шукур, бир одамга кўплик қиладиган тақир-туқурларим бор. Ўзингга нима керак, тортинмай сўрайвер. Мен сенлардан кўра кўпроқ қалам ҳақи оламан, балки…

– Йўқ, менга сизнинг дуонгиз керак…

* * *

“Бу дунё ҳаммадан қолади”, деган оддий гапнинг ҳикматлигини англаш учун “Дўрмон”да бир ҳафта яшаш кифоя. Ҳассасини қўлга олиб, ўз хаёллларига ғарқ бўлиб, озорсиз айланиб юрадиган Примқул Қодиров, баъзан унга қалтис ҳазиллар қиладиган Шукур Холмирзаев, кенг коттежни тўлдириб ишлайдиган устоз Одил Ёқубов қани? Биз ёшлар эшиги ёнидан ҳайиқиброқ ўтадиган Уйғун ва казо-казолар қани? Ҳаммани кулдириб, кулиб юрадиган устоз Саид Аҳмад, Асқад Мухтор қани?

Бугун “Дўрмон” тўла, коттежлар тўла ижодкор, назаримда, ҳамма жой бўм-бўш, жимжитдек: ҳолбуки, коттежларда яшаш, ижод қилиш истагини билдирган, навбатда турганлар қанча! Назаримда, устозлар оламнинг энг тинч, сокин гўшасини бизга қолдириб, ўзлари тўсатдан ғойиб бўлгандек. Ўтган ўн-ўн беш йиллик вақт шунчалар узун, шунчалар олис масофамикан? Ёки мен ҳаётдан ортда, вақтнинг ўтганини, муҳитнинг ўзгарганини сезмай, фарқлаёлмай қолдимми? Ёки бу авлодлар алмашувидек азалий қонуннинг кўникиш қийин кечадиган кўринишими?

Бундан 33 йил аввал юрганим – ўша йўл-йўлкалар, кўрганим ўша чинорлар (фақат йўғонлашиб, танаси кўкка бўй чўзган), уч қаватли меҳмонхона, атрофи девор, коттежлар билан ўралган ва ижод руҳи сақланиб қолган муҳит, сокинлик…

Тонгсаҳар йўлкалар бўйлаб ёлғиз юрганимда устозларим руҳини туйгандек бўламан. Фаришта қанотлари мисол майин бир эпкин юзларимни силаб, елкаларимга қўнади. Аслида, борлик ва йўқлик орасида фарқ йўқ. Бизни ажратиб турган алдамчи фарқ: “йўқ”ларни кўрмаймиз, улар ҳақида ўзимиздан ортиб ҳамиша ҳам ўйлайвермаймиз, марҳумлар эса бизни кўриб, сўзимизни эшитиб туради.

Эсласанг, йўқласанг руҳлар ҳамиша ёнингда, сен билан бирга. Агар буни сезганимизда эди, ўйлаган ўйимиз, қилаётган ишимиз, бир-биримизга бўлган муносабатдан уялар эдик.
Ҳаётлигида устозларнинг кўнглини топа олдимми, йўқми – айтолмайман, лекин “Дўрмон”да яшаб ижод этган, ушбу азиз даргоҳда излари қолган барча марҳум ижодкорлар ҳақига ҳар эрта тонгда дуо йўллайман…

Бировдан кўрган заррача яхшилик, ҳимматни ва бир оғиз ширин сўз, очиқ чеҳрани, самимий муносабатни унутмайдиган, агар унутган бўлсам эслаб, ёдга оладиган ёшга етдим. Фарзандларим буни билиши керак.

* * *

…“Дўрмон” аҳлига, барча ҳамкасбларим, кўзим тушган дўсту биродарларимга қувонч билан айтаманки, биз яна учрашдик. Фурсат ғанимат, ҳар янги кун, янги йил билан учрашиш Оллоҳнинг инояти ила юз беради. Мен яна сизлар билан учрашдим: биз учрашдик!

“Дўрмон” ижод уйи

Rajabboy RAUPOV
NAVRO‘Z ARAFASIDAGI O‘YLAR
“Esdaliklar”dan tomchi
021

Iste’dodli adib va jurnalist Rajabboy Raupov 1955 yil 21 martda Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug‘ilgan Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakulteti (1978), M.Gorkiy nomidagi Moskva adabiyot instituti Oliy kursini (1989) tugatgan. “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Xalq so‘zi” “Ishonch” gazetalarida bo‘lim mudiri, “O‘zbekiston tabiati” va “Ipak yo‘li” gazetalarining tashkilotchisi hamda Bosh muharriri vazifasida faoliyat ko‘rsatgan.
“Yurak sadosi” (1981), “Ona so‘z” (1989), “Nur darvozasi”, “E’tiqod” (2002), “Ustun” (2002-2005) kabi nasriy kitoblari chop etilgan. Uning “Osmonning egasi”, “Ostona”, va “Ona so‘z” qissalari mashhur. “Yurakdagi Buxoro” (1998) to‘plamining tuzuvchisi va mualliflaridan biri.
“Ustun” romanida o‘zbek xalqining shonli farzandi, akademik H.Abdullayevning dolg‘ali hayoti tasvirlangan. “Xayotimga suiqasd” nomli hujjatli romani avtobiografik xarakterga ega. Uning hikoya va qissalari rus, polyak, gruzin tillarida chop etilgan.

021

Ko‘nglim mulkiga aylangan hikoyalarim “Do‘rmon”da yozilgan. Oradan 33 yil o‘tib, bir sandiq qo‘lyozma bilan yana “Do‘rmon”ga qaytdim.

Muallif

Havasning etagidan tutib, yozuvchi bo‘lish orzusida Buxorodan yo‘lga chiqqanimga ham qirq yildan oshibdi. Bugun, ayni Navro‘z arafasida shu haqida o‘ylaganimda xotiramga chuqur o‘rnashgan voqealar qator tizilib kelaveradi. Meni, men tengi yana ko‘plab yoshlarni Toshkentga yetaklagan orzu – shoir, yozuvchi bo‘lish shunchalar qiyin, shunchalar shirin joziba ekanki, bu hunarning nonini yeyish uncha-muncha kishining qo‘lidan kelmas ekan…

Qirq yil! Kam muddat emas-a? Balki, kimdir ijodkor bo‘lish uchun nahotki shuncha yil kerak bo‘lsa, deb taajjubga tushishi, ishonmasligi ham mumkindir. Bugun men ijod mashaqqatlari yo‘lida ozmi-ko‘pmi qog‘oz qoralagan jurnalist, yozuvchi sifatida ayta olamanki, ijodkorning iqtidori, erishgan natijalari yosh bilan o‘lchanmaydi va o‘quvchilar hukmiga havola etilgan asarlaridan ko‘ra e’lon qilinmaganlari ko‘proq bo‘ladi…

Kuni kecha rafiqam Aminaxon Do‘rmondagi Ijod uyi dalahovlisi derazasidan tikilib:

– Qarang, sizni butun olam qutlayapti! – dedi.

Qog‘ozdan bosh ko‘tarib, derazaga yaqinlashdim. Qarasam, osmon ko‘m-ko‘k, tiniq, olcha, o‘rik, gilos shoxlari oppoq gulga chulg‘angan. Ko‘m-ko‘k archazor ortida qorli tog‘lar viqor bilan yastanib turibdi. Ko‘zi tushgan har bir kishiga xush kafiyat, ko‘tarinkilik bag‘ishlaydi. To‘g‘risi, shu kunga qadar hech kimdan bu taxlit samimiy, shoirona qutlovni eshitmagan edim.

Bu yilgi Navro‘z menga kutilmagan ulg‘ayish, o‘zgacha hayrat va g‘ayrat tuhfa etgani haqida aytsam, kechagina o‘n yetti yoshli yigitchaning bugun oilasi, o‘g‘il-qizlari, do‘st-birodarlari, yaqinlari davrasida 61 yoshini nishonlashi chindan-da kutilmagan, ajabtovur hol. Har kimning qancha yashashini Olloh belgilaydi. 50-60 yoshni umrning o‘rtasi – ayni kamolot yoshi, deydilar. Bu yoshda kishi kam uyqu, serharakat, ishga, hayotga chanqoq bo‘lib qolarkan. Demoqchimanki, bu yoshni oila davrasida, do‘stlar bilan kamtarona nishonlasa arziydi.

O‘tgan yili 60 yoshimni qishlog‘im ahli, o‘qituvchilarim, sinfdoshlarim bilan nishonlagan edik. Bu yil esa Navro‘zni “Do‘rmon” ijod ahli, ishchilari, yozuvchilar mahallasi vakillari ishtirokida qarshiladik. Tabiat tuhfa etgan bu ayyomni ko‘tarinki ruhda nishonlasa – bayram qilsa arziydi. Bunda mening ham ishtirokim, xursandchiligim qo‘shilgani ko‘nglimni ko‘tardi. Demak, shukrona aytishga sabab bor: o‘g‘illarim, qizlarim, biri-biridan shirin nevaralarim va menga muhabbatli, mehrli farzandlar hadya etgan oilamizning sarishtasi Aminaxon bilan to‘kismiz…

Hayotim azim Toshkent bilan bog‘langanligidan xursandman. Akademik Ibrohim Mo‘minov nomidagi jamoa xo‘jaligi raisining o‘rinbosari lavozimida ishlab, xo‘jalik yuritishni o‘rganib, nomzodim xo‘jalik raisligiga qo‘yilgan bir paytda O‘zbekiston xalq yozuvchisi Odil Yoqubovning da’vati bilan “Adabiyot va san’at” gazetasining ijtimoiy-siyosiy bo‘limi mudiri vazifasiga ishga o‘tdim. Ustoz raykomning birinchi kotibiga o‘rnim gazetada ekanligini tushuntirgach, menga ruxsat berishdi… Shungacha “Erkinlik” nomli hikoyam Adabiyot gazetasida chop etilgan va bu hikoyani filologiya fanlari doktori Umarali Normatov yilning eng yaxshi hikoyasi deb e’tirof etgan edi. Oradan ko‘p o‘tmay gazetaning nasr bo‘limi mudiri, yozuvchi, dramaturg Abduqahhor Ibrohimov menga tezda Odil Yoqubov bilan bog‘lanishimni aytib, buni cho‘zmasligim shartligini tayinladi.

Ijtimoiy-siyosiy bo‘limning yuki og‘ir, mas’uliyati katta edi. Bo‘limda mendan yoshi ulug‘ Nusrat Rahmatov, Yoqubjon Xo‘jamberdiyev kabi zabardast jurnalistlar ishlar, ularga bosh bo‘lish, ular yozgan, tayyorlagan maqolalarni Bosh muharrirdan oldin men o‘qishim, imzolashim yoki qayta ishlashga yo‘llashim biroz o‘ng‘aysiz tuyulsa-da, ustozning ishonchini oqlash uchun yeng shimarib ishlashim shart edi.

Tanqidiy-tahliliy maqolalarning dadillik bilan yoritilishi, Ahmad Otaboyev, Ashurali Jo‘rayev, Gulchehra Umarova, Mirza Kenjabek, keyinchalik Karim Bahriyev, Amirqul Karimov kabi yoshlarning ishga olinishi, xalqimiz muammolariga yaqinlashish natijasida gazeta tez orada 150.000 nusxada chop etila boshlandi va Adabiyot gazetasi Xalq gazetasiga aylandi.

O‘shanda hammamiz zavq-shavq bilan ishlaganmiz. Xullas, “Adabiyot va san’at”dek mashhur gazetada Odil Yoqubovdek bag‘rikeng, maydaliklardan baland turuvchi, mard, uncha-muncha xatolarimizni kechiruvchi, erkaliklarimizni ko‘taruvchi Bosh muharrir qo‘lida ishlash ko‘pchiligimizni jurnalist, yozuvchi sifatida shakllantirdi, elga tanitdi. Biz uzoq muddat o‘zimizni Odil Yoqubov ta’sirida va himoyasida his qildik…

Ustozning eshigi hamma uchun ochiq, har birimiz tortinmay kirib borar, onamizdek aziz bo‘lib qolgan ayoli darrov dasturxon tuzar, choy damlar –bular bari ustozning ishorasisiz, bir zumda bajarilar, bu Odil Yoqubov xonadonining oddiygina tartib-qoidalari, odamiylik ufurib turgan an’anasi edi…

Odatdagi ish kunlaridan birida xonamga gazeta fotomuxbiri Sodiq Mahkamov “Ketdik, topshiriq bo‘ldi”, deb kirib keldi. Tashqarida bizni ustozning xizmat mashinasi kutib turgan ekan. To‘g‘ri “Do‘rmon”ga keldik. Men yashayotgan 25-xonaga kirib, stol ustida qalashib yotgan qo‘lyozmalarni tartibga keltirib kutubxonadan Alisher Navoiyning devonini oldirishdi. Xullas, men kitob varaqlab, ijodiy holat yaratilgan xonada suratga olinishim va hali rasman yozuvchi maqomini olmay turib (uyushmaga a’zo bo‘lmasdan) Respublikamizdagi barcha ijod ahlini “Do‘rmon”da yashab, ijod qilishga chorlashim, endigina ishga tushgan 3 qavatli Ijod uyi afzalliklarini o‘zimda namoyon etishim kerak edi.

Suratchi bu yumushni bajarib, binoning tashqi ko‘rinishini va alohida dalahovlida yashayotgan ustoz adiblar bilan bog‘ aylanib, suhbatlashib yurganimizni tasvirga oldi. Ko‘p o‘tmay ushbu suratlar Litfond (avvalgi nomi) orqali plakat shaklida viloyatlarga tarqatildi.

Shunday qilib, yangi, osoyishta, yashash va yozishga qulay uch qavatli Ijod uyining targ‘iboti men bilan boshlandi va ushbu maskan bugungacha uyimdek aziz, xayrli bo‘lib qoldi…

Ko‘pchilikning e’tirofi: Ijod uyining fayzi, ruhi bo‘lakcha. Xotiring jamlanib, ijodiy kayfiyat, ijodiy ruh paydo bo‘ladi, ishlagan bilan charchamaysan, vaqt o‘tganini sezmaysan, vaqtni qizg‘anasan… Nazarimda, bu joyning xayri, unumi, fayzini boshqa hech joydan topolmaysan. Uyg‘onib, ko‘zing Chotqol-Qurama tog‘lariga tushadi, ko‘ngling ko‘tarilib, go‘yo tog‘dek yuksalasan, toza havodan simirib, ishlayotganing, yashayotganing uchun yuragingda shukrona paydo bo‘ladi.

“Do‘rmon”ning fayzu tarovati yo‘qolib, deyarli sahroga aylangan, ijodkorlar siyraklashib, tamagirlik boshlanib, insofu adolatni cho‘ntakdan izlaydigan “biznesmen”lar “Do‘rmon”ni egallayotgan bir paytda Prezidentimizning “O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi huzurida “Ijod” fondini tashkil etish to‘g‘risida”gi (2010 yil 26 fevral: PQ-1292-sonli) Qarori “Do‘rmon”ga yangidan hayot bag‘ishladi… Buning uchun savob ishga bosh bo‘lgan kishiga, ayniqsa, muhtaram Prezidentimizga har qancha minnatdorchilik bildirsak oz.

* * *

“Do‘rmon” haqida eslaganimda ko‘nglimni bezovchi ko‘p yorug‘ xotiralar yodimga tushadi. 1987 yili O‘lmas Umarbekov raisligida o‘tgan Plenumda sobiq SSSR Yozuvchilar uyushmasi a’zoligiga qabul qilinib, M.Gorkiy nomidagi Moskva adabiyot instituti Oliy kursiga kirish uchun so‘zma-so‘z tarjima qilingan hikoyalarimni konkursga yo‘lladim. Tez kunda konkursdan o‘tganim va Oliy adabiyot kursiga qabul qilinganim, 150 so‘m stipendiya tayinlangani, yotoqxonadan alohida xona ajratilgani haqida xat oldim.

Ikki yillik o‘qish-o‘rganish, yozish, xorijlik tinglovchilar bilan yaqindan tanishish, moskvalik yozuvchi-domlalarning hikoyalarimga bo‘lgan qiziqishi, e’tibori va e’tirofi haqida esdaliklarimda yozilgan…

Oradan 28 yil o‘tdi, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi Muhammad Ali imzolagan (23.11.2015 y) yangi a’zolik guvohnomasini olib, 33 yildan so‘ng yana qadrdon “Do‘rmon”ga qaytdim. O‘z a’zosini noma’lumlik qa’riga uloqtirgan, holing nechuk, deb so‘rashga yaramagan Uyushma rahbariyatidan qattiq ranjidim, deyarli shaxsiy tashkilotga aylangan xudbin Uyushmaning ostonasiga qadam bosmadim va uzoq yillar davomida Uyushma meni, men Uyushmani unutdim…

Axir men shunchaki bemor emas, hayotiga suiqasd uyushtirilgan, muqarrar o‘lim iskanjasida himoyasiz, yolg‘iz qolgan yozuvchi, jurnalist edim. Bu haqida dunyo jar soldi, mendan hol so‘radi, hatto kasalxonada yotganimda oilamga moddiy yordamim tegmayotgani uchun: “Oilang oldida xijolatmasmisan, oilangga qaramliging uchun ularning munosabati o‘zgarmadimi, senga moddiy yordam bermoqchimiz, qabul qilasanmi?” degan mazmunda London, Parij, Turkiya va dunyoning ko‘plab mamlakatlaridan murojaat qilishdi…

Men bunday e’tiborni chetdan emas, o‘zimizdan — Yozuvchilar uyushmasidan kutgan edim. Bo‘lib o‘tgan sud jarayonlarida birorta yozuvchi, jurnalist qatnashmadi, hamma o‘zini chetda oldi… Ilgari atrofimda qalashib, o‘zini do‘st, aka-uka, birodar, hamkasb hisoblaydiganlar birdan g‘oyib bo‘ldi. Go‘yo men Vatan xoini, erta-indin qamashadi, kim menga yaqinlashsa, boshi balodan chiqmaydigandek qo‘rqib kolishdi. Ba’zan shu haqida eslaganimda “Do‘st, birodar deb bilganim, ishonganim bormidi o‘zi?” degan savol paydo bo‘ladi. Ular to‘lib-toshib, sochilib yotmasa-da, boriga shukur. Xush-noxush kunlarimda yonimda turgan do‘stim Shuhrat, ukam Nosirjon Mo‘minovning sadoqatiga til ojizlik qiladi. Nosirning iltimosini yerda qoldirmay Buxorodan Shofirkonga oshiqqan, Xudoga tavakkal qilib tuman kasalxonasida mavjud tibbiy uskunalar (bor imkoniyat)dan foydalanib, zudlik bilan jarrohlik amaliyotini o‘tkazishga kirishgan neyroxirurg Jahongir Mardonovning xizmati, kasbiga sadoqatini minnatdorlik bilan eslayman. Tahlikali damlarda har ikkisi odamiylik, fidoyilik nimaligini amalda isbotladi.

Ollohga shukur, yana oyoqqa turdim, atrofimda o‘zini do‘st, aka-uka, hamkasb hisoblagan kimsalar go‘yo hech nima bo‘lmagandek yana paydo bo‘la boshladi, ko‘paydi. Mendan ularga, ulardan menga hech nima kerak emas, biz o‘sha-o‘shamiz, faqat o‘rtamizdagi oqibatga qiyin bo‘ldi: oqibat bo‘zlab qoldi, oqibat yetim bo‘ldi. Bundan bu yog‘iga bir xalta yolg‘onni orqalab, yuzaki tabassumni betga surib yashayveramiz.

Oyoqqa turganimda men tamomila o‘zgarib, boshqa odamga aylangan, ichimda yolg‘izlik tuyib, ichimda yolg‘izlik istab, atrofimdagi o‘nlab odamlarni ko‘rib, ular bilan so‘zlashib tursam-da, aslida ulardan juda olisda, o‘z-o‘zim – xayolim, niyatlarim, yozayotgan qog‘ozlarim bilan ko‘payib, bir butunlikka erishgan edim. Endi tanam, ko‘nglim ham yarimta emas, nogironlik mendan chekingan, qalbim sog‘ayib, dard menga boshqa bir olamni tuhfa etgan, nazarimda, men ko‘rganni boshqalar ko‘rmas, men his qilgan, sezganni boshqalar sezmas, mendagi xotirjamlik, qanoat, ishonch boshqalarda yo‘qdek. Men ularning xayolini, ichini ko‘zidan o‘qib turaman, ular buni sezmaydi, ular o‘zgarmagandek…

O‘zbek xonadoni har qanday sharoitda oilasidan, oila a’zosidan kechmaydi, o‘z holiga tashlab qo‘ymaydi. Dunyoga mashhur roman qahramonlaridan biri don Vito Karleone oilani yuksak baholab, dunyodagi birorta jamiyat oila kabi mehribon bo‘lolmaydi, oila kabi ishonchli himoya qilolmaydi, deganida yozuvchi yuz bora haq ekanini o‘z misolimda tasdiqlayman.
Suiqasd mahali va suiqasddan so‘ng ham men oilamni, oilam meni – bir-birimizni qayta kashf etdik, bu borada oilamdan, farzandlarimdan minnatdorman desam, bu kamlik qiladi. Boshiga musibat tushgan, himoyasiz qolgan, nohaqlik azobini totgan kishi buni yaxshi anglaydi. Qiyin, chorasiz kunlarimda oilam zimmasidagi majburiyati, burchini ortig‘i bilan ado etdi. Jamiyat nomidan ish ko‘ruvchi sudya-huquqshunoslar esa o‘z burchi, majburiyatlarini pulga – poraga almashtirishdi. Xullas, hayotimning har lahzasi kitobga, xayoliy emas, hayotiy kitobga aylandi…

* * *

Hayotimda eslashga arzigulik yorug‘ voqealar ko‘p dedim, bu rost. Ilk kitobimga so‘z boshi yozgan, hikoyalarimga oq yo‘l tilagan ustozlarim ruhi, xotirasi oldida qarzdorman. Har erta ularning ruhiga duo yo‘llayman, Yetti pirning to‘rtinchisi Xo‘ja Ali Romitaniy (Azizon) aytadilarki: “Ruhning ozig‘i duoyi-fotiha…”

Balki, tirikligida ustozlarimni xursand qilolmagandirman, ammo bugun ularning ruhi doim men bilan “Do‘rmon”ni birga kezadi. Ruhlarni kim ko‘p yo‘qlasa, minnatdorlik bilan yodga olsa, ruh o‘sha kishiga yaqinlashib, atrofidan ketmaydi, hech kim eslamagan ruhlar esa qaqshab yuqoriga uchib ketadi, yerga tusholmay qiynaladi…

Har erta, ba’zan ikki-uch kunda yozgan hikoyalarimni oqqa ko‘chirib, ustoz Said Ahmadga o‘qish uchun qoldirardim. Bir erta tugallangan hikoyamni ko‘chira boshlaganimda xonam eshigi taqillab qoldi. Ochsam, eshik yonida qo‘lida gazeta tutgancha shoir Aziz Abdurazzoq odaticha siniqqina jilmayib turibdi.

– Tabriklaymiz, ustozlik bo‘libsiz, – dedi u. Hech nimaga tushunmadim. O‘sha paytlarda Aziz Abdurazzoq, Said Ahmad va yana hazilkash, askiyachi ijodkorlar bir-birini ayamay qattiq hazillashar, men esa hazildan chetda, hazilni uncha xushlamas edim. Nihoyat, u gazetani menga uzatayotib:

– Said Ahmad har kimga ham oq yo‘l yozavermaydi, kecha u “Hazilni yoqtirmaydigan bir shofirkonlik bolaning o‘ntacha hikoyasini o‘qidim, Buxorodan jiddiy yozuvchi chiqadiganga o‘xshaydi”, deb seni maqtadi…

Gazetani ochib, gap nimadaligini angladim. “Sovet O‘zbekistoni” gazetasida Said Ahmadning oq yo‘li bilan “Tuman” nomli hikoyam bosilgan ekan. Uch-to‘rt kun oldin u meni dalahovlisiga yo‘qlatib, aynan shu hikoyamni ovoz chiqarib o‘qishni buyurgan va hikoyani oxirigacha eshitgach:

– Topibsan, bolam, topibsan, shu yo‘lni mahkam tut, bu yo‘l seni uzoqqa eltadi, – deya qo‘lyozmani qo‘limdan olib, “Tuman”ga tikilib qolgan edi…

Gazeta “Do‘rmon”ga tarqalgach, birinchilar qatorida shoir To‘lanboy aka qutladi:

– Uka, sizni astoydil tabriklayman, hammasiga shohidman, siz hikoyalaringiz bilan Said Ahmaddek ustoz yozuvchining qalbiga yo‘l topdingiz, – To‘lan aka chindan-da quvonib, yurakdan gapirar, uning samimiy chehrasi, yuksak madaniyati, muomalasiga havas qildim. Shu kundan boshlab biz qadrdonlashib, aka-uka kirishdik. To‘lan aka oqibatli, e’tiborli odam. Yilt etib uchqun taratgan yoshlarga bo‘lgan munosabati tahsinga loyiq. O‘zbekona lutf, odamgarchilikni To‘lan akadan o‘rganish kerak…

* * *

Tuman – ijtimoiy tuzum, ya’ni qullik-qaramlik davri, bunday sharoitda millat rahbarlari hech kimni yo‘qotmasligi, aksincha, asrashi, agar kimnidir yo‘qotsa, e’tiborsiz bo‘lsa, butun boshli millatni boy beradi degan g‘oya singdirilgan edi.

Buni Bosh va yordamchi cho‘pon hamda birinchi marta qo‘zilayotgan qo‘y, qo‘ylar vositasida tasvirlagan edim. Barmoqlari orasida yonib tugayotgan sigaretni payqamay bir zum xayolga cho‘mgan ustoz stulni sal oldinga surib:

– Agar shu yo‘lni mahkam tutsang, – dedi menga qarab, – o‘zing qariysan, hikoyalaring qarimaydi…

O‘rtada og‘ir sukunat, g‘amgin bir holat paydo bo‘lgandek ikkimiz ham jim turaverdik. Nima deyishni bilmay o‘rnimdan turdim. Shirin til, takallufdan uzoqda edim, ustozga bir og‘iz rahmat deyishga tilim aylanmas, unga bunday mulozamatning keragi ham yo‘q, ustoz hamon o‘z xayollari ta’sirida edi.

– O‘tir, nega turding…

Kechagidek yodimda, ustozning dalahovlisida, salqin supada allamahalgacha suhbatlashib, bir umr yodimdan chiqmaydigan dars – saboq oldim. U ko‘pchilikka aytmagan, aytishni istamagan ba’zi “sir”, o‘gitlarini menga yorildi…

Uch-to‘rtta kitob o‘qib, ikki-uchta “muqova” chiqargan, o‘zini yozuvchilikning baland taxtida his qilib, pastga qarolmay, pastga tusholmagan ba’zi qari-yoshlar ustozlarni kitob o‘qimaganlikda, zamonasozlikda, qo‘rqoqlik, sotqinlikda ayblashga moyillik kuchaya boshlagan damlar edi. Bilganim shuki, gur etib ko‘tarilgan alanga osmondayoq o‘chdi, o‘zini osmonda sanagan qavm (mayli, bir guruh, deylik) ustozlardan o‘zib, biror nimani qoyillatib bajarishga qurbi yetmasligi ma’lum bo‘lib qoldi.

Ustozlar bizga non va nom bermayotgandek, barcha imkon-ixtiyor, mansab o‘zlaridan ortmaydigandek g‘imirlab qoldik, chunki zamonning jilovi bo‘shashgan, jamiyatda parokandalik boshlangan, harakat qilmasak, jazavaga tushmasak, ustozlarni inkor etmasak go‘yo baridan quruq qoladigandek ko‘zimizga hech kim, hech nima ko‘rinmadi. Andishadan uzoqlashdik, sabrga toqat yetmadi. Nihoyat, biz kutgan kunlar keldi: maydon ham, mansab ham o‘zimizniki! Adabiyot-ku, butkul o‘zimizga qoldi. Ammo…

Ana endi o‘rischasiga “Da” deb o‘ylaydigan bo‘lsak, adabiyot men zo‘rman, deb shovqin-suron soladigan shallaqilarni yoqtirmas ekan. Adabiyot yuragida bo‘ron uyg‘ongan, ammo jimgina ishlayotgan – yozayotganlar bilan birga ekan…

Ma’lum muddat ustozlarni chetga surdik, vazifamizga kirmasa-da, ularni taftish qildik, xato izladik, ularga shiddat bilan tashlandik va o‘zimiz guruhlarga bo‘linib, Uyushmani ham ikkiga bo‘ldik.

Yozuvchilarni bo‘lishdan, Uyushmaning bo‘linishidan ko‘zlangan maqsad nima edi? Ushbu vazifani bajarishga kimlar bosh bo‘ldi – kimlar bosh qo‘shdi va oxiri nima bilan tugadi? (Bu haqida “Esdaliklar”da o‘qiysiz…). Tez orada ma’lum bo‘ldiki, ustozlar yaratgan asarlar hali ham qo‘limizdan tutib turibdi. Ular yaratgan adabiyotning ohori to‘kilmagan, ulardan o‘rganish mumkin.

To‘g‘ri, adabiyot bir joyda qotib qolmaydi, o‘sadi, yangilanadi, ammo har qanday yasharish, o‘zgarishning tag-zamini – ildizga tutashadi, ildizdan quvvatlanadi. Muhimi, adabiyot nafaqat o‘z o‘quvchisini, balki o‘z yaratuvchisi – yozuvchilarni ham tarbiyalar ekan.

* * *

Yolg‘on qizdek chiroy ochgan, ikkiyuzlamachi, dilida emas, tilida Vatani bor xudbinlarni, maddohlarni sharaflash, rag‘batlantirish urfga aylangan bir damda men ajal bilan birga edim. O‘z-o‘zim bilan kurashib, o‘limdan panoh izladim. Ollohga chin bandalik sharafini O‘zida ko‘rdim va O‘zidan topdim. Bunday imkon nasib etgan kishi dunyo yog‘dusiga qiyo boqmaydi va qalbi, ko‘ngli, butun vujudini xotirjamlik ixtiyoriga, qanoat izmiga topshiradi…

* * *

Shunday qilib, hikoyam “Sovet O‘zbekistoni”da bosilgach, ertasiga dilxiralik boshlandi. “Tuman” akademik Ibrohim Mo‘minovga bag‘ishlangan, ustoz Said Ahmad:

– Hozircha bag‘ishlovni olib qo‘yamiz, bag‘ishlov maqsadingni sezdirib qo‘yadi, keyinchalik kitobingda tiklarsan, – deb maslahat berdi.

O‘shanda akademik Ibrohim Mo‘minov O‘zbekiston tafakkurining qo‘mondoni edi. Bag‘ishlov olib tashlansa-da, baribir bo‘lar ish bo‘ldi: kosa tagidagi nimkosani kimdir payqagan, avval meni, so‘ngra ustoz Said Ahmadni Markazqo‘mga chaqirishdi. O‘shanda biz yoshlar biror nimaga depinsak, turtinsak yoki xavf sezsak, darrov Odil Yoqubovga “Yo‘lda tosh bor ekan”, deb murojaat qilardik. Bu gal ham shunday bo‘ldi, huzuriga kirishim bilan Bosh muharrir qog‘ozdan bosh ko‘tarib, piq etib kuldi va:

– Ha, nima qilib yuribsan bu yerda, ustozingga yordamga bormadingmi? – dedi quv tabassum bilan.

Shu tobda ichimdan nimalar o‘tayotgani o‘zimga ayon, xo‘jalikda ishlab, raykom, obkom deganlarining farqiga borib qolgan, bu gal meni raykom ham, obkom emas, Markazqo‘mga chaqirishayotgan edi. Odil aka hamon o‘sha-o‘sha – xotirjam, yuz-ko‘zlarida o‘sha quv tabassum, quvnoqlik…

Nihoyat Odil aka mening xavotirli holatimni sezib, go‘yo hech nima yuz bermagandek:

– Ishingni qilaver, hech yoqqa borma, – dedi, – jipiriqlar chaqiraveradi-da! – ustozning yuziga jiddiylik yugurdi. – Said Ahmadning o‘zi hal qiladi. Unga birov oq yo‘l yoz, deganmidi?

O‘zi, so‘zi mayda, bachkana, payt poylab birovga tosh otadigan nokaslarni ustoz jipiriq deb so‘kar va bu ham yetmagandek, “he…” deb “siylab” ham qo‘yardi. Muharrirning o‘zini tutishi meni dadillantirdi, qarasam, u hazillashishga moyil.

– Ustoz, oq yo‘l yozish gunohmi?

– Anoyilama, buni ustozing Said Ahmaddan so‘ra. Otaxon gazetda hikoyang bosilgani bir mukofot, Said Ahmadning oq yo‘l tilagani ikkinchi mukofot, bunga ham qanoat qilmay, yana konkursga deb qo‘yibsanlar…

– Men qo‘yganim yo‘q…

– Bilaman, Said Ahmadning ishi bu. Konkursga qatnashib, o‘rindan umidvor bo‘lib turgan “kit”lar bor, ustozing ular kimligini yaxshi biladi. Payt kelganda ular senlarni ayarmidi, endi tushungandirsan?

– E, gap bu yoqda ekan-da…

Shunday qilib, boshimni qotirgan jumboqning kaliti topildi. Men uchun xavotirga aylangan xavf o‘z ta’sirini butkul yo‘qotmagan bo‘lsa-da, biroz pasaydi.

Ishimni tugatib, “Do‘rmon”ga shoshildim, ikkinchi qavatdagi 25-xonaga kirmayoq to‘g‘ri ustozning dalahovlisiga yo‘l oldim. Supada sigaret tutatib turgan Said Ahmadning xotirjam chehrasiga tikilib:

– Tinchlikmi? – deb so‘radim.

– O‘tir, – deb joy ko‘rsatdi u. – Sen zig‘irdekkina hikoyangga tog‘dek ma’no yuklaganingda, ular Said Ahmadning shunday katta bog‘iga mushtdek tosh otsa otibdi-da! Parvo qilma, otgan toshini o‘ziga qaytarib keldim. Ular seni bahonangda meni sindirishmoqchi edi, kuchi yetmadi. Bilib qo‘y, yo‘lingda hali ko‘p g‘alamislarga duch kelasan, mardlarni uchratasan, ammo shu gapim yodingda bo‘lsin. Mana bu miltiqni ko‘rayapsanmi?

Ko‘zim oshxona devoriga tikkaytirib qo‘yilgan (xalq tilida mantekres deb ataladigan, jimjiloqning bir bo‘g‘inicha keladigan ingichka o‘qi to‘ng‘izni qulatadigan) ov quroliga tushdi. Ustoz dalahovlisida yolg‘iz turardi. Men uning turish-turmushiga qiziqib, uyidagi har bir buyumni diqqat bilan kuzatardim. U mashhur nomi, obro‘-e’tibori va mening tasavvurimga zid, juda oddiy, hashamdan uzoq kun kechirar, raxlangan sigaret qutilari, yozuv mashinkasi, qog‘oz va darvozasi ochiq garajdan ko‘rinib turgan avtoulov. Bular bari ko‘zga birinchi bo‘lib tashlanadigan, yozuvchi uchun zarur buyumlar edi.

Keyinchalik sezdimki, uning va aksariyat ustozlarning hashamdan, ayniqsa, biz (bugungi qari-yoshlar)dan ajralib turadigan alohida tomoni, butun boyligi – g‘ayrati adabiyotga bo‘lgan sadoqatida ekan. Bu esa ularni har qanday xavfdan, ayniqsa, o‘tkinchi hashamdan asrab turarkan. Oddiylik ularning unvoni, mehnat ularning ehtiyoji, kamtarlik ularning baxti ekan. Davr ustozlarni tizginlab, oddiy yashashga majbur qilganmidi yo ularning nafsi o‘lik, qanoatlimidi, bunisiga hakamlik qilolmayman, bilganim shuki, el orasida obro‘-e’tibor topgan aksar ustozlar bugungi dabdabadan yiroq, bor kuch-quvvatini yozishga sarflagandek tuyuladi menga. Yoshi katta har kishini ustoz deb atash qiyin, albatta. Ustozlik maqomi yosh bilan o‘lchanmaydi. Xalq yozuvchisi, xalq shoiri unvoniga ega bo‘lgan ijodkor unvonni oqlamasa, munosib bo‘lmasa xalqdan, yozuvchilikdan, ijod zavqidan chetda turaveradi. Bundaylarga unvonni yelimlasang-da yopishmaydi, tushib ketaveradi…

– Shu gapim yodingda bo‘lsin, – dedi ustoz diqqatimni jamlab olish uchun biroz sukut saqlab, – adabiyotda hech kimdan qizg‘anma, birovning oldini to‘sma, agar dushmanim deb, raqibim deb bilganing sendan zo‘r, kuchli bo‘lsa, ko‘rib turganing – mana shu miltiq bilan otsang ham u sendan zo‘rligicha qolaveradi, o‘lmaydi…

Ustozdan eshitgan samimiy, rost o‘gitlarni har eslaganimda chindan-da yuksalaman, samimiyat insonni yuksaltirishiga ishonaman va samimiyatga quchoq ochib, har bir ijodkorni quchgim keladi.

* * *

To‘rt bola bilan 9-qavatning ijara xonasida yashash jonimga tekkach (har kuni yomg‘ir, shiftdan tomchi emas, suv quyiladi, devorlardan o‘rmalab, vklyuchatel rozetkalardan buloqdek toshadi. Chiroqni o‘chirib-yoqish mumkin emas, ko‘chadan g‘isht, taxta topib xona o‘rtasida qo‘lbola so‘ri yasab, bolalarni shu joyda o‘rab qo‘yganmiz. Er-xotin navbat bilan – besh tog‘ora men, ikki tog‘ora ayolim vannaga suv chiqarib tashlaymiz), yozuvchilikni shu joyda to‘xtatib, Shofirkonga ketamiz degan qarorga kelgan kunning ertasiga ertalab yer qimirladi, zilzila yuz berdi. 9-qavat arg‘imchoqdek u yoqdan bu yoqqa borib keladi, beton devorlar sharaqlab ovoz chiqaradi, uy bir zumda qulab tushadigandek yurakni vahm bosadi, qochib qocholmaysan, turib turolmaysan, nima qilayotganimni bilmay vahm aralash o‘g‘illarimdan birini quchog‘imga olib eshik tomon o‘qdek otildim.

Lift qolib zina bilan pastga tushdim, tashqari to‘la odam, uydan uzoqroqda oyog‘ida tik turib duo o‘qiyotgan kim, o‘tirib pichirlayotgan kim, silkinishning qaytalanishini kutayotgan kim. Katta qizim “Dada, biz liftda tushdik”, deb maqtandi. U qo‘ni-qo‘shni, odamlar shovqin ko‘tarib, nega pastga to‘planganiga hayron. Ayolim istehzo bilan:

– Ha, – dedi, – men uchta bola bilan tepada qolib ketsam mayli, joniz shunchalik shirinmi?

O‘zimni eshitmaganga oldim. Shu payt deng, 9-qavatning balkonidan birov o‘zini atayin tashladimi yoki bexos tushib ketdimi, hammaning diqqati o‘sha tomonda bo‘ldi… To‘qqizinchi qavat ko‘zimga shu qadar yomon ko‘rindiki, hech kim bilan maslahatlashmay ikki soatning nari-berisida doimiy propiska (ro‘yxat)dan chiqdim-da, darhol xonaga qaytib, ayolimga:

– Narsalaringni yig‘ishtir, Shofirkonga ketamiz, – dedim. U e’tiroz bildirdi:

– Toshkentga nega keldigu, nega ketayapmiz? – savoli javobsiz qoldi, aslida, qiynalayotgan men emas, u edi. Barcha qiyinchilikka chidab, meni ko‘proq ishlashga, yozishga undayotgan, kamchiliklarni sezdirmay ro‘zg‘orni but qilib ko‘rsatayotgan ayolim edi. Ammo unga zilziladan qo‘rqaman, to‘qqizinchi qavat ko‘zimga yomon ko‘rinib qoldi, deb aytib bo‘larmidi, aytsa ishonarmidi?

* * *

Inson qo‘li bilan sodir etiladigan har qanday zo‘ravonlik, kuch, o‘lish, o‘ldirish, yovuzlik, jismoniy og‘riq, azoblash meni dahshatga sololmaydi, qo‘rqitolmaydi. Ammo kuchsizgina yer silkinishidan dahshatga tushaman, yuragim larzaga keladi, dosh berolmayman. Keyinchalik geologiya sohasini o‘rganish jarayonida Yer tuzilishi hamda Yer qa’ri haqida tasavvurga ega bo‘lgach, akademik Qahhorboy Abdullabekov rahbarlik qilgan Seysmologiya institutiga ishga kirib, yuragimni larzaga soladigan zilzilani o‘rganishga kirishdim va shunday xulosaga keldim: zilzila, bu shunchaki ofat emas, zilzila tabiiy ofatdan yuqori turuvchi, qachon ro‘y berishini hech kim oldindan aniq aytolmaydigan tengsiz ofat (shunga qaramay, zilzila darakchilarini o‘rganish, ma’lum bir faraz, taxminlarni ilgari surish mumkin). Bu esa inson tafakkurini qotib qolishdan asraydi. Olloh ba’zi hodisalar sir-asrorini bilish, o‘rganish mezoni – chegarasini qat’iy belgilab qo‘ygan, inson har qancha urinmasin, undan naryog‘iga o‘tolmaydi. Demak, bandasi his qilishi – ongu tafakkuriga sig‘dirishi va singdirishi uchun Olloh Qiyomat qoyimning kuchsizgina misoli (ko‘rinishi)ni zilzila va boshqa hodisalar orqali anglatib, ishora berib turadi. Buni esa kimlardir sezadi, his qiladi va bu haqida o‘ylaydi, tavba qiladi, kimlardir g‘ofilligicha qolaveradi. (Esdaliklarimda tariqat pirlarining siylovi bilan Xalos bo‘lmoq va Ziyoda bo‘lmoqning nimaligi haqida yozganman…)

Qilg‘ilikni qilib, uch-to‘rtta hamkasblar bilan xayrlashishga ham ulgurdim. Ulardan birortasi so‘zimga ishonmadi, pasportimni ko‘rsatdim, betimga angrayib qarashdi: (o‘shanda ularning xayolidan nimalar kechganini taxmin qilish qiyin emas). So‘nggi qadamni tashlash – Odil Yoqubov bilan xayrlashish qoldi. Ustoz buni qanday qabul qilarkan, deya o‘y surib, oyog‘imni yerdan uzish qiyinlashgan bir damda sizni Bosh muharrir chaqiryapti, deb chopar keldi. Biroz yengil tortdim, xayolimdagi sabab tiniqlashdi, qat’iylashdi, ammo bilmasdimki, kimdir mendan oldinroq kirib, bu “yangilik”ni ustozga yetkazishga ulgurgan ekan…

Tilimni burro qiladigan asosiy sabab – kecha bo‘lib o‘tgan uch-to‘rt balli zilzila, ammo bu haqida hech kim gapirmadi, eslamadi. Hayron bo‘ldim, jamoadoshlar zilziladan qo‘rqishimni sezib, o‘zini atayin xotirjam tutayaptimikan-a, degan xayolga ham bordim. Oradan biroz vaqt o‘tdi shekilli, kotiba Nasiba opa “Eshitmadizmi, Odil akam kutayapti sizni”, deb yana hovliqib kirib keldi. Nima bo‘lsa bo‘lar, deymanki, yozuvchi bo‘laman deb oilam bilan qirilib ketaymi, xudo ko‘rsatmasin, kecha to‘qqizinchi qavat qulab tushganida, butun oilam yo‘q bo‘lardi, ketaman. Otamning yolg‘iz yodgori men edim, bunaqada mendan nom-nishon qolmaydi, ketaman…

– He yo‘q, be yo‘q, o‘zingcha nima ish qilib qo‘yganingni bilasanmi? – ustoz meni savol bilan qarshiladi. Ichimdagi ichimda qoldi, gapirishimga izn bermadi. Nazarimda, xayolimdan nimalar o‘tayotganini uqqanday yana davom etdi:

– Nima, Buxoroda zilzila bo‘lmaydimi, agar zilzila bo‘lsa, birinchi qavatdagilar omon qolib, yuqori qavatdagilar o‘ladimi? – tavba, ustozga bu gaplarni kim yetkazdi, savol ustiga savol…

– Ertaga bizga uy beriladi deb turganda qilgan ishingni qara?! Seni siyosatga yaqinlashtirib bo‘lmaydi, xayolingga nima kelsa qaytmaysan, bunaqada gazetani yopasan yoki portlatasan!

– Ustoz…
– Gapimni bo‘lma, sen erkaligi, erkinligi so‘nmagan bolaga o‘xshaysan-a? Bugunoq bo‘limni topshirib, boshqa vazifaga o‘tasan.

– Ustoz, men…
– Eshitmayman, tezda ortingga qayt, bo‘yagan qog‘ozingni oqartirib kel. Boshliqqa tushuntirdim, boladan xato o‘tgan dedim, polkovnik rosa kuldi, bor, u seni kutib turibdi…

Shumshayib pastga tushdim. Shuncha taqir-tuqur (aktyor ssenariyni yodlagani kabi) Odil Yoqubovga aytmoqchi bo‘lgan so‘zlarim, topgan vajim bir pasda havoga uchdi-ketdi. Ko‘nglim nimanidir sezgandek, nazarimda, Shofirkonga ketmaydigan bo‘lib, Toshkentga bir umrga mixlandim-ov. Ustozning qorachadan kelgan, ko‘zlari katta-katta, ingichka haydovchisi bo‘lardi. “Volga”ning eshigini ochishim bilan u:

– Keyingi paytlarda Odil akadan ko‘ra ko‘proq sizga xizmat qilyapman, – deb pisanda qildi. – Ishqilib, ertaga uyimdan olib kel, demaysizmi?

Bir kun avval undan shu gapni eshitganimda darrov “Haydovchi bo‘lganingdan keyin xizmat qilasan-da, boshlig‘ing aytdimi – tamom, g‘ildiragingni g‘ildiratib, buyurilgan joyga ketaverasan, men sendan mashina so‘radimmi?” deya gap bilan betiga urgan bo‘lardim. Ammo bugun birovga gap qaytarib, tortishadigan holda emasdim. Balki, shuning uchundir uning kinoyasi qattiq botmadi, ammo jim turishni ham xohlamadim:

– Hozircha uyim yo‘q-da, bo‘lsa-ku aytardim, uch-to‘rt kun sabr qilasiz endi…

Shunda farishtalar “Omin” deganmikan, ertasi kuni Odil Yoqubov meni huzuriga chaqirib:

– Gazetaga uy ajratildi, shuni senga mo‘ljallab turgan edim, lekin o‘ylamay bosgan qadaming uchun seni jazolayman, navbatda kim birinchi bo‘lsa, uyni o‘sha oladi, – dedi.

Jim turaverdim.
– Bitta imkoning bor, bu taklif mendan chiqqanini birov bilmasin, ertaga ertalab Sarvar Olimjonovichning ishga kelishini kutib turasan, zinadan tepaga ko‘tarilishi bilan ko‘rishib, Adabiyot gazetasida ishlashingni, oilaviy sharoitingni qisqa tushuntirib, gazetaga uy ajratilgani, ammo uyni senga emas, navbat bo‘yicha uy-joyli texnik xodimga berilayotganini aytasan. Bu yog‘i nima bilan tugaydi – bilmayman. Yana bir gap, oxirida…

Ertasiga ustozning tavsiyasini qoyilmaqom qilib bajardim. So‘zim oxirida ustoz eslatgan yakunni takrorlab:

– Men to‘rt bola bilan ko‘chada qolsam-u, uy-joyli xodimga yana uy berilsa? – dedim. – Bosh muharrirga ham hayronman, ismlari Odil bo‘lsa ham bu galcha odillikdan chekindilar…

Juda jiddiy, salobatli rais Sarvar Olimjonovich jilmaydi:

– Oldin qayerda ishlagansan?

– Madaniyat ishlari bo‘yicha rais o‘rinbosari edim, shofirkonlikman.

– Kolxozdan voz kechib, gazetaga kelgan ekansan, seni uysiz qoldirmayman. Nima yozasan?

– Hikoyalar yozaman…

* * *

Hikoyalar… ko‘nglim mulkiga aylangan hikoyalarimni “Do‘rmon”da yozganman. Uyushmaning sobiq raisi Sarvar Azimov o‘shanda hech bir hujjatsiz, arizasiz, hali Uyushma a’zoligiga qabul qilinmagan, kecha propiskadan chiqib, yana propiskaga kirgan bolaga shaharning eng obod joyi Darxonda “katta”lar (“Sovmin”) uchun qurilgan binodan uy ajratdi va rahmatli Hojiakbar Shayxovga shu bugunoq prorabdan kalitni olib, menga topshirishni hamda oilamni ko‘chirish haqida topshiriq berdi. Hech kimning xayoliga kelmagan bu ertaknamo ish Sarvar Azimovning bag‘rikengligi, o‘zbek adabiyotiga, yozuvchilarga, yoshlarga bo‘lgan munosabatining ifodasi, yuzdan bir misoli sifatida bir zumda, rasmiyatsiz, hali xizmat xonasiga kirmayoq – zinapoyada hal bo‘ldi…

* * *

Hayotimda yuz bergan g‘aroyib, aytsa aytgulik, yozsa yozgulik voqealar shu qadar ko‘pki, ularning ildizi yaxshilikka ulanadi. Yangi uyga ko‘chib o‘tgach, bir hafta o‘tmay yana bir “qaltis” ishga qo‘l urdim. Viloyatlardan o‘qish, yozish, ishlash niyatida Toshkentga kelgan, yilt etgan ijodkorga xayrixoh, mehribon shoir Miraziz A’ZAM yodimga tushdi. Miraziz akadek ilmli, vatanparvar, kitob shaydosi, xokisor, ammo qat’iyatli odamni kam uchratganman. Shunday odamning shahar chetida, o‘ziniki bo‘lmagan uyda xavotir bilan yashashi insofdanmi? O‘zimcha darrov buning chorasini topgandek bo‘ldim. Yaqindagina bu borada (oxirini o‘ylamay bosgan qadamim uchun) ustoz Odil Yoqubovdan dakki eshitgan bo‘lsam-da, bir dasta gazeta taxlami, kitoblarim va ikki-uchta ko‘rpa-ko‘rpachadan iborat lash-lushimizni ko‘tarib, chetdagi bo‘sh turgan uyga ko‘chdim. Bu uy avvalgisidan ancha katta, asosiysi (keyin ma’lum bo‘ldi), birovning nomiga rasmiylashtirilmagan ekan…

Qishloqcha soddalikmidi bu yo to‘porilikmi (keyinchalik Shukshin hikoyalarida ba’zi jihatlari o‘zimga o‘xshagan qahramonlarga duch keldim…) – hech kim bilan maslahatlashmay, to‘g‘ri Miraziz aka yashayotgan joyga bordim-da:

– Sizga uy topdim, ketdik, – deya ko‘chadan yuk mashinasini gaplashib, menga berilgan ikki xonali uyga shoir akamizni ko‘chirdim. Yap-yangi uy, poli parket, yaraqlaydi. Miraziz aka meni duo qildilar… Afg‘oniston urushi qatnashchisi, buning ustiga uysiz, qisqa fursatda bu uy Miraziz aka nomiga rasmiylashtirildi. O‘zim esa yana bir bor Sarvar Olimjonovichning qarshisida paydo bo‘ldim:

– Menga berilgan uy torgina ikki xonadan iborat ekan, ularga bolalarim joylashdi, yozishimga joy yo‘q, shuning uchun chetdagi kattaroq uyga ko‘chib o‘tdim, balkonini bo‘lsam bir xona ko‘payadi…

Sarvar Azimov betimga tikilib, salgina jilmaygandek bo‘ldi, ammo kulmadi va:

– Nechta bolang bor? – deb so‘radi.

– Hozircha to‘rtta, ikki o‘g‘il, ikki qiz, – deya g‘ururlanib javob qaytardim. Javobim Raisning yuzidagi nim tabassumni yoydi, chehrasi jilolanib ketdi:

– Ikki-uch yil tanaffus qilinglar, bunaqada senga uy yetkazib berolmaymiz.

– Xo‘p bo‘ladi, o‘rtoq rais, o‘zim ham shunday fikrdaman! – dedim.

Sho‘ro davrida “o‘rtoq” deb murojaat qilish urfga aylangan qonun, ko‘nikma, rasmiyat edi. Bilmasdimki, Sarvar Azimov muomala uchun zarur hisoblangan rasmiyatchilikni sho‘ro idoralari, katta mansablarda (SSSRning Suriyadagi elchisi va boshqa davlatlarda elchi lavozimida ishlagan) qo‘llasa-da, o‘z xalqi, O‘zbekiston yozuvchilari bilan yuzma-yuz kelganda har qanday rasmiyatchilikni chetga surib, ularni tinglar va ularning manfaatini har narsadan ustun qo‘yar ekan… Shunday bo‘lsa-da, uning g‘animlari yo‘q emas, ammo ular Azimov bilan kurashishga ojizlik qilishar, payt poylab, uni qulatishga tayyor turisharkan…

O‘zimni erkin tutishim, qishloqcha soddaligim Raisga ma’qul tushdi shekilli, u men bilan iliq xayrlashdi va ketishimga ruxsat berdi:

– Boraver, o‘sha uy seniki, ammo bir shartim bor, – dedi. Ko‘zlarim Raisning ko‘ziga qadalib, vujudim quloqqa aylandi. “Kechagina uysiz eding, omading yurishganda uy tanlab chakki qilding!” degan e’tirozga uchrasam-a? Yo‘q, bunday bo‘lmadi, yanglishgan ekanman, Sarvar Olimjonovich bunday demadi, u aytdiki:

– O‘sha uy seniki, shu uyda hikoyalar yozib, yozuvchi bo‘lib tanilganingda, balki, shu voqeani eslab qo‘yarsan…

Bir lahza boshim aylanganday bo‘ldi, Azimov istagimni rad etmadi, aksincha, qo‘lladi, negadir quvonch yugurgan ko‘nglimni bir lahza mahzunlik chulg‘adi. Qudratli, elparvar rahbarning qat’iyati, qarori qalbi tirik har bir kishini o‘ylatib qo‘yarkan. Dunyo ko‘rgan, siyosatning ming bir sinovidan o‘tgan, qalbida millat ruhi ustivor rahbarga havas qilmaslik, uning har bir so‘zi, xatti-harakatini unutish mumkinmi?

– Boraver, – dedi u o‘ktam ovozda. E’tibor bering, ketaver, deyishi ham mumkin edi-ku? Aytmadi, ket demadi, bor, dedi. O‘sha lahzalarda “bor” bilan “ket”ning farqi men uchun juda ulkan, tog‘ kabi baland va ahamiyatli edi.

Yangilikni Miraziz akaga yetkazishga shoshildim. Yozuvchi bo‘lib tanildimmi, yo‘qmi bir narsa deyish qiyin, ammo kechikkan kitoblarimni nashrga tayyorlatib ushbu voqealarni yodga oldim, esladim. Tengdoshlarimdan o‘n to‘rt yil ortda qoldim, buning arzirli sabablari bor, albatta! Biroq adabiyotda har qanday sabab qoloqlikni oqlayolmaydi. Umid qilamanki, keyinroq e’lon qilinagan “Navro‘z arafasidagi o‘ylar” nomli esdaliklarim o‘quvchilarga manzur bo‘ladi.

Uy o‘zimniki bo‘lgach, ko‘nglim xotirjam tortdi. Va ayolimga zavq bilan maqtandim:

– Xonalarning kattaligini ko‘rayapsanmi, balkonni ikkiga bo‘lsak ish kabinetim ham tayyor. Xudo xohlasa, hademay bu xonalar o‘g‘illar bilan to‘ladi! – negadir u qilt etmadi, zavqim unga ko‘chmadi, xotirjam holda:

– Unda siz yozuvchi bo‘lolmaysiz-da, – dedi. “Obbo, shu gapingni keyinroq ham aytarding, – ko‘nglim g‘ashlansa-da, bo‘sh kelmadim. – Bolamiz beshta bo‘ladimi, o‘nta bo‘ladimi, baribir yozuvchi bo‘laman!”

* * *

Oradan yil o‘tib, beshingchi farzandimiz – Gulsarvar tug‘ildi. Teng turgan tarozi pallasi qizlar tomonga og‘di ketdi.

* * *

Ko‘p o‘tmay Miraziz aka shoira opamiz Qutlibeka Rahimboyevaga uylandi. Ularning yaqinlari ishtirokida o‘tgan ajoyib to‘y kechasida kelin-kuyovni uylik qilgan otadek mamnun, yayrab o‘tirdim.

Qo‘shnichiligimiz, tug‘ishgandan-da yaqin aka-ukachiligimiz bugungacha davom etdi. Miraziz akani eslasam, Toshkentda yakkaligimni unutaman. Mabodo bugun 80 yoshli Miraziz boboning ushbu so‘zlarimga ko‘zi tushib, o‘zlarini bir zum yosh yigit – podshoh his qilsalar-da, menga “Tila tilagingni!” deb aytsalar “Meni duo qiling” – deb so‘ragan bo‘lardim.

Miraziz akadan ko‘p duo olganman, har uchrashganimizda yaxshi tilak va xush so‘zlarini ayamaydilar.

* * *

Oradan uch kun o‘tib yangi vazifaga tayinlandim. Endi men Odil Yoqubovga yanada yaqinroq, yanada erkinroq bo‘lib, Respublikamizning barcha viloyat, tumanlariga Bosh muharrir nomidan boradigan bo‘ldim. Asosiysi, ertalab ishga kechikib kelishdan, sababi surishtirilganda “Said Ahmad ish buyurdi” degan bahonadan qutildim. Va yurtimizning har bir go‘shasida bo‘lib, ijodkor uchun muhim sanalgan ko‘rish, his etish, taqqoslash, mushohada yuritish, qayerda bo‘lmasin, ikki-uch kun qolib, shu joyda ishlash kabi erkinlikka ega bo‘ldim, yozdim. Buning uchun ustozim – O‘zbekiston xalq yozuvchisi, mashhur adib, Adabiyot gazetasini Xalq gazetasiga aylantirgan Odil Yoqubovdan toabad minnatdorman. Ovul va qishloqlarda, tuman va shaharlarda, qayerda bo‘lmay meni Odil Yoqubovning vakili sifatida kutib, kuzatishar edi. El orasida yozuvchining obro‘si shu qadar balandligidan faxrlanar va ustozga havas qilardim.

* * *

Keyingi paytlarda tanam kimyoviy dori-darmonlarga, uzluksiz davolanishga ko‘nikkani kabi qalbim duoga muhtojlik seza boshladi. Darvoqe, duo haqida. Ollohning do‘stlari avliyolar: Yetti pirning to‘rtinchisi Xo‘ja Ali Romitaniy (Azizon) aytadilarki:

– Duo olmagan bebahradir, tavba qilmagan – gunohkor! Tavbada ham ishorat, ham bashorat bor. Ruhning ozig‘i duoyi fotiha, – qarang, duo nafaqat tiriklar uchun, hatto marhumlar uchun ham zarur ekan…

Mashhur olim, geologiya-mineralogiya fanlari doktori 82 yoshli Rustam Gumirovich Yusupov deydiki:

– Yoshi saksonga yetgan, aqli-hushi joyida, yuragi toza, harom bilan halolni ajrata oladigan qariyaning duosi ham, qarg‘ishi ham ijobat bo‘ladi. Men qarg‘ishdan tiyilib, duoga qo‘l ochgan odamman…

Tabarruk bobo bir xonali uyda yashaydi. Xonaning yarmidan ko‘pini kitob, qo‘lyozmalar, birovlarning epaqaga keltirib, deyarli qayta yozib bergan nomzodlik, doktorlik dessertatsiyalari nusxalari, o‘zining ilmiy ishlari, Moskvada va xorijda chop etilgan maqolalari, yangi tadqiqotlari egallagan. Uch-to‘rtta qoshiq, sanchqi, kosa, piyola, stulcha, ixchamgina stol va Tataristonning sobiq prezidenti Mintemir Shaymiyev Rustam Yusupovning uyiga tashrif buyurganida esdalik uchun sovg‘a qilgan lavhali gilamcha va boboning portreti. Bobo erta-yu kech ish bilan band, umrining bir daqiqasini zoye ketkazmaydi. Istiqbolli konlar topish, belgilash borasida Rustam Yusupovning xizmati beqiyos. Shu yoshda tinim bilmay ishlash shartmi, degim keladi-yu, aytolmayman, chunki boboning hayoti ilm bilan, geologiya bilan nurli, u ilm bilan tirik. U hammaga kerak. Aeroport, temir yo‘l, bojxona, probirnaya palatada, xullas, qimmatbaho metallar, toshlarni aniqlashda, yurtimiz boyliklarini chetga chiqib ketmasligi uchun Rustam Yusupovning ilmi, tajribasidan foydalanishadi…

– Musulmonlarda har bir erkak daraxt o‘stirishi, parvarishlashdek ezgu odat bor, – deydi Rustam bobo. – Men oltinchi qavatda yashayman, yerim yo‘q, dalahovlim yo‘q, buning o‘rniga yuzdan ziyod shogirdlarim bor. Xudo va jamiyat oldida vazifamni, burchimni sidqidildan bajarayapman, deb o‘ylayman. Rossiya, AQSH, Aljir, Yaponiya, Marokash, Fransiya, Avstraliya, Misrda shogirdlarim bor, ular bilan yaqin aloqadaman. Amerikada, Nyu-Yorkda yashadim, ammo bir oy o‘tar-o‘tmay, o‘g‘limni qoldirib, o‘zim O‘zbekistonga qaytdim, Bilasanmi, har bir ijodkor yoki olimning hashamdan, qulayliklardan baland turuvchi ichki uyi – ichki dunyosi, vatani bo‘lishi kerak, mening Vatanim esa O‘zbekistondir… Yaqinda nashrdan chiqqan kitobim (“Gemmologiya”) Nemis Milliy kutubxonasi katalogiga kiritildi…

Rustam Yusupov Arab davlatlarida, ayniqsa, Misrda o‘n yil ishlab, yerosti boyliklarini o‘rganib, kuzatuvchi hamda qo‘riqchining ko‘nglini topib, bir kecha ehromda tunashga ruxsat olgan. Tarixning guvohlik berishicha, Napoleon ehromda bir kecha tunagan, ikkinchisi, o‘zimizning Rustam bobo, balki, boshqalar ham tunagandir, bu haqda menda ma’lumot yo‘q…

Qizig‘i shundaki, u ehromda nimalarni his qilgani, tunni qanday o‘tkazgani haqida gapirishni xohlamaydi. Ba’zan yuragiga yo‘l topganimda u ishoralar bilan juda qisqa so‘zlaydi, bir gapni ikkinchi marta takrorlamaydi. Juda sezgir bo‘lmasangiz hech nimaga tushunmaysiz:

– Nega buncha sirli, qisqa gapirasiz?

– Birinchidan, tunni ehromda o‘tkazganim haqida aytishni istamayman. Ikkinchidan, aytish mumkin bo‘lmagan sinoatlarni ishora bilan so‘zlashimga sabab: chaqqon jurnalistlar, oshirib-toshiruvchilar men emas, o‘zlari ehromda tunashgani kabi qo‘shib-chatib yolg‘on ishlatishini xohlamayman…

Geologiya tufayli Rustam Yusupov bilan tanishib, unga bog‘lanib qoldim va uning ilmi, duosidan bahramand bo‘ldim. Umrini, vaqtini to‘g‘ri taqsimlab, intizomga qat’iy amal qila olgan, o‘z maqsadi sari hech nimaga chalg‘imay oldinga intilgan bu allomaga havas qilsa, undan o‘rgansa arziydi. Chunki u ko‘pchilik orzu qiladigan, ammo erishish qiyin kechadigan, alohida kishilargagina nasib etadigan mashaqqatli umr sohibi.

Bir kuni bobo chap qo‘lini boshimga qo‘yib, o‘ng kaftini ochib yuragimni o‘qiy boshladi:

– Qalbing taqdiringdan ogohlik beryapti, sening yer ilmi – geologiya bilan qiziqishing besabab, behuda emas. Agar sen bilan shug‘ullansam, bir yilda doktor bo‘lasan. Ammo bunga zarurat yo‘q, chunki sen yozuvchisan, qismatingga yozuvchilik bitilgan. O‘z-o‘zingni va dunyoni anglashdek mashaqqat hamrohing bo‘lib turibdi. Oson kechmaydigan bu yo‘lni bosib o‘tishing shart. Buning uchun Olloh seni toqat, chidam bilan siylagan. Bosgan har qadaming, har qarich yer, o‘tayotgan har daqiqa seni nurli manzilga yaqinlashtirmoqda. Olloh seni qalbing bilan yerga bog‘lagan, shuning uchun zilziladan qo‘rqasan, bu esa o‘zing sezmagan holda Ollohni taniganing, tan olganingdan darak…

O‘n yildan buyon pinhon tutayotgan siringdan ogohman. Senga ahd berib, vazifa yuklashgan , ahdingdan qaytolmaysan, taqdir hukmi shunday. Hayotingda yuz berajak xush-noxush voqealarda o‘z ixtiyoringcha emas, taqdir hukmi ila ishtirok etasan va g‘olib bo‘lasan. Mayli, shu joyda to‘xtayman, o‘zing shuni istayapsan…

Rustam bobo hayotimdagi eng muhim, o‘zimgagina ayon, birovga aytmagan voqealarni savolga o‘rin qoldirmaydigan darajada aniq so‘zlasa, unga ishonmaslik mumkinmi? Qolaversa, u yordamga muhtoj shogirdlaridan boshqa yoki yaqin qarindoshidan bo‘lak hech kimni uyida qabul qilmaydi. Jurnalistlar bilan geologiya muzeyida, institutlarda uchrashadi va tadqiqotlari haqida ma’lumot beradi. Boboning ko‘zga tashlanib turadigan jihati kamtarligi, qat’iyati, oddiy turmush tarzi, yoshlardan hech nimani ayamasligi. U o‘zbek taomlaridan palovni, shirinliklardan novvotni xush ko‘radi. Bilib turib so‘rayman:

– Sizga yana biror nima kerakmi?

– Ollohga shukur, bir odamga ko‘plik qiladigan taqir-tuqurlarim bor. O‘zingga nima kerak, tortinmay so‘rayver. Men senlardan ko‘ra ko‘proq qalam haqi olaman, balki…

– Yo‘q, menga sizning duongiz kerak…

* * *

“Bu dunyo hammadan qoladi”, degan oddiy gapning hikmatligini anglash uchun “Do‘rmon”da bir hafta yashash kifoya. Hassasini qo‘lga olib, o‘z xayolllariga g‘arq bo‘lib, ozorsiz aylanib yuradigan Primqul Qodirov, ba’zan unga qaltis hazillar qiladigan Shukur Xolmirzayev, keng kottejni to‘ldirib ishlaydigan ustoz Odil Yoqubov qani? Biz yoshlar eshigi yonidan hayiqibroq o‘tadigan Uyg‘un va kazo-kazolar qani? Hammani kuldirib, kulib yuradigan ustoz Said Ahmad, Asqad Muxtor qani?

Bugun “Do‘rmon” to‘la, kottejlar to‘la ijodkor, nazarimda, hamma joy bo‘m-bo‘sh, jimjitdek: holbuki, kottejlarda yashash, ijod qilish istagini bildirgan, navbatda turganlar qancha! Nazarimda, ustozlar olamning eng tinch, sokin go‘shasini bizga qoldirib, o‘zlari to‘satdan g‘oyib bo‘lgandek. O‘tgan o‘n-o‘n besh yillik vaqt shunchalar uzun, shunchalar olis masofamikan? Yoki men hayotdan ortda, vaqtning o‘tganini, muhitning o‘zgarganini sezmay, farqlayolmay qoldimmi? Yoki bu avlodlar almashuvidek azaliy qonunning ko‘nikish qiyin kechadigan ko‘rinishimi?

Bundan 33 yil avval yurganim – o‘sha yo‘l-yo‘lkalar, ko‘rganim o‘sha chinorlar (faqat yo‘g‘onlashib, tanasi ko‘kka bo‘y cho‘zgan), uch qavatli mehmonxona, atrofi devor, kottejlar bilan o‘ralgan va ijod ruhi saqlanib qolgan muhit, sokinlik…

Tongsahar yo‘lkalar bo‘ylab yolg‘iz yurganimda ustozlarim ruhini tuygandek bo‘laman. Farishta qanotlari misol mayin bir epkin yuzlarimni silab, yelkalarimga qo‘nadi. Aslida, borlik va yo‘qlik orasida farq yo‘q. Bizni ajratib turgan aldamchi farq: “yo‘q”larni ko‘rmaymiz, ular haqida o‘zimizdan ortib hamisha ham o‘ylayvermaymiz, marhumlar esa bizni ko‘rib, so‘zimizni eshitib turadi.

Eslasang, yo‘qlasang ruhlar hamisha yoningda, sen bilan birga. Agar buni sezganimizda edi, o‘ylagan o‘yimiz, qilayotgan ishimiz, bir-birimizga bo‘lgan munosabatdan uyalar edik.
Hayotligida ustozlarning ko‘nglini topa oldimmi, yo‘qmi – aytolmayman, lekin “Do‘rmon”da yashab ijod etgan, ushbu aziz dargohda izlari qolgan barcha marhum ijodkorlar haqiga har erta tongda duo yo‘llayman…

Birovdan ko‘rgan zarracha yaxshilik, himmatni va bir og‘iz shirin so‘z, ochiq chehrani, samimiy munosabatni unutmaydigan, agar unutgan bo‘lsam eslab, yodga oladigan yoshga yetdim. Farzandlarim buni bilishi kerak.

* * *

…“Do‘rmon” ahliga, barcha hamkasblarim, ko‘zim tushgan do‘stu birodarlarimga quvonch bilan aytamanki, biz yana uchrashdik. Fursat g‘animat, har yangi kun, yangi yil bilan uchrashish Ollohning inoyati ila yuz beradi. Men yana sizlar bilan uchrashdim: biz uchrashdik!

“Do‘rmon” ijod uyi

009

(Tashriflar: umumiy 445, bugungi 1)

Izoh qoldiring