Abdurauf Fitrat. Yurt qayg’usi & Fitrat haqida hujjatli film

03212 июл — Абдурауф Фитрат таваллудининг 130 йиллиги

     1917 йилда Абдурауф Фитрат ўзи муҳаррирлик қилган “Ҳуррият” газетасида “Юрт қайғуси” номи билан бир туркум шеърлар эълон қилди.Диққатга сазовор жойи шундаки,уларнинг аксарияти сочма шеърлар,Фитратнинг ўзи айтмоқчи,мансуралар. Бундай тажриба адабиётимизда илк бор Ҳамза томонидан қилингани маълум.

Бегали Қосимов
ФИТРАТНИНГ «ЮРТ ҚАЙҒУСИ»
ТУРКУМИ ҲАҚИДА

012

 034   1917  йилда Абдурауф Фитрат ўзи муҳаррирлик қилган “Ҳуррият” газетасида “Юрт қайғуси” номи билан бир туркум шеърлар эълон қилди.Диққатга сазовор жойи шундаки,уларнинг аксарияти сочма шеърлар,Фитратнинг ўзи айтмоқчи,мансуралар. Бундай тажриба адабиётимизда илк бор Ҳамза томонидан қилингани маълум. “Юрт қайғуси” га кирган шеърларнинг биринчиси “Ҳуррият”нинг 1917 йил 28 июль, охиргиси 29 декабрь сонида эълон қилинган.Шулардан охиргиси аруз вазнида.Қолганларида,табиийки,вазн йўқ. Шеърлар рукннинг сарлавҳасидан кўриниб турганидек,юрт — Ватан қайғусига бағишланган. Замон инқилоблар замони эди.Чор ҳукумати қулади.Эпчил миллатлар дарҳол истиқлол режаларини кўра бошладилар.Туркистоннинг тақдири нима бўлади? Айниқса,сўнгги асрларда залолатга ботган,дунёдан узилиб,фисқу фужурга кўмилган,ўз қиёфасини йўқота бошлаб,ўзга миллат етовига тушган Туркистоннинг келажаги нима бўлади? Фитратни қийнаётган дард — шу!

Эй улуғ Турон,арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Ҳолинг қандайдир? Нечук кунларга қолдинг?

– деб бошланарди уларнинг бири.

Шоир унинг “юксак ўринлар”дан “қуллик чуқурлари”га тушиш сабабларини сўрайди. “Дунёни “урҳо”лари билан титраткан йўлбарс юракли болалари”ни, “ер тупроғини кўкларга учуратурғон тоғ гавдали ўғлонлари”ни қўмсайди. Унинг бу ҳоли билан келиша олмайди.Томирларида Темур қони оқаётган миллатдошларини номус ва шаън ҳимоясига чорлайди.

Абдурауф Фитрат
ЮРТ ҚАЙҒУСИ
Туркум
02

I

Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси!
Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг?

Эй Чингизларнинг, Темурларнинг, Ўғузларнинг*, Отиллаларнинг** шонли бешиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллик чуқурлариға недан тушдинг?!
Дунёни «урҳо»лари билан титраткан йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурған тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдир?

Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларини ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун… Нечун… нечун..? Гапур менга, эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?!

Ер юзининг буюк салтанатларини сен қурмадингми? Ҳиндистоннинг, Эроннинг, Оврўпанинг улуғ хоқонларини сен юбормадингми? Эй хоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар туғойи!*** Қани у чақмоқ чақишли ботир хоқонларинг? Қани аввалғи ўқ юрушли, отли бекларинг? Нечун «урҳо»ларинг эшитилмайдир?

Дунё халқини бўйсундирмаган салтанатларинг нечун бузилди? Инсонлик оламини қанотлари остинда олган хоқонлиғнинг нечун кучи ўлди? Кучингми кетди? Кимсасизми қолди?

Йўқ… йўқ… Тангри ҳаққи учун йўқ!.. Сен кучсиз эмассан, сен кимсасиз эмассан! Бугун ер юзида саксон милйун**** боланг бор. Буларнинг томирларидаги қон чингизларнинг, темурларнинг қонидир.

Буларнинг кучлари сенинг кучингдир!

Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси!

Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир.

Ёлғиз… Оҳ, ёлғиз… тарқалмишдир.

ЮРТ ҚАЙҒУСИ (сочма шеър). Фитратнинг ўз сўзлари билан айттанда «мансура» («Адабиёт қоидалари»), «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 28 июль 26-сонида эълон қилинган.
* Ўғузхон — хунлар давридаги қадимги турк хоқонларидан.
** Отилла — Хун хоқони Минжуқ ўғли (395—453). Акаси Велданинг ўлимидан сўнг (422 й.) хоқонлпкни тўла ўз қўлига олиб умрининг сўнггига қадар ҳоқонлик қплган.

*** туғой — туғилган жой.
**** саксон милйўн — ўша йиллари ер юзида туркпй қавмга мансуб 80 миллион аҳоли бор эди, шу рақам назарда тутилади.

II
(Бир ўзбек тилидан)

Ётсам тушумда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам миямда, кўз очсам қаршумда мунгли бир хаёл келиб турадур! Бу бир хотун хаёли… Бир хотунки, эгнида ипакли, лекин йиртиқ ва эски бир кўйлакдан бошқа бир кийим йўқ. Бош-аёғлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботған, бақирурға товуши, қутилурға кучи қолмаған!..

Қарайман: кимсасизлик юкиндан ориғланган танда золимона урулған қамчиларнпнг яраси бор. Кўраман: жоҳилона қилинған эмлардан носулға* қайтған яралариндан қонлар оқиб турадур!..

Эй мунгли хотун, сен кимсан?
Эй ғамли она, нечук мундан айрилмайсан?
Ёнимда, кўзимда, миямда, юрагимда нима ахтарасан, нечук кетмайсан?

Қайғу тутунлари ичра ёғдусиз қолған кўзларинг, у ёш ёмғурларин нечун тўкадир? Зулм занжирлари билан боғланган қўлларинг нечун ҳар ёнга узатиладир, нима тилайсан?..

Оҳ… Билдим… билдим… Англадим!

Сен менинг Ватанимсан, Ватанимнинг мунгли хаёлисан.

Эй муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур, айрилма.

Ёнимда, кўзларимда, юрагимда, виждонимда қол, кетма.

Туроним, сендан айрилмоқ — менинг учун ўлимим.

Сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдир,
Паноҳим, саждагоҳим, умидим!
Ёвларинг сени шу кунгами солдилар?
Тилагим, истагим, саодатим!

Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар?
Суйунчим, овунчоғим, ўчоғим!
Золимлар сени кимсасизми кўрдилар?

Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен, бутун борлиғим билан сенга кўмак қилурға ҳозир. Мана мен чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлурға рози.
Қоф тоғлари йўлимда тушса;
Тамуғ** оловлари қаршумдан чиқса, яна сен сари кетарман.

Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса,
Оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса,***
яна сен сари кетарман.

Дунёнинг бутун балолари бошимға тўкулса,
Зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман.

Мен сенинг учун тирилдим,
Сенинг учун яшарман,
Сенинг учун ўлурман.

Эй туркликнинг муқаддас ўчоғи!
Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга,
Нафрат сени кўмгани келганларга!

ЮРТ ҚАЙҒУСИ (бир ўзбек тилидан)ушбу сочма ҳам «Ҳуррият» газетаеида чоп этилган (1917, 18 август 31-сон). Қайта нашри: «Фан ва турмуш» ж., 1990, 9-сон. 7 бет.
* носулға — тузалмаган, қайта касалланган.
** тамуғ — жаҳаннам.
*** сорилмоқ — ёпишмоқ.

III
(Темур олдинда)

Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйним букук.
Сенинг зиёратингга келдим, султоним!
Эзилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим, хоқоним!

Юз йиллардан бери жафо кўруб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларин этакларингга тўкарга келдим.
Қоронғуликлар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олғали келдим.
Номусини бад кишиларнинг аёғлари остинда кўриб турклик қони қайнағай, мусулмонлик ҳамияти тошғай, тамуғ оловлари каби сочрағай.
Лекин ўз кучсизлигин англаб қайтиб ўтирган ва қон йиғлаган туркнинг ҳолини айтарга келдим, хоқоним!

Улуғ хоқоним! Турклик шарафи таланди.
Турк учун қўйдиғинг давлат битди, турк остиға қурдиғинг ҳоқонлик ёғийгами кетди.
Туркнинг номуси, эътибори, иймони, виждони золимларнинг аёғларн остинда қолди.

Туркнинг юрти, улоғи, ўчоғи, Турони ёт қўлларға тушди.
Туркнинг билгиси, онги, ўйлови, зийраклиги жаҳолат ўлжасиға кетди.
Сенинг қиличинг билан дунё эгаси бўлған турк тинчгина бир ётоқ тополмай қолди.
Сенинг кучинг билан дунё хўжаси бўлган турк қарлуқ темурларига* кирди.

Хоқоним!
Туркликка хиёнат қилғанлар турк бўлсалар ҳам қонларини оқизмоқ сенинг муқаддас одатингдир, ётма, тур!
Сенинг омонатингға хиёнат қилғанларни эз, ур, ўлдур!

Султоним!
Биламан, шу тобда сенинг у юксак ва улуғ руҳониятинг мен каби тубан руҳли ва ҳимматсиз бир боласининг шу ҳолиға ғазабли кулуб турубдир.
Биламан, шу чоғда сенинг тўлқунли денгизларға ўхшаған юрагинг мен каби юраксиз бир ўғлингнинг шу кўринишиндан нафрат қиладир.
Чунки юқорида айтдигим ишларнинг ҳаммасига ўзим сабаб бўлдим, барчасини ўзим қилдим,

Сенинг Туронингни ўзим талатдим,
Сенинг турклигингни ўзим эздирдим,
Сенинг омонатларингга хиёнат ўзим қилдим.

Мен уч кунлик умримни тинчгина ётиб ўтказмоқчи бўлмаса эдим, шуларнинг бирортаси бўлмас эди.
Мен қўлимға топширдиғинг қилични ташлаб, чолғуни олмаса эдим, Туроним таланмас эди!..

Мен ёлғиз қонли кўз ёшларимни бу сағанангга тўкмак учун эмас, ўз ёзиқларимни иқрор этарға келдим, ХОҚОНИМ.
Мени қўйма!

Мен ёлғиз ёзиқларимни иқрор этарға эмас, Туронға бердигим зарарларни тўламоқ учун келдим, ХОҚОНИМ.

Мендан нафрат этма!

Эй арслонлар арслони!
Меним ёзуқларимдан ўт,
Мени қўлимни тут,
Белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер!

Сенинг дунёга сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман.

ЮРТ ҚАЙҒУСИ (Темур олдинда). Сочма. «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 31 октябрь 47-сонида илк бор эълон қилинган. Қайта нашри: «Фан ва турмуш» ж., 1990, 9-сон, 7-бет.
* қарлуқ темурлар — темир панжаралар.

IV

Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир?
Номусми, виждон била имонми керакдир?

Темур била Чингиз қони тошди томримиздан,
Айтгил! Сени қутқармоқ учун қонми керакдир?

Ёв суқғали келгач қиличини юрагингга,
Туш олдига, ол кўксуми — қалқонми керакдир?

Боқ, боқ, мана турк тенгизи тошқун қила қолди,
Турон ёвини қувғали тўфонми керакдир?

Турон, йигитинг, барчага боқ, қалқди оёқға,
Юртда қоровул қўйғали арслонми керакдир?

ЮРТ ҚАЙҒУСИ бу шеър аруз вазнида ёзилган бўлиб, «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 29 декабрь 62-сонида эълон қилингаи. Шу кунга қадар қайта нашр этилмаган.
«Ҳуррият» газетаси Самарқандда 1917—1918 йиллари нашр этилган. 1917 йил 27-сондан бошлаб Фитрат муҳаррирлик қилган. Бу нашрда Фитратнинг қирққа яқин публицистик мақолалари ва тўртта ўзбекча ва икки форсий шеъри эълон қилинган.

   1917 yilda Аbdurauf Fitrat oʼzi muharrirlik qilgan “Hurriyat” gazetasida “Yurt qaygʼusi” nomi bilan bir turkum sheʼrlar eʼlon qildi.Diqqatga sazovor joyi shundaki,ularning aksariyati sochma sheʼrlar,Fitratning oʼzi aytmoqchi,mansuralar. Bunday tajriba adabiyotimizda ilk bor Hamza tomonidan qilingani maʼlum.

Begali Qosimov
FITRATNING «YURT QAYG’USI»
TURKUMI HAQIDA

012

1917 yilda Abdurauf Fitrat o’zi muharrirlik qilgan “Hurriyat” gazetasida “Yurt qayg’usi” nomi bilan bir turkum she’rlar e’lon qildi.Diqqatga sazovor joyi shundaki,ularning aksariyati sochma she’rlar,Fitratning o’zi aytmoqchi,mansuralar. Bunday tajriba adabiyotimizda ilk bor Hamza tomonidan qilingani ma’lum. “Yurt qayg’usi” ga kirgan she’rlarning birinchisi “Hurriyat”ning 1917 yil 28 iyul`, oxirgisi 29 dekabr` sonida e’lon qilingan.Shulardan oxirgisi aruz vaznida.Qolganlarida,tabiiyki,vazn yo’q. She’rlar ruknning sarlavhasidan ko’rinib turganidek,yurt — Vatan qayg’usiga bag’ishlangan. Zamon inqiloblar zamoni edi.Chor hukumati quladi.Epchil millatlar darhol istiqlol rejalarini ko’ra boshladilar.Turkistonning taqdiri nima bo’ladi? Ayniqsa,so’nggi asrlarda zalolatga botgan,dunyodan uzilib,fisqu fujurga ko’milgan,o’z qiyofasini yo’qota boshlab,o’zga millat yetoviga tushgan Turkistonning kelajagi nima bo’ladi? Fitratni qiynayotgan dard — shu!

Ey ulug’ Turon,arslonlar o’lkasi! Senga ne bo’ldi? Holing qandaydir? Nechuk kunlarga qolding?

– deb boshlanardi ularning biri.

Shoir uning “yuksak o’rinlar”dan “qullik chuqurlari”ga tushish sabablarini so’raydi. “Dunyoni “urho”lari bilan titratkan yo’lbars yurakli bolalari”ni, “er tuprog’ini ko’klarga uchuraturg’on tog’ gavdali o’g’lonlari”ni qo’msaydi. Uning bu holi bilan kelisha olmaydi.Tomirlarida Temur qoni oqayotgan millatdoshlarini nomus va sha’n himoyasiga chorlaydi.

Abdurauf Fitrat
YURT QAYG’USI
Turkum
02

I

Ey Ulug’ Turon, arslonlar o’lkasi!
Senga ne bo’ldi? Holing qalaydir? Nechuk kunlarga qolding?
Ey Chingizlarning, Temurlarning, O’g’uzlarning*, Otillalarning** shonli beshiklari! Qani u chiqdig’ing yuksak o’rinlar? Qullik chuqurlarig’a nedan tushding?!
Dunyoni «urho»lari bilan titratkan yo’lbars yurakli bolalaring qani? Yer tuprog’ini ko’klarga uchiraturg’an tog’ gavdali o’g’lonlaring qani? Nechun tovushlari chiqmaydir?
Yer yuzining bir necha polvonlari bo’lgan botir turklaring qani? Nechun chekindilar? Nechun ketdilar? Kurash maydonlarini o’zgalarga nechun qo’ydilar? Nechun… Nechun… nechun..? Gapur menga, ey Ulug’ Turon, arslonlar o’lkasi! Senga ne bo’ldi?!
Yer yuzining buyuk saltanatlarini sen qurmadingmi? Hindistonning, Eronning, Ovro’paning ulug’ xoqonlarini sen yubormadingmi? Ey xoqonlar o’chog’i! Ey qahramonlar tug’oyi!*** Qani u chaqmoq chaqishli botir xoqonlaring? Qani avvalg’i o’q yurushli, otli beklaring? Nechun «urho»laring eshitilmaydir?
Dunyo xalqini bo’ysundirmagan saltanatlaring nechun buzildi? Insonlik olamini qanotlari ostinda olgan xoqonlig’ning nechun kuchi o’ldi? Kuchingmi ketdi? Kimsasizmi qoldi?
Yo’q… yo’q… Tangri haqqi uchun yo’q!.. Sen kuchsiz emassan, sen kimsasiz emassan! Bugun yer yuzida sakson milyun**** bolang bor. Bularning tomirlaridagi qon chingizlarning, temurlarning qonidir. Bularning kuchlari sening kuchingdir!
Ey Ulug’ Turon, arslonlar o’lkasi!
Qayg’urma! Eski davlating, eski saltanating, eski yigitlaring, eski arslonlaring hammasi bor, hech biri yo’qolmamishdir.
Yolg’iz… Oh, yolg’iz… tarqalmishdir.

YURT QAYG’USI (sochma she’r). Fitratning o’z so’zlari bilan ayttanda «mansura» («Adabiyot qoidalari»), «Hurriyat» gazetasining 1917 yil 28 iyul` 26-sonida e’lon qilingan.
* O’g’uzxon — xunlar davridagi qadimgi turk xoqonlaridan.
** Otilla — Xun xoqoni Minjuq o’g’li (395—453). Akasi Veldaning o’limidan so’ng (422 y.) xoqonlpkni to’la o’z qo’liga olib umrining so’nggiga qadar hoqonlik qplgan.

*** tug’oy — tug’ilgan joy.
**** sakson milyo’n — o’sha yillari yer yuzida turkpy qavmga mansub 80 million aholi bor edi, shu raqam nazarda tutiladi.

II
(Bir o’zbek tilidan)

Yotsam tushumda, uyg’onsam yonimda, ko’z yumsam miyamda, ko’z ochsam qarshumda mungli bir xayol kelib turadur! Bu bir xotun xayoli… Bir xotunki, egnida ipakli, lekin yirtiq va eski bir ko’ylakdan boshqa bir kiyim yo’q. Bosh-ayog’lari yalang’och, tirsaklarigacha qop-qora loyqadan botg’an, baqirurg’a tovushi, qutilurg’a kuchi qolmag’an!..
Qarayman: kimsasizlik yukindan orig’langan tanda zolimona urulg’an qamchilarnpng yarasi bor. Ko’raman: johilona qiling’an emlardan nosulg’a* qaytg’an yaralarindan qonlar oqib turadur!..
Ey mungli xotun, sen kimsan?
Ey g’amli ona, nechuk mundan ayrilmaysan?
Yonimda, ko’zimda, miyamda, yuragimda nima axtarasan, nechuk ketmaysan?
Qayg’u tutunlari ichra yog’dusiz qolg’an ko’zlaring, u yosh yomg’urlarin nechun to’kadir? Zulm zanjirlari bilan bog’langan qo’llaring nechun har yonga uzatiladir, nima tilaysan?..
Oh… Bildim… bildim… Angladim!
Sen mening Vatanimsan, Vatanimning mungli xayolisan.
Ey muqaddas Turonimning xayoli, ketmay tur, ayrilma.
Yonimda, ko’zlarimda, yuragimda, vijdonimda qol, ketma.
Turonim, sendan ayrilmoq — mening uchun o’limim.
Sening uchun o’lmoq — mening tirikligimdir,
Panohim, sajdagohim, umidim!
Yovlaring seni shu kungami soldilar?
Tilagim, istagim, saodatim!
Bolalaring seni shu holdami qo’ydilar?
Suyunchim, ovunchog’im, o’chog’im!
Zolimlar seni kimsasizmi ko’rdilar?
Yo’q, sen kimsasiz emassan. Mana men, butun borlig’im bilan senga ko’mak qilurg’a hozir. Mana men chin ko’ngil bilan sening yo’lingda o’lurg’a rozi.
Qof tog’lari yo’limda tushsa;
Tamug’** olovlari qarshumdan chiqsa, yana sen sari ketarman.
Ustimga insonlar emas, shaytonlar qo’shini kelsa,
Oyog’imga zanjirlar emas, jahannam ilonlari sorilsa,***
yana sen sari ketarman.
Dunyoning butun balolari boshimg’a to’kulsa,
Zulm cho’lining temir tikonlari ko’zlarimga kirsa, yana seni qutqararman.
Men sening uchun tirildim,
Sening uchun yasharman,
Sening uchun o’lurman.
Ey turklikning muqaddas o’chog’i!
O’lim sening o’limingni istaganlarga,
Nafrat seni ko’mgani kelganlarga!

YURT QAYG’USI (bir o’zbek tilidan)ushbu sochma ham «Hurriyat» gazetaeida chop etilgan (1917, 18 avgust 31-son). Qayta nashri: «Fan va turmush» j., 1990, 9-son. 7 bet.
* nosulg’a — tuzalmagan, qayta kasallangan.
** tamug’ — jahannam.
*** sorilmoq — yopishmoq.

III
(Temur oldinda)

Bag’rim yoniq, yuzim qora, ko’nglim siniq, bo’ynim bukuk.
Sening ziyoratingga keldim, sultonim!
Ezilgan boshim, qisilgan vijdonim, kuygan qonim, o’rtangan jonim uchun bu sag’anangdan davo izlab keldim, xoqonim!
Yuz yillardan beri jafo ko’rub, g’am chekib kelgan turkning qonli ko’z yoshlarin etaklaringga to’karga keldim.
Qorong’uliklar ichra yog’dusiz qolgan o’zbek ko’zlari uchun tuprog’ingdan surma olg’ali keldim.
Nomusini bad kishilarning ayog’lari ostinda ko’rib turklik qoni qaynag’ay, musulmonlik hamiyati toshg’ay, tamug’ olovlari kabi sochrag’ay.
Lekin o’z kuchsizligin anglab qaytib o’tirgan va qon yig’lagan turkning holini aytarga keldim, xoqonim!
Ulug’ xoqonim! Turklik sharafi talandi.
Turk uchun qo’ydig’ing davlat bitdi, turk ostig’a qurdig’ing hoqonlik yog’iygami ketdi.
Turkning nomusi, e’tibori, iymoni, vijdoni zolimlarning ayog’larn ostinda qoldi.
Turkning yurti, ulog’i, o’chog’i, Turoni yot qo’llarg’a tushdi.
Turkning bilgisi, ongi, o’ylovi, ziyrakligi jaholat o’ljasig’a ketdi.
Sening qiliching bilan dunyo egasi bo’lg’an turk tinchgina bir yotoq topolmay qoldi.
Sening kuching bilan dunyo xo’jasi bo’lgan turk qarluq temurlariga* kirdi.
Xoqonim!
Turklikka xiyonat qilg’anlar turk bo’lsalar ham qonlarini oqizmoq sening muqaddas odatingdir, yotma, tur!
Sening omonatingg’a xiyonat qilg’anlarni ez, ur, o’ldur!
Sultonim!
Bilaman, shu tobda sening u yuksak va ulug’ ruhoniyating men kabi tuban ruhli va himmatsiz bir bolasining shu holig’a g’azabli kulub turubdir.
Bilaman, shu chog’da sening to’lqunli dengizlarg’a o’xshag’an yuraging men kabi yuraksiz bir o’g’lingning shu ko’rinishindan nafrat qiladir.
Chunki yuqorida aytdigim ishlarning hammasiga o’zim sabab bo’ldim, barchasini o’zim qildim,
Sening Turoningni o’zim talatdim,
Sening turkligingni o’zim ezdirdim,
Sening omonatlaringga xiyonat o’zim qildim.
Men uch kunlik umrimni tinchgina yotib o’tkazmoqchi bo’lmasa edim, shularning birortasi bo’lmas edi.
Men qo’limg’a topshirdig’ing qilichni tashlab, cholg’uni olmasa edim, Turonim talanmas edi!..
Men yolg’iz qonli ko’z yoshlarimni bu sag’anangga to’kmak uchun emas, o’z yoziqlarimni iqror etarg’a keldim, XOQONIM.
Meni qo’yma!
Men yolg’iz yoziqlarimni iqror etarg’a emas, Turong’a berdigim zararlarni to’lamoq uchun keldim, XOQONIM.
Mendan nafrat etma!
Ey arslonlar arsloni!
Menim yozuqlarimdan o’t,
Meni qo’limni tut,
Belimni bog’la, muqaddas fotihangni ber!
Sening dunyoga sig’magan g’ayratingga ont ichamanki, Turonning eski sharaf va ulug’lig’ini qaytarmasdan burun ayog’laringda o’tirmasman.

YURT QAYG’USI (Temur oldinda). Sochma. «Hurriyat» gazetasining 1917 yil 31 oktyabr` 47-sonida ilk bor e’lon qilingan. Qayta nashri: «Fan va turmush» j., 1990, 9-son, 7-bet.
* qarluq temurlar — temir panjaralar.

IV

Onam! Seni qutqarmoq uchun jonmi kerakdir?
Nomusmi, vijdon bila imonmi kerakdir?

Temur bila Chingiz qoni toshdi tomrimizdan,
Aytgil! Seni qutqarmoq uchun qonmi kerakdir?

Yov suqg’ali kelgach qilichini yuragingga,
Tush oldiga, ol ko’ksumi — qalqonmi kerakdir?

Boq, boq, mana turk tengizi toshqun qila qoldi,
Turon yovini quvg’ali to’fonmi kerakdir?

Turon, yigiting, barchaga boq, qalqdi oyoqg’a,
Yurtda qorovul qo’yg’ali arslonmi kerakdir?

YURT QAYG’USI bu she’r aruz vaznida yozilgan bo’lib, «Hurriyat» gazetasining 1917 yil 29 dekabr 62-sonida e’lon qilingai. Shu kunga qadar qayta nashr etilmagan. «Hurriyat» gazetasi Samarqandda 1917—1918 yillari nashr etilgan. 1917 yil 27-sondan boshlab Fitrat muharrirlik qilgan. Bu nashrda Fitratning qirqqa yaqin publitsistik maqolalari va to’rtta o’zbekcha va ikki forsiy she’ri e’lon qilingan.

011

(Tashriflar: umumiy 2 577, bugungi 1)

Izoh qoldiring