Nodir Normatov. Bir kuni chumoli bo’lib…& Sirojiddin Ibrohim. Giyohi behishtni qidirib…

Ashampoo_Snap_2017.07.24_22h53m47s_001_.png 24 ДЕКАБРЬ — ТАНИҚЛИ ЁЗУВЧИ НОДИР НОРМАТОВ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

   Мен чумолининг бу гапларидан даҳшатга тушдим. Мени чумолининг бу қадар зукколиги ўйлантириб қўйди. Қаердан билади у бундай гапларни? Ёки у бирорта машҳур донишманднинг аклидан яралганмикан? Аммо, бизнинг қишлоғимизда катта донишмандлар ўтганини эшитмаганман.

Сирожиддин ИБРОҲИМ
ГИЁҲИ БЕҲИШТНИ ҚИДИРИБ…
09

Ёнингда юрганлардан бирови омонатини топширганда бу дунёда ҳеч нарса ўзингга дохил эмаслигини эсга оласан. Юрагингга қон юбориб турган жон-ку сенга берилганларнинг энг омонатроғи, ўзингникимас. Инчунун, тирикликда қилган яхши-ю ёмон амалингдан ўзга. Қанийди, шу эсга олганинг ёдингда умр бўйи муҳрланиб қолса, бир лаҳза бўлса-да унутмасанг эди, олам гулистон бўларди. Лекин…

0_1547c9_e7c97392_orig.jpgМен Нодир Норматов билан, масалан, Обид ака (Шофиев)чалик яқин эмас эдим. Муҳиблик ва мухлисликнинг мустаҳкам алоқалари йўқ эди. Шунинг учундир, охирги бор кўришганимиз ёки қўнғироқлашганимизни аниқ ёдга келтиролмадим. Ҳар ҳолда ойлар, балки йил бўлганди…

Газетада Нодир Норматов билан суҳбат эълон қилишни режаладик. Бу вазифа Обид акага юкланди. Бир фурсат ўтгач, телефонлашиб сўрсам, у ёзувчи билан боғлана олмаётганини айтди. Кейинроқ эса ўзи қўнғироқ қилиб: – Нодир ака касалхонада экан. Мазаси ёмон қочибди, – деб қолди. – Ҳозир яхши эканми? – Ҳа, секин-аста ўзимга келяпман, деди. – Унда тузалиб кетгач тайёрларсиз суҳбатни. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Нодир Норматовнинг вафоти ҳақидаги хабар ҳаммани лол қолдирди. – Нима бўлган экан Нодир акага? – Шифохонадалигида икки марта гаплашдим. Сўнггиси вафотидан бир кун олдин, кечқурун эди.

Ҳар икки суҳбатда ҳам сомсадан заҳарланиб қолганлигини айтди. Шу сабаб бўлиб, бошқа дардлари ҳам хуруж қилган, шекилли. Бу адибнинг шогирди ва асарлари тадқиқотчиси Обид Шофиевнинг гапи. Шуларни эшитиб, алҳол, ёзувчининг қирқ йиллар олдин ёзилган “Бир куни чумоли бўлиб…” ҳикоясини эсладим. Жуда таажубланарли. У шундай бошланарди: “Сиз нега касалхонада ётибсиз”, дейсизми? Дўхтирлар ошқозонинг заҳарланган дейишди. Нега, қандай қилиб — ҳайронман. Очиғини айтганда, мен табиатан зиёфатлардан қочиб, нафсига қаноат қилиб юрадиганларданман.

Ўша куни бор-йўғи бир бўлак қотган нон еган эдим. Балки, ўша, гиёҳи беҳиштни қидираман деб, бўлак ўтни еганимдан шу кўйга тушгандирман…” Ҳикоя муқаддимасида келтирилган шу уч-тўрт калима Нодир Норматов умрини том маънода ўзига сиғдирганди, рамзий суратда ифода этганди. Нодир ака нафсининг жиловини маҳкам тутган, таомланиш борасида ҳам ўша ҳикояси қаҳрамони каби жуда парҳезкор бўлиб, гўшт истеъмол қилмас эди. Сомса еганлиги ҳақидаги гап ҳам мени ҳайрон қолдирди. Баҳонаи сабаб бўлса керак…
Таниган, ҳамсуҳбат бўлган беш-олти йилнинг нари-берисида ёзувчи каминада кўнглини авайлаб яшайдиган инсон сифатида таассурот уйғотган. Бу авайлашнинг асосий нуқтаси у кишининг мудом ўзига маънавий завқ берадиган ишларга интилиб туришида сезиларди. Пойтахтда яшайдиган сурхондарёлик ижодкорлар орасида юртга энг кўп келадигани – иккиланишларсиз айта олиш мумкин, Нодир ака эди. Ўзи туғилиб-ўсган қишлоқни – Пошхуртни соғиниб келарди. Суҳбатидан сурур туядиган одамлар дийдорига ошиқарди. Яна бир айрича жиҳати – камтарлиги билан эҳтиромга лойиқ эди-ки, биз киборсуярлар кўп-да эҳтиром кўрсатишнинг уддасидан чиқавермас эдик.

Термизда туриб қолган пайтлари ёзувчи яёв юриб, таҳририят биносига келиб қоларди. Шундай келишларида бир неча бор асосий ҳамсуҳбати мен бўлганман. Устозни ўзимизнинг қишлоқ одамларига ўхшатардим. Бежизга эмас – қўшни қишлоқлар, бир-бирига табиатан яқин одамлар. Гапириш оҳанги, жилмайиши, кўзларидаги ифода қишлоқдаги қўшнимизнинг ўзи. Фақат суҳбат мавзуи фарқли. Нодир ака адабиётда самимийлик қатори рамзийликни асосий мезон деб биларди. Шеърият ҳақида ҳам ўзига хос мулоҳазаларини баён этганди. Уларнинг айрим жиҳатларини қалбан инкор қилганман.

Юртимиз тарихи, жаҳон маданияти ва санъати, умуман барча соҳаларда суҳбатлашиш завқли эди у киши билан. Ёзувчининг асарлари довруқ таратмади ва деярли ўрганилмади. Буни ҳам маълум қадар Нодир Норматов шахсидаги камтарликка боғласа бўлади. Ҳатто овқатланиш учун қошиқ сўрай туриб ҳам ўзининг “шоир”лигини таъкидлаб оладиганлар орасида ном чиқариш осон дейсизми? Юздан қанча ҳаёни сидириб ташлашга тўғри келади. Ёзувчи бундан кўра меҳнатни – ижодни афзал билди.

Керак бўлса, вақт чиғириғидан ўтса, асарлари келгуси авлодлар томонидан холис баҳони олади. Куйиниб, ўзингни ҳар ёққа уришга, эътиқодингга зид кетишга-ю кимларгадир ялтоқланишга наҳожат?! Юқорида эсга олинган ҳикоядаги “гиёҳи беҳишт” аслида биз ҳаётда қидириб юрадиган кўнгилдош тимсоли. Шунинг учун ҳам заҳарланиб қолишдан қўрқмасдан, ҳар турли ўтни еб кўриб, ўша гиёҳни излайди қаҳрамон.

Нодир Норматов ҳам умрини тинимсиз юришда – ўша рамзий “гиёҳи беҳишт”ни қидириб ўтказди. “Гиёҳи беҳишт”га ўхшаш алафлар орасидан уни топиш осон бўлмагандир, ҳар нечук. Топдими? Қайдам, буни ёлғиз ўзи ва Ўзи билади. Шуларни битарканман, кўнглимда биргина тилак бўй кўрсатиб турди. Нодир ака чин дунёнинг гиёҳи беҳиштини топган бўлсин!

Нодир НОРМАТОВ 
БИР КУНИ ЧУМОЛИ БЎЛИБ…
09

077Нодир Норматов 1950 йил 24 декабрда Сурхондарё вилояти Шеробод туманининг Пошхурт қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1972). Дастлабки китоби — «Кўҳитанг ҳикоялари» (1977). Ёзувчининг «Жазо» (1981), «Исмоил тоғанинг тарозиси» (1982), «Жарликдан қушлар учди», «Бисот» (1986), «Дарахт тагидаги одам» (1988), «Камалак яшайдиган уй» (1990) каби асарлари, «Баригал» (1991) романи нашр этилган. «Шарқ миниатюралари мактаблари» китоби муаллифларидан бири.
Унинг «Томоша» кўғирчоқ песаси Жиззах кўғирчоқ театри жамоаси томонидан инглиз тилида Американинг Ню-Ёрк, Ню-Жерси каби штатларида намойиш этилган. «Омонхона мўъжизаси», «Беҳзод ворислари», «Бешик» (2005) ҳамда «Малик Набиев», «Чингиз Ахмаров», «Пошхуртнинг олтин пойдеворлари» (2006), «Бойсунлик Гюген» (2007) каби ҳужжатли филмлар сценарийси ва матнини ёзган.
К. Паустовскийнинг «Исаак Левитан», Нозим Ҳикматнинг «Ломакон» сингари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Нодир Норматов 2017 йилнинг 15 апрелида 68 ёшида вафот этди. Оллоҳ раҳматига олган бўлсин!

09

«Сиз нега касалхонада ётибсиз», дейсизми? Дўхтирлар ошқозонинг заҳарланган дейишди. Нега, қандай қилиб — ҳайронман. Очиғини айтганда, мен табиатан зиёфатлардан қочиб, нафсига қаноат қилиб юрадиганларданман. Ўша куни бор-йўғи бир бўлак қотган нон еган эдим. Балки, ўша, гиёҳи беҳиштни кидираман деб, бўлак ўтни еганимдан шу кўйга тушгандирман. Гиёҳи беҳиштни эшитмаганман, дедингизми? Мен ҳам илгари эшитмаган эдим. Кишлоғимизда сизу биз билмаган гаёҳлар кўп. Хар гал қишлоққа борганимда қишлоқ бошидаги Довулқўрғонни зиёрат қилиб қайтаман. У ерда чашмалар кўп. Сув ёруғлик дейдилар, шунинг учунми, у ерда негадир руҳим яйраб кетади. Бир куни шу томонга кетаётган эдим. Йўлни калта қилиш мақсадида, қабристон яқинидан ўта бошладим. Атрофини ўт-ўлан босиб кетган эски қабрлар ўйилиб, чўкиб қолган, янгидан дўппайганлари ҳам кўзга хунук кўринади. Қабристонга ўтишдан аввал сўқмоқ пастида, шундайгина йўл ёқасида чулдираб турган чуқур чашмага тушдим. Чашманинг суви оз бўлса ҳам бир парча ерни кўказак қилиб турарди. Ҳовучимга сув олиб ичдим, роҳатланиб бош кўтардим-у, булоқ чеккасида бўйи бир қарич келадиган гиёҳга кўзим тушди. Шунғула бўлса керак, деган хаёл билан узиб олганча, дўнгликка кўтарилдим. Қабристон ёнбошида баҳорда кўкариб, энди қувраб қолган чимзор кўринди, мен шу ердан ўтарканман, бута ёнида чумолилар қатновини кўрдим. Йўловчи чумолилар шу қадар кўп эди-ки, уларни электрон машинаси ҳам санаб улгурмаса керак, деб ўйлайсиз. Шу хаёл билан қўлимдаги гиёҳни оғзимга солдиму, бирдан қулоғим шанғиллаб кетди. Миямга қон урилди, гандираклаб кетдим. Чумолилар ўтаётган йўл ёнида чўккалаб ўтириб қолгач, ўзимга келдим. Аммо, қизиғи шундаки, қулоғимга турли-туман, мулойим, ингичка оҳанг-товушлар эшитила бошлади. Бу товушлар худди бузуқ телефон дастасидан уланиб қолган бегона кишилар суҳбатини эслатарди. Мен аввалига, нима бўляпти ўзи, деб атрофга алангладим, аммо, ҳеч кимни кўрмадим, шундан сўнг бу чинқиллаб сўзлашаётганлар — чумолилар эканини пайқадим. Уларни худди тушда кўраётгандай эдим.

form_cann.jpgЧумолилар бир-бирларига «ҳорма», «бор бўл», «қувончинг кўпайсин», «сенга ҳам шуни тилайман» қабилида мурожаат қилиб ўтишарди. Уларнинг ўнг томонга кетаётганлари дон-дун, қилтиқ-хас ташиб боришарди. Қарама-қарши томондан келаётгани эса, афтидан юкларини қўйишиб, яна ишга, озуқа ташишга кетишарди. Мен ғужғон бўлиб ўтаётган бу митти жониворларнинг юкли-беюклари бир-бирларига ҳалақит бермай, яъни кўча қоидаларини бузмай ўтаётганларига қойил қолиб кетдим. Бу қатнов йўлда бирорта бетартиб, бўлак йўл солиб кетаётган қонунбузар мутлақо кўринмасди. Айниқса, юкдан бўшаган оғизчаларини енгилгина силкитиб, салом бериб ўтаётган ёш чумолиларни айтинг. Хуллас, бу тартиб-қоидани кўриб, беихтиёр «қойил» деб юбордим.

— Нимасига қойилсан, эй одамзод? — деган товуш эшитилди яқинимдан. Мен бундан шошиб қолдим, кўз-қирим билан секин-аста товуш эгасини излай бошладим.
— Мана, мен бу ерда, оёғинг олдидаман, ҳушёр бўл, тағин эзиб қўймагин, — деди яна ўша товуш эгаси.

Ана шундан сўнг, мен оғзидан юкини қўйиб турган сариқ чумолини кўрдим.

— Биламан, сен чумоли тилини тушуниб қолганингта ҳайрон қолаётирсан, — деди чумоли. — Бунинг сабаби шуки, сен булоқ бўйида ўсган гиёҳи беҳиштдан егансан. Боя булоқ бўйига борган қавмларимдан бири еяётганингни кўрган экан. Энди сен, то қуёш ботгунича тилимизга тушуниб, биз билан сўзлашиш қувватига эгасан… Хўп, қани, сен жавоб бер-чи, нега ўз-ўзингдан «қойил» деб юбординг?

Мен ҳалиям чумолининг гапига тушунишдек мўъжизага ақлим бовар қилмаганимдан, тилим лол эди. Ниҳоят, тупугимни ютиб, жавоб қилдим:

— Нега қойил қолмай? Шундай тиғиз йўлда, бунинг устига қарама-қарши қатнов бўла туриб, бирорта ҳам чумоли тўқнашиб кетмаяпти.

— Гапингга тушундим, — деди чумоли, — сен чумоли йўлини одамзод йўли билан таққослаяпсан-да. Одамзод кенг йўлда, кўча ҳаракатлари белгили-қоидали бўлишига қарамай, бир-бири билан бари бир тўқнашиб юради. Шундайми?

— Сен буни қаердан биласан, — дедим оғзим очилиб.
— Нега билмайин. Сен кўриб турган бу чумолилар оддий эмас, биз асли одамзод қавмиданмиз.

— Шунақа дегин, — дедим мен уни калака қилмоқчи бўлиб, — қани, мундайроқ тушунтириб бер-чи? Балки, Худо лойимизни бир жойдан олган чиқар?

Чумоли ёнидан юк ташиб ўтаетган ориққина чумолини тўхтатди.

— Ҳурматли бошлиқ, — деди бошчасини қимирлатиб, — Менга қуёш ботгунча руҳсат берсанг. Одамзодга ул-бул нарсани тушунтирсам.

Ориқ чумоли жавоб қилди.
— Сенга ижозат, донишманд.

Чумоли бошлиқ шундай деди-ю, йўлида давом этди. Мен чумолилар бошлиғини ҳар қалай жуда ўзимиздаги сингари ҳашаматли хонада, юмшоқ креслода ўтиришини тасаввур қилмаган эсамда, ҳар қалай бирор уя-омборнинг чеккасида ўтириб, қатновни, келди-кетдиларни ҳисобга олса керак, деб ўйлаган эдим. Ажабки, уларда бошлиқ фуқароси билан теппа-тенг ишлар экан.

Бошлиқ чумоли кўздан ғойиб бўлгач, ишчи чумоли яна тилга кирди:
— Эй, одамзод! Биз сизнинг қавмингиз бўламиз, десам, ишонмадинг. Энди эшит! Гап шундаки, биз мана шу қабристонда ётган марҳумларнинг тириклигида ишлатилмай қолган мияларидан чумолига айланиб чиққанмиз. Инсон суратида юрган пайтларимизда, инсонлик ҳақ-ҳуқуқимиз тенг бўлса ҳам, уни суиистеъмол қилганмиз, яъни бир-биримизнинг кўзимизга чўп суқиб яшаганмиз.

Мана энди чумолига айланиб қолганимизда, ўша хатоларнинг ўрнини босиш учун ўзимизнинг темир қонунларимизни яратганмиз. Бу қонун ҳаммага баробар. Биз қонунни инсончалик суиистеъмол қилмаймиз. Чумолиларнинг бирдан-бир мақсади шу.

Мен ҳали ҳам чумолининг гапларига ишонмай турардим.
— Бўлмаса нега сизлар инсон тилида гапирмайсизлар? — деб уни мот килмоқчи бўлдим.

Чумоли менга шундай деди:
— Инсон тили, бу шартли, ўзи ўйлаб топган товушлар йиғиндиси. Бизнинг тилимиз эса табиий сезгилар асосига қурилган. Бутун тирик мавжудотнинг тили — бу сезгилар. Инсон ҳам бу сезгидан маҳрум эмас. Аммо, у дунёнинг майда-чуйда ишларига шунчалик берилиб кетганки, натижада сезгилардан маҳрум бўлган.

— Сен қанақа майда-чуйда ишларни назарда тутасан?
— Мана айтайлик, қоғозбозлик, беҳуда расмиятчиликлар. Ёки гапим нотўғрими?

Мен нима деяримни билмай, елкамни қисдим.

— Инсон миясидаги сон-саноқсиз сезгилар ишлатилмаса, ҳаракатга келтирилмаса, улар ғафлат уйқусида қола беради. Биз миядаги ана шу сезгилардан яралган чумолилармиз.

Мен чумолининг бу гапларидан даҳшатга тушдим. Мени чумолининг бу қадар зукколиги ўйлантириб қўйди. Қаердан билади у бундай гапларни? Ёки у бирорта машҳур донишманднинг аклидан яралганмикан? Аммо, бизнинг қишлоғимизда катта донишмандлар ўтганини эшитмаганман. Шунинг учун бу гапни эҳтиёткорона сўрадим: «Сен бундай гапларни қаердан биласан?»

— Нега билмайман. Энг зўр китобларни битган қанча-қанча буюк зотлар бу қаро ерда ётибди. Биз — одамзод қавмидан бўлган барча чумолилар бир-биримиз билан мулоқотда бўлишга интиламиз.

— Нега керак сизга бу мулоқотлар? — дедим.

— Нега, дейсанми? Ҳеч бўлмаганда, инсонлиқда қилган хатоларимизни, гуноҳларимизни англаш учун. Кейин, баъзида сенга ўхшаган гиёҳи беҳиштни еган инсонга билганларимизни етказиш учун.

— Гиёҳи беҳишт еганлар тез-тез учрайдими? — деб қизиқиб сўрадим.

— Йўқ, — деди чумоли афсусланиб. — Энг ёмони шундаки, неча йиллар, неча ойлар давомида битта-ярим киши бу гиёҳни учратади. Лекин уларнинг баъзиси бизнинг гапимизга ишониб, баъзиси ишонмай кетади. Шундай бўлса ҳам биз ўз билганларимизни етказишга уринамиз.

— Шу қишлоқдан яқин йиллар ичида бирор киши гиёҳи бехишт еб келган жойи борми?

Чумоли ўйланиб қолди.

— Ўтган йили Мўмин лов-лов деган киши келган эди, — деди у. Мен беихтиёр, савдойи, пайдар-пай гапирадиган Мўмин акани эсга олдим.

— Ахир у эсли-ҳушли одам эмас-ку? — дедим чумолига.

— Нега шундай дейсан. Ахир сен ҳам одамларга «мен чумолилар тилини тушуниб, улар билан гаплашдим», десанг, улар сени ҳам эси йўққа чиқаришмайдими?

Шунда мен Мўмин лов-ловнинг гапларини эсладим. У агар бирор киши қурт-қумурсқага азоб берганини кўрса, дарҳол йўлини тўсарди.

— Курт-қумурсқа ҳам Худонинг бандаси. Унинг ҳам сенга ўхшаб жони бор. Теша уларга, — дерди.

Мен энди чумолининг ҳақ эканлигига иқрор бўлдим. Чумолига кўзимни тикканча, ўйлай бошладим. Мана шу жонивор қайси зотнинг миясидан яралган экан. Балки мен ўша зотнинг авлод-аждодларини топарман. Чумоли бу саволга жавоб беришдан қатъий бош тортди.

— Бунга биз чумолилар қасамёд қилганмиз, — деди у. Мен ундан яна нималарни сўрашни ўйлай бошладим.

— Сенга иккита таклифим бор, — деди чумоли. — Биринчиси шуки, хоҳласанг, чумолилар уясига сени таклиф қиламан.

— Боришга борардиму, лекин мен чумоли уясига қанақасига сиғаман?

— Гавданг шу ерда қолаверади. Мен сенга оёқ тегизишим билан миянг чумоли шаклига айланиб, мен билан бирга кета беради.

Мен шу ерда қўрқоқлик қилдим — миям гавдамни ташлаб кетишини сира хоҳламасдим. У ерда менга нима бор, гавдам беэга қолса? Ахир унга қанча меҳнатим сингган. Онам тўққиз ою, тўққиз кун қорнида кўтарган, саккизга кирганимга қадар оқ ювиб, оқ тараган бу гавдани. Мана, йигирма саккиз йилки, уни мен авайлаб келаман. Шундай бўлгач, қандай қилиб гавдамни бекордан-бекорга, тўсатдан ташлаб кета оламан.

Чумоли хаёлимдан ўтган гапни фаҳмлагандек, шундай деди:
— Бари бир одамзодлигангга бординг. Гавдангни ташлаб кетишга кўзинг қиймаяпти. Майли, бўлмаса, иккинчи шартни эшит. Сен ўзинг ҳақингда билганларингни, кўнглингда неки дарду ўйларинг бўлса, барини айтиб берасан. Балки, мен сенинг бирор дардингга малҳам бўларман.

Мен очиғини айтганда, ундан катта мўъжиза кутган бўлсам бордир, лекин бунақа таклифни эшитаман деб ўйламаган эдим. Тўғри-да, мен ўзимни мухбирликка урганимдан бери ҳамманинг дардини тинглашга мажбур бўлганман. Аммо, мен-чи, мени ким тинглайди, буни ҳеч ким ўйламайди. Ҳозир эса, шундай бир қулай имконият бор экан, нега мен бундан фойдаланмаслигим керак экан. Ахир дардини тўккан одам енгил тортади, дейишади-ку. Ахир Искандарнинг шохи борлигидан воқиф бўлган сартарош бу сирни ҳеч кимга айта олмай, охири қудуққа айтиб, енгил тортган-ку.

Хуллас, мен кўп ўйлаб ўтирмай, ўзим ҳақимда билганимча очиқ-ошкор гапира бошладим.

Чумоли менинг гапимни бирпас тинглаб турди-да, «кўй, бунақа таржима ҳолни. Мени туйғуларингнинг таржимаи ҳали қизиқтиради. Сен шундан гапир», деди.
— Қўйсанг-чи, бу жуда қийин масала, — дедим унга. — Сен уни тушунармидинг.
— Майли, айтмасанг-айтма, — деди чумоли.

Лекин мен айтмасдан қўярмидим? Ахир туйғуларимнинг таржимаи холини, уларнинг туғилишлари-ю, йўқ бўлишларини чумолидан бўлак кимга ҳам айтиб бўларди? Нега дейсизми, ахир мен ҳам ҳамма қатори ўз туйғуларимни яшириб юраман-да. Баъзан, ичган маҳалларим, уларни хотинларнинг безаги каби кўз-кўз қилишга ошиқаман. Шўрлик туйғулар ана шундай қилиб эгасининг қачон сахийлик қилиб озоддикка қўйиб юборишини ҳар доим сабр-тоқат билан кутишгани-кутишган. Бисотимда қолган туйғуларни олиб қарай-чи, деб ўйладим. Мана, одамзоддаги илк туйғу бу, у ўзлигини англашдан бошланган, шекилли. Бу туйғунинг шакли игнанинг учидек келади, аммо, олтиндек тоза, қараган кишининг кўзи қамашади. Менда бу туйғу туғилганида ёшим тўртларда эди. Ўша пайтларда ёшим нечадалигини билмасдим, албатта. Хотирамда ҳовлимиздаги катта тўй-шодиёналар манзараси бир умр парчинланиб қолган. Кейин билсам, икки акамнинг қўшалоқ суннат тўйи бўлиб, ўша пайтда уларнинг бири саккизда, иккинчиси олти ёшда эканлар. Ана шундай ҳисоб-китоб қилинса, мен албатта тўрт ёшда бўламан. Хуллас, ўша куни мен кимдир ўргатган қўшиқни такрорлар эдим:

Жийда қоқай тўйингда,
Жийда қоқай тўйингда.

Тўйда нима учун жийда қоқиш керак, бунинг маъноси нима, рости, ҳалигача билмайман. Кейин, қўлимга қаердандир шўрва солинган сопол товоқ тушиб қолди. Уни кимгадир, қаергадир элта туриб, гилам устида ўтирганларнинг бирига тўқнашиб кетдим. Қўлимдаги товоқ тушиб, шўрва бир одамнинг елкасига тўкилиб кетди. У одам кўкрагини чангаллаб, ўрнидан турди, менга эса, «қўй, йиғлама» деб зўрма-зўраки жилмайиб қаради. Унинг қиёфасидаги оғриқ аралаш мени авф этган ифодани шу вақтгача унутолмайман. Мен йиллар ўтиб унга (у холамнинг ўғли эди) ўша воқеани эслатганимда, у «рост, шундай бўлган эди, сен тўкиб юборган шўрвадан мана бу ерим куйган эди», деб, кўксидаги чандиғни кўрсатди. Мен хижолат чекқандай бўлиб, унинг кўзларига тикилдим ва бу кўзларда бир пайтда мени авф этган мулойим ифодани кўриб қолдим. Мана шундан бери юрагимда унга нисбатан миннатдорчилик туйғуси яшаб келади. У менинг қалбимга нур, юрагимга қувват беради.

Мен хаёлан етти-саккиз яшарлик пайтимга қайтаман. Лабларимда беихтиёр анорнинг, олунинг таъми пайдо бўлади. Сўлагимни ютиб, пахса девордан ошиб, икки-уч анорни узиб, майкам ичига жойлайман. «Қани бўл, кетдик», — дейди ҳамроҳим. Бир маҳал ёнгинамиздан, «Тўхта!» деган товуш эшитилади. Шеригим бир зумда девор кемтигидан ошиб, жуфтак ростлайди. Мен эса энди қочмоқчи бўлганимда, кимнингдир омбирдек қўллари бўйнимни қисади. Бир дам нафасим чиқмай қолади. Кейин ўша қўллар мени олдинга итқитиб, майкам ичидан уч дона анорни чиқариб олади. Мен энди рўпарамда шоп мўйловли, шокосадек чиққан кўзларни кўраман. Бу — колхоз чорбоғининг қоровули Ғани эди. У мени бир туп ёнғоқ тагига бошлаб, дўппайган бир қабрни кўрсатиб, шундай дейди:
— Мана, кўрдингми? Мен мана шу ерда бир одамни сўйиб, кўмганман. Мана энди сени ҳам сўяман.

У шундай деб ёнбошига осилган узун пичоқни қинидан суғуради. Пичоқ қуёш нурида бир ярқ этади-ю, мен тахтадек котиб қоламан. Эсимда қолгани шу. Эртаси кўзимни очиб қарасам, уйда ётибман.

Мен тирик эканлигимга ишонар-ишонмай кўрпани, кейин бошимни ушлаб кўраман.
— Ўзимизнинг боғ тўла анор бўлса, нима қилардинг болам, ўша ерга бориб, — дейди онам.
— Бола-да, бола, — дейди момом, — ўғлингга кўпроқ иш буюриб тургин. Бекорчилиқдан бола бечора нима иш қилишини билмай зериккан-да. Оғзидан қони келгур Ғани мохов болани шундай қўрқитадими?

Мен шулар ҳақида гапирар эканман, чумолидан ўша марҳум Ғани акани таниш-танимаслигини сўрадим. Ахир у ҳам мана шу қабристонга кўмилган.

— Ҳа, танийман, — деб жавоб қилди чумоли, — Биласанми, унинг уч юз йил аввал ўтган бобокалонларининг касби жаллод бўлган, Ғани аканг қонига тортиб, ота-бобосидан ўтган кўл хотираси билан пичоқ ўқталиб, сенга шунчаки дўқ-пўписа қилмоқчи бўлган.

— Демак, ҳали уч юз йил аввал манфур касб билан шуғулланган ота-бобоси учун Ғани ака ҳам ёмонотлиқ бўлиб юрибдими? — дедим.

— Начора, — деди чумоли. — Қонни, ирсиятни бирдан тозалаш қийин… Яна бир сирни айтишим мумкин.

— Қани эшитайлик-чи?

— Боя олдимизга келиб тўхтаган бошлиқ чумоли Ғани ака эди, билсанг. Мен бу сафар ҳангу манг эмас, хафа бўлиб кетдим.

— Наҳотки, — дедим унга, — шундай баджаҳл одам сизга бошлиқми? Бу ерда ҳам у йўлини топибди-да.

— Ундай эмас, — деди чумоли. — Бизда энг кўп ишлаган киши бошлиқ қилиб тайинланади. Ғани ака инсонлигидаги гуноҳларини ювиш учун ҳаммадан кўп елиб-югуради, шўрлик.

— Ўзинг боягина ирсиятни тозалаш қийин дединг-ку. Наҳотки, у ювош тортиб қолган бўлса.

— Биз чумолилар инсон миясининг фақат эзгулик қисмидан яраламиз, — деди чумоли. — Бунга шубҳа килмасанг ҳам бўлаверади. Яхшиси, сен ҳикоянгни давом эттир.

— Яхши, — дедиму, кўнглимда мавжуд туйғулар таржимаи ҳолини бирма-бир айта бошладим.

— Биласанми, сен менга товуш чиқариб, гапириб ўтирма. Яхшиси, хаёл сур. Хаёлингдан нималар ўтганини мен англаб тураман. Фақат бунинг учун оёғингга сал тегиб турсам, бас, — деди чумоли.

— Майли, — дедим мен. Сўнг, тиззамни қучоқлаганча, узуқ-юлуқ хотираларни эслай бошладим.

Болалик хотираларида эсласа эслагудек воқеалар жуда кўп. Аммо, шундай воқеалар борки, улар хаёл кўзгусида худди ғилофга солинган кинотасмадек тайёр туради. Исталган дақиқада улар хаёл экранида лип-лип этиб, қайта жонланади. Балки, пайти келиб, кўнгил экранидаги бу тасвирларни ёзиб оладиган магнит тасмаси ўйлаб топилар. Мен шуни хаёл қилатуриб, беихтиёр болалик хотиралари ёзилган хотира тасмасини томоша қила бошладим.

Ана, пахсадан қилинган икки хонали уй. Дахлиз ва оромгоҳ. Ҳалигача ҳам ўша уй мен кўрган барча уйлардан иссиқ, шинам, кенг, гўзал туюла беради. Ўша икки хонали уйда саккиз жон яшасак-да, кенгу мўлдек туюларди.

Орадан йиллар ўтиб, мен олти кишилик оилам билан уч хоналик иссиқ-совуқ сув, қулай ҳожатхонаси бор уйга аранг сиғишимизни ўйлаб, ҳайрон бўламан, бунинг сабабини кўп ўйлайман, ичим сиқилади. Балки бу жумбоқни менга чумоли ечиб берар.

— Сен ердан ажраб қоляпсан, — дейди чумоли нохосдан. — Ер тафтини ҳис қилиб турмаган ҳар қандай тирик жонга осмону фалак ҳам торлик қилади.

«Тўғри айтдинг, чумоли» дейман ичимда. Кеча қизим уйимизнинг қайси бир хонаси деворларига қаламчизгилар қилганига хотиним озмунча уришдими? Мен худди шу ёшда, олти ёшимда уйимиз деворига акаларим ўргатган исмимни пичоқ билан ўйиб ёзмаган эдимми? Буни бехосдан онам кўриб қолиб, «болам, деворнинг ҳам жони бор, уни пичоқ билан тилсанг, жони оғрийди» демаганмиди?

Ҳозир ҳам бағри тирналган девор ёки тошни кўриб қолсам кўнглим увишиб кетади. Мен болаларимда ҳам раҳм-шафқат туйғуси туғилишини жуда-жуда хоҳлайман. Ахир эзгу-туйғулар ўз-ўзидан пайдо бўла бермайди. Улар инсон қалбида ғафлат уйқусида ётган бўлса уйғотиш, мавжуд бўлмаса яратиш лозим эмасми, — деб ўйлайман. Мени кечалар кўпроқ мана шу муаммолар безовта қилади. Айниқса, ерга, табиатга муҳаббат туйғуси бўлмаган инсон ҳар қандай жиноятга қодир эканлигини ўйлайман.

— Кўп ўксинма, — деб фикримни бўлди чумоли, — сен чумолига айланганингда фақат табиатни дилингга жо айлаб яшайсан. Яхшиси, менга айт-чи, сени нималар ташвишга солади, шулар ҳақида гапиргин. Чунки, вақтимиз зиқ. Ана, қара, қуёш ботишига оз қолди.

— Нима десам экан, сенга. Агар тилла балиқдек, сен ҳам тила тилагингни, деганингда, бошқа гап эди. Ташвиш-ҳасратимни бировга айтишга ўрганмаганман. Шунинг учун дўсту душманларим мени «бу ичидан пишган, жуда писмиқ», дейишади. Балки улар ҳақдир. Лекин мен бир донишманд айтган гапга амал қиламан. У шундай деган: «ғаму ҳасратингни ўзингга колдир, шодлигингаи дўстларинг билан баҳам кўр, нафратингни душманларингта асра».

— Сенинг ташвишларингга балки менинг бирор хизматим асқотар. Ахир мен ер юзидан кўра, ер остида кўп бўлган инсонлар дунёсидан элчиман. Қолаверса, биз ёруғ дунёда яшаётган қавмларимизнинг қандай дарду ташвишлари борлигини билгимиз келади.

— Сен фақат туйғуларнигина тушунишга қодир экансан. Шунинг учун яна мендага икки-уч туйғунинг таржимаи ҳолини гапириб берақолай. Балки шунда сен мени жиндек тушуниб етарсан.

Чумоли гапимни маъқуллади.

Мени энг катта қийнокқа соладиган нарса, сўз олдида жавобгарлигимдир. Ҳали-ҳали, бундан саккиз йил муқаддам, уй бериб қолишар, деб бир амалдорни мақтаб ёзганимни сира кечира олмайман. Ўша амалдор менга уйни ўз навбатим билан берганида раҳмат айтганим ўзимга алам қилади. Эл қарғишига учраган ўша одамни мен «ҳурматли фалончиев» деб атаганим алам қилади. У киши мен учун ҳам, элу-юрт учун ҳам ҳурматли эмас, қаллоб эканлигини мен ўшандаёқ билган эдим-ку. Баъзи кечалари ўша сўз менинг томоғимдан ғиппа бўғади, «нега сен мени ўша ярамасга сотдинг, нега мен хор бўлдим» деб ҳоли-жонимга қўймайди. Ана шунда мен ўйлаб қоламан: ўзимга-ўзим хиёнат қилишдек бу иллат менда қаердан пайдо бўлди, ўзи? Ўша биргина беқадр бўлган сўз, ўша сўз мени кўпдан бери таъқиб қилади. Қани сен айт-чи, мен қачон унинг бу таъқибидан қутула оламан?

— Бу дардинг бедаво, — деди чумоли. — Сендан аввал ўтган ақли дониш ҳам, энг катта гуноҳ, бу сўзни беқадр қилмоқ, деганлар. Мен буни чумолилар мажлисида айтиб кўрарман. Балки бирор фатво топилар.

— Мендан фақат сўз эмас, туйғум ҳам ранжиган. Бу воқеа шундай рўй берди: Мен авваллари ҳеч қачон бўлмаган бир шаҳарда юлдузи иссиқ бир ой юзлини кўриб қолдим. Қизиғи шундаки, мен уни танидим. У билан бу умрим бино бўлганидан бери учрашган эмасман, лекин негадир юз йил, эҳтимол, минг йил бурун у мен билан бирга яшагандек туюлди. Уни қошу кўзидан танидим. Кўзлари минг йиллик хотиротнинг ифодасини айтиб турарди. У ҳам мени кўзларимдан таниб, тўхтади. Иккаламиз ҳам сукут сақлаб гаплашдик. Сўнг мен тўсатдан хотиним… болаларим борлигини эсладиму ўз туйғумдан уялиб кетдим. Ой юзлига меҳрим тушишидан қўрқиб, туйғумни жиловлаб олдим. Ой юзлини, гарчи у билан орадан минг йиллар ўтиб учрашганимизга қарамай, тезда тарк этдим. Туйғумга эса, «ҳа, менда бир лаҳзалик заифлик пайдо бўлди, у ҳозир ўтади-кетади» дедим. «Ёлғон!» деб қичқирди туйғу. — Сен қўрқоқлик қилдинг. Бу туйғу мени бир неча кунлар таъқиб қилди, ёқамдан олиб, қанчалар сўкканини айтсанг. Бир куни у тонгда мени тарк этиб, шеърга айланиб кетди. Унинг дард-фарёди мана шу сатрларда жамулжам бўл.

Олтин сукунатдан яралган дилбар Нурли нигоҳингдан кўзим қамашди Андак бир ҳаё-ку, ҳисни жиловлар: Шошма, дер ул рўё, кўзинг адашди.

— Тўхта, тўхта. Бу туйгу бир сени эмас, кўпларни ҳам безовта қилиб келади, — деди чумоли. — Балки у сени бир умр тергаб, безовта қилар. Қўй, у ҳеч бўлмаса шу билан аламидан чиқсин.

— Мен бу туйғуга ўта қаттиққўл бўлганимни тан оламан. Лекин мени бошқа бир туйғу боис юрагим қўрқоқ, титрайдиган бўлиб қолган. Мени мана шу кўп ташвишга солади.

— Кўринишингдан ҳечам қўрқоққа ўхшамайсан-ку, — деди чумоли. Кўнглингда ҳам қўрқув сезмадим.

— Йўқ, бу гапинг нотўғри, — дедим мен. — Яқинда танишлардан бири менга, «сен қўрқоқсан» деб айтди. У буни муштлашиш баҳонасида айтди. Мен ўзимнинг қўрқоқ эмаслигимни исботлаш учун у билан муштлашдим. Ўша кеч уйга хурсанд бўлиб қайтар эканман, бирдан аҳмоқона иш қилиб қўйганимни англадим. Ахир, аслини олганда, мен юрагимда анча-мунча қўрқув сезаман. Уйим кўча бошида, автомашиналар тинимсиз ўтиб туради. Болаларим кўчага чиқиб ўйнашса, ҳар сафар улардан хабар оламан. Уларнинг машина йўлига чиқиб кетишидан қўрқаман. Уйимизга иссиқ-совуқ сув, газ, яна аллақандай қувурлар ўтказилган. Ўтган ёзда ана шу қувур қудуғига эридан эндигина ажралган ёшгина бир жувоннинг якка-ю-ягона ўғли тушиб кетиб ўлди. Унинг фарёдини эшитганимдан бери, менинг ҳам юрагимда қўрқув пайдо бўлган. Хотиним дамқисма деган дардга гирифтор бўлган. У то бешинчи қаватдаги хонамизга ҳар чиққанида, нафаси қайтиб, жуда қийналади. Мен сафарга кетсам, уйда қолган хотиниму, тўртта норасида гўдакни ўйлаб, қўрқиб тураман. Баъзан хотиним телевизорни кўриб, ваҳима қилади: «Дунёда озиқ-овқатдан ҳам кўра ўқ-дори кўп экан», дейди. Унинг ваҳимаси мени яна ташвишга солади. Ахир унга ортиқча ҳаяжонланиш мумкин эмас. Нафаси қисади-да. Эҳтимол, кўнглимдаги бундай қўрқув туйғусини сен чумоли кўрмаётгандирсан. У аллақачон кўнглимда эмас, қонимга сингиб кетган. Бу қўрқувлар олдида муштлашиш масаласи нима деган гап ахир. Яна нима дей сенга, чумоли. Ана, қуёш ҳам ботиб қолди, вақтимиз ҳам тугаб қолди.

Чумоли менинг гагшаримни эшитиб бўлгач, шундай деди:
— Бу қўрқувнинг чорасини билмадим, одамизод. Балки буни чумолилар мажлисида кўриб чиқармиз. Агар жавоб топсам, албатта сенга етказаман. Хайр, ана, куёш ботиб кетди. Хайр!

У шундай деди-ю, кўз олдимдан ғойиб бўлди.

Ана шундан бери чумолини учратганим йўқ. Ҳар гал қишлоққа борсам, албатта қабристон йўлига ўтаман. У ердан ўрмалаб кетаётган ҳар бир чумолига диққат билан тикиламан. Тириклик ғамида юрган ҳар бир чумолини «бу ўша таниш чумоли эмасмикан?» деб ўйлайман. Мана, неча ёз ўтди, ундан эса дарак йўқ. Лекин уни умид билан кутганим ҳам йўқ. Негаки, бир кунмас бир кун мен ҳам чумоли бўлиб, унинг олдига жўнайман…

24 ДЕКАБРЬ — ТАНИҚЛИ ЁЗУВЧИ НОДИР НОРМАТОВ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Men chumolining bu gaplaridan dahshatga tushdim. Meni chumolining bu qadar zukkoligi o‘ylantirib qo‘ydi. Qayerdan biladi u bunday gaplarni? Yoki u birorta mashhur donishmandning aklidan yaralganmikan? Ammo, bizning qishlog‘imizda katta donishmandlar o‘tganini eshitmaganman.

Sirojiddin IBROHIM
GIYOHI BЕHISHTNI QIDIRIB…
09

Yoningda yurganlardan birovi omonatini topshirganda bu dunyoda hech narsa o‘zingga doxil emasligini esga olasan. Yuragingga qon yuborib turgan jon-ku senga berilganlarning eng omonatrog‘i, o‘zingnikimas. Inchunun, tiriklikda qilgan yaxshi-yu yomon amalingdan o‘zga. Qaniydi, shu esga olganing yodingda umr bo‘yi muhrlanib qolsa, bir lahza bo‘lsa-da unutmasang edi, olam guliston bo‘lardi. Lekin…

Men Nodir Normatov bilan, masalan, Obid aka (Shofiyev)chalik yaqin emas edim. Muhiblik va muxlislikning mustahkam aloqalari yo‘q edi. Shuning uchundir, oxirgi bor ko‘rishganimiz yoki qo‘ng‘iroqlashganimizni aniq yodga keltirolmadim. Har holda oylar, balki yil bo‘lgandi…

Gazetada Nodir Normatov bilan suhbat e’lon qilishni rejaladik. Bu vazifa Obid akaga yuklandi. Bir fursat o‘tgach, telefonlashib so‘rsam, u yozuvchi bilan bog‘lana olmayotganini aytdi. Keyinroq esa o‘zi qo‘ng‘iroq qilib: – Nodir aka kasalxonada ekan. Mazasi yomon qochibdi, – deb qoldi. – Hozir yaxshi ekanmi? – Ha, sekin-asta o‘zimga kelyapman, dedi. – Unda tuzalib ketgach tayyorlarsiz suhbatni. Oradan bir hafta o‘tar-o‘tmas Nodir Normatovning vafoti haqidagi xabar hammani lol qoldirdi. – Nima bo‘lgan ekan Nodir akaga? – Shifoxonadaligida ikki marta gaplashdim. So‘nggisi vafotidan bir kun oldin, kechqurun edi.

Har ikki suhbatda ham somsadan zaharlanib qolganligini aytdi. Shu sabab bo‘lib, boshqa dardlari ham xuruj qilgan, shekilli. Bu adibning shogirdi va asarlari tadqiqotchisi Obid Shofiyevning gapi. Shularni eshitib, alhol, yozuvchining qirq yillar oldin yozilgan “Bir kuni chumoli bo‘lib…” hikoyasini esladim. Juda taajublanarli. U shunday boshlanardi: “Siz nega kasalxonada yotibsiz”, deysizmi? Do‘xtirlar oshqozoning zaharlangan deyishdi. Nega, qanday qilib — hayronman. Ochig‘ini aytganda, men tabiatan ziyofatlardan qochib, nafsiga qanoat qilib yuradiganlardanman.

O‘sha kuni bor-yo‘g‘i bir bo‘lak qotgan non yegan edim. Balki, o‘sha, giyohi behishtni qidiraman deb, bo‘lak o‘tni yeganimdan shu ko‘yga tushgandirman…” Hikoya muqaddimasida keltirilgan shu uch-to‘rt kalima Nodir Normatov umrini tom ma’noda o‘ziga sig‘dirgandi, ramziy suratda ifoda etgandi. Nodir aka nafsining jilovini mahkam tutgan, taomlanish borasida ham o‘sha hikoyasi qahramoni kabi juda parhezkor bo‘lib, go‘sht iste’mol qilmas edi. Somsa yeganligi haqidagi gap ham meni hayron qoldirdi. Bahonai sabab bo‘lsa kerak…
Tanigan, hamsuhbat bo‘lgan besh-olti yilning nari-berisida yozuvchi kaminada ko‘nglini avaylab yashaydigan inson sifatida taassurot uyg‘otgan. Bu avaylashning asosiy nuqtasi u kishining mudom o‘ziga ma’naviy zavq beradigan ishlarga intilib turishida sezilardi. Poytaxtda yashaydigan surxondaryolik ijodkorlar orasida yurtga eng ko‘p keladigani – ikkilanishlarsiz ayta olish mumkin, Nodir aka edi. O‘zi tug‘ilib-o‘sgan qishloqni – Poshxurtni sog‘inib kelardi. Suhbatidan surur tuyadigan odamlar diydoriga oshiqardi. Yana bir ayricha jihati – kamtarligi bilan ehtiromga loyiq edi-ki, biz kiborsuyarlar ko‘p-da ehtirom ko‘rsatishning uddasidan chiqavermas edik.

Termizda turib qolgan paytlari yozuvchi yayov yurib, tahririyat binosiga kelib qolardi. Shunday kelishlarida bir necha bor asosiy hamsuhbati men bo‘lganman. Ustozni o‘zimizning qishloq odamlariga o‘xshatardim. Bejizga emas – qo‘shni qishloqlar, bir-biriga tabiatan yaqin odamlar. Gapirish ohangi, jilmayishi, ko‘zlaridagi ifoda qishloqdagi qo‘shnimizning o‘zi. Faqat suhbat mavzui farqli. Nodir aka adabiyotda samimiylik qatori ramziylikni asosiy mezon deb bilardi. She’riyat haqida ham o‘ziga xos mulohazalarini bayon etgandi. Ularning ayrim jihatlarini qalban inkor qilganman.

Yurtimiz tarixi, jahon madaniyati va san’ati, umuman barcha sohalarda suhbatlashish zavqli edi u kishi bilan. Yozuvchining asarlari dovruq taratmadi va deyarli o‘rganilmadi. Buni ham ma’lum qadar Nodir Normatov shaxsidagi kamtarlikka bog‘lasa bo‘ladi. Hatto ovqatlanish uchun qoshiq so‘ray turib ham o‘zining “shoir”ligini ta’kidlab oladiganlar orasida nom chiqarish oson deysizmi? Yuzdan qancha hayoni sidirib tashlashga to‘g‘ri keladi. Yozuvchi bundan ko‘ra mehnatni – ijodni afzal bildi.

Kerak bo‘lsa, vaqt chig‘irig‘idan o‘tsa, asarlari kelgusi avlodlar tomonidan xolis bahoni oladi. Kuyinib, o‘zingni har yoqqa urishga, e’tiqodingga zid ketishga-yu kimlargadir yaltoqlanishga nahojat?! Yuqorida esga olingan hikoyadagi “giyohi behisht” aslida biz hayotda qidirib yuradigan ko‘ngildosh timsoli. Shuning uchun ham zaharlanib qolishdan qo‘rqmasdan, har turli o‘tni yeb ko‘rib, o‘sha giyohni izlaydi qahramon.

Nodir Normatov ham umrini tinimsiz yurishda – o‘sha ramziy “giyohi behisht”ni qidirib o‘tkazdi. “Giyohi behisht”ga o‘xshash alaflar orasidan uni topish oson bo‘lmagandir, har nechuk. Topdimi? Qaydam, buni yolg‘iz o‘zi va O‘zi biladi. Shularni bitarkanman, ko‘nglimda birgina tilak bo‘y ko‘rsatib turdi. Nodir aka chin dunyoning giyohi behishtini topgan bo‘lsin!

Nodir NORMATOV 
BIR KUNI CHUMOLI BO‘LIB… 
09

09Nodir Normatov 1950 yil 24 dekabrda Surxondaryo viloyati Sherobod tumanining Poshxurt qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1972). Dastlabki kitobi — «Ko‘hitang hikoyalari» (1977). Yozuvchining «Jazo» (1981), «Ismoil tog‘aning tarozisi» (1982), «Jarlikdan qushlar uchdi», «Bisot» (1986), «Daraxt tagidagi odam» (1988), «Kamalak yashaydigan uy» (1990) kabi asarlari, «Barigal» (1991) romani nashr etilgan. «Sharq miniatyuralari maktablari» kitobi mualliflaridan biri.
Uning «Tomosha» ko‘g‘irchoq pesasi Jizzax ko‘g‘irchoq teatri jamoasi tomonidan ingliz tilida Amerikaning Nyu-York, Nyu-Jersi kabi shtatlarida namoyish etilgan. «Omonxona mo‘’jizasi», «Behzod vorislari», «Beshik» (2005) hamda «Malik Nabiyev», «Chingiz Axmarov», «Poshxurtning oltin poydevorlari» (2006), «Boysunlik Gyugen» (2007) kabi hujjatli filmlar ssenariysi va matnini yozgan.  K. Paustovskiyning «Isaak Levitan», Nozim Hikmatning «Lomakon» singari asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

Nodir Normatov 2017 yilning 15 aprelida 68 yoshida vafot etdi.  Olloh rahmatiga olgan bo‘lsin!

09

«Siz nega kasalxonada yotibsiz», deysizmi? Do‘xtirlar oshqozoning zaharlangan deyishdi. Nega, qanday qilib — hayronman. Ochig‘ini aytganda, men tabiatan ziyofatlardan qochib, nafsiga qanoat qilib yuradiganlardanman. O‘sha kuni bor-yo‘g‘i bir bo‘lak qotgan non yegan edim. Balki, o‘sha, giyohi behishtni kidiraman deb, bo‘lak o‘tni yeganimdan shu ko‘yga tushgandirman. Giyohi behishtni eshitmaganman, dedingizmi? Men ham ilgari eshitmagan edim. Kishlog‘imizda sizu biz bilmagan gayohlar ko‘p. Xar gal qishloqqa borganimda qishloq boshidagi Dovulqo‘rg‘onni ziyorat qilib qaytaman. U yerda chashmalar ko‘p. Suv yorug‘lik deydilar, shuning uchunmi, u yerda negadir ruhim yayrab ketadi. Bir kuni shu tomonga ketayotgan edim. Yo‘lni kalta qilish maqsadida, qabriston yaqinidan o‘ta boshladim. Atrofini o‘t-o‘lan bosib ketgan eski qabrlar o‘yilib, cho‘kib qolgan, yangidan do‘ppayganlari ham ko‘zga xunuk ko‘rinadi. Qabristonga o‘tishdan avval so‘qmoq pastida, shundaygina yo‘l yoqasida chuldirab turgan chuqur chashmaga tushdim. Chashmaning suvi oz bo‘lsa ham bir parcha yerni ko‘kazak qilib turardi. Hovuchimga suv olib ichdim, rohatlanib bosh ko‘tardim-u, buloq chekkasida bo‘yi bir qarich keladigan giyohga ko‘zim tushdi. Shung‘ula bo‘lsa kerak, degan xayol bilan uzib olgancha, do‘nglikka ko‘tarildim. Qabriston yonboshida bahorda ko‘karib, endi quvrab qolgan chimzor ko‘rindi, men shu yerdan o‘tarkanman, buta yonida chumolilar qatnovini ko‘rdim. Yo‘lovchi chumolilar shu qadar ko‘p edi-ki, ularni elektron mashinasi ham sanab ulgurmasa kerak, deb o‘ylaysiz. Shu xayol bilan qo‘limdagi giyohni og‘zimga soldimu, birdan qulog‘im shang‘illab ketdi. Miyamga qon urildi, gandiraklab ketdim. Chumolilar o‘tayotgan yo‘l yonida cho‘kkalab o‘tirib qolgach, o‘zimga keldim. Ammo, qizig‘i shundaki, qulog‘imga turli-tuman, muloyim, ingichka ohang-tovushlar eshitila boshladi. Bu tovushlar xuddi buzuq telefon dastasidan ulanib qolgan begona kishilar suhbatini eslatardi. Men avvaliga, nima bo‘lyapti o‘zi, deb atrofga alangladim, ammo, hech kimni ko‘rmadim, shundan so‘ng bu chinqillab so‘zlashayotganlar — chumolilar ekanini payqadim. Ularni xuddi tushda ko‘rayotganday edim.

Chumolilar bir-birlariga «horma», «bor bo‘l», «quvonching ko‘paysin», «senga ham shuni tilayman» qabilida murojaat qilib o‘tishardi. Ularning o‘ng tomonga ketayotganlari don-dun, qiltiq-xas tashib borishardi. Qarama-qarshi tomondan kelayotgani esa, aftidan yuklarini qo‘yishib, yana ishga, ozuqa tashishga ketishardi. Men g‘ujg‘on bo‘lib o‘tayotgan bu mitti jonivorlarning yukli-beyuklari bir-birlariga halaqit bermay, ya’ni ko‘cha qoidalarini buzmay o‘tayotganlariga qoyil qolib ketdim. Bu qatnov yo‘lda birorta betartib, bo‘lak yo‘l solib ketayotgan qonunbuzar mutlaqo ko‘rinmasdi. Ayniqsa, yukdan bo‘shagan og‘izchalarini yengilgina silkitib, salom berib o‘tayotgan yosh chumolilarni ayting. Xullas, bu tartib-qoidani ko‘rib, beixtiyor «qoyil» deb yubordim.

— Nimasiga qoyilsan, ey odamzod? — degan tovush eshitildi yaqinimdan. Men bundan shoshib qoldim, ko‘z-qirim bilan sekin-asta tovush egasini izlay boshladim.
— Mana, men bu yerda, oyog‘ing oldidaman, hushyor bo‘l, tag‘in ezib qo‘ymagin, — dedi yana o‘sha tovush egasi.

Ana shundan so‘ng, men og‘zidan yukini qo‘yib turgan sariq chumolini ko‘rdim.

— Bilaman, sen chumoli tilini tushunib qolganingta hayron qolayotirsan, — dedi chumoli. — Buning sababi shuki, sen buloq bo‘yida o‘sgan giyohi behishtdan yegansan. Boya buloq bo‘yiga borgan qavmlarimdan biri yeyayotganingni ko‘rgan ekan. Endi sen, to quyosh botgunicha tilimizga tushunib, biz bilan so‘zlashish quvvatiga egasan… Xo‘p, qani, sen javob ber-chi, nega o‘z-o‘zingdan «qoyil» deb yubording?

Men haliyam chumolining gapiga tushunishdek mo‘’jizaga aqlim bovar qilmaganimdan, tilim lol edi. Nihoyat, tupugimni yutib, javob qildim:

— Nega qoyil qolmay? Shunday tig‘iz yo‘lda, buning ustiga qarama-qarshi qatnov bo‘la turib, birorta ham chumoli to‘qnashib ketmayapti.

— Gapingga tushundim, — dedi chumoli, — sen chumoli yo‘lini odamzod yo‘li bilan taqqoslayapsan-da. Odamzod keng yo‘lda, ko‘cha harakatlari belgili-qoidali bo‘lishiga qaramay, bir-biri bilan bari bir to‘qnashib yuradi. Shundaymi?

— Sen buni qayerdan bilasan, — dedim og‘zim ochilib.
— Nega bilmayin. Sen ko‘rib turgan bu chumolilar oddiy emas, biz asli odamzod qavmidanmiz.

— Shunaqa degin, — dedim men uni kalaka qilmoqchi bo‘lib, — qani, mundayroq tushuntirib ber-chi? Balki, Xudo loyimizni bir joydan olgan chiqar?

Chumoli yonidan yuk tashib o‘tayetgan oriqqina chumolini to‘xtatdi.

— Hurmatli boshliq, — dedi boshchasini qimirlatib, — Menga quyosh botguncha ruhsat bersang. Odamzodga ul-bul narsani tushuntirsam.

Oriq chumoli javob qildi.
— Senga ijozat, donishmand.

Chumoli boshliq shunday dedi-yu, yo‘lida davom etdi. Men chumolilar boshlig‘ini har qalay juda o‘zimizdagi singari hashamatli xonada, yumshoq kresloda o‘tirishini tasavvur qilmagan esamda, har qalay biror uya-omborning chekkasida o‘tirib, qatnovni, keldi-ketdilarni hisobga olsa kerak, deb o‘ylagan edim. Ajabki, ularda boshliq fuqarosi bilan teppa-teng ishlar ekan.

Boshliq chumoli ko‘zdan g‘oyib bo‘lgach, ishchi chumoli yana tilga kirdi:
— Ey, odamzod! Biz sizning qavmingiz bo‘lamiz, desam, ishonmading. Endi eshit! Gap shundaki, biz mana shu qabristonda yotgan marhumlarning tirikligida ishlatilmay qolgan miyalaridan chumoliga aylanib chiqqanmiz. Inson suratida yurgan paytlarimizda, insonlik haq-huquqimiz teng bo‘lsa ham, uni suiiste’mol qilganmiz, ya’ni bir-birimizning ko‘zimizga cho‘p suqib yashaganmiz.

Mana endi chumoliga aylanib qolganimizda, o‘sha xatolarning o‘rnini bosish uchun o‘zimizning temir qonunlarimizni yaratganmiz. Bu qonun hammaga barobar. Biz qonunni insonchalik suiiste’mol qilmaymiz. Chumolilarning birdan-bir maqsadi shu.

Men hali ham chumolining gaplariga ishonmay turardim.
— Bo‘lmasa nega sizlar inson tilida gapirmaysizlar? — deb uni mot kilmoqchi bo‘ldim.

Chumoli menga shunday dedi:
— Inson tili, bu shartli, o‘zi o‘ylab topgan tovushlar yig‘indisi. Bizning tilimiz esa tabiiy sezgilar asosiga qurilgan. Butun tirik mavjudotning tili — bu sezgilar. Inson ham bu sezgidan mahrum emas. Ammo, u dunyoning mayda-chuyda ishlariga shunchalik berilib ketganki, natijada sezgilardan mahrum bo‘lgan.

— Sen qanaqa mayda-chuyda ishlarni nazarda tutasan?
— Mana aytaylik, qog‘ozbozlik, behuda rasmiyatchiliklar. Yoki gapim noto‘g‘rimi?

Men nima deyarimni bilmay, yelkamni qisdim.

— Inson miyasidagi son-sanoqsiz sezgilar ishlatilmasa, harakatga keltirilmasa, ular g‘aflat uyqusida qola beradi. Biz miyadagi ana shu sezgilardan yaralgan chumolilarmiz.

Men chumolining bu gaplaridan dahshatga tushdim. Meni chumolining bu qadar zukkoligi o‘ylantirib qo‘ydi. Qayerdan biladi u bunday gaplarni? Yoki u birorta mashhur donishmandning aklidan yaralganmikan? Ammo, bizning qishlog‘imizda katta donishmandlar o‘tganini eshitmaganman. Shuning uchun bu gapni ehtiyotkorona so‘radim: «Sen bunday gaplarni qayerdan bilasan?»

— Nega bilmayman. Eng zo‘r kitoblarni bitgan qancha-qancha buyuk zotlar bu qaro yerda yotibdi. Biz — odamzod qavmidan bo‘lgan barcha chumolilar bir-birimiz bilan muloqotda bo‘lishga intilamiz.

— Nega kerak sizga bu muloqotlar? — dedim.

— Nega, deysanmi? Hech bo‘lmaganda, insonliqda qilgan xatolarimizni, gunohlarimizni anglash uchun. Keyin, ba’zida senga o‘xshagan giyohi behishtni yegan insonga bilganlarimizni yetkazish uchun.

— Giyohi behisht yeganlar tez-tez uchraydimi? — deb qiziqib so‘radim.

— Yo‘q, — dedi chumoli afsuslanib. — Eng yomoni shundaki, necha yillar, necha oylar davomida bitta-yarim kishi bu giyohni uchratadi. Lekin ularning ba’zisi bizning gapimizga ishonib, ba’zisi ishonmay ketadi. Shunday bo‘lsa ham biz o‘z bilganlarimizni yetkazishga urinamiz.

— Shu qishloqdan yaqin yillar ichida biror kishi giyohi bexisht yeb kelgan joyi bormi?

Chumoli o‘ylanib qoldi.

— O‘tgan yili Mo‘min lov-lov degan kishi kelgan edi, — dedi u. Men beixtiyor, savdoyi, paydar-pay gapiradigan Mo‘min akani esga oldim.

— Axir u esli-hushli odam emas-ku? — dedim chumoliga.

— Nega shunday deysan. Axir sen ham odamlarga «men chumolilar tilini tushunib, ular bilan gaplashdim», desang, ular seni ham esi yo‘qqa chiqarishmaydimi?

Shunda men Mo‘min lov-lovning gaplarini esladim. U agar biror kishi qurt-qumursqaga azob berganini ko‘rsa, darhol yo‘lini to‘sardi.

— Kurt-qumursqa ham Xudoning bandasi. Uning ham senga o‘xshab joni bor. Tesha ularga, — derdi.

Men endi chumolining haq ekanligiga iqror bo‘ldim. Chumoliga ko‘zimni tikkancha, o‘ylay boshladim. Mana shu jonivor qaysi zotning miyasidan yaralgan ekan. Balki men o‘sha zotning avlod-ajdodlarini toparman. Chumoli bu savolga javob berishdan qat’iy bosh tortdi.

— Bunga biz chumolilar qasamyod qilganmiz, — dedi u. Men undan yana nimalarni so‘rashni o‘ylay boshladim.

— Senga ikkita taklifim bor, — dedi chumoli. — Birinchisi shuki, xohlasang, chumolilar uyasiga seni taklif qilaman.

— Borishga borardimu, lekin men chumoli uyasiga qanaqasiga sig‘aman?

— Gavdang shu yerda qolaveradi. Men senga oyoq tegizishim bilan miyang chumoli shakliga aylanib, men bilan birga keta beradi.

Men shu yerda qo‘rqoqlik qildim — miyam gavdamni tashlab ketishini sira xohlamasdim. U yerda menga nima bor, gavdam beega qolsa? Axir unga qancha mehnatim singgan. Onam to‘qqiz oyu, to‘qqiz kun qornida ko‘targan, sakkizga kirganimga qadar oq yuvib, oq taragan bu gavdani. Mana, yigirma sakkiz yilki, uni men avaylab kelaman. Shunday bo‘lgach, qanday qilib gavdamni bekordan-bekorga, to‘satdan tashlab keta olaman.

Chumoli xayolimdan o‘tgan gapni fahmlagandek, shunday dedi:
— Bari bir odamzodligangga bording. Gavdangni tashlab ketishga ko‘zing qiymayapti. Mayli, bo‘lmasa, ikkinchi shartni eshit. Sen o‘zing haqingda bilganlaringni, ko‘nglingda neki dardu o‘ylaring bo‘lsa, barini aytib berasan. Balki, men sening biror dardingga malham bo‘larman.

Men ochig‘ini aytganda, undan katta mo‘’jiza kutgan bo‘lsam bordir, lekin bunaqa taklifni eshitaman deb o‘ylamagan edim. To‘g‘ri-da, men o‘zimni muxbirlikka urganimdan beri hammaning dardini tinglashga majbur bo‘lganman. Ammo, men-chi, meni kim tinglaydi, buni hech kim o‘ylamaydi. Hozir esa, shunday bir qulay imkoniyat bor ekan, nega men bundan foydalanmasligim kerak ekan. Axir dardini to‘kkan odam yengil tortadi, deyishadi-ku. Axir Iskandarning shoxi borligidan voqif bo‘lgan sartarosh bu sirni hech kimga ayta olmay, oxiri quduqqa aytib, yengil tortgan-ku.

Xullas, men ko‘p o‘ylab o‘tirmay, o‘zim haqimda bilganimcha ochiq-oshkor gapira boshladim.

Chumoli mening gapimni birpas tinglab turdi-da, «ko‘y, bunaqa tarjima holni. Meni tuyg‘ularingning tarjimai hali qiziqtiradi. Sen shundan gapir», dedi.
— Qo‘ysang-chi, bu juda qiyin masala, — dedim unga. — Sen uni tushunarmiding.
— Mayli, aytmasang-aytma, — dedi chumoli.

Lekin men aytmasdan qo‘yarmidim? Axir tuyg‘ularimning tarjimai xolini, ularning tug‘ilishlari-yu, yo‘q bo‘lishlarini chumolidan bo‘lak kimga ham aytib bo‘lardi? Nega deysizmi, axir men ham hamma qatori o‘z tuyg‘ularimni yashirib yuraman-da. Ba’zan, ichgan mahallarim, ularni xotinlarning bezagi kabi ko‘z-ko‘z qilishga oshiqaman. Sho‘rlik tuyg‘ular ana shunday qilib egasining qachon saxiylik qilib ozoddikka qo‘yib yuborishini har doim sabr-toqat bilan kutishgani-kutishgan. Bisotimda qolgan tuyg‘ularni olib qaray-chi, deb o‘yladim. Mana, odamzoddagi ilk tuyg‘u bu, u o‘zligini anglashdan boshlangan, shekilli. Bu tuyg‘uning shakli ignaning uchidek keladi, ammo, oltindek toza, qaragan kishining ko‘zi qamashadi. Menda bu tuyg‘u tug‘ilganida yoshim to‘rtlarda edi. O‘sha paytlarda yoshim nechadaligini bilmasdim, albatta. Xotiramda hovlimizdagi katta to‘y-shodiyonalar manzarasi bir umr parchinlanib qolgan. Keyin bilsam, ikki akamning qo‘shaloq sunnat to‘yi bo‘lib, o‘sha paytda ularning biri sakkizda, ikkinchisi olti yoshda ekanlar. Ana shunday hisob-kitob qilinsa, men albatta to‘rt yoshda bo‘laman. Xullas, o‘sha kuni men kimdir o‘rgatgan qo‘shiqni takrorlar edim:

Jiyda qoqay to‘yingda,
Jiyda qoqay to‘yingda.

To‘yda nima uchun jiyda qoqish kerak, buning ma’nosi nima, rosti, haligacha bilmayman. Keyin, qo‘limga qayerdandir sho‘rva solingan sopol tovoq tushib qoldi. Uni kimgadir, qayergadir elta turib, gilam ustida o‘tirganlarning biriga to‘qnashib ketdim. Qo‘limdagi tovoq tushib, sho‘rva bir odamning yelkasiga to‘kilib ketdi. U odam ko‘kragini changallab, o‘rnidan turdi, menga esa, «qo‘y, yig‘lama» deb zo‘rma-zo‘raki jilmayib qaradi. Uning qiyofasidagi og‘riq aralash meni avf etgan ifodani shu vaqtgacha unutolmayman. Men yillar o‘tib unga (u xolamning o‘g‘li edi) o‘sha voqeani eslatganimda, u «rost, shunday bo‘lgan edi, sen to‘kib yuborgan sho‘rvadan mana bu yerim kuygan edi», deb, ko‘ksidagi chandig‘ni ko‘rsatdi. Men xijolat chekqanday bo‘lib, uning ko‘zlariga tikildim va bu ko‘zlarda bir paytda meni avf etgan muloyim ifodani ko‘rib qoldim. Mana shundan beri yuragimda unga nisbatan minnatdorchilik tuyg‘usi yashab keladi. U mening qalbimga nur, yuragimga quvvat beradi.

Men xayolan yetti-sakkiz yasharlik paytimga qaytaman. Lablarimda beixtiyor anorning, oluning ta’mi paydo bo‘ladi. So‘lagimni yutib, paxsa devordan oshib, ikki-uch anorni uzib, maykam ichiga joylayman. «Qani bo‘l, ketdik», — deydi hamrohim. Bir mahal yonginamizdan, «To‘xta!» degan tovush eshitiladi. Sherigim bir zumda devor kemtigidan oshib, juftak rostlaydi. Men esa endi qochmoqchi bo‘lganimda, kimningdir ombirdek qo‘llari bo‘ynimni qisadi. Bir dam nafasim chiqmay qoladi. Keyin o‘sha qo‘llar meni oldinga itqitib, maykam ichidan uch dona anorni chiqarib oladi. Men endi ro‘paramda shop mo‘ylovli, shokosadek chiqqan ko‘zlarni ko‘raman. Bu — kolxoz chorbog‘ining qorovuli G‘ani edi. U meni bir tup yong‘oq tagiga boshlab, do‘ppaygan bir qabrni ko‘rsatib, shunday deydi:
— Mana, ko‘rdingmi? Men mana shu yerda bir odamni so‘yib, ko‘mganman. Mana endi seni ham so‘yaman.

U shunday deb yonboshiga osilgan uzun pichoqni qinidan sug‘uradi. Pichoq quyosh nurida bir yarq etadi-yu, men taxtadek kotib qolaman. Esimda qolgani shu. Ertasi ko‘zimni ochib qarasam, uyda yotibman.

Men tirik ekanligimga ishonar-ishonmay ko‘rpani, keyin boshimni ushlab ko‘raman.
— O‘zimizning bog‘ to‘la anor bo‘lsa, nima qilarding bolam, o‘sha yerga borib, — deydi onam.
— Bola-da, bola, — deydi momom, — o‘g‘lingga ko‘proq ish buyurib turgin. Bekorchiliqdan bola bechora nima ish qilishini bilmay zerikkan-da. Og‘zidan qoni kelgur G‘ani moxov bolani shunday qo‘rqitadimi?

Men shular haqida gapirar ekanman, chumolidan o‘sha marhum G‘ani akani tanish-tanimasligini so‘radim. Axir u ham mana shu qabristonga ko‘milgan.

— Ha, taniyman, — deb javob qildi chumoli, — Bilasanmi, uning uch yuz yil avval o‘tgan bobokalonlarining kasbi jallod bo‘lgan, G‘ani akang qoniga tortib, ota-bobosidan o‘tgan ko‘l xotirasi bilan pichoq o‘qtalib, senga shunchaki do‘q-po‘pisa qilmoqchi bo‘lgan.

— Demak, hali uch yuz yil avval manfur kasb bilan shug‘ullangan ota-bobosi uchun G‘ani aka ham yomonotliq bo‘lib yuribdimi? — dedim.

— Nachora, — dedi chumoli. — Qonni, irsiyatni birdan tozalash qiyin… Yana bir sirni aytishim mumkin.

— Qani eshitaylik-chi?

— Boya oldimizga kelib to‘xtagan boshliq chumoli G‘ani aka edi, bilsang. Men bu safar hangu mang emas, xafa bo‘lib ketdim.

— Nahotki, — dedim unga, — shunday badjahl odam sizga boshliqmi? Bu yerda ham u yo‘lini topibdi-da.

— Unday emas, — dedi chumoli. — Bizda eng ko‘p ishlagan kishi boshliq qilib tayinlanadi. G‘ani aka insonligidagi gunohlarini yuvish uchun hammadan ko‘p yelib-yuguradi, sho‘rlik.

— O‘zing boyagina irsiyatni tozalash qiyin deding-ku. Nahotki, u yuvosh tortib qolgan bo‘lsa.

— Biz chumolilar inson miyasining faqat ezgulik qismidan yaralamiz, — dedi chumoli. — Bunga shubha kilmasang ham bo‘laveradi. Yaxshisi, sen hikoyangni davom ettir.

— Yaxshi, — dedimu, ko‘nglimda mavjud tuyg‘ular tarjimai holini birma-bir ayta boshladim.

— Bilasanmi, sen menga tovush chiqarib, gapirib o‘tirma. Yaxshisi, xayol sur. Xayolingdan nimalar o‘tganini men anglab turaman. Faqat buning uchun oyog‘ingga sal tegib tursam, bas, — dedi chumoli.

— Mayli, — dedim men. So‘ng, tizzamni quchoqlagancha, uzuq-yuluq xotiralarni eslay boshladim.

Bolalik xotiralarida eslasa eslagudek voqealar juda ko‘p. Ammo, shunday voqealar borki, ular xayol ko‘zgusida xuddi g‘ilofga solingan kinotasmadek tayyor turadi. Istalgan daqiqada ular xayol ekranida lip-lip etib, qayta jonlanadi. Balki, payti kelib, ko‘ngil ekranidagi bu tasvirlarni yozib oladigan magnit tasmasi o‘ylab topilar. Men shuni xayol qilaturib, beixtiyor bolalik xotiralari yozilgan xotira tasmasini tomosha qila boshladim.

Ana, paxsadan qilingan ikki xonali uy. Daxliz va oromgoh. Haligacha ham o‘sha uy men ko‘rgan barcha uylardan issiq, shinam, keng, go‘zal tuyula beradi. O‘sha ikki xonali uyda sakkiz jon yashasak-da, kengu mo‘ldek tuyulardi.

Oradan yillar o‘tib, men olti kishilik oilam bilan uch xonalik issiq-sovuq suv, qulay hojatxonasi bor uyga arang sig‘ishimizni o‘ylab, hayron bo‘laman, buning sababini ko‘p o‘ylayman, ichim siqiladi. Balki bu jumboqni menga chumoli yechib berar.

— Sen yerdan ajrab qolyapsan, — deydi chumoli noxosdan. — Yer taftini his qilib turmagan har qanday tirik jonga osmonu falak ham torlik qiladi.

«To‘g‘ri aytding, chumoli» deyman ichimda. Kecha qizim uyimizning qaysi bir xonasi devorlariga qalamchizgilar qilganiga xotinim ozmuncha urishdimi? Men xuddi shu yoshda, olti yoshimda uyimiz devoriga akalarim o‘rgatgan ismimni pichoq bilan o‘yib yozmagan edimmi? Buni bexosdan onam ko‘rib qolib, «bolam, devorning ham joni bor, uni pichoq bilan tilsang, joni og‘riydi» demaganmidi?

Hozir ham bag‘ri tirnalgan devor yoki toshni ko‘rib qolsam ko‘nglim uvishib ketadi. Men bolalarimda ham rahm-shafqat tuyg‘usi tug‘ilishini juda-juda xohlayman. Axir ezgu-tuyg‘ular o‘z-o‘zidan paydo bo‘la bermaydi. Ular inson qalbida g‘aflat uyqusida yotgan bo‘lsa uyg‘otish, mavjud bo‘lmasa yaratish lozim emasmi, — deb o‘ylayman. Meni kechalar ko‘proq mana shu muammolar bezovta qiladi. Ayniqsa, yerga, tabiatga muhabbat tuyg‘usi bo‘lmagan inson har qanday jinoyatga qodir ekanligini o‘ylayman.

— Ko‘p o‘ksinma, — deb fikrimni bo‘ldi chumoli, — sen chumoliga aylanganingda faqat tabiatni dilingga jo aylab yashaysan. Yaxshisi, menga ayt-chi, seni nimalar tashvishga soladi, shular haqida gapirgin. Chunki, vaqtimiz ziq. Ana, qara, quyosh botishiga oz qoldi.

— Nima desam ekan, senga. Agar tilla baliqdek, sen ham tila tilagingni, deganingda, boshqa gap edi. Tashvish-hasratimni birovga aytishga o‘rganmaganman. Shuning uchun do‘stu dushmanlarim meni «bu ichidan pishgan, juda pismiq», deyishadi. Balki ular haqdir. Lekin men bir donishmand aytgan gapga amal qilaman. U shunday degan: «g‘amu hasratingni o‘zingga koldir, shodligingai do‘stlaring bilan baham ko‘r, nafratingni dushmanlaringta asra».

— Sening tashvishlaringga balki mening biror xizmatim asqotar. Axir men yer yuzidan ko‘ra, yer ostida ko‘p bo‘lgan insonlar dunyosidan elchiman. Qolaversa, biz yorug‘ dunyoda yashayotgan qavmlarimizning qanday dardu tashvishlari borligini bilgimiz keladi.

— Sen faqat tuyg‘ularnigina tushunishga qodir ekansan. Shuning uchun yana mendaga ikki-uch tuyg‘uning tarjimai holini gapirib beraqolay. Balki shunda sen meni jindek tushunib yetarsan.

Chumoli gapimni ma’qulladi.

Meni eng katta qiynokqa soladigan narsa, so‘z oldida javobgarligimdir. Hali-hali, bundan sakkiz yil muqaddam, uy berib qolishar, deb bir amaldorni maqtab yozganimni sira kechira olmayman. O‘sha amaldor menga uyni o‘z navbatim bilan berganida rahmat aytganim o‘zimga alam qiladi. El qarg‘ishiga uchragan o‘sha odamni men «hurmatli falonchiyev» deb ataganim alam qiladi. U kishi men uchun ham, elu-yurt uchun ham hurmatli emas, qallob ekanligini men o‘shandayoq bilgan edim-ku. Ba’zi kechalari o‘sha so‘z mening tomog‘imdan g‘ippa bo‘g‘adi, «nega sen meni o‘sha yaramasga sotding, nega men xor bo‘ldim» deb holi-jonimga qo‘ymaydi. Ana shunda men o‘ylab qolaman: o‘zimga-o‘zim xiyonat qilishdek bu illat menda qayerdan paydo bo‘ldi, o‘zi? O‘sha birgina beqadr bo‘lgan so‘z, o‘sha so‘z meni ko‘pdan beri ta’qib qiladi. Qani sen ayt-chi, men qachon uning bu ta’qibidan qutula olaman?

— Bu darding bedavo, — dedi chumoli. — Sendan avval o‘tgan aqli donish ham, eng katta gunoh, bu so‘zni beqadr qilmoq, deganlar. Men buni chumolilar majlisida aytib ko‘rarman. Balki biror fatvo topilar.

— Mendan faqat so‘z emas, tuyg‘um ham ranjigan. Bu voqea shunday ro‘y berdi: Men avvallari hech qachon bo‘lmagan bir shaharda yulduzi issiq bir oy yuzlini ko‘rib qoldim. Qizig‘i shundaki, men uni tanidim. U bilan bu umrim bino bo‘lganidan beri uchrashgan emasman, lekin negadir yuz yil, ehtimol, ming yil burun u men bilan birga yashagandek tuyuldi. Uni qoshu ko‘zidan tanidim. Ko‘zlari ming yillik xotirotning ifodasini aytib turardi. U ham meni ko‘zlarimdan tanib, to‘xtadi. Ikkalamiz ham sukut saqlab gaplashdik. So‘ng men to‘satdan xotinim… bolalarim borligini esladimu o‘z tuyg‘umdan uyalib ketdim. Oy yuzliga mehrim tushishidan qo‘rqib, tuyg‘umni jilovlab oldim. Oy yuzlini, garchi u bilan oradan ming yillar o‘tib uchrashganimizga qaramay, tezda tark etdim. Tuyg‘umga esa, «ha, menda bir lahzalik zaiflik paydo bo‘ldi, u hozir o‘tadi-ketadi» dedim. «Yolg‘on!» deb qichqirdi tuyg‘u. — Sen qo‘rqoqlik qilding. Bu tuyg‘u meni bir necha kunlar ta’qib qildi, yoqamdan olib, qanchalar so‘kkanini aytsang. Bir kuni u tongda meni tark etib, she’rga aylanib ketdi. Uning dard-faryodi mana shu satrlarda jamuljam bo‘l.

Oltin sukunatdan yaralgan dilbar Nurli nigohingdan ko‘zim qamashdi Andak bir hayo-ku, hisni jilovlar: Shoshma, der ul ro‘yo, ko‘zing adashdi.

— To‘xta, to‘xta. Bu tuygu bir seni emas, ko‘plarni ham bezovta qilib keladi, — dedi chumoli. — Balki u seni bir umr tergab, bezovta qilar. Qo‘y, u hech bo‘lmasa shu bilan alamidan chiqsin.

— Men bu tuyg‘uga o‘ta qattiqqo‘l bo‘lganimni tan olaman. Lekin meni boshqa bir tuyg‘u bois yuragim qo‘rqoq, titraydigan bo‘lib qolgan. Meni mana shu ko‘p tashvishga soladi.

— Ko‘rinishingdan hecham qo‘rqoqqa o‘xshamaysan-ku, — dedi chumoli. Ko‘nglingda ham qo‘rquv sezmadim.

— Yo‘q, bu gaping noto‘g‘ri, — dedim men. — Yaqinda tanishlardan biri menga, «sen qo‘rqoqsan» deb aytdi. U buni mushtlashish bahonasida aytdi. Men o‘zimning qo‘rqoq emasligimni isbotlash uchun u bilan mushtlashdim. O‘sha kech uyga xursand bo‘lib qaytar ekanman, birdan ahmoqona ish qilib qo‘yganimni angladim. Axir, aslini olganda, men yuragimda ancha-muncha qo‘rquv sezaman. Uyim ko‘cha boshida, avtomashinalar tinimsiz o‘tib turadi. Bolalarim ko‘chaga chiqib o‘ynashsa, har safar ulardan xabar olaman. Ularning mashina yo‘liga chiqib ketishidan qo‘rqaman. Uyimizga issiq-sovuq suv, gaz, yana allaqanday quvurlar o‘tkazilgan. O‘tgan yozda ana shu quvur qudug‘iga eridan endigina ajralgan yoshgina bir juvonning yakka-yu-yagona o‘g‘li tushib ketib o‘ldi. Uning faryodini eshitganimdan beri, mening ham yuragimda qo‘rquv paydo bo‘lgan. Xotinim damqisma degan dardga giriftor bo‘lgan. U to beshinchi qavatdagi xonamizga har chiqqanida, nafasi qaytib, juda qiynaladi. Men safarga ketsam, uyda qolgan xotinimu, to‘rtta norasida go‘dakni o‘ylab, qo‘rqib turaman. Ba’zan xotinim televizorni ko‘rib, vahima qiladi: «Dunyoda oziq-ovqatdan ham ko‘ra o‘q-dori ko‘p ekan», deydi. Uning vahimasi meni yana tashvishga soladi. Axir unga ortiqcha hayajonlanish mumkin emas. Nafasi qisadi-da. Ehtimol, ko‘nglimdagi bunday qo‘rquv tuyg‘usini sen chumoli ko‘rmayotgandirsan. U allaqachon ko‘nglimda emas, qonimga singib ketgan. Bu qo‘rquvlar oldida mushtlashish masalasi nima degan gap axir. Yana nima dey senga, chumoli. Ana, quyosh ham botib qoldi, vaqtimiz ham tugab qoldi.

Chumoli mening gagsharimni eshitib bo‘lgach, shunday dedi:
— Bu qo‘rquvning chorasini bilmadim, odamizod. Balki buni chumolilar majlisida ko‘rib chiqarmiz. Agar javob topsam, albatta senga yetkazaman. Xayr, ana, kuyosh botib ketdi. Xayr!

U shunday dedi-yu, ko‘z oldimdan g‘oyib bo‘ldi.

Ana shundan beri chumolini uchratganim yo‘q. Har gal qishloqqa borsam, albatta qabriston yo‘liga o‘taman. U yerdan o‘rmalab ketayotgan har bir chumoliga diqqat bilan tikilaman. Tiriklik g‘amida yurgan har bir chumolini «bu o‘sha tanish chumoli emasmikan?» deb o‘ylayman. Mana, necha yoz o‘tdi, undan esa darak yo‘q. Lekin uni umid bilan kutganim ham yo‘q. Negaki, bir kunmas bir kun men ham chumoli bo‘lib, uning oldiga jo‘nayman…

03

(Tashriflar: umumiy 5 819, bugungi 1)

Izoh qoldiring