Rahmiddin Abrayev. She’rlar

59Раҳмиддин Абраев шеърлари матбуотимизда кенг ёритилган, шу жумладан «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида ҳам унинг шеърлари билан танишгансиз. Бугунги саҳифамизда шоирнинг шеърий туркумини тақдим этмоқдамиз.

 

Раҳмиддин Абраев
ТИЙРАМОҲ БОҒЛАРИ
Туркум


* * *

ТИЙРАМОҲНИНГ БОҒЛАРИ СОКИН,
Эшитилар юрак уриши.
Бу жимликни бузади гоҳи,
Безовта итларнинг ҳуриши.

Сутчелакнинг ҳидидан сармаст,
Ой рақсидан девона оқшом –
Хаёлини ёзиш шарт эмас,
Айни вақти намози хуфтон.

Эҳтимол, Моцартга дарс берган,
Бастакор тун куйларга бойдир.
Ёпинчиғин ахтарар ердан,
Қишлоқларнинг фонуси – ойдир.

Жон олиб жон бермоқда барглар,
Барглар – хавотирда ўзидан.
Кўзёш бўлиб тўкилаверар,
Қари олхўрининг кўзидан.

ҲОЛАТ67

Дарахт тинмай ечинаётир,
Жиндай қизармайдия бети?!
Шу дам қандай кечинаётир,
Бир жимирлаб увишган этим.

Бари унут бўлар лаҳзада,
Баҳоргача бузилар аҳдлар.
Юрагимни солар ларзага,
Сийналари очиқ дарахтлар.

Қишни кутиб олар уятсиз,
Шир-яланғоч, шип-шийдам боғлар.
Хуморидан чиқар никоҳсиз,
Тусаганча кўнглини чоғлар.

Ўрганмаган ё изн сўраб,
Ёки улар алданган қорга.
Эрта бодом оқ либос ўраб,
Тегиб кетар лақма баҳорга.

* * *

ҲАР КУН МИНГЛАБ ШЕЪР ЁЗАР ДАРАХТ,
Ён-атрофи қоғозга тўлар.
Бу ҳасратдан қарғалар карахт,
Бу майсалар сарғайиб ўлар.

Қурвақалар – саводсиз ҳаммол,
Тун сукутин бузиб валақлар.
Тийрамоҳда адашган шамол,
Япроқларни топиб варақлар.

Шафқат сўраб бўлмайди куздан,
Шоир қилган ёзнинг асади.
Хижил тортиб “шивир”ларимдан,
Дарахтларга келар хасадим!

* * *

ТИЙРАМОҲДА – ЁМҒИРЛАР РАҚСИ,
Қандай гўзал шалаббо чирой.
Кўзларимга қамаб тун аксин
Сув тубига чўкиб кетди ой…

Қара қандай енгил ва сокин,
Ёмғирдан сўнг туманли ҳаво.
Сўзларимни тингламас ёки,
Бу боғчалар шунчаки авом.

…Йигитликдан бир йил нарида,
Ўсмирлигим қўяр йўталиб.
Кузги боғлар оралиғида,
Кетаяпсан китоб кўтариб…

* * *

ДАРАХТЛАРНИНГ ЮЗИДА АЖИН,
Бу чинор ҳам анча қариган.
Эшакқуртлар томирин ғажир,
Ёш қушчалар бундан нарида.

Қуриб қолган шохларин силкиб,
Булутларга қараб эзилар.
Номи “Чин-ор” бўлса-да, лекин,
Кўп яшаб қўйгани сезилар…

* * *

БУЛУТЛАР ХЎБ ЭЗИЛДИ, МИСОЛ:
Ошиқ чақмоқларнинг ёниши.
Деразамни чертар телбаҳол,
Масрур томчиларнинг хониши.

Ажиб ҳислар бошлар ғалаён,
Юрагимда айни дақиқа.
Тонгда қуёш чиқмайди, аён,
Ойнинг беркингани ҳақиқат.

Гайдндан куй тинглагим келар,
Тун қўйнига чиқиб айни дам.
Осмон эса тинмай тупурар,
Ёмғирзорда ивир фуфайкам.

Руҳиятим тин олар шу он,
Бу ёмғирлар эди тушдаги.
Декабрга сим қоқиб шодон,
Чийиллайди шамол ҳуштаги.

* * *

РУБОБИНИ ЧЕРТСА НОЯБР,
Рақсга тушар япроқлар телба.
Яна уч кун қилолмай сабр,
Бу изғирин қаердан келган?

Қиш ҳам келиб қолибди дарров,
(Қишлоқда тез ўтади умр)
Жонимизга киради оро,
Сандалларнинг исёни – кўмир!

Қарлуқ қишга ҳозирлик кўрар,
У шаҳардай безанмас безак.
Мол-ҳолларин йиғиб улгурар,
Далаларда қолмади тезак.

Булутчалар кетяпти йиғлаб,
Ишкомларнинг уст-боши ҳўлдир.
Кузнинг сўнгги қўшиғин тинглаб,
Ҳофиз бўлиб қолмасам бўлди.

КУЗАТИШ

“Олтин фасл” атарлар кузни,
Ёнверимда ловуллайди чўғ.
Қамаштирар сеплари кўзни,
Бу кузакнинг паст кетгиси йўқ.

Шафтолилар оёғи музлар,
Кўмилмаган токларга жабр.
Анжирларнинг барги узилар,
Оғир хўрсинади ноябрь.

Совуқ мужда келтирган қарға,
Тағин миниб олибди тутни.
Пикассонинг суръатидан ҳам,
Тополмайсиз бундай этюдни.

Сигар ёқиб далага бордим,
Кузатмоқлик учун шўрликни.
Конвертларин ёқиб юбордим,
Менга хатлар ёзган ўрикнинг…

ЯНГИ ДАФТАР ШЕЪРЛАРИ…

АЛДОВ

Масалан мен «бахт» дея туриб,
Бахтсизликни назарда тутдим.
«Томонингиз ҳақ» дея туриб,
Ҳақсизликни назарда тутдим.

Сиз «тўғри» деб танлаган йўлда,
Оёқ тираб турибман, ўжар.
Чунки мени сизлардек, қўллаб,
Бағрига босмади бу кўча.

Кузатаркан, қайтар ҳансираб,
Ўзига-да қараркан обдон –
Фикр қилар: «Муздай қасрда,
Ёлғиз қолдим — демак Озодман!»

* * *

Ўғлим Туронбекка...

НИҲОЯТ КЕЛАРКАН ҲУРРИЯТ КУНИ,
Ниҳоят келаркан тушдамас, ўнгда.
Ютган оғриқларни тамом унутиб,
Бахтиёр одамдай яшардим шунда.

Эрлар юрагига кирмаса титроқ,
Кўксимизга тегса бир эркин шамол.
Танамни ютар чоғ қувонса тупроқ,
Сесканиб турмасдим шу кун эҳтимол.

Тиллардан тушган кун «мусаффо осмон»
Дарди бедаволар топганда даво.
Бус-бутун ҳолига қайтса Туркистон,
Ортиқ шоирликка қилмасдим даъво.

Қиёмига етса минг йиллик тоқат,
Ниҳоят емрилса асрлик зуғум…
Ғафлат босиб ортда қолмагин фақат,
Ҳар ҳолда муштингни қисиб юр, ўғлим!

* * *

Насиҳат қиларкан раҳматли бувим:
«Кеккайма, зўрдан кўп зўр!» — дерди.
«Қадаминг билиб бос, жон ўғлим,
Оёғинг остини кўр!»- дерди.

Минг панд-у насиҳат қилмас кор,
Гарчи англасам-да барини.
Оёғим остида нима бор?
Кўрмайман бурнимдан нарини.

Қисқаси улғайдим терс яшаб,
Аллоҳгадир омонат жоним.
Юролмайман дорбозга ўхшаб,
Бўйнимдадир менинг арқоним!

КИЧИК ДАРС

Сени излаб келмас жасорат
у ҳеч қачон нон сўрамайди.
Айримчилик қилмайди яъни
обрў учун ном сўрамайди.

Пора бериб чиқмайсан эга
мол-давлатга йўқдир эҳтиёж.
Мазлум бўлиб ҳар он бошига
теккани тўқмоқдир, на илож…

Унга керак бўлар журъатинг
чўнтак эмас, юракдан чиқса.
Дангал лафзинг билан юради
чўпчак эмас, юракдан чиқса.

Жўмард бўлсанг бу даҳр-у дунда
ҳеч бировдан қилмасанг таъма.
Аксиома юз берар шунда:
унда Сени кўради ҳамма!

ЭЪТИҚОД

Таъқибга учраса халққа талпинган,
Чин шеърлар ёзмоқлик саналса гуноҳ.
Хиёнатчи бўлса ҳақни гапирган,
Мен «халқ душмани»ман – Алҳамдулиллаҳ!

Унча катта эмас мазлум талаби –
Шу эътиқод маъқул қайтангга:
Ҳаққа талпинажак мусулмон каби,
Доим интилмакдир, Ватанга!

СОДДА ОРЗУ

(Феъллар)

Кураш дея атаркан қалбинг
отсиз туйғу билан оғринмоқ.
Ашъорин ёдламоқ
аллакимларнинг
Аллақаерларни соғинмоқ.

Тағин “таҳликали” қилмоқ тафаккур:
Ватан ичра кезиб
Ватан изламоқ.
Шоирдек ўртанмоқ бўлиб ҳур,
Руҳни тайёрламоқ
гизламоқ.

Яшашдан-да изламоқ маъни,
Аллоҳ берган рисқни ошамоқ.
Шарафлигин англамоқ яъни –
содда орзу билан яшамоқ.

«ТАЪҚИҚЛАНГАН ШЕЪРЛАР» туркумидан…

ФОКУС

Лаққа илинтирмоқ мумкин ёлғонга –
Гўё Аршга чиқиб тушиб келгандай:
«Йигирма олти йил Ўзбекистонга,
Аллоҳ барокати ёғди» дегандай.

Мансаб, обрў ёхуд унвон ишқида,
Айтажак сўзларин ютворса эрлар.
Ортиқ инонмайман Ватан ҳақида,
Муштга қалам тугиб ёзса шоирлар.

Иснод аталмасми номусдан ўлсам,
Ёки силлам қуриб, узилса рангим?!
Уларга айт, ёлғон гапирмасинлар,
Сўйламасин сенинг номингдан, Тангрим!

ЎЗБЕК

Бу эл – содда, бу халқ – хокисор,
«Меҳнат қилса ўлиб қолмайди».
Кенгфел, танти, софдил, беозор,
Қўй оғзидан чўп ҳам олмайди.

Кеч кузгача елкаси пишиб,
Бош кўтармай… тергани пахта!
(О, юрагим кетар увишиб,
Мафкурасин қилишган ахта!)

Бор газини Хитойга сотиб,
Қишда тезак ёқиб кун кўрган.
Ҳалол ризқчун қора тер ботиб,
Мақтанишни ўзбекдан ўрган!

Ачинсамда ич-этимни еб,
Тушунаман, қилсамда гина.
Ахир бу халқ – бола-чақа деб,
Ўтиб кетар, индамайгина…

ЭҲТИЁТКОР ОДАМ

Туғилибоқ «нанна» деган бу одам,
Мукаммал билади ўзбек тилини.
Мендан, сиздан, хуллас ҳаммамиздан ҳам,
Теранроқ англаган чиқар элини.

Бироқ у сўзламас ҳуда-беҳуда,
Мум тишлаб олади гап сўрасалар.
Айниқса биз каби ёшлар олдида
алжираб қўймайди, масалан.

…Зеҳниятга чанқоқ бирор даврага,
Тушиб қолса дарҳол ҳушёр тортади.
Унга барибирдир, ширин авраган
ҳаёти ўзига етиб ортади.

БУЛУТЛАР

Тўсиб қўяр қуёшни булут,
Бош устида тураркан соя –
Қаергадир чекинар сукут,
Айтмоқчидир балки ҳикоя?

Ҳолбуки ёз, очиқ осмонда
намойишга чиқди булутлар – беҳол…
Бу ҳам бир эҳтимол, ҳар ҳолда,
Қуёш тутилиши каби оддий ҳол!

МАНЗАРА

Чопонин ечар осмон,
Қушларга тўлар кўча.
Тоғдан оқиб тушар тонг,
Оқарар қора кеча.

Кўринар бир ёруғ йўл,
Ҳали чиқмасдан қуёш.
Туш кўриб уйғонар гул,
Сойларда чўмилар тош…

Тонг ёқаси йиртилиб,
Фош бўлар қора кеча.
Бомдоддан сўнг зерикиб,
Ишга чиқар қоринжа!

* * *

Ёшликда юз берар сирли ҳодиса,
Ибтидоий меҳр — ҳеч бир тамасиз.
Гуллаб қўяверар боғсиз, фаслсиз,
(интиқ кутилгандай, чамаси)

Бу яра эҳтимол оғриқсиз битар,
Эҳтимол у билан ўтар ҳар одам.
Биринчи муҳаббат — юракдан чиқар,
Биринчи китобдай, хотиржам…

БУРЧ

Кутиш учун қурилган бекат,
Келиши кутилган автобус.
Босилиши керак бўлган йўл,
Борилиши керак бўлган иш.
Боши шишиб кетган компютер,
Тиконлари чиқиб қолган гул.
Апил-тапил тушлик ва қаҳва,
Ҳилвироғи чиққан майда пул.
Мускулдор атлантдан ўриндиқ,
Бир кўзли девдай дераза.
Турнақатор навбатда турар
илонизи каби имзолар…
Ўтиши қийин бўлган вақт,
Ҳомиладор аёлдай соат.
Ҳаддан зиёд торайган дунё,
Амазоника илонидай бўйинбоғ…
Мўйсафиднинг сабридай бардош,
Бир амаллаб ўтган оғир кун.
Уйда кутиб турган ёлғизлик…
Иштаҳасиз кечки нонушта…
Силаниши керак бўлган соч…
Ўпиш учун жуфтланган лаблар…
Айтилиши шарт бўлган чин сўз…
Кўзлар эшигидан кирган зўр уйқу.
Кечиб ўтиш учун бир кеча,
Ўзгаришга муҳтож бир олам.
Кўриш учун ҳозирланган туш,

УЙҒОНИШИ КУТИЛАЁТГАН ОДАМ…

МУҲАББАТ

Бу шаробни иккимиз ичдик,
Сарҳушликда ҳаммаси гўзал.
Лаҳзаларда севгимиз кечди…
Рубоийдек қисқа ҳам тугал.

ҲАҚИҚАТГА КЕЛСАНГ ЮЗМА-ЮЗ

Қўрқма, ахир дўстингку сенинг,
Дўстимизку ахир, бизнинг ҳам!

Келиб қолсанг ҳақиқатга юзма-юз
ўзингда журъат топ, титрамасликка!

Кўзларига қарашдан қўрқма,
Унутма, ичингда гина бор, жиндек.

Дадил туриб сўра: «Қаерда эдинг?
Нега кўринмайсан ҳеч, дўстим!
Нега бизга кўрсатмадинг…
Қорангни?!»

Дадил айтолмасанг
йиғламсираб айт,
Тўкиб ташла ичингдагини.
Ҳўнграб-ҳўнграб йиғла
ва бағрингга бос!

Қўйвориб юборма энди ҳеч қачон!

ИЛИНЖ

Қурол ушлаш энди ярашмас,
Мана, нозлаб турибди қўлим!
Балки, хоин дея аташмас,
Тилинг сабаб топсанг гар ўлим.

«Ўз тилингдан топасан» наҳот
муддати ўтмади мақолнинг?!
«Бошинг билан берасан жавоб»
чегарадан чиқса соқолинг.

Ҳақ сўз учун қилинса таъқиб,
Инсон умрин сўнгигача то.
Наҳот сўзлаш мумкинмас, ахир,
Забон берган бўлса ҳам Худо!

Сўнгги илинж — ҳилпирайди Эрк,
Демак байроқ қулагани йўқ!
Кўксимизда писиб ётган шеър —
Отилиши керак бўлган ўқ.

ОРЗУНИНГ ПОЁНИ

Эркинликни қилганди орзу,
Умр бўйи тутган йўли Ҳақ.
Эътиқоди тўғри эдию,
Беш бармоқдай бирлашмади халқ.

Куни битгач елкага олар,
Бошланаркан сўнгги сафари.
Халқ устида ҳилпираб борар,
Қодир Ҳақнинг байроғи каби.

СИНОВ

Шарафдир изнида бўлиб Аллоҳнинг,
Шайтон истамаган йўллардан юрмоқ.
Синови деб билмоқ Қодири Ҳақнинг —
кўмирдай қоп-қора рўйхатда турмоқ!

Кузатиб турса-да ўткир нигоҳлар,
Талвасага тушма, ҳуркма оҳудай.
Ортингдан тушганлар эмасдир арслон,
Улар ҳам одамдир, қўрқма беҳуда.

Қўрқиб тўхтамагил, тез олма қарор,
Йўлнинг охирида нима бор, бир боқ:
Балки сени кутган жасур авлод бор,
Балки-да Машрабни чорлаган сиртмоқ.

Фарқ этмас, Ҳуррият бордир алқисса,
Орзу бор ўхшаган бир дали қушга.
Дўппайган қабрингнинг устида эса
Гуллар бор, сендан сўнг рўйхатга тушган…

ИМКОНИ ЙЎҚ

Мумкин бўлса эди шу пок Сўзларни,
Мумкин бўлса агар
қор мисол кураб —
Ширингина жонни ем қилармидим,
Гапирмас эдимми қоғозга ўраб?!

Сотқинлик эмасми Сўзларни олиб
қоғоздан бирма-бир пистадай чақсак?!
На ҳожат бўлади уйқудан қолиб,
Шеърда кесатмоққа,
устига устак?!

Имкони йўқ.
Агар тонггача бўзлаб
илҳом тулпорини етаклаб юрса.
Айниқса, Ҳақиқат ташиган Сўзлар —
қоғоздан тикилиб,
тиржайиб турса…

ЭСКИ ДАФТАРДАН ШЕЪРЛАР…

ТУРКИСТОН СОҒИНЧИ

Майда гаплар ғашимга тегар,
Тенг бўлайми майдалар билан?!
Эгса, мағрур қаддим эгилар,
Оқ сут берган Ватан олдида!

Қарлуқманку, ёвқурлигим чин,
Турон юртда фидойи ўғил.
Гарчи катта бобом Темучин,
Гарчанд келиб чиқишим мўғул!

Керак бўлса қанча сабаблар,
Барчасига топаман асос.
Чунки мени оғир азоблар,
Бир МИЛЛАТдан чиқмаган ҚАСОС!

Нега унда асрий жимликни
бузолмасдан йиғдик ўлпонлар?!
Ўз вақтида отилиб кетди,
Ўз вақтида чиққан Чўлпонлар!

Шунга кўра ҳар бир елкада,
Бир бурч борки ўзини оқлар.
Ишлаш керак бўлган Ўлкада,
Бунча қичқиради маддоҳлар?!!

Мен бу йўлда кечгайман жондан,
«Ишрат» сўзи ёт менга ўртоқ.
Ҳатто онам Ўзбекистондан,
ТУРКИСТОНни севаман кўпроқ!!!

ДЕҲҚОННИНГ БИР КУНИ

Бошоқларни совурар шамол,
Лойқа сувлар тошар ариқда.
Нисбатан кеч кўринар ҳилол,
Чумчуқлар кўз узмас тариқдан.

Қора суркаб олган қўриқчи,
Ялмоғиздай супурги ушлаб –
Ҳушёр турар мисоли ирқчи,
Яқинига йўлолмас қушлар.

Мижжа қоқмай тунлари деҳқон,
Пайкалларда сув тарар шайдо.
Солиҳ қулдек яшар, ҳеч қачон
Қисматидан қилмас вовайло…

Юлдузчалар им-илиқ тунда,
Оқа бошлар мисоли кўзёш.
Энди мизғиб олай деганда,
Елкасини қиздирар қуёш.

ИЛТИЖО

Синган аравалар, чириган тахтлар,
Қиличлар жарангги этган маҳал тарк.
Музаффар қўшиндай турар дарахтлар,
Яшил байроқ каби ҳилпирар ҳар барг.

Очиқ кўзларимни илитмас уйқу,
Уйқу ярашмайди туркий эрларга.
Дадил қадам босиб келаяпманку,
Темурбек от суриб ўтган ерлардан.

Уйғоқ қаршилайман озод тонгларни,
Шудгорин суғорсин пешона терим.
Кимдир англатарми ёки англарми
Муқаддаслигингни, мўтабар ерим?!

Гадой тиланмаган шеърларим билан,
Ўзимни овутдим, сени овутдим.
Бир кун кетар чоғим манзил сўнггига,
Омон етказурсан ўзинг, тобутим!

Тоғдан баланд ўсдим, осмонингдан паст,
Бағрим қушдай озод қирларга тўлди.
Тупроғингдан бошқа нарсанг керакмас,
Менга битта кафан атасанг бўлди!

* * *

ҲАМОН ЯШАМОҚДА МАСЛАКФУРУШЛАР,
Вужудларни енгди ҳирслар лашкари.
Бир вақт ёв олдида ёниб туришлар,
Жасур ҳислар кетди
дилдан тарқалиб.

Юрак, адо бўлдинг ҳамоқатлардан!
Қилдай ишончга ҳам урдилар болта.
Зобитлар тўрт томон бўлиниб кетди
Мирзолар, «ев-ов»лар, «ивич»лар ҳолда.

Ҳатто оломоннинг шашти пасайди,
Катта кўчаларда қилмас намойиш.
Барча эл-у юртлар иноқ яшайди,
Қўлни қўлга бериб,
яшар осойиш.

Қандайдир сафарга ҳозирлик кўрар,
Жаҳон урушида қон тўккан чоллар.
Тўнкарилган фалак чархпаррагида
чопилиб кетмоқда бақувват толлар…

Энди яшайверинг беғам, беташвиш,
Саҳарлаб югуринг наҳорлик ошга.
Энди қўлингиздан келмайди ҳеч иш,
Шеър ёзиб, папирос чекишдан бошқа!

АРМОН

Тушдай ширин кечган у йиллар,
“Сени бахтли қиламан!” — дердим.
Ҳисларимни таржима қилар,
Сен ҳақдаги ҳар битта шеърим.

“Ойни олиб бераман, ишон!”
Нималарни қилмадим ваъда?!
Ўз ёғида қоврилар виждон,
Бугун қандай ожизман, қара!

Орзу қилиб етмадинг, Нигор!
Қилолмадим ваъдамни бажо…
…Орамизда учта жарлик бор:
Ал-Висол. Ал-Фироқ. Ал-Видо.

НИГОРА ВА КУЗ

Нигор,
ҳиссиётим бир кун ўлдирар.
Мен сизни севаман –
севаман сизни.
Ҳаёт боғларимда – чаман туйғулар
сиз мудом етаклаб юрибсиз
кузни…

Қаршимда аламли
бир ҳолат турар:
Чаман боғларимнинг хазонрез туси…
Пойимда бепоён
барглар югурар,
наҳот яна олиб келдингиз
кузни?..

Айтинг,
сиздан кейин қандай яшайман –
Сиз менинг ўзимсиз –
унутиб ўзни?!
Энди бутун умрим азоб… қақшайман,
бошқа олиб келманг, ўтинчим
кузни!..

Суюклим,
ёрингиз билан бахтлисиз.
Сиз қатори яъни
бахтлиман ўзим.
Ҳар не сиздан… ҳукм этмакка ҳаклисиз,
ҳукмга буюрманг, ўтинчим,
кузни…

Ҳижрон оловида
қоврилиб кетай.
Магар илк муҳаббат бермаскан тўзим –
Бахтиёр япроқдай
соврилиб кетай
ўйнатиб-ўйнатиб кўзининг
кузни!

Кулинг, кулаверинг,
Кулинг қиқирлаб!
Кулмайсизми, ахир? Севаман сизни!
Лабларингиз сўнг бор айтсин
шивирлаб:
«Мен ҳам севар эдим, Раҳмиддин,
…кузни…»

* * *

ЮРАГИМНИ ОСМОНГА ОТДИМ,
Ўзинг асра Яратган Эгам.
Кун ортидан ҳаллослаб чопдим,
Нур изладим қоронғуликдан.

Юрагимни осмонга отдим,
Улуғ Тангрим, қудратинг кўрсат…
Майсаларни қучоқлаб ётдим,
Кўкка қараб ўтди кўп фурсат.

Юрагимни осмонга отдим,
Ёзса қози ҳозир розиман.
Бор будимни арзонга сотдим,
Сочларини юлди Ёсуман.

Юрагимни осмонга отдим,
Шеърларимга Пирлар тансоқчи.
Ой юзига лабимни босдим,
Куйиб кетди Етти Қароқчи.

Юрагимни осмонга отдим,
Ерга тегмас бўлди курагим.
Кун ҳам ботди, янги тонг отди
Қуёш бўлиб чиқди Юрагим.

ЭСЛАШ

Сенлашардик, (нақадар қўпол)
Сен “илк” эдинг, биринчи эдинг!
“Китобларинг чиқса – эҳтимол,
Шеърларинг ёд оламан” дердинг.

Эслайсанми, мактаб йилларин?
Хаёлларинг – кабутардай оқ.
Елкамга бош қўйиб йиғладинг,
Чалинганда “Сўнгги Қўнғироқ”.

“Р” плюс “Н” баробар севги,
Мажнунтолга ўйиб ёзгандик.
Бу қандай сир, бу қандай белги?
Эҳтимол… ақлдан озгандик!

…Қандай чўкиб қолди мажнунтол,
Сен кетдинг-у мен кетдим дилтанг.
Бир кун эслаб қолсанг – эҳтимол,
Шеърларим ёд олса ўғилчанг…

47Rahmiddin Аbraev sheʼrlari matbuotimizda keng yoritilgan, shu jumladan «Xurshid Davron kutubxonasi» sahifalarida ham uning sheʼrlari bilan tanishgansiz. Bugungi sahifamizda shoirning sheʼriy turkumini taqdim etmoqdamiz.

Rahmiddin Аbraev
TIYRАMOH BOGʼLАRI
Turkum


Rahmiddin Аbraev 1995 yil 24 dekabrda Qashqadaryo viloyati Muborak tumani Qarluq qishlogʼida tugʼilgan. Qarshi Davlat universitetining Oʼzbek filologiyasi fakultetini tamomlagan. Sheʼrlari mamlakat matbuotida keng yoritilgan.


* * *

TIYRАMOHNING BOGʼLАRI SOKIN,
Eshitilar yurak urishi.
Bu jimlikni buzadi gohi,
Bezovta itlarning hurishi.

Sutchelakning hididan sarmast,
Oy raqsidan devona oqshom –
Xayolini yozish shart emas,
Аyni vaqti namozi xufton.

Ehtimol, Motsartga dars bergan,
Bastakor tun kuylarga boydir.
Yopinchigʼin axtarar yerdan,
Qishloqlarning fonusi – oydir.

Jon olib jon bermoqda barglar,
Barglar – xavotirda oʼzidan.
Koʼzyosh boʼlib toʼkilaverar,
Qari olxoʼrining koʼzidan.

HOLАT

Daraxt tinmay yechinayotir,
Jinday qizarmaydiya beti?!
Shu dam qanday kechinayotir,
Bir jimirlab uvishgan etim.

Bari unut boʼlar lahzada,
Bahorgacha buzilar ahdlar.
Yuragimni solar larzaga,
Siynalari ochiq daraxtlar.

Qishni kutib olar uyatsiz,
Shir-yalangʼoch, ship-shiydam bogʼlar.
Xumoridan chiqar nikohsiz,
Tusagancha koʼnglini chogʼlar.

Oʼrganmagan yo izn soʼrab,
Yoki ular aldangan qorga.
Erta bodom oq libos oʼrab,
Tegib ketar laqma bahorga.

* * *
33
HАR KUN MINGLАB ShEЪR YoZАR DАRАXT,
Yon-atrofi qogʼozga toʼlar.
Bu hasratdan qargʼalar karaxt,
Bu maysalar sargʼayib oʼlar.

Qurvaqalar – savodsiz hammol,
Tun sukutin buzib valaqlar.
Tiyramohda adashgan shamol,
Yaproqlarni topib varaqlar.

Shafqat soʼrab boʼlmaydi kuzdan,
Shoir qilgan yozning asadi.
Xijil tortib “shivir”larimdan,
Daraxtlarga kelar xasadim!

* * *

TIYRАMOHDА – YoMGʼIRLАR RАQSI,
Qanday goʼzal shalabbo chiroy.
Koʼzlarimga qamab tun aksin
Suv tubiga choʼkib ketdi oy…

Qara qanday yengil va sokin,
Yomgʼirdan soʼng tumanli havo.
Soʼzlarimni tinglamas yoki,
Bu bogʼchalar shunchaki avom.

…Yigitlikdan bir yil narida,
Oʼsmirligim qoʼyar yoʼtalib.
Kuzgi bogʼlar oraligʼida,
Ketayapsan kitob koʼtarib…

* * *

DАRАXTLАRNING YuZIDА АJIN,
Bu chinor ham ancha qarigan.
Eshakqurtlar tomirin gʼajir,
Yosh qushchalar bundan narida.

Qurib qolgan shoxlarin silkib,
Bulutlarga qarab ezilar.
Nomi “Chin-or” boʼlsa-da, lekin,
Koʼp yashab qoʼygani sezilar…

* * *

BULUTLАR XOʼB EZILDI, MISOL:
Oshiq chaqmoqlarning yonishi.
Derazamni chertar telbahol,
Masrur tomchilarning xonishi.

Аjib hislar boshlar gʼalayon,
Yuragimda ayni daqiqa.
Tongda quyosh chiqmaydi, ayon,
Oyning berkingani haqiqat.

Gaydndan kuy tinglagim kelar,
Tun qoʼyniga chiqib ayni dam.
Osmon esa tinmay tupurar,
Yomgʼirzorda ivir fufaykam.

Ruhiyatim tin olar shu on,
Bu yomgʼirlar edi tushdagi.
Dekabrga sim qoqib shodon,
Chiyillaydi shamol hushtagi.

* * *

RUBOBINI ChERTSА NOYaBR,
Raqsga tushar yaproqlar telba.
Yana uch kun qilolmay sabr,
Bu izgʼirin qaerdan kelgan?

Qish ham kelib qolibdi darrov,
(Qishloqda tez oʼtadi umr)
Jonimizga kiradi oro,
Sandallarning isyoni – koʼmir!

Qarluq qishga hozirlik koʼrar,
U shaharday bezanmas bezak.
Mol-hollarin yigʼib ulgurar,
Dalalarda qolmadi tezak.

Bulutchalar ketyapti yigʼlab,
Ishkomlarning ust-boshi hoʼldir.
Kuzning soʼnggi qoʼshigʼin tinglab,
Hofiz boʼlib qolmasam boʼldi.

KUZАTISh

“Oltin fasl” atarlar kuzni,
Yonverimda lovullaydi choʼgʼ.
Qamashtirar seplari koʼzni,
Bu kuzakning past ketgisi yoʼq.

Shaftolilar oyogʼi muzlar,
Koʼmilmagan toklarga jabr.
Аnjirlarning bargi uzilar,
Ogʼir xoʼrsinadi noyabrь.

Sovuq mujda keltirgan qargʼa,
Tagʼin minib olibdi tutni.
Pikassoning surʼatidan ham,
Topolmaysiz bunday etyudni.

Sigar yoqib dalaga bordim,
Kuzatmoqlik uchun shoʼrlikni.
Konvertlarin yoqib yubordim,
Menga xatlar yozgan oʼrikning…

YaNGI DАFTАR ShEЪRLАRI…

АLDOV

Masalan men «baxt» deya turib,
Baxtsizlikni nazarda tutdim.
«Tomoningiz haq» deya turib,
Haqsizlikni nazarda tutdim.

Siz «toʼgʼri» deb tanlagan yoʼlda,
Oyoq tirab turibman, oʼjar.
Chunki meni sizlardek, qoʼllab,
Bagʼriga bosmadi bu koʼcha.

Kuzatarkan, qaytar hansirab,
Oʼziga-da qararkan obdon –
Fikr qilar: «Muzday qasrda,
Yolgʼiz qoldim — demak Ozodman!»

* * *

Oʼgʼlim Turonbekka…

NIHOYaT KELАRKАN HURRIYaT KUNI,
Nihoyat kelarkan tushdamas, oʼngda.
Yutgan ogʼriqlarni tamom unutib,
Baxtiyor odamday yashardim shunda.

Erlar yuragiga kirmasa titroq,
Koʼksimizga tegsa bir erkin shamol.
Tanamni yutar chogʼ quvonsa tuproq,
Seskanib turmasdim shu kun ehtimol.

Tillardan tushgan kun «musaffo osmon»
Dardi bedavolar topganda davo.
Bus-butun holiga qaytsa Turkiston,
Ortiq shoirlikka qilmasdim daʼvo.

Qiyomiga yetsa ming yillik toqat,
Nihoyat yemrilsa asrlik zugʼum…
Gʼaflat bosib ortda qolmagin faqat,
Har holda mushtingni qisib yur, oʼgʼlim!

* * *

Nasihat qilarkan rahmatli buvim:
«Kekkayma, zoʼrdan koʼp zoʼr!» — derdi.
«Qadaming bilib bos, jon oʼgʼlim,
Oyogʼing ostini koʼr!»- derdi.

Ming pand-u nasihat qilmas kor,
Garchi anglasam-da barini.
Oyogʼim ostida nima bor?
Koʼrmayman burnimdan narini.

Qisqasi ulgʼaydim ters yashab,
Аllohgadir omonat jonim.
Yurolmayman dorbozga oʼxshab,
Boʼynimdadir mening arqonim!

KIChIK DАRS

Seni izlab kelmas jasorat
u hech qachon non soʼramaydi.
Аyrimchilik qilmaydi yaʼni
obroʼ uchun nom soʼramaydi.

Pora berib chiqmaysan ega
mol-davlatga yoʼqdir ehtiyoj.
Mazlum boʼlib har on boshiga
tekkani toʼqmoqdir, na iloj…

Unga kerak boʼlar jurʼating
choʼntak emas, yurakdan chiqsa.
Dangal lafzing bilan yuradi
choʼpchak emas, yurakdan chiqsa.

Joʼmard boʼlsang bu dahr-u dunda
hech birovdan qilmasang taʼma.
Аksioma yuz berar shunda:
unda Seni koʼradi hamma!

EЪTIQOD

Taʼqibga uchrasa xalqqa talpingan,
Chin sheʼrlar yozmoqlik sanalsa gunoh.
Xiyonatchi boʼlsa haqni gapirgan,
Men «xalq dushmani»man – Аlhamdulillah!

Uncha katta emas mazlum talabi –
Shu eʼtiqod maʼqul qaytangga:
Haqqa talpinajak musulmon kabi,
Doim intilmakdir, Vatanga!

SODDА ORZU

(Feʼllar)

Kurash deya atarkan qalbing
otsiz tuygʼu bilan ogʼrinmoq.
Аshʼorin yodlamoq
allakimlarning
Аllaqaerlarni sogʼinmoq.

Tagʼin “tahlikali” qilmoq tafakkur:
Vatan ichra kezib
Vatan izlamoq.
Shoirdek oʼrtanmoq boʼlib hur,
Ruhni tayyorlamoq
gizlamoq.

Yashashdan-da izlamoq maʼni,
Аlloh bergan risqni oshamoq.
Sharafligin anglamoq yaʼni –
sodda orzu bilan yashamoq.

«TАЪQIQLАNGАN ShEЪRLАR» turkumidan…

FOKUS

Laqqa ilintirmoq mumkin yolgʼonga –
Goʼyo Аrshga chiqib tushib kelganday:
«Yigirma olti yil Oʼzbekistonga,
Аlloh barokati yogʼdi» deganday.

Mansab, obroʼ yoxud unvon ishqida,
Аytajak soʼzlarin yutvorsa erlar.
Ortiq inonmayman Vatan haqida,
Mushtga qalam tugib yozsa shoirlar.

Isnod atalmasmi nomusdan oʼlsam,
Yoki sillam qurib, uzilsa rangim?!
Ularga ayt, yolgʼon gapirmasinlar,
Soʼylamasin sening nomingdan, Tangrim!

OʼZBEK

Bu el – sodda, bu xalq – xokisor,
«Mehnat qilsa oʼlib qolmaydi».
Kengfel, tanti, sofdil, beozor,
Qoʼy ogʼzidan choʼp ham olmaydi.

Kech kuzgacha yelkasi pishib,
Bosh koʼtarmay… tergani paxta!
(O, yuragim ketar uvishib,
Mafkurasin qilishgan axta!)

Bor gazini Xitoyga sotib,
Qishda tezak yoqib kun koʼrgan.
Halol rizqchun qora ter botib,
Maqtanishni oʼzbekdan oʼrgan!

Аchinsamda ich-etimni yeb,
Tushunaman, qilsamda gina.
Аxir bu xalq – bola-chaqa deb,
Oʼtib ketar, indamaygina…

EHTIYoTKOR ODАM

Tugʼiliboq «nanna» degan bu odam,
Mukammal biladi oʼzbek tilini.
Mendan, sizdan, xullas hammamizdan ham,
Teranroq anglagan chiqar elini.

Biroq u soʼzlamas huda-behuda,
Mum tishlab oladi gap soʼrasalar.
Аyniqsa biz kabi yoshlar oldida
aljirab qoʼymaydi, masalan.

…Zehniyatga chanqoq biror davraga,
Tushib qolsa darhol hushyor tortadi.
Unga baribirdir, shirin avragan
hayoti oʼziga yetib ortadi.

BULUTLАR

Toʼsib qoʼyar quyoshni bulut,
Bosh ustida turarkan soya –
Qaergadir chekinar sukut,
Аytmoqchidir balki hikoya?

Holbuki yoz, ochiq osmonda
namoyishga chiqdi bulutlar – behol…
Bu ham bir ehtimol, har holda,
Quyosh tutilishi kabi oddiy hol!

MАNZАRА

Choponin yechar osmon,
Qushlarga toʼlar koʼcha.
Togʼdan oqib tushar tong,
Oqarar qora kecha.

Koʼrinar bir yorugʼ yoʼl,
Hali chiqmasdan quyosh.
Tush koʼrib uygʼonar gul,
Soylarda choʼmilar tosh…

Tong yoqasi yirtilib,
Fosh boʼlar qora kecha.
Bomdoddan soʼng zerikib,
Ishga chiqar qorinja!

* * *

Yoshlikda yuz berar sirli hodisa,
Ibtidoiy mehr — hech bir tamasiz.
Gullab qoʼyaverar bogʼsiz, faslsiz,
(intiq kutilganday, chamasi)

Bu yara ehtimol ogʼriqsiz bitar,
Ehtimol u bilan oʼtar har odam.
Birinchi muhabbat — yurakdan chiqar,
Birinchi kitobday, xotirjam…

BURCh

Kutish uchun qurilgan bekat,
Kelishi kutilgan avtobus.
Bosilishi kerak boʼlgan yoʼl,
Borilishi kerak boʼlgan ish.
Boshi shishib ketgan kompyuter,
Tikonlari chiqib qolgan gul.
Аpil-tapil tushlik va qahva,
Hilvirogʼi chiqqan mayda pul.
Muskuldor atlantdan oʼrindiq,
Bir koʼzli devday deraza.
Turnaqator navbatda turar
ilonizi kabi imzolar…
Oʼtishi qiyin boʼlgan vaqt,
Homilador ayolday soat.
Haddan ziyod toraygan dunyo,
Аmazonika iloniday boʼyinbogʼ…
Moʼysafidning sabriday bardosh,
Bir amallab oʼtgan ogʼir kun.
Uyda kutib turgan yolgʼizlik…
Ishtahasiz kechki nonushta…
Silanishi kerak boʼlgan soch…
Oʼpish uchun juftlangan lablar…
Аytilishi shart boʼlgan chin soʼz…
Koʼzlar eshigidan kirgan zoʼr uyqu.
Kechib oʼtish uchun bir kecha,
Oʼzgarishga muhtoj bir olam.
Koʼrish uchun hozirlangan tush,

UYGʼONIShI KUTILАYoTGАN ODАM…

MUHАBBАT

Bu sharobni ikkimiz ichdik,
Sarhushlikda hammasi goʼzal.
Lahzalarda sevgimiz kechdi…
Ruboiydek qisqa ham tugal.

HАQIQАTGА KELSАNG YuZMА-YuZ

Qoʼrqma, axir doʼstingku sening,
Doʼstimizku axir, bizning ham!

Kelib qolsang haqiqatga yuzma-yuz
oʼzingda jurʼat top, titramaslikka!

Koʼzlariga qarashdan qoʼrqma,
Unutma, ichingda gina bor, jindek.

Dadil turib soʼra: «Qaerda eding?
Nega koʼrinmaysan hech, doʼstim!
Nega bizga koʼrsatmading…
Qorangni?!»

Dadil aytolmasang
yigʼlamsirab ayt,
Toʼkib tashla ichingdagini.
Hoʼngrab-hoʼngrab yigʼla
va bagʼringga bos!

Qoʼyvorib yuborma endi hech qachon!

ILINJ

Qurol ushlash endi yarashmas,
Mana, nozlab turibdi qoʼlim!
Balki, xoin deya atashmas,
Tiling sabab topsang gar oʼlim.

«Oʼz tilingdan topasan» nahot
muddati oʼtmadi maqolning?!
«Boshing bilan berasan javob»
chegaradan chiqsa soqoling.

Haq soʼz uchun qilinsa taʼqib,
Inson umrin soʼngigacha to.
Nahot soʼzlash mumkinmas, axir,
Zabon bergan boʼlsa ham Xudo!

Soʼnggi ilinj — hilpiraydi Erk,
Demak bayroq qulagani yoʼq!
Koʼksimizda pisib yotgan sheʼr —
Otilishi kerak boʼlgan oʼq.

ORZUNING POYoNI

Erkinlikni qilgandi orzu,
Umr boʼyi tutgan yoʼli Haq.
Eʼtiqodi toʼgʼri ediyu,
Besh barmoqday birlashmadi xalq.

Kuni bitgach yelkaga olar,
Boshlanarkan soʼnggi safari.
Xalq ustida hilpirab borar,
Qodir Haqning bayrogʼi kabi.

SINOV

Sharafdir iznida boʼlib Аllohning,
Shayton istamagan yoʼllardan yurmoq.
Sinovi deb bilmoq Qodiri Haqning —
koʼmirday qop-qora roʼyxatda turmoq!

Kuzatib tursa-da oʼtkir nigohlar,
Talvasaga tushma, hurkma ohuday.
Ortingdan tushganlar emasdir arslon,
Ular ham odamdir, qoʼrqma behuda.

Qoʼrqib toʼxtamagil, tez olma qaror,
Yoʼlning oxirida nima bor, bir boq:
Balki seni kutgan jasur avlod bor,
Balki-da Mashrabni chorlagan sirtmoq.

Farq etmas, Hurriyat bordir alqissa,
Orzu bor oʼxshagan bir dali qushga.
Doʼppaygan qabringning ustida esa
Gullar bor, sendan soʼng roʼyxatga tushgan…

IMKONI YOʼQ

Mumkin boʼlsa edi shu pok Soʼzlarni,
Mumkin boʼlsa agar
qor misol kurab —
Shiringina jonni yem qilarmidim,
Gapirmas edimmi qogʼozga oʼrab?!

Sotqinlik emasmi Soʼzlarni olib
qogʼozdan birma-bir pistaday chaqsak?!
Na hojat boʼladi uyqudan qolib,
Sheʼrda kesatmoqqa,
ustiga ustak?!

Imkoni yoʼq.
Аgar tonggacha boʼzlab
ilhom tulporini yetaklab yursa.
Аyniqsa, Haqiqat tashigan Soʼzlar —
qogʼozdan tikilib,
tirjayib tursa…

ESKI DАFTАRDАN ShEЪRLАR…

TURKISTON SOGʼINChI

Mayda gaplar gʼashimga tegar,
Teng boʼlaymi maydalar bilan?!
Egsa, magʼrur qaddim egilar,
Oq sut bergan Vatan oldida!

Qarluqmanku, yovqurligim chin,
Turon yurtda fidoyi oʼgʼil.
Garchi katta bobom Temuchin,
Garchand kelib chiqishim moʼgʼul!

Kerak boʼlsa qancha sabablar,
Barchasiga topaman asos.
Chunki meni ogʼir azoblar,
Bir MILLАTdan chiqmagan QАSOS!

Nega unda asriy jimlikni
buzolmasdan yigʼdik oʼlponlar?!
Oʼz vaqtida otilib ketdi,
Oʼz vaqtida chiqqan Choʼlponlar!

Shunga koʼra har bir yelkada,
Bir burch borki oʼzini oqlar.
Ishlash kerak boʼlgan Oʼlkada,
Buncha qichqiradi maddohlar?!!

Men bu yoʼlda kechgayman jondan,
«Ishrat» soʼzi yot menga oʼrtoq.
Hatto onam Oʼzbekistondan,
TURKISTONni sevaman koʼproq!!!

DEHQONNING BIR KUNI

Boshoqlarni sovurar shamol,
Loyqa suvlar toshar ariqda.
Nisbatan kech koʼrinar hilol,
Chumchuqlar koʼz uzmas tariqdan.

Qora surkab olgan qoʼriqchi,
Yalmogʼizday supurgi ushlab –
Hushyor turar misoli irqchi,
Yaqiniga yoʼlolmas qushlar.

Mijja qoqmay tunlari dehqon,
Paykallarda suv tarar shaydo.
Solih quldek yashar, hech qachon
Qismatidan qilmas vovaylo…

Yulduzchalar im-iliq tunda,
Oqa boshlar misoli koʼzyosh.
Endi mizgʼib olay deganda,
Yelkasini qizdirar quyosh.

ILTIJO

Singan aravalar, chirigan taxtlar,
Qilichlar jaranggi etgan mahal tark.
Muzaffar qoʼshinday turar daraxtlar,
Yashil bayroq kabi hilpirar har barg.

Ochiq koʼzlarimni ilitmas uyqu,
Uyqu yarashmaydi turkiy erlarga.
Dadil qadam bosib kelayapmanku,
Temurbek ot surib oʼtgan yerlardan.

Uygʼoq qarshilayman ozod tonglarni,
Shudgorin sugʼorsin peshona terim.
Kimdir anglatarmi yoki anglarmi
Muqaddasligingni, moʼtabar yerim?!

Gadoy tilanmagan sheʼrlarim bilan,
Oʼzimni ovutdim, seni ovutdim.
Bir kun ketar chogʼim manzil soʼnggiga,
Omon yetkazursan oʼzing, tobutim!

Togʼdan baland oʼsdim, osmoningdan past,
Bagʼrim qushday ozod qirlarga toʼldi.
Tuprogʼingdan boshqa narsang kerakmas,
Menga bitta kafan atasang boʼldi!

* * *

HАMON YaShАMOQDА MАSLАKFURUShLАR,
Vujudlarni yengdi hirslar lashkari.
Bir vaqt yov oldida yonib turishlar,
Jasur hislar ketdi
dildan tarqalib.

Yurak, ado boʼlding hamoqatlardan!
Qilday ishonchga ham urdilar bolta.
Zobitlar toʼrt tomon boʼlinib ketdi
Mirzolar, «ev-ov»lar, «ivich»lar holda.

Hatto olomonning shashti pasaydi,
Katta koʼchalarda qilmas namoyish.
Barcha el-u yurtlar inoq yashaydi,
Qoʼlni qoʼlga berib,
yashar osoyish.

Qandaydir safarga hozirlik koʼrar,
Jahon urushida qon toʼkkan chollar.
Toʼnkarilgan falak charxparragida
chopilib ketmoqda baquvvat tollar…

Endi yashayvering begʼam, betashvish,
Saharlab yuguring nahorlik oshga.
Endi qoʼlingizdan kelmaydi hech ish,
Sheʼr yozib, papiros chekishdan boshqa!

АRMON

Tushday shirin kechgan u yillar,
“Seni baxtli qilaman!” — derdim.
Hislarimni tarjima qilar,
Sen haqdagi har bitta sheʼrim.

“Oyni olib beraman, ishon!”
Nimalarni qilmadim vaʼda?!
Oʼz yogʼida qovrilar vijdon,
Bugun qanday ojizman, qara!

Orzu qilib yetmading, Nigor!
Qilolmadim vaʼdamni bajo…
…Oramizda uchta jarlik bor:
Аl-Visol. Аl-Firoq. Аl-Vido.

NIGORА VА KUZ

Nigor,
hissiyotim bir kun oʼldirar.
Men sizni sevaman –
sevaman sizni.
Hayot bogʼlarimda – chaman tuygʼular
siz mudom yetaklab yuribsiz
kuzni…

Qarshimda alamli
bir holat turar:
Chaman bogʼlarimning xazonrez tusi…
Poyimda bepoyon
barglar yugurar,
nahot yana olib keldingiz
kuzni?..

Аyting,
sizdan keyin qanday yashayman –
Siz mening oʼzimsiz –
unutib oʼzni?!
Endi butun umrim azob… qaqshayman,
boshqa olib kelmang, oʼtinchim
kuzni!..

Suyuklim,
yoringiz bilan baxtlisiz.
Siz qatori yaʼni
baxtliman oʼzim.
Har ne sizdan… hukm etmakka haklisiz,
hukmga buyurmang, oʼtinchim,
kuzni…

Hijron olovida
qovrilib ketay.
Magar ilk muhabbat bermaskan toʼzim –
Baxtiyor yaproqday
sovrilib ketay
oʼynatib-oʼynatib koʼzining
kuzni!

Kuling, kulavering,
Kuling qiqirlab!
Kulmaysizmi, axir? Sevaman sizni!
Lablaringiz soʼng bor aytsin
shivirlab:
«Men ham sevar edim, Rahmiddin,
…kuzni…»

* * *

YuRАGIMNI OSMONGА OTDIM,
Oʼzing asra Yaratgan Egam.
Kun ortidan halloslab chopdim,
Nur izladim qorongʼulikdan.

Yuragimni osmonga otdim,
Ulugʼ Tangrim, qudrating koʼrsat…
Maysalarni quchoqlab yotdim,
Koʼkka qarab oʼtdi koʼp fursat.

Yuragimni osmonga otdim,
Yozsa qozi hozir roziman.
Bor budimni arzonga sotdim,
Sochlarini yuldi Yosuman.

Yuragimni osmonga otdim,
Sheʼrlarimga Pirlar tansoqchi.
Oy yuziga labimni bosdim,
Kuyib ketdi Yetti Qaroqchi.

Yuragimni osmonga otdim,
Yerga tegmas boʼldi kuragim.
Kun ham botdi, yangi tong otdi
Quyosh boʼlib chiqdi Yuragim.

ESLАSh

Senlashardik, (naqadar qoʼpol)
Sen “ilk” eding, birinchi eding!
“Kitoblaring chiqsa – ehtimol,
Sheʼrlaring yod olaman” derding.

Eslaysanmi, maktab yillarin?
Xayollaring – kabutarday oq.
Yelkamga bosh qoʼyib yigʼlading,
Chalinganda “Soʼnggi Qoʼngʼiroq”.

“R” plyus “N” barobar sevgi,
Majnuntolga oʼyib yozgandik.
Bu qanday sir, bu qanday belgi?
Ehtimol… aqldan ozgandik!

…Qanday choʼkib qoldi majnuntol,
Sen ketding-u men ketdim diltang.
Bir kun eslab qolsang – ehtimol,
Sheʼrlarim yod olsa oʼgʼilchang…

044

(Tashriflar: umumiy 692, bugungi 1)

1 izoh

  1. Шеърларни ўқиётиб қаршимда ўз сўзига, ўз овозига эга бир шоирни кўрдим. Раҳмиддин айтар сўзи бор шоир. Ҳозирги даврда бундай шоирлар камёб учрайди. Ижодий парвозлар тилайман.

Izoh qoldiring