Бахтинисо, сенинг умидларинг чиройли. Бир кун қўнғироқ қилиб сен билан узоқ суҳбатлашдим. Гап орасида: «Баъзан югургинг, дарахтларга тирмашиб чиққинг келадими?» деб сўрадим. Сен эса умидингдай чиройли овозда: «Югургим ҳам, дарахт¬ларга тирмашиб чиққим ҳам келади. Аммо, армонни кўп ҳам безовта қилмайман, ҳеч қачон тушкунликка тушмайман, дединг, худди тўқайзорни оралаб, арслон наърасидан ҳузурланаётган одамдай (Ҳалима Аҳмедованинг «Менга ўша қуёшни юбор. Бахтинисога мактуб» идан. Уни мана бу саҳифада ўқинг)…
Бахтинисо Маҳмудова
ХУДО ВА ЙИҒИ
Менинг ҳикоям
Бахтинисо Маҳмудова 1993 йил 31 октябрда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. “Юрт келажаги – 2015” иқтидорли ёшлар танлови ғолибаси. “Ҳовучдаги юрак”, “Уфққа йўл” номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Шеърлари «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаларида мунтазам ёритилган. 2019 йилнинг 6 январида Туркияда ўтказилган оғир жарроҳлик амалиётидан 3 кун ўтиб Туркияда оламдан ўтди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Мен, Ёмғир ва Худо
2004-2010 йиллар
Болалигимда Худо-Худо деган ўз ўйиним бўларди. Бунда ишим юришмаса, Худодан аразлардим, омадим келиши билан яна ярашиб олардим. Бу менга шунчалар завқ берардики! У билан ўйнаш менга жудаям ёқарди. Илк бор Ундан қаттиқ ранжиганимни яхши эслайман:5-синфда ўқиб юрган кезларим нима учун ҳамма ота-онаси билан яшайди-ю, мен бобо бувимникида яшайман, деган савол билан Унга мурожаат қилиб, жавоб оломадим.
Кейин мени меҳрибонлик уйидан асраб олишган бўлса-чи деган хаёлда катта танаффус пайти ўқитувчилар хонасидан табелимни ўғирладим(ўғрилик ёмон, бу саволимга жавоб бермагани учун Унга жазо эди гўё) ва ота-онасининг исми деган жойида узоқда яшаб, ҳар замонда хабар олиб турадиган онамнинг исмига ва нотаниш эркак исмига кўзим тушди. Уйга келиб момамдан бунинг жавобини сўрадим. Момам мендан бундай гапни кутмаган шекилли, аввалига бир сўз демай қотиб қолди, кейин узоқ йиғлади, жудаям кўп йиғлади. Мени бағрига босиб йиғлади ва кўчамизнинг бошида турадиган одам отам эканини, онам билан туғилмасимданоқ йўллари айро тушганини ва мен шу ерда қолиб, онам бошқага турмушга чиқиб кетгани аниқ бўлди. Мен ўн икки ёшда эдим. Мен озгина йиғладим. Кейин дўстим-Худо билан апоқ-чапоқ бўлиб кетганим мурғак қалбимнинг эзилишига йўл қўймади. Ҳар ҳолда энди кимнинг боласи эканим аниқ эди.
Мен отам билан юзма-юз бўлиш режаларини туза бошладим ва бир куни бу бўлди. Мактабдан қайтишимда у киши хотини билан бозордан қайтаётган экан. Қаттиқ ёмғир ёғаётган эди. Орқаларидан қолмай келавердим. Кўзларимга қараса, чиройли табассум қиламан ва шу билан мени яхши кўриб қолади, деган тасаввур мавжуд эди менда. Кўчамиз бошигача келдим. Лекин қарамади. Бир бора бўлсаям ортига ўгирилмади. Уйига кириб кетгунча турдим. Йўқ, қарамади.
Катта кўчада мен, Ёмғир ва Худо қолиб кетдик. Шу билан ҳаммаси ўзгарди. Ҳаммаси тугади. Ҳаммаси бошланди. Ўшанда мурғак юрагимда илк бора оғриқ сезганман. Кейин бу оғриқлар кўпайди ва Худо билан ҳам энди ўйнамай қўйдим. Юрагим тез-тез санчиб қўядиган бўлди, кейин оёқларимдан мадор кета бошлади. Ҳар қадамда шамоллар мени таъқиб этарди. Назаримда, ундан аразлаганимни билиб, ўзини танитмаслик учун шамол шаклида ортимдан сўзсиз эргашарди Худо.
Менинг аразларим беозор эди. Ҳеч ким билмасди оғриқларимни. Фақат ўзим… дунёнинг чалкаш чизиқларида мувозанатимни қандай сақлай олишим ҳақида кўп ўйлардим. Мактабни битириб, коллежга кирдиму кўп вақт ўтмай бутунлай ётиб қолдим. Тошкент қайтарди, Самарқандда жоним омон қолди. Тўрт марта мураккаб жарроҳлик операциясини бошимдан ўтказдим. Сочимни олиб ташлашди. Биринчи операциядан кейин уйғонсам, бошимнинг терисини тешиб, икки чаккамдан темир билан тош осиб қўйишган экан, икки оёғимнинг икки четига ҳам тош осишибди. Фаррошлар эҳтиётсизлик қилиб, осилиб турган тошга тегиб кетишса, миямнинг ичида қолиб кетардим. Шу зайл ўн уч кун турдим. Момам ва холамлар алмашиб қарашди.
Бандасининг бошини фалакнинг тошидан ҳам мустаҳкам қилиб яратган экан Худо. Бошим узилиб тушади деб ўйлардим. Ҳеч нарса қилмади. Учинчисида клиник ўлим қайд этилган менда ва ўшанда бир лаҳзага жаннатга тушиб қолдим(шекилли). Ўқишимни давом эттириш учун руҳсат олдим. Оёқларим енгил, ҳеч қандай оғриқларсиз, хотиржамлик ва қувонч билан ўқув биноси томон югурдим. Икки-учта қизлар билан танишдим. Улар мени синфхонага эмас, боққа олиб боришди. Кираверишда йигитлар мен томон ҳайрон боқишди. Янги келган бу, деди ёнимдаги қиз. Кейин ҳамма боғнинг ўртасида осмонга илиниб турган толаларга осилиб олишди. Шундай ингичка толалар қандай қилиб бир одамни кўтариб турганига ақлим етмасди. Шошилганча ўз толамни қидира бошладим. Аммо ҳаммаси банд эди. Қизларга ялиндим, ҳеч ким бермади. Янги қиз, сенинг арғимчоғинг йўқ, энди ўқиёлмайсан бизда, деди йигитлардан бири. Йиғламоқчи бўламан, томоғимда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади фақат. Кейин яна нималардир бўлди, яхши эслай олмайман. Аммо уйғонганимда билдимки, мен яна ўша оғриқлар, раҳмдил қиёфалар ичида эдим. “Ҳалиям кислородни вақтида топдик!” деди кимдир. “Нимага топасан? Шундай чиройли ҳаётдан мени тортиб олдинг. Ўйнаб-кулиб ўқиб юрмоқчийдим, оғриқларсиз яшамоқчийдим, кислородга бало бормиди?!” дедим аламли. Аммо овозим чиқмас, қўлларимни қимирлатишга-да мадорим етмасди.
Тушларим
Худо билан аразлашганимдан буён ҳар куни тушлар кўраман. Уларнинг аксарияти қоронғу . Деярли барчасида катта-катта тошлар эгаллаб олган узун йўллар, нурсиз лой кўчалар, сирпаниб, мувозанатимни тутолмаётганим, зиналардан чиқишга қийналаётганим тасвирланади. Аммо ҳаммасида юраман. Бир куни кичкина холам билан бозор айланишга бордим ва чиройли кийимлар харид қилдим. Қайтар чоғимизда қаердандир момам ва бувам пайдо бўлди. Бувам мени кўтариб машинага ўтказмоқчи бўлди. Бува, мени қўйиб юборинг, ўзим юроламанку, деб қўрқиб уйғониб кетдим. Қарасам, ўша холам хонамни супураётган экан. “Турдингми, ёнбош қилиб қўяйинми?”-дедилар холам ниҳоятда сокин овозда. Юриш тугул, мустақил ўтириш тугул, ёнбошга ағдарила олмаслигим ёдимга тушиб кетди. Индамадим. Мен тушлар ичида йўқолиб кетишни шунчалар истадимки!
Кейинги куни қўшнимизникидаги қандайдир маросимда қатнашаётган эканман. Яхши юрибман, ҳамма оғриқларим унутилган. Тўсатдан қачондир операция бўлиб юролмай қолганим ёдимга тушиб кетди. Тушларимда юрганларим хаёлимдан ўтди. Чўнтагимдаги телефонга қарадим-у, қўшни қиз-Зухранинг олдига чопиб бордим.
-Зухра, мени суратга ол, тез бўл!-дедим ҳовлиқиб.
-Нега?-деди ажабланиб.-Расмга тушиб нима қиласан. Юр, ундан кўра, дарёга борамиз,-деди хотиржам.
-Зухражон¸ мени расмга олмасанг бўлмайди, шу туришимда расмга ол. Жуда кўп тушлар кўряпман. Юролмасмишман, Зухра. Ишонгим келмайди. Юриб турган одам ҳам юролмай қоладими ахир? Мана, менга қара, ҳозир ўнггимми бу, мана қўлларим, мана оёқларим, демак, ўнггим. Соғ юрибман. Ма, телефонимга расм тушиб олай,-дедим йиғлаб.
-Жинни бўлдингми, юрибсанку, тушга нималар кирмайди дейсан. Расмни нима қиласан ўзи?-деди Зухра аччиқланиб.
-Биласанми, ҳозир жуда бахтиёрман. Лекин шу қувончим ҳам туш бўлиши мумкин, қўрқяпман, Зухражон. Нима қилай, бу тушлар мени адо қиляпти. Юрагимни олдириб қўйдим шу тушларга. Шу ерда қолишни истайман. Шу зайлда қолмоқчиман. Шу ҳолимча яшамоқчиман. Мени бағрингга бос, маҳкам қучоқла, қўйиб юборма, ёмон тушларнинг мени тортиб олишига йўл қўйма. Қўрқяпман. Мабодо… Агар сен ҳозир мени расмга туширсанг ва мабодо бу туш бўлса ҳам, шу телефонимни тушимдан олиб ўтаман ва мени даволай олмаган дўхтирларга кўрсатаман, кейин даволаб, тузатишади,-дедим.
Лекин бу туш эмаслигидан кўнглим хотиржам эди. Зухра мени суратга олди. Зудлик билан қафасидан озод бўлган қушдай телефонни маҳкам қучоқлаб олдим. Атрофимдаги минглаб нигоҳлардан яширдим. Шу алфоз қанча вақт турдим билмайман, уйғонганимда қўлларим бўм-бўш эди. Ўзимни пайпаслаб, телефонни узоқ қидирдим, аммо топа олмадим.
2011 йил
***
Танамда жароҳатлар ниҳоятда кўп. Беш ойдан бери мунтазам, кунига икки маҳал музлаб иситма қиламан, қалтироқ суяк-суякларимгача етиб боради. Охирги кунларда иситма туширувчи укол ҳам таъсир қилмай қолди. Ўтирғизиб қўйишса, кўнглим беҳузур бўлади, бошим айланади. Охири бўлмади, тоғам яна шифохонага олиб борди. Қонимга инфексия тушиб кетибди. Қонимни алмаштиришди. Аммо иситмам тушай демайди. Шифохонага келганимнинг тўртинчи ойларида сал-пал аҳволим ўнглангандек бўлди. Эрталаб шифокор битта укол қилиб кетади ва куни бўйи кайфиятим яхши бўлади. Бу уколдан беш кун олдим, олтинчи куни якшанба эди, шифокор бироз кечикди. Аҳволим тўсатдан оғирлашди. Яна иссиғим кўтарилди, ҳеч қандай укол таъсир қилмади. Қалтироқларим ортиб кетаверди. Ўн дақиқалардан сўнг, шифокорим ҳовлиқиб кириб келди ва ўша уколини қилди. “Йўлда ушланиб қолдим” деди. Бир пасда тинчидим. Жуда енгил бўлдим. Аммо кўнглимга бир ҳавотир оралади. Бу қанақа укол ўзи? Нега менга шундан бўлак бошқа ҳеч нарса таъсир қилмаяпти? Унга ўрганиб қолсам нима бўлади? Эртасига барвақт турдим ва ўзимни синадим. Шифокор келгунча оз-моз безовталандим. Укол ўз вақтида келди.
-Тўхтанг, бу қанақа укол ўзи, номи нима?-дедим.
Шифокор талмовсиради.
-Тинчланинг, бу қўрқинчли эмас, ҳозир аҳволингиз ниҳоятда оғир. Фақат шу уколгина сизни тинлантиряпти. Буни биз энг сўнгги чора сифатида қўллаймиз. Бу гармон, наркотикнинг бир тури деса ҳам бўлади,-деди.
Жаҳлим чиқиб кетди. Ўз ҳаётим учун ўзим масъулман, олмайман гармонингизни, деб қатъий туриб олдим. Оғриқларга чидайман, десангиз, майли, деб чиқиб кетди шифокор. Жуда қаттиқ оғридим. Одамнинг жони битта шпритснинг ичига бемалол сиғади-я! Мендан ҳам момам азобда. Қўрқманг, дейман, шу уколга ўрганиб қолсам бундан баттар бўламан, дейман. Момам барибир қўрқаверади. Ғужанак бўлиб қоламан, оёқ қўлим қалтирайди. Аммо эртам учун чидашим керак. Узоғи билан уч кун қийналдим. Худога шукр, ҳаммаси ўтиб кетди. Шу шифохонада момам билан янги йилни ҳам, наврўзни ҳам ўтказдик. Тўққиз ойдан кейин уйга қайтдик. Жароҳатларим ўн етти ойда битди.
2012 йил
***
Бироз ўтириб қолдим. Уйда зерикяпман. Бирор юмуш билан овунмасам бўлмайди. Мактабда ўқиб юрган кезларим у бу нима қоралардим. Шуни давом эттираман. Жуда кўп нарса ёзяпман. Айниқса, насрда. Шеърга хафсалам йўқ. Аммо юрагимда жуда катта вулқон отилишга тайёрланаётгандек ҳис қиламан ўзимни. Китобларим чоп этилганини, унга катта-катта шоирлар юқори баҳо берганини тушларимда эшитаман. Яна мен ҳақимда жудаям кўп мақолалар ёзилаётганини ҳис этаман. Ҳаммаси шеърларим ҳақида. Яна ўйлайман, мен шеър ёза олмаётган бўлсам, бу тушлар ҳам шунчаки хом-хаёл. Аммо кўнглимга келганларини умид билан қоғозга тушириб қўйдим. Бир нечта газетага юбордим, 2-3 таси чоп этилди. Бувам ҳар ҳафта “Бекажон” олиб келади. Ҳамма саҳифасини ўқиб чиқаман ва фикрларимни ёзиб, ҳар ҳафта мактуб юбораман. Кўпи чоп этилди. Лекин шеърларимни ҳеч чиқаришмаяпти. Аммо бир кун чиқаришади, ўзимдан сўраб олишади. Кўнглим тўқ. Демак, яшаса бўлади.
2013 йил
***
Ижодни севиб қолдим. Тинимсиз ёзаман. Уйимизга вилоятимиз газетасидан мухбирлар келишди. Ҳатто ташаккурнома ҳам беришди. Мен бир ҳафтада иккита ижодий ишим билан тинимсиз газетада чиқиш қиламан. “Бекажон” газетасида уч-тўртта шеърларим чиқди. Ҳатто тадбирларига ҳам таклиф этишди. Ҳеч кўчага чиқмас эдим. Ҳамма устимдан кулаётгандек туюларди.
Кўзимни чирт юмдиму, Самарқандга бордим. Довдираб иккита шеър ўқидим. Бундай даврада биринчи бўлишим эди. Кимга қандай муомала қилишни ҳам билмадим. Шоира Хосият Бобомуродова китобларига дастхат ёзиб, қўлимга бердилар. Катта шоира бўласан, дедилар. Кулгим келди. Мен сизларга ўхшаб, катта давраларга боролмайман, катта йиғинларга қатнашолмайман, зиналардан чиқолмайман, шунинг учун орзуда ҳам меъёрни унутмаслик керак, дегим келди. “Бекажон” газетаси шеърларимни сўради. Китоб қилар эмиш. Менинг пулим бўлмаса. Индамай бердим. Бир неча ойдан сўнг, “Ҳовучдаги юрак” номли илк китобим қўлимда бўлди. Хосият Бобомуродова жуда чиройли сўз боши ёзибдилар. Бир ҳафтадан сўнг, “Бекажон”да устоз ёзувчи Тоҳир Малик сўзлари билан бир туркум шеърларим босилиб чиқди. Момамлар ҳам хурсанд. Ҳеч бўлмаса, ижодий ютуқларим кўпаймоқда.
2014 йил
***
Ижодкор дўстларим кўпайгандан кўпайган. Туманимиз ёшлари ҳоким қабулига кириб, мени даволатиш ва оёққа турғазиш ҳақида мурожаат қилганлари ҳақида эшитиб қолдим. Тошкентда бепул даволанишим учун қўлимга ордер беришди. Аввалига бормайман, дедим. Момам қўймади, шуларнинг меҳнати зое кетмасин, бир ҳаво алмаштириб келасан, деди.
Бордим. Мени гоҳ у шифохонага юборишади, гоҳида бу. Охири Республика нейрохирургия марказида тўхтадик. Шифокор барча текширувлардан ўтказди. Шунақасиям бўладими, оёқларинг соғломку, нега юролмаяпсан, деди. Ҳайрон бўлдим. Эртасига яна битта аппаратга солди. Уч-тўртта врач биргалашиб текширишди. Момам ташқарида эди. Шифокор жуда ҳиссиз экан. Олдимга келиб ўтирди-да, кўп операция бўлганинг натижасида орқа миянгда киста пайдо бўлибди, дейди. Ўзбекистонда олиб бўлмас экан. Микроскоплари йўқ эмиш. Киста ниҳоятда орқа миянинг ичкарисида эмиш. Шу туришда юраверсам, ҳеч нарса қилмайдими, десам, кўзларимга қараб, қилади, аввал қўлингнинг ҳаракатини чеклайди, кейин кўриш фаолиятингга таъсир қилади, охири ўлим билан тугайди, дейди. Нима дейишни билмадим. Эндигина яшамоқчийдим-а?!.
Ҳамшира мени залга, момамнинг олдига олиб чиқди. Момам кўп савол берди, қулоғим эшитиб эшитмай қолди. Фақат йиғладим. Чорасизман. Нарироқда бувам турарди, ёнимда момам. Шундай ожиз ва вайрон туриб қолдим. Уйга келиб, ўйладим, хўш, касалимнинг охири ўлим билан тугар экан, ҳаётимнинг ҳам охири ўлимку. Майли, нима бўлса бўлар, ёзаверайчи. Алам билан, изтироб билан жуда кўп шеърлар ёздим. Битта ҳомий топилиб, иккинчи “Уфққа йўл” китобим ҳам чоп этилди. Ҳеч хурсанд бўлгим йўқ. Хаёлимда шу китобимни ўқиб, мени хотирлаб, кимларнингдир йиғлаб ўтиргани пайдо бўлаверади.
Туманимизда бир танлов ўтказиладиган бўлди. Уйда сиқилиб қолдим. Бувамга айтгандим, олиб борди, қатнашиб, журналистика йўналишида 1-ўринни олдим. Газетада чиққан ҳамма ишларимни йиғиб, тўпладиму, бироз вақтдан танловнинг вилоят босқичига йўл олдим. Ўзим ўқиган китоблар бўйича саволлар тушди, айтишим мумкинки, ҳамма саволга хотиржамлик билан тўғри ва аниқ жавоб бериб, Республика босқичига йўл олдим. Момам йўл узоқ, ўн кун тураркансан, бормайсан, дедилар. Мен бораман, деб қатъий туриб олдим, битта жиянимни олиб йўлга тушдим. Қийналсам, ўзим айтаман, олиб кетасизлар, дедим. Ҳамма ёрдам берди. Қийналмадим. Республикада ҳам ғолиб бўлдим.
Энди шеър ёзиш жараёним умуман ўзгариб кетди. Ҳуув ўша ичимга кирган қалтироқлар ташқарига шеър бўлиб чиқар эди. Кўзларимдан чиқар эди. Мен ловуллаб ёздим, девонадай йиғлаб ёздим, мажнун шамолларга соврилиб ёздим, гоҳо тупроқдайин ҳокисор, гоҳида осмондан-да юксалиб ёздим. Шу шеърларни ўқиётсам, қалтироқлар овозимга ҳам қалқиб чиқадиган бўлди. Маст бўлдим, кўнглимнинг ичида сарсон бўлдим. Ёздиму, нима деб ёзаётганимни билмай ёздим.
2015 йил
***
Қолганини ёзгим келмайди. Худо умр берса, 50-60 ёшларимда ҳаммаси ҳақида батафсил ёзарман. Балки уни китоб ҳам қиларман. Ҳаммани кечирдим, ҳеч кимдан аразим йўқ. Дардлар ҳам табаррук, дардлар ҳам жоиз. Ўн олти йил югурдим, етти йилдан бери йиқилиб турибман. Нега мана шу ўн олтим еттимдан енгилроқ,еттимдан саёзроқ? Еттининг тошлари ўн олтининг тошлари олдида бунчалар оғир!
Нима бўлса ҳам Худойимнинг тарозиси тўғри ишлайди. Худойимнинг шу дардлари мени кучли қилди, иродали қилди. Ҳар қандай вазиятга кўниктириб, ҳар қандай ноҳақлик олдида жаҳлимни жиловлай оладиган қилди.
Атрофга қарайман, момам, бувам, тоғам, янгам ва жиянларим, ҳаммаси атрофимда гирдикапалак. Мана бу янгам, бировнинг боласи, мен унга кимман, неча йилдан бери момам билан ёнма-ён менга қарайди, нега у онамдан ҳам меҳрибон? Момамнику ҳар кун ўйлайман. Жиянларим ўз опасидек кўради мени, уйга меҳмонларим келишса, югуриб хизмат қилишади, бирор марта бўлса-да малол олганларини эслолмайман.
Мен ўзи кимман? Яқинда бир психолог билан гаплашиб қолдим. Мен унга тушкунликка тушмаслигимни исботламоқчи бўлдим. Лекин унинг гапларидан англадимки, мен тушкунликнинг энг тубига етиб бўлибман. Энди пастга йўл йўқ. Энди йўл фақат юқорига, деди психолог.
Юқорига қарасам, на заминни кўраман, на дунёни, на осмонни. Фақат Худо ва йиғи, Худо ва йиғи… теграмда чарх айланади, бошим айланади, кўзим тинади, юрагим беҳузур бўлади. “Мени тортиб ол” дейман Худога. Тоқатсизланаман. Безовталанаман. “Мен кўрсатган йўлдан келавер” дейди. Йиғининг елкасига бошимни қўяман. Ҳузурланаман.
Кўп ўйлайман, ҳаёт йўлларида нега бунча кўп довдирадим? Ортимга қараб, саволларимга жавоб топгандек ҳам бўламан.
Мактабга жуда катта меҳр, чексиз иштиёқ билан чиққанман.Алифбени барча синфдошларимдан олдин ўрганиб олдим, ҳарфларни тушимда ҳам такрорлаб чиқардим. Иккинчи чоракдан сўнг, дарсларни зўр ўзлаштирганим сабаб, устозимиз “Китобим-офтобим” номли китоб бердилар. Суратларига шунчалик маҳлиё бўлдимки! Ҳаётимни ҳам шу китобларда тасвирлангандек ўтказишга уринардим. Китобий сўзлар ёд бўлиб кетганди. Фақат оилавий суратларида ота онамни кўра олмасдим, ҳеч нимага ақлим етмасди.
Кейинчалик Одобнома китобим менга йўлбошчи бўлди. Одобли, аққли қиз бўлишга уринардим. Катталарнинг айтганини қилишга ўргандим. Ҳалол бўламан, кейин ҳеч қачон озорланмайман, дердим. Ҳатто ҳозир ҳам китоблар ичида яшайман. Одамлар орасида яшашни истамаганим учун довдираётгандирман балки. Билмасам. Одамларга қарагим келмайди. Қарасам, фақат насиҳат ўқишади. Насиҳатларни ёмон кўраман. Қўшни келин қайнсинглиси билан келишолмай, кетиб қолди. Ажрашишди. У хомиладор эди. Биринчи фарзанд. Яқинда туғилади. Қўшнимиз ўғлини уйлантирмоқчи. Фарзанди туғилгандан кейин онасини турмушга беришади. У чақалоқнинг тақдири нима бўлади? Одамлар кимларгадир маслаҳат бергунча, ўз ҳаётларини тўғри яшасалар яхши бўларди.
Ҳозир ўзимни йиғиб ололмаяпман. Шундай тўзғиб кетганманки! Яхшиям Худо бор. Яхшиям У ёнимда. Ниҳоясиз бахтли кунларимнинг бирида У билан ҳаёт ҳақида тўла-тўкис хулоса айтаман. Айтаман.
Яна шу мавзуда:
Бахтинисо Маҳмудова. Шеърлар
Бахтинисо Маҳмудова. Янги шеърлар
Бахтинисо Маҳмудова. Янги шеърлар & Эшқобил Шукур. Бахтинисо шеърларини ўқидим…
Baxtiniso, sening umidlaring chiroyli. Bir kun qo‘ng‘iroq qilib sen bilan uzoq suhbatlashdim. Gap orasida: «Ba’zan yugurging, daraxtlarga tirmashib chiqqing keladimi?» deb so‘radim. Sen esa umidingday chiroyli ovozda: «Yugurgim ham, daraxt¬larga tirmashib chiqqim ham keladi. Ammo, armonni ko‘p ham bezovta qilmayman, hech qachon tushkunlikka tushmayman, deding, xuddi to‘qayzorni oralab, arslon na’rasidan huzurlanayotgan odamday Halima Ahmedovaning «Menga o‘sha quyoshni yubor. Baxtinisoga maktub» idan. Uni mana bu sahifada o‘qing)…
Baxtiniso Mahmudova
XUDO VA YIG‘I
Mening hikoyam
Baxtiniso Mahmudova 1993 yil 31 oktyabrda Qashqadaryo viloyatining Chiroqchi tumanida tugʻilgan. “Yurt kelajagi – 2015” iqtidorli yoshlar tanlovi gʻolibasi. “Hovuchdagi yurak”, “Ufqqa yoʻl” nomli sheʼriy toʻplamlari nashr etilgan. Sheʼrlari “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifalarida muntazam yoritilgan. 2019 yilning 6 yanvarida Turkiyada oʻtkazilgan ogʻir jarrohlik amaliyotidan 3 kun oʻtib Turkiyada olamdan oʻtdi. Alloh rahmatiga olgan boʻlsin.
Men, Yomg‘ir va Xudo
2004-2010 yillar
Bolaligimda Xudo-Xudo degan o‘z o‘yinim bo‘lardi. Bunda ishim yurishmasa, Xudodan arazlardim, omadim kelishi bilan yana yarashib olardim. Bu menga shunchalar zavq berardiki! U bilan o‘ynash menga judayam yoqardi. Ilk bor Undan qattiq ranjiganimni yaxshi eslayman:5-sinfda o‘qib yurgan kezlarim nima uchun hamma ota-onasi bilan yashaydi-yu, men bobo buvimnikida yashayman, degan savol bilan Unga murojaat qilib, javob olomadim.
Keyin meni mehribonlik uyidan asrab olishgan bo‘lsa-chi degan xayolda katta tanaffus payti o‘qituvchilar xonasidan tabelimni o‘g‘irladim(o‘g‘rilik yomon, bu savolimga javob bermagani uchun Unga jazo edi go‘yo) va ota-onasining ismi degan joyida uzoqda yashab, har zamonda xabar olib turadigan onamning ismiga va notanish erkak ismiga ko‘zim tushdi. Uyga kelib momamdan buning javobini so‘radim. Momam mendan bunday gapni kutmagan shekilli, avvaliga bir so‘z demay qotib qoldi, keyin uzoq yig‘ladi, judayam ko‘p yig‘ladi. Meni bag‘riga bosib yig‘ladi va ko‘chamizning boshida turadigan odam otam ekanini, onam bilan tug‘ilmasimdanoq yo‘llari ayro tushganini va men shu yerda qolib, onam boshqaga turmushga chiqib ketgani aniq bo‘ldi. Men o‘n ikki yoshda edim. Men ozgina yig‘ladim. Keyin do‘stim-Xudo bilan apoq-chapoq bo‘lib ketganim murg‘ak qalbimning ezilishiga yo‘l qo‘ymadi. Har holda endi kimning bolasi ekanim aniq edi.
Men otam bilan yuzma-yuz bo‘lish rejalarini tuza boshladim va bir kuni bu bo‘ldi. Maktabdan qaytishimda u kishi xotini bilan bozordan qaytayotgan ekan. Qattiq yomg‘ir yog‘ayotgan edi. Orqalaridan qolmay kelaverdim. Ko‘zlarimga qarasa, chiroyli tabassum qilaman va shu bilan meni yaxshi ko‘rib qoladi, degan tasavvur mavjud edi menda. Ko‘chamiz boshigacha keldim. Lekin qaramadi. Bir bora bo‘lsayam ortiga o‘girilmadi. Uyiga kirib ketguncha turdim. Yo‘q, qaramadi.
Katta ko‘chada men, Yomg‘ir va Xudo qolib ketdik. Shu bilan hammasi o‘zgardi. Hammasi tugadi. Hammasi boshlandi. O‘shanda murg‘ak yuragimda ilk bora og‘riq sezganman. Keyin bu og‘riqlar ko‘paydi va Xudo bilan ham endi o‘ynamay qo‘ydim. Yuragim tez-tez sanchib qo‘yadigan bo‘ldi, keyin oyoqlarimdan mador keta boshladi. Har qadamda shamollar meni ta’qib etardi. Nazarimda, undan arazlaganimni bilib, o‘zini tanitmaslik uchun shamol shaklida ortimdan so‘zsiz ergashardi Xudo.
Mening arazlarim beozor edi. Hech kim bilmasdi og‘riqlarimni. Faqat o‘zim… dunyoning chalkash chiziqlarida muvozanatimni qanday saqlay olishim haqida ko‘p o‘ylardim. Maktabni bitirib, kollejga kirdimu ko‘p vaqt o‘tmay butunlay yotib qoldim. Toshkent qaytardi, Samarqandda jonim omon qoldi. To‘rt marta murakkab jarrohlik operatsiyasini boshimdan o‘tkazdim. Sochimni olib tashlashdi. Birinchi operatsiyadan keyin uyg‘onsam, boshimning terisini teshib, ikki chakkamdan temir bilan tosh osib qo‘yishgan ekan, ikki oyog‘imning ikki chetiga ham tosh osishibdi. Farroshlar ehtiyotsizlik qilib, osilib turgan toshga tegib ketishsa, miyamning ichida qolib ketardim. Shu zayl o‘n uch kun turdim. Momam va xolamlar almashib qarashdi.
Bandasining boshini falakning toshidan ham mustahkam qilib yaratgan ekan Xudo. Boshim uzilib tushadi deb o‘ylardim. Hech narsa qilmadi. Uchinchisida klinik o‘lim qayd etilgan menda va o‘shanda bir lahzaga jannatga tushib qoldim(shekilli). O‘qishimni davom ettirish uchun ruhsat oldim. Oyoqlarim yengil, hech qanday og‘riqlarsiz, xotirjamlik va quvonch bilan o‘quv binosi tomon yugurdim. Ikki-uchta qizlar bilan tanishdim. Ular meni sinfxonaga emas, boqqa olib borishdi. Kiraverishda yigitlar men tomon hayron boqishdi. Yangi kelgan bu, dedi yonimdagi qiz. Keyin hamma bog‘ning o‘rtasida osmonga ilinib turgan tolalarga osilib olishdi. Shunday ingichka tolalar qanday qilib bir odamni ko‘tarib turganiga aqlim yetmasdi. Shoshilgancha o‘z tolamni qidira boshladim. Ammo hammasi band edi. Qizlarga yalindim, hech kim bermadi. Yangi qiz, sening arg‘imchog‘ing yo‘q, endi o‘qiyolmaysan bizda, dedi yigitlardan biri. Yig‘lamoqchi bo‘laman, tomog‘imda qattiq og‘riq paydo bo‘ladi faqat. Keyin yana nimalardir bo‘ldi, yaxshi eslay olmayman. Ammo uyg‘onganimda bildimki, men yana o‘sha og‘riqlar, rahmdil qiyofalar ichida edim. “Haliyam kislorodni vaqtida topdik!” dedi kimdir. “Nimaga topasan? Shunday chiroyli hayotdan meni tortib olding. O‘ynab-kulib o‘qib yurmoqchiydim, og‘riqlarsiz yashamoqchiydim, kislorodga balo bormidi?!” dedim alamli. Ammo ovozim chiqmas, qo‘llarimni qimirlatishga-da madorim yetmasdi.
Tushlarim
Xudo bilan arazlashganimdan buyon har kuni tushlar ko‘raman. Ularning aksariyati qorong‘u . Deyarli barchasida katta-katta toshlar egallab olgan uzun yo‘llar, nursiz loy ko‘chalar, sirpanib, muvozanatimni tutolmayotganim, zinalardan chiqishga qiynalayotganim tasvirlanadi. Ammo hammasida yuraman. Bir kuni kichkina xolam bilan bozor aylanishga bordim va chiroyli kiyimlar xarid qildim. Qaytar chog‘imizda qayerdandir momam va buvam paydo bo‘ldi. Buvam meni ko‘tarib mashinaga o‘tkazmoqchi bo‘ldi. Buva, meni qo‘yib yuboring, o‘zim yurolamanku, deb qo‘rqib uyg‘onib ketdim. Qarasam, o‘sha xolam xonamni supurayotgan ekan. “Turdingmi, yonbosh qilib qo‘yayinmi?”-dedilar xolam nihoyatda sokin ovozda. Yurish tugul, mustaqil o‘tirish tugul, yonboshga ag‘darila olmasligim yodimga tushib ketdi. Indamadim. Men tushlar ichida yo‘qolib ketishni shunchalar istadimki!
Keyingi kuni qo‘shnimiznikidagi qandaydir marosimda qatnashayotgan ekanman. Yaxshi yuribman, hamma og‘riqlarim unutilgan. To‘satdan qachondir operatsiya bo‘lib yurolmay qolganim yodimga tushib ketdi. Tushlarimda yurganlarim xayolimdan o‘tdi. Cho‘ntagimdagi telefonga qaradim-u, qo‘shni qiz-Zuxraning oldiga chopib bordim.
-Zuxra, meni suratga ol, tez bo‘l!-dedim hovliqib.
-Nega?-dedi ajablanib.-Rasmga tushib nima qilasan. Yur, undan ko‘ra, daryoga boramiz,-dedi xotirjam.
-Zuxrajon¸ meni rasmga olmasang bo‘lmaydi, shu turishimda rasmga ol. Juda ko‘p tushlar ko‘ryapman. Yurolmasmishman, Zuxra. Ishongim kelmaydi. Yurib turgan odam ham yurolmay qoladimi axir? Mana, menga qara, hozir o‘nggimmi bu, mana qo‘llarim, mana oyoqlarim, demak, o‘nggim. Sog‘ yuribman. Ma, telefonimga rasm tushib olay,-dedim yig‘lab.
-Jinni bo‘ldingmi, yuribsanku, tushga nimalar kirmaydi deysan. Rasmni nima qilasan o‘zi?-dedi Zuxra achchiqlanib.
-Bilasanmi, hozir juda baxtiyorman. Lekin shu quvonchim ham tush bo‘lishi mumkin, qo‘rqyapman, Zuxrajon. Nima qilay, bu tushlar meni ado qilyapti. Yuragimni oldirib qo‘ydim shu tushlarga. Shu yerda qolishni istayman. Shu zaylda qolmoqchiman. Shu holimcha yashamoqchiman. Meni bag‘ringga bos, mahkam quchoqla, qo‘yib yuborma, yomon tushlarning meni tortib olishiga yo‘l qo‘yma. Qo‘rqyapman. Mabodo… Agar sen hozir meni rasmga tushirsang va mabodo bu tush bo‘lsa ham, shu telefonimni tushimdan olib o‘taman va meni davolay olmagan do‘xtirlarga ko‘rsataman, keyin davolab, tuzatishadi,-dedim.
Lekin bu tush emasligidan ko‘nglim xotirjam edi. Zuxra meni suratga oldi. Zudlik bilan qafasidan ozod bo‘lgan qushday telefonni mahkam quchoqlab oldim. Atrofimdagi minglab nigohlardan yashirdim. Shu alfoz qancha vaqt turdim bilmayman, uyg‘onganimda qo‘llarim bo‘m-bo‘sh edi. O‘zimni paypaslab, telefonni uzoq qidirdim, ammo topa olmadim.
2011 yil
***
Tanamda jarohatlar nihoyatda ko‘p. Besh oydan beri muntazam, kuniga ikki mahal muzlab isitma qilaman, qaltiroq suyak-suyaklarimgacha yetib boradi. Oxirgi kunlarda isitma tushiruvchi ukol ham ta’sir qilmay qoldi. O‘tirg‘izib qo‘yishsa, ko‘nglim behuzur bo‘ladi, boshim aylanadi. Oxiri bo‘lmadi, tog‘am yana shifoxonaga olib bordi. Qonimga infeksiya tushib ketibdi. Qonimni almashtirishdi. Ammo isitmam tushay demaydi. Shifoxonaga kelganimning to‘rtinchi oylarida sal-pal ahvolim o‘nglangandek bo‘ldi. Ertalab shifokor bitta ukol qilib ketadi va kuni bo‘yi kayfiyatim yaxshi bo‘ladi. Bu ukoldan besh kun oldim, oltinchi kuni yakshanba edi, shifokor biroz kechikdi. Ahvolim to‘satdan og‘irlashdi. Yana issig‘im ko‘tarildi, hech qanday ukol ta’sir qilmadi. Qaltiroqlarim ortib ketaverdi. O‘n daqiqalardan so‘ng, shifokorim hovliqib kirib keldi va o‘sha ukolini qildi. “Yo‘lda ushlanib qoldim” dedi. Bir pasda tinchidim. Juda yengil bo‘ldim. Ammo ko‘nglimga bir havotir oraladi. Bu qanaqa ukol o‘zi? Nega menga shundan bo‘lak boshqa hech narsa ta’sir qilmayapti? Unga o‘rganib qolsam nima bo‘ladi? Ertasiga barvaqt turdim va o‘zimni sinadim. Shifokor kelguncha oz-moz bezovtalandim. Ukol o‘z vaqtida keldi.
-To‘xtang, bu qanaqa ukol o‘zi, nomi nima?-dedim.
Shifokor talmovsiradi.
-Tinchlaning, bu qo‘rqinchli emas, hozir ahvolingiz nihoyatda og‘ir. Faqat shu ukolgina sizni tinlantiryapti. Buni biz eng so‘nggi chora sifatida qo‘llaymiz. Bu garmon, narkotikning bir turi desa ham bo‘ladi,-dedi.
Jahlim chiqib ketdi. O‘z hayotim uchun o‘zim mas’ulman, olmayman garmoningizni, deb qat’iy turib oldim. Og‘riqlarga chidayman, desangiz, mayli, deb chiqib ketdi shifokor. Juda qattiq og‘ridim. Odamning joni bitta shpritsning ichiga bemalol sig‘adi-ya! Mendan ham momam azobda. Qo‘rqmang, deyman, shu ukolga o‘rganib qolsam bundan battar bo‘laman, deyman. Momam baribir qo‘rqaveradi. G‘ujanak bo‘lib qolaman, oyoq qo‘lim qaltiraydi. Ammo ertam uchun chidashim kerak. Uzog‘i bilan uch kun qiynaldim. Xudoga shukr, hammasi o‘tib ketdi. Shu shifoxonada momam bilan yangi yilni ham, navro‘zni ham o‘tkazdik. To‘qqiz oydan keyin uyga qaytdik. Jarohatlarim o‘n yetti oyda bitdi.
2012 yil
***
Biroz o‘tirib qoldim. Uyda zerikyapman. Biror yumush bilan ovunmasam bo‘lmaydi. Maktabda o‘qib yurgan kezlarim u bu nima qoralardim. Shuni davom ettiraman. Juda ko‘p narsa yozyapman. Ayniqsa, nasrda. She’rga xafsalam yo‘q. Ammo yuragimda juda katta vulqon otilishga tayyorlanayotgandek his qilaman o‘zimni. Kitoblarim chop etilganini, unga katta-katta shoirlar yuqori baho berganini tushlarimda eshitaman. Yana men haqimda judayam ko‘p maqolalar yozilayotganini his etaman. Hammasi she’rlarim haqida. Yana o‘ylayman, men she’r yoza olmayotgan bo‘lsam, bu tushlar ham shunchaki xom-xayol. Ammo ko‘nglimga kelganlarini umid bilan qog‘ozga tushirib qo‘ydim. Bir nechta gazetaga yubordim, 2-3 tasi chop etildi. Buvam har hafta “Bekajon” olib keladi. Hamma sahifasini o‘qib chiqaman va fikrlarimni yozib, har hafta maktub yuboraman. Ko‘pi chop etildi. Lekin she’rlarimni hech chiqarishmayapti. Ammo bir kun chiqarishadi, o‘zimdan so‘rab olishadi. Ko‘nglim to‘q. Demak, yashasa bo‘ladi.
2013 yil
***
Ijodni sevib qoldim. Tinimsiz yozaman. Uyimizga viloyatimiz gazetasidan muxbirlar kelishdi. Hatto tashakkurnoma ham berishdi. Men bir haftada ikkita ijodiy ishim bilan tinimsiz gazetada chiqish qilaman. “Bekajon” gazetasida uch-to‘rtta she’rlarim chiqdi. Hatto tadbirlariga ham taklif etishdi. Hech ko‘chaga chiqmas edim. Hamma ustimdan kulayotgandek tuyulardi.
Ko‘zimni chirt yumdimu, Samarqandga bordim. Dovdirab ikkita she’r o‘qidim. Bunday davrada birinchi bo‘lishim edi. Kimga qanday muomala qilishni ham bilmadim. Shoira Xosiyat Bobomurodova kitoblariga dastxat yozib, qo‘limga berdilar. Katta shoira bo‘lasan, dedilar. Kulgim keldi. Men sizlarga o‘xshab, katta davralarga borolmayman, katta yig‘inlarga qatnasholmayman, zinalardan chiqolmayman, shuning uchun orzuda ham me’yorni unutmaslik kerak, degim keldi. “Bekajon” gazetasi she’rlarimni so‘radi. Kitob qilar emish. Mening pulim bo‘lmasa. Indamay berdim. Bir necha oydan so‘ng, “Hovuchdagi yurak” nomli ilk kitobim qo‘limda bo‘ldi. Xosiyat Bobomurodova juda chiroyli so‘z boshi yozibdilar. Bir haftadan so‘ng, “Bekajon”da ustoz yozuvchi Tohir Malik so‘zlari bilan bir turkum she’rlarim bosilib chiqdi. Momamlar ham xursand. Hech bo‘lmasa, ijodiy yutuqlarim ko‘paymoqda.
2014 yil
***
Ijodkor do‘stlarim ko‘paygandan ko‘paygan. Tumanimiz yoshlari hokim qabuliga kirib, meni davolatish va oyoqqa turg‘azish haqida murojaat qilganlari haqida eshitib qoldim. Toshkentda bepul davolanishim uchun qo‘limga order berishdi. Avvaliga bormayman, dedim. Momam qo‘ymadi, shularning mehnati zoye ketmasin, bir havo almashtirib kelasan, dedi.
Bordim. Meni goh u shifoxonaga yuborishadi, gohida bu. Oxiri Respublika neyroxirurgiya markazida to‘xtadik. Shifokor barcha tekshiruvlardan o‘tkazdi. Shunaqasiyam bo‘ladimi, oyoqlaring sog‘lomku, nega yurolmayapsan, dedi. Hayron bo‘ldim. Ertasiga yana bitta apparatga soldi. Uch-to‘rtta vrach birgalashib tekshirishdi. Momam tashqarida edi. Shifokor juda hissiz ekan. Oldimga kelib o‘tirdi-da, ko‘p operatsiya bo‘lganing natijasida orqa miyangda kista paydo bo‘libdi, deydi. O‘zbekistonda olib bo‘lmas ekan. Mikroskoplari yo‘q emish. Kista nihoyatda orqa miyaning ichkarisida emish. Shu turishda yuraversam, hech narsa qilmaydimi, desam, ko‘zlarimga qarab, qiladi, avval qo‘lingning harakatini cheklaydi, keyin ko‘rish faoliyatingga ta’sir qiladi, oxiri o‘lim bilan tugaydi, deydi. Nima deyishni bilmadim. Endigina yashamoqchiydim-a?!.
Hamshira meni zalga, momamning oldiga olib chiqdi. Momam ko‘p savol berdi, qulog‘im eshitib eshitmay qoldi. Faqat yig‘ladim. Chorasizman. Nariroqda buvam turardi, yonimda momam. Shunday ojiz va vayron turib qoldim. Uyga kelib, o‘yladim, xo‘sh, kasalimning oxiri o‘lim bilan tugar ekan, hayotimning ham oxiri o‘limku. Mayli, nima bo‘lsa bo‘lar, yozaveraychi. Alam bilan, iztirob bilan juda ko‘p she’rlar yozdim. Bitta homiy topilib, ikkinchi “Ufqqa yo‘l” kitobim ham chop etildi. Hech xursand bo‘lgim yo‘q. Xayolimda shu kitobimni o‘qib, meni xotirlab, kimlarningdir yig‘lab o‘tirgani paydo bo‘laveradi.
Tumanimizda bir tanlov o‘tkaziladigan bo‘ldi. Uyda siqilib qoldim. Buvamga aytgandim, olib bordi, qatnashib, jurnalistika yo‘nalishida 1-o‘rinni oldim. Gazetada chiqqan hamma ishlarimni yig‘ib, to‘pladimu, biroz vaqtdan tanlovning viloyat bosqichiga yo‘l oldim. O‘zim o‘qigan kitoblar bo‘yicha savollar tushdi, aytishim mumkinki, hamma savolga xotirjamlik bilan to‘g‘ri va aniq javob berib, Respublika bosqichiga yo‘l oldim. Momam yo‘l uzoq, o‘n kun turarkansan, bormaysan, dedilar. Men boraman, deb qat’iy turib oldim, bitta jiyanimni olib yo‘lga tushdim. Qiynalsam, o‘zim aytaman, olib ketasizlar, dedim. Hamma yordam berdi. Qiynalmadim. Respublikada ham g‘olib bo‘ldim.
Endi she’r yozish jarayonim umuman o‘zgarib ketdi. Huuv o‘sha ichimga kirgan qaltiroqlar tashqariga she’r bo‘lib chiqar edi. Ko‘zlarimdan chiqar edi. Men lovullab yozdim, devonaday yig‘lab yozdim, majnun shamollarga sovrilib yozdim, goho tuproqdayin hokisor, gohida osmondan-da yuksalib yozdim. Shu she’rlarni o‘qiyotsam, qaltiroqlar ovozimga ham qalqib chiqadigan bo‘ldi. Mast bo‘ldim, ko‘nglimning ichida sarson bo‘ldim. Yozdimu, nima deb yozayotganimni bilmay yozdim.
2015 yil
***
Qolganini yozgim kelmaydi. Xudo umr bersa, 50-60 yoshlarimda hammasi haqida batafsil yozarman. Balki uni kitob ham qilarman. Hammani kechirdim, hech kimdan arazim yo‘q. Dardlar ham tabarruk, dardlar ham joiz. O‘n olti yil yugurdim, yetti yildan beri yiqilib turibman. Nega mana shu o‘n oltim yettimdan yengilroq,yettimdan sayozroq? Yettining toshlari o‘n oltining toshlari oldida bunchalar og‘ir!
Nima bo‘lsa ham Xudoyimning tarozisi to‘g‘ri ishlaydi. Xudoyimning shu dardlari meni kuchli qildi, irodali qildi. Har qanday vaziyatga ko‘niktirib, har qanday nohaqlik oldida jahlimni jilovlay oladigan qildi.
Atrofga qarayman, momam, buvam, tog‘am, yangam va jiyanlarim, hammasi atrofimda girdikapalak. Mana bu yangam, birovning bolasi, men unga kimman, necha yildan beri momam bilan yonma-yon menga qaraydi, nega u onamdan ham mehribon? Momamniku har kun o‘ylayman. Jiyanlarim o‘z opasidek ko‘radi meni, uyga mehmonlarim kelishsa, yugurib xizmat qilishadi, biror marta bo‘lsa-da malol olganlarini eslolmayman.
Men o‘zi kimman? Yaqinda bir psixolog bilan gaplashib qoldim. Men unga tushkunlikka tushmasligimni isbotlamoqchi bo‘ldim. Lekin uning gaplaridan angladimki, men tushkunlikning eng tubiga yetib bo‘libman. Endi pastga yo‘l yo‘q. Endi yo‘l faqat yuqoriga, dedi psixolog.
Yuqoriga qarasam, na zaminni ko‘raman, na dunyoni, na osmonni. Faqat Xudo va yig‘i, Xudo va yig‘i… tegramda charx aylanadi, boshim aylanadi, ko‘zim tinadi, yuragim behuzur bo‘ladi. “Meni tortib ol” deyman Xudoga. Toqatsizlanaman. Bezovtalanaman. “Men ko‘rsatgan yo‘ldan kelaver” deydi. Yig‘ining yelkasiga boshimni qo‘yaman. Huzurlanaman.
Ko‘p o‘ylayman, hayot yo‘llarida nega buncha ko‘p dovdiradim? Ortimga qarab, savollarimga javob topgandek ham bo‘laman.
Maktabga juda katta mehr, cheksiz ishtiyoq bilan chiqqanman.Alifbeni barcha sinfdoshlarimdan oldin o‘rganib oldim, harflarni tushimda ham takrorlab chiqardim. Ikkinchi chorakdan so‘ng, darslarni zo‘r o‘zlashtirganim sabab, ustozimiz “Kitobim-oftobim” nomli kitob berdilar. Suratlariga shunchalik mahliyo bo‘ldimki! Hayotimni ham shu kitoblarda tasvirlangandek o‘tkazishga urinardim. Kitobiy so‘zlar yod bo‘lib ketgandi. Faqat oilaviy suratlarida ota onamni ko‘ra olmasdim, hech nimaga aqlim yetmasdi.
Keyinchalik Odobnoma kitobim menga yo‘lboshchi bo‘ldi. Odobli, aqqli qiz bo‘lishga urinardim. Kattalarning aytganini qilishga o‘rgandim. Halol bo‘laman, keyin hech qachon ozorlanmayman, derdim. Hatto hozir ham kitoblar ichida yashayman. Odamlar orasida yashashni istamaganim uchun dovdirayotgandirman balki. Bilmasam. Odamlarga qaragim kelmaydi. Qarasam, faqat nasihat o‘qishadi. Nasihatlarni yomon ko‘raman. Qo‘shni kelin qaynsinglisi bilan kelisholmay, ketib qoldi. Ajrashishdi. U xomilador edi. Birinchi farzand. Yaqinda tug‘iladi. Qo‘shnimiz o‘g‘lini uylantirmoqchi. Farzandi tug‘ilgandan keyin onasini turmushga berishadi. U chaqaloqning taqdiri nima bo‘ladi? Odamlar kimlargadir maslahat berguncha, o‘z hayotlarini to‘g‘ri yashasalar yaxshi bo‘lardi.
Hozir o‘zimni yig‘ib ololmayapman. Shunday to‘zg‘ib ketganmanki! Yaxshiyam Xudo bor. Yaxshiyam U yonimda. Nihoyasiz baxtli kunlarimning birida U bilan hayot haqida to‘la-to‘kis xulosa aytaman. Aytaman.
Yana shu mavzuda:
Baxtiniso Mahmudova. She’rlar
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar & Eshqobil Shukur. Baxtiniso she’rlarini o‘qidim…
Bahtinisa juda yakshi sher yazadi.