Muhammad Siddiq. She’rlardan

021    Mуҳаммад Сиддиқ билан ёш шоиру таржимонлар даврасида танишдим.Унинг шеърларида ёшлик нафаси гупуриб туради. Яна шеърларидаги кўҳна тарихимизга ҳамнафаслик, ҳамоҳанглик ёқди. Бу сифатни камдан-кам шоирда учратганман. Ёш шоир дўстимга шеъриятимизни бойитадиган сатрлар ёзишини тилаб қоламан.

Mуҳаммад Сиддиқ
ШЕЪРЛАР
037

БОЛАЛИК

Уйғонсам-у бари туш мисол015
Хотирамдан ўчса беармон.
Тиззангизга бош қўйиб дарҳол
Ҳўнграб кўзёш тўксам, Онажон.

Қани энди, болалик пайтим
Меҳр таъмин этсайдим идрок.
Шом тушгунча тутзорда дайдиб,
Пинжингизга кирсайдим такрор.

Булутларда кўпкари чопсам,
Толҳивичдан ёғоч от ясаб.
Қуёш чиқмай мактабга борсам,
Илк севгимнинг сувратин қўмсаб…

Ялпизларнинг сарин исларин
Тараб ўтса, кўчамиздан жим –
Оҳ, етсайди, қўшни қизларнинг
Сочпопугин тортишга кучим…

У кунларни кўрсайдим шу кеч,
Кафтингизга бош қўйганим он –
Акам билан урушмасдим ҳеч,
Ранжитмасдим сизни, Онажон!

Қани энди, кимдир шахд билан
Туртиб қўйса – ўнгимга дўнсам.
Мудроқларга ойдин тун тилаб,
Уйғонсам-у бари туш бўлса…

* * *

Сабаблар кўп. Саволлар бисёр.
Бари оддий. Жавоб ҳам Битта!
Недан бунча кўтармоқ исён,
Нечун даркор чиқмоқ қобиқдан?

Шу йўсинда қудратли танинг
Оқ байроққа ўрангач обдон
Ва жиловсиз арғумоқ миниб,
Кучинг етса, бошла қўзғалон…

* * *

Барин қўйиб берсам кўнгилга,
Ўзим учун ўртанса бу жон.
Тақдир яна мендай ўғилга,
Ғурбат тақдим этар бегумон.

Ўйламасам тинар урҳолар,
Балки чатнар дил шууримдан.
Шундоқ ўтиб борсам дунёдан,
Бошим эгиб Ёр ҳузурига.

Туннинг майин сочлари аро
Порлаб турса ёруғ юлдузим.
Одимласам аста, беқарор
Кунлар тушдек кетсалар тўзғиб…

Қўрқув сабаб эмас, ўлимга
Дуч келмоққа шошмадим ҳеч вақт.
Барин қўйиб берсам кўнгилга,
Эрта-индин келар Қиёмат…

МАҒЛУБ

Юз ботмон юк эзди елкамни,
Ёв зарб берди бошимга тағин.
Мен заминга чуқурроқ сингиб,
Дарахтлардек қимир этмадим.

Нажот бор деб, ернинг қаърида,
Туйдим асл тупроқнинг исин.
Сўнгра душман оёқларига
Тирмашмасдан йиқилди жисмим…

* * *

Дарахтлар учида юмалар ой,
Теварак бир текис сукунда.
Кимдир ўкинади хойна-ҳой,
Кимдир ойга қараб сўкинар.

Қутирган ит каби увлар шамол,
Ёмғир куйлаб ўтар муваққат.
Титроқланар уйларда ҳаво,
Гуллар қўзғолади тувакдан…

ВАЗИФА

Жанг бошланди.
Сенинг вазифанг –
Бу урушда ноғора чалмоқ.
Ногоҳ ғаддор ёғийни кўрсанг
Куй янгроғи қалқсин баландроқ.

Орзу қилиб тирик қолишни,
Қўя кўрма ортингга қадам
Ва қўлларинг довул чалишдан
Тўхтамасин, бошинг кетса ҳам!

БОЗОР

Бошим – майда тош тўла кисса,
Ҳар битта тош қиррадор ўйдир.
Турфа қўллар бир танга излаб,
Тонг отгунча титкилаб ўйнар.

Қанча оғир тош борки – асир,
Ҳеч бир йўлда қолмагай озод
Ва қаппайиб борар бу кисса,
Муомилага киритмас бозор…

* * *

Юлдузлар ҳам тортдилар ҳира,
Ой кулгичдек сўниккан, бежахд.
Сендан қолган маъсуд хотирам
Йўлларимни ёритар ҳар вақт.

Кун тиғ билан чиқар, оҳиста
Зулматимга қўйилажак чек.
Чорлаганинг билан олисдан,
Ҳамон бошим оққан тараф берк.

Кеч бўлса-да ҳис қилдим аранг,
Англаб етдим бу туйғу мағзин.
Кўзларингга энди тик қараб
Ўлиш учун яшасам арзир…

Лошин олмас кўкламдан иқлим
Ва хушёқар гуллар ифори…
Мозийнинг бир буржидан чиқиб
Сенга етгум, ўзимдан тониб!

Ҳатто, тундан топгум тажжали,
Борлиқни тарк этажак кадар.
Эвриламиз, билмай хатарни,
Капалаклар нафаси қадар…

ЭЪТИҚОД

Собит эсар кубровий самум,
Дил чайқалар ҳурлик мавжида.
Сўнг жисмимни тарк этар хузун,
Озод куйлар чиқар авжига.

Бу бетўхтов сурон, талашда
Қолмас ғашга тегувчи олчоқ.
Чиқиб келдим қонли савашдан,
Қўлларимда энг баланд санжоқ.

Энди менга бир ёвқур керак,
Керак бўлар – кескир ва ўжар
Бу байроқни зоғлардан қўриб,
Умр бўйи тутгувчи жўмард…

ЧЕГАРА

Энди ўтлиғ туйғулар надим,
Истайманки, ўртасин жонни.
Чиқиб кетмоқ бўламан дадил
Ҳуриятсиз шаклдан тониб…

Ва кезарман дарбадар, дайдиб
Озод куйлаб кўҳна қасидам.
Қани энди, чиқиб кетсайдим
Нигоҳларинг чегарасидан…

* * *

Ким сўз очган қарамлик ҳақда,
Кимнинг қадди бўлмаган эгик?
Қулаб тушган ўктам дарахтлар,
Синган, неки турган бўлса тик.

Шаън долғалар ўтган жувонмарг,
Улкан тоғлар кетган музтағроқ.
Энди нақшин гумбазлар аро
Маъюс боқар қанча бошчаноқ?

Ҳали ҳануз йиллар қаърида,
Эшилганча кимдир бўкирар.
Шундан бери сўзлар пажмурда,
Шундан бери мағрур букрилар…

АЖАЛ

Эл оғзига тушган тарифинг
Урчир, элак тутилмаганда.
Ким ҳам кутар сенинг ташрифинг,
Ҳар гал келсанг кутилмаганда?!

Касбинг шуки –
Уялмай бесар
Кутмаганга бўласан ҳамдам
Ва кетасан, олмасдан хабар
Сени жон деб кутган одамдан…

ОХИРГИ ТОМЧИ

Ҳафиф сувлар оҳангин тингла,
Бир четга сур мавҳум ғояни –
Йўл очгандек ўзига жилға,
Шаршара емирган каби қояни.

Бир маромда ушлаб тезликни,
Сўқмоқларга тик боргин дадил.
Охирги томчи деб билгин ўзингни,
Тошни тешмоқ бахтини ҳис қил…

ҚУРБ

Маҳсус ҳудуд тайёрламоқ-чун,
Қон тўкмасдан кенгаймоқ лозим.
Ярамайди беҳуда ўқчиб
Ҳайқиришга сарфлаш овозни.

Жамланмоқлик даркордир руҳда,
Шир-яланғоч қурбни кўрсатиб.
Учиш учун керакли нуқта
Ва топмоқ бас, қулай фурсатни…

* * *
Мирзоҳид Музаффарга

Ҳали бари олдинда, дўстим,
Қўлингни бер, учармиз бешон.
Ул осмонда мунғайиб, ўксиб,
Сайёдларга бўлмасмиз нишон.

Пешвоз чиқар денгиз ёқалаб,
Сандулочлар куйлаб бош узра.
Руҳимизни уфққа тортқилаб,
Рақсга тушар санубар қизлар.

Жаранглайди сабоҳлар занги,
Товланади кунлар муттасил.
Қанотимиз сийпалаб мангу,
Жилмаяди ғамгусор фасл…

Дўстим, ҳали бари олдинда,
Нурга тўлар тим қора равоқ.
Борарканмиз дадил одимлаб,
Ўшал юртни кўргайлар раво…

Қололмагай бу йўлдан айриб,
Дуч келса ҳам деворлар билмай.
Қўлимдан тут, меҳрибон Тангрим
Сафаримиз бехатар қилгай!

ИШОНЧ

Кўзларини лўқ қилиб қуёш,
Беркинади тоғлар ортига
Ва изғирин чертади – бебош –
Тун торларин – таранг тортилган.

Мени сира инжитмас ёмғир…
Йўлим равон – ситмас бағримни.
Лек ишончим оқлаш-чун, кимдир
Ялаб-юлқар бошмоқларимни…

ХАЗИНА

Тасаввур доираси ичра тентираб
бошимни қадаҳга эгган каби жим,
дуркун юзларингга талпинар лабим.

Туганмас хазина топиб олгандек
кўзларингни тутиб олишга
уриниб кўраман жон-жахдим билан.

Ҳартугул, уч-тўртта чақа ҳам етар –
Ажал йўқлаб келган сонияларда
тўлаб туриш учун тунлар ҳаққини.

БУ ФАСЛ ИЧРА

Сенинг тиззангга бош қўйиб,
ҳар галгидек шивирлайман:
бу ерда ўзгача кўринар осмон.

Бу ерда кўзларинг тубига чўкиб
ҳисларимни тўкиб-сочаман,
ишон.

Эшикни ёпишни унутмайман ҳеч,
кимдир чимчиласа, бу фасл ичра
уйғониб кетишдан қўқрма ҳеч қачон.

* * *

1.
Сенга етиб бормай мактубим
ёмғирларда ивиб қайтганда
мендан аразлама, севгилим.
Сен ҳам ҳудди мени севгандай
хат ёзмоққа жазм этган чоғинг,
қандай элтиш ҳақда ўйламай
яшириб қўй ойнинг пинжига

2.
Кафтингга қўнган қор парчаси янглиғ
эриб кетар руҳим тафтингдан.
Қўлларингни нафасим билан
иситишни ҳоҳлайвераман, негадир
улар совуқ емаганда ҳам.
Ҳудди ҳалинчакка чиқиб олгандек
учиб кетсак эди қор парчасида.

3.
Сенга бола каби ўргандим холос,
бор йўғи сен ҳақингда тинмай ўйлайман.
Кипригингга қўнган қушлардан
ахтараман ўзимни, сенга сездирмай.

ХАТ

Ойна ортидаги ким дея,
ваҳимага тушар кипригинг.
Кўзларингни юмиб олсанг ҳам,
бу рангларнинг уйғунлигини
ҳис этишга улгурсанг етар.

Қушнинг майин қанот қоқиши
энтиктириб юборар бехос…

* * *

Шафақ қуюқлашар тоғлар ортида,
Қизил чироқларга қарайсан кулиб.
Оёқ-қўлларингдан бешахд тортқилаб
Вақтни кемирар занглаган қуллик.

Совуқ эпкинларда жунжикар танинг,
Бошингни оғритар бўғиқ уфунат.
Кўзингда ҳорғинлик гуллар ийманиб,
Ичингда сарғаяр яшил сукунат…

КУЗ

Тун имраниб куйлар оғир муножот,
Ҳарсиллаб тинглайди барглар – заъфарон.
Каҳрабо пинжидан боғ излар нажот,
Уфқ тоғлар ортида ўқийди фармон.

Йиқилар илдизи қақраган оғоч,
Куз енгил тебраниб чертади қўбиз.
Ийманиб бош эгар,
Беҳол, яланғоч –
Дарахтлар тонггача фош бўлар сўзсиз…

* * *

Олисларга боқар йўлсиз наҳрлар,
Балиқлар ғимирлар қирғоққа томон.
Вазнсиз сувратни сувга муҳрлаб,
Тўлқинлар остида чайқалар осмон.

Насимлар эланар офтобшувоқда,
Саҳройи ҳадик-ла инграр қуруқлик.
Сарсон ёмғирларни чорлаб узоқдан,
Юҳодек оч қолар борлик ва йўқлик…

Қанотсиз соялар куч йиғар токи,
Тубсиз бўшлиқ узра кемирар ғурбат.
Дарёдан чиқолмас ҳеч кимса, ёки
Қўрқмай шўнғимоққа тополмас журъат.

ЎЗЛИК

Жанг-у жадаллардан ўтасаг аранг,
Шафақни сачратиб борасан кўкка.
Йўлингдан чиқмайди бирор мард эран,
Бир зумда ҳафсаланг чиқади йўққа.

Қўлингда қиличмас – кўхна тошойна,
Уруш – бутун халқни кўзгуга солмоқ.
Ахир оғирмасми, ҳар кун, ҳар жойда
Шу кўзгу ичида ёлғиз яшамоқ?..

* * *

Ҳеч кимса тутмади тоғдек елкасин,
Ҳеч кимдан кутмадинг мадад ва далда.
Раҳмини келтириб бирор бир каснинг
Ҳўнграб ўтирмадинг қалбингни алқаб.

Бир нолиш ўтмади хатто кўнглингдан,
Тилингдан чиққани шукр, ҳамд, сано.
Тунлар гуркираган қўнғир йўлингга
Энди чўка бошлар ёп-ёруғ само…

ШАРАФ

Токи тингунича самумлар куйи,
Ғуллар елка қисиб, беркитса қулоқ.
Қуруқ ҳайқириққа тўлдириб қўйин,
Беҳуд кўк буржидан акс-садо кутмоқ –

Бизга ярашмайди,
Юз бурмоқ мағрур,
Мушт тугиб киссада асраш шаън эмас
Ва шараф – мардона бўлмоқлик мағлуб,
Ҳамда ҳамиятдир ошкора ҳавас…

* * *

Юлдузлар чарақлаб турса тепангда,
Тонгда сендан аввал қад кўтарса кун.
Насимлар бўйласа саҳар кулбангга,
Жисмингни ғубордек тарк этса ҳузун.

Манглайнгдан нурлар кетмаса зинҳор,
Борлиқ жилваланса – очсанг кўзингни.
Юрсанг, йўлларингдан чиқмаса девор,
Қўрқмасдан гапирсанг ҳар бир сўзингни.

Шунда ҳам қилгайсан нолиб киноя,
Бошинг товлаганча ризқ-у урвоқдан,
Йўқдан бор этгани қилмай кифоя,
Айт, яна нимани сўрайсан Ҳақдан?

* * *

Мен нимани кутдим бесабр, илҳақ,
Англаб етмадимми ҳамон борлиқни?
Ҳукмим ўтказолмай сағир кўнгилга,
Инграшга қўйдимми ўзни оғриқдан?

Кўксимда дарёлар мавж урар ларзон,
Симмиллар ичимда буғланолмай руҳ.
Мен кимнинг иқлимин олганман қарзга,
Ким менинг фаслимда айлар таважжуҳ?

Қанчалар уриндим, қўмасадим нени?
Сўз қайраб қисматни ўзгартиришга.
Бораман қўрқмасдан ва фақат мени
Боғлаб турса басдир, биргина ришта.

* * *

Ўзим тўқиб берган бу эртакларни
Кўзингга суртасан мойчекак каби.

Ишонгинг келмайди, бироқ барибир,
Тилингга қалқади ададсиз «Ахир!».

Юрагинг қувончдан қилмасми ҳуруж,
Ваъдам бажармоққа ногоҳ топсам куч?

Нечун бағринг очиқ, меҳринг – аланга,
Сўзлари остидан чиққан болангга?

* * *

Энди келмадими бирлашиш гали,
Жонга тегмадими четда ғудрамоқ?
Қушлар соясига бехос алданиб,
Ёддан чиқдими ё мағрур қаҳрамон?

Қачон ҳамла қилар писиб ётган ёв,
Қачон тик қарайди оташ дийдалар?
Ё юрак титроққа бермайдими дов,
Наҳот, руҳ бирликдан тонар, ийманар?

Етар ғўр авлоднинг тарқоқ сайроғи,
Етар танҳоликда вақтни ўтказмоқ!
Ахир, осон эмас ёлғиз сипоҳга,
Яна ёлғизликда машварат тузмоқ…

* * *

Тўлқинлар чайқалар яна оҳангдор,
Тобора кенгаяр зичлик саслари.
Ёмғир ифорлари таранган тонгда
Йиқилган майсалар қаддин ростлади.

Ҳарир эпкинларда титранар кузак,
Заъфарон баргларда томчилар – шаффоф.
Мудраган кўлмаклар тортар хомуза,
Ташқарида бетин ҳансирар шамол…

Ниҳоят, ҳориган нигоҳлар қақрар
Ва олов туйғулар ногоҳ қўзғалар.
Чақмоқдай ярақлар булутлар аро –
Ичкарида яхлаб ётган кўзгулар…

* * *

Етар энди, айнан мана шу жойда
Қалқсин, қабул қилган ўшал қароринг.
Бундан ортиғини кутиш бефойда,
Чиқмоқ амри-маҳол бундан юқори.

Барибир тугамас сўроқлар – мавҳум,
Барибир битмагай руҳингда синиқ.
Шу онда гўридан чиқиб Афридун
Сенга берса ҳамки харитасини.

* * *

Ака!
Бир сенинг қаддингни эзади ташвиш,
Менинг ғўр бошимни элитар шароб.
Тунлари бағримда балққан осойиш –
Мендан ўтиб сенга теккан изтироб.
Гоҳо ёдимдан ҳам чиқардим шошиб,
Барибир ортимдан суяб толмадинг.
Менинг чоҳларимга сен ўзинг тушиб,
Юкхалтамга солдинг барча омадинг.

Ака!
Мен худбинни кечир, мўмин жигарим,
Қўй энди мени деб тойишларингни.
Соғиндим меҳрибон, қаттиқ қўлларинг,
Соғиндим дўқ уриб койишларингни.
Эй, менинг кимлигин унутган тўрам,
Кечалар ёмғирда қушдек қунишган.
Сенинг бу дунёда мендан ҳам кўра
Ҳаққинг кўпроқ эди шоир бўлишга.

* * *

Юлдузлар милтираб ёниб турганда,
Сувда акс этганда ложувард осмон.
Ажрата олмасанг тунларни тонгдан,
Билмасанг тепангда кимлигин хоқон.

Ҳавода яланғоч турган сўзларни
Эшитмай, ҳидласанг – қонинг кўпирса.
Баланд пардаларда буғдек юзариб,
Мангу қўшиқларни тинглаб ўтирсанг.

Қўл силтаб, дўстингни чорласанг жангга,
Истасанг, бошланса кўҳна қўзғолон.
Ўз еринг, енгилмас ўз вужудингга
Танҳо ўзим десанг, улуғвор султон.

Демак, у пайтлари бор эди ҳурлик,
Зарурат сезмасди эркка руҳ, ақл.
Ҳозир кескинлика етмагай қурбинг,
Ҳозир орзу каби мавҳум у шакл.

* * *

Елкам туртиб ўтар елдек бир арвоҳ,
Сўнг чопа бошларман унинг ортидан.
Зумуррад нур инар кўзимга ногоҳ,
Қочарман ҳайдалгансимон юртимдан.

Бошимга ўрайман борлиқни – чакмон,
Ерни айлатирган каби телбаҳол.
Тинмай ўз кетимдан югуражакман,
Ўз думин қувётган дайди ит мисол…

* * *

1.
Теваракни қуршар ёвуқ сас-садо,
Изғирин тун бўйи чалар сибизға.
Илвириқ хазонлар шовуллар ҳамон,
Етаклаб ям-яшил оламимизга.
Кўзларингдан томар жимлик сояси,
Ичимдан тирқираб чиқар тийрамоҳ.
Бизга ярашарми ахир, азизим,
Қушлар орасида сукут сақламоқ…

2.
Токи топгунимча сени бетоқат,
Токи етгунимча ҳузурингга шод –
Жисмимни куйдирди совуқ ҳарорат,
Ички дунёларим бўлмади обод.
Дардчил кўзларингда сайр этгунимча,
Нафис қўлларингдан тутгунимча то –
Яшадим қанчалаб нигоҳлар ичра,
Қанча ишқсизлардан тиландим имдод…

3.
Ўшал лаҳзалардан бўлак нимам бор
Ва яна нимам бор хотирдан ўзга?
Наҳот, кетар бўлса илинжим бекор,
Мен сени топсам ҳам ҳаттоки куздан.
Ўзинг айт, не қолди йўқотадиган?
О, ўтмиш тошланар бўғзимда тинмай.
Мен сени топгунча яшадим бешан,
Ўзимни қаерга қўйишни билмай…

4.
Оқ-ойдин кечани безатмиш лабинг,
Нури-ла чулғамиш юзларинг – дуркун.
Тонггача тегрангда ўртанар қалбим,
Узун киприкларинг титраши учун.
Сочларингга дўнар ипак насимлар,
Қошингдан кетмайди сувсаган бир қуш.
Баридан кечиб, уфқ чегарасига
Қўлингдан келарми, мен билан учиш?

* * *

Кимларга эргашсам, кимни чорласам,
Кўксим эзса мотам қалдироқлари?
Мен доим ўзни деб оёқ тирасам,
Ўзини ўйласа ҳамтовоқларим.
Ҳар гал ортга бурсам айғир шаштимни,
Жонимни авайлаб, умримни тежаб.
Виждонимдан осон айрилишимни
Ёдга солаверар нуктадон Ажал.
Дарз кетса, майишган қаддим юкидан
Самони кўтарган омонат устун.
Яна ким тиз букиб шўх-шаън юкинган,
Не бўлса ўзидан қудрати фузул?!
Қайга борар эдим бесар, беқарор,
Хазонрез кунлардан юз буриб, нолиб?
Ҳеч кимга бўйсунмай ўтарман такрор,
Ғовлаган бошимни киссамга солиб.

* * *

Ишон, сени бахтга элтаман, гулим,
Йўлларим бир куни бўлади равон.
Ҳозирча кўнгилнинг телбаваш қулин
Тоза ҳисларингга кўрмайман раво.

Ишон, келтираман мовий осмонни
Майин қанотларинг остига шундоқ.
Ҳозир менинг алвон тайёраларим
Сўқир сўзларимдек қолган муаллақ.

Мен – баҳор ишқида сарғарган ўлан,
Кузги шамолларга мағлуб, мустаҳиқ.
Сендан ҳеч нарсани қилмайман талаб,
Ҳали туйғуларим чиқадир саҳиҳ.

Фақат шу ишончни кўп кўрмасанг, бас,
Ўзинг паноҳингга олгин, маъвойим –
Руҳимнинг қабарган терскайларидан
Мурғак бола каби боққан авомни.

Кел, деб айтолмайман ва ёки дадил
Ҳузурингга елдек боролмам бу кун.
Бари қилмишимга истиғфор айтиб,
Истиқбол сўролмам бир ўзим учун.

Бир сиқим тупроқдан кўклар умидим,
Ғам тўккан оҳорни этаман тавоф.
Ишон, сени бахтга элтаман, гулим,
Йўлларим бир куни бўлади равон.

* * *

1.
Бас, етар. Ортимга боқмай кетаман,
Ростдан ҳам барига силтаганча қўл.
Еллар олиб борар мени сен томон,
Сенинг ҳузурингга элтади ҳар йўл.
Энди аҳамиятсиз ортга қайтишим,
Энди тўхтатолмас мени ҳеч бир куч.
Майда ўйлар билан сира йўқ ишим,
Кетгум ҳатто, ўлим келса ҳамки дуч…

2.
Онгимда ярқ этар бир телба ханжар,
Кўзимни чирт кесиб чиқар ўткир ёш.
Оёғим остидан тортар тубсиз жар,
Бир толим нур ташлар тепамдан қуёш.
Мана, зиғирча ҳам қолмас лошимдан,
Синиқ оҳларимни териб ер зоғлар.
Мен кетиш ҳақида ўйлашим билан,
Бирозгина ҳушёр тортади боғлар…

* * *

Ишон кўзларингга,
У келгани рост,
Ишон, рўё эмас ушбу ҳақиқат.
Энди қанотингни ёзиб бемалол
Учсанг бўлаверар айни дақиқа.

Бас энди, ботмайди бирор суқ нигоҳ,
Биров сола олмас бу бахтга соя.
Ўзинг излаб келдинг шу ерга ногоҳ,
Сўнг эркка айландинг ўзинг, ниҳоят…

* * *

Япроқлар недандир сўз қота бошлар,
Ёмғирлар жўр бўлар тонггача – ҳуррам.
Табиат тилингга илмоғин ташлаб,
Сўнг яшил шевасин аста суғурар.

Дарахтлар ровийдек тебранар масрур,
Соялар беэга ташлайди қадам.
Кўкдан тушган бўлсанг сен бунда мағрур,
Ердан чиқмаганман ҳар қалай мен ҳам!

* * *

Хулоса чиқариб қўйдилар эрта,
Шошилиб кетдилар кўзларни танғиб.
Йўқ, ҳали курагим тегмади ерга,
Мен ҳали батамом бўлмадим мағлуб.

Самодан мўъжиза кутиб ётмадим,
Асло тиланмадим ҳас-чўпдан нажот.
Агарда йиқилган бўлса бир ғаним,
Тепкилаб ўтмаган эдим ҳеч қачон…

* * *

Менга масъулмисан, қочгил тепамдан,
Учқур кўзларингни қилиб турма лўқ.
Бошингни чиқариб мавҳум кулбангдан
Ёнимга ўлтиргин, уравермай дўқ.

Келтир истиқболни, келса қўлингдан
Қуршовга олмасдан қил муҳофаза.
Яшагим келганда чиқма йўлимдан,
Ўлсам, қаддинг букиб ўқи жаноза.

Ахир, керагидан ортиқ жонбозлик
Кўрсатиш биринчи даражали ўй.
Агар ҳеч бирини эплай олмасанг,
Яхшиси, кел мени ўз ҳолимга қўй!

* * *

Бу кунлар игнадек ботар ёдингга,
Ҳали кўзингдан ёш юқи кетмаган.
Серфусун лаҳзалар бордир олдинда,
Ҳали қанча ранг бор, биз кашф этмаган?

Ўксима, дон тутган қушларинг гоҳо,
Очиқ кафтларингни кетсалар чўқиб.
Ҳасратлашиб ўлтир, ой билан танҳо,
Чувалган йўллардан менга шарф тўқиб.

Кутгил, мактубимдан тўшаб пояндоз,
Уфқнинг суратини чизгин бу чўлга.
Ҳали қайтажакман, қилганча парвоз,
Харитага кирса мен кетган ўлка…

* * *

Эй, учмоҳ ранглари балқиган мардум,
Гирватин қирқ пари қуршаган сетор.
Сизилиб оқаркан яхлаган дардим,
Томчидай кафтингда тоблангум бедор.
Боряпман –
Тушларинг обод этгани,
Эшилиб, ёлвориб, илҳақ кут мени.

Эй, нажиб ёғишлар ичра саргардон,
Кўзлари ахтарим, ғамгин наззорам.
Тубсиз ҳовучимда келтиргум осмон –
Гўдакдек мусаффо, беғубор, форам.
Боряпман –
Айқашиб, талтайиб, тантиб,
Бўзариб, эланиб кут мени интиқ.

Бир нафас – тилимдан тўкилар – наво,
Давворлар биз учун ҳеч терс келмаган.
Эй, ҳушим саҳнидан кетмаган маъво,
Тушларим сояси тушган гулбадан!
Боряпман –
Қафаслар – ожиз, йўл – ғариб,
Кут мени тентираб, иҳраб, телбариб…

* * *

Кетсам бўладими сенга ишониб,
Хотиржам учоққа чиқаверайми?
Мен кетгач
Ортимдан ҳар кўйга солиб,
Ёлғиз кутгувчимни қийнамайсанми?!

Сен билан қолмоқда мурғак йилларим,
Мен-ла бир кафт жонинг…
Сўлим Фарғона,
Кўзидан ёш оқса қараб турма жим,
Ўзингга оманат дуогўй Онам…

АРОСАТ

Олдинда икки йўл турар солланиб,
Иккиси-да оғир,
Ҳам жуда енгил.
Қанча вақт керакдир,
Ўзими таниб
Идрок этишимга,
Ўзимни енгиб?

Олдинда икки қуш турар – ғамангиз,
Ҳар бири кафтимга боқар интиқиб.
Мен кузнинг кўзига қарайман ҳаргиз,
Бош эгиб,
Бошоқсиз шийпондан чиқиб.

Тағин қанча сўз бор,
Ёлғон-яшиқ ва
Хазонрез субҳга ўранган беюз?
Яна неча марта яшил эшикка
Жим илиб кетаман сўниккан фонус?!

Қушлар сайраши-ю
Йўллар бирлашиб,
Бўғзимни куйдириб ўтганча қасам –
Ортимда қолиши керак шубҳасиз,
Мен ногоҳ кўз юмиб
Ташласам қадам!

* * *

Қумурсқа ҳар кунги иши билан банд,
Ғимирлар тинимсиз ерда мўр-малаҳ.
Табиат қонунин қилмасдан писанд,
Шиллиқ қурт тап тортмай кўкка ўрмалар.

Ҳамон баланд турар енгил-елпилар,
Гоҳи тошлар чатнаб қўяр жимгина.
Уялмасдан рангин қаноти билан,
Қушлар учиб юрар ими-жимида…

* * *

Шу сағир бошимни дарахтаргамас
Шўрхок деворларга ургим келмасми?
Ҳеч йўқ, бу дарахт ҳам меники эмас,
Гарчанд ўзим эккан бўлсам ҳам асли.

Бу туроб йўлларда улкан тошларни
Тергим келмайдими, айтинг, хотиржам?
Меникимас, ҳатто, ортимдан барин
Хешу-ақраболар отган бўлса ҳам.

Илондек ғимирлар хотирим ҳануз,
Ўйларим бигиздек ботар ёдимга.
Лоақал, Худодан инъом – қора кўз
Севгим ҳам ташқари бор-бисотимдан.

Меники бўларми, шундоқ юрагим
Қачондир ногаҳон қувончга тўлса?
Кимдир тақиллатса, сапчиб турардим,
Ҳўмраймасдим, эшик ортидa бўлсам!

* * *

Ичимда шовуллар чанг босган бурғу,
Титрайман жимликнинг қўшиғин тинглаб.
Кунлар – эриётган майин булдуруқ,
Шабларда жимирлар ғужанак тонглар.

Расида тунларга руҳимни чайсам,
Бу тушлар бўй бера бошлайдир – урён.
Боғларга яшиллик инар…
Ва аста
Бўғзимда дарз кетар музлаган гиря.

* * *

Энг баланд тоғларнинг кифтига миниб,
Узоқ термуламан мўъжаз ватанга.
Нимадир чўғ каби кўзимга инар,
Ари ниш ургани каби баданга.

Менинг диққатимни тортар шиш – оғриқ,
Тилимга қалқади турфа хил сўкинч.
Улкан ариларнинг галасин қўриб,
Кета олмайдирман хотиржам ва тинч.

Чинқира олмайман,
Токи вақт – ҳакам,
Туби йўқ ўйларим кўзимдан тошиб.
Ҳавасим келтирар, чақиб таваккал
Бир бор типирчилаб ўлмоқлик гашти…

* * *

Ҳамду-сано бўлсин, сен-ла умримнинг
Бир қисмин ўтказган улуғ қудратга.
Юкундим, бу рангсиз тасаввуримнинг
Шифтига илинган сендек суратга.

Бу туҳфа ўрнига берай қай мулкни,
Жавоб қайтарайин энди қай йўсин?
Энг тоза кўз ёшни тунлар мен тўкдим,
Мен кечдим ҳеч кимга келмаган рўзни.

Бу тонгда кўзларинг ҳаққи, яшашга
Борми мендан бўлак ғариб ҳодиса?
Ҳаёт балқиб турган ҳар қарашингни
Наҳот, кузакларга шундоқ қолдирсам…

Ё бўғзимда турган чирик сўзларни
Айтайми, бўшлиққа қараб баралла.
Ҳисларинг қатида қай ранг ўзгарар,
Билмасам ортимга қайтишни алдаб?

Токи тарк этмаса бизни бу хулё,
Олисга бошласа жимлик равиши.
Кетсак, қўлни қўлга бериб шу йўлдан,
Елкамизга ортиб қушлар ҳуркишин…

* * *

Боримни бой бериб қўйдим қай куни,
Мен қачон баридан қолдим айрилиб?
Бу қайси беписанд унларим хуни,
Наҳотки, қўймасанг бир бор қайрилиб?

Тушунаман, сенинг вақтинг жуда зиқ
Ва хоҳлаб турибсан дарҳол кетишни.
Сершовқин шаҳарда ғам чекиб, қизиқ,
Сенга ким қўйибди ахир, севишни…

Мен ғамгин эртаклар айтишим мумкин,
Қолар ҳар бир лаҳзанг бекор ўтгани.
Йўқдир менинг сенга биргина мискин
Муҳаббатдан бошқа берадиганим…

* * *

Тонг яқин.
Субуҳий муждалар юзар,
Сиз бунда интиқ.
Мен кимни изларам?
Йўл қараб толиққан кўзларинггизга
Жимирлаб кўрина бошлар изларим…

Бўғзимни тиғ мисол йиртган ҳар сўзим
Тунларни лаҳзада айлагай ёруғ.
Тонг яқин!
Онажон!
Тин олинг бир зум,
Саҳарҳез қушлар-ла жўшиб беандуҳ.

Кечалар узлатга беҳол тўш бериб,
Ўлим парисига мағрур тик боқиш –
Гарчи қўлингиздан келар
Ва жеркиб
Шу худбин болам деб, туйқус ютоқиш…

Ҳамон сўқир кўзим очилмаса-да,
Кўз юмиб кетмаган сизми,
Ҳар сафар?
Сизми, гўдакларим ором олсин деб,
Мудрамай куйлаган бахмал аллалар?!

Остонада турар болалик каби
Кунлар ҳайқирганча айтиб рамазон.
Энди киприк қоқинг бир бора, ахир,
Тонг яқин!
Тин олинг бир зум,
Онажон…

* * *

Қонсираб етилар ҳубобий сукун,
Бўғзимда хириллар баттарийн сўзлар.
Жонимдан ўтгандай замҳарир эпкин,
Кўзларимга чўкар бесар юлдузлар.

Мен қушлар ризқини қийган дарбадар,
Бошимни чўрт кесар сонсиз истиғроқ.
Бесас кузатаман чанг солса хатар,
Қўлимдан келгани ингроқ ва титроқ…

* * *

Излайман тупроқдек заррама-зарра,
Жисмимни парчалаб кираман жўшқин.
Чуқурроқ шўнғийман – чексиз ҳужайрам,
Соялар наҳрида қотаман – бўшлиқ.
Ҳали ҳам излайман, одам етмаган
Фасллар туғини тутиб шиддаткор.
Ҳатто, дақиқани янчиб ўтаман,
Сўнг лаҳза кунжида тентийман абгор.
Ва Сени излайман, манзилга етмам,
Сувсаган барг каби меҳрингдан жудо.
Наҳот, мен – жимгина келишинг кутмай
Бир умр яшашга маҳкум мавжудот?!

* * *

Бардам бўл,
Жигарим,
Фирингни жамла,
Ҳали узоқ давом этар бу кураш.
Ажабланма,
Ҳатто, дўст керак дамда,
Елкангга чуқурроқ тиғ ботса бешашт.

Қара, бу яйловлар яшил тўн кийиб,
Ичидан кузариб борар, ишонсанг.
Ахийри зафарсиз тугаса ўйин,
Оғир бўл,
Жўмардлар лафзидан тонса.

Фақат истагим шул,
Ёдингда бўлсин:
Валийлар ҳаққи ва
Қондошки Широқ –
Ярашмас, қўлларинг қувватга тўлиб,
Чўкётган одамга оёқ узатмоқ.

Токи тинар бўлса титрашдан юрак,
Тилингдан чиқмасин зарра вовайло.
Ҳали кураш узоқ давом этажак,
Энг сўнгги зарбани асраб-авайла…

* * *

Сохта қуллуқларни фарқлай олмадим,
Наҳот, тозисига учрадим танлаб?
Эй, берган ошингга қараб қолмадим,
Йўқ, сендан ошино қилмадим талаб.

Оғзимни тўлдирган тупугим билан,
Кошки таскин торсам… бари ҳал бўлса.
Қанийди ҳовурим босилса бирдан,
Зора бир мушт билан бу кўнгил тўлса!

Жимгина сен каби олчоққа қарши
Барибир муштимни тугиб бораман.
Ҳеч тўхтаб қолмагай сенсиз ҳам, гап шу:
Сенсиз ҳам ғимирлаб келган аробам…

* * *

Менга раво кўрма,
Жоним, анисим,
Юзимга ёпилган эшикни қайта –
Тиз букиб чертмоқни ва яна ҳазин
Кетмоқни, телбадек ишқимни куйлаб.

Энди карашмалар керак эмас, йўқ.
Йўллар кесишмоғи мумкинмас, ахир!
Ҳар қандай манозил ичра кўнгил тўқ,
Бораман, ҳеч қурса, шивирлаб чақир!

Шамоллар чорлайди саҳобалардай,
Ёзиқ-кечмишимни этиб ҳиргойи.
Тангрим борлигини эсталар ҳар гал,
Руҳимни нур билан йўнган чиройинг.

Менга раво кўрма,
Жоним, анисим,
Нафасинг етмаган ёвуқ-йироқни.
Ва яна Ватандан айро қуш мисол,
Фақат ҳижрон ҳақда қўшиқ айтмоқни…

* * *

Менга шунинг ўзи етиб ортадир
Ва бошим осмонга етадир ғоят –
Жилмайиб берсанг бас, кетиш олдидан,
Бир бора қўл силкиб қўйсанг кифоя.

Кунлар кечагидек ҳўрсиниш ила
Бир текис ўтиши керак эмасдир.
Табассум ортида бир ҳийла қўллаб,
Барига қўл силтаб кетмасанг, басдир…

* * *

Бу олам ичра сен бор экансан-ку,
Йўқса, нима қилар эдим туғилиб?
Ит сингари изғиб топганим мангу
Муҳаббат – бор-йўғи энг содда илм.

На буни ўргата олди табиат,
На биз ўзлаштира билдик даъфатан.
Ҳеч ким илғамаган ранглиғ бу сурат,
Унга термуламан қайта-қайтадан.

Ахир, шунчалар ҳам бахтли этарми,
Нурли қадамларинг кутиб ўлтирмоқ?
Менга завқ бағишлар, сендан илгари
Келган лаҳзаларни бўғиб ўлдирмоқ…

* * *

Муддат бор – замонга дахл қилмаган,
Нур бордир – тегмаган бирорта манглай.
Воқеъ бор – ҳеч бир зот кўра билмаган,
Ҳеч кимнинг бошини чертмаган англам.
Сабил коинотда азим сафар бор,
Чархфалак кафтидан оқар тамаддун.
Тош каби йўлларага мук тушар асрор,
Ирмоқлар амаллаб ўтар қамалдан.
Парилар пинжида муждалар яшнар,
Қанотлар остида авом бор гавжум.
Тасаввурдан нари чексизлик яшар,
Деворлар ортида бир қудрат мавжуд.
Ўз ўрнин топади омонат анжом,
Кетармиз аста бу гўшани ташлаб.
Бироқ, дўсту-душман бордир ҳар қачон,
Сенинг ҳам, менинг ҳам қонимга ташна…

* * *

Нечун эшитмадим аввал бу сасни?
Ёки эшитсам ҳам қилмадим парво.
Қачон жунжиктирди мени нафасинг,
Қачон киприкларинг олдилар қамраб?

Мана, энди ҳаёт бошланди ростдан,
Шаффофлашиб борар дунё муттасил.
Қандай ўлиш мумкин, токи сен борсан,
Бошим силаб ўтар ўлим кундаси.

* * *

Сўзларинг илмоқли, жон чиқар маҳал
Келмасидан туриб ўлдирар, аён.
Қарайман, менинг ҳам нигоҳим дағал,
Ўз ҳолингга қўймас келганинг ҳамон.

Сочларинг бўғзимдан оларлар секин,
Мен сўник оғочга бераман тартиб.
Қаноти лат еган кабутар – севги
Ўртамизда турар сарсон ва ғариб.

Кел бери, аламинг сунмасдан кузга,
Нондек ғазабимни ушатгин тағин.
Бу ишқсиз авом деб, бир-биримизга
Ўтмайлик бир умр зимдан суқланиб…

* * *

Кимга ҳам ёқарди,
Ўлик суронда
Шахд ўрнимдан туриб оғиз жуфтлашим?
Гўё қилмишимдан кимдир қувонгай,
Кимни яралагай сўзларим ниши?

Кун келди,
Қўрқмасдан қилиб марҳамат,
Бир бора кўнглимни сўрайдиган зот
Бормисан?!
Қайларда яшаб шунча вақт,
Қайси тилсизларга бўлгансан нажот?

Қара,
Қўлимда йўқ Хизр таёғи,
Ўзгармас ҳеч қачон олам.
Дафъатан
Порларди пайдар-пай журъат маёғи,
Балки келганида менинг навбатим!

Ногоҳ айро тушиб шу бисотидан,
Индамай жон бермас узлатда тутқун.
Ахир, хойиннинг ҳам ўлим олдидан
Айтишга ҳаққи бор
Энг сўнгги нутқин…

* * *

Эслайсизми,
Она, баҳор шомларин,
Шифт бурчида бола очган қушларни?
Рўмолингиз тутиб чиққан тонгларнинг
Бўзариб айтган ул хайр-хўшларин?

Муштдек жонингизни мағрур, бемалол ,
Топшириб кетганим даричаларга –
Эслайсизми?
Бебош, ғўр фарзанд мисол,
Қадрингиз сочганим жин кўчаларга!

Йўқчилик пайтлари хархаша қилиб,
Ҳолингиз сўрамай мунғайганимни –
Эсланг,
Тап тортмасдан ризқингизни еб,
Суякларим қотиб улғайганимни!

Кўзимни кўр қилган балоғат таъми,
Гоҳо қўлларингиз бетин титратиб –
Беписанд дўқ уриб,
Ёдингиздами,
Сизни йиғлатишга етган қудратим?!

Энди қонот ёзган қушлар бегона,
Рўмолингиз тутмас энди ҳеч бир тонг.
Сиз эслай олмайсиз барибир, она,
Мен-чи унутолмам ахир, ҳеч қачон!

* * *

То келар эканман мағрур ва шаҳдам,
Балки кутмагансиз мени, эҳтимол.
Йўллимга андуҳлар пешвоз чиққанда,
Сиз вазмин қарайсиз ол ғунча мисол.

То келар эканман шаҳдам ва мағрур,
Сукут айвонида титрай бошлар жон.
Бевақт келганим-чун, тутгайсиз маъзур,
Бир қошиқ қонимдан кечгайсиз, жанон.

Токи қайтарканман бешъан, бетуҳфа,
Елкам қабартирар ғам тўлган кашкул.
Кўзинггиз нурига банди бу руҳдан
Томчидек тўкилиб боргайдир ишқим.

Токи қайтарканман чорасиз, ғариб,
На-да ой беролгай тунларимга зеб.
Бир сизни деб келган бўлсам ҳам гарчи,
Кетиш жуда оғир фақат сизни деб.

* * *

Сизга қайғураман, гарчи қайғумга
Сезмай ўтсангиз-да сира эҳтиёж.
Ёдингизни кўзга суртаман ҳамон,
Манглайимга теккан сингари меърож.

Хавфсиз йўлларда ҳам соя каби жим,
Ортингиздан қувар ваҳм, хавотир.
Гўё бу дунёда қолмаган, сизни
Фақат мендан ўзга асрашга қодир.

* * *

Саргардон қушларим қўним топмишдир,
Маъсум нигоҳларинг доирасидан.
Энг инжа ҳисларим ором олмишдир,
Тим қора сочларинг кўланкасида.

Туҳфа этгани-чун тоза кўзларни,
Абад мусаввирга ўқийман таҳсин.
Ердаги юлдузлар – ҳуркак изларинг,
Мусаффо осмонга етаклар шаксиз.

Кафтимда гулларни ундириб алвон,
Тутгум сўзларингни – капалакларни.
Топсам бўлмасмиди сени аввалроқ,
Наҳот, борлигингни кечроқ англадим?!

Энди тушларингда бинафша каби
Очилмиш минг йиллик рангин унларим.
Энди енгмоқ қолди, тунлар ўртаниб,
Ўртамизда турган тафовутларни.

Сенгача билганим – ўткинчи бари,
Ғўр туйғуларимнинг ўтгум баҳридан.
Қасд олиб яшайман, қолган кунларни,
Сени ёлғизлатиб қўйган умримдан.

* * *

Қайдасан,
Кўнглимнинг туб-тубларидан
Юлдуз элаб турган жайронкўз – юпанч?
Айт, билмай жонингга бердимми ситам,
Муштоқ унларингга еткиздимми ранж?

Жисмимни бешикка белаган насим,
Илк бор сархуш этган оҳанг,
Қайдасан?
Бу борса-келмасдан узолмай қарзим
Келган хунларимдек қачон қайтасан?

Бошингга не кўйлар тушди, дардкашим,
Айт, кимга суяндинг ёвуқ-йироқда?
Ғариб чумолидай ҳалол дон ташиб,
Ё кунинг қолдими гизли урвоққа?

Ҳали ҳам бормисан,
Чанг-тўзон ичра
Қулочим етмаган заҳролуд тупроқ?
Бормисан, осмоним тоқига сачраб
Таъмасиз пешонам силаган Кубро?

Қайдасиз,
Анжиргул боғларим – шодмон,
Айтинг, маҳталмисиз ҳануз шу роҳга?
Ҳозир ҳам бағрингиз очиқми, ҳамон
Кўзларин чим босган сўқир гумроҳга?!

* * *

Қўлларим муаллақ турар экан то,
Кўзларим жаннатий водийга маҳтал.
Эй, ёр,
Янграмасму сендаги садо,
Кипригинг остидан чиқмасми саҳар?!

Мен яшай бошласам,
Сенга топиниб,
Сендан нажот истаб,
Сўрасам паноҳ.
Мумтоз торлар аста руҳимга эниб,
Сочинг тўлқинида ўқисам сано.

Кўк узра бўйлаган қоя лабида
Қанотсиз қуш каби
Жонимни алқаб,
Учсам,
Марҳаматинг азим лавҳидан
Қисматим чархида тиғдай ярақлаб.

Эй, ёр!
Ортга қайтма!
Манзилимиз бир!
Ахир, йўлиқтирмас дилга тасодиф.
Айт, яна ким биздек ўздан олисдир,
Ким биздек ўлмоқ-чун бўлган, айт, содир?!

Кўзларинг ул юртга интиқ экан то,
Кўринмас шу ондан ҳаёт йўллари.
Бу чоҳдан қутқар ё
Ташла батамом,
Муаллақ тураркан токи қўлларинг…

* * *

Тап тортмай хирмондан ватанин ризқин
Кўчага судровчи ғўр чумолини –
Товон билан янчиб ташлаш ҳам мумкин,
Сўз ташиса, кесиш мумкин тилини…

Бармоқ орасида эзғилаш осон,
Дорга ҳукм этиш мушкулмас, тамом.
Исботлаш шарт эмас, бир кўрсанг ҳисоб,
Илғаб олиш керак уни, аввало.

* * *

Бир Қўшиқ бор…

Қўшиқки, куйлашга тортмайди таъбим,
Қонимда отамнинг қайнар виждони.
Озодлик хатини олган қул каби,
Бош теккизай десам, йўқдир осмоним.

Бир Ватан бор!
Ҳар бир зарраси паноҳ,
Тоғларга тиргакдир мардон тошлари.
Мен ундан жим ҳатлаб ўтишим маҳол,
Артишим душвордир халқ кўзёшларин…

Бир Аёл бор!
Агар янглишмасам ҳали ҳам тирик,
Кўзлари қизарган, ўллари қадоқ!
Ортимда Қуёш бор!
Кўзимни йириб
Қарасам, қаршимда чайқалар қадаҳ…

Бир Қиз бор!
Кўзлари сеҳрли диёр,
Қошлари бошимда тиғ қайрар – ғаним.
Фаромуш тунлари ҳамон умидвор,
Жунжикиб санайман ҳар қобирғамни…
Бир Қўшиқ бор!

* * *

Ёмғир томчисида шодон кулгинг бор,
Кечалар – кўзларинг боқар бераҳм.
Япроқлар шивирлар исмингни такрор,
Қайга боқсам, чиқиб келар суратинг.

Бутун бир борлиғим сенинг измингда,
Пойингда тиз букдим бўзлаб ҳазорон.
Биргина нафасинг, оҳ, бир сўзингдан
Қақроқ ёсуманлар гуллар нафармон.

Замҳарир боғларни кезсам-да ғариб,
Тафтингда жон сақлаб яшадим, наҳот.
Ўзингсан – ўлимга этган музтариб
Ва рўйи-заминда ягона нажот…

* * *

Бунча кечикмаса мен кутган фурсат,
Бунча секин оғар соат кафгири.
Ногаҳон қизарган уфқни кўрсам,
Ичимдаги қушлар кетар ҳапқириб.

Қайга ҳам борардим қисматдан нолиб,
Ҳеч олгим келмасдан йўлган ҳарсангни.
Яшайман ўлгунча асраб, қизғониб –
Ўртамизда турган ҳамма нарсани…

* * *

Биламан,
Сенинг ҳам тушларинг аро
Ёмғирлар тинмайди ҳарир ва эзгин.
Ахир, орзулардан воз кечмоқ маҳол,
Севги деб, дунёни унутмоқ қийин.

Биламан,
Кўзларинг қаърида ётган
Ҳавводан қолган ул қадим асрорни…
Кифтимда қанотлар муз каби қотган,
Кутмоғинг беҳуда ўшал баҳорни…

Бу тундан қидирма
Бахт-у кушойиш,
На ой-юлдузида бордир бир мантиқ.
На-да иқлимида қонгайдир ҳоҳиш
Ва на кунларида айланар тартиб.

Токи йиғларкансан заҳм комида,
Ўзга оламлардан кутиб суянчиқ.
Биламан, тубсиз жар бордир ортида,
Лек фақат биз учун
Шу Эшик очиқ…

* * *

Ҳажр булутлари кўпчир қатма-қат,
Лек бизнинг севгига этмагай таъсир.
Агар керак бўлса бисёр эрур вақт,
Фасллар айланаверар муттасил.

Қовжираб турса-да сабр дарахти,
Мушкулмас тошларга эврилмоқ илми.
Бизнинг йўлларимиз ўшал даргоҳга
Соғ-омон элтади руҳ ва кўнгилни.

Чанг қопган бепоён саҳро қошида
Яратиб яшнаган фирдафсий воҳа,
Сўз излаб шамоллар шовуллашидан
Борамиз, борлиқдан тинглаб ҳур оҳанг.

Туннинг кулгичига қуйиб оқ фараҳ,
Ойнинг ёлларидан сут инар жонга.
Валфажр боғлардан тўлдириб қадаҳ,
Тутгаймиз бир интиқ, мунглиғ инсонга…

Бизга қарши чиққан куч бордир неки,
Қайтара олмагай ҳеч бу матлабдан.
Токи йўлларимиз туташар экан,
Мангу илоҳ қўллаб тургайдир қалбда.

Агар керак бўлса бисёрдир умр,
Керагидан ортиқ ишқ бор, фасл бор.
Энди англасак бас, бу бахтни Тангрим
Биздан ўзгаларга бермаган, асло!

* * *

Севмоқ – тирилмоқдир,
Демак, мен – мурданг,
Балки мағлуб бўлдим ишқий савашда.
Сенинг борлигингни сезиб ҳам гўрда,
Ажабланма, давом этсам яшашда.

Балки аксинчадир, севги нелигин
Англамаган бўлсам кечиргил, гулим.
Ҳар гал кўзим билан шивирлаб секин,
Қанча изҳор айтдим, шеърлар ўқидим!

Бари бекор кетди, тағин билмадим,
Бизлар тирилмоқни касб этган бўлсак –
Ҳозир яшаяпмиз ахир, севгилим,
Айрилган бўламиз мабодо ўлсак.

* * *

Сўқир дарёларнинг ортидан оқмай,
Сендан кетдим – ҳирсга бўйсуниб охир.
Сендан кетдим ҳатто, ортимга боқмай,
Лошим судрасин деб, телба мусофир.
Кетдим кўз олдингда ғўрлик измидан,
Оёғим сингунча қочдим соянгдан.
Соқий туғин олиб руҳлар базмида,
Беҳуш ўйин тушиб етдим вояга.
Ожиз ўзанларнинг баҳридан ўтдим,
Чиқдим кескир тошлар орасидан шод.
Дарз кетган кўзгунинг тубига етдим,
Қулфлар боғламидан уйғотдим сабот.
Кетдим юрагимдан ясаб устурлоб,
Эй, сим-сиёҳ туннинг қадим басири.
Сендан кетдим – ёруғ осмонга ўрлаб,
Мени тарк этмадинг нечун, асирим?!

* * *

Келиш изтиробин ўзинг ол, мудом,
Менга бер, кутмоқлик саодатини.
Гулларим ифорин йўқотсин бунда
Ва кафтингдан топай улар атрини.

Менга бер, рутубат масофаларин,
Ўлимдан-да нари вақт бер, инчунун.
Кутай, қўллагунча ишқ салафлари,
Жандасин елкамга илгунча Жунун.

Куттирмоқ илмини ўрган ўртаниб,
Атиргул баргига ўра ўзингни.
Кийикдек нигоҳинг олиб қоч, тағин
Юрагим тафтидан қизарт юзингни.

Қушлар иккимизга йўл кўрсатса ҳам,
Жамбил юрти пешвоз чиқса ҳам бу кун.
Мен қачон кутишни сезмадим, алҳамд,
Сен қайга келишни билмадинг, шукр!

ТОШКЕНТ

Қўйнингда тотлиғ нон ҳиди уфурган,
Тупроғинг пойимни майин сийпалар.
Оғринмай менга ризқ, бошпана берган,
Онамдек беозор, меҳрибон шаҳар.

Ҳар гал маҳзун боқсам арзанданг мисол,
Ҳеч вақт қовоқ уйиб қараганинг йўқ.
Эгик бошим ерга тегар эҳтимол,
Балки ўлгунимча этарман қуллуқ.

О, Тошкент! Олисдан келган қушларни,
Беминнат бағрига босган эй, рафиқ.
Наҳотки, тинимсиз кўпчир душманинг,
Ўзингни сиғдирмай этарлар таъқиб?!

Барига фаромуш қўлларни силтаб,
Кел, босиб чекамиз ёнгунча саҳар.
Ранжима улардан, ёнимага ўлтир,
Менга ватан берган, ризқ берган шаҳар!

* * *

Такрор кўзларингга келаверсам дуч,
Айт, қандай тил ютиб умидим узсам?
Менинг муҳаббатим ҳадя этган куч,
Йўлларингга фақат тўшаса ғусса.

Ол, мана жонимни! Дармон бўлгулик
Ўзга давлатим йўқ. Кор қилса кошки.
Қошингга ел каби тентираб келиб,
Қўлимдан не келар севишдан бошқа?

Яна кўзларингга дуч келсам такрор,
Рангин тушларингдан изласам улгу.
Сочларингни тараб ўтса куз – ғаддор,
Юзингда барқ урса йиғи ва кулгу.

Бутун борлиғимни битирса сукут,
Ярадор қуш мисол учса овозим.
Шўх-шаън олиб борсам, қўлингдан тутиб,
Унсиз бўғаверар бу боғ ҳавоси…

Куйинма, севарим, ором ол бир дам,
Беғубор лаҳзалар оғушида маст.
Баҳрлар тўлқини ичра ҳур, беғам,
Суронлар ваҳмаси аро жим, бесас…

Ухлагин, бешикда чайқатган кундай,
Бунда зиёрат қил йиллар қабрини.
Сен кўз очгунингча аста уйқудан,
Тўлдириб чиқаман ишққа умрингни…

* * *

Гуноҳлар тўкилган ҳарир заминда,
Ёмғирлар ёғганда руҳимиз қадар:
Нега термуламиз ўлтириб зимдан,
Нечун бизни ёлғиз қолдирмас алар?

Қартайган дарахтлар барг ёзар ҳамон,
Шўхчан севгимизга солиб кўланка.
Сокин ҳисларингдан дарз кетар осмон:
Қачон иккимизни қўярлар якка?

Ёмғирга қоришган кўзларинг ёшин,
Қўлларим қалтираб излайман беун:
Муссаффо осмонда таъмасиз, жўшиб,
Бизни тинч қўйишмас, севгилим, нечун?!

Тўлар борлиғимиз булут – кадарга,
Барибир кетарлар айрилиқ тилаб.
Муҳаббат нелигин англаб, аларга
Мўлтираб боқсак ҳам муҳaббат билан.

* * *

Тушларим онгимдан бехос юлинди:
Борлиқ кўзларимга тош каби чўккан.
Ранглар қалқиб чиққан таҳаюлимдан,
Кесилган қўлларим узанган кўкка.

Юлдузга тўш урган сўзларим ногоҳ,
Илондек ўрмалаб қайтган бўғзимга.
Қуш янглиғ жисмимни ёриб учган оҳ,
Чақмоқдек ярақлаб ботган кўксимга.

Ҳуркак одимларим чекинган ортга,
Жимликка эврилган ғариб овозим.
Ҳақ хасмин қиличдек танимдан тортган,
Руҳим-ла юзма-юз келган ҳавозам.

Тинглайман – маст қилгай яна хуш садо,
Шу ёруғ қисматга шайдирман такрор.
Тушун, яралсам ҳам қайтадан ҳатто,
Мен сени севишга турибман тайёр!

* * *

Булутлар тарқасин кўзингиздан жим,
Хуркиб саботингиз метин бастидан.
Вақт етди,
Уйғонинг қондош тоғларим,
Қўзғолинг асрлар силсиласидан.

Тошга айланмадим ҳали батамом,
Демак,
Мен тирикман,
Жисмим долғада.
Қаранг, ҳўв қоялар ўсмоқда ҳамон,
Энди ўрнингиздан туринг, оғалар!

Неча йил қақшатди зоғлар давраси,
Неча бор тилимни ўксиб тишладим?
Қон ютиб изладим сизни,
Таъмасиз
Азиз дарёларим,
Елкадошларим.

Қанча кунлар кечдим тентиб, сарсари,
Асло тополмадим бу қўшин тенгин!
Уйғонинг,
Бобомнинг чўнг лашкарлари,
Ахир, қошингизга келдим
Бош эгиб…

* * *

Ҳамон қувват йиғар қадимий хумда,
Иним, бу – бобомдан қолган мусаллас.
Неча йил жим ётган бўлса, шу кундан
Курашга тадорик кўрган маст-аласт.

Кел, обдон тўлатиб берай косангни,
Сархушлан ҳеч қурса, ич, кўҳна майдан!
Ортиқ кутмасинлар бу жангни,
Токи –
Ҳуввиллаб ётмасин овлоқда Майдон…

* * *

Мени маъзур тутинг, эй, зоти олий,
Туртиб ўтган бўлсам сизни бехосдан.
Айб этманг, симирсам тўлиқиб чоғир
Ва сизга тегишли бўлган нафасдан.

Маъзур тутинг, агар йўлларингизда
Бесўроқ бақрайган харсангга дўнсам.
Тағин мен қанотин қирқсам, бош узра
Учган қушларингиз кафтимга қўнса…

Балки гиналарни олмагaйсиз чин,
Балки бузмагайсиз мўътадил сафни…
Ахир, қай равишда тасвирлаш мумкин,
Ичингизда иҳраб ётган ғазабни?

Узр, кетган бўлсам терс ва бетизгин,
Ризқингизга тумшуқ тиққанимча жим.
Кечиргувчи бордек Азалдан ўзга,
Наҳот, қўлингизда бўлса жазойим?!

* * *

Жимгина дарахтлар пинжидан чиқиб,
Барглар соясидан изламоқ паноҳ
Шарт эмас,
Кўкдаги қушларга боқиб,
Парвоз истагини суратга солмоқ…

Тепангда бақрайган нигоҳдан чўчиб,
Бош эгиб ҳаққига тиловат ўқиш
Зарурат уйғотса,
Мағрур тиз чўкиб
Ҳукамо ёқлаган мақомга кўниш.
Минг битта нағмада ўйин бошламоқ,
Киборлар қўлига жилмайиб қараш
Бошга тушса,
Бундан бўйин товламоқ,
Бўрдоқи ҳисордек очликда маъраш…

Шарт эмас,
Садоқат туйғусин қўзғаб
Жон бериб, жон олмоқ изҳордан йироқ.
Қулликни исботлаб бергувчи сўзга
Азим ғор лабидек томоқни йиртмоқ.
Дўзахий оловлар теграси бўйлаб,
Доҳийнинг йўриғин тираб қисматга.
Тун аро ҳаловат тонгларин ўйлаб,
Ҳар лаҳза шай турмоқ мумкин хизматга.

Оҳиста туйнукдан мўралаб беун,
Яратиғ мулкидан эрк талаб этмоқ.
Умримдан бир парча харжлаб сен учун
Шарт эмас,
Ўртаниб мадҳия битмоқ…

* * *

Чуқурроқ нафас ол.
Ҳўрсин.
Баралла
Овозингни чиқар –
Ҳайқир кўз юмиб.
Сўнг чора излама кўнглингни алқаб,
Шу йўлга чиқариб юбор Маҳкумни.

Наҳотки, етмаса шу он ҳаммадан
Ортиб қолган ҳаво
Сенга ёлчимай.
Сўзинг ҳам тилингдан қайтса дафъатан,
Урушсиз ғалаба қилган Жангчидай…

* * *

Надир,
Кўзларимга кўринаётган,
Ларзон сурат ичра алвон шамойил?
Тилингиз учида муз каби қотган
Куйлар тутиб турса
Тўфон шамолин!

Не бўлгай,
Мен ҳам шод сизга эргашсам,
Кетсам, соянгизга унсиз қўшилиб?
Янтоқдек барг ёзсам далада-даштда,
Жим яшамоқ сирин етсам тушуниб…

Нечун бошингиз хам,
Довшингиз ўксик?
Ҳамон кутмоқдасиз қақшаб ҳарорат,
Пешвоз чиқса ҳамки тошиқиб
Кўксим –
Ҳамиша лангу-ланг очиқ салтанат!

Наҳот, ҳеч кетмайсиз бехос қувониб,
Не бўлгай,
Бу боғнинг мўъжаз фаслида –
Қор остида унган майса мисоли
Чиқиб келаверсам оёқ остидан…

* * *

Ахийри келганда мен кутган фурсат,
Кафтимдан зарралар жим сирғаладир.
Қалқаман –
Бир бора берса бас руҳсат,
Довонгир йўлларнинг қасирғалари.
Қилмиш-кечмишимдан кечдим устувор,
Ақлимдан оздирган ҳилқат қошида.
Исрофил лабига қўндим –
Истиғфор
Айтиб келгунимча сафо кўшкидан.
Ёлбордим –
Парилар лаҳжасидан маст –
Имкон бер, жажойим ўтай қайтадан.
Бошимни оғочга тортган мен эмас,
Кесилган тилимни бергин, қайтаман!
Ўксиб ҳайбатингга соламан назар,
Бўғзимга тиқилар қисмат сўроғи.
Ҳар кеча ўлимдан қиламан ҳазар,
Пойингда қолишин ўйлаб тупроғим…

* * *

Нишонга текканда ўқлар бехато,
Томоқдек қирилиб бўшаса садоқ.
Довуллар ваҳмаси тингандек ҳатто,
Якунга етганда адоқсиз сўқмоқ.
Юлдузлар қўйнидан топсам паноҳни,
Боғим пайҳон бўлса, тупроғим барбод.
Наҳотки, аждодим қилган гуноҳнинг
Жавобин мен бериб келсам умрбод?
Гўримгача борсам вазмин отимда,
Улкан андуҳларнинг лашкарин йиқсам.
Қайноқ ғазабимдек чиқса ёдимдан,
Майда тоғ-тошларга қоқилганим ҳам.
Ва манзилга етсам жаннат ишқида,
Авф сўраб юкиниб, бузсам қафасни.
Балки чегарасин топарман шунда,
Бир бутун умрга сиғмаган нафснинг!

* * *

Ям-яшил дарахтлар олис-олисдан
Синган сумбатимга жунжикиб қарар.
Бу боғга кирдимми билиб-билмасдан,
Гулладимми, энди жазо муқаррар.
Чучук ирмоқларда босиб чанқоғим,
Бехос илдиз отдим тупроқни ҳидлаб.
Бўғзимдан олганда неча ҳамроҳим,
Кўксимда неча бор қутирди итлар?!
Бош узра булутлар ўтар беписанд,
Қушлар пастлаб учар келиб тусмолдан.
Ҳисобмас бир зумда шайламоқ каманд,
Бефойда жон бериш ҳар кун мисқоллаб.
Ҳапқириб тораяр яхллаган ичим,
Телба борин тиккан каби қиморга.
Кимнидир тишласам етганча кучим,
Ёки ўлсам чиқиб бўлмас ҳумордан…

* * *

Қушларни хуркитган олғир қадамим,
Ортимдан бостириб келар ваҳм-ла.
Қаршимда бепоён ва тубсиз замин,
Соялар гезариб қилади ҳамла.
Бефараҳ йўлларнинг кўнглини ғашлаб,
Энди панд беради кўҳна иродам.
Энди бу дарёлар эмас синашта,
Таъқиқдан ҳайиқмай қўзғалар Одам…
Кўзимнинг ол рангдан келар қонгиси,
Тақвимнинг бетартиб оташ қасдида –
Гуноҳкор ҳурликнинг анқир қон иси,
Қудуқда чайқалган ойнинг аксидан…

ХЎРСИНИҚ

Димоғинг чоғ этгач баҳор ислари,
Қушдек қучганингда баландроқ роҳни –
Ёмғирли кунларда тўзган ҳисларни
Қандай унутгансан, қадим ҳамроҳим?
Наҳотки, ёдингдан чиқди лаҳзада
Биз сиғган тунларнинг кенгликлари ҳам?!
Кўнгил одамига баъзи-баъзида
Жимгина кўникмоқ қиларкан алам.
Мендан ўтганига узрим бор бисёр,
Сенинг қилмишингга кўз юмдим шундоқ.
Иккимиз йироқда топган дўсту ёр
Нетар ҳамроҳ топса биздан авлороқ?..

ЁТ УРУҒ

Мен – данакни ёрдим – тўсатдан,
Жон кириб –
Яшил баданимни силаб ўтди ел.
Офтобда тобланиб ётдим, чиниқдим,
Чор-атрофга боқдим қувноқ ва хушфеъл.
Тонгда баргларимга қўнди илиқ нур,
Кафтимда шудрингни эркаладим жим.
Шохларим қиличдай қайрилди – ёвқур,
Илдиз отдим –
Тупроқ қонини ичдим.
Йиқилдим бошимга қўнмасдан қиров,
Метин кўкрагимга тиғлар бериб зеб –
Насиҳат қилмаган эди ҳеч биров,
Чинорлар тагида униб-ўсгин деб.

ДЕБОЧА

Нафас ростламоқ-чун тўхтади қуюн,
Бўронлар тинмади ҳали батамом.
Қумлоқлар бўтанинг ўркачин ўйиб,
То бошлаб бораркан соҳилга томон.
Буткул бўшамади сўниккан мешкоб,
Чанқоқ босилмади, тўлмади қулоч.
Бирозгина чўкди пурвиқор ишком,
Қаторда синмади бирорта оғоч.
Манзилга шайланди биргина карвон,
Жабдуқланди холос фақат бир отлиқ.
Калава учини тутса-да сароб,
Сира қилт этмади ўрнидан борлиқ…
Ҳануз ўз қўрасин топмади уюр,
Қозиқ атрофида тўзон бор ҳамон.
Нафас ростламоқ-чун тўхтади ёмғир,
Тўфонлар тинмади ҳали батамом.

ЯКУН

Яланғоч шуурга чуққурроқ ботиб
Керакми, қоронғу хужрадан чиқиш,
Бунда шаффоф ватан – дераза қолиб
Деворга чирмашиб ҳаракатланиш?
Қочиб калитларнинг товланишидан
Эшикни бузишга одатланиб боз –
Қалқиб чувалашган ўйлар ичидан
Топиш зарурмиди ғужанак овоз?
Кузакда учраган яшил баргларни
Савалаб тўкмоқни фарз санаш – шараф,
Ўйиб олгач сўнган чўғ – юракларни
Экиш керакмиди сўнг қисир дарахт!
Қизарган қуёшнинг кутиб вафотин,
Эп кўриб баралла айтишни ўлан –
Қақраган томоқни кетишдан олдин
Суғориш шартмиди ўз қони билан?!

НАСИБА

Нетарсан, туғилиш бор экан бошда,
Бор экан насибанг – ерда, қуёшда.

Эркалаб бешикка белашган онда,
Бахтиёр йўқ эди сендек жаҳонда.

Ҳис қилиб илк бора она заминни,
Қад ростлаб ташладинг илк қадамингни.

Каттароқ бешикда сокин дарёдек,
Ортингга қайтиш ҳам насибангдир лек…

ВАҚТ

Сенинг карамингдан қараминг кенгдир,
Не борки измингда – ожиз ўксинар.
Қаршингда тоғлар ҳам тупроққа тенгдир,
Ҳаттоки, хоқонлар сенга бўйсунар.

Қўйнингдан ташқари қай иқлим мавжуд,
Кун келиб истаклар бўлса ижобат –
Ногоҳ қулларингни озод этмоқ-чун
Сен кимдан сўрайсан ижозат?..

ХУДБИН

Қўлларим қалтирайверса тинимсиз,
Дўстларим кўзига боқсам мунғайиб.
Ором тиламаса бирорта кимса,
Уйқусиз тунлари ҳорғин жилмайиб.

Ҳовурдан тушмасам салқин субҳда,
Ишонган тоғларим кетаверса паст.
Теграмда айланса тўзонлар – мубҳам,
Бўғзимга тиқилса занжирбанд нафас.

Бесамар ўйиннинг қоралиғига
Асов ёшлигимни ҳайиқмай тиксам.
Аввал ва охирнинг оралиғида
Мангу яшамоқни ўйлаб зериксам.

Чароғон фасллар бўлса намоён,
Ажиб лаҳзаларда қолсам улғайиб.
Умридан нолимай шодон бир аёл
Қора кунларимда қолса мунғайиб.

Ниҳоят ошкора сўзламам сира,
Қилт этмам, ҳолбуки юрагим оғрир.
Бошимдан товоним қадар қалтираб,
Дўстларим кўзига қарайман мағрур…

ИСТИҒФОР

Бўйларин қизғонса париваш – ҳулво,
Беписанд ўрлаган ғўр димоғимдан.
Олис-олисларга кетган, эй Мавло,
Келгин, ушбу гал ҳам ўт гуноҳимдан.

Майли, хабар топмай дун синчларидан,
Бесавод ўтсам ер айланмасида.
Кел, маъно топайин,
Бу ичкарида
Ёлғиз қолганимни англамасимдан.

Бу мажруҳ руҳимга ўзга даъво йўқ,
Не бордир нажоткор ўзингдан авло.
Узанган қўлимни қайтарма қуруқ,
Олис-олисларда қолган, эй Мавло!

* * *

Денгиздек сочларинг измида қолсам,
Ногаҳон ҳисларим тошар қирғоқдан.
Сенингдек тошқинга чап бера олмам
Ва яна сенингдек сўзга нўноқман.
Йўлин йўқотганга ўзни кўрсатган
Мен ўша –
Лек ўзин йўлга солмаган.
Қадаминг товушин сезиб тўсатдан,
Жар солиб яшашни ўрганолмаган.
Сенми, озодликда аъзият чеккан,
Булутлар қаърида адашган Ҳумо?
Бу ёруғ оламда кун келиб,
Менман –
Сенга дуч келишин билмаган гумроҳ.
Бунда минг йил яшаб этганча сабр,
Киборлар гирдида талон-тарожман.
Дунёда ёлғизман мен ҳам сен каби,
Сен каби ҳолис бир дўстга муҳтожман…

* * *

Олмосдек ярқирар лабда табассум,
Тун пардасин елпир ёдинг – ахтарим.
Кузнинг гардишини чулғамиш афсун,
Изғийман барг аро мазмун ахтариб.
Бу қувонч таъбирин сўрайман вақтдан,
Ҳар бир қумурсқадан ясаб мунажжим.
Майин сочларингни тонггача мақтаб,
Маъно қидираман лаззатдан кечиб.
Ҳавойи саволлар исканжасидан
Аранг қутиламан шом ичра мулгиб.
Етсам мусибатнинг тунд кўчасига,
Йўлимдан оздирар таъмагир кулги.
Нечун тўхтатолмам ўзни йиғидан,
Илоҳам, ёдимга тушганинг замон?
Сендан қочганимдек жон аччиғида,
Сенга талпинаман ширинлашса жон…

* * *

Ҳаммаси эскирган – девор, сурат, хат…
Хотира қатида чирик табиат.
Сўзга бурканмаган қоғоз – чархфалак,
Ҳамон бўшамаган сиёҳдон – юрак.
Сувлар оқиб бўлган – тинган даҳмаси,
Балиқлар бўғзида қотган луқмаси.
Куртаклар чиққану метин қобиқдан,
Дарахтлар сумбати бироқ ориққан…
Лек умид таъмидан қисмаган Тангри –
Фақат ўзгармаган муҳаббат ранги!

* * *

Бошим силаб ўтар кадар тошлари,
Товоним ялайди қиличлар чексиз.
Тинимсиз ёндирар қисмат кочлари,
Вулқонга эврилар онгим узлуксиз.
Жисмимни куйдирар руҳим совиши,
Унсиз таъқиб этар зуғумкор ҳадик.
Кулгимни қистайди кишанлар довши,
Ғашимга тегади осойишталик.
Туйнукдан мўралаб ўтар бир шарпа,
Қашқирлар тонггача увлайди: қўрқув!
Тушларим тун бўйи чиқади қарғаб,
Кўзимга моғордек чанг солар уйқу.
Енгилтак кўнглимга қилар оғирлик,
Қушнинг қанотидек баландпарвоз бурч.
Сафсата тўқувчи юзсиз шоирдек
Ортимга қайтишга тополмасман куч.

* * *

Бемажол ҳайиқиб турсам ғанимдан,
Дўстдан гина қилиб
Чангитсам майдон.
Жонимни авайлаб яшаганимдан
Уялмай эртаклар тўқисам шодон.

Ногаҳон оғриқдан ўкраб юборсам,
Лат еган мисоли
Ўлим тиғидан.
Бош эгиб
Волидам қошига борсам
Ва чора изласам ўксиб йиғидан.

Хатардан юз бурсам лошимни судраб,
Сўнган юлдузлардан истаб ҳарорат.
Овозимни қайраб,
Тонг ичра мудраб,
Тупроққа қоришмай кутсам ҳаловат.

Қадим дарахтларнинг сафини бузсам,
Барглар кўлкасида талаб қилсам нур.
Барханлар бўғзида тортсам ҳомуза.
Бир томчи қон тўкмай енгилсам мағрур.

Насллар ғазабин қўзғотса ҳолим,
Ожизлик ярашган бўлса турқимга.
Шунда ҳам шахд билан қисматдан нолиб,
Тирик кетаяпман
Наҳот
Юртимга?!

* * *

Йўлимга пешвоз чиқар арғувонлар – муаллақ,
Кетишимни истамиш келган муждалар – илҳақ.
На ўлиб ўла олдим, на тирилдим туғилиб,
Ярмим – шайтон, ярмим – ҳур,
Хукмингга кўндим, Барҳақ.
Кафтингга қўнармиди, кўксимга битган қанот,
Пойингдан ўпармиди, кифтимни йиртган қанот?
На ерга қўна олдим, на-да учдим тегрангда,
Ярмим – қафас, ярмим – қуш,
На тутқунман, на озод.
Жонимни ол, севдигим!
Сендан қачон ажрадим?
Гул умрингни хазондек қаҳратонга ҳаржладим.
Кўзларингга тик боқиб, ҳирсга беланди руҳим,
Ярмим – сиёҳ, ярмим – қон,
Деворларга сачрадим!
Кундан қамашмадими, она, дийданг қароси?!
На ўғлинг бўла олдим, на шоирман саросар.
Тушлармда шеър ўқиб бергум тарозубонга,
Ярмим – биҳишт, ярмим – чўғ,
Бўғзимгача аросат…

* * *

Мезон ҳавосида кўнгил ҳушладим,
Нафасинг қоришган дея осуда.
Лабингдан қанотсиз учган қушларни
Кафтимда дон билан кутдим озурда.

Овозинг бор дея урҳо-савашда,
Тингладим елларнинг ҳарир навосин.
Бехос кипригингдан узилган ёшдек –
Энг сўнгги япроқни бағримга босдим…

Соқов ҳисларимни куздан сақладим,
Қароғим туташди қонли саҳарга.
Сочинг теккан дея тунни алқадим,
Нигоҳинг тушган деб боқдим Зуҳалга…

Кўнглингни изладим майин сангзордан,
Манглайимга урдим караминг тошин.
Ҳануз йиқилмадим ширин озордан,
Ҳали ҳам кўйингда омондир бошим!

МАКТУБ

Дада, саломатми, о, аҳли қишлоқ,
Ҳамон жойдами туғилган юртим?
Торкўча. Узумбоғ. Дала-туз. Тошлоқ,
Ҳали ҳам омонми кекса шотутим?

Дада, нигоҳларинг ҳира тортган он,
Жимгина туманлар оралаб қочган –
Ўғлингман, қушқўнмас биёбон томон
Чиллакнинг зарбидан учган ёғочман…

Токи бир маромда тебранар қалам,
Тилимга сўзларим санчилар – абас.
Таккабур йўлим-у ҳаётимга ҳам
Зинҳор укаларим қилмасин ҳавас.

Фаромуш мозийга боқиб қаҳр-ла,
Топмадим – кўзимга тунларни танғиб –
Лой ариқ бағридан мўлроқ меҳр ва
Қанотинг остидан кенгроқ ваттанни.

Мудом аҳли қишлоқ бўлсин омон, тинч,
Шотутлар суясин ғам чекканингда.
Дада, кечир мени, ўртамай соғинч,
Ёдга олган бўлсам зерикканимда…

* * *

Шунча тиришганим кетгач бефойда,
Она, кўзларингга қандай қарайман?
Балки бу сўқмоқлар топар ниҳоя,
Балки бир кунингга базўр ярайман.
Эҳтимол, япроқдек тўкар тийрамоҳ,
Елкамнинг битмаган чандиқларини.
Мен қачон очаман,
Сутинг каби оқ –
Орзуманд тушларинг сандиқларини.
Она, етмоғим-чун сенинг қадрингга,
Шартмиди олисда мункиб зорланиш?
Шартмиди қўлларинг тутиб ёмғирга,
Жимгина кўзимдан нарида қариш?!
Бари қилмишимга иқрорман,
Тамом!
Бас, эрка жонимни беришга шайман.
Сенинг болангмидим туғилганим он,
Сенинг боланг бўлиб ўлмоқ истайман!

 

045   Muhammad Siddiq bilan yosh shoiru tarjimonlar davrasida tanishdim.Uning she’rlarida yoshlik nafasi gupurib turadi. Yana she’rlaridagi ko’hna tariximizga hamnafaslik, hamohanglik yoqdi. Bu sifatni kamdan-kam shoirda uchratganman. Yosh shoir do’stimga she’riyatimizni boyitadigan satrlar yozishini tilab qolaman.

Xurshid Davron

Muhammad Siddiq
SHE’RLAR
012

BOLALIK
033
Uyg’onsam-u bari tush misol
Xotiramdan o’chsa bearmon.
Tizzangizga bosh qo’yib darhol
Ho’ngrab ko’zyosh to’ksam, Onajon.

Qani endi, bolalik paytim
Mehr ta’min etsaydim idrok.
Shom tushguncha tutzorda daydib,
Pinjingizga kirsaydim takror.

Bulutlarda ko’pkari chopsam,
Tolhivichdan yog’och ot yasab.
Quyosh chiqmay maktabga borsam,
Ilk sevgimning suvratin qo’msab…

Yalpizlarning sarin islarin
Tarab o’tsa, ko’chamizdan jim –
Oh, yetsaydi, qo’shni qizlarning
Sochpopugin tortishga kuchim…

U kunlarni ko’rsaydim shu kech,
Kaftingizga bosh qo’yganim on –
Akam bilan urushmasdim hech,
Ranjitmasdim sizni, Onajon!

Qani endi, kimdir shaxd bilan
Turtib qo’ysa – o’ngimga do’nsam.
Mudroqlarga oydin tun tilab,
Uyg’onsam-u bari tush bo’lsa…

* * *

Sabablar ko’p. Savollar bisyor.
Bari oddiy. Javob ham Bitta!
Nedan buncha ko’tarmoq isyon,
Nechun darkor chiqmoq qobiqdan?

Shu yo’sinda qudratli taning
Oq bayroqqa o’rangach obdon
Va jilovsiz arg’umoq minib,
Kuching yetsa, boshla qo’zg’alon…

* * *

Barin qo’yib bersam ko’ngilga,
O’zim uchun o’rtansa bu jon.
Taqdir yana menday o’g’ilga,
G’urbat taqdim etar begumon.

O’ylamasam tinar urholar,
Balki chatnar dil shuurimdan.
Shundoq o’tib borsam dunyodan,
Boshim egib Yor huzuriga.

Tunning mayin sochlari aro
Porlab tursa yorug’ yulduzim.
Odimlasam asta, beqaror
Kunlar tushdek ketsalar to’zg’ib…

Qo’rquv sabab emas, o’limga
Duch kelmoqqa shoshmadim hech vaqt.
Barin qo’yib bersam ko’ngilga,
Erta-indin kelar Qiyomat…

MAG’LUB

Yuz botmon yuk ezdi yelkamni,
Yov zarb berdi boshimga tag’in.
Men zaminga chuqurroq singib,
Daraxtlardek qimir etmadim.

Najot bor deb, yerning qa’rida,
Tuydim asl tuproqning isin.
So’ngra dushman oyoqlariga
Tirmashmasdan yiqildi jismim…

* * *

Daraxtlar uchida yumalar oy,
Tevarak bir tekis sukunda.
Kimdir o’kinadi xoyna-hoy,
Kimdir oyga qarab so’kinar.

Qutirgan it kabi uvlar shamol,
Yomg’ir kuylab o’tar muvaqqat.
Titroqlanar uylarda havo,
Gullar qo’zg’oladi tuvakdan…

VAZIFA

Jang boshlandi.
Sening vazifang –
Bu urushda nog’ora chalmoq.
Nogoh g’addor yog’iyni ko’rsang
Kuy yangrog’i qalqsin balandroq.

Orzu qilib tirik qolishni,
Qo’ya ko’rma ortingga qadam
Va qo’llaring dovul chalishdan
To’xtamasin, boshing ketsa ham!

BOZOR

Boshim – mayda tosh to’la kissa,
Har bitta tosh qirrador o’ydir.
Turfa qo’llar bir tanga izlab,
Tong otguncha titkilab o’ynar.

Qancha og’ir tosh borki – asir,
Hech bir yo’lda qolmagay ozod
Va qappayib borar bu kissa,
Muomilaga kiritmas bozor…

* * *

Yulduzlar ham tortdilar hira,
Oy kulgichdek so’nikkan, bejaxd.
Sendan qolgan ma’sud xotiram
Yo’llarimni yoritar har vaqt.

Kun tig’ bilan chiqar, ohista
Zulmatimga qo’yilajak chek.
Chorlaganing bilan olisdan,
Hamon boshim oqqan taraf berk.

Kech bo’lsa-da his qildim arang,
Anglab yetdim bu tuyg’u mag’zin.
Ko’zlaringga endi tik qarab
O’lish uchun yashasam arzir…

Loshin olmas ko’klamdan iqlim
Va xushyoqar gullar ifori…
Moziyning bir burjidan chiqib
Senga yetgum, o’zimdan tonib!

Hatto, tundan topgum tajjali,
Borliqni tark etajak kadar.
Evrilamiz, bilmay xatarni,
Kapalaklar nafasi qadar…

EЪTIQOD

Sobit esar kubroviy samum,
Dil chayqalar hurlik mavjida.
So’ng jismimni tark etar xuzun,
Ozod kuylar chiqar avjiga.

Bu beto’xtov suron, talashda
Qolmas g’ashga teguvchi olchoq.
Chiqib keldim qonli savashdan,
Qo’llarimda eng baland sanjoq.

Endi menga bir yovqur kerak,
Kerak bo’lar – keskir va o’jar
Bu bayroqni zog’lardan qo’rib,
Umr bo’yi tutguvchi jo’mard…

ChEGARA

Endi o’tlig’ tuyg’ular nadim,
Istaymanki, o’rtasin jonni.
Chiqib ketmoq bo’laman dadil
Huriyatsiz shakldan tonib…

Va kezarman darbadar, daydib
Ozod kuylab ko’hna qasidam.
Qani endi, chiqib ketsaydim
Nigohlaring chegarasidan…

* * *

Kim so’z ochgan qaramlik haqda,
Kimning qaddi bo’lmagan egik?
Qulab tushgan o’ktam daraxtlar,
Singan, neki turgan bo’lsa tik.

Sha’n dolg’alar o’tgan juvonmarg,
Ulkan tog’lar ketgan muztag’roq.
Endi naqshin gumbazlar aro
Ma’yus boqar qancha boshchanoq?

Hali hanuz yillar qa’rida,
Eshilgancha kimdir bo’kirar.
Shundan beri so’zlar pajmurda,
Shundan beri mag’rur bukrilar…

AJAL

El og’ziga tushgan tarifing
Urchir, elak tutilmaganda.
Kim ham kutar sening tashrifing,
Har gal kelsang kutilmaganda?!

Kasbing shuki –
Uyalmay besar
Kutmaganga bo’lasan hamdam
Va ketasan, olmasdan xabar
Seni jon deb kutgan odamdan…

OXIRGI TOMChI

Hafif suvlar ohangin tingla,
Bir chetga sur mavhum g’oyani –
Yo’l ochgandek o’ziga jilg’a,
Sharshara yemirgan kabi qoyani.

Bir maromda ushlab tezlikni,
So’qmoqlarga tik borgin dadil.
Oxirgi tomchi deb bilgin o’zingni,
Toshni teshmoq baxtini his qil…

QURB

Mahsus hudud tayyorlamoq-chun,
Qon to’kmasdan kengaymoq lozim.
Yaramaydi behuda o’qchib
Hayqirishga sarflash ovozni.

Jamlanmoqlik darkordir ruhda,
Shir-yalang’och qurbni ko’rsatib.
Uchish uchun kerakli nuqta
Va topmoq bas, qulay fursatni…

* * *
Mirzohid Muzaffarga

Hali bari oldinda, do’stim,
Qo’lingni ber, ucharmiz beshon.
Ul osmonda mung’ayib, o’ksib,
Sayyodlarga bo’lmasmiz nishon.

Peshvoz chiqar dengiz yoqalab,
Sandulochlar kuylab bosh uzra.
Ruhimizni ufqqa tortqilab,
Raqsga tushar sanubar qizlar.

Jaranglaydi sabohlar zangi,
Tovlanadi kunlar muttasil.
Qanotimiz siypalab mangu,
Jilmayadi g’amgusor fasl…

Do’stim, hali bari oldinda,
Nurga to’lar tim qora ravoq.
Borarkanmiz dadil odimlab,
O’shal yurtni ko’rgaylar ravo…

Qololmagay bu yo’ldan ayrib,
Duch kelsa ham devorlar bilmay.
Qo’limdan tut, mehribon Tangrim
Safarimiz bexatar qilgay!

IShONCh

Ko’zlarini lo’q qilib quyosh,
Berkinadi tog’lar ortiga
Va izg’irin chertadi – bebosh –
Tun torlarin – tarang tortilgan.

Meni sira injitmas yomg’ir…
Yo’lim ravon – sitmas bag’rimni.
Lek ishonchim oqlash-chun, kimdir
Yalab-yulqar boshmoqlarimni…

XAZINA

Tasavvur doirasi ichra tentirab
boshimni qadahga eggan kabi jim,
durkun yuzlaringga talpinar labim.

Tuganmas xazina topib olgandek
ko’zlaringni tutib olishga
urinib ko’raman jon-jaxdim bilan.

Hartugul, uch-to’rtta chaqa ham yetar –
Ajal yo’qlab kelgan soniyalarda
to’lab turish uchun tunlar haqqini.

BU FASL IChRA

Sening tizzangga bosh qo’yib,
har galgidek shivirlayman:
bu yerda o’zgacha ko’rinar osmon.

Bu yerda ko’zlaring tubiga cho’kib
hislarimni to’kib-sochaman,
ishon.

Eshikni yopishni unutmayman hech,
kimdir chimchilasa, bu fasl ichra
uyg’onib ketishdan qo’qrma hech qachon.

* * *

1.
Senga yetib bormay maktubim
yomg’irlarda ivib qaytganda
mendan arazlama, sevgilim.
Sen ham huddi meni sevganday
xat yozmoqqa jazm etgan chog’ing,
qanday eltish haqda o’ylamay
yashirib qo’y oyning pinjiga

2.
Kaftingga qo’ngan qor parchasi yanglig’
erib ketar ruhim taftingdan.
Qo’llaringni nafasim bilan
isitishni hohlayveraman, negadir
ular sovuq yemaganda ham.
Huddi halinchakka chiqib olgandek
uchib ketsak edi qor parchasida.

3.
Senga bola kabi o’rgandim xolos,
bor yo’g’i sen haqingda tinmay o’ylayman.
Kiprigingga qo’ngan qushlardan
axtaraman o’zimni, senga sezdirmay.

XAT

Oyna ortidagi kim deya,
vahimaga tushar kipriging.
Ko’zlaringni yumib olsang ham,
bu ranglarning uyg’unligini
his etishga ulgursang yetar.

Qushning mayin qanot qoqishi
entiktirib yuborar bexos…

* * *

Shafaq quyuqlashar tog’lar ortida,
Qizil chiroqlarga qaraysan kulib.
Oyoq-qo’llaringdan beshaxd tortqilab
Vaqtni kemirar zanglagan qullik.

Sovuq epkinlarda junjikar taning,
Boshingni og’ritar bo’g’iq ufunat.
Ko’zingda horg’inlik gullar iymanib,
Ichingda sarg’ayar yashil sukunat…

KUZ

Tun imranib kuylar og’ir munojot,
Harsillab tinglaydi barglar – za’faron.
Kahrabo pinjidan bog’ izlar najot,
Ufq tog’lar ortida o’qiydi farmon.

Yiqilar ildizi qaqragan og’och,
Kuz yengil tebranib chertadi qo’biz.
Iymanib bosh egar,
Behol, yalang’och –
Daraxtlar tonggacha fosh bo’lar so’zsiz…

* * *

Olislarga boqar yo’lsiz nahrlar,
Baliqlar g’imirlar qirg’oqqa tomon.
Vaznsiz suvratni suvga muhrlab,
To’lqinlar ostida chayqalar osmon.

Nasimlar elanar oftobshuvoqda,
Sahroyi hadik-la ingrar quruqlik.
Sarson yomg’irlarni chorlab uzoqdan,
Yuhodek och qolar borlik va yo’qlik…

Qanotsiz soyalar kuch yig’ar toki,
Tubsiz bo’shliq uzra kemirar g’urbat.
Daryodan chiqolmas hech kimsa, yoki
Qo’rqmay sho’ng’imoqqa topolmas jur’at.

O’ZLIK

Jang-u jadallardan o’tasag arang,
Shafaqni sachratib borasan ko’kka.
Yo’lingdan chiqmaydi biror mard eran,
Bir zumda hafsalang chiqadi yo’qqa.

Qo’lingda qilichmas – ko’xna toshoyna,
Urush – butun xalqni ko’zguga solmoq.
Axir og’irmasmi, har kun, har joyda
Shu ko’zgu ichida yolg’iz yashamoq?..

* * *

Hech kimsa tutmadi tog’dek yelkasin,
Hech kimdan kutmading madad va dalda.
Rahmini keltirib biror bir kasning
Ho’ngrab o’tirmading qalbingni alqab.

Bir nolish o’tmadi xatto ko’nglingdan,
Tilingdan chiqqani shukr, hamd, sano.
Tunlar gurkiragan qo’ng’ir yo’lingga
Endi cho’ka boshlar yop-yorug’ samo…

ShARAF

Toki tingunicha samumlar kuyi,
G’ullar yelka qisib, berkitsa quloq.
Quruq hayqiriqqa to’ldirib qo’yin,
Behud ko’k burjidan aks-sado kutmoq –

Bizga yarashmaydi,
Yuz burmoq mag’rur,
Musht tugib kissada asrash sha’n emas
Va sharaf – mardona bo’lmoqlik mag’lub,
Hamda hamiyatdir oshkora havas…

* * *

Yulduzlar charaqlab tursa tepangda,
Tongda sendan avval qad ko’tarsa kun.
Nasimlar bo’ylasa sahar kulbangga,
Jismingni g’ubordek tark etsa huzun.

Manglayngdan nurlar ketmasa zinhor,
Borliq jilvalansa – ochsang ko’zingni.
Yursang, yo’llaringdan chiqmasa devor,
Qo’rqmasdan gapirsang har bir so’zingni.

Shunda ham qilgaysan nolib kinoya,
Boshing tovlagancha rizq-u urvoqdan,
Yo’qdan bor etgani qilmay kifoya,
Ayt, yana nimani so’raysan Haqdan?

* * *

Men nimani kutdim besabr, ilhaq,
Anglab yetmadimmi hamon borliqni?
Hukmim o’tkazolmay sag’ir ko’ngilga,
Ingrashga qo’ydimmi o’zni og’riqdan?

Ko’ksimda daryolar mavj urar larzon,
Simmillar ichimda bug’lanolmay ruh.
Men kimning iqlimin olganman qarzga,
Kim mening faslimda aylar tavajjuh?

Qanchalar urindim, qo’masadim neni?
So’z qayrab qismatni o’zgartirishga.
Boraman qo’rqmasdan va faqat meni
Bog’lab tursa basdir, birgina rishta.

* * *

O’zim to’qib bergan bu ertaklarni
Ko’zingga surtasan moychekak kabi.

Ishonging kelmaydi, biroq baribir,
Tilingga qalqadi adadsiz «Axir!».

Yuraging quvonchdan qilmasmi huruj,
Va’dam bajarmoqqa nogoh topsam kuch?

Nechun bag’ring ochiq, mehring – alanga,
So’zlari ostidan chiqqan bolangga?

* * *

Endi kelmadimi birlashish gali,
Jonga tegmadimi chetda g’udramoq?
Qushlar soyasiga bexos aldanib,
Yoddan chiqdimi yo mag’rur qahramon?

Qachon hamla qilar pisib yotgan yov,
Qachon tik qaraydi otash diydalar?
Yo yurak titroqqa bermaydimi dov,
Nahot, ruh birlikdan tonar, iymanar?

Yetar g’o’r avlodning tarqoq sayrog’i,
Yetar tanholikda vaqtni o’tkazmoq!
Axir, oson emas yolg’iz sipohga,
Yana yolg’izlikda mashvarat tuzmoq…

* * *

To’lqinlar chayqalar yana ohangdor,
Tobora kengayar zichlik saslari.
Yomg’ir iforlari tarangan tongda
Yiqilgan maysalar qaddin rostladi.

Harir epkinlarda titranar kuzak,
Za’faron barglarda tomchilar – shaffof.
Mudragan ko’lmaklar tortar xomuza,
Tashqarida betin hansirar shamol…

Nihoyat, horigan nigohlar qaqrar
Va olov tuyg’ular nogoh qo’zg’alar.
Chaqmoqday yaraqlar bulutlar aro –
Ichkarida yaxlab yotgan ko’zgular…

* * *

Yetar endi, aynan mana shu joyda
Qalqsin, qabul qilgan o’shal qaroring.
Bundan ortig’ini kutish befoyda,
Chiqmoq amri-mahol bundan yuqori.

Baribir tugamas so’roqlar – mavhum,
Baribir bitmagay ruhingda siniq.
Shu onda go’ridan chiqib Afridun
Senga bersa hamki xaritasini.

* * *

Aka!
Bir sening qaddingni ezadi tashvish,
Mening g’o’r boshimni elitar sharob.
Tunlari bag’rimda balqqan osoyish –
Mendan o’tib senga tekkan iztirob.
Goho yodimdan ham chiqardim shoshib,
Baribir ortimdan suyab tolmading.
Mening chohlarimga sen o’zing tushib,
Yukxaltamga solding barcha omading.

Aka!
Men xudbinni kechir, mo’min jigarim,
Qo’y endi meni deb toyishlaringni.
Sog’indim mehribon, qattiq qo’llaring,
Sog’indim do’q urib koyishlaringni.
Ey, mening kimligin unutgan to’ram,
Kechalar yomg’irda qushdek qunishgan.
Sening bu dunyoda mendan ham ko’ra
Haqqing ko’proq edi shoir bo’lishga.

* * *

Yulduzlar miltirab yonib turganda,
Suvda aks etganda lojuvard osmon.
Ajrata olmasang tunlarni tongdan,
Bilmasang tepangda kimligin xoqon.

Havoda yalang’och turgan so’zlarni
Eshitmay, hidlasang – qoning ko’pirsa.
Baland pardalarda bug’dek yuzarib,
Mangu qo’shiqlarni tinglab o’tirsang.

Qo’l siltab, do’stingni chorlasang jangga,
Istasang, boshlansa ko’hna qo’zg’olon.
O’z yering, yengilmas o’z vujudingga
Tanho o’zim desang, ulug’vor sulton.

Demak, u paytlari bor edi hurlik,
Zarurat sezmasdi erkka ruh, aql.
Hozir keskinlika yetmagay qurbing,
Hozir orzu kabi mavhum u shakl.

* * *

Yelkam turtib o’tar yeldek bir arvoh,
So’ng chopa boshlarman uning ortidan.
Zumurrad nur inar ko’zimga nogoh,
Qocharman haydalgansimon yurtimdan.

Boshimga o’rayman borliqni – chakmon,
Yerni aylatirgan kabi telbahol.
Tinmay o’z ketimdan yugurajakman,
O’z dumin quvyotgan daydi it misol…

* * *

1.
Tevarakni qurshar yovuq sas-sado,
Izg’irin tun bo’yi chalar sibizg’a.
Ilviriq xazonlar shovullar hamon,
Yetaklab yam-yashil olamimizga.
Ko’zlaringdan tomar jimlik soyasi,
Ichimdan tirqirab chiqar tiyramoh.
Bizga yarasharmi axir, azizim,
Qushlar orasida sukut saqlamoq…

2.
Toki topgunimcha seni betoqat,
Toki yetgunimcha huzuringga shod –
Jismimni kuydirdi sovuq harorat,
Ichki dunyolarim bo’lmadi obod.
Dardchil ko’zlaringda sayr etgunimcha,
Nafis qo’llaringdan tutgunimcha to –
Yashadim qanchalab nigohlar ichra,
Qancha ishqsizlardan tilandim imdod…

3.
O’shal lahzalardan bo’lak nimam bor
Va yana nimam bor xotirdan o’zga?
Nahot, ketar bo’lsa ilinjim bekor,
Men seni topsam ham hattoki kuzdan.
O’zing ayt, ne qoldi yo’qotadigan?
O, o’tmish toshlanar bo’g’zimda tinmay.
Men seni topguncha yashadim beshan,
O’zimni qayerga qo’yishni bilmay…

4.
Oq-oydin kechani bezatmish labing,
Nuri-la chulg’amish yuzlaring – durkun.
Tonggacha tegrangda o’rtanar qalbim,
Uzun kipriklaring titrashi uchun.
Sochlaringga do’nar ipak nasimlar,
Qoshingdan ketmaydi suvsagan bir qush.
Baridan kechib, ufq chegarasiga
Qo’lingdan kelarmi, men bilan uchish?

* * *

Kimlarga ergashsam, kimni chorlasam,
Ko’ksim ezsa motam qaldiroqlari?
Men doim o’zni deb oyoq tirasam,
O’zini o’ylasa hamtovoqlarim.
Har gal ortga bursam ayg’ir shashtimni,
Jonimni avaylab, umrimni tejab.
Vijdonimdan oson ayrilishimni
Yodga solaverar nuktadon Ajal.
Darz ketsa, mayishgan qaddim yukidan
Samoni ko’targan omonat ustun.
Yana kim tiz bukib sho’x-sha’n yukingan,
Ne bo’lsa o’zidan qudrati fuzul?!
Qayga borar edim besar, beqaror,
Xazonrez kunlardan yuz burib, nolib?
Hech kimga bo’ysunmay o’tarman takror,
G’ovlagan boshimni kissamga solib.

* * *

Ishon, seni baxtga eltaman, gulim,
Yo’llarim bir kuni bo’ladi ravon.
Hozircha ko’ngilning telbavash qulin
Toza hislaringga ko’rmayman ravo.

Ishon, keltiraman moviy osmonni
Mayin qanotlaring ostiga shundoq.
Hozir mening alvon tayyoralarim
So’qir so’zlarimdek qolgan muallaq.

Men – bahor ishqida sarg’argan o’lan,
Kuzgi shamollarga mag’lub, mustahiq.
Sendan hech narsani qilmayman talab,
Hali tuyg’ularim chiqadir sahih.

Faqat shu ishonchni ko’p ko’rmasang, bas,
O’zing panohingga olgin, ma’voyim –
Ruhimning qabargan terskaylaridan
Murg’ak bola kabi boqqan avomni.

Kel, deb aytolmayman va yoki dadil
Huzuringga yeldek borolmam bu kun.
Bari qilmishimga istig’for aytib,
Istiqbol so’rolmam bir o’zim uchun.

Bir siqim tuproqdan ko’klar umidim,
G’am to’kkan ohorni etaman tavof.
Ishon, seni baxtga eltaman, gulim,
Yo’llarim bir kuni bo’ladi ravon.

* * *

1.
Bas, yetar. Ortimga boqmay ketaman,
Rostdan ham bariga siltagancha qo’l.
Yellar olib borar meni sen tomon,
Sening huzuringga eltadi har yo’l.
Endi ahamiyatsiz ortga qaytishim,
Endi to’xtatolmas meni hech bir kuch.
Mayda o’ylar bilan sira yo’q ishim,
Ketgum hatto, o’lim kelsa hamki duch…

2.
Ongimda yarq etar bir telba xanjar,
Ko’zimni chirt kesib chiqar o’tkir yosh.
Oyog’im ostidan tortar tubsiz jar,
Bir tolim nur tashlar tepamdan quyosh.
Mana, zig’ircha ham qolmas loshimdan,
Siniq ohlarimni terib yer zog’lar.
Men ketish haqida o’ylashim bilan,
Birozgina hushyor tortadi bog’lar…

* * *

Ishon ko’zlaringga,
U kelgani rost,
Ishon, ro’yo emas ushbu haqiqat.
Endi qanotingni yozib bemalol
Uchsang bo’laverar ayni daqiqa.

Bas endi, botmaydi biror suq nigoh,
Birov sola olmas bu baxtga soya.
O’zing izlab kelding shu yerga nogoh,
So’ng erkka aylanding o’zing, nihoyat…

* * *

Yaproqlar nedandir so’z qota boshlar,
Yomg’irlar jo’r bo’lar tonggacha – hurram.
Tabiat tilingga ilmog’in tashlab,
So’ng yashil shevasin asta sug’urar.

Daraxtlar roviydek tebranar masrur,
Soyalar beega tashlaydi qadam.
Ko’kdan tushgan bo’lsang sen bunda mag’rur,
Yerdan chiqmaganman har qalay men ham!

* * *

Xulosa chiqarib qo’ydilar erta,
Shoshilib ketdilar ko’zlarni tang’ib.
Yo’q, hali kuragim tegmadi yerga,
Men hali batamom bo’lmadim mag’lub.

Samodan mo»jiza kutib yotmadim,
Aslo tilanmadim has-cho’pdan najot.
Agarda yiqilgan bo’lsa bir g’anim,
Tepkilab o’tmagan edim hech qachon…

* * *

Menga mas’ulmisan, qochgil tepamdan,
Uchqur ko’zlaringni qilib turma lo’q.
Boshingni chiqarib mavhum kulbangdan
Yonimga o’ltirgin, uravermay do’q.

Keltir istiqbolni, kelsa qo’lingdan
Qurshovga olmasdan qil muhofaza.
Yashagim kelganda chiqma yo’limdan,
O’lsam, qadding bukib o’qi janoza.

Axir, keragidan ortiq jonbozlik
Ko’rsatish birinchi darajali o’y.
Agar hech birini eplay olmasang,
Yaxshisi, kel meni o’z holimga qo’y!

* * *

Bu kunlar ignadek botar yodingga,
Hali ko’zingdan yosh yuqi ketmagan.
Serfusun lahzalar bordir oldinda,
Hali qancha rang bor, biz kashf etmagan?

O’ksima, don tutgan qushlaring goho,
Ochiq kaftlaringni ketsalar cho’qib.
Hasratlashib o’ltir, oy bilan tanho,
Chuvalgan yo’llardan menga sharf to’qib.

Kutgil, maktubimdan to’shab poyandoz,
Ufqning suratini chizgin bu cho’lga.
Hali qaytajakman, qilgancha parvoz,
Xaritaga kirsa men ketgan o’lka…

* * *

Ey, uchmoh ranglari balqigan mardum,
Girvatin qirq pari qurshagan setor.
Sizilib oqarkan yaxlagan dardim,
Tomchiday kaftingda toblangum bedor.
Boryapman –
Tushlaring obod etgani,
Eshilib, yolvorib, ilhaq kut meni.

Ey, najib yog’ishlar ichra sargardon,
Ko’zlari axtarim, g’amgin nazzoram.
Tubsiz hovuchimda keltirgum osmon –
Go’dakdek musaffo, beg’ubor, foram.
Boryapman –
Ayqashib, taltayib, tantib,
Bo’zarib, elanib kut meni intiq.

Bir nafas – tilimdan to’kilar – navo,
Davvorlar biz uchun hech ters kelmagan.
Ey, hushim sahnidan ketmagan ma’vo,
Tushlarim soyasi tushgan gulbadan!
Boryapman –
Qafaslar – ojiz, yo’l – g’arib,
Kut meni tentirab, ihrab, telbarib…

* * *

Ketsam bo’ladimi senga ishonib,
Xotirjam uchoqqa chiqaveraymi?
Men ketgach
Ortimdan har ko’yga solib,
Yolg’iz kutguvchimni qiynamaysanmi?!

Sen bilan qolmoqda murg’ak yillarim,
Men-la bir kaft joning…
So’lim Farg’ona,
Ko’zidan yosh oqsa qarab turma jim,
O’zingga omanat duogo’y Onam…

AROSAT

Oldinda ikki yo’l turar sollanib,
Ikkisi-da og’ir,
Ham juda yengil.
Qancha vaqt kerakdir,
O’zimi tanib
Idrok etishimga,
O’zimni yengib?

Oldinda ikki qush turar – g’amangiz,
Har biri kaftimga boqar intiqib.
Men kuzning ko’ziga qarayman hargiz,
Bosh egib,
Boshoqsiz shiypondan chiqib.

Tag’in qancha so’z bor,
Yolg’on-yashiq va
Xazonrez subhga o’rangan beyuz?
Yana necha marta yashil eshikka
Jim ilib ketaman so’nikkan fonus?!

Qushlar sayrashi-yu
Yo’llar birlashib,
Bo’g’zimni kuydirib o’tgancha qasam –
Ortimda qolishi kerak shubhasiz,
Men nogoh ko’z yumib
Tashlasam qadam!

* * *

Qumursqa har kungi ishi bilan band,
G’imirlar tinimsiz yerda mo’r-malah.
Tabiat qonunin qilmasdan pisand,
Shilliq qurt tap tortmay ko’kka o’rmalar.

Hamon baland turar yengil-elpilar,
Gohi toshlar chatnab qo’yar jimgina.
Uyalmasdan rangin qanoti bilan,
Qushlar uchib yurar imi-jimida…

* * *

Shu sag’ir boshimni daraxtargamas
Sho’rxok devorlarga urgim kelmasmi?
Hech yo’q, bu daraxt ham meniki emas,
Garchand o’zim ekkan bo’lsam ham asli.

Bu turob yo’llarda ulkan toshlarni
Tergim kelmaydimi, ayting, xotirjam?
Menikimas, hatto, ortimdan barin
Xeshu-aqrabolar otgan bo’lsa ham.

Ilondek g’imirlar xotirim hanuz,
O’ylarim bigizdek botar yodimga.
Loaqal, Xudodan in’om – qora ko’z
Sevgim ham tashqari bor-bisotimdan.

Meniki bo’larmi, shundoq yuragim
Qachondir nogahon quvonchga to’lsa?
Kimdir taqillatsa, sapchib turardim,
Ho’mraymasdim, eshik ortida bo’lsam!

* * *

Ichimda shovullar chang bosgan burg’u,
Titrayman jimlikning qo’shig’in tinglab.
Kunlar – eriyotgan mayin bulduruq,
Shablarda jimirlar g’ujanak tonglar.

Rasida tunlarga ruhimni chaysam,
Bu tushlar bo’y bera boshlaydir – uryon.
Bog’larga yashillik inar…
Va asta
Bo’g’zimda darz ketar muzlagan girya.

* * *

Eng baland tog’larning kiftiga minib,
Uzoq termulaman mo»jaz vatanga.
Nimadir cho’g’ kabi ko’zimga inar,
Ari nish urgani kabi badanga.

Mening diqqatimni tortar shish – og’riq,
Tilimga qalqadi turfa xil so’kinch.
Ulkan arilarning galasin qo’rib,
Keta olmaydirman xotirjam va tinch.

Chinqira olmayman,
Toki vaqt – hakam,
Tubi yo’q o’ylarim ko’zimdan toshib.
Havasim keltirar, chaqib tavakkal
Bir bor tipirchilab o’lmoqlik gashti…

* * *

Hamdu-sano bo’lsin, sen-la umrimning
Bir qismin o’tkazgan ulug’ qudratga.
Yukundim, bu rangsiz tasavvurimning
Shiftiga ilingan sendek suratga.

Bu tuhfa o’rniga beray qay mulkni,
Javob qaytarayin endi qay yo’sin?
Eng toza ko’z yoshni tunlar men to’kdim,
Men kechdim hech kimga kelmagan ro’zni.

Bu tongda ko’zlaring haqqi, yashashga
Bormi mendan bo’lak g’arib hodisa?
Hayot balqib turgan har qarashingni
Nahot, kuzaklarga shundoq qoldirsam…

Yo bo’g’zimda turgan chirik so’zlarni
Aytaymi, bo’shliqqa qarab baralla.
Hislaring qatida qay rang o’zgarar,
Bilmasam ortimga qaytishni aldab?

Toki tark etmasa bizni bu xulyo,
Olisga boshlasa jimlik ravishi.
Ketsak, qo’lni qo’lga berib shu yo’ldan,
Yelkamizga ortib qushlar hurkishin…

* * *

Borimni boy berib qo’ydim qay kuni,
Men qachon baridan qoldim ayrilib?
Bu qaysi bepisand unlarim xuni,
Nahotki, qo’ymasang bir bor qayrilib?

Tushunaman, sening vaqting juda ziq
Va xohlab turibsan darhol ketishni.
Sershovqin shaharda g’am chekib, qiziq,
Senga kim qo’yibdi axir, sevishni…

Men g’amgin ertaklar aytishim mumkin,
Qolar har bir lahzang bekor o’tgani.
Yo’qdir mening senga birgina miskin
Muhabbatdan boshqa beradiganim…

* * *

Tong yaqin.
Subuhiy mujdalar yuzar,
Siz bunda intiq.
Men kimni izlaram?
Yo’l qarab toliqqan ko’zlaringgizga
Jimirlab ko’rina boshlar izlarim…

Bo’g’zimni tig’ misol yirtgan har so’zim
Tunlarni lahzada aylagay yorug’.
Tong yaqin!
Onajon!
Tin oling bir zum,
Saharhez qushlar-la jo’shib beanduh.

Kechalar uzlatga behol to’sh berib,
O’lim parisiga mag’rur tik boqish –
Garchi qo’lingizdan kelar
Va jerkib
Shu xudbin bolam deb, tuyqus yutoqish…

Hamon so’qir ko’zim ochilmasa-da,
Ko’z yumib ketmagan sizmi,
Har safar?
Sizmi, go’daklarim orom olsin deb,
Mudramay kuylagan baxmal allalar?!

Ostonada turar bolalik kabi
Kunlar hayqirgancha aytib ramazon.
Endi kiprik qoqing bir bora, axir,
Tong yaqin!
Tin oling bir zum,
Onajon…

* * *

Qonsirab yetilar hubobiy sukun,
Bo’g’zimda xirillar battariyn so’zlar.
Jonimdan o’tganday zamharir epkin,
Ko’zlarimga cho’kar besar yulduzlar.

Men qushlar rizqini qiygan darbadar,
Boshimni cho’rt kesar sonsiz istig’roq.
Besas kuzataman chang solsa xatar,
Qo’limdan kelgani ingroq va titroq…

* * *

Izlayman tuproqdek zarrama-zarra,
Jismimni parchalab kiraman jo’shqin.
Chuqurroq sho’ng’iyman – cheksiz hujayram,
Soyalar nahrida qotaman – bo’shliq.
Hali ham izlayman, odam yetmagan
Fasllar tug’ini tutib shiddatkor.
Hatto, daqiqani yanchib o’taman,
So’ng lahza kunjida tentiyman abgor.
Va Seni izlayman, manzilga yetmam,
Suvsagan barg kabi mehringdan judo.
Nahot, men – jimgina kelishing kutmay
Bir umr yashashga mahkum mavjudot?!

* * *

Bardam bo’l,
Jigarim,
Firingni jamla,
Hali uzoq davom etar bu kurash.
Ajablanma,
Hatto, do’st kerak damda,
Yelkangga chuqurroq tig’ botsa beshasht.

Qara, bu yaylovlar yashil to’n kiyib,
Ichidan kuzarib borar, ishonsang.
Axiyri zafarsiz tugasa o’yin,
Og’ir bo’l,
Jo’mardlar lafzidan tonsa.

Faqat istagim shul,
Yodingda bo’lsin:
Valiylar haqqi va
Qondoshki Shiroq –
Yarashmas, qo’llaring quvvatga to’lib,
Cho’kyotgan odamga oyoq uzatmoq.

Toki tinar bo’lsa titrashdan yurak,
Tilingdan chiqmasin zarra vovaylo.
Hali kurash uzoq davom etajak,
Eng so’nggi zarbani asrab-avayla…

* * *

Soxta qulluqlarni farqlay olmadim,
Nahot, tozisiga uchradim tanlab?
Ey, bergan oshingga qarab qolmadim,
Yo’q, sendan oshino qilmadim talab.

Og’zimni to’ldirgan tupugim bilan,
Koshki taskin torsam… bari hal bo’lsa.
Qaniydi hovurim bosilsa birdan,
Zora bir musht bilan bu ko’ngil to’lsa!

Jimgina sen kabi olchoqqa qarshi
Baribir mushtimni tugib boraman.
Hech to’xtab qolmagay sensiz ham, gap shu:
Sensiz ham g’imirlab kelgan arobam…

* * *

Menga ravo ko’rma,
Jonim, anisim,
Yuzimga yopilgan eshikni qayta –
Tiz bukib chertmoqni va yana hazin
Ketmoqni, telbadek ishqimni kuylab.

Endi karashmalar kerak emas, yo’q.
Yo’llar kesishmog’i mumkinmas, axir!
Har qanday manozil ichra ko’ngil to’q,
Boraman, hech qursa, shivirlab chaqir!

Shamollar chorlaydi sahobalarday,
Yoziq-kechmishimni etib hirgoyi.
Tangrim borligini estalar har gal,
Ruhimni nur bilan yo’ngan chiroying.

Menga ravo ko’rma,
Jonim, anisim,
Nafasing yetmagan yovuq-yiroqni.
Va yana Vatandan ayro qush misol,
Faqat hijron haqda qo’shiq aytmoqni…

* * *

Menga shuning o’zi yetib ortadir
Va boshim osmonga yetadir g’oyat –
Jilmayib bersang bas, ketish oldidan,
Bir bora qo’l silkib qo’ysang kifoya.

Kunlar kechagidek ho’rsinish ila
Bir tekis o’tishi kerak emasdir.
Tabassum ortida bir hiyla qo’llab,
Bariga qo’l siltab ketmasang, basdir…

* * *

Bu olam ichra sen bor ekansan-ku,
Yo’qsa, nima qilar edim tug’ilib?
It singari izg’ib topganim mangu
Muhabbat – bor-yo’g’i eng sodda ilm.

Na buni o’rgata oldi tabiat,
Na biz o’zlashtira bildik da’fatan.
Hech kim ilg’amagan ranglig’ bu surat,
Unga termulaman qayta-qaytadan.

Axir, shunchalar ham baxtli etarmi,
Nurli qadamlaring kutib o’ltirmoq?
Menga zavq bag’ishlar, sendan ilgari
Kelgan lahzalarni bo’g’ib o’ldirmoq…

* * *

Muddat bor – zamonga daxl qilmagan,
Nur bordir – tegmagan birorta manglay.
Voqe’ bor – hech bir zot ko’ra bilmagan,
Hech kimning boshini chertmagan anglam.
Sabil koinotda azim safar bor,
Charxfalak kaftidan oqar tamaddun.
Tosh kabi yo’llaraga muk tushar asror,
Irmoqlar amallab o’tar qamaldan.
Parilar pinjida mujdalar yashnar,
Qanotlar ostida avom bor gavjum.
Tasavvurdan nari cheksizlik yashar,
Devorlar ortida bir qudrat mavjud.
O’z o’rnin topadi omonat anjom,
Ketarmiz asta bu go’shani tashlab.
Biroq, do’stu-dushman bordir har qachon,
Sening ham, mening ham qonimga tashna…

* * *

Nechun eshitmadim avval bu sasni?
Yoki eshitsam ham qilmadim parvo.
Qachon junjiktirdi meni nafasing,
Qachon kipriklaring oldilar qamrab?

Mana, endi hayot boshlandi rostdan,
Shaffoflashib borar dunyo muttasil.
Qanday o’lish mumkin, toki sen borsan,
Boshim silab o’tar o’lim kundasi.

* * *

So’zlaring ilmoqli, jon chiqar mahal
Kelmasidan turib o’ldirar, ayon.
Qarayman, mening ham nigohim dag’al,
O’z holingga qo’ymas kelganing hamon.

Sochlaring bo’g’zimdan olarlar sekin,
Men so’nik og’ochga beraman tartib.
Qanoti lat yegan kabutar – sevgi
O’rtamizda turar sarson va g’arib.

Kel beri, alaming sunmasdan kuzga,
Nondek g’azabimni ushatgin tag’in.
Bu ishqsiz avom deb, bir-birimizga
O’tmaylik bir umr zimdan suqlanib…

* * *

Kimga ham yoqardi,
O’lik suronda
Shaxd o’rnimdan turib og’iz juftlashim?
Go’yo qilmishimdan kimdir quvongay,
Kimni yaralagay so’zlarim nishi?

Kun keldi,
Qo’rqmasdan qilib marhamat,
Bir bora ko’nglimni so’raydigan zot
Bormisan?!
Qaylarda yashab shuncha vaqt,
Qaysi tilsizlarga bo’lgansan najot?

Qara,
Qo’limda yo’q Xizr tayog’i,
O’zgarmas hech qachon olam.
Daf’atan
Porlardi paydar-pay jur’at mayog’i,
Balki kelganida mening navbatim!

Nogoh ayro tushib shu bisotidan,
Indamay jon bermas uzlatda tutqun.
Axir, xoyinning ham o’lim oldidan
Aytishga haqqi bor
Eng so’nggi nutqin…

* * *

Eslaysizmi,
Ona, bahor shomlarin,
Shift burchida bola ochgan qushlarni?
Ro’molingiz tutib chiqqan tonglarning
Bo’zarib aytgan ul xayr-xo’shlarin?

Mushtdek joningizni mag’rur, bemalol ,
Topshirib ketganim darichalarga –
Eslaysizmi?
Bebosh, g’o’r farzand misol,
Qadringiz sochganim jin ko’chalarga!

Yo’qchilik paytlari xarxasha qilib,
Holingiz so’ramay mung’ayganimni –
Eslang,
Tap tortmasdan rizqingizni yeb,
Suyaklarim qotib ulg’ayganimni!

Ko’zimni ko’r qilgan balog’at ta’mi,
Goho qo’llaringiz betin titratib –
Bepisand do’q urib,
Yodingizdami,
Sizni yig’latishga yetgan qudratim?!

Endi qonot yozgan qushlar begona,
Ro’molingiz tutmas endi hech bir tong.
Siz eslay olmaysiz baribir, ona,
Men-chi unutolmam axir, hech qachon!

* * *

To kelar ekanman mag’rur va shahdam,
Balki kutmagansiz meni, ehtimol.
Yo’llimga anduhlar peshvoz chiqqanda,
Siz vazmin qaraysiz ol g’uncha misol.

To kelar ekanman shahdam va mag’rur,
Sukut ayvonida titray boshlar jon.
Bevaqt kelganim-chun, tutgaysiz ma’zur,
Bir qoshiq qonimdan kechgaysiz, janon.

Toki qaytarkanman besh’an, betuhfa,
Yelkam qabartirar g’am to’lgan kashkul.
Ko’zinggiz nuriga bandi bu ruhdan
Tomchidek to’kilib borgaydir ishqim.

Toki qaytarkanman chorasiz, g’arib,
Na-da oy berolgay tunlarimga zeb.
Bir sizni deb kelgan bo’lsam ham garchi,
Ketish juda og’ir faqat sizni deb.

* * *

Sizga qayg’uraman, garchi qayg’umga
Sezmay o’tsangiz-da sira ehtiyoj.
Yodingizni ko’zga surtaman hamon,
Manglayimga tekkan singari me’roj.

Xavfsiz yo’llarda ham soya kabi jim,
Ortingizdan quvar vahm, xavotir.
Go’yo bu dunyoda qolmagan, sizni
Faqat mendan o’zga asrashga qodir.

* * *

Sargardon qushlarim qo’nim topmishdir,
Ma’sum nigohlaring doirasidan.
Eng inja hislarim orom olmishdir,
Tim qora sochlaring ko’lankasida.

Tuhfa etgani-chun toza ko’zlarni,
Abad musavvirga o’qiyman tahsin.
Yerdagi yulduzlar – hurkak izlaring,
Musaffo osmonga yetaklar shaksiz.

Kaftimda gullarni undirib alvon,
Tutgum so’zlaringni – kapalaklarni.
Topsam bo’lmasmidi seni avvalroq,
Nahot, borligingni kechroq angladim?!

Endi tushlaringda binafsha kabi
Ochilmish ming yillik rangin unlarim.
Endi yengmoq qoldi, tunlar o’rtanib,
O’rtamizda turgan tafovutlarni.

Sengacha bilganim – o’tkinchi bari,
G’o’r tuyg’ularimning o’tgum bahridan.
Qasd olib yashayman, qolgan kunlarni,
Seni yolg’izlatib qo’ygan umrimdan.

* * *

Qaydasan,
Ko’nglimning tub-tublaridan
Yulduz elab turgan jayronko’z – yupanch?
Ayt, bilmay joningga berdimmi sitam,
Mushtoq unlaringga yetkizdimmi ranj?

Jismimni beshikka belagan nasim,
Ilk bor sarxush etgan ohang,
Qaydasan?
Bu borsa-kelmasdan uzolmay qarzim
Kelgan xunlarimdek qachon qaytasan?

Boshingga ne ko’ylar tushdi, dardkashim,
Ayt, kimga suyanding yovuq-yiroqda?
G’arib chumoliday halol don tashib,
Yo kuning qoldimi gizli urvoqqa?

Hali ham bormisan,
Chang-to’zon ichra
Qulochim yetmagan zahrolud tuproq?
Bormisan, osmonim toqiga sachrab
Ta’masiz peshonam silagan Kubro?

Qaydasiz,
Anjirgul bog’larim – shodmon,
Ayting, mahtalmisiz hanuz shu rohga?
Hozir ham bag’ringiz ochiqmi, hamon
Ko’zlarin chim bosgan so’qir gumrohga?!

* * *

Qo’llarim muallaq turar ekan to,
Ko’zlarim jannatiy vodiyga mahtal.
Ey, yor,
Yangramasmu sendagi sado,
Kipriging ostidan chiqmasmi sahar?!

Men yashay boshlasam,
Senga topinib,
Sendan najot istab,
So’rasam panoh.
Mumtoz torlar asta ruhimga enib,
Soching to’lqinida o’qisam sano.

Ko’k uzra bo’ylagan qoya labida
Qanotsiz qush kabi
Jonimni alqab,
Uchsam,
Marhamating azim lavhidan
Qismatim charxida tig’day yaraqlab.

Ey, yor!
Ortga qaytma!
Manzilimiz bir!
Axir, yo’liqtirmas dilga tasodif.
Ayt, yana kim bizdek o’zdan olisdir,
Kim bizdek o’lmoq-chun bo’lgan, ayt, sodir?!

Ko’zlaring ul yurtga intiq ekan to,
Ko’rinmas shu ondan hayot yo’llari.
Bu chohdan qutqar yo
Tashla batamom,
Muallaq turarkan toki qo’llaring…

* * *

Tap tortmay xirmondan vatanin rizqin
Ko’chaga sudrovchi g’o’r chumolini –
Tovon bilan yanchib tashlash ham mumkin,
So’z tashisa, kesish mumkin tilini…

Barmoq orasida ezg’ilash oson,
Dorga hukm etish mushkulmas, tamom.
Isbotlash shart emas, bir ko’rsang hisob,
Ilg’ab olish kerak uni, avvalo.

* * *

Bir Qo’shiq bor…
Qo’shiqki, kuylashga tortmaydi ta’bim,
Qonimda otamning qaynar vijdoni.
Ozodlik xatini olgan qul kabi,
Bosh tekkizay desam, yo’qdir osmonim.

Bir Vatan bor!
Har bir zarrasi panoh,
Tog’larga tirgakdir mardon toshlari.
Men undan jim hatlab o’tishim mahol,
Artishim dushvordir xalq ko’zyoshlarin…

Bir Ayol bor!
Agar yanglishmasam hali ham tirik,
Ko’zlari qizargan, o’llari qadoq!
Ortimda Quyosh bor!
Ko’zimni yirib
Qarasam, qarshimda chayqalar qadah…

Bir Qiz bor!
Ko’zlari sehrli diyor,
Qoshlari boshimda tig’ qayrar – g’anim.
Faromush tunlari hamon umidvor,
Junjikib sanayman har qobirg’amni…
Bir Qo’shiq bor!

* * *

Yomg’ir tomchisida shodon kulging bor,
Kechalar – ko’zlaring boqar berahm.
Yaproqlar shivirlar ismingni takror,
Qayga boqsam, chiqib kelar surating.

Butun bir borlig’im sening izmingda,
Poyingda tiz bukdim bo’zlab hazoron.
Birgina nafasing, oh, bir so’zingdan
Qaqroq yosumanlar gullar nafarmon.

Zamharir bog’larni kezsam-da g’arib,
Taftingda jon saqlab yashadim, nahot.
O’zingsan – o’limga etgan muztarib
Va ro’yi-zaminda yagona najot…

* * *

Buncha kechikmasa men kutgan fursat,
Buncha sekin og’ar soat kafgiri.
Nogahon qizargan ufqni ko’rsam,
Ichimdagi qushlar ketar hapqirib.

Qayga ham borardim qismatdan nolib,
Hech olgim kelmasdan yo’lgan harsangni.
Yashayman o’lguncha asrab, qizg’onib –
O’rtamizda turgan hamma narsani…

* * *

Bilaman,
Sening ham tushlaring aro
Yomg’irlar tinmaydi harir va ezgin.
Axir, orzulardan voz kechmoq mahol,
Sevgi deb, dunyoni unutmoq qiyin.

Bilaman,
Ko’zlaring qa’rida yotgan
Havvodan qolgan ul qadim asrorni…
Kiftimda qanotlar muz kabi qotgan,
Kutmog’ing behuda o’shal bahorni…

Bu tundan qidirma
Baxt-u kushoyish,
Na oy-yulduzida bordir bir mantiq.
Na-da iqlimida qongaydir hohish
Va na kunlarida aylanar tartib.

Toki yig’larkansan zahm komida,
O’zga olamlardan kutib suyanchiq.
Bilaman, tubsiz jar bordir ortida,
Lek faqat biz uchun
Shu Eshik ochiq…

* * *

Hajr bulutlari ko’pchir qatma-qat,
Lek bizning sevgiga etmagay ta’sir.
Agar kerak bo’lsa bisyor erur vaqt,
Fasllar aylanaverar muttasil.

Qovjirab tursa-da sabr daraxti,
Mushkulmas toshlarga evrilmoq ilmi.
Bizning yo’llarimiz o’shal dargohga
Sog’-omon eltadi ruh va ko’ngilni.

Chang qopgan bepoyon sahro qoshida
Yaratib yashnagan firdafsiy voha,
So’z izlab shamollar shovullashidan
Boramiz, borliqdan tinglab hur ohang.

Tunning kulgichiga quyib oq farah,
Oyning yollaridan sut inar jonga.
Valfajr bog’lardan to’ldirib qadah,
Tutgaymiz bir intiq, munglig’ insonga…

Bizga qarshi chiqqan kuch bordir neki,
Qaytara olmagay hech bu matlabdan.
Toki yo’llarimiz tutashar ekan,
Mangu iloh qo’llab turgaydir qalbda.

Agar kerak bo’lsa bisyordir umr,
Keragidan ortiq ishq bor, fasl bor.
Endi anglasak bas, bu baxtni Tangrim
Bizdan o’zgalarga bermagan, aslo!

* * *

Sevmoq – tirilmoqdir,
Demak, men – murdang,
Balki mag’lub bo’ldim ishqiy savashda.
Sening borligingni sezib ham go’rda,
Ajablanma, davom etsam yashashda.

Balki aksinchadir, sevgi neligin
Anglamagan bo’lsam kechirgil, gulim.
Har gal ko’zim bilan shivirlab sekin,
Qancha izhor aytdim, she’rlar o’qidim!

Bari bekor ketdi, tag’in bilmadim,
Bizlar tirilmoqni kasb etgan bo’lsak –
Hozir yashayapmiz axir, sevgilim,
Ayrilgan bo’lamiz mabodo o’lsak.

* * *

So’qir daryolarning ortidan oqmay,
Sendan ketdim – hirsga bo’ysunib oxir.
Sendan ketdim hatto, ortimga boqmay,
Loshim sudrasin deb, telba musofir.
Ketdim ko’z oldingda g’o’rlik izmidan,
Oyog’im singuncha qochdim soyangdan.
Soqiy tug’in olib ruhlar bazmida,
Behush o’yin tushib yetdim voyaga.
Ojiz o’zanlarning bahridan o’tdim,
Chiqdim keskir toshlar orasidan shod.
Darz ketgan ko’zguning tubiga yetdim,
Qulflar bog’lamidan uyg’otdim sabot.
Ketdim yuragimdan yasab usturlob,
Ey, sim-siyoh tunning qadim basiri.
Sendan ketdim – yorug’ osmonga o’rlab,
Meni tark etmading nechun, asirim?!

* * *

Kelish iztirobin o’zing ol, mudom,
Menga ber, kutmoqlik saodatini.
Gullarim iforin yo’qotsin bunda
Va kaftingdan topay ular atrini.

Menga ber, rutubat masofalarin,
O’limdan-da nari vaqt ber, inchunun.
Kutay, qo’llaguncha ishq salaflari,
Jandasin yelkamga ilguncha Junun.

Kuttirmoq ilmini o’rgan o’rtanib,
Atirgul bargiga o’ra o’zingni.
Kiyikdek nigohing olib qoch, tag’in
Yuragim taftidan qizart yuzingni.

Qushlar ikkimizga yo’l ko’rsatsa ham,
Jambil yurti peshvoz chiqsa ham bu kun.
Men qachon kutishni sezmadim, alhamd,
Sen qayga kelishni bilmading, shukr!

TOShKENT

Qo’yningda totlig’ non hidi ufurgan,
Tuprog’ing poyimni mayin siypalar.
Og’rinmay menga rizq, boshpana bergan,
Onamdek beozor, mehribon shahar.

Har gal mahzun boqsam arzandang misol,
Hech vaqt qovoq uyib qaraganing yo’q.
Egik boshim yerga tegar ehtimol,
Balki o’lgunimcha etarman qulluq.

O, Toshkent! Olisdan kelgan qushlarni,
Beminnat bag’riga bosgan ey, rafiq.
Nahotki, tinimsiz ko’pchir dushmaning,
O’zingni sig’dirmay etarlar ta’qib?!

Bariga faromush qo’llarni siltab,
Kel, bosib chekamiz yonguncha sahar.
Ranjima ulardan, yonimaga o’ltir,
Menga vatan bergan, rizq bergan shahar!

* * *

Takror ko’zlaringga kelaversam duch,
Ayt, qanday til yutib umidim uzsam?
Mening muhabbatim hadya etgan kuch,
Yo’llaringga faqat to’shasa g’ussa.

Ol, mana jonimni! Darmon bo’lgulik
O’zga davlatim yo’q. Kor qilsa koshki.
Qoshingga yel kabi tentirab kelib,
Qo’limdan ne kelar sevishdan boshqa?

Yana ko’zlaringga duch kelsam takror,
Rangin tushlaringdan izlasam ulgu.
Sochlaringni tarab o’tsa kuz – g’addor,
Yuzingda barq ursa yig’i va kulgu.

Butun borlig’imni bitirsa sukut,
Yarador qush misol uchsa ovozim.
Sho’x-sha’n olib borsam, qo’lingdan tutib,
Unsiz bo’g’averar bu bog’ havosi…

Kuyinma, sevarim, orom ol bir dam,
Beg’ubor lahzalar og’ushida mast.
Bahrlar to’lqini ichra hur, beg’am,
Suronlar vahmasi aro jim, besas…

Uxlagin, beshikda chayqatgan kunday,
Bunda ziyorat qil yillar qabrini.
Sen ko’z ochguningcha asta uyqudan,
To’ldirib chiqaman ishqqa umringni…

* * *

Gunohlar to’kilgan harir zaminda,
Yomg’irlar yog’ganda ruhimiz qadar:
Nega termulamiz o’ltirib zimdan,
Nechun bizni yolg’iz qoldirmas alar?

Qartaygan daraxtlar barg yozar hamon,
Sho’xchan sevgimizga solib ko’lanka.
Sokin hislaringdan darz ketar osmon:
Qachon ikkimizni qo’yarlar yakka?

Yomg’irga qorishgan ko’zlaring yoshin,
Qo’llarim qaltirab izlayman beun:
Mussaffo osmonda ta’masiz, jo’shib,
Bizni tinch qo’yishmas, sevgilim, nechun?!

To’lar borlig’imiz bulut – kadarga,
Baribir ketarlar ayriliq tilab.
Muhabbat neligin anglab, alarga
Mo’ltirab boqsak ham muhabbat bilan.

* * *

Tushlarim ongimdan bexos yulindi:
Borliq ko’zlarimga tosh kabi cho’kkan.
Ranglar qalqib chiqqan tahayulimdan,
Kesilgan qo’llarim uzangan ko’kka.

Yulduzga to’sh urgan so’zlarim nogoh,
Ilondek o’rmalab qaytgan bo’g’zimga.
Qush yanglig’ jismimni yorib uchgan oh,
Chaqmoqdek yaraqlab botgan ko’ksimga.

Hurkak odimlarim chekingan ortga,
Jimlikka evrilgan g’arib ovozim.
Haq xasmin qilichdek tanimdan tortgan,
Ruhim-la yuzma-yuz kelgan havozam.

Tinglayman – mast qilgay yana xush sado,
Shu yorug’ qismatga shaydirman takror.
Tushun, yaralsam ham qaytadan hatto,
Men seni sevishga turibman tayyor!

* * *

Bulutlar tarqasin ko’zingizdan jim,
Xurkib sabotingiz metin bastidan.
Vaqt yetdi,
Uyg’oning qondosh tog’larim,
Qo’zg’oling asrlar silsilasidan.

Toshga aylanmadim hali batamom,
Demak,
Men tirikman,
Jismim dolg’ada.
Qarang, ho’v qoyalar o’smoqda hamon,
Endi o’rningizdan turing, og’alar!

Necha yil qaqshatdi zog’lar davrasi,
Necha bor tilimni o’ksib tishladim?
Qon yutib izladim sizni,
Ta’masiz
Aziz daryolarim,
Yelkadoshlarim.

Qancha kunlar kechdim tentib, sarsari,
Aslo topolmadim bu qo’shin tengin!
Uyg’oning,
Bobomning cho’ng lashkarlari,
Axir, qoshingizga keldim
Bosh egib…

* * *

Hamon quvvat yig’ar qadimiy xumda,
Inim, bu – bobomdan qolgan musallas.
Necha yil jim yotgan bo’lsa, shu kundan
Kurashga tadorik ko’rgan mast-alast.

Kel, obdon to’latib beray kosangni,
Sarxushlan hech qursa, ich, ko’hna maydan!
Ortiq kutmasinlar bu jangni,
Toki –
Huvvillab yotmasin ovloqda Maydon…

* * *

Meni ma’zur tuting, ey, zoti oliy,
Turtib o’tgan bo’lsam sizni bexosdan.
Ayb etmang, simirsam to’liqib chog’ir
Va sizga tegishli bo’lgan nafasdan.

Ma’zur tuting, agar yo’llaringizda
Beso’roq baqraygan xarsangga do’nsam.
Tag’in men qanotin qirqsam, bosh uzra
Uchgan qushlaringiz kaftimga qo’nsa…

Balki ginalarni olmagaysiz chin,
Balki buzmagaysiz mo»tadil safni…
Axir, qay ravishda tasvirlash mumkin,
Ichingizda ihrab yotgan g’azabni?

Uzr, ketgan bo’lsam ters va betizgin,
Rizqingizga tumshuq tiqqanimcha jim.
Kechirguvchi bordek Azaldan o’zga,
Nahot, qo’lingizda bo’lsa jazoyim?!

* * *

Jimgina daraxtlar pinjidan chiqib,
Barglar soyasidan izlamoq panoh
Shart emas,
Ko’kdagi qushlarga boqib,
Parvoz istagini suratga solmoq…

Tepangda baqraygan nigohdan cho’chib,
Bosh egib haqqiga tilovat o’qish
Zarurat uyg’otsa,
Mag’rur tiz cho’kib
Hukamo yoqlagan maqomga ko’nish.
Ming bitta nag’mada o’yin boshlamoq,
Kiborlar qo’liga jilmayib qarash
Boshga tushsa,
Bundan bo’yin tovlamoq,
Bo’rdoqi hisordek ochlikda ma’rash…

Shart emas,
Sadoqat tuyg’usin qo’zg’ab
Jon berib, jon olmoq izhordan yiroq.
Qullikni isbotlab berguvchi so’zga
Azim g’or labidek tomoqni yirtmoq.
Do’zaxiy olovlar tegrasi bo’ylab,
Dohiyning yo’rig’in tirab qismatga.
Tun aro halovat tonglarin o’ylab,
Har lahza shay turmoq mumkin xizmatga.

Ohista tuynukdan mo’ralab beun,
Yaratig’ mulkidan erk talab etmoq.
Umrimdan bir parcha xarjlab sen uchun
Shart emas,
O’rtanib madhiya bitmoq…

* * *

Chuqurroq nafas ol.
Ho’rsin.
Baralla
Ovozingni chiqar –
Hayqir ko’z yumib.
So’ng chora izlama ko’nglingni alqab,
Shu yo’lga chiqarib yubor Mahkumni.

Nahotki, yetmasa shu on hammadan
Ortib qolgan havo
Senga yolchimay.
So’zing ham tilingdan qaytsa daf’atan,
Urushsiz g’alaba qilgan Jangchiday…

* * *

Nadir,
Ko’zlarimga ko’rinayotgan,
Larzon surat ichra alvon shamoyil?
Tilingiz uchida muz kabi qotgan
Kuylar tutib tursa
To’fon shamolin!

Ne bo’lgay,
Men ham shod sizga ergashsam,
Ketsam, soyangizga unsiz qo’shilib?
Yantoqdek barg yozsam dalada-dashtda,
Jim yashamoq sirin yetsam tushunib…

Nechun boshingiz xam,
Dovshingiz o’ksik?
Hamon kutmoqdasiz qaqshab harorat,
Peshvoz chiqsa hamki toshiqib
Ko’ksim –
Hamisha langu-lang ochiq saltanat!

Nahot, hech ketmaysiz bexos quvonib,
Ne bo’lgay,
Bu bog’ning mo»jaz faslida –
Qor ostida ungan maysa misoli
Chiqib kelaversam oyoq ostidan…

* * *

Axiyri kelganda men kutgan fursat,
Kaftimdan zarralar jim sirg’aladir.
Qalqaman –
Bir bora bersa bas ruhsat,
Dovongir yo’llarning qasirg’alari.
Qilmish-kechmishimdan kechdim ustuvor,
Aqlimdan ozdirgan hilqat qoshida.
Isrofil labiga qo’ndim –
Istig’for
Aytib kelgunimcha safo ko’shkidan.
Yolbordim –
Parilar lahjasidan mast –
Imkon ber, jajoyim o’tay qaytadan.
Boshimni og’ochga tortgan men emas,
Kesilgan tilimni bergin, qaytaman!
O’ksib haybatingga solaman nazar,
Bo’g’zimga tiqilar qismat so’rog’i.
Har kecha o’limdan qilaman hazar,
Poyingda qolishin o’ylab tuprog’im…

* * *

Nishonga tekkanda o’qlar bexato,
Tomoqdek qirilib bo’shasa sadoq.
Dovullar vahmasi tingandek hatto,
Yakunga yetganda adoqsiz so’qmoq.
Yulduzlar qo’ynidan topsam panohni,
Bog’im payhon bo’lsa, tuprog’im barbod.
Nahotki, ajdodim qilgan gunohning
Javobin men berib kelsam umrbod?
Go’rimgacha borsam vazmin otimda,
Ulkan anduhlarning lashkarin yiqsam.
Qaynoq g’azabimdek chiqsa yodimdan,
Mayda tog’-toshlarga qoqilganim ham.
Va manzilga yetsam jannat ishqida,
Avf so’rab yukinib, buzsam qafasni.
Balki chegarasin toparman shunda,
Bir butun umrga sig’magan nafsning!

* * *

Yam-yashil daraxtlar olis-olisdan
Singan sumbatimga junjikib qarar.
Bu bog’ga kirdimmi bilib-bilmasdan,
Gulladimmi, endi jazo muqarrar.
Chuchuk irmoqlarda bosib chanqog’im,
Bexos ildiz otdim tuproqni hidlab.
Bo’g’zimdan olganda necha hamrohim,
Ko’ksimda necha bor qutirdi itlar?!
Bosh uzra bulutlar o’tar bepisand,
Qushlar pastlab uchar kelib tusmoldan.
Hisobmas bir zumda shaylamoq kamand,
Befoyda jon berish har kun misqollab.
Hapqirib torayar yaxllagan ichim,
Telba borin tikkan kabi qimorga.
Kimnidir tishlasam yetgancha kuchim,
Yoki o’lsam chiqib bo’lmas humordan…

* * *

Qushlarni xurkitgan olg’ir qadamim,
Ortimdan bostirib kelar vahm-la.
Qarshimda bepoyon va tubsiz zamin,
Soyalar gezarib qiladi hamla.
Befarah yo’llarning ko’nglini g’ashlab,
Endi pand beradi ko’hna irodam.
Endi bu daryolar emas sinashta,
Ta’qiqdan hayiqmay qo’zg’alar Odam…
Ko’zimning ol rangdan kelar qongisi,
Taqvimning betartib otash qasdida –
Gunohkor hurlikning anqir qon isi,
Quduqda chayqalgan oyning aksidan…

XO’RSINIQ

Dimog’ing chog’ etgach bahor islari,
Qushdek quchganingda balandroq rohni –
Yomg’irli kunlarda to’zgan hislarni
Qanday unutgansan, qadim hamrohim?
Nahotki, yodingdan chiqdi lahzada
Biz sig’gan tunlarning kengliklari ham?!
Ko’ngil odamiga ba’zi-ba’zida
Jimgina ko’nikmoq qilarkan alam.
Mendan o’tganiga uzrim bor bisyor,
Sening qilmishingga ko’z yumdim shundoq.
Ikkimiz yiroqda topgan do’stu yor
Netar hamroh topsa bizdan avloroq?..

YoT URUG’

Men – danakni yordim – to’satdan,
Jon kirib –
Yashil badanimni silab o’tdi yel.
Oftobda toblanib yotdim, chiniqdim,
Chor-atrofga boqdim quvnoq va xushfe’l.
Tongda barglarimga qo’ndi iliq nur,
Kaftimda shudringni erkaladim jim.
Shoxlarim qilichday qayrildi – yovqur,
Ildiz otdim –
Tuproq qonini ichdim.
Yiqildim boshimga qo’nmasdan qirov,
Metin ko’kragimga tig’lar berib zeb –
Nasihat qilmagan edi hech birov,
Chinorlar tagida unib-o’sgin deb.

DEBOChA

Nafas rostlamoq-chun to’xtadi quyun,
Bo’ronlar tinmadi hali batamom.
Qumloqlar bo’taning o’rkachin o’yib,
To boshlab borarkan sohilga tomon.
Butkul bo’shamadi so’nikkan meshkob,
Chanqoq bosilmadi, to’lmadi quloch.
Birozgina cho’kdi purviqor ishkom,
Qatorda sinmadi birorta og’och.
Manzilga shaylandi birgina karvon,
Jabduqlandi xolos faqat bir otliq.
Kalava uchini tutsa-da sarob,
Sira qilt etmadi o’rnidan borliq…
Hanuz o’z qo’rasin topmadi uyur,
Qoziq atrofida to’zon bor hamon.
Nafas rostlamoq-chun to’xtadi yomg’ir,
To’fonlar tinmadi hali batamom.

YaKUN

Yalang’och shuurga chuqqurroq botib
Kerakmi, qorong’u xujradan chiqish,
Bunda shaffof vatan – deraza qolib
Devorga chirmashib harakatlanish?
Qochib kalitlarning tovlanishidan
Eshikni buzishga odatlanib boz –
Qalqib chuvalashgan o’ylar ichidan
Topish zarurmidi g’ujanak ovoz?
Kuzakda uchragan yashil barglarni
Savalab to’kmoqni farz sanash – sharaf,
O’yib olgach so’ngan cho’g’ – yuraklarni
Ekish kerakmidi so’ng qisir daraxt!
Qizargan quyoshning kutib vafotin,
Ep ko’rib baralla aytishni o’lan –
Qaqragan tomoqni ketishdan oldin
Sug’orish shartmidi o’z qoni bilan?!

NASIBA

Netarsan, tug’ilish bor ekan boshda,
Bor ekan nasibang – yerda, quyoshda.

Erkalab beshikka belashgan onda,
Baxtiyor yo’q edi sendek jahonda.

His qilib ilk bora ona zaminni,
Qad rostlab tashlading ilk qadamingni.

Kattaroq beshikda sokin daryodek,
Ortingga qaytish ham nasibangdir lek…

VAQT

Sening karamingdan qaraming kengdir,
Ne borki izmingda – ojiz o’ksinar.
Qarshingda tog’lar ham tuproqqa tengdir,
Hattoki, xoqonlar senga bo’ysunar.

Qo’yningdan tashqari qay iqlim mavjud,
Kun kelib istaklar bo’lsa ijobat –
Nogoh qullaringni ozod etmoq-chun
Sen kimdan so’raysan ijozat?..

XUDBIN

Qo’llarim qaltirayversa tinimsiz,
Do’stlarim ko’ziga boqsam mung’ayib.
Orom tilamasa birorta kimsa,
Uyqusiz tunlari horg’in jilmayib.

Hovurdan tushmasam salqin subhda,
Ishongan tog’larim ketaversa past.
Tegramda aylansa to’zonlar – mubham,
Bo’g’zimga tiqilsa zanjirband nafas.

Besamar o’yinning qoralig’iga
Asov yoshligimni hayiqmay tiksam.
Avval va oxirning oralig’ida
Mangu yashamoqni o’ylab zeriksam.

Charog’on fasllar bo’lsa namoyon,
Ajib lahzalarda qolsam ulg’ayib.
Umridan nolimay shodon bir ayol
Qora kunlarimda qolsa mung’ayib.

Nihoyat oshkora so’zlamam sira,
Qilt etmam, holbuki yuragim og’rir.
Boshimdan tovonim qadar qaltirab,
Do’stlarim ko’ziga qarayman mag’rur…

ISTIG’FOR

Bo’ylarin qizg’onsa parivash – hulvo,
Bepisand o’rlagan g’o’r dimog’imdan.
Olis-olislarga ketgan, ey Mavlo,
Kelgin, ushbu gal ham o’t gunohimdan.

Mayli, xabar topmay dun sinchlaridan,
Besavod o’tsam yer aylanmasida.
Kel, ma’no topayin,
Bu ichkarida
Yolg’iz qolganimni anglamasimdan.

Bu majruh ruhimga o’zga da’vo yo’q,
Ne bordir najotkor o’zingdan avlo.
Uzangan qo’limni qaytarma quruq,
Olis-olislarda qolgan, ey Mavlo!

* * *

Dengizdek sochlaring izmida qolsam,
Nogahon hislarim toshar qirg’oqdan.
Seningdek toshqinga chap bera olmam
Va yana seningdek so’zga no’noqman.
Yo’lin yo’qotganga o’zni ko’rsatgan
Men o’sha –
Lek o’zin yo’lga solmagan.
Qadaming tovushin sezib to’satdan,
Jar solib yashashni o’rganolmagan.
Senmi, ozodlikda a’ziyat chekkan,
Bulutlar qa’rida adashgan Humo?
Bu yorug’ olamda kun kelib,
Menman –
Senga duch kelishin bilmagan gumroh.
Bunda ming yil yashab etgancha sabr,
Kiborlar girdida talon-tarojman.
Dunyoda yolg’izman men ham sen kabi,
Sen kabi holis bir do’stga muhtojman…

* * *

Olmosdek yarqirar labda tabassum,
Tun pardasin yelpir yoding – axtarim.
Kuzning gardishini chulg’amish afsun,
Izg’iyman barg aro mazmun axtarib.
Bu quvonch ta’birin so’rayman vaqtdan,
Har bir qumursqadan yasab munajjim.
Mayin sochlaringni tonggacha maqtab,
Ma’no qidiraman lazzatdan kechib.
Havoyi savollar iskanjasidan
Arang qutilaman shom ichra mulgib.
Yetsam musibatning tund ko’chasiga,
Yo’limdan ozdirar ta’magir kulgi.
Nechun to’xtatolmam o’zni yig’idan,
Iloham, yodimga tushganing zamon?
Sendan qochganimdek jon achchig’ida,
Senga talpinaman shirinlashsa jon…

* * *

Hammasi eskirgan – devor, surat, xat…
Xotira qatida chirik tabiat.
So’zga burkanmagan qog’oz – charxfalak,
Hamon bo’shamagan siyohdon – yurak.
Suvlar oqib bo’lgan – tingan dahmasi,
Baliqlar bo’g’zida qotgan luqmasi.
Kurtaklar chiqqanu metin qobiqdan,
Daraxtlar sumbati biroq oriqqan…
Lek umid ta’midan qismagan Tangri –
Faqat o’zgarmagan muhabbat rangi!

* * *

Boshim silab o’tar kadar toshlari,
Tovonim yalaydi qilichlar cheksiz.
Tinimsiz yondirar qismat kochlari,
Vulqonga evrilar ongim uzluksiz.
Jismimni kuydirar ruhim sovishi,
Unsiz ta’qib etar zug’umkor hadik.
Kulgimni qistaydi kishanlar dovshi,
G’ashimga tegadi osoyishtalik.
Tuynukdan mo’ralab o’tar bir sharpa,
Qashqirlar tonggacha uvlaydi: qo’rquv!
Tushlarim tun bo’yi chiqadi qarg’ab,
Ko’zimga mog’ordek chang solar uyqu.
Yengiltak ko’nglimga qilar og’irlik,
Qushning qanotidek balandparvoz burch.
Safsata to’quvchi yuzsiz shoirdek
Ortimga qaytishga topolmasman kuch.

* * *

Bemajol hayiqib tursam g’animdan,
Do’stdan gina qilib
Changitsam maydon.
Jonimni avaylab yashaganimdan
Uyalmay ertaklar to’qisam shodon.

Nogahon og’riqdan o’krab yuborsam,
Lat yegan misoli
O’lim tig’idan.
Bosh egib
Volidam qoshiga borsam
Va chora izlasam o’ksib yig’idan.

Xatardan yuz bursam loshimni sudrab,
So’ngan yulduzlardan istab harorat.
Ovozimni qayrab,
Tong ichra mudrab,
Tuproqqa qorishmay kutsam halovat.

Qadim daraxtlarning safini buzsam,
Barglar ko’lkasida talab qilsam nur.
Barxanlar bo’g’zida tortsam homuza.
Bir tomchi qon to’kmay yengilsam mag’rur.

Nasllar g’azabin qo’zg’otsa holim,
Ojizlik yarashgan bo’lsa turqimga.
Shunda ham shaxd bilan qismatdan nolib,
Tirik ketayapman
Nahot
Yurtimga?!

* * *

Yo’limga peshvoz chiqar arg’uvonlar – muallaq,
Ketishimni istamish kelgan mujdalar – ilhaq.
Na o’lib o’la oldim, na tirildim tug’ilib,
Yarmim – shayton, yarmim – hur,
Xukmingga ko’ndim, Barhaq.
Kaftingga qo’narmidi, ko’ksimga bitgan qanot,
Poyingdan o’parmidi, kiftimni yirtgan qanot?
Na yerga qo’na oldim, na-da uchdim tegrangda,
Yarmim – qafas, yarmim – qush,
Na tutqunman, na ozod.
Jonimni ol, sevdigim!
Sendan qachon ajradim?
Gul umringni xazondek qahratonga harjladim.
Ko’zlaringga tik boqib, hirsga belandi ruhim,
Yarmim – siyoh, yarmim – qon,
Devorlarga sachradim!
Kundan qamashmadimi, ona, diydang qarosi?!
Na o’g’ling bo’la oldim, na shoirman sarosar.
Tushlarmda she’r o’qib bergum tarozubonga,
Yarmim – bihisht, yarmim – cho’g’,
Bo’g’zimgacha arosat…

* * *

Mezon havosida ko’ngil hushladim,
Nafasing qorishgan deya osuda.
Labingdan qanotsiz uchgan qushlarni
Kaftimda don bilan kutdim ozurda.

Ovozing bor deya urho-savashda,
Tingladim yellarning harir navosin.
Bexos kiprigingdan uzilgan yoshdek –
Eng so’nggi yaproqni bag’rimga bosdim…

Soqov hislarimni kuzdan saqladim,
Qarog’im tutashdi qonli saharga.
Soching tekkan deya tunni alqadim,
Nigohing tushgan deb boqdim Zuhalga…

Ko’nglingni izladim mayin sangzordan,
Manglayimga urdim karaming toshin.
Hanuz yiqilmadim shirin ozordan,
Hali ham ko’yingda omondir boshim!

MAKTUB

Dada, salomatmi, o, ahli qishloq,
Hamon joydami tug’ilgan yurtim?
Torko’cha. Uzumbog’. Dala-tuz. Toshloq,
Hali ham omonmi keksa shotutim?

Dada, nigohlaring hira tortgan on,
Jimgina tumanlar oralab qochgan –
O’g’lingman, qushqo’nmas biyobon tomon
Chillakning zarbidan uchgan yog’ochman…

Toki bir maromda tebranar qalam,
Tilimga so’zlarim sanchilar – abas.
Takkabur yo’lim-u hayotimga ham
Zinhor ukalarim qilmasin havas.

Faromush moziyga boqib qahr-la,
Topmadim – ko’zimga tunlarni tang’ib –
Loy ariq bag’ridan mo’lroq mehr va
Qanoting ostidan kengroq vattanni.

Mudom ahli qishloq bo’lsin omon, tinch,
Shotutlar suyasin g’am chekkaningda.
Dada, kechir meni, o’rtamay sog’inch,
Yodga olgan bo’lsam zerikkanimda…

* * *

Shuncha tirishganim ketgach befoyda,
Ona, ko’zlaringga qanday qarayman?
Balki bu so’qmoqlar topar nihoya,
Balki bir kuningga bazo’r yarayman.
Ehtimol, yaproqdek to’kar tiyramoh,
Yelkamning bitmagan chandiqlarini.
Men qachon ochaman,
Suting kabi oq –
Orzumand tushlaring sandiqlarini.
Ona, yetmog’im-chun sening qadringga,
Shartmidi olisda munkib zorlanish?
Shartmidi qo’llaring tutib yomg’irga,
Jimgina ko’zimdan narida qarish?!
Bari qilmishimga iqrorman,
Tamom!
Bas, erka jonimni berishga shayman.
Sening bolangmidim tug’ilganim on,
Sening bolang bo’lib o’lmoq istayman!

067

(Tashriflar: umumiy 997, bugungi 1)

Izoh qoldiring