Dilorom Abdurahmon. She’rlar

03   Бугунги саҳифамизда “Кўнгил шафақлари”, “Таҳаюл тонги”, “Ишқ ёмғири” шеърий тўпламлар муаллифи, шоира Дилором Абдураҳмоннинг янги шеърларини сизга тақдим этмоқдамиз.

Дилором АБДУРАҲМОН
ШЕЪРЛАР
034

07Дилором Абдураҳмон (Муротова Дилором Абдураҳмоновна) 1963 йилнинг 8 декабрида Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 1981-1986-йилларда Тошкент Политехника институтидв (ҳозирги ТДТУ) таҳсил олган.
“Кўнгил шафақлари”(2001), “Таҳаюл тонги” (2006), “Ишқ ёмғири” (2012) каби шеърий китоблари, “Настарин бутаси”(2018), “Мангу ҳаёт афсонаси” (2019) номли таржима тўпламлари чоп этилган. Шунингдек, Константин Паустовсий, Александр Куприн, Марина Цветаева, Анна Ахматова, Александр Блок, Габриэла Мистрал, Иван Франко каби машҳур ёзувчи ва шоирлар асарларини таржима қилган.

* * *

Тун қалбим йўлининг сирли давоми,
Дунёмас, дунёда сирлар аълодир.
Воҳ, ажаб вужудим, жоним титроқда,
Руҳимда инграган сирли наводир.

Тун қалбим йўлининг дардли давоми,
Дардим Ишк, дардимга ишқинг даводир.
Руҳимда бир олам чайқалур ё Раб,
Ёпинчин йўқотган Момо Ҳаводир.

Тун қалбим йўлининг мунгли давоми,
Маюс нигоҳларинг ишқдан садодир.
Гирёна кезурман, ҳайрон кезурман,
Остонанг пойида бир мен гадоми?

Тун қалбим йўлининг нурли давоми.
Олам ёруғлиги ишқий қабодир.
Назаринг нурига еткур мани ҳам,
Йўқса икки жаҳоним зим-зиёдир. . .

* * *

Ўкинма азизим, қара боғларни
Гулларга тўлдириб келмоқда баҳор.
Муаттар бўйларда ишқдай ифорли
Сенга тутолмаган соғинчларим бор,
Соғинган дилимда ўтинчларим бор.

Ғунчалар баргида сирли шивирлар,
Висол оҳангларин этмоқда такрор.
Кўксингга бош қўйиб, дилдай тўкилиб,
Сенга айтолмаган соғинчларим бор,
Соғинган дилимда ўтинчларим бор.

Ҳижрондан сачради осмон бағрига.
Камалак аталмиш энг қадимий тор.
Ишқ торининг сирли нолаларида,
Сенга тўколмаган соғинчларим бор,
Соғинган дилимда ўтинчларим бор.

Турналар тизилиб кўкнинг юзида,
Ишқий сураларни этмоқда такрор.
Дилкашим дилимда дилгир, дилобар,
Сенга айтолмаган соғинчларим бор,
Соғинган дилимда ўтинчларим бор.

* * *

Юр, азизим, мен-ла дил чорлаганда,
Яшинлар қаҳрини ютиб кўрайлик.
Яқин, ҳу боғларнинг мўъжаз бағрида,
Юпун дарахтларни кийинтирайлик.

қулоқ тут руҳингнинг маконларида
Унутли оятлар тикланаяпди.
Унсиз тебранмоқда маҳсун дарахтлар,
Негадир уларни қучгим келяпди.

Дарахтлар, гўёки сирли меҳмондай,
Туташ дунёлардан ташриф буюрган.
Бир кун кетарманму улар томонга?
Балким, япроқ бўлиб менам қайтарман.

Юргин, дарахтларни кийинтирайлик…

* * *

Дунё боғи гулга тўлди.
Тупроқларда гуллаб бўлди.
Эй гул фаслин гуландоми,
Гулобингни сузиб бергил.

Осмон недандан ўзиб кетди.
Вайрон кўнглим бузиб кетди.
Дил қасрининг дилороми
Азобингни тизиб бергил.

Камонингдан сачраган чўғ,
Юрагимга қадалган ўқ.
Куйиб ётган жаҳонимнинг
Сувратини чизиб бергил.

Тилга кирар қадим Ҳайрат.
Гапир жоним, яна сўз айт.
Ўзинг қайтар ҳаётга. Ё
Жон риштасин узиб бергин.

Осмон кўкдан ўзиб кетди. . .

* * *

Севгилим,
энг гўзал, энг мовий хаёлларимдан,
дилдаги дард тўла армонларимдан,
тушларим — қўл етмас осмонларимдан,
термилиб тураверасан.
Севгилим,
бағримда бир интиқ адолар куйик,
соғинчдан, ўкинчли нидолар куйик,
кўнгил, дил кўкида ҳаволар куйик,
сен кулиб тураверасан.
Севгининг қўл етмас дунёларидан,
ҳажрнинг ишқ тўла ёр-ёрларидан,
муҳаббатнинг ҳазон баҳорларидан,
термилиб тураверасан.
Ҳижрон майлари талх, ичиб, кетмасман,
турналар куйида учиб кетмасман.
Севгилим, мен Сендан кечиб кетмасман,
Сен кулиб тураверасан.
Севгилим…

* * *

Хаёлларнинг сувратини чизиб берайми,
Соғинчларим дил жомига сузиб берайми,
Армонларинг ичра ойдек кезиб юрайми,
Найлай, сени армонларга бергим келмайди.

Дунёларни тор демагил, вайрона дема,
Ва ё ғариб, бағри чил-чил, садпора дема,
Ёлғиз жоним жаҳонингда оввора дема,
Найлай, сени жаҳонларга бергим келмайди.

Армонларнинг сарҳади йўқ, ета олмайсан,
Улар сирли, ва ё кечиб кета олмайсан,
Тушларингда қўлларимдан тута олмайсан,
Найлай, сени оқшомларга бергим келмайди.

ғариб дилга сенинг ишқинг паноҳ бўлдими,
Менинг ишқим осмонларда бир оҳ бўлдими,
Ўшал оҳлар бу дунёда гуноҳ бўлдими,
Найлай, сени осмонларга бергим келмайди,
гуноҳларга,
гумроҳларга бергим келмайди.

* * *

Турналар қайтарми мовий кўклардан,
Феруза самодан тушларим каби.
Соғиниб топарман бинафша атрин,
Бағримга босаман гулбарги намли.

Армоннинг, умидли хаёлларидек
Ёмғир томчилари маюс туйилар.
Азизим, сен яна йиғлаяпсанми,
Кўнгилга гумонли ўйлар қуйилар.

Турналар қўшиғи арғимчоқ солган,
Осмонларнинг бағри тўла гул бўлди.
Кўрганим туш бўлди, кунларим олис,
Сенга элтар хаёлларим ҳур бўлди.
– Нега?, –
дегансайин чайқалар осмон,
Турналар қайтаётир мовий кўклардан …

* * *

Кўнгилда
гўянда
бир телба оҳанг,
ҳижрон пардасини тутиб йиғлайди.
Дардлар куяётир
ёлғиз
пиёда,
яшин урган дарахтдек
отли дунёда.
Шомнинг қизи шам тортар
Пиликларига,
бинафшалар кўк кияр
киприкларимда
О, азизим,
сен яна йиғлаяпсанми?..

Хайрлашув

Хаёлларимни,
тушларимни,
соғинчларимни чайиб, поклаётган
денгиз бўйларида қолаётирман.
Томчиларда маюс,
маҳзун милтиллаётган
илтижоли нигоҳларингни
кўзларимга суриб,
сени чорлаётган манзилларни
дуо қиламан.
Азизим,
энди боравергин,
мени қарғама. . .

* * *

Ўтаётган кунларнинг рангига ўралиб,
умр билан қилдим муроса.
Кўнгил эса ўзга оҳангда,
армон рангида,
дунё билан қилмас муроса.
Сўнг ,
бокиралик рамзига айланган осмонга
кўнгилни ёйиб кўраман,
муҳрланиб туради соғинч
ойнинг соясида,
ишқнинг рангида. . .
Мен яна муқаддас қадамжога
айлантиравераман хаёлингни
Тушларимга киргин севгилим. . .

* * *

Ибодатга чорлаб, таралганида,
Муаззиннинг бедор дардли хониши,
Танангга инади маъсум бир титроқ,
Ҳам унинг бағрида руҳ уйғониши.

Нигоҳинг уфқда, ажиб тўйиниш,
Бир сирли нотинчлик, шом тушиб келар.
Гўё дунё айланар кичик манзилга,
Олам тораяди, дилинг кенгаяр.

Сен турган эътиқод майдон саҳнида,
Оҳиратни соғиниб қоласан ногоҳ.
Гумонсиз эътиқод ичра йиғлайсан,
Ўзингда ўзингни қиласан огоҳ.

қалбинг нидосига туташиб кетар,
Баъзан тушларингнинг сирли товуши.
Ишқий сураларда келар бир ихлос,
Кўкдаги ой эмас, Нуҳнинг ковуши.

Ё Раб, қалб тубида муҳтожлик недур? –
Ки, васлинг йўлида дил таскинталаб.
Осмонни уйғотар шомнинг азони,
Даҳрий дуогўй ҳам бир дуоталаб.

Мозийнинг бағрида тинганмас бирпас,
Муаззинлар пирин кўҳна хониши. . .

* * *

Энг тоза,
энг пок
макон бўлди хаёлинг
бошим ургали
ё, пешонамни қўйгали
бу дунёнинг майдонларида.
Оқиб келаман беҳол
таъбиргоҳга ташна тушлардек,
ажаб, сирли соғинчни туяди кўнгил.
Ва яна қайтиб кетоламан ҳам
гўё тўфон олдидан сокин чайқалаётган
дунёнинг у кўҳна денгизларига.
Ёмғирлар адо қилган
булутнинг чокин ямаб,
ҳам чақмоқлар чақиб ётган
осмонларнинг бағрига
қайтоламан яна. . .
Айтгил, азизим
бундайин қудратни қайдан олгансан,
ё, кўксингга яширинганми
Момоҳаво излаган сирли бир нафас? . .

* * *

Маюслигим, кимимсан менинг. . .
Фароғат Камол

Маюслигим кимимсан менинг,
Онам алласида қонимга томган,
Ҳам руҳи равоним жонимга томган,
Ватандай саҳару, шомимга томган,
Ишқмисан, муҳаббатмисан?

Маюслигим кимимсан менинг,
Дилда куйиб ётган қуёшиммисан,
Сабрлар тиғида бардошиммисан,
Ё дилкаш дўстимнинг кўз ёшимисан,
Армон рангли хилқатмисан?

Маюслигим кимимсан менинг,
Ёлғон дунёларга бегоналигим,
Жон ичра толош-у, овворалигим
Яширган сиримми, ошкоралигим,
Кўнгилдаги ҳақиқатмисан?

Маюслигим кимимсан менинг,
Бири кам дунёда бир камиммисан,
Ҳамдамим, дилкашим, дил сириммисан,
Ҳижронга отилган айт кўнглиммисан,
Дилда уйғоқ муножатмисан?

Ёр нигоҳи жоним олиб бородир,
Жонимга титроқлар солиб бородир.
Ҳижронинг ўтида ёниб бородир,
Дарду-азал, беададмисан,
Маюслигим кимимсан . . .

* * *

Қабристон юзида кўм-кўк майсалар,
Киприкдайин маъсум, маюс тизилган.
Баргларнинг учида шабнам томчилар,
Кўз ёшидай мунгли, ғамгин сизилган.

Термиламан қадим, кўҳна қабристон,
қалб уйида нотинч бир оҳ титранар.
Бунда мангу уйғоқ сокин фалсафа,
Дилга оқаверар, руҳинг тебранар.

Юракнинг кафтида бир ҳовуч тупроқ,
Уқтириб туради ҳаққирост йўлни.
Огоҳ этиб, ёдга солади доим,
Даҳрда чин вафодор дўстни-ўлимни.

Торлик қилар гўё кенг, ёруғ олам,
Ҳар не борки бари ғариб, ночордай.
Лек, осмон бағрида илоҳий соғинч,
Имлайди васлига дилрабо ёрдай.

қалбда зикру-ёдинг такрор ба такрор,
Дийдор илинжида ювинар кўнгил.
Киприкларим юмиб очсам азиз Ёр,
Басират аҳлининг тушларин бергил.

* * *

Кўнгил ҳажр бошининг ғам шомига айланди,
Жисмим ишқ харобасин тупроғига айланди,
Ёрнинг мунис акси жон титроғига жойланди,
Васли омонат экан, ҳижронини бер менга.

Айрилиқ дилгир этмиш, ҳажрида ўлдир мени,
Ишқ шомининг жодули мавжида ўлдир мени,
Ё, ҳижрон балосининг авжида ўлдир мени,
О, Тангрим ишқ ғамининг карвонини бер менга.

Ёр кипригинг яширган кўз ёшингга ёлбордим,
Ялдо туни адашган қуёшига ёлбордим,
Ҳажр ўтининг адоғи, ҳам бошига ёлбордим,
Ишқ пардасин дард тўла нолонини бер менга.

Сен, эй кўҳна афтода, дилигирён дарбадар,
Ишқ шаҳрида адашган, энг қадимий қаландар,
Кел энди остонамга, бу жонимни берай ол,
Ишқ элининг энг мунгли армонини бер менга

* * *

… илғаб олинмаган алоқадорлик.
Ф.К.

Кўнглинг тубидаги сирли мулоқот,
Кегайяверади англаган сайин.
Давом этаверар дилдаги майин,
Нотинч алоқалар бир пас тинмайин.

Кўнгил тилидаги алоқадорлик
Ҳали англанмаган сирга ўхшайди.
Уларда сенингсиз, ҳам рухсатингсиз,
Ажаб дунёлар-ла руҳинг яшайди.

…Азизим кўнглингга қулоқ тутиб тур…

ТУШ

Менда уйғоқ тунлар бағрида,
Юлдузларни бир-бир суйгайман.
Ойнинг ойдин ул ярқираган ,
қайиғида бирга сузгайман.

Осмон ажиб, сирли , бепоён,
Кенгликларга бағрим ургайман,
қай шарпалар сочим тўзғитар,
Ёғдуларда тараб олгайман.

Сочим ёнар, таралар ёғду,
Юлдузларга ўхшаб кулгайман
Юзларимни силар аллаким,
У ким ўзи, сен деёлмайман.

Ёмғир суви қуйилар секин,
Ёнаётган бағрим ювгайман.
Яхлаётган, муз қотган танга,
Гумонлардан куйлак кийгайман.

Томаётган ёмғир сувимас,
Сенинг кўз ёшларинг англайман.
қайлардасан, юлдуззорда ҳам,
Сенсиз ёлғиз, титраб , музлайман.

Сокин тунда, ёмғирли тунда,
Йўқотганман, ҳа тополмайман.
Мунгли, ҳазин бир наво ичра,
Банди руҳим озод айлайман.

* * *

Қорайди шом тинди қушлар,
Дарахтлар хам кўрар тушлар.
Оқшом чоғи сой тўлқини ,
Мажнунтолнинг кўнглин хушлар.

Оқшом чоғи сой тўлқини,
Жимир-жимир гоҳ қалқиниб,
Сўйлайверар, сўйлайверар,
Сирли эртаклар талқинин.

Оқ қуш ухлар сув бўйида,
Булоқ қайнар ёр куйида.
Тебранади бўм-бўш қайиқ,
Жилолмайди ҳеч жойидан.

* * *

Қадамларим пойлар гоҳо,
Кунлар сўрар изларимни.
Кеч тушгунча соғинаман,
Армонларнинг кўзларини.

Номозшомгул баргларидан,
Шомнинг сеҳри сирғалади.
Шафақнинг ол тўлқинига,
қуёш беҳол думалади.

Теракларнинг шохларида,
Турналарнинг арғимчоғи.
ғира-шира тун бағрига,
Сингиб қайтар кўнгил доғи.

Бошим қўйиб энтикаман,
Туннинг сокин, кенг кўксига.
Ўшал Ёрнинг ҳижронида,
қайғурсам гар сен ўксима.

* * *

Тортқилаб кўнгилнинг чокларин сим-сим,
Матлабинг не эрур, сўзла муғанний?
Парвардигор берган телба дил билан,
Жунун саҳросини бузган ишқ қани?

Тирмашур, ситилиб жисму-жонимға,
Латиф садоларнинг илкида не ғам?
Бу дардни авайлаб фано даҳрида ,
Муз қотган мен эмас, кўздаги шабнам.

Сабр қатларида сақланур додлар,
Тегма додимғаким, куяр саҳролар.
Дарду-армонимни ёпган румолим,
Тушмагай, этмангиз забун наволар.

Тақдир карвонида бу яна не ғам?
Мағлуб қилмағайсан, ушбу тонг ҳай-ҳот!
Ёлбориб куйларнинг афсуни аро,
Муғанний, бўзлаган сенми, ё мен айт?..

Ибодат

Дунё, очиқ қолган кўҳна бағрингдан
Термилган нигоҳлар дилим ичади.
Сирли мулоқатлар, кўнгил тубида,
Тавба-тазаррулар махфий кечади.

Умр ўтаётган карвон ортидан,
Йўлдан адашганлар бўзлаб турибди.
Муслима юлдузлар соҳир самода
Оятларни такрор сўзлаб турибди.

Умринг дарахтини тебратар беун,
Даҳр оламига бегона руҳинг.
қалбингда дунёвий ғуборлар бўлса,
Тумандай тарқалмас ғаму-андуҳининг.

Бир кунда беш буюк алмашиниш ҳақ,*
Жўр бўлгин оламнинг ибодатига.
Руҳингдан нур тилаб қалбингни чорла,
Роббим ато этган мулоқатига.

• Коинотда бир суткада бешта алмашиниш бўлар экан. Алмашининиш вақти мусулмонларнинг беш вақт номозининг кириш вақтига тўғри келар экан.
«Сирли олам» журналидан

* * *

Муҳиба опамга

Опа,
Келинг қўшиқ айтамиз,
Кўнгилда бир дилобар яшар,
Париларга силатмас сочин,
Ўлтирибди,
Юзлари нурли,
Ажаб,
Тилсим — сукунли,
Ё Рабб,
асрагил Уни!!!

Опа,
Келинг қўшиқ айтамиз,
Энг қадимий нағмакаш созин,
Созлаб чертаётган
Ойни чақириб,
Унинг нағмасида
Бир соғинч яшар
Тўлғизиб олгали
Бўшаб қолган кўзлар косасин.

Опа,
Келинг қўшиқ айтамиз,
Унут қабрларда шабнамлар чўккан
Майсалар шивирин
қўшиб айтамиз.
қабртошнинг битикларида
Энг қадимий томчилар яшар
Тўлғизиб олгали
Бўшаб бораётган кўзлар косасин.

Опа,
Келинг қўшиқ айтамиз,
Турналарнинг арғимчоғи
Узилиб кетди. Яна
Кўҳна минорларнинг ёзувларида.
Синиқ жомлар кўнгилга ботди,
Ботди-ей,
Шомдай сирли таҳайюл
Манзилларида
Таҳайюлнинг дардли манзилларида
Бир макон бор,
Поклаб олгали Кўнгил уйини.

Опа,
Келинг қўшиқ айтамиз,
Ҳижрон боғларида унган гул каби,
Бир ажаб,
воҳ ажаб шу маконга келдик.
Дайр Пири уйғоқ,
субҳидам,
Таҳоратга сув тутар гўё,
Майсаларнинг баргида шабнам,
Унга бир маҳраму,
Меҳмонга келдик.

Опа,
Келинг қўшиқ айтамиз.

* * *

Айланмоқда сершовқин олам,
Бир нарсага улгурмоқ мушкул.
Осмонларда қолган армоним,
Бугун яна ёдимга тушдинг.

Куни бўйи тинмай, шитирлаб.
Гул баргини ювди ёмғирлар,
Кўнгил каби чайқалар осмон,
Дақиқалар умринг ғалвирлар.

қуёш оғди ботгали, яна
Уфқ куяр ғариб хаёлдек.
Деразага михланган парда,
Уй, рўзғорга банди аёлдек.

Айланади тегрангда беун
Ёзилмаган сирли мезондан.
Дил рангини излар мусаввир,
Олам ичра қадим замондан.

… яна ёдимга тушдинг…

* * *

Бу тун ёмон бўлса…
Усмон Азим

. . .Кунларнинг занжири
руҳингни боғлар,
кимгадир жилмайиб, берасан салом.

Жисмингнинг кундузги
йўлакларида
хориган кўзойнакни ечади оқшом.

Сен кириб келасан
кулбам тўлдириб,
дунёни аллалар сирли наволар.

Мен сархуш
шу туннинг майхонасида,
руҳимга кирурлар момоҳаволар.

«Бу тун ёмон бўлса,
сени
соғинармидим?..»
ҳижронлар бағрида овунармидим?

Бу тун ёмон бўлса, кўролармидим,
гўзал тушлар,
мовий тушлар,
афзалроқ тушлар
кундузги кечмишларимдан?

* * *

. . .Оқшом чоғи музлади
Сув юзига тўкилган
Мажнунтолнинг эртаги.

Ой кўринмас осмонда.
қиров тушган ҳар ёнга.
Дарахтзор ухлар карахт.

қалин қорлар қоплаган
қоялар орасида
Айиқлар туш кўради.

Туман ичра вазмин тун.
Гўё борлиқ олар тин,
Кимдир уйғоқ юради.

Оппоқ туман тарқалар.
Сув юзида уйғонар ,
Мажнунтолнинг эртаги.

Кунларнинг ёруғида
Деразангга чизилган
Яхлар эрийди секин.

Юрагингда музлаган
Азалий ишқий армон
Япроқ ёзади секин.

Дарз кетар азал музлик.
Аллалайди ёлғизлик,
Маконингга сиғмайсан.

Ёмғир ёғиб ўтади,
Умидвор қучоғингга
қизғалдоқлар тўкилар. . .

Сурхон эртаги

Термиламан кенгликлар ҳеч ҳам алданмас.
Тўп-тўп оппоқ булутлар осмон саҳнида .

Хаёлимда бир мунгли карвон суврати,
Туялар ҳансирайди тоғлар аксида.

қаноти ёйиқ бургут, парвози баланд.
Шамол хуштак чалади саҳро рақсида.

Ўт- ўланлар сарғайса қирлар бағрида,
қуруқ ёнтоқ думалар тақдир қасдида.

Кўкламнинг умри қисқа, бойчечагим-а,
Ў. . . умр не — бир томчи шабнам аслида.

Шабнамлар титроғида тўлғонган афсун.
Тоғларга боқ кўп ҳикмат тоғлар кўксида.

Узун-узун узоқ йўл, олис йўлим-а.
Иккимиз кўп сирлашдик сирлар асрида?

Кўз ёшларим топинган холис йўлим-а,
Меҳр қайда? –Меҳр ҳу-у-. . . вафо қасрида.

* * *

Ватан ранги сингиб борар қароғимга ,
Тоғу-тошдан жавоб топдим сўроғимга.
Дилимдаги армонларим бут бўлгай-му,
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

Дарёларни қумсаб кўнглим бўзлайверар.
қалдирғочлар кўшиғини излайверар.
Кўкламларда бойчечекдек кулиб турган
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

Зилол сувлар, чашмаларнинг кўз-кўзидек,
Бахмал гулли бинафшанинг гул юзидек,
Янги тушган келинчакнинг ҳур сўзидек,
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

Дилимдаги дилга яқин наволарим,
Ривоятлар сўзлаб турган момоларим,
Кўксимдаги кенгликларим, самоларим,
Бир баҳорий насим бўлсам Сурхонимга.

* * *

Дарахтзор туш кўрмоқда,
Туннинг бағри сўкилди.
Уйғон,уйғон дарахтзор,
Япроқларинг тўкилди.

Бир тўп карахт булутлар
қўзғалар тун саҳнида.
Тун қушлари қичқирар,
қоронғилик ваҳмида.

Ялмоғиз тун эринмай,
қуюқ сочин тарайди.
Шом пуркаган туманлар,
Тун ярмида қорайди.

Чақмоқларнинг рангидан,
Янги эртак тўқилар.
Оқшом афсоналари,
Тонгга келиб қоқилар. . .

Дунё қўшиғи

Руҳнингким дардини дилга сингдирдим,
Дилимга бу олам тор келмасмикин ?
Икки юзламачи дунёларида,
Ул ғариб умр-да хор келмасмикин ?

Бир қатра меҳрга зор бўлган кунлар,
Болалик дамларни соғиндим ота.
Эгилиб боролмам, бошим силанг, деб,
Пешонам ёриғи ўзидан катта.

Атрофимни чоҳлар босиб ётганда,
Билмадим, дўстим ким, ва ё ғанимни.
Бир бор қучинг, деёлмайман онажон,
Беланчакка сиғмай қолган танимни.

Кўзларимда Момоҳаво армони,
Буюк қадар Ҳақ Тангрининг ишидир.
Тушларимни кўпроқ севдим хушимдан,
Балки улар бу дунёнинг тушидир. . .

ШАФАҚ

1

Армоним,
қалбимнинг туб-тубидаги
дардли армоним
ёрилди,
дош беролмай вақт гирдобига.
Бўялди
осмоним,
кўнгил осмоним
армонимнинг қизил-олов рангига.
Тикила-тикила кўзим тинарди,
. . . бир товушдан, ўзимга келдим,
бир сирли овоздан,
армонлар товушига ўхшаш овоздан.
У ўхшар эди,
олисларга кетаётган турналар овозига. . .

11.

Бугун ҳам сени қуёш етаклаб кетди.
Мен ожиз ҳар галгидек қолдим термилиб,
суянганча ҳуу, ўша теракларга,
уйимиз орқасидаги. . .
Сен бир пас ёйиб олдинг
ол румолингни, олов румолингни
Регистоннинг минорларига.
Гўё мени овутмоқ бўлдинг бу гал ҳам.
Лекин, бундай қилолмайсан-ку,
олиб кетгин румолингни,
эрта тонгда бош яланг чиқолмайсан-ку!
Румолинг тегиб ўтган шу минорларга
Ҳавасим келар менинг. . .

* * *

… қани, кафтингни чўз,
фол очиб қўяй.”

Баҳром Рўзимуҳаммад

I
. . . Кўзингнинг бир тарафин
қисиб оласан,
кўрмаслик учун
чап томондагиларни.
Ўсиб кетади ўша кўзинг устидаги қошларинг.
Остидан тиш чиқа бошлар
охирги чап беришда
қўйдирган сунъий тишларингнинг.
Куракларинг тагидан кўкариб чиқа бошлар
бир нарса
қанотга ўхшаш.
Энди ўзгартириб чиқишинг керак
ҳамма кийимларингнинг
андозасини.
Йўқса ялонғоч қолиб кетасан. . .

II

. . . Деразанг тагида болалайди Армон.
Сен уларни топшириб келасан
болалар уйига.
Ўша уйнинг пештоқида
«Армон болалари осмон бўлади» —
деган ёзув бор,
энг қадимий ёзув,
кўнгил қони билан битилган ёзув,
умринг бўйи тушларингга
сарлавҳа бўлғучи ёзув. . .

III

Бир куни уйғонасан,
сочларинг ўсиб кетган,
кўнглинг бўм-бўш дунё каби.
Ниманидир излайсан,
тополмайсан исмингни ҳам
танимайсан дунёни ҳам.
Кутилмаган бир шовқин
кела бошлар ёпирилиб,
деразанг қарсиллаб синиб кетади.

Даҳшат иси уфурар,
сезмай қоласан ҳатто
кўксинг яросини ҳам.
Жон оғриғи оғир, ачишаётган
кўксингни сийпалаб кўрасан,
Бир четига санчилган кўнгил парчаси
Йўқотган ўзингни топа бошлайсан,
нигоҳинг туташгач
дил кўзгусига.

Гўё йўқотгандинг борлиғинг ёрдек
ёдингга тушганча ташиётганинг
САБАБ ҚОЯСИНИНГ ушоғларини . . .

* * *

Соғинчнинг ёшлари яланғоч,
куйиш, куйинишлар ялангоёқдир.
Бу нечук саҳроким,савдойи кабир,
адоғи қаёнда, боши қаёқдир?
Бугун юрагимнинг дардли қатидан,
мунгли бўлагидан олиб бирма-бир,
азал мезонига баробар қўйсанг,
қадим бир савдойи оҳанг тикланур.
Бир карвон борадур,
саҳро ёнадур.
Карвонга эргашиб, кўзим тинадур.
Баъзида дунёдан,
дунёларидан
кўнгил-да қоладур,
кўнгил қоладур.
Кўнгилнинг суйгани қайдадур?
Хаёллар дилимни найлади?
Карвонларнинг туёқ изидан,
ирим учун шароб ичодур,
недан кечодур?
Баридан кечибон,
ишқда куярман,
Куйиш, куйинишлар ичра суярман . . .

* * *

Дилимдаги, дилни билмас меҳмонмиди,
Тушларимда уйғоқ мунис армонмиди,
Осмонлардан тилаб олган осмонмиди,
Нигоҳинг?. .

Нечун мени тўсиб қўяр дунёлардан,
Зулмат каби ҳайдар гоҳо зиёлардан,
Халос этар баъзан озод балолардан,
Нигоҳинг. . .

Нетай, руҳнинг дардига мангу асирман,
Атиргул кўзиларида музлаган сирман,
Малаклар мужгонида асралгандирман,
Нигоҳинг. . .

* * *

Уфқнинг лаби қизил
Рўзғоридан қайтган қизининг
хиёнатин яширмоқчи
бўлган аёлдек.
Ота эса тун бўйи
аравакашлик қилар
Тарқаб кетган бозорнинг
Супурилмаган жойида. . .

* * *

Бўлса ҳамки кўшки баланд кошонанг,
Пештоқи зардану, олтин остонанг,
Дўсту ёрлар ила тўлсада хонанг,
Кўнглингга муносиб кўнгил бўлмаса,
Барибир ғарибсан, ғарибсан, эй дил.

Савлатинг ярашса катта майдонга,
Довруғинг таралса жумла жаҳонга,
қўлларинг узатсанг етса осмонга,
Кўнглингга муносиб кўнгил бўлмаса,
Барибир ғарибсан, ғарибсан, эй дил.

Пойингга бош уриб, эгилса гуллар,
Куйларингдан эриб кетсада диллар,
Сенингчун кўксида бўлсада қўллар,
Кўнглингга муносиб кўнгил бўлмаса,
Барибир ғарибсан, ғарибсан, эй дил.

Ёнингда ўлтириб гўзал қаламқош,
Сузиб берса олтин косаларда ош,
Кую-ғазал ила бўлсада йўлдош,
Кўнглингга муносиб кўнгил бўлмаса,
Барибир ғарибсан, ғарибсан, эй дил.

Кўкламни хуш кўриб кўнглим боғ дединг,
Юзингда табассум вақтим чоғ дединг,
Мардлар даврасида кўксим тоғ дединг,
Кўнглингга муносиб кўнгил бўлмаса,
Барибир ғарибсан, ғарибсан, эй дил.

 09Bugungi sahifamizda “Ko’ngil shafaqlari”, “Tahayul tongi”, “Ishq yomg’iri” she’riy to’plamlar muallifi, shoira Dilorom Abdurahmonning yangi she’rlarini sizga taqdim etmoqdamiz.

Dilorom ABDURAHMON
SHE’RLAR
03

Dilorom Abdurahmon (Murotova Dilorom Abdurahmonovna) 1963 yilning 8 dekabrida Samarqand viloyati Jomboy tumanida tug’ilgan. 1981-1986-yillarda Toshkent Politexnika institutidv (hozirgi TDTU) tahsil olgan.
“Ko’ngil shafaqlari”(2001), “Tahayul tongi” (2006), “Ishq yomg’iri” (2012) kabi she’riy kitoblari, “Nastarin butasi”(2018), “Mangu hayot afsonasi” (2019) nomli tarjima to’plamlari chop etilgan. Shuningdek, Konstantin Paustovsiy, Aleksandr Kuprin, Marina Svetayeva, Anna Axmatova, Aleksandr Blok, Gabriela Mistral, Ivan Franko kabi mashhur yozuvchi va shoirlar asarlarini tarjima qilgan.

* * *

Tun qalbim yo’lining sirli davomi,
Dunyomas, dunyoda sirlar a’lodir.
Voh, ajab vujudim, jonim titroqda,
Ruhimda ingragan sirli navodir.

Tun qalbim yo’lining dardli davomi,
Dardim Ishk, dardimga ishqing davodir.
Ruhimda bir olam chayqalur yo Rab,
Yopinchin yo’qotgan Momo Havodir.

Tun qalbim yo’lining mungli davomi,
Mayus nigohlaring ishqdan sadodir.
Giryona kezurman, hayron kezurman,
Ostonang poyida bir men gadomi?

Tun qalbim yo’lining nurli davomi.
Olam yorug’ligi ishqiy qabodir.
Nazaring nuriga yetkur mani ham,
Yo’qsa ikki jahonim zim-ziyodir. . .

* * *
034
O’kinma azizim, qara bog’larni
Gullarga to’ldirib kelmoqda bahor.
Muattar bo’ylarda ishqday iforli
Senga tutolmagan sog’inchlarim bor,
Sog’ingan dilimda o’tinchlarim bor.

G’unchalar bargida sirli shivirlar,
Visol ohanglarin etmoqda takror.
Ko’ksingga bosh qo’yib, dilday to’kilib,
Senga aytolmagan sog’inchlarim bor,
Sog’ingan dilimda o’tinchlarim bor.

Hijrondan sachradi osmon bag’riga.
Kamalak atalmish eng qadimiy tor.
Ishq torining sirli nolalarida,
Senga to’kolmagan sog’inchlarim bor,
Sog’ingan dilimda o’tinchlarim bor.

Turnalar tizilib ko’kning yuzida,
Ishqiy suralarni etmoqda takror.
Dilkashim dilimda dilgir, dilobar,
Senga aytolmagan sog’inchlarim bor,
Sog’ingan dilimda o’tinchlarim bor.

* * *

Yur, azizim, men-la dil chorlaganda,
Yashinlar qahrini yutib ko’raylik.
Yaqin, hu bog’larning mo»jaz bag’rida,
Yupun daraxtlarni kiyintiraylik.

quloq tut ruhingning makonlarida
Unutli oyatlar tiklanayapdi.
Unsiz tebranmoqda mahsun daraxtlar,
Negadir ularni quchgim kelyapdi.

Daraxtlar, go’yoki sirli mehmonday,
Tutash dunyolardan tashrif buyurgan.
Bir kun ketarmanmu ular tomonga?
Balkim, yaproq bo’lib menam qaytarman.

Yurgin, daraxtlarni kiyintiraylik…

* * *

Dunyo bog’i gulga to’ldi.
Tuproqlarda gullab bo’ldi.
Ey gul faslin gulandomi,
Gulobingni suzib bergil.

Osmon nedandan o’zib ketdi.
Vayron ko’nglim buzib ketdi.
Dil qasrining diloromi
Azobingni tizib bergil.

Kamoningdan sachragan cho’g’,
Yuragimga qadalgan o’q.
Kuyib yotgan jahonimning
Suvratini chizib bergil.

Tilga kirar qadim Hayrat.
Gapir jonim, yana so’z ayt.
O’zing qaytar hayotga. Yo
Jon rishtasin uzib bergin.

Osmon ko’kdan o’zib ketdi. . .

* * *

Sevgilim,
eng go’zal, eng moviy xayollarimdan,
dildagi dard to’la armonlarimdan,
tushlarim — qo’l yetmas osmonlarimdan,
termilib turaverasan.
Sevgilim,
bag’rimda bir intiq adolar kuyik,
sog’inchdan, o’kinchli nidolar kuyik,
ko’ngil, dil ko’kida havolar kuyik,
sen kulib turaverasan.
Sevgining qo’l yetmas dunyolaridan,
hajrning ishq to’la yor-yorlaridan,
muhabbatning hazon bahorlaridan,
termilib turaverasan.
Hijron maylari talx, ichib, ketmasman,
turnalar kuyida uchib ketmasman.
Sevgilim, men Sendan kechib ketmasman,
Sen kulib turaverasan.
Sevgilim…

* * *

Xayollarning suvratini chizib beraymi,
Sog’inchlarim dil jomiga suzib beraymi,
Armonlaring ichra oydek kezib yuraymi,
Naylay, seni armonlarga bergim kelmaydi.

Dunyolarni tor demagil, vayrona dema,
Va yo g’arib, bag’ri chil-chil, sadpora dema,
Yolg’iz jonim jahoningda ovvora dema,
Naylay, seni jahonlarga bergim kelmaydi.

Armonlarning sarhadi yo’q, yeta olmaysan,
Ular sirli, va yo kechib keta olmaysan,
Tushlaringda qo’llarimdan tuta olmaysan,
Naylay, seni oqshomlarga bergim kelmaydi.

g’arib dilga sening ishqing panoh bo’ldimi,
Mening ishqim osmonlarda bir oh bo’ldimi,
O’shal ohlar bu dunyoda gunoh bo’ldimi,
Naylay, seni osmonlarga bergim kelmaydi,
gunohlarga,
gumrohlarga bergim kelmaydi.

* * *

Turnalar qaytarmi moviy ko’klardan,
Feruza samodan tushlarim kabi.
Sog’inib toparman binafsha atrin,
Bag’rimga bosaman gulbargi namli.

Armonning, umidli xayollaridek
Yomg’ir tomchilari mayus tuyilar.
Azizim, sen yana yig’layapsanmi,
Ko’ngilga gumonli o’ylar quyilar.

Turnalar qo’shig’i arg’imchoq solgan,
Osmonlarning bag’ri to’la gul bo’ldi.
Ko’rganim tush bo’ldi, kunlarim olis,
Senga eltar xayollarim hur bo’ldi.
– Nega?, –
degansayin chayqalar osmon,
Turnalar qaytayotir moviy ko’klardan …

* * *

Ko’ngilda
go’yanda
bir telba ohang,
hijron pardasini tutib yig’laydi.
Dardlar kuyayotir
yolg’iz
piyoda,
yashin urgan daraxtdek
otli dunyoda.
Shomning qizi sham tortar
Piliklariga,
binafshalar ko’k kiyar
kipriklarimda
O, azizim,
sen yana yig’layapsanmi?..

Xayrlashuv

Xayollarimni,
tushlarimni,
sog’inchlarimni chayib, poklayotgan
dengiz bo’ylarida qolayotirman.
Tomchilarda mayus,
mahzun miltillayotgan
iltijoli nigohlaringni
ko’zlarimga surib,
seni chorlayotgan manzillarni
duo qilaman.
Azizim,
endi boravergin,
meni qarg’ama. . .

* * *

O’tayotgan kunlarning rangiga o’ralib,
umr bilan qildim murosa.
Ko’ngil esa o’zga ohangda,
armon rangida,
dunyo bilan qilmas murosa.
So’ng ,
bokiralik ramziga aylangan osmonga
ko’ngilni yoyib ko’raman,
muhrlanib turadi sog’inch
oyning soyasida,
ishqning rangida. . .
Men yana muqaddas qadamjoga
aylantiraveraman xayolingni
Tushlarimga kirgin sevgilim. . .

* * *

Ibodatga chorlab, taralganida,
Muazzinning bedor dardli xonishi,
Tanangga inadi ma’sum bir titroq,
Ham uning bag’rida ruh uyg’onishi.

Nigohing ufqda, ajib to’yinish,
Bir sirli notinchlik, shom tushib kelar.
Go’yo dunyo aylanar kichik manzilga,
Olam torayadi, diling kengayar.

Sen turgan e’tiqod maydon sahnida,
Ohiratni sog’inib qolasan nogoh.
Gumonsiz e’tiqod ichra yig’laysan,
O’zingda o’zingni qilasan ogoh.

qalbing nidosiga tutashib ketar,
Ba’zan tushlaringning sirli tovushi.
Ishqiy suralarda kelar bir ixlos,
Ko’kdagi oy emas, Nuhning kovushi.

Yo Rab, qalb tubida muhtojlik nedur? –
Ki, vasling yo’lida dil taskintalab.
Osmonni uyg’otar shomning azoni,
Dahriy duogo’y ham bir duotalab.

Moziyning bag’rida tinganmas birpas,
Muazzinlar pirin ko’hna xonishi. . .

* * *

Eng toza,
eng pok
makon bo’ldi xayoling
boshim urgali
yo, peshonamni qo’ygali
bu dunyoning maydonlarida.
Oqib kelaman behol
ta’birgohga tashna tushlardek,
ajab, sirli sog’inchni tuyadi ko’ngil.
Va yana qaytib ketolaman ham
go’yo to’fon oldidan sokin chayqalayotgan
dunyoning u ko’hna dengizlariga.
Yomg’irlar ado qilgan
bulutning chokin yamab,
ham chaqmoqlar chaqib yotgan
osmonlarning bag’riga
qaytolaman yana. . .
Aytgil, azizim
bundayin qudratni qaydan olgansan,
yo, ko’ksingga yashiringanmi
Momohavo izlagan sirli bir nafas? . .

* * *

Mayusligim, kimimsan mening. . .
Farog’at Kamol

Mayusligim kimimsan mening,
Onam allasida qonimga tomgan,
Ham ruhi ravonim jonimga tomgan,
Vatanday saharu, shomimga tomgan,
Ishqmisan, muhabbatmisan?

Mayusligim kimimsan mening,
Dilda kuyib yotgan quyoshimmisan,
Sabrlar tig’ida bardoshimmisan,
Yo dilkash do’stimning ko’z yoshimisan,
Armon rangli xilqatmisan?

Mayusligim kimimsan mening,
Yolg’on dunyolarga begonaligim,
Jon ichra tolosh-u, ovvoraligim
Yashirgan sirimmi, oshkoraligim,
Ko’ngildagi haqiqatmisan?

Mayusligim kimimsan mening,
Biri kam dunyoda bir kamimmisan,
Hamdamim, dilkashim, dil sirimmisan,
Hijronga otilgan ayt ko’nglimmisan,
Dilda uyg’oq munojatmisan?

Yor nigohi jonim olib borodir,
Jonimga titroqlar solib borodir.
Hijroning o’tida yonib borodir,
Dardu-azal, beadadmisan,
Mayusligim kimimsan . . .

* * *

Qabriston yuzida ko’m-ko’k maysalar,
Kiprikdayin ma’sum, mayus tizilgan.
Barglarning uchida shabnam tomchilar,
Ko’z yoshiday mungli, g’amgin sizilgan.

Termilaman qadim, ko’hna qabriston,
qalb uyida notinch bir oh titranar.
Bunda mangu uyg’oq sokin falsafa,
Dilga oqaverar, ruhing tebranar.

Yurakning kaftida bir hovuch tuproq,
Uqtirib turadi haqqirost yo’lni.
Ogoh etib, yodga soladi doim,
Dahrda chin vafodor do’stni-o’limni.

Torlik qilar go’yo keng, yorug’ olam,
Har ne borki bari g’arib, nochorday.
Lek, osmon bag’rida ilohiy sog’inch,
Imlaydi vasliga dilrabo yorday.

qalbda zikru-yoding takror ba takror,
Diydor ilinjida yuvinar ko’ngil.
Kipriklarim yumib ochsam aziz Yor,
Basirat ahlining tushlarin bergil.

* * *

Ko’ngil hajr boshining g’am shomiga aylandi,
Jismim ishq xarobasin tuprog’iga aylandi,
Yorning munis aksi jon titrog’iga joylandi,
Vasli omonat ekan, hijronini ber menga.

Ayriliq dilgir etmish, hajrida o’ldir meni,
Ishq shomining joduli mavjida o’ldir meni,
Yo, hijron balosining avjida o’ldir meni,
O, Tangrim ishq g’amining karvonini ber menga.

Yor kipriging yashirgan ko’z yoshingga yolbordim,
Yaldo tuni adashgan quyoshiga yolbordim,
Hajr o’tining adog’i, ham boshiga yolbordim,
Ishq pardasin dard to’la nolonini ber menga.

Sen, ey ko’hna aftoda, diligiryon darbadar,
Ishq shahrida adashgan, eng qadimiy qalandar,
Kel endi ostonamga, bu jonimni beray ol,
Ishq elining eng mungli armonini ber menga

* * *

… ilg’ab olinmagan aloqadorlik.
F.K.

Ko’ngling tubidagi sirli muloqot,
Kegayyaveradi anglagan sayin.
Davom etaverar dildagi mayin,
Notinch aloqalar bir pas tinmayin.

Ko’ngil tilidagi aloqadorlik
Hali anglanmagan sirga o’xshaydi.
Ularda seningsiz, ham ruxsatingsiz,
Ajab dunyolar-la ruhing yashaydi.

…Azizim ko’nglingga quloq tutib tur…

TUSh

Menda uyg’oq tunlar bag’rida,
Yulduzlarni bir-bir suygayman.
Oyning oydin ul yarqiragan ,
qayig’ida birga suzgayman.

Osmon ajib, sirli , bepoyon,
Kengliklarga bag’rim urgayman,
qay sharpalar sochim to’zg’itar,
Yog’dularda tarab olgayman.

Sochim yonar, taralar yog’du,
Yulduzlarga o’xshab kulgayman
Yuzlarimni silar allakim,
U kim o’zi, sen deyolmayman.

Yomg’ir suvi quyilar sekin,
Yonayotgan bag’rim yuvgayman.
Yaxlayotgan, muz qotgan tanga,
Gumonlardan kuylak kiygayman.

Tomayotgan yomg’ir suvimas,
Sening ko’z yoshlaring anglayman.
qaylardasan, yulduzzorda ham,
Sensiz yolg’iz, titrab , muzlayman.

Sokin tunda, yomg’irli tunda,
Yo’qotganman, ha topolmayman.
Mungli, hazin bir navo ichra,
Bandi ruhim ozod aylayman.

* * *

Qoraydi shom tindi qushlar,
Daraxtlar xam ko’rar tushlar.
Oqshom chog’i soy to’lqini ,
Majnuntolning ko’nglin xushlar.

Oqshom chog’i soy to’lqini,
Jimir-jimir goh qalqinib,
So’ylayverar, so’ylayverar,
Sirli ertaklar talqinin.

Oq qush uxlar suv bo’yida,
Buloq qaynar yor kuyida.
Tebranadi bo’m-bo’sh qayiq,
Jilolmaydi hech joyidan.

* * *

Qadamlarim poylar goho,
Kunlar so’rar izlarimni.
Kech tushguncha sog’inaman,
Armonlarning ko’zlarini.

Nomozshomgul barglaridan,
Shomning sehri sirg’aladi.
Shafaqning ol to’lqiniga,
quyosh behol dumaladi.

Teraklarning shoxlarida,
Turnalarning arg’imchog’i.
g’ira-shira tun bag’riga,
Singib qaytar ko’ngil dog’i.

Boshim qo’yib entikaman,
Tunning sokin, keng ko’ksiga.
O’shal Yorning hijronida,
qayg’ursam gar sen o’ksima.

* * *

Tortqilab ko’ngilning choklarin sim-sim,
Matlabing ne erur, so’zla mug’anniy?
Parvardigor bergan telba dil bilan,
Junun sahrosini buzgan ishq qani?

Tirmashur, sitilib jismu-jonimg’a,
Latif sadolarning ilkida ne g’am?
Bu dardni avaylab fano dahrida ,
Muz qotgan men emas, ko’zdagi shabnam.

Sabr qatlarida saqlanur dodlar,
Tegma dodimg’akim, kuyar sahrolar.
Dardu-armonimni yopgan rumolim,
Tushmagay, etmangiz zabun navolar.

Taqdir karvonida bu yana ne g’am?
Mag’lub qilmag’aysan, ushbu tong hay-hot!
Yolborib kuylarning afsuni aro,
Mug’anniy, bo’zlagan senmi, yo men ayt?..

Ibodat

Dunyo, ochiq qolgan ko’hna bag’ringdan
Termilgan nigohlar dilim ichadi.
Sirli muloqatlar, ko’ngil tubida,
Tavba-tazarrular maxfiy kechadi.

Umr o’tayotgan karvon ortidan,
Yo’ldan adashganlar bo’zlab turibdi.
Muslima yulduzlar sohir samoda
Oyatlarni takror so’zlab turibdi.

Umring daraxtini tebratar beun,
Dahr olamiga begona ruhing.
qalbingda dunyoviy g’uborlar bo’lsa,
Tumanday tarqalmas g’amu-anduhining.

Bir kunda besh buyuk almashinish haq,*
Jo’r bo’lgin olamning ibodatiga.
Ruhingdan nur tilab qalbingni chorla,
Robbim ato etgan muloqatiga.

• Koinotda bir sutkada beshta almashinish bo’lar ekan. Almashininish vaqti musulmonlarning besh vaqt nomozining kirish vaqtiga to’g’ri kelar ekan.
«Sirli olam» jurnalidan

* * *

Muhiba opamga

Opa,
Keling qo’shiq aytamiz,
Ko’ngilda bir dilobar yashar,
Parilarga silatmas sochin,
O’ltiribdi,
Yuzlari nurli,
Ajab,
Tilsim — sukunli,
Yo Rabb,
asragil Uni!!!

Opa,
Keling qo’shiq aytamiz,
Eng qadimiy nag’makash sozin,
Sozlab chertayotgan
Oyni chaqirib,
Uning nag’masida
Bir sog’inch yashar
To’lg’izib olgali
Bo’shab qolgan ko’zlar kosasin.

Opa,
Keling qo’shiq aytamiz,
Unut qabrlarda shabnamlar cho’kkan
Maysalar shivirin
qo’shib aytamiz.
qabrtoshning bitiklarida
Eng qadimiy tomchilar yashar
To’lg’izib olgali
Bo’shab borayotgan ko’zlar kosasin.

Opa,
Keling qo’shiq aytamiz,
Turnalarning arg’imchog’i
Uzilib ketdi. Yana
Ko’hna minorlarning yozuvlarida.
Siniq jomlar ko’ngilga botdi,
Botdi-ey,
Shomday sirli tahayyul
Manzillarida
Tahayyulning dardli manzillarida
Bir makon bor,
Poklab olgali Ko’ngil uyini.

Opa,
Keling qo’shiq aytamiz,
Hijron bog’larida ungan gul kabi,
Bir ajab,
voh ajab shu makonga keldik.
Dayr Piri uyg’oq,
subhidam,
Tahoratga suv tutar go’yo,
Maysalarning bargida shabnam,
Unga bir mahramu,
Mehmonga keldik.

Opa,
Keling qo’shiq aytamiz.

* * *

Aylanmoqda sershovqin olam,
Bir narsaga ulgurmoq mushkul.
Osmonlarda qolgan armonim,
Bugun yana yodimga tushding.

Kuni bo’yi tinmay, shitirlab.
Gul bargini yuvdi yomg’irlar,
Ko’ngil kabi chayqalar osmon,
Daqiqalar umring g’alvirlar.

quyosh og’di botgali, yana
Ufq kuyar g’arib xayoldek.
Derazaga mixlangan parda,
Uy, ro’zg’orga bandi ayoldek.

Aylanadi tegrangda beun
Yozilmagan sirli mezondan.
Dil rangini izlar musavvir,
Olam ichra qadim zamondan.

… yana yodimga tushding…

* * *

Bu tun yomon bo’lsa…
Usmon Azim

. . .Kunlarning zanjiri
ruhingni bog’lar,
kimgadir jilmayib, berasan salom.

Jismingning kunduzgi
yo’laklarida
xorigan ko’zoynakni yechadi oqshom.

Sen kirib kelasan
kulbam to’ldirib,
dunyoni allalar sirli navolar.

Men sarxush
shu tunning mayxonasida,
ruhimga kirurlar momohavolar.

«Bu tun yomon bo’lsa,
seni
sog’inarmidim?..»
hijronlar bag’rida ovunarmidim?

Bu tun yomon bo’lsa, ko’rolarmidim,
go’zal tushlar,
moviy tushlar,
afzalroq tushlar
kunduzgi kechmishlarimdan?

* * *

. . .Oqshom chog’i muzladi
Suv yuziga to’kilgan
Majnuntolning ertagi.

Oy ko’rinmas osmonda.
qirov tushgan har yonga.
Daraxtzor uxlar karaxt.

qalin qorlar qoplagan
qoyalar orasida
Ayiqlar tush ko’radi.

Tuman ichra vazmin tun.
Go’yo borliq olar tin,
Kimdir uyg’oq yuradi.

Oppoq tuman tarqalar.
Suv yuzida uyg’onar ,
Majnuntolning ertagi.

Kunlarning yorug’ida
Derazangga chizilgan
Yaxlar eriydi sekin.

Yuragingda muzlagan
Azaliy ishqiy armon
Yaproq yozadi sekin.

Darz ketar azal muzlik.
Allalaydi yolg’izlik,
Makoningga sig’maysan.

Yomg’ir yog’ib o’tadi,
Umidvor quchog’ingga
qizg’aldoqlar to’kilar. . .

Surxon ertagi

Termilaman kengliklar hech ham aldanmas.
To’p-to’p oppoq bulutlar osmon sahnida .

Xayolimda bir mungli karvon suvrati,
Tuyalar hansiraydi tog’lar aksida.

qanoti yoyiq burgut, parvozi baland.
Shamol xushtak chaladi sahro raqsida.

O’t- o’lanlar sarg’aysa qirlar bag’rida,
quruq yontoq dumalar taqdir qasdida.

Ko’klamning umri qisqa, boychechagim-a,
O’. . . umr ne — bir tomchi shabnam aslida.

Shabnamlar titrog’ida to’lg’ongan afsun.
Tog’larga boq ko’p hikmat tog’lar ko’ksida.

Uzun-uzun uzoq yo’l, olis yo’lim-a.
Ikkimiz ko’p sirlashdik sirlar asrida?

Ko’z yoshlarim topingan xolis yo’lim-a,
Mehr qayda? –Mehr hu-u-. . . vafo qasrida.

* * *

Vatan rangi singib borar qarog’imga ,
Tog’u-toshdan javob topdim so’rog’imga.
Dilimdagi armonlarim but bo’lgay-mu,
Bir bahoriy nasim bo’lsam Surxonimga.

Daryolarni qumsab ko’nglim bo’zlayverar.
qaldirg’ochlar ko’shig’ini izlayverar.
Ko’klamlarda boychechekdek kulib turgan
Bir bahoriy nasim bo’lsam Surxonimga.

Zilol suvlar, chashmalarning ko’z-ko’zidek,
Baxmal gulli binafshaning gul yuzidek,
Yangi tushgan kelinchakning hur so’zidek,
Bir bahoriy nasim bo’lsam Surxonimga.

Dilimdagi dilga yaqin navolarim,
Rivoyatlar so’zlab turgan momolarim,
Ko’ksimdagi kengliklarim, samolarim,
Bir bahoriy nasim bo’lsam Surxonimga.

* * *

Daraxtzor tush ko’rmoqda,
Tunning bag’ri so’kildi.
Uyg’on,uyg’on daraxtzor,
Yaproqlaring to’kildi.

Bir to’p karaxt bulutlar
qo’zg’alar tun sahnida.
Tun qushlari qichqirar,
qorong’ilik vahmida.

Yalmog’iz tun erinmay,
quyuq sochin taraydi.
Shom purkagan tumanlar,
Tun yarmida qoraydi.

Chaqmoqlarning rangidan,
Yangi ertak to’qilar.
Oqshom afsonalari,
Tongga kelib qoqilar. . .

Dunyo qo’shig’i

Ruhningkim dardini dilga singdirdim,
Dilimga bu olam tor kelmasmikin ?
Ikki yuzlamachi dunyolarida,
Ul g’arib umr-da xor kelmasmikin ?

Bir qatra mehrga zor bo’lgan kunlar,
Bolalik damlarni sog’indim ota.
Egilib borolmam, boshim silang, deb,
Peshonam yorig’i o’zidan katta.

Atrofimni chohlar bosib yotganda,
Bilmadim, do’stim kim, va yo g’animni.
Bir bor quching, deyolmayman onajon,
Belanchakka sig’may qolgan tanimni.

Ko’zlarimda Momohavo armoni,
Buyuk qadar Haq Tangrining ishidir.
Tushlarimni ko’proq sevdim xushimdan,
Balki ular bu dunyoning tushidir. . .

ShAFAQ

1

Armonim,
qalbimning tub-tubidagi
dardli armonim
yorildi,
dosh berolmay vaqt girdobiga.
Bo’yaldi
osmonim,
ko’ngil osmonim
armonimning qizil-olov rangiga.
Tikila-tikila ko’zim tinardi,
. . . bir tovushdan, o’zimga keldim,
bir sirli ovozdan,
armonlar tovushiga o’xshash ovozdan.
U o’xshar edi,
olislarga ketayotgan turnalar ovoziga. . .

11.

Bugun ham seni quyosh yetaklab ketdi.
Men ojiz har galgidek qoldim termilib,
suyangancha huu, o’sha teraklarga,
uyimiz orqasidagi. . .
Sen bir pas yoyib olding
ol rumolingni, olov rumolingni
Registonning minorlariga.
Go’yo meni ovutmoq bo’lding bu gal ham.
Lekin, bunday qilolmaysan-ku,
olib ketgin rumolingni,
erta tongda bosh yalang chiqolmaysan-ku!
Rumoling tegib o’tgan shu minorlarga
Havasim kelar mening. . .

* * *

… qani, kaftingni cho’z,
fol ochib qo’yay.”

Bahrom Ro’zimuhammad

I
. . . Ko’zingning bir tarafin
qisib olasan,
ko’rmaslik uchun
chap tomondagilarni.
O’sib ketadi o’sha ko’zing ustidagi qoshlaring.
Ostidan tish chiqa boshlar
oxirgi chap berishda
qo’ydirgan sun’iy tishlaringning.
Kuraklaring tagidan ko’karib chiqa boshlar
bir narsa
qanotga o’xshash.
Endi o’zgartirib chiqishing kerak
hamma kiyimlaringning
andozasini.
Yo’qsa yalong’och qolib ketasan. . .

II

. . . Derazang tagida bolalaydi Armon.
Sen ularni topshirib kelasan
bolalar uyiga.
O’sha uyning peshtoqida
«Armon bolalari osmon bo’ladi» —
degan yozuv bor,
eng qadimiy yozuv,
ko’ngil qoni bilan bitilgan yozuv,
umring bo’yi tushlaringga
sarlavha bo’lg’uchi yozuv. . .

III

Bir kuni uyg’onasan,
sochlaring o’sib ketgan,
ko’ngling bo’m-bo’sh dunyo kabi.
Nimanidir izlaysan,
topolmaysan ismingni ham
tanimaysan dunyoni ham.
Kutilmagan bir shovqin
kela boshlar yopirilib,
derazang qarsillab sinib ketadi.

Dahshat isi ufurar,
sezmay qolasan hatto
ko’ksing yarosini ham.
Jon og’rig’i og’ir, achishayotgan
ko’ksingni siypalab ko’rasan,
Bir chetiga sanchilgan ko’ngil parchasi
Yo’qotgan o’zingni topa boshlaysan,
nigohing tutashgach
dil ko’zgusiga.

Go’yo yo’qotganding borlig’ing yordek
yodingga tushgancha tashiyotganing
SABAB QOYaSINING ushog’larini . . .

* * *

Sog’inchning yoshlari yalang’och,
kuyish, kuyinishlar yalangoyoqdir.
Bu nechuk sahrokim,savdoyi kabir,
adog’i qayonda, boshi qayoqdir?
Bugun yuragimning dardli qatidan,
mungli bo’lagidan olib birma-bir,
azal mezoniga barobar qo’ysang,
qadim bir savdoyi ohang tiklanur.
Bir karvon boradur,
sahro yonadur.
Karvonga ergashib, ko’zim tinadur.
Ba’zida dunyodan,
dunyolaridan
ko’ngil-da qoladur,
ko’ngil qoladur.
Ko’ngilning suygani qaydadur?
Xayollar dilimni nayladi?
Karvonlarning tuyoq izidan,
irim uchun sharob ichodur,
nedan kechodur?
Baridan kechibon,
ishqda kuyarman,
Kuyish, kuyinishlar ichra suyarman . . .

* * *

Dilimdagi, dilni bilmas mehmonmidi,
Tushlarimda uyg’oq munis armonmidi,
Osmonlardan tilab olgan osmonmidi,
Nigohing?. .

Nechun meni to’sib qo’yar dunyolardan,
Zulmat kabi haydar goho ziyolardan,
Xalos etar ba’zan ozod balolardan,
Nigohing. . .

Netay, ruhning dardiga mangu asirman,
Atirgul ko’zilarida muzlagan sirman,
Malaklar mujgonida asralgandirman,
Nigohing. . .

* * *

Ufqning labi qizil
Ro’zg’oridan qaytgan qizining
xiyonatin yashirmoqchi
bo’lgan ayoldek.
Ota esa tun bo’yi
aravakashlik qilar
Tarqab ketgan bozorning
Supurilmagan joyida. . .

* * *

Bo’lsa hamki ko’shki baland koshonang,
Peshtoqi zardanu, oltin ostonang,
Do’stu yorlar ila to’lsada xonang,
Ko’nglingga munosib ko’ngil bo’lmasa,
Baribir g’aribsan, g’aribsan, ey dil.

Savlating yarashsa katta maydonga,
Dovrug’ing taralsa jumla jahonga,
qo’llaring uzatsang yetsa osmonga,
Ko’nglingga munosib ko’ngil bo’lmasa,
Baribir g’aribsan, g’aribsan, ey dil.

Poyingga bosh urib, egilsa gullar,
Kuylaringdan erib ketsada dillar,
Seningchun ko’ksida bo’lsada qo’llar,
Ko’nglingga munosib ko’ngil bo’lmasa,
Baribir g’aribsan, g’aribsan, ey dil.

Yoningda o’ltirib go’zal qalamqosh,
Suzib bersa oltin kosalarda osh,
Kuyu-g’azal ila bo’lsada yo’ldosh,
Ko’nglingga munosib ko’ngil bo’lmasa,
Baribir g’aribsan, g’aribsan, ey dil.

Ko’klamni xush ko’rib ko’nglim bog’ deding,
Yuzingda tabassum vaqtim chog’ deding,
Mardlar davrasida ko’ksim tog’ deding,
Ko’nglingga munosib ko’ngil bo’lmasa,
Baribir g’aribsan, g’aribsan, ey dil.
03

(Tashriflar: umumiy 575, bugungi 1)

Izoh qoldiring