Baxtiniso Mahmudova. She’rlar & Suhbat & Baxtinisoga umid va baxt beraylik. Videorolik

04    Ассалому алайкум, азиз устоз. Саломатмисиз?  Анчадан бери қўнғироқ қилиб, тушолмаяпман. Аҳволларингиз яхшими? Суҳбатларингизни, кутубхонангизни соғиндим. Кимдир Сизни чет давлатга сафарга кетди, деган эди. Қаерда бўлсангиз ҳам омон бўлинг!

11У куни Сурхондарёга, семинарга бордик. Йўлга чиқаётганимизда майин ёмғир ёғаётган эди. Шунчалар нафис эдики, соябонсиз, узоқ юргим келди. Кейин машина елдек учиб бораётганида, томчиларга қўл узатмоқ бўлиб, дераза ойнасини туширдим. Назаримда, дўл ёғаётган эди. Юзимга тошдек қаттиқ нарсалар тегиб, сув бўлиб тушаверди. Шу пайт нимадир сабаб бўлиб, машина тўхтади ва қарасам, ўша майин ёмғирлар ҳали-ҳануз ёғишда давом этяпти. Атрофимиз, борлиқ, биз қидирган нарсалар… ҳаммасини теранроқ кўрмоқ учун илдамроқ ҳаракат қилишимиз керакми ёки секин?! Наҳотки моҳият ҳам ўзгарса?! Биргина ҳаракат ёмғир деган моҳиятни дўлга айлантирдими? Ёки бу ерда моҳият сувми?! Ҳалигача тугал хулосага келолмаяпман.

Устоз, жудаям кам ёзяпман. Фақат кўчада, одамлар орасида юргим келяпти. Ҳар куни бирор тадбирми, фестивалми бўлсаю, уйдан шу баҳона чиқиб кетсам! Шовқинларни тинглагим келиб қолган.

Баъзи ёзганларимни Сизга юборяпман, ўқиб кўринг. Меҳр билан Бахтинисо.

27.05.2018

Бахтинисо МАҲМУДОВА
ШЕЪРЛАР ВА СУҲБАТ
07

065Табиат ва инсон орасида гўзал уйғунлик, нафис мувозанат мавжуд. Қишнинг совуқ кунларидан дийдираб чиққан оғочлар баҳорнинг илк элчилари келиши ҳамон милки қизариб, тиш ёради. Бўртган куртакларини гулга айлантиради. Инсон ҳам шундай: қанчалар ҳаёт синовлари, баъзан қақшатқич зарбалари, чидаш мушкул изтиробларига учрамасин, сал ҳарорат сезиши билан қайта жонланиб, “гуллайди”. Атрофдагиларни ҳайратда қолдириб, яшашда, яшнашда давом этади. Бу туйғу ижод аҳли, хусусан, сўзни заргарона ишлата оладиган шоирлар учун жуда зарур. Бахтинисо Маҳмудова ана шундай кўнгил чечакларини совуқ урдирмайдиган инсонлар тоифасидан. Кўзлари қувончдан порлаб, ширали овозда сўзлаётган бу қизга қараб, уни қийнаётган дардни унутасан киши. Бахтинисо яшашга, ҳаёт шодликларидан баҳра олишга, вақт имкониятларидан тўла фойдаланиб қолишга ундайди. Бутун туриш-турмушидан шукрона, қаноат уфуриб турган Бахтинисони суҳбатга тортдик.

07

Менга куч беради…

Борлик ва борлиқ. Шу икки тушунча ичида туриб, Худонинг менга аёнлиги-ю, менинг Унга худди шундай аёнлигим ҳақида ўйлаш ниҳоятда гўзал, бағоятда дилбар! Шу ўйнинг ўзиёқ қаддимни суяйди, ўзимни тутаман.

Шиорим…

Жалолиддин Румийнинг “ҳар нарсага жонингни сиқма, эй кўнгил, на бу дард мангудир, на бу умр” сатрлари

Изтиробу дардлар мен учун

Бошимизда минг ҳалокатлар кечаётган бўлса-да Худо бизга доимо энг хайрлисини юборган бўлар экан. Қишлоғимизда катта дайровот бор. Унга бир гала қушлар учиб келади-да, яқинлашганида пастлаб, нимадир олмоқчидай дарёга тумшуғини ботириб, яна баланд учиб кетади. Бу ҳол деярли ҳар куни такрорланади. Аммо дарё ҳеч қачон оқишдан тўхтаган эмас, суви ҳам камаймаган. Қараб туриб ўйлайман, болалигимда менинг ўз ҳудудим бўлар эди. Унда фақатгина орзулари бир олам, Худо ва ўзидан бошқани тан олмайдиган, ота-онаси ташлаб кетган қизалоқ бор эди. Кейинчалик унга ногиронлик, манфаатсиз севадиган дўстлар, меҳрибону оқкўнгил оила ҳамроҳ бўлди. Менинг ҳудудим тобора кенгайиб борди. Ёзмоқ саодатига эришдим, ёзмоқ бахтини туйдим. Оллоҳим менинг кумуш эшикларимни бекитиб, мана шундай ҳеч нега тенглаб бўлмайдиган олтин эшикларни очиб берди. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаёт йўли, ўз дунёси бўлади. Менинг дунёим сўздан иборат эмас, мен сўз дунёсида яшайман. Нолисам бўлмас. Камалакни кўрмоқчи бўлган одам ёмғирларга туриб бера олсагина орзусига етишади. Бугун шундоқ қарасам, жуда-жуда узоқ йўл юриб ҳоригану, нафас ростлагани жой тополмаётган одамга ўхшайман. Ҳаммасини теранроқ англаяпман, тиниқроқ кўряпман. Энг муҳими, осон яшашни ўргандим. Дунёни қўявер,-дейман ўзимга ўзим.-Барини Худога қўйиб бер, олдингдаги пиёлага ҳар қанча интилма, унда заҳар борми ёки оби-ҳаёт, билолмайсан, муҳими, ташналигингни кўриб турган Мироб бор, агар У истаса, пиёладаги заҳарни-да оби-ҳаётга айлантириб, лабингга тутгай. .. Ҳамма ўз ҳудудида бўлгани яхши.

Ҳаётдан мақсад…

Назаримда, мен айтишим керак бўлган ҳамма гапларни айтиб бўлганга ўхшайман. Яна ҳамма шеърларимни ёзиб бўлган одамдек хотиржам юраман. Эндиги юмушим-фақат дунёни бир четдан жимгина кузатишдек. Эҳтимол, инсон ўз хулосасига эга бўлиши ҳаётидан топган энг катта хазинасидир.

Шеър мен учун…

Бахт. Жудаям чиройли бахт! Ҳеч кимга даҳл қилмайдиган, фақат ва фақат ўзингнинг бахтинг. Фақат сеники бўлиши керак бўлган бахт. Изтиробу қувончнинг ҳосиласи бўлган бахт.

Исмида Бахт ташийдиган қизнинг қадрияти…

Қадриятлар қадрланганда гўзал! Ҳамма фаслни яхши кўраман. Сувга қарасам, осмоннинг аксини, самога боқсам, булутларда бетоқат сузиб кетаётган сувларни кўриб, кўзим тинииб кетади. Дарахтлар одамларга ҳам ўхшаб кетади. БОРЛИҚ ва БИЗ бир-биримиз учун яратилганмиз.

Муҳайё ЙЎЛДОШ суҳбатлашди

Манба: “Дугоналар” журналининг нишона сони

***

Кўзларимни юмиб олдим03
Бу дунёнинг
Ҳасрат тўла кўзларига қарамайман,
Ҳайрат тўла кўзларига қарамайман,
Ҳайбат тўла кўзларига қарамайман.

Жим кетаман,
Жимлик тўлган томчи бўлиб,
Жондан қочиб, ўз жонига соқчи бўлиб,
Бу дунёга… дилга келган совчи бўлиб,
Жим кетаман.

О, азизим!
Сенга яна хатларим бор,
Аҳдларим бор,
Дардларим бор,
Бахтларим бор,
Ҳисобимда сенга етмас вақтларим бор,
О, азизим!

Бу гул умрим, гул ҳаётим, гул юрагим,
Не-не гулгун шеърларимни хазон этмиш.
Яна Ўзи қаддимни бир осмон этмиш,
Яна Ўзи мушкулларни осон этмиш…

Мен не дейин?

***

Бу япроқлар бугун-эрта хазон бўлар,
Кимнинг умри зар, кимники арзон бўлар.
Бўлса, фақат шу тушларим сарсон бўлар,
Менга ортга қайтмайдиган сойлар юбор.

Қай кун онам кўзида ёш олиб келди,
Томчисида синган қуёш ёниб келди.
Индамади. Лек қўллари нолиб келди,
Доғ бўлса ҳам дилга ботмас ойлар юбор.

Бу фасллар юрагимни уриб олган,
Ҳисларимни намозшомда кўриб қолган.
Ҳам тўхтаган, ҳам озгина юриб толган-
Ҳаётимга қадим-қадим куйлар юбор.

***

Тағин қайтган эмиш боғларга баҳор,
Тағин ўз сўзида турармиш дунё.
Бугун кўзимизда муаллақ Сўз бор,
Ёшларимиз надир, эй Румий бобо?

Бир умид ишқида девона ўтдик,
Йиллар елкалади, ҳайрона ўтдик.
Бизам дор остидан вайрона ўтдик,
Лошларимиз надир, эй Румий бобо?

Умримиз уринган, диллар урилган,
Улкан оғриқларда қайта яралган.
Бизнинг бошимизга тегиб ёрилган
Тошларимиз надир, эй Румий бобо?

Биз-ку кўникканмиз, йўқ зорларимиз,
Лек биздан розими баҳорларимиз.
Дардимиз, сабримиз, озорларимиз,
Дошларимиз надир, эй Румий бобо?

Мен билансан!

Мен билансан,
Кунларимда оҳор бордир,
Оҳанг бордир,
Кузларимда баҳор бордир.
Кўзларимда мурувват бор ва зор бордир,
Мен билансан!

Муҳаббат бор, музларимга олов бергай,
Олам бергай,
Сўзларимга оро бергай.
Бир йиғласам, юпатгувчи биров бергай,
Мен билансан!

Осмонларда фақатгина қушлар қолмиш,
Гоҳ заминий, гоҳ самовий кучлар қолмиш,
Юлдуз санаб тушларимда тушлар қолмиш,
Мен билансан!

Юрагимга юрагини тўкди шомлар,
Тўлди шомлар,
Дарёларга чўкди шомлар.
Мени олиб кетгунича намозшомлар,
Мен билансан,
Мен билансан,
Мен билансан!

***

Баҳорга тадорик кўраркан замин,
Қиш кетиб бораркан, яноқлари ол.
Недандир ийманиб, бир қучоқ гулни
Дарахтлар пойига ташлайди шамол.

Олис-олислардан қайтаркан қушлар,
Этагин қоқишга шошаркан булут.
Қиз ўксиб йиғлайди… бошида осмон…
Муҳаббат ҳақида сўз очар йигит.

***

“Кўзларингни кўргунча тирик эдим…”
Мактубдан

Гуркираб борарди алвон дунёлар,
Шамолни сиғдириб саватларига.
Жавоб ёзар эди замин эринмай,
Шарқу ғарбдан келган ишқ хатларига.
Гоҳ йиғлар, гоҳида куларди ҳилол,
Ёнарди соҳибин фироқларида.
Киприги, сочлари, кўзларида гул,
Қуёш томар эди бармоқларидан.
Кейин… нигоҳларни куйдирди ҳайрат,
У қуёш жимгина қайтди изига.
Фақатки, бир юрак… чўкди-ю кетди,
Ложувард осмоннинг кўзига.

***

Жўн бичилган туннинг кўйлаги,
Юлдузларга тартиб на даркор.
Чиқиб келар қаршимга мудраб,
Сояларни туртиб дарахтзор.

Қулоғимни тўлдирар дилтанг,
Синиқ, тиниқ оқ-қора овоз.
Мен бетоқат, дўстим паришон,
Ой бепардоз-олам бепардоз.

***

Бу шамоллар-тиним билмайди,
Бу шамоллар-эрка шамоллар.
Тўрт фаслида юрса ҳам дайдиб,
Адирлари олмас малоллар.

О, мен шамол эдим бир пайтлар,
Қирларида сапчиб ўйнаган.
Куйим ўсди… кўпайди дардлар,
Ва… ўйлаганим ўйлаган.

Дунёларим оддийдан оддий,
Мен ҳам малол билмасман, нетдим.
Сен ҳам битта эрка шамолдай,
Юрагимда эсдингу кетдинг.

***

Сен кетган йўлларга тўйиб қарайман,
Хотиржам қарайман юракларим нам:
“Ахир ҳар лаҳзани яшамоқ мумкин,
Кўҳна кўнгилдаги кўҳна ишқда ҳам!”

Қарайман ҳаммаси ўз ҳудудида,
Ҳеч нега керакмас тасалли, далда.
Фақат… шу ҳолимда… шу нигоҳларим
Ёдингга суриниб кетмаса бўлди.

***

Узоқ туриб қолдим
Баҳайбат дунёнинг остонасида.
Кўзимнинг ёши у, эриниб оққан
Юрагимнинг гулгун пешонасига.

Яхшиям, вақтида етиб келганинг,
Яхшиям, вақтида севиб қолганим.
Имзо чекдим вақтнинг ҳисоботига,
Хужжатим-ишққа етиб олганим!

***

О, бугун шунчалар узоқ яшадим,
Жуда кўп соғиндим, севдим барини.
Бир дарахт… кўзимнинг кенгликларида
Тентираб излади хазонларини.

Термулдим. Титрадим. Тўлдим. Тўкилдим:
“Менинг шамолларим билмас ниҳоя.”
Эртага энг мунис фасл бўламан,
Эртага бугуним қилмас кифоя.

Лаҳзалар жонимни сукутдай кечди,
Хазонлар руҳимни кезди пиёда.
Йиғлаш айб эмасми, айтинг, азизим,
Ёмғирлар ивитган кузги дунёда?

Assalomu alaykum, aziz ustoz. Salomatmisiz? Ro‘zai ramazon oyi muborak bo‘lsin! Anchadan beri qo‘ng‘iroq qilib, tusholmayapman. Ahvollaringiz yaxshimi? Suhbatlaringizni, kututbxonangizni sog‘indim. Kimdir Sizni chet davlatga safarga ketdi, degan edi. Qayerda bo‘lsangiz ham omon bo‘ling!

U kuni Surxondaryoga, seminarga bordik. Yo‘lga chiqayotganimizda mayin yomg‘ir yog‘ayotgan edi. Shunchalar nafis ediki, soyabonsiz, uzoq yurgim keldi. Keyin mashina yeldek uchib borayotganida, tomchilarga qo‘l uzatmoq bo‘lib, deraza oynasini tushirdim. Nazarimda, do‘l yog‘ayotgan edi. Yuzimga toshdek qattiq narsalar tegib, suv bo‘lib tushaverdi. Shu payt nimadir sabab bo‘lib, mashina to‘xtadi va qarasam, o‘sha mayin yomg‘irlar hali-hanuz yog‘ishda davom etyapti. Atrofimiz, borliq, biz qidirgan narsalar… hammasini teranroq ko‘rmoq uchun ildamroq harakat qilishimiz kerakmi yoki sekin?! Nahotki mohiyat ham o‘zgarsa?! Birgina harakat yomg‘ir degan mohiyatni do‘lga aylantirdimi? Yoki bu yerda mohiyat suvmi?! Haligacha tugal xulosaga kelolmayapman.

Ustoz, judayam kam yozyapman. Faqat ko‘chada, odamlar orasida yurgim kelyapti. Har kuni biror tadbirmi, festivalmi bo‘lsayu, uydan shu bahona chiqib ketsam! Shovqinlarni tinglagim kelib qolgan.

Ba’zi yozganlarimni Sizga yuboryapman, o‘qib ko‘ring. Mehr bilan Baxtiniso.

27.05.2018

Baxtiniso MAHMUDOVA
SHE’RLAR VA SUHBAT
07

Tabiat va inson orasida go‘zal uyg‘unlik, nafis muvozanat mavjud. Qishning sovuq kunlaridan diydirab chiqqan og‘ochlar bahorning ilk elchilari kelishi hamon milki qizarib, tish yoradi. Bo‘rtgan kurtaklarini gulga aylantiradi. Inson ham shunday: qanchalar hayot sinovlari, ba’zan qaqshatqich zarbalari, chidash mushkul iztiroblariga uchramasin, sal harorat sezishi bilan qayta jonlanib, “gullaydi”. Atrofdagilarni hayratda qoldirib, yashashda, yashnashda davom etadi. Bu tuyg‘u ijod ahli, xususan, so‘zni zargarona ishlata oladigan shoirlar uchun juda zarur. Baxtiniso Mahmudova ana shunday ko‘ngil chechaklarini sovuq urdirmaydigan insonlar toifasidan. Ko‘zlari quvonchdan porlab, shirali ovozda so‘zlayotgan bu qizga qarab, uni qiynayotgan dardni unutasan kishi. Baxtiniso yashashga, hayot shodliklaridan bahra olishga, vaqt imkoniyatlaridan to‘la foydalanib qolishga undaydi. Butun turish-turmushidan shukrona, qanoat ufurib turgan Baxtinisoni suhbatga tortdik.

07

Menga kuch beradi…

Borlik va borliq. Shu ikki tushuncha ichida turib, Xudoning menga ayonligi-yu, mening Unga xuddi shunday ayonligim haqida o‘ylash nihoyatda go‘zal, bag‘oyatda dilbar! Shu o‘yning o‘ziyoq qaddimni suyaydi, o‘zimni tutaman.

Shiorim…

Jaloliddin Rumiyning “har narsaga joningni siqma, ey ko‘ngil, na bu dard mangudir, na bu umr” satrlari

Iztirobu dardlar men uchun

08Boshimizda ming halokatlar kechayotgan bo‘lsa-da Xudo bizga doimo eng xayrlisini yuborgan bo‘lar ekan. Qishlog‘imizda katta dayrovot bor. Unga bir gala qushlar uchib keladi-da, yaqinlashganida pastlab, nimadir olmoqchiday daryoga tumshug‘ini botirib, yana baland uchib ketadi. Bu hol deyarli har kuni takrorlanadi. Ammo daryo hech qachon oqishdan to‘xtagan emas, suvi ham kamaymagan. Qarab turib o‘ylayman, bolaligimda mening o‘z hududim bo‘lar edi. Unda faqatgina orzulari bir olam, Xudo va o‘zidan boshqani tan olmaydigan, ota-onasi tashlab ketgan qizaloq bor edi. Keyinchalik unga nogironlik, manfaatsiz sevadigan do‘stlar, mehribonu oqko‘ngil oila hamroh bo‘ldi. Mening hududim tobora kengayib bordi. Yozmoq saodatiga erishdim, yozmoq baxtini tuydim. Ollohim mening kumush eshiklarimni bekitib, mana shunday hech nega tenglab bo‘lmaydigan oltin eshiklarni ochib berdi. Har bir insonning o‘z hayot yo‘li, o‘z dunyosi bo‘ladi. Mening dunyoim so‘zdan iborat emas, men so‘z dunyosida yashayman. Nolisam bo‘lmas. Kamalakni ko‘rmoqchi bo‘lgan odam yomg‘irlarga turib bera olsagina orzusiga yetishadi. Bugun shundoq qarasam, juda-juda uzoq yo‘l yurib horiganu, nafas rostlagani joy topolmayotgan odamga o‘xshayman. Hammasini teranroq anglayapman, tiniqroq ko‘ryapman. Eng muhimi, oson yashashni o‘rgandim. Dunyoni qo‘yaver,-deyman o‘zimga o‘zim.-Barini Xudoga qo‘yib ber, oldingdagi piyolaga har qancha intilma, unda zahar bormi yoki obi-hayot, bilolmaysan, muhimi, tashnaligingni ko‘rib turgan Mirob bor, agar U istasa, piyoladagi zaharni-da obi-hayotga aylantirib, labingga tutgay. .. Hamma o‘z hududida bo‘lgani yaxshi.

Hayotdan maqsad…

Nazarimda, men aytishim kerak bo‘lgan hamma gaplarni aytib bo‘lganga o‘xshayman. Yana hamma she’rlarimni yozib bo‘lgan odamdek xotirjam yuraman. Endigi yumushim-faqat dunyoni bir chetdan jimgina kuzatishdek. Ehtimol, inson o‘z xulosasiga ega bo‘lishi hayotidan topgan eng katta xazinasidir.

She’r men uchun…

Baxt. Judayam chiroyli baxt! Hech kimga dahl qilmaydigan, faqat va faqat o‘zingning baxting. Faqat seniki bo‘lishi kerak bo‘lgan baxt. Iztirobu quvonchning hosilasi bo‘lgan baxt.

Ismida Baxt tashiydigan qizning qadriyati…

Qadriyatlar qadrlanganda go‘zal! Hamma faslni yaxshi ko‘raman. Suvga qarasam, osmonning aksini, samoga boqsam, bulutlarda betoqat suzib ketayotgan suvlarni ko‘rib, ko‘zim tiniib ketadi. Daraxtlar odamlarga ham o‘xshab ketadi. BORLIQ va BIZ bir-birimiz uchun yaratilganmiz.

Muhayyo YO‘LDOSH suhbatlashdi

Manba: “Dugonalar” jurnalining nishona soni

***

Ko‘zlarimni yumib oldim05
Bu dunyoning
Hasrat to‘la ko‘zlariga qaramayman,
Hayrat to‘la ko‘zlariga qaramayman,
Haybat to‘la ko‘zlariga qaramayman.

Jim ketaman,
Jimlik to‘lgan tomchi bo‘lib,
Jondan qochib, o‘z joniga soqchi bo‘lib,
Bu dunyoga… dilga kelgan sovchi bo‘lib,
Jim ketaman.

O, azizim!
Senga yana xatlarim bor,
Ahdlarim bor,
Dardlarim bor,
Baxtlarim bor,
Hisobimda senga yetmas vaqtlarim bor,
O, azizim!

Bu gul umrim, gul hayotim, gul yuragim,
Ne-ne gulgun she’rlarimni xazon etmish.
Yana O‘zi qaddimni bir osmon etmish,
Yana O‘zi mushkullarni oson etmish…

Men ne deyin?

***

Bu yaproqlar bugun-erta xazon bo‘lar,
Kimning umri zar, kimniki arzon bo‘lar.
Bo‘lsa, faqat shu tushlarim sarson bo‘lar,
Menga ortga qaytmaydigan soylar yubor.

Qay kun onam ko‘zida yosh olib keldi,
Tomchisida singan quyosh yonib keldi.
Indamadi. Lek qo‘llari nolib keldi,
Dog‘ bo‘lsa ham dilga botmas oylar yubor.

Bu fasllar yuragimni urib olgan,
Hislarimni namozshomda ko‘rib qolgan.
Ham to‘xtagan, ham ozgina yurib tolgan-
Hayotimga qadim-qadim kuylar yubor.

***

Tag‘in qaytgan emish bog‘larga bahor,
Tag‘in o‘z so‘zida turarmish dunyo.
Bugun ko‘zimizda muallaq So‘z bor,
Yoshlarimiz nadir, ey Rumiy bobo?

Bir umid ishqida devona o‘tdik,
Yillar yelkaladi, hayrona o‘tdik.
Bizam dor ostidan vayrona o‘tdik,
Loshlarimiz nadir, ey Rumiy bobo?

Umrimiz uringan, dillar urilgan,
Ulkan og‘riqlarda qayta yaralgan.
Bizning boshimizga tegib yorilgan
Toshlarimiz nadir, ey Rumiy bobo?

Biz-ku ko‘nikkanmiz, yo‘q zorlarimiz,
Lek bizdan rozimi bahorlarimiz.
Dardimiz, sabrimiz, ozorlarimiz,
Doshlarimiz nadir, ey Rumiy bobo?

Men bilansan!

Men bilansan,
Kunlarimda ohor bordir,
Ohang bordir,
Kuzlarimda bahor bordir.
Ko‘zlarimda muruvvat bor va zor bordir,
Men bilansan!

Muhabbat bor, muzlarimga olov bergay,
Olam bergay,
So‘zlarimga oro bergay.
Bir yig‘lasam, yupatguvchi birov bergay,
Men bilansan!

Osmonlarda faqatgina qushlar qolmish,
Goh zaminiy, goh samoviy kuchlar qolmish,
Yulduz sanab tushlarimda tushlar qolmish,
Men bilansan!

Yuragimga yuragini to‘kdi shomlar,
To‘ldi shomlar,
Daryolarga cho‘kdi shomlar.
Meni olib ketgunicha namozshomlar,
Men bilansan,
Men bilansan,
Men bilansan!

***

Bahorga tadorik ko‘rarkan zamin,
Qish ketib borarkan, yanoqlari ol.
Nedandir iymanib, bir quchoq gulni
Daraxtlar poyiga tashlaydi shamol.

Olis-olislardan qaytarkan qushlar,
Etagin qoqishga shosharkan bulut.
Qiz o‘ksib yig‘laydi… boshida osmon…
Muhabbat haqida so‘z ochar yigit.

***

“Ko‘zlaringni ko‘rguncha tirik edim…”
Maktubdan

Gurkirab borardi alvon dunyolar,
Shamolni sig‘dirib savatlariga.
Javob yozar edi zamin erinmay,
Sharqu g‘arbdan kelgan ishq xatlariga.
Goh yig‘lar, gohida kulardi hilol,
Yonardi sohibin firoqlarida.
Kiprigi, sochlari, ko‘zlarida gul,
Quyosh tomar edi barmoqlaridan.
Keyin… nigohlarni kuydirdi hayrat,
U quyosh jimgina qaytdi iziga.
Faqatki, bir yurak… cho‘kdi-yu ketdi,
Lojuvard osmonning ko‘ziga.

***

Jo‘n bichilgan tunning ko‘ylagi,
Yulduzlarga tartib na darkor.
Chiqib kelar qarshimga mudrab,
Soyalarni turtib daraxtzor.

Qulog‘imni to‘ldirar diltang,
Siniq, tiniq oq-qora ovoz.
Men betoqat, do‘stim parishon,
Oy bepardoz-olam bepardoz.

***

Bu shamollar-tinim bilmaydi,
Bu shamollar-erka shamollar.
To‘rt faslida yursa ham daydib,
Adirlari olmas malollar.

O, men shamol edim bir paytlar,
Qirlarida sapchib o‘ynagan.
Kuyim o‘sdi… ko‘paydi dardlar,
Va… o‘ylaganim o‘ylagan.

Dunyolarim oddiydan oddiy,
Men ham malol bilmasman, netdim.
Sen ham bitta erka shamolday,
Yuragimda esdingu ketding.

***

Sen ketgan yo‘llarga to‘yib qarayman,
Xotirjam qarayman yuraklarim nam:
“Axir har lahzani yashamoq mumkin,
Ko‘hna ko‘ngildagi ko‘hna ishqda ham!”

Qarayman hammasi o‘z hududida,
Hech nega kerakmas tasalli, dalda.
Faqat… shu holimda… shu nigohlarim
Yodingga surinib ketmasa bo‘ldi.

***

Uzoq turib qoldim
Bahaybat dunyoning ostonasida.
Ko‘zimning yoshi u, erinib oqqan
Yuragimning gulgun peshonasiga.

Yaxshiyam, vaqtida yetib kelganing,
Yaxshiyam, vaqtida sevib qolganim.
Imzo chekdim vaqtning hisobotiga,
Xujjatim-ishqqa yetib olganim!

***

O, bugun shunchalar uzoq yashadim,
Juda ko‘p sog‘indim, sevdim barini.
Bir daraxt… ko‘zimning kengliklarida
Tentirab izladi xazonlarini.

Termuldim. Titradim. To‘ldim. To‘kildim:
“Mening shamollarim bilmas nihoya.”
Ertaga eng munis fasl bo‘laman,
Ertaga bugunim qilmas kifoya.

Lahzalar jonimni sukutday kechdi,
Xazonlar ruhimni kezdi piyoda.
Yig‘lash ayb emasmi, ayting, azizim,
Yomg‘irlar ivitgan kuzgi dunyoda?

04

(Tashriflar: umumiy 1 091, bugungi 1)

Izoh qoldiring