Dilnoza Kamol. Yillarni kaftida g’ijimlar ayol

87 Дилноза Камолнинг шеърларидаги ўзига хослик, ўктамлик, самимият ва сўзга муҳаббат беихтиёр унинг келажагига умид уйғотади.

Эшқобил Шукур

   Дилноза Камол сўзнинг рангини, таъмини, залворини ҳис этган ҳолда, ақл ва ҳис-туйғулар мувозанатини сақлайди, яъни беҳуда ҳайқириқлар, сохта баландпарвозликларсиз ҳам изҳорини, иқрорини, инкорини ифодалай олади:

Томирларда оқиб турсин шан,
Нафасларинг чўғ бўлсин ҳатто.
Секингина томоғинг қирсанг,
Шивирингдан уйғонсин дунё…

Одил Икром

   Ёш шоиранинг шеърларида ясама туйғулар, сохта кечинмалар, ўзгаларнинг ташбеҳларига тақлид йўқ. Ўта самимийлиги ҳамда эзгулик, адолат, ростгўйликка қатъий ишонч билан битлган сатрлар сизнинг туйғуларингиз ҳақида ёзилгандай, акс-садосидай туйилади.

Сирожиддин Рауф

Дилноза КАМОЛ
ЙИЛЛАРНИ КАФТИДА ҒИЖИМЛАР АЁЛ


09 Дилноза КАМОЛ Қашқадарё вилояти, Китоб туманида туғилган. Зомин семинари иштирокчиси. “Нур ташрифи” номли китоби нашр қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ЎзМУ психология факультети талабаси. Шеърлари республикамиз матбуотидан ташқари Қозоғистон, Қирғизистондаги қатор адабий тўпламларда чоп этилган.


ҲАЙРАТ

Куз.
Изтиробларга тўла тўлин ойни
елкасига опичлаб
сўнгги йўлга кузатаяпти булут…
ёмғир қўяди шекилли…

Куз.
Янги туғилган ойни
елкасида бешикдай авайлаб
турибди булут…
ёмғир қўяди шекилли…

УЗУМ ДОНАЛАРИ

Стол устида узум доналари…
Чалғиди хаёл.
Узумдек ширин болалик,
Узум доналаридек сочилган дугоналар…
Тақдир ва йилларни
Кафтларида ғижимлар аёл.

ҳаммасини ўзгартириш мумкин эди…
Йўқотилган болалик,
йўқотилган кулгулар
йўқотилган вақт…

Болалик
ўзи қаердан бошланади… қаерда тугайди?

Кун ва тун қўшилиб кетганидан
соат милларига қарамай қўйганидами…
рўзғор камини тўлдириш илинжида
қўллари қайчининг изидан қаварганидами…
баданлари калтакнинг дастидан эзилганидами…
ўз уйда, пойгакда, бегонадек уялиб, тортиниб,
ўзи пиширган нонга қўл узатганидами…
болаларининг ҳаёти ширин бўлсин деб,
халтадан тикиб олган катта сумкасидан
бирини елкасида, бирини қўлида кўтарганча
зил-замбил қовунларни
уйига ташиб келган эркаксифат аёл
узум доналарини кафтида ғижимларкан
ўйларди…
Болалик
қачон бошланганди, қачон тугаганди…

НУР ТАШРИФИ

мен ёмғирдан олиб бўса,
кўзёшимни ҳўплаб кўрдим.
оёғимга ботса ҳам тош,
тош устида ўйнаб кўрдим.

гир айландим, қулоч ёзиб,
руҳим учди кўкка томон.
нуқта бўлиб кўринди ер
асл ҳаёт бошланган он…

ақл ўчган, ҳис – илоҳий,
эрка руҳим ўйнаб юрар.
юлдузларни пуфлаганча
менга недир қараб турар…

бу нимадир, кенг бўшлиқда
яшнаб турар улкан чўғ –
қуёш билан бирлашаман,
ҳайратдаман,
ёнганим йўқ!

қанотларим ўсиб борар,
сизиб борар ялтироқ нур!
кўринмайди бирор нарса
фақат
нур,
нур,
нур!

РУҲИМНИ ЯЙРАТ

Тўкилса юрагим тўкилди фақат,
Қаламдан қоғозга томди дарди ҳол.
Ғам-ситам ўрлаган тундек қалбимга,
Ҳилол ёғдусидан олиб бер мисқол.

Яратган, руҳимни бир лаҳза яйрат,
Кенглигин ҳис қилсин мовий осмонни.
Оҳиста тутибон элтай ўзингга,
Тандаги омонат шу битта жонни.

Сен ишқ тулпорига босиб бер эгар,
Сўнг унинг жиловин тутайин маҳкам.
Ё Роббий, ўзингдан ўзини сўрар,
Қисматини сенга топширган одам!

ТАШҚАРИДА

Ташқарида ҳамма нотаниш,
Ўралашиб ётаман дардга.
Минг хаёллар қилмоқда сархуш,
Изғиб юрар тантиқ руҳ, якка.

Оловланар дил дардга асир,
Кўкдан шафақ юракка кўчган.
Умр мезон ўлчови ҳам сир,
Умид номли илинжлар ўчган.

Емирилар асов бардошим,
Беҳаловат юрагим хаста.
Залворли юк дунёнинг тоши,
Бўғзимгача тиқилар аста.

Эзиламан, ололмам нафас,
Руҳ истайди мовий кенгликни.
Энди бориб, қоғозга эмас,
Оқ булутга ёзгум битикни.
Ва ниҳоят йўргакланди тан,
Аллалайди дунё бешиги.
Мен бир умр орзиқиб кутган,
Очиляпти само эшиги.

Ташқарида ҳамма нотаниш…

СЕВДИМ

Ниҳолман, шамолда кетмадим синиб,
Кутаман, ёмғирлар қолади тиниб,
Юрганда чанглари эгнига иниб,
Бобом шудгор қилган заминни севдим.

Қасам ич, дедилар, ростини сўзла,
Дедим, отар бўлсанг манглайни кўзла,
Тупроқни безаган хазонлар узра,
Момом мангу ётган заминни севдим.

Йўлларга сочилдим, боримни тўкдим,
Гоҳ шеърга айландим, ўқиб ўтди ким…
Анинг борлигини кузатганда жим,
Фалак юлдуз отган заминни севдим.

БОРАР МАНЗИЛ ҚАЁН

Яна тун бошланди, яна бедорлик,
Бир лаҳза ором йўқ, ололмасман тин.
Яна соғинчингда жоним беморлик,
Шу қадар узоқсан, шу қадар яқин…

Ёмғир ёғаверар юракни эзиб,
Гўё томчилари сен ҳақда сўйлар.
Қуруқ хаёллардан кетганман безиб,
Мен сени ўйлайман, мени ким ўйлар…

О, тошлоқ кўчалар – лойга қоришиқ,
Пойафзал тешикдир, шилта соябон.
Йўлда кўлмакларга айтсам мен қўшиқ,
Томчилар рақсга тушади, ишон.

Пешонамга олий бахт бор эҳтимол,
Ёмғир иси инган тупроқ қучарман.
Борар манзил қаён, жануб ё шимол,
Эҳтимол, қуш бўлиб кўкка учарман…

ЮРАГИМДА БИР СЎЗ ЛОВУЛЛАР

Жиловланмас ҳисларим енгиб,
Юрагимда бир Сўз ловуллар.
Навоийдек топилмас тенги,
Шоири йўқ юртлар ҳувиллар.

Сукут сақлаб бўлмайди ортиқ,
Туркистонга бўлайлик ровий.
«Буюк Тарих» қилмоқда тортиқ-
Самарқандда Имом Бухорий!

Тушларимда кўк кўрпасидан,
Юлдуз сочган Мирзо Улуғбек.
Пойи Калон қобирғасидан,
Дунёларга танилган ўзбек!

Мен бир оддий Китобнинг қизи,
Ўтдим майса сочин шоналаб.
Тоғларида пайғамбар изи,
Тошларини тердим доналаб…

Кўзни олар кўкда мис танга,
Кундузлари берибди чирой.
Кечалари муаллақ турган –
Балдоғимга ўхшар тўлин ой!

Эркинликнинг завқу шавқида,
Яшаяпман қалбимда жаннат.
То ўлгунча Ватан ишқида,
Ёнмоқликнинг ўзи катта бахт!

ЭНДИ ЙИҒЛАМАЙМАН

Кўча совуқ…
Атроф жим-жит!
Тилло ранг баргини тўкиб,
яланғоч яшашга маҳкум бўлаётган дарахтларда
маҳзунлик кайфияти тобора
авж олиб борар экан,
серғавғо умримнинг сўнгги фаслини
кузатаётгандекман гўё!

Яна ким билсин?!.

Булутлар ортида асир бўлиб турган қуёш,
секин мўралаб,
заррин нурини бир сочади-ю,
яна ғойиб бўлади.
Дарди кўп ошиқдек тинмаётган шамол
ҳамон сочларимни
у ёқдан бу ёққа тортқилаш билан овора.

Мен суянган бир тоғ қулади.
Бу муҳаббат тоғи,
Бу ишқ тоғи эди.
Энди эса ундан фақатгина доғ қолди холос.

Қалбимда мунгли сукунат ила
совуқдан ачишаётган кўзларимдаги
ёшни арта туриб,
ўз-ўзимга секин пичирлайман –

Энди йиғламайман!

ШОИРГА

Дард – кўксингда қайнаган чоғир,
Ҳолинг абгор, ҳаётинг хордир.
Бу кунлар ҳам ўтади шоир,
Ҳасратингнинг адоғи бордир…

Томирларда оқиб турсин шан,
Нафасларинг чўғ бўлсин ҳатто.
Секингина томоғинг қирган,
Шивирингдан уйғонсин дунё.

ЭНДИ ОРТГА ҚАРАМАСМАН

Энди ортга қарамасман бас,
Йўлингизга бўлмам интизор.
Кечалари дилсиёҳ бўлиб,
Ортиқ сиз деб йиғламасман ёр!

Туйғуларим жиловлаб кўмдим,
Юрагимнинг чуқур қаърига.
Сиздан қолган хотираларнинг,
Қўл силтагум бари-барига.

Ишқни дея ёнган бу кўнгил,
Қайтиб ишққа босмагай қадам.
Ёдга сизни бегона этиб,
Ўчиргайман исмингизни ҳам.

Қайғурманг ҳеч ёлғиз эмасман,
Гарчи сиздан бўлганман жудо.
Орзулари беғубор қизни,
Ёлғизлатиб қўймагай Худо!

ЯНА ЁЛҒИЗ…

Яна ёлғиз юрибман дайдиб,
Титраб турар чап кўксим ҳамон.
Энди сенга қўшиқлар айтиб,
Сен томонга боришим ёлғон!

Жонга даво – дийдор қайдадир,
Кўргин сенсиз яшашга шайман.
Фалаклардан наво қайтадир,
Чалар бўлса арзирли найман…

Ёқиб боргум эшитган жонга,
Томирларда қон каби илиб.
Етсанг бўлар мендек ёмонга,
Фақатгина кўкка термулиб…

ОНАМГА ХАТ

Хона дим. Ҳолим танг, асаблар таранг,
Соатнинг товуши эштилар чиқ-чиқ.
Орсиз сукунатнинг оромин бузиб,
Қаламим столга ураман тиқ-тиқ.

О, она, шаҳарда кўп экан чироқ,
Лек таскин бўлолмас бундайин чирой.
Тунлари бу ерда кўринмас менга,
Бизнинг супамизни ёритгувчи ой.

Тошкентни нон шаҳри дегандинг она,
Аммо нон шаҳрига ўхшамас ҳеч ҳам.
Ҳаммасидан ширин дейман шивирлаб,
Ҳўў тандир бошида еб олган кулчам…

Мен тинмай сўйлайман шаҳар ҳақида,
Сен эса жим туриб тинглайсан ҳар дам.
Билмам хаёлингдан ўтади нелар –
Тошкентни бир бора кўрмаган Онам!

Турмушнинг ташвишин елкангга ортиб,
Биламан, биз учун тинмайсан сира.
Мен эса олисда сени соғиниб,
Кўзёшим мавжида оқаман, қара.

Она, борганида шоира қизинг,
Пойингга сочади қучоқ-қучоқ шеър,
Ўтин ёриб қадоқ бўлмасин қўлинг,
Шеърларимни ёқиб, кулча ёпиб бер!

Dilnoza Kamolning she’rlaridagi o‘ziga xoslik, o‘ktamlik, samimiyat va so‘zga muhabbat beixtiyor uning kelajagiga umid uyg‘otadi.

Eshqobil Shukur

Dilnoza Kamol so‘zning rangini, ta’mini, zalvorini his etgan holda, aql va his-tuyg‘ular muvozanatini saqlaydi, ya’ni behuda hayqiriqlar, soxta balandparvozliklarsiz ham izhorini, iqrorini, inkorini ifodalay oladi:

Tomirlarda oqib tursin shan,
Nafaslaring cho‘g‘ bo‘lsin hatto.
Sekingina tomog‘ing qirsang,
Shiviringdan uyg‘onsin dunyo…

Odil Ikrom

Yosh shoiraning she’rlarida yasama tuyg‘ular, soxta kechinmalar, o‘zgalarning tashbehlariga taqlid yo‘q. O‘ta samimiyligi hamda ezgulik, adolat, rostgo‘ylikka qat’iy ishonch bilan bitlgan satrlar sizning tuyg‘ularingiz haqida yozilganday, aks-sadosiday tuyiladi.

Sirojiddin Rauf

Dilnoza KAMOL
YILLARNI KAFTIDA G‘IJIMLAR AYOL


Dilnoza KAMOL  Qashqadaryo viloyati, Kitob tumanida tug‘ilgan. Zomin seminari ishtirokchisi. “Nur tashrifi” nomli kitobi nashr qilingan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, O‘zMU psixologiya fakulteti talabasi. She’rlari respublikamiz matbuotidan tashqari Qozog‘iston, Qirg‘izistondagi qator adabiy to‘plamlarda chop etilgan.


HAYRAT

Kuz.
Iztiroblarga to‘la to‘lin oyni
yelkasiga opichlab
so‘nggi yo‘lga kuzatayapti bulut…
yomg‘ir qo‘yadi shekilli…

Kuz.
Yangi tug‘ilgan oyni
yelkasida beshikday avaylab
turibdi bulut…
yomg‘ir qo‘yadi shekilli…

UZUM DONALARI

Stol ustida uzum donalari…
Chalg‘idi xayol.
Uzumdek shirin bolalik,
Uzum donalaridek sochilgan dugonalar…
Taqdir va yillarni
Kaftlarida g‘ijimlar ayol.

hammasini o‘zgartirish mumkin edi…
Yo‘qotilgan bolalik,
yo‘qotilgan kulgular
yo‘qotilgan vaqt…

Bolalik
o‘zi qayerdan boshlanadi… qayerda tugaydi?

Kun va tun qo‘shilib ketganidan
soat millariga qaramay qo‘yganidami…
ro‘zg‘or kamini to‘ldirish ilinjida
qo‘llari qaychining izidan qavarganidami…
badanlari kaltakning dastidan ezilganidami…
o‘z uyda, poygakda, begonadek uyalib, tortinib,
o‘zi pishirgan nonga qo‘l uzatganidami…
bolalarining hayoti shirin bo‘lsin deb,
xaltadan tikib olgan katta sumkasidan
birini yelkasida, birini qo‘lida ko‘targancha
zil-zambil qovunlarni
uyiga tashib kelgan erkaksifat ayol
uzum donalarini kaftida g‘ijimlarkan
o‘ylardi…
Bolalik
qachon boshlangandi, qachon tugagandi…

NUR TASHRIFI

men yomg‘irdan olib bo‘sa,
ko‘zyoshimni ho‘plab ko‘rdim.
oyog‘imga botsa ham tosh,
tosh ustida o‘ynab ko‘rdim.

gir aylandim, quloch yozib,
ruhim uchdi ko‘kka tomon.
nuqta bo‘lib ko‘rindi yer
asl hayot boshlangan on…

aql o‘chgan, his – ilohiy,
erka ruhim o‘ynab yurar.
yulduzlarni puflagancha
menga nedir qarab turar…

bu nimadir, keng bo‘shliqda
yashnab turar ulkan cho‘g‘ –
quyosh bilan birlashaman,
hayratdaman,
yonganim yo‘q!

qanotlarim o‘sib borar,
sizib borar yaltiroq nur!
ko‘rinmaydi biror narsa
faqat
nur,
nur,
nur!

RUHIMNI YAYRAT

To‘kilsa yuragim to‘kildi faqat,
Qalamdan qog‘ozga tomdi dardi hol.
G‘am-sitam o‘rlagan tundek qalbimga,
Hilol yog‘dusidan olib ber misqol.

Yaratgan, ruhimni bir lahza yayrat,
Kengligin his qilsin moviy osmonni.
Ohista tutibon eltay o‘zingga,
Tandagi omonat shu bitta jonni.

Sen ishq tulporiga bosib ber egar,
So‘ng uning jilovin tutayin mahkam.
Yo Robbiy, o‘zingdan o‘zini so‘rar,
Qismatini senga topshirgan odam!

TASHQARIDA

Tashqarida hamma notanish,
O‘ralashib yotaman dardga.
Ming xayollar qilmoqda sarxush,
Izg‘ib yurar tantiq ruh, yakka.

Olovlanar dil dardga asir,
Ko‘kdan shafaq yurakka ko‘chgan.
Umr mezon o‘lchovi ham sir,
Umid nomli ilinjlar o‘chgan.

Yemirilar asov bardoshim,
Behalovat yuragim xasta.
Zalvorli yuk dunyoning toshi,
Bo‘g‘zimgacha tiqilar asta.

Ezilaman, ololmam nafas,
Ruh istaydi moviy kenglikni.
Endi borib, qog‘ozga emas,
Oq bulutga yozgum bitikni.

Va nihoyat yo‘rgaklandi tan,
Allalaydi dunyo beshigi.
Men bir umr orziqib kutgan,
Ochilyapti samo eshigi.

Tashqarida hamma notanish…

SЕVDIM

Niholman, shamolda ketmadim sinib,
Kutaman, yomg‘irlar qoladi tinib,
Yurganda changlari egniga inib,
Bobom shudgor qilgan zaminni sevdim.

Qasam ich, dedilar, rostini so‘zla,
Dedim, otar bo‘lsang manglayni ko‘zla,
Tuproqni bezagan xazonlar uzra,
Momom mangu yotgan zaminni sevdim.

Yo‘llarga sochildim, borimni to‘kdim,
Goh she’rga aylandim, o‘qib o‘tdi kim…
Aning borligini kuzatganda jim,
Falak yulduz otgan zaminni sevdim.

BORAR MANZIL QAYON

Yana tun boshlandi, yana bedorlik,
Bir lahza orom yo‘q, ololmasman tin.
Yana sog‘inchingda jonim bemorlik,
Shu qadar uzoqsan, shu qadar yaqin…

Yomg‘ir yog‘averar yurakni ezib,
Go‘yo tomchilari sen haqda so‘ylar.
Quruq xayollardan ketganman bezib,
Men seni o‘ylayman, meni kim o‘ylar…

O, toshloq ko‘chalar – loyga qorishiq,
Poyafzal teshikdir, shilta soyabon.
Yo‘lda ko‘lmaklarga aytsam men qo‘shiq,
Tomchilar raqsga tushadi, ishon.

Peshonamga oliy baxt bor ehtimol,
Yomg‘ir isi ingan tuproq qucharman.
Borar manzil qayon, janub yo shimol,
Ehtimol, qush bo‘lib ko‘kka ucharman…

YURAGIMDA BIR SO‘Z LOVULLAR

Jilovlanmas hislarim yengib,
Yuragimda bir So‘z lovullar.
Navoiydek topilmas tengi,
Shoiri yo‘q yurtlar huvillar.

Sukut saqlab bo‘lmaydi ortiq,
Turkistonga bo‘laylik roviy.
«Buyuk Tarix» qilmoqda tortiq-
Samarqandda Imom Buxoriy!

Tushlarimda ko‘k ko‘rpasidan,
Yulduz sochgan Mirzo Ulug‘bek.
Poyi Kalon qobirg‘asidan,
Dunyolarga tanilgan o‘zbek!

Men bir oddiy Kitobning qizi,
O‘tdim maysa sochin shonalab.
Tog‘larida payg‘ambar izi,
Toshlarini terdim donalab…

Ko‘zni olar ko‘kda mis tanga,
Kunduzlari beribdi chiroy.
Kechalari muallaq turgan –
Baldog‘imga o‘xshar to‘lin oy!

Erkinlikning zavqu shavqida,
Yashayapman qalbimda jannat.
To o‘lguncha Vatan ishqida,
Yonmoqlikning o‘zi katta baxt!

ENDI YIG‘LAMAYMAN

Ko‘cha sovuq…
Atrof jim-jit!
Tillo rang bargini to‘kib,
yalang‘och yashashga mahkum bo‘layotgan daraxtlarda
mahzunlik kayfiyati tobora
avj olib borar ekan,
serg‘avg‘o umrimning so‘nggi faslini
kuzatayotgandekman go‘yo!

Yana kim bilsin?!.

Bulutlar ortida asir bo‘lib turgan quyosh,
sekin mo‘ralab,
zarrin nurini bir sochadi-yu,
yana g‘oyib bo‘ladi.
Dardi ko‘p oshiqdek tinmayotgan shamol
hamon sochlarimni
u yoqdan bu yoqqa tortqilash bilan ovora.

Men suyangan bir tog‘ quladi.
Bu muhabbat tog‘i,
Bu ishq tog‘i edi.
Endi esa undan faqatgina dog‘ qoldi xolos.

Qalbimda mungli sukunat ila
sovuqdan achishayotgan ko‘zlarimdagi
yoshni arta turib,
o‘z-o‘zimga sekin pichirlayman –

Endi yig‘lamayman!

SHOIRGA

Dard – ko‘ksingda qaynagan chog‘ir,
Holing abgor, hayoting xordir.
Bu kunlar ham o‘tadi shoir,
Hasratingning adog‘i bordir…

Tomirlarda oqib tursin shan,
Nafaslaring cho‘g‘ bo‘lsin hatto.
Sekingina tomog‘ing qirgan,
Shiviringdan uyg‘onsin dunyo.

ENDI ORTGA QARAMASMAN

Endi ortga qaramasman bas,
Yo‘lingizga bo‘lmam intizor.
Kechalari dilsiyoh bo‘lib,
Ortiq siz deb yig‘lamasman yor!

Tuyg‘ularim jilovlab ko‘mdim,
Yuragimning chuqur qa’riga.
Sizdan qolgan xotiralarning,
Qo‘l siltagum bari-bariga.

Ishqni deya yongan bu ko‘ngil,
Qaytib ishqqa bosmagay qadam.
Yodga sizni begona etib,
O‘chirgayman ismingizni ham.

Qayg‘urmang hech yolg‘iz emasman,
Garchi sizdan bo‘lganman judo.
Orzulari beg‘ubor qizni,
Yolg‘izlatib qo‘ymagay Xudo!

YANA YOLG‘IZ…

Yana yolg‘iz yuribman daydib,
Titrab turar chap ko‘ksim hamon.
Endi senga qo‘shiqlar aytib,
Sen tomonga borishim yolg‘on!

Jonga davo – diydor qaydadir,
Ko‘rgin sensiz yashashga shayman.
Falaklardan navo qaytadir,
Chalar bo‘lsa arzirli nayman…

Yoqib borgum eshitgan jonga,
Tomirlarda qon kabi ilib.
Yetsang bo‘lar mendek yomonga,
Faqatgina ko‘kka termulib…

ONAMGA XAT

Xona dim. Holim tang, asablar tarang,
Soatning tovushi eshtilar chiq-chiq.
Orsiz sukunatning oromin buzib,
Qalamim stolga uraman tiq-tiq.

O, ona, shaharda ko‘p ekan chiroq,
Lek taskin bo‘lolmas bundayin chiroy.
Tunlari bu yerda ko‘rinmas menga,
Bizning supamizni yoritguvchi oy.

Toshkentni non shahri deganding ona,
Ammo non shahriga o‘xshamas hech ham.
Hammasidan shirin deyman shivirlab,
Ho‘o‘ tandir boshida yeb olgan kulcham…

Men tinmay so‘ylayman shahar haqida,
Sen esa jim turib tinglaysan har dam.
Bilmam xayolingdan o‘tadi nelar –
Toshkentni bir bora ko‘rmagan Onam!

Turmushning tashvishin yelkangga ortib,
Bilaman, biz uchun tinmaysan sira.
Men esa olisda seni sog‘inib,
Ko‘zyoshim mavjida oqaman, qara.

Ona, borganida shoira qizing,
Poyingga sochadi quchoq-quchoq she’r,
O‘tin yorib qadoq bo‘lmasin qo‘ling,
She’rlarimni yoqib, kulcha yopib ber!

52

(Tashriflar: umumiy 293, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring