Rajabboy Raupov. Uch hikoya & Yurak sadosi. Hikoyalar to’plami

04521 март — таниқли ёзувчи Ражаббой Рауповни 65 ёши билан чин юракдан қутлаймиз

     Ражаббой Раупов ўзбек адабиёти китобида ўз саҳифасига эга ижодкор. Унинг илк китобига сўзбоши ёзган атоқли адиб Ўлмас Умарбеков ёш ёзувчининг иқтидорини шундай таърифлаган эди:»Мен унинг ҳикояларида оддий ҳодисаларда жиддий, ижтимоий масалалар қўйишга интилиш сездим. Табиат ва инсон муносабатларидаги нозик мутаносибликни меъёрида, ширали ифодалай олади. Ражаббой бир ҳикоясида кишиларни тонгни, нурни қаршилашга, биринчи бўлиб кўришга ундайди». 

 Ёзувчи адабиёт майдонига қўйган илк қадамлариданоқ  Одил Ёқубов ва Саид Аҳмад каби устоз адиблар, энг муҳими, ўзбек китобхони назарига тушди. Чунки,ёзувчининг ҳикоя ва қиссалари ҳаётни ҳаққоний ифодалаши,демак ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Унинг асарлари айни шу ҳаётийлиги билан қимматлидир.

 Ражаббой Раупов ҳаётининг сўнгги ўн йили оғир ва машаққатли жараёнлар ичида кечди. Аммо, ёзувчи чекинмади, ҳаётининг энг мураккаб палласида ҳам олға интилди. Халқига ва адабиётга бўлган муҳаббати ва  эътиқоди унинг йўлчи юлдузи бўлди.

 65 ёшга тўлиши муносабати билан «Хуршид Даврон кутубхонаси» веб-саҳифаси ва қўни-қўшничилик тузи, фарзанду набираларимизнинг ўзаро яқинлиги ҳурмати бутун оилам номидан  ёзувчи укамга саломатлик, ижодий ютуқлар тилаб, янги асарларини кутиб қоламан.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Ражаббой Раупов
УЧ ҲИКОЯ
001

021   Истеъдодли адиб ва журналист Ражаббой Раупов 1955 йил 21 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети (1978), М.Горкий номидаги Москва адабиёт институти Олий курсини (1989) тугатган.  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи” “Ишонч” газеталарида бўлим мудири, “Ўзбекистон табиати” ва “Ипак йўли” газеталарининг ташкилотчиси ҳамда Бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатган.
“Юрак садоси” (1981), “Она сўз” (1989), “Нур дарвозаси”, “Эътиқод” (2002), “Устун” (2002-2005) каби насрий китоблари чоп этилган. Унинг “Осмоннинг эгаси”, “Остона”, ва “Она сўз” қиссалари машҳур. “Юракдаги Бухоро” (1998) тўпламининг тузувчиси ва муаллифларидан бири.
“Устун” романида ўзбек халқининг шонли фарзанди, академик Ҳ.Абдуллаевнинг долғали ҳаёти тасвирланган. “Хаётимга суиқасд” номли ҳужжатли романи автобиографик характерга эга. Унинг ҳикоя ва қиссалари рус, поляк, грузин тилларида чоп этилган.

002

АРАВА

Қуёш қирлар ортига ботиб, салқин шамол эсар, чўл адашган боланинг юрагидек нотинч, тобора ваҳимага тўлиб борар эди. Ярим соат олдин ёрдамчиларнинг шовқини, Қоратойнинг кишнаши, полизни эгаллаган қовунхўр қушлар галасига менинг хаёлларим жўр эди. Ёрдамчилар кетдию, ҳаммасини сукунат ютди.

Мен отамнинг эски чопонига ўралиб, хирмонга ёнбошлаганча Рўзи, Жума, Толиб амакиларнинг қанорга пахта жойлапшни кузатиб ётар эдим, Уч кишидан бирортаси гапирмас, қош-киприклари ва уст-бошларига қўнган чанг, гард-ғубор туфайли қўполдан-қўпол кўринар, чамамда, улар ҳозир пахтадан бошқа нарсани кўрмас, ўйламас эдилар.

Амакилар Жилвонда куз бўйи шу тахлит ишлашарди.
Тушгача уларнинг бор-йўқлигини унутиб, бепоён кенгликлар, баланд қирлар – чўл табиатига маҳлиё бўлиб ўйнаб юрардим. Ҳар кун уларнинг иш билан банд, тунд чеҳраларига қараш зерикарли эди. Бугун ҳашарчилар билан қишлоққа қайтмаганимга афсусланиб, ноилож амакиларнинг ишини кузатиб, улардан бирор гап чиқишини пойлаб ётардим. Бир муддат ўтгач, тўнғиллаган товуш эшитилди:

– Ўзи ҳам тинмайди, бизни ҳам тиндирмайди… Танидим, бу – Жума амакининг овози.
– Жони сабил одам-да! – булар, отам шаънига айтилаётган ва уни тушунишим-ни қийинлаштираётган сўзлар эди.
– Бугун, уларнинг отам ҳақидаги сўзларини иккинчи бор эшитдим-у, нафасимни ичимга ютиб, давомини кута бошладим.

Ҳар гал бу тахлит гаплардан сўнг отамни кузатар, ундан бирон бир камчилик ё шу сўзларга мос ўхшашлик ахтарар эдим. Унинг кичик жуссаси, қўй кўзлари, ҳамиша барчага бирдек муомаласи, вазмин феъли, назаримда, бировга ёмонлик тиламасди. Ёки мен излаган сабаб, отамга пинҳонмиди? Англолмасдим…

Бу гап-сўзлар унинг қулоғига бориб етмасди.
– Мукофот беради, ишла-я, ишла! Колхоз рози бўлса, сендан рози бўлар! – бу энг охиргиси – амакиларнинг бор алами, зардаси тугиб отилган тош эди. Уларнинг шу гапини тезроқ айтишларини кутаётган эдим. Айниқса “Мукофот” дегани

мени қизиқтирар, отамнинг чўлда ишлаётган тўрт-беш кишига бош эканига ақлим етар эди. Бугун улардан иккинчи бор шу сўзни эшитиб, отамга мукофот беришлари мумкинлигини ўйлаб, ўзимда йўқ шод эдим. “Мукофотга от беришса-я!” – юрагим ҳаприқиб кетди. Назаримда, атроф ёришди, ваҳима йитди. Чўлнинг ҳар бир бурчагидан отлар чопиб, кишнаб мен томон кела бошлади. Атроф отларнинг кишнаши-ю, туёқларнинг дупурига тўлиб кетди. Отлар, отлар… беҳисоб тулпорлар!

Хирмондан аста сирғалиб тушдим. Атрофда кўринмаётган отамни излаб, тўрт томонга алангладим, сўнг Қоратой эсимга тущди. Югурдим. Ортимдан “Айтади” деган овоз эшитилди.
Отамни чайла орқасидаги бедапоядан топдим. Отни суғораётган экан. Мени кўриб, отам савол назари билан, Қора¬той эса қулоғини динг қилиб тикилди.
– Ота! – дедим ҳовлиқиб. – Бизга мукофот беришаркан. От!
Отам кулди.

– Тушингга ҳам от киради-я, ўғлим. Ахир, ота-бобонг чавандоз ўтмаган-ку, – деди у Қоратойнинг яғринини чўлтоқ супурги билан супураркан. Сўнг шошилмай сўзида давом этди:
– Сен Жилвонга иш ўрганиш учун эмас, отни деб келасан. Тавба, гапларинг бунча ҳавойи, деҳқон боласига ўхшамайсан-а! Мендан ерни сўра, пахтани сўра… – у куйиниб бош чайқади. – Билмадим-да, ўғлим?!

Унинг бу сўзларини биринчи марта эшитишим эмасди. Ҳар гал “Билмадим-да, ўғлим…” дея бош чайқаб қўйганида юра¬гим алланечук бўлиб кетарди. Ишончсизлик, хаёлларим–орзуларимни назар-писанд қилмаслик унинг сўзларида пинҳон, ана шу хил зил-замбил сўзларни кунлаб, баъзан ойлаб кўтаришга мажбур эдим. Лекин чурқ этмас, отам билиб-билмай эзгу орзуларимга тош отганини сездирмасликка тиришар эдим.

– Шу хаёл суришинг борми, одам бўлмайсан! – деб отам бирдан тўнини тескари кийиб олди. Деҳқончилик юмушларига қизиқмай, аралашмаслигим отамга каттиқ ботарди. Чамамда, у ёлғиз ўғлининг келажагини ўзи умр бўйи шуғулланиб келган иш – пахтада кўрарди. Менинг эса уйда ҳам, чўлда ҳам, йўлда ҳам хаёлларим фақат от ҳақида бўларди…

Рост, ҳавойилик менга атаб тикилган тўн, тўним ўзимга ёқарди. Уни ечмасдан истаган жойга боргим, истаган одам билан суҳбатлашгим келар, бу эса кўпинча отамга ёқмас эди.

Мен топган гапимдан хижолат чекиб, унинг “Ким айтди сенга?” – деган саволини кутдим. Бироқ отам индамади. Ҳозиргина юрагимни ҳаяжонга тўлдирган “Мукофот” қувончи бирдан совий бошлагани, мен билан ҳеч кимнинг иши йўқлиги алам қилди. Секингина нари кетдим. Лекин кўнглим, туйғуларим мени ишонтирар, умидвор қилар, кимдир, қачондир – бугунми, эртами менга от ҳадя этадигандек туюлар, ўзимнинг отим бўлишига астойдил ишонар эдим.

Хирмонга етгунимча хаёлимдан “Мукофот”, “От” сўзлари аримади. Туёғидан ўт сачраган тулпор мени узоқларга, кўрмаганим – оқсоч тоғларга учириб олиб кетди…
– Тур жойингдан! – бир маҳал отамнинг овозидан чўчиб тушдим. – Уст-бо¬шинг¬ни қоқ, уйга кетасан.

Қарасам, пахта уюми орасида, оёғимни қучиб, ўтирибман. Бўшашиб, ўрнимдан турдим. Қоратой аравага қўшилган, жўнашга шай турар, Рўзи, Жума ва Толиб амакилар йўл бўйида сочилган пахталарни теришар эди.
– Пахта йиғилиб қолди, кеч бўлса ҳам бир арава ташийлик, ҳарна-да, юкланглар, – отам шундай деб, ўзи аравага чиқди. Улар қанорларни қўллашиб орта бошлащди. Отам эса ҳар бир қанорни тартиб билан териб, устидан тепкилаб-тепкилаб жойлаштирарди. Шу тахлит ўн бешинчи қанор юкланганда:
– Бас, – деди отам. – Йул узоқ, отни ҳам ўйлаш керак.

Қанорларни арқон билан зич бойлагач, Қоратойни чуҳ-чуҳлаб, аравани йўлга чиқаришди.
– Қани, ким кетади? – деб сўради отам аравадан тушмай. Ҳамма жим эди.
– Дам олинглар. Эртага раисга учраб, ёрдамчини ҳал қиламан. Аравани ҳам кўпайтирамиз, – деди у тизгинни қўлига олиб. Амакилар индамай чайла томон кетишди.

Биз йўлга тушдик.

04Қирдан ўтиб, Қорадарахтга бурилганимизда юлдузлар кўринди. Чўл этаги осмон билан биттга бўлди. Қоратой зўриқиб йўл босар, отам гапирмас, мен эса хаёлларим билан ўйин бошлаган эдим. Қанорлар устида чалқанча ётиб, юлдузларга тикилиш, араванинг бир маромда тебратиб, аллалаб бориши ҳузур бағишларди. Узоқдаги юлдузлар яқинлашиб, кўз қиса бошлади. Мен уларга қиёс изладим. Ниҳоят топдим: Қоратойнинг кўзлари! Отнинг кўзларигина шундай чақнарди. Дунёдаги энг зўр от – Қоратой! У меники бўлади. Мен уни эртакдан топган эдим. Ўша эртакдаги қуёш ерининг паҳловони – Рустам мен эдим. Назаримда, отам мени шу чўлдан изғирин, қорда елкасида опичлаб, Гужумли тоғига элтаётгандек туюлар, тоғда мен улғайишим, дўст топишим ва кейин… Кейин ким биландир олишишим керак. Аммо ҳали душманларимни аниқ тасаввур этолмас, баъзан рақибларим йўқлигидан эзилиб, пана-панада йиғлаб ҳам олар эдим. Баъзан тиним билмай ишлаётган Рўзи, Жума, Толиб амакиларга тикилиб, уларни ўзимга ғаним қиёфасида тасаввур этар ва менга ғанимлик қилиш у ёқда турсин, тузукроқ гапиришмасди ҳам. Гапиришмаслик ҳали душманлик эмасди. Улар менга “Чўлдан кет” дейишса эди. Ёки Қоратойга ҳужум қилишса эди… Шуларни ўйласам-да, барибир кўнглим тўлмас, душман дегани кўзимга ёвузроқ, кучлироқ кўринарди.

Қоратойнинг борлиги умидларимга қанот бағишлар, фақат унгагина ишонар ва унгагина суянар эдим…

Арава силкиниб тўхтади. Отамнинг “чуҳ-чуҳ”лаши ва ҳавоги қамчинни визиллатиб, отни қисташи эшитилди. Арава қўзғалмагач, секин ўрнимдан турдим, атрофга қарадим.

Отам ерга тушиб, қумга тиқилиб қолган ғилдиракларни кўздан кечирди, сўнг белбоғидан қотган нон олиб, отга тутди.

Рухсат сўрамай пастга тушдим. Отам отнинг оғзидан жиловини олиб, унинг лабларидаги кўпикни артди. Яна нон берди. Кутдик. Қоратой нонни егач, отамдан буйруқ кутмай олдинга талпинди. Отам бир қўлини қулоқчўпга тираб, иккинчиси билан отнинг жиловидан тутиб ёрдамлашди. Арава силжимади. Сўнг, отнинг оғзига юганни солди-да, устига миниб олди. Қамчи билан Қоратойнининг сағрисига уриб, яна чуҳ-чуҳлади. Қоратой аравани тортолмади.

Биз юк билан ўрта йўлда қолдик.

Отам иложсиз, бўшашган ҳолда отдан тушди. Дўнгликка – қум бархани тепасига чиқиб ўтирди, пешонасини енги билан сидирди. Ёнида таёқдек қотиб турганимни кўриб, нима қиламиз, дегандек менга қаради.
– Қоратойни миниб кесак-чи?
– Пахта қоладими? Айтдим-ку, ақлинг ўзингга яраша деб!

У мени йўлида учраган ортиқча буюмдек четга суриб қўйди. Гапирмадим.

Ярим соатлар ўтгач, йўлда бир отлиқ кўринди. Бизга яқинлашгач, отам ўрнидан турди, отлиққа яқинлашди. У:

– Ҳа, оқсоқол? – дея эгардан тушиб отам билан кўришди. От устида мен тенги бола ҳам бор эди. У юганни маҳкам тортиб турар, оти эса Қоратой томон талпинар, Қоратой боши эгик, ҳорғин кайфиятда турар, атрофида нималар бўлаётганига қарамасди ҳам. Унга раҳмим келди, ёлғиз қолдиришни истамадим. Ёнига бориб пешонасини силадим. Шу пайт отам келди-да:

– Нари тур! – деб Қоратойни аравадан бўшатди. Бўйнидан хамутни олиб, бола миниб турган оқ отга илдирди-да, уни аравага қўшди. Мен Қоратойни ушлаб, улардан четроқда турдим. Оқ отнинг эгаси отамга ёрдамлашди. Бола менга ёвқараш қилиб, ҳалиги кишининг белбоғидан ушлаб торди.

– Нима дейсан?
– Аравасини ўзи тортсин! – деди у. Унинг овозидаги зарда, дўқ менга ва Қоратойга қаратилган эди, буни на отам, на отнинг эгаси сезди. Билдимки, бола отини мендан кўра кўпроқ аяйди. Отам иккови шарақлаб кулишди.
– Ўғлим, – деди оқ отнинг эгаси болани кўрсатиб.

Мен аламимга чидаёлмай, Қоратойнинг тумшуғига бир мушт уриб, жиловини ерга отдим. Қоратой қимир этмади.

Отамнинг буйруғи билан яна аравага чиқдим. Дилим вайрон, кўзимга дунё қоронғи эди. Энди мен пахтага эмас, ердан тўрт метр баландликда, гўё тиканга ағанаб кетар эдим. Қулоғим остида оқ отли боланинг: “Кўрдингми, отим зўр!” деган ғолибона қичқириғи янгради. Овози тобора кучайиб, қулоқларимни тешиб юборди.
– Кўрдингми, сен тенги бола, – деди отам бир пайт. – Отасига ёрдамчи. Ойдинда бирга қўй боқишга олиб кетди.

Жавоб бермадим, индамадим. Чунки ишонганим, дунёдаги энг зўр от – Қоратой енгилди! Мен ҳеч қачон Қоратойни боши эгилган, маъюс кўрмаган эдим. У бугун мени унутди. Йиғлатди. Дунёда Қоратойдан кучли, Қоратойдан зўр от йўқ эди-ку?! Наҳотки…

Йўлда Қоратой ўзини менчалик танҳо сезмаган бўлса керак. Мен бугун ўхшовсиз ёлғиз эдим. Ниҳоят, тасаввуримда излаб юрган ғанимларимни топгандек бўлдим. Уларни топдим. Энди олишсам бўлади…
Қишлоққа кирганимизда одамлар ухлаган, кўча қоп-қоронғи эди. Уйимиз ёнидаги пахтахонага қанорларни тушириб, Қоратойни уйга етакладик. Мен охурга беда солдим, отам Қоратойнинг устига шол ёйиб, айилини тортиб боғлади. Уйда онам ва бувимдан бошка ҳамма ухлаган эди. Кечаси бувим билан ётдим. Уйқум келавермагач, сўрадим:

– Буви, ҳамма отларниям аравага қўшадиларми?
– Ухла, – деди бувим. – Эртага отангдан сўрайсан.

Бир оздан сўнг ёнбошимга ағдарилиб, яна сўрадим:
– Буви, отамга сира эртак айтганмисиз? У киши букри девни ҳам, қафасдаги одамларни ҳам, Қуёш ерининг паҳлавони – Рустамни ҳам билмайди.

Бувим анчагача жим қолди.
– Отангни меҳнатга туққанман болам, отанг пахтани, ерни деб гоҳида мени, сени, онагни ҳам унитади, – деди ниҳоят уҳ тортиб. Унинг истар-истамас, узоқ уйлаб айтган гапини тушунмадим.

Уйғонганимда кун чошгоҳ бўлган эди. Отам аллақачон уйдан чиқиб кетган экан. Турасолиб совотга югурдим. Қоратой боғлиқ эди. Чўлга кетмаганига ажабландим. Охурида майда қирқилган беда, ёнида челак тўла сув. Қоратой бошини ерга қўйганича кичрайиб ётарди.

– Касал, – деди онам.
– Бугун отга сен қарайсан, – деди бувим.

Нон бўктирилган ширчойни ичмадим. Қоратойнинг ёнига келиб, пешонасини, ёлларини сила¬дим. Кеча у енгилган эди. Уни ҳали кечирмаган эдим. Кеча уни урганим ёдимга тущди. Кейин Оқ от ва болани эсладим: «Аравасини ўзи тортсин!». Унинг гапи икки елкамдан маҳкам босди. Қоратойни бўйнидан қучиб йиғлаб юбордим.

– Осилма! – деб жеркиди бувим.
– Отнинг деви бор, қоч болам! – деб жавради онам. Кун – йиғи, отнинг гирдидан айланиш ва мени авраб-алдаш билан ўтди. Отам уйга кечагидан кўра вақтлироқ қайтди. У дарвозадан кира солиб, отнинг ёнига келди.

– Емади! Ичмади! – деб бақириб йиғладим. Отдан кўра кўпроқ мени қўриқлаган онам, бувим югуриб уйдан чиқищди. Отам қўлимдан тутди.
– Йиғлама, ўғлим, тузалади, – деди у. – Тутилган. Эр¬тага Гумбазтепадан айлантирамиз, сен ҳам борасан.

Эрталаб Қоратойни етаклаб Гумбазтепадан айлантирдик Келтириб яна жойига боғладик Отам:
– Тузалса, шуни сенга бераман. Ўзинг минасан, – деди кўнглимни кўтаришга уриниб. Бу унинг биринчи илтифоти эди. Ишондим. Сўнг у отга қараб туришни мен ва уйдагиларга тайинлаб, чўлга кетди. Мен отнинг ёнида қолдим. Тушдан кейин Қоратой тўсатдан оёқларини чўзиб, бошини ерга қўйди. Бир неча бор бошини кўтаришга тиришдим – кўтаролмадим. Бувим қассобга югурди. Онам нима қиларини билмай, шошиб қолди.

Қоратойнинг кўзлари тобора нурсизланиб, чақнамай қўйди. Бувим бошлаб келган қассоб отни кўрди-ю:
– Ҳаром ўлибди, – деди.
Бувим уйга кириб кетди, қассоб орқасига қайтди. Уйдан онамнинг йиғиси эшитилди. Қотдим.

– Жим, гўдакмисан, ажали етса одам ўлади, – деган бувимнинг овозини эшитдим. Ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб, мени унутди. Бугун мен йиғлашим керак, Қоратой меники, у дунёдаги энг зўр от эди. Қоратой енгилди, енгилганига чидаёлмади – ўлди. Кўзимда ёш, уни синчиклаб кузатдим. Қоринбоғ қўлтиқости ва қорнига из солган, хамут елкасини қириб, ёлини қирққан…

Отни ипдан бўшатдим-у, гарангсиб алангладим. Кўзим устунга осилган хамут, қоринбоғ, юган ва пастдаги эгарга тушди. Ҳаммасини қўлгиқлаб кўчага отландим. Абзалларни йўлдан четроқда, шотиси тикайтириб қўйилган араванинг остига отдим-да, қайтиб уйга кирдим. Бувимдан бекитиб гугурт, болта ва банкада керосин олиб чиқдим…
– Қоратойни арава ўлдирган! Мана шу арава!

Аввал пахтахона қоровули югуриб чиқди, сўнг йўқ жойдан бир талай одам тўпланди. Улар гуриллаб ёнаёттан аравани ўчиришга уринишарди.
Мен қочиб уйга кирдим. Қоратойга кўзим тущди-ю, ўкириб йиғлаб юбордим. Унинг олдида ҳеч ким йўқ эди.

ЭРКИНЛИК

Чайла. Унда ака-ука Файзулла, Сайфулла ва кичкинтой яшайди. Қирқ қадам нарида – сийрак саксовуллар орасида сим тўр билан ўралган пастак қўра. Қўрада катта-кичик, ориқ-семиз бешта қорамол. Ёзда буларга олтинчи бўлиб етим, хўжайинларидан ўсмасак деб ном олган, қоқсуяк Қора бузоқ шерик бўлди. Уни туғишганларнинг тўнғичи, Файзулланинг уйидан келтиришди. “Оёғида юрсин, семирсин” деб, арқон боғлашмади. Кундузлари у темир қозиққа узун қантарилган бошқа молларга йўламай узоқларда ўтлар, “Янгиер”ни иккига бўлиб оққан ариқдан сув ичар ва якка ҳордиқ чиқарар эди. Кечалари эса истар-истамас қўра ёнида тунарди.

Янгиер қишлоқдан олтмиш чақирим юқорида – Жилвоннинг охири, Қизилқумнинг бошланиши. Аждодларимиз бу ерни Остона деб номлашган. Остонадан юқорига қадам боссангиз – Қизилқум.

Қора бузоқнинг улғайиши Остонада кечди.

У чўлга келганидан то сўнгги кунгача ҳам шерикларига, шериклари эса унга кўникиша олмади. У ювош, беғам, ташвишсиз авлодларидан қўрқарди. Уларнинг итоатгўй юраклари, тез семираёттан баданлари ва бўйинларидаги арқон қўрқинчли эди. У кўпинча қўрқинчни унутиш, вужудига сингдирмаслик учун тўрт оёғини ерга маҳкам тираб силкинарди. Назарида, унинг бутун танаси йўғон арқон билан маҳкам боғланган-у, силкинганда иплар чок-чокидан узилгандек, кўзлари чарақлаб очиларди. Енгил тортиб бутун танаси билан нафас олар – ҳаво уники эди. Остона уники эди. Шунда кўзига беихтиёр узоқ-узоқдан туман орасида кичкина сим тўрли қўра, боғлиқ ҳамжинслари, улар бўғилаётгандек – ҳаво етишмай танаси кичрайиб ола-чипор, қизил ранглари оқариб кўринар эди. Уларнинг фарёди ҳаводан эмас, ердан оловдек қиздириб оқар, туёқлари орқали бутун вужудига тарқалар, сўнг қулоғига бориб етарди. У йиқилмаслик учун яна силкинар, ҳавони қоқ иккига бўлиб югурар, то чарчагунча, фарёдлар, арқонлар, симтўрлар тер бўлиб баданидан оқмагунча тўхтамасди.

Ҳамжинслари буни сезишмасди. Уларга Қора бузоқнинг биринчи кундан кенгликка сиғмагани, улар билан бирга қўрада ётмагани ва кун сайин улардан узоқлашиб бораётгани ёқмасди.

У ҳар эрта авлодларидан бир соат олдин ўз оёғида юриб, оёғида тонгни қаршилар, ана шу бир соат – унинг улғайиши, ўзгариши, қўрадагилар ҳолини тушуниши учун етарли эди. Қозиққа маҳкам боғланган, хўжайинлари келишини ва қозиқни суғуриб, жойини тўрт-беш қадам узайтиришини кутиб ётган беғам шериклари эса уни тушунмасдилар.

Остонада ёлғиз яшаш оғир, мумкин эмас эди. Ҳар икки чўлнинг одам оёғи етиб, қувилган, озор чеккан жониворлари, кўпинча йиртқичлари тез-тез атрофда изғишар, улар Остонани чегарадек қўриқлашарди. Бўри, шоқоллар Остонадан қуйидаги одамларга, хонаки молларга зиён етказмас, улар юқорини қўриқлашар, юқори эса уларнинг ватани эди.

Юқорида, Қизилқумнинг овлоқ жойларида жониворларнинг турфа хили, ёввойи эчки, қўчқор, буқа, отгача яшар, кўпаяр, совуқда, жазирамада қирилар ва яна овланар ҳам эди. Йилда буларнинг тўдасига пода ва сурувлардан якка-ярим “қочоқ”лар қўшилар, улар тезда эл бўлиб бирлашардилар. Бепоён табиат – Қизилқум жониворларга ўз бағридан жой ажратган, улар йиллар оша шу жойларда бехатар, эркин яшаб насл қолдириб келарди.

Шy сабаб йиртқичлар Остонадан юқорига одам зотини осонликча, озорсизча ўтказмасди.

Қуйида ҳам молу жон, одам, от, сигир, чайла атрофида бир жуфт ит ҳам яшарди. Улар кундузи саксовул соясида ухлар, кечалари ака-укалар ва уларнинг молларига содиқ пойлоқчи.

Шунга қарамай, Остонада Қора бузоқ якка эди. Ҳар кун турли вақтда бир сор бургут Остонани пастлаб, вазмин айланар, буни ҳаммадаи олдин Қopa бузоқ кўрар эди. Нима қилсин, у доим безовта. Безовталиги сабаб, Остонага сиғмайди. Туғишганларига бегона. Назарида, тез кунда шериклари тилсиз – гунг, кар бўлиб қолади-ю, улар орқали тушунган, эшитган, кўрган дунёси номаълум, маъносиз, қоп-қора бир бўшлиққа айланади. Сўнгра уни ҳам ўз комига тортади.

Қочиш керак, қочиш керак, улардан узоқлашиш керак. Шундай ўй унинг уйқусини олди. Беҳаловат, айни пайтда ҳаловатли сергаклик, енгиллик вужудини қамради. Атрофга бефарқ бош кўтариб, тепада осмон борлигини кўрмаган шерикларига ишонмай қўйди. Шу кундан унинг суянчиғи безовталик, ишонгани ўзи бўлди.

У ана шу ҳис билан бургутни кўрди, таниди ва унинг бошқа қушлардан фарқини ҳам сезди. У қишлоқда ҳам қушларни кўп кўрган, ҳатто доим гўнг титиб, ўзини қуёшга тоблайдиган чумчуқ, майналарни ҳам биларди. Баъзида учмоқчи бўлиб, қанотларини бир-икки силкитиб яна тезда тумшуғини гўнгга суқадиган товуқларни ҳам биларди. Аммо, бургут бошқача. Ундан қўрқади, қўрқиб туриб ҳавас қилади. У ҳақда ўйлайди. Барибир ўйлари нотугал, чунки у осмонда – бургут, ўзи эса ер да – Қора бузоқ эди. Истаса, у ҳам яккаланмас, ёлғизланмас, қўрага кирса – тамом, ниятига эришади.

Ўша кунни – ниятни зор кутди. Кутди. Кўрдики, орадаги фарқ симтўр ва арқон, ҳали бунга чидаш мумкин эди. Ўзини, ҳамжинсларини тушуниб-тушунмаган бир дамда таъқиб, “қувла-қувла” бошландн. Чунки у семирган, чўзилган: Қора бузоқ эмас, буқача бўлиб қолганди. У энди хўжайинлариники, хўжайинларнинг мулки эди. Кўрар кўзга молга ўхшаб қолган, буни ўзи ҳам сезар, эт олиб, ялтираб турган териси кўзни қувнатарди. “Оёғида юрсин, семирсин”, ниҳоясига етди. Энди у арқонланиб, қозиққа ўрганиши, кейин етаклашга кўникиши шарт.

Азонда у ва шериклари уйқудалигида кичкинтой акаларидан буйруқ олди:
– Тутиб боғла. Кечаси қўрага қама!

Шубҳасиз, у бу сўзларни эшитмади. Кичкинтойнинг қўлида узун, пишиқ, ўт ранги урган арқонни кўрди-ю ундан узоқлашди. Ҳаво сиқа бошлади. Остона торайиб, чўлнинг ҳар бурчида тузоқ экилгандек бирдан нишлади, кўкариб чиқди. Ҳар қалай, унга шундай туюлди. Кўзи, мияси, танаси ва мақсади – ҳаммасини оёғига юклади-ю қочди. Тузоқларни босиб янчиб шамолдек учди.

Арқон тутган кичкинтой қўлида бир даста ўт билан орқада қолди. Қора бузоқ тўхтаб, ортига қараган эди: кичик хўжайиннинг “маҳ-маҳ” деган чорловчи овози эшитилди.
– Барибир тутаман! – деди кичкинтой. У эшитмади, лекин шу лаҳзадан вужудида кучли бир оғриқ, сезиб, жиддийлашди. Хўжайинлар билан ҳазиллашиб бўлмаслигини, улар ҳазилни ёмон кўришларини англади.

Кечқурун уни ака-укалар бирлашиб, эрмакка – чарчов чиқаришга қувлашди. Тутолмадилар.
– Шу ҳам ишми? – деди ўртанчаси.
– Бошқа кун йўқми? – деди кичкинтой.

Учовлашиб чайлага киришди. Тонггача Қора бузоқ унутилди.
Эртага уни яна тутолмадилар. Кечқурун тўпланишганда:
– Тариқпояга сув оч! – деди тўнғичи кичкинтойига. – Ер қонсин…

Бир кундан сўнг Қора бузоқни тариқпояга ҳайдаб келишди. Икки ака икки ён томонда турди. Кичкинтой бузоқни қочирмай лой ерга бошлади. Қора бузоқ хўжайинларига ҳуркиб қаради, секин тариқпояга қадам қўйди. Аста-секин юриб, ернинг ўртасида тўхтади. Тиззасигача лойга ботди. Ўраб кела бошлашди.
– Ботди! – деб қичқирди кичкинтой.

– Ушлаймиз! – деди ўртанчаси. Каттаси гапирмади. Қора бузоқ хўжайинларни кутди. Улар яқинлашгач, жойидан сакраб қўзғалди-ю, оёқлари лойга ботиб-ботиб олдинга интилди. Бўйнини чамалаб ташланган арқон думига тегиб, сирғалиб тушди, лойқага ботди. Қора бузоқ ўзини арқоннинг ортида – жуда ҳам узоқда ҳис қилди-ю, енгил тортди. Кутилмаганда жаҳд билан қочди.
Ака-укалар ернинг ўртасида сўкинганча қолавердилар.

– Эртага ишни баҳридан ўтамиз, – катта ака шундай деб, укаларидан уялганча ортига қайтди.

Эртагача сабрлари чидамади. Овқатланиб, ҳордиқ чиқаргач, қоронғида ётган жойида босиб олмоқчи бўлдилар.

Қора бузоқ узоққа кетмай, ўз жойида – шериклари ёнига келиб илк бор ҳаяжонда, қўрқувда ётарди. Бу кеча у ҳато қилганини тушунди. Энди унга сим тўр ортида ҳам жой йўқ, ҳамжинслари, хўжайинлар, ҳатто Остона ҳам бегона эди. Безовталаниб осмонга қаради. Негадир бургутни кўргиси келди. Осмон қоп-қоронғи эди. Ўрнидан турди. Эҳтиёткор қадам товушларини эшитди. Таниш овоз. Шерикларини безовталаб, ҳуркитиб яна қочди.

Итлар акиллади.

– Қоронғида юрамизми сапиллаб? Юринг-э, кетдик! – Ака-укаларига бирдек алам қилди, жаҳли чиқди. Лекин, бузоқни тутиш, бўйнига арқон боғлаш, ниятлари янада қатъийлашди.

Қора бузоқ тунда қўрадагилар ёнига қайтмади. Эрталаб ҳамжинслари қантарилмасидан анча олдин узоқда якка ўзи ўтлаб юрди. Олисдан ўзини бир эрта бўлса-да, эркин ҳис қилди. Шериклари эса қўрадан унга алам билан тикилар, ноаниқ бир безовталик уларнинг ҳам тинчини бузаёган эди…

– Теримчилар кетсин, от билан қувамиз, қочиб гўрга кетармиди? – шунга келишдилар.

Кичкинтой қоронғи тушмай отни эгарлади. Бузоқни тутишга катта акасидан рухсат сўради. Акаси унга ишонмай отнинг эгарини ечиб, қайтадан зич тортиб боғлади ва:
– Эгарга маҳкам ўтир, – деб уқтирди. – Халқани бўйнига илдир-у, карсонга ўра. Отни судролмайди.

У акасининг гапини маъқуллаб, отни Қора бузоқ томонга елдирди. Бузоқ уларни узоқдан кўрди-ю саксовуллар орасига бориб турди. Ихчам, кийик оёқ Қора бузоқ отга панд бериб, нафаси тиқилиб калта-калта югуриб, қоча бошлади. Кичкинтой завқ билан қувлар, ҳалқа ип кўпинча саксовул шодасига илиниб уринтирар эди.

Буни анча пайтдан бери кўриб, кузатиб ўтирган акалар мурод ҳосил бўлмаслигини тушунишди. Қора бузоқ айёрлик қилаётган эди. Уни ҳай-ҳайлашиб, саксовулзордан ялангликка чиқаришди. Кичкинтойнинг хомлигидан от терга ботди, бузоқ ҳолдан тойди.

Укаси тушиб, катта акаси отга минди. От истар-истамас, мажбуран чопар, Қора бузоқ бундан иложи борича фойдаланишга тиришарди. У қанча тез югурмасин, от зумда етиб олар, шунда бузоқ икки тиззаси билан ерга мук тушарди-ю, бошини ерга қўяр, арқон устидан сирғалиб ўтиб кетарди.

Ҳолдан тойгач, отнинг оёқлари остида йиқилмаслик учун тўғри ариқни мўлжалга олиб қочди. Энди уни ушлаш осон эди. От изма-из қувиб борди. Ариққа етганда бузоқ бирдан тўхтади, ҳатламоқчи бўлиб, икки оёғини кўтардию, тезлик билан ён томонга оғди, чўккалаб қолди. Буни кутмаган от ариқдан ҳатлади-ю пастликка, қамишзор ичига тушиб депсинди. Файзулла отнинг бўйнидан сирғалиб, тўрт-беш қадам олдинга йиқилди. От тез ўзини ўнглаб олди. Файзулла ўрнидан туролмай, тиззасини икки қўллаб маҳкам сиққанича қизариб буғиқ хохолади. Унинг тиззаси, ўнг кафти зирқираб оғримоқда эди. Сир бой бермай отга минди. Қоронғи тушиб қолган эди. Бузоққа қарамай отни чайла томонга бурди.

Эртасига кичкинтой акаларига янгилик топиб келди: “Даштга колхознинг Қорамоллари тушибди”. Буни эшитиб катгаси кулимсиради, унинг миясига ғалати бир фикр келган эди. Укаларига айтганда, уч оғайни гулдираб кулишди. Кичкинтойга иш, қизиғи эрмак топилганди. Бугуноқ молбоқарга учрашиб, уни қовун билан сийлади. Қайтишда Қора бузоққа тенг- қизил ғунажинни етаклаб келди. Уни саксовулга боғлаб олдига майса териб ташлади. Шомда қизиқ томоша бошланиши, муҳими – Қора бузоқ тутилиши керак эди. У бунга қизғин тайёргарлик кўрди: қизил ғунажинни калта бойлади, учи ҳалқаланган арқонни қайта кўздан кечирди. Шом тушишини кутди аммо қуёш ботмай, Қора бузоқни ғунажин ёнига чорлади.

Дастлаб, Қора бузоқ атрофга, кейин ғунажинга ишонқирамай қаради. Сўнг яқин келиб искади… Кичкинтой шошиб, уларга яқинлашди-ю ҳалқани отди. “Киёвтўра” – Қора бузоқ қочишга улгурди, арқон “келинчак” қизил ғунажиннинг шохига илинди.

Кулги кўтарилди. Кичкинтой қизариб буқачанинг кетидан бемақсад қувлаб кетди. Терлаб, ҳансираб чайлага қайтди. Акалари бир-бирини дуртиб, ҳиққиллаб кулишди. Улардан хафа бўлган кичкинтой қовоғини уйди.

– Хафа бўлма, у энди боғлиқ, узоққа кетолмайди, — деб далда берди катта акаси.
– Парво қилма, ушлаймиз, ғунажин омон бўлса бас! – дея билағонлик қилди ўртанчаси.

Кичкинтой акаларининг гапига ишонмади.

Иккинчи кун у ғунажинни искамай қўйди. Тун ярмидан оғиб, ҳамма ухлаганда буқача “келинчак” қизил ғунажин билан тиллашиб, ишини битирарди-да ва яна тезда ғойиб бўларди.
– Отаман! – катта ака қатъий қарорга келди.
– Куппа-кундузи-я, уят, – дея ўртанчаси қўшоғиз милтиқни акасинииг қўлидан олди.

– Нима, ўғринчи молми бу?
– Гапга қоламиз, ака. Таъна қилишади, ўз молини овлабди деб.

Кичкиитой гапга қўшилмади. Негадир у Қора бузоққа ачинаётган эди.

Улар ишга тарқалдилар. Шу кун Кора бузоқ ҳақида гап-сўз, таъқиб, “қув-қув” ҳам бўлмади. Лекин, Қора бузоқ ҳар галгидан ҳам зиётроқ қўрқди. Сукунат енгиб бўлмас, қочиб бўлмас симтўрга айланиб, тўрт томондан ўраб олганди. У қочишга жой тополмай вужудида қаттиқ оғриқ сезди. Шly куни у ўтламади. Эринчоқлик билан сув ичди-да, шерикларига яқин келиб, узала тушиб ётди. У ҳамжинсларини кузатиб ётар экан, улар билан гаплашгиси, уни тушунишларини истарди.

Боғлиқ шериклари қуртиллатиб, ўт чайнаб, Қора бузоқнинг биринчи марта яқинлашишидан чўчиб, хавфсираб, насибаларига шерик бўлишидан қизғанмоқда эдилар.
Қора бузоқ эса уларнинг ёнига ташлаб қўйилган ўт-хашакка эмас, ўзларига, кўзларига термулар, уларни биринчи бор кўраётган каби сира таниёлмас эди. Шу ҳолда уларга термилиб узоқ ётди. Негадир уларнинг кавш қайтаришларини кўриб қайт қилгиси келди. Кўзини юмди. Сўнг, ҳамжинслари билан гаплашмаслик кераклигини англади. Чунки улар гапиролмасдилар. Улар боғлиқликларини сезишмасди.

Тушда Файзулла укаларидан вақтлироқ чайлага қайтди. Чой қайнатди. Милтиқни ўқлаб чопонига ўради-да, қўрага яқинроқ янтоқ остига яшириб қайтди. Кечқурун овқатдан кейин моллардан хабар олиш баҳонасида ташқарига чиқди. Чўл сутдек ойдин эди. Яширган жойидан милтиқни олиб, қўрага яқинлашди. Молларни битта-битта санади. Бу унинг биринчи марта мол санаши эди. Қўра атрофида кўринмаётган Қора бузоқнинг йўқлигига ажабланмади. У ётган жойни ўзича чамалаб, ўн-ўн беш қадам юрди. Атрофга синчиклаб қаради. Шошилмади. Юрди. У жаҳл билан ҳазил ўртасидаги йўлдан борар, буни ўзи ҳам сезиб кулиб қўйди: “Ҳали ҳеч ким ўз молини отмаган. Қора бузоқ қул змаски, қочиб кетса. У меники”. Файзулла шундай ўйлаб бузоқни ҳали ҳам шериклари ёнига қайтмаганига ажабланди.

Бузоқча ростдан ҳам ётоққа қайтмаган, беш юз кадам парида – Остонада иккиланиб, омонат тунаган эди. У қадам товушларини анча олисдан сезди. Сергакланиб ўша томонга қаради. Хавотирланди. Қўрқди. Ортиқ кутмай ариқдан сакради-да, пастликка, Қизилқум пойига тушиб кетди.

Файзулла шатир-шутур овоздан унинг яна қочганини сезди. Таққа тўхтаб милтиқни тахминан отди. Ўқ тегмаслигини у олдиндан билган эди. Ортига қайтди.

Қора бузоққа аталган ўқ отилган эди. Буқача Остонадан қочаётиб буни ўз қулоқлари билан эшитди…
Тонг отар-отмас қўрадаги моллар тинмай “мо-мо”лашга тушди. Кейин итлар акиллади. Уни биринчи бўлиб шериклари сотишга ошиқди. Безовта товушлар хўжайинларни одатдагидан вақтлироқ уйғотди. Улар чала-ярим кийиниб, кичкинтой эса майкачан ташқарига отилдилар. Итлар ҳамон акиллар, қўра ёнидан айланишар, иккинчиси ариққача бориб яна қайтарди.

Улар молларни кўришди. Хотиржамлик, ҳаммаси соғ. Итлар, от жойида.

– Ман итни орқасидан ариққача борай-чи? – дея каттаси кетди. Улар акасининг кетидан боришди. Ариққа етганда тўхташди. Қора бузоқ йўқ эди. Ҳаммалари ариқ бўйида, бузоқнинг омонат ётган жойига ҳайрон бўлиб, тикилиб қолдилар.

– Бузоқ, йўқ-ку, ака? – кичкинтой акаларига аллақачон маълум бўлган гапни такрорлади.
– Қочган, – хотиржам жавоб қайтаришди улар.
– Йўғ-е! Қидирамиз, қаёққа қочади, ҳаммаёқ чўл бўлса?

Акаси қўли билан Остонадан юқорини, Қизилқумни кўрсатди. Кичкинтой ҳеч нимани тушунмай ўша томонга қаради.
– Ёввойи тўдага қўшилади. Кимдир отади барибир? – Файзулла афсусланиб бош чайқади. – Ўзимиз отолмадик…

Хўжайинлар шу гапни айтиб турганда, Қора бузоқ отилишни, таъқибни хаёлига ҳам келтирмай, ўзининг узоқ аждодларига яқинлашиб борар эди.
– Кетдик, – улар бўшашиб ортга қайтар экан:
– Оёғида юрсин, семирсин, деган сийлов сеникимиди? – деди тўсатдан ўртанчаси.
– Мол сийловни билармиди, биринчи кунданоқ бўйнига арқон боғлаб қантариш керак эди.

Улар жимгина хижолатли қадам босиб юра бошлаганда, Кичкинтой акаларини таажубга солиб ортга қайтди. У ҳамон иккиланар, ишонмас эди. Хаёл билан, беихтиёр қумда бузоқнинг суратини чизди. Сўнгра пошнаси билан атрофини катакка олди – “қамаб” қўйди.

Қўрадаги моллар “мо-мо”лашга тушди. Қуёш чиқиб елкаларини қиздира бошлади. Шунда у эрталабки бирдан-бир юмуши молларнинг бўйнига арқон боғлаб, серўт жойга қантариш кераклигини эслади. Истар-истамас қадам қўйди.

Моллар яна маъради. Улар кичкинтойга биринчи марта “кеч қолдинг” деб норозилик эълон қилишаётган эди. У шошилмади.

Кечга томон шамол эсди. Кичкинтой Қора бузоқни қўмсаб, ариқ бўйига борди. Шамол унинг ердаги тасвирини қумдевор ясаб ўраган, ҳар жой-ҳар жойда тўлқинли Қизилқум бостириб кирган эди.

ИЙМОН МИНОРАСИ

Заргар Тўрахўжа ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолди, икки кундан буён ўғли Қодирхўжадан дарак йўқ. Ётиб-туриб ўйласа-да, ўтган талотўпга ақли лол, бу хил жангу жадал, осмондан ажал ёққанини ҳеч тасаввурига сиғдиролмасди. Худонинг юборган балоси, офат десангиз – қирғинни ҳукмдор Олимхоннинг душманлари бошлаб келди. Ҳа, шу тупроқда униб-ўсган Бухоронинг тагли-тугли аслзода йигитларидан бўлмиш бир гуруҳ илмпарвар ақлирасоларнинг билиб-билмай босган қадамлари шаҳарни қонга ботирди, хароб қилди. Чол таланган мол-дунёсига ачинмади, очиқдан-очиқ зўравонлик, ёнғин юрагини ўртади. На чора, келган бало бир унингмас, бутун Бухорони ёндирди. Шу топда ягона илинжи ўғли оиласини ишончли, тайинли жойга омонат қолдириб, Бухорога эсон-омон қайтсин.

Қўшнилардан ҳол сўрашнинг имкони йўқ, икки кундирки, босқинчи тўдани айтмаганда, на бировдан хабар олди, на биров “Ҳолинг нечук?”, деб келмади. Бу қандай жазоки, ҳафта ичида бутун бошли маҳаллалар, аҳил жамоа, қавм бир-бирига ёт – бегона. Асл ким, ноасл ким билмайсан, худо берган жон омонат, ҳалол мулкинг болшавой деган қароқчилар оёғи остида хор.

Чол бўғилиб ҳовлига чикди, ҳаво етишмай ҳансираб нафас олди. Супа ўртасидаги цинган ҳассасига кўзи тушиб хўрлиги келди. Талончи гуруҳга тайинли қаршилик кўрсатмаса-да, борига қаноат қилмаган шайтонлар “Кўмган тиллангни топиб бер» деб савалашди. У мажҳул бир тарзда тураркан, Оллоҳдан юпанч истагандек осмонга қаради, кўзлари тиниб ҳеч нарсани кўрмади. Шу ҳолда бироз тургач дарвозага кўзи тушди: “Ў, баччағарлар, – деди у, – оларини олиб яна дарвозани ёпиб кетишибди-я, қизил аскар дегани ишни пухта қиларкан…”

Чол дарвозани ланг очиб қўяркан, “Таланган уйнинг нимасини бекитай, барибир, ҳаммасига Оллоҳ шоҳидку”, дея ўйлади. Хаёл билан секин кўчага чиқди-ю бехос тўхтади, юрагини ваҳм босиб ортига қайтди. Бухоро Бухорога ўхшамасди…

Шаҳар тепасида аччиқ тутун, чанг қотиб қолганди. Кеча-кундуз давом этган отишма, ёнғин, бомба ёғдиришдан сўнг Бухоро асл қиёфасини йўқотди. Ерданми, кўкданми гўё жаҳаннам даҳшатини намоён этган бир бало Бухорога жазо ёғдирди: юз йиллар аввал қад кўтарган Катта минора ярадор, мадрасаларнинг тоқи тешик, азиз авлиёлар қабри ерпарчин, Амир Сайид Олимхон хазинаси ўлжа, шаҳар аҳли саросима ва даҳшат ичра чорасиз…

Шунга қарамай Амир лашкарлари тўрт кеча-кундуз душманга қарши курашди. Талофот ва харобаликлар ҳаддан ортиб, шаҳар фуқаролари жон сақлаш умидида мол-дунёсини ташлаганича турли томонга қочишди.

Сайид Олимхоннинг ички ва ташқи ҳарб қувватидан хабардор Фрунзе кетма-кет ҳамлалар уюштириб Бухорони ололмагач, Чоржўйга Полша фронтидан чақириб, ҳозирлаб қўйилган махсус самолётлар дастасини жангга киритишга буйруқ берди. Бутун кун бўйи – эрта тонгдан то кеч кўз кўргунча шаҳар бомба остида қолди. Амир Олимхоннинг Бухорони ташлаб чиқишдан бошқа иложи қолмади. Минг тзқққиз юз йигирманчи йил чоршанба – жангнинг тўртинчи куни Олимхон шоҳлик боғи саналмиш Ситорайи Моҳи Хоссадан чиқиб Ғиждувон туманига йўл олди. Шу кундан бошлаб манғитлар сулоласининг еттинчи ва охирги амири Олимхонниниг қадами Бухоройи Шарифдан буткул узилди…

Ҳукмдорсиз Бухоро ёт қўллар остида қўрқинчли тус олиб, ҳувиллаб қолди. Эгасиз уйлар, соҳибсиз дўконларнинг эшиги очиқ ётар, мол-мулк таланган, сочилган… Кундуз кўчаларда одам сийрак, барча фуқаро — ҳунар аҳлидан гадоларгача бекиниб олиб, такдирдан паноҳ излар, ўтган довул таъсирида гуё қўл-оёғидан, ҳушидан ажрагандек карахт эди.

Аввалига Бухоронинг ҳар бир ғишти қизил аскарларнинг кўзига антиқа ўлжа бўлиб кўринди. Амир хазинаси – сийму зар, мисдан ясалган идишлар, ипак матоҳлар, кумушу марварид, олтинларни вагонларга ташийвериб, ниҳоят, уларнинг бир муддат кўзи тўйгандек, унча-бунча нарсани назар-писанд қилмай қўйишди.

Фрунзе буйруғига кўра зудлик билан махсус гуруҳ тузилди. Казаклардан иборат сараланган аскарлар “инқилоб”нинг тўртинчи куни Бухоро хонадонларидан тилло йиғиш мавсумини бошлаб бердилар. Эшикларини танбалаб, Оллоҳдан иноят кутиб ётган қариялар, иложсиз бандалар, Бухорога қаттиқ боғланган фуқаролар ҳар бир дамни таҳликада ўтказишар, молу жон қароқчилари тунда хонадонларга бостириб киришар, уй эгаларини қийнаб-қақшатиб тилла талаб қилишарди. Шаҳарда бу зулмкор тўданинг олдини тўсадиган мард топилмади.

Маҳаллалар аҳли ҳар эрта юзи тимдаланган, сочи юлинган, боши боғлиқ қўни-қўшнисига кўзи тушиб, сирдан огоҳ булар, ҳеч ким бир-бирига чурқ этмай навбат кутар, эртага исталган вақтда ўлпон йиғувчи Фрунзе жаллодлари уйига бостириб киришидан хавотирда, юрак ҳовучлаб чора излашарди. Чора эса топилмас, зулмнинг эшиги очилган, еб тўймас, талаб тўймас тиллохўрларнинг тўйдими йўқ эди.

Амир кетганининг эртаси тунда Заргар маҳаллалик ўн беш хонадонни тонг отгунча қийнашди. Оиласини Бухоро атрофидаги қишлоқлардан бирига яшириб қайтган Қодирхўжа қайсар отасидан хабар олгани уйига кирди. Чол ўлсам, ўлигим ҳовлимдан чиқсин, мол-дунё деб Бухородан кечмайман, менинг қочадиган гуноҳим йўқ, деб ҳовлида ёлғиз қолган эди. Эрталаб ўғли кириб келганида у оппоқ сурп кўйлак-иштонда супа ўртасида бош яланг, цинган ҳассасини бағрига босганича ҳайкалдек қотиб, савдойи янглиғ турарди. Ғишт ётқизилган кенг супа ковлаб ташланган, хоналар ағдар-тўнтар эди.

Ота-ўғил иккиси бир-бирига тикилиб қолишди, кўзлар дардлашди – ҳол айтди, ҳол сўради:
“Отажон, олиб кетай, қишлоққа яширай, дедим, кўнмадингиз, ахир бу не кўргулик?”

“Ўғлим, сенга айтдимку, менинг яширинадиган, қочадиган гуноҳим йўқ. Топган мол-мулким ҳалол, ўзимники… Барига чидайман, бошимга не тушса, Оллоҳдан деб биламан. Лекин сендан бир сўроғим бор. Сенлар ишонган, юртни бузиб, юрт тузаман деганлар қани бугун? Нега улар жим? Юртим, диним, амирим деб жангга кирган лашкарларнииг хуни каммиди, нечун улар жонсиз минорани тўпга тутдилар, Бухоро дарвозаларини ёндирдилар. Дарвозалар ёнмади, менинг жоним ёнди, масжидлар қуламади, мен қуладим. Отанг молига эмас, жонига куяди, ўғлим, Қодирхўжа?!” – чолнинг кўзларидан ёш думалади.

“Отажон, не қил дейсиз?! Шу топда қўлимдан келадигани қочиш, йўқса, розилик беринг, Амир қўриқчиларига етиб олай, ул зоти олий хизматини қисмат деб билай… Юрт бузиб, юрт сўрайдиганларга ўғлингиз Қодирхўжа ишонмаган, уларнинг хизматидан ҳазар қилганман, аммо бошимда бир улкан гуноҳ бордирки, ҳар қанча ювсада кетмайди…”

“Биламан ўғлим, биламан, Сиз четда турдингиз, қон-қардош биродарингиз Файзуллага қарши чиқмадингиз, Амирни ҳам ёқламадингиз – шундай эмасми? Билиб қўйинг, ўзини таниган, ҳурмат қилган одам учун ўртада туриш қийин. Энди қисматингиз оғир кечади.

Сизлар доим “Жабр-зулм кўкка етди”, деб сўзлашни хуш кўрардинглар. Эндичи, қўни-қўшни, хешу таборнинг ҳолидан хабар олинг, ўз кўзингиз билан кўринг уларни, шоядки ҳақиқий зулм нималигини англасангиз. Шуни унутмангки, бизларнинг худодан бўлак сиғинадиган, Бухородан бўлак топинадиган жойимиз йўқ!”

Қодирхўжа аста бориб отасини озорсиз бағрига босди. Кетма-кет зарбаларга худди Катта минорадек қаддини тутиб берган бу чол Заргар маҳалланинг давлатли, диёнатли, обрўли оқсоқоли ҳисобланар, у яккаю ягона ўғли Қодирхўжа билан фахрланар эди. Тўрахўжанинг асли касби заргарлик, сўнгроқ савдо билан шуғулланди. Ўғли Қодирхўжа саводли, мадраса кўрган йигит. У яқин беш-олти йилдирки, отасининг ёрдамчиси, қариядан буткул ҳисоб-китобу иш юритишни қабул қилиб олган тадбиркор савдогар.

Бухоронинг ҳур фикрли жадидлари, савдо аҳли, айниқса, атроф туманлардаги ўзига тўқ хонадонлардан кўплаб яқинлар орттирган мулоҳазакор Қодирхўжа ҳар қанча ўйламасин, қизил қўшиннинг истилосини англаёлмасди. Нечун бу тартиб вайрон этиш, ёндириш, шафқатсиз қириш, талаш… Йўқ, инқилоб дегани бу тахлит бўлмас, зўравонлик бу, босқинчилик! Юртпарвар миллат кишилари нечун бу қирғин-баротга йўл қўйдилар, нега халқнинг бор-йўғи билан ҳисоблашмай ўлпон йиғадилар?

Қодирхўжа отасининг қўлтиғидан суяб айвон зинасига етаклади. Чол бир зина босиб-босмай тўхтади:
– Миллат қайғусида Бухорога қўшин чорлаган биродарларингиз қайда, нечун индамайсиз, ўғлим?

Қодирхўжа тушунди, отаси “Ёш бухороликлар”га шаъма қиляпти. Дарвоқе, нечун дўсти Файзулла бунинг каби талонга бепарво, жимгина кузатиб турибди. Шаҳарни кофирга тўлдириб, ўзи қаёққа ғойиб бўлди?
– Отажон, ўзингизга маълум, уч кундирки оиламиз ташвиши билан бандман. Бухоро эгасиз қолди. Эгасиз юртни талашар экан. Боши берк – чорасиз кўчага кириб қолдик, кимга ишонишни билмайсан киши.

– Ўзингизга ишонинг, Қодирхўжа, юртнинг эгаси бор, бугундир, эртадир бузғунчилар, юрт талашганлар жазосини топади, ўзи бошлаб келган яроғ бошини ейди. Юрт босиб барака топиш мумкиндир, аммо шуни билингки, юрт сотиб барака топмайсиз. Молданку кечдингиз, энди жондан кечиб бўлса-да, биродарингиз Файзуллага учранг, сизга айтган омонат сўзимни унга етказинг. Қўлидан келса итларини боғласин, халққа жабр бўлди, хў-ўб жабр бўлди, талагани етар, ҳаққи қолмади! Ўз қавмига озор етказган барака топмайди, – чол зинага ҳорғин чўкар экан, Қодирхўжа англадики, отасининг унга айтадиган сўзи тугади. Умр бўйи зар йиққан, тилло йиққан одам нечун бугун йўқотган мол-дунёсига ачинмайди, юрт дейди, қавм дейди, қадди тик, юрагида ғалаён…

Қодирхўжа остона ҳатлаб кўчага отиларкан, ушбу мулоҳаза юрагини ўтдек куйдирди.

Файзуллага ҳавасманд ўсган Қодирхўжа дастлаб ислоҳотталаб “Ёш бухороликлар”га хайрихоҳ, сўнгра фирқанинг Бухорода ислоҳот ўтказиш лойиҳаси билан танишиб, лойиҳанинг ер-сув, ҳарб ва молия ишлари, маориф ва нозирлар кенгаши каби бўлимларини маъқуллаган, бу ҳақида дўсти Файзуллага ҳам билдирган эди.

У шаҳарнинг харобага айланган кўчаларидан ўтиб бораркан, шундай ўйларди: “Яқингача Файзуллани менингдек дўстлари кўп эди, бирин-кетин тарқаб кетдик, ажрашдик, у эса аҳдидан қайтмади. Нечун мен инқилобчи бўлмадим, худо асрадими, журъатим етмадими ё унингдек замондан ўзиб яшолмадимми?” – Қодирхўжа шундай ўйларкан, барча нияту маслакларининг чилпарчин синиши – тескари аксидан ўзига келолмасди.

Катта минора ва масжид атрофидан узоқ айланиб юрди. Қорайган ғишт, тупроқ уюмлари қабристонни ёдга солади. Ҳафта олдин шаҳарнинг энг обод, файзли манзили ҳисобланмиш бу азиз жойларда беш-олтитадан бўлиб қизил аскарлар турар, улар харобаларни қўриқлашаётгандек теваракни зийрак кузатишар, ярадор минорага ҳеч кимни яқинлаштирмас эдилар.

“Қай бир гуноҳинг учун бағрингни тўпга тутдилар эй, бобо минор?! – Қодирхўжанинг бағри хун бўлди, кўзлари ёшга тўлди, ютинди, аммо киприк қоқмади. – Кучга тўлган, дўст-душманнинг фарқига борган эркак йиғламайди, йўқ, зинҳор йиғламайди. Ўзингни тут Қодирхўжа, чақирилмаган меҳмонлар ёнида паст кетма, уларга айтадиган сўзинг бўлса, йиғламай, қўрқмай айт, токи улар сени шу тупроқнинг фарзанди, эгаси эканлигингни билишсин! Бир ўқ билан, ўн ўқ билан қуламаган минорадан уял, у сендан мадад эмас, номус кутади… Қани энди Файзуллани тезроқ тополсам, ахир у мендан, Амирдан-да Бухорони ортиқ севарди, ҳаммамиздан ортиқ севарди. Амирга тахт мерос бўлса, бизга Ватан, Бухоро меросмасмиди?..»

Муштларини тугиб, аскарларга яқинлашаркан, қулоғига бегона – русча сўзлар чалинди:
– Стой!
– Куда ты, сарт?

– По моему он бай!
– Амирнинг қариндошимикан, отамиз! – аскарлар бирин-кетин гирдини ўраб олишди. Қодирхўжа ўртада тўхтаб қолди.

“Отамиз”, дедими? – у бир хил кийинган аскарларга разм соларкан, ўзбекча сўзлаган ёшгина йигитга тикилиб қолди. Бехос отасининг: “Ўғлим, менинг қочадиган гуноҳим юқ”, – деган сўзларини эслади. У отишга ишқибоз аскарга яқинроқ бориб:

– Қочмаганни, қўрқмаганни отасизми, йигит?! – деди киноя билан. – Қўйингчи, биродар, ўзлари ким бўладилар, сарполар қуллуқ бўлсин, хўп ярашибди! Сизга яроғ тутганлар адашмабди, баракалла, отинг мени, нега қараб турибсиз, камлик қилса, ана, Минорайи калонни отинг, қулатинг, нега қараб турибсизлар?!

Аскар бола қилт этмай:
– Мен қизил аскарман, инқилоб қўриқчиси, ўзингиз кимсиз, ҳужжат?! – деди жиддий.
– Ҳужжат сизда бўлади, қизил йигит, мен бухороликман, бухоролик Қодирхўжа! Мени каттангизга бошланг, айтадиган гапим бор.
– Каттамиз штабда, ўртоқ Фрунзе ниҳоятда банд, у сизни қабул қилмайди, гапингиз бўлса, марҳамат, ўртоқ комиссарга айтинг, – деди у чеккарокда нописанд қараб турган малласоч кишини кўрсатиб.

“Ё раб, отам башоратчи экан, “Энди қисматингиз оғир кечади, ўғлим”, деб ҳозиргина айтмаганмидилар? Ноҳотки энди гапирадиган сўзимга, босадиган қадамимга шулардан ижозат сўрасам? Бухоронинг қўлдан кетгани ростга ўхшайди. Ё, Амири аъзам, қадрингизга етмабмизку, биз ғофил бандаларни шайтон йўлдан оздирмиш, мана оқибат, мана инқилоб!”

Бу орада аскар йигит комиссарнинг сўзларини Қодирхўжага етказишга шошилди:
– Ўзингизни таништиринг, ўртоқ гражданин, тақиқланган зонага не мақсадда кирдингиз?
– Боя айтдимку, нега англамайсиз, бухоролик Қодирхўжаман, дўстим Файзуллада ишим бор. Учрашмоқчиман.

Аскар унинг сўзини комиссарга етказди. Комиссар чирт этиб ерга туфураркан, нималардир деди, асабийлашди. Сўнг қизил аскар бошлиғининг сўзини шундай етказди:
– Ўртоқ комиссар сизга ишонмайди, у дейдики, дуч келган бухоролик ўзини Файзулла Хўжаевга дўст деб таништиради, бўлмаган гап бу. Сизлар уни ёмон кўрасиз, сиз феодаллардан уни ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиз. Хўжаев Бухоро инқилобининг калити, у бизга керак. Тушундингизми? Энди биз билан юрасиз, шахсингизни аниқлаш лозим.

– Чиғириқдан ўтасан денг, менга ишонмайсизми, тўғри қиласиз, бегона юртнинг шоҳи гадоси-да бир, ишонманглар, ишонманглар менга!
– Гражданин Қодирхўжа, нега ундай дейсиз, Бухоро бизники, биз уни озод қилдик, ёт қўллардан, манфур амирдан озод этдик, яшасин Инқилоб! Ёки сиз бизга қаршимисиз, хато қиласиз, сизнинг ўрнингизда мен бўлганимда мана бу, эски тузум сарқити – амирнинг сояси ажал минораси ҳисобланмиш баландликка чиқиб “Яшасин инқилоб!”, деб жар солардим.

– Э, шундай денг, ажал минораси деб номладингларми, йўқ, иймон минораси бу, сизлар келгунча минорада сўфи азон айтган, барча мўмин-мусулмонни эътиқодга бошлаган, – унинг сўзига ҳеч ким эътибор бермади.

Ўзига ярашиқли кийим кийган Қодирхўжани ўртага олиб кетишаркан, ёнидаги малласоч аскар чўнтагига қўл суқди:
– Тилла бар? Золото, золото?

*  *  *

…Фрунзе аскарларининг муваққат штаби Амир Олимхон Аркига жойлашгач, инқилоб учун хавфли саналган ҳар бир кишининг тақдири шу жойда ҳал этила бошланди. Гумондорлар гуруҳларга бўлиниб, ҳукмдорга яқинлар Амир хонадони билан юзлаштириш учун тутқунликда сақланарди. Асосий штаб эса Когон темир йўли станциясида. Қизил аскарлар Қодирхўжани Аркка судрашган пайтда Файзулла шаҳардан четда – Когонда ўзи учун ажратилган вагонда ёлғиз эди. Фрунзе унинг Бухорода туришини маъқул топмади, суиқасд уюштиришларини рўкач қилиб, вақтинчалик махсус вагонда яшашини маслаҳат (аслида буйруқ) берди. Фрунзе ушбу тадбири билан икки вазифани адо этди: биринчиси, Хўжаевнинг четда туриши шаҳарда ўз истагича тинтув ўтказиш, хоҳлаган одамни қаршиликсиз қамаш, отиш – ҳар бурчида хазина яширилган Бухоро бойликларини рухсатсиз йиғиш имконини берди; иккинчиси, инқилоб курашчисининг ҳаётини кафилликка олиб, қизил армиянинг садоқатини намойиш этди.

Хар икки тадбирни манфаат асослар, манфаат оқлар, шу боис қаршиликка ўрин йўқ эди.

Кеча-кундуз қўриқланаётган вагонларда тинимсиз тилла юкланар, арава, фойтунлар узлуксиз қимматбаҳо буюмлар ташир, инқилобнинг дастлабки ҳосилини Бухородан Когонга завқ-шавқ билан йиғишарди.

Файзулла Хўжаев илк кунларданоқ, савдогар отасидан мерос қолган жамики бойлигини инқилоб ғалабаси учун ихтиёрий топширди. Айтиш мумкинки, бу борада у шахсий намуна кўрсатди. Унингча, эътиқод синовининг бундан бўлак ишончли усули йўқ эди. Узоқ муддат Бухоронинг мустақил, ривожланган тенглик ва адолатли қонунлар устиворлиги асосида қурилган давлат бўлиши учун курашган экан, бундай улуғ мақсад учун наинки шахсий мулк – бойлик, жондан кечишга ҳам тайёр эди у.

Инқилоб қурбонсиз бўлмас! – бу шиор даврнинг нафаси, жамики йўқотилган, бой берилган бойлик, ҳатто тўкилган қон ўрнини босишга арзирли таскинбахш мезон эди. У ҳар бир қадамини шу мезон билан ўлчар, иккиланмасди.

Қарши дарвозаси портлатилди. Катта минора тўпга тутилди. Арк ярим вайронага айланди, масжидлар устига бомба ёғди, самолёт нелигин кўрмаган, билмаган Бухоро аҳли қурбон бўлди, қирилди. Ҳаммасига гувоҳ: шафқатсиз режанинг иштирокчиси у. “Ғафлат босган Олимхон Бухоро тақдирини ўйлаганида, аввало, ҳарб қувватини оширмасмиди, ўзганинг ҳимоясига ишонган подшоҳ қандай қилиб ўз юртида эркин бўлсин, бугун бўлмаса эртага, у албатта, Бухорони топширмасмиди?”

Ёлғизликда ўтаётган ҳар лаҳза Файзуллага тинчлик бермас, ўзича турли сабаблар топарди: “Агар у бизнинг ислоҳотларни қабул қилиб, амалга оширганида, бугун Бухоро таланмасди, аммо у қўркди, ўзидан қўрқди, тахтдан қўрқди. Олимхон узоқни кўролмади, ўзига ишонди, пилта милтиқ билан қуролланган қари лашкарларига ишонди. Тақдир мен тараф бўлиб, рус қуроли билан уни енгган эканман, қисматдан тонмайман! Отадан давлат қолади, мол қолади. Лекин унга мамлакат қолди, Бухоро қолди, у шунга лойиқмиди? Олимхон Бухорони бошқаролмади…”

Бухоро таланар, Бухоро ёнар, у эса ўз-ўзи билан хаёл талашар, ўтган воқеалар бўлак имкон бермасди. Минг тўққиз юз ўн саккизинчи йилги Колесов жангидан сўнг унинг энг катта имкони жим туриш эди. Бир марта ишончни йўқотган маҳаллий инқилобчи иккинчи бор қизил армиянинг мададидан умидини узиши керак. Лекин унга ишонишди. Файзулла бўлгани учун, керак бўлгани учун ишонишди…
У шундай ўйласа-да, сўнгги икки-уч кунлик воқеалар силсиласи, бир-ярим ёнига келиб кетаётган яқинлари, маслакдошлар, қариндошларининг очиқ-ойдин норозиликлари бир дақиқа бўлсин тинчлик бермасди. Рост, қизилларнинг мадади қимматга тушди, лекии на чора, энди ортга йўл йўқ, кўприклар синди.

Ниҳоят, вагон пардасини суриб атрофни кузатди: аскарлар терлаб-пишиб аҳду жаҳд билан елкасига қоп ташир, бирин-кетин тўлган вагонлар эшиги танбаланиб, соқчилар сони ортиб борарди. “Агар шу билан қутулсам, шу билан уларнинг қадами Бухородан узилса, – дея ўйларди у, – билингки, Бухоро ўзининг иккинчи умрини бошлайди, биз янги, мустақил давлатнинг пойдеворига ғишт қўйган бўламиз…» Аммо бунга ҳали эрта, ўй-хаёллари тор вагонда, аскар қўриқчилигида, Бухородан четда кечаётган орзу эканлигини билмасди. Бухоро воқеалари шу қадар шиддат билан кечдики, энди у темир гўшасида тинч туролмас, шошилинч режалар тузар, ён дафтарига қайдлар ёзар, кимлар биландир хаёлан баҳслашар, вазифалар тақсимлар, хуллас, вақт унга, у вақтга тинчлик бермасди.

Нохос эшик тақиллаб, соқчи кўринди:
– Сизни сўраб келишди.
– Ким!
– Дўсти Қодирхўжаман, дейди, рухсатномаси бор.
– Кирсин.

Қодирхўжа вагонга кирганида Файзулла ярим сурилган парда ёнида туриб, бир маҳаллада улғайган болаликдаги ўртоғи ҳақида ўйларди: “Келгани яхши бўлди, у мени тушунади, ўтган гиналарни унутамиз, энди бизни иш бирлаштирсин, Бухоро бирлаштирсин”.

Дўсти Қодирхўжа Файзулла кутганчалик қучоқ очмади, ҳаяжонланмади, бегона, бутунлай ёт бир кишига кўзи тушгандек ажабланиб қараб турди. Бир дақиқалик оғир сукунат Файзулланинг юрагига тошдек қадалди. “Нега мени тушунишмайди, нечун менга бундай қарайдилар, ҳамманинг қўли менинг ёқамда, ахир менга ҳам суянчиқ керак, қани ўша мард, атрофимда устоз Фитратдан бошқа ҳеч ким қолмади!”

Жимликии Файзулла бузди:
– Дўстим, тоқатинг етса, яна бир дам жим тур, гапирма. Мен бир ойдинлик тилайман, кўнглим эса кун сайин қора, қоп-қора: кучинг етса, менга қўлингни узат, мадад бер, қадамим ёруғликка етсин, у ёғини ўзимга қўй, албатта қаддимни тиклайман!

Қодирхўжа ҳамон жим, ўша совуққонлик ила қараб тураверди.
“Бир дунё кек билан келган, яхши ҳамки қуроли юқ…”

– Сен бошқа юртнинг одамисан, – сокин тилга кирди Қодирхўжа, – танимайман сени, ёлғонми? Атрофингда соқчилар, ортингда юк тўла вагонлар! Сен мен учун гуё Бухорога келгансану савдонгни пишитиб, яна тўлиб-тошиб юртингга кетаётгандексан! Қаёққа жўнатаяпсан бу олтинларни?! Бухорога қасдинг бормиди?! Яна қўл чўз дейсан, мадад бер дейсан, сен шайтонга қўл узатдинг, сенга шайтон мадад берсин! Отангдан, мол-давлатингдан, ҳаммамиздан кечиб топган тахтингга тупурдим! Нима қилиб турибсан бу ерда бекиниб, олиб чиқ темир тахтингни, Аркка ўрнат! Олимхон кетди, энди у йўқ!

– Бухорога қасдинг бормиди! – Файзулла Қодирхўжанинг сўзини такрорлади. – Кеча амаким ҳам худди шу гапни айтди. Азобку бу даъвони эшитиш, тушунтириш азоб, чидаш азоб. Мен сенларнинг қай биринг билан айтиб-эшитай! Шу кунгача ёлғиз эдим, наҳотки, яна ёлғизлик қисматим бўлса? Бунақада мен ким билан Давлат қураман?! Йўқ, сенлар гинани биласан, хатони кўрасан, аммо суянчиқ бўлолмайсанлар!

– Гапирма, сенга суянчиқ бўлишдан худо асрасин! Юртини кофирга топширган одамни мен тушунмайман!
– Менинг ўз режам, мақсадим бор. Сенлар юртни эмас, ўз молинг, жонингни ўйлайсан! Бугун бўлмаса эртага мени халқ тушунади. Олимхондан қутулганига шукур қилади, кўзи очилади…

– Олимхонни сен қанчалик билсанг, мен ҳам уни шунчалик билардим. Мен тахт ҳавасидан узоқда эдим. Тинчгина оилам, касб-корим, юрагимда шукронам бор эди – ҳаммасини тўзитдинг! Кошки тўзғиган бир мен бўлсам? Айт! Даъвога арзимайдими булар?! Жавоб берасан, ҳаммасига жавоб берасан, юртнинг даъвоси елкангда турибди, кўзларинг кўр сенинг – кўрмайсан, қулоқларинг кар сенинг – эшитмайсан!

Мутелик, бўшанглик Файзулланинг табиатига ёт эди. Мақсадга эришишнинг қонли йўли, вайронагарчилик, кўплаб яқинларидан ажралиш уни янада теранроқ ўйлашга, Бухоро билан боғлиқ ҳар бир катта-кичик воқеани қайта-қайта тафаккур мезонидан ўтказишга мажбур қиларди. Шафқатсиз вақт ҳафта ичида ўз ҳукмини ўқиган, шикоятга ўрин йўқ эди. Энди буёғига пухтароқ режалар тузиш, ён бериш, пинҳона курашишдан ўзга чора йўқ. Алдандим, десинми, хато қилдим, десинми, узр сўрасинми – бундан не фойда? Мақсади аниқ экан, қайтмайди, қайсар тақдир унга ён босмагунча курашаверади.

– Чўнтагимдаги сўнгги ақчамни ҳам тортиб олишди, – Қодирхўжа ҳамон тик турганича гапирарди. – Бу қадар пасткашлик?! Ишонган тоғинг шулармиди? Қароқчику булар, гадоку булар! Тунда отамни тунашибди. Бутун маҳаллани қон қақшатиб, кўзи тушган одамдан тилла талаб қилишади! Кечалари уйма-уй изғиб ўлпон йиғишади… Қарғишга қолдинг Файзулла, қўлингдан келса итларингни боғла. Халқни талагани етар, сендан қизиллар миннатдор бўлишса, шу ёғи ҳам етиб ортади. Амирни қулатишта етгулик, балки ортиқроқ хизмат ҳақи тўладинг! Энди айт, бизга тегмасин, бева-бечоранинг оҳи сенга етмаса, Оллоҳга етади!

– Қодирхўжа! – Файзулла унинг кифтидан чангаллади. –Хотинқарғиш сўзларингдан тўйдим! Яхшилаб эшитиб ол: Бухоро шу кунгача ватаним эди, энди эса қисматимга айланди! Биласан, қисматдан ҳеч ким кечолмагай. Агар тақдир устимдан кулмаса, Бухорони қайтадан қураман. Сен ҳали Файзуллани билмайсан!..

Сергак соқчи таҳдидли овоздан ҳушёр тортиб, вагонга отилиб кирди. Файзулла малласоч аскарга зўрма-зўраки жилмайиб “Ҳаммаси жойида, чиқиб тур”, деди русчалаб.

Кутилмаганда аскарнинг пайдо бўлиши ҳар иккисинида ҳушёр торттирди. Файзулла учун ички ва ташқи тартиб ўрнатилган – у энг яқини билан ҳам вагонда узоқ гаплашолмас, ким билан нима ҳақида суҳбатлашгани учун ҳисоб беришга мажбур эди. Гувоҳларсиз суҳбат ўзига чоҳ қазишга тенг, буни англамасликнинг иложи йўқ, то шу кунгача асраб-авайлаб, жону танига қалқон бўлиб келган Когон станциясидан кунма-кун узоқлашаяпти. Рост, ҳаётини асраш важида темир қутида, соқчилар қўриқчилигида ётар экан, кўнглига бостириб кирган бегоналик ҳисси кун сайин катталашиб, улкан тўсиққа айланиб бораяпти.

У вагон бўйлаб аста юра бошлади, буткул тинчини йўқотди. Бири-биридан чалкаш, хавотирли ўйлар таъсирида вагондан отилиб чиққиси келди. Унинг чорасиз пайтлари кўп бўлган, лекин бугунгидек ўтган воқеаларнинг барча маломати йиғилиб бошидан ёғилмаган эди. Нималар бўлаяпти ўзи? Бари унинг ихтиёрисиз кечди, у биладики, унинг хоҳишидан-да шиддатли, қудратли бир куч Бухорога бостириб кирди. Фрунзе лашкарларининг қадами етган Бухорога ҳаммадан кўпроқ у масъул эмасмиди?..

Бир муддат жимликда кечган фурсат соқчиларни янада ҳушёрликка чорлади. Бу гал улар вагон панжарасидан пойлашди, ҳатто бириси пойлаганини атайлаб яширмади, тиржайиб, очиқ-ойдин ичкарига разм солди.

– Кимни пойлашаяпти, – сўради Қодирхўжа, – меними ё…
– Мени пойлашаяпти, уларга мен керакман.

– Йўқ, хато қиласан, Файзулла, уларга сен эмас, Бухоро керак! Ҳолингни кўриб ҳаммасини англадим, энди қўлингдан бир иш келиши мушкул, сен аллақачон болшавойнинг аравасига мингансан, ўз ихтиёрингча тушмайсан, тушолмайсан, жўшиб-жўшиб қўшиғини айтасан, айтмасанг айттиради!

Файзулла унииг сўзларини эшитмагандек, хотиржам кўзларига тикилди:
–Дусту биродарларга айт, Бухорони ташлаб кетишмасин, ҳали бир-биримизга керак бўламиз. Янглиш фурсат тез ўтади, менга ишонинглар Қодирхўжа. Кел, энди хайрлашамиз дўстим.

– Кетаман, – деди Қодирхўжа орқага тисланиб, – лекин сенга ишонмайман, Файзулла, ишонмайман! Оллоҳга қасамки, барингдан ўч оламан, токи тирик эканман, ўч оламан…

У эшикни тарақлатиб ёпди.

* * *

Бир муддат ўтгач, кетма-кет ўқ овози эшитилди. Қодирхўжа чуқур хандақда қонга беланиб ётар экан, Файзулланинг сўнгги сўзларини эслади: «…Янглиш фурсат тез ўтади, менга ишонинглар, Қодирхўжа…” У кўзларини катта очиб, чидам билан хўрсинди. Кўзи элас-элас тепасида белкурак кўтарган қизил аскарга тушди.

У ҳали жони чиқмаган – тирик жасадини тупроққа қориштираётганларини томоша қилиб ётди, кўзларини юммади, юмолмади. Боши узра – осмонда элас-элас ярадор Катта минора аксланди. Бир ўқ билан, ўн ўқ билан қуламаган минорадан мадад истагандек ўнг қўлини чўзмоқчи бўлиб талпинди-ю шу лаҳза елкасига тош урилди, юзига қум тушди, кўзлари уни зулмат қаърига тортиб кетди.

  21 mart — taniqli yozuvchi Rajabboy Raupovni 65 yoshi bilan chin yurakdan qutlaymiz

    Rajabboy Raupov o‘zbek adabiyoti kitobida o‘z sahifasiga ega ijodkor. Uning ilk kitobiga so‘zboshi yozgan atoqli adib O‘lmas Umarbekov yosh yozuvchining iqtidorini shunday ta’riflagan edi:»Men uning hikoyalarida oddiy hodisalarda jiddiy, ijtimoiy masalalar qo‘yishga intilish sezdim. Tabiat va inson munosabatlaridagi nozik mutanosiblikni me’yorida, shirali ifodalay oladi. Rajabboy bir hikoyasida kishilarni tongni, nurni qarshilashga, birinchi bo‘lib ko‘rishga undaydi».

Yozuvchi adabiyot maydoniga qo‘ygan ilk qadamlaridanoq  Odil Yoqubov va Said Ahmad kabi ustoz adiblar, eng muhimi, o‘zbek kitobxoni nazariga tushdi. Chunki,yozuvchining hikoya va qissalari hayotni haqqoniy ifodalashi,demak hayotiyligi bilan ajralib turadi. Uning asarlari ayni shu hayotiyligi bilan qimmatlidir. Rajabboy Raupov hayotining so‘nggi o‘n yili og‘ir va mashaqqatli jarayonlar ichida kechdi. Ammo, yozuvchi chekinmadi, hayotining eng murakkab pallasida ham olg‘a intildi. Xalqiga va adabiyotga bo‘lgan muhabbati va  e’tiqodi uning yo‘lchi yulduzi bo‘ldi.

65 yoshga to‘lishi munosabati bilan «Xurshid Davron kutubxonasi» veb-sahifasi va qo‘ni-qo‘shnichilik tuzi, farzandu nabiralarimizning o‘zaro yaqinligi hurmati butun oilam nomidan  yozuvchi ukamga salomatlik, ijodiy yutuqlar tilab, yangi asarlarini kutib qolaman.

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

Rajabboy Raupov
UCH  HIKOYA


045Iste’dodli adib va jurnalist Rajabboy Raupov 1955 yil 21 martda Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug’ilgan Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakulteti (1978), M.Gorkiy nomidagi Moskva adabiyot instituti Oliy kursini (1989) tugatgan. “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Xalq so’zi” “Ishonch” gazetalarida bo’lim mudiri, “O’zbekiston tabiati” va “Ipak yo’li” gazetalarining tashkilotchisi hamda Bosh muharriri vazifasida faoliyat ko’rsatgan. “Yurak sadosi” (1981), “Ona so’z” (1989), “Nur darvozasi”, “E’tiqod” (2002), “Ustun” (2002-2005) kabi nasriy kitoblari chop etilgan. Uning “Osmonning egasi”, “Ostona”, va “Ona so’z” qissalari mashhur. “Yurakdagi Buxoro” (1998) to’plamining tuzuvchisi va mualliflaridan biri.
“Ustun” romanida o’zbek xalqining shonli farzandi, akademik H.Abdullayevning dolg’ali hayoti tasvirlangan. “Xayotimga suiqasd” nomli hujjatli romani avtobiografik xarakterga ega. Uning hikoya va qissalari rus, polyak, gruzin tillarida chop etilgan.


ARAVA

Quyosh qirlar ortiga botib, salqin shamol esar, cho’l adashgan bolaning yuragidek notinch, tobora vahimaga to’lib borar edi. Yarim soat oldin yordamchilarning shovqini, Qoratoyning kishnashi, polizni egallagan qovunxo’r qushlar galasiga mening xayollarim jo’r edi. Yordamchilar ketdiyu, hammasini sukunat yutdi.

Men otamning eski choponiga o’ralib, xirmonga yonboshlagancha Ro’zi, Juma, Tolib amakilarning qanorga paxta joylapshni kuzatib yotar edim, Uch kishidan birortasi gapirmas, qosh-kipriklari va ust-boshlariga qo’ngan chang, gard-g’ubor tufayli qo’poldan-qo’pol ko’rinar, chamamda, ular hozir paxtadan boshqa narsani ko’rmas, o’ylamas edilar.

Amakilar Jilvonda kuz bo’yi shu taxlit ishlashardi.
Tushgacha ularning bor-yo’qligini unutib, bepoyon kengliklar, baland qirlar – cho’l tabiatiga mahliyo bo’lib o’ynab yurardim. Har kun ularning ish bilan band, tund chehralariga qarash zerikarli edi. Bugun hasharchilar bilan qishloqqa qaytmaganimga afsuslanib, noiloj amakilarning ishini kuzatib, ulardan biror gap chiqishini poylab yotardim. Bir muddat o’tgach, to’ng’illagan tovush eshitildi:

– O’zi ham tinmaydi, bizni ham tindirmaydi… Tanidim, bu – Juma amakining ovozi.
– Joni sabil odam-da! – bular, otam sha’niga aytilayotgan va uni tushunishim-ni qiyinlashtirayotgan so’zlar edi.
– Bugun, ularning otam haqidagi so’zlarini ikkinchi bor eshitdim-u, nafasimni ichimga yutib, davomini kuta boshladim.

Har gal bu taxlit gaplardan so’ng otamni kuzatar, undan biron bir kamchilik yo shu so’zlarga mos o’xshashlik axtarar edim. Uning kichik jussasi, qo’y ko’zlari, hamisha barchaga birdek muomalasi, vazmin fe’li, nazarimda, birovga yomonlik tilamasdi. Yoki men izlagan sabab, otamga pinhonmidi? Anglolmasdim…

Bu gap-so’zlar uning qulog’iga borib yetmasdi.
– Mukofot beradi, ishla-ya, ishla! Kolxoz rozi bo’lsa, sendan rozi bo’lar! – bu eng oxirgisi – amakilarning bor alami, zardasi tugib otilgan tosh edi. Ularning shu gapini tezroq aytishlarini kutayotgan edim. Ayniqsa “Mukofot” degani

meni qiziqtirar, otamning cho’lda ishlayotgan to’rt-besh kishiga bosh ekaniga aqlim yetar edi. Bugun ulardan ikkinchi bor shu so’zni eshitib, otamga mukofot berishlari mumkinligini o’ylab, o’zimda yo’q shod edim. “Mukofotga ot berishsa-ya!” – yuragim hapriqib ketdi. Nazarimda, atrof yorishdi, vahima yitdi. Cho’lning har bir burchagidan otlar chopib, kishnab men tomon kela boshladi. Atrof otlarning kishnashi-yu, tuyoqlarning dupuriga to’lib ketdi. Otlar, otlar… behisob tulporlar!

Xirmondan asta sirg’alib tushdim. Atrofda ko’rinmayotgan otamni izlab, to’rt tomonga alangladim, so’ng Qoratoy esimga tuщdi. Yugurdim. Ortimdan “Aytadi” degan ovoz eshitildi.
Otamni chayla orqasidagi bedapoyadan topdim. Otni sug’orayotgan ekan. Meni ko’rib, otam savol nazari bilan, Qora¬toy esa qulog’ini ding qilib tikildi.
– Ota! – dedim hovliqib. – Bizga mukofot berisharkan. Ot!
Otam kuldi.

– Tushingga ham ot kiradi-ya, o’g’lim. Axir, ota-bobong chavandoz o’tmagan-ku, – dedi u Qoratoyning yag’rinini cho’ltoq supurgi bilan supurarkan. So’ng shoshilmay so’zida davom etdi:
– Sen Jilvonga ish o’rganish uchun emas, otni deb kelasan. Tavba, gaplaring buncha havoyi, dehqon bolasiga o’xshamaysan-a! Mendan yerni so’ra, paxtani so’ra… – u kuyinib bosh chayqadi. – Bilmadim-da, o’g’lim?!

Uning bu so’zlarini birinchi marta eshitishim emasdi. Har gal “Bilmadim-da, o’g’lim…” deya bosh chayqab qo’yganida yura¬gim allanechuk bo’lib ketardi. Ishonchsizlik, xayollarim–orzularimni nazar-pisand qilmaslik uning so’zlarida pinhon, ana shu xil zil-zambil so’zlarni kunlab, ba’zan oylab ko’tarishga majbur edim. Lekin churq etmas, otam bilib-bilmay ezgu orzularimga tosh otganini sezdirmaslikka tirishar edim.

– Shu xayol surishing bormi, odam bo’lmaysan! – deb otam birdan to’nini teskari kiyib oldi. Dehqonchilik yumushlariga qiziqmay, aralashmasligim otamga kattiq botardi. Chamamda, u yolg’iz o’g’lining kelajagini o’zi umr bo’yi shug’ullanib kelgan ish – paxtada ko’rardi. Mening esa uyda ham, cho’lda ham, yo’lda ham xayollarim faqat ot haqida bo’lardi…

Rost, havoyilik menga atab tikilgan to’n, to’nim o’zimga yoqardi. Uni yechmasdan istagan joyga borgim, istagan odam bilan suhbatlashgim kelar, bu esa ko’pincha otamga yoqmas edi.

Men topgan gapimdan xijolat chekib, uning “Kim aytdi senga?” – degan savolini kutdim. Biroq otam indamadi. Hozirgina yuragimni hayajonga to’ldirgan “Mukofot” quvonchi birdan soviy boshlagani, men bilan hech kimning ishi yo’qligi alam qildi. Sekingina nari ketdim. Lekin ko’nglim, tuyg’ularim meni ishontirar, umidvor qilar, kimdir, qachondir – bugunmi, ertami menga ot hadya etadigandek tuyular, o’zimning otim bo’lishiga astoydil ishonar edim.

Xirmonga yetgunimcha xayolimdan “Mukofot”, “Ot” so’zlari arimadi. Tuyog’idan o’t sachragan tulpor meni uzoqlarga, ko’rmaganim – oqsoch tog’larga uchirib olib ketdi…
– Tur joyingdan! – bir mahal otamning ovozidan cho’chib tushdim. – Ust-bo¬shing¬ni qoq, uyga ketasan.

Qarasam, paxta uyumi orasida, oyog’imni quchib, o’tiribman. Bo’shashib, o’rnimdan turdim. Qoratoy aravaga qo’shilgan, jo’nashga shay turar, Ro’zi, Juma va Tolib amakilar yo’l bo’yida sochilgan paxtalarni terishar edi.
– Paxta yig’ilib qoldi, kech bo’lsa ham bir arava tashiylik, harna-da, yuklanglar, – otam shunday deb, o’zi aravaga chiqdi. Ular qanorlarni qo’llashib orta boshlaщdi. Otam esa har bir qanorni tartib bilan terib, ustidan tepkilab-tepkilab joylashtirardi. Shu taxlit o’n beshinchi qanor yuklanganda:
– Bas, – dedi otam. – Yul uzoq, otni ham o’ylash kerak.

Qanorlarni arqon bilan zich boylagach, Qoratoyni chuh-chuhlab, aravani yo’lga chiqarishdi.
– Qani, kim ketadi? – deb so’radi otam aravadan tushmay. Hamma jim edi.
– Dam olinglar. Ertaga raisga uchrab, yordamchini hal qilaman. Aravani ham ko’paytiramiz, – dedi u tizginni qo’liga olib. Amakilar indamay chayla tomon ketishdi.

Biz yo’lga tushdik.

Qirdan o’tib, Qoradaraxtga burilganimizda yulduzlar ko’rindi. Cho’l etagi osmon bilan bittga bo’ldi. Qoratoy zo’riqib yo’l bosar, otam gapirmas, men esa xayollarim bilan o’yin boshlagan edim. Qanorlar ustida chalqancha yotib, yulduzlarga tikilish, aravaning bir maromda tebratib, allalab borishi huzur bag’ishlardi. Uzoqdagi yulduzlar yaqinlashib, ko’z qisa boshladi. Men ularga qiyos izladim. Nihoyat topdim: Qoratoyning ko’zlari! Otning ko’zlarigina shunday chaqnardi. Dunyodagi eng zo’r ot – Qoratoy! U meniki bo’ladi. Men uni ertakdan topgan edim. O’sha ertakdagi quyosh yerining pahlovoni – Rustam men edim. Nazarimda, otam meni shu cho’ldan izg’irin, qorda yelkasida opichlab, Gujumli tog’iga eltayotgandek tuyular, tog’da men ulg’ayishim, do’st topishim va keyin… Keyin kim bilandir olishishim kerak. Ammo hali dushmanlarimni aniq tasavvur etolmas, ba’zan raqiblarim yo’qligidan ezilib, pana-panada yig’lab ham olar edim. Ba’zan tinim bilmay ishlayotgan Ro’zi, Juma, Tolib amakilarga tikilib, ularni o’zimga g’anim qiyofasida tasavvur etar va menga g’animlik qilish u yoqda tursin, tuzukroq gapirishmasdi ham. Gapirishmaslik hali dushmanlik emasdi. Ular menga “Cho’ldan ket” deyishsa edi. Yoki Qoratoyga hujum qilishsa edi… Shularni o’ylasam-da, baribir ko’nglim to’lmas, dushman degani ko’zimga yovuzroq, kuchliroq ko’rinardi.

Qoratoyning borligi umidlarimga qanot bag’ishlar, faqat ungagina ishonar va ungagina suyanar edim…

Arava silkinib to’xtadi. Otamning “chuh-chuh”lashi va havogi qamchinni vizillatib, otni qistashi eshitildi. Arava qo’zg’almagach, sekin o’rnimdan turdim, atrofga qaradim.

Otam yerga tushib, qumga tiqilib qolgan g’ildiraklarni ko’zdan kechirdi, so’ng belbog’idan qotgan non olib, otga tutdi.

Ruxsat so’ramay pastga tushdim. Otam otning og’zidan jilovini olib, uning lablaridagi ko’pikni artdi. Yana non berdi. Kutdik. Qoratoy nonni yegach, otamdan buyruq kutmay oldinga talpindi. Otam bir qo’lini quloqcho’pga tirab, ikkinchisi bilan otning jilovidan tutib yordamlashdi. Arava siljimadi. So’ng, otning og’ziga yuganni soldi-da, ustiga minib oldi. Qamchi bilan Qoratoynining sag’risiga urib, yana chuh-chuhladi. Qoratoy aravani tortolmadi.

Biz yuk bilan o’rta yo’lda qoldik.

Otam ilojsiz, bo’shashgan holda otdan tushdi. Do’nglikka – qum barxani tepasiga chiqib o’tirdi, peshonasini yengi bilan sidirdi. Yonida tayoqdek qotib turganimni ko’rib, nima qilamiz, degandek menga qaradi.
– Qoratoyni minib kesak-chi?
– Paxta qoladimi? Aytdim-ku, aqling o’zingga yarasha deb!

U meni yo’lida uchragan ortiqcha buyumdek chetga surib qo’ydi. Gapirmadim.

Yarim soatlar o’tgach, yo’lda bir otliq ko’rindi. Bizga yaqinlashgach, otam o’rnidan turdi, otliqqa yaqinlashdi. U:

– Ha, oqsoqol? – deya egardan tushib otam bilan ko’rishdi. Ot ustida men tengi bola ham bor edi. U yuganni mahkam tortib turar, oti esa Qoratoy tomon talpinar, Qoratoy boshi egik, horg’in kayfiyatda turar, atrofida nimalar bo’layotganiga qaramasdi ham. Unga rahmim keldi, yolg’iz qoldirishni istamadim. Yoniga borib peshonasini siladim. Shu payt otam keldi-da:

– Nari tur! – deb Qoratoyni aravadan bo’shatdi. Bo’ynidan xamutni olib, bola minib turgan oq otga ildirdi-da, uni aravaga qo’shdi. Men Qoratoyni ushlab, ulardan chetroqda turdim. Oq otning egasi otamga yordamlashdi. Bola menga yovqarash qilib, haligi kishining belbog’idan ushlab tordi.

– Nima deysan?
– Aravasini o’zi tortsin! – dedi u. Uning ovozidagi zarda, do’q menga va Qoratoyga qaratilgan edi, buni na otam, na otning egasi sezdi. Bildimki, bola otini mendan ko’ra ko’proq ayaydi. Otam ikkovi sharaqlab kulishdi.
– O’g’lim, – dedi oq otning egasi bolani ko’rsatib.

Men alamimga chidayolmay, Qoratoyning tumshug’iga bir musht urib, jilovini yerga otdim. Qoratoy qimir etmadi.

Otamning buyrug’i bilan yana aravaga chiqdim. Dilim vayron, ko’zimga dunyo qorong’i edi. Endi men paxtaga emas, yerdan to’rt metr balandlikda, go’yo tikanga ag’anab ketar edim. Qulog’im ostida oq otli bolaning: “Ko’rdingmi, otim zo’r!” degan g’olibona qichqirig’i yangradi. Ovozi tobora kuchayib, quloqlarimni teshib yubordi.
– Ko’rdingmi, sen tengi bola, – dedi otam bir payt. – Otasiga yordamchi. Oydinda birga qo’y boqishga olib ketdi.

Javob bermadim, indamadim. Chunki ishonganim, dunyodagi eng zo’r ot – Qoratoy yengildi! Men hech qachon Qoratoyni boshi egilgan, ma’yus ko’rmagan edim. U bugun meni unutdi. Yig’latdi. Dunyoda Qoratoydan kuchli, Qoratoydan zo’r ot yo’q edi-ku?! Nahotki…

Yo’lda Qoratoy o’zini menchalik tanho sezmagan bo’lsa kerak. Men bugun o’xshovsiz yolg’iz edim. Nihoyat, tasavvurimda izlab yurgan g’animlarimni topgandek bo’ldim. Ularni topdim. Endi olishsam bo’ladi…
Qishloqqa kirganimizda odamlar uxlagan, ko’cha qop-qorong’i edi. Uyimiz yonidagi paxtaxonaga qanorlarni tushirib, Qoratoyni uyga yetakladik. Men oxurga beda soldim, otam Qoratoyning ustiga shol yoyib, ayilini tortib bog’ladi. Uyda onam va buvimdan boshka hamma uxlagan edi. Kechasi buvim bilan yotdim. Uyqum kelavermagach, so’radim:

– Buvi, hamma otlarniyam aravaga qo’shadilarmi?
– Uxla, – dedi buvim. – Ertaga otangdan so’raysan.

Bir ozdan so’ng yonboshimga ag’darilib, yana so’radim:
– Buvi, otamga sira ertak aytganmisiz? U kishi bukri devni ham, qafasdagi odamlarni ham, Quyosh yerining pahlavoni – Rustamni ham bilmaydi.

Buvim anchagacha jim qoldi.
– Otangni mehnatga tuqqanman bolam, otang paxtani, yerni deb gohida meni, seni, onagni ham unitadi, – dedi nihoyat uh tortib. Uning istar-istamas, uzoq uylab aytgan gapini tushunmadim.

Uyg’onganimda kun choshgoh bo’lgan edi. Otam allaqachon uydan chiqib ketgan ekan. Turasolib sovotga yugurdim. Qoratoy bog’liq edi. Cho’lga ketmaganiga ajablandim. Oxurida mayda qirqilgan beda, yonida chelak to’la suv. Qoratoy boshini yerga qo’yganicha kichrayib yotardi.

– Kasal, – dedi onam.
– Bugun otga sen qaraysan, – dedi buvim.

Non bo’ktirilgan shirchoyni ichmadim. Qoratoyning yoniga kelib, peshonasini, yollarini sila¬dim. Kecha u yengilgan edi. Uni hali kechirmagan edim. Kecha uni urganim yodimga tuщdi. Keyin Oq ot va bolani esladim: «Aravasini o’zi tortsin!». Uning gapi ikki yelkamdan mahkam bosdi. Qoratoyni bo’ynidan quchib yig’lab yubordim.

– Osilma! – deb jerkidi buvim.
– Otning devi bor, qoch bolam! – deb javradi onam. Kun – yig’i, otning girdidan aylanish va meni avrab-aldash bilan o’tdi. Otam uyga kechagidan ko’ra vaqtliroq qaytdi. U darvozadan kira solib, otning yoniga keldi.

– Yemadi! Ichmadi! – deb baqirib yig’ladim. Otdan ko’ra ko’proq meni qo’riqlagan onam, buvim yugurib uydan chiqiщdi. Otam qo’limdan tutdi.
– Yig’lama, o’g’lim, tuzaladi, – dedi u. – Tutilgan. Er¬taga Gumbaztepadan aylantiramiz, sen ham borasan.

Ertalab Qoratoyni yetaklab Gumbaztepadan aylantirdik Keltirib yana joyiga bog’ladik Otam:
– Tuzalsa, shuni senga beraman. O’zing minasan, – dedi ko’nglimni ko’tarishga urinib. Bu uning birinchi iltifoti edi. Ishondim. So’ng u otga qarab turishni men va uydagilarga tayinlab, cho’lga ketdi. Men otning yonida qoldim. Tushdan keyin Qoratoy to’satdan oyoqlarini cho’zib, boshini yerga qo’ydi. Bir necha bor boshini ko’tarishga tirishdim – ko’tarolmadim. Buvim qassobga yugurdi. Onam nima qilarini bilmay, shoshib qoldi.

Qoratoyning ko’zlari tobora nursizlanib, chaqnamay qo’ydi. Buvim boshlab kelgan qassob otni ko’rdi-yu:
– Harom o’libdi, – dedi.
Buvim uyga kirib ketdi, qassob orqasiga qaytdi. Uydan onamning yig’isi eshitildi. Qotdim.

– Jim, go’dakmisan, ajali yetsa odam o’ladi, – degan buvimning ovozini eshitdim. Hamma o’zi bilan o’zi bo’lib, meni unutdi. Bugun men yig’lashim kerak, Qoratoy meniki, u dunyodagi eng zo’r ot edi. Qoratoy yengildi, yengilganiga chidayolmadi – o’ldi. Ko’zimda yosh, uni sinchiklab kuzatdim. Qorinbog’ qo’ltiqosti va qorniga iz solgan, xamut yelkasini qirib, yolini qirqqan…

Otni ipdan bo’shatdim-u, garangsib alangladim. Ko’zim ustunga osilgan xamut, qorinbog’, yugan va pastdagi egarga tushdi. Hammasini qo’lgiqlab ko’chaga otlandim. Abzallarni yo’ldan chetroqda, shotisi tikaytirib qo’yilgan aravaning ostiga otdim-da, qaytib uyga kirdim. Buvimdan bekitib gugurt, bolta va bankada kerosin olib chiqdim…
– Qoratoyni arava o’ldirgan! Mana shu arava!

Avval paxtaxona qorovuli yugurib chiqdi, so’ng yo’q joydan bir talay odam to’plandi. Ular gurillab yonayottan aravani o’chirishga urinishardi.
Men qochib uyga kirdim. Qoratoyga ko’zim tuщdi-yu, o’kirib yig’lab yubordim. Uning oldida hech kim yo’q edi.

ERKINLIK

Chayla. Unda aka-uka Fayzulla, Sayfulla va kichkintoy yashaydi. Qirq qadam narida – siyrak saksovullar orasida sim to’r bilan o’ralgan pastak qo’ra. Qo’rada katta-kichik, oriq-semiz beshta qoramol. Yozda bularga oltinchi bo’lib yetim, xo’jayinlaridan o’smasak deb nom olgan, qoqsuyak Qora buzoq sherik bo’ldi. Uni tug’ishganlarning to’ng’ichi, Fayzullaning uyidan keltirishdi. “Oyog’ida yursin, semirsin” deb, arqon bog’lashmadi. Kunduzlari u temir qoziqqa uzun qantarilgan boshqa mollarga yo’lamay uzoqlarda o’tlar, “Yangiyer”ni ikkiga bo’lib oqqan ariqdan suv ichar va yakka hordiq chiqarar edi. Kechalari esa istar-istamas qo’ra yonida tunardi.

Yangiyer qishloqdan oltmish chaqirim yuqorida – Jilvonning oxiri, Qizilqumning boshlanishi. Ajdodlarimiz bu yerni Ostona deb nomlashgan. Ostonadan yuqoriga qadam bossangiz – Qizilqum.

Qora buzoqning ulg’ayishi Ostonada kechdi.

U cho’lga kelganidan to so’nggi kungacha ham sheriklariga, sheriklari esa unga ko’nikisha olmadi. U yuvosh, beg’am, tashvishsiz avlodlaridan qo’rqardi. Ularning itoatgo’y yuraklari, tez semirayottan badanlari va bo’yinlaridagi arqon qo’rqinchli edi. U ko’pincha qo’rqinchni unutish, vujudiga singdirmaslik uchun to’rt oyog’ini yerga mahkam tirab silkinardi. Nazarida, uning butun tanasi yo’g’on arqon bilan mahkam bog’langan-u, silkinganda iplar chok-chokidan uzilgandek, ko’zlari charaqlab ochilardi. Yengil tortib butun tanasi bilan nafas olar – havo uniki edi. Ostona uniki edi. Shunda ko’ziga beixtiyor uzoq-uzoqdan tuman orasida kichkina sim to’rli qo’ra, bog’liq hamjinslari, ular bo’g’ilayotgandek – havo yetishmay tanasi kichrayib ola-chipor, qizil ranglari oqarib ko’rinar edi. Ularning faryodi havodan emas, yerdan olovdek qizdirib oqar, tuyoqlari orqali butun vujudiga tarqalar, so’ng qulog’iga borib yetardi. U yiqilmaslik uchun yana silkinar, havoni qoq ikkiga bo’lib yugurar, to charchaguncha, faryodlar, arqonlar, simto’rlar ter bo’lib badanidan oqmaguncha to’xtamasdi.

Hamjinslari buni sezishmasdi. Ularga Qora buzoqning birinchi kundan kenglikka sig’magani, ular bilan birga qo’rada yotmagani va kun sayin ulardan uzoqlashib borayotgani yoqmasdi.

U har erta avlodlaridan bir soat oldin o’z oyog’ida yurib, oyog’ida tongni qarshilar, ana shu bir soat – uning ulg’ayishi, o’zgarishi, qo’radagilar holini tushunishi uchun yetarli edi. Qoziqqa mahkam bog’langan, xo’jayinlari kelishini va qoziqni sug’urib, joyini to’rt-besh qadam uzaytirishini kutib yotgan beg’am sheriklari esa uni tushunmasdilar.

Ostonada yolg’iz yashash og’ir, mumkin emas edi. Har ikki cho’lning odam oyog’i yetib, quvilgan, ozor chekkan jonivorlari, ko’pincha yirtqichlari tez-tez atrofda izg’ishar, ular Ostonani chegaradek qo’riqlashardi. Bo’ri, shoqollar Ostonadan quyidagi odamlarga, xonaki mollarga ziyon yetkazmas, ular yuqorini qo’riqlashar, yuqori esa ularning vatani edi.

Yuqorida, Qizilqumning ovloq joylarida jonivorlarning turfa xili, yovvoyi echki, qo’chqor, buqa, otgacha yashar, ko’payar, sovuqda, jaziramada qirilar va yana ovlanar ham edi. Yilda bularning to’dasiga poda va suruvlardan yakka-yarim “qochoq”lar qo’shilar, ular tezda el bo’lib birlashardilar. Bepoyon tabiat – Qizilqum jonivorlarga o’z bag’ridan joy ajratgan, ular yillar osha shu joylarda bexatar, erkin yashab nasl qoldirib kelardi.

Shy sabab yirtqichlar Ostonadan yuqoriga odam zotini osonlikcha, ozorsizcha o’tkazmasdi.

Quyida ham molu jon, odam, ot, sigir, chayla atrofida bir juft it ham yashardi. Ular kunduzi saksovul soyasida uxlar, kechalari aka-ukalar va ularning mollariga sodiq poyloqchi.

Shunga qaramay, Ostonada Qora buzoq yakka edi. Har kun turli vaqtda bir sor burgut Ostonani pastlab, vazmin aylanar, buni hammadai oldin Qopa buzoq ko’rar edi. Nima qilsin, u doim bezovta. Bezovtaligi sabab, Ostonaga sig’maydi. Tug’ishganlariga begona. Nazarida, tez kunda sheriklari tilsiz – gung, kar bo’lib qoladi-yu, ular orqali tushungan, eshitgan, ko’rgan dunyosi noma’lum, ma’nosiz, qop-qora bir bo’shliqqa aylanadi. So’ngra uni ham o’z komiga tortadi.

Qochish kerak, qochish kerak, ulardan uzoqlashish kerak. Shunday o’y uning uyqusini oldi. Behalovat, ayni paytda halovatli sergaklik, yengillik vujudini qamradi. Atrofga befarq bosh ko’tarib, tepada osmon borligini ko’rmagan sheriklariga ishonmay qo’ydi. Shu kundan uning suyanchig’i bezovtalik, ishongani o’zi bo’ldi.

U ana shu his bilan burgutni ko’rdi, tanidi va uning boshqa qushlardan farqini ham sezdi. U qishloqda ham qushlarni ko’p ko’rgan, hatto doim go’ng titib, o’zini quyoshga toblaydigan chumchuq, maynalarni ham bilardi. Ba’zida uchmoqchi bo’lib, qanotlarini bir-ikki silkitib yana tezda tumshug’ini go’ngga suqadigan tovuqlarni ham bilardi. Ammo, burgut boshqacha. Undan qo’rqadi, qo’rqib turib havas qiladi. U haqda o’ylaydi. Baribir o’ylari notugal, chunki u osmonda – burgut, o’zi esa yer da – Qora buzoq edi. Istasa, u ham yakkalanmas, yolg’izlanmas, qo’raga kirsa – tamom, niyatiga erishadi.

O’sha kunni – niyatni zor kutdi. Kutdi. Ko’rdiki, oradagi farq simto’r va arqon, hali bunga chidash mumkin edi. O’zini, hamjinslarini tushunib-tushunmagan bir damda ta’qib, “quvla-quvla” boshlandn. Chunki u semirgan, cho’zilgan: Qora buzoq emas, buqacha bo’lib qolgandi. U endi xo’jayinlariniki, xo’jayinlarning mulki edi. Ko’rar ko’zga molga o’xshab qolgan, buni o’zi ham sezar, et olib, yaltirab turgan terisi ko’zni quvnatardi. “Oyog’ida yursin, semirsin”, nihoyasiga yetdi. Endi u arqonlanib, qoziqqa o’rganishi, keyin yetaklashga ko’nikishi shart.

Azonda u va sheriklari uyqudaligida kichkintoy akalaridan buyruq oldi:
– Tutib bog’la. Kechasi qo’raga qama!

Shubhasiz, u bu so’zlarni eshitmadi. Kichkintoyning qo’lida uzun, pishiq, o’t rangi urgan arqonni ko’rdi-yu undan uzoqlashdi. Havo siqa boshladi. Ostona torayib, cho’lning har burchida tuzoq ekilgandek birdan nishladi, ko’karib chiqdi. Har qalay, unga shunday tuyuldi. Ko’zi, miyasi, tanasi va maqsadi – hammasini oyog’iga yukladi-yu qochdi. Tuzoqlarni bosib yanchib shamoldek uchdi.

Arqon tutgan kichkintoy qo’lida bir dasta o’t bilan orqada qoldi. Qora buzoq to’xtab, ortiga qaragan edi: kichik xo’jayinning “mah-mah” degan chorlovchi ovozi eshitildi.
– Baribir tutaman! – dedi kichkintoy. U eshitmadi, lekin shu lahzadan vujudida kuchli bir og’riq, sezib, jiddiylashdi. Xo’jayinlar bilan hazillashib bo’lmasligini, ular hazilni yomon ko’rishlarini angladi.

Kechqurun uni aka-ukalar birlashib, ermakka – charchov chiqarishga quvlashdi. Tutolmadilar.
– Shu ham ishmi? – dedi o’rtanchasi.
– Boshqa kun yo’qmi? – dedi kichkintoy.

Uchovlashib chaylaga kirishdi. Tonggacha Qora buzoq unutildi.
Ertaga uni yana tutolmadilar. Kechqurun to’planishganda:
– Tariqpoyaga suv och! – dedi to’ng’ichi kichkintoyiga. – Yer qonsin…

Bir kundan so’ng Qora buzoqni tariqpoyaga haydab kelishdi. Ikki aka ikki yon tomonda turdi. Kichkintoy buzoqni qochirmay loy yerga boshladi. Qora buzoq xo’jayinlariga hurkib qaradi, sekin tariqpoyaga qadam qo’ydi. Asta-sekin yurib, yerning o’rtasida to’xtadi. Tizzasigacha loyga botdi. O’rab kela boshlashdi.
– Botdi! – deb qichqirdi kichkintoy.

– Ushlaymiz! – dedi o’rtanchasi. Kattasi gapirmadi. Qora buzoq xo’jayinlarni kutdi. Ular yaqinlashgach, joyidan sakrab qo’zg’aldi-yu, oyoqlari loyga botib-botib oldinga intildi. Bo’ynini chamalab tashlangan arqon dumiga tegib, sirg’alib tushdi, loyqaga botdi. Qora buzoq o’zini arqonning ortida – juda ham uzoqda his qildi-yu, yengil tortdi. Kutilmaganda jahd bilan qochdi.
Aka-ukalar yerning o’rtasida so’kingancha qolaverdilar.

– Ertaga ishni bahridan o’tamiz, – katta aka shunday deb, ukalaridan uyalgancha ortiga qaytdi.

Ertagacha sabrlari chidamadi. Ovqatlanib, hordiq chiqargach, qorong’ida yotgan joyida bosib olmoqchi bo’ldilar.

Qora buzoq uzoqqa ketmay, o’z joyida – sheriklari yoniga kelib ilk bor hayajonda, qo’rquvda yotardi. Bu kecha u hato qilganini tushundi. Endi unga sim to’r ortida ham joy yo’q, hamjinslari, xo’jayinlar, hatto Ostona ham begona edi. Bezovtalanib osmonga qaradi. Negadir burgutni ko’rgisi keldi. Osmon qop-qorong’i edi. O’rnidan turdi. Ehtiyotkor qadam tovushlarini eshitdi. Tanish ovoz. Sheriklarini bezovtalab, hurkitib yana qochdi.

Itlar akilladi.

– Qorong’ida yuramizmi sapillab? Yuring-e, ketdik! – Aka-ukalariga birdek alam qildi, jahli chiqdi. Lekin, buzoqni tutish, bo’yniga arqon bog’lash, niyatlari yanada qat’iylashdi.

Qora buzoq tunda qo’radagilar yoniga qaytmadi. Ertalab hamjinslari qantarilmasidan ancha oldin uzoqda yakka o’zi o’tlab yurdi. Olisdan o’zini bir erta bo’lsa-da, erkin his qildi. Sheriklari esa qo’radan unga alam bilan tikilar, noaniq bir bezovtalik ularning ham tinchini buzayogan edi…

– Terimchilar ketsin, ot bilan quvamiz, qochib go’rga ketarmidi? – shunga kelishdilar.

Kichkintoy qorong’i tushmay otni egarladi. Buzoqni tutishga katta akasidan ruxsat so’radi. Akasi unga ishonmay otning egarini yechib, qaytadan zich tortib bog’ladi va:
– Egarga mahkam o’tir, – deb uqtirdi. – Xalqani bo’yniga ildir-u, karsonga o’ra. Otni sudrolmaydi.

U akasining gapini ma’qullab, otni Qora buzoq tomonga yeldirdi. Buzoq ularni uzoqdan ko’rdi-yu saksovullar orasiga borib turdi. Ixcham, kiyik oyoq Qora buzoq otga pand berib, nafasi tiqilib kalta-kalta yugurib, qocha boshladi. Kichkintoy zavq bilan quvlar, halqa ip ko’pincha saksovul shodasiga ilinib urintirar edi.

Buni ancha paytdan beri ko’rib, kuzatib o’tirgan akalar murod hosil bo’lmasligini tushunishdi. Qora buzoq ayyorlik qilayotgan edi. Uni hay-haylashib, saksovulzordan yalanglikka chiqarishdi. Kichkintoyning xomligidan ot terga botdi, buzoq holdan toydi.

Ukasi tushib, katta akasi otga mindi. Ot istar-istamas, majburan chopar, Qora buzoq bundan iloji boricha foydalanishga tirishardi. U qancha tez yugurmasin, ot zumda yetib olar, shunda buzoq ikki tizzasi bilan yerga muk tushardi-yu, boshini yerga qo’yar, arqon ustidan sirg’alib o’tib ketardi.

Holdan toygach, otning oyoqlari ostida yiqilmaslik uchun to’g’ri ariqni mo’ljalga olib qochdi. Endi uni ushlash oson edi. Ot izma-iz quvib bordi. Ariqqa yetganda buzoq birdan to’xtadi, hatlamoqchi bo’lib, ikki oyog’ini ko’tardiyu, tezlik bilan yon tomonga og’di, cho’kkalab qoldi. Buni kutmagan ot ariqdan hatladi-yu pastlikka, qamishzor ichiga tushib depsindi. Fayzulla otning bo’ynidan sirg’alib, to’rt-besh qadam oldinga yiqildi. Ot tez o’zini o’nglab oldi. Fayzulla o’rnidan turolmay, tizzasini ikki qo’llab mahkam siqqanicha qizarib bug’iq xoxoladi. Uning tizzasi, o’ng kafti zirqirab og’rimoqda edi. Sir boy bermay otga mindi. Qorong’i tushib qolgan edi. Buzoqqa qaramay otni chayla tomonga burdi.

Ertasiga kichkintoy akalariga yangilik topib keldi: “Dashtga kolxozning Qoramollari tushibdi”. Buni eshitib katgasi kulimsiradi, uning miyasiga g’alati bir fikr kelgan edi. Ukalariga aytganda, uch og’ayni guldirab kulishdi. Kichkintoyga ish, qizig’i ermak topilgandi. Bugunoq molboqarga uchrashib, uni qovun bilan siyladi. Qaytishda Qora buzoqqa teng- qizil g’unajinni yetaklab keldi. Uni saksovulga bog’lab oldiga maysa terib tashladi. Shomda qiziq tomosha boshlanishi, muhimi – Qora buzoq tutilishi kerak edi. U bunga qizg’in tayyorgarlik ko’rdi: qizil g’unajinni kalta boyladi, uchi halqalangan arqonni qayta ko’zdan kechirdi. Shom tushishini kutdi ammo quyosh botmay, Qora buzoqni g’unajin yoniga chorladi.

Dastlab, Qora buzoq atrofga, keyin g’unajinga ishonqiramay qaradi. So’ng yaqin kelib iskadi… Kichkintoy shoshib, ularga yaqinlashdi-yu halqani otdi. “Kiyovto’ra” – Qora buzoq qochishga ulgurdi, arqon “kelinchak” qizil g’unajinning shoxiga ilindi.

Kulgi ko’tarildi. Kichkintoy qizarib buqachaning ketidan bemaqsad quvlab ketdi. Terlab, hansirab chaylaga qaytdi. Akalari bir-birini durtib, hiqqillab kulishdi. Ulardan xafa bo’lgan kichkintoy qovog’ini uydi.

– Xafa bo’lma, u endi bog’liq, uzoqqa ketolmaydi, — deb dalda berdi katta akasi.
– Parvo qilma, ushlaymiz, g’unajin omon bo’lsa bas! – deya bilag’onlik qildi o’rtanchasi.

Kichkintoy akalarining gapiga ishonmadi.

Ikkinchi kun u g’unajinni iskamay qo’ydi. Tun yarmidan og’ib, hamma uxlaganda buqacha “kelinchak” qizil g’unajin bilan tillashib, ishini bitirardi-da va yana tezda g’oyib bo’lardi.
– Otaman! – katta aka qat’iy qarorga keldi.
– Kuppa-kunduzi-ya, uyat, – deya o’rtanchasi qo’shog’iz miltiqni akasiniig qo’lidan oldi.

– Nima, o’g’rinchi molmi bu?
– Gapga qolamiz, aka. Ta’na qilishadi, o’z molini ovlabdi deb.

Kichkiitoy gapga qo’shilmadi. Negadir u Qora buzoqqa achinayotgan edi.

Ular ishga tarqaldilar. Shu kun Kora buzoq haqida gap-so’z, ta’qib, “quv-quv” ham bo’lmadi. Lekin, Qora buzoq har galgidan ham ziyotroq qo’rqdi. Sukunat yengib bo’lmas, qochib bo’lmas simto’rga aylanib, to’rt tomondan o’rab olgandi. U qochishga joy topolmay vujudida qattiq og’riq sezdi. Shly kuni u o’tlamadi. Erinchoqlik bilan suv ichdi-da, sheriklariga yaqin kelib, uzala tushib yotdi. U hamjinslarini kuzatib yotar ekan, ular bilan gaplashgisi, uni tushunishlarini istardi.

Bog’liq sheriklari qurtillatib, o’t chaynab, Qora buzoqning birinchi marta yaqinlashishidan cho’chib, xavfsirab, nasibalariga sherik bo’lishidan qizg’anmoqda edilar.
Qora buzoq esa ularning yoniga tashlab qo’yilgan o’t-xashakka emas, o’zlariga, ko’zlariga termular, ularni birinchi bor ko’rayotgan kabi sira taniyolmas edi. Shu holda ularga termilib uzoq yotdi. Negadir ularning kavsh qaytarishlarini ko’rib qayt qilgisi keldi. Ko’zini yumdi. So’ng, hamjinslari bilan gaplashmaslik kerakligini angladi. Chunki ular gapirolmasdilar. Ular bog’liqliklarini sezishmasdi.

Tushda Fayzulla ukalaridan vaqtliroq chaylaga qaytdi. Choy qaynatdi. Miltiqni o’qlab choponiga o’radi-da, qo’raga yaqinroq yantoq ostiga yashirib qaytdi. Kechqurun ovqatdan keyin mollardan xabar olish bahonasida tashqariga chiqdi. Cho’l sutdek oydin edi. Yashirgan joyidan miltiqni olib, qo’raga yaqinlashdi. Mollarni bitta-bitta sanadi. Bu uning birinchi marta mol sanashi edi. Qo’ra atrofida ko’rinmayotgan Qora buzoqning yo’qligiga ajablanmadi. U yotgan joyni o’zicha chamalab, o’n-o’n besh qadam yurdi. Atrofga sinchiklab qaradi. Shoshilmadi. Yurdi. U jahl bilan hazil o’rtasidagi yo’ldan borar, buni o’zi ham sezib kulib qo’ydi: “Hali hech kim o’z molini otmagan. Qora buzoq qul zmaski, qochib ketsa. U meniki”. Fayzulla shunday o’ylab buzoqni hali ham sheriklari yoniga qaytmaganiga ajablandi.

Buzoqcha rostdan ham yotoqqa qaytmagan, besh yuz kadam parida – Ostonada ikkilanib, omonat tunagan edi. U qadam tovushlarini ancha olisdan sezdi. Sergaklanib o’sha tomonga qaradi. Xavotirlandi. Qo’rqdi. Ortiq kutmay ariqdan sakradi-da, pastlikka, Qizilqum poyiga tushib ketdi.

Fayzulla shatir-shutur ovozdan uning yana qochganini sezdi. Taqqa to’xtab miltiqni taxminan otdi. O’q tegmasligini u oldindan bilgan edi. Ortiga qaytdi.

Qora buzoqqa atalgan o’q otilgan edi. Buqacha Ostonadan qochayotib buni o’z quloqlari bilan eshitdi…
Tong otar-otmas qo’radagi mollar tinmay “mo-mo”lashga tushdi. Keyin itlar akilladi. Uni birinchi bo’lib sheriklari sotishga oshiqdi. Bezovta tovushlar xo’jayinlarni odatdagidan vaqtliroq uyg’otdi. Ular chala-yarim kiyinib, kichkintoy esa maykachan tashqariga otildilar. Itlar hamon akillar, qo’ra yonidan aylanishar, ikkinchisi ariqqacha borib yana qaytardi.

Ular mollarni ko’rishdi. Xotirjamlik, hammasi sog’. Itlar, ot joyida.

– Man itni orqasidan ariqqacha boray-chi? – deya kattasi ketdi. Ular akasining ketidan borishdi. Ariqqa yetganda to’xtashdi. Qora buzoq yo’q edi. Hammalari ariq bo’yida, buzoqning omonat yotgan joyiga hayron bo’lib, tikilib qoldilar.

– Buzoq, yo’q-ku, aka? – kichkintoy akalariga allaqachon ma’lum bo’lgan gapni takrorladi.
– Qochgan, – xotirjam javob qaytarishdi ular.
– Yo’g’-e! Qidiramiz, qayoqqa qochadi, hammayoq cho’l bo’lsa?

Akasi qo’li bilan Ostonadan yuqorini, Qizilqumni ko’rsatdi. Kichkintoy hech nimani tushunmay o’sha tomonga qaradi.
– Yovvoyi to’daga qo’shiladi. Kimdir otadi baribir? – Fayzulla afsuslanib bosh chayqadi. – O’zimiz otolmadik…

Xo’jayinlar shu gapni aytib turganda, Qora buzoq otilishni, ta’qibni xayoliga ham keltirmay, o’zining uzoq ajdodlariga yaqinlashib borar edi.
– Ketdik, – ular bo’shashib ortga qaytar ekan:
– Oyog’ida yursin, semirsin, degan siylov senikimidi? – dedi to’satdan o’rtanchasi.
– Mol siylovni bilarmidi, birinchi kundanoq bo’yniga arqon bog’lab qantarish kerak edi.

Ular jimgina xijolatli qadam bosib yura boshlaganda, Kichkintoy akalarini taajubga solib ortga qaytdi. U hamon ikkilanar, ishonmas edi. Xayol bilan, beixtiyor qumda buzoqning suratini chizdi. So’ngra poshnasi bilan atrofini katakka oldi – “qamab” qo’ydi.

Qo’radagi mollar “mo-mo”lashga tushdi. Quyosh chiqib yelkalarini qizdira boshladi. Shunda u ertalabki birdan-bir yumushi mollarning bo’yniga arqon bog’lab, sero’t joyga qantarish kerakligini esladi. Istar-istamas qadam qo’ydi.

Mollar yana ma’radi. Ular kichkintoyga birinchi marta “kech qolding” deb norozilik e’lon qilishayotgan edi. U shoshilmadi.

Kechga tomon shamol esdi. Kichkintoy Qora buzoqni qo’msab, ariq bo’yiga bordi. Shamol uning yerdagi tasvirini qumdevor yasab o’ragan, har joy-har joyda to’lqinli Qizilqum bostirib kirgan edi.

IYMON MINORASI

   Zargar To’raxo’ja hayhotdek hovlida yolg’iz qoldi, ikki kundan buyon o’g’li Qodirxo’jadan darak yo’q. Yotib-turib o’ylasa-da, o’tgan taloto’pga aqli lol, bu xil jangu jadal, osmondan ajal yoqqanini hech tasavvuriga sig’dirolmasdi. Xudoning yuborgan balosi, ofat desangiz – qirg’inni hukmdor Olimxonning dushmanlari boshlab keldi. Ha, shu tuproqda unib-o’sgan Buxoroning tagli-tugli aslzoda yigitlaridan bo’lmish bir guruh ilmparvar aqlirasolarning bilib-bilmay bosgan qadamlari shaharni qonga botirdi, xarob qildi. Chol talangan mol-dunyosiga achinmadi, ochiqdan-ochiq zo’ravonlik, yong’in yuragini o’rtadi. Na chora, kelgan balo bir uningmas, butun Buxoroni yondirdi. Shu topda yagona ilinji o’g’li oilasini ishonchli, tayinli joyga omonat qoldirib, Buxoroga eson-omon qaytsin.

Qo’shnilardan hol so’rashning imkoni yo’q, ikki kundirki, bosqinchi to’dani aytmaganda, na birovdan xabar oldi, na birov “Holing nechuk?”, deb kelmadi. Bu qanday jazoki, hafta ichida butun boshli mahallalar, ahil jamoa, qavm bir-biriga yot – begona. Asl kim, noasl kim bilmaysan, xudo bergan jon omonat, halol mulking bolshavoy degan qaroqchilar oyog’i ostida xor.

Chol bo’g’ilib hovliga chikdi, havo yetishmay hansirab nafas oldi. Supa o’rtasidagi singan hassasiga ko’zi tushib xo’rligi keldi. Talonchi guruhga tayinli qarshilik ko’rsatmasa-da, boriga qanoat qilmagan shaytonlar “Ko’mgan tillangni topib ber» deb savalashdi. U majhul bir tarzda turarkan, Ollohdan yupanch istagandek osmonga qaradi, ko’zlari tinib hech narsani ko’rmadi. Shu holda biroz turgach darvozaga ko’zi tushdi: “O’, bachchag’arlar, – dedi u, – olarini olib yana darvozani yopib ketishibdi-ya, qizil askar degani ishni puxta qilarkan…”

Chol darvozani lang ochib qo’yarkan, “Talangan uyning nimasini bekitay, baribir, hammasiga Olloh shohidku”, deya o’yladi. Xayol bilan sekin ko’chaga chiqdi-yu bexos to’xtadi, yuragini vahm bosib ortiga qaytdi. Buxoro Buxoroga o’xshamasdi…

Shahar tepasida achchiq tutun, chang qotib qolgandi. Kecha-kunduz davom etgan otishma, yong’in, bomba yog’dirishdan so’ng Buxoro asl qiyofasini yo’qotdi. Yerdanmi, ko’kdanmi go’yo jahannam dahshatini namoyon etgan bir balo Buxoroga jazo yog’dirdi: yuz yillar avval qad ko’targan Katta minora yarador, madrasalarning toqi teshik, aziz avliyolar qabri yerparchin, Amir Sayid Olimxon xazinasi o’lja, shahar ahli sarosima va dahshat ichra chorasiz…

Shunga qaramay Amir lashkarlari to’rt kecha-kunduz dushmanga qarshi kurashdi. Talofot va xarobaliklar haddan ortib, shahar fuqarolari jon saqlash umidida mol-dunyosini tashlaganicha turli tomonga qochishdi.

Sayid Olimxonning ichki va tashqi harb quvvatidan xabardor Frunze ketma-ket hamlalar uyushtirib Buxoroni ololmagach, Chorjo’yga Polsha frontidan chaqirib, hozirlab qo’yilgan maxsus samolyotlar dastasini jangga kiritishga buyruq berdi. Butun kun bo’yi – erta tongdan to kech ko’z ko’rguncha shahar bomba ostida qoldi. Amir Olimxonning Buxoroni tashlab chiqishdan boshqa iloji qolmadi. Ming tzqqqiz yuz yigirmanchi yil chorshanba – jangning to’rtinchi kuni Olimxon shohlik bog’i sanalmish Sitorayi Mohi Xossadan chiqib G’ijduvon tumaniga yo’l oldi. Shu kundan boshlab mang’itlar sulolasining yettinchi va oxirgi amiri Olimxonninig qadami Buxoroyi Sharifdan butkul uzildi…

Hukmdorsiz Buxoro yot qo’llar ostida qo’rqinchli tus olib, huvillab qoldi. Egasiz uylar, sohibsiz do’konlarning eshigi ochiq yotar, mol-mulk talangan, sochilgan… Kunduz ko’chalarda odam siyrak, barcha fuqaro — hunar ahlidan gadolargacha bekinib olib, takdirdan panoh izlar, o’tgan dovul ta’sirida guyo qo’l-oyog’idan, hushidan ajragandek karaxt edi.

Avvaliga Buxoroning har bir g’ishti qizil askarlarning ko’ziga antiqa o’lja bo’lib ko’rindi. Amir xazinasi – siymu zar, misdan yasalgan idishlar, ipak matohlar, kumushu marvarid, oltinlarni vagonlarga tashiyverib, nihoyat, ularning bir muddat ko’zi to’ygandek, uncha-buncha narsani nazar-pisand qilmay qo’yishdi.

Frunze buyrug’iga ko’ra zudlik bilan maxsus guruh tuzildi. Kazaklardan iborat saralangan askarlar “inqilob”ning to’rtinchi kuni Buxoro xonadonlaridan tillo yig’ish mavsumini boshlab berdilar. Eshiklarini tanbalab, Ollohdan inoyat kutib yotgan qariyalar, ilojsiz bandalar, Buxoroga qattiq bog’langan fuqarolar har bir damni tahlikada o’tkazishar, molu jon qaroqchilari tunda xonadonlarga bostirib kirishar, uy egalarini qiynab-qaqshatib tilla talab qilishardi. Shaharda bu zulmkor to’daning oldini to’sadigan mard topilmadi.

Mahallalar ahli har erta yuzi timdalangan, sochi yulingan, boshi bog’liq qo’ni-qo’shnisiga ko’zi tushib, sirdan ogoh bular, hech kim bir-biriga churq etmay navbat kutar, ertaga istalgan vaqtda o’lpon yig’uvchi Frunze jallodlari uyiga bostirib kirishidan xavotirda, yurak hovuchlab chora izlashardi. Chora esa topilmas, zulmning eshigi ochilgan, yeb to’ymas, talab to’ymas tilloxo’rlarning to’ydimi yo’q edi.

Amir ketganining ertasi tunda Zargar mahallalik o’n besh xonadonni tong otguncha qiynashdi. Oilasini Buxoro atrofidagi qishloqlardan biriga yashirib qaytgan Qodirxo’ja qaysar otasidan xabar olgani uyiga kirdi. Chol o’lsam, o’ligim hovlimdan chiqsin, mol-dunyo deb Buxorodan kechmayman, mening qochadigan gunohim yo’q, deb hovlida yolg’iz qolgan edi. Ertalab o’g’li kirib kelganida u oppoq surp ko’ylak-ishtonda supa o’rtasida bosh yalang, singan hassasini bag’riga bosganicha haykaldek qotib, savdoyi yanglig’ turardi. G’isht yotqizilgan keng supa kovlab tashlangan, xonalar ag’dar-to’ntar edi.

Ota-o’g’il ikkisi bir-biriga tikilib qolishdi, ko’zlar dardlashdi – hol aytdi, hol so’radi:
“Otajon, olib ketay, qishloqqa yashiray, dedim, ko’nmadingiz, axir bu ne ko’rgulik?”

“O’g’lim, senga aytdimku, mening yashirinadigan, qochadigan gunohim yo’q. Topgan mol-mulkim halol, o’zimniki… Bariga chidayman, boshimga ne tushsa, Ollohdan deb bilaman. Lekin sendan bir so’rog’im bor. Senlar ishongan, yurtni buzib, yurt tuzaman deganlar qani bugun? Nega ular jim? Yurtim, dinim, amirim deb jangga kirgan lashkarlarniig xuni kammidi, nechun ular jonsiz minorani to’pga tutdilar, Buxoro darvozalarini yondirdilar. Darvozalar yonmadi, mening jonim yondi, masjidlar qulamadi, men quladim. Otang moliga emas, joniga kuyadi, o’g’lim, Qodirxo’ja?!” – cholning ko’zlaridan yosh dumaladi.

“Otajon, ne qil deysiz?! Shu topda qo’limdan keladigani qochish, yo’qsa, rozilik bering, Amir qo’riqchilariga yetib olay, ul zoti oliy xizmatini qismat deb bilay… Yurt buzib, yurt so’raydiganlarga o’g’lingiz Qodirxo’ja ishonmagan, ularning xizmatidan hazar qilganman, ammo boshimda bir ulkan gunoh bordirki, har qancha yuvsada ketmaydi…”

“Bilaman o’g’lim, bilaman, Siz chetda turdingiz, qon-qardosh birodaringiz Fayzullaga qarshi chiqmadingiz, Amirni ham yoqlamadingiz – shunday emasmi? Bilib qo’ying, o’zini tanigan, hurmat qilgan odam uchun o’rtada turish qiyin. Endi qismatingiz og’ir kechadi.

Sizlar doim “Jabr-zulm ko’kka yetdi”, deb so’zlashni xush ko’rardinglar. Endichi, qo’ni-qo’shni, xeshu taborning holidan xabar oling, o’z ko’zingiz bilan ko’ring ularni, shoyadki haqiqiy zulm nimaligini anglasangiz. Shuni unutmangki, bizlarning xudodan bo’lak sig’inadigan, Buxorodan bo’lak topinadigan joyimiz yo’q!”

Qodirxo’ja asta borib otasini ozorsiz bag’riga bosdi. Ketma-ket zarbalarga xuddi Katta minoradek qaddini tutib bergan bu chol Zargar mahallaning davlatli, diyonatli, obro’li oqsoqoli hisoblanar, u yakkayu yagona o’g’li Qodirxo’ja bilan faxrlanar edi. To’raxo’janing asli kasbi zargarlik, so’ngroq savdo bilan shug’ullandi. O’g’li Qodirxo’ja savodli, madrasa ko’rgan yigit. U yaqin besh-olti yildirki, otasining yordamchisi, qariyadan butkul hisob-kitobu ish yuritishni qabul qilib olgan tadbirkor savdogar.

Buxoroning hur fikrli jadidlari, savdo ahli, ayniqsa, atrof tumanlardagi o’ziga to’q xonadonlardan ko’plab yaqinlar orttirgan mulohazakor Qodirxo’ja har qancha o’ylamasin, qizil qo’shinning istilosini anglayolmasdi. Nechun bu tartib vayron etish, yondirish, shafqatsiz qirish, talash… Yo’q, inqilob degani bu taxlit bo’lmas, zo’ravonlik bu, bosqinchilik! Yurtparvar millat kishilari nechun bu qirg’in-barotga yo’l qo’ydilar, nega xalqning bor-yo’g’i bilan hisoblashmay o’lpon yig’adilar?

Qodirxo’ja otasining qo’ltig’idan suyab ayvon zinasiga yetakladi. Chol bir zina bosib-bosmay to’xtadi:
– Millat qayg’usida Buxoroga qo’shin chorlagan birodarlaringiz qayda, nechun indamaysiz, o’g’lim?

Qodirxo’ja tushundi, otasi “Yosh buxoroliklar”ga sha’ma qilyapti. Darvoqe, nechun do’sti Fayzulla buning kabi talonga beparvo, jimgina kuzatib turibdi. Shaharni kofirga to’ldirib, o’zi qayoqqa g’oyib bo’ldi?
– Otajon, o’zingizga ma’lum, uch kundirki oilamiz tashvishi bilan bandman. Buxoro egasiz qoldi. Egasiz yurtni talashar ekan. Boshi berk – chorasiz ko’chaga kirib qoldik, kimga ishonishni bilmaysan kishi.

– O’zingizga ishoning, Qodirxo’ja, yurtning egasi bor, bugundir, ertadir buzg’unchilar, yurt talashganlar jazosini topadi, o’zi boshlab kelgan yarog’ boshini yeydi. Yurt bosib baraka topish mumkindir, ammo shuni bilingki, yurt sotib baraka topmaysiz. Moldanku kechdingiz, endi jondan kechib bo’lsa-da, birodaringiz Fayzullaga uchrang, sizga aytgan omonat so’zimni unga yetkazing. Qo’lidan kelsa itlarini bog’lasin, xalqqa jabr bo’ldi, xo’-o’b jabr bo’ldi, talagani yetar, haqqi qolmadi! O’z qavmiga ozor yetkazgan baraka topmaydi, – chol zinaga horg’in cho’kar ekan, Qodirxo’ja angladiki, otasining unga aytadigan so’zi tugadi. Umr bo’yi zar yiqqan, tillo yiqqan odam nechun bugun yo’qotgan mol-dunyosiga achinmaydi, yurt deydi, qavm deydi, qaddi tik, yuragida g’alayon…

Qodirxo’ja ostona hatlab ko’chaga otilarkan, ushbu mulohaza yuragini o’tdek kuydirdi.

Fayzullaga havasmand o’sgan Qodirxo’ja dastlab islohottalab “Yosh buxoroliklar”ga xayrixoh, so’ngra firqaning Buxoroda islohot o’tkazish loyihasi bilan tanishib, loyihaning yer-suv, harb va moliya ishlari, maorif va nozirlar kengashi kabi bo’limlarini ma’qullagan, bu haqida do’sti Fayzullaga ham bildirgan edi.

U shaharning xarobaga aylangan ko’chalaridan o’tib borarkan, shunday o’ylardi: “Yaqingacha Fayzullani meningdek do’stlari ko’p edi, birin-ketin tarqab ketdik, ajrashdik, u esa ahdidan qaytmadi. Nechun men inqilobchi bo’lmadim, xudo asradimi, jur’atim yetmadimi yo uningdek zamondan o’zib yasholmadimmi?” – Qodirxo’ja shunday o’ylarkan, barcha niyatu maslaklarining chilparchin sinishi – teskari aksidan o’ziga kelolmasdi.

Katta minora va masjid atrofidan uzoq aylanib yurdi. Qoraygan g’isht, tuproq uyumlari qabristonni yodga soladi. Hafta oldin shaharning eng obod, fayzli manzili hisoblanmish bu aziz joylarda besh-oltitadan bo’lib qizil askarlar turar, ular xarobalarni qo’riqlashayotgandek tevarakni ziyrak kuzatishar, yarador minoraga hech kimni yaqinlashtirmas edilar.

“Qay bir gunohing uchun bag’ringni to’pga tutdilar ey, bobo minor?! – Qodirxo’janing bag’ri xun bo’ldi, ko’zlari yoshga to’ldi, yutindi, ammo kiprik qoqmadi. – Kuchga to’lgan, do’st-dushmanning farqiga borgan erkak yig’lamaydi, yo’q, zinhor yig’lamaydi. O’zingni tut Qodirxo’ja, chaqirilmagan mehmonlar yonida past ketma, ularga aytadigan so’zing bo’lsa, yig’lamay, qo’rqmay ayt, toki ular seni shu tuproqning farzandi, egasi ekanligingni bilishsin! Bir o’q bilan, o’n o’q bilan qulamagan minoradan uyal, u sendan madad emas, nomus kutadi… Qani endi Fayzullani tezroq topolsam, axir u mendan, Amirdan-da Buxoroni ortiq sevardi, hammamizdan ortiq sevardi. Amirga taxt meros bo’lsa, bizga Vatan, Buxoro merosmasmidi?..»

Mushtlarini tugib, askarlarga yaqinlasharkan, qulog’iga begona – ruscha so’zlar chalindi:
– Stoy!
– Kuda tы, sart?

– Po moyemu on bay!
– Amirning qarindoshimikan, otamiz! – askarlar birin-ketin girdini o’rab olishdi. Qodirxo’ja o’rtada to’xtab qoldi.

“Otamiz”, dedimi? – u bir xil kiyingan askarlarga razm solarkan, o’zbekcha so’zlagan yoshgina yigitga tikilib qoldi. Bexos otasining: “O’g’lim, mening qochadigan gunohim yuq”, – degan so’zlarini esladi. U otishga ishqiboz askarga yaqinroq borib:

– Qochmaganni, qo’rqmaganni otasizmi, yigit?! – dedi kinoya bilan. – Qo’yingchi, birodar, o’zlari kim bo’ladilar, sarpolar qulluq bo’lsin, xo’p yarashibdi! Sizga yarog’ tutganlar adashmabdi, barakalla, oting meni, nega qarab turibsiz, kamlik qilsa, ana, Minorayi kalonni oting, qulating, nega qarab turibsizlar?!

Askar bola qilt etmay:
– Men qizil askarman, inqilob qo’riqchisi, o’zingiz kimsiz, hujjat?! – dedi jiddiy.
– Hujjat sizda bo’ladi, qizil yigit, men buxorolikman, buxorolik Qodirxo’ja! Meni kattangizga boshlang, aytadigan gapim bor.
– Kattamiz shtabda, o’rtoq Frunze nihoyatda band, u sizni qabul qilmaydi, gapingiz bo’lsa, marhamat, o’rtoq komissarga ayting, – dedi u chekkarokda nopisand qarab turgan mallasoch kishini ko’rsatib.

“Yo rab, otam bashoratchi ekan, “Endi qismatingiz og’ir kechadi, o’g’lim”, deb hozirgina aytmaganmidilar? Nohotki endi gapiradigan so’zimga, bosadigan qadamimga shulardan ijozat so’rasam? Buxoroning qo’ldan ketgani rostga o’xshaydi. Yo, Amiri a’zam, qadringizga yetmabmizku, biz g’ofil bandalarni shayton yo’ldan ozdirmish, mana oqibat, mana inqilob!”

Bu orada askar yigit komissarning so’zlarini Qodirxo’jaga yetkazishga shoshildi:
– O’zingizni tanishtiring, o’rtoq grajdanin, taqiqlangan zonaga ne maqsadda kirdingiz?
– Boya aytdimku, nega anglamaysiz, buxorolik Qodirxo’jaman, do’stim Fayzullada ishim bor. Uchrashmoqchiman.

Askar uning so’zini komissarga yetkazdi. Komissar chirt etib yerga tufurarkan, nimalardir dedi, asabiylashdi. So’ng qizil askar boshlig’ining so’zini shunday yetkazdi:
– O’rtoq komissar sizga ishonmaydi, u deydiki, duch kelgan buxorolik o’zini Fayzulla Xo’jayevga do’st deb tanishtiradi, bo’lmagan gap bu. Sizlar uni yomon ko’rasiz, siz feodallardan uni himoya qilish bizning burchimiz. Xo’jayev Buxoro inqilobining kaliti, u bizga kerak. Tushundingizmi? Endi biz bilan yurasiz, shaxsingizni aniqlash lozim.

– Chig’iriqdan o’tasan deng, menga ishonmaysizmi, to’g’ri qilasiz, begona yurtning shohi gadosi-da bir, ishonmanglar, ishonmanglar menga!
– Grajdanin Qodirxo’ja, nega unday deysiz, Buxoro bizniki, biz uni ozod qildik, yot qo’llardan, manfur amirdan ozod etdik, yashasin Inqilob! Yoki siz bizga qarshimisiz, xato qilasiz, sizning o’rningizda men bo’lganimda mana bu, eski tuzum sarqiti – amirning soyasi ajal minorasi hisoblanmish balandlikka chiqib “Yashasin inqilob!”, deb jar solardim.

– E, shunday deng, ajal minorasi deb nomladinglarmi, yo’q, iymon minorasi bu, sizlar kelguncha minorada so’fi azon aytgan, barcha mo’min-musulmonni e’tiqodga boshlagan, – uning so’ziga hech kim e’tibor bermadi.

O’ziga yarashiqli kiyim kiygan Qodirxo’jani o’rtaga olib ketisharkan, yonidagi mallasoch askar cho’ntagiga qo’l suqdi:
– Tilla bar? Zoloto, zoloto?

* * *

…Frunze askarlarining muvaqqat shtabi Amir Olimxon Arkiga joylashgach, inqilob uchun xavfli sanalgan har bir kishining taqdiri shu joyda hal etila boshlandi. Gumondorlar guruhlarga bo’linib, hukmdorga yaqinlar Amir xonadoni bilan yuzlashtirish uchun tutqunlikda saqlanardi. Asosiy shtab esa Kogon temir yo’li stantsiyasida. Qizil askarlar Qodirxo’jani Arkka sudrashgan paytda Fayzulla shahardan chetda – Kogonda o’zi uchun ajratilgan vagonda yolg’iz edi. Frunze uning Buxoroda turishini ma’qul topmadi, suiqasd uyushtirishlarini ro’kach qilib, vaqtinchalik maxsus vagonda yashashini maslahat (aslida buyruq) berdi. Frunze ushbu tadbiri bilan ikki vazifani ado etdi: birinchisi, Xo’jayevning chetda turishi shaharda o’z istagicha tintuv o’tkazish, xohlagan odamni qarshiliksiz qamash, otish – har burchida xazina yashirilgan Buxoro boyliklarini ruxsatsiz yig’ish imkonini berdi; ikkinchisi, inqilob kurashchisining hayotini kafillikka olib, qizil armiyaning sadoqatini namoyish etdi.

Xar ikki tadbirni manfaat asoslar, manfaat oqlar, shu bois qarshilikka o’rin yo’q edi.

Kecha-kunduz qo’riqlanayotgan vagonlarda tinimsiz tilla yuklanar, arava, foytunlar uzluksiz qimmatbaho buyumlar tashir, inqilobning dastlabki hosilini Buxorodan Kogonga zavq-shavq bilan yig’ishardi.

Fayzulla Xo’jayev ilk kunlardanoq, savdogar otasidan meros qolgan jamiki boyligini inqilob g’alabasi uchun ixtiyoriy topshirdi. Aytish mumkinki, bu borada u shaxsiy namuna ko’rsatdi. Uningcha, e’tiqod sinovining bundan bo’lak ishonchli usuli yo’q edi. Uzoq muddat Buxoroning mustaqil, rivojlangan tenglik va adolatli qonunlar ustivorligi asosida qurilgan davlat bo’lishi uchun kurashgan ekan, bunday ulug’ maqsad uchun nainki shaxsiy mulk – boylik, jondan kechishga ham tayyor edi u.

Inqilob qurbonsiz bo’lmas! – bu shior davrning nafasi, jamiki yo’qotilgan, boy berilgan boylik, hatto to’kilgan qon o’rnini bosishga arzirli taskinbaxsh mezon edi. U har bir qadamini shu mezon bilan o’lchar, ikkilanmasdi.

Qarshi darvozasi portlatildi. Katta minora to’pga tutildi. Ark yarim vayronaga aylandi, masjidlar ustiga bomba yog’di, samolyot neligin ko’rmagan, bilmagan Buxoro ahli qurbon bo’ldi, qirildi. Hammasiga guvoh: shafqatsiz rejaning ishtirokchisi u. “G’aflat bosgan Olimxon Buxoro taqdirini o’ylaganida, avvalo, harb quvvatini oshirmasmidi, o’zganing himoyasiga ishongan podshoh qanday qilib o’z yurtida erkin bo’lsin, bugun bo’lmasa ertaga, u albatta, Buxoroni topshirmasmidi?”

Yolg’izlikda o’tayotgan har lahza Fayzullaga tinchlik bermas, o’zicha turli sabablar topardi: “Agar u bizning islohotlarni qabul qilib, amalga oshirganida, bugun Buxoro talanmasdi, ammo u qo’rkdi, o’zidan qo’rqdi, taxtdan qo’rqdi. Olimxon uzoqni ko’rolmadi, o’ziga ishondi, pilta miltiq bilan qurollangan qari lashkarlariga ishondi. Taqdir men taraf bo’lib, rus quroli bilan uni yenggan ekanman, qismatdan tonmayman! Otadan davlat qoladi, mol qoladi. Lekin unga mamlakat qoldi, Buxoro qoldi, u shunga loyiqmidi? Olimxon Buxoroni boshqarolmadi…”

Buxoro talanar, Buxoro yonar, u esa o’z-o’zi bilan xayol talashar, o’tgan voqealar bo’lak imkon bermasdi. Ming to’qqiz yuz o’n sakkizinchi yilgi Kolesov jangidan so’ng uning eng katta imkoni jim turish edi. Bir marta ishonchni yo’qotgan mahalliy inqilobchi ikkinchi bor qizil armiyaning madadidan umidini uzishi kerak. Lekin unga ishonishdi. Fayzulla bo’lgani uchun, kerak bo’lgani uchun ishonishdi…
U shunday o’ylasa-da, so’nggi ikki-uch kunlik voqealar silsilasi, bir-yarim yoniga kelib ketayotgan yaqinlari, maslakdoshlar, qarindoshlarining ochiq-oydin noroziliklari bir daqiqa bo’lsin tinchlik bermasdi. Rost, qizillarning madadi qimmatga tushdi, lekii na chora, endi ortga yo’l yo’q, ko’priklar sindi.

Nihoyat, vagon pardasini surib atrofni kuzatdi: askarlar terlab-pishib ahdu jahd bilan yelkasiga qop tashir, birin-ketin to’lgan vagonlar eshigi tanbalanib, soqchilar soni ortib borardi. “Agar shu bilan qutulsam, shu bilan ularning qadami Buxorodan uzilsa, – deya o’ylardi u, – bilingki, Buxoro o’zining ikkinchi umrini boshlaydi, biz yangi, mustaqil davlatning poydevoriga g’isht qo’ygan bo’lamiz…» Ammo bunga hali erta, o’y-xayollari tor vagonda, askar qo’riqchiligida, Buxorodan chetda kechayotgan orzu ekanligini bilmasdi. Buxoro voqealari shu qadar shiddat bilan kechdiki, endi u temir go’shasida tinch turolmas, shoshilinch rejalar tuzar, yon daftariga qaydlar yozar, kimlar bilandir xayolan bahslashar, vazifalar taqsimlar, xullas, vaqt unga, u vaqtga tinchlik bermasdi.

Noxos eshik taqillab, soqchi ko’rindi:
– Sizni so’rab kelishdi.
– Kim!
– Do’sti Qodirxo’jaman, deydi, ruxsatnomasi bor.
– Kirsin.

Qodirxo’ja vagonga kirganida Fayzulla yarim surilgan parda yonida turib, bir mahallada ulg’aygan bolalikdagi o’rtog’i haqida o’ylardi: “Kelgani yaxshi bo’ldi, u meni tushunadi, o’tgan ginalarni unutamiz, endi bizni ish birlashtirsin, Buxoro birlashtirsin”.

Do’sti Qodirxo’ja Fayzulla kutganchalik quchoq ochmadi, hayajonlanmadi, begona, butunlay yot bir kishiga ko’zi tushgandek ajablanib qarab turdi. Bir daqiqalik og’ir sukunat Fayzullaning yuragiga toshdek qadaldi. “Nega meni tushunishmaydi, nechun menga bunday qaraydilar, hammaning qo’li mening yoqamda, axir menga ham suyanchiq kerak, qani o’sha mard, atrofimda ustoz Fitratdan boshqa hech kim qolmadi!”

Jimlikii Fayzulla buzdi:
– Do’stim, toqating yetsa, yana bir dam jim tur, gapirma. Men bir oydinlik tilayman, ko’nglim esa kun sayin qora, qop-qora: kuching yetsa, menga qo’lingni uzat, madad ber, qadamim yorug’likka yetsin, u yog’ini o’zimga qo’y, albatta qaddimni tiklayman!

Qodirxo’ja hamon jim, o’sha sovuqqonlik ila qarab turaverdi.
“Bir dunyo kek bilan kelgan, yaxshi hamki quroli yuq…”

– Sen boshqa yurtning odamisan, – sokin tilga kirdi Qodirxo’ja, – tanimayman seni, yolg’onmi? Atrofingda soqchilar, ortingda yuk to’la vagonlar! Sen men uchun guyo Buxoroga kelgansanu savdongni pishitib, yana to’lib-toshib yurtingga ketayotgandeksan! Qayoqqa jo’natayapsan bu oltinlarni?! Buxoroga qasding bormidi?! Yana qo’l cho’z deysan, madad ber deysan, sen shaytonga qo’l uzatding, senga shayton madad bersin! Otangdan, mol-davlatingdan, hammamizdan kechib topgan taxtingga tupurdim! Nima qilib turibsan bu yerda bekinib, olib chiq temir taxtingni, Arkka o’rnat! Olimxon ketdi, endi u yo’q!

– Buxoroga qasding bormidi! – Fayzulla Qodirxo’janing so’zini takrorladi. – Kecha amakim ham xuddi shu gapni aytdi. Azobku bu da’voni eshitish, tushuntirish azob, chidash azob. Men senlarning qay biring bilan aytib-eshitay! Shu kungacha yolg’iz edim, nahotki, yana yolg’izlik qismatim bo’lsa? Bunaqada men kim bilan Davlat quraman?! Yo’q, senlar ginani bilasan, xatoni ko’rasan, ammo suyanchiq bo’lolmaysanlar!

– Gapirma, senga suyanchiq bo’lishdan xudo asrasin! Yurtini kofirga topshirgan odamni men tushunmayman!
– Mening o’z rejam, maqsadim bor. Senlar yurtni emas, o’z moling, joningni o’ylaysan! Bugun bo’lmasa ertaga meni xalq tushunadi. Olimxondan qutulganiga shukur qiladi, ko’zi ochiladi…

– Olimxonni sen qanchalik bilsang, men ham uni shunchalik bilardim. Men taxt havasidan uzoqda edim. Tinchgina oilam, kasb-korim, yuragimda shukronam bor edi – hammasini to’zitding! Koshki to’zg’igan bir men bo’lsam? Ayt! Da’voga arzimaydimi bular?! Javob berasan, hammasiga javob berasan, yurtning da’vosi yelkangda turibdi, ko’zlaring ko’r sening – ko’rmaysan, quloqlaring kar sening – eshitmaysan!

Mutelik, bo’shanglik Fayzullaning tabiatiga yot edi. Maqsadga erishishning qonli yo’li, vayronagarchilik, ko’plab yaqinlaridan ajralish uni yanada teranroq o’ylashga, Buxoro bilan bog’liq har bir katta-kichik voqeani qayta-qayta tafakkur mezonidan o’tkazishga majbur qilardi. Shafqatsiz vaqt hafta ichida o’z hukmini o’qigan, shikoyatga o’rin yo’q edi. Endi buyog’iga puxtaroq rejalar tuzish, yon berish, pinhona kurashishdan o’zga chora yo’q. Aldandim, desinmi, xato qildim, desinmi, uzr so’rasinmi – bundan ne foyda? Maqsadi aniq ekan, qaytmaydi, qaysar taqdir unga yon bosmaguncha kurashaveradi.

– Cho’ntagimdagi so’nggi aqchamni ham tortib olishdi, – Qodirxo’ja hamon tik turganicha gapirardi. – Bu qadar pastkashlik?! Ishongan tog’ing shularmidi? Qaroqchiku bular, gadoku bular! Tunda otamni tunashibdi. Butun mahallani qon qaqshatib, ko’zi tushgan odamdan tilla talab qilishadi! Kechalari uyma-uy izg’ib o’lpon yig’ishadi… Qarg’ishga qolding Fayzulla, qo’lingdan kelsa itlaringni bog’la. Xalqni talagani yetar, sendan qizillar minnatdor bo’lishsa, shu yog’i ham yetib ortadi. Amirni qulatishta yetgulik, balki ortiqroq xizmat haqi to’lading! Endi ayt, bizga tegmasin, beva-bechoraning ohi senga yetmasa, Ollohga yetadi!

– Qodirxo’ja! – Fayzulla uning kiftidan changalladi. –Xotinqarg’ish so’zlaringdan to’ydim! Yaxshilab eshitib ol: Buxoro shu kungacha vatanim edi, endi esa qismatimga aylandi! Bilasan, qismatdan hech kim kecholmagay. Agar taqdir ustimdan kulmasa, Buxoroni qaytadan quraman. Sen hali Fayzullani bilmaysan!..

Sergak soqchi tahdidli ovozdan hushyor tortib, vagonga otilib kirdi. Fayzulla mallasoch askarga zo’rma-zo’raki jilmayib “Hammasi joyida, chiqib tur”, dedi ruschalab.

Kutilmaganda askarning paydo bo’lishi har ikkisinida hushyor torttirdi. Fayzulla uchun ichki va tashqi tartib o’rnatilgan – u eng yaqini bilan ham vagonda uzoq gaplasholmas, kim bilan nima haqida suhbatlashgani uchun hisob berishga majbur edi. Guvohlarsiz suhbat o’ziga choh qazishga teng, buni anglamaslikning iloji yo’q, to shu kungacha asrab-avaylab, jonu taniga qalqon bo’lib kelgan Kogon stantsiyasidan kunma-kun uzoqlashayapti. Rost, hayotini asrash vajida temir qutida, soqchilar qo’riqchiligida yotar ekan, ko’ngliga bostirib kirgan begonalik hissi kun sayin kattalashib, ulkan to’siqqa aylanib borayapti.

U vagon bo’ylab asta yura boshladi, butkul tinchini yo’qotdi. Biri-biridan chalkash, xavotirli o’ylar ta’sirida vagondan otilib chiqqisi keldi. Uning chorasiz paytlari ko’p bo’lgan, lekin bugungidek o’tgan voqealarning barcha malomati yig’ilib boshidan yog’ilmagan edi. Nimalar bo’layapti o’zi? Bari uning ixtiyorisiz kechdi, u biladiki, uning xohishidan-da shiddatli, qudratli bir kuch Buxoroga bostirib kirdi. Frunze lashkarlarining qadami yetgan Buxoroga hammadan ko’proq u mas’ul emasmidi?..

Bir muddat jimlikda kechgan fursat soqchilarni yanada hushyorlikka chorladi. Bu gal ular vagon panjarasidan poylashdi, hatto birisi poylaganini ataylab yashirmadi, tirjayib, ochiq-oydin ichkariga razm soldi.

– Kimni poylashayapti, – so’radi Qodirxo’ja, – menimi yo…
– Meni poylashayapti, ularga men kerakman.

– Yo’q, xato qilasan, Fayzulla, ularga sen emas, Buxoro kerak! Holingni ko’rib hammasini angladim, endi qo’lingdan bir ish kelishi mushkul, sen allaqachon bolshavoyning aravasiga mingansan, o’z ixtiyoringcha tushmaysan, tusholmaysan, jo’shib-jo’shib qo’shig’ini aytasan, aytmasang ayttiradi!

Fayzulla uniig so’zlarini eshitmagandek, xotirjam ko’zlariga tikildi:
–Dustu birodarlarga ayt, Buxoroni tashlab ketishmasin, hali bir-birimizga kerak bo’lamiz. Yanglish fursat tez o’tadi, menga ishoninglar Qodirxo’ja. Kel, endi xayrlashamiz do’stim.

– Ketaman, – dedi Qodirxo’ja orqaga tislanib, – lekin senga ishonmayman, Fayzulla, ishonmayman! Ollohga qasamki, baringdan o’ch olaman, toki tirik ekanman, o’ch olaman…

U eshikni taraqlatib yopdi.

* * *

Bir muddat o’tgach, ketma-ket o’q ovozi eshitildi. Qodirxo’ja chuqur xandaqda qonga belanib yotar ekan, Fayzullaning so’nggi so’zlarini esladi: «…Yanglish fursat tez o’tadi, menga ishoninglar, Qodirxo’ja…” U ko’zlarini katta ochib, chidam bilan xo’rsindi. Ko’zi elas-elas tepasida belkurak ko’targan qizil askarga tushdi.

U hali joni chiqmagan – tirik jasadini tuproqqa qorishtirayotganlarini tomosha qilib yotdi, ko’zlarini yummadi, yumolmadi. Boshi uzra – osmonda elas-elas yarador Katta minora akslandi. Bir o’q bilan, o’n o’q bilan qulamagan minoradan madad istagandek o’ng qo’lini cho’zmoqchi bo’lib talpindi-yu shu lahza yelkasiga tosh urildi, yuziga qum tushdi, ko’zlari uni zulmat qa’riga tortib ketdi.

0034

(Tashriflar: umumiy 366, bugungi 1)

Izoh qoldiring