Rajabboy Raupov. Tahlika & G’ulom Fathiddin. Bir o’qning to’rt qurboni

Ashampoo_Snap_2018.03.03_16h11m07s_002_.png21 март — таниқли ёзувчи Ражаббой Раупов таваллуд топган кун

Томчида қуёш акс этгани каби Қизилқум салтанатидаги бир оила мисолида тарихимизнинг қора кечмиши, қатағон фожиалари маҳорат билан тасвирланган “Таҳлика” ҳикоясини бир неча марта синчиклаб ўқиб чиқдим. Назаримда, адиб катта бир роман ёзгану, уни “йўна-йўна” ҳикоя ҳолига келтирганга ўхшарди. Ҳикоянинг тили равон, қаҳрамонларнинг характерлари шу қадар нафислик билан сюжет ипига тизилганки, улар руҳий мутаносибликда, меъёр ва мезон сиғимларини бузмасдан ифодаланган.

Ражаббой РАУПОВ
ТАҲЛИКА
07

Истеъдодли адиб ва журналист Ражаббой Раупов 1955 йил 21 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети (1978), М.Горкий номидаги Москва адабиёт институти Олий курсини (1989) тугатган. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи” “Ишонч” газеталарида бўлим мудири, “Ўзбекистон табиати” ва “Ипак йўли” газеталарининг ташкилотчиси ҳамда Бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатган.
“Юрак садоси” (1981), “Она сўз” (1989), “Нур дарвозаси”, “Эътиқод” (2002), “Устун” (2002-2005) каби насрий китоблари чоп этилган. Унинг “Осмоннинг эгаси”, “Остона”, ва “Она сўз” қиссалари машҳур. “Юракдаги Бухоро” (1998) тўпламининг тузувчиси ва муаллифларидан бири.
“Устун” романида ўзбек халқининг шонли фарзанди, академик Ҳ.Абдуллаевнинг долғали ҳаёти тасвирланган. “Хаётимга суиқасд” номли ҳужжатли романи автобиографик характерга эга. Унинг ҳикоя ва қиссалари рус, поляк, грузин тилларида чоп этилган.

07

Қатағон қурбонлари  хотирасига бағишланади.

0_1640cf_a74ba154_a.pngУч кундирки у атрофида парвона бўлиб, жон ҳовучлаб ўтирган яқинларини кўрмайди, гап-сўз қулоғига кирмайди. Тош қотган қабоқларини узоқ силаб очмоқчи бўлади, шу заҳоти яна кўз олдини бармоқ изи тушган сарғиш қоғоз тўсади. Қоғоз гоҳ кичрайиб, гоҳ каттариб тумандек чўкиб кўкси, юз-кўзини қоплайди-ю, кўз кўрмас қўллар аввал икки чаккаси, сўнгра юрагига бигиз санчади. Шунда у “Э воҳ, жигарим-ей!” деб, нола чекади.

Ёруғлик санчилаётган кўзларини тўсмоқчи бўлиб, чап қўли билан пайпаслаб матоҳ излайди. Хотини узатган қора жун рўмолни юзига босади-ю сал тинчийди…

Гирдини олиб ўтирган яқинлари шу фурсатни кутгандек, у бироз тинчиши билан хотинини қолдириб, ўзларини эшикка уришади. Хотини Роҳатой бети рўмол билан тўсилган эридан кўз узмай қараб туради-туради-ю пиқ-пиқ йиғлайди. Ҳар лаҳза дўхтир бола эрининг ҳолидан хабардор. У “Қишлоққа олиб кетайлик, касалхонада ётса, хавф арийди”, деб қистайди, аммо эри кўнмайди…

“Э воҳ, жигарим-ей!” – эрининг фарёди Роҳатойнинг қулоқларига қўрғошиндек қуйилган, чиқиб кетмайди. Яқин орада унинг ҳеч кими ўлмаган, оғриқнинг зўридан алаҳсираяпти, дейишса, уч кундирки у фақат шу бир гапни такрорлаб, “жигарим”лаб ётибди…

Нохуш хабар тез тарқалади. Онасини воқеадан хабардор қилиб, Гужумлига – отаси ўтовига олиб кетгани келган тўнғич ўғли қишлоқдан чиқмай туриб, шов-шув тарқалди: “Асад ферма ўзини отибди”, “Асад ферма ўзини осибди”, “Асад ферма…”.

Кейин маълум бўлдики, ферма ўзини отмаган, осмаган экан…

Ҳафта олдин у Гужумлида от сўйиб, чўпонлар билан бўлишди – улушини уйга жўнатди. Худди шу куни азонлаб Роҳатойнинг ўнг кўзи учиб, юрагига чироқ ёқса ёришмади. Тушга яқин уйга гўшт ташлаб кетишди. У от гўштини қазибоп тилиб, зиралаб, тузлаб, хумга босди, бугун-эрта қайтадиган эрини кутди. Сўнг, юмуши бошидан ошиб ётса-да, қўли ишга бормади, интиқ бўлиб кенжа келинининг даладан қайтишига кўз тикди.

Бир пайт кўзи гўшт ўраб келишган оқ сурпга тушди. Уни яқиндагина четини буклаб ўз қўли билан тиккан: оқ дағал сурп гўштни яхши сақлайди, тоза тутади, эри йилида уч-тўртта шундай ўрамани бошига етади… Сўри панжарасига ташлаб қўйилган қон юқи сурпга қараб турар экан, бехос кўзи учишдан тўхтади. Бундан унинг юраги баттар ғашланди, учишдан тўхтаган кўз ости терисини силаб-силаб:

– Нима бало, кўзим қонсирабдими, – деди овоз чиқариб. – Ишқилиб, яхшиликка етказсин-да…

Алланечук титраб ўрнидан турди, сув иситиб, сурпни тоғорага солди, қайта-қайта ювса-да, қон доғи кетмади… Охири оч қизилга бўялган матоҳни дорга ёйди ва офтобрўяга қўйилган сўрига ўтириб тин олиб ўтирди. Эт, қон кўравериб кўзи қотган Роҳатойнинг бугун нечундир дорга ёйилган сурпга кўзи тушиши билан аъзойи танига титроқ кирди. Ўтирган жойидан туриб, нари кетолмади, кўзини дордан узолмади, сурпни дордан юлқаб олиб ташламоқчи бўлди-ю ҳоли етмади – бўғин-бўғинидан бўшашди. Аксига олиб, ҳовли ўртасидаги кекса тут шохига бойўғли келиб қўнди. Уни “кишт-кишт”лаб, қарғаб шохдан учиргунича кўнглидан кўп нохуш ўйлар кечди. Кўксига “туф-туф”лаб исириқ ахтарди…

Саксовул чўғига сепилган исириқни ҳовлидан айлантириб, супа ўртасига қўйди. Барибир тинчимади. Тутун бурқсиб, бутун ҳовлини исириқ ҳиди босди-ю, нечундир ўн қадам нарида осилган қон юқи сурпга етмади, сурпни айланиб ўтиб, юқорига ўрлади. Шунда Роҳатой ғайри бир куч билан жойидан турди-да, исириқни чўғи билан сурпга сепди. Суви сирқиётган сурпга чўғ ёпишиб, бир пасда илма-тешик бўлиб тутади. У ҳовлиқиб ёнида турган сув тўла челакни сурпга отди.

Роҳатой дор остида михлангандек қотиб турар экан, бир маҳал ўзига келиб, сурпга қаради-ю йиғлаб юборди. Гўшт ўрайдиган сурп худди ўққа учгандек илма-тешик бўлиб, илвираб турарди…

– Э воҳ, жигаримей! – эри юзига ташланган қора жун рўмолни сидириб ташлаб, тағин нола чекди. Оҳи чодирга қўшиб Роҳатойни ҳам ютиб юборадигандек учиб ўрнидан турди-да, ўғилларини чақирди. Улар эшикдан кириб-кирмай Роҳатой ўтовдан қочиб чиқди…

Асад ферма ётган жойида – тўшакда аза очган, буни ҳеч ким – на тепасида турган аёли, на икки ўғли, яқинлари билмас эдилар… Дарвоқе, ферманинг узоқ йиллар йигит ёшида “душман” ёрлиғи ёпиштирилиб, отилган Қудрат исмли укаси бўлган. Унда Асад ферма мудири эмас, хўжаликда ҳосилот* эди. Укаси Қудрат эса…

Бир оқшом Асадни идорага йўқлатиб, қўлига чақирув қоғози тутқазишди. Саҳарлаб у шаҳарга отланди. Йўқланган жойни сўраб-суриштириб топганида, шубҳасиз, ҳеч нимага тушунмади. Уни бегона кишилар саволга тутди – укаси Қудрат ҳақида сўрашди. У истар-истамай, ажабланиб жавоб берди: “Укам, Қудрат тўйларда достон айтиб, қўшиқлар битиб юрадиган бўз йигит. Ўтган йили Самарқандга сабоққа кетди. Шоир бўламан, дейди…”

“Мана, сизга қоғоз, – деди тўрда ўтирган чарм камзулли киши Асаднинг кўзига синчиклаб қараб, – шу гапингизни ёзинг”.

“Менинг хат-саводим йўқ, биродар, – деди Асад ийманиб, – агар пахтадан сўрасангиз, бинойидек айтаман… Укам Қудрат бир келганида, ака, сизга хат ўргатай, деб кўп қистади, кўнмадим, сен ўзингни бил, мени сенга оғирлигим тушмайди, дедим… ”.

“Яхши, унда боя айтган гапингизни шошилмай қайтаринг, мана, ўртоқ Қуттиев ёзади, сиз қўл қўясиз”.

Асад укаси ҳақида айтган гапини такрорлади, кўзойнак таққан, ориқ, узун бўйли терговчи Қуттиев қоғозга туширди, охирида у имзо ўрнига бармоғини босди…

Хайрлашаётганида Асад баланд овоз билан гумбурлатиб:
– Бу йил пахта ҳар йилгидан мўл бўлади! – деди.

Ўтирганлар унинг гапини жилмайишиб эшитишди-да:
– Яхши, яхши ўртоқ ҳосилот, яшанг! – дейишди.

Тамом – бўлган гап шу. Сўнг у қишлоққа етганича хўп ўй сурди: “Кимсан – ҳосилотман, уруғ-аймоғимни суриштиришади-да! Қудрат – ёлғизгина иним, саёқ юрмасин, акасидек эл-юртга нафи тегсин, дейишади-да! Хўжаликда ким кўп – одам кўп, улар билан бировнинг иши йўқ, борсанми, йўқсанми, деб ҳеч ким сўрамайди…”.

Асад шаҳарга бориб қайтган куннинг эртасига онаси Ҳожар биби ғалати тушлар кўриб тилидан Қудрат тушмади. У ҳар кеча қизи Маликани қийин-қистовга олиб, кенжатойига хатлар ёздирди… Кўп ўтмай Асаднинг шаҳарга боргани изсиз кетмади – сир ошкор бўлди: ҳосилотнинг укаси “халқ душмани” экан…

* * *

Ўша кун-тун қиёматгача Асаднинг ёдидан чиқмайди. Дарвозаси ёнидаги якка михда гижинглаб турадиган оти ўз-ўзидан йўқолди. Йўқса, ҳосилотнинг оти, деб ёнига одам тугул, ит ҳам йўлолмасди. Асаднинг оғзи боғланди, тили калимага келмади – отни ким олди, деб бировдан сўрамади, оғиз очмади. Қамчинни этиги соғисига суқиб, кўчага чиқди-ю ярим йўлдан қайтди: Асадга кўзи тушган қўни-қўшни, таниш-билиш – ҳамма ёвдан қочгандек ўзини панага тортиб, танимаганга олди. Ўзига яқин олиб юргани – узоқдан қорасини кўрса, қўли кўксидан тушмайдиган миробга дуч келганида у: “Йўлдан қоч, отим ҳуркади!” деб отини йўрттириб кетди.

Асад шундан кейин ўзини йўл чеккасига олди, шундоқ, ёнгинасида гулга кирган ғўзаларга қараб ўй сурди, эгилиб бир туп ғўзанинг гулини санади – ҳисобдан адашди, қайта санаётганида ортидан овоз эшитилди:

– Тегма, давлатнинг ғўзасига! Белинг оғримаганда – ичинг ачимайди, унсур!.. – Асад бурилиб ортига қараган эди, бригадирни кўрди. Мулзам бўлиб ўрнидан турди, гапиролмади, худди тилини ютгандек бақрайиб қараб қолди.

Бригадир шашт билан яқинлашиб, Асаднинг этиги соғисига суқилган қамчинни тортиб олди. Сўнг сувсираб тўкилган ғўза гулларини сиқимига йиғди-да, Асаднинг кўзи остига тутди:
– Бу нима, нега тўкдинг?!.

Асад соқов одамдек довдираб елка қисди. Бригадир қамчин дастаси билан йўлни кўрсатди. Асаднинг боши айланиб, кўзи тинди. Депсиниб йўлга чиқар экан, бригадирнинг “Халқ душмани!”, “Унсур!” деган сўзлари бошидан дўлдек ёғилди…

Қадди букилиб зўрға ўзини уйга олди, дарвозага занжир солди. Онаси, хотини, болалари уйда-ю, лекин барибир ҳовли сув қуйгандек жимжит. Ана, эшик ёнида синглиси Маликанинг кетмони кўринди: сезди – уни даладан ҳайдаб юборишган…

Кўчанинг даҳшати уйга қамалди. У меҳмонхонада қамалиб ётди, ташқарига чиқмади. Қуёш ботмай эшик очилди. Унинг хаёллари тўзиди: “Мени олиб кетгани келишган” деб қўрқиб жойидан турди. Йўқ, онаси экан, остонада Қудратнинг суратини кўксига босганича Ҳожар биби турар, авзойидан хонага кириш нияти йўқ.

Она-бола бир-бирларига қараб турдилар, биринчи бўлиб, Асад кўзини олиб қочди, бош эгди.

– Баракалла, – деди онаси шикаста овозда. – Баракалла! Ининг Қудрат душман эканми, сен шунга ишондингми? – Она ўғлининг қоғоздаги аксига бир қараб, суратни қайта кўксига босди. – Йўқ, мен ишонмайман, ишонмайман, менинг ўғлим душман эмас, шоир…

Асад шундоқ рўпарасида – остонада онасини кўриб турар, нечундир сўзлари аранг қулоғига кирар, гўё кампир жуда олисдан туриб гапирар, овозини элас-элас илғар эди. Бир маҳал у бошини кўтарди, онаси йўқ – аллақачон кетган. Асад яна хаёл, қўрқув, мутелиги билан ёлғиз қолди…

Кўчада одам оёғи тийилганда раиснинг чопари эшик қоқди. Дарвозани хотини очди…

Йўқлов қисқа бўлди, кутилмаганда у раиснинг хонасидан тоғдек юпанч туйиб, кўзи ёшланиб чиқди. Бошига қора кун тушганида битта бўлса-да мададкор топилди…

“Уй-жойни ер ютмайди. Қизилга* кетасан, биров сўраса – бола-чақаси билан чўлга сургун қилдим, дейман…”, раиснинг гапи то уйига етгунича, кейинчалик ҳам Асадга қанот бўлди. Шу кеч тоғдек суянч бўлган раиснинг сўзларини онасининг қулоғига шивирлаб айтди, ҳовлиқиб хотин, бола-чақасини кўчишга чорлади. Кўчада арава тайёр турар эди.

Она йўл тадоригига тушган ўғли, келини, қизи Маликани кузатиб, уй бурчига жимгина ўтирди.

Бир сидра кўч-кўронни аравага юклашди. Вақт ўтиб борар, арава йўлга шай, ҳамон Ҳожар биби жойидан қўзғалмай сукут сақлаб турар эди. Асад остона ҳатлаб онаси турган уйга кирмади, тўғриси, киришга юраги бетламади. Очиқ дераза ёнига келиб, ўнғайсизланиб томоқ қирди – йўталди. Шунда:

– Йўл олинглар, мен рози, – деди онаси. Асад шуни кутиб тургандек кўчага отилди. Арава қўзғалганида Малика ўзини пастга отди, югуриб уйга кириб кетди.

Асад аравани тўхтатмади. Ортига қарамади. Ҳовлидан онаси билан синглисининг дод солиб йиғлагани эшитилди…

“Э воҳ, жигарим-ей!” – Асад тамоман ҳолдан тойди, овози бўғилиб, кўзида ёш қотди. Энди у тўшакда тахта мисол ётар, аъзойи, тани совиб, пешонасига муз босгандек ичидан қалтироқ тутди. Устига қўш кўрпа ёпишди. Ўтов гўё қоп-қора бўшлиққа айланди. Асадни зулмат ютиб, чоҳга ғарқ бўла бошлади. Бош-туби йўқ зулматга чўккандан чўкиб бораверди, ўтов ёнида тик турган ўғиллари, яқинлар тепада осилиб қолди. Юраги оғзига келиб чўкаяпти, чўкаяпти… Бир маҳал синглиси Малика Асадга қўл чўзгандек бўлди…

Ўшанда… Малика ўзини аравадан ташлаб, қочиб ҳовлига кирганида онаси ўқловга таяниб супага чиқди. Маликани кўриб, ўқловни улоқтирди, қучоқ очиб қизини бағрига босди, суянди. Ҳувиллаган ҳовлида она-ю қиз узоқ йиғлашди.

Шу кеч ҳеч ким бу ҳовлидан хабар олмади, бунда бир тирик зоғ бор-йўқлигини унутишди…

Ҳожар биби ўғли Қудратнинг доғида куйиб-куйиб кўз юмди.

Малика қари қиз бўлди, чўкди…

* * *

Омончилик йиллар келди. Асаднинг ғами ариди, унга кун боқди: оддий чўпонликдан бош чўпон, сўнгроқ фермага мудир бўлди. Гап-сўз, қўрқув, хавотир ортда қолди – унутилди. Энди у илгариги бир пайтлар “Душманнинг акаси” деб Қизилқумга қочирилган ва узоқ йиллар елка сиқиб, бош кўтармай юрган Асад эмас – Асад ферма, қўш мукофотлару ёрлиқлар эгаси. Хуллас, у Қизилни уйим деб билди, қўним топди, қадр топди. Хотин, бола-чақаси яна қишлоққа қайтди, тўнғич ўғлини қабатига олди – одам қилди. Кенжаси уйда онасининг ёнида, чўл билан қишлоқни боғлаб турган чопар, чаққон йигит…

Онаси раҳматли бўлганидан сўнг анчага довур тушига кирмади. Асад буни ўзича тушунди: “Малика уйда ўтириб қолди, узатилмади. Онамнинг руҳи ранжиган, у мендан хафа…”.

Ҳар гал синглисига кўзи тушса, онасини эслайди, эслайди-ю, кампир тушига кирмаганига суюнади. Ахир осонми, барибир, она-да. Баъзан ўша ювуқсиз кун – онаси билан тузукроқ хайрлашмай ўзини ўйлаб қўрқиб чўлга қочган кун ёдига тушади, эсламайман дейди-ю яна… “Унсурнинг акаси” деган ном узоқ вақт Асадга тинчлик бермади. Қизилқумда юрса-турса-да хавотир қийнади. Олисдан бир отлиқ ё пиёда кўринса, Асад албатта “Мени олиб кетгани келишяпти” деб ўйлар, гўё ҳар бир бархан, буталар ортидан укаси Қудрат бош кўтариб, уни пойлаётгандек, уни олиб кетгани келишаётган кишиларга қарата: “Ана шу менинг акам бўлади, ушланглар уни!” деб жар солаётгандек бўлар эди. Кун сайин Қудрат Асаднинг тутқич бермас душманига айланди.

…Орадан икки йил ўтар-ўтмас онаси қазо қилди. Асадга хабар етгач, “Борсамми, бормасамми” деб узоқ ўйлади… Овозсиз, йиғисиз кириб борганида, жасадни уйда бир оқшом сақлаб, Асад келмагач, кўмишибди.

Ўшанда… қариндош-уруғ, қўни-қўшни Асадни бегонадек қаршилашди. Синглиси Малика акасининг бир четда мунғайиб, жим турганини кўриб, ҳовлидаги қари тутни қучоқлаб бўзлади. Оғир кунда елка тутмаган жигардан ўксиб йиғлади… Уни ҳеч ким йиғидан тўхтатолмади, юпатолмади. “Тегманглар унга, – деди қўшни чол. – Бу муштипар йиғидан бўлак не кўрди, бугун унинг отаси ҳам, онаси ҳам йиғи… Бугун тўйиб-тўйиб йиғласин, эртага дийдаси қотади, сўнгра уни уриб ҳам йиғлатолмайсан…”.

Онасининг қирқи ўтиб, кунлари аввал бошдагидек маромига тушди. Ҳаммаси босилган издек ортда қолди. Умр сув янглиғ оқди. Асад ўша-ўша… Бир оқшом у ўз ташвишларини ўйлаб ёстиққа бош қўйган эди, кўзи илинар-илинмас чўчиб уйғонди. Онаси қазосидан кўп йиллар ўтиб, шу оқшом илк дафъа тушига кирган, қўрққан эди. Тириклигида мулойим, озорсиз онаси бехос тушига кирди-ю, Асаднинг ороми бузилди. Шу тундан бошлаб онаси ҳар кеча Асад билан қасдма-қасд: кемтик тишлари орасида бир варақ қоғоз, икки қўли Асаднинг ёқасида. “Қани менинг Қудратим, Қудрат, Қудрат қани?!” – деб силтайди, оғзидан қоғоз тушмайди. Асад бўғилади, жон талвасасида онасининг кўзларига ёлвориб жовдирайди. Бехос кампирнинг қорачиғи оппоқ тошга айланади, сўнг тош каттайиб кўз соққасини қоплайди, бўртиб чиқади… Асад кўзлар ўрнида тош кўрган маҳал ёқасини ўчнок қўллар бўшатади, онаси йироқлашиб, қаршисида укаси Қудрат пайдо бўлади. У ҳамон илгаригидай – бўз йигит, катта-катта кўзлари учқун сочиб, ёниб турарди. Икки кафтида онасининг кўзлари: “Акажон, – деб у қўлини Асад томон чўзади. – Мана, онамнинг кўзлари, олинг, мен буларни ўзим билан олиб кетган эдим…”.

Куну тун – ўнгу тушида шу воқеа такрор. Буткул ҳаловатни йўқотди у. Ҳаётини Қизилқумсиз тасаввур этолмаган Асадни чўл бир кечада олис-олисларга улоқтирди, бағридан қувди. У ўзини саҳрога бегона: чўпонликка ёт сезди… Ҳалигача шукур дейди, ўшанда у босинқираб уйғонганида (овозидан ўғли ҳам чўчиб уйғонган эди) тўнғичини отиб қўйишига оз қолган. Ким билсин, қаршисида шарпадек чўнқайган ўғли кўзига Қудрат бўлиб кўриндими, ҳар қалай “шарпа” қаддини кўтармай ўзини Асаднинг оёғига ташлади, милтиқни қўлидан олди… Асад ўзига келгач, сув сўради, ўғли сопол косада сув тутди.

Шу кеча у ўғлини ёнидан жилдирмай, қўлидан ушлаб, тонг оттирди.

Туши ҳақида ҳеч кимга оғиз очмади…

Пешинда ўтовнинг бари анжомларини чиқариб шамоллатди. Хаёлини бир зум бўлсин, кўрган туши тарк этмади…

Кунни бир амаллаб чўпон-чўлиқнинг юмушига аралашиб ўтказар, қуёш ботиши олдидан юрагига ваҳм тушиб, онаси, укаси Қудрат таъқиб этаётгандек, кенг саҳро торайиб, ўзини қўйишга жой тополмай сиқила бошлар, назарида Қизилқум – оёқ босган ер, ўтов, анжомлар уни ютиб юборишга шай турар, “Кетаман, кетаман!” деб шивирлар, қаёққа кетишини билмас эди.

Ҳафта ўтмай қишлоққа кетди ҳам. Ранги синиқиб, бир ҳолга тушиб қолган эрини кўриб, аввалига хотини қўрқди. Асад сир бой бермагач, бевақт ташрифни “чарчаган”га йўйган аёли эрига парвона бўлди, оромига қўйди…

У очиқ деразадан ҳовлига тикилиб туриб, бир пайтлар онаси яшаган кўҳна уйга кўзи тушиб, юрагини қайта ваҳм босди. Бу уйда ҳеч ким яшамас, синглиси Малика қиз жиянлари билан алоҳида хонада яшар, Асаднинг янги тикланган иморати етти пуштига етиб ортарди.

Асад деразани ёпиб, хаёлини бошқа нарсаларга чалғитмоқчи бўлса-да, барибир кўҳна уйдан онасини етаклаб Қудрат чиқиб келаётгандек бўлаверди. Ҳовлиқиб хотинини чақирди.

Аёли ёнига келганида унга тайинли бир гап айтолмади, “Қўрқаяпман” дейишга уялди. Роҳатой тепасида жим туравергач, “Ўтир, зерикаяпман” деди. Хотини жилмайиб чиқиб кетди. Уни ортидан кузатиб туриб, беихтиёр уй ҳақида ўйлади. Бир хона ва даҳлиздан иборат пастак томни шу кунгача бузмаганига ҳайрон бўлди. Ниҳоят шу кунгача тортган азобларига чора топгандек шошиб, оёғига этигини суқди. Кўчадан икки-уч бекорсозни топиб келиб, боягина юрагига имконсиз қўрқув ва ғашлик солган ёдгорлик уйни бузишга буйруқ берди…

Оқшом мардикорларга қўшилиб ароқ ичди, алламаҳалгача кетишга рухсат бермади, гарчи улардан маънили гап чиқмаса-да, вақт ўтишини ғанимат билди – овунди…

Тонг отар-отмас ўтовдагидек дод солиб уйғонди. Роҳатой буни ўзича тушунди: ароқни қарғаб-қарғаб эрига муздек сув ичирди.

Шу уйғонганича Асаднинг қайта кўзи юмилмади. Эрталаб нонушта қилмай тўнғич неварасини ёнига олиб, тўғри онаси дафн этилган мозорга борди. Билганича тиловат бошлаб, кампирни ёд этди. Қайтишда куппа-кундузи, гўё ортидан бир шарпа эргашиб келаверди – қўрқди, неварасининг қўлидан тутиб “Э, яшанг, Толиббек!” дея йўл бўйи шу бир гапни такрорлаб келди.

* * *

Асад учун икки дунё – чўлу қишлоқ бирдек дўзахга айланди. Кўп ўтмай уйқусизлик касалига мубтало бўлди.

Ўтовдан бир чақирим нарида кўп талатўп жанг кўрган, ҳозирда хароба тепаликдан иборат “Ҳазор нур” қўрғони бор эди. Илгарилари Асад қачонки ҳориб, асаби бузилса, кўҳна қўрғон пойига келиб, соатлаб сукутга толиб ўтирар, тиниқиб, кучига-куч қўшилиб қайтар эди. У таскин ва ором истаб яна қадим “Ҳазор нур”га қатнади. Уни анчадан бери кузатиб, индамай юрган кекса чўпон шундай маслаҳат солди: “Иним Асадбой, сизни ҳаловат тарк этган. Пиримиз Чўпонотани ёдлаб, ўтган шаҳидлар руҳига қон чиқазинг, шояд енгил тортсангиз…”. У сукут сақлаб, чолнинг сўзларини эшитди-ю, бир сўз демади. Ичида: “Кошки эди шундай бўлса, – деб суюнди. – Битта эмас, ўнта қўй сўярдим. Майли, шаҳидлар ёди учун бир жонлиқ сўйганим бўлсин…”.

Шундай кунларнинг бирида фермага ёнилғи ташувчи ҳамқишлоғи Асадга хушхабар келтирди. У қўйин чўнтагидан букланган газета чиқариб:

– Буни қаранг, ферма бобо, – деб Асадга узатди. Газетада Қудратнинг суратию шеърлари босилган эди. Бу Асад учун янгилик эмас, укасини аллақачон оқлашган, шундай бўлса-да, Қудрат акаси учун яқин ўтмиш ортида нимаси биландир ноаниқ, ҳамон сирли, бир қадар хавотирли туюлар, ака-ука ўртасидаги олис масофа – ҳалигача девор бузиб ташланмаган эди. “Нималар бўлаяпти ўзи, – у истар-истамай газетага қўл чўзди, – нега отишди-ю нега оқлашди? Тушимда ҳам, ўнгимда ҳам Қудрат, Қудрат! Гуноҳим нима менинг?!”.

Асад газетани шоферга қайтарди:
– Ўқи.

Умрида шеър ўқимаган ҳамқишлоқ Қудратнинг сўзларини тутила-тутила акасига етказди:

– Оғам, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
Синглим, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
Севгим, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
Ватан…

– Бас, ўқима! – Асад газетани юлқаб олганича кўксига босди, бархан томон югуриб кетди. Тепаликка етар-етмас ўзини ташлади, пешонасини қумга босиб ўкради. Назарида бутун чўл, еру кўкни гумбурлаган овоз тутди-ю ва акс-садо берди:

– Душман, душман, душман!

* * *

Қирқимнинг* якуни учун ғолиб фермани мукофотлагани келишган раҳбарлар зиёфат устида Қудратдан гап очишди. Бириси:

– Сиз, Асадбой, шунчаки одам эмас, катта кишисиз! – деди. – Сўзингиз тошни ёради, нишонларни тақиб бир шаҳарга боринг-да, Қудратни суриштиринг, айби нима унинг? Ахир йигирма уч ёшида… ақл бовар қилмайди-я, увол кетди…

Асад кутилмаган таклифдан гангиб қолди. Сўнг обдон ўйлаб “Майли, суриштирсам-суриштирай, мендан нима кетди, зора шаҳар баҳона сал тинчисам…”, – деган тўхтамга келди.

Сўнгги таскинга суяниб шаҳарга йўл олди.

Ошнаси тўғри айтган экан, уни куттиришмади – йўқлаб борган эшигига сўзи ўтди. Ҳашам меҳмонхонадан жой олиб, бир ҳафта кутди. Сўнг уни чақириб, илтимосига биноан укасининг айбномаси билан таништиришди. Дастлаб қўлига ўша – тушларига кириб чиққан, то ҳануз тинчини бузган қоғозга монанд бир варақ тутқазишди. У “Ўқиёлмайман” дегач, ярим саҳифага етар-етмас айбномани ўқиб эшиттиришди.

Айбномада шундай ёзилган эди: “Мен – ким Асад Комил ўғли, иним Қудрат Комил ўғли ҳақида тубандагиларни маълум қиламан. Иним Қудрат меҳнатга бўйин товламай, хўжалик ишини менсимай сабоқни ихтиёр этди. Меҳнаткаш оммани йўлдан оздирувчи, Шўро ҳукуматини камситувчи шеърлар битиб, кунни тун деб ўйлайдир… Гарчи Қудрат туғишганим бўлса-да, унинг унсурларча босган қадамидан чўчийдирман, зеро бу иллат бошқаларга юқмасун деб:
Асад Комил ўғли. Имзо ўрнида бармоқ босдим. Котиб: терговчи Қуттиев”.

Айбнома ўқиб эшиттирилгач, у қулоқларига ишонмай турди. Айбномани иккинчи бор ўқиб эшиттиришди, Асад кўзларини юмди, сўнг бу ёғи нима бўлганини эслолмайди…

Кўзини очса, ўзининг ўтовида – Қизилқумда ётибди. Ёнида ҳеч ким йўқ, у ҳамишаги ўрнида – пастак ёғоч каравотида ечинмай чўзилган, эгнида шаҳарга кийиб борган кастюм-шим, кўкраги тўла нишон…

Ўрнидан туриб, биринчи қилган иши – шимини ечди, хотини тикиб берган қопдек сурп иштонда оёқ яланг юриб ташқарига чиқди. Сув тўлдирилган темир охурлар ёнига келиб, костюмини ечди, баридан осилтириб қудуққа ташлади. Цемент ҳовузчада юз қўлини чайди. Ўтовдан болта, пичоқ олиб чиқди. Ой сайин келиб-кетиб турадиган меҳмонларга атаб алоҳида қўрада доим уч-тўрт бош ахта қўчқор боқар, бир ҳисобда унинг кунига яраган – ном қозонишига шу жониворларнинг ҳам ҳиссаси катта эди. У шошилмай бориб, “Ҳазор нур”га қон чиқазаман” деб кўнглига туккан сур қўчқорни орқа оёғидан тутиб, қўрадан судраб олиб чиқди. Йиқитди. Уч оёғини чилвир билан боғлаб, бўғзига пичоқ тортди. Қон отилар-отилмас оғзини босди – қон шимирди. Сўнг оғзи, иягидан қон оқиб, ярми қумга кўмилган кунда ёнига келди. Чўкка тушиб кундани қучоқлади, пешонасини босиб:

– Иним Қудратжон! – деб силкинди. – Сени сотган қўлим сотқин, оғзим қон! Сени сотган ақлим сотқин, бағрим қон!

Ниҳоят, у бошини кўтарди, қаддини ростлади, тишларини зич сиқиб айбномага бармоқ босган ўнг қўл панжаларини кундага қўйди. Чопти. Йиқилди…

Уч кундирки, у атрофида парвона бўлиб, жон ҳовучлаб ўтирган яқинларини кўрмайди, гап-сўз қулоғига кирмайди. Тош қотган қабоқларини узоқ силаб очмоқчи бўлади, шу заҳоти яна кўз олдини бармоқ изи тушган сарғиш қоғоз тўсади. Қоғоз гоҳ кичрайиб, гоҳ каттариб тумандек чўкиб, кўкси, юз-кўзини қоплайди-ю кўз кўрмас қўллар аввал икки чаккаси, сўнгра юрагига бигиз санчади. Шунда у “Э воҳ, жигарим-ей!” – деб нола чекади, дод дейди…

Тушдан сўнг Асад сал ўзига келгандай бўлди. Ранг-рўйи тиниқиб, кўзлари равшан тортди. Ёнидагиларга хотиржам боқди. Бир пиёла сут ичди, сўнг тўнғич ўғли билан ёлғиз қолдиришларини сўради.

Яқинлари чиқиб кетгач, ўғлининг қулоғига нимадир деб пичирлади, ўғли бош эгди…

Асадни қўлтиғидан суяб ташқарига олиб чиқишганида Роҳатойнинг бошига офтоб чиққандай суюнди. Уч кеча-кундуз эри билан тортган азобига рози бўлди.
Эри кундага яқин жойга курси қўйишларини сўради. Курсига жойлашиб ўтиргач, биродарларига “Холи қолдиринглар мени”, деди. Елкасига тўн ёпиб, ёлғиз қолдиришди. Асад чуқур тин олиб, теваракка разм солди: кўз илғайдиган масофада ҳеч ким йўқ. Сокин. Уфққа туташган илон изи йўллар…

У кундага қарама-қарши ўтирибди. Яқин-яқин йилларгача шу йўлларни ҳадик, хавотир, қўрқув билан кузатган ва ҳар лаҳза қўлларига кишан солиб олиб кетишларини кутган…

Панжадан юқорилатиб чопилган, рўмол билан танғилган мўнтиқ ўнг қўлига бир қаради-ю жирканиб бошини чап ёнбошига осилтирди. Кўзи бир қўра қўйга тушди. Ютиниб туфлади. “Қудратдан, онамдан тониб, бекиниб топганим шу – бир қўра қўй!” – у алам билан кўзларини юмди. Шу пайт ахта қўчқорлардан бири чўзиб маъради. “Ма-а, ма-а” деган овозга она қўйларнинг мараши жўр бўлди, назарида оламни қўй овози тутди.

Кўзини очганида ит ҳурди, шу заҳоти қўйларнинг саси ўчди. Тавба, битта ит юзта қўйни жим қилди-я?!

Баҳорда уни худди шу жойда бир мухбир саволга тутган: “Нега бу ерга қўйлар тез-тез мараб келишади?”

“Она қўйлар боласини излаб келади-да. Сиз турган жойда қўзи сўйилади”.

Э, шундай денг, бечора она қўйларга қийин эканда-а?”.

“Бунинг йўли осон, ука. Она қўйни қулоғидан буриб, пешонасига бир мушт урасиз, тамом – боласини унутиб, ортига кетаверади”.

Сал ўтмай яна маъраган овоз эшитилди. Асад “Ҳозир, ҳозир, – дея шивирлаб ўрнидан турди, – ҳозир, мени есанг… тўясан. Ҳозир”.
У қаёққа юришини билмай бир пас гарангсиб турди, бехос ҳаммасини унутгиси, дод солиб қичқиргиси келди. Шу топда кимдир кучли қўллари билан Асаднинг пешонасига мушт солса-ю, сўнгра… у ҳаммасини унутса…

Асад икки-уч қадам олдинга юрди-да пешонасини кундага урди… қулаб тушди…

* * *

Марҳумни қишлоққа олиб кетиш узоққа чўзилди. Ўтовдан Асаднинг беваси билан ўғлининг тортишгани эшитилди:

– Вой шўри-им, отанг беватан, бемозор – келгиндими, суяги чўлу биёбонда қолиб кетса?
– Отамнинг васиятини бузмайман…

Ғулом ФАТҲИДДИН
БИР ЎҚНИНГ ТЎРТ ҚУРБОНИ
ЁКИ РУҲЛАР ИСЁНИ
(Ражаббой Рауповнинг “Таҳлика” ҳикоясини ўқиб…)
07

RR.jpgЎтган асрнинг сўнгги чорагида Ражаббой Раупов ўзининг илк ҳикоялари билан номдор ёзувчилар, синчков китобхонлар эътирофини қозонди. У Миллий дорилфунунни тамомлагач, Москвадаги Олий адабиёт курсида таҳсил олди. Машҳур рус ёзувчилари, таржимонлари назарига тушди. Ҳикоялари рус ва бошқа қардош тилларга ўгирилиб, адабий семинарларда муҳокама қилинди, баҳоланди…

Орадан ижодий изланишлардан иборат, синовларга бой, курашларга йўғрилган навқирон ёшлик йиллари ўтди. Бу даврда у журналист ва адиб сифатида шаклланди. Адабий фаолиятида эзгулик ғоялари, адолат, эрк, озодлик асосий мавзуга айланди ва Ражаббой ижодий принципларидан чекинмади. Ҳақиқат ижодкорнинг қисматига айланди.
Тақдир тегирмонидан бутун чиққан адибнинг асарлари юртимизда ҳамда хорижда нашр этилиб, китобхонлар ва адабий жамоатчилик эътиборига тушди.

“Таҳлика” ҳикоясини бир неча марта синчиклаб ўқиб чиқдим. Назаримда, адиб катта бир роман ёзгану, уни “йўна-йўна” ҳикоя ҳолига келтирганга ўхшарди. Ҳикоянинг тили равон, қаҳрамонларнинг характерлари шу қадар нафислик билан сюжет ипига тизилганки, улар руҳий мутаносибликда, меъёр ва мезон сиғимларини бузмасдан ифодаланган. Қаҳрамон кечинмаларининг руҳий ҳаққониятига заррача шубҳа қилмайсиз. Кўз ўнгингизда поёнсиз Қизилқум саҳроси манзаралари жонланади. Яқин тарихимизнинг аянчли, жароҳатли лаҳзалари билан юзма-юз келасиз. Қатағон даври одамларининг ғуссага тўла овозини эшитасиз.

Воқеалар қолган уч кеча-ю уч кундузлик умрини Гужумлида – яқинлари билан видолашиб ўтказаётган Асад ферманинг жон талвасасидан бошланади. Асад нега ҳеч кимга билдирмай ўзига аза очади? Нега уни бармоқ изи туширилган сарғайган қоғоз юрагига бигиз санчиб қийнайди? Нега уни тушларида ҳар кеча онаси таъқиб этади? Нега аёли Роҳатойнинг қора рўмоли билан ёруғлик игна санчаётган кўзларини, юзини тўсиб яширади, ҳеч кимга қарагиси келмайди? Нега у сирли хотиралар гирдобидан чиқолмай лаҳза сайин чўкиб бормоқда? Нега?.. Нега?.. Бу сирли саволлар жавобини ўзидан бошқа ҳеч ким билмас, яқинлари эса рози-ризолик сўраш билан овора…

Бироқ воқеалар ривожида ўқувчи қалбида туғилган саволлар аста-секин ўз бадиий ечимини топиб, ўзига эргаштиради.

Томчида қуёш акс этгани каби ҳикояда Қизилқум салтанатидаги бир оила мисолида тарихимизнинг қора кечмиши, қатағон фожиалари маҳорат билан тасвирланган. Дарҳақиқат, ўша даврда Собиқ Иттифоқ ҳудудида яшовчи халқларнинг миллионлаб асл фарзандлари илму маърифатга, мустақилликка интилгани, ўз фикрига эга бўлгани учун “халқ душмани”, “ёт унсур”, “муштумзўр” каби айбловлар билан отилган, сургун қилинган.

Ўзларининг сароб ғоялари билан халқ онгини афсунлаган қизил сиёсатнинг “Сопини ўзидан чиқариш” каби аёвсиз усули ишга туширилади. Улар синфсиз жамият қуриш баҳонасида фарзандни ота-онага, жигарни жигарга, дўстни дўстга қарши қўйишга, ёвлаштиришга устаси фаранг эди. Жамиятда ишончсизлик муҳити юзага келиб, одамлар бир-биридан ҳадиксираб, қўрқиб яшашга маҳкум этилганди. Маънан ногирон оломонга имон-эътиқоди суст, жоҳил тўда – халқдан йироқлашган кишилардан қаҳрамон ясашарди.
Уюштирган жиноятларини яшириш учун қурбонларнинг яқинлари ёки ёлланма гувоҳлар қўли билан “Одил суд” тамғасини босиб, тўхтовсиз одам овлашарди. Бундай ҳолат ҳикояда яқин тарихимизнинг қонли саҳифалари – халқимиз бошига тушган фожиалар худди кўзгуда жонлантирилгандек аниқ таассурот уйғотади. Асад тергов идорасидаги кулиб турган иккиюзламачи инқилоб қаттоллари тузоғига илиниб, укаси Қудратга қарши уюштирилган уйдирма-айбловга бармоқ босиб, унутилмас фожиага сабабчи бўлади.

Машъум замонда маҳкум этилганларнинг яқинлари “халқ душмани”, “унсур”, “қулоқ”нинг боласи деб камситилар, яккалаб қўйилар ва ҳар қандай оғир ишларга жалб этилиб, бош кўтармай яшашга мажбур этиларди. Асад ва Малика тақдири мисолида ана шундай хўрлик ҳаётий далиллар воситасида ўз ифодасини топади. Кутилмаганда оти йўқолиб, қўлидан қамчиси тортиб олинган Ҳосилот яқингача атрофида гирдикапалак бўлиб юрган бригадирдан дакки эшитади. Ҳатто давлатнинг пахтасига “халқ душмани”нинг акаси – “унсур”нинг кўзи тушмасин деб йўлатмайдилар. Мироб эса “Йўлдан қоч, отим ҳуркади”, деб уни ҳайдайди. Одамлар Асадга дуч келса, ўзини панага уради… У сув қуйгандек жимжит уйга киргач, бошига дўлдек ёғилган сўзлар таъсирида гарангсиб нима қиларини билмайди. Асад одам тўла жамиятда қўрқув, ваҳима билан ёлғиз қолади. Эшик ёнидаги кетмонга кўзи тушгач, синглиси Маликанинг ҳам даладан қувилгани маълум бўлади…

Она қалби ҳеч қачон фарзандидан тонмайди. У дилбанди билан боғлиқ ҳар қандай хатарни сезади. Тўнғичининг қўрқуви ҳалокат бошлаб келганини сезган онаизор – Ҳожар биби Асаднининг кўзларига тик боқиб: “Менинг ўғлим душман эмас, шоир у!” – дейди. Шоир ўғлининг суратини ўпиб, бағрига босиб яшайди. Иложсиз қолган Асадга раис гўё чора топиб, уни Қизилқумга бадарға қилади. Маҳкум этилганларнинг оилалари бундай “сийлов”ни жон деб қабул қилишар, ич-ичидан қувонишади.

Қўрқув шу даражада ҳукмронки, ўғил онасининг қулоғига шивирлаб, кетишга розилик сўрайди. Зулм ва зўравонлик орқали одамлар онгига сингдирилган қўрқув минглаб кишилар шуурини, қалбини мажруҳ қилиб қўйган эди. Фикрли одамлар ўзларини четга олиб, панада, узлатда яшашга мажбур эдилар…

Бундай хўрлик, инсон тақдирига бефарқлик Ҳожар биби ва Малика образи орқали бутун бошли миллат тақдирида ўз аксини топади. Қизига суяниб қолган она ўғли Қудратнинг доғида куйиб кул бўлади. Малика эса муаллиф ёзганидек, “қари қиз бўлиб чўкади”.

Қатағон – диктатура таъсирида яшаган фуқаролар буйруққа, мутеларча ишлашга йўналтирилган, тепадан бошқариладиган жонли механизмнинг қисмларига алмаштирилган эди. “Душманнинг акаси”, деган тамға билан елка қисиб, қишлоқда бош кўтаролмай юрган Асад оқибатда Қизилқумга бадарға қилинади, чўлдан паноҳ топади. Онасининг вафотини эшитган тўнғич ўғил “Борсамми, бормасамми?” дея иккиланиб қолади. Ва онаси билан видолаша олмай, овозсиз, йиғисиз жимгина уйига кириб борганида Ҳожар бибини кўмиб қайтишганди.

Асад ферма тақдирида қатағон даври фожиаси – миллат изтироби тўлалигича акс этади. Қатағон хунрезликларида кимдир Сталинни, кимдир Берияни айблайди. Аслида-чи, айбни кимдан, кимлардан излаш керак?..

Тушларига тез-тез онаси, укаси Қудрат кириб, Асаддан саволларига жавоб талаб қилишади. Бу руҳлар исёни, ўз-ўзини англашга бўлган эҳтиёж эди. Руҳияти издан чиққан Асад жазавага тушиб, ўғлини отиб қўйишига сал қолади. Уни таъқиб этаётган шарпалар: тушларига кираётган онаси ва укаси Қудратнинг руҳи Асадни ўзига, қалбига назар солишига мажбур этади. Айниқса, укаси Қудрат онасининг кўзларини унга тутганида вужуди ларзага келади. Гўё укаси “Менга онамнинг кўзлари билан қаранг”, дегандай борлиғини азоб қамрайди.

У нажот излаб “Ҳазор нур”га боради. Шаҳидлар руҳига ва чўпонлар пири – Чўпон отага жонлиқ атаб, таскин туяди. Қудрат билан ораларидаги сирли девор ҳамон бузилмаган эди. “Нималар бўляпти ўзи, – у истар-истамай газетага қўл узатди, – нега отишди-ю, нега оқлашди?” – ҳайдовчига укасининг шеърини ўқитди. У ҳижжалаб, тутилиб-тутилиб шеър ўқиди:

– Оғам, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
– Синглим, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
– Ватан…

Асад газетани ҳайдовчидан юлқиб олади-да, ўзини қумга отиб, пешонасини ерга уради. Ўкраб йиғлайди. У душманни топган эди, бутун борлиқ унга қараб, “Душман! Душман!” – деб ҳайқирарди.

Жун олиш мавсумида ошнаси шаҳарга боринг, Қудратни суриштиринг, айби нима – билинг. Йигирма уч ёшида… увол кетди, дегач укасининг тақдири билан қизиқади. У шаҳарга бориб, тегишли идорадан укасини суриштиради. Унга ўзи – Асад Комил ўғли бармоғини босган айбномани ўқиб эшиттирадилар. Айбномада Қудратнинг меҳнатдан бўйин товлаб, хўжаликни менсимай ўқишга кетгани, меҳнаткаш оммани йўлдан оздирувчи, Шўро ҳукуматини камситувчи шеърлар битиши, кунни тун деб билиши ва укасининг унсурларча босган қадами бошқаларга юқмасин, деб ёзилганди. Айбномани икки марта ўқиб беришганда Асад ҳушини йўқотади. Кўзини очганида у ўзини чўлдаги ўтовида кўради. Ўзига келиб, нишонлар тўла костюмини қудуққа ташлайди. Ўтовдан болта, пичоқ ва чилвирни олиб “Ҳазор нур”га қон чиқаришга қарор қилади.

Ҳикояни ўқиш жараёнида рангли шиша парчаларидан тайёрланган деворий сурат ёдимга тушди. Муаллиф ҳам худди ўша мозаика усулида, онг оқими тасвиридан фойдаланиб давр манзараларидан муҳим парчаларни сюжет ипига маҳорат билан тизади. Натижада ҳикоя яхлит мазмун ифодаловчи бадиий тафаккурнинг ноёб намунасига айланган. Қўрқоқнинг ватани, миллати, қариндоши, дўсти бўлмайди дейдилар. Ҳақиқатан ҳам маърифатли, тадбиркор, уқувли бўлиш, миллат учун қайғуриш жиноят саналган ўша даврда “Сен учун доҳийлар, комфирқа ўйлайди, бошингни қотирмай ишингни бажар, ортга, ёнга қарама” қабилидаги тамойил ҳаётда ҳукмрон эди. Одамлар ўз камбағалликлари, ғарибликлари билан фахрланишар, мулкдорга синфий душман деб қарашар, хусусий мулкдан нафратланишарди.

… Асаднинг аввал укасидан, кейин онасидан тониши уларни бир қўра қўйга алмашгандай туюлади. Ҳар қадамда бунга иқрор бўлади. Унинг хатти-ҳаракатларида жиноят сабаблари, ижтимоий қўрқув, саводсизлик ва қонунлашган зўравонлик шу даражада аниқ, ишонарли чизилганки, ўқувчи бундан бошқача бўлиши мумкин эмас деган тўхтамга келади.

Ўз ўтмишини эслатувчи, онаси ва укасини ёдга солувчи эски уйни буздириши, “Ҳазор нур”дан нажот излаши, аёли билан суҳбатлари – Асадни ўзи ғарқ бўлаётган гирдобдан халос эта олмасди. У костюми тўла нишонларини шалдиратиб нега қудуққа ташлади? Умрининг беҳуда ўтгани, хатоларини англаб етдими? Ёки алдов, сувга оққан умр алам қилдими?

Айниқса, ҳикоядаги қурбонлик саҳнаси ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Асад ферма “Ҳазор нур”га атаган қора қўчқорни қўрадан судраб чиқиб, уч оёғини чилвир билан боғлаб, бўғзига пичоқ тортади. Қон отилар-отилмас оғзини босиб, қон симиради. Сўнг оғзи ва иягидан қон оқиб, ярми ерга кўмилган кунда ёнига келиб, уни қучоқлайди. Барибир юраги таскин топмайди. Укаси руҳига тазарру қилади: “Сени сотган қўлим сотқин, оғзим қон! Сени сотган ерим сотқин, бағрим қон!”
Қаддини ростлаб, айбномага бармоқ босган Таҳлика панжаларини чопиб, ўзини жазолайди. Қонга қон деганларидек, ўз жонига қасд қилади. Айбдор панжалармиди? Ёки айбдор – юрагида ўрнашиб олган қўрқувмиди?

Асад ўз ичидаги душманни таниди, топди ва жазолади. Онаси, укасидан тониб топган бир қўра маъраётган қўйга қараб ҳайқирди: “Мени есанг, тўясан! Ҳозир, ҳозир!”
У дунёга сиғмас, ҳаммасини унутгиси, ҳайқиргиси келарди… Марҳумнинг жасади ҳам узоқ вақт сарсон бўлди. Хотини қишлоққа дафн қиламиз деса, ўғли: “Отамнинг васиятини бузмайман”, деб онаси билан тортишади.

Қудратга отилган ўқ бутун оилани таназзулга учратиб, барбод қилди. Ҳожар биби, Малика, Асад ҳам гўё ўққа учди, ёлғон тантана қилди, зулм ғолиб чиқди… Муаллифнинг бу ҳикояси яқин тарихимизда минглаб бегуноҳ кишилар ёстиғини қуритган қонли Қатағоннинг бир лавҳаси холос. Юртимиз озодликка эришгач, қатағон қурбонлари – шаҳидлар хотирасига эҳтиром кўрсатилди. Уларга атаб хиёбонлар, музейлар очилди. Пок номлари оқланди.

Ватан ўз фидойи ўғлонларини унутмади, улардан тонмади. Ражаббой ҳам ўзининг “Таҳлика” ҳикояси билан халқимизнинг фидойи фарзандларига муносиб бадиий ёдгорлик ўрнатди десак арзийди. У ёзувчи сифатида ўз халқига бўлган фарзандлик бурчини адо этиб, қатағонга, зулм-зўравонликка қарши муносабатини ошкор қилди. Агар ушбу асар асосида сценарий ёзилиб, кинофильм суратга олинса, халқимиз тарихининг яқин ўтмиши билан боғлиқ яна бир ҳаққоний кечмиш ўз ифодасини топган бўларди. “Таҳлика” ўзбек ҳикоячилиги ютуқлари қаторидан жой олишига шак-шубҳа йўқ. Бундай асарлар барчани огоҳликка, адолат ва ҳақиқатни қадрлашга, тарих хатоларини такрорламасликка чорлаб туради.

Мақола муаллифи ҳақида: Ғулом Фатҳиддин 1955 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Воҳим қишлоғида туғилган. ТошДУ (бугунги Миллий университет)нинг журналистика факультетини битирган . Бир неча шеърий тўпламлари: «Истак», Шеърлар (1992); «Ложувард соя», Шеърлар, достонлар, таржималар (2012) нашр этилган.

21 mart — taniqli yozuvchi Rajabboy Raupov tavallud topgan kun

Tomchida quyosh aks etgani kabi Qizilqum saltanatidagi bir oila misolida tariximizning qora kechmishi, qatag‘on fojialari mahorat bilan tasvirlangan “Tahlika” hikoyasini bir necha marta sinchiklab o‘qib chiqdim. Nazarimda, adib katta bir roman yozganu, uni “yo‘na-yo‘na” hikoya holiga keltirganga o‘xshardi. Hikoyaning tili ravon, qahramonlarning xarakterlari shu qadar nafislik bilan syujet ipiga tizilganki, ular ruhiy mutanosiblikda, me’yor va mezon sig‘imlarini buzmasdan ifodalangan.

Rajabboy RAUPOV
TAHLIKA
07

Iste’dodli adib va jurnalist Rajabboy Raupov 1955 yil 21 martda Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug‘ilgan Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakulteti (1978), M.Gorkiy nomidagi Moskva adabiyot instituti Oliy kursini (1989) tugatgan. “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Xalq so‘zi” “Ishonch” gazetalarida bo‘lim mudiri, “O‘zbekiston tabiati” va “Ipak yo‘li” gazetalarining tashkilotchisi hamda Bosh muharriri vazifasida faoliyat ko‘rsatgan.
“Yurak sadosi” (1981), “Ona so‘z” (1989), “Nur darvozasi”, “E’tiqod” (2002), “Ustun” (2002-2005) kabi nasriy kitoblari chop etilgan. Uning “Osmonning egasi”, “Ostona”, va “Ona so‘z” qissalari mashhur. “Yurakdagi Buxoro” (1998) to‘plamining tuzuvchisi va mualliflaridan biri.
“Ustun” romanida o‘zbek xalqining shonli farzandi, akademik H.Abdullayevning dolg‘ali hayoti tasvirlangan. “Xayotimga suiqasd” nomli hujjatli romani avtobiografik xarakterga ega. Uning hikoya va qissalari rus, polyak, gruzin tillarida chop etilgan.

07

Qatag‘on qurbonlari xotirasiga bag‘ishlanadi.

Ashampoo_Snap_2018.03.03_15h57m23s_001_.pngUch kundirki u atrofida parvona bo‘lib, jon hovuchlab o‘tirgan yaqinlarini ko‘rmaydi, gap-so‘z qulog‘iga kirmaydi. Tosh qotgan qaboqlarini uzoq silab ochmoqchi bo‘ladi, shu zahoti yana ko‘z oldini barmoq izi tushgan sarg‘ish qog‘oz to‘sadi. Qog‘oz goh kichrayib, goh kattarib tumandek cho‘kib ko‘ksi, yuz-ko‘zini qoplaydi-yu, ko‘z ko‘rmas qo‘llar avval ikki chakkasi, so‘ngra yuragiga bigiz sanchadi. Shunda u “E voh, jigarim-yey!” deb, nola chekadi.

Yorug‘lik sanchilayotgan ko‘zlarini to‘smoqchi bo‘lib, chap qo‘li bilan paypaslab matoh izlaydi. Xotini uzatgan qora jun ro‘molni yuziga bosadi-yu sal tinchiydi…

Girdini olib o‘tirgan yaqinlari shu fursatni kutgandek, u biroz tinchishi bilan xotinini qoldirib, o‘zlarini eshikka urishadi. Xotini Rohatoy beti ro‘mol bilan to‘silgan eridan ko‘z uzmay qarab turadi-turadi-yu piq-piq yig‘laydi. Har lahza do‘xtir bola erining holidan xabardor. U “Qishloqqa olib ketaylik, kasalxonada yotsa, xavf ariydi”, deb qistaydi, ammo eri ko‘nmaydi…

“E voh, jigarim-yey!” – erining faryodi Rohatoyning quloqlariga qo‘rg‘oshindek quyilgan, chiqib ketmaydi. Yaqin orada uning hech kimi o‘lmagan, og‘riqning zo‘ridan alahsirayapti, deyishsa, uch kundirki u faqat shu bir gapni takrorlab, “jigarim”lab yotibdi…

Noxush xabar tez tarqaladi. Onasini voqeadan xabardor qilib, Gujumliga – otasi o‘toviga olib ketgani kelgan to‘ng‘ich o‘g‘li qishloqdan chiqmay turib, shov-shuv tarqaldi: “Asad ferma o‘zini otibdi”, “Asad ferma o‘zini osibdi”, “Asad ferma…”.

Keyin ma’lum bo‘ldiki, ferma o‘zini otmagan, osmagan ekan…

Hafta oldin u Gujumlida ot so‘yib, cho‘ponlar bilan bo‘lishdi – ulushini uyga jo‘natdi. Xuddi shu kuni azonlab Rohatoyning o‘ng ko‘zi uchib, yuragiga chiroq yoqsa yorishmadi. Tushga yaqin uyga go‘sht tashlab ketishdi. U ot go‘shtini qazibop tilib, ziralab, tuzlab, xumga bosdi, bugun-erta qaytadigan erini kutdi. So‘ng, yumushi boshidan oshib yotsa-da, qo‘li ishga bormadi, intiq bo‘lib kenja kelinining daladan qaytishiga ko‘z tikdi.

Bir payt ko‘zi go‘sht o‘rab kelishgan oq surpga tushdi. Uni yaqindagina chetini buklab o‘z qo‘li bilan tikkan: oq dag‘al surp go‘shtni yaxshi saqlaydi, toza tutadi, eri yilida uch-to‘rtta shunday o‘ramani boshiga yetadi… So‘ri panjarasiga tashlab qo‘yilgan qon yuqi surpga qarab turar ekan, bexos ko‘zi uchishdan to‘xtadi. Bundan uning yuragi battar g‘ashlandi, uchishdan to‘xtagan ko‘z osti terisini silab-silab:

– Nima balo, ko‘zim qonsirabdimi, – dedi ovoz chiqarib. – Ishqilib, yaxshilikka yetkazsin-da…

Allanechuk titrab o‘rnidan turdi, suv isitib, surpni tog‘oraga soldi, qayta-qayta yuvsa-da, qon dog‘i ketmadi… Oxiri och qizilga bo‘yalgan matohni dorga yoydi va oftobro‘yaga qo‘yilgan so‘riga o‘tirib tin olib o‘tirdi. Et, qon ko‘raverib ko‘zi qotgan Rohatoyning bugun nechundir dorga yoyilgan surpga ko‘zi tushishi bilan a’zoyi taniga titroq kirdi. O‘tirgan joyidan turib, nari ketolmadi, ko‘zini dordan uzolmadi, surpni dordan yulqab olib tashlamoqchi bo‘ldi-yu holi yetmadi – bo‘g‘in-bo‘g‘inidan bo‘shashdi. Aksiga olib, hovli o‘rtasidagi keksa tut shoxiga boyo‘g‘li kelib qo‘ndi. Uni “kisht-kisht”lab, qarg‘ab shoxdan uchirgunicha ko‘nglidan ko‘p noxush o‘ylar kechdi. Ko‘ksiga “tuf-tuf”lab isiriq axtardi…

Saksovul cho‘g‘iga sepilgan isiriqni hovlidan aylantirib, supa o‘rtasiga qo‘ydi. Baribir tinchimadi. Tutun burqsib, butun hovlini isiriq hidi bosdi-yu, nechundir o‘n qadam narida osilgan qon yuqi surpga yetmadi, surpni aylanib o‘tib, yuqoriga o‘rladi. Shunda Rohatoy g‘ayri bir kuch bilan joyidan turdi-da, isiriqni cho‘g‘i bilan surpga sepdi. Suvi sirqiyotgan surpga cho‘g‘ yopishib, bir pasda ilma-teshik bo‘lib tutadi. U hovliqib yonida turgan suv to‘la chelakni surpga otdi.

Rohatoy dor ostida mixlangandek qotib turar ekan, bir mahal o‘ziga kelib, surpga qaradi-yu yig‘lab yubordi. Go‘sht o‘raydigan surp xuddi o‘qqa uchgandek ilma-teshik bo‘lib, ilvirab turardi…

– E voh, jigarimey! – eri yuziga tashlangan qora jun ro‘molni sidirib tashlab, tag‘in nola chekdi. Ohi chodirga qo‘shib Rohatoyni ham yutib yuboradigandek uchib o‘rnidan turdi-da, o‘g‘illarini chaqirdi. Ular eshikdan kirib-kirmay Rohatoy o‘tovdan qochib chiqdi…

Asad ferma yotgan joyida – to‘shakda aza ochgan, buni hech kim – na tepasida turgan ayoli, na ikki o‘g‘li, yaqinlari bilmas edilar… Darvoqe, fermaning uzoq yillar yigit yoshida “dushman” yorlig‘i yopishtirilib, otilgan Qudrat ismli ukasi bo‘lgan. Unda Asad ferma mudiri emas, xo‘jalikda hosilot* edi. Ukasi Qudrat esa…

Bir oqshom Asadni idoraga yo‘qlatib, qo‘liga chaqiruv qog‘ozi tutqazishdi. Saharlab u shaharga otlandi. Yo‘qlangan joyni so‘rab-surishtirib topganida, shubhasiz, hech nimaga tushunmadi. Uni begona kishilar savolga tutdi – ukasi Qudrat haqida so‘rashdi. U istar-istamay, ajablanib javob berdi: “Ukam, Qudrat to‘ylarda doston aytib, qo‘shiqlar bitib yuradigan bo‘z yigit. O‘tgan yili Samarqandga saboqqa ketdi. Shoir bo‘laman, deydi…”

“Mana, sizga qog‘oz, – dedi to‘rda o‘tirgan charm kamzulli kishi Asadning ko‘ziga sinchiklab qarab, – shu gapingizni yozing”.

“Mening xat-savodim yo‘q, birodar, – dedi Asad iymanib, – agar paxtadan so‘rasangiz, binoyidek aytaman… Ukam Qudrat bir kelganida, aka, sizga xat o‘rgatay, deb ko‘p qistadi, ko‘nmadim, sen o‘zingni bil, meni senga og‘irligim tushmaydi, dedim… ”.

“Yaxshi, unda boya aytgan gapingizni shoshilmay qaytaring, mana, o‘rtoq Quttiyev yozadi, siz qo‘l qo‘yasiz”.

Asad ukasi haqida aytgan gapini takrorladi, ko‘zoynak taqqan, oriq, uzun bo‘yli tergovchi Quttiyev qog‘ozga tushirdi, oxirida u imzo o‘rniga barmog‘ini bosdi…

Xayrlashayotganida Asad baland ovoz bilan gumburlatib:
– Bu yil paxta har yilgidan mo‘l bo‘ladi! – dedi.

O‘tirganlar uning gapini jilmayishib eshitishdi-da:
– Yaxshi, yaxshi o‘rtoq hosilot, yashang! – deyishdi.

Tamom – bo‘lgan gap shu. So‘ng u qishloqqa yetganicha xo‘p o‘y surdi: “Kimsan – hosilotman, urug‘-aymog‘imni surishtirishadi-da! Qudrat – yolg‘izgina inim, sayoq yurmasin, akasidek el-yurtga nafi tegsin, deyishadi-da! Xo‘jalikda kim ko‘p – odam ko‘p, ular bilan birovning ishi yo‘q, borsanmi, yo‘qsanmi, deb hech kim so‘ramaydi…”.

Asad shaharga borib qaytgan kunning ertasiga onasi Hojar bibi g‘alati tushlar ko‘rib tilidan Qudrat tushmadi. U har kecha qizi Malikani qiyin-qistovga olib, kenjatoyiga xatlar yozdirdi… Ko‘p o‘tmay Asadning shaharga borgani izsiz ketmadi – sir oshkor bo‘ldi: hosilotning ukasi “xalq dushmani” ekan…

* * *

O‘sha kun-tun qiyomatgacha Asadning yodidan chiqmaydi. Darvozasi yonidagi yakka mixda gijinglab turadigan oti o‘z-o‘zidan yo‘qoldi. Yo‘qsa, hosilotning oti, deb yoniga odam tugul, it ham yo‘lolmasdi. Asadning og‘zi bog‘landi, tili kalimaga kelmadi – otni kim oldi, deb birovdan so‘ramadi, og‘iz ochmadi. Qamchinni etigi sog‘isiga suqib, ko‘chaga chiqdi-yu yarim yo‘ldan qaytdi: Asadga ko‘zi tushgan qo‘ni-qo‘shni, tanish-bilish – hamma yovdan qochgandek o‘zini panaga tortib, tanimaganga oldi. O‘ziga yaqin olib yurgani – uzoqdan qorasini ko‘rsa, qo‘li ko‘ksidan tushmaydigan mirobga duch kelganida u: “Yo‘ldan qoch, otim hurkadi!” deb otini yo‘rttirib ketdi.

Asad shundan keyin o‘zini yo‘l chekkasiga oldi, shundoq, yonginasida gulga kirgan g‘o‘zalarga qarab o‘y surdi, egilib bir tup g‘o‘zaning gulini sanadi – hisobdan adashdi, qayta sanayotganida ortidan ovoz eshitildi:

– Tegma, davlatning g‘o‘zasiga! Beling og‘rimaganda – iching achimaydi, unsur!.. – Asad burilib ortiga qaragan edi, brigadirni ko‘rdi. Mulzam bo‘lib o‘rnidan turdi, gapirolmadi, xuddi tilini yutgandek baqrayib qarab qoldi.

Brigadir shasht bilan yaqinlashib, Asadning etigi sog‘isiga suqilgan qamchinni tortib oldi. So‘ng suvsirab to‘kilgan g‘o‘za gullarini siqimiga yig‘di-da, Asadning ko‘zi ostiga tutdi:
– Bu nima, nega to‘kding?!.

Asad soqov odamdek dovdirab yelka qisdi. Brigadir qamchin dastasi bilan yo‘lni ko‘rsatdi. Asadning boshi aylanib, ko‘zi tindi. Depsinib yo‘lga chiqar ekan, brigadirning “Xalq dushmani!”, “Unsur!” degan so‘zlari boshidan do‘ldek yog‘ildi…

Qaddi bukilib zo‘rg‘a o‘zini uyga oldi, darvozaga zanjir soldi. Onasi, xotini, bolalari uyda-yu, lekin baribir hovli suv quygandek jimjit. Ana, eshik yonida singlisi Malikaning ketmoni ko‘rindi: sezdi – uni daladan haydab yuborishgan…

Ko‘chaning dahshati uyga qamaldi. U mehmonxonada qamalib yotdi, tashqariga chiqmadi. Quyosh botmay eshik ochildi. Uning xayollari to‘zidi: “Meni olib ketgani kelishgan” deb qo‘rqib joyidan turdi. Yo‘q, onasi ekan, ostonada Qudratning suratini ko‘ksiga bosganicha Hojar bibi turar, avzoyidan xonaga kirish niyati yo‘q.

Ona-bola bir-birlariga qarab turdilar, birinchi bo‘lib, Asad ko‘zini olib qochdi, bosh egdi.

– Barakalla, – dedi onasi shikasta ovozda. – Barakalla! Ining Qudrat dushman ekanmi, sen shunga ishondingmi? – Ona o‘g‘lining qog‘ozdagi aksiga bir qarab, suratni qayta ko‘ksiga bosdi. – Yo‘q, men ishonmayman, ishonmayman, mening o‘g‘lim dushman emas, shoir…

Asad shundoq ro‘parasida – ostonada onasini ko‘rib turar, nechundir so‘zlari arang qulog‘iga kirar, go‘yo kampir juda olisdan turib gapirar, ovozini elas-elas ilg‘ar edi. Bir mahal u boshini ko‘tardi, onasi yo‘q – allaqachon ketgan. Asad yana xayol, qo‘rquv, muteligi bilan yolg‘iz qoldi…

Ko‘chada odam oyog‘i tiyilganda raisning chopari eshik qoqdi. Darvozani xotini ochdi…

Yo‘qlov qisqa bo‘ldi, kutilmaganda u raisning xonasidan tog‘dek yupanch tuyib, ko‘zi yoshlanib chiqdi. Boshiga qora kun tushganida bitta bo‘lsa-da madadkor topildi…

“Uy-joyni yer yutmaydi. Qizilga* ketasan, birov so‘rasa – bola-chaqasi bilan cho‘lga surgun qildim, deyman…”, raisning gapi to uyiga yetgunicha, keyinchalik ham Asadga qanot bo‘ldi. Shu kech tog‘dek suyanch bo‘lgan raisning so‘zlarini onasining qulog‘iga shivirlab aytdi, hovliqib xotin, bola-chaqasini ko‘chishga chorladi. Ko‘chada arava tayyor turar edi.

Ona yo‘l tadorigiga tushgan o‘g‘li, kelini, qizi Malikani kuzatib, uy burchiga jimgina o‘tirdi.

Bir sidra ko‘ch-ko‘ronni aravaga yuklashdi. Vaqt o‘tib borar, arava yo‘lga shay, hamon Hojar bibi joyidan qo‘zg‘almay sukut saqlab turar edi. Asad ostona hatlab onasi turgan uyga kirmadi, to‘g‘risi, kirishga yuragi betlamadi. Ochiq deraza yoniga kelib, o‘ng‘aysizlanib tomoq qirdi – yo‘taldi. Shunda:

– Yo‘l olinglar, men rozi, – dedi onasi. Asad shuni kutib turgandek ko‘chaga otildi. Arava qo‘zg‘alganida Malika o‘zini pastga otdi, yugurib uyga kirib ketdi.

Asad aravani to‘xtatmadi. Ortiga qaramadi. Hovlidan onasi bilan singlisining dod solib yig‘lagani eshitildi…

“E voh, jigarim-yey!” – Asad tamoman holdan toydi, ovozi bo‘g‘ilib, ko‘zida yosh qotdi. Endi u to‘shakda taxta misol yotar, a’zoyi, tani sovib, peshonasiga muz bosgandek ichidan qaltiroq tutdi. Ustiga qo‘sh ko‘rpa yopishdi. O‘tov go‘yo qop-qora bo‘shliqqa aylandi. Asadni zulmat yutib, chohga g‘arq bo‘la boshladi. Bosh-tubi yo‘q zulmatga cho‘kkandan cho‘kib boraverdi, o‘tov yonida tik turgan o‘g‘illari, yaqinlar tepada osilib qoldi. Yuragi og‘ziga kelib cho‘kayapti, cho‘kayapti… Bir mahal singlisi Malika Asadga qo‘l cho‘zgandek bo‘ldi…

O‘shanda… Malika o‘zini aravadan tashlab, qochib hovliga kirganida onasi o‘qlovga tayanib supaga chiqdi. Malikani ko‘rib, o‘qlovni uloqtirdi, quchoq ochib qizini bag‘riga bosdi, suyandi. Huvillagan hovlida ona-yu qiz uzoq yig‘lashdi.

Shu kech hech kim bu hovlidan xabar olmadi, bunda bir tirik zog‘ bor-yo‘qligini unutishdi…

Hojar bibi o‘g‘li Qudratning dog‘ida kuyib-kuyib ko‘z yumdi.

Malika qari qiz bo‘ldi, cho‘kdi…

* * *

Omonchilik yillar keldi. Asadning g‘ami aridi, unga kun boqdi: oddiy cho‘ponlikdan bosh cho‘pon, so‘ngroq fermaga mudir bo‘ldi. Gap-so‘z, qo‘rquv, xavotir ortda qoldi – unutildi. Endi u ilgarigi bir paytlar “Dushmanning akasi” deb Qizilqumga qochirilgan va uzoq yillar yelka siqib, bosh ko‘tarmay yurgan Asad emas – Asad ferma, qo‘sh mukofotlaru yorliqlar egasi. Xullas, u Qizilni uyim deb bildi, qo‘nim topdi, qadr topdi. Xotin, bola-chaqasi yana qishloqqa qaytdi, to‘ng‘ich o‘g‘lini qabatiga oldi – odam qildi. Kenjasi uyda onasining yonida, cho‘l bilan qishloqni bog‘lab turgan chopar, chaqqon yigit…

Onasi rahmatli bo‘lganidan so‘ng anchaga dovur tushiga kirmadi. Asad buni o‘zicha tushundi: “Malika uyda o‘tirib qoldi, uzatilmadi. Onamning ruhi ranjigan, u mendan xafa…”.

Har gal singlisiga ko‘zi tushsa, onasini eslaydi, eslaydi-yu, kampir tushiga kirmaganiga suyunadi. Axir osonmi, baribir, ona-da. Ba’zan o‘sha yuvuqsiz kun – onasi bilan tuzukroq xayrlashmay o‘zini o‘ylab qo‘rqib cho‘lga qochgan kun yodiga tushadi, eslamayman deydi-yu yana… “Unsurning akasi” degan nom uzoq vaqt Asadga tinchlik bermadi. Qizilqumda yursa-tursa-da xavotir qiynadi. Olisdan bir otliq yo piyoda ko‘rinsa, Asad albatta “Meni olib ketgani kelishyapti” deb o‘ylar, go‘yo har bir barxan, butalar ortidan ukasi Qudrat bosh ko‘tarib, uni poylayotgandek, uni olib ketgani kelishayotgan kishilarga qarata: “Ana shu mening akam bo‘ladi, ushlanglar uni!” deb jar solayotgandek bo‘lar edi. Kun sayin Qudrat Asadning tutqich bermas dushmaniga aylandi.

…Oradan ikki yil o‘tar-o‘tmas onasi qazo qildi. Asadga xabar yetgach, “Borsammi, bormasammi” deb uzoq o‘yladi… Ovozsiz, yig‘isiz kirib borganida, jasadni uyda bir oqshom saqlab, Asad kelmagach, ko‘mishibdi.

O‘shanda… qarindosh-urug‘, qo‘ni-qo‘shni Asadni begonadek qarshilashdi. Singlisi Malika akasining bir chetda mung‘ayib, jim turganini ko‘rib, hovlidagi qari tutni quchoqlab bo‘zladi. Og‘ir kunda yelka tutmagan jigardan o‘ksib yig‘ladi… Uni hech kim yig‘idan to‘xtatolmadi, yupatolmadi. “Tegmanglar unga, – dedi qo‘shni chol. – Bu mushtipar yig‘idan bo‘lak ne ko‘rdi, bugun uning otasi ham, onasi ham yig‘i… Bugun to‘yib-to‘yib yig‘lasin, ertaga diydasi qotadi, so‘ngra uni urib ham yig‘latolmaysan…”.

Onasining qirqi o‘tib, kunlari avval boshdagidek maromiga tushdi. Hammasi bosilgan izdek ortda qoldi. Umr suv yanglig‘ oqdi. Asad o‘sha-o‘sha… Bir oqshom u o‘z tashvishlarini o‘ylab yostiqqa bosh qo‘ygan edi, ko‘zi ilinar-ilinmas cho‘chib uyg‘ondi. Onasi qazosidan ko‘p yillar o‘tib, shu oqshom ilk daf’a tushiga kirgan, qo‘rqqan edi. Tirikligida muloyim, ozorsiz onasi bexos tushiga kirdi-yu, Asadning oromi buzildi. Shu tundan boshlab onasi har kecha Asad bilan qasdma-qasd: kemtik tishlari orasida bir varaq qog‘oz, ikki qo‘li Asadning yoqasida. “Qani mening Qudratim, Qudrat, Qudrat qani?!” – deb siltaydi, og‘zidan qog‘oz tushmaydi. Asad bo‘g‘iladi, jon talvasasida onasining ko‘zlariga yolvorib jovdiraydi. Bexos kampirning qorachig‘i oppoq toshga aylanadi, so‘ng tosh kattayib ko‘z soqqasini qoplaydi, bo‘rtib chiqadi… Asad ko‘zlar o‘rnida tosh ko‘rgan mahal yoqasini o‘chnok qo‘llar bo‘shatadi, onasi yiroqlashib, qarshisida ukasi Qudrat paydo bo‘ladi. U hamon ilgarigiday – bo‘z yigit, katta-katta ko‘zlari uchqun sochib, yonib turardi. Ikki kaftida onasining ko‘zlari: “Akajon, – deb u qo‘lini Asad tomon cho‘zadi. – Mana, onamning ko‘zlari, oling, men bularni o‘zim bilan olib ketgan edim…”.

Kunu tun – o‘ngu tushida shu voqea takror. Butkul halovatni yo‘qotdi u. Hayotini Qizilqumsiz tasavvur etolmagan Asadni cho‘l bir kechada olis-olislarga uloqtirdi, bag‘ridan quvdi. U o‘zini sahroga begona: cho‘ponlikka yot sezdi… Haligacha shukur deydi, o‘shanda u bosinqirab uyg‘onganida (ovozidan o‘g‘li ham cho‘chib uyg‘ongan edi) to‘ng‘ichini otib qo‘yishiga oz qolgan. Kim bilsin, qarshisida sharpadek cho‘nqaygan o‘g‘li ko‘ziga Qudrat bo‘lib ko‘rindimi, har qalay “sharpa” qaddini ko‘tarmay o‘zini Asadning oyog‘iga tashladi, miltiqni qo‘lidan oldi… Asad o‘ziga kelgach, suv so‘radi, o‘g‘li sopol kosada suv tutdi.

Shu kecha u o‘g‘lini yonidan jildirmay, qo‘lidan ushlab, tong ottirdi.

Tushi haqida hech kimga og‘iz ochmadi…

Peshinda o‘tovning bari anjomlarini chiqarib shamollatdi. Xayolini bir zum bo‘lsin, ko‘rgan tushi tark etmadi…

Kunni bir amallab cho‘pon-cho‘liqning yumushiga aralashib o‘tkazar, quyosh botishi oldidan yuragiga vahm tushib, onasi, ukasi Qudrat ta’qib etayotgandek, keng sahro torayib, o‘zini qo‘yishga joy topolmay siqila boshlar, nazarida Qizilqum – oyoq bosgan yer, o‘tov, anjomlar uni yutib yuborishga shay turar, “Ketaman, ketaman!” deb shivirlar, qayoqqa ketishini bilmas edi.

Hafta o‘tmay qishloqqa ketdi ham. Rangi siniqib, bir holga tushib qolgan erini ko‘rib, avvaliga xotini qo‘rqdi. Asad sir boy bermagach, bevaqt tashrifni “charchagan”ga yo‘ygan ayoli eriga parvona bo‘ldi, oromiga qo‘ydi…

U ochiq derazadan hovliga tikilib turib, bir paytlar onasi yashagan ko‘hna uyga ko‘zi tushib, yuragini qayta vahm bosdi. Bu uyda hech kim yashamas, singlisi Malika qiz jiyanlari bilan alohida xonada yashar, Asadning yangi tiklangan imorati yetti pushtiga yetib ortardi.

Asad derazani yopib, xayolini boshqa narsalarga chalg‘itmoqchi bo‘lsa-da, baribir ko‘hna uydan onasini yetaklab Qudrat chiqib kelayotgandek bo‘laverdi. Hovliqib xotinini chaqirdi.

Ayoli yoniga kelganida unga tayinli bir gap aytolmadi, “Qo‘rqayapman” deyishga uyaldi. Rohatoy tepasida jim turavergach, “O‘tir, zerikayapman” dedi. Xotini jilmayib chiqib ketdi. Uni ortidan kuzatib turib, beixtiyor uy haqida o‘yladi. Bir xona va dahlizdan iborat pastak tomni shu kungacha buzmaganiga hayron bo‘ldi. Nihoyat shu kungacha tortgan azoblariga chora topgandek shoshib, oyog‘iga etigini suqdi. Ko‘chadan ikki-uch bekorsozni topib kelib, boyagina yuragiga imkonsiz qo‘rquv va g‘ashlik solgan yodgorlik uyni buzishga buyruq berdi…

Oqshom mardikorlarga qo‘shilib aroq ichdi, allamahalgacha ketishga ruxsat bermadi, garchi ulardan ma’nili gap chiqmasa-da, vaqt o‘tishini g‘animat bildi – ovundi…

Tong otar-otmas o‘tovdagidek dod solib uyg‘ondi. Rohatoy buni o‘zicha tushundi: aroqni qarg‘ab-qarg‘ab eriga muzdek suv ichirdi.

Shu uyg‘onganicha Asadning qayta ko‘zi yumilmadi. Ertalab nonushta qilmay to‘ng‘ich nevarasini yoniga olib, to‘g‘ri onasi dafn etilgan mozorga bordi. Bilganicha tilovat boshlab, kampirni yod etdi. Qaytishda kuppa-kunduzi, go‘yo ortidan bir sharpa ergashib kelaverdi – qo‘rqdi, nevarasining qo‘lidan tutib “E, yashang, Tolibbek!” deya yo‘l bo‘yi shu bir gapni takrorlab keldi.

* * *

Asad uchun ikki dunyo – cho‘lu qishloq birdek do‘zaxga aylandi. Ko‘p o‘tmay uyqusizlik kasaliga mubtalo bo‘ldi.

O‘tovdan bir chaqirim narida ko‘p talato‘p jang ko‘rgan, hozirda xaroba tepalikdan iborat “Hazor nur” qo‘rg‘oni bor edi. Ilgarilari Asad qachonki horib, asabi buzilsa, ko‘hna qo‘rg‘on poyiga kelib, soatlab sukutga tolib o‘tirar, tiniqib, kuchiga-kuch qo‘shilib qaytar edi. U taskin va orom istab yana qadim “Hazor nur”ga qatnadi. Uni anchadan beri kuzatib, indamay yurgan keksa cho‘pon shunday maslahat soldi: “Inim Asadboy, sizni halovat tark etgan. Pirimiz Cho‘ponotani yodlab, o‘tgan shahidlar ruhiga qon chiqazing, shoyad yengil tortsangiz…”. U sukut saqlab, cholning so‘zlarini eshitdi-yu, bir so‘z demadi. Ichida: “Koshki edi shunday bo‘lsa, – deb suyundi. – Bitta emas, o‘nta qo‘y so‘yardim. Mayli, shahidlar yodi uchun bir jonliq so‘yganim bo‘lsin…”.

Shunday kunlarning birida fermaga yonilg‘i tashuvchi hamqishlog‘i Asadga xushxabar keltirdi. U qo‘yin cho‘ntagidan buklangan gazeta chiqarib:

– Buni qarang, ferma bobo, – deb Asadga uzatdi. Gazetada Qudratning suratiyu she’rlari bosilgan edi. Bu Asad uchun yangilik emas, ukasini allaqachon oqlashgan, shunday bo‘lsa-da, Qudrat akasi uchun yaqin o‘tmish ortida nimasi bilandir noaniq, hamon sirli, bir qadar xavotirli tuyular, aka-uka o‘rtasidagi olis masofa – haligacha devor buzib tashlanmagan edi. “Nimalar bo‘layapti o‘zi, – u istar-istamay gazetaga qo‘l cho‘zdi, – nega otishdi-yu nega oqlashdi? Tushimda ham, o‘ngimda ham Qudrat, Qudrat! Gunohim nima mening?!”.

Asad gazetani shoferga qaytardi:
– O‘qi.

Umrida she’r o‘qimagan hamqishloq Qudratning so‘zlarini tutila-tutila akasiga yetkazdi:

– Og‘am, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
Singlim, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
Sevgim, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
Vatan…

– Bas, o‘qima! – Asad gazetani yulqab olganicha ko‘ksiga bosdi, barxan tomon yugurib ketdi. Tepalikka yetar-yetmas o‘zini tashladi, peshonasini qumga bosib o‘kradi. Nazarida butun cho‘l, yeru ko‘kni gumburlagan ovoz tutdi-yu va aks-sado berdi:

– Dushman, dushman, dushman!

* * *

Qirqimning* yakuni uchun g‘olib fermani mukofotlagani kelishgan rahbarlar ziyofat ustida Qudratdan gap ochishdi. Birisi:

– Siz, Asadboy, shunchaki odam emas, katta kishisiz! – dedi. – So‘zingiz toshni yoradi, nishonlarni taqib bir shaharga boring-da, Qudratni surishtiring, aybi nima uning? Axir yigirma uch yoshida… aql bovar qilmaydi-ya, uvol ketdi…

Asad kutilmagan taklifdan gangib qoldi. So‘ng obdon o‘ylab “Mayli, surishtirsam-surishtiray, mendan nima ketdi, zora shahar bahona sal tinchisam…”, – degan to‘xtamga keldi.

So‘nggi taskinga suyanib shaharga yo‘l oldi.

Oshnasi to‘g‘ri aytgan ekan, uni kuttirishmadi – yo‘qlab borgan eshigiga so‘zi o‘tdi. Hasham mehmonxonadan joy olib, bir hafta kutdi. So‘ng uni chaqirib, iltimosiga binoan ukasining aybnomasi bilan tanishtirishdi. Dastlab qo‘liga o‘sha – tushlariga kirib chiqqan, to hanuz tinchini buzgan qog‘ozga monand bir varaq tutqazishdi. U “O‘qiyolmayman” degach, yarim sahifaga yetar-yetmas aybnomani o‘qib eshittirishdi.

Aybnomada shunday yozilgan edi: “Men – kim Asad Komil o‘g‘li, inim Qudrat Komil o‘g‘li haqida tubandagilarni ma’lum qilaman. Inim Qudrat mehnatga bo‘yin tovlamay, xo‘jalik ishini mensimay saboqni ixtiyor etdi. Mehnatkash ommani yo‘ldan ozdiruvchi, Sho‘ro hukumatini kamsituvchi she’rlar bitib, kunni tun deb o‘ylaydir… Garchi Qudrat tug‘ishganim bo‘lsa-da, uning unsurlarcha bosgan qadamidan cho‘chiydirman, zero bu illat boshqalarga yuqmasun deb:
Asad Komil o‘g‘li. Imzo o‘rnida barmoq bosdim. Kotib: tergovchi Quttiyev”.

Aybnoma o‘qib eshittirilgach, u quloqlariga ishonmay turdi. Aybnomani ikkinchi bor o‘qib eshittirishdi, Asad ko‘zlarini yumdi, so‘ng bu yog‘i nima bo‘lganini eslolmaydi…

Ko‘zini ochsa, o‘zining o‘tovida – Qizilqumda yotibdi. Yonida hech kim yo‘q, u hamishagi o‘rnida – pastak yog‘och karavotida yechinmay cho‘zilgan, egnida shaharga kiyib borgan kastyum-shim, ko‘kragi to‘la nishon…

O‘rnidan turib, birinchi qilgan ishi – shimini yechdi, xotini tikib bergan qopdek surp ishtonda oyoq yalang yurib tashqariga chiqdi. Suv to‘ldirilgan temir oxurlar yoniga kelib, kostyumini yechdi, baridan osiltirib quduqqa tashladi. Sement hovuzchada yuz qo‘lini chaydi. O‘tovdan bolta, pichoq olib chiqdi. Oy sayin kelib-ketib turadigan mehmonlarga atab alohida qo‘rada doim uch-to‘rt bosh axta qo‘chqor boqar, bir hisobda uning kuniga yaragan – nom qozonishiga shu jonivorlarning ham hissasi katta edi. U shoshilmay borib, “Hazor nur”ga qon chiqazaman” deb ko‘ngliga tukkan sur qo‘chqorni orqa oyog‘idan tutib, qo‘radan sudrab olib chiqdi. Yiqitdi. Uch oyog‘ini chilvir bilan bog‘lab, bo‘g‘ziga pichoq tortdi. Qon otilar-otilmas og‘zini bosdi – qon shimirdi. So‘ng og‘zi, iyagidan qon oqib, yarmi qumga ko‘milgan kunda yoniga keldi. Cho‘kka tushib kundani quchoqladi, peshonasini bosib:

– Inim Qudratjon! – deb silkindi. – Seni sotgan qo‘lim sotqin, og‘zim qon! Seni sotgan aqlim sotqin, bag‘rim qon!

Nihoyat, u boshini ko‘tardi, qaddini rostladi, tishlarini zich siqib aybnomaga barmoq bosgan o‘ng qo‘l panjalarini kundaga qo‘ydi. Chopti. Yiqildi…

Uch kundirki, u atrofida parvona bo‘lib, jon hovuchlab o‘tirgan yaqinlarini ko‘rmaydi, gap-so‘z qulog‘iga kirmaydi. Tosh qotgan qaboqlarini uzoq silab ochmoqchi bo‘ladi, shu zahoti yana ko‘z oldini barmoq izi tushgan sarg‘ish qog‘oz to‘sadi. Qog‘oz goh kichrayib, goh kattarib tumandek cho‘kib, ko‘ksi, yuz-ko‘zini qoplaydi-yu ko‘z ko‘rmas qo‘llar avval ikki chakkasi, so‘ngra yuragiga bigiz sanchadi. Shunda u “E voh, jigarim-yey!” – deb nola chekadi, dod deydi…

Tushdan so‘ng Asad sal o‘ziga kelganday bo‘ldi. Rang-ro‘yi tiniqib, ko‘zlari ravshan tortdi. Yonidagilarga xotirjam boqdi. Bir piyola sut ichdi, so‘ng to‘ng‘ich o‘g‘li bilan yolg‘iz qoldirishlarini so‘radi.

Yaqinlari chiqib ketgach, o‘g‘lining qulog‘iga nimadir deb pichirladi, o‘g‘li bosh egdi…

Asadni qo‘ltig‘idan suyab tashqariga olib chiqishganida Rohatoyning boshiga oftob chiqqanday suyundi. Uch kecha-kunduz eri bilan tortgan azobiga rozi bo‘ldi.
Eri kundaga yaqin joyga kursi qo‘yishlarini so‘radi. Kursiga joylashib o‘tirgach, birodarlariga “Xoli qoldiringlar meni”, dedi. Yelkasiga to‘n yopib, yolg‘iz qoldirishdi. Asad chuqur tin olib, tevarakka razm soldi: ko‘z ilg‘aydigan masofada hech kim yo‘q. Sokin. Ufqqa tutashgan ilon izi yo‘llar…

U kundaga qarama-qarshi o‘tiribdi. Yaqin-yaqin yillargacha shu yo‘llarni hadik, xavotir, qo‘rquv bilan kuzatgan va har lahza qo‘llariga kishan solib olib ketishlarini kutgan…

Panjadan yuqorilatib chopilgan, ro‘mol bilan tang‘ilgan mo‘ntiq o‘ng qo‘liga bir qaradi-yu jirkanib boshini chap yonboshiga osiltirdi. Ko‘zi bir qo‘ra qo‘yga tushdi. Yutinib tufladi. “Qudratdan, onamdan tonib, bekinib topganim shu – bir qo‘ra qo‘y!” – u alam bilan ko‘zlarini yumdi. Shu payt axta qo‘chqorlardan biri cho‘zib ma’radi. “Ma-a, ma-a” degan ovozga ona qo‘ylarning marashi jo‘r bo‘ldi, nazarida olamni qo‘y ovozi tutdi.

Ko‘zini ochganida it hurdi, shu zahoti qo‘ylarning sasi o‘chdi. Tavba, bitta it yuzta qo‘yni jim qildi-ya?!

Bahorda uni xuddi shu joyda bir muxbir savolga tutgan: “Nega bu yerga qo‘ylar tez-tez marab kelishadi?”

“Ona qo‘ylar bolasini izlab keladi-da. Siz turgan joyda qo‘zi so‘yiladi”.

E, shunday deng, bechora ona qo‘ylarga qiyin ekanda-a?”.

“Buning yo‘li oson, uka. Ona qo‘yni qulog‘idan burib, peshonasiga bir musht urasiz, tamom – bolasini unutib, ortiga ketaveradi”.

Sal o‘tmay yana ma’ragan ovoz eshitildi. Asad “Hozir, hozir, – deya shivirlab o‘rnidan turdi, – hozir, meni yesang… to‘yasan. Hozir”.
U qayoqqa yurishini bilmay bir pas garangsib turdi, bexos hammasini unutgisi, dod solib qichqirgisi keldi. Shu topda kimdir kuchli qo‘llari bilan Asadning peshonasiga musht solsa-yu, so‘ngra… u hammasini unutsa…

Asad ikki-uch qadam oldinga yurdi-da peshonasini kundaga urdi… qulab tushdi…

* * *

Marhumni qishloqqa olib ketish uzoqqa cho‘zildi. O‘tovdan Asadning bevasi bilan o‘g‘lining tortishgani eshitildi:

– Voy sho‘ri-im, otang bevatan, bemozor – kelgindimi, suyagi cho‘lu biyobonda qolib ketsa?
– Otamning vasiyatini buzmayman…

G‘ulom FATHIDDIN
BIR O‘QNING TO‘RT QURBONI
YOKI RUHLAR ISYONI
(Rajabboy Raupovning “Tahlika” hikoyasini o‘qib…)
07

49.jpgO‘tgan asrning so‘nggi choragida Rajabboy Raupov o‘zining ilk hikoyalari bilan nomdor yozuvchilar, sinchkov kitobxonlar e’tirofini qozondi. U Milliy dorilfununni tamomlagach, Moskvadagi Oliy adabiyot kursida tahsil oldi. Mashhur rus yozuvchilari, tarjimonlari nazariga tushdi. Hikoyalari rus va boshqa qardosh tillarga o‘girilib, adabiy seminarlarda muhokama qilindi, baholandi…

Oradan ijodiy izlanishlardan iborat, sinovlarga boy, kurashlarga yo‘g‘rilgan navqiron yoshlik yillari o‘tdi. Bu davrda u jurnalist va adib sifatida shakllandi. Adabiy faoliyatida ezgulik g‘oyalari, adolat, erk, ozodlik asosiy mavzuga aylandi va Rajabboy ijodiy prinsiplaridan chekinmadi. Haqiqat ijodkorning qismatiga aylandi.
Taqdir tegirmonidan butun chiqqan adibning asarlari yurtimizda hamda xorijda nashr etilib, kitobxonlar va adabiy jamoatchilik e’tiboriga tushdi.

“Tahlika” hikoyasini bir necha marta sinchiklab o‘qib chiqdim. Nazarimda, adib katta bir roman yozganu, uni “yo‘na-yo‘na” hikoya holiga keltirganga o‘xshardi. Hikoyaning tili ravon, qahramonlarning xarakterlari shu qadar nafislik bilan syujet ipiga tizilganki, ular ruhiy mutanosiblikda, me’yor va mezon sig‘imlarini buzmasdan ifodalangan. Qahramon kechinmalarining ruhiy haqqoniyatiga zarracha shubha qilmaysiz. Ko‘z o‘ngingizda poyonsiz Qizilqum sahrosi manzaralari jonlanadi. Yaqin tariximizning ayanchli, jarohatli lahzalari bilan yuzma-yuz kelasiz. Qatag‘on davri odamlarining g‘ussaga to‘la ovozini eshitasiz.

Voqealar qolgan uch kecha-yu uch kunduzlik umrini Gujumlida – yaqinlari bilan vidolashib o‘tkazayotgan Asad fermaning jon talvasasidan boshlanadi. Asad nega hech kimga bildirmay o‘ziga aza ochadi? Nega uni barmoq izi tushirilgan sarg‘aygan qog‘oz yuragiga bigiz sanchib qiynaydi? Nega uni tushlarida har kecha onasi ta’qib etadi? Nega ayoli Rohatoyning qora ro‘moli bilan yorug‘lik igna sanchayotgan ko‘zlarini, yuzini to‘sib yashiradi, hech kimga qaragisi kelmaydi? Nega u sirli xotiralar girdobidan chiqolmay lahza sayin cho‘kib bormoqda? Nega?.. Nega?.. Bu sirli savollar javobini o‘zidan boshqa hech kim bilmas, yaqinlari esa rozi-rizolik so‘rash bilan ovora…

Biroq voqealar rivojida o‘quvchi qalbida tug‘ilgan savollar asta-sekin o‘z badiiy yechimini topib, o‘ziga ergashtiradi.

Tomchida quyosh aks etgani kabi hikoyada Qizilqum saltanatidagi bir oila misolida tariximizning qora kechmishi, qatag‘on fojialari mahorat bilan tasvirlangan. Darhaqiqat, o‘sha davrda Sobiq Ittifoq hududida yashovchi xalqlarning millionlab asl farzandlari ilmu ma’rifatga, mustaqillikka intilgani, o‘z fikriga ega bo‘lgani uchun “xalq dushmani”, “yot unsur”, “mushtumzo‘r” kabi ayblovlar bilan otilgan, surgun qilingan.

O‘zlarining sarob g‘oyalari bilan xalq ongini afsunlagan qizil siyosatning “Sopini o‘zidan chiqarish” kabi ayovsiz usuli ishga tushiriladi. Ular sinfsiz jamiyat qurish bahonasida farzandni ota-onaga, jigarni jigarga, do‘stni do‘stga qarshi qo‘yishga, yovlashtirishga ustasi farang edi. Jamiyatda ishonchsizlik muhiti yuzaga kelib, odamlar bir-biridan hadiksirab, qo‘rqib yashashga mahkum etilgandi. Ma’nan nogiron olomonga imon-e’tiqodi sust, johil to‘da – xalqdan yiroqlashgan kishilardan qahramon yasashardi.
Uyushtirgan jinoyatlarini yashirish uchun qurbonlarning yaqinlari yoki yollanma guvohlar qo‘li bilan “Odil sud” tamg‘asini bosib, to‘xtovsiz odam ovlashardi. Bunday holat hikoyada yaqin tariximizning qonli sahifalari – xalqimiz boshiga tushgan fojialar xuddi ko‘zguda jonlantirilgandek aniq taassurot uyg‘otadi. Asad tergov idorasidagi kulib turgan ikkiyuzlamachi inqilob qattollari tuzog‘iga ilinib, ukasi Qudratga qarshi uyushtirilgan uydirma-ayblovga barmoq bosib, unutilmas fojiaga sababchi bo‘ladi.

Mash’um zamonda mahkum etilganlarning yaqinlari “xalq dushmani”, “unsur”, “quloq”ning bolasi deb kamsitilar, yakkalab qo‘yilar va har qanday og‘ir ishlarga jalb etilib, bosh ko‘tarmay yashashga majbur etilardi. Asad va Malika taqdiri misolida ana shunday xo‘rlik hayotiy dalillar vositasida o‘z ifodasini topadi. Kutilmaganda oti yo‘qolib, qo‘lidan qamchisi tortib olingan Hosilot yaqingacha atrofida girdikapalak bo‘lib yurgan brigadirdan dakki eshitadi. Hatto davlatning paxtasiga “xalq dushmani”ning akasi – “unsur”ning ko‘zi tushmasin deb yo‘latmaydilar. Mirob esa “Yo‘ldan qoch, otim hurkadi”, deb uni haydaydi. Odamlar Asadga duch kelsa, o‘zini panaga uradi… U suv quygandek jimjit uyga kirgach, boshiga do‘ldek yog‘ilgan so‘zlar ta’sirida garangsib nima qilarini bilmaydi. Asad odam to‘la jamiyatda qo‘rquv, vahima bilan yolg‘iz qoladi. Eshik yonidagi ketmonga ko‘zi tushgach, singlisi Malikaning ham daladan quvilgani ma’lum bo‘ladi…

Ona qalbi hech qachon farzandidan tonmaydi. U dilbandi bilan bog‘liq har qanday xatarni sezadi. To‘ng‘ichining qo‘rquvi halokat boshlab kelganini sezgan onaizor – Hojar bibi Asadnining ko‘zlariga tik boqib: “Mening o‘g‘lim dushman emas, shoir u!” – deydi. Shoir o‘g‘lining suratini o‘pib, bag‘riga bosib yashaydi. Ilojsiz qolgan Asadga rais go‘yo chora topib, uni Qizilqumga badarg‘a qiladi. Mahkum etilganlarning oilalari bunday “siylov”ni jon deb qabul qilishar, ich-ichidan quvonishadi.

Qo‘rquv shu darajada hukmronki, o‘g‘il onasining qulog‘iga shivirlab, ketishga rozilik so‘raydi. Zulm va zo‘ravonlik orqali odamlar ongiga singdirilgan qo‘rquv minglab kishilar shuurini, qalbini majruh qilib qo‘ygan edi. Fikrli odamlar o‘zlarini chetga olib, panada, uzlatda yashashga majbur edilar…

Bunday xo‘rlik, inson taqdiriga befarqlik Hojar bibi va Malika obrazi orqali butun boshli millat taqdirida o‘z aksini topadi. Qiziga suyanib qolgan ona o‘g‘li Qudratning dog‘ida kuyib kul bo‘ladi. Malika esa muallif yozganidek, “qari qiz bo‘lib cho‘kadi”.

Qatag‘on – diktatura ta’sirida yashagan fuqarolar buyruqqa, mutelarcha ishlashga yo‘naltirilgan, tepadan boshqariladigan jonli mexanizmning qismlariga almashtirilgan edi. “Dushmanning akasi”, degan tamg‘a bilan yelka qisib, qishloqda bosh ko‘tarolmay yurgan Asad oqibatda Qizilqumga badarg‘a qilinadi, cho‘ldan panoh topadi. Onasining vafotini eshitgan to‘ng‘ich o‘g‘il “Borsammi, bormasammi?” deya ikkilanib qoladi. Va onasi bilan vidolasha olmay, ovozsiz, yig‘isiz jimgina uyiga kirib borganida Hojar bibini ko‘mib qaytishgandi.

Asad ferma taqdirida qatag‘on davri fojiasi – millat iztirobi to‘laligicha aks etadi. Qatag‘on xunrezliklarida kimdir Stalinni, kimdir Beriyani ayblaydi. Aslida-chi, aybni kimdan, kimlardan izlash kerak?..

Tushlariga tez-tez onasi, ukasi Qudrat kirib, Asaddan savollariga javob talab qilishadi. Bu ruhlar isyoni, o‘z-o‘zini anglashga bo‘lgan ehtiyoj edi. Ruhiyati izdan chiqqan Asad jazavaga tushib, o‘g‘lini otib qo‘yishiga sal qoladi. Uni ta’qib etayotgan sharpalar: tushlariga kirayotgan onasi va ukasi Qudratning ruhi Asadni o‘ziga, qalbiga nazar solishiga majbur etadi. Ayniqsa, ukasi Qudrat onasining ko‘zlarini unga tutganida vujudi larzaga keladi. Go‘yo ukasi “Menga onamning ko‘zlari bilan qarang”, deganday borlig‘ini azob qamraydi.

U najot izlab “Hazor nur”ga boradi. Shahidlar ruhiga va cho‘ponlar piri – Cho‘pon otaga jonliq atab, taskin tuyadi. Qudrat bilan oralaridagi sirli devor hamon buzilmagan edi. “Nimalar bo‘lyapti o‘zi, – u istar-istamay gazetaga qo‘l uzatdi, – nega otishdi-yu, nega oqlashdi?” – haydovchiga ukasining she’rini o‘qitdi. U hijjalab, tutilib-tutilib she’r o‘qidi:

– Og‘am, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
– Singlim, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
– Vatan…

Asad gazetani haydovchidan yulqib oladi-da, o‘zini qumga otib, peshonasini yerga uradi. O‘krab yig‘laydi. U dushmanni topgan edi, butun borliq unga qarab, “Dushman! Dushman!” – deb hayqirardi.

Jun olish mavsumida oshnasi shaharga boring, Qudratni surishtiring, aybi nima – biling. Yigirma uch yoshida… uvol ketdi, degach ukasining taqdiri bilan qiziqadi. U shaharga borib, tegishli idoradan ukasini surishtiradi. Unga o‘zi – Asad Komil o‘g‘li barmog‘ini bosgan aybnomani o‘qib eshittiradilar. Aybnomada Qudratning mehnatdan bo‘yin tovlab, xo‘jalikni mensimay o‘qishga ketgani, mehnatkash ommani yo‘ldan ozdiruvchi, Sho‘ro hukumatini kamsituvchi she’rlar bitishi, kunni tun deb bilishi va ukasining unsurlarcha bosgan qadami boshqalarga yuqmasin, deb yozilgandi. Aybnomani ikki marta o‘qib berishganda Asad hushini yo‘qotadi. Ko‘zini ochganida u o‘zini cho‘ldagi o‘tovida ko‘radi. O‘ziga kelib, nishonlar to‘la kostyumini quduqqa tashlaydi. O‘tovdan bolta, pichoq va chilvirni olib “Hazor nur”ga qon chiqarishga qaror qiladi.

Hikoyani o‘qish jarayonida rangli shisha parchalaridan tayyorlangan devoriy surat yodimga tushdi. Muallif ham xuddi o‘sha mozaika usulida, ong oqimi tasviridan foydalanib davr manzaralaridan muhim parchalarni syujet ipiga mahorat bilan tizadi. Natijada hikoya yaxlit mazmun ifodalovchi badiiy tafakkurning noyob namunasiga aylangan. Qo‘rqoqning vatani, millati, qarindoshi, do‘sti bo‘lmaydi deydilar. Haqiqatan ham ma’rifatli, tadbirkor, uquvli bo‘lish, millat uchun qayg‘urish jinoyat sanalgan o‘sha davrda “Sen uchun dohiylar, komfirqa o‘ylaydi, boshingni qotirmay ishingni bajar, ortga, yonga qarama” qabilidagi tamoyil hayotda hukmron edi. Odamlar o‘z kambag‘alliklari, g‘aribliklari bilan faxrlanishar, mulkdorga sinfiy dushman deb qarashar, xususiy mulkdan nafratlanishardi.

… Asadning avval ukasidan, keyin onasidan tonishi ularni bir qo‘ra qo‘yga almashganday tuyuladi. Har qadamda bunga iqror bo‘ladi. Uning xatti-harakatlarida jinoyat sabablari, ijtimoiy qo‘rquv, savodsizlik va qonunlashgan zo‘ravonlik shu darajada aniq, ishonarli chizilganki, o‘quvchi bundan boshqacha bo‘lishi mumkin emas degan to‘xtamga keladi.

O‘z o‘tmishini eslatuvchi, onasi va ukasini yodga soluvchi eski uyni buzdirishi, “Hazor nur”dan najot izlashi, ayoli bilan suhbatlari – Asadni o‘zi g‘arq bo‘layotgan girdobdan xalos eta olmasdi. U kostyumi to‘la nishonlarini shaldiratib nega quduqqa tashladi? Umrining behuda o‘tgani, xatolarini anglab yetdimi? Yoki aldov, suvga oqqan umr alam qildimi?

Ayniqsa, hikoyadagi qurbonlik sahnasi o‘quvchini befarq qoldirmaydi. Asad ferma “Hazor nur”ga atagan qora qo‘chqorni qo‘radan sudrab chiqib, uch oyog‘ini chilvir bilan bog‘lab, bo‘g‘ziga pichoq tortadi. Qon otilar-otilmas og‘zini bosib, qon simiradi. So‘ng og‘zi va iyagidan qon oqib, yarmi yerga ko‘milgan kunda yoniga kelib, uni quchoqlaydi. Baribir yuragi taskin topmaydi. Ukasi ruhiga tazarru qiladi: “Seni sotgan qo‘lim sotqin, og‘zim qon! Seni sotgan yerim sotqin, bag‘rim qon!”
Qaddini rostlab, aybnomaga barmoq bosgan Tahlika panjalarini chopib, o‘zini jazolaydi. Qonga qon deganlaridek, o‘z joniga qasd qiladi. Aybdor panjalarmidi? Yoki aybdor – yuragida o‘rnashib olgan qo‘rquvmidi?

Asad o‘z ichidagi dushmanni tanidi, topdi va jazoladi. Onasi, ukasidan tonib topgan bir qo‘ra ma’rayotgan qo‘yga qarab hayqirdi: “Meni yesang, to‘yasan! Hozir, hozir!”
U dunyoga sig‘mas, hammasini unutgisi, hayqirgisi kelardi… Marhumning jasadi ham uzoq vaqt sarson bo‘ldi. Xotini qishloqqa dafn qilamiz desa, o‘g‘li: “Otamning vasiyatini buzmayman”, deb onasi bilan tortishadi.

Qudratga otilgan o‘q butun oilani tanazzulga uchratib, barbod qildi. Hojar bibi, Malika, Asad ham go‘yo o‘qqa uchdi, yolg‘on tantana qildi, zulm g‘olib chiqdi… Muallifning bu hikoyasi yaqin tariximizda minglab begunoh kishilar yostig‘ini quritgan qonli Qatag‘onning bir lavhasi xolos. Yurtimiz ozodlikka erishgach, qatag‘on qurbonlari – shahidlar xotirasiga ehtirom ko‘rsatildi. Ularga atab xiyobonlar, muzeylar ochildi. Pok nomlari oqlandi.

Vatan o‘z fidoyi o‘g‘lonlarini unutmadi, ulardan tonmadi. Rajabboy ham o‘zining “Tahlika” hikoyasi bilan xalqimizning fidoyi farzandlariga munosib badiiy yodgorlik o‘rnatdi desak arziydi. U yozuvchi sifatida o‘z xalqiga bo‘lgan farzandlik burchini ado etib, qatag‘onga, zulm-zo‘ravonlikka qarshi munosabatini oshkor qildi. Agar ushbu asar asosida ssenariy yozilib, kinofilm suratga olinsa, xalqimiz tarixining yaqin o‘tmishi bilan bog‘liq yana bir haqqoniy kechmish o‘z ifodasini topgan bo‘lardi. “Tahlika” o‘zbek hikoyachiligi yutuqlari qatoridan joy olishiga shak-shubha yo‘q. Bunday asarlar barchani ogohlikka, adolat va haqiqatni qadrlashga, tarix xatolarini takrorlamaslikka chorlab turadi.

Maqola muallifi haqida: G‘ulom Fathiddin 1955 yilda Farg‘ona viloyatining Rishton tumanidagi Vohim qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDU (bugungi Milliy universitet)ning jurnalistika fakultetini bitirgan . Bir necha she’riy to‘plamlari: “Istak”, She’rlar (1992); “Lojuvard soya”, She’rlar, dostonlar, tarjimalar (2012) nashr etilgan.

02

(Tashriflar: umumiy 539, bugungi 1)

Izoh qoldiring