Mahmud Abulfayz. «Buyuk sevgi qo’shig’i o’lmas» kitobidan she’lar & Sirojiddin Ibrohim. She’r hali kerak

Ashampoo_Snap_2018.02.15_17h54m03s_002_.pngСаҳифа ёзувчи Маҳмуд Абулфайз (1953-2017) хотирасига бағишланади

  Маҳмуд Абулфайзни билган ўқувчилар у кишини яхши публицист, бетакрор новелла, бадиҳа ва ҳикояларнинг устаси сифатида танийди. Ижодкор шеърларидан бир қисмини анча йиллар олдин эълон қилган. Буларни эса бир куни қўлимга тутқазди. Кўриб тартиб беришимни, сўз ихлосмандлари бўлган яқинлар учун бир тўплам қилиш нияти борлигини айтди. Мен устознинг шеърлари билан шунда яқиндан танишдим. Ўзи саралаган экан. Ёшлик йилларида ёзилганлари деярли қўшилмаган.

ШЕЪР ҲАЛИ КЕРАК…
Сирожиддин ИБРОҲИМ
04

  Адабиёт ҳатто баҳсли бир мавзуга айланди… Ўзлари шайтоний шавқ ила ясаб қўйган ғояларини илоҳий деб даъво этганлар кўп бўлди. Бунга аччиқма-аччиқ яна бир тоифа кишилар адабиёт ботил, унинг асли йўқлик, деб бонг уриб юқоридаги фикрда юрганларнинг жиғибийронини чиқарди. Адабиётни кўчага кийимсиз олиб чиқишди, бозорларда пуллашди ва фақатгина енгил-елпи сўзлар қуйилмасини “ҳазм” қилишдан бошқасига қурбсиз бўлган мухлислар оммасини шакллантиришга ҳам улгуришди…

Бу аросатда не-не истеъдодларнинг адабиётдан кўнгли совиб кетгани ҳам рост. Ўзимнида бир “алломаи охирзамон” адабиёт ботиллиги ҳақидаги мушоҳадалари атрофида бир муддат боғлаб қўйганди. Шу ботил нарса учун шунчалик талашиб-тортишишлар шартми, дедим… Аммо англадимки, Шайх Фаридуддин Атторнинг “Илоҳийнома”си ҳам, Жалолиддин Румий… Алишер Навоий… Бобораҳим Машраб…дан бизларга қолгани ҳам адабиёт. Йигирманчи асрнинг оғриқлари қовурғаси остидан кўриниб турган Чўлпон… Шавкат Раҳмон… Асқар Маҳкам….ларнинг ёзганлари ҳам адабиёт. Юрагимизга изтироб гавҳарларини тортиқ этиб, уни муборак туйғулар дийдорига чиниқтираётган Шодмонқул Салом, Наргиза Одинаеванинг шеърлари ҳам адабиёт!.. Мақсаддан адашмаган, инсонга ўзлигини ва Яратганни танитгувчи адабиёт ботил эмас. Тасаввуф адабиётининг моҳияти шундан иборат. Энди бугунги кун адабиётичи, деган сўров туғулиши ҳам табиий. Менда бир таскин бор: эзгулик, иймон, ишқ, виждон… бош мавзу бўлган асарлар ҳам яралаяптику! Улар қаттиқ ихлосманд ўқувчини тасаввуф адабиётигача етаклаб боради. Унгача олиб боролмаса, ҳеч йўқса қалбини юмшатишга эришади.

Адашувдагилари хусусида эса гапирмоққа хушим йўқ. Улар нечоғлик зарар кўришларини англамаслар, афсус.

Насрий битиклар борасида ҳам бу сўзлар ўринлидир. Шеър қонимизга кўпроқ синггани учун шул доирада мисол айтдик.

Бир куни хаёлимдан ўтказдим: Бутун инсониятнинг қалбини муштарак ҳолда тасаввур этсак, бу улкан юракнинг қанчалик оғир хаста эканлигини ҳис қиламиз, биламиз. Шундай бўлсада унинг яшаб тургани боисини бир нарсада кўрамиз: Бу юрак ҳужайралари – инcонларнинг қалбларидир. Кўпчилик инсонларнинг қалби тош қотиб улгурган (ўлик ҳужайраларга айланган) бўлса-да, ҳали Аллоҳни унутмаган, дунёда баҳосиз (шу улкан юракнинг тирик ҳужайралари бўлган) қалблар ҳам бор. Улар бор – башарият юраги ҳамон уриб турибди, дунё ҳамон қоим, қиёмат қўпгани йўқ. Биз тасаввур этган улкан юрак ишқдан масрурликни ҳам, оғриқларни ҳам мана шу тирик ҳужайралари билан сезади. Улкан Юрак, айниқса чин шоирлар, шоирқалб инсонлар дили билан буларни яхшироқ туяди ва… муборак шеърлар дунё юзини кўради. Тирик қалблар бор экан, шеър керак бўлади, у “ўлмайди”…

Энди қўлингизда турган тўплам хусусида. Унда жамланганлар – тоза сўзлар. Бир инжа қалбли инсон – ижодкорнинг умр бўйи дилу тафаккури камолидан қоғозга тушган битиклар.

0_14f6ae_8d5252c7_orig.jpgМаҳмуд Абулфайзни билган ўқувчилар у кишини яхши публицист, бетакрор новелла, бадиҳа ва ҳикояларнинг устаси сифатида танийди. Ижодкор шеърларидан бир қисмини анча йиллар олдин эълон қилган. Буларни эса бир куни қўлимга тутқазди. Кўриб тартиб беришимни, сўз ихлосмандлари бўлган яқинлар учун бир тўплам қилиш нияти борлигини айтди. Мен устознинг шеърлари билан шунда яқиндан танишдим. Ўзи саралаган экан. Ёшлик йилларида ёзилганлари деярли қўшилмаган.

Тўпламдаги шеърлар ҳақида сўз юритмоқчи эмасман. Лекин шуни қатъий таъкидлаб қўйиш лозим: булар рост шеърлар. Ўқиб безмайсиз. Атайин шеър ёзиш учун ёзилмаган. Хусусан, шеърий санъатларга бой сўзлар уйилмасидан кўра мана шу шеърлар сўз муҳибларига нафлироқ эканлигини яхши биламан. Венгер шоири Антал Гидашдан қилинган таржималар ҳам ажойиб бўлган. Каминанинг дилдагилари шу… Шеър эса… ҳали керак!

Маҳмуд АБУЛФАЙЗ
БУЮК СЕВГИ ҚЎШИҒИ ЎЛМАС…
Шеърлар
009

Маҳмуд Абулфайз 1953 йилда Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факулътетини тамомлаган. Вилоятдаги турли газеталарда ишлаган. Бир неча китоблари нашр қилинган. 2017 йил февралида вафот қилган.

09

ИШҚ ҚАДИМ

Қошларинг туташ экан,
Кўзларинг оташ экан.
Тилагинг оппоқ экан,
Лек ғаним нопок экан.

Сўз қадим, дунё қадим,
Ҳаммадан ҳам ишқ қадим.
Сен айтган ҳар бир сўзга,
Юрагимни ишқадим.

Офтоб қадим, ой қадим,
Лек ўзга борлиқ ранги.
Огоҳ бўлдим, пайқадим,
Фақат дардларим янги.

СЕНИНГ

Номингни сақлаш керак, қўндирмасдан гард —
То кўкрак қафасгача.
Сенинг исминг айтиб яшамоғим шарт,
То сўнгги нафасгача.

ТАСКИН

Энтикиб силкинар босиқ елкалар,
Ўзингизни босинг, қўйинг, йиғламанг.
Бир-бир ўтаверар, шарпа-кўлкалар,
Кураш ёнма-ёндир, хоҳланг-хоҳламанг.

Қани, қўлга олинг титроқ вужудни,
Қийналиб кетганин ҳеч этмасин фош.
Ўз ҳолига қўйинг, шўрлик сукутни,
Йиғлаб юбормасин музлаб ётган тош.

ТИРИКМАН

Юлдузга етса бўлар,
Ойларга етса бўлар.
Бўлмагай сенга етиб,
Бош олиб кетса бўлар.

Додга етар инсон йўқ,
Ишқсиз дилда иймон йўқ.
Умр оти шамолдир,
Тўхтамоққа имкон йўқ.

”Оҳ” уриб чопгай замин,
Билдим ишқнинг талх таъмин.
Ҳеч нарса тўлдиролмас,
Умримнинг кўсту камин.

Дийдорингга тўймоқ бор,
То тирикман – куймоқ бор.
Юракнинг деворларин,
Ханжар билан ўймоқ бор.

Сўзинг бахтга йўймоқ бор,
Дунё бордир, суймоқ бор.
Тортган барча оҳимни,
Шеър шаклида қуймоқ бор.

ДУНЁГА БОҚАМАН

Мен сенга қарайман, ҳайрон қоламан,
Яшайсан, юрасан, ҳамиша бефарқ.
Бу жумбоқ дунёдан вайрон толаман,
Билмасман, ғарб қайда, қайда эрур шарқ.

Руҳимга адоқсиз зулмат чўкади,
Тонгларга талпиниб бораман интиқ.
Юлдузлар пойимга тилак тўкади,
Лекин умид яшар чилпора, чандиқ.

Ўар кимса ўзига бахт излар тўкин,
Боқий тафаккурнинг чироғи ёниқ.
Топганлар дилидан топади бир кун.
Кир дилга соҳиблар мағлубдир аниқ.

… Мен сенга қарайман, ҳайрон қоламан,
Яшайсан, юрасан, ҳамиша бефарқ.
Бужумбоқ дуёдан вайрон толаман,
Билмасман, Қарб қайда, қайда эрур шарқ.

* * *

Қай бир дилнинг навоси тошар,
Беҳудага йиғламас, кулмас.
Ўар не бўлса, ёд этиб яша,
Буюк севги қўшиғи ўлмас.

Тошдан сокин кўинса-да, қалб,
Аслида у дарёдир, кўлмас.
Фикринг бир нуқтага этгил жалб,
Буюк севги қўшиғи ўлмас.

Бу тўфонни асло тинитма,
Суйган одам ҳур эрур, қулмас.
То дунё бор, жоним, унутма,
Буюк севги қўшиғи ўлмас!

КЎЗЛАРИНГ

Кўзларингдан жуда қўрқаман,
Кўзларингдан умидим катта.
Сесканиб ўзимни туртаман,
Рўпарангда турганда ҳатто.

Гўзаллик улуғдир, гўзаллик – ҳумой,
Йиғламоқнинг ўзи етмас гар.
Қалб уйини бузиб бир чирой,
Ишғол қилса мисоли лашкар.

Паришон лаҳзалар остида,
Лабларим паришон пичирлар:
—Мени ғарқ этмоқнинг қасдида,
Кўзларинг қасамлар ичурлар.

ИСТАК

Барча мусофирдан сени сўрадим,
Мени ҳам бир бора сўрасанг эди.

* * *
Лаб очмагил, ҳеч нарсани сўрама,
На тараф бор, тавсиф етмас макон бу.
Ўй-хаёлим паришондир қурама,
Адо қилар, ё юксалтар имкон бу.

Ўзганларим шеърдир,балки ўхшамас,
Юрагимнинг деворида ёпилган.
Ўтдан олиб ўтга урар бир ҳиски,
Қадим Бохтар йўлларидан топилган.

МУҲАББАТ БОҒИДА

Суйганингиз рост бўлса агар,
Гар бу дарддан дилингиз хаста.
Оёқ билан юрманг базинҳор,
Юрак билан одимланг аста.

Ишонманг, сиз, ишонманг, ҳаргиз,
Тилнинг барча гаплари ёлғон.
Тош ёғса ҳам ростин айтар кўз,
Куйган дилнинг кўзлари нолон.

АНВОИ ЁЛҒОН

Мен нодон бўлмасам эдим моҳитоб,
Бўлмасам эди гар содда, анойи.
Сенинг ёлғонингни юракка қадаб,
Сўнгра кутармидим гуллар анвои.

…Кўнглим, бағринг узра ёниб битар шам,
Бу кеча нур эмас, ой ғамлар тўкар.
Умрим денгизига шу кеч, шу оқшом,
Севгининг энг оғир кемаси чўкар.

ЎТДИ

Кетмас давлатдир дедим,
Қадрига етмадим ҳаргиз.
Танбал жоннинг ғамини едим,
Ўзимдан ўтди,
ўзимдан ўтди.

Ўн беш кунлик ойлардек эди,
Тиниқ эди шабнамдан ҳатто.
Мақтаб турсам кетмасди балки,
Сўзимдан ўтди,
ўзимдан ўтди.

Боқиб тўйса эдим бўлмасди армон,
Бу чирой ўчмагай нигоҳдан дедим.
Қараб тўйса эдим, оғримасди жон,
Кўзимдан ўтди,
ўзимдан ўтди.

* * *
Сени суймай бўлурми,
Гул очилган боғимсан.
Сендан баланд манзил йўқ,
Оппоқ қорли тоғимсан.

Ўниб қайга борардим,
Қозондаги ёғимсан.
Тониб қайга борардим,
Юракдаги доғимсан.

Боқиб ҳаргиз тўймадим,
Осмондаги моҳимсан.
Ўксинишни қўймадим,
Қисматдаги оҳимсан.

Куздан ҳазин мактублар бўлиб

Куздан ҳазин матублар бўлиб,
Осмонда оқ булутлар сузди.
Қишдан хабар топган турналар,
Иссиқ юртлар сари йўл тузди.

Кўнгилда хазонрез кунлар кезинур,
Кузнинг сукутини изҚирин бузар.
Куз эса қонунга бўйсунар, мажбур,
Қиш билан ноилож шартнома тузар.

ҲАЙРАТ

Ҳаёт деганларин билмадим, ҳайрон0_14f6a9_d487d179_orig.png
Бош-адоқсиз ўрмонга ўхшайди.
Гоҳи шодман, гоҳида вайрон,
Тубсиз уммонга ўхшайди.
Ўрим, кўнглингга йўл тополмадим,
Қуюқ туманга ўхшайди.
Хавф-хатар тоғдек турар,
Йўл топмоқ гумонга ўхшайди.
Илоҳо, бир ғариб йўлчиман,
Ўрмонда йўл бер,
Уммонда йўл бер,
Туманда йўл бер,
Гумонда йўл бер.
Илоҳо, саодат манзилин топмоққа йўл бер,
Гуноҳнинг дафтарин ё Раб,
Эртароқ ёпмоққа йўл бер.

ХОТИРА

Машрабни ўқирдингиз,
Байтлар ўтга йўғрилар.
Эслайман, ўша ҳайрат
Армон бўлиб туюлар.
Билмамки, бу не ҳасрат,
Кўзимдан ёш қуйилар.

Бу шундай очун эрур:
Бир ҳовуч ғам сачрабдир.
Йиғлаётган мен эмас,
Йиғлаётган Машрабдир.

Кетганмассиз ахир сиз,
Борса қайтиб келарга.
Қошимда савол унсиз:
Умр қодир неларга?

Юрагимга вобаста,
Сиз ўқиган ”Шоҳнома”.
Юрагим лахта-лахта,
Дейман: қани баҳодир?
…Йиғлаган менмас, ота,
Йиғлаётган баҳордир…

ТЕНГДОШЛАРГА

Ўтди баҳор, ўтди ёз,
Кузга кириб борамиз.
Агар Роббим ёш берса,
Юзга ириб борамиз.

Дили бутун, порамиз,
Кўнгли оқдир6 қорамиз.
Агар бунда жам бўлсак,
Топилгайдир чорамиз.

Дўстлар қайда қолдингиз,
Узоқ бўлди орамиз.
Умр оти йўл босар,
Қачон дилни ёрамиз?..

ЁЛҒИЗ ДАРАХТ

Ёлғиз дарахт, ёлғиз дарахт, ёлғиз…
Тўфонлар урилар сенга беаёв.
Қашқирлар пойингда югурар ғиз-ғиз,
Ёлғиз бошгинангга бунча кўпдир ёв.

Япроқлар шитирлаб берурлар таскин,
Тунлари оғриқдан инграйсан сал-пал.
Ҳеч завол кўрмагин, бардам тур, сокин—
Сен менинг бахтимга омон бўл, юксал.

ТИТРАЁТГАН ЖОН

Демас қари, демас ёш,
Ажал пойлаб юрибди.
”Оҳ” десам ёрилгай тош,
Жоним титраб турибди.

Ўлим ҳақдир ҳар бошга,
Нечун гуноҳ терамиз?
Азроил келса қошга,
Жонни қандоқ берамиз?!

АЪЗАМЖОНГА МАКТУБ

Ғофил бўлма, пойга бошдан қайтдим мен,
Айтар гапни аввал бошдан айтдим мен.
Бўлди энди, қабоқ-қошдан қайтдим мен,
Мени унутсалар унутма, ёд эт,
Хатми Қуръон билан руҳимни шод эт.

Қолиб кетмагайман қорда, бўронда,
Балки эслагайлар бир кун Туронда.
Балки ёдим яшар дўсту ёронда,
Мени унутсалар унутма, ёд эт,
Хатми Қуръон билан руҳимни шод эт.

Ҳадни билмай росту ёлғон айтамиз,
Қандай бўлар бунда топган фойдамиз.
Ахир бир кун Ҳақ қошига қайтамиз,
Мени унутсалар унутма, ёд эт,
Хатми Қуръон билан руҳимни шод эт.

Тўзғиётир ҳаёт деган карвоним,
Омонатдир умр отлиғ қўрғоним.
Титраб борар яшаётган ҳар оним,
Мени унутсалар унутма, ёд эт,
Хатми Қуръон билан руҳимни шод эт.

Тугаб борар тириклигим—алвоним,
Менга надир на умид-у армоним.
Айтар гапим ёдда тутгил, алпоним,
Мени унутсалар унутма, ёд эт,
Хатми Қуръон билан руҳимни шод эт.

Агар билсанг, чўкаётган туяман,
Болам дейман, эркалайман, чуяман.
Арзим бордир, қулоғингга қуяман:
Мени унутсалар унутма, ёд эт,
Хатми Қуръон билан руҳимни шод эт.

БИЛАРСАН

Умр сенга омонат мулк эканин,
Жон халқумга келганида биларсан.
Юкинганинг, ишонганинг, топганинг,
Душман дея аталганда биларсан.

Умид надир, армон надир дунёда,
Юрар йўлинг тор келганда биларсан.
Дийдор надир, висол надир дунёда,
Дўст соғиниб, зор келганда биларсан.

Бевафога кўнгил қўйиб баногоҳ,
Садоқатинг зор келганда биларсан.
Дунё молин маним дея жон ҳалак,
Нафсинг ютар—мор келганда биларсан.

Кулаверма мағлубларнинг ҳолидан,
Отинг тойиб йиқилганда биларсан.
Оғриқ тортиб жону дилинг бешафқат,
Анор янглиғ сиқилганда биларсан.

Адашиш не эканин икки оёқ,
Бир этикка тиқилганда биларсан.
Ҳақ йўл қолиб ботил йўлдан кетсанг гар,
Элу халқинг тикилганда биларсан.

Ишинг тушса, гар даюсга, номардга,
Нархинг бир пул бўлганида биларсан.
Ёлғонни рост санаб юрсанг бир куни,
Жом-паймонанг тўлганида биларсан.

Оқил сўзни нодон билмас, танимас,
Яхши гапинг хор бўлганда биларсан.
Дўстинг қолиб иблис-ла ош еганинг,
Туйғуларинг хор бўлганда биларсан.

* * *

Юлдуз ёниб токи ўчиб ўтгунча,
Ўй-камалак балқиб, токи ўчгунча,
Бори умринг атига бир учқунча,
Ўки дейлик, бир лаҳзалик гул-ғунча,
Жойнамозга бошинг тегмас, теккунча,
Истиғфор айт, жон жасаддан чиққунча.

УМР ШАМДИР

Бизни боғлаб қўйгани йўқ,
Охир бир кун кетмоқ керак.
Токи сафар тугагунча,
Бир манзилга етмоқ керак.

Ўтган йиллар китоб эрур,
Варақларин титмоқ керак.
Бир калом бор, излаб уни,
Улуғ йўлда йитмоқ керак.

Умр мисли бир шам эрур,
Охир англаб етмоқ керак.
Ушбу шамнинг ёғдусинда,
Дил китобин битмоқ керак.

Найранг, фириб ўрмон эрур,
Йўлни топиб юрмоқ керак.
Йўлда иблис душман эрур,
Дўст-ла суҳбат қурмоқ керак.

”Дод” демасанг, Ҳақ эшитмас,
Йиғлаб оҳлар урмоқ керак.
Ишқ жилвасин топмоқ учун,
Саҳар бедор турмоқ керак.

Илон янглиғ аврар ёлғон,
Ёлғон уйин бузмоқ керак.
Бир нафаслик ором чорлар,
Ишратдан дил узмоқ керак.

АСЛИНГ ҚАЙДА

Хунхорига сут бериб,
Дўстига оғу тутган.
Жасоратни бой бериб,
Сенми, ғанимни кутган?!

Унутдинг, аслинг қайда,
Қайда зиён ва фойда.
Ўйладим қайта-қайта,
Сендек гумроҳ йўқ экан,
На ерда-ю, на ойда.

БЎЛМАС

Кўзингни оч, дунё эмас бесоҳиб,
Ғазабсан, вулқонсан, сўнмасанг бўлмас.
Ёмонлик офатдир, гуноҳ ғурбатдир,
Уларни кўрганда тўнмасанг бўлмас.

Ҳаёси йўқ бозор экан бу очун,
Юзингни ҳақ сари бурмасанг бўлмас.
Воҳким, ширин жонни кесиб борар вақт,
Ёр ила суҳбатлар қурмасанг бўлмас.

Бир ажиб ҳикматдир асли бу дунё,
Нигоҳинг ҳикматга сунмасанг бўлмас.
Бу жон омонатдир, ғафлатда қолма,
Бир кун топширмоққа кўнмасанг бўлмас.

Худойим марҳамат қилди, кўрдингми,
Тириклик боғида унмасанг бўлмас.
Болари мисоли ҳар тонг, ҳар саҳар,
Ҳаётнинг гулига қўнмасанг бўлмас.

ҒОФИЛ ДАВРА АҲЛИГА

Ош устида ботир чиқди нечалар,
Май ичарлар кундузлар-у кечалар.
Бу манзилда ишрат аро ётсангиз,
Айтинг, қачон чигал савол ечилар?!

Иблис билан ошу қатиқ бўлдингиз,
Қорин тўйса, мисли ойдек тўлдингиз.
Тирик туриб бу дунёда ўлдингиз,
Ғафлат уйи айтинг қачон янчилар?!

ТАЪМА

Ризқни Раззоқ беради,
Нечун қулдан сўрайсан?!
Гул кўнглингни эй воиз,
Балчиқларга ўрайсан!..
Мен ғамга бўлдим йўлдош,
Ёлғонни қучган кунинг.
Титради кесак ҳам, тош,
Зўр зовдан учган кунинг.
Қай томон кетди сўзинг,
Йўлинг тушди тескари.
Дашти ёбонда тўздинг,
Сўз ичинда пес каби.
Куларга на ҳолим бор,
Йиғлаюман шом-саҳар.
Яхшийди сўз сотгандан,
Ичиб ўлсайдинг заҳар.
Қаллобнинг чойин ичиб,
Ёлғонга топиндингми,
Таъмадан либос бичиб,
Устингга ёпиндингми?..
Бўлдинг мутъе, осий қул,
Ихлос қўйдинг кўппакка.
Топмадингми тоза қўл,
Ўтиб ялаб, ўпмакка?!
…Ризқни Раззоқ беради,
Нечун қулдан сўрайсан?
Гул кўнглингни эй, воиз
Балчиқларга ўрайсан!..

НАВОИЙ

Қайдадир, кимлардир тош ҳам отдилар,
Воажаб, не толе, тошлар етмади.
Кимлардир тенгман деб бўй ҳам чўздилар,
Не баланд қасрки, бошлар етмади.

ПАРИЖ МАНЗАРАСИ
(Эски хотира)

Бувиси айтиб берган эртаклар,
Улардаги танти ботирлар қолди.
Ҳар баҳор гуллардан ёнгувчи,
Осмондай кенг адирлар қолди.

Неки эзгу бўлса дилдан чиқариб,
Энг покиза туйғуларни унутиб
Шаҳарда яшар йигит. Сўққабош.
Ижарагир кампирнинг ўлимин кутиб.

ЧЎЛПОН КУЙИБ АЙТГАН ШЕЪР

Кўз-қулоқ бўлиб тур, ён-верингга боқ,
Ўнгга таъзим айла, чапга таъзим қил.
Йўлингда учраган ҳар иблисга ёқ,
Тунда… ажиналар билан базм қил.

Пошналар тагида кимники кўрсанг,
Ҳиссиз бўл, туссиз бўл, сўзсиз бўл.
Адолат осмони фалакда кезса,
Қизарма—юзсиз бўл, боқма—кўзсиз бўл.

Одамлар не демас, юрма изиллаб,
Халойиқ нимадир—гап уқмас пода.
Қонлар отилса-да, гарчанд тизиллаб,
Миллатнинг кўксига ёлғонни қада.

ОҒРИҚ

Ичган ошинг шўр бўлар,
Меванг пишмас, Қўр бўлар,
Душманларинг зўр бўлар,
Хоин ичингдан чиқса.

Япроқ бўлиб титрайсан,
Юрагингни титгайсан,
Марсиялар битгайсан,
Хоин ичингдан чиқса.

Тоғлар чўккандек бўлар,
Дардинг уққандек бўлар,
Борлиқ кулгандек бўлар,
Хоин ичингдан чиқса.

* * *

Сени йўқлаб турдим узоқ-узоқдан,
Илдизлардан айро тушмасин дея.
Огоҳ этдим дўлдан, чақиндан,
Ёлғон бўлолмас деб суянчиқ—қоя.
… Хабаринг бўлдими, шундан жигарим?!

СЎРОҚ

Йиғин бўлса ўзни тўрга урамиз,
Ғариб кўрсак, кўзни четга бурамиз.
Иблис билан машваратлар қурамиз,
Ҳисоб-китоб нима бўлар эй дўстим?!

Охир бир кун бўлмас зарра ихтиёр,
Молу давлат бўлмас бизга ифтихор.
Хелу хешинг йиғлаб қолади зор-зор,
Ҳисоб-китоб нима бўлар эй дўстим?!

Чопа-чопа пасту ўрга борамиз,
Гоҳи музга, гоҳи қўрга борамиз.
Ҳадни билмай охир гўрга борамиз,
Ҳисоб-китоб нима бўлар эй дўстим?!

ЯШАЙ БИЛ

Йўлингни тикандек тўссалар,
Ўнингда алафлар ўссалар,
Дилингни тирнаса ғуссалар,
Яшай бил, яшай бил, яшай бил.

Риёлар олмосдек товланса,
Дўст деб тутинганинг ёвланса,
Некбинлик кийикдек овланса,
Фикр қил, фикр қил, фикр қил.

Осмон тўла юлдуз—ҳикматдир,
Сирли кеча, кундуз—ҳикматдир,
Рост бўлган ҳар сўз—ҳикматдир,
Зикр қил, зикр қил, зикр қил.

Тилда бошқа, дилда бошқа, тонарлар,
Ёлғоннинг сувига қонарлар,
Нафснинг оловида ёнарлар,
Огоҳ бўл, огоҳ бўл, огоҳ бўл.

Яшамоқ гоҳ ширин, гоҳ тахир,
Ғамдан луқма тутганда тақдир.
Ортга қайтиб бўлмайди ахир,
Сабр қил, сабр қил, сабр қил.

ЧАП БЕР

Учиб келаётган тошларга чап бер,
Таъзим қилаётган бошларга чап бер,
Риёкор кўздаги ёшларга чап бер,
Тилло лагандаги ошларга чап бер,
Огоҳ бўл, чап бер, чап бер, чап бер…

Баҳор ораловчи қишларга чап бер,
Нафс олиб боргувчи шишларга чап бер,
Заҳар бойлаб ётган нишларга чап бер,
Гуноҳи кабира ишларга чап бер,
Огоҳ бўл, чап бер, чап бер, чап бер…

БУНДА
Сирожиддин  Иброҳимга

Гумроҳликка ботиб бораман,
Ғанимга тош отиб бораман.
Кўзимдан ёш оқиб бораман,
Тўпидан адашган турнадек,
Бу ерларга қайлардан келдинг?!

Қарға чўқиб қочса не дейсан,
Бадбахт сўкиб қочса не дейсан.
Илон заҳрин сочса не дейсан,
Тўпидан адашган турнадек,
Бу ерларга қайлардан келдинг?!

Душман асли ғазаб бўлади,
Уни енгмоқ азоб бўлади.
Умр оти тезоб бўлади,
Тўпидан адашган турнадек,
Бу ерларга қайлардан келдинг?!

Қорни тўйган кунни бахт билиб,
Гоҳо ахмоқ сўзин тахт билиб,
Юрибди нечалар, қилгани—қилиқ.
Тўпидан адашган турнадек,
Бу ерларга қайлардан келдинг?!

Ғафлатга ботганни кўрдингми,
Юрак еб ётганни кўрдингми,
Ҳайрон бўб, вайрон бўб турдингми,
Тўпидан адашган турнадек,
Бу ерларга қайлардан келдинг?!

Тоғларда юрсанг бўлмасмиди,
Булбулни кўрсанг бўлмасмиди,
Суҳбатлар қурсанг бўлмасмиди,
Тўпидан адашган турнадек,
Бу ерларга қайлардан келдинг?!

…Қирларда лолалар очилди,
Заминга яхшилик сочилди,
Кўнгилнинг қулфлари ечилди,
Тўпидан адашган турнадек,
Тиниқ-тиниқ куйлардан келдинг?!

ГАР ИСТАРСАН ЯХШИЛИК

Эй дўст, гар истарсан яхшилик,
Бедор бўл, саҳар то азонгача.
Танда бордир зарра илиқлик,
Ибодат қил то фасли хазонгача.

Бағоят музайян сўзлагай,
Боқма ҳеч ул шайтон ваъзина.
Муслимки, ризвонни кўзлагай,
Қайрилмагай жинлар базмина.

УЛУҒ САФАР ҚОШИДА

Умрни қантариб қўйиб бўлмаса,
Бу ёлғон дунёга тўйиб бўлмаса.
Кўрган барча макр-найрангни,
Ҳаргиз ростга йўйиб бўлмаса.
Ёлғонлар қошида лолман, мағлубман,
Буюк ёлғонлардан қутқар, жон Эгам,
Ул мушкул кўприкдан ўткар, жон Эгам.
Олдинда адоқсиз сарҳадлар турар,
Англадим, поёнсиз сафарлар турар,
Энг мушкул имтиҳон—саволлар турар.
Катта синовлардан ҳар дам огоҳ эт,
Менинг умидимни осмон қил, Эгам,
Буюк имтиҳонни осон қил эгам!

ТАВАЛЛО

Жами уммат армони—
Ризвонлардан қўним бер!
Либоссиз кетолмайман,
Иймон отлиқ тўним бер.
Ўмганни тутай десам,
Дард эзиб бораётир.
Муқаррардир айрилиқ,
Эр ё хотин бўлар тул.
Келаётир ҳайқириқ,
”Умр бир кун қул бўлар!”
Ҳаммаси топар якун,
Нигоҳдан ўчгай бир-бир.
Узоқлар ҳамда яқин,
Кўздан қочгай дала-қир.
Мен ҳам ожиз бир банда,
Адашдим, гоҳ йўл топдим.
Иблис бўлди пурханда,
Узоқ вақт йўл йўқотдим.
Ким нима топар бўлса,
Барин ташлаб кетаркан,
Икки қулоч кафан-ла,
Манзилга етар экан.
Майда-катта ҳақиқат,
Бариси бир пул бўлар.
Гуноҳ мудом иккиқат,
Адашганлар қул бўлар.
…Юра-юра ҳоридим,
Жаннат сари йўлим бер.
Гар битган бўлса умр!
Бир чиройли ўлим бер!
…Жами уммат армони,
Ризвонларда қўним бер.
Либоссиз кетолмайман,
Иймон отлиқ тўним бер!

ОМОНАТЛИК

Бир қўрқув аро борурман ё, Раб,
Ўзингдан ўзгадан қўрққулик этма.
Бу жон халқумимда турар қалтираб,
Паноҳим, улуғим дилимдан кетма.

Қочиб қутилмоққа ҳеч бир имкон йўқ,
Йиғлаб ёлворурман шому саҳарлар.
Жонимга ботади мудҳиш хатарлар,
Хаёлим музлатгай даҳшат-сақарлар.

Умрим гуноҳларнинг даштини кечар,
Умрим савобларнинг даштидан ўтар.
Билмам, қиёмат кун бошдан не кечар,
Жонимдан ғафлатнинг пардасин кўтар.

ДУО

Қанот қоққан ғозлар қолар,
Бул шайтоний созлар қолар,
Мулки кўплар—озлар қолар,
Қишу баҳор, ёзлар қолар,
Ҳузурингга борурмиз,
Мангу баҳор бер бизга!

Иблис душман азали,
Қийнар нафснинг қамали,
Кимнинг сохта амали,
Кимнинг иши чамали,
Тонгни бедор бер бизга!

КЎНГИЛДАГИ СУРАТЛАР

* * *

Турналарда юрт йўқ, ватан йўқ,
Турналарнинг юрти баҳордир.
Сен бунда хулоса чиқаргил фақат,
Балки ношуддирсан, балки баҳодир.

* * *

Йиғлайсан-у кулиб турасан,
Гуллайсан-у  ”сўлиб” турасан.
Хору-хасдек бўлиб турасан,
Айт, бу макрни қайдан ўргандинг?

* * *

Йилларим саргардон кечмоқда,
Ўйлай-ўйлай бунда куюкдим.
Дарахтлар либосин ечмоқда,
Жонинг соғми сенинг, суюклим?!

* * *

Бугун сен заифсан, нотавон, ожиз,
Бирор сўз демоққа келишмас оғиз?
Қўлимни силкийман, йиғлайман, хайр,
Сени ютиб борар қўрқув-ялмоғиз.

* * *

Хўрсинасан—тонглар ҳеч отмас,
Хўрсинасан, туманлар ётмас.
Йиғламоққа кўзда ёшинг йўқ,
Отмоқ учун қўлда тошинг йўқ.

* * *

Дўст деб тутинганинг бир ёвга дўнди,
Ул умид учқуни ёнмади, сўнди.
… Хиёнат оралар саҳарларингга,
Ғафлат ичиб ўзни  заҳарладинг-да!

* * *

У шўрликни майли, кечиринг,
Билмайди ким рақиб, ким дўсти.
У ахир туғулгандан бери,
Ёлғонларга ўрганиб ўсди.

* * *

Қирда зиғир гуллади,
чиройли, зангор-зангор,
Эй, ғариб дўст, очиқ айт,
дилда қандай дардинг бор.
Дунё бозор, карвонлар
ўтмоқда қатор-қатор,
Сен нечун очилмайсан,
дилда ёки зардинг бор?..

* * *
Ёздим, ёзгайман, оғрийди қўлим,
Сен ҳам ахир мени тушун-да.
Қарайман тикандир, мушкулдир йўлим,
Сенга етишаман фақат тушимда.

* * *

Буздинг кўнгил уйини,
Кўрдингми афзал қаср?
Буздинг кўнгил уйини,
Топдингми, бундан ажр?

* * *

Заҳарлар ичирдинг гумондан,
Шубҳалар тарқатдинг тумандан.
Сабр дарахтининг пойидадирман,
Ёмонлик бўлмагай менинг томондан.

* * *

Кўнгил қўйма қора хаёлга,
Олий манзилларни макон этурмиз.
Изн берма, дайди шамолга,
Ёруғ чўққиларга барҳақ етурмиз.

* * *

Узоқлашиб кетдим қирғоқдан,
Эшитилмай қолди товушинг.
Изғиринлар келар қир ёқдан,
… Яхшисанки, бахтга қовушдинг.

* * *

Яхшиликка яхшиликни қайтарсан,
Кексарганда болаликка қайтарсан.
Дўст тутганинг номард чиқса қайтарсан,
Олим эсанг, билганингни қайтар сан.

* * *

Чинор десам, ўхшамайсан, қуруқсан—
Совуқ урган дарахт каби турибсан.
На кўнгилга бир иморат қурибсан,
Бу дунёда қандай қилиб юрибсан,?!

* * *

Йўлимда пояндоз фироқдан,
Фарқим йўқ шу кунлар япроқдан.
Ғарибман, забунман тупроқдан,
Бир мунгли сас келар йироқдан.

* * *

Бу дунёнинг боши, охир, поёни йўқ,
Қайга келдинг ростми-ёлғон, аёни йўқ.
Икки киприк орасида титрайди жон,
Дардим  айтай десам асло поёни йўқ.

* * *

Ажалнинг комига бориб қайтганлар,
Бу фоний дунёга видо айтганлар.
Тириклик нимадир яхши биларлар,
Кечган дамларига шукр қилганлар.

Яна шу мавзуда:
Маҳмуд Абулфайз. Буюк севги қўшиғи ўлмас (Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Сирожиддин Иброҳим ёзувчи ҳақида)
Маҳмуд Абулфайз. Одамни армонлар улғайтиради
Маҳмуд Абулфайз. Хайрлашув
Маҳмуд Абулфайз. Ҳикоятлар ва бадиалар & Хуршид Даврон. Донишманд
Маҳмуд Абулфайз. Ҳикоятлар ва бадиалар & Эркин Аъзам. Тоза кўнгил кечинмалари
Ҳусан Мақсуд. Сурхонга сафар

0_14f6aa_e2225c96_orig.jpgSahifa yozuvchi Mahmud Abulfayz (1953-2017) xotirasiga bag‘ishlanadi

Mahmud Abulfayzni bilgan o‘quvchilar u kishini yaxshi publitsist, betakror novella, badiha va hikoyalarning ustasi sifatida taniydi. Ijodkor she’rlaridan bir qismini ancha yillar oldin e’lon qilgan. Bularni esa bir kuni qo‘limga tutqazdi. Ko‘rib tartib berishimni, so‘z ixlosmandlari bo‘lgan yaqinlar uchun bir to‘plam qilish niyati borligini aytdi. Men ustozning she’rlari bilan shunda yaqindan tanishdim. O‘zi saralagan ekan. Yoshlik yillarida yozilganlari deyarli qo‘shilmagan.

SHE’R HALI KЕRAK…
Sirojiddin IBROHIM
04

Adabiyot hatto bahsli bir mavzuga aylandi… O‘zlari shaytoniy shavq ila yasab qo‘ygan g’oyalarini ilohiy deb da’vo etganlar ko‘p bo‘ldi. Bunga achchiqma-achchiq yana bir toifa kishilar adabiyot botil, uning asli yo‘qlik, deb bong urib yuqoridagi fikrda yurganlarning jig‘ibiyronini chiqardi. Adabiyotni ko‘chaga kiyimsiz olib chiqishdi, bozorlarda pullashdi va faqatgina yengil-yelpi so‘zlar quyilmasini “hazm” qilishdan boshqasiga qurbsiz bo‘lgan muxlislar ommasini shakllantirishga ham ulgurishdi…

Bu arosatda ne-ne iste’dodlarning adabiyotdan ko‘ngli sovib ketgani ham rost. O‘zimnida bir “allomai oxirzamon” adabiyot botilligi haqidagi mushohadalari atrofida bir muddat bog‘lab qo‘ygandi. Shu botil narsa uchun shunchalik talashib-tortishishlar shartmi, dedim… Ammo angladimki, Shayx Fariduddin Attorning “Ilohiynoma”si ham, Jaloliddin Rumiy… Alisher Navoiy… Boborahim Mashrab…dan bizlarga qolgani ham adabiyot. Yigirmanchi asrning og‘riqlari qovurg‘asi ostidan ko‘rinib turgan Cho‘lpon… Shavkat Rahmon… Asqar Mahkam….larning yozganlari ham adabiyot. Yuragimizga iztirob gavharlarini tortiq etib, uni muborak tuyg‘ular diydoriga chiniqtirayotgan Shodmonqul Salom, Nargiza Odinayevaning she’rlari ham adabiyot!.. Maqsaddan adashmagan, insonga o‘zligini va Yaratganni tanitguvchi adabiyot botil emas. Tasavvuf adabiyotining mohiyati shundan iborat. Endi bugungi kun adabiyotichi, degan so‘rov tug‘ulishi ham tabiiy. Menda bir taskin bor: ezgulik, iymon, ishq, vijdon… bosh mavzu bo‘lgan asarlar ham yaralayaptiku! Ular qattiq ixlosmand o‘quvchini tasavvuf adabiyotigacha yetaklab boradi. Ungacha olib borolmasa, hech yo‘qsa qalbini yumshatishga erishadi.

Adashuvdagilari xususida esa gapirmoqqa xushim yo‘q. Ular nechog‘lik zarar ko‘rishlarini anglamaslar, afsus.

Nasriy bitiklar borasida ham bu so‘zlar o‘rinlidir. She’r qonimizga ko‘proq singgani uchun shul doirada misol aytdik.

Bir kuni xayolimdan o‘tkazdim: Butun insoniyatning qalbini mushtarak holda tasavvur etsak, bu ulkan yurakning qanchalik oQir xasta ekanligini his qilamiz, bilamiz. Shunday bo‘lsada uning yashab turgani boisini bir narsada ko‘ramiz: Bu yurak hujayralari – inconlarning qalblaridir. Ko‘pchilik insonlarning qalbi tosh qotib ulgurgan (o‘lik hujayralarga aylangan) bo‘lsa-da, hali Allohni unutmagan, dunyoda bahosiz (shu ulkan yurakning tirik hujayralari bo‘lgan) qalblar ham bor. Ular bor – bashariyat yuragi hamon urib turibdi, dunyo hamon qoim, qiyomat qo‘pgani yo‘q. Biz tasavvur etgan ulkan yurak ishqdan masrurlikni ham, og‘riqlarni ham mana shu tirik hujayralari bilan sezadi. Ulkan Yurak, ayniqsa chin shoirlar, shoirqalb insonlar dili bilan bularni yaxshiroq tuyadi va… muborak she’rlar dunyo yuzini ko‘radi. Tirik qalblar bor ekan, she’r kerak bo‘ladi, u “o‘lmaydi”…

Endi qo‘lingizda turgan to‘plam xususida. Unda jamlanganlar – toza so‘zlar. Bir inja qalbli inson – ijodkorning umr bo‘yi dilu tafakkuri kamolidan qog‘ozga tushgan bitiklar.

Mahmud Abulfayzni bilgan o‘quvchilar u kishini yaxshi publitsist, betakror novella, badiha va hikoyalarning ustasi sifatida taniydi. Ijodkor she’rlaridan bir qismini ancha yillar oldin e’lon qilgan. Bularni esa bir kuni qo‘limga tutqazdi. Ko‘rib tartib berishimni, so‘z ixlosmandlari bo‘lgan yaqinlar uchun bir to‘plam qilish niyati borligini aytdi. Men ustozning she’rlari bilan shunda yaqindan tanishdim. O‘zi saralagan ekan. Yoshlik yillarida yozilganlari deyarli qo‘shilmagan.

To‘plamdagi she’rlar haqida so‘z yuritmoqchi emasman. Lekin shuni qat’iy ta’kidlab qo‘yish lozim: bular rost she’rlar. O‘qib bezmaysiz. Atayin she’r yozish uchun yozilmagan. Xususan, she’riy san’atlarga boy so‘zlar uyilmasidan ko‘ra mana shu she’rlar so‘z muhiblariga nafliroq ekanligini yaxshi bilaman. Venger shoiri Antal Gidashdan qilingan tarjimalar ham ajoyib bo‘lgan. Kaminaning dildagilari shu… She’r esa… hali kerak!

Mahmud ABULFAYZ
BUYUK SЕVGI QO‘SHIG‘I O‘LMAS…
She’rlar
009

Mahmud Abulfayz 1953 yilda Surxondaryo viloyati Denov tumanida tug‘ilgan. Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakul’tetini tamomlagan. Viloyatdagi turli gazetalarda ishlagan. Bir necha kitoblari nashr qilingan. 2017 yil fevralida vafot qilgan.

09

ISHQ QADIM

Qoshlaring tutash ekan,0_14f6a9_d487d179_orig.png
Ko‘zlaring otash ekan.
Tilaging oppoq ekan,
Lek g‘anim nopok ekan.

So‘z qadim, dunyo qadim,
Hammadan ham ishq qadim.
Sen aytgan har bir so‘zga,
Yuragimni ishqadim.

Oftob qadim, oy qadim,
Lek o‘zga borliq rangi.
Ogoh bo‘ldim, payqadim,
Faqat dardlarim yangi.

SЕNING

Nomingni saqlash kerak, qo‘ndirmasdan gard —
To ko‘krak qafasgacha.
Sening isming aytib yashamog‘im shart,
To so‘nggi nafasgacha.

TASKIN

Entikib silkinar bosiq yelkalar,
O‘zingizni bosing, qo‘ying, yig‘lamang.
Bir-bir o‘taverar, sharpa-ko‘lkalar,
Kurash yonma-yondir, xohlang-xohlamang.

Qani, qo‘lga oling titroq vujudni,
Qiynalib ketganin hech etmasin fosh.
O‘z holiga qo‘ying, sho‘rlik sukutni,
Yig‘lab yubormasin muzlab yotgan tosh.

TIRIKMAN

Yulduzga yetsa bo‘lar,
Oylarga yetsa bo‘lar.
Bo‘lmagay senga yetib,
Bosh olib ketsa bo‘lar.

Dodga yetar inson yo‘q,
Ishqsiz dilda iymon yo‘q.
Umr oti shamoldir,
To‘xtamoqqa imkon yo‘q.

”Oh” urib chopgay zamin,
Bildim ishqning talx ta’min.
Hech narsa to‘ldirolmas,
Umrimning ko‘stu kamin.

Diydoringga to‘ymoq bor,
To tirikman – kuymoq bor.
Yurakning devorlarin,
Xanjar bilan o‘ymoq bor.

So‘zing baxtga yo‘ymoq bor,
Dunyo bordir, suymoq bor.
Tortgan barcha ohimni,
She’r shaklida quymoq bor.

DUNYOGA BOQAMAN

Men senga qarayman, hayron qolaman,
Yashaysan, yurasan, hamisha befarq.
Bu jumboq dunyodan vayron tolaman,
Bilmasman, g‘arb qayda, qayda erur sharq.

Ruhimga adoqsiz zulmat cho‘kadi,
Tonglarga talpinib boraman intiq.
Yulduzlar poyimga tilak to‘kadi,
Lekin umid yashar chilpora, chandiq.

O‘ar kimsa o‘ziga baxt izlar to‘kin,
Boqiy tafakkurning chirog‘i yoniq.
Topganlar dilidan topadi bir kun.
Kir dilga sohiblar mag‘lubdir aniq.

… Men senga qarayman, hayron qolaman,
Yashaysan, yurasan, hamisha befarq.
Bujumboq duyodan vayron tolaman,
Bilmasman, Qarb qayda, qayda erur sharq.

* * *

Qay bir dilning navosi toshar,
Behudaga yig‘lamas, kulmas.
O‘ar ne bo‘lsa, yod etib yasha,
Buyuk sevgi qo‘shig‘i o‘lmas.

Toshdan sokin ko‘insa-da, qalb,
Aslida u daryodir, ko‘lmas.
Fikring bir nuqtaga etgil jalb,
Buyuk sevgi qo‘shig‘i o‘lmas.

Bu to‘fonni aslo tinitma,
Suygan odam hur erur, qulmas.
To dunyo bor, jonim, unutma,
Buyuk sevgi qo‘shig‘i o‘lmas!

KO‘ZLARING

Ko‘zlaringdan juda qo‘rqaman,
Ko‘zlaringdan umidim katta.
Seskanib o‘zimni turtaman,
Ro‘parangda turganda hatto.

Go‘zallik ulug‘dir, go‘zallik – humoy,
Yig‘lamoqning o‘zi yetmas gar.
Qalb uyini buzib bir chiroy,
Ishg‘ol qilsa misoli lashkar.

Parishon lahzalar ostida,
Lablarim parishon pichirlar:
—Meni g‘arq etmoqning qasdida,
Ko‘zlaring qasamlar ichurlar.

ISTAK

Barcha musofirdan seni so‘radim,
Meni ham bir bora so‘rasang edi.

* * *
Lab ochmagil, hech narsani so‘rama,
Na taraf bor, tavsif yetmas makon bu.
O‘y-xayolim parishondir qurama,
Ado qilar, yo yuksaltar imkon bu.

O‘zganlarim she’rdir,balki o‘xshamas,
Yuragimning devorida yopilgan.
O‘tdan olib o‘tga urar bir hiski,
Qadim Boxtar yo‘llaridan topilgan.

MUHABBAT BOG‘IDA

Suyganingiz rost bo‘lsa agar,
Gar bu darddan dilingiz xasta.
Oyoq bilan yurmang bazinhor,
Yurak bilan odimlang asta.

Ishonmang, siz, ishonmang, hargiz,
Tilning barcha gaplari yolg‘on.
Tosh yog‘sa ham rostin aytar ko‘z,
Kuygan dilning ko‘zlari nolon.

ANVOI YOLG‘ON

Men nodon bo‘lmasam edim mohitob,
Bo‘lmasam edi gar sodda, anoyi.
Sening yolg‘oningni yurakka qadab,
So‘ngra kutarmidim gullar anvoi.

…Ko‘nglim, bag‘ring uzra yonib bitar sham,
Bu kecha nur emas, oy g‘amlar to‘kar.
Umrim dengiziga shu kech, shu oqshom,
Sevgining eng og‘ir kemasi cho‘kar.

O‘TDI

Ketmas davlatdir dedim,
Qadriga yetmadim hargiz.
Tanbal jonning g‘amini yedim,
O‘zimdan o‘tdi,
o‘zimdan o‘tdi.

O‘n besh kunlik oylardek edi,
Tiniq edi shabnamdan hatto.
Maqtab tursam ketmasdi balki,
So‘zimdan o‘tdi,
o‘zimdan o‘tdi.

Boqib to‘ysa edim bo‘lmasdi armon,
Bu chiroy o‘chmagay nigohdan dedim.
Qarab to‘ysa edim, og‘rimasdi jon,
Ko‘zimdan o‘tdi,
o‘zimdan o‘tdi.

* * *
Seni suymay bo‘lurmi,
Gul ochilgan bog‘imsan.
Sendan baland manzil yo‘q,
Oppoq qorli tog‘imsan.

O‘nib qayga borardim,
Qozondagi yog‘imsan.
Tonib qayga borardim,
Yurakdagi dog‘imsan.

Boqib hargiz to‘ymadim,
Osmondagi mohimsan.
O‘ksinishni qo‘ymadim,
Qismatdagi ohimsan.

Kuzdan hazin maktublar bo‘lib

Kuzdan hazin matublar bo‘lib,
Osmonda oq bulutlar suzdi.
Qishdan xabar topgan turnalar,
Issiq yurtlar sari yo‘l tuzdi.

Ko‘ngilda xazonrez kunlar kezinur,
Kuzning sukutini izQirin buzar.
Kuz esa qonunga bo‘ysunar, majbur,
Qish bilan noiloj shartnoma tuzar.

HAYRAT

Hayot deganlarin bilmadim, hayron
Bosh-adoqsiz o‘rmonga o‘xshaydi.
Gohi shodman, gohida vayron,
Tubsiz ummonga o‘xshaydi.
O‘rim, ko‘nglingga yo‘l topolmadim,
Quyuq tumanga o‘xshaydi.
Xavf-xatar tog‘dek turar,
Yo‘l topmoq gumonga o‘xshaydi.
Iloho, bir g‘arib yo‘lchiman,
O‘rmonda yo‘l ber,
Ummonda yo‘l ber,
Tumanda yo‘l ber,
Gumonda yo‘l ber.
Iloho, saodat manzilin topmoqqa yo‘l ber,
Gunohning daftarin yo Rab,
Ertaroq yopmoqqa yo‘l ber.

XOTIRA

Mashrabni o‘qirdingiz,
Baytlar o‘tga yo‘g‘rilar.
Eslayman, o‘sha hayrat
Armon bo‘lib tuyular.
Bilmamki, bu ne hasrat,
Ko‘zimdan yosh quyilar.

Bu shunday ochun erur:
Bir hovuch g‘am sachrabdir.
Yig‘layotgan men emas,
Yig‘layotgan Mashrabdir.

Ketganmassiz axir siz,
Borsa qaytib kelarga.
Qoshimda savol unsiz:
Umr qodir nelarga?

Yuragimga vobasta,
Siz o‘qigan ”Shohnoma”.
Yuragim laxta-laxta,
Deyman: qani bahodir?
…Yig‘lagan menmas, ota,
Yig‘layotgan bahordir…

TЕNGDOSHLARGA

O‘tdi bahor, o‘tdi yoz,
Kuzga kirib boramiz.
Agar Robbim yosh bersa,
Yuzga irib boramiz.

Dili butun, poramiz,
Ko‘ngli oqdir6 qoramiz.
Agar bunda jam bo‘lsak,
Topilgaydir choramiz.

Do‘stlar qayda qoldingiz,
Uzoq bo‘ldi oramiz.
Umr oti yo‘l bosar,
Qachon dilni yoramiz?..

YOLG‘IZ DARAXT

Yolg‘iz daraxt, yolg‘iz daraxt, yolg‘iz…
To‘fonlar urilar senga beayov.
Qashqirlar poyingda yugurar g‘iz-g‘iz,
Yolg‘iz boshginangga buncha ko‘pdir yov.

Yaproqlar shitirlab berurlar taskin,
Tunlari og‘riqdan ingraysan sal-pal.
Hech zavol ko‘rmagin, bardam tur, sokin—
Sen mening baxtimga omon bo‘l, yuksal.

TITRAYOTGAN JON

Demas qari, demas yosh,
Ajal poylab yuribdi.
”Oh” desam yorilgay tosh,
Jonim titrab turibdi.

O‘lim haqdir har boshga,
Nechun gunoh teramiz?
Azroil kelsa qoshga,
Jonni qandoq beramiz?!

A’ZAMJONGA MAKTUB

G‘ofil bo‘lma, poyga boshdan qaytdim men,
Aytar gapni avval boshdan aytdim men.
Bo‘ldi endi, qaboq-qoshdan qaytdim men,
Meni unutsalar unutma, yod et,
Xatmi Qur’on bilan ruhimni shod et.

Qolib ketmagayman qorda, bo‘ronda,
Balki eslagaylar bir kun Turonda.
Balki yodim yashar do‘stu yoronda,
Meni unutsalar unutma, yod et,
Xatmi Qur’on bilan ruhimni shod et.

Hadni bilmay rostu yolg‘on aytamiz,
Qanday bo‘lar bunda topgan foydamiz.
Axir bir kun Haq qoshiga qaytamiz,
Meni unutsalar unutma, yod et,
Xatmi Qur’on bilan ruhimni shod et.

To‘zg‘iyotir hayot degan karvonim,
Omonatdir umr otlig‘ qo‘rg‘onim.
Titrab borar yashayotgan har onim,
Meni unutsalar unutma, yod et,
Xatmi Qur’on bilan ruhimni shod et.

Tugab borar tirikligim—alvonim,
Menga nadir na umid-u armonim.
Aytar gapim yodda tutgil, alponim,
Meni unutsalar unutma, yod et,
Xatmi Qur’on bilan ruhimni shod et.

Agar bilsang, cho‘kayotgan tuyaman,
Bolam deyman, erkalayman, chuyaman.
Arzim bordir, qulog‘ingga quyaman:
Meni unutsalar unutma, yod et,
Xatmi Qur’on bilan ruhimni shod et.

BILARSAN

Umr senga omonat mulk ekanin,
Jon xalqumga kelganida bilarsan.
Yukinganing, ishonganing, topganing,
Dushman deya atalganda bilarsan.

Umid nadir, armon nadir dunyoda,
Yurar yo‘ling tor kelganda bilarsan.
Diydor nadir, visol nadir dunyoda,
Do‘st sog‘inib, zor kelganda bilarsan.

Bevafoga ko‘ngil qo‘yib banogoh,
Sadoqating zor kelganda bilarsan.
Dunyo molin manim deya jon halak,
Nafsing yutar—mor kelganda bilarsan.

Kulaverma mag‘lublarning holidan,
Oting toyib yiqilganda bilarsan.
Og‘riq tortib jonu diling beshafqat,
Anor yanglig‘ siqilganda bilarsan.

Adashish ne ekanin ikki oyoq,
Bir etikka tiqilganda bilarsan.
Haq yo‘l qolib botil yo‘ldan ketsang gar,
Elu xalqing tikilganda bilarsan.

Ishing tushsa, gar dayusga, nomardga,
Narxing bir pul bo‘lganida bilarsan.
Yolg‘onni rost sanab yursang bir kuni,
Jom-paymonang to‘lganida bilarsan.

Oqil so‘zni nodon bilmas, tanimas,
Yaxshi gaping xor bo‘lganda bilarsan.
Do‘sting qolib iblis-la osh yeganing,
Tuyg‘ularing xor bo‘lganda bilarsan.

* * *

Yulduz yonib toki o‘chib o‘tguncha,
O‘y-kamalak balqib, toki o‘chguncha,
Bori umring atiga bir uchquncha,
O‘ki deylik, bir lahzalik gul-g‘uncha,
Joynamozga boshing tegmas, tekkuncha,
Istig‘for ayt, jon jasaddan chiqquncha.

UMR SHAMDIR

Bizni bog‘lab qo‘ygani yo‘q,
Oxir bir kun ketmoq kerak.
Toki safar tugaguncha,
Bir manzilga yetmoq kerak.

O‘tgan yillar kitob erur,
Varaqlarin titmoq kerak.
Bir kalom bor, izlab uni,
Ulug‘ yo‘lda yitmoq kerak.

Umr misli bir sham erur,
Oxir anglab yetmoq kerak.
Ushbu shamning yog‘dusinda,
Dil kitobin bitmoq kerak.

Nayrang, firib o‘rmon erur,
Yo‘lni topib yurmoq kerak.
Yo‘lda iblis dushman erur,
Do‘st-la suhbat qurmoq kerak.

”Dod” demasang, Haq eshitmas,
Yig‘lab ohlar urmoq kerak.
Ishq jilvasin topmoq uchun,
Sahar bedor turmoq kerak.

Ilon yanglig‘ avrar yolg‘on,
Yolg‘on uyin buzmoq kerak.
Bir nafaslik orom chorlar,
Ishratdan dil uzmoq kerak.

ASLING QAYDA

Xunxoriga sut berib,
Do‘stiga og‘u tutgan.
Jasoratni boy berib,
Senmi, g‘animni kutgan?!

Unutding, asling qayda,
Qayda ziyon va foyda.
O‘yladim qayta-qayta,
Sendek gumroh yo‘q ekan,
Na yerda-yu, na oyda.

BO‘LMAS

Ko‘zingni och, dunyo emas besohib,
G‘azabsan, vulqonsan, so‘nmasang bo‘lmas.
Yomonlik ofatdir, gunoh g‘urbatdir,
Ularni ko‘rganda to‘nmasang bo‘lmas.

Hayosi yo‘q bozor ekan bu ochun,
Yuzingni haq sari burmasang bo‘lmas.
Vohkim, shirin jonni kesib borar vaqt,
Yor ila suhbatlar qurmasang bo‘lmas.

Bir ajib hikmatdir asli bu dunyo,
Nigohing hikmatga sunmasang bo‘lmas.
Bu jon omonatdir, g‘aflatda qolma,
Bir kun topshirmoqqa ko‘nmasang bo‘lmas.

Xudoyim marhamat qildi, ko‘rdingmi,
Tiriklik bog‘ida unmasang bo‘lmas.
Bolari misoli har tong, har sahar,
Hayotning guliga qo‘nmasang bo‘lmas.

G‘OFIL DAVRA AHLIGA

Osh ustida botir chiqdi nechalar,
May icharlar kunduzlar-u kechalar.
Bu manzilda ishrat aro yotsangiz,
Ayting, qachon chigal savol yechilar?!

Iblis bilan oshu qatiq bo‘ldingiz,
Qorin to‘ysa, misli oydek to‘ldingiz.
Tirik turib bu dunyoda o‘ldingiz,
G‘aflat uyi ayting qachon yanchilar?!

TA’MA

Rizqni Razzoq beradi,
Nechun quldan so‘raysan?!
Gul ko‘nglingni ey voiz,
Balchiqlarga o‘raysan!..
Men g‘amga bo‘ldim yo‘ldosh,
Yolg‘onni quchgan kuning.
Titradi kesak ham, tosh,
Zo‘r zovdan uchgan kuning.
Qay tomon ketdi so‘zing,
Yo‘ling tushdi teskari.
Dashti yobonda to‘zding,
So‘z ichinda pes kabi.
Kularga na holim bor,
Yig‘layuman shom-sahar.
Yaxshiydi so‘z sotgandan,
Ichib o‘lsayding zahar.
Qallobning choyin ichib,
Yolg‘onga topindingmi,
Ta’madan libos bichib,
Ustingga yopindingmi?..
Bo‘lding mutye, osiy qul,
Ixlos qo‘yding ko‘ppakka.
Topmadingmi toza qo‘l,
O‘tib yalab, o‘pmakka?!
…Rizqni Razzoq beradi,
Nechun quldan so‘raysan?
Gul ko‘nglingni ey, voiz
Balchiqlarga o‘raysan!..

NAVOIY

Qaydadir, kimlardir tosh ham otdilar,
Voajab, ne tole, toshlar yetmadi.
Kimlardir tengman deb bo‘y ham cho‘zdilar,
Ne baland qasrki, boshlar yetmadi.

PARIJ MANZARASI
(Eski xotira)

Buvisi aytib bergan ertaklar,
Ulardagi tanti botirlar qoldi.
Har bahor gullardan yonguvchi,
Osmonday keng adirlar qoldi.

Neki ezgu bo‘lsa dildan chiqarib,
Eng pokiza tuyg‘ularni unutib
Shaharda yashar yigit. So‘qqabosh.
Ijaragir kampirning o‘limin kutib.

CHO‘LPON KUYIB AYTGAN SHE’R

Ko‘z-quloq bo‘lib tur, yon-veringga boq,
O‘ngga ta’zim ayla, chapga ta’zim qil.
Yo‘lingda uchragan har iblisga yoq,
Tunda… ajinalar bilan bazm qil.

Poshnalar tagida kimniki ko‘rsang,
Hissiz bo‘l, tussiz bo‘l, so‘zsiz bo‘l.
Adolat osmoni falakda kezsa,
Qizarma—yuzsiz bo‘l, boqma—ko‘zsiz bo‘l.

Odamlar ne demas, yurma izillab,
Xaloyiq nimadir—gap uqmas poda.
Qonlar otilsa-da, garchand tizillab,
Millatning ko‘ksiga yolg‘onni qada.

OG‘RIQ

Ichgan oshing sho‘r bo‘lar,
Mevang pishmas, Qo‘r bo‘lar,
Dushmanlaring zo‘r bo‘lar,
Xoin ichingdan chiqsa.

Yaproq bo‘lib titraysan,
Yuragingni titgaysan,
Marsiyalar bitgaysan,
Xoin ichingdan chiqsa.

Tog‘lar cho‘kkandek bo‘lar,
Darding uqqandek bo‘lar,
Borliq kulgandek bo‘lar,
Xoin ichingdan chiqsa.

* * *

Seni yo‘qlab turdim uzoq-uzoqdan,
Ildizlardan ayro tushmasin deya.
Ogoh etdim do‘ldan, chaqindan,
Yolg‘on bo‘lolmas deb suyanchiq—qoya.
… Xabaring bo‘ldimi, shundan jigarim?!

SO‘ROQ

Yig‘in bo‘lsa o‘zni to‘rga uramiz,
G‘arib ko‘rsak, ko‘zni chetga buramiz.
Iblis bilan mashvaratlar quramiz,
Hisob-kitob nima bo‘lar ey do‘stim?!

Oxir bir kun bo‘lmas zarra ixtiyor,
Molu davlat bo‘lmas bizga iftixor.
Xelu xeshing yig‘lab qoladi zor-zor,
Hisob-kitob nima bo‘lar ey do‘stim?!

Chopa-chopa pastu o‘rga boramiz,
Gohi muzga, gohi qo‘rga boramiz.
Hadni bilmay oxir go‘rga boramiz,
Hisob-kitob nima bo‘lar ey do‘stim?!

YASHAY BIL

Yo‘lingni tikandek to‘ssalar,
O‘ningda alaflar o‘ssalar,
Dilingni tirnasa g‘ussalar,
Yashay bil, yashay bil, yashay bil.

Riyolar olmosdek tovlansa,
Do‘st deb tutinganing yovlansa,
Nekbinlik kiyikdek ovlansa,
Fikr qil, fikr qil, fikr qil.

Osmon to‘la yulduz—hikmatdir,
Sirli kecha, kunduz—hikmatdir,
Rost bo‘lgan har so‘z—hikmatdir,
Zikr qil, zikr qil, zikr qil.

Tilda boshqa, dilda boshqa, tonarlar,
Yolg‘onning suviga qonarlar,
Nafsning olovida yonarlar,
Ogoh bo‘l, ogoh bo‘l, ogoh bo‘l.

Yashamoq goh shirin, goh taxir,
G‘amdan luqma tutganda taqdir.
Ortga qaytib bo‘lmaydi axir,
Sabr qil, sabr qil, sabr qil.

CHAP BЕR

Uchib kelayotgan toshlarga chap ber,
Ta’zim qilayotgan boshlarga chap ber,
Riyokor ko‘zdagi yoshlarga chap ber,
Tillo lagandagi oshlarga chap ber,
Ogoh bo‘l, chap ber, chap ber, chap ber…

Bahor oralovchi qishlarga chap ber,
Nafs olib borguvchi shishlarga chap ber,
Zahar boylab yotgan nishlarga chap ber,
Gunohi kabira ishlarga chap ber,
Ogoh bo‘l, chap ber, chap ber, chap ber…

BUNDA
Sirojiddin Ibrohimga

Gumrohlikka botib boraman,
G‘animga tosh otib boraman.
Ko‘zimdan yosh oqib boraman,
To‘pidan adashgan turnadek,
Bu yerlarga qaylardan kelding?!

Qarg‘a cho‘qib qochsa ne deysan,
Badbaxt so‘kib qochsa ne deysan.
Ilon zahrin sochsa ne deysan,
To‘pidan adashgan turnadek,
Bu yerlarga qaylardan kelding?!

Dushman asli g‘azab bo‘ladi,
Uni yengmoq azob bo‘ladi.
Umr oti tezob bo‘ladi,
To‘pidan adashgan turnadek,
Bu yerlarga qaylardan kelding?!

Qorni to‘ygan kunni baxt bilib,
Goho axmoq so‘zin taxt bilib,
Yuribdi nechalar, qilgani—qiliq.
To‘pidan adashgan turnadek,
Bu yerlarga qaylardan kelding?!

G‘aflatga botganni ko‘rdingmi,
Yurak yeb yotganni ko‘rdingmi,
Hayron bo‘b, vayron bo‘b turdingmi,
To‘pidan adashgan turnadek,
Bu yerlarga qaylardan kelding?!

Tog‘larda yursang bo‘lmasmidi,
Bulbulni ko‘rsang bo‘lmasmidi,
Suhbatlar qursang bo‘lmasmidi,
To‘pidan adashgan turnadek,
Bu yerlarga qaylardan kelding?!

…Qirlarda lolalar ochildi,
Zaminga yaxshilik sochildi,
Ko‘ngilning qulflari yechildi,
To‘pidan adashgan turnadek,
Tiniq-tiniq kuylardan kelding?!

GAR ISTARSAN YAXSHILIK

Ey do‘st, gar istarsan yaxshilik,
Bedor bo‘l, sahar to azongacha.
Tanda bordir zarra iliqlik,
Ibodat qil to fasli xazongacha.

Bag‘oyat muzayyan so‘zlagay,
Boqma hech ul shayton va’zina.
Muslimki, rizvonni ko‘zlagay,
Qayrilmagay jinlar bazmina.

ULUG‘ SAFAR QOSHIDA

Umrni qantarib qo‘yib bo‘lmasa,
Bu yolg‘on dunyoga to‘yib bo‘lmasa.
Ko‘rgan barcha makr-nayrangni,
Hargiz rostga yo‘yib bo‘lmasa.
Yolg‘onlar qoshida lolman, mag‘lubman,
Buyuk yolg‘onlardan qutqar, jon Egam,
Ul mushkul ko‘prikdan o‘tkar, jon Egam.
Oldinda adoqsiz sarhadlar turar,
Angladim, poyonsiz safarlar turar,
Eng mushkul imtihon—savollar turar.
Katta sinovlardan har dam ogoh et,
Mening umidimni osmon qil, Egam,
Buyuk imtihonni oson qil egam!

TAVALLO

Jami ummat armoni—
Rizvonlardan qo‘nim ber!
Libossiz ketolmayman,
Iymon otliq to‘nim ber.
O‘mganni tutay desam,
Dard ezib borayotir.
Muqarrardir ayriliq,
Er yo xotin bo‘lar tul.
Kelayotir hayqiriq,
”Umr bir kun qul bo‘lar!”
Hammasi topar yakun,
Nigohdan o‘chgay bir-bir.
Uzoqlar hamda yaqin,
Ko‘zdan qochgay dala-qir.
Men ham ojiz bir banda,
Adashdim, goh yo‘l topdim.
Iblis bo‘ldi purxanda,
Uzoq vaqt yo‘l yo‘qotdim.
Kim nima topar bo‘lsa,
Barin tashlab ketarkan,
Ikki quloch kafan-la,
Manzilga yetar ekan.
Mayda-katta haqiqat,
Barisi bir pul bo‘lar.
Gunoh mudom ikkiqat,
Adashganlar qul bo‘lar.
…Yura-yura horidim,
Jannat sari yo‘lim ber.
Gar bitgan bo‘lsa umr!
Bir chiroyli o‘lim ber!
…Jami ummat armoni,
Rizvonlarda qo‘nim ber.
Libossiz ketolmayman,
Iymon otliq to‘nim ber!

OMONATLIK

Bir qo‘rquv aro borurman yo, Rab,
O‘zingdan o‘zgadan qo‘rqqulik etma.
Bu jon xalqumimda turar qaltirab,
Panohim, ulug‘im dilimdan ketma.

Qochib qutilmoqqa hech bir imkon yo‘q,
Yig‘lab yolvorurman shomu saharlar.
Jonimga botadi mudhish xatarlar,
Xayolim muzlatgay dahshat-saqarlar.

Umrim gunohlarning dashtini kechar,
Umrim savoblarning dashtidan o‘tar.
Bilmam, qiyomat kun boshdan ne kechar,
Jonimdan g‘aflatning pardasin ko‘tar.

DUO

Qanot qoqqan g‘ozlar qolar,
Bul shaytoniy sozlar qolar,
Mulki ko‘plar—ozlar qolar,
Qishu bahor, yozlar qolar,
Huzuringga borurmiz,
Mangu bahor ber bizga!

Iblis dushman azali,
Qiynar nafsning qamali,
Kimning soxta amali,
Kimning ishi chamali,
Tongni bedor ber bizga!

KO‘NGILDAGI SURATLAR

* * *

Turnalarda yurt yo‘q, vatan yo‘q,
Turnalarning yurti bahordir.
Sen bunda xulosa chiqargil faqat,
Balki noshuddirsan, balki bahodir.

* * *

Yig‘laysan-u kulib turasan,
Gullaysan-u ”so‘lib” turasan.
Xoru-xasdek bo‘lib turasan,
Ayt, bu makrni qaydan o‘rganding?

* * *

Yillarim sargardon kechmoqda,
O‘ylay-o‘ylay bunda kuyukdim.
Daraxtlar libosin yechmoqda,
Joning sog‘mi sening, suyuklim?!

* * *

Bugun sen zaifsan, notavon, ojiz,
Biror so‘z demoqqa kelishmas og‘iz?
Qo‘limni silkiyman, yig‘layman, xayr,
Seni yutib borar qo‘rquv-yalmog‘iz.

* * *

Xo‘rsinasan—tonglar hech otmas,
Xo‘rsinasan, tumanlar yotmas.
Yig‘lamoqqa ko‘zda yoshing yo‘q,
Otmoq uchun qo‘lda toshing yo‘q.

* * *

Do‘st deb tutinganing bir yovga do‘ndi,
Ul umid uchquni yonmadi, so‘ndi.
… Xiyonat oralar saharlaringga,
G‘aflat ichib o‘zni zaharlading-da!

* * *

U sho‘rlikni mayli, kechiring,
Bilmaydi kim raqib, kim do‘sti.
U axir tug‘ulgandan beri,
Yolg‘onlarga o‘rganib o‘sdi.

* * *

Qirda zig‘ir gulladi,
chiroyli, zangor-zangor,
Ey, g‘arib do‘st, ochiq ayt,
dilda qanday darding bor.
Dunyo bozor, karvonlar
o‘tmoqda qator-qator,
Sen nechun ochilmaysan,
dilda yoki zarding bor?..

* * *
Yozdim, yozgayman, og‘riydi qo‘lim,
Sen ham axir meni tushun-da.
Qarayman tikandir, mushkuldir yo‘lim,
Senga yetishaman faqat tushimda.

* * *

Buzding ko‘ngil uyini,
Ko‘rdingmi afzal qasr?
Buzding ko‘ngil uyini,
Topdingmi, bundan ajr?

* * *

Zaharlar ichirding gumondan,
Shubhalar tarqatding tumandan.
Sabr daraxtining poyidadirman,
Yomonlik bo‘lmagay mening tomondan.

* * *

Ko‘ngil qo‘yma qora xayolga,
Oliy manzillarni makon eturmiz.
Izn berma, daydi shamolga,
Yorug‘ cho‘qqilarga barhaq yeturmiz.

* * *

Uzoqlashib ketdim qirg‘oqdan,
Eshitilmay qoldi tovushing.
Izg‘irinlar kelar qir yoqdan,
… Yaxshisanki, baxtga qovushding.

* * *

Yaxshilikka yaxshilikni qaytarsan,
Keksarganda bolalikka qaytarsan.
Do‘st tutganing nomard chiqsa qaytarsan,
Olim esang, bilganingni qaytar san.

* * *

Chinor desam, o‘xshamaysan, quruqsan—
Sovuq urgan daraxt kabi turibsan.
Na ko‘ngilga bir imorat quribsan,
Bu dunyoda qanday qilib yuribsan,?!

* * *

Yo‘limda poyandoz firoqdan,
Farqim yo‘q shu kunlar yaproqdan.
G‘aribman, zabunman tuproqdan,
Bir mungli sas kelar yiroqdan.

* * *

Bu dunyoning boshi, oxir, poyoni yo‘q,
Qayga kelding rostmi-yolg‘on, ayoni yo‘q.
Ikki kiprik orasida titraydi jon,
Dardim aytay desam aslo poyoni yo‘q.

* * *

Ajalning komiga borib qaytganlar,
Bu foniy dunyoga vido aytganlar.
Tiriklik nimadir yaxshi bilarlar,
Kechgan damlariga shukr qilganlar.

Yana shu mavzuda:
Mahmud Abulfayz. Buyuk sevgi qo‘shig‘i o‘lmas (Erkin A’zam, Xurshid Davron, Sirojiddin Ibrohim yozuvchi haqida)
Mahmud Abulfayz. Odamni armonlar ulg‘aytiradi
Mahmud Abulfayz. Xayrlashuv
Mahmud Abulfayz. Hikoyatlar va badialar & Xurshid Davron. Donishmand
Mahmud Abulfayz. Hikoyatlar va badialar & Erkin A’zam. Toza ko‘ngil kechinmalari
Husan Maqsud. Surxonga safar

03

(Tashriflar: umumiy 592, bugungi 1)

Izoh qoldiring