Muhammad Siddiq. She’rlar & Jontemir. Farg’onalik Qoravoy

002   Фарғонанинг қорача шоири, сени биринчи кўриб, машқларингни тинглаганимда қанчалик тез унутишни истаган бўлсам, мана, қуйидаги шеърларинг сабаб хотирамга ўчмас бўлиб муҳрландинг. Ҳурмат билан Жонтемир.

ЖОНТЕМИР
ФАРҒОНАЛИК ҚОРАВОЙ
003

Ўтган йили ошнам Раҳмиддин билан водий сафарига жўнадик.

…Фарғонада даврамизга бўйлари паст, озғин, қорачадан келган бола қўшилди. Бирга шаҳар айландик, емакхоналарга кирдик. Қош қорайгач, қўноғимизга қайтиб, шеърхонликни бошлаб юбордик. Ана ўшандагина бояги қорача болакай ҳам шеър машқ қилиб туришини билдим. Беркитиб нима қилдим, ўшанда узундан-узун зўрма-зўраки ёзилган шеър ўқиб берганди у. Баъзи жойлари ёдимда қолган:

“Мана сиз бор дунёда,
Мана қиз бор дунёда,
Мана биз бор дунёда…”

— Тақсир, (Раҳмиддин шундай атарди мени), бундан бир гап чиқмайди, — деганди хамроҳим ўшанда. Қўшилганман фикрига. Ва ўзини-да, яхшилаб “қалампирлаганмиз”. Йигитчанинг юзида хафалик аломати сезилмади, балки, ўқиши керак бўлган китобларни айтишимизни сўрагани эсимда. Биз уйга қайтгач, айнан ўша қорамағиз йигитчани интернет орқали кузатиб борадиган бўлдим. Буни қарангки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яхшигина шеърлар ёза бошлади. Ҳа, унинг қай бир бекилиб ётган истедод эшиги очилиб кетгани аниқ эди. Сиз бу йигитчанинг сатрларига эътибор беринг:

“Ниҳоят шеър битди, кўксимга
Кийимларин ечиб отди тун”.

Ёки:

“Елкаларин тираб деворга
Куйлай бошлар тўхтаган соат…”

Сўз қўллаши, қофиялари ҳам тенгтўшлари ижодидан ажралиб туради. Тўғри, алоҳида мактаб яратган катта шоирларга нисбатан тақлиди бор (ҳа, энди бу қай биримизда бўлмаган?!), шу билан бирга, (ҳозирча) ингичка бўлса-да, ўз овози ҳам бор-да! Фарғонанинг қорача шоири, сени биринчи кўриб, машқларингни тинглаганимда қанчалик тез унутишни истаган бўлсам, мана, қуйидаги шеърларинг сабаб хотирамга ўчмас бўлиб муҳрландинг. Ҳурмат билан Жонтемир.

Муҳаммад Сиддиқ
ШЕЪРЛАР
007

* * *

Вужудимдан силқиб тушди қиш,003
Яшил барглар чирмашди — баҳор!
Сўнг ғунчалар этдилар олқиш,
Дов-дарахтлар алқади дарҳол.

Бир ҳайқириқ тешди бўғзимни,
Осмон олди юракнинг юкин.
Ниҳоят шеър битди, кўксимга
Кийимларин ечиб отди тун…

КЕТСАНГ…

1
Кетолмайсан соянгни ташлаб,
Тополмайсан ундан яқинни.
Шу кунгача пойингда яшаб,
Cўрамади хатто ҳаққини.
Кетолмайсан сира олислаб,
Ҳар гал сингиб кетсанг-да тунга.
Лек эшигинг чертса ёлғизлик,
Сени ташлаб кетмайди у ҳам…

2
У олдингда юрсин ҳамиша,
Нурлар оқиб келсин ортингдан…
Не бўлади, тананг йўл бошлаб
Соянг қолиб кетса юртингда?
О, парчалаб ташла бу тунни…
Ва энг ёруғ лаҳзалар тилаб,
Кетсанг, шундай кетгингки, иним,
Ҳамма соя кетсин сен билан!

* * *

Тоғлар ўса бошлар суяб бир-бирин,
Қушлар ҳуркмай ҳониш этар жўрликда.
Мискин чумолилар терар рисқини
Тин олган халқ каби уруш, хўрликдан.

Қўнғир тиканлари эврилиб гулга
Олисдаги зумрад боғларга қараб,
Туманлар ичида чап бериб тунга —
Оҳиста ўрнидан қўзғалар Дарахт…

* * *

1.
Қанотингни ёз ва уч!
Қуш эмаслигингга сира ишонма —
Далиллар сохта.
Осмон борлигини ҳис қил,
Осмонда эса У…
Муҳими сен мавжудсан!

2.
Қачон ва қаерда нима бўлишин
Ҳеч ким билмагани каби
Ўзингни эркин тут.
Мўлжалдан адашма,
(Кўзгудаги одамга қараб)
Тепкини бос!

* * *

Токи чиқмас қафасдан фикринг,
Онгинг тубдан кетарки нураб,
Ахир шонли ғоялар чирир,
Ахир қулаб тушар мафкуранг.

Жим тайёрлан шу буюк жангга,
Зимдан шайлан, бой бермай сиринг –
Бир инқилоб бошла миянгда
Озодлиги учун фикрнинг…

* * *

Парчаланар лаҳзада сукун,
Шовқин турар оёққа бирдан.
Ғичирлатар эшик тишларин,
Сесканади тим қора парда…

Ва мўжиза туйган бемордай
Тилга кирар жимлик ниҳоят –
Елкаларин тираб деворга
Куйлай бошлар тўхтаган соат…

* * *

Тугаб борар кафтимдаги шам
Ёритганча бешаън хонани,
Қидираман сўнг ҳар бурчакдан
Тундан қўрқаётган одамни:

Бунда хароб бўлмасин ҳолинг,
Тонг келтирдим, қара, эй юрак.
Нурлар бекор кетмасин, ҳали
Ташқарига чиқишим керак…

* * *

Ёмғир сочларингни силайди майин,
Шамол уфқ сари етаклар карахт.
Умримизнинг сокин боғларидан, о,
Болалик — индмай кетиб қолган бахт.

У кунлар… қайтардик қирлардан хушвақт,
Гуллар-ла баҳорлар ҳақда куйлашиб.
Гулим, эсингдами?
Яхши кўрардинг
Тинмай капалаклар билан ўйнашни.

Хотиралар кезар совуқ хонамни,
Туним ўтиб борар кунни соғиниб.
Эслайсанми?
Атай мен-ла бўлгин деб,
Яшириб қўярдим қўғирчоғингни…

Ҳамон термиласан ҳорғин, жовдираб,
Мунчоғи узилган гўдак сингари.
Ўзингга келолмай излайсан ҳануз,
Ўшал меҳрбулоқ тутган онларни.

Бу кун торлик қилар хушрўй кўйлагинг,
Яна-да ёқимли туюлар гуллар.
Кимсасиз хонангда маъсум боладай
Кечалар қўғирчоқ ўйнагинг келар…

* * *

Мудроқ босган аскарлар сафи —
Оҳиста бош чайқар тераклар.
Бу гўшада йўқдир хатар, ҳавф,
Соҳилда шўх кулги жаранглар.

Бута орти. Писиб юради
Қув йигитдай шамол бетаъмиз.
Юлдузларнинг гўзал сурати —
Чўмилади сойда қирқта қиз.

Бобоқуёш суриб келар от,
Қора гуллар кўланка излар.
Йигитни-да пайқаган заҳот
Тумтарақай қочади қизлар…

* * *

Тўрт мисра шеърингдан ўқиб кет, пари,
токи бу кечада армонда қолмай,
токи даричада турган ҳўв дардни
соғиниб… соғиниб юқтириб олмай.

Синфдан қолдирилган боладек кўнглим
кузнинг эшигига термилар ғамнок.
Ёз – бу оташнафас, шоира синглим,
қай даъфа севмоқдан беради сабоқ…

Қушлар – фаслларнинг синган тутуни,
баҳорга дўнмайди ҳеч бири, тамом!
Сен эса йилларнинг ҳукмига кўниб
турналар ортидан чопасан ҳамон…

Энди тополмаймиз, ҳар кун, ҳар ерда,
гулдек ҳиссиётлар энди қариган.
Дафтарлар қатида сарғайган шеърдай
юлдузлар сўнади кўзинг қаъридан.

Мен бунда синглимнинг сочларин ўриб
тоғларга ҳайқириб ўқирканман шеър,
бошингга гулларин тўкмасдан ўрик,
бизга бинафшалар териб келиб бер,
тўрт мисра шеърингдан ўқиб бер, пари,
тўрт мисра шеърингдан ўқиб бер…

* * *

Кимга зиёни бор бу соқов чолнинг?
Нуқул жеркишади йўйиб гунг, мастга…
Аранг етиб олар, қуриб мадори
Тонгда мозордаги яшил гумбазга.

Кун ора зиёрат қилар бу ерни,
Дуоси ижобат бўлгай, ҳартугул.
Қучоқлаб ўпади азиз қабрни
Ва устига қўяр даста атиргул…

— Ота, — дейди гўрков,— эзар қандай дард?
Ҳеч йўқ, имламасдан менга гапиринг!
У йиғлаб қўйнидан суратин олар
Чаккасига райҳон таққан кампирнинг…

* * *

Доимгидек мужмал ҳаётинг,
Ҳеч вақо йўқ бўшлиқдан бошқа.
Ҳек ким сезмаз фойда-зиёнинг,
Мафжудлигинг билинмас, ошна.

Мана, сенга бир бутун умр,
Истаганча яша, қисқаси.
Борлигингни кўрсат ва ёки —
Йўқлигингни ҳеч ким сезмасин!

* * *

Бир оғиз сўз айтмайсан ҳатто,
Ҳеч кимсани келмас эшитгинг.
О, ўзингга берасан фатво,
Ичкаридан қулфлаб эшикни…

Нафасингда турар кўндаланг
Энг оҳирги оғир ҳўрсиниқ.
Вужудингни кўтариш-чун сўнг
Ҳозирлайсан баланд курсини.

Кимдир… пайдо бўлар тўсатдан,
Сенга томон чўзар қўлини
Ва бошингни силаб кўрсатар
Дор бўғизлаб турган Ўлимни…

* * *

1.
Бир тонг отар,
Бу тунларнинг
Қайсидир чоррахасида.
Бир тонгки,
Олис-олисларга етаклагувчи.
Чамадонга энг яхши кўрган
Китобларингни тахлаб
Чиқиб кетасан…
Бир тонг отар,
Тасаввурингдан-да қулайроқ
Бир тонг.

2.
Мана оромкурси,
Мана бу қахва.
Китобингни вароқлар экансан
Бир суратга кўзинг тушади ногоҳ
Ва бу кулиб турган ёлғизсизликни
Соғингинг келади
То тонг отгунча…

* * *

Озор бердим нозик кўнглингга,
Билиб-билмай қўйдим ранжитиб.
Бу оғриққа бормикан малҳам,
Давосини биларми «Фит-тиб»?

Барҳам топмас бу аразлашув,
Бекор бари ёзган хат-номам.
Бу тун ушбу севги қиссадан
Битмоқ мумкин «Муҳаббатнома».

Бошдан ўтди не-не саргузашт…
Ҳамон борсан ўтли ғамзада.
Шу фироқни енгиб ўтсак бас,
Жой берилар бизга «Хамса»дан

* * *

Унга азоб берди ва қилди алам,
Сўнг бундай муҳитга беролмади дош.
Ҳеч нима олмади, ўрганмади ҳам,
Индамай инидан учиб кетди қуш.

Ўла-ўлгунича куйлаб ўтди то,
Эзгу қўшиқларин қилмади канда…
Қушлар ўз зотига тортмас экан гоҳ,
Шеър ҳудди шоирга ўхшамагандай!

* * *

Қўллингга тутқазиб кумуш қадаҳни
Заррин кўйлак кийиб тун тушди садр.
Кўзингни сеҳрга бўяди, тағин
Бошлаб кетаверди онгинг қайгадир.

Қушсимон қўндингу овлоқ гўшага…
Бир зумда унутдинг сабоҳий кунни.
Ва уйингга олиб келдинг ўшал дам
Бошингда кўтариб енгилтак тунни…

* * *

Эрта тонгдан уйқуси учиб
Қулочини кенгроқ ёзар боғ.
Шохларини тебратар гужум,
Гўрдан тирик чиқар тағин ток.

Бўйига бўй қўшар кўктерак,
Тут эшитар қушлар чуғурин.
Чинор илдиз отиб чуқурроқ
Аёз жонин олар суғуриб.

Теваракка термиламан жим…
Новдаларга куртаклар тақиб,
Ҳали ҳамон бир сирда руҳим
Дарахтларга қилади тақлид…

* * *

Оғзинг тўлар қуйиқ қонингга,
Сўнгакларинг синади, аммо
Айрилай десанг-да жонингдан
Бўйин эггинг келмайди ҳамон…

Ва курашиб жўмард мисоли
Енг ичига солмайин ханжар,
Бу кеча ҳам қоларсан ғолиб —
Чиқиб кетар ҳўрсиниб Ажал…

* * *

Юлдузларин чўғлатиб осмон
Доирадек чертади ойни.
Сариқ сурат бағрида шодмон
Шўх япроқлар юзариб ўйнар

Ва силкинар рангин ғўралар,
Ҳамроҳ бўлиб гуллар рақсига.
Боғ тонггача куйга ўраниб
Ўйнар туннинг ноғорасига…

* * *

Бу манзара ҳунук нақадар —
Қўл узатмоқ яғир қўлларга
Ва йўлингни уфққа қадар
Туташтирмоқ бешаън йўлларга.

Аранг тилга чиқар сўзларинг,
Ич-ичингга ташлайсан қармоқ.
О, туфлагинг келган юзларга
Қандай жирканч, кулиб қарамоқ!

* * *

Яна тун бўғзига санчилар бадр
Тим қора лаҳзалар аста қисқарар.
Занжирлар довшидан зериккан умр
Яна одимлайди тонгларга қараб.

Яна тун бўғзига санчилар бадр,
Яна қон — юлдузлар гупурар тошиб.
Кун бўйи дарахтлар кўкка ўрмалар
Қўлтиқлаб тунларнинг кесилган бошин…

* * *

Она, олдингизда ҳижолатдаман,
Янгиси йўқ дедим, жўртага алдаб.
Бугун ҳам у қизни кўриб қайтаман,
Яна шеър ёзаман у қизга атаб.

Нималар қилябман, ер, осмон шоҳид,
Ўлгунча қўрқаман висол ҳаққидан.
Ҳамма ёзганларим севгига оид,
Ёзилмаган шеърим армон ҳақида.

Она, мен севишни ташлайин нечун?
Фақат бир ҳовуч ишқ истайди дилим.
Менинг ҳамма шеърим оналар учун,
Чунки она бўпти бугун севгилим!

Тўйгунча ичардим кўтарса чўнтак,
Қизил май ичаман, қизил йиғлайман.
Ўзимдан кичиклар ҳали ҳам гўдак,
Ўзимдан каттани севмай ўлай ман!

* * *

Бу ҳужранинг на эшиги бор,
На мўриси, на деразаси.
Лек, девор бор, яъни бемалол
Чизиш мумкин қушларнинг расмин…

* * *

Қўл узатсанг куясан, демак
Лаб теккизмоқ амри-маҳолдир.
Етишмасдан кетаман, дема,
Шу оловда қалбингни қолдир.

Ёруғ қилсин токи фалакни
Ва кўзларинг тортмасин ҳира.
Кетсанг ҳамки ортингда юрак —
Ялов каби турсин ҳилпираб…

* * *

Барглар шитирлайди.
Шамоллар дайдиб
Сочингни тўзғитиб борар изингдан.
Мана, уч кундирки ёмғир тинмайди,
Нимадир сирқираб оғрир кўксингда.
Гўё бугун ёғмай қоладигандай
Атай ёмғирпўшни ёпинмай чиқдинг.
Кўзларингни юмсанг…
Сўнг ана шунда,
Ҳузурингда пайдо бўлса эди… жим(!)
Қувноқ қизалоқдай дарсни ўтказиб
Бир лаҳза ҳушлагансимон кўнглингни,
Кўлгудан нур тараб туради юзинг,
Биров илғамайди йиғлаганингни…
Ўксима, бахт излаб ҳазон фаслидан
Бу тун ўша – қалбан яқинроқ кимдир
Сени ҳам дунёнинг бир чеккасида
Ҳеч кимга сездирмай соғинётгандир…

* * *

Бекатларни санаб бораман
Қўмсаб оний дийдор шукуҳин.
Нигоҳингни топиб олгандай
Потирлайди қуш янглиғ руҳим.

Куз уфурар дийдаларимдан,
Чап кўксимда гуллаб ётар дард.
Автобуснинг ойналаридан
Сирғалади маъюс ёмғирлар…

* * *

Кўнгил аро икки бўлак ишқ –
Алвон-алвон бир жуфт мусича
Ҳар тун олар оҳиста қуниш
Ва бошланар ёмғир – мусиқа.

Нозик қўллар тутиб кафтида
Мунглиғ-мунглиғ сийпалар майин:
О, бу қушлар ёмғир дастидан
Бу дунёда қуролмас бир ин…

СЎНГГИ ЛАҲЗАДА

Юмалоқ вақт эрир денгизда — алвон,
Тийрамоҳ оҳорин тўкар талотум.
Кимнингдир бағрини эзиб
Мен томон
Келар оёқлари қонга ботган тун.

Ачқимтир дуд ўрлар осмон тоқига,
Эшилиб ўт янглиғ куй чиқар найдан.
Сўнгги барг тўкилар дарахт шоҳидан —
Яна сен ҳақингда ёза бошлайман…

ИРМОҚ

Судралиб бораман кунчиқар томон,
Қайгача етарман бу юришимда?
Ҳали жуда олис… йўлки беомон,
Ҳали улкан тошлар чиқар қаршимдан.

Тобора илдамроқ босар одимим,
Қирғоқлар торайиб келар ҳар ёндан.
Қанча сўқмоқ бўлсин жим чидайман, жим
Етиб боргунимча ҳафиз дарёга…

* * *

Кўзларингга тикилдим маҳтал,
Билагингдан ушладим қаттиқ.
Юзларингни қизартдим аста,
Ўтли, тоза сўзимни айтиб.

Суратингни чиздим муфассал,
Энг мусаффо навбаҳор каби.
Ҳароратим кўтарилди сал,
Тонгга қадар қабарди лабим…

ҚИСМАТ

Аёнки тошлардан олган сабоғинг
Қоқилиб яшамоқ ойдин йўлларда.
Кўзингни ёшлатган тонглар сабоҳий —
Туннинг синиғига чирмаб ўралган.

Қачон ва қаерда бўлган бу воқе,
Ногоҳ сизиб кирмиш ичингга ирмоқ?
Энди осон эмас, кишанлар тақиб
Оғироёқ қалбни кўтариб юрмоқ…

ТИЛМОЧ

Жуда ачинарли бу ҳол бир қадар,
Бир қадар кулгингни қистар бу ҳолат —
Қад ростлаб турса-да боғнинг тўрида
Дарахт соясида қолган бу дарахт…

ЖАНГ

Бири олар кўзларин ўйиб,
Бири ўқчиб айтар вовайло.
Оғир кураш кетар тун бўйи,
Чақмоқ каби ярақлар майдон.

Тонгга қадар бунда бош эгмоқ
Ҳар далерга ўлим билан тенг.
Жим чекинай дейман-у бироқ
Жангчиларнинг иккиси ҳам мен…

ОНА

Елар асов вақтинг шамоли,
Боғларимрни этганча ғорат.
Кўз ўнгимда япроқ мисоли
Кузаради нажиб бир сурат.

Бу суратни деворга осиб
Боқиш учун, қилиб кўзёши —
Осон бўлармикин шеър ёзиш,
Етармикин чексиз бардошим?

* * *

Кўк тоқига илинди қамар,
Капалаклар етди муродга…
Тонг чойшабин ёзмасдан аввал
Ишга тушди мискин дурадгор.

Бу бобокасб, аср ошган кўҳна,
Ҳали қанча авлод бор маҳтал?
Тонгга қадар бетиним меҳнат —
Сайқалланар чинор, ё оқтол.

Мана, авом ҳосилни кўрсин,
Галдаги ҳеч бирга ўхшамас.
Энди кўркам, пишиқ бу курси
«Қорин»ларни кўтаролса, бас…

* * *

Йўлларимиз туташмагандек
Кўзларимиз келмас эди тик.
Ҳамма каби севиб қолдик, лек,
Биз ҳаммага ўхшамай севдик.

Биз бировга қилмадик тақлид,
Ўзгаларга қилмадик ҳавас.
Худога ҳам эркаланмадик,
Муҳаббатдан очмадик ҳам сўз.

Биз ҳеч кимга ўхшамай севдик,
Кундек равшан эди тунимиз.
Менга алам қилади лекин,
Ҳамма каби айрилганимиз…

ГЎРКОВ

У ҳам бир деҳқонлар каби, ҳар ҳолда
Ҳосилин йиғишга ҳақли бу боғдан.
Бироқ, ҳеч кўкармас доим баҳорда
У тер тўкиб эккан улкан уруғлар…

* * *

Уфқлардан келади ҳабар,
У бемажол қарар ўксиниб.
Дил — хонага қамалган каптар,
Деразага урар ўзини.

На эътибор қилар бирор кас,
На овози чиқар тутқуннинг.
Бу хонани тўлдириб борар
Тамаки-ю бир қалб тутуни.

Ҳеч бергиси келмас эрксиз жон,
Жой топса ҳам алҳол қўнишга.
Ярамайди наҳот бир инсон,
Деразани очиб қўйишга?..

* * *

Тоғ ортидан мўралайди кун,
Тонг бўйлайди хонамга аста.
Исминг айтиб уйғонаман ҳўнг,
Ҳиққилашни қўймайман асти.

Деразамдан боқади баҳор,
Гул бўйлайди бағримга саҳар.
Капалаклар пилдирар хушҳол,
Қушлар куйлаб тутади шаккар.

Чорлар эдинг алвон оламга,
Уйғонмасдим умрбод йўқса.
Бахт бўйлади аста хонамга,
Бу хонада фақат сен йўқсан…

* * *

Йиллар — эшилган илон,
Фасллар тизим-тизим.
Тўрт томонинг беяпроқ,
Умрингга бермас тўзим.

О, баҳор — нозли сулув,
Йўқлаб келмас боғингга.
Кимлар тош отар, гулим,
Кўнглингга, япроғингга?

Бу ҳазонлиғда ёлғиз
Кузак биз билан бирга.
Кел, бирга йиғлашамиз,
Ювиб кетсин ёмғирлар…

Боргим келар шамолдай,
Хижрон ўтар жон-жондан,
Сенга қандай етай, айт,
Тинмай бўғса илонлар?!

* * *

Кун қуёшга суяниб
Сочларини тарар — оқ.
Қуш учирма бўлди, жим
Ёй тортилар тарангроқ.

Чўкиб борар қўнғир ер,
Яқинлашар осмон ҳам.
Овчи кўзи қисилар —
Ўқ жой олар нишондан.

Энди кутар қай манзил,
Жаннатми, ё дўзахми?
Насиб этди, ҳартугул,
Лаҳзалик парвоз бахти.

Қушча айтган сўнгги куй
Юракни эзар ҳануз:
Бизда шоирлар шундай
Бир-бирига бўлар «дўст»!

ДАРАХТ

Эй бошегик атиргул,
Кўзларингга қарасам
Соғинчбоғга асир-қул
Бўлганимни сезмишам.

Эй қалқиб чиққан юрак,
Турибмиз нени кўзлаб?
Масофалар қисқа, лек
Занжирланган илдизлар…

СУВОРИЙ ҚЎШИҒИ

Ўрнингдан тур, Тулпорим,
Тезроқ югур, Тулпорим.
Ўт чақнат туёғингдан
Шамсга довур, Тулпорим.

Ёлларингни тарадим,
Ўз инимдек қарадим,
Аслида сен суворий,
Асл тулпор — юрагинг!

Олов қайнар ичингда,
Бўйин эгма ҳеч кимга.
Кўзингдан ёш томмасин,
Қон томса ҳам қамчимдан.

Тўкилсин бор ғуборим,
Тезроқ югур, Тулпорим.
Ултонтозлар йиқилсин,
Ўрнингдан тур, Тулпорим!

* * *

Якка-ю ёлғиз Ҳавво,
Вушудим тўлди майга.
Бизга-да хижрони бор,
Бахтимиз майда-майда.

Чирмашар улкан-улкан —
Чирмовуқ мисоли ғам.
Сен ерда юрагимсан,
Кўкда ҳилол — қовурғам…

* * *

Тунлар сояларга ўранди бир-бир,
Шудринглар барқ урди нурлар рақсида.
Жимликнинг кўксига ниш урди тонглар,
Тоғларни ағдарди дилгир аъкс-садо.

Япроқлар дуога қўл очгандайин
Новдалар юзига тортади кафтин.
Юлдузларга тегиб толе манглайи
Дарахтлар ажралди заъфарон сафдан.

Ич-ичига сиғмай кетди куртаклар
Музлаган кўнглини отиб гулханга.
Баҳор ишқ улашди ҳар бир чечакка
Ва оқ капалаклар қўнди гулларга.

Жунунтол бошини кўтаргада тик,
Сен бунда измидан чиқмадинг вақтнинг.
Ахир, бирга кутиб олмоқчи эдик,
Турналар опичлаб келган бу Бахтни…

ШАРҲИ ҲОЛ

1.
Келдим…

2.
Кўкда кун кечирганман,
Танамга кеч кирганман.
Одамларнинг қўлига
Тушганман, қичқирганман:
Қочаман, турғизиб қўй,
Ичаман, тўлғизиб қуй!
Кўзларимнинг устидан
Кафтингни юрғизиб қўй…

Осмон ойга илинди,
Дудоқларинг тилинди.
Бу тушга кирмаганим
Куни бўйи билиниб —
Мен келдим, уйғотишга,
Муаллақ тўлғонишга.
Қачон улгурдим ўзи
Сени севиб қолишга?

Қуёшни ўпиб келдим,
Изингни топиб келдим.
Бировлар тилмасин деб
Кўксимни чопиб келдим!
Шартта чертдим тангани,
Ўз-ўзимдан тонгани.
Ўлиб ҳам ўчиролмам
Шоир деган тамғани.

Тошни ғижимлаб келдим,
Ёшим сим-симлаб келдим.
Кумуш билан Зайнабга
Бекни тақсимлаб келдим…
Қовушмадим соямга,
Дўндим қатра жоламга.
Ўзимга бердим савол —
Нега келдинг оламга?

Ёнишга, ёндиришга,
Севишга қондиришга.
Ўлиб сен ва дунёни
Йиғлатиб қолдиришга!
Ифоримдан топ, келдим,
Янги, тоза, соф келдим.

Қуп-қуруқ туғилмадим,
Катта юрак обкелдим!
Бердим сал дарагимни,
Сездингми керагимни?
Ташлаб кетиш шарт экан
Шу улкан юрагимни…

3.
Кетдим…

* * *

Тоғ пойингга аста чўкса тиз,
Юлдуз учиб тушса кафтингга,
Ҳамма нарса — кичик, кўримсиз,
Қолиб кетса оёқ остингда.
Силиқланса нафас олишинг,
Ва берилса ўрнинг баланддан.
Гўё ёқиб Худога ишинг,
Бир сен қолсанг йирик ҳолатда —
Шоирдек боқ, ҳар нуқтага,
Шоир деб бил, чумолини ҳам!

003 Farg‘onaning qoracha shoiri, seni birinchi ko‘rib, mashqlaringni tinglaganimda qanchalik tez unutishni istagan bo‘lsam, mana, quyidagi she’rlaring sabab xotiramga o‘chmas bo‘lib muhrlanding. Hurmat bilan Jontemir.

JONTЕMIR
FARG‘ONALIK QORAVOY
003

O‘tgan yili oshnam Rahmiddin bilan vodiy safariga jo‘nadik.

…Farg‘onada davramizga bo‘ylari past, ozg‘in, qorachadan kelgan bola qo‘shildi. Birga shahar aylandik, yemakxonalarga kirdik. Qosh qoraygach, qo‘nog‘imizga qaytib, she’rxonlikni boshlab yubordik. Ana o‘shandagina boyagi qoracha bolakay ham she’r mashq qilib turishini bildim. Berkitib nima qildim, o‘shanda uzundan-uzun zo‘rma-zo‘raki yozilgan she’r o‘qib bergandi u. Ba’zi joylari yodimda qolgan:

“Mana siz bor dunyoda,
Mana qiz bor dunyoda,
Mana biz bor dunyoda…”

-Taqsir (Rahmiddin shunday atardi meni), bundan bir gap chiqmaydi, — degandi xamrohim o‘shanda. Qo‘shilganman fikriga. Va o‘zini-da, yaxshilab “qalampirlaganmiz”. Yigitchaning yuzida xafalik alomati sezilmadi, balki, o‘qishi kerak bo‘lgan kitoblarni aytishimizni so‘ragani esimda. Biz uyga qaytgach, aynan o‘sha qoramag‘iz yigitchani internet orqali kuzatib boradigan bo‘ldim. Buni qarangki, oradan hech qancha vaqt o‘tmay, yaxshigina she’rlar yoza boshladi. Ha, uning qay bir bekilib yotgan istedod eshigi ochilib ketgani aniq edi. Siz bu yigitchaning satrlariga e’tibor bering:

“Nihoyat she’r bitdi, ko‘ksimga
Kiyimlarin yechib otdi tun”.

Yoki:

“Yelkalarin tirab devorga
Kuylay boshlar to‘xtagan soat…”

So‘z qo‘llashi, qofiyalari ham tengto‘shlari ijodidan ajralib turadi. To‘g‘ri, alohida maktab yaratgan katta shoirlarga nisbatan taqlidi bor (ha, endi bu qay birimizda bo‘lmagan?!), shu bilan birga, (hozircha) ingichka bo‘lsa-da, o‘z ovozi ham bor-da! Farg‘onaning qoracha shoiri, seni birinchi ko‘rib, mashqlaringni tinglaganimda qanchalik tez unutishni istagan bo‘lsam, mana, quyidagi she’rlaring sabab xotiramga o‘chmas bo‘lib muhrlanding. Hurmat bilan Jontemir.

Muhammad Siddiq
SHE’RLAR
007

Muhammad Siddiq (Alijonov). 2000-yil Farg‘ona viloyati Toshloq tumani Zarkent qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshloq agrosanoat kasb-hunar kolleji o‘quvchisi.

* * *

Vujudimdan silqib tushdi qish,09
Yashil barglar chirmashdi — bahor!
So‘ng g‘unchalar etdilar olqish,
Dov-daraxtlar alqadi darhol.

Bir hayqiriq teshdi bo‘g‘zimni,
Osmon oldi yurakning yukin.
Nihoyat she’r bitdi, ko‘ksimga
Kiyimlarin yechib otdi tun…

KЕTSANG…

1
Ketolmaysan soyangni tashlab,
Topolmaysan undan yaqinni.
Shu kungacha poyingda yashab,
Co‘ramadi xatto haqqini.
Ketolmaysan sira olislab,
Har gal singib ketsang-da tunga.
Lek eshiging chertsa yolg‘izlik,
Seni tashlab ketmaydi u ham…

2
U oldingda yursin hamisha,
Nurlar oqib kelsin ortingdan…
Ne bo‘ladi, tanang yo‘l boshlab
Soyang qolib ketsa yurtingda?
O, parchalab tashla bu tunni…
Va eng yorug‘ lahzalar tilab,
Ketsang, shunday ketgingki, inim,
Hamma soya ketsin sen bilan!

* * *

Tog‘lar o‘sa boshlar suyab bir-birin,
Qushlar hurkmay honish etar jo‘rlikda.
Miskin chumolilar terar risqini
Tin olgan xalq kabi urush, xo‘rlikdan.

Qo‘ng‘ir tikanlari evrilib gulga
Olisdagi zumrad bog‘larga qarab,
Tumanlar ichida chap berib tunga —
Ohista o‘rnidan qo‘zg‘alar Daraxt…

* * *

1.
Qanotingni yoz va uch!
Qush emasligingga sira ishonma —
Dalillar soxta.
Osmon borligini his qil,
Osmonda esa U…
Muhimi sen mavjudsan!

2.
Qachon va qayerda nima bo‘lishin
Hech kim bilmagani kabi
O‘zingni erkin tut.
Mo‘ljaldan adashma,
(Ko‘zgudagi odamga qarab)
Tepkini bos!

* * *

Toki chiqmas qafasdan fikring,
Onging tubdan ketarki nurab,
Axir shonli g‘oyalar chirir,
Axir qulab tushar mafkurang.

Jim tayyorlan shu buyuk jangga,
Zimdan shaylan, boy bermay siring –
Bir inqilob boshla miyangda
Ozodligi uchun fikrning…

* * *

Parchalanar lahzada sukun,
Shovqin turar oyoqqa birdan.
G‘ichirlatar eshik tishlarin,
Seskanadi tim qora parda…

Va mo‘jiza tuygan bemorday
Tilga kirar jimlik nihoyat –
Yelkalarin tirab devorga
Kuylay boshlar to‘xtagan soat…

* * *

Tugab borar kaftimdagi sham
Yoritgancha besha’n xonani,
Qidiraman so‘ng har burchakdan
Tundan qo‘rqayotgan odamni:

Bunda xarob bo‘lmasin holing,
Tong keltirdim, qara, ey yurak.
Nurlar bekor ketmasin, hali
Tashqariga chiqishim kerak…

* * *

Yomg‘ir sochlaringni silaydi mayin,
Shamol ufq sari yetaklar karaxt.
Umrimizning sokin bog‘laridan, o,
Bolalik — indmay ketib qolgan baxt.

U kunlar… qaytardik qirlardan xushvaqt,
Gullar-la bahorlar haqda kuylashib.
Gulim, esingdami?
Yaxshi ko‘rarding
Tinmay kapalaklar bilan o‘ynashni.

Xotiralar kezar sovuq xonamni,
Tunim o‘tib borar kunni sog‘inib.
Eslaysanmi?
Atay men-la bo‘lgin deb,
Yashirib qo‘yardim qo‘g‘irchog‘ingni…

Hamon termilasan horg‘in, jovdirab,
Munchog‘i uzilgan go‘dak singari.
O‘zingga kelolmay izlaysan hanuz,
O‘shal mehrbuloq tutgan onlarni.

Bu kun torlik qilar xushro‘y ko‘ylaging,
Yana-da yoqimli tuyular gullar.
Kimsasiz xonangda ma’sum boladay
Kechalar qo‘g‘irchoq o‘ynaging kelar…

* * *

Mudroq bosgan askarlar safi —
Ohista bosh chayqar teraklar.
Bu go‘shada yo‘qdir xatar, havf,
Sohilda sho‘x kulgi jaranglar.

Buta orti. Pisib yuradi
Quv yigitday shamol beta’miz.
Yulduzlarning go‘zal surati —
Cho‘miladi soyda qirqta qiz.

Boboquyosh surib kelar ot,
Qora gullar ko‘lanka izlar.
Yigitni-da payqagan zahot
Tumtaraqay qochadi qizlar…

* * *

To‘rt misra she’ringdan o‘qib ket, pari,
toki bu kechada armonda qolmay,
toki darichada turgan ho‘v dardni
sog‘inib… sog‘inib yuqtirib olmay.

Sinfdan qoldirilgan boladek ko‘nglim
kuzning eshigiga termilar g‘amnok.
Yoz – bu otashnafas, shoira singlim,
qay da’fa sevmoqdan beradi saboq…

Qushlar – fasllarning singan tutuni,
bahorga do‘nmaydi hech biri, tamom!
Sen esa yillarning hukmiga ko‘nib
turnalar ortidan chopasan hamon…

Endi topolmaymiz, har kun, har yerda,
guldek hissiyotlar endi qarigan.
Daftarlar qatida sarg‘aygan she’rday
yulduzlar so‘nadi ko‘zing qa’ridan.

Men bunda singlimning sochlarin o‘rib
tog‘larga hayqirib o‘qirkanman she’r,
boshingga gullarin to‘kmasdan o‘rik,
bizga binafshalar terib kelib ber,
to‘rt misra she’ringdan o‘qib ber, pari,
to‘rt misra she’ringdan o‘qib ber…

* * *

Kimga ziyoni bor bu soqov cholning?
Nuqul jerkishadi yo‘yib gung, mastga…
Arang yetib olar, qurib madori
Tongda mozordagi yashil gumbazga.

Kun ora ziyorat qilar bu yerni,
Duosi ijobat bo‘lgay, hartugul.
Quchoqlab o‘padi aziz qabrni
Va ustiga qo‘yar dasta atirgul…

— Ota, — deydi go‘rkov,— ezar qanday dard?
Hech yo‘q, imlamasdan menga gapiring!
U yig‘lab qo‘ynidan suratin olar
Chakkasiga rayhon taqqan kampirning…

* * *

Doimgidek mujmal hayoting,
Hech vaqo yo‘q bo‘shliqdan boshqa.
Hek kim sezmaz foyda-ziyoning,
Mafjudliging bilinmas, oshna.

Mana, senga bir butun umr,
Istagancha yasha, qisqasi.
Borligingni ko‘rsat va yoki —
Yo‘qligingni hech kim sezmasin!

* * *

Bir og‘iz so‘z aytmaysan hatto,
Hech kimsani kelmas eshitging.
O, o‘zingga berasan fatvo,
Ichkaridan qulflab eshikni…

Nafasingda turar ko‘ndalang
Eng ohirgi og‘ir ho‘rsiniq.
Vujudingni ko‘tarish-chun so‘ng
Hozirlaysan baland kursini.

Kimdir… paydo bo‘lar to‘satdan,
Senga tomon cho‘zar qo‘lini
Va boshingni silab ko‘rsatar
Dor bo‘g‘izlab turgan O‘limni…

* * *

1.
Bir tong otar,
Bu tunlarning
Qaysidir chorraxasida.
Bir tongki,
Olis-olislarga yetaklaguvchi.
Chamadonga eng yaxshi ko‘rgan
Kitoblaringni taxlab
Chiqib ketasan…
Bir tong otar,
Tasavvuringdan-da qulayroq
Bir tong.

2.
Mana oromkursi,
Mana bu qaxva.
Kitobingni varoqlar ekansan
Bir suratga ko‘zing tushadi nogoh
Va bu kulib turgan yolg‘izsizlikni
Sog‘inging keladi
To tong otguncha…

* * *

Ozor berdim nozik ko‘nglingga,
Bilib-bilmay qo‘ydim ranjitib.
Bu og‘riqqa bormikan malham,
Davosini bilarmi “Fit-tib”?

Barham topmas bu arazlashuv,
Bekor bari yozgan xat-nomam.
Bu tun ushbu sevgi qissadan
Bitmoq mumkin “Muhabbatnoma”.

Boshdan o‘tdi ne-ne sarguzasht…
Hamon borsan o‘tli g‘amzada.
Shu firoqni yengib o‘tsak bas,
Joy berilar bizga “Xamsa”dan

* * *

Unga azob berdi va qildi alam,
So‘ng bunday muhitga berolmadi dosh.
Hech nima olmadi, o‘rganmadi ham,
Indamay inidan uchib ketdi qush.

O‘la-o‘lgunicha kuylab o‘tdi to,
Ezgu qo‘shiqlarin qilmadi kanda…
Qushlar o‘z zotiga tortmas ekan goh,
She’r huddi shoirga o‘xshamaganday!

* * *

Qo‘llingga tutqazib kumush qadahni
Zarrin ko‘ylak kiyib tun tushdi sadr.
Ko‘zingni sehrga bo‘yadi, tag‘in
Boshlab ketaverdi onging qaygadir.

Qushsimon qo‘ndingu ovloq go‘shaga…
Bir zumda unutding sabohiy kunni.
Va uyingga olib kelding o‘shal dam
Boshingda ko‘tarib yengiltak tunni…

* * *

Erta tongdan uyqusi uchib
Qulochini kengroq yozar bog‘.
Shoxlarini tebratar gujum,
Go‘rdan tirik chiqar tag‘in tok.

Bo‘yiga bo‘y qo‘shar ko‘kterak,
Tut eshitar qushlar chug‘urin.
Chinor ildiz otib chuqurroq
Ayoz jonin olar sug‘urib.

Tevarakka termilaman jim…
Novdalarga kurtaklar taqib,
Hali hamon bir sirda ruhim
Daraxtlarga qiladi taqlid…

* * *

Og‘zing to‘lar quyiq qoningga,
So‘ngaklaring sinadi, ammo
Ayrilay desang-da joningdan
Bo‘yin egging kelmaydi hamon…

Va kurashib jo‘mard misoli
Yeng ichiga solmayin xanjar,
Bu kecha ham qolarsan g‘olib —
Chiqib ketar ho‘rsinib Ajal…

* * *

Yulduzlarin cho‘g‘latib osmon
Doiradek chertadi oyni.
Sariq surat bag‘rida shodmon
Sho‘x yaproqlar yuzarib o‘ynar

Va silkinar rangin g‘o‘ralar,
Hamroh bo‘lib gullar raqsiga.
Bog‘ tonggacha kuyga o‘ranib
O‘ynar tunning nog‘orasiga…

* * *

Bu manzara hunuk naqadar —
Qo‘l uzatmoq yag‘ir qo‘llarga
Va yo‘lingni ufqqa qadar
Tutashtirmoq besha’n yo‘llarga.

Arang tilga chiqar so‘zlaring,
Ich-ichingga tashlaysan qarmoq.
O, tuflaging kelgan yuzlarga
Qanday jirkanch, kulib qaramoq!

* * *

Yana tun bo‘g‘ziga sanchilar badr
Tim qora lahzalar asta qisqarar.
Zanjirlar dovshidan zerikkan umr
Yana odimlaydi tonglarga qarab.

Yana tun bo‘g‘ziga sanchilar badr,
Yana qon — yulduzlar gupurar toshib.
Kun bo‘yi daraxtlar ko‘kka o‘rmalar
Qo‘ltiqlab tunlarning kesilgan boshin…

* * *

Ona, oldingizda hijolatdaman,
Yangisi yo‘q dedim, jo‘rtaga aldab.
Bugun ham u qizni ko‘rib qaytaman,
Yana she’r yozaman u qizga atab.

Nimalar qilyabman, yer, osmon shohid,
O‘lguncha qo‘rqaman visol haqqidan.
Hamma yozganlarim sevgiga oid,
Yozilmagan she’rim armon haqida.

Ona, men sevishni tashlayin nechun?
Faqat bir hovuch ishq istaydi dilim.
Mening hamma she’rim onalar uchun,
Chunki ona bo‘pti bugun sevgilim!

To‘yguncha ichardim ko‘tarsa cho‘ntak,
Qizil may ichaman, qizil yig‘layman.
O‘zimdan kichiklar hali ham go‘dak,
O‘zimdan kattani sevmay o‘lay man!

* * *

Bu hujraning na eshigi bor,
Na mo‘risi, na derazasi.
Lek, devor bor, ya’ni bemalol
Chizish mumkin qushlarning rasmin…

* * *

Qo‘l uzatsang kuyasan, demak
Lab tekkizmoq amri-maholdir.
Yetishmasdan ketaman, dema,
Shu olovda qalbingni qoldir.

Yorug‘ qilsin toki falakni
Va ko‘zlaring tortmasin hira.
Ketsang hamki ortingda yurak —
Yalov kabi tursin hilpirab…

* * *

Barglar shitirlaydi.
Shamollar daydib
Sochingni to‘zg‘itib borar izingdan.
Mana, uch kundirki yomg‘ir tinmaydi,
Nimadir sirqirab og‘rir ko‘ksingda.
Go‘yo bugun yog‘may qoladiganday
Atay yomg‘irpo‘shni yopinmay chiqding.
Ko‘zlaringni yumsang…
So‘ng ana shunda,
Huzuringda paydo bo‘lsa edi… jim(!)
Quvnoq qizaloqday darsni o‘tkazib
Bir lahza hushlagansimon ko‘nglingni,
Ko‘lgudan nur tarab turadi yuzing,
Birov ilg‘amaydi yig‘laganingni…
O‘ksima, baxt izlab hazon faslidan
Bu tun o‘sha – qalban yaqinroq kimdir
Seni ham dunyoning bir chekkasida
Hech kimga sezdirmay sog‘inyotgandir…

* * *

Bekatlarni sanab boraman
Qo‘msab oniy diydor shukuhin.
Nigohingni topib olganday
Potirlaydi qush yanglig‘ ruhim.

Kuz ufurar diydalarimdan,
Chap ko‘ksimda gullab yotar dard.
Avtobusning oynalaridan
Sirg‘aladi ma’yus yomg‘irlar…

* * *

Ko‘ngil aro ikki bo‘lak ishq –
Alvon-alvon bir juft musicha
Har tun olar ohista qunish
Va boshlanar yomg‘ir – musiqa.

Nozik qo‘llar tutib kaftida
Munglig‘-munglig‘ siypalar mayin:
O, bu qushlar yomg‘ir dastidan
Bu dunyoda qurolmas bir in…

SO‘NGGI LAHZADA

Yumaloq vaqt erir dengizda — alvon,
Tiyramoh ohorin to‘kar talotum.
Kimningdir bag‘rini ezib
Men tomon
Kelar oyoqlari qonga botgan tun.

Achqimtir dud o‘rlar osmon toqiga,
Eshilib o‘t yanglig‘ kuy chiqar naydan.
So‘nggi barg to‘kilar daraxt shohidan —
Yana sen haqingda yoza boshlayman…

IRMOQ

Sudralib boraman kunchiqar tomon,
Qaygacha yetarman bu yurishimda?
Hali juda olis… yo‘lki beomon,
Hali ulkan toshlar chiqar qarshimdan.

Tobora ildamroq bosar odimim,
Qirg‘oqlar torayib kelar har yondan.
Qancha so‘qmoq bo‘lsin jim chidayman, jim
Yetib borgunimcha hafiz daryoga…

* * *

Ko‘zlaringga tikildim mahtal,
Bilagingdan ushladim qattiq.
Yuzlaringni qizartdim asta,
O‘tli, toza so‘zimni aytib.

Suratingni chizdim mufassal,
Eng musaffo navbahor kabi.
Haroratim ko‘tarildi sal,
Tongga qadar qabardi labim…

QISMAT

Ayonki toshlardan olgan sabog‘ing
Qoqilib yashamoq oydin yo‘llarda.
Ko‘zingni yoshlatgan tonglar sabohiy —
Tunning sinig‘iga chirmab o‘ralgan.

Qachon va qayerda bo‘lgan bu voqe,
Nogoh sizib kirmish ichingga irmoq?
Endi oson emas, kishanlar taqib
Og‘iroyoq qalbni ko‘tarib yurmoq…

TILMOCH

Juda achinarli bu hol bir qadar,
Bir qadar kulgingni qistar bu holat —
Qad rostlab tursa-da bog‘ning to‘rida
Daraxt soyasida qolgan bu daraxt…

JANG

Biri olar ko‘zlarin o‘yib,
Biri o‘qchib aytar vovaylo.
Og‘ir kurash ketar tun bo‘yi,
Chaqmoq kabi yaraqlar maydon.

Tongga qadar bunda bosh egmoq
Har dalerga o‘lim bilan teng.
Jim chekinay deyman-u biroq
Jangchilarning ikkisi ham men…

ONA

Yelar asov vaqting shamoli,
Bog‘larimrni etgancha g‘orat.
Ko‘z o‘ngimda yaproq misoli
Kuzaradi najib bir surat.

Bu suratni devorga osib
Boqish uchun, qilib ko‘zyoshi —
Oson bo‘larmikin she’r yozish,
Yetarmikin cheksiz bardoshim?

* * *

Ko‘k toqiga ilindi qamar,
Kapalaklar yetdi murodga…
Tong choyshabin yozmasdan avval
Ishga tushdi miskin duradgor.

Bu bobokasb, asr oshgan ko‘hna,
Hali qancha avlod bor mahtal?
Tongga qadar betinim mehnat —
Sayqallanar chinor, yo oqtol.

Mana, avom hosilni ko‘rsin,
Galdagi hech birga o‘xshamas.
Endi ko‘rkam, pishiq bu kursi
“Qorin”larni ko‘tarolsa, bas…

* * *

Yo‘llarimiz tutashmagandek
Ko‘zlarimiz kelmas edi tik.
Hamma kabi sevib qoldik, lek,
Biz hammaga o‘xshamay sevdik.

Biz birovga qilmadik taqlid,
O‘zgalarga qilmadik havas.
Xudoga ham erkalanmadik,
Muhabbatdan ochmadik ham so‘z.

Biz hech kimga o‘xshamay sevdik,
Kundek ravshan edi tunimiz.
Menga alam qiladi lekin,
Hamma kabi ayrilganimiz…

GO‘RKOV

U ham bir dehqonlar kabi, har holda
Hosilin yig‘ishga haqli bu bog‘dan.
Biroq, hech ko‘karmas doim bahorda
U ter to‘kib ekkan ulkan urug‘lar…

* * *

Ufqlardan keladi habar,
U bemajol qarar o‘ksinib.
Dil — xonaga qamalgan kaptar,
Derazaga urar o‘zini.

Na e’tibor qilar biror kas,
Na ovozi chiqar tutqunning.
Bu xonani to‘ldirib borar
Tamaki-yu bir qalb tutuni.

Hech bergisi kelmas erksiz jon,
Joy topsa ham alhol qo‘nishga.
Yaramaydi nahot bir inson,
Derazani ochib qo‘yishga?..

* * *

Tog‘ ortidan mo‘ralaydi kun,
Tong bo‘ylaydi xonamga asta.
Isming aytib uyg‘onaman ho‘ng,
Hiqqilashni qo‘ymayman asti.

Derazamdan boqadi bahor,
Gul bo‘ylaydi bag‘rimga sahar.
Kapalaklar pildirar xushhol,
Qushlar kuylab tutadi shakkar.

Chorlar eding alvon olamga,
Uyg‘onmasdim umrbod yo‘qsa.
Baxt bo‘yladi asta xonamga,
Bu xonada faqat sen yo‘qsan…

* * *

Yillar — eshilgan ilon,
Fasllar tizim-tizim.
To‘rt tomoning beyaproq,
Umringga bermas to‘zim.

O, bahor — nozli suluv,
Yo‘qlab kelmas bog‘ingga.
Kimlar tosh otar, gulim,
Ko‘nglingga, yaprog‘ingga?

Bu hazonlig‘da yolg‘iz
Kuzak biz bilan birga.
Kel, birga yig‘lashamiz,
Yuvib ketsin yomg‘irlar…

Borgim kelar shamolday,
Xijron o‘tar jon-jondan,
Senga qanday yetay, ayt,
Tinmay bo‘g‘sa ilonlar?!

* * *

Kun quyoshga suyanib
Sochlarini tarar — oq.
Qush uchirma bo‘ldi, jim
Yoy tortilar tarangroq.

Cho‘kib borar qo‘ng‘ir yer,
Yaqinlashar osmon ham.
Ovchi ko‘zi qisilar —
O‘q joy olar nishondan.

Endi kutar qay manzil,
Jannatmi, yo do‘zaxmi?
Nasib etdi, hartugul,
Lahzalik parvoz baxti.

Qushcha aytgan so‘nggi kuy
Yurakni ezar hanuz:
Bizda shoirlar shunday
Bir-biriga bo‘lar “do‘st”!

DARAXT

Ey boshegik atirgul,
Ko‘zlaringga qarasam
Sog‘inchbog‘ga asir-qul
Bo‘lganimni sezmisham.

Ey qalqib chiqqan yurak,
Turibmiz neni ko‘zlab?
Masofalar qisqa, lek
Zanjirlangan ildizlar…

SUVORIY QO‘SHIG‘I

O‘rningdan tur, Tulporim,
Tezroq yugur, Tulporim.
O‘t chaqnat tuyog‘ingdan
Shamsga dovur, Tulporim.

Yollaringni taradim,
O‘z inimdek qaradim,
Aslida sen suvoriy,
Asl tulpor — yuraging!

Olov qaynar ichingda,
Bo‘yin egma hech kimga.
Ko‘zingdan yosh tommasin,
Qon tomsa ham qamchimdan.

To‘kilsin bor g‘uborim,
Tezroq yugur, Tulporim.
Ultontozlar yiqilsin,
O‘rningdan tur, Tulporim!

* * *

Yakka-yu yolg‘iz Havvo,
Vushudim to‘ldi mayga.
Bizga-da xijroni bor,
Baxtimiz mayda-mayda.

Chirmashar ulkan-ulkan —
Chirmovuq misoli g‘am.
Sen yerda yuragimsan,
Ko‘kda hilol — qovurg‘am…

* * *

Tunlar soyalarga o‘randi bir-bir,
Shudringlar barq urdi nurlar raqsida.
Jimlikning ko‘ksiga nish urdi tonglar,
Tog‘larni ag‘dardi dilgir a’ks-sado.

Yaproqlar duoga qo‘l ochgandayin
Novdalar yuziga tortadi kaftin.
Yulduzlarga tegib tole manglayi
Daraxtlar ajraldi za’faron safdan.

Ich-ichiga sig‘may ketdi kurtaklar
Muzlagan ko‘nglini otib gulxanga.
Bahor ishq ulashdi har bir chechakka
Va oq kapalaklar qo‘ndi gullarga.

Jununtol boshini ko‘targada tik,
Sen bunda izmidan chiqmading vaqtning.
Axir, birga kutib olmoqchi edik,
Turnalar opichlab kelgan bu Baxtni…

SHARHI HOL

1.
Keldim…

2.
Ko‘kda kun kechirganman,
Tanamga kech kirganman.
Odamlarning qo‘liga
Tushganman, qichqirganman:
Qochaman, turg‘izib qo‘y,
Ichaman, to‘lg‘izib quy!
Ko‘zlarimning ustidan
Kaftingni yurg‘izib qo‘y…

Osmon oyga ilindi,
Dudoqlaring tilindi.
Bu tushga kirmaganim
Kuni bo‘yi bilinib —
Men keldim, uyg‘otishga,
Muallaq to‘lg‘onishga.
Qachon ulgurdim o‘zi
Seni sevib qolishga?

Quyoshni o‘pib keldim,
Izingni topib keldim.
Birovlar tilmasin deb
Ko‘ksimni chopib keldim!
Shartta chertdim tangani,
O‘z-o‘zimdan tongani.
O‘lib ham o‘chirolmam
Shoir degan tamg‘ani.

Toshni g‘ijimlab keldim,
Yoshim sim-simlab keldim.
Kumush bilan Zaynabga
Bekni taqsimlab keldim…
Qovushmadim soyamga,
Do‘ndim qatra jolamga.
O‘zimga berdim savol —
Nega kelding olamga?

Yonishga, yondirishga,
Sevishga qondirishga.
O‘lib sen va dunyoni
Yig‘latib qoldirishga!
Iforimdan top, keldim,
Yangi, toza, sof keldim.

Qup-quruq tug‘ilmadim,
Katta yurak obkeldim!
Berdim sal daragimni,
Sezdingmi keragimni?
Tashlab ketish shart ekan
Shu ulkan yuragimni…

3.
Ketdim…

* * *

Tog‘ poyingga asta cho‘ksa tiz,
Yulduz uchib tushsa kaftingga,
Hamma narsa — kichik, ko‘rimsiz,
Qolib ketsa oyoq ostingda.
Siliqlansa nafas olishing,
Va berilsa o‘rning balanddan.
Go‘yo yoqib Xudoga ishing,
Bir sen qolsang yirik holatda —
Shoirdek boq, har nuqtaga,
Shoir deb bil, chumolini ham!

005

(Tashriflar: umumiy 935, bugungi 1)

Izoh qoldiring