Tilak Jo’ra. Ikki kitob & Ma’ruf Jalil. Umidlarning etagiga osildim & Tilak Jo’ra haqida «Unitilmas siymolar» turkumida videofilm

Ashampoo_Snap_2017.11.24_13h28m03s_002_.png    Ер юзида бир шоир туғилса, Худонинг бир чироғи ёқилгандай бўлади, бир шоир дунёдан ўтса, бир чироқ ўчгандай бўлади. Аммо, чироқнинг нури қолади. Сузиб юраверади. Ўша нурга руҳ парвонадай талпинаверади. Тилак Жўра ҳаётлигида ҳам унга талпинар эдик, ўтгандан кейин ҳам талпиняпмиз.

Унинг шеърига, унинг беғуборлигига, унинг дарвешлигига, унинг бу дунёнинг одами эмаслигига… Тилак Жўрани эсласанг, кўнглинг ёришиб кетади. Бу ўша чироқнинг нури.

Суюмли шоиримизнинг ўғли Ориф кўп йиллардан буён отаси ҳақидаги ёдномаларни йиғиб келади. Ҳар баҳор Тошкентдаги таҳририяту нашриётларнинг эшиги олдида учратаман: “Яқинда дадамнинг туғилган куни, бирор нарсаларини чиқарайлик”. Кўзларига тикиламан – болаларча содда, ҳайратларга тўла, ишонувчан Тилак Жўра қараб тургандай. Хотиралар, дил сўзларини тўплайверамиз. Вақт шафқатсиз. Ёднома ёзганларнинг айримлари ҳақида бугун ёдномалар битилмоқда. Масалан: Муҳаммад Юсуф, Садриддин Салим Бухорий, Омон Мухтор, Саид Шермуҳаммедов…

Ҳаёт чоғларида Тилак Жўрага талпинган, бугун ўз нурига бизни талпинтираётган руҳият чироқларидан бири – Маъруф Жалил. Тилак акани “Менинг укам, дўстим, раҳнамом” деб алқаган, эътироф этган шоиримизнинг ёдномасини “Ёшлик” журнали ўқувчиларига ҳавола этяпмиз. Илоҳи, бир-бирини эъзозлаб, қўллаб-қувватлаб яшаган марҳум устозларимизни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин!

Азиз Саид

УМИДЛАРНИНГ ЭТАГИГА ОСИЛДИМ…
Маъруф Жалил
09

0_1549fe_91d6ac67_orig.pngУни кўрган одам “Армони йўқ йигит” дерди. Чунки доим кулиб, ҳаммани кулдириб юрарди. Қувноқ эди. Уни кўрган одам “Боладай кўнгли пок, булоқ сувидай беғубор” дерди. Бировдан нолиганини, гина қилганини ҳеч ким эшитмаган бўлса керак.

Уни кўрган одам “Тилак беғам, бепарво. Ҳеч ташвиши йуқ” деб ўйларди. Лекин унинг ғами, ташвиши кўп эди. Лекин ҳеч кимга билдирмасди. Кўп одамларнинг дарди-ҳасрати тилидан ҳар лаҳза, дуч келган даврада, ҳуда-беҳуда отилиб, сочилиб туради. Тилак эса бир гапириб, беш куларди. Кулганда ҳам дафъатан шағал тўкилгандай эмас, булоқнинг жилдирашидай қувноқ ва самимий куларди. Баъзилар ёлғондан кулади. Тилакнинг кулгуси шу қадар самимий, беғубор ва тоза эдики, уни кўрган одам беихтиёр мафтун бўларди.
Унинг бу кулгуси одамларни чалғитарди. Бу бир гўзал ниқоб эди. Уни содда ва беғам кўрсатувчи ниқоб эди. Кўплар уни ҳаётга жиддий қарамайдиган, чуқур фикрламайдиган чапани, беғам деб ўйларди. Лекин яқиндан билган, тушунган одамлар унинг қанчалик нозикфаҳмлигини, таъсирчан кўнгли борлигини яхши биларди. У дуч келган жойда дардини дастурхон қилиб ёзмасди, чуқур ўйларди. “Умидларнинг этагига осилдим” деб бошланадиган шеърининг шу биринчи мисрасига эътибор беринг. Шоир нима демоқчи? Бола онасининг этагига осилади. Нима учун? Эркалик қилиб осилиши мумкин. Бир нарсадан қўрққанидан ёки хавотирдан бўлиши мумкин. Она унинг учун ҳимоячи. Таянч, меҳрибон, у энг улуғ, энг садоқатли, энг ишончли, энг саховатли бир зот. Шунинг учун унга талпинади, ундан айрилишдан қўрқади. Ёлғизлик, умидсизлик нималигини билмаса ҳам, табиий бир сезги туфайли унинг ёмонлигини туяди. Шоир катта ижтимоий фикрларни, кечинмаларни шундай ихчам ва бир қарашда жуда беозор қилиб ифодалайди. Бу соддалик оддий бир тузоқ, шеърни юзаки тушунадиган одамлар учун оддий бир нарса.

Шу шеър ёзилган даврни билган, шоирлар аҳволини тасаввур қилган одам унинг тагига (моҳиятига) етиши мумкин. Дориломон замонда, кўпчилик шоирлар “Бахтиёрман!” деб ҳайқириб юрган замонда, нега у “Умидларнинг этагига осилдим” деб турибди. Чунки мустамлака тузу­ми энг гуллаган даврда ҳақиқатни айтиш мумкин эмасди. Шиорлар, қонунлар бошқа-ю, амалдаги турмуш бошқа эди. Сўз билан амал бир эмасди. Шоир яхши замонлар умиди билан яшарди. Ҳақиқат юзага чиқишини, босқинчилар оёғи остида топталган Ватан бир кун озод бўлишини истарди. Шунинг учун ночор қолганда умид унга далда, таскин берди. Шунинг учун ҳасрат, алам билан: “Умид­ларнинг этагига осилдим”, дейди.

* * *

Шу сўзларни ёзиб ўтирибман-у, хаёлимга бир воқеа келади. Бир куни Тилакнинг Соғбон кўчасидаги ҳовлисига бордим. Августнинг ўрталари эди, шекилли. Дарвозани тақиллатдим. Тилак чиқди. Қучоқлашиб, кўришиб кетдик. Мен қишлоқда бир йилча яшадим. Шу орада кўришмаган эдик. Ҳовлига кирдик. Чорпояда тўрт-беш ёш шоир ўтирарди. Тилакнинг тенгдош дўстлари. Қуюқ кўришдик. Илгари ҳам уларни кўриб юрардим.

Тилакнинг кўнгли кенг. Шунинг учун бўлса керак, дўстлари кўп. Доим дарвозаси очиқ, дастурхони ёзилган. Уйидан меҳмон аримасди. Ҳамма уни яхши кўрарди. Хотини ҳам бунга кўникиб кетганди. Ҳеч оғринмай хизмат қилар, эрини хижолатга қўймасди. Икковининг тупроғи бир ердан олинган, бир-бирига мос эди. Дастурхон тузар, овқат пиширар, чой дамлаб узатар, лекин ҳеч қачон меҳмонлар ёнига келиб ўтириб олмасди. Бу жиҳатдан у жуда кўп келинларга, шоирларнинг хотинларига ибрат бўларлидир.

Хуллас, ўша куни ёшлар мендан қишлоқда шунча вақт нима қилганимни, у ёқда нима янгиликлар борлигини сўрашди.

– Еган-ичганингиз ўзингизга тан, кўрган кечирганингиздан гапириб беринг, – деди Тилак.

– Айтадиган қизиқ гап йўқ. У ердаям аҳвол шу ердагидай, – дедим.
– Сиз тўғрингизда хотира ёзганда керак бўлади, – деди Тилак.

– Гўшт, сут, тухум солиғидан шикоят қилиб келганлар бўлди. Одамлар шоирни катта амалдор деб билади, шекилли, – дедим.

Қисқаси, мен қирқ ёшдан ошган, улар ҳали ўттизга ҳам бормаган эди. Бевафо дунёдан умидлари кўп эди. Ҳеч ким ўлишни истамасди. Хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳаммалари соғлом, бақувват йигитлар эди. Ўша куни даврада Абдулла Матёқубов ҳам бор эди. Орадан йигирма йилдан ошиқ вақт ўтибди. Қолганларини эслолмадим. Абдулла ҳам оламдан ўтди. Тилак соппа-соғ эди, бирор жойим оғрияпти, касалман, деганини эшитмагандим. Касалхонага тушганини, юраги хасталигини эшитиб, рост, ҳайрон бўлдим. Доим кулиб, шўхлик қилиб юрадиган, алам, изтироб нималигини билмайдиган одамнинг ҳам юраги хаста бўладими? Ўшанда ҳам касаллигини билдирмас, қувноқ кулгуси билан дардини яшириб юраркан.

У мен ҳақимда хотира ёзмоқчи эди, билмадим, нималарни ёзган бўларди, насиб қилмаган экан. Жуда эрта кетди. Жуда ёш кетди. Кўп яхши ишлар қилмоқчи, болаларини ўқитиб, тарбиялаб, уйли-жойли қилмоқчи, роҳатини кўрмоқчи эди. Фақат тўнғич қизи Нодирани университетга ўқишга киритди-ю, унинг битирганини ҳам кўролмади. Ўғиллари, Ориф билан Нозим бўзлаб қолди.

Мен ёш кетган укам, дўстим ҳақида ёзиб ўтирибман. Кўп ўйладим. Нимадан бошлашни билмай қийналдим. Тилакни таниганимга йигирма беш-ўттиз йил бўлгандир-ов. Шу йиллар ичида бошимиздан не-не воқеалар ўтмади. Уларнинг қайси бирини ёзсам экан?

У садоқатли дўст эди. Мен уни биринчи марта Тошкент давлат университети газетаси таҳририятида кўрган эдим, шекилли. Аниқ эсимда йўқ. Лекин газета таҳририяти жойлашган иккита хона ғира-шира эсимда. Талабалар шаҳарчасидаги бинонинг иккинчи қаватида эди. Эшикдан кираверишдаги хона сигарет тутунига тўлиб кетган. Бир йигит тик турибди, иккинчиси устолда ўтириб, қўлда ёзилган қоғоздаги шеърни ўқияпти. Бир қўлида сигарет, дам-бадам чекиб, кулиб қўяди. Бўйи ўртадан пастроқ, пешонаси кенг, қоп-қора сочи тўзиган.

– Бўлади, – деди шеърни ўқиб бўлиб, – чиқарамиз.

Тик турган йигит хурсанд бўлиб чиқиб кетди. Ўтирган йигит мени кўриб, ўрнидан турди. Ҳали бир-биримизни танимас эдик.
– Тилак Жўра, – деб қўлини узатди.

Мен отимни айтдим. Сиртдан ўқирдим. Имтиҳон пайтлари эди. Ўша куни Тинчлик кўчасидаги Тилак турадиган ҳовлига бордик. Кенг, шинам ҳовли экан. Мевали дарахтлари кўп.

Бу ҳовлида Абдулла Шер, Муҳаммадали Қўшмоқбой, Саъдулла Аҳмад, Эргаш Муҳаммад, яна кимлардир бирга ижара туришаркан. Хоналари кўп. Шеър­хонлик бўлди. Китоблар ҳақида, адабиёт, шеър ҳақида қизиқарли суҳбат бўлди. Жуда билимдон, ўзига ишонган болалар экан. Менга ёқиб қолишди. Тилак туфайли мен улар билан танишдим, дўстлашдим. Ҳали-ҳануз ўша дўстлик, ихлос давом этади.

Яхшига дўст бўлсанг, дўстинг кўпаяркан. Оилавий ҳаётимда мушкулликлар пайдо бўлгани сабабли тўртинчи курсдан ўқишни ташлаб юборгандим. Бошингга ташвиш тушмасин. Бир ташвиш тушса, оёғинг тойиб кетса, ё йиқиласан, ёки тойиб кетаверасан. Шундай пайтда бир илиқ гапга, бир яқин дўстга муҳтож бўласан. Ҳамма ҳам яхши гапнинг гадоси. Лекин ўзинг ичдан эзилиб, ўз ёғингга қоврилиб юрагингда, сен дўст деб, таскин излаб борганингда, у сенга маломат тошини отса, бошингни қайга урасан?! Баъзи дўстларни қора қилиб борганимда кўнглим чўкиб, борганимга пушаймон бўлиб қайтардим. Тилак билан кўчадами, ишхонадами учрашсам, бутун дилхираликларим тарқаб, ўзимни енгил ҳис қилардим. Унга дарду ҳасратларимни айтмасдим. У менинг хафалигимни билгандай нуқул яхшиликлардан гапирар, қизиқчилик қилиб шеърлар ўқирди. Кўнгил оғритадиган, ҳамиятингга оғир ботадиган ҳазил қилмасди. Беозор ҳазиллашарди. Шунинг учун ҳам, балки, кўпчилик яхши кўргандир уни.

Тилак уйланиб, Сағбон кўчасидан торгина бир ҳовли сотиб олгандан кейин бир куни уйига таклиф қилди. Борсак, онаси ҳам келган экан. Мени “акам” деб таништирди. Онаси бирам меҳрибон, бирам дилкаш аёл экан.

Бу ҳовлига тез-тез бориб турадиган бўлдим. Тилак менинг учун энг азиз, энг самимий дўст, туғишган жигаримдай яқин эди. Онасини онамдай, Тилакнинг болаларини туғишгандай ҳурмат қилардим. Бу хонадонда ҳамма бир-бирига меҳрибон, ҳеч қачон аччиқ-тизиқ гап, жанжал бўлганини кўрмаганман. Ҳақиқатан, ҳавас қилса арзигулик оила. Бу уларнинг дили поклиги, бағри кенглигидан бўлса керак. “Уй тор бўлса ҳам, ҳар куни меҳмон бошлаб келаверасиз. Уйда нима бор, нима йўқ, деб сўрамайсиз. Буларнинг олдига нима қўяман”, деб жанжал қиларди бошқа хотин бўлса. Чунки фақат Тилак ишлаб, маош оларди. Ўқитувчи, ёш ўқитувчининг маоши ҳаминқадар. Қўли баракали, уддабурон, сабр-қаноатли хотин эрини хижолатга қўймас, баҳоли-қудрат бир овқат тайёрлаб, дастурхонга келтирарди.

Юқорида илгаридан Тилакнинг ижара уйига бориб юрганимни айтдим. Ўша кунларнинг бирида менинг ўқишни ташлаб кетганим ҳақида гап очилиб қолди. Диплом керак, ўқишни давом эттиринг, дейишди. Орадан олти-етти йил ўтиб кетди. Биров қайта тикласа бўлади, деса, бошқаси кўп йил ўтибди, бўлмайди, деди. Охири университетга бордим. Мақсадимни айтдим. У ерда: “Орадан кўп йил ўтибди. Бир йил, икки йил бўлса, ректор ҳал қиларди. Энди олий таълим вазирлигига учрашинг. Вазир ижозат берса, тикланасиз”, дейишди. Булар ҳаммаси Тилак сабабли. У гап очди. “Диплом керак”, деб. Хуллас, университетга тикландим. Тўртинчи курсдан (сиртдан) ўқий бошладим. Битириб, диплом олдим, Тилак Жўра сабабли. Шундан кейин унга яна ҳам меҳрим ошди. Тилак: “Яхшилик қил, сувга ташла, балиқ билар. Балиқ билмаса, Холиқ билар”, дегувчи одамлар тоифасидан эди. Лекин бу мақолни Тилак бирор марта ҳам айтганини эшитмаганман.

* * *

Бадиий адабиёт нашриётининг шеърият бўлимида муҳаррир бўлиб ишлардим. “Навоий, 30”да. Тўртинчи қаватда. Бир куни Тилак Жўра бўлимимизга кириб келди. Ҳамишагидай қувноқ. Ёнида икки киши бор эди. Тилак таништирди. Бири Ғайбулла Салом, иккинчиси Нажмиддин Комилов экан. Уларнинг газета, журналларда босилган мақолаларини ўқиган, лекин ўзларини кўрмаган эдим. Улар – Тилакнинг илмдаги устозлари.

“Сени ўйлаб” деган шеърий тўпламим босмадан чиққан эди, дастхат ёзиб бердим. Бу оқибатли, билимдон олимлар билан шундай танишганман.

Орадан икки ҳафта ўтиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетида ўша тўпламимга каттагина тақриз босилди.

Қарасам, Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Тилак Жўра имзолари. Ҳамма ҳам ўз китоби ҳақида илиқ сўз эшитишни истайди. Ҳамма ҳам “Нима деб ёзишган экан”, деб қизиқади. Мен ҳам ички бир титроқ билан ўқиб чиқдим. Хурсандман. Дўстларим табриклашди. Ўша куни ҳам Тилакнинг уйига бордим. Одатдагидай уй тўла меҳмон. Мазмундор тақриз билан табриклашди. Сўнг яна шеърхонлик, китоблар ва шоирлар ҳақида одатдагидай қизғин, қизиқарли суҳбат бошланди.

Тилак Жўра университетда, таржима кафед­расида ишларди. Бошлиғи – Ғайбулла Салом. Тилак Нозим Ҳикмат ижоди, умуман, турк шеъриятининг ашаддий мухлиси эди. Шу мавзуда номзодлик илмий тадқиқотини олиб борарди. Ҳусайн Ўзбой, Али Оқбош каби турк олим ва шоирлари ҳақида, улар билан учрашганлари тўғрисида фахрланиб, ҳаяжон билан гапирарди. Шайхзода, Межелайтес, Уитмен, Маяковский ижодини яхши кўрар, ўрганар, таржима қилар эди. Доғларжанинг кўп шеърларини таржима қилганди. Ўша йиллари Ғайбулла ака ташаббуси билан “Таржима санъати” баёзи ташкил қилинди. Ҳар йили чиқадиган бўлди. Бориб-бориб, уни журналга айлантириб, ҳар икки-уч ойда чиқадиган қилишмоқчи эди. “Таржима санъати”нинг бир неча китоби босилиб чиқди. Бу ўзбек таржимачилиги тарихида биринчи, табаррук иш эди. Тез оғизга тушди. Ўқиладиган бўлди. Унинг тўпловчиси Тилак Жўра эди.

* * *

“Таржима санъати” туфайли Тилак нашриётга тез-тез келадиган бўлди. Ундан аввал ҳам гоҳ-гоҳ келиб турар, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Омон Матжон каби шу ерда ишлайдиган шоирлар билан гурунглашиб кетарди.

Шундай кунлардан бирида Тилак биз ишлаб турган хонага келди. Ҳамма ўз қадрдонини кўргандай бир илиқ гап айтиб, қувониб саломлаша кетди. Кейин Тилакни ёнимдаги ўриндиққа ўтиринг, деб чақирдим.

– Тайёр тўпламингиз борми? Янги шеърлардан…
– Бор. Топамиз, – деди.

– Келгуси йил режаси тузиляпти. Тезроқ тўпламни олиб келиб топширинг. Ҳозир директор номига ариза ёзинг. Кейин тўплам мавзуси, мазмуни ҳақида ярим бет мақсадингизни ҳам ёзиб беринг, – деб тоза қоғоз билан қаламни олдига суриб қўйдим.

У нима ёзарини билмай, қаламни ушлаб, ўйланиб қолди.

Шоирлар шеъру достонлар ёзишга қийналмайди-ю, ариза ёзишга қийналади.

– Тўпламнинг номи нима? Шундан бошланг, – дедим.
– Ҳали, номини ўйламаган эдим.

Сиз сарбастчи шоирларни, модернчиларни яхши кўрасиз-а, “Юлдузлар табассуми” деб қўйсангиз нима бўлади?
– Мана шу бўлади. Юлдузлар табассуми. Яхши, – деди-да, ўрнидан туриб, сигарет чиқарди. Чекса, фикр ҳаракатга келади.

Ўша тўплам босилиб чиқди. Тилак сарбаст шеърлар ёзадиган шоирларни, Европа модернчи шоирлари ижодини яхши кўрар, ўқирди. Лекин ўз шеърларида мутлақо уларга эргашмасди. Мутлақо деганим унча тўғри эмасдир. Шаклда сарбаст шеърлари бор, фақат шаклда. Мазмунда, ифодада унинг шеърлари жуда миллий. Ташбеҳлар ҳам, қайроқи гаплар ҳам оддий, мазмундор, ўзбекона.

“Юрак” деган шеърида ёзади:

Заҳил бўлган қовундай
Кўп ҳам беркинма
менинг бағримга
Бу ёруғ дунёда
Аламлар беркинар
Армонлар беркинар
Дармонлар беркинар
Сен ватансан барига,
Ахир, ватан қандай
беркинар?
Кўп ҳам беркинма
менинг бағримга.

Қанча самимият, армон, алам ва лутф бор бу мисраларда. Ҳеч ким айтмаган гаплар.
Ҳеч ким Тилакни исёнкор шоир деб ўйламаган. Лекин, унинг бир қанча шеърларида исёнкор руҳ чақнаб туради. Масалан, “Атиргулнинг шохин қайириб” деб бошланадиган шеърида бундай мисралар бор:

Мен кўксимда
армонни эмас,
Кўтармоғим керак исённи…

“Она нияти” шеърида бундай ёзади:

От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим,
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Тилак Жўранинг шеърлари ўзига хос. Халқ қўшиқлари йўлида ёзган шеърлари ҳам, сарбаст шаклидаги шеърлари ҳам ўзбекона руҳда. Булоқ сувидай тиниқ. Фикр, мазмун аниқ. Лекин содда ва теран маънога эгадир. 1994 йил октябрь ойида шоир Миразиз Аъзам билан Истанбулга, Фузулий таваллудининг беш юз йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этиш учун бордик. Мен Туркияга биринчи боришим эди. Бунга ҳам Тилак Жўра сабаб бўлди. “Унда Тилак Жўра йўқ эди-ку. Оламдан ўтган эди. Қандай ёрдам бериши мумкин?” дерсиз. Ҳа, азизлар, яхши одам ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиши мумкин. Гап шундаки, Истанбулдаги анжуманга таклифноманинг бирига Тилак Жўра номи ёзилган эди. Улар Тилак Жўранинг вафот этганидан бехабар бўлишса керак.

Тилак Жўра ўрнига мен бордим. Бизни кутиб олган Ҳусайн Ўзбой билан Али Оқбош Тилак Жўрани сўрашди. Биз унинг бевақт вафот этганини айтдик. Улар кўп афсусланишди. Тилак билан учрашганлари, суҳбатларини эслашди. Уч кунлик илмий кенгашдан кейин бизни Туркия бўйлаб саёҳат қилдиришди. Истанбул, Анқара, Бурса, Кўнё, Баликесар каби олти вилоятга бордик. У ердаги ҳаёт, ёзувчилар, ноширлар билан танишдик. Осори атиқаларни, ажойиб манзараларни кўрдик. Тилак қанча орзулар билан яшарди. Турк шоирлари шеърларини таржима қилганда, Нозим Ҳикмат ижоди устида тадқиқот олиб борганда неча марта хаёлан Туркияга борган экан: денгизлар, кемалар, саройларни кўз олдига келтирган экан. Бу ҳам унинг қалбида армон бўлиб кетди.

* * *

Яна бир воқеа эсимдан чиқибди. Тилак Жўранинг уйи ёниб кетибди. Мен Тошкентда йўқ эдим, келган куним эшитдим. Рауфми, Шавкатми, биттаси айтди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ. Ўша куни Сағбондаги ҳовлисига бордим. Яхши одамнинг ҳамкорлари кўп. Ҳамма унга ёмон кунда ёрдам бергиси келади. Унинг дўстлари ўзи каби шоирлар, талабалар эди. Ўшанда ҳам турмуши жудаям фаровон эмасди. Шоир билан талабанинг эса моддий аҳволи ёмон. Қандай ёрдам бериши мумкин?! Уй қуриб беришга маблағ етмасди. Лекин ҳамма нима биландир ёрдам беришни истар, ҳамдардлик билдирарди. Болохона куйган эди. Мен борганимда кўплашиб, анча тартибга келтиришган экан. Тилак Жўра одатдагидай қувноқ, ёнғин ҳақида гапириб, аския қилди. Худо ёрлақаб, Ал-Хоразмий мавзесидан Тилак Жўрага янги қурилган уйдан жой беришибди. Улар кўчиб боришди. Мен ҳам уларга қўшни уйга кўчиб ўтдим. Ҳар куни, кунора кўришар, дардлашиб, суҳбатлашардик. Кўп ўтмай мен у ердан кўчиб кетдим. Анчадан кейин Тилакнинг касал бўлиб шифохонага тушганини эшитдим. Янги ТошМИ шифохонасида экан. Бориб хабар олдим. Ранги-рўйи тузук, лекин хасталиги билиниб турарди. Кейинги борганларимда ўғли Орифни кўрдим. Отасидан хабар олиб тураркан, барака топкур. Лекин Тилак Жўра озиб кетибди. “Умид­ларнинг этагига осилдим” деган ўша шеърини яна эсладим. Худо шифо бераман деса, ҳеч гап эмас. Касал бўлган одам ўлаверадими, деган хаёл кўнглимдан ўтди. Кейин “Тилак касалхонадан чиқибди: қишлоғига кетганмиш” деган хабарни эшитиб, рости, безовта хаёлим таскин топгандай бўлди. Аммо бу унинг қишлоғига охирги сафари экан. Кўнг­лимда хотираларим кўп. Тилак билан учрашган, сўзлашган ҳар кун ҳақида бир китоб ёзсам арзийди. У менинг укам, дўстим, раҳнамом эди. Дўстларим кўп. Мард, садоқатли… Лекин Тилакдай кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ, ўзи камбағал бўлса ҳам, саховатга бой, танти одам дунёда бўлмаса керак.

Мақола муаллифи ҳақида: Маъруф Жалил 1936 йили туғилган.Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни тамомлаган.
“Мен сизни севардим”, “Раҳмат, одамлар” (1970), “Сени ўйлаб” (1973), “Нотаниш йўллар” (1975), “Қўшиқ иштиёқи” (1979), “Мен сув ичган дарёлар” (1981), “Паризодам” (1984), “Дарёни излар шамол” (1987), “Бахтимга сен борсан” (1989), “Сайланма” каби шеърий китоблари чоп этилган.
2004 йили Тошкент шаҳрида вафот этган.

 

Yer yuzida bir shoir tug‘ilsa, Xudoning bir chirog‘i yoqilganday bo‘ladi, bir shoir dunyodan o‘tsa, bir chiroq o‘chganday bo‘ladi. Ammo, chiroqning nuri qoladi. Suzib yuraveradi. O‘sha nurga ruh parvonaday talpinaveradi. Tilak Jo‘ra hayotligida ham unga talpinar edik, o‘tgandan keyin ham talpinyapmiz. Uning she’riga, uning beg‘uborligiga, uning darveshligiga, uning bu dunyoning odami emasligiga… Tilak Jo‘rani eslasang, ko‘ngling yorishib ketadi. Bu o‘sha chiroqning nuri.

0_154a01_2f7ee5c_orig.pngSuyumli shoirimizning o‘g‘li Orif ko‘p yillardan buyon otasi haqidagi yodnomalarni yig‘ib keladi. Har bahor Toshkentdagi tahririyatu nashriyotlarning eshigi oldida uchrataman: “Yaqinda dadamning tug‘ilgan kuni, biror narsalarini chiqaraylik”. Ko‘zlariga tikilaman – bolalarcha sodda, hayratlarga to‘la, ishonuvchan Tilak Jo‘ra qarab turganday. Xotiralar, dil so‘zlarini to‘playveramiz. Vaqt shafqatsiz. Yodnoma yozganlarning ayrimlari haqida bugun yodnomalar bitilmoqda. Masalan: Muhammad Yusuf, Sadriddin Salim Buxoriy, Omon Muxtor, Said Shermuhammedov…

Hayot chog‘larida Tilak Jo‘raga talpingan, bugun o‘z nuriga bizni talpintirayotgan ruhiyat chiroqlaridan biri – Ma’ruf Jalil. Tilak akani “Mening ukam, do‘stim, rahnamom” deb alqagan, e’tirof etgan shoirimizning yodnomasini “Yoshlik” jurnali o‘quvchilariga havola etyapmiz. Ilohi, bir-birini e’zozlab, qo‘llab-quvvatlab yashagan marhum ustozlarimizni Alloh o‘z rahmatiga olgan bo‘lsin!

Aziz Said

UMIDLARNING ETAGIGA OSILDIM
Ma’ruf Jalil
09

Uni ko‘rgan odam “Armoni yo‘q yigit” derdi. Chunki doim kulib, hammani kuldirib yurardi. Quvnoq edi. Uni ko‘rgan odam “Boladay ko‘ngli pok, buloq suviday beg‘ubor” derdi. Birovdan noliganini, gina qilganini hech kim eshitmagan bo‘lsa kerak.

0_154a04_6dc85763_orig.jpgUni ko‘rgan odam “Tilak beg‘am, beparvo. Hech tashvishi yuq” deb o‘ylardi. Lekin uning g‘ami, tashvishi ko‘p edi. Lekin hech kimga bildirmasdi. Ko‘p odamlarning dardi-hasrati tilidan har lahza, duch kelgan davrada, huda-behuda otilib, sochilib turadi. Tilak esa bir gapirib, besh kulardi. Kulganda ham daf’atan shag‘al to‘kilganday emas, buloqning jildirashiday quvnoq va samimiy kulardi. Ba’zilar yolg‘ondan kuladi. Tilakning kulgusi shu qadar samimiy, beg‘ubor va toza ediki, uni ko‘rgan odam beixtiyor maftun bo‘lardi.

Uning bu kulgusi odamlarni chalg‘itardi. Bu bir go‘zal niqob edi. Uni sodda va beg‘am ko‘rsatuvchi niqob edi. Ko‘plar uni hayotga jiddiy qaramaydigan, chuqur fikrlamaydigan chapani, beg‘am deb o‘ylardi. Lekin yaqindan bilgan, tushungan odamlar uning qanchalik nozikfahmligini, ta’sirchan ko‘ngli borligini yaxshi bilardi. U duch kelgan joyda dardini dasturxon qilib yozmasdi, chuqur o‘ylardi. “Umidlarning etagiga osildim” deb boshlanadigan she’rining shu birinchi misrasiga e’tibor bering. Shoir nima demoqchi? Bola onasining etagiga osiladi. Nima uchun? Erkalik qilib osilishi mumkin. Bir narsadan qo‘rqqanidan yoki xavotirdan bo‘lishi mumkin. Ona uning uchun himoyachi. Tayanch, mehribon, u eng ulug‘, eng sadoqatli, eng ishonchli, eng saxovatli bir zot. Shuning uchun unga talpinadi, undan ayrilishdan qo‘rqadi. Yolg‘izlik, umidsizlik nimaligini bilmasa ham, tabiiy bir sezgi tufayli uning yomonligini tuyadi. Shoir katta ijtimoiy fikrlarni, kechinmalarni shunday ixcham va bir qarashda juda beozor qilib ifodalaydi. Bu soddalik oddiy bir tuzoq, she’rni yuzaki tushunadigan odamlar uchun oddiy bir narsa.

Shu she’r yozilgan davrni bilgan, shoirlar ahvolini tasavvur qilgan odam uning tagiga (mohiyatiga) yetishi mumkin. Dorilomon zamonda, ko‘pchilik shoirlar “Baxtiyorman!” deb hayqirib yurgan zamonda, nega u “Umidlarning etagiga osildim” deb turibdi. Chunki mustamlaka tuzu­mi eng gullagan davrda haqiqatni aytish mumkin emasdi. Shiorlar, qonunlar boshqa-yu, amaldagi turmush boshqa edi. So‘z bilan amal bir emasdi. Shoir yaxshi zamonlar umidi bilan yashardi. Haqiqat yuzaga chiqishini, bosqinchilar oyog‘i ostida toptalgan Vatan bir kun ozod bo‘lishini istardi. Shuning uchun nochor qolganda umid unga dalda, taskin berdi. Shuning uchun hasrat, alam bilan: “Umid­larning etagiga osildim”, deydi.

* * *

Shu so‘zlarni yozib o‘tiribman-u, xayolimga bir voqea keladi. Bir kuni Tilakning Sog‘bon ko‘chasidagi hovlisiga bordim. Avgustning o‘rtalari edi, shekilli. Darvozani taqillatdim. Tilak chiqdi. Quchoqlashib, ko‘rishib ketdik. Men qishloqda bir yilcha yashadim. Shu orada ko‘rishmagan edik. Hovliga kirdik. Chorpoyada to‘rt-besh yosh shoir o‘tirardi. Tilakning tengdosh do‘stlari. Quyuq ko‘rishdik. Ilgari ham ularni ko‘rib yurardim.

Tilakning ko‘ngli keng. Shuning uchun bo‘lsa kerak, do‘stlari ko‘p. Doim darvozasi ochiq, dasturxoni yozilgan. Uyidan mehmon arimasdi. Hamma uni yaxshi ko‘rardi. Xotini ham bunga ko‘nikib ketgandi. Hech og‘rinmay xizmat qilar, erini xijolatga qo‘ymasdi. Ikkovining tuprog‘i bir yerdan olingan, bir-biriga mos edi. Dasturxon tuzar, ovqat pishirar, choy damlab uzatar, lekin hech qachon mehmonlar yoniga kelib o‘tirib olmasdi. Bu jihatdan u juda ko‘p kelinlarga, shoirlarning xotinlariga ibrat bo‘larlidir.

Xullas, o‘sha kuni yoshlar mendan qishloqda shuncha vaqt nima qilganimni, u yoqda nima yangiliklar borligini so‘rashdi.

– Yegan-ichganingiz o‘zingizga tan, ko‘rgan kechirganingizdan gapirib bering, – dedi Tilak.
– Aytadigan qiziq gap yo‘q. U yerdayam ahvol shu yerdagiday, – dedim.

– Siz to‘g‘ringizda xotira yozganda kerak bo‘ladi, – dedi Tilak.
– Go‘sht, sut, tuxum solig‘idan shikoyat qilib kelganlar bo‘ldi. Odamlar shoirni katta amaldor deb biladi, shekilli, – dedim.

Qisqasi, men qirq yoshdan oshgan, ular hali o‘ttizga ham bormagan edi. Bevafo dunyodan umidlari ko‘p edi. Hech kim o‘lishni istamasdi. Xayoliga ham keltirmasdi. Hammalari sog‘lom, baquvvat yigitlar edi. O‘sha kuni davrada Abdulla Matyoqubov ham bor edi. Oradan yigirma yildan oshiq vaqt o‘tibdi. Qolganlarini eslolmadim. Abdulla ham olamdan o‘tdi. Tilak soppa-sog‘ edi, biror joyim og‘riyapti, kasalman, deganini eshitmagandim. Kasalxonaga tushganini, yuragi xastaligini eshitib, rost, hayron bo‘ldim. Doim kulib, sho‘xlik qilib yuradigan, alam, iztirob nimaligini bilmaydigan odamning ham yuragi xasta bo‘ladimi? O‘shanda ham kasalligini bildirmas, quvnoq kulgusi bilan dardini yashirib yurarkan.

U men haqimda xotira yozmoqchi edi, bilmadim, nimalarni yozgan bo‘lardi, nasib qilmagan ekan. Juda erta ketdi. Juda yosh ketdi. Ko‘p yaxshi ishlar qilmoqchi, bolalarini o‘qitib, tarbiyalab, uyli-joyli qilmoqchi, rohatini ko‘rmoqchi edi. Faqat to‘ng‘ich qizi Nodirani universitetga o‘qishga kiritdi-yu, uning bitirganini ham ko‘rolmadi. O‘g‘illari, Orif bilan Nozim bo‘zlab qoldi.

Men yosh ketgan ukam, do‘stim haqida yozib o‘tiribman. Ko‘p o‘yladim. Nimadan boshlashni bilmay qiynaldim. Tilakni taniganimga yigirma besh-o‘ttiz yil bo‘lgandir-ov. Shu yillar ichida boshimizdan ne-ne voqealar o‘tmadi. Ularning qaysi birini yozsam ekan?

U sadoqatli do‘st edi. Men uni birinchi marta Toshkent davlat universiteti gazetasi tahririyatida ko‘rgan edim, shekilli. Aniq esimda yo‘q. Lekin gazeta tahririyati joylashgan ikkita xona g‘ira-shira esimda. Talabalar shaharchasidagi binoning ikkinchi qavatida edi. Eshikdan kiraverishdagi xona sigaret tutuniga to‘lib ketgan. Bir yigit tik turibdi, ikkinchisi ustolda o‘tirib, qo‘lda yozilgan qog‘ozdagi she’rni o‘qiyapti. Bir qo‘lida sigaret, dam-badam chekib, kulib qo‘yadi. Bo‘yi o‘rtadan pastroq, peshonasi keng, qop-qora sochi to‘zigan.

– Bo‘ladi, – dedi she’rni o‘qib bo‘lib, – chiqaramiz.

Tik turgan yigit xursand bo‘lib chiqib ketdi. O‘tirgan yigit meni ko‘rib, o‘rnidan turdi. Hali bir-birimizni tanimas edik.
– Tilak Jo‘ra, – deb qo‘lini uzatdi.

Men otimni aytdim. Sirtdan o‘qirdim. Imtihon paytlari edi. O‘sha kuni Tinchlik ko‘chasidagi Tilak turadigan hovliga bordik. Keng, shinam hovli ekan. Mevali daraxtlari ko‘p.

Bu hovlida Abdulla Sher, Muhammadali Qo‘shmoqboy, Sa’dulla Ahmad, Ergash Muhammad, yana kimlardir birga ijara turisharkan. Xonalari ko‘p. She’r­xonlik bo‘ldi. Kitoblar haqida, adabiyot, she’r haqida qiziqarli suhbat bo‘ldi. Juda bilimdon, o‘ziga ishongan bolalar ekan. Menga yoqib qolishdi. Tilak tufayli men ular bilan tanishdim, do‘stlashdim. Hali-hanuz o‘sha do‘stlik, ixlos davom etadi.

Yaxshiga do‘st bo‘lsang, do‘sting ko‘payarkan. Oilaviy hayotimda mushkulliklar paydo bo‘lgani sababli to‘rtinchi kursdan o‘qishni tashlab yuborgandim. Boshingga tashvish tushmasin. Bir tashvish tushsa, oyog‘ing toyib ketsa, yo yiqilasan, yoki toyib ketaverasan. Shunday paytda bir iliq gapga, bir yaqin do‘stga muhtoj bo‘lasan. Hamma ham yaxshi gapning gadosi. Lekin o‘zing ichdan ezilib, o‘z yog‘ingga qovrilib yuragingda, sen do‘st deb, taskin izlab borganingda, u senga malomat toshini otsa, boshingni qayga urasan?! Ba’zi do‘stlarni qora qilib borganimda ko‘nglim cho‘kib, borganimga pushaymon bo‘lib qaytardim. Tilak bilan ko‘chadami, ishxonadami uchrashsam, butun dilxiraliklarim tarqab, o‘zimni yengil his qilardim. Unga dardu hasratlarimni aytmasdim. U mening xafaligimni bilganday nuqul yaxshiliklardan gapirar, qiziqchilik qilib she’rlar o‘qirdi. Ko‘ngil og‘ritadigan, hamiyatingga og‘ir botadigan hazil qilmasdi. Beozor hazillashardi. Shuning uchun ham, balki, ko‘pchilik yaxshi ko‘rgandir uni.

Tilak uylanib, Sag‘bon ko‘chasidan torgina bir hovli sotib olgandan keyin bir kuni uyiga taklif qildi. Borsak, onasi ham kelgan ekan. Meni “akam” deb tanishtirdi. Onasi biram mehribon, biram dilkash ayol ekan.

Bu hovliga tez-tez borib turadigan bo‘ldim. Tilak mening uchun eng aziz, eng samimiy do‘st, tug‘ishgan jigarimday yaqin edi. Onasini onamday, Tilakning bolalarini tug‘ishganday hurmat qilardim. Bu xonadonda hamma bir-biriga mehribon, hech qachon achchiq-tiziq gap, janjal bo‘lganini ko‘rmaganman. Haqiqatan, havas qilsa arzigulik oila. Bu ularning dili pokligi, bag‘ri kengligidan bo‘lsa kerak. “Uy tor bo‘lsa ham, har kuni mehmon boshlab kelaverasiz. Uyda nima bor, nima yo‘q, deb so‘ramaysiz. Bularning oldiga nima qo‘yaman”, deb janjal qilardi boshqa xotin bo‘lsa. Chunki faqat Tilak ishlab, maosh olardi. O‘qituvchi, yosh o‘qituvchining maoshi haminqadar. Qo‘li barakali, uddaburon, sabr-qanoatli xotin erini xijolatga qo‘ymas, baholi-qudrat bir ovqat tayyorlab, dasturxonga keltirardi.

Yuqorida ilgaridan Tilakning ijara uyiga borib yurganimni aytdim. O‘sha kunlarning birida mening o‘qishni tashlab ketganim haqida gap ochilib qoldi. Diplom kerak, o‘qishni davom ettiring, deyishdi. Oradan olti-yetti yil o‘tib ketdi. Birov qayta tiklasa bo‘ladi, desa, boshqasi ko‘p yil o‘tibdi, bo‘lmaydi, dedi. Oxiri universitetga bordim. Maqsadimni aytdim. U yerda: “Oradan ko‘p yil o‘tibdi. Bir yil, ikki yil bo‘lsa, rektor hal qilardi. Endi oliy ta’lim vazirligiga uchrashing. Vazir ijozat bersa, tiklanasiz”, deyishdi. Bular hammasi Tilak sababli. U gap ochdi. “Diplom kerak”, deb. Xullas, universitetga tiklandim. To‘rtinchi kursdan (sirtdan) o‘qiy boshladim. Bitirib, diplom oldim, Tilak Jo‘ra sababli. Shundan keyin unga yana ham mehrim oshdi. Tilak: “Yaxshilik qil, suvga tashla, baliq bilar. Baliq bilmasa, Xoliq bilar”, deguvchi odamlar toifasidan edi. Lekin bu maqolni Tilak biror marta ham aytganini eshitmaganman.

* * *

Badiiy adabiyot nashriyotining she’riyat bo‘limida muharrir bo‘lib ishlardim. “Navoiy, 30”da. To‘rtinchi qavatda. Bir kuni Tilak Jo‘ra bo‘limimizga kirib keldi. Hamishagiday quvnoq. Yonida ikki kishi bor edi. Tilak tanishtirdi. Biri G‘aybulla Salom, ikkinchisi Najmiddin Komilov ekan. Ularning gazeta, jurnallarda bosilgan maqolalarini o‘qigan, lekin o‘zlarini ko‘rmagan edim. Ular – Tilakning ilmdagi ustozlari.

“Seni o‘ylab” degan she’riy to‘plamim bosmadan chiqqan edi, dastxat yozib berdim. Bu oqibatli, bilimdon olimlar bilan shunday tanishganman.
Oradan ikki hafta o‘tib, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetida o‘sha to‘plamimga kattagina taqriz bosildi.

Qarasam, G‘aybulla Salomov, Najmiddin Komilov, Tilak Jo‘ra imzolari. Hamma ham o‘z kitobi haqida iliq so‘z eshitishni istaydi. Hamma ham “Nima deb yozishgan ekan”, deb qiziqadi. Men ham ichki bir titroq bilan o‘qib chiqdim. Xursandman. Do‘stlarim tabriklashdi. O‘sha kuni ham Tilakning uyiga bordim. Odatdagiday uy to‘la mehmon. Mazmundor taqriz bilan tabriklashdi. So‘ng yana she’rxonlik, kitoblar va shoirlar haqida odatdagiday qizg‘in, qiziqarli suhbat boshlandi.

Tilak Jo‘ra universitetda, tarjima kafed­rasida ishlardi. Boshlig‘i – G‘aybulla Salom. Tilak Nozim Hikmat ijodi, umuman, turk she’riyatining ashaddiy muxlisi edi. Shu mavzuda nomzodlik ilmiy tadqiqotini olib borardi. Husayn O‘zboy, Ali Oqbosh kabi turk olim va shoirlari haqida, ular bilan uchrashganlari to‘g‘risida faxrlanib, hayajon bilan gapirardi. Shayxzoda, Mejelaytes, Uitmen, Mayakovskiy ijodini yaxshi ko‘rar, o‘rganar, tarjima qilar edi. Dog‘larjaning ko‘p she’rlarini tarjima qilgandi. O‘sha yillari G‘aybulla aka tashabbusi bilan “Tarjima san’ati” bayozi tashkil qilindi. Har yili chiqadigan bo‘ldi. Borib-borib, uni jurnalga aylantirib, har ikki-uch oyda chiqadigan qilishmoqchi edi. “Tarjima san’ati”ning bir necha kitobi bosilib chiqdi. Bu o‘zbek tarjimachiligi tarixida birinchi, tabarruk ish edi. Tez og‘izga tushdi. O‘qiladigan bo‘ldi. Uning to‘plovchisi Tilak Jo‘ra edi.

* * *

“Tarjima san’ati” tufayli Tilak nashriyotga tez-tez keladigan bo‘ldi. Undan avval ham goh-goh kelib turar, Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, Omon Matjon kabi shu yerda ishlaydigan shoirlar bilan gurunglashib ketardi.

Shunday kunlardan birida Tilak biz ishlab turgan xonaga keldi. Hamma o‘z qadrdonini ko‘rganday bir iliq gap aytib, quvonib salomlasha ketdi. Keyin Tilakni yonimdagi o‘rindiqqa o‘tiring, deb chaqirdim.

– Tayyor to‘plamingiz bormi? Yangi she’rlardan…
– Bor. Topamiz, – dedi.

– Kelgusi yil rejasi tuzilyapti. Tezroq to‘plamni olib kelib topshiring. Hozir direktor nomiga ariza yozing. Keyin to‘plam mavzusi, mazmuni haqida yarim bet maqsadingizni ham yozib bering, – deb toza qog‘oz bilan qalamni oldiga surib qo‘ydim.

U nima yozarini bilmay, qalamni ushlab, o‘ylanib qoldi.

Shoirlar she’ru dostonlar yozishga qiynalmaydi-yu, ariza yozishga qiynaladi.

– To‘plamning nomi nima? Shundan boshlang, – dedim.
– Hali, nomini o‘ylamagan edim.

Siz sarbastchi shoirlarni, modernchilarni yaxshi ko‘rasiz-a, “Yulduzlar tabassumi” deb qo‘ysangiz nima bo‘ladi?

– Mana shu bo‘ladi. Yulduzlar tabassumi. Yaxshi, – dedi-da, o‘rnidan turib, sigaret chiqardi. Cheksa, fikr harakatga keladi.

O‘sha to‘plam bosilib chiqdi. Tilak sarbast she’rlar yozadigan shoirlarni, Yevropa modernchi shoirlari ijodini yaxshi ko‘rar, o‘qirdi. Lekin o‘z she’rlarida mutlaqo ularga ergashmasdi. Mutlaqo deganim uncha to‘g‘ri emasdir. Shaklda sarbast she’rlari bor, faqat shaklda. Mazmunda, ifodada uning she’rlari juda milliy. Tashbehlar ham, qayroqi gaplar ham oddiy, mazmundor, o‘zbekona.

“Yurak” degan she’rida yozadi:

Zahil bo‘lgan qovunday
Ko‘p ham berkinma
mening bag‘rimga
Bu yorug‘ dunyoda
Alamlar berkinar
Armonlar berkinar
Darmonlar berkinar
Sen vatansan bariga,
Axir, vatan qanday
berkinar?
Ko‘p ham berkinma
mening bag‘rimga.

Qancha samimiyat, armon, alam va lutf bor bu misralarda. Hech kim aytmagan gaplar.

Hech kim Tilakni isyonkor shoir deb o‘ylamagan. Lekin, uning bir qancha she’rlarida isyonkor ruh chaqnab turadi. Masalan, “Atirgulning shoxin qayirib” deb boshlanadigan she’rida bunday misralar bor:

Men ko‘ksimda
armonni emas,
Ko‘tarmog‘im kerak isyonni…

“Ona niyati” she’rida bunday yozadi:

Ot choptirib chiqding uyingdan,
Ot choptirib qaytgin, ilohim,
Qo‘lingdagi jiloving kabi
Erking bo‘lsin o‘zingda doim.

0_1549fe_91d6ac67_orig.pngTilak Jo‘raning she’rlari o‘ziga xos. Xalq qo‘shiqlari yo‘lida yozgan she’rlari ham, sarbast shaklidagi she’rlari ham o‘zbekona ruhda. Buloq suviday tiniq. Fikr, mazmun aniq. Lekin sodda va teran ma’noga egadir. 1994 yil oktyabr oyida shoir Miraziz A’zam bilan Istanbulga, Fuzuliy tavalludining besh yuz yilligiga bag‘ishlangan tantanalarda ishtirok etish uchun bordik. Men Turkiyaga birinchi borishim edi. Bunga ham Tilak Jo‘ra sabab bo‘ldi. “Unda Tilak Jo‘ra yo‘q edi-ku. Olamdan o‘tgan edi. Qanday yordam berishi mumkin?” dersiz. Ha, azizlar, yaxshi odam o‘limidan keyin ham yaxshilik qilishi mumkin. Gap shundaki, Istanbuldagi anjumanga taklifnomaning biriga Tilak Jo‘ra nomi yozilgan edi. Ular Tilak Jo‘raning vafot etganidan bexabar bo‘lishsa kerak.

Tilak Jo‘ra o‘rniga men bordim. Bizni kutib olgan Husayn O‘zboy bilan Ali Oqbosh Tilak Jo‘rani so‘rashdi. Biz uning bevaqt vafot etganini aytdik. Ular ko‘p afsuslanishdi. Tilak bilan uchrashganlari, suhbatlarini eslashdi. Uch kunlik ilmiy kengashdan keyin bizni Turkiya bo‘ylab sayohat qildirishdi. Istanbul, Anqara, Bursa, Ko‘nyo, Balikesar kabi olti viloyatga bordik. U yerdagi hayot, yozuvchilar, noshirlar bilan tanishdik. Osori atiqalarni, ajoyib manzaralarni ko‘rdik. Tilak qancha orzular bilan yashardi. Turk shoirlari she’rlarini tarjima qilganda, Nozim Hikmat ijodi ustida tadqiqot olib borganda necha marta xayolan Turkiyaga borgan ekan: dengizlar, kemalar, saroylarni ko‘z oldiga keltirgan ekan. Bu ham uning qalbida armon bo‘lib ketdi.

* * *

Yana bir voqea esimdan chiqibdi. Tilak Jo‘raning uyi yonib ketibdi. Men Toshkentda yo‘q edim, kelgan kunim eshitdim. Raufmi, Shavkatmi, bittasi aytdi. Hozir aniq esimda yo‘q. O‘sha kuni Sag‘bondagi hovlisiga bordim. Yaxshi odamning hamkorlari ko‘p. Hamma unga yomon kunda yordam bergisi keladi. Uning do‘stlari o‘zi kabi shoirlar, talabalar edi. O‘shanda ham turmushi judayam farovon emasdi. Shoir bilan talabaning esa moddiy ahvoli yomon. Qanday yordam berishi mumkin?! Uy qurib berishga mablag‘ yetmasdi. Lekin hamma nima bilandir yordam berishni istar, hamdardlik bildirardi. Boloxona kuygan edi. Men borganimda ko‘plashib, ancha tartibga keltirishgan ekan. Tilak Jo‘ra odatdagiday quvnoq, yong‘in haqida gapirib, askiya qildi. Xudo yorlaqab, Al-Xorazmiy mavzesidan Tilak Jo‘raga yangi qurilgan uydan joy berishibdi. Ular ko‘chib borishdi. Men ham ularga qo‘shni uyga ko‘chib o‘tdim. Har kuni, kunora ko‘rishar, dardlashib, suhbatlashardik. Ko‘p o‘tmay men u yerdan ko‘chib ketdim. Anchadan keyin Tilakning kasal bo‘lib shifoxonaga tushganini eshitdim. Yangi ToshMI shifoxonasida ekan. Borib xabar oldim. Rangi-ro‘yi tuzuk, lekin xastaligi bilinib turardi. Keyingi borganlarimda o‘g‘li Orifni ko‘rdim. Otasidan xabar olib turarkan, baraka topkur. Lekin Tilak Jo‘ra ozib ketibdi. “Umid­larning etagiga osildim” degan o‘sha she’rini yana esladim. Xudo shifo beraman desa, hech gap emas. Kasal bo‘lgan odam o‘laveradimi, degan xayol ko‘nglimdan o‘tdi. Keyin “Tilak kasalxonadan chiqibdi: qishlog‘iga ketganmish” degan xabarni eshitib, rosti, bezovta xayolim taskin topganday bo‘ldi. Ammo bu uning qishlog‘iga oxirgi safari ekan. Ko‘ng­limda xotiralarim ko‘p. Tilak bilan uchrashgan, so‘zlashgan har kun haqida bir kitob yozsam arziydi. U mening ukam, do‘stim, rahnamom edi. Do‘stlarim ko‘p. Mard, sadoqatli… Lekin Tilakday ko‘ngli ham, qo‘li ham ochiq, o‘zi kambag‘al bo‘lsa ham, saxovatga boy, tanti odam dunyoda bo‘lmasa kerak.

Maqola muallifi haqida: Ma’ruf Jalil 1936 yili tug‘ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ni tamomlagan.  “Men sizni sevardim”, “Rahmat, odamlar” (1970), “Seni o‘ylab” (1973), “Notanish yo‘llar” (1975), “Qo‘shiq ishtiyoqi” (1979), “Men suv ichgan daryolar” (1981), “Parizodam” (1984), “Daryoni izlar shamol” (1987), “Baxtimga sen borsan” (1989), “Saylanma” kabi she’riy kitoblari chop etilgan. 2004 yili Toshkent shahrida vafot etgan.

022

(Tashriflar: umumiy 722, bugungi 1)

Izoh qoldiring