Фарғонанинг қорача шоири, сени биринчи кўриб, машқларингни тинглаганимда қанчалик тез унутишни истаган бўлсам, мана, қуйидаги шеърларинг сабаб хотирамга ўчмас бўлиб муҳрландинг. Ҳурмат билан Жонтемир (Давоми мана бу ерда).
Муҳаммад Сиддиқ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
Муҳаммад Сиддиқ 2000-йил Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган. “Республика ёш ижодкорлар форуми”, “Зомин семинари”, “Самарқанд шеър оқшомлари” каби анжуманлар иштирокчиси. Ижод намуналари республика матбуотларида эълон қилиниб келинмоқда.
* * *
Кел, бугунни яшайлик бирга,
Мунчоқкўзим, сийимтан дилбар!
Токи чуқур ботсин хотирга –
Бизлар бирга бўлган бугунлар.
Эрта нима – режада ҳам йўқ,
Кеча бахтсиз эдик бир қадар.
Бугун бизлар – икк айро йўл,
Жисмимизни фироқ сипқорар.
Ўлтирибман тун қучоғида,
Сенга қондил номалар битиб.
Сенсиз ўтган бераҳм йиллар
Ўтмишимни борар чангитиб…
Хаёлимда – тилла кўшкларда
Ўпмоқдаман қошу кўзингдан!
Ва тозариб ғассол ашкларда,
Кечмоқдаман буткул ўзимдан.
Соғинмоқ ҳам гўзал неъматдир,
Шу тарз ўтар баҳарнав умр –
Чизмоқ учун саҳар суратин
Кечалардан тераман сатр…
Кел, бугунни яшайлик бирга,
Мунчоқкўзим, сийимтан дилбар!
Токи чуқур ботсин хотирга –
Бизлар бирга бўлган бугунлар.
* * *
Мусофирлик, мендан не фойда?
Едим тўйиб нону ошингни.
На-да водий, энди на пойтахт
Болам дея силар бошимни.
О, болдирим қабартган таёқ,
Қолди беҳи ҳивичлар қайда?
Киндигимни кесганда Тошлоқ
Билганмикан келганин дайди…
Қайда зумрад узумбоғ ичра
Қизлар – кийиб юрган хонатлас?
Кўзларимга чўккан доғларча
Йиллар пишиб бўлди мусаллас.
Ўзимга-да сиғмасман минбаъд,
Дуч келганда маъюс хотирот.
У пайт бурним остидаги бахт
Кўринганди йироқдан йироқ.
Гоҳ хаёлан саҳарда туриб,
Қўй боқаман қиру адирда.
Бувигинам тушимга кириб
Пахта чувир, гоҳ қавир кўрпа.
Ҳамқишлоқлар – таниш чеҳралар,
Унутганман лек исмларин.
Юрагимдан бурқсиб таралар
Ғўр умримнинг куюк ислари.
Борми, бунда бола қалбимга
Лоақал бир таскин – суҳбатдош?
Чўк тушганча ариқ лабига,
Тераклардан сўрайман бардош.
Атиргуллар! Солланиб нигун –
Боқсам, буриб хушбўй яноғин
Ўргатгандек бўлар ҳур, беун
Яшамоқлик илму сабоғин…
Мусофирлик, эй ғариб йўлдош,
Тўкдим қанча ўсмир ёшини?!
На Фарғона, энди на-да Шош
Болам дея силар бошимни.
* * *
Неча йилки, елкам тўрида
Қадамларим пойлаб ўлтирар –
Учиб чиққан юрак қаъридан,
Қонга ботган оппоқ кабутар…
Айни кўкка ўрлар чоғимда
Япроқларим – оғирдан оғир.
Термиламан, осмон тоқидан
Юлдузларим қулармиш бир-бир.
Тингламоққа етмасми дошим,
Қайтарганда тоғлар акс-садо?
Наҳот, энса қотирсам, бошим
Чангаллаб жим ўтар бўлсам, о!
Қани энди, бу ботқоқлардан
Чиқолсайдим тўлғониб бир қур.
Оёқларим узганча ердан,
Булутларни ҳайдасам масрур.
Сўнг ҳайқирсам – аё тоғларим,
Дардингизни келдим олгали,
Пойингизга бош уриб тағин
То ўлгунча сиз-ла қолгани!
Кетар чоғим ёдимга тушиб
Сен-ла ўтган ёруғ хотирам,
Жон берсайдим бир кун, эй қушим,
Кўзларингга боқиб хотиржам.
* * *
Жуда кўп югурдим
Вақтнинг ортидан,
Лек ўта олмадим ундан нарига.
Ахийри бир вужуд жимлигим билан
Кўникдим…
Кўникдим бари-барига!
Бисотимда ҳеч не қолмаган бугун
Хотиротдан бошқа,
Хаёлдан бошқа.
Ҳар кеча
Уйқуга ётишдан бурун
Бошлаб келаману барини бошдан,
Яна уриламан вақт деворига…
Яна қоқиламан,
Фурсат – улкан тош!
Аста қўл соламан дил жавонига,
Мунғайиб ўлтирар ғариб бир қуёш.
Қуёш!
Порла дейман,
Чиққил ташқари!
Халос этгил дейман тун чангалидан,
Қаро тортиб келмиш йўқлик лашкари,
Ёлғизлатиб қўйма қисмат жангида.
Токи елкам узра қайралсин обдон
Ханжардек йилларнинг қайноқ нурлари,
Дийдамни тозалай ғафлату хобдан,
Йўлчи юлдуз топган ошиқ сингари.
Жуда кўп югурдим…
Вақт – ҳукмфармо!
Не кўйга солса-да лаҳзалик умрим,
Умидвор қалбимга
Дуч келмасин то
Сафарим сўнггида шармисор турқим.
* * *
Ким ишонар, бу норғул соя
Қачонлардир бўлган полапон,
Осмоннинг бир буржини суяб
Келган десам кафтдай даладан?
Сўнг одамга дўнгану олис
Уфқлар томон буриб йўлини,
Қанча ғамни ютгану ёлғиз
Тутолмаган бир қиз қўлини…
Етолмаган ишқ, матлабига,
Ким эканин билмаган гумроҳ –
Менман, десам қисмат лавҳига
Сиғмаётган энг улкан жумбоқ!
Ким ишонар, ҳаёт жомида –
Минг йил бўлди ва ё минг аср,
Ки, арвоҳдек изғиб жонимга
Теккан десам бу мутриб қаср?
Нечун туққан пажмурда онам,
Сўраб боқсам, кўзларим бечўғ.
Ишонмайман ҳатто ўзим ҳам –
Шу лаҳзада мавжудманми, йўқ?!
Йўқ, тан олгим келмайди ҳамон,
Лек ўхшайман марҳум даллига:
Фитратимда не бор, салламно,
Хуш келибман ҳечлик сайлига!
Қишлоқ, ҳил-ҳил узумлар пишган,
Пахсали уй, айвон, болалик…
Жазм этолмас ортга қайтишга
Энди турқим – ёт сайёралик.
Энди на-да ерликман, хаёл
Оғусидан маст бир йўлчиман.
Мен-чун бичган бўшлиқни гирён
Тўлдиролмай юрган куйчиман.
Қўшиқларим – ғарибдан ғариб,
О, сизга-да беролмам таскин.
Бу дунёни туйқус ўнгариб
Қўёлмасдан қалтирар дастим.
Ўтарки ўз зайлинда замон,
Чидаб бўлмас қалб ларзонига.
Айланганман энди батамом
Эҳтирослар қабристонига…
Ким ишонар, бу норғул соя
Қачонлардир бўлган полапон?!
* * *
Табиат, мен сендан ҳеч не сўрмасман,
Лек сендан ўзга бир ошно кўрмасман.
Фақат бир ҳанжар бер – дилни ёрмоққа,
Руҳим яралгандан бери тўлғоқда!
Мен унга бир ҳалол макон излардим,
Излаганим сари – бадтар гизлардим…
Тупроқ тоқатимни гилга қормоқда,
Фалак бошим узра тиғ қайрамоқда!
Кел энди, қайтадан бичгил ўйинни –
Мен қўйиб юбордим бўрон бўйнини…
* * *
Озми-кўпми, яшаб ҳаётда
Боз танладим айрилиқ йўлин.
Ногоҳ етсам – қоларсан ортда,
Ўтиб бўлмас сендан, севгилим.
Қуршар сени турфа нигоҳлар,
Кўйлакларинг ҳарир, ранго-ранг!
Менга орзу бўлган дудоқлар
Насиб қилмиш ўзгага, аттанг.
Кимга туҳфа этмиш қалбингни,
Самовотдан боқиб – киройи,
Айт, адолат не эканлигин
Билармикин чиндан Худойим?
Билса эди зора, мен ғариб
Етармидим саодатимга?!
Қисматимни буткул ўнгариб,
Қолармидим ғусса ёдида?
Меникидир, ҳа, мана шу дард –
Алмисоқдан қолган бойлигим.
Кузатаман оламни бесар,
Хаёлимга шўнғиганча жим…
Озми-кўпми, яшаб ҳаётда
Боз англадим муҳаббат илмин.
Қанча қувсам – шунча йироқсан,
Етиб бўлмас сенга, севгилим.
* * *
Япроқларга қўшилиб мен ҳам
Шовуллайман тунги боғларда.
Юлдуз тўла осмонларим-ей,
Қолиб кетган тийрамоҳларда.
Дарахтларга қўшилиб мен ҳам
Чайқаламан – йиғлайман унсиз.
Саёҳатга чиққан қушларим,
О, тарқалмиш бунчалар олис?!
Етолмайман энди уларга,
Шамолларга қўшилиб ҳатто.
Ортга боқиб, гуноҳ бўлса-да,
Қисматимдан нолийман гоҳо.
Тангрим, айтгил! Бу не кўргулик
Ё шунчалар бешафқатмисан?
Бизлар – етим ўғил-қизларинг,
Яшаяпмиз соянгни қўмсаб…
Энди жимман – чорасиз шоир,
Қаддим эгик, мағрур бошим хам,
Тўзғитаман ўлик сўзларни
Одамларга қўшилиб мен ҳам.
* * *
Бир гўзални туш кўраман мен,
Фақат тушда яшар ул барно.
Уёғонарман ва такрор ҳеч не
Бўлолмайди дардимга дармон.
Бир гўзални туш кўраман мен,
Қўлларимга қўнгандек бадр –
Сочларидан таралмишдир энг
Хушбўй ифор, ёқимли атр!
Бир гўзални туш кўраман мен,
Талпинарман кўнглим чоғларга.
Тизгини йўқ шамолдек урён –
Шовуллайман сўлу соғларда.
Бир гўзални туш кўраман мен,
Ўнгимда ҳам кошки етсайдим!
Қўлларимни чўзиб у томон,
Тушларимда қолиб кетсайдим…
* * *
Бунёд манам, дод манам, хоку туробдан манам,
Бул тўгарак очунда бешон юрибман манам.
Ҳаргиз синоатингни англолмай бесаранжом –
Кўзгуга тик қаролмай нолон турибман манам,
Бунёд манам, дод манам, хоку туробдан манам.
Шулар покдомон бўлса, пок эмасман, Аллоҳим,
Мудом бор-йўғим оҳдир, оҳ демасман, Аллоҳим!
Ишорангга зор манам, ёлғизлик даштларида
Ёдинг билан сархушу шод эмасман, Аллоҳим.
Шулар покдомон бўлса, пок эмасман, Аллоҳим.
Наҳот, бир дўст тиланиб ўтар бўлсам бақодан,
Гуноҳларим тўксайдим ўзим тутиб ёқамдан.
Тўрт ёнимга аланглаб – кеча нима, кун нима?
Тўрт фасл хазонлар-ла шивирлашиб боқаман,
Наҳот, бир дўст тиланиб ўтар бўлсам бақодан.
О, турналар сафидан ажралиб чиқдим қачон,
Ойдин, оппоқ роҳимни буриб қўймишсан қаён?
Бир юлдуз тўкилмасди ногаҳон тегса бошим –
Тушларимдан чайқалиб чиқиб келса каҳкашон.
О, турналар сафидан ажралиб чиқдим қачон?!
* * *
Моҳичеҳра – бўйлари ялпиз,
Ғойиб бўлган кўклам ифори.
Омонмисан, дилингда ҳануз
Менга айтар сўзларинг борми?
Моҳичеҳра – бир қучоқ армон,
Олинмаган бўсалар ёди.
Ич-ичимни тирнайди ҳамон
Болаликнинг сўнгсиз фарёди.
Ёдингдами, гоҳ суратингни
Дафтаримга юрардим чизиб?
Бу кун ўртаб қоқ юрагимни,
Ўлтирибман дунёдан безиб…
Гажакларинг тўзғитган шамол
Атри ичра маст эдим ул дам.
Шундан бери исминг безавол
Жой олмишди ҳаста кўнгилдан.
Кечир мени, эй ҳуркак оҳу,
Изларингни йўқотдим бу кун.
Кетдим хаёл ортидан, ёҳу,
Сенга бир тонг келтирмоқ учун.
Бу йўлларда ҳордим, курашдим,
Тутолмадим лек ўшал тонгни!
Терс айланди фалак гардиши,
Қисмат бўлди айрилиқ шоми.
Моҳичеҳра – йўқолган дунё,
Ғойиб бўлган орзулар фасли.
Мен қайдаман, сен кетдинг қаён,
Энди хушбўй йиллар қайтмасми?
Бир ёнда зар, бир ёнда мулло,
Бир ёним зўр, бир ён мулозим –
Тўрт томоним қуршаган қаллоб,
Кимга бориб айтайин арзим:
“Эй олифта санамлар юрти,
Эй нозиктаъб, ялангтўш дайр!
Рафторингиз баъдимга урди,
Бунда севгим топмади қадр.
Тополмасман орангиздан, о,
Ўшал шодон, жажжи қизчани.
Балки туртиб ўтгандирсиз, ё
Олгандирсиз қалбини чандиб?..”
Кимга бориб қилай шикоят,
Қара, энди бу сағир бошда
Борми ўзга овунч – хаёлот,
Ҳамдард борми ёдингдан бошқа?!
Ҳолдан тойдим… ўқилмас фармон,
Айт, не бўпти битта мен ўлсам?
Тап тортмасдан ўларман, ишон,
Қачонлардир сенга дуч келсам…
Моҳичеҳра – бир қучоқ армон!
* * *
Чорлар мени олис ўлкалар,
Ҳур кенгликлар, ғужғон ўрмонлар.
О, улар-ла бағрим тўлганин
Ҳар кеч тушларимда кўраман!
Чорлайверар – қоққунча киприк,
Олмасимдан тўйиб бир нафас.
Бутун башар ила кетардик,
Нетай, англолмаса бирор кас?!
Жониворларга дўстман, эҳтимол,
Балки, эманларга ўғилман.
Севгилимдир тутқичсиз шамол
Ва руҳимга эгиз – тўлқинлар…
Қўшиқларим, қани йўл бошланг,
Ҳушдан оздим тушиб кўйига –
Етмас энди ортиқ бардошим,
Тезроқ элтинг жонон қўйнига!
Гар ниҳоя билмас сафарим,
Майли, йўллар бўлсин гўзалроқ.
Ортга боқсам, қўзғар нафратим
Баъзан одам бўлиб яралмоқ.
Ахир, чорлар олис ўлкалар,
Ҳур кенгликлар, сулув ўрмонлар.
О, уларни қучиб ўлганим
Ҳар кеч тушларимда кўраман!
* * *
Фарғонада тонглар отгандир,
Мен бебаҳра гуллар атридан.
Кўчамиздан қушлар ўтгандир,
Чорлаганча кўклам сайрига.
Мудом кузак қучоғидаман,
Қўмсаб онам эртакларини.
Ва баридан кўп соғинганман
Зардолининг куртакларини!
Ё адашиб қолган болалик
Узумбоғу жўхоризорда.
Ёки учиб кетган беҳадик –
Тулпор миниб пахса девордан.
Гоҳ мен қувиб етолмам унга,
Гоҳ у қувлаб менга етолмас.
Ўйинқароқ кунларга ундар,
Лек тунлардан айро этолмас!
Фарғонада тонглар отган-у,
Ботган менинг гўзал офтобим.
Бунда бўзлаб ётадир мангу –
Ўқилмаган эртак китобим…
* * *
Дўстим қалам, хушторим қоғоз,
Суҳбатдошим – ярадор юрак!
Бошқа ҳеч не сўрманг, илтимос,
Ҳеч вақом йўқ шеъримдан бўлак.
Тағин мубҳам келмишим бордир,
Аччиқ-аччиқ чигал хотирам.
Ҳозир недир бўлар деб содир,
Ўлтирибман дарчадан қараб…
Ташқарида тинмас уловлар,
Кўкда ҳилол жилмаяр такрор.
Худди мендек жим ўйлагувчи,
Бўзлагувчи тағин кимдир бор!
Қаердадир у ҳам уйқусиз
Тонг оттирар, излар ненидир.
Юлдузларга боққанча унсиз,
Чуқур-чуқур хўрсинар дилгир.
Оғир ботар балки заминга
Иккимизнинг руҳимиз – бедор.
Гоҳ кўзларга суртамиз нондай
Баҳам кўриб – тақдирда не бор…
Тўлғонамиз гоҳ телба монанд,
Орта йўл йўқ энди, болакай!
Тўкилмоққа маҳкуммиз адаб,
Умр – оҳанг, вужудимиз – най!
Дўстим сиёҳ, суйганим қоғоз,
Суҳбатдошим – безовта юрак.
Бошқа ҳеч не сўрманг, илтимос,
Ҳеч вақом йўқ шеъримдан бўлак.
* * *
Нечукдир –
Куз ҳоким боғларимизга,
Иқрормиз-ей барча гуноҳларимизга!
Тушунмас, ҳеч кимса пайқамас нечун,
Найнинг ноласи бор оҳларимизда.
Ва ҳануз
Елкамиз чуқурларида
Қумри, андалибу саъва афғони
Тўлғонар –
Дунёнинг ур-сурларидан
Омонлик тилаган кунларнинг жони.
Олтин қафас ясаб сўнгагимиздан
Қўйнига ирғитган толейимизни –
Ул кимдир?
Ва ёки чирқираб қолган
Тошбағир каккунинг боласимизми?!
Севгилим,
Ҳеч кимса давони билмас,
Ҳарчанд яшамагил мунгиб, қисиниб.
Ҳеч бир упа-элик яшира олмас
Юзингдаги ғамнинг ифодасини.
Нечукдир –
Куз ҳоким боғларимизга,
Фалак кулиб боқмиш зоғларимизга.
Ахир, тилка-пора, бағри қон найнинг
Ноласи бор эди оҳларимизда…
* * *
Менам соғинганман –
Қушлар чуғурин,
Хазонлар шивирин,
Сувлар тўлқинин…
Адашган умримнинг талх китобини
Кузнинг теграсида ўксиб ўқидим.
Не учун бу ўйлар топмас кифоят,
Не учун бу йўллар билмас ниҳоя?
На ўзим биламан манзил-мантиғин,
Сўйлайман бунчалар турғун ҳикоя…
Менам соғинганман –
Қуёш кулгусин,
Юлдузлар ёғдусин,
Ойнинг тўлишин.
Кутяпман, мингашиб вақт карвонига,
Ё ўнгдан, ё сўлдан сенинг келишинг.
Ҳўв, ана!
Мени ҳам соғинган маъво,
Ё мени унутган…
Ё мен унутдим?
Йиллар оша
Бўм-бўш равоқларимни
Ўша умидим-чун ланг очиб кутдим.
Мана, бошим эгиб беқут ва якбор
Хазонлар бўйидан териб келдим ғам.
Яна сенсиз ўтар қанча кузим бор?!
Менам соғинганман…
Тушун, азизам.
* * *
Деразангни очгил,
Қара, азизам!
Aхийри ёмғирни келтирди бу куз,
Оғир кунларингга битиб қасида,
Тўзғиган ўйингга жим босганча юз.
Ёғар – ҳар бир томчи марварид, инжу,
Ёғар – қўлларингни чўзсанг еланиб.
Қолмас бу кечада ҳеч бир илинжу
Aрмонинг тушларга унсиз беланиб…
Наволарни тингла,
Қандай ёқимли!
Қанчалар эзгиндир сендаги оҳлар –
Барини эркалар хушбўй сокинлик,
Димоғингни чоғлар, дардингни олар.
Сўнгги умид каби заъфарон барглар
Қайга талпинади кўлмаклар аро?
Тим қора сочингдек майин тилаклар
Aйт, қачон ушалар,
Қайерда порлар?!
Бу – ҳаёт!
Нечоғлик бўлмасин тахир,
Қанотларинг ёйиб, лабларинг титраб,
Деразангни очгил,
Ёғмоқда ахир
Биз соғиниб кутган ўша ёмғирлар…
* * *
Тағин бошимиздан ишқ элар Тошкент –
Ёмғирлар! О, борлиқ ҳаддан зиёд тинч.
Ёмғирлар соғинчдир кўксимдан тошган,
Ёмғирлар – кўзингга сиғмаган илинж.
Мумкинми, бу кузни яхши кўрмаслик,
Aрмонлари билан, дардлари билан?
Ҳижрон-у хазони билан куймаслик
Насиб этмагандир бизга ҳам, еркам.
Баъзан ўйларимда тинмай учаман!
Қошингга бораман – ўзимдан тонсам.
Ва сенинг ёдинг-ла, бўм-бўш кўчада,
Соябон остида ёлғизман мен ҳам…
Дил – номам қаътида намхуш ёмғирлар,
Ёмғирлар қаътида бағри қон дилим!
Севгимиз хазонга қўшиб эзғилар
Нечун темир товон сафлар, севгилим?!
Тағин йўлимизга гул экар Тошкент,
Лек бошқа маконга ирғитган замон…
Ва сўнгсиз ҳасратим ичимдан тошган –
Бир осмон остида айромиз ҳамон.
* * *
Жим эртак тўқийман бу наволардан,
Томчилар шивирлаб аста куй чалар!
Aйт, қачон бошланди
Биз томонларда
Ёмғирли кечалар – гўзал кечалар?!
Кўчалар саришта –
Тозарган олам,
Тўлмишдир юракнинг ташна бўшлиғи.
Сочиб ўтмоқдалар,
Қара, дам-бадам
Шундоқ тепамиздан қушлар қўшиғин…
Эй, овлоқ шаҳарнинг маъюс тутқуни,
Кўкка боқ!
Тўйгунча қилгин эркалик!
Aзизам, авайлаб ёмғирли тунни
Сен ҳам севасанми мен севганчалик?
Мен эса шу зулмат бағрига сингиб,
Лоақал бир мисра топсам кифоя…
Ва сенга йўлларман такрор хўрсиниб,
Ёлғизлик ҳиссидан қилиб ҳимоя.
Гоҳида ушалмас орзулар билан
Гарчи бу томчилар
Оғир ботар, лек –
Ёмғирлар ёғганда, бор ҳасрати-ла
Сен ҳам севасанми
Дунёни мендек?!
* * *
Ёдингдами, илк бор учрашганимиз,
Ёдингдами, фасли хазонрез қўйни?
Биз севган ёмғир ва соябон ҳануз
Тургандек бошимиз устида куйлаб…
Балки, энтикарсан куз нафасидан,
Балки, соғинарсан олис роҳларни.
Кечалар қалбимиз харитасидан,
Эҳтимол, изларсан ўша боғларни?!
Паноҳ истаб келар бир тўп кабутар
Шу нозик қўлларинг ҳароратидан.
Ҳатто, теграмизда вазмин дарахтлар
Чайқалар сочларинг тароватидан!
Наҳот, эслолмасанг! Бешафқат кунлар
Ёдинг дафтарини топтаб ўтдими?
Ё сенга соябон тутган у қўллар
Хайру хўш демасдан ташлаб кетдими?!
Aхир, келгандим-ку, бу шамоллардан
Озор етмасин деб дилгир жуссангга!
Келгандим, неча минг йиллар қаъридан
Шерик бўламан деб энди ғуссангга…
Билмам, етармикан сабрим, бардошим,
Aгар қисмат бўлса ногоҳ айрилмоқ?
Ишон, яшаяпман қисматга қарши,
Ўйларим, куйларим, орзуларим – оқ!
О! Чиқиб келяпман тунлар қўйнидан
Мотам қушларини эркалаб, ёниб,
Қароғимга тўлган гўзал кўйинг-ла
Тушларимдан тониб, бўзлаб уйғониб.
Ёдингдами, илк бор учрашганимиз,
Ёдингдами, ёмғир, соябон ва куз –
Биз севган лаҳзалар уммонида жим
Кетиб бораяпмиз қайгадир ҳануз…
* * *
Менинг ҳам умримда бордир бир хайр,
Жимитдек жонимдан тегар бирор наф.
Юрибман, кўнглимда йўқ зарра ғайр,
Ўзимни гоҳ шоир,
Гоҳ одам санаб.
Бир кун тугар дедим дайр синовлари,
Менинг ҳам толеим кулар-да дедим.
Қаердан келган бу умид ёвлари,
Бор-йўғи фақирдек орзуманд эдим…
Aлвидо дедими,
Ё кўришгунча,
Хайрлар ёғдириб бошимдан қат-қат –
Шундоқ ёнгинамдан
Қўлин силкканча
Серзарда жилмайиб ўтди муҳаббат!
Тош бўлса чатнарди – симиллар бағир,
Ёки қичқирарди ёш-ла дардларим.
Менинг ҳам кўп эди, кўп эди ахир,
Ичимни кемириб ётган гапларим…
Aммо айтолмасман –
Ҳайиқмоқ нечун?
Бир жумла ахтариб бахт каби тўкис,
Изғидим дунёни хаёлдек кечиб,
Валек қайтавердим сассиз, садосиз.
Менинг ҳам умримда бордир бир маъни,
Жимитдек жонимдан чиқар бир ҳисса.
Қайтадан келарман ё яшагани,
Савашлар тугаса,
Курашлар тинса?!
Ўшанда алвидо демассан, балки,
Севинчлар ёғдириб оламга қат-қат –
Узун тунларингда саодат балқиб,
Ёнингдан ўтарман жоним, муҳаббат!
* * *
Тушун,
Дунёсига келмасмиз бошқа –
Тириклик бўйидан сархуш, беқарор,
Борлиқни сев, дўстим,
Шу бугун яша,
Қуёшдан баҳра ол,
Заминдан мадор.
Яша –
Қулочингни ёйсанг-чи, ахир,
Юлдузлар сеники!
Ой ҳам дардкашинг.
Ёлғизман демагин,
Шивирлаб чақир…
Энг оғир кунингда
Мен – йўқлар кишинг!
Мана,
Енгиб ўтдим қанча сўқмоқни,
Неча йил ўлмасдан келдим?!
Жоним – соғ.
Гуллатдим пешонам ёрган тўқмоқни,
Кўзимнинг ёшидан яратдим чорбоғ.
Ҳолбуки,
Дилимдан кетмас ҳеч қачон –
Қатра-қатра армон,
Қатра-қатра қон.
Ўзимдек ғарибу мискинларимга
Қўйнимда бир умид асрадим, ишон!
Кел,
Ишқ паноҳига!
Дунёда, ахир,
Не кўйлар тушмагай ҳар тирик бошга?!
Aнглаган ҳикматим шу бўлди охир –
Борлиқни сев, дўстим,
Борингча яша…
* * *
Менам муштоқ эдим
Бир ёруғ сўзга,
Aғёр истамадим –
Зор едим дўстга!
Нажот сўраб келган ҳар қора кўзга
Қўшиқлар куйлаган бир мискин эдим.
Чорак асрдирки,
Ғам боғидаман…
Дил – доғда!
Изтироб хобгоҳидаман.
О, неча жарликнинг қирғоғидаман –
Гўё тушда қолиб кетган жин эдим?!
Ва ё ўгаймидим гулгун тақдирга,
Нечун тош боғланган
Учқур шаҳдимга?
Мунис қувончимга,
Маъсум бахтимга
Эртак тўқиб юрган ғўр таскин едим…
Иқрорман!
Очлиг-у зарни ҳам кўрдим,
Қобонни ҳам, нилуфарни ҳам кўрдим,
Подшони ҳам кўрдим…
Ғарни ҳам кўрдим –
Ўзим нима эдим,
Ўзим ким эдим?!
Aросат…
Aросат…
Сўнгсиз аросат –
Сояси устимда тургандек, ғалат!
Ўлимгача ғафлат, бўғзимгача дард –
Кимлигин билмаган
Aллаким эдим.
Менам интиқ эдим
Олис маъвога,
Шайдо эдим ундан келган навога!
Ё гадоман сиғмай юрган дунёга,
Ёки вақт юзида – бир ажин эдим.
Шу вақтнинг муваққат ноласи эдим,
Қақнус – юрагимнинг қафаси эдим.
Илоҳи,
Менам бир нафасинг эдим,
Яна ким эдим мен?!
Яна жим эдим…
* * *
Умримиз қисқадир –
Кўнгил сезадир,
Юк бўлиб турмасмиз
Узоқ ҳаётга,
Мудом елкамизни ҳасрат эзадир,
Ўтармиз бепоён завқу ҳайрат-ла!
Умримиз қисқадир –
Кўнгил сезадир.
Хуржунимиз – бўм-бўш,
Қўлимиз – енгил!
Жисм – тупроқликдан масту бетаъма,
Бош узра қалқиган қатор-қатор дил,
Тошган бағримиздан шашқатор – амал,
Хуржунимиз – бўм-бўш,
Қўлимиз – енгил…
Бизни соғинарлар
Биз соғинганлар –
Уларга топшириб қолган сафарни,
Улар-чун баҳш этиб шодлигу ханда,
Олиб кетажакмиз озроқ кадарни…
Бизни соғинарлар
Биз соғинганлар!
Бас энди,
Бунчалар титрама, эй жон!
Гарчи мунажжиммиз –
Бу осмонларда
Бир юлдуз порламас чоғи ҳеч қачон,
Балки, толе бордир
Ишқ томонларда?!
Бас энди,
Бунчалар титрама, эй жон.
Бари мубҳам,
Фақат тайин айрилиқ,
Тайиндир, бу оҳлар кетмагай бекор,
Уйғониш,
Тўлғониш,
Ёниш бор – аниқ,
Aёндир, қисматда гўзал кетиш бор!
Бари мубҳам,
Фақат тайин айрилиқ –
Умримиз қисқадир,
Кўнгил сезадир…
* * *
Биз қайғу…
Биз ҳасрат…
Такрор ўртаниб
Келгандик –
О, сархуш бу боғчалардан
Чечаклар тергали,
Сўнг ранг улашиб
Ўтгали омонат, тунд кўчалардан.
Бир ровга келгандик,
Бир лаҳза яшаб,
Бир оний титроғу шавққа йўл эдик.
Ўзни бор-бўйича борлиққа ташлаб,
Бир кўнгил раъйига подшоҳ, қул эдик.
Нечун энди гулмас,
Терамиз андуҳ,
Хору бекасликда аҳли зуҳд аро?!
Тўрвада жавоҳир,
Борамиз худди –
Зулмат кишваридан чиққан фуқаро…
На ман, бағри хунми, орзуга тўла,
Ҳали улғаймаган,
Ҳали пишмаган,
Ноламан – самовот қаърларин ўйлаб,
Ҳайрат навосидан йерга тушмаган.
Бунда бир куй тилаб келган кимсанинг
Келмасми, юракдан тошиб кулгиси?
На сиз, эй кўзлари пардали қавм,
Шодлик овчисими
Ё нафс элчиси?!
Яна бекасликнинг роҳига силжиб,
Чечаклар атрини излаб боғлардан –
Биз қайғу…
Биз ҳасрат…
Кетар бўлдик жим,
Омонлик кўрмасдан
Aҳли соғлардан.
Muhammad Siddiq
YANGI SHE’RLAR
Muhammad Siddiq 2000-yil Farg’ona viloyati Toshloq tumanida tug’ilgan. “Respublika yosh ijodkorlar forumi”, “Zomin seminari”, “Samarqand she’r oqshomlari” kabi anjumanlar ishtirokchisi. Ijod namunalari respublika matbuotlarida e’lon qilinib kelinmoqda.
* * *
Kel, bugunni yashaylik birga,
Munchoqko’zim, siyimtan dilbar!
Toki chuqur botsin xotirga –
Bizlar birga bo’lgan bugunlar.
Erta nima – rejada ham yo’q,
Kecha baxtsiz edik bir qadar.
Bugun bizlar – ikk ayro yo’l,
Jismimizni firoq sipqorar.
O’ltiribman tun quchog’ida,
Senga qondil nomalar bitib.
Sensiz o’tgan berahm yillar
O’tmishimni borar changitib…
Xayolimda – tilla ko’shklarda
O’pmoqdaman qoshu ko’zingdan!
Va tozarib g’assol ashklarda,
Kechmoqdaman butkul o’zimdan.
Sog’inmoq ham go’zal ne’matdir,
Shu tarz o’tar baharnav umr –
Chizmoq uchun sahar suratin
Kechalardan teraman satr…
Kel, bugunni yashaylik birga,
Munchoqko’zim, siyimtan dilbar!
Toki chuqur botsin xotirga –
Bizlar birga bo’lgan bugunlar.
* * *
Musofirlik, mendan ne foyda?
Yedim to’yib nonu oshingni.
Na-da vodiy, endi na poytaxt
Bolam deya silar boshimni.
O, boldirim qabartgan tayoq,
Qoldi behi hivichlar qayda?
Kindigimni kesganda Toshloq
Bilganmikan kelganin daydi…
Qayda zumrad uzumbog’ ichra
Qizlar – kiyib yurgan xonatlas?
Ko’zlarimga cho’kkan dog’larcha
Yillar pishib bo’ldi musallas.
O’zimga-da sig’masman minba’d,
Duch kelganda ma’yus xotirot.
U payt burnim ostidagi baxt
Ko’ringandi yiroqdan yiroq.
Goh xayolan saharda turib,
Qo’y boqaman qiru adirda.
Buviginam tushimga kirib
Paxta chuvir, goh qavir ko’rpa.
Hamqishloqlar – tanish chehralar,
Unutganman lek ismlarin.
Yuragimdan burqsib taralar
G’o’r umrimning kuyuk islari.
Bormi, bunda bola qalbimga
Loaqal bir taskin – suhbatdosh?
Cho’k tushgancha ariq labiga,
Teraklardan so’rayman bardosh.
Atirgullar! Sollanib nigun –
Boqsam, burib xushbo’y yanog’in
O’rgatgandek bo’lar hur, beun
Yashamoqlik ilmu sabog’in…
Musofirlik, ey g’arib yo’ldosh,
To’kdim qancha o’smir yoshini?!
Na Farg’ona, endi na-da Shosh
Bolam deya silar boshimni.
* * *
Necha yilki, yelkam to’rida
Qadamlarim poylab o’ltirar –
Uchib chiqqan yurak qa’ridan,
Qonga botgan oppoq kabutar…
Ayni ko’kka o’rlar chog’imda
Yaproqlarim – og’irdan og’ir.
Termilaman, osmon toqidan
Yulduzlarim qularmish bir-bir.
Tinglamoqqa yetmasmi doshim,
Qaytarganda tog’lar aks-sado?
Nahot, ensa qotirsam, boshim
Changallab jim o’tar bo’lsam, o!
Qani endi, bu botqoqlardan
Chiqolsaydim to’lg’onib bir qur.
Oyoqlarim uzgancha yerdan,
Bulutlarni haydasam masrur.
So’ng hayqirsam – ayo tog’larim,
Dardingizni keldim olgali,
Poyingizga bosh urib tag’in
To o’lguncha siz-la qolgani!
Ketar chog’im yodimga tushib
Sen-la o’tgan yorug’ xotiram,
Jon bersaydim bir kun, ey qushim,
Ko’zlaringga boqib xotirjam.
* * *
Juda ko’p yugurdim
Vaqtning ortidan,
Lek o’ta olmadim undan nariga.
Axiyri bir vujud jimligim bilan
Ko’nikdim…
Ko’nikdim bari-bariga!
Bisotimda hech ne qolmagan bugun
Xotirotdan boshqa,
Xayoldan boshqa.
Har kecha
Uyquga yotishdan burun
Boshlab kelamanu barini boshdan,
Yana urilaman vaqt devoriga…
Yana qoqilaman,
Fursat – ulkan tosh!
Asta qo’l solaman dil javoniga,
Mung’ayib o’ltirar g’arib bir quyosh.
Quyosh!
Porla deyman,
Chiqqil tashqari!
Xalos etgil deyman tun changalidan,
Qaro tortib kelmish yo’qlik lashkari,
Yolg’izlatib qo’yma qismat jangida.
Toki yelkam uzra qayralsin obdon
Xanjardek yillarning qaynoq nurlari,
Diydamni tozalay g’aflatu xobdan,
Yo’lchi yulduz topgan oshiq singari.
Juda ko’p yugurdim…
Vaqt – hukmfarmo!
Ne ko’yga solsa-da lahzalik umrim,
Umidvor qalbimga
Duch kelmasin to
Safarim so’nggida sharmisor turqim.
* * *
Kim ishonar, bu norg’ul soya
Qachonlardir bo’lgan polapon,
Osmonning bir burjini suyab
Kelgan desam kaftday daladan?
So’ng odamga do’nganu olis
Ufqlar tomon burib yo’lini,
Qancha g’amni yutganu yolg’iz
Tutolmagan bir qiz qo’lini…
Yetolmagan ishq, matlabiga,
Kim ekanin bilmagan gumroh –
Menman, desam qismat lavhiga
Sig’mayotgan eng ulkan jumboq!
Kim ishonar, hayot jomida –
Ming yil bo’ldi va yo ming asr,
Ki, arvohdek izg’ib jonimga
Tekkan desam bu mutrib qasr?
Nechun tuqqan pajmurda onam,
So’rab boqsam, ko’zlarim becho’g’.
Ishonmayman hatto o’zim ham –
Shu lahzada mavjudmanmi, yo’q?!
Yo’q, tan olgim kelmaydi hamon,
Lek o’xshayman marhum dalliga:
Fitratimda ne bor, sallamno,
Xush kelibman hechlik sayliga!
Qishloq, hil-hil uzumlar pishgan,
Paxsali uy, ayvon, bolalik…
Jazm etolmas ortga qaytishga
Endi turqim – yot sayyoralik.
Endi na-da yerlikman, xayol
Og’usidan mast bir yo’lchiman.
Men-chun bichgan bo’shliqni giryon
To’ldirolmay yurgan kuychiman.
Qo’shiqlarim – g’aribdan g’arib,
O, sizga-da berolmam taskin.
Bu dunyoni tuyqus o’ngarib
Qo’yolmasdan qaltirar dastim.
O’tarki o’z zaylinda zamon,
Chidab bo’lmas qalb larzoniga.
Aylanganman endi batamom
Ehtiroslar qabristoniga…
Kim ishonar, bu norg’ul soya
Qachonlardir bo’lgan polapon?!
* * *
Tabiat, men sendan hech ne so’rmasman,
Lek sendan o’zga bir oshno ko’rmasman.
Faqat bir hanjar ber – dilni yormoqqa,
Ruhim yaralgandan beri to’lg’oqda!
Men unga bir halol makon izlardim,
Izlaganim sari – badtar gizlardim…
Tuproq toqatimni gilga qormoqda,
Falak boshim uzra tig’ qayramoqda!
Kel endi, qaytadan bichgil o’yinni –
Men qo’yib yubordim bo’ron bo’ynini…
* * *
Ozmi-ko’pmi, yashab hayotda
Boz tanladim ayriliq yo’lin.
Nogoh yetsam – qolarsan ortda,
O’tib bo’lmas sendan, sevgilim.
Qurshar seni turfa nigohlar,
Ko’ylaklaring harir, rango-rang!
Menga orzu bo’lgan dudoqlar
Nasib qilmish o’zgaga, attang.
Kimga tuhfa etmish qalbingni,
Samovotdan boqib – kiroyi,
Ayt, adolat ne ekanligin
Bilarmikin chindan Xudoyim?
Bilsa edi zora, men g’arib
Yetarmidim saodatimga?!
Qismatimni butkul o’ngarib,
Qolarmidim g’ussa yodida?
Menikidir, ha, mana shu dard –
Almisoqdan qolgan boyligim.
Kuzataman olamni besar,
Xayolimga sho’ng’igancha jim…
Ozmi-ko’pmi, yashab hayotda
Boz angladim muhabbat ilmin.
Qancha quvsam – shuncha yiroqsan,
Yetib bo’lmas senga, sevgilim.
* * *
Yaproqlarga qo’shilib men ham
Shovullayman tungi bog’larda.
Yulduz to’la osmonlarim-ey,
Qolib ketgan tiyramohlarda.
Daraxtlarga qo’shilib men ham
Chayqalaman – yig’layman unsiz.
Sayohatga chiqqan qushlarim,
O, tarqalmish bunchalar olis?!
Yetolmayman endi ularga,
Shamollarga qo’shilib hatto.
Ortga boqib, gunoh bo’lsa-da,
Qismatimdan noliyman goho.
Tangrim, aytgil! Bu ne ko’rgulik
Yo shunchalar beshafqatmisan?
Bizlar – yetim o’g’il-qizlaring,
Yashayapmiz soyangni qo’msab…
Endi jimman – chorasiz shoir,
Qaddim egik, mag’rur boshim xam,
To’zg’itaman o’lik so’zlarni
Odamlarga qo’shilib men ham.
* * *
Bir go’zalni tush ko’raman men,
Faqat tushda yashar ul barno.
Uyog’onarman va takror hech ne
Bo’lolmaydi dardimga darmon.
Bir go’zalni tush ko’raman men,
Qo’llarimga qo’ngandek badr –
Sochlaridan taralmishdir eng
Xushbo’y ifor, yoqimli atr!
Bir go’zalni tush ko’raman men,
Talpinarman ko’nglim chog’larga.
Tizgini yo’q shamoldek uryon –
Shovullayman so’lu sog’larda.
Bir go’zalni tush ko’raman men,
O’ngimda ham koshki yetsaydim!
Qo’llarimni cho’zib u tomon,
Tushlarimda qolib ketsaydim…
* * *
Bunyod manam, dod manam, xoku turobdan manam,
Bul to’garak ochunda beshon yuribman manam.
Hargiz sinoatingni anglolmay besaranjom –
Ko’zguga tik qarolmay nolon turibman manam,
Bunyod manam, dod manam, xoku turobdan manam.
Shular pokdomon bo’lsa, pok emasman, Allohim,
Mudom bor-yo’g’im ohdir, oh demasman, Allohim!
Ishorangga zor manam, yolg’izlik dashtlarida
Yoding bilan sarxushu shod emasman, Allohim.
Shular pokdomon bo’lsa, pok emasman, Allohim.
Nahot, bir do’st tilanib o’tar bo’lsam baqodan,
Gunohlarim to’ksaydim o’zim tutib yoqamdan.
To’rt yonimga alanglab – kecha nima, kun nima?
To’rt fasl xazonlar-la shivirlashib boqaman,
Nahot, bir do’st tilanib o’tar bo’lsam baqodan.
O, turnalar safidan ajralib chiqdim qachon,
Oydin, oppoq rohimni burib qo’ymishsan qayon?
Bir yulduz to’kilmasdi nogahon tegsa boshim –
Tushlarimdan chayqalib chiqib kelsa kahkashon.
O, turnalar safidan ajralib chiqdim qachon?!
* * *
Mohichehra – bo’ylari yalpiz,
G’oyib bo’lgan ko’klam ifori.
Omonmisan, dilingda hanuz
Menga aytar so’zlaring bormi?
Mohichehra – bir quchoq armon,
Olinmagan bo’salar yodi.
Ich-ichimni tirnaydi hamon
Bolalikning so’ngsiz faryodi.
Yodingdami, goh suratingni
Daftarimga yurardim chizib?
Bu kun o’rtab qoq yuragimni,
O’ltiribman dunyodan bezib…
Gajaklaring to’zg’itgan shamol
Atri ichra mast edim ul dam.
Shundan beri isming bezavol
Joy olmishdi hasta ko’ngildan.
Kechir meni, ey hurkak ohu,
Izlaringni yo’qotdim bu kun.
Ketdim xayol ortidan, yohu,
Senga bir tong keltirmoq uchun.
Bu yo’llarda hordim, kurashdim,
Tutolmadim lek o’shal tongni!
Ters aylandi falak gardishi,
Qismat bo’ldi ayriliq shomi.
Mohichehra – yo’qolgan dunyo,
G’oyib bo’lgan orzular fasli.
Men qaydaman, sen ketding qayon,
Endi xushbo’y yillar qaytmasmi?
Bir yonda zar, bir yonda mullo,
Bir yonim zo’r, bir yon mulozim –
To’rt tomonim qurshagan qallob,
Kimga borib aytayin arzim:
“Ey olifta sanamlar yurti,
Ey nozikta’b, yalangto’sh dayr!
Raftoringiz ba’dimga urdi,
Bunda sevgim topmadi qadr.
Topolmasman orangizdan, o,
O’shal shodon, jajji qizchani.
Balki turtib o’tgandirsiz, yo
Olgandirsiz qalbini chandib?..”
Kimga borib qilay shikoyat,
Qara, endi bu sag’ir boshda
Bormi o’zga ovunch – xayolot,
Hamdard bormi yodingdan boshqa?!
Holdan toydim… o’qilmas farmon,
Ayt, ne bo’pti bitta men o’lsam?
Tap tortmasdan o’larman, ishon,
Qachonlardir senga duch kelsam…
Mohichehra – bir quchoq armon!
* * *
Chorlar meni olis o’lkalar,
Hur kengliklar, g’ujg’on o’rmonlar.
O, ular-la bag’rim to’lganin
Har kech tushlarimda ko’raman!
Chorlayverar – qoqquncha kiprik,
Olmasimdan to’yib bir nafas.
Butun bashar ila ketardik,
Netay, anglolmasa biror kas?!
Jonivorlarga do’stman, ehtimol,
Balki, emanlarga o’g’ilman.
Sevgilimdir tutqichsiz shamol
Va ruhimga egiz – to’lqinlar…
Qo’shiqlarim, qani yo’l boshlang,
Hushdan ozdim tushib ko’yiga –
Yetmas endi ortiq bardoshim,
Tezroq elting jonon qo’yniga!
Gar nihoya bilmas safarim,
Mayli, yo’llar bo’lsin go’zalroq.
Ortga boqsam, qo’zg’ar nafratim
Ba’zan odam bo’lib yaralmoq.
Axir, chorlar olis o’lkalar,
Hur kengliklar, suluv o’rmonlar.
O, ularni quchib o’lganim
Har kech tushlarimda ko’raman!
* * *
Farg’onada tonglar otgandir,
Men bebahra gullar atridan.
Ko’chamizdan qushlar o’tgandir,
Chorlagancha ko’klam sayriga.
Mudom kuzak quchog’idaman,
Qo’msab onam ertaklarini.
Va baridan ko’p sog’inganman
Zardolining kurtaklarini!
Yo adashib qolgan bolalik
Uzumbog’u jo’xorizorda.
Yoki uchib ketgan behadik –
Tulpor minib paxsa devordan.
Goh men quvib yetolmam unga,
Goh u quvlab menga yetolmas.
O’yinqaroq kunlarga undar,
Lek tunlardan ayro etolmas!
Farg’onada tonglar otgan-u,
Botgan mening go’zal oftobim.
Bunda bo’zlab yotadir mangu –
O’qilmagan ertak kitobim…
* * *
Do’stim qalam, xushtorim qog’oz,
Suhbatdoshim – yarador yurak!
Boshqa hech ne so’rmang, iltimos,
Hech vaqom yo’q she’rimdan bo’lak.
Tag’in mubham kelmishim bordir,
Achchiq-achchiq chigal xotiram.
Hozir nedir bo’lar deb sodir,
O’ltiribman darchadan qarab…
Tashqarida tinmas ulovlar,
Ko’kda hilol jilmayar takror.
Xuddi mendek jim o’ylaguvchi,
Bo’zlaguvchi tag’in kimdir bor!
Qayerdadir u ham uyqusiz
Tong ottirar, izlar nenidir.
Yulduzlarga boqqancha unsiz,
Chuqur-chuqur xo’rsinar dilgir.
Og’ir botar balki zaminga
Ikkimizning ruhimiz – bedor.
Goh ko’zlarga surtamiz nonday
Baham ko’rib – taqdirda ne bor…
To’lg’onamiz goh telba monand,
Orta yo’l yo’q endi, bolakay!
To’kilmoqqa mahkummiz adab,
Umr – ohang, vujudimiz – nay!
Do’stim siyoh, suyganim qog’oz,
Suhbatdoshim – bezovta yurak.
Boshqa hech ne so’rmang, iltimos,
Hech vaqom yo’q she’rimdan bo’lak.
* * *
Nechukdir –
Kuz hokim bog’larimizga,
Iqrormiz-ey barcha gunohlarimizga!
Tushunmas, hech kimsa payqamas nechun,
Nayning nolasi bor ohlarimizda.
Va hanuz
Yelkamiz chuqurlarida
Qumri, andalibu sa’va afg’oni
To’lg’onar –
Dunyoning ur-surlaridan
Omonlik tilagan kunlarning joni.
Oltin qafas yasab so’ngagimizdan
Qo’yniga irg’itgan toleyimizni –
Ul kimdir?
Va yoki chirqirab qolgan
Toshbag’ir kakkuning bolasimizmi?!
Sevgilim,
Hech kimsa davoni bilmas,
Harchand yashamagil mungib, qisinib.
Hech bir upa-elik yashira olmas
Yuzingdagi g’amning ifodasini.
Nechukdir –
Kuz hokim bog’larimizga,
Falak kulib boqmish zog’larimizga.
Axir, tilka-pora, bag’ri qon nayning
Nolasi bor edi ohlarimizda…
* * *
Menam sog’inganman –
Qushlar chug’urin,
Xazonlar shivirin,
Suvlar to’lqinin…
Adashgan umrimning talx kitobini
Kuzning tegrasida o’ksib o’qidim.
Ne uchun bu o’ylar topmas kifoyat,
Ne uchun bu yo’llar bilmas nihoya?
Na o’zim bilaman manzil-mantig’in,
So’ylayman bunchalar turg’un hikoya…
Menam sog’inganman –
Quyosh kulgusin,
Yulduzlar yog’dusin,
Oyning to’lishin.
Kutyapman, mingashib vaqt karvoniga,
Yo o’ngdan, yo so’ldan sening kelishing.
Ho’v, ana!
Meni ham sog’ingan ma’vo,
Yo meni unutgan…
Yo men unutdim?
Yillar osha
Bo’m-bo’sh ravoqlarimni
O’sha umidim-chun lang ochib kutdim.
Mana, boshim egib bequt va yakbor
Xazonlar bo’yidan terib keldim g’am.
Yana sensiz o’tar qancha kuzim bor?!
Menam sog’inganman…
Tushun, azizam.
* * *
Derazangni ochgil,
Qara, azizam!
Axiyri yomg’irni keltirdi bu kuz,
Og’ir kunlaringga bitib qasida,
To’zg’igan o’yingga jim bosgancha yuz.
Yog’ar – har bir tomchi marvarid, inju,
Yog’ar – qo’llaringni cho’zsang yelanib.
Qolmas bu kechada hech bir ilinju
Armoning tushlarga unsiz belanib…
Navolarni tingla,
Qanday yoqimli!
Qanchalar ezgindir sendagi ohlar –
Barini erkalar xushbo’y sokinlik,
Dimog’ingni chog’lar, dardingni olar.
So’nggi umid kabi za’faron barglar
Qayga talpinadi ko’lmaklar aro?
Tim qora sochingdek mayin tilaklar
Ayt, qachon ushalar,
Qayerda porlar?!
Bu – hayot!
Nechog’lik bo’lmasin taxir,
Qanotlaring yoyib, lablaring titrab,
Derazangni ochgil,
Yog’moqda axir
Biz sog’inib kutgan o’sha yomg’irlar…
* * *
Tag’in boshimizdan ishq elar Toshkent –
Yomg’irlar! O, borliq haddan ziyod tinch.
Yomg’irlar sog’inchdir ko’ksimdan toshgan,
Yomg’irlar – ko’zingga sig’magan ilinj.
Mumkinmi, bu kuzni yaxshi ko’rmaslik,
Armonlari bilan, dardlari bilan?
Hijron-u xazoni bilan kuymaslik
Nasib etmagandir bizga ham, yerkam.
Ba’zan o’ylarimda tinmay uchaman!
Qoshingga boraman – o’zimdan tonsam.
Va sening yoding-la, bo’m-bo’sh ko’chada,
Soyabon ostida yolg’izman men ham…
Dil – nomam qa’tida namxush yomg’irlar,
Yomg’irlar qa’tida bag’ri qon dilim!
Sevgimiz xazonga qo’shib ezg’ilar
Nechun temir tovon saflar, sevgilim?!
Tag’in yo’limizga gul ekar Toshkent,
Lek boshqa makonga irg’itgan zamon…
Va so’ngsiz hasratim ichimdan toshgan –
Bir osmon ostida ayromiz hamon.
* * *
Jim ertak to’qiyman bu navolardan,
Tomchilar shivirlab asta kuy chalar!
Ayt, qachon boshlandi
Biz tomonlarda
Yomg’irli kechalar – go’zal kechalar?!
Ko’chalar sarishta –
Tozargan olam,
To’lmishdir yurakning tashna bo’shlig’i.
Sochib o’tmoqdalar,
Qara, dam-badam
Shundoq tepamizdan qushlar qo’shig’in…
Ey, ovloq shaharning ma’yus tutquni,
Ko’kka boq!
To’yguncha qilgin erkalik!
Azizam, avaylab yomg’irli tunni
Sen ham sevasanmi men sevganchalik?
Men esa shu zulmat bag’riga singib,
Loaqal bir misra topsam kifoya…
Va senga yo’llarman takror xo’rsinib,
Yolg’izlik hissidan qilib himoya.
Gohida ushalmas orzular bilan
Garchi bu tomchilar
Og’ir botar, lek –
Yomg’irlar yog’ganda, bor hasrati-la
Sen ham sevasanmi
Dunyoni mendek?!
* * *
Yodingdami, ilk bor uchrashganimiz,
Yodingdami, fasli xazonrez qo’yni?
Biz sevgan yomg’ir va soyabon hanuz
Turgandek boshimiz ustida kuylab…
Balki, entikarsan kuz nafasidan,
Balki, sog’inarsan olis rohlarni.
Kechalar qalbimiz xaritasidan,
Ehtimol, izlarsan o’sha bog’larni?!
Panoh istab kelar bir to’p kabutar
Shu nozik qo’llaring haroratidan.
Hatto, tegramizda vazmin daraxtlar
Chayqalar sochlaring tarovatidan!
Nahot, eslolmasang! Beshafqat kunlar
Yoding daftarini toptab o’tdimi?
Yo senga soyabon tutgan u qo’llar
Xayru xo’sh demasdan tashlab ketdimi?!
Axir, kelgandim-ku, bu shamollardan
Ozor yetmasin deb dilgir jussangga!
Kelgandim, necha ming yillar qa’ridan
Sherik bo’laman deb endi g’ussangga…
Bilmam, yetarmikan sabrim, bardoshim,
Agar qismat bo’lsa nogoh ayrilmoq?
Ishon, yashayapman qismatga qarshi,
O’ylarim, kuylarim, orzularim – oq!
O! Chiqib kelyapman tunlar qo’ynidan
Motam qushlarini erkalab, yonib,
Qarog’imga to’lgan go’zal ko’ying-la
Tushlarimdan tonib, bo’zlab uyg’onib.
Yodingdami, ilk bor uchrashganimiz,
Yodingdami, yomg’ir, soyabon va kuz –
Biz sevgan lahzalar ummonida jim
Ketib borayapmiz qaygadir hanuz…
* * *
Mening ham umrimda bordir bir xayr,
Jimitdek jonimdan tegar biror naf.
Yuribman, ko’nglimda yo’q zarra g’ayr,
O’zimni goh shoir,
Goh odam sanab.
Bir kun tugar dedim dayr sinovlari,
Mening ham toleim kular-da dedim.
Qayerdan kelgan bu umid yovlari,
Bor-yo’g’i faqirdek orzumand edim…
Alvido dedimi,
Yo ko’rishguncha,
Xayrlar yog’dirib boshimdan qat-qat –
Shundoq yonginamdan
Qo’lin silkkancha
Serzarda jilmayib o’tdi muhabbat!
Tosh bo’lsa chatnardi – simillar bag’ir,
Yoki qichqirardi yosh-la dardlarim.
Mening ham ko’p edi, ko’p edi axir,
Ichimni kemirib yotgan gaplarim…
Ammo aytolmasman –
Hayiqmoq nechun?
Bir jumla axtarib baxt kabi to’kis,
Izg’idim dunyoni xayoldek kechib,
Valek qaytaverdim sassiz, sadosiz.
Mening ham umrimda bordir bir ma’ni,
Jimitdek jonimdan chiqar bir hissa.
Qaytadan kelarman yo yashagani,
Savashlar tugasa,
Kurashlar tinsa?!
O’shanda alvido demassan, balki,
Sevinchlar yog’dirib olamga qat-qat –
Uzun tunlaringda saodat balqib,
Yoningdan o’tarman jonim, muhabbat!
* * *
Tushun,
Dunyosiga kelmasmiz boshqa –
Tiriklik bo’yidan sarxush, beqaror,
Borliqni sev, do’stim,
Shu bugun yasha,
Quyoshdan bahra ol,
Zamindan mador.
Yasha –
Qulochingni yoysang-chi, axir,
Yulduzlar seniki!
Oy ham dardkashing.
Yolg’izman demagin,
Shivirlab chaqir…
Eng og’ir kuningda
Men – yo’qlar kishing!
Mana,
Yengib o’tdim qancha so’qmoqni,
Necha yil o’lmasdan keldim?!
Jonim – sog’.
Gullatdim peshonam yorgan to’qmoqni,
Ko’zimning yoshidan yaratdim chorbog’.
Holbuki,
Dilimdan ketmas hech qachon –
Qatra-qatra armon,
Qatra-qatra qon.
O’zimdek g’aribu miskinlarimga
Qo’ynimda bir umid asradim, ishon!
Kel,
Ishq panohiga!
Dunyoda, axir,
Ne ko’ylar tushmagay har tirik boshga?!
Anglagan hikmatim shu bo’ldi oxir –
Borliqni sev, do’stim,
Boringcha yasha…
* * *
Menam mushtoq edim
Bir yorug’ so’zga,
Ag’yor istamadim –
Zor yedim do’stga!
Najot so’rab kelgan har qora ko’zga
Qo’shiqlar kuylagan bir miskin edim.
Chorak asrdirki,
G’am bog’idaman…
Dil – dog’da!
Iztirob xobgohidaman.
O, necha jarlikning qirg’og’idaman –
Go’yo tushda qolib ketgan jin edim?!
Va yo o’gaymidim gulgun taqdirga,
Nechun tosh bog’langan
Uchqur shahdimga?
Munis quvonchimga,
Ma’sum baxtimga
Ertak to’qib yurgan g’o’r taskin yedim…
Iqrorman!
Ochlig-u zarni ham ko’rdim,
Qobonni ham, nilufarni ham ko’rdim,
Podshoni ham ko’rdim…
G’arni ham ko’rdim –
O’zim nima edim,
O’zim kim edim?!
Arosat…
Arosat…
So’ngsiz arosat –
Soyasi ustimda turgandek, g’alat!
O’limgacha g’aflat, bo’g’zimgacha dard –
Kimligin bilmagan
Allakim edim.
Menam intiq edim
Olis ma’voga,
Shaydo edim undan kelgan navoga!
Yo gadoman sig’may yurgan dunyoga,
Yoki vaqt yuzida – bir ajin edim.
Shu vaqtning muvaqqat nolasi edim,
Qaqnus – yuragimning qafasi edim.
Ilohi,
Menam bir nafasing edim,
Yana kim edim men?!
Yana jim edim…
* * *
Umrimiz qisqadir –
Ko’ngil sezadir,
Yuk bo’lib turmasmiz
Uzoq hayotga,
Mudom yelkamizni hasrat ezadir,
O’tarmiz bepoyon zavqu hayrat-la!
Umrimiz qisqadir –
Ko’ngil sezadir.
Xurjunimiz – bo’m-bo’sh,
Qo’limiz – yengil!
Jism – tuproqlikdan mastu beta’ma,
Bosh uzra qalqigan qator-qator dil,
Toshgan bag’rimizdan shashqator – amal,
Xurjunimiz – bo’m-bo’sh,
Qo’limiz – yengil…
Bizni sog’inarlar
Biz sog’inganlar –
Ularga topshirib qolgan safarni,
Ular-chun bahsh etib shodligu xanda,
Olib ketajakmiz ozroq kadarni…
Bizni sog’inarlar
Biz sog’inganlar!
Bas endi,
Bunchalar titrama, ey jon!
Garchi munajjimmiz –
Bu osmonlarda
Bir yulduz porlamas chog’i hech qachon,
Balki, tole bordir
Ishq tomonlarda?!
Bas endi,
Bunchalar titrama, ey jon.
Bari mubham,
Faqat tayin ayriliq,
Tayindir, bu ohlar ketmagay bekor,
Uyg’onish,
To’lg’onish,
Yonish bor – aniq,
Ayondir, qismatda go’zal ketish bor!
Bari mubham,
Faqat tayin ayriliq –
Umrimiz qisqadir,
Ko’ngil sezadir…
* * *
Biz qayg’u…
Biz hasrat…
Takror o’rtanib
Kelgandik –
O, sarxush bu bog’chalardan
Chechaklar tergali,
So’ng rang ulashib
O’tgali omonat, tund ko’chalardan.
Bir rovga kelgandik,
Bir lahza yashab,
Bir oniy titrog’u shavqqa yo’l edik.
O’zni bor-bo’yicha borliqqa tashlab,
Bir ko’ngil ra’yiga podshoh, qul edik.
Nechun endi gulmas,
Teramiz anduh,
Xoru bekaslikda ahli zuhd aro?!
To’rvada javohir,
Boramiz xuddi –
Zulmat kishvaridan chiqqan fuqaro…
Na man, bag’ri xunmi, orzuga to’la,
Hali ulg’aymagan,
Hali pishmagan,
Nolaman – samovot qa’rlarin o’ylab,
Hayrat navosidan yerga tushmagan.
Bunda bir kuy tilab kelgan kimsaning
Kelmasmi, yurakdan toshib kulgisi?
Na siz, ey ko’zlari pardali qavm,
Shodlik ovchisimi
Yo nafs elchisi?!
Yana bekaslikning rohiga siljib,
Chechaklar atrini izlab bog’lardan –
Biz qayg’u…
Biz hasrat…
Ketar bo’ldik jim,
Omonlik ko’rmasdan
Ahli sog’lardan.