Baxtiniso Mahmudova. She’rlar & Eshqobil Shukur. Baxtiniso she’rlarini o’qidim…& Yig’lamay qo’ydim. Baxtiniso Mahmudovaga bag’ishlov

0_1ba604_259cfad8_orig.png     Ёниқ шеърлари билан асл шеърият ихлосмандлари кўнглидан жой олган шоира Бахтинисо Маҳмудова тирик бўлганида роппа-роса 30 ёшга бўлган бўларди. Бахтинисодан қолган барча шеърларда ёруғ Изтироб, Умид, Меҳр ва Муҳаббат балқиб туради. Ҳар бир сатрида кўнглининг ёруғ ва самимий табассуми акс этарди. Унинг оғир хасталик туфайли ҳаётдан эрта кетиши кўпчилик дўстлари қатори мениям бениҳоят изтиробга солди. Аммо, вақт ўтар экан Бахтинисо қизимнинг ёнимдан кетмаганини сезяпман. Унинг тирик нафасини шеърларида илғаяпман. Бахтинисонинг охирати обод бўлсин!

БАХТИНИСО ШЕЪРЛАРИНИ ЎҚИДИМ…
Эшқобил Шукур
001

033Бахтинисонинг бир туркум шеърларини ўқидим.Очиғи, бу шеърлардан сўнг бирдан бошқача бўлиб қолдим. Кўнглимда аллақандай ўзгариш сездим. Мен чин маънодаги шеърлар билан учрашиб қолган эдим. Улар менинг кунлик ўйларимдан ғолиб келган эди. Бу шеърларда Самимият билан бошқатдан танишасиз, ёруғ Изтироб билан, Меҳр ва Муҳаббат билан Бахтинисонинг қалби тавсиясида учрашасиз. Меҳр ва Изтироб билан учрашмаганингизга ҳам анча бўлиб қолгандир. Бу қалб сизни Қайғу билан ҳам кулиб таништиради. Мен шоира кўнглининг ёруғ табассумини ҳис этаяпман. Ҳаммаси рост, ҳаммаси кўнгил сатрлари. Мен бу шеърларни ўқиётиб, Бахтинисонинг қалбини кўраяпман, Бахтинисонинг ўзини англаяпман. Муҳими шу!

P.S. Қуйида Бахтинисонинг шеърларидан айрим сатрларни келтираман. Уларни туркумдаги шеърлар билан яхлит ҳолда ўқисангиз шеърнинг ва сатрнинг кучини аниқ ҳис этасиз.

1.Мудом титрар эди қарасам, —
Қанотларинг гуллаб кетгандир…

2. Ўзини оқлолмай йиғлайди эшик…

3. Кўзларим қайтади намозшом бўлиб…

4. Онам, дардинг қандай олайин,
Гулламасдан тўкилган бўлсам…

5. … кунларимгамас,
Тушларимга шошиб кираяпти тонг…

6. Тушунсанг-чи, дунёга малол,
Менинг ғамгин безовталигим…

7. Сиз ранжиманг, тушунинг ахир,
Мен бахт эмас, Бахтинисоман…

Эшқобил Шукур
БАХТИНИСО БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

Ҳурдай келиб, ҳурдай кетдинг, Бахтинисо,06
Йўл қоронғи, нурдай кетдинг, Бахтинисо.

Ой юзингда табассумлар ойдай балқарди,
Сен сўзласанг, муз юраклар, тошлар қалқарди.

Исминг-да Бахт, Қайғу қизи, Бахтинисо,
Армон деган туйғу қизи, Бахтинисо.

Момо десанг, момо ҳаёт тўкилар эди,
Бобо тоғлар “Қизим…” дея эгилар эди.

Кўзларингда тўкилмаган ёшларинг қолди,
Кўнглинг тўла далаларинг, даштларинг қолди.

Сен қайғунинг бахтимидинг, Бахтинисо
Бахт ва фожеъ аҳдимидинг, Бахтинисо?

Алвидолар оташида куймоқда кўнглим,
Алвидо, шеър муштипари, меҳрибон синглим.

Ҳур малаклар сенга соғлиқ, қанот ҳозирлар,
Соғ-саломат оёқ-қўллар, ҳаёт ҳозирлар.

Кетар бўлдинг талотўпдан саришталарга,
Одамзотдан саломлар айт фаришталарга.

Ҳурдай келиб, ҳурдай кетдинг, Бахтинисо,
Олис йўлга нурдай кетдинг, Бахтинисо.

06.01.2019

Бахтинисо МАҲМУДОВА
ШЕЪРЛАР
001

  Бахтинисо Маҳмудова 1993 йил 31 октябрда  Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида  туғилган. “Юрт келажаги – 2015” иқтидорли ёшлар танлови ғолибаси. “Ҳовучдаги юрак”, “Уфққа йўл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида мунтазам ёритилган. 2019 йилнинг 6 январида Туркияда ўтказилган оғир жарроҳлик амалиётидан 3 кун ўтиб Туркияда оламдан ўтди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

001

***

Омонмисан, бахтиёрмисан?Ashampoo_Snap_2017.06.21_21h06m08s_016_.png
Парвозларинг ҳануз ўктамдир?!
Мудом титрар эди қарасам-
Қанотларинг гуллаб кетгандир?!

Ҳануз озод бўлсанг бўлгани!
Умринг олиб учавер сархуш,
Юрагимга келиб қўнгану,
Кўзларимдан учиб кетган қуш!

***

Гўдак ухламади бу кеча,
Кўзларини юммади Аёл.
Маҳзунгина айтилди алла,
Маъюсгина титради шамол.

Аллалардан ухлаб қолди тонг,
Хушёр эди осмоннинг гарди-
Бўзарган уфқ ҳорғин Аёлнинг
Кўзларидан боқиб турарди.

…дан сўнг

Бетартиб, кимсасиз қолган хонамда
Оқланган деворлар юради изғиб.
Бу бўм-бўш қадаҳлар шовқинни ичган,
Кечиккан таомлар турар ичикиб.

Дераза суяниб дарпардаларга,
Осмонлар ҳақида айтади қўшиқ.
Оппоқ деворларнинг қаршисида, жим
Ўзини оқлолмай йиғлайди эшик.

***

Агарда қайтмасам…
Кузги боғларга
Бир насим бўламан, чекинар оғриқ.
Кўзимнинг олдида юксаласан сен,
Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга,
Қайғулар кўксимни топтамас бевақт.
Менинг юрагимда чайқалар дунё,
Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам,
Қайтолмасам мен,
Яна жим кетаман нурафшон бўлиб.
Бир ичкин нолада, эзгин нолада
Кўзларим қайтади намозшом бўлиб..

***

Настаринлар гулини тўкса,
Ғам чекасан: «Ҳаёт-бешафқат!»
Дарахтларга қарайсан ўксиб,
Юрагимга боқмагин фақат.

Ахир, куннинг ботиши тайин,
Офтобида яшаб қол бир дам.
Онам, дардинг қандай олайин,
Гулламасдан тўкилган бўлсам?!

***

Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар,
Нигоҳлари сўлим, оҳанги сокин.
Лек сингиб қўйгандир менга шамоллар,
Юрагимда шовқин, руҳимда шовқин.

Бу илҳақ овозлар кимларнинг исми?
Ҳаёт қайси дилдан чалаяпти бонг?
Ҳаддидан ўтолмай, кунларимгамас,
Тушларимга шошиб кираяпти тонг.

Мен ҳам шошаяпман, бетоқат, бесўз,
Қадамин тезлатар кўзимдаги ёш.
Фақат… кетмаса-ю боғлардан баҳор,
Ботгани шошмаса бўлдийди қуёш.

Турналар қайтади, ҳа, улар қайтар,
Келарим, кетарим бир йўл менинг ҳам.
Сени ўз ҳолингча кўрмасин дунё,
Юзингни бекитгин, бекит, пешонам.
Бир гўзал қўшиқлар куйлагим келар…

***

Эртароқ қайт,
Қайтаринг бўлса,
Шамоллар ҳам топди-ку қўним.
Сокин тортиб қолди япроқлар,
Дарахтларни қўрқитмас ўлим.

О, бу қушлар бунча хотиржам!
Бунчалар тинч оқади сойлар.
На тўлқин бор, на-да битта мавж,
Ё уйқуга кетдими улар?!

Сен қайларда юрибсан тентиб?
Қаерларда олаяпсан тин?
Тушунсангчи, дунёга малол-
Менинг ғамгин безовталигим!

Эртароқ қайт…

***

Мен — саҳарман, мен — шомман,
Мен — баҳорман, мен — кузман.
Ўпкалама, ранжима,
Гоҳ кеча, гоҳ кундуздан.

Лаҳзалар шундай ғамгин,
Лаҳзалар шундай шодон.
Фасллар ҳорғин-ҳорғин,
Ўйчан-ўйчан тўрт томон.

Уфқларингга тикилсам,
Кўзларим ёшланади.
“Яшаш мумкин жой борми?!”
Юрагим фошланади.

Кўзларингдан айланай,
Жоним менинг, муҳаббат.
Йиғимда сарсон кезган
Ҳолим менинг, муҳаббат.

Қисматнинг оҳангига
Осон тушиб бўлмайди.
Жанглар кетса, руҳингга
Оғу қўшиб бўлмайди.

Муҳаббат, жон муҳаббат,
Дунёйим тўла тилсим.
Ўпкалама, ранжима,
Сендан олдин йиқилсам.

Отам турган томонлар,
Онам юрган довонлар
Менга олис кўринар,
Менга ожиз кўринар,

Кифтлари тўла бахтлар,
Кафтлари тўла нақдлар
Менга ҳиссиз туюлар,
Менга изсиз туюлар,

Ўзимга келган кўнглим,
Ўзимдан келган кўнглим
Сенга қадар кетгандай,
Мангу бадар кетгандай.

Кўзларингдан айланай,
Жоним менинг, муҳаббат.
Оғриқларим, шонларим,
Борим менинг, муҳаббат.

Ўпкалама, ранжима…

***

Рангин тушлар кўринг, азизим,
Рангин бўлсин дунёларингиз.
Меникидир оқ ва қоралар,
Меникидир энди ёдингиз.

Энди менман хатодан адо,
Энди мен- энг тоза жазоман.
Сиз ранжиманг, тушунинг, ахир
Мен бахт эмас, Бахтинисоман.

Гоҳ бездирса, оқ-у қоралар,
Дил йиғласа мендан нарида.
Рангин қўшиқ куйласангиз бас,
Юрагимнинг қиблаларида.

***

Заминнинг кўзига жойлашганимда,
Юрагимни тутса, қушлар кўз ёши.
Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан
Айланиб кетганда дунёнинг боши.

Мезонлари менга — сафарга чиқса,
Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса.
Дарахт одам бўлиб, сабо тилида
Нафасларим билан гаплашаверса.

Дард ёмғирдай юзга тўкилганида
Бошимни силаса Айюб бардоши.
Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,
Ғашланиб ботганда руҳим қуёши,
Сиз етиб келасиз орзулар билан…

***

Бу шамоллар — тиним билмайди,
Бу шамоллар — эрка шамоллар.
Тўрт фаслида юрса ҳам дайдиб,
Адирлари олмас малоллар.

О, мен шамол эдим бир пайтлар,
Қирларида сапчиб ўйнаган.
Куйим ўсди… кўпайди дардлар,
Ва… ўйлаганим ўйлаган.

Дунёларим оддийдан оддий,
Мен ҳам малол билмасман, нетдим.
Сен ҳам битта эрка шамолдай,
Юрагимда эсдингу кетдинг.

***

Сендан кетдим…
Изимни ёмғирлар ўчириб кетди.
Қалбимда бир совуқ бўрон турди-ю,
Онам рўмолини учириб кетди.

Вақт-дармон, дебдилар, аммо сезмадим,
Ёки сафарига қилмадим тоқат.
Мана ҳаётлигим билдирар ҳамон,
Менинг чап кўксимда занглаган соат.

Гоҳо эзгин ҳислар этганида банд,
Гоҳ кўнгил бўлганда вужудга бешик.
Ва шундай оғриниб ортимга боқсам,
Мени чорламагин, бекилган эшик!

Ватан

Мен шеърдай ўқидим дарахтларини,
Ёдладим баргининг холларигача.
Заминин баҳор деб, дунёни куз деб,
Қучдим ёзларию қорларигача.

Кўзимни нимадир авайлаб ўпди –
Шамол бўсасида ёнди киприклар.
Икки жаҳонларни туташтиргудай
Юрагимга ундан бунёд кўприклар.

Бобомни кўраман тоғига қараб,
Момомнинг кафтига ўхшар ҳаёти.
Уйқумга кўчгани сира тушлармас, –
Даладан дил терган қушлари ёди.

Бошоққа бойланиб ўсар умрлар,
Юлғундай шохланиб, ростланар деҳқон.
Хоҳласа, тандирдай гуллайди тупроқ,
Хоҳласа, ёмғирдай тўкилар осмон.

Бу афсунни кимдан ўрганди экан?
Нурлар тўшаб борар қуёш изига.
Кошки, ватан бўлсам кўнглимдан ўтган
Улуғвор Ватаннинг битта ҳисига…

Кутубхонамиздаги Бахтинисога бағишланган саҳифаларни ўқинг:
Baxtiniso Mahmudova. Xudo va yig’i
Baxtiniso Mahmudova. She’rlar va Suhbat
Halima Ahmedova. Menga o’sha quyoshni yubor. Baxtinisoga maktub
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar & Eshqobil Shukur. Baxtiniso she’rlarini o’qidim…
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar
Abdunabi Boyqo’ziyev. Baxtinisoga maktub
Baxtiniso Mahmudova. She’rlar

Yoniq she’rlari bilan asl she’riyat ixlosmandlari ko‘nglidan joy olgan shoira Baxtiniso Mahmudova tirik bo‘lganida roppa-rosa 30 yoshga bo‘lgan bo‘lardi. Baxtinisodan qolgan barcha she’rlarda yorug‘ Iztirob, Umid, Mehr va Muhabbat balqib turadi. Har bir satrida ko‘nglining yorug‘ va samimiy tabassumi aks etardi. Uning og‘ir xastalik tufayli hayotdan erta ketishi ko‘pchilik do‘stlari qatori meniyam benihoyat iztirobga soldi. Ammo, vaqt o‘tar ekan Baxtiniso qizimning yonimdan ketmaganini sezyapman. Uning tirik nafasini she’rlarida ilg‘ayapman. Baxtinisoning oxirati obod bo‘lsin!

BAXTINISO SHE’RLARINI O‘QIDIM…
Eshqobil Shukur
001

099Baxtinisoning bir turkum she’rlarini o‘qidim.Ochig‘i, bu she’rlardan so‘ng birdan boshqacha bo‘lib qoldim. Ko‘nglimda allaqanday o‘zgarish sezdim. Men chin ma’nodagi she’rlar bilan uchrashib qolgan edim. Ular mening kunlik o‘ylarimdan g‘olib kelgan edi. Bu she’rlarda Samimiyat bilan boshqatdan tanishasiz, yorug‘ Iztirob bilan, Mehr va Muhabbat bilan Baxtinisoning qalbi tavsiyasida uchrashasiz. Mehr va Iztirob bilan uchrashmaganingizga ham ancha bo‘lib qolgandir. Bu qalb sizni Qayg‘u bilan ham kulib tanishtiradi. Men shoira ko‘nglining yorug‘ tabassumini his etayapman. Hammasi rost, hammasi ko‘ngil satrlari. Men bu she’rlarni o‘qiyotib, Baxtinisoning qalbini ko‘rayapman, Baxtinisoning o‘zini anglayapman. Muhimi shu!

P.S. Quyida Baxtinisoning she’rlaridan ayrim satrlarni keltiraman. Ularni turkumdagi she’rlar bilan yaxlit holda o‘qisangiz she’rning va satrning kuchini aniq his etasiz.

1.Mudom titrar edi qarasam, —
Qanotlaring gullab ketgandir…

2. O‘zini oqlolmay yig‘laydi eshik..

3. Ko‘zlarim qaytadi namozshom bo‘lib…

4. Onam, darding qanday olayin,
Gullamasdan to‘kilgan bo‘lsam…

5. … kunlarimgamas,
Tushlarimga shoshib kirayapti tong…

6. Tushunsang-chi, dunyoga malol,
Mening g‘amgin bezovtaligim…

7. Siz ranjimang, tushuning axir,
Men baxt emas, Baxtinisoman…

Eshqobil Shukur
BAXTINISO BILAN XAYRLASHUV

Hurday kelib, hurday ketding, Baxtiniso,
Yoʻl qorongʻi, nurday ketding, Baxtiniso.

Oy yuzingda tabassumlar oyday balqardi,
Sen soʻzlasang, muz yuraklar, toshlar qalqardi.

Isming-da Baxt, Qaygʻu qizi, Baxtiniso,
Armon degan tuygʻu qizi, Baxtiniso.

Momo desang, momo hayot toʻkilar edi,
Bobo togʻlar “Qizim…” deya egilar edi.

Koʻzlaringda toʻkilmagan yoshlaring qoldi,
Koʻngling toʻla dalalaring, dashtlaring qoldi.

Sen qaygʻuning baxtimiding, Baxtiniso
Baxt va fojeʼ ahdimiding, Baxtiniso?

Alvidolar otashida kuymoqda koʻnglim,
Alvido, sheʼr mushtipari, mehribon singlim.

Hur malaklar senga sogʻliq, qanot hozirlar,
Sogʻ-salomat oyoq-qoʻllar, hayot hozirlar.

Ketar boʻlding talotoʻpdan sarishtalarga,
Odamzotdan salomlar ayt farishtalarga.

Hurday kelib, hurday ketding, Baxtiniso,
Olis yoʻlga nurday ketding, Baxtiniso.

06.01.2019

Baxtiniso MAHMUDOVA
SHE’RLAR
001

Baxtiniso Mahmudova 1993 yil 31 oktyabrda Qashqadaryo viloyatining Chiroqchi tumanida tugʻilgan. “Yurt kelajagi – 2015” iqtidorli yoshlar tanlovi gʻolibasi. “Hovuchdagi yurak”, “Ufqqa yoʻl” nomli sheʼriy toʻplamlari nashr etilgan. Sheʼrlari “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifalarida muntazam yoritilgan. 2019 yilning 6 yanvarida Turkiyada oʻtkazilgan ogʻir jarrohlik amaliyotidan 3 kun oʻtib Turkiyada olamdan oʻtdi. Alloh rahmatiga olgan boʻlsin.

001

***

Omonmisan, baxtiyormisan?
Parvozlaring hanuz o‘ktamdir?!
Mudom titrar edi qarasam-
Qanotlaring gullab ketgandir?!

Hanuz ozod bo‘lsang bo‘lgani!
Umring olib uchaver sarxush,
Yuragimga kelib qo‘nganu,
Ko‘zlarimdan uchib ketgan qush!

***

Go‘dak uxlamadi bu kecha,
Ko‘zlarini yummadi Ayol.
Mahzungina aytildi alla,
Ma’yusgina titradi shamol.

Allalardan uxlab qoldi tong,
Xushyor edi osmonning gardi-
Bo‘zargan ufq horg‘in Ayolning
Ko‘zlaridan boqib turardi.

…dan so‘ng

Betartib, kimsasiz qolgan xonamda
Oqlangan devorlar yuradi izg‘ib.
Bu bo‘m-bo‘sh qadahlar shovqinni ichgan,
Kechikkan taomlar turar ichikib.

Deraza suyanib darpardalarga,
Osmonlar haqida aytadi qo‘shiq.
Oppoq devorlarning qarshisida, jim
O‘zini oqlolmay yig‘laydi eshik.

***

Agarda qaytmasam…
Kuzgi bog‘larga
Bir nasim bo‘laman, chekinar og‘riq.
Ko‘zimning oldida yuksalasan sen,
Ko‘zimning oldida ulg‘ayar borliq.

Men singib boraman maysaga, yerga,
Qayg‘ular ko‘ksimni toptamas bevaqt.
Mening yuragimda chayqalar dunyo,
Mening ovozimda chuchkirar daraxt.

Agarda qaytmasam,
Qaytolmasam men,
Yana jim ketaman nurafshon bo‘lib.
Bir ichkin nolada, ezgin nolada
Ko‘zlarim qaytadi namozshom bo‘lib..

***

Nastarinlar gulini to‘ksa,
G‘am chekasan: “Hayot-beshafqat!”
Daraxtlarga qaraysan o‘ksib,
Yuragimga boqmagin faqat.

Axir, kunning botishi tayin,
Oftobida yashab qol bir dam.
Onam, darding qanday olayin,
Gullamasdan to‘kilgan bo‘lsam?!

***

Bir go‘zal qo‘shiqlar kuylagim kelar,
Nigohlari so‘lim, ohangi sokin.
Lek singib qo‘ygandir menga shamollar,
Yuragimda shovqin, ruhimda shovqin.

Bu ilhaq ovozlar kimlarning ismi?
Hayot qaysi dildan chalayapti bong?
Haddidan o‘tolmay, kunlarimgamas,
Tushlarimga shoshib kirayapti tong.

Men ham shoshayapman, betoqat, beso‘z,
Qadamin tezlatar ko‘zimdagi yosh.
Faqat… ketmasa-yu bog‘lardan bahor,
Botgani shoshmasa bo‘ldiydi quyosh.

Turnalar qaytadi, ha, ular qaytar,
Kelarim, ketarim bir yo‘l mening ham.
Seni o‘z holingcha ko‘rmasin dunyo,
Yuzingni bekitgin, bekit, peshonam.
Bir go‘zal qo‘shiqlar kuylagim kelar…

***

Ertaroq qayt,
Qaytaring bo‘lsa,
Shamollar ham topdi-ku qo‘nim.
Sokin tortib qoldi yaproqlar,
Daraxtlarni qo‘rqitmas o‘lim.

O, bu qushlar buncha xotirjam!
Bunchalar tinch oqadi soylar.
Na to‘lqin bor, na-da bitta mavj,
Yo uyquga ketdimi ular?!

Sen qaylarda yuribsan tentib?
Qayerlarda olayapsan tin?
Tushunsangchi, dunyoga malol-
Mening g‘amgin bezovtaligim!

Ertaroq qayt…

***

Men — saharman, men — shomman,
Men — bahorman, men — kuzman.
O‘pkalama, ranjima,
Goh kecha, goh kunduzdan.

Lahzalar shunday g‘amgin,
Lahzalar shunday shodon.
Fasllar horg‘in-horg‘in,
O‘ychan-o‘ychan to‘rt tomon.

Ufqlaringga tikilsam,
Ko‘zlarim yoshlanadi.
“Yashash mumkin joy bormi?!”
Yuragim foshlanadi.

Ko‘zlaringdan aylanay,
Jonim mening, muhabbat.
Yig‘imda sarson kezgan
Holim mening, muhabbat.

Qismatning ohangiga
Oson tushib bo‘lmaydi.
Janglar ketsa, ruhingga
Og‘u qo‘shib bo‘lmaydi.

Muhabbat, jon muhabbat,
Dunyoyim to‘la tilsim.
O‘pkalama, ranjima,
Sendan oldin yiqilsam.

Otam turgan tomonlar,
Onam yurgan dovonlar
Menga olis ko‘rinar,
Menga ojiz ko‘rinar,

Kiftlari to‘la baxtlar,
Kaftlari to‘la naqdlar
Menga hissiz tuyular,
Menga izsiz tuyular,

O‘zimga kelgan ko‘nglim,
O‘zimdan kelgan ko‘nglim
Senga qadar ketganday,
Mangu badar ketganday.

Ko‘zlaringdan aylanay,
Jonim mening, muhabbat.
Og‘riqlarim, shonlarim,
Borim mening, muhabbat.

O‘pkalama, ranjima…

***

Rangin tushlar ko‘ring, azizim,
Rangin bo‘lsin dunyolaringiz.
Menikidir oq va qoralar,
Menikidir endi yodingiz.

Endi menman xatodan ado,
Endi men- eng toza jazoman.
Siz ranjimang, tushuning, axir
Men baxt emas, Baxtinisoman.

Goh bezdirsa, oq-u qoralar,
Dil yig‘lasa mendan narida.
Rangin qo‘shiq kuylasangiz bas,
Yuragimning qiblalarida.

***

Zaminning ko‘ziga joylashganimda,
Yuragimni tutsa, qushlar ko‘z yoshi.
Mening benaf, bedod og‘riqlarimdan
Aylanib ketganda dunyoning boshi.

Mezonlari menga — safarga chiqsa,
Yodimning ko‘nglida chalkashaversa.
Daraxt odam bo‘lib, sabo tilida
Nafaslarim bilan gaplashaversa.

Dard yomg‘irday yuzga to‘kilganida
Boshimni silasa Ayyub bardoshi.
Majnuna hislardan iltifot kutib,
G‘ashlanib botganda ruhim quyoshi,
Siz yetib kelasiz orzular bilan…

***

Bu shamollar — tinim bilmaydi,043
Bu shamollar — erka shamollar.
To‘rt faslida yursa ham daydib,
Adirlari olmas malollar.

O, men shamol edim bir paytlar,
Qirlarida sapchib o‘ynagan.
Kuyim o‘sdi… ko‘paydi dardlar,
Va… o‘ylaganim o‘ylagan.

Dunyolarim oddiydan oddiy,
Men ham malol bilmasman, netdim.
Sen ham bitta erka shamolday,
Yuragimda esdingu ketding.

***

Sendan ketdim…
Izimni yomg‘irlar o‘chirib ketdi.
Qalbimda bir sovuq bo‘ron turdi-yu,
Onam ro‘molini uchirib ketdi.

Vaqt-darmon, debdilar, ammo sezmadim,
Yoki safariga qilmadim toqat.
Mana hayotligim bildirar hamon,
Mening chap ko‘ksimda zanglagan soat.

Goho ezgin hislar etganida band,
Goh ko‘ngil bo‘lganda vujudga beshik.
Va shunday og‘rinib ortimga boqsam,
Meni chorlamagin, bekilgan eshik!

Vatan

Men she’rday o‘qidim daraxtlarini,
Yodladim bargining xollarigacha.
Zaminin bahor deb, dunyoni kuz deb,
Quchdim yozlariyu qorlarigacha.

Ko‘zimni nimadir avaylab o‘pdi –
Shamol bo‘sasida yondi kipriklar.
Ikki jahonlarni tutashtirguday
Yuragimga undan bunyod ko‘priklar.

Bobomni ko‘raman tog‘iga qarab,
Momomning kaftiga o‘xshar hayoti.
Uyqumga ko‘chgani sira tushlarmas, –
Daladan dil tergan qushlari yodi.

Boshoqqa boylanib o‘sar umrlar,
Yulg‘unday shoxlanib, rostlanar dehqon.
Xohlasa, tandirday gullaydi tuproq,
Xohlasa, yomg‘irday to‘kilar osmon.

Bu afsunni kimdan o‘rgandi ekan?
Nurlar to‘shab borar quyosh iziga.
Koshki, vatan bo‘lsam ko‘nglimdan o‘tgan
Ulug‘vor Vatanning bitta hisiga…

Kutubxonamizdagi Baxtinisoga bagʻishlangan sahifalarni oʻqing:
Baxtiniso Mahmudova. Xudo va yigʻi
Baxtiniso Mahmudova. Sheʻrlar va Suhbat
Halima Ahmedova. Menga oʻsha quyoshni yubor. Baxtinisoga maktub
Baxtiniso Mahmudova. Yangi sheʻrlar
Baxtiniso Mahmudova. Yangi sheʻrlar & Eshqobil Shukur. Baxtiniso sheʻrlarini oʻqidim…
Baxtiniso Mahmudova. Yangi sheʻrlar
Abdunabi Boyqo’ziyev. Baxtinisoga maktub
Baxtiniso Mahmudova. Sheʻrlar

Sahifa O’zbekiston xalq rassomi Akmal Nur asarlari bilan bezatildi.

002

(Tashriflar: umumiy 16 959, bugungi 1)

3 izoh

  1. She’rlari juda ham qaynoq ekan! Sel qildi yuragimni. Oxiratlari obod bólsin!

  2. Афсус…
    Бу шоирани шеърларини илк бор ‘Китоб Дунёси’да ўқиган эдим.Ажойиб талант…
    Сўнги манзиллари обод бўлсин.

Izoh qoldiring