Yahyo Tog’a. Xotira daryosi yoxud Har kimning ham sochlariga oq tushsin

Ashampoo_Snap_2017.03.26_23h14m52s_003_.png  Шоир Яҳё Тоғанинг “Хотира дарёси ёхуд Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин” номли хотира-ҳикоясида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаётининг айрим лавҳалари ҳамда машҳур “Тилак” асарининг яратилиш тарихи хусусида сўз юритилади. Шунингдек, бу ҳикояга шоирнинг бир туркум шеърлари илова қилинади.

Яҳё ТОҒА
Х О Т И Р А   Д А Р Ё С И
Ёхуд ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин
07

Ёз чилласи.  1981 йилнинг оташин саратони. Нима бўлдию, арзимас бир масала юзасидан раҳбар билан тортишиб қолдим. (“Ўйнаш- магин арбоб билан…” дейдиган одам йўқ). Хуллас, “бургага аччиқ қилиб…” ишдан кет- дим… Бекорчилик бирпасда жонга тегиб, ўша пайтда “Муштум” журналининг фелъе- тонлар бўлимида ишлаётган курсдошим (ҳам оғам, ҳам устозим) Абдунаби Бой- қўзиевнинг “қабул“ига арзиҳол ила бордим: Аҳвол шу… шу… ишга киришим керак.

Абдунаби ака Республика китобсеварлар жамиятида бир оғайниси “масъул лавозим” да ишлашини айтди: Ўша ёрдам бериши мумкин.

Оғанинг “топшириғи” га биноан фалон кўча (Навоий, 30) фалон қават, фалон хонада ўтирадиган қорачадан келган йигитдан, “Фалончи” (“анжанча” бир лақаб)ни қандай топсам бўлади?” деб сўрашим керак эди.

Воқеа ўша “сценарий” бўйича кечди.

— Ах, сволоч, — деб кутиб олган «фалончи», яъни, Муҳаммаджон Юсупов раҳбарлар билан келишиб, мени ишга жойлаштириб қўйди. Бизнинг илк танишувимиз шундай кечган.

Дарвоқе: Юқоридаги “ҳақорат”нинг “адрес”и тайин эди.

Муҳаммад ака билан бирга ишлай бошладик, қадрдонлашиб кетдик. Бирга- бирга менинг юртим (Қуйи-Чирчиқ туманининг Қўрғонча, Юлдуз қишлоқлари) да ўтган иссиқ, совуқ маъракаларга бориб келдик. Ифтихор шулки, менинг ҳамюртларим Муҳаммад Юсуфни назаркарда шоирга айланишидан анча илгари танишган. Шу йил адоқларида эди шекилли, маълум бир оилавий, ижтимоий шароит(сизлик) туфайли Муҳаммад ака менинг ижарахонам (Профессорлар шаҳарчасидаги Раҳима холанинг уйи)га кўчиб ўтди. Ижара ҳақи арзимаган пул. Лекин, биз “қўнган” болохонада (икки ёш қаламкашнинг мулки – китоб дафтарларимиздан ташқари) битта стол, битта стул ва битта симкаравот бор эди, холос. Шу боис, навбат билан “ижод” қиламиз, яъни, ярим кечагача стол-стул “меники” ёки аксинча.

Раҳима хола – меҳрибон опоқимиз ( умр- лари узун, давлатлари фузун бўлсин) иссиқ- совуғимиздан хабар олиб турадилар: Мусофирчилик қурсин, етимликдан ўзи асрасин…

Бир кун ярим тунда Муҳаммад акани уйғотдим, — “Марҳаматлик” марҳаматли шоҳим, “тахти равон” сизга мунтазир”.

Ўринга чўзилиб, болишни бағримга олганим маҳал Муҳаммад ака:

— Битта мисра беринг, — деб қолдилар.
— А?
— Битта сатр беринг, хўжам.

Водиллик таниқли полвонимиз Турсунали Мамажонов анчадан бери томоша майдонида ўқиладиган бир салотагир шеър сўраб юрганди.

Шу “талаб” таъсиридами, бошқа сабабми, ишқилиб:
— Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин, – деб ғудрандим-у, юзимга чойшаб тортдим. Биламанки, тонггача чироғимиз ўчмайди.

Ғайратимиз жўшган, фароғатни унча писанд қилмайдиган пайтларимиз экан чоғи, саҳар уйғондим. Турдим. Муҳаммад ака, ўнг қўлини “ёстиқ” қилганча, столга бош қўйиб ухлаб ётибди (ўтирибди), ёнида бир парча оппоқ қоғоз.

Қоғозга ўғринча кўз югуртирдим:

ТИЛАК

Ҳар кимнинг ҳам сочларига оқ тушсин,
Ажин тушсин юзларига, доғ тушсин.

Ҳар кимнинг ҳам қувват кетиб белидан,
Қўлларига асо — бир таёқ тушсин.

Имони соғ, юзга кириб ёруғ юз,
Тўйлар кўриб елкасидан тоғ тушсин.

Ва жисмига сўнгги сафар олдидан,
Ўз ўғлининг қўлидан тупроқ тушсин.

Энтикиб қолдим.

Шу асно шеърни уч-тўрт карра қайта ўқидим-да, “хўжалик ишлари” бўйича ташқарига чиқиб кетдим. Елкамда сочиқ, майкачан, ялангтўш қайтиб кирганимда Муҳаммад ака уйғонган экан.

–Янги шеър муборак бўлсин, шоҳим!

–Ўзларига муборак, хўжам! – деди-да, Муҳаммад ака бояги варақни мен томон сурди.

– Шеър сизники.

– Қўйинг-е, Муҳаммад ака. Шеър ўппа-ўзигизники. Муборак бўлсин! – деб мен қоғозни у томон сурдим.

– Йўқ. Шеър сизники! – варақ мен томон сурилди.

– Нимага энди? – қоғоз қайтди. Шу тариқа янги шеър бир неча бор уён-буён«бориб келди».
– Битта сатр берсам, сиз ҳам қойилмақом қилиб шеър ясардингиз-ку?!

– «Ясардим». Лекин, мен бу даражада қойилмақом қилолмасдим. — Қоғоз сўнгги бор ул томон «сирпанди»:
— «Эмас осон бу майдон ичра турмоқ…» (Навоий)

– Оласизми, йўқми?
– Айтдим-ку…

– Олмайсизми?
– Олмайман.

– Унда… ўзингиздан кўринг, — Муҳаммад ака қоғозни шир-шир йиртиб, «урна»га отиб юборди.

Буюкларга хос тантилик, валламатлик бор эди раҳматликнинг феълида. Бироқ , шоирона ўжарлигу тажанглик, “анжанча” бир чапанилик ҳам унга ёт эмасди.

–Ҳай. Битта шеъри камайгани билан шоир камбағаллашиб қолмайди. Лекин, бир гапни айтиб қўяй. Буни, башорат, деб қабул қилсангиз ҳам майли. Яқин йилларда сиз, элимизнинг машҳур ва суюкли шоирига айланасиз! Сал кейинроқ эса, яъни, менинг етмиш йиллик юбилейимда , аввал Абдунаби акани, сўнг сизни – менинг устозларим! деб эълон қиламан!

– Ниятингизга етинг!

Ўша кунги “можаро”, шу қутлуғ дуо бирлан дўстона якун топди. Ўртада гидир қолмади. Ўртада бир шеър қолди.

Орадан уч-тўрт ой ўтиб, Муҳаммад аканинг туғилган кунини нишонлайлиган бўлдик.

Пушкин (ҳозирги Абдулла Қодирий) номли истироҳат боғининг хос чойхонасида ош қилинди. Хос издиҳом… Казо-казолар ва ҳоказолар… Менинг ҳамқишлоғим, ҳофиз дўстим Шавкат Жўраев ҳам шу даврада.

Шеърлар ўқиляпти, алёрлар, табриклар… Сал аввалроқ Муҳаммад ака Шавкатга бир шеър ҳадя қилганди: Кўринг-чи, қўшиққа тушармикан?

Базм айни қизиган маҳал ҳофиз торини қўлига олди. Шеър “қўшиққа тушган” экан:

Кечагина қишлоқдаги қизлар бари,
Менга сирли қошлар қоқиб қарашарди.
Қарашмаса, уйларига тунда келиб,
Тошлар отиб қочар эдим, ярашарди…

Бу биринчисимасдир, эҳтимол?! Лекин, Муҳаммад Юсуф шеъри билан мен эшитган илк қўшиқ шу эди. Ҳамма хурсанд, ҳамма бахтиёр. Айниқса, Муҳаммад аканинг қувончи чексиз. Бу унинг “қанот ёзиб” рақсга тушиб кетганидан ҳам маълум эди.

Яна бир шукрона шундаки, орадан йиллар ўтиб, “ёш бир шоирча”нинг юқоридаги “башорати”, ўз ярашиғи билан ижобатини топди. Мана бугун Муҳаммад Юсуф элимизнинг “машҳур ва суюкли шоири!” Номи тилларда достон шоирнинг аксар шеърлари юртнинг таниқли ҳофизу хонандаларининг “шлягер”ига айланмиш!
Андижонликлар чиройли рақс тушишаркан. Бул рақснинг ўз сеҳри, ўз қочиримлари бор. Муҳаммад аканинг фасоҳатли хати каби, рақси ҳам гўзал эди.

Базм тугаб, меҳмонлар тарқалишди. Муҳаммад ака, Шавкат ва камина учовимиз қолдик, холос.

Судралишиб кўчага чиқдик. Қадрдон болохонамизга етиб олишимиз керак. Тун ярмидан оғиб, улов сийраклашган. Бахтимизга олисдан қўш чироқ милтиллади. Чопиб йўлга чиқдик-да, таваккал қўл кўтардик. “Қўш чироқ” тўхтади. Аксига олиб, трамвай “Бешқайрағоч” йўналишиники экан.

–Талабалар шаҳарчасига ташлаб қўйинг, ака! – трамвайга биринчи бўлиб Муҳаммад ака сакраб чиққанди.

“Ака” бошқа томонга ишора қилди. Муҳаммад ака бир сўм пул узатди. (Йўл кира “уч тийин”лик пайтлар). Ҳайдовчи шоирнинг шиддатидан ҳайиқдими ё бир сўмнинг қудратими бу, ҳар ҳолда, темир излар бизнинг манзил томон очилди. Трамвай йўналишини ўзгартирди: “Такси бўп кет-а!” Учта “дарвеш” соғу-саломат “уйимиз”га етиб олдик. Шу кеча то саҳар «назму наво» давом этди. Шавкат жўшиб қўшиқлар айтди:

Онагинам,
Дориломон кунлар келди, Шафақлари ол…
Бу кунларга Етганлар бор Етмаганлар бор...
(Ҳ.Худойбердиева)

Мен Муҳаммад Юсуфнинг шеъларидан ўқидим:

Ш и ф о х о н а д а

Шундай беморлар бўладики,
Тўшакка михланиб ётар бенажот.
Уялиб кетасан тузалганингдан.

Шундай шифокорлар бўладики,
Туғишган оғангдай қарайди сенга.
Тузалиб кетасан уялганингдан…

– Менинг шеърларимни сиз ўқинг, хўжам. Сиз ўқисангиз таъсирлироқ чиқаркан,— деганди ўшанда Муҳаммад ака,— Шавкат куйласин. Куйга солинган сўзнинг қуввати ошади!

Сўз – «Тилак» хусусинда эди. (Узр, сал чалғидик, лирик чекиниш). Яхши шеърни ёдлаш шарт эмас, унинг ўзи эсда қолади.

«Олмайман!» деганимда, «олиб қолган» эканман, эсимда қолган сатрларни «улаб- ямаб» жузъий бир ўзгартиришлар ила шеърни қайта тикладим: реставрация. Илк қилган ишим, 1983 йили май ойида Марғилонда ўтган «Катта ашула ва аския» кўрик-танлови кунлари «Тилак»ни полвон оғамизга «тортиқ» этдим. Турсунали ака — давра одами – шеърни «салота»га қўшиб, вилоятлар аро машҳур қилиб юборди. Бу вақтга келиб “ул икки улуғ”ни таништириб қўйгандим. Элнинг эрка шоири ва шербилак баҳодири ака-ука бўлиб кетгандилар.

Қишлоққа борсам турли йиғинларда қатнашишимга тўғри келади. Ўз қишлоғим- да «Тошкентдан келган азиз меҳмон»ман. Сайдаш шоир ( Саидрасул Носиров ), Равшан Омон, Бобомурод Йўлчи, Қурбонали Султон – охирати обод бўлсин – каби тўйбоши-ю ўртакашлар «азиз меҳмон»ни сийлаб даврага тортишади, сўз беришади. Кўпинча, алёримни ўша шеър билан якунлайман:

…Ўз ўғлининг қўлидан тупроқ тушсин!

«Ҳамма хурсанд, ҳамма бахтиёр». Фақат, бир дўстим маҳзун бош чайқайди: Даврада ўғли йўқлар бор… тирноққа зорлар… Ўшаларнинг юраги тирналиб қолмасин…

Муҳиддинни сўзсиз тушунаман. Майдонда ҳам шунақа эди, шекилли?! Дарвоқе, Муҳиддин Нуриддинов қишлоғимиз фахри, ажойиб футболчи, қанот ҳужумчиси, “технар”, “чотаки” устаси, элимизнинг машҳур марҳум спорт усталари Владимир Фёдоров, Олим Ашировлар билан бир синфда ўқиган, бирга тўп сурган. Вилоятда эса у билан битта жамоада эдик. “Балиқчи” футбол жамоаси. Муҳиддин иккаламиз қўшқанот ҳужумчисимиз.

Марказий “форвард”имиз тўпурар Мухтор Алимқулов. Мактабимиз директори Нурғаян оға ҳамда Зайтуна янганинг фахру ифтихорлари – “незаменимый” ака-ука Рашид, Фарид, Ильдуст, Равил Ҳуснутдиновлар ярим ҳимояда гўзал ўйинлар намойиш этишарди. Ҳимоя қўрғонимиз Роман Ан, Афанасий Ким, Марат, Рустем, Зелим, Қосим, Абдуқодирлар туфайли жуда мустаҳкам. Сотиболди ака билан Равшан ака – “Яшин”ларимиз. Синфдошларим – Абдусамат Абдуллаев (лақаби – Пеле), Худойберди Абенович, Суннатилла Ислом, Муҳаммад Анапия Нуржонлар – ҳар замон заҳира ўриндиғини ҳам, майдонни ҳам “гуллатиб” қўярдилар.

Оқдарёлик республика чемпиони, жамоадош дўстим Собир Амиров ҳамда қўшни қишлоқлик амаким, “Арарат” Ереван жамоасининг “лидер”и Поркуян лақаби билан машҳур Омон Алисаидовларни ҳам қатнашиб беришлари учун ўртоқлик учрашувларига таклиф қилиб турардик. Ўша давр футболи билимдонлари – Ваҳоб почча (“Тепиб, ўлдириб қўйса ҳам, қизимни “футболист”га бераман”, – деб ҳазиллашиб юрарди раҳматлик), Рустам ака, Турғун ака, Хўжааҳмад акалар – “шахсий балельшик”ларимиз бўлганлари ҳолда — Муҳиддин иккаламиздан дакки-ю танбеҳларини ҳам аямасдилар. Бу “ветеран”ларни бежиз “санаб” ўтганим йўқ. Муҳаммад Юсуф меҳмонимиз бўларак, айрим “трениров- ка”ларимизда ҳам шахсан иштирок этганди. Қолаверса, бу спорт-чиларнинг аксарияти бўлажак машҳур шоирнинг “қўлини олишган”, бир дастурхон атрофида гурунглашишган, танишишган, танишган… Жилла қурса, “Тилак”ни эши-тишганди. Айниқса, Муҳиддин… Шу таъби нозик  оғайнимнинг “инжиқ”лиги боис, кейинроқ “Тилак”ка Турсунали полвоннинг “салота”сидан бир парча илова қиладиган бўлдим:

….Ўғли йўқларга худойим қўша-қўша ўғиллар берсин-да,
От чоптириб, ер чангитиб тўйлар қилсин…

Хуллас, Турсунали ака катта майдонларда, мен «узкий круг»ларда “Тилак”ни “пуллаб” юравердик.

Бу билан ҳам «бир асар тарихи» якунлангани йўқ.

Ўша пайтлар Дўрмондаги Ёзувчилар боғи ёш ижодкорлар билан (атоқли нозиму носирлар билан ҳам, албатта) гавжум бўларди. Ҳар икки йилда бир ҳафталик ижодий семинарлар ўтказиб туриларди.

1984 йилги семинарда Муҳаммад Юсуф билан қўшни бўлиб қолдик. Ҳафталик ижодий тадбир адоқлаб қолган кунларнинг бирида Муҳаммад ака хонамга сирли жилмайиб кириб келди. Ундан-мундан гурунглашдик ва гап бориб ўша машҳур шеърга тақалди.

–“Тилак”ни нима қиламиз, хўжам?
–“Тилак” сизники, Муҳаммад ака!

– Ўша гапми?
–Ўша гап!

–Унда шеърни ёзиб беринг. Менинг эсимдан чиқибди.
– Ҳозир-да, тақсир.

– Қўйинг. «Тақсир», деманг, одамга эриш туюлади. Мен ким бўлибман-ки…
– Сиз элимизнинг буюк ва эрка шоирисиз!

– Ол-а…
– Гапим гап!

Қоғоз мўл пайтлар. «Тилак»ни даррҳол оққа кўчириб бердим. Шундан кейин ҳам орадан бир неча йиллар ўтказибгина, мағрур шоиримиз шеърни навбатдаги китобига қўшганди.

Сал аввалроқ…Йўқ. Сал кейинроқ чапани ижодкоримиз:  Ғилдираклар нолиб кетади, Неларнидир чолиб кетади. Трамвайлар сени ҳар куни Бодомзорга олиб кетади… қабилидаги шеърлар бита бошлади.

Шоир севиб қолганди. Алал оқибат, У “Бодомзор”лик улуғ бир олимнинг арзанда қизига – ўзи ҳам яхшигина ижодкор бўлган — гўзал Назира Ас-Саломга уйланди… ширин-шакар фарзандларнинг отасига айланди…

“… Биз ҳали ҳаммадан ўзамиз, қизим…”

Муҳаммад ака билан сўнгги учрашувимиз ҳам қизиқ бўлган.

Ёз чилласи. 2004 йилнинг оташин саратони.

Муҳаммад Юсуф — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси (Абдулла Орипов)нинг ўринбосари. Камина — ЎзТВ муҳаррири. Бир куни ака билан қўнғироқлашиб қолдик:

–Тез «Союз»га етиб келинг, хўпми?
– Хўп. Нима олиб борай?

– Шундай келаверинг, бугун мен «ҳақ бераман».

«Тез етиб» бордим.

Муҳаммад Юсуфнинг «кабинети»да хонанда Ҳусниддин Ҳолиқов ўтирган экан. Машҳур ҳофиз Муҳриддин Ҳолиқовнинг Халқлар Дўстлиги (ҳозирги «Истиқлол») саройида берилажак концертининг «маслаҳат оши». Устоз шоирнинг шеърлари билан айтиладиган қатор қўшиқлар ўша концерт дастуридан ўрин олганди.

– Муҳокамани тўхтатамиз, шоир келди.
– Муҳаммад ака қучоқ очиб истиқболимга чиқди.
—Хўжамга ҳақ беришимиз керак.

Ёзувчилар уюшмасининг рўпарасидаги ошхонага ўтдик. Едик, ичдик. Муҳаммад ака “ичмади” : “Ошқозон чатоқ. “Язва” азоб беряпти”.

“Ҳақ берилгач”, учовлон яна “кабинет”га қайтдик.

– Хўжам, битта шеър ўқиб беринг. Анчадан бери яхши нарса эшитганим йўқ.
– Унда, ўзларидан ўқийман.
– Йўқ, ўзингизникидан ўқинг.

“Таранг қилиб” ўтирмадим. Бирга қирққа чиққан ижодкор биродарларимга бағишланган “Қирқ йиллик таъқиб” деган шеъримни ўқиб бердим. Шеър деб ҳам бўлмайди, қирқ бандлик “нарса”, ҳар банди саккиз мисрадан. Ҳар саккизинчи сатрда “Сен ўзи кимсан?” деган таъкид (такт). Достоннинг ўртароғида қуйидаги банд бор:

Ёшларимни артди,
Ўзи…
Кўзи нам,
Учсам қанот бўлди,
Йиқилсам малҳам…
Ҳа…
Ҳа, сўрамади биргина онам:
“Сен ўзи кимсан?”

Мен эринмадим. Муҳаммад ака шеърни охиригача сабот билан тинглади. Ҳусниддининг ҳоли не кечди, ўзига аён. Асар қайғулироқ эди. Шу, ёхуд “асар”нинг “узундан-узун”лиги боис, ўртага узоқ жимлик чўкди.

– Ҳусниддинбой, бизнинг мана шунақа шоирларимиз бор. “Сен ўзи кимсан?” — сукунатни Муҳаммад аканинг ўзи бузди. — Яхши нарса бўлибди. Фақат… “Она”ни асарнинг охирроғига олинг, мантиқ кучаяди.

Бу Муҳаммад Юсуфнинг устоз сифатида менга берган сўнгги ўгити эди.

Ўша йили айни ёзда элнинг буюк ва суюкли шоири ёруғ оламни тарк этди.
“Дийдор қиёматга қолди!”

Эртага ҳайит.
Қурбон ҳайити.
Камина хотира дарёси мавжларига термилиб ўтирибман-у, радиодан қўшиқ янграмоқда:

“Ўзинг менинг
Улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…*”

“Мен йиғлаб бўлдим…**”

Бироқ, шу баҳонаи сабаб, устоз назаридан ўтган, ўтмаган айрим шеърий машқларимни ҳам Сиз азизларимнинг эътиборига ҳавола этмакка жазм айладим.
Маъзур тутгайлар…

—————
* Муҳаммад Юсуф
** Миртемир ҳазратларидан

Яҳё Тоға
ШЕЪРЛАР
011

077Яҳё Тоға 1957 йил 20 январда Тошкент вилоятининг Кўрғонча («Юлдуз») қишлоғида туғилган. Москвадаги Олий Адабиёт курсини тамомлаган (1991). «Кўклам қалдирғочлари» (1988), «Қафасдаги бургут» (1989), «Тасалли» (1994), «Куйла, ҳофиз» (2004) ва яна бир қатор шеърий китоблари чоп этилган.

011

ҚИРҚ ЙИЛЛИК ТАЪҚИБ

Бирга қирққа чиққан ижодкор биродарларимга бағишлайман

1

Эй, яратган эгам,
Ўзингсан огоҳ,
Бируборим,
Кўриб,
Билиб турибсан.
Гоҳ мендан сўрашар,
Мен сўрайман гоҳ,
– Сен ўзи кимсан?

2

Ўзига маълумдир
Ҳар кимнинг ҳоли.
Агарки,
Арслонсан,
Ё вазмин филсан….
Этингни таталар
Минглаб чумоли —
“Сен ўзи кимсан?”

3

Бири расминг сўрар,
Бири касбингни,
Униси чалароқ,
Буниси қисман…
На наслингни
Билдинг
Ва на аслингни,
Сен ўзи кимсан?

4

Ҳар ким
Ўз дилининг якка қироли.
Гарчи,
Сен валисан,
Тенгсиз олимсан…
Ёқангдан олади
Бекнинг қароли,
– Сен ўзи кимсан?

5

Нимадир
Йилтираб,
Ялтираб кетди.
Кўзларим қамашди,
Садафми, десам…
Бир итнинг тишлари
Этимга ботди:
“Сен ўзи кимсан?”

6

Мен бугун
Кимсага бермадим салом,
Бугун
Пошшони ҳам
Қилмадим писанд.
Сичқоннинг инидан
Учди бир калом:
– Сен ўзи кимсан?

7

Мен шафқат тилабми,
Мурувватми ё,
Чор-ночор
Қўлимни
Узатиб турсам…
Чириллаб,
Чирпираб айланди дунё —
“Сен ўзи кимсан”

8

Мен бугун
Бошимни
Бўйнимга осиб,
Пурвиқор
Дорнинг–да қошига келсам…
Ўзига
Кўрмади ул ҳам муносиб:
“Сен ўзи кимсан?”

9

Қўлимда
Энг кенжа умидим ўлар,
Айт,
Рози бўларсан
Мен нима қилсам?
Манглайимга…
Тошдай теккандай бўлар
“Сен ўзи кимсан”

10

Камина
Гадойдан садақа олди.
У
Ҳиринглаб чақа узатди,
Кулсам.
Тилим …
Танглайимга ёпишиб қолди:
“Сен ўзи кимсан?”

11

Хўп…
Сенга ортиқча
Таъна қилмай кел,
Кеча етим единг,
Бугун ҳокимсан.
Барибир,
Қоринмас, қадр ғамин е,
Сен ўзи кимсан?

12

Мен бугун
Бир сенга кўнглимни ёрдим,
Ахир сен,
Қирқ йиллик қалин дўстимсан.
Лабингда…
Истеҳзо ўйнади,
Кўрдим:
“Сен ўзи кимсан”

13

…Севгим, Сени топдим.
Кўкрагим, қувон!
Мен сени изласам,
Сени соғинсам…
Ортимда…
Қарғаблар қолди бир жувон,—
…сен ўзи кимсан?

14

Ўғлим,
Энг бахтиёр
Ўн беш ёшингда
Недан хомуш,
Недан кўнгли яримсан?
Ёнғоқ чақмагандир ҳали
Бошингда
“Сен ўзи кимсан?”

15

Жон қизим,
Шул сўзим
ёдингда тургай,
Даданг тақдиридан
Шундоғам хурсанд…
Ҳали
Тўйларингда чирпирак ургай
“Сен ўзи кимсан?”

16

Тўй бу.
Тўлқин “този” раисга ўхшар,
Гапирар…
Алжирар…
Тўйхона тирбанд.
Дўқ урар
Кимдир сўз сўраса агар,
– Сен ўзи кимсан?

17

Бу менинг “тарелкам”
Тошингни тер, бор…
Нақ каллам кетади,
Сенга сўз берсам…
–Ҳей,
Тўй эгасидан
“суяк” умидвор,
Сен ўзи кимсан?

18

Гоҳо масту-аласт,
Гоҳо сархушман…
Ҳамшишам сўкинар,
– … Мунчалар зилсан?!
Хушҳол
Кўзларимга
Боқади душман:
“Сен ўзи кимсан?”

19

Рангимдан қон қочди,
Муштим қонталаш.
Қурбим…
Шунга етди,
Сўнгги зарбимсан.
Рақибим
Ариққа ўқчир жонталаш…
“Сен ўзи кимсан?”

20

Жон талвасасида
Биров қочди:
— Вой…
Бирга ичдик, чоғи,
Шеригиммисан,
Ё анов беҳушнинг дўстимисан?
Ҳой,
Сен ўзи кимсан?

21

Меҳрим…
Шалоладай шовуллаб турсин.
Бугуним…
Эртамсан…
Она халқимсан!
Майли,
Тилларингда ловуллаб турсин
“Сен ўзи кимсан?”

22

Маккам,
Мадинамсан…
Ота маконим…
Оғамсан…
Инимсан…
Она тилимсан!
Хонумоним маним,
Жону жаҳоним –
“Сен ўзи кимсан?”

23

Ким билсин,
Бу, балки,
Сўнгги шеъримдир,
Эҳтимол…
Ўзим ҳам қаламдай синсам…
Беписанд
Писанда айлади кимдир:
– Сен ўзи кимсан?

24

Узилгандай бўлар
Ичимда недир…
Ичимдаги “недир”,
Сен нега жимсан?
Э…
Ўша “недир”ни
Бўрига едир,
Сен ўзи кимсан?

25

Ёшларимни артди,
Ўзи…
Кўзи нам,
Учсам қанот бўлди,
Йиқилсам малҳам…
Ҳа…
Ҳа, сўрамади биргина онам:
“Сен ўзи кимсан?”

26

Юрагим…
Юрагим бўлади тақсим.
Қирққа
Бирга чиқдик,
Онча тақсим – сан!
Кўзга чил-чил бўлар,
Саксонта аксим…
Сен ўзи кимсан?

27

Бир оташ
Бағримни ўртади чунон,
Мен ахир…
Мен ахир,
Қанийди билсам?
Мен ўзим ҳалакман
Қирқ йилдан буён:
“Сен ўзи кимсан?”

28

Кўнгил…
Пойгагида ястанган мангу
Нечук аждаҳосан,
Нечук тилсимсан?
Мен кимдан сўрай:
– М Е Н … Ў З И
К И М М А Н – У … С Е Н …
Ў З И …
К И М С А Н ???

БИР СОАТЛИК ХАЛИфА
(“Актёр ҳаёти” туркумидан)

1. Премъера

Бахтни кўринг, бугун у подшоҳ:
Виқор билан тахтга ўтирди.
Суянчиқни сийпалаб, ногоҳ,
Бармоғига зирапча кирди.

Асарда йўқ ғалати ҳолат,
Антрактгача чидади аранг.
Ўтирди-ю тахтда бир соат,
Қўли қонга бўялди, қаранг.

2. Премъерадан сўнг

Бари жонли, шу баҳонада,
Саҳнага қон тўка кетди у.
Лек, етгунча пардозхонага,
Дурадгорни сўка кетди у.

ЧАПАНИ фАЛСАфА

1

Ота ўз улини…
Бир алдаса, изтироб чекар.
Тафти босилади… икки алдаса.
Уч алдаса… кўникиб кетар.

2

Ота ўз улини алдайверса, уят бўлади,
Эга ўз қулини алдайверса, кулфат бўлади.
Подшо ўз элини алдайверса, даҳшат бўлади,
Шоир ўз дилини алдайверса, шоир… ўлади.

3

Акангни алдама,
Алдама ҳамшира синглингни.
Меҳрибон опангни,
Эмчакдош укангни алдама.
Онангни алдама,
Отангни алдама, хўр бўласан.
Ватанни алдама, кўр бўласан!

ДАДАМ ҲАҚИДА ҚАСИДА

Дадам Умрзоқ Тоғай ўғлига бағишлов қасида дадам ҳали ҳаётликларида битилган эрди, ўқиб қувонгандилар. Онам сал ранжиган бўлувдилар:“Сал ошириб юборибсан, даданг қувликни билмайдилар..”
Онам ҳақ. Лекин, энди бул асар ул улуғ зот ҳақида ХОТИРА бўлиб қолди.

1

Кўнгли дарё дадам, бағри сув дадам,
Оппоқ соқоллари бир парқу дадам.
Етмишга чиқдилар онамни алдаб,
Менинг содда дадам, менинг қув дадам.

Дунёни назарга илмаган дадам,
Элига хиёнат қилмаган дадам.
Отасин урушга жўнатиб қўйиб,
Оқ нон нималигин билмаган дадам.

Бугун тўй.
Дадамнинг пешанаси дўнг,
Қувончдан дунёга сиғмаса керак…
Ҳали… меҳмонларни кузатганнан сўнг,
Бостирма остида йиғласа керак?!

Бугун тўй.

2

Келинлар, қизлар хизматда,
Ўғиллар қаторда туришар нордай.
Тўхтасин тоғам ҳам мана иззатда,
Янгам ювган яктак ярқирар қордай.

Туққан бўласини қутламоқ бўлиб,
Ислом бўлам келар кўкраги тўлиб.
Ҳасадмас, ҳавасдан баданга сиғмай
Қуда, қудағайлар ўлтирар кулиб.

Фариштадай чоллар бўлишади жам,
Холхўжа бобомиз эгаллар тўрни.
Рамазон акам йўқ, йўқ Омон акам,
Бу икки азизнинг билинар ўрни.

Лекин, фарзандлари қаторда мана,
Шу қоракўзларнинг борига шукур.
Бири той ясаган, э бири тана,
Оғайин кўрсатган оқибат шудир?

Ҳадя тўнлар келар – одми, ярқироқ,
Битта тўн, икки, уч… ўнта… адашдим.
Ҳисобдан адашиб кетдим-у, бироқ,
Барини тўздиринг, бари ярашсин.

3

Мол-дунёни кўзга илмаган дадам,
Юртига хиёнат қилмаган дадам.
Қирдан каноп ташиб ўн бир ёшида,
Ёлғон нималигин билмаган дадам.

Бугун тўй.
Дадамнинг ҳамма иши ўнг,
Қувончдан ўзига сиғмаса керак?!
Ҳали… ҳаммамизни кузатганнан сўнг,
Бирорта дўстига йиғласа керак?!

Қалби дарё дадам, бағри сув дадам,
Ув… дадам, кўзида ёши дув дадам…
Юзга ҳам чиқингиз онамни алдаб,
Менинг доно дадам, менинг қув дадам.

4

Бошингиз чиқмасин тўйдан буёғи,
Саксону тўқсонни мўлжалланг энди.
Онамнинг этагин қўйманг буёғи,
Бугун бир эркаланг, чўлжангланг энди.

Бугун кўкка етсин кўнгилларингиз,
Азиз пойингизга поёндоз гуллар.
Сизни тавоф қилсин ўғилларингиз –
Ғафур, Абдуманноф, Абдурасуллар.

Мағфират айласин яратган эгам,
Муқаддас бу тўйлар Муборак бўлсин.
Муяссар бўлсин-да истаклари ҳам,
Сингилларим, дадам юзларга тўлсин.

Тўй баҳона, авлод бир-бир ёд бўлсин,
Хонадон файзиёб, юрт обод бўлсин.
Аммам, Зикан бовам, Хайри кампир ва…
Тоғай оқсоқолнинг руҳи шод бўлсин.

Ҳавойи хитоблар бир нафас тинсин,
Олқишу қарсаклар авжига минсин.
Қўли дард кўрмасин чапак чалганнинг,
Шумқадам ўлимнинг оёғи синсин.

Келинг, қарғамайлик бугун ҳеч кимни,
Ҳеч кимнинг дилига бермайлик озор.
Бугун мен ҳам тўлиб кетган ичимни
Бу азиз даврага айлайин бозор.

Мен ҳам қошингизда эгай бошимни,
Нисор бўлсин маним сабил жоним-а.
Бир қизим, уч ўғлим, ёстиқдошимни
Сиз бир дуо қилинг, дадажоним-а.

Гул кўтариб, пиёз кўтариб келган,
Азиз меҳмонлар ҳам саломат бўлсин.
Гоҳо тўлиб келган, гоҳ ғариб келган
Бу дунё ҳам бугун аломат бўлсин.

Дунёни назарга илмаган дадам,
Ватанга хиёнат қилмаган дадам.
Дарвозаси доим кўнглидай очиқ,
Қўрғон нималигин билмаган дадам.

Армонли дунёда беармон бир сиз,
Онам ёнингизда, тегрангизда биз.
Шул ҳуш дамнинг ҳаққин адо этгали,
“Дилхирож”га битта ташлаб берингиз.

Майли, бирга чиқсин онам ҳам хандон,
Ўзи асрасин-эй кўздан, ёмоннан.
“1000”талик қистирсин амаки томон,
“500”талик чиқса тоға томоннан.

Куёвлар, жиянлар урсин-а чаппор,
Белбоғу рўмолча улашсин онам.
Сочқилар сочилсин: – Соч, Абдуғаппор,
Гулга тўлсин бугун ота остонам.

Меҳмонлар ҳам маҳтал бўлмасин энди,
Бу қутлуғ давра ҳам Сизга мунтазир.
Мана “Дилхирож” ҳам авжига минди,
Бу ўтлиғ нағма ҳам Сизга мунтазир.

5

Мол-дунёни кўзга илмаган дадам,
Онамга хиёнат қилмаган дадам.
Икков одам қилиб саккиз фарзандни,
Армон нималигин билмаган дадам.

Бугун тўй.
Дадамнинг орзулари чўнг,
Орзулари ичга сиғмаса керак?!
Ҳали… витри вожиб ўқилганнан сўнг,
Жойнамоз устида йиғласа керак?!

Кўнгли дарё дадам, бағри боғ дадам,
Тўйу маъракадан вақти чоғ дадам.
Юздан ҳам ошингиз, ҳаммани алдаб,
Менинг осмон дадам, Тангритоғ дадам!

P.S. Бағри боғ дадам-эй, кўнгли оқ дадам, Умри қисқа, исми Умрзоқ дадам…Илоҳим, қабрингизга раҳмат нурлари ёғилиб, ётган жойларингиз жаннатнинг нураф-шон боғчаларига айлансин, алҳам- дулиллаҳи роббил аъламийн. ОМИЙН….

ШАКЛБОЗНИНГ ШУБҲАЛИ ШЕЪРИ

1
Шомнинг ширин шивири ширдек,
Шикаста шаъм – шамс шамшири.
Шаршарами, шоввами, шердек
Шовуллайдур шоирнинг шеъри:

Шаҳаншоҳнинг шону шавкатин
Шаҳодати Шоҳизиндадур.
Широқлару шайху шаҳидлар
Шажараси, шаъни шундадур.

Шаҳзодалар шайдои шикор,
Шумғиянинг шағоли шодми?
Шармандаи шармисор шаҳар,
Шабистона шаббода шоҳми?

2

Шошиладур шум шамсиялар,
Шарти шулдир Шуъла ширкатин.
Шом шумқадам, шамол шумхабар,
Шимол шимар Шарқнинг шарбатин.

3

Шоҳариқнинг шобири шоҳид
Шавқ шукуҳим шарҳлагай шуур.
Шаклланар шахслар, шаксиз,
Шарқираган Шарқимда, шукур!

Ё Қ А С И З
(тажнис)

Яловдай ҳилпирар сочингиз,
Одамга оловдай ёқасиз.

Ўзингиз сал нари қочингиз,
Оламга аланга ёқасиз.

Жияклар ярқирар нуқрадан,
Чўғдай ол нимчангиз ёқасиз.

Сиз мени, гул юз-у гулбадан,
Ёқасиз ва енгсиз ёқасиз.

Лов этиб ёнмоққа шайланган.
Денгизман–сувсиз ва ёқасиз.

Тоғ кўксим саҳрога айланган,
Қачон сиз бир малҳам ёқасиз?

Иккимиз бир тан-у бир жонмиз,
Ахир мен енг бўлсам, ёқа сиз!

КУЗГИ ТУШ

Гулим,
Бугун сизни туш кўрдим,
Сал фаромуш,
Сал хомуш кўрдим.
Қошингизда тўртта полапон,
Бошингизда сақоқуш кўрдим.

– Бахт қушими? – дедим.
Кулдингиз.
Сувга бир тош тушгандай эди.
Чайқалгандай бўлди ул денгиз,
Кўзларингиз нимадир деди.

– Тушунмадим.
Бир синиқ кулгу
Лабингизда куртак боғлади.
Менинг кузим, баҳорим шул-ку,
Шовуллади кўнгил боғлари.

(Дарахтлар “оҳ” тортиб юборди,
Дув тўкилди хотиралар, оҳ…
Ҳар япроқ – бир юракнинг дарди,
Ҳар дил шундан сувлар ичар гоҳ).

Севгимизнинг ёлғиз гувоҳи –
Тераклар жим шовуллайверди.
Хаёлингиз кетди улоқиб,
Яноғингиз ловуллайверди.

(Сувга боқиб, эсингиздами,
Туш айтардик биз шоша-пиша…
Бугун бошда дунёнинг ғами
Ва оила отлиғ андиша).

Йил санайди қайдадир какку,
Биз турибмиз лол-у паришон.
Орамиздан оқиб шунча сув,
Дийдорлашди висол ва ҳижрон.

Поёнига етмади ул туш,
Туравердик бағримиз ёқиб…
Ул тераклар кесилмаганмиш,
Кетмаганмиш ул сувлар оқиб.

091

1476433512_meander-5.jpg Yahyo Tog’a
X O T I R A D A R YO S I
YOXUD HAR KIMNING HAM SOCHLARIGA OQ TUSHSIN
Hayotiy hikoya
07

Yoz chillasi. 1981 yilning otashin saratoni. Nima bo’ldiyu, arzimas bir masala yuzasidan rahbar bilan tortishib qoldim. (“O’ynash- magin arbob bilan…” deydigan odam yo’q). Xullas, “burgaga achchiq qilib…” ishdan ket- dim… Bekorchilik birpasda jonga tegib, o’sha paytda “Mushtum” jurnalining fel’e- tonlar bo’limida ishlayotgan kursdoshim (ham og’am, ham ustozim) Abdunabi Boy- qo’zievning “qabul“iga arzihol ila bordim: Ahvol shu… shu… ishga kirishim kerak.

Abdunabi aka Respublika kitobsevarlar jamiyatida bir og’aynisi “mas’ul lavozim” da ishlashini aytdi: O’sha yordam berishi mumkin.

Og’aning “topshirig’i” ga binoan falon ko’cha (Navoiy, 30) falon qavat, falon xonada o’tiradigan qorachadan kelgan yigitdan, “Falonchi” (“anjancha” bir laqab)ni qanday topsam bo’ladi?” deb so’rashim kerak edi.

Voqea o’sha “stsenariy” bo’yicha kechdi.

— Ax, svoloch, — deb kutib olgan «falonchi», ya’ni, Muhammadjon Yusupov rahbarlar bilan kelishib, meni ishga joylashtirib qo’ydi. Bizning ilk tanishuvimiz shunday kechgan.
Darvoqe: Yuqoridagi “haqorat”ning “adres”i tayin edi.

Muhammad aka bilan birga ishlay boshladik, qadrdonlashib ketdik. Birga- birga mening yurtim (Quyi-Chirchiq tumanining Qo’rg’oncha, Yulduz qishloqlari) da o’tgan issiq, sovuq ma’rakalarga borib keldik. Iftixor shulki, mening hamyurtlarim Muhammad Yusufni nazarkarda shoirga aylanishidan ancha ilgari tanishgan. Shu yil adoqlarida edi shekilli, ma’lum bir oilaviy, ijtimoiy sharoit(sizlik) tufayli Muhammad aka mening ijaraxonam (Professorlar shaharchasidagi Rahima xolaning uyi)ga ko’chib o’tdi. Ijara haqi arzimagan pul. Lekin, biz “qo’ngan” boloxonada (ikki yosh qalamkashning mulki – kitob daftarlarimizdan tashqari) bitta stol, bitta stul va bitta simkaravot bor edi, xolos. Shu bois, navbat bilan “ijod” qilamiz, ya’ni, yarim kechagacha stol-stul “meniki” yoki aksincha.

Rahima xola – mehribon opoqimiz ( umr- lari uzun, davlatlari fuzun bo’lsin) issiq- sovug’imizdan xabar olib turadilar: Musofirchilik qursin, yetimlikdan o’zi asrasin…

Bir kun yarim tunda Muhammad akani uyg’otdim, — “Marhamatlik” marhamatli shohim, “taxti ravon” sizga muntazir”.
O’ringa cho’zilib, bolishni bag’rimga olganim mahal Muhammad aka:
— Bitta misra bering, — deb qoldilar.
— A?
— Bitta satr bering, xo’jam.
Vodillik taniqli polvonimiz Tursunali Mamajonov anchadan beri tomosha maydonida o’qiladigan bir salotagir she’r so’rab yurgandi.
Shu “talab” ta’siridami, boshqa sababmi, ishqilib:
— Har kimning ham sochlariga oq tushsin, – deb g’udrandim-u, yuzimga choyshab tortdim. Bilamanki, tonggacha chirog’imiz o’chmaydi.

G’ayratimiz jo’shgan, farog’atni uncha pisand qilmaydigan paytlarimiz ekan chog’i, sahar uyg’ondim. Turdim. Muhammad aka, o’ng qo’lini “yostiq” qilgancha, stolga bosh qo’yib uxlab yotibdi (o’tiribdi), yonida bir parcha oppoq qog’oz.
Qog’ozga o’g’rincha ko’z yugurtirdim:

TILAK

Har kimning ham sochlariga oq tushsin,
Ajin tushsin yuzlariga, dog’ tushsin.

Har kimning ham quvvat ketib belidan,
Qo’llariga aso — bir tayoq tushsin.

Imoni sog’, yuzga kirib yorug’ yuz,
To’ylar ko’rib yelkasidan tog’ tushsin.

Va jismiga so’nggi safar oldidan,
O’z o’g’lining qo’lidan tuproq tushsin.

Entikib qoldim.

Shu asno she’rni uch-to’rt karra qayta o’qidim-da, “xo’jalik ishlari” bo’yicha tashqariga chiqib ketdim. Yelkamda sochiq, maykachan, yalangto’sh qaytib kirganimda Muhammad aka uyg’ongan ekan.
–Yangi she’r muborak bo’lsin, shohim!
–O’zlariga muborak, xo’jam! – dedi-da, Muhammad aka boyagi varaqni men tomon surdi.
– She’r sizniki.
– Qo’ying-ye, Muhammad aka. She’r o’ppa-o’zigizniki. Muborak bo’lsin! – deb men qog’ozni u tomon surdim.
– Yo’q. She’r sizniki! – varaq men tomon surildi.
– Nimaga endi? – qog’oz qaytdi. Shu tariqa yangi she’r bir necha bor uyon-buyon«borib keldi».
– Bitta satr bersam, siz ham qoyilmaqom qilib she’r yasardingiz-ku?!
– «Yasardim». Lekin, men bu darajada qoyilmaqom qilolmasdim. — Qog’oz so’nggi bor ul tomon «sirpandi»:
— «Emas oson bu maydon ichra turmoq…» (Navoiy)
– Olasizmi, yo’qmi?
– Aytdim-ku…
– Olmaysizmi?
– Olmayman.
– Unda… o’zingizdan ko’ring, — Muhammad aka qog’ozni shir-shir yirtib, «urna»ga otib yubordi.

Buyuklarga xos tantilik, vallamatlik bor edi rahmatlikning fe’lida. Biroq , shoirona o’jarligu tajanglik, “anjancha” bir chapanilik ham unga yot emasdi.

–Hay. Bitta she’ri kamaygani bilan shoir kambag’allashib qolmaydi. Lekin, bir gapni aytib qo’yay. Buni, bashorat, deb qabul qilsangiz ham mayli. Yaqin yillarda siz, elimizning mashhur va suyukli shoiriga aylanasiz! Sal keyinroq esa, ya’ni, mening yetmish yillik yubileyimda , avval Abdunabi akani, so’ng sizni – mening ustozlarim! deb e’lon qilaman!
– Niyatingizga yeting!

O’sha kungi “mojaro”, shu qutlug’ duo birlan do’stona yakun topdi. O’rtada gidir qolmadi. O’rtada bir she’r qoldi.

Oradan uch-to’rt oy o’tib, Muhammad akaning tug’ilgan kunini nishonlayligan bo’ldik. Pushkin (hozirgi Abdulla Qodiriy) nomli istirohat bog’ining xos choyxonasida osh qilindi. Xos izdihom… Kazo-kazolar va hokazolar… Mening hamqishlog’im, hofiz do’stim Shavkat Jo’raev ham shu davrada. She’rlar o’qilyapti, alyorlar, tabriklar… Sal avvalroq Muhammad aka Shavkatga bir she’r hadya qilgandi: Ko’ring-chi, qo’shiqqa tusharmikan?
Bazm ayni qizigan mahal hofiz torini qo’liga oldi. She’r “qo’shiqqa tushgan” ekan:

Kechagina qishloqdagi qizlar bari,
Menga sirli qoshlar qoqib qarashardi.
Qarashmasa, uylariga tunda kelib,
Toshlar otib qochar edim, yarashardi…

Bu birinchisimasdir, ehtimol?! Lekin, Muhammad Yusuf she’ri bilan men eshitgan ilk qo’shiq shu edi. Hamma xursand, hamma baxtiyor. Ayniqsa, Muhammad akaning quvonchi cheksiz. Bu uning “qanot yozib” raqsga tushib ketganidan ham ma’lum edi.

Yana bir shukrona shundaki, oradan yillar o’tib, “yosh bir shoircha”ning yuqoridagi “bashorati”, o’z yarashig’i bilan ijobatini topdi. Mana bugun Muhammad Yusuf elimizning “mashhur va suyukli shoiri!” Nomi tillarda doston shoirning aksar she’rlari yurtning taniqli hofizu xonandalarining “shlyager”iga aylanmish!
Andijonliklar chiroyli raqs tushisharkan. Bul raqsning o’z sehri, o’z qochirimlari bor. Muhammad akaning fasohatli xati kabi, raqsi ham go’zal edi.

Bazm tugab, mehmonlar tarqalishdi. Muhammad aka, Shavkat va kamina uchovimiz qoldik, xolos.
Sudralishib ko’chaga chiqdik. Qadrdon boloxonamizga yetib olishimiz kerak. Tun yarmidan og’ib, ulov siyraklashgan. Baxtimizga olisdan qo’sh chiroq miltilladi. Chopib yo’lga chiqdik-da, tavakkal qo’l ko’tardik. “Qo’sh chiroq” to’xtadi. Aksiga olib, tramvay “Beshqayrag’och” yo’nalishiniki ekan.

–Talabalar shaharchasiga tashlab qo’ying, aka! – tramvayga birinchi bo’lib Muhammad aka sakrab chiqqandi.
“Aka” boshqa tomonga ishora qildi. Muhammad aka bir so’m pul uzatdi. (Yo’l kira “uch tiyin”lik paytlar). Haydovchi shoirning shiddatidan hayiqdimi yo bir so’mning qudratimi bu, har holda, temir izlar bizning manzil tomon ochildi. Tramvay yo’nalishini o’zgartirdi: “Taksi bo’p ket-a!” Uchta “darvesh” sog’u-salomat “uyimiz”ga yetib oldik. Shu kecha to sahar «nazmu navo» davom etdi. Shavkat jo’shib qo’shiqlar aytdi:

Onaginam,
Dorilomon kunlar keldi, Shafaqlari ol…
Bu kunlarga Yetganlar bor Yetmaganlar bor...
(H.Xudoyberdieva)

Men Muhammad Yusufning she’laridan o’qidim:

SH i f o x o n a d a

Shunday bemorlar bo’ladiki,
To’shakka mixlanib yotar benajot.
Uyalib ketasan tuzalganingdan.

Shunday shifokorlar bo’ladiki,
Tug’ishgan og’angday qaraydi senga.
Tuzalib ketasan uyalganingdan…

– Mening she’rlarimni siz o’qing, xo’jam. Siz o’qisangiz ta’sirliroq chiqarkan,— degandi o’shanda Muhammad aka,— Shavkat kuylasin. Kuyga solingan so’zning quvvati oshadi!

So’z – «Tilak» xususinda edi. (Uzr, sal chalg’idik, lirik chekinish). Yaxshi she’rni yodlash shart emas, uning o’zi esda qoladi.

«Olmayman!» deganimda, «olib qolgan» ekanman, esimda qolgan satrlarni «ulab- yamab» juz’iy bir o’zgartirishlar ila she’rni qayta tikladim: restavratsiya. Ilk qilgan ishim, 1983 yili may oyida Marg’ilonda o’tgan «Katta ashula va askiya» ko’rik-tanlovi kunlari «Tilak»ni polvon og’amizga «tortiq» etdim. Tursunali aka — davra odami – she’rni «salota»ga qo’shib, viloyatlar aro mashhur qilib yubordi. Bu vaqtga kelib “ul ikki ulug’”ni tanishtirib qo’ygandim. Elning erka shoiri va sherbilak bahodiri aka-uka bo’lib ketgandilar.

Qishloqqa borsam turli yig’inlarda qatnashishimga to’g’ri keladi. O’z qishlog’im- da «Toshkentdan kelgan aziz mehmon»man. Saydash shoir ( Saidrasul Nosirov ), Ravshan Omon, Bobomurod Yo’lchi, Qurbonali Sulton – oxirati obod bo’lsin – kabi to’yboshi-yu o’rtakashlar «aziz mehmon»ni siylab davraga tortishadi, so’z berishadi. Ko’pincha, alyorimni o’sha she’r bilan yakunlayman:

…O’z o’g’lining qo’lidan tuproq tushsin!

«Hamma xursand, hamma baxtiyor». Faqat, bir do’stim mahzun bosh chayqaydi: Davrada o’g’li yo’qlar bor… tirnoqqa zorlar… O’shalarning yuragi tirnalib qolmasin…

Muhiddinni so’zsiz tushunaman. Maydonda ham shunaqa edi, shekilli?! Darvoqe, Muhiddin Nuriddinov qishlog’imiz faxri, ajoyib futbolchi, qanot hujumchisi, “texnar”, “chotaki” ustasi, elimizning mashhur marhum sport ustalari Vladimir Fyodorov, Olim Ashirovlar bilan bir sinfda o’qigan, birga to’p surgan. Viloyatda esa u bilan bitta jamoada edik. “Baliqchi” futbol jamoasi. Muhiddin ikkalamiz qo’shqanot hujumchisimiz.

Markaziy “forvard”imiz to’purar Muxtor Alimqulov. Maktabimiz direktori Nurg’ayan og’a hamda Zaytuna yanganing faxru iftixorlari – “nezamenimiy” aka-uka Rashid, Farid, Il`dust, Ravil Husnutdinovlar yarim himoyada go’zal o’yinlar namoyish etishardi. Himoya qo’rg’onimiz Roman An, Afanasiy Kim, Marat, Rustem, Zelim, Qosim, Abduqodirlar tufayli juda mustahkam. Sotiboldi aka bilan Ravshan aka – “Yashin”larimiz. Sinfdoshlarim – Abdusamat Abdullaev (laqabi – Pele), Xudoyberdi Abenovich, Sunnatilla Islom, Muhammad Anapiya Nurjonlar – har zamon zahira o’rindig’ini ham, maydonni ham “gullatib” qo’yardilar.

Oqdaryolik respublika chempioni, jamoadosh do’stim Sobir Amirov hamda qo’shni qishloqlik amakim, “Ararat” Yerevan jamoasining “lider”i Porkuyan laqabi bilan mashhur Omon Alisaidovlarni ham qatnashib berishlari uchun o’rtoqlik uchrashuvlariga taklif qilib turardik. O’sha davr futboli bilimdonlari – Vahob pochcha (“Tepib, o’ldirib qo’ysa ham, qizimni “futbolist”ga beraman”, – deb hazillashib yurardi rahmatlik), Rustam aka, Turg’un aka, Xo’jaahmad akalar – “shaxsiy balel`shik”larimiz bo’lganlari holda — Muhiddin ikkalamizdan dakki-yu tanbehlarini ham ayamasdilar. Bu “veteran”larni bejiz “sanab” o’tganim yo’q. Muhammad Yusuf mehmonimiz bo’larak, ayrim “trenirov- ka”larimizda ham shaxsan ishtirok etgandi. Qolaversa, bu sport-chilarning aksariyati bo’lajak mashhur shoirning “qo’lini olishgan”, bir dasturxon atrofida gurunglashishgan, tanishishgan, tanishgan… Jilla qursa, “Tilak”ni eshi-tishgandi. Ayniqsa, Muhiddin… Shu ta’bi nozik  og’aynimning “injiq”ligi bois, keyinroq “Tilak”ka Tursunali polvonning “salota”sidan bir parcha ilova qiladigan bo’ldim:

….O’g’li yo’qlarga xudoyim qo’sha-qo’sha o’g’illar bersin-da,
Ot choptirib, yer changitib to’ylar qilsin…

Xullas, Tursunali aka katta maydonlarda, men «uzkiy krug»larda “Tilak”ni “pullab” yuraverdik.

Bu bilan ham «bir asar tarixi» yakunlangani yo’q.

O’sha paytlar Do’rmondagi Yozuvchilar bog’i yosh ijodkorlar bilan (atoqli nozimu nosirlar bilan ham, albatta) gavjum bo’lardi. Har ikki yilda bir haftalik ijodiy seminarlar o’tkazib turilardi.

1984 yilgi seminarda Muhammad Yusuf bilan qo’shni bo’lib qoldik. Haftalik ijodiy tadbir adoqlab qolgan kunlarning birida Muhammad aka xonamga sirli jilmayib kirib keldi. Undan-mundan gurunglashdik va gap borib o’sha mashhur she’rga taqaldi.
–“Tilak”ni nima qilamiz, xo’jam?
–“Tilak” sizniki, Muhammad aka!
– O’sha gapmi?
–O’sha gap!
–Unda she’rni yozib bering. Mening esimdan chiqibdi.
– Hozir-da, taqsir.
– Qo’ying. «Taqsir», demang, odamga erish tuyuladi. Men kim bo’libman-ki…
– Siz elimizning buyuk va erka shoirisiz!
– Ol-a…
– Gapim gap!

Qog’oz mo’l paytlar. «Tilak»ni darrhol oqqa ko’chirib berdim. Shundan keyin ham oradan bir necha yillar o’tkazibgina, mag’rur shoirimiz she’rni navbatdagi kitobiga qo’shgandi.

Sal avvalroq…Yo’q. Sal keyinroq chapa- ni ijodkorimiz:
G’ildiraklar nolib ketadi, Nelarnidir cholib ketadi. Tramvaylar seni har kuni Bodomzorga olib ketadi… qabilidagi she’rlar bita boshladi.

Shoir sevib qolgandi. Alal oqibat, U “Bodomzor”lik ulug’ bir olimning arzanda qiziga – o’zi ham yaxshigina ijodkor bo’lgan — go’zal Nazira As Salomga uylandi… shirin-shakar farzandlarning otasiga aylandi…

“… Biz hali hammadan o’zamiz, qizim…”

Muhammad aka bilan so’nggi uchrashuvimiz ham qiziq bo’lgan.
Yoz chillasi. 2004 yilning otashin saratoni.
Muhammad Yusuf — O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisi (Abdulla Oripov)ning o’rinbosari. Kamina — O’zTV muharriri. Bir kuni aka bilan qo’ng’iroqlashib qoldik:
–Tez «Soyuz»ga yetib keling, xo’pmi?
– Xo’p. Nima olib boray?
– Shunday kelavering, bugun men «haq beraman».
«Tez yetib» bordim.
Muhammad Yusufning «kabineti»da xonanda Husniddin Holiqov o’tirgan ekan. Mashhur hofiz Muhriddin Holiqovning Xalqlar Do’stligi (hozirgi «Istiqlol») saroyida berilajak kontsertining «maslahat oshi». Ustoz shoirning she’rlari bilan aytiladigan qator qo’shiqlar o’sha kontsert dasturidan o’rin olgandi.

– Muhokamani to’xtatamiz, shoir keldi.
– Muhammad aka quchoq ochib istiqbolimga chiqdi.
—Xo’jamga haq berishimiz kerak.
Yozuvchilar uyushmasining ro’parasidagi oshxonaga o’tdik. Yedik, ichdik. Muhammad aka “ichmadi” : “Oshqozon chatoq. “Yazva” azob beryapti”.
“Haq berilgach”, uchovlon yana “kabinet”ga qaytdik.
– Xo’jam, bitta she’r o’qib bering. Anchadan beri yaxshi narsa eshitganim yo’q.
– Unda, o’zlaridan o’qiyman.
– Yo’q, o’zingiznikidan o’qing.
“Tarang qilib” o’tirmadim. Birga qirqqa chiqqan ijodkor birodarlarimga bag’ishlangan “Qirq yillik ta’qib” degan she’rimni o’qib berdim. She’r deb ham bo’lmaydi, qirq bandlik “narsa”, har bandi sakkiz misradan. Har sakkizinchi satrda “Sen o’zi kimsan?” degan ta’kid (takt). Dostonning o’rtarog’ida quyidagi band bor:

Yoshlarimni artdi,
O’zi…
Ko’zi nam,
Uchsam qanot bo’ldi,
Yiqilsam malham…
Ha…
Ha, so’ramadi birgina onam:
“Sen o’zi kimsan?”

Men erinmadim. Muhammad aka she’rni oxirigacha sabot bilan tingladi. Husniddining holi ne kechdi, o’ziga ayon. Asar qayg’uliroq edi. Shu, yoxud “asar”ning “uzundan-uzun”ligi bois, o’rtaga uzoq jimlik cho’kdi.
– Husniddinboy, bizning mana shunaqa shoirlarimiz bor. “Sen o’zi kimsan?” — sukunatni Muhammad akaning o’zi buzdi. — Yaxshi narsa
bo’libdi. Faqat… “Ona”ni asarning oxirrog’iga oling, mantiq kuchayadi.

Bu Muhammad Yusufning ustoz sifatida menga bergan so’nggi o’giti edi.

O’sha yili ayni yozda elning buyuk va suyukli shoiri yorug’ olamni tark etdi.
“Diydor qiyomatga qoldi!”

Ertaga hayit.
Qurbon hayiti.
Kamina xotira daryosi mavjlariga termilib o’tiribman-u, radiodan qo’shiq yangramoqda:

“O’zing mening
Ulug’lardan
Ulug’imsan, Vatanim…*”

“Men yig’lab bo’ldim…**”

Biroq, shu bahonai sabab, ustoz nazaridan o’tgan, o’tmagan ayrim she’riy mashqlarimni ham Siz azizlarimning e’tiboriga havola etmakka jazm ayladim.
Ma’zur tutgaylar…

—————
* Muhammad Yusuf
** Mirtemir hazratlaridan

044
Yahyo Tog’a
SHE’RLAR
011

077Yahyo Tog’a 1957 yil 20 yanvarda Toshkent viloyatining Ko’rg’oncha («Yulduz») qishlog’ida tug’ilgan. Moskvadagi Oliy Adabiyot kursini tamomlagan (1991). «Ko’klam qaldirg’ochlari» (1988), «Qafasdagi burgut» (1989), «Tasalli» (1994), «Kuyla, hofiz» (2004) va yana bir qator she’riy kitoblari chop etilgan.

011

QIRQ YILLIK TA’QIB

Birga qirqqa chiqqan ijodkor birodarlarimga bag’ishlayman

1

Ey, yaratgan egam,
O’zingsan ogoh,
Biruborim,
Ko’rib,
Bilib turibsan.
Goh mendan so’rashar,
Men so’rayman goh,
– Sen o’zi kimsan?

2

O’ziga ma’lumdir
Har kimning holi.
Agarki,
Arslonsan,
YO vazmin filsan….
Etingni tatalar
Minglab chumoli —
“Sen o’zi kimsan?”

3

Biri rasming so’rar,
Biri kasbingni,
Unisi chalaroq,
Bunisi qisman…
Na naslingni
Bilding
Va na aslingni,
Sen o’zi kimsan?

4

Har kim
O’z dilining yakka qiroli.
Garchi,
Sen valisan,
Tengsiz olimsan…
Yoqangdan oladi
Bekning qaroli,
– Sen o’zi kimsan?

5

Nimadir
Yiltirab,
Yaltirab ketdi.
Ko’zlarim qamashdi,
Sadafmi, desam…
Bir itning tishlari
Etimga botdi:
“Sen o’zi kimsan?”

6

Men bugun
Kimsaga bermadim salom,
Bugun
Poshshoni ham
Qilmadim pisand.
Sichqonning inidan
Uchdi bir kalom:
– Sen o’zi kimsan?

7

Men shafqat tilabmi,
Muruvvatmi yo,
Chor-nochor
Qo’limni
Uzatib tursam…
Chirillab,
Chirpirab aylandi dunyo —
“Sen o’zi kimsan”

8

Men bugun
Boshimni
Bo’ynimga osib,
Purviqor
Dorning–da qoshiga kelsam…
O’ziga
Ko’rmadi ul ham munosib:
“Sen o’zi kimsan?”

9

Qo’limda
Eng kenja umidim o’lar,
Ayt,
Rozi bo’larsan
Men nima qilsam?
Manglayimga…
Toshday tekkanday bo’lar
“Sen o’zi kimsan”

10

Kamina
Gadoydan sadaqa oldi.
U
Hiringlab chaqa uzatdi,
Kulsam.
Tilim …
Tanglayimga yopishib qoldi:
“Sen o’zi kimsan?”

11

Xo’p…
Senga ortiqcha
Ta’na qilmay kel,
Kecha yetim yeding,
Bugun hokimsan.
Baribir,
Qorinmas, qadr g’amin ye,
Sen o’zi kimsan?

12

Men bugun
Bir senga ko’nglimni yordim,
Axir sen,
Qirq yillik qalin do’stimsan.
Labingda…
Istehzo o’ynadi,
Ko’rdim:
“Sen o’zi kimsan”

13

…Sevgim, Seni topdim.
Ko’kragim, quvon!
Men seni izlasam,
Seni sog’insam…
Ortimda…
Qarg’ablar qoldi bir juvon,—
…sen o’zi kimsan?

14

O’g’lim,
Eng baxtiyor
O’n besh yoshingda
Nedan xomush,
Nedan ko’ngli yarimsan?
Yong’oq chaqmagandir hali
Boshingda
“Sen o’zi kimsan?”

15

Jon qizim,
Shul so’zim
yodingda turgay,
Dadang taqdiridan
Shundog’am xursand…
Hali
To’ylaringda chirpirak urgay
“Sen o’zi kimsan?”

16

To’y bu.
To’lqin “tozi” raisga o’xshar,
Gapirar…
Aljirar…
To’yxona tirband.
Do’q urar
Kimdir so’z so’rasa agar,
– Sen o’zi kimsan?

17

Bu mening “tarelkam”
Toshingni ter, bor…
Naq kallam ketadi,
Senga so’z bersam…
–Hey,
To’y egasidan
“suyak” umidvor,
Sen o’zi kimsan?

18

Goho mastu-alast,
Goho sarxushman…
Hamshisham so’kinar,
– … Munchalar zilsan?!
Xushhol
Ko’zlarimga
Boqadi dushman:
“Sen o’zi kimsan?”

19

Rangimdan qon qochdi,
Mushtim qontalash.
Qurbim…
Shunga yetdi,
So’nggi zarbimsan.
Raqibim
Ariqqa o’qchir jontalash…
“Sen o’zi kimsan?”

20

Jon talvasasida
Birov qochdi:
— Voy…
Birga ichdik, chog’i,
Sherigimmisan,
YO anov behushning do’stimisan?
Hoy,
Sen o’zi kimsan?

21

Mehrim…
Shaloladay shovullab tursin.
Bugunim…
Ertamsan…
Ona xalqimsan!
Mayli,
Tillaringda lovullab tursin
“Sen o’zi kimsan?”

22

Makkam,
Madinamsan…
Ota makonim…
Og’amsan…
Inimsan…
Ona tilimsan!
Xonumonim manim,
Jonu jahonim –
“Sen o’zi kimsan?”

23

Kim bilsin,
Bu, balki,
So’nggi she’rimdir,
Ehtimol…
O’zim ham qalamday sinsam…
Bepisand
Pisanda ayladi kimdir:
– Sen o’zi kimsan?

24

Uzilganday bo’lar
Ichimda nedir…
Ichimdagi “nedir”,
Sen nega jimsan?
E…
O’sha “nedir”ni
Bo’riga yedir,
Sen o’zi kimsan?

25

Yoshlarimni artdi,
O’zi…
Ko’zi nam,
Uchsam qanot bo’ldi,
Yiqilsam malham…
Ha…
Ha, so’ramadi birgina onam:
“Sen o’zi kimsan?”

26

Yuragim…
Yuragim bo’ladi taqsim.
Qirqqa
Birga chiqdik,
Oncha taqsim – san!
Ko’zga chil-chil bo’lar,
Saksonta aksim…
Sen o’zi kimsan?

27

Bir otash
Bag’rimni o’rtadi chunon,
Men axir…
Men axir,
Qaniydi bilsam?
Men o’zim halakman
Qirq yildan buyon:
“Sen o’zi kimsan?”

28

Ko’ngil…
Poygagida yastangan mangu
Nechuk ajdahosan,
Nechuk tilsimsan?
Men kimdan so’ray:
– M YE N … O’ Z I
K I M M A N – U … S YE N …
O’ Z I …
K I M S A N ???

BIR SOATLIK XALIfA
(“Aktyor hayoti” turkumidan)

1. Prem’era

Baxtni ko’ring, bugun u podshoh:
Viqor bilan taxtga o’tirdi.
Suyanchiqni siypalab, nogoh,
Barmog’iga zirapcha kirdi.

Asarda yo’q g’alati holat,
Antraktgacha chidadi arang.
O’tirdi-yu taxtda bir soat,
Qo’li qonga bo’yaldi, qarang.

2. Prem’eradan so’ng

Bari jonli, shu bahonada,
Sahnaga qon to’ka ketdi u.
Lek, yetguncha pardozxonaga,
Duradgorni so’ka ketdi u.

CHAPANI fALSAfA

1

Ota o’z ulini…
Bir aldasa, iztirob chekar.
Tafti bosiladi… ikki aldasa.
Uch aldasa… ko’nikib ketar.

2

Ota o’z ulini aldayversa, uyat bo’ladi,
Ega o’z qulini aldayversa, kulfat bo’ladi.
Podsho o’z elini aldayversa, dahshat bo’ladi,
Shoir o’z dilini aldayversa, shoir… o’ladi.

3

Akangni aldama,
Aldama hamshira singlingni.
Mehribon opangni,
Emchakdosh ukangni aldama.
Onangni aldama,
Otangni aldama, xo’r bo’lasan.
Vatanni aldama, ko’r bo’lasan!

DADAM HAQIDA QASIDA

Dadam Umrzoq Tog’ay o’g’liga bag’ishlov qasida dadam hali hayotliklarida bitilgan erdi, o’qib quvongandilar. Onam sal
ranjigan bo’luvdilar:“Sal oshirib yuboribsan, dadang quvlikni bilmaydilar..”

Onam haq. Lekin, endi bul asar ul ulug’ zot haqida XOTIRA bo’lib
qoldi.

1

Ko’ngli daryo dadam, bag’ri suv dadam,
Oppoq soqollari bir parqu dadam.
Yetmishga chiqdilar onamni aldab,
Mening sodda dadam, mening quv dadam.

Dunyoni nazarga ilmagan dadam,
Eliga xiyonat qilmagan dadam.
Otasin urushga jo’natib qo’yib,
Oq non nimaligin bilmagan dadam.

Bugun to’y.
Dadamning peshanasi do’ng,
Quvonchdan dunyoga sig’masa kerak…
Hali… mehmonlarni kuzatgannan so’ng,
Bostirma ostida yig’lasa kerak?!

Bugun to’y.

2

Kelinlar, qizlar xizmatda,
O’g’illar qatorda turishar norday.
To’xtasin tog’am ham mana izzatda,
Yangam yuvgan yaktak yarqirar qorday.

Tuqqan bo’lasini qutlamoq bo’lib,
Islom bo’lam kelar ko’kragi to’lib.
Hasadmas, havasdan badanga sig’may
Quda, qudag’aylar o’ltirar kulib.

Farishtaday chollar bo’lishadi jam,
Xolxo’ja bobomiz egallar to’rni.
Ramazon akam yo’q, yo’q Omon akam,
Bu ikki azizning bilinar o’rni.

Lekin, farzandlari qatorda mana,
Shu qorako’zlarning boriga shukur.
Biri toy yasagan, e biri tana,
Og’ayin ko’rsatgan oqibat shudir?

Hadya to’nlar kelar – odmi, yarqiroq,
Bitta to’n, ikki, uch… o’nta… adashdim.
Hisobdan adashib ketdim-u, biroq,
Barini to’zdiring, bari yarashsin.

3

Mol-dunyoni ko’zga ilmagan dadam,
Yurtiga xiyonat qilmagan dadam.
Qirdan kanop tashib o’n bir yoshida,
Yolg’on nimaligin bilmagan dadam.

Bugun to’y.
Dadamning hamma ishi o’ng,
Quvonchdan o’ziga sig’masa kerak?!
Hali… hammamizni kuzatgannan so’ng,
Birorta do’stiga yig’lasa kerak?!

Qalbi daryo dadam, bag’ri suv dadam,
Uv… dadam, ko’zida yoshi duv dadam…
Yuzga ham chiqingiz onamni aldab,
Mening dono dadam, mening quv dadam.

4

Boshingiz chiqmasin to’ydan buyog’i,
Saksonu to’qsonni mo’ljallang endi.
Onamning etagin qo’ymang buyog’i,
Bugun bir erkalang, cho’ljanglang endi.

Bugun ko’kka yetsin ko’ngillaringiz,
Aziz poyingizga poyondoz gullar.
Sizni tavof qilsin o’g’illaringiz –
G’afur, Abdumannof, Abdurasullar.

Mag’firat aylasin yaratgan egam,
Muqaddas bu to’ylar Muborak bo’lsin.
Muyassar bo’lsin-da istaklari ham,
Singillarim, dadam yuzlarga to’lsin.

To’y bahona, avlod bir-bir yod bo’lsin,
Xonadon fayziyob, yurt obod bo’lsin.
Ammam, Zikan bovam, Xayri kampir va…
Tog’ay oqsoqolning ruhi shod bo’lsin.

Havoyi xitoblar bir nafas tinsin,
Olqishu qarsaklar avjiga minsin.
Qo’li dard ko’rmasin chapak chalganning,
Shumqadam o’limning oyog’i sinsin.

Keling, qarg’amaylik bugun hech kimni,
Hech kimning diliga bermaylik ozor.
Bugun men ham to’lib ketgan ichimni
Bu aziz davraga aylayin bozor.

Men ham qoshingizda egay boshimni,
Nisor bo’lsin manim sabil jonim-a.
Bir qizim, uch o’g’lim, yostiqdoshimni
Siz bir duo qiling, dadajonim-a.

Gul ko’tarib, piyoz ko’tarib kelgan,
Aziz mehmonlar ham salomat bo’lsin.
Goho to’lib kelgan, goh g’arib kelgan
Bu dunyo ham bugun alomat bo’lsin.

Dunyoni nazarga ilmagan dadam,
Vatanga xiyonat qilmagan dadam.
Darvozasi doim ko’ngliday ochiq,
Qo’rg’on nimaligin bilmagan dadam.

Armonli dunyoda bearmon bir siz,
Onam yoningizda, tegrangizda biz.
Shul hush damning haqqin ado etgali,
“Dilxiroj”ga bitta tashlab beringiz.

Mayli, birga chiqsin onam ham xandon,
O’zi asrasin-ey ko’zdan, yomonnan.
“1000”talik qistirsin amaki tomon,
“500”talik chiqsa tog’a tomonnan.

Kuyovlar, jiyanlar ursin-a chappor,
Belbog’u ro’molcha ulashsin onam.
Sochqilar sochilsin: – Soch, Abdug’appor,
Gulga to’lsin bugun ota ostonam.

Mehmonlar ham mahtal bo’lmasin endi,
Bu qutlug’ davra ham Sizga muntazir.
Mana “Dilxiroj” ham avjiga mindi,
Bu o’tlig’ nag’ma ham Sizga muntazir.

5

Mol-dunyoni ko’zga ilmagan dadam,
Onamga xiyonat qilmagan dadam.
Ikkov odam qilib sakkiz farzandni,
Armon nimaligin bilmagan dadam.

Bugun to’y.
Dadamning orzulari cho’ng,
Orzulari ichga sig’masa kerak?!
Hali… vitri vojib o’qilgannan so’ng,
Joynamoz ustida yig’lasa kerak?!

Ko’ngli daryo dadam, bag’ri bog’ dadam,
To’yu ma’rakadan vaqti chog’ dadam.
Yuzdan ham oshingiz, hammani aldab,
Mening osmon dadam, Tangritog’ dadam!

P.S. Bag’ri bog’ dadam-ey, ko’ngli oq dadam, Umri qisqa, ismi Umrzoq dadam…Ilohim,
qabringizga rahmat nurlari yog’ilib, yotgan joylaringiz jannatning nuraf-shon bog’chalariga aylansin, alham- dulillahi robbil a’lamiyn.
OMIYN….

SHAKLBOZNING SHUBHALI SHE’RI

1
Shomning shirin shiviri shirdek,
Shikasta sha’m – shams shamshiri.
Sharsharami, shovvami, sherdek
Shovullaydur shoirning she’ri:

Shahanshohning shonu shavkatin
Shahodati Shohizindadur.
Shiroqlaru shayxu shahidlar
Shajarasi, sha’ni shundadur.

Shahzodalar shaydoi shikor,
Shumg’iyaning shag’oli shodmi?
Sharmandai sharmisor shahar,
Shabistona shabboda shohmi?

2

Shoshiladur shum shamsiyalar,
Sharti shuldir Shu’la shirkatin.
Shom shumqadam, shamol shumxabar,
Shimol shimar Sharqning sharbatin.

3

Shohariqning shobiri shohid
Shavq shukuhim sharhlagay shuur.
Shakllanar shaxslar, shaksiz,
Sharqiragan Sharqimda, shukur!

YO Q A S I Z
(tajnis)

Yalovday hilpirar sochingiz,
Odamga olovday yoqasiz.

O’zingiz sal nari qochingiz,
Olamga alanga yoqasiz.

Jiyaklar yarqirar nuqradan,
Cho’g’day ol nimchangiz yoqasiz.

Siz meni, gul yuz-u gulbadan,
Yoqasiz va yengsiz yoqasiz.

Lov etib yonmoqqa shaylangan.
Dengizman–suvsiz va yoqasiz.

Tog’ ko’ksim sahroga aylangan,
Qachon siz bir malham yoqasiz?

Ikkimiz bir tan-u bir jonmiz,
Axir men yeng bo’lsam, yoqa siz!

KUZGI TUSH

Gulim,
Bugun sizni tush ko’rdim,
Sal faromush,
Sal xomush ko’rdim.
Qoshingizda to’rtta polapon,
Boshingizda saqoqush ko’rdim.

– Baxt qushimi? – dedim.
Kuldingiz.
Suvga bir tosh tushganday edi.
Chayqalganday bo’ldi ul dengiz,
Ko’zlaringiz nimadir dedi.

– Tushunmadim.
Bir siniq kulgu
Labingizda kurtak bog’ladi.
Mening kuzim, bahorim shul-ku,
Shovulladi ko’ngil bog’lari.

(Daraxtlar “oh” tortib yubordi,
Duv to’kildi xotiralar, oh…
Har yaproq – bir yurakning dardi,
Har dil shundan suvlar ichar goh).

Sevgimizning yolg’iz guvohi –
Teraklar jim shovullayverdi.
Xayolingiz ketdi uloqib,
Yanog’ingiz lovullayverdi.

(Suvga boqib, esingizdami,
Tush aytardik biz shosha-pisha…
Bugun boshda dunyoning g’ami
Va oila otlig’ andisha).

Yil sanaydi qaydadir kakku,
Biz turibmiz lol-u parishon.
Oramizdan oqib shuncha suv,
Diydorlashdi visol va hijron.

Poyoniga yetmadi ul tush,
Turaverdik bag’rimiz yoqib…
Ul teraklar kesilmaganmish,
Ketmaganmish ul suvlar oqib.

Yahyo Tog’a. Ko’klam qaldirg’ochlari by Khurshid Davron on Scribd

091

(Tashriflar: umumiy 3 299, bugungi 2)

Izoh qoldiring