Xurshid Davron «She’r va shuur» ko’rsatuvida & Eshqobil Shukur. She’rda ustoz vijdondir faqat…& Xurshid Davron. Qaqnus

0_1496b3_a5974a15_orig.png20 январ — Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон таваллудининг 65 йиллиги

   70-йиллардаги ўзбек шеъриятини “жасорат шеърияти” десак муболаға бўлмайди. Бу авлод адабиётнинг атмосферасини ўзгартириб юборди. Наср ва назмда об-ҳаво янгиланди. Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон… Улар 60-йиллардаги катта адабий кўтарилишнинг давоми, аниқроғи, гўзал якуни сифатида майдонга келдилар. Адабиёт – миллат овози эканлигини улар яна бир карра исботлаб бердилар. Чунки, уларнинг асарларида халқ қалбининг туб-тубида кўмилиб ётган озодлик туйғулари бетонни ёриб чиққан гиёҳдек бўй кўрсата бошлади. Чўлпон, Фитратларнинг армонлари улар ижодида қайта ниш урди. Айни шу “жасорат шеърияти”нинг вакилларидан бири – Хуршид Даврон бўлди.

Эшқобил ШУКУР
ШЕЪРДА УСТОЗ ВИЖДОНДИР ФАҚАТ…
054

Унинг китобларини ўқий туриб, бир фикрга келасиз: У майда ҳиссиётлар куйчиси эмас, у катта туйғулар шоири!

Ҳар қандай шовқин-сурон ва ғала-ғовур ичидан ҳам унинг сокин овозини таниса бўлади. Чунки, унинг ҳар бир шеърида юрт қайғуси, ватан дарди, эрк туйғуси бор. “Шеърда баъзан ҳаводек зурур, “Эрк” сўзига қофия “қасос”, “Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър”. Бу сатрларни у ўттиз йил аввал, 1979 йилда ёзган. Бу пайтларда озодлик ва юрт ҳақидаги гапларни нафасингни ичингга ютиб гапирардинг. Ё гапирмай қўя қолардинг…

0 Xurshid-Davron a.JPG70 йиллардаги ўзбек шеъриятини “жасорат шеърияти” десак муболаға бўлмайди. Бу авлод адабиётнинг атмосферасини ўзгартириб юборди. Наср ва назмда об-ҳаво янгиланди. Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон… Улар 60 йиллардаги катта адабий кўтарилишнинг давоми, аниқроғи, гўзал якуни сифатида майдонга келдилар. Адабиёт – миллат овози эканлигини улар яна бир карра исботлаб бердилар. Чунки, уларнинг асарларида халқ қалбининг туб-тубида кўмилиб ётган озодлик туйғулари бетонни ёриб чиққан гиёҳдек бўй кўрсата бошлади. Чўлпон, Фитратларнинг армонлари улар ижодида қайта ниш урди. Айни шу “жасорат шеърияти”нинг вакилларидан бири – Хуршид Даврон бўлди.

— Мунча қўрқоқ бўлмасанг, дўстим,
— Нетай ахир мен эрксиз ўсдим.

Рост гап! Эрксиз ўсган одамлар қўрқоқ ва журъатсиз бўладилар. Чунки, уларнинг руҳидаги устун синдирилган бўлади. Қўрқоқ ва журъатсиз руҳ сотқинлик ва хоинликка мойил бўлади.“Номардни қўрқув яратади.”, “Қўрқмасдан қадам ташла, ер жуда қаттиқ”, “Менинг ўғлим қўрқар фашистдан”, “Бу одам китобнинг ўзидан эмас, Китобда битилган Сўздан қўрқади.” “Дуч келишдан қўрқади балки Қодирийга ёки Чўлпонга”, “Қул бошини тутганидек хам қўрқув ютиб ўтиравердим”. Бу сатрлар Хуршид Давроннинг турли йилларда ёзилган турли шеърларидан келтирилди. Уларда қўрқувга қарши исён бўлиб жаранглаган сатрларга кўп дуч келасиз. Ҳолбуки, қўрқув бутун бошли тузум эди. Мавжуд салтанат ҳам Қўрқув салтанати эди. Зеро, шоирнинг қўрқув ичида жонини ҳовучлаб ўтирган миллатига мурожаати эди бу сатрлар. “Атрофда тун, увиллар итлар, деразамдан боқар фашистлар” (1986)

Унинг “Баҳордан бир кун олдин” китобига киритилган 240 та шеърининг аксарияти ватан ва озодлик ҳақидаги шеърлар. Кўнглингда шу дард бўлмаса, бу мавзуда мунча кўп ва хўб ёзолмайсан. Бу катта ва оғир мавзу. Китобдаги лирик шеърларда ҳам, мозий мавзусидаги шеърларда ҳам асосан шу руҳ етакчилик қилади. Нега шундай? Чунки, бу авлод шоирларининг ўзлари тирик ғояларга айланган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг шеърлари шу ғояларнинг овози бўлиб янгради. Шеър қасам каби қалтис ва оғир нарса. Сўз билан ҳазиллашиб бўлмайди. Унинг илоҳий юки бор. Шунинг учун ҳам Суйима опа Ғаниева доим: “Ҳозирги шоирларимиз асар ёзиш маданиятини унутиб қўяяптилар. Навоий замонида бу маданият мукаммал шаклланган ва ўзининг қатъий қонун-қоидаларига эга бўлган» деб куйиниб юрадилар. Хуршид Даврон шеърни «Эрк учун қиличдек қўлга оламан” деб ёзганида унинг юкини теран ҳис этган. Чунки, ҳақиқий шеър ҳеч қачон майда-чуйда нарсаларнинг хизматкорига айланмайди.

Маҳмуд Қошғарийдан Навоийгача, Бобурдан Чўлпонгача, Ойбекдан Миркарим Осимгача не-не улуғларга бағишланган шеърлар бор «Баҳордан бир кун олдин” китобида. Улар фақат эҳтиром ва бағишловларгина эмас, бу шеърлар биз ўз улуғларимизга қалбнинг қайси нуқтасидан туриб қарашимиз кераклигини ўргатади.

Шоир уларга ижодининг илк давридан катта меҳр-муҳаббат билан қараган. Ўз халқининг тимсолларини уларда кўрган ва шу нуқтаи назар билан тасвирлаган. Ким нима деса десин-у, миллат улуғларини қадрламаган одам миллатини қадрлашни билмайди. Зеро Навоийга муҳаббати бўлмаган одамнинг ўзбек тилини севишига шубҳа бор. Қодирийни англамаган одам ўзбек руҳини англамайди. «Тарихни шахслар яратади” дейдилар, миллат қаддини ҳам шахслар кўтаради, маънавий қиёфасини ҳам улар белгилайди. Йўқса, Навоий замонидан бери қанчадан-қанча қозилар-у, қанчадан қанча миллионерлар ўтди. Лекин, тарих ҳам, ҳақиқат ҳам ўзбекнинг маънавий тимсоли сифатида Навоий ва унинг ҳаммаслакларини танлади.

Хуршид Давроннинг китобларини ўқий туриб, унинг буюк боболаримизга нисбатан меҳрига, муҳаббатига, самимий эҳтиромига ҳавасинг келади. Дейлик, биргина «Эй, тилим, эй, элим, эй она тупроқ” деб номланган сонетлар туркумида Маҳмуд Қошғарийдан Мақсуд Шайхзодагача 14та шоирга бағишланган шеър бор. Дарҳақиқат, она тилимиз тараққиётини уларнинг ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг 1970 йилда ёзган “Қодирийнинг сўнгги сурати” шеърида: “Йўлларимда учраса хато, Қийнаб қўйса элим ҳасрати, Келиб сендан тилайман паноҳ, Қодирийнинг сўнгги сурати” деган сатрлар бор. Бу мисралардан кўриниб турибдики, эндигина йигирма ёшни тўлдирган шоир адабиётга ва ҳақиқатга садоқат йўлини танлаган эди. Бўлмаса, у юқоридаги шеърида паноҳни партиядан тилаб, Қодирийнинг эмас-да, Лениннинг суратига тавалло қиларди. Ўша пайтларда бунинг учун уни ҳеч ким айбситмаган, аксинча олқишлаган бўларди.

Кимга қандай билмадим-у, лекин ўтган шоирлар билан (ҳатто улар ўн аср олдин ўтиб кетган бўлсалар-да,) замон шоирлари ўртасида аниқ руҳий боғлиқлик бор, уларни боғлаб турадиган кўзга кўринмас ришталар мавжуд. Эҳтимол, айни шу боғлиқлик уларни хиёнатдан сақлар, садоқатга ундар, ҳар лаҳзада руҳий ҳисоб-китоб талаб қилар, адабий виждон деган атмосферани яратар.

«Шеърда энг буюк устоз виждондир » деган гапни ҳам илк бор Хуршид Даврон айтди. Рост-да, ахир шоирга энг аввал виждони устозлик қилмас экан, унга ҳазрат Навоийнинг ўзлари келиб, таълим берсалар ҳам бирор натижа чиқмайди. Зеро, шеъриятнинг ҳамма олтин қоидаларининг асосида виждон ётади. Шеър виждондан ташқари ҳолатда туғилмайди. Туғилганда ҳам беникоҳ бўлган боладай маломатга маҳкум.

“Шоир деган сўзда мангу шуҳрат бор” деган эди Белинский. Нега шундай? Нима учун шоирга талаб бошқача қўйилади? Нега баъзида ҳаммага мумкин бўлган нарса шоирга мумкин эмас, ёхуд шоирга мумкин бўлган нарса бошқаларга мумкин эмас? Чунки, «шоир жасорат ва ишқ Фарзандидир, ўхшар дарёга – Қулларгамас ҳурларга қўшиқ айтмоқ учун келар дунёга.”

Хуршид Давроннинг «Ватан ҳақидаги етти ривоят»ига етти мўъжаз асар киритилган. Икиланмасдан уларнинг ҳар бирини бир асар деб аташ керак. “Боболар мозори”, “Бир парча ер”, “Ватан тупроғи”, “Лола гулли пиёла”, “Ватан меҳри”, “Туз ҳақи”, “Ота қабри”… Бу ривоятларнинг ғиштлари миллат номуси ва шаънининг лойидан қорилган. Бу лойда шубҳасиз боболар қони бор. Уларни ўқий туриб, одам шунчаки бир жонзот эмаслигини, фақат суяк ва сувдан иборатмаслигини, бесарҳад коинотда кичикдан-кичик зарра эмаслигини ҳис этасиз. Кўримсизгина бир мозорга муносабат номус ва орга муносабатлигини (“Боболар мозори”), ватан бир парча ердан бошланишини, яъни бир парча ер ҳикматини билмаган одам ватанини таний олмаслигини (”Бир парча ер”), инсон қалби фақат ўз тупроғида гуллашини (“Ватан тупроғи”), энг оғир соғинч ватан соғинчи эканлигини (“Лола гулли пиёла”), юртга хиёнат – худога хиёнатлигини (“Ватан меҳри”), бир чимдим тузда қанчадан-қанча ҳақ борлигини (“ Туз ҳақи”), ота қабри – номус қадри эканлигини равон ва гўзал ифодаларда сўйлайди бу ривоятлар. Бу мавзуларнинг юки оғир, дуч келган шоир бу юкни кўтаролмайди. Уларни ровийнинг тили эмас, дарди-ҳасрати, орзу ва армонлари ривоят қилади. Раҳматли Шукур ака айтарди: «Энди билдим, ёзиш – ҳасратингни айтиш дегани экан.”

Ўғлим, бобонг ёнида
Ётсам, сақла тинчимни.
Сен мени қўриқлагин
Даст тутиб қиличингни.

Ватанни, юртни асраш аслида шундан бошланади. Чунки, миллат тарихини ҳимоя қилиш унинг келажагини ҳимоя қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бу яхлит бир нарса, унинг нариёғи бировники, буёғи бизники деб ажратиб бўлмайди.

* * *

Туни билан девор ёқалаб
Юриб чиқди шашқалоқ баҳор –
Туни билан эриб, юпқалаб
Тарновлардан ерга томди қор.

Қандай гўзал тасвир. “Шеър кафанда ҳам, гулшанда ҳам гўзал бўлмоғи керак.” Модомики, шеър туйғу тасвири экан, туйғуни табиатдан айро ҳолда ифодалаш, уни яланғоч ҳолда кўрсатишдай гап. Инсон туйғулари унинг табиат билан уйғунлашуви онларида ҳосил бўлади. Қалб илоҳий туташувларни ақлдан ҳам аввал туйғу орқали ўзидан кечиради. “Бизнинг қалбларимиз коинотдан туҳфалар олиб туради” (Тагор). Бундай лаҳзаларда инсон табиат ичидаги табиатга айланади. Ўз тийнатида қирлар-адирлар, тоғлар, дарёлар, ўрмонлар, ҳамма-ҳаммаси борлигини ҳис этади. “Табиатдир менинг давомим”.

Туни билан боғдаги толнинг
Восил бўлди қишки тушлари.
Кўкрагини тилиб шамолнинг
Новдаларнинг чиқди тишлари.

Шоир шунинг учун ҳам шоирки, бундай гўзал ҳодисалар ташқи табиатдан ҳам олдин аввало унинг ички табиатида содир бўлади. “Агар ер шарига кетар бўлса дарз шоир юрагидан ўтар чизиғи” (А.Блок). Шоир шунинг учун ҳам шоирки, унинг табиатида “тунги боғлар туш кўрадилар, шамол кўксини тилиб, новдалар тиш чиқарадилар, гиёҳларга сув тутиб дарёлар оқадилар, баҳорларида олтин ёмғирлар ёғадилар”. Шоир шунинг учун ҳам шоирки, у ҳамма нарсанинг руҳини сезади, тириклигини илғайди, ҳатто хазонлар ила хайрлашувга ҳам ўз ичидан оташин ҳиссиётлар топа олади.

Туни билан дарадаги қор
Кўчди қора жарликлар томон –
Туни билан юлдузлар чангин
Қорлар узра сепди ёш осмон.

Бу манзара ичидаги осмоннинг ёшлигини фақат шеър орқали ҳис этиш мумкин. “Ёш осмон” – ғаройиб топилма. Миллиард-миллиард йиллардан буён собит турган осмон ҳақиқатан шу тўрт сатрда маҳорат билан ифодаланган манзара ичида ёш ва гўзал кўринади. Гўзаллик ва кўркамлик кўпроқ ёшликка хос. Шоир фавқулодда сезги ила “ёш осмон”ни кўриб қолган. Бу кинодаги 25-кадрни илғаб қолиш каби нозик жараён, яъни видеотасвирдаги бир секундлик воқеълик 24та кадрда ифодаланади. Бироқ 25- кадр ҳам бор, уни ҳеч ким кўз билан илғай олмайди.

Туни билан боқиб интизор
Кутиб олдим баҳор офтобин.
Аммо олиб келмади баҳор
Мен унутган сўзлар китобин.

“Мен унутган сўзлар китоби”да кўп нарса бор. Унда шоирнинг ҳаёт йўллари билан ватани ва халқининг тарихи, кечмиш-кечирмишлари туташиб кетади. Ушбу мўъжазгина шеър ниҳоятда нозик кечинмалар ила бошланиб, бутун бир миллат дардини ифодалаган туйғулар билан якунланади. “Роман тўрт сатр шеърдан иборат бўлиши керак” (Тагор). Айтиб ўтганимиз каби бу авлод шоирлари тирик ғояларга айланган шоирлар эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳар бир шеъридан, ҳар бир сўзидан миллат қайғусининг таъмини, озодлик туйғусининг бўйини сезса бўларди.

Хуршид Давроннинг асосий ижодий қоидаларидан бири – шеърда Ватан бўлиши керак! У бир майса тимсолида акс этадими, тупроқ мисолида намоён бўладими, бир дарахт тасвирида кўринадими, дарё каби шовуллаб овоз берадими, қандай бўлмасин, шеърда ватан бўлиши керак! Бироқ бу рамз унинг шеърларига сира зўрма-зўраки киритилмаган, балки шамол каби эркин, муҳаббат каби самимий, виждон каби ҳалол кириб борган.

Усмон Носир, Ойбек ва Бобур,
Мен сиздан кўп ўргандим, бу рост.
Лекин шеърда устоз йўқ… Бордир
Фақат виждон –
Энг буюк устоз.

Сулаймон пайғамбар: “Бор кучинг билан қалбингни ҳимоя қил!” деган. Эҳтимол, шеърият айнан қалб муҳофазаси учун ҳаёт майдонига келгандир. Айтганларидай, шеър аввало туйғу тарбияси билан шуғулланар экан, шунинг ўзи инсон қалбини ҳимоялашнинг муҳим асосидир. Одамнинг туйғулари қанча юксалса, қанча камол топса, кейин уни енгиб бўлмайди. Чунки унинг ичида муҳаббат вояга етган бўлади.

Ҳей, кўксим асири, қушча, алданма,
Бу олов ўзгадир,
Бу сас ўзгадир.
Сен уни тинглама, унга тиланма,
Сен қора дунёни чиқиб ўзгартир.

Мақола муаллифи ҳақида

Эшқобил Шукур  Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор. 2013 йил   «Энг яхши бадиий асар муаллифи» сифатида «Эътироф»  мукофоти  билан тақдирланди.

20 yanvar — O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron tavalludining 65 yilligi

Eshqobil Shukur
SHE’RDA USTOZ VIJDONDIR FAQAT…
054

Uning kitoblarini o‘qiy turib, bir fikrga kelasiz: U mayda hissiyotlar kuychisi emas, u katta tuyg‘ular shoiri!

Har qanday shovqin-suron va g‘ala-g‘ovur ichidan ham uning sokin ovozini tanisa bo‘ladi. Chunki, uning har bir she’rida yurt qayg‘usi, vatan dardi, erk tuyg‘usi bor. “She’rda ba’zan havodek zurur, “Erk” so‘ziga qofiya “qasos”, “Qo‘rqoq bo‘lsang, qo‘rqoq bo‘lar she’r”. Bu satrlarni u o‘ttiz yil avval, 1979 yilda yozgan. Bu paytlarda ozodlik va yurt haqidagi gaplarni nafasingni ichingga yutib gapirarding. Yo gapirmay qo‘ya qolarding…

0-13.JPG70 yillardagi o‘zbek she’riyatini “jasorat she’riyati” desak mubolag‘a bo‘lmaydi. Bu avlod adabiyotning atmosferasini o‘zgartirib yubordi. Nasr va nazmda ob-havo yangilandi. Murod Muhammad Do‘st, Erkin A’zam, Xayriddin Sulton, Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron… Ular 60 yillardagi katta adabiy ko‘tarilishning davomi, aniqrog‘i, go‘zal yakuni sifatida maydonga keldilar. Adabiyot – millat ovozi ekanligini ular yana bir karra isbotlab berdilar. Chunki, ularning asarlarida xalq qalbining tub-tubida ko‘milib yotgan ozodlik tuyg‘ulari betonni yorib chiqqan giyohdek bo‘y ko‘rsata boshladi. Cho‘lpon, Fitratlarning armonlari ular ijodida qayta nish urdi. Ayni shu “jasorat she’riyati”ning vakillaridan biri – Xurshid Davron bo‘ldi.

— Muncha qo‘rqoq bo‘lmasang, do‘stim,
— Netay axir men erksiz o‘sdim.

Rost gap! Erksiz o‘sgan odamlar qo‘rqoq va jur’atsiz bo‘ladilar. Chunki, ularning ruhidagi ustun sindirilgan bo‘ladi. Qo‘rqoq va jur’atsiz ruh sotqinlik va xoinlikka moyil bo‘ladi.“Nomardni qo‘rquv yaratadi.”, “Qo‘rqmasdan qadam tashla, yer juda qattiq”, “Mening o‘g‘lim qo‘rqar fashistdan”, “Bu odam kitobning o‘zidan emas, Kitobda bitilgan So‘zdan qo‘rqadi.” “Duch kelishdan qo‘rqadi balki Qodiriyga yoki Cho‘lponga”, “Qul boshini tutganidek xam qo‘rquv yutib o‘tiraverdim”. Bu satrlar Xurshid Davronning turli yillarda yozilgan turli she’rlaridan keltirildi. Ularda qo‘rquvga qarshi isyon bo‘lib jaranglagan satrlarga ko‘p duch kelasiz. Holbuki, qo‘rquv butun boshli tuzum edi. Mavjud saltanat ham Qo‘rquv saltanati edi. Zero, shoirning qo‘rquv ichida jonini hovuchlab o‘tirgan millatiga murojaati edi bu satrlar. “Atrofda tun, uvillar itlar, derazamdan boqar fashistlar” (1986)

Uning “Bahordan bir kun oldin” kitobiga kiritilgan 240 ta she’rining aksariyati vatan va ozodlik haqidagi she’rlar. Ko‘nglingda shu dard bo‘lmasa, bu mavzuda muncha ko‘p va xo‘b yozolmaysan. Bu katta va og‘ir mavzu. Kitobdagi lirik she’rlarda ham, moziy mavzusidagi she’rlarda ham asosan shu ruh yetakchilik qiladi. Nega shunday? Chunki, bu avlod shoirlarining o‘zlari tirik g‘oyalarga aylangan edilar. Shuning uchun ham ularning she’rlari shu g‘oyalarning ovozi bo‘lib yangradi. She’r qasam kabi qaltis va og‘ir narsa. So‘z bilan hazillashib bo‘lmaydi. Uning ilohiy yuki bor. Shuning uchun ham Suyima opa G‘aniyeva doim: “Hozirgi shoirlarimiz asar yozish madaniyatini unutib qo‘yayaptilar. Navoiy zamonida bu madaniyat mukammal shakllangan va o‘zining qat’iy qonun-qoidalariga ega bo‘lgan» deb kuyinib yuradilar. Xurshid Davron she’rni «Erk uchun qilichdek qo‘lga olaman” deb yozganida uning yukini teran his etgan. Chunki, haqiqiy she’r hech qachon mayda-chuyda narsalarning xizmatkoriga aylanmaydi.

Mahmud Qoshg‘ariydan Navoiygacha, Boburdan Cho‘lpongacha, Oybekdan Mirkarim Osimgacha ne-ne ulug‘larga bag‘ishlangan she’rlar bor «Bahordan bir kun oldin” kitobida. Ular faqat ehtirom va bag‘ishlovlargina emas, bu she’rlar biz o‘z ulug‘larimizga qalbning qaysi nuqtasidan turib qarashimiz kerakligini o‘rgatadi.

Shoir ularga ijodining ilk davridan katta mehr-muhabbat bilan qaragan. O‘z xalqining timsollarini ularda ko‘rgan va shu nuqtai nazar bilan tasvirlagan. Kim nima desa desin-u, millat ulug‘larini qadrlamagan odam millatini qadrlashni bilmaydi. Zero Navoiyga muhabbati bo‘lmagan odamning o‘zbek tilini sevishiga shubha bor. Qodiriyni anglamagan odam o‘zbek ruhini anglamaydi. «Tarixni shaxslar yaratadi” deydilar, millat qaddini ham shaxslar ko‘taradi, ma’naviy qiyofasini ham ular belgilaydi. Yo‘qsa, Navoiy zamonidan beri qanchadan-qancha qozilar-u, qanchadan qancha millionerlar o‘tdi. Lekin, tarix ham, haqiqat ham o‘zbekning ma’naviy timsoli sifatida Navoiy va uning hammaslaklarini tanladi.

Xurshid Davronning kitoblarini o‘qiy turib, uning buyuk bobolarimizga nisbatan mehriga, muhabbatiga, samimiy ehtiromiga havasing keladi. Deylik, birgina «Ey, tilim, ey, elim, ey ona tuproq” deb nomlangan sonetlar turkumida Mahmud Qoshg‘ariydan Maqsud Shayxzodagacha 14ta shoirga bag‘ishlangan she’r bor. Darhaqiqat, ona tilimiz taraqqiyotini ularning ijodisiz tasavvur qilib bo‘lmaydi. Uning 1970 yilda yozgan “Qodiriyning so‘nggi surati” she’rida: “Yo‘llarimda uchrasa xato, Qiynab qo‘ysa elim hasrati, Kelib sendan tilayman panoh, Qodiriyning so‘nggi surati” degan satrlar bor. Bu misralardan ko‘rinib turibdiki, endigina yigirma yoshni to‘ldirgan shoir adabiyotga va haqiqatga sadoqat yo‘lini tanlagan edi. Bo‘lmasa, u yuqoridagi she’rida panohni partiyadan tilab, Qodiriyning emas-da, Leninning suratiga tavallo qilardi. O‘sha paytlarda buning uchun uni hech kim aybsitmagan, aksincha olqishlagan bo‘lardi.

Kimga qanday bilmadim-u, lekin o‘tgan shoirlar bilan (hatto ular o‘n asr oldin o‘tib ketgan bo‘lsalar-da,) zamon shoirlari o‘rtasida aniq ruhiy bog‘liqlik bor, ularni bog‘lab turadigan ko‘zga ko‘rinmas rishtalar mavjud. Ehtimol, ayni shu bog‘liqlik ularni xiyonatdan saqlar, sadoqatga undar, har lahzada ruhiy hisob-kitob talab qilar, adabiy vijdon degan atmosferani yaratar.

«She’rda eng buyuk ustoz vijdondir »  degan gapni ham ilk bor Xurshid Davron aytdi. Rost-da, axir shoirga eng avval vijdoni ustozlik qilmas ekan, unga hazrat Navoiyning o‘zlari kelib, ta’lim bersalar ham biror natija chiqmaydi. Zero, she’riyatning hamma oltin qoidalarining asosida vijdon yotadi. She’r vijdondan tashqari holatda tug‘ilmaydi. Tug‘ilganda ham benikoh bo‘lgan boladay malomatga mahkum.

“Shoir degan so‘zda mangu shuhrat bor” degan edi Belinskiy. Nega shunday? Nima uchun shoirga talab boshqacha qo‘yiladi? Nega ba’zida hammaga mumkin bo‘lgan narsa shoirga mumkin emas, yoxud shoirga mumkin bo‘lgan narsa boshqalarga mumkin emas? Chunki, «shoir jasorat va ishq Farzandidir, o‘xshar daryoga – Qullargamas hurlarga qo‘shiq aytmoq uchun kelar dunyoga.”

Xurshid Davronning «Vatan haqidagi yetti rivoyat»iga yetti mo‘’jaz asar kiritilgan. Ikilanmasdan ularning har birini bir asar deb atash kerak. “Bobolar mozori”, “Bir parcha yer”, “Vatan tuprog‘i”, “Lola gulli piyola”, “Vatan mehri”, “Tuz haqi”, “Ota qabri”… Bu rivoyatlarning g‘ishtlari millat nomusi va sha’nining loyidan qorilgan. Bu loyda shubhasiz bobolar qoni bor. Ularni o‘qiy turib, odam shunchaki bir jonzot emasligini, faqat suyak va suvdan iboratmasligini, besarhad koinotda kichikdan-kichik zarra emasligini his etasiz. Ko‘rimsizgina bir mozorga munosabat nomus va orga munosabatligini (“Bobolar mozori”), vatan bir parcha yerdan boshlanishini, ya’ni bir parcha yer hikmatini bilmagan odam vatanini taniy olmasligini (”Bir parcha yer”), inson qalbi faqat o‘z tuprog‘ida gullashini (“Vatan tuprog‘i”), eng og‘ir sog‘inch vatan sog‘inchi ekanligini (“Lola gulli piyola”), yurtga xiyonat – xudoga xiyonatligini (“Vatan mehri”), bir chimdim tuzda qanchadan-qancha haq borligini (“ Tuz haqi”), ota qabri – nomus qadri ekanligini ravon va go‘zal ifodalarda so‘ylaydi bu rivoyatlar. Bu mavzularning yuki og‘ir, duch kelgan shoir bu yukni ko‘tarolmaydi. Ularni roviyning tili emas, dardi-hasrati, orzu va armonlari rivoyat qiladi. Rahmatli Shukur aka aytardi: «Endi bildim, yozish – hasratingni aytish degani ekan.”

O‘g‘lim, bobong yonida
Yotsam, saqla tinchimni.
Sen meni qo‘riqlagin
Dast tutib qilichingni.

Vatanni, yurtni asrash aslida shundan boshlanadi. Chunki, millat tarixini himoya qilish uning kelajagini himoya qilish bilan chambarchas bog‘liqdir. Bu yaxlit bir narsa, uning nariyog‘i birovniki, buyog‘i bizniki deb ajratib bo‘lmaydi.

* * *

Tuni bilan devor yoqalab
Yurib chiqdi shashqaloq bahor –
Tuni bilan erib, yupqalab
Tarnovlardan yerga tomdi qor.

Qanday go‘zal tasvir. “She’r kafanda ham, gulshanda ham go‘zal bo‘lmog‘i kerak.” Modomiki, she’r tuyg‘u tasviri ekan, tuyg‘uni tabiatdan ayro holda ifodalash, uni yalang‘och holda ko‘rsatishday gap. Inson tuyg‘ulari uning tabiat bilan uyg‘unlashuvi onlarida hosil bo‘ladi. Qalb ilohiy tutashuvlarni aqldan ham avval tuyg‘u orqali o‘zidan kechiradi. “Bizning qalblarimiz koinotdan tuhfalar olib turadi” (Tagor). Bunday lahzalarda inson tabiat ichidagi tabiatga aylanadi. O‘z tiynatida qirlar-adirlar, tog‘lar, daryolar, o‘rmonlar, hamma-hammasi borligini his etadi. “Tabiatdir mening davomim”.

Tuni bilan bog‘dagi tolning
Vosil bo‘ldi qishki tushlari.
Ko‘kragini tilib shamolning
Novdalarning chiqdi tishlari.

Shoir shuning uchun ham shoirki, bunday go‘zal hodisalar tashqi tabiatdan ham oldin avvalo uning ichki tabiatida sodir bo‘ladi. “Agar yer shariga ketar bo‘lsa darz shoir yuragidan o‘tar chizig‘i” (A.Blok). Shoir shuning uchun ham shoirki, uning tabiatida “tungi bog‘lar tush ko‘radilar, shamol ko‘ksini tilib, novdalar tish chiqaradilar, giyohlarga suv tutib daryolar oqadilar, bahorlarida oltin yomg‘irlar yog‘adilar”. Shoir shuning uchun ham shoirki, u hamma narsaning ruhini sezadi, tirikligini ilg‘aydi, hatto xazonlar ila xayrlashuvga ham o‘z ichidan otashin hissiyotlar topa oladi.

Tuni bilan daradagi qor
Ko‘chdi qora jarliklar tomon –
Tuni bilan yulduzlar changin
Qorlar uzra sepdi yosh osmon.

Bu manzara ichidagi osmonning yoshligini faqat she’r orqali his etish mumkin. “Yosh osmon” – g‘aroyib topilma. Milliard-milliard yillardan buyon sobit turgan osmon haqiqatan shu to‘rt satrda mahorat bilan ifodalangan manzara ichida yosh va go‘zal ko‘rinadi. Go‘zallik va ko‘rkamlik ko‘proq yoshlikka xos. Shoir favqulodda sezgi ila “yosh osmon”ni ko‘rib qolgan. Bu kinodagi 25-kadrni ilg‘ab qolish kabi nozik jarayon, ya’ni videotasvirdagi bir sekundlik voqe’lik 24ta kadrda ifodalanadi. Biroq 25- kadr ham bor, uni hech kim ko‘z bilan ilg‘ay olmaydi.

Tuni bilan boqib intizor
Kutib oldim bahor oftobin.
Ammo olib kelmadi bahor
Men unutgan so‘zlar kitobin.

“Men unutgan so‘zlar kitobi”da ko‘p narsa bor. Unda shoirning hayot yo‘llari bilan vatani va xalqining tarixi, kechmish-kechirmishlari tutashib ketadi. Ushbu mo‘’jazgina she’r nihoyatda nozik kechinmalar ila boshlanib, butun bir millat dardini ifodalagan tuyg‘ular bilan yakunlanadi. “Roman to‘rt satr she’rdan iborat bo‘lishi kerak” (Tagor). Aytib o‘tganimiz kabi bu avlod shoirlari tirik g‘oyalarga aylangan shoirlar edilar. Shuning uchun ham ularning har bir she’ridan, har bir so‘zidan millat qayg‘usining ta’mini, ozodlik tuyg‘usining bo‘yini sezsa bo‘lardi.

Xurshid Davronning asosiy ijodiy qoidalaridan biri – she’rda Vatan bo‘lishi kerak! U bir maysa timsolida aks etadimi, tuproq misolida namoyon bo‘ladimi, bir daraxt tasvirida ko‘rinadimi, daryo kabi shovullab ovoz beradimi, qanday bo‘lmasin, she’rda vatan bo‘lishi kerak! Biroq bu ramz uning she’rlariga sira zo‘rma-zo‘raki kiritilmagan, balki shamol kabi erkin, muhabbat kabi samimiy, vijdon kabi halol kirib borgan.

Usmon Nosir, Oybek va Bobur,
Men sizdan ko‘p o‘rgandim, bu rost.
Lekin she’rda ustoz yo‘q… Bordir
Faqat vijdon –
Eng buyuk ustoz.

Sulaymon payg‘ambar: “Bor kuching bilan qalbingni himoya qil!” degan. Ehtimol, she’riyat aynan qalb muhofazasi uchun hayot maydoniga kelgandir. Aytganlariday, she’r avvalo tuyg‘u tarbiyasi bilan shug‘ullanar ekan, shuning o‘zi inson qalbini himoyalashning muhim asosidir. Odamning tuyg‘ulari qancha yuksalsa, qancha kamol topsa, keyin uni yengib bo‘lmaydi. Chunki uning ichida muhabbat voyaga yetgan bo‘ladi.

Hey, ko‘ksim asiri, qushcha, aldanma,
Bu olov o‘zgadir,
Bu sas o‘zgadir.
Sen uni tinglama, unga tilanma,
Sen qora dunyoni chiqib o‘zgartir.

Manba: «O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2009 yil 42-soni

Maqola muallifi haqida

Eshqobil Shukur Surxondaryo viloyatining Qumqo‘rg‘on tumanidagi Boymoqli qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to‘plami — «Yurakni o‘rganish» (1984). Shundan so‘ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko‘hna bog‘ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko‘chishi» kabi qissalari ham bor. 2013 yil “Eng yaxshi badiiy asar muallifi” sifatida “E’tirof” mukofoti bilan taqdirlandi.

Xurshid Davron. Qaqnus. She’rlar va Tarjimalar (1987) by Khurshid Davron on Scribd

Xurshid Davron. Uchib boraman qushlar bilan (1983) by Khurshid Davron on Scribd

045

(Tashriflar: umumiy 964, bugungi 1)

6 izoh

  1. Мақола 80 йиллар шерияти сардораридан бири — Хуршид Даврон ижодининг муҳтасар тадқиқи бўлган.Эшқобилжон,бу давр шериятини биздан-да суйиб мукаммал тушунадиган авлод бормикин…

  2. ХУРШИД ДАВРОН – ХАЛҚ ШОИРИ
    Халқ шоири дегани жуда улуғвор номдир.
    Озодлик эҳтиёжи инсон ва унинг тарихий буюк уюшмаси ўлмиш халқ руҳига Илоҳдан жо этилган. Зеро, Илоҳнинг ўзи йўл танламак ихтиёрида бандасини озод қўйди.
    Озодлик – юксалишларнинг мабдаидир. Ҳар бир инсоннинг ҳам, халқнинг ҳам ҳурриятга тинимсиз интилмаги мана шундан.
    Аммо инсоният тарихи гувоҳким, ҳидоят нелигини билмаган ёхуд унутганлар гуруҳи ўзгалар изн-ихтиёрига соҳиб бўлмак истарлар. Ўз халқларини ҳам, ўзга халқларни ҳам асоратда сақламак истарлар.
    Халқ руҳининг Озодликка оид эзилган, бостирилган, аммо ўлмаган энг олий идеаллари онг ва онгости қаватларида жон сақлаб, вақти-вақти билан унинг фозилу исёнкор фарзандлари сиймосида вулқондай отилиб чиқади. Пайти келадики, асрлар қадар бўйин эгиб жимжит юрган халқ муайян шахслар сиймосида наъра тортади, ўз ҳаққига эга бўлмоқ истайди, бешафқат кураш майдонига чиқади. Тарих йўлларида йўқолиб-битмаган жамийки халқларда шундай. Жуда қадим халқ бўлмиш биз туркийларда ҳам худди шундай.
    Қизғин ва озод руҳли бағри қон бу халқ Алпомиш сиймосида ўзининг диловар йўлбошчисини улуғлади; ота-боболари ерининг соҳиби бўлмак учун Тўмарис ва Широқни туғди; бирлашмак истаб Темур, Навоий ва Бобурни майдонга чиқарди; ўзини таназзул чуқурликларидан юксалтирмак муддаосида бўғилган овозини Фитрат, Қодирий ва Чўлпоннинг овозига жо этди…
    Кечаги асрда шафқатсиз маҳв этилган шарафли миллий лайлатулқадримиз ёдини хотирасининг энг тоза, дахл этиб бўлмас хилватларида гард қўндирмай асраб, соғиниб Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим… ва Хуршид ДАВРОН сози ила «Уйғон!» дея ҳайқирди.
    Хуршид ДАВРОН шеърияти, шубҳасиз, руҳи баланд катта бир халқнинг овозидир.
    Ўзлигини соғинган халқнинг овозидир.
    Бунёдкор ва тозадил халқнинг овозидир.
    Халқнинг қудратли овозини ўз овозига жойлай олганлар Халқ шоиридирлар.
    Уни дея ўзини илигига қадар ёққанлар Халқ шоиридирлар.
    Хуршид ДАВРОН том маънода Халқ шоиридир.
    Халқ шоири шу халқ фарзандлари юрагида “йилт” этган шуълани кўриб, уни улашмакка, ўстирмакка шошиладиган даражада бағрикенг ва беғараз зотдир.
    Замон ва маконидан қатъи назар, кимнингки маърифати шу халқнинг юксалишига хизмат қилса, одамларга ўшани тақдим этмакка шошиладиган мунаввардир.
    Хуршид ДАВРОН ана шундай бағрикенг, беғараз, бетама инсон, Халқ шоиридир. “Хуршид ДАВРОН кутубхонаси” – Хуршид ДАВРОНнинг “Мажолис ун-нафоис”идир.
    Ҳар бир фозил фарзандининг туғилган куни – миллатнинг байрамидир.
    Байраминг муборак бўлсин, ўзбегим!
    Халқимиз тарихининг янги юксалиши остонасида нишонланаётган файзли 65 ёшлик таваллуд кунингиз муборак бўлсин, қадрли устоз!

  3. Ўзбек шеъриятининг азим чинорига кўз тегмасин.Катта адабиётнинг катта тарғиботчиси, буюк шеъриятнинг беназир ШОИРи, улуғ соҳибқироннинг қутлуғ шеъриятдаги муносиб набираси, муаззам тасаввуф устози Махдуми Аъзамнинг муҳтарам авлодига фақат саломатлик ёр бўлсин. Ҳурматли шоиримиз Эшқобил Шукурга ҳам тасанно. Биз олисдан катта ўзбек шеърияти чинорларига кўз тикиб, улардан ҳарорат олиб яшамоқдамиз.Борларингга шукр.

  4. Ўзбек шеъриятининг азим чинори,руҳнинг,шеъриятинг,тоза дилинговозиХуршид ДВРОН Ака:
    65 ёшлик таваллуд кунингиз муборак!

Izoh qoldiring