Rajab Xolbek. Ovozsiz kuylar. She’rlar to’plami

32 Сурхон воҳасининг юртга таниш ижодкорларидан бўлмиш Ражаб Холбекни туғилган куни билан чин дилдан қутлаб, унинг ўтган йили Термизда нашр этилган «Овозсиз куйлар» тўпламидан ўрин олган шеърларни тақдим этмоқдамиз.

РАЖАБ ХОЛБЕК
«ОВОЗСИЗ КУЙЛАР» ТЎПЛАМИДАН


 09   Ражаб Холбек (Мамаражаб Холов)- 1956 йил 10 март куни Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг гидромелорация факультетини тугатган. Қишлоқ хўжилигининг турли соҳаларида, вилоят телерадиокомпанияси радиоэшиттиришлар бўлимида ишлаган. Айни вақтда ЎзЛиДеПнинг Термиз туман Кенгаши аппарат раҳбари вазифасида ишламоқда.


***
Кетаяпман,
Жисмимни олиб
Қолдираман руҳимни бироқ.
Қанчалар ҳам менга азиздир
Ортда қолган бу она тупроқ.

Ғазалхондир,
Бунда ҳар бир тош
Ҳар бир дарахт ўқийди афсун
Виқорланиб турган бу тоғлар
Салобатда кўрсатар фусун.

Менинг эса,
Қадамим Машраб
Юрагимни кетаман очиб.
Кетмаяпман ахир, мен бундан
Бир умрга бутунлай қочиб.

Йўлларимни,
Сўрайди йўллар
Ва дардларим йўлга айтаман.
Кетди деган сўзлари хато
Мен барибир бир кун қайтаман.

21.11.2021 й.

***
Бир жодуваш,
Тун қўмсар ёдим
Туйғуларим бўлар девона.
Ўтган йиллар, қотган туйғулар
Бўлиб кетган гарчи бегона.

Тун ярмида,
Ҳилпирар шамол
Куяверар менинг ҳам ёдим.
Лекин қанча куйгани билан
Бир ўзгариш сезмайди додим.

Қайтмас энди,
Қайтмас у тунлар
Минг тавозъе турсам-да айтиб.
Куйган ёдим қайтиши мумкин
Лекин тунлар келмайди қайтиб.

22.11.2021 й.

***
Ҳали унда,
Биз “тирранчалар”
Билмас эдик севги дардини.
Суртолмасдик кўзимизга ҳам
Қизил гулнинг нозик қадрини.

Олов эдик,
Ўтнафас эдик
Шомлар кириб, тонг уйғонардик.
Ва гулларга интиқлик билан
Тушлар кўриб хўб тўлғонардик.

Гулқизлар ёд,
Гулқизлар афсун
Аташганда бизни “латталар”
Гулқизларни биздан олдинроқ
Олиб кетди ёши катталар.

22.11.2021 й.

***
Кўзларингга,
Ғамгин қарадим
Сездинг ёки сезмадинг ҳолим.
Кўзларингдек қоп-қора ночор
Кўринарди менинг иқболим.

Ёнган чўғдан,
Қолган каби кул
Ўчиб бўлган менинг оловим.
Минг уринмай, ўзимни урмай
Тополмасдим энди қаловим.

Мендан фарқли,
Мендан ўктамроқ
Тутиб турдинг мағрур бошингни.
Дардларингни ичингга ютиб
Кўрсатмасдинг кўзлар ёшини.

22.11.2021 й.

***
Хаёл сурдим,
Ёруғ хаёллар
Тўкилсам ҳам хазонлар янглиғ.
Мен руҳимга шайдолар бўлдим
Ҳеч кимсадан кутмай омонлиғ.

Хўмрайдилар,
Минг бор юзимга
Силкинмади ҳатто шамоллар.
Ўзгаргандан ўзгариб кетди
Менинг учун келган аъмоллар.

Гоҳи ҳудман,
Гоҳи беҳудман
Баҳорларда қайта қишладим.

Лабларимни қаттиқ тишладим.

22.11.2021 й.

***
Аста-аста,
Боряпман эриб
Жаҳолатдан асар қолмаган.
Бораяпман барига кўниб
Эримоқдан кўнглим толмаган.

Ҳисоблидир,
Ҳар бир қадамим
Ҳар нарсага суқилмас бошим.
Метин каби ўзгариб борар
Аро йўлда топган бардошим.

Кеча узун,
Кундузлар узун
Ёдлаб олдим гўё йўлимни.
Арзимаган нарсалар учун
Кўтарганман икки қўлимни.

22.11.2021 й.

***
Балки сенга,
Ўргатмаганлар
Топмагансан ўзинг-да, имкон.
Бу ҳаётнинг ҳар куни ташвиш
Бу ҳаётда ҳар кун имтиҳон.

Зилдай кунни,
Елкалаб олиб
Кетаяпсан шомга қадар йўл.
Елкаларинг оғирлик боса
Юкинг ушлаб туролмайди қўл.

Кел, биродар
Чиранмай қўйгин
Бу дунёнинг залвори сабил.
Қўшиқ айтиб кутмагай сени
Элтар йўлинг бўлган Сусамбил.

21.11.2021 й.

***
Ҳеч нарса,
Тўхтатмас йўлимни
Борар бўлсам сенга руҳият.
Фақат менга керак ҳар доим
Озгина ирода, қатъият.

Шивалайди,
Ёмғирлар сирли
Руҳимга руҳ қўшилиб борар.
Ва руҳимга кирмасдан туриб
Руҳ ўзини сочиб юборар.

Бу Озодлик,
Эркнинг қуёши
Нурларида нурдек ўзаман.
Бўйсунмайин қолсам ўзимга
Мен ўзимни эркин сезаман.

22.11.2021 й.

***
Кутаяпман,
Автобус келмас
Таксиларга пулим етмайди.
Вақт эса шошилар, вақт
Менинг билан бирга кетмайди.

Манзил эса,
Бундан неча тош
Пиёдалаб етиб бўлмайди.
Йиғилишга кечиксам, агар
Раҳбарнинг ҳам юзи кулмайди.

Еяпман,
Ич-этим, бироқ
Кетган каби ишлар чапига.
Менинг ҳолим билмайди вақт
Кириб олган тезкор сафига.
Кун узилар,
Кун-да, чўзилар
Истакларим бўлмайди вожиб.
Мен ишимдан кечикиб кетдим
Энди қайга борайин қочиб.

Тамом энди,
Ҳаммаси тамом
Титраб бошлар иккала қўлим.
Раҳбар менга кулиб қарамас
Ҳеч аямай кўрсатар йўлим…

23.11.2021 й.

***
Хаёл ўсар,
Лаҳзалар сайин
Бўлолмайман ҳар ҳолда ғолиб.
Етмиш йилдир кўзларим сўқир
Етмиш йилдир мен бўлдим толиб.

Қийқираман,
Баъзан ўзимча
Қўйган каби барин жойига.
Лекин илм остонасининг
Келолмадим ҳатто пойига.

Ғўр эдимми,
Ва ёким ҳаммол
Ўрганмадим ўқиганларим.
Менда мудом устунлик қилди
Юрак билан тўқиганларим.

Минг бир афсус,
Надомат билан
Артарканман йиллар гардини.
Мен қандайин бошимга қўяй
Ўйинқароқ умр дардини…
23.11.2021 й.
***
Тергаб қўйдим,
Яна ўзимни
Ва бугуним кунга қоришди.
Кўзларимга кулгулар иниб
Юзларим ҳам юздай ёришди.

Хайриятки,
Шомга бор ҳали
Қизаради уфқ қизариб.
Келар шомнинг рўпарасида
Қолмасам бас, яна бўзариб.

Пичирлайман,
Лабларим тўлиб
Гуноҳкордек сезиб ўзимни.
Шомга қадар айтаман балки
Айтиш керак бўлган сўзимни.

23.11.2021 й.
***
Баҳор келиб,
Қолди тоғларда
Кўкда булут сузар оқариб.
Ой жилмайиб, юлдузлар кулар
Кўринади тунлар ғаройиб.

Эслайсанми,
Ўша тунларни
Ой нурлари ўраган гардиш.
Бизлар каби сингиб кетарди
Тун қўйнига сим-сиё товуш.

Сен ой эдинг,
Мен юлдуз эдим
Неча марта кулганмиз қорлаб.
Биз ишқимиз аллалар эдик
Баҳор бизни турарди чорлаб.
23.11.2021 й.
***
Унутаман,
Қарилигимни
Унутаман дунё ташвишин.
Ёруғ тунлар-ёруғ хаёллар
Келтиради ёшлик товушин.

Гўзал эди,
Сафсар кечалар
Туни бўйи айтарди эртак.
Хилватгоҳлар айланар эдик
То тонггача бўлганча “тентак”.

Санамасдик,
Лекин ўзимиз
Юрар эдик ишқни эркалаб.
Қониқмасдик бир ё иккига
Ҳаяжондан қовушганда лаб.

Гўзал эди,
Сафсар кечалар
Босмас эди кўзни уйқулар.
То тонггача олиб юрарди
Ой нурини эмган туйғулар.

24.11.2021 й.

***
Баҳор, баҳор
Тўрт томон баҳор
Телбаланар шамоллар иси.
Товлангандек қуёш нурида
Ўзгаради борлиқнинг туси.

Гуркирайди ,
Бир рангин олам
Кўз қамашар қараган сайин.
Сочларингга тароқлар солиб
Ҳилпирайди шамоллар майин.
Сен шоддирсан,
Сенсан бахтиёр
Қийқирасан ўзингдан тўлиб.
Ўрлагандек бўлар яшиллик
Юрагингда минг бора кулиб.

Баҳор, баҳор
Тўрт томон баҳор
Қулоч ёзиб келади қирлар.
Яшилликни оралаб хушбахт
Ва тинмасдан ўқисанг шеърлар.

24.11.2021 й.

***
Ишондим мен,
Сенга, муҳаббат
Туйғуларим келди кўкариб.
Ахир, бизлар гул баҳорларни
Келаяпмиз бирга ўткариб.

Кўзларингга,
Боққаним сайин
Кўринасан қанча саришта.
Сен лабимдан лабинг об қочган
Тонглар кулиб турган фаришта.

Кўзимга боқ,
Кўзларимга боқ
Алдай олмас ҳеч қачон сени.
Гул атрига маст бўлиб эркам
Ташлаб кетма ҳеч қачон мени.

24.11.2021 й.

***
Йўлим тушса,
Тоғларга томон
Бир соғинчлар туради ушлаб.
Кесаверар товонларимни
Йўлларимни тўсгандек муштлаб.

Жилдирайди,
Ўзанида сув
Салобатли турар қоялар.
Яширгандек қуёш нурини
Менинг билан юрар соялар.

Ва қадалиб,
Кўзларимга нур
Ўқигандек бўлади афсун.
Тоғлар мени чорлайверади
Мени этиб қўйгандек мафтун.

24.11.2021 й.

***
Жўраларим,
Чорладим, омон
Ўтиб борар кунлар ўйноқи.
Тонглардан то шомларга қадар
Ўтаётган кунлар сайроқи.

Қўйвормайди,
Муҳим ташвишлар
Бош қашлашга топмайсиз чора.
Тузук разм солиб қарасак
Кунлар эмас, бизлар бечора.

Ундай деймиз,
Бундайин деймиз
Топилади турли баҳона.
Яшашимиз оддийдан-оддий
Кунларимиз эмас шоҳона.

Жўраларим,
Чорладим, омон
Ва ўзимни сездим бахтиёр.
Ўтар экан беш кунлик дунё
Ғаниматдир дунёда дийдор.

24.11.2021 й.

***
Қовжирайман,
Дарахтлар каби
Куз йўлига тониб боқаман.
Ва тўкилган япроқларимга
Битта-битта олов ёқаман.

Куз сарғаяр,
Куздир ҳоримтол
Табассуми кўринмас кўзга.
Гўёки у муҳтож ҳам эмас
Бирор рағбат- мақтовли сўзга.

Менинг эса,
Тонгларимдир гул
Шомларимда тераман хазон.
Гўё жуда пасайиб келар
Куз кузатиб қорайган осмон.

Қовжирайман,
Дарахтлар каби
Бошланади дилдан ачишиш.
Кўзларимга қадалаверар
Ўз-ўзимга бирдан ачиниш.

24.11.2021 й.

***
Чўчимайди,
Хаёлинг балки
Бу ҳолатлар балки сенга ёт.
Эслайверсам ўтган кунларни
Ва бўғзимга келади фарёд.

Сокин ўтар,
Балки кунларинг
Ва бўғзингга тиқилмайди дод.
Менинг эса, ўтган ҳар куним
Жисми-жонда кўтарар фарёд.

Муҳаббат сен,
Бунча чиройли
Ярашмади сенга қасамёд.
Сувратингни чизганим сайин
Кўзларимда бошланар фарёд.

24.11.2021 й.

***
Адашади,
Кун-туним беҳол
Кенгликларга бошим қўяман.
Саратоннинг кўзига қараб
Бир ғариблик ҳиссин туяман.

Қовжирайди,
Адирлар, қирлар
Сувсизликдан кўтаролмай бош.
Тўлагандай минг йиллик солим
Чанг-тўзонга беради бардош.

Пастда эса,
Сой тўлиб оқар
Мажнунтоллар эгиб турар бош.
Пода каби қорайиб ётар
Сой сувини ичиб қайроқтош.

Адолатсиз,
Туйилса гарчи
Адашади кун-туним беҳол.
Менинг қўлим калталик қилар
Лекин тинчлик бермас, эҳтимол…
24.11.2021 й.
***
Кулгуларинг,
Сенга ярашиқ
Бир жимликда тикиламан жим.
Иштиёқдир сенга кулгулар
Ва юрагим ўртанар сим-сим.

Ўйнаб турган,
Қора кўзларинг
Тортқилайди ўзига бот-бот.
Шундай маҳал, шундай кезларда
Жимликларим кўтарар фарёд.

Сен гапириб,
Кулаверасан
Мақсад сари балки етасан.
Бир соддалик бордир дилимда
Ихтиёрим олиб кетасан.

24.11.2021 й.
***
Қутлаб қўйсак,
Бўлар дабдуруст
Тилинг чиқди сени, хайрият.
Соқов-пақов эмас экансан
Қилгайдирмиз биз ҳам хуш ният.

Олдирмайсан,
Олғирга ошинг
Ҳақ-ҳуқуқинг турарсан сўраб.
Бу дунёнинг лўттибозлари
Оғзи бўшни турарлар ўраб.

Хайрият, сен
Бу ҳолдан холи
Бўлмаса ҳам катта бир шуҳрат.
Олғирларни қолдириб доғда
Топаолдинг бу ҳолга журъат.
24.11.2021 й.
***
Сиз мени билмайсиз,
Танимайсиз ҳам
Мен ўзимча шеърлар ёзаман.
Ўхшамайин қолса товушим
Юракдан ё дилдан озаман.

Ғаройибдир,
Асли бу дунё
Манзилларга яқинроқ келмас.
Ё қориндан ёки нафсимдан
Очлик ҳисси ҳамиша кетмас.

Йўғриламан,
Жувонмардларга
Бундай пайтлар бўламан танти.
Йўқ-йўқ сўзин эшитган сайин
Нафратларим минг бора қайтди.

Ва улғайдим,
Нафрат устида
Ночор кўрсам зорланиб турдим.
Ялтиллаган пешоналарни
Забун бўлган ҳолларни кўрдим.

Келинг, сиз ҳам
Бироз мард бўлинг
Тарк этмасин сизни Эзгулик.
Ёрдамингиз аяманг зинҳор
Қўлингиздан келса яхшилик.

25.11.2021 й.

***
Ичиб бўлмас,
Бу тунни зинҳор
Тўкилади дардим қоғозга.
Ичай десам улкан хаёллар
Келаверар ўхшаб овозга.
Бугунми ё,
Кечаги кунми?
Овозидан бўлмайди таниб.
Ютоққандек лабим пичирлар
Келавермас сўзлар қувониб.

Атроф боқсам,
Ҳеч ўзгариш йўқ
Одимлайди секин қора тун.
Ё ярмимми десам ҳовлиқиб
Кўринади жисмим бус-бутун.

25.11.2021 й.

***
Унутмадим,
Сени қўшни қиз
Ярим аср юрсам-да, йироқ.
Йўлларимни ёритиб турдинг
Зулматларда сен бўлдинг чироқ.

Ўйноқидир,
Мудом шуълалар
Ўйнар мени ойнинг нурлари.
Йўлларимда дуч келди минг бор
Гўзалликда тенгсиз зўрлари.

Сенинг билан,
Боғланган ришта
Узилмади мендан ҳеч қачон.
У жодуваш қора кўзларинг
Тинчитмади жонимни омон.

Балки шудир,
Ишқ деганлари
Михлаб қўяр сокин лаҳзалар
Шу боисдан бир кун бораман
Титратса ҳам мени ларзалар.
25.11.2021 й.
***
Сезаяпман,
Ҳар бир шарпани
Очгим келмас кўзларим бироқ.
Таним қоплаб ётар сокинлик
Ва жисмимдан кетолмас мудроқ.

Шу ётишда,
Шу кечинмани
Мен ўзимга қилгандим ройиш.
Аллақайдан безовта бўлиб
Уйғотади мени бир товуш.

Кўзларимни,
Очмасам бўлмас
Онамдайин келар бир койиш.
Мени қизим уйғотиб турар
Қулоғимга берганча товуш:

-Дада, туринг, шом бўлиб қолди.

25.11.2021 й.

***
Нисбатан ёш,
Десалар гарчи
Жуда қадим бу тоғлар ёши.
Қанча мўмин пойида ётар
Тенг келолмай унга бардоши.

Узоқ кездим,
Тоғни оралаб
Туйқус менга сирлар айтмади.
Биздан олдин, анча олдинроқ
Келганларнинг йўли қайтмади.

Балки сўйлар,
Мен тушунмадим
Мен шунчаки айландим, холос.
Менга ўхшаш неча минг зотлар
Гўзалликка қўйгандир ихлос.

Лекин тоғлар,
Турар хўмрайиб
Осонликча ечмайди тугун.
Этмаса ҳам сирлардан воқиф
Гўзалликдан сўйлайди бугун.

25.11.2021 й.

***
Толбешикда,
Улғайиб ўсдим
Ва дунёда яйрадим роса.
Турфа мақом кўрсатди ҳаёт
Товлангандек моҳир раққоса.

Кўзларимдан,
Сачради олов
Бугунимни эртага йўйдим.
От тизгинин бўшатган каби
Мен руҳимни эркинроқ қўйдим.

Ва маълумдир,
Сўнгги манзилим
Кўрганларим бўларлар унут.
Эл қатори, ҳамма қатори
Олиб кетар бир кун толтобут.

28.11.2021 й.

***
Ношуд сездим,
Ўзим қай маҳал
Ҳаракатдан кўнглим тўлмади.
Уринганим билан қанчалар
Кўнгилдаги ишлар бўлмади.

Қувондим ҳам,
Баъзан ишимдан
Бораверди лек талаб ортиб.
Чамаси, мен борар йўлимда
Кўриндим-да, қолгандек қотиб.

Лек ҳаракат,
Бўшашгани йўқ
Фикри-зикрим товон кўрибди.
Ўзим ношуд сезганим билан
Оёқ-қўлим ишлаб турибди.

28.11.2021 й.

***
Шовуллайман,
Бир дарахт каби
Баргларимнинг мингта кўзи бор.
Икки кўзим-икки кўл каби
Тирикликка боқар интизор.

Адашаман,
Гоҳ соғинчлардан
Шамолларга тикроқ боқаман.
Илдизларга таяниб туриб
Ич-ичимдан сокин оқаман.

Шовуллайман,
Бир дарахт каби
Меваларим теради кузак.
Бир соғинчли меҳрлар билан
Дунёларга бераман юрак.

28.11.2021 й.

***
Юрак, юрак
Безовта юрак
Гўзалликка ташна боқасан.
Жуда гўзал туйғулар билан
Сен руҳимга жуда ёқасан.

Кўриб қолдинг,
Ана, шаддод қиз
Бир гулдайин товланиб турар.
Аямасдан икки кўзингга
Гўзалликнинг шамолин урар.

Юрак, юрак
Бўлма хижолат
Гулласин-да, кўкарсин журъат.
Ва сездирмай кирар бағрингга
Дунёларни бўйлаб муҳаббат.

28.11.2021 й.

***
Оғушимда,
Ухлар бир соғинч
Бир муҳаббат ўсиб улғаяр.
Забт этгандек юрагим минг бор
Безовталик дилга чўлғанар.

Кўзларим гул,
Кўзларинг атир
Чизгандайин бўламан суврат.
Енгиб бўлмас туйғулар билан
Илдизланиб боради ҳайрат.

Етиб келдим,
Мана шомга ҳам
Журъат етмас хаёлларимга.
Қурбим етмас бағишлай десам
Муҳаббатнинг аъмолларига.

28.11.2021 й.

***
Кеч ҳам тушди,
Шом бўлди меҳмон
Тугаб битди сокин яллалар.
Қадамларнинг товуши ўчиб
Тин олади ҳорғин далалар.

Ой, юлдузлар
Таратганча нур
Тикилади ернинг юзига.
Ё сувларда келади оқиб
Тикилгандек борлиқ кўзига.

Гўзалликка,
Шайдолар бўлиб
Кузатаман шомни ҳар бир кеч.
Юрагимга ўрнашган каби
Тарк этмайди мени бир соғинч.

28.11.2021 й.
***
Худо дилимга,
Худо тилимга
Солмаганин айтолмадим мен.
Айтар сўзим қолиб кетди деб
Йўлларимдан қайтолмадим мен.

Суҳбат қурай,
Десам сен билан
Чинқирмоқда бўғзимда фарёд.
Гўёки мен одам эмасдек
Тилсиздирман гўё бир жонзот.

Ҳар кунимга,
Арзир товушим
Дунёлардан бораман ўтиб.
Айтгим келар Худо берганин
Турмагайман нафасим ютиб.

***
Танимади,
Мени ҳеч кимса
Яшаяпман мен ҳам бир одам.
Қилмасам-да, буни истеҳзо
Ҳаётим ҳам ўчиб-ёнган шам.

Пулдор бўлмадим,
Доно ҳам эмас
Тадбиркорлик келмас қўлимдан.
Эл қатори яшаб турсам ҳам
Хабарим бор келар ўлимдан.

Арзим йўқдир,
Шунисига ҳам
Ўтар куним санадим қисмат.
Қорин ғами бўлгани учун
Бажарганман турфа бир хизмат.

Шоирлик ҳам,
Балки қисматдир
Ё ҳой-ҳавас бошлаган йўлга.
Фақатгина, айтар сўз излаб
Туташгандир йўлларим чўлга.

30.11.2021 й.

***
Яшайман дегандим,
Яшатмадилар
Кўрсатдилар минг битта ҳунар.
Журъатларим етмаган ҳолга
Бахтсизлигим чиппа-чин кўнар.

Бахт изладим,
Мен-да, анойи
Курашмоқни билмадим бироқ.
Шу боисми, зулматларимда
Ёритмади йўлларим чироқ.
Яшаш қийин,
Қурт босган Замин
Ғивирлайди йўлларинг тўсиб.
Кунлар эса, кундайин равшан
Келаверар ҳар тонгда ўсиб.

2.12.2021 й.

***
Яшаб ўтдим,
Бир тутам тунни
Юрагимни қоплади ларза.
Завқ-шавқларим анойи, балки
Насиб этмас сенга бу лаҳза.

Зулмат бирдан,
Ёришди кўзга
Тебратгандек бўлдим мен тунни.
Қолган гаплар ҳаммаси эски
Яшир, яшир сен мендан кунни.

Фақат, шомлар
Мени эслагил
Шамол бўса олсин юзингдан.
Мен ўзимни қувноқ кўрайин
Тунни қочир икки кўзингдан.

2.12.2021 й.

***
Йўл топмадим,
Ҳеч бир нарсага
Аламимдан бошим қашладим.
Баҳор келиб қолган бўлса ҳам
Тўрт деворни муштлаб қишладим.

Орзиққаним,
Келмади баҳор
Замҳарирдек деворлар чўкди.
Менинг билан кичик ҳовлида
Бир туп олма гулларин тўкди.

Қайда қолди,
Қирлар, адирлар
Шўх шамоллар қайларда йитди.
Кўринмади менга баҳорлар
Менинг завқим қайларга кетди?

2.12.2021 й.

***
Бир мўъжиза,
Кўрмадим ҳали
Тополмадим қалбга томон йўл.
Соғинчим ҳам, муҳаббатим ҳам
Титраб турар эгилгандек қул.

Ғуборлидир,
Кўзларим ҳамон
Бир жимликда толиқади кўз.
Ўз-ўзимга рағбат бўлгувчи
Тополмадим ҳатто бирор сўз.

Ғарибдирман,
Жуда ҳам ғариб
Айтгим келмас бу сўзни ҳатто.
Демак, менинг бошлаган йўлим
Бош-охири кетгандек хато.

2.12.2021 й.

***
Мен ўзимни,
Англашим учун
Кунни бердим, тунни ўлдирдим.
Ухлатгандек болаларимни
Ярим тунда кўзим кулдирдим.

Мен ўзимни,
Англашим учун
Оқаришдан тонди деворлар.
Тун қўйнидан липиллаб ўтди
Қора қошли кўзи хуморлар.

Мен ўзимни,
Англашим учун
Қариб кетди адашган йиллар.
Рангларини минг бор ўзгартди
Алвон рангли қип-қизил гуллар.

Мен ўзимни,
Англашим учун
Кўк булутлар неча бор чўкди.
Хаёлларим ўғирлагандек
Тонглар муздек шабнамлар тўкди.

2.12.2021 й.

***
Мен ўзимча,
Романлар ёздим
Ҳар бир сатрим гуллади қийғос.
Ўзимни ҳам ўйга толдирди
Мисраларда ёнган эҳтирос.

Мен ўзимча,
Туйғулар ёздим
Томирларим кетди уйғониб.
Бошгинамда айланди шамол
Раққосадек кулди тўлғониб.

Мен ўзимча,
Бир ҳурлик ёздим
Озод қушлар қилгандек парвоз.
Шамолларга уланиб кетди
Ва бўғзимдан таралган овоз.
2.12.2021 й.
***
Шеър ёзмоқчи бўлиб,
Қалб тозаладим
Гул тутгандек бўлди қишларим.
Оҳангларга қоришиб кетди
Бошлаб қўйган оғир ишларим.

Шеър ёзмоқчи бўлиб,
Кўз тозаладим
Сен очилдинг қизил гул бўлиб.
Туравердинг мудом қаршимда
Кўзларингдан бир масъум кулиб.

Шеър ёзмоқчи бўлиб,
Дунёга боқдим
Иблис йўлин ўтдим бехатар.
Ва димоққа йиғилиб келди
Гул бўйлари бўлиб муаттар.

2.12.2021 й.

***
Теролмайман,
Энди гул
Қирлар чопиб борадир.
Сенинг ўтганинг ёлғон
Гуллар топиб борадир.

Теролмайман,
Энди гул
Кўчган каби Вахшивор.
Сенинг изларинг ўчган
Бўлолмайман бахтиёр.

Теролмайман,
Энди гул
Темир ёпинган томлар.
Норизо боққан каби
Хўмрайиб боқар шомлар.
Теролмайман,
Энди гул
Қайга қўяй шонимни.
Гуллар терайин десам
Тупроқ олар жонимни.

2.12.2021 й.

***
Шаклга сиғмадим,
Тақлидга сиғмадим
Етмиш йилки такрордир бу ҳол.
Шаклларда ағанаб ётсам
Чиқмас эди шоир эҳтимол.

Мароқландим,
Ҳар битта сўздан
Сув чиқмади қазганларимдан.
Қанча шартли бўлмасин изоҳ
Қониқмадим ёзганларимдан.

Кун келади,
Қарийди йиллар
Ўз-ўзидан сарғаяр варақ.
Тугамайди асло жавоблар
Тугамайди кўнгилда сўроқ.

Кўкараман,
Тупроқ остидан
Илдизларим ботади ерга.
Фақатгина менинг бу жуссам
Сиғмай турар ҳар қандай шеърга.

2.12.2021 й.

***
Неча йилни,
Келаман судраб
Мен шунчаки, мўмин бир юввош.
Босса ҳамки елкамдан ҳаёт
Бераяпман барига бардош.

Танимайди,
Мени ҳеч бир зот
Ўзгаради ҳаволар кулсам.
Нетай, менда ноёблик йўқдир
Баъзан ўзим танитай десам.

Бирга маълум,
Бирга номаълум
Кечаяпти умри гузарон.
Бир тўнимни кийиб йиртгунча
Ошиб ўтдим қанчалар довон.

Фақат, элман
Сенга элдошман
Қолганлари қисматда бори.
Йўлларимни туради кесиб
Ёруғликнинг ё туннинг зори.

2.12.2021 й.

***
Эзғиланиб,
Бораверар вақт
Гул лабларинг тутади бўса.
Чизаверар кўзларим шакл
Кўзларимда кулар хандаса.

Кириб келар,
Ой ҳам ёқангдан
Сочларинг-да, товланар кумуш.
Мен ўзимни сезаман куёв
Сен ўзингни айлайсан бувиш.

Димоғимда,
У кунлар иси
Чирқирайди тунларим беҳол.
Магарда биз бирга бўлсайдик
Бўлар эдик бахтли эҳтимол.

3.12.2021 й.

***
Бу дунёнинг,
Ярми ғофил
Ярми журъат билмайди.
Ярмин кунлар кулдириб
Ярми тунлар кулмайди.

Ўт балосин,
Сув балосин
Хаёлларим чизгилар.
Гулобдай қарашларим
Вақт дегани эзғилар.

Эзиламан,
Гоҳо ўзим
Ҳайрон боқиб оламга.
Минг битта чиғириқдан
Айланаман одамга.

Бироқ дарвиш,
Сурати кўп
Чизсам кўнгил сатҳини.
Қанча одам саргардон
Тополмайин бахтини.

Бу дунёнинг,
Ярми ғофил
Яшамоқни билмайди.
Қуёш кулса, ой кулса
Қўшилишиб кулмайди.

3.12.2021 й.

***
Ўйнолмайди,
Кўнглим эркинроқ
Ҳар тўсиқдан чиқолмас кулиб.
Тўғри келган кўнгил хушлигим
Кетолмайман дабдуруст юлиб.

Тортинчоқман,
Жилла бўлмаса
Оқолмайман дарёдек тошиб.
Одамларнинг орасида ҳам
Келгандекман қайдандир ошиб.

Эркин бўлмас,
Кўнгилга оғир
Вақт тиғида тобланаверар.
Қалб кўзини очган ҳар маҳал
Ўз-ўзидан софланаверар.

3.12.2021 й.

***
Тирикчилик,
Маст-аласт келар
Эзғилайди жонимни минг бор
Баъзан эса тупурай десам
Менинг учун қолмас ихтиёр.

Тирикчилик,
Мунғайиб келар
Раҳмим келиб кетади бирдан.
Ёпай десам чопоним битта
Ёпинчиқсиз келибди қирдан.

Тирикчилик,
Тавба, ҳароми
На қоши бор, на-да, кўзи бор.
Кўзларимни юмиб олсам ҳам
Учар қушлар бўлар бахтиёр.
Тирикчилик,
Бир коса сув бер
Томоғимни олайин ҳўллаб.
Келаётир қандайдир шовқин
Ғордан чиққан каби гувиллаб.

3.12.2021 й.

***
Бир олий ниятлар,
Қилгандим ҳавас
Чорлаганди мени тоғ бағри.
Юксак орзу, ҳамият билан
Тўкилганди кўнгилнинг қаҳри.

Ёлғиз эдим,
Қирларда ёлғиз
Лекин кўпроқ бахтиёр эдим.
Орзуларим кўмилган юртга
Мен ўзимча дастиёр эдим.

Шодлигимни,
Сезиб ғанимлар
Ташладилар йўлимга тўсиқ.
Бўғзимдан ҳам чиқмайин қолди
Бир пайтлари мен севган қўшиқ.

Феълимдайин,
Қораяр кунлар
Нигоҳимга ўйчан қадалган.
Бир зулматга ўранган тунлар
Энди менинг учун аталган.

Чора истаб,
Излар тўрт томон
Қадамларим товуш бермас шўх.
Энди унда менинг ўзим ҳам
Орзуланган руҳият ҳам йўқ.
3.12.2021 й.
***
Шамолларга,
Берсам сўзимни
Тавба қилсам бебошлигимга.
Минг бора айланиб дафъатан
Қайта олсам гар ёшлигимга.
Тинглармидинг сен мени эркам?

Ё тафтимдан,
Тафтлар чиқариб
Болаликдай ишонтиролсам.
Лолазордан қайтганим каби
Сени шомлар қувонтиролсам
Қайтармидинг мен томон ёлғиз?

Кўп эди-да,
Айтар сўзларим
Айтар эдим сенга эринмай.
Лабларингдан олардим бўса
Ой нурида сенга кўринмай.
Қалбинг қалбга бергунинг қадар.

3.12.2021 й.

***
Ороландинг,
Баҳор гулидек
Қараб олдим ўнгу-сўлимга.
Шу латофат, оролар билан
Шовуллаб тўкилдинг кўнглимга.

Кўнгил сендан,
Кетмоғи қийин
Пичирлайди лабларим беҳол.
Наҳот, сенга боғланиб қолдим
Севиб қолдим сени эҳтимол.

Қовжирайди,
Ёниб қорачиқ
Юввош тортди лаҳзалар сайин.
Сеҳрладинг юрагимни сен
Энди сендан кетмоғим қийин.

4.12.2021 й.

***
Ҳурлик менга,
Этмади насиб
Наслим менинг урён билинди.
Шамоллардан яширсам юзим
Юраккинам минг бор тилинди.

Ҳурлик менга,
Этмади насиб
Ҳатто тонглар бермади сиёқ.
Шеър изланиб юргандай бўлсам
Синаверди бошимда таёқ.

Ҳурлик менга,
Этмади насиб
Мен наслимга тортавердим боз.
Ва бошимдан ташвишлар ўтди
Топган каби руҳим инқироз.

4.12.2021 й.

***
Ўқидим, ўқидим
Минг бор ўқидим
Кўз айланиб кўзимга тушди.
Ҳурлиқодек сўзлар тизими
Бари-бари хаёлдан учди.

Ва топмайин,
Бирор бир ҳурлик
Юрагимдан кўзёшлар тўкдим.
Келаётган сўзлар йўлига
Бошим ушлаб чўккала чўкдим.
Изтиробим,
Бўлмади адо
Шамол каби елаверди вақт.
Ўқийвердим лекин уқмадим
Менга насиб бўлмади бу бахт.

4.12.2021 й.

***
Мажнун бўлдим,
Лайлим бўлмадинг
Сирлар айтдик биз ҳам борлиққа.
Ўйнатгандан роса ўйнатдинг
Ярамадинг лекин ёрликка.

Мажнун бўлдим,
Лайлим бўлмадинг
Боғлар гули кетди сарғайиб.
Сен кетган кун мендан олислаб
Тош деворлар қолди мунғайиб.

Мажнун бўлдим,
Лайлим бўлмадинг
Тўпоридир бизнинг исмимиз.
Ой тагида бирлашди лекин
Бирлашмади бизнинг жисмимиз.

Мажнун бўлдим,
Лайлим бўлмадинг
Олисларда қолди тупроғинг.
Менинг учун ёнмади бироқ
Сен ишқ дея ёққан чироғинг.

4.12.2021 й.

***
Май ўрнига,
Азоб қуйдинг
Ичавердим, ичавердим.
Сенинг қошу-кўзинг дея
Мен ўзимдан кечавердим.

Муҳаббат деб,
Заҳар қуйдинг
Оғулигин билмадим мен.
Сендек ёрга кўнгил бериб
Ва оқибат кулмадим мен.

Юлдуз кулди,
Ой кулди
Бўлса ҳамки менда ройиш.
Кулай десам лабим йиртиқ
Бир дунёлар берди товуш.

4.12.2021 й.

***
Улғайгандек,
Қуш тумшуғида
Лаҳза сайин кўкка интилдим.
Лекин ерда тупроқ каби мен
Уваланиб минг бор ситилдим.

Ҳоримтолдир,
Атроф одамлар
Кўрсатолмас бирортаси йўл.
Мен тубидан узиб олинган
Сўлаяпман бамисоли гул.

Арзим бордир,
Армоним бордир
Тинглаяпман азобимни мен.
Ва қарадим оламга кулиб
Синдиргандек ғазабимни мен.

4.12.2021 й.

***
Изоҳ берар,
Ким ҳам мен учун
Ўзим айтсам дийдиё бўлар.
Сабил қолган бу жоним менинг
Тирилади, минг бора ўлар.

Лаб тишласам,
Қонайди лабим
Икки кўзим келар ёшланиб.
Мени телба дема, биродар
Келаётир энди бошланиб…

Шафқатсизлик,
Бу ҳаётга хос
Ҳар чокидан тушар пайраха.
Мен ўзимга қўйганман ихлос
Яшаш тарзим ўзи шунақа.

Айб этмайман,
Гарчи ҳеч кимни
Нима бўлса, ўзимдан кўрдим.
Соз чалгандек бўлганда кўнгил
Мен кўнгилнинг йўлига юрдим.

Ўтар-кетар,
Ўтмаган кун йўқ
Ният қилдим, ҳар кун бошлашни.
Барча азоб ўзимникидир
Билолмадим, қандай яшашни.

4.12.2021 й.

***
Мен озодман,
Эркиндирман
Чалолмадим лекин най.
Бунга турфа сабаблар
Топилади ҳарқалай.
Ҳув-в, бирда
Ўтиб кетди
Хаёлимдан қасирға.
Ёнингизда юрибман
Ўхшаяпман асирга.

4.12.2021 й.

***
Кун ўтади,
Кундуз ўтади
Шом тушади оғриққа тўлиб.
Келаётган туннинг зулмати
Ташлар ғамим иккига бўлиб.

4.12.2021 й.

***
Танияпман,
Сенинг кўзларинг
Балки осмон қаърига етдим.
Тикилганим сайин кўзингга
Мен ўзимни танимай кетдим.

5.12.2021 й.

***
Туни бўйи,
Ичдан йиғладим
Қуриб кетди кўзимда ёшим.
Синиб бўлди бутун иродам
Ёстиқ суяб қолди бардошим.

5.12.2021 й.

***
Нималардир,
Демоқчи бўлдим
Айтолмадим лекин бирор сўз.
Сенинг нозик кўнглингни ўйлаб
Чўмиб кетди бир жимликка кўз.

5.12.2021 й.

***
Имкон берсанг,
Журъатсиз журъатимга
Довулларга бойланар эдим.
Ҳаммасини эсдан чиқариб
Яна ишққа айланар эдим.

5.12.2021 й.

***
Ҳеч нарса,
Бугуннинг гапи эмас
Қўйгандирмиз ё бизлар ихлос.
Минг йил аввал қандайин бўлса
Ўзгартирдик озгина, холос.

5.12.2021 й.

***
Онам йўқ,
Энди онам йўқ
Мен онамсиз онамни кўрдим.
Чидолмайин тушларимда ҳам
Тунлари ҳам кўтариб юрдим.

5.12.2021 й.

***
Жуда ғариб,
Сездим ўзимни
Кўзларимда ҳаттоки ёш йўқ.
Ғарибликдан қутулай десам
Калла бор-у, фикрли бош йўқ.

5.12.2021 й.

***
Балки сендан,
Юз ўгирмасдим
Майли энди, мендан-да, тўлсанг.
Балки фикрим ўзгарармиди
Дуч келганда бир бора кулсанг.

5.12.2021 й.

***
Тизгинсиз шамолларнинг,
Тонгги ҳур-ҳури яхши
Нафас олиб, нафас ютаман.
Ажиб хаёл, ибтидо билан
Мен ўзимни билмай кетаман.

5.12.2021 й.

***
Шудринглар,
Музлаб ётар
Йўл-йўлакай ўйга толаман.
Қабристонга йўл олсам тонгда
Мен баҳорни қўмсаб қоламан.

5.12.2021 й.
***
Ҳеч нарса бўлмади,
Ҳамма ёқ сокин
Чиқавермас тош йўллар чанги.
Қулоғимга бир қур чалинмас
Урилгандек тошлар жаранги.
5.12.2021 й.
***
Моғор босган,
Тош девор
Очолмайди ҳамон кўз.
Тош деворлар ортида
Ўтган йилларим ожиз.

5.12.2021 й.

***
Қуриб қолган,
Ҳовуз бўйи
Кексайиб гужум толган.
Шу гужумнинг остида
Ўспирин ёшим қолган.

5.12.2021 й.

***
Учиб кетган,
Қушларим
Сарғайгандир гулларим.
Топа олмас мени ҳам
Олис кетган йилларим.

5.12.2021 й.

***
Сокин хаёл,
Сокин ўй
Қоришар чоғларига.
Яна баҳор қайтибди,
Вахшивор тоғларига.

5.12.2021 й.

***
Куйлагандек,
Тонгларни булбул
Ўтиб кетди қанча йилларим.
Тутқазгандек бўлиб қўлимга
Яшил баҳор нафис гулларин.

5.12.2021 й.

***
Бегонасан,
Сен энди менга
Бегонадек ёмғирга осмон.
Энди менга бир ишқ аталур
Асраганим минг йиллик ҳижрон.

5.12.2021 й.

***
Наҳот, сени
Кўрмайин ўтдим
Боғлиқмиди ёки кўзларим.
Сени кўрсам нуқтадон бўлар
Айтиш лозим бўлган сўзларим.

5.12.2021 й.

***
Кўзёшларим,
Ёмғирдек томди
Чатнамади бу тақир шудгор.
Ҳамма бахтли бўлган маконда
Бўлолмадим мен ҳам бахтиёр.

5.12.2021 й.
***
Кетганимга,
Кўп йиллар ўтди
Йўлларида бўлдим девона.
Наҳот, энди туғилган қишлоқ
Боқиб турар менга бегона.
5.12.2021 й.
***
Эсимни,
Танигандан буён
Олмасам-да, гарчи хавотир.
Нигоҳимга бир жимлик илиб
Бўлиб келар бир ҳолат содир.
Ғарбда кун ботаётир
Шарқдан кун чиқаётир.

5.12.2021 й.

***
Кашф этмадим,
Бирорта юлдуз
Ой нурига ойни киритдим.
Мақтангулик ҳолим йўқ менинг
Қайдалигим ўзим унутдим.

5.12.2021 й.

***
Қучоғимни,
Очиб чиқмадим
Неча йиллик дўстим эди у.
Билмам мени не бало урди
Ёшлик ҳамда кам-кўстим эди.

5.12.2021 й.

***
Эридими,
Тоғларнинг қори
Яшил камзул кийдими қирлар.
Энди биздан йироқлаб борар
Болаликда жўш урган сирлар.

5.12.2021 й.

***
Баҳор билан,
Бораман дедим
Ўтиб кетди: Ёз, Куз, Қиш.
Ҳамон мени қўйиб юбормас
Миниб олган елкамга ташвиш.

5.12.2021 й.

***
Интилганим,
Менинг тўрт сатр
Қолган гаплар ортиқча бари.
Қараб турсам бу рангин олам
Кўринади мендан ҳам қари.

6.12.2021 й.

***
Юрак куйла,
Юрак яширин
Дунё бизни қўймас ўйнатиб.
Овозимиз эшитади-ю,
Сўнг ўзини қўяр бўйлатиб.

6.12.2021 й.

***
Хокисорман,
Ҳар бир сўзим-сўз
Нигоҳларим кетади ўйиб.
Бу миннатли дунёда бироқ
Бораяпман ҳар куни куйиб.

6.12.2021 й.

***
Дардли боқдим,
Кўзларингга жим
Дардлашгандай бўлди нигоҳлар.
Таъқиб этар бизни умрбод
Ой кузатиб қолган гуноҳлар.

6.12.2021 й.

***
Ёнингиздан,
Ўтдим қай куни
Бахт тиладим ҳасаддан ёниб.
Нима қилай? Нималар қилдим
Кетолмадим мен ишқдан тониб.

6.12.2021 й.

***
Парвардигор,
Омонатинг ол
Ҳеч нарсага беролмадим тан.
Кўп нарсага қарздор эканман
Қарз эмаскан биттагина жон.

6.12.2021 й.

***
Тилим тийдим,
Ҳеч не демадим
Тортгандайин бўлдим мен юввош.
Бунинг учун менга аслида
Керак бўлди қанчалар бардош.

6.12.2021 й.
***
Ишонасан,
Марҳаматингга
Қайтганига турасан кўнмай.
Миннат ошинг тош бўлиб борар
Гапирасан неча йил тинмай.
6.12.2021 й.
***
Давралар бенаво,
Давра куйгилик
Атрофингда турфа сиёқлар.
Марҳаматли зот эдинг бироқ
Қадринг билмас ялангоёқлар.

6.12.2021 й.

***
Жиловлашим,
Қийин нафратим
Қаролмайман кулиб юзингга.
Юзим, кўзим қарашим билан
Ботгандайман ўқдек кўзингга.

6.12.2021 й.

***
Қўрқиб тургин,
Гўзалликдан сен
Гўзалликнинг минг бир кўзлари.
Лабларингга эҳтиёт бўлгин
Адашмасин ҳеч вақт сўзлари.

Хўрламагил,
Гўзалликни сен
Ҳамма нарса сендан тонади.
Хўрланса гар гўзаллик бир бор
Ҳўлу-қуруқ бирдек ёнади.

Сен аввайлаб,
Асрагин уни
Керак бўлса жонингни бергин.
Мумкин эмас уни хўрламоқ
Лабларидан бўсалар тергин.

6.12.2021 й. 96

***
Менинг қалбим,
Улкан бир майдон
Шайтон, имон тушади кураш.
Агар шайтон устунлик қилса
Бошланади имонда нураш.

Менинг қалбим,
Улкан бир майдон
Кузатаман олиб хавотир.
Шайтон, имон курашидир бу
Айтмаяпман сизга асотирю

Менинг қалбим,
Улкан бир майдон
Эзгуликка йўл солар имон.
Интилса ҳам ғолиблик сари
Гоҳ ғолиблик қилади шайтон.

6.12.2021 й.

***
Исо номин,
Сотиб ичдилар
Ташладилар лойларга қориб.
Муҳаммаднинг йўлига чиқиб
Турадирлар букун ёлбориб.

6.12.2021 й.

***
Телбалик қилсам-да,
Гуллар юлсам-да
Кетолмайман чизиқдан чиқиб.
Гар чизиқдан ўтсам бир лаҳза
Ажал қўяр гўрларга тиқиб.

6.12.2021 й.

***
Бигиз қилмай,
Қўйдим бармоғим
Ва англадим ўзим ҳам пешмас.
Тузатайин десам феълимни
Демак, бунга ҳеч қачон кечмас.

6.12.2021 й.

***
Ёмон кўрдим,
Бир сабр билан
Жаҳолатдан йироқроқ турдим.
Баҳслашмайман сенинг билан ҳам
Яшаяпман, барини кўрдим.

6.12.2021 й.

***
Шом қарадим,
Тонгга қарадим
Вақт деган кетди чўзилиб.
Ва оралиқ масофаларда
Нафратларим кетди узилиб.

6.12.2021 й.

***
Қийналаяпман,
Билганларимдан
Гарчи йўқдир менда бир мижоз.
Бу дунёда билмаганимдан
Хайриятки, билганларим оз.

6.12.2021 й.

***
Бир кенглик бор,
Поёнсиз ҳудуд
Бу кенгликда руҳим кўрибман.
Товланади камалаклари
Шу кенгликда учиб юрибман.

6.12.2021 й.

***
Исёнлардан,
Чўчима руҳим
Керак эмас ҳаттоки кўзёш.
Исёнсиз кун эзиб юборар
Бўлсак агар қанчалар юввош.

6.12.2021 й.

***
Тақлид эмас,
Мендаги товуш
Атрофимдан шамоллар елди.
Сиз билмайсиз: Ич-ичларимдан
Садо бериб, бақиргим келди.

6.12.2021 й.

***
Кулгичларинг,
Ярашибди ўзингга
Кўзларинг ҳам ишқдан тўзимдир.
Айтолмайман бошқа ҳеч нарса
Менинг шеърим битта сезимдир.

6.12.2021 й.
***
Асаларини,
Ушлагандек
Тикилса ҳам минг битта кўзлар.
Тутиб олдим мен ҳам сўзларни
Энди чақар мени бу сўзлар.
7.12.2021 й.
***
Чайнаяпман,
Яна созимни
Шовуллайди бўйчан бир терак.
Мен дарахтга айланолмадим
Йўл бермади кўксимда юрак.

7.12.2021 й.

***
Айтилмаган Бир Сўзим бор бўғзимда.
Рауф Парфи

Ҳамма гап айтилган,
Ҳар сўз айтилган
Янги сўзнинг ўзи йўқ бунда.
Пиёдалаб келаётирман
Сўз кўринмас бу қора тунда.

Нигоҳларим,
Сермалар қилич
Юрагимга боради ботиб.
Бошқаларни билмадим лекин
Мен ўзимни қўйдим уйғотиб.

Айтай десам,
Халқумимда жон
Эмасдирман балки ўзимда.
Тун оралаб боравераман
Бир Сўз бордир ҳали бўғзимда.

7.12.2021 й.

***
Ҳар лаҳзада,
Туғиламан мен
Ҳар лаҳзада ўлавераман.
Шодлик, ғамим ёнма-ён келар
Дунё бўлиб кулавераман.

Билсам-да, гар
Нима ўткинчи
Қўйгим келмас бир четга суриб.
Шодликлардан шодланаман-у,
Ғамларимдан бораман қуриб.

Менинг умрим,
Саноқ тўрт фасл
Ярми шодлик, ярмисидир ғам.
Куним берса, туним берсалар
Кўкараман қиш фаслида ҳам.

7.12.2021 й.

***
Ҳайқиргим келади,
Не деб ҳайқирай
Воҳ, кўнгилга етмас овозим.
Ғичирлашни бошлаш паллада
Синиб кетди мен топган созим.

7.12.2021 й.

***
Истакларим,
Рад этар дунё
Ўтаяпман умримни куйиб.
Ташвишларим оқар бенаво
Йиғлолмайман ҳаттоки тўйиб.

7.12.2021 й.

***
Оқмай турар,
Мен топган сўзлар
Ботқоғига қолгандай ботиб.
Оқмаётган сўзларимни мен
Энди қандай олай уйғотиб.
7.12.2021 й.
***
Айтмайман,
Десам ҳам
Айтиб қўйдим ҳамма сиримни.
Ўқиганлар бўлади воқиф
Оқ қоғозда қолган шеъримни.

7.12.2021 й.

***
Ночор қолдинг,
Севги бобида
Мен атадим уни хиёнат.
Қанчалар ҳам куйиб-пишмайин
Юз бермади бироқ қиёмат.

Яшаяпман,
Сенсиз ҳам кунлар
Қуёшини турибди сочиб.
Фақат, энди мени кўрганда
Сен кетасан йўллардан қочиб.

Тақдир экан,
Мен унга кўндим
Севолмайин қолганим ҳам йўқ.
Ўқтин-ўқтин лекин қалбимда
Қўзғалади занглаб ётган ўқ.

7.12.2021 й.

***
Ўтаётган,
Ҳар оним азиз
Эгадирман буюк қудратга.
Тикиламан борлиққа ҳадсиз
Тикилгандек сирли хилқатга.

Алдай бошлар,
Баъзида вақт
Кўзларимни олади юлиб.
Энди менга қурбият керак
Боқмоқ учун оламга кулиб.

Ҳансирайман,
Нафас остида
Ва шамоллар юборар тўкиб.
Бир кулгудай бўлмоғим учун
Ололмайман ўзимни йиғиб.

7.12.2021 й.

***
Бунда осмон,
Кўтарар тоғлар
Чуваланиб ўйнар булутлар.
Ҳар битта тош, ҳар битта қоя
Юрак очган буюк сукутлар.

Юрак очар,
Булоқларда сув
Эшитилар какликлар сози.
Акс-садога қўшилиб кетар
Ҳар кимсанинг берган овози.

Бахтим,
Ёки бахтсизлигимга
Ҳамоҳангдир тоғлар пурвиқор.
Бунда осмон кўтарар тоғлар
Она юртим азиз Вахшивор.

7.12.2021 й.
***
Тиклолмайман,
Энди хотирга
Болаликда ўтган ҳар кунни.
Баридан сен кўз юмиб кетдинг
Қолдиргандек менга бир тунни.
7.12.2021 й.
***
Кетаяпман,
Ўйлар озорли
Тош йўлларга термуламан жим.
Боқарканман сен юрган йўллар
Юрагимни оғритар сим-сим.

7.12.2021 й.

***
Ботиб боради қуёш,
Юксак тоғ чўққисига
Қулоқ тутар ким ҳам додимга.
Уввос тортиб йиғлагим келар
Қайтгим келмас бироқ ортимга.

7.12.2021 й.

***
Ўтиб кетди,
Гул тутган кунлар
Энди гуллар кутмайсан мендан.
Мен ва қишлоқ буткул айрилдик
Қалбимизни забт этган сендан.

7.12.2021 й.

***
Неки, ёзсам
Тортиб кетдинг сен
Қолаверди руҳият қақшаб.
Бошқаролмай қолдим руҳимни.
Телбаланган шамолга ўхшаб.

7.12.2021й.

***
Ой нурида,
Уйландим
Нурлар уялиб кетди.
Жилмайган ой нурлари
Тубсиз аъмоллар битди.

8.12.2021 й.

***
Номаълумдир,
Қачон қайтаман
Ишқинг билан яшайман энди.
Тарк этмасин қизғалдоқзорлар
Сен ҳижронни ўзингдан синдир.

8.12.2021 й.

***
Эртага,
Нима бўлар
Буни мен ҳам билмайман.
Лекин кунлик одатим
Сира канда қилмайман.

8.12.2021 й.

***
Тоғларда,
Бодом гуллар
Бир ҳавас-ла, боқаман.
Ҳеч кимга сездирмайин
Тунда гуллар тақаман.

8.12.2021 й.
***
Учаяпман,
Бу тунда
Мени руҳим қўллади.
Ҳеч кимга сездирмайин
Тоғда бодом гуллади.
8.12.2021 й.
***
Тоққа чиқиб,
Бу тонгда
Ўпдим бодом гулларин.
Эсимдан чиқиб қолди
Келган сўқмоқ йўлларим.

8.12.2021 й.

***
Хуршид Даврон,
Китобин ўқиб
Мен қандайдир лаззат топаман.
Танишдайин япон тоғлари
Сўқмоқларда унсиз чопаман.

Кўрмаганман,
Лекин бир бора
Жилоланган япон тоғларин.
Қўмсагандек бўлавераман
Ғўр ёшликнинг қувноқ чоғларин.

Вахшивортоғ,
Менинг ҳайратим
Кашф этаман қайта ва қайта.
Ва кўнгилдан кечганларини
Зерикмайман ҳаммага айтиб…

Такрорлайди,
Тоғлар бир-бирин
Набототи келтирар шукуҳ.
Ва тоғларда кезади мудом
Тирикликни асраган руҳим.

8.12.2021 й.

***
Сиғдиролмас,
Ўйларим баъзан
Не бўлар деб кунлар аъмоли
Қийнай бошлар лекин доимо
Келаётган шомлар шамоли.

8.12.2021 й.

***
Бошланади,
Ҳар куни баҳор
Чиқаверар йўлимдан ташвиш.
Тўрт деворнинг орасида жим
Кутаяпман. Қачон кетар қиш?

8.12.2021 й.

***
Ишонмайин,
Қўйдим ҳисларим
Чидолмадим ҳар қандай нозга.
Ва ёдимдан чиқмаслик учун
Ёзиб қўйдим оппоқ қоғозга.

8.12.2021 й.

***
Юрак куйгин,
Юрак йиғла
Қайтиб келмас ойдин кечалар.
У қиз сендан йироқлаб кетган
Соғинсанг-да, уни қанчалар.

8.12.2021 й.
***
Сен ой эдинг,
Мен зулмат эдим
Ишончларнинг қуриган шўри.
Мени менга танитгандайин
Ва ёритди қалбим ой нури.
8.12.2021 й.
***
Ҳасрат билан боқаман,
Ҳайрат билан боқаман
Мени олиб кетмас кечалар.
Дийдорингга ошиққан эдим
Соғинчларга тўлиб қанчалар.

8.12.2021 й.

***
Варақласанг,
Мозий қатини
Урушлардан кетасан тўйиб.
Кўкармоқдан толмаган асло
Йўқса дунё кетарди куйиб.

8.12.2021 й.

***
Ҳориган,
Киприкларим
Кетаверар юмилиб.
Мен тунни кесаяпман
Шодлигимга чўмилиб.

8.12.2021

***
— Қани бўлгин,
Шеърингни айт
Тун айлансин сарафроз.
Жимликка сингиб борар
Ва тонгга етмас овоз.

8.12.2021 й.

***
Дийдам қаттиқ,
Кўнглим уйғоқдир
Аямади бу дунё мени.
Шунча алам ва ситам ичра
Унутмоғим мумкинмас сени.

8.12.2021 й.

***
Тушунмайсан,
Руҳий ҳолатим
Мен дунёдан тамом кечаман.
Сени мағлуб қилган паллада
Томчилаган нурлар ичаман.

8.12.2021 й.

***
Қандай яхши,
Бир сокинлик бор
Бир жимлик бор қарашларимда.
Мени менга қайтаролмайди
Мудом шундай яйрашларимда.

8.12.2021й.

***
Бўй кўрсатмас,
Қуёш ҳар куни
Ё сарғаяр кўкида ёлғиз.
Мен ҳам сенга етиб бормайман
Ва йиғлайман кўриниб ожиз.

8.12.2021 й.

***
Англаяпман,
Мен ҳам бир бўлак
Табиатга мен ҳам доирман.
Дов-дарахтлар экишим мумкин.
Ё яшиллик яксонин тортиб
Қуритишга мутлақ қодирман.

8.12.2021 й.

***
Мен танийман,
Юксак тоғларни
Танийдирман булоқларни ҳам.
Жилғалардан сувлар оқмаса
Босиб келар кўзларимни ғам.

8.12.2021 й.

***
Ёзган сайин,
Ёзавераман
Чўлғаб олар мени табиат.
Парвардигор айирма мени
Бериб тургин ҳамиша журъат.

Ёзган сайин,
Келади ёзгим
Куни-туним билмайди суръат.
Парвардигор айирма мени
Тарк этмасин мени муҳаббат.

Тугаб битар,
Бир кун бу умр
Тўлдириб тур ҳовучларимни.
Парвардигор айирма мени
Асра менинг соғинчларимни.

8.12.2021 й.

***
Тутаб борар,
Менинг кўзларим
Адашади поёнсиз кенглик.
Ҳансирайди қум барханлари
Кўрмаяпман мен ерда тенглик.

8.12.2021 й.

***
Ҳар нарсани,
Суймади жиним
Кўп нарсага жиддийроқ боқдим.
Латофатли давраларда мен
Оқар сувдай бетиним оқдим.

Севдим кўнгли,
Дили покларни
Тунд одамлар тортмади таъбим.
Шамолларда учгандай бўлди
Эзгуликка йўғрилган қалбим.

Ва кимлардир,
Сиғинган дунё
Бўлолмади менга ягона.
Бир ўткинчи ташвишлар тугал
Менинг учун бўлди бегона.

8.12.2021 й.

***
Кетолмадик,
Катта шаҳар
Олиб кетса бўларди.
Қишлоқда ярим ойлар
Ё шаҳарда тўларди.

Балки журъат,
Етмадими
Айтганимга кўнмадинг.
Агар севсанг юракдан
Таваккалга йўймадинг.

Таваккалнинг,
Боши калдир
Юришлари бехато.
Юриши хато бўлса
Туришлари бехато.

Бироқ сени,
Кўндиришим
Кенг елкага енг бўлди.
Бир фурсатни кутмоқ лек
Ўлим билан тенг бўлди.

Биз ажралдик,
Ўлмай туриб
Бу кимларга қўл келди.
Муҳаббатсиз дунёлар
Томон аниқ йўл бўлди.

Энди менинг,
Кўзларимда
Гўзалликдан асар йўқ.
Нафратим бор дунёлар
Мендан баттар қайсар йўқ.

8.12.2021 й.

***
Далда бердим,
Ўзимга ҳар гал
Қанотлига берар деб Худо.
Шу боисми, имконларимдан
Кўп марталар бўлганман жудо.

Далда бердим,
Ёниб тургин деб
Кўзларингдан чақнасин олов.
Ҳатто туҳмат келганида ҳам
Топа олгин сен унга қалов.

Лек табиат,
Бергандан ортиқ
Бўлмас экан минг уринсанг ҳам.
Шодликларни чақириб олсанг
Келиб турар ўз-ўзидан ғам.

Тайёрлаган,
Каби ўзимни
Ҳар кунимни сўроқ этаман.
Шомларимга яқинлашганда
Жимгина ё қувноқ кетаман.

Далдаларим,
Қилмайди таъсир
Ҳаволарга учар сўзларим
Ва эртанги кунимни ўйлаб
Ёшланади бироқ кўзларим.

8.12.2021 й.

***
Ҳар кунимни,
Ёки лаҳзамни
Шеър билан яшаётганим йўқ.
Тирикликнинг шамоллари бор
Шамолларни қақшатганим йўқ.

Ёзсам ёздим
Ёзмаганда йўқ
Жимликларим кўпроқдир менинг.
Қўрсдай бўлиб ўтган лаҳзалар
Тавалломда тупроқдир менинг.

Рақс тушар,
Кўнглим баъзида
Шодлантирар юмиб кўзини.
Бундай ҳолни кечириш мумкин
Рағбат бериб турса ўзига.

Бундай ҳолат,
Доимий эмас
Адашгандек чопади ранглар.
Лекин ўша кунгай паллада
Менинг куним тиғдай жаранглар.

8.12.2021 й.

***
Тоғ қишлоғи,-
Туғилган қишлоқ
Иккимизга бирдай жанона.
Сўқмоқларни оралаб юрдим
Кўнглим менинг бўлиб вайрона.

Ҳуркитади,
Йўллар қаламқош
Тошлар сачраб тегар тошларга.
Хаёлимга хаёл уланар
Кўтаргандек бўлиб бошларга.

Ишқ қисмати,
Бунчалар фироқ
Борми унда бағри бутунлар?
Мени алдаб олиб кетади
Бир умрга алданган кунлар.

10.12.2021 й.

***
Сирғаламан,
Бу кенглик ичра
Битта-битта босаман қадам.
Ҳеч ким сезмас алфироқларим
Ўртаб борар кўксимни алам.

Шу йўллардан,
Шу тош йўлларда
Йўқотаман ҳар сафар ройиш.
Хаёлимни тортқилаверар
Изларингдан чақнаган товуш.

Аммо йўқсан,
Сен энди йўқсан
Ёруғликни тарк этиб йитдинг.
Қолдирганча менга аламлар
Бир умрга ташладинг, кетдинг.

10.12.2021 й.

***
Кимларгадир,
Ҳавас қилдим мен
Кимларгадир суқланиб боқдим.
Ишқ сеҳридан шароблар ичиб
Бир жодулар ичида оқдим.

Гўзал эди,
Мен кезган олам
Пуркар эди лаззатларини.
Ою, қуёш бирдайин бўлиб
Кўрсатарди иззатларини.

Мен бор эдим,
Сен-да, бор эдинг
Кўринарди олам мунаввар.
Бир ҳаводан нафас олардик
Димоқларни бўйлаб муаттар.

10.12.2021 й.

***
Кўнглим менинг,
Жуда нозикми?
Ҳаводайин турар ўзгариб.
Келаётган ҳар шароитда
Туролмайман уни қутқариб.

Кўнглим менинг,
Жуда нозикми?
Ҳашамларга келмайди тоби.
Сал нарсага ўзидан кетиб
Сал нарсага ошар хуноби.

Кўнглим менинг,
Жуда нозикми?
Ғунчаларга тикиламан жим.
Бир кўнгилни оғритиб қўйсам
Сўнг ўзим-да, йиғлайман сим-сим.

Кўнглим менинг,
Жуда нозикми?
Қилолмайман ҳар доим хониш.
Хонишларим ортида бироқ
Қийнаб қўяр унсиз ёлбориш.

10.12.2021 й.

***
Сийлагим келади,
Сизни шеър билан
Нималардир айтгим келади.
Ўн саккиз ёш туйғуларига
Қайта-қайта қайтгим келади.

Қоронғудир,
Сизга бу ҳолат
Жилмаясиз, кулиб турасиз.
Ўзингиз ҳам сезмай шу дамда
Менинг билан бирга юрасиз.

Йиғлай бошлар,
Ана, ой нури
Толбаргаклар тушар узилиб.
Сочларингиз маҳлиё этар
Кетган каби гўё чўзилиб.

Менда эса,
Ёнар қорачиқ
Дунёларданчиқиб кетаман.
Сиз билмаган қай бир дунёда
Мақсад сари бориб етаман.

Тугамайди,
Лек менинг шеърим
Тингласангиз айтавераман.
Мен муҳаббат саройларидан
Қаршингизга қайтавераман.

10.12.2021 й.

***
Хафа эмасдирман,
Сиздан ғанимлар
Ўлдирсангиз тирилавердим.
Мен илҳомнинг сўроқларида
Сизга томон интилавердим.

Исённи татийман,
Соғинч татийман
Қай йўлимда бўламан ғолиб.
Чиқмасангиз балки йўлимга
Қай манзилда бўлардим мағлуб.

Ғанимларим,
Бор бўлинг омон
Англатдингиз менга дунёни.
Кўравердим сизлар сабали
Дунёдаги Ҳақ ва рўёни.

Сизсиз мен ҳам,
Ўтардим ғофил
Сизсиз балки шоир бўлмасдим.
Яшар эдим одамлар каби
Ҳар кунимда минг бор ўлмасдим.

Ғанимларим,
Бўлингиз омон
Мағзавалар турингиз тўкиб.
Хафа бўлманг менинг тилимдан
Шеърларимни турингиз ўқиб.

10.12.2021 й.

***
Сенга ишқим,
Тушгандан буён
Туролмайин қолдим бир жойда.
Гоҳо ернинг устида бўлсам
Гоҳо манзил топганман ойда.

Тинчлик берма,
Мени чорлагил
Оғиз очсин сувда балиқлар.
Тун зулмати безовта бўлсин
Ой нурига чиқсин “қаллиқлар.”

Мени чорла,
Бир зум тинч қўйма
Ишқ нелигин билсин бедодлар.
Баҳас қилсин бизга ошиқлар
Хилватгоҳлар кўтарсин фарёд.

Мени чорла,
Юзлари лўппи
Ёшимиздан ёшлар адашсин.
Ва қорайган менинг лабларим
Ишқ оташин бирдек талашсин.

Ёруғ бўлсин,
Қоронғу кеча
Қуёш нури қорайиб кетсин.
Ё кўнгилда ишқ нури талаш
Севишганлар муродга етсин.

Мени чорла,
Тинчлик бермагин
Кўзинг йиғлаб, юрагинг кулсин.
Лабларингдан даста гул узиб
Юраккинам шодликка тўлсин.

11.12.2021 й.

***
Сенинг билан,
Ёнма-ён юриб
О, қанчалар тонгларни кутдик.
Ҳайиккандек қадамларидан
Кечаларни ҳатто унутдик.

Ой ёритган,
Суннат кечалар
Ишқимиздан огоҳ этдилар.
Йўл бергандек оппоқ тонгларга
Тунлар жим-жим шодон кетдилар.

Ошиқ эдим,
Сен-да маъшуқа
Санар эди бармоғим бармоқ.
Тун рангидай товланган сочлар
Димоғимга ташларди қармоқ.

Товланардинг,
Ойдайин ёниб
Гўзалликка тополмасдим сўз.
Мен тунларга кўзим бергандек
Ололмасдим сендан асло кўз.

Гўзал эдинг,
Шунчалар гўзал
Кўзларимни қўярдинг боғлаб.
Лекин кетдинг бир куни мендан
Юрак-бағрим қўйганча доғлаб.

Ҳамон менда,
Ишқнинг талоши
Ой нурига бораман аста.
Ойнинг нури ўша-ўшадир
Менинг эса, юрагим хаста.

11.12.2021 й.

***
Учқунлайди,
Шаҳар узра қор
Сен кетасан қилмай эътибор.
Гоҳ тезлашар, гоҳ секинлашар
Бошгинангда эриб борар қор.

Сенинг эса,
Дардларинг янги
Дард устига қўшилади дард.
Гаплашмайди у қиз сен билан
Неча кунки бўлмайди ҳамдард.

Чўзилади,
Хаёллар узун
Йўл топасан, гоҳи топмайсан.
Топганда ҳам қандайдир йўллар
“Эврика” деб қизга чопмайсан.

Учқунлайди,
Шаҳар узра қор
Ерга тушиб кетади эриб.
Хаёлларинг чўзилар узун
Ич-ичингдан борасан қуриб…

11.12.2021 й.

***
Чалаверар,
Нағмасин машшоқ
Етакламас ҳайратларимни.
Тўкилмайди икки кўзимдан
Мен еяпман ҳасратларимни.

Сир очмайман,
Бирор кимсага
Ҳар замонда қўяман қараб.
Машшоқ қўлидаги байтулчўп
Нағмаларни қўяди тараб.

Шамол эснар,
Шамол хотиржам
Мен учун ҳам бермас ишора.
Шу паллада шамол ва мен ҳам
Иккимиз ҳам бирдек бечора.

Парвардигор,
Эй, қутлуғ Тангрим
Ардоқлайман хизматларингни.
Мени тошдек қотириб қўйма
Кўрсат, кўрсат ҳимматларингни.

11.12.2021 й.

***
Довдир отлар,
Кетди чирпирак
Кимда қанот, кимда бор имкон.
Ўзимизни йиғмадик ҳали
Бизларга ҳам тегиб қолар сон.

Чув-ҳо-лаймиз,
Беллари толим
Белларида булут садоси.
Ғолибликни истайди кўнгил
Ғолибликнинг бўлиб адоси.

Аммо ғолиб,
Бўлмоқлик қийин
Ҳар ерда бор тошу-тарозу.
Бизни эса учириб юрар
Қанотларин сезмаган орзу.

Орзуларга,
Камарбастамиз
Йўл бошлайди лочинлар довдир.
Гоҳ ғолибмиз, гоҳи мағлубмиз
Ва орзулар кутар қайдадир…

11.12.2021 й.

***
Қўрқсак ҳам,
Ёки қўрқмасак
Иккита йўл бордир
Фақат икки йўл:
“Борса келар ва борса келмас”

Ярашмайди,
Бизга қўрқоқлик
Таваккал ҳам ишимиз эмас.
Қай бир йўлни танлай олсак ҳам
Ҳеч ким бизга офарин демас.

Титраб турар,
Бир майдон вужуд
Ихтиёрий лекин бу танлаш.
Қай бир йўлни танлай олсак ҳам
Аввал керак ўзликни англаш.

Борса келар,
Қайтмоқлик бордир
Борса келмас кўтарилар қўл.
Пешонада бори, қизиқиб
Бошлаб кетар бизни ўша йўл.

11.12.2021 й.

***
Қалбим,
Сени озод кўрсайдим
Шамолларни синдирар эдим.
Ва булоқлар тиниқ сувини
Тонглар каби тиндирар эдим.

Талвасам ҳам,
Тазаррум ҳам
Шу бўлади менга оройиш.
Сени озод кўрсайдим қалбим
Ўша лаҳзам топар осойиш.

Кўп уриндим,
Ўша лаҳзага
Тутиб турдим осмонни мазил.
Қанотларим бўлмади менинг
Қилган бўлдим ўзимга ҳазил.

Фақат мени,
Кечиринг фақат
Учгандекман бир қарич ердан.
Доим шундай бўлиб келгандир
Қораяди кўзларим тердан.

Озодлик йўқ,
Лекин мутлақо
Синдираман ўзимни-ўзим.
Ўзимга-да, кучим етмайди
Тўрт томонга тикилар кўзим.

11.2021 й.

***
Бу оқшом,
Телбавор куч
Вужудимда тирғалиб борар.
Талвасадан ёниб талваса
Сенинг ишқинг руҳимни қорар.

Дарвозангга,
Бориб қайтаман
Чақирмайман, чақиролмайман.
Висолингга илҳақ турсам-да,
Севаман,- деб бақиролмайман.

Бу оқшом,
Ой чиқади тиниқиб
Чорлайверар ҳовуз бўйлари.
Ҳамма нарса эсимдан чиққан
Хаёлимда ишқнинг куйлари.
Бунча узун,
Ишқнинг хаёли
Телбавордир жисмимда титроқ.
Ёниб-тониб ҳатто ўзимдан
Сен ҳақингда ўйладим кўпроқ.

12.12.2021 й.

***
Кўзларим ўйилар,
Кўзларим куяр
Латофатга йўғрилар нурлар.
Энтикади лабларим унсиз
Тўкилади кўнгилдан шўрлар.

Ва қизғанчиқ,
Шомги шафақлар
Қўзғатмайди қадамларингни.
Мен ўзимга тўкиб соламан
Кўнгилдаги аламларимни.

Куяверар,
Қорачиқларим
Дард устига бўлади чипқон.
Ўзим ўтиб борайин десам
Афсус, менга қолмаган имкон.
12.12.2021 й.
***
Кунлар жимлигини,
Ютади шамол
Ютоқади аъмолларига.
Чанг солгандек панжа ботирар
Нафисликнинг жамолларига.

Тебранади,
Гуллар шайдойи
Учиб кетар рангин капалак.
Сингандайин эгилиб кетар
Майсаларнинг бошлари ҳалак.

Кун туғади,
Куннинг бошига
Излагандек бўлар сокинлик.
Шомнинг кўзи қорая бошлар
Лек кўзлардан кетмас ҳорғинлик.

12.12.2021 й.

***
Қошингда ёввойи,
Ўсмалар эмас
Лаҳзаларинг бир-бир туслайсан.
Ўтган кундан хотира қилиб
Лабларимнинг хунин эслайсан.

Тўкилади,
Хазон кулчалар
Боролмайсан унга яқинлаб.
Гўёки сен яқинлашганда
Еру-осмон кетар чақинлаб.

Бу чақинлар,
Олови ўткир
Яқинлашсанг қоласан куйиб.
Фақат қўрқма, қўрқмагин фақат
Яшайвергин кимнидир суйиб.

12.12.2021 й.

***
Ҳақиқат сўрмадим,
Сендайин касдан
Ўзимни ғажидим бурдалаб.
Мен-да, ношуд бир кимса бўлдим
Кетолмадим ўзим уддалаб.

Ва дуч келдим,
Сендайин касга
Товонимга ёпишди миннат.
Саҳардан то шомларга қадар
Кўролмадим аксинча ҳиммат.

Ўнгим миннат,
Сўлим-да, миннат
Сарғайгандан сарғайди рангим.
Тасаввурда шундоқ етишди
Ўсаётган кундан-кун онгим.

Бу онг билан,
Бораман қаён?
Йўлим хато, йўлим изтироб.
Энди мени тарк этмасмикин
Қабргача бу мунгли азоб?

12.12.2021 й.

***
Шамол билан,
Тиллашганча тол
Деразага чизаверар гул.
Уйғотмоқлик осон эмасдир
Толбаргаклар эшилади қул.

Елпинади,
Ойнинг нурлари
Сочларингга томгандайин нур.
Уйғон энди ўн олти ёшинг
Сочларингдай тунга товланур.

Менинг эса,
Кўзларим тийра
Киролмайман эшикни очиб.
Ростин айтсам шу дамда мендан
Журъатларим турибди қочиб.

Шамол ўйнар,
Саҳарни кўзлаб
Менинг кўнглим айланар дилгир.
Ўша дамда қўшни хонадан
Овоз келар:-Бўйгинанг сингур.

Ва кетаман,
Шошиб йўлимга
Ўзгаргандек саҳарнинг туси.
Шудрингларни кетаман босиб
Димоғимда сочларинг иси.

12.12.2021 й.

***
Ҳеч нарса изламанг,
Менинг шеъримдан
На санъат, на адабиёт бор.
Шов-шувларга бўлмас сабабчи
Фақат, мендан кетган ихтиёр.

Эти йўқдир,
Суяги бордир
Соя каби суянчиқ бўлмас.
Лекин шундай шеърларимда ҳам
Ўтган куним ёдимдан ўчмас.

Керак эмас,
Хавотирлар ҳам
Бу шунчаки ёзилган эмас.
Қофиядан холироқ ўктам
Ҳеч ким буни тажриба демас.

Келинг унда,
Сиз ҳам фикрдош
Чидаб беринг озроқ сабрга.
Менинг бутун қарашларимни
Ундаб турар фикру-зикрга.

12.12.2021 й.

***
Расм чиздим,
Бир парирухсор
Титраб турар лабларида лаб.
Лўппи эди хандон юзлари
Кўзларини бўлмас тасвирлаб.

Адашдимми,
Қийналиб кетдим
Ўхшамади кўзлар кўзига.
Демак, энди тан олиб айтсам
Ўхшамади расм ўзига.
Ва хаёлда,
Чиза бошладим
Сочларини сийпалар қўлим.
Бу ҳолатинг жуда ўхшади
Сенга жуда ўхшади гулим.

Шундан буён,
Чизмайман расм
Ва хаёлан тургим эркалаб.
Кафтларимда сочларинг тутиб
Узолмайман лабларингдан лаб.

13.12.2021 й.

***
Қай кун яна,
Кирдинг тушимга
Узолмадим кенгликлардан кўз.
Қайтариқдир баъзан тушларим
Таъбирига тополмайман сўз.

Гўзалликдан,
Лабларим ялаб
Гўзалликка ташна боқаман.
Ўша пайти бирор сўз десанг
Ариқдаги сувдек оқаман.

Лекин сен ҳам,
Хижолат каби
Кўзларимга боқолмайсан тик.
Кўзларингни кўрайин десам
Ва турасан бошларинг эгик.

Пичирлайди,
Лабларим унсиз
Айтилмаган гаплар айтаман.
Эшитдингми ё эшитмадинг
Уйғонади тушларим қақшаб…

13.12.2021 й.

***
Ё сув ичдим,
Ё ичдим бода
Руҳиятга қайтгандай бўлдим.
Рақс тушдим булут устида
Ой остида жилмайиб кулдим.

Олиб кетди,
Мени ғиркўклар
Пешонамда борини кўрдим.
Фаришталар билан сар-басар
Яшилликлар устида юрдим.

Гулқизларга,
Недир демоқни
Мўлжалладим. Сўзим сачратдим.
Кўнглимни мен ўзимдан тониб
Бир яйратдим, бирам яйратдим.

Бор экан-да,
Бошқа дунёлар
Бўлар экан кўнгил яйратса.
Бўлар экан сувлар симириб
Булоқларни тоза сайратса.

Ё сув ичдим,
Ё ичдим бода
Бу дунёда камим қолмади.
Лаҳза ёки бир кун шоҳ бўлдим
Бу дунёда ғамим қолмади.

13.12.2021 й.

***
Ушлолмайман,
Ҳатто қўлингни
Қанчалар ҳам бўлмайин дилгир.
Орамизга совуқлик ташлаб
Битта-битта ёғади ёмғир.

Балки кенглик,
Ё балки торлик
Феълинг кўкни кўзлаган қийғир.
Бир ғафлатни солиб кўнглимга
Битта-битта ёғади ёмғир.

Ишқ йўллари,
Бунча такаббур
Беравермас лаҳзада ройиш.
Гоҳ қарасанг тўси-тўфондир
Гоҳ қарасанг бирам оройиш

Менинг ҳолим,
Сенгадир аён
Учолмайман булутлардек тез.
Хаёлимда бошқа фасл йўқ
Хаёлимда йўқдир бошқа қиз.

13.12.2021 й.

***
Сўниб борар,
Кундан-кун шиддат
Кўз уқалаб топмайман маъни.
Ўз-ўзимга бераман савол
Қани журъат, шиддатинг қани?
Йўлдами, чўлдами
Ё катта шаҳар
Кетаверар кўзлар юмилиб.
Ё келади кўзимдан ёшлар
Киприкларим қолар чўмилиб.

Қаридимми,
Беролмасман тан
Жўш ургандай кўксимда ёшлик.
Ҳеч кимсага кўрсатмайин юз
Йўлларимда турар бебошлик.

Кўнгил ёшдир,
Кўнгилда ғужур
Кенгликларга кетади олиб.
Ўзи билмас лекин ҳасратлар
Тураверар ғавғолар солиб.

14.12.2021 й.

99Surxon vohasining yurtga tanish ijodkorlaridan bo’lmish Rajab Xolbekni tug’ilgan kuni bilan chin dildan qutlab, uning o’tgan yili Termizda nashr etilgan «Ovozsiz kuylar» to’plamidan o’rin olgan she’rlarni taqdim etmoqdamiz.

RAJAB XOLBEK
«OVOZSIZ KUYLAR» TO’PLAMIDAN


Rajab Xolbek (Mamarajab Xolov)- 1956 yil 10 mart kuni Surxondaryo viloyati Oltinsoy tumanidagi Katta Vaxshivor qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent irrigatsiya va qishloq xo’jaligini mexanizatsiyalashtirish muhandislari institutining gidromeloratsiya fakulьtetini tugatgan. Qishloq xo’jiligining turli sohalarida, viloyat teleradiokompaniyasi radioeshittirishlar bo’limida ishlagan. Ayni vaqtda O’zLiDePning Termiz tuman Kengashi apparat rahbari vazifasida ishlamoqda.


***
Ketayapman,
Jismimni olib
Qoldiraman ruhimni biroq.
Qanchalar ham menga azizdir
Ortda qolgan bu ona tuproq.

G’azalxondir,
Bunda har bir tosh
Har bir daraxt o’qiydi afsun
Viqorlanib turgan bu tog’lar
Salobatda ko’rsatar fusun.

Mening esa,
Qadamim Mashrab
Yuragimni ketaman ochib.
Ketmayapman axir, men bundan
Bir umrga butunlay qochib.

Yo’llarimni,
So’raydi yo’llar
Va dardlarim yo’lga aytaman.
Ketdi degan so’zlari xato
Men baribir bir kun qaytaman.

21.11.2021 y.

***
Bir joduvash,
Tun qo’msar yodim
Tuyg’ularim bo’lar devona.
O’tgan yillar, qotgan tuyg’ular
Bo’lib ketgan garchi begona.

Tun yarmida,
Hilpirar shamol
Kuyaverar mening ham yodim.
Lekin qancha kuygani bilan
Bir o’zgarish sezmaydi dodim.

Qaytmas endi,
Qaytmas u tunlar
Ming tavoz’e tursam-da aytib.
Kuygan yodim qaytishi mumkin
Lekin tunlar kelmaydi qaytib.

22.11.2021 y.

***
Hali unda,
Biz “tirranchalar”
Bilmas edik sevgi dardini.
Surtolmasdik ko’zimizga ham
Qizil gulning nozik qadrini.

Olov edik,
O’tnafas edik
Shomlar kirib, tong uyg’onardik.
Va gullarga intiqlik bilan
Tushlar ko’rib xo’b to’lg’onardik.

Gulqizlar yod,
Gulqizlar afsun
Atashganda bizni “lattalar”
Gulqizlarni bizdan oldinroq
Olib ketdi yoshi kattalar.

22.11.2021 y.

***
Ko’zlaringga,
G’amgin qaradim
Sezding yoki sezmading holim.
Ko’zlaringdek qop-qora nochor
Ko’rinardi mening iqbolim.

Yongan cho’g’dan,
Qolgan kabi kul
O’chib bo’lgan mening olovim.
Ming urinmay, o’zimni urmay
Topolmasdim endi qalovim.

Mendan farqli,
Mendan o’ktamroq
Tutib turding mag’rur boshingni.
Dardlaringni ichingga yutib
Ko’rsatmasding ko’zlar yoshini.

22.11.2021 y.

***
Xayol surdim,
Yorug’ xayollar
To’kilsam ham xazonlar yanglig’.
Men ruhimga shaydolar bo’ldim
Hech kimsadan kutmay omonlig’.

Xo’mraydilar,
Ming bor yuzimga
Silkinmadi hatto shamollar.
O’zgargandan o’zgarib ketdi
Mening uchun kelgan a’mollar.

Gohi hudman,
Gohi behudman
Bahorlarda qayta qishladim.

Lablarimni qattiq tishladim.

22.11.2021 y.

***
Asta-asta,
Boryapman erib
Jaholatdan asar qolmagan.
Borayapman bariga ko’nib
Erimoqdan ko’nglim tolmagan.

Hisoblidir,
Har bir qadamim
Har narsaga suqilmas boshim.
Metin kabi o’zgarib borar
Aro yo’lda topgan bardoshim.

Kecha uzun,
Kunduzlar uzun
Yodlab oldim go’yo yo’limni.
Arzimagan narsalar uchun
Ko’targanman ikki qo’limni.

22.11.2021 y.

***
Balki senga,
O’rgatmaganlar
Topmagansan o’zing-da, imkon.
Bu hayotning har kuni tashvish
Bu hayotda har kun imtihon.

Zilday kunni,
Yelkalab olib
Ketayapsan shomga qadar yo’l.
Yelkalaring og’irlik bosa
Yuking ushlab turolmaydi qo’l.

Kel, birodar
Chiranmay qo’ygin
Bu dunyoning zalvori sabil.
Qo’shiq aytib kutmagay seni
Eltar yo’ling bo’lgan Susambil.

21.11.2021 y.

***
Hech narsa,
To’xtatmas yo’limni
Borar bo’lsam senga ruhiyat.
Faqat menga kerak har doim
Ozgina iroda, qat’iyat.

Shivalaydi,
Yomg’irlar sirli
Ruhimga ruh qo’shilib borar.
Va ruhimga kirmasdan turib
Ruh o’zini sochib yuborar.

Bu Ozodlik,
Erkning quyoshi
Nurlarida nurdek o’zaman.
Bo’ysunmayin qolsam o’zimga
Men o’zimni erkin sezaman.

22.11.2021 y.

***
Kutayapman,
Avtobus kelmas
Taksilarga pulim yetmaydi.
Vaqt esa shoshilar, vaqt
Mening bilan birga ketmaydi.

Manzil esa,
Bundan necha tosh
Piyodalab yetib bo’lmaydi.
Yig’ilishga kechiksam, agar
Rahbarning ham yuzi kulmaydi.

Yeyapman,
Ich-etim, biroq
Ketgan kabi ishlar chapiga.
Mening holim bilmaydi vaqt
Kirib olgan tezkor safiga.
Kun uzilar,
Kun-da, cho’zilar
Istaklarim bo’lmaydi vojib.
Men ishimdan kechikib ketdim
Endi qayga borayin qochib.

Tamom endi,
Hammasi tamom
Titrab boshlar ikkala qo’lim.
Rahbar menga kulib qaramas
Hech ayamay ko’rsatar yo’lim…

23.11.2021 y.

***
Xayol o’sar,
Lahzalar sayin
Bo’lolmayman har holda g’olib.
Yetmish yildir ko’zlarim so’qir
Yetmish yildir men bo’ldim tolib.

Qiyqiraman,
Ba’zan o’zimcha
Qo’ygan kabi barin joyiga.
Lekin ilm ostonasining
Kelolmadim hatto poyiga.

G’o’r edimmi,
Va yokim hammol
O’rganmadim o’qiganlarim.
Menda mudom ustunlik qildi
Yurak bilan to’qiganlarim.

Ming bir afsus,
Nadomat bilan
Artarkanman yillar gardini.
Men qandayin boshimga qo’yay
O’yinqaroq umr dardini…
23.11.2021 y.
***
Tergab qo’ydim,
Yana o’zimni
Va bugunim kunga qorishdi.
Ko’zlarimga kulgular inib
Yuzlarim ham yuzday yorishdi.

Xayriyatki,
Shomga bor hali
Qizaradi ufq qizarib.
Kelar shomning ro’parasida
Qolmasam bas, yana bo’zarib.

Pichirlayman,
Lablarim to’lib
Gunohkordek sezib o’zimni.
Shomga qadar aytaman balki
Aytish kerak bo’lgan so’zimni.

23.11.2021 y.
***
Bahor kelib,
Qoldi tog’larda
Ko’kda bulut suzar oqarib.
Oy jilmayib, yulduzlar kular
Ko’rinadi tunlar g’aroyib.

Eslaysanmi,
O’sha tunlarni
Oy nurlari o’ragan gardish.
Bizlar kabi singib ketardi
Tun qo’yniga sim-siyo tovush.

Sen oy eding,
Men yulduz edim
Necha marta kulganmiz qorlab.
Biz ishqimiz allalar edik
Bahor bizni turardi chorlab.
23.11.2021 y.
***
Unutaman,
Qariligimni
Unutaman dunyo tashvishin.
Yorug’ tunlar-yorug’ xayollar
Keltiradi yoshlik tovushin.

Go’zal edi,
Safsar kechalar
Tuni bo’yi aytardi ertak.
Xilvatgohlar aylanar edik
To tonggacha bo’lgancha “tentak”.

Sanamasdik,
Lekin o’zimiz
Yurar edik ishqni erkalab.
Qoniqmasdik bir yo ikkiga
Hayajondan qovushganda lab.

Go’zal edi,
Safsar kechalar
Bosmas edi ko’zni uyqular.
To tonggacha olib yurardi
Oy nurini emgan tuyg’ular.

24.11.2021 y.

***
Bahor, bahor
To’rt tomon bahor
Telbalanar shamollar isi.
Tovlangandek quyosh nurida
O’zgaradi borliqning tusi.

Gurkiraydi ,
Bir rangin olam
Ko’z qamashar qaragan sayin.
Sochlaringga taroqlar solib
Hilpiraydi shamollar mayin.
Sen shoddirsan,
Sensan baxtiyor
Qiyqirasan o’zingdan to’lib.
O’rlagandek bo’lar yashillik
Yuragingda ming bora kulib.

Bahor, bahor
To’rt tomon bahor
Quloch yozib keladi qirlar.
Yashillikni oralab xushbaxt
Va tinmasdan o’qisang she’rlar.

24.11.2021 y.

***
Ishondim men,
Senga, muhabbat
Tuyg’ularim keldi ko’karib.
Axir, bizlar gul bahorlarni
Kelayapmiz birga o’tkarib.

Ko’zlaringga,
Boqqanim sayin
Ko’rinasan qancha sarishta.
Sen labimdan labing ob qochgan
Tonglar kulib turgan farishta.

Ko’zimga boq,
Ko’zlarimga boq
Alday olmas hech qachon seni.
Gul atriga mast bo’lib erkam
Tashlab ketma hech qachon meni.

24.11.2021 y.

***
Yo’lim tushsa,
Tog’larga tomon
Bir sog’inchlar turadi ushlab.
Kesaverar tovonlarimni
Yo’llarimni to’sgandek mushtlab.

Jildiraydi,
O’zanida suv
Salobatli turar qoyalar.
Yashirgandek quyosh nurini
Mening bilan yurar soyalar.

Va qadalib,
Ko’zlarimga nur
O’qigandek bo’ladi afsun.
Tog’lar meni chorlayveradi
Meni etib qo’ygandek maftun.

24.11.2021 y.

***
Jo’ralarim,
Chorladim, omon
O’tib borar kunlar o’ynoqi.
Tonglardan to shomlarga qadar
O’tayotgan kunlar sayroqi.

Qo’yvormaydi,
Muhim tashvishlar
Bosh qashlashga topmaysiz chora.
Tuzuk razm solib qarasak
Kunlar emas, bizlar bechora.

Unday deymiz,
Bundayin deymiz
Topiladi turli bahona.
Yashashimiz oddiydan-oddiy
Kunlarimiz emas shohona.

Jo’ralarim,
Chorladim, omon
Va o’zimni sezdim baxtiyor.
O’tar ekan besh kunlik dunyo
G’animatdir dunyoda diydor.

24.11.2021 y.

***
Qovjirayman,
Daraxtlar kabi
Kuz yo’liga tonib boqaman.
Va to’kilgan yaproqlarimga
Bitta-bitta olov yoqaman.

Kuz sarg’ayar,
Kuzdir horimtol
Tabassumi ko’rinmas ko’zga.
Go’yoki u muhtoj ham emas
Biror rag’bat- maqtovli so’zga.

Mening esa,
Tonglarimdir gul
Shomlarimda teraman xazon.
Go’yo juda pasayib kelar
Kuz kuzatib qoraygan osmon.

Qovjirayman,
Daraxtlar kabi
Boshlanadi dildan achishish.
Ko’zlarimga qadalaverar
O’z-o’zimga birdan achinish.

24.11.2021 y.

***
Cho’chimaydi,
Xayoling balki
Bu holatlar balki senga yot.
Eslayversam o’tgan kunlarni
Va bo’g’zimga keladi faryod.

Sokin o’tar,
Balki kunlaring
Va bo’g’zingga tiqilmaydi dod.
Mening esa, o’tgan har kunim
Jismi-jonda ko’tarar faryod.

Muhabbat sen,
Buncha chiroyli
Yarashmadi senga qasamyod.
Suvratingni chizganim sayin
Ko’zlarimda boshlanar faryod.

24.11.2021 y.

***
Adashadi,
Kun-tunim behol
Kengliklarga boshim qo’yaman.
Saratonning ko’ziga qarab
Bir g’ariblik hissin tuyaman.

Qovjiraydi,
Adirlar, qirlar
Suvsizlikdan ko’tarolmay bosh.
To’laganday ming yillik solim
Chang-to’zonga beradi bardosh.

Pastda esa,
Soy to’lib oqar
Majnuntollar egib turar bosh.
Poda kabi qorayib yotar
Soy suvini ichib qayroqtosh.

Adolatsiz,
Tuyilsa garchi
Adashadi kun-tunim behol.
Mening qo’lim kaltalik qilar
Lekin tinchlik bermas, ehtimol…
24.11.2021 y.
***
Kulgularing,
Senga yarashiq
Bir jimlikda tikilaman jim.
Ishtiyoqdir senga kulgular
Va yuragim o’rtanar sim-sim.

O’ynab turgan,
Qora ko’zlaring
Tortqilaydi o’ziga bot-bot.
Shunday mahal, shunday kezlarda
Jimliklarim ko’tarar faryod.

Sen gapirib,
Kulaverasan
Maqsad sari balki yetasan.
Bir soddalik bordir dilimda
Ixtiyorim olib ketasan.

24.11.2021 y.
***
Qutlab qo’ysak,
Bo’lar dabdurust
Tiling chiqdi seni, xayriyat.
Soqov-paqov emas ekansan
Qilgaydirmiz biz ham xush niyat.

Oldirmaysan,
Olg’irga oshing
Haq-huquqing turarsan so’rab.
Bu dunyoning lo’ttibozlari
Og’zi bo’shni turarlar o’rab.

Xayriyat, sen
Bu holdan xoli
Bo’lmasa ham katta bir shuhrat.
Olg’irlarni qoldirib dog’da
Topaolding bu holga jur’at.
24.11.2021 y.
***
Siz meni bilmaysiz,
Tanimaysiz ham
Men o’zimcha she’rlar yozaman.
O’xshamayin qolsa tovushim
Yurakdan yo dildan ozaman.

G’aroyibdir,
Asli bu dunyo
Manzillarga yaqinroq kelmas.
Yo qorindan yoki nafsimdan
Ochlik hissi hamisha ketmas.

Yo’g’rilaman,
Juvonmardlarga
Bunday paytlar bo’laman tanti.
Yo’q-yo’q so’zin eshitgan sayin
Nafratlarim ming bora qaytdi.

Va ulg’aydim,
Nafrat ustida
Nochor ko’rsam zorlanib turdim.
Yaltillagan peshonalarni
Zabun bo’lgan hollarni ko’rdim.

Keling, siz ham
Biroz mard bo’ling
Tark etmasin sizni Ezgulik.
Yordamingiz ayamang zinhor
Qo’lingizdan kelsa yaxshilik.

25.11.2021 y.

***
Ichib bo’lmas,
Bu tunni zinhor
To’kiladi dardim qog’ozga.
Ichay desam ulkan xayollar
Kelaverar o’xshab ovozga.
Bugunmi yo,
Kechagi kunmi?
Ovozidan bo’lmaydi tanib.
Yutoqqandek labim pichirlar
Kelavermas so’zlar quvonib.

Atrof boqsam,
Hech o’zgarish yo’q
Odimlaydi sekin qora tun.
Yo yarmimmi desam hovliqib
Ko’rinadi jismim bus-butun.

25.11.2021 y.

***
Unutmadim,
Seni qo’shni qiz
Yarim asr yursam-da, yiroq.
Yo’llarimni yoritib turding
Zulmatlarda sen bo’lding chiroq.

O’ynoqidir,
Mudom shu’lalar
O’ynar meni oyning nurlari.
Yo’llarimda duch keldi ming bor
Go’zallikda tengsiz zo’rlari.

Sening bilan,
Bog’langan rishta
Uzilmadi mendan hech qachon.
U joduvash qora ko’zlaring
Tinchitmadi jonimni omon.

Balki shudir,
Ishq deganlari
Mixlab qo’yar sokin lahzalar
Shu boisdan bir kun boraman
Titratsa ham meni larzalar.
25.11.2021 y.
***
Sezayapman,
Har bir sharpani
Ochgim kelmas ko’zlarim biroq.
Tanim qoplab yotar sokinlik
Va jismimdan ketolmas mudroq.

Shu yotishda,
Shu kechinmani
Men o’zimga qilgandim royish.
Allaqaydan bezovta bo’lib
Uyg’otadi meni bir tovush.

Ko’zlarimni,
Ochmasam bo’lmas
Onamdayin kelar bir koyish.
Meni qizim uyg’otib turar
Qulog’imga bergancha tovush:

-Dada, turing, shom bo’lib qoldi.

25.11.2021 y.

***
Nisbatan yosh,
Desalar garchi
Juda qadim bu tog’lar yoshi.
Qancha mo’min poyida yotar
Teng kelolmay unga bardoshi.

Uzoq kezdim,
Tog’ni oralab
Tuyqus menga sirlar aytmadi.
Bizdan oldin, ancha oldinroq
Kelganlarning yo’li qaytmadi.

Balki so’ylar,
Men tushunmadim
Men shunchaki aylandim, xolos.
Menga o’xshash necha ming zotlar
Go’zallikka qo’ygandir ixlos.

Lekin tog’lar,
Turar xo’mrayib
Osonlikcha yechmaydi tugun.
Etmasa ham sirlardan voqif
Go’zallikdan so’ylaydi bugun.

25.11.2021 y.

***
Tolbeshikda,
Ulg’ayib o’sdim
Va dunyoda yayradim rosa.
Turfa maqom ko’rsatdi hayot
Tovlangandek mohir raqqosa.

Ko’zlarimdan,
Sachradi olov
Bugunimni ertaga yo’ydim.
Ot tizginin bo’shatgan kabi
Men ruhimni erkinroq qo’ydim.

Va ma’lumdir,
So’nggi manzilim
Ko’rganlarim bo’larlar unut.
El qatori, hamma qatori
Olib ketar bir kun toltobut.

28.11.2021 y.

***
Noshud sezdim,
O’zim qay mahal
Harakatdan ko’nglim to’lmadi.
Uringanim bilan qanchalar
Ko’ngildagi ishlar bo’lmadi.

Quvondim ham,
Ba’zan ishimdan
Boraverdi lek talab ortib.
Chamasi, men borar yo’limda
Ko’rindim-da, qolgandek qotib.

Lek harakat,
Bo’shashgani yo’q
Fikri-zikrim tovon ko’ribdi.
O’zim noshud sezganim bilan
Oyoq-qo’lim ishlab turibdi.

28.11.2021 y.

***
Shovullayman,
Bir daraxt kabi
Barglarimning mingta ko’zi bor.
Ikki ko’zim-ikki ko’l kabi
Tiriklikka boqar intizor.

Adashaman,
Goh sog’inchlardan
Shamollarga tikroq boqaman.
Ildizlarga tayanib turib
Ich-ichimdan sokin oqaman.

Shovullayman,
Bir daraxt kabi
Mevalarim teradi kuzak.
Bir sog’inchli mehrlar bilan
Dunyolarga beraman yurak.

28.11.2021 y.

***
Yurak, yurak
Bezovta yurak
Go’zallikka tashna boqasan.
Juda go’zal tuyg’ular bilan
Sen ruhimga juda yoqasan.

Ko’rib qolding,
Ana, shaddod qiz
Bir guldayin tovlanib turar.
Ayamasdan ikki ko’zingga
Go’zallikning shamolin urar.

Yurak, yurak
Bo’lma xijolat
Gullasin-da, ko’karsin jur’at.
Va sezdirmay kirar bag’ringga
Dunyolarni bo’ylab muhabbat.

28.11.2021 y.

***
Og’ushimda,
Uxlar bir sog’inch
Bir muhabbat o’sib ulg’ayar.
Zabt etgandek yuragim ming bor
Bezovtalik dilga cho’lg’anar.

Ko’zlarim gul,
Ko’zlaring atir
Chizgandayin bo’laman suvrat.
Yengib bo’lmas tuyg’ular bilan
Ildizlanib boradi hayrat.

Yetib keldim,
Mana shomga ham
Jur’at yetmas xayollarimga.
Qurbim yetmas bag’ishlay desam
Muhabbatning a’mollariga.

28.11.2021 y.

***
Kech ham tushdi,
Shom bo’ldi mehmon
Tugab bitdi sokin yallalar.
Qadamlarning tovushi o’chib
Tin oladi horg’in dalalar.

Oy, yulduzlar
Taratgancha nur
Tikiladi yerning yuziga.
Yo suvlarda keladi oqib
Tikilgandek borliq ko’ziga.

Go’zallikka,
Shaydolar bo’lib
Kuzataman shomni har bir kech.
Yuragimga o’rnashgan kabi
Tark etmaydi meni bir sog’inch.

28.11.2021 y.
***
Xudo dilimga,
Xudo tilimga
Solmaganin aytolmadim men.
Aytar so’zim qolib ketdi deb
Yo’llarimdan qaytolmadim men.

Suhbat quray,
Desam sen bilan
Chinqirmoqda bo’g’zimda faryod.
Go’yoki men odam emasdek
Tilsizdirman go’yo bir jonzot.

Har kunimga,
Arzir tovushim
Dunyolardan boraman o’tib.
Aytgim kelar Xudo berganin
Turmagayman nafasim yutib.

***
Tanimadi,
Meni hech kimsa
Yashayapman men ham bir odam.
Qilmasam-da, buni istehzo
Hayotim ham o’chib-yongan sham.

Puldor bo’lmadim,
Dono ham emas
Tadbirkorlik kelmas qo’limdan.
El qatori yashab tursam ham
Xabarim bor kelar o’limdan.

Arzim yo’qdir,
Shunisiga ham
O’tar kunim sanadim qismat.
Qorin g’ami bo’lgani uchun
Bajarganman turfa bir xizmat.

Shoirlik ham,
Balki qismatdir
Yo hoy-havas boshlagan yo’lga.
Faqatgina, aytar so’z izlab
Tutashgandir yo’llarim cho’lga.

30.11.2021 y.

***
Yashayman degandim,
Yashatmadilar
Ko’rsatdilar ming bitta hunar.
Jur’atlarim yetmagan holga
Baxtsizligim chippa-chin ko’nar.

Baxt izladim,
Men-da, anoyi
Kurashmoqni bilmadim biroq.
Shu boismi, zulmatlarimda
Yoritmadi yo’llarim chiroq.
Yashash qiyin,
Qurt bosgan Zamin
G’ivirlaydi yo’llaring to’sib.
Kunlar esa, kundayin ravshan
Kelaverar har tongda o’sib.

2.12.2021 y.

***
Yashab o’tdim,
Bir tutam tunni
Yuragimni qopladi larza.
Zavq-shavqlarim anoyi, balki
Nasib etmas senga bu lahza.

Zulmat birdan,
Yorishdi ko’zga
Tebratgandek bo’ldim men tunni.
Qolgan gaplar hammasi eski
Yashir, yashir sen mendan kunni.

Faqat, shomlar
Meni eslagil
Shamol bo’sa olsin yuzingdan.
Men o’zimni quvnoq ko’rayin
Tunni qochir ikki ko’zingdan.

2.12.2021 y.

***
Yo’l topmadim,
Hech bir narsaga
Alamimdan boshim qashladim.
Bahor kelib qolgan bo’lsa ham
To’rt devorni mushtlab qishladim.

Orziqqanim,
Kelmadi bahor
Zamharirdek devorlar cho’kdi.
Mening bilan kichik hovlida
Bir tup olma gullarin to’kdi.

Qayda qoldi,
Qirlar, adirlar
Sho’x shamollar qaylarda yitdi.
Ko’rinmadi menga bahorlar
Mening zavqim qaylarga ketdi?

2.12.2021 y.

***
Bir mo»jiza,
Ko’rmadim hali
Topolmadim qalbga tomon yo’l.
Sog’inchim ham, muhabbatim ham
Titrab turar egilgandek qul.

G’uborlidir,
Ko’zlarim hamon
Bir jimlikda toliqadi ko’z.
O’z-o’zimga rag’bat bo’lguvchi
Topolmadim hatto biror so’z.

G’aribdirman,
Juda ham g’arib
Aytgim kelmas bu so’zni hatto.
Demak, mening boshlagan yo’lim
Bosh-oxiri ketgandek xato.

2.12.2021 y.

***
Men o’zimni,
Anglashim uchun
Kunni berdim, tunni o’ldirdim.
Uxlatgandek bolalarimni
Yarim tunda ko’zim kuldirdim.

Men o’zimni,
Anglashim uchun
Oqarishdan tondi devorlar.
Tun qo’ynidan lipillab o’tdi
Qora qoshli ko’zi xumorlar.

Men o’zimni,
Anglashim uchun
Qarib ketdi adashgan yillar.
Ranglarini ming bor o’zgartdi
Alvon rangli qip-qizil gullar.

Men o’zimni,
Anglashim uchun
Ko’k bulutlar necha bor cho’kdi.
Xayollarim o’g’irlagandek
Tonglar muzdek shabnamlar to’kdi.

2.12.2021 y.

***
Men o’zimcha,
Romanlar yozdim
Har bir satrim gulladi qiyg’os.
O’zimni ham o’yga toldirdi
Misralarda yongan ehtiros.

Men o’zimcha,
Tuyg’ular yozdim
Tomirlarim ketdi uyg’onib.
Boshginamda aylandi shamol
Raqqosadek kuldi to’lg’onib.

Men o’zimcha,
Bir hurlik yozdim
Ozod qushlar qilgandek parvoz.
Shamollarga ulanib ketdi
Va bo’g’zimdan taralgan ovoz.
2.12.2021 y.
***
She’r yozmoqchi bo’lib,
Qalb tozaladim
Gul tutgandek bo’ldi qishlarim.
Ohanglarga qorishib ketdi
Boshlab qo’ygan og’ir ishlarim.

She’r yozmoqchi bo’lib,
Ko’z tozaladim
Sen ochilding qizil gul bo’lib.
Turaverding mudom qarshimda
Ko’zlaringdan bir mas’um kulib.

She’r yozmoqchi bo’lib,
Dunyoga boqdim
Iblis yo’lin o’tdim bexatar.
Va dimoqqa yig’ilib keldi
Gul bo’ylari bo’lib muattar.

2.12.2021 y.

***
Terolmayman,
Endi gul
Qirlar chopib boradir.
Sening o’tganing yolg’on
Gullar topib boradir.

Terolmayman,
Endi gul
Ko’chgan kabi Vaxshivor.
Sening izlaring o’chgan
Bo’lolmayman baxtiyor.

Terolmayman,
Endi gul
Temir yopingan tomlar.
Norizo boqqan kabi
Xo’mrayib boqar shomlar.
Terolmayman,
Endi gul
Qayga qo’yay shonimni.
Gullar terayin desam
Tuproq olar jonimni.

2.12.2021 y.

***
Shaklga sig’madim,
Taqlidga sig’madim
Yetmish yilki takrordir bu hol.
Shakllarda ag’anab yotsam
Chiqmas edi shoir ehtimol.

Maroqlandim,
Har bitta so’zdan
Suv chiqmadi qazganlarimdan.
Qancha shartli bo’lmasin izoh
Qoniqmadim yozganlarimdan.

Kun keladi,
Qariydi yillar
O’z-o’zidan sarg’ayar varaq.
Tugamaydi aslo javoblar
Tugamaydi ko’ngilda so’roq.

Ko’karaman,
Tuproq ostidan
Ildizlarim botadi yerga.
Faqatgina mening bu jussam
Sig’may turar har qanday she’rga.

2.12.2021 y.

***
Necha yilni,
Kelaman sudrab
Men shunchaki, mo’min bir yuvvosh.
Bossa hamki yelkamdan hayot
Berayapman bariga bardosh.

Tanimaydi,
Meni hech bir zot
O’zgaradi havolar kulsam.
Netay, menda noyoblik yo’qdir
Ba’zan o’zim tanitay desam.

Birga ma’lum,
Birga noma’lum
Kechayapti umri guzaron.
Bir to’nimni kiyib yirtguncha
Oshib o’tdim qanchalar dovon.

Faqat, elman
Senga eldoshman
Qolganlari qismatda bori.
Yo’llarimni turadi kesib
Yorug’likning yo tunning zori.

2.12.2021 y.

***
Ezg’ilanib,
Boraverar vaqt
Gul lablaring tutadi bo’sa.
Chizaverar ko’zlarim shakl
Ko’zlarimda kular xandasa.

Kirib kelar,
Oy ham yoqangdan
Sochlaring-da, tovlanar kumush.
Men o’zimni sezaman kuyov
Sen o’zingni aylaysan buvish.

Dimog’imda,
U kunlar isi
Chirqiraydi tunlarim behol.
Magarda biz birga bo’lsaydik
Bo’lar edik baxtli ehtimol.

3.12.2021 y.

***
Bu dunyoning,
Yarmi g’ofil
Yarmi jur’at bilmaydi.
Yarmin kunlar kuldirib
Yarmi tunlar kulmaydi.

O’t balosin,
Suv balosin
Xayollarim chizgilar.
Gulobday qarashlarim
Vaqt degani ezg’ilar.

Ezilaman,
Goho o’zim
Hayron boqib olamga.
Ming bitta chig’iriqdan
Aylanaman odamga.

Biroq darvish,
Surati ko’p
Chizsam ko’ngil sathini.
Qancha odam sargardon
Topolmayin baxtini.

Bu dunyoning,
Yarmi g’ofil
Yashamoqni bilmaydi.
Quyosh kulsa, oy kulsa
Qo’shilishib kulmaydi.

3.12.2021 y.

***
O’ynolmaydi,
Ko’nglim erkinroq
Har to’siqdan chiqolmas kulib.
To’g’ri kelgan ko’ngil xushligim
Ketolmayman dabdurust yulib.

Tortinchoqman,
Jilla bo’lmasa
Oqolmayman daryodek toshib.
Odamlarning orasida ham
Kelgandekman qaydandir oshib.

Erkin bo’lmas,
Ko’ngilga og’ir
Vaqt tig’ida toblanaverar.
Qalb ko’zini ochgan har mahal
O’z-o’zidan soflanaverar.

3.12.2021 y.

***
Tirikchilik,
Mast-alast kelar
Ezg’ilaydi jonimni ming bor
Ba’zan esa tupuray desam
Mening uchun qolmas ixtiyor.

Tirikchilik,
Mung’ayib kelar
Rahmim kelib ketadi birdan.
Yopay desam choponim bitta
Yopinchiqsiz kelibdi qirdan.

Tirikchilik,
Tavba, haromi
Na qoshi bor, na-da, ko’zi bor.
Ko’zlarimni yumib olsam ham
Uchar qushlar bo’lar baxtiyor.
Tirikchilik,
Bir kosa suv ber
Tomog’imni olayin ho’llab.
Kelayotir qandaydir shovqin
G’ordan chiqqan kabi guvillab.

3.12.2021 y.

***
Bir oliy niyatlar,
Qilgandim havas
Chorlagandi meni tog’ bag’ri.
Yuksak orzu, hamiyat bilan
To’kilgandi ko’ngilning qahri.

Yolg’iz edim,
Qirlarda yolg’iz
Lekin ko’proq baxtiyor edim.
Orzularim ko’milgan yurtga
Men o’zimcha dastiyor edim.

Shodligimni,
Sezib g’animlar
Tashladilar yo’limga to’siq.
Bo’g’zimdan ham chiqmayin qoldi
Bir paytlari men sevgan qo’shiq.

Fe’limdayin,
Qorayar kunlar
Nigohimga o’ychan qadalgan.
Bir zulmatga o’rangan tunlar
Endi mening uchun atalgan.

Chora istab,
Izlar to’rt tomon
Qadamlarim tovush bermas sho’x.
Endi unda mening o’zim ham
Orzulangan ruhiyat ham yo’q.
3.12.2021 y.
***
Shamollarga,
Bersam so’zimni
Tavba qilsam beboshligimga.
Ming bora aylanib daf’atan
Qayta olsam gar yoshligimga.
Tinglarmiding sen meni erkam?

Yo taftimdan,
Taftlar chiqarib
Bolalikday ishontirolsam.
Lolazordan qaytganim kabi
Seni shomlar quvontirolsam
Qaytarmiding men tomon yolg’iz?

Ko’p edi-da,
Aytar so’zlarim
Aytar edim senga erinmay.
Lablaringdan olardim bo’sa
Oy nurida senga ko’rinmay.
Qalbing qalbga berguning qadar.

3.12.2021 y.

***
Orolanding,
Bahor gulidek
Qarab oldim o’ngu-so’limga.
Shu latofat, orolar bilan
Shovullab to’kilding ko’nglimga.

Ko’ngil sendan,
Ketmog’i qiyin
Pichirlaydi lablarim behol.
Nahot, senga bog’lanib qoldim
Sevib qoldim seni ehtimol.

Qovjiraydi,
Yonib qorachiq
Yuvvosh tortdi lahzalar sayin.
Sehrlading yuragimni sen
Endi sendan ketmog’im qiyin.

4.12.2021 y.

***
Hurlik menga,
Etmadi nasib
Naslim mening uryon bilindi.
Shamollardan yashirsam yuzim
Yurakkinam ming bor tilindi.

Hurlik menga,
Etmadi nasib
Hatto tonglar bermadi siyoq.
She’r izlanib yurganday bo’lsam
Sinaverdi boshimda tayoq.

Hurlik menga,
Etmadi nasib
Men naslimga tortaverdim boz.
Va boshimdan tashvishlar o’tdi
Topgan kabi ruhim inqiroz.

4.12.2021 y.

***
O’qidim, o’qidim
Ming bor o’qidim
Ko’z aylanib ko’zimga tushdi.
Hurliqodek so’zlar tizimi
Bari-bari xayoldan uchdi.

Va topmayin,
Biror bir hurlik
Yuragimdan ko’zyoshlar to’kdim.
Kelayotgan so’zlar yo’liga
Boshim ushlab cho’kkala cho’kdim.
Iztirobim,
Bo’lmadi ado
Shamol kabi yelaverdi vaqt.
O’qiyverdim lekin uqmadim
Menga nasib bo’lmadi bu baxt.

4.12.2021 y.

***
Majnun bo’ldim,
Laylim bo’lmading
Sirlar aytdik biz ham borliqqa.
O’ynatgandan rosa o’ynatding
Yaramading lekin yorlikka.

Majnun bo’ldim,
Laylim bo’lmading
Bog’lar guli ketdi sarg’ayib.
Sen ketgan kun mendan olislab
Tosh devorlar qoldi mung’ayib.

Majnun bo’ldim,
Laylim bo’lmading
To’poridir bizning ismimiz.
Oy tagida birlashdi lekin
Birlashmadi bizning jismimiz.

Majnun bo’ldim,
Laylim bo’lmading
Olislarda qoldi tuprog’ing.
Mening uchun yonmadi biroq
Sen ishq deya yoqqan chirog’ing.

4.12.2021 y.

***
May o’rniga,
Azob quyding
Ichaverdim, ichaverdim.
Sening qoshu-ko’zing deya
Men o’zimdan kechaverdim.

Muhabbat deb,
Zahar quyding
Og’uligin bilmadim men.
Sendek yorga ko’ngil berib
Va oqibat kulmadim men.

Yulduz kuldi,
Oy kuldi
Bo’lsa hamki menda royish.
Kulay desam labim yirtiq
Bir dunyolar berdi tovush.

4.12.2021 y.

***
Ulg’aygandek,
Qush tumshug’ida
Lahza sayin ko’kka intildim.
Lekin yerda tuproq kabi men
Uvalanib ming bor sitildim.

Horimtoldir,
Atrof odamlar
Ko’rsatolmas birortasi yo’l.
Men tubidan uzib olingan
So’layapman bamisoli gul.

Arzim bordir,
Armonim bordir
Tinglayapman azobimni men.
Va qaradim olamga kulib
Sindirgandek g’azabimni men.

4.12.2021 y.

***
Izoh berar,
Kim ham men uchun
O’zim aytsam diydiyo bo’lar.
Sabil qolgan bu jonim mening
Tiriladi, ming bora o’lar.

Lab tishlasam,
Qonaydi labim
Ikki ko’zim kelar yoshlanib.
Meni telba dema, birodar
Kelayotir endi boshlanib…

Shafqatsizlik,
Bu hayotga xos
Har chokidan tushar payraxa.
Men o’zimga qo’yganman ixlos
Yashash tarzim o’zi shunaqa.

Ayb etmayman,
Garchi hech kimni
Nima bo’lsa, o’zimdan ko’rdim.
Soz chalgandek bo’lganda ko’ngil
Men ko’ngilning yo’liga yurdim.

O’tar-ketar,
O’tmagan kun yo’q
Niyat qildim, har kun boshlashni.
Barcha azob o’zimnikidir
Bilolmadim, qanday yashashni.

4.12.2021 y.

***
Men ozodman,
Erkindirman
Chalolmadim lekin nay.
Bunga turfa sabablar
Topiladi harqalay.
Huv-v, birda
O’tib ketdi
Xayolimdan qasirg’a.
Yoningizda yuribman
O’xshayapman asirga.

4.12.2021 y.

***
Kun o’tadi,
Kunduz o’tadi
Shom tushadi og’riqqa to’lib.
Kelayotgan tunning zulmati
Tashlar g’amim ikkiga bo’lib.

4.12.2021 y.

***
Taniyapman,
Sening ko’zlaring
Balki osmon qa’riga yetdim.
Tikilganim sayin ko’zingga
Men o’zimni tanimay ketdim.

5.12.2021 y.

***
Tuni bo’yi,
Ichdan yig’ladim
Qurib ketdi ko’zimda yoshim.
Sinib bo’ldi butun irodam
Yostiq suyab qoldi bardoshim.

5.12.2021 y.

***
Nimalardir,
Demoqchi bo’ldim
Aytolmadim lekin biror so’z.
Sening nozik ko’nglingni o’ylab
Cho’mib ketdi bir jimlikka ko’z.

5.12.2021 y.

***
Imkon bersang,
Jur’atsiz jur’atimga
Dovullarga boylanar edim.
Hammasini esdan chiqarib
Yana ishqqa aylanar edim.

5.12.2021 y.

***
Hech narsa,
Bugunning gapi emas
Qo’ygandirmiz yo bizlar ixlos.
Ming yil avval qandayin bo’lsa
O’zgartirdik ozgina, xolos.

5.12.2021 y.

***
Onam yo’q,
Endi onam yo’q
Men onamsiz onamni ko’rdim.
Chidolmayin tushlarimda ham
Tunlari ham ko’tarib yurdim.

5.12.2021 y.

***
Juda g’arib,
Sezdim o’zimni
Ko’zlarimda hattoki yosh yo’q.
G’ariblikdan qutulay desam
Kalla bor-u, fikrli bosh yo’q.

5.12.2021 y.

***
Balki sendan,
Yuz o’girmasdim
Mayli endi, mendan-da, to’lsang.
Balki fikrim o’zgararmidi
Duch kelganda bir bora kulsang.

5.12.2021 y.

***
Tizginsiz shamollarning,
Tonggi hur-huri yaxshi
Nafas olib, nafas yutaman.
Ajib xayol, ibtido bilan
Men o’zimni bilmay ketaman.

5.12.2021 y.

***
Shudringlar,
Muzlab yotar
Yo’l-yo’lakay o’yga tolaman.
Qabristonga yo’l olsam tongda
Men bahorni qo’msab qolaman.

5.12.2021 y.
***
Hech narsa bo’lmadi,
Hamma yoq sokin
Chiqavermas tosh yo’llar changi.
Qulog’imga bir qur chalinmas
Urilgandek toshlar jarangi.
5.12.2021 y.
***
Mog’or bosgan,
Tosh devor
Ocholmaydi hamon ko’z.
Tosh devorlar ortida
O’tgan yillarim ojiz.

5.12.2021 y.

***
Qurib qolgan,
Hovuz bo’yi
Keksayib gujum tolgan.
Shu gujumning ostida
O’spirin yoshim qolgan.

5.12.2021 y.

***
Uchib ketgan,
Qushlarim
Sarg’aygandir gullarim.
Topa olmas meni ham
Olis ketgan yillarim.

5.12.2021 y.

***
Sokin xayol,
Sokin o’y
Qorishar chog’lariga.
Yana bahor qaytibdi,
Vaxshivor tog’lariga.

5.12.2021 y.

***
Kuylagandek,
Tonglarni bulbul
O’tib ketdi qancha yillarim.
Tutqazgandek bo’lib qo’limga
Yashil bahor nafis gullarin.

5.12.2021 y.

***
Begonasan,
Sen endi menga
Begonadek yomg’irga osmon.
Endi menga bir ishq atalur
Asraganim ming yillik hijron.

5.12.2021 y.

***
Nahot, seni
Ko’rmayin o’tdim
Bog’liqmidi yoki ko’zlarim.
Seni ko’rsam nuqtadon bo’lar
Aytish lozim bo’lgan so’zlarim.

5.12.2021 y.

***
Ko’zyoshlarim,
Yomg’irdek tomdi
Chatnamadi bu taqir shudgor.
Hamma baxtli bo’lgan makonda
Bo’lolmadim men ham baxtiyor.

5.12.2021 y.
***
Ketganimga,
Ko’p yillar o’tdi
Yo’llarida bo’ldim devona.
Nahot, endi tug’ilgan qishloq
Boqib turar menga begona.
5.12.2021 y.
***
Esimni,
Tanigandan buyon
Olmasam-da, garchi xavotir.
Nigohimga bir jimlik ilib
Bo’lib kelar bir holat sodir.
G’arbda kun botayotir
Sharqdan kun chiqayotir.

5.12.2021 y.

***
Kashf etmadim,
Birorta yulduz
Oy nuriga oyni kiritdim.
Maqtangulik holim yo’q mening
Qaydaligim o’zim unutdim.

5.12.2021 y.

***
Quchog’imni,
Ochib chiqmadim
Necha yillik do’stim edi u.
Bilmam meni ne balo urdi
Yoshlik hamda kam-ko’stim edi.

5.12.2021 y.

***
Eridimi,
Tog’larning qori
Yashil kamzul kiydimi qirlar.
Endi bizdan yiroqlab borar
Bolalikda jo’sh urgan sirlar.

5.12.2021 y.

***
Bahor bilan,
Boraman dedim
O’tib ketdi: Yoz, Kuz, Qish.
Hamon meni qo’yib yubormas
Minib olgan yelkamga tashvish.

5.12.2021 y.

***
Intilganim,
Mening to’rt satr
Qolgan gaplar ortiqcha bari.
Qarab tursam bu rangin olam
Ko’rinadi mendan ham qari.

6.12.2021 y.

***
Yurak kuyla,
Yurak yashirin
Dunyo bizni qo’ymas o’ynatib.
Ovozimiz eshitadi-yu,
So’ng o’zini qo’yar bo’ylatib.

6.12.2021 y.

***
Xokisorman,
Har bir so’zim-so’z
Nigohlarim ketadi o’yib.
Bu minnatli dunyoda biroq
Borayapman har kuni kuyib.

6.12.2021 y.

***
Dardli boqdim,
Ko’zlaringga jim
Dardlashganday bo’ldi nigohlar.
Ta’qib etar bizni umrbod
Oy kuzatib qolgan gunohlar.

6.12.2021 y.

***
Yoningizdan,
O’tdim qay kuni
Baxt tiladim hasaddan yonib.
Nima qilay? Nimalar qildim
Ketolmadim men ishqdan tonib.

6.12.2021 y.

***
Parvardigor,
Omonating ol
Hech narsaga berolmadim tan.
Ko’p narsaga qarzdor ekanman
Qarz emaskan bittagina jon.

6.12.2021 y.

***
Tilim tiydim,
Hech ne demadim
Tortgandayin bo’ldim men yuvvosh.
Buning uchun menga aslida
Kerak bo’ldi qanchalar bardosh.

6.12.2021 y.
***
Ishonasan,
Marhamatingga
Qaytganiga turasan ko’nmay.
Minnat oshing tosh bo’lib borar
Gapirasan necha yil tinmay.
6.12.2021 y.
***
Davralar benavo,
Davra kuygilik
Atrofingda turfa siyoqlar.
Marhamatli zot eding biroq
Qadring bilmas yalangoyoqlar.

6.12.2021 y.

***
Jilovlashim,
Qiyin nafratim
Qarolmayman kulib yuzingga.
Yuzim, ko’zim qarashim bilan
Botgandayman o’qdek ko’zingga.

6.12.2021 y.

***
Qo’rqib turgin,
Go’zallikdan sen
Go’zallikning ming bir ko’zlari.
Lablaringga ehtiyot bo’lgin
Adashmasin hech vaqt so’zlari.

Xo’rlamagil,
Go’zallikni sen
Hamma narsa sendan tonadi.
Xo’rlansa gar go’zallik bir bor
Ho’lu-quruq birdek yonadi.

Sen avvaylab,
Asragin uni
Kerak bo’lsa joningni bergin.
Mumkin emas uni xo’rlamoq
Lablaridan bo’salar tergin.

6.12.2021 y. 96

***
Mening qalbim,
Ulkan bir maydon
Shayton, imon tushadi kurash.
Agar shayton ustunlik qilsa
Boshlanadi imonda nurash.

Mening qalbim,
Ulkan bir maydon
Kuzataman olib xavotir.
Shayton, imon kurashidir bu
Aytmayapman sizga asotiryu

Mening qalbim,
Ulkan bir maydon
Ezgulikka yo’l solar imon.
Intilsa ham g’oliblik sari
Goh g’oliblik qiladi shayton.

6.12.2021 y.

***
Iso nomin,
Sotib ichdilar
Tashladilar loylarga qorib.
Muhammadning yo’liga chiqib
Turadirlar bukun yolborib.

6.12.2021 y.

***
Telbalik qilsam-da,
Gullar yulsam-da
Ketolmayman chiziqdan chiqib.
Gar chiziqdan o’tsam bir lahza
Ajal qo’yar go’rlarga tiqib.

6.12.2021 y.

***
Bigiz qilmay,
Qo’ydim barmog’im
Va angladim o’zim ham peshmas.
Tuzatayin desam fe’limni
Demak, bunga hech qachon kechmas.

6.12.2021 y.

***
Yomon ko’rdim,
Bir sabr bilan
Jaholatdan yiroqroq turdim.
Bahslashmayman sening bilan ham
Yashayapman, barini ko’rdim.

6.12.2021 y.

***
Shom qaradim,
Tongga qaradim
Vaqt degan ketdi cho’zilib.
Va oraliq masofalarda
Nafratlarim ketdi uzilib.

6.12.2021 y.

***
Qiynalayapman,
Bilganlarimdan
Garchi yo’qdir menda bir mijoz.
Bu dunyoda bilmaganimdan
Xayriyatki, bilganlarim oz.

6.12.2021 y.

***
Bir kenglik bor,
Poyonsiz hudud
Bu kenglikda ruhim ko’ribman.
Tovlanadi kamalaklari
Shu kenglikda uchib yuribman.

6.12.2021 y.

***
Isyonlardan,
Cho’chima ruhim
Kerak emas hattoki ko’zyosh.
Isyonsiz kun ezib yuborar
Bo’lsak agar qanchalar yuvvosh.

6.12.2021 y.

***
Taqlid emas,
Mendagi tovush
Atrofimdan shamollar yeldi.
Siz bilmaysiz: Ich-ichlarimdan
Sado berib, baqirgim keldi.

6.12.2021 y.

***
Kulgichlaring,
Yarashibdi o’zingga
Ko’zlaring ham ishqdan to’zimdir.
Aytolmayman boshqa hech narsa
Mening she’rim bitta sezimdir.

6.12.2021 y.
***
Asalarini,
Ushlagandek
Tikilsa ham ming bitta ko’zlar.
Tutib oldim men ham so’zlarni
Endi chaqar meni bu so’zlar.
7.12.2021 y.
***
Chaynayapman,
Yana sozimni
Shovullaydi bo’ychan bir terak.
Men daraxtga aylanolmadim
Yo’l bermadi ko’ksimda yurak.

7.12.2021 y.

***
Aytilmagan Bir So’zim bor bo’g’zimda.
Rauf Parfi

Hamma gap aytilgan,
Har so’z aytilgan
Yangi so’zning o’zi yo’q bunda.
Piyodalab kelayotirman
So’z ko’rinmas bu qora tunda.

Nigohlarim,
Sermalar qilich
Yuragimga boradi botib.
Boshqalarni bilmadim lekin
Men o’zimni qo’ydim uyg’otib.

Aytay desam,
Xalqumimda jon
Emasdirman balki o’zimda.
Tun oralab boraveraman
Bir So’z bordir hali bo’g’zimda.

7.12.2021 y.

***
Har lahzada,
Tug’ilaman men
Har lahzada o’laveraman.
Shodlik, g’amim yonma-yon kelar
Dunyo bo’lib kulaveraman.

Bilsam-da, gar
Nima o’tkinchi
Qo’ygim kelmas bir chetga surib.
Shodliklardan shodlanaman-u,
G’amlarimdan boraman qurib.

Mening umrim,
Sanoq to’rt fasl
Yarmi shodlik, yarmisidir g’am.
Kunim bersa, tunim bersalar
Ko’karaman qish faslida ham.

7.12.2021 y.

***
Hayqirgim keladi,
Ne deb hayqiray
Voh, ko’ngilga yetmas ovozim.
G’ichirlashni boshlash pallada
Sinib ketdi men topgan sozim.

7.12.2021 y.

***
Istaklarim,
Rad etar dunyo
O’tayapman umrimni kuyib.
Tashvishlarim oqar benavo
Yig’lolmayman hattoki to’yib.

7.12.2021 y.

***
Oqmay turar,
Men topgan so’zlar
Botqog’iga qolganday botib.
Oqmayotgan so’zlarimni men
Endi qanday olay uyg’otib.
7.12.2021 y.
***
Aytmayman,
Desam ham
Aytib qo’ydim hamma sirimni.
O’qiganlar bo’ladi voqif
Oq qog’ozda qolgan she’rimni.

7.12.2021 y.

***
Nochor qolding,
Sevgi bobida
Men atadim uni xiyonat.
Qanchalar ham kuyib-pishmayin
Yuz bermadi biroq qiyomat.

Yashayapman,
Sensiz ham kunlar
Quyoshini turibdi sochib.
Faqat, endi meni ko’rganda
Sen ketasan yo’llardan qochib.

Taqdir ekan,
Men unga ko’ndim
Sevolmayin qolganim ham yo’q.
O’qtin-o’qtin lekin qalbimda
Qo’zg’aladi zanglab yotgan o’q.

7.12.2021 y.

***
O’tayotgan,
Har onim aziz
Egadirman buyuk qudratga.
Tikilaman borliqqa hadsiz
Tikilgandek sirli xilqatga.

Alday boshlar,
Ba’zida vaqt
Ko’zlarimni oladi yulib.
Endi menga qurbiyat kerak
Boqmoq uchun olamga kulib.

Hansirayman,
Nafas ostida
Va shamollar yuborar to’kib.
Bir kulguday bo’lmog’im uchun
Ololmayman o’zimni yig’ib.

7.12.2021 y.

***
Bunda osmon,
Ko’tarar tog’lar
Chuvalanib o’ynar bulutlar.
Har bitta tosh, har bitta qoya
Yurak ochgan buyuk sukutlar.

Yurak ochar,
Buloqlarda suv
Eshitilar kakliklar sozi.
Aks-sadoga qo’shilib ketar
Har kimsaning bergan ovozi.

Baxtim,
Yoki baxtsizligimga
Hamohangdir tog’lar purviqor.
Bunda osmon ko’tarar tog’lar
Ona yurtim aziz Vaxshivor.

7.12.2021 y.
***
Tiklolmayman,
Endi xotirga
Bolalikda o’tgan har kunni.
Baridan sen ko’z yumib ketding
Qoldirgandek menga bir tunni.
7.12.2021 y.
***
Ketayapman,
O’ylar ozorli
Tosh yo’llarga termulaman jim.
Boqarkanman sen yurgan yo’llar
Yuragimni og’ritar sim-sim.

7.12.2021 y.

***
Botib boradi quyosh,
Yuksak tog’ cho’qqisiga
Quloq tutar kim ham dodimga.
Uvvos tortib yig’lagim kelar
Qaytgim kelmas biroq ortimga.

7.12.2021 y.

***
O’tib ketdi,
Gul tutgan kunlar
Endi gullar kutmaysan mendan.
Men va qishloq butkul ayrildik
Qalbimizni zabt etgan sendan.

7.12.2021 y.

***
Neki, yozsam
Tortib ketding sen
Qolaverdi ruhiyat qaqshab.
Boshqarolmay qoldim ruhimni.
Telbalangan shamolga o’xshab.

7.12.2021y.

***
Oy nurida,
Uylandim
Nurlar uyalib ketdi.
Jilmaygan oy nurlari
Tubsiz a’mollar bitdi.

8.12.2021 y.

***
Noma’lumdir,
Qachon qaytaman
Ishqing bilan yashayman endi.
Tark etmasin qizg’aldoqzorlar
Sen hijronni o’zingdan sindir.

8.12.2021 y.

***
Ertaga,
Nima bo’lar
Buni men ham bilmayman.
Lekin kunlik odatim
Sira kanda qilmayman.

8.12.2021 y.

***
Tog’larda,
Bodom gullar
Bir havas-la, boqaman.
Hech kimga sezdirmayin
Tunda gullar taqaman.

8.12.2021 y.
***
Uchayapman,
Bu tunda
Meni ruhim qo’lladi.
Hech kimga sezdirmayin
Tog’da bodom gulladi.
8.12.2021 y.
***
Toqqa chiqib,
Bu tongda
O’pdim bodom gullarin.
Esimdan chiqib qoldi
Kelgan so’qmoq yo’llarim.

8.12.2021 y.

***
Xurshid Davron,
Kitobin o’qib
Men qandaydir lazzat topaman.
Tanishdayin yapon tog’lari
So’qmoqlarda unsiz chopaman.

Ko’rmaganman,
Lekin bir bora
Jilolangan yapon tog’larin.
Qo’msagandek bo’laveraman
G’o’r yoshlikning quvnoq chog’larin.

Vaxshivortog’,
Mening hayratim
Kashf etaman qayta va qayta.
Va ko’ngildan kechganlarini
Zerikmayman hammaga aytib…

Takrorlaydi,
Tog’lar bir-birin
Nabototi keltirar shukuh.
Va tog’larda kezadi mudom
Tiriklikni asragan ruhim.

8.12.2021 y.

***
Sig’dirolmas,
O’ylarim ba’zan
Ne bo’lar deb kunlar a’moli
Qiynay boshlar lekin doimo
Kelayotgan shomlar shamoli.

8.12.2021 y.

***
Boshlanadi,
Har kuni bahor
Chiqaverar yo’limdan tashvish.
To’rt devorning orasida jim
Kutayapman. Qachon ketar qish?

8.12.2021 y.

***
Ishonmayin,
Qo’ydim hislarim
Chidolmadim har qanday nozga.
Va yodimdan chiqmaslik uchun
Yozib qo’ydim oppoq qog’ozga.

8.12.2021 y.

***
Yurak kuygin,
Yurak yig’la
Qaytib kelmas oydin kechalar.
U qiz sendan yiroqlab ketgan
Sog’insang-da, uni qanchalar.

8.12.2021 y.
***
Sen oy eding,
Men zulmat edim
Ishonchlarning qurigan sho’ri.
Meni menga tanitgandayin
Va yoritdi qalbim oy nuri.
8.12.2021 y.
***
Hasrat bilan boqaman,
Hayrat bilan boqaman
Meni olib ketmas kechalar.
Diydoringga oshiqqan edim
Sog’inchlarga to’lib qanchalar.

8.12.2021 y.

***
Varaqlasang,
Moziy qatini
Urushlardan ketasan to’yib.
Ko’karmoqdan tolmagan aslo
Yo’qsa dunyo ketardi kuyib.

8.12.2021 y.

***
Horigan,
Kipriklarim
Ketaverar yumilib.
Men tunni kesayapman
Shodligimga cho’milib.

8.12.2021

***
— Qani bo’lgin,
She’ringni ayt
Tun aylansin sarafroz.
Jimlikka singib borar
Va tongga yetmas ovoz.

8.12.2021 y.

***
Diydam qattiq,
Ko’nglim uyg’oqdir
Ayamadi bu dunyo meni.
Shuncha alam va sitam ichra
Unutmog’im mumkinmas seni.

8.12.2021 y.

***
Tushunmaysan,
Ruhiy holatim
Men dunyodan tamom kechaman.
Seni mag’lub qilgan pallada
Tomchilagan nurlar ichaman.

8.12.2021 y.

***
Qanday yaxshi,
Bir sokinlik bor
Bir jimlik bor qarashlarimda.
Meni menga qaytarolmaydi
Mudom shunday yayrashlarimda.

8.12.2021y.

***
Bo’y ko’rsatmas,
Quyosh har kuni
Yo sarg’ayar ko’kida yolg’iz.
Men ham senga yetib bormayman
Va yig’layman ko’rinib ojiz.

8.12.2021 y.

***
Anglayapman,
Men ham bir bo’lak
Tabiatga men ham doirman.
Dov-daraxtlar ekishim mumkin.
Yo yashillik yaksonin tortib
Quritishga mutlaq qodirman.

8.12.2021 y.

***
Men taniyman,
Yuksak tog’larni
Taniydirman buloqlarni ham.
Jilg’alardan suvlar oqmasa
Bosib kelar ko’zlarimni g’am.

8.12.2021 y.

***
Yozgan sayin,
Yozaveraman
Cho’lg’ab olar meni tabiat.
Parvardigor ayirma meni
Berib turgin hamisha jur’at.

Yozgan sayin,
Keladi yozgim
Kuni-tunim bilmaydi sur’at.
Parvardigor ayirma meni
Tark etmasin meni muhabbat.

Tugab bitar,
Bir kun bu umr
To’ldirib tur hovuchlarimni.
Parvardigor ayirma meni
Asra mening sog’inchlarimni.

8.12.2021 y.

***
Tutab borar,
Mening ko’zlarim
Adashadi poyonsiz kenglik.
Hansiraydi qum barxanlari
Ko’rmayapman men yerda tenglik.

8.12.2021 y.

***
Har narsani,
Suymadi jinim
Ko’p narsaga jiddiyroq boqdim.
Latofatli davralarda men
Oqar suvday betinim oqdim.

Sevdim ko’ngli,
Dili poklarni
Tund odamlar tortmadi ta’bim.
Shamollarda uchganday bo’ldi
Ezgulikka yo’g’rilgan qalbim.

Va kimlardir,
Sig’ingan dunyo
Bo’lolmadi menga yagona.
Bir o’tkinchi tashvishlar tugal
Mening uchun bo’ldi begona.

8.12.2021 y.

***
Ketolmadik,
Katta shahar
Olib ketsa bo’lardi.
Qishloqda yarim oylar
Yo shaharda to’lardi.

Balki jur’at,
Yetmadimi
Aytganimga ko’nmading.
Agar sevsang yurakdan
Tavakkalga yo’ymading.

Tavakkalning,
Boshi kaldir
Yurishlari bexato.
Yurishi xato bo’lsa
Turishlari bexato.

Biroq seni,
Ko’ndirishim
Keng yelkaga yeng bo’ldi.
Bir fursatni kutmoq lek
O’lim bilan teng bo’ldi.

Biz ajraldik,
O’lmay turib
Bu kimlarga qo’l keldi.
Muhabbatsiz dunyolar
Tomon aniq yo’l bo’ldi.

Endi mening,
Ko’zlarimda
Go’zallikdan asar yo’q.
Nafratim bor dunyolar
Mendan battar qaysar yo’q.

8.12.2021 y.

***
Dalda berdim,
O’zimga har gal
Qanotliga berar deb Xudo.
Shu boismi, imkonlarimdan
Ko’p martalar bo’lganman judo.

Dalda berdim,
Yonib turgin deb
Ko’zlaringdan chaqnasin olov.
Hatto tuhmat kelganida ham
Topa olgin sen unga qalov.

Lek tabiat,
Bergandan ortiq
Bo’lmas ekan ming urinsang ham.
Shodliklarni chaqirib olsang
Kelib turar o’z-o’zidan g’am.

Tayyorlagan,
Kabi o’zimni
Har kunimni so’roq etaman.
Shomlarimga yaqinlashganda
Jimgina yo quvnoq ketaman.

Daldalarim,
Qilmaydi ta’sir
Havolarga uchar so’zlarim
Va ertangi kunimni o’ylab
Yoshlanadi biroq ko’zlarim.

8.12.2021 y.

***
Har kunimni,
Yoki lahzamni
She’r bilan yashayotganim yo’q.
Tiriklikning shamollari bor
Shamollarni qaqshatganim yo’q.

Yozsam yozdim
Yozmaganda yo’q
Jimliklarim ko’proqdir mening.
Qo’rsday bo’lib o’tgan lahzalar
Tavallomda tuproqdir mening.

Raqs tushar,
Ko’nglim ba’zida
Shodlantirar yumib ko’zini.
Bunday holni kechirish mumkin
Rag’bat berib tursa o’ziga.

Bunday holat,
Doimiy emas
Adashgandek chopadi ranglar.
Lekin o’sha kungay pallada
Mening kunim tig’day jaranglar.

8.12.2021 y.

***
Tog’ qishlog’i,-
Tug’ilgan qishloq
Ikkimizga birday janona.
So’qmoqlarni oralab yurdim
Ko’nglim mening bo’lib vayrona.

Hurkitadi,
Yo’llar qalamqosh
Toshlar sachrab tegar toshlarga.
Xayolimga xayol ulanar
Ko’targandek bo’lib boshlarga.

Ishq qismati,
Bunchalar firoq
Bormi unda bag’ri butunlar?
Meni aldab olib ketadi
Bir umrga aldangan kunlar.

10.12.2021 y.

***
Sirg’alaman,
Bu kenglik ichra
Bitta-bitta bosaman qadam.
Hech kim sezmas alfiroqlarim
O’rtab borar ko’ksimni alam.

Shu yo’llardan,
Shu tosh yo’llarda
Yo’qotaman har safar royish.
Xayolimni tortqilaverar
Izlaringdan chaqnagan tovush.

Ammo yo’qsan,
Sen endi yo’qsan
Yorug’likni tark etib yitding.
Qoldirgancha menga alamlar
Bir umrga tashlading, ketding.

10.12.2021 y.

***
Kimlargadir,
Havas qildim men
Kimlargadir suqlanib boqdim.
Ishq sehridan sharoblar ichib
Bir jodular ichida oqdim.

Go’zal edi,
Men kezgan olam
Purkar edi lazzatlarini.
Oyu, quyosh birdayin bo’lib
Ko’rsatardi izzatlarini.

Men bor edim,
Sen-da, bor eding
Ko’rinardi olam munavvar.
Bir havodan nafas olardik
Dimoqlarni bo’ylab muattar.

10.12.2021 y.

***
Ko’nglim mening,
Juda nozikmi?
Havodayin turar o’zgarib.
Kelayotgan har sharoitda
Turolmayman uni qutqarib.

Ko’nglim mening,
Juda nozikmi?
Hashamlarga kelmaydi tobi.
Sal narsaga o’zidan ketib
Sal narsaga oshar xunobi.

Ko’nglim mening,
Juda nozikmi?
G’unchalarga tikilaman jim.
Bir ko’ngilni og’ritib qo’ysam
So’ng o’zim-da, yig’layman sim-sim.

Ko’nglim mening,
Juda nozikmi?
Qilolmayman har doim xonish.
Xonishlarim ortida biroq
Qiynab qo’yar unsiz yolborish.

10.12.2021 y.

***
Siylagim keladi,
Sizni she’r bilan
Nimalardir aytgim keladi.
O’n sakkiz yosh tuyg’ulariga
Qayta-qayta qaytgim keladi.

Qorong’udir,
Sizga bu holat
Jilmayasiz, kulib turasiz.
O’zingiz ham sezmay shu damda
Mening bilan birga yurasiz.

Yig’lay boshlar,
Ana, oy nuri
Tolbargaklar tushar uzilib.
Sochlaringiz mahliyo etar
Ketgan kabi go’yo cho’zilib.

Menda esa,
Yonar qorachiq
Dunyolardanchiqib ketaman.
Siz bilmagan qay bir dunyoda
Maqsad sari borib yetaman.

Tugamaydi,
Lek mening she’rim
Tinglasangiz aytaveraman.
Men muhabbat saroylaridan
Qarshingizga qaytaveraman.

10.12.2021 y.

***
Xafa emasdirman,
Sizdan g’animlar
O’ldirsangiz tirilaverdim.
Men ilhomning so’roqlarida
Sizga tomon intilaverdim.

Isyonni tatiyman,
Sog’inch tatiyman
Qay yo’limda bo’laman g’olib.
Chiqmasangiz balki yo’limga
Qay manzilda bo’lardim mag’lub.

G’animlarim,
Bor bo’ling omon
Anglatdingiz menga dunyoni.
Ko’raverdim sizlar sabali
Dunyodagi Haq va ro’yoni.

Sizsiz men ham,
O’tardim g’ofil
Sizsiz balki shoir bo’lmasdim.
Yashar edim odamlar kabi
Har kunimda ming bor o’lmasdim.

G’animlarim,
Bo’lingiz omon
Mag’zavalar turingiz to’kib.
Xafa bo’lmang mening tilimdan
She’rlarimni turingiz o’qib.

10.12.2021 y.

***
Senga ishqim,
Tushgandan buyon
Turolmayin qoldim bir joyda.
Goho yerning ustida bo’lsam
Goho manzil topganman oyda.

Tinchlik berma,
Meni chorlagil
Og’iz ochsin suvda baliqlar.
Tun zulmati bezovta bo’lsin
Oy nuriga chiqsin “qalliqlar.”

Meni chorla,
Bir zum tinch qo’yma
Ishq neligin bilsin bedodlar.
Bahas qilsin bizga oshiqlar
Xilvatgohlar ko’tarsin faryod.

Meni chorla,
Yuzlari lo’ppi
Yoshimizdan yoshlar adashsin.
Va qoraygan mening lablarim
Ishq otashin birdek talashsin.

Yorug’ bo’lsin,
Qorong’u kecha
Quyosh nuri qorayib ketsin.
Yo ko’ngilda ishq nuri talash
Sevishganlar murodga yetsin.

Meni chorla,
Tinchlik bermagin
Ko’zing yig’lab, yuraging kulsin.
Lablaringdan dasta gul uzib
Yurakkinam shodlikka to’lsin.

11.12.2021 y.

***
Sening bilan,
Yonma-yon yurib
O, qanchalar tonglarni kutdik.
Hayikkandek qadamlaridan
Kechalarni hatto unutdik.

Oy yoritgan,
Sunnat kechalar
Ishqimizdan ogoh etdilar.
Yo’l bergandek oppoq tonglarga
Tunlar jim-jim shodon ketdilar.

Oshiq edim,
Sen-da ma’shuqa
Sanar edi barmog’im barmoq.
Tun rangiday tovlangan sochlar
Dimog’imga tashlardi qarmoq.

Tovlanarding,
Oydayin yonib
Go’zallikka topolmasdim so’z.
Men tunlarga ko’zim bergandek
Ololmasdim sendan aslo ko’z.

Go’zal eding,
Shunchalar go’zal
Ko’zlarimni qo’yarding bog’lab.
Lekin ketding bir kuni mendan
Yurak-bag’rim qo’ygancha dog’lab.

Hamon menda,
Ishqning taloshi
Oy nuriga boraman asta.
Oyning nuri o’sha-o’shadir
Mening esa, yuragim xasta.

11.12.2021 y.

***
Uchqunlaydi,
Shahar uzra qor
Sen ketasan qilmay e’tibor.
Goh tezlashar, goh sekinlashar
Boshginangda erib borar qor.

Sening esa,
Dardlaring yangi
Dard ustiga qo’shiladi dard.
Gaplashmaydi u qiz sen bilan
Necha kunki bo’lmaydi hamdard.

Cho’ziladi,
Xayollar uzun
Yo’l topasan, gohi topmaysan.
Topganda ham qandaydir yo’llar
“Evrika” deb qizga chopmaysan.

Uchqunlaydi,
Shahar uzra qor
Yerga tushib ketadi erib.
Xayollaring cho’zilar uzun
Ich-ichingdan borasan qurib…

11.12.2021 y.

***
Chalaverar,
Nag’masin mashshoq
Yetaklamas hayratlarimni.
To’kilmaydi ikki ko’zimdan
Men yeyapman hasratlarimni.

Sir ochmayman,
Biror kimsaga
Har zamonda qo’yaman qarab.
Mashshoq qo’lidagi baytulcho’p
Nag’malarni qo’yadi tarab.

Shamol esnar,
Shamol xotirjam
Men uchun ham bermas ishora.
Shu pallada shamol va men ham
Ikkimiz ham birdek bechora.

Parvardigor,
Ey, qutlug’ Tangrim
Ardoqlayman xizmatlaringni.
Meni toshdek qotirib qo’yma
Ko’rsat, ko’rsat himmatlaringni.

11.12.2021 y.

***
Dovdir otlar,
Ketdi chirpirak
Kimda qanot, kimda bor imkon.
O’zimizni yig’madik hali
Bizlarga ham tegib qolar son.

Chuv-ho-laymiz,
Bellari tolim
Bellarida bulut sadosi.
G’oliblikni istaydi ko’ngil
G’oliblikning bo’lib adosi.

Ammo g’olib,
Bo’lmoqlik qiyin
Har yerda bor toshu-tarozu.
Bizni esa uchirib yurar
Qanotlarin sezmagan orzu.

Orzularga,
Kamarbastamiz
Yo’l boshlaydi lochinlar dovdir.
Goh g’olibmiz, gohi mag’lubmiz
Va orzular kutar qaydadir…

11.12.2021 y.

***
Qo’rqsak ham,
Yoki qo’rqmasak
Ikkita yo’l bordir
Faqat ikki yo’l:
“Borsa kelar va borsa kelmas”

Yarashmaydi,
Bizga qo’rqoqlik
Tavakkal ham ishimiz emas.
Qay bir yo’lni tanlay olsak ham
Hech kim bizga ofarin demas.

Titrab turar,
Bir maydon vujud
Ixtiyoriy lekin bu tanlash.
Qay bir yo’lni tanlay olsak ham
Avval kerak o’zlikni anglash.

Borsa kelar,
Qaytmoqlik bordir
Borsa kelmas ko’tarilar qo’l.
Peshonada bori, qiziqib
Boshlab ketar bizni o’sha yo’l.

11.12.2021 y.

***
Qalbim,
Seni ozod ko’rsaydim
Shamollarni sindirar edim.
Va buloqlar tiniq suvini
Tonglar kabi tindirar edim.

Talvasam ham,
Tazarrum ham
Shu bo’ladi menga oroyish.
Seni ozod ko’rsaydim qalbim
O’sha lahzam topar osoyish.

Ko’p urindim,
O’sha lahzaga
Tutib turdim osmonni mazil.
Qanotlarim bo’lmadi mening
Qilgan bo’ldim o’zimga hazil.

Faqat meni,
Kechiring faqat
Uchgandekman bir qarich yerdan.
Doim shunday bo’lib kelgandir
Qorayadi ko’zlarim terdan.

Ozodlik yo’q,
Lekin mutlaqo
Sindiraman o’zimni-o’zim.
O’zimga-da, kuchim yetmaydi
To’rt tomonga tikilar ko’zim.

11.2021 y.

***
Bu oqshom,
Telbavor kuch
Vujudimda tirg’alib borar.
Talvasadan yonib talvasa
Sening ishqing ruhimni qorar.

Darvozangga,
Borib qaytaman
Chaqirmayman, chaqirolmayman.
Visolingga ilhaq tursam-da,
Sevaman,- deb baqirolmayman.

Bu oqshom,
Oy chiqadi tiniqib
Chorlayverar hovuz bo’ylari.
Hamma narsa esimdan chiqqan
Xayolimda ishqning kuylari.
Buncha uzun,
Ishqning xayoli
Telbavordir jismimda titroq.
Yonib-tonib hatto o’zimdan
Sen haqingda o’yladim ko’proq.

12.12.2021 y.

***
Ko’zlarim o’yilar,
Ko’zlarim kuyar
Latofatga yo’g’rilar nurlar.
Entikadi lablarim unsiz
To’kiladi ko’ngildan sho’rlar.

Va qizg’anchiq,
Shomgi shafaqlar
Qo’zg’atmaydi qadamlaringni.
Men o’zimga to’kib solaman
Ko’ngildagi alamlarimni.

Kuyaverar,
Qorachiqlarim
Dard ustiga bo’ladi chipqon.
O’zim o’tib borayin desam
Afsus, menga qolmagan imkon.
12.12.2021 y.
***
Kunlar jimligini,
Yutadi shamol
Yutoqadi a’mollariga.
Chang solgandek panja botirar
Nafislikning jamollariga.

Tebranadi,
Gullar shaydoyi
Uchib ketar rangin kapalak.
Singandayin egilib ketar
Maysalarning boshlari halak.

Kun tug’adi,
Kunning boshiga
Izlagandek bo’lar sokinlik.
Shomning ko’zi qoraya boshlar
Lek ko’zlardan ketmas horg’inlik.

12.12.2021 y.

***
Qoshingda yovvoyi,
O’smalar emas
Lahzalaring bir-bir tuslaysan.
O’tgan kundan xotira qilib
Lablarimning xunin eslaysan.

To’kiladi,
Xazon kulchalar
Borolmaysan unga yaqinlab.
Go’yoki sen yaqinlashganda
Yeru-osmon ketar chaqinlab.

Bu chaqinlar,
Olovi o’tkir
Yaqinlashsang qolasan kuyib.
Faqat qo’rqma, qo’rqmagin faqat
Yashayvergin kimnidir suyib.

12.12.2021 y.

***
Haqiqat so’rmadim,
Sendayin kasdan
O’zimni g’ajidim burdalab.
Men-da, noshud bir kimsa bo’ldim
Ketolmadim o’zim uddalab.

Va duch keldim,
Sendayin kasga
Tovonimga yopishdi minnat.
Sahardan to shomlarga qadar
Ko’rolmadim aksincha himmat.

O’ngim minnat,
So’lim-da, minnat
Sarg’aygandan sarg’aydi rangim.
Tasavvurda shundoq yetishdi
O’sayotgan kundan-kun ongim.

Bu ong bilan,
Boraman qayon?
Yo’lim xato, yo’lim iztirob.
Endi meni tark etmasmikin
Qabrgacha bu mungli azob?

12.12.2021 y.

***
Shamol bilan,
Tillashgancha tol
Derazaga chizaverar gul.
Uyg’otmoqlik oson emasdir
Tolbargaklar eshiladi qul.

Yelpinadi,
Oyning nurlari
Sochlaringga tomgandayin nur.
Uyg’on endi o’n olti yoshing
Sochlaringday tunga tovlanur.

Mening esa,
Ko’zlarim tiyra
Kirolmayman eshikni ochib.
Rostin aytsam shu damda mendan
Jur’atlarim turibdi qochib.

Shamol o’ynar,
Saharni ko’zlab
Mening ko’nglim aylanar dilgir.
O’sha damda qo’shni xonadan
Ovoz kelar:-Bo’yginang singur.

Va ketaman,
Shoshib yo’limga
O’zgargandek saharning tusi.
Shudringlarni ketaman bosib
Dimog’imda sochlaring isi.

12.12.2021 y.

***
Hech narsa izlamang,
Mening she’rimdan
Na san’at, na adabiyot bor.
Shov-shuvlarga bo’lmas sababchi
Faqat, mendan ketgan ixtiyor.

Eti yo’qdir,
Suyagi bordir
Soya kabi suyanchiq bo’lmas.
Lekin shunday she’rlarimda ham
O’tgan kunim yodimdan o’chmas.

Kerak emas,
Xavotirlar ham
Bu shunchaki yozilgan emas.
Qofiyadan xoliroq o’ktam
Hech kim buni tajriba demas.

Keling unda,
Siz ham fikrdosh
Chidab bering ozroq sabrga.
Mening butun qarashlarimni
Undab turar fikru-zikrga.

12.12.2021 y.

***
Rasm chizdim,
Bir pariruxsor
Titrab turar lablarida lab.
Lo’ppi edi xandon yuzlari
Ko’zlarini bo’lmas tasvirlab.

Adashdimmi,
Qiynalib ketdim
O’xshamadi ko’zlar ko’ziga.
Demak, endi tan olib aytsam
O’xshamadi rasm o’ziga.
Va xayolda,
Chiza boshladim
Sochlarini siypalar qo’lim.
Bu holating juda o’xshadi
Senga juda o’xshadi gulim.

Shundan buyon,
Chizmayman rasm
Va xayolan turgim erkalab.
Kaftlarimda sochlaring tutib
Uzolmayman lablaringdan lab.

13.12.2021 y.

***
Qay kun yana,
Kirding tushimga
Uzolmadim kengliklardan ko’z.
Qaytariqdir ba’zan tushlarim
Ta’biriga topolmayman so’z.

Go’zallikdan,
Lablarim yalab
Go’zallikka tashna boqaman.
O’sha payti biror so’z desang
Ariqdagi suvdek oqaman.

Lekin sen ham,
Xijolat kabi
Ko’zlarimga boqolmaysan tik.
Ko’zlaringni ko’rayin desam
Va turasan boshlaring egik.

Pichirlaydi,
Lablarim unsiz
Aytilmagan gaplar aytaman.
Eshitdingmi yo eshitmading
Uyg’onadi tushlarim qaqshab…

13.12.2021 y.

***
Yo suv ichdim,
Yo ichdim boda
Ruhiyatga qaytganday bo’ldim.
Raqs tushdim bulut ustida
Oy ostida jilmayib kuldim.

Olib ketdi,
Meni g’irko’klar
Peshonamda borini ko’rdim.
Farishtalar bilan sar-basar
Yashilliklar ustida yurdim.

Gulqizlarga,
Nedir demoqni
Mo’ljalladim. So’zim sachratdim.
Ko’nglimni men o’zimdan tonib
Bir yayratdim, biram yayratdim.

Bor ekan-da,
Boshqa dunyolar
Bo’lar ekan ko’ngil yayratsa.
Bo’lar ekan suvlar simirib
Buloqlarni toza sayratsa.

Yo suv ichdim,
Yo ichdim boda
Bu dunyoda kamim qolmadi.
Lahza yoki bir kun shoh bo’ldim
Bu dunyoda g’amim qolmadi.

13.12.2021 y.

***
Ushlolmayman,
Hatto qo’lingni
Qanchalar ham bo’lmayin dilgir.
Oramizga sovuqlik tashlab
Bitta-bitta yog’adi yomg’ir.

Balki kenglik,
Yo balki torlik
Fe’ling ko’kni ko’zlagan qiyg’ir.
Bir g’aflatni solib ko’nglimga
Bitta-bitta yog’adi yomg’ir.

Ishq yo’llari,
Buncha takabbur
Beravermas lahzada royish.
Goh qarasang to’si-to’fondir
Goh qarasang biram oroyish

Mening holim,
Sengadir ayon
Ucholmayman bulutlardek tez.
Xayolimda boshqa fasl yo’q
Xayolimda yo’qdir boshqa qiz.

13.12.2021 y.

***
So’nib borar,
Kundan-kun shiddat
Ko’z uqalab topmayman ma’ni.
O’z-o’zimga beraman savol
Qani jur’at, shiddating qani?
Yo’ldami, cho’ldami
Yo katta shahar
Ketaverar ko’zlar yumilib.
Yo keladi ko’zimdan yoshlar
Kipriklarim qolar cho’milib.

Qaridimmi,
Berolmasman tan
Jo’sh urganday ko’ksimda yoshlik.
Hech kimsaga ko’rsatmayin yuz
Yo’llarimda turar beboshlik.

Ko’ngil yoshdir,
Ko’ngilda g’ujur
Kengliklarga ketadi olib.
O’zi bilmas lekin hasratlar
Turaverar g’avg’olar solib.

14.12.2021 y.

84

(Tashriflar: umumiy 297, bugungi 1)

Izoh qoldiring