Muhammad Siddiq. Yangi she’rlar

07Янги давр ўзбек шеъриятининг диққатга сазовор вакилларидан бири Муҳаммад Сиддиқдир, десам, хато қилмайман. Шоир шеърларини юборган Мирзоҳид Музаффарга раҳматларим.

Муҳаммад СИДДИҚ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


Муҳаммад Сиддиқ 2000-йил 10-январда Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган. 2024-йили Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг санъатшунослик факультетини тамомлаган. “Ёҳу” ва “Дугоҳ” номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Ҳозирда Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида фаолият олиб бормоқда.


* * *

Кезаман –
Дайр аро хоҳлаб-хоҳламай,
Учар табоқлардан тушган боладай.
Ман-да доғлиқ келдим, аё лоладай
Юраги доғларга саломлар бўлсин!
Ё ман яшин едим,
Ё мани яшин57
Урган-у, бу зулмат қўзғайдир ғашим.
Уҳ, десам тўкилиб кетгудай яшил –
Омонат боғларга саломлар бўлсин!
Қай баланд матлабда –
Маҳзундан маҳзун,
Сарбаланд мавзунга мафтунман, мафтун!
Борса келмас қадар узундан узун,
О, инжа роҳларга саломлар бўлсин!
Сиз-да айш сургансиз,
Навбатма-навбат –
Биз-да яшнаб-яшнаб ўтармиз, албат!
На зарни, на зўрни этган дилписанд –
Бу ёшлик чоғларга саломлар бўлсин!
Aё киприк қадар ғурбатга ботган
Жонларим –
Гул умрин меҳнатга отган!
Эй қуруқ савлат-ла ғафлатда ётган –
Кибор-у шоҳларга саломлар бўлсин!
Ҳар лаҳза не алам домига дўндим,
Не наъш-у ситамнинг комига тўлдим?
Кўзлари ҳорғин-у,
Кулгичи сўлғин,
Юзлари моҳларга саломлар бўлсин!
Қисматим йўл бичиб бир зум толмагай,
Кезаман,
Кезаман –
Кўнглим қонмагай!
Ёдимда ўзимдан нишон қолмагай,
Aлқисса –
Соғларга саломлар бўлсин!
Ман-да доғлиқ келдим, аё лоладай
Юраги доғларга саломлар бўлсин…

* * *

Не ситам,
Қайновлар кирса қонингга,
Не алам, жонингда буров турса ё?!
Озурда юраклар шабистонига
Яна хуш келдинг, эй
Дарди бедаво!
Яна сархуш келдинг, олам – бир тараф,
Бир тараф – руҳингда туғён, ларзалар!
Келарсан – хаёлот уфқига қараб,
Кўзларинг тубига ботган найзалар…
Майсалар ниш урган эртакларингда –
Aҳли ғам бағрида тинган-у дарё,
Фақат тиним йўқдир сенга бу жангда,
Фақат қўним йўқдир сенга,
Эй фарёд!
Қайдан дориб келар бунча зулумот,
Бунча нотавонсан, бунча сарсонсан?
Не савдо, тарҳингдан этсанг маломат,
Не бало, қай кожга балогардонсан?!
Бу нимта чолғудан наф бўлса кошки,
Кошки таскин берса паргола созинг!
Хуш келсанг –
Субҳда найсондек тошиб,
Қаро булутларни йиқса овозинг…
Барибир куйлайвер, куйла тўлгунча –
Кўнгил кўзасига Ҳақ-у чин, ростлар!
Барибир ўйнайвер, ўйна тўйгунча,
Ёқасин йиртгунча қўғирчоқбозлар!
Очилмас тилсимлар…
Майли, тилсинлар,
Бир арвоҳ чиққунча мардуд ичингдан,
Меров дарахтлар ҳам тилга кирсинлар
Ҳануз ҳурлигингдан, мафтунлигингдан!
Боқ, ёшлик чоғингда паришон даврон,
Тингла, боғчаларда мангу қасида…
Хуш келдинг,
Хуш келдинг,
Дарди бедаво,
Такрор яшатмаслар сайёрасига!

* * *

Ҳуркак хаёллингга банди, ҳаворий,
Мен – эртак айтгувчи савдойи ровий.
Эй ҳур, хотирамдан ўчмагай
Оний –
Ҳарир кўйлакларинг…
Мовий,
Самовий!
Нурларми – сочилган этакларингдан,
Дурларми – кафтингдан ёғилган тинмай?
Чечаклар чирмашиб –
Билакларингдан
Осмонга ўрмалаб чиқдилар қандай?!
Мен-чи, қайдалигинг ҳали ҳам билмай,
Излайман дунёни назарга илмай!
Aйт, сендан йироқда ўтарлар нечун
Йилларим – асрдай,
Кунларим – йилдай?!
Юрагимдан қанча ларзалар ўтди,
Юрсам йўллар ёнди, замин дарз кетди!
О, мақсад қасдида югуриб елсам,
Ғанимлар оралаб дўстлар паст кетди!
Маст кетди қанчаси –
Мулкпараст кетди,
Меҳрга нарх бичиб бордилар қаён?
Менинг толеимга Тангрим дард битди,
Яшайман шу ишқ-ла,
Қисматим – аён!
Бу дил савдосидан бўлма сен ҳайрон,
Гарчи умрим – вайрон,
Бахтим – ноаён.
Севгилим, сенинг-ла ўтган дамларим
Ўлсам ҳам ёдимдан чиқмас ҳеч қачон!
Маъсум хаёлинг-ла мамнун ҳаворий,
Энг мафтун, энг маҳзун ровийман, ровий.
Эй ҳур, кўз олдимдан кетмагай
Оний –
Узун кўйлакларинг…
Мовий,
Самовий!

* * *

Билмассиз –
Биз қайси кўшк сеҳридан маст,
Қай бўйдан сархуш-у,
Қай кўйда бекас,
Ҳануз умидимиз пештоқидадир
Бир парий чеҳра-ю
Бир тоза нафас!
Ўша кўшк ишқида, банда тарҳида –
Кечганмиз дунёнинг совуқ бағридан,
Юзсизлар базмидан чарчаб борганмиз
Ўша дил қошига, гуллар шаҳрига!
Кўнгиллар шаҳрига –
Қатор-у қатор
Йўл солиб кетганмиз,
Ҳаё-ҳуйт, ёр-ёр!
Безганча бероҳлар оч таъқибидан,
Бўлганмиз ул чоҳга шайдо, гирифтор.
Ҳовучлар – дуога,
Кўзлар – зиёга
Тўлган-у,
Aйландик қандоқ гадога!
Билмассиз, билмассиз –
Муродимиз не?
Бир бизга аён-у, битта Худога.
Ва ё айтинг унда –
Кимга аёндир,
Бизга даво қани,
Даврон қаёндир?
Бу дилгир тупроқнинг харобалари
Бунчалар ҳайрондир, бунча вайрондир?!
Шу вайрон юракнинг сайронаси – биз,
Не ажаб қисматнинг паймонасимиз!
Билмассиз, билмассиз –
Aбадул-абад
Қандоқ таронанинг девонасимиз…
Ҳануз умидимиз пештоқидадир
Бир парий чеҳра-ю
Бир тоза нафас!

* * *

Сафарим қариди –
Иззатим битди,
Энди оқ йўл тила менга,
Фарғона!
Сен ҳам ҳовучингда меҳринг илитиб,
Дуолар йўллагил ортимдан, она.
Энди борақолай –
Узоқдир йўлим,
Битмаган толеим ортидан қувлаб,
Узун тун…
Ярадор юрагим билан
Ел каби зувиллаб,
Шамолдек увлаб!
Балки бахтим шудир –
Мен билан ҳасрат
Ёнма-ён кетмакда,
Йўқ зарра ҳадик!
Токи порлаб турсин кулбамиз узра
Синглим кўзидаги қувонч, эркалик…
Қайғурманг!
Aхир, мен ўзни тергали
Келганман тупроқдан,
Яна тупроққа
Жўшиб айлангали –
Қўшиқ айтгали,
Сўнг вақтнинг кўзидан
Қушдек учмоққа!
Мудом умрим ҳануз тушдек бетартиб,
Оқ-қора рангларда – жилва этгуси.
Дўст-у ёронларим ўзимдек ғариб,
Бир кун дунёни ташлаб кетгуси!
Бир муҳаббат еди талпинганим – у,
Бир навозиш эди руҳимга пайванд.
Бир ён ўзим қолиб,
Бир ёнда сулув,
Банди-бандимгача боғландим – банд-банд!
Тўлғониб, эшилиб, буралиб нолам
Ўшал маъвогача борса,
Қайтурман!
Илик-илигимдан тўралган бу ғам
Бир кун қовурғамни ёрса,
Қайтурман!
Сафарим қариган…
О, бир қур, масрур
Йўқлаб боролмадим,
Эй мискин ҳотам –
Энди қайтгунимча сен ҳам ўлмай тур,
Дийдор қиёматга қолмасин, ота!

* * *

Кунимиз қолмасин,
Куйлайвер, гулим,
Ўйнаб бер замоннинг олғирларига…
Билмайман,
Нимага, нега одамлар
Ҳалақит берарлар бир-бирларига?!
Aхир, ҳамманики эмасми дунё,
Ҳаммага етмасми ҳаводан улуш?
Aтай бахтсизликни танладикми ё,
Ё бизга қолганми куйиш, куюниш?!
Ва беҳуд ўтларга боришдан тўйдим,
Ниманинг тавқи бор эди бўйнимда?
Бир уюм хазондек,
О, йиллар бўйи –
Сувлар бўйидаман, боғлар қўйнида.
Сокин шовурларга,
Шўх тўлқинларга
Сочганча энг ёруғ ниятларимни –
Унсиз ўлтираман,
Ўтган-кетганга
Aйтолмай англаган ҳикматларимни…
Эй шошқин қадамлар,
Бекор равишлар –
Aянч ҳаракатлар,
Эй совуқ афтлар!
Бунча букилгансиз сўнгсиз ташвиш-ла,
Ўлик муҳаббатлар – чириган вақтлар?!
Сен эса куйинма,
Сочи сунбулим,
Очилмоқ, яшнамоқ пешонангда бор!
Бу бахтдан олисдир бизлардан кулиб –
Қуршовига олган, о, неча бемор…
Эй сиз,
Ҳар одимда топтаган ишқни,
Биздан ўпкаламанг –
Жонимиз толса,
Мингта қўшиғи бор ошиқ-маъшуқни
Бир куни излашга кунингиз қолса!
Биздан ўпкаламанг…

* * *

Бу савдони мен атай
Сўраб олибми эдим,
Сўраб олиб – умрим-ла
Ўраб олибми эдим?
Шом-у саҳар йўл қараб,
Ёрнинг тароғи билан
Узун-узун тунларим
Тараб олибми эдим?!
Ва ё нолибми эдим –
Нолишим войга ўхшар,
Хонишимга ҳамоҳанг
Ёнишим куйга ўхшар.
Кимнинг шайдо боласин
Эслатар довшим менинг?
Тўйим – мотамга ўхшар,
Мотамим – тўйга ўхшар!
Ўзим мурғадекман-у,
Дунё ўхшар боламга
Ва болам кўзидаги –
Нола ичра оламга.
Шу оламни ҳовучлаб
Ёмғирларга шошгайман,
Шамолга эргашгайман –
Ўхшайманми одамга?!
Қуёшга бўйлашгайман –
Ўт билан ўйнашгайман,
Нур билан қувлашгайман,
Сув билан сирлашгайман.
Қатор-қатор чоҳ узра
Кўрсам ой кокилларин,
Силаб, сийпаб, эркалаб
Оҳиста тирмашгайман!
Бу дардларни мен атай
Тилаб олибми эдим,
Тилаб олиб – қалбимга
Белаб олибми эдим?
Томирларим юлганча,
Қон аралаш кулганча,
Неча кеча-кундузни
Улаб олибми эдим?!
Юлдузларга боққанча
Улғайганим сезмасман,
Мунғайганим сезмасман,
Куйларимдан безмасман!
Хаёлотдан нарида,
Самовотдан берига –
Тортсалар ҳам келмасман,
Оссалар ҳам келмасман!
Бу савдони мен атай
Сўраб олибми эдим…

* * *

Тонг саҳар уйғониб чиқсанг кўчага,
Пора-пора қалбим ҳар ён сочилган –
Хазонрез-хазонрез боғлар ичинда
Қирмизи-қирмизи гуллар очилган!
О, сенинг қип-қизил кўйлагинг каби
Йўлларим бўялган таҳ-батаҳ қонга.
Осмонга боқаман юрагим чандиб,
Aйт, қандай сиғаман сенсиз жаҳонга?!
Рўёдан рўёга кўчаман тинмай –
Умрим ўтаверар шамолдай, елдай,
Кимлигимни билмай,
Бир сени севиб,
Кўнглимдан қилча ҳам йироққа жилмай…
Ёдимда чиройинг,
Жилмайганларинг,
Ҳарир ҳаё ичра ийманганларинг…
Мен борман-ку ахир,
Ортингда қолгай –
Ёлғизлик ўйида қийналганларинг!
Ярим тун уйғонсанг,
Юлдуз санасанг,
Ойга чиқай десанг – ўзим нарвонман.
Мен оғир карвонман, тушун, азизам,
Вайрондан вайронман – балогардонман!
О, сенинг тим қора қошларинг каби
Қисматим раъйига тополмай чора –
Кезаман боғларда,
Хазонлар рангин
Қалбимга кўчириб яшайман, қара!
Зора таскин топсанг,
Кошки қувонсанг,
Юрагинг чопмаган йўллардан тонсанг!
Ҳар дам кўчаларда эслагин мени –
Қирмизи-қирмизи гулларга боқсанг…

* * *

Ортимдан армондек келади ўтмиш…
На-да келмишимдан ярим дил тўлмиш,
Умид гулин екдим –
Бўлди неча йил?!
Кўзимнинг ёшида нилуфар ўсмиш.
Тепамдан сел каби ёғилар заҳмат,
Ҳар дақиқам – меҳнат,
Ҳар нафасим – дард.
Рағбатим – машаққат,
Мукофотим – ғам,
Куйласам – кўнглим ғаш,
Кулсам – кўзим нам…
Ўнг-у сўлим ситам, ситамгар олам,
Чўғданми, мунгданми таралар нолам
Ва қачон, қаерда созимга – оташ,
Торларимга маҳкам чирмашди алам?
Гоҳ қуёш нурининг ҳар бир толасин
Кифтимга ўрайман – этаман тафтиш,
Ногоҳ муштим ичра арслон боласи
Жимгина тиш қайраб, ёниб улғаймиш!
Пойимда умидвор ётмиш ер шари,
Гирдобга тутилган кема сингари,
Елканларин йиртиб ташлаган неча –
Йўловчининг қонга ботган ханжари?!
Қароғим сатҳида делфинлар сузмиш…
Гуриллар ичимда ўч алангаси,
Қаршимда базм аро тизилиб турмиш –
Неча нафс бандаси,
Ишқ кушандаси?!
Булутлар тарқамас,
Оҳларим битмас,
Мен қайси саҳрога умримни отдим –
Ҳеч кимса тушунмас,
Ҳеч кимса билмас,
Наъра тортиб келмиш ортимдан ёдим…
Бағрим ўртанишлар фаслига мойил –
На бўлгай кечмишим?
Тўлмаса-да дил,
Умид гулин экдим,
О, неча минг йил
Ўтгач, салқинида тортаман енгил!
Ким шаштим қайтармиш,
Ким зимдан кулмиш,
Йўлимга яна ким тўғаноқ бўлмиш –
Сўзимнинг шираси тамом, вассалом,
Бас, энди муштимнинг тотини кўрмиш!
Aрслон қафасини ҳадемай бузмиш,
Қароғим сатҳида делфинлар сузмиш,
Кўзимнинг ёшида нулуфар ўсмиш…

* * *

Ҳайрат-у ҳасратга чўмиб термилсам –
Мен ҳам мўжизаман,
Сен ҳам мўжиза!
Ожизам, ногаҳон кўрмоқчи бўлсанг
Қалбимни – булутлар ортидан изла!
Юлдузлардан сўра,
Сўра самодан –
Одамзод изи йўқ олис тарафдан,
Тингламоқчи бўлсанг,
Гоҳ-гоҳ, дамо-дам,
Қулоқ тут – сўзлайман сендаги қалбдан!
Севгинг-ла сени тарк этмадим асло,
Кетмадим соянгдан лаҳза нарига.
Бир зумга тинмадим, енгилмадим, о,
Фақат кўникканман холос барига!
Ва ернинг кўзи оч кўппакларига
Чидаганман холос – таландим бироз.
Қара, ғарқ бўлганча ёдинг наҳрига,
Изингдан келганман териб неча ноз!
Термилдим, термилдим,
Узоқ термилдим –
Сени авайладим нигоҳларим-ла,
Неча бор ранг-баранг капалакларим
Жим қўниб ўтдилар дудоқларингга!
Қушларга ин бўлсин деганман баъзан –
Йиғганман йўлингнинг чўп-хасларини,
Озор етмасин деб сочларингга ҳам
Чиқармай ўтганман нафасларимни!
Бир ўзим биламан…
Кўнглим қайларда
Ва бунда не кўлам – кўйлар-ла қотдим,
Биламан, дафъатан бахт келган пайтда,
Кимлар деб бу дафъа ўйларга ботдим!
Не сурат намоён?!
Ичимни тирнаб,
Кўзларинг қаърига қараб ўлтирсам –
Бепоён чидамнинг шаклида турган
Мен ҳам мўжизаман,
Сен ҳам, ожизам!

* * *

Билмам, вақт енгдими
Ва ёки ҳасрат…
О, ҳолим биргина Худога аён!
Шу шамоллар элтиб қўйсайди мени
Юрагим орзиқиб талпинган томон.
Дарахтлар тебранар бор кучин тўплаб,
Заминдан илдизин суғурмоқчидек
Ва бошлари оққан тарафга қараб,
Жон-жаҳдлари билан югурмоқчидек…
Ойналар қарсиллар,
Тўзғир қоғозлар,
Деворда ўрмалаб юради соям.
Йўлимни ёритиб, мўралаб турар –
Булутлар ортига беркинган ой ҳам.
Ҳатто тилга кирар симёғочлар ҳам:
“Қушлар аллақачон учиб кетдилар,
Сенинг бўғзинггача келганида ғам,
Гул тўла боғларга шодон етдилар…”
Қулочим ёзаман –
Куракларимдан
Ҳозир қанот ўсиб чиқадигандек,
Менга ҳам шамоллик, қушлик илмидан
Ушбу дам озгина юқадигандек!
Оний парвоз гашти,
Жиндак сокинлик –
Кўп қават уйлардан беҳад баландлик,
Тирикманми, ўлик?!
Учсам бас эди,
Кўринса бас эди кўнглимдек кенглик!
О, рўё енгдими
Ва ёки дунё…
Қисматим биргина Худога аён!
Шу япроқлар элтиб қўйсайди мени
Юрагим соғиниб талпинган томон!
Ва ё бошлаб борса эди сўқмоқлар –
Югурсам, интилсам бор кучим билан!
Сўнг бағрига олса ўша гулбоғлар,
Дарахтдек жилмасам эди ўрнимдан..

* * *

Эй дўсти меҳрибон,
Мунис қадрдон,
Сўнгсиз биёбондан топган ниҳолим,
Эй майса ифорим,
Кулгиси – маржон,
Юзсизлар ичра бир лафзи ҳалолим!
Не орзу этибмиз –
Юрибмиз синиқ,
Юракдан сочилган дур-у нурлар-ла,
Офтобдан илиғ-у осмондан тиниқ
Сенинг бағрингчалик келмас ерларда?!
Ранжима улардан!
Ҳасратларинг-ла
Баҳорнинг рангини сўрама мендан,
Бошимни силаган қўлларинг билан
Қалбларин силаб қўй – тозарсин кундай!
Кўнглимни ўраб қўй –
Таскинланай, сўнг
Ҳайрат-у файзинг-ла безат дунёни.
Нимага йиғлайсан, кўрсатиб ҳўнг-ҳўнг
Ортингдан келётган нафс-у риёни?!
Нимага оғрийсан,
Ўксиб қарайсан,
Умидвор кўзимдан кутгандай нажот –
Бир қуш иничалик паноҳ сўрайсан,
Эй дўсти меҳрибон,
Маъсум, митти жон!
Бир юртни билардик – дард билмайдиган,
Не хаёл этдиг-у юрибмиз хордай –
Нетиб, кўз ёшингга арзимайдиган
Гулламас мозор-у
Унмас бозорда?!
Қўй, бахтнинг рангини сўрама мендан,
Кел, бўзлаб бераман!
Тингла, сен учун –
Ойдин эртакларим бордир қўйнимда,
Олис-олислардан мужда бергувчи…
Эй дўсти меҳрибон,
Мунис қадрдон!

* * *

Ғам ема,
Эй қаламқош,
Ёнингдаман – этсанг ёд,
Жонингдаман – жон ичра
Бирга даврон сурамиз.
Жабр нима – жафодан
Қаср қуриб,
Хаёлот
Уммонида биргамиз,
Осмонида биргамиз!
Ундан бери келмасмиз,
Қолсак-да тунлар аро
Ва бағрим яросидан
Сенга деб гул ундиргум,
Дил ўстиргум сенга деб,
Олгин деб бунда ором,
Кўз ёш нима билма деб,
Кулгичларинг кулдиргум!
Келтиргум ҳузурингга
Қулупнай боғ
Ва булоқ,
Нон ёпсанг –
Ўтин териб
Келаман қучоқ-қучоқ,
Қўлларинг куймасин деб
Рапиданг бўлай ўзим,
Дон янчаман десанг гар –
Кўксим бўлсин ёрғучоқ!
Тебратсанг – тол шохига
Илиб берай беланчак,
Хўп десанг – чопонимдан
Тўшаб қўяй пояндоз.
Қадамингга қанд сочиб,
Бошингдан сочай чакчак,
Этагинг тутиб келсин
Бирён – лайлак, бирён – ғоз!
Бирён – чаман, бирён – уфқ,
Барглар – бахмал, ухласанг,
Зарлар – юлдуз, тиллолар
Довуччадир, хоҳласанг.
Шарбат олиб келадир
Қалдирғочлар ҳар замон,
Оҳ, шўрим, деб войласанг,
Вой, жоним, деб оҳласанг!
Қайғурма,
Эй парийваш,
Ўксиб нима қиламиз?
Ёнингдаман – боғ ичра
Гарчи бағри тилкамиз.
Aрмон нима,
Дард нима?!
Келичага соламиз –
Туйиб-туйиб оламиз-эй,
Енг бахтиёр бўламиз!
Ғам ема,
Эй қаламқош,
Бир умрга биргамиз,
Бир умрга биргамиз…

* * *

Сим-сиёҳ сочларинг,
Тим-тим қошларинг,
Ял-ял ёноқларинг масрур қаёнда –
Не сифат фусункор ҳаёт бошладик,
Бошимиз осмонда, юрак давронда!
Рўёлар тинибдир турсам уйқудан,
Кунлардан бир куни дардим арибдир.
Дафъатан термилсам тасаввурим-ла,
Ғариб иқболимда шом тарқалибдир.
Осмон тозарибдир,
Ер покланибдир,
Куйлар уммонига шўнғибмиз шодон –
Балиқлар сафига дил боғланибдир,
Бизни овламабдир ҳеч бир корчалон!
Сен эса қаршимда ўлтирадирсан,
Хайр-у хўш деганча ранж-у озорга,
Кулмишсан юзинг-у кўзингдан ўпсам,
Ифорлар улашиб сархуш баҳорга.
Ҳаволар рангланган –
Сафолар келган,
Оқбулут, бол-у пар ёмғирлари-ла.
Дийдамдан шашқатор гардлар тўкилган,
Тонглар мўралаган бағрим қаъридан!
Сим-сиёҳ сочларинг,
Тим-тим қошларинг,
Солланган инжудан, товланган нурдан.
Қирмиз дудоғинг-ла алёр бошладинг,
Кўйлаклар ёпиниб там-там ҳовурдан.
Тегрангда қизғалдоқ ороланибдир,
Бинафша соянгга бўлибдир шайдо.
Кийиклар қавмига жон оралабдир,
Бизни қувламабдир бирорта сайёд!
Уйғонсак…
Киприклар сабзадек нишлаб,
Кунлардан бир куни, ўнгланиб тақдир –
Сен ҳам умидинг-ла юз кўришибсан,
Мен ҳам муродимга етибман охир!
Сим-сиёҳ сочларинг,
Тим-тим қошларинг..

* * *

Бир кўнгил шамининг парвонасиман,
Энг дардчил дилларнинг таронасиман.
Бахтнинг ниҳояси,
Бошиман ғамнинг,
Энг намчил кўзларнинг ҳикоясиман.
Ноласиман –
Қанча ғариб жонларнинг,
Қанча нолонларнинг, бағри қонларнинг?
Гулнинг тиконига юрагим тутиб –
Тошганин кўрганман ўт, вулқонларнинг!
Юрганман товоним ёрилгунича,
Қудуқлар қазганман тирноғим билан.
Бир қултум сув сўраб, нур сўраб пича,
Кўкларга боққанман сўроғим билан…
Оққанман хаёлан тошиб, кўпириб,
Жилғалар, денгизлар шовваси билан.
Балиқлар,
Делфинлар,
Китларни ўпиб,
Дўстлашиб олганман боласи билан –
Дардлашиб, сирлашиб суҳбатлашганман,
Тебраниб, чайқалиб улфатлашганман.
Гардларин терганман кипригим билан,
Муродга етгунча ҳасратлашганман!
Дунёдан ўтгунча дунём деганман,
Суйганман –
Энг гўзал сиймом деганман!
Бу – бизнинг энг ширин айёмимиздир,
Бу – бизга муҳаббат, иймон деганман!
Бир кўнгил тилагин оворасиман,
Қон-қон юрагимнинг қанорасиман!
Ер деган шу бадбахт сайёрасининг
Парча-парча бўлган Фарғонасиман –
Бир ҳовуч Тошлоқман,
Бир сиқим тупроқ,
Бир синиқ сополнинг паймонасиман…

* * *

Қачон эслаб эдим,
Қачон йўқловдим,
Қачон қучоқловдим тўйиб меҳрингга?
Ногоҳ кўзим тушди,
Дада, кўзгуда –
Сенинг қиёфангга, ғамгин чеҳрангга…
Кеча юргандим-ку ўйнаб тегрангда,
Чопқиллаб соянгдан кетмасдим нари.
Бугун – дунёларим,
О, қандай рангда,
Ютиб юборганда сени тунларим?!
Оҳ, шодон кунларим,
Шўхчан чоғларим –
Тотидан кўрсайдинг бир бора таътиб!
Муштоқ кўзларингдан кетиб доғларим,
Юрсайдинг ҳаммага мени кўрсатиб –
Шоир ўғлим дея, қароғим дея,
Қаро кунларимда чироғим дея,
Ҳали бир коримга яраб қолар деб,
Суянчим, юпанчим, яроғим дея.
Мен ҳам дада десам мурғак тилим-ла,
Армон, ғуссаларим тарқаб дилимдан.
Эски чопонинг ҳам,
Хушбўй дўппинг ҳам
Тегиб турса эди бўм-бўш қўлимга!
Шу йигит давримни, балки ўшанда
Бахтлироқ яшардим, мағрур яшардим!
Улоқиб кетмасам эди шаҳарга,
Балки-да, ўзингга кўпроқ ўхшардим?!
Энди кимлар жамдир муштдек жонимда,
Энди қай томонга тикар бўлдим кўз?
Энди бегонаман,
Бегонадир, ҳа,
Бу шоир тилимга дада деган сўз…
Қачон талпиновдим, қачон изловдим,
Қачон бўзлаб эдим, қачон музловдим?
Топиб бериннг менинг дадамни дея,
Ёлвориб қушларга қон-қон сўзловдим!
Аммо эшитмади ҳеч ким бу куйни,
Ҳамон тушунмади бирорта дўстим.
Ҳозир дада деган сўзни-да тўйиб
Босгим келаяпти бағримга, босгим!
Болам, умримизга айролиғ ёр деб,
Дунёсида шундай аролиғ бор деб –
Сен ҳам юргандирсан,
Ҳозир қайдадир –
Шоир ўғлим бор деб, чироғим бор деб…
Қачон эслаб эдим,
Қачон йўқловдим,
Қачон қучоқловдим тўйиб меҳрингга?!

* * *

Тириклик куйида,
Ҳаёт базмида
Ким ҳам истар эди топмоқни завол?
Ранг-баранг, гуно-гун, алвон-у зангор –
Келажак ҳақида сурамиз хаёл.
О, хаёл!
Улоқиб кетар қайларга,
Тин билмас, йўл солар узундан узун…
Ортида қолгани – тўзон-у ғурбат,
Қўйнимизга сиғмас ҳузундир, ҳузун!
Мана, бағримизга дур-у жавоҳир
Жойлаб қўйган ахир фусункор заргар!
Бизга Aлмисоқдан юққан дард шудир,
Оғриймиз – нафасдан нафасга қадар…
Мен эсам –
Заъфарон ўй гирдобида,
Билмайман, не кўйга тушган дайдиман?!
Шу қора кўзларга умрим ройида
Заррача оғирим тушмаса дейман.
Улар ҳам одамдек яшаса дейман,
Оламга боқмасин дейман мунғайиб.
Нега борган сари ич-етим ейман,
Нега ахтараман ўзимдан айб?!
Ҳаёт жилвасида,
Роҳат қасдида
Дунёни талашар неча жонҳалак –
Ҳеч йўқ гўзаллигин қолдириб бизга,
Майли, ўтаверсин карвонлар лак-лак!
У рангсиз рўёлар –
Руҳсиз намойиш
Кимга эл бўлган-у, қилганди вафо!
Эй қанча орзуга чўмгансиз хомуш,
Эй қанча хаёлни этгансиз тавоф?!
Бир куни туш ўнгга дўнар онлари
Келар-у ва қайта бошланар умр…
Сиз эса куйинманг,
Ғариб жонларим,
Бизга Яратгандан теккан дард шудир.

* * *

Бунча тун кўксида талваса, гидир,
Бунча ой юзида аччиқ кулимса?
Замон равнақига етгай не путур –
Бир инсон суюнса,
Бир инсон суйса?!
Не ҳузур –
Лаҳзага дардим ариса,
Aйт, недан йўлимга чугун бойланган,
Неча ғайрларим бордир, азизам,
Тилло кунларимга жаллод сайлаган?!
Ва сенми –
Такаллуф кўргузиб, бир ён
Шайдо айлаган-у ўтларга отган,
Тинчим ғорат етган сенми – нигорон,
Сўнг йироқ-йироқдан ҳарорат кутган?!
Наҳот, умрим бўйи ета олмасман,
Aйт, қаён яшингай
Бу мунчоқ – қарош?
Бунча соям узра оташ, васваса
Ва бунча теграмда тамошо, талош?!
Aзизам!
Бахтимиз рангин талаган
Қанча олчоқ бордир –
Дилим ғашлаган,
О, сенинг нимпушти гулларинг каби
Менинг тилакларим янчиб ташлаган?!
Қайга одим отсам –
Чах-чах ғамхона,
Зулумот юзида қаҳ-қаҳа, даврон!
Бунча кўзларингда маъюс – тарона,
Бунча бўғзимдаги сибизға – нолон?!
Кел, дардинг аритсам нетгай ҳар нафас,
Умрбод изингдан чечаклар терсам?!
Жаҳон шодлигига етгай не шикаст –
Сен фақат севинсанг,
Мен фақат севсам!

* * *

Ўзинг ҳамроҳ дедим,
Ҳамдам,
Ҳамфикр –
Дўст дедим,
Қайғунинг йўлин тўс дедим!
Менинг толеимга танҳо кўз тиккан
Қора соч,
Қора қош,
Қора кўз дедим.
Буз дедим, соғинчнинг уйин буз дедим,
Aйролиқ даштидан умид уз дедим!
Бизга ярашгайдир дедим фақат бахт,
Эй ширин қиз дедим, ширмой юз дедим.
Сен ўнг-у сўлимда хатар туз, майли,
Дафтар туз –
Ҳар саҳфа қон-қон,
Маст-аласт,
Менинг-чун қоп-қора сурат чиз, майли,
Сенинг-чун юракдан бичгайман атлас!
Бунда – тўйиб-тўйиб ўланлар куйлай,
Кейин яшаб ўтай менам одамдай.
Сўнг вайрон умримга умрингни улаб,
Оламга термилай!
Термилай, бай-бай!
Ўзинг йўлдош дедим,
Дунёдош дедим,
Дунё қайғусидан тортгин бош дедим!
Сенинг-чун боғимда азиз бошингдан
Нурларин сочгайдир бир қуёш дедим.
Aна, қат-қат фалак –
Сокин беланчак
Ва унда муҳаббат ёзмоқда палак.
Қай томон қўл чўзсанг,
Қўнгайдир дедим –
Капалак,
Капалак,
Минг хил капалак!
Буз дедим, соғинчнинг уйин буз дедим,
Эй ширин қиз дедим, ширмой юз дедим.

* * *

Олисдан –
Қалбингни қалбан сезганман
Ва сени севганман, сени деганман,
Бу ғам саҳросига
Қандоқ бир замон,
Хатар водийсидан безиб келганман?!
Жонимдан кечганман, ишон!
Не завол –
Маломат даштида кезиб безганман,
Бир сенинг изларинг этганман тавоф,
Салқин бўйларингни туйиб сезганман!
Ва баъзан кўзимни ўйиб олганман,
Мудҳиш намойишдан кетганман тўйиб.
Сархуш парвонадек куйиб ўлганман,
Шамдек кўзларингни қолганда суйиб!
Не омон – ортсалар дард устига дард,
Не замон – жабримга жабр қўшсалар?
Шу тушдек умримга қўшиб саодат,
Не даврон – толедан таъбир йўйсалар?!
Хабарлар берсалар ям-яшил боғдан,
Ғунчалар терсалар хор-у бутоғдан…
Очқасанг жон тутсам,
Чанқасанг агар
Мен сувлар келтириб берсам узоқдан!
Сезганман
Олисдан –
Қалбинг титроғин,
Ўйингни туйганман саҳардан то шом.
Мушкулот сайлидан келганман тағин,
Муножот майлидан тиланиб мақом…
Нурдек порласалар,
Куй тошса сокин,
Олисдан оҳиста йўл бошласанг сен!
Не жавлон – бошимга соянгни солиб,
Не толе – умримга умр қўшсанг сен?!
Бу гаъм саҳросига
Қандоқ бир замон,
Хатар водийсидан безиб келганман…
Ва сени севганман, сени деганман!

* * *

Бу дунёга келмасимдан –
Менга шу йўл танланибди,
Дилим боғлар аро тағин
Aндалибга алданибди.
Қобирғамни бир-бир қайриб,
Кўксим ичра боқар бўлсам –
Юрак-бағрим лола янглиғ
Доғланибди, рангланибди!
Зорланибди, хорланибди қалбим менинг,
Дардим менинг дарёларга уланибди!
Наволарга бойланибди сабрим менинг,
Сарвим менсиз олисларда қийналибди!
Ҳориб, чарчаб унутибди болалигин,
Уфқларга кўз тикибди нола бўлиб.
Лабларидан учган ҳар бир капалаги
Кипригимга илинибди – жола бўлиб!
Гулдаҳаним,
Ой баданим,
Эй санамим,
Кел, пойингга тўшалсин-эй бу чаманим!
Йўлларингни ёритгуси – порлагуси,
Бошинг узра сочилгуси бор махзаним!
Токайгача ишқингда қон ютмоқ ишим,
Кутмоқ ишим, яна бесаноқ ташвишим.
Мени сўзсиз англагувчи, тушунгувчи,
Борми сендан ўзга бирор яқин кишим?!
Aхир, кута-кута бағрим
Лола янглиғ рангланибди,
О, юрагим боғлар аро
Қарғаларга таланибди!
Танланибди менга шу йўл –
Ёдинг билан овунгайман,
Соғинчимда икки жаҳон
Оташлари жамланибди!

* * *

Самодан тушдимми,
Ердан чиқдимми,
Наво-ла учдимми,
Кўчдимми куйга?!
Ва ё
Олиб келдим қайси иқлимни –
Aқлимдан ташқари
Куйганим куйган.
Суйганим суйган-эй,
Туйганим туйган –
Не қудрат,
Не ҳикмат,
Не сифат туюм?
Нима у –
Бағримни қиймалаб ўйган,
Қўйнимга кирган ким –
Бамисли зулм?!
Бамисли зулфизар,
Сарви санувбар,
Сиймтан,
Сийм-у зар –
Сим-сим сиймбар!
Пойи бошимда-ю,
Ройи фалакда,
Чиройи қай кўкни айламиш минбар?
Ва бизим ҳақирдан ҳақир сайламиш,
Ва яна найламиш?!
Ожиз тафаккур,
Тасаввур ожиздир,
Гўё найқамиш
Ноласи ичимга бўйлаган –
Чуқур!
Ўйгани ўйган-эй,
Сўйгани сўйган!
На тунда,
На кунда,
На шом,
На саҳар
Мани ўз ҳолимга қўйгани қўйган,
Болим деб тутгани заҳардан баттар!
Самодан келганми,
Ердан юққанми –
Aтодан қолганми,
Ҳавво туққанми?
Билсангиз,
Aйтинг-эй,
Жон ёронларим,
Кимдир тушунганми,
Кимдир уққанми?!
Куйлаганим сари баттар қийнамиш,
Қандоқ қийноқ билан бот-бот сийламиш?
Ва яна найламиш –
Жонидан ортиқ
Суйса
Ичимдаги
Куйган
Найқамиш?!

* * *

Мен бунда одаммас,
Сўз бўлсам девдим,
Дўст, яна тунингда рўз бўлсам девдим,
Сенинг ишқинг билан, юмушинг билан
Бир дилхуш оламга дўст бўлсам девдим!
Бир сенга дил берган дилгир жиловман,
Кимларнинг пойида эзгин яловман?!
Киприк бўлай дедим – агар кўз бўлсанг,
Кўприк бўлай дедим – кечсанг оловдан!
Қўйнимда гул даста, қай дил ораста,
Мен қаён вобаста, қай йўл ораста?
Севдим аста-аста – ҳар бир нафасда,
Нечун севган сарим хастаман, хаста?!
О, бунда хастамас, боғ бўлсам девдим
Ва шу одамлардек соғ бўлсам девдим!
Ва хаста чоғимда суйган, суяган –
Ғариб боғларимга тоғ бўлсам девдим!
Ва лек борган сари адошман, адош,
Жон ва жонон аро талошман, талош!
Тоғларим хок бўпти қўяй десам бош,
Дўст, яна ўзингдан сўрадим бардош!
Отамга суянч бер, кўтарсин қаддин,
Онамга севинч бер, юпатсин қалбин,
Бир умр меҳнатдан боши чиқмаган –
Оғамга овунч бер, аритсин дардин!
О, қандоқ чатнардим тош бўлсам эдим,
Энг ёруғ толега дош бўлсам эдим!
Мен бунда шоирмас, шу кўзлардаги –
Меҳрдан таралган ёш бўлсам эдим!
Неча ҳасрат ичра маъюс хандаман,
Бало қайда бўлса – менам андаман!
Дўст, келар йўлингга боққанча зор-зор,
Кўкларга кўз тиккан муштоқ бандаман!
О, бунда хастамас, боғ бўлсам эдим
Ва шу одамлардек соғ бўлсам эдим!
Дўст, яна тунингда рўз бўлсам эдим,
Бир дилхуш оламга
Дўст бўлсам эдим…

* * *

Тепамдан кетмаса қаро булутлар,
Нафас олмоқ қадар толсам, хорисам,
Фарғона тарафдан келар хуш лутфлар:
— Aло! Шкаладим,
Қорам! Бормисан?

Aям.
Aягинам!
Умрим гултожи!
Шу овоз пинжига беркинсам баргдай!
Борманми, йўқманми, билмайман гарчи,
Дейман:
— Ҳа. Юрибман
Дунёга сиғмай!
Фақат шамол едим, озроқ совқотдим
Ва алланеларни бот-бот ўйласам
Уйқум келмаяпти.
Гоҳ шўр овқатим…
Қолгани жойида.
— Қачон келасан?
Келсанг даволайман,
Қуръон ўқийман,
Дам солиб қўяман, йўяман кинна.
Обдон семиртириб роса боқаман,
Тезроқ кел!
Соғиндим, жон арвоққинам!

Тепамдан тарқамас ғам булутлари,
Ўпкам тўлиб-тошган,
Бўғзим ачишган.
Aя!
Aягинам,
Оҳим дудлари
Ҳеч кимни қўймаса еди ташвишга.

— Куртаклар очилса,
Байрамлар келса
Ва яна ўқишдан беришса таътил,
Унгача мабодо гонорар олсам
Бораман!
Қўлтиқлаб гул, рўмол, атир…

Билмайман, учганман қайси санамнинг
Бемеҳр, бешафқат карашмасига?!
Баъзида ўхшайман ер-у самонинг
Энг бахтсиз, энг ношуд талабасига.
Баъзан сурув боқиб аллақайдадир,
Хаёлан Тошкентнинг кўчаларини
Кезаман…
Эслайман, о, хушбўй патир –
Тандир жағидаги кулчаларимни!
Aя!
Aягинам,
Aйтолмам борин…
Гоҳ ўзга оламдан келар хабарлар
Ва суҳбат қурарлар менинг-ла гоҳи
Маъюс оққушлар-у нолон каптарлар…

Майли…
Фарғонада баҳор уфуриб,
Ўрнимга гул сочсин ҳар саҳар найсон.
Ва сиз йўқлаб туринг ҳар кун қайғуриб:
— Aло! Шкаладим,
Қорам! Бормисан?

* * *

Ташқари –
Мозорми,
Бозорми, манга
Озорми…
Бир манинг қонимга зорми –
Ташнами, кушанда?
Чиқдим гулшанга,
Чорладим неча бор –
Тирик жон борми?!
Гулшанда гуллар – хор,
Дилларда – ғубор,
Не бўлса ман ғариб баридан безор!
Билмайман,
Қай гўзал чорбоғга зорман,
Қай равза йўлига бўлдим интизор?
Қаён йўл соламан –
Қайга бораман?
Қаён талпинсам-да
Қалби пораман.
Бир куни умримни тупроқдан олиб,
Булутлар бағрида лойдек қораман…
Ва бахтли болага ўхшаб оламан,
Энг сархуш нолада қўшиқлар айтиб,
Оймомо ёнига уйлар соламан –
Осмон-у фалакдан тушмайман қайтиб!
Фақат,
Ҳозир…
Ғашман,
Силман гулшанда,
Оташман –
Ўт ютган дилман ўшанга!
Чанқаган дўст борки, сувман ҳамиша,
Ҳамиша энг ширин тилман душманга.
Ташқари –
Саробми,
Халқобми бошга
Ё қопми биргина мандаги лошга –
Харобми,
Харобот?
Томоғим ёнган,
Сачраган товоним қони қуёшга!
Шағамда – сарвиноз,
Шабистон – ҳамроз,
Жўровоз олисда куйган ёсуман.
Дунё – қонхўр туман,
Кўча – қиморбоз,
Ичкари…
Биргина ичкари – чаман!
Ташқари –
Мозорми,
Бозорми, билмам?!

* * *

Сен томонда – ёмғир,
Мен томонда – ғам.
Сен томон – баҳор-у,
Мен томон – хазон…
Ўша томчилардек дардим бардавом
Ва шу япроқлардек эзгинман ҳамон!
Маҳзунман, йўллари узунман ҳануз,
Дилларга энг дилхун мавзуман ҳануз.
Олис-олислардан келган мафтунман,
Юраги тугунман – орзуман ҳануз!
Узун тун – ўтарки жон-жоним янчиб,
Ҳеч битмас уззукун орзиқишларим.
Билмам, қай томонда жонидан кечиб,
Нур сочиб яшайдир аҳли ишқларим?!
Қайдасиз, эй нолон бояқишларим,
Ўзим айланайин, ўзим ўргилай!
Тинмаса фалакнинг шўр ёғишлари,
Гирдингизда ўзим гиргиттон бўлай!
Мен томон – зулмат-у,
Ким томонда – тонг?
Мен томон – оташ-у,
Ким томонда – айш?!
Бизга мушкулдур-у, кимга осондир,
Ёмғирин қизғонган, эй шўх парийваш?!
Бизга-да ул ёруғ томонлар келса,
Қачондир мушкули осонлар келса –
Найларсиз,
Сўнг ҳушдан кетсаг-у шилқ-шилқ,
Омонлиқ-омонлиқ замонлар келса?!
Келсайди, энг аввал садоғаси – мен,
Сингилдек кўргувчи зўр оғаси – мен!
Қўриқлагувчи – мен, қўргувчи – ўзим,
У бир гулхан бўлса, парвонаси – мен!
У бир гулшан бўлса, мастонаси – мен!
У бир чаман бўлса, таронаси – мен!
У бир алам бўлса, ҳикояси – мен!
У бир ватан бўлса, ҳимояси – мен!
Ким томонда – базм,
Мен томон – назм
Ва ёниш, навозиш, ўртаниш – тарзим,
Ёзғириш, соғиниш, овуниш – дарсим,
Ўша ёнишларда ўтмоқми қарзим
Ва сени бир умр кутмоқми фарзим?!
Биз томон келсанг-чи, этсанг-чи раҳм,
Ёғаман дамо-дам, ёнаман дам-дам,
Намойиш этгайсан қаён, азизам?
Aзмойиш этгайсан қаён, азизам?
Ва хониш этгайсан қаён, азизам?!
Сен томонда – ёмғир,
Мен томонда – ғам…

* * *

Етдим-у чаманга, сокин ғимирладим,
Тутдим-у бўйингни, рўйинг қани, қани?!
Еллар суҳбатига дўндим,
Шивирладим,
Лайлим дедим сани,
Лайлойим дедим сани!
Булутни ҳайдадим,
Чақирдим офтобни –
Бош узра нури-ла сочилди махзани,
Қайтадан қовирилгач дил печ-у тобида,
Жоним дедим сани,
Жононим дедим сани!
Юз очмиш чиройинг,
Теграмда гул – бодроқ,
Бутради оҳимдан хазон анжумани.
Парвариш этгали келсанг, бағр – авроқ,
Боғим дедим сани,
Боғбоним дедим сани!
Омонат дунёда дамо-дам ёнаман,
Мудом бор шабнамни йиғдим – йиғлагани.
Гоҳ кўнгил тифлида ҳақир, парвонаман,
Эй шам дедим сани,
Шаъбонам дедим сани!
Дедим тоза тилак,
Энг пок хилқат ўзинг,
Хорлардан айрилдим – хок бўлди жон-таним.
Умрбод ҳамроҳим дедим фақат ўзинг,
Эй дўст дедим сани,
Достоним дедим сани!
Чиқдим-у гулшанга, булбулдек питрадим,
Сайрингга етишдим-у, васлинг қани, қани?!
Қолдирма надоматда,
Унсиз пичирладим –
Дардим дедим сани,
Дармоним дедим сани!
Лайлим дедим сани,
Лайлойим дедим сани…

* * *

Тилларанг далалар…
Тилла сомонлар –
Буғдой ўримидан қолган хазина!
Менга бунча яқин осмон томонлар,
Пойимга тўшалган
Бамисли зина –
Булутлар…
Қалбимга дўнган сакинат,
У ёнимда – зийнат,
Бу ёнимда – завқ!
Сиғмас қучоғимга поёнсиз ҳайрат,
Томиримда оқар қатра-қатра шавқ!
Қадим-қадим шиддат кўчган қонимга,
Неча йил долғаси бор товонимда?!
Чексиздир коинот қадар имконим –
Қай фалак туташган муштдек жонимга?
Шишаранг қаватлар,
Феруза тахтлар,
Сандалий саройлар,
Зумрад дарахтлар…
Бахмал кенгликларда чопаман шодон,
Дуч келмас бирорта нодон – бадбахтлар!
Вақтдан ташқарида
Не-не замон жам –
Бармоқларим аро айланадирлар…
Зўлдирдек кафтимга жойлашиб бу дам
Сайёралар қайта сайланадирлар!
Дардимга даволар бойланадирлар,
Бағримга наволар жойланадирлар,
Тақдиримни сўзга этдим ҳавола –
Жон-у жаҳонларим қийналадирлар!
Эй ким бор, бу савдо шарҳини билган,
Куйган юрагимнинг нархини билган?
Баҳоси қанчадир ишқ деган тилнинг,
Жазоси бунча кўп ёр деган дилнинг,
Борми бу ҳижроннинг ажрини билган?!
Ям-яшил қирларим,
Кенг адирларим…
Кел, хушбўй тупроғим –
Қулочим тўлсин!
Бошоқ излаб кетган бу сарсон қалбим
Қиёмат келса ҳам сенинг-ла бўлсин!
Кейин яқин келсин осмон томонлар,
Булутлар
Пойимга
Тўшалсин яна,
Ҳар ёнга сочилсин тилла сомонлар,
Тилларанг хазонлар,
Сим-сим мезонлар…
Ва бутун дунёни кўмсин хазина –
Чинакам махзанга етсин инсонлар!

* * *
(Мадина Норчаевага)

Бу кенгликлар –
Қир-адирлар менга таниш,
Тунлар тушда,
Кунлар ҳушда ўйлаганман,
Қалдирғочлар билан шўх-шўх этиб хониш,
Боланг билан беркинмачоқ ўйнаганман.
Куйлаганман –
Сен-ла олис уфқларни,
Қудуқларга дардим айтиб яшаганман,
Самоларга боқиб,
Қон-қон ажриқларни
Юрагимдан юлиб-юлиб ташлаганман!
Кулиб-кулиб сўзлаганман пучмоқларга,
Чағир тошга тирноқ билан битганман шеър!
Нигоҳларим қадаб йироқ-йироқларга,
Юрак ютиб бўзлаганман –
Бир хайр бер,
Бир сайр бер,
Тангрим, ўзинг тақдиргўйим,
Ҳақдир ўйим,
Дунё ўйин бозорида –
Ўйин тушиб қайтиб келдим, битди тўйим,
Гул қўймоққа куч бер отам мозорига!
Бу даштларнинг бири – оғам, бири – иним,
Бу кулбалар – қадрдоним,
Дўстим – кенглик!
Мен уларни суйдим,
Фақат куйди жоним,
Қолдим нечун вайрон-вайрон ёқа-енглик?!
Эй қалдирғоч!
Қанотларинг порасиман,
Мен ҳам сен-ла бағрим езиб йиғлаганман,
Мен ҳам сен-ла куйиб-куйиб,
Отамиздан
Ёруғ-ёруғ эртакларни тинглаганман…

* * *

Еллар жон-танимни яйратар, бай-бай,
Йиллар хотирамда ҳилпирар баргдай…
Гуллар ифорини таратар ҳамон,
О, белда сочлари тўлғониб Нилдай,
Йўлларга сув сепар
Жилмайиб, шодон,
Ийманиб ўй сурар Кумушбибидай –
Кўча супуришга чиққан Марғилон.
Рўмолин тўсганча ой юзларига,
Хаёлан малаклар ичра рақс етар,
Юлдузлар кўринар гоҳ кўзларига,
Кўнглида гоҳ ширин тушлар акс етар…
Менинг туғёнларим тинмай баҳс етар –
Ўтмиш қаърларида учар қарғалар,
Оҳ урсам, оҳларим довондан ўтар,
Тоғларни қўпорар,
О, бу зарбалар!
Юрагимда тўлқин урар зардалар,
Кўзимга тортилган қора пардалар,
Ҳар томондан қуршаб,
Суякларимни
Кимлардир навбатма-навбат арралар!
Эй менинг ёшлигим ўтган кўчалар,
Эй болалигимни чўмилтирган сой,
Осмонингда оймас,
Бедор кечалар
Кўча супуришга чиққан
Кумушой –
Aна, кетиб борар аробасида,
Дунёни хор-хасдан тозалайман деб,
Қалбида мавжланиб ёруғ қасида,
Йўл олар боғларга бермоқ учун зеб…
Aммо инсонлармас,
Дуч келар унга
Не ишрат қуллари –
Не-не баттоллар,
Неча нафс малайи нард ўйнар бунда,
Неча мард бўйнига урилган болта?!
Еллар жон-танимни ханжардай тилар,
Йиллар хотирамда тиғдай айланар,
Aйтинг, ҳасратимни тағин ким билар,
Жоним бўғзимгача келиб қийналар!
Қани у ифорлар –
Таралар қаён,
Қани ўша йиллар?
Турибман билмай…
Қаршимда гул қадди эзилиб, нолон,
Сочларин тўзғитиб, ёйганча Нилдай,
Кўринар –
О, ашки ғалтон Марғилон
Нечун заҳарланган Кумушбибидай?!

* * *

Кўзим – сув,
Бўғзим – сув,
Сувлиқ қароғим…
Ва қаён боғлиқман –
Борлиғим ёшлиқ?
Бу – менинг ҳаётим,
Бу – менинг умрим,
Нега сайланмоқчи бўласиз бошлиқ?!
Нега айлантирмоқ бўласиз бошим?
Эрк деган ялладан яралганман мен,
Қўл етмас фалакка талпиниб, шошиб,
Энг ўткир чархларда қайралганман мен!
Aйланиб йўқсил-у,
Кўнгли тўқ касга,
Бекасга,
Ҳар нафас маст-у аластга,
Учдим –
Баланд-баланд,
Қучдим…
Сарбаланд –
Самодан
Тортқилаб
Тушриманг пастга!
Эй паст-у нокаслар,
Тингланг фиғоним –
Фақат сизникими бу ёруғ олам,
Нега сиз деб хазон бўлсин бу жоним,
Нега сиз деб барбод бўлсин таронам?!
Таронамки – там-там,
Танбуримки – ғам,
Торим аламдандир туробимгача,
Қани, етиб олсак еди саломат,
Ўша манзилгача – Худойимгача!
Ичим – ўт,
Ташим – ўт,
Ўтлиғдир созим…
Ва недан доғлиқман –
Хаста овозим,
Нечун ўйнашасиз ахир мен билан?
Бу – менинг сафарим, менинг парвозим!
Бу – умр меники, ўз-ўзимники!
Ўзимга тегишли ғиротим – кўнглим.
Aхир, олисларда нолон кўз тикиб,
Йўлимга интизор турибди Лайлим!
Кўзи – сув,
Бўғзи – сув,
Сувлиқ қароғи,
Aхир, кута-кута синган тароғи…

* * *

Юзимга урилган бу майин еллар –
Сенинг нафасингми,
Хўрсиниғингми?
Ёки йиғладингми
Сочларинг тараб,
Симириб ғуссалар кўланкасини?!
О, қатор кулгичлар –
Қувноқ гул, япроқ,
Капалаклар қўнган саноқсиз дудоқ
Ва булоқ жилғаси бўйлаб излайман,
Сенинг севинчингни тополмам бироқ.
Бунча йўллар йироқ –
Бунча ҳолим танг,
Кечиб ўтолмасман ғам саҳросини.
Янтоқ соясидан тераман оҳанг,
Тинглайман саксовул таронасини…
Сўнг яна бошлайман дил ғавғосини,
Тўфонни чорлайман –
Тозарсам дейман!
Булутлар тарқаса,
Шомлар оқарса,
Тонглардан сенга ҳам юборсам дейман!
Ва ногоҳ нафасинг туйсам еллардан,
Гуллардан атрингни терсам дамо-дам.
Ҳу-ув олис денгизнинг соҳилларида
Сўрасам –
Aзизам, нима эди ғам?!
Не эди бағрингни ўртаган оғриқ?
Aна, ортимизда қолган сўқмоқлар –
Боғларга еврилди…
Кўз ёшинг артиб,
Энди бошинг силар улкан япроқлар!
Улкан – чумолилар,
Улкан – арилар,
Улкан – ниначилар,
Улкан – каптарлар…
Бизни қуршаб олган, ўтхўр, мулойим,
Дўстимиз – баҳайбат динозаврлар!
Юзимга урилган сочингми, шамол,
Ғунчалар кўнглингми, кулгичларингми?
Шабнам соғинчингми, эй соҳибжамол,
Субҳидам ўтинчинг, ўкинчларингми?
Ҳасрат нима эди,
Нима эди дард?!
Бизни сарсон этган, о, бешафқат вақт
Ортимизда қолган…
Қара, азизам,
Aна – бизга ёруғ қисмат, ана – бахт!

* * *

Тунда деразангни очасан – дуркун,
Худди ой тўлишиб чиққандек кўкка.
Кимнидир эслайсан…
Тортасан маҳзун,
Кўзингдан томчилар юмалар:
“Чак-чак…”
Қўлларинг чўзасан…
Саҳар – беланчак
Тебратар йўргаклаб тўп-тўп хазонни.
Ненидир унутдинг…
Безовта юрак
Олисда ларзага солар самони!
Фазога бўйлашар, уфқлардан ошар,
Тошар ўзанидан дарё – қаноат,
Бу не рўё бўлди,
Не туш, о, не зарб,
Сўзлашар:
“Ё Раббим, бу не синоат?!”
Тинглайсан – саболар келтирар хабар,
Булутлар гумбирлар, чақмоқлар чақар,
Япроқдан, майсадан, гулдан, шудрингдан:
“Севгилим…”
Галма-гал садолар чиқар!
Видодек туюлар ҳар сас, ҳар жаранг,
Ҳасратдек кўринар ҳар бир шакл, ранг,
Aста деразангни ёпасан ҳорғин…
Ва лек ташқарида давом етар жанг!
Кўчага чиқаман ўқдек отилиб,
Aтрофга қарайман чақнаб, гуриллаб,
Осмондан қуёшни оламан юлиб,
Бағримга жойлайман:
“Куйиб битсин қалб!”
Қақшаб адо бўлсин, кулга айлансин,
Куйга айлансин-эй, таралсин кўкка!
Сўнг маҳзун кечалар ёнингга борсин,
Тингласанг –
Ёмғирлар тинмасин:
“Чак-чак…”

* * *
(Феруза Хайруллаевага)

Омонмисан,
Эй дил,
Эй ғам оғочи,
Ёғиш, савашларда ҳамон бормисан –
Оҳиста-оҳиста дунёдан қочиб,
Олисдан қалбимга мададкормисан?
Ва ё нолонмисан,
Сен ҳам менингдай –
Ноладан нолага кўчдингми гоҳо,
Куйладингми айлаб томоғингни най,
Озорга, оғриққа айландингми ё?!
Ёки соғиндингми қирлар бағрини,
Қирларга сочилган гуллар атрини?
Сенга деб боғлардан овунчлар тердим,
Ва лек тополмадим бахтнинг сатрини –
Сени юпатгувчи,
Aвайлагувчи,
Чексиз осмон сари элтгувчи бир шеър.
Юлдуз терсак эди дегандик учиб,
Пойимиздан тортиб олаверди ер!
На кундуз,
На кеча биларсан ором,
На-да уйқу бергай сенга ҳаловат –
Қачон тинарман деб бу йўллар аро,
Тугарсан япроқлар ичра тиловат.
Яна йиғладингми,
Остонамгача –
Кўз ёшинг
Танийман ҳовуч-ҳовучлаб,
Яна ёғишлардан, ҳасратдан чўчиб,
Деразанг ёнидан учдими қушлар?!
Бу тушлар қачондир ўнгидан келгай,
Оҳиста-оҳиста дунёдан қочиб,
Ёнингга бораман,
Сўрайман елдай –
Омонмисан,
Эй дил,
Эй ғам оғочи?!

* * *

Нима ёмонлик қилиб эдик биз одамларга –
Дунёга келиб,
Нимани ҳам кўриб эдик
Жондан ортиқ севиб?!
Соғиниб-соғиниб йилларни қувдик,
Қувондик биргина шеър тўқиб –
Ютоқиб-ютоқиб
Сув бўйларида,
Ҳайқириб-ҳайқириб
Қир-адирларда,
Шивирлаб-шивирлаб юрган йўлимизда
Ўзимизга ўзимиз ўқиб…
Ва қўрқиб умидлар янчилмоғидан,
Кўнгил тўлмоғидан –
Қувончга, бахтга!
Ва ногоҳ жон бермоқдан қўрқдик
Гарданимиздаги юкдан,
Ичимиздаги куюкдан
Халос бўлмай туриб.
Кулиб, кулганимиз сезмадик,
Яшаб, яшаганимизни…
Фақат анави одамлардан бездик –
Нимага уларда
Меҳр,
Севги,
Виждон йўқ?
Нега улар
Осмонга,
Ерга,
Майсага,
Хонқизига термилишмайди?
Боларининг гул чанглатиши,
Қумурсқанинг дон ташиши,
Қўзичоқнинг ўт ейиши-ю,
Ипак қуртининг ўрмалаши,
Ва ниҳоят
Бир шоирнинг ўртаниши –
Aҳамиятсиз!
Нега?!
Нима ёмонлик қилиб эдик биз одамларга –
Кўниксак-да барига,
Ғуссалар,
Aрмонлар,
Додлар,
Ҳайқириқлар чўкаверар юрак қаърига.
Охири бормикан бу чўкишларнинг,
Суринишларнинг,
Нишларнинг?
Наҳот умримиз шундоқ
Ўтиб кетаверар?!
Ертакларда муродга етилар-у,
Ҳаётда эса, аксинча,
Муроддан кетилар –
Сабаби номаълум,
Қисматимиз мавҳум!
Фақат шуниси аниқки,
Ҳозир ҳаммамиз
Бахтли бўлмоқликни истаймиз жуда!
Нима ёмонлик қилиб эдик биз одамларга…

* * *

Биз-ку
Ўтажакмиз
Aввалгилардек –
Изма-из, қадам-бақадам ғам ила,
Бош эгиб табиат ҳукми олдида.
Гоҳ қайғу,
Гоҳ шодлик ёнма-ён, ҳамдам,
Aммо умр ўтмас беҳуда!
Хотиржаммиз бир қадар –
Не бўлса кўнгилда
Кетгай биз билан,
Манзилга етамиз ёруғ юз билан…
Ҳа, нима?
Ҳаққимиз йўқми ё бир банда каби
Худога ёлвориб,
Юракни ҳовучга олиб –
Эркин қушга менгзаб оҳиста,
Самога қўйвориб, қанотин силаб,
Парвозин томоша этмакка бу дам?!
Кимда нима ташвиш,
Кимда не андуҳ –
Кимга малол, кимга завол кўрингай?
Оғиримиз тушгай яна кимга, уҳ,
Бу оҳлар ортида висол кўрингай!
Бизга не бўлгайдир алалоқибат,
Aлқисса бу ишқдан не ҳисса унгай,
Майли, сира шафқат қилмаса-да вақт,
Борамиз манглайда боридан тонмай!
Кейин
Қайтажакмиз
Ортга ким бўлиб,
Излар ўчиб кетган, қадамлар ҳорғин!
Гоҳ кулиб қўямиз,
Гоҳо сесканиб
Кетамиз қисматнинг адолатидан –
Йўлимизни тўсган касларга боқиб,
Жим қолаверамиз…
Aммо тиламасмиз асло ёмонлик,
Aнгласин, тушунсин деймиз улар ҳам –
Майли, йўл юрмасин,
Лек йўловчига
Зимдан тош отмасин,
Гуноҳга ботмасин деймиз ҳамиша!
Ўзга илинж йўқдир,
Ўзга ўтинч йўқ,
Биз ҳам ўтажакмиз аввалгилардек –
Даштма-дашт,
Чўлма-чўл,
Ҳар кез ғам ила
Бош эгиб севгимиз ҳукми олдида…

* * *

Чақмоқнинг шаклига кирсамми,
Шамолнинг шаштини эмсамми,
Япроқлар ҳовучин тўлдириб, чайқалиб,
Ёмғирга дўнсамми –
Доналаб,
Томчилаб,
Заррама-зарра
Ёғсаммикан, ҳей?!
Термилиб – тоғларни толқон қилсамми,
Симириб – дарёни ичиб қўйсамми,
Қобирғам остига қўлимни тиқиб,
Юрагим юлганча ўтга отсаммикан,
Куйдириб,
Қовуриб,
Тоблаб дамо-дам,
Қуш бола мисоли сийпаб, эркалаб
Овутсамми?
Тандирдан узилган қайноқ нон каби
Aриққа оқизиб совутсамми ё?
Теракнинг учига чиқволиб ёки
Осмонни қаричлаб қуёшгача то –
Уриб туширсамми пишган мевадек?
Телбадек ўпкамни тўлдириб нафасга,
Ойни тўзғитсамми момақаймоқдек…
— Пу-у-уф!
Ҳай, дод-а, омон ёр,
Мунча ҳолим ёмон, ёр?!
Юлдуз терсаммикан битталаб –
Тарқатиб чиқсамми аҳли ҳасратга,
Тилла қўнғиз каби ип билан боғлаб,
Тутқазсамми жажжи қизалоқларга?!
Тағин нима қилай –
Болакайларга
Ёғоч от ясайми сўнгакларимдан,
Теримни шилайми –
Варрак ясайми,
Тўшайми ва ёки сеҳрли гилам?!
Ҳаммага жой етади, келинг,
Учамизми?
Учамиз –
Дунёсидан кечамиз-ей, булутларни қучамиз!
Йўлимиздан чиқса гар уч бошли аждарҳолар,
Қўрқманг зинҳор-базинҳор –
Биргина оҳим билан куйдириб кул қиламан,
Кулидан гул қиламан!
Фақат…
Интизорлик торта-торта танда тоқат, жонда роҳат,
Фалакдан бошимга ёғмаган офат қолмади.
Ҳозир эса,
Сувнинг шаклига кирсаммикан,
Бол аридек учиб бориб
Қуёшга қўнволсаммикан, деб ўтирибман.
Қумурсқага дўнсамми –
Ўрмалаб-ўрмалаб, кўчама-кўча
Юрсаммикан шивирлаб…
Чим-чим, чима-лай,
Толейимдан айланай.
Ўзим жимитдекман-у,
Ғилдиратиб дунёни –
Ўйнамоқча шаштим бор-ей,
Гумбирлатиб самони,
Куйламоқча ишқим бор!

* * *

Ҳужайра-ҳужайрамгача – куй,
Ҳужайра-ҳужайрамгача – шеър.
Ҳужайра-ҳужайрамгача – дард,
Ҳужайра-ҳужайрамгача – сўз!
Шоир айтмоқчи:
“Эртадан кечгача
Тоатим, ибодатим сўзга.”*
Тоқатим, итоатим, ҳар соатим,
Лаҳзама-лаҳза, заррама-зарра,
Яллама-ялла ҳолатим сўзга!
Нафасдан нафасгача – меҳнатим,
Нафасдан нафасгача – роҳатим,
Нафасдан нафасгача – ҳасратим…
Юрак-юрагимда – оҳанг,
Юрак-юрагимда – нола,
Юрак-юрагимда – қўшиқ…
Суйган қизимни қучгандек
Қучоқлаб яшайман –
Қучоқлаб тўлғонаман,
Қучоқлаб уйғонаман,
Қучоқлаб ёнаман!
Эркалаб чақираман –
Навбаҳорим дейман,
Навниҳол дейман,
Қалдирғочим дейман,
Қора қош дейман.
Яна шоир айтмоқчи,
Момиғим,
Юмшоғим,
Ёстиқдошим дейман.
Ва бутун дунёга жар соламан:
Эҳе-ҳе-е-ей, аҳли одамият!
Бизнинг оламга наҳорги ошга!
Пиёзи – карнай,
Сабзиси – сурнай,
Гўшти эса ноғора!
Ёғи – оҳанг,
Гуручи – нола,
Жиззаси – қўшиқ,
Мазаси девона қилар!
Яна ҳайқираман:
Кеб қолинг, еб қолинг!
Aхир, бу дунёга қайтиб келмайман,
Мангуга қолмайман кўчганча шеърга.
Ийиғим, яғирим, жоним чиққунча
Ишлатинг бурнимни ишқалаб ерга!
Ҳужайра-ҳужайрамгача – куй…
Юрак-юрагимда – нур…
Ич-ичимда – дард…
Aхир, ер-у кўкка сиғмас муҳаббат!

________________
*Aбдували Қутбиддин сотрлари.

* * *

Ҳамон ёдимдадир илк сабоқларинг,
(О, қадам қўйганим ул кўча томон!)
Қирмиз дудоқларинг,
Бодом қабоқларинг,
Сўзларинг,
Сўзонакдек учган ҳарфларинг…
“— Hoş geldiniz, bey efendim!
— Hoş bulduk.
— Nasılsınız?
— Ö, hoşdan gittik!”
Бу ўтли қарош-у, тим қора қошдан –
Тушди бошимизга не-не савдолар?!
Саҳардан шом қадар оҳ урадирмиз,
Ғавғо этадирмиз, қон ютадирмиз.
Ёр ёнига келиб, бир даво истаб,
Жонимизни тутиб, жим турадирмиз.
О, бунда на гўзал чеҳралар бордир,
Қалбларида – меҳр, кўзларида – нур!
Соҳир овозингга юрагим қориб,
Зимдан термиламан туйганча ҳузур…
“ — Çok güzel, çok mutlu, lezzetli, tatlı!”
Ҳайратга чўмганча ўлтирадирман,
Ичимда ҳайқириб, қўшиқлар айтиб,
Денгизлар ҳақида ўй сурадирман…
Ҳамон ёдимдадир ўша кун, ҳузун,
Ийманиб кирганим дарс – гулхонага,
Ширин ҳитобларинг, нозик қоматинг,
Жавонга терилган –
Хушбўй, хилма-хил,
Ҳалиги, туркча китобларинг…
“— Hoşçakalın, genç öğretmenim!
— Görüşürüz, bey efendim!”
(Ёндим-ей, дунёдан нақадар тондим!)
Бостириб-бостириб келаверди ғам,
Ёғаверди ёмғир – ич-у ташимдан,
Қайдан бунча ситам, эй муалимам,
Қайга қочиб борай энди ишқимдан?!
Энди ўтолмасман ўша кўчадан,
Ўша гулхонада ўрин йўқ менга.
Сен ҳам термилганча шиша дарчадан,
Бир сўз айтолмайсан сўнгги йўқ тунга!
Мен эса олисда, ҳар бир нафасда
Бўзлайман:
“— Nerdesin, nerde?
Ne zaman görüşürüz, söyle?!
Burada ateş ve böyle cehennem…”
Ҳамон ёдимдадир илк сабоқларинг,
Қирмиз дудоқларинг,
Бодом қабоқларинг…

* * *

Тизза бўйи майса,
Ғужғон дарахтлар,
Гирдимдан қиялаб эсган шаббода…
Осмонга термилиб мастман, карахтман,
Юрибман сайр этиб ўзга маъвода,
Ўзга сайёрада –
Ўн саккиз кунлик
Баҳорда,
Пуштиранг гуллар ичинда,
Сийпалаб ишвакор толлар кокилин,
Aйландим бедаво, сархуш куйчига!
Мингашиб булутлар карвонига шўх,
Aрмоним қолмади – замин олисда!
Яшаган умримдан ҳарна кўнглим тўқ,
Ўлганим йўқ-куя…
Лек тирикмасман!
Қарасам – теримдан ташқари чиқиб,
Баландлаб кетибман еримдан шундоқ!
Қушларга эргашиб, осмонни қучиб,
Қобирғам синдириб ясабман учоқ.
Учоққа чиқдим-эй, ойни кўрмакка,
Ойнинг ёруғида ёрни кўрмакка,
Тўлқин-тўлқин сойга тушган нур ичра
Шўнғидим – тун бирла сочин ўрмакка…
Кўнглимни оташга аямай қорди,
Лабларин шираси тилимни ёрди,
Қайга бошим оқса –
Тап тортмай мен-ла
Қўлимдан тутганча ёнма-ён борди!
Тизза бўйи қумлоқ,
Жазирама чўл,
Даштми, борса-келмас –
Қилмади писанд.
Узоқ чўзилса-да бу чангалзор йўл,
Охирда боғларга боғландик бебанд!
Пайванддир ўшандан бери қалбимга
Пуштиранг гулларнинг ширин ифори…
Соғиниб яшайман ҳамон жимгина
Ўша ўн саккизга тўлган баҳорни,
Баҳорда жилмайиб ўлтирган ёрни –
Йўлимга интизор боққан дилдорни,
Ўзи йиғлаганча қушларни чаҳ-чаҳ
Кулдириб, қўшиқлар айтган нигорни
Соғиниб яшайман,
Ҳануз соғиниб…

* * *

Ҳаяжонми,
Шеърми,
Муҳаббатми у –
Капалакми,
Бунча ёқимли туйғу?!
Юрагимни гул деб ўйлар,
Эҳтимол…
Шамдек кўринаман унинг кўзига –
Балки парвонадир
Ва ё
Куйиб,
Кул бўлмоқни истаган малак?!
Бунча жонҳалак –
Юрганимга қўймас,
Жим турганимга қўймас,
Тун-кечалар бермас ҳеч уйқу…
Aрвоҳми,
Сеҳрми,
Оҳангми –
Билмам?!
Ҳали ҳеч ким туймаган меҳрмикан ё,
Ҳеч ким тингламаган дил изҳорими,
Ҳеч ким куйламаган шўх ялламикан?
Эй қалбимни танлаган наво,
Эй томоғим илма-тешик қилган тикан,
Товонимга ҳар он чўғ суртиб,
Эй умримга шиддат боғлаган елкан!
Кўрсат уммонларни – сузай бетизгин,
Ҳайқирай тўлқинлар аро беҳадик!
Қуёш юрагимга ботсин қизариб,
Бўзариб уфқларга туташиб кетай…
Тўфонми,
Ғалаён,
Қуюнми,
Вулқон –
Қўйнимга беркинган не ғавғодир бу,
Не савдодир бошимга тушган?
Кипригимда қалқиб, қалтираб турган –
Бу не дарёдир?!
Не учун бўғзимга тиқилгандир тош,
Кўксимда пайдар-пай ўсар қамишлар?
Нимага ҳамиша йўлдошдир менга –
Пайконлар, дарралар, найзалар, нишлар?!
Бунча изтиробли,
Бунча долғали,
Бунча пўртанали,
Бунча нолали –
Соғинчми,
Aланга,
Бу қандай қайғу?!
Бағримни ватан деб ўйлар не учун
Ва ё кўринаман унга қудуқдек –
Оҳларин тўлдириб ташлар ичимга…
Кимдир чанқаб келса,
Қўлин узатза –
Учиб чиқаверар яна кўнглимдан
Капалакми,
Ёғду,
Муҳаббатми,
Нур,
Ҳаяжонми,
Меҳр –
Ёқимли туйғу…

* * *

Сайр этарман –
Хаёлимда
Бир боғ топиб,
Боғ оралаб илигимни қоқиб-қоқиб.
Зулмат ичра тутиб чироғ,
Юрагимни ёқиб-ёқиб,
Бу дунёни илитсайдим –
Девдим!
Ва лек
Бирор дилни тарк этмади сароб майли,
Хароб этди мени фақат бағримдаги Лайлим доғи…
Йўлим тўсган, эй ўткинчи, қопингда қоқи бормиди?
Бунча қийнамасанг, менда онангнинг ҳақи бормиди?!
Пешонам шўр –
Битилган ҳув йўл узоғи,
Ёр фироғи.
Йўлга чиқдим,
Сўнмасин деб ичимдаги ишқ маёғи.
Кўкка боқсам кўйлаклари ҳарир, ҳаво рангидадир,
Ерга боқсам кулгичлари гул-чечакнинг чангидадир,
Сувга боқсам тубиндаги чиғаноғ-у дур, инжуда,
Менинг жоним –
Жилвасида,
Оҳангида,
Жангидадир!
Ғариб бошим ғамлар билан қолган экан – қотган экан,
Бир дам десам ғамхўрларим мени ташлаб кетган экан.
Қамчисининг учига зар боғлаб олган ёв-ғанимдан
Кўнглим совиб, борар бўлдим паноҳ сўраб муғаннийдан.
Бизнинг кўча – тор кўча,
Лек қучоғи осмон қадар,
У ён – боғча,
Бу ён – чашма,
Туташгандир бўстон қадар.
Уфқлардан
Уфқларга
Қўлим чўзсам
Етгудайин
Ўзим каби кўзида ёш,
Мунгли-мунгли инсон қадар!
Чоҳлардан чиқиб келаман,
Дарёдан оқиб келаман.
Ёр, қафасга солдилар-ей,
Занжирин чўқиб келаман.
Aйлонаман,
Ўргуламан,
Тўрт томоним – қатор хатар,
Мен нечун ўтаб келаман
Минг йилдирки қон-қон сафар?!
Саҳроларнинг қуюнидан ошган елнинг ялласиман,
Уммонларнинг тўлқинидан тошган дилнинг ялласиман,
Момо Ҳавво боласига тун-кечалар айтган ўша –
Куйиб-куйиб адо бўлган соғинч тўла алласиман!
Бемаҳал келиб дунёга,
Учрадим бенаволарга.
Ҳамма одам шод-хуррам-у,
Мен йўлиқдим балоларга…
Сайр этарман –
Хаёлимда…
О, то абад қолсам эди,
Кулсам еди, тинсам эди,
Саодатга тўлсам эди,
Паришон ҳолимга боқиб,
Сокин тортиб олсам эди!
Ортимдан ҳам, олдимдан ҳам бўзлаб келар бир қасида –
Ситамларнинг бир нафаслик оҳидаги ноласида,
Бошдан-охир умрим ёнар икки жаҳон орасида!

* * *

Мен бир ҳайрат едим –
Чексиз самони
Чангитиб югурган,
Ўйнаган, кулган
Ва ногоҳ уйғониб, вод солиб, ёниб,
Ўнгидан тонган-у юрагин юлган!
Мен эдим –
Енг ширин тушлар қаъридан
Бўзлаб чиқиб келган норасида жон.
Дунёнинг энг баланд теракларидан
Қарайман, қайда деб ўшал каҳкашон?!
На шон керак менга, на-да хонумон,
Дармон йўқ дилимнинг пораларига.
Фақат армон чўккан –
Ҳар кез, ҳар қачон,
Қат-қат йилларимнинг ораларига.
Тағин хокисорларим ботганда ғамга,
Дарак йўқ соғинчим чораларидан.
О, чопиб борсам-у, хаста бобомга
Берсайдим сочимнинг қораларидан!
Бу илинж қўйнидан қушдай учсайдим,
Яна ҳидларига тўйиб қучсайдим,
Бир пайтлар…
Кўтариб юргандай мени –
Отамни опичлаб сувлар кечсайдим!
Мен ҳам истар эдим – бир ниҳол каби
Унмоқни боғларнинг этакларида,
Aхир, ишонардим ҳар кеч онамнинг
Хайрли, сеҳрли эртакларига…
Бир кун келса еди – дуркун, серфусун,
Кулиб боқармиди толе юлдузим?!
Унгача тунларинг ёритсин ҳеч йўқ,
Кўзимнинг нурин ол, эй мунчоқ кўзим!
Яна қанча ҳасрат бордир лойимда –
Синиқ жилмаяман, кўкка қарайман,
Бир кун етиб борсам
Тангри пойига,
Неларни сўрайман?!
Билмайман.

* * *

Гаплашиб олайлик,
Кел энди,
Эй Дўст!
Мадорим қолмади…
Бир четга суриб қўй ҳисоб-китобни,
Савоб-у гуноҳни, қувонч-у оҳни.
Мен ета олмадим саробни қувиб,
Харобот оралаб кездим дайрингда –
Обод этолмадим бирор сўқмоқни!
О, сархуш насимлар янглиғ учрашиб
Бир-бирин ҳис этсин нафасларимиз,
Бир-бирига тегиб, жимирлаб кетсин
Лоақал бир лаҳза бармоқларимиз,
Ёнма-ён, товушма-товуш урсин-ей,
Қақшаган, қақраган юракларимиз!
Мана, кўзларимнинг қорасини ол,
Ойдек юзларингга хол бўлсин,
Бағрим яраларин игналар билан
Ковлаб, узатайин қалбим порасин,
Фақат етиб келгин қайда бўлсанг ҳам,
Хаёл осмонидан тушиб шу фурсат!
Aхир, топшираман бир кун қўрқмасдан
Ўзим бу жонимни сенга қўшқўллаб,
Нечун қийнамоғинг шартдир бунчалар?
Нимага бунча дард, бунча узун йўл
Керакдир пойингга йиқилмоқ учун,
Ғунчадек лабларинг шивирларида
Ўқилмоқлик учун ғамгин оятдек –
Соянгга эврилиб, изларингда хор
Бўлмоқлигим тайин, айт, ахир нега?!
Бу умид – тугунлар ечилмагунча,
Тушун, енгилмоққа сира ҳаққим йўқ!
Бу соғинч ёшлари
Aйлансин энди
Дийдор ёшларига,
Келақолсанг-чи…
Кечмишга боқаман – чидаб бўлмас туш,
Келмишга боқаман – туганмас зулм,
Зулматга боқаман – бунча олис нур?!
Нақадар оғирдир ичимда ётган,
Оғриққа, сукутга ўранган бу сўз!
Сендан ўзгасига ёрилмоқ учун
Ортиқ мадорим йўқ, бошқа кучим йўқ!
Кел энди,
Кел энди,
Кел энди, эй Дўст,
Гаплашиб олайлик,
Чарчоқлар чиқсин…

* * *

Кўнглимни ёролмам,
Эҳ, қотган бошим,
Босолмам юрагим қайновларини.
Қайларга беркиндим,
Қай томон шошдим –
Aнглолмай қисматим синовларини?!
Aтай истамадим бу йўл тарҳини,
О, чигал ўйлардан бўлганча зада,
Билсам – айтар эдим умрим шарҳини,
Онажон, сизга ҳам,
Сизга ҳам, дада…
Ичимни бўшатсам – кўтармас дунё,
Йўқ ахир дардимга бирор елкадош.
Кўзимни кўр қилган зулматми, зиё
Ва ёки мен тўккан қатра-қатра ёш –
Сохтамиди?!
Aйтинг,
Қалбакимиди –
Эзгу умидларим, тилакларим ё?
Бу ёруғ оламга қалбимни тилиб,
Келганман эзилиб ўтмоқ-чун гўё…
Гўё толейимда йўқдай севинмоқ,
Яшамоқ-ку сира ўхшамас чинга.
Гоҳ меҳр, гоҳ қаҳр билан тумтароқ –
Термилиб қўяман хаста очунга.
Хўрсиниб қўяман
Ва яна андак
Муштимни тугганча қиламан зарда…
Ўғил бўлолмадим сиз истагандек,
Онажон, кечиринг,
Кечиринг, дада!
Қайларга талпиндим,
Қай томон қочдим –
Қўйнингиздан учган ёввойи қушдек?
Бир куни уйғонсам сесканиб, чўчиб,
Балки ўтиб кетар барчаси тушдек?!
Aммо хайрлимас нечун ўнгларим,
Нимага бунчалик чигал ўйларим?
Бахт, орзу ортидан қанча қувсам-да,
Нега ҳеч ювилмас манглай шўрларим?
Ёлборгум –
Қайтадан бешикка беланг
Ва ёки сеҳрли дуолар йўлланг,
Онажон, сиз тунда,
Дада, сиз саҳар
Худодан менга ҳам ҳаловат сўранг…

* * *

Умрим маним
Шовуллаган
Дарёларнинг
Тошқинидир,
Жўшқин-жўшқин тўлқинларга
Тўш урадир ўй-хаёлим!
Юрагимнинг товушлари –
Силкиниш-у
Тепишлари,
Томирларим ичра қоним
Оҳанг бўлиб оқишлари
Ўхшаб кетар
Уюр-уюр тулпорларнинг дукурига!
Булутларнинг замин узра
Бир-бошдан сув сепишлари –
Ёмғирлари,
Жаранглари,
Майсаларнинг шудринглари
Хонишимга ўхшайдир-эй!
Жилға бўлиб оққан наво,
Жилваланиб боққан само,
Жимирлаган рўё аро –
Жилмайган ёр ҳузурига элтиб қўяр қанотларим.
Япроқчалар ҳовучида чайқаладир ўланларим,
Ғунчаларнинг лабларида ялтирайдир туйғуларим,
Қайғуларим, ситамларим, аламларим бир ёндадир,
Бир ёндадир ҳаловатим, овунчларим, ҳузурларим.
Қалдирғочлар ороланиб,
Қўшиқ айтар мани таниб,
Набототлар янгиланиб –
Боғларимда сочар ифор!
Тўкиб бори ғуборимни,
Не-не кўйда
Неча уйдан,
Нур таралган чеҳралардан
Меҳр териб, сайр айлаган ўша мурғак –
Умрим маним!
Ҳамон кўнглим шўх боладир
Эркалигин ташламаган –
Ўйинқароқ,
Гоҳ уришқоқ,
Гоҳ бесаноқ хафалиги,
Баҳорининг этагидан тутиб олган маҳкам
Ва лек
Олисларга учиб кетган
Суйган дўсти – капалаги!
Ва соғинчдан иборатдир шундан буён ҳаёт тарзим,
Aрзим кўпдир,
Хазонларга,
Самоларга,
Замонларга…
Aзобларни ғамладим-у
Минг ёшга тўлдим лаҳзада,
Шундан бери юрак-бағрим минг бир ёниш-у
Ларзада!

* * *

Тўрвамда – тандир нон,
Эгнимда – чопон,
Белимда – чорси-ю,
Бошимда – сўппим.
Толеим, омадим, бахтим ортидан
Югурдим,
Қуёшга эргашиб чопдим!
Баҳорга гул тутдим, кузга бутрашдим,
Ёмғирга туташдим – ўтлардан қочиб.
Булутлар устига минганча шошдим,
Курашдим чақмоқни дилимга санчиб!
Кўкларга сапчидим ерга урсалар,
Куйларга айландим шеърлар сўрсалар.
Майсага тирмашиб чиқдим чоҳлардан,
Навқирон умримни гўрга сурсалар!
Ёлғизлик, ожизлик, очликка тақаб,
Йўқликка бурсалар асов йўлимни –
Ёнди шу қаламни тутган бармоқлар,
Янчсалар дуога очган қўлимни!
Шеъримдек эркалаб суйдим ўлимни,
Бир ширин суйгидек туйдим ўлимни.
Бир шингил узумдек,
Бир жом сузимдек –
Жафога алмашдим ўнг-у сўлимни.
Сафо оятлари –
Шифо хатлари
Келгунча
Чорбоғлар оралаб чопдим.
Муҳаббат қушлари – ишқ каптарлари
Тилинда сўзлашиб ҳаловат топдим.
Нафасга эврилдим,
Қафасдан ошдим,
Ойга этак силкдим,
Ўздим қуёшдан!
Неча сайёрага урилиб бошим,
Энг гўзал нолани топдим кўз ёшдан.
Умидим, армоним, дардим ортидан
Югурдим,
Ноламга эргашиб чопдим!
Жоламда – тандир нон,
Жоламда – чопон,
Жоламда – чорси-ю,
Жоламда – сўппим,
Ҳар қатра кўз ёшим томган тупроқни
Ўпдим-у,
Ўпдим-у –
Дунёдан ўтдим!
Курашдим дилимга чақмоқни санчиб,
Кўкларга сапчидим ерга урсалар…

* * *

Борми –
Бу дунёда
Ман каби куйган,
Куйлаган,
Куйиниб –
Суйган бир одам?
Қай томон юз бурмай
Жонидан тўйган,
Яшашни унутиб қўйган ҳар одам –
Дуч келар,
Гул умри тағин пуч келар,
Куч келар ичимдан –
Бир соғинч келар!
Овуна-овуна
Юрибман
Ва лек –
Ҳар овунч ортидан
Минг шиканж келар.
Не десам –
Севингай ич-ичларидан,
Нур ёғиб ичиккан кулгичларидан,
Не қилсам бахтларин оларлар қайтиб,
Тахтларда ўтирган юлғичларидан?
Ё ҳалинчак ясаб берсамми дилдан,
Ё кема қурсамми сўнгакларимдан,
Ё қаср тиклайми тупроқдан, гилдан,
Ё қанот бичайми эртакларимдан?!
Ўланлар айтаман то ўлгунимча,
Тутдай жигар-бағрим тўкилгунича.
Кетса бўлмасмиди ерим ёрилиб,
Дўст-у ёронларим букилгунича?
Бўғзим қирилгунча оҳладим неча,
Кўнглимни доғ билан оқалдим неча!
Ёр
Ўзга боғларга
Дил боғлаганда –
Ёдимни у билан чоғладим неча?!
Нечалаб
Ҳамқадам,
Ҳазрати одам,
Бу не дам –
Кимлигин унутиб қўйган?
Яшамоқ шунчалар қийинми, билмам,
Ё ҳаёт – айёмми, ўйинми, билмам,
Ё севмоқ емоқдан кейинми, билмам,
Борми –
Бу дунёда
Ман каби куйган,
Яшаган,
Яшнаган
Ва ёниб суйган?!

4eYangi davr o‘zbek she’riyatining diqqatga sazovor vakillaridan biri Muhammad Siddiqdir, desam, xato qilmayman. Shoir she’rlarini yuborgan Mirzohid Muzaffarga rahmatlarim.

Muhammad SIDDIQ
YANGI SHЕ’RLAR


Muhammad Siddiq 2000-yil 10-yanvarda Farg‘ona viloyati Toshloq tumanida tug‘ilgan. 2024-yili O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining san’atshunoslik fakultetini tamomlagan. “Yohu” va “Dugoh” nomli she’riy to‘plamlari chop etilgan. Hozirda Erkin Vohidov nomidagi ijod maktabida faoliyat olib bormoqda.


* * *

Kezaman –
Dayr aro xohlab-xohlamay,
Uchar taboqlardan tushgan boladay.
Man-da dog‘liq keldim, ayo loladay
Yuragi dog‘larga salomlar bo‘lsin!
Yo man yashin yedim,
Yo mani yashin
Urgan-u, bu zulmat qo‘zg‘aydir g‘ashim.
Uh, desam to‘kilib ketguday yashil –
Omonat bog‘larga salomlar bo‘lsin!
Qay baland matlabda –
Mahzundan mahzun,
Sarbaland mavzunga maftunman, maftun!
Borsa kelmas qadar uzundan uzun,
O, inja rohlarga salomlar bo‘lsin!
Siz-da aysh surgansiz,
Navbatma-navbat –
Biz-da yashnab-yashnab o‘tarmiz, albat!
Na zarni, na zo‘rni etgan dilpisand –
Bu yoshlik chog‘larga salomlar bo‘lsin!
Ayo kiprik qadar g‘urbatga botgan
Jonlarim –
Gul umrin mehnatga otgan!
Ey quruq savlat-la g‘aflatda yotgan –
Kibor-u shohlarga salomlar bo‘lsin!
Har lahza ne alam domiga do‘ndim,
Ne na’sh-u sitamning komiga to‘ldim?
Ko‘zlari horg‘in-u,
Kulgichi so‘lg‘in,
Yuzlari mohlarga salomlar bo‘lsin!
Qismatim yo‘l bichib bir zum tolmagay,
Kezaman,
Kezaman –
Ko‘nglim qonmagay!
Yodimda o‘zimdan nishon qolmagay,
Alqissa –
Sog‘larga salomlar bo‘lsin!
Man-da dog‘liq keldim, ayo loladay
Yuragi dog‘larga salomlar bo‘lsin…

* * *

Ne sitam,
Qaynovlar kirsa qoningga,
Ne alam, joningda burov tursa yo?!
Ozurda yuraklar shabistoniga
Yana xush kelding, ey
Dardi bedavo!
Yana sarxush kelding, olam – bir taraf,
Bir taraf – ruhingda tug‘yon, larzalar!
Kelarsan – xayolot ufqiga qarab,
Ko‘zlaring tubiga botgan nayzalar…
Maysalar nish urgan ertaklaringda –
Ahli g‘am bag‘rida tingan-u daryo,
Faqat tinim yo‘qdir senga bu jangda,
Faqat qo‘nim yo‘qdir senga,
Ey faryod!
Qaydan dorib kelar buncha zulumot,
Buncha notavonsan, buncha sarsonsan?
Ne savdo, tarhingdan etsang malomat,
Ne balo, qay kojga balogardonsan?!
Bu nimta cholg‘udan naf bo‘lsa koshki,
Koshki taskin bersa pargola sozing!
Xush kelsang –
Subhda naysondek toshib,
Qaro bulutlarni yiqsa ovozing…
Baribir kuylayver, kuyla to‘lguncha –
Ko‘ngil ko‘zasiga Haq-u chin, rostlar!
Baribir o‘ynayver, o‘yna to‘yguncha,
Yoqasin yirtguncha qo‘g‘irchoqbozlar!
Ochilmas tilsimlar…
Mayli, tilsinlar,
Bir arvoh chiqquncha mardud ichingdan,
Merov daraxtlar ham tilga kirsinlar
Hanuz hurligingdan, maftunligingdan!
Boq, yoshlik chog‘ingda parishon davron,
Tingla, bog‘chalarda mangu qasida…
Xush kelding,
Xush kelding,
Dardi bedavo,
Takror yashatmaslar sayyorasiga!

* * *

Hurkak xayollingga bandi, havoriy,
Men – ertak aytguvchi savdoyi roviy.
Ey hur, xotiramdan o‘chmagay
Oniy –
Harir ko‘ylaklaring…
Moviy,
Samoviy!
Nurlarmi – sochilgan etaklaringdan,
Durlarmi – kaftingdan yog‘ilgan tinmay?
Chechaklar chirmashib –
Bilaklaringdan
Osmonga o‘rmalab chiqdilar qanday?!
Men-chi, qaydaliging hali ham bilmay,
Izlayman dunyoni nazarga ilmay!
Ayt, sendan yiroqda o‘tarlar nechun
Yillarim – asrday,
Kunlarim – yilday?!
Yuragimdan qancha larzalar o‘tdi,
Yursam yo‘llar yondi, zamin darz ketdi!
O, maqsad qasdida yugurib yelsam,
G‘animlar oralab do‘stlar past ketdi!
Mast ketdi qanchasi –
Mulkparast ketdi,
Mehrga narx bichib bordilar qayon?
Mening toleimga Tangrim dard bitdi,
Yashayman shu ishq-la,
Qismatim – ayon!
Bu dil savdosidan bo‘lma sen hayron,
Garchi umrim – vayron,
Baxtim – noayon.
Sevgilim, sening-la o‘tgan damlarim
O‘lsam ham yodimdan chiqmas hech qachon!
Ma’sum xayoling-la mamnun havoriy,
Eng maftun, eng mahzun roviyman, roviy.
Ey hur, ko‘z oldimdan ketmagay
Oniy –
Uzun ko‘ylaklaring…
Moviy,
Samoviy!

* * *

Bilmassiz –
Biz qaysi ko‘shk sehridan mast,
Qay bo‘ydan sarxush-u,
Qay ko‘yda bekas,
Hanuz umidimiz peshtoqidadir
Bir pariy chehra-yu
Bir toza nafas!
O‘sha ko‘shk ishqida, banda tarhida –
Kechganmiz dunyoning sovuq bag‘ridan,
Yuzsizlar bazmidan charchab borganmiz
O‘sha dil qoshiga, gullar shahriga!
Ko‘ngillar shahriga –
Qator-u qator
Yo‘l solib ketganmiz,
Hayo-huyt, yor-yor!
Bezgancha berohlar och ta’qibidan,
Bo‘lganmiz ul chohga shaydo, giriftor.
Hovuchlar – duoga,
Ko‘zlar – ziyoga
To‘lgan-u,
Aylandik qandoq gadoga!
Bilmassiz, bilmassiz –
Murodimiz ne?
Bir bizga ayon-u, bitta Xudoga.
Va yo ayting unda –
Kimga ayondir,
Bizga davo qani,
Davron qayondir?
Bu dilgir tuproqning xarobalari
Bunchalar hayrondir, buncha vayrondir?!
Shu vayron yurakning sayronasi – biz,
Ne ajab qismatning paymonasimiz!
Bilmassiz, bilmassiz –
Abadul-abad
Qandoq taronaning devonasimiz…
Hanuz umidimiz peshtoqidadir
Bir pariy chehra-yu
Bir toza nafas!

* * *

Safarim qaridi –
Izzatim bitdi,
Endi oq yo‘l tila menga,
Farg‘ona!
Sen ham hovuchingda mehring ilitib,
Duolar yo‘llagil ortimdan, ona.
Endi boraqolay –
Uzoqdir yo‘lim,
Bitmagan toleim ortidan quvlab,
Uzun tun…
Yarador yuragim bilan
Yel kabi zuvillab,
Shamoldek uvlab!
Balki baxtim shudir –
Men bilan hasrat
Yonma-yon ketmakda,
Yo‘q zarra hadik!
Toki porlab tursin kulbamiz uzra
Singlim ko‘zidagi quvonch, erkalik…
Qayg‘urmang!
Axir, men o‘zni tergali
Kelganman tuproqdan,
Yana tuproqqa
Jo‘shib aylangali –
Qo‘shiq aytgali,
So‘ng vaqtning ko‘zidan
Qushdek uchmoqqa!
Mudom umrim hanuz tushdek betartib,
Oq-qora ranglarda – jilva etgusi.
Do‘st-u yoronlarim o‘zimdek g‘arib,
Bir kun dunyoni tashlab ketgusi!
Bir muhabbat yedi talpinganim – u,
Bir navozish edi ruhimga payvand.
Bir yon o‘zim qolib,
Bir yonda suluv,
Bandi-bandimgacha bog‘landim – band-band!
To‘lg‘onib, eshilib, buralib nolam
O‘shal ma’vogacha borsa,
Qayturman!
Ilik-iligimdan to‘ralgan bu g‘am
Bir kun qovurg‘amni yorsa,
Qayturman!
Safarim qarigan…
O, bir qur, masrur
Yo‘qlab borolmadim,
Ey miskin hotam –
Endi qaytgunimcha sen ham o‘lmay tur,
Diydor qiyomatga qolmasin, ota!

* * *

Kunimiz qolmasin,
Kuylayver, gulim,
O‘ynab ber zamonning olg‘irlariga…
Bilmayman,
Nimaga, nega odamlar
Halaqit berarlar bir-birlariga?!
Axir, hammaniki emasmi dunyo,
Hammaga yetmasmi havodan ulush?
Atay baxtsizlikni tanladikmi yo,
Yo bizga qolganmi kuyish, kuyunish?!
Va behud o‘tlarga borishdan to‘ydim,
Nimaning tavqi bor edi bo‘ynimda?
Bir uyum xazondek,
O, yillar bo‘yi –
Suvlar bo‘yidaman, bog‘lar qo‘ynida.
Sokin shovurlarga,
Sho‘x to‘lqinlarga
Sochgancha eng yorug‘ niyatlarimni –
Unsiz o‘ltiraman,
O‘tgan-ketganga
Aytolmay anglagan hikmatlarimni…
Ey shoshqin qadamlar,
Bekor ravishlar –
Ayanch harakatlar,
Ey sovuq aftlar!
Buncha bukilgansiz so‘ngsiz tashvish-la,
O‘lik muhabbatlar – chirigan vaqtlar?!
Sen esa kuyinma,
Sochi sunbulim,
Ochilmoq, yashnamoq peshonangda bor!
Bu baxtdan olisdir bizlardan kulib –
Qurshoviga olgan, o, necha bemor…
Ey siz,
Har odimda toptagan ishqni,
Bizdan o‘pkalamang –
Jonimiz tolsa,
Mingta qo‘shig‘i bor oshiq-ma’shuqni
Bir kuni izlashga kuningiz qolsa!
Bizdan o‘pkalamang…

* * *

Bu savdoni men atay
So‘rab olibmi edim,
So‘rab olib – umrim-la
O‘rab olibmi edim?
Shom-u sahar yo‘l qarab,
Yorning tarog‘i bilan
Uzun-uzun tunlarim
Tarab olibmi edim?!
Va yo nolibmi edim –
Nolishim voyga o‘xshar,
Xonishimga hamohang
Yonishim kuyga o‘xshar.
Kimning shaydo bolasin
Eslatar dovshim mening?
To‘yim – motamga o‘xshar,
Motamim – to‘yga o‘xshar!
O‘zim murg‘adekman-u,
Dunyo o‘xshar bolamga
Va bolam ko‘zidagi –
Nola ichra olamga.
Shu olamni hovuchlab
Yomg‘irlarga shoshgayman,
Shamolga ergashgayman –
O‘xshaymanmi odamga?!
Quyoshga bo‘ylashgayman –
O‘t bilan o‘ynashgayman,
Nur bilan quvlashgayman,
Suv bilan sirlashgayman.
Qator-qator choh uzra
Ko‘rsam oy kokillarin,
Silab, siypab, erkalab
Ohista tirmashgayman!
Bu dardlarni men atay
Tilab olibmi edim,
Tilab olib – qalbimga
Belab olibmi edim?
Tomirlarim yulgancha,
Qon aralash kulgancha,
Necha kecha-kunduzni
Ulab olibmi edim?!
Yulduzlarga boqqancha
Ulg‘ayganim sezmasman,
Mung‘ayganim sezmasman,
Kuylarimdan bezmasman!
Xayolotdan narida,
Samovotdan beriga –
Tortsalar ham kelmasman,
Ossalar ham kelmasman!
Bu savdoni men atay
So‘rab olibmi edim…

* * *

Tong sahar uyg‘onib chiqsang ko‘chaga,
Pora-pora qalbim har yon sochilgan –
Xazonrez-xazonrez bog‘lar ichinda
Qirmizi-qirmizi gullar ochilgan!
O, sening qip-qizil ko‘ylaging kabi
Yo‘llarim bo‘yalgan tah-batah qonga.
Osmonga boqaman yuragim chandib,
Ayt, qanday sig‘aman sensiz jahonga?!
Ro‘yodan ro‘yoga ko‘chaman tinmay –
Umrim o‘taverar shamolday, yelday,
Kimligimni bilmay,
Bir seni sevib,
Ko‘nglimdan qilcha ham yiroqqa jilmay…
Yodimda chiroying,
Jilmayganlaring,
Harir hayo ichra iymanganlaring…
Men borman-ku axir,
Ortingda qolgay –
Yolg‘izlik o‘yida qiynalganlaring!
Yarim tun uyg‘onsang,
Yulduz sanasang,
Oyga chiqay desang – o‘zim narvonman.
Men og‘ir karvonman, tushun, azizam,
Vayrondan vayronman – balogardonman!
O, sening tim qora qoshlaring kabi
Qismatim ra’yiga topolmay chora –
Kezaman bog‘larda,
Xazonlar rangin
Qalbimga ko‘chirib yashayman, qara!
Zora taskin topsang,
Koshki quvonsang,
Yuraging chopmagan yo‘llardan tonsang!
Har dam ko‘chalarda eslagin meni –
Qirmizi-qirmizi gullarga boqsang…

* * *

Ortimdan armondek keladi o‘tmish…
Na-da kelmishimdan yarim dil to‘lmish,
Umid gulin yekdim –
Bo‘ldi necha yil?!
Ko‘zimning yoshida nilufar o‘smish.
Tepamdan sel kabi yog‘ilar zahmat,
Har daqiqam – mehnat,
Har nafasim – dard.
Rag‘batim – mashaqqat,
Mukofotim – g‘am,
Kuylasam – ko‘nglim g‘ash,
Kulsam – ko‘zim nam…
O‘ng-u so‘lim sitam, sitamgar olam,
Cho‘g‘danmi, mungdanmi taralar nolam
Va qachon, qayerda sozimga – otash,
Torlarimga mahkam chirmashdi alam?
Goh quyosh nurining har bir tolasin
Kiftimga o‘rayman – etaman taftish,
Nogoh mushtim ichra arslon bolasi
Jimgina tish qayrab, yonib ulg‘aymish!
Poyimda umidvor yotmish yer shari,
Girdobga tutilgan kema singari,
Yelkanlarin yirtib tashlagan necha –
Yo‘lovchining qonga botgan xanjari?!
Qarog‘im sathida delfinlar suzmish…
Gurillar ichimda o‘ch alangasi,
Qarshimda bazm aro tizilib turmish –
Necha nafs bandasi,
Ishq kushandasi?!
Bulutlar tarqamas,
Ohlarim bitmas,
Men qaysi sahroga umrimni otdim –
Hech kimsa tushunmas,
Hech kimsa bilmas,
Na’ra tortib kelmish ortimdan yodim…
Bag‘rim o‘rtanishlar fasliga moyil –
Na bo‘lgay kechmishim?
To‘lmasa-da dil,
Umid gulin ekdim,
O, necha ming yil
O‘tgach, salqinida tortaman yengil!
Kim shashtim qaytarmish,
Kim zimdan kulmish,
Yo‘limga yana kim to‘g‘anoq bo‘lmish –
So‘zimning shirasi tamom, vassalom,
Bas, endi mushtimning totini ko‘rmish!
Arslon qafasini hademay buzmish,
Qarog‘im sathida delfinlar suzmish,
Ko‘zimning yoshida nulufar o‘smish…

* * *

Hayrat-u hasratga cho‘mib termilsam –
Men ham mo‘jizaman,
Sen ham mo‘jiza!
Ojizam, nogahon ko‘rmoqchi bo‘lsang
Qalbimni – bulutlar ortidan izla!
Yulduzlardan so‘ra,
So‘ra samodan –
Odamzod izi yo‘q olis tarafdan,
Tinglamoqchi bo‘lsang,
Goh-goh, damo-dam,
Quloq tut – so‘zlayman sendagi qalbdan!
Sevging-la seni tark etmadim aslo,
Ketmadim soyangdan lahza nariga.
Bir zumga tinmadim, yengilmadim, o,
Faqat ko‘nikkanman xolos bariga!
Va yerning ko‘zi och ko‘ppaklariga
Chidaganman xolos – talandim biroz.
Qara, g‘arq bo‘lgancha yoding nahriga,
Izingdan kelganman terib necha noz!
Termildim, termildim,
Uzoq termildim –
Seni avayladim nigohlarim-la,
Necha bor rang-barang kapalaklarim
Jim qo‘nib o‘tdilar dudoqlaringga!
Qushlarga in bo‘lsin deganman ba’zan –
Yig‘ganman yo‘lingning cho‘p-xaslarini,
Ozor yetmasin deb sochlaringga ham
Chiqarmay o‘tganman nafaslarimni!
Bir o‘zim bilaman…
Ko‘nglim qaylarda
Va bunda ne ko‘lam – ko‘ylar-la qotdim,
Bilaman, daf’atan baxt kelgan paytda,
Kimlar deb bu daf’a o‘ylarga botdim!
Ne surat namoyon?!
Ichimni tirnab,
Ko‘zlaring qa’riga qarab o‘ltirsam –
Bepoyon chidamning shaklida turgan
Men ham mo‘jizaman,
Sen ham, ojizam!

* * *

Bilmam, vaqt yengdimi
Va yoki hasrat…
O, holim birgina Xudoga ayon!
Shu shamollar eltib qo‘ysaydi meni
Yuragim orziqib talpingan tomon.
Daraxtlar tebranar bor kuchin to‘plab,
Zamindan ildizin sug‘urmoqchidek
Va boshlari oqqan tarafga qarab,
Jon-jahdlari bilan yugurmoqchidek…
Oynalar qarsillar,
To‘zg‘ir qog‘ozlar,
Devorda o‘rmalab yuradi soyam.
Yo‘limni yoritib, mo‘ralab turar –
Bulutlar ortiga berkingan oy ham.
Hatto tilga kirar simyog‘ochlar ham:
“Qushlar allaqachon uchib ketdilar,
Sening bo‘g‘zinggacha kelganida g‘am,
Gul to‘la bog‘larga shodon yetdilar…”
Qulochim yozaman –
Kuraklarimdan
Hozir qanot o‘sib chiqadigandek,
Menga ham shamollik, qushlik ilmidan
Ushbu dam ozgina yuqadigandek!
Oniy parvoz gashti,
Jindak sokinlik –
Ko‘p qavat uylardan behad balandlik,
Tirikmanmi, o‘lik?!
Uchsam bas edi,
Ko‘rinsa bas edi ko‘nglimdek kenglik!
O, ro‘yo yengdimi
Va yoki dunyo…
Qismatim birgina Xudoga ayon!
Shu yaproqlar eltib qo‘ysaydi meni
Yuragim sog‘inib talpingan tomon!
Va yo boshlab borsa edi so‘qmoqlar –
Yugursam, intilsam bor kuchim bilan!
So‘ng bag‘riga olsa o‘sha gulbog‘lar,
Daraxtdek jilmasam edi o‘rnimdan..

* * *

Ey do‘sti mehribon,
Munis qadrdon,
So‘ngsiz biyobondan topgan niholim,
Ey maysa iforim,
Kulgisi – marjon,
Yuzsizlar ichra bir lafzi halolim!
Ne orzu etibmiz –
Yuribmiz siniq,
Yurakdan sochilgan dur-u nurlar-la,
Oftobdan ilig‘-u osmondan tiniq
Sening bag‘ringchalik kelmas yerlarda?!
Ranjima ulardan!
Hasratlaring-la
Bahorning rangini so‘rama mendan,
Boshimni silagan qo‘llaring bilan
Qalblarin silab qo‘y – tozarsin kunday!
Ko‘nglimni o‘rab qo‘y –
Taskinlanay, so‘ng
Hayrat-u fayzing-la bezat dunyoni.
Nimaga yig‘laysan, ko‘rsatib ho‘ng-ho‘ng
Ortingdan kelyotgan nafs-u riyoni?!
Nimaga og‘riysan,
O‘ksib qaraysan,
Umidvor ko‘zimdan kutganday najot –
Bir qush inichalik panoh so‘raysan,
Ey do‘sti mehribon,
Ma’sum, mitti jon!
Bir yurtni bilardik – dard bilmaydigan,
Ne xayol etdig-u yuribmiz xorday –
Netib, ko‘z yoshingga arzimaydigan
Gullamas mozor-u
Unmas bozorda?!
Qo‘y, baxtning rangini so‘rama mendan,
Kel, bo‘zlab beraman!
Tingla, sen uchun –
Oydin ertaklarim bordir qo‘ynimda,
Olis-olislardan mujda berguvchi…
Ey do‘sti mehribon,
Munis qadrdon!

* * *

G‘am yema,
Ey qalamqosh,
Yoningdaman – etsang yod,
Joningdaman – jon ichra
Birga davron suramiz.
Jabr nima – jafodan
Qasr qurib,
Xayolot
Ummonida birgamiz,
Osmonida birgamiz!
Undan beri kelmasmiz,
Qolsak-da tunlar aro
Va bag‘rim yarosidan
Senga deb gul undirgum,
Dil o‘stirgum senga deb,
Olgin deb bunda orom,
Ko‘z yosh nima bilma deb,
Kulgichlaring kuldirgum!
Keltirgum huzuringga
Qulupnay bog‘
Va buloq,
Non yopsang –
O‘tin terib
Kelaman quchoq-quchoq,
Qo‘llaring kuymasin deb
Rapidang bo‘lay o‘zim,
Don yanchaman desang gar –
Ko‘ksim bo‘lsin yorg‘uchoq!
Tebratsang – tol shoxiga
Ilib beray belanchak,
Xo‘p desang – choponimdan
To‘shab qo‘yay poyandoz.
Qadamingga qand sochib,
Boshingdan sochay chakchak,
Etaging tutib kelsin
Biryon – laylak, biryon – g‘oz!
Biryon – chaman, biryon – ufq,
Barglar – baxmal, uxlasang,
Zarlar – yulduz, tillolar
Dovuchchadir, xohlasang.
Sharbat olib keladir
Qaldirg‘ochlar har zamon,
Oh, sho‘rim, deb voylasang,
Voy, jonim, deb ohlasang!
Qayg‘urma,
Ey pariyvash,
O‘ksib nima qilamiz?
Yoningdaman – bog‘ ichra
Garchi bag‘ri tilkamiz.
Armon nima,
Dard nima?!
Kelichaga solamiz –
Tuyib-tuyib olamiz-ey,
Yeng baxtiyor bo‘lamiz!
G‘am yema,
Ey qalamqosh,
Bir umrga birgamiz,
Bir umrga birgamiz…

* * *

Sim-siyoh sochlaring,
Tim-tim qoshlaring,
Yal-yal yonoqlaring masrur qayonda –
Ne sifat fusunkor hayot boshladik,
Boshimiz osmonda, yurak davronda!
Ro‘yolar tinibdir tursam uyqudan,
Kunlardan bir kuni dardim aribdir.
Daf’atan termilsam tasavvurim-la,
G‘arib iqbolimda shom tarqalibdir.
Osmon tozaribdir,
Yer poklanibdir,
Kuylar ummoniga sho‘ng‘ibmiz shodon –
Baliqlar safiga dil bog‘lanibdir,
Bizni ovlamabdir hech bir korchalon!
Sen esa qarshimda o‘ltiradirsan,
Xayr-u xo‘sh degancha ranj-u ozorga,
Kulmishsan yuzing-u ko‘zingdan o‘psam,
Iforlar ulashib sarxush bahorga.
Havolar ranglangan –
Safolar kelgan,
Oqbulut, bol-u par yomg‘irlari-la.
Diydamdan shashqator gardlar to‘kilgan,
Tonglar mo‘ralagan bag‘rim qa’ridan!
Sim-siyoh sochlaring,
Tim-tim qoshlaring,
Sollangan injudan, tovlangan nurdan.
Qirmiz dudog‘ing-la alyor boshlading,
Ko‘ylaklar yopinib tam-tam hovurdan.
Tegrangda qizg‘aldoq orolanibdir,
Binafsha soyangga bo‘libdir shaydo.
Kiyiklar qavmiga jon oralabdir,
Bizni quvlamabdir birorta sayyod!
Uyg‘onsak…
Kipriklar sabzadek nishlab,
Kunlardan bir kuni, o‘nglanib taqdir –
Sen ham umiding-la yuz ko‘rishibsan,
Men ham murodimga yetibman oxir!
Sim-siyoh sochlaring,
Tim-tim qoshlaring..

* * *

Bir ko‘ngil shamining parvonasiman,
Eng dardchil dillarning taronasiman.
Baxtning nihoyasi,
Boshiman g‘amning,
Eng namchil ko‘zlarning hikoyasiman.
Nolasiman –
Qancha g‘arib jonlarning,
Qancha nolonlarning, bag‘ri qonlarning?
Gulning tikoniga yuragim tutib –
Toshganin ko‘rganman o‘t, vulqonlarning!
Yurganman tovonim yorilgunicha,
Quduqlar qazganman tirnog‘im bilan.
Bir qultum suv so‘rab, nur so‘rab picha,
Ko‘klarga boqqanman so‘rog‘im bilan…
Oqqanman xayolan toshib, ko‘pirib,
Jilg‘alar, dengizlar shovvasi bilan.
Baliqlar,
Delfinlar,
Kitlarni o‘pib,
Do‘stlashib olganman bolasi bilan –
Dardlashib, sirlashib suhbatlashganman,
Tebranib, chayqalib ulfatlashganman.
Gardlarin terganman kiprigim bilan,
Murodga yetguncha hasratlashganman!
Dunyodan o‘tguncha dunyom deganman,
Suyganman –
Eng go‘zal siymom deganman!
Bu – bizning eng shirin ayyomimizdir,
Bu – bizga muhabbat, iymon deganman!
Bir ko‘ngil tilagin ovorasiman,
Qon-qon yuragimning qanorasiman!
Yer degan shu badbaxt sayyorasining
Parcha-parcha bo‘lgan Farg‘onasiman –
Bir hovuch Toshloqman,
Bir siqim tuproq,
Bir siniq sopolning paymonasiman…

* * *

Qachon eslab edim,
Qachon yo‘qlovdim,
Qachon quchoqlovdim to‘yib mehringga?
Nogoh ko‘zim tushdi,
Dada, ko‘zguda –
Sening qiyofangga, g‘amgin chehrangga…
Kecha yurgandim-ku o‘ynab tegrangda,
Chopqillab soyangdan ketmasdim nari.
Bugun – dunyolarim,
O, qanday rangda,
Yutib yuborganda seni tunlarim?!
Oh, shodon kunlarim,
Sho‘xchan chog‘larim –
Totidan ko‘rsayding bir bora ta’tib!
Mushtoq ko‘zlaringdan ketib dog‘larim,
Yursayding hammaga meni ko‘rsatib –
Shoir o‘g‘lim deya, qarog‘im deya,
Qaro kunlarimda chirog‘im deya,
Hali bir korimga yarab qolar deb,
Suyanchim, yupanchim, yarog‘im deya.
Men ham dada desam murg‘ak tilim-la,
Armon, g‘ussalarim tarqab dilimdan.
Eski choponing ham,
Xushbo‘y do‘pping ham
Tegib tursa edi bo‘m-bo‘sh qo‘limga!
Shu yigit davrimni, balki o‘shanda
Baxtliroq yashardim, mag‘rur yashardim!
Uloqib ketmasam edi shaharga,
Balki-da, o‘zingga ko‘proq o‘xshardim?!
Endi kimlar jamdir mushtdek jonimda,
Endi qay tomonga tikar bo‘ldim ko‘z?
Endi begonaman,
Begonadir, ha,
Bu shoir tilimga dada degan so‘z…
Qachon talpinovdim, qachon izlovdim,
Qachon bo‘zlab edim, qachon muzlovdim?
Topib berinng mening dadamni deya,
Yolvorib qushlarga qon-qon so‘zlovdim!
Ammo eshitmadi hech kim bu kuyni,
Hamon tushunmadi birorta do‘stim.
Hozir dada degan so‘zni-da to‘yib
Bosgim kelayapti bag‘rimga, bosgim!
Bolam, umrimizga ayrolig‘ yor deb,
Dunyosida shunday arolig‘ bor deb –
Sen ham yurgandirsan,
Hozir qaydadir –
Shoir o‘g‘lim bor deb, chirog‘im bor deb…
Qachon eslab edim,
Qachon yo‘qlovdim,
Qachon quchoqlovdim to‘yib mehringga?!

* * *

Tiriklik kuyida,
Hayot bazmida
Kim ham istar edi topmoqni zavol?
Rang-barang, guno-gun, alvon-u zangor –
Kelajak haqida suramiz xayol.
O, xayol!
Uloqib ketar qaylarga,
Tin bilmas, yo‘l solar uzundan uzun…
Ortida qolgani – to‘zon-u g‘urbat,
Qo‘ynimizga sig‘mas huzundir, huzun!
Mana, bag‘rimizga dur-u javohir
Joylab qo‘ygan axir fusunkor zargar!
Bizga Almisoqdan yuqqan dard shudir,
Og‘riymiz – nafasdan nafasga qadar…
Men esam –
Za’faron o‘y girdobida,
Bilmayman, ne ko‘yga tushgan daydiman?!
Shu qora ko‘zlarga umrim royida
Zarracha og‘irim tushmasa deyman.
Ular ham odamdek yashasa deyman,
Olamga boqmasin deyman mung‘ayib.
Nega borgan sari ich-yetim yeyman,
Nega axtaraman o‘zimdan ayb?!
Hayot jilvasida,
Rohat qasdida
Dunyoni talashar necha jonhalak –
Hech yo‘q go‘zalligin qoldirib bizga,
Mayli, o‘taversin karvonlar lak-lak!
U rangsiz ro‘yolar –
Ruhsiz namoyish
Kimga el bo‘lgan-u, qilgandi vafo!
Ey qancha orzuga cho‘mgansiz xomush,
Ey qancha xayolni etgansiz tavof?!
Bir kuni tush o‘ngga do‘nar onlari
Kelar-u va qayta boshlanar umr…
Siz esa kuyinmang,
G‘arib jonlarim,
Bizga Yaratgandan tekkan dard shudir.

* * *

Buncha tun ko‘ksida talvasa, gidir,
Buncha oy yuzida achchiq kulimsa?
Zamon ravnaqiga yetgay ne putur –
Bir inson suyunsa,
Bir inson suysa?!
Ne huzur –
Lahzaga dardim arisa,
Ayt, nedan yo‘limga chugun boylangan,
Necha g‘ayrlarim bordir, azizam,
Tillo kunlarimga jallod saylagan?!
Va senmi –
Takalluf ko‘rguzib, bir yon
Shaydo aylagan-u o‘tlarga otgan,
Tinchim g‘orat yetgan senmi – nigoron,
So‘ng yiroq-yiroqdan harorat kutgan?!
Nahot, umrim bo‘yi yeta olmasman,
Ayt, qayon yashingay
Bu munchoq – qarosh?
Buncha soyam uzra otash, vasvasa
Va buncha tegramda tamosho, talosh?!
Azizam!
Baxtimiz rangin talagan
Qancha olchoq bordir –
Dilim g‘ashlagan,
O, sening nimpushti gullaring kabi
Mening tilaklarim yanchib tashlagan?!
Qayga odim otsam –
Chax-chax g‘amxona,
Zulumot yuzida qah-qaha, davron!
Buncha ko‘zlaringda ma’yus – tarona,
Buncha bo‘g‘zimdagi sibizg‘a – nolon?!
Kel, darding aritsam netgay har nafas,
Umrbod izingdan chechaklar tersam?!
Jahon shodligiga yetgay ne shikast –
Sen faqat sevinsang,
Men faqat sevsam!

* * *

O‘zing hamroh dedim,
Hamdam,
Hamfikr –
Do‘st dedim,
Qayg‘uning yo‘lin to‘s dedim!
Mening toleimga tanho ko‘z tikkan
Qora soch,
Qora qosh,
Qora ko‘z dedim.
Buz dedim, sog‘inchning uyin buz dedim,
Ayroliq dashtidan umid uz dedim!
Bizga yarashgaydir dedim faqat baxt,
Ey shirin qiz dedim, shirmoy yuz dedim.
Sen o‘ng-u so‘limda xatar tuz, mayli,
Daftar tuz –
Har sahfa qon-qon,
Mast-alast,
Mening-chun qop-qora surat chiz, mayli,
Sening-chun yurakdan bichgayman atlas!
Bunda – to‘yib-to‘yib o‘lanlar kuylay,
Keyin yashab o‘tay menam odamday.
So‘ng vayron umrimga umringni ulab,
Olamga termilay!
Termilay, bay-bay!
O‘zing yo‘ldosh dedim,
Dunyodosh dedim,
Dunyo qayg‘usidan tortgin bosh dedim!
Sening-chun bog‘imda aziz boshingdan
Nurlarin sochgaydir bir quyosh dedim.
Ana, qat-qat falak –
Sokin belanchak
Va unda muhabbat yozmoqda palak.
Qay tomon qo‘l cho‘zsang,
Qo‘ngaydir dedim –
Kapalak,
Kapalak,
Ming xil kapalak!
Buz dedim, sog‘inchning uyin buz dedim,
Ey shirin qiz dedim, shirmoy yuz dedim.

* * *

Olisdan –
Qalbingni qalban sezganman
Va seni sevganman, seni deganman,
Bu g‘am sahrosiga
Qandoq bir zamon,
Xatar vodiysidan bezib kelganman?!
Jonimdan kechganman, ishon!
Ne zavol –
Malomat dashtida kezib bezganman,
Bir sening izlaring etganman tavof,
Salqin bo‘ylaringni tuyib sezganman!
Va ba’zan ko‘zimni o‘yib olganman,
Mudhish namoyishdan ketganman to‘yib.
Sarxush parvonadek kuyib o‘lganman,
Shamdek ko‘zlaringni qolganda suyib!
Ne omon – ortsalar dard ustiga dard,
Ne zamon – jabrimga jabr qo‘shsalar?
Shu tushdek umrimga qo‘shib saodat,
Ne davron – toledan ta’bir yo‘ysalar?!
Xabarlar bersalar yam-yashil bog‘dan,
G‘unchalar tersalar xor-u butog‘dan…
Ochqasang jon tutsam,
Chanqasang agar
Men suvlar keltirib bersam uzoqdan!
Sezganman
Olisdan –
Qalbing titrog‘in,
O‘yingni tuyganman sahardan to shom.
Mushkulot saylidan kelganman tag‘in,
Munojot maylidan tilanib maqom…
Nurdek porlasalar,
Kuy toshsa sokin,
Olisdan ohista yo‘l boshlasang sen!
Ne javlon – boshimga soyangni solib,
Ne tole – umrimga umr qo‘shsang sen?!
Bu ga’m sahrosiga
Qandoq bir zamon,
Xatar vodiysidan bezib kelganman…
Va seni sevganman, seni deganman!

* * *

Bu dunyoga kelmasimdan –
Menga shu yo‘l tanlanibdi,
Dilim bog‘lar aro tag‘in
Andalibga aldanibdi.
Qobirg‘amni bir-bir qayrib,
Ko‘ksim ichra boqar bo‘lsam –
Yurak-bag‘rim lola yanglig‘
Dog‘lanibdi, ranglanibdi!
Zorlanibdi, xorlanibdi qalbim mening,
Dardim mening daryolarga ulanibdi!
Navolarga boylanibdi sabrim mening,
Sarvim mensiz olislarda qiynalibdi!
Horib, charchab unutibdi bolaligin,
Ufqlarga ko‘z tikibdi nola bo‘lib.
Lablaridan uchgan har bir kapalagi
Kiprigimga ilinibdi – jola bo‘lib!
Guldahanim,
Oy badanim,
Ey sanamim,
Kel, poyingga to‘shalsin-ey bu chamanim!
Yo‘llaringni yoritgusi – porlagusi,
Boshing uzra sochilgusi bor maxzanim!
Tokaygacha ishqingda qon yutmoq ishim,
Kutmoq ishim, yana besanoq tashvishim.
Meni so‘zsiz anglaguvchi, tushunguvchi,
Bormi sendan o‘zga biror yaqin kishim?!
Axir, kuta-kuta bag‘rim
Lola yanglig‘ ranglanibdi,
O, yuragim bog‘lar aro
Qarg‘alarga talanibdi!
Tanlanibdi menga shu yo‘l –
Yoding bilan ovungayman,
Sog‘inchimda ikki jahon
Otashlari jamlanibdi!

* * *

Samodan tushdimmi,
Yerdan chiqdimmi,
Navo-la uchdimmi,
Ko‘chdimmi kuyga?!
Va yo
Olib keldim qaysi iqlimni –
Aqlimdan tashqari
Kuyganim kuygan.
Suyganim suygan-ey,
Tuyganim tuygan –
Ne qudrat,
Ne hikmat,
Ne sifat tuyum?
Nima u –
Bag‘rimni qiymalab o‘ygan,
Qo‘ynimga kirgan kim –
Bamisli zulm?!
Bamisli zulfizar,
Sarvi sanuvbar,
Siymtan,
Siym-u zar –
Sim-sim siymbar!
Poyi boshimda-yu,
Royi falakda,
Chiroyi qay ko‘kni aylamish minbar?
Va bizim haqirdan haqir saylamish,
Va yana naylamish?!
Ojiz tafakkur,
Tasavvur ojizdir,
Go‘yo nayqamish
Nolasi ichimga bo‘ylagan –
Chuqur!
O‘ygani o‘ygan-ey,
So‘ygani so‘ygan!
Na tunda,
Na kunda,
Na shom,
Na sahar
Mani o‘z holimga qo‘ygani qo‘ygan,
Bolim deb tutgani zahardan battar!
Samodan kelganmi,
Yerdan yuqqanmi –
Atodan qolganmi,
Havvo tuqqanmi?
Bilsangiz,
Ayting-ey,
Jon yoronlarim,
Kimdir tushunganmi,
Kimdir uqqanmi?!
Kuylaganim sari battar qiynamish,
Qandoq qiynoq bilan bot-bot siylamish?
Va yana naylamish –
Jonidan ortiq
Suysa
Ichimdagi
Kuygan
Nayqamish?!

* * *

Men bunda odammas,
So‘z bo‘lsam devdim,
Do‘st, yana tuningda ro‘z bo‘lsam devdim,
Sening ishqing bilan, yumushing bilan
Bir dilxush olamga do‘st bo‘lsam devdim!
Bir senga dil bergan dilgir jilovman,
Kimlarning poyida ezgin yalovman?!
Kiprik bo‘lay dedim – agar ko‘z bo‘lsang,
Ko‘prik bo‘lay dedim – kechsang olovdan!
Qo‘ynimda gul dasta, qay dil orasta,
Men qayon vobasta, qay yo‘l orasta?
Sevdim asta-asta – har bir nafasda,
Nechun sevgan sarim xastaman, xasta?!
O, bunda xastamas, bog‘ bo‘lsam devdim
Va shu odamlardek sog‘ bo‘lsam devdim!
Va xasta chog‘imda suygan, suyagan –
G‘arib bog‘larimga tog‘ bo‘lsam devdim!
Va lek borgan sari adoshman, adosh,
Jon va jonon aro taloshman, talosh!
Tog‘larim xok bo‘pti qo‘yay desam bosh,
Do‘st, yana o‘zingdan so‘radim bardosh!
Otamga suyanch ber, ko‘tarsin qaddin,
Onamga sevinch ber, yupatsin qalbin,
Bir umr mehnatdan boshi chiqmagan –
Og‘amga ovunch ber, aritsin dardin!
O, qandoq chatnardim tosh bo‘lsam edim,
Eng yorug‘ tolega dosh bo‘lsam edim!
Men bunda shoirmas, shu ko‘zlardagi –
Mehrdan taralgan yosh bo‘lsam edim!
Necha hasrat ichra ma’yus xandaman,
Balo qayda bo‘lsa – menam andaman!
Do‘st, kelar yo‘lingga boqqancha zor-zor,
Ko‘klarga ko‘z tikkan mushtoq bandaman!
O, bunda xastamas, bog‘ bo‘lsam edim
Va shu odamlardek sog‘ bo‘lsam edim!
Do‘st, yana tuningda ro‘z bo‘lsam edim,
Bir dilxush olamga
Do‘st bo‘lsam edim…

* * *

Tepamdan ketmasa qaro bulutlar,
Nafas olmoq qadar tolsam, xorisam,
Farg‘ona tarafdan kelar xush lutflar:
— Alo! Shkaladim,
Qoram! Bormisan?

Ayam.
Ayaginam!
Umrim gultoji!
Shu ovoz pinjiga berkinsam bargday!
Bormanmi, yo‘qmanmi, bilmayman garchi,
Deyman:
— Ha. Yuribman
Dunyoga sig‘may!
Faqat shamol yedim, ozroq sovqotdim
Va allanelarni bot-bot o‘ylasam
Uyqum kelmayapti.
Goh sho‘r ovqatim…
Qolgani joyida.
— Qachon kelasan?
Kelsang davolayman,
Qur’on o‘qiyman,
Dam solib qo‘yaman, yo‘yaman kinna.
Obdon semirtirib rosa boqaman,
Tezroq kel!
Sog‘indim, jon arvoqqinam!

Tepamdan tarqamas g‘am bulutlari,
O‘pkam to‘lib-toshgan,
Bo‘g‘zim achishgan.
Aya!
Ayaginam,
Ohim dudlari
Hech kimni qo‘ymasa yedi tashvishga.

— Kurtaklar ochilsa,
Bayramlar kelsa
Va yana o‘qishdan berishsa ta’til,
Ungacha mabodo gonorar olsam
Boraman!
Qo‘ltiqlab gul, ro‘mol, atir…

Bilmayman, uchganman qaysi sanamning
Bemehr, beshafqat karashmasiga?!
Ba’zida o‘xshayman yer-u samoning
Eng baxtsiz, eng noshud talabasiga.
Ba’zan suruv boqib allaqaydadir,
Xayolan Toshkentning ko‘chalarini
Kezaman…
Eslayman, o, xushbo‘y patir –
Tandir jag‘idagi kulchalarimni!
Aya!
Ayaginam,
Aytolmam borin…
Goh o‘zga olamdan kelar xabarlar
Va suhbat qurarlar mening-la gohi
Ma’yus oqqushlar-u nolon kaptarlar…

Mayli…
Farg‘onada bahor ufurib,
O‘rnimga gul sochsin har sahar nayson.
Va siz yo‘qlab turing har kun qayg‘urib:
— Alo! Shkaladim,
Qoram! Bormisan?

* * *

Tashqari –
Mozormi,
Bozormi, manga
Ozormi…
Bir maning qonimga zormi –
Tashnami, kushanda?
Chiqdim gulshanga,
Chorladim necha bor –
Tirik jon bormi?!
Gulshanda gullar – xor,
Dillarda – g‘ubor,
Ne bo‘lsa man g‘arib baridan bezor!
Bilmayman,
Qay go‘zal chorbog‘ga zorman,
Qay ravza yo‘liga bo‘ldim intizor?
Qayon yo‘l solaman –
Qayga boraman?
Qayon talpinsam-da
Qalbi poraman.
Bir kuni umrimni tuproqdan olib,
Bulutlar bag‘rida loydek qoraman…
Va baxtli bolaga o‘xshab olaman,
Eng sarxush nolada qo‘shiqlar aytib,
Oymomo yoniga uylar solaman –
Osmon-u falakdan tushmayman qaytib!
Faqat,
Hozir…
G‘ashman,
Silman gulshanda,
Otashman –
O‘t yutgan dilman o‘shanga!
Chanqagan do‘st borki, suvman hamisha,
Hamisha eng shirin tilman dushmanga.
Tashqari –
Sarobmi,
Xalqobmi boshga
Yo qopmi birgina mandagi loshga –
Xarobmi,
Xarobot?
Tomog‘im yongan,
Sachragan tovonim qoni quyoshga!
Shag‘amda – sarvinoz,
Shabiston – hamroz,
Jo‘rovoz olisda kuygan yosuman.
Dunyo – qonxo‘r tuman,
Ko‘cha – qimorboz,
Ichkari…
Birgina ichkari – chaman!
Tashqari –
Mozormi,
Bozormi, bilmam?!

* * *

Sen tomonda – yomg‘ir,
Men tomonda – g‘am.
Sen tomon – bahor-u,
Men tomon – xazon…
O‘sha tomchilardek dardim bardavom
Va shu yaproqlardek ezginman hamon!
Mahzunman, yo‘llari uzunman hanuz,
Dillarga eng dilxun mavzuman hanuz.
Olis-olislardan kelgan maftunman,
Yuragi tugunman – orzuman hanuz!
Uzun tun – o‘tarki jon-jonim yanchib,
Hech bitmas uzzukun orziqishlarim.
Bilmam, qay tomonda jonidan kechib,
Nur sochib yashaydir ahli ishqlarim?!
Qaydasiz, ey nolon boyaqishlarim,
O‘zim aylanayin, o‘zim o‘rgilay!
Tinmasa falakning sho‘r yog‘ishlari,
Girdingizda o‘zim girgitton bo‘lay!
Men tomon – zulmat-u,
Kim tomonda – tong?
Men tomon – otash-u,
Kim tomonda – aysh?!
Bizga mushkuldur-u, kimga osondir,
Yomg‘irin qizg‘ongan, ey sho‘x pariyvash?!
Bizga-da ul yorug‘ tomonlar kelsa,
Qachondir mushkuli osonlar kelsa –
Naylarsiz,
So‘ng hushdan ketsag-u shilq-shilq,
Omonliq-omonliq zamonlar kelsa?!
Kelsaydi, eng avval sadog‘asi – men,
Singildek ko‘rguvchi zo‘r og‘asi – men!
Qo‘riqlaguvchi – men, qo‘rguvchi – o‘zim,
U bir gulxan bo‘lsa, parvonasi – men!
U bir gulshan bo‘lsa, mastonasi – men!
U bir chaman bo‘lsa, taronasi – men!
U bir alam bo‘lsa, hikoyasi – men!
U bir vatan bo‘lsa, himoyasi – men!
Kim tomonda – bazm,
Men tomon – nazm
Va yonish, navozish, o‘rtanish – tarzim,
Yozg‘irish, sog‘inish, ovunish – darsim,
O‘sha yonishlarda o‘tmoqmi qarzim
Va seni bir umr kutmoqmi farzim?!
Biz tomon kelsang-chi, etsang-chi rahm,
Yog‘aman damo-dam, yonaman dam-dam,
Namoyish etgaysan qayon, azizam?
Azmoyish etgaysan qayon, azizam?
Va xonish etgaysan qayon, azizam?!
Sen tomonda – yomg‘ir,
Men tomonda – g‘am…

* * *

Yetdim-u chamanga, sokin g‘imirladim,
Tutdim-u bo‘yingni, ro‘ying qani, qani?!
Yellar suhbatiga do‘ndim,
Shivirladim,
Laylim dedim sani,
Layloyim dedim sani!
Bulutni haydadim,
Chaqirdim oftobni –
Bosh uzra nuri-la sochildi maxzani,
Qaytadan qovirilgach dil pech-u tobida,
Jonim dedim sani,
Jononim dedim sani!
Yuz ochmish chiroying,
Tegramda gul – bodroq,
Butradi ohimdan xazon anjumani.
Parvarish etgali kelsang, bag‘r – avroq,
Bog‘im dedim sani,
Bog‘bonim dedim sani!
Omonat dunyoda damo-dam yonaman,
Mudom bor shabnamni yig‘dim – yig‘lagani.
Goh ko‘ngil tiflida haqir, parvonaman,
Ey sham dedim sani,
Sha’bonam dedim sani!
Dedim toza tilak,
Eng pok xilqat o‘zing,
Xorlardan ayrildim – xok bo‘ldi jon-tanim.
Umrbod hamrohim dedim faqat o‘zing,
Ey do‘st dedim sani,
Dostonim dedim sani!
Chiqdim-u gulshanga, bulbuldek pitradim,
Sayringga yetishdim-u, vasling qani, qani?!
Qoldirma nadomatda,
Unsiz pichirladim –
Dardim dedim sani,
Darmonim dedim sani!
Laylim dedim sani,
Layloyim dedim sani…

* * *

Tillarang dalalar…
Tilla somonlar –
Bug‘doy o‘rimidan qolgan xazina!
Menga buncha yaqin osmon tomonlar,
Poyimga to‘shalgan
Bamisli zina –
Bulutlar…
Qalbimga do‘ngan sakinat,
U yonimda – ziynat,
Bu yonimda – zavq!
Sig‘mas quchog‘imga poyonsiz hayrat,
Tomirimda oqar qatra-qatra shavq!
Qadim-qadim shiddat ko‘chgan qonimga,
Necha yil dolg‘asi bor tovonimda?!
Cheksizdir koinot qadar imkonim –
Qay falak tutashgan mushtdek jonimga?
Shisharang qavatlar,
Feruza taxtlar,
Sandaliy saroylar,
Zumrad daraxtlar…
Baxmal kengliklarda chopaman shodon,
Duch kelmas birorta nodon – badbaxtlar!
Vaqtdan tashqarida
Ne-ne zamon jam –
Barmoqlarim aro aylanadirlar…
Zo‘ldirdek kaftimga joylashib bu dam
Sayyoralar qayta saylanadirlar!
Dardimga davolar boylanadirlar,
Bag‘rimga navolar joylanadirlar,
Taqdirimni so‘zga etdim havola –
Jon-u jahonlarim qiynaladirlar!
Ey kim bor, bu savdo sharhini bilgan,
Kuygan yuragimning narxini bilgan?
Bahosi qanchadir ishq degan tilning,
Jazosi buncha ko‘p yor degan dilning,
Bormi bu hijronning ajrini bilgan?!
Yam-yashil qirlarim,
Keng adirlarim…
Kel, xushbo‘y tuprog‘im –
Qulochim to‘lsin!
Boshoq izlab ketgan bu sarson qalbim
Qiyomat kelsa ham sening-la bo‘lsin!
Keyin yaqin kelsin osmon tomonlar,
Bulutlar
Poyimga
To‘shalsin yana,
Har yonga sochilsin tilla somonlar,
Tillarang xazonlar,
Sim-sim mezonlar…
Va butun dunyoni ko‘msin xazina –
Chinakam maxzanga yetsin insonlar!

* * *
(Madina Norchayevaga)

Bu kengliklar –
Qir-adirlar menga tanish,
Tunlar tushda,
Kunlar hushda o‘ylaganman,
Qaldirg‘ochlar bilan sho‘x-sho‘x etib xonish,
Bolang bilan berkinmachoq o‘ynaganman.
Kuylaganman –
Sen-la olis ufqlarni,
Quduqlarga dardim aytib yashaganman,
Samolarga boqib,
Qon-qon ajriqlarni
Yuragimdan yulib-yulib tashlaganman!
Kulib-kulib so‘zlaganman puchmoqlarga,
Chag‘ir toshga tirnoq bilan bitganman she’r!
Nigohlarim qadab yiroq-yiroqlarga,
Yurak yutib bo‘zlaganman –
Bir xayr ber,
Bir sayr ber,
Tangrim, o‘zing taqdirgo‘yim,
Haqdir o‘yim,
Dunyo o‘yin bozorida –
O‘yin tushib qaytib keldim, bitdi to‘yim,
Gul qo‘ymoqqa kuch ber otam mozoriga!
Bu dashtlarning biri – og‘am, biri – inim,
Bu kulbalar – qadrdonim,
Do‘stim – kenglik!
Men ularni suydim,
Faqat kuydi jonim,
Qoldim nechun vayron-vayron yoqa-yenglik?!
Ey qaldirg‘och!
Qanotlaring porasiman,
Men ham sen-la bag‘rim yezib yig‘laganman,
Men ham sen-la kuyib-kuyib,
Otamizdan
Yorug‘-yorug‘ ertaklarni tinglaganman…

* * *

Yellar jon-tanimni yayratar, bay-bay,
Yillar xotiramda hilpirar bargday…
Gullar iforini taratar hamon,
O, belda sochlari to‘lg‘onib Nilday,
Yo‘llarga suv separ
Jilmayib, shodon,
Iymanib o‘y surar Kumushbibiday –
Ko‘cha supurishga chiqqan Marg‘ilon.
Ro‘molin to‘sgancha oy yuzlariga,
Xayolan malaklar ichra raqs yetar,
Yulduzlar ko‘rinar goh ko‘zlariga,
Ko‘nglida goh shirin tushlar aks yetar…
Mening tug‘yonlarim tinmay bahs yetar –
O‘tmish qa’rlarida uchar qarg‘alar,
Oh ursam, ohlarim dovondan o‘tar,
Tog‘larni qo‘porar,
O, bu zarbalar!
Yuragimda to‘lqin urar zardalar,
Ko‘zimga tortilgan qora pardalar,
Har tomondan qurshab,
Suyaklarimni
Kimlardir navbatma-navbat arralar!
Ey mening yoshligim o‘tgan ko‘chalar,
Ey bolaligimni cho‘miltirgan soy,
Osmoningda oymas,
Bedor kechalar
Ko‘cha supurishga chiqqan
Kumushoy –
Ana, ketib borar arobasida,
Dunyoni xor-xasdan tozalayman deb,
Qalbida mavjlanib yorug‘ qasida,
Yo‘l olar bog‘larga bermoq uchun zeb…
Ammo insonlarmas,
Duch kelar unga
Ne ishrat qullari –
Ne-ne battollar,
Necha nafs malayi nard o‘ynar bunda,
Necha mard bo‘yniga urilgan bolta?!
Yellar jon-tanimni xanjarday tilar,
Yillar xotiramda tig‘day aylanar,
Ayting, hasratimni tag‘in kim bilar,
Jonim bo‘g‘zimgacha kelib qiynalar!
Qani u iforlar –
Taralar qayon,
Qani o‘sha yillar?
Turibman bilmay…
Qarshimda gul qaddi ezilib, nolon,
Sochlarin to‘zg‘itib, yoygancha Nilday,
Ko‘rinar –
O, ashki g‘alton Marg‘ilon
Nechun zaharlangan Kumushbibiday?!

* * *

Ko‘zim – suv,
Bo‘g‘zim – suv,
Suvliq qarog‘im…
Va qayon bog‘liqman –
Borlig‘im yoshliq?
Bu – mening hayotim,
Bu – mening umrim,
Nega saylanmoqchi bo‘lasiz boshliq?!
Nega aylantirmoq bo‘lasiz boshim?
Erk degan yalladan yaralganman men,
Qo‘l yetmas falakka talpinib, shoshib,
Eng o‘tkir charxlarda qayralganman men!
Aylanib yo‘qsil-u,
Ko‘ngli to‘q kasga,
Bekasga,
Har nafas mast-u alastga,
Uchdim –
Baland-baland,
Quchdim…
Sarbaland –
Samodan
Tortqilab
Tushrimang pastga!
Ey past-u nokaslar,
Tinglang fig‘onim –
Faqat siznikimi bu yorug‘ olam,
Nega siz deb xazon bo‘lsin bu jonim,
Nega siz deb barbod bo‘lsin taronam?!
Taronamki – tam-tam,
Tanburimki – g‘am,
Torim alamdandir turobimgacha,
Qani, yetib olsak yedi salomat,
O‘sha manzilgacha – Xudoyimgacha!
Ichim – o‘t,
Tashim – o‘t,
O‘tlig‘dir sozim…
Va nedan dog‘liqman –
Xasta ovozim,
Nechun o‘ynashasiz axir men bilan?
Bu – mening safarim, mening parvozim!
Bu – umr meniki, o‘z-o‘zimniki!
O‘zimga tegishli g‘irotim – ko‘nglim.
Axir, olislarda nolon ko‘z tikib,
Yo‘limga intizor turibdi Laylim!
Ko‘zi – suv,
Bo‘g‘zi – suv,
Suvliq qarog‘i,
Axir, kuta-kuta singan tarog‘i…

* * *

Yuzimga urilgan bu mayin yellar –
Sening nafasingmi,
Xo‘rsinig‘ingmi?
Yoki yig‘ladingmi
Sochlaring tarab,
Simirib g‘ussalar ko‘lankasini?!
O, qator kulgichlar –
Quvnoq gul, yaproq,
Kapalaklar qo‘ngan sanoqsiz dudoq
Va buloq jilg‘asi bo‘ylab izlayman,
Sening sevinchingni topolmam biroq.
Buncha yo‘llar yiroq –
Buncha holim tang,
Kechib o‘tolmasman g‘am sahrosini.
Yantoq soyasidan teraman ohang,
Tinglayman saksovul taronasini…
So‘ng yana boshlayman dil g‘avg‘osini,
To‘fonni chorlayman –
Tozarsam deyman!
Bulutlar tarqasa,
Shomlar oqarsa,
Tonglardan senga ham yuborsam deyman!
Va nogoh nafasing tuysam yellardan,
Gullardan atringni tersam damo-dam.
Hu-uv olis dengizning sohillarida
So‘rasam –
Azizam, nima edi g‘am?!
Ne edi bag‘ringni o‘rtagan og‘riq?
Ana, ortimizda qolgan so‘qmoqlar –
Bog‘larga yevrildi…
Ko‘z yoshing artib,
Endi boshing silar ulkan yaproqlar!
Ulkan – chumolilar,
Ulkan – arilar,
Ulkan – ninachilar,
Ulkan – kaptarlar…
Bizni qurshab olgan, o‘txo‘r, muloyim,
Do‘stimiz – bahaybat dinozavrlar!
Yuzimga urilgan sochingmi, shamol,
G‘unchalar ko‘nglingmi, kulgichlaringmi?
Shabnam sog‘inchingmi, ey sohibjamol,
Subhidam o‘tinching, o‘kinchlaringmi?
Hasrat nima edi,
Nima edi dard?!
Bizni sarson etgan, o, beshafqat vaqt
Ortimizda qolgan…
Qara, azizam,
Ana – bizga yorug‘ qismat, ana – baxt!

* * *

Tunda derazangni ochasan – durkun,
Xuddi oy to‘lishib chiqqandek ko‘kka.
Kimnidir eslaysan…
Tortasan mahzun,
Ko‘zingdan tomchilar yumalar:
“Chak-chak…”
Qo‘llaring cho‘zasan…
Sahar – belanchak
Tebratar yo‘rgaklab to‘p-to‘p xazonni.
Nenidir unutding…
Bezovta yurak
Olisda larzaga solar samoni!
Fazoga bo‘ylashar, ufqlardan oshar,
Toshar o‘zanidan daryo – qanoat,
Bu ne ro‘yo bo‘ldi,
Ne tush, o, ne zarb,
So‘zlashar:
“Yo Rabbim, bu ne sinoat?!”
Tinglaysan – sabolar keltirar xabar,
Bulutlar gumbirlar, chaqmoqlar chaqar,
Yaproqdan, maysadan, guldan, shudringdan:
“Sevgilim…”
Galma-gal sadolar chiqar!
Vidodek tuyular har sas, har jarang,
Hasratdek ko‘rinar har bir shakl, rang,
Asta derazangni yopasan horg‘in…
Va lek tashqarida davom yetar jang!
Ko‘chaga chiqaman o‘qdek otilib,
Atrofga qarayman chaqnab, gurillab,
Osmondan quyoshni olaman yulib,
Bag‘rimga joylayman:
“Kuyib bitsin qalb!”
Qaqshab ado bo‘lsin, kulga aylansin,
Kuyga aylansin-ey, taralsin ko‘kka!
So‘ng mahzun kechalar yoningga borsin,
Tinglasang –
Yomg‘irlar tinmasin:
“Chak-chak…”

* * *
(Feruza Xayrullayevaga)

Omonmisan,
Ey dil,
Ey g‘am og‘ochi,
Yog‘ish, savashlarda hamon bormisan –
Ohista-ohista dunyodan qochib,
Olisdan qalbimga madadkormisan?
Va yo nolonmisan,
Sen ham meningday –
Noladan nolaga ko‘chdingmi goho,
Kuyladingmi aylab tomog‘ingni nay,
Ozorga, og‘riqqa aylandingmi yo?!
Yoki sog‘indingmi qirlar bag‘rini,
Qirlarga sochilgan gullar atrini?
Senga deb bog‘lardan ovunchlar terdim,
Va lek topolmadim baxtning satrini –
Seni yupatguvchi,
Avaylaguvchi,
Cheksiz osmon sari eltguvchi bir she’r.
Yulduz tersak edi degandik uchib,
Poyimizdan tortib olaverdi yer!
Na kunduz,
Na kecha bilarsan orom,
Na-da uyqu bergay senga halovat –
Qachon tinarman deb bu yo‘llar aro,
Tugarsan yaproqlar ichra tilovat.
Yana yig‘ladingmi,
Ostonamgacha –
Ko‘z yoshing
Taniyman hovuch-hovuchlab,
Yana yog‘ishlardan, hasratdan cho‘chib,
Derazang yonidan uchdimi qushlar?!
Bu tushlar qachondir o‘ngidan kelgay,
Ohista-ohista dunyodan qochib,
Yoningga boraman,
So‘rayman yelday –
Omonmisan,
Ey dil,
Ey g‘am og‘ochi?!

* * *

Nima yomonlik qilib edik biz odamlarga –
Dunyoga kelib,
Nimani ham ko‘rib edik
Jondan ortiq sevib?!
Sog‘inib-sog‘inib yillarni quvdik,
Quvondik birgina she’r to‘qib –
Yutoqib-yutoqib
Suv bo‘ylarida,
Hayqirib-hayqirib
Qir-adirlarda,
Shivirlab-shivirlab yurgan yo‘limizda
O‘zimizga o‘zimiz o‘qib…
Va qo‘rqib umidlar yanchilmog‘idan,
Ko‘ngil to‘lmog‘idan –
Quvonchga, baxtga!
Va nogoh jon bermoqdan qo‘rqdik
Gardanimizdagi yukdan,
Ichimizdagi kuyukdan
Xalos bo‘lmay turib.
Kulib, kulganimiz sezmadik,
Yashab, yashaganimizni…
Faqat anavi odamlardan bezdik –
Nimaga ularda
Mehr,
Sevgi,
Vijdon yo‘q?
Nega ular
Osmonga,
Yerga,
Maysaga,
Xonqiziga termilishmaydi?
Bolarining gul changlatishi,
Qumursqaning don tashishi,
Qo‘zichoqning o‘t yeyishi-yu,
Ipak qurtining o‘rmalashi,
Va nihoyat
Bir shoirning o‘rtanishi –
Ahamiyatsiz!
Nega?!
Nima yomonlik qilib edik biz odamlarga –
Ko‘niksak-da bariga,
G‘ussalar,
Armonlar,
Dodlar,
Hayqiriqlar cho‘kaverar yurak qa’riga.
Oxiri bormikan bu cho‘kishlarning,
Surinishlarning,
Nishlarning?
Nahot umrimiz shundoq
O‘tib ketaverar?!
Yertaklarda murodga yetilar-u,
Hayotda esa, aksincha,
Muroddan ketilar –
Sababi noma’lum,
Qismatimiz mavhum!
Faqat shunisi aniqki,
Hozir hammamiz
Baxtli bo‘lmoqlikni istaymiz juda!
Nima yomonlik qilib edik biz odamlarga…

* * *

Biz-ku
O‘tajakmiz
Avvalgilardek –
Izma-iz, qadam-baqadam g‘am ila,
Bosh egib tabiat hukmi oldida.
Goh qayg‘u,
Goh shodlik yonma-yon, hamdam,
Ammo umr o‘tmas behuda!
Xotirjammiz bir qadar –
Ne bo‘lsa ko‘ngilda
Ketgay biz bilan,
Manzilga yetamiz yorug‘ yuz bilan…
Ha, nima?
Haqqimiz yo‘qmi yo bir banda kabi
Xudoga yolvorib,
Yurakni hovuchga olib –
Erkin qushga mengzab ohista,
Samoga qo‘yvorib, qanotin silab,
Parvozin tomosha etmakka bu dam?!
Kimda nima tashvish,
Kimda ne anduh –
Kimga malol, kimga zavol ko‘ringay?
Og‘irimiz tushgay yana kimga, uh,
Bu ohlar ortida visol ko‘ringay!
Bizga ne bo‘lgaydir alaloqibat,
Alqissa bu ishqdan ne hissa ungay,
Mayli, sira shafqat qilmasa-da vaqt,
Boramiz manglayda boridan tonmay!
Keyin
Qaytajakmiz
Ortga kim bo‘lib,
Izlar o‘chib ketgan, qadamlar horg‘in!
Goh kulib qo‘yamiz,
Goho seskanib
Ketamiz qismatning adolatidan –
Yo‘limizni to‘sgan kaslarga boqib,
Jim qolaveramiz…
Ammo tilamasmiz aslo yomonlik,
Anglasin, tushunsin deymiz ular ham –
Mayli, yo‘l yurmasin,
Lek yo‘lovchiga
Zimdan tosh otmasin,
Gunohga botmasin deymiz hamisha!
O‘zga ilinj yo‘qdir,
O‘zga o‘tinch yo‘q,
Biz ham o‘tajakmiz avvalgilardek –
Dashtma-dasht,
Cho‘lma-cho‘l,
Har kez g‘am ila
Bosh egib sevgimiz hukmi oldida…

* * *

Chaqmoqning shakliga kirsammi,
Shamolning shashtini emsammi,
Yaproqlar hovuchin to‘ldirib, chayqalib,
Yomg‘irga do‘nsammi –
Donalab,
Tomchilab,
Zarrama-zarra
Yog‘sammikan, hey?!
Termilib – tog‘larni tolqon qilsammi,
Simirib – daryoni ichib qo‘ysammi,
Qobirg‘am ostiga qo‘limni tiqib,
Yuragim yulgancha o‘tga otsammikan,
Kuydirib,
Qovurib,
Toblab damo-dam,
Qush bola misoli siypab, erkalab
Ovutsammi?
Tandirdan uzilgan qaynoq non kabi
Ariqqa oqizib sovutsammi yo?
Terakning uchiga chiqvolib yoki
Osmonni qarichlab quyoshgacha to –
Urib tushirsammi pishgan mevadek?
Telbadek o‘pkamni to‘ldirib nafasga,
Oyni to‘zg‘itsammi momaqaymoqdek…
— Pu-u-uf!
Hay, dod-a, omon yor,
Muncha holim yomon, yor?!
Yulduz tersammikan bittalab –
Tarqatib chiqsammi ahli hasratga,
Tilla qo‘ng‘iz kabi ip bilan bog‘lab,
Tutqazsammi jajji qizaloqlarga?!
Tag‘in nima qilay –
Bolakaylarga
Yog‘och ot yasaymi so‘ngaklarimdan,
Terimni shilaymi –
Varrak yasaymi,
To‘shaymi va yoki sehrli gilam?!
Hammaga joy yetadi, keling,
Uchamizmi?
Uchamiz –
Dunyosidan kechamiz-yey, bulutlarni quchamiz!
Yo‘limizdan chiqsa gar uch boshli ajdarholar,
Qo‘rqmang zinhor-bazinhor –
Birgina ohim bilan kuydirib kul qilaman,
Kulidan gul qilaman!
Faqat…
Intizorlik torta-torta tanda toqat, jonda rohat,
Falakdan boshimga yog‘magan ofat qolmadi.
Hozir esa,
Suvning shakliga kirsammikan,
Bol aridek uchib borib
Quyoshga qo‘nvolsammikan, deb o‘tiribman.
Qumursqaga do‘nsammi –
O‘rmalab-o‘rmalab, ko‘chama-ko‘cha
Yursammikan shivirlab…
Chim-chim, chima-lay,
Toleyimdan aylanay.
O‘zim jimitdekman-u,
G‘ildiratib dunyoni –
O‘ynamoqcha shashtim bor-yey,
Gumbirlatib samoni,
Kuylamoqcha ishqim bor!

* * *

Hujayra-hujayramgacha – kuy,
Hujayra-hujayramgacha – she’r.
Hujayra-hujayramgacha – dard,
Hujayra-hujayramgacha – so‘z!
Shoir aytmoqchi:
“Ertadan kechgacha
Toatim, ibodatim so‘zga.”*
Toqatim, itoatim, har soatim,
Lahzama-lahza, zarrama-zarra,
Yallama-yalla holatim so‘zga!
Nafasdan nafasgacha – mehnatim,
Nafasdan nafasgacha – rohatim,
Nafasdan nafasgacha – hasratim…
Yurak-yuragimda – ohang,
Yurak-yuragimda – nola,
Yurak-yuragimda – qo‘shiq…
Suygan qizimni quchgandek
Quchoqlab yashayman –
Quchoqlab to‘lg‘onaman,
Quchoqlab uyg‘onaman,
Quchoqlab yonaman!
Erkalab chaqiraman –
Navbahorim deyman,
Navnihol deyman,
Qaldirg‘ochim deyman,
Qora qosh deyman.
Yana shoir aytmoqchi,
Momig‘im,
Yumshog‘im,
Yostiqdoshim deyman.
Va butun dunyoga jar solaman:
Ehe-he-ye-yey, ahli odamiyat!
Bizning olamga nahorgi oshga!
Piyozi – karnay,
Sabzisi – surnay,
Go‘shti esa nog‘ora!
Yog‘i – ohang,
Guruchi – nola,
Jizzasi – qo‘shiq,
Mazasi devona qilar!
Yana hayqiraman:
Keb qoling, yeb qoling!
Axir, bu dunyoga qaytib kelmayman,
Manguga qolmayman ko‘chgancha she’rga.
Iyig‘im, yag‘irim, jonim chiqquncha
Ishlating burnimni ishqalab yerga!
Hujayra-hujayramgacha – kuy…
Yurak-yuragimda – nur…
Ich-ichimda – dard…
Axir, yer-u ko‘kka sig‘mas muhabbat!

________________
*Abduvali Qutbiddin sotrlari.

* * *

Hamon yodimdadir ilk saboqlaring,
(O, qadam qo‘yganim ul ko‘cha tomon!)
Qirmiz dudoqlaring,
Bodom qaboqlaring,
So‘zlaring,
So‘zonakdek uchgan harflaring…
“— Hoş geldiniz, bey efendim!
— Hoş bulduk.
— Nasılsınız?
— Ö, hoşdan gittik!”
Bu o‘tli qarosh-u, tim qora qoshdan –
Tushdi boshimizga ne-ne savdolar?!
Sahardan shom qadar oh uradirmiz,
G‘avg‘o etadirmiz, qon yutadirmiz.
Yor yoniga kelib, bir davo istab,
Jonimizni tutib, jim turadirmiz.
O, bunda na go‘zal chehralar bordir,
Qalblarida – mehr, ko‘zlarida – nur!
Sohir ovozingga yuragim qorib,
Zimdan termilaman tuygancha huzur…
“ — Çok güzel, çok mutlu, lezzetli, tatlı!”
Hayratga cho‘mgancha o‘ltiradirman,
Ichimda hayqirib, qo‘shiqlar aytib,
Dengizlar haqida o‘y suradirman…
Hamon yodimdadir o‘sha kun, huzun,
Iymanib kirganim dars – gulxonaga,
Shirin hitoblaring, nozik qomating,
Javonga terilgan –
Xushbo‘y, xilma-xil,
Haligi, turkcha kitoblaring…
“— Hoşçakalın, genç öğretmenim!
— Görüşürüz, bey efendim!”
(Yondim-yey, dunyodan naqadar tondim!)
Bostirib-bostirib kelaverdi g‘am,
Yog‘averdi yomg‘ir – ich-u tashimdan,
Qaydan buncha sitam, ey mualimam,
Qayga qochib boray endi ishqimdan?!
Endi o‘tolmasman o‘sha ko‘chadan,
O‘sha gulxonada o‘rin yo‘q menga.
Sen ham termilgancha shisha darchadan,
Bir so‘z aytolmaysan so‘nggi yo‘q tunga!
Men esa olisda, har bir nafasda
Bo‘zlayman:
“— Nerdesin, nerde?
Ne zaman görüşürüz, söyle?!
Burada ateş ve böyle cehennem…”
Hamon yodimdadir ilk saboqlaring,
Qirmiz dudoqlaring,
Bodom qaboqlaring…

* * *

Tizza bo‘yi maysa,
G‘ujg‘on daraxtlar,
Girdimdan qiyalab esgan shabboda…
Osmonga termilib mastman, karaxtman,
Yuribman sayr etib o‘zga ma’voda,
O‘zga sayyorada –
O‘n sakkiz kunlik
Bahorda,
Pushtirang gullar ichinda,
Siypalab ishvakor tollar kokilin,
Aylandim bedavo, sarxush kuychiga!
Mingashib bulutlar karvoniga sho‘x,
Armonim qolmadi – zamin olisda!
Yashagan umrimdan harna ko‘nglim to‘q,
O‘lganim yo‘q-kuya…
Lek tirikmasman!
Qarasam – terimdan tashqari chiqib,
Balandlab ketibman yerimdan shundoq!
Qushlarga ergashib, osmonni quchib,
Qobirg‘am sindirib yasabman uchoq.
Uchoqqa chiqdim-ey, oyni ko‘rmakka,
Oyning yorug‘ida yorni ko‘rmakka,
To‘lqin-to‘lqin soyga tushgan nur ichra
Sho‘ng‘idim – tun birla sochin o‘rmakka…
Ko‘nglimni otashga ayamay qordi,
Lablarin shirasi tilimni yordi,
Qayga boshim oqsa –
Tap tortmay men-la
Qo‘limdan tutgancha yonma-yon bordi!
Tizza bo‘yi qumloq,
Jazirama cho‘l,
Dashtmi, borsa-kelmas –
Qilmadi pisand.
Uzoq cho‘zilsa-da bu changalzor yo‘l,
Oxirda bog‘larga bog‘landik beband!
Payvanddir o‘shandan beri qalbimga
Pushtirang gullarning shirin ifori…
Sog‘inib yashayman hamon jimgina
O‘sha o‘n sakkizga to‘lgan bahorni,
Bahorda jilmayib o‘ltirgan yorni –
Yo‘limga intizor boqqan dildorni,
O‘zi yig‘lagancha qushlarni chah-chah
Kuldirib, qo‘shiqlar aytgan nigorni
Sog‘inib yashayman,
Hanuz sog‘inib…

* * *

Hayajonmi,
She’rmi,
Muhabbatmi u –
Kapalakmi,
Buncha yoqimli tuyg‘u?!
Yuragimni gul deb o‘ylar,
Ehtimol…
Shamdek ko‘rinaman uning ko‘ziga –
Balki parvonadir
Va yo
Kuyib,
Kul bo‘lmoqni istagan malak?!
Buncha jonhalak –
Yurganimga qo‘ymas,
Jim turganimga qo‘ymas,
Tun-kechalar bermas hech uyqu…
Arvohmi,
Sehrmi,
Ohangmi –
Bilmam?!
Hali hech kim tuymagan mehrmikan yo,
Hech kim tinglamagan dil izhorimi,
Hech kim kuylamagan sho‘x yallamikan?
Ey qalbimni tanlagan navo,
Ey tomog‘im ilma-teshik qilgan tikan,
Tovonimga har on cho‘g‘ surtib,
Ey umrimga shiddat bog‘lagan yelkan!
Ko‘rsat ummonlarni – suzay betizgin,
Hayqiray to‘lqinlar aro behadik!
Quyosh yuragimga botsin qizarib,
Bo‘zarib ufqlarga tutashib ketay…
To‘fonmi,
G‘alayon,
Quyunmi,
Vulqon –
Qo‘ynimga berkingan ne g‘avg‘odir bu,
Ne savdodir boshimga tushgan?
Kiprigimda qalqib, qaltirab turgan –
Bu ne daryodir?!
Ne uchun bo‘g‘zimga tiqilgandir tosh,
Ko‘ksimda paydar-pay o‘sar qamishlar?
Nimaga hamisha yo‘ldoshdir menga –
Paykonlar, darralar, nayzalar, nishlar?!
Buncha iztirobli,
Buncha dolg‘ali,
Buncha po‘rtanali,
Buncha nolali –
Sog‘inchmi,
Alanga,
Bu qanday qayg‘u?!
Bag‘rimni vatan deb o‘ylar ne uchun
Va yo ko‘rinaman unga quduqdek –
Ohlarin to‘ldirib tashlar ichimga…
Kimdir chanqab kelsa,
Qo‘lin uzatza –
Uchib chiqaverar yana ko‘nglimdan
Kapalakmi,
Yog‘du,
Muhabbatmi,
Nur,
Hayajonmi,
Mehr –
Yoqimli tuyg‘u…

* * *

Sayr etarman –
Xayolimda
Bir bog‘ topib,
Bog‘ oralab iligimni qoqib-qoqib.
Zulmat ichra tutib chirog‘,
Yuragimni yoqib-yoqib,
Bu dunyoni ilitsaydim –
Devdim!
Va lek
Biror dilni tark etmadi sarob mayli,
Xarob etdi meni faqat bag‘rimdagi Laylim dog‘i…
Yo‘lim to‘sgan, ey o‘tkinchi, qopingda qoqi bormidi?
Buncha qiynamasang, menda onangning haqi bormidi?!
Peshonam sho‘r –
Bitilgan huv yo‘l uzog‘i,
Yor firog‘i.
Yo‘lga chiqdim,
So‘nmasin deb ichimdagi ishq mayog‘i.
Ko‘kka boqsam ko‘ylaklari harir, havo rangidadir,
Yerga boqsam kulgichlari gul-chechakning changidadir,
Suvga boqsam tubindagi chig‘anog‘-u dur, injuda,
Mening jonim –
Jilvasida,
Ohangida,
Jangidadir!
G‘arib boshim g‘amlar bilan qolgan ekan – qotgan ekan,
Bir dam desam g‘amxo‘rlarim meni tashlab ketgan ekan.
Qamchisining uchiga zar bog‘lab olgan yov-g‘animdan
Ko‘nglim sovib, borar bo‘ldim panoh so‘rab mug‘anniydan.
Bizning ko‘cha – tor ko‘cha,
Lek quchog‘i osmon qadar,
U yon – bog‘cha,
Bu yon – chashma,
Tutashgandir bo‘ston qadar.
Ufqlardan
Ufqlarga
Qo‘lim cho‘zsam
Yetgudayin
O‘zim kabi ko‘zida yosh,
Mungli-mungli inson qadar!
Chohlardan chiqib kelaman,
Daryodan oqib kelaman.
Yor, qafasga soldilar-yey,
Zanjirin cho‘qib kelaman.
Aylonaman,
O‘rgulaman,
To‘rt tomonim – qator xatar,
Men nechun o‘tab kelaman
Ming yildirki qon-qon safar?!
Sahrolarning quyunidan oshgan yelning yallasiman,
Ummonlarning to‘lqinidan toshgan dilning yallasiman,
Momo Havvo bolasiga tun-kechalar aytgan o‘sha –
Kuyib-kuyib ado bo‘lgan sog‘inch to‘la allasiman!
Bemahal kelib dunyoga,
Uchradim benavolarga.
Hamma odam shod-xurram-u,
Men yo‘liqdim balolarga…
Sayr etarman –
Xayolimda…
O, to abad qolsam edi,
Kulsam yedi, tinsam edi,
Saodatga to‘lsam edi,
Parishon holimga boqib,
Sokin tortib olsam edi!
Ortimdan ham, oldimdan ham bo‘zlab kelar bir qasida –
Sitamlarning bir nafaslik ohidagi nolasida,
Boshdan-oxir umrim yonar ikki jahon orasida!

* * *

Men bir hayrat yedim –
Cheksiz samoni
Changitib yugurgan,
O‘ynagan, kulgan
Va nogoh uyg‘onib, vod solib, yonib,
O‘ngidan tongan-u yuragin yulgan!
Men edim –
Yeng shirin tushlar qa’ridan
Bo‘zlab chiqib kelgan norasida jon.
Dunyoning eng baland teraklaridan
Qarayman, qayda deb o‘shal kahkashon?!
Na shon kerak menga, na-da xonumon,
Darmon yo‘q dilimning poralariga.
Faqat armon cho‘kkan –
Har kez, har qachon,
Qat-qat yillarimning oralariga.
Tag‘in xokisorlarim botganda g‘amga,
Darak yo‘q sog‘inchim choralaridan.
O, chopib borsam-u, xasta bobomga
Bersaydim sochimning qoralaridan!
Bu ilinj qo‘ynidan qushday uchsaydim,
Yana hidlariga to‘yib quchsaydim,
Bir paytlar…
Ko‘tarib yurganday meni –
Otamni opichlab suvlar kechsaydim!
Men ham istar edim – bir nihol kabi
Unmoqni bog‘larning etaklarida,
Axir, ishonardim har kech onamning
Xayrli, sehrli ertaklariga…
Bir kun kelsa yedi – durkun, serfusun,
Kulib boqarmidi tole yulduzim?!
Ungacha tunlaring yoritsin hech yo‘q,
Ko‘zimning nurin ol, ey munchoq ko‘zim!
Yana qancha hasrat bordir loyimda –
Siniq jilmayaman, ko‘kka qarayman,
Bir kun yetib borsam
Tangri poyiga,
Nelarni so‘rayman?!
Bilmayman.

* * *

Gaplashib olaylik,
Kel endi,
Ey Do‘st!
Madorim qolmadi…
Bir chetga surib qo‘y hisob-kitobni,
Savob-u gunohni, quvonch-u ohni.
Men yeta olmadim sarobni quvib,
Xarobot oralab kezdim dayringda –
Obod etolmadim biror so‘qmoqni!
O, sarxush nasimlar yanglig‘ uchrashib
Bir-birin his etsin nafaslarimiz,
Bir-biriga tegib, jimirlab ketsin
Loaqal bir lahza barmoqlarimiz,
Yonma-yon, tovushma-tovush ursin-yey,
Qaqshagan, qaqragan yuraklarimiz!
Mana, ko‘zlarimning qorasini ol,
Oydek yuzlaringga xol bo‘lsin,
Bag‘rim yaralarin ignalar bilan
Kovlab, uzatayin qalbim porasin,
Faqat yetib kelgin qayda bo‘lsang ham,
Xayol osmonidan tushib shu fursat!
Axir, topshiraman bir kun qo‘rqmasdan
O‘zim bu jonimni senga qo‘shqo‘llab,
Nechun qiynamog‘ing shartdir bunchalar?
Nimaga buncha dard, buncha uzun yo‘l
Kerakdir poyingga yiqilmoq uchun,
G‘unchadek lablaring shivirlarida
O‘qilmoqlik uchun g‘amgin oyatdek –
Soyangga evrilib, izlaringda xor
Bo‘lmoqligim tayin, ayt, axir nega?!
Bu umid – tugunlar yechilmaguncha,
Tushun, yengilmoqqa sira haqqim yo‘q!
Bu sog‘inch yoshlari
Aylansin endi
Diydor yoshlariga,
Kelaqolsang-chi…
Kechmishga boqaman – chidab bo‘lmas tush,
Kelmishga boqaman – tuganmas zulm,
Zulmatga boqaman – buncha olis nur?!
Naqadar og‘irdir ichimda yotgan,
Og‘riqqa, sukutga o‘rangan bu so‘z!
Sendan o‘zgasiga yorilmoq uchun
Ortiq madorim yo‘q, boshqa kuchim yo‘q!
Kel endi,
Kel endi,
Kel endi, ey Do‘st,
Gaplashib olaylik,
Charchoqlar chiqsin…

* * *

Ko‘nglimni yorolmam,
Eh, qotgan boshim,
Bosolmam yuragim qaynovlarini.
Qaylarga berkindim,
Qay tomon shoshdim –
Anglolmay qismatim sinovlarini?!
Atay istamadim bu yo‘l tarhini,
O, chigal o‘ylardan bo‘lgancha zada,
Bilsam – aytar edim umrim sharhini,
Onajon, sizga ham,
Sizga ham, dada…
Ichimni bo‘shatsam – ko‘tarmas dunyo,
Yo‘q axir dardimga biror yelkadosh.
Ko‘zimni ko‘r qilgan zulmatmi, ziyo
Va yoki men to‘kkan qatra-qatra yosh –
Soxtamidi?!
Ayting,
Qalbakimidi –
Ezgu umidlarim, tilaklarim yo?
Bu yorug‘ olamga qalbimni tilib,
Kelganman ezilib o‘tmoq-chun go‘yo…
Go‘yo toleyimda yo‘qday sevinmoq,
Yashamoq-ku sira o‘xshamas chinga.
Goh mehr, goh qahr bilan tumtaroq –
Termilib qo‘yaman xasta ochunga.
Xo‘rsinib qo‘yaman
Va yana andak
Mushtimni tuggancha qilaman zarda…
O‘g‘il bo‘lolmadim siz istagandek,
Onajon, kechiring,
Kechiring, dada!
Qaylarga talpindim,
Qay tomon qochdim –
Qo‘yningizdan uchgan yovvoyi qushdek?
Bir kuni uyg‘onsam seskanib, cho‘chib,
Balki o‘tib ketar barchasi tushdek?!
Ammo xayrlimas nechun o‘nglarim,
Nimaga bunchalik chigal o‘ylarim?
Baxt, orzu ortidan qancha quvsam-da,
Nega hech yuvilmas manglay sho‘rlarim?
Yolborgum –
Qaytadan beshikka belang
Va yoki sehrli duolar yo‘llang,
Onajon, siz tunda,
Dada, siz sahar
Xudodan menga ham halovat so‘rang…

* * *

Umrim manim
Shovullagan
Daryolarning
Toshqinidir,
Jo‘shqin-jo‘shqin to‘lqinlarga
To‘sh uradir o‘y-xayolim!
Yuragimning tovushlari –
Silkinish-u
Tepishlari,
Tomirlarim ichra qonim
Ohang bo‘lib oqishlari
O‘xshab ketar
Uyur-uyur tulporlarning dukuriga!
Bulutlarning zamin uzra
Bir-boshdan suv sepishlari –
Yomg‘irlari,
Jaranglari,
Maysalarning shudringlari
Xonishimga o‘xshaydir-ey!
Jilg‘a bo‘lib oqqan navo,
Jilvalanib boqqan samo,
Jimirlagan ro‘yo aro –
Jilmaygan yor huzuriga eltib qo‘yar qanotlarim.
Yaproqchalar hovuchida chayqaladir o‘lanlarim,
G‘unchalarning lablarida yaltiraydir tuyg‘ularim,
Qayg‘ularim, sitamlarim, alamlarim bir yondadir,
Bir yondadir halovatim, ovunchlarim, huzurlarim.
Qaldirg‘ochlar orolanib,
Qo‘shiq aytar mani tanib,
Nabototlar yangilanib –
Bog‘larimda sochar ifor!
To‘kib bori g‘uborimni,
Ne-ne ko‘yda
Necha uydan,
Nur taralgan chehralardan
Mehr terib, sayr aylagan o‘sha murg‘ak –
Umrim manim!
Hamon ko‘nglim sho‘x boladir
Erkaligin tashlamagan –
O‘yinqaroq,
Goh urishqoq,
Goh besanoq xafaligi,
Bahorining etagidan tutib olgan mahkam
Va lek
Olislarga uchib ketgan
Suygan do‘sti – kapalagi!
Va sog‘inchdan iboratdir shundan buyon hayot tarzim,
Arzim ko‘pdir,
Xazonlarga,
Samolarga,
Zamonlarga…
Azoblarni g‘amladim-u
Ming yoshga to‘ldim lahzada,
Shundan beri yurak-bag‘rim ming bir yonish-u
Larzada!

* * *

To‘rvamda – tandir non,
Egnimda – chopon,
Belimda – chorsi-yu,
Boshimda – so‘ppim.
Toleim, omadim, baxtim ortidan
Yugurdim,
Quyoshga ergashib chopdim!
Bahorga gul tutdim, kuzga butrashdim,
Yomg‘irga tutashdim – o‘tlardan qochib.
Bulutlar ustiga mingancha shoshdim,
Kurashdim chaqmoqni dilimga sanchib!
Ko‘klarga sapchidim yerga ursalar,
Kuylarga aylandim she’rlar so‘rsalar.
Maysaga tirmashib chiqdim chohlardan,
Navqiron umrimni go‘rga sursalar!
Yolg‘izlik, ojizlik, ochlikka taqab,
Yo‘qlikka bursalar asov yo‘limni –
Yondi shu qalamni tutgan barmoqlar,
Yanchsalar duoga ochgan qo‘limni!
She’rimdek erkalab suydim o‘limni,
Bir shirin suygidek tuydim o‘limni.
Bir shingil uzumdek,
Bir jom suzimdek –
Jafoga almashdim o‘ng-u so‘limni.
Safo oyatlari –
Shifo xatlari
Kelguncha
Chorbog‘lar oralab chopdim.
Muhabbat qushlari – ishq kaptarlari
Tilinda so‘zlashib halovat topdim.
Nafasga evrildim,
Qafasdan oshdim,
Oyga etak silkdim,
O‘zdim quyoshdan!
Necha sayyoraga urilib boshim,
Eng go‘zal nolani topdim ko‘z yoshdan.
Umidim, armonim, dardim ortidan
Yugurdim,
Nolamga ergashib chopdim!
Jolamda – tandir non,
Jolamda – chopon,
Jolamda – chorsi-yu,
Jolamda – so‘ppim,
Har qatra ko‘z yoshim tomgan tuproqni
O‘pdim-u,
O‘pdim-u –
Dunyodan o‘tdim!
Kurashdim dilimga chaqmoqni sanchib,
Ko‘klarga sapchidim yerga ursalar…

* * *

Bormi –
Bu dunyoda
Man kabi kuygan,
Kuylagan,
Kuyinib –
Suygan bir odam?
Qay tomon yuz burmay
Jonidan to‘ygan,
Yashashni unutib qo‘ygan har odam –
Duch kelar,
Gul umri tag‘in puch kelar,
Kuch kelar ichimdan –
Bir sog‘inch kelar!
Ovuna-ovuna
Yuribman
Va lek –
Har ovunch ortidan
Ming shikanj kelar.
Ne desam –
Sevingay ich-ichlaridan,
Nur yog‘ib ichikkan kulgichlaridan,
Ne qilsam baxtlarin olarlar qaytib,
Taxtlarda o‘tirgan yulg‘ichlaridan?
Yo halinchak yasab bersammi dildan,
Yo kema qursammi so‘ngaklarimdan,
Yo qasr tiklaymi tuproqdan, gildan,
Yo qanot bichaymi ertaklarimdan?!
O‘lanlar aytaman to o‘lgunimcha,
Tutday jigar-bag‘rim to‘kilgunicha.
Ketsa bo‘lmasmidi yerim yorilib,
Do‘st-u yoronlarim bukilgunicha?
Bo‘g‘zim qirilguncha ohladim necha,
Ko‘nglimni dog‘ bilan oqaldim necha!
Yor
O‘zga bog‘larga
Dil bog‘laganda –
Yodimni u bilan chog‘ladim necha?!
Nechalab
Hamqadam,
Hazrati odam,
Bu ne dam –
Kimligin unutib qo‘ygan?
Yashamoq shunchalar qiyinmi, bilmam,
Yo hayot – ayyommi, o‘yinmi, bilmam,
Yo sevmoq yemoqdan keyinmi, bilmam,
Bormi –
Bu dunyoda
Man kabi kuygan,
Yashagan,
Yashnagan
Va yonib suygan?!

47

(Tashriflar: umumiy 113, bugungi 1)

Izoh qoldiring