Muhammad Siddiq. Yangi she’rlardan

02Шеърни айнан биргина қиёс билан чеклай олмайман. Ҳолатдан келиб чиқиб айрим ички ҳис-туйғуларга тутилаган кўзгуни шеърга ўхшатаман, масалан хаёл, изтироб, соғинч, баъзида исённинг сўздаги шаклига. Яна шеър – бу шоирнинг асл кўриниши, ҳамма ниқоблардан ҳоли олами, шеър – шоирнинг Ватани. У фақат шеърда нафас олади, шеър ичида яшайди ҳолос.(Ёш шоир билан суҳбатдан).

Муҳаммад Сиддиқ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


011 Муҳаммад Сиддиқ  2000-йил Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган. “Республика ёш ижодкорлар форуми”, “Зомин семинари”, “Самарқанд шеър оқшомлари” каби анжуманлар иштирокчиси. Ижод намуналари республика матбуотларида эълон қилиниб келинмоқда.


ТАЗАРРУ

Изн бер, лоақал кетмоққа ҳушдан,
Манзилим аёнки йўлим битишсин.
Руҳимни узлатда боққан бу қушдан
қанот сўрасам ҳам қаноат тушсин.

То кета кетгунча тилимга ботган
ё кўзим сатҳида музайян қотган –
Сўзимга тўзим бер,
тонгни уйғотган
томчидек кафтимга ҳаловат тушсин.

Сокин туғларимни ҳилпиратсин вақт
ва сўнгакларимни ёқсин тун – гўлах.
Ичимда сулҳ тузган икки валиаҳд
ўртасига такрор адоват тушсин…

Токи оҳларимдан қалқсин ташқари,
Йўлатма, аё Ҳақ, ўздан бошқани!
Мени сендан ўзга турса бошқариб,
ҳукм эт,
дунёга
қиёмат тушсин!

* * *

Қара, жоҳил чиқди шайҳим деганинг,
Шоирим деганинг – баттол, бадкирдор.
Болам келтирган, деб ҳалво еганинг
Подшоҳлар пойида топталган – мурдор!

Аёзнинг қўллари сочингга теккан,
Баҳорнинг бармоғи етмас киссангга.
Беғам ўғлингга боқ,
Сен сори кетган –
Ажалнинг изларин қилмас писанда!

Етар, бас! Орзиқиб кутганинг бекор!
Келса ҳам элтмагай бахтнинг кўшкига,
У парвоз қилмоқда – юксак, телбавор,
Ўткинчи ел каби шеърнинг ишқида.

Не бор арзигулик алланг сатрига,
Қани, сиёҳ ютган дунёнинг гашти?
Менми, айт,
Кун келиб, ҳатто қабрингга
Бир туп гул қўймоққа қолмаган шашти?!

Она, номард чиқди алпим деганинг,
Шоирим деганинг – сўз юқмас ноланг.
Соғинган маҳалинг, топсин деб таскин,
Мен ўша шеър ёзиб овунган боланг…

* * *

Ҳолимга қайғуриб боқманг,
сўраманг –
қай бир кунжагимда улғаяр оғриқ!
Бугун қайси шаклим бўзлар, ҳўрланар?
Келманг изтиробдан этмоққа фориғ.

Қўзғалманг дафъатан,
бу ўрнингизни
совитиб қўймасдан ўлтиринг дарҳол!
Доҳий ҳислатингиз ва қурбингизни
англамай яшашим келмасин малол.

Cуягимни сукут кемирган палла,
билагимга занжир чанг солган маҳал –
Сиз шаффоф осмонни куйланг баралла,
лат еган қушларга тайёрланг малҳам!

Теграмда куюниб кўнгил сўраманг,
Боринг, хабар олинг авом ҳолидан!
Бугун қай бир синглим ҳўнграр, зўрланар,
кимларга кўз ёшин тўкар волидам?

Қанча фурсат даркор,
кўриб тадорик –
тош битиклар аро бўлмоққа манзур?
Сиз – даври ўтётган сўқир машойих,
Наҳот, мен даврини кутётган манқурт?!

* * *

Ҳорғин нафасимда – тотлиғ саболар,
Илоҳий муждалар бордир ёдимда
Ва теграмда майин оҳанграболар,
Бир маҳин ёғиш бор зуҳуротимда.

Товоним кесадир ҳар сўқмоқ – нафис,
Изғийман мозийнинг доирасида…
Ва мен-ла хазонлар борар изма-из,
Яшил лавҳаларнинг хотирасида.

Дарёларга бордим!
Сиғмай кафтингга,
Нақшин ўзанларга сира ёлчимай.
Ташнаман – лаҳзалик нажиб тафтингга,
Соянгни қўмсаган қонтўш томчиман.

Пойингга тўкилмоқ истайман ҳаргиз,
Асрайман ёшимнинг тиниқларини.
Сўқир кўзларимга санчаман ҳануз,
Нафсимнинг баҳайбат синиқларини.

Руҳимда адашган тотлиғ урвоқдек –
Оҳангга талпиндим ҳар нафасимда.
Тупроққа беландим…
Қилгин тупроқлик!
Ҳалос эт
Зарралар
Исканжасидан…

* * *

Қушлар сайрамоқда,
дарёлар – тошқин,
мен нечун тилимни тишладим – жимман?
Сенга етишмоққа бунчалар шошдим,
Айт, Сенинг ростлигинг олдида кимман?!

Нечун бунча ўчман,
талпинаман, дод!
Даҳри дун мастлигин излаб қадаҳдан?
Наҳот, бир кўнгилни этолмай обод
жаннатингга кириб бораман шаҳдам?!

Ногоҳ борлиғимни чулғамиш ҳадик,
қўрқмай яшаяпман,
ахир, ўлимдан.
Бадбин таъқиқларга такрор боқиб тик
қиёматни кутиб ётган қулингман!

Шавқат сўрамадим –
кечдим бу жондан!
Сулаймон қаҳрига келгандекман дуч.
Ривоятлар тинглаб Шайҳи Санъондан
васлингни кўрмоққа йиғганмидим куч?

Бу не хилқат эди?
Ишқ тутган малак
берган изтиробдан топмасам паноҳ!
Банданг шунча азоб берса, не қилай
Сенинг ғазабингга йўлиқсам, Аллоҳ?!

* * *

Қароғингда неча телба хуни бор,
Неча ҳаллож бўйнин чопди қабоғинг?
Энди изғиринда қайси жунунвор
эркалар сочларинг, силар сақоғинг?

Нечун эгнинг юпун,
юзларинг таранг?
Белингда тўлғонар яхлаган баргак.
Энди ёд этарми, ҳуснингга қараб
нурларин Увайсга йўллаган Барҳақ?

Кузги ифорлардан озгандек ҳушинг,
қалбингни ўртамас ҳарорат – андуҳ.
Кафтингда қаноти кесилган қушнинг
чинқириқларини эшитмайди Нуҳ!

Ҳеч кимса музлаган волангга боқмас,
Ахир, сендан кетди ўксиб ишқ – имон.
Энди вужудингни ўтли ушшоқмас,
қучоғига олар
қашшоқ
қаҳратон.

* * *

Умидим кўп эди,
ахир,
бу куздан,
Тунда видолашмай кетди ноябрь –
менга синиқ нигоҳ ташлаган қиздай,
унсиз сўзларимга қаздириб қабр.

Кетди, қулоқ тутмай саноларимга,
Бир лаҳза Жунундан чекинмагандим.
Мен ҳатто, суқланиб қанотларига
озор бермагандим, тегинмагандим!

Қани хазонларим – ҳуркак баргларим?
Дарахтларга битган хатларим қани?!
Елкангга ботгандек оғир дардларим,
ҳаддим сиғармиди Сен-ла кетгани?

Қучоғимга кирди мурдадек аёз,
юлдузлар руҳини чизиб ҳавога.
Кўзларингга чўғдек кўринган Ҳамроз
ташрифингни кутар қайси маъвода?..

Бу фалак синдирган қовурғасидан
ёғилар укпарга дўнган қон – абрь.
Мен ҳали тўкилиб улгурмасимдан,
Сени – кузни олиб
кетди
ноябрь.

* * *

Тилимни куйдирса кечмишим расми
ва паргола этса кўнглимни қасам,
қанча авайламай –
озор етмасми,
Жонинг оғримасми, севсам, азизам?

Қошингга бормасам –
ўзимдан асраб,
қизғониб кетмасам соянгдан нари.
Беҳол гард юқмасми кипригинг узра,
Кўзларингни ўйлаб чиқсам тунлари?

Келарми, лабингга табассум тақиб,
бир зум бу қафасдан этгувчи ҳалос?
Сенга бахт бергувчи –
мен кимман, ахир?
Алмисоқдан қолган ровийман ҳолос.

Мудом андуҳлардан ортмас сўзлугим,
Куч бер, ғамларингдан фориғ этгани.
Бу ёруғ оламга, қора кўзлигим,
нетай, келган бўлсам
Сени севгани?

* * *

Ортиқ яшамоққа етмарми кучим?
Ўлим ҳам чорадек кўринмас гоҳи.
Айтгил, мени қайси гуноҳим учун
дунёга бадарға этдинг, Илоҳи?

Узлат нажот эмас озод бўлмоқ-чун,
қанот ёзмоқ учун осмон ҳам тордир.
Нурингдан бебаҳра яратилган қул
Иблиснинг шаклига қадар иқрордир.

Тўрт тараф –
зулумот –
таъқиқ –
зиндон –
қулф
ва булғаниб борар кенглик – ташқари.
Найсон ифорларин келтирган Юсуф
тан олмас, Зулайҳо – нафсдан бошқани!

Балки мени асраб келган шу ҳужра,
балки авайлаган, безавол суйган?!
Лек васлингга етмоқ илинжи ичра
Дажжолнинг йўлига интиқ осийман!

Илдизимда жилва айлар –
наботот –
тупроқ –
руҳимгача қадим ишва – сўз.
Сўнг борлиқ тубидан бўйлаган сабот –
кўзларимни сўқир айлаган Афрўз!

Илоҳи,
бўғзингдан сирғалган нафас –
умрим – даргоҳингга сиғмаган ўлим,
вужудим – нигоҳинг тушмаган қафас,
айтгил,
Озодликка чиқдими кўнглим?!

СУБУТ

Наҳот, андуҳлардан сенга гул тутдим?
Эй, ҳулво истаган кабутаргинам.
Неча малоикдан марҳамат кутдим,
Меҳрингдан юз буриб, дарёдил Онам?!

Остонангдан ҳатлаб музлади кўнглим,
Кафтингга пешонам тирадим бўзлаб.
Такрор ҳузурингга ўксиниб келдим,
Яна сенга арзу ҳолимни сўзлаб.

Дўсту улфатлардан келди омадим,
Жилмайиб бахтимни кўрмоққа баҳам.
Лек сенинг кулгичинг кўра олмадим,
Тунлари ёп-ёруғ тушларимда ҳам.

Яна ҳузурингга келдим қон ютиб,
Пойингга йиқилдим – қароғимда ёш.
Беғубор севгимнинг қўлидан тутиб,
Олиб кетолмадим олисларга бош!

Токи даргоҳига чорларкан Эгам,
Умрбод ваъдамда турарман албат.
Қара, яшаяпди одамлар беғам,
Биз кун кўраяпмиз,
Онажон, фақат…

* * *

Қайси оламлардан келар бу оҳанг?
Рўёлар парчалар асрий қопқасин.
Тингла,
ёмғирлардан навозиш топсанг,
ҳеч ким деразангни бехос ёпмасин!

Етмасин мозийнинг илки – хунолуд,
Қўлингдан тутмасин нафс бандалари.
Пойингга йиқилмиш,
ғазабингни тут,
ишқсиз салафларнинг гўяндалари.

Бу кеча сасларинг – нафаслик оташ,
бир қултум шаробдир сендаги вужуд!
Мавлосиз меҳроблар қўйнига бешашт
нечун манглайингдан тўкилар сужуд?

Ташқарига чиқма,
ёмғирлар тинди!
Энди қанот ёзма, бори шу – шодлик.
Азият етмас ҳеч қафасдан – тундан,
фақат озор берар сенга озодлик.

Ахир, сен – хазонрез куз оғушида
яшил либосларин ечмаган ҳилол.
Менми, бу фалакнинг шўр ёғишида
бир томчи ёш сўраб бўзлаган Билол?

Қара, олисларда яшнар тийрамоҳ,
Даргоҳига етмоқ мушкул равоқли.
Нетай,
оғир экан сени асрамоқ,
бошимда бор экан сени севмоқлик?!

ЎТИНЧ

Сиздан илтимос шу:
Бир лаҳзага жим,
Сўз қотмай тин беринг қувноқ дудоққа.
Бошимни эгмоққа қўйсам гар ружу,
Нега ғамгинсан деб тутманг сўроққа.

Ўтинаман, титманг дил қатларини,
Чанг солманг тақиқдан куйган хатомга.
Тегинманг,
Заррадек иллатларини
Ҳислат деб ўйлаган сарҳуш одамга.

Майли, ўз ҳолига қўйинг айни дам,
Эгилган қаддини ишқ тилкаласин.
Тўйиб сукутлансин,
Ахир, айниган
Каломларга тўлди Ёфас ўлкаси.

Чорламанг, суронга йўқдир тоқатим,
Чарчоқларим чиқсин бу жимлигимда.
Мен ҳақимда оғиз очманг совқотиб,
Қизиқманг ҳечлигим, ҳеч кимлигимга.

Бекорга қўзғатманг мудроқ синчларни,
Уринманг ярамга қўймоққа малҳам.
Сиздан илтимос шу:
Бир зум тинчланинг
Ва ногоҳ йўлиқманг ғазабимга ҳам…

* * *

Кетаркан сувратинг ўнгимдан хушбахт,
лаҳзалар измидан чиқдим устувор.
Соянгга эврилдим –
айландим қушга,
пойингга суриниб куйладим такрор.

Келаркан нафасинг –
оҳангга тўлдим,
муанбар ифорга қовушдим – шараф!
Чорасиз узлатдан кўринди йўлим
ва ёруғ қисматга бўлдим мушарраф.

Бари гўзал эди, на-да борлиқ кенг!
Кузатдим, тўкилиб йўлсиз ирмоққа.
Наҳот, Сендан кечмоқ…
ўлим билан тенг?
Жазм этгил, қайтмоққа – тирилтирмоққа.

* * *

Ўзни олиб қочай қайси томонга?
Эзгин тонгларимда ёмғирлар тинди.
Баҳорнинг этагин йиртган шамоллар,
унинг баданига тегинманг энди!

Қаерга яширай ва кимлар қувлаб
ортидан келару жим юлқиб кетар?
Гулнинг ифорига тўйган довуллар,
яшил япроғига чанг солманг, етар!

Лоақал пок ётсин байтул-ҳазанда,
Учса — осмон кенгдир,
қўнса — дунё зич.
Нозик қўлларидан тутган насимлар,
энди ол лабидан тиланманг ўпич!

Ахир, олиб борай қайси маъво(й)га
ва қайси саҳрога кўмай жунунвор?
Эй, тоза қонини ичган саройлар,
туйғуларин хўрлаб бўлманг бузруквор!

Наҳот бу узлатдан чиқардим бир сас,
Ёлборгум сукунат ичиндан боқиб —
О, энди хазонга айландими, бас!
Ҳечқурса топтаманг,
юборинг ёқиб…

* * *

Мана, шу ҳолимча улкан бардошман,
кулим ҳам қолмаган ортиқ ёнмоққа.
Бир бор ўлмоқ камми биргина бошга?
Ломакон қолдими фақат қўнмоққа?!

Ёки манзилидан адашган қушга
бекор ваъз ўқимоқ фалак буржидан.
Ҳайронман, мен қайси кўз-ла боқишга
ичимда кексайган Одам бурчига.

Қарайман энди қай юз билан – аён!
Гарчи борлиқ сўзу Ёрдан қисмади,
қайси виждон билан этаман баён
қаршимда турган ёш шоир қисматин?

Мана, шу ҳолимча – девона дулдул
ва Иблис қонида қайнаган шеърми?
Юсуф қудуғига михланган булбул,
Сулаймон тахтида ўтирган девми?

Мен! –
Нафсин енгмаган бир мотамсаро,
Интиҳо шарпасин хаёл сураман!
Кексайган шоир ва ёш одам аро
жон талашиб ётган тирик мурдаман.

* * *

Дарёлар тўлқини изига қайтди,
Ахийри қўзғолди қадим дахмалар.
Кетган — кетди,
қолган — қўшиғин айтди,
яна бўлса бордир суллоҳ лақмалар!

Синди эгик бошни узган ҳар қилич,
асовлар бўйнига тегиб-тегмасдан.
Яна йўқ бўлмади бирорта юлғич
ва мойли бармоғин яловчи каслар.

Кўкда отилмаган қушлар учмоқда!
Ҳануз кесилмаган қанотлар — озод,
бир боғ бўлмаса-да —
ногоҳ қучмоққа,
дарахт чиқмаса ҳам қўнмоққа осон.

На даркор,
ғам чекмоқ беҳуда ғоят?!
Энг сўнгги ҳукмни Тангри айтадир.
Самумлар кўз очди, мана, ниҳоят,
Ўтруклар қолди-ку, ахир, қайдадир!

Ирмоқлар уммонга кетди қўшилиб,
Йитди ўзанларни тўсган дахмалар
ва ҳамон айтарлар мангу қўшиғин,
Бироқ,
йўқ бўлмади
ўша лақмалар!

* * *

Қаҳратон қўйнида
чилла сақлашга
шарпалар тутоқиб чиқди ўйимдан.
Мен ҳарчанд ўринмай ўзни оқлашга,
муқаррар – гуноҳим тушмас бўйнимдан.

Ҳали бошим узра тарқамас туман,
товоним тилса-да яшил майсалар.
Айни дам
тўкилиб йиғламоқчиман…
Дарахтлар қонимни ичиб тўйсалар!

Қанийди,
хумордан чиқсам, бехато
муштимни дуч келган деворга урсам.
Кўзимни очсаму бўлсайдинг пайдо,
Барини унутсам – бир Сени кўрсам.

* * *

Панжара шаклидан
метин иродам –
юзарки, бу уйқу ичиндан Ҳаддим.
Руҳимни сиқувга олар зироат,
ҳарчанд парчалашга етар қудратим!

Айланар
бошимда дақиқ эркинлик,
Айланар табассум ботқоғига мунг.
Умр нима,
Ўлим?
Қайга беркитдик,
Қани, яшалиши зарур бўлган Кун?!

* * *

Билсанг, бу тун фақат сенга тегишли,
Боғлаб қўйишмаган,
У билан юзлаш!
Бу тунда шарт эмас бўйин эгишинг,
мажбурий эмасдир шивирлаб сўзлаш.

Чакки ўтса ҳамки унинг томидан,
синиқ дарчасидан кирса-да совуқ,
ғашга тегмас,
тортиб кетмас домига –
тупуклар сачраган ачқимтир ҳуқуқ.

Ойнинг шуъласига бир лаҳза боқиб,
юлдузларни топсанг қора тутунда!
Хоҳласанг,
тонггача чироқни ёқиб,
Ўлимни кутсанг ҳам арзир бу тунда…

ҚАРАМ

Энг сўнгги ҳукмингни фатҳ этган каби,
Бу олам измингдан чиқмагай ортиқ.
Барибир ўзгармас қулнинг матлаби,
Бир қучоқ озодлик этсанг ҳам тортиқ.

Мен ҳамон кўйингда ўлмоққа шайман,
Тутсанг бас, вужудга сиғмаган ишқни.
Биргина ғамзангга алишмагайман,
Туҳфа этсанг ҳамки қирқ паривашни.

Қанотим синдирар бу кўкда учиш,
Боқмасман қушларнинг аразларига.
Май юқи анқиган кишанни қучиб,
Айқириб кираман қафасларингга…

* * *

Руҳимни пайпаслаб қарайман беҳуш,
Ўзимга тусмоллаб боқаман буткул.
На дўстга ёлчидим – нафаси худкуш,
На жўмард ғанимга йўлиқдим бу кун.

Энди бу борлиққа бегонадайман,
Хотирамдан ўчар ўтмиш домлари.
Сулув сочларингдек силаб-тарайман –
Ўлим торлари-ю
Ҳаққуш дорларин.

Ҳануз тотли фарёд – лаззат тилимда,
Кўзларингда балқиб турар мунг – тақиқ.
Ҳамон таъқиб этар ўнгу-сўлимда
Озод этмоқ учун тиғ қайраб Рафиқ…

Ва боргум қисматнинг нағмаси жониб,
Вужудим ҳувиллар бўшлиқ қўйнида.
Зора қурбонликка арзиса жоним,
Яратган қўлида,
Сенинг кўйингда!

* * *

Беҳад қонга ботдим…
тушмай ҳовурдан,
беармон ранг бердим қуюқ шафаққа.
Қанча асрларни елга совурдим,
Сенсиз лаҳзаларнинг бошин чавақлаб?!

Шивирлаб сабуҳга қўшиқ айтдим мен,
нур элаб яхлаган андуҳларимга.
Неча бор тиғ урдим,
ўксиб қайтадан,
Сенсиз кунларимнинг чандиқларига?

Энтикдим қушларнинг шўхчан назмида,
чарчадим таъмагир оҳ-у воҳлардан.
Беҳол бош кўтардим,
Азал измида,
овозинг келмаган қиблагоҳлардан!

Айт, кимга суяндинг,
юрак ҳовучлаб
ҳар гал пешвоз чиқдинг тонг ёқасидан?
Ва кимни кузатдинг синиқ кулгич-ла,
менсиз бу кунларинг остонасидан?!

ТУШ

Оғажон! Ёдимда бошимни силаб,
аста қўзғотганинг мени уйқудан.
Иним, деб
қаддингни тутганинг баланд,
мағрур алқаганинг кетди беҳуда.

Шаҳар кўтаролмас долғаларимни,
тетапоя қилмас тунд кўчаларда.
Сен каби опичлаб болалигимни,
лунжимни тўлдирмас довуччаларга.

Қоним қовушмади сенга, нетайин?
Тоғлар савлатидан қўрқиб чўкаман!
Онамнинг пахтага тўлган этагин
кўтара олмаган ғариб укангман!

Қишлоқни тарк этди, лаблари титраб,
суйган сулувларинг – кўзларида нам.
Сен кетгач исмингни такрор шивирлаб,
тупроққа қоришди хаста бувим ҳам…

Тошкентнинг нонига ўтмас ҳеч тишим,
ризқингни қўшқўллаб бермас Москва.
Соғиндим сен билан йилқи боқишни,
Фарғона даштида, кўклам фаслида!

Шаҳд туриб қаддимни тутардим баланд,
елкангни тутсангу яна тонг отса!
Оғажон! Оҳиста бошимни силаб,
қанийди, шу тонгда мени уйғотсанг…

* * *

Бенасиб этмасми Ҳақ мурувватдан,
Энди бу дайр ичра офат келмасми?
Менга раҳм этмасми,
ғаддор фурқатда
Кўзларингдан топсам Нуҳнинг кемасин?!

Гарчи унутмоқлик душвор кечмишни,
гарчи Жаббор тавқин йўнар кўр қисмат.
Ўргатмиш таҳ-батаҳ жондан кечишни
нигоҳинг тубида балқиган вуслат.

Авайлаб тушларинг оҳорин ҳолсиз,
сувратинг қизғониб ушшоқларингдан –
Сочларингни ўриб ўлтирар Билқис,
пайғомлар кутганча дудоқларингдан…

Муанбар ёдинг-ла яшамоқ – паноҳ,
бешак илинжимга хукм муқаррар.
Сенинг борлигингни,
Севгилим, валлоҳ,
ҳис этмоқ, англамоқ бахтдир нақадар!

* * *

Жондан кечса бўлар
бу куз кечаси,
Туйнукдан термулар сарҳуш Азозил.
Йўлингга кўз тикиб турар нечаси,
пойингга йиқилмиш неча манозил.

Найқамиш бўғзини йиртган қаландар
навоси борлиғим банд этар шодмон.
Маҳкумман – то бошдан товоним қадар
Сендан иборатман,
Сен-ла барбодман.

Қатлгоҳ – кафтингда қалқмиш сўнгаклар,
набийлар каломи битган эй, Андом,
тушларим ичинда,
Ҳақдан сен ҳақда
ғилмонлар чит кийиб кутмиш армуғон.

Бу узлат тўлғониб сочларинг аро,
Тубо баргларига тўлмиш дарчаси.
Исо нафасига ишониб такрор,
жондан кечса бўлар
бу куз кечаси…

БАЛОҒАТ

Бир пайтлар мен ҳам шўх болакай эдим,
Кўзимга инмаган эди дил гарди.
Жавзода сояси силарди этим,
Ҳовлимизда бир туп хурмо бўларди.

Қишдан омон чиқар эдик, қорин тўқ,
Онам қоқи қилар эди мевасин.
Тамшаниб қўярди, чеҳраси синиқ –
Қўшни жувонларнинг келиб ҳаваси.

Девордан кўринса серпушт шохлари,
Йўқ эди суқланиб ўтмаган одам.
Охур бўшамасди баҳор шомлари,
Бўлиқ баргларида боқардим пода.

Сўрида қушлардан қўриб ётардим,
Ёз бўйи ковшаниб зоғора чалпак.
Хомлигида узиб, тишлаб отардим,
Сўнг тунда отамдан ер эдим калтак.

Акам томорқага мудраб сув тарар,
Даҳанасин бузган шумларни қувиб.
Ҳосили мўл бўлсин, дея ҳар саҳар
Намоз ўқир эди пажмурда бувим.

Бир пайтлар мен ҳам шўх эдим, болакай!
Сен каби беғубор эди кўзларим.
Қўйнимга киритдим, қиздек қуралай –
Ўн тўққиз баҳорнинг қанча кузларин?

Бугун хаёлимни банд этди бўшлиқ,
Кечаги кунларим тушга айланди.
Юрагимни ўша дарахтга қўшиб
Чопдим, қўлларим ҳам қонга беланди!

Мен энди ёлғон ваъз ўқиб нетарман,
Нетар, чин лутф ила тилимни ёрсам?
Бу таъмсиз балоғат шаклин йитарман,
Қачондир қишлоққа янглишиб борсам!

* * *

Қачон бу сўқмоққа янглишиб келдим,
Қачонлардан бери
йўлим – нотугал?
Чорла,
олисларда қолган Мурсалим,
Олиб бор, ўтмишнинг мардуд ёдига!

Жоним ўртандими ишқ карвонида?
Бунча жабр этмаса
рўёлар рақси!
Синиқ қобирғамнинг тановорида
бормикан,
Жобирнинг оташ нафаси?!

Қайга узанмасин –
илким қалтирар,
Ҳар босган изимга тўкилар титроқ.
Кўзимда Қобилнинг нафси ялтирар,
Кўнглимда – Ҳобилдан тўралган ингроқ.

Қачон бу дайр аро тентираб келдим,
Қачонлардан бери йўлсиз бу вужуд?
Кел энди,
маст-аласт улусга элтгин,
Учгин эй, қаноти қайрилган Ҳудҳуд…

* * *

Излайман тупроқдек заррама-зарра,
Жисмимни парчалаб кираман жўшқин.
Чуқурроқ шўнғийман – чексиз ҳужайрам,
Соялар наҳрида қотаман – бўшлиқ.

Ҳали ҳам излайман,
Одам етмаган
Фасллар туғини тутиб шиддаткор.
Ҳатто дақиқани янчиб ўтаман,
Сўнг лаҳза кунжида тентийман абгор.

Ва Сени излайман!
Манзилга етмам,
Сувсаган барг каби меҳрингдан жудо.
Наҳот, мен – жимгина келишинг кутмай
Бир умр яшашга маҳкум мавжудот?..

* * *

Тушун, овозингни тинглаб тўлғонмоқ
Гарчи келмас менга кечалар малол.
Бу мажруҳ ҳисларни унутмоқ, тонмоқ —
Тақиқдан юз буриб кетмоқдек маҳол.

Ахир, осон эмас менга ҳам тонгда
Чўчиб нафасингдан уйғонмоқ — қочмоқ
Ва ногоҳ қароғинг тўлганда қонга
Душвордир кафтимни дуога очмоқ…

Ва яна фасллар хотирасида
Расмингни муҳрлаб қора вараққа,
Осонмас, гунг умрим хотимасида
Сендан аввал ўлиб етишмоқ Ҳаққа!

Водариғ, лабингга дўнган титроқни
Еллардан қизғониб баҳорга бермоқ —
Нигоҳингга ботган минг бир сўроқни
Мушкулдур тоабад безабон термоқ.

Кел, дунёдан безиб англаганим чин,
Қанча бўйламайин осмоним пастдир.
Биламан, сенга ҳам
Тангри ва менинг
Ўртамизда турмоқ осон эмасдир…

* * *

Сўзларим тилимда увишган они,
На дер, бу қовушган қирмиз дудоғинг?
На-да борлигича англаб дунёни
кетмоққа қурбимиз етмагай чоғи.

Дуч келган насимлар ифорини тўс!
Не мужда келар ишқ салафларидан?
Сўйла кечмишингни,
не гап, аё Дўст,
Осмон тарафларда — “Оҳ” тарафларда?

Бу кемтик оламни, айт, ким тўлдирар,
Тинглагин, айтайин қай эртакларни?
Баҳорга етмасдан хазон бўлдилар
минг йил асраб келган мойчечакларим!

Минг битта нағмада тусланар аслим,
Менми — найқамишга дўнган бозингар.
Нетарсан, пойингда тупроқнинг ҳасми
тубо қатларига байтлар ёзғирса?

На-да рост, найлайин келмаса бир сўз,
сархуш санамлардан, маст халафлардан?
Сўйла кечмишингни,
не гап, аё Дўст,
Кўнгил тарафларда — Ҳақ тарафларда?!

* * *

Ҳаммаси эскирган – девор, сурат, хат…
Хотира қатида чирик табиат.

Сўзга бурканмаган осмон – чархфалак,
Ҳамон бўшамаган сиёҳдон – юрак.

Сувлар оқиб бўлган – тинган даҳмаси,
Балиқлар бўғзида қотган луқмаси.

Куртаклар чиққану метин қобиқдан,
Дарахтлар сумбати титрар совуқдан…

Лек умид таъмидан қисмаган Тангри –
Фақат ўзгармаган муҳаббат ранги!

* * *
Хўжаёрга

Чайир билагингни тарк этмасдан куч,
Елкангни тут, жўра! Мен ҳолдан тойдим!
Бўй қизлар ҳеч қурса бермади ўпич,
Отлан, даламизга элтар бу фойтун!

Бизни интиқ кутган фақат шу йўлдир,
Боқма таннозларнинг оҳ-воҳларига.
Сипқорай, косамни қимизга тўлдир,
Бедарвоза қишлоқ чошгоҳларида.

Қўл силта, Чорсунинг бекатларига,
Кафтингдан тўкилсин сонсиз қабариқ.
Тупур, шоирларнинг дастхатларига,
Ортингдан пишқириб қолсин Дамариқ!

Ҳар кеча меҳр-ла ёзар қулочин
Гарчи устод Одил Икром кулбаси.
Билсам, ризқим экан дайдилик, очлик,
Буғзимга тиқилди онам луқмаси…

Даҳолик ярашмас бизга, на шуҳрат,
Майли, дўстларимиз оқласин бурчин –
Мирзоҳид бор, яна Шаҳриёр Шавкат,
Қурбон бўлса арзир қирқта Ойбарчин!

Биноларга овоз қайрама бекор,
Жимгина тупроқда отайлик томир.
Саёқ дарбадарга шаҳарда не бор?
Ана, етиб ортар дарвеш Жонтемир!

Бобом улфат кутиб сузар мусаллас,
Бувимдан сўнг кечиб бўм-бўш дунёдан.
Юр, сурув боқамиз Фарғонада маст,
Ё қўним топамиз Қашқадарёдан.

Чайир билагингда совимасдан мушт,
Кўксимга ур, жўра! Минг пора жонман!
Сен жўмард, эл сари кетган Алпомиш,
Мен йўлинг тутмаган ғўр Қоражонман.

* * *

Яна ёмғир…
Яна мусиқа,
Олисларда шамоллар дайдир.
Яна хазонларнинг устига
йиқилади кўз ёшинг: –
“Қайтар!
Шу ёмғирга қўшиб қайтиб бер,
Яна менга қўшиқ айтиб бер!”
Нечун бизни алдар бу кеча?
Баҳор ваъда қилиб тонггача
умидларга қазийди қабр!

Яна ёмғир…
Яна сенсизлик –
кўзларимга ботар чуқурроқ!
Пок севгимга майсалар гувоҳ,
Ўт-оловлик, қувлик, ёлғизлик…
Бари гувоҳ!
Наҳот сенга бергандим озор,
Қилганмидим янглишиб гуноҳ?

Яна ёмғир…
Йўллар сирпанчиқ,
Масофанинг умри беадад.
Сендан қолган хотирам – аччиқ!
Гарчи эшик қулфсиз,
дераза очиқ,
Ташқарида кўринмас соянг,
Ташқарида бордир на мадад,
на ёмғирпўш, на-да ҳимоя!

Яна ёмғир…
Сен борсан, тамом!
Қўйним тўла кадар гуллари
ва тилимда эски мактублар
ва дилимда кўҳна муҳаббат –
қанотлари кесилган ҳамон!
Келтирмагай сенга парвоз – бахт…
Лек барибир келасан қайтиб,
яна менга қўшиқлар айтиб!
Йиқилади кўнглим устига
яна ҳорғин сувратинг дайдиб.
Шивирлайман қўлингдан тутиб,
ва ўзимни –
Сени унутиб:

“Яна баҳор!
Яна мусиқа…”

* * *

Ортингдан суқланиб келар неча тонг,
Қаршингдан неча шом чиқадир хезлаб?
Пойингдан қораймиш кечалринг – қон,
Тепангдан ой маъюс ўтармиш бўзлаб.

Ҳали ортда қолар биллур қаҳратон,
Ёнадир қор босган юрак торларинг.
Ўтгин янглиш келган йўллар баҳридан,
Юлқиб от,
Бўйнингдан нафснинг морларин.

Раҳм этма, Раҳмондан келгунча фатво,
Қийна титроқ босган тизларни бедил.
Кўксимни нимтала, кўзимни ҳатто,
Ўйиб ол!
Эй, сиймин баданим – Қотил!

Куйинма, паймонанг илинжга тўлса,
Сенга даво тилаб кетмасам ҳайқир!
Шафқат нима билма,
Ўртанма ўлсам,
Мен ҳам қурбонликка келганман, ахир.

* * *

Саф тортай
бу хилват остонасида,
Энди шу ҳужрада қолай то абад.
Қўл силтаб Жамшиднинг хосхонасига,
Фақат Сендан топай мангу ҳаловат.
Азал сукунатда қотай –
нораво,
Тошга битилмасин нутқу иродам.
Руҳимдан тўкилсин асрий каҳрабо,
Ҳаввонинг кўзига боққандек Одам.
Шундай қафас берки, ўнгу тушимда
Кўзимга чуққурроқ ботсин бу қуллик.
Бир дўст йўллагилки,
сулув қошида
Жонимни қўшқўллаб нисор қилгулик!
Тўзим бер, шовқину сурондан ҳоли,
Уйғонмай курашдан чарчаб мусаллам.
Кадар бер,
ҳаттоки соясин олиб
Хизрнинг пойига бориб тузалмай!
Ўша кун бағримга босиб ўлимни,
Йиғлай, то учгунча ичимдаги мурғ.
Бир парвоз юборгин,
ташна дилимни
Кўзасига солиб чайқасин Семурғ…

* * *

Тобутинг устида йиғлайди бу халқ,
Тириклик майидан қониб ичар эл.
Озод руҳинг кўкка чорлаганда Ҳақ,
бўм-бўш вужудингни алқаб қучар эл.

Ғамгин нигоҳларинг қолар хотирда,
аламли овозинг янгарагандай шўх.
Ҳеч ким журъат қилмас –
ортингдан бирга
кетмоқлик шарафдек кўринмайди, йўқ!

Азалдан шу ҳаёт –
яшамоқ – абас!
Ажаб, сендан сўнг ҳам шу этар давом.
Ўлмасанг, жонингни қийнаб чарчамас,
Ўлсанг, бир оҳ чекиб қўяр бу авом.

* * *

Нафсдан ҳоли,
қабргача то –
ўлтирибман, тубда забардай.
Бор асрордан қилганча ҳитоб
панжаларим қисар Зулқарнай.

Вароқлайман тамуғ – дафтарим,
Кошки топсам бир чўғ куйгани.
Манглайига тиркаб кафтларин
қайга чорлар Насимий мани?

Ё азалдан марҳаматли Xон
тингламасми қуллар нидосин?
Ё Қараний кифтимга беҳол
ташлаб кетган жулдур ридосин.

Ёки Ҳавво бошимни силар,
Бу равишда тўлама деб бож.
Балки тилим қаро туғ билан
боғлаб кетган оғочга Ҳаллож.

Ҳаёт – сафар, беозор золим,
Ҳар қадамим сунъий илоҳ – буд.
Вақтдан олис,
дунёдан ҳоли
ўлтирибман, теварак – тобут.

Бир ёнга Сўз, ярмига, Раббий,
лошимни қўй – сингай тарози!
томоғимда бўзлар Машрабнинг
айланмаган қушга овози.

Қайда сиртмоқ – порлоқ қазойим?
Ахир, бордир ўшал ол фурсат.
Ўтаб бўлдим мен-да жазойим,
Қани, энди
тақиқни кўрсат!

* * *

Сендан қолган жароҳатларим
ўртамасин тубсиз кўксимни,
битсин дея сўнгсиз хатларим,
тутиб бердим тонгга ўзимни.

Кўзларимга адоқсиз бу йўл
зулук каби чиппа ёпишди.
Кимса етиб бормаган кўнгил
ва менинг ҳам измимга тушди.

Етиб борсам…
зора манзилим
шулъасидан бўлсам якпора!
Калимага келмаса тилим –
Нур(л)аб кетса руҳи давворам.

Қолмасайди ҳеч зоғ саҳнада,
Куйлаб ўтсам азал баётин.
Хизр сувин ичмай,
лаҳзада
яшаб қўйсам мангу ҳаётни!

Қачондир юз берган бу кечмиш,
Яралганди қанот-ла қулун.
Айт, бошимдан бехос ким ечмиш –
кийганмидим рўёдан тулум?

Қалқиб чиқдим тундан,
ҳис этиб –
кўрмасимдан, Жаббор, юзингни!
Тиззамгача қонимга ботиб,
тутиб бердим тонгга ўзингни.

* * *

Гарчи йўл бошида турибман илҳақ,
Эски чориғимни ечмоққа қодир.
Мени номи ила чорловчи мутлақ –
қачонлардан бери кутганим бордир!

Ниш урар томирим аро оний чўғ –
сўзлар оҳангига солган тартибим.
Наҳот, ундан бўлак топингувчим йўқ?
Ўзга ганжим, ўзга мулким – Ғарибим!

Бешак интиҳога етар лошим ҳам,
Киргай қабатимга бу сўқир қавм.
Тўлғонар шоҳ Доро қабрим бошида,
Мурдамга кафанлик бичар Фиръавн.

На фалак йиртилар, руҳим – фазогир,
на лойим аслимга қорар Сарандўз.
Кун келар, сен эмас ташна Азозил,
фақат сўз ўлдирар
мени,
фақат Сўз!

02She’rni aynan birgina qiyos bilan cheklay olmayman. Holatdan kelib chiqib ayrim ichki his-tuyg’ularga tutilagan ko’zguni she’rga o’xshataman, masalan xayol, iztirob, sog’inch, ba’zida isyonning so’zdagi shakliga. Yana she’r – bu shoirning asl ko’rinishi, hamma niqoblardan holi olami, she’r – shoirning Vatani. U faqat she’rda nafas oladi, she’r ichida yashaydi holos.(Yosh shoir bilan suhbatdan).

Muhammad Siddiq
YANGI SHE’RLAR


Muhammad Siddiq 2000-yil Farg’ona viloyati Toshloq tumanida tug’ilgan. “Respublika yosh ijodkorlar forumi”, “Zomin seminari”, “Samarqand she’r oqshomlari” kabi anjumanlar ishtirokchisi. Ijod namunalari respublika matbuotlarida e’lon qilinib kelinmoqda.


TAZARRU

Izn ber, loaqal ketmoqqa hushdan,
Manzilim ayonki yo’lim bitishsin.
Ruhimni uzlatda boqqan bu qushdan
qanot so’rasam ham qanoat tushsin.

To keta ketguncha tilimga botgan
yo ko’zim sathida muzayyan qotgan –
So’zimga to’zim ber,
tongni uyg’otgan
tomchidek kaftimga halovat tushsin.

Sokin tug’larimni hilpiratsin vaqt
va so’ngaklarimni yoqsin tun – go’lax.
Ichimda sulh tuzgan ikki valiahd
o’rtasiga takror adovat tushsin…

Toki ohlarimdan qalqsin tashqari,
Yo’latma, ayo Haq, o’zdan boshqani!
Meni sendan o’zga tursa boshqarib,
hukm et,
dunyoga
qiyomat tushsin!

* * *

Qara, johil chiqdi shayhim deganing,
Shoirim deganing – battol, badkirdor.
Bolam keltirgan, deb halvo yeganing
Podshohlar poyida toptalgan – murdor!

Ayozning qo’llari sochingga tekkan,
Bahorning barmog’i yetmas kissangga.
Beg’am o’g’lingga boq,
Sen sori ketgan –
Ajalning izlarin qilmas pisanda!

Yetar, bas! Orziqib kutganing bekor!
Kelsa ham eltmagay baxtning ko’shkiga,
U parvoz qilmoqda – yuksak, telbavor,
O’tkinchi yel kabi she’rning ishqida.

Ne bor arzigulik allang satriga,
Qani, siyoh yutgan dunyoning gashti?
Menmi, ayt,
Kun kelib, hatto qabringga
Bir tup gul qo’ymoqqa qolmagan shashti?!

Ona, nomard chiqdi alpim deganing,
Shoirim deganing – so’z yuqmas nolang.
Sog’ingan mahaling, topsin deb taskin,
Men o’sha she’r yozib ovungan bolang…

* * *

Holimga qayg’urib boqmang,
so’ramang –
qay bir kunjagimda ulg’ayar og’riq!
Bugun qaysi shaklim bo’zlar, ho’rlanar?
Kelmang iztirobdan etmoqqa forig’.

Qo’zg’almang daf’atan,
bu o’rningizni
sovitib qo’ymasdan o’ltiring darhol!
Dohiy hislatingiz va qurbingizni
anglamay yashashim kelmasin malol.

Cuyagimni sukut kemirgan palla,
bilagimga zanjir chang solgan mahal –
Siz shaffof osmonni kuylang baralla,
lat yegan qushlarga tayyorlang malham!

Tegramda kuyunib ko’ngil so’ramang,
Boring, xabar oling avom holidan!
Bugun qay bir singlim ho’ngrar, zo’rlanar,
kimlarga ko’z yoshin to’kar volidam?

Qancha fursat darkor,
ko’rib tadorik –
tosh bitiklar aro bo’lmoqqa manzur?
Siz – davri o’tyotgan so’qir mashoyix,
Nahot, men davrini kutyotgan manqurt?!

* * *

Horg’in nafasimda – totlig’ sabolar,
Ilohiy mujdalar bordir yodimda
Va tegramda mayin ohangrabolar,
Bir mahin yog’ish bor zuhurotimda.

Tovonim kesadir har so’qmoq – nafis,
Izg’iyman moziyning doirasida…
Va men-la xazonlar borar izma-iz,
Yashil lavhalarning xotirasida.

Daryolarga bordim!
Sig’may kaftingga,
Naqshin o’zanlarga sira yolchimay.
Tashnaman – lahzalik najib taftingga,
Soyangni qo’msagan qonto’sh tomchiman.

Poyingga to’kilmoq istayman hargiz,
Asrayman yoshimning tiniqlarini.
So’qir ko’zlarimga sanchaman hanuz,
Nafsimning bahaybat siniqlarini.

Ruhimda adashgan totlig’ urvoqdek –
Ohangga talpindim har nafasimda.
Tuproqqa belandim…
Qilgin tuproqlik!
Halos et
Zarralar
Iskanjasidan…

* * *

Qushlar sayramoqda,
daryolar – toshqin,
men nechun tilimni tishladim – jimman?
Senga yetishmoqqa bunchalar shoshdim,
Ayt, Sening rostliging oldida kimman?!

Nechun buncha o’chman,
talpinaman, dod!
Dahri dun mastligin izlab qadahdan?
Nahot, bir ko’ngilni etolmay obod
jannatingga kirib boraman shahdam?!

Nogoh borlig’imni chulg’amish hadik,
qo’rqmay yashayapman,
axir, o’limdan.
Badbin ta’qiqlarga takror boqib tik
qiyomatni kutib yotgan qulingman!

Shavqat so’ramadim –
kechdim bu jondan!
Sulaymon qahriga kelgandekman duch.
Rivoyatlar tinglab Shayhi San’ondan
vaslingni ko’rmoqqa yig’ganmidim kuch?

Bu ne xilqat edi?
Ishq tutgan malak
bergan iztirobdan topmasam panoh!
Bandang shuncha azob bersa, ne qilay
Sening g’azabingga yo’liqsam, Alloh?!

* * *

Qarog’ingda necha telba xuni bor,
Necha halloj bo’ynin chopdi qabog’ing?
Endi izg’irinda qaysi jununvor
erkalar sochlaring, silar saqog’ing?

Nechun egning yupun,
yuzlaring tarang?
Belingda to’lg’onar yaxlagan bargak.
Endi yod etarmi, husningga qarab
nurlarin Uvaysga yo’llagan Barhaq?

Kuzgi iforlardan ozgandek hushing,
qalbingni o’rtamas harorat – anduh.
Kaftingda qanoti kesilgan qushning
chinqiriqlarini eshitmaydi Nuh!

Hech kimsa muzlagan volangga boqmas,
Axir, sendan ketdi o’ksib ishq – imon.
Endi vujudingni o’tli ushshoqmas,
quchog’iga olar
qashshoq
qahraton.

* * *

Umidim ko’p edi,
axir,
bu kuzdan,
Tunda vidolashmay ketdi noyabrь –
menga siniq nigoh tashlagan qizday,
unsiz so’zlarimga qazdirib qabr.

Ketdi, quloq tutmay sanolarimga,
Bir lahza Junundan chekinmagandim.
Men hatto, suqlanib qanotlariga
ozor bermagandim, teginmagandim!

Qani xazonlarim – hurkak barglarim?
Daraxtlarga bitgan xatlarim qani?!
Yelkangga botgandek og’ir dardlarim,
haddim sig’armidi Sen-la ketgani?

Quchog’imga kirdi murdadek ayoz,
yulduzlar ruhini chizib havoga.
Ko’zlaringga cho’g’dek ko’ringan Hamroz
tashrifingni kutar qaysi ma’voda?..

Bu falak sindirgan qovurg’asidan
yog’ilar ukparga do’ngan qon – abrь.
Men hali to’kilib ulgurmasimdan,
Seni – kuzni olib
ketdi
noyabrь.

* * *

Tilimni kuydirsa kechmishim rasmi
va pargola etsa ko’nglimni qasam,
qancha avaylamay –
ozor yetmasmi,
Joning og’rimasmi, sevsam, azizam?

Qoshingga bormasam –
o’zimdan asrab,
qizg’onib ketmasam soyangdan nari.
Behol gard yuqmasmi kipriging uzra,
Ko’zlaringni o’ylab chiqsam tunlari?

Kelarmi, labingga tabassum taqib,
bir zum bu qafasdan etguvchi halos?
Senga baxt berguvchi –
men kimman, axir?
Almisoqdan qolgan roviyman holos.

Mudom anduhlardan ortmas so’zlugim,
Kuch ber, g’amlaringdan forig’ etgani.
Bu yorug’ olamga, qora ko’zligim,
netay, kelgan bo’lsam
Seni sevgani?

* * *

Ortiq yashamoqqa yetmarmi kuchim?
O’lim ham choradek ko’rinmas gohi.
Aytgil, meni qaysi gunohim uchun
dunyoga badarg’a etding, Ilohi?

Uzlat najot emas ozod bo’lmoq-chun,
qanot yozmoq uchun osmon ham tordir.
Nuringdan bebahra yaratilgan qul
Iblisning shakliga qadar iqrordir.

To’rt taraf –
zulumot –
ta’qiq –
zindon –
qulf
va bulg’anib borar kenglik – tashqari.
Nayson iforlarin keltirgan Yusuf
tan olmas, Zulayho – nafsdan boshqani!

Balki meni asrab kelgan shu hujra,
balki avaylagan, bezavol suygan?!
Lek vaslingga yetmoq ilinji ichra
Dajjolning yo’liga intiq osiyman!

Ildizimda jilva aylar –
nabotot –
tuproq –
ruhimgacha qadim ishva – so’z.
So’ng borliq tubidan bo’ylagan sabot –
ko’zlarimni so’qir aylagan Afro’z!

Ilohi,
bo’g’zingdan sirg’algan nafas –
umrim – dargohingga sig’magan o’lim,
vujudim – nigohing tushmagan qafas,
aytgil,
Ozodlikka chiqdimi ko’nglim?!

SUBUT

Nahot, anduhlardan senga gul tutdim?
Ey, hulvo istagan kabutarginam.
Necha maloikdan marhamat kutdim,
Mehringdan yuz burib, daryodil Onam?!

Ostonangdan hatlab muzladi ko’nglim,
Kaftingga peshonam tiradim bo’zlab.
Takror huzuringga o’ksinib keldim,
Yana senga arzu holimni so’zlab.

Do’stu ulfatlardan keldi omadim,
Jilmayib baxtimni ko’rmoqqa baham.
Lek sening kulgiching ko’ra olmadim,
Tunlari yop-yorug’ tushlarimda ham.

Yana huzuringga keldim qon yutib,
Poyingga yiqildim – qarog’imda yosh.
Beg’ubor sevgimning qo’lidan tutib,
Olib ketolmadim olislarga bosh!

Toki dargohiga chorlarkan Egam,
Umrbod va’damda turarman albat.
Qara, yashayapdi odamlar beg’am,
Biz kun ko’rayapmiz,
Onajon, faqat…

* * *

Qaysi olamlardan kelar bu ohang?
Ro’yolar parchalar asriy qopqasin.
Tingla,
yomg’irlardan navozish topsang,
hech kim derazangni bexos yopmasin!

Yetmasin moziyning ilki – xunolud,
Qo’lingdan tutmasin nafs bandalari.
Poyingga yiqilmish,
g’azabingni tut,
ishqsiz salaflarning go’yandalari.

Bu kecha saslaring – nafaslik otash,
bir qultum sharobdir sendagi vujud!
Mavlosiz mehroblar qo’yniga beshasht
nechun manglayingdan to’kilar sujud?

Tashqariga chiqma,
yomg’irlar tindi!
Endi qanot yozma, bori shu – shodlik.
Aziyat yetmas hech qafasdan – tundan,
faqat ozor berar senga ozodlik.

Axir, sen – xazonrez kuz og’ushida
yashil liboslarin yechmagan hilol.
Menmi, bu falakning sho’r yog’ishida
bir tomchi yosh so’rab bo’zlagan Bilol?

Qara, olislarda yashnar tiyramoh,
Dargohiga yetmoq mushkul ravoqli.
Netay,
og’ir ekan seni asramoq,
boshimda bor ekan seni sevmoqlik?!

O’TINCh

Sizdan iltimos shu:
Bir lahzaga jim,
So’z qotmay tin bering quvnoq dudoqqa.
Boshimni egmoqqa qo’ysam gar ruju,
Nega g’amginsan deb tutmang so’roqqa.

O’tinaman, titmang dil qatlarini,
Chang solmang taqiqdan kuygan xatomga.
Teginmang,
Zarradek illatlarini
Hislat deb o’ylagan sarhush odamga.

Mayli, o’z holiga qo’ying ayni dam,
Egilgan qaddini ishq tilkalasin.
To’yib sukutlansin,
Axir, aynigan
Kalomlarga to’ldi Yofas o’lkasi.

Chorlamang, suronga yo’qdir toqatim,
Charchoqlarim chiqsin bu jimligimda.
Men haqimda og’iz ochmang sovqotib,
Qiziqmang hechligim, hech kimligimga.

Bekorga qo’zg’atmang mudroq sinchlarni,
Urinmang yaramga qo’ymoqqa malham.
Sizdan iltimos shu:
Bir zum tinchlaning
Va nogoh yo’liqmang g’azabimga ham…

* * *

Ketarkan suvrating o’ngimdan xushbaxt,
lahzalar izmidan chiqdim ustuvor.
Soyangga evrildim –
aylandim qushga,
poyingga surinib kuyladim takror.

Kelarkan nafasing –
ohangga to’ldim,
muanbar iforga qovushdim – sharaf!
Chorasiz uzlatdan ko’rindi yo’lim
va yorug’ qismatga bo’ldim musharraf.

Bari go’zal edi, na-da borliq keng!
Kuzatdim, to’kilib yo’lsiz irmoqqa.
Nahot, Sendan kechmoq…
o’lim bilan teng?
Jazm etgil, qaytmoqqa – tiriltirmoqqa.

* * *

O’zni olib qochay qaysi tomonga?
Ezgin tonglarimda yomg’irlar tindi.
Bahorning etagin yirtgan shamollar,
uning badaniga teginmang endi!

Qayerga yashiray va kimlar quvlab
ortidan kelaru jim yulqib ketar?
Gulning iforiga to’ygan dovullar,
yashil yaprog’iga chang solmang, yetar!

Loaqal pok yotsin baytul-hazanda,
Uchsa — osmon kengdir,
qo’nsa — dunyo zich.
Nozik qo’llaridan tutgan nasimlar,
endi ol labidan tilanmang o’pich!

Axir, olib boray qaysi ma’vo(y)ga
va qaysi sahroga ko’may jununvor?
Ey, toza qonini ichgan saroylar,
tuyg’ularin xo’rlab bo’lmang buzrukvor!

Nahot bu uzlatdan chiqardim bir sas,
Yolborgum sukunat ichindan boqib —
O, endi xazonga aylandimi, bas!
Hechqursa toptamang,
yuboring yoqib…

* * *

Mana, shu holimcha ulkan bardoshman,
kulim ham qolmagan ortiq yonmoqqa.
Bir bor o’lmoq kammi birgina boshga?
Lomakon qoldimi faqat qo’nmoqqa?!

Yoki manzilidan adashgan qushga
bekor va’z o’qimoq falak burjidan.
Hayronman, men qaysi ko’z-la boqishga
ichimda keksaygan Odam burchiga.

Qarayman endi qay yuz bilan – ayon!
Garchi borliq so’zu Yordan qismadi,
qaysi vijdon bilan etaman bayon
qarshimda turgan yosh shoir qismatin?

Mana, shu holimcha – devona duldul
va Iblis qonida qaynagan she’rmi?
Yusuf qudug’iga mixlangan bulbul,
Sulaymon taxtida o’tirgan devmi?

Men! –
Nafsin yengmagan bir motamsaro,
Intiho sharpasin xayol suraman!
Keksaygan shoir va yosh odam aro
jon talashib yotgan tirik murdaman.

* * *

Daryolar to’lqini iziga qaytdi,
Axiyri qo’zg’oldi qadim daxmalar.
Ketgan — ketdi,
qolgan — qo’shig’in aytdi,
yana bo’lsa bordir sulloh laqmalar!

Sindi egik boshni uzgan har qilich,
asovlar bo’yniga tegib-tegmasdan.
Yana yo’q bo’lmadi birorta yulg’ich
va moyli barmog’in yalovchi kaslar.

Ko’kda otilmagan qushlar uchmoqda!
Hanuz kesilmagan qanotlar — ozod,
bir bog’ bo’lmasa-da —
nogoh quchmoqqa,
daraxt chiqmasa ham qo’nmoqqa oson.

Na darkor,
g’am chekmoq behuda g’oyat?!
Eng so’nggi hukmni Tangri aytadir.
Samumlar ko’z ochdi, mana, nihoyat,
O’truklar qoldi-ku, axir, qaydadir!

Irmoqlar ummonga ketdi qo’shilib,
Yitdi o’zanlarni to’sgan daxmalar
va hamon aytarlar mangu qo’shig’in,
Biroq,
yo’q bo’lmadi
o’sha laqmalar!

* * *

Qahraton qo’ynida
chilla saqlashga
sharpalar tutoqib chiqdi o’yimdan.
Men harchand o’rinmay o’zni oqlashga,
muqarrar – gunohim tushmas bo’ynimdan.

Hali boshim uzra tarqamas tuman,
tovonim tilsa-da yashil maysalar.
Ayni dam
to’kilib yig’lamoqchiman…
Daraxtlar qonimni ichib to’ysalar!

Qaniydi,
xumordan chiqsam, bexato
mushtimni duch kelgan devorga ursam.
Ko’zimni ochsamu bo’lsayding paydo,
Barini unutsam – bir Seni ko’rsam.

* * *

Panjara shaklidan
metin irodam –
yuzarki, bu uyqu ichindan Haddim.
Ruhimni siquvga olar ziroat,
harchand parchalashga yetar qudratim!

Aylanar
boshimda daqiq erkinlik,
Aylanar tabassum botqog’iga mung.
Umr nima,
O’lim?
Qayga berkitdik,
Qani, yashalishi zarur bo’lgan Kun?!

* * *

Bilsang, bu tun faqat senga tegishli,
Bog’lab qo’yishmagan,
U bilan yuzlash!
Bu tunda shart emas bo’yin egishing,
majburiy emasdir shivirlab so’zlash.

Chakki o’tsa hamki uning tomidan,
siniq darchasidan kirsa-da sovuq,
g’ashga tegmas,
tortib ketmas domiga –
tupuklar sachragan achqimtir huquq.

Oyning shu’lasiga bir lahza boqib,
yulduzlarni topsang qora tutunda!
Xohlasang,
tonggacha chiroqni yoqib,
O’limni kutsang ham arzir bu tunda…

QARAM

Eng so’nggi hukmingni fath etgan kabi,
Bu olam izmingdan chiqmagay ortiq.
Baribir o’zgarmas qulning matlabi,
Bir quchoq ozodlik etsang ham tortiq.

Men hamon ko’yingda o’lmoqqa shayman,
Tutsang bas, vujudga sig’magan ishqni.
Birgina g’amzangga alishmagayman,
Tuhfa etsang hamki qirq parivashni.

Qanotim sindirar bu ko’kda uchish,
Boqmasman qushlarning arazlariga.
May yuqi anqigan kishanni quchib,
Ayqirib kiraman qafaslaringga…

* * *

Ruhimni paypaslab qarayman behush,
O’zimga tusmollab boqaman butkul.
Na do’stga yolchidim – nafasi xudkush,
Na jo’mard g’animga yo’liqdim bu kun.

Endi bu borliqqa begonadayman,
Xotiramdan o’char o’tmish domlari.
Suluv sochlaringdek silab-tarayman –
O’lim torlari-yu
Haqqush dorlarin.

Hanuz totli faryod – lazzat tilimda,
Ko’zlaringda balqib turar mung – taqiq.
Hamon ta’qib etar o’ngu-so’limda
Ozod etmoq uchun tig’ qayrab Rafiq…

Va borgum qismatning nag’masi jonib,
Vujudim huvillar bo’shliq qo’ynida.
Zora qurbonlikka arzisa jonim,
Yaratgan qo’lida,
Sening ko’yingda!

* * *

Behad qonga botdim…
tushmay hovurdan,
bearmon rang berdim quyuq shafaqqa.
Qancha asrlarni yelga sovurdim,
Sensiz lahzalarning boshin chavaqlab?!

Shivirlab sabuhga qo’shiq aytdim men,
nur elab yaxlagan anduhlarimga.
Necha bor tig’ urdim,
o’ksib qaytadan,
Sensiz kunlarimning chandiqlariga?

Entikdim qushlarning sho’xchan nazmida,
charchadim ta’magir oh-u vohlardan.
Behol bosh ko’tardim,
Azal izmida,
ovozing kelmagan qiblagohlardan!

Ayt, kimga suyanding,
yurak hovuchlab
har gal peshvoz chiqding tong yoqasidan?
Va kimni kuzatding siniq kulgich-la,
mensiz bu kunlaring ostonasidan?!

TUSh

Og’ajon! Yodimda boshimni silab,
asta qo’zg’otganing meni uyqudan.
Inim, deb
qaddingni tutganing baland,
mag’rur alqaganing ketdi behuda.

Shahar ko’tarolmas dolg’alarimni,
tetapoya qilmas tund ko’chalarda.
Sen kabi opichlab bolaligimni,
lunjimni to’ldirmas dovuchchalarga.

Qonim qovushmadi senga, netayin?
Tog’lar savlatidan qo’rqib cho’kaman!
Onamning paxtaga to’lgan etagin
ko’tara olmagan g’arib ukangman!

Qishloqni tark etdi, lablari titrab,
suygan suluvlaring – ko’zlarida nam.
Sen ketgach ismingni takror shivirlab,
tuproqqa qorishdi xasta buvim ham…

Toshkentning noniga o’tmas hech tishim,
rizqingni qo’shqo’llab bermas Moskva.
Sog’indim sen bilan yilqi boqishni,
Farg’ona dashtida, ko’klam faslida!

Shahd turib qaddimni tutardim baland,
yelkangni tutsangu yana tong otsa!
Og’ajon! Ohista boshimni silab,
qaniydi, shu tongda meni uyg’otsang…

* * *

Benasib etmasmi Haq muruvvatdan,
Endi bu dayr ichra ofat kelmasmi?
Menga rahm etmasmi,
g’addor furqatda
Ko’zlaringdan topsam Nuhning kemasin?!

Garchi unutmoqlik dushvor kechmishni,
garchi Jabbor tavqin yo’nar ko’r qismat.
O’rgatmish tah-batah jondan kechishni
nigohing tubida balqigan vuslat.

Avaylab tushlaring ohorin holsiz,
suvrating qizg’onib ushshoqlaringdan –
Sochlaringni o’rib o’ltirar Bilqis,
payg’omlar kutgancha dudoqlaringdan…

Muanbar yoding-la yashamoq – panoh,
beshak ilinjimga xukm muqarrar.
Sening borligingni,
Sevgilim, valloh,
his etmoq, anglamoq baxtdir naqadar!

* * *

Jondan kechsa bo’lar
bu kuz kechasi,
Tuynukdan termular sarhush Azozil.
Yo’lingga ko’z tikib turar nechasi,
poyingga yiqilmish necha manozil.

Nayqamish bo’g’zini yirtgan qalandar
navosi borlig’im band etar shodmon.
Mahkumman – to boshdan tovonim qadar
Sendan iboratman,
Sen-la barbodman.

Qatlgoh – kaftingda qalqmish so’ngaklar,
nabiylar kalomi bitgan ey, Andom,
tushlarim ichinda,
Haqdan sen haqda
g’ilmonlar chit kiyib kutmish armug’on.

Bu uzlat to’lg’onib sochlaring aro,
Tubo barglariga to’lmish darchasi.
Iso nafasiga ishonib takror,
jondan kechsa bo’lar
bu kuz kechasi…

BALOG’AT

Bir paytlar men ham sho’x bolakay edim,
Ko’zimga inmagan edi dil gardi.
Javzoda soyasi silardi etim,
Hovlimizda bir tup xurmo bo’lardi.

Qishdan omon chiqar edik, qorin to’q,
Onam qoqi qilar edi mevasin.
Tamshanib qo’yardi, chehrasi siniq –
Qo’shni juvonlarning kelib havasi.

Devordan ko’rinsa serpusht shoxlari,
Yo’q edi suqlanib o’tmagan odam.
Oxur bo’shamasdi bahor shomlari,
Bo’liq barglarida boqardim poda.

So’rida qushlardan qo’rib yotardim,
Yoz bo’yi kovshanib zog’ora chalpak.
Xomligida uzib, tishlab otardim,
So’ng tunda otamdan yer edim kaltak.

Akam tomorqaga mudrab suv tarar,
Dahanasin buzgan shumlarni quvib.
Hosili mo’l bo’lsin, deya har sahar
Namoz o’qir edi pajmurda buvim.

Bir paytlar men ham sho’x edim, bolakay!
Sen kabi beg’ubor edi ko’zlarim.
Qo’ynimga kiritdim, qizdek quralay –
O’n to’qqiz bahorning qancha kuzlarin?

Bugun xayolimni band etdi bo’shliq,
Kechagi kunlarim tushga aylandi.
Yuragimni o’sha daraxtga qo’shib
Chopdim, qo’llarim ham qonga belandi!

Men endi yolg’on va’z o’qib netarman,
Netar, chin lutf ila tilimni yorsam?
Bu ta’msiz balog’at shaklin yitarman,
Qachondir qishloqqa yanglishib borsam!

* * *

Qachon bu so’qmoqqa yanglishib keldim,
Qachonlardan beri
yo’lim – notugal?
Chorla,
olislarda qolgan Mursalim,
Olib bor, o’tmishning mardud yodiga!

Jonim o’rtandimi ishq karvonida?
Buncha jabr etmasa
ro’yolar raqsi!
Siniq qobirg’amning tanovorida
bormikan,
Jobirning otash nafasi?!

Qayga uzanmasin –
ilkim qaltirar,
Har bosgan izimga to’kilar titroq.
Ko’zimda Qobilning nafsi yaltirar,
Ko’nglimda – Hobildan to’ralgan ingroq.

Qachon bu dayr aro tentirab keldim,
Qachonlardan beri yo’lsiz bu vujud?
Kel endi,
mast-alast ulusga eltgin,
Uchgin ey, qanoti qayrilgan Hudhud…

* * *

Izlayman tuproqdek zarrama-zarra,
Jismimni parchalab kiraman jo’shqin.
Chuqurroq sho’ng’iyman – cheksiz hujayram,
Soyalar nahrida qotaman – bo’shliq.

Hali ham izlayman,
Odam yetmagan
Fasllar tug’ini tutib shiddatkor.
Hatto daqiqani yanchib o’taman,
So’ng lahza kunjida tentiyman abgor.

Va Seni izlayman!
Manzilga yetmam,
Suvsagan barg kabi mehringdan judo.
Nahot, men – jimgina kelishing kutmay
Bir umr yashashga mahkum mavjudot?..

* * *

Tushun, ovozingni tinglab to’lg’onmoq
Garchi kelmas menga kechalar malol.
Bu majruh hislarni unutmoq, tonmoq —
Taqiqdan yuz burib ketmoqdek mahol.

Axir, oson emas menga ham tongda
Cho’chib nafasingdan uyg’onmoq — qochmoq
Va nogoh qarog’ing to’lganda qonga
Dushvordir kaftimni duoga ochmoq…

Va yana fasllar xotirasida
Rasmingni muhrlab qora varaqqa,
Osonmas, gung umrim xotimasida
Sendan avval o’lib yetishmoq Haqqa!

Vodarig’, labingga do’ngan titroqni
Yellardan qizg’onib bahorga bermoq —
Nigohingga botgan ming bir so’roqni
Mushkuldur toabad bezabon termoq.

Kel, dunyodan bezib anglaganim chin,
Qancha bo’ylamayin osmonim pastdir.
Bilaman, senga ham
Tangri va mening
O’rtamizda turmoq oson emasdir…

* * *

So’zlarim tilimda uvishgan oni,
Na der, bu qovushgan qirmiz dudog’ing?
Na-da borligicha anglab dunyoni
ketmoqqa qurbimiz yetmagay chog’i.

Duch kelgan nasimlar iforini to’s!
Ne mujda kelar ishq salaflaridan?
So’yla kechmishingni,
ne gap, ayo Do’st,
Osmon taraflarda — “Oh” taraflarda?

Bu kemtik olamni, ayt, kim to’ldirar,
Tinglagin, aytayin qay ertaklarni?
Bahorga yetmasdan xazon bo’ldilar
ming yil asrab kelgan moychechaklarim!

Ming bitta nag’mada tuslanar aslim,
Menmi — nayqamishga do’ngan bozingar.
Netarsan, poyingda tuproqning hasmi
tubo qatlariga baytlar yozg’irsa?

Na-da rost, naylayin kelmasa bir so’z,
sarxush sanamlardan, mast xalaflardan?
So’yla kechmishingni,
ne gap, ayo Do’st,
Ko’ngil taraflarda — Haq taraflarda?!

* * *

Hammasi eskirgan – devor, surat, xat…
Xotira qatida chirik tabiat.

So’zga burkanmagan osmon – charxfalak,
Hamon bo’shamagan siyohdon – yurak.

Suvlar oqib bo’lgan – tingan dahmasi,
Baliqlar bo’g’zida qotgan luqmasi.

Kurtaklar chiqqanu metin qobiqdan,
Daraxtlar sumbati titrar sovuqdan…

Lek umid ta’midan qismagan Tangri –
Faqat o’zgarmagan muhabbat rangi!

* * *
Xo’jayorga

Chayir bilagingni tark etmasdan kuch,
Yelkangni tut, jo’ra! Men holdan toydim!
Bo’y qizlar hech qursa bermadi o’pich,
Otlan, dalamizga eltar bu foytun!

Bizni intiq kutgan faqat shu yo’ldir,
Boqma tannozlarning oh-vohlariga.
Sipqoray, kosamni qimizga to’ldir,
Bedarvoza qishloq choshgohlarida.

Qo’l silta, Chorsuning bekatlariga,
Kaftingdan to’kilsin sonsiz qabariq.
Tupur, shoirlarning dastxatlariga,
Ortingdan pishqirib qolsin Damariq!

Har kecha mehr-la yozar qulochin
Garchi ustod Odil Ikrom kulbasi.
Bilsam, rizqim ekan daydilik, ochlik,
Bug’zimga tiqildi onam luqmasi…

Daholik yarashmas bizga, na shuhrat,
Mayli, do’stlarimiz oqlasin burchin –
Mirzohid bor, yana Shahriyor Shavkat,
Qurbon bo’lsa arzir qirqta Oybarchin!

Binolarga ovoz qayrama bekor,
Jimgina tuproqda otaylik tomir.
Sayoq darbadarga shaharda ne bor?
Ana, yetib ortar darvesh Jontemir!

Bobom ulfat kutib suzar musallas,
Buvimdan so’ng kechib bo’m-bo’sh dunyodan.
Yur, suruv boqamiz Farg’onada mast,
Yo qo’nim topamiz Qashqadaryodan.

Chayir bilagingda sovimasdan musht,
Ko’ksimga ur, jo’ra! Ming pora jonman!
Sen jo’mard, el sari ketgan Alpomish,
Men yo’ling tutmagan g’o’r Qorajonman.

* * *

Yana yomg’ir…
Yana musiqa,
Olislarda shamollar daydir.
Yana xazonlarning ustiga
yiqiladi ko’z yoshing: –
“Qaytar!
Shu yomg’irga qo’shib qaytib ber,
Yana menga qo’shiq aytib ber!”
Nechun bizni aldar bu kecha?
Bahor va’da qilib tonggacha
umidlarga qaziydi qabr!

Yana yomg’ir…
Yana sensizlik –
ko’zlarimga botar chuqurroq!
Pok sevgimga maysalar guvoh,
O’t-olovlik, quvlik, yolg’izlik…
Bari guvoh!
Nahot senga bergandim ozor,
Qilganmidim yanglishib gunoh?

Yana yomg’ir…
Yo’llar sirpanchiq,
Masofaning umri beadad.
Sendan qolgan xotiram – achchiq!
Garchi eshik qulfsiz,
deraza ochiq,
Tashqarida ko’rinmas soyang,
Tashqarida bordir na madad,
na yomg’irpo’sh, na-da himoya!

Yana yomg’ir…
Sen borsan, tamom!
Qo’ynim to’la kadar gullari
va tilimda eski maktublar
va dilimda ko’hna muhabbat –
qanotlari kesilgan hamon!
Keltirmagay senga parvoz – baxt…
Lek baribir kelasan qaytib,
yana menga qo’shiqlar aytib!
Yiqiladi ko’nglim ustiga
yana horg’in suvrating daydib.
Shivirlayman qo’lingdan tutib,
va o’zimni –
Seni unutib:

“Yana bahor!
Yana musiqa…”

* * *

Ortingdan suqlanib kelar necha tong,
Qarshingdan necha shom chiqadir xezlab?
Poyingdan qoraymish kechalring – qon,
Tepangdan oy ma’yus o’tarmish bo’zlab.

Hali ortda qolar billur qahraton,
Yonadir qor bosgan yurak torlaring.
O’tgin yanglish kelgan yo’llar bahridan,
Yulqib ot,
Bo’yningdan nafsning morlarin.

Rahm etma, Rahmondan kelguncha fatvo,
Qiyna titroq bosgan tizlarni bedil.
Ko’ksimni nimtala, ko’zimni hatto,
O’yib ol!
Ey, siymin badanim – Qotil!

Kuyinma, paymonang ilinjga to’lsa,
Senga davo tilab ketmasam hayqir!
Shafqat nima bilma,
O’rtanma o’lsam,
Men ham qurbonlikka kelganman, axir.

* * *

Saf tortay
bu xilvat ostonasida,
Endi shu hujrada qolay to abad.
Qo’l siltab Jamshidning xosxonasiga,
Faqat Sendan topay mangu halovat.
Azal sukunatda qotay –
noravo,
Toshga bitilmasin nutqu irodam.
Ruhimdan to’kilsin asriy kahrabo,
Havvoning ko’ziga boqqandek Odam.
Shunday qafas berki, o’ngu tushimda
Ko’zimga chuqqurroq botsin bu qullik.
Bir do’st yo’llagilki,
suluv qoshida
Jonimni qo’shqo’llab nisor qilgulik!
To’zim ber, shovqinu surondan holi,
Uyg’onmay kurashdan charchab musallam.
Kadar ber,
hattoki soyasin olib
Xizrning poyiga borib tuzalmay!
O’sha kun bag’rimga bosib o’limni,
Yig’lay, to uchguncha ichimdagi murg’.
Bir parvoz yuborgin,
tashna dilimni
Ko’zasiga solib chayqasin Semurg’…

* * *

Tobuting ustida yig’laydi bu xalq,
Tiriklik mayidan qonib ichar el.
Ozod ruhing ko’kka chorlaganda Haq,
bo’m-bo’sh vujudingni alqab quchar el.

G’amgin nigohlaring qolar xotirda,
alamli ovozing yangaraganday sho’x.
Hech kim jur’at qilmas –
ortingdan birga
ketmoqlik sharafdek ko’rinmaydi, yo’q!

Azaldan shu hayot –
yashamoq – abas!
Ajab, sendan so’ng ham shu etar davom.
O’lmasang, joningni qiynab charchamas,
O’lsang, bir oh chekib qo’yar bu avom.

* * *

Nafsdan holi,
qabrgacha to –
o’ltiribman, tubda zabarday.
Bor asrordan qilgancha hitob
panjalarim qisar Zulqarnay.

Varoqlayman tamug’ – daftarim,
Koshki topsam bir cho’g’ kuygani.
Manglayiga tirkab kaftlarin
qayga chorlar Nasimiy mani?

Yo azaldan marhamatli Xon
tinglamasmi qullar nidosin?
Yo Qaraniy kiftimga behol
tashlab ketgan juldur ridosin.

Yoki Havvo boshimni silar,
Bu ravishda to’lama deb boj.
Balki tilim qaro tug’ bilan
bog’lab ketgan og’ochga Halloj.

Hayot – safar, beozor zolim,
Har qadamim sun’iy iloh – bud.
Vaqtdan olis,
dunyodan holi
o’ltiribman, tevarak – tobut.

Bir yonga So’z, yarmiga, Rabbiy,
loshimni qo’y – singay tarozi!
tomog’imda bo’zlar Mashrabning
aylanmagan qushga ovozi.

Qayda sirtmoq – porloq qazoyim?
Axir, bordir o’shal ol fursat.
O’tab bo’ldim men-da jazoyim,
Qani, endi
taqiqni ko’rsat!

* * *

Sendan qolgan jarohatlarim
o’rtamasin tubsiz ko’ksimni,
bitsin deya so’ngsiz xatlarim,
tutib berdim tongga o’zimni.

Ko’zlarimga adoqsiz bu yo’l
zuluk kabi chippa yopishdi.
Kimsa yetib bormagan ko’ngil
va mening ham izmimga tushdi.

Yetib borsam…
zora manzilim
shul’asidan bo’lsam yakpora!
Kalimaga kelmasa tilim –
Nur(l)ab ketsa ruhi davvoram.

Qolmasaydi hech zog’ sahnada,
Kuylab o’tsam azal bayotin.
Xizr suvin ichmay,
lahzada
yashab qo’ysam mangu hayotni!

Qachondir yuz bergan bu kechmish,
Yaralgandi qanot-la qulun.
Ayt, boshimdan bexos kim yechmish –
kiyganmidim ro’yodan tulum?

Qalqib chiqdim tundan,
his etib –
ko’rmasimdan, Jabbor, yuzingni!
Tizzamgacha qonimga botib,
tutib berdim tongga o’zingni.

* * *

Garchi yo’l boshida turibman ilhaq,
Eski chorig’imni yechmoqqa qodir.
Meni nomi ila chorlovchi mutlaq –
qachonlardan beri kutganim bordir!

Nish urar tomirim aro oniy cho’g’ –
so’zlar ohangiga solgan tartibim.
Nahot, undan bo’lak topinguvchim yo’q?
O’zga ganjim, o’zga mulkim – G’aribim!

Beshak intihoga yetar loshim ham,
Kirgay qabatimga bu so’qir qavm.
To’lg’onar shoh Doro qabrim boshida,
Murdamga kafanlik bichar Fir’avn.

Na falak yirtilar, ruhim – fazogir,
na loyim aslimga qorar Sarando’z.
Kun kelar, sen emas tashna Azozil,
faqat so’z o’ldirar
meni,
faqat So’z!

031

(Tashriflar: umumiy 571, bugungi 1)

2 izoh

  1. Shoir ukamizni ijodlariga omad tilayman!
    Yoshlarni Qo’llab quvvatlagan ustoz Hurshid Davronga ham tashakkur!

Izoh qoldiring