21 март — таниқли адиб Ражаббой Рауповнинг туғилган куни. Қутлаймиз!
Мақолага нуқта қўяр эканман, бизнинг тиниб-тинчимас устоз Ражаббой аканинг таваллуд куни билан қутлаш ёдимга тушди. Дарвоқе, У киши бу борада ҳам бахтлилардан. Мана бугун олтмиш тўққиз йил бўлибдики, айнан 21 мартни қўш байрам сифатида нишонлайдилар.
БУХОРОНИНГ ИФТИХОРИ
Алишер ОБИДОВ
“Шофиркон овози” газетасининг бош муҳаррири
Мен ҳеч ким билан бу қадар тез ва чуқур дўстлашмаганман. Гарчи орамизда ёш жиҳатдан фарқ ва салоҳият масофаси бўлса ҳам бир-биримизни тезда тушунамиз, бир-биримизни аяб муомала қиламиз. Мен Ражаббой Рауповни устоз, у киши эса мени шогирд, дейди. Бу билан фахрланамиз. Бунга сабаб нима эканлигини билмайман, аммо яхши ҳис этаман. Иккимизнинг адабиёт ҳақидаги тушунчаларимиз бир, китобга муҳаббатимиз муштарак. Ўқиган китобларимиз-у ёзувчи-шоирлар ҳақидаги фикрларимиз яқин. Бизни бир-биримизга яқинлаштирган жиҳат менимча ана шунда.
Ёзувчи Ражаббой Рауповни таниганимга ўттиз йилдан ошди. Унда мен ҳали мактаб ўқувчиси эдим. Шундан бери ва кейин ҳам бу ном мен учун адабиёт ва ижод тимсолларидан, Шофиркон ифтихорларидан бири бўлиб қолган. Ўсмирликнинг эртакнамо тасаввурлари оғушида сармаст, касб танлашда иккиланиб турган, қўлимга тушган китоб, кўзим тушган газета-журнални ўқиб кетаверган пайтларим. Меҳридарё адабиёт муаллимим, раҳматли Мавжуда Ҳалимова бир кун дарсдан сўнг менга салмоқлигина “Ёшлик” журналини тутқаздилар:
– Бунда шофирконлик Ражаббой Рауповнинг “Ойнинг оддий кунлари” номли янги ҳикояси босилибди, – дедилар журналга ишора қилиб. – Бир-икки марта ўқи. Кейин гаплашамиз. Дарсда синфдошларингга гапириб берасан.
Ўқитувчимизнинг яхши одати бор эди: режадаги мавзуни тезда тушунтириб бергандан сўнг беш-олтита ўқувчидан ҳар доим янги ёд олган шеърини айтиб бериш ёки ўқиётган китоби, газета-журналлари ҳақида гапиришни талаб қилардилар.
Адабиётнинг бепоён ва сеҳрли оламига ошуфта бўлаётган дамларим эди ўшанда. Ҳикояни ўқидим. Бир неча кун унинг таъсирида юрдим. Муаллифи билан қизиқа бошладим. Кейинги адабиёт дарсида синфдошларимга гапириб бердим. Шу-шу Ражаббой Рауповнинг ҳаёти, ижодий ва журналистик фаолиятини чуқурроқ ўргана бошладим. Юқорида таъкидлаганимдек, юртдошлик ғурури баландроқ кела бошлади. У кишини адабиётнинг мен билган катта одамларидан бири санаб учрашиш орзусида юрдим.
Тақдир мени бу катта ёзувчи билан нафақат учраштирди, балки дўстлаштирди ҳам. Устоз-шогирдлик мақомини насиб этди. Кунда, кунора кўришиб мириқиб суҳбатлашадиган, ҳатто сирлашадиган бўлдик.
Ражаббой ака аксарият ижодкорлар каби ниҳоятда инжиқ феълли, нозиктаъб киши. Улардан фарқли равишда чўрткесар ва ҳақиқатпарастлиги бор. Кейин бир сўзли, бошлаган ишини охиригача етказмаса тинчимайдиганлар хилидан. Бу сўзларимни у кишини яқиндан билганлар тасдиқлашига аминман. Қачон қараманг, бировларнинг ташвишини чекиб юрадилар. Кимнингдир бузилган ҳуқуқини тиклаш, қайсидир тадбиркорнинг битмаган муаммосини ҳал қилиш, ўз вақтида ажратилмаган кредитни ундириш ёки судларнинг тадбиркорлар фойдасига чиқарган қарорлари ижросини талаб қилиб юрганини, жабрдийда мурожаатчининг жонига ора кириш учун аллақайси идоранинг эшигини қоқиб, мутасаддиси билан “ёқалашаётган” бўлади.
– Сизга шу зарурми, устоз? – дейман баъзан орадаги илиқ муносабатдан эрким сиғиб, – катта ёзувчисиз. Ижодингизга ҳамма ҳавас қилади. Яхши-яхши ҳикоя-қиссалар ёзиб мухлисларингизни хурсанд қилсангиз бўларди.
– Ҳақсизликни кўриб чидаш мумкинми? Бир муттаҳам ҳамманинг кўз ўнгида бировни қақшатиб турса, сен индамасанг, мен гапирмасам инсоф, одамийлик қаерда қолади. Бир бечора чув тушиб қолаверсинми? – дейди Ражаббой ака тутақиб. – Ўзим ҳам ҳар гал, бўлди энди фельетон ёзмайман дейман. Аммо бўлмайди-да. Бу охиргиси, дейман яна “0”дан бошлаб.
Ҳа, Ражаббой ака ёзмаса туролмайди. Бунга ўзининг айтишича яна бир сабаб бор: ёшлигида етти онани эмгани. Етти хил характер, бири қўйса, бири қўймас экан. Ёзганда ҳам ё у ёқлик, ё бу ёқлик қилиб ёзар, ҳақиқатни тан олдирмаса тинчланмайди. Ҳақиқат тан олингандагина бор бўй-бастини кўрсатади-да. Айни шунинг учун ҳам у кимларгадир ёқмас. Аслида эса у киши бировга ёқиш учун ёзмайди. Ҳақ қарор топса бас, муроди ҳосил.
Дарвоқе, яна бир гап: Ражаббой Раупов ҳақида айтишимиз керак бўлган муҳим жиҳат – ҳамма шаҳарга интилса, устоз қишлоққа, ота юртига, киндик қони томган муборак замин – Шофирконга бир умр интилиб, ошиқиб яшаяпти. Бунда оиласи ва қарийб етмишни мўлжал олган ёши ҳам, шаҳардаги кенг имкониятлар-у пойтахтдаги қизғин адабий муҳит ҳам писанд эмас. Юрт меҳри, қишлоқ одамларининг самимийлиги, ота-она хотираси, олисларда қолиб кетган беғубор болалигини соғиниб қишлоққа ошиқди, қишлоқдан узилишни истамади.
– Қишлоққа келсам руҳим ҳузурланади. Юрагим ойдинлашади. Одамларнинг самимийлигидан завқланаман, – дейди устоз қишлоққа қайтишининг сабабини сўраган пайтим. Ва бармоғини бигиз қилиб қўшиб қўяди ҳам. – Сен шаҳарда яшамагансан-да билмайсан. Нимагадир шаҳарга сиғмаяпман кейинги пайтларда.
Тўғри, Ражаббой ака шаҳарга сиғмаяпти. Шаҳар борса қишлоқни, қишлоққа қайтса шаҳарни қўмсаб қолаяпти. Шофирконга келибоқ “Шофиркон овози” газетаси таҳририятига – кейинги пайтларда қадрдонлашиб қолган жамоа истиқболига ошиқади. Биз ҳам у кишини Тошкентга кетиб қолса дарров соғинамиз. Қисқа даврда жамоамизнинг тўлақонли “аъзо”сига айланиб улгурган устозни ҳар куни астойдил кутадиган бўлдик. Биримизга меҳрибон ака, биримизга тажрибали устоз бўлса, яна биримизга чинакам тоға, бошқасига ота қадрдон. Хуллас жуда яқинлашиб кетганмиз. Ҳазиллар ҳам шунга монанд беғараз, самимий…
Кўпинча у киши биздан эртароқ келиб қолар ва табиийки, бунинг учун енгилгина койиш ҳам эшитамиз. Оғир олмаймиз, балки аллақандай яқинликни ҳис этамиз. Шундай тергаб турувчимиз борлигидан жиндак ҳузурланамиз.
– Бу кеча ухламай ёздим, – дейдилар баъзан эшикдан кирибоқ, салом-аликдан кейин дарҳол муддаога кўчиб, – сен менга уни компьютерлаб бер, Фарҳодга (ўзлари айни пайтда ишлаётган машҳур “Адолат кўзгуси” газетаси бош муҳарририни назарда тутиб) узатишимиз керак. “Қўмондон” номерни атайин шу учун тўхтатиб турибди. “Қўмондон”нинг кимлигини биласанми? Ўзиям фельетонмисан-фельетон-да, роса шов-шув бўладиган…
Машҳур ёзувчи Одил Ёқубов устознинг “Касаллик тарихи” мақоласига бир қоп хат келгани ҳақида жамоани хабардор этгани ҳазилакам баҳо эмас. Ўшанда Ражаббой ака “Ўзбе-кистон адабиёти ва санъати” газетасида хизмат қилган. Мақолада кўтарилган масала хўжалик фермасида битта бузоқ касалланиб ўлса, уни ҳисобдан чиқариш тинкани қуритиши: форма 26 каби ҳужжат тўлдириш, мутахассисларнинг имзосини тўплаш осон эмаслиги, аммо туман туғруқхонасида эгизак туққан аёлнинг чақалоқлари эътиборсизлик оқибатида туғруқхонада вафот этади. Онанинг шикоятини ҳеч ким эшитмайди.
Ушбу танқидий мақола газетада босилгач, республика раҳбари Шароф Рашидов бош муҳаррирни ҳузурига чақириб, шундай мақолалар ёритишда давом этинг, деб танқидга расман рухсат беради.
Ушбу далил кишини ўйлантириб қўяди. Ўта қийин шароитда халқ ва миллат тақдирини ўйлаган мамлакат раҳбарининг кимлигини англашга асқотадиган далил бу! Агар Ражаббой Раупов хўжаликда раис ўринбосари вазифасида ишламаганида мақолада қўлланган таққос(далил)ни билмаган ва уни асосли тарзда ишлатмаган бўларди…
Рости, журналист сифатида устознинг фельетончилигига тан бермай илож йўқ. Далил ва рақамлар устида жиддий ишлаш, ҳар бир ҳолатни ўша соҳанинг мутахассиси каби таҳлил қилиш маҳорати жуда юқори. Матн ва маънога муносиб сўз топмагунча тинмайди. Китоб варақлайди, луғат қарайди, соҳага оид атама излайди. Бутун борлиғи, бой тажрибасини ишга солади. Шунинг учун ҳам у киши ёзган ҳар бир ҳикоя, қисса ва фельетон ниҳоятда ўқишли чиқади.
Ражаббой Рауповни мамлакатимизнинг барча кентларида яхши билишади ва худди шундай яхши кўришади ҳам. Чунки хизмат юзасидан барча вилоят ва туманлар, ҳатто аксарият қишлоқларда бўлиб, бир-биридан ўқишли мақолалар, қилни қирқ ёрар фельетонлар ёзган. Асарлари ҳам деярли барча хонадонга кириб борган десак муболаға бўлмас.
Илк сабоқ олган, ҳозирда тарғиботчилик вазифасида фаолият юритаётган тумандаги 12-мактаб, Миллий университетнинг журналистика факультети ва собиқ СССР Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги А. М. Горький номидаги Адабиёт институтининг Олий адабиёт курсида олган унутилмас сабоқлар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи”, “Ишонч” газеталаридаги қизғин журналистлик фаолият, “Ўзбекистон табиати” ва “Ипак йўли” газеталаридаги муҳаррирлик масъулияти, бетакрор сўз санъаткорлари Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков, Хуршид Даврон, Жамол Камол ва Иброҳим Ҳаққуллардан ўрганган тенгсиз адабий маҳорат, бирига ака, бирига ука-дўст, қадрдонлари Карим Баҳриев, Амирқул Карим, Набижон Боқий каби дилга яқинлари, мураккаб, айни пайтда машаққатли кечган, катта-кичик қувонч ва изтиробларга, шодлик ва эътирофларга тўла ҳаёти ёзувчини, публицист-журналистни ўз хумдонида обдон тоблади. Ниҳоятда чайир ва чидамли ижодкорга айлантирди. Майда-чуйда зарбаларга этиборсиз, тақдирнинг оғир зарбаларини писанд этмайдиган иродали ёзувчи сифатида танитди. Журналистлик фаолияти давомида ўнлаб, айтиш мумкин бўлса юзлаб фельетонлар ёзди. Уларда эгилган ҳақиқатнинг қисматини битди, қайтиб қад ростлаши учун курашди ва ҳар доим ғолиб чиқди. Аммо айни шу жиҳатлар сабаб кўплаб тазйиқ ва таҳдидларга ҳам учрагани рост. Тақдир кейинги ёзилажак асарлари ва фарзандлари камоли учун асради.
Вақт олий ҳакам, ёзувчи бир мақоласида ёзганидек, бундан қарийб ярим аср аввал ҳаваснинг этагидан тутиб, ёзувчи бўлиш орзусида Бухородан йўлга чиққан ҳавасманд бола бугун элнинг катта ёзувчиси бўлиб қишлоққа қайтди. Қайтганда ҳам жуда катта бисот билан, ўз даврининг воқеаси бўлган “Устун” ва “Ҳаётимга суиқасд”дек улкан роман, “Юрак садоси”, “Она сўз”, “Нур дарвозаси”, “Гуноҳ”, “Эътиқод”, “Остона”, “Осмоннинг эгаси”, “Юракдаги Бухоро” каби забардаст қиссалар, “Эркинлик”, “Таҳлика”, “Ойнинг оддий кунлари”, “Арава”, “Хабар”, “Ўтовда”, “Туман”, “Ўнг қўл”, “Кураш” сингари ўткир сюжетли, бадиий пишиқ ҳикоялари билан юзи ёруғ қайтди.
Ёзувчининг дастлабки асарлариданоқ унга даврнинг катта ёзувчилари муносиб баҳо бериб, келажагини ёрқин ҳис этишган.
Жумладан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби Ўлмас Умарбеков: “Мен унинг ҳикояларида оддий ҳодисаларда жиддий ижтимоий масалалар қўйишига интилиш сездим. Табиат ва инсон муносабатларидаги нозик мутаносибликни меъёрида, ширали ифодалай олади”, деса машҳур рус ёзувчиси, “Литературная Россия” газетаси бош муҳаррири Эрнест Сафонов худди ёзувчининг келажагини башорат қилгандек шундай дегани кишини ажаблантиради:
“…Шубҳасиз, истеъдодли носир ўз маслагига содиқдир: у ҳаёт ҳақиқатидан чекинмайди, ўз халқи, ўз замонасининг ростгўй ва жасур “солномачиси” бўлишига интилади.
Бахт нисбий тушунча. Ҳар ким уни ўзича тушунади. Ўзича талқин қилади. Ким учун серҳашам ҳаёт, данғиллама ҳовли ва пул-мансаб бахт. Ким учун осойишталик ва оилавий хотиржамлик саодат. Ражаббой ака учун эса бахт ўзи бир умр хизмат қилиб келаётган ҳақ сўзга ва адабиётга астойдил хизмат қилиб, содиқ қолишдан иборат.
Мақолага нуқта қўяр эканман, бизнинг тиниб-тинчимас устоз Ражаббой аканинг таваллуд куни билан қутлаш ёдимга тушди. Дарвоқе, У киши бу борада ҳам бахтлилардан. Мана бугун олтмиш тўққиз йил бўлибдики, айнан 21 мартни қўш байрам сифатида нишонлайдилар.
Мен шу муносабат билан устоз Ражаббой Рауповни мухлислари ва шогирдлари номидан самимий қутлайман. Саломатлик ва худди шу бугунгидек тетиклик ҳамда одамларга керакли бўлиш бахтини тилайман. Сиз бизга, ҳаммамизга керак ва қадрлисиз. Сизни тушунмаган адабиётни тушунмайди. Имон-эътиқодга туташ теран туйғуларсиз ижодни ҳам, ижодкорни ҳам англаш осон эмас. Сизга ҳавас қиламан. Илоҳим туйғуларингиз, фавқулодда сезгир ҳиссиётларингиз ҳеч қачон сўнмасин. Ҳамиша борингизча қолинг.
21 mart — taniqli adib Rajabboy Raupovning tug‘ilgan kuni. Qutlaymiz!
Maqolaga nuqta qo‘yar ekanman, bizning tinib-tinchimas ustoz Rajabboy akaning tavallud kuni bilan qutlash yodimga tushdi. Darvoqe, U kishi bu borada ham baxtlilardan. Mana bugun oltmish to‘qqiz yil bo‘libdiki, aynan 21 martni qo‘sh bayram sifatida nishonlaydilar.
BUXORONING IFTIXORI
Alisher OBIDOV
“Shofirkon ovozi” gazetasining bosh muharriri
Men hech kim bilan bu qadar tez va chuqur do‘stlashmaganman. Garchi oramizda yosh jihatdan farq va salohiyat masofasi bo‘lsa ham bir-birimizni tezda tushunamiz, bir-birimizni ayab muomala qilamiz. Men Rajabboy Raupovni ustoz, u kishi esa meni shogird, deydi. Bu bilan faxrlanamiz. Bunga sabab nima ekanligini bilmayman, ammo yaxshi his etaman. Ikkimizning adabiyot haqidagi tushunchalarimiz bir, kitobga muhabbatimiz mushtarak. O‘qigan kitoblarimiz-u yozuvchi-shoirlar haqidagi fikrlarimiz yaqin. Bizni bir-birimizga yaqinlashtirgan jihat menimcha ana shunda.
Yozuvchi Rajabboy Raupovni taniganimga o‘ttiz yildan oshdi. Unda men hali maktab o‘quvchisi edim. Shundan beri va keyin ham bu nom men uchun adabiyot va ijod timsollaridan, Shofirkon iftixorlaridan biri bo‘lib qolgan. O‘smirlikning ertaknamo tasavvurlari og‘ushida sarmast, kasb tanlashda ikkilanib turgan, qo‘limga tushgan kitob, ko‘zim tushgan gazeta-jurnalni o‘qib ketavergan paytlarim. Mehridaryo adabiyot muallimim, rahmatli Mavjuda Halimova bir kun darsdan so‘ng menga salmoqligina “Yoshlik” jurnalini tutqazdilar:
– Bunda shofirkonlik Rajabboy Raupovning “Oyning oddiy kunlari” nomli yangi hikoyasi bosilibdi, – dedilar jurnalga ishora qilib. – Bir-ikki marta o‘qi. Keyin gaplashamiz. Darsda sinfdoshlaringga gapirib berasan.
O‘qituvchimizning yaxshi odati bor edi: rejadagi mavzuni tezda tushuntirib bergandan so‘ng besh-oltita o‘quvchidan har doim yangi yod olgan she’rini aytib berish yoki o‘qiyotgan kitobi, gazeta-jurnallari haqida gapirishni talab qilardilar.
Adabiyotning bepoyon va sehrli olamiga oshufta bo‘layotgan damlarim edi o‘shanda. Hikoyani o‘qidim. Bir necha kun uning ta’sirida yurdim. Muallifi bilan qiziqa boshladim. Keyingi adabiyot darsida sinfdoshlarimga gapirib berdim. Shu-shu Rajabboy Raupovning hayoti, ijodiy va jurnalistik faoliyatini chuqurroq o‘rgana boshladim. Yuqorida ta’kidlaganimdek, yurtdoshlik g‘ururi balandroq kela boshladi. U kishini adabiyotning men bilgan katta odamlaridan biri sanab uchrashish orzusida yurdim.
Taqdir meni bu katta yozuvchi bilan nafaqat uchrashtirdi, balki do‘stlashtirdi ham. Ustoz-shogirdlik maqomini nasib etdi. Kunda, kunora ko‘rishib miriqib suhbatlashadigan, hatto sirlashadigan bo‘ldik. Rajabboy aka aksariyat ijodkorlar kabi nihoyatda injiq fe’lli, nozikta’b kishi. Ulardan farqli ravishda cho‘rtkesar va haqiqatparastligi bor. Keyin bir so‘zli, boshlagan ishini oxirigacha yetkazmasa tinchimaydiganlar xilidan. Bu so‘zlarimni u kishini yaqindan bilganlar tasdiqlashiga aminman. Qachon qaramang, birovlarning tashvishini chekib yuradilar. Kimningdir buzilgan huquqini tiklash, qaysidir tadbirkorning bitmagan muammosini hal qilish, o‘z vaqtida ajratilmagan kreditni undirish yoki sudlarning tadbirkorlar foydasiga chiqargan qarorlari ijrosini talab qilib yurganini, jabrdiyda murojaatchining joniga ora kirish uchun allaqaysi idoraning eshigini qoqib, mutasaddisi bilan “yoqalashayotgan” bo‘ladi.
– Sizga shu zarurmi, ustoz? – deyman ba’zan oradagi iliq munosabatdan erkim sig‘ib, – katta yozuvchisiz. Ijodingizga hamma havas qiladi. Yaxshi-yaxshi hikoya-qissalar yozib muxlislaringizni xursand qilsangiz bo‘lardi.
– Haqsizlikni ko‘rib chidash mumkinmi? Bir muttaham hammaning ko‘z o‘ngida birovni qaqshatib tursa, sen indamasang, men gapirmasam insof, odamiylik qayerda qoladi. Bir bechora chuv tushib qolaversinmi? – deydi Rajabboy aka tutaqib. – O‘zim ham har gal, bo‘ldi endi feleton yozmayman deyman. Ammo bo‘lmaydi-da. Bu oxirgisi, deyman yana “0”dan boshlab.
Ha, Rajabboy aka yozmasa turolmaydi. Bunga o‘zining aytishicha yana bir sabab bor: yoshligida yetti onani emgani. Yetti xil xarakter, biri qo‘ysa, biri qo‘ymas ekan. Yozganda ham yo u yoqlik, yo bu yoqlik qilib yozar, haqiqatni tan oldirmasa tinchlanmaydi. Haqiqat tan olingandagina bor bo‘y-bastini ko‘rsatadi-da. Ayni shuning uchun ham u kimlargadir yoqmas. Aslida esa u kishi birovga yoqish uchun yozmaydi. Haq qaror topsa bas, murodi hosil.
Darvoqe, yana bir gap: Rajabboy Raupov haqida aytishimiz kerak bo‘lgan muhim jihat – hamma shaharga intilsa, ustoz qishloqqa, ota yurtiga, kindik qoni tomgan muborak zamin – Shofirkonga bir umr intilib, oshiqib yashayapti. Bunda oilasi va qariyb yetmishni mo‘ljal olgan yoshi ham, shahardagi keng imkoniyatlar-u poytaxtdagi qizg‘in adabiy muhit ham pisand emas. Yurt mehri, qishloq odamlarining samimiyligi, ota-ona xotirasi, olislarda qolib ketgan beg‘ubor bolaligini sog‘inib qishloqqa oshiqdi, qishloqdan uzilishni istamadi.
– Qishloqqa kelsam ruhim huzurlanadi. Yuragim oydinlashadi. Odamlarning samimiyligidan zavqlanaman, – deydi ustoz qishloqqa qaytishining sababini so‘ragan paytim. Va barmog‘ini bigiz qilib qo‘shib qo‘yadi ham. – Sen shaharda yashamagansan-da bilmaysan. Nimagadir shaharga sig‘mayapman keyingi paytlarda.
To‘g‘ri, Rajabboy aka shaharga sig‘mayapti. Shahar borsa qishloqni, qishloqqa qaytsa shaharni qo‘msab qolayapti. Shofirkonga keliboq “Shofirkon ovozi” gazetasi tahririyatiga – keyingi paytlarda qadrdonlashib qolgan jamoa istiqboliga oshiqadi. Biz ham u kishini Toshkentga ketib qolsa darrov sog‘inamiz. Qisqa davrda jamoamizning to‘laqonli “a’zo”siga aylanib ulgurgan ustozni har kuni astoydil kutadigan bo‘ldik. Birimizga mehribon aka, birimizga tajribali ustoz bo‘lsa, yana birimizga chinakam tog‘a, boshqasiga ota qadrdon. Xullas juda yaqinlashib ketganmiz. Hazillar ham shunga monand beg‘araz, samimiy…
Ko‘pincha u kishi bizdan ertaroq kelib qolar va tabiiyki, buning uchun yengilgina koyish ham eshitamiz. Og‘ir olmaymiz, balki allaqanday yaqinlikni his etamiz. Shunday tergab turuvchimiz borligidan jindak huzurlanamiz.
– Bu kecha uxlamay yozdim, – deydilar ba’zan eshikdan kiriboq, salom-alikdan keyin darhol muddaoga ko‘chib, – sen menga uni kompyuterlab ber, Farhodga (o‘zlari ayni paytda ishlayotgan mashhur “Adolat ko‘zgusi” gazetasi bosh muharririni nazarda tutib) uzatishimiz kerak. “Qo‘mondon” nomerni atayin shu uchun to‘xtatib turibdi. “Qo‘mondon”ning kimligini bilasanmi? O‘ziyam feletonmisan-feleton-da, rosa shov-shuv bo‘ladigan…
Mashhur yozuvchi Odil Yoqubov ustozning “Kasallik tarixi” maqolasiga bir qop xat kelgani haqida jamoani xabardor etgani hazilakam baho emas. O‘shanda Rajabboy aka “O‘zbe-kiston adabiyoti va san’ati” gazetasida xizmat qilgan. Maqolada ko‘tarilgan masala xo‘jalik fermasida bitta buzoq kasallanib o‘lsa, uni hisobdan chiqarish tinkani quritishi: forma 26 kabi hujjat to‘ldirish, mutaxassislarning imzosini to‘plash oson emasligi, ammo tuman tug‘ruqxonasida egizak tuqqan ayolning chaqaloqlari e’tiborsizlik oqibatida tug‘ruqxonada vafot etadi. Onaning shikoyatini hech kim eshitmaydi.
Ushbu tanqidiy maqola gazetada bosilgach, respublika rahbari Sharof Rashidov bosh muharrirni huzuriga chaqirib, shunday maqolalar yoritishda davom eting, deb tanqidga rasman ruxsat beradi.
Ushbu dalil kishini o‘ylantirib qo‘yadi. O‘ta qiyin sharoitda xalq va millat taqdirini o‘ylagan mamlakat rahbarining kimligini anglashga asqotadigan dalil bu! Agar Rajabboy Raupov xo‘jalikda rais o‘rinbosari vazifasida ishlamaganida maqolada qo‘llangan taqqos(dalil)ni bilmagan va uni asosli tarzda ishlatmagan bo‘lardi…
Rosti, jurnalist sifatida ustozning feletonchiligiga tan bermay iloj yo‘q. Dalil va raqamlar ustida jiddiy ishlash, har bir holatni o‘sha sohaning mutaxassisi kabi tahlil qilish mahorati juda yuqori. Matn va ma’noga munosib so‘z topmaguncha tinmaydi. Kitob varaqlaydi, lug‘at qaraydi, sohaga oid atama izlaydi. Butun borlig‘i, boy tajribasini ishga soladi. Shuning uchun ham u kishi yozgan har bir hikoya, qissa va feleton nihoyatda o‘qishli chiqadi.
Rajabboy Raupovni mamlakatimizning barcha kentlarida yaxshi bilishadi va xuddi shunday yaxshi ko‘rishadi ham. Chunki xizmat yuzasidan barcha viloyat va tumanlar, hatto aksariyat qishloqlarda bo‘lib, bir-biridan o‘qishli maqolalar, qilni qirq yorar feletonlar yozgan. Asarlari ham deyarli barcha xonadonga kirib borgan desak mubolag‘a bo‘lmas.
Ilk saboq olgan, hozirda targ‘ibotchilik vazifasida faoliyat yuritayotgan tumandagi 12-maktab, Milliy universitetning jurnalistika fakulteti va sobiq SSSR Yozuvchilar uyushmasi huzuridagi A. M. Gorkiy nomidagi Adabiyot institutining Oliy adabiyot kursida olgan unutilmas saboqlar, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Xalq so‘zi”, “Ishonch” gazetalaridagi qizg‘in jurnalistlik faoliyat, “O‘zbekiston tabiati” va “Ipak yo‘li” gazetalaridagi muharrirlik mas’uliyati, betakror so‘z san’atkorlari Odil Yoqubov, Said Ahmad, O‘lmas Umarbekov, Xurshid Davron, Jamol Kamol va Ibrohim Haqqullardan o‘rgangan tengsiz adabiy mahorat, biriga aka, biriga uka-do‘st, qadrdonlari Karim Bahriyev, Amirqul Karim, Nabijon Boqiy kabi dilga yaqinlari, murakkab, ayni paytda mashaqqatli kechgan, katta-kichik quvonch va iztiroblarga, shodlik va e’tiroflarga to‘la hayoti yozuvchini, publitsist-jurnalistni o‘z xumdonida obdon tobladi. Nihoyatda chayir va chidamli ijodkorga aylantirdi. Mayda-chuyda zarbalarga etiborsiz, taqdirning og‘ir zarbalarini pisand etmaydigan irodali yozuvchi sifatida tanitdi. Jurnalistlik faoliyati davomida o‘nlab, aytish mumkin bo‘lsa yuzlab feletonlar yozdi. Ularda egilgan haqiqatning qismatini bitdi, qaytib qad rostlashi uchun kurashdi va har doim g‘olib chiqdi. Ammo ayni shu jihatlar sabab ko‘plab tazyiq va tahdidlarga ham uchragani rost. Taqdir keyingi yozilajak asarlari va farzandlari kamoli uchun asradi.
Vaqt oliy hakam, yozuvchi bir maqolasida yozganidek, bundan qariyb yarim asr avval havasning etagidan tutib, yozuvchi bo‘lish orzusida Buxorodan yo‘lga chiqqan havasmand bola bugun elning katta yozuvchisi bo‘lib qishloqqa qaytdi. Qaytganda ham juda katta bisot bilan, o‘z davrining voqeasi bo‘lgan “Ustun” va “Hayotimga suiqasd”dek ulkan roman, “Yurak sadosi”, “Ona so‘z”, “Nur darvozasi”, “Gunoh”, “E’tiqod”, “Ostona”, “Osmonning egasi”, “Yurakdagi Buxoro” kabi zabardast qissalar, “Erkinlik”, “Tahlika”, “Oyning oddiy kunlari”, “Arava”, “Xabar”, “O‘tovda”, “Tuman”, “O‘ng qo‘l”, “Kurash” singari o‘tkir syujetli, badiiy pishiq hikoyalari bilan yuzi yorug‘ qaytdi.
Yozuvchining dastlabki asarlaridanoq unga davrning katta yozuvchilari munosib baho berib, kelajagini yorqin his etishgan.
Jumladan, O‘zbekiston xalq yozuvchisi, davlat va jamoat arbobi O‘lmas Umarbekov: “Men uning hikoyalarida oddiy hodisalarda jiddiy ijtimoiy masalalar qo‘yishiga intilish sezdim. Tabiat va inson munosabatlaridagi nozik mutanosiblikni me’yorida, shirali ifodalay oladi”, desa mashhur rus yozuvchisi, “Literaturnaya Rossiya” gazetasi bosh muharriri Ernest Safonov xuddi yozuvchining kelajagini bashorat qilgandek shunday degani kishini ajablantiradi:
“…Shubhasiz, iste’dodli nosir o‘z maslagiga sodiqdir: u hayot haqiqatidan chekinmaydi, o‘z xalqi, o‘z zamonasining rostgo‘y va jasur “solnomachisi” bo‘lishiga intiladi.
Baxt nisbiy tushuncha. Har kim uni o‘zicha tushunadi. O‘zicha talqin qiladi. Kim uchun serhasham hayot, dang‘illama hovli va pul-mansab baxt. Kim uchun osoyishtalik va oilaviy xotirjamlik saodat. Rajabboy aka uchun esa baxt o‘zi bir umr xizmat qilib kelayotgan haq so‘zga va adabiyotga astoydil xizmat qilib, sodiq qolishdan iborat.
Maqolaga nuqta qo‘yar ekanman, bizning tinib-tinchimas ustoz Rajabboy akaning tavallud kuni bilan qutlash yodimga tushdi. Darvoqe, U kishi bu borada ham baxtlilardan. Mana bugun oltmish to‘qqiz yil bo‘libdiki, aynan 21 martni qo‘sh bayram sifatida nishonlaydilar.
Men shu munosabat bilan ustoz Rajabboy Raupovni muxlislari va shogirdlari nomidan samimiy qutlayman. Salomatlik va xuddi shu bugungidek tetiklik hamda odamlarga kerakli bo‘lish baxtini tilayman. Siz bizga, hammamizga kerak va qadrlisiz. Sizni tushunmagan adabiyotni tushunmaydi. Imon-e’tiqodga tutash teran tuyg‘ularsiz ijodni ham, ijodkorni ham anglash oson emas. Sizga havas qilaman. Ilohim tuyg‘ularingiz, favqulodda sezgir hissiyotlaringiz hech qachon so‘nmasin. Hamisha boringizcha qoling.