Rauf Parfi. She’rlar & Rauf Parfi. Ona Turkiston. Videodoston (1997)

0_16b44a_82614846_orig.png     28 март — Устоз Рауф Парфи хотираси куни

Олис 1981 йилни эслайман: қай фасл эди эсимда йўқ, Рауф аканинг навбатдаги ижарага олган уйида тўрт шоир тўпланган эдик. Ўшанда икки кун бетўхтов Рауф ака Андижон сафаридан олиб келган Лутфихоним ая ижро этган «Уйғон,болам» пластинкасини эшитган, мунгли ва даъваткор қўшиқни «Бу ўзбек шоирларининг гимни—мадҳияси!» деб ҳайқирган, қўшиққа жўр бўлиб бўзлаган эдик ва ниҳоят учинчи кун Рауф ака даъвати билан тўртовлон қўшиқ руҳи акс этган шеър ёзишга ҳам уриниб кўргандик (Хуршид Давроннинг «Рауф Парфига гулчамбар» мақоласидан. Мақола мана бу саҳифада.).

Рауф Парфи
ШЕЪРЛАР
07

Рауф Парфи (Турсунали Парпиев) — 1943-йил 27-сентябрда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига қарашли Шўралисой қишлоғида туғилган. Отаси Парфи Муҳаммадамин саводли бўлиб, Фарғона вилоятининг Водил қишлоғидан шўролар қувғини туфайли Шўралисойга келиб қолган. Онаси — Сакинахоним Исабек қизи ҳам асли Фарғонадан эди. Рауф 1958-йилда 8-синфни тугатгач, ўқишни Янгийўл шаҳридаги кечки мактабда давом эттиради ва меҳнат фаолиятини бошлайди. Шоир 1960-1965 йилларда ТошДУнинг филология факултетини тугатган. Турли йилларда Кинематография давлат қўмитаси, „Ойдин“ газетаси, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат ҳамда „Ёзувчи“ нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган.

Биринчи шеъри 1957 йилда эълон қилинган. „Карвон йўли“ (1968), „Акс-садо“ (1970), „Тасвир“ (1973), „Хотирот“ (1974), „Кўзлар“ (1976), „Қайтиш“ (1981), „Сабр дарахти“ (1986), „Сукунат“ (1991), „Тавба“ (2001) шеърий тўпламлари нашр этилган. Рауф Парфи лирик қаҳрамон руҳий оламининг нозик эврилишларини маҳорат билан тасвир этувчи шеърлари билан танилган. Шоир сўзнинг ранг ва оҳангларидан, шеърий тасвир воситаларидан ўзига хос услубда фойдаланади. Шеърлари бир неча хорижий тилларга таржима қилинган.

Рауф Парфи Байроннинг „Манфред“, Нозим Ҳикматнинг „Инсон манзаралари“, Карло Каладзенинг „Денгиз хаёли“ ва бошқа жаҳон шеърияти классикларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Рауф Парфи 2005 йил 28 мартда Тошкент шаҳрида вафот этади.

07

ВИДО ТАБАССУМЛИ ОЛАМ, ЁШЛИГИМ

Ёшлик зангор фасл, кечди, сарғарди,
Тўкилди у. Шафқат билмас баргрезон.
Қора совуқларга отиб юборди,
Шамоллар пойида синмоқда хазон.
Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди.

Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл,
Қанча фарёд қилмай қайтариб бўлмас.
Ҳар қалай олдинда бордир сўнгги йўл,
Токи етгунингча хотирот ўлмас,
Ҳарна ўтди, мендан ўтди, омон бўл.

Видо табассумли олам, ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим,
Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим,
Видо табассумли олам, ёшлигим.

* * *

Ёмғир эмас, марварид ёғар,
Ёмғир — кеча шаклинда бу он.
Сув сингари жилдираб оқар,
Кеча кечар шод ва беармон.
Баргларда рақс этар шаббода.
Ўйнар сабо шаклинда кеча,
Тун булутга кўтариб бода
Афсоналар айтар тонггача.
Танизорим игна учинда
Кўзларимда порлар қора нур.
Менга кеча ёмғир ичинда
Машъум хаёл каби кўринур,
Рухсорини ювган кечада
Мен билмаган яланғоч шуур.

* * *

Дарё мавжларига ёзилмиш ғазал,
Майсалар эгилиб ўқийдир китоб.
Шодланиб хандалар отар бир лаҳза,
Бир лаҳза оҳ тортиб қўядир офтоб.
Қамишлар шивирлар дарё томонда,
Кўкда оқ булутлар кезар бемажол.
Бир тирик нафосат борлиқ, жаҳонда,
Кимгадир эланар, қилар илтижо.
Бу қадар гўзаллик қайси очунда,
Бу қайси китобдир, кимнинг дафтари,
Кимнинг оламидир қилич учинда?
Қалтираб порлайдир бир чироқ ғариб,
Бир қушча сайрайдир руҳим ичинда,
Бир қушча йиғлайдир мени ахтариб.

* * *

Мен биламан, вужудинг бўзлар,
Бағринг ёнар саёқ ўғлингга.
Сени ўртар бир оғир сўзлар,
Ахтариб чиқарсан йўлимга.
Кўчаларга қарайсан ҳар зум,
Кечаларни оқлайсан, она.
Гуноҳкорман ёлғиз мен ўзим,
Яна мени оқлайсан, она.
Очиқ ётар токчада китоб,
Очиц ётар менинг дафтарим,
Унда кезар мангу изтироб.
Тубанликда ёсуман жари.
Шўрлик ўғлинг бир умр бетоб
Синган сози, синган ханжари.

СЕНСИЗ

1.

Совуқ. Атроф темир. Қўлимни очдим,
Елкамда чатнади қайноқ қўрғошин…
Вайрона қаъридан кўкларга қочдим –
Арзонга олдилар Мажнуннинг бошин.

Раҳмсиз оломон, сизга не керак?
Англадим, жисмимни руҳимни боғлар.
Ваҳий келди менга, чирпанди юрак,
Акс-садо берди муқаддас тоғлар.

Фароғат зирваси. Олам — билгисиз,
Охири сен келдинг. Хаёлга толдинг.
Водий оғушида сўзсиз, белгисиз,
Аста од имлар-ла кўздан йўқолдинг.
Фақат к;айга кетдинг, қайларда қолдинг,
Оҳ, қандай яшайман сенсиз — севгисиз.

2.

Соҳилда бир ўзим. Денгиз қоронғу,
Елкансиз кеманинг ичинда шубҳам.
Ваҳима шивири, бўғзимда оғу.
Ақлим бир фалокат сезади мубҳам.

Ранги ўчган осмон хунук ғулдирар,
Аччиқ чирқиллайди номаълум бир қуш.
Ва ёнимда қонли булоқ чулдирар,
Атиргуллар, сенинг гулларинг беҳуш.

Феруза,. зумуррад гулларинг пайҳон.
Оҳ, тупдтсинг кемадан. Карнай чалдилар,
Ва кўзга кўринмас қўллар шу замон
Ағдардилар мени, кишан солдилар.

Фарёдим ичимда, отма гулингни…
Отма, слғизликдан — бахтли қулингни.

3.

Сўлдирша гулингни, илоҳим, ёнсин,
Еру осмон кўрсин кўз юммай бедор.
Вақт — улуғ ҳакам. Руҳинг уйғонсин,
Асрий умидим — Сен. Сен борсан. Сен — бор.
Ровийлар не учун? Ҳақ ва Ҳақиқат!
Асирлик занжирин парчалаб ташла.

Вужудингни ёқсин аламли фикрат,
Аён ҳшқиқатга, ҳақ йўлга бошла.
Фурсат ўтмақдадир. Вақт бу — беомон,
Омонат дунёда омонат одам –
Виждон шеваси бор, меҳроби иймон –
Асл инсонларин чорлайди бу дам.

Фалакка санчилиб қолган сўзим бор,
Оловлар, чаманлар ичра ўзим бор.

* * *

Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар,
Тонг отмоқда, қуёш — замбарак.
Яраланган Ер шари ётар,
Бошларида яшил чамбарак.

Тонг отмокда, мусаффо тонгга
Юрагини тутар одамлар,
Шу тонг учун келган жаҳонга,
Шу тонг дея ўтар одамлар.

Тонг отмоқда…

БИР ҚУШЧА

Бир қушча деразам ёнида
Ўтирар паришон ва гариб.
Йиғлайди кўзлари ёнади,
Кўзлари иккита марварид.

Бир ажиб навога ўхшайди,
Шоирга ўхшайди бир ҳассос.
Мискин соз чалмоққа у шайдир,
Дардига бордир-ку бир асос.

Мен унга қарайман оҳиста,
Мен қушча ҳолига йиғлайман.
Ва лекин билмайман,не истар,
Билмайман, ҳеч қачон, билмайман…

БИРГА ТУҒИЛДИК-КУ, ЮРАГИМ

Бирга туғилдик-ку, юрагим,
Жаҳонни кезмакка пиёда
Одимларимиздир бирдир бизнинг,
Шу бахтли, шу бадбахт дунёда
Одамларимиз бирдир бизнинг.

Бирга туғилдик-ку юрагим,
Насиб этганда ҳам мангулик
Сен яшайвер, сен мени кутма,
Мен-ку исмингман холос,
ва лек,
Юрагим, исмингни унутма.

МУНОЖОТ

Бағримда ғилдирар темирчил ҳаёт,
Изғитқи чивғинда чидамдир бошим.
Фақат сен уйқучан томирни уйғот,
Қизимнинг қўлига куч бер, Қуёшим.

Бағрида лахча чўғ, айланади Ер,
Қувончҳим, севинчим, куюк кўзёшим.
Фақат сен қизғонма, бир кафт меҳр бер,
Илинжим, сиғинчим — буюк Қуёшим.

СУНБУЛА

1. Тўкилиш олдида гулим. Эҳтимол
Сенга боқиб кўнглим уйи бузилди.
Хомуш тортиб, жунжикпб қўйди шамол,
Бир узим узумнинг юзлари сўлди.
Совуқ осмон юзида изғир кўзим,
Хотирамнинг тасбеҳлари тизилди.
Қайғудаман, қонга қоришган сўзим,
Тасбеҳимнинг чайир ипи узилди.
Қандайдир бу нидо, ҳазин ва карахт?!
Нечун кетмас қора қарғалар нари?
Қаранг, ингиллаган итларга қаранг.
Сирли энтикади яланғоч дарахт,
Бари унутилиш истанди, бари…
Сунбуланинг симлари кескир, таранг.

2. Қўй, бўлди. Гапирма. Кечирма мени,
Кўзингдаги тошни ғичирлатма, бас.
Қуйилмоқда кундузнинг аччиқ туни,
Ичиб ташламасам мен уни бўлмас.
Тўхта. Бас қил. Гапирма. Бўлди.
Ўзим гуноҳкорман. Мендан—бу кўрлик
Зангор япроқларнинг бағрида шўрлик
Кеча шовуллаган шамоллар ўлди.
Бир сўз тополмасман сенга, севгилим,
Сўзлар, сўзлар қолур бўғзимда қотиб.
Билмасман, нақадар севаман сени.
Бу пайт фалакларга соврилар кулим,
Ерга тўкиламан сени йўқотиб,
Шивирлаб шамоллар марсиясини.

3. Тўлғонган сочларинг қора илондир,
Вужудимга ташлар англанмас қўрқув,
Очилган бағримнинг дарди нолондир—
Сенинг кўзларингдек теран, қоронғу.
Илон сочларингни шамол ўйнайдир,
Узилган барг каби қалтирайдир жон.
Эзилган юракни эзиб тўймайдир,
Гулим, кўзларингга беркинган жаҳон.
Ғимирлар кечанинг қоп-қора тани,
Сочларинг илони танимни ёқар.
Бағримни эзишга яна шайланиб,
Дарё бўлиб сенинг кўзларинг боқар…
Узайиб, жимирлаб, сувга айланиб
Дарёга лим тўлиб жасадим оқар.

ҚОРА ДЕВОР

I. Қандайин сирдир бу, бу қандай тушдир,
Бу қандай уйқудир, уйғонган уйқу.
Кўзларимдан қора қузғунлар учди
Мудҳиш қора девор ортида, ёҳу!

Қора девор қаьри, сотқинлар юрти,
Тилсиз, ватансизлар ватани қолди.
Санқиган жасад-ла телбариб юрдим,
Ақлимга рўёлар калолат солди.

Заҳарга айландим, ёғочдек синдим,
Қайта ўлдим, руҳим қайтмади танга.
Ҳазрат Султонимга синграб сиғиндим

Аллоҳим, мадад бер. Бир Сўз бер менга,
Жонимнинг парвозин бергил, соғиндим,
Ишқ бер! Қайтар мени ёруғ Ватанга.

II. Кўрдим созинггизни чайнади алам,
Бузғунзор қўйнида унган соф гулим.
Мажруҳлар юртида хўрланган онам,
Зўрланган қонсинглим, мангу севгилим.

Тупроққа йиқилдим, кўкка осилдим,
Минг йил изладимми? Топдимми? Қачон?
Сўриб тўйдиларми сизни қонсинглим?
Эзиб бездиларми сиздан, онажон?

Ерга чўккан осмонларни кузатдим,
Чопилган оёғим билан чопдим мен,
Кесилган қўлимни сизга узатдим.

Бу дунё гулларга тўлди. Қотдим мен,
Сўқир кўзларимни нур-ла безатдим.
Меҳрибоним, қоним, Сизни топдим мен.

III. Меҳрибоним, изинггиздан борамен,
Шивирлайдир шеьрим. Бу қайси оят?
Бу дунёда қирқ Мажнуннинг бири мен,
Ўлимга чап бериб келдим ниҳоят.

Юрагим зиндони. Бир яланғоч дор,
Солланиб турадир фақат мен учун.
Бунда бир муҳаббат заҳри қотил бор,
Бу зиндонда бир Лайло бор, бир Мажнун.

Меҳрибоним, хуним, мен Сизни топдим,
Қоним бердим бу сирли хаёлларга.
Сўйдим юрагимни, кўксимни чопдим,

Ай, совурдим ул совуқ шамолларга,
Ҳукм қилдим ўзимни. Тонг чоғи отдим.
Нуқта қўйдим жавобсиз саволларга.

IV. Надир бу? Тилим лол, вужуд валангар,
Кўргали кўзим йўқ, кўзим ўйилғон.
Бир шарпа илғамас, қулоқларим кар…
Билдим, Сиздан бошқа барчаси ёлғон…

Эйвоҳ, қора девор сирти оқланган,
Бўйнимга чирмашган иблисни қувдим.
Кавсар чашмасида минг йил покланган
Тош билан қадимий танимни ювдим.

Бир қудрат шаьшаси тентир изимда,
Хилқатни англаган зотдек хомушман,
Етти водий айланадир измимда.

Бори ёлғон, мен саробман, мен тушман,
Йўқ, мен қушман, чала сўйилган қушман,
Айтилмаган Бир Сўзим бор бўғзимда.

V. Алданган, чархланган қалб билан ўтдим,
Ёру дўстлар бошим узра йиғилди.
Ҳукм кутган каби мен Сизни кутдим.
Унутдим ўзимни, ўзим туғилдим.

Кўзимнинг қаьрида ул Қора Девор,
У тараф қоронғу ҳар нарса йўқдир,
У тараф заҳардир, ханжардир, ўқдир,
Кеча йўқ. Букун йўқ. Эрта йўқ. Сиз бор.

Тирикликдан кечдим, ўлимдан кечдим,
Осмон деганлари менинг фиғоним,
Дунё заҳарини бир ўзим ичдим.

Ёнди тун чароғим, кулди жаҳоним,
Мен қанот боғладим, кўкларга учдим,
Ассалом, севгили Инсоним, қоним.

VI. Танамдан чиқдим-да мен ерга индим,
Менга бари аён, тириклар кўрмас.
Эй сиз кўр оломон, мен руҳман, дедим,
Улар кўрмас мени, ҳолимни сўрмас.

Бани одам овчи, одамни овлар,
Тишлаб тўймас, ғажиб тўймас, бедаво.
Ночор майитларнинг чўнтагин ковлар,
Пинжида хиёнат, қабоҳат, ғавғо.

Сўзимга тўлди соғинч, сўзим-да ёлғиз.
Кўзимга тўлди ёлғиз Аллоҳ жамоли.
Белги берди фалак. Номаьлум бир из.

Жисмимни синдирди ажал шамоли…
Тобутимни қучиб йиғладинггиз, Сиз,
Нечун, Дунёнинг Энг гўзал Аёли?!

АДАШГАН РУҲ

I. Қуёшнинг ёғдуси қорадир,
Юлдузлар музлардир тўкилган.
Бу дарё узанган ярадир,
Дарахтлар эгилган, букилган.

Юлдузлар музлардир тўкилган,
Тошлардек қотмишдир тумонлар.
Ерларга тиканлар экилган,
Экилган ёлғонлар, гумонлар.

Бу дарё узанган ярадир,
Ҳасратдир тинмаган ҳеч қачон.
Жимирлаб қайларга борадир,
Борадир безабон, бемакон.

Дарахтлар эгилган, букилган,
Ер тишлаб ётибдир япроқлар.
Тошларга михланган, чекилган,
Лочинлар, каптарлар, чорлоқлар.

Қуёшнинг ёғдуси қорадир,
Қуёшнинг сочини ўргайман.
Наҳотки энг сўнгги чорадир,
Адашган Руҳни мен кўргайман.

II. Тошлардек қотмишдир тумонлар,
Булутлар фалакнинг оҳлари.
Кечмакда эронлар, туронлар,
Тубанда қоронғу чоҳлари.

Булутлар фалакнинг оҳлари.
Ингроғи, сингроғи учадир.
Тубанда мусибат тоғлари,
Қора ғон ичиндан кечадир.

Кечмакда эронлар, туронлар,
Судралиб, пайпаслаб, итариб.
Кечмакда бўронлар, суронлар,
Энг гўзал, энг бағал, энг ғариб.

Тубанда қоронғу чоҳлари,
Қаьрига чақирар, ялтирар,
Итлари, отлари, зоғлари,
Харсангга айланар, қалтирар.

Тошлардек қотмишдир тумонлар,
Билгисиз очуннинг асари.
Тубанда гуноҳлар, иймонлар,
Адашган Руҳ кезар сарсари.

III. Ерларга тиканлар экилган,
Тошларга, харсангга санчилар.
Туркистон туғлари тикилган,
Бетлашган жонибор янчилар.

Тошларга, харсангга санчилар,
Чеки йўқ йўқликнинг ноласи,
Дийдалар томчилар, қамчилар,
Сабрнинг – Одамнинг боласи.

Туркистон туғлари тикилган,
Ватансиз касларнинг йўли берк.
Хўрланган, зўрланган, тўкилган,
Эркидан айрилган қутлуғ Эрк.

Бетлашган жонибор янчилар,
Туёқлар остинда бўзлайдир.
Жангчилар, пулчилар, танкчилар,
Ёғийлар ёлғонни сўзлайдир.

Ерларга тиканлар экилган,
Дов учун, ов учун, ғов учун.
Туркистон туғлари тикилган,
Ёв учун, ёв учун, ёв учун.

IV. Экилган ёлғонлар, гумонлар,
Тарихнинг темирдан девори.
Аққадлар, сумарлар, юнонлар,
Билинггиз, бу Турон Диёри.

Тарихнинг темирдан девори,
Йилт этган бир зиё кўринмас.
Мозийнинг кўмилган мозори,
Атрофда тирик жон уринмас.

Аққадлар, сумарлар, юнонлар,
Туркийлар, наҳотки кечмишдир,
Кетмишдир, йитмишдир жаҳонлар,
Йўқликнинг заҳрини ичмишдир.

Билинггиз бу Турон Диёри,
Қонлари кўкларга сочилган.
Йўқ эрки, йўқ дўсти, Ҳақ ёри,
Боблари кенгликка очилган.

Экилган ёлғонлар, гумонлар,
Бергайдир, албатта мевасин.
Бу тунлар, бу кунлар, бу тонглар,
Мен ва Сен, Мен ва Сен, Мен ва Сен.

V. Ҳасратдир тинмаган ҳеч қачон,
Манглайга ёзилмиш бу оят.
Муҳаққаҳ ёзмишдан ким қочғон,
Ким кўрган? Ким билган ниҳоят?

Манглайга ёзилмиш бу оят,
Ҳукмдир, муҳрдир, ўчмасдир.
Зулматда йўқ эрур ҳидоят,
Зимистон ранглари кўчмасдир.

Муҳаққаҳ ёзмишдан ким қочғон?
Барини амрига олажак.
Тириклик тилсимин ким очғон?!
Қулфига ким калид солажак?

Ким кўрган? Ким билган ниҳоят?
Қорайиб ялтирар ложувард.
Шоирда бормидир риоят,
Кўзида, сўзида аччиқ дард.

Ҳасратдир тинмаган ҳеч қачон,
Йилт этган зиёдан йўқ асар.
Ул мавжуд, номавжуд, жон – бежон,
Адашган Руҳ кезар сарбасар.

ТАВБА

I. Додимни эшитгил қодир Аллоҳим,
Ишқ сен-сен, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳрингга, дўзахим – боғим,
Омонат деворман, ўтман, кулингман.

Рубби маскун узра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мозорим йўқ, воқифсан ахир.
Манглайда ёзилган фармонинг айт,
Даьват қил, гуноҳкор бандангни чақир.

Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга,
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаьмини сўндирма, Аллоҳ.

II. Мозийга урилиб синар овозим,
Умр ўтиб борар бенаф, бенаво,
Наҳотки бу қўлим? Бу менинг созим?
Аллоҳдан сўрайман – нечун бу жафо?
Жами жудоликлар жонимга етди,
Ол, дейман Аллоҳим омонатингни.
“Тавба қил- деди Ул, бир Китоб тутди –
Муродинг мустажо, мингил отингни,

Уммонлар йўлингда, чангал йўлингда,
Номаьлум ҳар жойда қурилган доринг.
Оламнинг калиди сенинг қўлингда,
Жафо ҳабибингдир, хиёнат ёринг”.

Аллоҳим, лаҳза мен, сен эрса мангу,
Таскин берганингми, шафқатингми бу?!

III. Семурғ қушим, подшо қушим, хуш келдинг,
Етти гумбаз, етти водий сарвари,
Васлинг неьматидан баҳравар қилдинг,
Интизор жонингман йўлсиз сарсари.
Нола айлаб Семурғ деди: — Эй бедор,
Чорлар сени Бируборим! Бор! Ишон!
Сен фано водийси, ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…
Аллоҳим билурсен қай сари кетдим…
Аллоҳим… Мен ўлдим… Мен сенга етдим…

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Йил ўтуб, йиллар ўтуб тобора лойға ботамиз,
Иблиснинг супрасинда ваҳдат майини тотамиз,
Онамиз балки гумроҳ, балки сўқирдир отамиз,
Кўр бизим аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келғон чоғида виждонни пулга сотамиз.

Бизга ор бўлди наҳот, ёраб, Ватанни куйламак,
Зору зору бу замин етти фалакни ўйламак,
Қизимизга ўргатиб, суф, деб жаҳонни бўйламак,
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На худонинг буйруғи бўлғон улум ўргатамиз.

Ўлтурур эл хонавайрон, ботқон қуёшга кўз тикиб,
Кулфату сомон йиғиб қолмиш яна, бўстон экиб,
Нечалар нарвондадир, нечалар йитмиш кўз тегиб,
Ҳамда ҳар кун такяларда наша, кўкнори чекиб,
Барчага кокил солиб оҳ-воҳ ила ўйнотамиз.

Не баломиз биз ўзи, тўрдамиз, айвондамиз.
Не касофат феьли бу – қурдамиз, тайвондамиз,
Беназир паррандамиз, қўрдамиз, ҳайвондамиз,
Қоримиз, боёнмиз, балки бу вақт аҳвондамиз,
Ногаҳон кўрсак агар бесар соқовни қотамиз.

Қайдин эй сен, такаббур, кўксимни михлаб ўйгувчи,
Эй ялоқхўри бало, ичиб қонимни тўйгувчи.
Бормикан олам аро кўнгилга малҳам қўйгувчи,
Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгувчи,
Биз ани даҳрий санаб тафонча бирла отамиз.

Ақраболар – кўз очиқ, дунёи дун фоний билинг,
Эл учун, Аллоҳ учун, жонни тилинг, танни тилинг,
Келингиз, ул кун ўтди, қуллик асирликни тилинг,
Келинггиз, ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг,
Ухлағонларни агар Қодир эсак уйғотамиз.

АБДУРАУФ ФИТРАТ

Нега сени чулғаб олди бунча тиконлар?
Нега чиқди юрагингдан юзга бу доғлар?

Абдурауф ФИТРАТ

I. Ажаб мудҳиш қаро тун кафан тутар,
Бир замон тинмайдир, изғирар шамол.
Дарё кўпирадир, одамни ютар,
Ул гўзалдир, ул ирганчдир, ул хаёл.

Риёзат қамчиси каби савайдир
Алкан ёмғир бузғун танизоримни…
Улуғ Туркистонни кимлар севмайдир?!
Фиравнлар севмас менинг боримни.

Фироқнинг нағмасин чалар най синиқ,
Исрофнинг ичиндан силқир бу наво,
Таралар, ҳув, чўккан тоғлардан тиниқ.

Риёлар, ришватлар… Заҳарли ҳаво.
Азон товушини тинглайман оғир.
Туркистон. Қора тун. Шамол ва ёмғир.

II. Айтадир ой дардин булут қўйнида,
Булутлар ҳурпайган, на-да қорадир.
Дорлари муҳаққаҳ азлом бўйнида,
Унутилган, хўрланган халқ борадир.

Рақам қилди менга манфур жаҳолат,
Алам ортган карвон борар мунғайиб.
Уринадир, суринадир, бу ҳолат
Фақат пайдо бўлур ва бирдан ғойиб.

Фасиҳалар кўринар сочлариолов,
Ивирсир арвоҳлар кўзи-қўли қон…
Туркистон, Туркистон, мукаррам ялов…

Рад этдимми сени, қолдимми бежон?
Аламим шаьмлари сўндими, она?
Тилагим юлдузи тўндими, она?

III. Айрилиқ шамшири бошимда синди,
Борлиғим чопилди, ичдим қонимни,
Дунё тарихини ўқиб юкиндим,
Уйқудан уйғотдим Туркистонимни.

Ризқимизни ахир кимларга бердик,
Ахир одам эдик, муҳтож, нотавон.
Улар хирмон-хирмон, биз нушқурт тердик,
Фарёдимиз етиб бормас ҳеч қачон.

Фалокат устига фалокат тутди,
Интиқом, интиқом, дедим, югурдим…
Туркистон, Туркистон, Туркистон ўтди –

Разолат қабринда бош эгиб турдим.
Ай улуғ тоғларим, ай шонли Турон,
Токай уйғонмассан, ай қонли Турон.

МУНАЖЖИМ

Сен менинг эркимсан, менинг қафасим.

Асқад МУХТОР

Маьсума бинафша япроқларида
Ўзинг юз кўрсатдинг. Маьсум боқурсен.
Телба юрагимнинг сўқмоқларида
Азобимнинг чақмоқларин чақурсен.

Баҳорнинг ўткинчи, гизли сирлари
Аниқ нишон олур ўчар нафасим.
Ростинг айт, ёлғон де, бу гаплар бари,
Менинг эрким сенсен, менинг қафасим.

Ўғри уриб куйган кулбам сочилган,
Тақдирнинг ўйини чексиз нақадар.
Аммо йўлларимда бир боғ очилган,
Бахтдан, бахтсизликдан бермакда хабар.
Ажалнинг ўроғи мангу осилган
Ранду маломатдан асрар бу мақбар.

II. Мунажжим кўкларга телмурар ҳайрон,
Ўлмас ҳақиқатнинг каломин айтар,
Таскин излар изғиб вужуди вайрон
Аламзор боғига эзилиб қайтар.

Беҳуда дунёнинг кибру ҳавоси,
Ачинмакка арзимайдир шайтанат.
Разил олимларга, сотқин, ҳаёсиз
Маддоҳ шоирларга тўлган салтанат.

Ўртада талошдир кечмиш ва бу кун,
Тупроқ сочар, инграр, қўлтиғида тиғ.
Ахир ҳақиқат бор, валвала нечун,
Бунча осмон йироқ, бунча ер қаттиқ?!
Ақлу ҳушдан айро, вола мунажжим,
Рад бўлмиш оламдан кўзин юмди жим.

III. Муҳаббат не ўзи? Надур садоқат?
Ўзингдан минг бора сўрарсан ўзинг.
Титраб тоқатингга тиларсан тоқат,
Айтурсан хилқатга илоҳий Сўзинг,

Бу дунё барчадан қолур бегумон,
Армон саҳроси бу, алам чўли бу.
Руҳингни сўндирма, Аллоҳга инон,
Мадад бер ўзингга, иймон йўли бу.

Ўлим каби ҳақдир бу муҳаббат, бас,
Танҳо сени дея дунёлар кездим.
Айирма Борлиқдан мени бир нафас,
Буздим танизорим, кўзимни эздим.

Акссадо берди фалакда оҳим,
Рақибимга омонлик бер, Аллоҳим.

28 mart — Ustoz Rauf Parfi xotirasi kuni

Olis 1981 yilni eslayman: qay fasl edi esimda yo‘q, Rauf akaning navbatdagi ijaraga olgan uyida to‘rt shoir to‘plangan edik. O‘shanda ikki kun beto‘xtov Rauf aka Andijon safaridan olib kelgan Lutfixonim aya ijro etgan “Uyg‘on,bolam” plastinkasini eshitgan, mungli va da’vatkor qo‘shiqni “Bu o‘zbek shoirlarining gimni—madhiyasi!” deb hayqirgan, qo‘shiqqa jo‘r bo‘lib bo‘zlagan edik va nihoyat uchinchi kun Rauf aka da’vati bilan to‘rtovlon qo‘shiq ruhi aks etgan she’r yozishga ham urinib ko‘rgandik (Xurshid Davronning “Rauf Parfiga gulchambar” maqolasidan.

Rauf Parfi
SHE’RLAR
07

Rauf Parfi (Tursunali Parfiev) — 1943-yil 27-sentyabrda Toshkent viloyatining Yangiyo’l tumaniga qarashli Sho’ralisoy qishlog’ida tug’ilgan. Otasi Parfi Muhammadamin savodli bo’lib, Farg’ona viloyatining Vodil qishlog’idan sho’rolar quvg’ini tufayli Sho’ralisoyga kelib qolgan. Onasi — Sakinaxonim Isabek qizi ham asli Farg’onadan edi. Rauf 1958-yilda 8-sinfni tugatgach, o’qishni Yangiyo’l shahridagi kechki maktabda davom ettiradi va mehnat faoliyatini boshlaydi. Shoir 1960-1965 yillarda ToshDUning filologiya fakultetini tugatgan. Turli yillarda Kinematografiya davlat qo’mitasi, „Oydin“ gazetasi, G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at hamda „Yozuvchi“ nashriyotlarida muharrir bo’lib ishlagan.

Birinchi she’ri 1957 yilda e’lon qilingan. „Karvon yo’li“ (1968), „Aks-sado“ (1970), „Tasvir“ (1973), „Xotirot“ (1974), „Ko’zlar“ (1976), „Qaytish“ (1981), „Sabr daraxti“ (1986), „Sukunat“ (1991), „Tavba“ (2001) she’riy to’plamlari nashr etilgan. Rauf Parfi lirik qahramon ruhiy olamining nozik evrilishlarini mahorat bilan tasvir etuvchi she’rlari bilan tanilgan. Shoir so’zning rang va ohanglaridan, she’riy tasvir vositalaridan o’ziga xos uslubda foydalanadi. She’rlari bir necha xorijiy tillarga tarjima qilingan.

Rauf Parfi Bayronning „Manfred“, Nozim Hikmatning „Inson manzaralari“, Karlo Kaladzening „Dengiz xayoli“ va boshqa jahon she’riyati klassiklarining she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Rauf Parfi 2005 yil 28 martda Toshkent shahrida vafot etadi.

07

VIDO TABASSUMLI OLAM, YOSHLIGIM

015

Yoshlik zangor fasl, kechdi, sarg’ardi,
To’kildi u. Shafqat bilmas bargrezon.
Qora sovuqlarga otib yubordi,
Shamollar poyida sinmoqda xazon.
Yoshlik zangor fasl. Kechdi. Sarg’ardi.

Harna o’tdi, mendan o’tdi, omon bo’l,
Qancha faryod qilmay qaytarib bo’lmas.
Har qalay oldinda bordir so’nggi yo’l,
Toki yetguningcha xotirot o’lmas,
Harna o’tdi, mendan o’tdi, omon bo’l.

Vido tabassumli olam, yoshligim,
Ko’zlarimda qotgan jolam, yoshligim,
Ko’klarga yetmagan nolam, yoshligim,
Suvga cho’kib ketgan bolam, yoshligim,
Vido tabassumli olam, yoshligim.

* * *

Yomg’ir emas, marvarid yog’ar,
Yomg’ir — kecha shaklinda bu on.
Suv singari jildirab oqar,
Kecha kechar shod va bearmon.
Barglarda raqs etar shabboda.
O’ynar sabo shaklinda kecha,
Tun bulutga ko’tarib boda
Afsonalar aytar tonggacha.
Tanizorim igna uchinda
Ko’zlarimda porlar qora nur.
Menga kecha yomg’ir ichinda
Mash’um xayol kabi ko’rinur,
Ruxsorini yuvgan kechada
Men bilmagan yalang’och shuur.

* * *

Daryo mavjlariga yozilmish g’azal,
Maysalar egilib o’qiydir kitob.
Shodlanib xandalar otar bir lahza,
Bir lahza oh tortib qo’yadir oftob.
Qamishlar shivirlar daryo tomonda,
Ko’kda oq bulutlar kezar bemajol.
Bir tirik nafosat borliq, jahonda,
Kimgadir elanar, qilar iltijo.
Bu qadar go’zallik qaysi ochunda,
Bu qaysi kitobdir, kimning daftari,
Kimning olamidir qilich uchinda?
Qaltirab porlaydir bir chiroq g’arib,
Bir qushcha sayraydir ruhim ichinda,
Bir qushcha yig’laydir meni axtarib.

* * *

Men bilaman, vujuding bo’zlar,
Bag’ring yonar sayoq o’g’lingga.
Seni o’rtar bir og’ir so’zlar,
Axtarib chiqarsan yo’limga.
Ko’chalarga qaraysan har zum,
Kechalarni oqlaysan, ona.
Gunohkorman yolg’iz men o’zim,
Yana meni oqlaysan, ona.
Ochiq yotar tokchada kitob,
Ochits yotar mening daftarim,
Unda kezar mangu iztirob.
Tubanlikda yosuman jari.
Sho’rlik o’g’ling bir umr betob
Singan sozi, singan xanjari.

SENSIZ

1.

Sovuq. Atrof temir. Qo’limni ochdim,
Yelkamda chatnadi qaynoq qo’rg’oshin…
Vayrona qa’ridan ko’klarga qochdim –
Arzonga oldilar Majnunning boshin.

Rahmsiz olomon, sizga ne kerak?
Angladim, jismimni ruhimni bog’lar.
Vahiy keldi menga, chirpandi yurak,
Aks-sado berdi muqaddas tog’lar.

Farog’at zirvasi. Olam — bilgisiz,
Oxiri sen kelding. Xayolga tolding.
Vodiy og’ushida so’zsiz, belgisiz,
Asta od imlar-la ko’zdan yo’qolding.
Faqat k;ayga ketding, qaylarda qolding,
Oh, qanday yashayman sensiz — sevgisiz.

2.

Sohilda bir o’zim. Dengiz qorong’u,
Yelkansiz kemaning ichinda shubham.
Vahima shiviri, bo’g’zimda og’u.
Aqlim bir falokat sezadi mubham.

Rangi o’chgan osmon xunuk g’uldirar,
Achchiq chirqillaydi noma’lum bir qush.
Va yonimda qonli buloq chuldirar,
Atirgullar, sening gullaring behush.

Feruza,. zumurrad gullaring payhon.
Oh, tupdtsing kemadan. Karnay chaldilar,
Va ko’zga ko’rinmas qo’llar shu zamon
Ag’dardilar meni, kishan soldilar.

Faryodim ichimda, otma gulingni…
Otma, slg’izlikdan — baxtli qulingni.

3.

So’ldirsha gulingni, ilohim, yonsin,
Yeru osmon ko’rsin ko’z yummay bedor.
Vaqt — ulug’ hakam. Ruhing uyg’onsin,
Asriy umidim — Sen. Sen borsan. Sen — bor.
Roviylar ne uchun? Haq va Haqiqat!
Asirlik zanjirin parchalab tashla.

Vujudingni yoqsin alamli fikrat,
Ayon hshqiqatga, haq yo’lga boshla.
Fursat o’tmaqdadir. Vaqt bu — beomon,
Omonat dunyoda omonat odam –
Vijdon shevasi bor, mehrobi iymon –
Asl insonlarin chorlaydi bu dam.

Falakka sanchilib qolgan so’zim bor,
Olovlar, chamanlar ichra o’zim bor.

* * *

Tong otmoqda. Tong o’qlar otar,
Tong otmoqda, quyosh — zambarak.
Yaralangan Yer shari yotar,
Boshlarida yashil chambarak.

Tong otmokda, musaffo tongga
Yuragini tutar odamlar,
Shu tong uchun kelgan jahonga,
Shu tong deya o’tar odamlar.

Tong otmoqda…

BIR QUSHCHA

Bir qushcha derazam yonida
O’tirar parishon va garib.
Yig’laydi ko’zlari yonadi,
Ko’zlari ikkita marvarid.

Bir ajib navoga o’xshaydi,
Shoirga o’xshaydi bir hassos.
Miskin soz chalmoqqa u shaydir,
Dardiga bordir-ku bir asos.

Men unga qarayman ohista,
Men qushcha holiga yig’layman.
Va lekin bilmayman,ne istar,
Bilmayman, hech qachon, bilmayman…

BIRGA TUG’ILDIK-KU, YURAGIM

Birga tug’ildik-ku, yuragim,
Jahonni kezmakka piyoda
Odimlarimizdir birdir bizning,
Shu baxtli, shu badbaxt dunyoda
Odamlarimiz birdir bizning.

Birga tug’ildik-ku yuragim,
Nasib etganda ham mangulik
Sen yashayver, sen meni kutma,
Men-ku ismingman xolos,
va lek,
Yuragim, ismingni unutma.

MUNOJOT

Bag’rimda g’ildirar temirchil hayot,
Izg’itqi chivg’inda chidamdir boshim.
Faqat sen uyquchan tomirni uyg’ot,
Qizimning qo’liga kuch ber, Quyoshim.

Bag’rida laxcha cho’g’, aylanadi Yer,
Quvonchhim, sevinchim, kuyuk ko’zyoshim.
Faqat sen qizg’onma, bir kaft mehr ber,
Ilinjim, sig’inchim — buyuk Quyoshim.

SUNBULA

1. To’kilish oldida gulim. Ehtimol
Senga boqib ko’nglim uyi buzildi.
Xomush tortib, junjikpb qo’ydi shamol,
Bir uzim uzumning yuzlari so’ldi.
Sovuq osmon yuzida izg’ir ko’zim,
Xotiramning tasbehlari tizildi.
Qayg’udaman, qonga qorishgan so’zim,
Tasbehimning chayir ipi uzildi.
Qandaydir bu nido, hazin va karaxt?!
Nechun ketmas qora qarg’alar nari?
Qarang, ingillagan itlarga qarang.
Sirli entikadi yalang’och daraxt,
Bari unutilish istandi, bari…
Sunbulaning simlari keskir, tarang.

2. Qo’y, bo’ldi. Gapirma. Kechirma meni,
Ko’zingdagi toshni g’ichirlatma, bas.
Quyilmoqda kunduzning achchiq tuni,
Ichib tashlamasam men uni bo’lmas.
To’xta. Bas qil. Gapirma. Bo’ldi.
O’zim gunohkorman. Mendan—bu ko’rlik
Zangor yaproqlarning bag’rida sho’rlik
Kecha shovullagan shamollar o’ldi.
Bir so’z topolmasman senga, sevgilim,
So’zlar, so’zlar qolur bo’g’zimda qotib.
Bilmasman, naqadar sevaman seni.
Bu payt falaklarga sovrilar kulim,
Yerga to’kilaman seni yo’qotib,
Shivirlab shamollar marsiyasini.

3. To’lg’ongan sochlaring qora ilondir,
Vujudimga tashlar anglanmas qo’rquv,
Ochilgan bag’rimning dardi nolondir—
Sening ko’zlaringdek teran, qorong’u.
Ilon sochlaringni shamol o’ynaydir,
Uzilgan barg kabi qaltiraydir jon.
Ezilgan yurakni ezib to’ymaydir,
Gulim, ko’zlaringga berkingan jahon.
G’imirlar kechaning qop-qora tani,
Sochlaring iloni tanimni yoqar.
Bag’rimni ezishga yana shaylanib,
Daryo bo’lib sening ko’zlaring boqar…
Uzayib, jimirlab, suvga aylanib
Daryoga lim to’lib jasadim oqar.

QORA DEVOR

I. Qandayin sirdir bu, bu qanday tushdir,
Bu qanday uyqudir, uyg’ongan uyqu.
Ko’zlarimdan qora quzg’unlar uchdi
Mudhish qora devor ortida, yohu!

Qora devor qa`ri, sotqinlar yurti,
Tilsiz, vatansizlar vatani qoldi.
Sanqigan jasad-la telbarib yurdim,
Aqlimga ro’yolar kalolat soldi.

Zaharga aylandim, yog’ochdek sindim,
Qayta o’ldim, ruhim qaytmadi tanga.
Hazrat Sultonimga singrab sig’indim

Allohim, madad ber. Bir So’z ber menga,
Jonimning parvozin bergil, sog’indim,
Ishq ber! Qaytar meni yorug’ Vatanga.

II. Ko’rdim sozinggizni chaynadi alam,
Buzg’unzor qo’ynida ungan sof gulim.
Majruhlar yurtida xo’rlangan onam,
Zo’rlangan qonsinglim, mangu sevgilim.

Tuproqqa yiqildim, ko’kka osildim,
Ming yil izladimmi? Topdimmi? Qachon?
So’rib to’ydilarmi sizni qonsinglim?
Ezib bezdilarmi sizdan, onajon?

Yerga cho’kkan osmonlarni kuzatdim,
Chopilgan oyog’im bilan chopdim men,
Kesilgan qo’limni sizga uzatdim.

Bu dunyo gullarga to’ldi. Qotdim men,
So’qir ko’zlarimni nur-la bezatdim.
Mehribonim, qonim, Sizni topdim men.

III. Mehribonim, izinggizdan boramen,
Shivirlaydir she`rim. Bu qaysi oyat?
Bu dunyoda qirq Majnunning biri men,
O’limga chap berib keldim nihoyat.

Yuragim zindoni. Bir yalang’och dor,
Sollanib turadir faqat men uchun.
Bunda bir muhabbat zahri qotil bor,
Bu zindonda bir Laylo bor, bir Majnun.

Mehribonim, xunim, men Sizni topdim,
Qonim berdim bu sirli xayollarga.
So’ydim yuragimni, ko’ksimni chopdim,

Ay, sovurdim ul sovuq shamollarga,
Hukm qildim o’zimni. Tong chog’i otdim.
Nuqta qo’ydim javobsiz savollarga.

IV. Nadir bu? Tilim lol, vujud valangar,
Ko’rgali ko’zim yo’q, ko’zim o’yilg’on.
Bir sharpa ilg’amas, quloqlarim kar…
Bildim, Sizdan boshqa barchasi yolg’on…

Eyvoh, qora devor sirti oqlangan,
Bo’ynimga chirmashgan iblisni quvdim.
Kavsar chashmasida ming yil poklangan
Tosh bilan qadimiy tanimni yuvdim.

Bir qudrat sha`shasi tentir izimda,
Xilqatni anglagan zotdek xomushman,
Yetti vodiy aylanadir izmimda.

Bori yolg’on, men sarobman, men tushman,
Yo’q, men qushman, chala so’yilgan qushman,
Aytilmagan Bir So’zim bor bo’g’zimda.

V. Aldangan, charxlangan qalb bilan o’tdim,
Yoru do’stlar boshim uzra yig’ildi.
Hukm kutgan kabi men Sizni kutdim.
Unutdim o’zimni, o’zim tug’ildim.

Ko’zimning qa`rida ul Qora Devor,
U taraf qorong’u har narsa yo’qdir,
U taraf zahardir, xanjardir, o’qdir,
Kecha yo’q. Bukun yo’q. Erta yo’q. Siz bor.

Tiriklikdan kechdim, o’limdan kechdim,
Osmon deganlari mening fig’onim,
Dunyo zaharini bir o’zim ichdim.

Yondi tun charog’im, kuldi jahonim,
Men qanot bog’ladim, ko’klarga uchdim,
Assalom, sevgili Insonim, qonim.

VI. Tanamdan chiqdim-da men yerga indim,
Menga bari ayon, tiriklar ko’rmas.
Ey siz ko’r olomon, men ruhman, dedim,
Ular ko’rmas meni, holimni so’rmas.

Bani odam ovchi, odamni ovlar,
Tishlab to’ymas, g’ajib to’ymas, bedavo.
Nochor mayitlarning cho’ntagin kovlar,
Pinjida xiyonat, qabohat, g’avg’o.

So’zimga to’ldi sog’inch, so’zim-da yolg’iz.
Ko’zimga to’ldi yolg’iz Alloh jamoli.
Belgi berdi falak. Noma`lum bir iz.

Jismimni sindirdi ajal shamoli…
Tobutimni quchib yig’ladinggiz, Siz,
Nechun, Dunyoning Eng go’zal Ayoli?!

ADASHGAN RUH

I. Quyoshning yog’dusi qoradir,
Yulduzlar muzlardir to’kilgan.
Bu daryo uzangan yaradir,
Daraxtlar egilgan, bukilgan.

Yulduzlar muzlardir to’kilgan,
Toshlardek qotmishdir tumonlar.
Yerlarga tikanlar ekilgan,
Ekilgan yolg’onlar, gumonlar.

Bu daryo uzangan yaradir,
Hasratdir tinmagan hech qachon.
Jimirlab qaylarga boradir,
Boradir bezabon, bemakon.

Daraxtlar egilgan, bukilgan,
Yer tishlab yotibdir yaproqlar.
Toshlarga mixlangan, chekilgan,
Lochinlar, kaptarlar, chorloqlar.

Quyoshning yog’dusi qoradir,
Quyoshning sochini o’rgayman.
Nahotki eng so’nggi choradir,
Adashgan Ruhni men ko’rgayman.

II. Toshlardek qotmishdir tumonlar,
Bulutlar falakning ohlari.
Kechmakda eronlar, turonlar,
Tubanda qorong’u chohlari.

Bulutlar falakning ohlari.
Ingrog’i, singrog’i uchadir.
Tubanda musibat tog’lari,
Qora g’on ichindan kechadir.

Kechmakda eronlar, turonlar,
Sudralib, paypaslab, itarib.
Kechmakda bo’ronlar, suronlar,
Eng go’zal, eng bag’al, eng g’arib.

Tubanda qorong’u chohlari,
Qa`riga chaqirar, yaltirar,
Itlari, otlari, zog’lari,
Xarsangga aylanar, qaltirar.

Toshlardek qotmishdir tumonlar,
Bilgisiz ochunning asari.
Tubanda gunohlar, iymonlar,
Adashgan Ruh kezar sarsari.

III. Yerlarga tikanlar ekilgan,
Toshlarga, xarsangga sanchilar.
Turkiston tug’lari tikilgan,
Betlashgan jonibor yanchilar.

Toshlarga, xarsangga sanchilar,
Cheki yo’q yo’qlikning nolasi,
Diydalar tomchilar, qamchilar,
Sabrning – Odamning bolasi.

Turkiston tug’lari tikilgan,
Vatansiz kaslarning yo’li berk.
Xo’rlangan, zo’rlangan, to’kilgan,
Erkidan ayrilgan qutlug’ Erk.

Betlashgan jonibor yanchilar,
Tuyoqlar ostinda bo’zlaydir.
Jangchilar, pulchilar, tankchilar,
Yog’iylar yolg’onni so’zlaydir.

Yerlarga tikanlar ekilgan,
Dov uchun, ov uchun, g’ov uchun.
Turkiston tug’lari tikilgan,
Yov uchun, yov uchun, yov uchun.

IV. Ekilgan yolg’onlar, gumonlar,
Tarixning temirdan devori.
Aqqadlar, sumarlar, yunonlar,
Bilinggiz, bu Turon Diyori.

Tarixning temirdan devori,
Yilt etgan bir ziyo ko’rinmas.
Moziyning ko’milgan mozori,
Atrofda tirik jon urinmas.

Aqqadlar, sumarlar, yunonlar,
Turkiylar, nahotki kechmishdir,
Ketmishdir, yitmishdir jahonlar,
Yo’qlikning zahrini ichmishdir.

Bilinggiz bu Turon Diyori,
Qonlari ko’klarga sochilgan.
Yo’q erki, yo’q do’sti, Haq yori,
Boblari kenglikka ochilgan.

Ekilgan yolg’onlar, gumonlar,
Bergaydir, albatta mevasin.
Bu tunlar, bu kunlar, bu tonglar,
Men va Sen, Men va Sen, Men va Sen.

V. Hasratdir tinmagan hech qachon,
Manglayga yozilmish bu oyat.
Muhaqqah yozmishdan kim qochg’on,
Kim ko’rgan? Kim bilgan nihoyat?

Manglayga yozilmish bu oyat,
Hukmdir, muhrdir, o’chmasdir.
Zulmatda yo’q erur hidoyat,
Zimiston ranglari ko’chmasdir.

Muhaqqah yozmishdan kim qochg’on?
Barini amriga olajak.
Tiriklik tilsimin kim ochg’on?!
Qulfiga kim kalid solajak?

Kim ko’rgan? Kim bilgan nihoyat?
Qorayib yaltirar lojuvard.
Shoirda bormidir rioyat,
Ko’zida, so’zida achchiq dard.

Hasratdir tinmagan hech qachon,
Yilt etgan ziyodan yo’q asar.
Ul mavjud, nomavjud, jon – bejon,
Adashgan Ruh kezar sarbasar.

TAVBA

I. Dodimni eshitgil qodir Allohim,
Ishq sen-sen, oshiq ham sen, men qulingman.
Loyiqman qahringga, do’zaxim – bog’im,
Omonat devorman, o’tman, kulingman.

Rubbi maskun uzra sayyod, o’zim sayd,
Ortiq mozorim yo’q, voqifsan axir.
Manglayda yozilgan farmoning ayt,
Da`vat qil, gunohkor bandangni chaqir.

Iymon ber ruhimga, jismimga jon ber,
Loyimni qorishtir, poklab ber menga,
Ojiz tomirimga pokiza qon ber,
Ravshan qil qoramni oqlab ber menga.
Oxirat ilmidan qil meni ogoh,
Murodim sha`mini so’ndirma, Alloh.

II. Moziyga urilib sinar ovozim,
Umr o’tib borar benaf, benavo,
Nahotki bu qo’lim? Bu mening sozim?
Allohdan so’rayman – nechun bu jafo?
Jami judoliklar jonimga yetdi,
Ol, deyman Allohim omonatingni.
“Tavba qil- dedi Ul, bir Kitob tutdi –
Muroding mustajo, mingil otingni,

Ummonlar yo’lingda, changal yo’lingda,
Noma`lum har joyda qurilgan doring.
Olamning kalidi sening qo’lingda,
Jafo habibingdir, xiyonat yoring”.

Allohim, lahza men, sen ersa mangu,
Taskin berganingmi, shafqatingmi bu?!

III. Semurg’ qushim, podsho qushim, xush kelding,
Yetti gumbaz, yetti vodiy sarvari,
Vasling ne`matidan bahravar qilding,
Intizor joningman yo’lsiz sarsari.
Nola aylab Semurg’ dedi: — Ey bedor,
Chorlar seni Biruborim! Bor! Ishon!
Sen fano vodiysi, haq qoshiga bor,
Yeru osmon cho’kmakdadir benishon,
Vahshiy dunyo, qonxo’r dunyo quturdi,
Inson faryodiga to’ldi koinot.
Nabiylar, dohiylar, shoirlar turdi,
Chora, chora, deya so’rdilar najot…
Allohim bilursen qay sari ketdim…
Allohim… Men o’ldim… Men senga yetdim…

ABDULLA QODIRIY G’AZALIGA MUXAMMAS

Yil o’tub, yillar o’tub tobora loyg’a botamiz,
Iblisning suprasinda vahdat mayini totamiz,
Onamiz balki gumroh, balki so’qirdir otamiz,
Ko’r bizim ahvolimiz, g’aflatda qanday yotamiz,
Joyi kelg’on chog’ida vijdonni pulga sotamiz.

Bizga or bo’ldi nahot, yorab, Vatanni kuylamak,
Zoru zoru bu zamin yetti falakni o’ylamak,
Qizimizga o’rgatib, suf, deb jahonni bo’ylamak,
O’g’limizga na adab, na fan, na yaxshi so’ylamak,
Na xudoning buyrug’i bo’lg’on ulum o’rgatamiz.

O’lturur el xonavayron, botqon quyoshga ko’z tikib,
Kulfatu somon yig’ib qolmish yana, bo’ston ekib,
Nechalar narvondadir, nechalar yitmish ko’z tegib,
Hamda har kun takyalarda nasha, ko’knori chekib,
Barchaga kokil solib oh-voh ila o’ynotamiz.

Ne balomiz biz o’zi, to’rdamiz, ayvondamiz.
Ne kasofat fe`li bu – qurdamiz, tayvondamiz,
Benazir parrandamiz, qo’rdamiz, hayvondamiz,
Qorimiz, boyonmiz, balki bu vaqt ahvondamiz,
Nogahon ko’rsak agar besar soqovni qotamiz.

Qaydin ey sen, takabbur, ko’ksimni mixlab o’yguvchi,
Ey yaloqxo’ri balo, ichib qonimni to’yguvchi.
Bormikan olam aro ko’ngilga malham qo’yguvchi,
O’rtadan chiqsa agar millatni yaxshi suyguvchi,
Biz ani dahriy sanab tafoncha birla otamiz.

Aqrabolar – ko’z ochiq, dunyoi dun foniy biling,
El uchun, Alloh uchun, jonni tiling, tanni tiling,
Kelingiz, ul kun o’tdi, qullik asirlikni tiling,
Kelinggiz, yoshlar, ziyolilar bu kun g’ayrat qiling,
Uxlag’onlarni agar Qodir esak uyg’otamiz.

ABDURAUF FITRAT

Nega seni chulg’ab oldi buncha tikonlar?
Nega chiqdi yuragingdan yuzga bu dog’lar?

Abdurauf FITRAT

I. Ajab mudhish qaro tun kafan tutar,
Bir zamon tinmaydir, izg’irar shamol.
Daryo ko’piradir, odamni yutar,
Ul go’zaldir, ul irganchdir, ul xayol.

Riyozat qamchisi kabi savaydir
Alkan yomg’ir buzg’un tanizorimni…
Ulug’ Turkistonni kimlar sevmaydir?!
Firavnlar sevmas mening borimni.

Firoqning nag’masin chalar nay siniq,
Isrofning ichindan silqir bu navo,
Taralar, huv, cho’kkan tog’lardan tiniq.

Riyolar, rishvatlar… Zaharli havo.
Azon tovushini tinglayman og’ir.
Turkiston. Qora tun. Shamol va yomg’ir.

II. Aytadir oy dardin bulut qo’ynida,
Bulutlar hurpaygan, na-da qoradir.
Dorlari muhaqqah azlom bo’ynida,
Unutilgan, xo’rlangan xalq boradir.

Raqam qildi menga manfur jaholat,
Alam ortgan karvon borar mung’ayib.
Urinadir, surinadir, bu holat
Faqat paydo bo’lur va birdan g’oyib.

Fasihalar ko’rinar sochlariolov,
Ivirsir arvohlar ko’zi-qo’li qon…
Turkiston, Turkiston, mukarram yalov…

Rad etdimmi seni, qoldimmi bejon?
Alamim sha`mlari so’ndimi, ona?
Tilagim yulduzi to’ndimi, ona?

III. Ayriliq shamshiri boshimda sindi,
Borlig’im chopildi, ichdim qonimni,
Dunyo tarixini o’qib yukindim,
Uyqudan uyg’otdim Turkistonimni.

Rizqimizni axir kimlarga berdik,
Axir odam edik, muhtoj, notavon.
Ular xirmon-xirmon, biz nushqurt terdik,
Faryodimiz yetib bormas hech qachon.

Falokat ustiga falokat tutdi,
Intiqom, intiqom, dedim, yugurdim…
Turkiston, Turkiston, Turkiston o’tdi –

Razolat qabrinda bosh egib turdim.
Ay ulug’ tog’larim, ay shonli Turon,
Tokay uyg’onmassan, ay qonli Turon.

MUNAJJIM

Sen mening erkimsan, mening qafasim.

Asqad MUXTOR

Ma`suma binafsha yaproqlarida
O’zing yuz ko’rsatding. Ma`sum boqursen.
Telba yuragimning so’qmoqlarida
Azobimning chaqmoqlarin chaqursen.

Bahorning o’tkinchi, gizli sirlari
Aniq nishon olur o’char nafasim.
Rosting ayt, yolg’on de, bu gaplar bari,
Mening erkim sensen, mening qafasim.

O’g’ri urib kuygan kulbam sochilgan,
Taqdirning o’yini cheksiz naqadar.
Ammo yo’llarimda bir bog’ ochilgan,
Baxtdan, baxtsizlikdan bermakda xabar.
Ajalning o’rog’i mangu osilgan
Randu malomatdan asrar bu maqbar.

II. Munajjim ko’klarga telmurar hayron,
O’lmas haqiqatning kalomin aytar,
Taskin izlar izg’ib vujudi vayron
Alamzor bog’iga ezilib qaytar.

Behuda dunyoning kibru havosi,
Achinmakka arzimaydir shaytanat.
Razil olimlarga, sotqin, hayosiz
Maddoh shoirlarga to’lgan saltanat.

O’rtada taloshdir kechmish va bu kun,
Tuproq sochar, ingrar, qo’ltig’ida tig’.
Axir haqiqat bor, valvala nechun,
Buncha osmon yiroq, buncha yer qattiq?!
Aqlu hushdan ayro, vola munajjim,
Rad bo’lmish olamdan ko’zin yumdi jim.

III. Muhabbat ne o’zi? Nadur sadoqat?
O’zingdan ming bora so’rarsan o’zing.
Titrab toqatingga tilarsan toqat,
Aytursan xilqatga ilohiy So’zing,

Bu dunyo barchadan qolur begumon,
Armon sahrosi bu, alam cho’li bu.
Ruhingni so’ndirma, Allohga inon,
Madad ber o’zingga, iymon yo’li bu.

O’lim kabi haqdir bu muhabbat, bas,
Tanho seni deya dunyolar kezdim.
Ayirma Borliqdan meni bir nafas,
Buzdim tanizorim, ko’zimni ezdim.

Akssado berdi falakda ohim,
Raqibimga omonlik ber, Allohim.

 

014

(Tashriflar: umumiy 38 202, bugungi 6)

1 izoh

Izoh qoldiring