Rajabboy Raupov. Ikki hikoya: Kurash & O’ng qo’l

04521 март — таниқли ёзувчи Ражаббой Раупов таваллуд топган кун

     Ражаббой Раупов ўзбек адабиёти китобида ўз саҳифасига эга ижодкор. Ёзувчи адабиёт майдонига қўйган илк қадамлариданоқ Одил Ёқубов ва Саид Аҳмад каби устоз адиблар, энг муҳими, ўзбек китобхони назарига тушди. Чунки,ёзувчининг ҳикоя ва қиссалари ҳаётни ҳаққоний ифодалаши,демак ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Унинг асарлари айни шу ҳаётийлиги билан қимматлидир.
Ражаббой Раупов ҳаётининг сўнгги ўн йили оғир ва машаққатли жараёнлар ичида кечди. Аммо, ёзувчи чекинмади, ҳаётининг энг мураккаб палласида ҳам олға интилди. Халқига ва адабиётга бўлган муҳаббати ва эътиқоди унинг йўлчи юлдузи бўлди.

Туғилган куни муносабати билан веб-саҳифамиз ва муштарийларимиз номидан ёзувчига саломатлик, ижодий ютуқлар тилаб, янги асарларини кутиб қоламиз.

Ражаббой Раупов
ИКKИ ҲИКОЯ
001

009 Истеъдодли адиб ва журналист Ражаббой Раупов 1955 йил 21 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган Тошкент Давлат университетининг журналистика факултети (1978), М.Горкий номидаги Москва адабиёт институти Олий курсини (1989) тугатган.  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи” “Ишонч” газеталарида бўлим мудири, “Ўзбекистон табиати” ва “Ипак йўли” газеталарининг ташкилотчиси ҳамда Бош муҳаррири вазифасида фаолият кўрсатган.
“Юрак садоси” (1981), “Она сўз” (1989), “Нур дарвозаси”, “Эътиқод” (2002), “Устун” (2002-2005) каби насрий китоблари чоп этилган. Унинг “Осмоннинг эгаси”, “Остона”, ва “Она сўз” қиссалари машҳур. “Юракдаги Бухоро” (1998) тўпламининг тузувчиси ва муаллифларидан бири.
“Устун” романида ўзбек халқининг шонли фарзанди, академик Ҳабиб Абдуллаевнинг долғали ҳаёти тасвирланган. “Ҳаётимга суиқасд” номли ҳужжатли романи автобиографик характерга эга. Унинг ҳикоя ва қиссалари рус, поляк, грузин тилларида чоп этилган.

002

КУРАШ

Чол болалар бир пайтлар эрмакка ўт қўйиб ёндирган қари ковак тут панасида узоқ туриб қолди. Кун пешиндан оққан, атрофда ўзидан бошқа тирик зоғ ҳам кўринмасди.

Иссиқнинг тафтиданми, ҳаяжоннинг зўриданми бошидан тер қуйилиб, уст-боши жиққа ҳўл бўлди. Тер кириб ачиштираётган кўзларини юмиб-очиб, ҳансираб, ютиниб нафас олар экан, бир нималар деб ғўлдирар – тинчланолмас, ҳадеб атрофга ҳадиксираб қарагани-қараган эди.

Бу ҳол узоқ давом этди.

Ниҳоят, унинг мадори қуриди, пойлаш, ҳадиксираш жонига тегди.

– Ўт қўяман, ёндираман! – деб қаддини кўтарди у. Узун, беўхшов кекса гавдасига ярашмаган бир ҳолда – гоҳ эгилиб, гоҳ эмаклаб сим тўр билан ўралган қабристон ичкарисига кирди. Кирди-ю, нафас ростлаб бўйнини ичкарига тортиб ортига, ўнг-сўлига аланглади: жимжит, кимса кўринмайди. “Худога шукур, – деб пичирлади чол, – ҳеч ким кўрмади мени”. Бироз тинчланди, шошилмай қабрларни кузата бошлади… Невараси Муродни олиб қишлоқдан кетганидан бери қабристон бутунлай ўзгарибди. Илгари қўй-эчкилар ёйилиб юрадиган қаровсиз қабристонга зўрға кирди. Кун чиқардан дарвоза ҳам қуришибди, қамишу чангалдан тозалаб, уч-тўрт қабрга мармар лавҳа ўрнатишибди. Айрим қабрлар темир панжара билан ўралган, унда марҳумнинг туғилган, қазо қилган йилию исми-шарифи ёзилган.

Янгилик чолни шаштидан туширмаса-да, бироз чалғитди, қизиқсиниб мармар лавҳали қабрлар кимникилигини ўзича тахминлай бошлади. (У эски ўзбек ёзувидан бошқа ҳарфда ўқий олмасди). Яқинроқ бориб, “Мана бу Теша бобонинг гўри, четдагиси уста Ғаффорники, ўртасидагиси Салим аравакашнинг гўри, – деди ҳавас билан. – Ўғиллари Худо солган чиқибди, оталарини унутишмабди”. Чол шу туришича хомуш тортиб қолди. Уста Ғаффор, Салим аравакаш ҳам тенгқури эди. Умри қисқа эканми, эрта кетишди улар. Чўкка тушиб ўтирар экан, кўзи бехос офтобда ялтираб турган бошқа бир қабрга – мармарда кичкина думалоқ сурати худди тирикдек акс этган Аҳмад полвоннинг қабрига тушди. Шунча жойдан излаб келгани, кутгани, унга кераги шу – Аҳмад полвоннинг қабри эди. Қишлоқда бирга ўсиб, бирга улғайган, полвон деган номга лойиқ иккиси – Аҳмад билан Малик эди. Кейинчалик улар бир-бирига рақиб, тўғриси Малик чол Аҳмад полвоннни ўзига душман деб билди…

Чолнинг кўзлари полвоннинг қабр тошидаги аксига қадалиб қолди. Беихтиёр қўллари чўнтагидан гугурт излади, топди. Гугуртни кафтида маҳкам сиққанча уч-тўрт қадам ортига тисарилди. Гўё Аҳмад полвон ниятини сезгандек, қабрдан садо чиққандек бўлди: “Ҳали ҳам унутмадингми, тентак, полвон деган мард бўлади…” Бу орада қабристон четидаги тош йўлдан йўловчи машина шалдираб, дудутлаб овоз бериб ўтди. У “Мабодо, мени кўришмадими?” деган хавотирда бошини эгиб, пешонасини шўрга босди. Машина овози тингач, бошини кўтарди.

“Сен, ундай дема Аҳмад, – у гўё қаршисида тирик турган Аҳмад полвон билан овоз чиқариб айтиша бошлади. – Номусга чидолмадим, мардлигимдан қишлоқдан чиқиб кетдим. Сенгача мени ҳеч ким… Ахир ўзинг айт, мен сендан зўр эдим-ку?! Фалокат босиб, Теша бобонинг тўйида сендан бир йиқилдим. Сенга ёлғон, Худога рост, ўша куни ким билан бўлса-да, олишиб, сўнг полвонликка вафо қилиб уйда ўтирмоқчи, неварам Муродга фатво бермоқчи эдим. Бўлмади! Сен бунга имкон бермадинг. Мен… мен… билсанг, Аҳмад, ҳалигача олишнинг қулиман! Қани, мард бўлсанг, чиқ, гўрингдан! Иккимиз бирга олишиб, бирга ўламиз, йў-ўқ, – чол ўкраб йиғлаб юборди, – чиқмайсан, чиқолмайсан, мен эса сени йиқитолмайман!…”

Чол лабини тишлаб қаттиқ бош чайқади. Кўз ўнгида саҳрода мунғайиб қолган невараси Мурод жонланди. “Майли, менку чидайман, – у ёшли кўзларини енги билан сидириб, илтижо қила бошлади, – неварам… неварам Мурод қўрқоқ бўлиб қолди. Алам-алам, шунга алам! ” – дея чол шаҳд ўрнидан турди-да, полвоннинг қабри тепасига важоҳат билан бостириб борди. Борди-ю, бирдан боши тошга теккандек тўхтади, қотиб қолди, саросималаниб бўшашди. Хас-хашакдан тозаланиб, атрофи пишиқ ғишт билан ўралган Аҳмад полвоннинг қабрини на ўтда ёндириб, на сувда чўктириб бўларди. Қўққисдан қулоғи шанғиллади. Чол тиззалади, қулоқларини бекитди, кўзини юмди… Қанча фурсат ўтди, билмайди, ўзига келиб, кўзини очса, пешонасини қабристоннинг шўр тупроғига босиб ётибди. Ётган жойида “Йўқ, барибир йиқитаман сени, – деб ғижинди чол, – бунақада ўлиб қоламан, Аҳмад! Кўзим очиқлигида енгмасам, тириклик ҳаром менга!…”

У аста бошини кўтариб, қаддини ростлади-да, алам билан деди:
– Гўрингдан чиқариб, тирилтириб бўлса ҳам бир марта йиқитаман сени! Йўқса, бечора Муродга қийин…

Чол ғижимланган гугурт қутисини сиққанича турди-турдида:
– Кечир мени Аҳмад, – деди. – Эшитгансан-ку, ахир, йиқилган курашдан тўймас, деб. Мен ҳали курашдан тўймадим!

… У қабристондан чиқиб, ҳозиргина пойлаб ётган жойи – куйган қари тут панасида кунни кеч қилди. Қишлоқдан кетганидан буён ҳеч кимга кўриниш бермасди. Қишлоқда бир-икки қўни-қўшнини айтмаганда, тайин қариндош-уруғи ҳам йўқ. Қўшнилар йилда бир марта – баҳорда чўлни сайр-томоша қилгани, барра гўшти еб, яйрагани боришганда, чол билан невараси Муродни ҳам кўриб қайтишади. Улар чолнинг кўнгли учун “Етар энди, сизсиз қишлоқ ҳувиллаб қолди, йиғиштиринг тўрва-халтани” дейишганида, у индамайди, бошини эгиб ерга қарайди. Ичида уларга ўзича жавоб қайтаради:

“Полвонлик ҳам ҳар кимнинг қўлидан келмайди, деяпсанларда-а? Қараб туринглар ҳали, Малик полвоннинг невараси Мурод полвоннинг олдига тушадигани бўлмайди…”

Чол шу туришича кеч кириб, йўлдан одамларнинг оёғи тингунча кутди. Эҳтиёт шарт, деб ўйлаб, қоронғида туртиниб-депсиниб бўлсада, йўлдан эмас, шира босган пахта эгатлари бўйлаб юриб, ҳовлисига етди. Яқинлашганда юраги увишди, кундузи кўчадан юриб келиб дарвозасидан киролмагани, товуш чиқариб, уйида эркак яшашини англатолмагани ўртади. Қўшниларнинг чироғи ўчмагунча эгатга яшириниб ётаверди. Намдан бели зирқираб ўрнидан турди-да, сас чиқармай пахса девордан ошиб, ўзини ичкарига олди. Бехос гуп этган овоздан тўхтади. Девордан бир бўлак кесак кўчиб, ортидан анча жойгача думалаб бориб, уваланиб кетди. Ҳеч ким эшитмадимикан, деб бир пас кутди-да, қўшнининг ити вовиллаб тингач, пана билиб айвон остига яширинди. Шу лаҳза уни кимдир кўриб қоладигандек, “Онажоним-ей” дея пешонасини айвон устунига босди: “Сен мени қўрқоқ қилиб туққанмидинг?! Йўқ, бир бўлди-да, мен ҳам тирик жонман-да. Ахир, қўрқоқ деб пешонамга ёзмагандир…” Кун бўйи тентираб, кутиб, яшириниб кунни кеч қилгани-ю, Аҳмад полвоннинг қабри тепасидан мулзам бўлиб қайтгани бир, шу тобда уйининг калитини тополмагани бир бўлди. “Шу етишмай турувди”, дея чол хуноб бўлди. – Ўз уйимга ўзим бегона. Энди бир ками эшигимни бузиб киришим қолди. Э-э, Малик, Малик!” – Чарчоқ тинкасини қуритди. Ўтиришга жой излади. Ёғин-сочиндан асраб, айвон остига бекитган ёғоч каравоти жойида йўқ. Чамаси қўшнилардан бирови керакли қилиб олиб кетган. Чол гарангсиб сукут сақлади. Бемаҳалда ортга қайтишнинг иложи йўқ. Нима бўлганда ҳам уч-тўрт соат мизғиб азонлаб йўлга чиқади.

Қоронғида пайпаслаб айвон бурчида ётган яримта кигизни топиб ерга тўшади. Белбоғини ечиб, тердан қотган дўпписини олди. Қўлини боши остига қўйиб, кигизга чўзилди. Чўзилди-ю “Шукур”, деб хўрсинди. “Оҳ” демади, чидади. Сўнг юрагини кемириб тобора авжига минаётган оғриқни “ҳим!” дея инграб ўтказди-да, “Шукур эмиш”, юзида истеҳзо пайдо бўлди. “Нимангга шукур қиласан?! Э-э, Малик, Малик. Қариганингда қўрқоқлик заҳрини ютдинг-да. Эсингдан чиқмасин, бу! Ўшанда Аҳмад полвондан қўрққанинг рост, йиқилганинг рост! Лекин, нега, нечун қўрқдинг – билмайсан? Ҳалигача сўроғинг бору жавобинг йўқ, билмайсан! Билганинг шуки, сен энди Малик полвон эмас, қўрқоқсан! Сенинг касрингга қолган неваранг Мурод – қўрқоқ!” Ён қўшнининг уйида чақалоқ йиғлади, чироқ ёнди. Чол ирғиб турди-да тиззасини қучиб, чақалоқ йиғисига хомуш қулоқ тутди. “Ўғилмикан, қизмикан?” Ким бўлса-да, қўрқоқ бўлмасин. Қўрқоқлик мен билан келиб, мен билан кетсин. Биродарлар, – дея қишлоқ аҳлига мурожаат қилди у, – қўрқоқликни менга қўшиб кўминглар, чуқурроқ кўминглар, илдиз отмасин, элга ёйилмасин, кўминглар…”

Чол туриб-туриб ўзининг забун ҳолига, икки қўшни ўртасида қаровсиз қолиб нурай бошлаган ҳовлисига тикилиб хўрлиги келди. Томоғи қуриб, зўрға ютинди. Пешонасини қўшқўллаб чангаллаб, “Эгасиз уйнинг ҳоли шу-да! Эгасиз уйнинг эгаси кўп бўлади, – деб ўкинди. – Тўрт томондан талашади…”

Уни ҳеч ким қишлоқдан ҳайдамади, ўзи кетди. Бир пайтлар ўз уйи, ўз эркига эга, невараси Мурод, ўғли, келини билан тинчгина яшаб юришган эди. Нима бўлди-ю, тинч хонадоннинг ороми бузилди. Қишлоқ аҳли “Малик полвоннинг уйига кўз тегди” дейишади. Чол эса бу гапга бош силкиб, “Йўқ, – дейди. – Ҳаммасига сабабчи ўзим! Қўрқдим, қўрқоқлик қилдим, бир марта ён бердим, йиқилдим! Бало-қазонинг боши шундан бошланди…” Кампирининг йили ўтмай тўсатдан ўғли фалокатга учради. Яхши ҳамки, ундан бир тирноқ – Мурод қолди… Ўғлининг йили ўтгач, келинига жавоб берди. Аслидаку, жавоб бериш нияти йўқ эди. Лекин Мурод бобоси билан қолди. Келинига ризолик берган кун Мурод кўчадан боши эгик қайтди.

Чол буни ўзича тушунди, онаси кетди, энди Муродга янада қийин бўлади…

Эрталаб суриштириб билса, Мурод олишда Аҳмад полвоннинг неварасидан йиқилибди. Иккиси тенг, бунинг устига жўра эдилар. Лекин Мурод жўрасидан йиқилибди. Ҳечқиси йўқ, Мурод ўзини ўнглайди, невараси ўзини эплайди. Аввалига чол буни қайғуга айлантирмади, фожиа санамади. Чунки у Муродга ишонар, келаси йил бешинчи синфга борадиган невараси бўйчан, чаққон тенгқурларига нисбатан дадил, олиш деса, ҳар қандай юмушни унутадиган бола эди…

Чолнинг сўнгги кунлардаги эрмаги, машғулоти Мурод бўлиб қолди.

Ҳар эрта кўз очиши билан унга узоқ умр, сиҳат тилар, ўтган барча аламларини унутиб, чидаб Муроднинг борлигига шукур қиларди. “Мен энди пишган ошман, бугун борман, эрта йўқ. Бир уйда бир эркак – Мурод бор. Отасининг изини босиб, мени унутмаса бўлгани….”

Тушгача у уйнинг барча юмушларига улгурар, томорқа чопиш-у, овқатгача ўзи пиширар, кечга яқин чолнинг кун бўйи кутгани – болалар тўпланишиб қум устида олиш бошланар эди. Чол тун бўйи ўша кунларни кўзида ёш, алам билан эслади. Суянгани Муродни ҳамқурлари, ҳатто ўзидан бир-икки ёш кичик болалар ҳам кетма-кет йиқита бошлади.

“Менда қасдинг борми, Мурод?!” – деди бир куни чол бақириб, Мурод индамади. Индаёлмади.
… Ҳафта ўтди, ой ўтди. “Болажоним, сенга нима бўлди?” – деб сўради яна у. Мурод тағин гапирмади, ерга бош эгди. Шу куни – бобою невара ўртасида савол-жавоб якун топган кун чол тун бўйи ўйлаб бир тўхтамга келди. “Муродни Қизилга олиб кетаман, мактаб дегани ўша ерда ҳам топилади. Чўпон болалари билан олиштириб, олиштириб, суягини қотириб қишлоққа қайтаман. Муроднинг кўзи қўрққан, у мени йиқилганимни кўрган-да, қўрққан! То кўзидан қўрқув кетмагунича юраги жўшмайди, уйғонмайди…”

Кутса, ниятини пайсалга солса, уйида яна фалокат бошланаётгандай, ҳафта ўтмай лаш-лушини йиғиштирди. Мурод билан кенгашмади. Ундан рози-ризолик ҳам сўрамади. Шундай қилса Муродга осон бўлади, деб ўйлади.

Таниш отарга жойлашдилар. Бош чўпон мурувват кўрсатиб, алоҳида қора уй – ўтов берди. Беминнат хизматкор (чол юмуши учун ҳақ талаб қилмади) чўпонлар учун ҳаводек зарур эди. Борган кунидан бошлаб Малик чол ким нима иш буюрса, бажариб юраверди. Лекин кўнглига тугиб борган нияти – Муродни ҳам унутмади. Неварасининг номига атаб чўпонлардан бешта қўй сотиб олиб отарга қўшди.
Аксига, худди биров Муроднинг қўл-оёғини боғлаб қўйгандек невараси чўпон болаларидан йиқилгани йиқилган. Кечалари ичида “Эй, Худо! – деб нола қилади Малик полвон. – Бизга нима бўлди ўзи? Сенга нима бўлди, Мурод?!” Буёққа – қишлоққа қайтишидан бир кун олдин чолнинг сабри тугади.

Олиш бошланишидан ярим соат олдин неварасидан яширинча икки болани чақирди-да, уларга Худога ёлворгандек ёлворди. “Болаларим, биз эртага қишлоққа қайтамиз. Бугун жўраларинг Муродга бир марта йиқилиб беринглар, у уйга хурсанд қайтсин. Мен бир кўрайин шуни. Сенларга пул улашаман. Ол, олинглар…”

Болалар пулни олишди. Малик чол улардан илгарироқ бориб бархан тепасида ёнбошлаб кураш бошланишини кутар экан, юраги ғаш бўлди. “Умримда қилмаган ишни қилдим-а? – тил тишлади у. – Олишда пул асқотардими, билмайманми, шуни? Биров билса, эшитса, ўл бу кунингдан, Малик демайдими?! Эй, соб бўлибман. Асли… Ўшанда Аҳмад полвон йиқитганида ўлимимга фатво бериб кетган экан-у, мен ношуд тушунмай ҳалигача яшаб юрибман….” Чолнинг ўйи охирламай туриб пастда қий-чув кўтарилди. Қаради. Боя ўзидан пул олган бола Муродни елкасидан ошириб қумга урди.
Мурод анчагача ўрнидан туролмай, чўзилиб ётди. Чол иккинчи боланинг олишини кутмади. Бархан ортига ўтиб кетди, яширинди…

Ўтовга қайтганида вақт алламаҳал бўлган, невараси бир четда мунғайиб ўтирар, бобосига кўзи тушиши билан ирғиб ўрнидан турди. Чол пойгакда тўхтади-да:
– Қўрқдингми Мурод? – деб сўради. Мурод индамади. У ғазабини босиб:

– Шу кунгача сенга қўл кўтармадим, энди сени ураман Мурод, – деди. Мурод бу гал ҳам индамади, ерга боққанича жим тураверди.
– Қара менга!

Мурод ердан кўзини узиб, бобосига қаради-ю, югуриб бориб унинг оёғини қучди, ўкраб йиғлаб юборди:
– Уринг бобо, уринг мени!

Чол оёғи остида арслон боласи ётгандек, эгилди. Муродни еткасидан тутиб турғазди, бағрига босди…

Шу кеча бобою неваранинг кўзи юмилмади.

Шу кеч бобо ҳаммасига мен айбдорман, деб Аҳмад полвондан йиқилганини яна хотирлади… Мурод, Мурод эса бобоси йиқилган ўша кундан бошлаб, жўралари уни галма-гал йиқита бошлаганини эслади… Чол раҳматли ўғлини, сўнгра келинини эслади. Чиндан ҳам бизга кўз теккан, аввалги бутунлигимиз қолмади. Аммо Худо меҳрибон, Мурод ҳали тирик, мен ҳам тирикманку…

“Йўқ, Мурод кетмайди, мен ўзим қишлоққа бориб қайтаман, – ўйлади у. – Ўргансин, кўзи қотсин, деб уни Қизилга олиб келиб янглишибман, хато қилибман. Олишни ўзгадан ўрганмайди, киши, ҳали оёғим ерда экан, Муроднинг пири менман!..» Чол мизғиб-мизғимай, саҳарлаб, шу ният билан йўлга чиқди.

Эртасига у барча юмушларига қўл силкиб, Муродни олиб ва унга аталган тўқлини етаклаб, чўпонларнинг кўзидан йироққа – икки қир ошганда тўхтади.

Мурод бобосининг авзойидан қўрқди. У ҳар кунгидек хотиржам кўринса-да, бугун нечундир бошқача эди. Чол чурқ этмас, Муродга қарамасди ҳам. Ниҳоят, у Муродга яримлатиб елкалатган қўлбола мешнинг оғзини очди-да, ўтириб:

– Қўлимга сув қуй, – деди. Қўлини ювгач, белбоғига артди, сўнг тўқлини йиқитди. Уч оёғини чилвир билан сиқиб боғлади. Суяк дастали пичоғини қинидан чиқариб, Муродга тутди:
– Кес, бошини!

Кутилмаганда Муроднинг ранги оқарди, оғиз очолмай бобосига илтижо билан тикилди. Чол шундай бўлишини олдиндан билгандек индамади. Муродга айтган гапини гўё унутди-да:
– Ёнимга кел, қараб тур, – деди. Мурод бобосига яқин борди. Чол:
– Пичоқни мана шундай ушлайди, – деб кўрсатиб, чап қўли билан қўйнинг бошини босди-да, ўнг қўли билан бўғзига пичоқ тортди. Қип-қизил қайноқ қон отилиб, то сўнгги томчиси қумга сингиб кетмагунча чол Муродга “Қара, қара деяпман, сенга!” деб такрорлаб турди. Муроднинг кўзи қондан узилмади. Сўнггида кўзлари хира тортиб қолган тўқлига қараб ачинди, кўзидан ёш думалади, аммо бобосига сездирмади. Икковлашиб тўқлини саксовул шохига осишди, ҳаёл ўтмай чол тўқлининг терисини шилиб, қорнини ёрди, тозалади.

Мурод бобосининг нега бунчалик олисга келиб тўқли сўйганига фаҳми етмади. Шу билан ҳаммаси тугади, гўштни кўтариб қайтамиз, деб уйлади у, бироз енгил тортди. Чол яна қўлини ювди-да, тўқли билан Мурод турган жойдан йигирма-ўттиз қадам нарига бориб, қумга ёнбошлади. Неварасининг кўзига тикилиб турди.

Мурод бобосининг кўзидан кўзини узолмади.

Бир фурсат ўтиб, чол аста, имиллаб ўрнидан турди. Пичоғини қўлига олиб, уни илк бор кўраётгандек, қуёшга тоблаб томоша қилди. Сўнг Мурод билан боя ўзи ёнбошлаган жойга келиб, пичоқни қумга тиккасига санчди, қайтиб келиб жойига ёнбошлади, тағин Муроднинг кўзига тикилди.

Атроф жимжит. Барханлар қуёш тафтидан қизиб борарди.
Муродни қўрқув босди.

– Яқинроқ кел, Мурод, – деди чол ҳамон сокин овозда.
– Қўрқдингми, боя мен тўқлини қандай сўйдим? – Мурод бош силкиди.
– Энди, пичоқни ол-да, келиб мени бошимни кес!

Мурод турган жойида тахта бўлиб қотди.
– Қани, бўл тез! Қўрқаяпсанми?! Унда… унда… – Чол оёқларини йиғиштириб ўтирди.

Мурод ҳамон индамас – миқ этмай турарди.

“Нега бунинг ғазаби ўлган, – чол ўтирган жойида титрай бошлади. – Нега бу, лоақал пичоқни олиб қочмайди, нега йиғламайди, нега жар солмайди?! Исёни йўқ бунинг, юрагида ўти йўқ!..” – Чол ҳаммасини – саксовул шохига илинган тўқлини, оғзи очиқ қолиб, суви секин сирқиётган мешни, бобою невараликни ҳам, қон кўриб, кўзи қотсин деб, бошлаган машқини ҳам унутди-да, кела солиб пичоққа ташланди.

Мурод ҳам бобоси тезлигида етиб келиб, унинг қўлига тармашди. Бобосининг пичоқ тутган қўлини шундай сиқдики, чолнинг қўли зирқираб, пичоқни ташлаб юборди. Пичоқ қумга тушган заҳоти чол эгилди. Муроднинг ўнг қўлтиғи остидан қўлини ўтказиб ўзига тортди.
– Қани, бошладик. Мурод полвон! – деб ҳайқирди чол.

Унча-мунча сасин ютиб юборадиган барханлар – Қизилқум чолнинг бақириғини ютмади, ютолмади. “Ҳа-а, ҳа-а Мурод! Бошингдан айланай сени, аяма! Оҳ, оёғим, синдирдинг-ку! Мен аҳмоқ, мен ношуд, аввалдан шундай бошлашим керак эди. Олишни бировдан ўрганмайди, ялиниб олишмайди киши, қўрқиб олишмайди!” – деган гаплари олис-олисларга таралди.

* * *

…. Тушликда катта қозонда тўқли гўшти қайнади. Шўрвани Малик полвоннинг ўзи сузди. Чўпонлар, болалар ҳайрон. Малик полвон эса жим… Муроднинг кўзлари чақнайди, бу фақат бобосига аён. Тушликдан сўнг чўпонлар тарқамай туриб, чол ҳаммага мурожаат этди:

– Биродарлар, биз энди қишлоққа қайтадиган бўлиб турибмиз. Нон-тузларингни кўп едик, қуллуқ. Чўпонота номидан бир фотиҳа беринглар, омон-эсон уйимизга етиб олайлик.
– Э, шундайми, йўлошимиди ҳали бу? – чўпонлар кутилмаган янгиликдан шошиб қолишди. Улар чолнинг қишлоққа қайтишини хоҳлашмасди, яқинда куз бошланди, ҳадемай қиш, битта бўлса-да, чўпонга одам керак…

Чолнинг аҳди қатъийлигини билиб, қайтишга розилик беришди.

Мезбонлар кетишга оқ йўл тилагач, Малик полвон каттаю кичик – барчани ҳайратга солиб, овоза қилди:
– Неварам Муродга атаганим бор. Болаларга олиш бераман, қани полвонлар оталаринг борида бир кучларингни кўрайлик!

Чолнинг гапи болалар учун ҳақиқий тўй – байрам бўлди. Улар шундоққина ўтов ёнида саф тортишди. Катталар – болаларнинг оталари ҳам қизиқсиниб давра қуриб ўтиришди. Ўртада ҳакам – Малик полвон.
– Муродга талабгор борми? – сўради чол. – Йиқитганга бир қўй?

Биринчи бўлиб, икки кун олдин чолдан пул олиб, барибир Муродни елкасидан ошириб урган бола майдонга чиқди. Илгари неварасининг олишини кузатиб, юрак ҳовучлаб турадиган Малик полвоннинг кўнгли нечундир бугун тўқ, кўзлари чарақлар, ҳаяжон тарк этган, қаддини тик тутиб, иккисини курашга чорлади.

Кўз очиб-юмгунча бола Муроднинг оёқлари остида чўзилди. Сўнг иккинчи, учинчи талабгор чиқди, тамом – қайтиб Мурод билан олишадигани топилмади. Биринчи бўлиб чўпонлар – болаларнинг отаси чапак чалишди:

– Нима бало, сеҳрингиз борми, Малик бобо? Бизнинг ўғилларни мулзам қилдингиз-ку?!

Чол мамнун жилмайди-да, даврадан икки болани чақириб, қулоғига шивирлади. Болалар қизариб ерга қарашди. “Шукур, – деди ичида Малик полвон, – булар ҳам ерга қараркан-ку, эгиларкан-ку? Отангга балле-е, Мурод, энди ўлсам армоним йўқ!”

– Майли, пулларинг бўлмаса кечдим, – деди эшиттириб Малик полвон, – лекин, унутманглар полвонлар, сенлар Муроддан қарздорсанлар!

Сўнгра мезбонларга қарата:
– Беш қўйдан бирини сўйдим, яна бирини ўзимиз билан қишлоққа олиб кетамиз, сизларда неварам Муроднинг учта қўйи қолди…

… Эрталаб, биринчи бўлиб қўни-қўшни, сўнг бутун қишлоқ “Малик полвон уйига қайтибди” деган хушхабарни эшитди. Гўё олис сафардан қайтгандек, кечгача уйидан одам аримади, чўлдан олиб қайтишган қўйни сўйиб, шўрва қайнатишди. Ҳафта охирламай қишлоққа хунук хабар тарқалди: “Малик полвон қазо қилибди…”

Чолни ювиб-тараб, охирги манзили – Аҳмад полвон ётган мозорга дафн этишди.

Маъракалар ўтгунча қўшнилар “Мурод ёлғиз, қўрқмасин” деб галма-гал бола билан бирга тунашди.

Еттинчи кун туш маҳали Мурод қўшнидан бобосининг ёғоч каравотини сўради. Қўшни Муроддан узр сўраб, каравотни олган жойига – айвон остига келтириб қўйди. Мурод ерда ёйиғлиқ кигизни силкиб, каравотга тўшади-да, худди бобосидек ётиш учун ўзига жой ҳозирлади. Сўнг қўшни кетмай туриб, белбоғини ечди, сўри остидаги мих илгакка илди, ариқдан икки челак сув олиб келди. Лой қорди.

– Лойни нима қиласан, Мурод? – деб сўради унинг ҳаракатларини кузатиб, ҳайрон қараб турган қўшниси.

Мурод қаддини ростлаб:
– Ҳу-ув, ана, деворни кўряпсизми? – деди. – Катта бир бўлак кўчиб тушибди. Шуни ғишт териб, шуваб қўймоқчиман.

ЎНГ ҚЎЛ

Уч кундирки у атрофида парвона бўлиб, жон ҳовучлаб ўтирган яқинларини кўрмайди, гап-сўз қулоғига кирмайди. Тош қотган қабоқларини узоқ силаб очмоқчи бўлади, шу заҳоти яна кўз олдини бармоқ изи тушган сарғиш қоғоз тўсади. Қоғоз гоҳ кичрайиб, гоҳ каттариб тумандек чўкиб кўкси, юз-кўзини қоплайдию кўз кўрмас қўллар аввал икки чаккаси сўнгра юрагига бигиз санчади. Шунда у “Э, воҳ, жигарим-ей!” деб, нола чекади.

Ёруғлик санчилаётган кўзларини тўсмоқчи бўлиб, чап қўли билан пайпаслаб матоҳ излайди. Хотини узатган қора жун рўмолни юзига босадию тинчийди…

Гирдини олиб ўтирган яқинлари шу фурсатни кутгандек, у бироз тинчиши билан хотинини қолдириб, ўзларини эшикка уришади. Хотини — Роҳатой бети рўмол билан тўсилган эридан кўз узмай қараб туради-турадию пиқ-пиқ йиғлайди. Ҳар лаҳза дўхтир бола эрининг ҳолидан хабардор. У “Қишлоққа олиб кетайлик, касалхонада ётса, хавф арийди”, деб қистайди — эри кўнмайди…

“Э, воҳ, жигарим-ей!” — эрининг фарёди Роҳатойнинг қулоқларига қўрғошиндек қуйилган, чиқиб кетмайди. Яқин орада унинг ҳеч кими ўлмаган, оғриқнинг зўридан алаҳсираяпти, дейишса, уч кундирки у фақат шу бир гапни такрорлаб, “жигарим”лаб ётибди…

Нохуш хабар тез тарқалади. Онасини воқеадан хабардор қилиб, Гужумлига — отаси ўтовига олиб кетгани келган тўнғич ўғли қишлоқдан чиқмай туриб, шов-шув тарқалди: “Асад ферма ўзини отибди”, “Асад ферма ўзини осибди”, “Асад ферма…”.

Кейин маълум бўлдики, ферма ўзини отмаган, осмаган экан…

Ҳафта олдин у Гужумлида от сўйиб, чўпонлар билан бўлишди — улушини уйга жўнатди. Худди шу куни азонлаб Роҳатойнинг ўнг кўзи учиб, юрагига чироқ ёқса ёримади. Тушга яқин уйга гўшт ташлаб кетишди. У от гўштини қазибоп қилиб тилиб, зиралаб, тузлаб, хумга босди, бугун-эрта қайтадиган эрини кутди. Сўнг, юмуши бошидан ошиб ётса-да, қўли ишга бормади, интиқ бўлиб кенжа келинининг даладан қайтишини кутди.

Бир пайт кўзи гўшт ўраб келишган оқ сурпга тушди. Уни яқиндагина четини буклаб ўз қўли билан тиккан: оқ дағал сурп гўштни яхши сақлайди, тоза тутади, эри йилида уч-тўртта шундай ўрамани бошига етади… Сўри панжарасига ташлаб қўйилган қон юқи сурпга қараб турар экан, бехос кўзи учишдан тўхтади. Бундан унинг юраги баттар ғашланди, учишдан тўхтаган кўз ости терисини силаб-силаб: “Нима бало, кўзим қонсирабдими, — деди овоз чиқариб. — Ишқилиб, яхшиликка етказсин-да…”.

Алланечук титраб ўрнидан турди, сув иситиб, сурпни тоғорага солди, қайта-қайта ювса-да, қон доғи кетмади… Охири, оч қизилга бўялган матоҳни дорга ёйди ва офтоб жойга қўйилган сўрига тин олиб ўтирди. Эт, қон кўравериб, кўзи қотган Роҳатойнинг бугун нечундир дорга ёйилган сурпга кўзи тушиши билан аъзойи танига титроқ кирди. Ўтирган жойидан туриб, нари кетолмади, кўзини дордан узолмади, сурпни дордан юлқаб олиб ташламоқчи бўлди-ю ҳоли етмади — бўғин-бўғинидан бўшашди. Аксига олиб, ҳовли ўртасидаги кекса тут шохига бойўғли келиб қўнди. Уни “кишт-кишт”лаб, қарғаб шохдан учиргунича кўнглидан кўп нохуш ўйлар кечди. Кўксига “туф-туф”лаб исириқ ахтарди…

Саксовул чўғиға сепилган исириқни ҳовлидан айлантириб, супа ўртасига қўйди. Барибир, тинчимади. Тутун бурқсиб, бутун ҳовлини исириқ ҳиди босди-ю, нечундир ўн қадам нарида осилган қон юқи сурпга етмади, сурпни айланиб ўтиб, юқорига ўрлади. Шунда Роҳатой ғайри бир куч билан жойидан турди-да, исириқни чўғи билан сурпга сепди. Суви сирқиётган сурпга чўғ ёпишиб, бир пасда илма-тешик бўлиб тутади. У ҳовлиқиб ёнида турган сув тўла челакни сурпга отди.

Роҳатой дор остида михлангандек қотиб турар экан, бир маҳал ўзига келиб, сурпга қарадию йиғлаб юборди. Сурп дастурхон худди ўққа учгандек илма-тешик бўлиб, илвираб турарди…

— Э, воҳ, жигаримей! — эри юзига ташланган қора жун рўмолни сидириб ташлаб, тағин нола чекди. Оҳи чодирга қўшиб, Роҳатойни ҳам ютиб юборадигандек учиб ўрнидан турди-да ўғилларини чақирди. Улар эшикдан кириб-кирмай Роҳатой ўтовдан қочиб чиқди…

Асад ферма ётган жойида — тўшакда аза очган, буни ҳеч ким — на тепасида турган аёли, на икки ўғли, яқинлари билмас эдилар… Дарвоқе, ферманинг узоқ йиллар йигит ёшида “душман” ёрлиғи ёпиштирилиб, отилган Қудрат исмли укаси бўлган… Унда Асад ферма мудири эмас, хўжаликда ҳосилот*  эди. Укаси Қудрат эса…

Бир оқшом Асадни идорага йўқлатиб, қўлига чақирув қоғози тутқазишди. Саҳарлаб у шаҳарга отланди. Йўқланган жойни сўраб-суриштириб топганида, шубҳасиз, ҳеч нимага тушунмади. Уни бегона кишилар саволга тутди — укаси Қудрат ҳақида сўрашди. У истар-истамай, ажабланиб жавоб берди: “Укам, Қудрат тўйларда достон айтиб, қўшиқлар битиб юрадиган бўз йигит. Ўтган йили Самарқандга сабоққа кетди. Шоир бўламан, дейди…”

“Мана, сизга қоғоз, — деди тўрда ўтирган чарм камзулли киши Асаднинг кўзига синчиклаб қараб, — шу гапингизни ёзинг”.

“Менинг хат-саводим йўқ, биродар, — деди Асад ийманиб, — агар пахтадан сўрасангиз, бинойидек айтаман… Укам Қудрат бир келганида, ака, сизга хат ўргатай, деб кўп қистади, кўнмадим, сен ўзингни бил, мени сенга оғирлигим тушмайди, дедим… ”.

“Яхши, унда боя айтган гапингизни шошилмай қайтаринг, мана, ўртоқ Қуттиев ёзади, сиз қўл қўясиз”.

Асад укаси ҳақида айтган гапини такрорлади, кўзойнак таққан, ориқ, узун бўйли терговчи Қуттиев қоғозга туширди, охирида у имзо ўрнига бармоғини босди…

Хайрлашаётганида Асад баланд овоз билан гумбурлатиб:
— Бу йил пахта ҳар йилгидан мўл бўлади! — деди.

Ўтирганлар унинг гапини жилмайишиб эшитишди-да:
— Яхши, яхши ўртоқ ҳосилот, яшанг! — дейишди.

Тамом — бўлган гап шу. Сўнг у қишлоққа етганича хўп ўй сурди: “Кимсан — ҳосилотман, уруғ-аймоғимни суриштиришади-да! Қудрат — ёлғизгина иним, саёқ юрмасин, акасидек эл-юртга нафи тегсин, дейишади-да! Хўжаликда ким кўп — одам кўп, улар билан бировнинг иши йўқ, борсанми, йўқсанми, деб ҳеч ким сўрамайди…”.

Асад шаҳарга бориб қайтган куннинг эртасига онаси Ҳожар биби ғалати тушлар кўриб тилидан Қудрат тушмади. У ҳар кеча қизи Маликани қийин-қистовга олиб, кенжатойига хатлар ёздирди… Кўп ўтмай Асаднинг шаҳарга боргани изсиз кетмади — сир ошкор бўлди: ҳосилотнинг укаси “халқ душмани” экан…

* * *

Ўша кун-тун қиёматгача Асаднинг ёдидан чиқмайди. Дарвозаси ёнидаги якка михда гижинглаб турадиган оти ўз-ўзидан йўқолди. Йўқса, ҳосилотнинг оти, деб ёнига одам тугул, ит ҳам йўлолмасди. Асаднинг оғзи боғланди, тили калимага келмади — отни ким олди, деб бировдан сўрамади, оғиз очмади. Қамчинни этиги соғисига суқиб, кўчага чиқди-ю ярим йўлдан қайтди: Асадга кўзи тушган қўни-қўшни, таниш-билиш — ҳамма ёвдан қочгандек ўзини панага тортиб, танимаганга олди. Ўзига яқин олиб юргани — узоқдан қорасини кўрса, қўли кўксидан тушмайдиган миробга дуч келганида у: “Йўлдан қоч, отим ҳуркади” деб, отини йўрттириб кетди.

Асад шундан кейин ўзини йўл чеккасига олди, шундоқ, ёнгинасида гулга кирган ғўзаларга қараб ўй сурди, эгилиб бир туп ғўзанинг гулини санади — ҳисобдан адашди, қайта санаётганида ортидан овоз эшитилди: “Тегма, давлатнинг ғўзасига! Белинг оғримаганда — ичинг ачимайди, унсур!..” — Асад бурилиб ортига қараган эди, бригадирни кўрди. Мулзам бўлиб ўрнидан турди, гапиролмади, худди тилини ютгандек бақрайиб қараб қолди.

Бригадир шашт билан яқинлашиб, Асаднинг этиги соғисига суқилган қамчинни тортиб олди. Сўнг сувсираб тўкилган ғўза гулларини сиқимига йиғди-да, Асаднинг кўзи остига тутди:
— Бу нима, нега тўкдинг?!.

Асад соқов одамдек довдираб елка қисди. Бригадир қамчин дастаси билан йўлни кўрсатди. Асаднинг боши айланиб, кўзи тинди. Депсиниб йўлга чиқар экан, бригадирнинг “Халқ”, “Унсур”, “Пахта”, “Душман” деган сўзлари бошидан дўлдек ёғилди…

Қадди букилиб зўрға ўзини уйга олди, дарвозага занжир солди. Онаси, хотини, болалари уйда-ю, лекин, барибир, ҳовли сув қуйгандек жим-жит. Ана, эшик ёнида синглиси Маликанинг кетмони кўринди: сезди — уни даладан ҳайдаб юборишган…

Кўчанинг даҳшати уйга қамалди. У шомгача меҳмонхонада қамалиб ётди, ташқарига чиқмади. Қуёш ботмай эшик очилди. Унинг хаёллари тўзиди: “Мени олиб кетгани келишган” деб қўрқиб жойидан турди. Йўқ, онаси экан, остонада Қудратнинг суратини кўксига босганича Ҳожар биби турар, турқидан уйга кириш нияти йўқ.

Она-бола бир-бирларига қараб турдилар, биринчи бўлиб, Асад кўзини олиб қочди, бош эгди.
— Баракалла, — деди онаси шикаста овозда. — Баракалла! Ининг Қудрат душман эканми, сен шунга ишондингми? — Она ўғлининг қоғоздаги аксига бир қараб, суратни қайта кўксига босди. — Йўқ, мен ишонмайман, ишонмайман, менинг ўғлим душман эмас, шоир…

Асад шундоқ рўпарасида — остонада онасини кўриб турар, нечундир сўзлари аранг қулоғига кирар, гўё кампир жуда олисдан туриб гапирар, овозини элас-элас илғар эди. Бир маҳал у бошини кўтарди, онаси йўқ — аллақачон кетган. Асад яна хаёл, қўрқув, мутелиги билан ёлғиз қолди…

Кўчада одам оёғи тийилганда раиснинг чопари эшик қоқди. Дарвозани хотини очди…

Йўқлов қисқа бўлди, кутилмаганда у раиснинг хонасидан тоғдек юпанч туйиб, кўзи ёшланиб чиқди. Бошига қора кун тушганида битта бўлса-да мададкор топилди…

“Уй-жойни ер ютмайди. Қизилга*  кетасан, биров сўраса — бола-чақа билан чўлга сургун қилдим, дейман…”, раиснинг гапи то уйига етгунича, кейинчалик ҳам Асадга қанот бўлди. Шу кеч тоғдек суянч бўлган раиснинг сўзларини онасининг қулоғига шивирлаб айтди, ҳовлиқиб хотин, бола-чақасини кўчишга чорлади. Кўчада арава тайёр турар эди.

Она йўл тадоригига тушган ўғли, келини, қизи Маликани кузатиб, уй бурчига жимгина ўтирди.

Бир сидра кўч-кўронни аравага юклашди. Вақт ўтиб борар, арава йўлга шай, ҳамон Ҳожар биби жойидан қўзғалмай сукут сақлаб турар эди. Асад остона ҳатлаб онаси турган уйга кирмади, тўғриси, киришга юраги бетламади. Очиқ дераза ёнига келиб, ўнғайсизланиб томоқ қирди — йўталди. Шунда:
— Йўл олинглар, мен рози, — деди онаси. Асад шуни кутиб тургандек кўчага отилди. Арава қўзғалганида Малика ўзини пастга отди, қочиб уйга кириб кетди.

Асад аравани тўхтатмади. Ортига қарамади. Ҳовлидан онаси билан синглисининг дод солиб йиғлагани эшитилди…

“Э, воҳ, жигарим-ей!” — Асад тамоман ҳолдан тойди, овози бўғилиб, кўзида ёш қотди. Энди у тўшакда тахта мисол ётар, аъзойи, тани совиб, пешонасига муз босгандек ичидан қалтироқ тутди. Устига қўш кўрпа ёпишди. Ўтов гўё қоп-қора бўшлиққа айланди. Асадни зулмат ютиб, чоҳга ғарқ бўла бошлади. Бош-туби йўқ зулматга чўккандан чўкиб бораверди, ўтов ёнида тик турган ўғиллари, яқинлар тепада осилиб қолди. Юраги оғзига келиб чўкаяпти, чўкаяпти… Бир маҳал синглиси Малика Асадга қўл чўзгандек бўлди…

Ўшанда… Малика ўзини аравадан ташлаб, қочиб ҳовлига кирганида онаси ўқловга таяниб супага чиқди. Маликани кўриб, ўқловни улоқтирди, қучоқ очиб қизини бағрига босди, суянди. Ҳувиллаган ҳовлида онаю қиз узоқ йиғлашди.

Шу кеч ҳеч ким бу ҳовлидан хабар олмади, бунда бир тирик зоғ бор-йўқлигини унутишди…

Ҳожар биби ўғли Қудратнинг доғида куйиб-куйиб кўз юмди.

Малика қари қиз бўлди, чўкди…

* * *

Омончилик йиллар келди. Асаднинг ғами ариди, унга кун боқди: оддий чўпонликдан бош чўпон, сўнгроқ фермага мудир бўлди. Гап-сўз, қўрқув, хавотир ортда қолди — унутилди. Энди у илгариги бир пайтлар “душманнинг акаси” деб Қизилқумга қочирилган ва узоқ йиллар елка сиқиб, бош кўтармай юрган Асад эмас — Асад ферма, қўш мукофотлару ёрлиқлар эгаси. Хуллас, у Қизилни уйим деб билди, қўним топди, қадр топди. Хотин, бола-чақаси яна қишлоққа қайтди, тўнғич ўғлини қабатига олди — одам қилди. Кенжаси уйда онасининг ёнида, чўл билан қишлоқни боғлаб турган чопар, чаққон йигит…
Онаси раҳматли бўлганидан сўнг анчага довур тушига кирмади. Асад буни ўзича тушунди: “Малика уйда ўтириб қолди, узатилмади. Онамнинг руҳи ранжиган, у мендан хафа…”.

Ҳар гал синглисига кўзи тушса, онасини эслайди, эслайди-ю, кампир тушига кирмаганига суюнади. Ахир осонми, барибир, она-да. Баъзан ўша ювуқсиз кун — онаси билан тузукроқ хайрлашмай ўзини деб, чўлга қочган кун ёдига тушади, эсламайман дейди-ю яна… “Душманнинг акаси” деган ном узоқ вақт Асадга тинчлик бермади. Қизилқумда юрса-турса-да хавотир қийнади. Олисдан бир отлиқ ё пиёда кўринса, Асад албатта “Мени олиб кетгани келишяпти” деб ўйлар, гўё ҳар бир бархан, буталар ортидан укаси Қудрат бош кўтариб, уни пойлаётгандек, уни олиб кетгани келишаётган кишиларга қарата: :Ана шу менинг акам бўлади, ушланглар уни!”, деб жар солаётгандек бўлар эди. Кун сайин Қудрат Асаднинг тутқич бермас душманига айланди.

…Орадан икки йил ўтар-ўтмас онаси қазо қилди. Асадга хабар етгач, “борсамми, бормасамми” деб, бир кеча-кундуз ўйлади… Овозсиз, йиғисиз кириб борганида, жасадни уйда бир оқшом сақлаб, Асад келмагач, кўмишибди.

Ўшанда… қариндош-уруғ, қўни-қўшни Асадни бегонадек қаршилашди. Синглиси Малика акасининг бир четда мунғайиб, жим турганини кўриб, ҳовлидаги қари тутни қучоқлаб бўзлади. Оғир кунда елка тутмаган жигардан ўксиб йиғлади… Уни ҳеч ким йиғидан тўхтатолмади, юпатолмади. “Тегманглар унга, — деди қўшни чол. — Бу муштипар йиғидан бўлак не кўрди, бугун унинг отаси ҳам, онаси ҳам йиғи… Бугун тўйиб-тўйиб йиғласин, эртага дийдаси қотади, сўнгра уни уриб ҳам йиғлатолмайсан…”.

Онасининг қирқи ўтиб, кунлари аввал бошдагидек маромига тушди. Ҳаммаси босилган издек ортда қолди. Умр сув янглиғ оқди. Асад ўша-ўша… Бир оқшом у ўз ташвишларини ўйлаб ёстиққа бош қўйган эди, кўзи илинар-илинмас чўчиб уйғонди. Онаси қазосидан кўп йиллар ўтиб, шу оқшом илк дафъа тушига кирган, қўрққан эди. Тириклигида мулойим, озорсиз онаси бехос тушига кирди-ю, Асаднинг ороми бузилди. Шу тундан бошлаб онаси ҳар кеча Асад билан қасдма-қасд: кемтик тишлари орасида бир варақ қоғоз, икки қўли Асаднинг ёқасида. “Қани менинг Қудратим, Қудрат, Қудрат қани?!” — деб силтайди, оғзидан қоғоз тушмайди. Асад бўғилади, жон талвасасида онасининг кўзларига ёлвориб жовдирайди. Бехос кампирнинг қорачиғи оппоқ тошга айланади, сўнг тош каттайиб кўз соққасини қоплайди, бўртиб чиқади… Асад кўзлар ўрнида тош кўрган маҳал ёқасини ўчнок қўллар бўшатади, онаси йироқлашиб, қаршисида укаси Қудрат пайдо бўлади. У ҳамон илгаригидай — бўз йигит, катта-катта кўзлари учқун сочиб, ёниб турарди. Икки кафтида онасининг кўзлари: “Акажон, — деб у қўлини Асад томон чўзади. — Мана, онамнинг кўзлари, олинг, мен буларни ўзим билан олиб кетган эдим…”.

Ҳар кун-тун — ўнгу тушида шу воқеа такрор. Буткул ҳаловатни йўқотди у. Ҳаётини Қизилқумсиз тасаввур этолмаган Асадни бир кечада чўл олис-олисларга улоқтирди, бағридан қувди. У ўзини саҳрога бегона: чўпонликка ёт сезди… Ҳалигача шукр дейди, ўшанда у босинқираб уйғонганида (овозидан ўғли ҳам чўчиб уйғонган эди) тўнғичини отиб қўйишига оз қолган. Ким билсин, қаршисида шарпадек чўнқайган ўғли кўзига Қудрат бўлиб кўриндими, ҳар қалай “шарпа” қаддини кўтармай ўзини Асаднинг оёғига ташлади, милтиқни қўлидан олди… Асад ўзига келгач, сув сўради, ўғли сопол косада сув тутди.

Шу кеча у ўғлини ёнидан жилдирмай, қўлидан ушлаб, тонг оттирди.

Туши ҳақида ҳеч кимга оғиз очмади…

Пешинда ўтовнинг бари анжомларини чиқариб, шамоллатди. Хаёлини бир зум бўлсин, кўрган туши тарк этмади…

Кунни бир амаллаб чўпон-чўлиқнинг юмушига аралашиб ўтказар, қуёш ботиши олдидан юрагига ваҳм тушиб, онаси, Қудрат таъқиб этаётгандек, кенг саҳро торайиб, ўзини қўйишга жой тополмай сиқила бошлар, назарида Қизилқум — оёқ босган ер, ўтов, анжомлар уни ютиб юборишга шай турар, “Кетаман, кетаман!” деб шивирлар, қаёққа кетишини билмас эди.

Ҳафта ўтмай қишлоққа кетди ҳам. Ранги синиқиб, бир ҳолга тушиб қолган эрини кўриб, аввалига хотини қўрқди. Асад сир бой бермагач, бевақт ташрифни “чарчаган”га йўйган аёли эрига парвона бўлди, оромига қўйди…

У очиқ деразадан ҳовлига тикилиб туриб, бир пайтлар онаси яшаган кўҳна уйга кўзи тушиб, юрагини қайта ваҳм босди. Бу уйда ҳеч ким яшамас, синглиси Малика қиз жиянлари билан алоҳида уйда яшар, Асаднинг янги тикланган иморати етти пуштига етиб ортарди.

Асад деразани ёпиб, хаёлини бошқа нарсаларга чалғитмоқчи бўлса-да, барибир, кўҳна уйдан онасини етаклаб Қудрат чиқиб келаётгандек бўлаверди. Ҳовлиқиб хотинини чақирди.

Аёли ёнига келганида унга тайинли бир гап айтолмади, “қўрқаяпман” дейишга уялди. Роҳатой тепасида жим туравергач, “Ўтир, зерикаяпман” деди. Хотини жилмайиб чиқиб кетди. Уни ортидан кузатиб туриб, беихтиёр уй ҳақида ўйлади. Бир хона ва даҳлиздан иборат пастак томни шу кунгача бузмаганига ҳайрон бўлди. Ниҳоят, шу кунгача тортган азобларига чора топгандек, шошиб, оёғига этигини суқди. Кўчадан икки-уч бекорсозни топиб келиб, боягина юрагига имконсиз қўрқув ва ғашлик солган ёдгорлик уйни бузишга буйруқ берди…

Оқшом ҳашарчиларга қўшилиб арақ ичди, алламаҳалгача, кетишга рухсат бермади, гарчи улардан маънили гап чиқмаса-да, вақт ўтишини ғанимат билди — овунди…

Тонг отар-отмас ўтовдагидек дод солиб уйғонди. Роҳатой буни ўзича тушунди: арақни қарғаб-қарғаб эрига муздек сув ичирди.

Шу уйғонганича, Асаднинг қайта кўзи юмилмади. Эрталаб нонушта қилмай тўнғич неварасини ёнига олиб, тўғри онаси дафн этилган мозорга борди. Билганича тиловат бошлаб, кампирни ёд этди.

Қайтишда куппа-кундузи, гўё ортидан бир шарпа эргашиб келаверди — қўрқди, неварасининг қўлидан тутиб “Э, яшанг, Толиббек” дея, йўл бўйи шу бир гапни такрорлаб келди.

* * *

Асад учун икки дунё — чўлу қишлоқ бирдек дўзахга айланди. Кўп ўтмай уйқусизлик касалига мубтало бўлди.

Ўтовдан бир чақирим нарида кўп тала-тўп жанг кўрган ҳозирда хароба тепаликдан иборат “Ҳазор нур” қўрғони бор эди. Илгарилари Асад қачонки, ҳориб, асаби бузилса, кўҳна, қўрғон пойига келиб, соатлаб сукутга толиб ўтирар, тиниқиб, кучига-куч қўшилиб қайтар эди. У таскин ва ором истаб яна қадим “Ҳазор нур”га қатнади. Уни анчадан бери кузатиб, индамай юрган кекса чўпон шундай маслаҳат солди: “Иним, Асадбой, сизни оромиз бузилган. Пиримиз Чўпонотани ёдлаб, ўтган шаҳидлар руҳига қон чиқазинг, шояд енгил тортсангиз…”. У сукут сақлаб, чолнинг сўзларини эшитди-ю, бир сўз демади. Ичида: “Кошки эди шундай бўлса, — деб суюнди. — Битта эмас, ўнта қўй сўярдим… Майли, шаҳидлар ёди учун бир жонлиқ сўйганим бўлсин…”.

Шундай кунларнинг бирида фермага ёнилғи ташувчи ҳамқишлоғи Асадга хушхабар келтирди. У қўйин чўнтагидан букланган газета чиқариб:
— Буни қаранг, ферма бобо, — деб Асадга узатди. Газетада Қудратнинг суратию шеърлари босилган эди. Бу, Асад учун янгилик эмас, укасини аллақачон оқлашган, шундай бўлса-да, Қудрат акаси учун яқин ўтмиш ортида нимаси биландир ноаниқ, ҳамон сирли, бир қадар хавотирли туюлар, ака-ука ўртасидаги олис масофа — девор бузиб ташланмаган эди. “Нималар бўлаяпти ўзи, — у истар-истамай газетага қўл чўзди, — нега отишдию нега оқлашди? Тушимда ҳам, ўнгимда ҳам Қудрат, Қудрат! Гуноҳим нима менинг?!”.

Асад газетани шоферга қайтарди:
— Ўқи.

Умрида шеър ўқимаган ҳамқишлоқ Қудратнинг сўзларини тутила-тутила акасига етказди:

— Оғам, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
Синглим, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
Севгим, мен сенга инонмайман,
Сен мендан тондинг!
Ватан…

— Бас, ўқима! — Асад газетани юлқаб олганича кўксига босди, бархан томон югуриб кетди. Тепаликка етар-етмас ўзини ташлади, пешонасини қумга босиб ўкради. Назаримда овозида бутун чўл, еру кўкни тутдию ва шундай акс-садо берди:
— Душман, душман, душман!

* * *

Қирқимнинг* якуни учун ғолиб фермани мукофотлагани келишган раҳбарлар зиёфат устида Қудратдан гап очишди. Бириси: “Сиз, Асадбой шунчаки одам эмас, катта кишисиз! — деди. — Сўзингиз тошни ёради, нишонларни тақиб бир шаҳарга боринг-да, Қудратни суриштиринг, айби нима унинг? Ахир йигирма уч ёшида… ақл бовар қилмайди-я, увол кетди…”.

Асад кутилмаган таклифдан гангиб қолди. Сўнг обдон ўйлаб “Майли, суриштирсам-суриштирай, мендан нима кетди, зора шаҳар баҳона сал тинчисам…”, — деган тўхтамга келди.

Сўнгги таскинга суяниб шаҳарга йўл олди.

Ошнаси тўғри айтган экан, уни куттиришмади — йўқлаб борган эшигига сўзи ўтди. Ҳашам меҳмонхонадан жой олиб, бир ҳафта кутди. Сўнг уни чақириб, илтимосига биноан укасининг айбномаси билан таништиришди. Дастлаб, қўлига, ўша — тушларига кириб чиққан, то ҳануз тинчини бузган қоғозга монанд бир варақ тутқазишди. У “ўқиёлмайман” дегач, ярим саҳифага етар-етмас айбномани ўқиб эшиттиришди.

Айбномада шундай ёзилган эди: “Мен — ким Асад Комил ўғли, иним Қудрат Комил ўғли ҳақида тубандагиларни маълум қиламан. Иним Қудрат меҳнатга бўйин товламай, хўжаликни менсимай сабоқни ихтиёр этди. Меҳнаткаш оммани йўлдан оздирувчи, Шўро ҳукуматини камситувчи ашъорлар битиб, кунни тун деб ўйлайдир… Гарчи, Қудрат туғишганим бўлса-да, унинг унсурларча босган қадамидан чўчийдирман, зеро бу иллат бошқаларга юқмасун деб:

Асад Комил ўғли. Имзо ўрнида бармоқ босдим. Котиб: терговчи Қуттиев”.

Айбнома ўқиб эшиттирилгач, у қулоқларига ишонмай турди. Айбномани иккинчи бор ўқиб эшиттиришди, Асад кўзларини юмди, сўнг бу ёғи нима бўлганини эслолмайди…

Кўзини очса, ўзининг ўтовида — Қизилқумда ётибди. Ёнида ҳеч ким йўқ, у ҳамишаги ўрнида — пастак ёғоч каравотида ечинмай чўзилган, эгнида шаҳарга кийиб борган кастюм-шим, кўкраги тўла нишон…
Ўрнидан туриб, биринчи қилган иши — шимини ечди, хотини тикиб берган қопдек сурп иштонда оёқ яланг юриб ташқарига чиқди. Сув тўлдирилган темир охурлар ёнига келиб, костюмини ечди, баридан осилтириб қудуққа ташлади. Цемент ҳовузчада юз қўлини чайди. Ўтовдан болта, пичоқ олиб чиқди. Ой сайин келиб-кетиб турадиган меҳмонларга атаб, алоҳида қўрада доим уч-тўрт бош ахта қўчқор боқар, бир ҳисобда унинг кунига яраган — ном қозонишга шу жониворларнинг ҳам ҳиссаси катта эди. У шошилмай бориб, “Ҳазор нур”га қон чиқазаман” деб кўнглига туккани қора қўчқорни орқа оёғидан тутиб, қўрадан судраб олиб чиқди. Йиқитди. Уч оёғини чилвир билан боғлаб, бўғзига пичоқ тортди. Қон отилар-отилмас оғзини босди — қон шимирди. Сўнг оғзи, иягидан қон оқиб, ярми қумга кўмилган кунда ёнига келди. Чўкка тушиб кундани қучоқлади, пешонасини босди:
— Иним, Қудратжон! — деб силкинди. — Сени сотган қўлим сотқин, оғзим қон! Сени сотган ерим сотқин, бағрим қон!

Ниҳоят, у бошини кўтарди, қаддини ростлади, тишларини зич сиқиб айбномага бармоқ босган ўнг қўл панжаларини кундага қўйди. Чопти. Йиқилди…

Уч кундирки, у атрофида парвона бўлиб, жон ҳовучлаб ўтирган яқинларини кўрмайди, гап-сўз қулоғига кирмайди. Тош қотган қабоқларини узоқ силаб очмоқчи бўлади, шу заҳоти яна кўз олдини бармоқ изи тушган сарғиш қоғоз тўсади. Қоғоз гоҳ кичрайиб, гоҳ каттариб тумандек чўкиб, кўкси, юз-кўзини қоплайдию кўз кўрмас қўллар, аввал икки чаккаси, сўнгра юрагига бигиз санчади. Шунда у “Э, воҳ, жигарим-ей!” — деб нола чекади, дод дейди…

Тушдан сўнг Асад сал ўзига келгандай бўлди. Ранг-рўйи тиниқиб, кўзлари равшан тортди. Ёнидагиларга хотиржам боқди. Бир пиёла сут ичди, сўнг тўнғич ўғли билан ёлғиз қолдиришларини сўради.
Яқинлари чиқиб кетгач, ўғлининг қулоғига нимадир деб пичирлади, ўғли бош эгди…

Асадни қўлтиғидан суяб ташқарига олиб чиқишганида Роҳатойнинг бошига офтоб чиққандай суюнди. Уч кеча-кундуз эри билан тортган азобига рози бўлди.

Эри кундага яқин жойга курси қўйишларини сўради. Курсига жойлашиб ўтиргач, биродарларига “холи қолдиринглар мени” деди. Елкасига тўн ёпиб, ёлғиз қолдиришди. Асад чуқур тин олиб, теваракка разм солди: кўз илғайдиган масофада ҳеч ким йўқ. Сокин. Уфққа туташган илон изи йўллар…

У кундага қарама-қарши ўтирибди. Яқин-яқин йилларгача шу йўлларни ҳадик, хавотир, қўрқув билан кузатган ва ҳар лаҳза қўлларига кишан солиб олиб кетишларини кутган…

Панжадан юқорилатиб чопилган, рўмол билан танғилган ўнг қўлига бир қаради-ю жирканиб бошини чап ёнбошига осилтирди. Кўзи бир қўра қўйга тушди. Ютиниб туфлади. “Қудратдан, онамдан тониб, бекиниб топганим шу — бир қўра қўй!” — у алам билан кўзларини юмди. Шу пайт ахта қўчқорлардан бири чўзиб маъради. “Ма-а, ма-а” деган овозга она қўйларнинг мараши жўр бўлди, назарида оламни қўй овози тутди.

Кўзини очганида ит ҳурди, шу заҳоти қўйларнинг саси ўчди. Тавба, битта ит юзта қўйни жим қилди-я?!

Баҳорда уни худди шу жойда бир мухбир саволга тутган “Нега бу ерга қўйлар тез-тез мараб келишади?”.

“Она қўйлар боласини излаб келади-да. Сиз турган жойда қўзи сўйилади”.

“Э, шундай денг, бечора она қўйларга қийин эканда-а?”.

“Бунинг йўли осон, ука. Она қўйни қулоғидан буриб, пешонасига бир мушт урасиз, тамом — боласини унутиб, ортига кетаверади”.

Сал ўтмай яна мараган овоз эшитилди. Асад “Ҳозир, ҳозир, — дея шивирлаб ўрнидан турди, — ҳозир, мени есанг… тўясан. Ҳозир”.

У қаёққа юришини билмай бир пас гарангсиб турди, бехос ҳаммасини унутгиси, дод солиб қичқиргиси келди. Шу топда кимдир кучли қўллари билан Асаднинг пешонасига мушт солса-ю, сўнгра… у ҳаммасини унутса…

Асад икки-уч қадам олдинга юрди-да пешонасини кундага урди… қулаб тушди…

* * *

Марҳумни қишлоққа олиб кетиш узоққа чўзилди. Ўтовдан Асаднинг беваси билан ўғлининг тортишгани эшитилди:
— Вой, шўри-им, отанг беватан, бемазор — келгиндими, суяги чўлу биёбонда қолиб кетса?
— Отамнинг васиятини бузмайман…

Изоҳлар

* Бундан 60-65 йиллар илгари ҳозирги агрономлар ўрнига ҳосил учун жавобгар ҳосилотлар фаолият юритган.
* Қизилқум чўли
* Қирқим — қўй жунини олиш мавсуми.

04521 mart — taniqli  yozuvchi Rajabboy Raupov tavallud topgan kun

Rajabboy Raupov
IKKI HIKOYA
001

009 Iste’dodli adib va jurnalist Rajabboy Raupov 1955 yil 21 martda Buxoro viloyatining Shofirkon tumanida tug’ilgan Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakulteti (1978), M.Gorkiy nomidagi Moskva adabiyot instituti Oliy kursini (1989) tugatgan.  “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Xalq so’zi” “Ishonch” gazetalarida bo’lim mudiri, “O’zbekiston tabiati” va “Ipak yo’li” gazetalarining tashkilotchisi hamda Bosh muharriri vazifasida faoliyat ko’rsatgan.
“Yurak sadosi” (1981), “Ona so’z” (1989), “Nur darvozasi”, “E’tiqod” (2002), “Ustun” (2002-2005) kabi nasriy kitoblari chop etilgan. Uning “Osmonning egasi”, “Ostona”, va “Ona so’z” qissalari mashhur. “Yurakdagi Buxoro” (1998) to’plamining tuzuvchisi va mualliflaridan biri.  “Ustun” romanida o’zbek xalqining shonli farzandi, akademik Habib Abdullaevning dolg’ali hayoti tasvirlangan. “Hayotimga suiqasd” nomli hujjatli romani avtobiografik xarakterga ega. Uning hikoya va qissalari rus, polyak, gruzin tillarida chop etilgan.

Rajabboy Raupov o’zbek adabiyoti kitobida o’z sahifasiga ega ijodkor. Yozuvchi adabiyot maydoniga qo’ygan ilk qadamlaridanoq Odil Yoqubov va Said Ahmad kabi ustoz adiblar, eng muhimi, o’zbek kitobxoni nazariga tushdi. Chunki,yozuvchining hikoya va qissalari hayotni haqqoniy ifodalashi,demak hayotiyligi bilan ajralib turadi. Uning asarlari ayni shu hayotiyligi bilan qimmatlidir.
Rajabboy Raupov hayotining so’nggi o’n yili og’ir va mashaqqatli jarayonlar ichida kechdi. Ammo, yozuvchi chekinmadi, hayotining eng murakkab pallasida ham olg’a intildi. Xalqiga va adabiyotga bo’lgan muhabbati va e’tiqodi uning yo’lchi yulduzi bo’ldi.

Tug’ilgan kuni munosabati bilan veb-sahifamiz va mushtariylarimiz nomidan yozuvchiga salomatlik, ijodiy yutuqlar tilab, yangi asarlarini kutib qolamiz.

002

KURASH

Chol bolalar bir paytlar ermakka o’t qo’yib yondirgan qari kovak tut panasida uzoq turib qoldi. Kun peshindan oqqan, atrofda o’zidan boshqa tirik zog’ ham ko’rinmasdi.

Issiqning taftidanmi, hayajonning zo’ridanmi boshidan ter quyilib, ust-boshi jiqqa ho’l bo’ldi. Ter kirib achishtirayotgan ko’zlarini yumib-ochib, hansirab, yutinib nafas olar ekan, bir nimalar deb g’o’ldirar – tinchlanolmas, hadeb atrofga hadiksirab qaragani-qaragan edi.

Bu hol uzoq davom etdi.

Nihoyat, uning madori quridi, poylash, hadiksirash joniga tegdi.

– O’t qo’yaman, yondiraman! – deb qaddini ko’tardi u. Uzun, beo’xshov keksa gavdasiga yarashmagan bir holda – goh egilib, goh emaklab sim to’r bilan o’ralgan qabriston ichkarisiga kirdi. Kirdi-yu, nafas rostlab bo’ynini ichkariga tortib ortiga, o’ng-so’liga alangladi: jimjit, kimsa ko’rinmaydi. “Xudoga shukur, – deb pichirladi chol, – hech kim ko’rmadi meni”. Biroz tinchlandi, shoshilmay qabrlarni kuzata boshladi… Nevarasi Murodni olib qishloqdan ketganidan beri qabriston butunlay o’zgaribdi. Ilgari qo’y-echkilar yoyilib yuradigan qarovsiz qabristonga zo’rg’a kirdi. Kun chiqardan darvoza ham qurishibdi, qamishu changaldan tozalab, uch-to’rt qabrga marmar lavha o’rnatishibdi. Ayrim qabrlar temir panjara bilan o’ralgan, unda marhumning tug’ilgan, qazo qilgan yiliyu ismi-sharifi yozilgan.

Yangilik cholni shashtidan tushirmasa-da, biroz chalg’itdi, qiziqsinib marmar lavhali qabrlar kimnikiligini o’zicha taxminlay boshladi. (U eski o’zbek yozuvidan boshqa harfda o’qiy olmasdi). Yaqinroq borib, “Mana bu Tesha boboning go’ri, chetdagisi usta G’afforniki, o’rtasidagisi Salim aravakashning go’ri, – dedi havas bilan. – O’g’illari Xudo solgan chiqibdi, otalarini unutishmabdi”. Chol shu turishicha xomush tortib qoldi. Usta G’affor, Salim aravakash ham tengquri edi. Umri qisqa ekanmi, erta ketishdi ular. Cho’kka tushib o’tirar ekan, ko’zi bexos oftobda yaltirab turgan boshqa bir qabrga – marmarda kichkina dumaloq surati xuddi tirikdek aks etgan Ahmad polvonning qabriga tushdi. Shuncha joydan izlab kelgani, kutgani, unga keragi shu – Ahmad polvonning qabri edi. Qishloqda birga o’sib, birga ulg’aygan, polvon degan nomga loyiq ikkisi – Ahmad bilan Malik edi. Keyinchalik ular bir-biriga raqib, to’g’risi Malik chol Ahmad polvonnni o’ziga dushman deb bildi…

Cholning ko’zlari polvonning qabr toshidagi aksiga qadalib qoldi. Beixtiyor qo’llari cho’ntagidan gugurt izladi, topdi. Gugurtni kaftida mahkam siqqancha uch-to’rt qadam ortiga tisarildi. Go’yo Ahmad polvon niyatini sezgandek, qabrdan sado chiqqandek bo’ldi: “Hali ham unutmadingmi, tentak, polvon degan mard bo’ladi…” Bu orada qabriston chetidagi tosh yo’ldan yo’lovchi mashina shaldirab, dudutlab ovoz berib o’tdi. U “Mabodo, meni ko’rishmadimi?” degan xavotirda boshini egib, peshonasini sho’rga bosdi. Mashina ovozi tingach, boshini ko’tardi.

“Sen, unday dema Ahmad, – u go’yo qarshisida tirik turgan Ahmad polvon bilan ovoz chiqarib aytisha boshladi. – Nomusga chidolmadim, mardligimdan qishloqdan chiqib ketdim. Sengacha meni hech kim… Axir o’zing ayt, men sendan zo’r edim-ku?! Falokat bosib, Tesha boboning to’yida sendan bir yiqildim. Senga yolg’on, Xudoga rost, o’sha kuni kim bilan bo’lsa-da, olishib, so’ng polvonlikka vafo qilib uyda o’tirmoqchi, nevaram Murodga fatvo bermoqchi edim. Bo’lmadi! Sen bunga imkon bermading. Men… men… bilsang, Ahmad, haligacha olishning quliman! Qani, mard bo’lsang, chiq, go’ringdan! Ikkimiz birga olishib, birga o’lamiz, yo’-o’q, – chol o’krab yig’lab yubordi, – chiqmaysan, chiqolmaysan, men esa seni yiqitolmayman!…”

Chol labini tishlab qattiq bosh chayqadi. Ko’z o’ngida sahroda mung’ayib qolgan nevarasi Murod jonlandi. “Mayli, menku chidayman, – u yoshli ko’zlarini yengi bilan sidirib, iltijo qila boshladi, – nevaram… nevaram Murod qo’rqoq bo’lib qoldi. Alam-alam, shunga alam! ” – deya chol shahd o’rnidan turdi-da, polvonning qabri tepasiga vajohat bilan bostirib bordi. Bordi-yu, birdan boshi toshga tekkandek to’xtadi, qotib qoldi, sarosimalanib bo’shashdi. Xas-xashakdan tozalanib, atrofi pishiq g’isht bilan o’ralgan Ahmad polvonning qabrini na o’tda yondirib, na suvda cho’ktirib bo’lardi. Qo’qqisdan qulog’i shang’illadi. Chol tizzaladi, quloqlarini bekitdi, ko’zini yumdi… Qancha fursat o’tdi, bilmaydi, o’ziga kelib, ko’zini ochsa, peshonasini qabristonning sho’r tuprog’iga bosib yotibdi. Yotgan joyida “Yo’q, baribir yiqitaman seni, – deb g’ijindi chol, – bunaqada o’lib qolaman, Ahmad! Ko’zim ochiqligida yengmasam, tiriklik harom menga!…”

U asta boshini ko’tarib, qaddini rostladi-da, alam bilan dedi:
– Go’ringdan chiqarib, tiriltirib bo’lsa ham bir marta yiqitaman seni! Yo’qsa, bechora Murodga qiyin…

Chol g’ijimlangan gugurt qutisini siqqanicha turdi-turdida:
– Kechir meni Ahmad, – dedi. – Eshitgansan-ku, axir, yiqilgan kurashdan to’ymas, deb. Men hali kurashdan to’ymadim!

… U qabristondan chiqib, hozirgina poylab yotgan joyi – kuygan qari tut panasida kunni kech qildi. Qishloqdan ketganidan buyon hech kimga ko’rinish bermasdi. Qishloqda bir-ikki qo’ni-qo’shnini aytmaganda, tayin qarindosh-urug’i ham yo’q. Qo’shnilar yilda bir marta – bahorda cho’lni sayr-tomosha qilgani, barra go’shti yeb, yayragani borishganda, chol bilan nevarasi Murodni ham ko’rib qaytishadi. Ular cholning ko’ngli uchun “Etar endi, sizsiz qishloq huvillab qoldi, yig’ishtiring to’rva-xaltani” deyishganida, u indamaydi, boshini egib yerga qaraydi. Ichida ularga o’zicha javob qaytaradi:

“Polvonlik ham har kimning qo’lidan kelmaydi, deyapsanlarda-a? Qarab turinglar hali, Malik polvonning nevarasi Murod polvonning oldiga tushadigani bo’lmaydi…”

Chol shu turishicha kech kirib, yo’ldan odamlarning oyog’i tinguncha kutdi. Ehtiyot shart, deb o’ylab, qorong’ida turtinib-depsinib bo’lsada, yo’ldan emas, shira bosgan paxta egatlari bo’ylab yurib, hovlisiga yetdi. Yaqinlashganda yuragi uvishdi, kunduzi ko’chadan yurib kelib darvozasidan kirolmagani, tovush chiqarib, uyida erkak yashashini anglatolmagani o’rtadi. Qo’shnilarning chirog’i o’chmaguncha egatga yashirinib yotaverdi. Namdan beli zirqirab o’rnidan turdi-da, sas chiqarmay paxsa devordan oshib, o’zini ichkariga oldi. Bexos gup etgan ovozdan to’xtadi. Devordan bir bo’lak kesak ko’chib, ortidan ancha joygacha dumalab borib, uvalanib ketdi. Hech kim eshitmadimikan, deb bir pas kutdi-da, qo’shnining iti vovillab tingach, pana bilib ayvon ostiga yashirindi. Shu lahza uni kimdir ko’rib qoladigandek, “Onajonim-yey” deya peshonasini ayvon ustuniga bosdi: “Sen meni qo’rqoq qilib tuqqanmiding?! Yo’q, bir bo’ldi-da, men ham tirik jonman-da. Axir, qo’rqoq deb peshonamga yozmagandir…” Kun bo’yi tentirab, kutib, yashirinib kunni kech qilgani-yu, Ahmad polvonning qabri tepasidan mulzam bo’lib qaytgani bir, shu tobda uyining kalitini topolmagani bir bo’ldi. “Shu yetishmay turuvdi”, deya chol xunob bo’ldi. – O’z uyimga o’zim begona. Endi bir kami eshigimni buzib kirishim qoldi. E-e, Malik, Malik!” – Charchoq tinkasini quritdi. O’tirishga joy izladi. Yog’in-sochindan asrab, ayvon ostiga bekitgan yog’och karavoti joyida yo’q. Chamasi qo’shnilardan birovi kerakli qilib olib ketgan. Chol garangsib sukut saqladi. Bemahalda ortga qaytishning iloji yo’q. Nima bo’lganda ham uch-to’rt soat mizg’ib azonlab yo’lga chiqadi.

Qorong’ida paypaslab ayvon burchida yotgan yarimta kigizni topib yerga to’shadi. Belbog’ini yechib, terdan qotgan do’ppisini oldi. Qo’lini boshi ostiga qo’yib, kigizga cho’zildi. Cho’zildi-yu “Shukur”, deb xo’rsindi. “Oh” demadi, chidadi. So’ng yuragini kemirib tobora avjiga minayotgan og’riqni “him!” deya ingrab o’tkazdi-da, “Shukur emish”, yuzida istehzo paydo bo’ldi. “Nimangga shukur qilasan?! E-e, Malik, Malik. Qariganingda qo’rqoqlik zahrini yutding-da. Esingdan chiqmasin, bu! O’shanda Ahmad polvondan qo’rqqaning rost, yiqilganing rost! Lekin, nega, nechun qo’rqding – bilmaysan? Haligacha so’rog’ing boru javobing yo’q, bilmaysan! Bilganing shuki, sen endi Malik polvon emas, qo’rqoqsan! Sening kasringga qolgan nevarang Murod – qo’rqoq!” Yon qo’shnining uyida chaqaloq yig’ladi, chiroq yondi. Chol irg’ib turdi-da tizzasini quchib, chaqaloq yig’isiga xomush quloq tutdi. “O’g’ilmikan, qizmikan?” Kim bo’lsa-da, qo’rqoq bo’lmasin. Qo’rqoqlik men bilan kelib, men bilan ketsin. Birodarlar, – deya qishloq ahliga murojaat qildi u, – qo’rqoqlikni menga qo’shib ko’minglar, chuqurroq ko’minglar, ildiz otmasin, elga yoyilmasin, ko’minglar…”

Chol turib-turib o’zining zabun holiga, ikki qo’shni o’rtasida qarovsiz qolib nuray boshlagan hovlisiga tikilib xo’rligi keldi. Tomog’i qurib, zo’rg’a yutindi. Peshonasini qo’shqo’llab changallab, “Egasiz uyning holi shu-da! Egasiz uyning egasi ko’p bo’ladi, – deb o’kindi. – To’rt tomondan talashadi…”

Uni hech kim qishloqdan haydamadi, o’zi ketdi. Bir paytlar o’z uyi, o’z erkiga ega, nevarasi Murod, o’g’li, kelini bilan tinchgina yashab yurishgan edi. Nima bo’ldi-yu, tinch xonadonning oromi buzildi. Qishloq ahli “Malik polvonning uyiga ko’z tegdi” deyishadi. Chol esa bu gapga bosh silkib, “Yo’q, – deydi. – Hammasiga sababchi o’zim! Qo’rqdim, qo’rqoqlik qildim, bir marta yon berdim, yiqildim! Balo-qazoning boshi shundan boshlandi…” Kampirining yili o’tmay to’satdan o’g’li falokatga uchradi. Yaxshi hamki, undan bir tirnoq – Murod qoldi… O’g’lining yili o’tgach, keliniga javob berdi. Aslidaku, javob berish niyati yo’q edi. Lekin Murod bobosi bilan qoldi. Keliniga rizolik bergan kun Murod ko’chadan boshi egik qaytdi.

Chol buni o’zicha tushundi, onasi ketdi, endi Murodga yanada qiyin bo’ladi…

Ertalab surishtirib bilsa, Murod olishda Ahmad polvonning nevarasidan yiqilibdi. Ikkisi teng, buning ustiga jo’ra edilar. Lekin Murod jo’rasidan yiqilibdi. Hechqisi yo’q, Murod o’zini o’nglaydi, nevarasi o’zini eplaydi. Avvaliga chol buni qayg’uga aylantirmadi, fojia sanamadi. Chunki u Murodga ishonar, kelasi yil beshinchi sinfga boradigan nevarasi bo’ychan, chaqqon tengqurlariga nisbatan dadil, olish desa, har qanday yumushni unutadigan bola edi…

Cholning so’nggi kunlardagi ermagi, mashg’uloti Murod bo’lib qoldi.

Har erta ko’z ochishi bilan unga uzoq umr, sihat tilar, o’tgan barcha alamlarini unutib, chidab Murodning borligiga shukur qilardi. “Men endi pishgan oshman, bugun borman, erta yo’q. Bir
uyda bir erkak – Murod bor. Otasining izini bosib, meni unutmasa bo’lgani….”

Tushgacha u uyning barcha yumushlariga ulgurar, tomorqa chopish-u, ovqatgacha o’zi pishirar, kechga yaqin cholning kun bo’yi kutgani – bolalar to’planishib qum ustida olish boshlanar edi. Chol tun bo’yi o’sha kunlarni ko’zida yosh, alam bilan esladi. Suyangani Murodni hamqurlari, hatto o’zidan bir-ikki yosh kichik bolalar ham ketma-ket yiqita boshladi.

“Menda qasding bormi, Murod?!” – dedi bir kuni chol baqirib, Murod indamadi. Indayolmadi.
… Hafta o’tdi, oy o’tdi. “Bolajonim, senga nima bo’ldi?” – deb so’radi yana u. Murod tag’in gapirmadi, yerga bosh egdi. Shu kuni – boboyu nevara o’rtasida savol-javob yakun topgan kun chol tun bo’yi o’ylab bir to’xtamga keldi. “Murodni Qizilga olib ketaman, maktab degani o’sha yerda ham topiladi. Cho’pon bolalari bilan olishtirib, olishtirib, suyagini qotirib qishloqqa qaytaman. Murodning ko’zi qo’rqqan, u meni yiqilganimni ko’rgan-da, qo’rqqan! To ko’zidan qo’rquv ketmagunicha yuragi jo’shmaydi, uyg’onmaydi…”

Kutsa, niyatini paysalga solsa, uyida yana falokat boshlanayotganday, hafta o’tmay lash-lushini yig’ishtirdi. Murod bilan kengashmadi. Undan rozi-rizolik ham so’ramadi. Shunday qilsa Murodga oson bo’ladi, deb o’yladi.

Tanish otarga joylashdilar. Bosh cho’pon muruvvat ko’rsatib, alohida qora uy – o’tov berdi. Beminnat xizmatkor (chol yumushi uchun haq talab qilmadi) cho’ponlar uchun havodek zarur edi. Borgan kunidan boshlab Malik chol kim nima ish buyursa, bajarib yuraverdi. Lekin ko’ngliga tugib borgan niyati – Murodni ham unutmadi. Nevarasining nomiga atab cho’ponlardan beshta qo’y sotib olib otarga qo’shdi.
Aksiga, xuddi birov Murodning qo’l-oyog’ini bog’lab qo’ygandek nevarasi cho’pon bolalaridan yiqilgani yiqilgan. Kechalari ichida “Ey, Xudo! – deb nola qiladi Malik polvon. – Bizga nima bo’ldi o’zi? Senga nima bo’ldi, Murod?!” Buyoqqa – qishloqqa qaytishidan bir kun oldin cholning sabri tugadi.

Olish boshlanishidan yarim soat oldin nevarasidan yashirincha ikki bolani chaqirdi-da, ularga Xudoga yolvorgandek yolvordi. “Bolalarim, biz ertaga qishloqqa qaytamiz. Bugun jo’ralaring Murodga bir marta yiqilib beringlar, u uyga xursand qaytsin. Men bir ko’rayin shuni. Senlarga pul ulashaman. Ol, olinglar…”

Bolalar pulni olishdi. Malik chol ulardan ilgariroq borib barxan tepasida yonboshlab kurash boshlanishini kutar ekan, yuragi g’ash bo’ldi. “Umrimda qilmagan ishni qildim-a? – til tishladi u. – Olishda pul asqotardimi, bilmaymanmi, shuni? Birov bilsa, eshitsa, o’l bu kuningdan, Malik demaydimi?! Ey, sob bo’libman. Asli… O’shanda Ahmad polvon yiqitganida o’limimga fatvo berib ketgan ekan-u, men noshud tushunmay haligacha yashab yuribman….” Cholning o’yi oxirlamay turib pastda qiy-chuv ko’tarildi. Qaradi. Boya o’zidan pul olgan bola Murodni yelkasidan oshirib qumga urdi.
Murod anchagacha o’rnidan turolmay, cho’zilib yotdi. Chol ikkinchi bolaning olishini kutmadi. Barxan ortiga o’tib ketdi, yashirindi…

O’tovga qaytganida vaqt allamahal bo’lgan, nevarasi bir chetda mung’ayib o’tirar, bobosiga ko’zi tushishi bilan irg’ib o’rnidan turdi. Chol poygakda to’xtadi-da:
– Qo’rqdingmi Murod? – deb so’radi. Murod indamadi. U g’azabini bosib:

– Shu kungacha senga qo’l ko’tarmadim, endi seni uraman Murod, – dedi. Murod bu gal ham indamadi, yerga boqqanicha jim turaverdi.
– Qara menga!

Murod yerdan ko’zini uzib, bobosiga qaradi-yu, yugurib borib uning oyog’ini quchdi, o’krab yig’lab yubordi:
– Uring bobo, uring meni!

Chol oyog’i ostida arslon bolasi yotgandek, egildi. Murodni yetkasidan tutib turg’azdi, bag’riga bosdi…

Shu kecha boboyu nevaraning ko’zi yumilmadi.

Shu kech bobo hammasiga men aybdorman, deb Ahmad polvondan yiqilganini yana xotirladi… Murod, Murod esa bobosi yiqilgan o’sha kundan boshlab, jo’ralari uni galma-gal yiqita boshlaganini esladi… Chol rahmatli o’g’lini, so’ngra kelinini esladi. Chindan ham bizga ko’z tekkan, avvalgi butunligimiz qolmadi. Ammo Xudo mehribon, Murod hali tirik, men ham tirikmanku…

“Yo’q, Murod ketmaydi, men o’zim qishloqqa borib qaytaman, – o’yladi u. – O’rgansin, ko’zi qotsin, deb uni Qizilga olib kelib yanglishibman, xato qilibman. Olishni o’zgadan o’rganmaydi, kishi, hali oyog’im yerda ekan, Murodning piri menman!..» Chol mizg’ib-mizg’imay, saharlab, shu niyat bilan yo’lga chiqdi.

Ertasiga u barcha yumushlariga qo’l silkib, Murodni olib va unga atalgan to’qlini yetaklab, cho’ponlarning ko’zidan yiroqqa – ikki qir oshganda to’xtadi.

Murod bobosining avzoyidan qo’rqdi. U har kungidek xotirjam ko’rinsa-da, bugun nechundir boshqacha edi. Chol churq etmas, Murodga qaramasdi ham. Nihoyat, u Murodga yarimlatib yelkalatgan qo’lbola meshning og’zini ochdi-da, o’tirib:

– Qo’limga suv quy, – dedi. Qo’lini yuvgach, belbog’iga artdi, so’ng to’qlini yiqitdi. Uch oyog’ini chilvir bilan siqib bog’ladi. Suyak dastali pichog’ini qinidan chiqarib, Murodga tutdi:
– Kes, boshini!

Kutilmaganda Murodning rangi oqardi, og’iz ocholmay bobosiga iltijo bilan tikildi. Chol shunday bo’lishini oldindan bilgandek indamadi. Murodga aytgan gapini go’yo unutdi-da:
– Yonimga kel, qarab tur, – dedi. Murod bobosiga yaqin bordi. Chol:
– Pichoqni mana shunday ushlaydi, – deb ko’rsatib, chap qo’li bilan qo’yning boshini bosdi-da, o’ng qo’li bilan bo’g’ziga pichoq tortdi. Qip-qizil qaynoq qon otilib, to so’nggi tomchisi qumga singib ketmaguncha chol Murodga “Qara, qara deyapman, senga!” deb takrorlab turdi. Murodning ko’zi qondan uzilmadi. So’nggida ko’zlari xira tortib qolgan to’qliga qarab achindi, ko’zidan yosh dumaladi, ammo bobosiga sezdirmadi. Ikkovlashib to’qlini saksovul shoxiga osishdi, hayol o’tmay chol to’qlining terisini shilib, qornini yordi, tozaladi.

Murod bobosining nega bunchalik olisga kelib to’qli so’yganiga fahmi yetmadi. Shu bilan hammasi tugadi, go’shtni ko’tarib qaytamiz, deb uyladi u, biroz yengil tortdi. Chol yana qo’lini yuvdi-da, to’qli bilan Murod turgan joydan yigirma-o’ttiz qadam nariga borib, qumga yonboshladi. Nevarasining ko’ziga tikilib turdi.

Murod bobosining ko’zidan ko’zini uzolmadi.

Bir fursat o’tib, chol asta, imillab o’rnidan turdi. Pichog’ini qo’liga olib, uni ilk bor ko’rayotgandek, quyoshga toblab tomosha qildi. So’ng Murod bilan boya o’zi yonboshlagan joyga kelib, pichoqni qumga tikkasiga sanchdi, qaytib kelib joyiga yonboshladi, tag’in Murodning ko’ziga tikildi.

Atrof jimjit. Barxanlar quyosh taftidan qizib borardi.
Murodni qo’rquv bosdi.

– Yaqinroq kel, Murod, – dedi chol hamon sokin ovozda.
– Qo’rqdingmi, boya men to’qlini qanday so’ydim? – Murod bosh silkidi.
– Endi, pichoqni ol-da, kelib meni boshimni kes!

Murod turgan joyida taxta bo’lib qotdi.
– Qani, bo’l tez! Qo’rqayapsanmi?! Unda… unda… – Chol oyoqlarini yig’ishtirib o’tirdi.

Murod hamon indamas – miq etmay turardi.

“Nega buning g’azabi o’lgan, – chol o’tirgan joyida titray boshladi. – Nega bu, loaqal pichoqni olib qochmaydi, nega yig’lamaydi, nega jar solmaydi?! Isyoni yo’q buning, yuragida o’ti yo’q!..” – Chol hammasini – saksovul shoxiga ilingan to’qlini, og’zi ochiq qolib, suvi sekin sirqiyotgan meshni, boboyu nevaralikni ham, qon ko’rib, ko’zi qotsin deb, boshlagan mashqini ham unutdi-da, kela solib pichoqqa tashlandi.

Murod ham bobosi tezligida yetib kelib, uning qo’liga tarmashdi. Bobosining pichoq tutgan qo’lini shunday siqdiki, cholning qo’li zirqirab, pichoqni tashlab yubordi. Pichoq qumga tushgan zahoti chol egildi. Murodning o’ng qo’ltig’i ostidan qo’lini o’tkazib o’ziga tortdi.
– Qani, boshladik. Murod polvon! – deb hayqirdi chol.

Uncha-muncha sasin yutib yuboradigan barxanlar – Qizilqum cholning baqirig’ini yutmadi, yutolmadi. “Ha-a, ha-a Murod! Boshingdan aylanay seni, ayama! Oh, oyog’im, sindirding-ku! Men ahmoq, men noshud, avvaldan shunday boshlashim kerak edi. Olishni birovdan o’rganmaydi, yalinib olishmaydi kishi, qo’rqib olishmaydi!” – degan gaplari olis-olislarga taraldi.

* * *

…. Tushlikda katta qozonda to’qli go’shti qaynadi. Sho’rvani Malik polvonning o’zi suzdi. Cho’ponlar, bolalar hayron. Malik polvon esa jim… Murodning ko’zlari chaqnaydi, bu faqat bobosiga ayon. Tushlikdan so’ng cho’ponlar tarqamay turib, chol hammaga murojaat etdi:

– Birodarlar, biz endi qishloqqa qaytadigan bo’lib turibmiz. Non-tuzlaringni ko’p yedik, qulluq. Cho’ponota nomidan bir fotiha beringlar, omon-eson uyimizga yetib olaylik.
– E, shundaymi, yo’loshimidi hali bu? – cho’ponlar kutilmagan yangilikdan shoshib qolishdi. Ular cholning qishloqqa qaytishini xohlashmasdi, yaqinda kuz boshlandi, hademay qish, bitta bo’lsa-da, cho’ponga odam kerak…

Cholning ahdi qat’iyligini bilib, qaytishga rozilik berishdi.

Mezbonlar ketishga oq yo’l tilagach, Malik polvon kattayu kichik – barchani hayratga solib, ovoza qildi:
– Nevaram Murodga ataganim bor. Bolalarga olish beraman, qani polvonlar otalaring borida bir kuchlaringni ko’raylik!

Cholning gapi bolalar uchun haqiqiy to’y – bayram bo’ldi. Ular shundoqqina o’tov yonida saf tortishdi. Kattalar – bolalarning otalari ham qiziqsinib davra qurib o’tirishdi. O’rtada hakam – Malik polvon.
– Murodga talabgor bormi? – so’radi chol. – Yiqitganga bir qo’y?

Birinchi bo’lib, ikki kun oldin choldan pul olib, baribir Murodni yelkasidan oshirib urgan bola maydonga chiqdi. Ilgari nevarasining olishini kuzatib, yurak hovuchlab turadigan Malik polvonning ko’ngli nechundir bugun to’q, ko’zlari charaqlar, hayajon tark etgan, qaddini tik tutib, ikkisini kurashga chorladi.

Ko’z ochib-yumguncha bola Murodning oyoqlari ostida cho’zildi. So’ng ikkinchi, uchinchi talabgor chiqdi, tamom – qaytib Murod bilan olishadigani topilmadi. Birinchi bo’lib cho’ponlar – bolalarning otasi chapak chalishdi:

– Nima balo, sehringiz bormi, Malik bobo? Bizning o’g’illarni mulzam qildingiz-ku?!

Chol mamnun jilmaydi-da, davradan ikki bolani chaqirib, qulog’iga shivirladi. Bolalar qizarib yerga qarashdi. “Shukur, – dedi ichida Malik polvon, – bular ham yerga qararkan-ku, egilarkan-ku? Otangga balle-ye, Murod, endi o’lsam armonim yo’q!”

– Mayli, pullaring bo’lmasa kechdim, – dedi eshittirib Malik polvon, – lekin, unutmanglar polvonlar, senlar Muroddan qarzdorsanlar!

So’ngra mezbonlarga qarata:
– Besh qo’ydan birini so’ydim, yana birini o’zimiz bilan qishloqqa olib ketamiz, sizlarda nevaram Murodning uchta qo’yi qoldi…

… Ertalab, birinchi bo’lib qo’ni-qo’shni, so’ng butun qishloq “Malik polvon uyiga qaytibdi” degan xushxabarni eshitdi. Go’yo olis safardan qaytgandek, kechgacha uyidan odam arimadi, cho’ldan
olib qaytishgan qo’yni so’yib, sho’rva qaynatishdi. Hafta oxirlamay qishloqqa xunuk xabar tarqaldi: “Malik polvon qazo qilibdi…”

Cholni yuvib-tarab, oxirgi manzili – Ahmad polvon yotgan mozorga dafn etishdi.

Ma’rakalar o’tguncha qo’shnilar “Murod yolg’iz, qo’rqmasin” deb galma-gal bola bilan birga tunashdi.

Yettinchi kun tush mahali Murod qo’shnidan bobosining yog’och karavotini so’radi. Qo’shni Muroddan uzr so’rab, karavotni olgan joyiga – ayvon ostiga keltirib qo’ydi. Murod yerda yoyig’liq kigizni silkib, karavotga to’shadi-da, xuddi bobosidek yotish uchun o’ziga joy hozirladi. So’ng qo’shni ketmay turib, belbog’ini yechdi, so’ri ostidagi mix ilgakka ildi, ariqdan ikki chelak suv olib keldi. Loy qordi.

– Loyni nima qilasan, Murod? – deb so’radi uning harakatlarini kuzatib, hayron qarab turgan qo’shnisi.

Murod qaddini rostlab:
– Hu-uv, ana, devorni ko’ryapsizmi? – dedi. – Katta bir bo’lak ko’chib tushibdi. Shuni g’isht terib, shuvab qo’ymoqchiman.

O’NG QO’L

Uch kundirki u atrofida parvona bo’lib, jon hovuchlab o’tirgan yaqinlarini ko’rmaydi, gap-so’z qulog’iga kirmaydi. Tosh qotgan qaboqlarini uzoq silab ochmoqchi bo’ladi, shu zahoti yana ko’z oldini barmoq izi tushgan sarg’ish qog’oz to’sadi. Qog’oz goh kichrayib, goh kattarib tumandek cho’kib ko’ksi, yuz-ko’zini qoplaydiyu ko’z ko’rmas qo’llar avval ikki chakkasi so’ngra yuragiga bigiz sanchadi. Shunda u “E, voh, jigarim-yey!” deb, nola chekadi.

Yorug’lik sanchilayotgan ko’zlarini to’smoqchi bo’lib, chap qo’li bilan paypaslab matoh izlaydi. Xotini uzatgan qora jun ro’molni yuziga bosadiyu tinchiydi…

Girdini olib o’tirgan yaqinlari shu fursatni kutgandek, u biroz tinchishi bilan xotinini qoldirib, o’zlarini eshikka urishadi. Xotini — Rohatoy beti ro’mol bilan to’silgan eridan ko’z uzmay qarab turadi-turadiyu piq-piq yig’laydi. Har lahza do’xtir bola erining holidan xabardor. U “Qishloqqa olib ketaylik, kasalxonada yotsa, xavf ariydi”, deb qistaydi — eri ko’nmaydi…

“E, voh, jigarim-yey!” — erining faryodi Rohatoyning quloqlariga qo’rg’oshindek quyilgan, chiqib ketmaydi. Yaqin orada uning hech kimi o’lmagan, og’riqning zo’ridan alahsirayapti, deyishsa,
uch kundirki u faqat shu bir gapni takrorlab, “jigarim”lab yotibdi…

Noxush xabar tez tarqaladi. Onasini voqeadan xabardor qilib, Gujumliga — otasi o’toviga olib ketgani kelgan to’ng’ich o’g’li qishloqdan chiqmay turib, shov-shuv tarqaldi: “Asad ferma o’zini otibdi”, “Asad ferma o’zini osibdi”, “Asad ferma…”.

Keyin ma’lum bo’ldiki, ferma o’zini otmagan, osmagan ekan…

Hafta oldin u Gujumlida ot so’yib, cho’ponlar bilan bo’lishdi — ulushini uyga jo’natdi. Xuddi shu kuni azonlab Rohatoyning o’ng ko’zi uchib, yuragiga chiroq yoqsa yorimadi. Tushga yaqin uyga go’sht tashlab ketishdi. U ot go’shtini qazibop qilib tilib, ziralab, tuzlab, xumga bosdi, bugun-erta qaytadigan erini kutdi. So’ng, yumushi boshidan oshib yotsa-da, qo’li ishga bormadi, intiq bo’lib kenja kelinining daladan qaytishini kutdi.

Bir payt ko’zi go’sht o’rab kelishgan oq surpga tushdi. Uni yaqindagina chetini buklab o’z qo’li bilan tikkan: oq dag’al surp go’shtni yaxshi saqlaydi, toza tutadi, eri yilida uch-to’rtta shunday o’ramani boshiga yetadi… So’ri panjarasiga tashlab qo’yilgan qon yuqi surpga qarab turar ekan, bexos ko’zi uchishdan to’xtadi. Bundan uning yuragi battar g’ashlandi, uchishdan to’xtagan ko’z osti terisini silab-silab: “Nima balo, ko’zim qonsirabdimi, — dedi ovoz chiqarib. — Ishqilib, yaxshilikka yetkazsin-da…”.

Allanechuk titrab o’rnidan turdi, suv isitib, surpni tog’oraga soldi, qayta-qayta yuvsa-da, qon dog’i ketmadi… Oxiri, och qizilga bo’yalgan matohni dorga yoydi va oftob joyga qo’yilgan so’riga tin olib o’tirdi. Et, qon ko’raverib, ko’zi qotgan Rohatoyning bugun nechundir dorga yoyilgan surpga ko’zi tushishi bilan a’zoyi taniga titroq kirdi. O’tirgan joyidan turib, nari ketolmadi, ko’zini dordan uzolmadi, surpni dordan yulqab olib tashlamoqchi bo’ldi-yu holi yetmadi — bo’g’in-bo’g’inidan bo’shashdi. Aksiga olib, hovli o’rtasidagi keksa tut shoxiga boyo’g’li kelib qo’ndi. Uni “kisht-kisht”lab, qarg’ab shoxdan uchirgunicha ko’nglidan ko’p noxush o’ylar kechdi. Ko’ksiga “tuf-tuf”lab isiriq axtardi…

Saksovul cho’g’ig’a sepilgan isiriqni hovlidan aylantirib, supa o’rtasiga qo’ydi. Baribir, tinchimadi. Tutun burqsib, butun hovlini isiriq hidi bosdi-yu, nechundir o’n qadam narida osilgan qon yuqi surpga yetmadi, surpni aylanib o’tib, yuqoriga o’rladi. Shunda Rohatoy g’ayri bir kuch bilan joyidan turdi-da, isiriqni cho’g’i bilan surpga sepdi. Suvi sirqiyotgan surpga cho’g’ yopishib, bir pasda ilma-teshik bo’lib tutadi. U hovliqib yonida turgan suv to’la chelakni surpga otdi.

Rohatoy dor ostida mixlangandek qotib turar ekan, bir mahal o’ziga kelib, surpga qaradiyu yig’lab yubordi. Surp dasturxon xuddi o’qqa uchgandek ilma-teshik bo’lib, ilvirab turardi…

— E, voh, jigarimey! — eri yuziga tashlangan qora jun ro’molni sidirib tashlab, tag’in nola chekdi. Ohi chodirga qo’shib, Rohatoyni ham yutib yuboradigandek uchib o’rnidan turdi-da o’g’illarini chaqirdi. Ular eshikdan kirib-kirmay Rohatoy o’tovdan qochib chiqdi…

Asad ferma yotgan joyida — to’shakda aza ochgan, buni hech kim — na tepasida turgan ayoli, na ikki o’g’li, yaqinlari bilmas edilar… Darvoqe, fermaning uzoq yillar yigit yoshida “dushman” yorlig’i yopishtirilib, otilgan Qudrat ismli ukasi bo’lgan… Unda Asad ferma mudiri emas, xo’jalikda hosilot* edi. Ukasi Qudrat esa…

Bir oqshom Asadni idoraga yo’qlatib, qo’liga chaqiruv qog’ozi tutqazishdi. Saharlab u shaharga otlandi. Yo’qlangan joyni so’rab-surishtirib topganida, shubhasiz, hech nimaga tushunmadi. Uni begona kishilar savolga tutdi — ukasi Qudrat haqida so’rashdi. U istar-istamay, ajablanib javob berdi: “Ukam, Qudrat to’ylarda doston aytib, qo’shiqlar bitib yuradigan bo’z yigit. O’tgan yili Samarqandga saboqqa ketdi. Shoir bo’laman, deydi…”

“Mana, sizga qog’oz, — dedi to’rda o’tirgan charm kamzulli kishi Asadning ko’ziga sinchiklab qarab, — shu gapingizni yozing”.

“Mening xat-savodim yo’q, birodar, — dedi Asad iymanib, — agar paxtadan so’rasangiz, binoyidek aytaman… Ukam Qudrat bir kelganida, aka, sizga xat o’rgatay, deb ko’p qistadi, ko’nmadim, sen o’zingni bil, meni senga og’irligim tushmaydi, dedim… ”.

“Yaxshi, unda boya aytgan gapingizni shoshilmay qaytaring, mana, o’rtoq Quttiev yozadi, siz qo’l qo’yasiz”.

Asad ukasi haqida aytgan gapini takrorladi, ko’zoynak taqqan, oriq, uzun bo’yli tergovchi Quttiev qog’ozga tushirdi, oxirida u imzo o’rniga barmog’ini bosdi…

Xayrlashayotganida Asad baland ovoz bilan gumburlatib:
— Bu yil paxta har yilgidan mo’l bo’ladi! — dedi.

O’tirganlar uning gapini jilmayishib eshitishdi-da:
— Yaxshi, yaxshi o’rtoq hosilot, yashang! — deyishdi.

Tamom — bo’lgan gap shu. So’ng u qishloqqa yetganicha xo’p o’y surdi: “Kimsan — hosilotman, urug’-aymog’imni surishtirishadi-da! Qudrat — yolg’izgina inim, sayoq yurmasin, akasidek el-yurtga
nafi tegsin, deyishadi-da! Xo’jalikda kim ko’p — odam ko’p, ular bilan birovning ishi yo’q, borsanmi, yo’qsanmi, deb hech kim so’ramaydi…”.

Asad shaharga borib qaytgan kunning ertasiga onasi Hojar bibi g’alati tushlar ko’rib tilidan Qudrat tushmadi. U har kecha qizi Malikani qiyin-qistovga olib, kenjatoyiga xatlar yozdirdi… Ko’p o’tmay Asadning shaharga borgani izsiz ketmadi — sir oshkor bo’ldi: hosilotning ukasi “xalq dushmani” ekan…

* * *

O’sha kun-tun qiyomatgacha Asadning yodidan chiqmaydi. Darvozasi yonidagi yakka mixda gijinglab turadigan oti o’z-o’zidan yo’qoldi. Yo’qsa, hosilotning oti, deb yoniga odam tugul, it ham yo’lolmasdi. Asadning og’zi bog’landi, tili kalimaga kelmadi — otni kim oldi, deb birovdan so’ramadi, og’iz ochmadi. Qamchinni etigi sog’isiga suqib, ko’chaga chiqdi-yu yarim yo’ldan qaytdi: Asadga ko’zi tushgan qo’ni-qo’shni, tanish-bilish — hamma yovdan qochgandek o’zini panaga tortib, tanimaganga oldi. O’ziga yaqin olib yurgani — uzoqdan qorasini ko’rsa, qo’li ko’ksidan tushmaydigan mirobga duch kelganida u: “Yo’ldan qoch, otim hurkadi” deb, otini yo’rttirib ketdi.

Asad shundan keyin o’zini yo’l chekkasiga oldi, shundoq, yonginasida gulga kirgan g’o’zalarga qarab o’y surdi, egilib bir tup g’o’zaning gulini sanadi — hisobdan adashdi, qayta sanayotganida ortidan ovoz eshitildi: “Tegma, davlatning g’o’zasiga! Beling og’rimaganda — iching achimaydi, unsur!..” — Asad burilib ortiga qaragan edi, brigadirni ko’rdi. Mulzam bo’lib o’rnidan turdi, gapirolmadi, xuddi tilini yutgandek baqrayib qarab qoldi.

Brigadir shasht bilan yaqinlashib, Asadning etigi sog’isiga suqilgan qamchinni tortib oldi. So’ng suvsirab to’kilgan g’o’za gullarini siqimiga yig’di-da, Asadning ko’zi ostiga tutdi:
— Bu nima, nega to’kding?!.

Asad soqov odamdek dovdirab yelka qisdi. Brigadir qamchin dastasi bilan yo’lni ko’rsatdi. Asadning boshi aylanib, ko’zi tindi. Depsinib yo’lga chiqar ekan, brigadirning “Xalq”, “Unsur”, “Paxta”, “Dushman” degan so’zlari boshidan do’ldek yog’ildi…

Qaddi bukilib zo’rg’a o’zini uyga oldi, darvozaga zanjir soldi. Onasi, xotini, bolalari uyda-yu, lekin, baribir, hovli suv quygandek jim-jit. Ana, eshik yonida singlisi Malikaning ketmoni ko’rindi: sezdi — uni daladan haydab yuborishgan…

Ko’chaning dahshati uyga qamaldi. U shomgacha mehmonxonada qamalib yotdi, tashqariga chiqmadi. Quyosh botmay eshik ochildi. Uning xayollari to’zidi: “Meni olib ketgani kelishgan” deb qo’rqib
joyidan turdi. Yo’q, onasi ekan, ostonada Qudratning suratini ko’ksiga bosganicha Hojar bibi turar, turqidan uyga kirish niyati yo’q.

Ona-bola bir-birlariga qarab turdilar, birinchi bo’lib, Asad ko’zini olib qochdi, bosh egdi.
— Barakalla, — dedi onasi shikasta ovozda. — Barakalla! Ining Qudrat dushman ekanmi, sen shunga ishondingmi? — Ona o’g’lining qog’ozdagi aksiga bir qarab, suratni qayta ko’ksiga bosdi. — Yo’q, men ishonmayman, ishonmayman, mening o’g’lim dushman emas, shoir…

Asad shundoq ro’parasida — ostonada onasini ko’rib turar, nechundir so’zlari arang qulog’iga kirar, go’yo kampir juda olisdan turib gapirar, ovozini elas-elas ilg’ar edi. Bir mahal u boshini ko’tardi, onasi yo’q — allaqachon ketgan. Asad yana xayol, qo’rquv, muteligi bilan yolg’iz qoldi…

Ko’chada odam oyog’i tiyilganda raisning chopari eshik qoqdi. Darvozani xotini ochdi…

Yo’qlov qisqa bo’ldi, kutilmaganda u raisning xonasidan tog’dek yupanch tuyib, ko’zi yoshlanib chiqdi. Boshiga qora kun tushganida bitta bo’lsa-da madadkor topildi…

“Uy-joyni yer yutmaydi. Qizilga* ketasan, birov so’rasa — bola-chaqa bilan cho’lga surgun qildim, deyman…”, raisning gapi to uyiga yetgunicha, keyinchalik ham Asadga qanot bo’ldi. Shu kech tog’dek suyanch bo’lgan raisning so’zlarini onasining qulog’iga shivirlab aytdi, hovliqib xotin, bola-chaqasini ko’chishga chorladi. Ko’chada arava tayyor turar edi.

Ona yo’l tadorigiga tushgan o’g’li, kelini, qizi Malikani kuzatib, uy burchiga jimgina o’tirdi.

Bir sidra ko’ch-ko’ronni aravaga yuklashdi. Vaqt o’tib borar, arava yo’lga shay, hamon Hojar bibi joyidan qo’zg’almay sukut saqlab turar edi. Asad ostona hatlab onasi turgan uyga kirmadi, to’g’risi, kirishga yuragi betlamadi. Ochiq deraza yoniga kelib, o’ng’aysizlanib tomoq qirdi — yo’taldi. Shunda:
— Yo’l olinglar, men rozi, — dedi onasi. Asad shuni kutib turgandek ko’chaga otildi. Arava qo’zg’alganida Malika o’zini pastga otdi, qochib uyga kirib ketdi.

Asad aravani to’xtatmadi. Ortiga qaramadi. Hovlidan onasi bilan singlisining dod solib yig’lagani eshitildi…

“E, voh, jigarim-yey!” — Asad tamoman holdan toydi, ovozi bo’g’ilib, ko’zida yosh qotdi. Endi u to’shakda taxta misol yotar, a’zoyi, tani sovib, peshonasiga muz bosgandek ichidan qaltiroq tutdi. Ustiga qo’sh ko’rpa yopishdi. O’tov go’yo qop-qora bo’shliqqa aylandi. Asadni zulmat yutib, chohga g’arq bo’la boshladi. Bosh-tubi yo’q zulmatga cho’kkandan cho’kib boraverdi, o’tov yonida tik turgan o’g’illari, yaqinlar tepada osilib qoldi. Yuragi og’ziga kelib cho’kayapti, cho’kayapti… Bir mahal singlisi Malika Asadga qo’l cho’zgandek bo’ldi…

O’shanda… Malika o’zini aravadan tashlab, qochib hovliga kirganida onasi o’qlovga tayanib supaga chiqdi. Malikani ko’rib, o’qlovni uloqtirdi, quchoq ochib qizini bag’riga bosdi, suyandi. Huvillagan hovlida onayu qiz uzoq yig’lashdi.

Shu kech hech kim bu hovlidan xabar olmadi, bunda bir tirik zog’ bor-yo’qligini unutishdi…

Hojar bibi o’g’li Qudratning dog’ida kuyib-kuyib ko’z yumdi.

Malika qari qiz bo’ldi, cho’kdi…

* * *

Omonchilik yillar keldi. Asadning g’ami aridi, unga kun boqdi: oddiy cho’ponlikdan bosh cho’pon, so’ngroq fermaga mudir bo’ldi. Gap-so’z, qo’rquv, xavotir ortda qoldi — unutildi. Endi u ilgarigi bir paytlar “dushmanning akasi” deb Qizilqumga qochirilgan va uzoq yillar yelka siqib, bosh ko’tarmay yurgan Asad emas — Asad ferma, qo’sh mukofotlaru yorliqlar egasi. Xullas, u Qizilni uyim deb bildi, qo’nim topdi, qadr topdi. Xotin, bola-chaqasi yana qishloqqa qaytdi, to’ng’ich o’g’lini qabatiga oldi — odam qildi. Kenjasi uyda onasining yonida, cho’l bilan qishloqni bog’lab turgan chopar, chaqqon yigit…
Onasi rahmatli bo’lganidan so’ng anchaga dovur tushiga kirmadi. Asad buni o’zicha tushundi: “Malika uyda o’tirib qoldi, uzatilmadi. Onamning ruhi ranjigan, u mendan xafa…”.

Har gal singlisiga ko’zi tushsa, onasini eslaydi, eslaydi-yu, kampir tushiga kirmaganiga suyunadi. Axir osonmi, baribir, ona-da. Ba’zan o’sha yuvuqsiz kun — onasi bilan tuzukroq xayrlashmay o’zini deb, cho’lga qochgan kun yodiga tushadi, eslamayman deydi-yu yana… “Dushmanning akasi” degan nom uzoq vaqt Asadga tinchlik bermadi. Qizilqumda yursa-tursa-da xavotir qiynadi. Olisdan bir otliq yo piyoda ko’rinsa, Asad albatta
“Meni olib ketgani kelishyapti” deb o’ylar, go’yo har bir barxan, butalar ortidan ukasi Qudrat bosh ko’tarib, uni poylayotgandek, uni olib ketgani kelishayotgan kishilarga qarata: :Ana shu mening akam bo’ladi, ushlanglar uni!”, deb jar solayotgandek bo’lar edi. Kun sayin Qudrat Asadning tutqich bermas dushmaniga aylandi.

…Oradan ikki yil o’tar-o’tmas onasi qazo qildi. Asadga xabar yetgach, “borsammi, bormasammi” deb, bir kecha-kunduz o’yladi… Ovozsiz, yig’isiz kirib borganida, jasadni uyda bir oqshom saqlab, Asad kelmagach, ko’mishibdi.

O’shanda… qarindosh-urug’, qo’ni-qo’shni Asadni begonadek qarshilashdi. Singlisi Malika akasining bir chetda mung’ayib, jim turganini ko’rib, hovlidagi qari tutni quchoqlab bo’zladi. Og’ir kunda yelka tutmagan jigardan o’ksib yig’ladi… Uni hech kim yig’idan to’xtatolmadi, yupatolmadi. “Tegmanglar unga, — dedi qo’shni chol. — Bu mushtipar yig’idan bo’lak ne ko’rdi, bugun uning otasi ham, onasi ham yig’i… Bugun to’yib-to’yib yig’lasin, ertaga diydasi qotadi, so’ngra uni urib ham yig’latolmaysan…”.

Onasining qirqi o’tib, kunlari avval boshdagidek maromiga tushdi. Hammasi bosilgan izdek ortda qoldi. Umr suv yanglig’ oqdi. Asad o’sha-o’sha… Bir oqshom u o’z tashvishlarini o’ylab yostiqqa bosh qo’ygan edi, ko’zi ilinar-ilinmas cho’chib uyg’ondi. Onasi qazosidan ko’p yillar o’tib, shu oqshom ilk daf’a tushiga kirgan, qo’rqqan edi. Tirikligida muloyim, ozorsiz onasi bexos tushiga kirdi-yu, Asadning oromi buzildi. Shu tundan boshlab onasi har kecha Asad bilan qasdma-qasd: kemtik tishlari orasida bir varaq qog’oz, ikki qo’li Asadning yoqasida. “Qani mening Qudratim, Qudrat, Qudrat qani?!” — deb siltaydi, og’zidan qog’oz tushmaydi. Asad bo’g’iladi, jon talvasasida onasining ko’zlariga yolvorib jovdiraydi. Bexos kampirning qorachig’i oppoq toshga aylanadi, so’ng tosh kattayib ko’z soqqasini qoplaydi, bo’rtib chiqadi… Asad ko’zlar o’rnida tosh ko’rgan mahal yoqasini o’chnok qo’llar bo’shatadi, onasi yiroqlashib, qarshisida ukasi Qudrat paydo bo’ladi. U hamon ilgarigiday — bo’z yigit, katta-katta ko’zlari uchqun sochib, yonib turardi. Ikki kaftida onasining ko’zlari: “Akajon, — deb u qo’lini Asad tomon cho’zadi. — Mana, onamning ko’zlari, oling, men bularni o’zim bilan olib ketgan edim…”.

Har kun-tun — o’ngu tushida shu voqea takror. Butkul halovatni yo’qotdi u. Hayotini Qizilqumsiz tasavvur etolmagan Asadni bir kechada cho’l olis-olislarga uloqtirdi, bag’ridan quvdi. U o’zini sahroga begona: cho’ponlikka yot sezdi… Haligacha shukr deydi, o’shanda u bosinqirab uyg’onganida (ovozidan o’g’li ham cho’chib uyg’ongan edi) to’ng’ichini otib qo’yishiga oz qolgan. Kim bilsin, qarshisida sharpadek cho’nqaygan o’g’li ko’ziga Qudrat bo’lib ko’rindimi, har qalay “sharpa” qaddini ko’tarmay o’zini Asadning oyog’iga tashladi, miltiqni qo’lidan oldi… Asad o’ziga kelgach, suv so’radi, o’g’li sopol kosada suv tutdi.

Shu kecha u o’g’lini yonidan jildirmay, qo’lidan ushlab, tong ottirdi.

Tushi haqida hech kimga og’iz ochmadi…

Peshinda o’tovning bari anjomlarini chiqarib, shamollatdi. Xayolini bir zum bo’lsin, ko’rgan tushi tark etmadi…

Kunni bir amallab cho’pon-cho’liqning yumushiga aralashib o’tkazar, quyosh botishi oldidan yuragiga vahm tushib, onasi, Qudrat ta’qib etayotgandek, keng sahro torayib, o’zini qo’yishga joy topolmay siqila boshlar, nazarida Qizilqum — oyoq bosgan yer, o’tov, anjomlar uni yutib yuborishga shay turar, “Ketaman, ketaman!” deb shivirlar, qayoqqa ketishini bilmas edi.

Hafta o’tmay qishloqqa ketdi ham. Rangi siniqib, bir holga tushib qolgan erini ko’rib, avvaliga xotini qo’rqdi. Asad sir boy bermagach, bevaqt tashrifni “charchagan”ga yo’ygan ayoli eriga parvona bo’ldi, oromiga qo’ydi…

U ochiq derazadan hovliga tikilib turib, bir paytlar onasi yashagan ko’hna uyga ko’zi tushib, yuragini qayta vahm bosdi. Bu uyda hech kim yashamas, singlisi Malika qiz jiyanlari bilan alohida uyda yashar, Asadning yangi tiklangan imorati yetti pushtiga yetib ortardi.

Asad derazani yopib, xayolini boshqa narsalarga chalg’itmoqchi bo’lsa-da, baribir, ko’hna uydan onasini yetaklab Qudrat chiqib kelayotgandek bo’laverdi. Hovliqib xotinini chaqirdi.

Ayoli yoniga kelganida unga tayinli bir gap aytolmadi, “qo’rqayapman” deyishga uyaldi. Rohatoy tepasida jim turavergach, “O’tir, zerikayapman” dedi. Xotini jilmayib chiqib ketdi. Uni ortidan kuzatib turib, beixtiyor uy haqida o’yladi. Bir xona va dahlizdan iborat pastak tomni shu kungacha buzmaganiga hayron bo’ldi. Nihoyat, shu kungacha tortgan azoblariga chora topgandek, shoshib, oyog’iga etigini suqdi. Ko’chadan ikki-uch bekorsozni topib kelib, boyagina yuragiga imkonsiz qo’rquv va g’ashlik solgan yodgorlik uyni buzishga buyruq berdi…

Oqshom hasharchilarga qo’shilib araq ichdi, allamahalgacha, ketishga ruxsat bermadi, garchi ulardan ma’nili gap chiqmasa-da, vaqt o’tishini g’animat bildi — ovundi…

Tong otar-otmas o’tovdagidek dod solib uyg’ondi. Rohatoy buni o’zicha tushundi: araqni qarg’ab-qarg’ab eriga muzdek suv ichirdi.

Shu uyg’onganicha, Asadning qayta ko’zi yumilmadi. Ertalab nonushta qilmay to’ng’ich nevarasini yoniga olib, to’g’ri onasi dafn etilgan mozorga bordi. Bilganicha tilovat boshlab, kampirni yod etdi.

Qaytishda kuppa-kunduzi, go’yo ortidan bir sharpa ergashib kelaverdi — qo’rqdi, nevarasining qo’lidan tutib “E, yashang, Tolibbek” deya, yo’l bo’yi shu bir gapni takrorlab keldi.

* * *

Asad uchun ikki dunyo — cho’lu qishloq birdek do’zaxga aylandi. Ko’p o’tmay uyqusizlik kasaliga mubtalo bo’ldi.

O’tovdan bir chaqirim narida ko’p tala-to’p jang ko’rgan hozirda xaroba tepalikdan iborat “Hazor nur” qo’rg’oni bor edi. Ilgarilari Asad qachonki, horib, asabi buzilsa, ko’hna, qo’rg’on poyiga kelib, soatlab sukutga tolib o’tirar, tiniqib, kuchiga-kuch qo’shilib qaytar edi. U taskin va orom istab yana qadim “Hazor nur”ga qatnadi. Uni anchadan beri kuzatib, indamay yurgan keksa cho’pon shunday maslahat soldi: “Inim, Asadboy, sizni oromiz buzilgan. Pirimiz Cho’ponotani yodlab, o’tgan shahidlar ruhiga qon chiqazing, shoyad yengil tortsangiz…”. U sukut saqlab, cholning so’zlarini eshitdi-yu, bir so’z demadi. Ichida: “Koshki edi shunday bo’lsa, — deb suyundi. — Bitta emas, o’nta qo’y so’yardim… Mayli, shahidlar yodi uchun bir jonliq so’yganim bo’lsin…”.

Shunday kunlarning birida fermaga yonilg’i tashuvchi hamqishlog’i Asadga xushxabar keltirdi. U qo’yin cho’ntagidan buklangan gazeta chiqarib:
— Buni qarang, ferma bobo, — deb Asadga uzatdi. Gazetada Qudratning suratiyu she’rlari bosilgan edi. Bu, Asad uchun yangilik emas, ukasini allaqachon oqlashgan, shunday bo’lsa-da, Qudrat akasi uchun yaqin o’tmish ortida nimasi bilandir noaniq, hamon sirli, bir qadar xavotirli tuyular, aka-uka o’rtasidagi olis masofa — devor buzib tashlanmagan edi. “Nimalar bo’layapti o’zi, — u istar-istamay gazetaga qo’l cho’zdi, — nega otishdiyu nega oqlashdi? Tushimda ham, o’ngimda ham Qudrat, Qudrat! Gunohim nima mening?!”.

Asad gazetani shoferga qaytardi:
— O’qi.

Umrida she’r o’qimagan hamqishloq Qudratning so’zlarini tutila-tutila akasiga yetkazdi:

— Og’am, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
Singlim, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
Sevgim, men senga inonmayman,
Sen mendan tonding!
Vatan…

— Bas, o’qima! — Asad gazetani yulqab olganicha ko’ksiga bosdi, barxan tomon yugurib ketdi. Tepalikka yetar-yetmas o’zini tashladi, peshonasini qumga bosib o’kradi. Nazarimda ovozida butun cho’l, yeru ko’kni tutdiyu va shunday aks-sado berdi:
— Dushman, dushman, dushman!

* * *

Qirqimning* yakuni uchun g’olib fermani mukofotlagani kelishgan rahbarlar ziyofat ustida Qudratdan gap ochishdi. Birisi: “Siz, Asadboy shunchaki odam emas, katta kishisiz! — dedi. — So’zingiz toshni yoradi, nishonlarni taqib bir shaharga boring-da, Qudratni surishtiring, aybi nima uning? Axir yigirma uch yoshida… aql bovar qilmaydi-ya, uvol ketdi…”.

Asad kutilmagan taklifdan gangib qoldi. So’ng obdon o’ylab “Mayli, surishtirsam-surishtiray, mendan nima ketdi, zora shahar bahona sal tinchisam…”, — degan to’xtamga keldi.

So’nggi taskinga suyanib shaharga yo’l oldi.

Oshnasi to’g’ri aytgan ekan, uni kuttirishmadi — yo’qlab borgan eshigiga so’zi o’tdi. Hasham mehmonxonadan joy olib, bir hafta kutdi. So’ng uni chaqirib, iltimosiga binoan ukasining aybnomasi bilan tanishtirishdi. Dastlab, qo’liga, o’sha — tushlariga kirib chiqqan, to hanuz tinchini buzgan qog’ozga monand bir varaq tutqazishdi. U “o’qiyolmayman” degach, yarim sahifaga yetar-yetmas aybnomani o’qib eshittirishdi.

Aybnomada shunday yozilgan edi: “Men — kim Asad Komil o’g’li, inim Qudrat Komil o’g’li haqida tubandagilarni ma’lum qilaman. Inim Qudrat mehnatga bo’yin tovlamay, xo’jalikni mensimay saboqni ixtiyor etdi. Mehnatkash ommani yo’ldan ozdiruvchi, Sho’ro hukumatini kamsituvchi ash’orlar bitib, kunni tun deb o’ylaydir… Garchi, Qudrat tug’ishganim bo’lsa-da, uning unsurlarcha bosgan qadamidan cho’chiydirman, zero bu illat boshqalarga yuqmasun deb:

Asad Komil o’g’li. Imzo o’rnida barmoq bosdim. Kotib: tergovchi Quttiev”.

Aybnoma o’qib eshittirilgach, u quloqlariga ishonmay turdi. Aybnomani ikkinchi bor o’qib eshittirishdi, Asad ko’zlarini yumdi, so’ng bu yog’i nima bo’lganini eslolmaydi…

Ko’zini ochsa, o’zining o’tovida — Qizilqumda yotibdi. Yonida hech kim yo’q, u hamishagi o’rnida — pastak yog’och karavotida yechinmay cho’zilgan, egnida shaharga kiyib borgan kastyum-shim, ko’kragi to’la nishon…
O’rnidan turib, birinchi qilgan ishi — shimini yechdi, xotini tikib bergan qopdek surp ishtonda oyoq yalang yurib tashqariga chiqdi. Suv to’ldirilgan temir oxurlar yoniga kelib, kostyumini yechdi, baridan osiltirib quduqqa tashladi. Sement hovuzchada yuz qo’lini chaydi. O’tovdan bolta, pichoq olib chiqdi. Oy sayin kelib-ketib turadigan mehmonlarga atab, alohida qo’rada doim uch-to’rt bosh axta qo’chqor boqar, bir hisobda uning kuniga yaragan — nom qozonishga shu jonivorlarning ham hissasi katta edi. U shoshilmay borib, “Hazor nur”ga qon chiqazaman” deb ko’ngliga tukkani qora qo’chqorni orqa oyog’idan tutib, qo’radan sudrab olib chiqdi. Yiqitdi. Uch oyog’ini chilvir bilan bog’lab, bo’g’ziga pichoq tortdi. Qon otilar-otilmas og’zini bosdi — qon shimirdi. So’ng og’zi, iyagidan qon oqib, yarmi qumga ko’milgan kunda yoniga keldi. Cho’kka tushib kundani quchoqladi, peshonasini bosdi:
— Inim, Qudratjon! — deb silkindi. — Seni sotgan qo’lim sotqin, og’zim qon! Seni sotgan yerim sotqin, bag’rim qon!

Nihoyat, u boshini ko’tardi, qaddini rostladi, tishlarini zich siqib aybnomaga barmoq bosgan o’ng qo’l panjalarini kundaga qo’ydi. Chopti. Yiqildi…

Uch kundirki, u atrofida parvona bo’lib, jon hovuchlab o’tirgan yaqinlarini ko’rmaydi, gap-so’z qulog’iga kirmaydi. Tosh qotgan qaboqlarini uzoq silab ochmoqchi bo’ladi, shu zahoti yana ko’z oldini barmoq izi tushgan sarg’ish qog’oz to’sadi. Qog’oz goh kichrayib, goh kattarib tumandek cho’kib, ko’ksi, yuz-ko’zini qoplaydiyu ko’z ko’rmas qo’llar, avval ikki chakkasi, so’ngra yuragiga bigiz sanchadi. Shunda u “E, voh, jigarim-yey!” — deb nola chekadi, dod deydi…

Tushdan so’ng Asad sal o’ziga kelganday bo’ldi. Rang-ro’yi tiniqib, ko’zlari ravshan tortdi. Yonidagilarga xotirjam boqdi. Bir piyola sut ichdi, so’ng to’ng’ich o’g’li bilan yolg’iz qoldirishlarini so’radi.
Yaqinlari chiqib ketgach, o’g’lining qulog’iga nimadir deb pichirladi, o’g’li bosh egdi…

Asadni qo’ltig’idan suyab tashqariga olib chiqishganida Rohatoyning boshiga oftob chiqqanday suyundi. Uch kecha-kunduz eri bilan tortgan azobiga rozi bo’ldi.

Eri kundaga yaqin joyga kursi qo’yishlarini so’radi. Kursiga joylashib o’tirgach, birodarlariga “xoli qoldiringlar meni” dedi. Yelkasiga to’n yopib, yolg’iz qoldirishdi. Asad chuqur tin olib, tevarakka razm soldi: ko’z ilg’aydigan masofada hech kim yo’q. Sokin. Ufqqa tutashgan ilon izi yo’llar…

U kundaga qarama-qarshi o’tiribdi. Yaqin-yaqin yillargacha shu yo’llarni hadik, xavotir, qo’rquv bilan kuzatgan va har lahza qo’llariga kishan solib olib ketishlarini kutgan…

Panjadan yuqorilatib chopilgan, ro’mol bilan tang’ilgan o’ng qo’liga bir qaradi-yu jirkanib boshini chap yonboshiga osiltirdi. Ko’zi bir qo’ra qo’yga tushdi. Yutinib tufladi. “Qudratdan, onamdan tonib, bekinib topganim shu — bir qo’ra qo’y!” — u alam bilan ko’zlarini yumdi. Shu payt axta qo’chqorlardan biri cho’zib ma’radi. “Ma-a, ma-a” degan ovozga ona qo’ylarning marashi jo’r bo’ldi, nazarida olamni qo’y ovozi tutdi.

Ko’zini ochganida it hurdi, shu zahoti qo’ylarning sasi o’chdi. Tavba, bitta it yuzta qo’yni jim qildi-ya?!

Bahorda uni xuddi shu joyda bir muxbir savolga tutgan “Nega bu yerga qo’ylar tez-tez marab kelishadi?”.

“Ona qo’ylar bolasini izlab keladi-da. Siz turgan joyda qo’zi so’yiladi”.

“E, shunday deng, bechora ona qo’ylarga qiyin ekanda-a?”.

“Buning yo’li oson, uka. Ona qo’yni qulog’idan burib, peshonasiga bir musht urasiz, tamom — bolasini unutib, ortiga ketaveradi”.

Sal o’tmay yana maragan ovoz eshitildi. Asad “Hozir, hozir, — deya shivirlab o’rnidan turdi, — hozir, meni yesang… to’yasan. Hozir”.

U qayoqqa yurishini bilmay bir pas garangsib turdi, bexos hammasini unutgisi, dod solib qichqirgisi keldi. Shu topda kimdir kuchli qo’llari bilan Asadning peshonasiga musht solsa-yu, so’ngra… u hammasini unutsa…

Asad ikki-uch qadam oldinga yurdi-da peshonasini kundaga urdi… qulab tushdi…

* * *

Marhumni qishloqqa olib ketish uzoqqa cho’zildi. O’tovdan Asadning bevasi bilan o’g’lining tortishgani eshitildi:
— Voy, sho’ri-im, otang bevatan, bemazor — kelgindimi, suyagi cho’lu biyobonda qolib ketsa?
— Otamning vasiyatini buzmayman…

Izohlar

* Bundan 60-65 yillar ilgari hozirgi agronomlar o’rniga hosil uchun javobgar hosilotlar faoliyat yuritgan.
* Qizilqum cho’li
* Qirqim — qo’y junini olish mavsumi.

045

(Tashriflar: umumiy 295, bugungi 1)

Izoh qoldiring