Muhammad Siddiq. Yangi she’rlar

02Бугунги саҳифамизда шеъриятмизининг кенжа авлодига мансуб истеъдодли шоир Муҳаммад Сиддиқ шеърларини тақдим этамиз.

Муҳаммад Сиддиқ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


* * *
09
Пастқам ҳовли айвонин бомдод
чулғар, мени элитар тушлар.
Уйғотади шивирлаб бобом:
— Шоир, туринг! Ижодни бошланг.

На саҳарга қовушар руҳим,
на кўнглимга сиғар янги шеър.
Юзимга сув севалар бувим:
— Шоир, уйғон! Қўйларга ем бер.

Ахир, нетар иссиқ ўрнимни
совутганча тонгга юзлансам?
Не ўзгарар, тортиб бурнимни
пода боқсам, шиғир ёзмасам?

Йўқолмади қайсар-шумлигим,
ғолиб чиқди дил ройишлари.
Кетдим — билсин дея кимлигим
бу қишлоқнинг уйғотишлари!

Йиллар ўтди, хаёлларим — хом
қайтарканман ёзиб тўрт сатр.
Бир қабрга шивирлар бобом:
— Шоир келди! Тура қол кампир…

Балки афзал шаҳар тўридан
малол келган кулбам қучоғи
ва чўғлатсам кўнглим ўрнига
совиб қолган қумғон-ўчоғин.

Отланаман такрор шу йўлга!
Бас, энди мен — уч кунлик меҳмон.
Ярашмайди ортиқ бу қўлга
қачонлардир қабартган кетмон.

Мана, охир ҳафсалам сўнди,
Ташлай, десам кечдир, қаламни.
Қайга излаб бораман энди
— Шоир, уйғон! — деган одамни?

25.04.2020

* * *

Ногоҳ чиққанимда вақт чангалидан,
умрим тизгинидан
халос этса Ҳақ –
борар эдим
бола қалбимга илдам,
бола нигоҳимга қайтардим хушвақт.

Чопқиллаб борардим чанг кўчасидан,
беркиниб олардим дундан оҳиста.
Онам этагида,
ёз кечасида
эртаклар тинглардим тундан олисда.

На сайроқи қушлар полапонига,
на балиқ чувалоқларига озор
берардим,
на-да хом дарахт жонига
тош отиб қилардим ўзимдан безор.

Қанийди чиқсайдим вақт меҳваридан,
умримни тўнкариб қўйсайди
Раззоқ!
Қалбимни асрардим,
ёшлик қаърида
нафсим кўзларимга қўймасдан тузоқ.

29.05.2020

* * *

Айтаримни айтиб бўлганман чоғи,
бисотимда бир сўз қолмаган,
нетай?
Балки
тўлармиди ернинг қучоғи –
кимсасиз ҳужрамга кирсам индамай?..

Шунда туғиларми –
ўрнимга чапдаст,
фақат рост ҳисларин баён этгувчи?
Келарми қошингга ишқ тутганча маст,
Ҳақнинг ҳузурига олиб кетгувчи?!

Балки сочларингни шамоллар ўйнар,
ёмғирлар шивирлар –
мен жим яшасам,
кипригингга баҳор қушлари қўнар –
умрингдан куз фаслин юлқиб ташласам!

Не дейин, сўзимда қолмаса оҳор,
кўнглимни тўколмай унсиз ютоқсам?
Тирикман –
демакки,
сенга гапим бор
ва ҳануз тинглашга сен ҳам муштоқсан…

24.06.2020

* * *

Бу на баҳор бўлди —
кимсасиз, ғариб?
Сўфининг овози келмас азонда.
Дунёга боқасан — кимни ахтариб,
кафтингни тутолмай абри-найсонга.

Бу на осмон бўлди —
қушнинг учгиси,
қуёшнинг чиққиси келмас жилмайиб!
Сен кимни кутасан баҳор кечаси
дераза олдидан сира жилмайин?

Ахир, бу фаслни қучоқлаб маҳкам
ҳидламоқчи эдинг гул ифорини
ва айтмоқчи эдинг — битгунча алам,
қайси мусофирга кўнгил зорини?

Шамолларга элан,
елларни чорла!
Эгилмас бодомнинг пушти шохлари.
Ҳамон ҳовучингда турар моғорлаб
кимгадир асраган нон ушоқларинг.

Қоронғу ҳужрангда ёритганча шам
жойнамоз тўшайсан, ўқийсан Қуръон.
Бу на ибодатдир —
келсин деб болам,
Баҳорнинг кетишин сўрайсан ҳар тонг…

03.04.2020

* * *

Кошки ўйларингни этмасайдим банд
ёки саноларинг тингламасайдим.
Мени дўзахда ҳам севгувчи Хилқат,
наҳот, келаверсам ёдингга қайтиб?

Пойимда майсалар шивирласа – маст,
ортимда инграса эзгин ёмғир-дўл.
Сендан кечмоқ учун –
исмсиз, бесас,
нетай, тополмасам умримда бир йўл?

Борми бу тариқат сўнггида маъно?
Руҳимга босилган тамға –
ишқ қани
ва қурбим етарми, чорласа Фано,
Сени бу даҳр аро ташлаб кетгани?!

Кутасан –
эртага борманми–йўқми,
тан олмай бугун ҳам боролмаслигим.
Қалбингга боғларнинг келарми раҳми
балки қўмсаб ўтсам Тангрп васлини.

Қолмаса қаршимдан чиққувчи ҳарсанг,
ўчса нигоҳингга ботган тун – риё.
Ахир, баҳор келган ўламан десам,
кетай десанг гулга бурканган дунё!

01.04.2020

* * *

Дарахтларга тиғ урар қасддан
ташқарида ёғаётган қор.
Йигирмага кириб-кирмасдан
жон бермоқда бокира баҳор.

Оғир ботар гуллар бағрига
беҳаловат изғирин тонги.
Теваракнинг сокин қабрида
қонга ботган фасл уйғонди.

Кечир мени, соҳиб малагим!
Сенга элтар йўлни топмадим.
Иблис йўқлаб келса, юрагим
эшикларин нечун ёпмадим?

О, иқрорман! Борики айбим
шу ҳужрада тўлатса ҳам бож.
Кани энди киритолсайдим –
остонамда бўзлар қалдирғоч…

16.03.2020

* * *

Япроқлар қонига инди яшиллик,
чуғурчуқ ин солди лойу чўп-хасдан.
Ҳеч ким қилмаса-да энди қаршилик,
барибир баҳорга тегинолмасман.

Руҳим қатларига хазонлар қулар,
энди кузга қолди қизғалдоқ сайли.
Кўз олдимдан ўтар –
варрагим билан
учиб кетаётган болалик пайтим…

Эртакка айланди эртам, эй гулим,
артолмам кўзингдан йиғи ғуборин.
Қўмсайман тонггача шифтга термулиб,
кафтимни куйдирган кулча ифорин.

Бу боғлар – шип-шийдам,
келма, пайҳондир!
Ёшлик, дийдорингга тўя олмасман.
Бувим чаккасига таққан райхонни
лоақал қабрига қўя олмасман!

Шу бўлсин дунёда ҳолис Жаббордан
бари гуноҳимга олган жазойим.
Раво кўрмам,
ҳеч бир касга баҳорда
Баҳорни соғиниб ўтмоқ азобин…

18.04.2020

* * *

Гоҳ яшашдан толсаму
гоҳ тилдан қолсам,
Ойдин тонглар отса
кўзинг қорасидан.
Бу саҳродан бўзлаб-бўзлаб
кафтга олсанг
ва тўкилсам
бармоқларинг орасидан.

Йиллар ўтса –
дудоғингдан учган оҳда,
На кўкдаман,
на сен етиб борар роҳда.
Кучим етмас,
бир кеча ҳам кўтармоққа –
қушлар учса
киприкларинг толасидан.

Ҳасратларинг…
қонга бўяр кунларимни,
бу – дўзахда тўкилажак
хунларимми?
Тилим қисиқ,
айтай десам унларимни,
нетай ахир,
бир фақирнинг боласиман.

Айт, келмоқда ортимдан
ким қилич сермаб?
Бормоқдаман –
Сенга кимдан кечиб, ё Раб?
Мени дея ўртанмасин
У ишқ сўраб,
бу дунёда
энди мен ҳам чорасизман.

21.04.2020

2020. БАҲОР

Ўрганиб қолибман
тўқликка, бахтга —
баҳорнинг бўйидан масту беқарор.
Тушда кўрибманми
бу талофатга
айни гул умримда бўлмоқни дучор.

Тоза ўрганибман
Юртимга боқиб,
гўзаллик, тинчликдан ваъз ўқимоқни
ва бир қиз ишқида тунлар ютоқиб
фақат дийдор ҳақда шеър тўқимоқни.

Не ҳислар ўтмади ичимдан чўғдай —
бир кўнгилни ғамдан этмадим ҳалос!
Қўлимдан ижарахонамдан чиқмай
онамни соғиниш келади, холос…

Ташқарида шамол турди серзарда,
эҳтимол, менинг ҳам кулбам омонат.
Қачондир келишин тутиб назарда,
эҳтимол, аксириб қўйди қиёмат!

Бевақт кетмай туриб Ҳақнинг қошига
ахир, ким тан олар қилган хатосин?
Бу недан далолат,
қавм бошига
тушса ўт ва ёки сувнинг балоси?..

Ўрганиб қолдимми шодликка, ҳайҳот!
Юртимга боқаман —
қилт этмай, беғам.
Сендан шунча йироқ кетдикми, наҳот
гуноҳимиз шунча кўпмиди, Эгам?!

04.05.2020

АГАР

Тилга кирса эди агар деворлар,
шифтга забон битса эди агарда –
янграр эди қанча занглаган зорлар,
яна қанча хўрлик бехос янграрди!

Деразага қанот битса агарда,
мўридаги қопқа олинса агар –
бу кулба баландроқ учган бўларди,
бурқсиб чиқар эди кўксидан кадар!

Агар эрк берилса панжарасига,
кимдир сапчиб туриб кўзин ишқарди –
ўхшар эди бу уй Ватан расмига,
шунда халойиқ ҳам Халққа ўхшарди!

13.05.2020

БЕЧОРА

Замон зайли қайга бошлаб келди, воҳ,
итлар идорага йўл олар саҳар.
Думин ликкиллатиб, тақиб бўйинбоғ
бошлиқ оёғини ялар, алҳазар!

Сен бунда борасан автолар аро
кучукми ва ёки катта итмисан –
Англолмай нутқ ўқиб турганга қараб,
бижғиган сўзларни ўксиб ҳидлайсан.

Мажлис тугаб уйга қайтасан биқиқ,
ортингдан аккиллаб қолади кўча.
Сўнг портфелни отиб, балконга чиқиб
бўридек увлагинг келар тонггача.

14.05.2020

ОШКОР

Энди шиор ушбу: топилади бош!
Дўппи эса мана, ҳаммада бордир.
Искандар сочини олган сартарош
каби тоғлар охир ўкраб юборди.

Ҳозир керак на-да қамиш, на сурнай,
Чўпон сурув боқиб чиқармас ҳордиқ.
Бас, бугун ҳуфиялар дилни кемирмай
қалқар иширмасдан ҳеч кимнинг қорнин.

Омоч орқалаб ер ҳайдамас авом,
Кимга боғланибди бу бўйинтуруқ!
Сен нега жим яшаб келяпсан ҳамон
қулоқларга дўнган маҳалда қудуқ?

15.05.2020

ҒУЛУВ

Нима ҳақда ёзсам
айни муддао
бўлар,
деб юзлансам
сўз қотар онам:
Сал соддароқ бўлсин ҳамда пурмаъно
ва ўқигач энсам қотмасин, болам!

Токи чорлар виждон каби оқ қоғоз,
стол, қалам –
бари бунда муҳайё.
Хонам узра учиб юрар бир овоз:
Ўғлим, кескинлашма ёзсанг ҳам риё!

Жимгина тўшаркан иссиқ ўрнимни
қўрқув уя солар унинг ичига.
Мен эса ғазабнок –
ҳар кеч бурнимни
суққим келаверар давлат ишига.

Такрор ҳадиксирар,
ғамгин қараркан
бошим силаганча айтар:
Адашма,
ёшгина жонингни қўйиб хатарга
сиёсат ўйнига ҳеч аралашма!

Ахир, не қиларди,
ҳамма қатори
кўникмаса бўлмас – қоидаси шу.
Мен қандай чидайман
тўкмасдан борин,
юртда ҳукм сурса талотўп, зуғум?

На илож,
кўнгилнинг амридан айро
нуқта қўёлмадим танлаб эшликни.
Кутиб ўлтирибман
энди лол-ҳайрон,
қачон тақилларкин дея эшикни.

17.05.2020

ЎЙИН

Бу кун орзуларим қисқарди салкам,
сотиб олдим ҳаминқадар
эрк ва бахт –
китоб,
жавон,
ёзув столи, улкан
ватан сиғадиган кошонам ҳам нақд!

Дониш каби ўқир эканман тунда,
фикрлар бошимда айланар чунон –
баланд иморатлар солaман бунда,
яна бойиб кетсам қураман тўғон.

Тағин ошаверса ақчам қиймати
кор қилмасин дея бирор касаллик,
обдон эмланаман –
яшнар тийнатим,
сийратимда жилва айлар гўзаллик!

Токи киссам этар тўлишда давом,
тахтга кўз тикаман бус-бутунича
ва зуғум қиламан –
кўрсавод авом
Худогамас, менга сиғингунича.

Тамом!
Маслагим шул – муқаддас, улуғ,
ўзга йўлдан кетсам бўламан ҳалок.
Мендан аввал ўтган шоҳлар йўли бу,
қоидани бузган шаккокдир, шаккок!

27.05.2020

ҚАЗО

Бир кимса ичимдан туртди:
беармон,
кўзингни чирт юмиб
борин айтавер,
айтгину ва лекин сўзласанг ёлғон
бор, келган жойингга писиб қайтавер!

Осмонимга боқдим,
еримга боқдим,
кўзимни чирт юмдим –
бу ёғи дангал!
Ҳатто кафанлигим қўлтиқлаб чиқдим,
шоқол каби ғингшиб кирмадим жангга.

Нима ҳам дер эдим,
болаларини
хўрлаган,
зўрлаган эл бошларига?
Улар асраб яшар каллаларини,
қуллари тўш урар ёв тошларига.

Нимасини айтай,
саъбийлар қонин
бурнидан чиққунча ичса катталар?
Гўригача ҳаром ғамлаган хоин
яшаса қўрқоқлар мулкин таталаб!

Бўлганича бўлди,
сабр косаси
дарз кетди,
улғайди энди ғўр авлод
ва яққол кўринди улус оласи,
аён бўлди мурдор – аъёну саллот.

Сувдан қуруқ чиқмас, қочолмас ўтдан,
тирик қолмас
ҳеч бир найрангбоз, туллак.
Энди қўзғалади –
тилини ютган,
эзилиб, энкайиб яшаган миллат.

Тобора навбати етарки аста,
олинар чекилган азобларга хун
ва келар
барчасин
мотам тутмасдан,
тепкилаб-тепкилаб кўмадиган кун.

11.06.2020

ХОТИМА

Бу гумбаз остида
қанча одам – маст,
қанча осий –
сарҳуш ўтди
бузмасдан
асрлар қоидасин – гурас ва гурас,
энг сўнгги ҳукмни сезиб-сезмасдан.

Золимлар-да йитди,
қуллар-да битди,
ўғрию муттаҳам,
тўғрию оқил,
неча муслималар бокира ўтди,
ғарлар ҳам кўзи оч дунёга боқиб.

Энди кимса борми –
ушбу равишдан
бош товлаб кетгувчи,
қайси покдомон?
Қай мавжудот қолар охир кўришмай
бешафқат овчиси билан соғ-омон?!

Бу гумбаз устида
ҳатто, малаклар
топширар батамом кўҳна туҳфасин.
Ҳаттоки, лаъин ҳам
бошин чанггалаб,
чиқармиш кўксидан ҳаром нафасин.

Ҳозирча яшашга ҳақлидирсан бот,
пойингда тиз букар балки бу олам.
Шубҳасиз, қачондир
– Ярал, – деган зот
унутиб қўймаган
– Ўл, – демоқни ҳам!

31.05.2020

ШАТРАНЖ

Пиёда бўлсанг гар –
қурибди шўринг!
Бошқарар тўралар,
ҳаттоки отлар.
На ортга, на ёнга – борасан тўғри,
на-да жонинг чиқса оларсан додлаб.

Ёки омад кулиб бўла олсанг фил,
барибир вазирга қиласан хизмат.
Бир чизиқда яшаш –
вазифанг билгил,
вассалом,
ўлгунча шудир эрк – қисмат.

Ногаҳон бахт қуши бошингга қўниб,
тегса қўлларингга вазир паттаси –
шунда ҳам
ҳурликдан топмассан қўним
ва шоҳ измидаги жулдур латтасан!

Қуёш ғарбдан чиқиб бўла олсанг шоҳ,
гарчи фуқаролар мамнундир – жимдир.
Бироқ,
мот бўлма деб
тепангда ногоҳ
бошқариб туради барибир кимдир.

15.05.2020

* * *

Бир қур назар солса
басдир,
бу кўнгил,
набийлар мадҳ этган тенгсиз васфингга.
Сўнг майли, беармон тупроққа кўмгил,
ўз шаклимга қайтар, қайтар аслимга.

Бир бор қўл теккизса
етар
бу вужуд,
чексизлик тубининг оний расмига.
сўнгра заррамгача айлайин сужуд,
бир паноҳ чиққунча борлиқ саҳнига.

Бир қултум май ичсам,
шудир кифоя –
мендан айро тушсин иблис ва одам.
Сўқирнинг кўзига нур бериб соянг,
чиқиб келсанг эди ўзинг фанодан.

Яна бир илтифот –
бергин
бир бўса –
тушларни қабартган ваҳдатга имкон.
Ахийри, рўёлар рўёбга дўнсин,
кимлигин англасин ҳазрати инсон.

Кел, ҳеч ким кутмасин охир ишорат,
бари йўқдан келган қайтсин Борига.
Унгача қолмасин
ўлимга ҳожат
ва юмуш
жон қушин халоскорига.

08.06.2020

* * *

Сендан бошқа кимга битай шеър,
Сендан бошқа кимга гул тутай?
Кел, сочларинг ичига яшир,
Токи дунё расмин унутай!

Кимга ҳадя этай лутфимни,
Сен турганда айлаб карашма?
Майли, бузма кўнгил қулфини,
Лек айирма пинҳон қарашдан.

Йўлларимга боқма интизор,
Тушларингга зеб берсин шарм.
Бироқ қара, кетмоқда баҳор,
Сенга етиб бормай қушларим.

Майли, қайтар олов шаштимдан,
Ойдин тунлар оғушида қол!
Жим кечгайман не бор бошимда,
Аммо сендан кечмоқлик маҳол.

Ўткинчиман – вассалом! Ўтай!
Ҳеч йўқ тингла, қўлларингни бер!
Сендан бошқа кимга гул тутай,
Сендан бошқа кимга битай шеър?

30.05.2020

* * *

Кечага айланса рангсиз бугуним,
эрталарим эса олис ўтмишга.
Илк бор руҳимга ин солган туйғуни
улгуриб қолсайдим маҳкам тутишга.

Ортга айлансайди умрим миллари
яшаганим сари,
борсам кичрайиб –
бўйнимда илондек ётган йилларнинг
заҳридан бол топиб ичганим сайин.

Бир ўнгирдан сакраб гўдакка дўнсам,
о, ундан нарида –
туғилмаган дил,
яралмаган йўқлик қаърига тўлсам,
сўнгра нафас олиб тортсайдим енгил.

Кутаверсам нажот излаб қоғоздан
келмайдими айтгил,
қўлингдан келиш?
Мусо кўрган ушшоқ тоғдек бехосдан
овозингни тинглаб тўкилсам, эй Ишқ!

25.05.2020

* * *
Зулхумор Орифжоновага

Кўнгилнинг энди не ўзга иши бор,
алмисоқ кунидан бери
оламдан
ғамлагани – фақат андухи ишқор,
мен-да, шодон баҳор тилаб қоламан.

Бироқ, куйлаганинг – яна ҳазонлар,
заъфарон боғлару
эзгин мева – ишқ.
Борар бу ўкткинчи тушлар ҳазорлаб
то ҳаёт ўтмишни этгунча тафтиш.

Қара, бу осмонда эрксиз қушларнинг
қанотилари узра барқ урар иймон.
На бахтга ўнг келар хайру хўшларинг,
на жимликларингдан ёғилар сиймоб.

Ўтар бари сени ўртаган ҳислар,
битар кўз ёшларнинг чуқур излари.
Тўкилар тилингдан чиқмаган сўзлар
ва яшнар дунёнинг ғамгин кузлари.

Мен-да, такрор раво кўрганим – беғам
фақат далда бермоқ:
унутгин, кўнгин!
Балки дошинг етмас, аммо азизим,
бизни асраб қолар яна шу кўнгил.

26.05.2020

* * *

Энди дўст қолдими,
қайда суянчиқ,
ким бор –
ҳисларимни қилган эҳтиёт?
Ўтмишим тобора аччиқдан аччиқ,
кеча севганларим бугун етти ёт!

Зулумот кўз ёрди кунчиқар паллам,
кунларим майишди ой теграсида.
Дунё кўзларимга ботар маҳалда
ичимда ичикди қай норасида?

Ахир, сен бор эдинг
ва ўзинг айтгил!
Сен қолиб
мен кимга келдим сиғиниб?
Кимдир олисларда унутган пайти,
наҳот, яшаяпман ҳамон соғиниб!

Гарчи маҳшар яқин, қазойим – мубҳам,
саҳарлар ўчиргай шомларим рангин!
Қушлар ташлаб кетсин бугун ҳам, майли,
эртага сен билан қолсам бас, Тангрим.

24.06.2020

* * *

Кел, дединг,
келтирдим
қошингга кузни,
тегрангда шамолдек айландим мудом.
Бизнинг меҳр тўла суҳбатимизни
тингларди табиат ва яна Худо.

Токи хазон тўшар йўлимизга куз,
еллар супураркан –
ғамгин йилларни,
димоғингга такрор бўйлай деб ҳануз
қўлимда жон бермай турар гулларим.

О, ўшал ҳиёбон,
интиқ ўриндиқ…
ҳамон бизни кутар –
ўнгмиди, тушми?
Наҳот, олисларда шодон кўриниб,
кўзингдан ёш каби тўкилиб тушдим?!

Мудом сарғаяркан баргу ўт-ўлан,
теграмда айланар тиғ қайраб ўлим.
Кет, дедим –
кетқаздим,
лек ўзинг билан
кузни олиб кетдинг нечун, севгилим?..

25.07.2020

* * *

Бахтинг ортиқчаси ғамдир
ва менга
етарли –
севгимдан рози ўтмоғинг.
Шояд, етгунимча масъуд якунга,
сен ёруғ манглайга шартдир битмоғинг.

Мана, йиллар ўтди –
эркалаб,
қучиб,
ҳажринг чарчамади ўйиб кўзимни.
Насимлар кетдилар ортингдан учиб,
ташлаб кетсаммикин ўзим ўзимни?

Қандай тилсим эдинг,
изласам — хато,
ногаҳон етсам-да тополмам ечим?
Қачондир севардим,
айни дам, ҳатто
унсиз ўйлашга ҳам қолмади кучим!

Оҳларинг кўк узра бўйлаган тунда
кўзларингни очар бу тонг, бокирам!
Бахтнинг ортиқчаси ғамдир
ва мен-ла
қолса бас,
сен билан ўтган хотирам…

04.07.2020

* * *

Ҳорғин тунларимдан ой сузиб ўтди,
кўнглимни ёмғирлар бир эзиб ўтди.
Дунё қисматимга не ёзиб ўтди?
Олисда очолмай бу юрагимни,
соғиниб ўтяпман,
билолмам –
Кимни?!

Деразам олдига қўнди ол қушлар,
мен ёнсам –
сайрашиб фақат олқишлар.
Лаҳзага тинмади ичкин ёғишлар,
бироқ тўлдиролмас бўм-бўш ичимни,
соғиниб ўтяпман,
билолмам –
Кимни?

Баргларнинг зардидан эгилди шохлар,
куз ҳам ҳаяллади –
йитди чорбоғлар.
Руҳимда тўлғонди муштоқ гумроҳлар,
умрим хазон каби ҳаргиз тўкилди,
соғиниб ўтяпман,
билолмам –
Кимни?

Кун чиқиб, тиғлари кўзимга ботди,
мудроқ тушларимни –
не тонг, уйғотди!
Ё фалак, жонимни қайларга отди?
Тупроқдан топсам-да ногоҳ ўзимни,
соғиниб ўтяпман,
билолмам –
Кимни?!

30.07.2020

* * *

Энди осон тутма
менга ҳам,
кўнгил,
битарми дунёнинг қафасбонлари?
Самодан муждалар келгунча эгил,
бордир қанотингга зор осмонлари!

Тасаввур айлагил мунаққаш аршни,
бир ёнинг – жаҳаннам,
жаннат – бир ёнинг.
Токи бораркансан азалга қарши,
бизни йўқ қилмасми эрку исёнинг?

Кимга бош эгарсан йўллаб арзиҳол,
кечалар додингни совурса елга?
Ҳеч ким тушунмаса ва кетсак увол,
айт, олиб қочарсан қайси кўнгилга?

Бу парвоз рутбаси –
мана, коинот,
сиғмасми гар қанот ёзсанг заминга?
Ўртамизда турар тиғ қайраб ғазот,
учмоқ насиб қилар ё сен, ё менга.

Қабргача тугар на йўл, на излам,
умрим – соянг тушган
бир тутам сўқмоқ…
Энди ярашмайди,
иккимизга ҳам –
борлиқ ичра бекор йўқликка чўкмоқ.

06.08.2020

* * *

Тошкент, метро, сокин мусиқа,
Сен-ла гўзал ер ости йўли.
Суҳбатимиз кечарди қисқа,
Лек яшнатиб ўтарди кўнглим.

Қололмасди ҳеч қайси бекат
Сени мендан айириб асло.
Сал силтансанг тутардим елкам,
Суянганча кетардинг – расо.

Беҳад тотли эди – аксингни
Гоҳ ойнадан кузатиб кетмоқ.
Гоҳ сочларинг майин рақсини
Хаёлимда жим тавоф этмоқ…

Пинагимиз бузар на олам,
Шовқин, на-да ер усти тараф.
Ҳисларингга гўё ҳамоҳанг –
Чалар эди руслар гитара.

Кучим етмас хайр демоққа,
Қулоқчиндан тўкилар куйлар.
Гарчи чорлар ёвуқ-йироқлар,
Кутар бизни ижара уйлар.

Наҳот, умр шунчалар арзон,
Ўтар киприк қоққунингча тез!
Бу дунёда тўхтайди қачон
Биз истаган бекатда поезд?

Шаҳар, метро… қўмсаб барини,
Айтгин, насиб қиларми такрор –
Тунда Тошкент кўчаларини
Ер остида сайр этмоқ, дилдор?

09.08.2020

* * *

Онам намоз ўқир,
мусофир акамни ўйлар беҳузур,
олис уфқларга маъюс термулар.
Cукунат ин қурган кулбамиз узра
мунғайган қушларнинг овози келар.

Онам рўза тутар –
ғаму соғинч еб
ва маҳзун шеърларим ўқиб тонггача.
Қачондир шаҳардан қайтсам менга деб,
ризқимни асрайди қотган нонгача.

Гоҳ оёғи оғрир –
ингранар ғариб,
бешафқат заминнинг тишлари ботган.
Дунёнинг борики юкин кўтариб,
тағин бод касалин ортириб олган.

Онам намоз ўқир,
шоирига илҳом сўрар эрта кеч,
мусофирин ўйлаб кўксини ўйган.
Аммо ўзигачи, сўраганми ҳеч,
наҳотки, ўзини ўйламай қўйган?

14.08.2020

* * *

Қушлар тортиб олди
парвоз –
эркимни,
тўкилмоқ истаган ерим ёмғирлар.
Дунё тортиб олди мен суйсам кимни,
ҳатто, овутмади бу қонхўр шеърлар.

Йиллар топтаб ўтди ҳар баҳоримни,
мен кирган чорбоғлар…
кузга беланди.
Сувлар музга дўнди –
тинглаб зоримни,
тошлар кафтда турмас қумга эланди!

Қафасдек туюлди
дарчаларим гоҳ,
осмоним –
зиндонга тушгандек мулзам.
Чумоли инига сиғмаган ушоқ
мисоли ичимга сиғмас бу ғуссам.

Қисмат олиб кетди –
қайга юбордим,
сўрагин, боримни бермоққа шайман!
Ёнингга боргунча,
Парвардигорим,
ўзимнинг умримни қачон яшайман?..

20.08.2020

* * *

Бу йўллардан келолсайдим
яна қайтиб,
умр – тушдир,
шу рўёга ишонсайдим.
Қайда бўлмай –
осонгина жон берсаму
болалигим трнгларида уйғонсайдим!

Мени қачон улғайтириб қўйди ҳаёт,
Ё китоблар…
шундай эрта қаритгайми?
Ё шоирдик қийинмикан
шунча, ҳайҳот,
ёзганларим онам дардин аритгайми?!

Гўдак қалбим опичлаган тоғлар қани,
даштлар қани,
далалару кенг ўтлоқлар?
Энди бориб
Гар ғайқирсам,
эшитгани –
кимса борми,
қайда ўшал қизалоқлар?

Бузилгани каби қишлоқ гузарлари,
ҳатто, юсам кетмас
кўнглим ғуборлари.
Қачонлардир
Оғанги маст этган,
бугун –
деворда жим инграр бобом дуторлари.

Қачонлардир…
шу йўллардан қайтолсайдим,
видо айтсам,
сўнгги нафас онларида.
қайда бўлмай –
осонгина кўз юмсаму
уйғонсайдим болалигим тонгларида!

22.08.2020

11Bugungi sahifamizda sheʼriyatmizining kenja avlodiga mansub isteʼdodli shoir Muhammad Siddiq sheʼrlarini taqdim etamiz.

Muhammad Siddiq
YANGI SHE’RLАR


    Muhammad Siddiq 2000-yil Farg’ona viloyati Toshloq tumanida tug’ilgan. “Respublika yosh ijodkorlar forumi”, “Zomin seminari”, “Samarqand she’r oqshomlari” kabi anjumanlar ishtirokchisi. Ijod namunalari respublika matbuotlarida e’lon qilinib kelinmoqda.Oʼzbekiston davlat sanʼat va madaniyat institutida dramaturgiya fakulteti 2-bosqich talabasi.


* * *

Pastqam hovli ayvonin bomdod
chulgʼar, meni elitar tushlar.
Uygʼotadi shivirlab bobom:
— Shoir, turing! Ijodni boshlang.

Na saharga qovushar ruhim,
na koʼnglimga sigʼar yangi sheʼr.
Yuzimga suv sevalar buvim:
— Shoir, uygʼon! Qoʼylarga yem ber.

Аxir, netar issiq oʼrnimni
sovutgancha tongga yuzlansam?
Ne oʼzgarar, tortib burnimni
poda boqsam, shigʼir yozmasam?

Yoʼqolmadi qaysar-shumligim,
gʼolib chiqdi dil royishlari.
Ketdim — bilsin deya kimligim
bu qishloqning uygʼotishlari!

Yillar oʼtdi, xayollarim — xom
qaytarkanman yozib toʼrt satr.
Bir qabrga shivirlar bobom:
— Shoir keldi! Tura qol kampir…

Balki afzal shahar toʼridan
malol kelgan kulbam quchogʼi
va choʼgʼlatsam koʼnglim oʼrniga
sovib qolgan qumgʼon-oʼchogʼin.

Otlanaman takror shu yoʼlga!
Bas, endi men — uch kunlik mehmon.
Yarashmaydi ortiq bu qoʼlga
qachonlardir qabartgan ketmon.

Mana, oxir hafsalam soʼndi,
Tashlay, desam kechdir, qalamni.
Qayga izlab boraman endi
— Shoir, uygʼon! — degan odamni?

25.04.2020
88
* * *

Nogoh chiqqanimda vaqt changalidan,
umrim tizginidan
xalos etsa Haq –
borar edim
bola qalbimga ildam,
bola nigohimga qaytardim xushvaqt.

Chopqillab borardim chang koʼchasidan,
berkinib olardim dundan ohista.
Onam etagida,
yoz kechasida
ertaklar tinglardim tundan olisda.

Na sayroqi qushlar polaponiga,
na baliq chuvaloqlariga ozor
berardim,
na-da xom daraxt joniga
tosh otib qilardim oʼzimdan bezor.

Qaniydi chiqsaydim vaqt mehvaridan,
umrimni toʼnkarib qoʼysaydi
Razzoq!
Qalbimni asrardim,
yoshlik qaʼrida
nafsim koʼzlarimga qoʼymasdan tuzoq.

29.05.2020

* * *

Аytarimni aytib boʼlganman chogʼi,
bisotimda bir soʼz qolmagan,
netay?
Balki
toʼlarmidi yerning quchogʼi –
kimsasiz hujramga kirsam indamay?..

Shunda tugʼilarmi –
oʼrnimga chapdast,
faqat rost hislarin bayon etguvchi?
Kelarmi qoshingga ishq tutgancha mast,
Haqning huzuriga olib ketguvchi?!

Balki sochlaringni shamollar oʼynar,
yomgʼirlar shivirlar –
men jim yashasam,
kiprigingga bahor qushlari qoʼnar –
umringdan kuz faslin yulqib tashlasam!

Ne deyin, soʼzimda qolmasa ohor,
koʼnglimni toʼkolmay unsiz yutoqsam?
Tirikman –
demakki,
senga gapim bor
va hanuz tinglashga sen ham mushtoqsan…

24.06.2020

* * *

Bu na bahor boʼldi —
kimsasiz, gʼarib?
Soʼfining ovozi kelmas azonda.
Dunyoga boqasan — kimni axtarib,
kaftingni tutolmay abri-naysonga.

Bu na osmon boʼldi —
qushning uchgisi,
quyoshning chiqqisi kelmas jilmayib!
Sen kimni kutasan bahor kechasi
deraza oldidan sira jilmayin?

Аxir, bu faslni quchoqlab mahkam
hidlamoqchi eding gul iforini
va aytmoqchi eding — bitguncha alam,
qaysi musofirga koʼngil zorini?

Shamollarga elan,
yellarni chorla!
Egilmas bodomning pushti shoxlari.
Hamon hovuchingda turar mogʼorlab
kimgadir asragan non ushoqlaring.

Qorongʼu hujrangda yoritgancha sham
joynamoz toʼshaysan, oʼqiysan Qurʼon.
Bu na ibodatdir —
kelsin deb bolam,
Bahorning ketishin soʼraysan har tong…

03.04.2020

* * *

Koshki oʼylaringni etmasaydim band
yoki sanolaring tinglamasaydim.
Meni doʼzaxda ham sevguvchi Xilqat,
nahot, kelaversam yodingga qaytib?

Poyimda maysalar shivirlasa – mast,
ortimda ingrasa ezgin yomgʼir-doʼl.
Sendan kechmoq uchun –
ismsiz, besas,
netay, topolmasam umrimda bir yoʼl?

Bormi bu tariqat soʼnggida maʼno?
Ruhimga bosilgan tamgʼa –
ishq qani
va qurbim yetarmi, chorlasa Fano,
Seni bu dahr aro tashlab ketgani?!

Kutasan –
ertaga bormanmi–yoʼqmi,
tan olmay bugun ham borolmasligim.
Qalbingga bogʼlarning kelarmi rahmi
balki qoʼmsab oʼtsam Tangrp vaslini.

Qolmasa qarshimdan chiqquvchi harsang,
oʼchsa nigohingga botgan tun – riyo.
Аxir, bahor kelgan oʼlaman desam,
ketay desang gulga burkangan dunyo!

01.04.2020

* * *

Daraxtlarga tigʼ urar qasddan
tashqarida yogʼayotgan qor.
Yigirmaga kirib-kirmasdan
jon bermoqda bokira bahor.

Ogʼir botar gullar bagʼriga
behalovat izgʼirin tongi.
Tevarakning sokin qabrida
qonga botgan fasl uygʼondi.

Kechir meni, sohib malagim!
Senga eltar yoʼlni topmadim.
Iblis yoʼqlab kelsa, yuragim
eshiklarin nechun yopmadim?

O, iqrorman! Boriki aybim
shu hujrada toʼlatsa ham boj.
Kani endi kiritolsaydim –
ostonamda boʼzlar qaldirgʼoch…

16.03.2020

* * *

Yaproqlar qoniga indi yashillik,
chugʼurchuq in soldi loyu choʼp-xasdan.
Hech kim qilmasa-da endi qarshilik,
baribir bahorga teginolmasman.

Ruhim qatlariga xazonlar qular,
endi kuzga qoldi qizgʼaldoq sayli.
Koʼz oldimdan oʼtar –
varragim bilan
uchib ketayotgan bolalik paytim…

Ertakka aylandi ertam, ey gulim,
artolmam koʼzingdan yigʼi gʼuborin.
Qoʼmsayman tonggacha shiftga termulib,
kaftimni kuydirgan kulcha iforin.

Bu bogʼlar – ship-shiydam,
kelma, payhondir!
Yoshlik, diydoringga toʼya olmasman.
Buvim chakkasiga taqqan rayxonni
loaqal qabriga qoʼya olmasman!

Shu boʼlsin dunyoda holis Jabbordan
bari gunohimga olgan jazoyim.
Ravo koʼrmam,
hech bir kasga bahorda
Bahorni sogʼinib oʼtmoq azobin…

18.04.2020

* * *

Goh yashashdan tolsamu
goh tildan qolsam,
Oydin tonglar otsa
koʼzing qorasidan.
Bu sahrodan boʼzlab-boʼzlab
kaftga olsang
va toʼkilsam
barmoqlaring orasidan.

Yillar oʼtsa –
dudogʼingdan uchgan ohda,
Na koʼkdaman,
na sen yetib borar rohda.
Kuchim yetmas,
bir kecha ham koʼtarmoqqa –
qushlar uchsa
kipriklaring tolasidan.

Hasratlaring…
qonga boʼyar kunlarimni,
bu – doʼzaxda toʼkilajak
xunlarimmi?
Tilim qisiq,
aytay desam unlarimni,
netay axir,
bir faqirning bolasiman.

Аyt, kelmoqda ortimdan
kim qilich sermab?
Bormoqdaman –
Senga kimdan kechib, yo Rab?
Meni deya oʼrtanmasin
U ishq soʼrab,
bu dunyoda
endi men ham chorasizman.

21.04.2020

2020. BАHOR

Oʼrganib qolibman
toʼqlikka, baxtga —
bahorning boʼyidan mastu beqaror.
Tushda koʼribmanmi
bu talofatga
ayni gul umrimda boʼlmoqni duchor.

Toza oʼrganibman
Yurtimga boqib,
goʼzallik, tinchlikdan vaʼz oʼqimoqni
va bir qiz ishqida tunlar yutoqib
faqat diydor haqda sheʼr toʼqimoqni.

Ne hislar oʼtmadi ichimdan choʼgʼday —
bir koʼngilni gʼamdan etmadim halos!
Qoʼlimdan ijaraxonamdan chiqmay
onamni sogʼinish keladi, xolos…

Tashqarida shamol turdi serzarda,
ehtimol, mening ham kulbam omonat.
Qachondir kelishin tutib nazarda,
ehtimol, aksirib qoʼydi qiyomat!

Bevaqt ketmay turib Haqning qoshiga
axir, kim tan olar qilgan xatosin?
Bu nedan dalolat,
qavm boshiga
tushsa oʼt va yoki suvning balosi?..

Oʼrganib qoldimmi shodlikka, hayhot!
Yurtimga boqaman —
qilt etmay, begʼam.
Sendan shuncha yiroq ketdikmi, nahot
gunohimiz shuncha koʼpmidi, Egam?!

04.05.2020

АGАR

Tilga kirsa edi agar devorlar,
shiftga zabon bitsa edi agarda –
yangrar edi qancha zanglagan zorlar,
yana qancha xoʼrlik bexos yangrardi!

Derazaga qanot bitsa agarda,
moʼridagi qopqa olinsa agar –
bu kulba balandroq uchgan boʼlardi,
burqsib chiqar edi koʼksidan kadar!

Аgar erk berilsa panjarasiga,
kimdir sapchib turib koʼzin ishqardi –
oʼxshar edi bu uy Vatan rasmiga,
shunda xaloyiq ham Xalqqa oʼxshardi!

13.05.2020

BEChORА

Zamon zayli qayga boshlab keldi, voh,
itlar idoraga yoʼl olar sahar.
Dumin likkillatib, taqib boʼyinbogʼ
boshliq oyogʼini yalar, alhazar!

Sen bunda borasan avtolar aro
kuchukmi va yoki katta itmisan –
Аnglolmay nutq oʼqib turganga qarab,
bijgʼigan soʼzlarni oʼksib hidlaysan.

Majlis tugab uyga qaytasan biqiq,
ortingdan akkillab qoladi koʼcha.
Soʼng portfelni otib, balkonga chiqib
boʼridek uvlaging kelar tonggacha.

14.05.2020

OShKOR

Endi shior ushbu: topiladi bosh!
Doʼppi esa mana, hammada bordir.
Iskandar sochini olgan sartarosh
kabi togʼlar oxir oʼkrab yubordi.

Hozir kerak na-da qamish, na surnay,
Choʼpon suruv boqib chiqarmas hordiq.
Bas, bugun hufiyalar dilni kemirmay
qalqar ishirmasdan hech kimning qornin.

Omoch orqalab yer haydamas avom,
Kimga bogʼlanibdi bu boʼyinturuq!
Sen nega jim yashab kelyapsan hamon
quloqlarga doʼngan mahalda quduq?

15.05.2020

GʼULUV

Nima haqda yozsam
ayni muddao
boʼlar,
deb yuzlansam
soʼz qotar onam:
Sal soddaroq boʼlsin hamda purmaʼno
va oʼqigach ensam qotmasin, bolam!

Toki chorlar vijdon kabi oq qogʼoz,
stol, qalam –
bari bunda muhayyo.
Xonam uzra uchib yurar bir ovoz:
Oʼgʼlim, keskinlashma yozsang ham riyo!

Jimgina toʼsharkan issiq oʼrnimni
qoʼrquv uya solar uning ichiga.
Men esa gʼazabnok –
har kech burnimni
suqqim kelaverar davlat ishiga.

Takror hadiksirar,
gʼamgin qararkan
boshim silagancha aytar:
Аdashma,
yoshgina joningni qoʼyib xatarga
siyosat oʼyniga hech aralashma!

Аxir, ne qilardi,
hamma qatori
koʼnikmasa boʼlmas – qoidasi shu.
Men qanday chidayman
toʼkmasdan borin,
yurtda hukm sursa talotoʼp, zugʼum?

Na iloj,
koʼngilning amridan ayro
nuqta qoʼyolmadim tanlab eshlikni.
Kutib oʼltiribman
endi lol-hayron,
qachon taqillarkin deya eshikni.

17.05.2020

OʼYIN

Bu kun orzularim qisqardi salkam,
sotib oldim haminqadar
erk va baxt –
kitob,
javon,
yozuv stoli, ulkan
vatan sigʼadigan koshonam ham naqd!

Donish kabi oʼqir ekanman tunda,
fikrlar boshimda aylanar chunon –
baland imoratlar solaman bunda,
yana boyib ketsam quraman toʼgʼon.

Tagʼin oshaversa aqcham qiymati
kor qilmasin deya biror kasallik,
obdon emlanaman –
yashnar tiynatim,
siyratimda jilva aylar goʼzallik!

Toki kissam etar toʼlishda davom,
taxtga koʼz tikaman bus-butunicha
va zugʼum qilaman –
koʼrsavod avom
Xudogamas, menga sigʼingunicha.

Tamom!
Maslagim shul – muqaddas, ulugʼ,
oʼzga yoʼldan ketsam boʼlaman halok.
Mendan avval oʼtgan shohlar yoʼli bu,
qoidani buzgan shakkokdir, shakkok!

27.05.2020

QАZO

Bir kimsa ichimdan turtdi:
bearmon,
koʼzingni chirt yumib
borin aytaver,
aytginu va lekin soʼzlasang yolgʼon
bor, kelgan joyingga pisib qaytaver!

Osmonimga boqdim,
yerimga boqdim,
koʼzimni chirt yumdim –
bu yogʼi dangal!
Hatto kafanligim qoʼltiqlab chiqdim,
shoqol kabi gʼingshib kirmadim jangga.

Nima ham der edim,
bolalarini
xoʼrlagan,
zoʼrlagan el boshlariga?
Ular asrab yashar kallalarini,
qullari toʼsh urar yov toshlariga.

Nimasini aytay,
saʼbiylar qonin
burnidan chiqquncha ichsa kattalar?
Goʼrigacha harom gʼamlagan xoin
yashasa qoʼrqoqlar mulkin tatalab!

Boʼlganicha boʼldi,
sabr kosasi
darz ketdi,
ulgʼaydi endi gʼoʼr avlod
va yaqqol koʼrindi ulus olasi,
ayon boʼldi murdor – aʼyonu sallot.

Suvdan quruq chiqmas, qocholmas oʼtdan,
tirik qolmas
hech bir nayrangboz, tullak.
Endi qoʼzgʼaladi –
tilini yutgan,
ezilib, enkayib yashagan millat.

Tobora navbati yetarki asta,
olinar chekilgan azoblarga xun
va kelar
barchasin
motam tutmasdan,
tepkilab-tepkilab koʼmadigan kun.

11.06.2020

XOTIMА

Bu gumbaz ostida
qancha odam – mast,
qancha osiy –
sarhush oʼtdi
buzmasdan
asrlar qoidasin – guras va guras,
eng soʼnggi hukmni sezib-sezmasdan.

Zolimlar-da yitdi,
qullar-da bitdi,
oʼgʼriyu muttaham,
toʼgʼriyu oqil,
necha muslimalar bokira oʼtdi,
gʼarlar ham koʼzi och dunyoga boqib.

Endi kimsa bormi –
ushbu ravishdan
bosh tovlab ketguvchi,
qaysi pokdomon?
Qay mavjudot qolar oxir koʼrishmay
beshafqat ovchisi bilan sogʼ-omon?!

Bu gumbaz ustida
hatto, malaklar
topshirar batamom koʼhna tuhfasin.
Hattoki, laʼin ham
boshin changgalab,
chiqarmish koʼksidan harom nafasin.

Hozircha yashashga haqlidirsan bot,
poyingda tiz bukar balki bu olam.
Shubhasiz, qachondir
– Yaral, – degan zot
unutib qoʼymagan
– Oʼl, – demoqni ham!

31.05.2020

ShАTRАNJ

Piyoda boʼlsang gar –
quribdi shoʼring!
Boshqarar toʼralar,
hattoki otlar.
Na ortga, na yonga – borasan toʼgʼri,
na-da joning chiqsa olarsan dodlab.

Yoki omad kulib boʼla olsang fil,
baribir vazirga qilasan xizmat.
Bir chiziqda yashash –
vazifang bilgil,
vassalom,
oʼlguncha shudir erk – qismat.

Nogahon baxt qushi boshingga qoʼnib,
tegsa qoʼllaringga vazir pattasi –
shunda ham
hurlikdan topmassan qoʼnim
va shoh izmidagi juldur lattasan!

Quyosh gʼarbdan chiqib boʼla olsang shoh,
garchi fuqarolar mamnundir – jimdir.
Biroq,
mot boʼlma deb
tepangda nogoh
boshqarib turadi baribir kimdir.

15.05.2020

* * *

Bir qur nazar solsa
basdir,
bu koʼngil,
nabiylar madh etgan tengsiz vasfingga.
Soʼng mayli, bearmon tuproqqa koʼmgil,
oʼz shaklimga qaytar, qaytar aslimga.

Bir bor qoʼl tekkizsa
yetar
bu vujud,
cheksizlik tubining oniy rasmiga.
soʼngra zarramgacha aylayin sujud,
bir panoh chiqquncha borliq sahniga.

Bir qultum may ichsam,
shudir kifoya –
mendan ayro tushsin iblis va odam.
Soʼqirning koʼziga nur berib soyang,
chiqib kelsang edi oʼzing fanodan.

Yana bir iltifot –
bergin
bir boʼsa –
tushlarni qabartgan vahdatga imkon.
Аxiyri, roʼyolar roʼyobga doʼnsin,
kimligin anglasin hazrati inson.

Kel, hech kim kutmasin oxir ishorat,
bari yoʼqdan kelgan qaytsin Boriga.
Ungacha qolmasin
oʼlimga hojat
va yumush
jon qushin xaloskoriga.

08.06.2020

* * *

Sendan boshqa kimga bitay sheʼr,
Sendan boshqa kimga gul tutay?
Kel, sochlaring ichiga yashir,
Toki dunyo rasmin unutay!

Kimga hadya etay lutfimni,
Sen turganda aylab karashma?
Mayli, buzma koʼngil qulfini,
Lek ayirma pinhon qarashdan.

Yoʼllarimga boqma intizor,
Tushlaringga zeb bersin sharm.
Biroq qara, ketmoqda bahor,
Senga yetib bormay qushlarim.

Mayli, qaytar olov shashtimdan,
Oydin tunlar ogʼushida qol!
Jim kechgayman ne bor boshimda,
Аmmo sendan kechmoqlik mahol.

Oʼtkinchiman – vassalom! Oʼtay!
Hech yoʼq tingla, qoʼllaringni ber!
Sendan boshqa kimga gul tutay,
Sendan boshqa kimga bitay sheʼr?

30.05.2020

* * *

Kechaga aylansa rangsiz bugunim,
ertalarim esa olis oʼtmishga.
Ilk bor ruhimga in solgan tuygʼuni
ulgurib qolsaydim mahkam tutishga.

Ortga aylansaydi umrim millari
yashaganim sari,
borsam kichrayib –
boʼynimda ilondek yotgan yillarning
zahridan bol topib ichganim sayin.

Bir oʼngirdan sakrab goʼdakka doʼnsam,
o, undan narida –
tugʼilmagan dil,
yaralmagan yoʼqlik qaʼriga toʼlsam,
soʼngra nafas olib tortsaydim yengil.

Kutaversam najot izlab qogʼozdan
kelmaydimi aytgil,
qoʼlingdan kelish?
Muso koʼrgan ushshoq togʼdek bexosdan
ovozingni tinglab toʼkilsam, ey Ishq!

25.05.2020

* * *
Zulxumor Orifjonovaga

Koʼngilning endi ne oʼzga ishi bor,
almisoq kunidan beri
olamdan
gʼamlagani – faqat anduxi ishqor,
men-da, shodon bahor tilab qolaman.

Biroq, kuylaganing – yana hazonlar,
zaʼfaron bogʼlaru
ezgin meva – ishq.
Borar bu oʼktkinchi tushlar hazorlab
to hayot oʼtmishni etguncha taftish.

Qara, bu osmonda erksiz qushlarning
qanotilari uzra barq urar iymon.
Na baxtga oʼng kelar xayru xoʼshlaring,
na jimliklaringdan yogʼilar siymob.

Oʼtar bari seni oʼrtagan hislar,
bitar koʼz yoshlarning chuqur izlari.
Toʼkilar tilingdan chiqmagan soʼzlar
va yashnar dunyoning gʼamgin kuzlari.

Men-da, takror ravo koʼrganim – begʼam
faqat dalda bermoq:
unutgin, koʼngin!
Balki doshing yetmas, ammo azizim,
bizni asrab qolar yana shu koʼngil.

26.05.2020

* * *

Endi doʼst qoldimi,
qayda suyanchiq,
kim bor –
hislarimni qilgan ehtiyot?
Oʼtmishim tobora achchiqdan achchiq,
kecha sevganlarim bugun yetti yot!

Zulumot koʼz yordi kunchiqar pallam,
kunlarim mayishdi oy tegrasida.
Dunyo koʼzlarimga botar mahalda
ichimda ichikdi qay norasida?

Аxir, sen bor eding
va oʼzing aytgil!
Sen qolib
men kimga keldim sigʼinib?
Kimdir olislarda unutgan payti,
nahot, yashayapman hamon sogʼinib!

Garchi mahshar yaqin, qazoyim – mubham,
saharlar oʼchirgay shomlarim rangin!
Qushlar tashlab ketsin bugun ham, mayli,
ertaga sen bilan qolsam bas, Tangrim.

24.06.2020

* * *

Kel, deding,
keltirdim
qoshingga kuzni,
tegrangda shamoldek aylandim mudom.
Bizning mehr toʼla suhbatimizni
tinglardi tabiat va yana Xudo.

Toki xazon toʼshar yoʼlimizga kuz,
yellar supurarkan –
gʼamgin yillarni,
dimogʼingga takror boʼylay deb hanuz
qoʼlimda jon bermay turar gullarim.

O, oʼshal hiyobon,
intiq oʼrindiq…
hamon bizni kutar –
oʼngmidi, tushmi?
Nahot, olislarda shodon koʼrinib,
koʼzingdan yosh kabi toʼkilib tushdim?!

Mudom sargʼayarkan bargu oʼt-oʼlan,
tegramda aylanar tigʼ qayrab oʼlim.
Ket, dedim –
ketqazdim,
lek oʼzing bilan
kuzni olib ketding nechun, sevgilim?..

25.07.2020

* * *

Baxting ortiqchasi gʼamdir
va menga
yetarli –
sevgimdan rozi oʼtmogʼing.
Shoyad, yetgunimcha masʼud yakunga,
sen yorugʼ manglayga shartdir bitmogʼing.

Mana, yillar oʼtdi –
erkalab,
quchib,
hajring charchamadi oʼyib koʼzimni.
Nasimlar ketdilar ortingdan uchib,
tashlab ketsammikin oʼzim oʼzimni?

Qanday tilsim eding,
izlasam — xato,
nogahon yetsam-da topolmam yechim?
Qachondir sevardim,
ayni dam, hatto
unsiz oʼylashga ham qolmadi kuchim!

Ohlaring koʼk uzra boʼylagan tunda
koʼzlaringni ochar bu tong, bokiram!
Baxtning ortiqchasi gʼamdir
va men-la
qolsa bas,
sen bilan oʼtgan xotiram…

04.07.2020

* * *

Horgʼin tunlarimdan oy suzib oʼtdi,
koʼnglimni yomgʼirlar bir ezib oʼtdi.
Dunyo qismatimga ne yozib oʼtdi?
Olisda ocholmay bu yuragimni,
sogʼinib oʼtyapman,
bilolmam –
Kimni?!

Derazam oldiga qoʼndi ol qushlar,
men yonsam –
sayrashib faqat olqishlar.
Lahzaga tinmadi ichkin yogʼishlar,
biroq toʼldirolmas boʼm-boʼsh ichimni,
sogʼinib oʼtyapman,
bilolmam –
Kimni?

Barglarning zardidan egildi shoxlar,
kuz ham hayalladi –
yitdi chorbogʼlar.
Ruhimda toʼlgʼondi mushtoq gumrohlar,
umrim xazon kabi hargiz toʼkildi,
sogʼinib oʼtyapman,
bilolmam –
Kimni?

Kun chiqib, tigʼlari koʼzimga botdi,
mudroq tushlarimni –
ne tong, uygʼotdi!
Yo falak, jonimni qaylarga otdi?
Tuproqdan topsam-da nogoh oʼzimni,
sogʼinib oʼtyapman,
bilolmam –
Kimni?!

30.07.2020

* * *

Endi oson tutma
menga ham,
koʼngil,
bitarmi dunyoning qafasbonlari?
Samodan mujdalar kelguncha egil,
bordir qanotingga zor osmonlari!

Tasavvur aylagil munaqqash arshni,
bir yoning – jahannam,
jannat – bir yoning.
Toki borarkansan azalga qarshi,
bizni yoʼq qilmasmi erku isyoning?

Kimga bosh egarsan yoʼllab arzihol,
kechalar dodingni sovursa yelga?
Hech kim tushunmasa va ketsak uvol,
ayt, olib qocharsan qaysi koʼngilga?

Bu parvoz rutbasi –
mana, koinot,
sigʼmasmi gar qanot yozsang zaminga?
Oʼrtamizda turar tigʼ qayrab gʼazot,
uchmoq nasib qilar yo sen, yo menga.

Qabrgacha tugar na yoʼl, na izlam,
umrim – soyang tushgan
bir tutam soʼqmoq…
Endi yarashmaydi,
ikkimizga ham –
borliq ichra bekor yoʼqlikka choʼkmoq.

06.08.2020

* * *

Toshkent, metro, sokin musiqa,
Sen-la goʼzal yer osti yoʼli.
Suhbatimiz kechardi qisqa,
Lek yashnatib oʼtardi koʼnglim.

Qololmasdi hech qaysi bekat
Seni mendan ayirib aslo.
Sal siltansang tutardim yelkam,
Suyangancha ketarding – raso.

Behad totli edi – aksingni
Goh oynadan kuzatib ketmoq.
Goh sochlaring mayin raqsini
Xayolimda jim tavof etmoq…

Pinagimiz buzar na olam,
Shovqin, na-da yer usti taraf.
Hislaringga goʼyo hamohang –
Chalar edi ruslar gitara.

Kuchim yetmas xayr demoqqa,
Quloqchindan toʼkilar kuylar.
Garchi chorlar yovuq-yiroqlar,
Kutar bizni ijara uylar.

Nahot, umr shunchalar arzon,
Oʼtar kiprik qoqquningcha tez!
Bu dunyoda toʼxtaydi qachon
Biz istagan bekatda poezd?

Shahar, metro… qoʼmsab barini,
Аytgin, nasib qilarmi takror –
Tunda Toshkent koʼchalarini
Yer ostida sayr etmoq, dildor?

09.08.2020

* * *

Onam namoz oʼqir,
musofir akamni oʼylar behuzur,
olis ufqlarga maʼyus termular.
Cukunat in qurgan kulbamiz uzra
mungʼaygan qushlarning ovozi kelar.

Onam roʼza tutar –
gʼamu sogʼinch yeb
va mahzun sheʼrlarim oʼqib tonggacha.
Qachondir shahardan qaytsam menga deb,
rizqimni asraydi qotgan nongacha.

Goh oyogʼi ogʼrir –
ingranar gʼarib,
beshafqat zaminning tishlari botgan.
Dunyoning boriki yukin koʼtarib,
tagʼin bod kasalin ortirib olgan.

Onam namoz oʼqir,
shoiriga ilhom soʼrar erta kech,
musofirin oʼylab koʼksini oʼygan.
Аmmo oʼzigachi, soʼraganmi hech,
nahotki, oʼzini oʼylamay qoʼygan?

14.08.2020

* * *

Qushlar tortib oldi
parvoz –
erkimni,
toʼkilmoq istagan yerim yomgʼirlar.
Dunyo tortib oldi men suysam kimni,
hatto, ovutmadi bu qonxoʼr sheʼrlar.

Yillar toptab oʼtdi har bahorimni,
men kirgan chorbogʼlar…
kuzga belandi.
Suvlar muzga doʼndi –
tinglab zorimni,
toshlar kaftda turmas qumga elandi!

Qafasdek tuyuldi
darchalarim goh,
osmonim –
zindonga tushgandek mulzam.
Chumoli iniga sigʼmagan ushoq
misoli ichimga sigʼmas bu gʼussam.

Qismat olib ketdi –
qayga yubordim,
soʼragin, borimni bermoqqa shayman!
Yoningga borguncha,
Parvardigorim,
oʼzimning umrimni qachon yashayman?..

20.08.2020

* * *

Bu yoʼllardan kelolsaydim
yana qaytib,
umr – tushdir,
shu roʼyoga ishonsaydim.
Qayda boʼlmay –
osongina jon bersamu
bolaligim trnglarida uygʼonsaydim!

Meni qachon ulgʼaytirib qoʼydi hayot,
Yo kitoblar…
shunday erta qaritgaymi?
Yo shoirdik qiyinmikan
shuncha, hayhot,
yozganlarim onam dardin aritgaymi?!

Goʼdak qalbim opichlagan togʼlar qani,
dashtlar qani,
dalalaru keng oʼtloqlar?
Endi borib
Gar gʼayqirsam,
eshitgani –
kimsa bormi,
qayda oʼshal qizaloqlar?

Buzilgani kabi qishloq guzarlari,
hatto, yusam ketmas
koʼnglim gʼuborlari.
Qachonlardir
Ogʼangi mast etgan,
bugun –
devorda jim ingrar bobom dutorlari.

Qachonlardir…
shu yoʼllardan qaytolsaydim,
vido aytsam,
soʼnggi nafas onlarida.
qayda boʼlmay –
osongina koʼz yumsamu
uygʼonsaydim bolaligim tonglarida!

22.08.2020

21

(Tashriflar: umumiy 492, bugungi 1)

Izoh qoldiring